Jo’rabek Ramazon. «Tavallo» kitobidan she’rlar & Shafoat Rahmatulloh Termiziy. Yeseninday samimiy

0_1bb543_561c19b8_orig.pngКузда Бойсундан қўнғироқ қилган оғайнилардан бири Жўрабекни «бериб қўйишганини» айтди. Касал бўлмасдан — ярим кунгина ётар-ётмасдан жон узибди. Музлаб қолдим. «Бу дунёнинг одами эмас эди ўзи», деб ўйладим, ичим куйиб (Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг «Жўрабек» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Шафоат Раҳматулло ТЕРМИЗИЙ
ЕСЕНИНДАЙ САМИМИЙ
09

index7.jpg“Тавалло” Жўрабекнинг мен ўқиган илк қўлёзмаси. Аммо мен Жўрабекни анча вақтдан бери биламан. Матбуот нашрлари орқали унинг ижод намуналарини мунтазам ўқиб бораман. Қолаверса, мухлислари у ҳақда тўлқинланиб айтган гапларни кўп эшитганман ва бунга ишонаман ҳам.

Жўрабек Рамазонов улкан ижодкорлар юрти – бугун дунёнинг бир мўъжизаси бўлиб турган Бойсундан. Бу заминдан ҳозирги ўзбек прозаси ва шеъриятининг юксак чўққилари – Шукур Холмирзалар, Усмон Азимлар чиққан. Жўрабекнинг “Тавалло”сини ўқиган ҳар бир одам у ҳам юртдошлари сингари улуғ марраларни кўзлаб ижод қилаётганига иймон келтиради.

Жўрабек ўз сўзини айта оладиган ижодкор. У Ватан ҳақида ёзадими, ҳақиқат ҳақида ёзадими, севги ҳақида ёзадими – бу мавзуларнинг аввал ҳеч ким айтмаган жиҳатларини топиб, мантиқий кашфиётлар қилади. Унинг қалби Машрабдай ўтли, Есениндай самимий ва жозибадор. Жўрабек ўз СЎЗини наинки юрагингизга етказади, балки кўксингизнинг нариги томонига ҳам ўтказиб юборади.

2003

Жўрабек РАМАЗОНОВ
«ТАВАЛЛО» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
09

М А Й Д О Н

Бағрида тарих ҳам, келажак ҳам жо,image.jpg
Шеърият – мардлари муқаддас майдон.
Майдонки, бунда ким булбули гўё,
Ким эса тўтидай сохта сухандон.

Шеър кимнинг азоби, кимнинг паноҳи,
Бошқа бировларга ўткинчи эрмак.
Битта сатр билан бўйсунар гоҳи
Мингта қилич билан енгилмас юрак.

Менинг битганларим шунчаки тахир,
Чапак чалаверинг, шодон дайдилар!
Валекин етса ҳам замони охир,
Мардлар эрмак учун курашмайдилар.

Сулҳ йўқ бу майдонда, бунда йўқ яраш,
Яшаш матлабини, кел, мендан сўра:
Битта булбул билан бир умр кураш,
Мингта тўтиқушни енггандан кўра!

Т У Ш

Даҳшатли бир туш кўрдим тунда:
Кўз олдимда улкан башара –
Вафо тугаб қолган очунда
Азроилга бўлдим рўпара.

У қаршимда турди пайт пойлаб,
Қамаштириб кўзим нурини:
“Муҳаббатни бўлгансан сайлаб,
Танла энди қазо турини!”

Ҳаммасини бирдан англадим,
Ёр, барибир шукр борингга.
Мен шундайин ўлим танладим –
Сочингни бер сарбадорингга!

Т А С К И Н

Туннинг қучоғига йўрғалар гуноҳ,
Бесабаб томчилар тўкилар юм-юм.
Йиғламанг, мен сизни севаман узоқ,
Мен сизни абадий севишга маҳкум.

Билмайсиз қанчалар қийналганимни,
Алдоқ хотирадан ахтариб шукуҳ.
Соғинчлар сарғайтиб қўйган танимни
Неча бор тарк этиб қайтганини руҳ.

Биласиз, ботганди ўшанда учқун,
Кўксимни кемириб ётибди шу занг.
Сиз йиғлоқ дунёни унутмоқ учун
Иккимиз қувнаган дамларни эсланг.

Шунда дилингиздан кўчади оғриқ,
Учмас тилингиздан хўрсиниқ, нидо.
Фақат муҳаббатга ишонган борлиқ
Ҳиссиз лаҳзаларга айтар алвидо.

Нечун кўзингизда яна илтижо,
Нафасингиз нега бунчалар оғир?
Асрагайман сизни ўлгунимча то,
Йиғламанг, мен ҳали ўлмайман, ахир!..

Х У Л О С А

Ҳаёт сўзи бешафқат,
Севги кўзи кўр экан.
Илонларнинг ичида
Илон бўлиб юр экан.

Яша сергак ҳар нафас,
Ҳисоблама кунингни.
Заҳар сочмоқ шарт эмас,
Асра фақат думингни!

В А Т А Н

Ватан деб девонлар тузмоқ не учун,
Ёзиш керак шундай ҳаққоний, дилбар –
Бундай юртда яшаб ўтмагани-чун
Армон билан ўлсин минглаб Искандар.

Зўрлаб қиртишланган қалам билан жим
Ўтирмоқ не ҳожат ҳиссиз хонада.
Аввал таъзим бажо келтирмоқ лозим
Навоий, Темурни туққан онага.

Уруш даҳшати-ла кўмилганда ер,
Қурилганда қора тутундан қоя,
Ким пусиб панада ёзаверди шеър
“Ватанни жонимдан севаман” дея.

Эрк миллат кўксига абадий қалқон,
Эрк икки оламдан илоҳий тортиқ.
Кимлардир шу эрк деб берганида жон,
Ким севди жонини Ватандан ортиқ.

Озод юракларни, ҳур фикрларни
Таъқиб этаверди аҳли шайтанат.
Иблис измидаги бор куфрларни
Янчиб ташламоққа етилди фурсат.

Ватан деб девонлар тузмоқ не учун,
Ёзиш керак шундай ҳаққоний, дилбар –
Дунёга бошловчи кўчага чиқсин
Боши берк кўчага кириб қолганлар.

ИЛҲОМ ПАРИСИ

Шоирлар қилармиш тунлари ижод,
Илҳом парилари келармиш шунда.
Курашга, сукутга кўмилган ҳаёт
Чиройли бўлармиш айниқса тунда.

Қисмат эрка ўсган боладай бебош,
Тириклик кўпларнинг жонига теккан.
Кимдир кўзларига қуйиганча ёш,
Бировни соғинса шеър ёзар экан.

Ким назм боғида бўлармиш қумри,
Ким яшаб юрармиш ит каби увлаб.
Бенаф ўтар эмиш кимнингдир умри
Илҳом парисининг изидан қувлаб.

Гоҳ бесўз қоламан хаёлда оқиб,
Ижод деганлари мураккаб, лекин
Сенинг бир жуфт қора кўзингга боқиб,
Бир кечада мингта шеър ёзиш мумкин!

К У З

Табиатнинг ўзгарди ранги,
Теваракда қолмади бир қуш.
Шамол тўзғиб юборди чангни,
Бошлангандек дунёвий уруш.

Нимадандир чўчиб, бағрига
Яширди-ю эрка ҳилолин,
Кўк қанотли фарзандларига
Силкиб қолди оппоқ рўмолин.

Борлиқ узра сукунат қотган,
Мудранади боғлар ҳам карахт.
Минглаб ўғлин жангга кузатган
Оналарга ўхшайди дарахт.

Т А В А Л Л О

Охир таваллолар қилдим ҳайқириб,
Шу қолди – бош урмоқ товонингизга.
Адашдим сочингиз ичига кириб,
Чарчадим кир ювиб совунингизга.

Куяман: бу қандай кўргулик, ё Раб!
Ожиз бир ҳиссиёт ураётир дўқ.
Сиз мендан ҳеч нима қилмайсиз талаб,
Мен ҳам арпангизни хом ўрганим йўқ.

Ҳамон телбалигин қўймайди хаёл,
Тугар, орамизда бор эди неки.
Йўлларимиз мангу айро эҳтимол,
Фақат ўртамизда бечора севги.

Салом сенга, видо!

Салом, ёлғизлик!
Қайларда юрибсан, бесоғинч майл?
Кет, сенда ишим йўқ юраксиз ҳадик,
Алдамчи эҳтирос, сенга хам хайр!

Ишқим-а, не боис яна бу зарда,
Қайдан пайдо бўлди бу даҳшатли ўй?
Армон, сен тинчгина ётсанг-чи гўрда!
Виждон, азобингни йиғиштириб қўй!

Табиат, мен сендан кутдимми баҳор?
Қайси юлдузингни сўрадим, осмон!
Менинг ўлимимда не синоат бор,
Гарчи яралмоғим ундан-да осон…

Мана, таваллолар қилдим ниҳоят,
Шу қолди – ўт бўлмоқ тутунингизга.
Исмингиздан тўқиб муқаддас оят,
Кир ювиб яшамоқ совунингизга.

Ҳ У К М Д О Р

Қазо қилганида ўрмонда арслон,
Тўй бошлаб юборди тулки ва қуён.
Базмга ҳаммани таклиф этиш-чун
Хабарчи сайланди кекса зағизғон.

Йиртилди амрлар битилган қоғоз
Ва бекор қилинди бор неки фармон.
“Биз халқмиз! – дейишди бари жўровоз, –
Ўз ерига халқнинг ўзи ҳукмрон!”

Қашқирлар тишларин қайраб керилди,
Ўлжасига қараб ҳурпайди туки.
Тулкига айёрлик ҳақи берилди,
Бўрига қуённи ейиш ҳуқуқи.

“Заминда яшасин ҳар битта маймун,
Дарахтга чиқмасин ҳеч олмахонлар!”
Айиқнинг оёғин яралаган-чун
Қувилди ўрмондан типратиконлар.

Арслоннинг арвоҳи чинқираган кун
Қушларга бош бўлиб сайланди қарға.
Азондан уйқуни бузгани учун
Булбуллар қилинди тамом бадарға.

..Асли оила ҳам бир ўрмон демак,
Унга ҳам арслондай ҳукмдор керак!

О З Г И Н А

Озгина тушунинг, Озгина севинг,
Бир сафар озгина жилмайиб қаранг.
Нечун лабларингиз бунчалар ҳам жим,
Асабингиз нега озгина таранг?

Озгина ўйланинг, Озгина ўйланг,
Озгина ишонинг муҳаббатимга.
Наҳот туйғуларнинг ҳаммаси ўлган,
Наҳотки айланган севги етимга?!

Билсангиз, юрагим озгина оғрир,
Оғритиб қўйгудек бутун оламни.
Наҳотки, тушуниш шунчалар оғир
Озгина ҳаёти қолган одамни…

* * *
Телбалигимга тун ўйнайди гаров,
Ҳаттоки юлдузин, ойин тикади.
Ҳали-ку кимлигим билмайди биров,
Мендан чиқар бўлса, ҳеч ким чиқади.

Севгилим, дидингга қойил эмасман,
Қандай хуш ёқади силкиган қўлим?
Мени қарғаб бўлди ҳар битта душман,
Дўстим, энди сен ҳам тилайвер ўлим.

Кўнглим кўр қисматга кўникди, кўнди,
Сафарга ҳозирлик кўраётир руҳ.
Опа, кўз ёшингни йиғиштир энди,
Онажон, сен энди Қодирийлар туғ!..

* * *

Дунёни босмоқда кўздан оққан сув,
Худо ҳам жим турар арши аълода.
Ўғри нигоҳ билан қараган сулув,
Сенинг шу қарашинг жонга бало-да!

Қалб кўзи бор дерлар… Қалб кўзи чирик,
Билмадим, яқинми рўзи қиёмат.
Тилларни титратиб қўйди телбалик,
Диларни забт этиб борар хиёнат.

Сабодан сесканиб кетади кўксим,
Ҳатто севилишда қолмади мантиқ.
Ўв, менинг ўзимга ўхшаган дўстим,
Энди шайтон билан ялаймиз қатиқ.

Яшадим фалакнинг тинчини бузиб,
Нари борса жоним бир ялпизга тенг.
Кет энди, дунёнинг ёлғончи қизи,
Ҳатто алдашингга арзимайман мен!..

* * *

Чойнак пиёлага эгилар,
Эгилади қадаҳга шиша.
Япроқлар ҳам ерга тўкилар,
На хижолат, на-да андиша.

Эгилмаган бошларни кесиб,
Кўп қиличлар бўялди қонга.
Менинг бобом етмиш икки йил
Эгилиб яшади… кетмонга.

Қ Ў Р Қ У В

Ёмғир ёғаяпти.
Мен хаёл суриб,
Сулув табиатни кузатдим якка.
Қўрқмайман шу ёмғир сувидан эриб,
Вужудим қўшилиб кетса кўлмакка.

Менинг дўстларимдир бу бани башар,
Бири баландроқда, иккинчиси мос.
Қўрқмайман ҳамиша мендан қўрққанлар
Ошимни заҳрлаб ичирса нохос.

Тугатса-да қисмат вафодорлигин,
Енгилмай яшадим мағлуб ҳаётдан.
Қўрқмайман кўксимда қалқон борлигин
Сезган ғаним зарба берганда ортдан.

Севгилим, сен нега келмайсан бирон,
Нечун рухсорингни олдинг панага?
Бағрингда жон берсам кетгум беармон,
Қўрқаман ўлишга шифохонада…

РОСТИНИ АЙТ…

Қизғалдоқдан қизарганда том,
Хаёлингдан ўтказдинг нени?
Ойдинда ой кўринган оқшом
Ростини айт, кутдингми мени?

Мен қайғуни никоҳлаб олдим,
Сингил қилиб олдим аламни.
Ёнингдамас, ёдингда қолдим,
Ростини айт, соғиняпсанми?

Қонимга ғарқ бўлиб юрибман,
Кутаяпман билмадим кимни.
Қаёққадир кетмай турибман,
Ростини айт, келишинг чинми?

ЯШАБ ЮРАВЕРСАНГ…

Яшаб юраверсанг олисда ойлаб,
Омад деганлари жилмайиб боқса.
Онанг эса сенинг йўлингни пойлаб,
Тўзғиган кўйлакда кўчага чиқса.

Яшаб юраверсанг омонга қараб,
Бировлар гул тутса,

Биров пул тутса.
Бошини қаварган кафтига тираб,
Отанг келишингни интизор кутса.

Ҳар оқшом кийиниб отлансанг йўлга,
Бир кунда соғинган қизингни излаб.
Ярим кеча қалам тутганча қўлга,
Сингилчанг хат ёзса соғинчдан йиғлаб.

Ширакайф улфатлар қадаҳ кўтариб,
Энг гўзал сўзларни сен учун айтса…
Уйга келганингга умидми қилиб,
Уканг мактабидан эртароқ қайтса.

Яшасанг кунлардан марварид териб,
Гўзал туйғуларга алвидо айтсанг.
Муштипар онангга таскинлар бериб,
Ўзи ич-ичидан эзилса опанг.

Ёруғлик тарқамас ҳар бир зиёдан,
Ўқий бошлаганда ҳаёт китобин,
Идрок эта олсанг эди, дунёдан
Битта дўст тополмай кетмоқ азобин…

С Е В Г И

Севги – оёғимга сиғмаган ковуш,
Ҳаёт ўзи менга нолойиқ йўнган.
Юрак – озодликни орзу қилган қуш,
Қисмати қанотин қайириб қўйган.

Яшаш қийин экан доим пиёда,
Товонларим вужуд юкидан толди.
Ҳар балони кўриб бўлдим дунёда,
Фақат оёқяланг юришим қолди.

ДАРАХТЛАР ЙИҒЛАСА…

Дарахтлар йиғласа йиғлайди чиндан,

З…га

Япроқлар – эришга улгурмаган ёш.
Бутоқларни болта бўғизлаган кундан
Бу боққа қарамай қўйганди қуёш.

Дарахтлар куйлайди ғамбода, маҳзун,
Новдаларда қушлар оёғин изи.
Севилмаган ёрдек ёш тўкар беун
Қайрағоч – ўрмоннинг суюкли қизи.

Иккимиз юракдан кулолмаган кун
Баҳорлар меҳрибон, кузлар бешафқат.
Ҳеч бўлмаса дилдан йиғламоқ учун
Бизлар энди дарахт бўлмоғимиз шарт!

Дарахтлар йиғласа йиғлайди чиндан…

СЕН ЙЎҚСАН…

Ҳажр саҳросида адашди ҳилол,
Йўлларин тўсади қари мажнунтол.
Ғунчалар қон ютиб қолмоқда увол,
Сен йўқсан…

Турналар йиғлади. Турналар қайтди.
Ойнинг қулоғига нимадир айтди.
Энг ширин туйғулар туғилар пайти
Сен йўқсан…

Айландик севгининг сағирларига,
Йиғласак йиғладик фақат тунда жим.
Ёлғизликнинг мудҳиш бағирларида
Биздек севилмади дунёда ҳеч ким…

С И Р

Ўқигандим китобда,
Ўлмас эмиш юраклар.
Анна АХМАТОВА.

У дамлар сен гўзал эмасдинг,
Гўзалликни айламасдинг ёд.
Аммо кичик кўзларингда жим
Улғаярди улкан бир ҳаёт.

У пайтлар мен шоир эмасдим,
Туйғулардан йўқ эди нишон.
Аммо кичик кўзларингга жим
Термулишни истардим, ишон.

Билмам бунинг сири нимада,
Бахти бутун дилга нима кам.
Гўёки мен катта кемада
Сузаётган мақсадсиз одам.

Тунд кечалар бошим қашлайман
Топайин деб шу сир тагини.
Ва ногаҳон англай бошлайман
Юракларнинг ўлмаслигини!

ҲОФИЗНИ ЎҚИБ…

Б…га

Қучоғига кўмиб барча пок сирларин,
Юрагимнинг чеккасини босди қурум.

Б дунёнинг ман-ман деган сулувларин
Кипригингнинг биттасига алишмагум.

Телба осмон парқулари ёшлар тўкди,
Оғушига олиб мени куйди найсон.
Самарқанду Бухоромас, еру кўкни
Бир холингга фидо қилсам… Нима дейсан!

Т Ў Р Т Л И К Л А Р

Изларинг ўзимга остона дердим,
Исларинг айлайди мастона дердим.
Бир келиб кўнглимни этсанг чароғон,
Мен ҳатто жаннатни афсона дердим.

* * *

Яхшиларким оби Кавсар ичдилар,
Гарчи Ҳақ йўлида хатар ичдилар.
Ўз йўлин йўқотган бир гуруҳ нодон
“Соғлик учун” дея заҳар ичдилар.

* * *

Аслида замину осмон йўқ эди,
Улар яралганда инсон йўқ эди.
Одам ҳам яралди – қалби мингпора,
Не ажаб, лойида сомон йўқ эди.

* * *

Ёзолмадим тузук на шеър, на баёт,
Ўтларда қайрилди бебардош қанот.
Бир кун келиб дунё ғамидан ўлсам,
Дерлар: бир майхўрдан қутулди ҳаёт.

* * *

Гоҳ мағлуб, гоҳида йиқиб келдим мен,
Охир ўзим гўрга тиқиб келдим мен.
Қайсидир қиз номим айтди-ю, бехос
Тирилиб, қабрдан чиқиб келдим мен.

* * *

Кун кечириб юрсам. Бир куни
Одамларга бўлсам овоза,
Соғинади бир қизча мени –
Кўйлаги кир, юраги тоза.

Ўшанда шарт юзимни буриб,
Гўзаллигин олмасам ҳам тан,
Суюнади камолим кўриб,
Куюнади бахтсизлигимдан.

Қучоғимга олиб самони,
Булутларнинг бағрида сузсам…
У кўз ёшга кўмар дунёни
Кипригимдан бир томчи узсам.

Лекин узоқ кетмайман сира,
Кўксим эзиб юрса ҳам фироқ.
Ахир, менга осмондан кўра
Тиззангга бош қўйиш афзалроқ.

Тушунсанг-чи, қисматимиз шу,
Қара, ҳаёт севги қасдида.
Сен бекорга яшамайсан-ку
Қовурғамнинг шундоқ остида!..

Тўпламни тўлиқ ҳолда саҳифа якунида мутолаа қилинг

Kuzda Boysundan qo‘ng‘iroq qilgan og‘aynilardan biri Jo‘rabekni «berib qo‘yishganini» aytdi. Kasal bo‘lmasdan — yarim kungina yotar-yotmasdan jon uzibdi. Muzlab qoldim. «Bu dunyoning odami emas edi o‘zi», deb o‘yladim, ichim kuyib (O‘zbekiston xalq shoiri Usmon Azimning “Jo‘rabek” maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin).

Shafoat Rahmatullo TЕRMIZIY
YESЕNINDAY SAMIMIY
09

2afe8567da13daf8b843f00262d4d592.jpg“Tavallo” Jo‘rabekning men o‘qigan ilk qo‘lyozmasi. Ammo men Jo‘rabekni ancha vaqtdan beri bilaman. Matbuot nashrlari orqali uning ijod namunalarini muntazam o‘qib boraman. Qolaversa, muxlislari u haqda to‘lqinlanib aytgan gaplarni ko‘p eshitganman va bunga ishonaman ham.

Jo‘rabek Ramazonov ulkan ijodkorlar yurti – bugun dunyoning bir mo‘’jizasi bo‘lib turgan Boysundan. Bu zamindan hozirgi o‘zbek prozasi va she’riyatining yuksak cho‘qqilari – Shukur Xolmirzalar, Usmon Azimlar chiqqan. Jo‘rabekning “Tavallo”sini o‘qigan har bir odam u ham yurtdoshlari singari ulug‘ marralarni ko‘zlab ijod qilayotganiga iymon keltiradi.

Jo‘rabek o‘z so‘zini ayta oladigan ijodkor. U Vatan haqida yozadimi, haqiqat haqida yozadimi, sevgi haqida yozadimi – bu mavzularning avval hech kim aytmagan jihatlarini topib, mantiqiy kashfiyotlar qiladi. Uning qalbi Mashrabday o‘tli, Yeseninday samimiy va jozibador. Jo‘rabek o‘z SO‘Zini nainki yuragingizga yetkazadi, balki ko‘ksingizning narigi tomoniga ham o‘tkazib yuboradi.

2003

Jo‘rabek RAMAZONOV
«TAVALLO» KITOBIDAN SHE’RLAR
09

M A Y D O N

Bag‘rida tarix ham, kelajak ham jo,Ashampoo_Snap_2015.08.04_19h26m20s_002_.png
She’riyat – mardlari muqaddas maydon.
Maydonki, bunda kim bulbuli go‘yo,
Kim esa to‘tiday soxta suxandon.

She’r kimning azobi, kimning panohi,
Boshqa birovlarga o‘tkinchi ermak.
Bitta satr bilan bo‘ysunar gohi
Mingta qilich bilan yengilmas yurak.

Mening bitganlarim shunchaki taxir,
Chapak chalavering, shodon daydilar!
Valekin yetsa ham zamoni oxir,
Mardlar ermak uchun kurashmaydilar.

Sulh yo‘q bu maydonda, bunda yo‘q yarash,
Yashash matlabini, kel, mendan so‘ra:
Bitta bulbul bilan bir umr kurash,
Mingta to‘tiqushni yenggandan ko‘ra!

T U Sh

Dahshatli bir tush ko‘rdim tunda:
Ko‘z oldimda ulkan bashara –
Vafo tugab qolgan ochunda
Azroilga bo‘ldim ro‘para.

U qarshimda turdi payt poylab,
Qamashtirib ko‘zim nurini:
“Muhabbatni bo‘lgansan saylab,
Tanla endi qazo turini!”

Hammasini birdan angladim,
Yor, baribir shukr boringga.
Men shundayin o‘lim tanladim –
Sochingni ber sarbadoringga!

T A S K I N

Tunning quchog‘iga yo‘rg‘alar gunoh,
Besabab tomchilar to‘kilar yum-yum.
Yig‘lamang, men sizni sevaman uzoq,
Men sizni abadiy sevishga mahkum.

Bilmaysiz qanchalar qiynalganimni,
Aldoq xotiradan axtarib shukuh.
Sog‘inchlar sarg‘aytib qo‘ygan tanimni
Necha bor tark etib qaytganini ruh.

Bilasiz, botgandi o‘shanda uchqun,
Ko‘ksimni kemirib yotibdi shu zang.
Siz yig‘loq dunyoni unutmoq uchun
Ikkimiz quvnagan damlarni eslang.

Shunda dilingizdan ko‘chadi og‘riq,
Uchmas tilingizdan xo‘rsiniq, nido.
Faqat muhabbatga ishongan borliq
Hissiz lahzalarga aytar alvido.

Nechun ko‘zingizda yana iltijo,
Nafasingiz nega bunchalar og‘ir?
Asragayman sizni o‘lgunimcha to,
Yig‘lamang, men hali o‘lmayman, axir!..

X U L O S A

Hayot so‘zi beshafqat,
Sevgi ko‘zi ko‘r ekan.
Ilonlarning ichida
Ilon bo‘lib yur ekan.

Yasha sergak har nafas,
Hisoblama kuningni.
Zahar sochmoq shart emas,
Asra faqat dumingni!

V A T A N

Vatan deb devonlar tuzmoq ne uchun,
Yozish kerak shunday haqqoniy, dilbar –
Bunday yurtda yashab o‘tmagani-chun
Armon bilan o‘lsin minglab Iskandar.

Zo‘rlab qirtishlangan qalam bilan jim
O‘tirmoq ne hojat hissiz xonada.
Avval ta’zim bajo keltirmoq lozim
Navoiy, Temurni tuqqan onaga.

Urush dahshati-la ko‘milganda yer,
Qurilganda qora tutundan qoya,
Kim pusib panada yozaverdi she’r
“Vatanni jonimdan sevaman” deya.

Erk millat ko‘ksiga abadiy qalqon,
Erk ikki olamdan ilohiy tortiq.
Kimlardir shu erk deb berganida jon,
Kim sevdi jonini Vatandan ortiq.

Ozod yuraklarni, hur fikrlarni
Ta’qib etaverdi ahli shaytanat.
Iblis izmidagi bor kufrlarni
Yanchib tashlamoqqa yetildi fursat.

Vatan deb devonlar tuzmoq ne uchun,
Yozish kerak shunday haqqoniy, dilbar –
Dunyoga boshlovchi ko‘chaga chiqsin
Boshi berk ko‘chaga kirib qolganlar.

ILHOM PARISI

Shoirlar qilarmish tunlari ijod,
Ilhom parilari kelarmish shunda.
Kurashga, sukutga ko‘milgan hayot
Chiroyli bo‘larmish ayniqsa tunda.

Qismat erka o‘sgan boladay bebosh,
Tiriklik ko‘plarning joniga tekkan.
Kimdir ko‘zlariga quyigancha yosh,
Birovni sog‘insa she’r yozar ekan.

Kim nazm bog‘ida bo‘larmish qumri,
Kim yashab yurarmish it kabi uvlab.
Benaf o‘tar emish kimningdir umri
Ilhom parisining izidan quvlab.

Goh beso‘z qolaman xayolda oqib,
Ijod deganlari murakkab, lekin
Sening bir juft qora ko‘zingga boqib,
Bir kechada mingta she’r yozish mumkin!

K U Z

Tabiatning o‘zgardi rangi,
Tevarakda qolmadi bir qush.
Shamol to‘zg‘ib yubordi changni,
Boshlangandek dunyoviy urush.

Nimadandir cho‘chib, bag‘riga
Yashirdi-yu erka hilolin,
Ko‘k qanotli farzandlariga
Silkib qoldi oppoq ro‘molin.

Borliq uzra sukunat qotgan,
Mudranadi bog‘lar ham karaxt.
Minglab o‘g‘lin jangga kuzatgan
Onalarga o‘xshaydi daraxt.

T A V A L L O

Oxir tavallolar qildim hayqirib,
Shu qoldi – bosh urmoq tovoningizga.
Adashdim sochingiz ichiga kirib,
Charchadim kir yuvib sovuningizga.

Kuyaman: bu qanday ko‘rgulik, yo Rab!
Ojiz bir hissiyot urayotir do‘q.
Siz mendan hech nima qilmaysiz talab,
Men ham arpangizni xom o‘rganim yo‘q.

Hamon telbaligin qo‘ymaydi xayol,
Tugar, oramizda bor edi neki.
Yo‘llarimiz mangu ayro ehtimol,
Faqat o‘rtamizda bechora sevgi.

Salom senga, vido!

Salom, yolg‘izlik!
Qaylarda yuribsan, besog‘inch mayl?
Ket, senda ishim yo‘q yuraksiz hadik,
Aldamchi ehtiros, senga xam xayr!

Ishqim-a, ne bois yana bu zarda,
Qaydan paydo bo‘ldi bu dahshatli o‘y?
Armon, sen tinchgina yotsang-chi go‘rda!
Vijdon, azobingni yig‘ishtirib qo‘y!

Tabiat, men sendan kutdimmi bahor?
Qaysi yulduzingni so‘radim, osmon!
Mening o‘limimda ne sinoat bor,
Garchi yaralmog‘im undan-da oson…

Mana, tavallolar qildim nihoyat,
Shu qoldi – o‘t bo‘lmoq tutuningizga.
Ismingizdan to‘qib muqaddas oyat,
Kir yuvib yashamoq sovuningizga.

H U K M D O R

Qazo qilganida o‘rmonda arslon,
To‘y boshlab yubordi tulki va quyon.
Bazmga hammani taklif etish-chun
Xabarchi saylandi keksa zag‘izg‘on.

Yirtildi amrlar bitilgan qog‘oz
Va bekor qilindi bor neki farmon.
“Biz xalqmiz! – deyishdi bari jo‘rovoz, –
O‘z yeriga xalqning o‘zi hukmron!”

Qashqirlar tishlarin qayrab kerildi,
O‘ljasiga qarab hurpaydi tuki.
Tulkiga ayyorlik haqi berildi,
Bo‘riga quyonni yeyish huquqi.

“Zaminda yashasin har bitta maymun,
Daraxtga chiqmasin hech olmaxonlar!”
Ayiqning oyog‘in yaralagan-chun
Quvildi o‘rmondan tipratikonlar.

Arslonning arvohi chinqiragan kun
Qushlarga bosh bo‘lib saylandi qarg‘a.
Azondan uyquni buzgani uchun
Bulbullar qilindi tamom badarg‘a.

..Asli oila ham bir o‘rmon demak,
Unga ham arslonday hukmdor kerak!

O Z G I N A

Ozgina tushuning, Ozgina seving,
Bir safar ozgina jilmayib qarang.
Nechun lablaringiz bunchalar ham jim,
Asabingiz nega ozgina tarang?

Ozgina o‘ylaning, Ozgina o‘ylang,
Ozgina ishoning muhabbatimga.
Nahot tuyg‘ularning hammasi o‘lgan,
Nahotki aylangan sevgi yetimga?!

Bilsangiz, yuragim ozgina og‘rir,
Og‘ritib qo‘ygudek butun olamni.
Nahotki, tushunish shunchalar og‘ir
Ozgina hayoti qolgan odamni…

* * *
Telbaligimga tun o‘ynaydi garov,
Hattoki yulduzin, oyin tikadi.
Hali-ku kimligim bilmaydi birov,
Mendan chiqar bo‘lsa, hech kim chiqadi.

Sevgilim, didingga qoyil emasman,
Qanday xush yoqadi silkigan qo‘lim?
Meni qarg‘ab bo‘ldi har bitta dushman,
Do‘stim, endi sen ham tilayver o‘lim.

Ko‘nglim ko‘r qismatga ko‘nikdi, ko‘ndi,
Safarga hozirlik ko‘rayotir ruh.
Opa, ko‘z yoshingni yig‘ishtir endi,
Onajon, sen endi Qodiriylar tug‘!..

* * *

Dunyoni bosmoqda ko‘zdan oqqan suv,
Xudo ham jim turar arshi a’loda.
O‘g‘ri nigoh bilan qaragan suluv,
Sening shu qarashing jonga balo-da!

Qalb ko‘zi bor derlar… Qalb ko‘zi chirik,
Bilmadim, yaqinmi ro‘zi qiyomat.
Tillarni titratib qo‘ydi telbalik,
Dilarni zabt etib borar xiyonat.

Sabodan seskanib ketadi ko‘ksim,
Hatto sevilishda qolmadi mantiq.
O‘v, mening o‘zimga o‘xshagan do‘stim,
Endi shayton bilan yalaymiz qatiq.

Yashadim falakning tinchini buzib,
Nari borsa jonim bir yalpizga teng.
Ket endi, dunyoning yolg‘onchi qizi,
Hatto aldashingga arzimayman men!..

* * *

Choynak piyolaga egilar,
Egiladi qadahga shisha.
Yaproqlar ham yerga to‘kilar,
Na xijolat, na-da andisha.

Egilmagan boshlarni kesib,
Ko‘p qilichlar bo‘yaldi qonga.
Mening bobom yetmish ikki yil
Egilib yashadi… ketmonga.

Q O‘ R Q U V

Yomg‘ir yog‘ayapti.
Men xayol surib,
Suluv tabiatni kuzatdim yakka.
Qo‘rqmayman shu yomg‘ir suvidan erib,
Vujudim qo‘shilib ketsa ko‘lmakka.

Mening do‘stlarimdir bu bani bashar,
Biri balandroqda, ikkinchisi mos.
Qo‘rqmayman hamisha mendan qo‘rqqanlar
Oshimni zahrlab ichirsa noxos.

Tugatsa-da qismat vafodorligin,
Yengilmay yashadim mag‘lub hayotdan.
Qo‘rqmayman ko‘ksimda qalqon borligin
Sezgan g‘anim zarba berganda ortdan.

Sevgilim, sen nega kelmaysan biron,
Nechun ruxsoringni olding panaga?
Bag‘ringda jon bersam ketgum bearmon,
Qo‘rqaman o‘lishga shifoxonada…

ROSTINI AYT…

Qizg‘aldoqdan qizarganda tom,
Xayolingdan o‘tkazding neni?
Oydinda oy ko‘ringan oqshom
Rostini ayt, kutdingmi meni?

Men qayg‘uni nikohlab oldim,
Singil qilib oldim alamni.
Yoningdamas, yodingda qoldim,
Rostini ayt, sog‘inyapsanmi?

Qonimga g‘arq bo‘lib yuribman,
Kutayapman bilmadim kimni.
Qayoqqadir ketmay turibman,
Rostini ayt, kelishing chinmi?

YASHAB YURAVЕRSANG…

Yashab yuraversang olisda oylab,
Omad deganlari jilmayib boqsa.
Onang esa sening yo‘lingni poylab,
To‘zg‘igan ko‘ylakda ko‘chaga chiqsa.

Yashab yuraversang omonga qarab,
Birovlar gul tutsa,

Birov pul tutsa.
Boshini qavargan kaftiga tirab,
Otang kelishingni intizor kutsa.

Har oqshom kiyinib otlansang yo‘lga,
Bir kunda sog‘ingan qizingni izlab.
Yarim kecha qalam tutgancha qo‘lga,
Singilchang xat yozsa sog‘inchdan yig‘lab.

Shirakayf ulfatlar qadah ko‘tarib,
Eng go‘zal so‘zlarni sen uchun aytsa…
Uyga kelganingga umidmi qilib,
Ukang maktabidan ertaroq qaytsa.

Yashasang kunlardan marvarid terib,
Go‘zal tuyg‘ularga alvido aytsang.
Mushtipar onangga taskinlar berib,
O‘zi ich-ichidan ezilsa opang.

Yorug‘lik tarqamas har bir ziyodan,
O‘qiy boshlaganda hayot kitobin,
Idrok eta olsang edi, dunyodan
Bitta do‘st topolmay ketmoq azobin…

S Ye V G I

Sevgi – oyog‘imga sig‘magan kovush,
Hayot o‘zi menga noloyiq yo‘ngan.
Yurak – ozodlikni orzu qilgan qush,
Qismati qanotin qayirib qo‘ygan.

Yashash qiyin ekan doim piyoda,
Tovonlarim vujud yukidan toldi.
Har baloni ko‘rib bo‘ldim dunyoda,
Faqat oyoqyalang yurishim qoldi.

DARAXTLAR YIG‘LASA…

Daraxtlar yig‘lasa yig‘laydi chindan,

Z…ga

Yaproqlar – erishga ulgurmagan yosh.
Butoqlarni bolta bo‘g‘izlagan kundan
Bu boqqa qaramay qo‘ygandi quyosh.

Daraxtlar kuylaydi g‘amboda, mahzun,
Novdalarda qushlar oyog‘in izi.
Sevilmagan yordek yosh to‘kar beun
Qayrag‘och – o‘rmonning suyukli qizi.

Ikkimiz yurakdan kulolmagan kun
Bahorlar mehribon, kuzlar beshafqat.
Hech bo‘lmasa dildan yig‘lamoq uchun
Bizlar endi daraxt bo‘lmog‘imiz shart!

Daraxtlar yig‘lasa yig‘laydi chindan…

SЕN YO‘QSAN…

Hajr sahrosida adashdi hilol,
Yo‘llarin to‘sadi qari majnuntol.
G‘unchalar qon yutib qolmoqda uvol,
Sen yo‘qsan…

Turnalar yig‘ladi. Turnalar qaytdi.
Oyning qulog‘iga nimadir aytdi.
Eng shirin tuyg‘ular tug‘ilar payti
Sen yo‘qsan…

Aylandik sevgining sag‘irlariga,
Yig‘lasak yig‘ladik faqat tunda jim.
Yolg‘izlikning mudhish bag‘irlarida
Bizdek sevilmadi dunyoda hech kim…

S I R

O‘qigandim kitobda,
O‘lmas emish yuraklar.
Anna AXMATOVA.

U damlar sen go‘zal emasding,
Go‘zallikni aylamasding yod.
Ammo kichik ko‘zlaringda jim
Ulg‘ayardi ulkan bir hayot.

U paytlar men shoir emasdim,
Tuyg‘ulardan yo‘q edi nishon.
Ammo kichik ko‘zlaringga jim
Termulishni istardim, ishon.

Bilmam buning siri nimada,
Baxti butun dilga nima kam.
Go‘yoki men katta kemada
Suzayotgan maqsadsiz odam.

Tund kechalar boshim qashlayman
Topayin deb shu sir tagini.
Va nogahon anglay boshlayman
Yuraklarning o‘lmasligini!

HOFIZNI O‘QIB…

B…ga

Quchog‘iga ko‘mib barcha pok sirlarin,
Yuragimning chekkasini bosdi qurum.

B dunyoning man-man degan suluvlarin
Kiprigingning bittasiga alishmagum.

Telba osmon parqulari yoshlar to‘kdi,
Og‘ushiga olib meni kuydi nayson.
Samarqandu Buxoromas, yeru ko‘kni
Bir xolingga fido qilsam… Nima deysan!

T O‘ R T L I K L A R

Izlaring o‘zimga ostona derdim,
Islaring aylaydi mastona derdim.
Bir kelib ko‘nglimni etsang charog‘on,
Men hatto jannatni afsona derdim.

* * *

Yaxshilarkim obi Kavsar ichdilar,
Garchi Haq yo‘lida xatar ichdilar.
O‘z yo‘lin yo‘qotgan bir guruh nodon
“Sog‘lik uchun” deya zahar ichdilar.

* * *

Aslida zaminu osmon yo‘q edi,
Ular yaralganda inson yo‘q edi.
Odam ham yaraldi – qalbi mingpora,
Ne ajab, loyida somon yo‘q edi.

* * *

Yozolmadim tuzuk na she’r, na bayot,
O‘tlarda qayrildi bebardosh qanot.
Bir kun kelib dunyo g‘amidan o‘lsam,
Derlar: bir mayxo‘rdan qutuldi hayot.

* * *

Goh mag‘lub, gohida yiqib keldim men,
Oxir o‘zim go‘rga tiqib keldim men.
Qaysidir qiz nomim aytdi-yu, bexos
Tirilib, qabrdan chiqib keldim men.

* * *

Kun kechirib yursam. Bir kuni
Odamlarga bo‘lsam ovoza,
Sog‘inadi bir qizcha meni –
Ko‘ylagi kir, yuragi toza.

O‘shanda shart yuzimni burib,
Go‘zalligin olmasam ham tan,
Suyunadi kamolim ko‘rib,
Kuyunadi baxtsizligimdan.

Quchog‘imga olib samoni,
Bulutlarning bag‘rida suzsam…
U ko‘z yoshga ko‘mar dunyoni
Kiprigimdan bir tomchi uzsam.

Lekin uzoq ketmayman sira,
Ko‘ksim ezib yursa ham firoq.
Axir, menga osmondan ko‘ra
Tizzangga bosh qo‘yish afzalroq.

Tushunsang-chi, qismatimiz shu,
Qara, hayot sevgi qasdida.
Sen bekorga yashamaysan-ku
Qovurg‘amning shundoq ostida!..

TO‘PLAMNI TO‘LIQ HOLDA  MUTOLAA QILING

Jo’rabek Ramazonov. Tavallo (2003) by Khurshid Davron on Scribd

01

(Tashriflar: umumiy 1 106, bugungi 1)

Izoh qoldiring