«Haqsizlik sirtmog’i»dan «Chayongul»gacha

06    “Ёш куч” журналида ишлаб юрган вақтларим эди. Бир куни таҳририятда бир дунё қоғозларга кўмилиб ўтиргандим, қашқадарёлик бир аёл таҳририятга ўз дардини баён қилгани келди. Ҳамма ишларимни бир четга суриб, ҳалиги аёлга қулоқ тутдим. Ўзини Чаман деб таништирган бу аёл шундай равон тилда гапирар эдики, беихтиёр тингловчини сеҳрлаб олгандек бўларди. Ҳатто номи чиққан ижодкор бўла туриб, мен ҳам Чаман опанинг нутқидек чиройли гапира олмас, воқеаларни мана шу оддий бир қишлоқ аёлидек тасвирлаб беролмасдим…

03
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
“ҲАҚСИЗЛИК СИРТМОҒИ”ДАН “ЧАЁНГУЛ”ГАЧА
Умида Исмоилова ёзиб олди
061

045    Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йил 8 январда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1973). Дастлабки китоби — «Ҳовли этагидаги уй» (1989). Шундан кейин ёаувчининг «Паноҳ», «Оромкурси». «Сўроқ». «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган. «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, «Чаёнгул» (2000) киносценарийси муаллифи.
А. Рюноскенинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Т. Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбек тилига таржима қилган.

061

“Ёш куч” журналида ишлаб юрган вақтларим эди. Бир куни таҳририятда бир дунё қоғозларга кўмилиб ўтиргандим, қашқадарёлик бир аёл таҳририятга ўз дардини баён қилгани келди. Ҳамма ишларимни бир четга суриб, ҳалиги аёлга қулоқ тутдим. Ўзини Чаман деб таништирган бу аёл шундай равон тилда гапирар эдики, беихтиёр тингловчини сеҳрлаб олгандек бўларди. Ҳатто номи чиққан ижодкор бўла туриб, мен ҳам Чаман опанинг нутқидек чиройли гапира олмас, воқеаларни мана шу оддий бир қишлоқ аёлидек тасвирлаб беролмасдим… Хуллас, воқеа, аниқроғи, фожеа мана бундай бўлган экан:

Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманининг қишлоқларидан бирида бир оилада Чаман опа исмли аёл икки қизи ва набираси билан яшарди. Турмуш ўртоғи эрта вафот этган, катта қизи Гулсум турмушидан ажраб, тўрт яшар ўғилчаси билан “қайтиб” келган, кичик қизи Гулшод эса ҳали ўнинчи синфда ўқирди.

Кунларнинг бирида қишлоқдош йигитлардан бири Гулшоднинг номусига тегади. Иснодга чидай олмаган қиз ўлимига-да рози бўлади. Воқеадан хабар топган йигитнинг отаси ишни босди-босди қилишга ҳаракат қилиб, қизнинг онаси билан учрашади. Қиз эрта-индин мактабни тугатай деб турибди. Шунинг учун бола томон совчи юбориб, иккисини унаштириб қўйиш, шу билан ҳар икки оилани шармандаликдан “ҳимоя” қилишни таклиф қилади. Қизининг тақдирини ўйлаган онанинг бу таклифга кўнмасдан бошқа иложи қолмайди. Эртасига совчиларни кутишди, лекин улар келишмади. Индинига ҳам, уни эртасига ҳам, ундан кейинги кун ҳам. Шу тариқа орадан бир ҳафта-ўн кун ўтди ҳамки, совчилардан дарак йўқ…

Ўн биринчи кун Гулсум кўчада бир гап эшитиб келди. Нима экан, совчилар мутлақо келишмас экан. Энди нима бўлади?!

Йигитнинг уйидагилар лақиллатишганини англаган Гулсум синглисининг тақдирига ачинса, унга нисбатан қилинган ноҳақликдан қаҳри келиб, ўзини қўярга жой тополмайди!.. Охири онаси билан биргаликда милицияга арз қилишади. Воқеадан хабар топган қонун ҳимоячилари айбдорни қамаб қўйишади. Бироқ икки кун ўтар-ўтмас, жиноят асосланмаганлигини сабаб қилиб, айбсиз деб топилади.

Йигитнинг озодликда юргинини билган Гулшоднинг оиласидагилар айбдор жазоланишини талаб қилиб яна қайта-қайта тегишли идораларга мурожаат қилаверишади. Она-боланинг шикоят қилаверишидан безор бўлган ички ишлар бўлими раҳбарларидан бири охири Гулсум келганда қаттиқ гапириб, уни оилавий тарбияси бузуқликда айблаб, ҳақорат қилади. Эмишки, онаси Чаман опа ҳам, Гулсумнинг ўзи ҳам ва синглиси Гулшод ҳам беҳаё экан, шунинг учун ҳам ўша ҳодиса содир бўлган экан…

…Онасидан тортиб, ҳамма қизларигача бари ахлоқсиз, беҳаёлар, деган тамға, оиласи шаъни топталгани Гулсумни жон-жонидан ўтиб кетади. Синглисининг номуси топталгани, унга нисбатан қилинаётган ноҳақлик бир бўлди-ю бу туҳмат тоши бир бўлиб, уни “қутуртириб” юборади. Уйга қандай қилиб етиб келганини ўзи ҳам билмаган, кўзлари қонга тўлган Гулсум тандир бошига бориб қолади ва кўзи ертандир ёнида турган пичоққа тушади (бу пичоқни нон, сомса ёпганда, орқа томонидаги қораларни қўчириб ташлаш учун ишлатишар эди)… Ғазаб кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйганидан опа нима қилаётганини ўзи билмайди: “Ўлдираман!”, дейди-ю, шартта пичоқни олади ва йигитникига боради.

Қўлида пичоқ, важоҳат билан кимнингдир жонига қасд қилиб қишлоқ кўчаларидан ўқдек учиб бораётган ёшгина жувоннинг йўлини тўсишга, “ҳой қиз, эсингни йиғ!”, деб фикридан қайтаришга ҳеч ким журъат қилолмайди…

Икки кўчадан ўтиб йигитники етиб келган аёл ҳовлида кимдир юрганини кўради, аммо унинг ким эканлигини идрок этолмайди. Аффект ҳолатида йигитни ўлдиришга шахд қилган Гулсум қўлидаги пичоқ билан йигитнинг ҳалиги оила аъзосига саккиз марта пичоқ уради. Афсуски, бу фожеанинг навбатдаги қурбони йигитнинг эндигина ўн иккига кирган синглиси эди…

Қонни кўргандан сўнггина ўзига келган қиз нима қилиб қўйганини англаб етади. Бироқ, энди кеч! Ҳалигина кўзига ҳеч нарса кўринмаган қиз энди бошини чангаллаб қолади. Қўлида ҳали ҳам қотиллик қуроли – пичоқни тутган ҳолда қишлоқ идорасига келган Гулсум ўз хоҳиши билан ўзини милицияга топширади…

Оиласининг фожеасига, тақдирнинг даҳшатли зарбаларига чидай олмаган Гулшод эса опаси қамалганидан кейин ўзини ўзи ўлимга ҳукм қилиб, бўйнига дор солади…

Кенжа қизи номуси топталган ҳолда ўз жонига қасд қилган, катта қизи эсаўзи турмушидан ажрашиб, бир фарзанди билан қайтиб келгани етмагандек, тўрт яшар ўғилчасини онасига ташлаб, қотиллик билан узоқ муддатга қамалган онанинг аҳволини тасаввур қиляпсизми? Нақадар даҳшатли а?!

Додини кимга айтишни билмаган шўрлик она адолат истаб таҳририятга мурожаат қилган. Чаман опанинг “иши” билан ўзим шахсан танишишни истадим. Яккабоғга бордим. Фожеага алоқадор барча деталлар-у тафсилотларни синчиклаб ўргандим.

Барчасини ўзимга қайд этиб олганимдан сўнг қишлоқ милиция идорасига бордим – шундоқ ҳам эзилиб кетган жабрдийда томонни ҳақорат қилган ички ишлар бўлими раҳбариятига учрашдим. Уларга кимлигимни ва нима сабабдан бу ерда эканлигимни билдиргач, нега ўшанда бундай йўл тутганликлари сабабини сўрадим.

− Гулшоднинг оиласидагилар ўша воқеа содир бўлгандан ўн икки кун ўтгачгина бизга шикоят билан келишди. Агар ростдан ҳам қиз ўзи шу ишга рози бўлмаганда ва йигит уни зўрлаб номусига текканда, қиз томон ўша куннинг эртасигаёқ арз қилмасмиди?! Нега орадан шунча кун ўтиб энди келишди? Демак, у ўзи бу шармандаликка рози бўлгандирки, дарҳол жиноий иш қўзғатмаган, – деган жавобни беришди улар…

Ҳаёт нақадар бешафқат. Гулдек қизнинг ҳаёти ноҳақлик сабаб ҳазон бўлди. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган навниҳол ор-номуси топталганча ўлиб кетди. Тиришқоқ, илмга чанқоқ, келажаги порлоқ инсон яксон қилинди…

Ўшанда Гулшоднинг фожеали тақдири ҳақидаги “Ҳақсизлик сиртмоғи” номли катта мақола ёздим. Мақолам матбуотда эълон қилингач, таҳририятга жуда кўп мактублар келди…

Иккинчи мақоламни ёзишдан олдин аёллар қамоқхонасига бордим. Нима бўлганда ҳам Гулшод энди орамизда йўқ. энди мени Гулсумнинг тақдири ўйлантирарди. Аёллар қамоқхонасидаги махсус учрашув хонасида Гулсум билан юзма-юз ўтириб гаплашдим. Ўшанда Гулсумнинг афсусланишини, тавба қилишини хоҳлагандим: “Ўн икки яшар қиз ўлиб кетди, наҳот ичингиз ачимаётган бўлса?!” – деб берган саволимга Гулсумдан: “Менинг ўн етти ёшли синглимга кимнинг раҳми келди?” – деган “совуқ” жавобни олдим. Гулшоднинг фожеали тақдири ҳақида эшитгаминда даҳшатга тушганимни ва эълон қилинган мақолам бунинг тасдиғи эканлигини айтиб, барибир йигитнинг ўша ўн икки ёшли синглиси ҳам Гулшод каби ноҳақликнинг қурбони бўлганини ҳар қанча тушунтиришга ҳаракат қилсам ҳам, Гулсумда заррача афсусланиш аломатларини сезмадим… Мақсадим ҳеч бўлмаганда бир маротаба Гулсумнинг пушаймон эканлигини қўриш, қонун идораларидагиларни ҳам бундан хабардор қилиш орқали бечора жувоннинг жазосини бироз бўлса-да енгиллатиш – жазо муддатини салгина бўлса ҳам қисқартиришга ёрдам бериш эди… Тахминан икки соатлардан кейин Гулсум бир мартагина “У қизчага ҳам ачинаман”, деб қўйди. Тўғри бу гапни чин дилдан айтмаган бўлса ҳам, мен учун шу гапнинг ўзи катта муваффақият эди. Гулсум билан ўша кунги суҳбатимиз ҳали ҳам эсимда. Ўшанда ундан озодликка чиққанидан сўнг бу ёғига қандай яшамоқчи эканлиги ҳақида сўрадим. Гулсум кутилмаганда: “Мен у оиладан ўч олмагунча тинчимайман. Чунки мен қасос олмасам, улар онамга, ўғлимга ёмонлик қилишади. Буни кўнглим сезиб турибди”, деб жавоб берди. Бу нотўғри иш эканлигини тушунтиришга уринганимда эса Гулсум қатъият билан бир ҳаётий аччиқ ҳақиқатни айтди. Ўша гап ҳали-ҳамон қулоқларим остида жаранглайди ва ҳанузгача ёдимга тушганда беихтиёр кўзларим ёшга тўлади: “Эркаги йўқ оилада аёл эркак бўлади!!! Мен қасд олмасам, ким биз учун қасд олади?!”

Гулсумнинг олдидан чиққанимда ич-ичимдан у ҳақлигини сезиб турардим. Чунки бешафқат ҳаёт ҳеч кимни аямайди…

Қамоқхонадаги суҳбатдан сўнг “Гулсум Шоймонованинг пушаймони ва армони” номи остида мақола ёздим. Аммо тан оламан, аслида ундай эмас эди, шунчаки мен шундай бўлишини хоҳлагандим, ўзимни ўзим алдаб қўйгандим, холос бу мақолам билан…

Мақола эълон қилингач, Гулсумнинг иши қайтадан муҳокама қилиниб, ўн икки йиллик муддат саккиз йил этиб белгиланди. Яъни тўрт йилга қисқартирилди. Энди унинг тезроқ озодликка чиқиш эҳтимоли кўпайганди. Ичимда бир илинж бор эдики, озодликка чиққунча Гулсум эсини йиғиб олади, қолган умрини ҳам хароб қилмайди, деб умид қилардим…

Орадан шунча вақт ўтди. Лекин Чаман опанинг оиласининг кейинги тақдири қандай бўлгани менга қоронғи. Аммо ўша дамларда бу воқеалардан анча вақтгача таъсирланиб, ўзимга келолмай юрганман. Ахир ЧаманГУЛ, ГУЛсум, ГУЛшод – гўзал ГУЛЛАРдек гўзал хилқат вакилалари… Бир фожеа сабаб барча гуллар ҳароб бўлишди… Нега ўшанда Гулсум қўлида пичоқ билан ўлдираман, йўқ қиламан деб кетаётганда, ҳеч ким уни тўхтатишга уринмади. Ўз жонларидан ҳавотир олишганми ёки биз ўзбеклар бир-биримизнинг тақдиримизга шунчалик бефарқмизми?!..

Ўша аянчли фожеа таъсирида юрган кунларимда оинаи жаҳон орқали ҳаммамизга машҳур “Ўнта негр боласи” фильмини кўриб қолдим… Фильм давомида шунча одам ўлдириладию, аммо қий-чув у ёқда турсин “тиқ” этган товушэшитилмайди… Яна “Соф америкача қотиллик” деган кино бор. Унда ҳам қотил ўз қурбонларини назокат билан, мафосат билан ўлдиради. Ўзбекка ўхшаб дунёни бошига кўтариб бормайди қурбони ёнига. Секингина, авайлабгина ўлдиради… Яна беихтиёр Гулсумнинг ўша пайтдаги ҳолатию аёллар қамоқхонасида айтган гаплари ёдимга тушади: “Ўзим ҳам қандай уйга келганим, пичоқ қўлимга қаердан тушиб қолганию қачон йигитникига етиб борганим, ҳатто ичкарига кириб, қотиллик қилганим ҳеч бири ёдимда йўқ. ҳушим ўзимга келганда эса ҳамма ёқ пойимда ётган ўша қизчанинг қони билан бўялганди. Лекин бирор кимса мени тўхтатишга уринмаганди…”

Орадан бироз вақт ўтди. Бу воқеалар сал бўлса-да ёдимдан кўтарилганди. Куз пайти эди. Янгийўлнинг Чинозига пахта тергани боргандик. Менда шундай одат бор эди: ҳеч қачон тушдан кейин пахта даласига бормаганман. Доим пахтани тушгача териб, куннинг қолган қисмини китоб ўқиш билан ўтказардим. Тоғай Мурод, Рустам Обидов ва мен – уччаламиз бир хонадонга жойлашгандик. Ўша ҳовлининг бир четида эскироқ хона бўларди. Дўстларим керак бўлиб қолсам, мени ўша хонадан топишарди. Ҳар куни овқат маҳали хонадон келини ҳовли томондан қарс этиб, деразани шаҳд билан очиб, тезда косаларни токчага қўярди-да зудлик билан деразани ёпарди. На салом-алик, на ҳол-аҳвол сўрашиш йўқ. Бундан ажабланардим. Ўзимни ҳайвонот боғидаги қафасда яшайдиган йиртқич ҳайвонман-у у менга егулик ташлаб қочаётган кузатувчига ўхшарди… Ўша кунларда биз турган хонадон бўй етган қизларини турмушга чиқараётганди. Хонадон эгалари бизни ҳам тўйга айтишди. Тўйлагани кетган Тоғай билан Рустам кечаси ўн икки-бирларга яқин қайтиб келишди. Иккаласи ҳам маст бўлиб қолганидан ўзларини тўшакка таппа ташлаб ухлаб қолишди.

Бир маҳал ярим кечаси “қий-чув” тўполон бошланди. Кампир югуриб келиб бизни уйғотишга тушиб кетди: “Ҳой, одамлар, ёрдам беринглар, ўғлимни тўхтатинглар”. Ҳалиги икки шеригим маст бўлгани учун улардан фойда йўқ эди. Ўзим чиқишимдан бошқа чора йўқ. Нима гап, хола, деб ташқарига чиқдим.

— Ўғлим, ўғлим, — дерди хола ўзини боса олмай, — отаман, ўлдираман, деяпти. Қўлида қуроли бор. Ҳеч ким ёнига яқинлаша олмаяпти. Ҳой, мусулмонлар, ёрдам беринглар…

Тушунишимча, кампирнинг ўғли, яъни ҳалиги бизга овқатни дераза токчасига қўйиб кетадиган келиннинг эри ўтакетган рашкчи, бугун тўйда бўкиб ичгани учун хотинини рашк қилиб кимнидир жонига қасд қилмоқчи.

Нима қилишга хайронман. Бироз тартибга чақириб, гапирай десам, маст! Барибир, ҳозир қулоғига гап кирмайди!

Худога таваккал дедим-да, ҳалиги йигитни йўлини тўсдим:

— Ҳа, оғайни, нима гап, нима бўлди?! Ярим кечада қўлингизда милтиқ, қаерга бормоқчисиз, кимни ўлдиришга киришдингиз?!

— Қоч йўлимдан, барибир ўлдираман…

Билиб турибман, ҳозир унга ташланиб, қуролини олиб қўяй десам, биринчидан, бир ўзимнинг кучим етмаслиги мумкин, иккинчидан, бу уни баттар ғазаблантириб юборса-чи?!.. Тағин қош қўяман деб кўз чиқариб юрмай… Лекин индамасдан ҳам туролмайман… Нимадир қилишим керак…

— Тўхтанг, мен ҳам сиз билан бирга бораман. Сизни аёлингизга кўз олайтирган ўша номардни бирга ўлдирамиз, — дедим. Ҳалиги йигит ғазабланиб турган бўлса ҳам, гапимни эшитиб, бир лаҳзагинага тўхтаб менга қаради. Бундан бироз дадиллашдим. Энди қўлидаги қуролни бир амаллаб олишим керак.

— Мен ҳам сиз билан бирга бораман. Ишқилиб, милтиғингиз ўқланганми? Боришдан олдин бир текшириб олиш керак. Тағин у ерга борганда ўқ қидириб юрмайлик. Қани, қуролни менга беринг. Ўқланган-ўқланмаганлигини текшириб кўраман…

Шундай деб аста ундан қуролни олдим. Худога шукр. Энг хавфлиси ортда қолди. Аммо энди йигитнинг ўзини тинчлантириш керак.

— Оғайни, милтиқ ўқланган экан. Бу яхши. Лекин ҳозир мастсиз-ку. Ҳозир у ерга борсак-да, аммо сиз ўша номардни аниқ мўлжалга ололмасангиз, унда нима бўлади. Одам кимнингдир жонига қасд қилдими, бу ишни хушёр пайтда амалга ошириши зарур. Акс ҳолда тепкини хато босиб юборади. Мана, ҳадемай, қуёш чиқади. Эрта тонгда иккаламиз бирга бориб, ўша пасткашни бир ёқлик қиламиз. Унгача сиз ҳам ўзингизга келиб оласиз, бўптими?!..

Хуллас, ўша тунда бир амаллаб ҳалиги йигитни алдаб-сулдаб, уйига олиб кириб, жойига ётқизиб чиқдик…

Хонага киргач, яна Гулсум эсимга тушди. Бояги йигит билан Гулсумнинг ўша пайтдаги ҳолати бир эди. Аммо у пайтда Гулсумга мен ҳозирги йигитга айтган гапларимни ҳеч ким айтмаган эди-да…

Ана энди бу икки воқеа бир бўлди-ю кўрган киноларим бир бўлиб “Соф ўзбекча қотиллик” деган қиссамни ёздим. Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” асаридан “Соф ўзбекча қотиллик”нинг формасини олдим.

Кейинроқ “Соф ўзбекча қотиллик” қиссаси асосида Нуриддин Қосимов режиссёрлигида уч қисмлик телепостановка суратга олинди. Аммо унда кисса сюжетини бироз ўзгартиришибди: қиссада асар қаҳрамони ўзини осган эди. Экрандаги қаҳрамон эса ўзини ўзи ёқиб юборади. Нуриддиндан нега ўзгартириш киритишганини сўраганимда, у томошабинларни қизиқтириш ҳамда телепостановканинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида шундай йўл тутганини тушунтирди. Сабаби ўша вақтларда юртимиздаги кўпчилик ноҳақликка учраган аёлларнинг ўзига ўзи ўт қўйиш ҳолатлари авж олган пайтлар эди. Қанчадан-қанча ожизалар аланга ичида қолишганди. Шундан келиб чиққан ҳолда телепостановка “Жаҳолат алангаси” номи билан экранга чиқди…

Орадан вақт ўтиб ёзган нарсаларимни китоб ҳолига келтириш ҳаракатида юрган пайтларим “Жаҳолат алангаси”нинг сарлавҳасини ўзгартириб, “Жаҳолат” деб қўяқолдим.

Аммо хаёлимда ҳамон ўша мавзу тинимсиз айланаверар, каттароқ, батафсилроқ нимадир ёзиб, эълон қилишим зарурлигини ич-ичимдан ҳис қилардим. Ҳам бир томондан киночиларимиз сценарий сўраб ҳоли-жонимга қўймай юришган эди…

1999 йилда етти кунга Американинг Сан-Диэго деган жаннатмакон, эртакмонанд гўзал гўшасига сафарга бордик. У ерда ҳамма шароитлар муҳайё қилинган, еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда… Ўша ерларда янги киносценарий ёзишни бошладим. Лекин ҳали ҳам унга муносиб ном топа олганим йўқ. Ўша кунларнинг бирида тушимга севимли ёзувчимиз Тохир Малик кирдилар (тушимда бўлаётган суҳбат):

— Ҳа, Хуршид, нималар юилан бандсиз, нималар ёзяпсиз? – савол бердилар ёзувчимиз.

— Тинчлик, юрибман бир нималарни қоралаб… Ўзингиз-чи? – савол берибман.

— Мен ҳам бир қисса ёздим. Номи “Чаёнгул”!

— Ия, нималар деяпсиз ўзи. Ахир бу менинг қиссамнинг номи-ку, — тушимда шу гапни айтганим эсимда, дарҳол уйғониб кетдим. Худо берди деб янги қиссамни “Чаёнгул” деб номладим. Сабаби бу ном ҳам янги, ҳам ўйлаб юрганларимга жуда мос келади. Ахир учта гул (она ҳам гул, қамалган опа ҳам гул, ўлган сингил ҳам гул)ни ҳаёт ҳазон қилган, эркаги йўқ хонадон шаънининг оёқ ости қилиниши гулларни ҳам чаёнга айлантирган эди…

Шу тариқа 2000 йилда “Чаёнгул” деган киносценарий пайдо бўлди. Ва шу йилнинг ўзида йилнинг энг яхши киноси сифатида “Офарин” давлат мукофотини қўлга киритди…

«ЧАЁНГУЛ» ҚИССАСИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ- ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ — ЮКЛАБ ОЛИНГ

03
Xurshid DO’STMUHAMMAD
“HAQSIZLIK SIRTMOG’I”DAN “CHAYONGUL”GACHA
Umida Ismoilova yozib oldi
061

05 Xurshid Do’stmuhammad 1951 yil 8 yanvarda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1973). Dastlabki kitobi — «Hovli etagidagi uy» (1989). Shundan keyin yoauvchining «Panoh», «Oromkursi». «So’roq». «Sof o’zbekcha qotillik», «Mahzuna», «Ibn Mug’anniy», «Yolg’izim — Siz», «Ko’z qorachig’idagi uy», «Jajman» (1997) asarlari, shuningdek, «Hijronim mingdir mening» (2000) qissa va hikoyalar to’plami, «Bozor» (2000) romani nashr etilgan. «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari» xotira-essesi va «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?» (2002) risolasi, «Chayongul» (2000) kinostsenariysi muallifi.
A. Ryunoskening «Rasyomon darvozasi» hikoyasini, T. Po’latovning «Yetti huzur-halovat va qirq qayg’u-alam» romanini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

061

“Yosh kuch” jurnalida ishlab yurgan vaqtlarim edi. Bir kuni tahririyatda bir dunyo qog’ozlarga ko’milib o’tirgandim, qashqadaryolik bir ayol tahririyatga o’z dardini bayon qilgani keldi. Hamma ishlarimni bir chetga surib, haligi ayolga quloq tutdim. O’zini Chaman deb tanishtirgan bu ayol shunday ravon tilda gapirar ediki, beixtiyor tinglovchini sehrlab olgandek bo’lardi. Hatto nomi chiqqan ijodkor bo’la turib, men ham Chaman opaning nutqidek chiroyli gapira olmas, voqealarni mana shu oddiy bir qishloq ayolidek tasvirlab berolmasdim… Xullas, voqea, aniqrog’i, fojea mana bunday bo’lgan ekan:

Qashqadaryo viloyati, Yakkabog’ tumanining qishloqlaridan birida bir oilada Chaman opa ismli ayol ikki qizi va nabirasi bilan yashardi. Turmush o’rtog’i erta vafot etgan, katta qizi Gulsum turmushidan ajrab, to’rt yashar o’g’ilchasi bilan “qaytib” kelgan, kichik qizi Gulshod esa hali o’ninchi sinfda o’qirdi.

Kunlarning birida qishloqdosh yigitlardan biri Gulshodning nomusiga tegadi. Isnodga chiday olmagan qiz o’limiga-da rozi bo’ladi. Voqeadan xabar topgan yigitning otasi ishni bosdi-bosdi qilishga harakat qilib, qizning onasi bilan uchrashadi. Qiz erta-indin maktabni tugatay deb turibdi. Shuning uchun bola tomon sovchi yuborib, ikkisini unashtirib qo’yish, shu bilan har ikki oilani sharmandalikdan “himoya” qilishni taklif qiladi. Qizining taqdirini o’ylagan onaning bu taklifga ko’nmasdan boshqa iloji qolmaydi. Ertasiga sovchilarni kutishdi, lekin ular kelishmadi. Indiniga ham, uni ertasiga ham, undan keyingi kun ham. Shu tariqa oradan bir hafta-o’n kun o’tdi hamki, sovchilardan darak yo’q…

O’n birinchi kun Gulsum ko’chada bir gap eshitib keldi. Nima ekan, sovchilar mutlaqo kelishmas ekan. Endi nima bo’ladi?!

Yigitning uyidagilar laqillatishganini anglagan Gulsum singlisining taqdiriga achinsa, unga nisbatan qilingan nohaqlikdan qahri kelib, o’zini qo’yarga joy topolmaydi!.. Oxiri onasi bilan birgalikda militsiyaga arz qilishadi. Voqeadan xabar topgan qonun himoyachilari aybdorni qamab qo’yishadi. Biroq ikki kun o’tar-o’tmas, jinoyat asoslanmaganligini sabab qilib, aybsiz deb topiladi.

Yigitning ozodlikda yurginini bilgan Gulshodning oilasidagilar aybdor jazolanishini talab qilib yana qayta-qayta tegishli idoralarga murojaat qilaverishadi. Ona-bolaning shikoyat qilaverishidan bezor bo’lgan ichki ishlar bo’limi rahbarlaridan biri oxiri Gulsum kelganda qattiq gapirib, uni oilaviy tarbiyasi buzuqlikda ayblab, haqorat qiladi. Emishki, onasi Chaman opa ham, Gulsumning o’zi ham va singlisi Gulshod ham behayo ekan, shuning uchun ham o’sha hodisa sodir bo’lgan ekan…

…Onasidan tortib, hamma qizlarigacha bari axloqsiz, behayolar, degan tamg’a, oilasi sha’ni toptalgani Gulsumni jon-jonidan o’tib ketadi. Singlisining nomusi toptalgani, unga nisbatan qilinayotgan nohaqlik bir bo’ldi-yu bu tuhmat toshi bir bo’lib, uni “quturtirib” yuboradi. Uyga qanday qilib yetib kelganini o’zi ham bilmagan, ko’zlari qonga to’lgan Gulsum tandir boshiga borib qoladi va ko’zi yertandir yonida turgan pichoqqa tushadi (bu pichoqni non, somsa yopganda, orqa tomonidagi qoralarni qo’chirib tashlash uchun ishlatishar edi)… G’azab ko’zini ko’r, qulog’ini kar qilib qo’yganidan opa nima qilayotganini o’zi bilmaydi: “O’ldiraman!”, deydi-yu, shartta pichoqni oladi va yigitnikiga boradi.

Qo’lida pichoq, vajohat bilan kimningdir joniga qasd qilib qishloq ko’chalaridan o’qdek uchib borayotgan yoshgina juvonning yo’lini to’sishga, “hoy qiz, esingni yig’!”, deb fikridan qaytarishga hech kim jur’at qilolmaydi…

Ikki ko’chadan o’tib yigitniki yetib kelgan ayol hovlida kimdir yurganini ko’radi, ammo uning kim ekanligini idrok etolmaydi. Affekt holatida yigitni o’ldirishga shaxd qilgan Gulsum qo’lidagi pichoq bilan yigitning haligi oila a’zosiga sakkiz marta pichoq uradi. Afsuski, bu fojeaning navbatdagi qurboni yigitning endigina o’n ikkiga kirgan singlisi edi…

Qonni ko’rgandan so’nggina o’ziga kelgan qiz nima qilib qo’yganini anglab yetadi. Biroq, endi kech! Haligina ko’ziga hech narsa ko’rinmagan qiz endi boshini changallab qoladi. Qo’lida hali ham
qotillik quroli – pichoqni tutgan holda qishloq idorasiga kelgan Gulsum o’z xohishi bilan o’zini militsiyaga topshiradi…

Oilasining fojeasiga, taqdirning dahshatli zarbalariga chiday olmagan Gulshod esa opasi qamalganidan keyin o’zini o’zi o’limga hukm qilib, bo’yniga dor soladi…

Kenja qizi nomusi toptalgan holda o’z joniga qasd qilgan, katta qizi esao’zi turmushidan ajrashib, bir farzandi bilan qaytib kelgani yetmagandek, to’rt yashar o’g’ilchasini onasiga tashlab, qotillik bilan uzoq muddatga qamalgan onaning ahvolini tasavvur qilyapsizmi? Naqadar dahshatli a?!

Dodini kimga aytishni bilmagan sho’rlik ona adolat istab tahririyatga murojaat qilgan. Chaman opaning “ishi” bilan o’zim shaxsan tanishishni istadim. Yakkabog’ga bordim. Fojeaga aloqador barcha detallar-u tafsilotlarni sinchiklab o’rgandim.

Barchasini o’zimga qayd etib olganimdan so’ng qishloq militsiya idorasiga bordim – shundoq ham ezilib ketgan jabrdiyda tomonni haqorat qilgan ichki ishlar bo’limi rahbariyatiga uchrashdim. Ularga kimligimni va nima sababdan bu yerda ekanligimni bildirgach, nega o’shanda bunday yo’l tutganliklari sababini so’radim.

? Gulshodning oilasidagilar o’sha voqea sodir bo’lgandan o’n ikki kun o’tgachgina bizga shikoyat bilan kelishdi. Agar rostdan ham qiz o’zi shu ishga rozi bo’lmaganda va yigit uni zo’rlab nomusiga tekkanda, qiz tomon o’sha kunning ertasigayoq arz qilmasmidi?! Nega oradan shuncha kun o’tib endi kelishdi? Demak, u o’zi bu sharmandalikka rozi bo’lgandirki, darhol jinoiy ish qo’zg’atmagan, – degan javobni berishdi ular…

Hayot naqadar beshafqat. Guldek qizning hayoti nohaqlik sabab hazon bo’ldi. Hali o’n gulidan bir guli ochilmagan navnihol or-nomusi toptalgancha o’lib ketdi. Tirishqoq, ilmga chanqoq, kelajagi porloq inson yakson qilindi…

O’shanda Gulshodning fojeali taqdiri haqidagi “Haqsizlik sirtmog’i” nomli katta maqola yozdim. Maqolam matbuotda e’lon qilingach, tahririyatga juda ko’p maktublar keldi…

Ikkinchi maqolamni yozishdan oldin ayollar qamoqxonasiga bordim. Nima bo’lganda ham Gulshod endi oramizda yo’q. endi meni Gulsumning taqdiri o’ylantirardi. Ayollar qamoqxonasidagi maxsus uchrashuv xonasida Gulsum bilan yuzma-yuz o’tirib gaplashdim. O’shanda Gulsumning afsuslanishini, tavba qilishini xohlagandim: “O’n ikki yashar qiz o’lib ketdi, nahot ichingiz achimayotgan bo’lsa?!” – deb bergan savolimga Gulsumdan: “Mening o’n yetti yoshli singlimga kimning rahmi keldi?” – degan “sovuq” javobni oldim. Gulshodning fojeali taqdiri haqida eshitgaminda dahshatga tushganimni va e’lon qilingan maqolam buning tasdig’i ekanligini aytib, baribir yigitning o’sha o’n ikki yoshli singlisi ham Gulshod kabi nohaqlikning qurboni bo’lganini har qancha tushuntirishga harakat qilsam ham, Gulsumda zarracha afsuslanish alomatlarini sezmadim… Maqsadim hech bo’lmaganda bir marotaba Gulsumning pushaymon ekanligini qo’rish, qonun idoralaridagilarni ham bundan xabardor qilish orqali bechora juvonning jazosini biroz bo’lsa-da yengillatish – jazo muddatini salgina bo’lsa ham qisqartirishga yordam berish edi… Taxminan ikki soatlardan keyin Gulsum bir martagina “U qizchaga ham achinaman”, deb qo’ydi. To’g’ri bu gapni chin dildan aytmagan bo’lsa ham, men uchun shu gapning o’zi katta muvaffaqiyat edi. Gulsum bilan o’sha kungi suhbatimiz hali ham esimda. O’shanda undan ozodlikka chiqqanidan so’ng bu yog’iga qanday yashamoqchi ekanligi haqida so’radim. Gulsum kutilmaganda: “Men u oiladan o’ch olmaguncha tinchimayman. Chunki men qasos olmasam, ular onamga, o’g’limga yomonlik qilishadi. Buni ko’nglim sezib turibdi”, deb javob berdi. Bu noto’g’ri ish ekanligini tushuntirishga uringanimda esa Gulsum qat’iyat bilan bir hayotiy achchiq haqiqatni aytdi. O’sha gap hali-hamon quloqlarim ostida jaranglaydi va hanuzgacha yodimga tushganda beixtiyor ko’zlarim yoshga to’ladi: “Erkagi yo’q oilada ayol erkak bo’ladi!!! Men qasd olmasam, kim biz uchun qasd oladi?!”

Gulsumning oldidan chiqqanimda ich-ichimdan u haqligini sezib turardim. Chunki beshafqat hayot hech kimni ayamaydi…

Qamoqxonadagi suhbatdan so’ng “Gulsum Shoymonovaning pushaymoni va armoni” nomi ostida maqola yozdim. Ammo tan olaman, aslida unday emas edi, shunchaki men shunday bo’lishini xohlagandim, o’zimni o’zim aldab qo’ygandim, xolos bu maqolam bilan…

Maqola e’lon qilingach, Gulsumning ishi qaytadan muhokama qilinib, o’n ikki yillik muddat sakkiz yil etib belgilandi. Ya’ni to’rt yilga qisqartirildi. Endi uning tezroq ozodlikka chiqish ehtimoli ko’paygandi. Ichimda bir ilinj bor ediki, ozodlikka chiqquncha Gulsum esini yig’ib oladi, qolgan umrini ham xarob qilmaydi, deb umid qilardim…

Oradan shuncha vaqt o’tdi. Lekin Chaman opaning oilasining keyingi taqdiri qanday bo’lgani menga qorong’i. Ammo o’sha damlarda bu voqealardan ancha vaqtgacha ta’sirlanib, o’zimga kelolmay yurganman. Axir ChamanGUL, GULsum, GULshod – go’zal GULLARdek go’zal xilqat vakilalari… Bir fojea sabab barcha gullar harob bo’lishdi… Nega o’shanda Gulsum qo’lida pichoq bilan o’ldiraman, yo’q qilaman deb ketayotganda, hech kim uni to’xtatishga urinmadi. O’z jonlaridan havotir olishganmi yoki biz o’zbeklar bir-birimizning taqdirimizga shunchalik befarqmizmi?!..

O’sha ayanchli fojea ta’sirida yurgan kunlarimda oinai jahon orqali hammamizga mashhur “O’nta negr bolasi” fil`mini ko’rib qoldim… Fil`m davomida shuncha odam o’ldiriladiyu, ammo qiy-chuv u yoqda tursin “tiq” etgan tovusheshitilmaydi… Yana “Sof amerikacha qotillik” degan kino bor. Unda ham qotil o’z qurbonlarini nazokat bilan, mafosat bilan o’ldiradi. O’zbekka o’xshab dunyoni boshiga ko’tarib bormaydi qurboni yoniga. Sekingina, avaylabgina o’ldiradi… Yana beixtiyor Gulsumning o’sha paytdagi holatiyu ayollar qamoqxonasida aytgan gaplari yodimga tushadi: “O’zim ham qanday uyga kelganim, pichoq qo’limga qaerdan tushib qolganiyu qachon yigitnikiga yetib borganim, hatto ichkariga kirib, qotillik qilganim hech biri yodimda yo’q. hushim o’zimga kelganda esa hamma yoq poyimda yotgan o’sha qizchaning qoni bilan bo’yalgandi. Lekin biror kimsa meni to’xtatishga urinmagandi…”

Oradan biroz vaqt o’tdi. Bu voqealar sal bo’lsa-da yodimdan ko’tarilgandi. Kuz payti edi. Yangiyo’lning Chinoziga paxta tergani borgandik. Menda shunday odat bor edi: hech qachon tushdan keyin paxta dalasiga bormaganman. Doim paxtani tushgacha terib, kunning qolgan qismini kitob o’qish bilan o’tkazardim. Tog’ay Murod, Rustam Obidov va men – uchchalamiz bir xonadonga joylashgandik. O’sha hovlining bir chetida eskiroq xona bo’lardi. Do’stlarim kerak bo’lib qolsam, meni o’sha xonadan topishardi. Har kuni ovqat mahali xonadon kelini hovli tomondan qars etib, derazani shahd bilan ochib, tezda kosalarni tokchaga qo’yardi-da zudlik bilan derazani yopardi. Na salom-alik, na hol-ahvol so’rashish yo’q. Bundan ajablanardim. O’zimni hayvonot bog’idagi qafasda yashaydigan yirtqich hayvonman-u u menga yegulik tashlab qochayotgan kuzatuvchiga o’xshardi… O’sha kunlarda biz turgan xonadon bo’y yetgan qizlarini turmushga chiqarayotgandi. Xonadon egalari bizni ham to’yga aytishdi. To’ylagani ketgan Tog’ay bilan Rustam kechasi o’n ikki-birlarga yaqin qaytib kelishdi. Ikkalasi ham mast bo’lib qolganidan o’zlarini to’shakka tappa tashlab uxlab qolishdi.

Bir mahal yarim kechasi “qiy-chuv” to’polon boshlandi. Kampir yugurib kelib bizni uyg’otishga tushib ketdi: “Hoy, odamlar, yordam beringlar, o’g’limni to’xtatinglar”. Haligi ikki sherigim mast bo’lgani uchun ulardan foyda yo’q edi. O’zim chiqishimdan boshqa chora yo’q. Nima gap, xola, deb tashqariga chiqdim.

— O’g’lim, o’g’lim, — derdi xola o’zini bosa olmay, — otaman, o’ldiraman, deyapti. Qo’lida quroli bor. Hech kim yoniga yaqinlasha olmayapti. Hoy, musulmonlar, yordam beringlar…

Tushunishimcha, kampirning o’g’li, ya’ni haligi bizga ovqatni deraza tokchasiga qo’yib ketadigan kelinning eri o’taketgan rashkchi, bugun to’yda bo’kib ichgani uchun xotinini rashk qilib kimnidir joniga qasd qilmoqchi.

Nima qilishga xayronman. Biroz tartibga chaqirib, gapiray desam, mast! Baribir, hozir qulog’iga gap kirmaydi!

Xudoga tavakkal dedim-da, haligi yigitni yo’lini to’sdim:

— Ha, og’ayni, nima gap, nima bo’ldi?! Yarim kechada qo’lingizda miltiq, qaerga bormoqchisiz, kimni o’ldirishga kirishdingiz?!

— Qoch yo’limdan, baribir o’ldiraman…

Bilib turibman, hozir unga tashlanib, qurolini olib qo’yay desam, birinchidan, bir o’zimning kuchim yetmasligi mumkin, ikkinchidan, bu uni battar g’azablantirib yuborsa-chi?!.. Tag’in qosh qo’yaman deb ko’z chiqarib yurmay… Lekin indamasdan ham turolmayman… Nimadir qilishim kerak…

— To’xtang, men ham siz bilan birga boraman. Sizni ayolingizga ko’z olaytirgan o’sha nomardni birga o’ldiramiz, — dedim. Haligi yigit g’azablanib turgan bo’lsa ham, gapimni eshitib, bir lahzaginaga to’xtab menga qaradi. Bundan biroz dadillashdim. Endi qo’lidagi qurolni bir amallab olishim kerak.

— Men ham siz bilan birga boraman. Ishqilib, miltig’ingiz o’qlanganmi? Borishdan oldin bir tekshirib olish kerak. Tag’in u yerga borganda o’q qidirib yurmaylik. Qani, qurolni menga bering. O’qlangan-o’qlanmaganligini tekshirib ko’raman…

Shunday deb asta undan qurolni oldim. Xudoga shukr. Eng xavflisi ortda qoldi. Ammo endi yigitning o’zini tinchlantirish kerak.

— Og’ayni, miltiq o’qlangan ekan. Bu yaxshi. Lekin hozir mastsiz-ku. Hozir u yerga borsak-da, ammo siz o’sha nomardni aniq mo’ljalga ololmasangiz, unda nima bo’ladi. Odam kimningdir joniga qasd qildimi, bu ishni xushyor paytda amalga oshirishi zarur. Aks holda tepkini xato bosib yuboradi. Mana, hademay, quyosh chiqadi. Erta tongda ikkalamiz birga borib, o’sha pastkashni bir yoqlik qilamiz. Ungacha siz ham o’zingizga kelib olasiz, bo’ptimi?!..

Xullas, o’sha tunda bir amallab haligi yigitni aldab-suldab, uyiga olib kirib, joyiga yotqizib chiqdik…

Xonaga kirgach, yana Gulsum esimga tushdi. Boyagi yigit bilan Gulsumning o’sha paytdagi holati bir edi. Ammo u paytda Gulsumga men hozirgi yigitga aytgan gaplarimni hech kim aytmagan edi-da…

Ana endi bu ikki voqea bir bo’ldi-yu ko’rgan kinolarim bir bo’lib “Sof o’zbekcha qotillik” degan qissamni yozdim. Gabriel Garsia Markesning “Oshkora qotillik qissasi” asaridan “Sof o’zbekcha qotillik”ning formasini oldim.

Keyinroq “Sof o’zbekcha qotillik” qissasi asosida Nuriddin Qosimov rejissyorligida uch qismlik telepostanovka suratga olindi. Ammo unda kissa syujetini biroz o’zgartirishibdi: qissada asar qahramoni o’zini osgan edi. Ekrandagi qahramon esa o’zini o’zi yoqib yuboradi. Nuriddindan nega o’zgartirish kiritishganini so’raganimda, u tomoshabinlarni qiziqtirish hamda telepostanovkaning ta’sirchanligini oshirish maqsadida shunday yo’l tutganini tushuntirdi. Sababi o’sha vaqtlarda yurtimizdagi ko’pchilik nohaqlikka uchragan ayollarning o’ziga o’zi o’t qo’yish holatlari avj olgan paytlar edi. Qanchadan-qancha ojizalar alanga ichida qolishgandi. Shundan kelib chiqqan holda telepostanovka “Jaholat alangasi” nomi bilan ekranga chiqdi…

Oradan vaqt o’tib yozgan narsalarimni kitob holiga keltirish harakatida yurgan paytlarim “Jaholat alangasi”ning sarlavhasini o’zgartirib, “Jaholat” deb qo’yaqoldim.

Ammo xayolimda hamon o’sha mavzu tinimsiz aylanaverar, kattaroq, batafsilroq nimadir yozib, e’lon qilishim zarurligini ich-ichimdan his qilardim. Ham bir tomondan kinochilarimiz senariy so’rab holi-jonimga qo’ymay yurishgan edi…

1999 yilda yetti kunga Amerikaning San-Diego degan jannatmakon, ertakmonand go’zal go’shasiga safarga bordik. U yerda hamma sharoitlar muhayyo qilingan, yeganimiz oldimizda, yemaganimiz
ortimizda… O’sha yerlarda yangi kinostsenariy yozishni boshladim. Lekin hali ham unga munosib nom topa olganim yo’q. O’sha kunlarning birida tushimga sevimli yozuvchimiz Toxir Malik kirdilar (tushimda bo’layotgan suhbat):

— Ha, Xurshid, nimalar yuilan bandsiz, nimalar yozyapsiz? – savol berdilar yozuvchimiz.

— Tinchlik, yuribman bir nimalarni qoralab… O’zingiz-chi? – savol beribman.

— Men ham bir qissa yozdim. Nomi “Chayongul”!

— Iya, nimalar deyapsiz o’zi. Axir bu mening qissamning nomi-ku, — tushimda shu gapni aytganim esimda, darhol uyg’onib ketdim. Xudo berdi deb yangi qissamni “Chayongul” deb nomladim.
Sababi bu nom ham yangi, ham o’ylab yurganlarimga juda mos keladi. Axir uchta gul (ona ham gul, qamalgan opa ham gul, o’lgan singil ham gul)ni hayot hazon qilgan, erkagi yo’q xonadon sha’nining oyoq osti qilinishi gullarni ham chayonga aylantirgan
edi…

Shu tariqa 2000 yilda “Chayongul” degan kinostsenariy paydo bo’ldi. Va shu yilning o’zida yilning eng yaxshi kinosi sifatida “Ofarin” davlat mukofotini qo’lga kiritdi…

09

(Tashriflar: umumiy 1 335, bugungi 1)

1 izoh

  1. ЎзМУ (ТошДУ) журналистика факултетида таҳсил олган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бутун фаолияти талабаларимиз учун бетакрор ибрат мактабидир. Ижодда ибрат мураббий ҳақидаги ушбу мақола «Уч илдиз» маҳорат мактаби учун ҳам сермазмун манбадир. Уни тақдим этган мазкур сайт ижодкорларига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Izoh qoldiring