15 ноябрь — Шоир ва таржимон Абдунаби Бойқўзиев таваллуд топган кун
«Абду Наби “Беш наво”ларидан бирида “Ўз Қалбимга Қургум Энди Тожмаҳалларни” деб орзу қилган эди. Умид шулким, ижодкорнинг бу орзуси амалга ошиб, бисотида беш қаватли Тожмаҳаллар тобора кўпаяди, такомиллашади ва албатта, ҳар бири муаллифнинг ўзи бир шеърида “Шеърим, Келсанг, Келажагинг Билан Кел!” дея таъкидлаганидай “Келажаги Билан Кел”ади» (Йўлдош Солижоновнинг «Беш наво»нинг хуш ҳавоси» мақоласидан.Мақолани мана бу саҳифада мутолаа қилишингиз мумкин).
Абдунаби Бойқўзиев
ШЕЪРЛАР
Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.
Бир кечада
Қариди дарахт,
Нафармонга дўнди ҳислари.
Ҳаво сўник, ўт-ўлан карахт.
Ёз синиқиб кузар… куз сари.
Тегажоқ нар чўқир модани,
Мода янир: “Чуғирчиқлар бор!..”
Тўрт ёндан изғирин келар модалиб,
Ҳадемай, уйқуга кетади шудгор.
Куз жунжикар чумчуқ патида…
Боғлар иси омборларга тот.
Барглар ётар лойга чапилиб –
Улар, ёзнинг видолари – хат.
Юпун дала –
Сокин сарҳисоб,
Ажинлари – умр баёзи.
Уни уқмоқ бунчалар азоб,
Қийин имло – манглайи ёзуқ.
Ҳаво чатнар…
Этинг жунжикар,
Изиллатар бир фасли авр.
Тупроқ кўпчиб қорга ичикар,
Ербағирлаб сирғалар ҳовур…
Ай,
Сездирма-ай кеп қолди-я, куз?!
2015
ҚЎЛЛАР БЎСАСИ
Бир ҳавасим келди,
Сенга, олҳирот,
Ҳасадим ҳам десаммикин, тўғриси.
Пойингда икки дил, мисоли шамшод.
Кукулашди, икки… юрак ўғриси.
Икки дил оҳига паноҳ эдинг сен,
Икки дил аҳдига гувоҳ эдинг сен.
Бу сирни авайлаб, ошкор айламай,
Аҳийри баҳайр гуноҳ бўлдинг сен.
Баргларинг…
Рақс этди, парпираб учиб,
Чивиқлар тебранди яйраб мучаси.
Сени пана қилиб… титрашиб, чўчиб,
Бармоқлар учрашди. – Қўллар бўсаси!..
Ай, олҳирот!..
Сенга ҳавасим келди,
Ҳасадим ҳам десаммикин, тўғриси!..
2015
ҚРИМ ҚИР
Ола отни миниб кетсам Қримга…
Али Оқбош (турк шоири)
Болаликда Эдем деган синфдошим бўларди. Қартанаси (қримликлар катта бувини шундай аташади) адирлардан бирига Қримқир деб ном қўйиб олган эди. Кампир гоҳо ўша қирга чиқиб ўзи билан ўзи гаплашарди. Энди билсак, у, Ватан соғинчи – бағир доғларини ўша қирларга тўкиб қайтаркан.
Ананг
Қирга чиқволиб
Инграрди: “И-ий, Қри-им!”, деб!
Сасланарди олислар,
Бу сас унга Юрт эди.
О, Эдем,
Дўстим Эдем,
Энди мен ўша қирдан
Гоҳо сени чорлагум:
“Қайдасан-ў-й, Эдем!”, деб.
Бир туйғулар сас берар,
Ҳаволарда ҳурланиб.
Томоғимга нелардир
Тиқилади, тирғалиб…
Садолана унларим,
Қирдан қирга ҳакалар.
У қирлар бу қирларга
Сас берарлар ҳол сўраб…
Эдемжон,
Эдем дўстим,
У сас, садо –
сен эдинг,
Бу сас, садо –
мен эдим!
У сас, нидо –
сен эдинг,
Бу сас, видо –
мен эдим!
Эдем, о-о
Эдем дўстим,
Қирдан видо мен эдим,
Қирдан жудо сен эдинг.
Дўстдан жудо мен эдим,
Биздан жудо сен эдинг.
Бугун, ийй!..
Қирлар соқов,
Қрим, қиру унлар соқов…
Энди, менинг унларим,
Қримқирдан ўтмас-ов!..
Эдем-о-о, Эдем дўстим!..
2016
БИР МОВИЙ КЎЗ…
Мен
Қримни кўрган эмасман,
Танимайди мени ҳам Қрим.
Бироқ Қрим, десангиз, ҳамон
Дупирлаб кетади юрагим.
Нега шундай,
Айтинг, а? Нега?
Бу дардга мен қачон йўлиқдим?
Қримликлар… Кўздек ҳамсоя…
Бир мовий қўз фаришта… Балким.
Четан девор…
Ҳовли – шаън анғиз,
Печакгуллар гуркираб тошган.
Юзларига сепкил ярашган…
Сочларига бантик таққан қиз…
Қартанани
Ингратган ўкинч,
Йўқлар эди гоҳо бизни ҳам…
Ҳамдард бўла онам тилидан,
Улғаярдим… Бағримда бир ўч…
Бу ўч кимга?
Кимга бу нафрат?
Билолмасдим, билмасдим, эсиз.
Билганим шу – бизнинг “хутор”га,
Яқин эди Қирим деган сўз.
Мен Қримда
Бўлган эмасман,
Танимайди мени ҳам Қрим.
Бироқ Қрим, десалар, ҳамон
Гуппиллаб кетади юрагим!..
2016
ГУЗАРЛАР ЙЎҚ
Ошиқсанг…
Манзиллар кўп,
Соғинар бир гузар йўқ.
Бошингга бир иш тушса,
Ҳол сўрар ғамгузор йўқ.
Ёшлик ҳам гузар экан,
Нураркан, кузар экан!
Унда бағри эзилиб,
Кутар бир интизор йўқ.
Энди ҳув гузарлар йўқ,
Изҳори узорлар йўқ!
Ортига бир қайрилиб,
Кўнглингни бузарлар йўқ.
Болалик,
Қишлоғига
Учиб-қўниб борсангу,
Чилвир сочларин ўйнаб
Кўзларин сузарлар йўқ!
Йўқдак бўпқолдик, ай, дўст,
Борлигингга борлар йўқ.
Сен дарди бедавога
Кўзи учган зорлар йўқ!
Ҳа-й, иш тушибди бошингга!..
2016
БАҒИР ДОҒЛАРИ
Яна Оқилага
Кўпда,
Мендан ўтди,
Тан ҳам олай-да!
У гизларни энди қайтиб айтаман.
Мен ҳамон, фанода юрибман дайдиб,
Сен замин – Бақода, руҳинг Ой томон…
Ҳий, ўтган сўзларга зувон-зув қани!
Кўнгил бир киянлар туядир, вайрон.
Тўрт ёним берк кўча. Чорлар ҳув қани?
Тўрт ёним тасалло топмайин ҳайрон.
Нетай, кетолмасам сира узоқлаб,
Жудоликка энган ўша исмингдан.
Аламлар етказдим бағрингни доғлаб,
Титраб йиғлар эдинг гулдай жисмингда!
Гинодил чоғларда дилга дош излаб
Кўчалар сорилаб кеторим… қани?
Қошингга қайтгунча бир адл азоб –
Симиллаб оғрийдир нек орим қани?
Таскин излаб чиқсам кўчалар бефарқ,
Сен сори узанмас биронта сўқмоқ.
Бугун ғарибингдан аразлар йироқ,
Ғарбим танимайди, соғинмайди Шарқ!
Изларингни излаб тополмайман, йўқ,
Шунчалар овлоқи кетдингми, жоним?!
Энди Ер тим-терскай, Осмоним йироқ,
Жанубим бегона, Шимол душманим!
Умрнинг бу ёғи… мунгртоб аза…
Арзи висолинг деб ўторинг, ўзим.
Арзи висолинг гар насиб этмаса,
Токи, висолинг деб кеторинг ўзим!
Тиловатлар қила бағир доғидан,
Гоҳо хотирангга босаркан юзим.
Ўзингдан бегона қилма, Эгам, деб,
Лавҳи туробингга биторинг, ўзим!
Тупроғинга… гуллар туторинг ўзим!
2015
* * *
Ёлғизлик…
Бир ўзим…
Бийдай ҳазин хонайди…
Деразам – дунё юзи,
Юрак силқиб қонайди.
Яхшиям
Дераза бор,
Илинар нур, сабони,
Ташқарига чиқсамми…
Ҳай, чиқсам
Борми маъни?
Кўча
Шиғай шовқинзор,
Бегонаман, унда мен,
Шовқинлар – шавқли озор…
Шавққа озор бўламен!
Шавқ… сиз, озор бўламен!
2016
* * *
Қачон
Қарамай,
Чорлаганинг чорлаган,
Мен эса,
Интилганим интилган, сенга.
Бирон кун, бирон дафъа
Тинчлик борми ўзи, сендан,
Ҳай, қурмағур, Дераза?
2016
* * *
Тўрвангга
Уч-тўртта
Суви қочган нон,
Икки дона қўлбости солиб,
Бир сокин, бир овлоқ,
Жин топмас жойларга,
Бошингни олиб
Кети-иб қолмайсанми-а?!
Ёҳуд
Ҳув қояларга энволиб,
Булутларни сермаб
Шарқу Ғарбларга,
Ғамлар,
Ташвишлардан озод бўлволиб.
Ҳайқириб осмонларга…
Даралар бағрига ғулғула солиб.
Жавлон урмайсанми,
Тоғлар бошида?!
Хаёлим-а, менинг Хаёлим,
Ҳай менинг, ўлгудай ношудим!
Ай-й…
Ўзимга ўхшаб… шалвирамай ўл!
2016
СЎЗ СОҒИНЧИ
Изму ихтиёрим илкимдан олиб,
Феълимни жисмингга қилволиб энгил,
Мени ўтдан олиб, ўтларга солиб,
Қайларга кетяпсан? Девона кўнгил?
Қайда, сен излаган сабиҳа манзил,
Қандайин манзар у? Борми сурати?
Дилингни жиндай оч. Салгина ёзил.
Кел, нафас ростлаймиз, баримга ўтир.
Мундоқ дилингни ёр,
У қандай макон?
Ким у, наволаларда чорлаётган зот?
Биз борсак, ҳур наво бўпкетармикан,
Эмин бўпкетарми? Бўларми озод?!
Э ҳай, йўқ,
У маъво шунчалар шаънки,
Эрксизлиги ҳурлик. Йўқ ,ундан афзал.
Унда салтанатнинг эрки – кишан, ки
У сўздир, у шеърдир, у ашъор, ғазал!..
Сўзга зор қилибсан, шукр, барига.
Нолалар қилармиз: оҳи зоҳидо.
Бизку, бороврамиз сўзнинг сорига,
Сўз ҳам кептурсин-да, гоҳи-гоҳида!
2015
* * *
Терак экдим…
Энди ҳар куни,
Бир бўйлаб қўяман деразам оша…
Кимдир, хиралик қиб, мурғак шохини
Қайриб-нетиб кетмабдимикин!
Чўлламабдими?
Барги яшангми?
Покми тани? Қобиқлари тиниқми?
Шамоллар озор етказмабдими,
Тупроқ сиқмаптими, томирларини?
Ҳар қалай,
Кенгликлардан келтирган эдим,
Қумсаб қолмабдими, дўсту ёрларин?
У бўлса,
У бўлса,
Парвойи палак!
Сезмайдиям ҳавотирларим…
Худди, кенжатой ўғлимдай,
Кўксини очиб, ёзиб қулочин,
Шамолларга тутиб, кўкракларини,
Катта дарахтларга таассуб қила…
Тун қўйнида ёниб, қўшиқлар куйлар!
Худо, энди
Ўзинг асра,
Шу норасидани – норасидамни.
Бир яйраб, гуркираб, бир терак бўлсин!
2016
15 noyabr — Shoir va tarjimon Abdunabi Boyqo’ziev tavallud topgan kun
«Abdu Nabi “Besh navo”laridan birida “O’z Qalbimga Qurgum Endi Tojmahallarni” deb orzu qilgan edi. Umid shulkim, ijodkorning bu orzusi amalga oshib, bisotida besh qavatli Tojmahallar tobora ko’payadi, takomillashadi va albatta, har biri muallifning o’zi bir she’rida “She’rim, Kelsang, Kelajaging Bilan Kel!” deya ta’kidlaganiday “Kelajagi Bilan Kel”adi» (Yo’ldosh Solijonovning «Besh navo»ning xush havosi» maqolasidan.Maqolani mana bu sahifada mutolaa qilishingiz mumkin).
Abdunabi Boyqo’ziev
SHE’RLAR
Abdunabi Boyqo’ziev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G’afur G’ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O’zbekistoni», «Xalq so’zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O’zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O’zbekiston OAVni qo’llab-quvvatlash jamg’armasida ishlagan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
“G’uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O’zbeknavo yulduzlari”, “Judolig’ dashti”, “Ko’zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg’ular”, “Besh navo”, “Besh so’mlik kekkayish”, “Cho’li irog’im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.
Bir kechada
Qaridi daraxt,
Nafarmonga do’ndi hislari.
Havo so’nik, o’t-o’lan karaxt.
Yoz siniqib kuzar… kuz sari.
Tegajoq nar cho’qir modani,
Moda yanir: “Chug’irchiqlar bor!..”
To’rt yondan izg’irin kelar modalib,
Hademay, uyquga ketadi shudgor.
Kuz junjikar chumchuq patida…
Bog’lar isi omborlarga tot.
Barglar yotar loyga chapilib –
Ular, yozning vidolari – xat.
Yupun dala –
Sokin sarhisob,
Ajinlari – umr bayozi.
Uni uqmoq bunchalar azob,
Qiyin imlo – manglayi yozuq.
Havo chatnar…
Eting junjikar,
Izillatar bir fasli avr.
Tuproq ko’pchib qorga ichikar,
Yerbag’irlab sirg’alar hovur…
Ay,
Sezdirma-ay kep qoldi-ya, kuz?!
2015
QO’LLAR BO’SASI
Bir havasim keldi,
Senga, olhirot,
Hasadim ham desammikin, to’g’risi.
Poyingda ikki dil, misoli shamshod.
Kukulashdi, ikki… yurak o’g’risi.
Ikki dil ohiga panoh eding sen,
Ikki dil ahdiga guvoh eding sen.
Bu sirni avaylab, oshkor aylamay,
Ahiyri bahayr gunoh bo’lding sen.
Barglaring…
Raqs etdi, parpirab uchib,
Chiviqlar tebrandi yayrab muchasi.
Seni pana qilib… titrashib, cho’chib,
Barmoqlar uchrashdi. – Qo’llar bo’sasi!..
Ay, olhirot!..
Senga havasim keldi,
Hasadim ham desammikin, to’g’risi!..
2015
QRIM QIR
Ola otni minib ketsam Qrimga…
Ali Oqbosh (turk shoiri)
Bolalikda Edem degan sinfdoshim bo’lardi. Qartanasi (qrimliklar katta buvini shunday atashadi) adirlardan biriga Qrimqir deb nom qo’yib olgan edi. Kampir goho o’sha qirga
chiqib o’zi bilan o’zi gaplashardi. Endi bilsak, u, Vatan sog’inchi – bag’ir dog’larini o’sha qirlarga to’kib qaytarkan.
Anang
Qirga chiqvolib
Ingrardi: “I-iy, Qri-im!”, deb!
Saslanardi olislar,
Bu sas unga Yurt edi.
O, Edem,
Do’stim Edem,
Endi men o’sha qirdan
Goho seni chorlagum:
“Qaydasan-o’-y, Edem!”, deb.
Bir tuyg’ular sas berar,
Havolarda hurlanib.
Tomog’imga nelardir
Tiqiladi, tirg’alib…
Sadolana unlarim,
Qirdan qirga hakalar.
U qirlar bu qirlarga
Sas berarlar hol so’rab…
Edemjon,
Edem do’stim,
U sas, sado –
sen eding,
Bu sas, sado –
men edim!
U sas, nido –
sen eding,
Bu sas, vido –
men edim!
Edem, o-o
Edem do’stim,
Qirdan vido men edim,
Qirdan judo sen eding.
Do’stdan judo men edim,
Bizdan judo sen eding.
Bugun, iyy!..
Qirlar soqov,
Qrim, qiru unlar soqov…
Endi, mening unlarim,
Qrimqirdan o’tmas-ov!..
Edem-o-o, Edem do’stim!..
2016
BIR MOVIY KO’Z…
Men
Qrimni ko’rgan emasman,
Tanimaydi meni ham Qrim.
Biroq Qrim, desangiz, hamon
Dupirlab ketadi yuragim.
Nega shunday,
Ayting, a? Nega?
Bu dardga men qachon yo’liqdim?
Qrimliklar… Ko’zdek hamsoya…
Bir moviy qo’z farishta… Balkim.
Chetan devor…
Hovli – sha’n ang’iz,
Pechakgullar gurkirab toshgan.
Yuzlariga sepkil yarashgan…
Sochlariga bantik taqqan qiz…
Qartanani
Ingratgan o’kinch,
Yo’qlar edi goho bizni ham…
Hamdard bo’la onam tilidan,
Ulg’ayardim… Bag’rimda bir o’ch…
Bu o’ch kimga?
Kimga bu nafrat?
Bilolmasdim, bilmasdim, esiz.
Bilganim shu – bizning “xutor”ga,
Yaqin edi Qirim degan so’z.
Men Qrimda
Bo’lgan emasman,
Tanimaydi meni ham Qrim.
Biroq Qrim, desalar, hamon
Guppillab ketadi yuragim!..
2016
GUZARLAR YO’Q
Oshiqsang…
Manzillar ko’p,
Sog’inar bir guzar yo’q.
Boshingga bir ish tushsa,
Hol so’rar g’amguzor yo’q.
Yoshlik ham guzar ekan,
Nurarkan, kuzar ekan!
Unda bag’ri ezilib,
Kutar bir intizor yo’q.
Endi huv guzarlar yo’q,
Izhori uzorlar yo’q!
Ortiga bir qayrilib,
Ko’nglingni buzarlar yo’q.
Bolalik,
Qishlog’iga
Uchib-qo’nib borsangu,
Chilvir sochlarin o’ynab
Ko’zlarin suzarlar yo’q!
Yo’qdak bo’pqoldik, ay, do’st,
Borligingga borlar yo’q.
Sen dardi bedavoga
Ko’zi uchgan zorlar yo’q!
Ha-y, ish tushibdi boshingga!..
2016
BAG’IR DOG’LARI
Yana Oqilaga
Ko’pda,
Mendan o’tdi,
Tan ham olay-da!
U gizlarni endi qaytib aytaman.
Men hamon, fanoda yuribman daydib,
Sen zamin – Baqoda, ruhing Oy tomon…
Hiy, o’tgan so’zlarga zuvon-zuv qani!
Ko’ngil bir kiyanlar tuyadir, vayron.
To’rt yonim berk ko’cha. Chorlar huv qani?
To’rt yonim tasallo topmayin hayron.
Netay, ketolmasam sira uzoqlab,
Judolikka engan o’sha ismingdan.
Alamlar yetkazdim bag’ringni dog’lab,
Titrab yig’lar eding gulday jismingda!
Ginodil chog’larda dilga dosh izlab
Ko’chalar sorilab ketorim… qani?
Qoshingga qaytguncha bir adl azob –
Simillab og’riydir nek orim qani?
Taskin izlab chiqsam ko’chalar befarq,
Sen sori uzanmas bironta so’qmoq.
Bugun g’aribingdan arazlar yiroq,
G’arbim tanimaydi, sog’inmaydi Sharq!
Izlaringni izlab topolmayman, yo’q,
Shunchalar ovloqi ketdingmi, jonim?!
Endi Yer tim-terskay, Osmonim yiroq,
Janubim begona, Shimol dushmanim!
Umrning bu yog’i… mungrtob aza…
Arzi visoling deb o’toring, o’zim.
Arzi visoling gar nasib etmasa,
Toki, visoling deb ketoring o’zim!
Tilovatlar qila bag’ir dog’idan,
Goho xotirangga bosarkan yuzim.
O’zingdan begona qilma, Egam, deb,
Lavhi turobingga bitoring, o’zim!
Tuprog’inga… gullar tutoring o’zim!
2015
* * *
Yolg’izlik…
Bir o’zim…
Biyday hazin xonaydi…
Derazam – dunyo yuzi,
Yurak silqib qonaydi.
Yaxshiyam
Deraza bor,
Ilinar nur, saboni,
Tashqariga chiqsammi…
Hay, chiqsam
Bormi ma’ni?
Ko’cha
Shig’ay shovqinzor,
Begonaman, unda men,
Shovqinlar – shavqli ozor…
Shavqqa ozor bo’lamen!
Shavq… siz, ozor bo’lamen!
2016
* * *
Qachon
Qaramay,
Chorlaganing chorlagan,
Men esa,
Intilganim intilgan, senga.
Biron kun, biron daf’a
Tinchlik bormi o’zi, sendan,
Hay, qurmag’ur, Deraza?
2016
* * *
To’rvangga
Uch-to’rtta
Suvi qochgan non,
Ikki dona qo’lbosti solib,
Bir sokin, bir ovloq,
Jin topmas joylarga,
Boshingni olib
Keti-ib qolmaysanmi-a?!
Yohud
Huv qoyalarga envolib,
Bulutlarni sermab
Sharqu G’arblarga,
G’amlar,
Tashvishlardan ozod bo’lvolib.
Hayqirib osmonlarga…
Daralar bag’riga g’ulg’ula solib.
Javlon urmaysanmi,
Tog’lar boshida?!
Xayolim-a, mening Xayolim,
Hay mening, o’lguday noshudim!
Ay-y…
O’zimga o’xshab… shalviramay o’l!
2016
SO’Z SOG’INCHI
Izmu ixtiyorim ilkimdan olib,
Fe’limni jismingga qilvolib engil,
Meni o’tdan olib, o’tlarga solib,
Qaylarga ketyapsan? Devona ko’ngil?
Qayda, sen izlagan sabiha manzil,
Qandayin manzar u? Bormi surati?
Dilingni jinday och. Salgina yozil.
Kel, nafas rostlaymiz, barimga o’tir.
Mundoq dilingni yor,
U qanday makon?
Kim u, navolalarda chorlayotgan zot?
Biz borsak, hur navo bo’pketarmikan,
Emin bo’pketarmi? Bo’larmi ozod?!
E hay, yo’q,
U ma’vo shunchalar sha’nki,
Erksizligi hurlik. Yo’q ,undan afzal.
Unda saltanatning erki – kishan, ki
U so’zdir, u she’rdir, u ash’or, g’azal!..
So’zga zor qilibsan, shukr, bariga.
Nolalar qilarmiz: ohi zohido.
Bizku, borovramiz so’zning soriga,
So’z ham keptursin-da, gohi-gohida!
2015
* * *
Terak ekdim…
Endi har kuni,
Bir bo’ylab qo’yaman derazam osha…
Kimdir, xiralik qib, murg’ak shoxini
Qayrib-netib ketmabdimikin!
Cho’llamabdimi?
Bargi yashangmi?
Pokmi tani? Qobiqlari tiniqmi?
Shamollar ozor yetkazmabdimi,
Tuproq siqmaptimi, tomirlarini?
Har qalay,
Kengliklardan keltirgan edim,
Qumsab qolmabdimi, do’stu yorlarin?
U bo’lsa,
U bo’lsa,
Parvoyi palak!
Sezmaydiyam havotirlarim…
Xuddi, kenjatoy o’g’limday,
Ko’ksini ochib, yozib qulochin,
Shamollarga tutib, ko’kraklarini,
Katta daraxtlarga taassub qila…
Tun qo’ynida yonib, qo’shiqlar kuylar!
Xudo, endi
O’zing asra,
Shu norasidani – norasidamni.
Bir yayrab, gurkirab, bir terak bo’lsin!
2016