Nodira Afoqova. Yangi she’rlar & «Xayyom chodirinda». Ruboiylar turkumi

091    Таниқли шоира  ва адабиётшунос олима  Нодира Афоқованинг янги шеърларини тақдим этиш билан баробар   сайтимизда эълон қилинган атоқли рус адиби Леонид Андреевнинг «Яҳудо Искариот» қиссасининг гўзал таржимаси учун алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ишончим комилки, Нодира келгусида ҳам айнан шундай бетакрор асарлар таржималари билан бизни мамнун этади. Сизга тақдим этилаётган янги шеърлар қаторида шоиранинг яна бир ҳаяжонли ва мумтоз нафасларга уланган «Хайём чодиринда» сарлавҳали рубоийлар туркуми алоҳида диққатга сазовордир.

Нодира АФОҚОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
077

***

Хат йўқ.
Оҳ бор.
Изғирин эсар.
Хабар йўқдир. Тоқат бетоқат.
Томиримда дўзахми сузар,
Нечун бевақт айланар соат?

Ой пажмурда муҳрга ўхшар,
Кўк конвертда не хабар бордир?
Қоним ёнар,
Илигим қақшар,
Тасалли йўқ,
Бордир хавотир.

Билдириб қўй. Саломатман де,
Сендан дунё сўрамас аёл.
Чидайсанми варақлаб хатим
Йиғлаб ўтса кўчангдан шамол?

10.1.2016.

***

Сен менинг ичимдурсан! Сен менинг ичимдурсан!
Борлиқда – борлигимсан, йўқликка – ўчимдурсан.

Соғмидим – хаста этдинг, баҳорга баста этдинг,
Гулдан куч олур, ёраб, жунуним – кучимдирсан.

Мажруҳки ҳаким истар, ҳар дардига эм истар,
Дардларга солиб ўзинг, дардларга ҳужумдирсан.

Ўсгувчи дарахт дунё, ичдан иборат дунё,
Мушкул риёзат дунё – сен унга ечимдурсан.

Бу дардни ютиб бўлмас, бош олиб кетиб бўлмас,
Ташқарисиз дунёнинг ичинда ичимдурсан.

15.01.2016.

АЁЛДАН МАКТУБ
Беназир Сергей ЕСЕНИНга назира

Мажнун эмасдингиз,
Мен эсам Лайли.
Лекин дунё бизни
Афсона этди.
Муҳаббатга тўла
Қалблар туфайли
Кимлар кўксимиздан
От солиб ўтди.

Ким эдик? Шунчаки
“Ҳақ” деган куйчи,
Битта гул ўстирдик
Тонглардан ҳарир.
Дунё гўзал бўлсин
Девдик шунчаки,
Охир ҳасад қувди,
Йиқитди охир.

Омад юлдузи – бу
Пирпирар кўкда,
Бир бир ўчар, бир ёнар…
Қисмат қадар сир.
Бир ёниб, бир ўчиб,
Ёнмайин қайта
Дўстлар ҳам йўқламай
Қўйдилар бир-бир.

Мен бир чечак эдим,
Сиз учун ёлғиз
Ифорлар таратган,
Сизга эгилган.
Азизим, азизим,
Асролмадингиз
Бу гулни дунёнинг
Ёмонларидан.

Мен неки йўқотдим,
Майлига девдим,
Ҳаққимиз йўқ, балки,
“Нечун?” демоққа.
Топганларим жон деб
Алишар эдим
Тунда болишингиз
Тўғриламоққа.

Одамдан қолган бу
Вайрона кулба –
Замин оғар экан
Қиёмат томон,
Дунёни тузатмоқ –
Сўқир фалсафа,
Кимни майиб этган,
Кимларни қурбон.

“Мен Сизни йўқотдим
Шу йўллар аро…” –
Шу сўзнинг чақмоғи
Урди дафъатан.
Тошдек тузугингда
Бормидир, дунё,
Тирилмоқ – чақинлар
Урса – қайтадан?

Мен бойчечак эдим,
Сиз учун ёлғиз
Қорлар зулматидан
Нурга интилган.
Азизим, азизим,
Асролмадингиз
Бу гулни дунёнинг
Аёзларидан.

Азизим, азизим!
Бир-бирни кутиб,
Тинглаб бир-бирининг
Ўт нафасини,
Яшаса бўлмасми
Бир четга отиб
Байроқлар, шиорлар
Васвасасини?

Фирқалар, ғоялар,
Сиёсат асри,
Одам ови асри,
Қиёмат асри,
Гўдакка кўксидан
Тонглар ичирган
Аёлга, ҳаётга
Хиёнат асри.

“Мен Сизни йўқотдим!”
Ҳаёт нутфаси
Учган юлдуздайин
Топиб заволлар,
Ҳамон чайқаларкан
Замин кемаси,
Бу сўзни айтмоқда
Қанча аёллар.

Дунёнинг эрлари!
Оҳ! Уйдан қачон
Отни эгарламоқ
Қасдида эмас,
Чиқарсиз аёлга
Оқ ё нопармон
Чечаклар тергали
Энтикиб бесас?

Иззати нафсингиз
Қондирмоқ учун
Тузатмоқ ғоясин
Яловдай ушлаб,
Сиз қачон кетмайсиз
Шум ёлғизликнинг
Шумшук ётоғига
Аёлни ташлаб?

Фурсати келарми
Мунг билан боқиб
Қонталош уфқнинг
Сийналарига,
Йўл қарамас аёл
Юзларин босиб
Деразанинг муздек
Ойналарига?

Билмассиз аёлни –
Осмон қадар сир,
Муҳаббат китобин
Келтирган наби.
Дунёни тузатиб
Топмайди ҳузур
Тунда болишингиз
Тузатган каби…

***

Саломингиз келди – сафолар келди,
Дуолар қилибсиз — гуллади юрак.
Исо нафасидай ҳаволар келди,
Эй дўст, бизга янги ҳаёт муборак.

Бир шароб ичдиму…
Ё фалак!
Кимман?
Юлдузлар куйдирди оёқларимни.
Эй дўст!
Муборак денг!
Энди ўзимман!
Оловга ирғитдим байроқларимни.

Энди изламасман на ҳақ-адолат,
«Нечун?» деб ўзимга этмасман зулм.
Бу манзилга етдим қалб билан фақат:
Фақат муҳаққақдир Ҳает ва Ўлим.

На-да рутбалар бор – билмас аҳли нафс,
Мукофот эмас ул ва на-да жазо:
Муҳакққақ, аҳли дил то сўнгги нафас
Муҳаббат жомидан ичурлар азоб.

Эй дўст!
Айтинг, мени изламасинлар,
Кетдим.
У йўлларда энди юрмайман.
Имконида боғлар шовуллаб қолган
Заминга урилиб қайтган нурдайман.

Дарчангиз шарақлаб очилса тунлар,
Қўрқманг. Ойдан сўранг. Билса ул зора —
Мен энди шамолман – уйсиз қаландар,
Йўқлик муборакдир, борлик муборак…

Эй дўст!
Иккимизга зорлик муборак!

***

Ой нурида ёнар далалар,
Ерга туташ осмон қирғоғи.,
Жимлик аро афсона айтар
Теракларнинг ҳазин титроғи.

Далага чиқ, гулханларда ён,
Қўрқма, мен ҳам шу йўлдан кетдим.
Ойишангман, гувоҳ ер-осмон –
Теракларга суяниб ўтдим…

15.01.2016.

***

Мен кетсам бир куни йиғламанг,
Юлдузлар юртида уйим бор.
Баҳордан қишгача жаранглаб
Тўкилиб тургувчи куйим бор.

Осмоннинг энг ваҳим қаърида
Бардошим чақинга айланур.
Мен суйган шамоллар амри-ла
Гулбоғлар оқинга айланур.

Кўнглим-ай, сен қолиб кетарсан
Исмсиз гулларнинг рангида;
Бир маъюс қўшиқлар айтарсан
Шафқатсиз кузларнинг тонгида.

Жавзонинг энг узун кунлари
Шиддатим суръатин айтадир.
Ялдонинг энг узун тунларин
Сирлари мен чалган найдадир.

Шунчалар қудрату маҳобат,
Сир билан яралган бу олам
Чархида айланар тоабад
Макнуна бир руҳ ҳам йўқолмай,
Мен кетсам бир куни йиғламанг…

БЕМОРЛИК

Ўлим, бунча тез келма, ўлим,
Ҳали менинг кўзларимга боқ:
Ҳали унинг қорачуғида
Қанча ҳаёт, умид, иштиёқ.

Ташқарида гул тўкар бодом,
Ташқарида гуллар жийдалар,
Улканлашар, тиниқар осмон,
Ҳаволарда шиддат айланар.

Бу шиддатга тан бермай бўлмас,
Бу шиддатнинг қўллари қонлиқ,
Оларсану гулдай бир нафас,
Чиқарганинг – йўқлиқ, хазонлиқ.

О, инсонга бунчалар таҳқир,
Фалакларда йўқдай адолат;
Оқу қизил, яшилу сариқ
Чопар, кутмас, айланар фақат.

Шу тўрт рангнинг айланмасида
Наҳот бир кун тинар овозим?
“Шаробингдан ичмайман, ўлим,
Ҳеч бўлмаса ҳозирча, ҳозир…”

Шамолларнинг рақси мангу, шўх,
Чўққиларда абадийдир қор,
Юлдузларнинг юртида Вақт йўқ…
Наҳот, одам баридан ночор?

Йўқ-йўқ, боғда гуллаб жийдалар
Ва бодомлар тўкаркан гулин
Кўзларимга боқса қаттиқроқ
Чекингайдир ҳар қандай ўлим.

Кўкрагимда бир салтанат бор
Часирлаган беомон чўғдир.
Жазбасию рутбаси, тарҳи
Ўн саккиз минг оламда йўқдир.

Теграмда тош қотган мангулик,
Ўлим ҳатто чиқармас сасин.
Тўшагимда сезиб ётаман
Тўкилётган
гулнинг
нафасин…

ШОИР
Хуршид ДАВРОНга

Қип-қизил қуёшдай
Қонаган юрак
Бўғзига тиқилар, чиқар отилиб,
Тонгдай отар шоир хўрлик тунида,
Жигар ранг қонлардан оқ нурлар эшиб.
Ёғдудан яралгандир асл шоирлар.

Шамолдай эсар у
Бўғилган жонлар
Қақшаса бир ютум ҳавога зор-зор.
Бир ютум нафасдай,
Бир тоза нафас.
Кўз ёшларни артар,
Супурар шўрин,
Ҳаводан яралган асл шоирлар.

Нохуш бир башорат,
Қўрқинч, алағда
Тушларни айтарлар титраб жонлари,
Пичирлаб айтарлар.
Ёлвориб, умидвор.
Узоқ-узоқларга олиб кетар у,
Беминнат дарёдай.
Куюк дарёдай.
Куйга айлантирар,
Гулга айлантирар,
Дурга айлантирар тушларингизни.
Сувдан яралгандир асл шоирлар.

Боғлар улғаяжак қучоқларида,
Тоғлар улғаяжак қучоқларида,
Маъданлар етилар қаватма-қават.
Ҳар бир заррасида ҳаёт ва қудрат,
Заминдай тўшалар,
Тупроқдан яралган асл шоирлар.
Тангрининг элчиси,
Одамнинг асл фарзанди –
Шоирлар.

20.01.2016.

***

Бўлганмидинг менинг умримда,
Урганмидинг қонимда туғён?
Гулдираклар тинмаган тунда
Кетганмидим шалаббо, гирён?

Олам-жаҳон гулларни бир чоғ
Тўкканмидинг пойимга маним?
Тўкканмидим сўнг уммонча ёш,
Кўнглим бўлиб ўзимга ғаним?

Ёзганмидинг жунунваш хатлар,
Ёзганмидим қушлардай қанот?
Тушганмидим қушлардай қулаб
Бир кун осмон тор келиб, ҳайҳот?

Тун паришон… Ой нурга чайган
Булутларнинг кунгурасини.
Йўқотдимми ҳақиқат билан
Тахайюлнинг чегарасини:
Бўлганмидинг менинг умримда?..

21.01.2016.

ФЕВРАЛЬ

Тизгинлаб олсанг-чи отларингни, йил!
Февраль лабларимдан сирғалиб чиқмай
Бодомзор боғларда махфий тадорик,
Кўллар қудуғидан чиқиб келар най.

Гул иси келодир тонгги тушлардан…
Фол очар ойнаси синиқ жодугар:
“Аёлнинг тушлари хавфдан нишона –
Ўттизга кирмасдан йиқилар Февраль,
Қулайдир Декабрь қуриб кетган тахт,
Шохларнинг юраги ёрилар нохос,
Истило чодирин йиғиштирмас Вақт…”
Бақамти турибдир таваллуд, ўлим…
Мартнинг гулларига чиқавер пешвоз
Эй, видолар учун туғилган дилим…

***

Туннинг кемасида мағлуб жангчиман,
Сирлар ҳайбатидан айланмас тилим.
Юксак-юксакларда сиёҳ рангида
Улкан намозшомгул ётар очилиб.
Бадбўй муҳитларнинг тинар шовқини,
Ойнинг ноласидан сирқирайдир дил,
Кўзимда юлдузлар рақсидан учқун –
Кундуз қайғулари, чекининг энди,
Бу тунлар фалакдан қуйилмиш, ахир,
Хаёл ва қалб учун, муҳаббат учун!
Капалак умрича, балки, бу ҳурлик,
Минг йиллик ҳасрат-да келар изма-из,
Кундузлар ғажийдир…
майлига…
ҳар кеч
Тангрим, қудратингга қолдир юзма-юз!

***

Бор овозим билан бақиргим келар –
Тепамда денгиздай чайқалса осмон.
Булутлар урилса бир-бирларига,
Қасирғалар ҳар ён учса беомон.

Уммонлар тўлқини қирғоқни бузиб
Сапчиса энг баланд тоғларга довур.
Қуёш теграсида занжирни узиб
Беҳудуд фазода учиб кетса Ер.

Заминдан узилса милярд чечаклар,
Сомон йўлларига қондай тўшалса.
Овозим, овозим… узилган баргдай
Ойнинг чаккасига илиниб қолса.

Ичимда тўпланиб ётар бир нима,
Овозимга жойлаб отсам беомон.
Қандай деб сўрама, ким деб сўрама,
Тошиб кетар денгиз мисоли осмон.

ҲАЛИ ФЕВРАЛЬ

Озодликка чиқса бойчечак,
Озодликка чиқса майсалар,
Субҳи содиқ чоғи қувғиндан
Саф-саф бўлиб қушлар қайтсалар.

Нафасингни ютсанг,
Олисдан
Эшитилса сувлар овози,
Гул баргига ўхшаса туман –
Булутларнинг ҳарир хулёси.

Новдалардан тушса кишанлар,
Потраб чиқса гуллар – мужаннин.
Потраб чиқса оч ранг, тўқ ранглар,
Инқилобга юз бурса замин.

Қўпиб келса мағоралардан
Уч юз йиллик мубаййин шамол.
Чақинлардан ёришса олам…
Ҳали февраль.
Бу – ҳали хаёл…

Кел, озодлик – уйғон, бойчечак!
Майли, бадал тўларман, инон:
Бу раҳматдан ёрилсин юрак,
Томиримдан сачраб чиқсин қон.

***

Шовқинлари тинди дунёнинг,
Чиқаётган Ой ютди уни.
Мен биламан, Сенинг осмонинг
Ҳали ушлаб турибди кунни.

Мудраётган қушчалар туйғун,
Япроқларин шитирлатмас шох.
Булутмас у – шамол олар тин
Бузмайин деб жимликни ногоҳ.

Сен тарафда шовқин ва ҳаёт
Кўчаларда оқмоқда тўлиб.
Хиёбонлар висол бирла шод,
Тор йўлаклар борар шошилиб.

Мен тараф жим…
Кўксимда бироқ
Эшитмайсан, чақмоқлар чақар;
Сен тарафда шовқин ва ҳаёт,
Орамизда қанча минтақа…

02.02.2016.

***

Қўнғироқлар чалинар тунда…
Кўр зулматга бошимни уриб
Қўрқувгами ўхшаш туйғудан
Деразага бордим югуриб.

Осмон ўша – ҳасратга солар –
Шиғил-шиғил гуллаган акас.
Ой нопармон тусда товланар,
Қорлар узра бинафшаранг акс.

Ёдим аро уйғонар бир ном,
Куртак тугар бўғзимда йиғи.
О, қайлардан келар бу исён –
Қисир-қисир музлар синиғи?

Қўнғироқлар солар жарангос –
Ким туғилди? Учди бир юлдуз…
Бинафшалар йўлга тушган ё?
Бармоқларим учи нега муз?

Маҳбусгами ўхшайди юрак –
Панжарага ўхшар қовурға –
Уйғонишдан қўрқувга тушар,
Туғилишдан тушар қўрқувга?..

11.02.2016.

***

Кетдинг. Келган фурқатдадурман.
Мусбатмидинг? Мусбатдадурман.

Келар-кетар… Куздир тўрт фаслим,
Шул навбатма-навбатдадурман.

Ишқ – Ватандан кўчиб кетган Сен,
Не учун мен ғурбатдадурман?

Ким тушунгай ҳижрат дардини?
Қушлар билан суҳбатдадурман.

Қушдай кетсанг, қуёшдай кетсанг…
О! Кимману, мен – шартдадурман?

Қуёш бўлсанг, сен бирла анвар
Ойман – шундай нисбатдадурман.

Осмон бўлай қуш эсанг… Ёраб!
Жунундами, қудратдадурман?

Бир тонг қайтсанг қушдай, қуёшдай…
Топарсанми, узлатдадурман…

15.02.2016.

***

Бу гавжумда, бозор дунёда
Сизни қандай топдим, билмайман.
Шундан бери оқ-ойдин шомда
Ойнинг чилторини чалгайман.

Кезар эдим куз боғларинда,
Ҳар битта барг – йўқликдан чопар.
Дедингизки, қароқларингда
Настаринлар очилиб ётар.

Тирнар эди бўғзимни дам-дам
Овозимнинг синган қиличи.
Дедингизки, базмдир куз ҳам,
Барглар – нохин, боғлар – чолғучи.

Дедингизки, асотирлардан
Тушиб қолган тушга ўхшайсан.
Қанотингда чопқилар изи,
Афсонавий қушга ўхшайсан.

Бирдан ойнинг юзига боқиб
Дедингизки, қайғурма, куйма…
Тепамизда юлдузлар ёқиб
Сузар эди муаззам кема.

Сўнг кетдингиз… Ўшандан буён
Руҳим аро уйғотар ларза
Булутлардай учрашиб, шул он
Етти осмон ёришган лаҳза.

Тасодифми топганим Сизни,
Бу гавжумда рўй берди тилсим:
Қандай тортди нигоҳингизни
Менинг сиёҳ чапланган исмим?

16.02.2016.

БАҲОР ЯҚИН

Қорлар ёғиб ўтдилар энди,
Ўтди сира тугамас тунлар.
Тўлдирадир тушлар осмонин
Кузда учиб кетган шовқинлар.

Уфқларда зангордир ҳаво,
Дарахтлар ҳам парвозгами шай.
Ухлолмайман, саҳарлаб гўё
Олис йўлга чиқадигандай.

***

Мендан бошқа киминг бор эди,
Сен деб жимжит ютган маломат,
Сен деб қайтган йўлидан…
Қандай
Кет, демоққа топдинг адолат.

Сени кутдим.
Қон туфлади Шарқ,
Милён марта мағриб қизарди.
Кетмоқликка топмадим бир шахд,
Сендан бошқа кимим бор эди?

11.03.2016.

БУ ДУНЁДА…

Бу дунёда бахтли бўлиб бўлмайди…
Малъунлар Исони сотган дунёда,
Фалажлар Халложни осган дунёда,
Вақт йўлларида изғиб тескари
Ҳар саҳар осмон қон қусган дунёда.
Шоир терисидан тортилган таранг
Гумбурлайди шавкат ноғоралари.
Хонлар зўри шунга етибди, қаранг! –
Мурғак дилни итга отган дунёда.
Маҳрамлар кучала солиб емакка
Майит бошида соч юлган дунёда.
Уммонлари шўрга тўлган дунёда.
Дарёсида қонлар оққан дунёда,
Фалакка урилиб, ёғиб қорсумол
Чўққисида оҳлар қотган дунёда.
Бўса билан сотиб расулларини,
Рисолатни ўтга отган дунёда.
Ҳидоят муждасин даъволар билан,
Мазҳаб чопқисида чопган дунёда…
Сен билан мен киммиз? Ғариб ошиқлар
Муҳаббатдан бино бўлган дунёда.
Ошиқлар юрагин лаҳимдай тилиб,
Туз жойлаб, музаффар бўлган дунёда
Бахтли бўлармидик, азизим,
Сен билан мен киммиз?

22.03.2016.

УЗУМ СУВИ

Узумнинг сувини қамасанг хум зиндонига
Шаробга айланар қонлари айниб
Ёввош узум суви.
Қанча узоқ ётса, шунча ўткир у.
Базму жамшидларнинг шоҳи бўлар сўнг.
Йиқитар бир ҳўплам тортиши билан
Хумлар соҳибини интиқомчи сув.
Зарурият унинг хумдан чиқмоғи.

25.03.2016.

***

Тушунмоқ – тушмоқнинг ўзлик шаклидир.
Ҳодиса тубига тушасан ўзинг, дегани.
Тушмасанг, муаллақ қолиб кетасан,
Тубнинг асроридан ғофил ва маҳрум –
Уммон тубининг ва осмон тубининг.
Дарвоқе, тушмоқ – бу тубнинг ҳосили.
Тушунмасанг, ёрдам беролмас ҳеч ким
Маҳшарга ўхшайди тушмоқ, тушунмоқ.
Ҳаммаси ўзингга боғлиқ,
Тушунмоқ. Бошқа йўл йўқ.
Тушун, азизим.

28.03.2016.

***

Айт, қачон келасан?
Тугаётир йўл –
Бошим, оёғимдан ўйнаб ўтган дор.
Ичдик. Қадаҳларни синдирдик гоҳи,
Биллур жарангини ичди қасослар.
Юрак саволлари ўсмадай хавфли
Тобора, тобора ёймоқда томир.
Бир кун қоплаб олар қитъамни буткул,
Бошланажак мутлоқ янги бир ҳаёт.
Юрак йўлларида кетмоқда кураш –
Қондир бу курашнинг мақсади-қасди.
Бошқа кенгликларга кўчмай тураман
Айт, қачон келасан?
Сенинг кўзларингда қолсин сўнг сўзим –
“Ягонадир” деган ям-яшил сўзни
Сўнг бор айтгунимча келасанми, айт?

31.03.2016.

МАРГАРИТА

Мен сизни танладим, қисмат гуллари –
Олтинранг, оловранг, офтобранг…
Биттаям ёлғон сўз айтмайди қисмат.
Серғалва Тверда май издиҳоми.
Соядай кезасан бесамар, бенаф.
Уйғониш асрида қолганман, балки,
Тўлин ой кечасин уйғотмак учун.
Энди учрашмакнинг иложи йўқми?
Балки, қисмат сени танлаган
Масиҳ сиймосида чормихламакка.
Мимоза имоси кечикдими, айт,
Энди учрашмакнинг иложи йўқми?
Бир-биримиз учун яратиб бизни
Балки, учраштирар.
Учраштирмас ё –
Барибир ёлғон сўз айтмайди қисмат.
Гул ушлаб турибман қўрқув рангида.
Номарғуб гулларни танладим, кечир.
Ишора гулларин муҳлик зовурга
Отмайман барибир.
Келмагунингча.
Муҳаббат қисматга кўнмайди. Ҳайҳот!
Балки, қисмат кўнар. Кутавераман.
Мўъжизалар камми оламда, ахир?

03.04.2016.

***

Бу гулларни нега келтирдинг менга
Марҳума гулларни?
Ахир, масиҳ эмас менинг гулдоним,
Аниқ биламан.
Оҳ!
Нечун?
Барибир
Сувга тўлдираман мўъжиза кутиб.
Баногоҳ синар у қўлимдан тушиб:
Қўлларинг тирналган, қонаган.
Мени деб қотиллик қилдингми?

05.04.2016.

САРБАСТ

Энди қофиялар айламас зуғум,
Очилган йўлларни четлаб ўтгайман.
Бандни вайрон этдим. Тошмоқда руҳим.
Токай бу зулмлар ичра яшайман?
Вазнсиз учаман. Чексиздир фазо.
Мажнун нафасимдан эрийди музлар.
Қолиб кетди занжир ушлаган дунё.
Теграмда юлдузлар. Фақат юлдузлар.
Чақинларни чизган булутлар қолди
Куйлаб гулдиракнинг вазнларида.
Қанча орзуларим хазондай ёнди
Тўртбурчак йилларнинг хазонларида.
Буюк интизомга мусаллам бир жон,
Дунё маромига сиғмаган мастман.
Лекин…
Хаёлингга бандиман ҳамон…
Қандай учаяпман?
Нечук сарбастман?

18.04.2016.

***

Яна апрель.
Яна ёмғирлар.
Яна гуллар бағри сувайдо.
Яна имлар жодугар қирлар.
Фақат менинг руҳимда видо.

Гулоб тўла қадаҳдай боғлар
Чайқалади яна оҳиста.
Силкинади қадимий тоғлар,
Фақат менинг куйим шикаста.

Бор борлиққа титроқлар инди,
Фақат менда махсус бир тамкин.
Туйғулардан қўрқаман энди,
Ҳаяжондан ўлишим мумкин.

Бунча мустар йиғлама, апрель,
Дилим мажруҳ – тиғлама, апрель.
Қизғалдоқлар очиб ёдимда,
Қўй, қонимни доғлама, апрель…

19.04.2016.

***

Дилфуза АШУРОВАга

Ҳурликларни соғинди кўнглим,
Чиқиб кетдим юлдузлар ботмай.
Далаларга ўзимни урдим.
Далаларда сархуш эди Май.

Камалакнинг парчаларидай
Капалаклар учди. Қувондим.
Элас-элас йиғлар эди най,
Нафас ютдим. Эсладим. Ёндим.

Гарчи дунё шеваси зўрлик.
Менинг ҳаққим – яйралиш, қувонч,
Кимдир ҳаққим топтаётгандек
Кетгим келар тағин саргардон.

Кетавердим.
Чопар далалар
Депсинмасдан уфққача то.
Очилару тўзғир лолалар,
Бир видозор ичраман гўё…

Чексиздайин бу тангу торлик.
Соғинганинг бошқадир балким,
Балки шундан ҳаттоки, кўнглим,
Ортиқчадай туюлар ҳурлик?

Бу ердан ҳам кетамиз, кўнглим…

26.04.2016.

ХАЙЁМ ЧОДИРИНДА065

1
Ҳушёрлик жандасин бир ечмоққа кел,
Ғафлат боғларини уз, учмоққа кел,
Кўҳна токка пайванд дил синиқлари,
Хайём чодиринда май ичмоққа кел.

2
Минг йиллик шаробдай қизарди шафақ,
Кўҳна хумларида тинитди осмон.
Хайём кўзасидан қуйгил шу нафас,
Бугун ўтди, эрта келмоғи гумон.

3
Олтин бўлмаса ҳам, қўлимда бир жом,
Баҳрубайт мисоли ўтар тонгу шом.
Ёр йўлга чиқар кун келдими яқин? –
Девонини очай – на дейди Хайём.

4
Хайём, қонимизни ичди-ку ҳижрон,
Қаранг, қултум-қултум майга айланди.
Оҳимиз эсди-ю қамишзор томон,
Учқунлари тушиб найга айланди.

5
Ёр кетди…
Муғанний, “Ушшоқ”ни чалсанг,
Бошимизда чеккил ишқнинг дорини,
Кўзимиз косаси, дил пардасидан
Ғижжак эт, киприкдан тортгил торини.

6
Узумзор боғларни оралаб офтоб
Масту махмур бўлиб думалаб кетди.
Хайёмдан ўқий деб очгандим китоб,
Сархуш кулди кимдир, шоҳкоса тутди.

7
Ўтган ғамларингни унут батамом,
Сотиб қолган умринг, рубоб ол бу шом,
Дунёни бир ютум майга алмаштир,
Нечукким, меҳмонинг бўлурмиш Хайём.

8
Қўлимни қўлингга қўйдим, кетайлик,
Оқиллар шаҳридан, тўйдим, кетайлик.
Тушимда Хайёмни кўрдим паришон,
Қадаҳдош йўқ – шунга йўйдим, кетайлик.

9
Ҳар оқшом тузайлик ҳаёт базмини,
Қолгани – муваққат, бир-бир йўқолмиш.
Қарагил! Биз учун кўк сайхонида
Хайём гулханининг чўғлари қолмиш.

10
Келдингми? Борлиқ жим. Сеҳрланди. Жим.
Шунча мукаррамми диллар воласи?
Гўё нафас олсам, оқ шароб лим-лим
Чайқалиб тўкилар ой пиёласи.

11
Ошиқлар “ёр” дея наъра тортдилар,
Тош эди, ойни ҳам, воҳ, уйғотдилар.
Кўнглим навҳасини билмадинг дея
Танбурни синдириб ўтга отдилар.

12
Кўзларим кўзингдан ғазал ўқирди,
Осмон пиёласи тўлди, тўкилди.
Хайём девонини шамсия этгил,
Бузилмаса бўлди айшимиз, бўлди.

13
Узумзор боғларда кездим паришон,
Кўзалар қул-қули келди ногаҳон.
Сим-сиёҳ чарослар боқдилар сирли
Хайём маҳбубаси сингари фаттон.

14
Ўкинма боғингга кечикса баҳор,
Қасдингга қўзғалса жарда ётган тош.
Тунлари ҳаққингга қилурман дуо,
Сени деб тўкарман ҳалқа-ҳалқа ёш.

15
Оқиллар сафида йўқдир номимиз,
Сархуш эдик, қўлдан кетди жомимиз.
Май иси келмоқда… Хайём сополин
Синиғин топсайдик – шудир комимиз.

16
Йилларимиз куйдай бормоқда оқиб,
Юлдузлар учди гоҳ авжига чиқиб.
Гоҳ шунча маҳзунки, чўкди нафаслар…
Воҳ! Эллик рубоий қўйдимми ўқиб?

17
Хайём, айтмайсизми Сўзингиз сирин,
Жон олиб-бергувчи мусаҳҳар айтим.
Форсийчада айтсам, ёрилди тилим,
Туркийда ўқисам, жон келди қайтиб.

18
Тонглар отаётир – бизга нима ғам?
Қуёш ботаётир – ғамми ўша ҳам?
Хоҳласак – ичамиз, хоҳламасак – йўқ,
Ўзгаси дам эмас, дам фақат шу дам.

19
Чашманинг бошига келдинг тонг-саҳар,
Худ-бехуд айланиб-айланиб агар,
Билди-ю, узатди замин комидан
Хайёмдан сабуҳий туҳфа бу, сипқар.

20
Гоҳ самовий ҳислар оқини бўлдик,
Водариғ! Гоҳ исён чоқини бўлдик.
Учдик – ерга тушдик, куйдик – кул бўлдик,
Хайём майхонасин сокини бўлдик.

21
Кун ботди. Келмадинг. Руҳимда талош.
Тонг отди. Келмадинг. Тугади бардош.
Сўзона бағримдан отилди бир оҳ.
Оҳимданми куйди, сарғайди қуёш?

22
Майли, сен – буғдойсан, мен-чи – сомонман,
Эй рақиб! Яхшисан, майли, ёмонман.
Фақат ҳолимга қўй, Хайёмни ўқий,
Ҳушёрсан, оқилсан; мастман, нодонман.

23
Оталар пуштидан бунёд бўлдик биз,
Фарзанд бор – мангулик авлод бўлдик биз.
Саодатли дамда бирга бўлсангиз,
Дўстим, дунёда энг дилшод бўлдик биз.

24
Муҳаббат нимадир? Чиндан эски гап,
Ер эсанг, ой каби бир йўлдошингдир.
Сочинг оқарса-да, йиллар оралаб
Киприкда тўкилмай турган ёшингдир.

25
Асримни қақашатди савдолар, шоир,
Ҳаддим чексиз деган даъволар, шоир.
Минг йиллар нарида қолдими, ҳайҳот!
Сўз билан ўзгарган дунёлар, шоир?

26
Хайём, иккимиз-да бағри сувайдо,
Бир сирки, ўзингиз айланг ҳувайдо:
Ишқсизлар неларга дўнарлар охир,
Ошиқ сўнгагидан олтинми пайдо?

27
Келдингми? Боиси иқрор топмадим,
Бундайин ечилмас асрор топмадим.
Хайём ўқир эдим, қушдайин учди,
Ерга тушди – бўлак изҳор топмадим.

28
Кетдинг. Яшамоққа қурбат топмадим,
Ҳижронингдан ўзга ҳижрат топмадим.
Дунё шоирларин ўқидим йиғлаб,
Кулдим – ишқдан бўлак ҳикмат топмадим.

29
Кетдим. Оҳларимни танбурдан изланг,
Қон ютиб, етганим ҳузурдан изланг:
Хайём чодиринда шеър базми аро
Май ташувчи менман – шу ердан изланг.

30
Аввал сафаримиз кўкдан ергача,
Сўнграси тупроқдан кўкка, нургача.
Хайём, сафардошим бўлсангиз қани!
Пиёда борардим Нишопургача.

31
Жон чексам, сўнг нафас лабга май сепинг,
Ўлсам, кафанликка ток баргин топинг.
Хайём шеърларини пичирлаб кафтга
Видолар айтингу, кўзимни ёпинг.

32
Эй ёр! Ғарибингман, майли, унутгил,
Ҳаёт карвонида фақат шод кетгил.
Хайёмни ўқисанг субҳи саҳарлар
Хайём муҳибин ҳам бир дуо этгил.

33
Осмон – томимиздир, Ер – айвонимиз,
Юлдузлар – қушларга отган донимиз.
Шунча азиз этдинг, алҳамдулиллаҳ!
Бандам десанг у кун – шу давронимиз.

091 Taniqli shoira va adabiyotshunos olima Nodira Afoqovaning yangi she’rlarini taqdim etish bilan barobar saytimizda e’lon qilingan atoqli rus adibi Leonid Andreevning «Yahudo Iskariot» qissasining go’zal tarjimasi uchun alohida minnatdorchilik bildiraman. Ishonchim komilki, Nodira kelgusida ham aynan shunday betakror asarlar tarjimalari bilan bizni mamnun etadi. Sizga taqdim etilayotgan yangi she’rlar qatorida shoiraning yana bir hayajonli va mumtoz nafaslarga ulangan «Xayyom chodirinda» sarlavhali ruboiylar turkumi alohida diqqatga sazovordir.

Nodira AFOQOVA
YANGI SHE’RLAR
077

***

Xat yo’q.
Oh bor.
Izg’irin esar.
Xabar yo’qdir. Toqat betoqat.
Tomirimda do’zaxmi suzar,
Nechun bevaqt aylanar soat?

Oy pajmurda muhrga o’xshar,
Ko’k konvertda ne xabar bordir?
Qonim yonar,
Iligim qaqshar,
Tasalli yo’q,
Bordir xavotir.

Bildirib qo’y. Salomatman de,
Sendan dunyo so’ramas ayol.
Chidaysanmi varaqlab xatim
Yig’lab o’tsa ko’changdan shamol?

10.1.2016.

***

Sen mening ichimdursan! Sen mening ichimdursan!
Borliqda – borligimsan, yo’qlikka – o’chimdursan.

Sog’midim – xasta etding, bahorga basta etding,
Guldan kuch olur, yorab, jununim – kuchimdirsan.

Majruhki hakim istar, har dardiga em istar,
Dardlarga solib o’zing, dardlarga hujumdirsan.

O’sguvchi daraxt dunyo, ichdan iborat dunyo,
Mushkul riyozat dunyo – sen unga yechimdursan.

Bu dardni yutib bo’lmas, bosh olib ketib bo’lmas,
Tashqarisiz dunyoning ichinda ichimdursan.

15.01.2016.

AYOLDAN MAKTUB
Benazir Sergey YESENINga nazira

Majnun emasdingiz,
Men esam Layli.
Lekin dunyo bizni
Afsona etdi.
Muhabbatga to’la
Qalblar tufayli
Kimlar ko’ksimizdan
Ot solib o’tdi.

Kim edik? Shunchaki
“Haq” degan kuychi,
Bitta gul o’stirdik
Tonglardan harir.
Dunyo go’zal bo’lsin
Devdik shunchaki,
Oxir hasad quvdi,
Yiqitdi oxir.

Omad yulduzi – bu
Pirpirar ko’kda,
Bir bir o’char, bir yonar…
Qismat qadar sir.
Bir yonib, bir o’chib,
Yonmayin qayta
Do’stlar ham yo’qlamay
Qo’ydilar bir-bir.

Men bir chechak edim,
Siz uchun yolg’iz
Iforlar taratgan,
Sizga egilgan.
Azizim, azizim,
Asrolmadingiz
Bu gulni dunyoning
Yomonlaridan.

Men neki yo’qotdim,
Mayliga devdim,
Haqqimiz yo’q, balki,
“Nechun?” demoqqa.
Topganlarim jon deb
Alishar edim
Tunda bolishingiz
To’g’rilamoqqa.

Odamdan qolgan bu
Vayrona kulba –
Zamin og’ar ekan
Qiyomat tomon,
Dunyoni tuzatmoq –
So’qir falsafa,
Kimni mayib etgan,
Kimlarni qurbon.

“Men Sizni yo’qotdim
Shu yo’llar aro…” –
Shu so’zning chaqmog’i
Urdi daf’atan.
Toshdek tuzugingda
Bormidir, dunyo,
Tirilmoq – chaqinlar
Ursa – qaytadan?

Men boychechak edim,
Siz uchun yolg’iz
Qorlar zulmatidan
Nurga intilgan.
Azizim, azizim,
Asrolmadingiz
Bu gulni dunyoning
Ayozlaridan.

Azizim, azizim!
Bir-birni kutib,
Tinglab bir-birining
O’t nafasini,
Yashasa bo’lmasmi
Bir chetga otib
Bayroqlar, shiorlar
Vasvasasini?

Firqalar, g’oyalar,
Siyosat asri,
Odam ovi asri,
Qiyomat asri,
Go’dakka ko’ksidan
Tonglar ichirgan
Ayolga, hayotga
Xiyonat asri.

“Men Sizni yo’qotdim!”
Hayot nutfasi
Uchgan yulduzdayin
Topib zavollar,
Hamon chayqalarkan
Zamin kemasi,
Bu so’zni aytmoqda
Qancha ayollar.

Dunyoning erlari!
Oh! Uydan qachon
Otni egarlamoq
Qasdida emas,
Chiqarsiz ayolga
Oq yo noparmon
Chechaklar tergali
Entikib besas?

Izzati nafsingiz
Qondirmoq uchun
Tuzatmoq g’oyasin
Yalovday ushlab,
Siz qachon ketmaysiz
Shum yolg’izlikning
Shumshuk yotog’iga
Ayolni tashlab?

Fursati kelarmi
Mung bilan boqib
Qontalosh ufqning
Siynalariga,
Yo’l qaramas ayol
Yuzlarin bosib
Derazaning muzdek
Oynalariga?

Bilmassiz ayolni –
Osmon qadar sir,
Muhabbat kitobin
Keltirgan nabi.
Dunyoni tuzatib
Topmaydi huzur
Tunda bolishingiz
Tuzatgan kabi…

***

Salomingiz keldi – safolar keldi,
Duolar qilibsiz — gulladi yurak.
Iso nafasiday havolar keldi,
Ey do’st, bizga yangi hayot muborak.

Bir sharob ichdimu…
YO falak!
Kimman?
Yulduzlar kuydirdi oyoqlarimni.
Ey do’st!
Muborak deng!
Endi o’zimman!
Olovga irg’itdim bayroqlarimni.

Endi izlamasman na haq-adolat,
«Nechun?» deb o’zimga etmasman zulm.
Bu manzilga yetdim qalb bilan faqat:
Faqat muhaqqaqdir Haet va O’lim.

Na-da rutbalar bor – bilmas ahli nafs,
Mukofot emas ul va na-da jazo:
Muhakqqaq, ahli dil to so’nggi nafas
Muhabbat jomidan ichurlar azob.

Ey do’st!
Ayting, meni izlamasinlar,
Ketdim.
U yo’llarda endi yurmayman.
Imkonida bog’lar shovullab qolgan
Zaminga urilib qaytgan nurdayman.

Darchangiz sharaqlab ochilsa tunlar,
Qo’rqmang. Oydan so’rang. Bilsa ul zora —
Men endi shamolman – uysiz qalandar,
Yo’qlik muborakdir, borlik muborak…

Ey do’st!
Ikkimizga zorlik muborak!

***

Oy nurida yonar dalalar,
Yerga tutash osmon qirg’og’i.,
Jimlik aro afsona aytar
Teraklarning hazin titrog’i.

Dalaga chiq, gulxanlarda yon,
Qo’rqma, men ham shu yo’ldan ketdim.
Oyishangman, guvoh yer-osmon –
Teraklarga suyanib o’tdim…

15.01.2016.

***

Men ketsam bir kuni yig’lamang,
Yulduzlar yurtida uyim bor.
Bahordan qishgacha jaranglab
To’kilib turguvchi kuyim bor.

Osmonning eng vahim qa’rida
Bardoshim chaqinga aylanur.
Men suygan shamollar amri-la
Gulbog’lar oqinga aylanur.

Ko’nglim-ay, sen qolib ketarsan
Ismsiz gullarning rangida;
Bir ma’yus qo’shiqlar aytarsan
Shafqatsiz kuzlarning tongida.

Javzoning eng uzun kunlari
Shiddatim sur’atin aytadir.
Yaldoning eng uzun tunlarin
Sirlari men chalgan naydadir.

Shunchalar qudratu mahobat,
Sir bilan yaralgan bu olam
Charxida aylanar toabad
Maknuna bir ruh ham yo’qolmay,
Men ketsam bir kuni yig’lamang…

BEMORLIK

O’lim, buncha tez kelma, o’lim,
Hali mening ko’zlarimga boq:
Hali uning qorachug’ida
Qancha hayot, umid, ishtiyoq.

Tashqarida gul to’kar bodom,
Tashqarida gullar jiydalar,
Ulkanlashar, tiniqar osmon,
Havolarda shiddat aylanar.

Bu shiddatga tan bermay bo’lmas,
Bu shiddatning qo’llari qonliq,
Olarsanu gulday bir nafas,
Chiqarganing – yo’qliq, xazonliq.

O, insonga bunchalar tahqir,
Falaklarda yo’qday adolat;
Oqu qizil, yashilu sariq
Chopar, kutmas, aylanar faqat.

Shu to’rt rangning aylanmasida
Nahot bir kun tinar ovozim?
“Sharobingdan ichmayman, o’lim,
Hech bo’lmasa hozircha, hozir…”

Shamollarning raqsi mangu, sho’x,
Cho’qqilarda abadiydir qor,
Yulduzlarning yurtida Vaqt yo’q…
Nahot, odam baridan nochor?

Yo’q-yo’q, bog’da gullab jiydalar
Va bodomlar to’karkan gulin
Ko’zlarimga boqsa qattiqroq
Chekingaydir har qanday o’lim.

Ko’kragimda bir saltanat bor
Chasirlagan beomon cho’g’dir.
Jazbasiyu rutbasi, tarhi
O’n sakkiz ming olamda yo’qdir.

Tegramda tosh qotgan mangulik,
O’lim hatto chiqarmas sasin.
To’shagimda sezib yotaman
To’kilyotgan
gulning
nafasin…

SHOIR
Xurshid DAVRONga

Qip-qizil quyoshday
Qonagan yurak
Bo’g’ziga tiqilar, chiqar otilib,
Tongday otar shoir xo’rlik tunida,
Jigar rang qonlardan oq nurlar eshib.
Yog’dudan yaralgandir asl shoirlar.

Shamolday esar u
Bo’g’ilgan jonlar
Qaqshasa bir yutum havoga zor-zor.
Bir yutum nafasday,
Bir toza nafas.
Ko’z yoshlarni artar,
Supurar sho’rin,
Havodan yaralgan asl shoirlar.

Noxush bir bashorat,
Qo’rqinch, alag’da
Tushlarni aytarlar titrab jonlari,
Pichirlab aytarlar.
Yolvorib, umidvor.
Uzoq-uzoqlarga olib ketar u,
Beminnat daryoday.
Kuyuk daryoday.
Kuyga aylantirar,
Gulga aylantirar,
Durga aylantirar tushlaringizni.
Suvdan yaralgandir asl shoirlar.

Bog’lar ulg’ayajak quchoqlarida,
Tog’lar ulg’ayajak quchoqlarida,
Ma’danlar yetilar qavatma-qavat.
Har bir zarrasida hayot va qudrat,
Zaminday to’shalar,
Tuproqdan yaralgan asl shoirlar.
Tangrining elchisi,
Odamning asl farzandi –
Shoirlar.

20.01.2016.

***

Bo’lganmiding mening umrimda,
Urganmiding qonimda tug’yon?
Guldiraklar tinmagan tunda
Ketganmidim shalabbo, giryon?

Olam-jahon gullarni bir chog’
To’kkanmiding poyimga manim?
To’kkanmidim so’ng ummoncha yosh,
Ko’nglim bo’lib o’zimga g’anim?

Yozganmiding jununvash xatlar,
Yozganmidim qushlarday qanot?
Tushganmidim qushlarday qulab
Bir kun osmon tor kelib, hayhot?

Tun parishon… Oy nurga chaygan
Bulutlarning kungurasini.
Yo’qotdimmi haqiqat bilan
Taxayyulning chegarasini:
Bo’lganmiding mening umrimda?..

21.01.2016.

FEVRAL`

Tizginlab olsang-chi otlaringni, yil!
Fevral` lablarimdan sirg’alib chiqmay
Bodomzor bog’larda maxfiy tadorik,
Ko’llar qudug’idan chiqib kelar nay.

Gul isi kelodir tonggi tushlardan…
Fol ochar oynasi siniq jodugar:
“Ayolning tushlari xavfdan nishona –
O’ttizga kirmasdan yiqilar Fevral`,
Qulaydir Dekabr` qurib ketgan taxt,
Shoxlarning yuragi yorilar noxos,
Istilo chodirin yig’ishtirmas Vaqt…”
Baqamti turibdir tavallud, o’lim…
Martning gullariga chiqaver peshvoz
Ey, vidolar uchun tug’ilgan dilim…

***

Tunning kemasida mag’lub jangchiman,
Sirlar haybatidan aylanmas tilim.
Yuksak-yuksaklarda siyoh rangida
Ulkan namozshomgul yotar ochilib.
Badbo’y muhitlarning tinar shovqini,
Oyning nolasidan sirqiraydir dil,
Ko’zimda yulduzlar raqsidan uchqun –
Kunduz qayg’ulari, chekining endi,
Bu tunlar falakdan quyilmish, axir,
Xayol va qalb uchun, muhabbat uchun!
Kapalak umricha, balki, bu hurlik,
Ming yillik hasrat-da kelar izma-iz,
Kunduzlar g’ajiydir…
mayliga…
har kech
Tangrim, qudratingga qoldir yuzma-yuz!

***

Bor ovozim bilan baqirgim kelar –
Tepamda dengizday chayqalsa osmon.
Bulutlar urilsa bir-birlariga,
Qasirg’alar har yon uchsa beomon.

Ummonlar to’lqini qirg’oqni buzib
Sapchisa eng baland tog’larga dovur.
Quyosh tegrasida zanjirni uzib
Behudud fazoda uchib ketsa Yer.

Zamindan uzilsa milyard chechaklar,
Somon yo’llariga qonday to’shalsa.
Ovozim, ovozim… uzilgan bargday
Oyning chakkasiga ilinib qolsa.

Ichimda to’planib yotar bir nima,
Ovozimga joylab otsam beomon.
Qanday deb so’rama, kim deb so’rama,
Toshib ketar dengiz misoli osmon.

HALI FEVRAL`

Ozodlikka chiqsa boychechak,
Ozodlikka chiqsa maysalar,
Subhi sodiq chog’i quvg’indan
Saf-saf bo’lib qushlar qaytsalar.

Nafasingni yutsang,
Olisdan
Eshitilsa suvlar ovozi,
Gul bargiga o’xshasa tuman –
Bulutlarning harir xulyosi.

Novdalardan tushsa kishanlar,
Potrab chiqsa gullar – mujannin.
Potrab chiqsa och rang, to’q ranglar,
Inqilobga yuz bursa zamin.

Qo’pib kelsa mag’oralardan
Uch yuz yillik mubayyin shamol.
Chaqinlardan yorishsa olam…
Hali fevral`.
Bu – hali xayol…

Kel, ozodlik – uyg’on, boychechak!
Mayli, badal to’larman, inon:
Bu rahmatdan yorilsin yurak,
Tomirimdan sachrab chiqsin qon.

***

Shovqinlari tindi dunyoning,
Chiqayotgan Oy yutdi uni.
Men bilaman, Sening osmoning
Hali ushlab turibdi kunni.

Mudrayotgan qushchalar tuyg’un,
Yaproqlarin shitirlatmas shox.
Bulutmas u – shamol olar tin
Buzmayin deb jimlikni nogoh.

Sen tarafda shovqin va hayot
Ko’chalarda oqmoqda to’lib.
Xiyobonlar visol birla shod,
Tor yo’laklar borar shoshilib.

Men taraf jim…
Ko’ksimda biroq
Eshitmaysan, chaqmoqlar chaqar;
Sen tarafda shovqin va hayot,
Oramizda qancha mintaqa…

02.02.2016.

***

Qo’ng’iroqlar chalinar tunda…
Ko’r zulmatga boshimni urib
Qo’rquvgami o’xshash tuyg’udan
Derazaga bordim yugurib.

Osmon o’sha – hasratga solar –
Shig’il-shig’il gullagan akas.
Oy noparmon tusda tovlanar,
Qorlar uzra binafsharang aks.

Yodim aro uyg’onar bir nom,
Kurtak tugar bo’g’zimda yig’i.
O, qaylardan kelar bu isyon –
Qisir-qisir muzlar sinig’i?

Qo’ng’iroqlar solar jarangos –
Kim tug’ildi? Uchdi bir yulduz…
Binafshalar yo’lga tushgan yo?
Barmoqlarim uchi nega muz?

Mahbusgami o’xshaydi yurak –
Panjaraga o’xshar qovurg’a –
Uyg’onishdan qo’rquvga tushar,
Tug’ilishdan tushar qo’rquvga?..

11.02.2016.

***

Ketding. Kelgan furqatdadurman.
Musbatmiding? Musbatdadurman.

Kelar-ketar… Kuzdir to’rt faslim,
Shul navbatma-navbatdadurman.

Ishq – Vatandan ko’chib ketgan Sen,
Ne uchun men g’urbatdadurman?

Kim tushungay hijrat dardini?
Qushlar bilan suhbatdadurman.

Qushday ketsang, quyoshday ketsang…
O! Kimmanu, men – shartdadurman?

Quyosh bo’lsang, sen birla anvar
Oyman – shunday nisbatdadurman.

Osmon bo’lay qush esang… Yorab!
Junundami, qudratdadurman?

Bir tong qaytsang qushday, quyoshday…
Toparsanmi, uzlatdadurman…

15.02.2016.

***

Bu gavjumda, bozor dunyoda
Sizni qanday topdim, bilmayman.
Shundan beri oq-oydin shomda
Oyning chiltorini chalgayman.

Kezar edim kuz bog’larinda,
Har bitta barg – yo’qlikdan chopar.
Dedingizki, qaroqlaringda
Nastarinlar ochilib yotar.

Tirnar edi bo’g’zimni dam-dam
Ovozimning singan qilichi.
Dedingizki, bazmdir kuz ham,
Barglar – noxin, bog’lar – cholg’uchi.

Dedingizki, asotirlardan
Tushib qolgan tushga o’xshaysan.
Qanotingda chopqilar izi,
Afsonaviy qushga o’xshaysan.

Birdan oyning yuziga boqib
Dedingizki, qayg’urma, kuyma…
Tepamizda yulduzlar yoqib
Suzar edi muazzam kema.

So’ng ketdingiz… O’shandan buyon
Ruhim aro uyg’otar larza
Bulutlarday uchrashib, shul on
Yetti osmon yorishgan lahza.

Tasodifmi topganim Sizni,
Bu gavjumda ro’y berdi tilsim:
Qanday tortdi nigohingizni
Mening siyoh chaplangan ismim?

16.02.2016.

BAHOR YAQIN

Qorlar yog’ib o’tdilar endi,
O’tdi sira tugamas tunlar.
To’ldiradir tushlar osmonin
Kuzda uchib ketgan shovqinlar.

Ufqlarda zangordir havo,
Daraxtlar ham parvozgami shay.
Uxlolmayman, saharlab go’yo
Olis yo’lga chiqadiganday.

***

Mendan boshqa kiming bor edi,
Sen deb jimjit yutgan malomat,
Sen deb qaytgan yo’lidan…
Qanday
Ket, demoqqa topding adolat.

Seni kutdim.
Qon tufladi Sharq,
Milyon marta mag’rib qizardi.
Ketmoqlikka topmadim bir shaxd,
Sendan boshqa kimim bor edi?

11.03.2016.

BU DUNYODA…

Bu dunyoda baxtli bo’lib bo’lmaydi…
Mal’unlar Isoni sotgan dunyoda,
Falajlar Xallojni osgan dunyoda,
Vaqt yo’llarida izg’ib teskari
Har sahar osmon qon qusgan dunyoda.
Shoir terisidan tortilgan tarang
Gumburlaydi shavkat nog’oralari.
Xonlar zo’ri shunga yetibdi, qarang! –
Murg’ak dilni itga otgan dunyoda.
Mahramlar kuchala solib yemakka
Mayit boshida soch yulgan dunyoda.
Ummonlari sho’rga to’lgan dunyoda.
Daryosida qonlar oqqan dunyoda,
Falakka urilib, yog’ib qorsumol
Cho’qqisida ohlar qotgan dunyoda.
Bo’sa bilan sotib rasullarini,
Risolatni o’tga otgan dunyoda.
Hidoyat mujdasin da’volar bilan,
Mazhab chopqisida chopgan dunyoda…
Sen bilan men kimmiz? G’arib oshiqlar
Muhabbatdan bino bo’lgan dunyoda.
Oshiqlar yuragin lahimday tilib,
Tuz joylab, muzaffar bo’lgan dunyoda
Baxtli bo’larmidik, azizim,
Sen bilan men kimmiz?

22.03.2016.

UZUM SUVI

Uzumning suvini qamasang xum zindoniga
Sharobga aylanar qonlari aynib
Yovvosh uzum suvi.
Qancha uzoq yotsa, shuncha o’tkir u.
Bazmu jamshidlarning shohi bo’lar so’ng.
Yiqitar bir ho’plam tortishi bilan
Xumlar sohibini intiqomchi suv.
Zaruriyat uning xumdan chiqmog’i.

25.03.2016.

***

Tushunmoq – tushmoqning o’zlik shaklidir.
Hodisa tubiga tushasan o’zing, degani.
Tushmasang, muallaq qolib ketasan,
Tubning asroridan g’ofil va mahrum –
Ummon tubining va osmon tubining.
Darvoqe, tushmoq – bu tubning hosili.
Tushunmasang, yordam berolmas hech kim
Mahsharga o’xshaydi tushmoq, tushunmoq.
Hammasi o’zingga bog’liq,
Tushunmoq. Boshqa yo’l yo’q.
Tushun, azizim.

28.03.2016.

***

Ayt, qachon kelasan?
Tugayotir yo’l –
Boshim, oyog’imdan o’ynab o’tgan dor.
Ichdik. Qadahlarni sindirdik gohi,
Billur jarangini ichdi qasoslar.
Yurak savollari o’smaday xavfli
Tobora, tobora yoymoqda tomir.
Bir kun qoplab olar qit’amni butkul,
Boshlanajak mutloq yangi bir hayot.
Yurak yo’llarida ketmoqda kurash –
Qondir bu kurashning maqsadi-qasdi.
Boshqa kengliklarga ko’chmay turaman
Ayt, qachon kelasan?
Sening ko’zlaringda qolsin so’ng so’zim –
“Yagonadir” degan yam-yashil so’zni
So’ng bor aytgunimcha kelasanmi, ayt?

31.03.2016.

MARGARITA

Men sizni tanladim, qismat gullari –
Oltinrang, olovrang, oftobrang…
Bittayam yolg’on so’z aytmaydi qismat.
Serg’alva Tverda may izdihomi.
Soyaday kezasan besamar, benaf.
Uyg’onish asrida qolganman, balki,
To’lin oy kechasin uyg’otmak uchun.
Endi uchrashmakning iloji yo’qmi?
Balki, qismat seni tanlagan
Masih siymosida chormixlamakka.
Mimoza imosi kechikdimi, ayt,
Endi uchrashmakning iloji yo’qmi?
Bir-birimiz uchun yaratib bizni
Balki, uchrashtirar.
Uchrashtirmas yo –
Baribir yolg’on so’z aytmaydi qismat.
Gul ushlab turibman qo’rquv rangida.
Nomarg’ub gullarni tanladim, kechir.
Ishora gullarin muhlik zovurga
Otmayman baribir.
Kelmaguningcha.
Muhabbat qismatga ko’nmaydi. Hayhot!
Balki, qismat ko’nar. Kutaveraman.
Mo»jizalar kammi olamda, axir?

03.04.2016.

***

Bu gullarni nega keltirding menga
Marhuma gullarni?
Axir, masih emas mening guldonim,
Aniq bilaman.
Oh!
Nechun?
Baribir
Suvga to’ldiraman mo»jiza kutib.
Banogoh sinar u qo’limdan tushib:
Qo’llaring tirnalgan, qonagan.
Meni deb qotillik qildingmi?

05.04.2016.

SARBAST

Endi qofiyalar aylamas zug’um,
Ochilgan yo’llarni chetlab o’tgayman.
Bandni vayron etdim. Toshmoqda ruhim.
Tokay bu zulmlar ichra yashayman?
Vaznsiz uchaman. Cheksizdir fazo.
Majnun nafasimdan eriydi muzlar.
Qolib ketdi zanjir ushlagan dunyo.
Tegramda yulduzlar. Faqat yulduzlar.
Chaqinlarni chizgan bulutlar qoldi
Kuylab guldirakning vaznlarida.
Qancha orzularim xazonday yondi
To’rtburchak yillarning xazonlarida.
Buyuk intizomga musallam bir jon,
Dunyo maromiga sig’magan mastman.
Lekin…
Xayolingga bandiman hamon…
Qanday uchayapman?
Nechuk sarbastman?

18.04.2016.

***

Yana aprel`.
Yana yomg’irlar.
Yana gullar bag’ri suvaydo.
Yana imlar jodugar qirlar.
Faqat mening ruhimda vido.

Gulob to’la qadahday bog’lar
Chayqaladi yana ohista.
Silkinadi qadimiy tog’lar,
Faqat mening kuyim shikasta.

Bor borliqqa titroqlar indi,
Faqat menda maxsus bir tamkin.
Tuyg’ulardan qo’rqaman endi,
Hayajondan o’lishim mumkin.

Buncha mustar yig’lama, aprel`,
Dilim majruh – tig’lama, aprel`.
Qizg’aldoqlar ochib yodimda,
Qo’y, qonimni dog’lama, aprel`…

19.04.2016.

***

Dilfuza ASHUROVAga

Hurliklarni sog’indi ko’nglim,
Chiqib ketdim yulduzlar botmay.
Dalalarga o’zimni urdim.
Dalalarda sarxush edi May.

Kamalakning parchalariday
Kapalaklar uchdi. Quvondim.
Elas-elas yig’lar edi nay,
Nafas yutdim. Esladim. Yondim.

Garchi dunyo shevasi zo’rlik.
Mening haqqim – yayralish, quvonch,
Kimdir haqqim toptayotgandek
Ketgim kelar tag’in sargardon.

Ketaverdim.
Chopar dalalar
Depsinmasdan ufqqacha to.
Ochilaru to’zg’ir lolalar,
Bir vidozor ichraman go’yo…

Cheksizdayin bu tangu torlik.
Sog’inganing boshqadir balkim,
Balki shundan hattoki, ko’nglim,
Ortiqchaday tuyular hurlik?

Bu yerdan ham ketamiz, ko’nglim…

26.04.2016.

XAYYOM CHODIRINDA065

1
Hushyorlik jandasin bir yechmoqqa kel,
G’aflat bog’larini uz, uchmoqqa kel,
Ko’hna tokka payvand dil siniqlari,
Xayyom chodirinda may ichmoqqa kel.

2
Ming yillik sharobday qizardi shafaq,
Ko’hna xumlarida tinitdi osmon.
Xayyom ko’zasidan quygil shu nafas,
Bugun o’tdi, erta kelmog’i gumon.

3
Oltin bo’lmasa ham, qo’limda bir jom,
Bahrubayt misoli o’tar tongu shom.
Yor yo’lga chiqar kun keldimi yaqin? –
Devonini ochay – na deydi Xayyom.

4
Xayyom, qonimizni ichdi-ku hijron,
Qarang, qultum-qultum mayga aylandi.
Ohimiz esdi-yu qamishzor tomon,
Uchqunlari tushib nayga aylandi.

5
Yor ketdi…
Mug’anniy, “Ushshoq”ni chalsang,
Boshimizda chekkil ishqning dorini,
Ko’zimiz kosasi, dil pardasidan
G’ijjak et, kiprikdan tortgil torini.

6
Uzumzor bog’larni oralab oftob
Mastu maxmur bo’lib dumalab ketdi.
Xayyomdan o’qiy deb ochgandim kitob,
Sarxush kuldi kimdir, shohkosa tutdi.

7
O’tgan g’amlaringni unut batamom,
Sotib qolgan umring, rubob ol bu shom,
Dunyoni bir yutum mayga almashtir,
Nechukkim, mehmoning bo’lurmish Xayyom.

8
Qo’limni qo’lingga qo’ydim, ketaylik,
Oqillar shahridan, to’ydim, ketaylik.
Tushimda Xayyomni ko’rdim parishon,
Qadahdosh yo’q – shunga yo’ydim, ketaylik.

9
Har oqshom tuzaylik hayot bazmini,
Qolgani – muvaqqat, bir-bir yo’qolmish.
Qaragil! Biz uchun ko’k sayxonida
Xayyom gulxanining cho’g’lari qolmish.

10
Keldingmi? Borliq jim. Sehrlandi. Jim.
Shuncha mukarrammi dillar volasi?
Go’yo nafas olsam, oq sharob lim-lim
Chayqalib to’kilar oy piyolasi.

11
Oshiqlar “yor” deya na’ra tortdilar,
Tosh edi, oyni ham, voh, uyg’otdilar.
Ko’nglim navhasini bilmading deya
Tanburni sindirib o’tga otdilar.

12
Ko’zlarim ko’zingdan g’azal o’qirdi,
Osmon piyolasi to’ldi, to’kildi.
Xayyom devonini shamsiya etgil,
Buzilmasa bo’ldi ayshimiz, bo’ldi.

13
Uzumzor bog’larda kezdim parishon,
Ko’zalar qul-quli keldi nogahon.
Sim-siyoh charoslar boqdilar sirli
Xayyom mahbubasi singari fatton.

14
O’kinma bog’ingga kechiksa bahor,
Qasdingga qo’zg’alsa jarda yotgan tosh.
Tunlari haqqingga qilurman duo,
Seni deb to’karman halqa-halqa yosh.

15
Oqillar safida yo’qdir nomimiz,
Sarxush edik, qo’ldan ketdi jomimiz.
May isi kelmoqda… Xayyom sopolin
Sinig’in topsaydik – shudir komimiz.

16
Yillarimiz kuyday bormoqda oqib,
Yulduzlar uchdi goh avjiga chiqib.
Goh shuncha mahzunki, cho’kdi nafaslar…
Voh! Ellik ruboiy qo’ydimmi o’qib?

17
Xayyom, aytmaysizmi So’zingiz sirin,
Jon olib-berguvchi musahhar aytim.
Forsiychada aytsam, yorildi tilim,
Turkiyda o’qisam, jon keldi qaytib.

18
Tonglar otayotir – bizga nima g’am?
Quyosh botayotir – g’ammi o’sha ham?
Xohlasak – ichamiz, xohlamasak – yo’q,
O’zgasi dam emas, dam faqat shu dam.

19
Chashmaning boshiga kelding tong-sahar,
Xud-bexud aylanib-aylanib agar,
Bildi-yu, uzatdi zamin komidan
Xayyomdan sabuhiy tuhfa bu, sipqar.

20
Goh samoviy hislar oqini bo’ldik,
Vodarig’! Goh isyon choqini bo’ldik.
Uchdik – yerga tushdik, kuydik – kul bo’ldik,
Xayyom mayxonasin sokini bo’ldik.

21
Kun botdi. Kelmading. Ruhimda talosh.
Tong otdi. Kelmading. Tugadi bardosh.
So’zona bag’rimdan otildi bir oh.
Ohimdanmi kuydi, sarg’aydi quyosh?

22
Mayli, sen – bug’doysan, men-chi – somonman,
Ey raqib! Yaxshisan, mayli, yomonman.
Faqat holimga qo’y, Xayyomni o’qiy,
Hushyorsan, oqilsan; mastman, nodonman.

23
Otalar pushtidan bunyod bo’ldik biz,
Farzand bor – mangulik avlod bo’ldik biz.
Saodatli damda birga bo’lsangiz,
Do’stim, dunyoda eng dilshod bo’ldik biz.

24
Muhabbat nimadir? Chindan eski gap,
Yer esang, oy kabi bir yo’ldoshingdir.
Soching oqarsa-da, yillar oralab
Kiprikda to’kilmay turgan yoshingdir.

25
Asrimni qaqashatdi savdolar, shoir,
Haddim cheksiz degan da’volar, shoir.
Ming yillar narida qoldimi, hayhot!
So’z bilan o’zgargan dunyolar, shoir?

26
Xayyom, ikkimiz-da bag’ri suvaydo,
Bir sirki, o’zingiz aylang huvaydo:
Ishqsizlar nelarga do’narlar oxir,
Oshiq so’ngagidan oltinmi paydo?

27
Keldingmi? Boisi iqror topmadim,
Bundayin yechilmas asror topmadim.
Xayyom o’qir edim, qushdayin uchdi,
Yerga tushdi – bo’lak izhor topmadim.

28
Ketding. Yashamoqqa qurbat topmadim,
Hijroningdan o’zga hijrat topmadim.
Dunyo shoirlarin o’qidim yig’lab,
Kuldim – ishqdan bo’lak hikmat topmadim.

29
Ketdim. Ohlarimni tanburdan izlang,
Qon yutib, yetganim huzurdan izlang:
Xayyom chodirinda she’r bazmi aro
May tashuvchi menman – shu yerdan izlang.

30
Avval safarimiz ko’kdan yergacha,
So’ngrasi tuproqdan ko’kka, nurgacha.
Xayyom, safardoshim bo’lsangiz qani!
Piyoda borardim Nishopurgacha.

31
Jon cheksam, so’ng nafas labga may seping,
O’lsam, kafanlikka tok bargin toping.
Xayyom she’rlarini pichirlab kaftga
Vidolar aytingu, ko’zimni yoping.

32
Ey yor! G’aribingman, mayli, unutgil,
Hayot karvonida faqat shod ketgil.
Xayyomni o’qisang subhi saharlar
Xayyom muhibin ham bir duo etgil.

33
Osmon – tomimizdir, Yer – ayvonimiz,
Yulduzlar – qushlarga otgan donimiz.
Shuncha aziz etding, alhamdulillah!
Bandam desang u kun – shu davronimiz.

045

(Tashriflar: umumiy 642, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring