Гулноз Мўминова – туйғуларини, кечинмаларини биз кўра олмайдиган рангларда чиза оладиган ижодкор. Шоира ёзмишини шу рангларда кўрибдими, шу ҳолатни шеър қилиб чизмоқда. Гулноз опанинг шеърларини ўқир эканман, у ерда табиатан ожиз яралган аёлнинг маҳзун товушини эмас, ўз кечинмаларини мардонавор куйлаётган дадил овозни илғайман (Хуршид Абдурашиднинг «Рангин ҳислар мусаввири» мақоласидан. Мақола мана бу саҳифада).
Гулноз МЎМИНОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
Гулноз Мўминова 1978 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Фасллар шивири”, “Сайёҳ қушлар”, “Дил синиқлари” ва “Чиғаноқ” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
«Ёшлар» радиоканали ходими. Оилали.
АВТОПОРТРЕТ
Илғаб қолдим, руҳи бўлинган:
Гоҳ зардали, гоҳо ҳимоли.
Тўсаман деб уни замондан
Ярим йўлда қолмиш рўмоли.
Cочларининг фарқидан кириб
Ғойиб бўлмиш митти оқилон.
Қошларининг қоқ ўртасидан
Қалам тортмиш мусаввир чунон.
Сийраклашган киприкларининг
Ўқ бўлмоққа йўқдир даъвоси.
Рангпар юзи, рангсиз ёноғи
Билмам, балки Мажнун мероси.
Чизаяпман уни борича,
Яширмасдан ҳеч каму кўстин.
Меъёрдан сал каттароқ бурун,
Суқилмагай умрингга, дўстим.
Оз сўзлаб, оз кулади оғзи,
Лек қалбига яширмиш яғмо.
Мийиғида қолган табассум
Мазахларга этмагай парво.
Йиғлатажак уни қисматнинг
Гоҳо гули, гоҳи тошлари.
Сочларини излаб юришар
Оқилоннинг қариндошлари.
18.09.2017
***
Кафтимга сув олиб
Ташна юлдузларга тутдим –
Ичдилар.
Улардан ортганин
Чап кўксимга сепдим –
Гулханлар ўчдилар.
Тарқаганда гулханимнинг
Сўнгги тутуни,
Шамол ўйнаб юрар эди
Куюк ҳидини.
20.09.2017
КЕЧА ЭТЮДИ
Тунни кийиб олди Тасаввур,
Юлдуз-тугмаларин қадади.
Жонга тегди олтин тугмалар –
Ҳеч ким билмас улар ададин.
Очиққан Сой қайроқ тошларни
Каппалади солиб оғзига.
“Яққув” айтди зериккан Шамол,
Ўзин уриб Ғорлар бўғзига.
Кузат бир он тасаввур кучин,
Учган юлдуз – отилган чақа.
Шаҳзодага айланмоқ учун
Ойни ўпиб кўрар Қурбақа.
Тоғ йўлида мавжланар “Яққув”,
Чайқалади боғлар маст-аласт:
Сочларига илашиб ғулу
Югуради сўнгги Ойпараст.
27.11.2017
РАНГЛАР ТИЛИДА
(Беназир Муҳаммад йўлида)
Мовий асрор, қўнғир зоҳир,
Қаро коса, қаро коса.
Йашил ҳаёт, сориғ ровий,
Зангор қисса, зангор қисса.
Оқиш чўққи, сафсар уфқ
Орзу биза, орзу биза.
Кулранг соч-у заъфар чеҳра
Бизим хосса, бизим хосса.
Алвон йурак, жигарранг бахт,
Рангсиз ғусса, рангсиз ғусса…
28.11.2017
МАНОЗИЛ
Қудратнинг ичида Коинот,
Коинот ичида Замин,
Заминнинг ичида Макон,
Маконнинг ичида Замон,
Замоннинг ичида Одам,
Одамнинг ичида Ҳаво,
Ҳавонинг ичида Найшиша,
Найшиша ичида Капалак,
Унинг исми – Севги.
28.11.2017
СЕНИНГ БАЙРАМИНГ
Сен ичингда байрам қиласан,
Ташқарида байрамлар ёлғон.
Бахтни енгган кунинг айниқса
Тонгни кутиб оласан шодон.
Шунда ногоҳ силкиниб олар
Руҳинг ичра қартайган аждар.
Туйғуларинг бирлашиб муштдай,
Гул ўрнига сиқимлар ханжар.
Лек тинч қўймас, байрамингга ҳам
Кириб борар изқувар титроқ:
Қаҳрамонлар қизил гулгамас,
Ўз қонига чўмилар кўпроқ.
20.12.2017
ИШОРАЛАР
Давраларда айтилмас исминг.
Одамлар сен ҳақда
Ишоралар ила сўзлашар.
Асли таваллудинг қутлуғ ишора,
Бир ҳур ишорадир борлигинг.
Бир ғамгин ишорадир
Видоларга сазоворлигинг.
Эй гўзал ишора,
Бармоқларим ёд олар сени.
25.12.2017
ДЕВОНАНИНГ ЎЗИГА НАСИҲАТИ
Ҳаёт сени кўмса тириклай,
Мағлуб руҳлар шовқини аро
Бир қўлда шеър, бир қўлингда май –
Айлан гирён ва мотамсаро.
Эҳтиёт бўл, май тўкилмасин,
Эҳтиёт қил, йўқолмасин шеър.
Шаклингдаги руҳ йиқилмасин,
Ҳар уфқингда балқмасин Бадр.
Шунда балки сен билан бирга
Вақт айланар – замон айланар,
Бармоқларинг тараган нурда
Ўнта сирли макон айланар,
Эврилишдек имкон айланар.
06.01.2018
УЧЛИКЛАР
1.Ҳа, бу одам қаролмайди тик.
Кўзидаги қасос ўтини
Таъзим билан яширади у.
2. Жимлик, қалъа эдинг мустаҳкам,
Сени енгдим бир оғир “уҳ”-ла –
Иккимизга керакмас ҳакам.
3. Ой улкан тангага ўхшайди,
Абдуллажон ясаган тангага,
Сохта тангаларни ишлатиб бўлмас.
4.Шамол шохга ўралиб ухлар.
Боғда фақат туш кўрар олча
Ғунчалашин кўкламда илк бор.
5.Биринчи бор севиб қолган қиз
Энг севимли ўйинчоғини
Беркитади темир сандиққа.
6. Гуноҳ билан қоришган севги
Ёдга солар анжир дарахтин –
Гулламасдан мева тугар у.
7.Рашк ойнага урар шамолни –
Деразада турган ёронгул
Дарпарданинг розини тинглар.
8. Мендан қолмиш онамнинг кўнгли.
Сизга айтсам, шу кундан бошлаб
Дилозорлик айланди касбга.
9.Қамаб олдим уйимга бахтни.
Меҳмон қилдим хотира билан –
Ортиб қолди меҳмондан таом.
10. Зарда билан исмимни дилдан
Ўчирасан — ишларинг пухта.
Не қилсанг-да, қолар бир нуқта.
06.01.2018- 14.01.2018
ЁҒМУР ЧЕЧАКЛАРИ
Уввос солса абрларда
Самонинг ҳур буваклари,
Очилади ҳалқобларда
Қўнғир ёғмур чечаклари.
Очилади қўша-қўша,
Тарам-тарам очилади.
Япроқ-япроқ, парча-парча
Тўрт томонга сочилади.
Бул чечаклар умри қисқа
Капалакнинг умри мисол.
Кезмай туриб ёғмурларда,
Аларни ҳам кўрмоқ маҳол.
Қўнғир ёғмур чечаклари
Боқмайин нур толаларга,
Кулар ҳалқоб узра сакраб
Ўйноқлаган болаларга.
Куннинг кулранг қабоғига
Ол сурмоққа уринган шом,
Кўришмоқ-чун чечаклар-ла
Етти рангдан йўллар салом.
Қўнғир ёғмур чечакларин
Кўрмоқ учун керак тоқат.
Инжа ёғмур чечакларин
Ҳур лаҳзалар терар фақат.
09.01.2018
КЕТМОН
Балким ишонмассиз,
Эшқобилнинг кетмони учади –
Гоҳ рангпар болаларига,
Гоҳ сонсиз хотинига қараб.
Эшқобил бўлса,
Яшилтоб кўзлари пирпираб
Дуоибад қилар кетмонни:
“Илоё мўлжалга тегмагин!”
06.01.2018
ЭСЛАТИШ
Ёдингдадир, бир кун
Исмимизнинг бош ҳарфларини
Ўйиб ёздик қир устидаги
Энг баланд дарахтга –
Ўртаcида қўшув белгиси.
Гулдуракли кечада
Яшин шу дарахтни танлади.
Ямлаб қўйгач ҳарфларни олов
Фақат белги қолди –
Илк севгининг ёдгори бўлиб.
Қир шамоли ўшандан буён
Қўшиқ қилиб куйлармиш уни,
Кечалари ўша тарафдан
“Қў-ш-у-в” деган садо келармиш.
09.01.2018
АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ
Жами хотираларни ўлдирганча
Хонадан чиқасан –
Қучоқ очар сенга Ёруғлик.
Ҳеч ким қўли билан кўрсатмас сени.
“Қотил!” дея қичқирмас биров –
Капалакка ўхшаб
Қони йўқдир хотираларнинг.
16.01.2018
РОБИТА
Шеър – кутилган фарзанд.
(Ҳеч қандай лайлакка дахли йўқ унинг).
Чинданам шеър бўлса –
Уни келтиражак бургутнинг ўзи.
16.01.2018
ПАРВОЗ
-Негадир шеърингда бошқа одамсан,
Қандайдир бегона, хаёлчан, дайди.
-Сўзларингдан асло хафа бўлмасман:
Парвоз чоғи қушни таниб бўлмайди!
18.01.2018
СЕН ВА МЕН
Оқламайман ўзимни, зотан
Ҳаққим эмас оқлаш, қоралаш.
Туғилишдан чекимга тушган
Қалбни бутлаш ёки … поралаш.
Ва на ҳожат сени ёзғириш?
Сен ҳам битта гуноҳкор банда –
Қаҳрдан кўп қўшиб юбормиш
Тангри лойинг қораётганда!
06.02.2018
ҒАМГИН СУРАТ
Тиззаларин қучиб
Ўлтирар аёл,
“Бўзламам” аҳдида
Қимтилган лаби.
Ўлтирар —
Қачондир
Ўз маъбадидан
Чиқариб ташланган
Маъбуда каби.
06.02.2018
CЎНГАН ГУЛХАН, ОДАМ ВА БЎРИ
Кеча узун ва совуқ эди.
Сўнаётган гулхан эгаси
Ҳақиқатин ташлади ўтга.
Бироқ яна гурлаган олов
Жунжиктирди уни негадир.
Кеча узун ва совуқ эди.
Сўнаётган гулхан эгаси
Кўзидаги туман ортида
Кўрди икки маъюс юлдузни –
Бўри турар эди қошида.
Кеча энди шунчаки узун –
Кеча энди билар ҳаддини.
Кучга кирди тўда қонуни:
Бир-бирининг пинжига кириб
Исинишар Одам ва Бўри.
11.02.-12.02.2018
ТУШДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Эзиб-эзиб ёғади ёмғир,
Эзгин-эзгин ёғади сирлар.
Жасадидан таралганча нур
Гўрларида сиқтайди пирлар.
Эзиб-эзиб ёғади ёмғир,
Сув элайди зориққан само.
Қай бир синиқ қовурға ичра
Неларнидир пичирлар Ҳаво.
Бир лаҳзада ҳаётинг олтин,
Бир лаҳзада жонинг арзондир.
Бир қарасанг, арқонинг – йўлдай,
Бир қарасанг, йўлинг — арқондир.
Эзиб-эзиб ёғади ёмғир,
Сал юмшайди тошлар эртаги.
Ошиқмайди баҳорга шунда
Совуқ урган умид куртаги.
15.02.2018
ҲАҚИҚАТ
Шеърларимни донга алмашгум,
Оч қолганмиш қушлар галаси.
Буни менга айтди деразам.
Увоқларга алмашиб олиб,
Ошиқаман дарёга томон –
Мени унда балиқлар кутар.
Увоқ сочсам, улардан олдин
Чиғаноқлар очар оғзини.
Яшираман қўлим орқага.
Чиғаноқлар, кечиринг мени,
Шеър қиймати дур эмас асло,
Шоир керак эмас дунёга.
15.02.2018
АТВОР
Сўзамоллик ҳар доим ҳам
Севги билан келиша олмас.
Шундай экан, севгилинг билан
Сўзлашиб тур –
Хўрсиниқлар,
Кўзёшлар,
Воз кечишлар,
Исёнлар тилида.
Айниқса, исённи севади севги!
20.02.2018
ИШҚ
Ишқ – Мустафо меърожидир, бари, бари – ишқ.
Фарзона
Отилган оққушдан учган пар ила
Шамол ёзар бир ишқ ҳикоясини…
Оққуш фарёдидай туйғулар хира,
Хўрсиниб кутамиз ниҳоясини.
Дил – “ишқ” калимаси битилган оғоч,
Орзулаб яшайди қисмат рандаси.
Туйқус ёдимизга тушади Халлож
Ва унинг тўфонни тўсган жандаси.
Юнусни тушириб балиқ қорнига,
Сўнг қирғоқда уни пойлаган ҳам – Ишқ.
Жаброил кафтидан ясаб ойина,
Ойиша суратин жойлаган ҳам – Ишқ.
Ишқ – бир ўқи хато кетмаган мерган,
Одамнинг “оҳ”идан тушган олов – Ишқ.
Буюк жангчиларга “Ур-ҳо” айттирган,
Қўлдан қўлга ўтган оғир ялов – Ишқ.
Ишқ – қон билан кўз ёш аралаш оқиб,
Томирларда бўртиб турган дарёдир,
Ҳар сабоҳ шудрингдан маржонлар тақиб,
Уфққа тикилмиш Янги Дунёдир.
У – қиш оқлиги-ю кўклам яшили.
Ёз офтоби, кузнинг заъфарлиги – Ишқ.
Туйғу диёринда хуштаъм, асили
Ва шаксиз жонолуд, заҳарлиги – Ишқ!
Ишқ – кўклам жарчисин чорлаб қирларга,
Лола қадаҳини майга тўлдирган,
Эски қудуқларни кўмиб сирларга,
Кўҳна сир соҳибин яна кулдирган…
Ишқ – шамол эрмаклаб учирган укпар.
Сўраманг шеъримнинг ниҳоясини,
Отилган оққушман – мен ташлаган пар
Ёзар Ишқнинг янги ҳикоясини.
26.02.2018
ҚЎРҚОҚ(ЛАР) ҲАҚИДА АФСОНА
Бир қўрқоқ овлоқда
Юраги ёрилиб ўлди қўрқувдан,
Чўчитганди уни сояси.
Устидан неча Ой, неча Кун ўтди,
Хок бўлиб тўзғиди, сочилди.
Бир улуши ҳавога сингди,
Бир улуши тупроққа,
Оғочларга қўнди бир улуши.
Ўша ерда ўсган оқтерак
Дағ-дағ титрайдиган бўлди
Шамол бўлмаса ҳам.
Охир кесиб қутулдилар.
Фалакнинг гардиши айланиб
Терак ётар эди нонвойхонада.
Ўтга тушганида эса
Олов чатнаб кетди бехосдан.
Теракка илашган хокнинг бариси
Хамирга сачради.
Қарсиллатиб муштлади новвой…
Ўша нонни бир қавм едими
Ёки бир миллат,
Буёғини айтолмайман.
Янги афсонадир буёғи.
24.03.2018
СИР ИМЛОСИ
Мажнуннинг жавҳарли хокидан
Сир имлосин ажратиб олдим,
Қалбим ойнасига “куҳ-куҳ”лаб
Ёзиб қўйдим уни.
(Шаффоф ойналарни хушламайди сир)
Кейин қўлларимни силкидим,
Шамолдан самоъ дарсин олган
Муқим дарвишлар –
Оғочлар мисоли.
Ногоҳ сўз палахмонидан
Отилган бир тош
Қалбим ойнасига урилиб,
Дув тўкилди имло.
(Узоқ асролмасдим уни барибир)
Кейин палахмон эгаси
Еру Осмон аро
Ярқираб турган ҳарфларни
Ўкинч ила қилди талаффуз:
“Айн, шин, қоф…”
25.03.2018
ҚАЛДИРҒОЧЛАР
А.Н.га
Рўзғоринг – қалдирғоч уяси.
Учиб киришинг билан
Оғзин очар полапонларинг.
Уларни кўрган заҳоти
Дунёга қанот силкиб
Емак тақсимлашни бошлайсан…
Кейин сериал бошланади.
Бойвачча, бевафо, ўйинқароқ
Қалдирғочлар қатнашар унда.
Сериалдаги қаср – полапонларинг орзуси.
Қиз қалдирғочлари эса
Тунда тушларингга киришар учиб.
Ҳушёр жуфтинг улар чуғурин
Эшитиб ётса ҳам
Қувиб чиқармагай тонггача.
27.03.2018
ҲИЛОЛ
Кўк чечаги ғунчалади –
Ғунчаси яккагина.
Ошиғи кўп бу ғунчанинг
Макони чеккагина.
Яхшиямки, чеккагина
Бу ғунчанинг макони.
Ўн тўрт кунсиз ким узалса,
Кириб кетсин тикони.
12.04.2018
ХИРГОЙИ
Ёзуғин таъбири Кўкни юзунда,
Икки “шаъмнома” бор икки гўзунда,
Дарвишлар сужуди пинҳон тизинда,
Ёр одини эслаб қолмасам бўлмас.
Тарбият этганмиш Қайсни жунуни,
Китобсиз ўқилмиш ишқни фунуни,
Один сўрсам, айтар: “Замон Мажнуни”,
Манам бир Лайлоя дўнмасам бўлмас.
Субҳ доманидан тутмиш чечаклар,
Очилмак фаслина етмиш чечаклар,
Дилга муҳрин босиб кетмиш чечаклар,
Алар талабига кўнмасам бўлмас.
Нетай, кўнгул отлиғ беқарор манда,
Кетсам ҳам, қолсам ҳам – ихтиёр манда,
Ким билар, гоҳи муз, гоҳ шарор манда –
Оташдан, гулзордан кечмасам бўлмас.
Майга тўлмиш бу кун қисмат косаси,
Фалак имо қилар: “Ичгин, тозаси!”
Гулман, дийдамга жо ҳасрат ғозаси –
Кўклам гулобидан ичмасам бўлмас.
13.03.2018
***
Шамолнинг кўзи йўқ,
Оёғи ҳам йўқ –
Бордир
Улкан қанотлари,
Сезгир бармоқлари.
Ҳаммамиздан
Ўзганча шамол
Дунёни
Ўқишга улгурар –
Брайл алифбосида.
***
Сен ҳақингда ёзаётганда
Компьютерим
Тўсатдан
Фортепианога айланар –
Сен ҳақингда ёзаётганда
Чолғучиман шоирдан кўра.
19.04.2018
***
Капалак пиллага
Кирди,
Одам
Чиллага.
Қай бирига
Узлат
Қанот беражагин
Кутамиз энди.
19.04.2018
***
… Бахт тугагач
Фақат соя қолди аёлдан.
Эркак эса
Ҳамма эркаклардай
Вужудсиз соянинг эмас,
Соясиз вужуднинг ошиғи.
19.04.2018
КОМЕТА
“Юлдузим бўл” – дер эдинг менга,
“Юлдузим бўл, кутар осмоним”.
Хаёлимда сўзлардим сенга:
“Осмон менинг олти томоним!
Кейин … Юлдуз бўлмоқ эски гап,
Ёритолмас умрингни учқун.
Уфқдан уфққа бир бор нур тараб
Кел, комета бўлай сен учун!”
02.05.2018
БОЛАЛИК
Ҳақиқат кўпинча отасиз ўсар.
Отаси ё қамоқда бўлар,
Ёки қабрда.
Оч қолмас баъзида
Бошқа сағирлардек –
Улғайгунча тўқ тутар уни
“Онали етим – гул етим”
Мақолининг тахир мазаси.
08.05.2018
МАЙ ТОНГЛАРИ
1-чизги
Қоқигуллар митти булутдек
Сузиб юрар май даласида.
Тунда қаймоқ боғлаган сутдек
Жимирлар сув тонг палласида.
Бу жимирлаш бир тўлқин бўлиб
Йўл оларкан қирғоққа томон,
“Қизил, сориғ, яшил” га тўлиб
Ҳазратимни такрорлар Осмон.
2-чизги
Хўп ювиниб-таранмиш баҳор,
Ҳаво чашма сувидек тоза.
Ниначилар тўплашиб ифор
Ўтлоқларда очмиш мағоза.
Ғимирлаган хонқизиларга
Ҳовучидан ичириб шудринг,
Тонг шўх имлар боғлар томонга:
“Имилламай, мен билан юринг”.
Афсун атрин таратар жийда,
Қулаб тушар сархуш арилар.
Ҳисортоғнинг этакларида
Қувлашмачоқ ўйнар парилар.
Тоғ очади улкан кўзларин,
Сиғдиролмас лекин ақлига:
Париларнинг кўриб юзларин
Тошлар кирмиш одам шаклига.
Қувват олиб тавба, ҳоллардан
Қайтиб олам баҳорларига,
Жинлар яшил мажнунтоллардан
Чивиқ эшар тулпорларига.
Дунё бахтга интиқ ҳали ҳам –
Нур кафтида ҳавойи бўса.
Шамол “пуф”лар дарёни хуррам –
Сув сатҳида ҳарир кулимса.
08.05.2018
САЛОМНОМА
Шафақдан ранг симирган
Гуллара салом ўлсун.
Бахт қадами қирқилган
Йўллара салом ўлсун.
Руҳи осмонни кийган
Гиллара салом ўлсун.
Ўнглар, ҳам оғдирмаган
Сўллара салом ўлсун.
У на гўзал ифтихор –
Ҳурлара салом ўлсун.
(Қуллигидан бахтиёр
Қуллара салом ўлсун.)
Қалтирамай рост ёзган
Қўллара салом ўлсун,
Қайғуси қувончидан
Мўллара салом ўлсун.
Салом ўлсун оташдан
Улуш олган диллара,
“Эрк” сўзида қайралган
Тиллара салом ўлсун.
20.05.2018
ДАРВИНГА ДАХЛИ БЎЛМАГАН ШЕЪР
Қўрқоқ ўлиб биринчи жангда,
Довюраклар кўп яшар эди.
Ур-йиқитда битта тойифа
Дарахтларга тирмашар эди.
Ҳар жонзотга жони албатта
Ширин бўлар жанг қўпган маҳал.
Пастда қолган довюракларга
Чийиллашиб берарди халал.
Лек зафарни ҳаммадан олдин
Байрам қилган ўшалар эди.
“Ҳув-ҳув”лашиб, бураб думларин
Қарсак чалган ўшалар эди.
Ўлмадилар йиртқич тишидан,
Қулашмади ё ўққа учиб.
Сўнг тамаддун зиналаридан
Одамлардай келишди тушиб.
Кўйлак кийиб, тақиб бўйинбоғ
Юришибди одам сиёқда.
Лекин хатар етса баногоҳ
Югуришар тўртта оёқда.
30.05.2018
РЎЁ
Туннинг ёруғ чегарасида
табассуминг боғлайди қанот.
Ой нурлари кумушлаб ўтар
унинг ҳарир қанотларини.
Энди у кирмоғи мумкин
исталган парининг тушига.
2018, июнь
ҚИЗИҚАРЛИ МАТЕМАТИКА
Дунё – ғаддор ҳисобчи, ҳамон
Маъқул кўрар аниғу нақдни
Ва ўзгармас амаллар билан
Шарт айирар севгидан бахтни.
Тиним билмас “минус” белгиси.
Сўнг дунёга виқор-ла қараб,
Нимагадир қистаб кулгиси,
Шон ёнидан кетади шараф.
Бўйсунмаслар топилар ҳар вақт.
(Қилолмайсан уларга зўрлик).
Амалларни қилмасдан писанд –
Ҳамон бирга зулм ва хўрлик.
20.07.2018
ЧИҒАНОҚ КУЙЛАРИ
А.Н.га
Қалбимизда куйчи чиғаноқ,
Бўрон турса – тинмас товуши.
Чиғаноқни бизлардан олмоқ
Тақдирнингмас, Худонинг иши.
Ажратишлар, чекловлар сира
Совутолмас юрак ўтини.
Айт, қачондир Ой ёғдусида
Тотганмидик бўри сутини?
Ўгайласа бизни давралар,
Ўксимаймиз – руҳимиз кибор.
Соч устида сийрак қировлар,
Қалбимизда абадий баҳор!
04.07.2018
ҚИШЛОҚ ТОНГИ
Соялар ўзини сойларга ташлар,
Дарахтлар кўксида ҳаёт ёрлиғи.
Рўё пардасини тортқилай бошлар
Қушларнинг сабуҳий бахтиёрлиги.
Тункезар руҳларни элитар уйқу,
Баргларга мунчоқдай ёғар фароғат.
Офтоба тубида қолиб кетган сув
Бомдод намозидан ичар ҳаловат.
Уйлар сурур ила Қуёшга тутар
Қарлуғоч уй солган пешайвонини.
Онам лойсупада хушҳол силкитар
Чумоли ризқи бор дастурхонини.
18.07.2018
БИР СОНИЯЛИК ХАЁЛ
Сайёралар айланар тинмай,
Тоғлар Кўкни тутар елкада.
Фурсат рангли пайпаслагичдай
Сузиб юрар галактикада.
Замин – башар қайнаган уммон.
Долғалари қўрқинчли, зотан
Бу уммоннинг юзасида ҳам,
Тубида ҳам Одам бор, Одам!
18.07.2018
ОЛТИН ОЛМА
(Нодира опамга)
Қирмизи олмадай имлайди офтоб.
Бир тишланган кумуш олмадир Ой ҳам…
(Нодира Афоқова)
Ким ҳам кўз тикмагай осмон боғидан
Бир олтин олмани узмоқ бахтига,
Гарчанд синовдадир ошиқлар ҳамон
Ва гарчанд синовлар ишлар нақдига.
Гарчи юракларда ҳижрон етилган
Ва унга ризқ ташиб турган ўзимиз,
“Энг ошиқ аёлга” сўзи битилган
Бир олтин олмага тушса кўзимиз!
У бир армон эрур, бир буюк матлаб…
Дарахтлар хўрсинар – бели толмалар.
Шабий боғлар аро синиқ шивир-ла,
“Ўн тўрт” гача санар олтин олмалар –
Қолган рақамларни қўйган унутиб
Тартибсиз яшашга кўниккан дунё.
Қўлида тишланган бир олма тутиб,
Замон эшигидан боқар Зулайҳо.
Бармоқларда олтин олма илинжи,
“Кир” деб айтолмаймиз ёшу қаримиз.
Гарчанд руҳимизнинг ранги норанжий,
Олмаранг ҳисларга очмиз баримиз!
“Юсуф борми?”
Ногоҳ сўрар Зулайҳо,
Кўзида соғинч-ла ҳайрат қоришиқ.
Қўлидаги олма шуъласи аро
Бир янги манзара кетар ёришиб.
Шу оний ёруғлик силсиласида
Нур каби узайиб кўринар бир йўл,
Ўхшаб Ой юзига кулган гўдакка
Биз ҳам ўша томон узатамиз қўл.
Куламиз чарх уриб.
Юксак боғларда
Дарахтлар гуркирар – бели толмалар.
Милтироқ нур ўпган зумрад шохларда
Кўринар товланиб … олтин олмалар.
19.07.2018
Gulnoz Mo‘minova – tuyg‘ularini, kechinmalarini biz ko‘ra olmaydigan ranglarda chiza oladigan ijodkor. Shoira yozmishini shu ranglarda ko‘ribdimi, shu holatni she’r qilib chizmoqda. Gulnoz opaning she’rlarini o‘qir ekanman, u yerda tabiatan ojiz yaralgan ayolning mahzun tovushini emas, o‘z kechinmalarini mardonavor kuylayotgan dadil ovozni ilg‘ayman (Xurshid Abdurashidning “Rangin hislar musavviri” maqolasidan. Maqola mana bu sahifada).
Gulnoz MO‘MINOVA
YANGI SHE’RLAR
Gulnoz Mo‘minova 1978 yili tug‘ilgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. “Fasllar shiviri”, “Sayyoh qushlar”, “Dil siniqlari” va “Chig‘anoq” nomli she’riy to‘plamlari nashr etilgan.
“Yoshlar” radiokanali xodimi. Oilali.
AVTOPORTRЕT
Ilg‘ab qoldim, ruhi bo‘lingan:
Goh zardali, goho himoli.
To‘saman deb uni zamondan
Yarim yo‘lda qolmish ro‘moli.
Cochlarining farqidan kirib
G‘oyib bo‘lmish mitti oqilon.
Qoshlarining qoq o‘rtasidan
Qalam tortmish musavvir chunon.
Siyraklashgan kipriklarining
O‘q bo‘lmoqqa yo‘qdir da’vosi.
Rangpar yuzi, rangsiz yonog‘i
Bilmam, balki Majnun merosi.
Chizayapman uni boricha,
Yashirmasdan hech kamu ko‘stin.
Me’yordan sal kattaroq burun,
Suqilmagay umringga, do‘stim.
Oz so‘zlab, oz kuladi og‘zi,
Lek qalbiga yashirmish yag‘mo.
Miyig‘ida qolgan tabassum
Mazaxlarga etmagay parvo.
Yig‘latajak uni qismatning
Goho guli, gohi toshlari.
Sochlarini izlab yurishar
Oqilonning qarindoshlari.
18.09.2017
***
Kaftimga suv olib
Tashna yulduzlarga tutdim –
Ichdilar.
Ulardan ortganin
Chap ko‘ksimga sepdim –
Gulxanlar o‘chdilar.
Tarqaganda gulxanimning
So‘nggi tutuni,
Shamol o‘ynab yurar edi
Kuyuk hidini.
20.09.2017
KЕCHA ETYUDI
Tunni kiyib oldi Tasavvur,
Yulduz-tugmalarin qadadi.
Jonga tegdi oltin tugmalar –
Hech kim bilmas ular adadin.
Ochiqqan Soy qayroq toshlarni
Kappaladi solib og‘ziga.
“Yaqquv” aytdi zerikkan Shamol,
O‘zin urib G‘orlar bo‘g‘ziga.
Kuzat bir on tasavvur kuchin,
Uchgan yulduz – otilgan chaqa.
Shahzodaga aylanmoq uchun
Oyni o‘pib ko‘rar Qurbaqa.
Tog‘ yo‘lida mavjlanar “Yaqquv”,
Chayqaladi bog‘lar mast-alast:
Sochlariga ilashib g‘ulu
Yuguradi so‘nggi Oyparast.
27.11.2017
RANGLAR TILIDA
(Benazir Muhammad yo‘lida)
Moviy asror, qo‘ng‘ir zohir,
Qaro kosa, qaro kosa.
Yashil hayot, sorig‘ roviy,
Zangor qissa, zangor qissa.
Oqish cho‘qqi, safsar ufq
Orzu biza, orzu biza.
Kulrang soch-u za’far chehra
Bizim xossa, bizim xossa.
Alvon yurak, jigarrang baxt,
Rangsiz g‘ussa, rangsiz g‘ussa…
28.11.2017
MANOZIL
Qudratning ichida Koinot,
Koinot ichida Zamin,
Zaminning ichida Makon,
Makonning ichida Zamon,
Zamonning ichida Odam,
Odamning ichida Havo,
Havoning ichida Nayshisha,
Nayshisha ichida Kapalak,
Uning ismi – Sevgi.
28.11.2017
SЕNING BAYRAMING
Sen ichingda bayram qilasan,
Tashqarida bayramlar yolg‘on.
Baxtni yenggan kuning ayniqsa
Tongni kutib olasan shodon.
Shunda nogoh silkinib olar
Ruhing ichra qartaygan ajdar.
Tuyg‘ularing birlashib mushtday,
Gul o‘rniga siqimlar xanjar.
Lek tinch qo‘ymas, bayramingga ham
Kirib borar izquvar titroq:
Qahramonlar qizil gulgamas,
O‘z qoniga cho‘milar ko‘proq.
20.12.2017
ISHORALAR
Davralarda aytilmas isming.
Odamlar sen haqda
Ishoralar ila so‘zlashar.
Asli tavalluding qutlug‘ ishora,
Bir hur ishoradir borliging.
Bir g‘amgin ishoradir
Vidolarga sazovorliging.
Ey go‘zal ishora,
Barmoqlarim yod olar seni.
25.12.2017
DЕVONANING O‘ZIGA NASIHATI
Hayot seni ko‘msa tiriklay,
Mag‘lub ruhlar shovqini aro
Bir qo‘lda she’r, bir qo‘lingda may –
Aylan giryon va motamsaro.
Ehtiyot bo‘l, may to‘kilmasin,
Ehtiyot qil, yo‘qolmasin she’r.
Shaklingdagi ruh yiqilmasin,
Har ufqingda balqmasin Badr.
Shunda balki sen bilan birga
Vaqt aylanar – zamon aylanar,
Barmoqlaring taragan nurda
O‘nta sirli makon aylanar,
Evrilishdek imkon aylanar.
06.01.2018
UCHLIKLAR
1.Ha, bu odam qarolmaydi tik.
Ko‘zidagi qasos o‘tini
Ta’zim bilan yashiradi u.
2. Jimlik, qal’a eding mustahkam,
Seni yengdim bir og‘ir “uh”-la –
Ikkimizga kerakmas hakam.
3. Oy ulkan tangaga o‘xshaydi,
Abdullajon yasagan tangaga,
Soxta tangalarni ishlatib bo‘lmas.
4.Shamol shoxga o‘ralib uxlar.
Bog‘da faqat tush ko‘rar olcha
G‘unchalashin ko‘klamda ilk bor.
5.Birinchi bor sevib qolgan qiz
Eng sevimli o‘yinchog‘ini
Berkitadi temir sandiqqa.
6. Gunoh bilan qorishgan sevgi
Yodga solar anjir daraxtin –
Gullamasdan meva tugar u.
7.Rashk oynaga urar shamolni –
Derazada turgan yorongul
Darpardaning rozini tinglar.
8. Mendan qolmish onamning ko‘ngli.
Sizga aytsam, shu kundan boshlab
Dilozorlik aylandi kasbga.
9.Qamab oldim uyimga baxtni.
Mehmon qildim xotira bilan –
Ortib qoldi mehmondan taom.
10. Zarda bilan ismimni dildan
O‘chirasan — ishlaring puxta.
Ne qilsang-da, qolar bir nuqta.
06.01.2018- 14.01.2018
YOG‘MUR ChЕCHAKLARI
Uvvos solsa abrlarda
Samoning hur buvaklari,
Ochiladi halqoblarda
Qo‘ng‘ir yog‘mur chechaklari.
Ochiladi qo‘sha-qo‘sha,
Taram-taram ochiladi.
Yaproq-yaproq, parcha-parcha
To‘rt tomonga sochiladi.
Bul chechaklar umri qisqa
Kapalakning umri misol.
Kezmay turib yog‘murlarda,
Alarni ham ko‘rmoq mahol.
Qo‘ng‘ir yog‘mur chechaklari
Boqmayin nur tolalarga,
Kular halqob uzra sakrab
O‘ynoqlagan bolalarga.
Kunning kulrang qabog‘iga
Ol surmoqqa uringan shom,
Ko‘rishmoq-chun chechaklar-la
Yetti rangdan yo‘llar salom.
Qo‘ng‘ir yog‘mur chechaklarin
Ko‘rmoq uchun kerak toqat.
Inja yog‘mur chechaklarin
Hur lahzalar terar faqat.
09.01.2018
KЕTMON
Balkim ishonmassiz,
Eshqobilning ketmoni uchadi –
Goh rangpar bolalariga,
Goh sonsiz xotiniga qarab.
Eshqobil bo‘lsa,
Yashiltob ko‘zlari pirpirab
Duoibad qilar ketmonni:
“Iloyo mo‘ljalga tegmagin!”
06.01.2018
ESLATISH
Yodingdadir, bir kun
Ismimizning bosh harflarini
O‘yib yozdik qir ustidagi
Eng baland daraxtga –
O‘rtacida qo‘shuv belgisi.
Guldurakli kechada
Yashin shu daraxtni tanladi.
Yamlab qo‘ygach harflarni olov
Faqat belgi qoldi –
Ilk sevgining yodgori bo‘lib.
Qir shamoli o‘shandan buyon
Qo‘shiq qilib kuylarmish uni,
Kechalari o‘sha tarafdan
“Qo‘-sh-u-v” degan sado kelarmish.
09.01.2018
AYBLOV XULOSASI
Jami xotiralarni o‘ldirgancha
Xonadan chiqasan –
Quchoq ochar senga Yorug‘lik.
Hech kim qo‘li bilan ko‘rsatmas seni.
“Qotil!” deya qichqirmas birov –
Kapalakka o‘xshab
Qoni yo‘qdir xotiralarning.
16.01.2018
ROBITA
She’r – kutilgan farzand.
(Hech qanday laylakka daxli yo‘q uning).
Chindanam she’r bo‘lsa –
Uni keltirajak burgutning o‘zi.
16.01.2018
PARVOZ
-Negadir she’ringda boshqa odamsan,
Qandaydir begona, xayolchan, daydi.
-So‘zlaringdan aslo xafa bo‘lmasman:
Parvoz chog‘i qushni tanib bo‘lmaydi!
18.01.2018
SЕN VA MЕN
Oqlamayman o‘zimni, zotan
Haqqim emas oqlash, qoralash.
Tug‘ilishdan chekimga tushgan
Qalbni butlash yoki … poralash.
Va na hojat seni yozg‘irish?
Sen ham bitta gunohkor banda –
Qahrdan ko‘p qo‘shib yubormish
Tangri loying qorayotganda!
06.02.2018
G‘AMGIN SURAT
Tizzalarin quchib
O‘ltirar ayol,
“Bo‘zlamam” ahdida
Qimtilgan labi.
O‘ltirar —
Qachondir
O‘z ma’badidan
Chiqarib tashlangan
Ma’buda kabi.
06.02.2018
CO‘NGAN GULXAN, ODAM VA BO‘RI
Kecha uzun va sovuq edi.
So‘nayotgan gulxan egasi
Haqiqatin tashladi o‘tga.
Biroq yana gurlagan olov
Junjiktirdi uni negadir.
Kecha uzun va sovuq edi.
So‘nayotgan gulxan egasi
Ko‘zidagi tuman ortida
Ko‘rdi ikki ma’yus yulduzni –
Bo‘ri turar edi qoshida.
Kecha endi shunchaki uzun –
Kecha endi bilar haddini.
Kuchga kirdi to‘da qonuni:
Bir-birining pinjiga kirib
Isinishar Odam va Bo‘ri.
11.02.-12.02.2018
TUSHDA YOZILGAN SHE’R
Ezib-ezib yog‘adi yomg‘ir,
Ezgin-ezgin yog‘adi sirlar.
Jasadidan taralgancha nur
Go‘rlarida siqtaydi pirlar.
Ezib-ezib yog‘adi yomg‘ir,
Suv elaydi zoriqqan samo.
Qay bir siniq qovurg‘a ichra
Nelarnidir pichirlar Havo.
Bir lahzada hayoting oltin,
Bir lahzada joning arzondir.
Bir qarasang, arqoning – yo‘lday,
Bir qarasang, yo‘ling — arqondir.
Ezib-ezib yog‘adi yomg‘ir,
Sal yumshaydi toshlar ertagi.
Oshiqmaydi bahorga shunda
Sovuq urgan umid kurtagi.
15.02.2018
HAQIQAT
She’rlarimni donga almashgum,
Och qolganmish qushlar galasi.
Buni menga aytdi derazam.
Uvoqlarga almashib olib,
Oshiqaman daryoga tomon –
Meni unda baliqlar kutar.
Uvoq sochsam, ulardan oldin
Chig‘anoqlar ochar og‘zini.
Yashiraman qo‘lim orqaga.
Chig‘anoqlar, kechiring meni,
She’r qiymati dur emas aslo,
Shoir kerak emas dunyoga.
15.02.2018
ATVOR
So‘zamollik har doim ham
Sevgi bilan kelisha olmas.
Shunday ekan, sevgiling bilan
So‘zlashib tur –
Xo‘rsiniqlar,
Ko‘zyoshlar,
Voz kechishlar,
Isyonlar tilida.
Ayniqsa, isyonni sevadi sevgi!
20.02.2018
ISHQ
Ishq – Mustafo me’rojidir, bari, bari – ishq.
Farzona
Otilgan oqqushdan uchgan par ila
Shamol yozar bir ishq hikoyasini…
Oqqush faryodiday tuyg‘ular xira,
Xo‘rsinib kutamiz nihoyasini.
Dil – “ishq” kalimasi bitilgan og‘och,
Orzulab yashaydi qismat randasi.
Tuyqus yodimizga tushadi Xalloj
Va uning to‘fonni to‘sgan jandasi.
Yunusni tushirib baliq qorniga,
So‘ng qirg‘oqda uni poylagan ham – Ishq.
Jabroil kaftidan yasab oyina,
Oyisha suratin joylagan ham – Ishq.
Ishq – bir o‘qi xato ketmagan mergan,
Odamning “oh”idan tushgan olov – Ishq.
Buyuk jangchilarga “Ur-ho” ayttirgan,
Qo‘ldan qo‘lga o‘tgan og‘ir yalov – Ishq.
Ishq – qon bilan ko‘z yosh aralash oqib,
Tomirlarda bo‘rtib turgan daryodir,
Har saboh shudringdan marjonlar taqib,
Ufqqa tikilmish Yangi Dunyodir.
U – qish oqligi-yu ko‘klam yashili.
Yoz oftobi, kuzning za’farligi – Ishq.
Tuyg‘u diyorinda xushta’m, asili
Va shaksiz jonolud, zaharligi – Ishq!
Ishq – ko‘klam jarchisin chorlab qirlarga,
Lola qadahini mayga to‘ldirgan,
Eski quduqlarni ko‘mib sirlarga,
Ko‘hna sir sohibin yana kuldirgan…
Ishq – shamol ermaklab uchirgan ukpar.
So‘ramang she’rimning nihoyasini,
Otilgan oqqushman – men tashlagan par
Yozar Ishqning yangi hikoyasini.
26.02.2018
QO‘RQOQ(LAR) HAQIDA AFSONA
Bir qo‘rqoq ovloqda
Yuragi yorilib o‘ldi qo‘rquvdan,
Cho‘chitgandi uni soyasi.
Ustidan necha Oy, necha Kun o‘tdi,
Xok bo‘lib to‘zg‘idi, sochildi.
Bir ulushi havoga singdi,
Bir ulushi tuproqqa,
Og‘ochlarga qo‘ndi bir ulushi.
O‘sha yerda o‘sgan oqterak
Dag‘-dag‘ titraydigan bo‘ldi
Shamol bo‘lmasa ham.
Oxir kesib qutuldilar.
Falakning gardishi aylanib
Terak yotar edi nonvoyxonada.
O‘tga tushganida esa
Olov chatnab ketdi bexosdan.
Terakka ilashgan xokning barisi
Xamirga sachradi.
Qarsillatib mushtladi novvoy…
O‘sha nonni bir qavm yedimi
Yoki bir millat,
Buyog‘ini aytolmayman.
Yangi afsonadir buyog‘i.
24.03.2018
SIR IMLOSI
Majnunning javharli xokidan
Sir imlosin ajratib oldim,
Qalbim oynasiga “kuh-kuh”lab
Yozib qo‘ydim uni.
(Shaffof oynalarni xushlamaydi sir)
Keyin qo‘llarimni silkidim,
Shamoldan samo’ darsin olgan
Muqim darvishlar –
Og‘ochlar misoli.
Nogoh so‘z palaxmonidan
Otilgan bir tosh
Qalbim oynasiga urilib,
Duv to‘kildi imlo.
(Uzoq asrolmasdim uni baribir)
Keyin palaxmon egasi
Yeru Osmon aro
Yarqirab turgan harflarni
O‘kinch ila qildi talaffuz:
“Ayn, shin, qof…”
25.03.2018
QALDIRG‘OCHLAR
A.N.ga
Ro‘zg‘oring – qaldirg‘och uyasi.
Uchib kirishing bilan
Og‘zin ochar polaponlaring.
Ularni ko‘rgan zahoti
Dunyoga qanot silkib
Yemak taqsimlashni boshlaysan…
Keyin serial boshlanadi.
Boyvachcha, bevafo, o‘yinqaroq
Qaldirg‘ochlar qatnashar unda.
Serialdagi qasr – polaponlaring orzusi.
Qiz qaldirg‘ochlari esa
Tunda tushlaringga kirishar uchib.
Hushyor jufting ular chug‘urin
Eshitib yotsa ham
Quvib chiqarmagay tonggacha.
27.03.2018
HILOL
Ko‘k chechagi g‘unchaladi –
G‘unchasi yakkagina.
Oshig‘i ko‘p bu g‘unchaning
Makoni chekkagina.
Yaxshiyamki, chekkagina
Bu g‘unchaning makoni.
O‘n to‘rt kunsiz kim uzalsa,
Kirib ketsin tikoni.
12.04.2018
XIRGOYI
Yozug‘in ta’biri Ko‘kni yuzunda,
Ikki “sha’mnoma” bor ikki go‘zunda,
Darvishlar sujudi pinhon tizinda,
Yor odini eslab qolmasam bo‘lmas.
Tarbiyat etganmish Qaysni jununi,
Kitobsiz o‘qilmish ishqni fununi,
Odin so‘rsam, aytar: “Zamon Majnuni”,
Manam bir Layloya do‘nmasam bo‘lmas.
Subh domanidan tutmish chechaklar,
Ochilmak faslina yetmish chechaklar,
Dilga muhrin bosib ketmish chechaklar,
Alar talabiga ko‘nmasam bo‘lmas.
Netay, ko‘ngul otlig‘ beqaror manda,
Ketsam ham, qolsam ham – ixtiyor manda,
Kim bilar, gohi muz, goh sharor manda –
Otashdan, gulzordan kechmasam bo‘lmas.
Mayga to‘lmish bu kun qismat kosasi,
Falak imo qilar: “Ichgin, tozasi!”
Gulman, diydamga jo hasrat g‘ozasi –
Ko‘klam gulobidan ichmasam bo‘lmas.
13.03.2018
***
Shamolning ko‘zi yo‘q,
Oyog‘i ham yo‘q –
Bordir
Ulkan qanotlari,
Sezgir barmoqlari.
Hammamizdan
O‘zgancha shamol
Dunyoni
O‘qishga ulgurar –
Brayl alifbosida.
***
Sen haqingda yozayotganda
Kompyuterim
To‘satdan
Fortepianoga aylanar –
Sen haqingda yozayotganda
Cholg‘uchiman shoirdan ko‘ra.
19.04.2018
***
Kapalak pillaga
Kirdi,
Odam
Chillaga.
Qay biriga
Uzlat
Qanot berajagin
Kutamiz endi.
19.04.2018
***
… Baxt tugagach
Faqat soya qoldi ayoldan.
Erkak esa
Hamma erkaklarday
Vujudsiz soyaning emas,
Soyasiz vujudning oshig‘i.
19.04.2018
KOMЕTA
“Yulduzim bo‘l” – der eding menga,
“Yulduzim bo‘l, kutar osmonim”.
Xayolimda so‘zlardim senga:
“Osmon mening olti tomonim!
Keyin … Yulduz bo‘lmoq eski gap,
Yoritolmas umringni uchqun.
Ufqdan ufqqa bir bor nur tarab
Kel, kometa bo‘lay sen uchun!”
02.05.2018
BOLALIK
Haqiqat ko‘pincha otasiz o‘sar.
Otasi yo qamoqda bo‘lar,
Yoki qabrda.
Och qolmas ba’zida
Boshqa sag‘irlardek –
Ulg‘ayguncha to‘q tutar uni
“Onali yetim – gul yetim”
Maqolining taxir mazasi.
08.05.2018
MAY TONGLARI
1-chizgi
Qoqigullar mitti bulutdek
Suzib yurar may dalasida.
Tunda qaymoq bog‘lagan sutdek
Jimirlar suv tong pallasida.
Bu jimirlash bir to‘lqin bo‘lib
Yo‘l olarkan qirg‘oqqa tomon,
“Qizil, sorig‘, yashil” ga to‘lib
Hazratimni takrorlar Osmon.
2-chizgi
Xo‘p yuvinib-taranmish bahor,
Havo chashma suvidek toza.
Ninachilar to‘plashib ifor
O‘tloqlarda ochmish mag‘oza.
G‘imirlagan xonqizilarga
Hovuchidan ichirib shudring,
Tong sho‘x imlar bog‘lar tomonga:
“Imillamay, men bilan yuring”.
Afsun atrin taratar jiyda,
Qulab tushar sarxush arilar.
Hisortog‘ning etaklarida
Quvlashmachoq o‘ynar parilar.
Tog‘ ochadi ulkan ko‘zlarin,
Sig‘dirolmas lekin aqliga:
Parilarning ko‘rib yuzlarin
Toshlar kirmish odam shakliga.
Quvvat olib tavba, hollardan
Qaytib olam bahorlariga,
Jinlar yashil majnuntollardan
Chiviq eshar tulporlariga.
Dunyo baxtga intiq hali ham –
Nur kaftida havoyi bo‘sa.
Shamol “puf”lar daryoni xurram –
Suv sathida harir kulimsa.
08.05.2018
SALOMNOMA
Shafaqdan rang simirgan
Gullara salom o‘lsun.
Baxt qadami qirqilgan
Yo‘llara salom o‘lsun.
Ruhi osmonni kiygan
Gillara salom o‘lsun.
O‘nglar, ham og‘dirmagan
So‘llara salom o‘lsun.
U na go‘zal iftixor –
Hurlara salom o‘lsun.
(Qulligidan baxtiyor
Qullara salom o‘lsun.)
Qaltiramay rost yozgan
Qo‘llara salom o‘lsun,
Qayg‘usi quvonchidan
Mo‘llara salom o‘lsun.
Salom o‘lsun otashdan
Ulush olgan dillara,
“Erk” so‘zida qayralgan
Tillara salom o‘lsun.
20.05.2018
DARVINGA DAXLI BO‘LMAGAN SHE’R
Qo‘rqoq o‘lib birinchi jangda,
Dovyuraklar ko‘p yashar edi.
Ur-yiqitda bitta toyifa
Daraxtlarga tirmashar edi.
Har jonzotga joni albatta
Shirin bo‘lar jang qo‘pgan mahal.
Pastda qolgan dovyuraklarga
Chiyillashib berardi xalal.
Lek zafarni hammadan oldin
Bayram qilgan o‘shalar edi.
“Huv-huv”lashib, burab dumlarin
Qarsak chalgan o‘shalar edi.
O‘lmadilar yirtqich tishidan,
Qulashmadi yo o‘qqa uchib.
So‘ng tamaddun zinalaridan
Odamlarday kelishdi tushib.
Ko‘ylak kiyib, taqib bo‘yinbog‘
Yurishibdi odam siyoqda.
Lekin xatar yetsa banogoh
Yugurishar to‘rtta oyoqda.
30.05.2018
RO‘Yo
Tunning yorug‘ chegarasida
tabassuming bog‘laydi qanot.
Oy nurlari kumushlab o‘tar
uning harir qanotlarini.
Endi u kirmog‘i mumkin
istalgan parining tushiga.
2018, iyun
QIZIQARLI MATЕMATIKA
Dunyo – g‘addor hisobchi, hamon
Ma’qul ko‘rar anig‘u naqdni
Va o‘zgarmas amallar bilan
Shart ayirar sevgidan baxtni.
Tinim bilmas “minus” belgisi.
So‘ng dunyoga viqor-la qarab,
Nimagadir qistab kulgisi,
Shon yonidan ketadi sharaf.
Bo‘ysunmaslar topilar har vaqt.
(Qilolmaysan ularga zo‘rlik).
Amallarni qilmasdan pisand –
Hamon birga zulm va xo‘rlik.
20.07.2018
CHIG‘ANOQ KUYLARI
A.N.ga
Qalbimizda kuychi chig‘anoq,
Bo‘ron tursa – tinmas tovushi.
Chig‘anoqni bizlardan olmoq
Taqdirningmas, Xudoning ishi.
Ajratishlar, cheklovlar sira
Sovutolmas yurak o‘tini.
Ayt, qachondir Oy yog‘dusida
Totganmidik bo‘ri sutini?
O‘gaylasa bizni davralar,
O‘ksimaymiz – ruhimiz kibor.
Soch ustida siyrak qirovlar,
Qalbimizda abadiy bahor!
04.07.2018
QISHLOQ TONGI
Soyalar o‘zini soylarga tashlar,
Daraxtlar ko‘ksida hayot yorlig‘i.
Ro‘yo pardasini tortqilay boshlar
Qushlarning sabuhiy baxtiyorligi.
Tunkezar ruhlarni elitar uyqu,
Barglarga munchoqday yog‘ar farog‘at.
Oftoba tubida qolib ketgan suv
Bomdod namozidan ichar halovat.
Uylar surur ila Quyoshga tutar
Qarlug‘och uy solgan peshayvonini.
Onam loysupada xushhol silkitar
Chumoli rizqi bor dasturxonini.
18.07.2018
BIR SONIYALIK XAYOL
Sayyoralar aylanar tinmay,
Tog‘lar Ko‘kni tutar yelkada.
Fursat rangli paypaslagichday
Suzib yurar galaktikada.
Zamin – bashar qaynagan ummon.
Dolg‘alari qo‘rqinchli, zotan
Bu ummonning yuzasida ham,
Tubida ham Odam bor, Odam!
18.07.2018
OLTIN OLMA
(Nodira opamga)
Qirmizi olmaday imlaydi oftob.
Bir tishlangan kumush olmadir Oy ham…
(Nodira Afoqova)
Kim ham ko‘z tikmagay osmon bog‘idan
Bir oltin olmani uzmoq baxtiga,
Garchand sinovdadir oshiqlar hamon
Va garchand sinovlar ishlar naqdiga.
Garchi yuraklarda hijron yetilgan
Va unga rizq tashib turgan o‘zimiz,
“Eng oshiq ayolga” so‘zi bitilgan
Bir oltin olmaga tushsa ko‘zimiz!
U bir armon erur, bir buyuk matlab…
Daraxtlar xo‘rsinar – beli tolmalar.
Shabiy bog‘lar aro siniq shivir-la,
“O‘n to‘rt” gacha sanar oltin olmalar –
Qolgan raqamlarni qo‘ygan unutib
Tartibsiz yashashga ko‘nikkan dunyo.
Qo‘lida tishlangan bir olma tutib,
Zamon eshigidan boqar Zulayho.
Barmoqlarda oltin olma ilinji,
“Kir” deb aytolmaymiz yoshu qarimiz.
Garchand ruhimizning rangi noranjiy,
Olmarang hislarga ochmiz barimiz!
“Yusuf bormi?”
Nogoh so‘rar Zulayho,
Ko‘zida sog‘inch-la hayrat qorishiq.
Qo‘lidagi olma shu’lasi aro
Bir yangi manzara ketar yorishib.
Shu oniy yorug‘lik silsilasida
Nur kabi uzayib ko‘rinar bir yo‘l,
O‘xshab Oy yuziga kulgan go‘dakka
Biz ham o‘sha tomon uzatamiz qo‘l.
Kulamiz charx urib.
Yuksak bog‘larda
Daraxtlar gurkirar – beli tolmalar.
Miltiroq nur o‘pgan zumrad shoxlarda
Ko‘rinar tovlanib … oltin olmalar.
19.07.2018