Abdunabi Boyqo’ziyev. Qozoqboy Yo’ldoshev hayotidan bo’lganu bo’lmagan hangomalar

03Саҳифа таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг 70 йиллигига бағишланади

  Қозоқбой аканинг фақат ўзигагина хос, қизиқ-қизиқ одатлариям бор. Бундай қарасанг, қаҳри жуда қаттиқдай. Аммо бир ажаб, фавқулодда самимий шумликлариям борки, буни сиз юқоридаги таништирувидан сездингиз чоғи…

ПРОФЕССОР ҚОЗОҚБОЙ ЙЎЛДОШ ҲАҚИДА
БЎЛГАНУ БЎЛМАГАН ҲАНГОМАЛАР
05

ТЕРАК НЕЧА ЙИЛДА ЕТИЛАДИ?

Арман родиоси Қозоқ радиосидан сўрабди:
– Ўсимликларга боғишланган илмий анжуман ўтказётувдик. Марҳамат қилиб айтсангиз, Ўзбекистонда терак неча йилда иморатбоп бўлиб етилади?
– Буни ўзбек радиосидан сўраш керак. – дебди Қозоқ родиоси.
– Сўрадик, ёзма равишда қабул қилинг, – дейишяпти. Унгача издиҳом кутиб турмайди.
– Нима десак экан, – дебди Қозоқ радиоси, – Ўзбекистоннинг иқлими бизникидан ҳам кескин ўзгарувчан. Шимолида изғирин изиллатиб турганда жанубида одамлар майкачан бўлиб карам экади. Фарғона шаҳри тандирдай қизиб ётганда, ўттиз чақирим наридаги Шоҳимардонда гуппиллатиб қор ёғади. Қорақалпоқлар пўстинда юрганда Сурхон, Қашқа воҳасида бодом гуллайди. Водийда уч йилда тўсинга ярайдиган мирзатерак мамлакат ғарбида кетмонга соп бўлмайди. Тошкент томонларнинг йўриғи бошқа. Масалан, профессор Қозоқбой Йўлдошев дала ховлисига тўрт юз туп терак эккан эди. Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, олим селитрани суюлтириб баргига пурқайвериб беш йилда бир прицеп ўтин кесиб олди, дейишади.

2015 йил, май

ҚУЁШ ҚАЙДАН ЧИҚИБ, ҚАЙГА БОТАДИ?
(Сўров)

Мирзачўллик адабиёт ўқитувчиси:
– Пахта пайкалининг у бошидан чиқиб бу бошига ботади.
Пойтахтлик география ўқитувчиси:
– Северний вокзал томондан чиқиб, Хасанбой томонга ботишини биламиз.
Тошкентнинг қоқ марказида яшовчи ўқувчи:
– Анови томдан чиқиб, манови томга ботади.
Наманганлик физика ўқитувчиси:
– Ботмаадиям-отмаадиям. Бирушта пўртиллаб турудугон сойёра.
Низомий номидаги педуниверситет профессори Роза Ниёзметова:
– Дим чигал савол. Чиланзор томондан чиқиб… ректорнинг кабинетига ботса керак.
Педагогика фанлари доктори Қундузой Ҳусанбоева (йилнинг биринчи ярмида АҚШлик, иккинчи ярмида ўзбекистонлик):
– Умуман, Шарқдан чиқиб, Америкада тентираб-сентираб Тошкентнинг нақ Хадрасига ботади.
Профессор Қозоқбой Йўлдошев:
– Ўқирманлар кун чиқардан чиқади, деб ўйлашади. Бекор гап. Аслида, кун чиқишдан чиқиб, ботишга ботади. Янаям аниқроғи, Зомин тоғларида юз очиб Сирдарёнинг кўпригидан ўтаётганда “Салом, она Дарё!” дея ҳайқиради-да, эниб бориб яна… Зомин тоғларига ботади!

2015 йил, ноябр

ТАНИШТИРУВ

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг турмуш ўртоғи вафот этиб, кўнгли чўкиброқ юрган кезлар. Қайсидир бир ижодкорнинг тўйида профессор Қозоқбой Йўлдош билан бақамти ўтириб қолади. Дастурхон тўкин. Арслоннинг сутидан ҳам анвойиси… Бир-икки қадахдан сўнг қулфи диллар очилади. Профессор шоирнинг сўққабошлигидан ташвиш изҳор этаркан, агар уйланса, шу ерда ўтирган аёллардан биронтасини таништириб қўйиши мумкинлигини айтади.
– Зўр танқидчи десам, йигитларниям зўрийкансиз! – хурсанд бўлиб кетади шоир ва олимнинг елкасига қўлини қўйиб давом этади. – Ижодим ҳақида миқ этмасангиз ҳам майли. Мана шу гапингизни ҳозирнинг ўзида амалга оширсак, зўр иш бўларди-да!..
– Юринг бўлмасам, – дея йўл бошлайди олим.
Сал нарироқда ўтирган фаришталигина икки аёл ҳам айни шуни кутиб тургандай, уларни илиқ қарши олишади. Хонимларнинг ёнига жойлашиб олишгач, Қозоқбой ака гап бошлайди.
– Танишинглар, андижонлик машҳур шоир Тўлан Низом!
– И-и, шунақами? “Шеър айтмаган куним йўқ” деган китобингиз бор, бизникида? – дея гапга қўшилади хонимлардан бири. Бу мулозаматдан кўнгли кўтарилиб кетган шоирнинг кайфияти янада чоғ бўлади. Олим энди шоирга хонимларни бир-бир таърифлашга тушади.
–Бу хоним – педагог. Сиз билан деярли ҳамкасб. Рус тили ва адабиётидан дарс берадилар. Исмлари Жамилахон. Ёнларида ўтирган синглимизнинг исми Мавжудахон. Каттароқ бир идорада бош бўғалтир.
Олим билан шоир бу орада фурсатни бой бермай, икки хоним соғлиги учун икки бордан қадаҳ кўтариб юборишади. Хонимлар ҳам, негадир унчалик бегонасирашмас, шоирнинг назарида бу ҳам яхшиликка эди. Ҳамма гап икки улфат ўз жойларига қайтганларидан кейин бошланади.
–Қалай? Қайси бири ёқди? – сўрайди олим.
–Икковиям зўру-у! – дейди шоир, кўзлари пориллаб.
–Икковини баравар гаплашиб беролмайман, ака! – дея тутун қайтарган бўлади олим. – Биттасини бир амаллашим мумкин. Конкрет, униси ё бунисини денг!
–Шунақами? Ундай бўлса, шу, ўзингизнинг ёнингизда ўтиргани… – Шоир шундай деб, олимнинг кўзларига тикилади.
–Бўғдойрангроғи, дейсизда? Демак, Жамилахонни айтяпсиз. – дея
аниқлик киритган бўлади олим.
–Ҳа яшанг! Ана шунисини гаплашсангиз, зўр иш бўларди-да, ука. –
қатъийлашади шоир. – Ўшаниси кўнгилга кўпроқ ўтиргандай туйиляпти.
– Жуда яхши-да, ака. Сизга бир укалик қисак қиппиз-да. Жамилахоннинг ўзиям жуда баъмани аёл. Майли, менимча ҳам Жамилахон бўлгани тузук. Бугун сиз Дўрмонга қайтиб тайёргарлик кўраверинг. Эрта-индин, кичкинагина дастурхонча тузаб, бизни кутасиз…
Мана, орадан анча йиллар ўтди. Шоирнинг дастурхони ҳамон тузоғлик. Профессор эса ваъдасининг устидан чиқмайди. Чиқолмайдиям. Чунки, Тўлан ака мақбул топган хонимларнинг биттаси – Мавжудахон элимизнинг таниқли шоири Турсун Алининг садоқатли турмуш ўртоғи. Иккинчиси – “кўнгилга яқинроқ” туюлгани Қозоқбой аканинг ўз жуфти ҳалоли – ажойиб дилбар аёл – Жамила келинойимиз эди-да!

Р.S. Бу ҳангомани бир гал янги йил арафасида Қозоқбой акани йўқлаб борган кунимиз Жамила келинойимизнинг ўзи кула-кула айтиб берувди.
– Акангиз, ана шунақа! Мени бир шоирга сотиб юборишига сал қолган! – деб, бизни ҳам раса кулдиргандилар.
Илоҳим, иккала оилани ҳам, қўшганлари билан қўша қаритсин?!

13.02.2016

УСТАСИГА БАРИБИР, ЭМАСМИ?

Қозоқбой аканинг фақат ўзигагина хос, қизиқ-қизиқ одатлариям бор. Бундай қарасанг, қаҳри жуда қаттиқдай. Аммо бир ажаб, фавқулодда самимий шумликлариям борки, буни сиз юқоридаги таништирувидан сездингиз чоғи.
Баъзида, жиддий туриб, бир ажаб ҳазиллар ҳам қилади-ки, бу ҳолатда олим ўзининг устидан куляптими ёки, сени камситяптими, билолмай ҳайрон тураверасан. Бундай ҳол, айниқса унга, анови, арслоннинг сути асар қилган кезларда кўпроқ содир бўлади.
Бир гал, гап айланиб, яна ўша кўхна ва минг йил чайналса ҳам оҳори сира йўқотмайдиган мавзу, гўзаллар ва каминанинг сўққабошлигига бориб тақалди.
– Унисини кўрсатсам, у дейсан. Бунисига, бу дейсан! Чиройли аёлларни “ҳалигидақа”лар ҳам севаверади. Зўр бўлсанг, мана, бизга ўхшаб, хунук-пунук деб ўтирмай, барчасини баравар сев, – дея кесатиб қолди. Шу гапидан кейин, хаппими, деб қўйган эдим. Бу орада янги ёзаётган, постмодернизм ҳақидаги мақоласини (“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил 12 сонида эъло қилинган) меёрига етказиш учун Дўрмон ижод уйига жойлашди. Бир икки кун ўтиб, сен ҳам кела қолмайсанми, деб қўнғироқ қилиб қолдилар. Уйда гумрон топиб ётибман, борсам борақолай, дедим. Одам кўп экан, димиққина хона тегди. Шу орада фарғоналик таниқли адабиётшунос олим, профессор Йўлдош ака Солижонов ҳам келиб, “поллюкс” хоналардан бирини эгаллади. Икки адабиётшунос олим учрашганидан ғоят хурсанд. Гоҳ у, гоҳ бунисининг хонасида “отишмалар” қизиб кетади. Икки бойга бир малай, дегандай, Қибрай томонларлардан “оқ” ёки “қизиллар”ни асирга тушириб олиб келиш, уларнинг бошини узиб, хунини қадахларга суниб туриш каминага ишонилади. Каминанинг ҳам, отишма деса кеткамчасига кетворадиган пайтлар денг: у олимнинг гапи учун бир отса, бу олимнинг гапи учун икки бор қарсиллатади. Жангу жадаллардан ошинган пайтларимизда икки олимнинг эрка укаси бўлиб, санаторийнинг ошхонасига нонушта, тушлик, “ужин”га ҳам чиқиб турамиз.
Дўрмон ҳаётимиз ана шундай катта “мухораба”лар ичидаа кечаётган кунлар эди. Бир гал Қозоқбой аканинг эски касали яна қўзиди. Ҳароратда, хонимлар бобидаги “мақтанчоқлиги” тутиб, “Биз гўзал, хунук, деб хархаша қилиб ўтирмаймиз…” дея гап егизиб қолдилар. Шошманг, дедим. Тепа қаватда қайсидир вилоятдан келган, ўз ижодий салоҳиятини анчайин мумтоз баҳолаб, керилмаланаверадиган бир хоним турарди. Шуни Акага рўпара қилиб, бир “ғамхўрлик” кўрсатмайсанми, деган фикр кечди хаёлимдан.
Тикондан қочсанг товонинга тирғалар, деганидай, тушликдан сўнги сайрда хонимнинг ўзи рўпарамиздан чиқиб ҳар доимгидай, аёллик латофати, намунали ҳаёти ва, албатта, катта ижодининг айрича қирраларидан сўз бошлаб қолди.
– Биласизми, – дедим, вазиятдан фойдаланиб, – сиз ҳақингизда Қозоқбой ака ҳам, ажойиб шоира-да, деётганди. Назаримда, нимадир қоралаяпти-ёв! Китоб-питоб опкириб, йўқлаб қўйсангиз ёмон бўлмасди.
Шоира ҳушхабарни эшитиб, тараддудланиб қолди. Шу асно, денг, Худо ўнглагандай, Қозоқбой ака ҳам ёнимизга келиб суҳбатга қўшиларкан, хоним қаламига мансуб мисраларни ёддан айтворса бўладими. Ана энди у ёғини сўрасангиз, тушликка чақириб борсак ҳам,“ужин” пайти бўлса ҳам профессорнинг мудом зулпинли эшиги доим қия – остонадан икки пой заифона ковуш аримай қолди. Ковуш соҳибаси олимнинг қошига ўтирволиб ўзининг намунали турмуши, бетакрор ижодидан муфассал маълумотлар бераётгани устидан чиқамиз. Бу ёқда биз ҳам тинч ўтирмаймиз, албатта. Гоҳ у нарса, гоҳ бу нарсани баҳона қиб қопқа қоқишни қўймаймиз. Биринчи куни акамиз ҳеч нима бўлмагандай, ўзини ҳотиржам тутади. Бу сокинлик узоққа чўзилмаслиги аниқ эди. Иккинчи куни тушликка сезамизки, олимнинг дами гумроқ. Бироқ ҳалиям, сирни бой бермайди. Аммо… Учинчи куни аканинг сабрини чил-чил қилган саволни берамиз:
– Анави хоним… хонангиздан кетмай қолдими, ака?
Аканинг ўзи ҳам аранг турган эмасми, портлайди:
– Тушунмай қолдим!! Асса-лоо-малайким, деб, эшилиб кириб келовурса, нима қилишниям билмай қоларкансан. Жонга тегди! Шуни бир нарса қилинг, дўстим?!
– Гаплашавермайсизми, ака, – дейман хотиржамгина. – Ёши сал ўтган,
демаса… Ахир, устасига..!…
Писмиқланишимдан олим “бир бало”ни пайқайди чоғи, иддаоланиб таққа тўхтайди. Қиёфасида илгари бирон марта зоҳирланмаган беҳад аламзада важоҳат… Аммо каминани аяйди чоғи, ичидан бостириб келган жудаям аччиқ бир эътирозни камоли қийналиб ичига ютаётгани ҳам сезилиб
турарди…
Шундай дамларда, Қозоқбой ака билан илк учрашганингда ҳар қандай кишини хуркитадиган суврат тамоман алдамчи. Асли сийратида, мутлақо ўзга бир тийнат – жудаям катта самимият ва фавқулодда кечиримли юмшоқ кўнгил ҳам яшашини пайқаб қоласан.

18.02.2016

САЛОМ, ОНА ДАРЁ!…

Қозоқбой ака, оқар сувни жуда яхши кўради… десак камлик қилади. Сувни севади, десак, шоирона гап бўп қолади. Шу икки гапнинг ўртаси шуки, Ака ариқ, канал, ҳатто, пишқириб ётган дарёни кўрса бир шимғимагунича кўнгли жойига тушмайди. Сувни кўрса калла ташлайди, демоқчийдик, лекин…
Ҳа, анча мунча “доктор наук”ларнинг дамини ичига тушурворадиган шундай катта олим… сувга каллача ташлашдан қўрқади. Биз буни Чорвоқ сув омборига борганда пайқаб қолганмиз.
Майли, бу ҳақда кейинроқ…
Бизни тўғри тушунган бўлсангиз, Қозоқбой акани сувдан қўрқади, демаяпмиз, азизлар. Қозоқбой ака сувга каллача ташлашдан қўрқади, деяпмиз. Тушуняпсизми? Ҳай, майли, тушунган бўлсангиз ҳам, тушунмаган бўлсангиз ҳам, эндиги гап Аканинг дарёлар билан боғлиқ саргузаштлари ҳақида бўлади.

* * *

Қозоқбой ака билан Самарқанд томонларга қараб йўлга чиқаверсак, Сирдарёдан ўтиб олгунча, юрагимизни ховучлаб турамиз. Ўзимиз рулда бўлсак, яна чандон. Чинозгача, мўмингина бўлиб, борадиган олим Сирдарё кўпригига чиқди, дегунча, тўсатдан, говдасининг ярмини ойнадан чиқариб, қучоғини катта очиб, бор овозда: “Салом, Она Дарё!” – деб ҳайқириб қолади.
Худо кўрсатмасин, эшик очилиб-нетиб кетса борми. Бу нарса бир-икки бор бўлса ҳам, майли эди. Айниқса, ортимизга қайтиш пайтидагиси ваҳимали чиқади. Чунки, қайтиш кайфиятига кўпинча, озми-кўпми, шайтоннинг суви аралашган бўлади-да. Акага ҳавотиримизни тушунтиришга кўп уриндик:
–Ака-а? – дедик, – Шу саломингизни, ойнани очмай берақолсангиз бўлмайдими?! Йўқ. Ойнани туширмай берилган салом юракдан чиқмас эмиш.
Бир куни, Зомин томонлардан қайтишда, масалага жиддийроқ ёндошиб, ўзимизча, бу қалтис ходисага нуқта қўймоқчи бўлдик. Дарёга яқин қолганда, ойнани ҳам, эшикни ҳам автоматик қулфладик. Ака, уввало ҳаракат қилди, очолмади. Бу орада, дарёдан ўтиб кетдик. Ҳайқириғи қазо бўлганидан аканинг дарғазаб бўлишини кўринг. Бир маҳал, “Орқага қайт!” деб, талаб қилиб туриб олса бўладими. Мени машинангдан тушир. Ўламан обло, Сирдарёга салом бермай ҳеч ёққа кетмайман, дейди.
Ўл дегани одам йўқ, орқага қайтиб кўприкдан бошқатдан ўтяпмиз.
Хурсанд бўпкетган ака энди белидан эмас, тиззадан тепа томонини ойнадан чиқариб, нима деб ҳайқирди, денг: “Салом, онажон Дарё! Манави бетовфиқ дўстларимни кечир! Сал бўлмаса, мени сендан бесалом олиб ўтиб кетишарди!…”

***

Қозоқбой домлани Қорақалпоқ адабий муҳити ҳам қаттиқ қадрлайди. Нукус давлат университетику, биронта илмий анжуманини Қозоқбой акасиз ўтказмайди. Ўзоғи йилимидийкин, университет уни битирув имтихонлари комисссиясига раис қилиб чақиради. Ҳамма ишлар якун топиб, хайрлашув кечаси тугар маҳал Ака ҳамкасб дўстларига эркалик қилиб: “Мен Амударёни зиёрат қилмай, кетмайман!” деб қолади. Дўстлар ҳайрон: оборайлик, дейишса, кеч. Арслон ўлгурнинг сутидан олинмаганида ҳам майли эди. Қолаверса, Аканинг феъли чатоқ: сувни кўрса бир тушмаса, тинчимайди. Обормайлик, дейишса, меҳмон – отангдан улуғ. Маслаҳатга махси кийдиришиб, ноилож, кичикроқ ўзанлардан бирини пешкаш қилишади.
Қозоқбой ака, кўрадики, Амударё дегани каналбашара ёп… Дўсти, Нукус унивеситетининг доценти, шоир, ҳикоянавис Файзулла Салоевга беписандроқ оҳангда эътироз билдиради:
– Жайхун, Жайхун деб кўкрагингизга урасиз, шуми, Жайхунингиз? Мен уни Сирдарёдан катта деб ўйларканман. Уч марта қулоч отилса у ёғидан чиқадиган ариқ экан-ку, – дейди ва ўпкасини ҳавога тўлдириб ҳайқиради:
– Салом, Амударё!!! Мен сенга опанг Сирдарёдан салом келтирдим!!
Мезбонларнинг иззат нафси заҳа еган бўлса-да, дамларини ичига ютиб, бугунги саёҳат бирон кор ҳолсиз, олимнинг тўрт мучаси бут-саломатлигидан хурсанд, лекин тонг отса албатта ҳақиқий Амударёни кўрсатиб қўйишга қарор қилишиб Нукусга қайтишибди.
Қозоқбой ака эртасига қарасаки, Амударё одам тугул, кемаларниям ютиб юборгудай важоҳат билан тўлғаниб оқадиган, Жайхун деганларича бор, орошон нахр экан. Ўзининг Сирдарёсини унинг олдида каттароқ сой, деса ҳам бўларди. Зийрак олим кеча катта қовун туширганини, мезбонлар уни камоли эҳтиёт қилишганини, Сирдарё номидан еткизган “саломи” учун Амударёдан кечирим сўраши кераклигини англабди. Ва, қўкрагини ҳавога кечагидан ҳам чуқурроқ тўлдириб, наъра тортибди:
–Амударё!!! Она Дарё!! Мени кечир!! Сирдарё сенинг опанг эмас, синглинг экан!!

02.09.2018

02Sahifa taniqli adabiyotshunos olim Qozoqboy Yo’ldoshevning 70 yilligiga bag’ishlanadi

  Qozoqboy akaning faqat o’zigagina xos, qiziq-qiziq odatlariyam bor. Bunday qarasang, qahri juda qattiqday. Ammo bir ajab, favqulodda samimiy shumliklariyam borki, buni siz yuqoridagi tanishtiruvidan sezdingiz chog’i…

PROFESSOR QOZOQBOY YO’LDOSh HAQIDA
BO’LGANU BO’LMAGAN HANGOMALAR
05

TERAK NECHA YILDA YETILADI?

Arman rodiosi Qozoq radiosidan so’rabdi:
– O’simliklarga bog’ishlangan ilmiy anjuman o’tkazyotuvdik. Marhamat qilib aytsangiz, O’zbekistonda terak necha yilda imoratbop bo’lib yetiladi?
– Buni o’zbek radiosidan so’rash kerak. – debdi Qozoq rodiosi.
– So’radik, yozma ravishda qabul qiling, – deyishyapti. Ungacha izdihom kutib turmaydi.
– Nima desak ekan, – debdi Qozoq radiosi, – O’zbekistonning iqlimi biznikidan ham keskin o’zgaruvchan. Shimolida izg’irin izillatib turganda janubida odamlar maykachan bo’lib karam ekadi. Farg’ona shahri tandirday qizib yotganda, o’ttiz chaqirim naridagi Shohimardonda guppillatib qor yog’adi. Qoraqalpoqlar po’stinda yurganda Surxon, Qashqa vohasida bodom gullaydi. Vodiyda uch yilda to’singa yaraydigan mirzaterak mamlakat g’arbida ketmonga sop bo’lmaydi. Toshkent tomonlarning yo’rig’i boshqa. Masalan, professor Qozoqboy Yo’ldoshev dala xovlisiga to’rt yuz tup terak ekkan edi. Bizga yetib kelgan ma’lumotlarga qaraganda, olim selitrani suyultirib bargiga purqayverib besh yilda bir pritsep o’tin kesib oldi, deyishadi.

2015 yil, may

QUYOSh QAYDAN CHIQIB, QAYGA BOTADI?
(So’rov)

Mirzacho’llik adabiyot o’qituvchisi:
– Paxta paykalining u boshidan chiqib bu boshiga botadi.
Poytaxtlik geografiya o’qituvchisi:
– Severniy vokzal tomondan chiqib, Xasanboy tomonga botishini bilamiz.
Toshkentning qoq markazida yashovchi o’quvchi:
– Anovi tomdan chiqib, manovi tomga botadi.
Namanganlik fizika o’qituvchisi:
– Botmaadiyam-otmaadiyam. Birushta po’rtillab turudugon soyyora.
Nizomiy nomidagi peduniversitet professori Roza Niyozmetova:
– Dim chigal savol. Chilanzor tomondan chiqib… rektorning kabinetiga botsa kerak.
Pedagogika fanlari doktori Qunduzoy Husanboyeva (yilning birinchi yarmida AQShlik, ikkinchi yarmida o’zbekistonlik):
– Umuman, Sharqdan chiqib, Amerikada tentirab-sentirab Toshkentning naq Xadrasiga botadi.
Professor Qozoqboy Yo’ldoshev:
– O’qirmanlar kun chiqardan chiqadi, deb o’ylashadi. Bekor gap. Aslida, kun chiqishdan chiqib, botishga botadi. Yanayam aniqrog’i, Zomin tog’larida yuz ochib Sirdaryoning ko’prigidan o’tayotganda “Salom, ona Daryo!” deya hayqiradi-da, enib borib yana… Zomin tog’lariga botadi!

2015 yil, noyabr

TANISHTIRUV

O’zbekiston xalq shoiri To’lan Nizomning turmush o’rtog’i vafot etib, ko’ngli cho’kibroq yurgan kezlar. Qaysidir bir ijodkorning to’yida professor Qozoqboy Yo’ldosh bilan baqamti o’tirib qoladi. Dasturxon to’kin. Arslonning sutidan ham anvoyisi… Bir-ikki qadaxdan so’ng qulfi dillar ochiladi. Professor shoirning so’qqaboshligidan tashvish izhor etarkan, agar uylansa, shu yerda o’tirgan ayollardan birontasini tanishtirib qo’yishi mumkinligini aytadi.
– Zo’r tanqidchi desam, yigitlarniyam zo’riykansiz! – xursand bo’lib ketadi shoir va olimning yelkasiga qo’lini qo’yib davom etadi. – Ijodim haqida miq etmasangiz ham mayli. Mana shu gapingizni hozirning o’zida amalga oshirsak, zo’r ish bo’lardi-da!..
– Yuring bo’lmasam, – deya yo’l boshlaydi olim.
Sal nariroqda o’tirgan farishtaligina ikki ayol ham ayni shuni kutib turganday, ularni iliq qarshi olishadi. Xonimlarning yoniga joylashib olishgach, Qozoqboy aka gap boshlaydi.
– Tanishinglar, andijonlik mashhur shoir To’lan Nizom!
– I-i, shunaqami? “She’r aytmagan kunim yo’q” degan kitobingiz bor, biznikida? – deya gapga qo’shiladi xonimlardan biri. Bu mulozamatdan ko’ngli ko’tarilib ketgan shoirning kayfiyati yanada chog’ bo’ladi. Olim endi shoirga xonimlarni bir-bir ta’riflashga tushadi.
–Bu xonim – pedagog. Siz bilan deyarli hamkasb. Rus tili va adabiyotidan dars beradilar. Ismlari Jamilaxon. Yonlarida o’tirgan singlimizning ismi Mavjudaxon. Kattaroq bir idorada bosh bo’g’altir.
Olim bilan shoir bu orada fursatni boy bermay, ikki xonim sog’ligi uchun ikki bordan qadah ko’tarib yuborishadi. Xonimlar ham, negadir unchalik begonasirashmas, shoirning nazarida bu ham yaxshilikka edi. Hamma gap ikki ulfat o’z joylariga qaytganlaridan keyin boshlanadi.
–Qalay? Qaysi biri yoqdi? – so’raydi olim.
–Ikkoviyam zo’ru-u! – deydi shoir, ko’zlari porillab.
–Ikkovini baravar gaplashib berolmayman, aka! – deya tutun qaytargan bo’ladi olim. – Bittasini bir amallashim mumkin. Konkret, unisi yo bunisini deng!
–Shunaqami? Unday bo’lsa, shu, o’zingizning yoningizda o’tirgani… – Shoir shunday deb, olimning ko’zlariga tikiladi.
–Bo’g’doyrangrog’i, deysizda? Demak, Jamilaxonni aytyapsiz. – deya
aniqlik kiritgan bo’ladi olim.
–Ha yashang! Ana shunisini gaplashsangiz, zo’r ish bo’lardi-da, uka. –
qat’iylashadi shoir. – O’shanisi ko’ngilga ko’proq o’tirganday tuyilyapti.
– Juda yaxshi-da, aka. Sizga bir ukalik qisak qippiz-da. Jamilaxonning o’ziyam juda ba’mani ayol. Mayli, menimcha ham Jamilaxon bo’lgani tuzuk. Bugun siz Do’rmonga qaytib tayyorgarlik ko’ravering. Erta-indin, kichkinagina dasturxoncha tuzab, bizni kutasiz…
Mana, oradan ancha yillar o’tdi. Shoirning dasturxoni hamon tuzog’lik. Professor esa va’dasining ustidan chiqmaydi. Chiqolmaydiyam. Chunki, To’lan aka maqbul topgan xonimlarning bittasi – Mavjudaxon elimizning taniqli shoiri Tursun Alining sadoqatli turmush o’rtog’i. Ikkinchisi – “ko’ngilga yaqinroq” tuyulgani Qozoqboy akaning o’z jufti haloli – ajoyib dilbar ayol – Jamila kelinoyimiz edi-da!

R.S. Bu hangomani bir gal yangi yil arafasida Qozoqboy akani yo’qlab borgan kunimiz Jamila kelinoyimizning o’zi kula-kula aytib beruvdi.
– Akangiz, ana shunaqa! Meni bir shoirga sotib yuborishiga sal qolgan! – deb, bizni ham rasa kuldirgandilar.
Ilohim, ikkala oilani ham, qo’shganlari bilan qo’sha qaritsin?!

13.02.2016

USTASIGA BARIBIR, EMASMI?

91Qozoqboy akaning faqat o’zigagina xos, qiziq-qiziq odatlariyam bor. Bunday qarasang, qahri juda qattiqday. Ammo bir ajab, favqulodda samimiy shumliklariyam borki, buni siz yuqoridagi tanishtiruvidan sezdingiz chog’i.
Ba’zida, jiddiy turib, bir ajab hazillar ham qiladi-ki, bu holatda olim o’zining ustidan kulyaptimi yoki, seni kamsityaptimi, bilolmay hayron turaverasan. Bunday hol, ayniqsa unga, anovi, arslonning suti asar qilgan kezlarda ko’proq sodir bo’ladi.
Bir gal, gap aylanib, yana o’sha ko’xna va ming yil chaynalsa ham ohori sira yo’qotmaydigan mavzu, go’zallar va kaminaning so’qqaboshligiga borib taqaldi.
– Unisini ko’rsatsam, u deysan. Bunisiga, bu deysan! Chiroyli ayollarni “haligidaqa”lar ham sevaveradi. Zo’r bo’lsang, mana, bizga o’xshab, xunuk-punuk deb o’tirmay, barchasini baravar sev, – deya kesatib qoldi. Shu gapidan keyin, xappimi, deb qo’ygan edim. Bu orada yangi yozayotgan, postmodernizm haqidagi maqolasini (“Jahon adabiyoti”, 2015 yil 12 sonida e’lo qilingan) meyoriga yetkazish uchun Do’rmon ijod uyiga joylashdi. Bir ikki kun o’tib, sen ham kela qolmaysanmi, deb qo’ng’iroq qilib qoldilar. Uyda gumron topib yotibman, borsam boraqolay, dedim. Odam ko’p ekan, dimiqqina xona tegdi. Shu orada farg’onalik taniqli adabiyotshunos olim, professor Yo’ldosh aka Solijonov ham kelib, “pollyuks” xonalardan birini egalladi. Ikki adabiyotshunos olim uchrashganidan g’oyat xursand. Goh u, goh bunisining xonasida “otishmalar” qizib ketadi. Ikki boyga bir malay, deganday, Qibray tomonlarlardan “oq” yoki “qizillar”ni asirga tushirib olib kelish, ularning boshini uzib, xunini qadaxlarga sunib turish kaminaga ishoniladi. Kaminaning ham, otishma desa ketkamchasiga ketvoradigan paytlar deng: u olimning gapi uchun bir otsa, bu olimning gapi uchun ikki bor qarsillatadi. Jangu jadallardan oshingan paytlarimizda ikki olimning erka ukasi bo’lib, sanatoriyning oshxonasiga nonushta, tushlik, “ujin”ga ham chiqib turamiz.
Do’rmon hayotimiz ana shunday katta “muxoraba”lar ichidaa kechayotgan kunlar edi. Bir gal Qozoqboy akaning eski kasali yana qo’zidi. Haroratda, xonimlar bobidagi “maqtanchoqligi” tutib, “Biz go’zal, xunuk, deb xarxasha qilib o’tirmaymiz…” deya gap yegizib qoldilar. Shoshmang, dedim. Tepa qavatda qaysidir viloyatdan kelgan, o’z ijodiy salohiyatini anchayin mumtoz baholab, kerilmalanaveradigan bir xonim turardi. Shuni Akaga ro’para qilib, bir “g’amxo’rlik” ko’rsatmaysanmi, degan fikr kechdi xayolimdan.
Tikondan qochsang tovoninga tirg’alar, deganiday, tushlikdan so’ngi sayrda xonimning o’zi ro’paramizdan chiqib har doimgiday, ayollik latofati, namunali hayoti va, albatta, katta ijodining ayricha qirralaridan so’z boshlab qoldi.
– Bilasizmi, – dedim, vaziyatdan foydalanib, – siz haqingizda Qozoqboy aka ham, ajoyib shoira-da, deyotgandi. Nazarimda, nimadir qoralayapti-yov! Kitob-pitob opkirib, yo’qlab qo’ysangiz yomon bo’lmasdi.
Shoira hushxabarni eshitib, taraddudlanib qoldi. Shu asno, deng, Xudo o’nglaganday, Qozoqboy aka ham yonimizga kelib suhbatga qo’shilarkan, xonim qalamiga mansub misralarni yoddan aytvorsa bo’ladimi. Ana endi u yog’ini so’rasangiz, tushlikka chaqirib borsak ham,“ujin” payti bo’lsa ham professorning mudom zulpinli eshigi doim qiya – ostonadan ikki poy zaifona kovush arimay qoldi. Kovush sohibasi olimning qoshiga o’tirvolib o’zining namunali turmushi, betakror ijodidan mufassal ma’lumotlar berayotgani ustidan chiqamiz. Bu yoqda biz ham tinch o’tirmaymiz, albatta. Goh u narsa, goh bu narsani bahona qib qopqa qoqishni qo’ymaymiz. Birinchi kuni akamiz hech nima bo’lmaganday, o’zini hotirjam tutadi. Bu sokinlik uzoqqa cho’zilmasligi aniq edi. Ikkinchi kuni tushlikka sezamizki, olimning dami gumroq. Biroq haliyam, sirni boy bermaydi. Ammo… Uchinchi kuni akaning sabrini chil-chil qilgan savolni beramiz:
– Anavi xonim… xonangizdan ketmay qoldimi, aka?
Akaning o’zi ham arang turgan emasmi, portlaydi:
– Tushunmay qoldim!! Assa-loo-malaykim, deb, eshilib kirib kelovursa, nima qilishniyam bilmay qolarkansan. Jonga tegdi! Shuni bir narsa qiling, do’stim?!
– Gaplashavermaysizmi, aka, – deyman xotirjamgina. – Yoshi sal o’tgan,
demasa… Axir, ustasiga..!…
Pismiqlanishimdan olim “bir balo”ni payqaydi chog’i, iddaolanib taqqa to’xtaydi. Qiyofasida ilgari biron marta zohirlanmagan behad alamzada vajohat… Ammo kaminani ayaydi chog’i, ichidan bostirib kelgan judayam achchiq bir e’tirozni kamoli qiynalib ichiga yutayotgani ham sezilib
turardi…
Shunday damlarda, Qozoqboy aka bilan ilk uchrashganingda har qanday kishini xurkitadigan suvrat tamoman aldamchi. Asli siyratida, mutlaqo o’zga bir tiynat – judayam katta samimiyat va favqulodda kechirimli yumshoq ko’ngil ham yashashini payqab qolasan.

18.02.2016

SALOM, ONA DARYO!…

Qozoqboy aka, oqar suvni juda yaxshi ko’radi… desak kamlik qiladi. Suvni sevadi, desak, shoirona gap bo’p qoladi. Shu ikki gapning o’rtasi shuki, Aka ariq, kanal, hatto, pishqirib yotgan daryoni ko’rsa bir shimg’imagunicha ko’ngli joyiga tushmaydi. Suvni ko’rsa kalla tashlaydi, demoqchiydik, lekin…
Ha, ancha muncha “doktor nauk”larning damini ichiga tushurvoradigan shunday katta olim… suvga kallacha tashlashdan qo’rqadi. Biz buni Chorvoq suv omboriga borganda payqab qolganmiz.
Mayli, bu haqda keyinroq…
Bizni to’g’ri tushungan bo’lsangiz, Qozoqboy akani suvdan qo’rqadi, demayapmiz, azizlar. Qozoqboy aka suvga kallacha tashlashdan qo’rqadi, deyapmiz. Tushunyapsizmi? Hay, mayli, tushungan bo’lsangiz ham, tushunmagan bo’lsangiz ham, endigi gap Akaning daryolar bilan bog’liq sarguzashtlari haqida bo’ladi.

* * *

Qozoqboy aka bilan Samarqand tomonlarga qarab yo’lga chiqaversak, Sirdaryodan o’tib olguncha, yuragimizni xovuchlab turamiz. O’zimiz rulda bo’lsak, yana chandon. Chinozgacha, mo’mingina bo’lib, boradigan olim Sirdaryo ko’prigiga chiqdi, deguncha, to’satdan, govdasining yarmini oynadan chiqarib, quchog’ini katta ochib, bor ovozda: “Salom, Ona Daryo!” – deb hayqirib qoladi.
Xudo ko’rsatmasin, eshik ochilib-netib ketsa bormi. Bu narsa bir-ikki bor bo’lsa ham, mayli edi. Ayniqsa, ortimizga qaytish paytidagisi vahimali chiqadi. Chunki, qaytish kayfiyatiga ko’pincha, ozmi-ko’pmi, shaytonning suvi aralashgan bo’ladi-da. Akaga havotirimizni tushuntirishga ko’p urindik:
–Aka-a? – dedik, – Shu salomingizni, oynani ochmay beraqolsangiz bo’lmaydimi?! Yo’q. Oynani tushirmay berilgan salom yurakdan chiqmas emish.
Bir kuni, Zomin tomonlardan qaytishda, masalaga jiddiyroq yondoshib, o’zimizcha, bu qaltis xodisaga nuqta qo’ymoqchi bo’ldik. Daryoga yaqin qolganda, oynani ham, eshikni ham avtomatik qulfladik. Aka, uvvalo harakat qildi, ocholmadi. Bu orada, daryodan o’tib ketdik. Hayqirig’i qazo bo’lganidan akaning darg’azab bo’lishini ko’ring. Bir mahal, “Orqaga qayt!” deb, talab qilib turib olsa bo’ladimi. Meni mashinangdan tushir. O’laman oblo, Sirdaryoga salom bermay hech yoqqa ketmayman, deydi.
O’l degani odam yo’q, orqaga qaytib ko’prikdan boshqatdan o’tyapmiz.
Xursand bo’pketgan aka endi belidan emas, tizzadan tepa tomonini oynadan chiqarib, nima deb hayqirdi, deng: “Salom, onajon Daryo! Manavi betovfiq do’stlarimni kechir! Sal bo’lmasa, meni sendan besalom olib o’tib ketishardi!…”

***

Qozoqboy domlani Qoraqalpoq adabiy muhiti ham qattiq qadrlaydi. Nukus davlat universitetiku, bironta ilmiy anjumanini Qozoqboy akasiz o’tkazmaydi. O’zog’i yilimidiykin, universitet uni bitiruv imtixonlari komisssiyasiga rais qilib chaqiradi. Hamma ishlar yakun topib, xayrlashuv kechasi tugar mahal Aka hamkasb do’stlariga erkalik qilib: “Men Amudaryoni ziyorat qilmay, ketmayman!” deb qoladi. Do’stlar hayron: oboraylik, deyishsa, kech. Arslon o’lgurning sutidan olinmaganida ham mayli edi. Qolaversa, Akaning fe’li chatoq: suvni ko’rsa bir tushmasa, tinchimaydi. Obormaylik, deyishsa, mehmon – otangdan ulug’. Maslahatga maxsi kiydirishib, noiloj, kichikroq o’zanlardan birini peshkash qilishadi.
Qozoqboy aka, ko’radiki, Amudaryo degani kanalbashara yop… Do’sti, Nukus univesitetining dotsenti, shoir, hikoyanavis Fayzulla Saloyevga bepisandroq ohangda e’tiroz bildiradi:
– Jayxun, Jayxun deb ko’kragingizga urasiz, shumi, Jayxuningiz? Men uni Sirdaryodan katta deb o’ylarkanman. Uch marta quloch otilsa u yog’idan chiqadigan ariq ekan-ku, – deydi va o’pkasini havoga to’ldirib hayqiradi:
– Salom, Amudaryo!!! Men senga opang Sirdaryodan salom keltirdim!!
Mezbonlarning izzat nafsi zaha yegan bo’lsa-da, damlarini ichiga yutib, bugungi sayohat biron kor holsiz, olimning to’rt muchasi but-salomatligidan xursand, lekin tong otsa albatta haqiqiy Amudaryoni ko’rsatib qo’yishga qaror qilishib Nukusga qaytishibdi.
Qozoqboy aka ertasiga qarasaki, Amudaryo odam tugul, kemalarniyam yutib yuborguday vajohat bilan to’lg’anib oqadigan, Jayxun deganlaricha bor, oroshon naxr ekan. O’zining Sirdaryosini uning oldida kattaroq soy, desa ham bo’lardi. Ziyrak olim kecha katta qovun tushirganini, mezbonlar uni kamoli ehtiyot qilishganini, Sirdaryo nomidan yetkizgan “salomi” uchun Amudaryodan kechirim so’rashi kerakligini anglabdi. Va, qo’kragini havoga kechagidan ham chuqurroq to’ldirib, na’ra tortibdi:
–Amudaryo!!! Ona Daryo!! Meni kechir!! Sirdaryo sening opang emas, singling ekan!!

02.09.2018

07

(Tashriflar: umumiy 555, bugungi 1)

Izoh qoldiring