Хоразмлик журналист Абдулла Юсупов 1979 йил ноябрининг ёмғирли кунида Серебрякова билан учрашганида собиқ иттифоқда адибанинг номи анча машҳур, асарлари хорижий тилларга таржима этилган, қайта-қайта босилиб турган давр эди.Афсуски, бир йил олдин бўлган автоҳалокат боис Галина Иосифна ногирон бўлиб қолган эди. Хўш, Абдулла Юсупов қандай қилиб Серебякова ҳузурига бориб қолган, уни учрашишига туртки бўлган нима эди?
УМИД БЕКМУҲАММАД
ГАЛИНА СЕРЕБРЯКОВА ХОНАДОНИДАГИ СУҲБАТ
«Телефон гўшагидан ўша даврдаги машҳур аёлнинг ёқимли овози эшитилди:
— Ҳурматли Абдулла Юсупов дарҳол меним ёнимга келинг, сизни эртага сабрсизлик билан кутаман.
Бу таклифни эшитиб шунчалик хурсанд бўлдимки, кечаси қандай ухлаганимни билмайман. Меним бор фикру-хаёлим шу аёл билан учрашиш истагида эди.Чунки, ўша даврда — собиқ иттифоқ замонида Галина Серебрякова анча машҳур адиба бўлганди. Қолаверса, Галина Иосифовна Серебрякованинг отаси Иосиф Моисеевич Бик (русчада Бык ва Бек тарзида ҳам учрайди, баъзи ҳужжатларда Иосиф Моисеевич Бык-Бек деб қайд этилган. Галина Иосифовна Серебрякованинг қизлик фамилияси ҳам Бик (Бык) бўлган.) суронли 1922-23 йилларда РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили бўлган, воҳада юз берган ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг марказида турган шахс, сулоламиз вакили Худойберган Девонов билан учрашган, фикрлашган инсон. Девоновдек зукко кинофото устаси эса шу даврга оид ишлаган лавҳаларида И.М.Бикни суратга олган, бу ноёб мерос менда сақланарди. Ана шу боис ҳам катта ҳаяжон ва ҳиссиётлар билан Галина Серебрякова ҳузурига талпинардим,» -дея 1979 йилнинг кузида бўлган воқеани эслайди кекса журналист Абдулла Юсупов.
Хўш, узоқ Хоразмда яшовчи Абдулла Юсуповни Россия марказига етакловчи куч фақат ана шулардангина иборатми? Табиийки, йўқ.Негаки, Абдулла Юсупов азалдан кино санъатига қизиққан, айтиш жоиз бўлса кинофотоҳужжатлар таъсирида, улар орасида вояга етган зиёли шахслардан.Тарихга қизиқиши боис эски ўзбек ёзувини, араб тилини ўрганган.
Маълумки, Хива хонлигининг Оқмачит шаҳрида меннонит немислари яшаган бўлиб, ўз азалий анъаналари, урф-одатларини сақлаб қолган немислар ичида Вильгелм Пеннер фото устаси сифатида ном қозонганди.Хивалик Нурмуҳаммад Девоннинг ўғли Худойберган эса Пеннерни ўзига устоз билиб, ундан нозик касбнинг сирларини ўрганган.Орадан бироз ўтиб, Ферузхоннинг ҳиммати билан у 1907 йилда хон ва амалдорлари билан Петербургга сафарга чиқади.Сафардан қайтишда эса “Патэ” русумли киноаппаратни олиб келиб, ХХ асрда рўй берган кўплаб воқеаларни тасмага муҳрлаб бораверади.Ўз даврининг илғор фикрли зиёлиси сифатида эса Девонов “Ёш хивалик”лардек тараққийпарварлар сафидан жой олади ва 1920 йилда хонлик тугатилгач, ташкил этилган Хоразм халқ республикасининг нозирларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Тарихий ҳужжатлардан аёнки, РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили бўлиб ўша суронли ва қиронли йилларда Г.И.Бройдо, А.Измайлов,Р.Шокиров,М.Сафонов,И.М.Бик каби инсонлар қисқа фурсат фаолият кўрсатишган.Аммо шу даврдаги воқеаларнинг марказида ҳамиша ана шу инсонлар туришган.Чунки, хонликнинг тугатилиши ва ХХРнинг барпо этилишида А.Ф.Христофоров,Н.Шайдаков,Н.М.Шчербаков,Г.Б.Скалов каби қизил командирларнинг қуролли кучлари асосий роль ўйнаганди.Хонлик забт этилгандан кейинги таъсирчан куч эса РСФСРнинг юқорида номлари саналган мухтор вакиллари эди.
Ушбу вакиллар орасида ғоятда шовинист, маҳаллий аҳоли ва раҳбарларни менсимайдиган, бойиш исканжасидаги кишилар ҳам ва Г.Бройдо сингари миллий анъаналарни ҳурмат қилувчи,бошқариш ва армияни маҳаллий миллат вакилларига топширишни таклиф қилган шахслар ҳам бор эди.
Ўшандай вазиятда И.М.Бык қандай ўрин тутган ва у шахс сифатида ким эди деган савол туғилади.
Абдулла Юсупов тўплаган тарихий ҳужжатларга кўра,Иосиф Моиссевич Бик (Бык) (1882-1937) мутахассислигига кўра врач-эпидимеолог бўлиб, большевистик партия сафига 1913 йилда кирган.У 1918 йилда М.С.Кедров бошчилигидаги тиббий комиссия сафида Россиянинг шимолий ҳудудларида фаолият олиб боради.Шу каби Киев губерниясининг соғлиғини сақлашда асосий хизматларни қилади.Кейинчалик эса сиёсий-ҳарбий фаолиятда фаол қатнашиши сабаб 13 армиянинг Ҳарбий Кенгашига аъзо (1919 йил ноябр-1920 йил март) бўлади.1922-23 йилларда эса И.М.Бик Хоразмда РСФСРнинг мухтор вакили бўлиб ишлаган.Кейинчалик И.М.Бик дипломатия ишида, Сибирдаги соғлиқни сақлаш тизимида, Москва музейларидан бирида директор бўлиб ишлаган.1937 йилдаги “Катта террор” дея ном олган даврда қатағон қурбони бўлган.
Бикнинг Бронислава Сегизмундовна Красутская исмли рафиқасидан 1905 йилда туғилган қизи Галина ҳам отаси таъсирида большевистик руҳда вояга етади.1919 йилда-14 ёшида партияга аъзо бўлиб киради.Фуқаролар уруши даврида фаол қатнашади.Кейинчалик Москва Давлат Университетига кириб таҳсил олади. 1925 йилда “Комсомольская правда” газетасининг Хитойдаги мухбири бўлиб фаолият юритади.Кўрган кечирганлари, тадқиқ этган маълумотлари асосида “Зарисовка Китая” номли китобини 1927 йилда нашр этдиради.Г.И.Серебрякова (Галина Иосифна, Леонид Петрович Серебряковга турмушга чиққач унинг фамилиясига ўтган.Бироқ вақт ўтиб у билан ажрашгач, машҳур дипломат Григорий Яковлевич Сокольниковга турмушга чиқади.Аммо биринчи эрининг фамилиясида қолаверади) журналист сифатида Женевада ўтказилган миллатлар лигаси,Парижда ўтказилган халқаро конференцияларни ёритиб боради.Шунингдек Ўрта Осиё республикаларида бўлиб мақолалар тайёрлайди. 1929 йилда “Женщены эпохи французской революции” номли китобини нашр этдиради.Галина Серебяковага адиба сифатида шуҳрат келтирган асари Маркснинг ёшлиги тўғрисида 1935 йилда чоп этилган романи эди.Афсуски, отаси И.М.Бык қатағон қурбони бўлган 1937 йилда донг қозонган адиба Галина Серебрякова ҳам қамоққа олинади ва 20 йилча турма азобларини бошдан кечиради.Сталин вафотидан сўнг озодликка чиққач, янгича руҳда адабиёт билан шуғулланади.”Прометей”, “ Похищенная огня” , “Верщины жизни”, Предшествие” сингари китобларини нашр қилдирди.
Хоразмлик Абдулла Юсупов 1979 йил ноябрининг ёмғирли кунида Серебрякова билан учрашганида собиқ иттифоқда адибанинг номи анча машҳур, асарлари хорижий тилларга таржима этилган, қайта-қайта босилиб турган давр эди.Афсуски, бир йил олдин бўлган автоҳалокат боис Галина Иосифна ногирон бўлиб қолган эди.
Хўш, Абдулла Юсупов қандай қилиб Серебякова ҳузурига бориб қолган, уни учрашишига туртки бўлган нима эди?
Маълумки, Худойберган Девоновнинг жияни ва шогирди Юсуфбой Ҳасанов тутинган ўғил сифатида машҳур кинофото санъаткорининг хонадонида камол топади.Хивадан Урганчга кўчгач ҳам бирга истиқомат қилишади.1937 йилда Девонов қамоққа олингач, машҳур санъаткор ва давлат арбобидан қолган меросни авайлаб сақлаш Юсуф Ҳасановнинг муқаддас бурчига айланади.Худди Девонов каби Урганчда сураткашлик қилган Юсуфбой Ҳасановнинг ўғли Абдулла ҳам отаси таъсирида кино ва фотога ихлос қўяди.
-Мен ўспиринлигимда отамга Девонов ва сизнинг санъатингизни давом қилдирадиган сулола вакили бўламан дея ваъда бергандим.Шунга кўра, 1954-55 йилларда биринчи бор фотоаппарат билан суратга олиш ишларини олиб бордим.15 ёшимда-1956 йилда Урганчдаги “Ўзбекистоннинг 25 йиллиги” кинотеатрида киномеханикга шогирд бўлиб ишлай бошладим.Бу вақтда мен Урганчдаги рус мактабида ўқир, ўқишдан сўнг болалар спорт мактабида гимнастика,бокс билан шуғулланар , у ердан чиқиб эса кинотеатрга шошардим.Негаки, киномеханикга шогирдлик ишим менга ўзгача завқ берар, кўнглим қувончга тўларди.Чунки, у даврда одамларда кинога бўлган ихлос кучли эди.Айниқса, истироҳат боғи ёнидаги кинотетар тепасидаги овоз кучайтиргичдан таралган садо ичкаридаги киножараённи бутун шаҳарга тарқатиб турарди.Раж Капурнинг “Дайди”, “Жаноб 420”, Эльдор Рязановнинг “карнавал кечаси” фильмларини кунига 6 маротаба намойиш қилсакда билет топиш амримаҳол бўлиб қоларди.Шу зайлда ишлаб 1959 йилда мактабни тугатдим.Тошкент алоқа техникумида 3 йил таҳсил олдим.Радиотехник касбини эгаллаб,вилоятга қайтдим.Олдин радиоузелда, кейин алоқа тармоғида турли вазифаларда ишладим.Бироқ менда кинога бўлган ихлос кучли эди.Шу боис тарихий фотосуратлар устида ишлашни бурчим деб билардим.Бу меним хоббимга айлаганди.Девонов олган расмлар, умуман тарих олдидаги маъсулиятни сезиб, уйда худди отам каби ветеранлар билан учрашувлар ташкил қилардим.
Отам анъанага айлантирган бу одатдан мақсад-Девонов суратга олган фотолардаги хонлик ва Хоразм республикаси давридаги фаоллар, шу давр, жараённи аниқлаштиришдан иборат эди.Отам Юсуфбой Ҳасанов фожиали вафот этган 1970 йилгача хонадонимизга хонлик,ХХР давридаги фаолларни чақириб тарих, кино ва фото санъати борасида суҳбатлар қурарди.Рўй берган тарихий воқеалар,жараёнлар, уларнинг кинотасма ва фотосуратларга муҳрлангандаги ҳолатини, шахсларни танишда ветеранларнинг хизмати катта бўлган.Ана шундай учрашувлардан бирида суратларни томоша қилиб ўтирганимизда Бык номи ҳам тез-тез такрорланарди.Бу сўз,шахс номи мени ғайритабиий қизиқтирарди.Ветеранлар расм орқали у кишини таниб, РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили бўлган дейишди.Бироқ мени Иосиф Моисевич ҳаёти, ветеранларга номаълум бўлган умр йўллари қизиқтирарди.Шу ниятда Хоразм Давлат Педагогика институти доценти Фаина Борисовна Иноятовага мурожаат қилдим. У менга Бык тўғрисида айрим маълумотлар бериб, машҳур ёзувчи Галина Серебрякова унинг қизи эканлиги, ҳозирда Москвада яшашини айтиб қолди.Бу маълумот мени ғоятда хурсанд қилиб Москвага боришга ундади,-дея хотираларини ўртоқлашади 73 ёшли Абдуллажон ота.
Абдулла ота бундан олдин ҳам айнан кинога бўлган ихлоси боис таътилга чиқган пайтлари Москвага бориб турарди.
— Москвага олдин борганларимда айнан киносанъатига ихлосим сабаб режиссёрлар Григорий Львович Рошаль, унинг рафиқаси Вера Строева, Марказий Ҳужжатли Фильмлар Студияси (ЦСДФ) кинооператори Алексей Алексеевич Лебедов, Бутуниттифоқ Давлат Киноматография Институти( ВГИК) профессори Николай Алексевич Лебедов,Марказий Илмий-Оммабоп Фильмлар (ЦНФ) студиясининг киносъёмка цехи бошлиғи Владимир Дмитриевич Смирнов, Марказий Тарих Музейи- ГИМ нинг катта илмий ходими Арсеней Павлович Максимов, Ленин музейининг фонд мудири——-ва бошқалар билан дўст тутинган, маслакдошлик ҳисси боис улар билан хат ёзишиб турардим.Улар мен каби олис Хоразмдан келган кино ихлосмандига ҳар томонлама ёрдам беришар,Марказий Архивларда изланиш ишлари олиб боришимда ёрдам беришарди.Мен Москвага бориб неки ноёб ҳужжатларни ахтариб топган бўлсам, бу борада юқоридаги инсонларнинг катта ҳиссаси бор.Улар билан шу даражада яқинлашиб кетдимки, мени оиласининг аъзосидек қабул қилишар, меҳрибонлик кўрсатишарди.Шу боис мен улар ёзган хат, табрикномаларни, уларга мансуб ҳар қандай ҳужжатларни худди Девоновга оид меросдай ардоқлаб сақлайман,-дея ҳикоя қилади Абдулла ота.
Ҳа, Абдулла ота яшайдиган бир хоналик уйида Девоновга доир меросу ўзи тўплаган ноёб китоблар, ҳужжатлар орасида юқорида тилга олинган Москвалик маслакдошларининг хатлари, суратлари, табрикномалари , дастхат ёзиб совға қилган китоблари кўз қорачиғидек сақланмоқда.
Смирнов, Максимов,ака-ука Лебедов..ларнинг хатлари, табрикномалари худди кеча ёзилгандек яхши сақланиб келмоқда.Айниқса, 2-жаҳон урушида бошидан охиригача қўлида киноаппарат билан иштирок этган Алексей Лебедовдек машҳур кинооператор тақдим этган кўп томли “Летопись ВОВ” китобидаги дастхат эътиборни тортади:
Абдулла Юсупову!
“Помний о своих старших коллегах,создавших кинолетопись в Великой отечественной Войны.С уважением Алексей Лебедов.”, дея тилак билдириб имзо қўйилган, 1986 йил 20 ноябр санаси қўйилган китоб ва бошқа шу “коллега”га оид ҳужжатлар кўп.
Ҳа, Абдулла Юсупов Хоразм вилоятидаги радиоузел, алоқа тармоғи, электр тармоқлари, вилоят телевиденияси ишлаб юрган йилларда меҳнат таътилига чиқиб, Москвада изланишлар олиб борган, юқоридаги сингари дўстлар орттирган.
Энди асосий мавзуимиз бўлган 1979 йил кузидаги ташрифга қайтсак ва Абдулла ота хотираларининг давомини эшитсак:
-Григогрий Львович Рошаль ва рафиқаси Вера Строева хонадонида ўтирганимда тарих, ўзаро алоқалар, киносанъати, бу борада қилинаётган ишлар ҳақидаги суҳбатлашиб ўтириб, Бык ҳақида, унинг Хоразмда ишлаган даври тўғрисида сўз очдим.Шунда Вера Павловна Строева бир жилмайиб қўйдида, ўрнидан туриб деворга беркитилган телефон гўшагини олди.Вақт ўтиб гўшакни менга берди.
— Абдулла Юсупов! Эртага эрталаб дарҳол меним ёнимга келинг, сабрсизлик билан сизни кутаман,-деган аёл кишининг ёқимлди овози эшитилди.
Ўзгача ҳис-ҳаяжон билан Рошаль хонадонида тонг орттирдим.Эртасига бирга Москвага борган сафардош дўстим Ботир Абдуллаев билан ёмғир ёғиб турган бўлишига қарамай электричкага ўтириб “Мичуренец” бекатига бордик.Серебрякова яшаётган манзил “Литературная газета” ходимларининг посёлкасида эди. “Лермонтов “ кўчасининг 2 уйига келдик.Ичкарига кирдик.Унча катта бўлмаган хонадаги ойна ёнидаги креслода автоҳалокат боис ногирон бўлиб қолган Серебрякова ўтирарди.Ҳаёт зарбаларидан адои тамом бўлган, умрининг 20 йилини Сталин қамоқхоналарида ўтказган, сочлари оппоқ аёл қаршимизда ўтирарди.Галина Иосифовна бизларни кўриб қувончи ичиға сиғмай:
— Николай Иванович!,-дея кимнидир қичқирди. Чап эшикдан баланд бўйли, буткул қора костюмдаги салобатли эркак кириб келди.
— Николай Иванович! Бутилка Бургундская,-деб буюртма қилди хонадон мезбони ва кулиб қўйди:-Бу меним Франциядан олиб келган заҳираларимдан.
Суҳбатимиз ғоят қизиди.Галина Серебрякова нафақат иқтидорли ёзувчи, балки мен ўйлаганимдан ҳам етук сиёсатчи, ғоятда маърифатли шахс экан.Гурунгимиз давомида бизларнинг турлича саволларимизга жавоб берарди.Суҳбат мавзуси эса тарих, кино, китоблар,отасининг Хоразмда ишлаган даври, Быкнинг врач сифатида етук мутахасссис бўлганлиги, унинг бу борада Сибирда қилган хизматлари, фожиали тақдири, шунингдек ўзининг ҳам қамоқда тортган жабр зулми, Галинанинг синглиси-1922 йилда Хоразмда туғилган Рита Иосифовна ҳақида, умуман ҳаёт қувончлари ва ташвишлари тўғрисида давом этдирдик гурунгни.Мен Галина Иосифовна ва дўстим Ботир Абдуллаевни бирга фотосуратга туширдим.Шунингдек, Серебрякованинг овозини магнит тасмасига ёзибгина қолмай, киноҳаваскор сифатида унинг хонадонидаги гурунгимизни тасмагаям муҳрладим.
Абдулла ота шундай дея олис 1979 йил кузига оид Галина Иосифовнанинг суратларини, овози ёзилган магнит тасмасини менга тақдим қилди.Биргалашиб кинотасмани томоша қилдик. Москва хонадонларидан биридаги мароқли суҳбат. Сочлари оппоқ, аммо ҳамон салобатини йўқотмаган 74 ёшли аёлнинг ёқимли овози….
Кинотасма, фотосуратлар одамни нақадар ҳаяжонга солади. Воқеани кўз олдингизда намоён қилади.Абдулла ота энди менга Бик, унинг 1922-23 йилларда Девонов ва шогирди Юсуф Ҳасанов туширган суратларини кўрсатади.Хоразмнинг суронли йиллари.Быкни ҳар хил ҳолатда, турли Хоразмлик кишилар қуршовида, оддий одамлару, Хоразмлик ёшуллилар билан тушган суратини кўрамиз.Ўртабўй,қора соқолли Бык РСФСРнинг мухтор вакили бўлиб турган, Хоразмдаги ижтимоий-сиёсий жараёнга таъсири катта раҳбар.Ўткир нигоҳли,ҳарбий кийимдаги Иосиф Моисиевич қадим Хиванинг турли жойларида суратга тушган.Шу билан бирга эса унинг иккинчи хотини Бравая Ривскка Моисевна, унинг Хивада туғилган ёш қизчаси Ританинг ҳам суратлари бор.Ританинг онаси ва энагаси бўлган рус аёли,Бык уйининг хизматкори бўлган , чўгирма кийган Хоразмлик эркак.Хуллас,Бык ва унинг оиласига тегишли кўплаб расмлар мавжуд.
-Бикнинг иккита хотини бўлган эканда?-сўрайман Абдулла отадан.
-Ҳа,мен бу ҳақда ўзига хос шажара ҳам тузганман Бык оиласи тўғрисида,-дея суҳбатдошим бир қоғозни тақдим қилади.
Унга кўра, И.М. Бикнинг биринчи рафиқаси Бронислава Сегизмундова Красутскаядан Галина Иосифовна туғилган. Галина Иосифовна тақдир сабаб олдин Леонид Петрович Серебряковга, кейин у билан ажрашгач Гриогрий Яковлевич Сокольниковга турмушга чиққан. Галина Иосифовнанинг Зоря Леионидовна Серебрякова, Гелиана Григорьевна Тартикова (Тартыкова), Тереза Ивановна (Кадыкова) деган қизлари бўлган. И.М.Бикнинг Ривекка Моисевна Бравая исм-шарифли иккинчи турмуш ўртоғидан Рита Иосифовна Бек таваллуд топган. Рита айнан Бикнинг Хоразмда туғилган қизи бўлган.
-Мана бу суратларга қаранг,-дея кўплаб фотоларни тақдим этади суҳбатдошим, — унда Ривекка Моисефна ҳамда унинг чақалоқ қизи Риталар турли ҳолатда суратга тушишган.
Ҳақиқатан ҳам Рита ва унинг энагаси бўлган аёл, уйидаги Хоразмлик хизматкор,Ривекка Моисевнанинг ХХРнинг фаол кишилари даврасида тушган кўплаб суратлари мавжуд.
-Мен Галина Серебрякова билан учрашган 1979 йилда машҳур адибанинг синглиси Рита Иосифовна Бек Москванинг “Автозаводская” кутубхонасида кутубхоначи бўлиб ишлар, уйи Шелковичная кўчасида экан. Биз у билан ҳам танишиб кўп йилларгача дўстона муносабатда бўлиб келдик.
…Галина Иосифовна хонадонида бўлган суҳбатимиз алламаҳалгача давом этди. Кетаётганимизда у бизга ўзининг китобларини совға қилди.Шу билан бирга Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги раҳбари Шароф Рашидовга дастхат ёзган китобиниям тақдим этиб, уни шахсан Рашидовга топширишимни ўтиниб сўради. Афсуски, Серебрякованинг бу илтимосини гарчи китобни олиб Тошкентга, МКга борган бўлсамда ўзига топшира олмадим…
Орадан бироз ўтиб у меним номимга Урганчга мактуб ёзиб, суҳбатимиздаги баъзи масалаларни тўлдирувчи манбаларни келтириб ўтганди. Унга кўра,Бик, ўша вақтдаги раҳбарлар ҳақидаги китобларни келтириб ўтганди. Мактуби сўнгида эса шундай жумлалар бор: “Думаю что это все Вам интересно. Очень жду фото. Не удалось ли увеличить мою маленькую? Надеюсь книжку Рашидову Вы уже отдали? Привет Вам сердечный, а также Вашему товарищу”.
Мен бу орада ўтган учрашувимиз тўғрисида “Старая фотография” сарлавҳали мақола ёзиб “Хорезмская правда” газетасининг 1980 йил 2 феврал сонида чоп этдирдим. Афсуски, Галина Серебрякова ўша йили вафот этди…
Бироқ кўп йилларгача унинг синглиси Рита Иосифовна билан мактуб алмашиб, фикрлашиб турдик. Байрамларда бир-биримизни табриклардик. Унинг менга ёзган мана бу хатлари, табриклари сақланиб қолган, -дея Абдулла ота уларни кўрсатди.
“Москва, 125057, ул.Алабьина”, д 2, 3, корп 1, кв.82” манзили кўрсатилиб Р.М. Бек имзоси чекилган , Хоразмда туғилган аёлнинг ўз қўли билан битилган хатлари.
Орадан бироз вақт ўтиб Рита Иосиофнанинг ўзиям таваллуд топган воҳага ташриф буюради.
-Таклифимга кўра Рита Бек Хоразмга келиб,Урганч ва Хиванинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.У Хива меъморчиликларидан, миллий анъаналаримиздан ўзгача завққа тўлди.
— Ўртоқ Юсупов! Бунақанги кўм-кўк тоза осмонни умримда кўрмаганман. Бундай осмон остида яшайдиган халқ, бунақанги қуёш ўлкасида меҳнат қиладиган фидойилар шубҳасиз армонсиз ўтсалар керак, -дея ўз таассуротларини ҳаяжон билан ифодалаганди меҳмон.Ҳа, Рита Иосифовнага киндик қони томган Хоразм шу қадар мафтункор бўлиб туюлганди..- дея хотираларини ўртоқлашади суҳбатдошим.
Мана ўша хотирада ёрқин из қолдирган воқеаларга ҳам анча йиллар бўлди.Буларнинг бари бугун тарихий воқеликка айланиб қолди. И.М. Бик, Г. Серебрякова, Р. Бекга оид ҳужжатлар, расмлар эса Абдулла Юсупов бисотидаги ноёб мерос сифатида авайлаб асралмоқда.
Таниқли журналист Абдулла Юсупов 1941 йилнинг 5 февралида Худойберган Девоновнинг жияни ва шогирди Юсуф Ҳасановнинг оиласида туғилган. Тошкент алоқа техникумини битиргач, узоқ йиллар алоқа ва телевидение соҳасида ишлаган. Кейинчалик вилоят давлат педагогика институтининг рус филологияси факультетини тамомлаган. Бутун ижодий фаолиятини Худойберган Девонов меросини ўрганиш ва уни асраб-авайлашга бағишлаган Абдулла Юсуповнинг фаолияти таҳсинга сазовор.
Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов Умиджон Тожимуротович) 1975 йилда Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган.1997 йилда УрДУнинг тарих факультетини тугатган. Ҳозирги кунда “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида ишламоқда.
Умид Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориждаги 60 дан ортиқ газета-журналларда 700 дан кўп тарихий-публицистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган.
СУҲБАТГА ОИД ТАРИХИЙ ФОТОСУРАТЛАР
Худойберган Девонов шогирдлари билан
Девоновнинг устози Вильгелм Пеннер
Ўнгдан тўртинчи Иосиф Бик (Бык)
Ўртада Иосиф Бик (Бык)
Ўнгдан иккинчи Иосиф Бик (Бык)
Ўртада Галина Серебрякова, Ривеска Маисевна ва чақалоқ Рита
Столда ўтирганлар ўнгдан учинчи Бик (Бык)
Ўртадаги аёл Ривеска Маисевна, чақалоқ Рита Бик (Бык)
Девоновнинг жияни Юсуфбой Ҳасанов
Г. Серебрякова ва Б. Абдуллаев