Hofiz Sheroziy. G’azallar,ruboiylar,qit’alar.

022     Ҳофиз шеърлари табиийлиги, самимийлиги, ҳассос бир муҳаббат ва юксак бадииятга йўғрилганлиги, мазмуни теран ва серқатламлиги, фалсафасининг қуюқлиги, нозик ишораларга бойлиги, услубининг мураккаблиги учун ҳам унга «лисон ул-ғайб» — «ғойибнинг тили» сифатини берганлар. Ҳофиз Шарқда шунчалик шуҳрат тутганки, уни муқаддаслаштириб, илоҳийлаштириб, девонини фол китобига айлантирганлар. Шоир девони мадрасаларда махсус дарслик сифатида ўқитилган. Шарқда ҳофизхонлик катта шуҳрат қозонган.

055
Ҳофиз Шерозий
ҒАЗАЛЛАР,РУБОИЙЛАР,ҚИТЪАЛАР
Сирожиддин Саййид таржималари

08

ҒАЗАЛЛАР

Гум бўлиб кетган Юсуф Канъонга келгай, ғам ема,
Ғам уйи бир кун мунаввар онга келгай, ғам ема.

Шод бўлғай бу кўнгил бир кун, кўнгилни бузмагил,
Юксалиб бошинг яна осмонга келгай, ғам ема.

Гар бу гардун икки-уч кун биз учун эврулмади,
Бир куни бу дарду ғам яксонга келгай, ғам ема.

Келгай ул умринг баҳори, гул ёпингайсан яна,
Булбуло, боғу чаман туғёнга келгай, ғам ема.

Парда ичра бир ниҳон найранглар асрар ғайбким,
Сенгаму ё менгаму – қай жонга келгай, ғам ема.

Қасри бунёдингни, эй дил, гар фано сели йиқар,
Нуҳ паноҳинг бўлса гар – тўфонга келгай, ғам ема.

Каъба шавқи бирла гар кечсанг биёбонларни зор,
Қанчалар хору тикан исёнга келгай, ғам ема.

Қисмат ўлмиш бизга ёр жабрию ағёр миннати,
Бу хабарлар барибир Яздонга келгай, ғам ема.

Кимки сарсон бўлдию оламда бир дўст топмади,
Ул етишгай дўстгаю жавлонга келгай, ғам ема.

Гарчи мақсад ноаёну йўл – хатар, манзил йироқ,
Барча йўллар охири поёнга келгай, ғам ема.

Ҳофизо, бу фақру хилват кечаларнинг қўйнида
То тилинг айтар, дилинг Қуръонга келгай, ғам ема.

* * *

Эйки, пистанг ханда урмиш қандларга беомон,
Зору муштоқман, ширин бир кулгу қилғил армуғон.

Шаккарин лаблар била лутф айлаганда бизни ёр,
Писта, бас, хандонлиғингдин қолмади ному нишон.

Истасанг гар юзларингдин оқмасин қон селлари,
Сен кўнгил берма бировлар суҳбатига ҳеч қачон.

Гоҳида зулфинг очиб, гоҳ айлагайсан хандалар,
Худписандлар бирла биз йўлдош эмасдурмиз, ишон.

Қоматинг олдида ҳатто тўбилар ҳам лолдир,
Кечмишам бул қиссадин мен, то сухан бўлсин равон.

Ким хабардор ўлгуси ошифта ҳолимдин менинг,
Улки кўнгли тушмамишдир бул камандга бир замон?

Ёнди шавқ бозори, лекин қайда ул юз оташи?
Токи жонни ул юза испанд қилойин бегумон.

Ҳофизо, сен нозанинлар ғамзасидин кечмадинг,
Қайда йўл, билдингми, сенга? Хоразм, Хўжанд томон.

* * *

Бода бергил соқиё, гулнинг замони келди-ку,
Гул ичинда тавба синдурмак авони келди-ку.

Айла туғён ҳар тиконга қасдма-қасд, бўстондаким
Бизга ҳам гул ичра булбул ошёни келди-ку.

Бу чаман саҳнида ичгил боданиким, дил аро
Тоза оятларни айтиб гул забони келди-ку.

Гул чаманга етди, лек бўлма фироқдин бехабар,
Ёр иста, иста май деб гул фиғони келди-ку.

Ҳофизо, булбул каби гул васлини истар эсанг,
Йўлига бўлгил фидо – гул боғбони келди-ку.

* * *
Сочингни гулни баргига, аё дилбар, ниқоб айла,
Юзинг беркитгилу оламни ҳам бирдан хароб айла.

Ўшал маст наргисингни ишва бирлан уйқудин уйғот,
Чаман ичра гўзал наргисни рашкингдин азоб айла.

Юзингдин терни сачратгил бу боғ атрофидин ҳар ён,
Бизим кўзлар мисол ҳар битта гул узра гулоб айла.

Бинафша исларин тинглаб, нигорнинг зулфларидан тут,
Назар қил лоланинг рангигаю азми шароб айла.

Сенга одат эрур ошиқларингни ўлдуруб юрмоқ,
Дилимнинг қонини ғамзанг қиличига ҳижоб айла.

Сенинг феълинг била бахтимни мен чин дилдан ўргандим:
Берурсан май рақибларга, менга эрса итоб айла.

Дуонинг йўлидан Ҳофиз висолга етмоқ истайдур,
Илоҳи, хастадилларнинг дуосин мустажоб айла.

* * *

Ёрга ошиқман, менга куфр ила иймонингни қўй,
Мен шаробни ташнасиман, васлу ҳижронингни қўй.

Дилбаримнинг лабларидан бир тириклик топмадим,
Шул сабаб, жоним, менга жон бирла жононингни қўй.

Ишқ ароким ўлмишам – даврон амирин найлайин?
Бенаво, бечорадурман, бегу султонингни қўй.

Менга дилдор қошларидан битта меҳроб бўлса бас,
Дилга шул давлат етар, кўп баҳсу достонингни қўй.

Икки олам ичра менга Ёр асқотгай фақат,
Жаннату дўзахни қўйгил, ҳуру ғилмонингни қўй.

Мардларнинг суратин қўй, сийратин сен сайлагил,
Марди ошиқ бўлсанг ул суратли айвонингни қўй.

Масту ошиқсан агар такрор айтгил, Ҳофизо:
Ёрга ошиқман, менга куфр ила иймонингни қўй.

* * *

Кемамизни келгилу солгил шароб дарёсига,
Кексаю ёшларни ҳам солгил шу иш ғавғосига.

Ким демишлар яхшилик қил, яхшиликни сувга сол,
Келгил, эй соқий, киришгил шу нақл ижросига.

Жом аро гулрангу хушбўй бодадин келтир менга,
Рашкдин куйсин гулоб, ўт сол анинг даъвосига.

Гарчи мен масту харобман, менга бир лутф айлагил,
Бир назар сол бу хароб дилнинг куюк саҳросига.

Гар ярим тун ичра сенга офтоб юз кўргузур,
Ол ниқоб гулчеҳра қиздан, боқ анинг раъносига.

Ўлганимда, олгилу, тупроққа топширмай таним,
Хумга солгил сен мени, солгил шароб маъвосига.

Қилча гар юз бурса сендан, олгилу Ҳофиз дилин,
Олгилу солгил ани ёр зулфининг савдосига.

* * *

Менинг бир мушкулим бор ўз дилимдан,
Вале бир сўз деёлмам мушкулимдан.

Менинг маҳзун бу жоним айтса бўлгай,
На қонлар истадим мен ўз дилимдан.

Қолибман ортда карвонингдан, эй ёр,
Кетар, ёр, маҳмилинг – дил маҳмилимдан.

Кезиб Мажнундайин чўлу биёбон,
Нишон бир топмадим ўз манзилимдан.

Менга бир йўл буюрмишлар азалдан,
Йироқман кемадай ўз соҳилимдан.

Бу йўлда неча дамларни йўқотдим,
Шу бахтим дастидан – ўз ғофилимдан.

Бу манзилларда тупроқ бўлди Ҳофиз,
Бу тупроқлар – менинг обу гилимдан.

* * *

Йилларки риндлар мазҳабин жисмим аро жон қилмишам,
Ақлимни фатвоси била нафсимни зиндон қилмишам.

Анқони истаб манзилин мен бир ўзим йўл юрмадим,
Йўлларда йўлдошимни мен мурғи Сулаймон қилмишам.

Абгор дилимга соя сол бир лаҳза, эй ганжи мурод,
Кўркам бу уйни мен сенинг кўйингда вайрон қилмишам.

Ўпмам дебон соқий лабин кўп тавбалар қилган эдим,
Нодонни доно деб атаб, энди пушаймон қилмишам.

Мастлик билан ростлик азал устодининг изминдадир,
Неки буюрмиш тангри: қил, мен ҳам ўшал он қилмишам.

Олам яралгандан буён фирдавсни қилгайман тамаъ,
Мен гарчи майни кўп ичиб, ишрат фаровон қилмишам.

Қартайганимда гул Юсуф суҳбатлари бўлмиш насиб,
Ғам кулбаси – қалбимни сабрим бирла шодон қилмишам.

Мен бир ғазал девонига йилларки қулман, не ажаб,
Невчун ўзимни соҳиби девон деб эълон қилмишам?..

* * *

Бу замон савдосига бир ҳадду поён кўрмадим,
Арғувоний бода келтир, ўзга дармон кўрмадим.

Мардларга ишқу ошиқлик нишондир, ўзни топ,
Бу шаҳарнинг шайхларида лек бу унвон кўрмадим.

Бир қадаҳ бахш этмади ҳеч ким, хумор ўлдим агар,
Олам ичра дилни аҳлидан бир инсон кўрмадим.

Бу қадаҳ офтобининг айшин баланд тутгил мудом,
Чунки вақт толеини мен шоду хандон кўрмадим.

Сочи бирлан белининг шарҳини мендан сўрмаким,
Мен ўзимни ушбу анжуманда бир он кўрмадим.

Бул менинг икки кўзимга юз минг афсусларки, мен
Бул ики кўзгу билан чеҳранг намоён кўрмадим.

Навниҳол қоматларинг кўзёшларимдан яшнади,
Сарвқадларни вале соҳилда меҳмон кўрмадим.

Ушбу дарё ичра, Ҳофиз, сен сафинанг бирла қол,
Бундан ўзга сўз бисотини дурафшон кўрмадим.

* * *

Ушбу ғурбатхонадан кетсам азиз остонага,
Аҳд қилдим йўл аро киргум яна майхонага.

Бу сафардан соғ-омон қайтсам ватанга мен агар,
Қайга борсам дўст бўлурман оқилу фарзонага.

Бу сулукнинг сайридан кашф этганим ҳикмат шудир:
Бир қўлинг борбатда бўлсин, бир қўлинг – паймонага.

Қон ютарлар ишқ эшигининг бари ошнолари,
Нокас ўлгум гар шикоят айласам бегонага.

Ёр зулфин занжирин бундан буён қўйвормирам,
Ҳеч қулоқ солмасман энди бу дили девонага.

Қошларин меҳробини кўрсам агар бир бор яна,
Саждада шукр айлагум, кетгум фақат шукронага.

Сархуш ул дамки вазирнинг ҳукми бирлан, Ҳофизо,
Дўст билан майхонадин кетсанг чиқиб кошонага.

* * *

Бир дилбари жоним менинг олди дилу жоним менинг,
Олди дилу жоним менинг бир дилбари жоним менинг.

Лаб берса жононим менинг жонлангуси жоним менинг,
Жонлангуси жоним менинг лаб берса жононим менинг.

Фирдавси ризвоним менинг дўст кўйининг тупроғидир,
Дўст кўйининг тупроғидир фирдавси ризвоним менинг.

Кўнглим бу – ҳайроним менинг шайдою сайронинг сенинг,
Шайдою сайронинг сенинг кўнглим бу – ҳайроним менинг.

Юсуфи Канъоним менинг ҳусн элининг подшоси сен,
Ҳусн элининг подшоси сен Юсуфи Канъоним менинг.

Сарви гулистоним менинг хуш қадду бўйингдир сенинг,
Хуш қадду бўйингдир сенинг сарви гулистоним менинг.

Ҳофиз ғазалхоним менинг сўз ичра султоним менинг,
Сўз ичра султоним менинг Ҳофиз ғазалхоним менинг.

* * *

Лола даврида қадаҳ ол, бериё бўлгил кўнгил,
Бир нафас гулнинг ҳидига ҳамзиё бўлгил кўнгил.

Йил бўйи бир тинмайин май ич демасман сенга ҳеч,
Май ичиб уч ой, тўқиз ой порсо бўлгил кўнгил.

Ишқ пиринг гар сени шул ишга даъват айлагай,
Ичгилу ҳақ раҳматин кутгил, сафо бўлгил кўнгил.

Ғайб асрорига гар етмоқ тиларсан Жам мисол,
Ул жаҳон жомига доим мубтало бўлгил кўнгил.

Ғунча янглиғ гар тугундир кўҳна дунё ишлари,
Сен баҳорнинг елидай мушкулкушо бўлгил кўнгил.

Бўлма ёр бегоналарнинг тоатига, тинглагил,
Ҳофизингдай риндларга ошно бўлгил кўнгил.

* * *

Эй лабингдин битта сўз жоним аро жондин лазиз,
Ҳар на ширин бўлса оламда лабинг ондин лазиз.

Тишларинг сут қатрасию лабларинг кони шакар,
Бормикан оламда бу ширу шакар кондин лазиз?

Дил қони бирлан жигарларнинг кабоби сен учун,
Келса гар май ҳам кабоб гул юзли жонондин – лазиз.

Лутфинг оллида тилимдан келди бир сўзлар латиф,
Лабларинг васфини айтсам барча достондин лазиз.

Дил ғизоси дилраболар ҳуснидин бўлса агар,
Ўтгуси таъми лабу тил бирла дандондин лазиз.

Ҳофизинг жон ширасидинким пиширмиш ҳолвалар,
Лабларингнинг болин ўйлабдур дилу жондин лазиз.

* * *

Хуш рақамни гул юза гул юзли дилдор тортадур,
Худдики гул саҳфасига гулни гулзор тортадур.

Етти қат хилват аро пинҳон кўзимни ёшини,
Сен олиб бозорга солгунг, элни ошкор тортадур.

Ҳар замон мастона кўзлар бирла майгун лабларинг,
Ишва айлаб, бизни хилват ичра хуммор тортадур.

Сен дедингки: сайдларимнинг ёнида бўлгай бошинг,
Хўп, дедим мен, ёр учун бошим бу озор тортадур.

Қошу кўзингга на тадбир айлагайман дил била?
Икки ёйким, битта бемор узра такрор тортадур.

Кел менинг ёнимгаким, асрай ёмон кўздин сени,
Тоза гулсан, этагинг ҳажрини бу хор6 тортадур.

Сен борурсан, икки ёндан – зулфларингнинг бўйлари,
Тонг елини ишлатурга икки маккор тортадур.

Ҳофизингга бу жаҳон неъматларидан не керак?
Тортадур май, бўйнига зулфини ул ёр тортадур.

* * *

Қайда васлинг муждаси, тан ичра жондин қўзғолай,
Жон қушиман, яъниким икки жаҳондин қўзғолай.

Ул ҳидоят ёмғирингдан менга ҳам еткиз, Худо,
Гард бўлиб кетгум, бу жисми нотавондин қўзғолай.

Гар мени бандам десанг, ишқинг билан жавлон уриб,
Ҳар гулу, ҳар бир хасу, кавну макондин қўзғолай.

Қабрим узра мутрибу май бирла ўлтиргилки, мен
Исларингдан маст бўлиб ҳар устухондин қўзғолай.

Кексаман гар, ол мени тун ичра тор қўйнингғаким,
Ёш йигитдай тонг саҳар сен меҳрибондин қўзғолай.

Кўйинга кўрсатма менга ул қабоҳат куни, ёр,
То фалак жабру жафосию замондин қўзғолай.

Сарв қаддинг бирла қилғил менга ширин ишвалар,
Ҳофизингдай ўйнабон жону жаҳондин қўзғолай.

РУБОИЙЛАР

* * *

Бу гул келгай – менга уммидлари келгай,
Дилимга шодлиги ҳам ийдлари келгай.
Анга ҳамдам бўлойин деб яқинлашсам,
Бу гулдан ҳам бировнинг ҳидлари келгай.

* * *

Жонон ечинса бунча жонон бўлгай,
Бир ён ўзию жаҳон бир ён бўлгай.
Соф сийнаси остидин дили кўринадир,
Соф сувда дегилки тош намоён бўлгай.

* * *

Мен шавқи бор бир кишининг бандасиман,
Ишқ тавқи бор бир кишининг бандасиман.
Бу бодани ишқ завқи борлар ичадир,
Мен завқи бор бир кишининг бандасиман.

* * *

Биздек агар афтодайи бу дом бўласан,
Май бирла харобу бандаи жом бўласан.
Оламни ёқар риндлиғу ошиқлиғимиз,
Биз бирла ўтурмагилки бадном бўласан.

* * *

Сел олди, қара, умрни вайронасини,
Тўлдирадир у умрни паймонасини.
Эй хожа, уйонғилки , замон ҳаммоли
Йиғмоқда, супурмоқда умр хонасини.

* * *

Аъзойи баданларим исинсаю шай бўлса,
Бир ҳавою бир кабобу чанг бўлсаю най бўлса.
Бир арпаси ҳам керак эмас Ҳотами Тайнинг,
Бир хилвату бир дилбару мен бўлсаму май бўлса.

ҚИТЪАЛАР

* * *

Фалак ҳар неки бермиш – қайтариб олмиш, зарар бўлмиш,
Ўтибдир ёшлик айёми – бу не янглиғ сафар бўлмиш?
Умрдин қолган онларни хуш ўтказгил, аё Ҳофиз,
Кўзингда ушбу дамда икки дунё мухтасар бўлмиш.

* * *

Эйки, даврондин тиларсан, айтмирам: зар истагил,
Молу дунёси надир – гар истама, гар истагил?
Шод бўлғил, шод юргил, айш қилу хуррам яша,
Барчасин тарк айла осон, битта соғар истагил.

* * *

Айтди ул гулфом шароб ўз васфида бундоқ калом:
Тўртта ҳар хил жойда мен тўрт турли гавҳарман мудом.
Ток учун зумрад эрурман, шиша ичра мен – ақиқ,
Хум аро юлдузману жом ичра офтобман, тамом.

 

09

09Шамсуддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий Эроннинг Шероз шаҳрида туғилган. Лекин бутун умри давомида она шаҳридан четга чиқмаган бу «исонафаслик ринди Шероз» (Навоий) ўзининг ёниқ шеърлари билан ярим дунёни эгаллади ва ўзидан кейинги Шарқу Ғарб адабиётига катта таъсир кўрсатди. Буюк немис шоири Ҳёте Ҳофизни «ноёб услуб даҳоси», «муқаддас Ҳофиз» деб улуғлаб, унинг таъсирида «Ғарбу Шарқ девони»ни яратган бўлса, В. Жуковский, А. Пушкин, Ю. Лермонтов, А. Фет, С. Есенин каби рус шоирлари Ҳофиздан илҳомланиб, «ҳофизона» оҳангларда шеърлар ёзганлар, унинг ижодини юксак баҳолаганлар. Шарқда эса Шероз булбулидан таъсирланмаган шоирнинг ўзи йўқ ҳисоби.

Машҳур ҳинд шоири ва мутафаккири Муҳаммад Иқбол Ҳофизни буюк сеҳргар, деб луфт этган эди. Чиндан ҳам дунё адабиётида сўзни Ҳофиздай минг бир мақомда ўйнатган, сўзга минг бир маъно юклаган, сўзни минг бир сеҳру синоат пардасига ўраган яна бир шоирни топиш мумкин эмас. Ҳофиз шеърлари табиийлиги, самимийлиги, ҳассос бир муҳаббат ва юксак бадииятга йўғрилганлиги, мазмуни теран ва серқатламлиги, фалсафасининг қуюқлиги, нозик ишораларга бойлиги, услубининг мураккаблиги учун ҳам унга «лисон ул-ғайб» — «ғойибнинг тили» сифатини берганлар. Ҳофиз Шарқда шунчалик шуҳрат тутганки, уни муқаддаслаштириб, илоҳийлаштириб, девонини фол китобига айлантирганлар. Шоир девони мадрасаларда махсус дарслик сифатида ўқитилган. Шарқда ҳофизхонлик катта шуҳрат қозонган.
Ҳофиз ҳаммаёқни вайронага айлантирган мўғуллар ҳукмронлиги инқирозга учраб, майда хонликлар ўртасидаги ўзаро тожу тахт талашлари авж олган, бундан халқнинг тинкаси қуриб, аҳволи хароб бўлган бир даврда яшаб ижод этди. Унинг даврида Шероз 5 марта ана шундай жанглар гирдобига тортилиб, ўзи вайрон, халқи қатли ом қилинди. 50 йил (1338—1388) мобайнида 6 марта подшоҳ алмашганлиги ҳам шоир яшаган даврнинг нотинчлигини кўрсатади. Бу нарса унинг ижодига таъсир этмаслиги мумкин эмас эди. Маъшуқа таъриф-тавсифи, висол лаззати-ю, ҳижрон ҳасратини тараннум этиш воситаси бўлган ғазалга Ҳофиз ижтимоий мавзулар, фалсафий фикр-мулоҳазаларни омухта қилди. У ишқ аталган улкан ва бепоён мавзу ичига Олам ва Одам дардини, ўз даврининг ўткир ижтимоий муаммоларини дадил олиб кирди ва маҳорат билан шеърга солди. Ҳофизни Ҳофиз қилган нарса аслида шу. Шоир инсоннинг орзу-интилишлари, қувончу қайғуси, дарду ташвишлари, муҳаббати, фикру ўйларини авж пардаларда куйлаш билан адабиётнинг асосий объекти инсон эканлигини амалда исботлади. Шунинг учун ҳам, мана, VII асрдирки, унинг шуҳрати заррача камайган эмас, билъакс, кундан-кунга ортиб борди ва бундан кейин ҳам шоир ижодига бўлган қизиқиш сўнмаслиги шубҳасиз.
Ҳофиздан бор-йўғи бир девон мерос қолган. Шуни ҳам унинг ўзи тузмаган. Бу ишни Ҳофиз вафотидан 30—40 йил кейин шоирнинг дўсти ва шогирди Муҳаммад Гуландом амалга оширган. Лекин шу биргина девони билан ҳам у ярим дунёни эгаллади.
Фирдавсий маснавийни, Умар Хайём рубоийни қанчалик такомилга етказган бўлсалар, Ҳофиз Шерозий ҳам ғазални шунчалик юксак пояга кўтарди. Мана, неча асрлардан буён рубоийда бирор шоир Умар Хайёмга етолмагани каби, ғазалда ҳам ҳеч ким Ҳофизнинг олдига тушолган эмас.
Ҳофиз ижодидан намуналарни ўзбек тилига Хуршид, Муинзода, Чустий, Васфий, Ш. Шомуҳамедов, Ж. Жабборов, Э. Воҳидов, О. Бўриев каби форс-тожик адабиётининг билимдонлари таржима қилганлар.

011Shamsuddin Muhammad Hofiz Sheroziy Eronning Sheroz shahrida tug’ilgan. Lekin butun umri davomida ona shahridan chetga chiqmagan bu «isonafaslik rindi Sheroz» (Navoiy) o’zining yoniq she’rlari bilan yarim dunyoni egalladi va o’zidan keyingi Sharqu G’arb adabiyotiga katta ta’sir ko’rsatdi. Buyuk nemis shoiri Hyote Hofizni «noyob uslub dahosi», «muqaddas Hofiz» deb ulug’lab, uning ta’sirida «G’arbu Sharq devoni»ni yaratgan bo’lsa, V. Jukovskiy, A. Pushkin, YU. Lermontov, A. Fet, S. Yesenin kabi rus shoirlari Hofizdan ilhomlanib, «hofizona» ohanglarda she’rlar yozganlar, uning ijodini yuksak baholaganlar. Sharqda esa Sheroz bulbulidan ta’sirlanmagan shoirning o’zi yo’q hisobi.
Mashhur hind shoiri va mutafakkiri Muhammad Iqbol Hofizni buyuk sehrgar, deb luft etgan edi. Chindan ham dunyo adabiyotida so’zni Hofizday ming bir maqomda o’ynatgan, so’zga ming bir ma’no yuklagan, so’zni ming bir sehru sinoat pardasiga o’ragan yana bir shoirni topish mumkin emas. Hofiz she’rlari tabiiyligi, samimiyligi, hassos bir muhabbat va yuksak badiiyatga yo’g’rilganligi, mazmuni teran va serqatlamligi, falsafasining quyuqligi, nozik ishoralarga boyligi, uslubining murakkabligi uchun ham unga «lison ul-g’ayb» — «g’oyibning tili» sifatini berganlar. Hofiz Sharqda shunchalik shuhrat tutganki, uni muqaddaslashtirib, ilohiylashtirib, devonini fol kitobiga aylantirganlar. Shoir devoni madrasalarda maxsus darslik sifatida o’qitilgan. Sharqda hofizxonlik katta shuhrat qozongan.
Hofiz hammayoqni vayronaga aylantirgan mo’g’ullar hukmronligi inqirozga uchrab, mayda xonliklar o’rtasidagi o’zaro toju taxt talashlari avj olgan, bundan xalqning tinkasi qurib, ahvoli xarob bo’lgan bir davrda yashab ijod etdi. Uning davrida Sheroz 5 marta ana shunday janglar girdobiga tortilib, o’zi vayron, xalqi qatli om qilindi. 50 yil (1338—1388) mobaynida 6 marta podshoh almashganligi ham shoir yashagan davrning notinchligini ko’rsatadi. Bu narsa uning ijodiga ta’sir etmasligi mumkin emas edi. Ma’shuqa ta’rif-tavsifi, visol lazzati-yu, hijron hasratini tarannum etish vositasi bo’lgan g’azalga Hofiz ijtimoiy mavzular, falsafiy fikr-mulohazalarni omuxta qildi. U ishq atalgan ulkan va bepoyon mavzu ichiga Olam va Odam dardini, o’z davrining o’tkir ijtimoiy muammolarini dadil olib kirdi va mahorat bilan she’rga soldi. Hofizni Hofiz qilgan narsa aslida shu. Shoir insonning orzu-intilishlari, quvonchu qayg’usi, dardu tashvishlari, muhabbati, fikru o’ylarini avj pardalarda kuylash bilan adabiyotning asosiy ob’ekti inson ekanligini amalda isbotladi. Shuning uchun ham, mana, VII asrdirki, uning shuhrati zarracha kamaygan emas, bil’aks, kundan-kunga ortib bordi va bundan keyin ham shoir ijodiga bo’lgan qiziqish so’nmasligi shubhasiz.
Hofizdan bor-yo’g’i bir devon meros qolgan. Shuni ham uning o’zi tuzmagan. Bu ishni Hofiz vafotidan 30—40 yil keyin shoirning do’sti va shogirdi Muhammad Gulandom amalga oshirgan. Lekin shu birgina devoni bilan ham u yarim dunyoni egalladi.Firdavsiy masnaviyni, Umar Xayyom ruboiyni qanchalik takomilga yetkazgan bo’lsalar, Hofiz Sheroziy ham g’azalni shunchalik yuksak poyaga ko’tardi. Mana, necha asrlardan buyon ruboiyda biror shoir Umar Xayyomga yetolmagani kabi, g’azalda ham hech kim Hofizning oldiga tusholgan emas.Hofiz ijodidan namunalarni o’zbek tiliga Xurshid, Muinzoda, Chustiy, Vasfiy, SH. Shomuhamedov, J. Jabborov, E. Vohidov, O. Bo’riev kabi fors-tojik adabiyotining bilimdonlari tarjima qilganlar.

 

055
Hofiz Sheroziy
G’AZALLAR,RUBOIYLAR,QIT’ALAR
Sirojiddin Sayyid tarjimalari

08

G’AZALLAR

Gum bo’lib ketgan Yusuf Kan’onga kelgay, g’am yema,
G’am uyi bir kun munavvar onga kelgay, g’am yema.

Shod bo’lg’ay bu ko’ngil bir kun, ko’ngilni buzmagil,
Yuksalib boshing yana osmonga kelgay, g’am yema.

Gar bu gardun ikki-uch kun biz uchun evrulmadi,
Bir kuni bu dardu g’am yaksonga kelgay, g’am yema.

Kelgay ul umring bahori, gul yopingaysan yana,
Bulbulo, bog’u chaman tug’yonga kelgay, g’am yema.

Parda ichra bir nihon nayranglar asrar g’aybkim,
Sengamu yo mengamu – qay jonga kelgay, g’am yema.

Qasri bunyodingni, ey dil, gar fano seli yiqar,
Nuh panohing bo’lsa gar – to’fonga kelgay, g’am yema.

Ka’ba shavqi birla gar kechsang biyobonlarni zor,
Qanchalar xoru tikan isyonga kelgay, g’am yema.

Qismat o’lmish bizga yor jabriyu ag’yor minnati,
Bu xabarlar baribir Yazdonga kelgay, g’am yema.

Kimki sarson bo’ldiyu olamda bir do’st topmadi,
Ul yetishgay do’stgayu javlonga kelgay, g’am yema.

Garchi maqsad noayonu yo’l – xatar, manzil yiroq,
Barcha yo’llar oxiri poyonga kelgay, g’am yema.

Hofizo, bu faqru xilvat kechalarning qo’ynida
To tiling aytar, diling Qur’onga kelgay, g’am yema.

* * *

Eyki, pistang xanda urmish qandlarga beomon,
Zoru mushtoqman, shirin bir kulgu qilg’il armug’on.

Shakkarin lablar bila lutf aylaganda bizni yor,
Pista, bas, xandonlig’ingdin qolmadi nomu nishon.

Istasang gar yuzlaringdin oqmasin qon sellari,
Sen ko’ngil berma birovlar suhbatiga hech qachon.

Gohida zulfing ochib, goh aylagaysan xandalar,
Xudpisandlar birla biz yo’ldosh emasdurmiz, ishon.

Qomating oldida hatto to’bilar ham loldir,
Kechmisham bul qissadin men, to suxan bo’lsin ravon.

Kim xabardor o’lgusi oshifta holimdin mening,
Ulki ko’ngli tushmamishdir bul kamandga bir zamon?

Yondi shavq bozori, lekin qayda ul yuz otashi?
Toki jonni ul yuza ispand qiloyin begumon.

Hofizo, sen nozaninlar g’amzasidin kechmading,
Qayda yo’l, bildingmi, senga? Xorazm, Xo’jand tomon.

* * *

Boda bergil soqiyo, gulning zamoni keldi-ku,
Gul ichinda tavba sindurmak avoni keldi-ku.

Ayla tug’yon har tikonga qasdma-qasd, bo’stondakim
Bizga ham gul ichra bulbul oshyoni keldi-ku.

Bu chaman sahnida ichgil bodanikim, dil aro
Toza oyatlarni aytib gul zaboni keldi-ku.

Gul chamanga yetdi, lek bo’lma firoqdin bexabar,
Yor ista, ista may deb gul fig’oni keldi-ku.

Hofizo, bulbul kabi gul vaslini istar esang,
Yo’liga bo’lgil fido – gul bog’boni keldi-ku.

* * *
Sochingni gulni bargiga, ayo dilbar, niqob ayla,
Yuzing berkitgilu olamni ham birdan xarob ayla.

O’shal mast nargisingni ishva birlan uyqudin uyg’ot,
Chaman ichra go’zal nargisni rashkingdin azob ayla.

Yuzingdin terni sachratgil bu bog’ atrofidin har yon,
Bizim ko’zlar misol har bitta gul uzra gulob ayla.

Binafsha islarin tinglab, nigorning zulflaridan tut,
Nazar qil lolaning rangigayu azmi sharob ayla.

Senga odat erur oshiqlaringni o’ldurub yurmoq,
Dilimning qonini g’amzang qilichiga hijob ayla.

Sening fe’ling bila baxtimni men chin dildan o’rgandim:
Berursan may raqiblarga, menga ersa itob ayla.

Duoning yo’lidan Hofiz visolga yetmoq istaydur,
Ilohi, xastadillarning duosin mustajob ayla.

* * *

Yorga oshiqman, menga kufr ila iymoningni qo’y,
Men sharobni tashnasiman, vaslu hijroningni qo’y.

Dilbarimning lablaridan bir tiriklik topmadim,
Shul sabab, jonim, menga jon birla jononingni qo’y.

Ishq arokim o’lmisham – davron amirin naylayin?
Benavo, bechoradurman, begu sultoningni qo’y.

Menga dildor qoshlaridan bitta mehrob bo’lsa bas,
Dilga shul davlat yetar, ko’p bahsu dostoningni qo’y.

Ikki olam ichra menga Yor asqotgay faqat,
Jannatu do’zaxni qo’ygil, huru g’ilmoningni qo’y.

Mardlarning suratin qo’y, siyratin sen saylagil,
Mardi oshiq bo’lsang ul suratli ayvoningni qo’y.

Mastu oshiqsan agar takror aytgil, Hofizo:
Yorga oshiqman, menga kufr ila iymoningni qo’y.

* * *

Kemamizni kelgilu solgil sharob daryosiga,
Keksayu yoshlarni ham solgil shu ish g’avg’osiga.

Kim demishlar yaxshilik qil, yaxshilikni suvga sol,
Kelgil, ey soqiy, kirishgil shu naql ijrosiga.

Jom aro gulrangu xushbo’y bodadin keltir menga,
Rashkdin kuysin gulob, o’t sol aning da’vosiga.

Garchi men mastu xarobman, menga bir lutf aylagil,
Bir nazar sol bu xarob dilning kuyuk sahrosiga.

Gar yarim tun ichra senga oftob yuz ko’rguzur,
Ol niqob gulchehra qizdan, boq aning ra’nosiga.

O’lganimda, olgilu, tuproqqa topshirmay tanim,
Xumga solgil sen meni, solgil sharob ma’vosiga.

Qilcha gar yuz bursa sendan, olgilu Hofiz dilin,
Olgilu solgil ani yor zulfining savdosiga.

* * *

Mening bir mushkulim bor o’z dilimdan,
Vale bir so’z deyolmam mushkulimdan.

Mening mahzun bu jonim aytsa bo’lgay,
Na qonlar istadim men o’z dilimdan.

Qolibman ortda karvoningdan, ey yor,
Ketar, yor, mahmiling – dil mahmilimdan.

Kezib Majnundayin cho’lu biyobon,
Nishon bir topmadim o’z manzilimdan.

Menga bir yo’l buyurmishlar azaldan,
Yiroqman kemaday o’z sohilimdan.

Bu yo’lda necha damlarni yo’qotdim,
Shu baxtim dastidan – o’z g’ofilimdan.

Bu manzillarda tuproq bo’ldi Hofiz,
Bu tuproqlar – mening obu gilimdan.

* * *

Yillarki rindlar mazhabin jismim aro jon qilmisham,
Aqlimni fatvosi bila nafsimni zindon qilmisham.

Anqoni istab manzilin men bir o’zim yo’l yurmadim,
Yo’llarda yo’ldoshimni men murg’i Sulaymon qilmisham.

Abgor dilimga soya sol bir lahza, ey ganji murod,
Ko’rkam bu uyni men sening ko’yingda vayron qilmisham.

O’pmam debon soqiy labin ko’p tavbalar qilgan edim,
Nodonni dono deb atab, endi pushaymon qilmisham.

Mastlik bilan rostlik azal ustodining izmindadir,
Neki buyurmish tangri: qil, men ham o’shal on qilmisham.

Olam yaralgandan buyon firdavsni qilgayman tama’,
Men garchi mayni ko’p ichib, ishrat farovon qilmisham.

Qartayganimda gul Yusuf suhbatlari bo’lmish nasib,
G’am kulbasi – qalbimni sabrim birla shodon qilmisham.

Men bir g’azal devoniga yillarki qulman, ne ajab,
Nevchun o’zimni sohibi devon deb e’lon qilmisham?..

* * *

Bu zamon savdosiga bir haddu poyon ko’rmadim,
Arg’uvoniy boda keltir, o’zga darmon ko’rmadim.

Mardlarga ishqu oshiqlik nishondir, o’zni top,
Bu shaharning shayxlarida lek bu unvon ko’rmadim.

Bir qadah baxsh etmadi hech kim, xumor o’ldim agar,
Olam ichra dilni ahlidan bir inson ko’rmadim.

Bu qadah oftobining ayshin baland tutgil mudom,
Chunki vaqt toleini men shodu xandon ko’rmadim.

Sochi birlan belining sharhini mendan so’rmakim,
Men o’zimni ushbu anjumanda bir on ko’rmadim.

Bul mening ikki ko’zimga yuz ming afsuslarki, men
Bul iki ko’zgu bilan chehrang namoyon ko’rmadim.

Navnihol qomatlaring ko’zyoshlarimdan yashnadi,
Sarvqadlarni vale sohilda mehmon ko’rmadim.

Ushbu daryo ichra, Hofiz, sen safinang birla qol,
Bundan o’zga so’z bisotini durafshon ko’rmadim.

* * *

Ushbu g’urbatxonadan ketsam aziz ostonaga,
Ahd qildim yo’l aro kirgum yana mayxonaga.

Bu safardan sog’-omon qaytsam vatanga men agar,
Qayga borsam do’st bo’lurman oqilu farzonaga.

Bu sulukning sayridan kashf etganim hikmat shudir:
Bir qo’ling borbatda bo’lsin, bir qo’ling – paymonaga.

Qon yutarlar ishq eshigining bari oshnolari,
Nokas o’lgum gar shikoyat aylasam begonaga.

Yor zulfin zanjirin bundan buyon qo’yvormiram,
Hech quloq solmasman endi bu dili devonaga.

Qoshlarin mehrobini ko’rsam agar bir bor yana,
Sajdada shukr aylagum, ketgum faqat shukronaga.

Sarxush ul damki vazirning hukmi birlan, Hofizo,
Do’st bilan mayxonadin ketsang chiqib koshonaga.

* * *

Bir dilbari jonim mening oldi dilu jonim mening,
Oldi dilu jonim mening bir dilbari jonim mening.

Lab bersa jononim mening jonlangusi jonim mening,
Jonlangusi jonim mening lab bersa jononim mening.

Firdavsi rizvonim mening do’st ko’yining tuprog’idir,
Do’st ko’yining tuprog’idir firdavsi rizvonim mening.

Ko’nglim bu – hayronim mening shaydoyu sayroning sening,
Shaydoyu sayroning sening ko’nglim bu – hayronim mening.

Yusufi Kan’onim mening husn elining podshosi sen,
Husn elining podshosi sen Yusufi Kan’onim mening.

Sarvi gulistonim mening xush qaddu bo’yingdir sening,
Xush qaddu bo’yingdir sening sarvi gulistonim mening.

Hofiz g’azalxonim mening so’z ichra sultonim mening,
So’z ichra sultonim mening Hofiz g’azalxonim mening.

* * *

Lola davrida qadah ol, beriyo bo’lgil ko’ngil,
Bir nafas gulning hidiga hamziyo bo’lgil ko’ngil.

Yil bo’yi bir tinmayin may ich demasman senga hech,
May ichib uch oy, to’qiz oy porso bo’lgil ko’ngil.

Ishq piring gar seni shul ishga da’vat aylagay,
Ichgilu haq rahmatin kutgil, safo bo’lgil ko’ngil.

G’ayb asroriga gar yetmoq tilarsan Jam misol,
Ul jahon jomiga doim mubtalo bo’lgil ko’ngil.

G’uncha yanglig’ gar tugundir ko’hna dunyo ishlari,
Sen bahorning yeliday mushkulkusho bo’lgil ko’ngil.

Bo’lma yor begonalarning toatiga, tinglagil,
Hofizingday rindlarga oshno bo’lgil ko’ngil.

* * *

Ey labingdin bitta so’z jonim aro jondin laziz,
Har na shirin bo’lsa olamda labing ondin laziz.

Tishlaring sut qatrasiyu lablaring koni shakar,
Bormikan olamda bu shiru shakar kondin laziz?

Dil qoni birlan jigarlarning kabobi sen uchun,
Kelsa gar may ham kabob gul yuzli jonondin – laziz.

Lutfing ollida tilimdan keldi bir so’zlar latif,
Lablaring vasfini aytsam barcha dostondin laziz.

Dil g’izosi dilrabolar husnidin bo’lsa agar,
O’tgusi ta’mi labu til birla dandondin laziz.

Hofizing jon shirasidinkim pishirmish holvalar,
Lablaringning bolin o’ylabdur dilu jondin laziz.

* * *

Xush raqamni gul yuza gul yuzli dildor tortadur,
Xuddiki gul sahfasiga gulni gulzor tortadur.

Yetti qat xilvat aro pinhon ko’zimni yoshini,
Sen olib bozorga solgung, elni oshkor tortadur.

Har zamon mastona ko’zlar birla maygun lablaring,
Ishva aylab, bizni xilvat ichra xummor tortadur.

Sen dedingki: saydlarimning yonida bo’lgay boshing,
Xo’p, dedim men, yor uchun boshim bu ozor tortadur.

Qoshu ko’zingga na tadbir aylagayman dil bila?
Ikki yoykim, bitta bemor uzra takror tortadur.

Kel mening yonimgakim, asray yomon ko’zdin seni,
Toza gulsan, etaging hajrini bu xor6 tortadur.

Sen borursan, ikki yondan – zulflaringning bo’ylari,
Tong yelini ishlaturga ikki makkor tortadur.

Hofizingga bu jahon ne’matlaridan ne kerak?
Tortadur may, bo’yniga zulfini ul yor tortadur.

* * *

Qayda vasling mujdasi, tan ichra jondin qo’zg’olay,
Jon qushiman, ya’nikim ikki jahondin qo’zg’olay.

Ul hidoyat yomg’iringdan menga ham yetkiz, Xudo,
Gard bo’lib ketgum, bu jismi notavondin qo’zg’olay.

Gar meni bandam desang, ishqing bilan javlon urib,
Har gulu, har bir xasu, kavnu makondin qo’zg’olay.

Qabrim uzra mutribu may birla o’ltirgilki, men
Islaringdan mast bo’lib har ustuxondin qo’zg’olay.

Keksaman gar, ol meni tun ichra tor qo’yningg’akim,
Yosh yigitday tong sahar sen mehribondin qo’zg’olay.

Ko’yinga ko’rsatma menga ul qabohat kuni, yor,
To falak jabru jafosiyu zamondin qo’zg’olay.

Sarv qadding birla qilg’il menga shirin ishvalar,
Hofizingday o’ynabon jonu jahondin qo’zg’olay.

RUBOIYLAR

* * *

Bu gul kelgay – menga ummidlari kelgay,
Dilimga shodligi ham iydlari kelgay.
Anga hamdam bo’loyin deb yaqinlashsam,
Bu guldan ham birovning hidlari kelgay.

* * *

Jonon yechinsa buncha jonon bo’lgay,
Bir yon o’ziyu jahon bir yon bo’lgay.
Sof siynasi ostidin dili ko’rinadir,
Sof suvda degilki tosh namoyon bo’lgay.

* * *

Men shavqi bor bir kishining bandasiman,
Ishq tavqi bor bir kishining bandasiman.
Bu bodani ishq zavqi borlar ichadir,
Men zavqi bor bir kishining bandasiman.

* * *

Bizdek agar aftodayi bu dom bo’lasan,
May birla xarobu bandai jom bo’lasan.
Olamni yoqar rindlig’u oshiqlig’imiz,
Biz birla o’turmagilki badnom bo’lasan.

* * *

Sel oldi, qara, umrni vayronasini,
To’ldiradir u umrni paymonasini.
Ey xoja, uyong’ilki , zamon hammoli
Yig’moqda, supurmoqda umr xonasini.

* * *

A’zoyi badanlarim isinsayu shay bo’lsa,
Bir havoyu bir kabobu chang bo’lsayu nay bo’lsa.
Bir arpasi ham kerak emas Hotami Tayning,
Bir xilvatu bir dilbaru men bo’lsamu may bo’lsa.

QIT’ALAR

* * *

Falak har neki bermish – qaytarib olmish, zarar bo’lmish,
O’tibdir yoshlik ayyomi – bu ne yanglig’ safar bo’lmish?
Umrdin qolgan onlarni xush o’tkazgil, ayo Hofiz,
Ko’zingda ushbu damda ikki dunyo muxtasar bo’lmish.

* * *

Eyki, davrondin tilarsan, aytmiram: zar istagil,
Molu dunyosi nadir – gar istama, gar istagil?
Shod bo’lg’il, shod yurgil, aysh qilu xurram yasha,
Barchasin tark ayla oson, bitta sog’ar istagil.

* * *

Aytdi ul gulfom sharob o’z vasfida bundoq kalom:
To’rtta har xil joyda men to’rt turli gavharman mudom.
Tok uchun zumrad erurman, shisha ichra men – aqiq,
Xum aro yulduzmanu jom ichra oftobman, tamom.

024

(Tashriflar: umumiy 10 375, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring