Shukur Xolmirzayev. Ozodlik.

08
Ҳикоялар тўпламининг иккинчи жилди нашрга тайёрланаётган чоғларда Шукур ака: «Озодлик»нинг остига «Набижон Боқийга бағишлайман. Муаллиф» деб ёзиб кўйинг, илтимос», деди. Бу ҳикоя, чамаси, ўн йил бурун «Ватан» газетасида сонма-сон эълон қилинган, лекин ўшанда бағишлов йўқ эди. Чунки ўзим ўша газетада хизмат қилардим, энди тўпламнинг муҳарририман…
Шукур аканинг бундай дейишларига сабаб хркоянинг ёзилишида — газетачи сифатида «бўлинг-бўлинг»лаб ҳол-жонларига қўймаган эдим. Ҳар бир нарсани адолат мезони билан ўлчайдиган ёзувчимизнинг бу илтифотларини катта марҳамат деб қабул қилдим.

Набижон Боқий

099
ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ
ОЗОДЛИК

Набижон Боқийга бағишлайман

Ташқарида шамол увуллар, бурчакдаги тунука печ оташхонасидан лоп-лоп этиб аланга чиқар, шунда оташхона ўт пурковчи афсонавий аждарнинг комига ўхшаб кетарди. Аммо шифтга ўрлаб, томни тешиб чиққан карнайнинг чирсиллаши ва унинг улама жойларидан тутун силқиши кўнгилни тинчитарди, чунки том узра эсаётган шамол тутунни қайтариб ичкарига ургани, шунинг зарбида оташхонадан олов нафаси чиқиб қайтганини унсиз англатарди.
Иссиққина меҳмонхона дўст-ёрларнинг нафаси-ю чеккан тамакилари тутуни, юзларининг тафти-ю қизғин суҳбат-кулгидан файзиёб, гўё оламни буркаган қору бўрон ичида шу кичик уйча-ю шу ерда жам бўлганларгина бор эди.
Мансур бу хонага серқатнов: кириб пойгакда чўкар ва бошини эшитмаган аскияга ҳам қўшилиб кулар, унга-бунга, «дастурхонга қаранг» деб илтифот қилар, кимларнингдир олдини тозалар, сўнг эшик тақиллаши замон ўкдек учиб чиқарди.
У хурсанд эди.
Фақат ўқтин-ўқтин лой, қор парчалари титилиб ётган айвонда хотинига нимадир уқтиргани ҳолда туриб қолар, этакларни чулғаган оқликка, рўпарасидан буралиб-шошиб ўтаётган қор сурувига қийналиб боқар, «Тинса эди-е, бас энди-е» деб пичирлар, сўнг ўн қадам энишда эса-да кўринмаётган оғил-қўрага кўз тикиб, қулоқ берарди: моллар тинчми?
Ана шу алфозда қоронғи тушди. Меҳмонлар ғала-ғовур, ўйин-кулги билан уйларига отланишди: зумда оғил-қўра пойидаги ялангликда турли машиналар гуруллади, чироқлари ловуллаб, тина бошлаган қор сафларига санчилди. Ит ҳурди. Мансур «Газик» ичига суқилиб, дўсти Омонни қучиб: «Раҳмат, жўражон. Сиз бўлмасангиз, бу ўтириш ҳам бўлмас эди», дея миннатдорчилик билдиргач, бу машина ҳам жилди-да, Мансур қоронғиликда бир зум қўлини қовуштириб, этакка шўнғиб тушиб кетаётган одамлар ортидан қараб турганидан кейин жадаллаб изига қайтди.
Ўзига бир яримта келадиган хотини меҳмонхонани йиғиштирар эди.
— А, балли, кампир! — деди у эшикдан мўралаганча. — Раҳмат сенга. Отангга раҳмат, энангга раҳмат… Хўш, Полвон ухлаб қолгандир?
Кампири энкайган кўйи бош ирғади. Ва Мансур ҳалпиллаб айвоннинг у бошига борди. Тоб ташлаган эшикни авайлаб очиб, ичкарига кирди. Ўртага суриб қўйилган қўлбола электр плитанинг занжири қип-қизариб турар, бурчаклардан зах ва занг ҳиди келар, баланд тўсиқли каравотчада Полвон ухлаб ётарди.
Мансур каравот қошига суяниб:
— Ҳе, булбулидан! Ухланг, отам, ухланг! — дея бирпас тиржайиб турди-да, ён-верини босиб қўйиб, кафтларини бир-бирига ишқади. — Яхши, яхши бўлди…
Элнинг олдидан ўтди ҳисоб, яъни, юзи ёруғ бўлди-да. Ўзиям эзилиб юрарди. Айниқса, тўй-ҳашамга борган, зиёфатларга тушиб қолган чоғларида: ахир, ўн йил ётиб келди — тўртта кишини чақириб олдига дастурхон ёзолмади: «Эй мусулмонлар, умрдан берган экан, насиба узилмаган экан. Мана, сафларингга қўшилдик. Бир дуо беринглар», деб. Буям — кўнглида армон эди. Отадан қолган кулбани эпақага келтириб, ҳовлига тўрт-беш туп кўчат ўтқазиб, томорқани сотди; пулига беш-олти бош совлиқ олиб, мана шу қирга чиқиб келди: қумтошдан кесиб ғишт ўрнига ишлатди, тоғ дараларида қуриб қолган дарахтлардан васса-поя кесиб юрганида, ташландиқ бир хароба учрадики, унинг тўсини-ю синчларини — худо бергандай бўлди; умрида ҳеч камлик кўрмасин, Омон дўсти асқатиб, икки уй-бир даҳлизли иморатни тикка қилди; шундаям тўрт-бешта қарияни чақириб, дуо ололмади.
Омадни қарангки, қўйларини боқиб юрганида Қора қўтонда қий супираётган бир ғариб қизни учратди ва икки оғиз гап асноси унинг ўзини сиртдан кузатиб юришини билгач: «Эй, ғариб! Мен ҳам ғариб. Менга тегмайсанми?» деганда, у жилмайиб елка қисди. Мансур дарҳол вилоят марказига ҳовлиқиб бориб, гўшт комбинатига кирди, қассоблар бошлиғи Омон жўрасига, гап шундай-шундай деди. Омон бир ҳафтадан кейин келиб, Мансурни қиз яшайдиган қишлоққа олиб борди ва худонинг йўл берганюш кўрингки, етим қизини ўша куни Мансурга никоҳлатиб, унинг сомонсувоқ кулбасига келтирди, ҳе, қўл; калталиги қурсин: шундаям ҳамқишлоқларига ош беролмади.
Тўғри, ўшанда у одамлардан совуб юрган кезлар эди, зотан, ҳамюртлари ҳам унга қиё боқишмас, айрим раҳбарлар унга иш беришмас — у қамалиб кел ган «туремшик» эди.
Келиннинг оёғи қутли чиқдими, совлиқлари эгиз: туғиши баробарида ўзи ҳам салкам тўрт килолик Полвонни туғиб бердики, Мансур ўзини, ниҳоят, одам сифатида туйди. Унинг қадди кўтарилган кунларнинг; бирида қирлик пойидан бир замонлар тортилган телефон кабелларини янгилаётган биригадага ёлланиб ишга тушди-ю, улар сафида қолди: бу — камсуқум, меҳнатдан бош кўтармайдиган йигит уларга чунон қўл келганидан тўқсон чақиримлик масофадаги кабелларни назорат қилиб юрувчилик амалини беришди: энди тагида алмисокдан қолгани «Газ-51», ёнида шофёр, бортда битта ишчиси бор — вақт-бевақт отланиб қолади: ҳафталаб кабелларни текширади.
Куни кеча ана шундай текширувдан қайтди, аммо-лекин она сути оғзидан келди: қор қалин, тунлар — изғирин, аёз; кабел жонивор уч чақирим масофада тўрт жойидан узилган экан, яъни, қор бетига чиқса дарҳол тулкию сор қушларга ем бўладиган, демак, қор остидан емиш топишга мажбур бўлган кўрсичқонлар симларни кемириб ташлаган экан.
Ана шу машаққатли сафардан қайтаётиб, карантин постда Омон жўрасини учратиб қолди: уям милисаларнинг чойидан бир пиёла ичгали вагон-уйчага кирган экан.
Кўпдан кўришмаган каби қучоқлашиб кетишди. Кейин электр-плитага исиниб аҳволлашишар экан, гурунгга милисалар ҳам қўшилди ва мавзу бозор иқтисодига оралаб, Мустақилликка тақалди: қарабсизки, носқовокдек шиша идишда спирт топилди, унга сув қўшиб ичдилар.
Омон бу кунларнинг ўткинчи экани, пировард, одамлар учун синов кунлари экани — демак, бир-бирига меҳр-оқибату эл-юртга садоқат айни шу замонда билиниши ҳақида пишиллаб сўзлар экан, Мансурнинг оғзидан ногоҳ чиқиб кетди: «Жўра, бир ўтириш қилсам, нима дейсиз? Ахир, ўзингиздан қолар гап йўқ, мен қамоқдан озодликка чиққан кунимдаям сиздай биродарларни айтиб, бир пиёла чой тутолмаганман…».
«Уч йилдан бери шу гапни кутар эдим сиздан, — деди Омон ийманиб. — Қилинг. Бир ёнини ўзим кўтараман…» «Йўқ, ҳаммаси ўзимдан, — кесиб таъкидлади Мансур. — Армоним шу эди, жўра. Шу кунларга насиб этган экан. Омин денг!».
Шундай қилиб, Омон Мансурга қўшилиб қишлоққа келди. Меҳмон айтишни ҳам ўз бўйнига олиб, кундузи келган мўйсафидлардан тортиб, оқшом келишган кўнгил яқин тенг-тўшу шотирваччаларгача кутиб олди.
Тўрт яшар бир қўчқор билан семиз серка сўйилди. Қуйруқнинг ярми билан серканинг бузилмаган иккита сонини, келишувга кўра, қассоб сотиб бердики, унинг пулига ҳўлу қуруқ мева-чева харид қилинди, тағин беш-ўнта шиша… Овқатдан — шўрва, палов… Ишқилиб, бир кичик мавлуд ўтди ҳисоб: ҳе, қариялар: «Шу уйда тўйлар бўлсин!» деб дуо беришди. Тенгқурлар Полвоннинг соғлиғи учун ҳам қадаҳ кўтаришди. Во ажаб, Мансурга баъзан шундай туюлдики, уни ҳамма қадрлар, ҳурматлар экан-у, ўзи билмай юраркан. Буям оз: у сахий, уйпарвар, хотинпарвар, меҳнатсевар ва ўта камтар йигит эканки, кўплар зимдан ҳавас қиларкан.
Туремшик бўлганини биров ҳам эслатмайди-я!
Мансур кафтларини ишқаганча тағин айвонга чиқди. Эшикни зичлабгина ёпти-да, наздида, меҳмонлардан бири каклигини ўғирлаб кетгандай туюлди. Гарчи бундай бўлишига у қадар ишонмаса ҳам, занжири шундай илиб қўйиладиган ўрта эшикка ҳаллослаб бориб, апил-тапил очди. Ғадир-будир деворни сийпалаб, чироқни ёкди. Музхонадек омбордаги қоп-қоп ун, лаби учган хум, эски танча-ю арра, пойтеша ва уюлиб ётган эски-тускилар чарақлаб кўриниши замон какликнинг чурқиллагани ва қафас ичида типирчилаганини эшитди. Ром ўрнатишга эҳтиёж йўқлигидан тош қалаб, суваб қўйилган «дераза» пастига жадал бориб, қафасга ёпиб қўйилган увада чопонини шилиб кўтарди.
Карсондаги тупроқни чангитиб, гир айланаётган йирик, гўзал қуш қуралай кўзларини чақнатиб, эгасига чақчайиб тикилди-да, энди дик-дик сакраб, қафаснинг юлғун чивиқларига тумшуғини ура бошлади.
— Ҳе-ҳе, жонидан, — деб чайқалди Мансур. — Нима бўлди? Донингиз бор, сувингиз бор… Соғиндингизми эгангизни? Ё уйга бегоналар келганини сезиб, безовта бўлдингизми?.. Кетишди. Ўзимиз қолдик.
Сўнгра қафасни ҳалқасидан кўтариб ва чироқни ўчириб чиқди. Совуқ, совуқ. Лекин қор тинипти. Аммо кечаси аёз бўлса, о, чарсиллайди.
Мансур тўғри меҳмонхонага кириб, қафасни печка ёнига қўйди.
— Сал исиниб олсин, жонивор.
Кўрпачаларни қайта тўшаётган хотини:
— Чанг қилади-да, — деди.
— Устини ёпиб қўямиз. — Мансур ёпинчиқ омборда қолганини эслаб, печка биқинидаги ёлғиз эчки терисига — пўстакка ўтирди. Қўлларини иссиққа тутаркан, бирдан ирғиб туриб кетди.
У қўра чироғини ёқиб, қўй-эчкиларини санагудек— кўздан кечирди, охур ичларини пайпаслаб, вақтлироқ туғишини мўлжаллаган икки совлиғининг қорнини-елинини ушлаб кўрди, сўнг уларни қандайдир доялик меҳри билан силаб-сийпаб ва эркалаб, сигири қошига борди.
Ниҳоят, эшикни тамбалаб, суяк ғажиб ётган итига бир нималарни тайинлаган бўлиб ҳамда атай йўталиб — томоқ қириб, уйга кирганида хотини ўрин солиб бўлган, Полвонни ҳам ётқизиб, кифтига аста-аста урганча ғунғилар эди:
— Алла-ё, ал-ла.
— Ҳа-а, яхши, — дея яна пўстак томонга ўтди Мансур. — Лекин, кампир, шу уйни тузаб қўйиш керак. Меҳмонхона-ку бу… Ўзимизга кичкина уй ҳам бўлаверади.
— У уй зах, — деди хотини. — Алла-ё, алла… Бир-иккита бўйра бўлганда кигизни остидан тўшар эдик.
— Сен чий тўқишни биласан-а? Эй, кампир, как-ликка қара. Кўзини юмибгина қолипти. Ана, очди… Ҳе, Қаламқош… Шуям туш кўрса керак-а?
— Печкага чалмидан соб қўйинг. Алла-йўў… Кулхонасини бекитинг.
Мансур нос отди.
— Меҳмонлай хуйсан бўп кетди-я?.. Эй, кампий, мени йўғимда қийналиб қомадингми? Тузук гапласмадик ҳам… Лекин мен кўп азоб чекдим. Айтмоқчи, шопий билан ябочи этталаб келади. Яхшилаб меймон қилиш кеяк.
Хотини ийманибгина жилмайди.
— Носингизни тупуринг.
Мансур қих-қихлаб кулиб, носни ахлат челакка ташлади. Печка устидаги чойнак жўмрагидан бир қулт олиб, оғзини чайди. Кейин хўрсиниб:
— Ҳа, худога шукур, — дея ўрнидан турди. — Айтмоқчи, сени қишлоғингдан ҳам бормиди? Ўлай агар, мен баъзиларни, умуман, танимадим.
— Какликнинг устини ёпиб қўйинг, тинчроқ ётади… Лекин шуни кўп эркалатасиз-да, чол. Бунинг шериклари ҳозир тоғларда, э-ҳе, донсиз, бошпанасиз юришипти…
— Нега бошпанасиз бўларкан? Камарлар, ғорлар… Қизиқ гапирасан. Донниям топиб ейишади! — Мансур ечина бошлади. — Улар шароитга кўникиб қолишган. Кўникмаганда, минг йил бурун қирилиб кетарди.
— Бе, одамларнинг аҳволи шу бўлса, шундай ҳам қириб юборишади, — деди хотини ҳам кўрпага кираркан.
— Овчиларни айтяпсан-да?
— Овчисиям, бошқасиям.
Мансур чироқни ўчирди. Авайлаб келиб, ўринга кирди-ю, хотинини қучоқлаб олди.
— Ухлайлик. Сиз ҳам чарчадингиз, — деди хотини. — Кўрасиз, анави каклигингиз соат тўрт бўлмай уйғотиб юборади. Нари хонадан ҳам сайраши…
— Кўп гапирма.
Ҳақиқатан ҳам, каклик сайраб ва патир-путир қилиб, Мансурни уйғотиб юборганида дераза орти ҳали кўройдин эди. Полвон ғашланиб ғинғиллар экан, Мансур худди қўрасига бўри оралагандай ҳовлиқиб туриб кетди.
— Айтмовдимми! — деб инжикданди хотини.
— Нимани, нимани? — Мансур апил-тапил кийиниб ва чопонини елкасига ташлаб, айвонга чиқди. Совууқ. Ит айвонга чиқиб ётган экан, керишиб-ғингшиб, эгасининг ёнига келди. — Ҳе, ўл! Жойини билмаган! Туш пастга! Хурмаган итни уриб ўлдирсанг арзийди-да! — Мансур тўнғиллаб нари-берига ва атрофига қаранди. Шу қирни макон тутгандан берими, ё қишлоқдан четдалиги, демак, ёлғизлиги, бунинг устига, беш-ўн бош тилсиз моллари борлиги-ю, уларнинг омонлиги ўзларининг ҳушёрлигига боғлиқ эканига том ишонч туфайлими — ўта сезгир бўлиб кетган Мансур атрофида қандайдир ўзгаришми-шарпами борлигини ҳис этган, табиийки, хонаки каклигининг бемаҳал қичқирган хўроздай қилиғи бунга туртки бўлган эди.
Қўра билан меҳмонхона орасидан, яъни, усти ёпиқ ўчокдар томонидан пир-пир этган товуш эшитилди-ю, Мансур илкис қараб, бир-иккита қора товуқларни… йўқ, йирик-йирик қушларни кўрди. Ва тумшуғини бемалол кўтариб тургани ҳамда думлари йўқ даражада эканига диққати оғди-ю:
— Э, каклик-ку? — деб шивирлади. У шошиб қолди: нима қилиш керак?
Шунда улар яқинлашиб бораётган итдан чўчишди чоғи, пир-пирр учишди, шундоқ рўпарада уюб қўйилган-қор босган янтоқ тўпининг пойига бориб қўнишди.
— Э, кетади-ку? Жипак! — деб юборди Мансур. — Милтиқни опчиқ!
Какликлар бирдан ваҳимали чиғиллаб ҳамда қарс-қарс қанот қоқиб, том оша учиб кетишди. Мансур дир-дир титраган ҳолда луқмасини оғзидан олдирган маҳлуқдай ютиниб-тамшаниб қолди.
Эшикдан мўралаган хотини:
— Нима? Каклик кўрдингизми? Энди кўришингизми? — деди.
— Эҳ, уйга кепти-я? — қувониб ва аёлини калака қилгандай кулимсираб уқтирди Мансур. — Шу-шу ерда, ўчоқбошида экан… Вой, буни қара-я! Вой, жониворлар-а… Қўрқмаганини қара. Мана бу ит ҳам сезмапти…
— Балки ўрганиб қолгандир, товуғимиз деб ўйлар, — дея Ипак ичкарига тортилди.
— Ҳой-ҳой, кампир, бу жуда қизиқ-ку, а? — Ман-сур ҳам хотинига эргашди-ю, тағин биронтаси писиб қолган бўлса деган ўйда тўхтаб, яна нари-берига зеҳн солди. Сўнгра уйга кирди-да, ажаб аломатни кўрди: усти қопловли қафаснинг пастларидан чанг буриқсиб чиқар, қафас титрар-силкинар, макиён тўлиб-тошиб сайрар эди.
— Э, жинни бўлдими у? — Мансур шундай дебоқ беҳол тортиб кетди. Хотинига жилмайиб: — Тушунарли, — деди.
— Шу-да, — деб қўйди хотини.
— Қачондан бери какликлар кеп туради?
— Совуқ зўрайганда…
— Бечоралар.
— Сиз эса уларни отмоқчи бўлдингиз.
— Энди, ким билади… — У уялиб, елкасини қисди. Кейин тўрга ўтиб, қафаснинг устини очди. Чангга беланиб, оқариб қолган каклик шунда хўрпайиб бир силкинди — Мансурнинг афт-башараси ҳам оқариб қолди. — Ҳе, Хойин! — деб зарда қилди йигит. Ва йўталиб, юзини енги билан артган бўлиб, давом этди: — Жела овнинг хумори тутдими, бека? Балки тоғ-тошни қўмсаб қолгандирсиз? Ҳозир яхлаб қолган камарларни, ғорларни, а? Менга раҳмат денг, сизни опкелиб, уйимнинг тўрига ўтқазиб қўйибман. Шерикларингиз, ана, бир чўқим донга, ушоққа зор бўлиб, остонамизга келипти… Ҳе, ўлинг сиз! — Бирдан зарда қилди. — Шуларни тутишим керак-да, а? Ё уйнинг атрофини тузоқ билан ўраб қўяйми? Кейин сиз айвонда ваққиллаб сайрасангиз, қариндошларингиз парт-парт этиб, тузоққа тушса. Сиз хурсанд бўласиз-да, а?
— Қўйинг энди. Униям овга ўзингиз ўргатгансиз, — деди хотини Полвонга гупписини кийдираркан… — Ундан кўра молларга қаранг. Сув бериш керак.
Мансур бир муддат тек қолди-да:
— Тўғри айтасан, — деб печкага бурилди. Чойнакни гиламга опқўйиб, қопқоқни очди. Милтиллаб турган чўғни сим билан кавлаб яшнатди-да, чалмадан синдириб ташлади.
Шу асно тоғда — қайсидир арча панасида ўчган гулхан қўрини қўзғагани, атрофдан какликларнинг сайраши эшитилиб тургани хаёлида жонланиб:
— Ҳа-а, — деди бирдан. — Демак, каклик қирғини бошланипти-да, кампир… Тоғда ем бўлмаса, совуқ — ҳаммаси пастга энади-да! Э, аттанг… — Сўнг бирдан хотинига юзланди. — Пиёда ов бўляптими?
— Вей, ҳар куни — ов-ку, — деди кампири. — Ана, Бўрижарга тушинг. Чошгоҳгача томоша кўрасиз… Вей, одамлар-е, аёв нималигини билмайди-я.
— Тушунарли, — деди Мансур ғижиниб.
Мансур уйи ортидаги одамбўйи кўтариб ясалган бетон «ҳовуз»дан сув ташиб, ушоқ молларини суғорди. Сигир билан бўғоз совлиқларга челакда сув илитиб берди. Кейин узун охурга сомон солиб, қий-таппиларни кураётган эди, мошинаси сигнал бериб кепқолди. Мансур ҳайдовчи билан ишчисини очиқ юз-ла қарши олиб ва уларнинг «қорда қолган изларига қараганда, тўй бўпти» деган гапларига камтарона жилмайиб, меҳмонхонага таклиф этди.
Уларнинг иззатини жойига қўйиб: «Уч кун озодсизлар-е!» деб жўнатгандан кейин, кирза этигини кийди. Сариқ-бароқ жунли телпагини бошига бостириб, йилтираб қолган дағал шарфини бўйнига ўради ва заранг таёғини олиб, айвондан тушди.
— Кампир. Мен бир айланиб келай!
Қалингина туман тушган, шунинг учун совуқ эмас, борлиқ кечаги шамолу қору изғириндан қутилиб, энди сокин-муаллақ бир ҳолатда мизғиётгандек эди. Аммо одамлар… қаерлардандир одамларнинг бақирган-чақиргани тушдагидек эшитилар, ўқтин-ўқтин отилган милтиқ садосидан Мансурнинг юраги жиз-жиз этиб кетарди: «Отди, йиқитди. О, оломоннинг бу ови даҳшат…».
У пиёда овни қачон кўрганини эслолмас, бироқ қиш шундай қаттиқ келиб, қор ҳам қалин тушган пайтларда гала-гала какликларни у қирдан бу қирга қувиб, тўс-тўполон кўтариб югурганларини эслар, ўшандан кейин бозорда қоплаб каклик сотилганига ҳам гувоҳ бўлган эди.
Лекин у пайтлар — афтидан, илгари замонлар эди ва табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги ўйнинг ўзи кишиларнинг хаёлида йўқ эди — шунинг учунким, ўша вақтларда шимолдаги тоғ ўнгирларида кийиклар ҳам бўлар, уларнинг фалон булоқдан сув ичганини кўрганлар ҳам кўп эди.
Кейин какликлар ҳам камайиб кетди ва улар сонининг қисқаришида Мансурнинг ҳам оз бўлса-да улуши бор…
Ўтган йилнинг ўзидаям авжи баҳор Қаламқошни қафаси билан Қизилжарга опчиқиб, бир бутанинг тагига қўйган ва атрофини тузоқ-жела билан ўраб, ярим соат орасида тўртта хўроз какликни сўйиб олган эди. Қаламқош, яъни Хойинбека худди озодликка чиққандай шақиллаб сайрай бошлади, унинг овозини эшитган хўроз какликлар: «Кимсан ўзинг? Бу ёққа чиқ!» дегандай важоҳат билан учиб келиб, ўзларини тузоққа уришди, қарабсизки, бири бўйнидан, бири оёғидан желага тушган.
Мансур эса бир зум кечикса, униси бўғилиб ҳаром ўлади-ю буниси қутилиб кетадигандек, шошилиб-ҳансираб бориб…
Ҳа, овчилик ҳам носнинг хуморига ўхшайди чамаси: носвой отганингни билмай қолганингдек, овга жўнаворганингу қўлга туширган ўлжани бўғизлаганингни ҳам билмай қоласан… Тўғри, кейин мурданинг патларини силаб, очиқ қолган нурсиз кўзларига тикилиб, раҳминг келади. Кейин, ўзингни ҳечқурса шундай овутасан: «Булар — хўроз-ку? Макиёнлари юрипти-ку…».
Дарҳақиқат, бундан роппа-роса уч йил бурун Мансур бир шафёр таниши билан жела овига чиққанда, ёшгина бир макиён тузоққа тушган ва ов соҳиби: «Шуни боқинг, жўра. Ўзи урғочи бўлсаям менинг хўрозим билан уришгани келди. Бир балоси бор», деб Мансурга берган, ўша макиён —.ана уйда қолган жинқарчанинг ўзи, айтилганидай, бало чиқди: ўтакетган ҳушёр, қўрқмас, сайроқи, овозиям хийла йўғон…
Йироқ бир манзилга йўл олган қаландардай бемалол қор кечиб Бўрижарга энаётган Мансур туман ичида туйқус одамларга дуч келгандай бўлди: шундоқ қаршисида — ердан ўсиб чиққандек қабариқ қоя остида туманни қалинлатиб тутун ўрлар, тутун остида ивирсиб нимадир қилаётган уч кимса бор эди.
Йигит беихтиёр таёғини маҳкам қисиб, бир он тўхтади-ю, кўзи равшан тортдими — уларни таниди: чўккалаб олиб, ҳўл бодомча шохлари тагига пуфлаётган сарғиш, узун соқолли қария — почтанинг қорову-ли, юлғун бутоғига эт ўтказаётган, узун бурни қип-қизил, бош яланг киши — музика ўқитувчиси, қўлларини тиззасига тираганича у ён-бу ёнга чайқалиб, тутунга чап бераётган ёш йигит — техникум директорининг муовини.
Мансур уларни танигач, вужудини таранг тутиб келаётган асаблари бўшашиб кетди.
— Э, ассалому алайкум, биродарлар! — деб бақирди.
Уччовлон ҳам унга кўз отишди-ю, чол ўтни пуфлашда давом этди. Директор ўринбосари кўзини муштумида уқалаб орқага сурилди. Бурни қизил муаллим:
— Келинг, бой ота, — деди.
— Э, майишат катта-ку!
— Ҳа, озодлик гаштини суряпмиз, — яна пинак бузмай деди муаллим.
Бу гап Мансурга наша қилиб, ких-кихлаб кулди. Ва бориб, улар билан алоҳида-алоҳида кўриша бошлади. Муаллим унга тирсагини ушлатиб:
— Анави тошлардан бирини думалатиб келинг, бой ота, — деди. — Қуруқ келдингизми? Кечаги савиллардан қолмадими?.. Бор, сизда бор. Яшашни сиз билар экансиз, Мансурбой.
Мансур кулиб, қор босган тошлардан бирини қўзғатаркан:
— Ҳе, турмага душманингиз ҳам тушмасин, — деди. — Бу ёпишиб қолган-ку…
Шу пайт этакдан — туман ичидан милтиқ товуши келди. Рўмолчаси билан кўзларини артаётган директор ўринбосари:
— Бекор қиляпти-да, бировга тегиши мумкин, — деди холисона, мағрур бир тарзда.
— Гўрниям отолмайди шу милиса, — деб тўнғиллади муаллим. — Бутилкани уролмаган-у… Қўйинг, биттасига ўқи тегсин. Тўғрими, бой ота? Сал ошириб гапирсангиз, қаматаман, йўқотаман деб кариллайди.
— Ҳе, яхши ният қилайлик-е, — дея, думалатиб келгани харсангга ўтирди Мансур. — Ҳа, омин… Аллоҳ акбар! — Кейин кулди. — Шотўра ака, нимага бизни мундай «бой»га чиқариб қўйдингиз? Тўрт-бешта тиррақи совлиқ билан бой бўлар эканми киши?
— Албатта, — деб жавоб берди Шотўра муаллим. — Нимагаки, масалан, бизда тўртта товуқ ҳам йўқ… Ҳолбуки, қуш гўшти парҳез таом ҳисобланади. Организмнинг ана шунга бўлган талабини қондириш учун, мана, ота-бобомиз қилмаган ишни қилиб ўтирибмиз.
— Илгари овга ҳеч чиқмагансизми?
— Ҳеч қачон!… Ҳе, укам, сеникига ўхшаган шаллақи каклигим бўлсаки, буталарнинг остига қўйиб, бабақларни заманит қилиб, сўйиб-сўйиб олсам…
— Ҳе, менам йилда чиқсам, бир-икки марта чиқаман.
— Биз ярим мартаям чиқмаган эдик… Мана, озодликдан баҳраманд бўлиб, а, тўрвасоқол? — дея қоровулга нуқиб сўзлади. — Сен нима дединг, курра? — Техникум бошлиғи муовинига ҳам ачитиб деди. — Хуллас, учта ошна бир бўлди, оғзи-бурни кир бўлди деганларидай, битта кул кабоб қилайлйк деб чиқдик-да.
Директор ўринбосари ғижиниб:
— Одамни камситмай гапиринг, ака, — деди. Сўнг Мансурга мурожаат қилди: — Ҳа, зиёфатингиз яхши ўтипти, Мансур ака. Биз чақирилмаган бўлсак ҳам, хурсанд бўлдик. Мана бу бобой тонгдан бери сизни алқагани-алқаган.
— Ҳў, кўп савобга қолдингиз, иним, — деди қоровул кўрсаткич ва бошмалдоғида бурнини сиқиб ташлагач. — Отангиз ҳаёт бўлганда бўйи бир қарич ўсарди.
— Ўлинг сиз, — деб кулди мусиқа ўқитувчиси. — Яқин-яқингача пиёнисталик қилиб, кечалари вино сотарди. Энди мачитга қатнайдиган бўлди бу киши. Қаранг, текин тамоқ ёқар экан. Хўроздай қип-қизил.
— Ҳе, уйингиз буғдойга тўлсин, — деб илжайди қария. — Мансуржон, булар мени ажув қилади-да, кечирасиз. Мен ҳам индамайман, майли, кулсин… Ростини айтсам, шулар куладими, чеҳраси очиладими деб эргашиб чиқдим…
— Сизнинг тушунмаслигингиз — табиий, — деди директор муовини. — Сиз кечаги одамсиз… Лекин намозингизни бемалол ўқийдиган бўлдингиз, мачитлар очилиб. Шотўра акам айтганларидай, сахий бизнесменлар ҳам қарашяпти. Бунинг устига, ҳей бобой, кўрнамаклик қилманг.
— Ҳа, энди, пенсиямиз…
— Сизнинг пенсиянгиз бизнинг маошимиздан катта, — деди Шотўра какликнинг оёғи-тўши санчилган юлғун бутоғини чўққа қўйиб.
— Ундай деманг-е, оғажон.
Шу пайт олислардан эшитилиб турган шовқин-у бақириқ-чақириқлар дафъатан яқинлашиб кела бошлади-ю чуриллаган ва шувиллаган товуш — какликлар овози ва қанотларининг саси туман ичидан ўқ каби чиқиб, нақ булардан пастрокдаги қор куртугига учта каклик боши билан санчилиб қўнди. Тепаларидан ўтган шамолданоқ ўринларидан тура кетган пиёда овчилар турфа хил ёввойи чинқириқлар ила какликларга отилишди.
Шотўра бирининг думидан ушлаган чоғ — қуш бир неча патини қолдириб, ўзини орқага — қабариқ харсангга урди. Қоровул бобо бурила солиб, қорда ётган калтагини олди-ю қушга сермади. Каклик типирчилаб, қоянинг орқасига ўтди. Чол унинг изидан ҳалпиллаб югурди.
Бу вақтда какликлардан бирини тутган директор ўринбосари «воҳ-воҳ» — деди-ю, ҳовучини очвордими — жонивор учиб кетди. Муовин сўкиниб, қорни чангитиб кавлаётган муаллимнинг ёнига чўк тушди-да, уям қор ичига қўлларини суқиб-пайпаслаб жила бошлади.
Афт-башараси тегирмондан чиққандек бўлиб қолган Шоберди муаллим:
— Олдинга ўтинг! Олдини тўсинг! — дея боши билан куртикка шўнғиди-ю у ёкдан бир нима йилтиллагандай «парт» этган товуш эшитилди. Ва шунга баробар ваҳима ичра қанот қоққан какликнинг қорасигина кўриниб ғойиб бўлди, яъни, этакдаги туманга ютилиб кетди.
Шотўра тиз чўкканича қўлларини фотиҳага очгандай туриб қолди. Апил-тапил ўрнидан турган директор ўринбосари бирдан депсиниб:
— Кетди-и, — деди.
Шунда ботиқ қоя ортидан келган бўғиқ товуш му-сиқа муаллимини ҳам ўрнидан турғизди.
— Калтак! Калтакни олинглар! Бу сизларга товуқми… Сизларга ўтди!
Бу иккисига ҳам нафақат жон, балки ақл ҳам кирган каби ҳар қайси ҳали ўтирган жойларида ётган таёқларини олиб, қоядан ошиб тушган какликка ташланишди.
Каклик у ёққа қочади-бу ёққа қочади қанотини судраб, унинг устига сермалган ва отилган калтаклар эса қорга санчилади, нарига учиб кетади.
Ниҳоят, учовлоннинг қуршовига тушган каклик ўз ўрнида гир-гир айлана бошлади-ю, энди овчилар калтакларигаям қарамай ўзларини таппа-таппа ташлай беришди қушнинг устига. Жонивор шунда ҳам жон ҳолатда қутилиб-қутилиб қолар экан, қоя биқинидан ҳансираб чиққан қария усталик қилди: чопонининг барларини очиб, уни ёпиб тушди. Ҳе, жонли жонзот! Каклик унинг бутлари орасидан ўрмалаб чиқди. Ана шунда директор ўринбосари калтаклардан бирини олиб жаҳл билан урганди, қушнинг бўйни синиб ётиб қолди.
Мусиқа муаллими бўлса қушни шартта кўтариб олди-да, бошини бураб тортди — бош узилмади. Кейин бирдан тиши билан кекирдагини узди ва, ниҳоят, калласини ажратиб отиб юборди. Чўлтоқ бўйиндан қон оқар, аммо ҳамон жони бор экан, оёғи типирчилар, соғ қаноти қорнига уриларди.
— Уф, — деди Шотўра қон ва пат ёпишган лабларини кафти билан артиб. — Чарчатди-е.
— Тезроқ терисини шилиш керак, менга беринг, — деди қария. — Ичидаги қониям оқсин, йўғасам уюшиб қолади. Мана, елкасигаям бир-икки урган эдим.
У турган ерида чўнқайиб, бошмалдоғининг қийшиқ тирноқлари билан қушнинг кетини икки ёнга йиртди-да, қолган бармоқларини терининг остига юборди. Кейин бир тортганди, қушнинг қип-қизил эти-жасади чиқди. Терисини бўйиндан чиқариб узиб ташлади ва қанотларини елка-елкасидан, оёкдарини тиззадан қирс-қирс синдириб ҳамда бураб-узиб ташлагач, ўша бошмалдоғида қорнини ёрди — ичак-чавақни ҳам олиб ташлангандан кейин муштдек қизил гўштни қор билан ишқаб юва бошлади.
— Ҳе, йиртқич экансизлар-е, — деди Мансур бу манзарани карахт ҳолда кузатиб тураркан, ёқасини ушлаб. — Қойил бўлдим сизларга.
Директор муовини унга қия қараб:
— Биз ҳарҳолда одам ўлдирмадик-ку? — деди. — Йиртқич дейсиз… — Сўнг ўз жойига ўтириб, кабобни ағдариб қўйди. — Ўйлаб гапириш керак.
— Ҳўв, менга қара, жиблажибон! — Мансур эсини йиғиб олиб, унга тикилди. — Сен ҳали ўйлаб гапирадиган бўлдингми? Ҳе, иззат қилса, ўзингдан кетасан-а?
Директор ўринбосари ҳайрат билан қошларини кериб, анавиларга қараб олди.
— Шотўра ака, нималар деяпти бу одам? Ҳей, — секин ўрнидан қўзғалди. — Ким-кимни иззат қилиб турибди шу тобда? Биз сизними, сиз бизними? — Кейин кўзлари йилтираб кулимсиради. — Сиз ахир одам ўлдирган туремшик-ку? Хўп, ака, беш-тўртта мол қилибсиз, баъзиларни айтиб, ис чиқарибсиз. Нима бўпти?.. Бу билан сиз ўзгариб қолганингиз йўқ.
Мансур бошини эгиб турди-турди-да, бирдан интилиб, унинг ияги устига чунон урдики, муовин баайни сакраб тушиб, қояга суяниб қолди.
Мансур яна олға босганди, Шотўра уни қучиб ушлади.
— Ҳўв, ҳўв, эсингни йиғ, ука… Маст-паст эмасмисан? Йўқ, оғзингдан ҳиди келмаяпти.
Мансур энди Шотўрага тикилиб қолди-да, башарасига туфлаб юборди.
Шотўра бирдан тисланиб кетиб, қўлларини осилтирганча тек қолди. Сўнг чуқур ҳўрсинди-да:
— Ҳа, раҳмат, ука, — деди. Кейин бир чангал қор олиб, юзини ишқай бошлади.
Бир неча марта қон тупурган директор муовини:
— Кетамиз, бобой, — деди. — Йиғиштиринг буларни…
Мансур чайқалиб кетди, яъни, уни яна уриш, тўғрироғи, дабдала қилишдан, ўзини тийиб қолди-да, хириллаб:
— Ҳей, мундай тур, — деди. — Шотўра ака, сиз ҳам келинг. Бир минут ўтиринг… Ҳўв, бобой, сиз ҳам чўкинг. Тайсалламанг. Соқолингизни ушламанг. Шу соқолдан эчкидаям бор. Ўтиринглар деяпман. Бир минут гапимга қулоқ солмасанглар, ака, унда нима десанг дейверинглар мени… Хўпми? — У бир он ўйланиб, ҳали беихтиёр ташлаворган заранг таёғини қўлига олди. — Қани, марҳамат қилинглар!
Директор ўринбосари Шотўра муаллимга зимдан тикилиб турарди. Шотўра:
— Майли, — деди. — Чол, ўтиринг. Кабобни жойига қўйинг… Курра, сен ҳам ўтир.
Ҳар ким ўз жойига ўтирди. Мансур ҳам тошга чўкди-да, бошини эгиб қолди: у нима дейишни билмас, аммо гаплари кўп, жуда кўп эканини билар, бунинг устига, хўрлиги келар ва энди йиғламоқдан ўзини зўрға тутиб турарди.
— Ҳа, ука, бошла, — деди мусиқа муаллими.
— Ҳозир, — деди Мансур.
Чол томоқ қирди ва кабобни кафтида елпиган бўлди-да, ҳалиги какликнинг этини салмоқлаб:
— Семизгина экан, — деди. — Мен бари озиб-тўзиб қолган деб ўйлаган эдим. — Сўнг дам унга, дам бунга қаради. Ҳеч кимдан садо чикмагач, давом этди: — Тоғда дон қолмаган-да, бориям қор остида… Лекин бу семиз бўлгани учун анча ҳаракат қилди. Кучи бор экан-да, баччағар.
— Алжиманг! — деди директор муовини чолга ва ёнидан бир дона сигарет чиқариб, чалада тутатди. — Эшитамиз, Мансур ака… Лекин эсдан чиқарманг: бу муштумзўрлигингиз, ҳақоратларингиз бежиз кетмайди.
Мансур энди чўғни чангаллаб унга отадигандек пан-жаларини ёйиб, қўрга қўлини юборди-ю тортди. «Оғир бўл, фойдаси йўқ», деди ичида, аммо бармоқлари титраб, тил калимага келмаганда унинг ишини қилиб ўрганган қўли, о, ўзига эрк тиларди: зотан, қалби билан сезардики, бунга ҳаққи бор: ахир, у яна таҳқирланди, камситилди, йўқ айби — туҳмат яна бўйнига тушди…
Ҳа, булар — одамлар, айниқса, мана бу «жиблажибон» — қуруқвойлар унутишмас экан.
Тағин унинг қўрқитишини кўринг… Ҳа-ҳа, шундан бошқа қуроли йўқ.
Ажабо, шу гапларнинг ғирт бемаънилик эканини, анчайин қўрқоқликни такаббурлик билан яшириш ва шу тариқа ўзини оппоқ қилиб олиш эканини тушунар-а?
Тушунади-билади. Аммо бошқача йўл тута олмайди: ахир, муппта мушт билан жавоб бериш — бунинг ақлига сиғмаса керак. Бунинг учун киши эркак бўлиши лозим: бу эса оддий бир сўтак, қуруқвой.
Мана бу мусиқа муаллими эса — маккор. Ва буям ўлгудек қўрқоқ.
Тавба, юзига тупурсанг-у, «раҳмат» деса… Бу билан ўзини маданиятли, вазмин, одобли киши қилиб кўрсатади-да? Бўлмаган гап: буям ўзининг ночорлигини шу йўл билан хаспўшлади ва, афтидан, охиригача ўзини шу тариқа тутмоқчи…
Бу чол — галварс, аммо тулкилик ҳам қўлидан келади. Бунда иймон-эътиқод деган нарсаларнинг уруғи ҳам йўқ. Бироқ ўрганган беш-ўн калимаси борки, уларни ҳам тирикчилик жўнида ишлатади ва лозим пайтда ўзига қалқон қилади…
Мансур эриниб тутаётган чалаларга жилмайиб тикилганча шу ўйларни дилидан ўтказаркан, директор муовини энди анча ғолибона овозда:
— Эшитамиз, ака, — деди ва кичкина чўпни бармоқлари учида ушлаб, қўрни кавлаган бўлди-ю, Шотўрага ҳам иш топилгандек, бирдан чалаларни бармоқлари билан бемалол туртиб-туртиб, бир-бирига қалади ва:
— Қани, оқсоқол, бир дам беринг, — деди.
Қоровул чол шуни кутиб тургандек шарт энгашиб пуфламоқчи бўлганди, муовин:
— Ҳай-ҳай, — деди. — Чангиб кетади-ку? Ҳе-е, тегманг, шуниси яхши. Кабоб сингиб пишади… Хўш, Мансур ака, гапингиз бўлмаса, кечирасиз, бизни ҳоли қолдиришингиз ҳам мумкин. Рост айтяпман: биз сизни таклиф этмаганмиз. Ўз оёғингиз билан келдингиз. Биз сизни қабул қилдик.
— Бўлди. Бўлди қил, — деди Мансур. — Бўлмаса, гап мундай… Сизлар, сени раҳбарлигингда мен ҳақимда нимани ёзсанг, ёзинглар. Урди дейсизларми, сурди дейсизларми — бемалол. Ҳатто калтак билан солди десанг ҳам, мен бўйнимга оламан. Нимагаки, ҳали шундай ниятим ҳам йўқ эмас эди.
— Худо-я, тавба, — деб тўнининг ёқасини тутамлаб ушлади қоровул.
— Шундай… Сизни серкага ўхшатганимниям бўйнимга оламан. Ҳой, муаллим, башарангизга тупурганим ҳам бўйнимда. Ҳе, сизлар…
— Раҳмат. Бу — мардликдан нишона, — деб қўйди директор ўринбосари.
— Лекин сизлар ғирт номарднинг ишини қилганларингниям ёзасизлар.
— Нима-нима?
— Сен номардсан, — таъкидлади Мансур. — Илжайма… Оғзингни яна қонга тўлдираман. Ана шундай… Қулоқ сол, сўтак. Қулоқ беринглар. — Мансур бармоғи учида қорда ётган гўштни кўрсатди. — Шу, шу жонивор оч қолиб, мажбур бўлганидан келган эди. Тўғрими? Тўғри…
— Мансуржон, кечирасиз-у, айтиб қўйишим керак, — деб гап қилди чол. — Оламда неки бор, барчаси инсон учун яратилган. Ҳадиси шарифда ҳам шундай дейилган.
— Ўлдир, ют, калтакла… Раҳм-шафқат сенга ёт. Сени йиртқич ҳайвондан фарқинг йўқ, дейилмаганми, отахон? Ҳе, соқолингиз тўкилсин! Сиз худогаям чап берасиз.
— Вой-вой, эшитяпсизларми?
— Эшитяпти… Булар ҳам сиз айтган худонинг бир бандалари. Алҳамдулилло, мен ҳам мусулмонман… — Мансур муовиннинг пиқ этиб кулганини сезди. Ва бирдан иккала қўлини ҳам теппасига кўтарди. — Хато килдим. Бу ерда биттамиз ҳам комил мусулмон эмасмиз.
— «Миз» деб гапирмасанг ҳам бўлаверади, — деб қўйди мусиқа муаллими. — Ҳа-ҳа, укабой, нимагаки, одам ўлдириш билан, хўш, олло-таоло бандаларимнинг рисқи деб яратган бир паррандани ҳалол қилишнинг фарқи бор.
— Вў, сиз ҳам жуда-а уста бўп кетибсиз-ку, оға? — деб илжайди Мансур. — Ҳа, энди, устозингиз шу қария бўлганидан кейин…
— Бас-е! — деб юборди шунда Шотўра. — Бўларини айт. Муддаоинг нима?
— Ҳа, биз кутяпмиз, — деб уни маъқуллади директор ўринбосари.
Мансур яна ичида эзилиб кетди: ҳа, сал майдалашди. Булар эса сезгир.
Мансур қўлларини тиззасига тираб гапирмоққа шайланди-ю, тағин тек қолди: асосий гашш айтди, шекилли… Ҳа, булар, мана бу «курра»ям саволига жавоб бермади-ку? Йўқ-йўқ: талабини инобатга олмади.
— Хўш, нимага ҳайрон қолдинг, бу ёвузликни ҳам қўшиб ёз деганимга-да — Мансур фикри равшан тортиб ва тазйиқли жилмайиб, унга тикилди.
— Ёвузлик? — Муовин шерикларига ялт-ялт этиб қараб олди. — Қанақа ёвузлик?.. Э-ҳа, мана, бобой ҳам айтди-ку ҳадисни… Қолаверса, нима қипти овга чиққан бўлсак? Ана, туманда кўринмаяпти, ҳокимнинг ёрдамчиси ҳам бор!
— Йўғ-е? — Мансур чиндан ҳам ҳайратланиб-ажабланиб сўради. Ва чимирилиб, девордек оқликка тикилиб қолди. — Тавба, — деди кейин.
— Шунақа, укабой, — шеригининг сўзини ўзича давом этгирди мусиқа муаллими. — Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. — У ҳатто елкасини қисиб қўйди.— Нима бўпти? Қор қалин тушипти. Бундай қиш бўлмаган сира. Бўлган-у, ўтмишда… Хуллас, пиёда ов сезони кепти…
— Йўқ, энди, бу гапингиз тўғри, — деди Мансур қийналиб ва сўзламоққа сўз қидириб. — Лекин, лекин… какликлар камайиб қолган-ку? — Уларни бирдан чув тушургандек табассум қилди. — Жуда саноқли қолган, биродарлар… — Сўнг чираниб тушунтира кетди: — Мен кўп юраман. Биласизлар. Тўқсон километр— у ёқ, тўқсон километр — бу ёқ. Орада жар ҳам бор. Тоғ ҳам, арчазор ҳам, текислик ҳам…
— Қишлоқлар ҳам.
— Балли! — давом этди Мансур: — Кўриб юрибманки, каклик озайиб қолган. Олдинлари кийиклар…
— Биламиз, биламиз, — деди муаллим ҳозиржавоблик билан. — Қоплонлар, айиқлар ҳам бор эди!
— Яшанг.
— Хўш, каклик озайипти деб танчага кириб ўтирайликми шундай кундаям? — У думалоқ ўзларини лўқ қилиб Мансурга қадалди. — Узинг айт. Инсоф билан… Бу ёқда одамлар овласин. Хўп де. Ҳаммаси шу атрофда! Бир ҳафтадан бери каклик қирғини кетяпти… Бундай ов ўн йилда бир бўлади.
— Шошманг-шошманг. Мени чалғитиб ташламанг, ака… Мен… Шунча одам… районнинг эгалари, яна, мана бундай мўйсафидлар ҳам овга чиққан бўлса, калтак кўтариб… Тўғрими гапим? Раҳмат. Бу ахир қирғин келтириш-ку? Йўқ, сиз мени тушунинг, ака!.. — Кейин хўрсиниб юборди. — Ҳамманг тушуниб турибсан. Талмовсирашнинг нима кераги бор.
— Нима, овламаслик керак дейсанми? — Муаллим яна кўзларини қадаб сўради.
— Ҳа. Йўқ… Овлаш кераг-у, лекин бундай… Вой, какликлар эртан-мертан йўқ бўлади-ку? Қирилиб битса! Тўғрими гапим? Шуни ўйлаш мумкинми-йўқми?
Директор ўринбосари тағин қошларини кериб:
— Умуман, бу гапингизда жон бор, — деди. — Каклик зоти қирилиб кетса, ўзимизга ёмон: табиатимиз камбағаллашиб қолади. Бу яхши эмас.
— Ёмон! Бу — фожиа! — деди Мансур. — Эй, худойим-е, буларнинг ҳаммаси зсли-ҳушли одамлар. Балога ақли етади… Лекин билиб туриб, шунинг аксини қилишади.
— Нима, бизнинг бировлардан ортиқ жойимиз борми? — Қабариқ қояга қараб сўзлади Шотўра муаллим. — Йўқ, эл нима бўлса, биз ҳам ўшамиз.
— Вой, элни қўйинг! — чийилламоқдан бери бўлиб деди Мансур. — Авом халқ энди… Лекин сизлар — ўқиган, муаллим, раҳбар кишисизлар-ку, а? Мана бу қария бўлса, ҳозир ҳам калимасини ўгириб ўтирипти.
— Кечирасиз, Мансур ака, бизни дапрос қиляпсиз шекилли? — деди директор ўринбосари. — Йўқ, бу-нақа ҳуқуқни сизга ҳеч ким бергани йўқ, менимча.
— Э, «менимча»нгни… Шунинг учун ҳам ҳуқуқли бўлиш керакми?
— Шак-шубҳасиз, — деди мусиқа муаллими пинак бузмай. — Ҳа-ҳа, укажон, хўп де… Кўриб турибсан, эшитяпсан, айтяпмиз ҳамки, туман катталари ҳам атрофимизда юришипти. Овлашиб. Чопқиллашиб! Оти-шиб… Шунақа! Тавба дегинг келади! Анавилар сўроқ қилсаям бир нави эди.
— Ҳа, ўғлим, — дея салмоқ билан бош ирғади чол.
— «Ўғлим» деманг мени. Ҳаммаларинг бузилган одамсизлар, — дея ўрнидан турди Мансур ва яна аста-ҳорғин ўтирди. — Э, худойим. Кабоб куяяпти… — Кейин қорга ёпишиб ётган гўштни олиб, у ёқ-бу ёғига боқди. Кўнгли бузилиб: — Ҳалигина жон ҳолатда типирчилаб қочаётган эди, — деди.
— Ҳа, — томоғини қириб, кулмасдан деди муаллим. — Қани, эчкисоқол, бир тиловат қилиб юборасизми?
Мансур гангиб унга бокди, сўнг мийиғида тиржая бошлаган чолга бокди. Кейин муовинга — у нимадандир жирканган каби ортга тортилиб турарди.
— Мени мазах қиляпсиз, а, Шотўра ака? — сўради Мансур овози титраб.
— Сени? Нима учун?
— Билмасам.
— Билмайсан, — деб таъкидлади Шотўра ва гангиб тепадаги оқликка бокди. — Тўғрисини айтсам, мен ҳам билмайман… Билмайсизлар сизлар ҳам! — дея бирдан ҳамроҳларига бир-бир кўз тикди. — Курра, ё сенда бир мантиқли гап борми? Йўқ бўлса керак… Бобойда ҳеч қачон бўлмаган.
Мансурнинг кўзлари сезиларли қувонч-ла йилти-раб, муаллим қараган кишига қарар экан, ниҳоят:
— Қизиқ, — деди.
— Ҳеч ҳам қизиғи йўқ, — таъкидлади муаллим. — Сениям қўлингдан келса, қирар эдинг.. Йўқ дема, ука. Ҳе, қиргансан сен ҳам! Жела билан овлаб, а? Қорнинг тўйган. Ҳафсаланг пир бўлган… Хўп дейвер.
— Йўқ ака, — деди Мансур ва ўйланиб қолди. — Ҳа, умуман, мениям кўнглим тусади-ю, ўйладим-да… Ана, гап қаерда! Биз, бизлар буни ҳимоя қилмасак, саклаб қолмасак, у томом бўлади… Ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ.
— Тўғри айтасан, ўзимизга боғлиқ.
— Ахир шундай бўлса ҳам, сизлар…
— …Ўйлаймиз, хўп дейвер. Битта менда калла бор деб ўйлама. Биздаям бор…
Директор ўринбосари бирдан хўрсиниб юборди.
— Овниям татитмадинглар… падарига лаънат! Баъзан нима иш қилаётганингни билмай қоласан… Кейин мана бундай акалардан мушт ейишинг ҳам мумкин экан.. Лекин, Мансур ака, мен сизнинг самимийлигингизга ишонмайман.
— Нима? Қанақа самимий… Ўлай агар, мен бори-ни, кўнглимдагини айтаётибман.
— Раҳмат, — деди мусиқа ўқитувчиси. — Қани, қария, савилни олинг… Кабоб пишибтими ўзи? Бўлади. Бу — парҳез гўшт. — Сўнг кулиб қўйди. — Буни қандай овлаганимизни кўрганингда, а, таёқлаб ўлдираркансан-да?
— Менга айтаяпсизми? — деди Мансур ва ўзиям илжайди. — Қўполлик қилган бўлсам, кечирим сўрайман… Худо ҳаққи. Бобой, кўнгилга олманг… Э, олсангиз ҳам ўзингиз биласиз. Кўп қилсангиз, бир қарғайсизда.
— Энди бас. Мунозара-гап тамом, — деди муал-лим. — Навбат ундан ҳам муҳимроқ нарсага келди…
— Майли, мен ҳам ичаман, — деб юборди директор ўринбосари. — Айтмоқчи, Мансур ака, сиз ичмас эмишсиз, а?
— Ҳе, бир пайтлар… — Сўнг сакраб турди, Мансур. — Опкелайми? Уйда қолгани бўлса керак.
— О, дуо қиламиз-ку! — деди муаллим. — Чопинг, укажон. Бўлса, бир коса қатиқми, чаккими — тешиб чиқмас эди. Чопинг, ҳе, бўйидан!
Мансур қайтиб келганида, уларнинг кўзлари мастона йилтиллар, ичдан бир бегона нур уриб чиққандек эди. Ҳаракатлариям тез. Мансурга илкис бурилиб қараб ва меъёридан ортиқ илжайиш билан кутиб олдилар.
— Бўйи пастидан қолган экан! — дея Мансур камарига ичидан қистириб келгани бир жуфт «Русская водка»ни чиқариб, чолнинғ олдига қўйди. — Қурут бор экан… Сигир сутдан қолган-да. Ҳадемай бир-иккита совлиғим қўзилайди. Унда оғиз ичгали бемалол ташриф буюришларинг мумкин.
— Ҳе, тилингдан ўргилай! Ўтир, бойвачча укам, — деб курситопши кўрсатди муаллим. — Сахийсан… Кеча бизни уйингга айтмаганинггаям хафа бўлмаймиз. Ҳовлиқибгина қолиб эдинг… Қани, старик, буёқнинг насибасини узатинг.
— О, иўқ. Мен ичмайман, бошим оғрийди, — деди Мансур. — Ўзларига ош бўлсин.
— Ич-май-ман эмиш. Ичмайдиган одамнинг ароқ опкелишини кўрдинглар-ку? Ашаддий алкашлар мана шу ерига тиқиб юради бутилкани.
— Ҳе, бир замонлар ичганмиз, ака.
— Ҳа, сен кўп иш қилгансан… — Муаллим ароққа яримлатган пиёлани узатди. — Муни отгин-да, хўш, қандай қилиб, масалан, одам ўлдирганингни айтиб бер-чи.
— Оббо, — деди Мансур чиндан-да ғашланиб. — Яна ўша гап! Одам ўлдирган бўлсам, шу ерда ўтирармидим, ўртоқ педагог? Тушунасиз-ку ўзингиз.
— Тушунмайман. Мен ғалча бўп қолганман… Ол энди-е! — деб бақириб юборди у. — Сенга заҳар беряптими? Оби жамшид-ку бу? Узингни эски улфатинг… Ол! Таранг қилма… Ваабше-ку, сен билан гаплашмаслик керак эди. Тупурдинг, урдинг, сўкдинг…Битта киши энди…
— Йўқ, — деди шунда директор ўринбосари. — Биз… Инсонни кечириш яхши. Ўтиринг, ака. Аммо киши ўз қадрини, яъни ўз ўрнини билиши керак.
Мансур ўтираркан:
— Мен биламан, — деди.
— Йўқ, сизда аткланения бор, — деб уқтирди ўринбосар. — Сизга муҳит… қамоқдаги муҳит таъсир қилган. Бўйнингизга олинг. Бу — факт.
— Ҳўп, таъсир қилган бўлса, қилгандир, — рози бўлди Мансур. — Лекин мен у ерда жуда кўп мард йигитларни кўрдим… — Бошини эгиб қолди-да, ниҳоят, синиқиб уларга боқди. — Мана, мени одамхўр дединглар. Йў-ўқ, оғалар, мен ўшанда ҳатто чертмаган эдим. Ахир, Худо бўлса, шу гапимниям эшитиб турипти-ку! Ёлғон гап — гуноҳ… Хуллас, «группавой»га қўшилиб қолдим. Ке-ейин эшитдим — жилмайди у, — орамиздаги энг қўрқоқ, ожиз бола пичоқ тиқиб юборган экан битта олифтага…
— Ким эди у — ўлган?
— Билмайман… Ресторанда ўтириб эдик, елкамизга қоқиб ўтаверди-да ўзиям. Камситяпти. Биляпмиз. Кейин, бир форишлик жўрамиз бор эди, шу бир алкашни чақирди. Ҳей бурчакда уйқусираб ўтирган экан. «Будиш пит?» деди. «Буду!» деди. «На» деб шишани узатди-да шарт қўйди: «Налей и падними тост. И скажи: «Даздраствует узбекский народ!» — Тингловчилар анграйиб туришаркан, Мансур пиқ этиб кулгач, қария ишшайди, муаллим бошини қийшайтириб, «Бор экан-ку шундай йигитлар дегандай бўлди, директор ўринбосари чимирилганча қолаверди. — Хуллас, алкаш ўша гапни айтди. Ўрнидан туриб, бақириб айтди. Кейин ташқарига чиққанда уриш бўп қолди. Елкамизни силаб ўтирганнинг шериклари қасдлашган экан, ори келиб…Саволингизга жавоб шу… Лекин мен бу нарсани айтмоқчи эмас эдим.
— Хўш-хўш?
— Ака, мард одам мард бўлиб қолар экан-да… Қамоқда бир чол бор эди. Мана бу кишидан қарироқ, ҳе, соқоли оқариб қолган. Нимага тушганини айтмас эди. Бир куни ҳалиги-мард жўрабопшмиз билипти. Соқолинг тўкулгур ўзининг неварасини бузиб қўйган экан. Тўққиз яшар неварасини…
— Воҳ! — деб юборди Шотўра муаллим.
— Худо-ё, тавба қилдим, — деб яна ёқасини тутамлаб ушлади қоровул чол.
— Хўш, кейин… нима бўлди? Нима қилдинглар? — деб сўради директор муовини.
— Нима, бўларди, жўрабошимиз уриб ўлдириб, туалетга ташлаб юборди. — хотиржамгина деди Мансур. — Ана шу… — Бошини озод кўтарди. — Шу ишни — одам ўлдириш дейсизларми, қотиллик дейсизларми, менга барибир, лекин ҳукмни маъқуллаганман. Айбим шу..
— Тушунарли, — деди муовин. — Умуман, ҳим, тўғри иш қилибсизлар.
— Ана шунинг учун ичайлик! — тагида озгина ароқ қолган шишани кўтарди муаллим. — Ол энди, қотил… Сендан қўрққулик! Ҳўв, қария, эшитдингизми?
— Худо-я, тавба қилдим. Ўзинг кечир…
— Ўзбек эди, — деди Мансур ва пиёлани шарт кўтарди-ю, бир қултум олгач, манглайи тиришиб, соқийга қайтарди. — Бўлди. Ўтмади. Раҳмат.
— Қурутдан шими. Ҳечқиси йўқ. Йўли очилди. Бу ёғига худо пошшо.
— Да-а, — деди ўринбосар Шотўра қуйиб узатган пиёлани олиб, — Хўш, энди ишлар қалай кетяпти, ишлар, Мансур ака? Бу уйингизгаям кабел тортиб келгандирсиз ?
Мансур кулди.
— Йўқ. Телефонни хушламайман. Кабелнинг ҳам ҳисоби бор… Кечирасизлар, мен сизлардан бир нарсани сўрасам.
— Бемалол! — Директор муовини пиёлани қури-тиб, чол таъзим ила тутган кабобдан бир жаз олди. — Раҳмат, отахон. Мансур ака, эшитамиз.
— Шу-у, — Мансур ўйлантириб сўради: — Мана, яқин-яқингача, масалан, ёз ойларида овга чиққан овчининг милтиғини олишарди. Чунки, — табассум ила давом этди, — ёзда жониворлар тухум босган, тухумини очиб чиққан бўларди. Макиёнларнинг ҳам болалари ёш — отиш мумкин эмас… Хўш, мен яхши биламанки, битта айиқ отган одамга фалон минг сўм жарима бор… — деди Мансур дам унга-дам бунга мўлтираб. — Ахир, бемаврид қаклик отгангаям жарима бор эди-ку? Масалан..
— Мақсад нима, ука?
— Демоқчиманки, мана… ана, милисалар ҳам, ҳокимликдан ҳам юришипти…
— Ҳа-а, тартиб-интизом эгаларининг ўзи қонунни бузяпти демоқчимисан?
— Шундай дейиш ҳам мумкин, — маъқуллади Мансур. — Чунки какликни отиш учун ҳам лимит бўлиши керак. Масалан, бешта-тўртта отиш учун…
— Марҳамат, — муаллим икки бармоғи орасидан учинчисини чиқарди. — Лимит-а… Лимит қолдими! Обло акбар! — дабдурустдан фотиҳа ўқиди. — Астағфурилло. Кечирасиз старик. Ичинг-да, ўзингиз ҳам. Нуқул ейсиз… Уялманг. Олинг. Худо ўзи кечиради. Озодлик замонидасиз. Мустақиллик! Олинг. Имомга айтаман аммо, олмасангиз…
— Хўп-хўп, лекин биз…
— Сизнинг гуноҳларингиз шунчалар кўпки, мана шу тумандай ўраб туради сизни. Жаннатнинг эшигини кўрсатмайди. Агар ўшандаям жиндак отиб олган бўлсангиз, мункар-накирниям мана бу муштумзўрга ўхшаб раз-раз соласиз-да, ўртасидан ўтиб кетасиз. Қарабсизки, тўғри дўзахга тушиб, мана бу какликдай кабоб бўляпсиз! — Муаллим маза қилиб кулиб юборди. — Сизни ҳеч ким емайди. Чандир бўп кетгансиз.
Директор ўринбосари ҳам букиллаб кулди-да, кейин жиддий тортиб:
— Шотўра ака, бу киши савол бердилар, — деди. — Менимча, серёзни савол.
— Ўзбекча гапир… Э, нимага ўқраясан? Ўзбекистон мустақил бўпти. Ўзбек тили Давлат тили бўпти-ю, ҳалиям ўрисча ишлатади. Айниқса, ичига юз грамм тушса…
— Бас қилинг! — деб юборди муовин. — Шу юз грамм сизнинг ичингизга тушса, мана шундай лақиллаб қоласиз. Гапни гапга қўшинг… Акамиз савол бердилар. Ҳим, бу киши молнинг кетидан юрган бир чўпондай гап…
— Тўғри, баъзи масалаларни тушунишда чўпондан ҳам баттарман, — деди Мансур ва чираниб портлади: — Бу бошбошдоқлик нега? Ҳамма тартибни бузса! Ҳамма бираконер бўлса. Ҳеч ким ўйламаса табиатни…
— Жуда тўғри гапларни айтяпсиз, — уни рағбатлантирди ўринбосар.
— Ҳатто сизлар ҳам…
— Бизга тегма. Бизлар — винтиклармиз, холос. Винтиклар. Ё хато қилдимми? Йўқ, бизлар кичкина одамлармиз.
Муовин Мансурга бурилиб ўтирди.
— Бу киши тамом бўлди. Ўзимиз гаплашамиз, ака… Хўш, мудлаонгиз нимайди?
Мансур хўрсинди.
— Мен айтиб бўлдим.
— Йўқ, чаласи бордек.
— Сизлар мени қотил деяпсизлар… Ахир, энг катта қотил— сизлар ҳам-ку? Анавилар ҳам-ку?
— Ўх, қаттиқ кетдинг, ука. — Йўталиб олди мусиқа ўқитувчиси. — Яхши эмас. Бу, бу кўпга келган тўй.
— Нима?
— Кемага тушганнинг жони бир. Жони бирнинг — нони бир.
— Ҳаммамиз ҳам бир гўр демоқчимисиз?
— Албатта. Сен ҳам шу гўрлардан бири… Ўзингни оқлама. Ҳаракат қилма, укажон, фойдаси йўқ… Мен ҳозир сени, сенинг ашаддий… табиатнинг ашаддий душманларйдан бири эканлигингни исботлаб бераман!
— Э, ҳовлиқманг, ака.
— Эй, биродарлар, бу девона нима деяпти ўзи? — Муаллим харсангда энгашиб ўтириб ва қўлларини сермаб-сермаб гапира кетди: — Уйингда каклигинг борми? Бор. Бўлгандаям — худонинг ғазаби! Вой, ундай макиённи тарих кўрмаган. Ўзи «пасс!» деса ётадиган хилидан-у, арчазорга борса, бабақ какликни қочиради. Яъни, сен билан уришаман деб туради Шундай сайрайди — шундай сайрайди, ўлай агар, етти чақирим наридаги муррук жўжаниям ўрнидан қўзғатади! Билмайман, у нар-модами, бир бало… Ана шу билан, — Шотўра иршайиб Мансурни кўрсатди, — овга чиқадилар акам. Енларида жела, камида ўтгиз-қирқта тузоғи бор… Энди, у ёғини тасаввур қилаверинглар. Улай агар, шу тоғнинг ўндан бир ҳисса каклигини шу йўқотди десам, лоф бўлмайди… — Сўнг қиҳ-қиҳлаб кулди. — Ўзинг айт, ёлғон де.
Синиқиб-жилмайиб турган Мансур:
— Албатта ёлғон, — деди. — Ҳали айтдим-ку, йилида бир-икки марта… — Сўнг бақириб берди: — Эшитингда-е!
— Қулоғим сенда, укажон.
— Ўлай агар, қилични қиндан чиқарасиз… — У ўзини босиш учун жимиб, чуқур-чуқур нафас олди. Сўнг: — Каклигим шундай, — деди. — Яширмайман, айтганингиздай…
— Раҳмат, ука.
— Лекин тоғдаги какликларнинг мингдан бирини ҳам олганим йўқ.
— Балки мен ҳисобдан адашган бўлишим мумкин. Дейлик, милонта какликнинг юздан бири олинсаям…
— Шотўра ака! — қичқириб берди директор-ўринбосари. — Сал босиб ўтиринг, худо хайрингизни берсин…
— Рост, Тўражон, жиндек сабр қилинг, — деди қоровул чол ҳам.
— Э, мен ҳам бир мисол айтдим-да! — бақириб юборди Шотўражон. — Бу нуқул бизни айблайди. Ўзи оппоқми? Бе-е!.. Ана, яланг қирда туради. Ҳар тонг юзлаб каклик энади тоғдан. Бунинг ҳовлисига қўнмайдими? Қўнади. Чунки каклик қаерда дон бўлишини билади. Билади.
— Шу бугун тонгда иккита каклик кўрдим, холос, — деб бўйнига олди Мансур.
— Тегмадинг-а? «Яшасин озодлик!» деб қўйиб юбординг? Шундайми? Балки дон сочгандирсан олдига? А?.. Бо-ор шунақа воқеалар, бўляпти ҳам. Тоққа бир тўрва ем опчиқиб, бирон камарга сочади-да, пойлаб туради. Жонивор оч какликлар келиб қўнади. Чуғур-чуғур қилиб ея бошлаганда пақ этади. Қарабсизки, беш-ўнтаси думалаб, типирчилаб ётипти. Бо-ор, шундай қилиб овлаётган иплослар ҳам бо-ор.
Мансур ҳайрат-ла бошини сарак-сарак қилди. Қоровул чол эса дабдурустдан қарғади:
— Ундайларга боққан бало бор.
Мансур энди ҳайрат ва ич-тубида нурли бир се-винч билан уларга бир-бир қараб чиқди. Кейин:
— Қизиқ, — деди. — Сизлар, умуман, қизиқ одамсизлар… — Сўнг ўйланиб, давом этди: — Мен ҳеч қачон бундай гапларни… Умуман, сизларни бир қарашда — шафқатсиз дейиш мумкин. Кейин, мана бу гапларингни эшитиб…
— Шунақа, — деди муаллим. — Бизлар ҳардам-хаёл бўп қолганмиз. Ҳей, қария, буниям сихга тортинг… Пичоқ қани? Бўлакланг. Жигидан ажратинг. Мана бунинг тузи пастроқ бўлган экан… Шунақа, мулла Мансур! Бу ердаги… бу ерда ўтирганларгина эмас, умуман, одамлар ҳалигидай бўп қолган.. Тўғрими? Кўп қарама менга… Ундан кўра, хулосангни айт. Ҳали бошлаб эдинг-ку, бир нималарни?
— Да, — деди директор ўринбосари. — Мансур ака, давом этинг… Бунинг устига, ўзимиз ҳам қизиқаётибмиз.
— Калтароқ қил, — дашном берди муаллим. — Шу Мансур акангниям елкасидаги қовоқнинг оти — калла, бош. Балони тушунади буям.
— Сиз яна халақит берсангиз, — деди муовин, — мен ҳам ўзимнинг гапимни тушунтиролмай қоламан… Жим! Отахон, ғўнғилламай ишни қилинг. Бўлмасам, техникумнинг қоровуллигидан умидни узаверинг.
— Вой, мен бир нарса дедимми? Муни майдалаяп-ман, дуо ўқидим..
— Ичингизда ўқинг… Хўш, Мансур ака, мана, сиз ҳам, ҳарқалай, унча-мунча нарсани кўргансиз. — Сўнгра бирдан бошини хам қилиб қолди, кўзлари шўх чарақлаб, Мансурга термилиб қолди. — Ака, хулосадан олдин… Сизга бир савол берсам.
— Марҳамат, — деди Мансур.
— Айтинг-чи, қамоқдан чиққандан кейин, яъни, озод бўлганингиздан кейин ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
Мансур бунинг жавоби анча муҳим эканини уқиб, илло, мусиқа муаллими ҳам ўзига диққат билан тикилиб турганини кўриб, ўйланиб қолди.
— Хўш, чиққанимдан кейин… шу, қўлимга пича пул, йўл харжини беришди… Шу, қаерга боришимни билмай қолдим. Ҳолбуки, мен билар эдим: институтга олишмайди. Ўқиш тамом бўлган. Учинчи курсдан кетган эдим-да… Кейин, мени бирон ишга олишлариям маҳол — буниям билар эдим. Сўнгра, ука, кўп таниш-билишларнинг мендан юз ўгирганларигаям ишонган эдим.
— Тушунарли.
— Шундай. Нимага десангиз, қамоққа қайта тушган бир-иккита йигитларнинг гапларини эшитган эдим. Э, улар жуда хафа эди…
— Улар аламзадаликдан гуноҳ қилиб қайта тушишганми?
— Сабаби кўп… Аммо баъзилар борки, қамоққа ўрганиб қолишган. Менга ишонинг, уларни бугун озод қилинг, эртага албатта, қайтиб боришади.
Муовин муаллимга маъноли жилмайди.
— Сабаб?
— Энди, сабаби шу-да: қўли ўрганиб қрлган ўғирликка…
— Ҳа-а, сиз эса кўникиб кетдингиз-а озодликка?
— Э, ука-е! — Мансур майин-ёқимтой жилмайиб чайқалди. — Озодликка нима етсин… Унинг қадрига, масалан, сиз ҳам етмайсиз. Сиз ҳам, Шотўра ака. Бобой ҳам… Ахир, табиб — табиб эмас, бошидан кечирган табиб, дейдилар-ку.
— Бу мақолни биз ҳам биламиз, — деди Шотўра. — Лекин ҳе-еч қайтиб боргинг келмадими?
— Нималар деяпсиз!
— Да, сизнинг йўригангиз бошқа экан, — фикрини хулосалади директор ўринбосари. — Сиз, демак, ақл билан, тадбиркорлик билан иш тутгансиз. Қолаверса, турмага ўрганмагансиз… Кечирасиз, ўн йил ётдингиз. Наҳотки, сал бўлсаям ўрганмадингиз? Кечирасиз, бу синчковлигим учун.
— Йўқ, яхши савол, — тасдиқлади Мансур. — Ўрганиб қолганлар, яъни, уст-устига срок олиб қолаверадиганлар ҳам бор… Лекин мен кутар эдим. Айниқса, кейинги беш-олти ойнинг ўтиши оғир бўлди. Сал нарсада тойиб кетиш мумкин-да… Уф-ф. Ҳим, кутубхонаси бор эди, китоб ўқирдим. Телевизор бор. Иш, иш…
— Тушунарли. — Муовин яна бир хулоса ясади: — Сиз, демак, нисбатан яхши муҳитда бўлгансиз.
— Э, эсламаслик керак… — Сўнг нигоҳи синиқиб жилмайди. — Келганимдан кейин, тўрт ойдан сўнг бир хат олдим. Туҳмат билан тушган домладан.
«Мансуржон, сен кетдинг, кўзда ёш қолди, Орқангдан отилган парча тош қолди».
— Яхши-я? — Мансурнинг кўзлари ғилқ ёшга тўлди. — Менга таъсир қилди. Ўзимиздаям шу одат бор-ку, бир кишининг уйга киришини, келишини истамасангиз, орқасидан тош отиб қоласиз.
— Бор, бор, — деб тасдиқлади қоровул чол. — Олди-ортингга қора тош, яғринингга ялпоқ тош. Бора-бора умбалоқ ош… — Чол ҳиринглаб кулди. — Ёмонга айтилади… Шу-шу, турмага қайтиб келма, деганлари-да?
— Дурустсиз-ку, — деди мусиқа ўқитувчиси. — Бекорга яшамаган кўринасиз.
Чол рағбатдан мамнун бўлиб:
— Авф этасизлар, бизлар оми одам, — деди. — Лекин рухсат берсаларинг, яна бир гапни айтсам… Ҳали қамоққа ўрганганлар ҳақида гапирганларингда эсимга тушиб кетди… Шу, ёшликда пахтани омоч қўшилган от билан култиватсия қилар эдик-да. У пайтлар тракторлар кам…
— Биламиз.
— Шу от жонивор ўрганиб қолган экан. Пайкалнинг бошига боради — бурилади. Бу ёққа келиб, яна бурилади. Шундай қилавериб, жувознинг отига ўхшаб қолган экан.
— Хўш-хўш?
— Кейин трактор келди… От тўғри йўлда юролмай қолди-да. Сал юради-ю, айланиб кетади. Баъзида бошқа томонга кетиб қолади. Бошқа отларга ўхшаб юролмайдиган бўп қолган эди. Шу билан ўлиб кетди.
Чол айтиб бўлиб, эшитувчиларга боқди. Ҳамманинг боши эгик, қаттиқ ҳаяжонда эдики, айниқса, Мансурнинг ҳаяжони шошқин ва ҳайратли, наздида, директор ўринбосарининг-у ўзининг-да ҳалидан бери қизиқтирган саволига қариянинг жўнгина мисоли энг жўяли жавоб бўлгандай эди.
Директор муовини чуқур хўрсиниб олиб:
— Озодлик ҳақида ўйлаб қолдим, — деди. — Тўғрими, Шотўра ака?
— Канешна, тўғри, — деди Шотўра.
Мансур унга ялт этиб қаради.
— Нима-нима?.. Ҳа-ҳа, тушундим. — Сўнг мунгланиб қолди-да, бир муддатдан кейин ҳамсуҳбатларига ёрқин табассум билан бокди. Зўр иш бўлди-я!
— Озодликми? — гурс этказиб сўради директор муовини.
— Шундай… Ахир, Ўзбекистон мустақил бўлишидан олдин Русиянинг плугида эдими?
— Албатта, — деди муаллим.
— Биз масаланинг моҳиятига етдик, — тағин бир хулоса ясади директор ўринбосари. — Отахон, сизга раҳмат. Ўринли мисол айтдингиз. Бошқа ўртоқлар ҳам, умуман, тўғри фикр юритишяпти… А, Шотўра ака?
— Ўзлари-чи? — Муаллим янги шишани очаркан, чолга «елпинг» маъносида кабобга ишора қилди. — Ҳе, курраси тушмагур, олифтасан-да, ука… Лекин саволларинг жўяли бўлди. Айрим фикр ва мулоҳазаларинг ҳам маъноли…
Мансур шоён мамнун жилмайиб бош ирғади-ю:
— Қизиқ, — деди. — Жуда қизиқ… Энди, шуни билар эканмиз, ҳей, билатуриб, бунинг аксини қиламиз-а?
— Балли. «Миз» деб гапирганинг учун энди раҳмат айтаман сенга.
Директор муовини алланечук керишди.
— Балки шуни ичмасмиз, — деди. — Кўплик қилади… Мансур акам ичмайдилар… — Шундай деб туйқус иягини сийпалади. Ва хўмрайди. — Старик ҳам таранг қиляптилар. Техникумда ёрдамчи хўжалик бор. — Моллар мораётгандир…
— Эшитяпсизми, қария? — сўради муаллим. — Сафдан қолаверсангиз, қолган умрингизни почтанинг бетон залида ўтказасиз. У ерда сигир ҳам йўқ, сут ҳам…
Мансур туйқус зерика бошлади. Булар яна ичишга мажбур қилишини, «йўқ» деса, балки ичишмаслигини тахминлади ва: «Қайтамга яхши», деди ичида.
Шунда қаердадир милтиқ отилди, одамларнинг шовқини эшитилди.
— Кечирасизлар, мен кетсам, — деди бирдан. — Уйда ишлар бор эди. Мол-ҳол дегандай… — Кейин ясама илжайди. — Ўзи, бир ҳафтадан бери уйда бўлмаган эдим.
— Борасиз, — деди мусиқа ўқитувчиси.
— Йўқ, ростини айтяпман.
— Курра, жавоб берамизми? Бу барибир ичида бизни сўкиб-сўкиб кетади.
— Ахир, аҳволни тушундилар-ку? — деди муовин жиддийлик билан.
— Бу йил тоғда каклик қолмайди.
— Қолмаса сеникини еймиз, — хотиржамгина деди муаллим. — Нар-мода каклигингни… Тўғрими? Семирибгина турипти. Ана шу билан тоғда қолган-қутган какликларниям сақлаб қоламиз. Унинг аврашидан…
Мансур хаёлан унинг жағига туширди: жағи қийшайиб, оғзи қонга тўлди.
Кейин хўрсиниб юборди-да:
— Умуман, мен ўша какликни шартта чиқариб, отиб ташлашим мумкин, — деди. — Ўлай агар-а… — Аммо ич-ичида бир жойи оғриб кетди: каклик ҳайрон қолиб ўладигандек бўлди-ю, бояги какликнинг нурсиз кўзлари кўринди.
— Отасан. Отишинг мумкин. Сени қўлингдан ке-лади, — деди муаллим. — Қани, пиёлани ол!
— Йўқ.
— О-ол. Кемага тушганмиз. Жонимиз ҳам бир, нонимиз ҳам… Гўримиз ҳам. Хўп де, романтик! Кулма… Ўн йил ётиб келганинг билан баъзи гапларинг ўн яшар болани эслатади.
— Бўлиши мумкин. — Мансур пиёлани олганини англамай қолди. Кейин англаб: — Лекин мен сизлардай бўлолмайман, — деди. — Вабше, бўлгим ҳам келмайди.
— Ҳай-ҳай!
— Чунки сизларда тил бошқа, дил бошқа… Сизлар ақлли, ҳамма нарсани тушунасизлар. Лекин…
— Уҳ, хом сут эмган бандамиз-да, оғажон. Дод! Қўшиқ айтгим кеп кетди!
— Эшитамиз.
— Сен буни қурит. Мард бўл, устозларингдай… Чолни ўлдирганларингни ҳеч ким билмадими?
— Билдирмадик-да… Лекин начайлик сезганини кейин эшитдик. Ё биздан қўрққан, ё ўзиям ёмон кўраркан уни…
— Ҳа, илойи жойи дўзахда бўлсин. Ол, иним. Соғлиғимиз учун! Қолган кунларимиз ҳам… э, йилларимиз ҳам мана шундай ўтсин! Хурсандчилик билан.
— Вей, ичолмайман.
— Сен мардсан — ичасан, — деди муаллим. — Танинг соғ, жигаринг касал эмас бизникига ўхшаб… Мана бу курранинг ҳам буйраги ишдан чиққан. Чолда қуруқ жасад бор… Ол, ука. Сипқор-е, дунё ўтди-ку.
— Биргалашиб табиатни қуритишимиз учун-а? — кулимсираб сўраган бўлди Мансур.
— Ҳа, энди, қисмат шу бўлса, нима қилардик… Ўлганимиздан кейин ҳу-у… Ў-ў, Оллоҳ шундай яратибдур! — хитоб қилди Шотўра. — Қўлимдан нима келади?
— Қўлингиздан… Уҳ, пративни одамсиз. — Мансур пиёладаги ароқни унинг башарасига сепиб юбориб, ўрнидан турди. — Сизда худоям йўқ, виждон ҳам… Садқайи одам кетинг! — Четланиб, таёғини олди. — Хайр, курра, саниям гапингда туруминг йўқ. Мана бу маддоҳдан қолишмайсиз… — Чолга ҳам жирканиб тикилди-да, қўлини силтаб бурилди.
Шотўра муаллим пишнаб кўзларини пир-пиратар, енги билан кўз жиякларини артар ва бошқа қўли қорни тирнаб пайпаслар, афтидан, калтагини қидирар эди.
Мансур уч-тўрт қадам қўйибоқ туманга кириб кетди ва ёшовраб қолган кўзлари уни-буни кўрар даражага етганда Шотўра муаллим таёғини ола солиб унинг орқасидан югурди. Муовин билан чолнинг хай-хайлашига жилла парво қилмади.
Муаллим Мансурга етиши замон елкасига калтак урди. Мансур бурилганди, калтак кўкрагига тушди ва у довдираб қолди. Сўнг орқасига чекинаркан:
— Жинни бўлдингизми? Ҳозир ёмон қиламан… — деди. Шунда чуқурга оёғи тушиб кетиб, ўтириб қолди-ю, сермаланган таёқни шаппа ушлади, ушлаб тортди. Ўқитувчи бу ёққа тортди. Мансур калтакни бўшатган бўлиб, зарб билан тортганди у энкайиб кетиб, яроғ қўлидан чиқди. Ва Мансурнинг биқинига бир тепди. Мансур яна эпчиллик қилди: унинг тўпиғидан ушлаб
олди-ю, муаллим кети билан қорга тушди, ўтириб қолди ва бирдан бошини эгиб, ҳўнграй бошлади.
Мансур таёқни кўтарганча тек қолди-да, кейин уни четга отиб юборди.
— Жинни. Қутурдингизми?
Муаллим унга ёшли кўзларини чақчайтириб:
— Қутурдим! — дея чангалини очиб силжиган эди, Мансур унинг билакларига бир урди. У «вой-вой»лаб, қўлини уқалаб қолди. — Қутурдим, — деди яна хириллаб. — Сен… Ҳе, кўзинг ўйилсин, бойқуш! Туремшик! Бой…
Мансур пиқиллаб кулди. Шунда буларга яқин ке-либ тўхтаган қоровул билан директор ўринбосари ўзаро йўталишиб ва нималарнидир пўнғиллашиб, Шотўранинг қошига келишди.
— Туринг ўрнингиздан, Тўрабой, — деб қоровул қўлини узатганди, Тўрабой итариб юборди.
— Бор, йўқол. Ҳе, соқол… — Сўнг директор ўринбосарига дўқ қилди: — Сен нимага ишшаясан?
— Тавба, қачон ишшайдим? Аксинча, сизни танимай турибман, Шотўра ака.
— Танимайсан… Ҳа, мени ҳеч ким танимайди. Билмайди. Ичимга қайсинг кириб чиқибсан?
Мансур ўйланиб:
— Албатта, мен ҳам билмайман, — деди. — Юринг, ўтни бошига борайлик. Шамоллаб қоласиз.
— Шамоллайин. Ўтиб кетсин… Ўлайин мен! Бутун умрим ёлғончиликда ўтган экан… — Кейин бақириб юборди. — Алданиб юрган эканман!
— Энди, ҳаммамиз ҳам алданганмиз, — деди директор муовини. — Ўрнингиздан туринг, ака. Жуда хунук…
— Ўлмапсиз сиздай хушрўй. — Шотўра инқиллаб ўрнидан турди. Мансурга ташланмоқчидек бир хезланди-ю, кескин қўл силтади. — Келинглар. Эшитинглар… — Тағин бақириб юборди. — Кейин мени тушунасизлар!
— Хўп-хўп, — деди муовин. Чол илдамлаб олдинга тушди. Мансур қидириниб таёқни топти-да, суяна-суяна жила бошлади. Қоя олдига етишганида, қария чалаларни қалаб ва чўккалаб, тагига пуфлар эди.
Ҳар ким ўз жойига ўтирди. Шотўра муаллим шишага тикилиб қолди-да, шарт олиб, орқасига отганди, шиша бир айланиб, таги билан қорга кириб қолди.
— Яхши эмас, бу пулга келган, — дея Мансур туриб бориб, ароқни олди.
— Тўғри айтасиз. Менга беринг шуни, — дея қўлини чўзди директор муовини ва Шотўрага тикилди. — Хўш, нима деганди ўша шогирдингиз?
— У мени ўлдирди. Мансур, эшит! — Муаллим тутаб, аланга олаётган чалаларга қараб турди-да, бошини чайқатиб, тағин пиқ-пиқ йиғлади. — Уруғлик картишка оламан деб анави… дўконга кирсам, мудир: «Домла, бу қиммат, тижорат баҳосида», деди. «Омборга киринг, ўзингизнинг ўқувчингиз — мудир. Арзонга беради. Танлаб оласиз», деди. Мен галварс омборга бордим. Қарасам, ҳақиқатан ҳам ўзимнинг ўқувчим… Сўрашдим. Мақсадни айтдим. Шундай — «бир қоп картишка керак, — дедим. — Баҳор келяпти. Уч-тўрт сотих жойим бор, биласан. Шуни эксам, жиянларингга, кунимизга ярайди. Ким билади, баҳорда нарх-наво кандай бўп кетади», дедим. У нима дейди денг? «Дўкондан олинг, домла. Мен сизга картишка бермайман», дейди. «Нимага? — дедим. — Бу давлатнинг омбори бўлса, картишканг арзон…» дедим. «Йўқ, ҳаммага берсам ҳам сизга бермайман», деди. «Нимага?» «Чунки сиз менга нуқул икки баҳо қўярдингиз. Ҳар куни, сендан одам чиқмайди, дер эдингиз. Мана, мен одам бўлдим. Сиз ким бўлдингиз?» Шундай деди. Бемалол. Пинак бузмай айтди.
— Ў, аблаҳ! Ким у ўзи? Кимнинг ўғли? — сўради Мансур.
— Э, нима фарқи бор.
— Да-да, баъзи ёшлар ҳам бузилди.
— Ким бузди?
— Ҳе, қирилиб кетсин ҳаммаси! Қуй анавиндан… Ичим ёниб кетяпти. — Сўнг Мансурга ўйчан хўмрайиб боқди. — Ана шунақа, бойвачча. Мен чидаб юрибман, ўлмасдан… Ҳолбуки, ўзимни ўлдиришим керак эди. У — менинг ўқувчим эди! Инсон… Худо-я тавба, бу кўргуликлар етти ухлаб тушимгаям кирмаган эди… Вабше, мен кераксиз одамман! — деб туйқус бақириб қолди. — Уларга ўғриликни ўргатадиган кимса керак экан…
— Албатта. Ундайлар бор, — дея муовин пиёлани яримлатиб узатди. — Хафа бўлманг, бир кун келади ундай ёшлар ҳам…
Қоровул юлғун сихни олиб тутди.
— Ичинг, газак қилинг, Тўражон… Куйинманг.
— Алжиманг, — дея кабобдан бир бўлак олди Шотўра. — У вақтларда душман аниқ эди, йўл ҳам аниқ эди… Ҳамма биларди буни.
— Ундай эмас, — деди директор муовини. — Биз бозор иқтисодига, яъни энг табиий ривожланиш йўлига тушдик. Тарих гувоҳлик беришича, инсоният жамияти пайдо бўлгандан буён — шу амалда бўлган.
— Сиз ўлгандан кейин болаларингиз қолади, — деб гап қўшди Мансур. — Балки улар яхши яшаб кетишар… Агар ақл, тадбир билан иш тутишса…
— Сенга ўхшаб, а?
— Нима, менинг йўлим ёмонми? Набарот… Ана, Олимбой жўрам айттанидай, энг табиий йўлдаман. Худо урсин-а… Ўз-ўзимдан шу йўлни тутдим.
— Қўй, сеники менга намуна бўла олмайди. Сен энди бир чиқиб қолдинг-да.
— Ихтиёрингиз, ака.
— Бўпти. Шу заҳри қотил, илойи, зиғирча бўлсаям шифо бўлсин. Илойи, оҳ, одамларга шу қадар ишонгим келади! Шунчаки яхшилик тилайман… Лекин бунинг бўлган-тургани, нима десам экан, жуда ожиз, худбин махлуқ экан-да, бу одамзод. Ука, бу гапим — ақлли гап.
— Аммо-лекин «инсон — ожиз» деганингизга мен ҳам қўшиламан, — деди муовин. — Бундан шундай хулоса чиқадики, демак, инсон ўзини ўзи тарбиялаши керак… Бу йўриғда дин ҳам унга қўл келади.
— Худо ҳаққи, тўғри гапиряпсиз, — деди Мансур жилмайиб. — Битта аристон бор эди. Эрта-ю кеч намоз ўқир, тиловат қилар эди. Ўша одам семириб, қип-қизил бўлиб қамоқдан чиқиб кетди. Ҳеч нарса мана шу тирноқчаям таъсир этмади унга.
— Ҳе, исломиятда ҳикмат кўп, — деб мулоҳаза айтди қоровул бобо. — Ғирт безорилар, такасалтанг, бекорчилар ҳам мачитга қатнаб, бир меҳнатсевар, одамшаванда бўлиб кетишди… Ўзим гувоҳман, йигитлар. Оқшомлари амри маъруф бўлганда таъсирланиб кетиб, ўзим ҳам йиғлаб-йиғлаб оламан. Дунёнинг ҳақиқати бу ёқда экан-ку, дейман. Кеча ҳазрати имом машварат қилиб: «Худодан қўрқмагандан қўрқингиз», деб айтдилар. Биз буни кўп муҳокама қилдик. Хулоса шу бўлдики, жамиятдаги барча нуқсонлар, бузуқчиликлар — бари…
— Худодан қўрқмаслик орқасидан! — титраб деди Шотўра… — Ўзингиз қўрқасизми?
— Ў, албатта. Наузанбиллоҳи миназолиман…
— Раҳмат.
— Кабоб совуди.
— Бу бошқа гап. — Мусиқа муаллими пиёлани бўшатиб, чолга қайтарди. — Раҳмат. — Чол тағин қуяр, муаллим каклик оёғини этдан тозалар экан: — Мен ачинмайманми шунга? — деди бирдан қўлидагини Мансурга кўрсатиб. — Жуда ачинаман-да, акаси бўйидан… Лекин ночорликдан десанг ҳам ҳақсан, анави болахўрларга аччикдан-аламдан шундай ёвузлик қилди, десанг ҳам сен ҳақсан… Аммо мен ҳам ачиндим. Ҳали калтак билан солганимда, ичимда бир нималар узилиб кетгандай бўлди. Унга сари аламим келиб, калласини узиб ташладим… Мансур унга тикилиб қолиб:
— Қизиқ, — деди-да, елкаси қимирлаб кулди. — Мени калтаклаётганда-чи, раҳмингиз келмадими?
— Йўқ! — кескин деди муаллим. — Индамасанг, ука, онт ичаман, кечгача сени уришим, уриб ўлдиришим мумкин. Ишонасанми? Ҳали кўзимга бало-қазодай кўриндинг… Мен, умуман, сенда, сенинг айрим гапларингда — ўзимни кўрдим-да. Тушундингми? Ўзим ҳам шу фикрда эдим-да!
— Ўқувчиларгаям шундай сабоқ бергансиз-да? — сўров мақомида деди директор муовини.
— Албатта. Бошқа нима дер эдим? — У чайқалиб кулимсиради. — Ана, натижаси, эшитдинглар…
— Кимлигини айтинг, — сўради Мансур. — Мен бир кўрай. Панада ушлаб, ҳиқилдоғидан оламан. «Ўқитувчини ерга уришни ким ўргатди сенга?» дейман…
— Хай-хай! — деб кулди муовин. — Эсдан чиқма-син: устингиздан акт тузмаган бўлсак ҳам, қилган қилиқларингиз эсимизда турибди. Масалан, ҳалиям менинг жағим оғрияпти…
Мансур елкасини учирди-ю, қимирлаб ҳиринглади.
— Мениям елкам оғриянти.
Чол мастона кулди.
— Ажойиб одамсизлар-да… Қани, хўжайинжон, пиёлани оласизми? Ё бўлдими?
— Нимаси бўлади? Олади! — Буюргандек деди Шотўра. — Ол, курра!
— Тўра ака, яна бир марта шу сўзни тилга олсангиз, туриб кетаман. Сиз билан ҳеч гаплашмайман.
— Гаплашасан. Гаплашмасанг, сирингни очаман. Районда бош кўтаролмай қоласан… Ич, ука! Э, ҳазил-е! Борингларга шукур! Сизлар бўлмаганда билмадим… — Кейин Мансурга юзланди. — Нимага мени урмадинг? Роса туширдим-ку? Худо урсин, нима қилаётганимни билмай қолдим.
— Ана шунинг учун, — Мансур ёнида ётган таёқни олиб унга берди, — марҳамат… — Кейин носқовоғини олиб, тиззасига урди. — Умуман, рашчёт бўлдик.
— Менимчаям, шундай, — тасдиқлади директор муовини.
— Баъзан сендан ҳам ақлли гаплар чиқиб қолади, а? — деди Шотўра Мансурга. — Турмада мулла бўлиб олгансан-да! Ҳақиқатан ҳам кўп гапларингда маъно бор.
— Қуллуқ, ака.
— Хўй, чиновник, олсанг-чи уни? Совуб кетди… Ўзи ичкиси келиб турибди-ю, ноз қилади… Менга қара, бу кетишда сендан раҳбар чиқмайди. Сабабини айтайми? Марҳамат. Сен соддасан — бир. Фикр юритишинг кечаги одамники — бу икки. Тижоратни билмайсан, яъни, иқтисодий саводинг йўқ, қолаверса, порахўр эмассан, яъни, студентлардан бир нима ундиролмайсан. Ўқишга кираётгандаям, имтиҳон топшираётгандаям… — Шотўра киссасидан «Прима» сигаретини пачкаси билан олиб чўққа яқин қўйди. — Директоринг — гений…
— Мен одамнинг орқасидан гапирмайман, — деди муовин. — Бироқ «гений» сўзини асраб қўйиш керак… — Ўшангачаям яшаб турамиз, — давом этди директор муовини чайналиб. — Аммо идеология яратилиши керак. — Дин — милиён йилнинг маҳсули. Сосиализм идеологияси ҳам — эски эди: бой билан камбағал тенг бўлиши керак деган гап эди-да. Эртакларимиздаям бор-ку?.. Шунинг учун одамлар унга эргашди.
— Оҳ! — Шотўра чиндан ҳам ҳайрат ила тек қолди. — Шу гапинг кўп доно гап бўлди, ука. Ҳим, раҳма-ат… Шунинг учун ичсанг арзийди. Ичмасанг, менга бер… Э, мана, ёш бизнесмен гижинглаб турибди.
— Олаберинглар. Энди менга жавоб берасизлар, — деди Мансур. — Лекин суҳбатимизнинг охири яхши бўлди…
— Ҳм, ҳаммамиз ҳам бир очилдик, — деди Шотўра муаллим. — Сен келганинг туфайли. Каклигинг…
— Каклигимни емайман-у… — деб юборди Ман-сур. Аммо қандай йўқотишни билмас эди. Шунинг учун ночор хўрсиниб, эгилганда…
«Э, чиқариб қўйворсам-чи? — деган ўй келди кўнглига. Бироқ шу заҳоти рад этди: — Одамлар тутиб еб қўйишади. Қўлга тушади, узоққа учолмайди…»
Мусиқа муаллими ғамгин жилмайди.
— Йўқотма, ука. Билиб турибмиз ҳаммамиз, тоғда каклик бармоқ билан санарли қолди ҳисоб. Агар об-ҳаво ўзгармаса, қолган-қутганиям энасининг…
— Шундай сўзларни камроқ айтсангиз, — деб қўрни кавлади қоровул.
— Кечирасиз, ота, — деди Шотўра тезгина. — Бу тил бузилиб кетган… Ҳа, Мансуржон, — энди овози ҳам ўзгариб ва ғайритабиий самимият касб этиб, давом этди: — Ҳадемай баҳор келади. Сенинг совлиқларинг қўзилайди. Кунлар очилади, қушлар тухум босади. Аммо тоғларимизда какликлар овози…
— Эшитилсаям — кам, аҳян-аҳянда, холос. Бу би-линиб қолди. Бизга ўхшаган ёвузлар камми? Ҳў-ў…
Хуллас, айтмоқчиманки, макиёнинг ҳали керак бўлиб қолади.
— Раҳмат, ака, — деб унинг тиззасига кафтини қўйди Мансур. — Мен ниманидир тушундим.
— Қуллуқ.
— Энди ичаман, — деди директор ўринбосари ва пиёлани даст кўтарди.
— Худога шукур, — деди қария энди хўжайинга кабобни узатиб. — Шундай яхши гаплар яхши-да. Ҳе-е, одам бир илиқ сўзнинг гадоси бўлиб қолипти.
Чол «плуг оти» ҳақида айтган пайтдагидек улфатлар яна ўйчан ва мулзам тортиб қолишди. Аммо шак-шубҳасиз, ҳар бирининг кўнгли тубида илиқ ҳислар, қадр-қимматними, меҳр-дилдорликними эслатадиган, балки бу ҳислар омухтасига яқин туйғулар бош кўтариб турардики, бу ҳол уларнинг чеҳрасига ҳам тепиб, нурли нигоҳлар ила бир-бирига кўз соларди.
Шундан кейин ҳам гурунг давом этди. Аммо энди ғиди-биди бўлмади: бир-бирининг ярим гапидан фикрини англар, булар ўртасида қандайдир тотувлик ҳамда маслаклари бир-бирига яқин одамларга хос вазмин бир аҳиллик пайдо бўлган эдики, биронтасининг оғзидан бу ҳолга раҳна солувчи бир сўз чиқса ҳам, бошқаси уни эшитмаганга олар ё ўша дамнинг ўзида уни бостириб юборарди.
Ҳа, бу давра қандайдир фикрлар даврасига айланган эдики, буни ҳар бири ҳам сезар ва беихтиёр қадрлар, унинг бузилиши, афтидан, даҳшатли туюларди.
Ана шу кайфият туфайлими ёки куннинг совуқлигиданми, иккинчи шиша ҳам бўшадики, кайфи деярли сезилмади.
Ниҳоят, қария:
— Бирлигимиз бузилмасин, меҳрли-оқибатли бўлайлик. Қуруқ туҳмат, бемаҳал ўлимдан асрасин. Юртимиз обод бўлиб, одамларга инсоф берсин! — деб фотиҳа ўқигандан кейин қўзғалишди.
Бу вақтда кун аллақаерга кўтарилиб қолган, атрофдаги шовқин, милтиқ отишлар ҳам тинган, табиат сокин бир осойишталик оғушида эди.
— Ҳа, эса Мансурбой, келинни сўранг. Кеча кўп хизмат килган, ота-онасига раҳмат. У етим қиз-а?.. Ҳа. Оғирликни кўтарган-да, оиланинг қадрига етади, — деб Мансурга қўл берди Шотўра муаллим.
— Раҳмат, ака, — деди Мансур чин кўнгилдан. Илло, хотини ҳақидаги илиқ гап унинг кўнглинй яна-да кўтариб юборган эди. — Ўзингиз ҳам янгамизни сўранг.
Муовин Мансурнинг қўлини қаттиқ қисиб:
— Сизга омад ёр бўлсин! — деди. — Феълингиз шахсан менга жуда ёкди. Биз бир-биримизни билмас эканмиз-да. Ҳим, афтидан, бунинг учун мана шундай шароитлар керак бўлар экан… Хўш, акабой, билиб қўйганингиз яхши, биз ҳам шайтонлик қилмай ўртаҳол яшаймиз. Чунки қаноат қиламиз, яхши кунлар келишига ишонамиз.
— Албатта келади, — деди Мансур. — Вапше, бу ўзимизга боғлиқ.
— Ҳа, Мансуржон, омон бўлинг, — дея қўш қўллаб унинг бармоқларини тутди қоровул чол. — Неварани ўпиб қўйинг… Бобосига кетипти. Раҳматли падарингиз подачиликдан бошқа нарсани билмас эди. Эсимда «Ошало-ол!» деб келганлари…
— «Ошалол» эмас, «оши ҳалол!» — деб тузатди мусиқа муаллими. — Ёлингиз оқариб кетипти-ю, шу сўзниям тўғри айтолмайсиз.
— Биз энди эски одам.
Булар бари ёшликдан тоғи-тошнинг ушоғини санаб, арчазорларда ётиб — гулханларда пишириқ қилиб-еб ўсган одамлар эдики, бу ер яланглик, ўт кетса ёнадиган бир туп мойли гиёҳ бўлмаса-да, беихтиёр гулхан чалаларини тепкилаб ўчиришди. Кулга оёқлари билан қорни суриб босишди.
Шундай қилиб, ажрашдилар.
Мансурнинг димоғи чоғ эди. Аммо ярим йўлда: «Бошим оғриб қолмасин тағин» деб, бармоғи билан томоғини қитиқлаб, қайт қилди. Юзини қор билан ишқаб, қип-қизил бўлиб, ҳовли энгаридан кирди-ю, оғил оғзида тўкилган сомонни титкилаб, қақолаб юрган товуқларига кўзи тушиши замон тонгги какликларни эслади. Кейин Қорақошни кўргиси келди ва мана шу ҳовли-ю, мол-ҳол ташвиши ҳамда каклик билан боғлиқ ўйлар омухталигида ишга тушиб кетди.
Куракни олиб, супа пастларидаги қорни куради, энгараккача йўл очди. Кейин ҳаво илиётгани ва туман тобора сийраклашаётгани учун дарров нарвонни томга қўйиб, чиқди. Эскичасига — тупроқ тўшаб, сомонли-тузли лой билан сувалган томни орқа томонига қорини кураб ташлаб, хотини пастдан отгани супурги ила супуриб ташлагач, қор куртугига сакраб тушди. Унинг кайфияти яна-да кўтарилган, юз-кўзидан ҳовур таралар, ўзи иссиқлаб кетган эди.
Печка биқинида омонат ўтирганича иссиқ чой ҳўплар экан, ўзига ўйчан-ўйчан қараб қўйиб, карсон-да хамир муштлаётган хотинига:
— Ҳа? — деди. — Жиндак ичган эдим, сездингми?
Хотин кулимсиради.
— Шунинг учун хўроздай қизариб келган экансиз-да? Кимлар учрай қолди?
— Э, сўрама! — Мансур жилмайиб, ёнига ўрмалаб келган ўғлини тиззасига олди. — Анави муаллим бор-ку? Э, кеча шу ерда бўлишмаган. Сен уларни билмайсан… Аммо-лекин, кампир, каклик қирилди-да! Ҳў, сен ҳам рост айтган экансан, одамлар жуда-а бошқача… Қаламқош у хонадами?
— Ҳа..
— Ҳе, Полвон ўғлим.. Одамларнинг ёвузлигини сиз кўрманг. Хафа бўласиз. Насиб бўлса, кўрмайсиз ҳам!.. Кампир, шу одамзот ҳам шу қўй-эчкиларга ўхшаш зот бўлар эканми, деб қолдим. Буларнинг ҳам қорни очса, маъраб оламни бузади. Ит оч қолса, уйга кириб келиши мумкин. Рост, ўғирликни ўрганади. Ҳатто баъзан овчи тозилар эгаси ўқ отиб, ўлжани топишавермаса, эгасига ташланар экан… Ҳа, ишонмайсанми?
— Нимага, ишонаман. Лекин одамни ҳайвонга ўхшатманг.
— Ҳа-а, маладес… Эшитдингми, энангни гапини? Бу — инсон! Бунинг гапиям, қалбиям бошқача.
— Ҳа, кимлар эди улар?
— Э-э! — Мансур хаёлланиб, давом этди: — Умуман, шу одамнинг ёмони бўлмайди, деб қолдим. Катлавандан бир қирғийнинг жўжасини опкелишган эди турмага. Жўрабоши уни тарбия қила бошлади. Қуш катта бўлди. Паханга ўрганиб қолди. Ҳуштак чалса, келиб елкасига қўнади. Бир куни бир кавказлик йигит қирғийни қошиқ билан урипти. Нонини чўқилаган экан. Қурғур, қаноти чўрт синипти. Пахан келиб қолди. Ҳалиги йигит туриб қочди. Пахан ўшани қувиб, қўлини синдирди.
— Вой, бечора.
— Қўй, унга ачинма. Я гарячий кров деб менгаям кўп тегажоғлик қиларди. Овқатнинг гўштини опқўярди. Бир куни «я тоже гарячи кров» деб шундай мискадаги иссиқ овқатни юзига… ёптим. — Мансур маза қилиб кулди. — Чийиллаб қолди. — Сўнг яна ўғлига мурожаат этди: — Катта бўлсанг, ўзингни ҳимоя қилишинг керак, Полвон. Бўлмасам…
— Шунга бир курра олиб беринг, — деди хоти-ни. — Эшакни кўрди, минаман деб талпинади.
— О, зўр таклиф! Ўзим ҳам ёшлигимда эшак минишни яхши кўрардим. Янтоққа борганда. Эй, кампир, қўйларни бир жадратиб-айлантириб келайми?
— Соз бўларди, — деди хотини. — Бўтоз совлиқларнинг бири ёталоқ бўп қолган. Унда боласи шамоллайди, ўпкаси шамоллайди. Ўзи-ку, молни сира ётқизмаслик керак.
Мансур ўғлини пўстакка тупшриб:
— Биз ишга! — деб ўрнидан турди. Ва хотини узаётган зувалаларга тикилиб қолди. — Ҳей, уч-тўртта патир қил. Ёғ қўшиб. Гап бор. Ҳим, гўштдан қолдими?
— Серканинг бир сони бор.
— Яхши.
Салдан кейин Мансур уйи ортидаги ўркач туташган қирлар оша каттагина тўп бўлиб қолган қўй-эчкиларини ҳайдаб, қор кечиб борар, жониворлар қордан чиқиб турган янтоқ ва жангшох бутоқларини кемирар, тоғдан эса бошлаган совуққина шамол уларнинг ўсиқ жунларини ётқизар, айримлари пишқирар, дик-дик сакраб кетарди.
Қирнинг у тарафида қор юпқа — кечаги шамол ялаб-учириб кетган, бултурги ўт-ўланларнинг қолдиқлари шундай очилиб қолган зканки, моллар жуда яйраб-ёйилиб кетишди.
Мансур битта нос отиб олиб, таёғига қўлтиғи ила суянганча теварак-атрофнию қўй-эчкиларни кўздан кечираркан, бултур чамаси шу маҳаллар эдимикан, шу ердан бир-иккита каклик учиб кетганини хотирлади.
Жониворлар қор кетган жойларга қўнишади-да, ундай ерларда гиёҳларнинг уруғлари тўкилган бўлади, тағин улар ейдиган алланимабалолар бор.
«Қаёққа? — деди мунгланиб, гўё ўша манзарани боя кўргандек. — Одамлар ўлдиришди ёки зада бўлиб, жанубларга эниб кетишди…» .
Сўнг турган ерида жануб томонга — яъни, қишлоқ ёйилиб ётган этакка боқиб, туман тарқаб бўлганига ишонч ҳосил қилди ва жануб уфқининг ўта оқ экани, қуёш эса тиккадан энаётгани — унинг нурсиз гардиши алоҳида ажралиб-оқариб турганини кўриб: «Ҳа, баҳор яқин», деди. Ҳаққатан ҳам хаш-паш дегунча қорлар эриб кетиб, ёмғирли кунлар келди: шар-шур этиб тарновдан сув тукилади, кўклам шамоли тунлари том устида изғиб юриб, тағин карнай тутунини ичкарига қайтаради.
Кейин эса ер-у кўкни ларзага солиб ва ўз қудрати ила кўнгилларда сирли ҳаяжонлар уйғотиб момогулдираклар гулдираётир: гўё осмони фалакнинг қандайдир босқичларида афсонавий ағдарма мошиналар тош тўкишмоқдаки, у тошлар, қаёқ нишоб бўлса, ўша ёққа думалаб кетишмоқда.
Сўнг эса чақмоқларнинг ўткир ханжар-ла тилгандек оқиш чизиқлари кўкка сингиб йўқола бошлади. Ва кун ўтли оқ гулхан ўз йўлида муаллақ тўхтаб қолгандек порламоққа тушди. Унинг атрофидаги мовийликда қора-қадрдон нуқталар, қай-бир шоир айтганидек, самовий қуш — турналар кўринди.
Ерда — адирларда яшиллик униб чиқаетир: майсалар, шувоқлар, қўзигуллар…
Ҳур-ҳур шабада… Шабада қияликдаги чарсиллаб тутаётган гулханни эгади, ер бағирлатиб тагидаги алангани ловуллатади. Атроф ўткир ва соғинган қалбни йиғлатар даражада хушбўй ҳидларга тўлиб кетади.
Гулхандан чапрокда — нишобда қийшайиб ўсган ва ҳали қуриб қолгандек сарғиш бутоқларидан куртакчалар ниш отмаган бўритикан остидан қорин жунлари осилган ва ҳўл қора совлиқ ўрнидан туришга интилаётган мўъжаз қўзичоқни яламоқда; шундай шошиб ялайдики, кўзлари тўймаётганидан каттариб кетгандай, тағин қисқа-қалтироқ овоз чиқариб — маъраб ҳам қўяди. Берироқда-тепарокда қўйнинг эшини, яъни қўзичоқни ўраб тушган пардани қўлида осилтириб турган Мансур уй томондан — сўқмоқдан гушш кийган Полвонни етаклаб, бошқа қўлидаги кичкина челакни олдинроқда тутиб келаётган қизил кўйлак хотинига:
— Тезроқ-е! Манову қузғунни кўрмайсанми! — дея чираниб бақиради.
Чиндан ҳам, тепада бир жуфт қарға айланмоқда ва бетон ҳовузнинг қирғоғига қўниб турган зағизгон жон ҳолатда чағиллаб, гўё у ҳам келинга: «Жонинг борми? Чоп!» дегандай бўларди.
Ниҳоят, келин ўғлини қўйворди-да, челакни бу қўлига олиб илдамлади.
Буни кўриб, тавба, Мансур уларга пешвоз югурди.
Хотинига етдим деганда, йўлдошни ташлаб:
— Юв, — дея ўтди ва боласини кўтариб, кўксига олди. — Айланиб кетай… Ана, қўйлари туғди. Ҳозир қағаноқ пиширамиз. Ана, қузғунларни кўринг. А-на! Учаяпти! Еймиз дейди. Қўзичоғингни еймиз, дейди. Булар — жуда аблаҳ. Кўзини ўяди, билдингми? Тўғри келса, отиш керак буларни.
Хотини шиллиқ пардани чимдиб кўтарганча совлиқнинг бошига борди ва ўша ерда чўнқайиб, қўзичоққа жилмайиб-жилмайиб қараганча ва нималар дея эркалаган ҳолда, йўлдошни юваркан:
— Отасига кетипти. Калласини қаранг, — деди. — Яхши қўчқор бўлади.
— Бўлади-и. Бизга қўчқор ҳам бўлаверади, — дея ўғлини тушириб, Мансур ҳам қўзичоқ қошида чўнқайди. — Ҳе, жонивор. Яла, яла… Кампир, ажойиб-а, яламаса бўлмайди… Биласанми, товушқон ҳам боласини ялаб, анавиндай қитиқлаб ични кеткизмаса, ичи қотиб қоларкан.
— Ҳаммаси шу, — деди Ипак ва кулимсиради. — Нимага уйда очилган какликлар ўлади?
— Ҳа-е, ўлади, кампир. Муштдай бўлади-ю, ўлади, — ҳайрон бўлди Мансур.
— Сиз билмайсиз, — деди хотини. — Менинг эшитганим бор. Ёввойи какликлар тоғда қандайдир тош ер экан. Балки гиёҳдир. Ишқилиб, бир нарса ер эканки, у ичини суриб турар экан.
— О-о, буни қара-я!
Мансур совлиқнинг бошини ушлаб турар, хотини унинг ортига ўтиб, ҳайвоннинг орқа оёқларини кериб қўйганча, пақирга соғар экан:
— Ҳой, чол, қағаноқ қилгандан кўра, шу оғизсутдан ҳалиги жўраларингизни уйига бир-бир пиёла юборсак-чи? — деди. — Болаларининг оғзи тегади.
Мансур бир дам анграйиб қолди-да:
— Эй, тўғри айтасан, — деди. — Ҳа. Шу нарсанинг мени хаёлимга келмаганини қара… Ўзи, минг йилдан бери оғизни татиб кўришмагандир.
— Бир-бир коса сут ҳам бераман, — давом этди келин. — Қуруқ оғиздан нима қиларди улар? Сигирни сутига қўшиб қайнатса, гелагай бўлади.
— Ҳа! — деб юборди Мансур яна ҳовлиқиб. — Жуда маъқул ўйладинг-да. — Шу пайт ёнида қўзичоқнинг бўйнидан қучиб ўтирган Полвон инграб қол-ди: қўзичоқ йиқилиб, оёқларини типирчилатар эди. Буни кўриб, совлиқ ҳам интилди. Ва Мансур қўзини тагидан кўтариб, турғизди. — Бў-ўлди. Мана, болангиз. Яланг… Сутда ҳақи бор деяпсизми? Биламиз. Лекин бизниям ҳақимиз бор. Сизни бекорга боқиб, парвариш қилмаяпмиз. Сўйсак, аллақачон ҳазм бўлиб кетар эдингиз… Полвон, тур! Ер зах, зах, билдингми? Ана шундай… Сен ҳам қўзичоқдан қолишмайсан. — Мансур завқланиб кулди. — Иккисиям энди той-той бўлаяпти-да.
— Ҳе, қўзичоқ ҳадемай дикиллаб кетади… Шу ҳайвонлар жуда мослашган-да яшашга. Қўзининг ҳам оёғи чиқмай ётаверса, нима бўларди.
— Рост. Табиат доно, доно… — Кейин кулимсиради Мансур. — Муовиннинг хотини жуда уятчан экан, кампир. Ҳув, патир ёпиб берган эдинг-ку?.. Шундай-шундай, опангиз йўқладилар. Томоқларидан ўтмай шуни юбордилар, десам, турган ерида айланиб қолди. — У хахолаб кулди. — Кейин бечора йиғлагудек бўлиб олди: «Биз бўлкага ўрганиб қолганмиз, ака», деди… Э, қойил эмасман шу йигитга. Ўзи замдиректор. Културни киши. Ўзбек. Тандири йўқ экан-а! Шуям оила бўлди-ю!
— Нон ёпишни билмасдир-да.
— Билар экан! Курранинг ўзи айтди. Кейин… Учрашганимизда. Бу қанақаси, дедим. Ана, тегирмонлар ишлай бошлади. Дон топилади, дедим… Ўзлари ялқов бўлиб қолишган. Дангаса… Вабше, одам ўзига ишониши керак.
— Боласини эмизинг. Ийсин… Вуй, кўз тегмасин, қаранг, қандай қуюқ.
— Жиндак қағаноқ ҳам қиламиз. Мана, Полвон кўриши керак, ейиши керак.
— Майли. Мошина сигнал бераяпти… Рабочилар келишди. Бу гал неча кунга кетасиз?
— Билмадим, кампиржон. — Мансур қўзичоқни онаси тагига киритиб, оғзини эмчакка тутди. Ва у ютоқиб сўра бошлагач, ўрнидан тураркан, бир йўла Полвонни кўтариб олди. Уй тарафга қараганча: — Тез қайтишга ҳаракат қиламиз, — деди. — Сел келгандир, баъзи жойларни олгандир. Кабелга зиён етган бўлса, оворагарчилик-да, кампир.
— Ҳалигининг хотини кечга қолмай келсин.
— Келади. Ўзи ўша қайнонасидан безор… Фарзанд кўрса-ку, ўралашиб қоларди.
— Милтиқни ўқлаб кетинг.
— Албатта. Лекин халастойдан жойлайман. Дориси бор, ўқи йўқ. Одамни қўрқитса, бўлди-да… Қара, — ёнбағирда шиддат-ла ўтлаётган қўй-эчкиларга юзланди, — оғзи кўкка тегди жониворларнинг. Энди муттасил кўк едириш керак. Сомон берсанг, ичи кетади…
— Менга айтаяпсизми шу гапларни?
— Ҳе-ҳе-ҳе. Ўзимга-ўзимча… Гапиргим келяпти-да, кампир. Эй, эшит, Хойинбека сайраяпти! Айвонда эди…
— Мошинангизни таниган-да.
— Вей, вей. Тўғри айтасан! Ўзиникидай билиб қолган!
— Қайси куни айвонда журиб эди, мошина келиши билан кузовга чиқиб олди.
— Ҳе-е, ярамас. Тоққа борамиз дегани-да бу?
Мансур ёнбағирда сўппайиб-сўппайиб турган олма ниҳолларини четлаб ва симтўр деворни кўздан ўтказганича илдамлаб бораркан, бир елкаси тушиб кетган, тақамўйлов, малла киши қийшайиб чиқиб келарди.
— Ассалом алайкум! — деб кўришди Мансур у билан. — Қалай?
— Шу, келдик, — деди у. — Келинингиз ҳам келди.
— Вой, сиз авлиё-ку, оға!
— Энди, шу-да.
Айвон пастида оғирлигини дам у-дам бу оёғига со-либ, солланиб турганча папирос чекаётган шофёр Абулқосим қоматини тиклаб:
— Келинг, шеф, — деди ва бармоқлари чангакдек қўлини узатди. Мансур билан ҳам қўш қўллаб кўришиб, жинси шими-ю курткасига завқланиб боқиб:
— Зўр-зўр, — деди.
— Кеча мишиғи оқиб юрганлар кийганда, биз кийсак, нима қипти. — Кулиб қўйди у. — Тижоратчиман, дейди. Ишбилармон… Мана, иш билади! Давлатнинг магазинидан олиб, ўзининг дўконида ўн бараварига пуллайди, ароқниям…
— Ҳай-ҳай, ҳозир шундай замонки, азизим, кўп одамлар жувоздан чиққан отдай айланиб қолишган, — деди Мансур. — Тушундингми гапимни?
— Э, ўтган сафар ҳам айтгансиз… Мине от этово не легчи! Ярамаслар.
— Йўлга шаймисан?
— Канешна.
— Бу, фасон бўлиб олибсан?
— Жўрттага кийдим… Қани, устимдан ечиб олсин-чи… Кеча ресторанда биттасидан тортиб олдим. Четга чақириб: «Ечин, давай, — дедим. — Ҳозир тиқиб оламан. Кейин бизнесинг ҳам қолади, дўконинг ҳам. Сен товламачисан, шуни бўйништа ол», дедим. Нима дер эди?
— Эҳ, — Мансур бош чайқади, — яхпга эмас… — Сўнг ўйланиб, бирдан қўл силтади. — Вобше, тўғри қипсан. Тов-ла-ма-чи деганинг рост… Уларга бари-бир — халқ қандай яшайди, майишати тушиб кетаётганиям…
— Улар паразит! — хитоб қилди Абулқосим.
— Энди шайтонга ҳай бер, укажон. Яна шу ишни қилсанг, ўзинг энг буюк товламачига айланасан. Ундан кейин: «Эсиз Абулқосим!» деб фотиҳа ўқишга тўғри келади.
— Бандалигини бажо келтирди, деб, а?
Учовлон чағ-чағлаб кулишди.
Шунда меҳмонхонадан чиққан қотма, думалоқ кўзларида қичиқ яширин, қўнғироқ соч толалари кулча юзини баайни ўраб олган келинчак:
— Салом алайкум, Мансур ака, — деди.
Зинага қадам босган Мансур унга ялт этиб қараб:
— А-а, синглим. Хуш кепсиз, — деди. — Анави адирда опангиз қўй соғаяпти, боринг… Ит тегмайди. Биласиз-ку?
— Раҳмат. Хўжайин, хўш-да бўлмасам?
— Ҳа. Шу, — деди такамўйлов хўжайин.
— Айтмоқчи, Мансур ака, — дея уни тўхтатди Абулқосим. Ва жувон уй орқасига ўтгач, давом этди: — Ўтбосар ака айтдики, қўйларингизни Қизилжар томонга ҳайдамас экансиз. Ўша жойларни арча-парчаси билан сотиб опти. Фермер… Дам олиш уйи қиламан, дейдими-е. Гиёҳлар, қушлар ҳақидаям бир нималарни гапирди. Унча тушунмадим-у, лекин у йигит қилади.
— Вой, ўшанча жойни сотиб оптими? — ҳайрат билан сўради Мансур.
— Ҳа. Кимнинг пули бўлса, ким ҳақиқий ишбилармон бўлса, олади. Ўтбосар ака ҳув бекатдаги чойхонани сотиб олганини биларсиз?
— Эшитувдим. Аммо шу-унча жойни… Неча гектар ер у! Вой бў-ўй! Демак, ўша жойларнинг эгаси — Ўтбосар-да, а? Энди уникида?
— Уники. Шунинг учун, катташта айт, молини бош-қа ердан ўтлатсин, деди-да.
— О, ҳозирданоқ… Пухта экан. Мен туриб-туриб, шу жойимни тортиб олмасмикан, деб ўйлаб қолардим. Тарихда шундай ишлар бўлган-да.
— У тарих ўлди. — Шофёр папирос қолдиғини ташлаб, товонида эзди. — Ерингиздан кўнглингиз тўқ бўлсин. Кимнинг калласига келган эди — шу ерга чиқиб, том-тош солиш, яшаш, а, Ғилжайган дўстим? — ишчига қараб олди. — Кейин, сиз бу ерга эгалик қилганда бу гаплар йўқ эди.
— Бўпти. Жўнаймиз! Эҳ! — Мансур зинадан қайтиб тушди. — Бир илтимос бор…
Бу илтимоси бажарилиб, йўлга чиққанларидан кейин ҳам Мансур илтимослар қилди:
— Почтага ҳайда, Қосимжон.
Почта олдидаги атиргуллар тагини юмшатаётган қоровул чолга кружка опчиқишини буюриб, сўнгра кастрюлчадаги оғизсутдан қуяркан: «Техникумга қачон ўтасиз?», деб сўради. Чол қийшанглаб: «Тунги сторожликка-да, — деди. — Маошни икки карра ошириб қўйишди. Олимбой яхшилигини кўрсин…»
— Энди анави мактабга ҳайданг, Қосимбек, — деди Мансур. Ва мактаб дарвозаси оғзида тўхтаб суриштирсалар, Шотўра муаллим шамоллаб қолган, уйида экан. Уйига бордилар. Дарвозага чиққан қизининг қўлига идишни тутқазиб: «Зам директор Олимбой билан баҳам кўрар эканмиз, де. Мен шошиб турибман…» деди. Қизалоқ: «Отам сизни йўқлаётувди. Зерикканлар…» деди.
Мансур калласига келган ўйни дангал айтиб юбор-ди: «Мансур амаким йўлдан келсалар, тоққа таклиф этмоқчи, де. Уч-тўрт киши бўлиб, бир айланиб келар экансизлар, де…»
Ниҳоят, катта йўлга қайтиб чиқиб, одатдаги маршрут бўйича кетдилар.
Ҳадемай тоққа сафар муддати етиб, келишилиб, ушбу юкмошинга тушиб, яъни, Қоровул чол — шофёрнинг ёнида, қолган улфатлар кузовда, тоққа жўнадилар. Эрталаб ёмғир севалаб ўтган, баҳор кўрки ила уйғонган, ўсган-яшилланган ва ювилиб — чиройи очилган табиат, яъни, арчазорлару ёнбағирлар, сўқмоқлару йўллар, сойлар ва улар бағридан чиқиб келаётган ғуборли тоғлар қучоғини очиб-ёйилиб, буларни қарши олмоқда эди.
Мовий осмон ҳам артилгандек тиниқ, қуёш нури ёқимли, рўпарадан тоғларнинг телба шабадаси эсар, саёҳатталаблар иссиқ кийиниб олган бўлишларига қарамай — бурун учлари қизарган, айримининг кўзидан ёш оққан ҳолда, кабина томига тақалиб кўтарилган ёточ тўсикдан тутиб боришаркан, кайфиятларида ҳам бир умумийлик бор эди.
Мансур тўнг-хўмрайиб олган, атрофларга манглайи остидан синовчан-ўқрайиб қарар, қулоғи эса динг — каклик сайрашини шабаданинг ғув-ғувидан ҳам илғамоққа шай эди: ахир, у неча кунлардан буён уйи атрофидан у — тоғлар кўркининг сасини эшитмади, энг аламлиси — телефон кабелларини текшириш вақтларида ҳам каклик сайрашини икки-уч марта эшитди, холос.
Бир замонлар башанг кийинганидан нишона — гули тўкилиб-тақирланиб қолган қоракўл ёқали пальтосига ўраниб олган Шотўра муаллим ғоят жиддий тортиб, сумрайганча йироқларга боқар, гоҳо ғудраниб сўкиниб қўяр — илло, унинг ҳам қулоқлари каклик қўшиғига маҳтал эди.
Техникум директорининг муовини эса, лаблари кўкарганча қаққайиб бораркан, икки гапнинг бирида: «Шилакбаум кўринмаяпти-ку?» деб қўярди.
Кузов бурчагида яна бир ҳамроҳ бор, у қафасдаги Қаламқош ёхуд Хойин бека эдики, устига кўрпача ташлаб қўйилгани учун саси чиқмас, фақат бошпанаси ила нари-берига сурилиб-сурилиб кетарди.
Ичаксойга тушиб-чиқиб, ердан қайнаб чиққанча қотиб ва торс-торс ёрилиб қолгандек узунгина тизма остидан бир оз юрганларидан сўнг йўлни бемалол тўсиб — кўндаланг турган олаёточга дуч келиб тўхтадилар. Йўлнинг чап тарафи — тик эниш бўлиб, пастда бўтана сув оқар, фақат олға жилиш учун таёқ кўтарилиши лозим эдики, унинг айри қозиққа тушиб турган учида шапалоқдек қулф осилиб турар, қулф очилмаса, орқага қайтишга мажбур эдилар: ёғочни синдириб, бировнинг мулкига кириб бўладими?
Ғашланиб, тўнғиллашиб, «Ким бор-оо!» дейишиб, Абдулқосим эса босиб-босиб сигнал берганча атрофга қараниб туришаркан, шундоқ қаршидаги бурилишдан тар-тарлаб паға-паға тутун отганча кичкина трактор чиқди. Ва кела-кела четланиб тўхтади-да, кабинадан бозорнинг паттачиси — барваста, кўзига қарасанг ваҳима босадиган Эшқувват тушди.
О, эгнида банорас чопон-у ичида — монтана ёзувли ялтироқ кўйлак-иштон, оёғида қўнжи узун резина этик, шаҳардан энди чиқиб келган тижоратчига ўхшар ва кўз ўрганмаганиданми, тоғ манзарасига ёпишмас эди.
— Салом бердик, акалар! — деди у.
— Э, ўзимизнинг Эшқувват экансан-ку! — деди Шотўра муаллим. — Қуллуғ бўлсин.
— Нимаси, ака? — Йигит ола таёқнинг тизмага тегиб турган жойидан ўтиб келди.
— Ҳе, шилагбаум ўрнатибсиз? — Муаллим бирдан энгашиб у билан кўришди.
— Шундай қилмасак, ҳамма ёқ оёқости бўлиб кетади, ака, — дея Эшқувват Олимбой билан ҳам кўришди. Кейин Мансурга қўл учини бериб: — Ўзлари-ку, бой бобо? — деди.
— Бой деб сизларни айтса бўлади, — деди Мансур уялиб-ғижиниб. — Шу-унча ерни опсизлар. Қойил… Ўтбосар қани?
— Шеф у ёқда. — Эшқувват келган йўлининг давоми бурилиб-ўралиб кетган арчазор ичида оқариб турган уйча билан чодирни кўрсатди. — Қурилиш бўляпти… У киши сизларни таниб ҳам бўлди. Дурбини бор. Ҳа, йўл бўлсин, акалар? — Эшқувват шундай деб, кузов лабидан ушлаганча ғилдиракка оёқ қўйиб кўтарилди. Буларнинг оёқостиларига қараб: — У нима? Каклик-ов, — деди. — Олимбой ака, хизмат бўлмаса, шу кўрпачани кўтаринг.
— Каклик у, — деди Мансур. — Лекин овга келмадик, ука.
— Барибир, ака. Шефдан рухсат бўлмаса, ўтказмайман. — Эшқувват ерга тушди.
— Бўлмаса, чақир шефингни! — дўқ қилди мусиқа муаллими. — Томоша қилиш ҳам мумкин эмасми тоғларимизни? Ҳў, Абулқосим, сигнал бер!
Кабинада миқ этмай ўтирган ҳайдовчи бошини чиқарди.
— Ҳў, полвон, ўтайлик. Шепингни олдига борамиз… Меҳмонмиз, ахир!
— Қосим ака, мен айтилган ишни қиламан, — деди Эшқувват ва истар-истамас унга қўл узатди. — Яхшимисиз? — Шофёр ҳам унга қўл учини берди. — Эса, кутиб турасизлар. Мен бориб келаман… Э, ана! Ўзлари эняпти. Ҳув, матасеклда… Кечирасизлар, айниқса милтиқли, какликли одамни ўтказмаймиз. Мана буни кўринглар! — У олатаёқда осилиб турган қандайдир пачоқ ускунани кўрсатди. — Шу — микрафон. Тубан қишлоқдан бир болакай лентага какликнинг сайрашини ёзиб опкелиб, бута тагига қўйган экан. Шеф эшитиб, хурсанд бўпти. Шу ернинг каклиги деб ўйлаган-да. Кейин аста пойлаб келса, аҳвол шу. Овчи арчанинг тагида ўтирганмиш. Шеф милтиқни опкелиб, микрофонни отипти. Мана шу… Ибрат бўлсин деб осиб қўйдилар. — Эшқувват шундан кейин қоровул чол билан сўрашди. — Э, сиз нима қилиб юрибсиз, бобой?
— Қариликка йўрғалик, — деб кулди чол. — Ўлайликми энди, отам? У ёқ-бу ёқни кўриб қолиш ҳам ғанимат-да… Қалай, каклик кўпми тоғда?
— Каклик, — деб тўнғиллади Эшқувват, — тўлиб ётипти. Қулоқ солинг, барматуха ичиб, маст бўлгандай сайраяпти! — Йигит таёкдан ҳатлаб нарига ўтди. Мотоцикл етиб келиб тўхтади, ундан оёғида крассовка, эгнида қоп-қора тивит жемпир, бошига соявони узун, қизил шапка кийган малла йигит — Ўтбосар тушди.
У яқин йилларга қадар матлубот жамиятида экспе-дитор бўлиб ишлар, отаси шу жамиятнинг эски раиси эди; ёшлигидан катта еб, яхши кийиниб ҳамда унча-мунча йигитга гап бермай ўсган ўғлон фавқулодда Афғонистонга, яъни, урушга кетган ва уч йил деганда капитан бўлиб қайтган, кейин ароққа берилган отаси билан айтишиб қолиб, меҳмонхонада истиқомат қилгани ҳолда ҳарбий комиссариатда ишлар эди.
Ота ўлди-ю, уйига йиғлаб борди ва беихтиёр унинг, балки ўзининг эски касбини тутди.
Табиий, унинг бойвачча, бадавлат эканини ҳамма билар ва тумандаги энг катта ошхонани сотиб олгани-да ҳеч ким ҳайрон қолмаган эди.
— Келинглар, меҳмонлар! — деб ҳайқирди у ўзига тўқ, мамнун кишининг овози билан. Ва тинимсиз сўзлаб, сўрашиб кела бошлади: — Ў-ў, Абулқосим тантибой, қалайсан, ука? Билиб қўй, барибир сени ишга оламан. Мансур акага мундайроқ шопир ҳам бўлаверади… Эшқувват, кўришдингми бу билан? Ярашинглар энди. Барибир бир-бирингни енголмайсан. Сизлар эмас, ароқ айбдор… Э, Ибн Хаттабич? Тушманг, ўтираверинг. Барибир қайтариб юбораман сизни. Конкурентга тоқатим йўқ: ўзимиз ҳам ароқ сотишни биламиз… Қани, Шотўра домла, хуш кепсиз. Шу ёқангизни ё сотиб оламан, ё тортиб оламан. Кейин музейимга қўяман. Мана шундай қоракўл ёқали пальтолар кийишарди… Ў, техникумнинг бошқонига саломлар. Сиз ҳам чиқар экансиз-да, а? Дуруст, чопон ҳам ярашипти.
Бу гаплар давомида кузовдагилар бирин-кетин ерга тушишган эди.
— Омин! — деди бирдан мусиқа муаллими ҳовучини очиб. — Ишингизга қут-барака берсин. Бекорчилар сиз туфайли ишли бўлиб қолсин!
— Раҳмат, ака, — деди Ўтбосар ҳам фотиҳа ўқиб. — Яхши дуо бердингиз. Мен буни қадрлайман.
— Қадрласангиз, қани, сиз ҳам бир дуо беринг, — деди муаллим. — Би-ир томоша қилиб, гуллар териб какликларингизни сайрашини эшитиб кетайлик.
— Марҳамат… Ў-ў, какликнинг сайрашини дедингизми? — Унинг манглайи тиришиб ва ғижиниб да-вом этди: — Биз ҳам сизга қўшилиб эшитар эканмиз-да?
— Эй, Ўтбосар ука, эшитилмаяпти-я лекин? — деди Мансур беихтиёр шивирлаб.
— Унинг сабабини сиз ҳам биларсиз? — истеҳзоли жилмайди фермер. Ва Эшқувват:
— Кузовда каклик бор, — деди. — Ов каклиги… Эшитганман. Жуда олағон эмиш.
— Ў-ў, шундайми? — деди Ўтбосар. — Марҳамат, марҳамат, Мансур ака.
— Биз овга келмадик, — деди Мансур ғашланиб. — Шунчаки томошалаб келдик… Шу Қизилжар бўйида бир-икки соат ўтирсак. Тўртта кабоб қиб есак. Каклик… Бу каклик шунчаки… қанча каклик омон қолганини сал-пал билиш учун керак. — У бирдан асабланиб кетди. — Бу ерда ғаразли ўй йўқ! Шунчаки… Ахир, қишда қирилди-ку?
— Нима, овладинг демоқчимисиз?
— Балки.
Ўтбосар лабини қимтиб синиқ илжайди.
— Тушунаман… Шунақа. — Сўнг бирдан Эшқувватга буюрди: — Кўтар буни, полвон! Оч йўлни!.. Биз Қизилжарнинг устида бўламиз. Кўрасан… Тушунарлими? Трактирни қўй. Матасеклни ҳайдаб жўна! Мен булар билан кетдим!
Ердагилар беихтиёр кабинага, кузовга чиқа бошлади. Олатаёқ кўтарилиши замон мошинани ғинғилла-тиб турган Абулқосим шаҳд билан ҳайдаб кетди.
Қизилжар — этакдаги лойқа сувли сойнинг яланг чўққига туташган ерида, чапроқда бўлиб, у ғоят бузуқ, серўйиқ жой; бу ерда алоҳида бир зилзила бўлгандек соҳиллардан сурилмалар кўп тушган, қанчалаб арчаларнинг илдизи очилиб ётар ва бир талайи уй баравари палахсаларнинг тагида қолганки, уч-учлари мўралаб чиқиб турарди. Жарлик тубида камсувли булоқлар ҳам бор — уларни атрофида ғуж-ғуж ўсган қиёқларга қараб билиш мумкин эди.
Жарликнинг тупроғи қизил, шу жиҳати билан ҳам у атрофдан фарқланиб туради.
Машина ўрлаб борган қирда арчалар паст бўйли эса-да, тиғиз ва ўта яшил эдики, лоф бўлсаям кўнгилга бир гап келарди: шу арчаларнинг остидан бир яшил нур таралиб турса керак-ов.
Бу жарликнинг Мансурга ёқишига яна бир сабаб — шу ерда тубжой тулкиларнинг тез-тез учраши ва терисининг-да жуда қизғиш экани эди. Ҳамда ўта шайтонлиги эдики, унинг наздида, бу ернинг тулкисини отиб олиш мумкин эмасдек эди: шундоқ носвой отиб ўтирибсан-у, уч-тўрт қадам наридаги тош ё бута би-қинидан тулкивойнинг мўралаб, киприк қоқмай турганини кўрмайсан. Кўрганингдан кейин ҳайрон қоласан-у, ёнингда милтиқ бўлса, унга қўлинг аста узалади. Аммо милтиқни олишинг ҳамон ҳайвон турган еридан ғойиб бўлиб қолади.
Машинадан тапир-тупир тушишаркан, Мансур қафасини кўрпачага ўраб кўтариб, Абулқосимга узатди.
— Очма устини… Бир жойга қўйгандан кейин сайрашини кўрасан.
— Биламан.
Мансур ҳам пастга тушгач:
— Фермер жаноблари, энди рухсат этасиз-да, Қорақошни бир сайратамиз, — деди.
— Хоҳлаган бутангизнинг тагига қўйинг… Анави ёлғиз арча тузук, атрофга кўриниб турибди, — деди Ўтбосар. — Биз мана бу айри арчанинг тагида ўтирамиз… Э, қаерда ўтиришнинг фарқи йўқ-ку!
— Ҳа, ҳа, — деди Мансур. — Ёввойиларнинг сайрашини эшитсак бўлди-да.
— Ана, кўкаламда ўтирамиз, — таклиф қилди Шотўра муаллим. — Курситошлари ҳам бор экан. Ҳе, кул ҳам бор-ку? Мансур, ўтирганмисан дейман шу ерда?
— Э ака, бизнинг маккамиз мана шу ер эди, — дея энди қафасни ҳалқасидан кўтариб, Ўтбосар кўрсатган ёш арча томон йўналди Мансур. — Тавба! Ўтбосар, айтган арчангни қара! Ўлай агар, ўзим ҳам қачон келсам, Хойин бекани шунинг остига қўярдим. Қандай билдинг-а? Қойилман. — Икки қадам босгач, таққа тўхтади. — Биродарлар, онт ичаманки, шу жонивор жўжалигида шу ерда тузоққа туширилган. Кечагидай эсимда… — У чиндан ҳам ҳайратланиб ҳамроҳларига бир-бир қаради.
Унинг бу қадар ҳайратга тушишининг боиси шу эдики, уни ўзидан ҳам яширмоқчи бўлар, шунинг учун эслашни ҳам истамас, гўё шароитга қараб таваккал иш тутадигандек эди.
— Шошма, шунингни бир томоша қилай, — дея йирик-йирик қадам ташлаб яқинлашди мусиқа муаллими. Ва кўрпасини кўтарди. — Вой, гижинглаган тойга ўхшайди-я! Унинг типирчилашини кўринглар… Ҳе, аблаҳ, Хойин… — Мансурга тикилди. — Номиниям топиб қўйгансан. Хойин бека. — Кейин қаддини тиклаб, хаёлчан кулимсиради. — Шу ўзининг хоинлигини билармикан-а? Сотқинлигини?.. Сайраб, ёввойи шерикларини тузоққа тушириб…
— Билмайди, — дея Ўтбосар ҳам қафас қошига келди. — Бултур мелкачка билан иккита какликни отдим. Бирини урдим, типирчилаб қолди. Иккинчиси унга сал қараб турди-да, тағин донлайверди. «Ўл сен ҳам!» деб униям отдим… — Кейин ҳиринглаб кулиб, жамоага бокди. — Брулер товуқлари ярадор бўлган, бирон жойи қонаган шерикларини чўқиб еб қўйишади-.а?
— Ҳа, уларнинг организмига қандайдир модла етишмас экан, — деди директор муовини. — Ўша шерикларининг қони билан этидан олармиш ўша модда-ни.
— Ҳе, уларни гапирманглар, — деб чекинди муаллим. — На отасининг тайини бор, на онасининг. Киштиниям билмайди, пиштниям… Инкубатордан чиққан манқурт-да! Ҳолбуки, ҳолбуки, жўралар, масалан, очиб чиқишига яқин қолган жўжалар тухумнинг ичида туриб, қирғийдан қўрқади. Америкаликлар аниқлаган: қирғий қийқилласа, жўжа писиб қолар экан. Чунки, онасининг ҳалигидай товушидан хавфни сезаркан.
— Лекин мен бир нарсани кузаттанманки, — дея қўлларини белига тираб сўзлади Ўтбосар. — Қаерда бир гала каклик қўниб турган бўлса-ю, нохос устига бориб қолсангиз, учгани шундай қанот қоқадики, чўчиб тушасиз. Нимага?
— Биринчидан, сизни_ қўрқитиш учун, — деб жилмайди Абулқосим. — Йўқ, ака… Биринчидан, ўзи қўрқиб кетгани учун. Иккинчидан, шерикларини огоҳлантириш учун.
— Билар экансан, — деди Ўтбосар. — Демак, каклик қирғинларида бўлгансан?
— Сиз ҳам бўлгансиз.
— Ўртоқлар, биродарлар! — деб қолди Мансур ҳовлиқиб. — Гапимиз нима тўғрида эди? Қушлар раҳмшафқатни биладими-йўқми? Шу ҳақда эди-я?
— Билмайди, — деди Ўтбосар. — Улар табиий ҳаракат қиладилар, холос. Бу ҳаракатда яшаш учун кураш ҳам бор, бошқа нарсалар ҳам…
— Йўқ, билади, — деб таъкидлади Мансур. — Мен сафарда юрганимда бир қирғий боласини боққанмиз. Ўша кунлар она қирғий ўша жойнинг устида кўп айланарди… Бу нимани кўрсатади, фермер жаноблари? — Кейин яйраб кулди. — Ўша қирғий товуш чиқарса, қайси товуқ жўжаларини қаноти остига олмайди? Ҳозиргина Шотўра акаям айтдилар-ку, тухум ичида туриб ҳам кўп нарсани сезаркан жўжалар…
— Сиз улоқиб кетдингиз, — деди Ўтбосар. — Ота-она ўртасидаги муносабат — бошқа масала. Буям ўша— табиий яшаш, яшаш учун кураш, хўш, зурёд қолдириш қонунига амал қилади… — Кейин бирдан ғижиниб сўради: — Агар какликлар раҳм-шафқатни, дейлик, онгли равишда билсалар, нега бу Хойин бекангиз шафқатсизлик қилади? Хўш, шерикларини пичоққа тутиб бериб?
— Мен ана шуни айтмоқчи эдим, — деди Мансур шодланиб. — Тўғрироғи, шуни тушунган эдим… Мана, қаранглар-да, мана шу каклик қафасда зерикади. Уйда, айниқса… Хўш, далага чиқарганингиздан кейин тўлиб-тошиб сайраб кетади. Нима учун? Биринчидан, тўлиқиб кетгани учун сайрайди. Балки шу аснода додлар, балки қувонар. Ишқилиб…
— Хўш? Мақсадни айтинг, сайраши кераклиги-учун сайрайдими?
— Балли! Отангизга раҳмат… Энди денг, азизларим, — Мансур ниҳоят қафасни ўтга қўйди. — Биз, ўзимиз, яъни инсонлар бу жониворнинг ана шу жиҳатини билиб олиб, ўз мақсадимиз йўлида фойдаланамиз-да.
— Ҳим, ўсибсиз, ака, — деб қўйди Ўтбосар. Ва кулди. — Ундай бўлса, бу шўрликка нима учун Хойин бека деб от қўйдингиз?
Бошқалар қатори Мансур ҳам кулиб юборди. Сўнгра:
— Хом сут эмган бандамиз-да, — деди қийшайиб. — Ўз қаричимиз билан ўлчаймиз… Тулкиниям айёр деймиз. Ҳолбуки, уям, сиз айтгандай, яшаш учун курашади.
— Тушунарли! — Ўтбосар ўнг қўлини кескин кўтарди. — Сиз буни обориб қўйинг жойига. Айтинг, тузоққа тушган дамларини эслаб, бир фарёд қилсин. Бизлар… — У қурдошларга қараб, курситошлар томонга сурпга ўралган карсонни кўтариб бораётган қоровул чолга эътибор қилди. — Тирикчиликми у? Гўшт маринават қилинганми? Қилинган бўлмаса, бизда тайёри бор, — дея маккорона кулди. — Фақат соққасини тўлайсизлар.
— Товуқ семирса, кети тораяр эмиш, — деди муаллим. — Обрўйингиз кетади. Худога шукр, кўрган одамларнинг фарзандисиз… Бу гаплардан кўра, бизни, масалан, яхшилаб сийланг, меҳмон қилинг. Биз сизга дуо берайлик. Бойлик олма, дуо ол дейдилар… Ана шундан кейин ишингиз янаям ривож топиб кетади… Энг муҳими, эшитиб олинг: ҳақиқий ишбилармон,
хўўш, миллий бизнесмен, эл-халқиниям манфаатини кўзлайдиган савдогар чиқипти, деб машҳур бўласиз!
Ўтбосар мийиғида жилмайди.
— Мен тушунаман. Ҳазиллашдим. — Кейин Мансурга бақириб юборди: — Обориб қўйинг энди бу айғоқчини! Эшитайлик мундай… — Сўнг буғланибми, сийрак туман босибми мудраб турган тоғларга қаради ва бирдан синиқиб: — Каклик бўлмаса бир пул экан бу табиат! — деди.
— Каклик камайиб қолган бўлса, уни кўпайтиришга тўғри келади, — деб ниҳоят гапга аралашди директор ўринбосари. — Кўп мамлакатларда шундай қилишяпти: масалан, туяқуш-у тустовуқларниям кўпайтиришяпти-ку!.
Мансур ўйчан тортиб, қафасни кўтарди ва бутага йўналаркан, Қорақош тақир тахта устида гир айланиб, қисқа-қисқа сайрай бошлади. Мансур жадаллади.
— Бошланди-и!
У пакар арча остига — кўрпа бўлиб тўкилган нинабарглар устига қафасини қўйиб, атрофини шох-шабба билан ўрай бошлаши замоноқ Қорақош мурвати буралган микрофондек чунонам какиллай кетдики, Мансур шошиб қолди: гўё гала-гала какликлар учиб келиб, ўзига уриладигандек.
Кейин бута тагидан пасайиб чиқиб, анавиларнинг қошига йўналди. Улар ҳам ўтирган жойларидан бу ёққа ҳайрат ва ҳаяжон ила қараб туришарди.
— Ў, қойил, — деди Ўтбосар ва ўрнидан дик этиб турди. — Ўртоқлар, бундай қилайлик. Ана, арчалар… Ҳар биттамиз биттасининг остига кириб ётайлик. Худо ҳаққи, мен шуни истайман! Бу нима ўтириш? Мақсад— какликларнинг учиб келишини кузатиш-ку, а, Мансур ака?
Мансур мамнуният билан маъқуллади.
— Албатта шундай қилиш керак.
Абулқосим:
— Мен анавини танладим, — дея ўркач биқинида қийшайиб ўсган пакана арчага йўл олиши билан жамоага маълум бўлдики, унинг танлаган жойи — нақ пистирманинг ўзи: у ердан Қорақош яширилган арча тугул, нариёқ, яъни, қуйидаги Қизилжар ҳам бурчак-бурчагигача баралла кўриниб туради, демак, ўйиқдаги қоятошларга чиқиб сайрай бошлаган хўроз какликларни ҳам бемалол кўриш мумкин.
Алқисса, ҳар ким бир арчани танлаб, унинг тагига писиниб боришаркан, резина этиги қўнжигача лойга беланган Эшқувват ҳам тубандан бир калтакка суяна-суяна чиқиб келди. Мансур унинг бўйнида солланиб турган дурбинни кўрди-ю:
— Укажон, шунингни бер, — деб олдига борди.
Эшқувват дурбинни бериб, елкасидаги осмахалтани тошкурсига қўйди. Мансур ҳансираб:
— Мана, дурбин. Мана, ука… — дея юрт эгасининг ортидан арча тагига кирди. Ва жарликка қарабоқ унинг кифтига қокди. — Яхши. Жойиниям топибсиз.
Ўтбосар олискўргични олиб, кўзига тутди.
— Сизлаяпсизми?
— Ҳа энди, ҳурмат қиламиз-да… — Унинг ёнига чўккалаб ва ўйчан тортиб давом этди: — Ишбилармон, корчалонлар кам дейсизми — чиқяпти. Ҳамма жойда шундай… Лекин, — боз унинг кифтини силаб қўйди, — сандақаларни билмадим, нечта экан… Қара, уже территориянгни қўриқлаяпсан… Ҳим, аммо-лекин Эшқувват бизни тўхтатганда, сал малол келганди. Ҳозир ўйлаб қарасам, сизлар ҳақсизлар… — Сўнг: — Ахир, ахир, — дея миясининг қат-қатидан қийналиб чиққан фикрни айта бошлади: — Биламиз-ку ўзимиз: илгари ҳамма ер — давлатники дер эдик. Тўғрироғи, Русияники эди… Кейин ҳам мулк давлатники бўлиб қолди.
Бироз вақт… Сўнгра, мана, кишиларга бўлиб берила бошланди… Ҳой, Ўтбосар, — у бирдан ҳаяжонланиб кетди: — Тарихдан ўзинг ҳам биласанки…
Ўтбосар дурбинни ётқизиб қўйди-да, ёнидан «Малборо» сигарети чиқариб:
— Чекинг. Гапиринг, гапиринг, — деди. — Алақсиманг…
— Шу-да, — деди Мансур шундай бойвачча фермернинг диққатини ўзига оғдиргани учун ичдан шодланиб, ҳамда уялиб.
— Тушундим. — Ўтбосар яна дурбинни олиб, кўзига тутди ва қуйига қаратди.
Мансур яна муддаоси ҳақида ўйланиб қолиб:
— Аммо-лекин шу мулкни, ерни, мана, тоғ-тошлар, ўрмонларни унга қайишадиган кишиларга…
— Жим! — деди Ўтбосар. — Биттаси чиқди. Чил эмас-ов… — Дарҳол дурбинни Мансурга берди. — Ёрилган қояга қаранг. Чапрокда. — Сўнг хўрсиниб юборди.
Мансур дурбиндан биринчи бор қараши эди: улкан, яланг чўққи кўринди. Кейин каттакон арча ва бирдагина айри қоя лабида қанотларини силкитаётган ерранг қушга кўзи тушди. Тикилди: у ҳурпайиб олиб, ўзини офтобга тоблай бошлади.
— Чил-ку, — деди. — Укабой, у чил. Менимча, курк бўлган. — Дурбинни Ўтбосарга узатди-ю, унинг малла қошлари азобли чимирилганини кўриб, айтганига пушаймон еди: каклик десаям бўларди… — Менимча,— деб чайналди. — Лекин дурбинни биринчи марта ушлашим. Армияда ҳам…
Шунда ёнларидаги арча панасини макон тутган Абулқосим:
— Битта чил чиқди, — деди.
— Каклик! — алам билан деди Ўтбосар дурбинни яна кўзига тутиб.
— Каклик бўлса, сайрамас хилидан экан-да, — тўнғиллади шофёр.
Ўтбосар дурбинни кўзидан олди.
— Рост. Чил экан… — Сўнг не бир илинж ила деди: — Чилни дала каклиги дейишадими?
— Ҳа, ҳа, — дарров тасдиқлади Мансур. — Как-ликнинг укаси-да у! — Сўнгра ўзининг юраги сиқилиб кетди ва дунё кўзига тор кўриниб қолди: «Каклик йўқ-ку? Нимага сайрамаяпти? — Кейин қишки пиёда ов эсига тушиб, кўнгли бузилди. — Еб битирдик. Қуритдик ўзимиз. Йўқ, биз эмас…»
У беихтиёр юраги устига кафтини босганди, ундан кўз узмай, хўмрайганча сигарет тутатаётган Ўтбосар:
— Ҳа? — деди. — Пушаймон қилаяпсизми… овлаган какликларингизга? — Сўнг бақириб юборди: — Эшқувва-ат!
— Лаббай, ака!
— Милтиқниям обкелдингми?
— Йўқ. Опкелайми?
— Ҳа..
— Нима қиласиз? — қандайдир хавфсираб сўради Мансур. — Ўша чилни отасизми?
— Йўқ, мен анави шаллақи каклигингизни отаман, — деди фермер ва жойидан ирғиб туриб, арча шохларини нари-бери сурганча бу ёққа чиқди.
Мансур ҳам унинг ортидан интилди-ю, тағин дурбинни кўзига тутиб, жарликка қарай бошлади: у ич-ичидан битта каклик кўришни ва бақириб маълум қилишни истар, шунинг учун: «Э, художон, — деб пгавирлар эди. — Наҳотки, а?
Кўрсат биттасини… Ахир бутунлай қирилиб кетган бўлиши мумкин эмас! Бу — тоғ… Албатта бор. Ҳозир чиқади…»
Шу пайт унингтина эмас, балки барчанинг кўнглига ҳаяжон, завқ, сурур ва аллақандай ваҳима солиб, булар сира кутмаган тарафдан, яъни, чапдаги Ичаксой ёкдан чурр-чувв этган қадрдон-таниш товуш эшитилиб, нақ тепаларига етганда пасайишди бир жуфт каклик. Аммо пароканда бўлиб, писинишни унутган тўпдан кимнидир кўришдими — ерга қўндим деганда, қиялаб жарликка қуйилиб кетишди.
Ана энди Қорақошнинг сайрашини кўринг!
Писиниб ўтирганлар ҳам ихтиёрсиз бир тарзда ишшайишиб ва ҳовлиқишиб, холи ерга чиқишди.
— Табриклайман, фермер бобо, — деди Абулқосим. — Бор экан. Мулкингиз бўшаб қолмаган.
— Уф-ф, — дея курситошга ўтирди Шотўра муаллим ва қандайдир чўккан кўзларида нурли бир изтироб ила унга-бунга боқиб: — Ўлай агар, ёмон қўрққан эдим, — деди-да, кейин дабдурустдан мунгланиб қол-Ди. — Ҳе, қирилиб кетайлик биз… Одам-подам эмасмиз… Нимага мундай, а?
— Эшқувваат! — шунда чопиб-эниб кетаётган йигитнинг орқасидан чақирди Ўтбосар. — Қайт!
Мансур ёлғондакам шодумонлик ила:
— Раҳмат-е, — деди. — Бой бобоси, ана, Хойин беканинг сайрашлари бекор кетмади.
— Барибир шунингизни ейман, — деди Ўтбосар. — Нимагаки, бу барибир бир куни гўшт бўлади ё ҳаром ўлади…
— Унинг-ку бўладигани шу, — деди мусиқа муаллими оғир хаёлларини эсдан чиқаргандек, азалги қув-шўхчан овозда. Кейин бирдан ҳайқириб юборди: — Келинглар, бир оз ўтирайлик! Ҳўв, старик Хаттабич, қани, сизни шарафли меҳнат кутяпти! Шу ерда ўтириб ҳам томоша қилаверамиз.
Даврадан четда қандайдир гиёҳни бармоқлари орасида эзиб ҳидлаётган Қоровул чол:
— Зира. Зира экан, — дея жилди. — Ўтбосар, зирангиз кўп экан. Эҳтиёт бўлинг, хомлигида ўриб кетишади… Кейинги вақтларда жўгилар ҳам бунга ўч бўлиб қолишган. Қаергаки қўш ташласа, билингки, ўша ерда зира бор.
— Эшитдингми, Қувват? — деб қўйди Ўтбосар ҳансираб турган йигитга ва ўша тасмали халтанинг замогини чизиллатиб очиб қаради-да, ичидагиларни бирин-кетин чиқариб, курситошлардан бирига қўя бошлади: нон, олма, ароқ…
Чол ҳам карсонни очиб қўйди-да:
— Шопир ўғлим, тўртта чўпчак терайлик, — деди. — Арчанинг чўғи соз бўлади-да.
Шу пайт Қизилжар ичида овози ўта йўғон, пирча каклик воқ-воқлаб сайради-ю, боядан бери кўксини пайпаслаб турган Мансур талтайиб кетиб:
— Мен макиённи мана шу хўрозга олиб келган эдим, — деди. Дегач, бу гапнинг замирида пишган ўй-қарор ётса-да, бунчалик тез айтворганидан ҳайрон қолиб ҳамда энди ўз сўзида турадиган йигит эканини дарҳол исботлайдиган каби Қорақош сайраётган бутага йўрта кетди.
— Ҳўв, — деди Ўтбосар паришон тортиб. — Сиз чини билан қўйворасизми?
— Албатта! — Орқасига бир қараб қўйди Мансур ва бу ишни тезликда амалга оширмаса, айниб қоладигандек баттар жадаллади. Бута остига энкайиб кирди. Қафаснинг тахтага боғлиқ жойларини тимирскилаб тугунни изларкан, бармоқлари титрар, томоғидан ҳиқ-ҳиқ этган товуш чиқарди.
Ниҳоят, қафасини кўтариб ва «кишт-кишт»лаб какликни ерга туширди-да, уни кўришга ортиқ тоқати қолмагандек шошиб бурилди. Кўнглининг таг-тагида Қорақошнинг бу бошпанадан чиқмаслигига умид. уйғонгани ҳолда, унинг қафасини кўтариб, бу ёққа чиқди.
Баъзилари курситошларда ўтирган, айримлар тик турган ҳолда ўзига қараб туришган экан.
— Бўлди, — деб пичирлади-ю бўлмади: ўзича кулди, кейин қафасни ташлавориб, қўлларини ёзди ва: — Йў-ўқ! Обош бўлди! — деди. — Хурсандмисизлар? А? — Энди қандайдир аламини қурдошлардан оладиган сингари икки қадам босди. — Ҳўв, Шотўра ака, кўрдингизми, ана, уям озод бўлди… — Сўнгра бу сирли сўз оғзига таъм бериб, такрорлади: — Озодликка чиқди! Ўзимизга ўхшаб…
Кейин Мансурнинг йиғлагиси келди-ю, чурқ-чурқ этганча ортидан эргашиб келган какликка қараб қотиб қолди. У бошини бемалол кўтариб, ўзига боқди. Сўнгра қаттиқ силкиниб, қоқинди ва оёқларини беўхшов, кериб-кериб босиб, ерга тумшуғини урган бўлди. Ўзича донлади.
Қўшхонадаги томошаталаблар ҳам қушга сумрайиб қолишган, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини диққат билан кузатишар ва аксари ўзича бош қимирлатиб ишшайиб қўяр, айни чоғда парранданинг ҳозироқ қанот силкитиб учиб кетишидан қўрқув ҳисси ҳам йўқ эмас эди.
Нега? Ундан айрилиб қолишдан ачинишми ё ундан кейинги хавотирланишми, балки чин бир худбинлик сабаб эди бу ҳолга…
— Ё қудратингдан! Товуқдан фарқи йўғ-а, — деди негадир чўнқайиб олиб, терган арча бутоқларига кафтини босиб турган Қоровул чол.
— Бу, бу барибир ҳеч қаёққа кетмайди, — деди Абулқосим сезиларли ҳаяжон билан. — Илгариям қафасдан кўп чиққан. Ҳовлида айланиб юриб, яна қайтиб кирган.
— Бу сафар кетади, — деб пишиллади Мансур бирдан. — Кетади! — деди кейин зўриқиб ва какликни кишт-киштлаб ҳайдай бошлади. — Жўна! Маконингга келдинг-ку, ярамас! Кишт… Вей, қанақа сурбетсан! Бу ерда одамлар ўтирипти. Сенинг душманларинг… Ана, жарликка уч!
У шу алфозда қўлларини сермаб ва чапак чалиб какликни қувлар, демак, ҳайдар экан, у диккиллаб чопар, айланар — гўё эгаси билан ўйнар эди.
— Ҳой, тек туринг, Мансур ака, — деб қолди Ўтбосар. — Сал томоша қилайлик.
— Ана, сени кушанданг томоша қилайлик деяпти. Қайда! Сўйиб емоқчи!
— Оббо! Мансур ака! — Энди бақириб юборди Ўтбосар. — Кетса, ўзи кетади!
— Кетади. Кеткизаман! Бас!.. Шунча маломатга қолдирди… Ҳе, сендай Қорақошни қара-ю… — Сўнгра бирдан тўхтаб, баралла йиғлаб юборди-да, шарт қайрилиб, буларнинг ёнига келди. Эшқувват келтирган емишлар қошидаги тошга таппа ўтириб олиб, этакларга тикила бошлади.
Шотўра ўтирган тошини унга яқинроқ суриб, тиззасига қўл қўйди.
— Хафа бўлма, ука. Ўзи, шундай қилишингни сезар эдим… Раҳмат. Ниятинг яхши. Ҳим, ҳаммага сабоқ. — Кейин ён-веридагиларга жаҳл билан тикилиб-тикилиб қаради-да, кўзи Ўтбосарга қадалиб: — Ана, пермер бобо! — деди. — Сиз бўлсангиз, бизни овга келди деб ўйладингиз… Сен ҳам Эшқувват! — Кейин директор ўринбосарига боқди. — Ҳўв, раҳбар, сен нега гапирмайсан? Бу синонинг баҳосини бер энди!
— Ака, халақит берманг, — деди келганидан бери деярли гап қотмаган ва бута остига киргандагина сал чўнқайган Олимбой муовин. — Уни қаранг. Табиий ҳаётдаги ҳаракатларини кузатиш керак, ахир. Масалан, Андерсон хоним ёввойи табиат бағрида хонаки йиртқичларни ўргатаман деб… ўрганишга бутун ҳаётини сарфлаган экан. Бу, масалан, йигирманчи асрнинг…
— Шеф, — деб қолди шунда этикларини бир-бирига ишқаб лойини туширганча қушни кузатаётган Эшқувват ҳали ўзи чиқиб келган энишга туйқус боқиб.
Бу оддийгина сўзнинг айтилишидаги хавф саси барчани у қараган томонга қаратди ва Мансур ҳам аста бошини бураркан, эллик қадамлар пастда чаман бўлиб очилган наъматак панасида писиниб турган қип-қизил тулкини кўрди.
Кўрди-ю, сапчиб турди.
— Емоқчи!
— Рост, — деди Шотўра. — Овозини эшитиб келган… — У ҳам аста қўзғаларкан, тулки ғойиб бўлди.
Эшқувват уни қувадигандек таёғини кўтариб жилганди, Утбосар тўхтатди.
— Нима қилмоқчисан?
— Шу, у ёмон… — чайналди барваста йигит хўмрайиб. — Кеча йўқолиб қолган жўжахўрозниям шу еган дейман… Мазахўрак бўлиб қолади.
Ўтбосар бош ирғаб, сигарет тутатди.
— Ҳу, арча остида дурбин қопти, опке. — Кейин ўйчан тортиб сўзланди: — Тулки кўпайиб кетипти. Бари оч. Товушқон ҳам кам. Какликлар пастлаб кетган…
Кейин ҳамманинг диққати макиёнга оғди. У қоровул чолнинг карсони ёнига келган, сихбоп жазларга бошини гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга буриб қарар эди.
Шотўра муаллим нондан синдириб, ушоғидан таш-лади. Қаламқош сал тисландию увоқни чўқиди. Тум-шуғига олиб, четга отди.
— Бунга нима берардинг, Мансур? — сўради муаллим. — Нонни писанд қилмаяпти.
Мансур бир муддатдан кейин:
— Нўхат, — деди. — Қайнатиб, эзиб… Тухумнинг сариғини ушатиб… — дея хўрсиниб юборди. — Энди тошни ейсан, — деди қушга. Тағин дўқ қилди: — Е! Топиб е энди… Ўртоқлар, бу нимани ейди энди?
— Айтганингиздек, тошни ейди, — деди папироснинг тамакисини эзиб кафтига тўкаётган Абулқосим. — Емаса, анави саривойга ем бўлади.
— Эшитдингми? Очдан ўласан, — зуғум қилди Мансур какликка. Ва ҳиринглаб кулди. — Энди сенга иссиқ уй қани? Ҳўў… Бошпананг ҳам йўқ. — Кейин жиннинамо ишшайиб, тепасидагиларга қараб олди. — Ҳақиқатан ҳам, турмадан чиққан маҳбусга ўхшай-ди, а? Озод бўлган. Энди нонини топиб ейиши керак… — Яна қушга бокди. — Топиб еяласанми?
— Бу, қўйиб юборишдан бурун сал ўргатиш керак эди, — деб мулоҳаза билдирди муаллим. — Озод яшаш-га… — Сўнг хаёлланиб синиқ жилмайди. — Ахир, ўзимиздан қиёс-да: мана, озодликка эришдик…
— Мен тушундим фикрингизни, — деди Ўтбосар бирдан. — Сиз жудаям яхпш айтяпсиз, ака… — Унга тан берганини бош ирғаши билан ҳам тасдикдади. Сўнг хўрсиниб юборди. — Лекин бизлар одамлармиз. Ҳар ҳолда, ақлимиз бор… Бундаям ақл бор-у, аммо одам-зот яшовчан…
— Да, — деди шунда директор ўринбосари. — Шунинг учун ҳам одамзот ақлли, тадбирлики, уни қушлар, ҳайвонлар эмас, у ҳайвонот-у парранда зотини қўлга ўргата олади. Ҳим, ўз измига солади. Цирк ареналарига чиқаради.
— Ў, ҳаммаларинг файласуп экансизлар, — деди Абулқосим. — Тўғри гапираяпсизлар-е, худо урсин… Нима дединг, Эшқувват?
— Акалар билишади-да, — деди у ва пайтдан фойдаланиб дурбинни шефига берди.
Мансур беихтиёр ҳалиги тулки кўринган наъматак тагига қаради-ю, олапар итини эслади: «Ўшанча бор экан, уям кичик, — дея дилидан кечирди. Кейин бирдан ҳайрон бўлди: — Ахир, тулки жонивор ҳам табиатга мослашиши керак-ку? Мана, баҳор бўлди… Нега унинг териси жилла ўзгармайди?»
Сўнгра Қизилжарнинг тулкиси шундай бўлиши ёдига тушиб: «Ҳа, бу ўтроқ-а», дегач, қурдошларнинг жимиб қолганини сезди, ҳайратланиб бурилганди, ўзининг ҳам кўзи — улар ҳаяжон-ла қараб қолишган томонга, яъни, ҳали Қорақош яшириб қўйилган бутага тушди-ю, бояги беор тулки энди ўша бута биқинидан мўралаб турганини кўрди.
Энди ўрнидан сапчиб кетмади. Балки унга қизиқиш ила тикиларкан, Қоровулнинг ёнида чуқ-чуқлаб юрган каклик бирданига йўрғалаб қолди. Тулкига қараб.
— Ҳой, кишт! Қайт! — деб бақирди Ўтбосар ва Эшқувватга: — Жонинг борми? — дея уни қўзғатиб, Мансурга юзланган чоғида тулки бир сакради-ю, Қаламқошнинг нақ бўйнидан тишлаб олди. Аммо Қаламқош шундай ваҳима билан чинқириб-қиғиллаб юбордики, тулки уни қўйвордими ё ўзи қутилиб чиқдими, қарсиллатиб қанот қоққанча тепага кўтарилди. Кейин негадир бир ёнига майишиб кетди-ю, шу бўйи Қизилжар томонга пастлаб кетди.
Очкўз тулки эса шунча одамнинг олдидан ўтиб, унинг орқасидан тушди.
— Тамом, — деб пичирлади Мансур. Кейин титраб-қақшаб ва маъносиз илжайиб Ўтбосарга қаради. — Обош бўлди, фермер бобо. Гўшт бўлди ҳисоб. Армонда қолдингиз… — Фермер бобо донг қотиб турарди. Мансур каловланиб унинг ёнидан ўтди-да, жарлик томонга икки-уч қадам босди. Кейин юраги оғриб кетгандай кўксига қўл қўйиб, тўхтади. Кейин бошини кўтармай изига қайтди.
Сўнгра анграйиб турган чолнинг ёнидаги тошкурсига ўтирди.
— Э, бу нима гап? — деди энди Ўтбосар барчага тегишли қилиб. — Олдимиздан олиб кетса… У каклик ўзи… Тавба!
— Бизнинг шефни ити деб ўйлади-да, — деди Абулқосим аламини бепарволик билан пардалаб. — Шунақа ит… уям. Мундай пакана. Думиям кесилмаган. Ўзи малла.
— А-а, — деди қария. — Ўша ит деб ўйладими?
— Ҳа! — кескин деди Абулқосим. Кейин Мансурга дашном берди: — Шеф, атай қилдингизми? Ё шундай бўлишини билармидингиз? Тавба, бу одам сал ғалати бўп қолди.
— Менимча, бу одамга ҳеч нарса бўлгани йўқ, — деди мусиқа муаллими.
— Ҳа-ҳа, йўқ, — деди Мансур тағин гангиб. Кейин муаллимга синиқ-дилкаш жилмайди. — Рост, шундай бўлидаи керак эди… Э, йўқ. Мен буни билмас эдим, ака. Аниғи, ўйламаган эдим. Аммо Абулқосим рост айтди, Хойин бека итимдан ҳайиқмас эди. Итим ҳам буни бегонасирамас эди. — Шунда ҳайрат-ҳаяжон ичра ўтган қиш, бўронли тунда, меҳмонларни жўнатгандан кейин… тонгда итининг ёввойи какликларга ҳам бефарқ қараганини эслаб қолди-ю, унинг сабабини энди англагани учунми, аллақандай шодланиб кулди. — Шундай, Шотўра ака!
Шотўра афтидан нимадир дейиш учун:
— Буни айтиш керак эди-да, — дея тансиқ сигаретдан битта олди. — Эсиз.. — деб пичирлади. Пичирлади-ю, дафъатан кўзлари ёғду сочиб, ҳаммага қараб чиқди. — Тушундингларми? — Мансур унга боқди. — Ўша туманли кундаги гурунгимиз эсингдами, ука? У бемаъни гап эди. Шунчаки, ўзимизнинг қилиғимизни, ваҳшийлигимизни яшириш учун айтган эдим. Лекин, — у ўйланиб қолди, — лекин шу гапнинг тилимга келганини қара… Худо ҳаққи, мен ўшанда сидқидилдан овга чиққандим, манаву шотирлар билан. Гапим тўғрими, курра? Э, кечирасан… Ўшанда ҳаммамизнинг дардимиз ичимизда эди. Тўғрироғи, ўйламас, ўйламаган эдик. Барча ҳаракатларимиз аламдан, аччиқдан… — У чолнинг қўлидаги гугуртни тортиб олиб, сигаретни тутатди. — Узр, чалғиб кетдим. Ўтбосар, кечирасан, сигаретингдан…
Ўтбосар унинг сўнгги гапига парво қилмай:
— Ишонасизларми, — деди овозини қўйиб. — Мен нимагадир хурсанд бўлдим ҳозир… Онт ичишим мумкин! Тўғри, какликдан айрилиб қолдик…
— Уни эсламанг энди, — деди Мансур. —. У қурбон бўлди… Ҳим, уни биз, яъни мен, қурбон қилдим. Қафасда сақлаб…
— Яшанг! — деб юборди шунда Олим муовин. — Менинг кўнглимдаям шу гап энди пишаётган эди. — Сўнг Ўтбосарга қаради. — Сиз нима дейсиз, ака? Шу тобда, менимча, Мансур акамдан узр сўрайман, ўзларини, айтайлик, тоталитар режимга ўхшатдилар… Гапларидан шундай хулоса чиқади.
— Ҳа-ҳа! — деди Мансур ҳовлиқиб. — Шундай хулоса чиқади. Лекин мен мунчалик чуқур кетмаган эдим. Умуман, мен беихтиёр яшадим, яшаяпман… Кечирасизлар, мен ҳам чалғидим. Ўзларинг гапиринглар, Қосим?
— Ҳе, нима дер эдим! — деди у. — Каклик кетди. Факт шу. Лекин барибир ўлар эди. Дон топиб еёлмас-ди-ку? Очдан ҳам ўлиб кетарди. Ҳозирги баъзи иш-билмас, дангасаларга ўхшаб, тўғрироғи…
— Ўлай агар, сен зўрсан, — деди Мансур. — Менимча, энг тушунарли гап шу.
Ўтбосар курситошга ўтириб, Абулқосимни имлади.
— Чўк бу ерга… Ҳой, Хаттабич, бермаснинг овқати пишмас экан. Ҳозир Эшқувват келсин, ўзи қилади… Қани, Олимбой жўра, ўтиринг сиз ҳам. Тошни суринг… Ана бу бошқа гап! Шотўра ака, нимани ўйлаяпсиз? Ростини айтсам, сал ўзгариб қопсиз. Бир қоп ёнғокдек дали-ғули эдингиз… Рўзғор ташвишлари босиб ташладими?
— Уям бор, — деди муаллим. — Лекин ўйлаб-чўйлаб яшайдиган замон келди-да… Вабше, у ёғини сўрасангиз, мен ҳаётдан розиман. Ҳим, биз ўзимиз минг йилдан буён озодликни орзу қилардик. Шу йўлда не-не азиз одамларимиз қурбон бўлиб кетишди. Халқ душмани деб, тавба!
— Раҳмат, — деди директор ўринбосари.
— Сенга шунақа гап бўлса… Бу гапларим қанчалик рост бўлса, шунчалик тасалли-ку, кур…
— Давом этинг! — Ўтбосар шишанинг оғзини очаркан, сафархалтанинг ичига қаради-да: — Э, бор экан-ку! — дея муштдек қоюзга ўралган нарсани чиқариб очди: яхна эт экан. — Қосим, буни майдала.
— Учинчидан, — дея ўйланиб қолди мусиқа ўқитув-чиси, — яшаш керак. Иложи борича ҳалол…
— Жуда тўғри, — деб қўйди Мансур. — Кейин меҳнат қилиш керак. Ишлаган — тишлайди деган гап энди маъқул келади. Илгари ишламаган ҳам…
Ҳар ким ўз жойига ўтириб, гулхан ҳам гуриллаб — арчанинг хушбўй тутуни тарала бошлаганда, Эшқувват ҳансираб, йиқилган бўлса керак — тиззалари ҳам лой бўлиб, энишдан чиқиб келди. Калтакка таяниб:
— Кетди. Ҳалоллаб кетди, — деди. — Кейин бир тулки олдимдан чиқиб қолди. Ўшами деб қувсам, оғзида каклик йўқ. Мени чалғитди шекилли.
— Албатта! — деди Ўтбосар. — Уларгаям жон керак, яшаш учун «урашади. Маккор… Аммо, кўрдингми, шеригини қутқариб юбориш учун сени чалғитган. Маълум бўлдики, уларнинг болалари бор. Менимча, Хойин бекани опқочгани — урғочиси. Бўрининг ҳам қанчиғи олғир бўлади. Биласизларми, қўрага кўпинча қанчиқ бўри олдин киради.
Эшқувват ҳам бир палахса тошни думалатиб келиб, даврага қўшилгач, Ўтбосар унга-да пиёлани узатиб:
— Бўлмасам, мен бир тост айтай, — деди. — Хўш, биринчидан, хуш келибсизлар… Энди келиб турасизлар. Ўйлашимча, шўрлик Қорақошнинг кисмати ҳаммамизни янаям яқин қилди. Шу баҳонада анча гаплашиб, бир-биримизни тушуниб олдик… Умуман, ҳамма ерда шу хил гаплар…
— Шундай, — деб тасдиқлади Шотўра.
— Биз ҳам гаплашдик. Ҳаммаси табиий… Энди, ўртокдар, гап шундан иборатки, юртимиз мустақил бўлибди экан, озод бўлибмиз экан, шунинг қадрига етайлик… Тушунаман аҳволни! Жуда яхши биламан. Аммо-лекин менинг гапларим ҳам факт… Нима дедингиз, Олимбой? Раҳмат… Хўш, айтганимиздек, энг табиий яшаш йўлига тушган эканмиз, шу йўлга ҳам содиқ бўлайлик, яъни, бунинг ўз қонунларига бўйсунайлик. Чунки бунинг қонунлари, мана бу еримиз-да! — У бўш қўли билан кўкрагини нуқиб, давом этди: — Бунга қулоқ солсак, бас.
— Ҳа, балли. Ҳамма нарса ўша ерда, — деди Хаттабич. — Аллоҳ таоло кўнгилда, ҳа.
— Раҳмат сенга, старик!.. Хўш, ўртокдар, эътироф этиш керакки, бу йўриғда мачитларимиз, дин арбоблариям, умуман, яхши иш оборишяпти.
— Матбуот, радио камчиликларни танқид қиляпти, — деб гап қистирди директор муовини. — Адабиёт аҳли эса жим.
— Кейинги гапингиз тўғрироқ, — деди Ўтбосар. — А, танқидга келсак, бултурги каклик қирғинини ким танқид қилди? Танқид қиладиганларнинг ўзлари овга чиқишди-ку?
— Шундай, — деди Шотўра.
— Хўш, гапни қисқа қилсам, мундай: келинглар, ҳечқурса ўзимиз, мана шу торгина даврамиз аҳли ақл билан, инсоф билан қадам босайлик. Ҳим, сабр-тоқат билан… Нимагаки, бу бой, қадимий ўлкамиз-мамлакатимиз ва шундай қадимий халқимиз минг-минг йиллардан буён яшаб келаётган экан, ҳамда не-не оғирликларни енгиб келаётган экан, бу тангчилик кунларниям ортда қолдиради-қолдирамиз: буям — ҳаётнинг қонуни.
— Бу тостми, лексиями? — деди Абулқосим.
— Қулоқ сол. Бўлажак шефингман, — дея ўйланиб қолди Ўтбосар ва бошини дангал кўтарди. — Мансур ака айтганидек, энг тушунарли гап шулки, шу-у озодликка эришдик. Шу сабоқ бизга ҳамиша йўлдош бўлсин!
— Кўп раҳмат, — деди Шотўра. — Аммо тулкилар асосан бизнесчилардан чиқади. Тўғри, кечагача ўзимиз ҳам…
— Мен тушундим. Шу йўлга содиқмиз, чунки бошқа йўл йўқ.
Мансур ҳам ичди-ю, салдан кейин узр сўраб турди. Таниш бутанинг орқасига ўтиб, қайт қилди. Кейин изланиб, жарлик лабидаги ёриқдан юмшаб қолган қор олиб, бетига суртди. Кейин тошга ўтириб нос отди. Ҳаво салқин, аммо пешинга оғаётган қуёш нурида Қизилжар тубидаги новватдек қояларнинг ранги очилиб жозибали кўринар, улар орқасидаги арчаларнинг яшил ранги алоҳида кўзга ташланар, қўлтиқларда узун-узун кесилган қуйруқдек қор йилтирар ва қаердадир каклик сайраб қўярди.
Йигитнинг оёғи остидаги ўт-ўлан ғоят тиғиз, унда митти-митти чумчуқкўздан тортиб қўнғир қўзигуллару оқ-сариқ бойчечаклар ҳам очилиб ётарди.
— Яхши, — деб шивирлади Мансур ва боз кўнгли негадир бузилди, боз йиғлагиси келди: нега? Каклиги учунми? Йўқ, бошқа нималарнингдир таъсири ҳам бор эдики, уларни тушуниб-англаб олаётгани ва ўзининг кўнглида мавжуд қандайдир табиий қаноатларига бу мулоҳазали «нарсалар»нинг ажабтовур мос келаётгани ва бундан пинҳона қувонаётгани бунга боис эди.
Шунинг учунмикан, энди унинг назарида, бу тоғу тошлару арчазорлар, сойлар, кўкатлар, кенг осмон-у ёрқин қуёш нурлари ўзгача яқин-у азизликда кўринар, бу ҳолни шундай изоҳлаш ҳам мумкин эди: унинг, ҳув, қишлоқ четидаги яланг қирда уйи бор, қўраси бор, боғчаси бор, бироқ булар — бу кенгликлар-да уники, демак, унинг меҳрига шерик, қаровига умидвор, демак, булар ҳам ўзиникидирки, бунча «нарса»ни қалбга сиғдириш учун энди бошқачароқ бўлиши, бошқачароқ ўйлаши лозим.
… Ниҳоят, қариянинг фотиҳаси, яъни:
— Омин, мурод-мақсадларингга етинглар. Юртимиз тинч, бой-бадавлат бўлсин, илойи. Озоддикнинг нашидасини, сизлар айтгандек, суриб юрайлик бизлар ҳам… — деганидан кейин саёҳатчилар қўзғалишди.
Гулханни ўчириб, машина ёнига тушишаркан, Мансур қафасни Ўтбосарга берди.
— Эсдалик.
— Ў-ў, зўр гап, — деди Ўтбосар. — Эшқувват, муни бўлажак музейга қўямиз.
Уларнинг гурунги машина устидаям давом этди: Ўтбосар Шотўра муаллимнинг мачит-пачитга бориш-бормаслигини сўрагач: «Мен ҳам учрамоқчиман имомга, — деди. — Шу атрофда тўртта қабристон бор экан. Мол оралаб юради… Атрофини симтўр билан ўраб қўймоқчиман. Эшқувват сурпга ёздириб келди: «Эй, инсон! Келадиган жойинг шу ер экан-ку оқибат. Топтама!» Ахир, бу қаровсизликлар ҳам кеча атеист бўлиб юрган кунларимиздан мерос…»
Шотўра муаллим вазмин бош ирғаб, унинг қарорини маъқуллади.
Кейин мактабда миллий созлар-асбоблар етишмаслиги, харид қилишга куч йўқлигини ҳасрат қилганди, ёш бизнесмен унинг белидан қучиб қўйди: «Бўлади. Бир-иккита жўраларим бор. Мард йигитлар. «Туман газетасини оталиққа оламиз», деб юришипти. Уларга айтаман… Ака, ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч керак, холос».
— Ҳамжиҳатлик…
— Мана, бизам ҳамжиҳат бўлдик, — деб Эшқувватнинг биқинига тирсаги билан туртди Абулқосим. Эшқувват эса:
— Ўҳ, — деди. — Яна бир турт. Бортдан учиб тушасан!
Тенгқурлар кулишди.
— Эй, юртимиз кенг-а! — деб қолди Олимбой. — Муни қаранглар!.. Ўтбосар, шу-у америкаликлар демакратмиз дейди. Қаерда бир уриш чиқса, ҳозиру нозир — гижгижлайди. Отадай… Аммо ўзларининг шиори бор: «Прежде всего — Америка!»
— Ҳа, — деди Ўтбосар манглайи остидан теваракка боқиб. — Биз ҳам шундай бўлишимиз керак. Ахир, ҳар биримиз ҳам, аввало, Мансур акага ўхшаб уйим-жойим деймиз-ку? Бу табиий йўл. Демак, ҳаммамиз учун Ўзбекистон ягона ватан. Прежде всего… Бошқаси — кейин.
— Юнонларнинг Лукиан деган ёзувчиси ўтган. Эрамиздан аввал. Унинг «Ватан шаънига» деган асари бор. Ундаги биринчи жумла шундай экан: «Ўз она-отасини севмаган фарзанд ўзга ота-оналарни ҳурмат қила билмайди. Ва ўз ватанини севмаган киши ўзгалар ватанини ҳурмат қила олмайди!»
— Уҳ, зўр айтган экан. Ёзиб оламан. Шиор қилиб, қоқиб қўяман, — деди Ўтбосар.
Мансур ўз-ўзича тамшанар, ютинар, ички-азобли бир шодликдан кўнгли тўлиқиб-тўлишиб кетаркан:
— Эй, биродарлар, — деди овози бирдан хира тортиб. — Ўғри ўғрининг қўлига сув қуяр экан. Улар бир-бирини қоронғида топар экан. Ахир, бизлар тўғри одамлармиз-ку? Нимага ўшалардай дўст, ҳамфикр, ҳамжиҳат бўлмаслигимиз керак? Иўқ, кечирасизлар, шундай бўляпмиз-у…
— Бу ўзимизга боғлиқ, Ўтбосар. Аммо, ака, сиз ҳам ўткир гап қилдингиз.
— Бугун ўзи фақат ақлли гаплар айтиладиган кун экан, — деб тўнғиллади. Абулқосим. — Лекин бир кишидан ақлли гап чиқмади-да, а, Эшқувват?
Эшқувват уни қисиб-қучоқлаб олди.
— Отвораман!
Машина секинлади.
Шунда мутлақо кутилмаган мўъжиза содир бўлди: машина ортидан учиб, аммо бир сония ҳам тўхтамасдан чуриллаб келаётган бир каклик (какликлар одатда шерикларини ҳам хавфдан огоҳ этиш учун, айниқса, ердан кўтарилганда жуда қаттиқ овоз чиқаришади ва қанотларини ҳам беҳад қаттиқ қарсиллатишади) машинадагиларни ўзига қаратгани ҳолда келди, келди, келди-ю… бортга пасайди. Қўндим деганда сурилиб кетиб, нақ қафасга урилди. Унинг бўйнидан қон оқар, у — Қорақош эди. Буни қарангки, қуш урилганда, қафас думалаб кетиб, ёнбошлаб қолган жонивор …қафасига кириб олди. Кўкрагига туф-туфлаётган чол аста қўл узатиб, қафасни тикка қилиб қўйди. Бутун пат-у парлари тик туриб кетган, нафас олиши шундоқ билинаётган қуш бағрини бортга бериб, ётиб олди.
Ниҳоят, ҳамма Мансурга қаради. Мансурнинг кўзлари ғилқ ёшга тўлган эди. У астагина чўнқайиб, қафасни силади. Кейин қафасни кўтариб, какликнинг ўзини силамоқчи бўлувди, жонивор бир сапчиб, эгасининг тиззасига чиқиб олди-да, яна писиб қолди.
— Э, сени қара-ю, қадрдон, — дея Мансур унинг бошини силади. Кейин рўмолчасини чиқариб, қушнинг бўйнини артди. Сўнг тулкининг тиши кирган жойларини очиб бокди. Ва: — Мўъжиза, а, биродарлар? — деди ҳамроҳларининг бу гапни маъқуллашларини истаб.
— Ундан ҳам бадтар, — деди Ўтбосар қушдан кўз олмай. — Ишонасизларми, менинг ҳурматим ошиб кетди бу какликка… — Кейин какликка тикилганча соқолини чимдиб тортаётган Қоровулга дўқ қилди:
— Бу сиру синога нима дейсиз энди, қария?
— Оғажон, менинг ёдимга плугдан чиққан чўбир от тушди, — деди чол. — Ўргатиш ёмон бўлар экан-да. Энди хаёл қиламанки, бу жониворни ҳам эркинликка ўрганиши кийин бўлади…
— Мен нима деб эдим?! — дея кучаниб пўписа қилгандек бўлди мусиқа муаллими. — Сен ўзинг айт, эй, туремшик?
— Мен тушундим, — деди Мансур. — Буниям озодликка ўргатиш керак экан. Жонивор, менгаям, қафасгаям жудаям…
— Ана бу бошқа гап! — деди Омонбой. — Андерсон хоним бир қоплонни эркинликка ўргатаман деб…
— Бас, жиндак гапирмай турайлик, — деб қолди шунда Ўтбосар. — Ҳей, ҳайда мошинангни! Фермага ҳайда… Муни даволайлик. Кейин ўйлашиб кўрамиз… Мансур ака, шуни барибир озоддикка ўргатасиз-а?
— Ўргатмасам, ҳар нарса бўлай! — деди Ман-сур. — Шундай какликнинг тор қафасда яшаши увол… Мен айбдорман. Мен… Лекин эркинликка ўргатаман. — Кейин бирдан ҳаяжонланиб кетди. — Энди, энди келишида тулкига ҳазир бўлади…
— Бу табиий ҳол, — деди муаллим. — Демак, эркинликка ўргатиш мумкин. — Кейин ҳаммага бир-бир қараб чиқди. — Бизлар ахир, одам бўлатуриб, аранг ўрганяпмизу озодликка… Тўғрими, Хаттабич? Эй, ўша чўбир отингиз кейинчалик тўғри юришни ўрганиб кетганмиди?
— Ҳа, аста-секин, — деди чол. — Кейин жарга учиб…
— Гап тамом.
Шунда Мансур Ўтбосарга ялинди:
— Укажон, тўғри уйга кетайлик. Буни ўзим даволайман. Гиёҳлар билан…
Ўтбосар бошини қийшайтириб, елкасини учириб қўйди.
— Майли, унчалик бўлса.
Йўлни тўсган олатаёқдан нарида Эшқувват билан Ўтбосар қолди. Бошқалар мошинга чиқишаркан, ҳар икки томон ҳам тезда яна учрашишларига кўз тутиб, гўё шундай қилмасалар — нимагадир хиёнат этадигандек каби хўшлашар эди.
Ичаксойнинг у қирғоғига чиққан мошина энишга шитоб билан тушиб кетди.
Абулқосим — Абулқосим-да: мошинани тобора тезлатиб, лўкиллатиб кетаркан, тепадагилар беихтиёр бир-бирларининг беллари, елкаларидан қучишар, эди: акс ҳолда… Мансур эса Қорақошни бағрига босиб ўтирар, унга нималарнидир шивирлар эди.

1994

011

(Tashriflar: umumiy 267, bugungi 1)

1 izoh

  1. Pingback: Shafoat

Izoh qoldiring