Ёзувчи Орзиқул Эргашнинг икки қиссаси: «Олис юлдузлар»,»Шоҳсанам» (қайта ишланган нусхаси) ва ҳикоялари жамланган янгми китоби «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилди. Ёзувчи туғилган куни арафасида сизга қайта ишланган, инсонни гўзаллаштирадиган, кучли қиладиган азалий муҳаббат туйғуси билан йўғрилган қиссани тақдим этишни бошладик.
Орзиқул ЭРГАШ
ШОҲСАНАМ
Қиссадан биринчи парча
Орзиқул Эргаш 1953 йил 14 январда Самарқанд яқинидаги Дархон қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетини тамомлаган (1975). «Тўй», «Дунёнинг бир чеккаси», «Болалигим кўчаларида», «Шохсанам», «Дархон қиссалари», «Сенинг бу дунёда борлигинг») каби қисса ва ҳикоялар китоблари нашр этилган. Бир неча асарлари асосида телевизион фильмлар суратга олинган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания тизимидаги телерадиоканалларда ишлаган, бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритмоқда.
Азиз онажоним Мастура Ширинхўжа қизи хотирасига бағишлайман
Мени дебон сабил бўлдинг, Санамжон…
(достондан)
… Қадим замонда, жануб томонда Диёрбакир деган мамлакат бўлган экан. Мамлакат подшосини Шоҳ Аббос дейишаркан. Шоҳ Аббос овга ишқивоз экан. У бир куни Ҳасан деган вазири билан овга чиқибди. Ов қилиб юрса, олдидан қуён чиқиб қопти. Подшо камонини ростлаб отмоқчи бўпти. Қараса, қуён бўғоз экан. Подшо уйида қолган иккиқат хотинини эслабди-да, қуённи отмасдан ўтказиб юборибди. Овдан кейин бу гапни вазирига айтса, вазири кулибди.
— Э, подшоҳим, ўша қуён менгаям учради. Отишга қўлим бормай, менам уни ўтказиб юбордим, — дебди доно вазир.
Бу гапдан подшонинг кўнгли ийиб кетибди-да:
— Ҳасан, — дебди, — агар менинг хотиним ўғил туғиб, сеники қиз туғса, қизингни ўғлимга берасан. Агар сен ўғилли бўлиб, мен қиз кўрсам, қизимни бера¬йин, қуда бўлайлик…
Кейин, кимда ким сўзидан қайтса, лаънатга гирифтор бўлсин, деб қасам ичишибди. Подшо аҳднома ёздириб, муҳр босибди-да, Ҳасан вазирнинг қўлига тутқазибди.
Орадан ою кунлар ўтиб, Шоҳ Аббос қизлик бўлибди. Қизга Шоҳсанам деб от қўйибдилар. Ҳасан вазир ўғил кўрибди. Ўғлига Ғариб деб от қўйибди. Мен бу юртларга ғариб бўлиб кеп қолганман, ўғлимнинг оти Ғариб бўлсин, дебди…
* * *
Шоҳсанам, бу эртакни бир пайтлар аямдан эшитардик.
Аямнинг эртаклари кўп эди, бизга қайта-қайта айтиб беришдан чарчамасди. Сен айтмаганига ҳам қўймасдинг, миттигина бўлиб қўйнига кириб олардинг-да, маътал айтиб беринг, холажон, деб туриб олардинг.
Сенинг отингни аям қўйган. Ҳавасли дунё, бир кун келиб Шоҳсанам деган келиним бўлсин, ўғлимнинг Шоҳсанам деган қаллиғи бўлсин, деган-да онаизор. Менинг отимни эса сенинг аянг қўйган. Армонли дунё, Мақсад момонинг Маҳмуд деган ўғли урушдан қайтмаган экан. Ўшанинг номи ўчмасин деб…
* * *
Шоҳсанам, сени биринчи марта қачон, қай ерда, қай ҳолатда кўрган эканман-а?..
Менимча бундай бўлган: туғилгансан, туғруқхонадан олиб чиқишган. Аям иккимиз сизларникига борганмиз. Оппоқ йўргакдаги жиш чақалоқни менга кўрсатишган. «Синглинг билан танишиб ол. Ёқса, қулоғини тишлаб қўйгин», деган аянг… Бундан чиқади, сен дунё¬га келганингдан бир ҳафталар кейин кўришганмиз иккимиз. Яна ким билсин, балки бу кўришув бир ҳафтамас, унданам олдинроқ юз бергандир. Яъни кунора туғруқхонага қатнаган аям бир сафар мениям эргаштириб борган ва сени биринчи бор дераза ортидан, икки ё уч кунлигингда кўргандирман?!. Ўки бўлмаса, ҳали дунёга келмасимиздан олдинроқ бир-биримизни кўрган, таниган бўлишимиз ҳам мумкин. Буниси энди ёлғиз Яратганга аён…
Буларнинг қай бири тўғри — бир ҳафта ке¬йинми, икки-уч кун ўтибми ёки ҳали туғилмасимиздан олдинми, билмайман. Шуниси аниқки, сал кам етти миллиард одам боласи ғимирлаб юрган бу рўйи заминга аввал мен, орадан икки йил ўтиб эса сен келгансан: мен учун, менга ҳамроҳ, ҳамнафас… бўлиш учун келгансан. Мен аввалбошданоқ шундай ўйлар эдим ва бунга заррача шубҳа қилмасдим. Аввалбошдан дейману, лекин қачон, қай кун, қай соатда бундай фикрга келганман, эслолмайман.
* * *
Ўша куни мактабдан келсам аям ҳовлида кўринмади. Бўйлаб томорқани кўздан кечирдим, йўқ. Қўшнига чиққан бўлсалар керак дедим. Портфелимни чорпояга ташлаб, ўзим бир чеккасига ўтирдим. Шовуримни пайқаган қўйларим маърай бошлади. Бошқа маҳал бўлганида мактабдан қайтишим билан улардан хабар олардим. Ҳозир бунга ҳафсалам келмади. Аввал аямга кўзим тушсин, кейин…
Бугун мактабда ҳам фикру ёдим унда бўлди. Мана шу чорпояда бир ўзгинаси тумшайиб ўтиргани, ҳай¬ҳотдай ҳовлида тимирскиланиб юргани кўзимга кўриниб кетаверди… Икки ҳафтадан бери холам шу ерда эди. Кеча дадамнинг йигирмаси ўтдию, уйи томондан машина кута бошлади. Жўнаб кетган шекилли. Йўқса, опа-сингил чорпояда гаплашиб ўтирган бўлишарди.
Аям қаердайкин?..
Зерикдим. Ўрнимдан турдим-да, юрагим бетламай даҳлизга кирдим. Ўнг қўлдаги хона эшигига қарамасликка уриниб, чапга — дарсхонамга ўтдим. Мактаб кийимларимни шоша-пиша коржомага алмаштириб, даҳлизга чиқдим. Чиққан еримда таққа тўхтадим. Рўпарадаги хонадан бировнинг пиқ-пиқ йиғлагани эшитилди. Ўзимни зўрлаб эшикдан мўраладим. Ним қоронғу хона тўрида оқ дока рўмол ёпинган аям ўтирарди. Олдида эриб тугаёзган шам липиллайди. Аям йиғи аралаш шивирлайди.
Эшик олдида ўтирдим. Томоғим ғиппа бўғилди. Бир пас ўтиб, пиқиллаб йиғлаб юбордим. Отамни қаттиқ қўмсаганимни, энди ҳар қанча қўмсамай бош¬қа кўролмаслигимни шу лаҳзада бирдан англадим. Ситилиб йиғлайвердим. Бир маҳал бошимда аямнинг титроқ қўлларини туйдим. «Туринг, болам, туринг», деди у сочимни оҳиста силаб. Ҳовлига чиқиб, ўзимни чорпояга юзтубан ташладиму, баралла ҳўнграб юбордим. «Отажон, отажоним!» дердим дўриллаган овозда. Овозимдаги ўзгаришни ҳам шу лаҳзада пайқадим…
Юзимни кўрпачага босиб ётибман: ҳар куни тушимда лопиллаб йўлга чиқадиган тобут кўзимга кўринади. Синфдошларимнинг ачиниб қарашлари, сен бугун йўлда анчагача гап бошлай олмай, охири беихтиёр сизлаб юборганингни эслайман. Кўнглим бўшашиб, ўксиб йиғлайвераман. Аям бошимда индамай, қизарган кўзларини бир нуқтага тикканча жимгина ўтиради…
Молларга ўт ўриб келгани жўнадим. Ҳеч нарсага алаҳсимай тезгина бир боғ ўт ўриб, орқалаб уйга қайтдим. Аям ёлғиз қолса яна йиғлайди, ҳадеб йиғлайверса касал бўп қолади деган ваҳимада эдим.
Йўлда келаётиб, улғайсам уни бошимда кўтариб юраман, деб аҳд қилдим.
* * *
Шом пайти.
Она-бола улкан ишком остидаги катта чорпоянинг бир четгинасида ўтирибмиз. Чинни товоқда юпқагина мошкичири сузилган. Унга қўл узатганимизча йўқ. Кимнидир кутаётганга ўхшаймиз. Атроф қоронғулашгани сари ўз-ўзимдан маъюс тортиб боряпман. Кундузи ўт ўриб юрганимдаги ғайратим, онамга суянчиқ бўламан, бошимда кўтариб юраман дея қилган аҳдларим сўниб қолгандай.
Аям ҳушёр тортиб, менга қаради.
— Маҳмудхон болам, қорнингиз очқамадими?.. Олинг, менга қараманг…
— Сиз-чи?
— Мен… ҳа, ейман. Олинг, болам.
Аям овқатга узалди. Мен ҳам. Луқма томоғимдан аранг ўтди. Кўзимдан дувва ёш қуйилди. Отамнинг мошкичирини ёқтириши, ота-бола баҳслашиб овқат ейишларимиз ёдимга тушиб кетганди. Сездирмай кўз ёшларимни артдим. Лекин, ҳадеб бурнимни торта бошладим.
Ўрнимдан турдим.
— Ҳа, болам?
— Ая, сув ичиб келай…
Шу аснода дарвоза тарафдан сенинг овозингни эшитдим.
— Чироқлари йўқ-ку, ая, бирор ёққа кетишганми?!
— Йўғе, қаёққа кетишарди, қизим?!
Сен, аянг, уканг Жамшид ичкари кирдиларинг.
— Ойдиной, Маҳмудхон, қайдасизлар?.. — овоз берди аянг.
Аям чорпоядан тушди. Мен югуриб бориб чироқни ёқдим. Шу чоққача эсимизга келмай, қорон¬ғуда ўтираверган эканмиз. Узун айвон, дарвозахона, ишком остидаги чироқлар баравар ёниб, ҳамма ёқ чарақлаб кетди. Аслида эса бундан сал олдинроқ — сенинг овозингни эшитганимдаёқ ҳовлимиз ёришиб кетган эди назаримда…
Дастурхон атрофидан жой олдик.
Ўзимни қушдай енгил сезардим. Аямнинг ҳам чиройи очилган эди.
— Жуда чарчабман бугун, қуриб кетсин! «Шотутли»ни бирам ўт босганки, айтгулиги йўқ, — деди аянг ҳорғин уф тортиб. — Бир пас чўзилиб дам олай десам, Шоҳсанамингиз қўймади, холамларникига борамиз, деб туриб олди. Манависини уйқусини қочириб, бошлашиб келавердик.
Аям сени бағрига босиб, эркалаб қўйди.
— Барака топ, қизим!
Ўша кечаси не маҳалгача ўтирдиларинг. Жамшид менинг тиззамда ухлаб қолди. Ўшанда нима гап-сўзлар бўлди — унчалик эсимда йўқ. Лекин, сизлар эшикдан кирган заҳоти ҳовлимиз кундек ёришиб кетгани хотирамда муҳрланиб қолган.
Шоҳсанам, биласан, тақдир менинг мурғак бошимни кўпам силамаган. Ота-онам олти фарзанд кўриб, тутиб қолишгани битта мен бўлганман. Мендан олдингилари ҳам, кейингилари ҳам ёшига етар-етмас нобуд бўлган. Суягим қотиб улгурмасдан отам ҳам… У ҳар куни ўлади. Оппоқ тобут ҳар куни лопиллаб йўлга тушади. Ортидан изиллаб югураман. Изиллаб йиғлаганча уйғониб кетаман. Зимистон тун. Аямнинг титроқ қўллари. Иссиқ-шўр кўз ёшлари… Буларни эслаш оғир. Лекин эсласам эслагудай воқеалар, хотиралар ҳам борки, улар болалик дунёмни нурлантириб туради. Ва уларнинг қай бири хотирамга келмасин — ҳаммаси сен билан боғлиқ бўлиб чиқади. Гўё тақдир ўз ўйинларидан хижолат чеккану, гуноҳини енгиллатиш учунми, сени дунёга келтирган ва менга ҳамроҳ қилиб қўйган…
Шуларни ўйларканман, қайта-қайта амин бўламанки, сен мен учун яратилган эдинг, Шоҳсанам!..
* * *
Шоҳсанам, эсингдами, сочингни ҳамиша аям ўриб қўярди. Шунчалик ҳафсала билан майдалаб ўрардики, чилвир кокилларинг орқа-олдингни тутиб кетарди. Миттигина бўла туриб жуда серсоч эмасмидинг?!
Аям бир куни одатдагидай сочингни ўриб ўтириб, ўз-ўзидан гап бошлаб қолди.
— Бийрончам, чақалоқ пайтинг сени бир қийнаб қўйганман-да!..
— Нима қилгансиз, холажон? — дединг сен ялт этиб қараб.
Мен хона тўрида Жамшидга арифметикадан мисол ечишга кўмаклашиб турардим. Аянг сандалнинг нариги бетида кашта тикиб ўтирарди.
— Э, сўрама, эсласам этим увишади, — дея ҳикоясини бошлади аям. — Аслида-ку, барига аянг ўзи сабабчи эди. Сени менга тутқазиб, пешингача жими ғойиб бўлиб кетганди.
— Қаёққа, — дединг ҳайрон бўлиб.
— Далага-да! Аянгнинг одати — шаҳардан келдими, далани бир чарх уриб қайтмаса, хумори тарқамасди. «Ойдинхон, шунингизни бир пас ўйнатиб туринг», деди-да, эшикда кутиб турган хотин-халажга қўшилиб кетди, борди. … Аввалига қиқир-қиқир кулиб, мен билан роса гаплашдинг. Кейин тўполон кўтариб қолдинг-ку!.. Ари-пари чақиб олдими, деб жон-поним чиқиб кетди. У ёқ, бу ёғингни қарасам, ҳеч нарса кўринмади. Беланчакка солиб тебратгандим, дунёни бошингга кўтардинг. Дарҳол қўлимга олиб, бағримга босдим. Тинчидинг. Хайрияте, деб тургандим, қарасам, ҳадеб тумшуқчанг билан кўкрак излаяпсан. Э, болам очқаб қопти-ку, дедим-да, Турсуной қизимнинг сутли идишига сўрғич ўтказиб, оғзингга тутдим. Шундай жаҳл билан чириллаб бердингки, қўрққанимдан, хўп, хўп, тавба қилдим деворибман…
Одатда аям эртак айтаётганида сен бесабрлик қилиб, нега ундай, нега бундай, деб сўраганинг сўраган эди. Лекин ҳозир бутун вужудинг қулоққа айланиб, аямнинг оғзига тикилиб ўтирардинг. Жамшид иккимиз ҳам дарсни йиғиштириб қўйиб, аямга қулоқ сола бошлагандик. Фақат Маъмура холамгина ишидан бош кўтармас, лекин лабларида билинар-билинмас кулгу сезила бошлаганди…
— Кўчага кўтариб чиқдим. Айтмоқчи, Маҳмуд аканг ҳам ёнимда, ўзича йиғламсираб, орқамдан қолмайди. Кўчага чиқсам, Темур амакинг эшиги олдида тракторига унналиб турибди. Ҳа, қизалоқ жанжал қиляптими, деди ишидан бош кўтариб. Маъмура опамди қизи, қараб туринг, деб ташлаб кетувди. Хосият уйдами, Темуржон, дедим. Ҳали келмади, нимайди… Ҳа, шуни эмизсин, дегандим… Амакингни ҳайрон қолдириб, жадал кўча бошига қараб кетдим. Кўчада зоғ кўринмайди. Сен бўлсанг, дам бадам эммоқчи бўлиб суйкаласан. Э, йўқ, сенга мумкинмас, бир пас сабр қил, ҳозир аянг ўлгир кеп қолар, дейман йиғламоқдан бери бўлиб. Биғиллаб йиғлаб бошлашинг билан орқага қайтдим.
— Ойти ўзингиз эмизсангиз бўлмайдими, бола бечорани ичи куйиб кетди! — деди Темур амакинг ачиниб. Хўп, хўп, дегандай бош ирғаб ўзимни ҳовлига урдим… Эмизгин эмиш. Мен-а, қандай қилиб?.. Ҳозир, дўмбоқчам, бир пас сабр қилсак, аямиз келади, дейман худди сен тушунадигандай. Қани тушунсанг. Оёғи куйган товуқдай у ёқдан, бу ёққа югураман. Бир маҳал бешикда ётган Турсунойим уйғониб, ғингший бошлади. Маҳмуд аканг сўрғичини тутган эди, шўрликкина бир пасда тинчиди. Сен бўлсанг дунёни бир тутам қилиб чирқираганинг чир-қираган…
Қарасам, Темур амакинг кириб келяпти.
— Нима бўлди, нега овунмаяпти?..
— Қорни оч, — дедим йиғламсираб.
— Айтдим-ку, эмизинг деб! Қанақа тошбағирсиз?— деди жаҳл билан.
Индамай орқамга қайтдим-да, супага ўтирдим. Э, бўлди, эмизаман, дедим. Энди кўкрак ўнгайлашимни биламан Маҳмудхон акангга кўзим тушди. Кўзлари жовдираб турибди бояқишди. Чаён чаққандай сапчиб туриб кетдиму, бундай қарасам Хосият холанг кириб келяпти, аъзои баданим шовшаб, супага қайта ўтириб қолдим: хайрияте, бир баҳя қолди-я!.. Хосият, буни тез эмиз, ичи куйиб кетди, дедим ўтирган еримдан қўзғалолмай. Хосият бояқиш, хўп, хўп деб кўкрак тутдию, жимидинг, қолдинг. Сен тинчидингу, менинг жоним кирди, болам…
Аям шундай деб сени бағрига босди.
— Хола, нимага ўзингиз эмизмадингиз? — дединг сен ажабланиб.
— Эмизмадим-да! — деди аям Маъмура холамга илжайиб қараб қўйиб.
— Нимага?..
— Қизғандим.
— Хосият холам қизғанмабди-ку?!
— Унинг йўриғи бошқа, болам!
Сенинг қизиқишинг ортгандан ортиб борарди.
— Қанақа йўриқ, хола, тушунтириброқ гапиринг?!
— Мен… Биз аянг иккимиз ният қилганмиз, болам. Агар эмизиб қўйганимда ниятимиз чиппакка чиқарди.
— Қанақа ният, хола?
Аям илжайиб Маъмура холам томонга қаради. Аянг бош кўтармади. Кулимсираб кашта тикаверди. Сен аямнинг қўлларимдан маҳкам тутганча, айтасиз холажон, айтмасангиз қўймайман, деб қистаганинг қистаган эди.
— Йўқ, шошма қизим, ҳали вақти эмас, — деди аям охири қатъий қилиб. — Ҳали билибам оласан, суяккинанг жойигаям тушади.
Мен бу гаплар замиридан, кейин аям Маъмура холамга қараб сирли кулиб қўйишлари, аянг ҳам қизариниб кулимсирашларидан нималарнидир фаҳм¬лай бошлагандим… Демак, ўшанда сенга Хосият холам эмас, аям кўкрак тутганларида менга «ҳамшира*» бўлиб қолардинг. Тушуняпсанми, ҳамшира! Муштипар аяжоним эса ўша чоғлардаёқ сезган экан, сен мен учун дунёга келганингни, мен учун яралганингни…
* * *
Ўшанда кечаси қалин қор тушган, ҳаво хийла совуқ эди.
Икковимиз қир оша мактабга кетиб борардик.
Қорда яқинда ўтган машина излари. Изларнинг бирида мен, бошқасида сен. Паришонсан. Сабабини билиб турибман. Боя аям айтиб берган воқеанинг тагига етолмаяпсан. Лекин, нима деб сўрашни ҳам эпини қилолмаяпсан. Охири бўлмади, сўрадинг.
— Маҳмуд ака, боя холам нега унақа дедилар? Тушунмаяпман?
— Тўғри, ҳали тушунмайсан, ёшлик қиласан, — дедим жиддий туриб.
— Вуй, катта одам-ей, — дединг жаҳлинг чиққан бўлиб. — Ўзингиз нимани тушундингиз?..
Мен жавоб бермай, юришда давом этган эдим, йўлимда туриб олдинг.
— Қани айтинг-чи, нимани тушундингиз?
— Ҳаммасини, — дедим-да, сени бепарво четлаб ўтиб, йўлга тушдим.
— Тушунган бўлсангиз, айтинг-чи?! Айтинг-чи!— дединг ор¬қамдан эргашиб.
— Кейин кўз ёш қилиб юрмайсанми, — дедим ҳамон сенга қарамай.
— Ҳечам-да!
Энди мен сенинг қаршингда туриб олдим.
— Уялмайсан ҳам, бўптими?!
— Уят гап бўлса, кўрасиз! — дединг муштчангни ўқталиб.
— Айтдим-ку, гўдаксан деб!..
Сенга энди «алам» қип кетди.
— Бекор айтибсиз, гўдак эмасман!
— Айтайми, бўлмаса?
— Айтинг!..
Энди мен довдирадим. Индамай йўлга тушдим.
— Ҳа, гапиринг, — дединг сен ҳам бўшашиброқ.
«Нима бўлса бўлди, айтаман!» деб тўхтадим.
— Аям, катта бўлганингда билиб оласан, деганлари… Катта бўлганингда сени… Сен билан мени…
Сен чидай олмадинг.
— Керак эмас! — дединг қовоқ уюб. — Ҳаммаси ўзингиз тўқиган гаплар.
— Ҳали ҳеч нарса демадим-ку?
— Барибир ёлғончисиз!
— Шунақами?
— Ҳа, ғирт ёлғончи!.. — шундай дея қочиб кетдинг.
Мен қувмадим, илжайганча орқангдан юриб боравердим. Сен нарироқ бориб тўхтадинг-да, менга ўгирилиб қарадинг. Негадир йўл четига чиқиб турдинг. Этикчанг қорга кўмилди. Шундагина ортимга ўгирилиб, яқинлашиб қолган қизил «Москвич»га кўзим тушди. Фармон бригадирнинг машинаси. У мендан сал ўтиб, иккимизнинг ўртамизда тўхтади. Қисқа сигнал берди. Сен чопқиллаб етиб келдинг. Мен орқа эшикни очдим. Бригадирнинг ёнида хотини, орқа ўриндиқда Козим ўтирарди. Козим менга миннатли қараб қўйди-да, сурилиб бир кишилик жой бўшатди. Сен тараддуд билан менга қарадинг. Фармон бригадир тоқатсизланди.
— Тез бўлинглар… Сурилсанг-чи! — дея ўғлини жеркиди.
— Ўтир, — дедим ўзим истамаган ҳолда.
Сен машинага чаққон кирдинг-да, дарҳол сурилиб менга жой бўшатдинг. Мен бўлсам эшикни ёпдим-да, йўлга тушдим. Мени қайта қистаб ўтиришмади. Машина бир сирпаниб йўлга тушди. Хижолатли тикилиб ўтаёт¬ганингни билсам-да, қарамадим. Лекин, ич-ичимдан машина ҳозир тўхташини, сен ундан отилиб чиқиб, олдимга чопиб келишингни шунчалик хоҳлардимки…
Бошимни кўтариб қараганимда қизил «Москвич» оқиш тутун чиқариб қирликдан эниб борарди. Қадамим сустлашиб, охири йўл устида туриб қолдим. Олдинга юришни ҳам, орқага қайтишни ҳам билмасдим…
Кимсасиз йўлда хомуш кетяпман.
Қаршимдан велосипед қўнғироғи жиринглади.
Бошимни кўтардим. Ориф почтачи. Велосипедига суянганча, қоқ пешонамда илжайиб турибди. Эгнида минг йиллик фуфайка. Совуқ ўтказган шекилли, бурун-тумшуқлари кўкариб кетган. Бемаврид илжайиб туриши ғашимни келтирди. Индамай кўришиб, ёнидан ўтаётсам, тирсагимдан тутди. Кейин рулга осиғлиқ сумкасини титкилашга тушди. Ниманидир сездими, юрагим бир ҳаприқиб олди.
— Ориф ака, нима гап?
У бамайлихотир бир жиддият билан конверт узатди.
— Қўрқмасдан юборавер деганмидим сенга?!. Мана, марҳамат, Тошкентдан, Асқад Мухтор домланинг шахсан ўзидан!.. — велосипедини шундоқ қор устига ётқизди.— Қани, оч-чи, эшиттириб ўқи… Йўқ, аввал ичингда ўқи. Кейин менга айтасан…
Ўзимни аранг босиб, хатни ўқидим. Рангим андак оқарди шекилли, бундай қарасам, Ориф аканинг дами ичига тушиб кетган, шу тобда гўё менинг¬мас, унинг тақдири ҳал бўлаётгандек, мўлтираб турибди. Қитмирлигим тутди: қўлимдаги хатга яна бир кўз ташлаб олдим-да, ҳафсаласиз буклаб, чўнтагимга солдим.
— Домла нима дептилар, Маҳмудхон?..
Ориф акага таънали тикилдим. У айбдор боладек кўзини опқочди.
— Айтардим-ку, барибир фойдаси йўқ, деб. Сиз бўлсангиз, э!..
Бечора Ориф аканинг лаб-лунжлари осилиб кетди. Энди чидай олмадим.
— Ориф ака, ишлар зўр! — дедим-да, белидан даст қучиб кўтарган кўйи икки-уч айлантириб, ерга қўйдим. Новча ва нимдош почтачи белини тутганча, букчайиб қолди.
— Белни ўлдирдинг-ку, жиян!.. — кейин инқиллай-инқиллай қаддини ростлаб олди-да: — Домла нима дептилар? — деди.
— Сурат жўнатишим керак экан. Шеърларимни тайёрлаб қўйишибди. Хўш, қалай?!
— Яхши, яхши иш бўпти… Вой, белим-ей, биласан-ку белтирим бор…
— Белтирингизни ҳозир тузатиб қўяман, Ориф ака!— деб яна қулоч ёзиб унга яқинлашдим.
Бироқ, энди у яқинига йўлатмади.
— Яхшиман, яхши бўп қолдим.
Қорда ағанаб ётган велосипедини ердан кўтарди-да, олдимга етаклаб келди.
— Э, жияним, маладес. Энди бу ёғини чўзиб юрмагин-да, менга суратингни опкелиб бер. Срочний қилиб жўнатиб юбораман… Айтмоқчи, икки энлик хат ёзиб бер. Раҳмат дегин. Бошим осмонга етди дегин.
Менинг номимдан ҳам салом дегин. Хўп, дейвер, Ориф аканг бир нарсани билмаса гапирмайди. Аввалам айтгандим-а, сен катта одам бўласан, дегандим. Мана, ҳалитдан улуғлар назарига туша бошладинг. Биласанми, нима учун?.. Зуваланг тоза жойдан олинган. Ҳамма гап шунда!.. Э, ҳозиргилар қаёқданам билсин бунақа гапларни?!.
— Ориф ака, ҳали кўрсатиб қўямиз ҳаммасига! — дедим ўз-ўзимдан жўшиб кетиб.
Бечора почтачи анграйиб қолди. Тишларим орасидан совуқ бир важоҳат билан чиққан гапим уни гангитган эди. Дарҳол ўзимга келиб, илжайдим.
— Ҳаммаси яхши бўлади, деяпман, Ориф ака, кўрасиз…
— Э, албатта-да. Мен бир нарсани билмасам га¬пирмайман. Майли, жияним, омон бўл… — дея юзига фотиҳа тортди-да, қишлоқ томонга ўтиб кетди.
* * *
Шоҳсанам, шу тобда сени аранг кўндириб, туман марказига бориб келганимиз ёдимга тушди. Ўшанда биринчи марта иккимиз қишлоқдан бекитиқча чиққанмиз. Ҳар учраган одам сенга таниш кўриниб, қип-қизариб кетасан, бекинишга жой тополмай қоласан. Ўзимам шундоқ аҳволдаману, сенга сездирмайман… Кинога судрадим, кўнмадинг. Суратга тушишга унамадинг. Истироҳат боғидаям бемалол юролмадинг. Лекин, боғ чеккасидаги эски мачит олдидан чиқиб қолганимизда, негадир шуни томоша қилайлик, деб туриб олдинг. «Бўпти, ихтиёринг», деб сенга эргашдим.
Мачит эшиги қулфлоғлиқ. Қадима қулф занглаб кетган. Бино ёнбошидаги пахса девор кемтигидан ошиб ҳовлига ўтдик. Қайроқтош ётқизилган ҳовли бурганзор бўлиб ётибди. Ҳовли этаги қабристон. Шу ердан қайта қолармиз, десам, қабрлар оралаб кетиб боряпсан. Катта бир даҳма олдида тўхтадинг. Даҳма деганим одам бўйи келадиган супа. Бурган ва тиканаклар босиб ётган супа устида тўрт-бешта қийшайган, йиқилган мармар тош кўринади…
Қарасам, ўзингча пичирлаб бир нималар ўқияпсан. Кулгим қистаб, бир чеккада кузатиб турдим. Юзингга фотиҳа тортиб, омин қилган бўлдинг-да:
— Биласизми, бу ерда кимлар ётибди? — дединг сирли кулимсираб.
— Ҳар ҳолда отам эмас, — дедим илжайиб.
Ердан чиқдими, осмондан тушдими, дарвешсифат бир чол пайдо бўлди.
— Келинглар, болаларим, келинглар! — деди у уйига келган меҳмонларни қаршилагандай.
— Вой, ассалом! — дединг сен бир учиб тушиб.
— Ваалайкум ассалом, баракалло қизим, баракалло, — дарвеш дунё топган тентакдай хурсанд эди. — Келинглар!..
— Ҳа, ўзимиз шунчаки томоша қип юрибмиз, — дедим нимагадир уни хушламай.
— Томоша дегин… майли, болам, бемалол… — деди чол хўрсиниб. Аразлаган болага ўхшаб терс бурилиб кета бошлади. Қўлтиғида буклоғлиқ қоп, қўлида ўроқ бор эди.
— Амаки, сиз қоровулмисиз? — дея уни тўхтатдинг.
— А?.. Ҳа, йўқ, йўл бўлсин бизга. Қоровул ташқарида. Қизил шапкали. Кўргандирсан?..
Чол қўлтиғидаги қопни ерга ташлади-да, устига ҳорғин чўкди.
— Уф, жоним-ей!.. Болам, кимни ўғлисан?..
Истар-истамас айтдим. У бўлса боягидек қувониб кетди.
— Э, бўлди! Боятдан бери шу болам кўзимга иссиқ кўриняпти, дейман. — Кейин сизлашга ўтди. — Маъруфхонни ўғлиман денг?!. — Чол ўрнидан турди. — Эмасам, сизни бу ерга бовонгиз бошлаб кепти-да, болам!..
— Қанақа бовом? — деди ажабланиб.
Сенга қарасам, ҳаммасидан хабарим бор, дегандай кулимсираб турибсан.
— Махдуми Аъзам ҳазратлари. Маъруфхон раҳматли айтмаганмидилар?
— Ким бўлган у киши?
— Ҳазратми?.. Ҳазрат Ҳақнинг ошиғию, ошиқларнинг султони бўлганлар, — деди чол. Кейин қўлимдан етаклаб даҳма олдига бошлаб борди-да, Мах¬думи Аъзам деган бобомиз қачон ва қаерда туғилганидан тортиб, қандай наслу насабли зот бўлгани ва бизнинг авлод унга қанақа боғланишигача гапириб берди. Кейин даҳма жанубига бошлади бизни.
— Мана шу қора тош тагида ким ётибди, биласизларми?.. — деди сандиқдай мармартош олдида тўхтаб,— билмайсизлар. Ялангтўш Баҳодир ётибди!..
Икковимиз баравар унга қарадик.
— Э, ҳалиги кинодаги Ялангтўшми, Ленинни кўролмай кетган? — дедим мен ҳовлиқиб.
— Э, йўғ-е, — деб юборди чол қўл силтаб. — Ялангтўш қаёқдаю, Ленин қаёқда!.. Содда болам-а,— деди кейин илжайиб. — Майли, безарар… Хўш, шаҳарга борганингизда Регистонни кўрасиз-а, Регистоннинг учта мадрасаси бор. Улуғбек, Шердор, ўртадагиси…
— Тиллакори…
— Балли. Ана шу Тиллакори билан Шердорни қурдирган зот Ялангтўш Баҳодир бўлади!..
Сен қора тош ёнига чўкиб, ундаги ёзувларга тикилдинг. Кейин дастрўмолчанг билан ёзувлар чангини арта бошладинг.
Чол отимни сўраб олди.
— Маҳмудхон болам, мана шу тошларнинг ҳар биттаси битта подшога тегишли. Ўн тўртта. Қаранг, ҳаммаси супа тагида. Юқорида эмас. Нимага шундай?.. Улар ўзлари васият қилишган: пиримизнинг оёқ тарафида ётайлик. Пиримиз зиёратига келганлар устимиздан босиб ўтишсин, дейишган…
Очиғи, мен ўшанда ё туш кўряпман ё бўлмаса мана бу савдойи одам бўлар-бўлмас гапларни валдираяпти, деб ўйлагандим. Лекин, ҳар икки ҳолдаям бу нарса ғоятда ёқимли эди. Чунки, ёнимда сен бор эдинг ва сен мендан-да кўпроқ мароқланиб, ҳайратланиб дарвеш чолнинг гапларини тинглаётган эдинг…
— Пирим Махдуми Аъзам — подшоҳим кўргали келдим. Итидек остонига юзумни сургали келдим… Бу байтни Машраби девона айтганлар. Кўрдингизми, жияним, қадимнинг одами азизлар хокини тўтиё қилган. Ҳозиргилар эрмакка томоша қилишади…
Бу гапни ўзимга олиб қизариндим. Чол бўлса изза тортди.
— Йў, йў, жияним, бу ҳаргиз сизга маломат эмас. Амакингиз ўзиям гўр эмас, мана… — у каловланиб бориб ерда ётган ўроғи ва қопини қўлига олди. — Кўриб қўйинг, ўзимизам бекорга девор ошиб юрганимиз йўқ!..
Шу чоқ мачит тарафдан овоз келди.
— Ҳа, эшон!
Чол ялт этиб қаради-да, юзи тундлашиб тўнғиллади.
— Бир пасда ис оласанлар-а!
Мачитнинг бурганзор ҳовлисида мелиса кийимидаги қоқшол бир кимса қовоқ уюб турарди.
— Нима гап?!
Чол қўлидагиларни кўтариб кўрсатди. Назаримда, овоз чиқариб жавоб қилишга ҳам оғринди.
— Бўпти, тез жўнанг!
Дарвеш қопини қўлтиғига уриб, ёнимизга келди.
— Ана шунақа, жияним, ўт ўришимиз керак. Мол боқишимиз керак. Буям кори савоб, — дея истеҳзоли кулимсиради.
Ҳалиги нусха ҳамон қадалиб, кўз тикиб турарди. Лекин, чол унга ортиқ эътибор бермай, хиргойи қилганча биздан узоқлашди.
Илоҳи, бандаман, бечорадурман,
Ҳавойи нафс ила оворадурман…
У қуюқ чангалзорга шўнғиб кўздан йўқолгач, изимизга қайтдик. Мелиса бизни кутиб турарди.
— Нима қип юрибсанлар? — деди у хўмрайганча.
— Қабристонда нима қиладилар?! — дея зарда қилиб ўтиб кетдинг сен. Мен бўлсам, «Адашиб кириб қопмиз, узр», дея илжайдим. Кўчага чиқиб, лоақал энди кинога кирармиз, деб яна қистаб кўрдим.
Унамадинг. Қишлоққа кетамиз, деб туриб олдинг.
— Э, бу қанақаси, шундан шунга атайин эски гўрис¬тонни кўргани кепмиз-да?! — дедим хуноб бўлиб.
— Арзимабдими? — дединг ҳали мелисага қилган қўрслик билан.
— Арзимайди! — деб юбордим мен ҳам сендан қолишмай.
Ҳайрон бўлиб қараб қолдинг-да, кейин терс бурилиб, бекат томон кетдинг. Бу сен учун кутилмаган гап эди. Шуни била туриб ҳам тилимни тиймадим.
— Хўш, нотўғри гап қилдимми?!
Индамадинг.
— Сенингча, беш юз йил аввал мени мана шунақа бобом ўтган экан, деб мақтаниб юрсам яхши бўларди-да, шунақами?!
— Мақтаниш шарт эмас, — дединг секингина, автобус келадиган томондан кўз узмасдан.
Жиззакилигим тутди. Шартта қўлингдан тортиб ўзимга қаратдим-да, бўлар-бўлмас гапларни айтиб ташладим. Мен шоир бўлишим керак, билдингми, шоир орқага эмас, олдингга қараб юради, дедиммией, ўтмишда қоп кетган бунақа боболар оёғимга тушов бўлиши мумкин, буни истамайман ҳам дедимми… Хуллас, шаккоклик қилдим.
Сен бўлсанг, индамай эшитиб турдинг-да, битта гап билан бопладинг:
— Шоир бўлиш ҳам қийин экан, — дединг.
* * *
Автобусда келяпмиз. Сен деразадан кўз узмайсан. Жимсан… Йўқ, жаҳл қилибмас, жаҳлдан тушгансан, лекин аллатовур маъюсланиб, кичкинагина бўлиб қолгандайсан. Мен бўлсам, дилим хижилланиб, ич-этимни еб боряпману, нимагадир гап қотмайман, ўзимни оқлашга уринмайман. Шу маъқул кўринади менга…
* * *
Ўша куни далада ҳам дилхиралик кутиб турган экан.
Сув ўқариқдан уриб кетиб, анча ернинг ғўзасини босибди. Сафар амаки ёлғиз ўзи бандни боғлаб, кўллаб қолган сувни қочириб, эндигина уватга чиқиб ўтирган экан. Мен, бир-икки соатга қолмасдан етиб келаман деган одам, кун пешиндан оғганда келиб турардим.
Сафар амакининг юзига қараёлмай, индамасдан ёнига бориб ўтирдим. У гап қотмади. Ўрнидан туриб, ювингани анҳорга қараб кетди. Бундан кўра аямай сўккани, тарсакилаб юборгани тузук эди…
* * *
Тун. Ўша ўзимизнинг «Шотутли» даламиз.
Ўқариқ сувида, жўякларга таралган сувда ой, юлдузлар акси жимирлайди. Эгатларга бир маромда оқиб тушаётган сувнинг чулдираши, чигирткалар чириллаши қулоққа чалинади. Сафар амаки билан фонус кўтариб, дала айланиб юрибмиз. Дилхиралигим андак тарқалган.
— Сабил, феълим ёмон-да мени, — дейди Сафар амаки олдинда кетиб бораркан. — Ҳай-ҳай, ўзингни бос, шайтонга ҳай бер, деб турган жойимда портлаб кетиб қоламан. Бугунам кўра билатуриб дилозорлик қип қўйдим.
— Ўзиям бирор нарса дегандир-да?..
— Э, биргадир одам нима дерди, яхши ишла, дейди. Хўп бўлади, десам олам гулистон эди. Худойимгаям ёқмадими дейман-да қилиғим?..
Гап маромидан сезаман: Фармон биргад билан айтишиб қолган, гап менинг устимдан қочгани аниқ. Бу биринчи марта эмас, бечора Сафар амаки менинг раъ¬йимни қайтаролмай, ишдан рухсат бериб юборади-да, кейин…
* * *
Йиғма каравотларимизда осмонга кўз тикканча, индамай ётибмиз. Сафар амаки тиккага келиб қолган ойга тикилганча негадир кулимсиради.
— Тавба, — деб қўйди ўзича, кейин ёстиғига тирсаклаб менга қаради. — Қадимгилар хўпам доно бўлишган-да, жияним, буни қара-я?!. Отанг ердур, санам ердек қилиқ қил. Ямонлик айлаганга яхшилик қил… Бай-бай, бағрикенгликни қарагин-да… Ямонлик айлаганга яхшилик қил, деяпти. Биз бўлсак, бурнимиздан сал юқори гапга ловуллаб кетамиз… Эҳ!..
— Унсурингиз олов бўлса керак-да, амаки?! — дедим менам ўрнимга туриб ўтириб.
— У нима деганинг, жияним?
— Бир ерда ўқиганман-да.
— Э, ўша ўқиганингдан гапир-да, болам!..
— Одамлар тўрт унсурга бўлинишар экан: тупроқ, сув, ҳаво, оловга… Қайси ойда туғилгансиз, амаки?..
— Асадда туғилганман, аям шунақа дердилар, раҳматли…
— Худди оловни ўзи экансиз-да!
— Бўлса бордир… Отанг-чи, болам, отанг сунбула эди…
— Сунбула тупроққа киради.
— Қойил, жияним, отанг тупроқнинг ўзи эди, раҳматли. Э, бунақа хокисор одамни кўрмаганман. Бировга тик қараган бўлса-чи, бировга овозини кўтарган бўлса-чи!.. Аммо салобатли йигит эди. Унча бунча одам рўпара бўлолмасди. Мана шу Ҳайдаровдай одам ҳам узоқдан кўриши билан машинасидан тушиб, олдига пиёда келарди-да!.. Ҳа, айтмоқчи, бу қурғур Фармоннинг унсури қанақа бўлса?— деди Сафар амаки қизиқиб кетиб.
— У киши ҳаво бўлсалар керак, — дедим илжайиб.
— Топдинг, топдинг, айни ўзи, ўлардай ҳа¬войи,— деди Сафар амаки кулиб юбориб. — Биз уни ўпка дер эдик.
Ўрнидан туриб қумғондан чой қуйиб ичди. Ке¬йин яна ўрнига чўзиларкан, нималарнидир эслаб, оҳиста кулиб қўйди.
— Бундан чиқади, бандаси ўз феъл-аъмоли билан туғиларкан-да. Сут билан кирган мижоз дегани шудир-да!.. Отанг ердур, сенам ердек қилиқ қил… Бай-бай, жияним, эскиларнинг турган — битгани ҳикмат-е! Кўзинг бўлса-ю, ўшанақа китобларни топиб ўқисанг, маза қилсанг… Бобонг раҳматли айтиб юргувчи эдилар бунақа байтларни. Сўфи Оллоёрдан дердилар…
Сафар амакининг қулфи дили очилиб борарди.
Атроф сутдек ойдин. Тўлин ой анҳор толлари устида индамай сузиб борар, чигирткалар овози пасайган, кенг даланинг бир чеккасида ота қадрдоним билан ота-боладек гурунглашиб ётардик. Эҳ, на қадар ғанимат дамлар экан ўйлаб қарасам!..
— Бовонгни кўрмагансан-а, жияним?.. Э, ҳозирги бобойларни бирортасиниям фариштаси йўқ, ўхшамайди у кишига… Битта нарса эсимдан чиқмайди. Рамазон ҳайитими, Қурбон ҳайитими, эсимда йўқ. Эшон бобога эргашиб шаҳарга бормоқчи бўлгандик. Отанг, мен, Темур амакинг… Унда сендан анча кичикроқ ёш болалар эдик.
Бутун вужудим қулоққа айланиб тингларканман, Сафар амакининг ҳикояси жонланиб кўз ўнгимдан ўта бошлади… Тонг қоронғуси. Колхоз идораси олдида юк машинаси турибди. Машина устида одамлар.
Уч бола оппоқ соқолли, барваста чолга эргашиб машина олдига келадилар. Машина олдида турганлар қарияни иззатлаб кабинага ўтқазишади. Болалар апил-тапил кузовга чиқиб олишади. Қувончдан учаловининг ҳам кўзлари чақнайди, оғизларининг таноби қочиб, тинмай илжайишади. Ахир улар биринчи марта ҳайитлаб келгани шаҳарга кетишяпти-да!..
Бир маҳал колхоз идораси томонидан партия фаолларига хос кийинган киши пилдираб машина олдига келади. Даставвал кабинада ўтирган чолга кўзи тушади.
— Ийе, — дейди ажабланиб. — Эшон, сиз нима қип ўтирибсиз?!
Кузовда шивир-шивир бошланади.
— Оббо, Раҳимзода-ку! Баттол, бир дилхиралик чиқармаса эди!..
Раҳимзода деганлари «Э, мумкинмас, мумкинмас, тушинг!» дейди-да, бўйлаб қараб кузовдагиларни ҳам кўздан ўтказади. Яна кабина эшигига яқинлашади.
— Нимага қараб ўтирибсиз, тушинг дедим-ку!
— Иним, болаларни ҳам олиб чиққан эдим, гўдаклар бир сайиллаб келишсин, — дейди чол муроса оҳангида.
— Тем более, болалар билан вопше мумкинмас!.. Тушинг, тез бўлинг!
Қария тушиш ҳаракатида бўлади. Ҳайдовчи йигит уни тушгани қўймайди-да, Раҳимзоданинг олдига айланиб ўтади.
— Эшон бовога нима деяпсиз ўзингизча? — дейди жаҳл билан.
— Эшон бовонгиз тушсин, бўлмаса машина юрмайди!
— Нега тушар эканлар, у кишини кимлигини биласизми ўзи?! — дейди ҳайдовчи тутақиб.
— Билсам нима бўпти, унга мумкинмас, тушсин! — дейди Раҳимзода деганлари чийилдоқ овозини баландлатиб.
— Нега мумкинмас, ахир?!
— Мумкинмас дедим-ку, гап тамом! Тушинг бу ёққа! Тушинг дедим!
— Тушмайди!..
Ҳайдовчи забт билан кабинага чиқиб, моторни ўт олдиради. Раҳимзода кабинага бош суқиб бақиради.
— Эшон, яхшиликча тушинг, деяпман! Эмасам, бу болага жабр қиласиз!
— Қўлингдан келганини қил-е! — деб бақиради ҳайдовчи ҳам бўш келмасдан.
Раҳимзода кўзларини совуқ ялтиратиб, қарияга тикилади.
— Эшон, охирги марта огоҳлантираман!
Чол ҳайдовчига ўгирилиб қўлидан тутади. Маъноли бош ирғаб, тушмоқчи бўлади. Ҳайдовчи йўл бермайди. Қўлидан маҳкам тутади. Чол унинг қўлларини беозор бўшатади-да, ҳайда, болам, намоздан кеч қолмагин, дейди.
— Эшон бово, ахир!..
Чол индамай кабинадан тушади-да, орқага қараб кетади. Кузовдагилар унга ачиниб, бироқ иложсиз термулиб қоладилар. Биринчи бўлиб Маъруф, унга эргашиб Сафар билан Темур тушади.
Болакайлар чолдан ўн қадамча орқада боришяпти. Бир-бировига қарай олишмайди. Чунки, учаловининг ҳам кўзлари жиққа ёшга тўлган.
* * *
— Кейин билсак, Эшон бовомизга қишлоқдан ташқарига чиқиш мумкин эмас экан, таъқиқлаб қўйишган экан, — деди Сафар амаки хўрсиниб. — Ажаб замонлар эди-да…
У ўрнидан туриб ойга қараб олди. Ой толлар ортига ўтган, қизғиш тусга кира бошлаган эди.
— Вақт алламаҳал бўп қопти, энди ухласанг ҳам бўлар…
— Сиз-чи?! — дедим ажабланиб.
— Бир айланиб чиқай, кейин…
Мен ҳам ўрнимдан туриб индамай кетмонимни елкамга олдим. У қаршилик қилмади. Дала оралаб кетдик.
Оғир таассуротлар юки остида ўқариб ёқалаб борарканман, лоп этиб эсимга бир воқеа тушди. Еттинчида эдик. Адабиёт дарси бораётганди.
— Малим, сиз аввалги дарсимизда эшону муллалар тугатилган дегандингиз-а?! — деб қолди ўша ўзинг билган Козим оғайнимиз.
— Шундай дегандим, хўш?..
Козим илжайганча ўрнидан турди.
— Лекин бизани қишлоқда эшонлар ҳалиям бор.
— Йўғ-е, масалан?! — деди ўқитувчи ажабланиб.
— Масалан… Маҳмудди отаси. Ҳамма у одамни Эшон ака, дейди.
Козим намойишкорона тиржайиб мен томонга қараб қўйди. Бутун синфнинг диққати менга қаратилди. Ўз-ўзидан иситмам чиқиб, қип-қизариб кетдим. Ўнғайсизланиб ерга қараб олдим. Шаҳардан янги келган ёш муаллим бир пас жим қолди. Бошқалар ҳам чурқ этмасди. Ниҳоят, муаллим томоқ қирди-да:
— Фармонов, сен гапимга тушунмабсан, — деди. — Эшонлар илгари ўтишган. Улар текинхўр бўлишган. Халқ¬нинг устидан кун кўришган, дедим, тўғрими, болалар?.. Лекин Маъруфхон ака… Маъруф ака бригадир-ку. Аёллари оддий колхозчи, далада ишлайди. Шундайми?
Козим бўш келмади.
— Эски замон бўлганида булар ҳам ўшанақа бўларди-да. Сиз уларникига борганмисиз ҳеч?.. Ҳаммаси бир-бирин сизлаб гапиради. Нима учун, биласизми? Бош¬қалардан ажралиб туриш учун!..
Муаллим бечора ўз кўнглида мени ҳимоя қилмоқчи бўлди.
— Маҳмуд, сен Козим жўрангга айтиб қўй: биз унақа эмасмиз, де. Керак бўлса эртагаёқ эшонларни ҳажв қилиб, шеър ёзиб келаман, дегин, — деди.
— А! — дея Козим қўл силтаганча жойига қайтиб ўтирди. — Ёзмайди!
— Ёзади, кўрасан!
Козим бу ёқда қолиб, ўқитувчимизни ёмон кўриб кетдим. Нега у билан пачакилашиб ўтирибди? «Оғзингни юм!» деб жеркиб бермайдими?!.
— Маҳмуд, Козим ўртоғингни шу гапи учунам битта зўр шеър ёзиб келасан, шахсан ўзим деворий газетага— «Ёш куч»га чиқартириб бераман.
Жавоб ўрнига унга ўқрайиб тикилдим. У кўзини опқочиб, ўрнига ўтирди. Бош кўтармай синф дафтарига ҳадеб бир нарслар ёза бошлади. Оғир жимлик… Яхшиямки, танаффусга қўнғироқ чалиндию, бутун синф енгил нафас олиб юборгандай бўлди.
Мактабдан қайтишда Козим билан тўйиб муштлашдим.
Оғзи бурнини қон қилиб ташлаганману, кўз ёшларимни тиёлмайман. Козим бўлса тилини бермайди: текинхўр, муштумзўр, эшонзода деб сўккани сўккан…
Анчагача бунинг алами юрагимдан чиқмади. Шу алам туфайли ота-онамгаям қовоқ-тумшуқ қилиб юрганларим эсимда. Сафар амакининг бояги ҳикоясидан кейин эса менга яна кўп нарсалар ойдинлашди: демак, ўша сайил эртаси машинадан тушириб қолдирилган бобому отамдан тортиб менгача — ҳаммамиз нимададир айбдормиз. Ҳатто туман марказидаги эски даҳмада ётган бобомиз ҳам… Акс ҳолда, у ерга қоровул қўйилмас, зиёратчилар таъ¬қиб қилинмас эди. Шоҳсанам ҳали сенга аччиқ қилиб айтиб юборган гапларимда жон борга ўхшайди. Ростданам қадимда ўтган боболарим билан мақтанишим менга наф келтирмайди. Мен фақат ўзимга ишонишим, ўқишим, катта одам бўлишим ва ҳаммасига кўрсатиб қўйишим керак!..
Бир қўлимда фонус, бирида кетмон Сафар амакига эргашиб борарканман, беихтиёр: Амаки, эртага пешингача жавоб берсангиз, шаҳарга бориб келмоқчи эдим, деб юбордим. У дафъатан бир нарса деёлмай жим қолди-да, кейин: майлику-я, Фармоннинг кўзи тушмасин, деди.
— Хўп… Ҳужжат топшираману, қайтаман, — дедим.
— Ҳужжат?
— Ўқишга-да.
Сафар амаки қувониб кетди.
— Э, шунақа демайсанми?! Боравер, жиян, боравер! Сен ўқийман дейсану, йўқ дермидим!.. Ҳа, айтмоқчи эсимдан чиқибди. Ҳали кундузи Ҳайдаров келиб эди. Менга учрашсин, деди. Бирор иш бермоқчи, чамаси.
— Амаки, иш қочмас. Аввал ўзимни бир синаб кўрай…
— Маъқул, болам, маъқул. Тўрт-беш йиллик заҳматига чидасанг, кам бўлмайсан. Ғайрат қилгин!
Кун бўйи толиққанимизга қарамасдан не маҳалгача суҳбатлашиб ётдик. Ой ботиб кетган эса-да, ерга пастлашиб келаётган минг-минглаган юлдузчалар шуъласидан атроф сутдек ойдин эди.
* * *
Ўша йил, сентябр боши.
Бугун биринчи кун бригада ҳисобчиси бўлиб ишга чиққанман. Ўзимни андак ўнғайсиз сезиб турибман. Ўнимда Амиржон ва яна бир-икки бола. Сизлар дарсдан кейин далага чиқиб келгансизлар. Шийпон этагидаги тераклар соясида тўп-тўп бўлиб турибсизлар. Умаро ўртада туриб олганча ҳаммани гур-гур кулдиряпти. Сенинг кўринишинг паришон, Умаронинг ҳазилларига жилмайибгина қўясан.
— Маҳмуд ака, нима қилдик?! — деди ниҳоят Амиржон.
— Бошлаймиз, — дедим соатимга қараб олиб. — Ҳамма йиғилдими?..
Сизларга қараб юрдик. Даврадагилар, айниқса қизлар ажабсиниб тикилишди. Баттар ўнғайсизландим. Амиржон шериклари билан даврага қўшилди. Мен рўпараларингда ёлғиз қолдим.
— Ҳамма келиб бўлган бўлса, ишга тушамиз, — дедим Амиржонга қараб, кейин томоқ қириб олиб давом этдим. — Ишимиз шуки, учта дала машина теримига ажратилган. Катта-кичик нечта ўқариғи, ёрдамчи ариғи бўлса, текислаймиз. Кейин дала бошидан, этагидан ўн беш қадамча ернинг ғўзасини ўрамиз…
— Поворотний полоса очамиз, десангиз яхшироқ тушунишади, — дея луқма ташлади Амиржон.
— Хуллас, ҳар йилги ишимиз. Тушунарлими?
— Тушунарли эмас, — деди қақажон Умаро.
— Сен қачон бир нарсани дарров тушунган эдинг!— деди Амиржон унга кўз қирида қараб олиб.
— Сенга қолмабди! — дея чўрт кесди Умаро.
Умаро сендан кичикроқ бўлса-да, мудом ёнингда. Билмаганлар сизларни опа-сингил дейиши мумкин. Аммо, табиатларинг бир-бирига зид. Сен вазмин, сиполикка мойилсан. Умаро ўғилбола феълли, шаддод. Лекин ўта жонкуяр қиз. Салгина феълига ўтиришмаган нарсадан ёниб кетади. (Худди отаси Сафар амакидек олов унсурли).
Амиржон қизга ён берган бўлди.
— Бўпти, сўрайдиганингни сўраб ол!
— Керак эмас, — деди Умаро қовоқ уюб.
Амиржон кулди.
— Жини қўзиди!.. Ҳа, бўлди, сиз бизга кимсиз деб сўрамоқчи Умишвой, топдимми?!. Бўлмаса, билиб олинг¬лар. Маҳмуд ака бугундан эътиборан сизу бизга ҳисобчи. Бўлдими?..
— Бўлмади, — деди Умаро бир пасда аразини унутиб. — Маҳмуд ака нега студент эмас, ҳисобчи бўлиб юрибдилар?
— Ҳм… — деди Амиржон «ўйга ботиб». — Маҳмуд ака, ўзингиз жавоб берасиз энди.
— Ўқиш бу йилча қолди, — дедим қизариниб.— Қисқаси, йиқилдим.
— Йиқилишингиз сабаби?
— Оббо, тагига етмаса қўймайди! — деди Амиржон бош чайқаб.
Бу иккисининг ади-бадиси тўхтам билмайди. Худди ўт билан сувдек бир-бирига ёв. Ана, шу ёвлик тагида ҳали балки ўзлари ҳам тўла англаб етмаган бир нарса бор эдики, буни ўша пайтлардаёқ сезгандай эдим.
Умаро қизларни пиқир-пиқир кулдириб, савол-жавобда давом этаркан, ўзи билиб-билмасдан ўртадаги ётсирашни кўтараётган эди. Демак, ўқишдан йиқилишим сабаби билан қизиқишмоқда…
— Сабаби оддий, — дедим жилмайиб. — Билмас эканман.
— Мумкин эмас, иншодан йиқилибсиз-ку! Шоир ҳам иншодан йиқиладими?
Мен ер остидан сенга қараб қўйдим-да:
— Йиқиларкан-ку?! — дедим озроқ ғурур аралаш, кейин шоша-пиша хатомни тузатишга уриндим. — Биринчидан, ҳеч қанақа шоир эмасман. Қолаверса, тақдир. Кейинги йил, Худо хоҳласа, яна уриниб кўраман.
Гарчи мен томонга қарамаган эсанг-да, бу жавобимдан мамнунлигингни пайқадим. Юзларинг оловланиб, жилмайиб қўйдинг.
Амиржон олдинга чиқди.
— Хўп, жавоб қониқарлими?!
— Бўлди, тушундик, — дея чувиллашди қизлар энди Умарони оғиз очтирмай.
— Бўлмаса, ҳамма ишга! — деди Амиржон.
Шу чоқ дала чангини чуватиб келаётган мотоцикл кўринди. Йўл қумоқ ва нотекис бўлганидан мотоцикл бемалол юролмас, мотор зўриқиб вағиллар, устида ўтирган ҳайдовчиси, янги ўргангичлардан шекилли, газни бурагани бураган эди.
Ишга отланиб турган йигит-қизлар кетмонларини қайта ерга қўйиб, қизиқсиниб кузата бошлашди.
— Козим жўрангиз, — деди Амиржон негадир кулиб қўйиб.
Қумоқ тугаб, тақир йўлга чиққан мотоциклнинг юриши хийла енгиллашди. Бундан ҳаволанган Козим тезликни оширди. Шу тезликда устимизга бостириб келди-да, забт билан тормоз берди. Ва шу заҳоти ортидан ёприлиб келган оппоқ чанг остида қолди. Қизлар қийқириб кулишди. Лекин Козим чангни ҳам, кулгуни ҳам писанд қилмади. Салобат сақлаганча атрофга кўз ташлади. Шундай қилиши ҳам керак-да: ҳар ҳолда у кечаги ўқувчи бола эмас. Қора кўзойнак, энли камар, елкага тушаёзган тўсдек қоп-қора сочлар, қолаверса, остида ярқираб турган мотоцикл ҳам шуни таъкидлаб турар эди.
Ҳавасманд болакайлар унинг атрофини ўрашди. Козим уларни бир кўздан ўтказиб, ҳорманглар, деди. Йўқ, ўхшамади, салобатли чиқмади. Ҳали анча машқ қилиши керак шекилли… У ўтирган ерида болалар билан беписанд қўл ташлаб кўришаркан, қизлар тарафга ҳам такаббурона қараб қўяр, мени эса гўё пайқамасди… Унга яқинлашдим. Кўришмадим. Ноилож мотоциклидан тушди.
— Қалайсан?! — дея қўлини беписанд сиқдим.
— Зўр!..
У қайта ўриндиққа ўтирди-да, кўзойнагини олиб, мотоцикл чироғи устига қўндирди.
— Ўқишни бошладиларинг?..
— Бошладик. Бир ҳафта ўқиб қўйдик. Ҳозир тўғри институтдан келяпмиз, — деди бепарво. Ке¬йин тароғини олиб сочини тароқлай кетди.
— Келяпмиз? — дедим тушунмаган бўлиб.
— Ҳа-да, тойчоқ билан, — дея мотоцикли рулига уриб қўйди.
— Муборак бўлсин… тойчоқ, — дедим кўзига тикилиб.
— Раҳмат, — дея кўзини олиб қочди оғайнимиз. — Хўш, қалай, чарчамаяпсизларми, — деди кейин бошқаларга қараб. Ва тароғини пуфлай-пуфлай кўкрак чўнтагига тиқди.
— Козим ака, қайсига кирдингиз? — деди қизлардан биринчи бўлиб унга яқинлашган Умаро.
— Торговлига! Эшитмабмидинг, пучуқ?
— Ўҳ-ҳў, зўр-ку! — деди кимдир ҳайрат билан.
Умаро мотоциклни томоша қиларкан, шунчаки қизиққан бўлиб:
— Козим ака, неччи пул бердингиз? — деди.
Бу «беписандлик» Козимнинг иззат-нафсига тегиб кетди. Лекин салобатини йўқотмади.
— Мен пул берибманми?! Эси жойидами бу қизди! — дея масхарали кулди. Кейин жиддий тортиб эълон қилди. — Мана шу тойчоқни пахан совға қилди. Ўз кучинг билан кирсанг, битта мотоцикл биздан деганди…
Сен кетмонингни елкангга олиб йўлга тушдинг. Қизлар ортингдан эргашди.
— Росттанам ўқишди зўрига кирибсиз, — деди бир бола.
Пичинг қилдими ё чинданам ҳаваси келиб айтдими, боланинг бу гапи Козимни шиширди.
— Ҳа-да, юрадими филфак, истфак қилиб!.. Қаёққа қарама тилчи билан тарихчи! Торговлига йигитти хўрози киради.
Ўзимга аталган кинояга бепарво қололмадим.
— Э, бияққа қара, — дедим жаҳлдан бўғилиб.— Йигитни хўрози бўлганингда мановини эмас, Исматуллаевнинг эшигида турган «06»ни минган бўлардинг!
Шу заҳоти сенинг нигоҳингни учратдиму, ўзимни босдим. (Бу пайтда Амиржон мотоцикл атрофида ўралашиб, негадир ғилдиракларини тепиб-тепиб кўра бошлади).
— Э, айғоқчи-ей, — дея Козим беписанд кулди.— Шунданам хабр топдим дегин! Ундан кўра…
Козим гапини тугатолмади. Амиржон мотоциклнинг орқа ўриндиғини забт билан босиб қўйиб юборган эди, у қалқиб тушди. Ва бирдан тутақиб кетди.
— Ҳа, бердик «Жигули», яп-янгисидан бердик! Нима дейсан?! Агар алам қилган бўлса, бор, керакли жойга бориб етқаз!..
Шу чоқ ер остидан чиққандек от минган Фармон биргад пайдо бўлди. Козим билан бўлиб, унинг келганини пайқамай қолибмиз.
— Ўзи, нима гап?!
Томошабин бўлиб турганлар гурра ортига тисланди. Биргина Амиржон ўзини йўқотмади.
— Э, ассалом алайкум, биргад бобо, — деди унга яқинлашиб. — Табриклаймиз, ўқишга кириб олибсизлар!
— Раҳмат… Бу нима йиғин?.. — дея менга ўқрайди.
— Козим акани табриклаб тургандик, — деди Амиржон бригадирни ўзига қаратиб. — Лекин ўқишди зўрига кирибсизлар. Қойил, амаки!
— Калласи бор киради! — деди бригадир атрофда сочилиб турганларга кўз ташлаб олиб.
— Амаки, ўғлингиз ҳазиллашди чоғи, «06» — «Жигули»ни ёғи билан билан элтиб бердик, дейди. Ўзингиз айтинг, сизларда мошина нима қилади.
Анграйиб қолибман. Муштдай бола бунча қовуриб олинган бўлмаса! Амиржоннинг илмоқли гапидан бригадир довдиради.
— Э, мошиннинг боши осмондами?! — деди қўлидаги қамчинни этиги қўнжига тиқаркан.
— Ҳа, унда рост экан! — деди Амиржон бепарво. — Биз ишонмай тургандик.
— Нима рост экан?
— Пора берганингиз-да!
Фармон бригадир қовун туширганини пайқаб, чуйкалиб кетди.
— Қанақа пора?! Сен Темурди боласи жинни-пиннимисан?!
— Козим ака шунақа деди-ку!
— Э, Козим аканг … ебди-ей! — деди бригадир ўғлига еб қўйгудек ўқрайиб. — Мошинам бўлса бутим яғир бўлиб от минармидим?! Қани, тарқал, ҳамманг! Ишга марш!.. — отини ниқтаб менинг устимга келди.— Сен бола, нега буларди атрофингга тўплаб ўтирибсан?! Соат неччи бўлди?
Мен дафъатан бир нарса деёлмадим.
— Раз талаб қилиб олдингми, майнавозчилик қилмасдан ишлат-да, энди! Биринчи кундан бу нима қилиқ!
— Ким талаб қилиб олди?! — дедим ўзимни босишга уриниб.
— Сен ўзинг. Ўзинг талаб қилмасанг, қаёқдан раис¬ди эсига келардинг!
Алам қилди менга. Қаттиқ алам қилди. Мен ўзим сўраб олганмишман ҳисобчиликни!
— Э, менга қаранг, — дедим бўғилиб, — ҳаммаси ёнингизда бўлди-ку! Раис билан уйимга кириб бордингиз-ку?!
Бригадир жим бўлиб қолди-да, бир пасдан ке¬йин:
— Бўпти, боринглар ишга, — деди ғудраниб. Ке¬йин отининг бошини бурди.
— Тўхтанг, менга қаранг, амаки, — дедим ўзимни тутиб олиб. — Менга бунақа сассиқ гап қилманг иккинчи. Сизга табелчи бўламан деб ўлиб ётганим йўқ эди!..
Яна сенга кўзим тушди. Норозиланиб қараб турардинг. Терс ўгирилиб бригадирдан нари кетдим.
* * *
Куз оёқлаган.
Тол-теракларнинг сўлғин япроқлари уфққа энган қуёш нуридан қизғиш рангга бўялган. Улар енгил шабадада оҳиста тебраниб, пичирлашиб туришади. Айримлари бандидан чирт узилиб, сув юзига, қирғоқдаги хас-хашаклар устига оҳиста қўнади.
— Бу ҳаётда тўкис бўлмасанг қийин экан, — дейман хўрсиниб. Сен юпатасан.
— Унақа деманг, бировдан кам ерингиз йўқ…
Мен қирғоқда, сен сойга ташланган яккачўп устида ўтирибсан.
— Кам ерим бор-да, Шоҳсанам! — дейман қизишиб. — Отасизман. Отали тўкисларни қучоқ очиб кутиб олишди. Мени кўкрагимдан итаришди.
Яккачўпдан туриб ёнимга келиб ўтирасан. Сувга кўз тикканча оҳиста гап бошлайсан.
— Малика холамниям ўғиллари йиқилиб келди, Рустам акам. Танийсиз-а? Актюбинскка борган эди…
— Актюбинскка?
— Ҳа, авиация институтига. Аълочиман, деб мақтаниб юрган эканман, лекин ҳеч балони билмас эканман, деб кулади. Энди ўшаққа қайтиб бориб ётиб оламан, кирмасам қўймайман, дейди… Сизам хафа бўлманг, ҳаммаси яхши бўп кетади…
Яхшиям, сендай меҳрибоним бор. Ҳасратларимни оғринмай эшитасан. Мени тушунасан, кўнглимни кўтарасан… Кутилмаганда руҳланиб кетаман. Қўлларинг¬дан маҳкам тутиб, сени ўзимга қаратаман.
— Албатта, Шоҳи, албатта. Яхши бўлмасаям қўймайман, — дейман жўшқинлик билан. — Армия¬дан келиб, туғри Тошкентга жўнайман. У ерда ҳақиқат бор. Сирт¬қи ўқишга кириб, заводда ишлайман. Завод уй бериши билан газетага ўтиб оламан. Аямни олиб кетаман. Китобимни чиқартираман. Хуллас, Козим деганлари амал-тақал қилиб ўқишни битиргунича, мен беш-олтита ишларимни битказиб оламан…
— Ниятингизга етинг, шоир ака! — дейсан жилмайиб. Кейин қўлларингни оҳиста ажратиб, ўрнинг¬дан турасан. — Келажагингизни шундай кўз ўнгимга келтирдингиз, қўйдингиз…
Мен ҳам ўрнимдан туриб, сенга юзма юз бўламан.
— Кўз ўнгингга келган бўлса, яхшилаб қара-чи, ёнимдаги келинчак танишми? Жамалаксоч қизчасиям бор…
Сен уялиб бош ирғайсан.
— Танимай турибман. Лекин чиройли экан.
— Таърифлаб бер-чи, — дейман завқим ошгандан ошиб.
— Чиройли-да! — дейсан юзларинг офтоб нуриданми лов-лов ёниб.
— Киссангда ойнача бор-а, — дейман шўхлигим тутиб. — Бу ёққа бер. Кўзларингни юм… Энди оч!
Қийғоч кўзларингни очиб, ойначада ўзингни кўрасан.
— Таниб қўй, менинг ёнимда қизчамни етаклаб юрган келинчак ана шу… — дейман тантанавор. Юзларинг лахча чўғ бўлиб, бошингни эгасан. Менинг шоир¬лигим тутади.
Бошгинангни кўтар, гулим, кулсанг нетар,
Қўй, ўксима, бу кунлар ҳам ўтар, кетар.
Ҳали бизнинг давр келар, ишон, жоним,
Биз улардан бахтлироқмиз, қувон, жоним…
(Шоҳсанам, мен ҳали ҳамон булар бари ўнгимдами, тушимда рўй берганмиди, фарқлай олмайман. Шуниси аниқки, сенла кечган дамларим туш каби гўзал эди ва барчаси туш каби ўтди-кетди.)
Қуюлиб келаётган мисралар мени буткул сархуш этди. Ва беихтиёр қўлларингдан тутиб, бағримга тортдим. Сен бирдан ҳушёр тортиб, четландинг. Қош чимириб, норози тикилдинг. Шаштимдан тушдим. Мудом шундай: бирор қилиғимдан норози бўлсанг, қош чимириб бир қараб қўйсанг кифоя. Дарҳол ўзимга келаман. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Лекин, журъатсизлигим ўзимга алам қилиб, уф тортдим.
— Менга қара, — дедим бағрим ўртаниб, — ҳали битта ўпич бермасдан армияга жўнатмоқчимисан?
— Уятсиз бўлманг! — дединг оҳиста.
— Уятсиз?.. Ахир!.. Ҳа, менга қара, сенингча, Тоҳир-Зуҳра, Лайли-Мажнунлар ғирт уятсиз бўлишган экан-да!
— Вой, нимага?
— Нимага бўларди бемалол ачомлашиб юришган-ку!
— Ҳечам-да! — дея кулдинг. — Ўша китобларни бошқатдан ўқиб чиқинг.
Бир зум ўйланиб, жим қолдим. Ва мўъжиза рўй берди. Қулоғим остида бахшининг овози янграб кетди: бир бўса бер ол яноқдан, агар келса қўлларинг¬дан!..
Дадилланиб сенга рўпара бўлдим.
— Э, йўқ, Санамжон, мени мот қилолмайсиз!.. (Ўшанда биринчи бор сени Санамжон деб юбордим ва бу ўзимга ёқиб кетди). — Мана Ошиқ Ғарибнинг талабини эшитинг: бир бўса бер ол яноқдан, агар келса қўлларингдан!.. Бунисига нима дейсиз, қўлларингиздан келар?..
Сен завқланиб, эркаланиб кулдинг.
— Қўлимдан келмайди.
Журъатланиб сен томон юрдим. Яна!.. Яна камон қошлар чимирилди, қора кўзлар жиддий тикилди. Ноилож тўхтадим. Сен бераҳм қиз, мамнун жилмайиб, яхши қолинг, дегандек қўл силтаб, толлар ортига ўтиб кетдинг.
Ўшанда бизни роса икки йил давом этадиган ҳижронли кунлар қарши олаётган эди…
* * *
Шоҳсанам, яна болалигимизга қайтгим келяпти.
Ҳали айтганимдай, аям эртагу достон кўп биларди. Билганларини қайта-қайта айтиб беришдан зерикмасди. Айтмаганига ҳам қўймасдинг. Бўйинларидан қучиб олганча, «Маътал айтиб беринг, холажон», деб қистаб ўтирган кунинг эди. Аям раъйинг¬ни қайтаролмасди.
Бир сафар у бутунлай бошқача, илгари сира айтмаган маъталини айтиб берди. Ўшанда ҳам сизларникида эдик. Сен аямнинг, Жамшид уканг менинг пинжимда, аянг дераза тагида кашта тикиб ўтирарди. Дераза қорон¬ғу. Ташқарида дам-бадам кузак шамоли қўзғалиб, барг-хазонларни шитирлатади.
Аям сенинг тимқора сочларингни силаб, оқ матога гул тикаётган Маъмура холамга термулганча маталини бошлади.
— Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан… Қадим бир мамлакат чеккасида, сўлим бир қишлоқчада ўн иккита қиз яшар экан. Қишлоқ икки азим дарё ўртасида жойлашган экан. Кечалари шамол ўнг ёқдан эсса ўнг ёқдаги дарё шовуллашини, чап ёқдан эсса чап ёқдаги дарё шовуллашини қишлоққа олиб келар экан. Қишлоқ ерлари семиз, серҳосил, қишлоқ аҳли эса асл деҳқонлар экан. Шу важдан бу жойнинг ноз-неъматлари бозорларда талаш бўлиб кетар экан. Ҳалиги ўн икки қиз ана шу Боғи Эрамдай жойда қайғу-алам кўрмасдан, бир-бирови билан бўй талашиб, ҳусн талашиб ўсиб келаётган экан. Сулув қизлар боққа кирса боғ яшнаб кетар экан, чўмилгани боришса дарёни девона қилиб юборишар экан. Кўп замонлардан бери бу тупроқда бундай манглайи ёруғ қизлар дунёга келмаган экан…
Аяжоним худди чақалоқ аллалагандек майин оҳангда эртак айтади. Сен унинг бағрида эриб, сеҳр¬ланиб ўтирасан. Жамшид менинг ёнимда чўкка тушганча, сокин, ақлли кўзларини эртакчи холасидан узмай ўтиради. Аянг бош кўтармасдан кашта тикади… Эртак давом этади. Мен энди аямнинг сўзларини эшитмайман. Балки эртак воқеаларини кўра бошлайман: қишлоқ ўртасидаги подақўриқда одамлар тўпланган. Ҳамманинг нафаси ичига тушиб, симёғочдаги радиокарнайга тикилиб қолган… Йигитлар тўп-тўп бўлиб, сафар халта елкасида, қишлоқдан чиқиб боришяпти. Уларга қари-қартанг, ёш-яланг эргашган. Тўрт-бешта бўш арава ҳам тақирлаб кетиб боради.
Бўш аравалар тақир-туқури олислаб тинади.
Бўм-бўш кўча ҳувиллайди.
Ҳувиллаб турган кўча бошида бир тўп мунғайган қизлар…
— Бир пайтлар бу қизлар ота-оналарининг арзандаси эди… — аямнинг овози қулоғимга чалинади. — Ой деса ой, кун деса куни эди. Уларни еру кўкка ишонишмасди. Энди бўлса арзанда қизлар ҳафта-ўн кунлаб қишлоқ юзини кўришмайди. Қора терга ботиб кетмон чопишади. Беллари майишиб, ўроқ ўришади. Ётиб-туришлари Қўйқўтондаги шийпон бўлиб қолган…
Сен ҳушёр тортиб, ялт этиб аямнинг юзига қарадинг.
— Хола, ўзимизди Қўйқўтонми?..
Аям саволингни эшитмагандай сўзида давом этди…
— Қизларга Сафарбой деган ўсмирни қора қилиб қўйишган.
— Тоғамними? — дединг сен. Аям яна жавоб бермади. Унинг пинжидан чиқиб, юзма-юз ўтириб олдинг-да, аямнинг икки қўлидан тутдинг.
— Холажон, тўхтанг. Тўхтанг. Аввал ўша қизларди отини айтинг-чи…
Аям жилмайиб, сени бағрига тортди.
— Бўпти, айтаман, — деди. Кейин ўн икки қиз номини бирма бир санади.
— Ҳаммаси бир-бировидан дуркун, сулув қизлар эди. Лекин, Маъмурахон дегани ўша сулувларнинг сулуви эди…
Сен аянгга қараб мамнун жилмайдинг. Аянг эса тиззасидаги кашта гулларига тикилганча ўйга чўмганди.
— … Қизлар тонг азондан ярим тунгача тиним билишмайди. Ҳориб-толиб шийпонга қайтишади. Аммо нолишмайди. Оҳ-воҳ қилишмайди…
…Тун қўйнидаги якка-ёлғиз, овлоқ шийпон. Бир ёғи далага туташ. Бир ёғида ўттиз қадамча наридан чангалзор бошланади. Чангалзор тугаган ерда, аллақайда дарё шовуллайди. Осмон вижир-вижир юлдуз… Фонуснинг хира ёруғида айвончада ётган қизлар элас-элас кўринади. Уларни таний бошлайман…
— … Бир шовур эшитиб қизлар уйғониб кетишди. Ярим тун… Қарашса, чангалзор тумшуғида бўри улияпти. Бир эмас, иккитаси…
Сен кўзларингни катта-катта очиб, аямга тикилиб қолдинг. Нафас олишга ҳам қўрқардинг назаримда. То эртак битгунча рангинг ўчинқираб, миқ этмай ўтирдинг. Сўнг хонага жимлик чўкди. Бу жимликдан қўрқдинг. Дарров аямни гапга тутдинг.
— Хола, ҳозир бўри йўқми?..
— Йўқ, болам, ҳозир йўқ, — деди аям бечора шоша-пиша. Кейин, сени бағрига босиб, қаттиқ қучди. — Ҳозир бўри йўқ, болам, — деди яна. — Нега десанг, бўри яшайдиган жой қолмади. Дайравот қолмади. Кейин у пайтлар ҳамма урушда эди. Элда эр камайса бўрилар қутиради. Шунинг учун эр йигитлар ҳамиша омон бўлишсин. Мана аканг Маҳмудхон, уканг Жамшиджон эр етсин. Ана унда кўрасан. Кўрмагандай бўлиб кетамиз ҳаммамиз. Алам-ангиз унут бўлади. Сенгиналарни музтар қилганлар кўр бўлади. Эшикларингга нон тиланиб келади. Ўша кунларга етказса, армоним қолмасди…
Шоҳсанам, бу гапларни сену мен кўп ҳам тушунавермасдик у пайтлар. Умуман, бизга кўп нарса қоронғу эди…
Эслайсанми, аянг мудом ўйчан, маъюс юрарди. Биров билан гаплашиб туриб ҳам баъзида бир нуқтага узоқ-узоқ тикилиб қоларди. Мен унинг кашта тикиб ўтиришларини кўпроқ эслагим келади. Бу пайтдаги ҳолатини жуда аниқ хотирлайман: албатта сочлари майда ўрилган, қошига ўсма, кўзига сурма қўйилган бўларди. Оппоқ ҳарир кўйлаги ва пуштиранг нимчасини киярди. Бошига дуррача ўрамасди. Деразаси кўчага қараган хонада, дераза тагида ўтирарди. Чап ёнида тол хивичдан тўқилган саватча бўлар, унда тўпча-тўпча ранг¬ли иплар сақланар эди.
Маъмура холам қўлига нина олдими, атрофни тамом унутар, соатлаб ҳам бош кўтармасдан ишлайверар, ҳеч нарсага алаҳсимасди. Гоҳ ўз-ўзидан маъюслниб кетар, гоҳида юзига қизиллик югуриб, аланечук шўх, чиройли ифода пайдо бўлар, гоҳ маъсум тортиб, ўйчан қиёфага кирарди.
Мен эртак тинглаган бўлиб, бир чеккада ётганча зимдан аянгга тикиламан. тикилганим сари кимгадир ўхшатавераман. Ким эди у, қаерда кўрганман, деб бошим қотади. Ниҳоят, эслаб қолдим. Бир журнал юзида ўн тўққизинчи асрда яшаган шоиранинг расми берилган эди. Шоира, тиллақош, зебигардонларини демаса, юпқа лаблари, сал қийиқ кўзлари, ингичка қайрилма қошлари, иягидаги чиройли чуқурчаси, юзларининг озғин ва хийла чўзинчоқлиги билан аянгга бир томчи сувдек ўхшарди. Гўё рассом ўз расмига Маъмура холамдан андаза олгандек…
Аянг далада яна бир бошқа жувонга айланарди. Сочини иккита ўриб бошига чамбарак қиларди-да, дуррача билан танғиб оларди. Зулфи, манглай соч¬лари қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб тўзғиб турарди. Юзлари чўғланиб, кўзлари порлаб, алланечук яшариб кетарди.
Ғўза чопганда, айниқса, терим пайтлари унга ҳеч ким етишиб юролмасди. Шундай нозиккина жувон бошида бир этак, елкасида бир этак пахта, шиддат билан эгат оралаб бораверарди…
Шоҳсанам, ҳеч ўйлаб кўрганмисан, аянг нега турмушга кеч чиққан? Нега отанг ҳақида сира гапирмасди? Кейин, менинг номимни аянг қўйгани, Маҳмуд деб қўйгани, Мақсад момо деган ҳамқишлоғимиз, унинг Маҳмуд деган ўғли ҳақида бирор нарса эшитганмисан?..
Шоҳсанам, булар ҳаммаси катта бир достон экан…
Уруш тугайди. Эл тинчиб, эркин нафас ола бошлайди. Яна ёр-ёрлар айтилади. Хонадонлар яна чақалоқларнинг хуррам йиғисига тўлади.
Совчилар Маъмуралар эшиги турумин буза бошлашади. Синглиси Малика шаҳарга узатилади. Аммо, Маъмура рўйхушлик бермайди. Она хуноб. Қизининг дардини тушунмайди. Охири орага одам қўйиб сир олса — Маъмура Маҳмудни, Мақсад момонинг урушда бедарак кетган ўғлини кутяпти. Она йиғлаб-сиқтайди. Гулдай умрингни елга совурма, деб ёлворади. Қизнинг кўнгли юмшай демайди. Она ўйлай-ўйлай охири Мақсад момонинг эшигига бориб йиқилади.
Момо бир замонлар қорахат олган. Лекин у бадбахт қоғозга ишонмайди. Қандай ишонсин? Ахир, дунёга келиб орттирган дунёси Маҳмуд бўлса! Суйган хўжаси, урушдан олдинги олатасир замонлар қурбони бўлиб кетган ёридан танҳо ёдгори Маҳмуд бўлса! Бир парча қоғозга ишониб аза очсинми?! Йўқ, у бундай қилолмайди. Ўғлини кутади. Новдадеккина йигитча эди, ҳали алпдек бўлиб кириб келади. Мақсад кампир кўрганини подшо ойимлар кўрмайди ҳали!..
— Моможон, ўзингиз розилик беринг. Маъмура юзингиздан ўтолмаяпти.
Момо бу сирдан бехабар эди. Каловланиб йўлга тушади. Кела-кела Маъмурани бағрига босади.
— Ҳали сенмидинг, болам, сенмидинг?! — дейди нуқул титраб-қақшаб. Маъмура юз-кўзини онаизор кўксига суйкаб, таниш бўйдан маст бўлиб, иссиқ бағирга сингиб кетади.
— Розиман, қизим, бахтинг очилсин…
— Гапирманг, моможон!
— Ўғлимга ўзим айтаман, тушунтираман…
— Гапирманг, гапирманг!
— Розилик бердим, дейман, ундан ранжимагин, дейман, ҳаммасига мен…
— Айланай онажон, гапирманг. Мени куйдирманг, куйдирманг!
— Болам!..
Икки интизор бир вужудга айланиб, из-из йиғлашади.
Йиллар ўтади.
Момонинг сочлари қордай оқаради. Қуввати кетиб, қадди букилади. Лекин умиди сўнмайди… Қайси ромчига йўлиқса, опажон, ўғлинг келади, деб ишонтирса, газеталар фалончи фалон йилдан сўнг уйига кириб келди, деган хушхабарлар бериб турган бўлса, ўғли тушларидан чиқмаса, гоҳ тўнда, гоҳ аскар кийимида алпдай бўлиб ҳовлисини тўлдириб юрса, кўз ўнггинасида бир мусулмоннинг гулдай қизи ҳар эрта ўғлини деб ўсма, сурма қўйиб, сочини майда ўриб, умид билан йўл қараб юрган бўлса… Онаизор қандай умид узсин?! Унинг дунёдан умиди катта. Ўғли келади. Ҳали у кўрадиганни пошшо ойимлар ҳам кўришмаган…
Мақсад момо ният билан янги кашта бошлади. Шуни битказган куни ўғли кириб келади. Қишлоқда янгича тўйлар урф бўляпти. Ҳовлида устал-устул қилиб, келин-куёвни тўрда, катта-кичикнинг кўз ўнггига ўтқазишяпти. Замони кўтарса майли-да. Агар ўша кунга етқазса, ҳовли айлантириб нуқул ўзи тиккан кашталарни урдиради. Бошқалардек гиламу палос осиб, олақуроқ қилмоқчи эмас…
Маъмуранинг ҳам қўли ўнгланиб қолди. Бино¬йидек қийиқча, зардеворлар тикяпти. Каштагаям ўтди. Бир ишга киришса жони-мотин киришаркан. Эртаю кеч унинг олдида. Моможон, моможон деб жони ҳалак. Кампирнинг дунёси муяссар бўлиб қолган. Қизнинг бу эшикка ров бўлиши яхшиликка тобин деб билади. Ўзидаги бор-йўқ ҳунарини ҳижжалаб, майдалаб ўргатади. Қайта-қайта тиктиради, сўктиради, яна тиктиради.
— Кўнглингга қаттиқ ботмасин тағин, — дейди қизни бездириб қўйишдан чўчиб. — Ўзи, бошида пича қийин бўлади. Менам қўлим ўнглангунча баданим моматалоқ бўлиб кетганди. Аям чимчиб олаверардилар ҳадеб. Қўлимга чим-чим игна санчардилар…
Маъмура бўлса, қизиқсиз-а, деб кулади. Сиз мени бекорга аяйсиз. Чимчиб-чимчиб олмасангиз, ўрганолмасам керак ҳалибери…
Момо юрак ютиб ҳазиллашади.
— Ҳозир шунақа дейсану, эрта аканг келса чақиб берасан-да, қизим!..
Маъмура қип-қизариб, бошини эгади. Жимиб қолади. Момога унинг шу туриши хуш ёқади. Кўнгли аллатахлит бўлиб суқланиб тикилади. Келингинамдан айланай деган калимани тил учида аранг тутиб қолади.
Момо ўзида йўқ мамнун, Маъмура унинг ҳунарини ўрганяпти. Момога қолса, қишлоқдаги ҳамма аёлларга ўргатади. Сира эринмайди, койинмайди. Э, бу кашта¬дўзликнинг садағаси кетса арзийди. Ҳалиям бир пайтлар шу нарсани орттириб қолган экан, не-не кунларда асқотмади унга. Йигирма бир ёшида тул қолиб, бўзлаб юрганида энди адо бўлдим, деб ўйлаганди. Йўқ, толеига ўғилчаси бор экан, оқибатли элати бор экан, унга суянчиқ, тиргак бўлди. Даланинг меҳнати бор экан, терга ботиб-ботиб ишлади. Аламини меҳнатдан олди. Онамерос ҳунари бор экан, адоқсиз зим-зиё кечалар ҳамроҳи бўлди, овутди, совутди, сабр берди… Маъмураси шу машғулотга меҳр қўйибдими, майли, ўргансин. Фақат… фақат момосига ўхшаб ёлғиз унгагина суяниб қолмаса бўлгани.
Кўнгил иши қийин-да, умид узолмаяпти. Не-не йигитлар оғиз солди, момо розилик берди, йўлинг очиқ, болам, розиман, деди. Қулоқ солмади.
Момо шўрлик тилда розилик бергани билан дили алағда: кейинги пайтлар Маъмурасининг эрга чиқиб кетаётганини тушларида кўриб, изиллаб йиғлаганча уйғониб кетадиган одат чиқарган. Ишқилиб, тушларим ўнгга айланмаса эди, деб қўрқади… Охир бир куни қўрққани рўй бўлди. Маъмура турмушга чиқди. Бу вақт¬га келиб энди урушдан кейин туғилган қизлар бўй кўрсатиб, ўғил болаларнинг овозлари дўриллаб қолган эди…
Маъмуранинг онаси хасталаниб, тўшакка михланиб қоладию, эски гапини қўзғайди. Агар эндиям билганингдан қолмасанг, сендан рози эмасман. Ўша Мақсад кампирдан ҳам домангир кетаман, дейди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ҳам қараб туришмайди, ўртага олишади. Момо ҳам йиғлаб-сиқтайди.
Маъмура шаҳарга узатилади. Унинг тўйидан бир ҳафталар олдин мен туғилганман. Отимни ирим билан Ўлмас қўйишмоқчи бўлишган. Лекин, аянг Маҳмуд қўясизлар, деб туриб олган. Кўрасизлар, Маҳмудхоннинг умри узоқ бўлади, деган…
Орадан уч йил ўтади. Оилада икки фарзанд (сен билан Жамшид) туғилиб, турмушлари ўнгланиб келаётганида, Маъмура ажрашаманга тушиб қолади. Ҳеч ким уни аҳдидан қайтара олмайди. Маълум бўлишича, йигит биринчи оиласини уч бола билан алдаб ташлаб кетган экан. Маъмура жанжал кўтариб, қарғаб-нетиб юрмайди. Фақат, менга бундай болабезори, мунофиқ эр керак эмас, деб битта сўзда туриб олади.
Кунларнинг бирида Мақсад момо Маъмурани йўқлатади. Маъмура кўпдан бери бу остонадан ҳатламай қўйган эди. Ўзини бунга ҳақсиз деб биларди. Кампир бир тутамгина бўлиб, кўрпа-тўшак қилиб ётган экан. Уни кўриб, тетикланиб ўрнидан турди. Маъмурани индамай бағрига босди-да, кейин ичкари уйга бошлади. Тахмондаги сандиқни очтирди. Ундан барча келин-куёв сарполарини олдириб, гилам устига уйдирди. Сўнгра хонанинг бир чеккасига беҳол бориб ўтирди. Маъмура жовдираб унга тикилди. Нохуш бир туйғудан юраги увишди.
— Болам, бу нарсаларни сенга қилгандим, — деди кампир бемажол. — Сенга қолдираман. Фақат битта ўтинчим бор. Ҳозир, кўзим тиригида бир киясан…
Маъмура бирдан йиғлаб юбориб, кампирни қучди.
— Йўқ, онажон, мени қийнаманг, бунга ҳаққим йўқ, — деб бўзлади.
Момо титраб-қақшаб ёлворди.
— Болам, мен армонда кетмайин!..
Маъмура танаси мисдай қизиб, лабларини қаттиқ тишлаганча либосларни кийди. Зебигардон, тиллақош, сочпопукларни кампир тақиб қўйди. Сўнгра хона тўрига бошлаб бориб, энди битта таъзим қил, болам, келингинам, деди. Маъмура қўлига дастрўмолча тутиб, онаизор тилагини адо қилди.
— Барака топ, қизим, барака топ. Яна таъзим қил, армоним ушалсин!..
Кампир сулув келинчак олдида ўзини қўярга жой тополмас, дам йиғлаб, дам кулиб атрофида гиргиттон бўларди. Куёвсиз уйнинг шўрлик келинчаги унсиз йиғлаб, қайта-қайта таъзим қилади. Кейин сочпопукларини оҳиста шилдиратиб ҳовли супуради, ўчоққа ўт ёқиб овқат қилади, қумғонда чой қайнатади…
Момо дам бадам каловланиб эшикка чиқиб келарди-да, супага ҳорғин чўкар, уф тортарди…
Кейин икковлон ўтириб унсизгина овқатланишди. Кампир дастурхонга фотиҳа ўқиди. Маъмурани олқаб дуо қилди. Сўнгра оҳиста гап бошлади.
— Бугун тушимда Маҳмуджонни кўрибман. У айтдики, бир иморат соляпман, аяжон, шуни битказсам сизни ҳам олиб кетаман, деди. Энди у келмайди, қизим, мени ҳам ёнига чақиряпти…
Мақсад момонинг қиссаси шу билан тугамайди, Шоҳсанам. У ҳозир ҳам давом этяпти. Сенинг аянг— Маъмура холам ҳаётида давом этяпти. Маъмура холам бу қиссани ўзи тиккан кашталарга муҳр¬лаб қолдиряпти. Қишлоқда янги келин тушган қайси даргоҳга кирмагин ана шу кашталарни кўрасан. Улардаги кўз олгувчи нақшлар қатига аламли муҳаббат қиссаси, садоқат қиссаси яширинган. Бу қиссани илғаган илғайди, илғамаган бир умр бехабар ўтаверади.
* * *
Ҳарбий хизматдан қайтганимнинг учинчи куни Ҳайдаров раис ҳовлимизга кириб келди. Ўнида Фармон бригадир ва ҳайдовчиси Талъат ака. У аввал қўл сиқиб кўришди-да, сўнг индамай бағрига босди.
— Э, балли, ота ўғил, — деди қучоғидан бўшатаркан. — Саломат бормисан!
Чорпояга ўтирдик.
Бир пиёла чой ичгулик муддат ўтказиб, Ҳайдаров муддаога кўчди.
— Хўш, энди ниятлар қандоқ, Маҳмудхон болам?.. Бирорта юмушди бошини тутарсиз?..
Маҳмудбой, гапиринг: нималар қилмоқчи эдингиз? Тошкент, сиртқи ўқиш, шоирлик… Қани, бўлинг!
Аввалига ғудраниб бир нималар дедим-да, кейин дадилланиб режаларимни қаторлаштирдим. Ҳатто Асқад Мухтордай устозим борлигиниям қистириб ўтдим.
Ҳайдаров гапимни тугатиб, жимиб қолгунимча бошини кўтармади. Кейин кулимсираб, ҳм, яхши, деди-да, бошини кўтарди.
— Умуман, болам, шунақа бир ҳурматли одамнинг назарига тушганингдан хурсандман. Фақат… Тошкентга кетаман деганинг ўтиришмади.
Бесабрлик қилдим.
— Раис бово, Тошкентда нашриётлар, газета-журналлар кўп. Адабий муҳит бор…
— Аввал эшитгин-да, болам, — беозор кулимсираб гапимни бўлди Ҳайдаров. — Бундоқ танангга ўйлаб кўр. Сиртдан ўқийман, деяпсан, маъқул. Ишга қандоқ кирмоқчисан, қаерга борма, прописка сўрайди.
Аҳоли рўйхатидан ўтган бўлишинг керак. Бунинг учун адашмасам агар бирорта корхона сени сўраб олиши керак. Тўғрими? Корхонага эса сенга ўхшаган танкчи эмас, мутахассис керак. Шундоғми?..
Аям патнисда уч косада овқат келтирди. Раис гапидан тийилиб турди-да, кейин яна давом этди.
— Тағин амаким йўлдан қайтаряпти деб хафа бўлмагин. Яхшилаб ўйлаб кўр. Аянгдан маслаҳат ол. Амакиларинг бор… Фармон ака, сизам бир нарса денг. Қишлоқнинг каттасисиз!..
— Тўғри, тўғри, раис бово, гапингиз, маъқул, — деди Фармон бригадир ҳовлиқиб. — Меникиям бошида учиб-қўниб кўрди. Тошкентга кетаман, деди. Э, Тошкентда қовуриб қўйгани йўқ, шу ерда ўқийсан дедим. Мана бинойидай ўқиб юрибди…
Фармон бригадир гапираркан, раис бир нарсанинг режасини тузган каби унга тикилганча ўйланиб қолди. Раиснинг тикилишидан бригадир ўнғайсизланиб, гапини йўқота бошлади.
— Ўз кучи билан ўқиб келяпти. Пул-мул демайди… Ҳозиргиларга бир нарса деб бўлмаса?!.
Ҳайдаров ундан кўзини олиб, очиғига кўчди.
— Менга қолса, ўғлим, бу йилча шу ишларингди қўятурасан. Фармон амакинг қариб қолдим деяпти. Шундоғми?..
— Ҳа, энди… — чайналди бригадир.
— Пенсияга чиқдим, энди ёшлар ишласин деб қулоқни еди амакинг. Сен нари-бери деб ўтирмагин-да, бригадани қабул қилиб ол.
Фармон бригадир иккимиз бараварига ялт этиб унга қарадик. Фақат Талъат ака бепарво кулимсираб тураверди. Ҳатто менга қараб кўз қисиб ҳам қўйди. Ҳайдаров анграйиб қолган бригадирга кўз қадади.
— Ҳм, Фармон ака, нимага ҳайрон бўляпсиз?
— Йў, йў, ҳайрон бўлмадим… Майли… Майлига.
— Кеча шунақа дебмидингиз, ахир!
Мен орага суқилдим.
— Раис бово, мен эплолмасам керак, амаким ўзлари…
— Эплайсан… Амакингни бир хурсанд қил. Бечора чарчаб қопти. Майли, дамини олсин, қарилик гаштири сурсин…
Эътирозга оғиз жуфтлаган эдим, ёнимда ўтирган Талъат ака тиззаси билан нуқиб, йўл бермади.
— Ўқишингни кейин гаплашамиз. Сельхозда ўқийсан. Шоирлик орқасига қарамайдиган одамнинг иши. Сенга тўғри келмайди, болам. Ҳа, майли, булар кейин. Кечқурун идорага чиққин…
Ҳайдаров юзига фотиҳа тортди-да, қўзғалди. Аям ошхонадан шошиб чиқиб келди.
— Бир пас ўтирсангиз бўларди, раис бово?!.
— Ҳали бафуржа ўтирамиз, сийним, — деди раис, кейин менга ўгирилиб тайинлади. — Аянг билан кенгашиб кўр.
Ихтиёрсиз бош ирғадим.
Раис ҳовлини бир қур назардан ўтказаркан, айт¬моқчи бўлган гапи ёдига тушди.
— Борганингда шифер билан ёғочга фактура ёздириб киргин, — деди.
Фармон бригадир карахтланиб унга эргашди. Ҳатто бизга хайр деб қўйишга ҳам ҳоли келмади. Ортда қолаёт¬ганимни кўриб Талъат ака билагимни маъноли сиқиб қўйди. Ҳушёр тортиб тезгина
Ҳайдаровга етиб олдим.
Ҳовлига қайтиб кирганимда аям Умида холам билан (у ошхонада аямга қарашиб турганди) ишком тагида гаплашиб туришган экан. Гапларидан тўхтаб менга тикилишди. Уларни кўп куттирмай очиғига кўчдим.
— Ая, бошим қотиб қолди-ку?!.
— Ҳа, болам?..
— Биргадир бўласан деяптилар.
— Биргатти ўзи-чи?
— Қарилигини пеш қилаверган бўлса керак-да, бўшатмоқчи.
Ҳаммадан бурун Умида холам ўзида йўқ қувониб, ёш қизчадай чапак чалиб юборди.
— Вой, ажаб бўпти, хўп бўпти! Маҳмуджон ука, сиз йўқ деманг. Сираям йўқ деманг. Гўрсўхта, ношукур бир куйиб ўлсин!.. Бирам хурсанд бўлдимки! Одамларди кўкрагига шамол тегадиган бўпти-я, вой, худога шукур-а!
* * *
Тун.
Ой нурида жимирлаб оқиб ётган Кўксой ёқалаб қишлоққа қайтаяпман. Велосипедимни етаклаб олганман. Шуниси маъқул. Бугунги ўзгаришлардан миям ғовлаб кетди. Ҳаммасини хотиржам ўйлаб олишим керак…
Эрталаб уйқудан турганимда орзу-ҳаваслари бир дарё бўлиб оқиб ётган беғам йигитча эдим. Кечга бориб қарасам, ҳаммасининг олдига дамба босибман-да, индамайгина бошқа ўзанга ўтиб олибман.
Энди нима бўлади?
Муштдай бошимдан ҳамроҳу ҳамдамим бўлиб келаётган орзу ҳавасларимни етим қолдириб, бу қуп-қуруқ ўзандан нима топмоқчиман?! Нимага эришмоқчиман?
Шоҳсанам-чи?.. Ишқилиб, у нариги ўзанда қоп кетмасмикан?.. Йўқ, йўқ, нега?! Шоҳсанам тушунади! Унга менинг шоирлигиму, шон-шуҳратим эмас, ўзим керакман-ку?!.
Барибир яхши бўлмади. Ҳаммасидан осонгина кечдим, қўйдим?!.
Оёқларим бўйсунмай қолди. Велосипедимни бир толга суяб, ўзим ер бағирлаб кўндаланг ўсган бош¬қа толга суянганча ерга ўтирдим. Бу тик қишлоқ йўлининг бошланиш жойи бўлиб, йўл адоғида — нақ қишлоқ тепасида тўлин ой муаллақ туриб қолган эди. Орқамда Кўксой шовулларди. Кўксойга қулоқ тутиб, тўлин ойга кўз тикиб ўтирарканман, шууримда алланималар жонлана бошлади. Бу — шу чоққача орзуларим дунёсида яшаб келган келажак ҳаётим лавҳалари эди.
Ана, минбарда шеър ўқияпман. Тумонат одам сел бўлиб тинглаяпти.
… Гулдурос қарсакларга кўмилиб, минбардан тушиб келяпман. Гулдасталар, дастхат улашишлар.
… Ўғил-қизларимни эргаштириб, иккимиз Тошкент хиёбонларида сайр этиб юрибмиз. Ўтган-кетганнинг кўзи бизда.
… Машинамиз колхоз идораси олдида тўхтайди. Ҳамқишлоқларим, ўқувчи йигит-қизчалар ўровида қоламиз. Бошимиз узра гуллар, кабутарлар учади. Дадамнинг қадрдони Ҳайдаров раис одамларни оралаб ўтиб келади-да, мени бағрига босади. Унинг орқасида эса дадамнинг бошқа дўстлари — Сафар амаки, Темур амакимлар навбат кутиб туришади. Янаям нарироқда меҳрибон холажонларим — сенинг, Умаронинг, Амиржоннинг оналари қаторида қимтинибгина муштипарим — аяжоним турадилар…
Тасвир хира тортиб йўқолади-да, ой билан ёлғиз қоламан.
Орқамда сой шовуллайди.
Олдимда эса Хондара — бутун бошли эллик хонадон иссиқ совуғию, тақдиру ташвишлари зиммамга ортилган қишлоқча мени кутади.
Кўзларимда ёш ғилтиллайди.
— Маҳмудбой, мана, шоир ҳам бўп бўлдинг, — дейман алам билан. — Бир оғиз гапга маҳтал экансан. Қойил!..
— Шу ишинг яхши бўлди, Маҳмудбой, — деган бошқа овозни эшитиб аланглайман. Бошқа бир толга ўзим каби елка тираган шарпага кўзим тушади. Унга тикилиб гап нимадалигини тушунаман. Ҳа, сенмисан, деган каби бош ирғаб қўяман.
— Тўғри иш қилдинг.
Тескари қараб тўнғиллайман.
— Нимаси тўғри?! Муштдай бошимдан шоир бўламан, деб келаман. Бир умрлик армон бўлиб қолмайдими энди!..
— Аксинча!.. Мана шу имконни бой берганингда ҳақиқий армонда қолардинг. Номи улуғ, супраси қуруқ бўлиб!
— Аврама!.. — деб жеркиб бераман-да, ўзимча мулоҳаза юрита бошлайман. — Ҳалиям кеч эмас. Ҳозир орқамга қайтиб, ўйлаб кўрдим дейман. Менга тўғри келмас экан, дейман. Барибир мақсадимга эришаман!
Ўрнимдан чаққон туриб, велосипедим ёнига бордим.
Орқамда қолган шарпа овоз берди.
— Мақсадингга эришганингда онанг ёнингда бўлармикан?..
— …
— Шоҳсанаминг машаққатларга чидармикан?..
— Шоҳсанам чидайди!
— Ўғлим шоир бўларкан, деб онанг овора. Эрим шоир бўлсин деб хотининг сарсон. Ижара уйларда ранги чиқмасдан болаларинг болалиги ўтади.
Велосипедимни етаклаб кўча юзига чиқдим. Лекин йўлга тушмай, ўтирғичга тирсак тирадим.
— Энди ҳамма гапни қўйгин-да, битта нарсага эътибор қил: йигирма ёшдасан. Бор-йўғи йигирмада. Шу ёшингда катта бир қишлоққа раҳбар бўлдинг. Ёқмайдими?..
Бўшашганимни пайқадими, шарпа дадилланди.
— Кўрдинг-ку, сен ҳатто сўрамасанг ҳам, ўзидан билиб, шифер билан ёғочга қоғоз ёздириб берди. Эртага институтга жойлаб қўяди. Сиртқи ўқишдан осони йўқ. Ҳар олти ойда бориб-келиб, юриб дипломли бўлиб оласан. Бу орада Шоҳсанаминг ўқишини битиради…
Бу сўзлар таъсирига берила бошладим.
— Тўй қиласизлар. Машина оласизлар. Аянгнинг орзулари ушалади. Энди танангда ўйлаб кўр: Тошкентда рангинг сарғайиб, ёш умрингни совуриб юрганингдан нима чиқади?
У қаршимда туриб олганча, кўзларимга қадалиб деди.
— Қолаверса, шоир бўламан деб, нега энди албатта Тошкентга боришинг керак экан?! Ростданам баданингда бўлса, ўзингни шу ерда кўрсат! Ёз! Қиш бекорчилиги ўзингники. Иссиққина сандалда ўтириб, беташвиш, беғалва ижод қилаверасан. Ёзаман десанг биров монелик қиладими?!
Энди муносабат билдирмадим. Гап талашишдан кўра, яна бир карра хотиржам мулоҳаза қилиб кўришни маъқул билдим…
Аслида бу менинг таслим бўлганим эди.
* * *
Бригадирлигимнинг биринчи куни.
Ҳадеганда ҳовлидан чиқолмаяпман. Ҳар хил ишларга унналиб юрибман. Далангизга бормайсизми, болам, деб қўядилар аям дам-бадам. Ҳар гал, ҳа, борарман, дейману, айланишиб юравераман. Охири очиғига кўчдим.
— Ая, нимагадир ноқулай бўляпти, — дедим.
— Бошида шунақа бўлади, — деб кулди ошхонада идиш-товоқ ювиб турган аям. — Кўникиб кетасиз. Даладан бери келмай қўясиз ҳали, болам.
— Шундайку-я, лекин дабдурустдан сизларга бригадир бўлдим деб бораверишим қанақа бўларкан, — дедим ошхона кесакисига суяниб.
— Ўзи катталардан бирортаси олиб чиққани тузук эди, илгари шунақа қилишарди.
— Фармон амакига тайинлагандилар раис бово.
— Биргат келмайди, — деди аям маҳзун тортиб, кейин беҳафсалалик билан ишини давом эттирди. Лекин нари кетишим билан орқамдан чиқди. Чеҳраси ёришган.
— Агар ийманаётган бўлсангиз, кечгача кутинг-да, кечқурун сувчиларингиз олдига боринг. Мен ош дамлаб, дастурхон тугиб бераман. Гурунглашиб қайтасиз. Эртадан чопиқчиларингиз олдига чиқасиз…
Бу гап менга маъқул тушди.
Шу аснода сизлар кириб келдиларингиз.
* * *
Келганимдан бери ҳали кўриниш бермагандинг. Лекин мен хафа эмасдим. Аксинча, сенинг ҳафсалангни пир қип қўймадиммикан, деган хавотирда эдим. Негаки, икки йил давомида нечта хат ёзган бўлсам, нуқул битта гапни қайтарганман: эсон-омон бориб олсам ҳаммаси зўр бўлади. Тўғри Тошкентга кетаман. Сенам Тошкентда ўқийсан, деганман. Энди бўлса, ўзим айтиб, ўзим қайтиб ўтирибман.
Мана, кириб келяпсан.
Умаро сендан олдинда, у йўл-йўлакай саннаб келяпти.
— Мен айбдорман, мени уришинг. Шоҳсанамойга қолса биринчи куниёқ учиб келарди.
(Умаро думалоққина қизча эди. Новдадеккина чўзилиб қолибди тушмагур. Сен бўлсанг!..)
— Мен қўймадим, одамлар оёғи тийилсин, дедим.
Умаро шу келишида шаппа бўйнимга осилди-да, чўлп-чўлп ўпиб олди. Кейин сенга йўл берди. Энди навбат сизга, деди.
Юрагим таққа тўхтаб қолди-ёв. Наҳотки!..
Беҳуда хомтама бўлибман.
Сен ўша-ўша одатдагидай оддийгина қўл узатдинг. Умаро шовқин кўтарди.
— Бунақаси кетмайди, опажон! Йўлдаги гаплар қаёқда қолди?! Мени алдаган экансиз-да! Аввал сен бошлайсан дегандингиз-ку!
У кифтингдан туриб, менга яқинлаштирди.
— Бошқатдан кўришасиз!
— Жинни бўлма, — деб ўзингни четга олдинг.
— Соғиниб кетдим, ўлдим-куйдим деб безор қип юбордингиз-ку! Энди исботланг-да. Тўғрими, холажон?..
— Қўй, уялтирма, омон бўлгур, — дея аям уни койиган бўлди.
— Э, нимага қўярканман, қўймайман!
У энди иккимизнинг қўлимиздан тутиб олди.
— Қани, бошқатдан кўришинглар, бўлинглар! Худ¬ди менга ўхшаб ачомлаб оласиз!
— Вуй, шарманда!..
Сен нажот истаб аямнинг орқасига ўтиб олдинг. Юзларинг лов-лов ёниб борарди. Аям дарҳол сени бағрига олди… Шўрлик аяжоним!
Бу лаҳзалар ўла-ўлгунимча кўз ўнгимдан кетмайди.
Аям сенинг юз-кўзларингдан ўпар, бир пайтлар ҳафсала билан қирқкокил қилиб қўядиган сочларингни силаб-сийпалар, тўйиб-тўйиб ҳидлар, кўзлари эса жиққа-жиққа ёшларга тўлиб борарди. Гўёки, орада ўтган икки йиллик ҳижронни мен билан баравар тортгандек эди онаизорим!..
Бу манзарадан мутаассир бўлган Умаронинг ҳам шаддодлиги йўқолиб, тинчиб қолган эди.
* * *
Аям каловланиб бизни чорпоя тарафга бошлади. Кейин энтика-энтика дуо қилди-да, яна каловланиб ошхонага йўл олди. Умаро чаққон туриб унга эргашди. Сен ҳам қўзғалаётган ерингда қўлингдан тутиб қолдим. Дув қизариб, қайта ўтирдинг.
— Яхшимисан?.. Холамни, Жамшидни кўрдим. Жамшид катта йигит бўп қопти.
— Саккизни тугатяпти.
— Сен ўнни…
— Ҳм…
— Қайсида ўқимоқчисан?
— Медтехникумга борсамми, деб турибман. Яна билмадим…
«Яна билмадим», деганингдан, «Сиз рози бўлсангиз» деган сўровни уқдим.
— Маъқул, менга маъқул, — дедим дадилланиб. — Лекин, меники.. қоп кетди. Бошқача бўп кетди ҳаммаси. Эшитгандирсан?
— Эшитдим, — дединг ердан кўз олмай.
— Нима дейсан?
— Нима дердим… Яхши бўпти.
— Шунақа бўп қолди. Раис бово қўймади. Бригадирликни оласан, деди. Хафа бўлмагин, хўпми… Лекин, ўқийман барибир!..
— Унақа деманг, нега хафа бўламан? — дединг ҳамон дастурхондан кўз узмасдан. Юзларингни ял-ял ёниб борарди.
Эҳ, нақадар сурурли дақиқалар эди!
Кўзларингга тўйиб-тўйиб боққим келар, лекин бунинг иложи йўқ, чилвир кокилларингни силаб-сийпагим келар, лекин… Кокилларингни чилвир дедим. Аммо кўпам майда ўрилмаган, келинчакларники унақа қилинади. Сенинг кокилларинг йирик-йирик, шундоқ бўлса-да, ўттиз-қирқ ўрим келадиёв. Жуда узун ҳам эмас, нимчанг этаги билан баравар, учлари қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб кетган. Бир дилбар қўшиқ мисралари миямда чарх уриб ўтди: мен кетганда анча ёш эдинг, боғбон қизи — гуллар эркаси. Мана, энди ойдай тўлибсан, юрагимнинг сен арзандаси.
Бу қўшиқ муаллифи аслида мен бўлишим керак эди. Майли, зарари йўқ, ҳали бундан-да дилбар қўшиқлар яратилади, уларни мен яратаман!.. Лекин… (Юрагим яна армон билан ўртанди). Лекин, мен ёзган қўшиқни кимлар айтади. Мендек қишлоқи бир шоирни кимлар писанд этардию, кимлар қўшиққа соларди?!
Биз ўтирган чорпоя биқинидаги барваста гилос дарахти ғум-ғуж меваларининг мўллигидан фахрлангандай оҳиста солланиб, бош солиб туради. Новдалари орасидан тип-тиниқ осмон кўринади. Осмоннинг бир чеккасида оппоқ булут парчаси муаллақ туриб қолган. Оппоқ булут парчаси эса менга шу тобда кузги дала чеккасида уюладиган пахта хирмонини эслатди. Ҳа, оппоқ хирмонни!
* * *
«Қўйқўтон»га етиб келганимда даланинг юқори бетидан тўлғин ой кўтарилиб келарди. Ҳаво илиққина, атрофда жийда гулининг хуш бўйи кезади.
Якка балхи тут остида чироқ кўринди.
Велосипедимни уватга суядим-да, аям тугиб берган каттагина дастурхонни кўтарганча, чироқни қора олиб юрдим.
— Маҳмудхонми?
— Маҳмуд ака, шекилли. Саломалайкум.
— Ассалому алайкум, ҳорманглар!
Ўтирганларнинг иккитаси чаққон қўзғалди. Учинчиси — Сафар амаки ўтирган ерида кўришди-да, қўлимдан тутиб ёнига ўтқазди.
— Қани, ўтиринг-чи, жияним, жўрагинамнинг ўғли. Собиржон чойга қара. ўанижон, овқатни тезлатгин, жиян.
— Овқат тайёр, амаки, — дедим дастурхонга ишора қилиб. — Фақат аччиққина чой дамлашса бўлгани.
— Ҳа, даланинг чойини соғиниб қолганга ўхшайсиз-а, Маҳмудхон?!
— Нимасини айтасиз, икки йил давомида тушларимдан чиқмасди.
— Икки йилни айтасиз, жиян. Икки ой қишда қанча қўмсаб қоламиз бу дала-даштни.
Сафар амаки қумғондан чой дамлаётган йигитчага тикилиб жим қолди. Анча қарибди бу одам ҳам. Тунов куни мен билан омонлашяптию, ўпкасини босолмайди. Маъруфхон тирилиб келди, деб йиғлайди. Кўзлари ичига ботиб, сочлари дувва оқарибди. Мана ҳозир хира фонус ёруғида янаям қартайгандай кўриняпти.
— Ҳозир буларга гапириб турувдим, — деди у яна гап бошлаб. — Урушдан бу ёғига тўртта бригадир кўрибмиз. Сен бешинчиси, — деди у энди сенлашга ўтиб. — Сенам, ўғлим, сира ташвиш чекма. Ишлаб кетасан. Ҳайдаров сени беҳудага қўймаган. Одамни танийди, бир қарашда кимнинг қанақалигини билиб олади. Бизда уч йил биргад бўп ишлаган-да. Эшитгансан-а? Ҳайдаровдан олдин Жаббор амаки эди раҳматли. Уям жонтолмас эди. Бир оёғини судраб босади. Бир қўли бўйнига осилган. Тинмайди. Ҳар куни бир сидра эшикларга бош суқиб чиқади. Тинчмисан, болалар соғми, зоғоранг, гўжанг борми, хат кеп турибдими… Бир бошдан сўрайди. Худди рўзғорди хўжаси. Эҳ, у одамларди садағаси кетсанг арзийди!..
Сафар амаки пиёласидаги чойдан ҳўплаб, бир зум ўйга толди. Кейин менга қараб илжайди.
— Биргадир жияним, овқат совимасин. Қани, олинг¬лар… Бай-бай, қўли дард кўрмасин ойтижонимни!
* * *
— Маъруфхоннинг арвоҳи бир яйради-да, болам,— деди Сафар амаки дастурхонга фотиҳа ўқилгач. — Худди ота ишини қилдинг. Ҳали дастурхон кўтариб келганингни кўриб, юрагим бир қалқиб тушди. Раҳматли дадангнинг одати шунақа эди. Уйда тансиқ таом бўп қолса, атайин бизларга илинарди. Томоғимдан ўтмади, деб отини йўрғалатиб келаверарди бояқиш жўрам. Барака топ, болам. Кам бўлмагин. Худо хоҳласа, кам бўлмайсанам. Арвоҳ рози— Худо рози деган гап бор…
У бир нафас яна маҳзун хаёллари билан қолди-да, ўз-ўзидан илжайиб гап бошлади.
— Ҳозир бир нарса ёдимга тушди… Урушди охирлари. Қирқ тўртинчи йил тирамоси экан-да. Терим қизғин. Даданг, Темур амакинг, мен — учовимиз ҳамиша биргамиз. Орамиздан қил ўтмайди. Даданг ўн олтида, мен ўн тўртда, Темур ўн учда. Айниқса Темур амакинг ушоққина. Эти устихонига ёпишган бола. Бугунга келиб ўн битта боланинг отаси, кимсан Темур полвон бўлиб кетишини кимам ўйлабди ўшанда. Кап-катта йигит бўлгунча ҳам тили чучук эди. «Бийгадий» деб гапирарди.
Бир кун тонг азонда қишлоқдан келяпмиз. Даданг шоширади: Тез юринглар. Кеч қопмиз. Ухлаб қопмиз, дейди. Ой сутдек далага етиб келдик. Ҳов нариги пайкал эди, «Афғони». Ҳеч ким кўринмайди. Пахтаси роса очилиб берган. Шапир-шупур теримга тушдик. Дам-бадам қишлоқ тарафга қараб қўямиз, қизлар келмаяптими деб.
— Бугун қизлайди қолдийиб кетамиз, ҳалигача пишиллаб ётишгандуй, — дейди Темур хурсанд бўлиб.
Теряпмиз, теряпмиз… Қанорларимиз тўлиб кетди. Яна анча-мунча териб бир ерга уйдик. Кўнгил тўқ энди. Мизғиб олмоқчи бўлдик. Пахтамизди устига ётдик. Бир маҳал уйғониб қарасам, атроф қоп-қоронғу, ой ботибди. Иккинчи марта жунжикиб уйғондим. Ҳалиям қоронғу. Ие, дейман ҳайрон бўлиб, нега тонг отмайди?
Шерикларим ҳам туришди. Кейин тушундик. Ойди ёруғини тонг отди деб ўйлаб, отанг бизди аввал оқшомда уйғотиб келган экан… Устимизга шудринг ёққан. Совуқ. Дийдираймиз. Ухлаш қаёқда энди, кун чиққунча тишларимиз такиллаб, бир-биримизни пинжимизга кириб, ғужанак бўлиб ўтириб чиққанмиз… Муннай ўйлаб қарасам, болаликда одам маст бўларкан. Биз-ку, ўғил бола, қизлар ҳам олов эди. Аянг айтиб ўтирсалар керак?
— Ҳа, айтганлар, — дедим кулиб. — Ҳалиги бўри воқеасини ҳам эшитганман.
— Бўри воқеаси?.. Э, бўлди, бўлди, — деди Сафар амаки завқланиб кетиб. — Қани, эшитайлик-чи, ойим қанақа қип айтиб берган эканлар…
— Амаки, ўшанда росттанам қаттиқ ухлаб қобмидингиз ёки жўрттага уйқуга солиб ётганмисиз?
— Оббо, жиянимей, жон жойидан ушладинг-ку!.. Бўпти, майли, бир бошидан айтиб бера қолай. Собиржон болам, чойдан қуй, — дея пиёласини узатди. — Бунинг тарихи узун, томоғимни ҳўллаб олишим керак… Хуллас, урушди иккинчи йилимиди, учинчи йилимиди, эсимда йўқ, аниғи шуки, ҳозиргидай ёз чилласи эди. Ўн иккита бўй қизга мени қора қилиб қўйишган. Боя айтганимдай, ўн уч, ўн тўрт ёшлардаги ўспиринман…
— Дадам қаерда эдилар?
— Маъруфхон ғўза суғорарди… Шу десанг, ўн икки қиз билан мен тонг азонда буғдой ўроққа тушамиз. Кун ёришгач қишлоқдан аёллар, болалар, қари-қартанглар келади. Шабнам кўтарилганда ўримни тўхтатамиз. Энди ўриб бўлмайди, бошоқ қуруқшаб, буғдой ерга тўкилади, биласан… Ул-бул нарса билан тамадди қиволиб, кейин ғўза чопиққа тушамиз. Чопиқ кечки кўз кўргунча давом этади. Қишлоққа кетадиганлар кетиб, дала яна ўзимизга қолади. Ой ёруғида не маҳалгача шир-шир буғдой ўрамиз. Ҳов анави ерда, даланинг тумшуғида эски шийпон бўларди. Кўргансан, беш-олти йил бурун Фармон буздирди. Шу шийпонга бориб ётамиз. Шийпонки, уч тарафи ваҳимали чангалзор, чакалак. Тепамизда мановинга ўхшаб фонус ёниб туради. Қатор бўлиб бир тўшакда ётамиз. Икки чеккада ёши каттароқ опаларимиз, ўртада кичкиналар. Менам аралаш ётавераман. У вақтлар айб қилишмасди. Кўнгил ҳам тўғри экан-да… Бир ҳафтада шундай бўлдики, қишлоқни эсламай ҳам қўйдик. Кун бўйи ғўза чопамиз, ярим тунга қадар буғдой ўрамиз. Яна тонг ёришмай бир-биримизни уйғотиб, апил-тапил чалғи кўтариб чиқиб кетамиз. Шийпон ҳам, далаям чангалзорам ўзимизники бўлиб қолган. Ярим тунда ухлагани ётамизу, ҳадеганда ухлаб қолмаймиз. Айниқса, ёш қизчаларимизди гапи тугамайди. Пичир-пичир қилиб, қиқир-қиқир кулиб бош¬қаларга ҳам уйқу беришмайди. Охири Маъмура ойтимдан бир-икки дакки эшитишади-да, тинчишади…
Бир кечаси ҳамма ухлаб қолгану, биргина мен қамишлари осилиб ётган шифтга тикилганча хаёл суриб ётибман. Қоровул бўлганим учунмас, ўзи нимагадир уйқум учиб кетганди. Бир маҳал Маъруфхонни эслаб кетдим. У ҳозир «Шотутли»да сувчиларга эргашиб эгат оралаб юргандир. Шу тобда ҳорманглар, деб пешонасида пайдо бўлиб қолсам хурсанд бўп кетса керак, дейман ўзимча. Росттанам шундай қилсам-чи. Булар ҳаммаси донг қотиб ётибди. Аста жўнаб қоламан-да, яна ҳеч нарса бўлмагандай келиб жойимга ётаман… Шу хаёл билан бир ғайратга миндиму, негадир шаштимдан қайтдим. Йўқ, постни ташлаб кетишим дуруст эмас, бу ишим барибир Маъруфхонга ёқмайди. Ортимга қараб ҳайдаб юборади, дедим-да, ёнбошимга ағдарилиб кўзимни юмдим. Кўзим илиндими, йўқми, билмайман, ўрнимдан сачраб турдим. Бўри увладими ё тушимга кирдими?.. Ўтирган еримда нафасимни ютиб қулоқ солдим. Жимлик… Э, тушимга кирди-ёв дея ўзимни ишонтириб, ўрнимга қайта ётдим. Шундай ётишимни биламан қамишзор томондан битта бўри увлаб юборса бўладими!.. Баданим музлаб қолди. Жон ширин. Шундай ғужанак бўлдим-да, кўзимни чиппа юмдим. Бош кўтариб қарашга юрак қурғур дов бермайди. Қизларга далда бўлади деб мени қўйиб қўйишган тағин. Бир маҳал бечоралар уйғониб қолишди-ку! Ана энди десанг қиёмат қойим бўлди. Қий-чув, бақир-чақир, йиғлагани қайси, тўшакка бурканиб олгани қайси. Мен бўлсам дунёдан «бехабар» донг қотиб ётибман. Мени эслаб қолиб, бошимга ёпирилиб келишди. Лекин, ҳар қанча турткилашмасин уйғонай демайман. Тош қотганман. Жонимга Маъмура ойтим ора кирди. Уни қўйинглар, гулхан ёқамиз, тез бўлинглар, деди. Шийпон биқинида уч боғлам ғўзапоя ётарди. Шунга ўт қўйишди. Турмасам бўлмайди энди дегандай аста бошимни кўтардим. ўўзапоя чирсиллаб ёняпти. Қизлар бир отар қўйдек ғум-ғуж бўлиб, оловди ёнида туриб олишган. Ўттиз қадамча нарида иккита бўри диккайиб ўтирибди. Кўзлари олов ёлқинида ялтирайди. Улар ўрнидан қўзғалиб, безовта юра бошлаши билан қизлар қий-чув кўтаришади. Бўрилар тек қотиши билан буларам тинчийди. Охири қизлардан биттаси ўзидан ўзи Қаршибой, Қаршибой деб бақира бошлади. Бошқалари ҳам қўшилди. Қаршибой деб бақирса бўрининг жағлари қаришиб, оғзи очилмай қолади, деб эшитганим бор. Менам қизларди ёнига кеволиб Қаршибой, Қаршибой деб бақиришга тушдим. Ҳозир эсласам кулгим қистайди. Қаршибой, Қаршибой деяпману, ўзимди жағларим қаришиб қолгандай аранг очилади…
Бақир-чақирдан ҳуркдими, ҳайтовур бўрилар чангалзорга кириб кетишди. Ҳамма ёқ жим-жит бўлиб қолди. Бақириб турганимиз тузук эканми, жимлик баттар қўрқувга сола бошлади…
Бўрилар кетмаган экан. Ириллашиб яна чиқиб келишди. Яна қий-чув бошланди. Э, қисқаси, тонг оқаргунча кетишмади-да. Ерда ётган суякларни шақирлатиб ғажишадимией, итдай ириллаб бир-бири билан олишиб кетадими, басма-басига олиб увлашга тушиб кетишадимией, ишқилиб ўтакамизни ёриб, атрофимизда изғишди. Тонг ҳам отиб келаверди, бўрилар ғойиб бўлишди.
Шундан сўнг Жаббор амаки раҳматли биз билан шийпонда қоладиган бўлди. Биз буғдой ўриб бораверамиз. У киши ўн беш, йигирма қадам илгарида юриб: қизларим, мен бундаман. Сафарбой келяпсанми?.. Мана мен, келаверинглар. Шоввозларим, азаматларим, деб овоз бериб туради.
Раҳматлининг овози қулоғимга ўтириб қолган эканми, ҳалигача элас-элас эшитилиб кетади.
* * *
Тўлин ой аллақачон тиккага келган. Кўп замонларни, кўп одамларни кўрган якка балхи тут остида ҳамон суҳбатлашиб ўтирибмиз. Нарироқда жўякларга таралган сув бир текис жилдирайди. Ҳов олисларда дайравот жийдалари оқаришиб кўринади. Ҳавода ёқимли бўй кезинади.
* * *
Орадан уч ой ёз ўтди.
Сентябр ҳам оёқлаб қолди.
Ҳисобчиликда озми-кўпми малака орттирган эканманми, янги вазифага кўникишим осон кечди. Ишга шўнғиб кетдим. Бу орада сен, Шоҳсанам, ўқишга кирдинг. Мандатдан ўтибоқ узум узишга, у ёқдан қайтиб, бир ҳафта ўқиб-ўқимай, пахта ҳашарига жўнаб кетдинг.
Қизиқ замонларда яшаган эканмиз-да. Ҳаммадан қизиғи, бунақа ишлардан ҳеч биримиз ажабланмасдик: худди азалдан шундай бўлиб келган, бундан бу ёғига ҳам шу тахлит давом этиши керакдай эди.
Ҳозир ҳам мамлакатда пахта етиштирилади. Сентябр аввалида терим бошланади. Бир кун қараймизки, туманлар, вилоятлар бирин-кетин режаларини бажариб қўйибди. Ажабланамиз. Бўлар экан-ку! Шовқин-суронсиз, ур-сурсиз ҳам уддалаш мумкин экан-ку, деймиз. У даврларда эса бари бошқача кечарди.
Бир деб теримга тушилдими радио, телевизор, газеталар ҳисобот бериб боришни бошларди: бир кунда фалон фойиз, мавсум бошидан бери фалон фойиз пахта тайёрланди. Қўл терими бунча, машинада бунча терилди ва ҳоказо. Бундай ҳисоботларга бефарқ одамнинг ўзи бўлмасди. Биттаси мен бўлсам, ҳар кеча колхоз идорасига киришда ҳам, чиқишда ҳам кўргазма тахтасига зимдан кўз ташлаб қўяман. Тахтада бригадалар рақами, бригадирлар исми, фамилияси қаршисидаги фойизлар, тонналар кун сайин янгиланиб боради. Фамилиям пастлаб кетса ториқаман, юқорилаб борса ҳаволаниб юраман. Ҳар эрта ё пешинда одамларимни тўплаб ҳисоботни ўқиб бераман. Шоирона сўзамоллик билан уларни руҳлантирган бўламан.
Хуллас, шунақа долзарб кунларнинг бири эди.
Хирмон бошидаман. Кун пар-пар бўлиб турибди. Теримчилар пахта тўла этакларини елкалаб, турнақатор бўлиб чиқиб келишяпти. Бунда ҳам қатъий тартибга амал қилинади. Аввал ёш болали жувонлар, ёшу улуғроқ аёллар, ярим соат, бир соат ўтказишиб эса ёш-яланглар, ўқувчи йигит-қизчалар даладан чиқишади. Бу тартибни мен жорий қилмаганман, азалдан шундай.
Энди асосий гапга келсам: Амиржон пахтасини тарозидан ўтказиб, тележкага узатди-да, кейин тарозибоннинг дафтарини олиб ёнимга келди.
— Маҳмуд ака, энди ҳисоб-китоб қилиб олайлик, — деди жиддий туриб.
— Хўп бўлади, қани, кўрайлик-чи, — дея дафтарни олдим-да, дарҳол унинг исми тўғрисидаги рақамларни жамлаб чиқдим.
— Ўҳ-ҳў, зўр-ку, Амиржон. Икки юз йигирма кило!
— Энди, — Амиржон ортига, тележка атрофига тўкилган пахталарни тергилаб юрган хирмончи Сафар амакига қараб олиб, овозини хиёл пастлатиб деди. — Умишвойни кўринг.
— Э, Умишвой сенга етиб опти-ку! — дедим баттар ҳайратим ортиб.
— Чунки, биз баҳслашмадик-да, Маҳмуд ака. Биз ҳамкорлик қилдик, — деди салмоқлаб, кейин дафтарни ҳисобчи йигитга қайтиб берди-да, қўлтиғимдан олиб четга бошлади. — Очиғини айтсам, мана шу ўн кунликда сизга байроқ олиб бермоқчимиз. Эрталаб болалар билан шунга келишиб олганмиз.
Энди десанг, отам тирилиб келгандай, теримга сиғмай кетдим. «Яша, укажон, унутмайман!» деб Амиржонни бағримга босдим.
— Шу гапингиздан фойдаланиб, энди битта эркалик қиламан, — деди у жилмайиб. — Фақат йўқ демайсиз.
— Бўпти, укажон, бемалол!
Амиржон гапни узоқдан келтирди.
— Умишвойни биласиз, Шоҳи опаси билан тирик эди. Мана энди кун санаб юрибди. Ўн кун бўлди, ўн беш кун бўлди, деб. Кўрмасам узликиб қоламан дейди. Росттанам, қаранг, рангини олдириб қўйган бечора.
— Э, қўйсанг-чи!..
— Ишонмайсиз-да. Томоғидан овқат ўтмай қолган. Очиғи, раҳмим кеп кетди-да, бўпти, обориб келаман опангди олдига дедим. Фақат шарти бор, бугун икки норма терамиз-да, бориб келамиз, Маҳмуд ака сўз бердилар, дедим. Ишқилиб, ёлғончи қилмасангиз бўлди… Э, шундай деганимни биламан, машина бўп кетди. У теряпти, мен ташиб турибман. Мени бўларим бўлди, у чарчадим, демайди. Қойил қолдиме!.. Меҳр-муҳаббат дегани зўр нарса бўларкан-да, Маҳмуд ака. Хўп, жавоб берасизми?..
— А, қаёққа?!— дебман хаёлсираб.
— Бошидан қайтарайми? — деди Амиржон кулиб.
— Йўқ, йўқ, майли… Майли, бориб келинглар,— дедим паришон. Салом айтинглар. Менам бориб қоларман…
— Э, сизга йўл бўлсин, — деди у қўлимни сиқиб.— Бир соат кўринмай қолсангиз, тревога бўп кетадию!..
— Ҳа, рост айтасан, — дедим руҳсиз. — Шуниям айтиб қўйинглар, хафа бўлмасин…
* * *
Далага тушкун кайфиятда чиқиб келганман.
Этак боғлаб эгатларга тушиб бораётган йигит-қизларга яқин бормай берироқда турибман. Ахир, кечагина нақд бўлиб турганди-я!.. Кўрсаткичларим ҳаммадан юқори, мени босиб ўтишлари мумкин эмасди. Лекин кечки йиғинни ўтказаётган раис муовини Шариф Ҳодиевич мен қолиб, бошқа бригадирни биринчилик билан қутлади. «Э, қанақасига?!» деб юбордим ўзимни тутолмасдан. Муовин жавоб ўрнига илжайиб қўйди-да, гапида давом этди. Бўларим бўлиб бошимни эгиб олдим. Ҳамма менга қараётгандай, қип-қизариб кетдим. Айниқса, муовиннинг «Ёш кадрлар ҳам ғайрат қилишдию, аммо барибир ғайратдан тажриба устун келди» деган илмоқли гапию, унинг орқасидан кимнингдир маъноли йўталиб қўйиши мени баттар ўсал қилди. Аҳволимни тушунгандай ёнимдаги биров билагимни сиқиб қўйди. Наҳотки, шуҳратпарастга ўхшаб қолган бўлсам?! Мени ёш бола кўришгани, ўртада қандайдир ғирромлик ўтганини ҳеч ким сезмадимикан? Бердисини айтганда, байроғига ҳам, биринчилигига ҳам учиб-қўниб турган жойим йўқ эди-ку! Яхшиям йиғинда Ҳайдаров қатнашмади. У бўлганида нима деб ўйларди! Тағин ким билсин, у бўлганида бунақа ўйинлар юз бермасмиди!..
Нима бўлгандаям қаттиқ алам қилди. Менданам кўра ҳали одамларим эшитишса қанақа кўйга тушишаркин? Ишдан беллари совиб кетмасмикин?!
Шу тақлит дилим хуфтон бўлиб тураркан, Амиржон ёнимга келди.
— Маҳмуд ака, ўзингизга ўхшамайроқ турибсиз, тинчликми? — дея қўл ташлаб кўришди.
— Э, бўлмади, учинчига бериб юборишди, — дедим йиғламоқдан бери бўлиб.
— Нимани бериб юборишди?..
— Байроқни-да?.. — дедим қўл силтаб.
— Хайрияте!.. Мен бўлсам «Пахтакор» яна «Қайрат»га ютқазиб қўйибдими, деб қўрқиб кетибман,— дея беозор илжайди Амиржон. — Битта байроқ бўлса, кейинги ўн кунликда олиб берармиз!..
— Овора бўласизлар! Бу ерда бошқа гап бор, — дедим руҳсиз бош ирғаб.
— Хўп дейверинг, кейингиси бизники! — у шундай дея белига этагини боғлади. — Айтмоқчи, Шоҳи опам сўраб юбордилар.
Исмингни эшитиб қалқиб тушган эсам-да, дабдуруст¬дан бир нарса деёлмадим. Беихтиёр гапининг давомини кутдим. У озроқ пайсаллаб, ке-йин тилга кирди.
— Далаларни соғинибдилар. Кўксойни соғинибдилар. Энди бу Умишвойди гапи. Шунақами, йўқми, хуллас, ҳаммамизни соғинибдилар.
Энди андишани йиғиштириб, дангалига кўчдим.
— Очиғи, менам соғиниб кетдим, — дедим дард билан. — Пахта-махтасини ташлаб, шартта кетворсамми деб турибман.
Амиржон кулди.
— Кетвориш керак эмас, — дея қўлтиғига қўл солди. — Мана, ўзларини опкелдик.
Шундоқ кўз ўнгимда майингина кулиб турган суратинг пайдо бўлди. Ҳар қанча соғинган бўлма¬йин, суратингга ортиқ қарай олмадим. Тезгина қўйин дафтарим орасига бекитдим. Ишонсанг, Амиржондан эмас, сендан уялдим. Кулиб турган кўзларингда беозоргина гина туйдим. Гина қилишга эса тамоман ҳақли эдинг, Санамжон!..
— Унутмайман, Амиржон! — дедим тўлқинланиб.
Бир зумда ҳаммаси ўзгарди: дилхиралигим тумандек тарқаган, атроф-жониб кўкламдек яшнаб, еру осмон рўшно садоларга тўлиб кетгандек эди.
* * *
Кўксой сувлари умримиздан яна бир йилини оқизиб кетди. Яна куз келди.
Шовқин-суронли, ур-сурли терим мавсуми бошланди.
Оппоқ қордай оқариб ётган пахта даласи бошида терим машинаси шай турибди. Сафар амаки, Темур амаким ва яна бир-икки одамларим билан машина олдида маслаҳатлашиб турибмиз… Сафар амаки дуога қўл очди. Фотиҳа қилингач, Темур амаки машинасини юрғизиб, далага ҳайдаб кирди. Ортидан бир зум кузатиб турдик-да, тарқалишдик.
Сой ёқалаб ёлғиз келяпман. Мамнунман. Пахтаси оқиб ётган далага дам-бадам фахрланиб қараб қўяман. Олисда терим машинаси гулдираб боряпти.
— Ҳаммасига кўрсатиб қўяман ҳали! — дейман баралла овоз чиқариб.
— Хўш, қалай энди?!
Ортимдан келган овоз мени тўхтатди. Лекин қайрилиб қарамайман.
— Мамнунсан! Ишларинг зўр!..
Маъқуллаган каби бош ирғаб, тол тагига ўтираман. Кўксой қатор тизилган толлар остида шарпасизгина оқиб ётибди. У рўпарамдаги толга елка тираб ўтиради.
— Иморатингни созлаб олдинг. Ўқишга кирдинг. Майли-да, сиртдан бўлсаям, сельхоз бўлсаям, институт оти бор. Кичкинагина бўлса-да, уловинг бор. Бир йилда шунча ўзгариш. Теримни ўтказиб, Шоҳсанамни тушириб олсанг, яна нима каминг қолади?!.
Дилимдагини сиртимга чиқаргим келмайди. Қовжираган майса устига бепарво ёнбошлайман. Олисда гувиллаб ишлаётган терим машинаси кўриниб туради. Икки кафтимни бошим остига қўйиб чал¬қанча ётганча, осмонга кўз тикаман. Тип-тиниқ осмоннинг у ер, бу ерида хирмондаги уюм-уюм пахталардек оппоқ булутлар сузиб юради.
— Эҳ, кўнгил ғаш-да, — дейман суҳбатдошимга дил ёриб.
— Яна нима учун?!
— Кўп бўлди, шеър ёзмай қўйганман…
— Э-ҳа, шеър… Кўнглинг ғашланмасин. Планинг тўлсин, тўйни ўтказ. Ана ундан кейин қиш бўйи сандалда мук тушганча хотиржам ёзаверасан…
— Хотиржамликда шеър ёзиб бўларканми?!
Ўрнимга туриб ўтириб, олисдаги тоғларга кўз тикаман. Сигарета тутатаман.
— Шоир халқи ғалати-да! Ҳамма тинчлик истаса, булар?!.
— Шеър безовта туйғулардан туғилади, — дейман ўжарлик билан. Сигаретамни чуқур-чуқур торта бошлайман.
Суҳбатдошим дарҳол муросага келади.
— Майли, тортишмайлик. Буям бир гап бўлар?!.
Давоми бор
Orziqul ERGASH
SHOHSANAM
Qissadan birinchi parcha
Orziqul Ergash 1953 yil 14 yanvarda Samarqand yaqinidagi Darxon qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand Davlat universitetini tamomlagan (1975). «To‘y», «Dunyoning bir chekkasi», «Bolaligim ko‘chalarida», «Shoxsanam», «Darxon qissalari», «Sening bu dunyoda borliging») kabi qissa va hikoyalar kitoblari nashr etilgan. Bir necha asarlari asosida televizion filmlar suratga olingan. Uzoq yillar O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniya tizimidagi teleradiokanallarda ishlagan, bugun O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida faoliyat yuritmoqda.
Aziz onajonim Mastura Shirinxo‘ja qizi xotirasiga bag‘ishlayman
Meni debon sabil bo‘lding, Sanamjon…
(dostondan)
… Qadim zamonda, janub tomonda Diyorbakir degan mamlakat bo‘lgan ekan. Mamlakat podshosini Shoh Abbos deyisharkan. Shoh Abbos ovga ishqivoz ekan. U bir kuni Hasan degan vaziri bilan ovga chiqibdi. Ov qilib yursa, oldidan quyon chiqib qopti. Podsho kamonini rostlab otmoqchi bo‘pti. Qarasa, quyon bo‘g‘oz ekan. Podsho uyida qolgan ikkiqat xotinini eslabdi-da, quyonni otmasdan o‘tkazib yuboribdi. Ovdan keyin bu gapni vaziriga aytsa, vaziri kulibdi.
— E, podshohim, o‘sha quyon mengayam uchradi. Otishga qo‘lim bormay, menam uni o‘tkazib yubordim, — debdi dono vazir.
Bu gapdan podshoning ko‘ngli iyib ketibdi-da:
— Hasan, — debdi, — agar mening xotinim o‘g‘il tug‘ib, seniki qiz tug‘sa, qizingni o‘g‘limga berasan. Agar sen o‘g‘illi bo‘lib, men qiz ko‘rsam, qizimni bera¬yin, quda bo‘laylik…
Keyin, kimda kim so‘zidan qaytsa, la’natga giriftor bo‘lsin, deb qasam ichishibdi. Podsho ahdnoma yozdirib, muhr bosibdi-da, Hasan vazirning qo‘liga tutqazibdi.
Oradan oyu kunlar o‘tib, Shoh Abbos qizlik bo‘libdi. Qizga Shohsanam deb ot qo‘yibdilar. Hasan vazir o‘g‘il ko‘ribdi. O‘g‘liga G‘arib deb ot qo‘yibdi. Men bu yurtlarga g‘arib bo‘lib kep qolganman, o‘g‘limning oti G‘arib bo‘lsin, debdi…
* * *
Shohsanam, bu ertakni bir paytlar ayamdan eshitardik.
Ayamning ertaklari ko‘p edi, bizga qayta-qayta aytib berishdan charchamasdi. Sen aytmaganiga ham qo‘ymasding, mittigina bo‘lib qo‘yniga kirib olarding-da, ma’tal aytib bering, xolajon, deb turib olarding.
Sening otingni ayam qo‘ygan. Havasli dunyo, bir kun kelib Shohsanam degan kelinim bo‘lsin, o‘g‘limning Shohsanam degan qallig‘i bo‘lsin, degan-da onaizor. Mening otimni esa sening ayang qo‘ygan. Armonli dunyo, Maqsad momoning Mahmud degan o‘g‘li urushdan qaytmagan ekan. O‘shaning nomi o‘chmasin deb…
* * *
Shohsanam, seni birinchi marta qachon, qay yerda, qay holatda ko‘rgan ekanman-a?..
Menimcha bunday bo‘lgan: tug‘ilgansan, tug‘ruqxonadan olib chiqishgan. Ayam ikkimiz sizlarnikiga borganmiz. Oppoq yo‘rgakdagi jish chaqaloqni menga ko‘rsatishgan. «Singling bilan tanishib ol. Yoqsa, qulog‘ini tishlab qo‘ygin», degan ayang… Bundan chiqadi, sen dunyo¬ga kelganingdan bir haftalar keyin ko‘rishganmiz ikkimiz. Yana kim bilsin, balki bu ko‘rishuv bir haftamas, undanam oldinroq yuz bergandir. Ya’ni kunora tug‘ruqxonaga qatnagan ayam bir safar meniyam ergashtirib borgan va seni birinchi bor deraza ortidan, ikki yo uch kunligingda ko‘rgandirman?!. O‘ki bo‘lmasa, hali dunyoga kelmasimizdan oldinroq bir-birimizni ko‘rgan, tanigan bo‘lishimiz ham mumkin. Bunisi endi yolg‘iz Yaratganga ayon…
Bularning qay biri to‘g‘ri — bir hafta ke¬yinmi, ikki-uch kun o‘tibmi yoki hali tug‘ilmasimizdan oldinmi, bilmayman. Shunisi aniqki, sal kam yetti milliard odam bolasi g‘imirlab yurgan bu ro‘yi zaminga avval men, oradan ikki yil o‘tib esa sen kelgansan: men uchun, menga hamroh, hamnafas… bo‘lish uchun kelgansan. Men avvalboshdanoq shunday o‘ylar edim va bunga zarracha shubha qilmasdim. Avvalboshdan deymanu, lekin qachon, qay kun, qay soatda bunday fikrga kelganman, eslolmayman.
* * *
O‘sha kuni maktabdan kelsam ayam hovlida ko‘rinmadi. Bo‘ylab tomorqani ko‘zdan kechirdim, yo‘q. Qo‘shniga chiqqan bo‘lsalar kerak dedim. Portfelimni chorpoyaga tashlab, o‘zim bir chekkasiga o‘tirdim. Shovurimni payqagan qo‘ylarim ma’ray boshladi. Boshqa mahal bo‘lganida maktabdan qaytishim bilan ulardan xabar olardim. Hozir bunga hafsalam kelmadi. Avval ayamga ko‘zim tushsin, keyin…
Bugun maktabda ham fikru yodim unda bo‘ldi. Mana shu chorpoyada bir o‘zginasi tumshayib o‘tirgani, hay¬hotday hovlida timirskilanib yurgani ko‘zimga ko‘rinib ketaverdi… Ikki haftadan beri xolam shu yerda edi. Kecha dadamning yigirmasi o‘tdiyu, uyi tomondan mashina kuta boshladi. Jo‘nab ketgan shekilli. Yo‘qsa, opa-singil chorpoyada gaplashib o‘tirgan bo‘lishardi.
Ayam qayerdaykin?..
Zerikdim. O‘rnimdan turdim-da, yuragim betlamay dahlizga kirdim. O‘ng qo‘ldagi xona eshigiga qaramaslikka urinib, chapga — darsxonamga o‘tdim. Maktab kiyimlarimni shosha-pisha korjomaga almashtirib, dahlizga chiqdim. Chiqqan yerimda taqqa to‘xtadim. Ro‘paradagi xonadan birovning piq-piq yig‘lagani eshitildi. O‘zimni zo‘rlab eshikdan mo‘raladim. Nim qorong‘u xona to‘rida oq doka ro‘mol yopingan ayam o‘tirardi. Oldida erib tugayozgan sham lipillaydi. Ayam yig‘i aralash shivirlaydi.
Eshik oldida o‘tirdim. Tomog‘im g‘ippa bo‘g‘ildi. Bir pas o‘tib, piqillab yig‘lab yubordim. Otamni qattiq qo‘msaganimni, endi har qancha qo‘msamay bosh¬qa ko‘rolmasligimni shu lahzada birdan angladim. Sitilib yig‘layverdim. Bir mahal boshimda ayamning titroq qo‘llarini tuydim. «Turing, bolam, turing», dedi u sochimni ohista silab. Hovliga chiqib, o‘zimni chorpoyaga yuztuban tashladimu, baralla ho‘ngrab yubordim. «Otajon, otajonim!» derdim do‘rillagan ovozda. Ovozimdagi o‘zgarishni ham shu lahzada payqadim…
Yuzimni ko‘rpachaga bosib yotibman: har kuni tushimda lopillab yo‘lga chiqadigan tobut ko‘zimga ko‘rinadi. Sinfdoshlarimning achinib qarashlari, sen bugun yo‘lda anchagacha gap boshlay olmay, oxiri beixtiyor sizlab yuborganingni eslayman. Ko‘nglim bo‘shashib, o‘ksib yig‘layveraman. Ayam boshimda indamay, qizargan ko‘zlarini bir nuqtaga tikkancha jimgina o‘tiradi…
Mollarga o‘t o‘rib kelgani jo‘nadim. Hech narsaga alahsimay tezgina bir bog‘ o‘t o‘rib, orqalab uyga qaytdim. Ayam yolg‘iz qolsa yana yig‘laydi, hadeb yig‘layversa kasal bo‘p qoladi degan vahimada edim.
Yo‘lda kelayotib, ulg‘aysam uni boshimda ko‘tarib yuraman, deb ahd qildim.
* * *
Shom payti.
Ona-bola ulkan ishkom ostidagi katta chorpoyaning bir chetginasida o‘tiribmiz. Chinni tovoqda yupqagina moshkichiri suzilgan. Unga qo‘l uzatganimizcha yo‘q. Kimnidir kutayotganga o‘xshaymiz. Atrof qorong‘ulashgani sari o‘z-o‘zimdan ma’yus tortib boryapman. Kunduzi o‘t o‘rib yurganimdagi g‘ayratim, onamga suyanchiq bo‘laman, boshimda ko‘tarib yuraman deya qilgan ahdlarim so‘nib qolganday.
Ayam hushyor tortib, menga qaradi.
— Mahmudxon bolam, qorningiz ochqamadimi?.. Oling, menga qaramang…
— Siz-chi?
— Men… ha, yeyman. Oling, bolam.
Ayam ovqatga uzaldi. Men ham. Luqma tomog‘imdan arang o‘tdi. Ko‘zimdan duvva yosh quyildi. Otamning moshkichirini yoqtirishi, ota-bola bahslashib ovqat yeyishlarimiz yodimga tushib ketgandi. Sezdirmay ko‘z yoshlarimni artdim. Lekin, hadeb burnimni torta boshladim.
O‘rnimdan turdim.
— Ha, bolam?
— Aya, suv ichib kelay…
Shu asnoda darvoza tarafdan sening ovozingni eshitdim.
— Chiroqlari yo‘q-ku, aya, biror yoqqa ketishganmi?!
— Yo‘g‘ye, qayoqqa ketishardi, qizim?!
Sen, ayang, ukang Jamshid ichkari kirdilaring.
— Oydinoy, Mahmudxon, qaydasizlar?.. — ovoz berdi ayang.
Ayam chorpoyadan tushdi. Men yugurib borib chiroqni yoqdim. Shu choqqacha esimizga kelmay, qoron¬g‘uda o‘tiravergan ekanmiz. Uzun ayvon, darvozaxona, ishkom ostidagi chiroqlar baravar yonib, hamma yoq charaqlab ketdi. Aslida esa bundan sal oldinroq — sening ovozingni eshitganimdayoq hovlimiz yorishib ketgan edi nazarimda…
Dasturxon atrofidan joy oldik.
O‘zimni qushday yengil sezardim. Ayamning ham chiroyi ochilgan edi.
— Juda charchabman bugun, qurib ketsin! «Shotutli»ni biram o‘t bosganki, aytguligi yo‘q, — dedi ayang horg‘in uf tortib. — Bir pas cho‘zilib dam olay desam, Shohsanamingiz qo‘ymadi, xolamlarnikiga boramiz, deb turib oldi. Manavisini uyqusini qochirib, boshlashib kelaverdik.
Ayam seni bag‘riga bosib, erkalab qo‘ydi.
— Baraka top, qizim!
O‘sha kechasi ne mahalgacha o‘tirdilaring. Jamshid mening tizzamda uxlab qoldi. O‘shanda nima gap-so‘zlar bo‘ldi — unchalik esimda yo‘q. Lekin, sizlar eshikdan kirgan zahoti hovlimiz kundek yorishib ketgani xotiramda muhrlanib qolgan.
Shohsanam, bilasan, taqdir mening murg‘ak boshimni ko‘pam silamagan. Ota-onam olti farzand ko‘rib, tutib qolishgani bitta men bo‘lganman. Mendan oldingilari ham, keyingilari ham yoshiga yetar-yetmas nobud bo‘lgan. Suyagim qotib ulgurmasdan otam ham… U har kuni o‘ladi. Oppoq tobut har kuni lopillab yo‘lga tushadi. Ortidan izillab yuguraman. Izillab yig‘lagancha uyg‘onib ketaman. Zimiston tun. Ayamning titroq qo‘llari. Issiq-sho‘r ko‘z yoshlari… Bularni eslash og‘ir. Lekin eslasam eslaguday voqealar, xotiralar ham borki, ular bolalik dunyomni nurlantirib turadi. Va ularning qay biri xotiramga kelmasin — hammasi sen bilan bog‘liq bo‘lib chiqadi. Go‘yo taqdir o‘z o‘yinlaridan xijolat chekkanu, gunohini yengillatish uchunmi, seni dunyoga keltirgan va menga hamroh qilib qo‘ygan…
Shularni o‘ylarkanman, qayta-qayta amin bo‘lamanki, sen men uchun yaratilgan eding, Shohsanam!..
* * *
Shohsanam, esingdami, sochingni hamisha ayam o‘rib qo‘yardi. Shunchalik hafsala bilan maydalab o‘rardiki, chilvir kokillaring orqa-oldingni tutib ketardi. Mittigina bo‘la turib juda sersoch emasmiding?!
Ayam bir kuni odatdagiday sochingni o‘rib o‘tirib, o‘z-o‘zidan gap boshlab qoldi.
— Biyroncham, chaqaloq payting seni bir qiynab qo‘yganman-da!..
— Nima qilgansiz, xolajon? — deding sen yalt etib qarab.
Men xona to‘rida Jamshidga arifmetikadan misol yechishga ko‘maklashib turardim. Ayang sandalning narigi betida kashta tikib o‘tirardi.
— E, so‘rama, eslasam etim uvishadi, — deya hikoyasini boshladi ayam. — Aslida-ku, bariga ayang o‘zi sababchi edi. Seni menga tutqazib, peshingacha jimi g‘oyib bo‘lib ketgandi.
— Qayoqqa, — deding hayron bo‘lib.
— Dalaga-da! Ayangning odati — shahardan keldimi, dalani bir charx urib qaytmasa, xumori tarqamasdi. «Oydinxon, shuningizni bir pas o‘ynatib turing», dedi-da, eshikda kutib turgan xotin-xalajga qo‘shilib ketdi, bordi. … Avvaliga qiqir-qiqir kulib, men bilan rosa gaplashding. Keyin to‘polon ko‘tarib qolding-ku!.. Ari-pari chaqib oldimi, deb jon-ponim chiqib ketdi. U yoq, bu yog‘ingni qarasam, hech narsa ko‘rinmadi. Belanchakka solib tebratgandim, dunyoni boshingga ko‘tarding. Darhol qo‘limga olib, bag‘rimga bosdim. Tinchiding. Xayriyate, deb turgandim, qarasam, hadeb tumshuqchang bilan ko‘krak izlayapsan. E, bolam ochqab qopti-ku, dedim-da, Tursunoy qizimning sutli idishiga so‘rg‘ich o‘tkazib, og‘zingga tutdim. Shunday jahl bilan chirillab berdingki, qo‘rqqanimdan, xo‘p, xo‘p, tavba qildim devoribman…
Odatda ayam ertak aytayotganida sen besabrlik qilib, nega unday, nega bunday, deb so‘raganing so‘ragan edi. Lekin hozir butun vujuding quloqqa aylanib, ayamning og‘ziga tikilib o‘tirarding. Jamshid ikkimiz ham darsni yig‘ishtirib qo‘yib, ayamga quloq sola boshlagandik. Faqat Ma’mura xolamgina ishidan bosh ko‘tarmas, lekin lablarida bilinar-bilinmas kulgu sezila boshlagandi…
— Ko‘chaga ko‘tarib chiqdim. Aytmoqchi, Mahmud akang ham yonimda, o‘zicha yig‘lamsirab, orqamdan qolmaydi. Ko‘chaga chiqsam, Temur amaking eshigi oldida traktoriga unnalib turibdi. Ha, qizaloq janjal qilyaptimi, dedi ishidan bosh ko‘tarib. Ma’mura opamdi qizi, qarab turing, deb tashlab ketuvdi. Xosiyat uydami, Temurjon, dedim. Hali kelmadi, nimaydi… Ha, shuni emizsin, degandim… Amakingni hayron qoldirib, jadal ko‘cha boshiga qarab ketdim. Ko‘chada zog‘ ko‘rinmaydi. Sen bo‘lsang, dam badam emmoqchi bo‘lib suykalasan. E, yo‘q, senga mumkinmas, bir pas sabr qil, hozir ayang o‘lgir kep qolar, deyman yig‘lamoqdan beri bo‘lib. Big‘illab yig‘lab boshlashing bilan orqaga qaytdim.
— Oyti o‘zingiz emizsangiz bo‘lmaydimi, bola bechorani ichi kuyib ketdi! — dedi Temur amaking achinib. Xo‘p, xo‘p, deganday bosh irg‘ab o‘zimni hovliga urdim… Emizgin emish. Men-a, qanday qilib?.. Hozir, do‘mboqcham, bir pas sabr qilsak, ayamiz keladi, deyman xuddi sen tushunadiganday. Qani tushunsang. Oyog‘i kuygan tovuqday u yoqdan, bu yoqqa yuguraman. Bir mahal beshikda yotgan Tursunoyim uyg‘onib, g‘ingshiy boshladi. Mahmud akang so‘rg‘ichini tutgan edi, sho‘rlikkina bir pasda tinchidi. Sen bo‘lsang dunyoni bir tutam qilib chirqiraganing chir-qiragan…
Qarasam, Temur amaking kirib kelyapti.
— Nima bo‘ldi, nega ovunmayapti?..
— Qorni och, — dedim yig‘lamsirab.
— Aytdim-ku, emizing deb! Qanaqa toshbag‘irsiz?— dedi jahl bilan.
Indamay orqamga qaytdim-da, supaga o‘tirdim. E, bo‘ldi, emizaman, dedim. Endi ko‘krak o‘ngaylashimni bilaman Mahmudxon akangga ko‘zim tushdi. Ko‘zlari jovdirab turibdi boyaqishdi. Chayon chaqqanday sapchib turib ketdimu, bunday qarasam Xosiyat xolang kirib kelyapti, a’zoi badanim shovshab, supaga qayta o‘tirib qoldim: xayriyate, bir bahya qoldi-ya!.. Xosiyat, buni tez emiz, ichi kuyib ketdi, dedim o‘tirgan yerimdan qo‘zg‘alolmay. Xosiyat boyaqish, xo‘p, xo‘p deb ko‘krak tutdiyu, jimiding, qolding. Sen tinchidingu, mening jonim kirdi, bolam…
Ayam shunday deb seni bag‘riga bosdi.
— Xola, nimaga o‘zingiz emizmadingiz? — deding sen ajablanib.
— Emizmadim-da! — dedi ayam Ma’mura xolamga iljayib qarab qo‘yib.
— Nimaga?..
— Qizg‘andim.
— Xosiyat xolam qizg‘anmabdi-ku?!
— Uning yo‘rig‘i boshqa, bolam!
Sening qiziqishing ortgandan ortib borardi.
— Qanaqa yo‘riq, xola, tushuntiribroq gapiring?!
— Men… Biz ayang ikkimiz niyat qilganmiz, bolam. Agar emizib qo‘yganimda niyatimiz chippakka chiqardi.
— Qanaqa niyat, xola?
Ayam iljayib Ma’mura xolam tomonga qaradi. Ayang bosh ko‘tarmadi. Kulimsirab kashta tikaverdi. Sen ayamning qo‘llarimdan mahkam tutgancha, aytasiz xolajon, aytmasangiz qo‘ymayman, deb qistaganing qistagan edi.
— Yo‘q, shoshma qizim, hali vaqti emas, — dedi ayam oxiri qat’iy qilib. — Hali bilibam olasan, suyakkinang joyigayam tushadi.
Men bu gaplar zamiridan, keyin ayam Ma’mura xolamga qarab sirli kulib qo‘yishlari, ayang ham qizarinib kulimsirashlaridan nimalarnidir fahm¬lay boshlagandim… Demak, o‘shanda senga Xosiyat xolam emas, ayam ko‘krak tutganlarida menga «hamshira*» bo‘lib qolarding. Tushunyapsanmi, hamshira! Mushtipar ayajonim esa o‘sha chog‘lardayoq sezgan ekan, sen men uchun dunyoga kelganingni, men uchun yaralganingni…
* * *
O‘shanda kechasi qalin qor tushgan, havo xiyla sovuq edi.
Ikkovimiz qir osha maktabga ketib borardik.
Qorda yaqinda o‘tgan mashina izlari. Izlarning birida men, boshqasida sen. Parishonsan. Sababini bilib turibman. Boya ayam aytib bergan voqeaning tagiga yetolmayapsan. Lekin, nima deb so‘rashni ham epini qilolmayapsan. Oxiri bo‘lmadi, so‘rading.
— Mahmud aka, boya xolam nega unaqa dedilar? Tushunmayapman?
— To‘g‘ri, hali tushunmaysan, yoshlik qilasan, — dedim jiddiy turib.
— Vuy, katta odam-yey, — deding jahling chiqqan bo‘lib. — O‘zingiz nimani tushundingiz?..
Men javob bermay, yurishda davom etgan edim, yo‘limda turib olding.
— Qani ayting-chi, nimani tushundingiz?
— Hammasini, — dedim-da, seni beparvo chetlab o‘tib, yo‘lga tushdim.
— Tushungan bo‘lsangiz, ayting-chi?! Ayting-chi!— deding or¬qamdan ergashib.
— Keyin ko‘z yosh qilib yurmaysanmi, — dedim hamon senga qaramay.
— Hecham-da!
Endi men sening qarshingda turib oldim.
— Uyalmaysan ham, bo‘ptimi?!
— Uyat gap bo‘lsa, ko‘rasiz! — deding mushtchangni o‘qtalib.
— Aytdim-ku, go‘daksan deb!..
Senga endi «alam» qip ketdi.
— Bekor aytibsiz, go‘dak emasman!
— Aytaymi, bo‘lmasa?
— Ayting!..
Endi men dovdiradim. Indamay yo‘lga tushdim.
— Ha, gapiring, — deding sen ham bo‘shashibroq.
«Nima bo‘lsa bo‘ldi, aytaman!» deb to‘xtadim.
— Ayam, katta bo‘lganingda bilib olasan, deganlari… Katta bo‘lganingda seni… Sen bilan meni…
Sen chiday olmading.
— Kerak emas! — deding qovoq uyub. — Hammasi o‘zingiz to‘qigan gaplar.
— Hali hech narsa demadim-ku?
— Baribir yolg‘onchisiz!
— Shunaqami?
— Ha, g‘irt yolg‘onchi!.. — shunday deya qochib ketding.
Men quvmadim, iljaygancha orqangdan yurib boraverdim. Sen nariroq borib to‘xtading-da, menga o‘girilib qarading. Negadir yo‘l chetiga chiqib turding. Etikchang qorga ko‘mildi. Shundagina ortimga o‘girilib, yaqinlashib qolgan qizil «Moskvich»ga ko‘zim tushdi. Farmon brigadirning mashinasi. U mendan sal o‘tib, ikkimizning o‘rtamizda to‘xtadi. Qisqa signal berdi. Sen chopqillab yetib kelding. Men orqa eshikni ochdim. Brigadirning yonida xotini, orqa o‘rindiqda Kozim o‘tirardi. Kozim menga minnatli qarab qo‘ydi-da, surilib bir kishilik joy bo‘shatdi. Sen taraddud bilan menga qarading. Farmon brigadir toqatsizlandi.
— Tez bo‘linglar… Surilsang-chi! — deya o‘g‘lini jerkidi.
— O‘tir, — dedim o‘zim istamagan holda.
Sen mashinaga chaqqon kirding-da, darhol surilib menga joy bo‘shatding. Men bo‘lsam eshikni yopdim-da, yo‘lga tushdim. Meni qayta qistab o‘tirishmadi. Mashina bir sirpanib yo‘lga tushdi. Xijolatli tikilib o‘tayot¬ganingni bilsam-da, qaramadim. Lekin, ich-ichimdan mashina hozir to‘xtashini, sen undan otilib chiqib, oldimga chopib kelishingni shunchalik xohlardimki…
Boshimni ko‘tarib qaraganimda qizil «Moskvich» oqish tutun chiqarib qirlikdan enib borardi. Qadamim sustlashib, oxiri yo‘l ustida turib qoldim. Oldinga yurishni ham, orqaga qaytishni ham bilmasdim…
Kimsasiz yo‘lda xomush ketyapman.
Qarshimdan velosiped qo‘ng‘irog‘i jiringladi.
Boshimni ko‘tardim. Orif pochtachi. Velosipediga suyangancha, qoq peshonamda iljayib turibdi. Egnida ming yillik fufayka. Sovuq o‘tkazgan shekilli, burun-tumshuqlari ko‘karib ketgan. Bemavrid iljayib turishi g‘ashimni keltirdi. Indamay ko‘rishib, yonidan o‘tayotsam, tirsagimdan tutdi. Keyin rulga osig‘liq sumkasini titkilashga tushdi. Nimanidir sezdimi, yuragim bir hapriqib oldi.
— Orif aka, nima gap?
U bamaylixotir bir jiddiyat bilan konvert uzatdi.
— Qo‘rqmasdan yuboraver deganmidim senga?!. Mana, marhamat, Toshkentdan, Asqad Muxtor domlaning shaxsan o‘zidan!.. — velosipedini shundoq qor ustiga yotqizdi.— Qani, och-chi, eshittirib o‘qi… Yo‘q, avval ichingda o‘qi. Keyin menga aytasan…
O‘zimni arang bosib, xatni o‘qidim. Rangim andak oqardi shekilli, bunday qarasam, Orif akaning dami ichiga tushib ketgan, shu tobda go‘yo mening¬mas, uning taqdiri hal bo‘layotgandek, mo‘ltirab turibdi. Qitmirligim tutdi: qo‘limdagi xatga yana bir ko‘z tashlab oldim-da, hafsalasiz buklab, cho‘ntagimga soldim.
— Domla nima deptilar, Mahmudxon?..
Orif akaga ta’nali tikildim. U aybdor boladek ko‘zini opqochdi.
— Aytardim-ku, baribir foydasi yo‘q, deb. Siz bo‘lsangiz, e!..
Bechora Orif akaning lab-lunjlari osilib ketdi. Endi chiday olmadim.
— Orif aka, ishlar zo‘r! — dedim-da, belidan dast quchib ko‘targan ko‘yi ikki-uch aylantirib, yerga qo‘ydim. Novcha va nimdosh pochtachi belini tutgancha, bukchayib qoldi.
— Belni o‘ldirding-ku, jiyan!.. — keyin inqillay-inqillay qaddini rostlab oldi-da: — Domla nima deptilar? — dedi.
— Surat jo‘natishim kerak ekan. She’rlarimni tayyorlab qo‘yishibdi. Xo‘sh, qalay?!
— Yaxshi, yaxshi ish bo‘pti… Voy, belim-yey, bilasan-ku beltirim bor…
— Beltiringizni hozir tuzatib qo‘yaman, Orif aka!— deb yana quloch yozib unga yaqinlashdim.
Biroq, endi u yaqiniga yo‘latmadi.
— Yaxshiman, yaxshi bo‘p qoldim.
Qorda ag‘anab yotgan velosipedini yerdan ko‘tardi-da, oldimga yetaklab keldi.
— E, jiyanim, malades. Endi bu yog‘ini cho‘zib yurmagin-da, menga suratingni opkelib ber. Srochniy qilib jo‘natib yuboraman… Aytmoqchi, ikki enlik xat yozib ber. Rahmat degin. Boshim osmonga yetdi degin.
Mening nomimdan ham salom degin. Xo‘p, deyver, Orif akang bir narsani bilmasa gapirmaydi. Avvalam aytgandim-a, sen katta odam bo‘lasan, degandim. Mana, halitdan ulug‘lar nazariga tusha boshlading. Bilasanmi, nima uchun?.. Zuvalang toza joydan olingan. Hamma gap shunda!.. E, hozirgilar qayoqdanam bilsin bunaqa gaplarni?!.
— Orif aka, hali ko‘rsatib qo‘yamiz hammasiga! — dedim o‘z-o‘zimdan jo‘shib ketib.
Bechora pochtachi angrayib qoldi. Tishlarim orasidan sovuq bir vajohat bilan chiqqan gapim uni gangitgan edi. Darhol o‘zimga kelib, iljaydim.
— Hammasi yaxshi bo‘ladi, deyapman, Orif aka, ko‘rasiz…
— E, albatta-da. Men bir narsani bilmasam ga¬pirmayman. Mayli, jiyanim, omon bo‘l… — deya yuziga fotiha tortdi-da, qishloq tomonga o‘tib ketdi.
* * *
Shohsanam, shu tobda seni arang ko‘ndirib, tuman markaziga borib kelganimiz yodimga tushdi. O‘shanda birinchi marta ikkimiz qishloqdan bekitiqcha chiqqanmiz. Har uchragan odam senga tanish ko‘rinib, qip-qizarib ketasan, bekinishga joy topolmay qolasan. O‘zimam shundoq ahvoldamanu, senga sezdirmayman… Kinoga sudradim, ko‘nmading. Suratga tushishga unamading. Istirohat bog‘idayam bemalol yurolmading. Lekin, bog‘ chekkasidagi eski machit oldidan chiqib qolganimizda, negadir shuni tomosha qilaylik, deb turib olding. «Bo‘pti, ixtiyoring», deb senga ergashdim.
Machit eshigi qulflog‘liq. Qadima qulf zanglab ketgan. Bino yonboshidagi paxsa devor kemtigidan oshib hovliga o‘tdik. Qayroqtosh yotqizilgan hovli burganzor bo‘lib yotibdi. Hovli etagi qabriston. Shu yerdan qayta qolarmiz, desam, qabrlar oralab ketib boryapsan. Katta bir dahma oldida to‘xtading. Dahma deganim odam bo‘yi keladigan supa. Burgan va tikanaklar bosib yotgan supa ustida to‘rt-beshta qiyshaygan, yiqilgan marmar tosh ko‘rinadi…
Qarasam, o‘zingcha pichirlab bir nimalar o‘qiyapsan. Kulgim qistab, bir chekkada kuzatib turdim. Yuzingga fotiha tortib, omin qilgan bo‘lding-da:
— Bilasizmi, bu yerda kimlar yotibdi? — deding sirli kulimsirab.
— Har holda otam emas, — dedim iljayib.
Yerdan chiqdimi, osmondan tushdimi, darveshsifat bir chol paydo bo‘ldi.
— Kelinglar, bolalarim, kelinglar! — dedi u uyiga kelgan mehmonlarni qarshilaganday.
— Voy, assalom! — deding sen bir uchib tushib.
— Vaalaykum assalom, barakallo qizim, barakallo, — darvesh dunyo topgan tentakday xursand edi. — Kelinglar!..
— Ha, o‘zimiz shunchaki tomosha qip yuribmiz, — dedim nimagadir uni xushlamay.
— Tomosha degin… mayli, bolam, bemalol… — dedi chol xo‘rsinib. Arazlagan bolaga o‘xshab ters burilib keta boshladi. Qo‘ltig‘ida buklog‘liq qop, qo‘lida o‘roq bor edi.
— Amaki, siz qorovulmisiz? — deya uni to‘xtatding.
— A?.. Ha, yo‘q, yo‘l bo‘lsin bizga. Qorovul tashqarida. Qizil shapkali. Ko‘rgandirsan?..
Chol qo‘ltig‘idagi qopni yerga tashladi-da, ustiga horg‘in cho‘kdi.
— Uf, jonim-yey!.. Bolam, kimni o‘g‘lisan?..
Istar-istamas aytdim. U bo‘lsa boyagidek quvonib ketdi.
— E, bo‘ldi! Boyatdan beri shu bolam ko‘zimga issiq ko‘rinyapti, deyman. — Keyin sizlashga o‘tdi. — Ma’rufxonni o‘g‘liman deng?!. — Chol o‘rnidan turdi. — Emasam, sizni bu yerga bovongiz boshlab kepti-da, bolam!..
— Qanaqa bovom? — dedi ajablanib.
Senga qarasam, hammasidan xabarim bor, deganday kulimsirab turibsan.
— Maxdumi A’zam hazratlari. Ma’rufxon rahmatli aytmaganmidilar?
— Kim bo‘lgan u kishi?
— Hazratmi?.. Hazrat Haqning oshig‘iyu, oshiqlarning sultoni bo‘lganlar, — dedi chol. Keyin qo‘limdan yetaklab dahma oldiga boshlab bordi-da, Max¬dumi A’zam degan bobomiz qachon va qayerda tug‘ilganidan tortib, qanday naslu nasabli zot bo‘lgani va bizning avlod unga qanaqa bog‘lanishigacha gapirib berdi. Keyin dahma janubiga boshladi bizni.
— Mana shu qora tosh tagida kim yotibdi, bilasizlarmi?.. — dedi sandiqday marmartosh oldida to‘xtab,— bilmaysizlar. Yalangto‘sh Bahodir yotibdi!..
Ikkovimiz baravar unga qaradik.
— E, haligi kinodagi Yalangto‘shmi, Leninni ko‘rolmay ketgan? — dedim men hovliqib.
— E, yo‘g‘-ye, — deb yubordi chol qo‘l siltab. — Yalangto‘sh qayoqdayu, Lenin qayoqda!.. Sodda bolam-a,— dedi keyin iljayib. — Mayli, bezarar… Xo‘sh, shaharga borganingizda Registonni ko‘rasiz-a, Registonning uchta madrasasi bor. Ulug‘bek, Sherdor, o‘rtadagisi…
— Tillakori…
— Balli. Ana shu Tillakori bilan Sherdorni qurdirgan zot Yalangto‘sh Bahodir bo‘ladi!..
Sen qora tosh yoniga cho‘kib, undagi yozuvlarga tikilding. Keyin dastro‘molchang bilan yozuvlar changini arta boshlading.
Chol otimni so‘rab oldi.
— Mahmudxon bolam, mana shu toshlarning har bittasi bitta podshoga tegishli. O‘n to‘rtta. Qarang, hammasi supa tagida. Yuqorida emas. Nimaga shunday?.. Ular o‘zlari vasiyat qilishgan: pirimizning oyoq tarafida yotaylik. Pirimiz ziyoratiga kelganlar ustimizdan bosib o‘tishsin, deyishgan…
Ochig‘i, men o‘shanda yo tush ko‘ryapman yo bo‘lmasa mana bu savdoyi odam bo‘lar-bo‘lmas gaplarni valdirayapti, deb o‘ylagandim. Lekin, har ikki holdayam bu narsa g‘oyatda yoqimli edi. Chunki, yonimda sen bor eding va sen mendan-da ko‘proq maroqlanib, hayratlanib darvesh cholning gaplarini tinglayotgan eding…
— Pirim Maxdumi A’zam — podshohim ko‘rgali keldim. Itidek ostoniga yuzumni surgali keldim… Bu baytni Mashrabi devona aytganlar. Ko‘rdingizmi, jiyanim, qadimning odami azizlar xokini to‘tiyo qilgan. Hozirgilar ermakka tomosha qilishadi…
Bu gapni o‘zimga olib qizarindim. Chol bo‘lsa izza tortdi.
— Yo‘, yo‘, jiyanim, bu hargiz sizga malomat emas. Amakingiz o‘ziyam go‘r emas, mana… — u kalovlanib borib yerda yotgan o‘rog‘i va qopini qo‘liga oldi. — Ko‘rib qo‘ying, o‘zimizam bekorga devor oshib yurganimiz yo‘q!..
Shu choq machit tarafdan ovoz keldi.
— Ha, eshon!
Chol yalt etib qaradi-da, yuzi tundlashib to‘ng‘illadi.
— Bir pasda is olasanlar-a!
Machitning burganzor hovlisida melisa kiyimidagi qoqshol bir kimsa qovoq uyub turardi.
— Nima gap?!
Chol qo‘lidagilarni ko‘tarib ko‘rsatdi. Nazarimda, ovoz chiqarib javob qilishga ham og‘rindi.
— Bo‘pti, tez jo‘nang!
Darvesh qopini qo‘ltig‘iga urib, yonimizga keldi.
— Ana shunaqa, jiyanim, o‘t o‘rishimiz kerak. Mol boqishimiz kerak. Buyam kori savob, — deya istehzoli kulimsiradi.
Haligi nusxa hamon qadalib, ko‘z tikib turardi. Lekin, chol unga ortiq e’tibor bermay, xirgoyi qilgancha bizdan uzoqlashdi.
Ilohi, bandaman, bechoradurman,
Havoyi nafs ila ovoradurman…
U quyuq changalzorga sho‘ng‘ib ko‘zdan yo‘qolgach, izimizga qaytdik. Melisa bizni kutib turardi.
— Nima qip yuribsanlar? — dedi u xo‘mraygancha.
— Qabristonda nima qiladilar?! — deya zarda qilib o‘tib ketding sen. Men bo‘lsam, «Adashib kirib qopmiz, uzr», deya iljaydim. Ko‘chaga chiqib, loaqal endi kinoga kirarmiz, deb yana qistab ko‘rdim.
Unamading. Qishloqqa ketamiz, deb turib olding.
— E, bu qanaqasi, shundan shunga atayin eski go‘ris¬tonni ko‘rgani kepmiz-da?! — dedim xunob bo‘lib.
— Arzimabdimi? — deding hali melisaga qilgan qo‘rslik bilan.
— Arzimaydi! — deb yubordim men ham sendan qolishmay.
Hayron bo‘lib qarab qolding-da, keyin ters burilib, bekat tomon ketding. Bu sen uchun kutilmagan gap edi. Shuni bila turib ham tilimni tiymadim.
— Xo‘sh, noto‘g‘ri gap qildimmi?!
Indamading.
— Seningcha, besh yuz yil avval meni mana shunaqa bobom o‘tgan ekan, deb maqtanib yursam yaxshi bo‘lardi-da, shunaqami?!
— Maqtanish shart emas, — deding sekingina, avtobus keladigan tomondan ko‘z uzmasdan.
Jizzakiligim tutdi. Shartta qo‘lingdan tortib o‘zimga qaratdim-da, bo‘lar-bo‘lmas gaplarni aytib tashladim. Men shoir bo‘lishim kerak, bildingmi, shoir orqaga emas, oldingga qarab yuradi, dedimmiyey, o‘tmishda qop ketgan bunaqa bobolar oyog‘imga tushov bo‘lishi mumkin, buni istamayman ham dedimmi… Xullas, shakkoklik qildim.
Sen bo‘lsang, indamay eshitib turding-da, bitta gap bilan boplading:
— Shoir bo‘lish ham qiyin ekan, — deding.
* * *
Avtobusda kelyapmiz. Sen derazadan ko‘z uzmaysan. Jimsan… Yo‘q, jahl qilibmas, jahldan tushgansan, lekin allatovur ma’yuslanib, kichkinagina bo‘lib qolgandaysan. Men bo‘lsam, dilim xijillanib, ich-etimni yeb boryapmanu, nimagadir gap qotmayman, o‘zimni oqlashga urinmayman. Shu ma’qul ko‘rinadi menga…
* * *
O‘sha kuni dalada ham dilxiralik kutib turgan ekan.
Suv o‘qariqdan urib ketib, ancha yerning g‘o‘zasini bosibdi. Safar amaki yolg‘iz o‘zi bandni bog‘lab, ko‘llab qolgan suvni qochirib, endigina uvatga chiqib o‘tirgan ekan. Men, bir-ikki soatga qolmasdan yetib kelaman degan odam, kun peshindan og‘ganda kelib turardim.
Safar amakining yuziga qarayolmay, indamasdan yoniga borib o‘tirdim. U gap qotmadi. O‘rnidan turib, yuvingani anhorga qarab ketdi. Bundan ko‘ra ayamay so‘kkani, tarsakilab yuborgani tuzuk edi…
* * *
Tun. O‘sha o‘zimizning «Shotutli» dalamiz.
O‘qariq suvida, jo‘yaklarga taralgan suvda oy, yulduzlar aksi jimirlaydi. Egatlarga bir maromda oqib tushayotgan suvning chuldirashi, chigirtkalar chirillashi quloqqa chalinadi. Safar amaki bilan fonus ko‘tarib, dala aylanib yuribmiz. Dilxiraligim andak tarqalgan.
— Sabil, fe’lim yomon-da meni, — deydi Safar amaki oldinda ketib borarkan. — Hay-hay, o‘zingni bos, shaytonga hay ber, deb turgan joyimda portlab ketib qolaman. Bugunam ko‘ra bilaturib dilozorlik qip qo‘ydim.
— O‘ziyam biror narsa degandir-da?..
— E, birgadir odam nima derdi, yaxshi ishla, deydi. Xo‘p bo‘ladi, desam olam guliston edi. Xudoyimgayam yoqmadimi deyman-da qilig‘im?..
Gap maromidan sezaman: Farmon birgad bilan aytishib qolgan, gap mening ustimdan qochgani aniq. Bu birinchi marta emas, bechora Safar amaki mening ra’¬yimni qaytarolmay, ishdan ruxsat berib yuboradi-da, keyin…
* * *
Yig‘ma karavotlarimizda osmonga ko‘z tikkancha, indamay yotibmiz. Safar amaki tikkaga kelib qolgan oyga tikilgancha negadir kulimsiradi.
— Tavba, — deb qo‘ydi o‘zicha, keyin yostig‘iga tirsaklab menga qaradi. — Qadimgilar xo‘pam dono bo‘lishgan-da, jiyanim, buni qara-ya?!. Otang yerdur, sanam yerdek qiliq qil. Yamonlik aylaganga yaxshilik qil… Bay-bay, bag‘rikenglikni qaragin-da… Yamonlik aylaganga yaxshilik qil, deyapti. Biz bo‘lsak, burnimizdan sal yuqori gapga lovullab ketamiz… Eh!..
— Unsuringiz olov bo‘lsa kerak-da, amaki?! — dedim menam o‘rnimga turib o‘tirib.
— U nima deganing, jiyanim?
— Bir yerda o‘qiganman-da.
— E, o‘sha o‘qiganingdan gapir-da, bolam!..
— Odamlar to‘rt unsurga bo‘linishar ekan: tuproq, suv, havo, olovga… Qaysi oyda tug‘ilgansiz, amaki?..
— Asadda tug‘ilganman, ayam shunaqa derdilar, rahmatli…
— Xuddi olovni o‘zi ekansiz-da!
— Bo‘lsa bordir… Otang-chi, bolam, otang sunbula edi…
— Sunbula tuproqqa kiradi.
— Qoyil, jiyanim, otang tuproqning o‘zi edi, rahmatli. E, bunaqa xokisor odamni ko‘rmaganman. Birovga tik qaragan bo‘lsa-chi, birovga ovozini ko‘targan bo‘lsa-chi!.. Ammo salobatli yigit edi. Uncha buncha odam ro‘para bo‘lolmasdi. Mana shu Haydarovday odam ham uzoqdan ko‘rishi bilan mashinasidan tushib, oldiga piyoda kelardi-da!.. Ha, aytmoqchi, bu qurg‘ur Farmonning unsuri qanaqa bo‘lsa?— dedi Safar amaki qiziqib ketib.
— U kishi havo bo‘lsalar kerak, — dedim iljayib.
— Topding, topding, ayni o‘zi, o‘larday ha¬voyi,— dedi Safar amaki kulib yuborib. — Biz uni o‘pka der edik.
O‘rnidan turib qumg‘ondan choy quyib ichdi. Ke¬yin yana o‘rniga cho‘zilarkan, nimalarnidir eslab, ohista kulib qo‘ydi.
— Bundan chiqadi, bandasi o‘z fe’l-a’moli bilan tug‘ilarkan-da. Sut bilan kirgan mijoz degani shudir-da!.. Otang yerdur, senam yerdek qiliq qil… Bay-bay, jiyanim, eskilarning turgan — bitgani hikmat-ye! Ko‘zing bo‘lsa-yu, o‘shanaqa kitoblarni topib o‘qisang, maza qilsang… Bobong rahmatli aytib yurguvchi edilar bunaqa baytlarni. So‘fi Olloyordan derdilar…
Safar amakining qulfi dili ochilib borardi.
Atrof sutdek oydin. To‘lin oy anhor tollari ustida indamay suzib borar, chigirtkalar ovozi pasaygan, keng dalaning bir chekkasida ota qadrdonim bilan ota-boladek gurunglashib yotardik. Eh, na qadar g‘animat damlar ekan o‘ylab qarasam!..
— Bovongni ko‘rmagansan-a, jiyanim?.. E, hozirgi boboylarni birortasiniyam farishtasi yo‘q, o‘xshamaydi u kishiga… Bitta narsa esimdan chiqmaydi. Ramazon hayitimi, Qurbon hayitimi, esimda yo‘q. Eshon boboga ergashib shaharga bormoqchi bo‘lgandik. Otang, men, Temur amaking… Unda sendan ancha kichikroq yosh bolalar edik.
Butun vujudim quloqqa aylanib tinglarkanman, Safar amakining hikoyasi jonlanib ko‘z o‘ngimdan o‘ta boshladi… Tong qorong‘usi. Kolxoz idorasi oldida yuk mashinasi turibdi. Mashina ustida odamlar.
Uch bola oppoq soqolli, barvasta cholga ergashib mashina oldiga keladilar. Mashina oldida turganlar qariyani izzatlab kabinaga o‘tqazishadi. Bolalar apil-tapil kuzovga chiqib olishadi. Quvonchdan uchalovining ham ko‘zlari chaqnaydi, og‘izlarining tanobi qochib, tinmay iljayishadi. Axir ular birinchi marta hayitlab kelgani shaharga ketishyapti-da!..
Bir mahal kolxoz idorasi tomonidan partiya faollariga xos kiyingan kishi pildirab mashina oldiga keladi. Dastavval kabinada o‘tirgan cholga ko‘zi tushadi.
— Iye, — deydi ajablanib. — Eshon, siz nima qip o‘tiribsiz?!
Kuzovda shivir-shivir boshlanadi.
— Obbo, Rahimzoda-ku! Battol, bir dilxiralik chiqarmasa edi!..
Rahimzoda deganlari «E, mumkinmas, mumkinmas, tushing!» deydi-da, bo‘ylab qarab kuzovdagilarni ham ko‘zdan o‘tkazadi. Yana kabina eshigiga yaqinlashadi.
— Nimaga qarab o‘tiribsiz, tushing dedim-ku!
— Inim, bolalarni ham olib chiqqan edim, go‘daklar bir sayillab kelishsin, — deydi chol murosa ohangida.
— Tem boleye, bolalar bilan vopshe mumkinmas!.. Tushing, tez bo‘ling!
Qariya tushish harakatida bo‘ladi. Haydovchi yigit uni tushgani qo‘ymaydi-da, Rahimzodaning oldiga aylanib o‘tadi.
— Eshon bovoga nima deyapsiz o‘zingizcha? — deydi jahl bilan.
— Eshon bovongiz tushsin, bo‘lmasa mashina yurmaydi!
— Nega tushar ekanlar, u kishini kimligini bilasizmi o‘zi?! — deydi haydovchi tutaqib.
— Bilsam nima bo‘pti, unga mumkinmas, tushsin! — deydi Rahimzoda deganlari chiyildoq ovozini balandlatib.
— Nega mumkinmas, axir?!
— Mumkinmas dedim-ku, gap tamom! Tushing bu yoqqa! Tushing dedim!
— Tushmaydi!..
Haydovchi zabt bilan kabinaga chiqib, motorni o‘t oldiradi. Rahimzoda kabinaga bosh suqib baqiradi.
— Eshon, yaxshilikcha tushing, deyapman! Emasam, bu bolaga jabr qilasiz!
— Qo‘lingdan kelganini qil-ye! — deb baqiradi haydovchi ham bo‘sh kelmasdan.
Rahimzoda ko‘zlarini sovuq yaltiratib, qariyaga tikiladi.
— Eshon, oxirgi marta ogohlantiraman!
Chol haydovchiga o‘girilib qo‘lidan tutadi. Ma’noli bosh irg‘ab, tushmoqchi bo‘ladi. Haydovchi yo‘l bermaydi. Qo‘lidan mahkam tutadi. Chol uning qo‘llarini beozor bo‘shatadi-da, hayda, bolam, namozdan kech qolmagin, deydi.
— Eshon bovo, axir!..
Chol indamay kabinadan tushadi-da, orqaga qarab ketadi. Kuzovdagilar unga achinib, biroq ilojsiz termulib qoladilar. Birinchi bo‘lib Ma’ruf, unga ergashib Safar bilan Temur tushadi.
Bolakaylar choldan o‘n qadamcha orqada borishyapti. Bir-biroviga qaray olishmaydi. Chunki, uchalovining ham ko‘zlari jiqqa yoshga to‘lgan.
* * *
— Keyin bilsak, Eshon bovomizga qishloqdan tashqariga chiqish mumkin emas ekan, ta’qiqlab qo‘yishgan ekan, — dedi Safar amaki xo‘rsinib. — Ajab zamonlar edi-da…
U o‘rnidan turib oyga qarab oldi. Oy tollar ortiga o‘tgan, qizg‘ish tusga kira boshlagan edi.
— Vaqt allamahal bo‘p qopti, endi uxlasang ham bo‘lar…
— Siz-chi?! — dedim ajablanib.
— Bir aylanib chiqay, keyin…
Men ham o‘rnimdan turib indamay ketmonimni yelkamga oldim. U qarshilik qilmadi. Dala oralab ketdik.
Og‘ir taassurotlar yuki ostida o‘qarib yoqalab borarkanman, lop etib esimga bir voqea tushdi. Yettinchida edik. Adabiyot darsi borayotgandi.
— Malim, siz avvalgi darsimizda eshonu mullalar tugatilgan degandingiz-a?! — deb qoldi o‘sha o‘zing bilgan Kozim og‘aynimiz.
— Shunday degandim, xo‘sh?..
Kozim iljaygancha o‘rnidan turdi.
— Lekin bizani qishloqda eshonlar haliyam bor.
— Yo‘g‘-ye, masalan?! — dedi o‘qituvchi ajablanib.
— Masalan… Mahmuddi otasi. Hamma u odamni Eshon aka, deydi.
Kozim namoyishkorona tirjayib men tomonga qarab qo‘ydi. Butun sinfning diqqati menga qaratildi. O‘z-o‘zidan isitmam chiqib, qip-qizarib ketdim. O‘ng‘aysizlanib yerga qarab oldim. Shahardan yangi kelgan yosh muallim bir pas jim qoldi. Boshqalar ham churq etmasdi. Nihoyat, muallim tomoq qirdi-da:
— Farmonov, sen gapimga tushunmabsan, — dedi. — Eshonlar ilgari o‘tishgan. Ular tekinxo‘r bo‘lishgan. Xalq¬ning ustidan kun ko‘rishgan, dedim, to‘g‘rimi, bolalar?.. Lekin Ma’rufxon aka… Ma’ruf aka brigadir-ku. Ayollari oddiy kolxozchi, dalada ishlaydi. Shundaymi?
Kozim bo‘sh kelmadi.
— Eski zamon bo‘lganida bular ham o‘shanaqa bo‘lardi-da. Siz ularnikiga borganmisiz hech?.. Hammasi bir-birin sizlab gapiradi. Nima uchun, bilasizmi? Bosh¬qalardan ajralib turish uchun!..
Muallim bechora o‘z ko‘nglida meni himoya qilmoqchi bo‘ldi.
— Mahmud, sen Kozim jo‘rangga aytib qo‘y: biz unaqa emasmiz, de. Kerak bo‘lsa ertagayoq eshonlarni hajv qilib, she’r yozib kelaman, degin, — dedi.
— A! — deya Kozim qo‘l siltagancha joyiga qaytib o‘tirdi. — Yozmaydi!
— Yozadi, ko‘rasan!
Kozim bu yoqda qolib, o‘qituvchimizni yomon ko‘rib ketdim. Nega u bilan pachakilashib o‘tiribdi? «Og‘zingni yum!» deb jerkib bermaydimi?!.
— Mahmud, Kozim o‘rtog‘ingni shu gapi uchunam bitta zo‘r she’r yozib kelasan, shaxsan o‘zim devoriy gazetaga— «Yosh kuch»ga chiqartirib beraman.
Javob o‘rniga unga o‘qrayib tikildim. U ko‘zini opqochib, o‘rniga o‘tirdi. Bosh ko‘tarmay sinf daftariga hadeb bir narslar yoza boshladi. Og‘ir jimlik… Yaxshiyamki, tanaffusga qo‘ng‘iroq chalindiyu, butun sinf yengil nafas olib yuborganday bo‘ldi.
Maktabdan qaytishda Kozim bilan to‘yib mushtlashdim.
Og‘zi burnini qon qilib tashlaganmanu, ko‘z yoshlarimni tiyolmayman. Kozim bo‘lsa tilini bermaydi: tekinxo‘r, mushtumzo‘r, eshonzoda deb so‘kkani so‘kkan…
Anchagacha buning alami yuragimdan chiqmadi. Shu alam tufayli ota-onamgayam qovoq-tumshuq qilib yurganlarim esimda. Safar amakining boyagi hikoyasidan keyin esa menga yana ko‘p narsalar oydinlashdi: demak, o‘sha sayil ertasi mashinadan tushirib qoldirilgan bobomu otamdan tortib mengacha — hammamiz nimadadir aybdormiz. Hatto tuman markazidagi eski dahmada yotgan bobomiz ham… Aks holda, u yerga qorovul qo‘yilmas, ziyoratchilar ta’¬qib qilinmas edi. Shohsanam hali senga achchiq qilib aytib yuborgan gaplarimda jon borga o‘xshaydi. Rostdanam qadimda o‘tgan bobolarim bilan maqtanishim menga naf keltirmaydi. Men faqat o‘zimga ishonishim, o‘qishim, katta odam bo‘lishim va hammasiga ko‘rsatib qo‘yishim kerak!..
Bir qo‘limda fonus, birida ketmon Safar amakiga ergashib borarkanman, beixtiyor: Amaki, ertaga peshingacha javob bersangiz, shaharga borib kelmoqchi edim, deb yubordim. U daf’atan bir narsa deyolmay jim qoldi-da, keyin: mayliku-ya, Farmonning ko‘zi tushmasin, dedi.
— Xo‘p… Hujjat topshiramanu, qaytaman, — dedim.
— Hujjat?
— O‘qishga-da.
Safar amaki quvonib ketdi.
— E, shunaqa demaysanmi?! Boraver, jiyan, boraver! Sen o‘qiyman deysanu, yo‘q dermidim!.. Ha, aytmoqchi esimdan chiqibdi. Hali kunduzi Haydarov kelib edi. Menga uchrashsin, dedi. Biror ish bermoqchi, chamasi.
— Amaki, ish qochmas. Avval o‘zimni bir sinab ko‘ray…
— Ma’qul, bolam, ma’qul. To‘rt-besh yillik zahmatiga chidasang, kam bo‘lmaysan. G‘ayrat qilgin!
Kun bo‘yi toliqqanimizga qaramasdan ne mahalgacha suhbatlashib yotdik. Oy botib ketgan esa-da, yerga pastlashib kelayotgan ming-minglagan yulduzchalar shu’lasidan atrof sutdek oydin edi.
* * *
O‘sha yil, sentyabr boshi.
Bugun birinchi kun brigada hisobchisi bo‘lib ishga chiqqanman. O‘zimni andak o‘ng‘aysiz sezib turibman. O‘nimda Amirjon va yana bir-ikki bola. Sizlar darsdan keyin dalaga chiqib kelgansizlar. Shiypon etagidagi teraklar soyasida to‘p-to‘p bo‘lib turibsizlar. Umaro o‘rtada turib olgancha hammani gur-gur kuldiryapti. Sening ko‘rinishing parishon, Umaroning hazillariga jilmayibgina qo‘yasan.
— Mahmud aka, nima qildik?! — dedi nihoyat Amirjon.
— Boshlaymiz, — dedim soatimga qarab olib. — Hamma yig‘ildimi?..
Sizlarga qarab yurdik. Davradagilar, ayniqsa qizlar ajabsinib tikilishdi. Battar o‘ng‘aysizlandim. Amirjon sheriklari bilan davraga qo‘shildi. Men ro‘paralaringda yolg‘iz qoldim.
— Hamma kelib bo‘lgan bo‘lsa, ishga tushamiz, — dedim Amirjonga qarab, keyin tomoq qirib olib davom etdim. — Ishimiz shuki, uchta dala mashina terimiga ajratilgan. Katta-kichik nechta o‘qarig‘i, yordamchi arig‘i bo‘lsa, tekislaymiz. Keyin dala boshidan, etagidan o‘n besh qadamcha yerning g‘o‘zasini o‘ramiz…
— Povorotniy polosa ochamiz, desangiz yaxshiroq tushunishadi, — deya luqma tashladi Amirjon.
— Xullas, har yilgi ishimiz. Tushunarlimi?
— Tushunarli emas, — dedi qaqajon Umaro.
— Sen qachon bir narsani darrov tushungan eding!— dedi Amirjon unga ko‘z qirida qarab olib.
— Senga qolmabdi! — deya cho‘rt kesdi Umaro.
Umaro sendan kichikroq bo‘lsa-da, mudom yoningda. Bilmaganlar sizlarni opa-singil deyishi mumkin. Ammo, tabiatlaring bir-biriga zid. Sen vazmin, sipolikka moyilsan. Umaro o‘g‘ilbola fe’lli, shaddod. Lekin o‘ta jonkuyar qiz. Salgina fe’liga o‘tirishmagan narsadan yonib ketadi. (Xuddi otasi Safar amakidek olov unsurli).
Amirjon qizga yon bergan bo‘ldi.
— Bo‘pti, so‘raydiganingni so‘rab ol!
— Kerak emas, — dedi Umaro qovoq uyub.
Amirjon kuldi.
— Jini qo‘zidi!.. Ha, bo‘ldi, siz bizga kimsiz deb so‘ramoqchi Umishvoy, topdimmi?!. Bo‘lmasa, bilib oling¬lar. Mahmud aka bugundan e’tiboran sizu bizga hisobchi. Bo‘ldimi?..
— Bo‘lmadi, — dedi Umaro bir pasda arazini unutib. — Mahmud aka nega student emas, hisobchi bo‘lib yuribdilar?
— Hm… — dedi Amirjon «o‘yga botib». — Mahmud aka, o‘zingiz javob berasiz endi.
— O‘qish bu yilcha qoldi, — dedim qizarinib.— Qisqasi, yiqildim.
— Yiqilishingiz sababi?
— Obbo, tagiga yetmasa qo‘ymaydi! — dedi Amirjon bosh chayqab.
Bu ikkisining adi-badisi to‘xtam bilmaydi. Xuddi o‘t bilan suvdek bir-biriga yov. Ana, shu yovlik tagida hali balki o‘zlari ham to‘la anglab yetmagan bir narsa bor ediki, buni o‘sha paytlardayoq sezganday edim.
Umaro qizlarni piqir-piqir kuldirib, savol-javobda davom etarkan, o‘zi bilib-bilmasdan o‘rtadagi yotsirashni ko‘tarayotgan edi. Demak, o‘qishdan yiqilishim sababi bilan qiziqishmoqda…
— Sababi oddiy, — dedim jilmayib. — Bilmas ekanman.
— Mumkin emas, inshodan yiqilibsiz-ku! Shoir ham inshodan yiqiladimi?
Men yer ostidan senga qarab qo‘ydim-da:
— Yiqilarkan-ku?! — dedim ozroq g‘urur aralash, keyin shosha-pisha xatomni tuzatishga urindim. — Birinchidan, hech qanaqa shoir emasman. Qolaversa, taqdir. Keyingi yil, Xudo xohlasa, yana urinib ko‘raman.
Garchi men tomonga qaramagan esang-da, bu javobimdan mamnunligingni payqadim. Yuzlaring olovlanib, jilmayib qo‘yding.
Amirjon oldinga chiqdi.
— Xo‘p, javob qoniqarlimi?!
— Bo‘ldi, tushundik, — deya chuvillashdi qizlar endi Umaroni og‘iz ochtirmay.
— Bo‘lmasa, hamma ishga! — dedi Amirjon.
Shu choq dala changini chuvatib kelayotgan mototsikl ko‘rindi. Yo‘l qumoq va notekis bo‘lganidan mototsikl bemalol yurolmas, motor zo‘riqib vag‘illar, ustida o‘tirgan haydovchisi, yangi o‘rgangichlardan shekilli, gazni buragani buragan edi.
Ishga otlanib turgan yigit-qizlar ketmonlarini qayta yerga qo‘yib, qiziqsinib kuzata boshlashdi.
— Kozim jo‘rangiz, — dedi Amirjon negadir kulib qo‘yib.
Qumoq tugab, taqir yo‘lga chiqqan mototsiklning yurishi xiyla yengillashdi. Bundan havolangan Kozim tezlikni oshirdi. Shu tezlikda ustimizga bostirib keldi-da, zabt bilan tormoz berdi. Va shu zahoti ortidan yoprilib kelgan oppoq chang ostida qoldi. Qizlar qiyqirib kulishdi. Lekin Kozim changni ham, kulguni ham pisand qilmadi. Salobat saqlagancha atrofga ko‘z tashladi. Shunday qilishi ham kerak-da: har holda u kechagi o‘quvchi bola emas. Qora ko‘zoynak, enli kamar, yelkaga tushayozgan to‘sdek qop-qora sochlar, qolaversa, ostida yarqirab turgan mototsikl ham shuni ta’kidlab turar edi.
Havasmand bolakaylar uning atrofini o‘rashdi. Kozim ularni bir ko‘zdan o‘tkazib, hormanglar, dedi. Yo‘q, o‘xshamadi, salobatli chiqmadi. Hali ancha mashq qilishi kerak shekilli… U o‘tirgan yerida bolalar bilan bepisand qo‘l tashlab ko‘risharkan, qizlar tarafga ham takabburona qarab qo‘yar, meni esa go‘yo payqamasdi… Unga yaqinlashdim. Ko‘rishmadim. Noiloj mototsiklidan tushdi.
— Qalaysan?! — deya qo‘lini bepisand siqdim.
— Zo‘r!..
U qayta o‘rindiqqa o‘tirdi-da, ko‘zoynagini olib, mototsikl chirog‘i ustiga qo‘ndirdi.
— O‘qishni boshladilaring?..
— Boshladik. Bir hafta o‘qib qo‘ydik. Hozir to‘g‘ri institutdan kelyapmiz, — dedi beparvo. Ke¬yin tarog‘ini olib sochini taroqlay ketdi.
— Kelyapmiz? — dedim tushunmagan bo‘lib.
— Ha-da, toychoq bilan, — deya mototsikli ruliga urib qo‘ydi.
— Muborak bo‘lsin… toychoq, — dedim ko‘ziga tikilib.
— Rahmat, — deya ko‘zini olib qochdi og‘aynimiz. — Xo‘sh, qalay, charchamayapsizlarmi, — dedi keyin boshqalarga qarab. Va tarog‘ini puflay-puflay ko‘krak cho‘ntagiga tiqdi.
— Kozim aka, qaysiga kirdingiz? — dedi qizlardan birinchi bo‘lib unga yaqinlashgan Umaro.
— Torgovliga! Eshitmabmiding, puchuq?
— O‘h-ho‘, zo‘r-ku! — dedi kimdir hayrat bilan.
Umaro mototsiklni tomosha qilarkan, shunchaki qiziqqan bo‘lib:
— Kozim aka, nechchi pul berdingiz? — dedi.
Bu «bepisandlik» Kozimning izzat-nafsiga tegib ketdi. Lekin salobatini yo‘qotmadi.
— Men pul beribmanmi?! Esi joyidami bu qizdi! — deya masxarali kuldi. Keyin jiddiy tortib e’lon qildi. — Mana shu toychoqni paxan sovg‘a qildi. O‘z kuching bilan kirsang, bitta mototsikl bizdan degandi…
Sen ketmoningni yelkangga olib yo‘lga tushding. Qizlar ortingdan ergashdi.
— Rosttanam o‘qishdi zo‘riga kiribsiz, — dedi bir bola.
Piching qildimi yo chindanam havasi kelib aytdimi, bolaning bu gapi Kozimni shishirdi.
— Ha-da, yuradimi filfak, istfak qilib!.. Qayoqqa qarama tilchi bilan tarixchi! Torgovliga yigitti xo‘rozi kiradi.
O‘zimga atalgan kinoyaga beparvo qololmadim.
— E, biyaqqa qara, — dedim jahldan bo‘g‘ilib.— Yigitni xo‘rozi bo‘lganingda manovini emas, Ismatullayevning eshigida turgan «06»ni mingan bo‘larding!
Shu zahoti sening nigohingni uchratdimu, o‘zimni bosdim. (Bu paytda Amirjon mototsikl atrofida o‘ralashib, negadir g‘ildiraklarini tepib-tepib ko‘ra boshladi).
— E, ayg‘oqchi-yey, — deya Kozim bepisand kuldi.— Shundanam xabr topdim degin! Undan ko‘ra…
Kozim gapini tugatolmadi. Amirjon mototsiklning orqa o‘rindig‘ini zabt bilan bosib qo‘yib yuborgan edi, u qalqib tushdi. Va birdan tutaqib ketdi.
— Ha, berdik «Jiguli», yap-yangisidan berdik! Nima deysan?! Agar alam qilgan bo‘lsa, bor, kerakli joyga borib yetqaz!..
Shu choq yer ostidan chiqqandek ot mingan Farmon birgad paydo bo‘ldi. Kozim bilan bo‘lib, uning kelganini payqamay qolibmiz.
— O‘zi, nima gap?!
Tomoshabin bo‘lib turganlar gurra ortiga tislandi. Birgina Amirjon o‘zini yo‘qotmadi.
— E, assalom alaykum, birgad bobo, — dedi unga yaqinlashib. — Tabriklaymiz, o‘qishga kirib olibsizlar!
— Rahmat… Bu nima yig‘in?.. — deya menga o‘qraydi.
— Kozim akani tabriklab turgandik, — dedi Amirjon brigadirni o‘ziga qaratib. — Lekin o‘qishdi zo‘riga kiribsizlar. Qoyil, amaki!
— Kallasi bor kiradi! — dedi brigadir atrofda sochilib turganlarga ko‘z tashlab olib.
— Amaki, o‘g‘lingiz hazillashdi chog‘i, «06» — «Jiguli»ni yog‘i bilan bilan eltib berdik, deydi. O‘zingiz ayting, sizlarda moshina nima qiladi.
Angrayib qolibman. Mushtday bola buncha qovurib olingan bo‘lmasa! Amirjonning ilmoqli gapidan brigadir dovdiradi.
— E, moshinning boshi osmondami?! — dedi qo‘lidagi qamchinni etigi qo‘njiga tiqarkan.
— Ha, unda rost ekan! — dedi Amirjon beparvo. — Biz ishonmay turgandik.
— Nima rost ekan?
— Pora berganingiz-da!
Farmon brigadir qovun tushirganini payqab, chuykalib ketdi.
— Qanaqa pora?! Sen Temurdi bolasi jinni-pinnimisan?!
— Kozim aka shunaqa dedi-ku!
— E, Kozim akang … yebdi-yey! — dedi brigadir o‘g‘liga yeb qo‘ygudek o‘qrayib. — Moshinam bo‘lsa butim yag‘ir bo‘lib ot minarmidim?! Qani, tarqal, hammang! Ishga marsh!.. — otini niqtab mening ustimga keldi.— Sen bola, nega bulardi atrofingga to‘plab o‘tiribsan?! Soat nechchi bo‘ldi?
Men daf’atan bir narsa deyolmadim.
— Raz talab qilib oldingmi, maynavozchilik qilmasdan ishlat-da, endi! Birinchi kundan bu nima qiliq!
— Kim talab qilib oldi?! — dedim o‘zimni bosishga urinib.
— Sen o‘zing. O‘zing talab qilmasang, qayoqdan rais¬di esiga kelarding!
Alam qildi menga. Qattiq alam qildi. Men o‘zim so‘rab olganmishman hisobchilikni!
— E, menga qarang, — dedim bo‘g‘ilib, — hammasi yoningizda bo‘ldi-ku! Rais bilan uyimga kirib bordingiz-ku?!
Brigadir jim bo‘lib qoldi-da, bir pasdan ke¬yin:
— Bo‘pti, boringlar ishga, — dedi g‘udranib. Ke¬yin otining boshini burdi.
— To‘xtang, menga qarang, amaki, — dedim o‘zimni tutib olib. — Menga bunaqa sassiq gap qilmang ikkinchi. Sizga tabelchi bo‘laman deb o‘lib yotganim yo‘q edi!..
Yana senga ko‘zim tushdi. Norozilanib qarab turarding. Ters o‘girilib brigadirdan nari ketdim.
* * *
Kuz oyoqlagan.
Tol-teraklarning so‘lg‘in yaproqlari ufqqa engan quyosh nuridan qizg‘ish rangga bo‘yalgan. Ular yengil shabadada ohista tebranib, pichirlashib turishadi. Ayrimlari bandidan chirt uzilib, suv yuziga, qirg‘oqdagi xas-xashaklar ustiga ohista qo‘nadi.
— Bu hayotda to‘kis bo‘lmasang qiyin ekan, — deyman xo‘rsinib. Sen yupatasan.
— Unaqa demang, birovdan kam yeringiz yo‘q…
Men qirg‘oqda, sen soyga tashlangan yakkacho‘p ustida o‘tiribsan.
— Kam yerim bor-da, Shohsanam! — deyman qizishib. — Otasizman. Otali to‘kislarni quchoq ochib kutib olishdi. Meni ko‘kragimdan itarishdi.
Yakkacho‘pdan turib yonimga kelib o‘tirasan. Suvga ko‘z tikkancha ohista gap boshlaysan.
— Malika xolamniyam o‘g‘illari yiqilib keldi, Rustam akam. Taniysiz-a? Aktyubinskka borgan edi…
— Aktyubinskka?
— Ha, aviatsiya institutiga. A’lochiman, deb maqtanib yurgan ekanman, lekin hech baloni bilmas ekanman, deb kuladi. Endi o‘shaqqa qaytib borib yotib olaman, kirmasam qo‘ymayman, deydi… Sizam xafa bo‘lmang, hammasi yaxshi bo‘p ketadi…
Yaxshiyam, senday mehribonim bor. Hasratlarimni og‘rinmay eshitasan. Meni tushunasan, ko‘nglimni ko‘tarasan… Kutilmaganda ruhlanib ketaman. Qo‘llaring¬dan mahkam tutib, seni o‘zimga qarataman.
— Albatta, Shohi, albatta. Yaxshi bo‘lmasayam qo‘ymayman, — deyman jo‘shqinlik bilan. — Armiya¬dan kelib, tug‘ri Toshkentga jo‘nayman. U yerda haqiqat bor. Sirt¬qi o‘qishga kirib, zavodda ishlayman. Zavod uy berishi bilan gazetaga o‘tib olaman. Ayamni olib ketaman. Kitobimni chiqartiraman. Xullas, Kozim deganlari amal-taqal qilib o‘qishni bitirgunicha, men besh-oltita ishlarimni bitkazib olaman…
— Niyatingizga yeting, shoir aka! — deysan jilmayib. Keyin qo‘llaringni ohista ajratib, o‘rning¬dan turasan. — Kelajagingizni shunday ko‘z o‘ngimga keltirdingiz, qo‘ydingiz…
Men ham o‘rnimdan turib, senga yuzma yuz bo‘laman.
— Ko‘z o‘ngingga kelgan bo‘lsa, yaxshilab qara-chi, yonimdagi kelinchak tanishmi? Jamalaksoch qizchasiyam bor…
Sen uyalib bosh irg‘aysan.
— Tanimay turibman. Lekin chiroyli ekan.
— Ta’riflab ber-chi, — deyman zavqim oshgandan oshib.
— Chiroyli-da! — deysan yuzlaring oftob nuridanmi lov-lov yonib.
— Kissangda oynacha bor-a, — deyman sho‘xligim tutib. — Bu yoqqa ber. Ko‘zlaringni yum… Endi och!
Qiyg‘och ko‘zlaringni ochib, oynachada o‘zingni ko‘rasan.
— Tanib qo‘y, mening yonimda qizchamni yetaklab yurgan kelinchak ana shu… — deyman tantanavor. Yuzlaring laxcha cho‘g‘ bo‘lib, boshingni egasan. Mening shoir¬ligim tutadi.
Boshginangni ko‘tar, gulim, kulsang netar,
Qo‘y, o‘ksima, bu kunlar ham o‘tar, ketar.
Hali bizning davr kelar, ishon, jonim,
Biz ulardan baxtliroqmiz, quvon, jonim…
(Shohsanam, men hali hamon bular bari o‘ngimdami, tushimda ro‘y berganmidi, farqlay olmayman. Shunisi aniqki, senla kechgan damlarim tush kabi go‘zal edi va barchasi tush kabi o‘tdi-ketdi.)
Quyulib kelayotgan misralar meni butkul sarxush etdi. Va beixtiyor qo‘llaringdan tutib, bag‘rimga tortdim. Sen birdan hushyor tortib, chetlanding. Qosh chimirib, norozi tikilding. Shashtimdan tushdim. Mudom shunday: biror qilig‘imdan norozi bo‘lsang, qosh chimirib bir qarab qo‘ysang kifoya. Darhol o‘zimga kelaman. Hozir ham shunday bo‘ldi. Lekin, jur’atsizligim o‘zimga alam qilib, uf tortdim.
— Menga qara, — dedim bag‘rim o‘rtanib, — hali bitta o‘pich bermasdan armiyaga jo‘natmoqchimisan?
— Uyatsiz bo‘lmang! — deding ohista.
— Uyatsiz?.. Axir!.. Ha, menga qara, seningcha, Tohir-Zuhra, Layli-Majnunlar g‘irt uyatsiz bo‘lishgan ekan-da!
— Voy, nimaga?
— Nimaga bo‘lardi bemalol achomlashib yurishgan-ku!
— Hecham-da! — deya kulding. — O‘sha kitoblarni boshqatdan o‘qib chiqing.
Bir zum o‘ylanib, jim qoldim. Va mo‘’jiza ro‘y berdi. Qulog‘im ostida baxshining ovozi yangrab ketdi: bir bo‘sa ber ol yanoqdan, agar kelsa qo‘llaring¬dan!..
Dadillanib senga ro‘para bo‘ldim.
— E, yo‘q, Sanamjon, meni mot qilolmaysiz!.. (O‘shanda birinchi bor seni Sanamjon deb yubordim va bu o‘zimga yoqib ketdi). — Mana Oshiq G‘aribning talabini eshiting: bir bo‘sa ber ol yanoqdan, agar kelsa qo‘llaringdan!.. Bunisiga nima deysiz, qo‘llaringizdan kelar?..
Sen zavqlanib, erkalanib kulding.
— Qo‘limdan kelmaydi.
Jur’atlanib sen tomon yurdim. Yana!.. Yana kamon qoshlar chimirildi, qora ko‘zlar jiddiy tikildi. Noiloj to‘xtadim. Sen berahm qiz, mamnun jilmayib, yaxshi qoling, degandek qo‘l siltab, tollar ortiga o‘tib ketding.
O‘shanda bizni rosa ikki yil davom etadigan hijronli kunlar qarshi olayotgan edi…
* * *
Shohsanam, yana bolaligimizga qaytgim kelyapti.
Hali aytganimday, ayam ertagu doston ko‘p bilardi. Bilganlarini qayta-qayta aytib berishdan zerikmasdi. Aytmaganiga ham qo‘ymasding. Bo‘yinlaridan quchib olgancha, «Ma’tal aytib bering, xolajon», deb qistab o‘tirgan kuning edi. Ayam ra’ying¬ni qaytarolmasdi.
Bir safar u butunlay boshqacha, ilgari sira aytmagan ma’talini aytib berdi. O‘shanda ham sizlarnikida edik. Sen ayamning, Jamshid ukang mening pinjimda, ayang deraza tagida kashta tikib o‘tirardi. Deraza qoron¬g‘u. Tashqarida dam-badam kuzak shamoli qo‘zg‘alib, barg-xazonlarni shitirlatadi.
Ayam sening timqora sochlaringni silab, oq matoga gul tikayotgan Ma’mura xolamga termulgancha matalini boshladi.
— Bor ekan-da, yo‘q ekan, och ekan-da, to‘q ekan… Qadim bir mamlakat chekkasida, so‘lim bir qishloqchada o‘n ikkita qiz yashar ekan. Qishloq ikki azim daryo o‘rtasida joylashgan ekan. Kechalari shamol o‘ng yoqdan essa o‘ng yoqdagi daryo shovullashini, chap yoqdan essa chap yoqdagi daryo shovullashini qishloqqa olib kelar ekan. Qishloq yerlari semiz, serhosil, qishloq ahli esa asl dehqonlar ekan. Shu vajdan bu joyning noz-ne’matlari bozorlarda talash bo‘lib ketar ekan. Haligi o‘n ikki qiz ana shu Bog‘i Eramday joyda qayg‘u-alam ko‘rmasdan, bir-birovi bilan bo‘y talashib, husn talashib o‘sib kelayotgan ekan. Suluv qizlar boqqa kirsa bog‘ yashnab ketar ekan, cho‘milgani borishsa daryoni devona qilib yuborishar ekan. Ko‘p zamonlardan beri bu tuproqda bunday manglayi yorug‘ qizlar dunyoga kelmagan ekan…
Ayajonim xuddi chaqaloq allalagandek mayin ohangda ertak aytadi. Sen uning bag‘rida erib, sehr¬lanib o‘tirasan. Jamshid mening yonimda cho‘kka tushgancha, sokin, aqlli ko‘zlarini ertakchi xolasidan uzmay o‘tiradi. Ayang bosh ko‘tarmasdan kashta tikadi… Ertak davom etadi. Men endi ayamning so‘zlarini eshitmayman. Balki ertak voqealarini ko‘ra boshlayman: qishloq o‘rtasidagi podaqo‘riqda odamlar to‘plangan. Hammaning nafasi ichiga tushib, simyog‘ochdagi radiokarnayga tikilib qolgan… Yigitlar to‘p-to‘p bo‘lib, safar xalta yelkasida, qishloqdan chiqib borishyapti. Ularga qari-qartang, yosh-yalang ergashgan. To‘rt-beshta bo‘sh arava ham taqirlab ketib boradi.
Bo‘sh aravalar taqir-tuquri olislab tinadi.
Bo‘m-bo‘sh ko‘cha huvillaydi.
Huvillab turgan ko‘cha boshida bir to‘p mung‘aygan qizlar…
— Bir paytlar bu qizlar ota-onalarining arzandasi edi… — ayamning ovozi qulog‘imga chalinadi. — Oy desa oy, kun desa kuni edi. Ularni yeru ko‘kka ishonishmasdi. Endi bo‘lsa arzanda qizlar hafta-o‘n kunlab qishloq yuzini ko‘rishmaydi. Qora terga botib ketmon chopishadi. Bellari mayishib, o‘roq o‘rishadi. Yotib-turishlari Qo‘yqo‘tondagi shiypon bo‘lib qolgan…
Sen hushyor tortib, yalt etib ayamning yuziga qarading.
— Xola, o‘zimizdi Qo‘yqo‘tonmi?..
Ayam savolingni eshitmaganday so‘zida davom etdi…
— Qizlarga Safarboy degan o‘smirni qora qilib qo‘yishgan.
— Tog‘amnimi? — deding sen. Ayam yana javob bermadi. Uning pinjidan chiqib, yuzma-yuz o‘tirib olding-da, ayamning ikki qo‘lidan tutding.
— Xolajon, to‘xtang. To‘xtang. Avval o‘sha qizlardi otini ayting-chi…
Ayam jilmayib, seni bag‘riga tortdi.
— Bo‘pti, aytaman, — dedi. Keyin o‘n ikki qiz nomini birma bir sanadi.
— Hammasi bir-birovidan durkun, suluv qizlar edi. Lekin, Ma’muraxon degani o‘sha suluvlarning suluvi edi…
Sen ayangga qarab mamnun jilmayding. Ayang esa tizzasidagi kashta gullariga tikilgancha o‘yga cho‘mgandi.
— … Qizlar tong azondan yarim tungacha tinim bilishmaydi. Horib-tolib shiyponga qaytishadi. Ammo nolishmaydi. Oh-voh qilishmaydi…
…Tun qo‘ynidagi yakka-yolg‘iz, ovloq shiypon. Bir yog‘i dalaga tutash. Bir yog‘ida o‘ttiz qadamcha naridan changalzor boshlanadi. Changalzor tugagan yerda, allaqayda daryo shovullaydi. Osmon vijir-vijir yulduz… Fonusning xira yorug‘ida ayvonchada yotgan qizlar elas-elas ko‘rinadi. Ularni taniy boshlayman…
— … Bir shovur eshitib qizlar uyg‘onib ketishdi. Yarim tun… Qarashsa, changalzor tumshug‘ida bo‘ri uliyapti. Bir emas, ikkitasi…
Sen ko‘zlaringni katta-katta ochib, ayamga tikilib qolding. Nafas olishga ham qo‘rqarding nazarimda. To ertak bitguncha ranging o‘chinqirab, miq etmay o‘tirding. So‘ng xonaga jimlik cho‘kdi. Bu jimlikdan qo‘rqding. Darrov ayamni gapga tutding.
— Xola, hozir bo‘ri yo‘qmi?..
— Yo‘q, bolam, hozir yo‘q, — dedi ayam bechora shosha-pisha. Keyin, seni bag‘riga bosib, qattiq quchdi. — Hozir bo‘ri yo‘q, bolam, — dedi yana. — Nega desang, bo‘ri yashaydigan joy qolmadi. Dayravot qolmadi. Keyin u paytlar hamma urushda edi. Elda er kamaysa bo‘rilar qutiradi. Shuning uchun er yigitlar hamisha omon bo‘lishsin. Mana akang Mahmudxon, ukang Jamshidjon er yetsin. Ana unda ko‘rasan. Ko‘rmaganday bo‘lib ketamiz hammamiz. Alam-angiz unut bo‘ladi. Senginalarni muztar qilganlar ko‘r bo‘ladi. Eshiklaringga non tilanib keladi. O‘sha kunlarga yetkazsa, armonim qolmasdi…
Shohsanam, bu gaplarni senu men ko‘p ham tushunavermasdik u paytlar. Umuman, bizga ko‘p narsa qorong‘u edi…
Eslaysanmi, ayang mudom o‘ychan, ma’yus yurardi. Birov bilan gaplashib turib ham ba’zida bir nuqtaga uzoq-uzoq tikilib qolardi. Men uning kashta tikib o‘tirishlarini ko‘proq eslagim keladi. Bu paytdagi holatini juda aniq xotirlayman: albatta sochlari mayda o‘rilgan, qoshiga o‘sma, ko‘ziga surma qo‘yilgan bo‘lardi. Oppoq harir ko‘ylagi va pushtirang nimchasini kiyardi. Boshiga durracha o‘ramasdi. Derazasi ko‘chaga qaragan xonada, deraza tagida o‘tirardi. Chap yonida tol xivichdan to‘qilgan savatcha bo‘lar, unda to‘pcha-to‘pcha rang¬li iplar saqlanar edi.
Ma’mura xolam qo‘liga nina oldimi, atrofni tamom unutar, soatlab ham bosh ko‘tarmasdan ishlayverar, hech narsaga alahsimasdi. Goh o‘z-o‘zidan ma’yuslnib ketar, gohida yuziga qizillik yugurib, alanechuk sho‘x, chiroyli ifoda paydo bo‘lar, goh ma’sum tortib, o‘ychan qiyofaga kirardi.
Men ertak tinglagan bo‘lib, bir chekkada yotgancha zimdan ayangga tikilaman. tikilganim sari kimgadir o‘xshataveraman. Kim edi u, qayerda ko‘rganman, deb boshim qotadi. Nihoyat, eslab qoldim. Bir jurnal yuzida o‘n to‘qqizinchi asrda yashagan shoiraning rasmi berilgan edi. Shoira, tillaqosh, zebigardonlarini demasa, yupqa lablari, sal qiyiq ko‘zlari, ingichka qayrilma qoshlari, iyagidagi chiroyli chuqurchasi, yuzlarining ozg‘in va xiyla cho‘zinchoqligi bilan ayangga bir tomchi suvdek o‘xshardi. Go‘yo rassom o‘z rasmiga Ma’mura xolamdan andaza olgandek…
Ayang dalada yana bir boshqa juvonga aylanardi. Sochini ikkita o‘rib boshiga chambarak qilardi-da, durracha bilan tang‘ib olardi. Zulfi, manglay soch¬lari qo‘ng‘iroq-qo‘ng‘iroq bo‘lib to‘zg‘ib turardi. Yuzlari cho‘g‘lanib, ko‘zlari porlab, allanechuk yasharib ketardi.
G‘o‘za chopganda, ayniqsa, terim paytlari unga hech kim yetishib yurolmasdi. Shunday nozikkina juvon boshida bir etak, yelkasida bir etak paxta, shiddat bilan egat oralab boraverardi…
Shohsanam, hech o‘ylab ko‘rganmisan, ayang nega turmushga kech chiqqan? Nega otang haqida sira gapirmasdi? Keyin, mening nomimni ayang qo‘ygani, Mahmud deb qo‘ygani, Maqsad momo degan hamqishlog‘imiz, uning Mahmud degan o‘g‘li haqida biror narsa eshitganmisan?..
Shohsanam, bular hammasi katta bir doston ekan…
Urush tugaydi. El tinchib, erkin nafas ola boshlaydi. Yana yor-yorlar aytiladi. Xonadonlar yana chaqaloqlarning xurram yig‘isiga to‘ladi.
Sovchilar Ma’muralar eshigi turumin buza boshlashadi. Singlisi Malika shaharga uzatiladi. Ammo, Ma’mura ro‘yxushlik bermaydi. Ona xunob. Qizining dardini tushunmaydi. Oxiri oraga odam qo‘yib sir olsa — Ma’mura Mahmudni, Maqsad momoning urushda bedarak ketgan o‘g‘lini kutyapti. Ona yig‘lab-siqtaydi. Gulday umringni yelga sovurma, deb yolvoradi. Qizning ko‘ngli yumshay demaydi. Ona o‘ylay-o‘ylay oxiri Maqsad momoning eshigiga borib yiqiladi.
Momo bir zamonlar qoraxat olgan. Lekin u badbaxt qog‘ozga ishonmaydi. Qanday ishonsin? Axir, dunyoga kelib orttirgan dunyosi Mahmud bo‘lsa! Suygan xo‘jasi, urushdan oldingi olatasir zamonlar qurboni bo‘lib ketgan yoridan tanho yodgori Mahmud bo‘lsa! Bir parcha qog‘ozga ishonib aza ochsinmi?! Yo‘q, u bunday qilolmaydi. O‘g‘lini kutadi. Novdadekkina yigitcha edi, hali alpdek bo‘lib kirib keladi. Maqsad kampir ko‘rganini podsho oyimlar ko‘rmaydi hali!..
— Momojon, o‘zingiz rozilik bering. Ma’mura yuzingizdan o‘tolmayapti.
Momo bu sirdan bexabar edi. Kalovlanib yo‘lga tushadi. Kela-kela Ma’murani bag‘riga bosadi.
— Hali senmiding, bolam, senmiding?! — deydi nuqul titrab-qaqshab. Ma’mura yuz-ko‘zini onaizor ko‘ksiga suykab, tanish bo‘ydan mast bo‘lib, issiq bag‘irga singib ketadi.
— Roziman, qizim, baxting ochilsin…
— Gapirmang, momojon!
— O‘g‘limga o‘zim aytaman, tushuntiraman…
— Gapirmang, gapirmang!
— Rozilik berdim, deyman, undan ranjimagin, deyman, hammasiga men…
— Aylanay onajon, gapirmang. Meni kuydirmang, kuydirmang!
— Bolam!..
Ikki intizor bir vujudga aylanib, iz-iz yig‘lashadi.
Yillar o‘tadi.
Momoning sochlari qorday oqaradi. Quvvati ketib, qaddi bukiladi. Lekin umidi so‘nmaydi… Qaysi romchiga yo‘liqsa, opajon, o‘g‘ling keladi, deb ishontirsa, gazetalar falonchi falon yildan so‘ng uyiga kirib keldi, degan xushxabarlar berib turgan bo‘lsa, o‘g‘li tushlaridan chiqmasa, goh to‘nda, goh askar kiyimida alpday bo‘lib hovlisini to‘ldirib yursa, ko‘z o‘ngginasida bir musulmonning gulday qizi har erta o‘g‘lini deb o‘sma, surma qo‘yib, sochini mayda o‘rib, umid bilan yo‘l qarab yurgan bo‘lsa… Onaizor qanday umid uzsin?! Uning dunyodan umidi katta. O‘g‘li keladi. Hali u ko‘radiganni poshsho oyimlar ham ko‘rishmagan…
Maqsad momo niyat bilan yangi kashta boshladi. Shuni bitkazgan kuni o‘g‘li kirib keladi. Qishloqda yangicha to‘ylar urf bo‘lyapti. Hovlida ustal-ustul qilib, kelin-kuyovni to‘rda, katta-kichikning ko‘z o‘nggiga o‘tqazishyapti. Zamoni ko‘tarsa mayli-da. Agar o‘sha kunga yetqazsa, hovli aylantirib nuqul o‘zi tikkan kashtalarni urdiradi. Boshqalardek gilamu palos osib, olaquroq qilmoqchi emas…
Ma’muraning ham qo‘li o‘nglanib qoldi. Bino¬yidek qiyiqcha, zardevorlar tikyapti. Kashtagayam o‘tdi. Bir ishga kirishsa joni-motin kirisharkan. Ertayu kech uning oldida. Momojon, momojon deb joni halak. Kampirning dunyosi muyassar bo‘lib qolgan. Qizning bu eshikka rov bo‘lishi yaxshilikka tobin deb biladi. O‘zidagi bor-yo‘q hunarini hijjalab, maydalab o‘rgatadi. Qayta-qayta tiktiradi, so‘ktiradi, yana tiktiradi.
— Ko‘nglingga qattiq botmasin tag‘in, — deydi qizni bezdirib qo‘yishdan cho‘chib. — O‘zi, boshida picha qiyin bo‘ladi. Menam qo‘lim o‘nglanguncha badanim momataloq bo‘lib ketgandi. Ayam chimchib olaverardilar hadeb. Qo‘limga chim-chim igna sanchardilar…
Ma’mura bo‘lsa, qiziqsiz-a, deb kuladi. Siz meni bekorga ayaysiz. Chimchib-chimchib olmasangiz, o‘rganolmasam kerak haliberi…
Momo yurak yutib hazillashadi.
— Hozir shunaqa deysanu, erta akang kelsa chaqib berasan-da, qizim!..
Ma’mura qip-qizarib, boshini egadi. Jimib qoladi. Momoga uning shu turishi xush yoqadi. Ko‘ngli allataxlit bo‘lib suqlanib tikiladi. Kelinginamdan aylanay degan kalimani til uchida arang tutib qoladi.
Momo o‘zida yo‘q mamnun, Ma’mura uning hunarini o‘rganyapti. Momoga qolsa, qishloqdagi hamma ayollarga o‘rgatadi. Sira erinmaydi, koyinmaydi. E, bu kashta¬do‘zlikning sadag‘asi ketsa arziydi. Haliyam bir paytlar shu narsani orttirib qolgan ekan, ne-ne kunlarda asqotmadi unga. Yigirma bir yoshida tul qolib, bo‘zlab yurganida endi ado bo‘ldim, deb o‘ylagandi. Yo‘q, toleiga o‘g‘ilchasi bor ekan, oqibatli elati bor ekan, unga suyanchiq, tirgak bo‘ldi. Dalaning mehnati bor ekan, terga botib-botib ishladi. Alamini mehnatdan oldi. Onameros hunari bor ekan, adoqsiz zim-ziyo kechalar hamrohi bo‘ldi, ovutdi, sovutdi, sabr berdi… Ma’murasi shu mashg‘ulotga mehr qo‘yibdimi, mayli, o‘rgansin. Faqat… faqat momosiga o‘xshab yolg‘iz ungagina suyanib qolmasa bo‘lgani.
Ko‘ngil ishi qiyin-da, umid uzolmayapti. Ne-ne yigitlar og‘iz soldi, momo rozilik berdi, yo‘ling ochiq, bolam, roziman, dedi. Quloq solmadi.
Momo sho‘rlik tilda rozilik bergani bilan dili alag‘da: keyingi paytlar Ma’murasining erga chiqib ketayotganini tushlarida ko‘rib, izillab yig‘lagancha uyg‘onib ketadigan odat chiqargan. Ishqilib, tushlarim o‘ngga aylanmasa edi, deb qo‘rqadi… Oxir bir kuni qo‘rqqani ro‘y bo‘ldi. Ma’mura turmushga chiqdi. Bu vaqt¬ga kelib endi urushdan keyin tug‘ilgan qizlar bo‘y ko‘rsatib, o‘g‘il bolalarning ovozlari do‘rillab qolgan edi…
Ma’muraning onasi xastalanib, to‘shakka mixlanib qoladiyu, eski gapini qo‘zg‘aydi. Agar endiyam bilganingdan qolmasang, sendan rozi emasman. O‘sha Maqsad kampirdan ham domangir ketaman, deydi. Qo‘ni-qo‘shni, qarindosh-urug‘lar ham qarab turishmaydi, o‘rtaga olishadi. Momo ham yig‘lab-siqtaydi.
Ma’mura shaharga uzatiladi. Uning to‘yidan bir haftalar oldin men tug‘ilganman. Otimni irim bilan O‘lmas qo‘yishmoqchi bo‘lishgan. Lekin, ayang Mahmud qo‘yasizlar, deb turib olgan. Ko‘rasizlar, Mahmudxonning umri uzoq bo‘ladi, degan…
Oradan uch yil o‘tadi. Oilada ikki farzand (sen bilan Jamshid) tug‘ilib, turmushlari o‘nglanib kelayotganida, Ma’mura ajrashamanga tushib qoladi. Hech kim uni ahdidan qaytara olmaydi. Ma’lum bo‘lishicha, yigit birinchi oilasini uch bola bilan aldab tashlab ketgan ekan. Ma’mura janjal ko‘tarib, qarg‘ab-netib yurmaydi. Faqat, menga bunday bolabezori, munofiq er kerak emas, deb bitta so‘zda turib oladi.
Kunlarning birida Maqsad momo Ma’murani yo‘qlatadi. Ma’mura ko‘pdan beri bu ostonadan hatlamay qo‘ygan edi. O‘zini bunga haqsiz deb bilardi. Kampir bir tutamgina bo‘lib, ko‘rpa-to‘shak qilib yotgan ekan. Uni ko‘rib, tetiklanib o‘rnidan turdi. Ma’murani indamay bag‘riga bosdi-da, keyin ichkari uyga boshladi. Taxmondagi sandiqni ochtirdi. Undan barcha kelin-kuyov sarpolarini oldirib, gilam ustiga uydirdi. So‘ngra xonaning bir chekkasiga behol borib o‘tirdi. Ma’mura jovdirab unga tikildi. Noxush bir tuyg‘udan yuragi uvishdi.
— Bolam, bu narsalarni senga qilgandim, — dedi kampir bemajol. — Senga qoldiraman. Faqat bitta o‘tinchim bor. Hozir, ko‘zim tirigida bir kiyasan…
Ma’mura birdan yig‘lab yuborib, kampirni quchdi.
— Yo‘q, onajon, meni qiynamang, bunga haqqim yo‘q, — deb bo‘zladi.
Momo titrab-qaqshab yolvordi.
— Bolam, men armonda ketmayin!..
Ma’mura tanasi misday qizib, lablarini qattiq tishlagancha liboslarni kiydi. Zebigardon, tillaqosh, sochpopuklarni kampir taqib qo‘ydi. So‘ngra xona to‘riga boshlab borib, endi bitta ta’zim qil, bolam, kelinginam, dedi. Ma’mura qo‘liga dastro‘molcha tutib, onaizor tilagini ado qildi.
— Baraka top, qizim, baraka top. Yana ta’zim qil, armonim ushalsin!..
Kampir suluv kelinchak oldida o‘zini qo‘yarga joy topolmas, dam yig‘lab, dam kulib atrofida girgitton bo‘lardi. Kuyovsiz uyning sho‘rlik kelinchagi unsiz yig‘lab, qayta-qayta ta’zim qiladi. Keyin sochpopuklarini ohista shildiratib hovli supuradi, o‘choqqa o‘t yoqib ovqat qiladi, qumg‘onda choy qaynatadi…
Momo dam badam kalovlanib eshikka chiqib kelardi-da, supaga horg‘in cho‘kar, uf tortardi…
Keyin ikkovlon o‘tirib unsizgina ovqatlanishdi. Kampir dasturxonga fotiha o‘qidi. Ma’murani olqab duo qildi. So‘ngra ohista gap boshladi.
— Bugun tushimda Mahmudjonni ko‘ribman. U aytdiki, bir imorat solyapman, ayajon, shuni bitkazsam sizni ham olib ketaman, dedi. Endi u kelmaydi, qizim, meni ham yoniga chaqiryapti…
Maqsad momoning qissasi shu bilan tugamaydi, Shohsanam. U hozir ham davom etyapti. Sening ayang— Ma’mura xolam hayotida davom etyapti. Ma’mura xolam bu qissani o‘zi tikkan kashtalarga muhr¬lab qoldiryapti. Qishloqda yangi kelin tushgan qaysi dargohga kirmagin ana shu kashtalarni ko‘rasan. Ulardagi ko‘z olguvchi naqshlar qatiga alamli muhabbat qissasi, sadoqat qissasi yashiringan. Bu qissani ilg‘agan ilg‘aydi, ilg‘amagan bir umr bexabar o‘taveradi.
* * *
Harbiy xizmatdan qaytganimning uchinchi kuni Haydarov rais hovlimizga kirib keldi. O‘nida Farmon brigadir va haydovchisi Tal’at aka. U avval qo‘l siqib ko‘rishdi-da, so‘ng indamay bag‘riga bosdi.
— E, balli, ota o‘g‘il, — dedi quchog‘idan bo‘shatarkan. — Salomat bormisan!
Chorpoyaga o‘tirdik.
Bir piyola choy ichgulik muddat o‘tkazib, Haydarov muddaoga ko‘chdi.
— Xo‘sh, endi niyatlar qandoq, Mahmudxon bolam?.. Birorta yumushdi boshini tutarsiz?..
Mahmudboy, gapiring: nimalar qilmoqchi edingiz? Toshkent, sirtqi o‘qish, shoirlik… Qani, bo‘ling!
Avvaliga g‘udranib bir nimalar dedim-da, keyin dadillanib rejalarimni qatorlashtirdim. Hatto Asqad Muxtorday ustozim borliginiyam qistirib o‘tdim.
Haydarov gapimni tugatib, jimib qolgunimcha boshini ko‘tarmadi. Keyin kulimsirab, hm, yaxshi, dedi-da, boshini ko‘tardi.
— Umuman, bolam, shunaqa bir hurmatli odamning nazariga tushganingdan xursandman. Faqat… Toshkentga ketaman deganing o‘tirishmadi.
Besabrlik qildim.
— Rais bovo, Toshkentda nashriyotlar, gazeta-jurnallar ko‘p. Adabiy muhit bor…
— Avval eshitgin-da, bolam, — beozor kulimsirab gapimni bo‘ldi Haydarov. — Bundoq tanangga o‘ylab ko‘r. Sirtdan o‘qiyman, deyapsan, ma’qul. Ishga qandoq kirmoqchisan, qayerga borma, propiska so‘raydi.
Aholi ro‘yxatidan o‘tgan bo‘lishing kerak. Buning uchun adashmasam agar birorta korxona seni so‘rab olishi kerak. To‘g‘rimi? Korxonaga esa senga o‘xshagan tankchi emas, mutaxassis kerak. Shundog‘mi?..
Ayam patnisda uch kosada ovqat keltirdi. Rais gapidan tiyilib turdi-da, keyin yana davom etdi.
— Tag‘in amakim yo‘ldan qaytaryapti deb xafa bo‘lmagin. Yaxshilab o‘ylab ko‘r. Ayangdan maslahat ol. Amakilaring bor… Farmon aka, sizam bir narsa deng. Qishloqning kattasisiz!..
— To‘g‘ri, to‘g‘ri, rais bovo, gapingiz, ma’qul, — dedi Farmon brigadir hovliqib. — Menikiyam boshida uchib-qo‘nib ko‘rdi. Toshkentga ketaman, dedi. E, Toshkentda qovurib qo‘ygani yo‘q, shu yerda o‘qiysan dedim. Mana binoyiday o‘qib yuribdi…
Farmon brigadir gapirarkan, rais bir narsaning rejasini tuzgan kabi unga tikilgancha o‘ylanib qoldi. Raisning tikilishidan brigadir o‘ng‘aysizlanib, gapini yo‘qota boshladi.
— O‘z kuchi bilan o‘qib kelyapti. Pul-mul demaydi… Hozirgilarga bir narsa deb bo‘lmasa?!.
Haydarov undan ko‘zini olib, ochig‘iga ko‘chdi.
— Menga qolsa, o‘g‘lim, bu yilcha shu ishlaringdi qo‘yaturasan. Farmon amaking qarib qoldim deyapti. Shundog‘mi?..
— Ha, endi… — chaynaldi brigadir.
— Pensiyaga chiqdim, endi yoshlar ishlasin deb quloqni yedi amaking. Sen nari-beri deb o‘tirmagin-da, brigadani qabul qilib ol.
Farmon brigadir ikkimiz baravariga yalt etib unga qaradik. Faqat Tal’at aka beparvo kulimsirab turaverdi. Hatto menga qarab ko‘z qisib ham qo‘ydi. Haydarov angrayib qolgan brigadirga ko‘z qadadi.
— Hm, Farmon aka, nimaga hayron bo‘lyapsiz?
— Yo‘, yo‘, hayron bo‘lmadim… Mayli… Mayliga.
— Kecha shunaqa debmidingiz, axir!
Men oraga suqildim.
— Rais bovo, men eplolmasam kerak, amakim o‘zlari…
— Eplaysan… Amakingni bir xursand qil. Bechora charchab qopti. Mayli, damini olsin, qarilik gashtiri sursin…
E’tirozga og‘iz juftlagan edim, yonimda o‘tirgan Tal’at aka tizzasi bilan nuqib, yo‘l bermadi.
— O‘qishingni keyin gaplashamiz. Selxozda o‘qiysan. Shoirlik orqasiga qaramaydigan odamning ishi. Senga to‘g‘ri kelmaydi, bolam. Ha, mayli, bular keyin. Kechqurun idoraga chiqqin…
Haydarov yuziga fotiha tortdi-da, qo‘zg‘aldi. Ayam oshxonadan shoshib chiqib keldi.
— Bir pas o‘tirsangiz bo‘lardi, rais bovo?!.
— Hali bafurja o‘tiramiz, siynim, — dedi rais, keyin menga o‘girilib tayinladi. — Ayang bilan kengashib ko‘r.
Ixtiyorsiz bosh irg‘adim.
Rais hovlini bir qur nazardan o‘tkazarkan, ayt¬moqchi bo‘lgan gapi yodiga tushdi.
— Borganingda shifer bilan yog‘ochga faktura yozdirib kirgin, — dedi.
Farmon brigadir karaxtlanib unga ergashdi. Hatto bizga xayr deb qo‘yishga ham holi kelmadi. Ortda qolayot¬ganimni ko‘rib Tal’at aka bilagimni ma’noli siqib qo‘ydi. Hushyor tortib tezgina
Haydarovga yetib oldim.
Hovliga qaytib kirganimda ayam Umida xolam bilan (u oshxonada ayamga qarashib turgandi) ishkom tagida gaplashib turishgan ekan. Gaplaridan to‘xtab menga tikilishdi. Ularni ko‘p kuttirmay ochig‘iga ko‘chdim.
— Aya, boshim qotib qoldi-ku?!.
— Ha, bolam?..
— Birgadir bo‘lasan deyaptilar.
— Birgatti o‘zi-chi?
— Qariligini pesh qilavergan bo‘lsa kerak-da, bo‘shatmoqchi.
Hammadan burun Umida xolam o‘zida yo‘q quvonib, yosh qizchaday chapak chalib yubordi.
— Voy, ajab bo‘pti, xo‘p bo‘pti! Mahmudjon uka, siz yo‘q demang. Sirayam yo‘q demang. Go‘rso‘xta, noshukur bir kuyib o‘lsin!.. Biram xursand bo‘ldimki! Odamlardi ko‘kragiga shamol tegadigan bo‘pti-ya, voy, xudoga shukur-a!
* * *
Tun.
Oy nurida jimirlab oqib yotgan Ko‘ksoy yoqalab qishloqqa qaytayapman. Velosipedimni yetaklab olganman. Shunisi ma’qul. Bugungi o‘zgarishlardan miyam g‘ovlab ketdi. Hammasini xotirjam o‘ylab olishim kerak…
Ertalab uyqudan turganimda orzu-havaslari bir daryo bo‘lib oqib yotgan beg‘am yigitcha edim. Kechga borib qarasam, hammasining oldiga damba bosibman-da, indamaygina boshqa o‘zanga o‘tib olibman.
Endi nima bo‘ladi?
Mushtday boshimdan hamrohu hamdamim bo‘lib kelayotgan orzu havaslarimni yetim qoldirib, bu qup-quruq o‘zandan nima topmoqchiman?! Nimaga erishmoqchiman?
Shohsanam-chi?.. Ishqilib, u narigi o‘zanda qop ketmasmikan?.. Yo‘q, yo‘q, nega?! Shohsanam tushunadi! Unga mening shoirligimu, shon-shuhratim emas, o‘zim kerakman-ku?!.
Baribir yaxshi bo‘lmadi. Hammasidan osongina kechdim, qo‘ydim?!.
Oyoqlarim bo‘ysunmay qoldi. Velosipedimni bir tolga suyab, o‘zim yer bag‘irlab ko‘ndalang o‘sgan bosh¬qa tolga suyangancha yerga o‘tirdim. Bu tik qishloq yo‘lining boshlanish joyi bo‘lib, yo‘l adog‘ida — naq qishloq tepasida to‘lin oy muallaq turib qolgan edi. Orqamda Ko‘ksoy shovullardi. Ko‘ksoyga quloq tutib, to‘lin oyga ko‘z tikib o‘tirarkanman, shuurimda allanimalar jonlana boshladi. Bu — shu choqqacha orzularim dunyosida yashab kelgan kelajak hayotim lavhalari edi.
Ana, minbarda she’r o‘qiyapman. Tumonat odam sel bo‘lib tinglayapti.
… Gulduros qarsaklarga ko‘milib, minbardan tushib kelyapman. Guldastalar, dastxat ulashishlar.
… O‘g‘il-qizlarimni ergashtirib, ikkimiz Toshkent xiyobonlarida sayr etib yuribmiz. O‘tgan-ketganning ko‘zi bizda.
… Mashinamiz kolxoz idorasi oldida to‘xtaydi. Hamqishloqlarim, o‘quvchi yigit-qizchalar o‘rovida qolamiz. Boshimiz uzra gullar, kabutarlar uchadi. Dadamning qadrdoni Haydarov rais odamlarni oralab o‘tib keladi-da, meni bag‘riga bosadi. Uning orqasida esa dadamning boshqa do‘stlari — Safar amaki, Temur amakimlar navbat kutib turishadi. Yanayam nariroqda mehribon xolajonlarim — sening, Umaroning, Amirjonning onalari qatorida qimtinibgina mushtiparim — ayajonim turadilar…
Tasvir xira tortib yo‘qoladi-da, oy bilan yolg‘iz qolaman.
Orqamda soy shovullaydi.
Oldimda esa Xondara — butun boshli ellik xonadon issiq sovug‘iyu, taqdiru tashvishlari zimmamga ortilgan qishloqcha meni kutadi.
Ko‘zlarimda yosh g‘iltillaydi.
— Mahmudboy, mana, shoir ham bo‘p bo‘lding, — deyman alam bilan. — Bir og‘iz gapga mahtal ekansan. Qoyil!..
— Shu ishing yaxshi bo‘ldi, Mahmudboy, — degan boshqa ovozni eshitib alanglayman. Boshqa bir tolga o‘zim kabi yelka tiragan sharpaga ko‘zim tushadi. Unga tikilib gap nimadaligini tushunaman. Ha, senmisan, degan kabi bosh irg‘ab qo‘yaman.
— To‘g‘ri ish qilding.
Teskari qarab to‘ng‘illayman.
— Nimasi to‘g‘ri?! Mushtday boshimdan shoir bo‘laman, deb kelaman. Bir umrlik armon bo‘lib qolmaydimi endi!..
— Aksincha!.. Mana shu imkonni boy berganingda haqiqiy armonda qolarding. Nomi ulug‘, suprasi quruq bo‘lib!
— Avrama!.. — deb jerkib beraman-da, o‘zimcha mulohaza yurita boshlayman. — Haliyam kech emas. Hozir orqamga qaytib, o‘ylab ko‘rdim deyman. Menga to‘g‘ri kelmas ekan, deyman. Baribir maqsadimga erishaman!
O‘rnimdan chaqqon turib, velosipedim yoniga bordim.
Orqamda qolgan sharpa ovoz berdi.
— Maqsadingga erishganingda onang yoningda bo‘larmikan?..
— …
— Shohsanaming mashaqqatlarga chidarmikan?..
— Shohsanam chidaydi!
— O‘g‘lim shoir bo‘larkan, deb onang ovora. Erim shoir bo‘lsin deb xotining sarson. Ijara uylarda rangi chiqmasdan bolalaring bolaligi o‘tadi.
Velosipedimni yetaklab ko‘cha yuziga chiqdim. Lekin yo‘lga tushmay, o‘tirg‘ichga tirsak tiradim.
— Endi hamma gapni qo‘ygin-da, bitta narsaga e’tibor qil: yigirma yoshdasan. Bor-yo‘g‘i yigirmada. Shu yoshingda katta bir qishloqqa rahbar bo‘lding. Yoqmaydimi?..
Bo‘shashganimni payqadimi, sharpa dadillandi.
— Ko‘rding-ku, sen hatto so‘ramasang ham, o‘zidan bilib, shifer bilan yog‘ochga qog‘oz yozdirib berdi. Ertaga institutga joylab qo‘yadi. Sirtqi o‘qishdan osoni yo‘q. Har olti oyda borib-kelib, yurib diplomli bo‘lib olasan. Bu orada Shohsanaming o‘qishini bitiradi…
Bu so‘zlar ta’siriga berila boshladim.
— To‘y qilasizlar. Mashina olasizlar. Ayangning orzulari ushaladi. Endi tanangda o‘ylab ko‘r: Toshkentda ranging sarg‘ayib, yosh umringni sovurib yurganingdan nima chiqadi?
U qarshimda turib olgancha, ko‘zlarimga qadalib dedi.
— Qolaversa, shoir bo‘laman deb, nega endi albatta Toshkentga borishing kerak ekan?! Rostdanam badaningda bo‘lsa, o‘zingni shu yerda ko‘rsat! Yoz! Qish bekorchiligi o‘zingniki. Issiqqina sandalda o‘tirib, betashvish, beg‘alva ijod qilaverasan. Yozaman desang birov monelik qiladimi?!
Endi munosabat bildirmadim. Gap talashishdan ko‘ra, yana bir karra xotirjam mulohaza qilib ko‘rishni ma’qul bildim…
Aslida bu mening taslim bo‘lganim edi.
* * *
Brigadirligimning birinchi kuni.
Hadeganda hovlidan chiqolmayapman. Har xil ishlarga unnalib yuribman. Dalangizga bormaysizmi, bolam, deb qo‘yadilar ayam dam-badam. Har gal, ha, borarman, deymanu, aylanishib yuraveraman. Oxiri ochig‘iga ko‘chdim.
— Aya, nimagadir noqulay bo‘lyapti, — dedim.
— Boshida shunaqa bo‘ladi, — deb kuldi oshxonada idish-tovoq yuvib turgan ayam. — Ko‘nikib ketasiz. Daladan beri kelmay qo‘yasiz hali, bolam.
— Shundayku-ya, lekin dabdurustdan sizlarga brigadir bo‘ldim deb boraverishim qanaqa bo‘larkan, — dedim oshxona kesakisiga suyanib.
— O‘zi kattalardan birortasi olib chiqqani tuzuk edi, ilgari shunaqa qilishardi.
— Farmon amakiga tayinlagandilar rais bovo.
— Birgat kelmaydi, — dedi ayam mahzun tortib, keyin behafsalalik bilan ishini davom ettirdi. Lekin nari ketishim bilan orqamdan chiqdi. Chehrasi yorishgan.
— Agar iymanayotgan bo‘lsangiz, kechgacha kuting-da, kechqurun suvchilaringiz oldiga boring. Men osh damlab, dasturxon tugib beraman. Gurunglashib qaytasiz. Ertadan chopiqchilaringiz oldiga chiqasiz…
Bu gap menga ma’qul tushdi.
Shu asnoda sizlar kirib keldilaringiz.
* * *
Kelganimdan beri hali ko‘rinish bermaganding. Lekin men xafa emasdim. Aksincha, sening hafsalangni pir qip qo‘ymadimmikan, degan xavotirda edim. Negaki, ikki yil davomida nechta xat yozgan bo‘lsam, nuqul bitta gapni qaytarganman: eson-omon borib olsam hammasi zo‘r bo‘ladi. To‘g‘ri Toshkentga ketaman. Senam Toshkentda o‘qiysan, deganman. Endi bo‘lsa, o‘zim aytib, o‘zim qaytib o‘tiribman.
Mana, kirib kelyapsan.
Umaro sendan oldinda, u yo‘l-yo‘lakay sannab kelyapti.
— Men aybdorman, meni urishing. Shohsanamoyga qolsa birinchi kuniyoq uchib kelardi.
(Umaro dumaloqqina qizcha edi. Novdadekkina cho‘zilib qolibdi tushmagur. Sen bo‘lsang!..)
— Men qo‘ymadim, odamlar oyog‘i tiyilsin, dedim.
Umaro shu kelishida shappa bo‘ynimga osildi-da, cho‘lp-cho‘lp o‘pib oldi. Keyin senga yo‘l berdi. Endi navbat sizga, dedi.
Yuragim taqqa to‘xtab qoldi-yov. Nahotki!..
Behuda xomtama bo‘libman.
Sen o‘sha-o‘sha odatdagiday oddiygina qo‘l uzatding. Umaro shovqin ko‘tardi.
— Bunaqasi ketmaydi, opajon! Yo‘ldagi gaplar qayoqda qoldi?! Meni aldagan ekansiz-da! Avval sen boshlaysan degandingiz-ku!
U kiftingdan turib, menga yaqinlashtirdi.
— Boshqatdan ko‘rishasiz!
— Jinni bo‘lma, — deb o‘zingni chetga olding.
— Sog‘inib ketdim, o‘ldim-kuydim deb bezor qip yubordingiz-ku! Endi isbotlang-da. To‘g‘rimi, xolajon?..
— Qo‘y, uyaltirma, omon bo‘lgur, — deya ayam uni koyigan bo‘ldi.
— E, nimaga qo‘yarkanman, qo‘ymayman!
U endi ikkimizning qo‘limizdan tutib oldi.
— Qani, boshqatdan ko‘rishinglar, bo‘linglar! Xud¬di menga o‘xshab achomlab olasiz!
— Vuy, sharmanda!..
Sen najot istab ayamning orqasiga o‘tib olding. Yuzlaring lov-lov yonib borardi. Ayam darhol seni bag‘riga oldi… Sho‘rlik ayajonim!
Bu lahzalar o‘la-o‘lgunimcha ko‘z o‘ngimdan ketmaydi.
Ayam sening yuz-ko‘zlaringdan o‘par, bir paytlar hafsala bilan qirqkokil qilib qo‘yadigan sochlaringni silab-siypalar, to‘yib-to‘yib hidlar, ko‘zlari esa jiqqa-jiqqa yoshlarga to‘lib borardi. Go‘yoki, orada o‘tgan ikki yillik hijronni men bilan baravar tortgandek edi onaizorim!..
Bu manzaradan mutaassir bo‘lgan Umaroning ham shaddodligi yo‘qolib, tinchib qolgan edi.
* * *
Ayam kalovlanib bizni chorpoya tarafga boshladi. Keyin entika-entika duo qildi-da, yana kalovlanib oshxonaga yo‘l oldi. Umaro chaqqon turib unga ergashdi. Sen ham qo‘zg‘alayotgan yeringda qo‘lingdan tutib qoldim. Duv qizarib, qayta o‘tirding.
— Yaxshimisan?.. Xolamni, Jamshidni ko‘rdim. Jamshid katta yigit bo‘p qopti.
— Sakkizni tugatyapti.
— Sen o‘nni…
— Hm…
— Qaysida o‘qimoqchisan?
— Medtexnikumga borsammi, deb turibman. Yana bilmadim…
«Yana bilmadim», deganingdan, «Siz rozi bo‘lsangiz» degan so‘rovni uqdim.
— Ma’qul, menga ma’qul, — dedim dadillanib. — Lekin, meniki.. qop ketdi. Boshqacha bo‘p ketdi hammasi. Eshitgandirsan?
— Eshitdim, — deding yerdan ko‘z olmay.
— Nima deysan?
— Nima derdim… Yaxshi bo‘pti.
— Shunaqa bo‘p qoldi. Rais bovo qo‘ymadi. Brigadirlikni olasan, dedi. Xafa bo‘lmagin, xo‘pmi… Lekin, o‘qiyman baribir!..
— Unaqa demang, nega xafa bo‘laman? — deding hamon dasturxondan ko‘z uzmasdan. Yuzlaringni yal-yal yonib borardi.
Eh, naqadar sururli daqiqalar edi!
Ko‘zlaringga to‘yib-to‘yib boqqim kelar, lekin buning iloji yo‘q, chilvir kokillaringni silab-siypagim kelar, lekin… Kokillaringni chilvir dedim. Ammo ko‘pam mayda o‘rilmagan, kelinchaklarniki unaqa qilinadi. Sening kokillaring yirik-yirik, shundoq bo‘lsa-da, o‘ttiz-qirq o‘rim keladiyov. Juda uzun ham emas, nimchang etagi bilan baravar, uchlari qo‘ng‘iroq-qo‘ng‘iroq bo‘lib ketgan. Bir dilbar qo‘shiq misralari miyamda charx urib o‘tdi: men ketganda ancha yosh eding, bog‘bon qizi — gullar erkasi. Mana, endi oyday to‘libsan, yuragimning sen arzandasi.
Bu qo‘shiq muallifi aslida men bo‘lishim kerak edi. Mayli, zarari yo‘q, hali bundan-da dilbar qo‘shiqlar yaratiladi, ularni men yarataman!.. Lekin… (Yuragim yana armon bilan o‘rtandi). Lekin, men yozgan qo‘shiqni kimlar aytadi. Mendek qishloqi bir shoirni kimlar pisand etardiyu, kimlar qo‘shiqqa solardi?!
Biz o‘tirgan chorpoya biqinidagi barvasta gilos daraxti g‘um-g‘uj mevalarining mo‘lligidan faxrlanganday ohista sollanib, bosh solib turadi. Novdalari orasidan tip-tiniq osmon ko‘rinadi. Osmonning bir chekkasida oppoq bulut parchasi muallaq turib qolgan. Oppoq bulut parchasi esa menga shu tobda kuzgi dala chekkasida uyuladigan paxta xirmonini eslatdi. Ha, oppoq xirmonni!
* * *
«Qo‘yqo‘ton»ga yetib kelganimda dalaning yuqori betidan to‘lg‘in oy ko‘tarilib kelardi. Havo iliqqina, atrofda jiyda gulining xush bo‘yi kezadi.
Yakka balxi tut ostida chiroq ko‘rindi.
Velosipedimni uvatga suyadim-da, ayam tugib bergan kattagina dasturxonni ko‘targancha, chiroqni qora olib yurdim.
— Mahmudxonmi?
— Mahmud aka, shekilli. Salomalaykum.
— Assalomu alaykum, hormanglar!
O‘tirganlarning ikkitasi chaqqon qo‘zg‘aldi. Uchinchisi — Safar amaki o‘tirgan yerida ko‘rishdi-da, qo‘limdan tutib yoniga o‘tqazdi.
— Qani, o‘tiring-chi, jiyanim, jo‘raginamning o‘g‘li. Sobirjon choyga qara. o‘anijon, ovqatni tezlatgin, jiyan.
— Ovqat tayyor, amaki, — dedim dasturxonga ishora qilib. — Faqat achchiqqina choy damlashsa bo‘lgani.
— Ha, dalaning choyini sog‘inib qolganga o‘xshaysiz-a, Mahmudxon?!
— Nimasini aytasiz, ikki yil davomida tushlarimdan chiqmasdi.
— Ikki yilni aytasiz, jiyan. Ikki oy qishda qancha qo‘msab qolamiz bu dala-dashtni.
Safar amaki qumg‘ondan choy damlayotgan yigitchaga tikilib jim qoldi. Ancha qaribdi bu odam ham. Tunov kuni men bilan omonlashyaptiyu, o‘pkasini bosolmaydi. Ma’rufxon tirilib keldi, deb yig‘laydi. Ko‘zlari ichiga botib, sochlari duvva oqaribdi. Mana hozir xira fonus yorug‘ida yanayam qartayganday ko‘rinyapti.
— Hozir bularga gapirib turuvdim, — dedi u yana gap boshlab. — Urushdan bu yog‘iga to‘rtta brigadir ko‘ribmiz. Sen beshinchisi, — dedi u endi senlashga o‘tib. — Senam, o‘g‘lim, sira tashvish chekma. Ishlab ketasan. Haydarov seni behudaga qo‘ymagan. Odamni taniydi, bir qarashda kimning qanaqaligini bilib oladi. Bizda uch yil birgad bo‘p ishlagan-da. Eshitgansan-a? Haydarovdan oldin Jabbor amaki edi rahmatli. Uyam jontolmas edi. Bir oyog‘ini sudrab bosadi. Bir qo‘li bo‘yniga osilgan. Tinmaydi. Har kuni bir sidra eshiklarga bosh suqib chiqadi. Tinchmisan, bolalar sog‘mi, zog‘orang, go‘jang bormi, xat kep turibdimi… Bir boshdan so‘raydi. Xuddi ro‘zg‘ordi xo‘jasi. Eh, u odamlardi sadag‘asi ketsang arziydi!..
Safar amaki piyolasidagi choydan ho‘plab, bir zum o‘yga toldi. Keyin menga qarab iljaydi.
— Birgadir jiyanim, ovqat sovimasin. Qani, oling¬lar… Bay-bay, qo‘li dard ko‘rmasin oytijonimni!
* * *
— Ma’rufxonning arvohi bir yayradi-da, bolam,— dedi Safar amaki dasturxonga fotiha o‘qilgach. — Xuddi ota ishini qilding. Hali dasturxon ko‘tarib kelganingni ko‘rib, yuragim bir qalqib tushdi. Rahmatli dadangning odati shunaqa edi. Uyda tansiq taom bo‘p qolsa, atayin bizlarga ilinardi. Tomog‘imdan o‘tmadi, deb otini yo‘rg‘alatib kelaverardi boyaqish jo‘ram. Baraka top, bolam. Kam bo‘lmagin. Xudo xohlasa, kam bo‘lmaysanam. Arvoh rozi— Xudo rozi degan gap bor…
U bir nafas yana mahzun xayollari bilan qoldi-da, o‘z-o‘zidan iljayib gap boshladi.
— Hozir bir narsa yodimga tushdi… Urushdi oxirlari. Qirq to‘rtinchi yil tiramosi ekan-da. Terim qizg‘in. Dadang, Temur amaking, men — uchovimiz hamisha birgamiz. Oramizdan qil o‘tmaydi. Dadang o‘n oltida, men o‘n to‘rtda, Temur o‘n uchda. Ayniqsa Temur amaking ushoqqina. Eti ustixoniga yopishgan bola. Bugunga kelib o‘n bitta bolaning otasi, kimsan Temur polvon bo‘lib ketishini kimam o‘ylabdi o‘shanda. Kap-katta yigit bo‘lguncha ham tili chuchuk edi. «Biygadiy» deb gapirardi.
Bir kun tong azonda qishloqdan kelyapmiz. Dadang shoshiradi: Tez yuringlar. Kech qopmiz. Uxlab qopmiz, deydi. Oy sutdek dalaga yetib keldik. Hov narigi paykal edi, «Afg‘oni». Hech kim ko‘rinmaydi. Paxtasi rosa ochilib bergan. Shapir-shupur terimga tushdik. Dam-badam qishloq tarafga qarab qo‘yamiz, qizlar kelmayaptimi deb.
— Bugun qizlaydi qoldiyib ketamiz, haligacha pishillab yotishganduy, — deydi Temur xursand bo‘lib.
Teryapmiz, teryapmiz… Qanorlarimiz to‘lib ketdi. Yana ancha-muncha terib bir yerga uydik. Ko‘ngil to‘q endi. Mizg‘ib olmoqchi bo‘ldik. Paxtamizdi ustiga yotdik. Bir mahal uyg‘onib qarasam, atrof qop-qorong‘u, oy botibdi. Ikkinchi marta junjikib uyg‘ondim. Haliyam qorong‘u. Ie, deyman hayron bo‘lib, nega tong otmaydi?
Sheriklarim ham turishdi. Keyin tushundik. Oydi yorug‘ini tong otdi deb o‘ylab, otang bizdi avval oqshomda uyg‘otib kelgan ekan… Ustimizga shudring yoqqan. Sovuq. Diydiraymiz. Uxlash qayoqda endi, kun chiqquncha tishlarimiz takillab, bir-birimizni pinjimizga kirib, g‘ujanak bo‘lib o‘tirib chiqqanmiz… Munnay o‘ylab qarasam, bolalikda odam mast bo‘larkan. Biz-ku, o‘g‘il bola, qizlar ham olov edi. Ayang aytib o‘tirsalar kerak?
— Ha, aytganlar, — dedim kulib. — Haligi bo‘ri voqeasini ham eshitganman.
— Bo‘ri voqeasi?.. E, bo‘ldi, bo‘ldi, — dedi Safar amaki zavqlanib ketib. — Qani, eshitaylik-chi, oyim qanaqa qip aytib bergan ekanlar…
— Amaki, o‘shanda rosttanam qattiq uxlab qobmidingiz yoki jo‘rttaga uyquga solib yotganmisiz?
— Obbo, jiyanimey, jon joyidan ushlading-ku!.. Bo‘pti, mayli, bir boshidan aytib bera qolay. Sobirjon bolam, choydan quy, — deya piyolasini uzatdi. — Buning tarixi uzun, tomog‘imni ho‘llab olishim kerak… Xullas, urushdi ikkinchi yilimidi, uchinchi yilimidi, esimda yo‘q, anig‘i shuki, hozirgiday yoz chillasi edi. O‘n ikkita bo‘y qizga meni qora qilib qo‘yishgan. Boya aytganimday, o‘n uch, o‘n to‘rt yoshlardagi o‘spirinman…
— Dadam qayerda edilar?
— Ma’rufxon g‘o‘za sug‘orardi… Shu desang, o‘n ikki qiz bilan men tong azonda bug‘doy o‘roqqa tushamiz. Kun yorishgach qishloqdan ayollar, bolalar, qari-qartanglar keladi. Shabnam ko‘tarilganda o‘rimni to‘xtatamiz. Endi o‘rib bo‘lmaydi, boshoq quruqshab, bug‘doy yerga to‘kiladi, bilasan… Ul-bul narsa bilan tamaddi qivolib, keyin g‘o‘za chopiqqa tushamiz. Chopiq kechki ko‘z ko‘rguncha davom etadi. Qishloqqa ketadiganlar ketib, dala yana o‘zimizga qoladi. Oy yorug‘ida ne mahalgacha shir-shir bug‘doy o‘ramiz. Hov anavi yerda, dalaning tumshug‘ida eski shiypon bo‘lardi. Ko‘rgansan, besh-olti yil burun Farmon buzdirdi. Shu shiyponga borib yotamiz. Shiyponki, uch tarafi vahimali changalzor, chakalak. Tepamizda manovinga o‘xshab fonus yonib turadi. Qator bo‘lib bir to‘shakda yotamiz. Ikki chekkada yoshi kattaroq opalarimiz, o‘rtada kichkinalar. Menam aralash yotaveraman. U vaqtlar ayb qilishmasdi. Ko‘ngil ham to‘g‘ri ekan-da… Bir haftada shunday bo‘ldiki, qishloqni eslamay ham qo‘ydik. Kun bo‘yi g‘o‘za chopamiz, yarim tunga qadar bug‘doy o‘ramiz. Yana tong yorishmay bir-birimizni uyg‘otib, apil-tapil chalg‘i ko‘tarib chiqib ketamiz. Shiypon ham, dalayam changalzoram o‘zimizniki bo‘lib qolgan. Yarim tunda uxlagani yotamizu, hadeganda uxlab qolmaymiz. Ayniqsa, yosh qizchalarimizdi gapi tugamaydi. Pichir-pichir qilib, qiqir-qiqir kulib bosh¬qalarga ham uyqu berishmaydi. Oxiri Ma’mura oytimdan bir-ikki dakki eshitishadi-da, tinchishadi…
Bir kechasi hamma uxlab qolganu, birgina men qamishlari osilib yotgan shiftga tikilgancha xayol surib yotibman. Qorovul bo‘lganim uchunmas, o‘zi nimagadir uyqum uchib ketgandi. Bir mahal Ma’rufxonni eslab ketdim. U hozir «Shotutli»da suvchilarga ergashib egat oralab yurgandir. Shu tobda hormanglar, deb peshonasida paydo bo‘lib qolsam xursand bo‘p ketsa kerak, deyman o‘zimcha. Rosttanam shunday qilsam-chi. Bular hammasi dong qotib yotibdi. Asta jo‘nab qolaman-da, yana hech narsa bo‘lmaganday kelib joyimga yotaman… Shu xayol bilan bir g‘ayratga mindimu, negadir shashtimdan qaytdim. Yo‘q, postni tashlab ketishim durust emas, bu ishim baribir Ma’rufxonga yoqmaydi. Ortimga qarab haydab yuboradi, dedim-da, yonboshimga ag‘darilib ko‘zimni yumdim. Ko‘zim ilindimi, yo‘qmi, bilmayman, o‘rnimdan sachrab turdim. Bo‘ri uvladimi yo tushimga kirdimi?.. O‘tirgan yerimda nafasimni yutib quloq soldim. Jimlik… E, tushimga kirdi-yov deya o‘zimni ishontirib, o‘rnimga qayta yotdim. Shunday yotishimni bilaman qamishzor tomondan bitta bo‘ri uvlab yuborsa bo‘ladimi!.. Badanim muzlab qoldi. Jon shirin. Shunday g‘ujanak bo‘ldim-da, ko‘zimni chippa yumdim. Bosh ko‘tarib qarashga yurak qurg‘ur dov bermaydi. Qizlarga dalda bo‘ladi deb meni qo‘yib qo‘yishgan tag‘in. Bir mahal bechoralar uyg‘onib qolishdi-ku! Ana endi desang qiyomat qoyim bo‘ldi. Qiy-chuv, baqir-chaqir, yig‘lagani qaysi, to‘shakka burkanib olgani qaysi. Men bo‘lsam dunyodan «bexabar» dong qotib yotibman. Meni eslab qolib, boshimga yopirilib kelishdi. Lekin, har qancha turtkilashmasin uyg‘onay demayman. Tosh qotganman. Jonimga Ma’mura oytim ora kirdi. Uni qo‘yinglar, gulxan yoqamiz, tez bo‘linglar, dedi. Shiypon biqinida uch bog‘lam g‘o‘zapoya yotardi. Shunga o‘t qo‘yishdi. Turmasam bo‘lmaydi endi deganday asta boshimni ko‘tardim. o‘o‘zapoya chirsillab yonyapti. Qizlar bir otar qo‘ydek g‘um-g‘uj bo‘lib, olovdi yonida turib olishgan. O‘ttiz qadamcha narida ikkita bo‘ri dikkayib o‘tiribdi. Ko‘zlari olov yolqinida yaltiraydi. Ular o‘rnidan qo‘zg‘alib, bezovta yura boshlashi bilan qizlar qiy-chuv ko‘tarishadi. Bo‘rilar tek qotishi bilan bularam tinchiydi. Oxiri qizlardan bittasi o‘zidan o‘zi Qarshiboy, Qarshiboy deb baqira boshladi. Boshqalari ham qo‘shildi. Qarshiboy deb baqirsa bo‘rining jag‘lari qarishib, og‘zi ochilmay qoladi, deb eshitganim bor. Menam qizlardi yoniga kevolib Qarshiboy, Qarshiboy deb baqirishga tushdim. Hozir eslasam kulgim qistaydi. Qarshiboy, Qarshiboy deyapmanu, o‘zimdi jag‘larim qarishib qolganday arang ochiladi…
Baqir-chaqirdan hurkdimi, haytovur bo‘rilar changalzorga kirib ketishdi. Hamma yoq jim-jit bo‘lib qoldi. Baqirib turganimiz tuzuk ekanmi, jimlik battar qo‘rquvga sola boshladi…
Bo‘rilar ketmagan ekan. Irillashib yana chiqib kelishdi. Yana qiy-chuv boshlandi. E, qisqasi, tong oqarguncha ketishmadi-da. Yerda yotgan suyaklarni shaqirlatib g‘ajishadimiyey, itday irillab bir-biri bilan olishib ketadimi, basma-basiga olib uvlashga tushib ketishadimiyey, ishqilib o‘takamizni yorib, atrofimizda izg‘ishdi. Tong ham otib kelaverdi, bo‘rilar g‘oyib bo‘lishdi.
Shundan so‘ng Jabbor amaki rahmatli biz bilan shiyponda qoladigan bo‘ldi. Biz bug‘doy o‘rib boraveramiz. U kishi o‘n besh, yigirma qadam ilgarida yurib: qizlarim, men bundaman. Safarboy kelyapsanmi?.. Mana men, kelaveringlar. Shovvozlarim, azamatlarim, deb ovoz berib turadi.
Rahmatlining ovozi qulog‘imga o‘tirib qolgan ekanmi, haligacha elas-elas eshitilib ketadi.
* * *
To‘lin oy allaqachon tikkaga kelgan. Ko‘p zamonlarni, ko‘p odamlarni ko‘rgan yakka balxi tut ostida hamon suhbatlashib o‘tiribmiz. Nariroqda jo‘yaklarga taralgan suv bir tekis jildiraydi. Hov olislarda dayravot jiydalari oqarishib ko‘rinadi. Havoda yoqimli bo‘y kezinadi.
* * *
Oradan uch oy yoz o‘tdi.
Sentyabr ham oyoqlab qoldi.
Hisobchilikda ozmi-ko‘pmi malaka orttirgan ekanmanmi, yangi vazifaga ko‘nikishim oson kechdi. Ishga sho‘ng‘ib ketdim. Bu orada sen, Shohsanam, o‘qishga kirding. Mandatdan o‘tiboq uzum uzishga, u yoqdan qaytib, bir hafta o‘qib-o‘qimay, paxta hashariga jo‘nab ketding.
Qiziq zamonlarda yashagan ekanmiz-da. Hammadan qizig‘i, bunaqa ishlardan hech birimiz ajablanmasdik: xuddi azaldan shunday bo‘lib kelgan, bundan bu yog‘iga ham shu taxlit davom etishi kerakday edi.
Hozir ham mamlakatda paxta yetishtiriladi. Sentyabr avvalida terim boshlanadi. Bir kun qaraymizki, tumanlar, viloyatlar birin-ketin rejalarini bajarib qo‘yibdi. Ajablanamiz. Bo‘lar ekan-ku! Shovqin-suronsiz, ur-sursiz ham uddalash mumkin ekan-ku, deymiz. U davrlarda esa bari boshqacha kechardi.
Bir deb terimga tushildimi radio, televizor, gazetalar hisobot berib borishni boshlardi: bir kunda falon foyiz, mavsum boshidan beri falon foyiz paxta tayyorlandi. Qo‘l terimi buncha, mashinada buncha terildi va hokazo. Bunday hisobotlarga befarq odamning o‘zi bo‘lmasdi. Bittasi men bo‘lsam, har kecha kolxoz idorasiga kirishda ham, chiqishda ham ko‘rgazma taxtasiga zimdan ko‘z tashlab qo‘yaman. Taxtada brigadalar raqami, brigadirlar ismi, familiyasi qarshisidagi foyizlar, tonnalar kun sayin yangilanib boradi. Familiyam pastlab ketsa toriqaman, yuqorilab borsa havolanib yuraman. Har erta yo peshinda odamlarimni to‘plab hisobotni o‘qib beraman. Shoirona so‘zamollik bilan ularni ruhlantirgan bo‘laman.
Xullas, shunaqa dolzarb kunlarning biri edi.
Xirmon boshidaman. Kun par-par bo‘lib turibdi. Terimchilar paxta to‘la etaklarini yelkalab, turnaqator bo‘lib chiqib kelishyapti. Bunda ham qat’iy tartibga amal qilinadi. Avval yosh bolali juvonlar, yoshu ulug‘roq ayollar, yarim soat, bir soat o‘tkazishib esa yosh-yalanglar, o‘quvchi yigit-qizchalar daladan chiqishadi. Bu tartibni men joriy qilmaganman, azaldan shunday.
Endi asosiy gapga kelsam: Amirjon paxtasini tarozidan o‘tkazib, telejkaga uzatdi-da, keyin tarozibonning daftarini olib yonimga keldi.
— Mahmud aka, endi hisob-kitob qilib olaylik, — dedi jiddiy turib.
— Xo‘p bo‘ladi, qani, ko‘raylik-chi, — deya daftarni oldim-da, darhol uning ismi to‘g‘risidagi raqamlarni jamlab chiqdim.
— O‘h-ho‘, zo‘r-ku, Amirjon. Ikki yuz yigirma kilo!
— Endi, — Amirjon ortiga, telejka atrofiga to‘kilgan paxtalarni tergilab yurgan xirmonchi Safar amakiga qarab olib, ovozini xiyol pastlatib dedi. — Umishvoyni ko‘ring.
— E, Umishvoy senga yetib opti-ku! — dedim battar hayratim ortib.
— Chunki, biz bahslashmadik-da, Mahmud aka. Biz hamkorlik qildik, — dedi salmoqlab, keyin daftarni hisobchi yigitga qaytib berdi-da, qo‘ltig‘imdan olib chetga boshladi. — Ochig‘ini aytsam, mana shu o‘n kunlikda sizga bayroq olib bermoqchimiz. Ertalab bolalar bilan shunga kelishib olganmiz.
Endi desang, otam tirilib kelganday, terimga sig‘may ketdim. «Yasha, ukajon, unutmayman!» deb Amirjonni bag‘rimga bosdim.
— Shu gapingizdan foydalanib, endi bitta erkalik qilaman, — dedi u jilmayib. — Faqat yo‘q demaysiz.
— Bo‘pti, ukajon, bemalol!
Amirjon gapni uzoqdan keltirdi.
— Umishvoyni bilasiz, Shohi opasi bilan tirik edi. Mana endi kun sanab yuribdi. O‘n kun bo‘ldi, o‘n besh kun bo‘ldi, deb. Ko‘rmasam uzlikib qolaman deydi. Rosttanam, qarang, rangini oldirib qo‘ygan bechora.
— E, qo‘ysang-chi!..
— Ishonmaysiz-da. Tomog‘idan ovqat o‘tmay qolgan. Ochig‘i, rahmim kep ketdi-da, bo‘pti, oborib kelaman opangdi oldiga dedim. Faqat sharti bor, bugun ikki norma teramiz-da, borib kelamiz, Mahmud aka so‘z berdilar, dedim. Ishqilib, yolg‘onchi qilmasangiz bo‘ldi… E, shunday deganimni bilaman, mashina bo‘p ketdi. U teryapti, men tashib turibman. Meni bo‘larim bo‘ldi, u charchadim, demaydi. Qoyil qoldime!.. Mehr-muhabbat degani zo‘r narsa bo‘larkan-da, Mahmud aka. Xo‘p, javob berasizmi?..
— A, qayoqqa?!— debman xayolsirab.
— Boshidan qaytaraymi? — dedi Amirjon kulib.
— Yo‘q, yo‘q, mayli… Mayli, borib kelinglar,— dedim parishon. Salom aytinglar. Menam borib qolarman…
— E, sizga yo‘l bo‘lsin, — dedi u qo‘limni siqib.— Bir soat ko‘rinmay qolsangiz, trevoga bo‘p ketadiyu!..
— Ha, rost aytasan, — dedim ruhsiz. — Shuniyam aytib qo‘yinglar, xafa bo‘lmasin…
* * *
Dalaga tushkun kayfiyatda chiqib kelganman.
Etak bog‘lab egatlarga tushib borayotgan yigit-qizlarga yaqin bormay beriroqda turibman. Axir, kechagina naqd bo‘lib turgandi-ya!.. Ko‘rsatkichlarim hammadan yuqori, meni bosib o‘tishlari mumkin emasdi. Lekin kechki yig‘inni o‘tkazayotgan rais muovini Sharif Hodiyevich men qolib, boshqa brigadirni birinchilik bilan qutladi. «E, qanaqasiga?!» deb yubordim o‘zimni tutolmasdan. Muovin javob o‘rniga iljayib qo‘ydi-da, gapida davom etdi. Bo‘larim bo‘lib boshimni egib oldim. Hamma menga qarayotganday, qip-qizarib ketdim. Ayniqsa, muovinning «Yosh kadrlar ham g‘ayrat qilishdiyu, ammo baribir g‘ayratdan tajriba ustun keldi» degan ilmoqli gapiyu, uning orqasidan kimningdir ma’noli yo‘talib qo‘yishi meni battar o‘sal qildi. Ahvolimni tushunganday yonimdagi birov bilagimni siqib qo‘ydi. Nahotki, shuhratparastga o‘xshab qolgan bo‘lsam?! Meni yosh bola ko‘rishgani, o‘rtada qandaydir g‘irromlik o‘tganini hech kim sezmadimikan? Berdisini aytganda, bayrog‘iga ham, birinchiligiga ham uchib-qo‘nib turgan joyim yo‘q edi-ku! Yaxshiyam yig‘inda Haydarov qatnashmadi. U bo‘lganida nima deb o‘ylardi! Tag‘in kim bilsin, u bo‘lganida bunaqa o‘yinlar yuz bermasmidi!..
Nima bo‘lgandayam qattiq alam qildi. Mendanam ko‘ra hali odamlarim eshitishsa qanaqa ko‘yga tushisharkin? Ishdan bellari sovib ketmasmikin?!
Shu taqlit dilim xufton bo‘lib turarkan, Amirjon yonimga keldi.
— Mahmud aka, o‘zingizga o‘xshamayroq turibsiz, tinchlikmi? — deya qo‘l tashlab ko‘rishdi.
— E, bo‘lmadi, uchinchiga berib yuborishdi, — dedim yig‘lamoqdan beri bo‘lib.
— Nimani berib yuborishdi?..
— Bayroqni-da?.. — dedim qo‘l siltab.
— Xayriyate!.. Men bo‘lsam «Paxtakor» yana «Qayrat»ga yutqazib qo‘yibdimi, deb qo‘rqib ketibman,— deya beozor iljaydi Amirjon. — Bitta bayroq bo‘lsa, keyingi o‘n kunlikda olib berarmiz!..
— Ovora bo‘lasizlar! Bu yerda boshqa gap bor, — dedim ruhsiz bosh irg‘ab.
— Xo‘p deyvering, keyingisi bizniki! — u shunday deya beliga etagini bog‘ladi. — Aytmoqchi, Shohi opam so‘rab yubordilar.
Ismingni eshitib qalqib tushgan esam-da, dabdurust¬dan bir narsa deyolmadim. Beixtiyor gapining davomini kutdim. U ozroq paysallab, ke-yin tilga kirdi.
— Dalalarni sog‘inibdilar. Ko‘ksoyni sog‘inibdilar. Endi bu Umishvoydi gapi. Shunaqami, yo‘qmi, xullas, hammamizni sog‘inibdilar.
Endi andishani yig‘ishtirib, dangaliga ko‘chdim.
— Ochig‘i, menam sog‘inib ketdim, — dedim dard bilan. — Paxta-maxtasini tashlab, shartta ketvorsammi deb turibman.
Amirjon kuldi.
— Ketvorish kerak emas, — deya qo‘ltig‘iga qo‘l soldi. — Mana, o‘zlarini opkeldik.
Shundoq ko‘z o‘ngimda mayingina kulib turgan surating paydo bo‘ldi. Har qancha sog‘ingan bo‘lma¬yin, suratingga ortiq qaray olmadim. Tezgina qo‘yin daftarim orasiga bekitdim. Ishonsang, Amirjondan emas, sendan uyaldim. Kulib turgan ko‘zlaringda beozorgina gina tuydim. Gina qilishga esa tamoman haqli eding, Sanamjon!..
— Unutmayman, Amirjon! — dedim to‘lqinlanib.
Bir zumda hammasi o‘zgardi: dilxiraligim tumandek tarqagan, atrof-jonib ko‘klamdek yashnab, yeru osmon ro‘shno sadolarga to‘lib ketgandek edi.
* * *
Ko‘ksoy suvlari umrimizdan yana bir yilini oqizib ketdi. Yana kuz keldi.
Shovqin-suronli, ur-surli terim mavsumi boshlandi.
Oppoq qorday oqarib yotgan paxta dalasi boshida terim mashinasi shay turibdi. Safar amaki, Temur amakim va yana bir-ikki odamlarim bilan mashina oldida maslahatlashib turibmiz… Safar amaki duoga qo‘l ochdi. Fotiha qilingach, Temur amaki mashinasini yurg‘izib, dalaga haydab kirdi. Ortidan bir zum kuzatib turdik-da, tarqalishdik.
Soy yoqalab yolg‘iz kelyapman. Mamnunman. Paxtasi oqib yotgan dalaga dam-badam faxrlanib qarab qo‘yaman. Olisda terim mashinasi guldirab boryapti.
— Hammasiga ko‘rsatib qo‘yaman hali! — deyman baralla ovoz chiqarib.
— Xo‘sh, qalay endi?!
Ortimdan kelgan ovoz meni to‘xtatdi. Lekin qayrilib qaramayman.
— Mamnunsan! Ishlaring zo‘r!..
Ma’qullagan kabi bosh irg‘ab, tol tagiga o‘tiraman. Ko‘ksoy qator tizilgan tollar ostida sharpasizgina oqib yotibdi. U ro‘paramdagi tolga yelka tirab o‘tiradi.
— Imoratingni sozlab olding. O‘qishga kirding. Mayli-da, sirtdan bo‘lsayam, selxoz bo‘lsayam, institut oti bor. Kichkinagina bo‘lsa-da, uloving bor. Bir yilda shuncha o‘zgarish. Terimni o‘tkazib, Shohsanamni tushirib olsang, yana nima kaming qoladi?!.
Dilimdagini sirtimga chiqargim kelmaydi. Qovjiragan maysa ustiga beparvo yonboshlayman. Olisda guvillab ishlayotgan terim mashinasi ko‘rinib turadi. Ikki kaftimni boshim ostiga qo‘yib chal¬qancha yotgancha, osmonga ko‘z tikaman. Tip-tiniq osmonning u yer, bu yerida xirmondagi uyum-uyum paxtalardek oppoq bulutlar suzib yuradi.
— Eh, ko‘ngil g‘ash-da, — deyman suhbatdoshimga dil yorib.
— Yana nima uchun?!
— Ko‘p bo‘ldi, she’r yozmay qo‘yganman…
— E-ha, she’r… Ko‘ngling g‘ashlanmasin. Planing to‘lsin, to‘yni o‘tkaz. Ana undan keyin qish bo‘yi sandalda muk tushgancha xotirjam yozaverasan…
— Xotirjamlikda she’r yozib bo‘larkanmi?!
O‘rnimga turib o‘tirib, olisdagi tog‘larga ko‘z tikaman. Sigareta tutataman.
— Shoir xalqi g‘alati-da! Hamma tinchlik istasa, bular?!.
— She’r bezovta tuyg‘ulardan tug‘iladi, — deyman o‘jarlik bilan. Sigaretamni chuqur-chuqur torta boshlayman.
Suhbatdoshim darhol murosaga keladi.
— Mayli, tortishmaylik. Buyam bir gap bo‘lar?!.
Davomi bor
Orziqul Ergash. To’y by Khurshid Davron on Scribd