Amir Xusrav Dehlaviy. G’azallar va ruboiylar & Amir Xusrav Dehlaviy ijodi. «Akademik soat» turkumidan videodars

03     Мир Хусрав Деҳлавий вафотидан буён салкам етти аср ўтди. Унинг асарлари дунёга таралиб, ҳамон севиб ўқилмокда, қабри халқ зиёратгоҳидир. Шайх Саъдий шоир Амир Хусрав Деҳлавий ҳақида гапириб: «Хар кимса у дунёда бир нарса билан фахрланиши керак. Мен ана шу туркнинг кўксидаги куюги билан фахрланаман», — деган экан… Амир Хусрав ғазалларида унинг кўксидаги куюги — оташин қалби акс этган.

МИР ХУСРАВ ДЕҲЛАВИЙ
ҒАЗАЛЛАРИДАН НАМУНАЛАР
007

Amir_Khusro.jpg   Хусрав Деҳлавий 1253 йилда Ҳиндистон шимолдаги Патёли шаҳрида, шаҳрисабзлик Амир Сайфуддин Муҳаммад оиласида дунёга келди. Асли туркий лочин уруғидан бўлган бу хонадон мўғуллар босқини даврида Ҳиндистонга кўчиб, шу ерда турғун бўлиб қолган эди.

Мир (Амир) Хусравдан буюк адабий мерос қолди: беш достондан иборат «Хамса», «Дувалрони ва Хизрхон», «Нўҳ синеҳр», «Тўғлиқнома» асарлари шулар жумласидандир. Унинг қаламига мансуб минглаб ғазал ва рубоийлар нафақат форс, нафақат шарқ адабиётининг кўрки, балки жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига киради.Миллатимизга мансублиги биз ўзбекларга ҳам фахрдир.

Хусрав Деҳлавий 1325 йилда вафот этди. Орадан салкам етти аср ўтди. Унинг асарлари дунёга таралиб, ҳамон севиб ўқилмокда, қабри халқ зиёратгоҳидир.
Амир Хусрав рубоийларида унинг кўксидаги куюги — оташин қалби акс этган.

007

ҒАЗАЛ (1.)

Эй насими субҳидам, ёрим қани?
Ўтди ҳаддин ғам… у ғамхорим қани?

Кўзларимга уйқу келмас кечалар,
Ул чароғи чашми бедорим қани?

Деди дўст: “Ошуфта бўлгил, зор бўл!”
Дўстлар, ошуфтаву зорим қани?

Бир даме осудабўлмам дастидан,
Ёраб, ул осуда ҳамкорим қани?

Наздида ифшо қилай ҳолимни ман,
Нола қилсин, Хусрави зорим қани?

ҒАЗАЛ (2.)

Ишқ жоним бирла бу тандан бурун кетмоқдадир,
Сездириб-сездирмайин айлаб фусун кетмоқдадир.

Дил гирифтору жигар хаста, бу тан ҳам зордир,
Тан заиф эрди… у ҳам эмди букун кетмоқдадир.

Эшигинг остида кутдим бедилу бехуд бўлиб,
Жон рамаққа етдию, бўлмас забун… кетмоқдадир.

Кўзларим йўлингда тўрт бўлди… букун қайтмоқдасан,
Кўзларимнинг ашки-ла олуда хун кетмоқдадир!

Қон ютардим ҳажридин… бул кун келиб дил сатҳидан
Ёраб, ул силсилаи ғолиягун* кетмоқдадир!

Қанча дерсан: “қил фаромуш ҳажрини, эй Хусрав-о!”
Охир ул Ой ташлабон дилга жунун кетмоқдадир!..

———
*Силсилаи ғолиягун – узлуксиз мушкианбар (хуш бўй) таратгувчи.

ҒАЗАЛ (3.)

Жисмимиздан жон каби кетдингми? Қайтгил боз зуд,
Ҳажринг ичра куйдим-эй, дил оташинда мисли уд.

Ой юзингнинг олдида ўлтирғиз-эй мисли сипанд*,
Куйдирай ўзни бу дам ҳам куйсин ул кўзда ҳусуд.

Кўр, бу рангим сарғайибдир, қўрқ дилимнинг оҳидан,
Ўт солибсан жонима, етмас сенга оташ ва дуд.

Беҳижоб кўрдим бу жоннинг сувратин мен зарравор,
Офтоби ҳусни қалбим равзасин очганда худ.

Севгимиз афсонаси ўтди-ку Қайсу Лайлидин,
Хусраву Ширин ким ул? ҳам Вомиқу Узро – унут.

Риндлик, девоналик, ошуфталикдир шахсимиз,
Қиссаю афсонамас, бул барчаси ростлик – шуҳуд*.

Устувордир ҳажру Ишқ… Хусравга онинг бори юк,
Шул сабаб қадди дуто, у шул сабаб қилгай сужуд…

———
*Сипанд – исириқ.
*Шуҳуд – шоҳиднинг кўплиги. (Гувоҳлик берувчи).

ҒАЗАЛ (4.)

Гуллар очилди, бўстон, ул ғунчаи хандон қани?
Айшин сурарлар дўстлар, ул лолаи бўстон қани?

Ҳар дамда ул ёр хандадир, юз мингта биздек бандадир,
Юз мурда, ҳайҳот, зиндадир… дард биздаю, дармон қани?

Деларки, ғамни тарк қил-эй, тадбиру имкон дарк қил-эй,
Риндларни энди фард қил-эй! Девонага дармон қани?

Чун истади ризқу тараб, сув ичди Хизр-у, ювди лаб,
Искандар ул, қилгай талаб, то чашмаи ҳайвон қани?

Дер эрди менга ҳар замон: “жондан тополмассан омон”,
Фармонга муҳтождир бу жон, ул ёри бефармон қани?

“Измингдадир, – дедим – таним, бул бори жони равшаним!”
Айтдингки: “Балли, бул маним!” Сен бул эсанг, ул жон қани?

Дединг: “Сабрни пеша қил, мискинлигинг андеша қил,
Мен бу – ўзингга хеш бил!” Майли, лекин… жонон қани?

Ойлар ўтиб келганда моҳ, бизлар томон тушганда роҳ,
Киприк учинда гоҳи гоҳ ул тафтиши пинҳон қани?

Бирга эдик-ку ҳар замон, ишқинг ила топдим омон,
Мен Хусравингман-ку ҳамон, ул аҳд қани, паймон қани?

ҒАЗАЛ (5.)

Оромни топмас жон букун, ороми жоним қайдадир?
Ҳажрим—нишони фитнадир, фитнанишоним қайдадир?

Келди баҳори мушкдам, савсан ўсибдир, лола ҳам,
Саҳрога берди сабза нам, сарви равоним қайдадир?

Йиғлаб, вужудим бўлди сил, бўлдим-ку дўстлардин хижил,
Жонни жаҳондин тортди дил, жону жаҳоним қайдадир?

Ғамдин кетибдир ҳурлигим, бепардадир мастурлигим,
Аччиқ бу Ишқ маҳрурлиги, шаккарфишоним қайдадир?

Шахсим заифу кўзда нам, дармон беролмас ул санам—
Ул худ муҳайё бўлса ҳам… Лоғармиёним қайдадир?

Дил ҳам жигар ҳам куйди-ку, кўз ёшда қонни туйди-ку,
Май ҳам кабобни қўйди у… ул меҳ(и)моним қайдадир?

Дил дейди: “Унга тўлдим-эй, ҳар лаҳза-они бўлдим-эй,”
Дил лаҳза-они бўлса гар, ул лаҳза-оним қайдадир?

Жабр этса-да номеҳрибон, сабр айладим, тутдим ниҳон,
Номимни тутмас чун ҳамон, ул безабоним қайдадир?

Жоним у ёрга етди-ку, Хусравни дил тарк этди-ку,
Бедиллигин дарк этди у… лекин у жоним қайдадир?

ҒАЗАЛ (6.)

Кўрмадим мен сен каби бир дилбарим,
Саркашим, ошиқкушим, ғоратгарим!

Сендин ул шаклу шамойил – оламе,
Сендин ул ўқлар… ва дилга лашкаринг!

Чеҳрасин ул офтоб пинҳон тутар,
Зоҳир ўлса бомдодда мазҳаринг!

Пойинг узра бош қўюрман ушбу дам,
То ҳануз йўқ эрса яхши ҳамсаринг!

Рўзгорим ичра қайдин тушдинг-эй,
Сен каби сангиндил, эй кофарим?

Қўлни қўй-да сийнам узра, қил назар:
Қопламиш оташни ул хокистарим.*

Кеча-кундуз кўзларим тўрт ёндадир,
Ногаҳон келгаймикин деб дилбарим!

Сабру бардош мосуво қилгай мени
Ўзга бирла келсанг, эй афсунгарим!

Кимки кўрса Хусравинг қон ашкини,
Тик турар ҳар тук баданда—наштари!..

—-
*Хокистар – кул.

ҒАЗАЛ (7.)

Оним ичра ишқ эсанг, ул он ўзинг,
Ширин эрсанг жон қадар, ул жон ўзинг.

Зажринг ичра шаҳри дил вайрон эрур,
Майли вайрон айлагил… султон ўзинг.

Жони қаттиқ сенмисан деб ранжима,
Жоним ичра кирган ул пинҳон ўзинг.

Шодмен куйса кабобдек бул жигар,
Узрими қилгил қабул, меҳмон ўзинг!

Ул балою фитнада қолмоқ – маҳол,
Торт ўзингни, чунки чун ихвон ўзинг.

Дилни куйдирдинг басе, бунёд қил,
Чунки дилга соҳиби фармон ўзинг!

Дарди Хусрав ҳар замон бўлгай фузун,
Кимдин излай айб? чун дармон Ўзинг!

ҒАЗАЛ (8.)

Ёр дилим ичра чу жон ўлтурғуси,
Сийнам ичра ул ниҳон ўлтурғуси.

Бошим узра тўғри қилди ўқларин,
Жон ҳамон унга нишон… ўлтурғуси.

Истамасмен кетмагин жонимни ҳеч,
Кетса жоним, ёр қаён ўлтурғуси?

Лабларимга келди жон… оҳ, чиқмасин!
Тилда номинг бор… аён ўлтурғуси.

Ғарқ ўлиб, дод солдим ул ишқ баҳрида,
Ёр кулиб, қирғоқда жон ўлтурғуси.

Сен йироқ тутма бу хоки зорни,
Гард ютиб ул остон ўлтурғуси.

Эшигимда кутгай ул ошиқкушим*,
Хусрави таслим ҳамон ўлтурғуси…

—-
*Ошиқкуш – ошиқни ўлдиргувчи.

ҒАЗАЛ (9.)

Ошиғи девонаман, силсилаи ул ёр қани?
Дил бу ҳижрон бирла куйди, шарбати дийдор қани?

Гар гулистон хуш эрур ҳам бу чаман дилкаш эрур,
Барчасин кўрдим, валек ул ёри гулрухсор қани?

Бул кеча ҳар аҳли ишқ афгор кўнгилдан тўкди ғам,
Сўрдилар дард ичра: “ёҳу, қайда, дил афгор қани?”

Бутпараст нафсим маним мавтимга бурҳон бўлғуси,
Қайда ул ҳоким… яна фатво қани, ул дор қани?

Ишқ даъво айладим… бас, жоними олди бу Ишқ,
Дўст жон олғувчидир, ул дўст қани, ул ёр қани?

Кўзларим ризқин тўсар, ваҳ, ҳар маҳал баржаста ҳусн,
Дийдаи бедор бор-у, лек давлати бедор қани?

Дардими тингларға тоқат топди-ку дилдор, вале
Хусрави бечорада ул тоқати гуфтор* қани?

——
*Гуфтор – сўзлашиш.

ҒАЗАЛ (10.)

Шавқдин қилдим тўнимни поралар,
Дарди ошиқликка топмай чоралар.

Бош кўтарса гирибонинг* узра Ой,
Доманимга тўкилур исторалар.*

Бир нафас кўксимни сен тарк этмадинг,
Гарчи сийнам бўлди юз минг поралар.

Дейди ул Ой: “ҳажрим ичра айла сабр,”
Мен-чи, қилгайман сабр минг боралар…

Ташнадирман, сен ўзинг – оби ҳаёт,
Қилдим оғушингга ол деб зоралар.

Қатра топсам ул ҳусннинг васлидан,
Неча риндни айлагум майхоралар!

Айласанг жабр Хусравинг кўксига гар,
Ўзга кўздин қилгамен наззоралар.

Қон эди, лек, воажаб, жабринг билан
Дилга ташбеҳ бўлди санги хоралар*…

——
*Гирибон – ёқа.
*Истора – ситора, юлдуз.
*Санги хора – қаттиқ (тарошланмаган) тош.

ҒАЗАЛ (11.)

Маним нозикмиёним қолди қайда?
Дилим кетди… ва жоним қолди қайда?

Кўзимдин ёш эмас, қонлар оқибдир,
Ўшал сарви равоним қолди қайда?

Ғаму дарду ғариблик сўрма мендин,
Букун бехонумоним қолди қайда?

Ҳалоки жоними билгай ўшал пир,
Десин, дилбар жавоним қолди қайда?

Букун қушлар битик овозда сайрар,
Навосоз бўстоним қолди қайда?

Номин изланг тилимдан бошдин охир,
Дил-эй, ул безабоним қолди қайда?

Бу кеч ёдин сўра Хусравдин, эй бод,
Эшикда… посбоним қолди қайда?

ҒАЗАЛ (12.)

Маним наздимдаги сенму ё у парвин,* билолмасман,
Қадр оқшомидир бул кеч… бу кеч қадрин билолмасман.

“Кириб боққа, дилим севган гулим келтир” дединг, эй ёр,
Кўриб ҳуснинг эсим оғди… гулу насрин билолмасман.

Сенинг лаззатли ёдинг бу, чунон дийдамга ўлтирмиш,
Бу завқ ичра на ул аччиқ, на ул ширин? Билолмасман.

Ғариб ақлимга дедимки: “бу ошиқлик сирин айтгил,
Ақл дейди: “бу юрт расмин мани мискин билолмасман.”

Савол сўрдингки: “эй Хусрав, сенинг наздингда кимдирман?”
Таҳайюрга чўмиб, ҳайҳот, бу сўз шарҳин билолмасман.

——-
*Парвин – Сурайё юлдузи.

ҒАЗАЛ (13.)

Ҳар кеча сийнам аро тийри бало ўтгувсидир,
Кимса билмас, дил билан не мубтало ўтгувсидир.

Дил агар тош бўлса ҳам оташга тоқат қилмагай,
Битта ғамза бирла дилда минг сало ўтгувсидир.

Гар жафо қилса у шўх ёримга монеъ бўлмангиз,
Неча андоз бирла бўлсин ул жафо ўтгувсидир.

Бир умр ошиқ учун наззорани кутмоқ ҳузур,
Кечалар зорлангаю, тонглар дуо ўтгувсидир.

Тонгда, ё Раб, ул насимнинг бунча хушдир бўйлари?
Ё бу бодга қўшилиб зулфи дуто ўтгувсидир.

Сен нечук қуш, куймадинг, воҳ? холбуки, дил ўтидан
Куйди ҳар қуш… учсалар, куйган ҳаво ўтгувсидир.

Хусраво, ул ёрнинг андешасидин кеч букун,
Мавсуми фитнаву айёми бало ўтгувсидир…

ҒАЗАЛ (14.)

Сабо гарде сўрар зулфи дутодин*
Ва сўрди ҳар тараф мушки Хитодин.

Ёқамни чок қилурман мисли гулдай,
Ҳама сўргай сиришкимни сабодин.

Матои ақлу жону дил куйибдир,
Бу ўт тушмиш жонимга қай хатодин?

Сен ул зулфингни торин банд-банд эт,
Ва ҳар бандинг талаб қилгай жудодин.

Умидим – қутқарай жонни ҳусндан,
Қутулмасман лекин хатти балодин.

Букун биз ва лаби лаъл ҳам хати сабз
Ки тақвога далил сўрмиш риёдин.

Чу Хусрав ашкидин унди гиёҳлар…
Томошага келинг, дўстлар, бу ёндин!

ҒАЗАЛ (15.)

Бўйинг ичра неча барги ёсумин келгай чиқиб,
Жисминг ичра, кўрки, неча нозанин келгай чиқиб!

Кўзларингда заҳролуд ўқ айлагай жонимга қасд,
Чун аридек ногаҳон… хавфи камин келгай чиқиб.

Қолди хуршид ер аро… Сен юзларинг ёпган маҳал,
Офтоб тимсолида нури замин келгай чиқиб.

Чун асалдек лабларингдан тишласам мен ногаҳон,
Оқмагай қон, ҳайрато, шаҳд – ангубин* келгай чиқиб.

Интизорлик ичра Хусрав кўзларинда – сувратинг,
Келмасанг гар кўзларим чун ҳамнишин келгай чиқиб…

——
Ангубин – асал.

ҒАЗАЛ (16.)

Ғубори мушк эсибдир, воҳ, билолмамки, не боддир бу?
Миниб маркаб келур ул ёр, жиҳодми ё фасоддир бу?

Кўриб зулфин чу минг мазлум чекар фаёд, чекар фарёд,
Билолмам риштаи зулм ул… ё занжири доддир бу?

Ҳама дилга чу ихвонларни ёдидин нишот келгай,
Маним бул дам чиқар жоним, билолмасман на ёддир бу?

Агар пойига йиғлаб халқ бошин қўйса, на номусдир?
Бу аъмоли била, ҳайҳот, чу тифли хоназоддир бу?

Дилим, дармон тополмассан… тахайюлимданам аввал –
Агар жой берсанг ул ёрга, демасманки, фасоддир бу.

Кунинг кечди букун ҳам ёр саломига етолмасдан,
Кечанг хуш кечсин-эй, Хусрав, ки вақти хайрбоддир бу…

ҒАЗАЛ (17.)

Яшнагил-эй, сарви равон, сен боғи ризвондан гўзал,
Ўлдирдинг-эй ошиқларинг!.. чунки ўзинг жондан гўзал!

Ҳушёрлигинг – маҳвашлигинг, саркашлигинг – дилкашлигин,
Сочинг тараб… дилхушлигинг “туррапаришон”дан* гўзал!

Чавгонларинг кўргай ҳама: жонларни қилгайдир “қамал”,
Бошларни “қилгувчи тамаъ” зарбинг чу чавгондан гўзал!

Сен бирла хуш бўлгай чаман – ул сарву насрину суман,
Кўрдим, сенинг рухинг бу шаън барча гулистондан гўзал!

Кўрсам, шошиб қолгай шуур, ошгай яна дилда сурур,
Ичсам дедим… тутдингми нур ул оби ҳайвондан гўзал?

Ҳолимни бир дам сўргил-эй, қалбим аро ўлтиргил-эй,
Чорсўларимни кўргил-эй, саккизта ризвондан гўзал!

Кўнглимда бу дардим – қавий, бер марҳаминг янги навин,
Дармон кутибдир Хусравинг… Сен мингта дармондан гўзал!

——
“Туррапаришон” – паришон (тўзғиган) зулф.

ҒАЗАЛ (18.)
Азалдан хандаи ширин қилибсан,
Ошиқкушлик учун оин қилибсан!

Жафо қилгай менга ҳар дам замона,
Балойи ишқ бериб… тамкин қилибсан.

Ўпич сўрсам, саволим рад қилолмай,
Тамаъни дил аро ширин қилибсан.

Сенга дилни берибман, лек жойин
Анинг “гесўи мушкоин” қилибсан.

Бу дилдан ғам тиконин тергил-эй, ёр,
Мани чунки яна ғамгин қилибсан!

Мен аҳли ишқ эмас эрдим, валекин
Магасни сен букун шоҳин қилибсан!

Сани севмак маним-чун можародир:
Чунончи бедилу бедин қилибсан!

Бериб дийдам аро ҳуснинг тажаллий,
Бу жоним ҳолини рангин қилибсан.

Демасман бад сани, эй Ишқ, ҳаргиз,
Чу қасди Хусрави мискин қилибсан!..

ҒАЗАЛ (19.)

Томошагоҳи жон бўлди хаёлинг,
Таманногоҳи дилдир зулфи холинг.

Йиқилгаймен мисоли қуръайи фол,
Кўрурсам талъати фархундафолинг.

Маним кўзим қилибсан далв ойингдек,
Бўлибдир офтобим чун вуболинг.

Қошинг қоқиб… буюрдинг бисмилимга,
Муборак бўлди менга бу жамолинг!

На жон лабдин келур ичга, на чиққай,
Бало бўлди бу ишқи пурхаёлинг!

Қонимни хуш кўриб, майдек ичарсан,
Агар нанг бермаса саҳбо – сафолинг!

Чу ҳолимдир паришон сенсизин, оҳ,
На кечгай, Хусрав-о, охир бу ҳолинг?..

ҒАЗАЛ (20.)

Дилни жамлаб олғучи – зулфи паришонингми бу?
Ёки хуш ўлдирғучи – наргиси ғалтонингми бу?

Келдию сарви хиромон жонимиз забт этгали,
Жон билан кетгай яна… сарви хиромонингми бу?

Дейди: тез ўлдирганинг кечки пушаймонингми бу?

Ўлдирар бўлсанг мани, ғамдан хижолат чекмагил,
Не қилай, хосияти хуни мусулмонингми бу?

Мен, дилинг куйдирганин айтсам, куларсан, эй нигор,
Ёки куйган кўнглима туздон – намакдонингми бу?

Ҳар кеча жоним маним ғамга мубаддал бўлди-ку!
Оқибат ғам бирла кетган ошиғи жонингми бу?

Тийғи ишқингми мубоҳат, келди бу бошим уза,
Бош эгиб таслим бўлиш… Хусравга фармонингми бу?

ҒАЗАЛ (21.)

Сабо келди… ошиққа дил кўринмас,
Ғарибларга маъоб-манзил кўринмас.

Чу дарёга бўлибдир ғарқ сабр ҳам:
У ён кема, бу ён соҳил… кўринмас.

Кўнгиллар кетдилар маҳмилнишинда,
Ва жон кетди… лекин маҳмил кўринмас.

Насиҳат қилмангиз, бу дил адодир,
Асотирлар аро бу дил кўринмас.

Маним ишқимда мустағриқ ўтингиз,
Букун майхонада оқил кўринмас.

Бегонадин кеч энди, зулфи Лайли,
Ки Мажнунда у салосил кўринмас.

Насиҳатни тирикларга қилингиз,
Бу афсунлар аро бисмил кўринмас.

Йўқолди Хусравинг ғамгин дайрда,
Бу йўлларким… анга мушкил кўринмас!

ҒАЗАЛ (22.)

Дилда савдоинг ила авжидадир бозори Ишқ,
Марҳами жон лабларинг ёди… гаҳи озори Ишқ.

Кеча ўтдинг аҳли ишқинг кўйидан ғамзанг ила,
Ўзгалар бисмил эрурлар, мен эсам мурдори Ишқ!..

Мен – сенинг назринг, агар ўлсам, солурсан бир назар,
Кўрки, мендек неча жонни ўлдирар бозори Ишқ.

Ханжаринг бўйнимга қўй, қарзимни то айлай адо,
Қарзи маъшуқдир сўрар бисмил букун айёри Ишқ.

Мен дуойингдан эмасман некбахт, эй зоҳид-о,
Мен каби бадбахт эсанг, бўлгай муяссар бори Ишқ.

Кимниким бедорлиги уйқуда шоҳид бирладир,
Шоҳид улдир ҳақ эса, ҳам бул каби бедори Ишқ.

Хусрав-о, жон-дил билан ҳам сўзлама ёр қиссасин,
Чунки номаҳрам учун сўйланмагай асрори Ишқ.

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим таржималари

АМИР ХУСРАВ ДЕҲЛАВИЙ
РУБОИЙЛАР
01

09Шайх Саъдий шоир  Амир Хусрав Деҳлавий ҳақида гапириб: «Хар кимса у дунёда бир нарса билан фахрланиши керак. Мен ана шу туркнинг кўксидаги куюги билан фахрланаман», — деган экан…
Хусрав Деҳлавий 1253 йилда Ҳиндистон шимолдаги Патёли шаҳрида, шаҳрисабзлик Амир Сайфуддин Муҳаммад оиласида дунёга келди. Асли туркий лочин уруғидан бўлган бу хонадон мўғуллар босқини даврида Ҳиндистонга кўчиб, шу ерда турғун бўлиб қолган эди.
Амир Хусравдан буюк адабий мерос қолди: беш достондан иборат «Хамса», «Дувалрони ва Хизрхон», «Нўҳ синеҳр», «Тўғлиқнома» асарлари шулар жумласидандир. Унинг қаламига мансуб минглаб ғазал ва рубоийлар нафақат форс, нафақат шарқ адабиётининг кўрки, балки жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига киради.Миллатимизга мансублиги биз ўзбекларга ҳам фахрдир.
Хусрав Деҳлавий 1325 йилда вафот этди. Орадан салкам етти аср ўтди. Унинг асарлари дунёга таралиб, ҳамон севиб ўқилмокда, қабри халқ зиёратгоҳидир.
Амир Хусрав рубоийларида унинг кўксидаги куюги — оташин қалби акс этган.

01

1

Эй сарви чаман, жилвагари бўстон бўл,
Эй боди сабо, чаманда кез, сайрон бўл.
Эй гул, сабр айлаки, наргис мастдир,
Гул пардаси ичра бир нафас пинҳон бўл.

2

Жонона, шу лабларинг менга таскиндир,
Бир бўса тилармен, ошиғинг — мискиндир.
Дедингки, бу гапни қўй, лабимда туз кўп,
Ҳай, шўр демагил, шўр деганинг — шириндир…

3

Эй таъмаю ҳирс агарчи дохил сенга,
Тупроқ эмиш охири манзил сенга…
Тупроқни наъмунчалар безайсен, эй дўст?
Тупроқ бўладир бир куни ҳосил сенга…

4

Сендин нечаким жабру жафо кўргаймен,
Мен барчасига ўзни ризо кўргаймен.
Кўнгил борича мен сени кўрсам дейман,
Нур етганича кўзимда то, кўргаймен….

5

Кулсанг, санамо, нозли кўзинг ноз этгай,
Гул икки юзингда ўзни оғоз этгай
Гар ғунча лабингдин сўз тилар эрса, санам,
Гул-гул очилиб, ўзини пардоз этгай…

6

Дедимки, лабингда кўп шакарлар бордир.
Дедингки, кўзингда кўп гуҳарлар бордир.
Дедимки, фақирмен, дедингки, бас қил,
Юзингдин аён бўлдики, зарлар бордир…

7

Ишқинг мени ошуфтаи ҳайрон қилди,
Ақлимни олиб, бесару сомон қилди.
Ҳар нечаки сўйласам, ғамим кам бўлмас,
Ювган билан кетмади бу доғ, қон қилди…

8

Жонон, ичавер, айши мудоминг бўлсин,
Қоним тўкавер, бодаи жоминг бўлсин.
Май сенга ҳалол змиш, нигоро, лекин
Менсиз уни ҳўпласанг, ҳароминг бўлсин.

9

Эй ёр, асиру мубталомен сенсиз,
Шу бори жаҳондин ҳам жудомен сенсиз.
Менсиз не этарсан? — дея бир сўрамассен,
Қилмасман ўзимки, вой, нетомен сенсиз.

10

Жонон, ки жафойинг била гар ўлгаймен,
Амринг ва ризойинг била гар ўлгаймен.
Меҳринг била боз ўзимга жон топгаймен,
Жоним тўла меҳринг била боз бўлгаймен.

11

Чун шоми намоз бўлдию ёрим кетди,
Ҳижронзада қушману баҳорим кетди.
Ғам ичра нетайки, дили зорим кетди,
Тун ичра қолиб, сабру қарорим кетди…

12

Хўблар сари бошлагунчи йўл — роҳимдир,
Жону дилу кўз ҳамиша бадхоҳимдир.
Йўқ кимсаки, ҳолимни кўриб, ўртангай,
Ўртангучи бўлса, шу фақат оҳимдир…

13

Жоним, санамо, сидқу вафойингга фидо,
Бошим ҳаваси саждаи пойингга фидо.
Ўз ҳою ҳавоси била юргай ҳар гул,
Иллоки, дилим ҳою ҳавойингга фидо…

14

Йўқ, кўз деманг, ул фитнаи оламни кўринг,
Йўқ, соч деманг, ҳар ёнга сочилганни кўринг.
Ул дамки итоб этиб, ниқобин очса,
Вой, қош деманг, ул камони Рустамни кўринг…

15

Лаълинг каби, ёр, ғунчаи хандон йўқ,
Юзинг каби гул? Чаманда ул чандон йўқ.
Лаб тишлар эмиш лабингни кўрган писта,
Аммо на иложки, оғзида дандон йўқ…

16

Ул сарвки, сайр этарда шод ўлмишдир,
Дил эргашиб унга, номурод ўлмишдир.
Кўйнигда ғубор бўлиб таралган жоним
Охирда шамолу гирдибод ўлмишдир…

17

Бир кеча висолинг, санамим, ёр бўлгай,
Лаълинг дағи бир маҳрами асрор ўлгай.
Кўзимни сурай дейман оёғингга, вале,
Кўзим ёши бирла пойинг афгор ўлгай…

18

Ҳажр ичра мудом муниси ёрсен, эй ғам,
Бас, менга не ғамки, ғамгузорсен, эй ғам.
Кўнглимда макон тутибсен, эй, инсоф қил,
Ҳар нечаки бор эдинг ва борсен, эй ғам…

19

Ҳасратга кўмилганим муборак бўлсин,
Заҳматзада бўлганим муборак бўлсин.
Бир бора кўролмадим юзингни, эй ёр,
Кўйингда шу ўлганим муборак бўлсин…

20

Айёму висолу мавсуми дилдорлик —
Кечди бари, қолди менга шу ғамхорлик.
Тунларки санам васли-ла уйғоқ эрдим,
Туш эрди магар, аслидачи — бедорлик…

21

Дедим, кечаси қошима кел, кенглик қил,
Дедики, фиғону нолани энлик қил.
Дедимки, жафойинг била бир оҳ ургум.
Деди: бир эмас, менга деса, эллик қил…

22

Не зар тиланиб, сийнаси оташдирмиз.
Не таъна била кўнгли мушаввашдирмиз.
Бир бурда қуруқ нон била сув, тинч гўша.
Ё Раб, бу тириклик била биз хушдирмиз…

23

Эй тан, қаро ер масканинг бўлгусидир,
Ул чоғда кафан пироҳанинг бўлгусидир.
Дедингки, кейин уйим қоронғу гўрми?
Шошилмаки, унда равшанинг бўлгусидир.

24

Айёми бақога боқ, чунон ўтгусидир,
Сўнгсиз ғаму ранж ила равон ўтгусидир.
Ўтгувчи бирор дамга нажот йўқ, умр —
Афсуски, ўтарда ройгон ўтгусидир.

25

Навруз кечибон, ғунчага юз ноз келгай,
Гул чеҳрасига ишваю пардоз келгай.
Наврўз кетаркан — ўзидин кетгай гул,
Наврўз келаркан — ўзига боз келгай…

26

Кўйинг сари ҳар сафар келармен, роҳ йўқ,
Куйсам дағи ўртаниб, менга огоҳ йўқ.
Васлингни тилаб йироқда юз йил юрсам,
Сўнг бори унутсам сени? Йўқ, валлоҳ, йўқ…

27

Ҳар неки буюрса ёр, қилиб, кетгаймиз,
Юз нолаи зор қилиб, кейин кетгаймиз.
Хуш келмагай ҳеч ўзгача хизмат бизга,
Шу жонни нисор қилиб, кейин кетгаймиз…

28

Жоно, гаҳи боғу бўстондир, кўргил.
Вақти гулу вақти арғувондир, кўргил.
Гул деб нега сен қўлинг очарсан, эй жон,
Қўл очки, қўлингда гул ҳамондир, кўргил.

29

Маъшуқки лабин тилаб бу жон овора,
Васлига етолмайин кўнгил бечора.
Кўрдимки, лаби ёрилмиш эркан, сўрдим,
Кулдию жавоб айлади: шаккархора…

30

Йўқ йўқ, наинки дин учун ўлгаймен,
Ўлсам, ўша нозанин учун ўлгаймен.
Дедингки, фақирлик била умринг ўтди,
Айб айлама, ёр, мен чунин ўлгаймен…

Жамол Камол таржималари

  Amir Xusrav Dehlaviy vafotidan buyon salkam yetti asr o‘tdi. Uning asarlari dunyoga taralib, hamon sevib o‘qilmokda, qabri xalq ziyoratgohidir. Shayx Sa’diy shoir Amir Xusrav Dehlaviy haqida gapirib: «Xar kimsa u dunyoda bir narsa bilan faxrlanishi kerak. Men ana shu turkning ko‘ksidagi kuyugi bilan faxrlanaman», — degan ekan… Amir Xusrav g‘azallarida uning ko‘ksidagi kuyugi — otashin qalbi aks etgan.

MIR XUSRAV DЕHLAVIY
G‘AZALLARIDAN NAMUNALAR
007

getImage.jpg Xusrav Dehlaviy 1253 yilda Hindiston shimoldagi Patyoli shahrida, shahrisabzlik Amir Sayfuddin Muhammad oilasida dunyoga keldi. Asli turkiy lochin urug‘idan bo‘lgan bu xonadon mo‘g‘ullar bosqini davrida Hindistonga ko‘chib, shu yerda turg‘un bo‘lib qolgan edi.

Mir (Amir) Xusravdan buyuk adabiy meros qoldi: besh dostondan iborat «Xamsa», «Duvalroni va Xizrxon», «No‘h sinehr», «To‘g‘liqnoma» asarlari shular jumlasidandir. Uning qalamiga mansub minglab g‘azal va ruboiylar nafaqat fors, nafaqat sharq adabiyotining ko‘rki, balki jahon adabiyoti durdonalari sirasiga kiradi.Millatimizga mansubligi biz o‘zbeklarga ham faxrdir.

Xusrav Dehlaviy 1325 yilda vafot etdi. Oradan salkam yetti asr o‘tdi. Uning asarlari dunyoga taralib, hamon sevib o‘qilmokda, qabri xalq ziyoratgohidir.
Amir Xusrav ruboiylarida uning ko‘ksidagi kuyugi — otashin qalbi aks etgan.

007

G‘AZAL (1.)

Ey nasimi subhidam, yorim qani?
O‘tdi haddin g‘am… u g‘amxorim qani?

Ko‘zlarimga uyqu kelmas kechalar,
Ul charog‘i chashmi bedorim qani?

Dedi do‘st: “Oshufta bo‘lgil, zor bo‘l!”
Do‘stlar, oshuftavu zorim qani?

Bir dame osudabo‘lmam dastidan,
Yorab, ul osuda hamkorim qani?

Nazdida ifsho qilay holimni man,
Nola qilsin, Xusravi zorim qani?

G‘AZAL (2.)

Ishq jonim birla bu tandan burun ketmoqdadir,
Sezdirib-sezdirmayin aylab fusun ketmoqdadir.

Dil giriftoru jigar xasta, bu tan ham zordir,
Tan zaif erdi… u ham emdi bukun ketmoqdadir.

Eshiging ostida kutdim bedilu bexud bo‘lib,
Jon ramaqqa yetdiyu, bo‘lmas zabun… ketmoqdadir.

Ko‘zlarim yo‘lingda to‘rt bo‘ldi… bukun qaytmoqdasan,
Ko‘zlarimning ashki-la oluda xun ketmoqdadir!

Qon yutardim hajridin… bul kun kelib dil sathidan
Yorab, ul silsilai g‘oliyagun* ketmoqdadir!

Qancha dersan: “qil faromush hajrini, ey Xusrav-o!”
Oxir ul Oy tashlabon dilga junun ketmoqdadir!..

———
*Silsilai g‘oliyagun – uzluksiz mushkianbar (xush bo‘y) taratguvchi.

G‘AZAL (3.)

Jismimizdan jon kabi ketdingmi? Qaytgil boz zud,
Hajring ichra kuydim-ey, dil otashinda misli ud.

Oy yuzingning oldida o‘ltirg‘iz-ey misli sipand*,
Kuydiray o‘zni bu dam ham kuysin ul ko‘zda husud.

Ko‘r, bu rangim sarg‘ayibdir, qo‘rq dilimning ohidan,
O‘t solibsan jonima, yetmas senga otash va dud.

Behijob ko‘rdim bu jonning suvratin men zarravor,
Oftobi husni qalbim ravzasin ochganda xud.

Sevgimiz afsonasi o‘tdi-ku Qaysu Laylidin,
Xusravu Shirin kim ul? ham Vomiqu Uzro – unut.

Rindlik, devonalik, oshuftalikdir shaxsimiz,
Qissayu afsonamas, bul barchasi rostlik – shuhud*.

Ustuvordir hajru Ishq… Xusravga oning bori yuk,
Shul sabab qaddi duto, u shul sabab qilgay sujud…

———
*Sipand – isiriq.
*Shuhud – shohidning ko‘pligi. (Guvohlik beruvchi).

G‘AZAL (4.)

Gullar ochildi, bo‘ston, ul g‘unchai xandon qani?
Ayshin surarlar do‘stlar, ul lolai bo‘ston qani?

Har damda ul yor xandadir, yuz mingta bizdek bandadir,
Yuz murda, hayhot, zindadir… dard bizdayu, darmon qani?

Delarki, g‘amni tark qil-ey, tadbiru imkon dark qil-ey,
Rindlarni endi fard qil-ey! Devonaga darmon qani?

Chun istadi rizqu tarab, suv ichdi Xizr-u, yuvdi lab,
Iskandar ul, qilgay talab, to chashmai hayvon qani?

Der erdi menga har zamon: “jondan topolmassan omon”,
Farmonga muhtojdir bu jon, ul yori befarmon qani?

“Izmingdadir, – dedim – tanim, bul bori joni ravshanim!”
Aytdingki: “Balli, bul manim!” Sen bul esang, ul jon qani?

Deding: “Sabrni pesha qil, miskinliging andesha qil,
Men bu – o‘zingga xesh bil!” Mayli, lekin… jonon qani?

Oylar o‘tib kelganda moh, bizlar tomon tushganda roh,
Kiprik uchinda gohi goh ul taftishi pinhon qani?

Birga edik-ku har zamon, ishqing ila topdim omon,
Men Xusravingman-ku hamon, ul ahd qani, paymon qani?

G‘AZAL (5.)

Oromni topmas jon bukun, oromi jonim qaydadir?
Hajrim—nishoni fitnadir, fitnanishonim qaydadir?

Keldi bahori mushkdam, savsan o‘sibdir, lola ham,
Sahroga berdi sabza nam, sarvi ravonim qaydadir?

Yig‘lab, vujudim bo‘ldi sil, bo‘ldim-ku do‘stlardin xijil,
Jonni jahondin tortdi dil, jonu jahonim qaydadir?

G‘amdin ketibdir hurligim, bepardadir masturligim,
Achchiq bu Ishq mahrurligi, shakkarfishonim qaydadir?

Shaxsim zaifu ko‘zda nam, darmon berolmas ul sanam—
Ul xud muhayyo bo‘lsa ham… Log‘armiyonim qaydadir?

Dil ham jigar ham kuydi-ku, ko‘z yoshda qonni tuydi-ku,
May ham kabobni qo‘ydi u… ul meh(i)monim qaydadir?

Dil deydi: “Unga to‘ldim-ey, har lahza-oni bo‘ldim-ey,”
Dil lahza-oni bo‘lsa gar, ul lahza-onim qaydadir?

Jabr etsa-da nomehribon, sabr ayladim, tutdim nihon,
Nomimni tutmas chun hamon, ul bezabonim qaydadir?

Jonim u yorga yetdi-ku, Xusravni dil tark etdi-ku,
Bedilligin dark etdi u… lekin u jonim qaydadir?

G‘AZAL (6.)

Ko‘rmadim men sen kabi bir dilbarim,
Sarkashim, oshiqkushim, g‘oratgarim!

Sendin ul shaklu shamoyil – olame,
Sendin ul o‘qlar… va dilga lashkaring!

Chehrasin ul oftob pinhon tutar,
Zohir o‘lsa bomdodda mazharing!

Poying uzra bosh qo‘yurman ushbu dam,
To hanuz yo‘q ersa yaxshi hamsaring!

Ro‘zgorim ichra qaydin tushding-ey,
Sen kabi sangindil, ey kofarim?

Qo‘lni qo‘y-da siynam uzra, qil nazar:
Qoplamish otashni ul xokistarim.*

Kecha-kunduz ko‘zlarim to‘rt yondadir,
Nogahon kelgaymikin deb dilbarim!

Sabru bardosh mosuvo qilgay meni
O‘zga birla kelsang, ey afsungarim!

Kimki ko‘rsa Xusraving qon ashkini,
Tik turar har tuk badanda—nashtari!..

—-
*Xokistar – kul.

G‘AZAL (7.)

Onim ichra ishq esang, ul on o‘zing,
Shirin ersang jon qadar, ul jon o‘zing.

Zajring ichra shahri dil vayron erur,
Mayli vayron aylagil… sulton o‘zing.

Joni qattiq senmisan deb ranjima,
Jonim ichra kirgan ul pinhon o‘zing.

Shodmen kuysa kabobdek bul jigar,
Uzrimi qilgil qabul, mehmon o‘zing!

Ul baloyu fitnada qolmoq – mahol,
Tort o‘zingni, chunki chun ixvon o‘zing.

Dilni kuydirding base, bunyod qil,
Chunki dilga sohibi farmon o‘zing!

Dardi Xusrav har zamon bo‘lgay fuzun,
Kimdin izlay ayb? chun darmon O‘zing!

G‘AZAL (8.)

Yor dilim ichra chu jon o‘lturg‘usi,
Siynam ichra ul nihon o‘lturg‘usi.

Boshim uzra to‘g‘ri qildi o‘qlarin,
Jon hamon unga nishon… o‘lturg‘usi.

Istamasmen ketmagin jonimni hech,
Ketsa jonim, yor qayon o‘lturg‘usi?

Lablarimga keldi jon… oh, chiqmasin!
Tilda noming bor… ayon o‘lturg‘usi.

G‘arq o‘lib, dod soldim ul ishq bahrida,
Yor kulib, qirg‘oqda jon o‘lturg‘usi.

Sen yiroq tutma bu xoki zorni,
Gard yutib ul oston o‘lturg‘usi.

Eshigimda kutgay ul oshiqkushim*,
Xusravi taslim hamon o‘lturg‘usi…

—-
*Oshiqkush – oshiqni o‘ldirguvchi.

G‘AZAL (9.)

Oshig‘i devonaman, silsilai ul yor qani?
Dil bu hijron birla kuydi, sharbati diydor qani?

Gar guliston xush erur ham bu chaman dilkash erur,
Barchasin ko‘rdim, valek ul yori gulruxsor qani?

Bul kecha har ahli ishq afgor ko‘ngildan to‘kdi g‘am,
So‘rdilar dard ichra: “yohu, qayda, dil afgor qani?”

Butparast nafsim manim mavtimga burhon bo‘lg‘usi,
Qayda ul hokim… yana fatvo qani, ul dor qani?

Ishq da’vo ayladim… bas, jonimi oldi bu Ishq,
Do‘st jon olg‘uvchidir, ul do‘st qani, ul yor qani?

Ko‘zlarim rizqin to‘sar, vah, har mahal barjasta husn,
Diydai bedor bor-u, lek davlati bedor qani?

Dardimi tinglarg‘a toqat topdi-ku dildor, vale
Xusravi bechorada ul toqati guftor* qani?

——
*Guftor – so‘zlashish.

G‘AZAL (10.)

Shavqdin qildim to‘nimni poralar,
Dardi oshiqlikka topmay choralar.

Bosh ko‘tarsa giriboning* uzra Oy,
Domanimga to‘kilur istoralar.*

Bir nafas ko‘ksimni sen tark etmading,
Garchi siynam bo‘ldi yuz ming poralar.

Deydi ul Oy: “hajrim ichra ayla sabr,”
Men-chi, qilgayman sabr ming boralar…

Tashnadirman, sen o‘zing – obi hayot,
Qildim og‘ushingga ol deb zoralar.

Qatra topsam ul husnning vaslidan,
Necha rindni aylagum mayxoralar!

Aylasang jabr Xusraving ko‘ksiga gar,
O‘zga ko‘zdin qilgamen nazzoralar.

Qon edi, lek, voajab, jabring bilan
Dilga tashbeh bo‘ldi sangi xoralar*…

——
*Giribon – yoqa.
*Istora – sitora, yulduz.
*Sangi xora – qattiq (taroshlanmagan) tosh.

G‘AZAL (11.)

Manim nozikmiyonim qoldi qayda?
Dilim ketdi… va jonim qoldi qayda?

Ko‘zimdin yosh emas, qonlar oqibdir,
O‘shal sarvi ravonim qoldi qayda?

G‘amu dardu g‘ariblik so‘rma mendin,
Bukun bexonumonim qoldi qayda?

Haloki jonimi bilgay o‘shal pir,
Desin, dilbar javonim qoldi qayda?

Bukun qushlar bitik ovozda sayrar,
Navosoz bo‘stonim qoldi qayda?

Nomin izlang tilimdan boshdin oxir,
Dil-ey, ul bezabonim qoldi qayda?

Bu kech yodin so‘ra Xusravdin, ey bod,
Eshikda… posbonim qoldi qayda?

G‘AZAL (12.)

Manim nazdimdagi senmu yo u parvin,* bilolmasman,
Qadr oqshomidir bul kech… bu kech qadrin bilolmasman.

“Kirib boqqa, dilim sevgan gulim keltir” deding, ey yor,
Ko‘rib husning esim og‘di… gulu nasrin bilolmasman.

Sening lazzatli yoding bu, chunon diydamga o‘ltirmish,
Bu zavq ichra na ul achchiq, na ul shirin? Bilolmasman.

G‘arib aqlimga dedimki: “bu oshiqlik sirin aytgil,
Aql deydi: “bu yurt rasmin mani miskin bilolmasman.”

Savol so‘rdingki: “ey Xusrav, sening nazdingda kimdirman?”
Tahayyurga cho‘mib, hayhot, bu so‘z sharhin bilolmasman.

——-
*Parvin – Surayyo yulduzi.

G‘AZAL (13.)

Har kecha siynam aro tiyri balo o‘tguvsidir,
Kimsa bilmas, dil bilan ne mubtalo o‘tguvsidir.

Dil agar tosh bo‘lsa ham otashga toqat qilmagay,
Bitta g‘amza birla dilda ming salo o‘tguvsidir.

Gar jafo qilsa u sho‘x yorimga mone’ bo‘lmangiz,
Necha andoz birla bo‘lsin ul jafo o‘tguvsidir.

Bir umr oshiq uchun nazzorani kutmoq huzur,
Kechalar zorlangayu, tonglar duo o‘tguvsidir.

Tongda, yo Rab, ul nasimning buncha xushdir bo‘ylari?
Yo bu bodga qo‘shilib zulfi duto o‘tguvsidir.

Sen nechuk qush, kuymading, voh? xolbuki, dil o‘tidan
Kuydi har qush… uchsalar, kuygan havo o‘tguvsidir.

Xusravo, ul yorning andeshasidin kech bukun,
Mavsumi fitnavu ayyomi balo o‘tguvsidir…

G‘AZAL (14.)

Sabo garde so‘rar zulfi dutodin*
Va so‘rdi har taraf mushki Xitodin.

Yoqamni chok qilurman misli gulday,
Hama so‘rgay sirishkimni sabodin.

Matoi aqlu jonu dil kuyibdir,
Bu o‘t tushmish jonimga qay xatodin?

Sen ul zulfingni torin band-band et,
Va har banding talab qilgay judodin.

Umidim – qutqaray jonni husndan,
Qutulmasman lekin xatti balodin.

Bukun biz va labi la’l ham xati sabz
Ki taqvoga dalil so‘rmish riyodin.

Chu Xusrav ashkidin undi giyohlar…
Tomoshaga keling, do‘stlar, bu yondin!

G‘AZAL (15.)

Bo‘ying ichra necha bargi yosumin kelgay chiqib,
Jisming ichra, ko‘rki, necha nozanin kelgay chiqib!

Ko‘zlaringda zahrolud o‘q aylagay jonimga qasd,
Chun aridek nogahon… xavfi kamin kelgay chiqib.

Qoldi xurshid yer aro… Sen yuzlaring yopgan mahal,
Oftob timsolida nuri zamin kelgay chiqib.

Chun asaldek lablaringdan tishlasam men nogahon,
Oqmagay qon, hayrato, shahd – angubin* kelgay chiqib.

Intizorlik ichra Xusrav ko‘zlarinda – suvrating,
Kelmasang gar ko‘zlarim chun hamnishin kelgay chiqib…

——
Angubin – asal.

G‘AZAL (16.)

G‘ubori mushk esibdir, voh, bilolmamki, ne boddir bu?
Minib markab kelur ul yor, jihodmi yo fasoddir bu?

Ko‘rib zulfin chu ming mazlum chekar fayod, chekar faryod,
Bilolmam rishtai zulm ul… yo zanjiri doddir bu?

Hama dilga chu ixvonlarni yodidin nishot kelgay,
Manim bul dam chiqar jonim, bilolmasman na yoddir bu?

Agar poyiga yig‘lab xalq boshin qo‘ysa, na nomusdir?
Bu a’moli bila, hayhot, chu tifli xonazoddir bu?

Dilim, darmon topolmassan… taxayyulimdanam avval –
Agar joy bersang ul yorga, demasmanki, fasoddir bu.

Kuning kechdi bukun ham yor salomiga yetolmasdan,
Kechang xush kechsin-ey, Xusrav, ki vaqti xayrboddir bu…

G‘AZAL (17.)

Yashnagil-ey, sarvi ravon, sen bog‘i rizvondan go‘zal,
O‘ldirding-ey oshiqlaring!.. chunki o‘zing jondan go‘zal!

Hushyorliging – mahvashliging, sarkashliging – dilkashligin,
Soching tarab… dilxushliging “turraparishon”dan* go‘zal!

Chavgonlaring ko‘rgay hama: jonlarni qilgaydir “qamal”,
Boshlarni “qilguvchi tama’” zarbing chu chavgondan go‘zal!

Sen birla xush bo‘lgay chaman – ul sarvu nasrinu suman,
Ko‘rdim, sening ruxing bu sha’n barcha gulistondan go‘zal!

Ko‘rsam, shoshib qolgay shuur, oshgay yana dilda surur,
Ichsam dedim… tutdingmi nur ul obi hayvondan go‘zal?

Holimni bir dam so‘rgil-ey, qalbim aro o‘ltirgil-ey,
Chorso‘larimni ko‘rgil-ey, sakkizta rizvondan go‘zal!

Ko‘nglimda bu dardim – qaviy, ber marhaming yangi navin,
Darmon kutibdir Xusraving… Sen mingta darmondan go‘zal!

——
“Turraparishon” – parishon (to‘zg‘igan) zulf.

G‘AZAL (18.)
Azaldan xandai shirin qilibsan,
Oshiqkushlik uchun oin qilibsan!

Jafo qilgay menga har dam zamona,
Baloyi ishq berib… tamkin qilibsan.

O‘pich so‘rsam, savolim rad qilolmay,
Tama’ni dil aro shirin qilibsan.

Senga dilni beribman, lek joyin
Aning “geso‘i mushkoin” qilibsan.

Bu dildan g‘am tikonin tergil-ey, yor,
Mani chunki yana g‘amgin qilibsan!

Men ahli ishq emas erdim, valekin
Magasni sen bukun shohin qilibsan!

Sani sevmak manim-chun mojarodir:
Chunonchi bedilu bedin qilibsan!

Berib diydam aro husning tajalliy,
Bu jonim holini rangin qilibsan.

Demasman bad sani, ey Ishq, hargiz,
Chu qasdi Xusravi miskin qilibsan!..

G‘AZAL (19.)

Tomoshagohi jon bo‘ldi xayoling,
Tamannogohi dildir zulfi xoling.

Yiqilgaymen misoli qur’ayi fol,
Ko‘rursam tal’ati farxundafoling.

Manim ko‘zim qilibsan dalv oyingdek,
Bo‘libdir oftobim chun vuboling.

Qoshing qoqib… buyurding bismilimga,
Muborak bo‘ldi menga bu jamoling!

Na jon labdin kelur ichga, na chiqqay,
Balo bo‘ldi bu ishqi purxayoling!

Qonimni xush ko‘rib, maydek icharsan,
Agar nang bermasa sahbo – safoling!

Chu holimdir parishon sensizin, oh,
Na kechgay, Xusrav-o, oxir bu holing?..

G‘AZAL (20.)

Dilni jamlab olg‘uchi – zulfi parishoningmi bu?
Yoki xush o‘ldirg‘uchi – nargisi g‘altoningmi bu?

Keldiyu sarvi xiromon jonimiz zabt etgali,
Jon bilan ketgay yana… sarvi xiromoningmi bu?

Deydi: tez o‘ldirganing kechki pushaymoningmi bu?

O‘ldirar bo‘lsang mani, g‘amdan xijolat chekmagil,
Ne qilay, xosiyati xuni musulmoningmi bu?

Men, diling kuydirganin aytsam, kularsan, ey nigor,
Yoki kuygan ko‘nglima tuzdon – namakdoningmi bu?

Har kecha jonim manim g‘amga mubaddal bo‘ldi-ku!
Oqibat g‘am birla ketgan oshig‘i joningmi bu?

Tiyg‘i ishqingmi mubohat, keldi bu boshim uza,
Bosh egib taslim bo‘lish… Xusravga farmoningmi bu?

G‘AZAL (21.)

Sabo keldi… oshiqqa dil ko‘rinmas,
G‘ariblarga ma’ob-manzil ko‘rinmas.

Chu daryoga bo‘libdir g‘arq sabr ham:
U yon kema, bu yon sohil… ko‘rinmas.

Ko‘ngillar ketdilar mahmilnishinda,
Va jon ketdi… lekin mahmil ko‘rinmas.

Nasihat qilmangiz, bu dil adodir,
Asotirlar aro bu dil ko‘rinmas.

Manim ishqimda mustag‘riq o‘tingiz,
Bukun mayxonada oqil ko‘rinmas.

Begonadin kech endi, zulfi Layli,
Ki Majnunda u salosil ko‘rinmas.

Nasihatni tiriklarga qilingiz,
Bu afsunlar aro bismil ko‘rinmas.

Yo‘qoldi Xusraving g‘amgin dayrda,
Bu yo‘llarkim… anga mushkil ko‘rinmas!

G‘AZAL (22.)

Dilda savdoing ila avjidadir bozori Ishq,
Marhami jon lablaring yodi… gahi ozori Ishq.

Kecha o‘tding ahli ishqing ko‘yidan g‘amzang ila,
O‘zgalar bismil erurlar, men esam murdori Ishq!..

Men – sening nazring, agar o‘lsam, solursan bir nazar,
Ko‘rki, mendek necha jonni o‘ldirar bozori Ishq.

Xanjaring bo‘ynimga qo‘y, qarzimni to aylay ado,
Qarzi ma’shuqdir so‘rar bismil bukun ayyori Ishq.

Men duoyingdan emasman nekbaxt, ey zohid-o,
Men kabi badbaxt esang, bo‘lgay muyassar bori Ishq.

Kimnikim bedorligi uyquda shohid birladir,
Shohid uldir haq esa, ham bul kabi bedori Ishq.

Xusrav-o, jon-dil bilan ham so‘zlama yor qissasin,
Chunki nomahram uchun so‘ylanmagay asrori Ishq.

Sayyid Ne’matulloh Ibrohim tarjimalari

AMIR XUSRAV DEHLAVIY
RUBOIYLAR
01

Shayx Sa’diy shoir Amir Xusrav Dehlaviy haqida gapirib: «Xar kimsa u dunyoda bir narsa bilan faxrlanishi kerak. Men ana shu turkning ko’ksidagi kuyugi bilan faxrlanaman», — degan ekan…
Xusrav Dehlaviy 1253 yilda Hindiston shimoldagi Patyoli shahrida, shahrisabzlik Amir Sayfuddin Muhammad oilasida dunyoga keldi. Asli turkiy lochin urug’idan bo’lgan bu xonadon mo’g’ullar bosqini davrida Hindistonga ko’chib, shu yerda turg’un bo’lib qolgan edi.
Amir Xusravdan buyuk adabiy meros qoldi: besh dostondan iborat «Xamsa», «Duvalroni va Xizrxon», «No’h sinehr», «To’g’liqnoma» asarlari shular jumlasidandir. Uning qalamiga mansub minglab g’azal va ruboiylar nafaqat fors, nafaqat sharq adabiyotining ko’rki, balki jahon adabiyoti durdonalari sirasiga kiradi.Millatimizga mansubligi biz o’zbeklarga ham faxrdir.
Xusrav Dehlaviy 1325 yilda vafot etdi. Oradan salkam yetti asr o’tdi. Uning asarlari dunyoga taralib, hamon sevib o’qilmokda, qabri xalq ziyoratgohidir.
Amir Xusrav ruboiylarida uning ko’ksidagi kuyugi — otashin qalbi aks etgan.

01

1

Ey sarvi chaman, jilvagari bo’ston bo’l,
Ey bodi sabo, chamanda kez, sayron bo’l.
Ey gul, sabr aylaki, nargis mastdir,
Gul pardasi ichra bir nafas pinhon bo’l.

2

Jonona, shu lablaring menga taskindir,
Bir bo’sa tilarmen, oshig’ing — miskindir.
Dedingki, bu gapni qo’y, labimda tuz ko’p,
Hay, sho’r demagil, sho’r deganing — shirindir…

3

Ey ta’mayu hirs agarchi doxil senga,
Tuproq emish oxiri manzil senga…
Tuproqni na’munchalar bezaysen, ey do’st?
Tuproq bo’ladir bir kuni hosil senga…

4

Sendin nechakim jabru jafo ko’rgaymen,
Men barchasiga o’zni rizo ko’rgaymen.
Ko’ngil boricha men seni ko’rsam deyman,
Nur yetganicha ko’zimda to, ko’rgaymen….

5

Kulsang, sanamo, nozli ko’zing noz etgay,
Gul ikki yuzingda o’zni og’oz etgay
Gar g’uncha labingdin so’z tilar ersa, sanam,
Gul-gul ochilib, o’zini pardoz etgay…

6

Dedimki, labingda ko’p shakarlar bordir.
Dedingki, ko’zingda ko’p guharlar bordir.
Dedimki, faqirmen, dedingki, bas qil,
Yuzingdin ayon bo’ldiki, zarlar bordir…

7

Ishqing meni oshuftai hayron qildi,
Aqlimni olib, besaru somon qildi.
Har nechaki so’ylasam, g’amim kam bo’lmas,
Yuvgan bilan ketmadi bu dog’, qon qildi…

8

Jonon, ichaver, ayshi mudoming bo’lsin,
Qonim to’kaver, bodai joming bo’lsin.
May senga halol zmish, nigoro, lekin
Mensiz uni ho’plasang, haroming bo’lsin.

9

Ey yor, asiru mubtalomen sensiz,
Shu bori jahondin ham judomen sensiz.
Mensiz ne etarsan? — deya bir so’ramassen,
Qilmasman o’zimki, voy, netomen sensiz.

10

Jonon, ki jafoying bila gar o’lgaymen,
Amring va rizoying bila gar o’lgaymen.
Mehring bila boz o’zimga jon topgaymen,
Jonim to’la mehring bila boz bo’lgaymen.

11

Chun shomi namoz bo’ldiyu yorim ketdi,
Hijronzada qushmanu bahorim ketdi.
G’am ichra netayki, dili zorim ketdi,
Tun ichra qolib, sabru qarorim ketdi…

12

Xo’blar sari boshlagunchi yo’l — rohimdir,
Jonu dilu ko’z hamisha badxohimdir.
Yo’q kimsaki, holimni ko’rib, o’rtangay,
O’rtanguchi bo’lsa, shu faqat ohimdir…

13

Jonim, sanamo, sidqu vafoyingga fido,
Boshim havasi sajdai poyingga fido.
O’z hoyu havosi bila yurgay har gul,
Illoki, dilim hoyu havoyingga fido…

14

Yo’q, ko’z demang, ul fitnai olamni ko’ring,
Yo’q, soch demang, har yonga sochilganni ko’ring.
Ul damki itob etib, niqobin ochsa,
Voy, qosh demang, ul kamoni Rustamni ko’ring…

15

La’ling kabi, yor, g’unchai xandon yo’q,
Yuzing kabi gul? Chamanda ul chandon yo’q.
Lab tishlar emish labingni ko’rgan pista,
Ammo na ilojki, og’zida dandon yo’q…

16

Ul sarvki, sayr etarda shod o’lmishdir,
Dil ergashib unga, nomurod o’lmishdir.
Ko’ynigda g’ubor bo’lib taralgan jonim
Oxirda shamolu girdibod o’lmishdir…

17

Bir kecha visoling, sanamim, yor bo’lgay,
La’ling dag’i bir mahrami asror o’lgay.
Ko’zimni suray deyman oyog’ingga, vale,
Ko’zim yoshi birla poying afgor o’lgay…

18

Hajr ichra mudom munisi yorsen, ey g’am,
Bas, menga ne g’amki, g’amguzorsen, ey g’am.
Ko’nglimda makon tutibsen, ey, insof qil,
Har nechaki bor eding va borsen, ey g’am…

19

Hasratga ko’milganim muborak bo’lsin,
Zahmatzada bo’lganim muborak bo’lsin.
Bir bora ko’rolmadim yuzingni, ey yor,
Ko’yingda shu o’lganim muborak bo’lsin…

20

Ayyomu visolu mavsumi dildorlik —
Kechdi bari, qoldi menga shu g’amxorlik.
Tunlarki sanam vasli-la uyg’oq erdim,
Tush erdi magar, aslidachi — bedorlik…

21

Dedim, kechasi qoshima kel, kenglik qil,
Dediki, fig’onu nolani enlik qil.
Dedimki, jafoying bila bir oh urgum.
Dedi: bir emas, menga desa, ellik qil…

22

Ne zar tilanib, siynasi otashdirmiz.
Ne ta’na bila ko’ngli mushavvashdirmiz.
Bir burda quruq non bila suv, tinch go’sha.
YO Rab, bu tiriklik bila biz xushdirmiz…

23

Ey tan, qaro yer maskaning bo’lgusidir,
Ul chog’da kafan pirohaning bo’lgusidir.
Dedingki, keyin uyim qorong’u go’rmi?
Shoshilmaki, unda ravshaning bo’lgusidir.

24

Ayyomi baqoga boq, chunon o’tgusidir,
So’ngsiz g’amu ranj ila ravon o’tgusidir.
O’tguvchi biror damga najot yo’q, umr —
Afsuski, o’tarda roygon o’tgusidir.

25

Navruz kechibon, g’unchaga yuz noz kelgay,
Gul chehrasiga ishvayu pardoz kelgay.
Navro’z ketarkan — o’zidin ketgay gul,
Navro’z kelarkan — o’ziga boz kelgay…

26

Ko’ying sari har safar kelarmen, roh yo’q,
Kuysam dag’i o’rtanib, menga ogoh yo’q.
Vaslingni tilab yiroqda yuz yil yursam,
So’ng bori unutsam seni? Yo’q, valloh, yo’q…

27

Har neki buyursa yor, qilib, ketgaymiz,
Yuz nolai zor qilib, keyin ketgaymiz.
Xush kelmagay hech o’zgacha xizmat bizga,
Shu jonni nisor qilib, keyin ketgaymiz…

28

Jono, gahi bog’u bo’stondir, ko’rgil.
Vaqti gulu vaqti arg’uvondir, ko’rgil.
Gul deb nega sen qo’ling ocharsan, ey jon,
Qo’l ochki, qo’lingda gul hamondir, ko’rgil.

29

Ma’shuqki labin tilab bu jon ovora,
Vasliga yetolmayin ko’ngil bechora.
Ko’rdimki, labi yorilmish erkan, so’rdim,
Kuldiyu javob ayladi: shakkarxora…

30

Yo’q yo’q, nainki din uchun o’lgaymen,
O’lsam, o’sha nozanin uchun o’lgaymen.
Dedingki, faqirlik bila umring o’tdi,
Ayb aylama, yor, men chunin o’lgaymen…

Jamol Kamol tarjimalari

0045

(Tashriflar: umumiy 1 635, bugungi 1)

1 izoh

  1. «Шайх Низомиддин авлиё дер экандурки, қиёматда хар киши бир нима била фахр этгай. Мен бу туркнинг, яъни Хисравнинг кўксининг куюки била фахр қилгумдур».

Izoh qoldiring