Abdumajid Azim. Yangi she’rlar

0426 НОЯБРЬ — ШОИР АБДУМАЖИД АЗИМ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

     Замонавий ўзбек шеъриятида ўз йўли, ўз овозига эга шоирлардан бири Абдумажид Азимдир. Бугун шоир дўстимизнинг таваллуд кунида унинг бир туркум шеърини сизга тақдим этар эканмиз, унга ижодий ютуқлар, саломатлик ва фарзанду набиралари кмолини кўриб юришини тилаб қоламиз.

 

Абдумажид АЗИМ
ЯНГИ  ШЕЪРЛАР


Ashampoo_Snap_2016.11.25_16h07m01s_002_.png    Абдумажид Азим 1957 йилнинг 26 ноябрида Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманидаги Элбоён қишлоғида туғилди. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олди (1973–1978). Муҳнат фаолиятини Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида мусаҳҳиҳликдан бошлаб, кейинчалик “Олтинсой тонги” туман газетаси масъул котиби, “Тошкент ҳақиқати” газетаси мусаҳҳиҳи , “Гулистон” журнали бўлим муҳаррири, Ўзбекистон Ахборот агентлиги бўлим мудири, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маънавият” таҳририяти бўлим мудири, “Туркистон-пресс” НАА Республика ахборот таҳририяти бош муҳаррири, “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги “Моҳият” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири, “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири, “Ҳуррият” газетасида масъул котиб вазифаларида хизмат қилди.

Абдумажид Азим “Ёшлик” журналида эълон қилинган дастлабки шеърлар туркуми билан (1980) адабий жамоатчилик, шеърият мухлислари эътиборига тушди. “Ўтаётган йиллар” номли биринчи китоби 1986 йилда нашр этилди. Шундан сўнг “Қалбимнинг ватани” (1990), “Қуёш боласи” (1991), “Ёруғлик одами” (2007), “Руҳи равоним” (2013), “Ошиқ дилим” (2015), “Умид беланчаги” (2016) каби шеърий тўпламларини эълон қилди. Таржимон сифатида Мексика, Испания ва рус шоирлари шеърларидан намуналарни она тилимизга ўгирди.


ИМОРАТ

Иморат кўтарди отанг бир замон,
Болаликда дердинг уни нақ сарой.
Аммо отангга ҳам бўлганмас осон,
Эргаш пахсачига узатмоқлик лой.

Бир авлод шу гўша иссиқ бағрида,
Ётиб бир кўрпада етди вояга.
Эскирди бу уй ҳам, йиллар ортидан
Қарасанг ўхшайди чўккан қояга.

Бузаман бу уйни, дединг бир чоқда,
Янги уй деворин кўтардинг ғиштдан.
Ўн йилинг қоришиб лою тупроқда,
Охири безиллаб қолдинг қуришдан.

Эрта эскиради бугуннинг гапи,
Нима бўлганда ҳам ўзбекка қийин.
Отанг қурган уйни сен бузган каби,
Ўғлинг ҳам уйингни текислар тайин.

Аммо тугамайди бу сирли ҳалқа,
Ўз уйин қуради ҳар битта авлод.
Яшаш керак эмас асли бу халққа,
Битта иморатга тикилган ҳаёт.

Битта иморатни қилгунча барпо,
Кетади ўзи ҳам тутдай тўкилиб.
Бир куни ойнага қараган асно,
Қари чол кўринар, қадди букилиб,

У балки ўзидир, падари балки,
Қуришу бузишдан қотган суяги.
Ёки невараси — келажак халқи,
Ўзига боғлиқдир энди буёғи…

Дунё иморати қийшиқ бир девол,
Майли,уйлар қургин сен қўша-қўша,
Айтган гапларимни олмагин малол,
Фақат истагим шу, одамдек яша.

ИСТЕҲЗО

Сени танирдилар пулдор бой бўлсанг,
хизматда турарди не корчалонлар.
Яхши кунда агар тўй- ҳашам қилсанг,
келарди Билл Гейтс ошиб уммонлар.

Бўлсанг хизматчими ёки амалдор,
катта давраларга очиларди йўл.
Бўлсанг масхарабоз ёинки актёр,
тўйларда бошингдан ёғиларди пул..

Қассобми, дўкондор, ҳеч бўлмаганда,
паттачилик қилсанг Чорсу бозорда.
Овинг юришарди бўлсанг хонанда,
кўринсанг ҳар куни телевизорда.

Сени танирдилар кийгизиб кетсанг,
аҳмадми, Раҳматми ё ўзга номда.
Гердайиб Дубай ё Парижни кезсанг,
юрсанг доллар санаб ипподромда.

Аммо тақдирингдан нечун ёзғирмоқ ,
сени сўзлар танир, танийди қоғоз.
Ҳожат йўқ беришга ортиқча изоҳ,
халқинг ҳам танимас шоирсан, холос.

ЗУВАЛА

Ҳаёт манзараси бола-чақа, иш,
Рўзғорнинг ҳар рўзида ва ғорида,
Гоҳо қувонч кечиб,
гоҳида ташвиш,
Яшашни ўргандим кўниб борига.

Ўргандим яшашга,
сабр тоқат-ла,—
Қудуқ қазимоққа игна билан нақ.
Ёвқур шамолларнинг кафтида ухлаб,
Эртанги бахтимни кутишга илҳақ.

Эртанги бахтим-ку насия ҳамон ,
Нақдини кутишга тоқатим етмас.
Қурбат йўқ тоғларни этишга талқон,
Бошимни ўрасам,
оёққа етмас.

Юрак ҳайқиради узун кечалар,
Гулдурос товушлар келар қулоққа.
Қўрқаман,
уммонда кемам муқаррар,
Урилиб кетмасми айсберг —тоққа?

Ўтмоқда имиллаб
омонат куним,
Сўнмоқда юракнинг тафти тобора.
Турмуш ташвишлари чиқармас уним,
Тегирмон тошида янчиб минг бора.

Ҳаёт,
кўзларингга боқолмайман тик,
Наҳотки айландим манфур,қўрқоққа.
Кечиб ташвишлардан бекин, беҳадик,
Илож тополмасман ҳеч яшамоққа!

Бесарҳад ва сўнгсиз ҳаёт даштида,
Кўпдир йўл топганлар адашиб неча.
Метиндай мустаҳкам турмуш муштида,
Зувалам муштлайман бедор ҳар кеча.

Давлатнинг жуни

Гўшт ўрасанг қалин қоғозга,
тарозингга беради салмоқ.
Канда қилмай чиқсам намозга,
енгиллашар демагин, гуноҳ.

Ажратиб қўй назру ниёздан,
зинҳор чиқма меъёрдан аммо.
Гуноҳ — томчи, йиғилиб оз-оздан,
ғарқ этмасин сени бу дарё.

Қилсам ҳамки ҳар қанча гуноҳ,
тавбам билан юварман, дема.
Падарингга сен бўлмагин оқ,
онагинанг кўнглин оғритма.

Тавбам бўлар дея ижобат,
имонингдан ўгирма юзинг.
Келганида тонгла қиёмат,
амалингга эш бўлсин сўзинг.

Кеккаймагин ўзингча одам,
кийиб олиб биров тўнини.
Энг муҳими, ўз жунинг билан,
чалкаштирма давлат жунини.

ГОҲО

Гоҳо умрим кечар бир гўдак бўлиб,
Онам бешигимни тебратиб турар.
Гоҳо маккорона табассум қилиб,
Ҳаёт зулуклари қонимни сўрар.

Гоҳо парваришлаб гулдай ўзимни,
Гоҳо азобларга бўладирман ғарқ.
Гоҳо оқ-қорани қила олмай фарқ,
Гоҳо танимайман ўзим ўзимни.

Гоҳо телефонга бормайди қўлим,
Гоҳо йўқ дўстларни излаб қоламан.
Гоҳо сайрамоқдан тинмайди тилим,
Гоҳо оғзимга мум солиб оламан.

Гоҳо мақтовларга юраман мафтун,
Гоҳо таъналарга нишон бўламан.
Гоҳо ширин гапдан йиғлайман беун,
Гоҳо калтаклашса шодон куламан.

Гоҳо қаҳратонда кўпирар қоним,
Гоҳо саратонда ҳам ғалжирайман.
Гоҳо дорилардан зирқираб жоним,
Гоҳо телбаларга хос алжирайман!

КУЗ БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

Хазонларни шопирар шамол,
хайр дейман, заъфарон кузга.
Кўришмасмиз эрта эҳтимол,
бу кунлар ҳам ғанимат бизга.

Турар вазмин ўйларга ботиб,
дов-дарахтлар қабосин ечган.
Вужудимни зир-зир қақшатиб,
тошиб келар саволлар ичдан.

Нима қилдим шу ёшга кириб,
ўтмишлар тутдими ёқамдан?
Бемор укам кетдими туриб,
ололмадим хабар укамдан.

Ололмадим онамдан хабар,
кайфияти, соғлиги қалай.
Етказсангиз саломим агар,
қувонарди мени кўргандай.

Менинг эса қондир дилларим,
эсга олиб кетган дўстларни.
Алвидо,эй ўтган йўлларим,
ўтолмасман қайтиб сизларни!

Яшамоқдан ахтариб маъно,
гоҳ қоқилиб, гоҳи суриндим.
Бир одамдай яшашга аммо,
умр бўйи тинмай уриндим.

Яхшиларга бўлай деб мухлис,
этаяпман йўлимда давом.
Келмасада қошимга иблис,
шерикларин йўллади мудом.

Умр ортга қайтмайди асло,
Узилгандай бандидан япроқ.
Атрофда куз таажжуб, аммо,
гуллаётир бошларим оппоқ…

Соғинч

Бир йил ўтди, эҳ яна бир йил,
боролмадим она қошингга.
Бир йилдирки,она муттасил,
оппоқ қорлар ёғди бошингга.

Узумларни чордоққа осдинг,
қовунларни емадинг сўйиб,
Кўйлагимга юзларинг босдинг,
ҳидларимга олдингми тўйиб?.

Бу дунёда ким ҳам ўлмапти,
қувлаётир ажал изимдан.
Йиғлай-йиғлай ёшим қолмабди,
нима қилай она, кўзимда.

Ҳаёт мисли Чилбирнинг чўли,
мен саҳрода йитган девона.
Бўғзимдадир ажалнинг қўли,
дуолар қил ўғлингни,она!

Олов ўчиб ўчоқларингда,
қисматларинг хато бўлдими?
Мадор кетиб оёқларингдан
калишларинг адо бўлдими?

Оғриқларнинг домида мен сайд,
аАлоқ-чалоқ тушлар кўрарман…
Сен ёш —она, мен гўдак у пайт,
ҳовлимизда ўйнаб юрарман.

Билмам ,умр вафо қиларми,
турналарим видо айтмоқда.
…Қўмсаб жажжи бузоқларини,
қирдан шошиб пода қайтмоқда.

МОМОСИ

Кеча остонамдан кириб келгандинг,
Иболи,ҳаёли барно келинчак.
Ойни уялтирар келин бўлгандинг,
Юлдузлар кўзингда айтарди эртак.

Лолу-ҳайрон бўлиб, мен таажжубда,
Юлдуз кўзларингга интиқ боқардим.
Субҳи-саҳарларда ётсанг уйқуда,
Сочларингга гулдан чечак тақардим.

Орзу ва ниятлар тоза, бокира,
Ой юзингга сира тўймасдим боқиб.
Фалакда уйқуга кетса-да Зуҳро,
Ҳислар уммонида юрардим оқиб.

Кейин-чи, уй-рўзғор, бола-чақа, иш,
Ҳаёт омочини қўш ҳўкиз—тортдик.
Умр—деразамга қўниб ўтган қуш,
Қачон болалардан ўзимизга ортдик!

Ўтди умримизнинг баҳори, ёзи,
Бир-бир етаклашиб бораяпмиз кузга.
Нозиккина келин — энди “момоси”,
Энди неваралар дўқлайди бизга.

Агар вафо қилса мабодо умр,
Иссиқ –совуғига биз-ку кўнармиз.
Энди неваралар …Худога шукур,
От бўл, деса дарров отга дўнармиз.

Қанча таърифингни келтирсам оздай,
Қандай бўлсанг, шундай яхши кўраман.
“Бобоси” дейсан сен эрка овозда,
Мен-чи, “момоси” деб томоқ қираман.

ИҚРОР

Мен сени севмайман,
асло кутмайман,
Ҳаётимнинг ҳеч бир
фурсат, фаслида.
Ўзимни бир кунда
минг бор алдайман,
Оёқ тортаверар
сенга аслида.
Келма, дейман сенга
эртаю кечин,
Жуда олисдаман
Бу кун ўзингдан,
Тушларимда эса
ўрарман сочинг
Кўзларим ололмай
қаро кўзингдан.
Дейман, унутганман
Қиёфанг буткул,
Нима наф, беҳуда
Оҳу- воҳлардан.
Аммо оразингни
Кўрарман эй гул,
Қирларда юз очган
Қизғалдоқларда.
Ишққа макон йўқдир,
осмон остида,
Вафо ҳам кутмасман
сендай гўзалдан.
Ғурурим синдириб
кўчсам ростига,
Аламим бор менинг
тақдир азалдан.
Туюлар гапларинг
ўтирик, ёлғон
Икки ўт ичида
ёниб ўтарман.
Қайсар бу юрак-чи,
ҳайқирар ҳар он:
“Ҳамон йўлларига
Қараб ётарман”.

ЙИҒЛА

Ҳар кимга йиғлама билиб билмасдан,
ростга йиғламасанг ёлғонга йиғла.
Дардингни яширгин бахил, нокасдан,
битта жони сенга қалқонга йиғла.

Тушмадинг-ку ахир Марс ёки Ойдан,
оласинг бўлмасин такаббур бойдан,
Оқизма кўз ёшинг дуч келган жойда,
йиғласанг бир кўнгли нолонга йиғла.

Кўкардинг саҳрода якка дарахтдай,
лаҳзалик қувончни англадинг бахтдай,
Бу кун ўтирибсан гунгу карахтдай,
йиғласанг онангдай инсонга йиғла.

Асрасин Худойим дилозорлардан,
бемаҳалда ёққан дўлу қорлардан,
Куйиб кул бўлдинг-ку сохта ёрлардан,
дард чексанг чин дўст- ёронга йиғла.

Жўнадинг отангнинг ота юртидан,
шеър деган бир гўзал малак ортидан,
Омон йўқ эҳтимол, унинг дардидан,
сарғайган ул барги хазонга йиғла.

Бахтиёр дўстларинг сени унутган,
ором , ҳаловатинг қайларга кетган
Ҳар манзил , бекатда сенга кўз тутган,
маҳраминг оғриғу армонга йиғла.

Эй кўнглим, ростми ё рўёлардасан,
ўзинг ҳам билмаган дунёлардасан,
Сен асли бу вақтда самолардасан,
Аршга бошинг уриб, осмонга йиғла.

ИСТАРАМ

Учай десам, йўқ қанотим,
қанотли бир он истарам.
Тугади ерда ҳаётим,
учмоққа осмон истарам.

Истадим ҳамроз кўнгилни,
кўнгилга меҳмон истарам.
Ахтариб бир равон йўлни,
йўлларда жавлон истарам.

Дам ураримга йўқ маҳол,
узлатдан ниҳон истарам.
Хато бўлса чиним не фол,
эҳтимол, ёлғон истарам.

Мен бир ялангоёқ, гадо,
очман, парча нон истарам.
Не кўргуликдир бу, Худо,
ғарибману шон истарам.

Кеч очилган сўқир кўзга,
сурма Сулаймон истарам.
Ёр топмайин Ҳақдин ўзга,
дардимга дармон истарам.

Дил хастаю, бемори жон,
қайда ломакон истарам.
Қайда мени истар инсон,
жонимга жонон истарам.

Майли, дедим ўлдирсалар,
ғайридан паймон истарам.
Келтирсалар дор остига ,
мушкулим осон истарам.

МИННАТНИНГ ЮКИ

Бекорга ётмайди қуйруқ шудгорда,
қул ҳам сотилмайди бозорда текин.
Уруғ қадаганинг билан баҳорда,
парвариш этмасанг ўсмайди экин.

Инсоний қадрингни қилиб бир чақа,
нон еган одамга қараб кавшанма.
Берганинг бошингдан бўлар садақа,
бировдан олганинг билан мақтанма.

Ўзинг оқлашга минг баҳона тўқи,
тиланиб олганинг албатта, миннат.
Туяни чўктирар миннатнинг юки,
инсонга ярашар саховат, ҳиммат.

Токи тирикдирсан, насибангни тер,
ҳумоюн овларсан иқболинг кулса.
Иложини топсанг бошқаларга бер,
ўзингда ортиқча битта нон бўлса.

Дема бу гапларим беҳуда, бекор,
не зотлар оғзимни пойлашиб турган.
Иш эмас , балиқни ейиш тап-тайёр,
сен уни қармоқда тутишни ўрган.

Ҳамиша тубанда олганнинг қўли,
берганнинг моли ҳам камайиб қолмас.
Қирқ кун тўй еса ҳам нафснинг қули,
Кўзини қайнаган қозондан олмас.

АКСИОМА

Чирпирак айлади гоҳ гирдибодлар.
Учдим гоҳ юқори, гоҳи қуйига.
Дуч келса имонни асраган зотлар,
Айландим уларнинг хоки пойига.

Ҳаёт йўриғи шу, гапнинг қисқаси,
Эрталабки салом, шомда алвидо.
Бир инсон пилигин ўчган сўхтаси,
Иккинчи ҳаётга илдиз, ибтидо.

Илинжлар кўнгилга ёқса шамчироқ,
Меҳрибон онамдек кўринди ҳаёт.
Нечун ўлчамайди тарози, бироқ,—
Уволу савобни теппа-тенг ҳайҳот?

Ҳассос ҳиссиётим йўйиб исёнга,
Дегайсиз йиғиштир, бу ҳолатингни.
Бор-йўғи илтижо қилдим осмонга,
Кўрсат, деб бандангга адолатингни.

Қанча ёлғонларга юзма-юз бўлдим,
Уларга ишониб, кўп қайтди раъйим.
Сочим оқарганда бир сирни билдим,
Ёлғончи ўзини алдаркан доим…

Хаёт жумбоқ экан бош-оёқ, хуллас,
Фақат юкинамиз ёлғиз имонга.
Қабиҳ қилмишидан уялмай нокас,
дарс бериб ўтирар ҳамон шайтонга.

26 NOYABR — SHOIR ABDUMAJID AZIM TAVALLUD TOPGAN KUN

Zamonaviy o’zbek she’riyatida o’z yo’li, o’z ovoziga ega shoirlardan biri Abdumajid Azimdir. Bugun shoir do’stimizning tavallud kunida uning bir turkum she’rini sizga taqdim etar ekanmiz, unga ijodiy yutuqlar, salomatlik va farzandu nabiralari kmolini ko’rib yurishini tilab qolamiz.

Abdumajid AZIM
YANGI SHE’RLAR


 Abdumajid Azim 1957 yilning 26 noyabrida Surxondaryo viloyati, Qumqo’rg’on tumanidagi Elboyon qishlog’ida tug’ildi. ToshDU (hozirgi O’zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakulьtetida tahsil oldi (1973–1978). Muhnat faoliyatini G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida musahhihlikdan boshlab, keyinchalik “Oltinsoy tongi” tuman gazetasi mas’ul kotibi, “Toshkent haqiqati” gazetasi musahhihi , “Guliston” jurnali bo’lim muharriri, O’zbekiston Axborot agentligi bo’lim mudiri, O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi “Ma’naviyat” tahririyati bo’lim mudiri, “Turkiston-press” NAA Respublika axborot tahririyati bosh muharriri, “Turkiston-press” nodavlat axborot agentligi “Mohiyat” ijtimoiy-siyosiy gazetasi bosh muharriri, “Oila va jamiyat” gazetasi bosh muharriri, “Hurriyat” gazetasida mas’ul kotib vazifalarida xizmat qildi.

Abdumajid Azim “Yoshlik” jurnalida e’lon qilingan dastlabki she’rlar turkumi bilan (1980) adabiy jamoatchilik, she’riyat muxlislari e’tiboriga tushdi. “O’tayotgan yillar” nomli birinchi kitobi 1986 yilda nashr etildi. Shundan so’ng “Qalbimning vatani” (1990), “Quyosh bolasi” (1991), “Yorug’lik odami” (2007), “Ruhi ravonim” (2013), “Oshiq dilim” (2015), “Umid belanchagi” (2016) kabi she’riy to’plamlarini e’lon qildi. Tarjimon sifatida Meksika, Ispaniya va rus shoirlari she’rlaridan namunalarni ona tilimizga o’girdi.


 17
IMORAT

Imorat ko’tardi otang bir zamon,
Bolalikda derding uni naq saroy.
Ammo otangga ham bo’lganmas oson,
Ergash paxsachiga uzatmoqlik loy.

Bir avlod shu go’sha issiq bag’rida,
Yotib bir ko’rpada yetdi voyaga.
Eskirdi bu uy ham, yillar ortidan
Qarasang o’xshaydi cho’kkan qoyaga.

Buzaman bu uyni, deding bir choqda,
Yangi uy devorin ko’tarding g’ishtdan.
O’n yiling qorishib loyu tuproqda,
Oxiri bezillab qolding qurishdan.

Erta eskiradi bugunning gapi,
Nima bo’lganda ham o’zbekka qiyin.
Otang qurgan uyni sen buzgan kabi,
O’g’ling ham uyingni tekislar tayin.

Ammo tugamaydi bu sirli halqa,
O’z uyin quradi har bitta avlod.
Yashash kerak emas asli bu xalqqa,
Bitta imoratga tikilgan hayot.

Bitta imoratni qilguncha barpo,
Ketadi o’zi ham tutday to’kilib.
Bir kuni oynaga qaragan asno,
Qari chol ko’rinar, qaddi bukilib,

U balki o’zidir, padari balki,
Qurishu buzishdan qotgan suyagi.
Yoki nevarasi — kelajak xalqi,
O’ziga bog’liqdir endi buyog’i…

Dunyo imorati qiyshiq bir devol,
Mayli,uylar qurgin sen qo’sha-qo’sha,
Aytgan gaplarimni olmagin malol,
Faqat istagim shu, odamdek yasha.

ISTEHZO

Seni tanirdilar puldor boy bo’lsang,
xizmatda turardi ne korchalonlar.
Yaxshi kunda agar to’y- hasham qilsang,
kelardi Bill Geyts oshib ummonlar.

Bo’lsang xizmatchimi yoki amaldor,
katta davralarga ochilardi yo’l.
Bo’lsang masxaraboz yoinki aktyor,
to’ylarda boshingdan yog’ilardi pul..

Qassobmi, do’kondor, hech bo’lmaganda,
pattachilik qilsang Chorsu bozorda.
Oving yurishardi bo’lsang xonanda,
ko’rinsang har kuni televizorda.

Seni tanirdilar kiygizib ketsang,
ahmadmi, Rahmatmi yo o’zga nomda.
Gerdayib Dubay yo Parijni kezsang,
yursang dollar sanab ippodromda.

Ammo taqdiringdan nechun yozg’irmoq ,
seni so’zlar tanir, taniydi qog’oz.
Hojat yo’q berishga ortiqcha izoh,
xalqing ham tanimas shoirsan, xolos.

ZUVALA

Hayot manzarasi bola-chaqa, ish,
Ro’zg’orning har ro’zida va g’orida,
Goho quvonch kechib,
gohida tashvish,
Yashashni o’rgandim ko’nib boriga.

O’rgandim yashashga,
sabr toqat-la,—
Quduq qazimoqqa igna bilan naq.
Yovqur shamollarning kaftida uxlab,
Ertangi baxtimni kutishga ilhaq.

Ertangi baxtim-ku nasiya hamon ,
Naqdini kutishga toqatim yetmas.
Qurbat yo’q tog’larni etishga talqon,
Boshimni o’rasam,
oyoqqa yetmas.

Yurak hayqiradi uzun kechalar,
Gulduros tovushlar kelar quloqqa.
Qo’rqaman,
ummonda kemam muqarrar,
Urilib ketmasmi aysberg —toqqa?

O’tmoqda imillab
omonat kunim,
So’nmoqda yurakning tafti tobora.
Turmush tashvishlari chiqarmas unim,
Tegirmon toshida yanchib ming bora.

Hayot,
ko’zlaringga boqolmayman tik,
Nahotki aylandim manfur,qo’rqoqqa.
Kechib tashvishlardan bekin, behadik,
Iloj topolmasman hech yashamoqqa!

Besarhad va so’ngsiz hayot dashtida,
Ko’pdir yo’l topganlar adashib necha.
Metinday mustahkam turmush mushtida,
Zuvalam mushtlayman bedor har kecha.

Davlatning juni

Go’sht o’rasang qalin qog’ozga,
tarozingga beradi salmoq.
Kanda qilmay chiqsam namozga,
yengillashar demagin, gunoh.

Ajratib qo’y nazru niyozdan,
zinhor chiqma me’yordan ammo.
Gunoh — tomchi, yig’ilib oz-ozdan,
g’arq etmasin seni bu daryo.

Qilsam hamki har qancha gunoh,
tavbam bilan yuvarman, dema.
Padaringga sen bo’lmagin oq,
onaginang ko’nglin og’ritma.

Tavbam bo’lar deya ijobat,
imoningdan o’girma yuzing.
Kelganida tongla qiyomat,
amalingga esh bo’lsin so’zing.

Kekkaymagin o’zingcha odam,
kiyib olib birov to’nini.
Eng muhimi, o’z juning bilan,
chalkashtirma davlat junini.

GOHO

Goho umrim kechar bir go’dak bo’lib,
Onam beshigimni tebratib turar.
Goho makkorona tabassum qilib,
Hayot zuluklari qonimni so’rar.

Goho parvarishlab gulday o’zimni,
Goho azoblarga bo’ladirman g’arq.
Goho oq-qorani qila olmay farq,
Goho tanimayman o’zim o’zimni.

Goho telefonga bormaydi qo’lim,
Goho yo’q do’stlarni izlab qolaman.
Goho sayramoqdan tinmaydi tilim,
Goho og’zimga mum solib olaman.

Goho maqtovlarga yuraman maftun,
Goho ta’nalarga nishon bo’laman.
Goho shirin gapdan yig’layman beun,
Goho kaltaklashsa shodon kulaman.

Goho qahratonda ko’pirar qonim,
Goho saratonda ham g’aljirayman.
Goho dorilardan zirqirab jonim,
Goho telbalarga xos aljirayman!

KUZ BILAN XAYRLAShUV

Xazonlarni shopirar shamol,
xayr deyman, za’faron kuzga.
Ko’rishmasmiz erta ehtimol,
bu kunlar ham g’animat bizga.

Turar vazmin o’ylarga botib,
dov-daraxtlar qabosin yechgan.
Vujudimni zir-zir qaqshatib,
toshib kelar savollar ichdan.

Nima qildim shu yoshga kirib,
o’tmishlar tutdimi yoqamdan?
Bemor ukam ketdimi turib,
ololmadim xabar ukamdan.

Ololmadim onamdan xabar,
kayfiyati, sog’ligi qalay.
Yetkazsangiz salomim agar,
quvonardi meni ko’rganday.

Mening esa qondir dillarim,
esga olib ketgan do’stlarni.
Alvido,ey o’tgan yo’llarim,
o’tolmasman qaytib sizlarni!

Yashamoqdan axtarib ma’no,
goh qoqilib, gohi surindim.
Bir odamday yashashga ammo,
umr bo’yi tinmay urindim.

Yaxshilarga bo’lay deb muxlis,
etayapman yo’limda davom.
Kelmasada qoshimga iblis,
sheriklarin yo’lladi mudom.

Umr ortga qaytmaydi aslo,
Uzilganday bandidan yaproq.
Atrofda kuz taajjub, ammo,
gullayotir boshlarim oppoq…

Sog’inch

Bir yil o’tdi, eh yana bir yil,
borolmadim ona qoshingga.
Bir yildirki,ona muttasil,
oppoq qorlar yog’di boshingga.

Uzumlarni chordoqqa osding,
qovunlarni yemading so’yib,
Ko’ylagimga yuzlaring bosding,
hidlarimga oldingmi to’yib?.

Bu dunyoda kim ham o’lmapti,
quvlayotir ajal izimdan.
Yig’lay-yig’lay yoshim qolmabdi,
nima qilay ona, ko’zimda.

Hayot misli Chilbirning cho’li,
men sahroda yitgan devona.
Bo’g’zimdadir ajalning qo’li,
duolar qil o’g’lingni,ona!

Olov o’chib o’choqlaringda,
qismatlaring xato bo’ldimi?
Mador ketib oyoqlaringdan
kalishlaring ado bo’ldimi?

Og’riqlarning domida men sayd,
aAloq-chaloq tushlar ko’rarman…
Sen yosh —ona, men go’dak u payt,
hovlimizda o’ynab yurarman.

Bilmam ,umr vafo qilarmi,
turnalarim vido aytmoqda.
…Qo’msab jajji buzoqlarini,
qirdan shoshib poda qaytmoqda.

MOMOSI

Kecha ostonamdan kirib kelganding,
Iboli,hayoli barno kelinchak.
Oyni uyaltirar kelin bo’lganding,
Yulduzlar ko’zingda aytardi ertak.

Lolu-hayron bo’lib, men taajjubda,
Yulduz ko’zlaringga intiq boqardim.
Subhi-saharlarda yotsang uyquda,
Sochlaringga guldan chechak taqardim.

Orzu va niyatlar toza, bokira,
Oy yuzingga sira to’ymasdim boqib.
Falakda uyquga ketsa-da Zuhro,
Hislar ummonida yurardim oqib.

Keyin-chi, uy-ro’zg’or, bola-chaqa, ish,
Hayot omochini qo’sh ho’kiz—tortdik.
Umr—derazamga qo’nib o’tgan qush,
Qachon bolalardan o’zimizga ortdik!

O’tdi umrimizning bahori, yozi,
Bir-bir yetaklashib borayapmiz kuzga.
Nozikkina kelin — endi “momosi”,
Endi nevaralar do’qlaydi bizga.

Agar vafo qilsa mabodo umr,
Issiq –sovug’iga biz-ku ko’narmiz.
Endi nevaralar …Xudoga shukur,
Ot bo’l, desa darrov otga do’narmiz.

Qancha ta’rifingni keltirsam ozday,
Qanday bo’lsang, shunday yaxshi ko’raman.
“Bobosi” deysan sen erka ovozda,
Men-chi, “momosi” deb tomoq qiraman.

IQROR

Men seni sevmayman,
aslo kutmayman,
Hayotimning hech bir
fursat, faslida.
O’zimni bir kunda
ming bor aldayman,
Oyoq tortaverar
senga aslida.
Kelma, deyman senga
ertayu kechin,
Juda olisdaman
Bu kun o’zingdan,
Tushlarimda esa
o’rarman soching
Ko’zlarim ololmay
qaro ko’zingdan.
Deyman, unutganman
Qiyofang butkul,
Nima naf, behuda
Ohu- vohlardan.
Ammo orazingni
Ko’rarman ey gul,
Qirlarda yuz ochgan
Qizg’aldoqlarda.
Ishqqa makon yo’qdir,
osmon ostida,
Vafo ham kutmasman
senday go’zaldan.
G’ururim sindirib
ko’chsam rostiga,
Alamim bor mening
taqdir azaldan.
Tuyular gaplaring
o’tirik, yolg’on
Ikki o’t ichida
yonib o’tarman.
Qaysar bu yurak-chi,
hayqirar har on:
“Hamon yo’llariga
Qarab yotarman”.

YIG’LA

Har kimga yig’lama bilib bilmasdan,
rostga yig’lamasang yolg’onga yig’la.
Dardingni yashirgin baxil, nokasdan,
bitta joni senga qalqonga yig’la.

Tushmading-ku axir Mars yoki Oydan,
olasing bo’lmasin takabbur boydan,
Oqizma ko’z yoshing duch kelgan joyda,
yig’lasang bir ko’ngli nolonga yig’la.

Ko’karding sahroda yakka daraxtday,
lahzalik quvonchni anglading baxtday,
Bu kun o’tiribsan gungu karaxtday,
yig’lasang onangday insonga yig’la.

Asrasin Xudoyim dilozorlardan,
bemahalda yoqqan do’lu qorlardan,
Kuyib kul bo’lding-ku soxta yorlardan,
dard cheksang chin do’st- yoronga yig’la.

Jo’nading otangning ota yurtidan,
she’r degan bir go’zal malak ortidan,
Omon yo’q ehtimol, uning dardidan,
sarg’aygan ul bargi xazonga yig’la.

Baxtiyor do’stlaring seni unutgan,
orom , halovating qaylarga ketgan
Har manzil , bekatda senga ko’z tutgan,
mahraming og’rig’u armonga yig’la.

Ey ko’nglim, rostmi yo ro’yolardasan,
o’zing ham bilmagan dunyolardasan,
Sen asli bu vaqtda samolardasan,
Arshga boshing urib, osmonga yig’la.

ISTARAM

Uchay desam, yo’q qanotim,
qanotli bir on istaram.
Tugadi yerda hayotim,
uchmoqqa osmon istaram.

Istadim hamroz ko’ngilni,
ko’ngilga mehmon istaram.
Axtarib bir ravon yo’lni,
yo’llarda javlon istaram.

Dam urarimga yo’q mahol,
uzlatdan nihon istaram.
Xato bo’lsa chinim ne fol,
ehtimol, yolg’on istaram.

Men bir yalangoyoq, gado,
ochman, parcha non istaram.
Ne ko’rgulikdir bu, Xudo,
g’aribmanu shon istaram.

Kech ochilgan so’qir ko’zga,
surma Sulaymon istaram.
Yor topmayin Haqdin o’zga,
dardimga darmon istaram.

Dil xastayu, bemori jon,
qayda lomakon istaram.
Qayda meni istar inson,
jonimga jonon istaram.

Mayli, dedim o’ldirsalar,
g’ayridan paymon istaram.
Keltirsalar dor ostiga ,
mushkulim oson istaram.

MINNATNING YuKI

Bekorga yotmaydi quyruq shudgorda,
qul ham sotilmaydi bozorda tekin.
Urug’ qadaganing bilan bahorda,
parvarish etmasang o’smaydi ekin.

Insoniy qadringni qilib bir chaqa,
non yegan odamga qarab kavshanma.
Berganing boshingdan bo’lar sadaqa,
birovdan olganing bilan maqtanma.

O’zing oqlashga ming bahona to’qi,
tilanib olganing albatta, minnat.
Tuyani cho’ktirar minnatning yuki,
insonga yarashar saxovat, himmat.

Toki tirikdirsan, nasibangni ter,
humoyun ovlarsan iqboling kulsa.
Ilojini topsang boshqalarga ber,
o’zingda ortiqcha bitta non bo’lsa.

Dema bu gaplarim behuda, bekor,
ne zotlar og’zimni poylashib turgan.
Ish emas , baliqni yeyish tap-tayyor,
sen uni qarmoqda tutishni o’rgan.

Hamisha tubanda olganning qo’li,
berganning moli ham kamayib qolmas.
Qirq kun to’y yesa ham nafsning quli,
Ko’zini qaynagan qozondan olmas.

AKSIOMA

Chirpirak ayladi goh girdibodlar.
Uchdim goh yuqori, gohi quyiga.
Duch kelsa imonni asragan zotlar,
Aylandim ularning xoki poyiga.

Hayot yo’rig’i shu, gapning qisqasi,
Ertalabki salom, shomda alvido.
Bir inson piligin o’chgan so’xtasi,
Ikkinchi hayotga ildiz, ibtido.

Ilinjlar ko’ngilga yoqsa shamchiroq,
Mehribon onamdek ko’rindi hayot.
Nechun o’lchamaydi tarozi, biroq,—
Uvolu savobni teppa-teng hayhot?

Hassos hissiyotim yo’yib isyonga,
Degaysiz yig’ishtir, bu holatingni.
Bor-yo’g’i iltijo qildim osmonga,
Ko’rsat, deb bandangga adolatingni.

Qancha yolg’onlarga yuzma-yuz bo’ldim,
Ularga ishonib, ko’p qaytdi ra’yim.
Sochim oqarganda bir sirni bildim,
Yolg’onchi o’zini aldarkan doim…

Xayot jumboq ekan bosh-oyoq, xullas,
Faqat yukinamiz yolg’iz imonga.
Qabih qilmishidan uyalmay nokas,
dars berib o’tirar hamon shaytonga.

09

(Tashriflar: umumiy 202, bugungi 1)

Izoh qoldiring