Mahmud As’ad Jo’shon. Tasavvuf va naqshbandiylik & Zikrullohning fazilatlari & Orziqul Ergash. Umrga tatigulik saboq

13 Ҳазрат Маҳмуд Асад (Асъад) Жўшон ҳақларидаги дастлабки маълумотларни Садриддин Салим Бухорийнинг китобларидан ўқиганман: Аждодлари асли бухоролик. Туркияда туғилганлар. Австралияда яшаганлар. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Бухоройи шариф зиёратига келганлар. Силсилаи шарифнинг қирқинчи бўғин пири муршиди сифатида эътироф этилган нақшбандий…

УМРГА ТАТИГУЛИК САБОҚ
Орзиқул Эргаш


  180 Минг тўққиз юз тўқсон тўққизинчи йилнинг сўнгги ойлари эди. Сайфиддин Сайфуллоҳ биродаримиз олдимга бир даста қўлёзма қўйди. “Мирзобекнинг илтимоси. Озроқ қарашиб юборсалар. Улгурмаяпмиз, дедилар”.

Мирзо Кенжабек Шайх Маҳмуд Асад Жўшон ҳазратларининг “Ислом, тасаввуф ва ахлоқ” китобларини таржима қилиб, нашрга тайёрлаётганидан хабарим бор эди. Ёзув машинкаси борасида уқувим ҳаминқадар бўлса-да, бу илтимосни мамнуният билан қабул қилдим: хайрли ишга озгина ҳиссам қўшилади-ку! Бунинг устига сарлавҳага кўзим тушиши билан ўзимда бир рағбат сездим: “Зикр дарси”.

Хизматим телевидениеда эди. Ишдан толиқиб қайтганман. Хуфтон ибодатидан кейин ўзимни мажбурлаб ёзув столига ўтирдим. Қўлёзмани чамалаб кўрсам, машинка ёзувида йигирма саҳифача чиқади. Бир амалларман, бугун бошлаб қўяй-чи, дедим. Ёзув машинкасига етганимга бирор йилча бўлган, аммо ҳамон бир қўлда, бир бармоқда тераман. Айрим ҳамкасбларимга қойил қоламан, бир йўла бир неча бармоқлари клавишлар устида ўйнайди, ҳатто клавиатурага қарашмайди ҳам. Хуллас, бошладим. Йирик ҳарфларда сарлавҳани ёздим: ЗИКР ДАРСИ…

Радиодаги хизматимнинг охирги йилларида тасаввуф мавзусида “Қалб гавҳари” номли туркум эшиттиришлар тайёрлай бошлагандим. Телевидениега ўтганимдан кейин ҳам худди шу номда, шу йўналишда кўрсатувлар тайёрлашда давом этдим. Зикр масаласида ўзимни бир қадар хабардор деб ҳисоблар эдим. Аммо менинг хабардорлигим, Шамс Табризий олдида мулзам тортган мударриснинг эътирофидек “йўқча” экан. Зикр оддий машғулот эмас, балки илм, улкан бир ибодат илми экан.

Битта-битталаб ҳарф териб, ярим саҳифани тўлдирдим. Бир маҳал қарасам, қўлим қизияпти. Иккинчи қўлим ҳам ишга тушаяпти. Аввалгидек ҳарф излаб, вақт ўтказмаяпман, бармоқларим ўзи топаяпти: “Ие, мўъжиза-ку!” дедим. Матн мени сеҳрладими, ё бир каромат юз бердими… Ўзимча бир-икки саҳифа тўлдирсам, эрталаб бомдоддан сўнг ишга кетгунча яна ёзсам, беш-олти кунда тугатарман, дегандим. Йўқ, унақа бўлмадим. Ҳамма нарсани унутдим. Эртага ишга боришим, ҳозир эса ухлашим кераклигини ҳам ўйламадим. Ёзаяпман, ёзаяпман. Бутун вужудим мисдай қизиб, айни пайтда пардай енгил тортиб бораяпти. Баъзан илҳом келиб қолса шунақа ҳолатга тушади одам. Ҳозир эса бор йўғи тайёр матнни оққа кўчираяпману худди ўша ижод жараёнидаги ҳолатга тушиб турибман. Ишонинг, ишонманг, орадан қанча вақт ўтганини билмайман, бир маҳал қарасам, “Зикр дарси”ини тугатибман. Давомида “Силсилаи шариф” ва ҳазрат Шайхнинг таржимаи ҳоллари эди. Ишимни тўхтовсиз давом эттириб, уларни ҳам битирдим. Столим чнккасида уюлган тайёр матнларни кўриб, “Тавба, ўзим ёздимми шунча нарсани”, деб ажабланаман. Баъзида сценарийми, буюртма мақолами ёзиш учун ухламай тонг оттирган пайтларим кўп бўларди. Шунда тонгга яқин ҳолдан тояр, бошим карахт, аъзойи баданимда титроқ бошланар ва кунбўйи мудраб юрардим. Ҳозир эса аксинча, миям тиниқ, руҳим кўтаринки эди. Бу ҳолатимни кейинчалик Ҳазратнинг матнга сингган руҳияти таъсирига тушганимдан бўлса керак дея изоҳладим ўзимча…

Ҳазрат Маҳмуд Асад Жўшон ҳақларидаги дастлабки маълумотларни Садриддин Салим Бухорийнинг китобларидан ўқиганман: Аждодлари асли бухоролик. Туркияда туғилганлар. Австралияда яшаганлар. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Бухоройи шариф зиёратига келганлар. Силсилаи шарифнинг қирқинчи бўғин пири муршиди сифатида эътироф этилган нақшбандий…

Кейинчалик Шайх билан бевосита мулоқотда бўлиб қайтган Сайфиддин Сайфиллоҳ, Мирзо Кенжабек биродарларим таассуротларини тинглаб, уларнинг равиш-рафторларидаги ўзгаришларни пайқаб, ҳайратга тушганман. Замона шарофати билан Шайхнинг бир қатор китоблари ўзимизда нашр қилинди. Ва бу китоблар чўлда адашган йўловчилар йўлида учраган булоқдек, ҳақиқатга ташна қалбларга малҳам бўлиб, Ислом маърифатини ёйишда бемисл хизмат қила бошлади, десам янглишмайман. Чунки…

Бир пайтлар жадид бобомиз Абдурауф Фитрат “Ҳинд сайёҳи” қиссасида алам билан шундай сатрларни битган эди: “… ҳар ким таҳорат пайтида ўзининг чап қўли билан оғзини чайқаса ёки оёғини ўнг томондан бошлаб ювмаса, етмиш минг йил дўзах оловида ёнади. Ҳар ким илм аҳлига икки марта салом бермаса, кофир бўлади. Ҳар ким олим кишининг оёғи теккан кўчадан юрса, ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга йўл олади. Осмоннинг тўртинчи қаватида етмиш минг бошли, ҳар бошида етмиш минг оғиз, ҳар оғзида етмиш минг тил ва тилининг ҳар бири етмиш минг луғат билан сўзлашувчи малоика мавжуд. Худобехабар!.. Сен Бухорода туриб Самарқанддаги аҳволдан бехабарсан, тўртинчи осмондан қандай қилиб хабар берурсан?!”

Жоҳил уламоларимиз ҳақида сал кам бир аср муқаддам ёниб айтилган бу гаплар бизнинг даврлар – Истиқлолнинг дастлабки йиллари учун ҳам бегона эмасди. Ибодатга йўл берилган, масжидларга гурра-гурра намозхонлар кела бошлаган, аммо аксари жомеъларда қилинаётган маърузалар мазмун-моҳияти билан аср бошидагидан деярли фарқ қилмасди. Исломнинг туб моҳиятини, маърифатини, файзини жонли тилда, масжид ташқарисидаги воқелик билан боғлаб, таъсирли, жозибали қилиб очиб берадиган, одамлар қалбини ислом зиёси билан ёриштириб юборадиган имомлар бармоқ билан санарли эди. Аксари масжидларга тўпланган қавм нуқул ибтидоий панд-насиҳат, танбеҳлар эшитиб, намоз ўқиш самарасию ўқимаслик зараридан иборат маърузалардан “баҳраманд” бўлиб қайтишарди. Натижада нима бўлди: четда махсус тайёрланган турли сўзамол гуруҳлар домига тушган, радикал кайфиятга берилиб, ота-онасига мункир келадиган, юзига сапчийдиган гумроҳ ёшлар пайдо бўлдики, уларнинг кўпчилиги ғанимат ёшлигини елга совурди. Ва бу борада ана ўша чала муллаларнинг ҳам ҳиссаси оз эмас…

Ҳазратнинг асарлари эса…

“Ислом динининг тузилиши жуда гўзал, қулай ва мураттабдир. Унга кўра яшаш тарзи ҳам чуқур маъно касб этади. Ислом ичра яшаган киши жисмини саломат тутади, руҳини тарбиялайди, ҳам кўнглини нур ва ҳузурга тўлдиради. Ҳам дунё ишларини йўлга қўяди, ҳам охират саодатига етиштиради, зеро Ислом кишини ҳимоя қилади.

Ижтимоий нуқтаи назардан Ислом ҳам оилани қутқаради, ҳам жамоат ва давлатда тартиб-интизомни таъминлайди. Кучсизни сақлайди-ҳимоя қилади, кучлини тўхтатади, ҳар кишига ўз ҳуқуқини беради; аёл зотини ҳимоя қилади ва эркакни буюклаштиради, фақирни мамнун этади, бойни эса хайрли ишларга чорлайди, ишчини севинтиради, бошлиқ, ҳукмдорни огоҳ қилади. Кўрамизки, нақадар мўъжиза, қандай хавфсиз, қандай мукаммал низомдир Ислом!”

Мана динимизнинг асл моҳияти. Бўларкан-ку. Ҳеч бир ортиқча зўриқиш йўқ. Бурама, оҳанжама жумлалар йўқ. Ҳаммаси оддий халқона сўзлар. Бироқ юракка чиппа ёпишади. Ишонасан, бутун вужудинг илоҳий нурга чулғана бошлаганини туясан.

“Ислом ҳар асрнинг, хусусан шу дардманд асримизнинг шифоси, бутун моддий ва маънавий, шахсий ва ижтимоий дардларнинг давосидир, ақлларнинг озуқаси, кўнгилларнинг сафоси, қоронғу кечаларнинг нурли кундузи, қақраган дунёнинг оби ҳаётидир…”

Диний, дунёвий илмларни пухта эгаллаган, нуфузли халқаро анжуманларда маърузалар ўқиган, араб, форс, инглиз, немис тилларида бемалол гаплаша оладиган жаҳонгашта олимнинг асарлари шу қадар содда ва самимий услубда ёзилганки, улар катта иштиёқ билан, завқ-шавқ билан ўқилади. Масалан, Ислом кишиси, жумладан тариқат аҳли қандай сифатларга эга бўлиши ҳақида Ҳазрат ёзадилар: “Қўл кучи билан ишлаган киши ишчидир. Қўли ва ақли билан ишлаган устадир. Қўли, ақли ва туйғулари билан ишлаган киши санъаткордир. Биз тариқат аҳли санъаткормиз ва санъаткор бўлишимиз керак”. Бу дегани Ислом кишиси ўз равиш-рафтори, муомала-муносабати, ҳаёт тарзи, қолаверса илму иқтидори билан ўзга дин вакилларига ибрат бўлиши лозим. Одамлар кўрсин – Ислом одам боласини қандай гўзал сифатлар билан сифатлабди, комил инсонга айлантирибди. Ана шундагина динимизга бўлган нотўғри муносабатлар барҳам топади. У айрим ғаразли гуруҳлар тарғиб қилгани каби реакцион эмас, эзгуликка йўғрилган, энг инсоний ва мақбул дин эканлигига, ҳақ дин эканлигига амин бўлишади. Ҳазрат ўз сўзларини Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Ҳожи Бектош Валий, Иброҳим Ҳаққий каби ўтмишдаги, ёхуд машҳур замондош алломаларга оид қимматли фикр-мулоҳазалар, ҳаётий воқеалар билан далиллаш баробарида, бир қарашда жуда оддий, арзимас бўлиб туюлган деталлардан ҳам усталик билан фойдаланадики, беихтиёр ҳайратга тушасиз. Масалан, бир ифторлик дастурхонидаги олхўри ҳақида ёзади. “Ўртада дабдабали, ноз-неъматга тўла бир стол. Неъматларнинг кўпидан тотиб кўрдим. Аммо бир бурчакда турган олхўрига қўл узатгим келмасди. Чунки кўриниши ёнғоқ каби яшилранг, хунук эди. Аммо унга ачиндим. Шу бечора олхўрини ҳам мазасини бир кўрай деб, уни олиб бир тишлаган эдим, ажабо, ичи шафтоли каби қип-қизил, дилтортар. Таъми эса шакардек ширин, лаззатли. Бу олхўри менга дарвишни эслатди. Ташқи кўриниши хунук бўлса ҳам, ичи жуда гўзал. Мана, тасаввуф нарсанинг ичига боқади, ташқи шаклга эмас…”

Шариат нима, тариқат нима, бизда амалда бўлган тариқатлар қай жиҳатлари билан фарқланади. Зикри хуфия нима дегани. Зикри жаҳрия, зикри самоия… Пиру муридлик шартлари… Шу чоққача ана шундай мавзуларда тайёрлаб келган эшиттириш, кўрсатувларим савияси қай даражада эканлиги энди менга маълум эди. Юзимга ойна тутилган каби ўз аҳволимдан изза тортиб кетганман. Тасаввуфнинг асл моҳияти Ҳазрат асарларида мана қандай очиб берилган экан.

“Тасаввуф худбинлик эмасдир, ўзгаларни ўйлашдир, марҳаматдир, хизматдир; лоф уриш ва муболаға эмас, самимият ва ҳикматдир; қалб тозалиги, ирфон буюклиги, солиҳ амалларнинг бажарилишидир; ғийбат эмас, чиройли ахлоқдир; тошга қарши гул, заҳарга қарши доридир; кўзларга нур, кўнгилларга сурурдир…

Тасаввуф телбани валий қилади, қўполни одобли қилади, тошбағирнинг дилини юмшатади; марҳаматсизни марҳаматли, қалби қаттиқни кўзи ёшли қилади, ғофилни зулматдан нурга чиқаради…”

Ҳазрат асарлари мутолаасидан англаганим энг муҳим ҳақиқат шу бўлдики, тасаввуфни фақат ўқиб-ўрганиш орқалигина эгаллаш мумкин эмас, амалда, уни ўз ҳаётига татбиқ қила олган кишигина теран ҳис қила олади. Ва фақат шундагина тасаввуф ҳақида нимадир дея олишга ҳуқуқли бўлади. Бу эса айнан мен учун қаттий огоҳлантиришдай бўлди. Шундан кейинги кўрсатувларимда ҳар бир сўзимни етти ўлчаб, шунда ҳам ўзимнинг ғойибона раҳнамойим деб билган Маҳмуд Асад Жўшон ҳазратлари асарларига таянган ҳолда айтадиган бўлдим.

Қолаверса, Шайх ҳазратлари наинки каспий фаолиятим, балки шахсий ҳаётимда ҳам ўзимни қайта қуришимга сабаб бўлган эди. Ўйлайманки, ул зотдан мен каби манфаат кўрганлар беҳисобдир.

Мақола муаллифи: Орзиқул Эргаш 1953 йилнинг 14 январида Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги Дархон қишлоғида туғилди. Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультети сиртқи бўлимида таҳсил олди.
Унинг “Тўй”, “Дунёнинг бир чеккаси”, “Болалигим кўчаларида”, “Шоҳсанам”, “Дархон қиссалари”, “Қалб гавҳари”, “Юлдузсиз осмон” каби қиссалар ва ҳикоялар китоблари нашр этилган. “Энг улуғ, энг азиз” (2017), “Ватан учун яшайлик” (2021) республика танловлари ғолиби. “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон
ТАСАВВВУФ ВА НАҚШБАНДИЙЛИК:
тасаввуф ҳақида мулоҳазалар


098  Тасаввуфга оид бир мавзуни талқин қилишдан олдин «тасаввуф» нима эканлиги тўғрисида бир тушунчага, хулосага келиш лозим. Мен тасаввуф сўзи-атамасидан Исломий маънодаги тасаввуфни тушунаман ва сунния тариқатларини тасаввур қиламан. Бу мавзуда мақола ва китоб ёзган кишилар томонидан жуда кўп таърифлар тўпланган. Ҳаммаси ижтимоий, руҳий-психологик ҳаёт билан алоқадор бўлганлиги боис, бундай таърифларнинг миқдори китобларда 160-180 тагача жамланган.

Бир китобда: «Фалончи зот китобида тасаввуфга бағишланган икки минг таърифни тўплабди», деб айтилган. Мен ўша икки минг таъриф тўпланган китобни кўрмадим, аммо бу маълумотни нақл қилган китобни ўқидим. Ва қандай таърифлар берилибди экан, деб қизиқдим. Зеро, табиийки, ҳар бир таъриф бир гулга ўхшайди, йиғилганда гулдастага ўхшаб, бирининг кўрки-чиройи янада ортади. Олимнинг таърифи ҳам, фикр-мулоҳазаси ҳам қийматлидир.

Тасаввуфга алоқадор таърифларни баъзи шоирларимиз ҳам назм шаклида ифода қилиб, бир жойга тўплаганлар. Масалан: Ойдинли Умар Дада (Рушаний) (ваф.1487) бир манзумасида 50-60 байтнинг ҳар байтида тасаввуфни турли йўллар билан тушунтириб, ҳар хил таърифларни келтириб ўтади. Кейин Шайх Иброҳим Маъшуқий Афанди (ваф.1655) ҳам бу мавзуда каттагина манзума ёзди. Бу таърифларни синчиклаб кўрганимизда, уларнинг бир қисми тасаввуф билан алоқадор илмларга дахлдор хулосалар эканлигини кўрамиз. Яна бир қисми эса таъриф бераётган кишининг ўша дамлардаги руҳий ҳолатини акс эттиради.

Тасаввуф замон ва макон жиҳатидан теран илдиз отган ва кенг ёйилган бўлиб, асрлар бўйи давом этгандир. Шунинг учун тасаввуфни бутун минтақалардаги кўриниши ҳамда том маъноси билан яхлит таърифлаб бўлмайди. Бинобарин, минтақа-минтақага ажратиб тадқиқ этиш лузумоти ҳам бордир. Масалан, Шимолий Африканинг тасаввуфий қарашлари ва тушунчалари билан Ўрта Осиёнинг, Онадўли билан Ироқ, Миср тасаввуфий қарашлари орасида фарқлар мавжуддир. Болқондаги, Жазоирдаги, Ямандаги ва Тунисдаги кўринишлари орасида ҳам тафовутлар кўзга ташланади.

Мен бу таърифлар шундай хулоса чиқардим: «тасаввуф–бир томондан маърифатуллоҳни, бошқа тарафдан эса тазкияи нафс (нафс поклиги)ни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илм» деган бўлардим. Яна бошқа бир ифода билан айтганда эса, “тасаввуф Аллоҳнинг қулини, қулнинг эса Аллоҳни севиш йўлларини тушунтирадиган бир илмдир”. Тасаввуф Исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, унинг ичидаги мавзусининг шарафи билан музайяндир. Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билмак-танимак бўлар экан, ўз-ўзидан бу ҳолда «тасаввуф ашрафи улуми исломиядир». Яъни Исломий илмларнинг энг шарафлисидир.

Нима қилсак Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак қалбимизда бўлишини истаганимиз «муҳаббатуллоҳ» (Аллоҳ севгиси) ҳосил бўлади? Менимча, тасаввуфнинг тутган йўли – шу. Шундай саволларга жавоб беради. Айни маънода тушунадиган бўлсак, Ислом тасаввуфи Исломнинг ўзидир, руҳидир: Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ҳамда ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан саҳобаларининг ҳаёт тарзидир.

Тасаввуф манбаини Эрондан, Юнондан ёки бўлмаса Ҳиндистондан қидириш, уни христианликдан ўтган воқеалар кабидек кўрсатиш ҳақиқатга тўғри келмайди. У – Исломнинг ички ривожланиши, руҳий ҳаётни англашидан юзага келган илмдир.

Тасаввуфга Исломдан бўлак жойлардан манбаъ қидириш эса «у ердан олинган, бу ердан олинган» деб аслида Исломиятнинг ўзини ҳам йиқилган-тўпланган бир нарсадек кўрсатиш, пастга уриш ниятидаги айёр шарқиётчи (ориенталист)ларнинг бир ҳаракати бўлиб қолмоқда.

Тасаввуф илгари йўқ эди, у кейинроқ пайдо бўлди, деган сўзга бу соҳага алоқадор бир киши сифатида мен шахсан қўшилмайман. Чунки, эътибор берсангиз, тасаввуфни тушунтирадиган жами мутасаввифлар бир хулосага келишган: «Тасаввуф қол эмас ҳолдир», – деб айтганлар. Демак, тасаввуф аввало ҳол бўлар экан, кейин шундай номланганми-йўқми, бундан қатъи назар, бу «ҳол» Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида, асҳоби киром замонларида ҳам мавжуд эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умрлари давомида тавозеъ ва ибодатга берилганликлари билан, дунё ҳодисалари қаршисидаги ҳолатлари ила тасаввуфий ҳаёт тарзининг энг гўзал намунаси бўлдилар. Тасаввуф аҳлининг ҳар жиҳатдан гўзал ахлоқи ва пок яшаш тарзининг энг олий намунасини ўзлари яратдилар ва у кишининг асҳоби ҳам бу сифатлар билан зийнатландилар.

Асҳобдан кейинги тобеинларнинг феъллари ҳам шу руҳ уйғунлигида намоён бўлди. «Тасаввуф» ва «сўфий» калимаси билан таъбир қилинмаган бўлса-да, бу жиҳат «ҳол» шаклида мавжуд эди…

Тобеинлардаги айнан шу талабчанлик жиддий севги ва тақво туйғуси билан тўлиб-тошгандир. Улар ўзларидан кейинги мусулмонларда ҳам худди шу муносабат, шу ҳолатни уйғотдилар. Шу аснода, ҳадиси шариф, силсиласи орқали етказилгани каби, бу хусусдаги одоб-ахлоқлар ҳам, кейинги авлодларга мерос тарзида етказилди. Ва бу холис ва некбин одамлар, тасаввуфий гуруҳларни шу равишда тарихий, ижтимоий бир ҳодиса сифатида ўртага чиқардилар. Демак, тасаввуф «ҳол» кўринишида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврида ҳам бор эди, фақат калима, яъни сўз шаклида эса кейинроқ вужудга келди.

Соф тасаввуф ҳолати, зуҳду тақво ҳаёти «асри саодат»дан бери мавжуд эди ва қиёматгача бўлади, иншоАллоҳ! Чунки тасаввуф Аллоҳнинг розилигини топиш йўлидир ва мутасаввиф ҳам асл мусулмон, ҳақиқий мўмин, хос ва холис қул деганидир.

Мен тасаввуфни сўз билан ўқиб-ўрганиш орқалигина эгаллаш мумкин эмаслигини амалда-ҳаётимда кўрган бир кишидирман. Касбим сабабидан илм арбоблари орасида юрган ва тасаввуфга оид кўплаб китобларни ўқиган бир киши бўлганлигим ҳолда татбиқотни, яъни амалда қўллашни китобларда тушунтирилганига нисбатан бошқа нарсалар янада кўпроқ қозонтиришини ўз ҳаётимда амалий кўрганман.

Тасаввуфни ташқаридан қидириш ва асарларда ифодалаш ва тушунтиришда зўракилик юзага келади. Инсон тасаввуфни унинг ичига кирган вақтида кўради ва феълан-амалан яшагандагина тушунади. Китобда ёзилганларни қандай англаш лозимлигини ҳам ана ўшанда тушунади. Хулоса қиладиган бўлсак, Ислом дини ўзининг табиий ривожланишида бўлган, табиий ҳолда ёйилган ва турли оқимлар ҳолида яшаган ва ўсган. Тасаввуф шундай бир ҳаёт ичида пайдо бўлиб, майдонга чиққан. Яъни, «илк мусулмонлар ҳеч нарса билмас эдилар. Эрон билан танишганларида, у ерда бир ҳодисани кўриб унга тақлид қилдилар», – деб айта олмаймиз. Чунки мусулмоннинг мақсад ва тушунчаси ташқаридан бир нарса олиш эмас эди. Бу кундаги ҳақиқий мусулмоннинг ҳолати ҳам шундайдир. Бугунги чин мусулмон ташқаридан тақлид йўли билан на шакл олишни, на фикр олишни ва на ишонч олишни хоҳлайди. Чунки, у бошқа нарсаларнинг бегона эканлигини билади. Ўзини ўз манбалари ичида камолга етказишни афзал кўради. Мутафаккирларимиз асарларида ҳам шу нарса кўзга ташланади.

Бу ишнинг ҳақиқий вакиллари тасаввуфнинг Шариати шариф аҳкомларидан зарра қадар ташқарида эмаслигини, суннатларнигина эмас, ҳаттоки одобни тарк этганида ҳам кўп нарсалар йўқотишини билар эдилар. Суннатга ва одобга риоя этишни қаттиқ тавсия этардилар.

Бинобарин, Шариати шарифга бўлган ҳурматимни ҳар лаҳза янада кўпайишини Ҳақ таолодан тилаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадиси шарифни бошга тож этишни жон дилдан маслак қилиб олган бир киши сифатида, хос ва холис равишда тасаввуфга қарши чиқишни энг катта хато ва хавфли бир нарса деган хулосага келганман. Шариати шарифга, ояти карималарга дил берган бир киши сифатида тасаввуфни ихтиёрий кайф-завқ касби эмаслигини, аксинча ҳар бир мусулмон учун мажбурий, зарурий бир йўл деган хулосага келдим.

Сайфиддин Сайфуллоҳ таржимаси

Шу мавзуда яна мутолаа қилинг:
Маҳмуд Асъад Жўшон. Буюклар туҳфаси (Туркий адабиётнинг юзага келиши ҳақида).
Маҳмуд Асъад Жўшон. Ҳақиқий севги

067 Hazrat Mahmud Asad Jo’shon haqlaridagi dastlabki ma’lumotlarni Sadriddin Salim Buxoriyning kitoblaridan o’qiganman: Ajdodlari asli buxorolik. Turkiyada tug’ilganlar. Avstraliyada yashaganlar. Istiqlolning dastlabki yillarida Buxoroyi sharif ziyoratiga kelganlar. Silsilai sharifning qirqinchi bo’g’in piri murshidi sifatida e’tirof etilgan naqshbandiy…

UMRGA TATIGULIK SABOQ
Orziqul Ergash


  180 Ming to’qqiz yuz to’qson to’qqizinchi yilning so’nggi oylari edi. Sayfiddin Sayfulloh birodarimiz oldimga bir dasta qo’lyozma qo’ydi. “Mirzobekning iltimosi. Ozroq qarashib yuborsalar. Ulgurmayapmiz, dedilar”.

Mirzo Kenjabek Shayx Mahmud Asad Jo’shon hazratlarining “Islom, tasavvuf va axloq” kitoblarini tarjima qilib, nashrga tayyorlayotganidan xabarim bor edi. Yozuv mashinkasi borasida uquvim haminqadar bo’lsa-da, bu iltimosni mamnuniyat bilan qabul qildim: xayrli ishga ozgina hissam qo’shiladi-ku! Buning ustiga sarlavhaga ko’zim tushishi bilan o’zimda bir rag’bat sezdim: “Zikr darsi”.

Xizmatim televideniyeda edi. Ishdan toliqib qaytganman. Xufton ibodatidan keyin o’zimni majburlab yozuv stoliga o’tirdim. Qo’lyozmani chamalab ko’rsam, mashinka yozuvida yigirma sahifacha chiqadi. Bir amallarman, bugun boshlab qo’yay-chi, dedim. Yozuv mashinkasiga yetganimga biror yilcha bo’lgan, ammo hamon bir qo’lda, bir barmoqda teraman. Ayrim hamkasblarimga qoyil qolaman, bir yo’la bir necha barmoqlari klavishlar ustida o’ynaydi, hatto klaviaturaga qarashmaydi ham. Xullas, boshladim. Yirik harflarda sarlavhani yozdim: ZIKR DARSI…

Radiodagi xizmatimning oxirgi yillarida tasavvuf mavzusida “Qalb gavhari” nomli turkum eshittirishlar tayyorlay boshlagandim. Televideniyega o’tganimdan keyin ham xuddi shu nomda, shu yo’nalishda ko’rsatuvlar tayyorlashda davom etdim. Zikr masalasida o’zimni bir qadar xabardor deb hisoblar edim. Ammo mening xabardorligim, Shams Tabriziy oldida mulzam tortgan mudarrisning e’tirofidek “yo’qcha” ekan. Zikr oddiy mashg’ulot emas, balki ilm, ulkan bir ibodat ilmi ekan.

Bitta-bittalab harf terib, yarim sahifani to’ldirdim. Bir mahal qarasam, qo’lim qiziyapti. Ikkinchi qo’lim ham ishga tushayapti. Avvalgidek harf izlab, vaqt o’tkazmayapman, barmoqlarim o’zi topayapti: “Ie, mo»jiza-ku!” dedim. Matn meni sehrladimi, yo bir karomat yuz berdimi… O’zimcha bir-ikki sahifa to’ldirsam, ertalab bomdoddan so’ng ishga ketguncha yana yozsam, besh-olti kunda tugatarman, degandim. Yo’q, unaqa bo’lmadim. Hamma narsani unutdim. Ertaga ishga borishim, hozir esa uxlashim kerakligini ham o’ylamadim. Yozayapman, yozayapman. Butun vujudim misday qizib, ayni paytda parday yengil tortib borayapti. Ba’zan ilhom kelib qolsa shunaqa holatga tushadi odam. Hozir esa bor yo’g’i tayyor matnni oqqa ko’chirayapmanu xuddi o’sha ijod jarayonidagi holatga tushib turibman. Ishoning, ishonmang, oradan qancha vaqt o’tganini bilmayman, bir mahal qarasam, “Zikr darsi”ini tugatibman. Davomida “Silsilai sharif” va hazrat Shayxning tarjimai hollari edi. Ishimni to’xtovsiz davom ettirib, ularni ham bitirdim. Stolim chnkkasida uyulgan tayyor matnlarni ko’rib, “Tavba, o’zim yozdimmi shuncha narsani”, deb ajablanaman. Ba’zida stsenariymi, buyurtma maqolami yozish uchun uxlamay tong ottirgan paytlarim ko’p bo’lardi. Shunda tongga yaqin holdan toyar, boshim karaxt, a’zoyi badanimda titroq boshlanar va kunbo’yi mudrab yurardim. Hozir esa aksincha, miyam tiniq, ruhim ko’tarinki edi. Bu holatimni keyinchalik Hazratning matnga singgan ruhiyati ta’siriga tushganimdan bo’lsa kerak deya izohladim o’zimcha…

Hazrat Mahmud Asad Jo’shon haqlaridagi dastlabki ma’lumotlarni Sadriddin Salim Buxoriyning kitoblaridan o’qiganman: Ajdodlari asli buxorolik. Turkiyada tug’ilganlar. Avstraliyada yashaganlar. Istiqlolning dastlabki yillarida Buxoroyi sharif ziyoratiga kelganlar. Silsilai sharifning qirqinchi bo’g’in piri murshidi sifatida e’tirof etilgan naqshbandiy…

Keyinchalik Shayx bilan bevosita muloqotda bo’lib qaytgan Sayfiddin Sayfilloh, Mirzo Kenjabek birodarlarim taassurotlarini tinglab, ularning ravish-raftorlaridagi o’zgarishlarni payqab, hayratga tushganman. Zamona sharofati bilan Shayxning bir qator kitoblari o’zimizda nashr qilindi. Va bu kitoblar cho’lda adashgan yo’lovchilar yo’lida uchragan buloqdek, haqiqatga tashna qalblarga malham bo’lib, Islom ma’rifatini yoyishda bemisl xizmat qila boshladi, desam yanglishmayman. Chunki…

Bir paytlar jadid bobomiz Abdurauf Fitrat “Hind sayyohi” qissasida alam bilan shunday satrlarni bitgan edi: “… har kim tahorat paytida o’zining chap qo’li bilan og’zini chayqasa yoki oyog’ini o’ng tomondan boshlab yuvmasa, yetmish ming yil do’zax olovida yonadi. Har kim ilm ahliga ikki marta salom bermasa, kofir bo’ladi. Har kim olim kishining oyog’i tekkan ko’chadan yursa, hisobsiz va azobsiz jannatga yo’l oladi. Osmonning to’rtinchi qavatida yetmish ming boshli, har boshida yetmish ming og’iz, har og’zida yetmish ming til va tilining har biri yetmish ming lug’at bilan so’zlashuvchi maloika mavjud. Xudobexabar!.. Sen Buxoroda turib Samarqanddagi ahvoldan bexabarsan, to’rtinchi osmondan qanday qilib xabar berursan?!”

Johil ulamolarimiz haqida sal kam bir asr muqaddam yonib aytilgan bu gaplar bizning davrlar – Istiqlolning dastlabki yillari uchun ham begona emasdi. Ibodatga yo’l berilgan, masjidlarga gurra-gurra namozxonlar kela boshlagan, ammo aksari jome’larda qilinayotgan ma’ruzalar mazmun-mohiyati bilan asr boshidagidan deyarli farq qilmasdi. Islomning tub mohiyatini, ma’rifatini, fayzini jonli tilda, masjid tashqarisidagi voqelik bilan bog’lab, ta’sirli, jozibali qilib ochib beradigan, odamlar qalbini islom ziyosi bilan yorishtirib yuboradigan imomlar barmoq bilan sanarli edi. Aksari masjidlarga to’plangan qavm nuqul ibtidoiy pand-nasihat, tanbehlar eshitib, namoz o’qish samarasiyu o’qimaslik zararidan iborat ma’ruzalardan “bahramand” bo’lib qaytishardi. Natijada nima bo’ldi: chetda maxsus tayyorlangan turli so’zamol guruhlar domiga tushgan, radikal kayfiyatga berilib, ota-onasiga munkir keladigan, yuziga sapchiydigan gumroh yoshlar paydo bo’ldiki, ularning ko’pchiligi g’animat yoshligini yelga sovurdi. Va bu borada ana o’sha chala mullalarning ham hissasi oz emas…

Hazratning asarlari esa…

“Islom dinining tuzilishi juda go’zal, qulay va murattabdir. Unga ko’ra yashash tarzi ham chuqur ma’no kasb etadi. Islom ichra yashagan kishi jismini salomat tutadi, ruhini tarbiyalaydi, ham ko’nglini nur va huzurga to’ldiradi. Ham dunyo ishlarini yo’lga qo’yadi, ham oxirat saodatiga yetishtiradi, zero Islom kishini himoya qiladi.

Ijtimoiy nuqtai nazardan Islom ham oilani qutqaradi, ham jamoat va davlatda tartib-intizomni ta’minlaydi. Kuchsizni saqlaydi-himoya qiladi, kuchlini to’xtatadi, har kishiga o’z huquqini beradi; ayol zotini himoya qiladi va erkakni buyuklashtiradi, faqirni mamnun etadi, boyni esa xayrli ishlarga chorlaydi, ishchini sevintiradi, boshliq, hukmdorni ogoh qiladi. Ko’ramizki, naqadar mo»jiza, qanday xavfsiz, qanday mukammal nizomdir Islom!”

Mana dinimizning asl mohiyati. Bo’larkan-ku. Hech bir ortiqcha zo’riqish yo’q. Burama, ohanjama jumlalar yo’q. Hammasi oddiy xalqona so’zlar. Biroq yurakka chippa yopishadi. Ishonasan, butun vujuding ilohiy nurga chulg’ana boshlaganini tuyasan.

“Islom har asrning, xususan shu dardmand asrimizning shifosi, butun moddiy va ma’naviy, shaxsiy va ijtimoiy dardlarning davosidir, aqllarning ozuqasi, ko’ngillarning safosi, qorong’u kechalarning nurli kunduzi, qaqragan dunyoning obi hayotidir…”

Diniy, dunyoviy ilmlarni puxta egallagan, nufuzli xalqaro anjumanlarda ma’ruzalar o’qigan, arab, fors, ingliz, nemis tillarida bemalol gaplasha oladigan jahongashta olimning asarlari shu qadar sodda va samimiy uslubda yozilganki, ular katta ishtiyoq bilan, zavq-shavq bilan o’qiladi. Masalan, Islom kishisi, jumladan tariqat ahli qanday sifatlarga ega bo’lishi haqida Hazrat yozadilar: “Qo’l kuchi bilan ishlagan kishi ishchidir. Qo’li va aqli bilan ishlagan ustadir. Qo’li, aqli va tuyg’ulari bilan ishlagan kishi san’atkordir. Biz tariqat ahli san’atkormiz va san’atkor bo’lishimiz kerak”. Bu degani Islom kishisi o’z ravish-raftori, muomala-munosabati, hayot tarzi, qolaversa ilmu iqtidori bilan o’zga din vakillariga ibrat bo’lishi lozim. Odamlar ko’rsin – Islom odam bolasini qanday go’zal sifatlar bilan sifatlabdi, komil insonga aylantiribdi. Ana shundagina dinimizga bo’lgan noto’g’ri munosabatlar barham topadi. U ayrim g’arazli guruhlar targ’ib qilgani kabi reaktsion emas, ezgulikka yo’g’rilgan, eng insoniy va maqbul din ekanligiga, haq din ekanligiga amin bo’lishadi. Hazrat o’z so’zlarini Ahmad Yassaviy, Bahovuddin Naqshband, Jaloliddin Rumiy, Yunus Emro, Hoji Bektosh Valiy, Ibrohim Haqqiy kabi o’tmishdagi, yoxud mashhur zamondosh allomalarga oid qimmatli fikr-mulohazalar, hayotiy voqealar bilan dalillash barobarida, bir qarashda juda oddiy, arzimas bo’lib tuyulgan detallardan ham ustalik bilan foydalanadiki, beixtiyor hayratga tushasiz. Masalan, bir iftorlik dasturxonidagi olxo’ri haqida yozadi. “O’rtada dabdabali, noz-ne’matga to’la bir stol. Ne’matlarning ko’pidan totib ko’rdim. Ammo bir burchakda turgan olxo’riga qo’l uzatgim kelmasdi. Chunki ko’rinishi yong’oq kabi yashilrang, xunuk edi. Ammo unga achindim. Shu bechora olxo’rini ham mazasini bir ko’ray deb, uni olib bir tishlagan edim, ajabo, ichi shaftoli kabi qip-qizil, diltortar. Ta’mi esa shakardek shirin, lazzatli. Bu olxo’ri menga darvishni eslatdi. Tashqi ko’rinishi xunuk bo’lsa ham, ichi juda go’zal. Mana, tasavvuf narsaning ichiga boqadi, tashqi shaklga emas…”

Shariat nima, tariqat nima, bizda amalda bo’lgan tariqatlar qay jihatlari bilan farqlanadi. Zikri xufiya nima degani. Zikri jahriya, zikri samoiya… Piru muridlik shartlari… Shu choqqacha ana shunday mavzularda tayyorlab kelgan eshittirish, ko’rsatuvlarim saviyasi qay darajada ekanligi endi menga ma’lum edi. Yuzimga oyna tutilgan kabi o’z ahvolimdan izza tortib ketganman. Tasavvufning asl mohiyati Hazrat asarlarida mana qanday ochib berilgan ekan.

“Tasavvuf xudbinlik emasdir, o’zgalarni o’ylashdir, marhamatdir, xizmatdir; lof urish va mubolag’a emas, samimiyat va hikmatdir; qalb tozaligi, irfon buyukligi, solih amallarning bajarilishidir; g’iybat emas, chiroyli axloqdir; toshga qarshi gul, zaharga qarshi doridir; ko’zlarga nur, ko’ngillarga sururdir…

Tasavvuf telbani valiy qiladi, qo’polni odobli qiladi, toshbag’irning dilini yumshatadi; marhamatsizni marhamatli, qalbi qattiqni ko’zi yoshli qiladi, g’ofilni zulmatdan nurga chiqaradi…”

Hazrat asarlari mutolaasidan anglaganim eng muhim haqiqat shu bo’ldiki, tasavvufni faqat o’qib-o’rganish orqaligina egallash mumkin emas, amalda, uni o’z hayotiga tatbiq qila olgan kishigina teran his qila oladi. Va faqat shundagina tasavvuf haqida nimadir deya olishga huquqli bo’ladi. Bu esa aynan men uchun qattiy ogohlantirishday bo’ldi. Shundan keyingi ko’rsatuvlarimda har bir so’zimni yetti o’lchab, shunda ham o’zimning g’oyibona rahnamoyim deb bilgan Mahmud Asad Jo’shon hazratlari asarlariga tayangan holda aytadigan bo’ldim.

Qolaversa, Shayx hazratlari nainki kaspiy faoliyatim, balki shaxsiy hayotimda ham o’zimni qayta qurishimga sabab bo’lgan edi. O’ylaymanki, ul zotdan men kabi manfaat ko’rganlar behisobdir.

Maqola muallifi: Orziqul Ergash 1953 yilning 14 yanvarida Samarqand viloyati, Oqdaryo tumanidagi Darxon qishlog’ida tug’ildi. Samarqand Davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakulьteti sirtqi bo’limida tahsil oldi.
Uning “To’y”, “Dunyoning bir chekkasi”, “Bolaligim ko’chalarida”, “Shohsanam”, “Darxon qissalari”, “Qalb gavhari”, “Yulduzsiz osmon” kabi qissalar va hikoyalar kitoblari nashr etilgan. “Eng ulug’, eng aziz” (2017), “Vatan uchun yashaylik” (2021) respublika tanlovlari g’olibi. “Do’stlik” ordeni bilan taqdirlangan.

Shayx Mahmud As’ad Jo’shon
TASAVVVUF VA NAQShBANDIYLIK:
tasavvuf haqida mulohazalar


098Tasavvufga oid bir mavzuni talqin qilishdan oldin «tasavvuf» nima ekanligi to’g’risida bir tushunchaga, xulosaga kelish lozim. Men tasavvuf so’zi-atamasidan Islomiy ma’nodagi tasavvufni tushunaman va sunniya tariqatlarini tasavvur qilaman. Bu mavzuda maqola va kitob yozgan kishilar tomonidan juda ko’p ta’riflar to’plangan. Hammasi ijtimoiy, ruhiy-psixologik hayot bilan aloqador bo’lganligi bois, bunday ta’riflarning miqdori kitoblarda 160-180 tagacha jamlangan.

Bir kitobda: «Falonchi zot kitobida tasavvufga bag’ishlangan ikki ming ta’rifni to’plabdi», deb aytilgan. Men o’sha ikki ming ta’rif to’plangan kitobni ko’rmadim, ammo bu ma’lumotni naql qilgan kitobni o’qidim. Va qanday ta’riflar berilibdi ekan, deb qiziqdim. Zero, tabiiyki, har bir ta’rif bir gulga o’xshaydi, yig’ilganda guldastaga o’xshab, birining ko’rki-chiroyi yanada ortadi. Olimning ta’rifi ham, fikr-mulohazasi ham qiymatlidir.

Tasavvufga aloqador ta’riflarni ba’zi shoirlarimiz ham nazm shaklida ifoda qilib, bir joyga to’plaganlar. Masalan: Oydinli Umar Dada (Rushaniy) (vaf.1487) bir manzumasida 50-60 baytning har baytida tasavvufni turli yo’llar bilan tushuntirib, har xil ta’riflarni keltirib o’tadi. Keyin Shayx Ibrohim Ma’shuqiy Afandi (vaf.1655) ham bu mavzuda kattagina manzuma yozdi. Bu ta’riflarni sinchiklab ko’rganimizda, ularning bir qismi tasavvuf bilan aloqador ilmlarga daxldor xulosalar ekanligini ko’ramiz. Yana bir qismi esa ta’rif berayotgan kishining o’sha damlardagi ruhiy holatini aks ettiradi.

Tasavvuf zamon va makon jihatidan teran ildiz otgan va keng yoyilgan bo’lib, asrlar bo’yi davom etgandir. Shuning uchun tasavvufni butun mintaqalardagi ko’rinishi hamda tom ma’nosi bilan yaxlit ta’riflab bo’lmaydi. Binobarin, mintaqa-mintaqaga ajratib tadqiq etish luzumoti ham bordir. Masalan, Shimoliy Afrikaning tasavvufiy qarashlari va tushunchalari bilan O’rta Osiyoning, Onado’li bilan Iroq, Misr tasavvufiy qarashlari orasida farqlar mavjuddir. Bolqondagi, Jazoirdagi, Yamandagi va Tunisdagi ko’rinishlari orasida ham tafovutlar ko’zga tashlanadi.

Men bu ta’riflar shunday xulosa chiqardim: «tasavvuf–bir tomondan ma’rifatullohni, boshqa tarafdan esa tazkiyai nafs (nafs pokligi)ni o’rgatadigan va shu yo’ldagi harakatlarni ifodalaydigan, ularni anglatadigan va bu holatlarga erishish uchun nima qilish kerakligini tushuntiradigan bir ilm» degan bo’lardim. Yana boshqa bir ifoda bilan aytganda esa, “tasavvuf Allohning qulini, qulning esa Allohni sevish yo’llarini tushuntiradigan bir ilmdir”. Tasavvuf Islomiy ilmlarning eng sharaflisidir. Bu ilmning sharafi, uning ichidagi mavzusining sharafi bilan muzayyandir. Modomiki, tasavvufning maqsadi, mavzusi ma’rifatulloh – Allohni bilmak-tanimak bo’lar ekan, o’z-o’zidan bu holda «tasavvuf ashrafi ulumi islomiyadir». Ya’ni Islomiy ilmlarning eng sharaflisidir.

Nima qilsak Alloh bizni sevadi? Nima qilsak qalbimizda bo’lishini istaganimiz «muhabbatulloh» (Alloh sevgisi) hosil bo’ladi? Menimcha, tasavvufning tutgan yo’li – shu. Shunday savollarga javob beradi. Ayni ma’noda tushunadigan bo’lsak, Islom tasavvufi Islomning o’zidir, ruhidir: Qur’oni karim va hadisi shariflar hamda hazrat Payg’ambarimiz (sollallohu alayhi vasallam) bilan sahobalarining hayot tarzidir.

Tasavvuf manbaini Erondan, Yunondan yoki bo’lmasa Hindistondan qidirish, uni xristianlikdan o’tgan voqealar kabidek ko’rsatish haqiqatga to’g’ri kelmaydi. U – Islomning ichki rivojlanishi, ruhiy hayotni anglashidan yuzaga kelgan ilmdir.

Tasavvufga Islomdan bo’lak joylardan manba’ qidirish esa «u yerdan olingan, bu yerdan olingan» deb aslida Islomiyatning o’zini ham yiqilgan-to’plangan bir narsadek ko’rsatish, pastga urish niyatidagi ayyor sharqiyotchi (oriyentalist)larning bir harakati bo’lib qolmoqda.

Tasavvuf ilgari yo’q edi, u keyinroq paydo bo’ldi, degan so’zga bu sohaga aloqador bir kishi sifatida men shaxsan qo’shilmayman. Chunki, e’tibor bersangiz, tasavvufni tushuntiradigan jami mutasavviflar bir xulosaga kelishgan: «Tasavvuf qol emas holdir», – deb aytganlar. Demak, tasavvuf avvalo hol bo’lar ekan, keyin shunday nomlanganmi-yo’qmi, bundan qat’i nazar, bu «hol» Payg’ambarimiz (sollallohu alayhi vasallam) davrlarida, ashobi kirom zamonlarida ham mavjud edi. Payg’ambarimiz (sollallohu alayhi vasallam) umrlari davomida tavoze’ va ibodatga berilganliklari bilan, dunyo hodisalari qarshisidagi holatlari ila tasavvufiy hayot tarzining eng go’zal namunasi bo’ldilar. Tasavvuf ahlining har jihatdan go’zal axloqi va pok yashash tarzining eng oliy namunasini o’zlari yaratdilar va u kishining ashobi ham bu sifatlar bilan ziynatlandilar.

Ashobdan keyingi tobeinlarning fe’llari ham shu ruh uyg’unligida namoyon bo’ldi. «Tasavvuf» va «so’fiy» kalimasi bilan ta’bir qilinmagan bo’lsa-da, bu jihat «hol» shaklida mavjud edi…

Tobeinlardagi aynan shu talabchanlik jiddiy sevgi va taqvo tuyg’usi bilan to’lib-toshgandir. Ular o’zlaridan keyingi musulmonlarda ham xuddi shu munosabat, shu holatni uyg’otdilar. Shu asnoda, hadisi sharif, silsilasi orqali yetkazilgani kabi, bu xususdagi odob-axloqlar ham, keyingi avlodlarga meros tarzida yetkazildi. Va bu xolis va nekbin odamlar, tasavvufiy guruhlarni shu ravishda tarixiy, ijtimoiy bir hodisa sifatida o’rtaga chiqardilar. Demak, tasavvuf «hol» ko’rinishida Payg’ambarimiz (sollallohu alayhi vasallam) davrida ham bor edi, faqat kalima, ya’ni so’z shaklida esa keyinroq vujudga keldi.

Sof tasavvuf holati, zuhdu taqvo hayoti «asri saodat»dan beri mavjud edi va qiyomatgacha bo’ladi, inshoAlloh! Chunki tasavvuf Allohning roziligini topish yo’lidir va mutasavvif ham asl musulmon, haqiqiy mo’min, xos va xolis qul deganidir.

Men tasavvufni so’z bilan o’qib-o’rganish orqaligina egallash mumkin emasligini amalda-hayotimda ko’rgan bir kishidirman. Kasbim sababidan ilm arboblari orasida yurgan va tasavvufga oid ko’plab kitoblarni o’qigan bir kishi bo’lganligim holda tatbiqotni, ya’ni amalda qo’llashni kitoblarda tushuntirilganiga nisbatan boshqa narsalar yanada ko’proq qozontirishini o’z hayotimda amaliy ko’rganman.

Tasavvufni tashqaridan qidirish va asarlarda ifodalash va tushuntirishda zo’rakilik yuzaga keladi. Inson tasavvufni uning ichiga kirgan vaqtida ko’radi va fe’lan-amalan yashagandagina tushunadi. Kitobda yozilganlarni qanday anglash lozimligini ham ana o’shanda tushunadi. Xulosa qiladigan bo’lsak, Islom dini o’zining tabiiy rivojlanishida bo’lgan, tabiiy holda yoyilgan va turli oqimlar holida yashagan va o’sgan. Tasavvuf shunday bir hayot ichida paydo bo’lib, maydonga chiqqan. Ya’ni, «ilk musulmonlar hech narsa bilmas edilar. Eron bilan tanishganlarida, u yerda bir hodisani ko’rib unga taqlid qildilar», – deb ayta olmaymiz. Chunki musulmonning maqsad va tushunchasi tashqaridan bir narsa olish emas edi. Bu kundagi haqiqiy musulmonning holati ham shundaydir. Bugungi chin musulmon tashqaridan taqlid yo’li bilan na shakl olishni, na fikr olishni va na ishonch olishni xohlaydi. Chunki, u boshqa narsalarning begona ekanligini biladi. O’zini o’z manbalari ichida kamolga yetkazishni afzal ko’radi. Mutafakkirlarimiz asarlarida ham shu narsa ko’zga tashlanadi.

Bu ishning haqiqiy vakillari tasavvufning Shariati sharif ahkomlaridan zarra qadar tashqarida emasligini, sunnatlarnigina emas, hattoki odobni tark etganida ham ko’p narsalar yo’qotishini bilar edilar. Sunnatga va odobga rioya etishni qattiq tavsiya etardilar.

Binobarin, Shariati sharifga bo’lgan hurmatimni har lahza yanada ko’payishini Haq taolodan tilagan holda Qur’oni karim va hadisi sharifni boshga toj etishni jon dildan maslak qilib olgan bir kishi sifatida, xos va xolis ravishda tasavvufga qarshi chiqishni eng katta xato va xavfli bir narsa degan xulosaga kelganman. Shariati sharifga, oyati karimalarga dil bergan bir kishi sifatida tasavvufni ixtiyoriy kayf-zavq kasbi emasligini, aksincha har bir musulmon uchun majburiy, zaruriy bir yo’l degan xulosaga keldim.

Sayfiddin Sayfulloh tarjimasi

Shu mavzuda yana mutolaa qiling:
Mahmud As’ad Jo’shon. Buyuklar tuhfasi (Turkiy adabiyotning yuzaga kelishi haqida).
Mahmud As’ad Jo’shon. Haqiqiy sevgi

056

(Tashriflar: umumiy 518, bugungi 1)

Izoh qoldiring