Shahodat Ulug’. Galdagi almashinuv. Hikoya

73 Нарида бир хоним-ойим чопқилаб кетаётганди, қарасам қирғоқда уни икки аёл кутиб турган экан. Улар кемага чиқиб бир зумда олислаб кетдилар, оролча бўлса уларнинг ортидан тебраниб қолди…

Шаҳодат УЛУҒ
ГАЛДАГИ АЛМАШИНУВ


   Шаҳодат Улуғ – Ўзбекистоннинг кўҳна Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. “Қайта туғилиш” (1997),”Ғаниматим” (2004) сингари бир неча насрий асарлар ҳамда “Афтондил”, “Суюнчи”, “Шамс, Қамар — Қурбонгул”(2010) номли достонлар ва “Амстердам хотиралари”лавҳалари муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Лондон китоб фестивали (2015) ва Avrasya yazarlar birligi ҳикоялар танлови (2023) ғолибларидан. Хоразмшоҳлар тарихидан ҳикоя қилувчи уч романдан иборат – “Жайҳун эпкинлари”,”Сен йиғлама фақат”, “Халоскор султон Сайфиддин Қутуз” номли трилогиясининг биринчи китоби турк тилида нашрдан чиқди.
Адибанинг янги китоби – “Мўйсафид Биёбоним” қиссалар тўплами 2024 йилда нашр этилган. Айни пайтда навбатдаги асарлари устида ишламоқда. Нидерландияда яшаб ижод этади.

Шунда мен лўкидонга ёпишган сақични олиб ташладим, кейин бўрдан ясалган тошбақа устидаги гардларни ҳам артгач, пардани суриб ташқарига қарадим; симобдай жимирлаган сувлар устига офтоб нурлари мувозий тарз қуйилар эди.

Қуёш гулхан мисол зарафшон порлаб тургани боис чор-тарафим чароғон эди.

Бир пайт “Kaageiland” оролчаси билинар-билинмас қимирлай бошлади, кейин эса тўлқинлар узлатига унсиз кетдилар…

Ярим соатдан сўнг “Pilatesworks” машғулоти бошланади, шунинг учун мен тезда кийиниб, машқ залига йўл олдим.

Нарида бир хоним-ойим чопқилаб кетаётганди, қарасам қирғоқда уни икки аёл кутиб турган экан. Улар кемага чиқиб бир зумда олислаб кетдилар, оролча бўлса уларнинг ортидан тебраниб қолди.

Менга шундай туюлади: кўллар муайян айланишига кўра кўрфазларни ёдимга солаверади, йўқса, сувлар қамалиб қолгани сабаб шундаймикан-а?
Ороллар бўлса, худди дарёларга ўхшаб кетади, дарёлар ўз навбатида денгизларга, денгизлар эса уммонга ошуфталар!

Денгизни айтаман, у уммонга қўшилмоқ илинжида янги тўлқин истаб, бўронлардан авж оларак, мавжланиб туради, шуниси ҳар гал мени таажжубга солгани-солган. Баҳри байт ҳам ўшал онда дилрабо битилса керак, эҳтимол куй ҳам басталанар қувваи ҳофизада… Аслида, тароналар осмонлару ерларга ҳам бирдай дахлдорлар. Чунки оҳанг ҳуд-беҳуд занг урмас, ахир – тарона ҳам бежизга таралмасдир инчунун!

Инчунун, бежизга баёз ҳам кабиса битилмасдир! Алалхусус, беҳудага булоқлар кўпчимаслар ва тағин ўйноқи анҳору сойлар шунчаки тўлиб-тошмаслар, созандалар бўлса уларга мубталодай қўлларида соз, ўз наволари ичида омонсиз оқмаслар…

Айтганча, тағин баъзи бир кунларда ўзаро мувозий ўхшашлик бордай ва улар аҳён-аҳёнда бир-бирини такрорлагандай туюлади менга негадир. Шундай эмасми? Шунингдек, кўпчилик одамларнинг табиати, ҳатто одати-да бир-бирига ўхшаб кетади. Ҳа, чиндан одамларда ўзаро ўхшашлик бор ва улар айнан инсон боласи бўлгани учун ҳам шундай, бироқ ўшал бир-бирига монанд кимсаларда барибир қайсидир бирининг қай бир ҳислати бўлакча бўлади. Бунинг сири нимада эканини англолмаган одам қандичада майда-майда туюлиб юраверади.

Машғулотдан сўнг меҳмонхонага қайтиб, ювиниб олдим-да, сўнгра тамадди қилгани пастга тушдим. Меҳмонхона зали шинамгина эди, каттакон экранли телевизорда бўлса Монах Абелнинг концерти берилаётганди.

Абел чалган мусиқага фақат мен маҳлиёманми десам, залдагиларнинг бари куйга сомеъ тушиб, билинар-билинмас тебраниб ўтиришарди.
Тановвулдан сўнг айлангани чиқдим: юра-юра олислаб кетганимни пайқаб, ортимга қайтдим.

Бир пайт бошига енгил қалпоқ, кўзига эса қоп-қора кўзойнак тақиб, йога билан шуғулланаётган аёлга дуч келдим, ана шунда мен уни қора йўл-йўл майкасидан таниб қолдим, бу ўша, кемага чиқиб сузиб кетган хоним-ойим эди, у кўзимга иссиқ кўринди, бироқ бошига қалпоқ кийиб, қоп-қора кўзойнак таққани учун уни таниёлмадим. Мен шуғулланаётган аёлнинг диққатини бўлмай, деган мақсадда унинг ёнидан жим ўтиб кетдим.
Бу ерга оиламиз билан тез-тез келиб турамиз. Бу гал таътилга эртароқ чиққаним сабаб ёлғиз ўзим келгандим. Мен иккинчи каватдаги хоналарнинг бирини ижарага олдим, агар қачон кўчага чикадиган бўлсам, узун йўлакнинг бир бурчидаги лифт орқали пастга тушардим. Бир гал йўлакдан ўтаётиб, хоналарнинг бирида куй чалинаётганини эшитиб қолдим. Тарона оромижон эди жудаям, уни ким чалаётган бўлса экан-а?

***

Эшикни қулфлаётгандим, ёқимли атир ҳиди дафъатан димоғимга урилди. Мушки анбар каби хушбўй ҳид мендан уч-тўрт қадам нарида кетаётган аёлдан таралаётганди, дабдурустдан “Коко Шанел!” деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Хоним-ойим эса ортига ўгирилмасдан, “дегустатор” деб жавоб қилди ва мен бунга кулиб қўйдим.

Назаримда у мени овозимдан, мен эса унинг юриш-туриши ҳамда оловранг сочи-ю, сепган атридан таниб қолгандим.

Унинг исми Янтине эди. Янтине “Коко Шанел” атрини хуш кўрар, шундан бошқа парфюмни писанд қилмасди.

Бирдан унинг ҳов бояда югургилаб кемага чиққани-ю кейин йога билан шуғулланиб турган ҳолати кўз олдимдан ўтди.

Биз қучоқлашиб кўришдик. Унинг ялтироқ, нозик ва ниҳоят ингичка металл билан гардишланган шаффоф кўзойнаги ичидаги зангор кўзлари чўғдек йилтиллаб кўринарди.

Узоқ сўрашдик, кейин гапга тушиб кетдик…

— Бу ерларни, қўйингки, ҳамма-ҳаммани соғиндим, — деди у дона-дона килиб.
— Мен ҳам эдим сиздек, сиз ҳам бўлдингиз мендек! — Сўйландим мен ичкин оҳангда.

— Шундай экан. Ҳа, бу ҳаётда шунақаси бўларкан, қаранг. — У хамон менга ажабланиб қараб турарди. — Кўришганимиз қандай яхши бўлди-ей!
— Австриядан қачон келдингиз? — дея сўрадим.

Мен хамон у билан кўришиб турганимга ишонолмаётгандим.

— Ўн кунлар бўбқолди.
— Қани, сўйланг унда — соғлигингиз, кайфиятларингиз қалай?

Ҳолимдан шикоятчи эмасман, лекин барибир юрган йўлларимни қўсайман-да, нетай!
— Ҳа, ҳа! Нимасини айтасиз…
— Ҳеч вақо унутилмаскан! Мен сира унутолмасканман, қаранг…

Мен Янтине билан Ҳарлемда, янаям аниқроғи — машқ залида танишгандим. Ўшанда йога дарсини бизга Моника ўтганди. Беш йил биз унинг машғулотига баробар қатнаганмиз, бироқ Янтине орада танаффус қилиб, бир йилча қатнамай қўйди, кейин тағин биз билан бирга шуғуллангани келиб юрди. У ўқитувчи эди, эри Барт бўлса бизнес билан шуғулланарди. Барт ишлаётган ширкат тобора кенгайиб, корхонанинг янги шоҳобчаси Австрияда очилгач, у бошқарувчи-менежер бўлиб ўша ёқда ишлай бошлади, сўнг оиласини ҳам бирйўла кўчириб кетди. Шундан кейин мен Янтинени қайтиб кўрмагандим.

Қурмағур, пианинони ўхшатиб чаларди ўзиям.

Бир гал у бизни – бир давра дугоналарни уйига меҳмонга чорлади. Янтине Ҳаарлемнинг Схалквайк гузарида жойлашган кутубхона ортидаги ховлиларнинг бирида яшарди. Дам олиш куни бўлгани учун кўнгил очиш баҳонасида биз уникида бемалол, ҳангомалашиб ўтирдик. Хона деразалари ланг очиб қўйилганди, ташқарида эса ўғилларининг бандминтон ўйнаётгани бизга кўриниб турарди. Лизабет меҳмонхонанинг бир четида ёлғиз турган фортепиано олдига бориб, қопқоғини ланг очиб юборди-ю, бирдан жим туриб қолди. Бир пайт у финжонларга қаҳва тўлдириб кирган Янтинега қараб:

— Буни ким чалади, ўзи? — дея сўради.
— Ўзим-да, — жавоб қилди Янтине.

— Ростданми?
— Алдармидим.

— Унда ўхшатиб бизга бир чалиб бермайсизми?
— Бўпти-да…

Биз қаҳва ичдик, Янтине бўлса жавон ғаладонидан ноталар дафтарини олиб, фортепиано устига жойлаштирди.

Ана ўшанда кўргандим Янтиненинг қўлларини… Улар аввалига бежо қимирлаб кетди, сўнгра нозик бармоқларига титроқ кирди, титроқ! О, мен буни сизга қан йўсинда англатсам экан? Кўзимдан ҳеч нари кетмайди… У икки қўллаб клавишларни босганди, чолғуга туйқус жон кириб кетгандай бўлди. Ана шундан сўнг унинг елкалари билинар-билинмас титрай бошлади. Лизабет бизга қараб, ҳайратини имо билан изҳор қилган бўлди. Ёнимда ўтирган Катерина ҳам унинг гапини унсиз тасдиқлади. Биз гуркираб барқ ураётган чаманзор ичига тушиб қолгандай эдик.

Кейин…

Сўнгра…

Ҳаммамиз атрофга бир сокин, бир эса шаҳдам таралаётган соҳир куй оҳанглари ичра ҳар биримиз ўз дунёмизнинг қаърига шўнғиб кетдик.
Шўнғиб кетганим ўз дунёимда уйқудан уйғона бошлаган азамат тоғлар устига бобо қуёш зарафшон нурларини саралаб-саралаб жўната бошлади. Оппоқ булутлар осмонга тирмашаётган маҳал жилдираган Нур булоғининг зилол суви кўзимни бойлаб олди… Киприкларим кўтарилган он кўзимга Чашмадан сув кўтараётган онам-жоним кўринди.

Эй, Худо! Мен куйнинг тугашини ҳеч истамайман!
Бирдан кўзларим жиққа ёшларга тўлди.

Янтине мусиқасини тамомлагач, аста ўрнидан турди-да, хиёл эгилиб бизга мулозамат изҳор қилди.

Биз бир зумда Янтинени ўраб олдик ва уни олқишладик. Таажжубда эдик баримиз. У эса жилмайиб:
— Сизларга ёққанидан хурсандман,
— деди юзларидан нур ёғилиб.

— Сиз бу чолғу чалишни қаерда ўргангансиз? — дея сўрадим. — Ёки Консерваторияда ўқиганмисиз?
— Йўғ-эй, консерваторияда ўқимаганман. Отамнинг онаси — Эмма ойимдан ўрганганман. Ойим эса консерваторияда ўқигани рост…

***

Биз лифтда пастга тушдик. Ҳотелдагилар айлангани чиқиб кетишган чоғи, меҳмонхонанинг овқатланиш залида уч-тўрт мижозни айтмаса, деярли одам кўринмасди. Тувакларда гуллар барқ уриб ўсиб ётар, деразаларга тортилган пардалар сурилгани боис ичкари қуёш нурларига тўлиб кетганди. Деворга бўлса улкан соат илинган, унинг бир ёнида Ер куррасининг шакли, бошқа тарафида эса оролча тасвири осиғлиқ эди. У девор соатига қараб:

— Унга боқинг-чи, ҳеч ортига қарайдими ўзи? – деб савол ташлади. Аввалига тушунмадим. Пича сукутда қолиб, бу саволнинг маъносини илғагандай бўлдим.

— Йўқ, — дедим шунда — Соатнинг ёки вақтнинг худди бизга ўхшаб, ўксиб қолганини ҳеч кўрмаганман. Лекин нетайлик, биз бечоралар ожиз бир бандамиз – қай тарафлар йўлга тушсак-да, ортимизга бир-бир қараб оламиз барибир. Юрган йўлларимизни қўмсаганимиз учун ўша жойлардан қайта-қайта ўтгимиз келаверади…

— Ўша юрган йўлларимизда биз излаган одамлар бошқа учрамаслигидан қайғуларга чўмишимиз ҳам бор гап.
— Ғам-андуҳларни йиғиштиринг, Янтине!
— Шунақа деймиз-у…

Унинг юз-кўзларида ташвишми ёки хавотирга ўхшаш бир нима кўриниш берди. “Ғам-андуҳни йиғиштириб қўйинг, Янтине”, деган гапни бекор айтдим-да. Ўзим-чи, ўзим, қайси бир йили ўзим ўқиган мактабга борганимда худди унинг каби ғамгин ҳолга тушмаганмидим? Янтиненинг дардини янгиламасдан, индамай турганим маъқул эди, дея ўзимни койиб тургандим, бирдан у кулимсиради, шундан сўнг дилимдаги ғашлик бир зумда тарқаб кетди.

У пича ўйланиб турди, кейин ичидагиларни тўкиб солди.
— Бир нимани айтай сизга, мана уч-тўрт кун бўп қолди, ўзим ўқиган мактабга ўтганимга. Мактабнинг файзи йўқолгандай, ҳамма кўзимга бошқача кўринади. Энди ўйлаб кўрсам, у ерда мен излаганларнинг бирортаси йўқлиги учун мактаб кўзимга шунақа хароб кўринган экан. Ахир, у ерни битириб чиққанимга салкам ўттиз йил бўляпти-да. Одамлар, ўқувчилар энди менга бегона, бирдан кимсасиз, сағир болакайдай ҳувиллаб қолдим…

Мен унга тикилган кўйим индамай турдим. Фақат иккимиз ҳам айнан ўз мактабларимиз ҳақида бир вақтнинг ўзида хаёлга берилганимиздан таажжубда эдим. Бир пайт у тағин сўйланди.
— Ҳозир ўйланиб турганим cабаб шундай куйинаяпман-да, сиз бу ҳолимни кўпам жиддий олаверманг, — деди ва бирдан пешонаси тиришди, кўзойнаги ҳалақит берди чоғи, уни бир ёнга олиб қўйди.

Ўшанда у менга Марк Аврелийнинг “Тез орада сен ҳамма нарсани унутасан ва ўз навбатида сени ҳам ҳамма ёдидан чиқаради”, деган сўзларини эслатди.

Биз қаҳва ҳўплаган кўйи ҳангомамизда давом қилдик.
— Янтине, ҳалиям йога билан шуғулланасиз экан-эй… Қандай яхши! Қайси куни денг, бир аёл шуғулланиб турганига кўзим тушганди, лекин қоп-қора кўзойнак таққанидан таниёлмагандим. Энди ўйлаб кўрсам, ўша сиз экансиз.

— Э, шундай денг. Сўрашмасдан ўтиб кетаверибсиз-да.
— Рости, иккиландим. Бўлмасам-у… Соҳилда ҳам бир аёл чопқиллаб кемага чиқиб кетаётганига кўзим тушганди-ёв. Барибир, мана, кўришишимиз бор экан!

— Менам шуни айтаман, қандай яхши бўлди!
— Ҳа-да. Лекин йога билан ҳалиям шуғулланаётганингизга қойил қолдим.
— Ҳа, шуғулланиб турибман. Сиз-чи?
— Ҳафтада бир, қолган кунлар бўлса “Pilatesworks” билан…

— Мунисини билмас эканман. Нега энди айнан “Pilatesworks” билан? Ёки қоматимни яхши сақлай, деган ниятдами?
— Янтине, йўғ-эй, ундаймас. Рости, менга қоматнинг аҳамияти йўқ. Қаранг-да, бир нимани айтай, тиббиёт барибир зўр нарса-да… Ўзи одамзот танаси мукаммал яратилган бир тарх! Кўксимиздаги юрак, буйрак, жигарнинг, қўйингки, ҳар бир аъзонинг ўз вазифаси бор. Айнан ўша танадаги жами аъзоларнинг бир маромда яхши ишлаши учун ўша машқлар билан шуғулланаман. Серотонин, мелатонин… санасам, қанча “нин”ларни айнан тананинг ўзи ишлаб чиқаради-эй. Қойилмисиз? Энди хос машқларга келсак, гормонларинг равон ишлашида у муҳим воситачи бўлади, сиз бўлса қоматни яхши сақлаб қолиш учун, дейсиз тағин!

— Вой-вой! Мен мундай чуқур ўйламас эканман-эй, дугон. Лекин тиббиёт, барибир тиббиёт-да.
— Қўйсангиз-чи, мана, ўзингиз мудом шуғулланадиган йога-чи? У ҳам танадаги аъзоларнинг равон ишлашига яхшигина туртки бўлмайдимикан?
— Ҳа, ҳа, ростлигига ростку-я, чиндан тиббиётда гап кўп. Медицина зўр нарса ўзи. Машқларни бўлса, бажариб туриш керак. Биз еттита эдиг-а? Қолганлар-чи? Ҳалиям бирга шуғулланасизларми?

— Ҳа, еттита эдик, бироқ сўппайиб уч-тўрттамиз қолдик, холос. Сиз бўлса Австрияга сурвордингиз. Йил ўтиб эса Марайке калисосининг даъвати билан Африканинг аллақерига кўчиб кетди. Айтганча, Эльза умуман келмай қўйди, негалигини ўзи айтмагач, биз ҳам ижикилаб сўраб ўтирмадик. Қолган уч-тўрттамиз ҳалиям тилимиз сангиллаб машғулотга қатнаймиз.

— Тилимиз сангиллаб денг! — Янтине шарақлаб кулиб юборди. Шуниси етмай турганди ўзи, баҳонада унга қўшилиб, менам бир яйраб олдим.
Гапимиз гапга уланиб кетди.

Қорнимиз очиққач, орада таомланиб ҳам олдик.
Янтине табиатан истарали, ҳушёр ва зийрак жувон эди. Айтишича, онаси қазо қилгач, отаси қайтиб уйланмаган. Улар оилада икки фарзанд бўлиб, акаси Дюссельдорфда муҳандисликка ўқиб, ўша ерда ишлаб қолган экан.

Мен ундан дадасининг ҳолини сўрадим. Шунда унинг лаблари қимтиниб, ранги қув ўчди, бирдан сесканиб кетдим. У бўш финжонга мунг тўла кўзлари билан термулиб қолди. Хавотирлана бошладим.

Мен тағин қаҳва олиб келишларини сўрадим.
Сўнгра у секин ва сокин гапира бошлади.

— Биз Австрияга бориб жойлашгач, отамни меҳмонга чақирдик. Ундан биз билан бирга қолишини сўрадик, бироқ отам у ерга кўниколмай уйга қайтиб келди. Бошқа иложим йўқ, уни кўргани келиб турдим. Акам ҳам вақти-вақти билан отамни Дюссельдорфга олиб-бориб юрди, бироқ отам у ерда ҳам қўним тополмади. Коронавирус тугаганидан кейин мен тағин отамни ўзим билан олиб кетдим. Тўғриси, мен ундан хавотирланардим, ўзиям ўзгариб қолганди-да негадир. Ҳа, у кўп ухлайдиган бўлиб қолганди, баъзан эса биз билан гаплашгиси келмай, сустлашиб ўтиргани-ўтирган. Бир кун у бетоқат бўлаверди, зериккан бўлса керак, дея уни айлантиргани марказга олиб чиқдим. Ҳафта ўтиб у кетаманга тушиб қолди. Нима қилсам экан? Бир ўзини юборгани сира кўнглим бўлмади. Хўжайинимнинг иши бор, иккала ўғлим эса олийгоҳда ўқийди, ўзим уйда ишсиз ўтиргандим. Охири ноилож у билан бирга Нидерландияга қайтдим. Мен дарҳол отамни доктор қабулига олиб бордим. Айтганча, унда жиддий касаллик топилмади. Эртаси куни ётоғидан чиқавермагач, эшикдан секин мўраладим, у бармоқлари билан ёстиғини билинар-билинмас чимдилаб ўтирган экан.
— Чой дамладим, чиқинг, бирга ичамиз, — дедим.

У ётоғидан чиқди, мен билан бир чиройли чой ичиб ўтирганди, бирдан нафаси қисила бошлади. Қўрқиб кетдим. Ётоғига обориб ётқиздим, сўнгра акамга сим қоқиб вазиятни тушунтирдим. Икки кун ўтиб акам етиб келди. Шундан кейин отам кўп яшамади. Ўлим одамга белги бериб келармикан-а? Бўлмасам, нега унда отам Австрияда эканида, уйга кетаманга тушиб қолди? Шўрлик ҳеч бир касалликсиз, оғриқсиз кетди. Акам иккимиз сўппайиб қолдик…

— Бандалик, сабр берсин сизларга, Янтине, — дедим унга далда бергани бошқа сўз тополмай.

***

Эртаси куни оролчани айлангани чиқдик. Яшил десам ям-яшилмас, зангори десам унга ҳам ўхшамайди, бу дугонам тушмагур эгнига зайтуний ранг бир кўйлак илиб олганди. Аммо ўзига бирам ярашган, денг. Бир пайт у худди ёш қизалоқдай соҳилдан қайроқ тошлар териб, этагига тўлатиб олди. Юра-юра юки оғирлик қилгандай озроқ жим турди-да, сўнг худди трактор қум-шағални ағдаргандай, этагидаги қайроқчаларни тўкиб юборди…

— Бир нимадан сиқиляпсизми, Янтине?
— Йўғ-эй, нега ундай дейсиз?
— Жим қолганизга айтаман-да.
— Тўлқинларнинг шивирига қулоқ осяпман…

— Янтине, ёмон шоиртабиатсиз-эй!
— Сизга ўхшаганман-да.
— Қўйсангиз-чи…
— Ўзингизга билинмайди-да…

Сув бўйини кезиб чиқдик.
— Шу десангиз, нуқул сув бўйига келгим келаверади..

— Мен ҳам! Сизга бир нимани айтсам, ойим — отамнинг онасини назарда тутяпман, болалик чоғимда кўпинча мени қирғоқ бўйига олиб борарди. Энди билсам, у тўлқинлардан оҳанглар ахтарган экан. Ўша куниям сув бўйида эдик, қўлимдан тутиб кетаётган бувим бир пайт ўтира-сола сумкасидан дафтарини олди-да, бир нималарни ёза бошлади. Улғайганимдан сўнг барининг фаҳмига етдим, ўшанда у куй басталаган экан. Ҳа, айтганча ўша куни ойим уйга қайтгач, бош кўтармай бир нималарни дафтарига ёзиб ўтиргани ҳам эсимда. Ўзи бирам нозиктъаб, бунинг устига жудаям интизомли аёл эди. Ўлгунига қадар ўзига ҳушёр, ақли бутун кетди. Нақ тўқсон етти йил яшади. Умри бўйи бирон-бир хасталикни яқин йўлатмади ўзига…
Бирдан Янтине индамай қолди, қарасам, кўзлари жиққа ёшларга тўлиб, бир нуқтага тикилиб қолибди.
Негалигини билмайман, оёқ ололмай қолдим.
Кўнглим бузилди.

Кейин у ёшларини артиб гапира бошлади, ичи гапга тўлиб кетган экан шўрликнинг, ҳеч тўхтай демасди.

— Ойим менга қараб, “уч ўғлим ҳам чолғуга яқинлашмади. Отанг-ку, куй чалсам берилиб эшитади, майлига… Лекигин чалишга келганда нўноқ-да барибир, сен бўлса невараммас, қизимсан”, дерди у нуқул менга. Ўзиям қизим-жоним, дея кўп меҳр қўйган эди. Ёзув столида мудом қат-қат дафтарлар турарди, очсам варақларга ноталар битилганини кўрардим.

У мураккаб композицияларни бемалол ижро этарди, кўп ҳолларда мени концерт залига оборарди-да, сўнгра олдинги қаторга ўтқазиб қўярди. Мен бўлсам, у чалган куйни эшитиб ўтирардим.

— Янтине, шунга айтаман-да, консерваторияда ўқимаган бўлсангиз ҳам, жуда чиройли куй чаласиз-эй. Кўз тегмасин, бу сизга бувингиздан юққан. Буниси кундай равшан.
— Ҳа, шундай.

— Яна бир нимани сўраcам…
— Сўрай қолинг.
— Бувингиздан ташқари қариндошларингиздан яна кимдир куй чалганми?

Янтине, «ҳа» дегандай, бош ирғади.
— Вой, шунақа денг? Ўзимам айтувдим-а!
— Ҳа.
— Қизиқиб қолдим, жудаям!
— Аждодларимиздан Ноаҳ исмли бир кемасоз ўтган, унинг уч ўғли бўлиб, кенжатойи Антон мусиқага бўлакча меҳр қўйган экан. Ноаҳ бобом буни вақтида пайқаб, уни мусиқа муаллимига олиб борган. Антон амаким дастлабки дарсни ўзлаштиргач, кейин консерваторида ўқиган экан.

Мен сизга айтсам, ойим куйни руҳи-жонида ташиб юрган тўртинчи авлод экан. Унинг катта отаси Монах Якоб ҳам куй чалишга ишқибоз бўлган, Якоб отанинг Ян исмли ўғли пианино чалган экан. Баъзан адашиб кетмай, дея боболаримнинг исмини такрорлаб юраман, денг…

— Демак сиз бешинчи авлод экансиз-да..
— Шундай, лекин, афсус, мен мусиқа таълимини олмадим, ваҳоланки ўқиганимда бўларди. Шунинг учунми, қайдам, Венада яшай бошлаганимдан кейин бу ҳақда кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Сизга бир янгиликни айтсам, мен ниҳоят консерваторига ўқишга кирдим… Шу ёшимда талаба бўлдим!

— Ростданми?
— Ҳа!
— Бу — кабира алмашинув бўлибди, — дедим ҳаяжонимни яшира олмай.

Кўзлари нолон турган Янтине менга ялт этиб қаради.
— Шунақамикан-а?

— Айтганларингизга қараганда, боболарингиз мусиқа таълимини олиб, бари концерт берган экан, баъзилари куй басталаган экан ҳатто, кейин бу ҳол аёлларга ўтиб қолгандай. Эмма ойингизни айтаман, у мусиқани руҳи жонида ташиб юрган тўртинчи авлод дедингиз-ку, ахир! У ҳам бастакор бўлган экан-ку…

— Мен эсам бешинчи…
— Ҳа, шундай!

***

У бурнини дам-бадам тортиб, кўзларини эса оролчанинг унсиз оқаётган узлатига тиккан ҳолда бир нималарни ҳиргойи қила бошлади.
— Биласизми, нима кечди хаёлимдан? — деди у бирдан.
— Нима кечган бўлса экан-а? — сўрадим мен ҳам.

У ойисининг фортепианога суяниб, ўйланиб турганини-ю, онасининг бўлса финжонларга сут қуяётгани кўз олдидан лип этиб ўтганини айтди, ана шунда тилларанг нозик маъдан билан гардишланган кўзойнаги ортидаги зангор кўзлари баайни зумраддай йилтиллаб кетди.
Сўнгра лом-мим демасдан, жим туриб қолди. Қайдам, балки онажони қуйган финжон тўла сутни хаёлан сипқораётган бўлсами эди шу дам? Ёки ойиси чалаётган куйга қулоқ осаётганмиди?

У бирдан чуқур-чуқур нафас олиб, уҳ тортди.
Қани энди, сиқиб турган жонини адоқсиз ўйлардан қутқара олсайдим, кошки.
Биз соҳил ёқалаб юриб, равон йўлга тушиб олдик.

Қарасам, у кетяпти судраб жисмини…
елкасига ортиб исмини,
йўқотиб таянч – қоясини,
ортда қолдириб соясини.

Бу дунёнинг ташвишлари қуриб кетсин, дедим ичимда.
У кўз олдимда увада-увада бўлиб кетарди…

— Янтине, — дедим мен унга қарата. — Уни қўйинг, муни қўйинг, шу десангиз ҳотелда, емак залининг четида бир пианинони кўргандим, ўхшатиб бир куй чалиб бермайсизми?

— Чалишга-ку чаларман, лекин ҳотелдамас, йўқ, у ердамас! Булварьда сизга бир жойни кўрсатаман, ортимдан юринг-да, — деди.
Анча йўл босганимиздан кейин хиёбондаги ўзи айтган ўша бинога бошлаб борди: бу жой хос байрамлар ўтказиладиган макон экан. Айтганча, бу ерда унинг таниши ишларкан, ўша зал эшигини очиб бергач, биз ичкарига кирдик. Тўрда машшоқларга мўлжаллаган шоҳсупа бор, унинг ҳар тарафига гуллар қўйилган бўлиб, нарироқда бир пианино турарди.

Негадир бежо қимирлаб кетдим. Бир пайт кўзим бойланиб, бандаргоҳга тушиб қолдим, қарасам, кема овозини эшитган икки болакай лангаргоҳ томон пириллаб учиб кетяпти, денг. Қосид шамол эса ўрлик-пешгирлик қилиб беэътимод елади. Киприк қоқмай қараб қолдим… Тезюрар кема зувиллаб сузиб кетди. Мен лангарни тушираётган денгизчининг ёнгинасидан ўтиб бораётгандим, ана шунда тағин бир кема сузиб ўтган замон этим жимирлаб кетди.

Кема қирғоқда турганларга сув сачратиб ўтганидан кўпларнинг уст-боши шалаббо бўлганди.

Ғала-ғовур пасая бошлади…
Бўлмасам бу ҳодиса уч-тўрт кун илгари рўй берган эди, нега айнан ҳозир, баайни шу сонияда хаёлимдан ўтди? Нега?
Янтине менга бир қараб қўйгач, чолғуга ихлос билан узоқ термулди, кейин бармоқларига титроқ кирди. Ниҳоят, икки қўли билан пианино клавишларини аста босгани ҳамон атрофга яна соҳир оҳанглар тарала бошлади…

У кўзимга жуда беҳбуд кўринди.

Шамол десам, янглишган бўламан: тўлқинлар эди бу оҳанглар! Улар бир маромда оқаётган қирмизи қоним аросига шовқин солиб киргани замон бирдан титраб кетдим. Шундан сўнг чаккаларим ловуллай бошлади.

Осмон мовий, дарёлар бўлса осмоний бўёқда эди.
Қанча-қанча масофаларни босиб ўтиб, чор тарафда шамолдай кезиндим.
Мени жунуни-ла бойлаб олганди Вақт ила Замоннинг ипак ришталари!

Биёбонимда зангор майсалар унибди, қаранг. Улар қуёш нурларида зумраддай товланиб кўзларимни олади.
Аму ила Сир тўлиб-тошиб оқади.

Мақом юксакка кўтарилган чоғ қўлларим пастга узалди-ю, бирдан этагимга тўлқинлар тўкила бошлади. Теграмда эса ҳамон куй оҳанглари оқар эди…

2026 йил, 3 март

23Narida bir xonim-oyim chopqilab ketayotgandi, qarasam qirgʻoqda uni ikki ayol kutib turgan ekan. Ular kemaga chiqib bir zumda olislab ketdilar, orolcha boʻlsa ularning ortidan tebranib qoldi…

Shahodat ULUGʻ
GALDAGI ALMASHINUV


    Shahodat Ulugʻ – Oʻzbekistonning koʻhna Nurota shahrida tugʻilgan. Oʻrta maktabni tamomlagach, ToshDU (hozirgi Oʻzbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Qayta tugʻilish” (1997),”Gʻanimatim” (2004) singari bir necha nasriy asarlar hamda “Aftondil”, “Suyunchi”, “Shams, Qamar — Qurbongul”(2010) nomli dostonlar va “Amsterdam xotiralari”lavhalari muallifi. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. London kitob festivali (2015) va Avrasya yazarlar birligi hikoyalar tanlovi (2023) gʻoliblaridan. Xorazmshohlar tarixidan hikoya qiluvchi uch romandan iborat – “Jayhun epkinlari”,”Sen yigʻlama faqat”, “Xaloskor sulton Sayfiddin Qutuz” nomli trilogiyasining birinchi kitobi turk tilida nashrdan chiqdi.
Adibaning yangi kitobi – “Moʻysafid Biyobonim” qissalar toʻplami 2024 yilda nashr etilgan. Ayni paytda navbatdagi asarlari ustida ishlamoqda. Niderlandiyada yashab ijod etadi.

Shunda men loʻkidonga yopishgan saqichni olib tashladim, keyin boʻrdan yasalgan toshbaqa ustidagi gardlarni ham artgach, pardani surib tashqariga qaradim; simobday jimirlagan suvlar ustiga oftob nurlari muvoziy tarz quyilar edi.

Quyosh gulxan misol zarafshon porlab turgani bois chor-tarafim charogʻon edi.

Bir payt “Kaageiland” orolchasi bilinar-bilinmas qimirlay boshladi, keyin esa toʻlqinlar uzlatiga unsiz ketdilar…

Yarim soatdan soʻng “Pilatesworks” mashgʻuloti boshlanadi, shuning uchun men tezda kiyinib, mashq zaliga yoʻl oldim.

Narida bir xonim-oyim chopqilab ketayotgandi, qarasam qirgʻoqda uni ikki ayol kutib turgan ekan. Ular kemaga chiqib bir zumda olislab ketdilar, orolcha boʻlsa ularning ortidan tebranib qoldi.

Menga shunday tuyuladi: koʻllar muayyan aylanishiga koʻra koʻrfazlarni yodimga solaveradi, yoʻqsa, suvlar qamalib qolgani sabab shundaymikan-a?
Orollar boʻlsa, xuddi daryolarga oʻxshab ketadi, daryolar oʻz navbatida dengizlarga, dengizlar esa ummonga oshuftalar!

Dengizni aytaman, u ummonga qoʻshilmoq ilinjida yangi toʻlqin istab, boʻronlardan avj olarak, mavjlanib turadi, shunisi har gal meni taajjubga solgani-solgan. Bahri bayt ham oʻshal onda dilrabo bitilsa kerak, ehtimol kuy ham bastalanar quvvai hofizada… Aslida, taronalar osmonlaru yerlarga ham birday daxldorlar. Chunki ohang hud-behud zang urmas, axir – tarona ham bejizga taralmasdir inchunun!

Inchunun, bejizga bayoz ham kabisa bitilmasdir! Alalxusus, behudaga buloqlar koʻpchimaslar va tagʻin oʻynoqi anhoru soylar shunchaki toʻlib-toshmaslar, sozandalar boʻlsa ularga mubtaloday qoʻllarida soz, oʻz navolari ichida omonsiz oqmaslar…

Aytgancha, tagʻin ba’zi bir kunlarda oʻzaro muvoziy oʻxshashlik borday va ular ahyon-ahyonda bir-birini takrorlaganday tuyuladi menga negadir. Shunday emasmi? Shuningdek, koʻpchilik odamlarning tabiati, hatto odati-da bir-biriga oʻxshab ketadi. Ha, chindan odamlarda oʻzaro oʻxshashlik bor va ular aynan inson bolasi boʻlgani uchun ham shunday, biroq oʻshal bir-biriga monand kimsalarda baribir qaysidir birining qay bir hislati boʻlakcha boʻladi. Buning siri nimada ekanini anglolmagan odam qandichada mayda-mayda tuyulib yuraveradi.

Mashgʻulotdan soʻng mehmonxonaga qaytib, yuvinib oldim-da, soʻngra tamaddi qilgani pastga tushdim. Mehmonxona zali shinamgina edi, kattakon ekranli televizorda boʻlsa Monax Abelning konserti berilayotgandi.

Abel chalgan musiqaga faqat men mahliyomanmi desam, zaldagilarning bari kuyga some’ tushib, bilinar-bilinmas tebranib oʻtirishardi.
Tanovvuldan soʻng aylangani chiqdim: yura-yura olislab ketganimni payqab, ortimga qaytdim.

Bir payt boshiga yengil qalpoq, koʻziga esa qop-qora koʻzoynak taqib, yoga bilan shugʻullanayotgan ayolga duch keldim, ana shunda men uni qora yoʻl-yoʻl maykasidan tanib qoldim, bu oʻsha, kemaga chiqib suzib ketgan xonim-oyim edi, u koʻzimga issiq koʻrindi, biroq boshiga qalpoq kiyib, qop-qora koʻzoynak taqqani uchun uni taniyolmadim. Men shugʻullanayotgan ayolning diqqatini boʻlmay, degan maqsadda uning yonidan jim oʻtib ketdim.
Bu yerga oilamiz bilan tez-tez kelib turamiz. Bu gal ta’tilga ertaroq chiqqanim sabab yolgʻiz oʻzim kelgandim. Men ikkinchi kavatdagi xonalarning birini ijaraga oldim, agar qachon koʻchaga chikadigan boʻlsam, uzun yoʻlakning bir burchidagi lift orqali pastga tushardim. Bir gal yoʻlakdan oʻtayotib, xonalarning birida kuy chalinayotganini eshitib qoldim. Tarona oromijon edi judayam, uni kim chalayotgan boʻlsa ekan-a?

***

Eshikni qulflayotgandim, yoqimli atir hidi daf’atan dimogʻimga urildi. Mushki anbar kabi xushboʻy hid mendan uch-toʻrt qadam narida ketayotgan ayoldan taralayotgandi, dabdurustdan “Koko Shanel!” deb yuborganimni oʻzim ham bilmay qoldim. Xonim-oyim esa ortiga oʻgirilmasdan, “degustator” deb javob qildi va men bunga kulib qoʻydim.

Nazarimda u meni ovozimdan, men esa uning yurish-turishi hamda olovrang sochi-yu, sepgan atridan tanib qolgandim.

Uning ismi Yantine edi. Yantine “Koko Shanel” atrini xush koʻrar, shundan boshqa parfyumni pisand qilmasdi.

Birdan uning hov boyada yugurgilab kemaga chiqqani-yu keyin yoga bilan shugʻullanib turgan holati koʻz oldimdan oʻtdi.

Biz quchoqlashib koʻrishdik. Uning yaltiroq, nozik va nihoyat ingichka metall bilan gardishlangan shaffof koʻzoynagi ichidagi zangor koʻzlari choʻgʻdek yiltillab koʻrinardi.

Uzoq soʻrashdik, keyin gapga tushib ketdik…

— Bu yerlarni, qoʻyingki, hamma-hammani sogʻindim, — dedi u dona-dona kilib.
— Men ham edim sizdek, siz ham boʻldingiz mendek! — Soʻylandim men ichkin ohangda.

— Shunday ekan. Ha, bu hayotda shunaqasi boʻlarkan, qarang. — U xamon menga ajablanib qarab turardi. — Koʻrishganimiz qanday yaxshi boʻldi-yey!
— Avstriyadan qachon keldingiz? — deya soʻradim.

Men xamon u bilan koʻrishib turganimga ishonolmayotgandim.

— Oʻn kunlar boʻbqoldi.
— Qani, soʻylang unda — sogʻligingiz, kayfiyatlaringiz qalay?

Holimdan shikoyatchi emasman, lekin baribir yurgan yoʻllarimni qoʻsayman-da, netay!
— Ha, ha! Nimasini aytasiz…
— Hech vaqo unutilmaskan! Men sira unutolmaskanman, qarang…

Men Yantine bilan Harlemda, yanayam aniqrogʻi — mashq zalida tanishgandim. Oʻshanda yoga darsini bizga Monika oʻtgandi. Besh yil biz uning mashgʻulotiga barobar qatnaganmiz, biroq Yantine orada tanaffus qilib, bir yilcha qatnamay qoʻydi, keyin tagʻin biz bilan birga shugʻullangani kelib yurdi. U oʻqituvchi edi, eri Bart boʻlsa biznes bilan shugʻullanardi. Bart ishlayotgan shirkat tobora kengayib, korxonaning yangi shohobchasi Avstriyada ochilgach, u boshqaruvchi-menejer boʻlib oʻsha yoqda ishlay boshladi, soʻng oilasini ham biryoʻla koʻchirib ketdi. Shundan keyin men Yantineni qaytib koʻrmagandim.

Qurmagʻur, pianinoni oʻxshatib chalardi oʻziyam.

Bir gal u bizni – bir davra dugonalarni uyiga mehmonga chorladi. Yantine Haarlemning Sxalkvayk guzarida joylashgan kutubxona ortidagi xovlilarning birida yashardi. Dam olish kuni boʻlgani uchun koʻngil ochish bahonasida biz unikida bemalol, hangomalashib oʻtirdik. Xona derazalari lang ochib qoʻyilgandi, tashqarida esa oʻgʻillarining bandminton oʻynayotgani bizga koʻrinib turardi. Lizabet mehmonxonaning bir chetida yolgʻiz turgan fortepiano oldiga borib, qopqogʻini lang ochib yubordi-yu, birdan jim turib qoldi. Bir payt u finjonlarga qahva toʻldirib kirgan Yantinega qarab:

— Buni kim chaladi, oʻzi? — deya soʻradi.
— Oʻzim-da, — javob qildi Yantine.

— Rostdanmi?
— Aldarmidim.

— Unda oʻxshatib bizga bir chalib bermaysizmi?
— Boʻpti-da…

Biz qahva ichdik, Yantine boʻlsa javon gʻaladonidan notalar daftarini olib, fortepiano ustiga joylashtirdi.

Ana oʻshanda koʻrgandim Yantinening qoʻllarini… Ular avvaliga bejo qimirlab ketdi, soʻngra nozik barmoqlariga titroq kirdi, titroq! O, men buni sizga qan yoʻsinda anglatsam ekan? Koʻzimdan hech nari ketmaydi… U ikki qoʻllab klavishlarni bosgandi, cholgʻuga tuyqus jon kirib ketganday boʻldi. Ana shundan soʻng uning yelkalari bilinar-bilinmas titray boshladi. Lizabet bizga qarab, hayratini imo bilan izhor qilgan boʻldi. Yonimda oʻtirgan Katerina ham uning gapini unsiz tasdiqladi. Biz gurkirab barq urayotgan chamanzor ichiga tushib qolganday edik.

Keyin…

Soʻngra…

Hammamiz atrofga bir sokin, bir esa shahdam taralayotgan sohir kuy ohanglari ichra har birimiz oʻz dunyomizning qa’riga shoʻngʻib ketdik.
Shoʻngʻib ketganim oʻz dunyoimda uyqudan uygʻona boshlagan azamat togʻlar ustiga bobo quyosh zarafshon nurlarini saralab-saralab joʻnata boshladi. Oppoq bulutlar osmonga tirmashayotgan mahal jildiragan Nur bulogʻining zilol suvi koʻzimni boylab oldi… Kipriklarim koʻtarilgan on koʻzimga Chashmadan suv koʻtarayotgan onam-jonim koʻrindi.

Ey, Xudo! Men kuyning tugashini hech istamayman!
Birdan koʻzlarim jiqqa yoshlarga toʻldi.

Yantine musiqasini tamomlagach, asta oʻrnidan turdi-da, xiyol egilib bizga mulozamat izhor qildi.

Biz bir zumda Yantineni oʻrab oldik va uni olqishladik. Taajjubda edik barimiz. U esa jilmayib:
— Sizlarga yoqqanidan xursandman,
— dedi yuzlaridan nur yogʻilib.

— Siz bu cholgʻu chalishni qaerda oʻrgangansiz? — deya soʻradim. — Yoki Konservatoriyada oʻqiganmisiz?
— Yoʻgʻ-ey, konservatoriyada oʻqimaganman. Otamning onasi — Emma oyimdan oʻrganganman. Oyim esa konservatoriyada oʻqigani rost…

***

Biz liftda pastga tushdik. Hoteldagilar aylangani chiqib ketishgan chogʻi, mehmonxonaning ovqatlanish zalida uch-toʻrt mijozni aytmasa, deyarli odam koʻrinmasdi. Tuvaklarda gullar barq urib oʻsib yotar, derazalarga tortilgan pardalar surilgani bois ichkari quyosh nurlariga toʻlib ketgandi. Devorga boʻlsa ulkan soat ilingan, uning bir yonida Yer kurrasining shakli, boshqa tarafida esa orolcha tasviri osigʻliq edi. U devor soatiga qarab:

— Unga boqing-chi, hech ortiga qaraydimi oʻzi? – deb savol tashladi. Avvaliga tushunmadim. Picha sukutda qolib, bu savolning ma’nosini ilgʻaganday boʻldim.

— Yoʻq, — dedim shunda — Soatning yoki vaqtning xuddi bizga oʻxshab, oʻksib qolganini hech koʻrmaganman. Lekin netaylik, biz bechoralar ojiz bir bandamiz – qay taraflar yoʻlga tushsak-da, ortimizga bir-bir qarab olamiz baribir. Yurgan yoʻllarimizni qoʻmsaganimiz uchun oʻsha joylardan qayta-qayta oʻtgimiz kelaveradi…

— Oʻsha yurgan yoʻllarimizda biz izlagan odamlar boshqa uchramasligidan qaygʻularga choʻmishimiz ham bor gap.
— Gʻam-anduhlarni yigʻishtiring, Yantine!
— Shunaqa deymiz-u…

Uning yuz-koʻzlarida tashvishmi yoki xavotirga oʻxshash bir nima koʻrinish berdi. “Gʻam-anduhni yigʻishtirib qoʻying, Yantine”, degan gapni bekor aytdim-da. Oʻzim-chi, oʻzim, qaysi bir yili oʻzim oʻqigan maktabga borganimda xuddi uning kabi gʻamgin holga tushmaganmidim? Yantinening dardini yangilamasdan, indamay turganim ma’qul edi, deya oʻzimni koyib turgandim, birdan u kulimsiradi, shundan soʻng dilimdagi gʻashlik bir zumda tarqab ketdi.

U picha oʻylanib turdi, keyin ichidagilarni toʻkib soldi.
— Bir nimani aytay sizga, mana uch-toʻrt kun boʻp qoldi, oʻzim oʻqigan maktabga oʻtganimga. Maktabning fayzi yoʻqolganday, hamma koʻzimga boshqacha koʻrinadi. Endi oʻylab koʻrsam, u yerda men izlaganlarning birortasi yoʻqligi uchun maktab koʻzimga shunaqa xarob koʻringan ekan. Axir, u yerni bitirib chiqqanimga salkam oʻttiz yil boʻlyapti-da. Odamlar, oʻquvchilar endi menga begona, birdan kimsasiz, sagʻir bolakayday huvillab qoldim…

Men unga tikilgan koʻyim indamay turdim. Faqat ikkimiz ham aynan oʻz maktablarimiz haqida bir vaqtning oʻzida xayolga berilganimizdan taajjubda edim. Bir payt u tagʻin soʻylandi.
— Hozir oʻylanib turganim cabab shunday kuyinayapman-da, siz bu holimni koʻpam jiddiy olavermang, — dedi va birdan peshonasi tirishdi, koʻzoynagi halaqit berdi chogʻi, uni bir yonga olib qoʻydi.

Oʻshanda u menga Mark Avreliyning “Tez orada sen hamma narsani unutasan va oʻz navbatida seni ham hamma yodidan chiqaradi”, degan soʻzlarini eslatdi.

Biz qahva hoʻplagan koʻyi hangomamizda davom qildik.
— Yantine, haliyam yoga bilan shugʻullanasiz ekan-ey… Qanday yaxshi! Qaysi kuni deng, bir ayol shugʻullanib turganiga koʻzim tushgandi, lekin qop-qora koʻzoynak taqqanidan taniyolmagandim. Endi oʻylab koʻrsam, oʻsha siz ekansiz.

— E, shunday deng. Soʻrashmasdan oʻtib ketaveribsiz-da.
— Rosti, ikkilandim. Boʻlmasam-u… Sohilda ham bir ayol chopqillab kemaga chiqib ketayotganiga koʻzim tushgandi-yov. Baribir, mana, koʻrishishimiz bor ekan!

— Menam shuni aytaman, qanday yaxshi boʻldi!
— Ha-da. Lekin yoga bilan haliyam shugʻullanayotganingizga qoyil qoldim.
— Ha, shugʻullanib turibman. Siz-chi?
— Haftada bir, qolgan kunlar boʻlsa “Pilatesworks” bilan…

— Munisini bilmas ekanman. Nega endi aynan “Pilatesworks” bilan? Yoki qomatimni yaxshi saqlay, degan niyatdami?
— Yantine, yoʻgʻ-ey, undaymas. Rosti, menga qomatning ahamiyati yoʻq. Qarang-da, bir nimani aytay, tibbiyot baribir zoʻr narsa-da… Oʻzi odamzot tanasi mukammal yaratilgan bir tarx! Koʻksimizdagi yurak, buyrak, jigarning, qoʻyingki, har bir a’zoning oʻz vazifasi bor. Aynan oʻsha tanadagi jami a’zolarning bir maromda yaxshi ishlashi uchun oʻsha mashqlar bilan shugʻullanaman. Serotonin, melatonin… sanasam, qancha “nin”larni aynan tananing oʻzi ishlab chiqaradi-ey. Qoyilmisiz? Endi xos mashqlarga kelsak, gormonlaring ravon ishlashida u muhim vositachi boʻladi, siz boʻlsa qomatni yaxshi saqlab qolish uchun, deysiz tagʻin!

— Voy-voy! Men munday chuqur oʻylamas ekanman-ey, dugon. Lekin tibbiyot, baribir tibbiyot-da.
— Qoʻysangiz-chi, mana, oʻzingiz mudom shugʻullanadigan yoga-chi? U ham tanadagi a’zolarning ravon ishlashiga yaxshigina turtki boʻlmaydimikan?
— Ha, ha, rostligiga rostku-ya, chindan tibbiyotda gap koʻp. Medisina zoʻr narsa oʻzi. Mashqlarni boʻlsa, bajarib turish kerak. Biz yettita edig-a? Qolganlar-chi? Haliyam birga shugʻullanasizlarmi?

— Ha, yettita edik, biroq soʻppayib uch-toʻrttamiz qoldik, xolos. Siz boʻlsa Avstriyaga survordingiz. Yil oʻtib esa Marayke kalisosining da’vati bilan Afrikaning allaqeriga koʻchib ketdi. Aytgancha, Elza umuman kelmay qoʻydi, negaligini oʻzi aytmagach, biz ham ijikilab soʻrab oʻtirmadik. Qolgan uch-toʻrttamiz haliyam tilimiz sangillab mashgʻulotga qatnaymiz.

— Tilimiz sangillab deng! — Yantine sharaqlab kulib yubordi. Shunisi yetmay turgandi oʻzi, bahonada unga qoʻshilib, menam bir yayrab oldim.
Gapimiz gapga ulanib ketdi.

Qornimiz ochiqqach, orada taomlanib ham oldik.
Yantine tabiatan istarali, hushyor va ziyrak juvon edi. Aytishicha, onasi qazo qilgach, otasi qaytib uylanmagan. Ular oilada ikki farzand boʻlib, akasi Dyusseldorfda muhandislikka oʻqib, oʻsha yerda ishlab qolgan ekan.

Men undan dadasining holini soʻradim. Shunda uning lablari qimtinib, rangi quv oʻchdi, birdan seskanib ketdim. U boʻsh finjonga mung toʻla koʻzlari bilan termulib qoldi. Xavotirlana boshladim.

Men tagʻin qahva olib kelishlarini soʻradim.
Soʻngra u sekin va sokin gapira boshladi.

— Biz Avstriyaga borib joylashgach, otamni mehmonga chaqirdik. Undan biz bilan birga qolishini soʻradik, biroq otam u yerga koʻnikolmay uyga qaytib keldi. Boshqa ilojim yoʻq, uni koʻrgani kelib turdim. Akam ham vaqti-vaqti bilan otamni Dyusseldorfga olib-borib yurdi, biroq otam u yerda ham qoʻnim topolmadi. Koronavirus tugaganidan keyin men tagʻin otamni oʻzim bilan olib ketdim. Toʻgʻrisi, men undan xavotirlanardim, oʻziyam oʻzgarib qolgandi-da negadir. Ha, u koʻp uxlaydigan boʻlib qolgandi, ba’zan esa biz bilan gaplashgisi kelmay, sustlashib oʻtirgani-oʻtirgan. Bir kun u betoqat boʻlaverdi, zerikkan boʻlsa kerak, deya uni aylantirgani markazga olib chiqdim. Hafta oʻtib u ketamanga tushib qoldi. Nima qilsam ekan? Bir oʻzini yuborgani sira koʻnglim boʻlmadi. Xoʻjayinimning ishi bor, ikkala oʻgʻlim esa oliygohda oʻqiydi, oʻzim uyda ishsiz oʻtirgandim. Oxiri noiloj u bilan birga Niderlandiyaga qaytdim. Men darhol otamni doktor qabuliga olib bordim. Aytgancha, unda jiddiy kasallik topilmadi. Ertasi kuni yotogʻidan chiqavermagach, eshikdan sekin moʻraladim, u barmoqlari bilan yostigʻini bilinar-bilinmas chimdilab oʻtirgan ekan.
— Choy damladim, chiqing, birga ichamiz, — dedim.

U yotogʻidan chiqdi, men bilan bir chiroyli choy ichib oʻtirgandi, birdan nafasi qisila boshladi. Qoʻrqib ketdim. Yotogʻiga oborib yotqizdim, soʻngra akamga sim qoqib vaziyatni tushuntirdim. Ikki kun oʻtib akam yetib keldi. Shundan keyin otam koʻp yashamadi. Oʻlim odamga belgi berib kelarmikan-a? Boʻlmasam, nega unda otam Avstriyada ekanida, uyga ketamanga tushib qoldi? Shoʻrlik hech bir kasalliksiz, ogʻriqsiz ketdi. Akam ikkimiz soʻppayib qoldik…

— Bandalik, sabr bersin sizlarga, Yantine, — dedim unga dalda bergani boshqa soʻz topolmay.

***

Ertasi kuni orolchani aylangani chiqdik. Yashil desam yam-yashilmas, zangori desam unga ham oʻxshamaydi, bu dugonam tushmagur egniga zaytuniy rang bir koʻylak ilib olgandi. Ammo oʻziga biram yarashgan, deng. Bir payt u xuddi yosh qizaloqday sohildan qayroq toshlar terib, etagiga toʻlatib oldi. Yura-yura yuki ogʻirlik qilganday ozroq jim turdi-da, soʻng xuddi traktor qum-shagʻalni agʻdarganday, etagidagi qayroqchalarni toʻkib yubordi…

— Bir nimadan siqilyapsizmi, Yantine?
— Yoʻgʻ-ey, nega unday deysiz?
— Jim qolganizga aytaman-da.
— Toʻlqinlarning shiviriga quloq osyapman…

— Yantine, yomon shoirtabiatsiz-ey!
— Sizga oʻxshaganman-da.
— Qoʻysangiz-chi…
— Oʻzingizga bilinmaydi-da…

Suv boʻyini kezib chiqdik.
— Shu desangiz, nuqul suv boʻyiga kelgim kelaveradi..

— Men ham! Sizga bir nimani aytsam, oyim — otamning onasini nazarda tutyapman, bolalik chogʻimda koʻpincha meni qirgʻoq boʻyiga olib borardi. Endi bilsam, u toʻlqinlardan ohanglar axtargan ekan. Oʻsha kuniyam suv boʻyida edik, qoʻlimdan tutib ketayotgan buvim bir payt oʻtira-sola sumkasidan daftarini oldi-da, bir nimalarni yoza boshladi. Ulgʻayganimdan soʻng barining fahmiga yetdim, oʻshanda u kuy bastalagan ekan. Ha, aytgancha oʻsha kuni oyim uyga qaytgach, bosh koʻtarmay bir nimalarni daftariga yozib oʻtirgani ham esimda. Oʻzi biram nozikt’ab, buning ustiga judayam intizomli ayol edi. Oʻlguniga qadar oʻziga hushyor, aqli butun ketdi. Naq toʻqson yetti yil yashadi. Umri boʻyi biron-bir xastalikni yaqin yoʻlatmadi oʻziga…
Birdan Yantine indamay qoldi, qarasam, koʻzlari jiqqa yoshlarga toʻlib, bir nuqtaga tikilib qolibdi.
Negaligini bilmayman, oyoq ololmay qoldim.
Koʻnglim buzildi.

Keyin u yoshlarini artib gapira boshladi, ichi gapga toʻlib ketgan ekan shoʻrlikning, hech toʻxtay demasdi.

— Oyim menga qarab, “uch oʻgʻlim ham cholgʻuga yaqinlashmadi. Otang-ku, kuy chalsam berilib eshitadi, mayliga… Lekigin chalishga kelganda noʻnoq-da baribir, sen boʻlsa nevarammas, qizimsan”, derdi u nuqul menga. Oʻziyam qizim-jonim, deya koʻp mehr qoʻygan edi. Yozuv stolida mudom qat-qat daftarlar turardi, ochsam varaqlarga notalar bitilganini koʻrardim.

U murakkab kompozisiyalarni bemalol ijro etardi, koʻp hollarda meni konsert zaliga oborardi-da, soʻngra oldingi qatorga oʻtqazib qoʻyardi. Men boʻlsam, u chalgan kuyni eshitib oʻtirardim.

— Yantine, shunga aytaman-da, konservatoriyada oʻqimagan boʻlsangiz ham, juda chiroyli kuy chalasiz-ey. Koʻz tegmasin, bu sizga buvingizdan yuqqan. Bunisi kunday ravshan.
— Ha, shunday.

— Yana bir nimani soʻracam…
— Soʻray qoling.
— Buvingizdan tashqari qarindoshlaringizdan yana kimdir kuy chalganmi?

Yantine, «ha» deganday, bosh irgʻadi.
— Voy, shunaqa deng? Oʻzimam aytuvdim-a!
— Ha.
— Qiziqib qoldim, judayam!
— Ajdodlarimizdan Noah ismli bir kemasoz oʻtgan, uning uch oʻgʻli boʻlib, kenjatoyi Anton musiqaga boʻlakcha mehr qoʻygan ekan. Noah bobom buni vaqtida payqab, uni musiqa muallimiga olib borgan. Anton amakim dastlabki darsni oʻzlashtirgach, keyin konservatorida oʻqigan ekan.

Men sizga aytsam, oyim kuyni ruhi-jonida tashib yurgan toʻrtinchi avlod ekan. Uning katta otasi Monax Yakob ham kuy chalishga ishqiboz boʻlgan, Yakob otaning Yan ismli oʻgʻli pianino chalgan ekan. Ba’zan adashib ketmay, deya bobolarimning ismini takrorlab yuraman, deng…

— Demak siz beshinchi avlod ekansiz-da..
— Shunday, lekin, afsus, men musiqa ta’limini olmadim, vaholanki oʻqiganimda boʻlardi. Shuning uchunmi, qaydam, Venada yashay boshlaganimdan keyin bu haqda koʻp oʻylaydigan boʻlib qoldim. Sizga bir yangilikni aytsam, men nihoyat konservatoriga oʻqishga kirdim… Shu yoshimda talaba boʻldim!

— Rostdanmi?
— Ha!
— Bu — kabira almashinuv boʻlibdi, — dedim hayajonimni yashira olmay.

Koʻzlari nolon turgan Yantine menga yalt etib qaradi.
— Shunaqamikan-a?

— Aytganlaringizga qaraganda, bobolaringiz musiqa ta’limini olib, bari konsert bergan ekan, ba’zilari kuy bastalagan ekan hatto, keyin bu hol ayollarga oʻtib qolganday. Emma oyingizni aytaman, u musiqani ruhi jonida tashib yurgan toʻrtinchi avlod dedingiz-ku, axir! U ham bastakor boʻlgan ekan-ku…

— Men esam beshinchi…
— Ha, shunday!

***

U burnini dam-badam tortib, koʻzlarini esa orolchaning unsiz oqayotgan uzlatiga tikkan holda bir nimalarni hirgoyi qila boshladi.
— Bilasizmi, nima kechdi xayolimdan? — dedi u birdan.
— Nima kechgan boʻlsa ekan-a? — soʻradim men ham.

U oyisining fortepianoga suyanib, oʻylanib turganini-yu, onasining boʻlsa finjonlarga sut quyayotgani koʻz oldidan lip etib oʻtganini aytdi, ana shunda tillarang nozik ma’dan bilan gardishlangan koʻzoynagi ortidagi zangor koʻzlari baayni zumradday yiltillab ketdi.
Soʻngra lom-mim demasdan, jim turib qoldi. Qaydam, balki onajoni quygan finjon toʻla sutni xayolan sipqorayotgan boʻlsami edi shu dam? Yoki oyisi chalayotgan kuyga quloq osayotganmidi?

U birdan chuqur-chuqur nafas olib, uh tortdi.
Qani endi, siqib turgan jonini adoqsiz oʻylardan qutqara olsaydim, koshki.
Biz sohil yoqalab yurib, ravon yoʻlga tushib oldik.

Qarasam, u ketyapti sudrab jismini…
yelkasiga ortib ismini,
yoʻqotib tayanch – qoyasini,
ortda qoldirib soyasini.

Bu dunyoning tashvishlari qurib ketsin, dedim ichimda.
U koʻz oldimda uvada-uvada boʻlib ketardi…

— Yantine, — dedim men unga qarata. — Uni qoʻying, muni qoʻying, shu desangiz hotelda, yemak zalining chetida bir pianinoni koʻrgandim, oʻxshatib bir kuy chalib bermaysizmi?

— Chalishga-ku chalarman, lekin hoteldamas, yoʻq, u yerdamas! Bulvarda sizga bir joyni koʻrsataman, ortimdan yuring-da, — dedi.
Ancha yoʻl bosganimizdan keyin xiyobondagi oʻzi aytgan oʻsha binoga boshlab bordi: bu joy xos bayramlar oʻtkaziladigan makon ekan. Aytgancha, bu yerda uning tanishi ishlarkan, oʻsha zal eshigini ochib bergach, biz ichkariga kirdik. Toʻrda mashshoqlarga moʻljallagan shohsupa bor, uning har tarafiga gullar qoʻyilgan boʻlib, nariroqda bir pianino turardi.

Negadir bejo qimirlab ketdim. Bir payt koʻzim boylanib, bandargohga tushib qoldim, qarasam, kema ovozini eshitgan ikki bolakay langargoh tomon pirillab uchib ketyapti, deng. Qosid shamol esa oʻrlik-peshgirlik qilib bee’timod yeladi. Kiprik qoqmay qarab qoldim… Tezyurar kema zuvillab suzib ketdi. Men langarni tushirayotgan dengizchining yonginasidan oʻtib borayotgandim, ana shunda tagʻin bir kema suzib oʻtgan zamon etim jimirlab ketdi.

Kema qirgʻoqda turganlarga suv sachratib oʻtganidan koʻplarning ust-boshi shalabbo boʻlgandi.

Gʻala-gʻovur pasaya boshladi…
Boʻlmasam bu hodisa uch-toʻrt kun ilgari roʻy bergan edi, nega aynan hozir, baayni shu soniyada xayolimdan oʻtdi? Nega?
Yantine menga bir qarab qoʻygach, cholgʻuga ixlos bilan uzoq termuldi, keyin barmoqlariga titroq kirdi. Nihoyat, ikki qoʻli bilan pianino klavishlarini asta bosgani hamon atrofga yana sohir ohanglar tarala boshladi…

U koʻzimga juda behbud koʻrindi.

Shamol desam, yanglishgan boʻlaman: toʻlqinlar edi bu ohanglar! Ular bir maromda oqayotgan qirmizi qonim arosiga shovqin solib kirgani zamon birdan titrab ketdim. Shundan soʻng chakkalarim lovullay boshladi.

Osmon moviy, daryolar boʻlsa osmoniy boʻyoqda edi.
Qancha-qancha masofalarni bosib oʻtib, chor tarafda shamolday kezindim.
Meni jununi-la boylab olgandi Vaqt ila Zamonning ipak rishtalari!

Biyobonimda zangor maysalar unibdi, qarang. Ular quyosh nurlarida zumradday tovlanib koʻzlarimni oladi.
Amu ila Sir toʻlib-toshib oqadi.

Maqom yuksakka koʻtarilgan chogʻ qoʻllarim pastga uzaldi-yu, birdan etagimga toʻlqinlar toʻkila boshladi. Tegramda esa hamon kuy ohanglari oqar edi…

2026 yil, 3 mart

09

(Tashriflar: umumiy 12, bugungi 12)

Izoh qoldiring