Eshqobil Shukur ‘She’r sehri’ teleloyihasida

089
Эшқобил Шукур 1962 йил 20  июлда  Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

012

Эшқобил Шукур
ШЕЪРЛАР

РУҲИМ

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен қушларнинг тушларида кўринай,
Мен тушларнинг қушларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен тилларнинг гулларида кўринай,
Мен гулларнинг тилларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен тўйларнинг куйларида кўринай,
Мен куйларнинг тўйларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-хай!
Мен кўзларнинг сўзларида кўринай.
Мен сўзларнинг кўзларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!

* * *

Сув устида, сувлар устида
Юракларим чисирлайди-эй.
Ишқ дастидан, ҳижрон дастидан,
Суякларим қисирлайди-эй.

Ўт устида, ўтлар устида
Кўз ёшларим дарё бўлди-эй.
Ишқ қасдида, ҳижрон қасдида
Бардошларим адо бўлди-эй.

Тош устида, тошлар устида
Кўнглим эрир ой каби маъюс.
Ишқ фаслида, ҳижрон фаслида
Йиғла, Баҳор, менинг исмим — Куз.

Йўл устида, йўллар устида
Оёқларим юрак бўлди-эй.
Ишқ касридан, ҳижрон касридан
Умрим фақат тилак бўлди-эй.

ОЛАПАР

Олапарни шундоқ кўзим олдида
Отдилар — дўстини болалигимнинг…
Онам ўргатгандай: «Рози бўл» дедим,
Шу илк бор розилик сўрашим менинг.

Жигарранг, аламли кўзларин тикиб,
Олапар видолар айтаркан бесўз…
Бирдан ўқ отилди. Ортга бурилдим –
Елкамга қадалиб қолди икки кўз.

Йиллар ўтиб кетди. Ўз ўтмишим бор –
Кечганим гоҳ душман, гоҳо дўст билан.
Мен энди қарайман болашгимга
Елкамга қадалган бир жуфт кўз билан…

СЕҲР

Кеча тилдан қолди, қолди-я тилдан…
Ҳилол этагида йиғлаётган сен…
Қадимий оятлар битилган йўлда,
Эшқобил эмасман энди мен.
Денгизлар кўкариб тортади чилим,
Бахмал булутларни кияётган сен.
Олтин балиқчага айланди тилим,
Эшқобил эмасман энди мен.
Ғуборли туманлар чимилдиғида,
Олов қанотида титраётган сен.
Қара, кўзларимнинг топилдиғига,
Эшқобил эмасман энди мен.

Кеча тилдан қолди, қолди-я тилдан,
Нафас торларимда ухлаётган сен.
Қушдан илдиз олдим, қанотни гулдан,
Эшқобил эмасман энди мен.

АРУЗ

Темир халажидан
Терс ўтган момо,
Курбақанинг бутига шардоз бойлаб бер энди,
Йиғлаяпман… Ёғли-ёғли илик чакиб бер энди.

Келим-кетим дунёдан
Ўнг ўтган момо,
Сурув-сурув қайғулардан сулув сайлаб бер энди,
Ола тошдан қоқ елкамга тумор тақиб бер энди.

Темир халажидан Терс ўтган момо,
Қурбақанинг сол бутига кўк томирим бойланди,
Кўр қурбақа мени судраб зиндон бўйлаб айланди.

Келим-кетим дунёдан
Кенг ўтган момо,
Талонзада кўкрагимга авраб гулмих қокдилар,
Ичидан қўш дарё оққан илигимни чакдилар.
Темир халажидан Терс ўтган момо…

* * *

О, мени йиғлатма…
Ёмон тушлар кўриб намозшомгулим,
мени йиғлатма.
Мен пойи-патагинг бўлай қайғулим,
мени йиғлатма.
Отингдан айланай, оғрима гулим,
мени йиғлатма.
Уҳ тортсанг, устуни қулар фалакнинг,
ииғлатма.
Кўкрак қафасига янглишдан худо
Аёлнинг юрагин қўйган эркакни
йиғлатма.

ЛАҲЗАНИНГ УМРИ

Пайғамбар эшигин тақиллатган мен,
Шайтонни ўттиз йил лақиллатган мен,
Қўйнида ҳурларни сўлқиллатган мен,
Сен ахир нимасан? НИМАсан, ўлим.

Қил кўприк устидан ўйнаб ўтган мен,
Бир ҳурга етмиш хил юрак отган мен,
Етимга
Етти қобирғамдан тиргак тутган мен,
Сен ахир нимасан? НИМАсан, ўлим.

Оғзидан юз булбул учиролган мен,
Исони Каъбага кўчиролган мен,
Кўнглини худога ичиролган мен,
Мен КИМман. Сен эса, НИМАсан, ўлим.

МОҲИЯТ

Мен ҳам тангрининг бир битигидирман
Ва тошга айланиб қоларман бир кун.
Нондаи узиларман, балки, тандирдан,
Сополда ёзувга айлансам… мумкин.

Ва шунда… билмасман, ерданми, кўкдан,
Сувми, нурми бўлиб қайтиб келарман.
Ва шунда… дунёдан англамай ўтган
Битикни — Ўзимни ўқий оларман.

Мен ҳам тангрининг бир битигидирман.

* * *

Тилимни куйдирди булбулнинг сути,
Танглайимни ёқди гул ичирган қон.
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Оғзимга солганим бор йўғи талқон.

Кўзимни музлатди жаҳаннам ўти,
Кўнглимни хор қилди бу Ъ гулзор, чаманъ.
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Кўз очиб кпўрганим бор йўғи туман.

Қулоғим кар қилди ҳақнинг сукути,
Бу сукутми ва ё тилсиз қатағон.
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Эшита олганим бор йўғи ёлғон!

* * *

Сув устида, сувлар устида
Юракларим чисирлайди-эй,
Ишқ дастидан, ҳижрон дастидан
Суякларим қисирлайди-эй.

Ўт устида, ўтлар устида
Кўз ёшларим дарё бўлди-эй
Ишқ қасдида, ҳижрон қасдида
Бардошларим адо бўлди-эй

Тош устида, тошлар устида
Кўнглим эрир ой каби маъюс.
Ишқ фаслида, ҳижрон фаслида
Йиғла, Баҳор, менинг исмим — Куз.

Йўл устида, йўллар устида
Оёқларим юрак бўлди-ей,
Ишқ касридан, ҳижрон касридан
Умрим фақат тилак бўлди-эй.

ОЛАПАР

Олапарни шундоқ кўзим олдида
Отдилар — дўстини болалигимнинг…
Онам ўргатгандай: ърози бўлъ дедим,
Шу илк бор розилик сўрашим менинг.

Жигарранг, аламлик кўзларин тикиб,
Олапар видолар айтаркан бесўз…
Бирдан ўқ отилди. Ортга бурилдим —
Елкамга қадалиб қолди икки кўз.

Йиллар ўтиб кетди. Ўз ўтмишим бор —
Кечганим гоҳ душман, гоҳо дўст билан.
Мен энди қарайман болалигимга
Элкамга қадалган бир жуфт кўз билан

АТАЛА

Мусофир аёлнинг кўзи ёриди,
Атала қилишни билмас эдим мен.
Деразада қолган гулдай сарғайди,
Аталани кутиб мусофир аёл.
Аёл уч кун кутди. Уч кун йиғлади.
Қозоннинг бошида мусофир севги,
Тўртинчи кун кулди ғамгин дераза,
Йиғининг ичида жилмайди аёл.
Уддобуро чиқди мусофир севги,
Кўз ёшдан атала қила биларкан.
Шундан бери сира шеър ёзмайман мен,
Атала қиламан, фақат атала.

ЪМЕНЪ ТАЖРИБАСИ

Суғуриб олдилар ичидан ЪМЕНъни,
Ҳаётнинг шоҳтомири каби.
Кўзига тиқдилар Бугунни,
Кечаси, Эртаси кетдилар сабил.

Дардлар, хотиралар қувғинди, дайди,
Туйғулар эгаси ўлиб довдирар.
Ватан деворларин тагин ковлайди
Ичида Ъ Мен ъи йўқ гавдалар.

* * *

Бунга бир йилдан сўнг гуллар келади,
Эшикни юракдай қоқарлар ъдук… дук…Ъ
Ялпайган остона жавоб қилади:
ЪЕшқобил уйда йўқ!Ъ

Ўн йилдан сўнг келар бева шамоллар,
Тоғларнинг кўзидан сачраб кетар дўқ:
ЪҚАЙТИНГИЗ, қарғалган гумроҳ аёллар,
Эшқобил ерда йўқ!Ъ

Турналар келади юз йилдан кейин,
Ҳар бири тумшуқда келтирар бир чўғ
Ва мовий байроқлар бош силкир майин:
ЪЕшқобил кўкда йўқ…Ъ

Бу ўтар дунёдан минг йил ҳам ўтар,
Келарсан… ер-осмон ботади терга.
Шунда кесаклардан ўт чиқиб кетар,
ЪЕшқобил шу ердаъ!

ГУНГ ҲИКОЯСИ

Аваз сукунатнинг боласи эди,
Сингилдай суярди мусичаларни…
Тенгдошлари — одам болаларидан
Итдан қўрққан каби безиб юрарди.

Такаббур тенгдошлар гоҳо эрмакка
Овлаб ўлдирарди мусичаларни…
Сингиллар ўлигин кўрганда Аваз
Овозсиз-овозсиз ҳайқирар эди.

Безиб хўрликлардан, ҳақоратлардан
Хилват гўшаларга кетарди Аваз…
Овлоқда онаси сукунат билан
Узоқ гурунглашар, узоқ ўйнарди.

Овлоқда Авазнинг ғариб бошини
Меҳрибон силарди буюк бир овоз.
Бунда ҳалок бўлган мусичаларнинг
Қаноти остида куйларди Аваз.

ОШИҚ

Бир парча нон бўлмас балки сўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Бир қултум сув бўлмас балки кўзимиз.
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.

Хаёл ва ҳижрондир нону тузимиз,
Воҳ, бул кун ошиқмиз, ошиқмиз,

Нетонг, кўнгил бўлди ризқу рўзимиз,
Эртан ҳам ошиқмиз, ошиқмиз,

Йўқ бўлиб кетсак-да тамом ўзимиз,
Сўнг яна ошиқмиз, ошиқмиз.

САДО

Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси,
Йўлсизларни равон йўлга йўлловчиси,
Қоқ саҳрода соя берган, булоқ берган,
Қумда қолган қулунларнинг сўровчиси.
Суринганда тулпорларга мадад бўлган,
Аро йўлда қақшаганга қанот бўлган,
Қора бошнинг қоронғида қаровчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.
Манзил йироқ, умид сендан, нажот сендан,
Ўлимларнинг қуршовида ҳаёт сендан,
Жон риштасин Ҳақ нурига уловчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.

СУВ ВА ОЛОВ СЕВГИСИ

Куйлаётган жилға товушида сен,
Очиққўл шамолнинг ҳовучида мен.
Осмон елкаларин ҳурлигида сен,
Сим-сиёҳ йўқликнинг борлиғида мен.
Сен гулдай очилган сўзлар атрида,
Мен йўлга экилган излар сатрида.
Сен чақмоқ сутини ичиб яшайсан,
Мен дарё ўтини кечиб яшайман.
Ғаройиб севгини яшаймиз икков,
Битта чимилдиқда сув билан олов.

ТОҒДАГИ ЙЎЛ БЎЙИДА

Тоғдан пастга қараб оқаётган йўл,
Болалик қаёқда, ёшлик қаёқда?
Харсанглар кўксида ҳилпираган гул,
Муҳаббат қаёқда, ошиқ қаёқда?
Тоғда жилға каби жилдираган йўл,
Сен асли йўлмисан, йўловчими ё?
Харсанглар кўксида ҳилпираган гул,
Сен ўзи гулмисан, гуловчими ё?
Сайёҳ булут билан гаплашиб кўрдим,
Мен билган булутга ўхшамади у.
Кекса сукут билан гаплашиб кўрдим,
Мен билган сукутга ўхшамади у.
Балки мен ўзимга ўхшамадимми,
Мени танимади девона шамол?..
Кўнглимни етаклаб қайга кетмоқда
Уларга етти ёт бегона хаёл.
Тоғда жилға каби жилдираган йўл,
Сен асли йўлмисан, йўловчими ё?

КЕЙИНГИ КУНЛАР

Булутлар рақсини кўрсат, шамолим,
Менинг ҳаққимга ҳам куйлагин ўзинг.
Мен бу далаларни яхши кўрганман,
Кўнглимга берганман нон-суви, тузин.
Булутлар рақсини кўрсат, шамолим,
Дунёларни айлан менинг ҳаққимга.
Мен бу дарёларни жуда суйганман,
Дарёлар бошланган менинг қалбимдан.
Қачондир кўп севиб яшаганман мен,
Чақмоқларга оташ бердим бир замон.
Барибир, сен менинг шамолимсан, сен
Зангор воҳаларда эсарсан ҳамон.
Ҳаётнинг бағри кенг, осмони чексиз,
То унда турфа ранг шамоллар эссин.
Токи, сен эсганда ўзгалар шаксиз:
“Бу — Эшқобил Шукур шамоли” десин.

АЗАЛ КУЙИ

Сен баҳордан олдин гуллайсан,
Жилмаясан саҳардан олдин.
Ҳар гал ойдан олдин тўлгайсан,
Жон ичида жавҳардан олдин…
Сен олдин.
Сен олдин.
Сен ёмғирдан аввал йиғлайсан,
Ёғажаксан қорлардан аввал.
Янги йилдан аввал киргайсан,
Дил тубида зорлардан аввал…
Сен аввал.
Сен аввал.
Юрагимнинг боғчаларида
Етаклайсан ўн икки ойни.
Дил дарахтин шохчаларида
Куртаклаган етмиш минг куйни
Сен чалдинг.
Сен чалдинг.
Сувдан олдин дарё жони сен,
Сен ёрийсан чақмоқдан олдин.
Йиғлаётган булут қони сен,
Ҳар қадаминг сўқмоқдан олдин…
Сен олдин.
Сен олдин.

ЭРТАКЛАР ДАЛАСИ

Кесаклар куртаклар қўнғир шудгорда,
Қордай қанот ёйиб сузар туманлар.
Тилаб олганимсан ўзинг баҳордан,
Эртаклар ўстирар бизнинг чаманлар.
Дала ўртасида ёлғиз бир сўқмоқ
Кетмоқда бошига кўтариб сени.
Олтин меваларин узатар чақмоқ,
Осмон сочиб ташлар гавҳарларини.
Кел, бирга яшайлик афсоналарда,
Тубан дунёпараст дунёлардан кеч.
Туйғулар қувилган кошоналарда
Юраклар, севгилар гуллармиди ҳеч?
Севгидай мастона, ҳайрона дала,
Ниҳолдай ўстирар эртакларини.
Дала осмонида етмиш минг малак,
Нурдан тўқир сенинг кўйлакларингни.
Кел, бирга яшайлик афсоналарда…

МУСИҚАНИ АНГЛАШ

Бу навони рубобдан олдин
Бир қари тут куйлаган эди.
Бу нолани найдан илгари
Бир қамишдан тинглаганлар бор.
Чанқовузнинг пўлат тилчаси
Битта ғариб турнадан қолган.
Демак…
Демак…
Демак…
Куйлаётган майсани билмай,
Илғамасдан шамол ноласин,
Эшитмасдан дарахт йиғисин,
Капалакнинг фарёдин сезмай,
Сезмай туриб қайғу кулгисин,
Мусиқани яшай олмассан.

ҚЎШИЛУВЧИЛАР ВА ЙИҒИНДИ

Эшак эси — ҳашак, қўнғиз ҳуши — гўнг,
Қуртдан қуш чиқмайди, тўнғиздан боғбон?
“Нодон” деган сўзни тўғри айтсанг ҳам,
Тескари айтсанг ҳам барибир — “нодон”.
6+2=(баробар) 8,
2+6, барибир 8.
“Нодон” деган сўзни бежаб айтсанг ҳам,
Сўкиниб айтсанг ҳам “нодон”дир, шаксиз!
Қирқ эшакнинг юки битта қилиғи,
Ёхуд бир қилиққа юкдир қирқ эшак.
“Нодон” деган сўзга зар тўн ёпсанг ҳам,
Жанда кийгизсанг ҳам “нодон”дир, бешак!

КЎРИШАРМИЗМИ Ё КЎРИШМАСМИЗМИ?..

“Эй йўловчи, бўлақол қўноқ…”
Абдулла Орипов

Йўловчи, айт, қизғин дийдорлар қайда,
Бир саволга толдим дардимни айта,
Бу кўҳна йўлларда биз яна қайта,
Кўришармизми ё кўришмасмизми?
Бу йўл осмон билан туташган йўлдир,
Унда келувчидан кетувчи мўлдир,
Сен менга бир иссиқ табассум қолдир,
Кўришармизми ё кўришмасмизми?
Узрлиман таниш-нотанишлардан,
Кимга наф тан олиш ё тонишлардан,
Бир ҳовуч қор қолдир менга қишлардан,
Кўришармизми ё кўришмасмизми?
Бу йўл икки дунё туташган йўлдир,
Йўловчи, ҳориган кўнглимга қўл бер,
Менга биттагина ширин сўз қолдир,
Кўришармизми ё кўришмасмизми?

098

Eshqobil Shukur 1961 yil Surxondaryo viloyatining Qumqo‘rg‘on tumanidagi Boymoqli qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to‘plami — «Yurakni o‘rganish» (1984). Shundan so‘ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko‘hna bog‘ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko‘chishi» kabi qissalari ham bor.

012

Eshqobil Shukur
SHE’RLAR

RUHIM

Ahay-aha-hay. Ahay-aha-hay!
Men qushlarning tushlarida ko‘rinay,
Men tushlarning qushlarida ko‘rinay.

Ahay-aha-hay. Ahay-aha-hay!
Men tillarning gullarida ko‘rinay,
Men gullarning tillarida ko‘rinay.

Ahay-aha-hay. Ahay-aha-hay!
Men to‘ylarning kuylarida ko‘rinay,
Men kuylarning to‘ylarida ko‘rinay.

Ahay-aha-hay. Ahay-aha-xay!
Men ko‘zlarning so‘zlarida ko‘rinay.
Men so‘zlarning ko‘zlarida ko‘rinay.

Ahay-aha-hay. Ahay-aha-hay!

* * *

Suv ustida, suvlar ustida
Yuraklarim chisirlaydi-ey.
Ishq dastidan, hijron dastidan,
Suyaklarim qisirlaydi-ey.

O’t ustida, o‘tlar ustida
Ko‘z yoshlarim daryo bo‘ldi-ey.
Ishq qasdida, hijron qasdida
Bardoshlarim ado bo‘ldi-ey.

Tosh ustida, toshlar ustida
Ko‘nglim erir oy kabi ma’yus.
Ishq faslida, hijron faslida
Yig‘la, Bahor, mening ismim — Kuz.

Yo‘l ustida, yo‘llar ustida
Oyoqlarim yurak bo‘ldi-ey.
Ishq kasridan, hijron kasridan
Umrim faqat tilak bo‘ldi-ey.

OLAPAR

Olaparni shundoq ko‘zim oldida
Otdilar — do‘stini bolaligimning…
Onam o‘rgatganday: «Rozi bo‘l» dedim,
Shu ilk bor rozilik so‘rashim mening.

Jigarrang, alamli ko‘zlarin tikib,
Olapar vidolar aytarkan beso‘z…
Birdan o‘q otildi. Ortga burildim –
Yelkamga qadalib qoldi ikki ko‘z.

Yillar o‘tib ketdi. O’z o‘tmishim bor –
Kechganim goh dushman, goho do‘st bilan.
Men endi qarayman bolashgimga
Yelkamga qadalgan bir juft ko‘z bilan…

SEHR

Kecha tildan qoldi, qoldi-ya tildan…
Hilol etagida yig‘layotgan sen…
Qadimiy oyatlar bitilgan yo‘lda,
Eshqobil emasman endi men.
Dengizlar ko‘karib tortadi chilim,
Baxmal bulutlarni kiyayotgan sen.
Oltin baliqchaga aylandi tilim,
Eshqobil emasman endi men.
G’uborli tumanlar chimildig‘ida,
Olov qanotida titrayotgan sen.
Qara, ko‘zlarimning topildig‘iga,
Eshqobil emasman endi men.

Kecha tildan qoldi, qoldi-ya tildan,
Nafas torlarimda uxlayotgan sen.
Qushdan ildiz oldim, qanotni guldan,
Eshqobil emasman endi men.

ARUZ

Temir xalajidan
Ters o‘tgan momo,
Kurbaqaning butiga shardoz boylab ber endi,
Yig‘layapman… Yog‘li-yog‘li ilik chakib ber endi.

Kelim-ketim dunyodan
O’ng o‘tgan momo,
Suruv-suruv qayg‘ulardan suluv saylab ber endi,
Ola toshdan qoq yelkamga tumor taqib ber endi.

Temir xalajidan Ters o‘tgan momo,
Qurbaqaning sol butiga ko‘k tomirim boylandi,
Ko‘r qurbaqa meni sudrab zindon bo‘ylab aylandi.

Kelim-ketim dunyodan
Keng o‘tgan momo,
Talonzada ko‘kragimga avrab gulmix qokdilar,
Ichidan qo‘sh daryo oqqan iligimni chakdilar.
Temir xalajidan Ters o‘tgan momo…

* * *

O, meni yig‘latma…
Yomon tushlar ko‘rib namozshomgulim,
meni yig‘latma.
Men poyi-pataging bo‘lay qayg‘ulim,
meni yig‘latma.
Otingdan aylanay, og‘rima gulim,
meni yig‘latma.
Uh tortsang, ustuni qular falakning,
iig‘latma.
Ko‘krak qafasiga yanglishdan xudo
Ayolning yuragin qo‘ygan erkakni
yig‘latma.

LAHZANING UMRI

Payg‘ambar eshigin taqillatgan men,
Shaytonni o‘ttiz yil laqillatgan men,
Qo‘ynida hurlarni so‘lqillatgan men,
Sen axir nimasan? NIMAsan, o‘lim.

Qil ko‘prik ustidan o‘ynab o‘tgan men,
Bir hurga yetmish xil yurak otgan men,
Yetimga
Yetti qobirg‘amdan tirgak tutgan men,
Sen axir nimasan? NIMAsan, o‘lim.

Og‘zidan yuz bulbul uchirolgan men,
Isoni Ka’baga ko‘chirolgan men,
Ko‘nglini xudoga ichirolgan men,
Men KIMman. Sen esa, NIMAsan, o‘lim.

MOHIYAT

Men ham tangrining bir bitigidirman
Va toshga aylanib qolarman bir kun.
Nondai uzilarman, balki, tandirdan,
Sopolda yozuvga aylansam… mumkin.

Va shunda… bilmasman, yerdanmi, ko‘kdan,
Suvmi, nurmi bo‘lib qaytib kelarman.
Va shunda… dunyodan anglamay o‘tgan
Bitikni — O’zimni o‘qiy olarman.

Men ham tangrining bir bitigidirman.

* * *

Tilimni kuydirdi bulbulning suti,
Tanglayimni yoqdi gul ichirgan qon.
Men ikki dunyoni bir hatlab o’tib,
Og’zimga solganim bor yo’g’i talqon.

Ko’zimni muzlatdi jahannam o’ti,
Ko’nglimni xor qildi bu ‘ gulzor, chaman’.
Men ikki dunyoni bir hatlab o’tib,
Ko’z ochib kpo’rganim bor yo’g’i tuman.

Qulog’im kar qildi haqning sukuti,
Bu sukutmi va yo tilsiz qatag’on.
Men ikki dunyoni bir hatlab o’tib,
Eshita olganim bor yo’g’i yolg’on!

* * *

Suv ustida, suvlar ustida
Yuraklarim chisirlaydi-ey,
Ishq dastidan, hijron dastidan
Suyaklarim qisirlaydi-ey.

O’t ustida, o’tlar ustida
Ko’z yoshlarim daryo bo’ldi-ey
Ishq qasdida, hijron qasdida
Bardoshlarim ado bo’ldi-ey

Tosh ustida, toshlar ustida
Ko’nglim erir oy kabi ma’yus.
Ishq faslida, hijron faslida
Yig’la, Bahor, mening ismim — Kuz.

Yo’l ustida, yo’llar ustida
Oyoqlarim yurak bo’ldi-yey,
Ishq kasridan, hijron kasridan
Umrim faqat tilak bo’ldi-ey.

OLAPAR

Olaparni shundoq ko’zim oldida
Otdilar — do’stini bolaligimning…
Onam o’rgatganday: ‘rozi bo’l’ dedim,
Shu ilk bor rozilik so’rashim mening.

Jigarrang, alamlik ko’zlarin tikib,
Olapar vidolar aytarkan beso’z…
Birdan o’q otildi. Ortga burildim —
Yelkamga qadalib qoldi ikki ko’z.

Yillar o’tib ketdi. O’z o’tmishim bor —
Kechganim goh dushman, goho do’st bilan.
Men endi qarayman bolaligimga
Elkamga qadalgan bir juft ko’z bilan

ATALA

Musofir ayolning ko’zi yoridi,
Atala qilishni bilmas edim men.
Derazada qolgan gulday sarg’aydi,
Atalani kutib musofir ayol.
Ayol uch kun kutdi. Uch kun yig’ladi.
Qozonning boshida musofir sevgi,
To’rtinchi kun kuldi g’amgin deraza,
Yig’ining ichida jilmaydi ayol.
Uddoburo chiqdi musofir sevgi,
Ko’z yoshdan atala qila bilarkan.
Shundan beri sira she’r yozmayman men,
Atala qilaman, faqat atala.

‘MEN’ TAJRIBASI

Sug’urib oldilar ichidan ‘MEN’ni,
Hayotning shohtomiri kabi.
Ko’ziga tiqdilar Bugunni,
Kechasi, Ertasi ketdilar sabil.

Dardlar, xotiralar quvg’indi, daydi,
Tuyg’ular egasi o’lib dovdirar.
Vatan devorlarin tagin kovlaydi
Ichida ‘ Men ‘i yo’q gavdalar.

* * *

Bunga bir yildan so’ng gullar keladi,
Eshikni yurakday qoqarlar ‘duk… duk…’
Yalpaygan ostona javob qiladi:
‘Eshqobil uyda yo’q!’

O’n yildan so’ng kelar beva shamollar,
Tog’larning ko’zidan sachrab ketar do’q:
‘QAYTINGIZ, qarg’algan gumroh ayollar,
Eshqobil yerda yo’q!’

Turnalar keladi yuz yildan keyin,
Har biri tumshuqda keltirar bir cho’g’
Va moviy bayroqlar bosh silkir mayin:
‘Eshqobil ko’kda yo’q…’

Bu o’tar dunyodan ming yil ham o’tar,
Kelarsan… yer-osmon botadi terga.
Shunda kesaklardan o’t chiqib ketar,
‘Eshqobil shu yerda’!

GUNG HIKOYASI

Avaz sukunatning bolasi edi,
Singilday suyardi musichalarni…
Tengdoshlari — odam bolalaridan
Itdan qo’rqqan kabi bezib yurardi.

Takabbur tengdoshlar goho ermakka
Ovlab o’ldirardi musichalarni…
Singillar o’ligin ko’rganda Avaz
Ovozsiz-ovozsiz hayqirar edi.

Bezib xo’rliklardan, haqoratlardan
Xilvat go’shalarga ketardi Avaz…
Ovloqda onasi sukunat bilan
Uzoq gurunglashar, uzoq o’ynardi.

Ovloqda Avazning g’arib boshini
Mehribon silardi buyuk bir ovoz.
Bunda halok bo’lgan musichalarning
Qanoti ostida kuylardi Avaz.

OSHIQ

Bir parcha non bo’lmas balki so’zimiz,
Valekin oshiqmiz, oshiqmiz.

Bir qultum suv bo’lmas balki ko’zimiz.
Valekin oshiqmiz, oshiqmiz.

Xayol va hijrondir nonu tuzimiz,
Voh, bul kun oshiqmiz, oshiqmiz,

Netong, ko’ngil bo’ldi rizqu ro’zimiz,
Ertan ham oshiqmiz, oshiqmiz,

Yo’q bo’lib ketsak-da tamom o’zimiz,
So’ng yana oshiqmiz, oshiqmiz.

SADO

Yo‘lda qolgan yo‘lovchining qo‘llovchisi,
Yo‘lsizlarni ravon yo‘lga yo‘llovchisi,
Qoq sahroda soya bergan, buloq bergan,
Qumda qolgan qulunlarning so‘rovchisi.
Suringanda tulporlarga madad bo‘lgan,
Aro yo‘lda qaqshaganga qanot bo‘lgan,
Qora boshning qorong‘ida qarovchisi,
Yo‘lda qolgan yo‘lovchining qo‘llovchisi.
Manzil yiroq, umid sendan, najot sendan,
O‘limlarning qurshovida hayot sendan,
Jon rishtasin Haq nuriga ulovchisi,
Yo‘lda qolgan yo‘lovchining qo‘llovchisi.

SUV VA OLOV SEVGISI

Kuylayotgan jilg‘a tovushida sen,
Ochiqqo‘l shamolning hovuchida men.
Osmon yelkalarin hurligida sen,
Sim-siyoh yo‘qlikning borlig‘ida men.
Sen gulday ochilgan so‘zlar atrida,
Men yo‘lga ekilgan izlar satrida.
Sen chaqmoq sutini ichib yashaysan,
Men daryo o‘tini kechib yashayman.
G‘aroyib sevgini yashaymiz ikkov,
Bitta chimildiqda suv bilan olov.

TOG‘DAGI YO‘L BO‘YIDA

Tog‘dan pastga qarab oqayotgan yo‘l,
Bolalik qayoqda, yoshlik qayoqda?
Xarsanglar ko‘ksida hilpiragan gul,
Muhabbat qayoqda, oshiq qayoqda?
Tog‘da jilg‘a kabi jildiragan yo‘l,
Sen asli yo‘lmisan, yo‘lovchimi yo?
Xarsanglar ko‘ksida hilpiragan gul,
Sen o‘zi gulmisan, gulovchimi yo?
Sayyoh bulut bilan gaplashib ko‘rdim,
Men bilgan bulutga o‘xshamadi u.
Keksa sukut bilan gaplashib ko‘rdim,
Men bilgan sukutga o‘xshamadi u.
Balki men o‘zimga o‘xshamadimmi,
Meni tanimadi devona shamol?..
Ko‘nglimni yetaklab qayga ketmoqda
Ularga yetti yot begona xayol.
Tog‘da jilg‘a kabi jildiragan yo‘l,
Sen asli yo‘lmisan, yo‘lovchimi yo?

KEYINGI KUNLAR

Bulutlar raqsini ko‘rsat, shamolim,
Mening haqqimga ham kuylagin o‘zing.
Men bu dalalarni yaxshi ko‘rganman,
Ko‘nglimga berganman non-suvi, tuzin.
Bulutlar raqsini ko‘rsat, shamolim,
Dunyolarni aylan mening haqqimga.
Men bu daryolarni juda suyganman,
Daryolar boshlangan mening qalbimdan.
Qachondir ko‘p sevib yashaganman men,
Chaqmoqlarga otash berdim bir zamon.
Baribir, sen mening shamolimsan, sen
Zangor vohalarda esarsan hamon.
Hayotning bag‘ri keng, osmoni cheksiz,
To unda turfa rang shamollar essin.
Toki, sen esganda o‘zgalar shaksiz:
“Bu — Eshqobil Shukur shamoli” desin.

AZAL KUYI

Sen bahordan oldin gullaysan,
Jilmayasan sahardan oldin.
Har gal oydan oldin to‘lgaysan,
Jon ichida javhardan oldin…
Sen oldin.
Sen oldin.
Sen yomg‘irdan avval yig‘laysan,
Yog‘ajaksan qorlardan avval.
Yangi yildan avval kirgaysan,
Dil tubida zorlardan avval…
Sen avval.
Sen avval.
Yuragimning bog‘chalarida
Yetaklaysan o‘n ikki oyni.
Dil daraxtin shoxchalarida
Kurtaklagan yetmish ming kuyni
Sen chalding.
Sen chalding.
Suvdan oldin daryo joni sen,
Sen yoriysan chaqmoqdan oldin.
Yig‘layotgan bulut qoni sen,
Har qadaming so‘qmoqdan oldin…
Sen oldin.
Sen oldin.

ERTAKLAR DALASI

Kesaklar kurtaklar qo‘ng‘ir shudgorda,
Qorday qanot yoyib suzar tumanlar.
Tilab olganimsan o‘zing bahordan,
Ertaklar o‘stirar bizning chamanlar.
Dala o‘rtasida yolg‘iz bir so‘qmoq
Ketmoqda boshiga ko‘tarib seni.
Oltin mevalarin uzatar chaqmoq,
Osmon sochib tashlar gavharlarini.
Kel, birga yashaylik afsonalarda,
Tuban dunyoparast dunyolardan kech.
Tuyg‘ular quvilgan koshonalarda
Yuraklar, sevgilar gullarmidi hech?
Sevgiday mastona, hayrona dala,
Niholday o‘stirar ertaklarini.
Dala osmonida yetmish ming malak,
Nurdan to‘qir sening ko‘ylaklaringni.
Kel, birga yashaylik afsonalarda…

MUSIQANI ANGLASH

Bu navoni rubobdan oldin
Bir qari tut kuylagan edi.
Bu nolani naydan ilgari
Bir qamishdan tinglaganlar bor.
Chanqovuzning po‘lat tilchasi
Bitta g‘arib turnadan qolgan.
Demak…
Demak…
Demak…
Kuylayotgan maysani bilmay,
Ilg‘amasdan shamol nolasin,
Eshitmasdan daraxt yig‘isin,
Kapalakning faryodin sezmay,
Sezmay turib qayg‘u kulgisin,
Musiqani yashay olmassan.

QO‘SHILUVCHILAR VA YIG‘INDI

Eshak esi — hashak, qo‘ng‘iz hushi — go‘ng,
Qurtdan qush chiqmaydi, to‘ng‘izdan bog‘bon?
“Nodon” degan so‘zni to‘g‘ri aytsang ham,
Teskari aytsang ham baribir — “nodon”.
6+2=(barobar) 8,
2+6, baribir 8.
“Nodon” degan so‘zni bejab aytsang ham,
So‘kinib aytsang ham “nodon”dir, shaksiz!
Qirq eshakning yuki bitta qilig‘i,
Yoxud bir qiliqqa yukdir qirq eshak.
“Nodon” degan so‘zga zar to‘n yopsang ham,
Janda kiygizsang ham “nodon”dir, beshak!

KO‘RISHARMIZMI YO KO‘RISHMASMIZMI?..

“Ey yo‘lovchi, bo‘laqol qo‘noq…”
Abdulla Oripov

Yo‘lovchi, ayt, qizg‘in diydorlar qayda,
Bir savolga toldim dardimni ayta,
Bu ko‘hna yo‘llarda biz yana qayta,
Ko‘risharmizmi yo ko‘rishmasmizmi?
Bu yo‘l osmon bilan tutashgan yo‘ldir,
Unda keluvchidan ketuvchi mo‘ldir,
Sen menga bir issiq tabassum qoldir,
Ko‘risharmizmi yo ko‘rishmasmizmi?
Uzrliman tanish-notanishlardan,
Kimga naf tan olish yo tonishlardan,
Bir hovuch qor qoldir menga qishlardan,
Ko‘risharmizmi yo ko‘rishmasmizmi?
Bu yo‘l ikki dunyo tutashgan yo‘ldir,
Yo‘lovchi, horigan ko‘nglimga qo‘l ber,
Menga bittagina shirin so‘z qoldir,
Ko‘risharmizmi yo ko‘rishmasmizmi?

(Tashriflar: umumiy 280, bugungi 1)

Izoh qoldiring