Haynrix Byoll. Chaqirilmagan mehmonlar.

08
Ачинарли ҳолат шундан иборатки, аёлим аллақайси фирма ё корхоналарнинг маҳсулотларини уйма-уй санқиб тарғиб қиладиган, кўчама-кўча савдо қиладиганларни ҳам тирсагидан итармайди, шунинг учун ҳам менинг ўйимча, уйимизда энг керакли деб ҳисобланмайдиган маҳсулотлар уюми ҳам кундан-кун бўй чўзаётир. Мисол учун, совун, чўтка, соқол оладиган пискалар, тўр учун жун кабиларни олинг, айниқса, мени қутида қанақадир ҳисоб рақамларию мажбуриятлар ҳақидаги ҳужжатларнинг тўпланаётгани кўпроқ безовта қилади.

ҲАЙНРИХ БЁЛЛ
ЧАҚИРИЛМАГАН МЕҲМОНЛАР
Русчадан Ҳусан Эрматов таржимаси
01

03 Ҳайнрих Теодор Бёлль (21 декабрь 1917 – 16 июль 1985) – немис ёзувчиси ва романнависи. Кёлнда туғилган. Мактабни тугатгандан сўнг гитлерюгенд таркибига қўшилади. 1939 йили хизматга чақирилган ёш Белль Шарқий ва Ғарбий фронтда капрал лавозимида хизмат қилади. 1945 йили америкаликлар томонидан асирга олинади. Урушдан сўнг Кёльн университетида ўқийди. 1949 йили илк қиссаси «Поезд ўз вақтида келди» («Der Zug war punktlich») номи билан чоп этилади.
У 1972 йили у адабиётдаги хизматлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлади. Унинг «Пичоқли одам» (Der Mann mit den Messern, 1948), «Менинг азиз оёғим» (Mein teures Bein, 1950), «Қинчанғи қўйлар» (Die schwarzen Schafe, 1951), «Қаерда эдинг Адам» (Wo warst du, Adam?, 1951), «Балеклар тарозиси» (Die Waage der Baleks, 1952), «Бир аскар қопчасининг тарихи» (Abenteuer eines Brotbeutels, 1953), «Почта откриткаси» (Die Postkarte, 1953), «Хўжасиз уй» (Haus ohne Hüter, 1954), «Ёмон романлардагидек» (Wie in schlechten Romanen, 1956), «Ирланд кундалиги» (Irisches Tagebuch, 1957), «Тутқич бермаслар» (Die Spurlosen, 1957), «Доктор Муркенинг сукути» (Doktor Murkes gesammeltes Schweigen, 1955), «Катарина Блюмнинг йўқотилган обрўси» (Die verlorene Ehre der Katharina Blum, 1974), «Миналаштирилган ҳудуд» (Vermintes Gelände, 1982) каби асарлари машҳур.

01

Умуман олиб қараганда, жониворларга қарши эмасман, аксинча, уларга муносабатим жуда яхши, мисол учун, кечқурунлари кучугимизнинг бошини силаш ёки мушугимизни тиззамга олиб эркалаш мен учун одатга айланган. Яна, олайлик, болалар хонанинг бир бурчагида тошбақани қандай қилиб озиқлантираётганини кўрсам ҳам хурсанд бўлиб кетаман. Ҳатто биз ваннада сақлайдиганимиз кичкина бегемотча ҳам юрагимдан жой эгаллаган десам ёлғон бўлмайди. Бутун хоналаримиз бўйлаб эркин сайр қилиб юрадиган уй қуёнларини айтмай қўяверинг, уларнинг бу юришларидан аллақачонлар безовта бўлмай қўйганман. Булардан ташқари, кечалари тўсатдан пайдо бўладиган меҳмонлар – мунгли оҳангда чийиллаб келадиган жўжа ёки хотиним бошпана бериб сийлайдиган дайди итга дуч келиб қолишга ҳам ўрганиб қолганман. Хотиним ниҳоятда меҳрибон-да, ҳеч кимга – одамми, ҳайвонми, фарқи йўқ, бошпана керак бўл-са рад этмайди, кечалари ўқиладиган дуосида қачонлардан бери такрорланиб келадиган сўзларни айтсам бунга ўзингиз ҳам ишонарсиз: «Аллоҳим, бизга ночор одамлар ва жониворларни ўзинг етказгайсан…»

Ачинарли ҳолат шундан иборатки, аёлим аллақайси фирма ё корхоналарнинг маҳсулотларини уйма-уй санқиб тарғиб қиладиган, кўчама-кўча савдо қиладиганларни ҳам тирсагидан итармайди, шунинг учун ҳам менинг ўйимча, уйимизда энг керакли деб ҳисобланмайдиган маҳсулотлар уюми ҳам кундан-кун бўй чўзаётир. Мисол учун, совун, чўтка, соқол оладиган пискалар, тўр учун жун кабиларни олинг, айниқса, мени қутида қанақадир ҳисоб рақамларию мажбуриятлар ҳақидаги ҳужжатларнинг тўпланаётгани кўпроқ безовта қилади. Ўғилларим ўқиши даври учун, қизларим эрга теккунига қадар суғурта қилинган, аммо ўзингиз ўйланг, ахир уларни то имтиҳонлари тугагунча ёки то тўй куни келгунига қадар совун ёки тўр билан овқатлантира олмаймиз-ку, ва ҳатто манави соқол оладиган пискалар ҳам инсон танаси учун ҳар доим ҳам фойдали эмас.
Мана кўрдингизми, худди мана шу ердан менинг енгилгина сабрсизлигим куртакланади, аслида мендек хотиржам ва бағри кенг одамни топиш қийин.

Тез-тез ўзимнинг стол тагига бемалол ўрнашиб беғамлик билан сабзи кавшаётган қуёнчаларга ҳасад билан қараётганимни, ваннамизда пўпанак ёйиб ўтирган бегемотга қараб эса ўзимда унинг тилини суғуриб олиш иштиёқи пайдо бўлганини сезиб қоламан. Ҳатто матонат билан салат баргларини жиғилдонига жўнатаётган тошбақа ҳам менинг юрагимни қандай ташвишлар ўртаб турганини билмайди. Ахир одаммиз-ку, хушбўй кофе, тамаки, нон ва тухум, бир рюмка ароқ ютумидан сўнг танангда пайдо бўладиган инсоний меҳр билан чулғаб олинган оромбахш илиқлик истайди кўнгил. Биттагина тасаллим – кучугимиз Белло. У ҳам худди мен каби очликдан увиллайди. Шулардан ҳам кейин тағин чақирилмаган меҳмонлар – менга ўхшаб соқоллари ўсиб кетган замондошларимиз, болаларини кўтариб олган оналар кириб келса, демак, болаларни иссиқ сут ва намланган сухари билан овқатлантириш лозимки, бундай пайтда мен бутун кучимни тўплаб чидам ва бардош билан хотиржамликни сақлашим лозим бўлади. Ва мен ўша хотиржамликни сақлайман, бошқа сақлайдиган нарсанинг ўзи қолмаган.

Шундай кунлар бўладики, эндигина қайнаб чиққан сап-сариқ картошкага тикилиб сўлакларим оқади, чунки мен қанча оғир бўлмасин, тан оламан ва қизариблар кетаманки, бизнинг ошхонамиз аллақачон одоб ва иззат сақланадиган ошхона мақомига сазовор бўлмай қолган. Турли ёввойи ҳайвонлар ва одам зотига тегишли меҳмонлар қуршовида вақт-бевақт мутлақо тасодифий ва ҳеч қандай тайёргарликсиз ҳолда овқатланиш тадбирларини уюштиришга мажбур бўламиз.

Бахтимизга хотиним узоқ муддатга бизга мутлақо керак бўлмайдиган матоҳларни сотиб олиш имконидан маҳрум, чунки бизнинг нақд пулимиз тугаган, менинг ҳисобимга тушадиган маблағлар ҳам номаълум муддатга кечиктирилган. Ўзим бўлсам, мени танимасликлари учун ташқи кўринишимни ўзгартириб, кечалари шаҳар атрофларини айланаман, одамларга писка, совун, тугма каби нарсаларни нархидан анча паст баҳога пуллайман, ахир аҳволимиз шуни тақозо қиляпти-да.

Аммо шу нарсани таъкидлашим лозимки, ҳали уйда бир центнердан ортиқ совун, бир неча минг писка, кўп миқдорда турли-туман тугмалар бор, уйга ярим кеча ҳориб-чарчаб қайтарканман, мени болаларим, ҳайвонларимиз ва рафиқам кўзлари ёниб кутиб олишади, чунки йўлдан одатда нимадир – нон, кофе, олма, ёғ ёки картошка харид қилган бўламан, улар муштоқ бўлиб кутаётганидек, егулик билан келаман. Тун яримдан оққанда, бутун оиламиз – болаларим, ҳайвонларимиз ва хотиним билан кувонч онлари бўлмиш овқатланиш маросимига киришамиз. Хурсанд бўлган фарзандларимдан тортиб қувончдан кўзлари порлайдиган ҳайвонларимизгача мени ўраб олишади, рафиқам эса менга табассум билан боқади, бегемот ёлғизликдан ўксинмаслиги учун биз атайлаб ваннанинг эшигини очиб қўямиз, унинг мамнун хур-хурлаши эса бизга эшитилиб туради.

Одатда бундай пайтларда хотиним овқатланиб, асабларим бироз жойига тушиб, хотиржам бўлиб олганимдан кейингина қазноққа яна бир қўшимча меҳмонни яшириб қўйганини тан олади. Қарабсизки аллақандай, бир журъатсиз, соқоллари ўсиб кетган эркаклар қўлларини ишқалаб дастурхонимизга келиб ўрнашишади, аёллар бўлса скамейкада ўтирган болаларимизнинг орасига сиқилишади ва анави додлаётган болачалари учун сут қайнатишга киришишади. Менинг жиним суймайдиган бошқа ёввойи ҳайвонлар ҳам худди мана шу услубда менга таниш-тирилади: балиқчи қушлар, тулки, чўчқа, бир куни улар орасида ҳатто бир ўркачли туя боласи ҳам бор эди.

– Қарагин, ажойиблигини! – хотинимнинг бу ундовли хитобидан кейин мен ҳам туянинг ажойиблигини тан олишимга тўғри келди, ва енгил, билинар-билинмас хавотир билан бу жонивор кўкимтир кўзлари билан менга зимдан қараб бутун важоҳати ва кучини жағига жамла-ган кўйи озиқланаётганини кузатдим. Бахтни қаранг, туявой бизнинг хонадонда бор-йўғи бир ҳафтагина меҳмон бўлди, холос. Бу пайтда менинг ишларим анча яхши бўлиб қолган эди: маҳсулотларимнинг юқори сифатлилиги ва нарх-навосининг пастлиги мени анча машҳур қилиб юборган ва мен оддий шароитда зарур бўлмаган нарсаларни ҳам сотишга муваффақ бўла бошладим, булар пойабзаллар учун иплар ва чўткалар эди. Бу бизнинг гўёки гуллаб яшнаётганимизнинг кўринишига ўхшарди ва хотиним иқтисодиётнинг қоидаларига тупуриб қўйиб мени хижолатга солувчи иборани ишлатди: «Биз юқорилаб кетяпмиз!». Ахир мен ўз томонимдан совун заҳиралари тугаб бораётгани, пискалар сони қисқариб қолгани ва ҳатто, чўтка-ю тўрлар заҳираси ҳам қаноатланишга сабаб бўлмаслигини яққол кўриб турардим.

Руҳий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлиб юрган кунларимнинг бирида стол атрофида жимгина ўтирарканмиз, уйимиз бехосдан зилзила бўлаётгандек силкина бошлади, столнинг қимирлаганидан колбаса бўлаги менинг ликопчамдан сирғалиб тушди. Мен сакраб турдим ва нима бўлаётганини билмоқчи бўлдим, болаларим эса кулгидан ўзларини зўрға тийиб туришарди.

– Бу ерда нима бўляпти ўзи? – саргузаштларга бой ҳаётимда илк бор ўзимни тутиб тура олмай бақириб юбордим.
– Вальтер, – деди оҳиста овозда хотиним санчқини қўяр экан, – бу ўзимизнинг Волло.

Хотиним ҳўнг-ҳўнг йиғларди, унинг кўз ёшлари олдида ожизман, ахир у менга еттита фарзанд туғиб берган.
– Қанақа Волло? – дея сўрадим ҳорғинлик билан. Бу пайтда уйимиз яна бир тебраниб олди.
– Волло бизнинг ертўламизда ўтирган фил, – деди кичкина қизим.
Тўғрисини айта қолай, эсанкираб қолдим. Ўйлайманки, менинг бу довдираб қолганимни ту-шунишингиз қийин бўлмайди. Шу пайтгача туядан йирик бўлган жониворларга бошпана бермаганмиз, шу боисдан фил учун бизнинг хонадонимиз анчагина кичиклик қилади, чунки давлат томонидан қуриладиган уй-жой бизга насиб этгани йўқ.

Рафиқам ва фарзандларим ҳеч нарса бўлмагандек инқирозга учраган цирк хўжайини ўз филини бизнинг уйимизда сақлашга қарор қилганини менга тушунтира кетишди. Фил биз одатда кўмир туширадиган тарнов орқали хотиржамлик билан ертўлага тушибди.
– У коптокка ўхшаб юмалоқ бўлиб олди, – деди катта ўғлим. – Шунақа ақлли эканки…

Албатта, мен ҳам филнинг ақлий салоҳиятига шубҳа қилганим йўқ ва унинг борлигига ҳам кўндим ва мени тантанавор ҳолатда ертўлага бошладилар. Фил унча катта эмас экан, у қулоқларини қоқиб турарди, нафсиламбрини айтганда, унга емиш сифатида бир уюм сомон ажратишганидан бўлса керак, бу туришидан мамнунлиги кўриниб турарди.
– Ростдан ҳам ажойиб, тўғрими? – сўради хотиним, бироқ мен бунга жавоб беришни лозим топмадим. «Ажойиб» деган сўз менинг наздимда, фил учун мутлақо тўғри келмас эди. Умуман, оиладошларим менинг бу янгиликни завқ-шавққа тўлиб қаршиламаганимдан таассуфда эди албатта. Ертўладан чиқарканмиз, рафиқам ҳатто менга дакки ҳам берди:
– Қанчалар пасткашлик? Наҳотки, бояқиш жониворнинг арзон гаров сотилиб кетишини истасанг?
– Пасткашлик, арзон-гаров деган гапларнинг нима алоқаси бор? Ким ошди савдоси орқали сотилиши лозим бўлган нарсаларни яшириш ноқонуний ҳисобланади.
– Менга барибир, – дея жаврашда давом этди хотиним. – Жониворни сақлаб қолишимиз шарт.

Ярим кечаси тортинчоқлиги кўриниб турган, тим қора сочли цирк эгаси бизни уйғотди. У яна бир ёввойи ҳайвонга бошпана бера олиш ёки олмаслигимизни билгани келган экан.
– Бу менинг энг охирги бойлигим, сўнгги мулким. Бор-йўғи бир кечага. Айтганча, фил қандай яшаяпти?
– Яхши, – деди рафиқам, – фақат унинг ошқозони мени безовта қиляпти.
– Бу табиий, – жавоб берди меҳмон. – Шароит ўзгариши билан боғлиқ ҳолат бу. Ёввойи ҳайвонлар шунақа таъсирчан бўлишади. Нима қилдик, менинг мушугимни бир кечага оласизларми?

У менга қараб турарди, хотиним биқинимга туртиб деди:
– Бунақа шафқатсиз бўлмасанг-чи…
– Шафқатсиз? – такрорладим мен. – Яхши, мен раҳмдил бўлишга ҳаракат қиламан, марҳамат, мушукни ошхонага жойлаштиришинг мумкин.
– У ҳозир кўчада, машинада, – деди цирк хўжайини.

Мушукнинг кейинги тақдирини хотинимга топшириб тўшакка қайтдим. Рафиқам ранги сўлиб, ҳатто бироз қалтираган кўйи қайтиб келди.
– Совуқ қотдингми? – дея сўрадим.
– Ҳа, – деди у жавобан, – негадир жунжикиб кетяпман.
– Бу чарчаганингдан бўлса керак.
– Балки шундайдир, – дея менга ғалати қараш қилди.

Тун осуда ўтди. Аммо тушимда ҳам хотинимнинг ўша ғалати қарашини кўрдим ва нимагадир одатдагидан барвақт ўрнимдан турдим. Шунда мен умримда илк бор соқолимни олишга қарор қилдим. Ошхонадаги стол тагида ўртача катталикдаги шер ётарди. У бамайлихотир ухлар, фақат думининг учи сал-сал қимирлаб худди тўп ўйнаётгандек енгил дукирлаб қўярди.

Мен имкон қадар шовқин солмасликка интилиб юзларимни оҳиста совунладим, бироқ юзимни ўнгга буриб чап лунжимни қиртишлашга киришарканман, шер кўзларини очиб мени кузатиб турганини кўрдим. У нимани ўйлаётганини билмайман, бироқ у мени кузатиб турибди, мен эса соқолимни олишда давом этяпман ва ҳатто бирон жойимни кесиб ҳам олмадим, бироқ шуни таъкидлашни истардимки, шернинг гувоҳлигида соқол олиш ғайриоддий таассурот уйғотар экан.

Йиртқич ҳайвонлар билан муомалага киришиш борасида тажрибам ниҳоятда оз бўлгани боис шернинг кўзларига тикилиб қарадим, юзимни артдим ва шундан сўнг ётоқхонага қайтиш билан чегараландим. Хотиним уйғонган ва менга нимадир демоққа чоғлана бошлаган эди, унинг оғзини очишига йўл бермай бақирдим:
– Яна нима демоқчисан ўзи?
Шунда рафиқам йиғлаб юборди, ва мен, унинг сочларини силарканман, энди мулойим овозда дедим:
– Ўзинг ўйлаб кўр, ахир бу бироз ғалати эмасми?
– Сенингча, нима ғалати эмас? – деди йиғи аралаш у, мен унга нима деб жавоб беришни билмасдим.

Бу орада қуёнлар уйғониб қолишди, ваннада болалар бир ёқдан, кейин бегемотимиз, уни Готлиб деб атардик, унинг шовқини эшитилди, Белло ҳам уйғониш сари ҳаракатга тушган, фақатгина тошбақа ҳамон уйқуда эди, умуман, у ҳамма вақт ухларди.

Мен қуёнларни ошхонага олиб тушдим, шкаф тагида уларнинг озуқаси кутарди. Қуёнлар шерни ҳидлаб ўтишди, шер эса уларни, болалар эса – улар анча эпчил ва дадил, йиртқич жониворлар билан тил топишиб кетганидан аллақачон ошхонада эдилар. Назаримда, шер ҳам менга кулиб турарди, буни кўрган ёш жиҳатидан учинчи ўғлим дарров жониворга ном топган бўлди: Бомбилиус. Уни шундай аташга қарор қилдик.
Бир неча кундан сўнг шер билан филни олиб кетишди. Шуни қайд этишим жоизки, фил билан хайрлашарканман, бундан хафа бўлмадим, чунки у назаримда бироз бефаҳмроқ эди, бемалолхўжа ва мулойим шер эса юрагимдан жой олганди, Бомбилиуснинг бизни тарк этишидан анчагина хафа бўлдим. Мен унга ўрганиб қолган эканман, у менинг қалбимдан ўрин олган ҳайвонларнинг биринчиси эди.

Ashampoo_Snap_2016.12.21_23h04m00s_003_.pngHAYNRIX  BYOLL
CHAQIRILMAGAN MEHMONLAR
Ruschadan Husan Ermatov tarjimasi
01

022Haynrix Teodor Byoll (21 dekabr 1917 – 16 iyul 1985) – nemis yozuvchisi va romannavisi. Kyolnda tug’ilgan. Maktabni tugatgandan so’ng gitleryugend tarkibiga qo’shiladi. 1939 yili xizmatga chaqirilgan yosh Bell` Sharqiy va G’arbiy frontda kapral lavozimida xizmat qiladi. 1945 yili amerikaliklar tomonidan asirga olinadi. Urushdan so’ng Kyol`n universitetida o’qiydi. 1949 yili ilk qissasi «Poezd o’z vaqtida keldi» («Der Zug war punktlich») nomi bilan chop etiladi.
U 1972 yili u adabiyotdagi xizmatlari uchun Nobel` mukofotiga sazovor bo’ladi. Uning «Pichoqli odam» (Der Mann mit den Messern, 1948), «Mening aziz oyog’im» (Mein teures Bein, 1950), «Qinchang’i qo’ylar» (Die schwarzen Schafe, 1951), «Qaerda eding Adam» (Wo warst du, Adam?, 1951), «Baleklar tarozisi» (Die Waage der Baleks, 1952), «Bir askar qopchasining tarixi» (Abenteuer eines Brotbeutels, 1953), «Pochta otkritkasi» (Die Postkarte, 1953), «Xo’jasiz uy» (Haus ohne Huter, 1954), «Yomon romanlardagidek» (Wie in schlechten Romanen, 1956), «Irland kundaligi» (Irisches Tagebuch, 1957), «Tutqich bermaslar» (Die Spurlosen, 1957), «Doktor Murkening sukuti» (Doktor Murkes gesammeltes Schweigen, 1955), «Katarina Blyumning yo’qotilgan obro’si» (Die verlorene Ehre der Katharina Blum, 1974), «Minalashtirilgan hudud» (Vermintes Gelande, 1982) kabi asarlari mashhur.

04

Umuman olib qaraganda, jonivorlarga qarshi emasman, aksincha, ularga munosabatim juda yaxshi, misol uchun, kechqurunlari kuchugimizning boshini silash yoki mushugimizni tizzamga olib erkalash men uchun odatga aylangan. Yana, olaylik, bolalar xonaning bir burchagida toshbaqani qanday qilib oziqlantirayotganini ko’rsam ham xursand bo’lib ketaman. Hatto biz vannada saqlaydiganimiz kichkina begemotcha ham yuragimdan joy egallagan desam yolg’on bo’lmaydi. Butun xonalarimiz bo’ylab erkin sayr qilib yuradigan uy quyonlarini aytmay qo’yavering, ularning bu yurishlaridan allaqachonlar bezovta bo’lmay qo’yganman. Bulardan tashqari, kechalari to’satdan paydo bo’ladigan mehmonlar – mungli ohangda chiyillab keladigan jo’ja yoki xotinim boshpana berib siylaydigan daydi itga duch kelib qolishga ham o’rganib qolganman. Xotinim nihoyatda mehribon-da, hech kimga – odammi, hayvonmi, farqi yo’q, boshpana kerak bo’l-sa rad etmaydi, kechalari o’qiladigan duosida qachonlardan beri takrorlanib keladigan so’zlarni aytsam bunga o’zingiz ham ishonarsiz: «Allohim, bizga nochor odamlar va jonivorlarni o’zing yetkazgaysan…»

Achinarli holat shundan iboratki, ayolim allaqaysi firma yo korxonalarning mahsulotlarini uyma-uy sanqib targ’ib qiladigan, ko’chama-ko’cha savdo qiladiganlarni ham tirsagidan itarmaydi, shuning uchun ham mening o’yimcha, uyimizda eng kerakli deb hisoblanmaydigan mahsulotlar uyumi ham kundan-kun bo’y cho’zayotir. Misol uchun, sovun, cho’tka, soqol oladigan piskalar, to’r uchun jun kabilarni oling, ayniqsa, meni qutida qanaqadir hisob raqamlariyu majburiyatlar haqidagi hujjatlarning to’planayotgani ko’proq bezovta qiladi. O’g’illarim o’qishi davri uchun, qizlarim erga tekkuniga qadar sug’urta qilingan, ammo o’zingiz o’ylang, axir ularni to imtihonlari tugaguncha yoki to to’y kuni kelguniga qadar sovun yoki to’r bilan ovqatlantira olmaymiz-ku, va hatto manavi soqol oladigan piskalar ham inson tanasi uchun har doim ham foydali emas.
Mana ko’rdingizmi, xuddi mana shu yerdan mening yengilgina sabrsizligim kurtaklanadi, aslida mendek xotirjam va bag’ri keng odamni topish qiyin.

Tez-tez o’zimning stol tagiga bemalol o’rnashib beg’amlik bilan sabzi kavshayotgan quyonchalarga hasad bilan qarayotganimni, vannamizda po’panak yoyib o’tirgan begemotga qarab esa o’zimda uning tilini sug’urib olish ishtiyoqi paydo bo’lganini sezib qolaman. Hatto matonat bilan salat barglarini jig’ildoniga jo’natayotgan toshbaqa ham mening yuragimni qanday tashvishlar o’rtab turganini bilmaydi. Axir odammiz-ku, xushbo’y kofe, tamaki, non va tuxum, bir ryumka aroq yutumidan so’ng tanangda paydo bo’ladigan insoniy mehr bilan chulg’ab olingan orombaxsh iliqlik istaydi ko’ngil. Bittagina tasallim – kuchugimiz Bello. U ham xuddi men kabi ochlikdan uvillaydi. Shulardan ham keyin tag’in chaqirilmagan mehmonlar – menga o’xshab soqollari o’sib ketgan zamondoshlarimiz, bolalarini ko’tarib olgan onalar kirib kelsa, demak, bolalarni issiq sut va namlangan suxari bilan ovqatlantirish lozimki, bunday paytda men butun kuchimni to’plab chidam va bardosh bilan xotirjamlikni saqlashim lozim bo’ladi. Va men o’sha xotirjamlikni saqlayman, boshqa saqlaydigan narsaning o’zi qolmagan.

Shunday kunlar bo’ladiki, endigina qaynab chiqqan sap-sariq kartoshkaga tikilib so’laklarim oqadi, chunki men qancha og’ir bo’lmasin, tan olaman va qizariblar ketamanki, bizning oshxonamiz allaqachon odob va izzat saqlanadigan oshxona maqomiga sazovor bo’lmay qolgan. Turli yovvoyi hayvonlar va odam zotiga tegishli mehmonlar qurshovida vaqt-bevaqt mutlaqo tasodifiy va hech qanday tayyorgarliksiz holda ovqatlanish tadbirlarini uyushtirishga majbur bo’lamiz.

Baxtimizga xotinim uzoq muddatga bizga mutlaqo kerak bo’lmaydigan matohlarni sotib olish imkonidan mahrum, chunki bizning naqd pulimiz tugagan, mening hisobimga tushadigan mablag’lar ham noma’lum muddatga kechiktirilgan. O’zim bo’lsam, meni tanimasliklari uchun tashqi ko’rinishimni o’zgartirib, kechalari shahar atroflarini aylanaman, odamlarga piska, sovun, tugma kabi narsalarni narxidan ancha past bahoga pullayman, axir ahvolimiz shuni taqozo qilyapti-da.

Ammo shu narsani ta’kidlashim lozimki, hali uyda bir sentnerdan ortiq sovun, bir necha ming piska, ko’p miqdorda turli-tuman tugmalar bor, uyga yarim kecha horib-charchab qaytarkanman, meni bolalarim, hayvonlarimiz va rafiqam ko’zlari yonib kutib olishadi, chunki yo’ldan odatda nimadir – non, kofe, olma, yog’ yoki kartoshka xarid qilgan bo’laman, ular mushtoq bo’lib kutayotganidek, yegulik bilan kelaman. Tun yarimdan oqqanda, butun oilamiz – bolalarim, hayvonlarimiz va xotinim bilan kuvonch onlari bo’lmish ovqatlanish marosimiga kirishamiz. Xursand bo’lgan farzandlarimdan tortib quvonchdan ko’zlari porlaydigan hayvonlarimizgacha meni o’rab olishadi, rafiqam esa menga tabassum bilan boqadi, begemot yolg’izlikdan o’ksinmasligi uchun biz ataylab vannaning eshigini ochib qo’yamiz, uning mamnun xur-xurlashi esa bizga eshitilib turadi.

Odatda bunday paytlarda xotinim ovqatlanib, asablarim biroz joyiga tushib, xotirjam bo’lib olganimdan keyingina qaznoqqa yana bir qo’shimcha mehmonni yashirib qo’yganini tan oladi. Qarabsizki allaqanday, bir jur’atsiz, soqollari o’sib ketgan erkaklar qo’llarini ishqalab dasturxonimizga kelib o’rnashishadi, ayollar bo’lsa skameykada o’tirgan bolalarimizning orasiga siqilishadi va anavi dodlayotgan bolachalari uchun sut qaynatishga kirishishadi. Mening jinim suymaydigan boshqa yovvoyi hayvonlar ham xuddi mana shu uslubda menga tanish-tiriladi: baliqchi qushlar, tulki, cho’chqa, bir kuni ular orasida hatto bir o’rkachli tuya bolasi ham bor edi.

– Qaragin, ajoyibligini! – xotinimning bu undovli xitobidan keyin men ham tuyaning ajoyibligini tan olishimga to’g’ri keldi, va yengil, bilinar-bilinmas xavotir bilan bu jonivor ko’kimtir ko’zlari bilan menga zimdan qarab butun vajohati va kuchini jag’iga jamla-gan ko’yi oziqlanayotganini kuzatdim. Baxtni qarang, tuyavoy bizning xonadonda bor-yo’g’i bir haftagina mehmon bo’ldi, xolos. Bu paytda mening ishlarim ancha yaxshi bo’lib qolgan edi: mahsulotlarimning yuqori sifatliligi va narx-navosining pastligi meni ancha mashhur qilib yuborgan va men oddiy sharoitda zarur bo’lmagan narsalarni ham sotishga muvaffaq bo’la boshladim, bular poyabzallar uchun iplar va cho’tkalar edi. Bu bizning go’yoki gullab yashnayotganimizning ko’rinishiga o’xshardi va xotinim iqtisodiyotning qoidalariga tupurib qo’yib meni xijolatga soluvchi iborani ishlatdi: «Biz yuqorilab ketyapmiz!». Axir men o’z tomonimdan sovun zahiralari tugab borayotgani, piskalar soni qisqarib qolgani va hatto, cho’tka-yu to’rlar zahirasi ham qanoatlanishga sabab bo’lmasligini yaqqol ko’rib turardim.

Ruhiy qo’llab-quvvatlashga muhtoj bo’lib yurgan kunlarimning birida stol atrofida jimgina o’tirarkanmiz, uyimiz bexosdan zilzila bo’layotgandek silkina boshladi, stolning qimirlaganidan kolbasa bo’lagi mening likopchamdan sirg’alib tushdi. Men sakrab turdim va nima bo’layotganini bilmoqchi bo’ldim, bolalarim esa kulgidan o’zlarini zo’rg’a tiyib turishardi.

– Bu yerda nima bo’lyapti o’zi? – sarguzashtlarga boy hayotimda ilk bor o’zimni tutib tura olmay baqirib yubordim.
– Val`ter, – dedi ohista ovozda xotinim sanchqini qo’yar ekan, – bu o’zimizning Vollo.

Xotinim ho’ng-ho’ng yig’lardi, uning ko’z yoshlari oldida ojizman, axir u menga yettita farzand tug’ib bergan.
– Qanaqa Vollo? – deya so’radim horg’inlik bilan. Bu paytda uyimiz yana bir tebranib oldi.
– Vollo bizning yerto’lamizda o’tirgan fil, – dedi kichkina qizim.
To’g’risini ayta qolay, esankirab qoldim. O’ylaymanki, mening bu dovdirab qolganimni tu-shunishingiz qiyin bo’lmaydi. Shu paytgacha tuyadan yirik bo’lgan jonivorlarga boshpana bermaganmiz, shu boisdan fil uchun bizning xonadonimiz anchagina kichiklik qiladi, chunki davlat tomonidan quriladigan uy-joy bizga nasib etgani yo’q.

Rafiqam va farzandlarim hech narsa bo’lmagandek inqirozga uchragan sirk xo’jayini o’z filini bizning uyimizda saqlashga qaror qilganini menga tushuntira ketishdi. Fil biz odatda ko’mir tushiradigan tarnov orqali xotirjamlik bilan yerto’laga tushibdi.
– U koptokka o’xshab yumaloq bo’lib oldi, – dedi katta o’g’lim. – Shunaqa aqlli ekanki…

Albatta, men ham filning aqliy salohiyatiga shubha qilganim yo’q va uning borligiga ham ko’ndim va meni tantanavor holatda yerto’laga boshladilar. Fil uncha katta emas ekan, u quloqlarini qoqib turardi, nafsilambrini aytganda, unga yemish sifatida bir uyum somon ajratishganidan bo’lsa kerak, bu turishidan mamnunligi ko’rinib turardi.
– Rostdan ham ajoyib, to’g’rimi? – so’radi xotinim, biroq men bunga javob berishni lozim topmadim. «Ajoyib» degan so’z mening nazdimda, fil uchun mutlaqo to’g’ri kelmas edi. Umuman, oiladoshlarim mening bu yangilikni zavq-shavqqa to’lib qarshilamaganimdan taassufda edi albatta. Yerto’ladan chiqarkanmiz, rafiqam hatto menga dakki ham berdi:
– Qanchalar pastkashlik? Nahotki, boyaqish jonivorning arzon garov sotilib ketishini istasang?
– Pastkashlik, arzon-garov degan gaplarning nima aloqasi bor? Kim oshdi savdosi orqali sotilishi lozim bo’lgan narsalarni yashirish noqonuniy hisoblanadi.
– Menga baribir, – deya javrashda davom etdi xotinim. – Jonivorni saqlab qolishimiz shart.

Yarim kechasi tortinchoqligi ko’rinib turgan, tim qora sochli sirk egasi bizni uyg’otdi. U yana bir yovvoyi hayvonga boshpana bera olish yoki olmasligimizni bilgani kelgan ekan.
– Bu mening eng oxirgi boyligim, so’nggi mulkim. Bor-yo’g’i bir kechaga. Aytgancha, fil qanday yashayapti?
– Yaxshi, – dedi rafiqam, – faqat uning oshqozoni meni bezovta qilyapti.
– Bu tabiiy, – javob berdi mehmon. – Sharoit o’zgarishi bilan bog’liq holat bu. Yovvoyi hayvonlar shunaqa ta’sirchan bo’lishadi. Nima qildik, mening mushugimni bir kechaga olasizlarmi?

U menga qarab turardi, xotinim biqinimga turtib dedi:
– Bunaqa shafqatsiz bo’lmasang-chi…
– Shafqatsiz? – takrorladim men. – Yaxshi, men rahmdil bo’lishga harakat qilaman, marhamat, mushukni oshxonaga joylashtirishing mumkin.
– U hozir ko’chada, mashinada, – dedi sirk xo’jayini.

Mushukning keyingi taqdirini xotinimga topshirib to’shakka qaytdim. Rafiqam rangi so’lib, hatto biroz qaltiragan ko’yi qaytib keldi.
– Sovuq qotdingmi? – deya so’radim.
– Ha, – dedi u javoban, – negadir junjikib ketyapman.
– Bu charchaganingdan bo’lsa kerak.
– Balki shundaydir, – deya menga g’alati qarash qildi.

Tun osuda o’tdi. Ammo tushimda ham xotinimning o’sha g’alati qarashini ko’rdim va nimagadir odatdagidan barvaqt o’rnimdan turdim. Shunda men umrimda ilk bor soqolimni olishga qaror qildim. Oshxonadagi stol tagida o’rtacha kattalikdagi sher yotardi. U bamaylixotir uxlar, faqat dumining uchi sal-sal qimirlab xuddi to’p o’ynayotgandek yengil dukirlab qo’yardi.

Men imkon qadar shovqin solmaslikka intilib yuzlarimni ohista sovunladim, biroq yuzimni o’ngga burib chap lunjimni qirtishlashga kirisharkanman, sher ko’zlarini ochib meni kuzatib turganini ko’rdim. U nimani o’ylayotganini bilmayman, biroq u meni kuzatib turibdi, men esa soqolimni olishda davom etyapman va hatto biron joyimni kesib ham olmadim, biroq shuni ta’kidlashni istardimki, sherning guvohligida soqol olish g’ayrioddiy taassurot uyg’otar ekan.

Yirtqich hayvonlar bilan muomalaga kirishish borasida tajribam nihoyatda oz bo’lgani bois sherning ko’zlariga tikilib qaradim, yuzimni artdim va shundan so’ng yotoqxonaga qaytish bilan chegaralandim. Xotinim uyg’ongan va menga nimadir demoqqa chog’lana boshlagan edi, uning og’zini ochishiga yo’l bermay baqirdim:
– Yana nima demoqchisan o’zi?
Shunda rafiqam yig’lab yubordi, va men, uning sochlarini silarkanman, endi muloyim ovozda dedim:
– O’zing o’ylab ko’r, axir bu biroz g’alati emasmi?
– Seningcha, nima g’alati emas? – dedi yig’i aralash u, men unga nima deb javob berishni bilmasdim.

Bu orada quyonlar uyg’onib qolishdi, vannada bolalar bir yoqdan, keyin begemotimiz, uni Gotlib deb atardik, uning shovqini eshitildi, Bello ham uyg’onish sari harakatga tushgan, faqatgina toshbaqa hamon uyquda edi, umuman, u hamma vaqt uxlardi.

Men quyonlarni oshxonaga olib tushdim, shkaf tagida ularning ozuqasi kutardi. Quyonlar sherni hidlab o’tishdi, sher esa ularni, bolalar esa – ular ancha epchil va dadil, yirtqich jonivorlar bilan til topishib ketganidan allaqachon oshxonada edilar. Nazarimda, sher ham menga kulib turardi, buni ko’rgan yosh jihatidan uchinchi o’g’lim darrov jonivorga nom topgan bo’ldi: Bombilius. Uni shunday atashga qaror qildik.

Bir necha kundan so’ng sher bilan filni olib ketishdi. Shuni qayd etishim joizki, fil bilan xayrlasharkanman, bundan xafa bo’lmadim, chunki u nazarimda biroz befahmroq edi, bemalolxo’ja va muloyim sher esa yuragimdan joy olgandi, Bombiliusning bizni tark etishidan anchagina xafa bo’ldim. Men unga o’rganib qolgan ekanman, u mening qalbimdan o’rin olgan hayvonlarning birinchisi edi.

011

(Tashriflar: umumiy 136, bugungi 1)

Izoh qoldiring