Сонет ҳақида кўпчилик умумий тасаввурга эга. Сонетнинг фақат ўн тўрт қаторли шеър эмас, балки мураккаб ҳамда ниҳоятда юксак маҳорат талаб қиладиган шеърий шакл эканини ҳамма ҳам билмайди. Зеро, сонет бузилмас қонун асосида яратиладиган ғоявий-бадиий лирик асардир.Мумтоз сонетнинг гўзал намуналарини Данте, Петрарка, Бокаччо, Камоэнс, Ронсар, Эредиа, Бодлер, Митскевич, Брюсов, Колар, Бехер ва бошқа ўнлаб машҳур шоирлар ижодида учратиш мумкин. Айни пайтда, сатрлар сони ва жойлашуви қонуни бузилган, лекин сонет деб аталган шеърлар ҳам учрайди.
Абдулла Шер
СОНЕТ СИРЛАРИ
Сонет ҳақида кўпчилик умумий тасаввурга эга. Сонетнинг фақат ўн тўрт қаторли шеър эмас, балки мураккаб ҳамда ниҳоятда юксак маҳорат талаб қиладиган шеърий шакл эканини ҳамма ҳам билмайди. Зеро, сонет бузилмас қонун асосида яратиладиган ғоявий-бадиий лирик асардир. Унинг мумтоз намунаси ҳар бири ўн бир ҳижоли ўн тўрт мисрани, ҳаммаси бўлиб эллик тўрт ҳижони ўз ичига олади. У икки қисмдан ташкил топади, биринчи қисми икки қофия билан боғланган икки тўртлик (катрен)дан ва иккинчиси — эркин қофияланган икки учлик (тертсет)дан иборат бўлади.
Мумтоз сонетнинг гўзал намуналарини Данте, Петрарка, Бокаччо, Камоэнс, Ронсар, Эредиа, Бодлер, Митскевич, Брюсов, Колар, Бехер ва бошқа ўнлаб машҳур шоирлар ижодида учратиш мумкин. Айни пайтда, сатрлар сони ва жойлашуви қонуни бузилган, лекин сонет деб аталган шеърлар ҳам учрайди. Уларда фақат ўн тўрт сатрли умумий шакл сақланиб қолади, бошқа жанрий талаблар эса бажарилмайди. Масалан, В. Шекспир, Ж. Дон сингари инглиз шоирлари турли хил қофияланган ҳар бири тўрт мисрадан иборат уч банд ва икки мисрадан ташкил топган бир бандли шаклни, Пабло Неруда эса, катрен ва тертсетларга бўлинган, лекин қофиясиз ўн тўрт мисрали шеърни сонет, деб тақдим этадилар. Булар орасида, айниқса, Шекспирнинг бир юз эллик тўрт шеъри сонет номи билан машҳур. Улар ҳақиқатдан ҳам сонетми? Агар уларни сонет деб қабул қиладиган бўлсак, қатъий қонунга асосланган жанрий талабни қаёққа қўямиз? Ёки ўн тўрт сатрли ҳар бир шеърни сонет деб атайверишимиз керакми? Бу саволларга жавоб топиш учун тарихга ва у билан боғлиқ адабиёт тарихига мурожаат қилишимиз лозим бўлади.
Сонет атамаси италянча «Sonetto» ва провансал лаҳжасидаги «Sonet» сўзларидан келиб чиққан бўлиб, қўшиқ, жарангдор қўшиқ маъноларини англатади. У мустақил шеърий жанр сифатида дастлаб Ситсилия мактаби шоирларидан Жакомо да Лентини томонидан XIII асрнинг бошларида қўлланилган. Хўш, нима учун сонет ўрта асрларда, ундан аввал ёки кейин пайдо бўлмаган? Бундай қатъий қонун асосидаги бадиий асарнинг пайдо бўлишига нималар туртки берган? Бу борада бизнинг фаразларимиз қуйидагича.
Маълумки, ўрта асрларда, аниқроғи, унинг ўрталарида насронийлик Оврўпода ҳамма нарсани черковга бўйсундирди. Католик инквизицияси Инжилга мос келмайдиган ҳар қандай фикрни куфр деб эълон қилди ва бундай фикр эгасини гулханда ёқди. Мусулмон дунёсида эса, аксинча, ҳур фикрлиликка кенг йўл очилди ва инсон эркин ҳаракат ва эркин тафаккур қилишга ҳақли, деб ҳисобланди.
Қуръони каримда эътиқод билан бирга илм ва ахлоқ исломнинг уч илдизи сифатида талқин этилди, ислом — илм ва олимлар дини, олимлар — Аллоҳнинг дўсти, деб эълон қилинди. Натижада мусулмон Шарқида илмий, фалсафий ва бадиий тафаккур IX — XIII асрлар мобайнида мисли кўрилмаган юксакликка кўтарилди. Бу пайтда Оврўпо эса, кўпчилик ғарб мутафаккирлари эътироф этганларидек, «гумроҳлик ботқоғига» ботиб ётар эди. Ана шундай шароитда мусулмон олами, мусулмон Испанияси орқали, Оврўпони ғафлат уйқусидан уйғотувчи маънавий куч, қитъалар ва эътиқодлар орасидаги тафаккур кўприги бўлиб хизмат қилди. Ғарбда «Буюк таржималар даври», деб аталган XI — XIII асрларда Оврўпо тарихида улуғ Уйғониш рўй берди: мусулмон алломалари, бир томондан, қадимги юнон мутафаккирлари меросини тарғиб қилиш билан, иккинчи томондан, ана шу меросни тадрижий ривожлантирган ўзларининг буюк кашфиётлари орқали Оврўпони гумроҳлик ботқоғидан олиб чиқдилар. Буни мусулмон Испаниясининг Севилла, Қурдоба, Ғарната амирликларини қўлга киритиш жараёнида буюк маданиятдан ҳайратланган насронийлар қолдирган ёзма манбаларда яққол кўриш мумкин. Уларда ва ундан кейинги ҳужжатларда черков намояндалари испан зодагон ёшлари христиан бўла туриб, араб тили, ёзуви ва шеъриятини нозик нуқталаригача ўрганганликларини, черков таълимотларига юзаки қараб, ботинан мусулмонларнинг «чиройли ҳаёт» тамойилларига амал қилганликларини алам билан қайд этадилар.
Дарҳақиқат, XI — XIII асрларда ва ундан кейин ҳам мусулмон маданияти Оврўпо учун тақлид объектига айланди. Хоразмий (Алҳоретм), Фарғоний (Алфраганус), Форобий (Алфарабиус), Ибн Сино (Авиценна), Ғаззолий (Алгазали) сингари ўнлаб буюк олимларнинг асарлари лотинчага таржима қилиниб, ғарб университетларида ўқитилди. Қурдобалик файласуф Ибн Рушд (Аверроэс) ғарб оламида мисли кўрилмаган шуҳрат қозонди. Оврўпода унинг номи билан аталадиган Аверроизм ижтимоий-фалсафий оқими вужудга келди. Ҳатто XV — XVI асрларда ҳам ғарб университетларида, хусусан, Франциядаги Сорбонна университетининг илоҳиёт ва фалсафа факултетларида араб тили, араб фалсафаси ва Ибн Рушд фалсафий меросидан алоҳида-алоҳида имтиҳон олинган.
Ўша даврларда адабиётда ҳам Оврўпо муайян маънода мусулмон Шарқига тақлидан ривожланиш йўлида борди. Ғазал, қасида, мувашшаҳ жанрлари Оврўпога кириб келди. Айниқса, ғазал ниҳоятда машҳурлик касб этди. Сонетни ана шу ғазалга тақлидан яратилган шеърий шакл, деб тахмин қилиш мумкин. Маълумки, ғазалнинг мумтоз намунаси етти байт – ўн тўрт мисрадан иборат. Айни пайтда, у қатъий қонун асосида яратилади: бир байтли бандлардан ташкил топади; мисралар ўзаро фақат ягона қофия воситасида боғланади; матлаъ билан бошланади ва мақтаъ билан тугайди. Матлаъсиз ғазал эса бошқа шеърий шаклга — қитъага айланади. Сонетда ҳам ана шундай қатъий қонун мавжуд, унинг бузилиши (бандларнинг жойлашувидами ёки катренда қофиянинг ҳар хил — иккитадан ортиқ бўлишидами) мумкин эмас. Бу борада XX асрнинг атоқли олмон шоири Йоханнес Бехернинг «Сонет фалсафаси ёхуд сонет борасида кичик йўриқнома» мақоласида билдирган фикрлари алоҳида аҳамиятга эга. Бехер қатъий қонун асосида яратилмаган барча сонетларни инкор этиб, уларни «ўн тўрт сатрли шиғирлар», деб атайди ва уларнинг сонетга алоқаси йўқ, деган қатъий хулосага келади.
Агар сонет шаклининг бутунлай бузилиши (катрен ва тертсетларсиз, турли қофиялар асосида ёзилган ўн тўрт сатрли шеърлар), юқорида айтилганидек, асосан инглиз шоирлари Т.Вайет, В.Шекспир, Ж.Дон ижоди орқали машҳур бўлиб кетганини эсласак, табиий савол туғилади: нимага айнан инглиз шеъриятида шундай ҳодиса рўй берди? Бунга жавобни 1575 йили чоп этилган Жорж Ҳаскайнинг «Баъзи бир йўл-йўриқлар» номли шеърий рисоласидан топишимиз мумкин. Унда, жумладан, ўша даврларда Англияда «ҳар қандай шеър (агар у кичик ҳажмли бўлса) сонет деб аталиши мумкин» бўлган (“Западно-Европейский сонет”).
Демак, инглиз шоирлари сонет атамасини асл маъносида қўллаган эмаслар ва уни атайин бузиш учун ҳаракат ҳам қилмаганлар, балки шунчаки сонет ҳажмига тақлидан «кичик шеърлар» ёзганлар. Шу боис, уларнинг ўн тўрт сатрли шеърларини том маънода сонет деб (шунингдек, уларга «инглизча», «шекспирча» сифатларини қўшиб) айтиш ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ўринда, Шекспир даҳосига таъзим қилган ҳолда, Арастунинг Афлотун ҳақидаги сўзларини ўзлаштириб, шундай дейиш мумкин: Шекспир улуғ, лекин ҳақиқат ундан улуғроқдир.
Шундай қилиб, сонет «торликда кенгликни» бера оладиган, юксак маҳоратни талаб этадиган шеърий шакл, унинг бузилиши аслида маълум маънода ё шоир маҳоратининг етишмаслигини ёки унинг қийинчиликлардан қочишини англатади. Лекин яна бир муҳим жиҳат борки, уни назардан қочириш мумкин эмас: сонетнинг тўрт қисми ўзига хос бадиий миқёс, улар ўз ичига инсонни, унинг ҳаёти, севгиси, қайғуси, шодлиги, мардлигини, уни ўраб турган табиат манзараларини сиғдира олади. Яъни сонет гўзаллик ва хунуклик, улуғворлик ва тубанлик, фожиавийлик ва кулгилилик, мўъжизавийлик ва хаёлийлик хусусиятларини инъикос эттира оладиган бадиий-эстетик яхлитликдир. Айни пайтда, Бехернинг юқоридаги мақоласида таъкидланганидек, биринчи катрен тезисни, иккинчи катрен аксилтезисни ва тертсетлар синтезни ўз ичига олади. Бошқача айтганда, биринчи катрен — муайян ҳиссий ҳолатни, мосликни, иккинчи катрен аксилҳолатни, номосликни акс эттиради ва тертсетлар улардаги қарама-қаршиликни ўзаро келиштирувчи бадиий хулоса сифатида намоён бўлади. Гарчанд бундай бўлиниш ҳамма вақт ҳам аниқ кўзга ташланмаса-да, улар қай даражададир ич-ичдан мавжуд ва сонетда умумий диалектик тадрижнинг доимий тарзда мавжуд бўлишини таъминлайди. Шундай қилиб, сонет ҳам шаклан, ҳам мазмунан диалектик тизимга асосланган қатъий шакл ва уни турли кўринишлардаги ўн тўрт мисрали шеърларда парчалаб ташлаш ёки бузиш мумкин эмас. Зеро, сонетда мазмун-моҳият шакл-ҳодисага бўйсундирилади, шакл мазмун устидан ҳукмронлик қилади. Шу сабабдан ҳам, сонетда бирламчи эътибор шаклга қаратилади, шоир аввало мазмунни эмас, шаклни ўзига бўйсундириши лозим бўлади. Ҳар бир сонет мазмунининг шаклга солиниши эса, худди асов отга илк марта эгар уришдек маҳорат ва меҳнатни талаб қиладиган жараёндир.
Бундан ташқари, сонет жанрининг янада мураккаброқ шакли ҳам мавжуд. У ҳажман йирик бўлиб, ўз ичига бир мавзуга бағишланган 15 сонетни — 210 сатрни олади ва «Сонетлар гултожи» ёки «Сонетлар гулчамбари», деб аталади. Сонетлар гултожи мураккаб композицияга эга. Унда ҳар бир сонетнинг сўнгги сатри келгуси сонетнинг биринчи сатри қилиб олинади, охирги ўн бешинчи сонет гардиш (магистрал), деб аталади ва барча аввалги сонетларнинг биринчи сатрларини ўз ичига олади. Ўн тўртинчи сонет магистралнинг сўнгги сатри билан бошланиб, унинг биринчи сатри билан тугайди. Натижада битта гардишга айланма тарзда боғланган сонетлар гулчамбар шаклини олади. Шу боис, гардиш гулчамбар сўнггида турса ҳам биринчи бўлиб ёзилади. Сонетлар гултожи мавзу яхлитлиги, композицион пухталиги туфайли 14 сонет ва бир хотима-сонетдан иборат лирик-интим, лирик-ижтимоий, лирик-фалсафий достон сифатида ҳам тақдим этилиши мумкин.
Ўзбек шеъриятига сонет ХХ аср бошларида кириб келди. Унинг анъанавий намунасини илк бор Усмон Носирда учратамиз. Кейин бу жанрда Барот Бойқобилов, Рауф Парфи, Эргаш Муҳаммад, Мирпўлат Мирзо сингари шоирлар ҳам қалам тебратдилар. Б.Бойқобилов ва Э.Муҳаммад сонетлар гултожи ҳам ёзганлар. Б.Бойқобилов ва М.Мирзонинг сонетлари асосан уч тўртлик ва бир байтдан иборат ўн тўрт сатрли шеърлардир. Р.Парфида эса икки қисмли шакл бузилмайди, лекин қофиялар эркин.
Худди шундай сонетларни биз Александр Файнберг ижодида ҳам учратамиз. Уларни шоир эркин сонетлар, деб атаган ва шу ном остида «Вольные сонеты» номли ўттиз тўққиз шеърдан иборат китоб ҳам нашр эттирган. Унга сўзбоши ёзган машҳур рус шоираси Новелла Матвееванинг фикрлари диққатга сазовор. У А.Файнберг истеъдодини таъкидлаши, унинг сонет йўлидаги уринишларини ижобий баҳолаши баробарида, сонетнинг ҳеч қачон «эркин» бўлиши мумкин эмаслигини айтиб ўтади: «Китоб номининг ўзиёқ антиқа, — деб ёзади шоира, — чунки сонетлар ҳеч қачон «эркин» бўлмайди». Бироқ атоқли русийзабон шоиримиз ўзининг бундан аввал нашр этилган “Невод” номли танланган шеърлар китобига қатъий қонун асосида ёзилган ўн сонетни киритган. Қизиғи шундаки, уларнинг бирида шоир анъанавий темир қонун исканжасида яратилган асарнигина сонет деб аташ мумкин ва шундай сонетни ёзган шоиргина ҳақиқий эркин шоир деган номга лойиқдир, дейди ҳамда бу фалсафий фикрни сонет шаклига солади.
Шундай қилиб, кўриб ўтган шоирларимиз ичида фақат У.Носир ва А.Файнберг ҳақиқий сонет қонун-қоидаларига амал қилган. Биз ҳам, табиийки, ана шу йўлни қўллаб-қувватлаймиз: юқорида айтганимиздек, фақат қатъий қонунга — қатъий жойлашув ва қофияланиш тартибига эга бўлган сонетнигина эътироф этамиз, қолган «янгиликлар»ни, Бехер изидан бориб, сонет эмас, ўн тўрт сатрли оддий шеърлар, деб аташ тарафдоримиз. Зеро, ғазалнинг шаклий қонун-қоидаларини бузиб бўлмаганидек, сонет шаклини ҳам бузиш мумкин эмас. Мулоҳазаларимизни буюк олмон мутафаккири, шоир ва адиб, романтизм оқимининг назариётчиси Август Вилҳелм Шлегелнинг сонет номидан ёзган сатрлари билан, фикримизни қўллаб-қувватловчи бир сонет билан якунлаймиз:
Мен икки катренни боғлайман таранг,
Икки жуфт сатрга бир қофия — соз!
Иккинчи жуфтлигим биринчига мос,
Бирига уланар иккинчи жаранг.
Иккала тертсет-чи, эркин, ранг-баранг,
Энди қофиялар занжирдан халос
Ва лекин барибир тартибим мумтоз:
Қай мавзу бўлмасин — севгими ё жанг.
Кимки бандларимнинг қонунин бузса,
Шунчаки эрмак деб билса уни ким,
У гултож кийганлар сафида бўлмас.
Бироқ ким сеҳримни англаб сўз тузса,
Теранлик, кенгликни қучиб тор шаклим,
Номослик мосликка бўлур ҳамнафас.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 43-сонидан олинди.
Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан: СОНЕТ (итал. sonetto) — 14 мисрадан иборат турғун шеърий шакл. Сонет қатъий қонун—қоидалар асосида яратилади. У 4 банддан иборат бўлиб, 1 ва 2 бандлар 4 мисрадан (катрен), 3 ва 4 бандлар 3 мисрадан (терцет) ташкил топади. Катренлар, кўпинча, авав авав ёки авва авва шаклида, терцетлар эса cdc dcd ёки cde cde шаклида қофияланган бўлади. Энг муҳими — қофиялар тўла ва жарангдор бўлиши лозим. Сонет фақат шаклан эмас, мазмунан ҳам шундай талабларга жавоб бериши керак. Масалан, унинг 1 бандида асосий фикр айтилади, 2 бандда бу фикр ривожланади, 3 бандда ечим, 4 бандда эса хотима ифодаланади. Сонет 13-асрда вужудга келган. Сонетнинг мустақил шеър тури сифатида шаклланишида Ф. Петрарканинг хизмати катта. Данте, П. Ронсар (152485), В. Шекспир, И. Гёте каби шоирлар сонетнинг мумтоз намуналарини яратганлар. Россияда илк бор 18-асрда В. Тредиаковский, А. Сумароковлар, кейинчалик А. Пушкин, М. Лермонтов, A. Фет каби шоирлар, 20-асрда А. Блок, B. Брюсов, А. Ахматовалар сонетлар яратганлар. Сонет ўзбек шеъриятида 30 йилларда пайдо бўлди. Усмон Носир, Барот Бойқобилов, Рауф Парфи ва бошқалар сонет ёзганлар.
Қодиржон Носиров, Жамолиддин Муслим
ШЕКСПИР СОНЕТ ЁЗМАГАНМИ?
“ЎзАС”нинг 2009 йил 23-сонида эълон қилинган “Сонет сирлари” мақоласини зўр қизиқиш ва қониқиш билан ўқиб чиқдик. Мақола муаллифи, таниқли шоир ва таржимон Абдулла Шер бир қатор янги, асосли фикрларни айтган. Абдулла Шер таъкидлаганидек, ўзбек адабиётига сонет ХХ асрнинг 30-йилларида кириб келди ва унинг “анъанавий намунасини илк бор Усмон Носирда учратамиз”. Ушбу жанр бизга Европадан рус адабиёти орқали кириб келди. Маълумки, Усмон Носир рус адабиёти билан, жумладан, Пушкин ва Лермонтов ижодлари билан жиддий қизиққан, улардан таржималар қилган. Шу жараёнда Пушкиннинг сонетлари билан ҳам танишган, ўрганган, деб тахмин қилса бўлади. Эътиборлиси шундаки, Пушкин атиги учта сонет ёзган. Қолаверса, ундан аввал, унинг даврида ҳам бу шеърий турга мурожаат қилган таниқли шоирлар бўлган. Шунга қарамай, рус сонетчилик тарихи ҳақида гап кетганда адабиётшунослар Пушкинни биринчи кўрсатишади. Шунингдек, бизнинг Усмон Носир ҳам бор-йўғи иккита сонет битган, бу асарлар ўзбек сонетчилигининг биринчи ва, айни пайтда, мумтоз намуналари, деб эътироф этилмоқда.
Сонет, аслида, италянча сўз бўлиб, ўзбек тилига “жарангдор” эмас, “жарангламоқ”, деб ўгирилса аниқроқ чиқади. Бу сўзнинг француз тилидаги “сонетка” сўзига яқинлигини ҳам эътиборга олиш керак. Французчада уй хизматкорини чақириш учун ишлатиладиган, ёқимли жаранглайдиган қўнғироқча “сонетка”, дейилади.
Сонетнинг бош хусусияти “жарангламоқ” дейилганда, биринчи навбатда, тўлиқ қофиялар ёқимли жаранглаб бир-бирини чақириши, ҳамоҳанглиги ва шеърнинг оҳангдор бўлишига хизмат қилиши назарда тутилади.
Абдулла Шер мақоласида билдирилган: “сонет… ғазалга тақлидан яратилган шеърий шакл”, деган тахминий фикрга қўшилган ҳолда, қуйидагиларни қўшимча қилиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, сонет шаклининг асосий белгилари (ўн тўрт мисрадан ташкил топиши, қатъи қофия тизими) ғазалга бориб тақалса керак. Дарвоқе, жаҳон адабиётининг асрлар давомида сайқалланган ушбу шаклларидаги ўхшашликка авваллари ҳам эътибор берилган. Жумладан, “ғазал бу сонетнинг бир тури”, деган фикр айтилган (қаранг: “Литература и ты”, “Молодая гвардия”, 1966, 16-бет). Албатта, бу нотўғри, чунки сонетга нисбатан ғазалнинг “ёши анча улуғ”. Шу боис, аксинча, сонет ғазалнинг бир тури, деса ўринлироқ.
Ғазал билан сонет ўртасидаги шаклий ўхшашлик, аслини олганда, кўп эмас. Бу жанрлар ўртасидаги энг асосий умумийлик — бошқа шеърий турларга нисбатан қатъиликдир. Бизнингча, ғазал билан дастлабки танишган ўрта асрларда яшаган европалик сўз санъати усталарида гўзаллиги билан шарқ дурдоналарига тенглаша оладиган шакл яратиш иштиёқи туғилган. Лекин улар кўр-кўрона тақлид йўлидан бормай, ғазалдан кам бўлмаган шеър тури яратишга муваффақ бўлишган.
Сонет ва ғазал ўхшашликлари борасида яна бир нарсага эътибор қилиш жоиз кўринади. Биз бу ўринда 15 сонетдан иборат мураккаб поэтик қурилма, сонетлар гулчамбари ҳамда унга тузилиши тамойиллари билан яқин ва Х асрдаёқ Шарқда мавжуд бўлган таржибанд ва таркиббанд каби мураккаб ғазал композициясини назарда тутмоқдамиз. Аммо бу ерда ҳам шакл мураккаблигига интилиш, мисралар такрорланиши умумий, холос; такрор қоидалар, мезонлари эса турлича, яъни ўзига хос.
Айтиш лозимки, сонетчилик соҳасида мураккаб поэтик архитектоникага интилиш бизнинг давримизда ҳам давом этмоқда. Чунончи, яқинда рус шоири Игорь Морозов сонетлар гулчамбарларидан гулчамбар эълон қилди. Бу ниҳоят мураккаб ва санъаткорлик билан битилган 211 та сонетдан (2954 мисра) таркиб топган улкан достон. Ушбу асар ҳали чуқур ўрганилиши лозим.
Абдулла Шернинг мақоласида билдирилган асосий фикрлардан бири сонетда мазмун ва шакл нисбатига оид. Муаллифнинг таъкидлашича, сонетда шакл бирламчи, асосий нарса; у мазмун устидан ҳукмрон бўлгандагина яхши асар вужудга келади. Шу боис ҳам, шоир, биринчи навбатда, “мазмунни эмас, шаклни ўзига бўйсундириши лозим бўлади. Ҳар бир сонет мазмунининг шаклга солиниши эса, худди асов отга илк марта эгар уришдек маҳорат ва меҳнатни талаб қиладиган жараёндир”. Муаллиф бу ўринда чиройли ўхшатиш топган, аммо бу чиройли иборада ифодаланган фикрга қўшилиб бўлмайди.
Биринчидан, нафақат сонет, балки бошқа турлар сирларини ҳам шоир асар ёзишдан аввал ўрганиб олиши зарур. Лекин бу асарда мазмундан шакл устунлик қилади, дегани эмас-ку?!
Иккинчидан, сонет медитатив лирика жанрига мансуб шакл. “Медитация” юнонча сўз бўлиб, фикр юритмоқ, мулоҳаза қилмоқ маъносини билдиради. Бунда шоир инсон ҳаётида учрайдиган турли ижтимоий-ахлоқий муаммолар устида, дўстлик, муҳаббат, садоқат ва хиёнат мавзуларида ўй суради. (Тўғри, бу қадимги, мумтоз сонетга кўпроқ хос. Ҳозирги даврда ушбу турнинг мавзувий майдони ниҳоятда кенг). Лирик қарамон кузатаётган воқелик тасвирланиши ҳам мумкин ва бу билан боғлиқ ички кечинмаларини ифодалайди, фалсафий хулоса қилишга интилади. Фикр, ҳиссиётлар диалектик тарзда кечади, яъни ривожланиш поғоналарига эга. Ана шу мазмун диалектикаси бир неча бўғинли шеърий композицияни талаб қилади.
Сонетнинг қатъи ва ихчам шакли ана шу талабга мос. Шунинг учун ҳам шоир бу турга мурожаат қилади.
Тўғри, сонет жанрига биринчи бор мурожаат қилаётган шоир, аввало, унинг поэтикасини пухта ўрганади. Аммо бу шакл — бирламчи, дегани эмас. Қаламкаш у ёки бу шаклни муайян мазмунга мос равишда танлайди.
Сонетнинг тор доирасида, қобиғида маҳоратли шоир мавзуни аниқлаб (биринчи тўртлик), унинг ривожи давомидаги зиддиятни кўрсатади (иккинчи тўртлик) ва фикрлаш ниҳоясида топилган ечимни беради (учликлар). Асосан, қофиялар тизими воситасида ажралиб турган тўртлик ва учликлар фикр сюжетининг (таъбир жоиз бўлса) ривожланиш поғоналарини акс эттиради. Дарвоқе, машҳур немис сонетнавис шоири И.Бехер ҳам сонетнинг жанр хусусиятларини мазмун ривожи диалектикасидан келиб чиқиб белгилайди: биринчи тўртлик — тезис; иккинчи тўртлик — антитезис; икки учлик — синтез. Шаклнинг тор доираси, ниҳоятда тежамкорлик билан қўлланаётган бадиий воситалар асар мазмун-ғоясини қисқа, лекин ёрқин ифодалашга хизмат қилади.
Албатта, ихчам шаклда теран ғояни ифода эта олиш ҳақиқий поэзияга умуман хос бўлган белги. Шу боис бўлса керак, И.Бехер ўзининг “Сонет фалсафаси” номли рисоласида мазкур шеърий турни “поэзиянинг асосий шакли”, деб эълон қилган. Бу, табиийки, мунозарали ҳолат.
Сонет қатъи шакл деб юритилса-да, аслида у том маънода қотиб қолган эмас. Ўзининг саккиз юз йиллик “ҳаёти” давомида қитъалар оша, даврлар оша “юриш” қилар экан, маълум даражада жузъий ўзгаришларни бошидан кечирди, ривожланиб борди. Чунончи, дастлабки даврларда аксарият сонетлар ҳозиргидай тўртликлар ва учликларга бўлинмаган, фақат қофия тизимигина уларнинг чегарасини шартли равишда кўрсатиб турган. Данте ўз сонетларида биринчи ва тўққизинчи мисраларни пича чапга суриб ёзган ва шу билан аслида мазмунан яхлит шеър икки қисм, саккизлик ва олтиликдан таркиб топганлигини кўрсатган. Кейинчалик сонет иккита тўртлик ва иккита учликка ажратиб ёзиладиган бўлди. Тўртлик — катрен, учлик — тертсен, деб юритила бошланди. “Катрен” сўзи (тўрт) италянча эмас, французча эканлигини сонет поэтикасига француз анъаналарининг таъсири борлигига далолат, деб қабул қилса бўлади.
Лекин шуни айтиш керакки, катрен ва тертсетларга бўлмай ёзиш одати ХХ асрда ҳам учрайди. Бунга мисолни Бехердан ҳам топиш мумкин.
Сонетнинг қоидаларидан чекиниш оз эмас. Масалан, XVIII аср иккинчи ярмидан XIХ асрнинг 70-йилларигача бўлган оралиқни тадқиқ этган мутахассислар кузатишича, рус сонетчилигида 129 та модель учрайди. (Қаранг: Проблемы теории стиха. Л, “Наука”, 1984, 53-бет). Айниқса, XIХ аср охири ХХ аср бошларида рус символистлари бу борада кўп “тажрибалар”ни ўтказишган. Уларнинг ижод намуналарини, албатта, сонет деб қабул қилиш қийин.
Аммо сонет тарихида ушбу жанрга мурожаат қилиб, унинг анъаналарига ижодий ёндашиб, мумтоз сонетнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган қоидаларни бузмаган ҳолда, янги вариантлар кашф этган ёхуд шундай вариантларни жаҳон миқёсида тарқалиб, эътироф этилишига ўз ижоди билан ҳисса қўшган буюк қалам соҳиблари ҳам учрайди. Улардан бири Уилям Шекспир бўлади.
Абдулла Шернинг таъкидлашича, инглизча, яъни шекспирча сонет йўқ, инглиз шоирлари шунчаки сонетга ўхшаш кичкина-кичкина шеърлар ёзишган. Эслатиб ўтамиз, Абдулла Шер ягона деб қабул қилаётган, келиб чиқиши италянча бўлган сонет шакли икки катрен ва икки тертсетдан иборат. Бунда, айниқса, катренлардаги қофиялар тизимига эътибор берилади: абба; абба; ёхуд абаб; абаб. Шекспир туфайли дунёга машҳур бўлиб кетган инглизча вариант эса 3 катрен ва якунловчи иккиликдан (“дистих” деб ҳам юритилади) иборат; унда қофия тизими қуйидагича: абаб вгвг, деде, жж. Абдулла Шер фикрича, Шекспир замонида ҳар қандай кичик ҳажмли шеърни сонет, деб аташган. Бинобарин, “инглиз шоирлари сонет атамасининг асл маъносини қўллаган эмаслар ва уни атайин бузиш учун ҳаракат ҳам қилмаганлар, балки шунчаки сонет шаклига тақлидан “кичик шеърлар” ёзганлар”.
Бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Биринчидан, ўша даврда барча кичик ҳажмли шеърлар сонет деб аталиши мумкин бўлган бўлса, бу буюк Шекспир ҳам бошқалар даражасида асар ёзган, дегани эмас. Ўша вақтларда битилган “кичик ҳажмли” шеърлардан олиб Шекспирникига қиёсланса, бунинг исботи ҳам топилса керак. Дарвоқе, ғазал жанрида ҳам анча-мунча чекинишларни излаб топиш мумкин, турлари кўп. Т.Бобоевнинг “Адабиётшунослик асослари” (Тошкент, 2002) дарслигида ғазалнинг 10 турига таъриф берилган. Лекин барчаси ғазал дейилади. Қолаверса, “ғазал” атамаси ҳам баъзан кенг, умуман, шеър маъносида ишлатилиши кузатилади. Шунга асосланиб, Навоий ёки Фурқат ғазал ёзмаган, десак тўғри бўладими?
Абдулла Шер шекспирча сонетни инкор этаркан, И.Бехерга асосланиб, шундай ёзади: “Бехер қатъий қонун асосида яратилмаган барча сонетларни инкор этиб, “ўн тўрт сатрли шиғирлар”, деб атайди ва уларнинг сонетга алоқаси йўқ, деган қатъий хулосага келади”. Демак, Шекспир сонетлари — “шиғирлар”?
Бунга жавобан айтиш мумкинки, Абдулла Шер мақоласининг бошидан охиригача сонет шакли ҳақида, ундан чекинишлар ҳақида ёзади. Бехер эса, сонет мазмуни ҳақида сўз юритган. У ўзи илгари сурган тезис — антитезис — синтез формуласига мазмунан мос бўлмаган сонетларни инкор этади. Шакл соҳасидаги жузъий ўзгаришларга ортиқча эътибор бермайди. Унинг ўзининг сонетлари орасида ҳам инглиз вариантида битилган сонетларни учратиш мумкин. Бу эса, Шекспир сонетларини тан олиш аломатидир.
И.Бехер сонетда мазмун ва шакл бирлиги ҳақида гапирган. Унинг учун катренлардаги қофия тизимидан асарда “поэтик қувватнинг йиғилиши” ва отилиб чиқиши муҳимроқ. Бизнинг фикримизча, худди мана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, шекспирча сонет шакли италянчасига нисбатан кўпроқ имкониятга эга, деса бўлади: мазмун икки эмас, уч катрен давомида яна ҳам ривожланиб, якунловчи иккиликда хулоса гўёки бирдан отилиб чиқади. Эътибор берилса, инглизча сонетнинг якунловчи байти худди ғазал матласига ўхшаб афоризмга айланиб кетади (ҳамма вақт ҳам эмас, албатта), мазмунан мустақиллик касб этади. Сонетологлар инглизча сонетнинг якунловчи иккилигини тўлароқ тавсифлаш мақсадида унга нисбатан хореографияга оид атама қўллаб, пуанты деб юритишади. Пуанты — балет раққослари киядиган енгил пойафзалнинг қаттиқ учи. Оёқ учида юриб рақсга тушиши “пуантда рақсга тушиш”, дейилади. Бунда санъаткорнинг бор қуввати оёқ учига йиғилади, раққоснинг маҳорати намоён бўлади.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Пушкин томонидан “Евгений Онегин” шеърий романи учун махсус ишлаб чиқилган ва кейинчалик “онегинча банд” (онегинская строфа), деб ном олган шаклни баъзи адабиётшунослар (Л.Гроссман) сонет деб исботлашга уринишган. Лекин бу фикр кенг эътироф қозонолмади. Чунки “онегинча банд” гарчанд 14 сатрли (3-катрен ва 1 иккилик)дан ташкил топса-да, лекин мазмунан сонет қоидаларига тушмайди. Пушкин ўзи ҳам бу машҳур асарида сонетга даъвогар бўлмаган, у бутунлай бошқа шакл яратган.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Абдулла Шер ўзбекистонлик сонетнавис шоирлардан Усмон Носир ва яна русийзабон адиблардан А.Файнберг ҳақиқий сонет қонун-қоидаларига амал қилишган, деб таъкидлайди. Агарда Абдулла Шер қўллаган мезонлар билан Усмон Носир ёзган иккита сонетни таҳлил қиладиган бўлсак, буларни ҳам “ўн тўрт сатрли шиғирлар”, дейишимизга тўғри келади. Чунки “Яна шеъримга” шеъри ўн бир эмас, 9 ҳижоли, “Денгизга” шеъри гарчанд 11 ҳижоли бўлса-да, учта катрен ва иккиликдан таркиб топган — шекспирча сонетнинг ўзгинаси.
Барот Бойқобилов сонетларида инглизча вариантга кўпроқ ўрин берганлиги, замонамизнинг навқирон сонетнавсилари Матназар Абдулҳаким, Муҳаммад Мирзо ижодларида ҳам шекспирча шаклга етарли ўрин берилганлиги бежиз эмас.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, биринчи ўзбек сонети ёзилганига чорак кам бир аср бўлган эса-да, ушбу шеър тури бизда ҳали оммалашганича йўқ, энди қулоч ёйиб келмоқда. Шеърият мухлисларини ушбу шаклни тўғри идрок этиб, ўзбек сонетларига тўғри баҳо бера оладиган қилиб тайёрлашда адабиётшуносларнинг, мунаққидларнинг масъулияти бор. Бу соҳадаги жаҳон тажрибаси холис ва кенгроқ тарғиб этилиши лозим.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 21-сонидан олинди.