Rafiq O’zturk. Karantinda yozilgan she’rlar

033Рафиқ Ўзтурк бу юборган битикларини «Карантинда ёзган шеърларим» деб атабди. Биз ҳам уларни карантинда ўтирган мухлисларимизга мамнуният билан тақдим этамиз.

Рафиқ ЎЗТУРК
КАРАНТИНДА ЁЗИЛГАН ШЕЪРЛАР


Ҳикоядан сўнг

тонг чоғи кимсасиз кўчада
ҳатто ўзимга ҳам билдирмай
соғинардим уни унсиз

ҳикоя битганди
мен эса китобдан ташқарида
нафас ростлардим

ёпдим уни ниҳоят
ўриндиқ четига қўйдим ва
йўлимга кетдим

Баҳорги туш

бодом гули уйқудаги қиз каби жимдир
шу қадар яқин
лабларим ўпмоққа шай
ҳар сония
мен эмас
у уйғониб кетадигандай

***

бозорда нон сотаётган аёл ҳақида
нимадир ёзиш мумкинми

ҳа албатта мумкин

унинг икки ўғли айниқса
ҳалок бўлган бўлса автоҳалокатда
аксига олиб
бир неча кундан сўнг

онаси ўца
эри ўзини осса

бу қаттол дунёнинг юзига яна
кулиб боқаркан
буюк бардошни елкага ортиб

нон сотарди у

***

менинг борим шудир
сармастман
топганим ишқ сипқорганим май
сенга муштоқ бир юрак билан
ўлгудай севаман нетай
хаёл далли
ғурурим осмон
ўз додимдан қулоғим батанг
ҳаётим гўзалим танда жон
сени қўйиб юборолмайман
бироқ ўтинаман кет

агар кета олсанг

Оқ қизлар

деразамда қор рақси

сенинг ёдинг каби кўз тиксам
дилимни қучгувчи мусаффоликдан
чирпираб тушар

пардай енгил нақадар тотли
ёғар гоҳ шиддат-ла гоҳ тиниб
сен ҳам улар каби гўё
ҳам қаршимдасан

ҳам кетаман қаттиқ соғиниб

сен сен сен

хаёлимни бунча банд этдинг
бас қил энди бир оз тингил о
ширин жоним тубига етдинг

тўрт девор

деразам ортида борлиқ
шу алфозда рақс тушар
гўё

менинг рақсим қовушмас фақат

***

ўзингни йиғиштир

сен қайси қисмингни
қаерда унутиб қолдирган бўлсанг
ҳозироқ топ

масалан телефон қутисида кўзинг
қулоқларинг чанг босиб ётибди
яна бошқа бўлагинг ошхонада
ҳожатхонада ахлат қутисида

кимдир сўлак тўла оғзи билан
сўриб ғажияпти
яна қайсидир бўлагингни

узр бу меники

ўзингни йиғиштир
хуллас
ҳаммасини қайтар бирма-бир…

***

сенга гуллар юборгим келди
ўзим қумсаган бир гулзордан
атиргуллар лолалар узиб
бир оз кўнглингни олгим келди

ташқарида кезинар жимлик
дединг баҳор рангги унуққан
сармаст этар маҳзун куй каби
чиройлисан юзинг синиққан

шалолам

йўқ бу оний рўё
таҳлика қучмасин дилингни
мен етмаган бир баҳор каби
асра кўнгилдаги гулингни

***

Тилимдан тупукдай сачраган ҳазил
унинг юрагига етиши мумкин.
Аммо, ҳаддим сиғиб, унга ёрсам дил,
қулоғига кирдай юқмаслиги чин.

У, балки, қўшнимдир ва, балки, отам…
Санаб адоғига етмаймиз, лекин,
эй шуни эринмай ўқиган одам,
сиз ҳам омон бўлинг у ҳам ўлмасин.

Карантин

1
тонгда деразани очган оғайним
мени бир зум тошкентдаги
укамнинг ижара уйига элтди

муздай шамол эсар эди
одамлар кўчада гавжум ҳойнаҳой

қани шу он ўрнимдан туриб
ўша деразанинг рахига суянганча
сигарет чексам

ёпди тўсатдан

ҳар ўткинчи тонг каби
тошкентнинг бу гўзал тонги ҳам
узоққа чўзилмади

2
чалакам-чатти баҳор
каптарнинг дон чўқиши
музда қоқилиб тушаётган аёл
кийинтириб қўйилган ит
ахлат қутидан бир нима топиб оғзига солаётган одам
бир маромда қайнаган ҳаёт умуман
дерзадан ташқарида рўй беряпти

хаёлимда саллагул
бир сулувнинг юзида ўпич изидай билинмас
тоза ҳислар

хайкулар ўқияпман

борган сари
ўз вужудига сиғмас бир шабадага
айланиб бораётганинг учун
айбдорлик ҳисси

юрагим бир юпанч излайди доим
юпанч бу шеър
ахлат қутидан овқат топган
жуда ҳам очиққан анави одамнинг
қувончи керак менга

шу янглиғ калта-култа сатрларимни
сенга атарканман севгилим
сузик кўзларинг қири тушган лаҳзада яшаб қоляпман
юзингда ниначи мисол

йўқ ниначи ҳаддан ташқари дағал

юзингда

хуллас

менга бир юпанч керак
ё бошимни ургани нотаниш девор
бу тўрт девор ҳаддан ташқари таниш менга
урганим билан ҳеч нарса ўзгармайди
хуллас бир симёғоч керак
то унга бошимни уриб олмагунча
унинг гуллаётганини тасаввур қилавераман

ана энди шуларни

ақалли бир сўзга ёки жумлага
айлантириб ёз менга гулим

хатингни кутяпман

3
ўқитувчим е-маил орқали
хайку матнидан сал каттароқ келадиган хат ёзиб
мени сергак торттирди
мазмуни асосан
масофавий дарсларга қатнашмаётганим ҳақида эди
мен эса у пайтда бир япон шоиринг
гултувакдаги гул ҳақида ёзган
бир хайкуси ҳақида ўй сураётгандим

бош чаноғим ёпиқ

атрофда ақалли бир дона бўлса ҳам
бодом дарахти йўқ
бироқ мен
худди очиқ қолиб қурғай бошлаган миямга
бодом гули учиб келиб
ёпишиб қолгандай сезяпман ўзимни

ташқарида баҳор
музи ярим эриган дарё
cовид-19 дан чўчий бошлаган ниқобли халқ

мен эса баҳорга бандиман
ўзим тинмай излаётган бир шеър завқини
қўлимдаги хуркак
қишдан бир оёғи синиб омон чиққан
ёввойи каптар каби
қўйиб юборгим келмас

дарвоқе е-маил

шу кунларда жуда кўп хайку
танкаларни ўқиб юрибман
асосан баҳор
асосан сакура гуллари ҳақида
ўқитувчимнинг ёзган хатида иккиси ҳам йўқ эди
ва умуман
хайкудан расмий хатни фарқлай оляпман ҳозирча

шунининг учун ҳам сергак тортдим ва

қоғозда йиғилиб қолган
бир қанча ҳарфни
писта пўчоқлари янглиғ
ахлат челагига ташлаб келишдан
ўзимни зўрға тийиб қоларканман
барча матнлар
хайку хатларни унутиб

балконга чекиш учун чиқиб кетдим

4
болалигим эсга тушди
онам менга саноқни ўргатиш учун
ҳар тун юзгача санаб битирмагунимча
ухлатмас эди

бу азоблар охири бормикин дея
мен ҳар кеча қоқила-қоқила
юзга етиб
кейин ухлардим

ҳозир ҳам ўзимни таҳминан
шундай сезяпман мен

санаяпман
санаяпман
мингдан ўтдим
охири бормикин бу саноқларнинг

дея ўйлайман

Бола ҳислар

1
покиза дилингдан таралган
ҳаёнинг хуш исини туйган
хаста дилим шод

сен шу қадар фариштанамо

шалолам дейишга деб қўйиб
ўзимни
ичида шайтоний лаззатни туйган
гумроҳдай сездим

сендаги ҳаё о

у ҳақида қанча сўзлаш мумкин
ва у бўйни ичга ютганча
мумкин қанча сукут сақламоқ

йўқ барибир айтдим

йироқ кетма
кел юзингни босгил кўксимга
ва шу кўйи мендан яширин

2
сенинг қаршингда мен
тамаки ароқни
бад феълим худбинлигим умуман
улғайиб нимага эришган бўлсам
барчасини бир четга суриб
ёш боладай ҳайратлангим келади

кўзларингга жовдираб қараб
дала мойчечакларин туцам қўлингга
қаршимасмисан

шуларни ўйларканман
биласанми мен бир сатрни ёза олмай
шеърнинг сўнгигача суриб келдим

иккимизга ҳам аён у ҳақиқатни кел ёзмай
яхшиси мен сенга ёш бола каби
чин дилимдан бир сўз айтай
қара тонг

ўхшадими

3
биласанми

сенга аталган сара сатрларимни
эпақага келтиргунимча
ёзиб бўяб бежаб ташлайман

сип-силлиқ матнимни кейин
сенга атайман

шундай ёлғон керакми сенга

биласанми у нуқсонларни
биров кўриб қолишидан қаттиқ қўрқаман

фақат сен

шу қадар яқинсан менга севгилим
уларни кўрсанг дейман
кунда кўзинг тушса дейман уларга

4
иккимиз севган шоира
сенингча жуда машхур
менимча эса уни
иккимиздан
бошқа ҳеч ким билмайди

назаримда
у фақат биз учун ёзган
ва биз учун яшаб ўтгандай

кел шунга ишонайлик
биздан нима кетди

нимадир кетгунча
ишониб қолайлик ҳеч йўқса

***

тасаввурга зеб бериб баъзан
соғинишга шоир шай
у туғилган ватан
узоқлардан севгани қулай

мовий осмонини мақтаркан
оёғи лойдан узилган
шоир мовий шардай шишади

бизнинг мусаффо юртга
қуёш нури кўпроқ тушади

масофадан маҳзун
кўпирганча кўпириб
қишлоғини алқаб ётади

ярим тунда

қишлоқдошлари эса
унинг шеърларига тупуриб
бир маромда хуррак отади

Бир туш ҳақида қисқача

мен бир тушдан чўчиб уйғонсам
укам онам ва мен
холамнинг уйида эканмиз
сўнгра уни укамга айтиб бераётиб
уйғониб кетдим

наҳот бу ҳам туш эди
қизиқ туш эди

бу сафар
бошқа ерда эдик ҳаммамиз
уни укамга айтиб беришга
ошиқарканман
нақадар ғалати бўлмасин
яна уйғондим

тоғам уйида

укамга айтмасам бўлмасди

бироқ яна ва яна
тоға холаларим уйида
уйғонавердим

лекин дафъатан
сўнгги уйғонган еримда
улар йўқ эди

шунинг учун қоғозга ёздим

менимча уйғоқман

***

олтин талабаликнинг сарғайган даври
ичида босилмай ҳовури
қайсидир қурум босган фасл ёдида
ғурбатхона гулқоғозига

гул чизади эринчоқ қўли

бу ғарибингнинг саховати
гул тутгиси келади
гарчи
на иси бор на таровати

ичингда баҳор яшиллансин

кўнглини кучук искамаган
бир меҳрга ташна улғайди
ичини куйдирган ҳовурни
қишнинг қировлари босмайди

йўқ

бувакнинг гингшиши эмас
бу бир мунгдир
раҳминг келмасин
шунчаки сендан бир истагим

ичингда баҳор яшиллансин

Қисқа ҳикоялар

1 (Тортишиш кучи)

У гурс этиб дарахтдан йиқилди ва
ачиган олманинг устига тушиб,
бели тортишди.

Олма фикрлашга яроқсиз эди,
у эса орқасини тозалашни қўйиб,
бир шеър тўқиди:

бешафқат дунё…

2 (Сўнгги умид)

Бу дунёдан
қорасини ўчираркан,
сўнгги ёпган эшигига
ким учундир бир хат

қистириб қолдирди…

3 (Атиргул)

Ўн ёшли қиз эди.
Мактабдан қайтаётиб
қўшни гулзордан
бир атиргул узди.
Аммо уни
уйда кутиб турган отаси
бузуққа чиқарди
ва урди.

Йигирмадан ўтди,
қанча атиргуллар қовжираб, сўлди.
У эса ҳали ҳам
ўша ўн ёшидаги
бокира ва мунглиғ фаришта эди.

4 (Шоир)

Ўзини табиий тутишга
урунмаётган
бир ҳайвондай табиий

шоир эди у.

5 (Телефон)

Қалбимдаги меҳрни олиб қўйиб,
йиллар бўйи йироқ юрган бўлса ҳам,
телефонимга кеча пул солиб қўйиб,
қўнғироқ қилишимни кутаётган одам –

дадам…

Ҳақ гап

Ўшанда ёш эдим, ўзимча, қўпол,
ҳақни севадиган бир сурбет эдим.
Мени даволаётган бир аёлга
бесабаб «Сиз товуқмиясиз» – дедим.

Билмадим, аёлнинг эсида борми
ёки аллақачон ёдидан учди.
Бугун аччиқ алам билан негадир
унинг хафа юзи ёдимга тушди.

Айбга буюрманг, бугун тўсатдан
мўмин гаплар билан ўзини койир
йиллар бўйи ҳақни айтяпман дея
фақат хотинларни йиғлатган шоир.

Бугун ақлим кириб, руҳим тетилиб,
ёшим ҳам деярли ўтизга тўлди.
Кимгадир рост гапни айтишдан аввал
мен буни ўзимдан бошлагим келди.

***

Сиздан доно кичиклар бор,
сиздан бахтли кучуклар бор,
сиз емаган ош-овқатлар бор,
сиз кўрмаган машаққатлар бор.

Биламан, тўлишган ақлингиз
сабзи экиб, сотгани етар.
Келинг, мени тинч қўйинг, оға,
кеца сиздан, сабзавот кетар.

Шоирлик ҳам битта эрмак-да!
Ёзиб бўлар – сотиб бўлмайди.
Сиз сабзига кўпроқ кераксиз,
шеърга эса қорин тўлмайди.

Матн

фақат шеърий матн холи гўшадай

наҳотки ҳали ҳам
шу жавон ичига беркиниб олиб
тош ўянаб ўтирган гўдакман

агар мени топиб олсангиз
койиманг илтимос
мен бу ерга бор-йўғи
тош ўйнаш учун кирдим

десам энди ишонмассиз

Ота

У аввал ичар эди, энди эса ташлади,
намоз ўқиб, астойдил рўза тута бошлади.
Аввал уйидагилар сўкиниш, бақириғин
эшитган бўлса, бугун иймонга чақириғин
тинглардилар эринмай. Не қилса ҳам, ота-ку!
Ичса ҳам, орқасида; намоз ўқиса ҳам, шу;
эгилиб турардилар, туймасдилар машаққат.
Сўккани даво эди, дуо қилса, яна бахт…

Бир амаллар эдилар.

Тоифа

сен ҳам бир тоифа-да
кўнгли овқат билан ёришган
ошқозони ичида жони
билмам нима билан қоришган

эҳтиёт бўл

***

эй мунг капалаги
мўрт шоирни нима қиласан
бориб гулга қўн

гул сенинг қўнишингдан
мувозанатни йўқотмайди

ўпирилиб тушмайди

rafiqRafiq O‘zturk bu yuborgan bitiklarini «Karantinda yozgan she’rlarim» deb atabdi. Biz ham ularni karantinda o‘tirgan muxlislarimizga mamnuniyat bilan taqdim etamiz.

Rafiq O’ZTURK
KARANTINDA  YOZILGN  SHE’RLAR


Hikoyadan so’ng

tong chog’i kimsasiz ko’chada
hatto o’zimga ham bildirmay
sog’inardim uni unsiz

hikoya bitgandi
men esa kitobdan tashqarida
nafas rostlardim

yopdim uni nihoyat
o’rindiq chetiga qo’ydim va
yo’limga ketdim

Bahorgi tush

bodom guli uyqudagi qiz kabi jimdir
shu qadar yaqin
lablarim o’pmoqqa shay
har soniya
men emas
u uyg’onib ketadiganday

***

bozorda non sotayotgan ayol haqida
nimadir yozish mumkinmi

ha albatta mumkin

uning ikki o’g’li ayniqsa
halok bo’lgan bo’lsa avtohalokatda
aksiga olib
bir necha kundan so’ng

onasi o’tsa
eri o’zini ossa

bu qattol dunyoning yuziga yana
kulib boqarkan
buyuk bardoshni yelkaga ortib

non sotardi u

***

mening borim shudir
sarmastman
topganim ishq sipqorganim may
senga mushtoq bir yurak bilan
o’lguday sevaman netay
xayol dalli
g’ururim osmon
o’z dodimdan qulog’im batang
hayotim go’zalim tanda jon
seni qo’yib yuborolmayman
biroq o’tinaman ket

agar keta olsang

Oq qizlar

derazamda qor raqsi

sening yoding kabi ko’z tiksam
dilimni quchguvchi musaffolikdan
chirpirab tushar

parday yengil naqadar totli
yog’ar goh shiddat-la goh tinib
sen ham ular kabi go’yo
ham qarshimdasan

ham ketaman qattiq sog’inib

sen sen sen

xayolimni buncha band etding
bas qil endi bir oz tingil o
shirin jonim tubiga yetding

to’rt devor

derazam ortida borliq
shu alfozda raqs tushar
go’yo

mening raqsim qovushmas faqat

***

o’zingni yig’ishtir

sen qaysi qismingni
qayerda unutib qoldirgan bo’lsang
hoziroq top

masalan telefon qutisida ko’zing
quloqlaring chang bosib yotibdi
yana boshqa bo’laging oshxonada
hojatxonada axlat qutisida

kimdir so’lak to’la og’zi bilan
so’rib g’ajiyapti
yana qaysidir bo’lagingni

uzr bu meniki

o’zingni yig’ishtir
xullas
hammasini qaytar birma-bir…

***

senga gullar yuborgim keldi
o’zim qumsagan bir gulzordan
atirgullar lolalar uzib
bir oz ko’nglingni olgim keldi

tashqarida kezinar jimlik
deding bahor ranggi unuqqan
sarmast etar mahzun kuy kabi
chiroylisan yuzing siniqqan

shalolam

yo’q bu oniy ro’yo
tahlika quchmasin dilingni
men yetmagan bir bahor kabi
asra ko’ngildagi gulingni

***

Tilimdan tupukday sachragan hazil
uning yuragiga yetishi mumkin.
Ammo, haddim sig’ib, unga yorsam dil,
qulog’iga kirday yuqmasligi chin.

U, balki, qo’shnimdir va, balki, otam…
Sanab adog’iga yetmaymiz, lekin,
ey shuni erinmay o’qigan odam,
siz ham omon bo’ling u ham o’lmasin.

Karantin

1
tongda derazani ochgan og’aynim
meni bir zum toshkentdagi
ukamning ijara uyiga eltdi

muzday shamol esar edi
odamlar ko’chada gavjum hoynahoy

qani shu on o’rnimdan turib
o’sha derazaning raxiga suyangancha
sigaret cheksam

yopdi to’satdan

har o’tkinchi tong kabi
toshkentning bu go’zal tongi ham
uzoqqa cho’zilmadi

2
chalakam-chatti bahor
kaptarning don cho’qishi
muzda qoqilib tushayotgan ayol
kiyintirib qo’yilgan it
axlat qutidan bir nima topib og’ziga solayotgan odam
bir maromda qaynagan hayot umuman
derzadan tashqarida ro’y beryapti

xayolimda sallagul
bir suluvning yuzida o’pich iziday bilinmas
toza hislar

xaykular o’qiyapman 

borgan sari
o’z vujudiga sig’mas bir shabadaga
aylanib borayotganing uchun
aybdorlik hissi

yuragim bir yupanch izlaydi doim
yupanch bu she’r
axlat qutidan ovqat topgan
juda ham ochiqqan anavi odamning
quvonchi kerak menga

shu yanglig’ kalta-kulta satrlarimni
senga atarkanman sevgilim
suzik ko’zlaring qiri tushgan lahzada yashab qolyapman
yuzingda ninachi misol

yo’q ninachi haddan tashqari dag’al

yuzingda

xullas

menga bir yupanch kerak
yo boshimni urgani notanish devor
bu to’rt devor haddan tashqari tanish menga
urganim bilan hech narsa o’zgarmaydi
xullas bir simyog’och kerak
to unga boshimni urib olmaguncha
uning gullayotganini tasavvur qilaveraman

ana endi shularni

aqalli bir so’zga yoki jumlaga
aylantirib yoz menga gulim

xatingni kutyapman

3
o’qituvchim e-mail orqali
xayku matnidan sal kattaroq keladigan xat yozib
meni sergak torttirdi
mazmuni asosan
masofaviy darslarga qatnashmayotganim haqida edi
men esa u paytda bir yapon shoiring
gultuvakdagi gul haqida yozgan
bir xaykusi haqida o’y surayotgandim

bosh chanog’im yopiq

atrofda aqalli bir dona bo’lsa ham
bodom daraxti yo’q
biroq men
xuddi ochiq qolib qurg’ay boshlagan miyamga
bodom guli uchib kelib
yopishib qolganday sezyapman o’zimni

tashqarida bahor
muzi yarim erigan daryo
covid-19 dan cho’chiy boshlagan niqobli xalq

men esa bahorga bandiman
o’zim tinmay izlayotgan bir she’r zavqini
qo’limdagi xurkak
qishdan bir oyog’i sinib omon chiqqan
yovvoyi kaptar kabi
qo’yib yuborgim kelmas

darvoqe e-mail

shu kunlarda juda ko’p xayku
tankalarni o’qib yuribman
asosan bahor
asosan sakura gullari haqida
o’qituvchimning yozgan xatida ikkisi ham yo’q edi
va umuman
xaykudan rasmiy xatni farqlay olyapman hozircha

shunining uchun ham sergak tortdim va

qog’ozda yig’ilib qolgan
bir qancha harfni
pista po’choqlari yanglig’
axlat chelagiga tashlab kelishdan
o’zimni zo’rg’a tiyib qolarkanman
barcha matnlar
xayku xatlarni unutib

balkonga chekish uchun chiqib ketdim

4
bolaligim esga tushdi
onam menga sanoqni o’rgatish uchun
har tun yuzgacha sanab bitirmagunimcha
uxlatmas edi

bu azoblar oxiri bormikin deya
men har kecha qoqila-qoqila
yuzga yetib
keyin uxlardim

hozir ham o’zimni tahminan
shunday sezyapman men

sanayapman
sanayapman
mingdan o’tdim
oxiri bormikin bu sanoqlarning

deya o’ylayman

Bola hislar

1
pokiza dilingdan taralgan
hayoning xush isini tuygan
xasta dilim shod

sen shu qadar farishtanamo

shalolam deyishga deb qo’yib
o’zimni
ichida shaytoniy lazzatni tuygan
gumrohday sezdim

sendagi hayo o

u haqida qancha so’zlash mumkin
va u bo’yni ichga yutgancha
mumkin qancha sukut saqlamoq

yo’q baribir aytdim

yiroq ketma
kel yuzingni bosgil ko’ksimga
va shu ko’yi mendan yashirin

2
sening qarshingda men
tamaki aroqni
bad fe’lim xudbinligim umuman
ulg’ayib nimaga erishgan bo’lsam
barchasini bir chetga surib
yosh boladay hayratlangim keladi

ko’zlaringga jovdirab qarab
dala moychechaklarin tutsam qo’lingga
qarshimasmisan

shularni o’ylarkanman
bilasanmi men bir satrni yoza olmay
she’rning so’ngigacha surib keldim

ikkimizga ham ayon u haqiqatni kel yozmay
yaxshisi men senga yosh bola kabi
chin dilimdan bir so’z aytay
qara tong

o’xshadimi

3
bilasanmi

senga atalgan sara satrlarimni
epaqaga keltirgunimcha
yozib bo’yab bejab tashlayman

sip-silliq matnimni keyin
senga atayman

shunday yolg’on kerakmi senga

bilasanmi u nuqsonlarni
birov ko’rib qolishidan qattiq qo’rqaman

faqat sen

shu qadar yaqinsan menga sevgilim
ularni ko’rsang deyman
kunda ko’zing tushsa deyman ularga

4
ikkimiz sevgan shoira
seningcha juda mashxur
menimcha esa uni
ikkimizdan
boshqa hech kim bilmaydi

nazarimda
u faqat biz uchun yozgan
va biz uchun yashab o’tganday

kel shunga ishonaylik
bizdan nima ketdi

nimadir ketguncha
ishonib qolaylik hech yo’qsa

***

tasavvurga zeb berib ba’zan
sog’inishga shoir shay
u tug’ilgan vatan
uzoqlardan sevgani qulay

moviy osmonini maqtarkan
oyog’i loydan uzilgan
shoir moviy sharday shishadi

bizning musaffo yurtga
quyosh nuri ko’proq tushadi

masofadan mahzun
ko’pirgancha ko’pirib
qishlog’ini alqab yotadi

yarim tunda

qishloqdoshlari esa
uning she’rlariga tupurib
bir maromda xurrak otadi

Bir tush haqida qisqacha

men bir tushdan cho’chib uyg’onsam
ukam onam va men
xolamning uyida ekanmiz
so’ngra uni ukamga aytib berayotib
uyg’onib ketdim

nahot bu ham tush edi
qiziq tush edi

bu safar
boshqa yerda edik hammamiz
uni ukamga aytib berishga
oshiqarkanman
naqadar g’alati bo’lmasin
yana uyg’ondim

tog’am uyida

ukamga aytmasam bo’lmasdi

biroq yana va yana
tog’a xolalarim uyida
uyg’onaverdim

lekin daf’atan
so’nggi uyg’ongan yerimda
ular yo’q edi

shuning uchun qog’ozga yozdim

menimcha uyg’oqman

***

oltin talabalikning sarg’aygan davri
ichida bosilmay hovuri
qaysidir qurum bosgan fasl yodida
g’urbatxona gulqog’oziga

gul chizadi erinchoq qo’li

bu g’aribingning saxovati
gul tutgisi keladi
garchi
na isi bor na tarovati

ichingda bahor yashillansin

ko’nglini kuchuk iskamagan
bir mehrga tashna ulg’aydi
ichini kuydirgan hovurni
qishning qirovlari bosmaydi

yo’q

buvakning gingshishi emas
bu bir mungdir
rahming kelmasin
shunchaki sendan bir istagim

ichingda bahor yashillansin

Qisqa hikoyalar

1 (Tortishish kuchi)

U gurs etib daraxtdan yiqildi va
achigan olmaning ustiga tushib,
beli tortishdi.

Olma fikrlashga yaroqsiz edi,
u esa orqasini tozalashni qo’yib,
bir she’r to’qidi:

beshafqat dunyo…

2 (So’nggi umid)

Bu dunyodan
qorasini o’chirarkan,
so’nggi yopgan eshigiga
kim uchundir bir xat

qistirib qoldirdi…

3 (Atirgul)

O’n yoshli qiz edi.
Maktabdan qaytayotib
qo’shni gulzordan
bir atirgul uzdi.
Ammo uni
uyda kutib turgan otasi
buzuqqa chiqardi
va urdi.

Yigirmadan o’tdi,
qancha atirgullar qovjirab, so’ldi.
U esa hali ham
o’sha o’n yoshidagi
bokira va munglig’ farishta edi.

4 (Shoir)

O’zini tabiiy tutishga
urunmayotgan
bir hayvonday tabiiy

shoir edi u.

5 (Telefon)

Qalbimdagi mehrni olib qo’yib,
yillar bo’yi yiroq yurgan bo’lsa ham,
telefonimga kecha pul solib qo’yib,
qo’ng’iroq qilishimni kutayotgan odam –

dadam…

Haq gap

O’shanda yosh edim, o’zimcha, qo’pol,
haqni sevadigan bir surbet edim.
Meni davolayotgan bir ayolga
besabab «Siz tovuqmiyasiz» – dedim.

Bilmadim, ayolning esida bormi
yoki allaqachon yodidan uchdi.
Bugun achchiq alam bilan negadir
uning xafa yuzi yodimga tushdi.

Aybga buyurmang, bugun to’satdan
mo’min gaplar bilan o’zini koyir
yillar bo’yi haqni aytyapman deya
faqat xotinlarni yig’latgan shoir.

Bugun aqlim kirib, ruhim tetilib,
yoshim ham deyarli o’tizga to’ldi.
Kimgadir rost gapni aytishdan avval
men buni o’zimdan boshlagim keldi.

***

Sizdan dono kichiklar bor,
sizdan baxtli kuchuklar bor,
siz yemagan osh-ovqatlar bor,
siz ko’rmagan mashaqqatlar bor.

Bilaman, to’lishgan aqlingiz
sabzi ekib, sotgani yetar.
Keling, meni tinch qo’ying, og’a,
ketsa sizdan, sabzavot ketar.

Shoirlik ham bitta ermak-da!
Yozib bo’lar – sotib bo’lmaydi.
Siz sabziga ko’proq keraksiz,
she’rga esa qorin to’lmaydi.

Matn

faqat she’riy matn xoli go’shaday

nahotki hali ham
shu javon ichiga berkinib olib
tosh o’yanab o’tirgan go’dakman

agar meni topib olsangiz
koyimang iltimos
men bu yerga bor-yo’g’i
tosh o’ynash uchun kirdim

desam endi ishonmassiz

Ota

U avval ichar edi, endi esa tashladi,
namoz o’qib, astoydil ro’za tuta boshladi.
Avval uyidagilar so’kinish, baqirig’in
eshitgan bo’lsa, bugun iymonga chaqirig’in
tinglardilar erinmay. Ne qilsa ham, ota-ku!
Ichsa ham, orqasida; namoz o’qisa ham, shu;
egilib turardilar, tuymasdilar mashaqqat.
So’kkani davo edi, duo qilsa, yana baxt…

Bir amallar edilar.

Toifa

sen ham bir toifa-da
ko’ngli ovqat bilan yorishgan
oshqozoni ichida joni
bilmam nima bilan qorishgan

ehtiyot bo’l

***

ey mung kapalagi
mo’rt shoirni nima qilasan
borib gulga qo’n

gul sening qo’nishingdan
muvozanatni yo’qotmaydi

o’pirilib tushmaydi

065

(Tashriflar: umumiy 525, bugungi 1)

Izoh qoldiring