Ўзбекистон халқ ёзувчиси, таниқли публицист ва таржимон Тоҳир Малик – Тоҳир Абдумаликович Ҳобилов 2019 йил 16 май куни оғир хасталикдан сўнг 73 ёшида вафот этди. Аллоҳ раҳматига олсин.
Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да таҳсил олди.
Бўлғуси адиб ўз меҳнат фаолиятини Тошкент қурилиш-монтаж бошқармасида оддий ғишт терувчи сифатида бошлади. Бадиий ижодга, сўз санъатига бўлган кучли интилиши туфайли кейинчалик юртимиздаги бир қатор оммавий ахборот воситаларида, жумладан, “Тонг юлдузи” газетасида, Ўзбекистон радиосида, Чўлпон, Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида турли вазифаларда самарали хизмат қилди.
Катта ҳаёт ва ижод тажрибасига эга бўлган Тоҳир Малик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам бирмунча вақт фаолият кўрсатиб, миллий адабиётимизни ривожлантириш, истеъдодли ёш ёзувчи ва шоирларни қўллаб-қувватлаш бўйича қизғин иш олиб борди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Давлат мукофотлари қўмитаси масъул котиби сифатида ижодкор зиёлиларнинг меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришда иштирок этди.
Ёрқин истеъдод эгаси ўзидан бой ва бетакрор ижодий мерос қолдирди. Унинг Ватанимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғулари маҳорат билан тараннум этилган бадиий асарлари, киносценарийлари, долзарб мавзулардаги публицистик мақолалари эл-юртимиз қалбидан чуқур жой олди.
Тоҳир Малик ўзбек адабиётида бадиий фантастика, саргузашт жанрларининг ривожига катта ҳисса қўшди. “Озод инсон ҳақида қўшиқ”, “Сўнгги ўқ”, “Шайтанат”, “Меҳмон туйғулар”, “Одамийлик мулки” каби кўплаб асарлари миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.
Халқимиз тарихининг энг оғир даврларини бадиий йўл билан тасвирлаш ва жамоатчиликка етказишда ҳам адиб ибрат кўрсатди. Айниқса, унинг ўзбек маърифатпарвар зиёлиларининг мураккаб ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тарихий асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Тоҳир Малик етук таржимон сифатида жаҳон адабиётининг сара намуналарини она тилимизга маҳорат билан ўгириб, китобхонларимизни улардан баҳраманд қилиш борасида ҳам самарали меҳнат қилди.
Эл суйган адиб жонкуяр ташкилотчи сифатида жамоат ишларида, маданий ва маърифий жараёнларда фаол иштирок этди. Умрининг охирига қадар Ички ишлар вазирлиги академиясида ўзбек тили, маънавият асосларидан сабоқ бериб, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди.
Заҳматкаш адибнинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвони, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган эди.
Атоқли адиб, меҳрибон устоз, камтарин инсон Тоҳир Маликнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Ж.Ортиқхўжаев, С.Саидов
Манба: ЎзА
ОДАМИЙЛИК МАСНАДИ
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан суҳбат
— Тоҳир ака, кўпчиликка аён: сизнинг ижодингизда фантастика жанри етакчи ўрин тутади. Детективга ўтишингиз, «Шайтанат» асари ёзилишининг сабаби нимада? Асарнинг бу қадар шуҳрат топишини муаллиф сифатида қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?
— Насрни «фантастика», «детектив» ёки «реалистика» каби йўналишларга адабиётшунослар ажратиш-ган бўлишса керак. Тарихда «танқидий реализм», «социалистик реализм» каби йўналишлар ҳам мавжуд эди. Ажабки, ёзувчиларнинг ҳеч бирлари асарларининг номи остига ҳеч қачон «социалистик реализм», деб ёзиб қўймаганлар. Нечундир фантастика ва детективга шу одат хос бўлиб қолди. Ҳар бир бадиий асарда озми-кўпми фантастика ва детектив унсурлари бўлади. Тарихий асарларнинг асоси хаёл маҳсулими? «Ўткан кунлар»да Отабекнинг қотиллигида детективга хос баёнларни учратмаймизми? Ҳар бир асарда саргузаштларга дуч келмаймизми?
Тўғри, камина дастлаб илмий фантастика йўналишида бир оз машқ қилиб кўрдим. Асардаги илмий ғоялар мен учун асосий бир гапни айтиш учун баҳона эди. Буни хапдорига ўхшатаман: беморни қийнамас-лик учун дорининг қобиғи ширин бўлади. Лекин бу қобиқнинг шифо бериш хусусияти йўқ. Шифо шу қобиқ ичидаги аччиқ дорида. «Фантастика», «детектив» деган гаплар ҳам шу қобиққа ўхшайди. Мақсад-ўқувчининг эътиборини тортиш. Ҳамкасбларим мендан ранжишмасин, уларни камситмоқчи эмасман, аммо айрим асарларнинг ўқувчилари ғоят кам. Ҳолбуки, асар зўр маҳорат билан ёзилган, ундаги гаплар ҳам бена-зир. Бундай асарларнинг муаллифлари «Мен тушунган одамлар учун ёзаман, ҳамма ўқиши шарт эмас», дейишлари мумкин. Ҳамма ўқиши шарт бўлмаган асарлар тарихда ҳам бор эди, ҳозир ҳам жаҳон адабиётида-кўп учрайди. Лекин мен ёзилган асарни иложи борича кўпроқ одам ўқиши тарафдориман. Гап бу ерда кўп одам ўқигани туфайли ижодкорнинг кўпга танилишида эмас. Гап хизматингиздан кўпроқ одамнинг баҳраманд бўлишида. Ёзувчи қўлга қалам олиб бирон воқеа баёнини берганида ўқувчисини маълум бир ҳаёт фалсафасидан огоҳ этишниният қилади. Ана шу фалсафани кўпроқ одам ўқиши, шу фалсафа ҳақида кўпроқ одам фикрлаши яхши эмасми? Агар тор доирадаги ўқувчиларимизнигина ўйласак, адабиётнинг таъсир доирасини чеклаб қўйган бўлмаймизми?
Айрим дўстларимизда «фантастика ёки детектив савияси паст ўқувчиларга мўлжалланган», деган фикр ҳам борким, бундан воз кечишларини истардим. Ўқувчини савияси паст, деб айбласак ўзимиз учун уят. «Савияси паст асар ёзилибди», десак тўғри бўлади. Баъзилар «фантастика»ни тушунмайман», дейишади. Нимасига тушунмайди? Бадиий адабиётга хос бўлган барча талаблар бу йўналишга ҳам хос. Олимларнинг илмга доир суҳбатлари ҳам осмондан олинган эмас. Олий математикадан маъруза ўқилмайди. Фақат бизда адабиётдаги бу икки йўналишга менсимасдан қараш одати бор. Ўқимасдан туриб баҳо беришга ўрганиб қолганмиз. Яқинда икки ёзувчининг баҳсига гувоҳ бўлдим. Бири қайсидир асарни мукофотга арзийди, деб ишонтирмоқчи бўлади, иккинчиси лойиқ эмас, деб рад этади. Шунда биринчиси: «Шу асарни тузукроқ ўқидингизми?» деб сўровди, иккинчиси ўқимаганини айтдида, «ўқиб нима қиламан, бари бир у одам зўр асар ёзолмайди», деб изоҳ берди. Бизнинг ишларимиз шунақа. Мен Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» асарини детектив асарнинг энг аъло намунаси деб биламан. Марио Пьюзонинг «Падре» («Чўқинтирган ота») асари ҳам шу йўналишда XX асрда яратилган гўзал асар эканини жаҳон тан олган. Хўш, буларни ҳам савияси паст ўкувчиларга аталган, деймизми? «Шерлок Холмс»ни неча замондан бери неча миллионлаб (эҳтимол миллиардлабдир?) одамлар ўқиётганини инобатга олсак, дунёни савияси пастлар босиб кетмайдими?
Саволингизга жавоб беришда чалғиганим йўқ. Бу масалаларга ҳам эътиборимизни қаратишимиз керак. Ҳозир бемаъни саёз қўшиқлар кўпайгани сингари номи «детектив» бўлган, аммо бадиий адабиётнинг энг кичик талабларига ҳам жавоб бера олмайдиган асарлар кўпайяптики, бу ҳолатга йўл қўймаслик чорала-рини ўйлаб кўришимиз керак. Фақат рад этиш билан иш битмайди.
Энди фантастикадан детективга ўтишимнинг сабабига келсак, мен доимий равишда бир хил иш билан банд бўлишни ёқтирмайман. Фантастикада қўлимдан келганича машқ қилиб кўрдим. Детективда ҳам ўзимни синаб кўришга эҳтиёж сезилди. Кейинги пайтда маърифий йўналишга диққатимни қаратдим. Келажакда кўп йиллик орзуйим-тарих мавзуига мурожаат этишни ният қилганман. Қайси йўналишга кирмайин мақсадим бир ўқувчи билан ҳаёт муаммолари ҳақида ғойибона суҳбат қуриш. Зулмнинг илдизини қуритиб, саодатли умрга етишиш йўлларини излаш. «Шайтанат»ни ёзишдан мақсад ҳам шу эди. Сохта камтарлик қиляпти, деб ўйламанг, лекин бу асар ғоятда ҳайратланарли даражада эмас. Ҳамкасб дўстларимдан менинг ортиқ жойим йўқ. Камчиликларим бор, буни ўзим ҳам биламан. Ўзим сезмаётган камчиликларимни холисаниллоҳ айтиб туришса миннатдор бўламан. Асарнинг маълум маънода шуҳрат топишига сабаблардан бири-бу мавзу ўқувчилар учун янгироқ эди. Иккинчи сабаби кейинги йилларда ҳамкасбларимиз китобхонларни янги асарлар билан тез-тез қувонтириб туриш анъанасига содиқ қолмаяптилар. Китоб пештахталарида анчагина бўш ўринлар борлигига гувоҳ бўляпмизким, бу биз учун ачинарлидир. Ўрни келганда айтай: кам асар ёзилишини иқтисодий аҳвол билан боғламаслик керак. «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Навоий» каби асарлар ёзилаётганда устозларимизнинг иқтисодий аҳволлари ҳозиргиларникидан ночорроқ бўлгани аниқку? Устига-устак мафкуравий тазйиқчи?
— Сўнгги пайтларда диний-маърифий мавзуда бир қанча рисолалар ёздингиз. «Меҳмон туйғулар», «Иймонлашиш умиди», «Одамийлик мулки» каби асарларингиз мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Айтингчи, диндорликнинг асл моҳияти, вазифаси нимада? Пайғамбар алайҳиссалом машҳур ҳадисларида яхши хулқларни энг мукаммал даражага етказмоқ учун юборилганларини айтадилар. Бинобарин, диндан кўзланган мақсад Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш, инсоннинг комил ахлоқ соҳиби мақомига кўтарилиши эмасми? Шундай бўлса, муқаддас динимизни ҳам манфаат учун кураш воситасига айлантираётганлар қилмишини қандай баҳолаш мумкин?
— Мен ахлоқ мавзуида, яъни маърифий йўналишда икки китоб ёзишни узоқ йиллар орзу қилдим ва бу ишга тайёрланиб юрдим. Бундан мақсад тоғам Мирзакалон Исмоилий бошлаган ишларини давом эттириш эди. «Меҳмон туйғулар»ни яхлит асар дейиш мумкин эмас. Ўз номи билан айтганда, кутилмаган онда меҳмон бўлиб келган туйғуларнинг баёни. Китобларда ўқиганим доно фикрларни, хаёлимда туғилган баъзи гапларни дафтарга ёзиб юрардим. «Шайтанат»ни ёзиб бўлгач, дафтарни оққа кўчирдим-у, китобхонлар диққатига ҳавола этишга журъат қилдим. Бир оз фурсат ўтгач, уни тўлдириб, «Иймонлашиш умиди» билан қайта нашр эттирдим. Бу икки китобга режадан ташқари тартиб берилди, десам ҳам бўлади. Ниятдаги китобларнинг биринчисини «Жиноятнинг узун йўли» деб номладим. Мен бир неча йиллар давомида ўсмирлар орасида учрайдиган жиноятчилик сабабларини ўргандим. Бу ўрганишнинг натижаси ўлароқ «Алвидо, болалик!» қиссаси дунёга келди. Ўсмирлар орасидаги жиноятчилик ҳар қандай жамиятни ташвишга соладиган ҳолат. Шу боис бу муаммони илмий томондан ҳам тахлил эҳтиёжи туғилди. «Жиноятнинг узун йўли», «Алвидо, болалик»ка ёзилган илмий шарҳ десак ҳам бўлади. Ниятимдаги иккинчи китоб, ахлоқ китоби, унн «Одамийлик мулки» деб номладим. Бу ахлоқ китоби уч жилддан иборат бўлиши керак. Дастлабкиси мухлислар қўлига бориб тегди. Бу китобни ёзиш учун салкам етмишта дафтар тутганман. Унга юзга яқин хулқ ҳақидаги доноларнинг фикрларини, ривоятлар, ҳикоятларни тўплаганман. Шу кейинги китобда сиз ўртага қўйиш муаммога жавоб беришга уриниб кўрдим. Биз «Ибодат қиляпмиз, Аллоҳни таниймиз», деб юрамизу аслида Аллоҳни таниш нимадан иборат эканини яхши тушунмаймиз. Дин – беш вақт намоз ўқиш ёки рўза тутишдангина иборат эмас. Аллоҳни таниш илм билан бўлади. Илмсизлик жаҳолатни туғдиради. Диндаги жаҳолат ғоят хатарлидир. Чунки у мутаассибликни туғдиради. Мутаассиблик мавжуд ерда адашишлар бошланади «Илм» калимаси Қуръони каримнинг 752 жойида зикр этилган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ марҳамат қиладики: «Эй Одам боласи, билгилки, саломатлик-бирликда, ихлос-тақвода, художўйлик-тавбада, ибодат-илмда ва бойлик-қаноатдадир». Демак, илм ҳам ибодат экан. Намоз бола балоғат ёшига етгач фарз саналади. Илм олиш эса бешикдан фарз қилинган. «Қутадғу билиг»да шундай байтлар бор:
Билиг ўгран ашну топуғқа ўкуш,
Билигсиз топуғ осғи булмоз улуш.
(Ибодатдан бурун илм ўрган. Билмасдан ибодат қилган билан савоб тегмас.)
Билигсиз топуғ қилмишиндан кўрў,
Билиглиг уюмиш муёни ўрў.
(Илмсизлик билан ибодат қилгандан кўра илм билан ухлаганнинг савоби кўпроқ.)
Бу мисолларни келтиришдан муддао шуки, дин макҳум нарса эмас. У аниқ мақсадлар билан юзага келтирилган. Қуръони каримни биз жанозаларда ўқиладигап калом деб одатланиб қолганмиз. Ҳолбуки, Аллоҳнинг каломи тириклар учун. Аниқроқ айтсак, тирикларни тўғри тарбиялаш йўлларини ўргатувчи восита. Ҳеч қайси динда, Яратган нозил этган ҳеч қайси китобда инсон зулмга даъват қилинмайди. Аксинча, зулмдан қайтарилади. Дин инсонларнинг барчалари бир ота, бир онадан тарқалганлигини уқтиради, аҳиллик, иттифоқликка ундайди. Одамлар динни дуруст англамаганлари учун бир-бирлари билан ёвлашадилар. Ислом, насаро, яҳудо, будда каби динларга бўлиниб олганлари ҳам майли-я, яна ўз динларида ўнлаб оқимларга, гуруҳларга, фиркаларга бўлиниб олишлари-чи? Динни яхши тушунган одам низоли йўлни танлармикин?
Қадим-қадимдан айрим одамлар диндан ўз манфаатлари учун фойдаланиб келганлар, ҳозир ҳам бу ёмон анъана давом этиб келяпти. Диндан манфаатдорлик кичик кўринишдан йирик сиёсий мақсадларга қадар учрайди. Кичик кўринишларига ҳаётимизда деярли ҳар куни дуч келамиз. Одамларга динни тўғри ўргатиб, тўғри йўлга бошлаши шарт бўлган масжид имомлари орасида худойидаги тутундан, тугун учига тугилган пулдан бошқасини ўйламайдиганлари ҳам йўқ эмас, бор. Бундайлар учун бидъат ва хурофотнинг динга зарари хақида сўз очиш бефойда. Агар хурофот йўлидаги бирон имомни танқид қилсангиз, «бу динга тош отяпти!» деб айюҳаннос соладилар. АҚШнинг Ирокда ики масҳаб ихтилофидан сиёсий мақсадларида фойдаланишига қарши биз бирон чора кўролмаймиз. Аммо динни тўғри англашга, бандаларнинг аҳил-иноқ яшашларига ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкинми? Ҳозир юртимизда бир неча диний оқимлар мавжуд. Булар орасида ўзига яраша зиддият бор. Бу ихтилофлар алҳол зарарсиз кўрингани билан ташқи нопок кучлар аралашувида жиддий тўқнашувларга айланиб кетиши мумкин эмасми? Диндан ўз манфаати учун фойдаланиш ҳақида гап кетганда шундай оқибатларни ҳам назарда тутиш ва бундай оқибатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш керак.
Жиноятчилар дунёси, уларнинг тубан қилмишлари ҳақида бадиий асар ёзиш осонми? Сиз бу борада сезиларли ютуқларга эриша олдингиз. Айтинг-чи, бундай асарларга материал йиғиш жараёни қандай кечади? Наҳотки, жиноятчилар руҳиятини, қилмишларини ишонарли тасвирлаш учун улар билан ёнма-ён юришга тўғри келса?
Китобхонлар орасида шунга ўхшаш тахминлар ҳам бор. Айримларини эшитиб тураман. «Ёзувчи жиноят олами билан яқин экан», деган миш-мишлар ҳам учрайди. Абдулла Қодирий «Уткан кунлар»ни ёзаётганларида Қўқон хони билан ёнма-ён юрмаганлар-ку, тўғрими? Ёки Ойбек домла Ҳусайн Бойқаро билан гурунг қилибмидилар? Тўғри, мен қамоқхоналарда уюштириладиган адабий учрашувларда бўлганман. Қамоқхонадаги аҳволни умумий тарзда биламан. Яқинроқ танишиш истагим борлигини билдирганимда Ички ишлар вазирлигидаги масъул раҳбарлар маъқуллашгану, аммо йўл беришмаган эди. Шунинг учун бирон ерда қамалиб чиққан одамлар билан учрашиб қолсам, уларнинг ҳикояларини эринмасдан тинглайман. Бу олам ҳақидаги китобларни кўп ўқиб, мантиқий хулосалар чиқаришга уринаман. Баъзи давраларда: «Шунча нарсани қаердан биласиз», деб сўрашса, «Мен гап ўғрисиман», деб ҳазиллашаман.
— Эртанги куни ёруғ бўлишини истаган одам, истиқболи нурли бўлишини орзулаган миллат фарзанд тарбиясини бир лаҳза бўлсин унутмайди. Бугунги глобаллашув замонида бу масала, айниқса, долзарб аҳами-ят касб этаётир. Бинобарин, ёт таъсирлар оқибатида ёшларнинг азалий қадриятларимиздан йироқлашу-ви, миллий ахлоқ ўрнини Ғарб ахлоқи эгаллаши, аждодларимизга мутлақо бегона бўлган наркомания, ичкиликбозлик, фаҳш каби иллатларнинг ҳаётимизга кириб келиши ҳоллари ҳам буни тасдиқлайди. Сиз куюнчак адиб сифатида бу каби масалаларга жиддий эътибор беряпсиз…
— Бу масалаларга фақат қалам ахли эмас, жамиятнинг ҳар бир аъзоси жиддий эътибор бериши керак. Энг одобли оила ҳам «Менинг боламнинг хулқи яхши», деб ўзини хотиржам қилмаслиги керак. Чунки ёмон хулқ юқумли касалликка ўхшайди. Африкада тарқалган касаллик бир ҳафтада, балки унданда тез дунёнинг истаган нуқтасида пайдо бўлиши аниқ. Лондонда ёки Мадридда пайдо бўлган ёмон хулқ ҳам ана шундай тезликда бизгача етиб келиши мумкин. Вабонинг олдини олиш имкониятлари мавжуд. Касал тарқалиши билан Соғлиқни сакдаш вазирлиги зарур чораларни кўра бошлайди. Аммо ёмон хулқларнинг олдини олиш мушкул. Буни ҳукумат идораларининг қарорлари билангина тўхтатиш қийин. Бу соҳада барча бир ёқадан бош чиқариши керак. Афсуским, ҳозир шундай бўлмаяпти. Аввалги йили ёшлар ҳаётидан янги қисса ёзиш мақсадида дискотекаларни кузатдим. Агар четдан томоша қилинса, ғалати манзарага гувоҳ бўлинади. Бу ерга йиғилган ёшлар худди телбага ўхшашди назаримда. Дискотекага гиёҳвандлар ёки боши бузуқлар тўпланишини ҳамма билади, аммо ҳеч ким чора кўрмайди. Айрим дискотекалар туни билан ишлайди, ҳолбуки, биздаги қонунларга кўра бундай қилиш мумкинмас. Қонун ижросини назорат қилувчи идоралар эса бунга бефарқлар. Нима учун бефарқликларини тахмин қилсак бўлади. Бир куни шаҳар Халқ таълими бошқармаси мудирига «Дискотекалардаги ёшларнинг кўпи мактаб ўқувчилари эканини биласизми, уларни қайтариш чораси кўриладими?»деб сўрадим. У жаноб «яхши айтдингиз, эртага мажлисда шу масалани кун тартибига қўямиз», дедилар. Масаланинг мажлисга қўйилгани яхши. Аммо натижа-чи? Бизда мажлис кўп, натижа эса йўқ даражада. Биз бир саволни кун тартибига қўяйлик: нима учун ўсмирлар ва ёшларнинг яхшилик кўчасига эмас, ёмонлик томонга оғиши осон бўляпти. (Бу билан барча ёшлар ёмон бўлиб кетяпти, демоқчи эмасмиз. Ёмондан кўра яхши ёшларимиз кўп. Бироқ, орада битга ёмоннинг бўлиши ҳам бизни сергаклантириши керак.) Ёшларни яхшилик томонга даъват этувчи идоралар кўп. Ёмонликка чорловчи биронта муассаса йўқ бўлгани ҳолда уларнинг шу томонга маҳлиё бўлишлари кишини ажаблантиради. Кейинги йилларда бутун жаҳон бўйлаб ёмон хулқ турлари кўпайди. Жиноятлар ғоят ёвузлашиб боряпти. Биз шуларни ҳисобга олмаяпмиз. Тарбия усулларини янгилашни ўйламаяпмиз. Бирон маҳаллада ёки мактабда учрашув ўтказамиз. Юқори идорага ҳисобот жўнатамиз, шу билан ишни қойиллатиб қўйгандек керилиб юраверамиз.
— Мумтоз адабиётимизга меҳрингиз баланд экани, мутафаккир боболаримиз асарларини мунтазам мутолаа қилишингиз асарларингиз моҳиятидан сезилиб туради. «Одамийлик мулки»да «Лисон ут-тайр»даги шайх Санъон ҳикоятини ўзингизга хос талқин этгансиз. Бундай талқиннинг дунёга келиши қайси омиллар билан боғлиқ?
— Мумтоз адабиётимизга меҳрим борлиги тўғри. Аммо армоним ҳам бор: бу адабиётни вақтида мукаммал ўргана олмаганман. Мен кечки журналистика факультетида ўқиган эдим. Мумтоз адабиётни жуда оз вақт ўргатишган. Камина ҳам ёшлик қилиб, шу етарли бўлса керак, деб юраверибман. Орадан йиллар ўтиб маълум бўлдики, университетда бу соҳада ҳеч нима ўрганмаган эканман. Қаранг, «Хамса» икки йил мобайнида ёзилган. Лекин уни атрофлича ўрганиш, тушуниб етиш учун одамнинг умри камлик қилади. Университетда эса бу мавзуни уч-тўрт соатда ўтиб бўлишади, Эллик икки минг мисранинг ҳар бирини англаш учун шу соатлар етарлимикин? Бу армонни айтишдан мақсад, ҳозир ҳам аҳвол шунга яқин. Филология факультетларида ҳали ҳам мумтоз адабиёт дарси юзаки ўтилади. Нофилологик факультетларда эса умуман ўтилмайди. Бир неча йил муқаддам Андижондаги Педагогика институтида учрашув бўлди. Шунда камина: «Институтларингиз Мирзо Бобурнинг муборак номлари билан аталади. Қани, бирортангиз туриб шоирнинг ғазалидан ўқиб берингчи?» дедим. Бир неча юз талабадан садо чиқмади. «Навоий бобом!» ёки «Бобур бобом!» деб лоф урганимиз билан уларнинг ижодидан бебаҳра бўлсак уят эмасми? Фахрланиш қуруқ гап билан бўлмайди. Бу борада ҳам амал керак.
Энди шайх Санъон ҳикоятига келсак, ривоятми, ҳикоятми ё афсонами ҳар замонда турлича талқин қилиниши мумкин. Мен нафс нуқтаи назаридан таҳлил қилишга уриндим. Чунки, назаримда, биз яшаётган замон нафс замони. (Бутун дунёда аҳвол шу.) Одамлар ҳар бир нарсага нафс кўзи билан қарайдиган бўлиб қоляптилар. Шайх Санъон фожиасида ҳам нафс бор. Айрим биродарларимиз масжидга чиқиб беш вақт намоз ўқийдиларда, «бўлди, камолга етдим», деган хулосага келиб, ўзлари учун жаннатдан жой ҳозирлаб қўйгандай бошқаларга сўз бермай, керилиб юраверадилар. Нафс тақво эгаларининг ҳам бошини эгиб қўйишга қодир экан, нимамизга кериламиз. Аҳмад Яссавий ҳазратлари «Шайтон ғолиб, жон чиқарда шош-дим мано», деб бекорга нола чекмагандирлар. Ҳар бир инсон то жони чиққунига қадар шайтонга қарши, унинг асосий қуролларидан бири нафсга қарши курашиши керак. Шундагина Аллоҳнинг ризолигига етиша олиши мумкин. Аллоҳ ризолигига етишиш учун бу дунёда яхшилик қилиб, аввал одамлар розилигини олиш керак. Нафсини енга олмаган одам бошқаларга яхшиликни соғина олмайди.
Адибнинг жамиятда тутган ўрни қандай бўлиши керак? Ёзувчи ёки шоир шахс сифатида асарларида васф этилган фазилатлардан тамомила йироқ бўлиши мумкинми? Сўзи ва амали бирбирига зид бундай қаламкаш хурматга лойиқми?
Сўзи ва амали бирбирига зид одамни «мунофиқ» деймиз ва бундай одам ҳеч қачон ҳурматга лойиқ бўлган эмас. Ёзувчининг жамиятда тутган ўрни эл қатори бўлиши лозим. Агар баландроқ ўринни талаб қила бошласаа кулгига қолади. Масъулият жиҳатдан қарасак, бошқаларга нисбатан унинг зиммасидаги вазифалар кўпроқ бўлади. Чунки (қўполроқ айтсак) ёзувчи бошқаларга ақл ўргатиши керак. Ақл ўргатиш учун эса ўзида ақл бўлиши, ҳаракатлари ҳам шу ақлга муносиб бўлиши шарт. Баъзи одамларга ёзувчи халқи фариштадай кўринади. Уларга интилиб яшайдиган, юзма-юз туриб суҳбатидан баҳраманд бўлишни Худодан сўрайдиганлар ҳам бор. Тасаввур қилинг, шундай даврага ёзувчи келди. Зиёфатда ичиб, маст бўлиб олиб, оёғини дастурхонга узатганича оғзига келган гапларни вайсай бошлади. Аллоҳ сақласин! «Домланинг айтганини қил, қилганини қилма», деган мақол ёзувчи халқига муносиб эмас. Аллоҳ ёзувчига бошқаларга нисбатан кўпроқ неъматлар берган, бу неъматларни исроф қилмай сарф этиб, халққа хизмат қилиши шарт. Бозордан бирон нима олсангиз ҳақини тўлайсиз. Аллоҳ берган неъматларнинг ҳақи халққа хизмат қилиш билан тўланади.
— Тоҳир ака, машхур ёзувчисиз, мухлисларингиз кўп. Улар назари билан қараганда дунёдаги энг бахтли одамсиз. Сизни қийнаши мумкин бўлган биронта муаммо Йўқдай туюлади. Аслидачи? Аслида ҳам шундайми?
— Мен муаммоси йўқ одамни тасаввур қила олмайман. Ҳар бир кишининг муаммоси ўзига хос бўлади. Мени қийнаётган муаммо сизга бачкана ёки кулгили туюлиши мумкин. Аксинча, мен эътибор бермаётган нарса сизни ҳайратлантириши эҳтимоли бор. Мен Яратганнинг барча неъматлари учун шукр қиламан. Бирон ерда камчилик учраса қаноат қилишга уринаман. Сабр-қаноатни одам учун энг олий либослардан деб биламан. Ожиз бандамиз, баъзан бу либосларни ечиб қўйишга тўғри келса аввало одамлардан уяламан, сўнг тавба қила бошлайман. Шахсий муаммоларим кунда, ҳафтада, ойда ёки йилда ўзгариб туриши мумкин, уларни ўзимча ҳал қилишга тиришаман. Ҳал бўлмай қоладиган муаммолар ҳам учрайди, наилож! Мени кўпроқ жамиятдаги ечилмай қолаётган муаммолар ташвишга солади. Мен ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол аралашувчилардан эмасман. Сиёсат бобида уқувим йўқ. Табиатимда курашувчанлик ҳам йўқ. Мен муаммоларни ақлим етган даражада ёзган асарларим орқали ҳал этишга ҳаракат қиламан. Масалан, кўп гапирадиганимиз китобхонлик муаммоси. Кўпчилик гапни айлантириб келиб китобнинг нархи қиммат, деган хулосага боғлайди. Битта хонадонга йилда ўнта янги китоб кирса, тахминан 20-30 минг сўм сарфланади. Энди айтинг: шу хонадонга ойида неча минг сўмлик ароқ киради, сигарет киради, борингки, қурт-писта, сақич… киради? Неча ўн, ҳатто юз минг сўмлаб пулларни кераксиз зиёфатларга сарфлаймиз? Тўйлардаги раққосаларга қистириладиган пулларчи? Хўп, китоб қиммат, деган фикрга қўшилдик, дейлик. Аммо кутубхоналардаги текин китоблар ҳам ўқилмайди-ку? Талабалар энг фаол китобхон бўлишлари керак, бироқ улар ҳам китоб сотиб олмайдилар-ку? Ҳолбуки, мутлақо зарурати бўлмаган ён телефонларига 40-50 минг сўмдан тўлашга пул топишади-ку?
Китобхонлик масаласи фақат ёзувчиларнинг ташвиши эмас. Жамият ташвиши бўлиши керак. Чунки маънавий олам фақат ва фақат китоб билан бойийди. Маънавий қашшоқ жамият оламаро юксала олмайди. Саволингизда «бахт» ҳам тилга олинди. Чиндан ҳам бахтлиман. Аллоҳ менга, аввал айтганимдай, улуғ неъматлар берди. Суҳбатимиз сўнгида журнал ўқувчиларига, уларнинг оила аъзоларига Аллохдан икки дунё саодатини тилайман.
Суҳбатдош: Нурбой Абдулҳаким
Манба «Тафаккур» журнали, 2006 йил,4-сон
O’zbek adabiyotining yetuk namoyandalaridan biri O’zbekiston xalq yozuvchisi Tohir Malik 73 yoshida olamdan o’tdi. Alloh rahmatiga olsin.
Tohir Malik 1946 yilning 27 dekabrida ziyoli oilada dunyoga keldi. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O’zMU)ning jurnalistika fakulьteti kechki bo’limida o’qidi. Qurilishda duradgor, g’isht teruvchi bo’lib ishladi. Keyinchalik hozirgi “Tong yulduzi” gazetasida adabiy xodim, bo’lim boshlig’i vazifalarida ishladi (1966).
Harbiy xizmatni o’tab qaytgach, Respublika radiosida, “Cho’lpon”, G’.G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotlarida, “Guliston”, “Sharq yulduzi”, “Yoshlik” jurnallarida, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida xizmat qildi. 1995 yildan buyon Ichki ishlar vazirligi Akademiyasida o’zbek tilidan dars beradi.
O’zbek adabiyotida kam e’tibor berilgan fantastika janriga aynan talabalik yillarida qo’l urdi; bir qator asarlari kitobxonlar e’tiborini o’ziga tortdi. “Hikmat afandining o’limi” (1972) asari o’zbek adabiyotida fantastika yo’nalishidagi birinchi qissa sanaladi. Shu yo’nalishdagi bir qator hikoyalari, “Falak” (1976), “Zaharli g’ubor” (1978), “Somon yo’li elchilari” (1979), “Tiriklik suvi” (1984) qissalari, “Devona” romani (1985, dastlab “Chorrahada qolgan odamlar” nomida nashr etilgan), “Qora farishta” (2005) kitobi chop etildi; bu asarlar rus hamda boshqa xorij tillariga tarjima qilindi.
Adib XX asr boshlaridagi o’zbek ziyolilari faoliyatini o’rganib, Abdulla Avloniy hayoti misolida “Savohil” (1987, avval “Qaldirg’och” nomida nashr etilgan) romanini va Mirzakalon Ismoiliy xotirasiga atab “Ozod inson haqida qo’shiq” (2008) qissasini yozdi. Bu mavzu keyinchalik “So’nggi o’q” (1990), “Ov” (1997) qissalarida davom etdi. “So’nggi o’q” asosida yetti qismli telefilьm yaratildi.
Uning ma’naviyat masalalariga, axloqiy qadriyatlarga bag’ishlangan “Bir ko’cha, bir kecha” (1988), “Iblis devori” (2006), “Eng kichik jinoyat” (2007) asarlari ham kitobxonlarga manzur bo’ldi. “Iblis devori” asosida badiiy filьm suratga olindi. Adib insonning ma’naviy-ruhiy olamini tadqiq etishga ko’p e’tibor qaratdi. Buning samarasi o’laroq “Jinoyatning uzun yo’li” (2001), “Ayovsiz ilon” (2009), “Aql va Oqil” (2010), “Kelinlar daftariga” (2010), “Tilingni asra”, “Mehmon tuyg’ular” ma’rifiy asarlari hamda uch kitobdan iborat “Odamiylik mulki” (2012) asari dunyoga keldi.
Tohir Malikning yana “Alvido… bolalik” (1989), 5 kitobdan iborat “Shaytanat” (1994, 1995, 1997, 2001, 2011), “Murdalar gapirmaydi” (1994), “Yomonlikdan yiroq bo’ling” (2001), “Talvasa” (2007), “Tilla kalamush” (2007), “Voy, onajonim” (2009),
“Sohilsiz dengiz”, “Padarkush” (2011), “Samum” (1-2 kitob, 2012-2013), “Charxpalak”, “Halovat”, “Shaytanatning jin ko’chalari”, “Nomus”, “Kuyov bola, sizga aytar so’zim bor” (2012), 12 jildli “Tanlangan asarlar“, Munojot” (2013), “Umidlar dashti”, “Umidimiz yulduzlariga” (2014), “Po’rtanali ummonda suzar hayot qayig’i (1-2 kitob, 2015) kabi roman, qissa, hikoyalar, badealar kitoblari nashr etildi.
Adib tarjimon sifatida “Tashnalik” (bulg’or hikoyalari, 1980), E.Amitning “Kapalak” (1981), A.Hakimovning “Oqsoq bo’ri” (roman, 1981), F.Dostoyevskiyning “Ma’suma” (roman, 1985), V.Ikskulning “Nomus va ajal” (2010), “Nomus va qasos” (2011), K.Gotstsining “Bug’uga aylangan qirol” (pьesa, 2011), L.Tolstoyning “Sakrash” (1980) asarlarini o’zbek tiliga o’girdi. Ayni paytda adibning asarlari ham arab, rus, qirg’iz, qozoq, uyg’ur tillariga tarjima qilindi.
Adib qator kinostsenariylar va radiopьesalarmuallifi hamdir.
O’zbekiston xalq yozuvchisi Tohir Malik 1996 yilda “Do’stlik” ordeni bilan taqdirlangan.
ODAMIYLIK MASNADI
O’zbekiston xalq yozuvchisi Tohir Malik bilan suhbat
— Tohir aka, ko’pchilikka ayon: sizning ijodingizda fantastika janri yetakchi o’rin tutadi. Detektivga o’tishingiz, «Shaytanat» asari yozilishining sababi nimada? Asarning bu qadar shuhrat topishini muallif sifatida qanday izohlagan bo’lar edingiz?
— Nasrni «fantastika», «detektiv» yoki «realistika» kabi yo’nalishlarga adabiyotshunoslar ajratish-gan bo’lishsa kerak. Tarixda «tanqidiy realizm», «sotsialistik realizm» kabi yo’nalishlar ham mavjud edi. Ajabki, yozuvchilarning hech birlari asarlarining nomi ostiga hech qachon «sotsialistik realizm», deb yozib qo’ymaganlar. Nechundir fantastika va detektivga shu odat xos bo’lib qoldi. Har bir badiiy asarda ozmi-ko’pmi fantastika va detektiv unsurlari bo’ladi. Tarixiy asarlarning asosi xayol mahsulimi? «O’tkan kunlar»da Otabekning qotilligida detektivga xos bayonlarni uchratmaymizmi? Har bir asarda sarguzashtlarga duch kelmaymizmi?
To’g’ri, kamina dastlab ilmiy fantastika yo’nalishida bir oz mashq qilib ko’rdim. Asardagi ilmiy g’oyalar men uchun asosiy bir gapni aytish uchun bahona edi. Buni xapdoriga o’xshataman: bemorni qiynamas-lik uchun dorining qobig’i shirin bo’ladi. Lekin bu qobiqning shifo berish xususiyati yo’q. Shifo shu qobiq ichidagi achchiq dorida. «Fantastika», «detektiv» degan gaplar ham shu qobiqqa o’xshaydi. Maqsad-o’quvchining e’tiborini tortish. Hamkasblarim mendan ranjishmasin, ularni kamsitmoqchi emasman, ammo ayrim asarlarning o’quvchilari g’oyat kam. Holbuki, asar zo’r mahorat bilan yozilgan, undagi gaplar ham bena-zir. Bunday asarlarning mualliflari «Men tushungan odamlar uchun yozaman, hamma o’qishi shart emas», deyishlari mumkin. Hamma o’qishi shart bo’lmagan asarlar tarixda ham bor edi, hozir ham jahon adabiyotida-ko’p uchraydi. Lekin men yozilgan asarni iloji boricha ko’proq odam o’qishi tarafdoriman. Gap bu yerda ko’p odam o’qigani tufayli ijodkorning ko’pga tanilishida emas. Gap xizmatingizdan ko’proq odamning bahramand bo’lishida. Yozuvchi qo’lga qalam olib biron voqea bayonini berganida o’quvchisini ma’lum bir hayot falsafasidan ogoh etishniniyat qiladi. Ana shu falsafani ko’proq odam o’qishi, shu falsafa haqida ko’proq odam fikrlashi yaxshi emasmi? Agar tor doiradagi o’quvchilarimiznigina o’ylasak, adabiyotning ta’sir doirasini cheklab qo’ygan bo’lmaymizmi?
Ayrim do’stlarimizda «fantastika yoki detektiv saviyasi past o’quvchilarga mo’ljallangan», degan fikr ham borkim, bundan voz kechishlarini istardim. O’quvchini saviyasi past, deb ayblasak o’zimiz uchun uyat. «Saviyasi past asar yozilibdi», desak to’g’ri bo’ladi. Ba’zilar «fantastika»ni tushunmayman», deyishadi. Nimasiga tushunmaydi? Badiiy adabiyotga xos bo’lgan barcha talablar bu yo’nalishga ham xos. Olimlarning ilmga doir suhbatlari ham osmondan olingan emas. Oliy matematikadan ma’ruza o’qilmaydi. Faqat bizda adabiyotdagi bu ikki yo’nalishga mensimasdan qarash odati bor. O’qimasdan turib baho berishga o’rganib qolganmiz. Yaqinda ikki yozuvchining bahsiga guvoh bo’ldim. Biri qaysidir asarni mukofotga arziydi, deb ishontirmoqchi bo’ladi, ikkinchisi loyiq emas, deb rad etadi. Shunda birinchisi: «Shu asarni tuzukroq o’qidingizmi?» deb so’rovdi, ikkinchisi o’qimaganini aytdida, «o’qib nima qilaman, bari bir u odam zo’r asar yozolmaydi», deb izoh berdi. Bizning ishlarimiz shunaqa. Men Fyodor Dostoevskiyning «Jinoyat va jazo» asarini detektiv asarning eng a’lo namunasi deb bilaman. Mario P`yuzoning «Padre» («Cho’qintirgan ota») asari ham shu yo’nalishda XX asrda yaratilgan go’zal asar ekanini jahon tan olgan. Xo’sh, bularni ham saviyasi past o’kuvchilarga atalgan, deymizmi? «Sherlok Xolms»ni necha zamondan beri necha millionlab (ehtimol milliardlabdir?) odamlar o’qiyotganini inobatga olsak, dunyoni saviyasi pastlar bosib ketmaydimi?
Savolingizga javob berishda chalg’iganim yo’q. Bu masalalarga ham e’tiborimizni qaratishimiz kerak. Hozir bema’ni sayoz qo’shiqlar ko’paygani singari nomi «detektiv» bo’lgan, ammo badiiy adabiyotning eng kichik talablariga ham javob bera olmaydigan asarlar ko’payyaptiki, bu holatga yo’l qo’ymaslik chorala-rini o’ylab ko’rishimiz kerak. Faqat rad etish bilan ish bitmaydi.
Endi fantastikadan detektivga o’tishimning sababiga kelsak, men doimiy ravishda bir xil ish bilan band bo’lishni yoqtirmayman. Fantastikada qo’limdan kelganicha mashq qilib ko’rdim. Detektivda ham o’zimni sinab ko’rishga ehtiyoj sezildi. Keyingi paytda ma’rifiy yo’nalishga diqqatimni qaratdim. Kelajakda ko’p yillik orzuyim-tarix mavzuiga murojaat etishni niyat qilganman. Qaysi yo’nalishga kirmayin maqsadim bir o’quvchi bilan hayot muammolari haqida g’oyibona suhbat qurish. Zulmning ildizini quritib, saodatli umrga yetishish yo’llarini izlash. «Shaytanat»ni yozishdan maqsad ham shu edi. Soxta kamtarlik qilyapti, deb o’ylamang, lekin bu asar g’oyatda hayratlanarli darajada emas. Hamkasb do’stlarimdan mening ortiq joyim yo’q. Kamchiliklarim bor, buni o’zim ham bilaman. O’zim sezmayotgan kamchiliklarimni xolisanilloh aytib turishsa minnatdor bo’laman. Asarning ma’lum ma’noda shuhrat topishiga sabablardan biri-bu mavzu o’quvchilar uchun yangiroq edi. Ikkinchi sababi keyingi yillarda hamkasblarimiz kitobxonlarni yangi asarlar bilan tez-tez quvontirib turish an’anasiga sodiq qolmayaptilar. Kitob peshtaxtalarida anchagina bo’sh o’rinlar borligiga guvoh bo’lyapmizkim, bu biz uchun achinarlidir. O’rni kelganda aytay: kam asar yozilishini iqtisodiy ahvol bilan bog’lamaslik kerak. «O’tkan kunlar», «Kecha va kunduz», «Navoiy» kabi asarlar yozilayotganda ustozlarimizning iqtisodiy ahvollari hozirgilarnikidan nochorroq bo’lgani aniqku? Ustiga-ustak mafkuraviy tazyiqchi?
— So’nggi paytlarda diniy-ma’rifiy mavzuda bir qancha risolalar yozdingiz. «Mehmon tuyg’ular», «Iymonlashish umidi», «Odamiylik mulki» kabi asarlaringiz muxlislar tomonidan iliq kutib olindi. Aytingchi, dindorlikning asl mohiyati, vazifasi nimada? Payg’ambar alayhissalom mashhur hadislarida yaxshi xulqlarni eng mukammal darajaga yetkazmoq uchun yuborilganlarini aytadilar. Binobarin, dindan ko’zlangan maqsad Alloh taoloning roziligiga erishish, insonning komil axloq sohibi maqomiga ko’tarilishi emasmi? Shunday bo’lsa, muqaddas dinimizni ham manfaat uchun kurash vositasiga aylantirayotganlar qilmishini qanday baholash mumkin?
— Men axloq mavzuida, ya’ni ma’rifiy yo’nalishda ikki kitob yozishni uzoq yillar orzu qildim va bu ishga tayyorlanib yurdim. Bundan maqsad tog’am Mirzakalon Ismoiliy boshlagan ishlarini davom ettirish edi. «Mehmon tuyg’ular»ni yaxlit asar deyish mumkin emas. O’z nomi bilan aytganda, kutilmagan onda mehmon bo’lib kelgan tuyg’ularning bayoni. Kitoblarda o’qiganim dono fikrlarni, xayolimda tug’ilgan ba’zi gaplarni daftarga yozib yurardim. «Shaytanat»ni yozib bo’lgach, daftarni oqqa ko’chirdim-u, kitobxonlar diqqatiga havola etishga jur’at qildim. Bir oz fursat o’tgach, uni to’ldirib, «Iymonlashish umidi» bilan qayta nashr ettirdim. Bu ikki kitobga rejadan tashqari tartib berildi, desam ham bo’ladi. Niyatdagi kitoblarning birinchisini «Jinoyatning uzun yo’li» deb nomladim. Men bir necha yillar davomida o’smirlar orasida uchraydigan jinoyatchilik sabablarini o’rgandim. Bu o’rganishning natijasi o’laroq «Alvido, bolalik!» qissasi dunyoga keldi. O’smirlar orasidagi jinoyatchilik har qanday jamiyatni tashvishga soladigan holat. Shu bois bu muammoni ilmiy tomondan ham taxlil ehtiyoji tug’ildi. «Jinoyatning uzun yo’li», «Alvido, bolalik»ka yozilgan ilmiy sharh desak ham bo’ladi. Niyatimdagi ikkinchi kitob, axloq kitobi, unn «Odamiylik mulki» deb nomladim. Bu axloq kitobi uch jilddan iborat bo’lishi kerak. Dastlabkisi muxlislar qo’liga borib tegdi. Bu kitobni yozish uchun salkam yetmishta daftar tutganman. Unga yuzga yaqin xulq haqidagi donolarning fikrlarini, rivoyatlar, hikoyatlarni to’plaganman. Shu keyingi kitobda siz o’rtaga qo’yish muammoga javob berishga urinib ko’rdim. Biz «Ibodat qilyapmiz, Allohni taniymiz», deb yuramizu aslida Allohni tanish nimadan iborat ekanini yaxshi tushunmaymiz. Din – besh vaqt namoz o’qish yoki ro’za tutishdangina iborat emas. Allohni tanish ilm bilan bo’ladi. Ilmsizlik jaholatni tug’diradi. Dindagi jaholat g’oyat xatarlidir. Chunki u mutaassiblikni tug’diradi. Mutaassiblik mavjud yerda adashishlar boshlanadi «Ilm» kalimasi Qur’oni karimning 752 joyida zikr etilgan. Hadisi qudsiyda Alloh marhamat qiladiki: «Ey Odam bolasi, bilgilki, salomatlik-birlikda, ixlos-taqvoda, xudojo’ylik-tavbada, ibodat-ilmda va boylik-qanoatdadir». Demak, ilm ham ibodat ekan. Namoz bola balog’at yoshiga yetgach farz sanaladi. Ilm olish esa beshikdan farz qilingan. «Qutadg’u bilig»da shunday baytlar bor:
Bilig o’gran ashnu topug’qa o’kush,
Biligsiz topug’ osg’i bulmoz ulush.
(Ibodatdan burun ilm o’rgan. Bilmasdan ibodat qilgan bilan savob tegmas.)
Biligsiz topug’ qilmishindan ko’ro’,
Biliglig uyumish muyoni o’ro’.
(Ilmsizlik bilan ibodat qilgandan ko’ra ilm bilan uxlaganning savobi ko’proq.)
Bu misollarni keltirishdan muddao shuki, din makhum narsa emas. U aniq maqsadlar bilan yuzaga keltirilgan. Qur’oni karimni biz janozalarda o’qiladigap kalom deb odatlanib qolganmiz. Holbuki, Allohning kalomi tiriklar uchun. Aniqroq aytsak, tiriklarni to’g’ri tarbiyalash yo’llarini o’rgatuvchi vosita. Hech qaysi dinda, Yaratgan nozil etgan hech qaysi kitobda inson zulmga da’vat qilinmaydi. Aksincha, zulmdan qaytariladi. Din insonlarning barchalari bir ota, bir onadan tarqalganligini uqtiradi, ahillik, ittifoqlikka undaydi. Odamlar dinni durust anglamaganlari uchun bir-birlari bilan yovlashadilar. Islom, nasaro, yahudo, budda kabi dinlarga bo’linib olganlari ham mayli-ya, yana o’z dinlarida o’nlab oqimlarga, guruhlarga, firkalarga bo’linib olishlari-chi? Dinni yaxshi tushungan odam nizoli yo’lni tanlarmikin?
Qadim-qadimdan ayrim odamlar dindan o’z manfaatlari uchun foydalanib kelganlar, hozir ham bu yomon an’ana davom etib kelyapti. Dindan manfaatdorlik kichik ko’rinishdan yirik siyosiy maqsadlarga qadar uchraydi. Kichik ko’rinishlariga hayotimizda deyarli har kuni duch kelamiz. Odamlarga dinni to’g’ri o’rgatib, to’g’ri yo’lga boshlashi shart bo’lgan masjid imomlari orasida xudoyidagi tutundan, tugun uchiga tugilgan puldan boshqasini o’ylamaydiganlari ham yo’q emas, bor. Bundaylar uchun bid’at va xurofotning dinga zarari xaqida so’z ochish befoyda. Agar xurofot yo’lidagi biron imomni tanqid qilsangiz, «bu dinga tosh otyapti!» deb ayyuhannos soladilar. AQShning Irokda iki mas’hab ixtilofidan siyosiy maqsadlarida foydalanishiga qarshi biz biron chora ko’rolmaymiz. Ammo dinni to’g’ri anglashga, bandalarning ahil-inoq yashashlariga o’z hissamizni qo’shishimiz mumkinmi? Hozir yurtimizda bir necha diniy oqimlar mavjud. Bular orasida o’ziga yarasha ziddiyat bor. Bu ixtiloflar alhol zararsiz ko’ringani bilan tashqi nopok kuchlar aralashuvida jiddiy to’qnashuvlarga aylanib ketishi mumkin emasmi? Dindan o’z manfaati uchun foydalanish haqida gap ketganda shunday oqibatlarni ham nazarda tutish va bunday oqibatlarga yo’l qo’ymaslik choralarini ko’rish kerak.
Jinoyatchilar dunyosi, ularning tuban qilmishlari haqida badiiy asar yozish osonmi? Siz bu borada sezilarli yutuqlarga erisha oldingiz. Ayting-chi, bunday asarlarga material yig’ish jarayoni qanday kechadi? Nahotki, jinoyatchilar ruhiyatini, qilmishlarini ishonarli tasvirlash uchun ular bilan yonma-yon yurishga to’g’ri kelsa?
Kitobxonlar orasida shunga o’xshash taxminlar ham bor. Ayrimlarini eshitib turaman. «Yozuvchi jinoyat olami bilan yaqin ekan», degan mish-mishlar ham uchraydi. Abdulla Qodiriy «Utkan kunlar»ni yozayotganlarida Qo’qon xoni bilan yonma-yon yurmaganlar-ku, to’g’rimi? Yoki Oybek domla Husayn Boyqaro bilan gurung qilibmidilar? To’g’ri, men qamoqxonalarda uyushtiriladigan adabiy uchrashuvlarda bo’lganman. Qamoqxonadagi ahvolni umumiy tarzda bilaman. Yaqinroq tanishish istagim borligini bildirganimda Ichki ishlar vazirligidagi mas’ul rahbarlar ma’qullashganu, ammo yo’l berishmagan edi. Shuning uchun biron yerda qamalib chiqqan odamlar bilan uchrashib qolsam, ularning hikoyalarini erinmasdan tinglayman. Bu olam haqidagi kitoblarni ko’p o’qib, mantiqiy xulosalar chiqarishga urinaman. Ba’zi davralarda: «Shuncha narsani qaerdan bilasiz», deb so’rashsa, «Men gap o’g’risiman», deb hazillashaman.
— Ertangi kuni yorug’ bo’lishini istagan odam, istiqboli nurli bo’lishini orzulagan millat farzand tarbiyasini bir lahza bo’lsin unutmaydi. Bugungi globallashuv zamonida bu masala, ayniqsa, dolzarb ahami-yat kasb etayotir. Binobarin, yot ta’sirlar oqibatida yoshlarning azaliy qadriyatlarimizdan yiroqlashu-vi, milliy axloq o’rnini G’arb axloqi egallashi, ajdodlarimizga mutlaqo begona bo’lgan narkomaniya, ichkilikbozlik, fahsh kabi illatlarning hayotimizga kirib kelishi hollari ham buni tasdiqlaydi. Siz kuyunchak adib sifatida bu kabi masalalarga jiddiy e’tibor beryapsiz…
— Bu masalalarga faqat qalam axli emas, jamiyatning har bir a’zosi jiddiy e’tibor berishi kerak. Eng odobli oila ham «Mening bolamning xulqi yaxshi», deb o’zini xotirjam qilmasligi kerak. Chunki yomon xulq yuqumli kasallikka o’xshaydi. Afrikada tarqalgan kasallik bir haftada, balki undanda tez dunyoning istagan nuqtasida paydo bo’lishi aniq. Londonda yoki Madridda paydo bo’lgan yomon xulq ham ana shunday tezlikda bizgacha yetib kelishi mumkin. Vaboning oldini olish imkoniyatlari mavjud. Kasal tarqalishi bilan Sog’liqni sakdash vazirligi zarur choralarni ko’ra boshlaydi. Ammo yomon xulqlarning oldini olish mushkul. Buni hukumat idoralarining qarorlari bilangina to’xtatish qiyin. Bu sohada barcha bir yoqadan bosh chiqarishi kerak. Afsuskim, hozir shunday bo’lmayapti. Avvalgi yili yoshlar hayotidan yangi qissa yozish maqsadida diskotekalarni kuzatdim. Agar chetdan tomosha qilinsa, g’alati manzaraga guvoh bo’linadi. Bu yerga yig’ilgan yoshlar xuddi telbaga o’xshashdi nazarimda. Diskotekaga giyohvandlar yoki boshi buzuqlar to’planishini hamma biladi, ammo hech kim chora ko’rmaydi. Ayrim diskotekalar tuni bilan ishlaydi, holbuki, bizdagi qonunlarga ko’ra bunday qilish mumkinmas. Qonun ijrosini nazorat qiluvchi idoralar esa bunga befarqlar. Nima uchun befarqliklarini taxmin qilsak bo’ladi. Bir kuni shahar Xalq ta’limi boshqarmasi mudiriga «Diskotekalardagi yoshlarning ko’pi maktab o’quvchilari ekanini bilasizmi, ularni qaytarish chorasi ko’riladimi?»deb so’radim. U janob «yaxshi aytdingiz, ertaga majlisda shu masalani kun tartibiga qo’yamiz», dedilar. Masalaning majlisga qo’yilgani yaxshi. Ammo natija-chi? Bizda majlis ko’p, natija esa yo’q darajada. Biz bir savolni kun tartibiga qo’yaylik: nima uchun o’smirlar va yoshlarning yaxshilik ko’chasiga emas, yomonlik tomonga og’ishi oson bo’lyapti. (Bu bilan barcha yoshlar yomon bo’lib ketyapti, demoqchi emasmiz. Yomondan ko’ra yaxshi yoshlarimiz ko’p. Biroq, orada bitga yomonning bo’lishi ham bizni sergaklantirishi kerak.) Yoshlarni yaxshilik tomonga da’vat etuvchi idoralar ko’p. Yomonlikka chorlovchi bironta muassasa yo’q bo’lgani holda ularning shu tomonga mahliyo bo’lishlari kishini ajablantiradi. Keyingi yillarda butun jahon bo’ylab yomon xulq turlari ko’paydi. Jinoyatlar g’oyat yovuzlashib boryapti. Biz shularni hisobga olmayapmiz. Tarbiya usullarini yangilashni o’ylamayapmiz. Biron mahallada yoki maktabda uchrashuv o’tkazamiz. Yuqori idoraga hisobot jo’natamiz, shu bilan ishni qoyillatib qo’ygandek ke-rilib yuraveramiz.
— Mumtoz adabiyotimizga mehringiz baland ekani, mutafakkir bobolarimiz asarlarini muntazam mutolaa qilishingiz asarlaringiz mohiyatidan sezilib turadi. «Odamiylik mulki»da «Lison ut-tayr»dagi shayx San’on hikoyatini o’zingizga xos talqin etgansiz. Bunday talqinning dunyoga kelishi qaysi omillar bilan bog’liq?
— Mumtoz adabiyotimizga mehrim borligi to’g’ri. Ammo armonim ham bor: bu adabiyotni vaqtida mukammal o’rgana olmaganman. Men kechki jurnalistika fakul`tetida o’qigan edim. Mumtoz adabiyotni juda oz vaqt o’rgatishgan. Kamina ham yoshlik qilib, shu yetarli bo’lsa kerak, deb yuraveribman. Oradan yillar o’tib ma’lum bo’ldiki, universitetda bu sohada hech nima o’rganmagan ekanman. Qarang, «Xamsa» ikki yil mobaynida yozilgan. Lekin uni atroflicha o’rganish, tushunib yetish uchun odamning umri kamlik qiladi. Universitetda esa bu mavzuni uch-to’rt soatda o’tib bo’lishadi, Ellik ikki ming misraning har birini anglash uchun shu soatlar yetarlimikin? Bu armonni aytishdan maqsad, hozir ham ahvol shunga yaqin. Filologiya fakul`tetlarida hali ham mumtoz adabiyot darsi yuzaki o’tiladi. Nofilologik fakul`tetlarda esa umuman o’tilmaydi. Bir necha yil muqaddam Andijoidagi Pedagogika institutida uchrashuv bo’ldi. Shunda kamina: «Institutlaringiz Mirzo Boburning muborak nomlari bilan ataladi. Qani, birortangiz turib shoirning g’azalidan o’qib beringchi?» dedim. Bir necha yuz talabadan sado chiqmadi. «Navoiy bobom!» yoki «Bobur bobom!» deb lof o’rganimiz bilan ularning ijodidan bebahra bo’lsak uyat emasmi? Faxrlanish quruq gap bilan bo’lmaydi. Bu borada ham amal kerak.
Endi shayx San’on hikoyatiga kelsak, rivoyatmi, hikoyatmi yo afsonami har zamonda turlicha talqin qilinishi mumkin. Men nafs nuqtai nazaridan tahlil qilishga urindim. Chunki, nazarimda, biz yashayotgan zamon nafs zamoni. (Butun dunyoda ahvol shu.) Odamlar har bir narsaga nafs ko’zi bilan qaraydigan bo’lib qolyaptilar. Shayx San’on fojiasida ham nafs bor. Ayrim birodarlarimiz masjidga chiqib besh vaqt namoz o’qiydilarda, «bo’ldi, kamolga yetdim», degan xulosaga kelib, o’zlari uchun jannatdan joy hozirlab qo’yganday boshqalarga so’z bermay, kerilib yuraveradilar. Nafs taqvo egalarining ham boshini egib qo’yishga qodir ekan, nimamizga kerilamiz. Ahmad Yassaviy hazratlari «Shayton g’olib, jon chiqarda shosh-dim mano», deb bekorga nola chekmagandirlar. Har bir inson to joni chiqquniga qadar shaytonga qarshi, uning asosiy qurollaridan biri nafsga qarshi kurashishi kerak. Shundagina Allohning rizoligiga yetisha olishi mumkin. Alloh rizoligiga yetishish uchun bu dunyoda yaxshilik qilib, avval odamlar roziligini olish kerak. Nafsini yenga olmagan odam boshqalarga yaxshilikni sog’ina olmaydi.
Adibning jamiyatda tutgan o’rni qanday bo’lishi kerak? Yozuvchi yoki shoir shaxs sifatida asarlarida vasf etilgan fazilatlardan tamomila yiroq bo’lishi mumkinmi? So’zi va amali birbiriga zid bunday qalamkash xurmatga loyiqmi?
So’zi va amali birbiriga zid odamni «munofiq» deymiz va bunday odam hech qachon hurmatga loyiq bo’lgan emas. Yozuvchining jamiyatda tutgan o’rni el qatori bo’lishi lozim. Agar balandroq o’rinni talab qila boshlasaa kulgiga qoladi. Mas’uliyat jihatdan qarasak, boshqalarga nisbatan uning zimmasidagi vazifalar ko’proq bo’ladi. Chunki (qo’polroq aytsak) yozuvchi boshqalarga aql o’rgatishi kerak. Aql o’rgatish uchun esa o’zida aql bo’lishi, harakatlari ham shu aqlga munosib bo’lishi shart. Ba’zi odamlarga yozuvchi xalqi farishtaday ko’rinadi. Ularga intilib yashaydigan, yuzma-yuz turib suhbatidan bahramand bo’lishni Xudodan so’raydiganlar ham bor. Tasavvur qiling, shunday davraga yozuvchi keldi. Ziyofatda ichib, mast bo’lib olib, oyog’ini dasturxonga uzatganicha og’ziga kelgan gaplarni vaysay boshladi. Alloh saqlasin! «Domlaning aytganini qil, qilganini qilma», degan maqol yozuvchi xalqiga munosib emas. Alloh yozuvchiga boshqalarga nisbatan ko’proq ne’matlar bergan, bu ne’matlarni isrof qilmay sarf etib, xalqqa xizmat qilishi shart. Bozordan biron nima olsangiz haqini to’laysiz. Alloh bergan ne’matlarning haqi xalqqa xizmat qilish bilan to’lanadi.
— Tohir aka, mashxur yozuvchisiz, muxlislaringiz ko’p. Ular nazari bilan qaraganda dunyodagi eng baxtli odamsiz. Sizni qiynashi mumkin bo’lgan bironta muammo Yo’qday tuyuladi. Aslidachi? Aslida ham shundaymi?
— Men muammosi yo’q odamni tasavvur qila olmayman. Har bir kishining muammosi o’ziga xos bo’ladi. Meni qiynayotgan muammo sizga bachkana yoki kulgili tuyulishi mumkin. Aksincha, men e’tibor bermayotgan narsa sizni hayratlantirishi ehtimoli bor. Men Yaratganning barcha ne’matlari uchun shukr qilaman. Biron yerda kamchilik uchrasa qanoat qilishga urinaman. Sabr-qanoatni odam uchun eng oliy liboslardan deb bilaman. Ojiz bandamiz, ba’zan bu liboslarni yechib qo’yishga to’g’ri kelsa avvalo odamlardan uyalaman, so’ng tavba qila boshlayman. Shaxsiy muammolarim kunda, haftada, oyda yoki yilda o’zgarib turishi mumkin, ularni o’zimcha hal qilishga tirishaman. Hal bo’lmay
qoladigan muammolar ham uchraydi, nailoj! Meni ko’proq jamiyatdagi yechilmay qolayotgan muammolar tashvishga soladi. Men ijtimoiy-siyosiy jarayonlarga faol aralashuvchilardan emasman. Siyosat bobida uquvim yo’q. Tabiatimda kurashuvchanlik ham yo’q. Men muammolarni aqlim yetgan darajada yozgan asarlarim orqali hal etishga harakat qilaman. Masalan, ko’p gapiradiganimiz kitobxonlik muammosi. Ko’pchilik gapni aylantirib kelib kitobning narxi qimmat, degan xulosaga bog’laydi. Bitta xonadonga yilda o’nta yangi kitob kirsa, taxminan 20-30 ming so’m sarflanadi. Endi ayting: shu xonadonga oyida necha ming so’mlik aroq kiradi, sigaret kiradi, boringki, qurt-pista, saqich… kiradi? Necha o’n, hatto yuz ming so’mlab pullarni keraksiz ziyofatlarga sarflaymiz? To’ylardagi raqqosalarga qistiriladigan pullarchi? Xo’p, kitob qimmat, degan fikrga qo’shildik, deylik. Ammo kutubxonalardagi tekin kitoblar ham o’qilmaydi-ku? Talabalar eng faol kitobxon bo’lishlari kerak, biroq ular ham kitob sotib olmaydilar-ku? Holbuki, mutlaqo zarurati bo’lmagan yon telefonlariga 40-50 ming so’mdan to’lashga pul topishadi-ku?
Kitobxonlik masalasi faqat yozuvchilarning tashvishi emas. Jamiyat tashvishi bo’lishi kerak. Chunki ma’naviy olam faqat va faqat kitob bilan boyiydi. Ma’naviy qashshoq jamiyat olamaro yuksala olmaydi. Savolingizda «baxt» ham tilga olindi. Chindan ham baxtliman. Alloh menga, avval aytganimday, ulug’ ne’matlar berdi. Suhbatimiz so’ngida jurnal o’quvchilariga, ularning oila a’zolariga Alloxdan ikki dunyo saodatini tilayman.
Suhbatdosh: NurboyAbdulhakim
Manba «Tafakkur» jurnali, 2006 yil,4-son