Mirtemir. Surat & Dostonning radiovarianti. Hamza Umarov o’qigan

065Атоқли шоир Миртемирнинг «Сурат» достони ўзбек муҳаббат шеърияти хазинасининг энг тўрида турган асарлардан бири десам, хато қилмайман. Лирик қиссанинг пайдо бўлиши тарихи шоирнинг 1932 йилда миллатчилар билан ҳамкорликда айбланиб қамалган пайтларида юз берган аччиқ воқеа билан боғлиқ. Миртемир маҳбусликда юрган чоғида севикли рафиқаси бошқа инсонга турмушга чиқиб кетган. Йиллар ўтиб ана шу унутилмаган ишқ дарди ( Ёшликдаги муҳаббат ўчмас,Ажал келса, у тинар фақат…) «Сурат» достонида ўзининг ёрқин ифодасини топади…

МИРТЕМИР
СУРАТ
Лирик қисса
07

03  Миртемир (тахаллуси; асл исми-шарифи Турсунов Миртемир; 1910.30.5, Туркистон – 1978.25.1, Тошкент) – Ўзбекистон xалқ шоири (1971). Эски мактабда таьлим олгач (1919-1920), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920-1923) ва Ўзбек эрлар билим юртида (1925-1929) таҳсил кўрган. 1929 йил Самарқандга бориб Ўзбекистон Марказий Ижроия Комитети раиси Й. Оxунбобойевнинг котиби бўлиб xизмат қилган ва айни пайтда, Педакадемиянинг тил ва адабиёт факултетида ўқий бошлаган. У шу йилларда “Қизил қалам” адабий ташколотининг аьзоси сифатида Боту, Олтой сингари “миллатчилар” билан алоқада бўлганлиги учун ГПУ томонидан ҳибсга олинган (1932.8.8). Қамоқдан озод бўлгач, “Янги ҳаёт” газетасида адабий xодим (1936), республика радиоқўмитасида бош муҳаррир (1941). Ўздавнашрда муҳаррир (1942), Опера ва балет театрида адабий эмакдош(1943-1944). Ёзувчилар уюшмасида бўлим мудири ва маслаҳатчи (1957-1964), бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир (1965-1966) лавозимларида xизмат қилган.

Миртемирнинг илк шеьрлар тўплами – “Шуьлалар қўйнида” (1928) миллий шеьриятимиз учун янги жанр – сочма (насрий шеьр) жанрида ёзилган бўлиб, даврнинг муҳим масалаларига бағишланган. Шундан кейин Миртемир “Зафар” (1929), “Қайнашларим” ва “Бонг” (1932) шеьрий тўпламларини эьлон қилган.

Миртемирнинг “Қорақалпоқ дафтари” туркумидан ўрин олган “Сурат” лирик қиссаси эса 60-70- йилларда ўзбек шеьриятида достон жанрига эьтиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таьсир кўрсатган. Миртемирнинг 60-70-йилларда яратган аксар шеьрлари 20-аср ўзбек шеьриятининг том маънодаги дурдоналаридир. Миртемир ўтган асрнинг 60-йилларида ўзбек шеьриятига кириб келган талайгина ёшларга устозлик қилиб, ўзининг адабий мактабини яратди.

Бадиий таржима Миртемирнинг ижодий фаолиятида катта ўрин эгаллайди. У Абай, Маҳтумқули, Бердақ шеьрларидан ташқари, қирғиз xалқининг “Манас” эпосини (ҳамкорликда), Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” (ҳамкорликда), А. С. Пушкиннинг “Руслан ва Людмила”, “Ойимқиз – қишлоқи қиз”, М. Ю. Лермонтовнинг “Исмоилбек”, “Савдогар Калашников ҳақида қисса”, Н. А. Некрасовнинг “Русияда ким яxши яшайди” каби достон қисса ва эртакларини, Г. Гейне, А. М. Горкий, Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат, Самад Вурғун ва бошқаларнинг шеьрларини ўзбек тилига таржима қилган.

Миртемир Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. “Буюк xизматлари учун” ордени билан мукофотланган (2002).

07

Ўлимлардан хатлаб…

На олтин, на жавоҳир эдим…
Армонли бир ёш шоир эдим.
Зуҳро бўлмасанг ҳам чиройда,
Мен ишқингда нақ Тоҳир эдим.
Тошлон ўлди, деган ким ахир?
Гулдай сўлди, деган ким ахир?
Ниҳот поймол қутлуг ишқ аҳди,
Бол бўлурми шунчалар тахир?
Барчинойдай кутганинг қани?
Зардобу қон ютганииг қани?
Умр йўлида то юмгунча кўз,
Бирга-бирга кетганинг қани?
Гуноҳим не?—Жангда бўлганим,
Қон кечганим, юз бор ўлганим.
Дийдорингни унутолмайин,
Ўлимлардан ҳатлаб кетганим…

Сурат, сурат!

Оч назарим тушар суратга…
Сурат, сурат! Нега сен тилсиз?
Термуламан суратда хатга…
Жангларда ёр эдинг-ку, о, қиз!
Сурат, сурат! Нега сен тилсиз?..
Кўзларимга боқасан қийғоч,
Куласану, кўзларингда ёш.
Ҳалқа-ҳалқа, тарқоқ сумбул соч,
Зап қийилган бир жуфт қалам қош
Куласану, кўзларингда ёш…
Эсингдами сўнгги бўсалар,
Сенга тоқат тилаганларим,
Юз очганда аёз бир сахар,
Хайр! — деб сочинг силаганларим,
Сенга тоқат тилаганларим?
Сурат, сурат! Нега сен тилсиз?
Сени асраб тўрт йил қўйнимда…
Топинардим, ўпардим… эсиз!
Эвоҳ, қандай зил юк бўйнимда,
Сени асраб тўрт йил қўйнимда…

Илк бағишловлардан…

I

Оқшом тушар… ўнгу сўлда
Оппоқ-оппоқ хирмонлар;
Тинмай ўтар катта йўлда
Хирмон юкли карвонлар.
Тўлиб кетар кўкка юлдуз…
Келинлар соч тарашур;
Сен ҳам ҳорғин, сочи қундуз,
Сенга ҳордиқ ярашур…
Кўз ташла оқшомнинг сўлим чоғига,
Кел сен ҳам Ойсулув,
Кел сен ҳам Ойсулув —
Сой қирғоғига…
Тун сочидан тутиб шўх ел
Тортар олис тоғларга.
Аста-аста таралур эл
Соя-салқин боғларга..
Қуйиб ўтди бемаҳал сел,
Кўк чароғон кечқурун;
Қўшиқ янграр: «Жононим, кел!—
Ойдин, ёруғ бўлар тун».
Кўз ташла оқшомнинг сўлим чоғига,
Кел сен ҳам Ойсулув,
Кел сен ҳам Ойсулув —
Сой қирғоғига…

II

Ўхшатма

Сен келгин тонг чоғида,
Сен келгин нақ тонг мисол,
Тонг болқиб ёноғингда,
Кўзларим ўйната ол!..
Сен кел туш пайтида ҳам,
Дарёда эпкин мисол;
Сочларим тўзғит бир дам,
Дилни ҳам қўзғата ол!
Сен келгин оқшом, майли,
Оқшом қўшиғи мисол;
Гўё саҳнада Лайли,
Завқимни уйғота ол!
Сен келгин ойдин тунда,
Албатта кел ой мисол;
Қучоғимга афсундай,
Тўлин ойдай тўла қол…

III

Дилим ранжитса ҳам дўқу дағдаға,
Боғимда бу оқшом жонон ўйнасин.
Гулдай чиройидан бўлай садаға,
Очилиб-сочилиб, чунон ўйнасин.
Жўр бўлсин булбуллар чалган торимга,
Қўшиқлар куйлайин вафодоримга,
Суқланай Ойсулув отли ёримга,
Шўх оҳудан айлаб жавлон ўйнасин.

Хипча белга боғлаб яшил ранг камар,
Гуллар-чечаклардан тақсин гулчамбар,
Тенги кам ўйинчи, тенги кам дилбар,
Томошага келиб, осмон ўйнасин.

Товусдай товлангин, эй қоши камон,
Висол чаманида бўлайлик омон;
Айрилиқ ғуссаси ўлимдан ёмон…
Қолмайин заррача армон ўйнасин.

IV

Қўшиқлар тўқисам — нўноқ бўлмаса,
Сендан ўзга дилга қўноқ бўлмаса!
Куйласам туну кун сулувларингни,
Куйлаш мумкинми дил қайноқ бўлмаса?
Кўнглим ўксинади, кўнглим синади
Кўнглим билан кўнглинг иноқ бўлмаса!
Кўнглим ўксинади учрашганимда
Ойсулувжон шўху қувноқ бўлмаса!

Сенинг ҳар мақоминг…

Яна толпинишинг кўрдим саҳнада…
Сенинг ҳар мақоминг — нечоғлиқ таниш!
У кез учратардим сени панада,
Дилда ёниш борди, ёниш ва ёниш.

Кейин, тоқатлар-тоқ, кутардик висол,
Кейин мангуликка беришдик ваъда.
Кейин, қучоғимга тўлдинг бахт мисол —
Иннайкин… иннайкин… мен бўлдим дада.

Иннайкин, айрилиқ жафо тошини
Бизнинг пешонага урди аёвсиз.
Иннайкин, йироқда қалам қошлимни —
Соғиндим, соғиндим, соғиндим… Эсиз!

Эсиз, аёз тунлар, уйқусиз тунлар!..
Жанг ва бурч… Ёр ҳажри… Қатма-қат жафо.
Наҳот, мен сени деб бўлдим тутунлар?
Наҳот, шундоқ дилбар бебурд, бевафо?

Яна толпинишинг кўрдим саҳнада…
Сенинг ҳар мақоминг менга ошино.
Ҳозир мен кўрмасам сени панада,
Шукурлар қиламан минг марта, инон!

Икки дард

Тушларимда дуч келганда ҳам
Шўхлигингни асло қўймайсан.
Дам қаҳ-қаҳу, дам кўзингда нам,
Бу кулфатдан нечун тўймайсан!
Ҳам нафратим, ҳам аянчим бор,
Юрак — икки дардга мубтало.
Ғамзалар… оҳ бекор-ку, бекор…
Қайта оғир бўлди бу бало!
(Кўрмай десам, кўзим кўр эмас,
Юрмай десам, оёғим бутун.
Аммо юрак ортиқ жўр эмас,
Хаёлларда бўламан тутун.
Туғилмаган бўлсайдим, кошки,
Бўлур эдинг бахтли, эҳтимол.
Эринг билан, майли, ярашки,
Эринг ахир… Увол-ку, увол!

Хат…

Хатинг, жонон, обдан бетаъсир,
Узилган ип нечук боғланур?
Ўзинг ахир, сақлаяпсан сир,
Ўз айбингдан қалбинг доғланур.
Мунча узун, мунча оҳу воҳ,
Пушаймонга қолдими ўрин
Агар сенда бўлмаса гуноҳ,
Билдирмадинг нега сал бурун?
Базмларнинг гули бўлганинг —
Ёлғон бўлса, боқ-чи кўзимга.
Мақтовларнинг қули бўлганинг —
Ёлғон бўлса айт-чн ўзимга!
Қани улар? Сохта муҳаббат?..
Нега фаҳминг етмайди аввал?
Соғинишга қолдимми фақат?
Дунё иши шундоқ… Галма-гал…

Тақиллатсам…

Кичик уйда ўчмаган чироқ,
Биламанки, сен ҳали уйғоқ,
Паришонсан, хаёллар тарқоқ,
Тун яримдан анча ўтган чоқ,
Биламанки, сен ҳали уйғоқ.
Биламанки, ўқийсан китоб,
Шеърим сени этади кабоб.
Оҳ чекасан, битар тоқат-тоб,
Биламанки, ёд бўлган бир боб,
Шеърим сени этади кабоб.
Юрагингда уйғонур у соз,
Тақиллатсам берасан овоз,
Хаёлингда қишинг бўлур ёз,
Аммо, қайтиб кетаман… Аёз…
Тақиллатсам, берасан овоз.
Биламанки, чиқмас кўнглингдан,
Не ёмонлик кўрдинг сен мендан?
Шу важданки ҳар кун синглимдан —
Сўроқлайсан аҳволимни сан…
Не ёмонлик кўрдинг сен мендан?..

Бугун йўлда…

Бугун йўлда дуч келганингда,
Нега бирдан тўхтадинг, жонон?
Эринг келар эди ёнингда,
Сал қолдики чақирсанг: «Тошлон!»
Мен панага олдим ўзимни,
Сен йўлингга тушдинг ҳайтовур.
Кўрмаганга солдим ўзимни,
Жанжал бўлур албатта бир қур.
Шўрлик Тошлон, бечора Тошлон!
Ғамдийда, ҳей кўзларим, ёшлан!..

Амон!..

Худди шундай эрта баҳорда
Учрашгандик икков кечқурун.
Айрилгандик эрта саҳарда,
Ҳали иссиқ кўринур ўрин…
Ҳамон ўша чинор — ям-яшил,
Дарё бўйи — зумрад соябон…
Безовта бўлди-ку андак дил,
Амон, хаёл! Амон, ал-амон!..

Болажон

Эй… Кўзларинг мунча ҳам қийиқ,
Мунча қийиқ, мунча бетийиқ,
Киприкларинг мунча ҳам қуюқ,
Ўғлимга ўхшайсан, болажон!
Билмас ҳатто яқин ҳамхонанг,
Очармиди юрагин онанг?
Мен-чи… Мен-чи… Мен-чи, бегонанг…
Ўғлимга ўхшайсан, болажон!

Ҳафтада, ойда…

Амаки де, хафа бўлмайман,
Ота дема, юз берур бало.
Ҳафтада кел, майли, ўлмайман.
Фаҳм этарсан ахир бир йўла.
Ҳафтада кел, майли, ойда кел,
Амаки де, ака де, майли…
Аммо қолмай албат майда кел,
Узоқмас-ку, ҳозир Кегайли!..

Эртак…

… Қиссамизни ёйма оламга,
Юрагимиз бўлсин жим макон.
Эртак каби сўйла боламга,
Маълум бўлсин унга бу достон…
Муҳаббатнинг гавҳар донасин —
Ўғирлатган тентаклар, десин.
Ҳар кун, ҳар кун қистаб онасин:
— Эртак, эртак, эртаклар!—десин!

Яна баҳор, шовиллар анҳор,
Бошларингда нега йўқ чамбар?
Яна боғда кезасан танҳо,
Тўлиб-тўлиб йиғлайсан магар.
Бошларингда нега йўқ чамбар?
Гул юзингда ғам кўланкаси,
Сўзладингми сувга тушингни?
Адашганлик бўлди ҳаммаси,
Ялтироқ ранг олди ҳушингни?
Сўзладингми сувга тушингни?
Нега кўзинг безовта, бетинч,
Боқишларинг бу қадар мунгли?
Барин унут, пушаймонинг кеч,
Оғримасин янги ёр кўнгли…
Боқишларинг бу қадар мунгли?
Балки, эсга тушди май туни,
Табиатнинг тўлин ой туни,
Муҳаббатга жойли-жой туни,
Вафоларга мўл ва бой туни.
Табиатнинг тўлин ой туни…
Балки эсда у илк муҳаббат,
Муҳаббатга қанот бўлган хат?
Мармар тошга ўйилган каби,
Кўз олдингдан кетмас у фурсат
Муҳаббатга қанот бўлган хат…

Ёр дегунча…

Ойлар, йиллар қийнади жафонг,
Жон аядинг, бўлмади вафонг.
Ёр дегунча, дўст атагунча,
Десанг яхши: «Айлансин онанг…»
Опа дейман, ёр атамайман;
Ҳайҳот!.. Опа, аяга бойман,
Мурдор экан юрак нақадар,
Баъзан танҳо аччиқ йиғлайман.

Дилда қолди…

Қайдан чиқди бу бало сурат,
Балоларга мубтало сурат,
Хотиримга тушди йигитлик,
Кайфим олди аждаҳо сурат…
Дудоқлари ярқироқ лаъли,
Пари десам ярашур, бали.
Шаҳло кўзлар, қасди жон кўзлар,
Ёнармисан шу хилда ҳали?
Сўлди бутун ишқим боғлари,
Йигитликнинг баҳор чоғлари.
Сен ёнасан, мен ўртанаман,
Дилда қолди ҳижрон доғлари…

Сен дилдорсан унга ноилож,
Суюк ёрсан унга ноилож…
Икки йиллик ширин умрдан —
Қолдикми шу кунга ноилож?

Фақат!

Нега кўнглим, бўлдинг бетоқат?
Тинчлан, дедим сенга неча қат.
Сўнармиди ғусса оташи —
Ёзган билан менга баъзан хат?
У — ёшликни соғинар фақат,
Эсдаликлар жон қийнар фақат.
Ёшликдаги муҳаббат ўчмас,
Ажал келса, у тинар фақат…

Яна сурат…

Сийнанг тоза оқ мармар каби,
Мармар эмас, юмшоқ пар каби.
Мармар совуқ аммо бу сийна —
Дўзах каби, йўқ, баттар каби…
Сийнанг шундоқ… Юрагинг-чи, тош
Кўзларинг-чи, беаёв — бебош.
Шаҳло эмиш… Шаҳло нимаси?
Оҳ, у кўзлар бир парча қуёш.
Тасвирингга нўноқман, ночор…
Менга қолди сурат ёдгор…
Ўхшашингни тополмайман ҳеч,
Бу малоҳат фақат сенда бор.
Ҳаммасидан — кулишинг яхши.
Дилкаш, мунис туришинг яхши.
Кўкрагимга бошингни қўйиб,
Таслим бўлиб туришинг яхши.

1956—57, Қорақалпоғистон.

   Atoqli shoir Mirtemirning «Surat» dostoni o’zbek muhabbat she’riyati xazinasining eng to’rida turgan asarlardan biri desam, xato qilmayman. Lirik qissaning paydo bo’lishi tarixi shoirning 1932 yilda millatchilar bilan hamkorlikda ayblanib qamalgan paytlarida yuz bergan achchiq voqea bilan bog’liq. Mirtemir mahbuslikda yurgan chog’ida sevikli rafiqasi boshqa insonga turmushga chiqib ketgan. Yillar o’tib ana shu unutilmagan ishq dardi ( Yoshlikdagi muhabbat o’chmas,Ajal kelsa, u tinar faqat…) «Surat» dostonida o’zining yorqin ifodasini topadi…

MIRTEMIR
SURAT
Lirik qissa
07

Mirtemir (taxallusi; asl ismi-sharifi Tursunov Mirtemir; 1910.30.5, Turkiston – 1978.25.1, Toshkent) – O’zbekiston xalq shoiri (1971). Eski maktabda ta`lim olgach (1919-1920), Toshkentga kelib, Almaiy nomidagi namuna ish maktabi (1920-1923) va O’zbek erlar bilim yurtida (1925-1929) tahsil ko’rgan. 1929 yil Samarqandga borib O’zbekiston Markaziy Ijroiya Komiteti raisi Y. Oxunboboyevning kotibi bo’lib xizmat qilgan va ayni paytda, Pedakademiyaning til va adabiyot fakultetida o’qiy boshlagan. U shu yillarda “Qizil qalam” adabiy tashkolotining a`zosi sifatida Botu, Oltoy singari “millatchilar” bilan aloqada bo’lganligi uchun GPU tomonidan hibsga olingan (1932.8.8). Qamoqdan ozod bo’lgach, “Yangi hayot” gazetasida adabiy xodim (1936), respublika radioqo’mitasida bosh muharrir (1941). O’zdavnashrda muharrir (1942), Opera va balet teatrida adabiy emakdosh(1943-1944). Yozuvchilar uyushmasida bo’lim mudiri va maslahatchi (1957-1964), badiiy adabiyot nashriyotida muharrir (1965-1966) lavozimlarida xizmat qilgan.

Mirtemirning ilk she`rlar to’plami – “Shu`lalar qo’ynida” (1928) milliy she`riyatimiz uchun yangi janr – sochma (nasriy she`r) janrida yozilgan bo’lib, davrning muhim masalalariga bag’ishlangan. Shundan keyin Mirtemir “Zafar” (1929), “Qaynashlarim” va “Bong” (1932)  she`riy to’plamlarini e`lon qilgan.

Mirtemirning “Qoraqalpoq daftari” turkumidan o’rin olgan “Surat” lirik qissasi esa 60-70- yillarda o’zbek she`riyatida doston janriga e`tiborning kuchayishi va lirik doston janrining kamol topishiga katta ta`sir ko’rsatgan. Mirtemirning 60-70-yillarda yaratgan aksar she`rlari 20-asr o’zbek she`riyatining tom ma’nodagi durdonalaridir. Mirtemir o’tgan asrning 60-yillarida o’zbek she`riyatiga kirib kelgan talaygina yoshlarga ustozlik qilib, o’zining adabiy maktabini yaratdi.

Badiiy tarjima Mirtemirning ijodiy faoliyatida katta o’rin egallaydi. U Abay, Mahtumquli, Berdaq she`rlaridan tashqari, qirg’iz xalqining “Manas” eposini (hamkorlikda), Shota Rustavelining “Yo’lbars terisini yopingan pahlavon” (hamkorlikda), A. S. Pushkinning “Ruslan va Lyudmila”, “Oyimqiz – qishloqi qiz”, M. YU. Lermontovning “Ismoilbek”, “Savdogar Kalashnikov haqida qissa”, N. A. Nekrasovning “Rusiyada kim yaxshi yashaydi” kabi doston qissa va ertaklarini, G. Geyne, A. M. Gorkiy, Pablo Neruda, Nozim Hikmat, Samad Vurg’un va boshqalarning she`rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

Mirtemir Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti (1979), Berdaq nomidagi Qoraqalpog’iston Davlat mukofoti (1977) laureati. “Buyuk xizmatlari uchun” ordeni bilan mukofotlangan (2002).

07

O’limlardan xatlab…

Na oltin, na javohir edim…
Armonli bir yosh shoir edim.
Zuhro bo’lmasang ham chiroyda,
Men ishqingda naq Tohir edim.
Toshlon o’ldi, degan kim axir?
Gulday so’ldi, degan kim axir?
Nihot poymol qutlug ishq ahdi,
Bol bo’lurmi shunchalar taxir?
Barchinoyday kutganing qani?
Zardobu qon yutganiig qani?
Umr yo’lida to yumguncha ko’z,
Birga-birga ketganing qani?
Gunohim ne?—Jangda bo’lganim,
Qon kechganim, yuz bor o’lganim.
Diydoringni unutolmayin,
O’limlardan hatlab ketganim…

Surat, surat!

Och nazarim tushar suratga…
Surat, surat! Nega sen tilsiz?
Termulaman suratda xatga…
Janglarda yor eding-ku, o, qiz!
Surat, surat! Nega sen tilsiz?..
Ko’zlarimga boqasan qiyg’och,
Kulasanu, ko’zlaringda yosh.
Halqa-halqa, tarqoq sumbul soch,
Zap qiyilgan bir juft qalam qosh
Kulasanu, ko’zlaringda yosh…
Esingdami so’nggi bo’salar,
Senga toqat tilaganlarim,
Yuz ochganda ayoz bir saxar,
Xayr! — deb soching silaganlarim,
Senga toqat tilaganlarim?
Surat, surat! Nega sen tilsiz?
Seni asrab to’rt yil qo’ynimda…
Topinardim, o’pardim… esiz!
Evoh, qanday zil yuk bo’ynimda,
Seni asrab to’rt yil qo’ynimda…

Ilk bag’ishlovlardan…

I

Oqshom tushar… o’ngu so’lda
Oppoq-oppoq xirmonlar;
Tinmay o’tar katta yo’lda
Xirmon yukli karvonlar.
To’lib ketar ko’kka yulduz…
Kelinlar soch tarashur;
Sen ham horg’in, sochi qunduz,
Senga hordiq yarashur…
Ko’z tashla oqshomning so’lim chog’iga,
Kel sen ham Oysuluv,
Kel sen ham Oysuluv —
Soy qirg’og’iga…
Tun sochidan tutib sho’x yel
Tortar olis tog’larga.
Asta-asta taralur el
Soya-salqin bog’larga..
Quyib o’tdi bemahal sel,
Ko’k charog’on kechqurun;
Qo’shiq yangrar: «Jononim, kel!—
Oydin, yorug’ bo’lar tun».
Ko’z tashla oqshomning so’lim chog’iga,
Kel sen ham Oysuluv,
Kel sen ham Oysuluv —
Soy qirg’og’iga…

II

O’xshatma

Sen kelgin tong chog’ida,
Sen kelgin naq tong misol,
Tong bolqib yonog’ingda,
Ko’zlarim o’ynata ol!..
Sen kel tush paytida ham,
Daryoda epkin misol;
Sochlarim to’zg’it bir dam,
Dilni ham qo’zg’ata ol!
Sen kelgin oqshom, mayli,
Oqshom qo’shig’i misol;
Go’yo sahnada Layli,
Zavqimni uyg’ota ol!
Sen kelgin oydin tunda,
Albatta kel oy misol;
Quchog’imga afsunday,
To’lin oyday to’la qol…

III

Dilim ranjitsa ham do’qu dag’dag’a,
Bog’imda bu oqshom jonon o’ynasin.
Gulday chiroyidan bo’lay sadag’a,
Ochilib-sochilib, chunon o’ynasin.
Jo’r bo’lsin bulbullar chalgan torimga,
Qo’shiqlar kuylayin vafodorimga,
Suqlanay Oysuluv otli yorimga,
Sho’x ohudan aylab javlon o’ynasin.

Xipcha belga bog’lab yashil rang kamar,
Gullar-chechaklardan taqsin gulchambar,
Tengi kam o’yinchi, tengi kam dilbar,
Tomoshaga kelib, osmon o’ynasin.

Tovusday tovlangin, ey qoshi kamon,
Visol chamanida bo’laylik omon;
Ayriliq g’ussasi o’limdan yomon…
Qolmayin zarracha armon o’ynasin.

IV

Qo’shiqlar to’qisam — no’noq bo’lmasa,
Sendan o’zga dilga qo’noq bo’lmasa!
Kuylasam tunu kun suluvlaringni,
Kuylash mumkinmi dil qaynoq bo’lmasa?
Ko’nglim o’ksinadi, ko’nglim sinadi
Ko’nglim bilan ko’ngling inoq bo’lmasa!
Ko’nglim o’ksinadi uchrashganimda
Oysuluvjon sho’xu quvnoq bo’lmasa!

Sening har maqoming…

Yana tolpinishing ko’rdim sahnada…
Sening har maqoming — nechog’liq tanish!
U kez uchratardim seni panada,
Dilda yonish bordi, yonish va yonish.

Keyin, toqatlar-toq, kutardik visol,
Keyin mangulikka berishdik va’da.
Keyin, quchog’imga to’lding baxt misol —
Innaykin… innaykin… men bo’ldim dada.

Innaykin, ayriliq jafo toshini
Bizning peshonaga urdi ayovsiz.
Innaykin, yiroqda qalam qoshlimni —
Sog’indim, sog’indim, sog’indim… Esiz!

Esiz, ayoz tunlar, uyqusiz tunlar!..
Jang va burch… Yor hajri… Qatma-qat jafo.
Nahot, men seni deb bo’ldim tutunlar?
Nahot, shundoq dilbar beburd, bevafo?

Yana tolpinishing ko’rdim sahnada…
Sening har maqoming menga oshino.
Hozir men ko’rmasam seni panada,
Shukurlar qilaman ming marta, inon!

Ikki dard

Tushlarimda duch kelganda ham
Sho’xligingni aslo qo’ymaysan.
Dam qah-qahu, dam ko’zingda nam,
Bu kulfatdan nechun to’ymaysan!
Ham nafratim, ham ayanchim bor,
Yurak — ikki dardga mubtalo.
G’amzalar… oh bekor-ku, bekor…
Qayta og’ir bo’ldi bu balo!
(Ko’rmay desam, ko’zim ko’r emas,
Yurmay desam, oyog’im butun.
Ammo yurak ortiq jo’r emas,
Xayollarda bo’laman tutun.
Tug’ilmagan bo’lsaydim, koshki,
Bo’lur eding baxtli, ehtimol.
Ering bilan, mayli, yarashki,
Ering axir… Uvol-ku, uvol!

Xat…

Xating, jonon, obdan beta’sir,
Uzilgan ip nechuk bog’lanur?
O’zing axir, saqlayapsan sir,
O’z aybingdan qalbing dog’lanur.
Muncha uzun, muncha ohu voh,
Pushaymonga qoldimi o’rin
Agar senda bo’lmasa gunoh,
Bildirmading nega sal burun?
Bazmlarning guli bo’lganing —
Yolg’on bo’lsa, boq-chi ko’zimga.
Maqtovlarning quli bo’lganing —
Yolg’on bo’lsa ayt-chn o’zimga!
Qani ular? Soxta muhabbat?..
Nega fahming yetmaydi avval?
Sog’inishga qoldimmi faqat?
Dunyo ishi shundoq… Galma-gal…

Taqillatsam…

Kichik uyda o’chmagan chiroq,
Bilamanki, sen hali uyg’oq,
Parishonsan, xayollar tarqoq,
Tun yarimdan ancha o’tgan choq,
Bilamanki, sen hali uyg’oq.
Bilamanki, o’qiysan kitob,
She’rim seni etadi kabob.
Oh chekasan, bitar toqat-tob,
Bilamanki, yod bo’lgan bir bob,
She’rim seni etadi kabob.
Yuragingda uyg’onur u soz,
Taqillatsam berasan ovoz,
Xayolingda qishing bo’lur yoz,
Ammo, qaytib ketaman… Ayoz…
Taqillatsam, berasan ovoz.
Bilamanki, chiqmas ko’nglingdan,
Ne yomonlik ko’rding sen mendan?
Shu vajdanki har kun singlimdan —
So’roqlaysan ahvolimni san…
Ne yomonlik ko’rding sen mendan?..

Bugun yo’lda…

Bugun yo’lda duch kelganingda,
Nega birdan to’xtading, jonon?
Ering kelar edi yoningda,
Sal qoldiki chaqirsang: «Toshlon!»
Men panaga oldim o’zimni,
Sen yo’lingga tushding haytovur.
Ko’rmaganga soldim o’zimni,
Janjal bo’lur albatta bir qur.
Sho’rlik Toshlon, bechora Toshlon!
G’amdiyda, hey ko’zlarim, yoshlan!..

Amon!..

Xuddi shunday erta bahorda
Uchrashgandik ikkov kechqurun.
Ayrilgandik erta saharda,
Hali issiq ko’rinur o’rin…
Hamon o’sha chinor — yam-yashil,
Daryo bo’yi — zumrad soyabon…
Bezovta bo’ldi-ku andak dil,
Amon, xayol! Amon, al-amon!..

Bolajon

Ey… Ko’zlaring muncha ham qiyiq,
Muncha qiyiq, muncha betiyiq,
Kipriklaring muncha ham quyuq,
O’g’limga o’xshaysan, bolajon!
Bilmas hatto yaqin hamxonang,
Ocharmidi yuragin onang?
Men-chi… Men-chi… Men-chi, begonang…
O’g’limga o’xshaysan, bolajon!

Haftada, oyda…

Amaki de, xafa bo’lmayman,
Ota dema, yuz berur balo.
Haftada kel, mayli, o’lmayman.
Fahm etarsan axir bir yo’la.
Haftada kel, mayli, oyda kel,
Amaki de, aka de, mayli…
Ammo qolmay albat mayda kel,
Uzoqmas-ku, hozir Kegayli!..

Ertak…

… Qissamizni yoyma olamga,
Yuragimiz bo’lsin jim makon.
Ertak kabi so’yla bolamga,
Ma’lum bo’lsin unga bu doston…
Muhabbatning gavhar donasin —
O’g’irlatgan tentaklar, desin.
Har kun, har kun qistab onasin:
— Ertak, ertak, ertaklar!—desin!

Yana bahor, shovillar anhor,
Boshlaringda nega yo’q chambar?
Yana bog’da kezasan tanho,
To’lib-to’lib yig’laysan magar.
Boshlaringda nega yo’q chambar?
Gul yuzingda g’am ko’lankasi,
So’zladingmi suvga tushingni?
Adashganlik bo’ldi hammasi,
Yaltiroq rang oldi hushingni?
So’zladingmi suvga tushingni?
Nega ko’zing bezovta, betinch,
Boqishlaring bu qadar mungli?
Barin unut, pushaymoning kech,
Og’rimasin yangi yor ko’ngli…
Boqishlaring bu qadar mungli?
Balki, esga tushdi may tuni,
Tabiatning to’lin oy tuni,
Muhabbatga joyli-joy tuni,
Vafolarga mo’l va boy tuni.
Tabiatning to’lin oy tuni…
Balki esda u ilk muhabbat,
Muhabbatga qanot bo’lgan xat?
Marmar toshga o’yilgan kabi,
Ko’z oldingdan ketmas u fursat
Muhabbatga qanot bo’lgan xat…

Yor deguncha…

Oylar, yillar qiynadi jafong,
Jon ayading, bo’lmadi vafong.
Yor deguncha, do’st ataguncha,
Desang yaxshi: «Aylansin onang…»
Opa deyman, yor atamayman;
Hayhot!.. Opa, ayaga boyman,
Murdor ekan yurak naqadar,
Ba’zan tanho achchiq yig’layman.

Dilda qoldi…

Qaydan chiqdi bu balo surat,
Balolarga mubtalo surat,
Xotirimga tushdi yigitlik,
Kayfim oldi ajdaho surat…
Dudoqlari yarqiroq la’li,
Pari desam yarashur, bali.
Shahlo ko’zlar, qasdi jon ko’zlar,
Yonarmisan shu xilda hali?
So’ldi butun ishqim bog’lari,
Yigitlikning bahor chog’lari.
Sen yonasan, men o’rtanaman,
Dilda qoldi hijron dog’lari…

Sen dildorsan unga noiloj,
Suyuk yorsan unga noiloj…
Ikki yillik shirin umrdan —
Qoldikmi shu kunga noiloj?

Faqat!

Nega ko’nglim, bo’lding betoqat?
Tinchlan, dedim senga necha qat.
So’narmidi g’ussa otashi —
Yozgan bilan menga ba’zan xat?
U — yoshlikni sog’inar faqat,
Esdaliklar jon qiynar faqat.
Yoshlikdagi muhabbat o’chmas,
Ajal kelsa, u tinar faqat…

Yana surat…

Siynang toza oq marmar kabi,
Marmar emas, yumshoq par kabi.
Marmar sovuq ammo bu siyna —
Do’zax kabi, yo’q, battar kabi…
Siynang shundoq… Yuraging-chi, tosh
Ko’zlaring-chi, beayov — bebosh.
Shahlo emish… Shahlo nimasi?
Oh, u ko’zlar bir parcha quyosh.
Tasviringga no’noqman, nochor…
Menga qoldi surat yodgor…
O’xshashingni topolmayman hech,
Bu malohat faqat senda bor.
Hammasidan — kulishing yaxshi.
Dilkash, munis turishing yaxshi.
Ko’kragimga boshingni qo’yib,
Taslim bo’lib turishing yaxshi.

1956—57, Qoraqalpog’iston.

033

(Tashriflar: umumiy 11 516, bugungi 9)

1 izoh

Izoh qoldiring