Дунёнинг тўрт томонига сочилган ўзбеклар орасида шеър билан машғул бўлганлар анчагина. Четга чиқиб кетганларнинг деярли тўқсон фоизи ўзининг соғинчини шеърий сатрларда аён этишга тиришади. Улар айримлари қанчалик истеъдодсиз бўлса,шунчалик шоирликни даъво қилади.
Аммо, ўз истеъдодини асл шеърият хизматига буюрган, ажойиб истеъдоди сатрларида намоён бўлаётган ёш ижодкорлар ҳам борки, уларнинг ижоди қалбимизда умид ва ишонч ҳисларини уйғотади. Ана шундай умидга сазовор ёш шоирлардан бири сариосиёлик Беназир Муҳаммаддир. (Давомини мана бу саҳифада ўқинг)
Беназир Муҳаммад
ЁБОНДАН ГУЛХОНАГА МАКТУБЛАР
кўриб-да қум заррасинда бир дунйо
йобон чечагинда магар кўк йузин
тутгил сўнгсизликни ҳовучларингда
тут бир он ичинда ўлимсизликни
William Blake
Илк Мактуб
МЕН ДУНЁГА КЕЛГАН КУН
Сени кўрдиму тап-тақир биёбонда қип-қизил лолани учратган кишининг аҳволига тушдим. Йўқ, мен дунёнинг инжуси бу шаҳарни биёбонга ўхшатмоқчи эмасман. Аммо нимагадир ўзимни шундай ҳис қилдим…
Мен бу шаҳарда бегонаман. Мусофирман. Ўша куни ўқишдан ҳайдалиб, гул бозорига чиқиб сотувчилик қилишимни биринчи куни эди. Кун бўйи, қани энди бир даста гул сотилса-ю ғурбатдаги мен ғарибни юзим кулса, дея ичимдан дуо қилиб ўтирдим. Найсон қуёши сўнгги нурларини ер юзидан йиғиб олаётган бир дамда устимда пайдо бўлган соядан сесканиб туриб кетдим:
— Жаноб, шу гулларни олинг, ўта арзон нархга бериб юбораман, ҳеч бўлмаса, бир даста олинг, лутфан.
Қаршимдаги юзларидан нур ёғилиб турган киши мени имтиҳон қилмоқчидай:
— Ўғлим, гулларингни оти нима? – деди жилмайиб.
Мен ҳам худди уни ўзим етиштирган боғбондай тилга кирдим:
— Бу сисанбар гуллари, наъно гули ҳам дейилади. Шаҳзодалар шаҳри Манисадан келтирилган. Бироз сўлғин кўринса ҳам уйингизга элтиб, сувга солишингиз билан яна яшнаб кетади…
— Қизим, нима қиламиз? – дея орқасига ўгирилди олийжаноб киши.
Қоронғулик ичидан бир парча ой балқиб чиққан мисол сен кўриниш берганингда мен ўзимни йўқотаёздим.
— Бобожон, бу мен яхши кўрган гуллар, ҳаммасини оламиз, – деган овоздан буткул тамом бўлган эдим. Тизларим қалтираб, юрагим кўкрагимдан отилиб кетгандай бўлди.
— Ўғлим, неча даста чиқади гулларинг?
Мен янада ҳушимни бой бериб, шошганча дасталарни санай кетдим. Икки-уч карра адашиб қайта санадим. Роса ўн саккиз даста чиқди.
— Ё, Қодир Эгам! Ўн саккиз дедингми?!. Мана, буни мўъжиза дейдилар! Салмо, қизим, қара, гуллар ўн саккиз даста экан…
Энди қулоғим том битгандай, бутун сезгиларим мени тарк этгандай бир аҳволда маҳву ҳайрон эдим. Тилим калимага келмасди…
— Ўғлим, мана, пулларингни санаб ол, – узоқлардан эшитилгандек туюлган овознинг узуқ-юлуқ акси садосидан идроким аста-секин ўзимга қайтган бўлди.
Бу тур паришон ҳолимдан ийзо чекиб, дарҳол ўзимни қўлга олдим.
— Раҳмат, жаноб, лекин бу берган пулингиз кўп, мен сизга арзонга бераман, деб айтдим, лафзимдан қайтмайман…
— Йўқ, ўғлим, мингдан-минг розиман, талаба бўлсанг керак, мен сендан бундай илтифотни қабул қила олмайман. Фақат сендан бир илтимос, бу гулларни ўзинг кўтариб, уйимизгача элтиб берсанг, лутф қилган бўласан.
— Жоним билан, жаноб…
Энди оёқларим ерни сезмасди. Мен бир дунё чечакни қучиб, гўёки парвоз қилиб боргандим Гулхонагача. Вақт буткул тўхтаб қолган эди мен учун…
Қанча муддатда, қай тарзда нақшинкор темир дарвоза олдига келганимиз менга ҳамон номаълум. Эсимда қолгани: Ичкаридан чиққан хизматкор қўлимдан даста гулларни олар экан, сен менга жилмайиб, “Қўлингиз дард кўрмасин” дединг ва бир жуфт маъсум кўзларнинг мовий денгизи тубидан порлаган ёғду кўнглимнинг қоронғу кулбасини ич-ичидан ёритиб юборган эди. Гулларни қизғаниб (ҳа, ҳа, қизғаниб) узатар эканман, негадир шу онда ўзим ҳам гулга айланиб, остонангдан ичкарига киргим, бир неча кун бўлса-да чечакларга қўшилиб уйингга ранг ва ифор бергим келгани каби, ҳаттоки, сенинг хонанг ичида қўлларинг орасида сўлишга ва сўнгги нафасимни беришга ҳам ҳозир эдим.. .
Сўнгги нафас ҳақида ўйлаб туриб бир ҳақиқатни тушуниб етдим: Мен сени учратганим ўша кунгача яшамаган, ҳа, ҳа, яшамаган эканман…
Дарҳақ, мен айнан оқшом бўсағасида муштипар она ўз болаларини уйга чорлагани каби найсон қуёши сўнгги нурларини йиғиб ола туриб, шаҳар узра олача қоронғулик чўкаётган ва назаримда тўхтаб қолган вақт оқимини ҳаракатга келтирган мисол яшил дарвозангдан кираётиб менга “Хайрли оқшом” деганинг онда, ҳа, айнан ўша дамда қайтадан дунёга келган эдим. Яъни, сен жонбахш нафасинг ила мени дунёга келтирган эдинг, ҳабибим.
Иккинчи Мактуб
СЕРЕНАДА
Аслида мен жон ўртагучи бу гўзал шаҳар учун кунда келиб-кетаётган минглаб келгиндилардан бири қаторида бегона бўлсам ҳам, сен яшаган маҳалла менга асло ва асло бегона эмас. Ўқишдан қувилсам-да, яширинча яшаб турганим талабалар ётоқхонаси маҳалланинг адоғида жойлашган ва илгари ҳар куни Гулхонадан пиёда ўтиб, дорилфунунга борардим.
“Гулхона” деган ном ҳеч қачон эътиборимни тортмаган экан токи сени учратганим ўша ёруғ кунгача. Бу қадим шаҳар шаҳар бўлиб, унда Гулхона деган маҳалланинг пайдо бўлганидан неча юз йиллар кечган эса-да, менимча, унда айнан сен яшаганинг учун, ёки бир кун келиб бу гузарда сен туғилажагинг учун ҳам шундай латиф исм ила аталган каби. Менга шундай туюлаверади…
Агар билсанг, ўша масъуд шом чоғи бир қуш мисол учиб, ётоқхонага келдиму қўлимга шошарак қалам олдим ва умримда илк маротаба шеър ёздим Гулхонанинг хандон чечагига атаб, эй илҳом малаги!..
“Эй кофур капалак” деб бошланарди шеър матлаъи. Шеърни бошлашга бошладиму тугатиш қўлимдан келмади. Чунки сен менда уйғотган илоҳий туйғунинг боши бор, охири йўқ эди. Ёздим, ёздим, ёздим… Қанча қоғозларни қораладим, лекин адоғи йўқ эди манзуманинг. Яхшиям имлода уч нуқта бор экан. Жонимга нуқталар оро кирди, мени вафодор нуқталар қутқарган бўлди. Кетма-кет тизилган уч гўзал нуқта…
Сени капалакка ўхшатганим ўзимга жуда ёқиб кетди. Қолаверса, бир ғариб гул сотувчиси Гулхонада яшаган жон дўстини капалакдан бошқа нимага ҳам ўхшатиши мумкин?!. Шоир бўлмасам ҳам ва кунчиқар фарзанди эсам-да, мағриб шеъриятига рағбатим йўқ эмас, айниқса, испанларнинг маъшуқа панжараси остида ўтириб, гитарани додлатарак романс куйлашлари мени жиддан мувозанатдан чиқаришини ҳеч ким билмаса керак.
Шу тобда мен ҳам ўзимни Гулхона кўчасидаги нақшинкор яшил дарвозали уйнинг баланд деразаси остида серенада куйлаётган далли-девонадек тасаввур қилдим бир лаҳзага. Ва шу бир лаҳза аталмиш вақт тилими бир умрга давом этишини қанчалар истаганимни билсанг эди…
Агар чиндан ҳам бир далли испанйолга айланиб, турк Салмонинг баланд панжараси остида романс айтиш саодатига эришганимда, тахминан шундай бошланган бўларди серенада:
“Яшил деразангдан бир гул от менга…”
Йўқ, бу менинг шеърим эмас. Мени бағрига сиғдирмаган дорилфунунда адабиёт дарсида мутолаа қилганим, аммо исмини унутганим бир шоирга оид бу рангин сатрлар. Аммо бу битиклар, муҳаққақ, Гулхонанинг тонг рангидаги ҳарир капалагига аталгани шубҳасиз…
Гарчи шеърим матлаъи “эй, кофур капалак, лабимни уйғот…” қабилидаги ярим муножот оҳанги билан бошланган бўлса ҳам, сафрон тусли қақроқ дудоқларимга Масиҳ нафасингдан томган биргина мовий қатрадан ўша оқшом мен ҳаёт топиб, кўксимдаги тақир биёбон яшилланиб улгурган эди, эй, зангор насимли фасл!
“Яшил деразангдан бир гул от менга…”
Учинчи Мактуб
“КЕТМА, ҚОЛ БУ ШАҲАРДА…”
Ўша мунаввар оқшомда уйинг остонасида хизматкорга гулларни узатарак, қанчалик шу чечакларга айланиб қолиб, инжа бармоқларинг орасида жон беришни орзу қилган бўлсам, бугун негадир шу қадар итга айлангим келди. Ҳа, ҳа, ит бўлгим келди.
Ахир сен орадан шунча вақт ўтиб, гул растаси олдидан қўлингдаги занжирга банд қилинган антиқа зотли итни етаклаб ўтиб кетган эдинг…
Мен яна тамом бўлдим…
Тан олишим керак: мен итларни ёқтирмайман. Бу олам яратилибдики, ҳеч қачон ҳеч бир одам зоти бу даҳри дунда ҳайвон бўлишни, айниқса, ит бўлишни орзу қилган эмасдир назаримда. Мен фақат бу дунё ҳақида гапираяпман. Аммо диний илмларда келгани сингари баъзи инсонларнинг охират ҳаётидаги ҳисоб кунида надомат ила “қанийди мен ҳам ҳайвон бўлсаму, тупроқларга қоришиб кетсам” дея орзу қилишлари бошқа масала. Ажабки, бу дунё биз идрокига ожиз бўлган нариги кўринмас дунёга ўхшамагани каби, бу фоний ҳаётдаги орзулар ҳам боқий оламдаги орзулардан фарқ қилар экан. Мени маъзур тутгайсан, бироз мавзудан четлашгандек бўлдим.
“Қанийди шу занжирга боғланган итга айлансам” дея ортингдан қараб хаёлим қочганини ёнимдаги растада гул сотувчи кампирнинг “Мажнуни соний” деган хира овозидан ўзимга келгач идрок эта бошладим.
Айбга буюрма, аммо мен чиндан ҳам шоир бўлганга ўхшайман. Нимани ўйласам, ичимдан ўшанга хос ва мос оҳанг қуйилиб келаверадиган ажиб бир ҳолатдаман, ёки қачонлардир ўқиганим, лекин моҳияти эътиборимдан соқит қолган қадимий манзумалар хотирамда жонланаверади. Мана, ҳозир ҳам сенга ичимдан ўтаётган туйғуларни ҳарфларга тизиб мактуб битаяпману хуросонлик машҳур шоирнинг гўзал ташбеҳлари ойинасида ўз сувратимни кўраяпман.
Юрак-бағридан вурғун шоир ўзини маъшуқа остонасида боғланган итга менгзатади. Худди менга ўхшаб (ёхуд мен унга ўхшагандек). Жиддан, у ўзини севгили даргоҳидаги ит каби кўради. Яна шундай итки, бўйнига солинган занжир унинг жон ипидан бунёд бўлган афтода бир ит. У ўз соҳибига жондан боғланган вафо намунаси. Занжирни узиб кетай деса, жони нақд қўлдан кетгучи бенаво ит. Ахир у занжир эмас, у кўринмас жоннинг вужуд оламидаги тажассуми, мазҳари, зуҳуроти.
Мен шоирдан ҳам кўра кўпроқ файласуф бўлгандекман. Йигирма ёшида минг йил яшаб қўйган файласуф бир чол.
Гап фалсафага бурилганда жаҳоннинг фотиҳи Искандар Мақдуний ва донишманд Диоген ўртасида бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушди. Бир замонлар биз ҳозирда устида турган шу тупроқларда, яъни, Анатолиядалик пайтида Искандар машҳур файласуфни кўргиси келади ва сарой аъёни ҳамроҳлигида унинг зиёратига боради. Файласуфни яна ўша ўзининг машҳур хилватгоҳида, яъни, кўза ичида топади. Диогеннинг бу ғарибона ҳолига раҳми келган ҳукмдор сўрайди:
— Тила тилагингни, эй донишманди даврон, мендан нима истагинг бор?
Диоген пинагини бузмасдан қатъий бир оҳангда шундай жавоб беради:
— Бошимга соя солма, бошқа эҳсонинг керак эмас!
Ҳукмдорнинг атрофидаги аркони давлат бу жавобдан ҳайрон қолишади. Файласуфнинг гапларидаги дақиқ ва чуқур маънони илғаган Искандар эса ёнидагиларга қараб шундай марҳамат қилади:
— Агар Искандар бўлмаганимда, Диоген бўлишни истар эдим!..
Мен эса шу тобда айтаманки, агар мен шу йигирма ёшимда ўттиз ёшли буюк саркарда ўрнида ўзини кўришликни орзу қилган Диоген бўлганимда, ёрнинг остонасида боғланган итга айланишни таманно этган бўлардим: “Агар Диоген бўлмаганимда, ит бўлишни истар эдим!..”
Бу узуқ-юлуқ ва паришон фикрларим сенинг инжа хотирингга заррача бўлса-да юкли келган эса, яна ҳам мени маъзур кўргайсан ва бу илтифотсизликни ўша минг яшар чолнинг болаларча истиғноси ўлароқ қабул этгайсан, эй жон йўлдошим…
Етти ёт бегонаси бўлганим бу маржон шаҳар мени бағридан қўйиб юбормаслик учун бутун ҳунарларини ишга солаётган афсунгарга ўхшайди назаримда. Бу мовий денгиз, заррин қумликларга туташ соҳиллар, елканли кемалар, оқчорлоқлар, зангор ўрмонлар узра юксалган мағрур тоғлар, кўзга кўрина турган нимаики бўлса, барча-барчаси менга ҳол тили ила сонки “бизни тарк этма, эй, ўткинчи борлиқ, эй, азиз йўлчи” дея илтижо қилаётган каби. Бу ҳам етмагандек, мана, ҳозир ҳам денгиз соҳилидаги қаҳвахона ичидан машҳур хонанданинг шу кунларда куйловчисидан-да машҳур бўлган мунгли қўшиғи эшитилиб турибди:
“Gitme, gitme, gitme, kal bu şehirde…”
Ўз туғилган тупроғимга қанчалик содиқ бўлмайин, тан олиб айтаманки, шу дамда, қайтариб айтаман, шу он учун мен бу сеҳрбоз шаҳарни тарк этишни хаёлимга ҳам сиғдира олмайман. Йўқ, бу шаҳарнинг менга қилган минг турли афсунлари сабабидан эмас, асло! Кета олмаслигимнинг бирдан-бир боиси шу лаҳзада оёқларимни босиб турганим шу тупроқларда сенинг изларингни борлиги, мен тўйиб-тўйиб нафас олаётган шу тоза ҳаводан сенинг ҳам баҳра олиб турганлигинг, кўзларимни тикиб ўтирганим шу юлдузли осмон остида сенинг ҳам мавжудлигинг, борлигинг, ҳаётлигинг… эй, ҳаётимнинг мазмуни борлиқ.
Маъшуқа остонасидаги занжирбанд ит жон ипини узиб кета олмаганидек, мен ҳам бу жон бирла ўйнашгучи сайёд шаҳарнинг афтода сайди каби унга боғланиб қолдим. Фақат сен туфайли, эй, аржуманд борлиқ. Сенинг шарофатинг ила, эй, содиқ ҳамдамим.
Тўртинчи Мактуб
ТУГАМАГАН ҚЎШИҚ
Сени танидиму ҳаётим бутун бошли бир қўшиқдан иборат эканлигини тушуниб етдим.
Охирги кунларда бир фикр тинмай бошимда чарх урадиган бўлиб қолган. Менинг ожиз тасаввуримча, бу дунё тарқоқ туйғулардан, сочилиб ётган ранглардан, паришон садолардан иборат каби… Абадият ошиғи бўлмиш Инсон эса, Шоир тимсолида тарқоқ туйғуларни назм ипига тизади, Мусаввир тимсолида мўйқалам ила сочқин бўёқларни турли сувратларда жонлантиради ва Муғанний тимсолида паришон садоларни мавзун оҳанг оқимига айлантиради. Шу тариқа, Шеър, Суврат ва Куй дунёга келади.
Кўринишда уч айри дунёдек идрокимизга хитоб қилган бу ҳақиқатлар, аслида, бир бутунликни ташкил этади. Шоир аслида Мусаввирдир, Мусаввир моҳиятан Муғаннийдир ва Муғанний зотан Шоирдир (ёки бунинг тескариси).
Бу фикрлар шунчаки ичимдан ўтган ва қоғозга тўкмагунимча менга тинчлик бермай келаётган паришон туйғуларимнинг тазаҳҳуридан бошқа нарса эмас. Бугун уларни сен билан баҳам кўргим келганидан мактубимни куй ва қўшиқ ҳақидаги ўз фалсафам билан бошладим.
Мен Абадиятни севаман, Сўнгсизликни яхши кўраман. Сўзимни аввалидаги туйғулар, кечинмалар айнан ана шу Абадият мавзусига дахлдор бўлгани учун ҳам мен уларни тўкиб солдим.
Абадият нимадир ўзи? Нима эмасдир Абадият?!. Биз киммиз бу фоний дунёда?.. Ўлим нима, Тириклик не?.. Бу саволлар билан сенинг ҳаёт нафаси уфуриб турган тоза қалбинг кулбасига кўланка солмоқчи эмасман. Асло, эй, борлиқ аталмиш нозик гул япроғига бир лаҳзага қўнган инжа капалак, асло! Сени инжитмайман, эй, Абадият Қўшиғи!
Кеча растада сисанбар гуллари ўралган эски, сарғайиб кетган бир газета парчаси қўлимга тушди. Чиққан санаси номаълум бу газета камида йигирма ёки ўттиз йиллик бўлса керак. Муҳими бу эмас, муҳими, унда келтирилган хабарлардан бирида ёзилишича, бундан юз йилларча аввал денгиз тубига ғарқ бўлган кемага тушган ғаввослар унинг ичидан қадимий бир сандиқ чиқаришибди. Сандиқ ичидан Машриқнинг ўрта асрларда яшаб ўтган шоири қаламига мансуб қўлёзма топилибди. Ажабланарлиси, уммоннинг шўр суви шунча вақт ичида қоғоз саҳифалари ва битикларга заррача ҳам зарар етказмаган. Китоб худди кеча ёзилгандек сақланиб қолган экан. Бу хабарни ўқиб, дорилфунунда ҳаяжон билан мутолаа қилганим бир фаранг адибининг “Самарқанд” китоби (агарда хотирам панд бермаётган бўлса, Амин Маалоуф эди муаллиф) ёдимга тушди: Асримиз бошларида инглизларга оид муҳташам бир кеманинг ҳалокатидан ҳикоя қилгучи бу асарда Нишопурлик чодир тикувчининг дунёга машҳур фарзанди, Мағрибда шоир, мунажжим ва алжабр билгини сифатида танилган алломанинг Самарқандга қилган саёҳати ҳақида сўз боради.
Зоҳирда бир-биридан йироқдек туюлган бу икки воқеани ўзаро боғлаб турган бир ҳақиқат бор. Менга мўъжизадек таассурот қолдирган жиҳати шуки, газета хабарида келтирилган қадимий қўлёзма фаранг адибининг китобидаги Машриқда “Ер юзининг сайқали” саналмиш шаҳарга саёҳат қилган алломанинг қаламига мансуб эди.
Мазкур китобда эътиборимни тортган яна бир воқеълик: Ўша қора кунда кема ўлим сафарига отланишидан аввал бахтиқаро йўлчилар ва уларни ўлим сафарига кузатиб бандаргоҳга келган оломон қаршисида нутқ ирод этган кема дарғаси анъанага кўра Британиянинг буюклиги ва шон-шавкатига ҳамду санолар ўқигач, гўёки унинг қудрати тимсоли бўлган кеманинг мустаҳкамлиги ва ишончлилиги ҳақида такаббур ва шаккоклик билан гапириб, “Бу кемани ҳатто Худо ҳам чўктира олмайди”, дейди.
Аммо бандаргоҳдан лангар кўтарган заволли кема ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, Халлоқи оламнинг яратиқлари ичида энг залили бўлган арзимас бир муз қоясига урилиб уммон қаърига равона бўлади.
Назаримда инсоният тарихидаги абадиятга дахлдор энг мудҳиш ва энг ёрқин ўлим-қолим намунаси шу бўлса, ажаб эмас…
Аслида биз ҳам баҳри фанода абадият сафарига чиққан йўлчилармиз. Сайёрамиз чексиз фазо уммонида вақт шамолига елкан очган кема мисол узоқ манзилга сафарини бошлаб бўлган. Бўронлар, тўфонлар, қасирғалар, тош ва муз қоялар… қиёматлар олдимизда. (Аммо биз бунинг фарқида эмасмиз…)
Мактубимни бундай ғамгин руҳ ва тушкун оҳангда тугатмоқчи эмас эдим. Нима бўлганда ҳам, биз ҳали тирикмиз ва шунинг ўзи буюк бир мўъжиза, тенгсиз бир саодат. Сендан чексиз миннатдорман, эй, тоза руҳ тимсоли. Сен менга яшашни ўргатдинг, куйлашни ўргатдинг, севишни ўргатдинг, эй, аввали бор, охири йўқ ҳаёт қўшиғи.
Бешинчи Мактуб
“АЙРИЛИҚ, АЙРИЛИҚ, АМОН АЙРИЛИҚ…”
Бугун Ватандан икки мактуб олдим. Севги оҳанглари, вафо сатрлари тўла иккита битик. Бири бу ерга келгунимгача илгари ўқиганим дорилфунун талабаси бўлган Ҳиндистонлик мусофир дўстимдан, иккинчиси бир босқичда таҳсил олганимиз юртдошимдан. Билмадим, менга ёзилган бу сатрларни борича сенга нақл қилишим қанчалик тўғри ёки ўринсизлигини… Аммо мени тўғри тушунишингни билганим учун ҳам сенга мактуб ичида мактуб битаяпман. Зотан бу мусофир юртда, бу бегона шаҳарда мени тинглай оладиган, дардларимга шерик бўладиган ҳеч кимим йўқ сендан бошқа, эй, ҳамдардим.
Ҳиндистонлик дўстим сўз аввалида менга мусофирлик юкининг оғир бўлишини эслатиб, “Мана, энди сен ҳам тупроқ соғинчи нималигини биладиган бўлдинг”, дебди насиҳатомуз. Мактубини ажойиб бир шеър билан якунлабди. Шеър мазмунан шундай:
“… мен ўлган эдим
илло ҳаёт берди унинг севгиси
жонсиз бир жасад эдим
унинг ишқи руҳдек кирди танамга
ва мен яралдим
ори, ҳабибларим
ул яздон эди
қалбимга тириклик муҳрини босган
ва ҳамон қалбимда яшайдир
ул азиз борлиқ
кун келиб лабларим еткайдир ўлим жомига
жонбахш бир шаробдан мен маст кетарман
фақат бир ўтинчим бор
ҳабибларим:
у кун Ганг бўйида
жонсиз жасадимни ёқмакдан аввал
суғуриб олинг-да ошиқ қалбимни
сўнг ўт қўйинг, майли
токим менинг жонсиз танамда
юрагимга қўшилиб ёнмасин севгим
кулга айланмасин ахир севгилим…”
Энди ижозатинг ила сабоқдош ҳамюртим йўллаган иккинчи мактубдан иқтибос келтирсам:
“… ушбу мактубни шодлик оҳанглари ила қишлоғимдан туриб ёзаяпман. Ёнгинамда офтоба қайнаяпти. Олов уни “кулдираяпти”. Тубсиз хаёл эса… Мен Сизни жуда-жуда қўмсаяпман. Ва бир нарсадан ғоят ўкинаман: уч-тўрт йил бирга ўқиб, Сизга қадрли бўлолмадим ва эслаб юришга молик ҳеч қандай яхшилик қилолмадим. Сиздан эса… Ғоят миннатдорман. Сизни унута олмайман… Менинг бу дўстона туйғуларимни ўз ҳолича тушунажагингизни биламан ва бундан мамнунман. Тақдирга, менга Сизни учраштирган ул нурафшон тақдирга шукрлар айтаман. Бу дунё латофатларидан бўлмиш мактубингизни олиб кўзларимга суртдим…
Мен Ватанда ватансизман, Сиз эса ватансизликда ватансизсиз. Менинг ҳаётимдан кўра Сизнинг ҳаётингизда қофия, уйғунлик кўпроқ. Сиз кетгунингизча дунёни идрок қилишда кимларгадир суянардим, энди эса… Албатта, Сизнинг кетувингиз тақдир зайли билан бўлди…
Ўқишни битиргач, менга яна оғир бўлади. Қишлоққа қайтишим, юрагимни, идрокимни тошга айлантиришим, маънисиз турмуш ва хароб кўнгиллар (“бахтдан хароб кўнгиллар”) ботқоқликларида чўкиш, энг ёмони, Сиздан ва Сиз нималарнидир илғатган “гўзал забон”дан жудо бўлмоғим мажбурлиги бор. Энг нафосатли нарса, энг умидли нарса – қандайдир узоқдаги бир Нурнинг бўлиши бўлса, мен ундан йиллаб масофада узоқлашаман…”
Биласанми, бу икки мактубдан қандай дарс олганимни?!. Ҳа, ҳа, бир қарашда арзимас кўринган шу икки мактуб менга икки жаҳонда сабоқ бўладиган ҳақиқатни яшатди. Бугун ўқиганим шу битиклардан англадимки, бу дунё айрилиқлар ва йўқотишлар дунёси экан. Унда инсон аталгучи бечора борлиқни бешикдан то қабргача ёлғизлик отлик кўланка таъқиб қилар экан. Аслан, бу ёлғизликни мен вафодор дўст деган бўлар эдим. Ахир, бир умр ёнимизда, ҳар қадам ва ҳар нафасда изимизда бўлган таъқибчидан ҳам вафолироқ дўст борми бу оламда?!. Дунё эса айрилиқлардан, жудоликлардан, хайру маъзурлардан, видолашувлардан иборат. Она қорни билан видолашиб, дунёга келамиз, сал ўтиб яна она бағрини тарк этиб, боғчага, боғча билан хайрлашиб мактабга, мактабдаги устозларимизга хайр-хуш айтиб, дорулфунунга, ҳарбий хизматга, ўқишга, ишга, сафарга… йўл соламиз. Хуллас, буларнинг бари айрилиқ ва жудоликларимизнинг турли шакл ва рангдаги зуҳуротлари эканлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳар бир қўйган қадамимиз бир йўқотиш, ҳар олиб чиқарган нафасимиз бир айрилиқ эканлигининг фарқига бормаймиз. Зотан, бу ҳаётга қўйган илк қадамимиз моҳият эътибори ила ўлимга (яъни, мутлақ айрилиққа) қўйилган илк қадам эмасми?!. Мен экзистентсиалист эмасман ва бу сўзларимнинг ҳар турли “изм”лар билан заррача алоқаси йўқ. Булар йигирма ёшимда, яшаганим, бошдан кечирганим, идрок этганим ҳаётий ҳақиқатлар, халос.
Бу икки мактубни ўқиб мен шу қисқа ҳаётимда илк маротаба қўрқувнинг ҳақиқий юзини кўрдим, жиддан, қаттиқ қўрқиб кетдим, ҳали топиб улгурмаганим борлиқдан мосуво бўлишдан, яъни, сендан жудоликдан, ҳузурингдан узоқлашишдан, сени йўқотишдан жуда ҳам қўрқдим, эй, мавжудлик гулшанининг тоза ниҳоли…
Не ажабки, инсон ҳамиша ёлғизликка маҳкум. Илло, бу ёлғизлик нисбий ёлғизликдир. Мутлақ ёлғизликнинг юкини кўтаришга ожизлик қилади инсон. Мутлақ ёлғизлик фақатгина Халлоқи оламга хос. Айрилиқ ва ёлғизлик олдидаги қўрқувимизнинг илдизи ҳам худди ана шу ожизликдан сув ичади, фикримча.
Сен мутлақ йўқлик ҳақида ҳеч ўйлаганмисан? Уни тасаввур қила оласанми? Болаликдан бир одатим бор эди: Баъзан ўзим билан ёлғиз қолганимда кўзларимни қаттиқ юмиб олардим ва “Бу дунё йўқ, одамлар йўқ, еру осмонлар йўқ, ҳеч ким ва ҳеч нарса йўқ”, дердим, кейин ўзимни ана шу улкан йўқлик ичида тасаввур қилардим-да… даҳшатга тушиб кетардим ва қўрқиб кўзларимни очиб юборардим. Бундай йўқлик ичида борлиқни тасаввур этишдан даҳшатлироқ нарса йўқ эди мен учун. Охири ўзимга шундай тасалли берардим: “Яхшиям йўқлик деган нарса йўқ! Яхшиям мен борман! Шукрки, Борлиқ бор!..”
Бугун эса шундай дейман: “Яхшиям дунё бор, яхшиям инсонлар бор, еру осмонлар бор ва шукрки, шу осмон остида сен борсан, эй, менга айрилиқлар дунёсида вуслат лаҳзаларини яшатган Абадият достони, шукрки, сен мавжудсан!.. ”
Олтинчи Мактуб
ЭНГ ГЎЗАЛ ДАРД
Дунёда энг ёмон кўрганим нарса ўзни очиб ташлаш, одамларга ўзни ифшо этиш – фош қилиш. Инсон қалби гўёки бир хазинадир. Дурру гавҳар, инжу ва маржон тўла сирли бир сандиқдир сонки. Мен бу хазинанинг очилишини асло ва асло истамаган бўлардим. Уни дунёлардан қизғанаман, рашк қиламан даҳри дуннинг оч назаридан. Бу ҳол балким фитратимдаги яширинликка мойилликдандир, билмадим…
Дарди йўқ одамдан қўрқиш керак, дейишади. Балким ҳақлидир буни айтганлар. Дарди бўлиб туриб, уни ҳар кимга ошкор қила берадиган кишиларни ҳам ёқламаган бўлар эдим мен.
Мен дардимни қизғанаман. Дардимни ҳеч кимга ишонмайман. Уни фақат икки борлиққа ишонаман: Қаршимдаги ойинага боқиб унда кўрганимга ва самога қараб унда кўра олмаганимга ишонаман дардимни…
Аммо бугун бу эътиқодимга қарши ўлароқ, мен кўнглимни оча бораяпман, қўлимдаги қаламнинг синиқ ранглари ила вафосиз ҳарфларга тизиб, фош қилаяпман дардларимни. Ва ўзимга хиёнат қилаётган каби сезаяпман ўзимни.
Аслида бизни ўраб турган жонли ва жонсиз (гарчи жонсиз нарсанинг ўзи йўқ табиатда) ҳамма нарса ўзини очишга, фош этишга ҳаракат қилади. Балким бу ҳар бир хилқат ёки нафснинг ўзлигини исбот этишга бўлган эҳтиёжидандир. Мана, ҳозир табиатни ўз ҳукмига олган мезон ойи ҳам ҳорғин нафасини уфуриб, яқиндагина ям-яшил ҳаёт ранги ила музайян бўлган оғочларни заъфарон ва алвон тусларга бўяб, қадамларимизга узгун япроқлардан ҳазин ғазаллар сочарак, ўзининг борлигини, мавжудлигини кўз-кўз қилаяпти. Фасллар эркаси бўлмиш баҳор ҳам анвойи гуллар билан, гулғунчалар гўзал рангу ифори билан, майсаларни ҳар ён тебратгучи шамоллар насими билан, ой ва юлдузлар қуёшдан олганлари меҳрни зулмат ичра ўзида акс этиш билан, булоқ қайнаб-тошишлик билан ўз борлигини намоён қилади.
Бир ҳадиси қудсийда ўқиганим, ҳатто ва ҳатто ўн саккиз минг оламни яратган тенгсиз, ўхшашсиз ва шериксиз буюк Парвардигор ҳам: “Мен яширин бир хазина эдим. Билинишни ихтиёр қилдим ва мавжудотни бор этдим”, дея марҳамат қилиб турганда, биз ожиз ва ночиз яратиқлар дардимизни яшириб қайга ҳам борардик.
Шу ҳақиқатни идрок этиш қалбимда бош кўтарган туғённи тиндириб, руҳимга таскин бағишлади. Ўз қаноатимга нисбатан қилганим бу хиёнатни табиий ҳол ўлароқ қабулландим…
Мен бугун бутун вужудим билан сени яшаяпман, идрок этаяпман, бошдан кечираяпман, ичимдан ўтказаяпман… Сени яшаяпману яшаш, ҳаёт отлик бу неъмат бизга жонимизга, руҳимизга, умримизга бадал сифатида берилганлигини англай бошлаяпман.
Бевафо дунё, даҳри дун, чархи кажрафтор, дея минг йиллардир шикоят билан келиб, надомат билан ўта турган инсон аталгучи хилқатнинг, шу ўткинчи йўлчининг бу доду фарёдларининг сабабини энди тушунаяпман.
Дарҳақ, вақт аёвсиз, дунё шафқатсиз, чарх бизга тескари ҳаракатда. Биз бир ожиз майса кабимиз. Эрта баҳорда нам тупроқдан бош кўтариб чиққан инжа майсани яшнатгучи нима? Албатта, меҳрибон деб билганимиз қуёш! Найсон қуёши жонбахш нурлари билан майсага ҳаёт беради, уни яшилга бўяйди, ундиради, яшнатади, чечак очдиради ва… Ва яна айнан шу қуёш отлиғ қаттолнинг ўзи бир кун келиб саратон авжидаги жаҳаннам тафти ила бу нозик майсани аввал чанқатади, кейин сўлдиради, қурита бошлайди, қовжиратади ва йўқликка тарк этади. Бир пайтлар ҳаёт қўшиғини айтиб, меҳригиёси билан майсани яшнатган нур энди унга жаноза ўқийди, орқасидан марсиялар айтади!..
Ай, бевафо дунё!
Ай, даҳри дун!!
Ай, чархи кажрафтор!!!
Бундан ортиқ нима ҳам дейиш мумкин?!.
Ҳали сенга, ҳар бир жон ёки жонсиз хилқат ўз мавжудлигини исботлашга, кўз-кўз қилишга интилади, дегандим. Биз жондан яхши кўрганимиз ва ҳеч қачон яшаб тўймаганимиз Ҳаёт отлик ҳақиқат-чи? У ўз борлиғини қандай билдиради? Нима билан исботлайди мавжудлигини? Ким билади?!.
Мен сенга айтсам, Ҳаёт ўлим билан исботлайди ўз борлиғини! Бу оламда ҳамма нарса ўз мавжудлигини турли шакл, ранг ва манзардаги ҳаётий ҳақиқатлар билан зоҳир қилса, фақат ва фақат Ҳаёт деган борлиқ ўз мавжудлигини ўлим билан, яъни, йўқлик билан изҳор этади.
Ўлим ва йўқлик тириклик оламининг қулоғига шивирлаган сассиз, садосиз бир насиҳатдир. Бу насиҳатни тинглаганлар, уни идрок этганлар, уни яшаганлар асло ва асло ўлмайдилар.
Менга бу туйғуларни яшатганинг ва шу билан ҳақиқий ҳаётнинг жамолини кўришни насиб этганинг учун сендан тоабад миннатдорман, эй, азиз ва муборак борлиқ!..
Бугун бу оламда мендан бахтлироқ инсон йўқ. Гарчи шу ондан эътиборан бутун дунёга фош этилган эса-да, яширин ва яширинлиги учун ҳам гўзал бўлган дардим бор мени. Мен бу дардни жонимдан ортиқ кўраман. Дунёлардан қизғанаман. Оламларга алишмайман. Бу гизли хазинамнинг, шу яширин ва дилбар дардимнинг исми – Салмо, ҳа, ҳа, Салмо…
Менинг дардим ва шу билан бирга ёлғиз ҳамдардим бўлган Гулхонанинг гул қизи – Салмо!
Еттинчи Мактуб
“МАВЛОГА ЭЛТАР ЙЎЛ…”
Шунчалар ҳам паришон бўладими инсон навқирон ёшида? Ёки чиндан ҳам минг яшар чол бўлдимми мен?!.
Ўша найсон оқшомида мендан гул харид қила туриб, улар роса ўн саккиз даста чиққанини ажиб мўъжизага йўйган олийжаноб зот нима учун шунчалар ҳаяжонланиб кетганига эътибор ҳам қилмаган эканман мен ҳардамхаёл. Шу қадар ҳам бўлиши мумкинми?!.
Эртаси кун оқшом чоғи гул бозоридан қайтаётиб Гулхона кўчасидан ўтар эканман, яшил дарвозали уйга яқинлашганимда бир тўп шўх-шодон қиз қийқирашган кўйи қўлларида гулдаста ва ширинликлар билан орқамдан келиб, мендан илгарилаб кетишди. Бир оз юргач ҳаммалари бирдан тўхтаб менга юзланишди:
— Афандим, шу ерликмисиз?! – деди улардан бири ва жавобимни ҳам кутмасдан, – айтолмайсизми, Салмонинг ҳовлиси қайси бири?
— Ана, у яшил нақшинкор панжарали уй, – дедим мен худди бу ерни беш қўлдай биладиган одамдек.
— Ташаккур, афандим, – деган бўлиб чопқиллаб кетишди ҳур қизлар.
Ўшанда ҳам тушуниб етмаган эканман. Бунинг ўрнига қизларнинг “Афандим”, дея мурожаат қилганидан негадир кўнглим ранжиган бўлди. Яхшиям амаки ёки бобо дейишмади. Ўзи ҳам йигирма ёшимда уларга қирқ яшардай туюлган бўлсам керак…
Ётоқхонага келиб сен ҳақингда ўйлай бошладиму, шундан кейин бу қурғур минг яшар миям ишлаб кетди. Шундагина тушундим бугун сенинг туғилган кунинг эканлигини ва сен бу кун ўн саккиз ёшга қадам қўйганингни…
Эҳ, бу хаёл, бу паришон хотир…
Туни билан ухлолмай чиқдим. Илондек тўлғониб чиқдим. Ўзимга маломатлар қилиб чиқдим.
Энди ишлашдан тўхтаб қолган миямда фақатгина қачонлардир ёдлаганим бир жуфт манзум мисра айлана беради, айлана беради…
“Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадир
Не ажабким, сарвинозим ўн сакиз ёшиндадир”
Менга нима бўлди? Мен далли, мен девона наҳотки, ақлимдан айрилаётган бўлсам? Ё, Парвардигор!..
Ўн саккиз минг оламнинг ошуби, ғавғоси, қора савдоси сенинг эмас, менинг бошимда чарх урар эди гўёки…
Ўшанда жиддан ўзимни йўқотган эканман. Мана, энди орадан шунча ойлар ўтиб, сокин куз оқшомида Гулхона хиёбонидаги ҳовуз бўйида юлдузли самога тикила туриб ўзимни англаяпман. Ўзимни топгандай бўлаяпман. Катта бир йўқотиш эвазига топаяпман ўзимни.
Бугун бозорда бир пайтлар менга “Мажнуни соний” деб лақаб қўйган Гулхоналик гулчи кампир ғариб бир боқиш ила кўзларимга қараб маъюс оҳангда:
— Кеча Салмони касалхонага олиб кетишди. Боғчалиэвлардаги касалхонага ётқизишди, – деди.
— Нима бўлган экан? – дедим секин кампирга яқинлашиб. Ичимдан ўтаётганни ҳеч кимга сездирмасликка уринардим.
— Билмасам, бир оз мазаси қочганмикан, – шундай дея суҳбатдошим янги келтирган гулларидан даста ясашга тушиб кетди. Юрагимдан бир парча узилиб кетгандай бўлди. Вужудимни совуқ тер босарак, дунёи дундан совий бошлаган кўйи қўлим сира ишга бормай қўйди…
Мен шунда сездим Салмо эмас, сен мен учун Лайло эканингни. Менга “Мажнун” лақабини берган кампир минг бора ҳақли экан.
Шу дамда тун рангидаги кўл бўйида ўтириб сени қўмсаяпман. Мажнундан фарқим қолмаганлигини ҳис этарак қўмсаяпман Лайлойимни. Эй, менга ўлимни яшатиб, ҳаётга ўргатган ва абадият оламига кўзимни очган беҳамто борлиқ, сендан айроману яна сен биланман. Сен билан нафас олаяпману сени қўмсаяпман. Худо ҳақи, сени ўзим учун эмас, нафсим учун эмас, Худо учун яхши кўрдим, кўзим-бошим устида тутдим, сен учун севдим сени…
Шайхи Санъон бўлиб, ишқ ёбонида сарсон кезинмадим, Мансури Халлождек дор оғочида ёр васлига эрмадим, ёхуд Насимий каби аҳли олам теримни тилкаламади, аммо… Аммо сен қалбимда пайдо этган зиё туфайли сени Худо учун севдиму, Унга бўлган ишқим, муҳаббатим минг чандон алангаланди, жилваланди, ёғдуланди, ишон менга, эй, нуроний борлиқ…
Кўкда ой балқиб турган бу ёруғ мезон тунида ошиқлар айтмоқчи: “Мавлога элтар йўл Лайлодан ўтар…” деган минг йиллик ҳикматнинг ҳақиқатига етган бўлдим сен сабабли, эй, менинг мангу ҳақиқатим, кўнглим ёбонининг Салмо отлиғ оташ Лайлоси, сенинг иноятинг ила.
Сўнгги Мактуб
“ГУЛ КЕТАР БЎЛСА ГУЛИСТОН ИМРАНАР”
Ўша куни бошимга дунёлар йиқилди!..
Ўтган баҳор мавсумининг найсон оқшомида келиб, набирасининг туғилган кунига гул харид қилган нур юзли олийжаноб киши бу кун, ҳали мезон торлари ҳавони тарк этиб улгурмаган куз чилласида мендан жаноза учун гулчамбар ясаб беришимни сўради. Бир пайтлар гулларимнинг ҳаммасини олиб, жонимга оро кирган саховатли зотга қанчалар ташаккур этсам ҳам кам деб билардим. Шу онда унинг қора кўзойнак ортидан ҳам сезилиб турган меҳр ва қайғу аралаш нигоҳидан энг яқин ва қадрли жигарбандидан жудо бўлганлигини ич-ичимдан ҳис қилардим, аммо…
— Бош устига, жаноб, мана, бошладим, – дедим зўрға овозим чиқиб ва ишга туша кетдим.
— Ўғлим, қанчада тайёр бўлади? – сўради халоскорим.
— Ўн беш-йигирма дақиқада, – дедим ҳозиржавоблик билан.
— Унда ярим соатдан кейин одам юбораман, агар малол келмаса, у билан биргалашиб гулчамбарни эшигимизгача олиб борсанг, лутфан, ўғлоним, – деди-да чуқур бир уҳ тортиб давом этди жаноб:
— Ҳа… гулчамбар атрофига сисанбар гулларидан ўн саккиз даста қилиб, тизиб чиқ, отам…
Менга зорлангансимон қараб, “Отам” деган сўзи юрагимни пора-пора қилиб ташлаган эди. Аввалига унчалик шубҳаланмаган бўлсам ҳам, бу сафар “Ўн саккиз даста сисанбар гули” ҳақидаги истаги мени даҳшатга солди: Наҳотки, қўрққаним бошимга келди?!. Миямга келган илк фикрни қанчалик қувиб солишга уринмай, бу қаттол фикр бир лаҳза ҳам мени тарк этмас бўлди. Берилган топшириқ билан ўзимни овутишга ҳаракат қилишдан бошқа чорам қолмаганди. Қани эди фойдаси бўлса?!.
Ярим соат ярим асрга чўзилгандек эди назаримда… Ҳозир бўлган гулчамбарни растадан олиб ерга қўя турганимда олийжаноб зот гулчамбар учун юборган одам кўриниш берди. Ўн саккиз даста сисанбар гуллари билан оройиш берилган гулчамбарни авайлаб кўтарганча икки киши Гулхона кўчаси томон йўлга тушдик. Иккимизнинг сукутимиз шовқин-суронли дунёни ҳам бутунича ютиб юборгандай, уни мотамга ғарқ этган каби эди сонки. Қачонлардир бир олам чечакни қучган кўйи қушдек учиб, манзилга қандай етиб борганимни ҳам пайқамаганим кўчадан энди жаноза гулчамбарини кўтариб бемажол судралиб бораяпман илон мисоли…
Юз қадамлик йўлни юз йилда босиб ўтгандек ҳорғин бир ҳолатда яшил дарвозали уй остонасига келганимизда мен ўзимни қўлдан бериб бўлган эдим. Ҳали гап нимадалигини билмасдан бу кўйга тушган эсам… Остона ҳатлаб ичкарига кирганимизда ҳовли саҳнидаги тумонат одамлар орасидан ўтиб, усти яшил матоҳ билан ўралган тобутга яқин жойга тизиб чиқилган гулчамбарлар қаторига келтирганимиз гуллар дастасини қўйдик. Мен девоналардек нима қилишни ва қайга боришни билмай гангиб қолган бир аҳволда яна ўзимга бўйсунмай қўйган жонсиз оёқларимни судраб дарвоза ёнига келдим. Ва ҳозир тақдири ҳал бўладиган маҳкум маҳкамадан сўнгги садони кутгани мисол мен ҳам яшил дарвозага суянганча қазо ва қадар ҳукмига топшириб бўлдим ўзимни. Шу ҳолда қанча туриб қолганимни билмайман…
Бир пайт уй ичидан қора либосга бурканган қора кўзойнакли олийжаноб кишининг мен турган томонга келаётганини кўриб, ўзимни бироз қўлга олган бўлдим. Ёнимга келиб қўлимни сиққанча: “Ташаккур сенга, йигит болам”, деди-да, қайрилиб тобут қўйилган жиҳатга юрди. Мен ҳозирлаган гулчамбар ёнига борди ва қўйнидан узун ингичка қилиб кесилган қора матоҳни чиқариб гулчамбар атрофига айлантириб ўраб чиқди. Мотам рангидаги сим-сиёҳ бу матоҳга оппоқ ҳарфлар билан битилган ёзувни зўрға ўқишга уринардим:
“Гул ёшида боғимизни тарк этиб, бизни доғда қолдирган ҳур набирам С….га бахтиқаро бобосидан…”
Куни кеча мени Мажнун деб чақирадиган гулчи кампирнинг совуқ хабаридан (У қулоғимга секин пичирлаб: “Салмонинг аҳволи жиддий, саратонга чалинган экан” деганди) кейин ўзимни қўярга жой тополмай қолган эдим. Туни билан кўзимга уйқу келмай, ётоқхона атрофида ойпарастдек кезиб, юлдузларни санаб чиққанимда ичимдан нималар ўтгани фақат Худога аён. Бугун эса мана бу кўргулик…
Менинг шундоқ ҳам кемтик бахтимни ўз рангига бўяб ҳаётимни остин-устун қилган зулмат тусли матоҳдаги оқ ёзувли исмнинг бош ҳарфига кўзим тушди-ю… адойи тамом бўлдим…
Энди жиддан бошимга фалаклар қулаган эди…
Идроким, сезгиларим, туйғуларим ва яна нимага молик бўлган эсам, ҳаммаси тарк этди кетди мени. Мен ўзимдан кечдим… Еру осмонлар, шаҳарлар, инсонлар, кўз, қулоқ ва жамики ҳис-туйғуларга хитоб қилган нимаики бўлса, ҳаммаси йўқликка айланди бир лаҳза ичида. Бу улкан ва мудҳиш йўқлик ичида охир мен ҳам йўқ бўлдим..
Илгари йўқликдан қанчалик қўрққан эсам, энди шу қадар йўқликка ишқим тушди, унга боғландим, ошно бўлдим. Баданини тарк этган ҳорғин жон мисоли сендан айро тушдиму, бу йўқлик саҳросида, мосуво ёбонида телба руҳдек сарсон-саргардон кезишни бошладим…
Зангор қаболи тобутингни кўтариб яшил дарвозадан чиқа турган одамлар орқасидан ломакон руҳдек эргашгач, қандай қилиб Эминўну бандаргоҳига келиб, қай тарзда вапурга миндим, қайси ҳолатда Босфорни кечиб, Ускудар қабристонида пайдо бўлганимни эслай олмайман ҳозир мен девона…
Оппоқ матоҳларга ўралган гул баданингни совуқ қабрга қўйиб, устингга қора тупроқ тортишлари билан менинг қотган дийдаларимдан қаторлашган кўзёшим ёмғирига осмонларни мотамга буркаган булутлар ҳам жўр бўлдилар. Ёмғир ёғди, ёға берди… Ёмғирлар ёғдилар, ёға бердилар, ёға бердилар…
Ўзимга келиб, кўзимни очганимда бошим узра туриб нималарнидир пичирлаётган нур талъатли нотаниш мўйсафидни кўриб, аввалига ҳеч нарсани тушунмадим.
“Ўзингга шукур, ё, Қодир Эгам, Ўзингга шукур…” дея тинмай дуо қилаётган мўйсафид бошимни силаб:
— Тур, арслоним, кўзингни оч, мана бу чойни ичиб ол, — деб менга узатгани финжонни қўлга олдим-да қайноқ ширин чойни тез-тез ича бошладим.
-Эрталаб нонушта қилмаган бўлсанг керак, айтишларича, кўнглик беҳузурлик қилиб, ҳушингдан кетибсан, — деди меҳрибон мўйсафид менга жилмайиб.
Шунда икки кундан буён туз тотмаганим эсимга тушиб, ўз-ўзимга раҳмим келиб кетди.
— Чарчаган бўлсам керак, ота, — дедим сир бой бермай.
Мўйсафидга ташаккур билдириб, ётоқхонага қайтиш илинжида ташқарига чиқишга чоғланар эканман, “Ўғлим, мана буни ол, қора кўзойнакли жаноб сенга бериб қўйишимни сўради” дея менга бир даста пул узатди.
Лолу ҳайрон бўлиб, беихтиёр пул дастасини олдиму, қабристон қаровулининг кичкина, аммо шинам кулбасидан чиқиб оҳиста Ускудар бандаргоҳига томон йўл солдим…
Сен чин дунёга сафар бошлаганинг ўша ёмғирли кун ҳам ортда қолди. Бугун сендан айро тушганимнинг еттинчи куни. Мана, яна сен ёқтирган сисанбар гулларидан бир қучоқ кўтариб қабринг бошига келдим. Сенга ёзганим мактублар битилган дафтарни ҳам ўзим билан олдим. Билсанг, аслида бу мактублар ҳеч қачон зарфга солиниб, сенга юборилмаслигини, дарду аламларга тўла сатрлардан иборат шу битиклар ҳеч қачон қўлингга етиб бормаслигини ич-ичимдан сезар эдим. Балким бу бахтсиз мактубларни сенга атаб ўзим учун ёзгандирман. Бу тушкун руҳли ҳарфлар тизимига ҳеч қачон нигоҳинг тушмаган бўлса-да, шу дам арши аълоларда туриб, мен яшаган қоғозга кўчган ва кўчмаган барча туйғуларимдан, розларимдан, сирларимдан воқиф ва хабардор эканлигингга чин кўнгилдан ишонаман, эй, аъло руҳ соҳиби. Бугун замиримда бор-йўғимни тўкиб солганим қалбим варақларидан иборат бу аржуманд дафтарни қабрингни бир четига кўмиш учун олиб келдим ҳузурингга. Ишонаманки, устига тупроқдан ёпинчиқ тортажагим бу битиклар асло ва асло чиримайди. Бир шоир: “Қўлёзмалар ҳеч қачон (ўтда) ёнмайди ва куймайди” деганига иловатан айтаманки: “Мактублар ҳеч қачон чиримайди ва йўқ бўлмайди”.
Оҳларимдан оташ чиқажак шу дамда қабринг бошида бошимни қуйи солиб ўтирган кўйи фақат бир нарсани истаяпман: Биласанми, нимани?!. Тупроққа айланишни, ҳа, ҳа, хоки туробларга эврилиб қолишни истаяпман бутун борлиғим билан… Қора тупроқ эмас, қанийди мушку анбар, уди муаттар анқиб турган пок тупроққа айлансаму, Гулхонанинг гул қизи – садаф руҳли Салмонинг гул баданини (мазорда эмас) бағрим гулистонида олиб ётсам қиёматга қадар…
Ай, умр чечакларини хазонга айлантириб, иссиқ жонларга тўймаган совуқ тупроқ, наҳотки, дунёдаги энг охир тилагим сенга айланишни таманно этишликдан иборат бўлса?!. Бугун мен сендан балки сўнгги бор шикоят қилаётгандирман. Одам Ато мавжудлик қайдига тушган “Базми Аласт” онидан бошлаб, минг йилларки давом эта турган Шикоятга бугун мен нуқта қўймоқчи бўлаяпман ўз шикоятим билан:
Ай, бевафо дунё! Ай, золим фалак! Ай, ўз фарзандларини ундириб, ўстириб, айни ҳаёт авжида домига тортгучи раҳмсиз қаро ер!.. Бугун мен сиздан шикоятчиман…
Мен ожиз, мен нотавон қандай ҳам шикоят қилмай?!. Кўзимнинг нури бўлган, жону жаҳоним йўлида фидо бўлгуси, оламларга раҳмат сифатида келган буюк Пайғамбарим (Парвардигорнинг саломи ва салоти Унга бўлсин) бир замонлар азиз бошига ёғилган кўргуликлардан шикоят этиб: “Эй, кошки, мени онам дунёга келтирмаса эди…” дея нолиганида, мен ким бўлибман нафасимни ичимга ютиб?..
Эҳ, Салмо, Салмо!..
Дарвоқеъ, сенга бир янгилик: Ўша куни ҳушимни йўқотганимда, мени кўтариб қабристон қўриқчисининг кулбасига ётқизиб кета туриб, бобонг қолдирган бир даста пулга ўзимнинг гул сотиб йиққан маблағимни қўшиб, кеча она юртимга қайтиш учун кемага чипта олдим. Эрта тонгда сафарим қариб йўлга тушаман. Истанбулдан Батумига, у ердан Озарбайжонга, кейин яна кема билан Ҳазар денгизи орқали Туркман элига, у ёқдан “Қайдасан, кўҳна Бухоро?!” дея пойи пиёда йўл чизаман…
Бугун яна бир марта сен билан видолашиш учун келдим ҳузурингга, эй, мўътабар борлиқ. Мен энди кетаман бу ерларга қайтмас бўлиб… кўзимда кичрайиб улгурган бу бенаво шаҳарда гулсиз қолган Гулхонани тарк этиб кетаман…
Йўқ, йўқ, адашдим, биз кетамиз, ори, ҳабибим, Биз – яъни, Сен ва Мен, иккимиз Бирга кетамиз. Ахир, Сен мендасан, менинг ичимдасан, жисму жонимда, руҳи равонимдасан, эй, кўксим Гулхонасининг навқирон чечаги, Сен сўлмагансан, Сен ҳамиша тириксан!!!
Қалқ, жоним, тупроқ ғубори теккан оқ, ҳарир қабоингни қоқиб ташла-да, юр мен билан, энди кетамиз.
“Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан…”
Истанбул, 1994 йил.
Манбаъ: http://ijodkor.com/