Jo’raxon Sultonov. Unutilmas ohanglar & Hamid Ismoil. Men sevgan ashula

Ashampoo_Snap_2017.06.10_14h53m40s_004_.png   29 январ — Ўзбекистон халқ ҳофизи, бастакор Жўрахон Султонов (1903-1965) таваллуд топган куннинг 120 йиллиги

Жўрахон Султоновни умримда ҳеч кўрмаганман. У пайтда телевизорлар энди кира бошлаган, мен билган тўйларга эса ҳофиз бормаган, чамаси. Лекин радиода роса эшитганман. Ундан кейин — бу ҳофиз ҳақида тасаввурим жуда кучли…

Ҳамид Исмоил
МЕН СЕВГАН АШУЛА
Эсседан парча
09

2e688f62f17b2f747ea8bb25d74e9fa9.jpg    Жўрахон Султонов  (1903.29.01 Марғилон — 1965.19.10) — хонанда, бастакор, Ўзбекистон халқ ҳофизи (1939). Кенг диапазонли, кучли, юмшоқ хирилдоқ ва дардли овоз соҳиби. Хонандалик сабокларини илк бор отасидан олган, кейинчалик Мадали хофиздан ялла йўлларини, Болтабой Ражабов, Маматбува Сатторовлардан катта ашула, Содирхон ҳофиз, Мулла Тўйчи ҳофизлардан мақом йўлларини ўзлаштирган. Дастлаб халқ тўй-сайиллари, чойхоналарда хизмат қилган.
1926 й.дан М. Қориёқубов раҳбарлигидаги Ўзбек давлат концерт-этнофафик труппасига катнашган. Марғилон (1928—32) ва Тошкент (1932—36 ва 1940—58) театрларида, Ўзбек давлат филармонияси (1936—39), Ўзбекистон радиоқўмитаси (1950—58)да яккахон хонанда. Мукимий театрида Парфи ҳофиз («Тоҳир ва Зуҳра»), Норқўзи («Нурхон») каби ролларни ҳам ижро этган.
Жўрахон Султонов  халқ орасида «катта ашула пири» номини олган, шунингдек, яллалар устаси, аскиячи сифатида ҳам танилган. Шогирди М. Узоқов билан 25 йилдан opтик, ҳамнафаслик қилиб, ўзига хос талқин йўлини яратган. Репертуаридан «Ушшоқ» ва «Содирхон Ушшоғи», «Дугоҳ Ҳусайн», «Беш парда Сувора» ва «Савти Сувора», «Ҳануз», «Чор зарб», «Чаман ялла» каби мумтоз ашула ва яллалар, «Боғ аро», «Шафоат», «Хайрул башар», «Отга миндим» ва б. катта ашулалар урин олган. У ўзбек халқ куй ва усуллари асосида бир қанча ашулалар ижод қилган. «Найлайин», «Ўлмасун» (Навоий), «Келинг, эй аҳбоблар» (Фурқат), «Бир қадаҳ» (Чустий), «Мубталоман» (С.Абдулла), «Минг қадам» (Ҳабибий), «Бир келсин», «Эй дилбари жононим», «Оҳким» каби катта ашулаларни чолғу жўрлигида ижро этиб янги услуб яратган. С. ижролари Ўзбекистон радиоси ва Санъатшунослик ин-ти фоножамгармаларида сақланмоқда, бир неча граммпластинка, аудиокассета ва компакт дискларга ёзилган.
Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000). 1997 й.дан Марғилонда С. ва М. Узоқовлар номидаги Республика хонандалар танлови ўтказилмоқда («Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси»дан).

09

Олтмишинчи йиллар. Карнайлардан янграган жўшқин ашулалар, Ботир Зокиров, «Пахтакор» футбол командаси: Геннадий Красниокий, Биродар Абдураимов, Ҳамид Рахматуллаевлар… Меҳнат қаҳрамонлари: Любовь Ли, Ризвон Чки, Валентин Тюпко. Лекин гап ўзбек ашуласи ҳақида.

Урушдан кейин инсонлар қайта оддий ва одил қадриятларга қайтган чамаси, ё болалигимиз кўзларими, ҳеч кимнинг кўнглида гарду ғараз йўқ. Тўйларни айтмайсизми? Тўйларга юртнинг энг пешво ҳофизлари келишади. «Эшитдингизми, фалончиникига Жўрахон Султонов келипти, фистончиникига Маъруфхўжа ҳофиз, учинчиларникига эса…»

Ҳа, Маъмуржон Узоқов ҳақида айтиб берай. Қўштут билан Қорасарой маҳаллалари орасида бир узоқ тоғамиз турар эди, йилда бир — катта бувамлар қариндошларини йўқлаб, чевараларини олиб бирма бир улардан хабар олиб чиқар эдилар. Ана ўша тоғамизникига ҳам тушиб юрар эдик. У пайтлар Калковуз ариғи — бир азим дарё, қишлоқдан келганларида бизга: «Сувига қарама — суви тортиб кетади», — дер эдилар оппоғ-бувам.

Тоғамнинг ҳовлилари эса — токзор — қатор-қатор ишкомлар. Узумларни айтмайсизми — хусайнию сояки, қирмизкаю, чарос — ишкомларнинг остидаги сўрилардан қўл ҳам узатмайсан, оғзинг билан узумвошининг томиб турган бир чекасидан чирс этиб узиб оласан…

Ана ўша тоғажонларимникида тўй бўладиган бўлиб қолди. Катталар ғала-ғовурга тушиб қолишди: «Ким келар эмиш — Маъмуржон Узоқов келар эмиш». Ким экан бу Маъмуржон Узоқов. Ўз қариндошларимнинг исмидан ўзга биргина исмни билар эдим — у ҳам бўлса қизил рангга бўялган — Красниокий номини. Иккинчи билган номим Маъмуржон Узоқов бўлди. Ким экан ўзи бу — бутун оиламизни — бувимнию, опамни, холамнию, тоғаларимни типирчилатиб қўйган киши?

Ахир ҳафта битиб шанба куни ҳам келди, пешиндан кейин ҳаммамиз йўлга отландик. Бекатга чиқиб олтмишинчи рақамли кичкинагина, эшиклари бир ялтироқ темир хода билан очиладиган автобусга чиқдик. Оҳ, бу бекатларнинг номи: Каганович, Киров, Охунбобоев, шланба ва ниҳоят Қўштут! Калковуз бўйлаб ҳовлига етиб бордик. Кеч ҳам тушиб қолган эди. Бояги ишкомларнинг тагларига юзлаб меҳмонлар учун жойлар тайёрланган, лов-лов чироқлар осиб қўйилган. Давра қизий бошлаган — даврада аскиячилар осмону заминни бузиб хохолаб ётишарди. Ёшлигимдан ҳеч нарсани тушунмасам-да, ҳали ҳали ҳам эсимда: «Фалончи, сиз «Пабеда» мошина олибсизми, ану куни номирини кўриб қолувдим — орқасига «ЭЧ» деб ёзиб қўйибдими?» — «Ха-ха-ха-ха!» Иккинчиси унга жавоб беради: «Йўқ, «Победа»мас, эски «Москвич»им эди, ҳарфлари ўчиб, олдида фақат «Э» дегани қолган…» Гулдурос қаҳқаҳа!
Ўзимча ҳайрон бўламан, шу эканми Маъмуржон Узоқов деганлари. Катталардан сўрайман. Катталарнинг қулоқлари динг — ҳалақит берма — дегандек қўл силтаб қўйишади. Кейин орага найчилар тушишади, сурнайчилар, ғижжакчилар. Бу пайт эса — бир мохора шўрва, бир хасип, бир ош тортилиб туради. Кун бўйи толиққанимданми, бу овқатларнинг мўллигиданми, мусиқанинг элитганлигиданми, кўзим илина бошлайди. Кимнингдир тиззасида мудрай бошлайман. Элас-элас хаёлимга: «Маъмуржон Узоқов қачон келар экан?» — деган фикр чалинади-да — мусиқага йўғралган ширин-ширин тушлар билан аралашиб кетади.

Эй сабо, ҳолим бориб сарви ҳиромонимга айт,
Йиғларимининг шиддатин гул барги хандонимга айт.

Эртасига ана ўша ишкомларнинг тагидаги бир супада кўрпалар остида уйғонаман. Биринчи хаёлим — Маъмуржон Узоқов келдими-йўқми? Катталар ҳали донг қотиб ухлаб ётишибди. Юрагим орзиқади — қачон туришар экан булар деб. Ниҳоят катталар ҳам бирин кетин уйғона бошлашади. Чой тортилади, қанд-қурс, мен ҳам одобли болакай эмасманми, энди ниҳоят гапга қўшиламан-да, юрагимни ёриб юбораёзган саволимни суриштираман. Маъмуржон Узоқов келдими йўқми? Ҳамма кечаги аскиядек гулдурос кулиб юборади. Мен эса гангиб қоламан. Бу пайт катталар ўз ташвишларига ўтишади. Ора-чур кимдир — «Чўтир бир одам эканми?» Ё: «Кўйлагини кўрдингизми, айланай, ёқаларига украинча жияклар тикилган эканми?» — дейди.

Мен эса, мен эса йиғлагундек ўз тушларимни эслар эдим ва ўнгимдан эмас, тушларимдан Маъмуржон Узоқовни излар эдим. Шу-шу бу буюк ҳофиз бутун умрим учун тушларимга тенг бўлиб қолди.

* * *

Маъмуржон Узоқов. Умримда ҳофиз деган сўзни биринчи бор эшитган эканман, бу сўзни Маъмуржон Узоқовга нисбатан эшитганман. Сал каттароқ бўлгач ҳофиз ғазаллари билан унда-бунда таниша бошлаганимда ҳам негадир бу нафису сирли ғазалларнинг Маъмуржон Узоқов деган ҳофиз билан аллақандай алоқаси бор деб ўйлаб юрар эдим. Бу ҳофиз ҳақида қанча-қанча ривоятлар эшитганман. Тошкентда биринчи бўлиб шахсий «Победа» мошинасини сотиб олган одам мана шу санъаткор бўлган экан, Муқимий театрида уруш йиллари «Тоҳир ва Зухра»миди ва ё «Фарходу Ширин» саҳналаштирилганда Маъмуржон ҳофиз бош қаҳрамон ариясини ижро этиши керак экан. Мана бош кўрик куни ҳам келибди. Бу кун билан ёнма-ён, кўрикка Комфирқанинг биринчи котиби Усмон Юсупов ҳам келибди. Саҳнанинг бир чекасидан Зуҳрами ё Ширин чиқибди, иккинчи парда ортидан ҳофизнинг ўзи чиқибди. Ана энди ҳофиз ўз арияларини бошлабди-да, таққа тўхтаб қолибди. Бу ҳол Бош котибнинг бош режиссёрлик ғашига тегибди чамаси, арияни ҳам таққа тўхтатиб: сиз Тоҳиру Фарход бўлиб Ширину Зуҳрангизга яқинлашмайсизми, — деса, унга ҳофиз «Юрсам ашула айта олмайман, ашула айтсам юролмайман» деган экан.

Бу каби ривояту латифаларнинг сони минг. Лекин мен бошқа бир нарса ҳақида айтиб берай. Москваи азимда менинг бир яқин дўстим бор. Унинг ёши меникидан анча катта бўлса-да, орамиз анча яқин. Бу кишининг исми Всеволод Васильевич Тимохин. Бу киши, Бобирнинг Ҳазрат Навоий ҳақидаги таъбири билан айтганда, ўз ҳаётини енгил ва озода ўтказган. Уйланмаган, оила қурмаган. Лекин бир ишқи борки, ҳавас қилса арзийди. Бу одам мусиқа оламига ғарқ бўлган одам. Бутун дунёда неки опера бор экан, мана шу зотнинг уйида пластинками, магнит тасмами шаклида тўпланган. Бу инсон соатлаб Павароттию Мария Каллас, Монсера Кабалерою Пласидо Доминголарнинг илоҳий овозлари ҳақида сўзлайди, кунлаб уларни эшитиб ўтиради. Бир кун мен бу кишига бир даста ўзбек пластинкаларини олиб келиб бердим. Орада донғи чиққану чиқмаган, бутун Совет Иттфоқига танилгану раёнидан четга чиқмаган хонанадалару ҳофизлар бор эди. Ўрисларнинг кўпига ўзбекларнинг ашула услуби эришроқ туюлади — бири биридан қаттиқроқ қичқиради, — дейишади. Шунинг учун бўлса керак, ишонқирамасданроқ берган эдим бояги дастани. Бир ҳафтадан кейин бу дастани менга қайтиб берар экан, Всеволод Василуевич ўзига хос русча тарзда: «Биласанми, буларнинг орасида бир буюк санъаткор бор экан», — деди. Мен дарров бир қанча исмни айтдим. Ҳалиги — русларнинг қулоғига ёқадиганроқ ашулачиларнинг номларини. «Йўқ, — деди у. Мамурджан Узаков!» — деб бош бармоғини осмонга ниқтади бу ашула шайдоси. «Дод!» — деб юбордим мен ўшанда ҳақиқий санъатнингу ҳақиқий шинаванданинг таҳсинига!

* * *

Маъмуржон Узоқов ҳақида эшитган ривоятларим сонсиз. Лекин энг қайғулиси — энг гўзалидир. Ҳофизнинг ўлимлари ҳақидаги ривоят. Эмишки, Маъмуржон аканикига Шукур Бурҳонов келган экан-да, қизғин зиёфат тунидан кейин эртасига мезбону меҳмон уйғонишганида ҳофиз ўз ғаройиб тушлари ҳақида сўзлаб берибдилар. Тушларида гўёки оққушлар унинг жонини фалакларга олиб кетган эмиш. Бу ҳам унутилибди. Пешинга барча шаҳар боғига чиқмоқчи бўлибди. У ерга ош буюрилибди, супага кўрпачалару дастархонлар ёзилибди. Супа эса боғ ҳовузининг рўпарасига қўйилган экан. Ҳовузда эса, меҳмонлар кўришса оққушлар сузиб юрган эмиш. Маъмуржон ака ҳам мийиғида кулиб қўйибди. Ошлар ейилибди, чойлар ичилибди. Латифалар айтилибди. Давра қизиб навбат ашулага ҳам етибди. Ҳофиз қўлига дуторини олибди-ю, ашулаларини бошлабди. Ашуланинг даромадидаёқ бояги оққушлар ғала-ғовур кўтара бошлашибди. Ҳофиз бунга ҳам енгил кулиб қўйибди.

Ашула авжига чиққани сайин қушларнинг талпинишию безовталиги оша берибди. Ва ниҳоят ашуланинг илоҳий авжида қушлар бир силкиниб ҳавога кўтарилибди. Ҳофизнинг боши эса қўйи тушибди. Санъаткорнинг ҳазилкашлигини билган дўстлар — бу ҳам бояги тушга ишора — деб ўйлашса-да, бу авжда оққушлар олиб кетган жон чиндан ҳам энди ерда эмас, фалакларда — овознинг садоларига қўшилиб сузар эмиш…

Эй, дилбари жононим кўп нозу итоб этма,
Юз жабру жафо бирла ҳолимни ҳароб этма.

Мастона кўзингдан дод, қошинг қиличин тортиб
Бир-бирга имо айлаб қатлимга хитоб этма…

Жон-эй…

Буюк ҳофиз Маъмуржон Узоқовнинг мана бу ашуласини тинглар эдим. Ўшанда бу ашуланинг ҳозирги кунда бачкана бўлиб қолган сўзлари ҳақида ўйламас эдим. «Партиям бу саодатли йўлларга бизларни йўлловчи улуғ рахбар, бу шонли партиямни…» ва ҳоказо. Бу сафар ҳам уларнинг устидан кулиш учун эслаганим йўқ. Ўзбек тилини тушунмаган дўстларимга бу ашулани қўйиб берганимида: «Нималарга бунча куйикиб айтаётибди экан?» — деб сўрашади. «Ҳа, севги», — деб қўя қоламан. Аслида ҳам шундай-да. Мусиқада, овозда, оҳангда — илоҳий дардлар, сўзлар эса — бояги…

Шу ерда бир мулоҳаза келди миямга. Ўзбеклар бир нарса деганида ҳам уларнинг дилида нималар борлигини биласизми сиз? Нимкоса деймиз, ботин, деймиз, юз-хотир деймиз, фаросат деймиз, минглаб сўзлар топиб қўйганмиз бу тилнинггу дилнинг айрилиғи учун. Мен ҳам дилимдаги барча нарсани айтмаю, бу чиндан ҳам ўзбекларнинг ич-ичига томир отиб кетган бир хусусиятлигини Навоийдан бир фикр билан исботлаб қўя қолай:

Тавҳид ўлмади гуфтугу ила фаҳм,
Магарки айлагайлик тилни қатъу жонни фидо.

Бу маънода ўзбек онги кўзга кўринмас онг, ҳофиз жонини жабборга бериб партия ҳақида айтса-да, аслида у ўзи ҳақида айтяпти, бу сўзларга ишониб бўлмайди, унинг сўзи ёки шиори бир наву ҳаёти эса абадул-абад бошқа бир қадриятларга асосланган.

Сизга таниш шоир Белги 1986 йили мана бу шеърини ёзган экан:

Улуғ сўзми, ёки бир тентак
ашуланинг юқумли куйи —
ми — юракни тирнаса, демак,
қайси бири — бунинг фарқи йўқ,-
дейлик, Чўлпон, ёки Комунна
отли аёл: «Пахтадан ясай хирмон»,-
дея ўтмишдан мунгли
овози-ла йиллаб куйласа
ёри эса қайтмаса… Нечун
ушбу қиёс устидан кулар
вақт келганда ғам йўлида жон
берай дерсан: Оҳ, ўтган кунлар…

Ҳа, Комунна Исмоилованинг «Пахтадан ясай хирмон ёр ўтган йўл бўйига» деган бир пайтлардаги ашуласию, улуғ миллатчи шоир Чўлпоннинг — Белги таъбирида ўзбек онги учун тутган ўрни бир хил. Чунки униси ҳам, буниси ҳам — биз яшаган, бошимиздан кечган — ўтган кунлар.

60-нчи йилларни эслар эканман, ўзбек радиоси барча карнайлардан фақат мусиқа — бир мақом, бир катта ашула, бир эстрада, бир ҳаваскорлик тароналарини берганлиги эсимга тушади. Одамлар ҳалигача истеҳзо билан — Ўзбек радиоси фақат консертлар учун яратилган деб юришади. Лекин гап шундаки, миллатчилик ҳиссини миллий мусиқадан ортиқроқ тарбиялайдиган нарсанинг ўзи йўқ.

Гап шундаки, мусиқанинг эҳтирос кучини билган Лев Толстой ўзининг «Крейсер Сонатаси» қиссасида мусиқани умуман одамзот учун таъқиқлаб қўйиш керак деган фикрларгача етиб борган. Ал-Ғаззолий эса «Ихёи улум ад-дин» асарида мусиқанинг қироат олдидаги афзалликларини бандма-банд таҳлил этган.

Жазирама. Тандирда куйиб кетгандек қорайган офтоб. Лой тепасанми, ё тўрт ғиштли қолипда ғишт қуясанми, қуриган ғиштларни куннинг хумдонига қўясанми, ё синч қоқасанми — ярим чақирим наридаги бозордан, у ердаги симходадан тушнинг таранг ҳавосида чайқалиб-чайқалиб, сархуш рўё каби ашула келади. Сўзларини туймайсан, туйишингнинг хожати ҳам йўқ, у сен ҳақингда, у сенинг ўзинг…

* * *

Зоғориққа, тўғрироғи Захариққа бориб чўмилиб юрганларимизни эсладим. Мендан уч ёш катта раҳматли тоғам велосипедининг ромига ўтказиб олиб, қулоғимга ҳаллослаганича икки километрча тепаликка — Самарачи колхози томон ҳайдар унинг туклана бошлаган кўкси-ю менинг қисилиб ўлган гарданим терлари қўшила бошлаб узоқлардан жазирамада ялт-ялт этган асфалтга тўкила бошлаганида эса у ниҳоят велосипедни чанг кўча томон бурар ва уф тортиб Зоғориқнинг бўйида тўхтар эди. Ҳеч ким йўқ ёввойи ерларни танлар эдик. Менинг юрагим така-пука, наҳот ҳозир бу тоғам югуриб келиб муздек сувга калла ташлайди-ю, анави хаёл қайтадан совуган миясига қайтади?! Бугун Зоғориқнинг нариги қирғоғигача сузасиз, — деб туриб олса-я яна! Ваъда берганман-да. Лекин сувга боқиб юрагим орқага тортиб кетади. Ҳеч бир умримда мана шу илондек тўлғониб-тўлғониб сирпанувчи дарёни енголармикинман?!

— Нимадан қўрқасиз? — дейди одатда тоғам. — Ўртасигача бемалол сузиб борасиз. Тўғрими? — Тўғри. Ҳа, хўш, ана ундан кейин яна бу қирғоққа қайтиш ўрнига наригисига уринг! Барибир-ку!

— Майли, — деб кўнаман. Нима ҳам деёлардим. Мантиқ-да! Лекин барибир қўрқаман. Куни бўйи ўзимни шайлаб юраман. Бугун дейман, ўлсам ўламан, лекин албатта сузиб ўтаман. Мана яна дарё бўйида ўтирибмиз, яна юракларим эзилиб-эзилиб кетади. Наҳотки мана шундай ёз куни, офтоб осмонга қоқилган қозиқдек бўлиб турса-ю, мен шу сувга чўкиб кетсам.
— Бугун тепадан оқиб келайлик, — дейман ечинаётган тоғамга. У ҳам бу сафар ўз мушкилотларимни ўзимнинг терлаб яғири чиқиб кетган гарданимга қўядими, бошини лиққилатиб қўя қолади. Кейин югуриб келиб осмонга қушдай сапчийди-ю, балиқдек сувга кириб кетади. Ундан сачраган томчилар этимни жимирлаштиради, ундан бадтар юрагимни…

Тепадан оқиб келишни эплайман. Тоғам ҳам эҳтиёт шарт мен билан боради. Юз метрча тепага бориб, астагина яҳдек сувга тушаману қирғоқ бўйлаб сувнинг кучида оқа бошлайман. Қирғоқ ҳам сув кучидан узилиб мендан узоқлаша бошлайди, апил-тапил сузгандек бўлиб қўлларимни бақачасига ишга соламан. Йўқ, қаёқда, Зоғориққа тенг келиб бўладими?! Шу заҳотиёқ дарёнинг ўртасига олиб чиқиб қўяди сув оқими. Ўзимнинг қирғоғим шоҳ-бутоққа бурканган, новдалар остидан қирғоғнинг ўзи ҳам кўринмайди, наригиси эса яссси ястанган ўлан. Баъзи ерлари саёзлигидан балчиқ ҳам бўлиб ётибди. Жон ҳолатда ўша томон бураман. Чаппилатиб, қарасам қорним ерга теккан, ўзим лой, орқамдан эса тоғам: Ана, ўта оларкансиз-у бу қирғоққа! — дейди ва устимга кафтини сув юзидан юздириб бош-бош сув сепади. Устларимдан лойлар оқиб тушиб, бахтли ва енгил — қутулдим-ку, дея, соҳилга чиқаман.

Ўланнинг яғирланган турпоғига бориб ётаману — бу чанг турпоқ, бу сап-сариқ ер, бу рангсиз осмону шафқатсиз қуёш билан туташиб кетаман. Елкамдан оққан бир томчи, иккинчиси, чангга кўмилган тирсагим устида муздек жағим, кўз олдимда эса менинг синову қаҳрамонлигимдан бехабар, чўп кўтарганича уйига том босаётганми ё саржинчилик қилаётганми чумоли…

Ёз…
Саратон…
Чилла…

* * *

60-нчи йиллар бошини, Маъмуржон Узоқовни эслар эканман, албатта унинг бир навъ устози бўлмиш Жўрахон Султоновни эсга олмасдан бўлмайди. Бу икки ҳофиз ҳамнафас бўлишган, ривоятларга кўра Фарғона каналининг қурилишида икки ликобчани икки қўлга ушлаб олиб ашула айтишганида беш-олти чақирим наридаги кетмончилар ҳам буларнинг учар овозларидан роҳат топишган. Бу икки буюк ҳофизнинг ҳамнафаслиги ҳақида ҳали батафсилроқ гаплашамиз, бугунга эса мен бу икки ҳофиз биргаликда Жомий ғазалига айтган «Содирхон ушшоғи»ни яна бир бор қулоққаю тилга олмоқчиман. Яна бир бор айтаман, ашуланинг форсча сўзларини тушунмаслик мумкин, лекин бунинг деярли ҳечқиси йўқ, ишқу эҳтиросга, қуввату-шижоатга, ўртанган диллару, хонавайрон қиладиган овозларга қулоқ солишнинг ўзи кифоя. Бувингнинг Юсуфу Зулайҳо ҳақидаги эртаклари, синч ую, томда ўсган лолалар, боғдаги қип-қизил гилослару сап-сариқ, мўралаган ўриклар — жазирама, жазирама, жазирама хотирангда гавдалана бошлайди. Нима экан бу ашула? Нечун миянгни тешиб бу тешикни ип қилиб юракка тортади у? Нафасингни нега қисади, битгач эса бутун жисмингни нафасга айлантиради у нима учун?

Ба як карашма Зулайҳоваши дили моро
Чи хоро буд ки Юсуф дили Зулайҳоро.

Фиғонки мурғи дилам сайди пири нодони…

* * *

Маъмуржон Узоқов билан Жўрахон Султоновнинг оташин ҳамнафаслиги. Назаримда бу ҳамнафаслик унча осон кечмаган-ўв. Бир қозонда икки калла дейишади-ку — бу ерда эса икки буюк ҳофиз-а! Жўрахон Султоновни умримда ҳеч кўрмаганман. У пайтда телевизорлар энди кира бошлаган, мен билган тўйларга эса ҳофиз бормаган, чамаси. Лекин радиода роса эшитганман. Ундан кейин — бу ҳофиз ҳақида тасаввурим жуда кучли.

Ишонасизми — бундан атиги бир ой аввал «Тошкент» деган энциклопедияда расмларини илк бор кўриб қолдим. Мен тасаввур қилган кишига ҳечам ўхшамас экан-да! Менинг тасаввуримда — бу киши соқол қўйган, бир навъ домла Ҳабибий ва ё Чустийга ўхшаб кетган бир нуронию, айни пайт ваҳшийроқ бир зот. Рост-да — овозга қулоқ солинг — Жўрахон ҳофизнинг овозида бошқа ҳеч бир овозда йўқ бирам ширали хириллаш борки, бу хиррилаш овозга ваҳшийларча куч атайди. Гўёки нафақат эроний бир ширинлик маҳоратию, балки туркий ўзаклардан келмиш ваҳшату қувват.

Бир кун мен қозоқ бағирларимдан бири жирау Олмос Олматовга Жўрахон ҳофизни қўйиб берган эдим — бошдан оёқ: «Ой-бай қандай қара кюш!» — дея бош лиққилатганича маҳлиё бўлиб ўтирди. Яна бир бор икки ҳофиз бирга айтган ашулага қулоқ тутаман. Назаримда Жўрахон Султонов — занжирбанд шердек ўз ҳамнафасига ҳечам йўл бермайди. Уёққа ўтса уёққа овоз чангалини солади, буёққа юрса — буёққа.

Болалигимизда шашкалар билан тўртта бўри ва бир эчки деган бир ўйин ўйнар эдик. Мана шу ўйинни эслатади менга бу ашула. Чиндан ҳам жўранавозлик бир навъ мусобақа-да! Жўрахон ҳофиз наздимда чинакам турктабиат курашчи бўлган. Ютқазишни ҳечам хуш кўрмаган. У талайгина ҳамнафаслар билан жўранавозлик қилган, лекин менда бор барча жўранавоз ашулаларда у ўша-ўша — ашулани икки овоз курашига айлантириб юборади ва албатта ғолиб чиқади.

Халқ билур ошиғлиғимни, ёр билмайди ҳануз,
Ишқ ўти, ё Раб, анга ҳеч кор қилмайди ҳануз.

Қайга борсам ахтариб ёримни топгайман дебон,
Ул менинг шум толеъимга ёр келмайди ҳануз.

Ҳар киши кўрса мени ҳолим сўриб йиғлар мудом,
Йиғламайди бевафонинг раҳми келмайди ҳануз.

Зулфининг ҳар торини юз минг туман деб сотсалар,
Ошиғи бечоранг айтур нарҳи арзондур ҳануз.

Эй Навоий, айб эмас куйида ўлсанг ёрнинг,
Куйида ўлсанг анинг парвои келмайди ҳануз.

* * *

Жўрахон Султонов ҳақида эшитган ривоятларим ҳам фаразларимни тасдиқлагандек. Эмишки, бир тўйда ҳофиз ҳали даврага чиқмасдан ўтирганида яна бир — тақводор номини қозонган тошкентлик ҳофиз келибдию, салом-йўқ, алик йўқ, ҳовлининг ўртасидан обдастани кўтарганича хожатхона томон ўтиб кетибди. Бу дегани у ҳалойиқ олдида — мана кела солиб мен таҳоратга қўл уряпман дегани экан-да. Ана ўшанда Жўрахон ҳофиз соқолини шундай тутамлабди-ю: «Бугун ман уни ейман!»- дебди. Таҳорат олган ҳофиз даврага тушибди. Бир нарсаларни минғиллаб ҳиргойи қилибди, ана ундан кейин эса гал Жўрахон ҳофизга келибди. У даврага чиқибди-да бир ашулани шундай олибдики, энг кетки бединнинг ҳам бу илоҳий ашуладан, илоҳий овоздан юраклари дуккулаб, кўзларидан ёшлар потраб кетган экан…

Кўкарди чаман, гулузорим қани?
Сиҳи сарви бўйлик нигорим қани?


29 yanvar — O’zbekiston xalq hofizi, bastakor Jo’raxon Sultonov (1903-1965) tavallud topgan kunning 120 yilligi

Jo‘raxon Sultonovni umrimda hech ko‘rmaganman. U paytda televizorlar endi kira boshlagan, men bilgan to‘ylarga esa hofiz bormagan, chamasi. Lekin radioda rosa eshitganman. Undan keyin — bu hofiz haqida tasavvurim juda kuchli…

Hamid Ismoil
MЕN SЕVGAN ASHULA
Essedan parcha
09

hqdefault.jpgJo‘raxon Sultonov (1903.29.1 Marg‘ilon — 1965.19.10) — xonanda, bastakor, O‘zbekiston xalq hofizi (1939). Keng diapazonli, kuchli, yumshoq xirildoq va dardli ovoz sohibi. Xonandalik saboklarini ilk bor otasidan olgan, keyinchalik Madali xofizdan yalla yo‘llarini, Boltaboy Rajabov, Mamatbuva Sattorovlardan katta ashula, Sodirxon hofiz, Mulla To‘ychi hofizlardan maqom yo‘llarini o‘zlashtirgan. Dastlab xalq to‘y-sayillari, choyxonalarda xizmat qilgan.
1926 y.dan M. Qoriyoqubov rahbarligidagi O‘zbek davlat konsert-etnofafik truppasiga katnashgan. Marg‘ilon (1928—32) va Toshkent (1932—36 va 1940—58) teatrlarida, O‘zbek davlat filarmoniyasi (1936—39), O‘zbekiston radioqo‘mitasi (1950—58)da yakkaxon xonanda. Mukimiy teatrida Parfi hofiz («Tohir va Zuhra»), Norqo‘zi («Nurxon») kabi rollarni ham ijro etgan.
Jo‘raxon Sultonov xalq orasida «katta ashula piri» nomini olgan, shuningdek, yallalar ustasi, askiyachi sifatida ham tanilgan. Shogirdi M. Uzoqov bilan 25 yildan optik, hamnafaslik qilib, o‘ziga xos talqin yo‘lini yaratgan. Repertuaridan «Ushshoq» va «Sodirxon Ushshog‘i», «Dugoh Husayn», «Besh parda Suvora» va «Savti Suvora», «Hanuz», «Chor zarb», «Chaman yalla» kabi mumtoz ashula va yallalar, «Bog‘ aro», «Shafoat», «Xayrul bashar», «Otga mindim» va b. katta ashulalar urin olgan. U o‘zbek xalq kuy va usullari asosida bir qancha ashulalar ijod qilgan. «Naylayin», «O‘lmasun» (Navoiy), «Keling, ey ahboblar» (Furqat), «Bir qadah» (Chustiy), «Mubtaloman» (S.Abdulla), «Ming qadam» (Habibiy), «Bir kelsin», «Ey dilbari jononim», «Ohkim» kabi katta ashulalarni cholg‘u jo‘rligida ijro etib yangi uslub yaratgan. S. ijrolari O‘zbekiston radiosi va San’atshunoslik in-ti fonojamgarmalarida saqlanmoqda, bir necha grammplastinka, audiokasseta va kompakt disklarga yozilgan.
Vafotidan so‘ng «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan mukofotlangan (2000). 1997 y.dan Marg‘ilonda S. va M. Uzoqovlar nomidagi Respublika xonandalar tanlovi o‘tkazilmoqda («O‘zbekiston Milliy Ensiklopediyasi»dan).

09

Oltmishinchi yillar. Karnaylardan yangragan jo‘shqin ashulalar, Botir Zokirov, “Paxtakor” futbol komandasi: Gennadiy Krasniokiy, Birodar Abduraimov, Hamid Raxmatullayevlar… Mehnat qahramonlari: Lyubov Li, Rizvon Chki, Valentin Tyupko. Lekin gap o‘zbek ashulasi haqida.

Urushdan keyin insonlar qayta oddiy va odil qadriyatlarga qaytgan chamasi, yo bolaligimiz ko‘zlarimi, hech kimning ko‘nglida gardu g‘araz yo‘q. To‘ylarni aytmaysizmi? To‘ylarga yurtning eng peshvo hofizlari kelishadi. “Eshitdingizmi, falonchinikiga Jo‘raxon Sultonov kelipti, fistonchinikiga Ma’rufxo‘ja hofiz, uchinchilarnikiga esa…”

Ha, Ma’murjon Uzoqov haqida aytib beray. Qo‘shtut bilan Qorasaroy mahallalari orasida bir uzoq tog‘amiz turar edi, yilda bir — katta buvamlar qarindoshlarini yo‘qlab, chevaralarini olib birma bir ulardan xabar olib chiqar edilar. Ana o‘sha tog‘amiznikiga ham tushib yurar edik. U paytlar Kalkovuz arig‘i — bir azim daryo, qishloqdan kelganlarida bizga: “Suviga qarama — suvi tortib ketadi”, — der edilar oppog‘-buvam.

Tog‘amning hovlilari esa — tokzor — qator-qator ishkomlar. Uzumlarni aytmaysizmi — xusayniyu soyaki, qirmizkayu, charos — ishkomlarning ostidagi so‘rilardan qo‘l ham uzatmaysan, og‘zing bilan uzumvoshining tomib turgan bir chekasidan chirs etib uzib olasan…

Ana o‘sha tog‘ajonlarimnikida to‘y bo‘ladigan bo‘lib qoldi. Kattalar g‘ala-g‘ovurga tushib qolishdi: “Kim kelar emish — Ma’murjon Uzoqov kelar emish”. Kim ekan bu Ma’murjon Uzoqov. O‘z qarindoshlarimning ismidan o‘zga birgina ismni bilar edim — u ham bo‘lsa qizil rangga bo‘yalgan — Krasniokiy nomini. Ikkinchi bilgan nomim Ma’murjon Uzoqov bo‘ldi. Kim ekan o‘zi bu — butun oilamizni — buvimniyu, opamni, xolamniyu, tog‘alarimni tipirchilatib qo‘ygan kishi?

Axir hafta bitib shanba kuni ham keldi, peshindan keyin hammamiz yo‘lga otlandik. Bekatga chiqib oltmishinchi raqamli kichkinagina, eshiklari bir yaltiroq temir xoda bilan ochiladigan avtobusga chiqdik. Oh, bu bekatlarning nomi: Kaganovich, Kirov, Oxunboboyev, shlanba va nihoyat Qo‘shtut! Kalkovuz bo‘ylab hovliga yetib bordik. Kech ham tushib qolgan edi. Boyagi ishkomlarning taglariga yuzlab mehmonlar uchun joylar tayyorlangan, lov-lov chiroqlar osib qo‘yilgan. Davra qiziy boshlagan — davrada askiyachilar osmonu zaminni buzib xoxolab yotishardi. Yoshligimdan hech narsani tushunmasam-da, hali hali ham esimda: “Falonchi, siz ”Pabeda“ moshina olibsizmi, anu kuni nomirini ko‘rib qoluvdim — orqasiga ”ECH“ deb yozib qo‘yibdimi?” — “Xa-xa-xa-xa!” Ikkinchisi unga javob beradi: “Yo‘q, ”Pobeda“mas, eski ”Moskvich“im edi, harflari o‘chib, oldida faqat ”E“ degani qolgan…” Gulduros qahqaha!
O‘zimcha hayron bo‘laman, shu ekanmi Ma’murjon Uzoqov deganlari. Kattalardan so‘rayman. Kattalarning quloqlari ding — halaqit berma — degandek qo‘l siltab qo‘yishadi. Keyin oraga naychilar tushishadi, surnaychilar, g‘ijjakchilar. Bu payt esa — bir moxora sho‘rva, bir xasip, bir osh tortilib turadi. Kun bo‘yi toliqqanimdanmi, bu ovqatlarning mo‘lligidanmi, musiqaning elitganligidanmi, ko‘zim ilina boshlaydi. Kimningdir tizzasida mudray boshlayman. Elas-elas xayolimga: “Ma’murjon Uzoqov qachon kelar ekan?” — degan fikr chalinadi-da — musiqaga yo‘g‘ralgan shirin-shirin tushlar bilan aralashib ketadi.

Ey sabo, holim borib sarvi hiromonimga ayt,
Yig‘larimining shiddatin gul bargi xandonimga ayt.

Ertasiga ana o‘sha ishkomlarning tagidagi bir supada ko‘rpalar ostida uyg‘onaman. Birinchi xayolim — Ma’murjon Uzoqov keldimi-yo‘qmi? Kattalar hali dong qotib uxlab yotishibdi. Yuragim orziqadi — qachon turishar ekan bular deb. Nihoyat kattalar ham birin ketin uyg‘ona boshlashadi. Choy tortiladi, qand-qurs, men ham odobli bolakay emasmanmi, endi nihoyat gapga qo‘shilaman-da, yuragimni yorib yuborayozgan savolimni surishtiraman. Ma’murjon Uzoqov keldimi yo‘qmi? Hamma kechagi askiyadek gulduros kulib yuboradi. Men esa gangib qolaman. Bu payt kattalar o‘z tashvishlariga o‘tishadi. Ora-chur kimdir — “Cho‘tir bir odam ekanmi?” Yo: “Ko‘ylagini ko‘rdingizmi, aylanay, yoqalariga ukraincha jiyaklar tikilgan ekanmi?” — deydi.

Men esa, men esa yig‘lagundek o‘z tushlarimni eslar edim va o‘ngimdan emas, tushlarimdan Ma’murjon Uzoqovni izlar edim. Shu-shu bu buyuk hofiz butun umrim uchun tushlarimga teng bo‘lib qoldi.

* * *

Ma’murjon Uzoqov. Umrimda hofiz degan so‘zni birinchi bor eshitgan ekanman, bu so‘zni Ma’murjon Uzoqovga nisbatan eshitganman. Sal kattaroq bo‘lgach hofiz g‘azallari bilan unda-bunda tanisha boshlaganimda ham negadir bu nafisu sirli g‘azallarning Ma’murjon Uzoqov degan hofiz bilan allaqanday aloqasi bor deb o‘ylab yurar edim. Bu hofiz haqida qancha-qancha rivoyatlar eshitganman. Toshkentda birinchi bo‘lib shaxsiy “Pobeda” moshinasini sotib olgan odam mana shu san’atkor bo‘lgan ekan, Muqimiy teatrida urush yillari “Tohir va Zuxra”midi va yo “Farxodu Shirin” sahnalashtirilganda Ma’murjon hofiz bosh qahramon ariyasini ijro etishi kerak ekan. Mana bosh ko‘rik kuni ham kelibdi. Bu kun bilan yonma-yon, ko‘rikka Komfirqaning birinchi kotibi Usmon Yusupov ham kelibdi. Sahnaning bir chekasidan Zuhrami yo Shirin chiqibdi, ikkinchi parda ortidan hofizning o‘zi chiqibdi. Ana endi hofiz o‘z ariyalarini boshlabdi-da, taqqa to‘xtab qolibdi. Bu hol Bosh kotibning bosh rejissyorlik g‘ashiga tegibdi chamasi, ariyani ham taqqa to‘xtatib: siz Tohiru Farxod bo‘lib Shirinu Zuhrangizga yaqinlashmaysizmi, — desa, unga hofiz “Yursam ashula ayta olmayman, ashula aytsam yurolmayman” degan ekan.

Bu kabi rivoyatu latifalarning soni ming. Lekin men boshqa bir narsa haqida aytib beray. Moskvai azimda mening bir yaqin do‘stim bor. Uning yoshi menikidan ancha katta bo‘lsa-da, oramiz ancha yaqin. Bu kishining ismi Vsevolod Vasilyevich Timoxin. Bu kishi, Bobirning Hazrat Navoiy haqidagi ta’biri bilan aytganda, o‘z hayotini yengil va ozoda o‘tkazgan. Uylanmagan, oila qurmagan. Lekin bir ishqi borki, havas qilsa arziydi. Bu odam musiqa olamiga g‘arq bo‘lgan odam. Butun dunyoda neki opera bor ekan, mana shu zotning uyida plastinkami, magnit tasmami shaklida to‘plangan. Bu inson soatlab Pavarottiyu Mariya Kallas, Monsera Kabaleroyu Plasido Domingolarning ilohiy ovozlari haqida so‘zlaydi, kunlab ularni eshitib o‘tiradi. Bir kun men bu kishiga bir dasta o‘zbek plastinkalarini olib kelib berdim. Orada dong‘i chiqqanu chiqmagan, butun Sovet Ittfoqiga tanilganu rayonidan chetga chiqmagan xonanadalaru hofizlar bor edi. O‘rislarning ko‘piga o‘zbeklarning ashula uslubi erishroq tuyuladi — biri biridan qattiqroq qichqiradi, — deyishadi. Shuning uchun bo‘lsa kerak, ishonqiramasdanroq bergan edim boyagi dastani. Bir haftadan keyin bu dastani menga qaytib berar ekan, Vsevolod Vasiluyevich o‘ziga xos ruscha tarzda: “Bilasanmi, bularning orasida bir buyuk san’atkor bor ekan”, — dedi. Men darrov bir qancha ismni aytdim. Haligi — ruslarning qulog‘iga yoqadiganroq ashulachilarning nomlarini. “Yo‘q, — dedi u. Mamurdjan Uzakov!” — deb bosh barmog‘ini osmonga niqtadi bu ashula shaydosi. “Dod!” — deb yubordim men o‘shanda haqiqiy san’atningu haqiqiy shinavandaning tahsiniga!

* * *

Ma’murjon Uzoqov haqida eshitgan rivoyatlarim sonsiz. Lekin eng qayg‘ulisi — eng go‘zalidir. Hofizning o‘limlari haqidagi rivoyat. Emishki, Ma’murjon akanikiga Shukur Burhonov kelgan ekan-da, qizg‘in ziyofat tunidan keyin ertasiga mezbonu mehmon uyg‘onishganida hofiz o‘z g‘aroyib tushlari haqida so‘zlab beribdilar. Tushlarida go‘yoki oqqushlar uning jonini falaklarga olib ketgan emish. Bu ham unutilibdi. Peshinga barcha shahar bog‘iga chiqmoqchi bo‘libdi. U yerga osh buyurilibdi, supaga ko‘rpachalaru dastarxonlar yozilibdi. Supa esa bog‘ hovuzining ro‘parasiga qo‘yilgan ekan. Hovuzda esa, mehmonlar ko‘rishsa oqqushlar suzib yurgan emish. Ma’murjon aka ham miyig‘ida kulib qo‘yibdi. Oshlar yeyilibdi, choylar ichilibdi. Latifalar aytilibdi. Davra qizib navbat ashulaga ham yetibdi. Hofiz qo‘liga dutorini olibdi-yu, ashulalarini boshlabdi. Ashulaning daromadidayoq boyagi oqqushlar g‘ala-g‘ovur ko‘tara boshlashibdi. Hofiz bunga ham yengil kulib qo‘yibdi.

Ashula avjiga chiqqani sayin qushlarning talpinishiyu bezovtaligi osha beribdi. Va nihoyat ashulaning ilohiy avjida qushlar bir silkinib havoga ko‘tarilibdi. Hofizning boshi esa qo‘yi tushibdi. San’atkorning hazilkashligini bilgan do‘stlar — bu ham boyagi tushga ishora — deb o‘ylashsa-da, bu avjda oqqushlar olib ketgan jon chindan ham endi yerda emas, falaklarda — ovozning sadolariga qo‘shilib suzar emish…

Ey, dilbari jononim ko‘p nozu itob etma,
Yuz jabru jafo birla holimni harob etma.

Mastona ko‘zingdan dod, qoshing qilichin tortib
Bir-birga imo aylab qatlimga xitob etma…

Jon-ey…

Buyuk hofiz Ma’murjon Uzoqovning mana bu ashulasini tinglar edim. O‘shanda bu ashulaning hozirgi kunda bachkana bo‘lib qolgan so‘zlari haqida o‘ylamas edim. “Partiyam bu saodatli yo‘llarga bizlarni yo‘llovchi ulug‘ raxbar, bu shonli partiyamni…” va hokazo. Bu safar ham ularning ustidan kulish uchun eslaganim yo‘q. O‘zbek tilini tushunmagan do‘stlarimga bu ashulani qo‘yib berganimida: “Nimalarga buncha kuyikib aytayotibdi ekan?” — deb so‘rashadi. “Ha, sevgi”, — deb qo‘ya qolaman. Aslida ham shunday-da. Musiqada, ovozda, ohangda — ilohiy dardlar, so‘zlar esa — boyagi…

Shu yerda bir mulohaza keldi miyamga. O‘zbeklar bir narsa deganida ham ularning dilida nimalar borligini bilasizmi siz? Nimkosa deymiz, botin, deymiz, yuz-xotir deymiz, farosat deymiz, minglab so‘zlar topib qo‘yganmiz bu tilninggu dilning ayrilig‘i uchun. Men ham dilimdagi barcha narsani aytmayu, bu chindan ham o‘zbeklarning ich-ichiga tomir otib ketgan bir xususiyatligini Navoiydan bir fikr bilan isbotlab qo‘ya qolay:

Tavhid o‘lmadi guftugu ila fahm,
Magarki aylagaylik tilni qat’u jonni fido.

Bu ma’noda o‘zbek ongi ko‘zga ko‘rinmas ong, hofiz jonini jabborga berib partiya haqida aytsa-da, aslida u o‘zi haqida aytyapti, bu so‘zlarga ishonib bo‘lmaydi, uning so‘zi yoki shiori bir navu hayoti esa abadul-abad boshqa bir qadriyatlarga asoslangan.

Sizga tanish shoir Belgi 1986 yili mana bu she’rini yozgan ekan:

Ulug‘ so‘zmi, yoki bir tentak
ashulaning yuqumli kuyi —
mi — yurakni tirnasa, demak,
qaysi biri — buning farqi yo‘q,-
deylik, Cho‘lpon, yoki Komunna
otli ayol: “Paxtadan yasay xirmon”,-
deya o‘tmishdan mungli
ovozi-la yillab kuylasa
yori esa qaytmasa… Nechun
ushbu qiyos ustidan kular
vaqt kelganda g‘am yo‘lida jon
beray dersan: Oh, o‘tgan kunlar…

Ha, Komunna Ismoilovaning “Paxtadan yasay xirmon yor o‘tgan yo‘l bo‘yiga” degan bir paytlardagi ashulasiyu, ulug‘ millatchi shoir Cho‘lponning — Belgi ta’birida o‘zbek ongi uchun tutgan o‘rni bir xil. Chunki unisi ham, bunisi ham — biz yashagan, boshimizdan kechgan — o‘tgan kunlar.

60-nchi yillarni eslar ekanman, o‘zbek radiosi barcha karnaylardan faqat musiqa — bir maqom, bir katta ashula, bir estrada, bir havaskorlik taronalarini berganligi esimga tushadi. Odamlar haligacha istehzo bilan — O‘zbek radiosi faqat konsertlar uchun yaratilgan deb yurishadi. Lekin gap shundaki, millatchilik hissini milliy musiqadan ortiqroq tarbiyalaydigan narsaning o‘zi yo‘q.

Gap shundaki, musiqaning ehtiros kuchini bilgan Lev Tolstoy o‘zining “Kreyser Sonatasi” qissasida musiqani umuman odamzot uchun ta’qiqlab qo‘yish kerak degan fikrlargacha yetib borgan. Al-G‘azzoliy esa “Ixyoi ulum ad-din” asarida musiqaning qiroat oldidagi afzalliklarini bandma-band tahlil etgan.

Jazirama. Tandirda kuyib ketgandek qoraygan oftob. Loy tepasanmi, yo to‘rt g‘ishtli qolipda g‘isht quyasanmi, qurigan g‘ishtlarni kunning xumdoniga qo‘yasanmi, yo sinch qoqasanmi — yarim chaqirim naridagi bozordan, u yerdagi simxodadan tushning tarang havosida chayqalib-chayqalib, sarxush ro‘yo kabi ashula keladi. So‘zlarini tuymaysan, tuyishingning xojati ham yo‘q, u sen haqingda, u sening o‘zing…

* * *

Zog‘oriqqa, to‘g‘rirog‘i Zaxariqqa borib cho‘milib yurganlarimizni esladim. Mendan uch yosh katta rahmatli tog‘am velosipedining romiga o‘tkazib olib, qulog‘imga halloslaganicha ikki kilometrcha tepalikka — Samarachi kolxozi tomon haydar uning tuklana boshlagan ko‘ksi-yu mening qisilib o‘lgan gardanim terlari qo‘shila boshlab uzoqlardan jaziramada yalt-yalt etgan asfaltga to‘kila boshlaganida esa u nihoyat velosipedni chang ko‘cha tomon burar va uf tortib Zog‘oriqning bo‘yida to‘xtar edi. Hech kim yo‘q yovvoyi yerlarni tanlar edik. Mening yuragim taka-puka, nahot hozir bu tog‘am yugurib kelib muzdek suvga kalla tashlaydi-yu, anavi xayol qaytadan sovugan miyasiga qaytadi?! Bugun Zog‘oriqning narigi qirg‘og‘igacha suzasiz, — deb turib olsa-ya yana! Va’da berganman-da. Lekin suvga boqib yuragim orqaga tortib ketadi. Hech bir umrimda mana shu ilondek to‘lg‘onib-to‘lg‘onib sirpanuvchi daryoni yengolarmikinman?!

— Nimadan qo‘rqasiz? — deydi odatda tog‘am. — O‘rtasigacha bemalol suzib borasiz. To‘g‘rimi? — To‘g‘ri. Ha, xo‘sh, ana undan keyin yana bu qirg‘oqqa qaytish o‘rniga narigisiga uring! Baribir-ku!

— Mayli, — deb ko‘naman. Nima ham deyolardim. Mantiq-da! Lekin baribir qo‘rqaman. Kuni bo‘yi o‘zimni shaylab yuraman. Bugun deyman, o‘lsam o‘laman, lekin albatta suzib o‘taman. Mana yana daryo bo‘yida o‘tiribmiz, yana yuraklarim ezilib-ezilib ketadi. Nahotki mana shunday yoz kuni, oftob osmonga qoqilgan qoziqdek bo‘lib tursa-yu, men shu suvga cho‘kib ketsam.
— Bugun tepadan oqib kelaylik, — deyman yechinayotgan tog‘amga. U ham bu safar o‘z mushkilotlarimni o‘zimning terlab yag‘iri chiqib ketgan gardanimga qo‘yadimi, boshini liqqilatib qo‘ya qoladi. Keyin yugurib kelib osmonga qushday sapchiydi-yu, baliqdek suvga kirib ketadi. Undan sachragan tomchilar etimni jimirlashtiradi, undan badtar yuragimni…

Tepadan oqib kelishni eplayman. Tog‘am ham ehtiyot shart men bilan boradi. Yuz metrcha tepaga borib, astagina yahdek suvga tushamanu qirg‘oq bo‘ylab suvning kuchida oqa boshlayman. Qirg‘oq ham suv kuchidan uzilib mendan uzoqlasha boshlaydi, apil-tapil suzgandek bo‘lib qo‘llarimni baqachasiga ishga solaman. Yo‘q, qayoqda, Zog‘oriqqa teng kelib bo‘ladimi?! Shu zahotiyoq daryoning o‘rtasiga olib chiqib qo‘yadi suv oqimi. O‘zimning qirg‘og‘im shoh-butoqqa burkangan, novdalar ostidan qirg‘og‘ning o‘zi ham ko‘rinmaydi, narigisi esa yasssi yastangan o‘lan. Ba’zi yerlari sayozligidan balchiq ham bo‘lib yotibdi. Jon holatda o‘sha tomon buraman. Chappilatib, qarasam qornim yerga tekkan, o‘zim loy, orqamdan esa tog‘am: Ana, o‘ta olarkansiz-u bu qirg‘oqqa! — deydi va ustimga kaftini suv yuzidan yuzdirib bosh-bosh suv sepadi. Ustlarimdan loylar oqib tushib, baxtli va yengil — qutuldim-ku, deya, sohilga chiqaman.

O‘lanning yag‘irlangan turpog‘iga borib yotamanu — bu chang turpoq, bu sap-sariq yer, bu rangsiz osmonu shafqatsiz quyosh bilan tutashib ketaman. Yelkamdan oqqan bir tomchi, ikkinchisi, changga ko‘milgan tirsagim ustida muzdek jag‘im, ko‘z oldimda esa mening sinovu qahramonligimdan bexabar, cho‘p ko‘targanicha uyiga tom bosayotganmi yo sarjinchilik qilayotganmi chumoli…

Yoz…
Saraton…
Chilla…

* * *

60-nchi yillar boshini, Ma’murjon Uzoqovni eslar ekanman, albatta uning bir nav’ ustozi bo‘lmish Jo‘raxon Sultonovni esga olmasdan bo‘lmaydi. Bu ikki hofiz hamnafas bo‘lishgan, rivoyatlarga ko‘ra Farg‘ona kanalining qurilishida ikki likobchani ikki qo‘lga ushlab olib ashula aytishganida besh-olti chaqirim naridagi ketmonchilar ham bularning uchar ovozlaridan rohat topishgan. Bu ikki buyuk hofizning hamnafasligi haqida hali batafsilroq gaplashamiz, bugunga esa men bu ikki hofiz birgalikda Jomiy g‘azaliga aytgan “Sodirxon ushshog‘i”ni yana bir bor quloqqayu tilga olmoqchiman. Yana bir bor aytaman, ashulaning forscha so‘zlarini tushunmaslik mumkin, lekin buning deyarli hechqisi yo‘q, ishqu ehtirosga, quvvatu-shijoatga, o‘rtangan dillaru, xonavayron qiladigan ovozlarga quloq solishning o‘zi kifoya. Buvingning Yusufu Zulayho haqidagi ertaklari, sinch uyu, tomda o‘sgan lolalar, bog‘dagi qip-qizil giloslaru sap-sariq, mo‘ralagan o‘riklar — jazirama, jazirama, jazirama xotirangda gavdalana boshlaydi. Nima ekan bu ashula? Nechun miyangni teshib bu teshikni ip qilib yurakka tortadi u? Nafasingni nega qisadi, bitgach esa butun jismingni nafasga aylantiradi u nima uchun?

Ba yak karashma Zulayhovashi dili moro
Chi xoro bud ki Yusuf dili Zulayhoro.

Fig‘onki murg‘i dilam saydi piri nodoni…

* * *

Ma’murjon Uzoqov bilan Jo‘raxon Sultonovning otashin hamnafasligi. Nazarimda bu hamnafaslik uncha oson kechmagan-o‘v. Bir qozonda ikki kalla deyishadi-ku — bu yerda esa ikki buyuk hofiz-a! Jo‘raxon Sultonovni umrimda hech ko‘rmaganman. U paytda televizorlar endi kira boshlagan, men bilgan to‘ylarga esa hofiz bormagan, chamasi. Lekin radioda rosa eshitganman. Undan keyin — bu hofiz haqida tasavvurim juda kuchli.

Ishonasizmi — bundan atigi bir oy avval “Toshkent” degan ensiklopediyada rasmlarini ilk bor ko‘rib qoldim. Men tasavvur qilgan kishiga hecham o‘xshamas ekan-da! Mening tasavvurimda — bu kishi soqol qo‘ygan, bir nav’ domla Habibiy va yo Chustiyga o‘xshab ketgan bir nuroniyu, ayni payt vahshiyroq bir zot. Rost-da — ovozga quloq soling — Jo‘raxon hofizning ovozida boshqa hech bir ovozda yo‘q biram shirali xirillash borki, bu xirrilash ovozga vahshiylarcha kuch ataydi. Go‘yoki nafaqat eroniy bir shirinlik mahoratiyu, balki turkiy o‘zaklardan kelmish vahshatu quvvat.

Bir kun men qozoq bag‘irlarimdan biri jirau Olmos Olmatovga Jo‘raxon hofizni qo‘yib bergan edim — boshdan oyoq: “Oy-bay qanday qara kyush!” — deya bosh liqqilatganicha mahliyo bo‘lib o‘tirdi. Yana bir bor ikki hofiz birga aytgan ashulaga quloq tutaman. Nazarimda Jo‘raxon Sultonov — zanjirband sherdek o‘z hamnafasiga hecham yo‘l bermaydi. Uyoqqa o‘tsa uyoqqa ovoz changalini soladi, buyoqqa yursa — buyoqqa.

Bolaligimizda shashkalar bilan to‘rtta bo‘ri va bir echki degan bir o‘yin o‘ynar edik. Mana shu o‘yinni eslatadi menga bu ashula. Chindan ham jo‘ranavozlik bir nav’ musobaqa-da! Jo‘raxon hofiz nazdimda chinakam turktabiat kurashchi bo‘lgan. Yutqazishni hecham xush ko‘rmagan. U talaygina hamnafaslar bilan jo‘ranavozlik qilgan, lekin menda bor barcha jo‘ranavoz ashulalarda u o‘sha-o‘sha — ashulani ikki ovoz kurashiga aylantirib yuboradi va albatta g‘olib chiqadi.

Xalq bilur oshig‘lig‘imni, yor bilmaydi hanuz,
Ishq o‘ti, yo Rab, anga hech kor qilmaydi hanuz.

Qayga borsam axtarib yorimni topgayman debon,
Ul mening shum tole’imga yor kelmaydi hanuz.

Har kishi ko‘rsa meni holim so‘rib yig‘lar mudom,
Yig‘lamaydi bevafoning rahmi kelmaydi hanuz.

Zulfining har torini yuz ming tuman deb sotsalar,
Oshig‘i bechorang aytur narhi arzondur hanuz.

Ey Navoiy, ayb emas kuyida o‘lsang yorning,
Kuyida o‘lsang aning parvoi kelmaydi hanuz.

* * *

Jo‘raxon Sultonov haqida eshitgan rivoyatlarim ham farazlarimni tasdiqlagandek. Emishki, bir to‘yda hofiz hali davraga chiqmasdan o‘tirganida yana bir — taqvodor nomini qozongan toshkentlik hofiz kelibdiyu, salom-yo‘q, alik yo‘q, hovlining o‘rtasidan obdastani ko‘targanicha xojatxona tomon o‘tib ketibdi. Bu degani u haloyiq oldida — mana kela solib men tahoratga qo‘l uryapman degani ekan-da. Ana o‘shanda Jo‘raxon hofiz soqolini shunday tutamlabdi-yu: “Bugun man uni yeyman!”- debdi. Tahorat olgan hofiz davraga tushibdi. Bir narsalarni ming‘illab hirgoyi qilibdi, ana undan keyin esa gal Jo‘raxon hofizga kelibdi. U davraga chiqibdi-da bir ashulani shunday olibdiki, eng ketki bedinning ham bu ilohiy ashuladan, ilohiy ovozdan yuraklari dukkulab, ko‘zlaridan yoshlar potrab ketgan ekan…

Ko‘kardi chaman, guluzorim qani?
Sihi sarvi bo‘ylik nigorim qani? 

07

(Tashriflar: umumiy 8 293, bugungi 1)

3 izoh

  1. Sizlardan iltimos Jo’raxon Sultonovning qo’shiqlaridan topib beringlar. Ayniqsa BOG’ARO degan qo’shig’ini

  2. Мен Ж.Султоновни хаетимда курган эмасман.Лекин классик кушикларни эшитаман.Бу инсонни овозини тасвирлашим учун суз бойлигим етмайди.Бу кишини айтган ашулаларини хис килиш учун ,хофиз яшаган замон ва макон хакида тушунча,уша замондаги мухаббат туйгусини англай олиш керак.Овоздаги хирилдок ,мунгли,охангробо товуш ,инсонни юрагига малхам булади.Нима учун хозирда классик кушикларни куйловчи хонандалар куп булса хам
    Журахон Султанов ашулаларини у кишичалик айта олмайди,чунки бу ашулани айтаетган хофизни бу ашулани мос ички кечинмаси йук.Ж.Султонов ижросидаги бача кушиклар бебохо,чунки бунда бетакрор хофиз овози
    бор.Афсус мен у кишини бир неча ашулаларини топдим халос,

  3. Ассалому алайкум. Жўрахон Султонов 1897 йил туғилган 1969 оламдан ўтган. М Узоқов 1968 йил оламдан ўтганда Ж Султонов уни ўз қўли билан қабрга қўйган экан.

Izoh qoldiring