Qozoqboy Yo’ldosh. Uzun yo’l boshi yoki erkin so’z umri.

Ashampoo_Snap_2017.11.20_16h28m49s_002_.png 24 март — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев таваллуд топган кун

  Аслида у киши табиатан ёлғизликни севадиган, шунга интиладиган, одамлардан кўра ўт-ўлану парранда-даррандалар билан тузукроқ тиллаша оладиган одам. Чунки одамдан бошқа нарсаларда ғирромлик йўқ. Шукур ака узоқ вақт ёлғиз ишлайди. Ишлаётганда тўй-томоша, маишат, учрашув у ѐқда турсин, одам билан кўришмасам дейди. Кўришмайди ҳам. Мабодо, кўришиб қолганда ҳам танимайди ёки ўзини танимаганга олади. Чунки шу пайтда у ўзи яратган оламда, ўзи яратиб тасвирлаѐтган одамлар даврасида бўлади. Адибнинг хаёлоти яратган олам тўкис, ундаги одамлар покиза. Чиннидай нафис, гулдай нозик бу оламни ер бандасининг бир оғиз ножоиз гапи чилпарчин қилиши мумкин. Эвоҳки, Аллоҳ яратган бандалар адиб яратган бандаларга қараганда не қадар ғариб, не қадар майда! Шукур аканинг қаҳрамонлари қанчалар юксак ўйлайдилар, мардона сўйлайдилар, улкан ишлар қиладилар! Шундай оламу одамни атрофидаги майда кимсаларга қараб яратиб бўладими?

Қозоқбой Йўлдош
УЗУН ЙЎЛ БОШИ
ЁКИ ЭРКИН СЎЗ УМРИ

05

  Бадиий китобга қизиқиб, муаллифларни бир-биридан фарқлай бошлаганимдан буён Шукур Холмирзаев номини эшитиб, унинг асарларини ўқиб келаётган бўлсам ҳам, ўзини илк бор ўтган асрнинг 80-йиллари охирроғида Ёзувчилар уюшмасидаги бир йиғинда кўрдим.

Бошида қачон олингани номаълум ўша машҳур похол шляпа, асли хаёлчан қиёфасидаги паришонхотирликни янада кучайтирган Шукур ака йиғиннинг охирроғида раёсатга қарата: «Мен… Мен ҳам бир оғиз сўз айтсам бўлама?» – деди-да, сўз берилишига ишонган ҳолда жавобни ҳам кутиб ўтирмай, орқарокдаги жойидан юриб келаверди. Ўша куни нима дегани ҳозир тўла эсимда бўлмаса-да, унинг билимдонлиги, фикрларининг кутилмаган ва ўзига хослиги мени қойил қолдирган эди. Ёдимда: у ёш ёзувчилардан бири, менимча, Шойим Бўтаевга қарата: «Ҳар бир одамнинг оти унинг қайси миллатга мансублигини ҳам билдириб туради. Масалан: «Холмирза» бўлса, ўзбек; «Холмирзо» бўлса, тожик, «Халмурза» бўлса, ўрис, «Қолмирза» бўлса, қирғиз ё қозоқ экани билинади. Сизнинг қаҳрамонларингизнинг отларидан кимлигини билиб бўлмайди. Бунга эътибор қилиш керак», – деганди. У вақтларда мен бу хил йиғилишларга атай Гулистондан келардим, ҳали ижодкорларнинг биронтаси билан ҳам шахсан таниш эмасдим. Бу гап Шойимга айтилган бўлса керак деб чамалаётганимнинг сабаби унинг асарларидаги қаҳрамонларнинг оти менинг ўзимда ҳам шунга ўхшаш фикр уйғотарди.

Шукур ака булбулигўё нотиқлардан эмасди. Аммо у кўп нарса биларди ва айтиш керак деб ҳисоблаган гапини ўзига ёқадиган йўсинда унчалик қисинмай айта оладиган эркин одам эди. Ҳали гапирмай туриб, фалончи нима деркин деб хавотирланиб, қўлидан келгунча ўзини яшириб яшашга интиладиган одамлардан иборат муҳитда бу сифат жуда камёб эди.

Хуллас, Шукур ака гапини айтиб бўлди-да, саҳнадаёқ чўнтагидан арзон сигаретасини чиқариб, раислик қилаётган кишига: «Битта чекиб келсам майлима?» – дея ташқарига йўналди. Шу вақтгача у кишининг гапларидаги мантиқ мени ром қилган бўлса, энди унинг тутумларидаги эркинлик (балки, ўзига ярашиб турган эркаликдир бу) лол қолдирди! Билдимки, у ўрнатилган тартибларга тушадиган қолипдаги одам эмас. Буни ўзиям билар ва ўрни келиб қолганда, атай намойиш этарди. Унинг бу ройиши феълидаги ўзига хосликдан ташқари, қолипга сиғмайдиган одамнинг қуюшқонни истовчиларга ўзига хос исёни ҳам эди!

Эларо машҳур, ўзининг бошқалардан бошқачароқ эканини билган ҳар қандай одамнинг феъли-хўйида бир қадар артистлик бўлади. Чунки таниқлилик ҳар қандай кишидан, ҳозирги тил билан айтганда, «имиж»ни тақозо этади. Шукур Холмирзаевда-ку артистлик жиҳати инчунун эди. Сабаби у кишининг табиатида азалдан ўзгага кўча билиш, бировнинг ҳолатини унинг ўзидан-да теранроқ туйиш қобилияти бор эди. Ундаги айни шу жиҳатни буюк отдоши Шукур Бурҳон ўз вақтида пайқаб, унга Ҳамлет ролини берганди.

Ҳар қандай ўқувчи сифатида мен ҳам Шукур аканинг шахсига қизиқиб қолдим. Лекин у кишига яқинлашиш, танишиш ҳақида ўйлашга ҳам ботинолмасдим. Аммо тақдир меҳрибонроқ чикди: вақти келиб мен бир муддат Шукур аканинг Дўрмондаги хонасига деярли қўшни бўлиб қолдим ва бир қадар яқинлашиб кетдим.

1991 йилнинг эрта кузаги эди. Кўпчилик мустақиллик эпкинларидан маст бўлиб, сўз ҳурлигидан мириқиб-мириқиб фойдаланиб юрган дамлар… У вақтлар Дўрмонда хусусий чорбоғлар қурилмаган, Шукур Холмирзаев Ёзувчилар дам олиш уйининг учинчи қаватида пиллапоянинг тўғрисидаги ўша машҳур хонасида яшарди. Ҳукуматнинг топшириғи билан бир гуруҳ олимлар адабиёт бўйича тузилган дастурни такомиллаштириш ва шу дастур бўйича адабиёт дарсликларини ёзиш учун Дўрмонга таклиф этилганди. Муаллифларнинг кўпчилиги Тошкентдан бўлиб, улар орасида марҳум проф. Акрам Каттабеков домла билан мен гулистонлик эдик.

Ижодий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги Дўрмондаги вазиятни яхши биладиган кишилар бўлганидан ҳар ким ўзига маъқул жойни танлаб олди. Айтиш керакки, олимларга жуда яхши шароит яратиб берилганди. Ҳамма биринчи ёки иккинчи қаватдан жой олишга ошиқарди. Дўрмонни биринчи бор кўриб турган, бу ернинг пасту баландини билмайдиган одам сифатида хоналар тақсимотининг охиригача кутиб турдим. Ва… гуруҳдагилардан ёлғиз менга учинчи қаватдан жой тегди.

Муҳими, мен ўзим билмаган ҳолда Шукур Холмирзаев билан деярли қўшни бўлиб қолдим. Ҳар куни эрталик, тушлик, кечлик маҳали даврада Шукур ака кечирмиш воқеалар ҳақида гап бўларди-ю, негадир, ўзи кўринмасди. Бунга сари менинг қизиқишим ортарди. Ниҳоят, орадан бирор ҳафтадан мўлроқ вақт ўтиб, ёзувчига йўликдим. Негадир доим кечликдан сўнг гурунглашиб ўтирадиган, кўпинча жамоа бўлиб Дўрмон боғларини биргаликда айланадиган олимлар ўша куни қандайдир хавфни сезган полапонлардай жойларига тезгина тарқалишди. Ёлғиз ўзим кечки салқинда бирпас боғ айландим-да, хонамга кириб ишламоқчи бўлдим. Пиллапоялардан учинчи қаватга чиқиб, Шукур аканинг хонаси ёнидан эндигина ўтиб кетаётгандим, ярим очиқ эшикдан сочлари тўзғиган ёзувчи бошини чиқариб, юзимга қаради-да: «Салом! Қани бу ёққа киринг», – деди. Бу таклифдан кўра, амрга ёвуқроқ эшитилди.

Бундай бўлишини кутмаганим учун шошиб қолдим. Қайтадан салом бериб, сўрашдим. Ўзимни таништирдим. «Вой, айнонайин! Қозоқбой деганлари сизмисиз, Сизни биламан», – деди Шукур ака. Қувониб кетдим. Чакана гапми, шундай одам мени билса?! Ўша кунги кутилмаган тонготар суҳбатимиздан менга маълум бўлдики, кўпчилик ижодкорлардан фарқ қилароқ, Шукур ака ўзбек адабиётини ҳам, адабиётшунослигини ҳам мунтазам ўқиб борар экан. Шу куни ёзувчи мўлжалдаги ишини битириб, дам олишга тушган экан.

Тониғ бўлдимки, Шукур ака қаттиқ ишларди. Ёзаётган пайтида тўлиғича асарига кўчиб ўтар, қаҳрамонларининг хаёли билан яшар, уларнинг орасидан чиқиб кетмаслик учун ҳеч ким билан гаплашмас, мабодо юзма-юз келиб қолганда ҳам олдидаги одамни танимас ёки ўзини танимаганга солиб қўя қоларди. Чамаси, адиб ҳам вақтини қизғанарди, ҳам ҳолатдан чиқиб кетишдан қўрқарди.

Ишлашига яраша у кишининг дам олиши ҳам қаттиқ бўларди. Ўйлайманки, у кишининг дам олиши ишидан-да оғир кечарди. Чамаси, ёзувчи асарларида тасвирланган шароитга шунчалик кўчиб ўтардики, асар битгандан сўнг ҳам у ердан осонлик билан чиқиб кетолмасди. Шу боис хотираси ва руҳиятидаги эски «ёзувлар»ни ўчириши керак бўларди.

Салкам уч ой мобайнида мен ўнларча марта ўшандай суҳбатдош бўлдим. Ва бизнинг ўзига хос гурунгларимиз то адиб умрининг охирига қадар турли даражадаги мунтазамлик билан давом этди. 1991 йил ноябрининг охирларида ана шу гурунгларимиз натижаси ўлароқ бир нарса ёзиб, ёзувчи ва олим Хуршид Дўстмуҳаммадга кўрсатгандим. Бу битикдан Шукур ака ҳам бехабар кетди.

Ўшандаги суҳбатлардан бирида, нима бўлди-ю, мен 7-синф дастурида М. Шайхзоданинг «Тошкентнома»сидан парча берилгани, асар бу ёшдаги болаларга унчалик мос эмаслиги тўғрисида гапириб қолдим. Шукур ака Шайхзоданинг «Йилларнинг саломин йилларга элтиб…» шеърини тўла ёддан ўқиди ва ўн тўрт яшар ўсмирларга ана шунга ўхшаш шеърларни ўргатиш фойдалироқ бўлишини айтди. Мен адибнинг хотираси ва билимдонлигига қойил қолдим. Шукур аканинг таклифини гуруҳдагиларга амаллаб ўтказдим. Ўша асар киритилди. Узоқ йиллар мобайнида ўрта мактабнинг 7-синфи ўқувчилари бу гўзал фалсафий шеърдан баҳраманд бўлишди.

Шукур аканинг табиатида менинг эътиборимни тортган энг бирламчи сифат унинг ҳаддан ташқари табиийлигидир. Ҳатто, унинг сунъийликлари ҳам табиий бўларди. Шу боис унга бир марта алданганлар ҳам яна қайта ёзувчининг «тузоғи»га илинаверишарди.

Унчалик ҳозиржавоб бўлмаган, ҳатто, эшитган гапинида, бирданига англайолмаётгандай эловсираб турадиган Шукур ака, ўрни келганда, турли шумликлар қилишни ҳам жойига қўярди. Чунончи, кимнидир «тушириш» керак бўлганда, адиб ўз қурбони бўлмиш объектни шу қадар бехато топар ва унга шунчалар пухта ишлов берар эдики, «объект» Шукур аканинг ёнига кириб, унинг йўлига юраётганини билмай ҳам қоларди. Мен буни Шукрулло, Исоқ Ўктам, Турғунбой Ғойиб ва турли вилоятлардан келиб турадиган бошқа бир қатор катта-кичик ижодкорлар мисолида ўз кўзим билан кўрганман. Ўзим қаториларни айтиб ҳам ўтирмайман. Бизлар учун Шукур акага «ем» бўлиш жуда ёқимли туюларди. Ва бу ҳакда мақтаниброқ гапириб юрардик.

Шукур аканинг феълида, адабиётимизнинг намояндаларига муносабатда ҳам ўша табиийлик устувор бўларди. У ёзганларини тушунолмаётган ёки қабул қилишга қийналаётган ижодкорлар ҳақида очиқчасига гапирарди. Дейлик, у анча вақт талантли шоир Фахриёрнинг шеъриятини қабул қилолмай юрди. «Бу бола нима демоқчи ўзи, у нега мунча тилини бураб сўзлайди?» – деб қоларди баъзан. Мен ҳар сафар Фахриёр шеъриятидаги диққатга лойиқ бирор жиҳатни кўрсатишга интилардим. Далилларим у кишини қониқтирса, иВў, уккағар-е, жуда ақлли-ку бунингиз», – деб қўярди. Назар Эшонқулнинг ёзганларига кўникиши ҳам оғир кечганди. Ёш ёзувчиларда тил қашшоқлиги, уларнинг битганларида ўзбек тилининг таровати, имконияти бор бўйича кўринмаётганидан норози бўларди.

Шукур аканинг адабиётдан ортиқ нарсаси йўқ эди. У киши адабиёт учун ва фақат адабиётда мавжуд эди. Лекин у адабиётдан манфаат қидирмас, уни ўзига хизмат қилдириш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмасди. Унинг учун адабиёт яшашнинг шакли эди. Ҳолбуки, адабиётни тирикчиликка восита қиладиган кишилар қанча… Шоира ва журналист Нилуфар Сафо билан бўлган бир суҳбатда журналистнинг: «Ҳар бир инсон ўз ишига, ўз соҳасига фидойи бўлиши керак. Сиз адабиётшунослар орасида бу хислатни кўпроқ кимларда кўрасиз?» – деган саволига шундай жавоб берган эканман: «…Сўз одамлари орасида мен фақат Шукур Холмирзаевнигина адабиёт фидойиси деб айта оламан. Шукур ака ўзидан кўра адабиётни кўпроқ севмоқнинг уддасидан чиқди. У қулайликлардан воз кечиб, адабиётга хизмат қилишга ўзида куч топа олди. Ёзувчи адабиётни ўзига хизмат қилдирмади, аксинча, бир умр унга хизмат қилди. Шу боис адабиёт ҳам Шукур Холмирзаевни астойдил ёрлақади. Аслида ҳам адабиёт ижодкорга ҳеч нарса бермай туриб, ундан курбонлик сўрайдиган ҳодисадир.

Адабиётни ўзига хизмат қилдирган ёзувчилар эса жуда кўп, лекин бадиий сўз, вақти келиб, улардан ўч олади. Танқидчилар орасида афсуски, бундай шахсни кўрсата олмайман. Чунки танқидчилар – эл қатори, рисоладаги одамлар. Рисоладаги одамларнинг эса фидойиликдан ташқари ҳам бир дунё мажбуриятлари бўладики, улар одамга ўзини фидо қилиш имконини ҳам бермайди. Лекин адабиётга кўлидан келганча ҳалол хизмат қилган адабиёттанувчилар ҳамиша бўлган ва бор». Ҳалиям шу фикрдаман.

1999 йилнинг охирлари эди, шекилли, халқ оғзаки ижодини яхши билгани, билганидан ҳам кўра, фолклор асарлари ва уларнинг қаҳрамонлари руҳини туйгани боис Шукур аканинг фикрини олиш учун эндигина тугаллаган «Алпомиш» талқинлари» китобим қўлёзмасини ёзувчига бердим. Бир ойларга қолмай ўқиб чиқди, қўлёзманинг ҳар варағига фикрларини ёзиб қўйибди. Муҳими, китоб у кишига маъқул келибди. Шундан сўнг китобни олимларга кўрсатганман ва «Маънавият» нашриётига олиб борганман.

Кўпчилик ижодкорлар сингари Шукур ака ҳам кайфият одами эди. Кўпчиликдан фарқли равишда у ўз кайфиятини пардалашга уриниб ўтирмасди. 2000 йилнинг кўкламида адибнинг Дўрмондаги кулбасига бориб қолдим. Вақт тушга яқин эди, шекилли. Шукур ака жуда тажанг, ўзича кимнидир бўралаб сўкаётибди. Суриштирсам, сўкишлар Азим Суюнга қаратилган экан. Азим ака қадрдон жўрам бўлгани учун сабабини билгим келди.

– Э, бу ноинсоф нодонни қаранг! Анов куни менга бир янги қозон берган эди. Бугун ишлатай деб олсам, аблаҳ, қопқоғини бермаган экан! Энди нима қиламан буни!

– Ҳа, чиндан ҳам ноинсофлик қилган экан шоир. Келинг, манави фанерни қопқоқ ўрнида ишлатамиз, – дедим мен ўзимча қочириқ қилиб.

– Дарвоқе, шундай қилса бўларкан, эсга келмаганини қаранг! – деди Шукур ака самимий жилмайиб.

Шу куни иккимиз ҳам чап томонимиз билан турган эканмиз, шекилли. Узоқ ўтирдик, мириқиб суҳбатлашдик. Анови сабил ҳам керагидан мўлроқ бўлди. Шукур ака гурунгнинг адоғида шаънга тегадиганроқ гап қилди. Мен ҳам индамай қўя қолмадим. Хуллас, иккаламиз аразлашиб ажрашдик. Анча вақт у кишини кўришга бормай юрдим. Қиш кунларининг бирида шоир Турсун Али қўнғироқ қилиб Шукур аканинг Юнусободдаги уйига бормоқчилигини, агар хоҳласам, мени ҳам олиб ўтиши мумкинлигини айтиб қолди. Бу шунчаки тасодифмиди ёки табиатан одамларни бир-бирига яқинлаштириб юрадиган Турсун Алининг билиб қилган ишимиди, ҳалигача тушунолмайман. Ўзимизга хос тайёргарлик билан устознинг бир хонали уйига бордик. Анчадан бери кўришмаганимиз учун жуда узоқ суҳбатлашдик. Бугунги адабиётнинг бу ёғидан кириб, у ёғидан чикдик. Шеърлар ҳам ўқилди.

Кетаётганимизда, адиб мени тўхтатди. Хонасига қайтиб, ниманидир анча қидирди. Ниҳоят, қидирганини топиб чиқди. Қўлида жигар рангли қоракўл тери бор эди. Миямдан: «Тиктириб бериш керак, шекилли», – деган ўй кечди.

– Бу сизга мендан эсдалик бўлсин. Ёдгорлик деса ҳам бўлаверади, – деди Шукур ака.

Мен буни кутмагандим. Шоша-пиша адибнинг қўлини қайтаришга уриниб, қоракўл терини бошқа нарсаларга ишлатиш маъқуллигини уқтирмоқчи бўлдим. Шукур ака фикрида қатъий эди. Турсун Али ҳам:

– Шукур аканинг қўлини қайтарманг. У киши ҳаммага ҳам совға беравермайдилар, – деди.

Ўша қоракўл тери азиз бир эсдалик сифатида ҳалиям турибди.

Шукур акада майда манфаатлар, ўзини аслидагидан баландроқ кўрсатишга чираниш бўлмагани учун у кишини ёмон кўриб бўлмасди. У билан келишмаслик, фикрига қўшилмаслик мумкин эди. Лекин, ўйлайманки, ёмон кўриб бўлмасди.

«ЎзАС»нинг 2008 йил 28 ноябрида Низом Комиловнинг «Сен ҳаётни севардинг» мақоласини ўқиб қолдим. Унда Шукур Холмирзаев ҳақида «Сен ҳар қадамда ўзингнинг «Ёлғиз» куйингни хиргойи қилардинг. Биз сенга жўр бўлардик. Аммо ўхшатолмасдик… кейин ҳам ўхшатолмадик», – деб ёзади. Эсимга лоп этиб, 1991 йилнинг кузида ёзиб қўйиб, X. Дўстмуҳаммаддан бошқа ҳеч кимга кўрсатмаган ва оғамизнинг ҳолатидан келиб чиқиб, «Ёлғизлик» деб номлаган қайдларим тушди. Эҳтимол, Низом аканинг мақоласида Шукур ака «тобига келган»да тўхтовсиз айтадиган ўша сўзи ҳам, сўнгги ҳам йўқ даҳшатли куй кўзда тутилгандир. Менимча, ўша куй кўзда тутилган. Шукур аканинг куйини Сиз ҳам бир тинглаб кўринг:

ЁЛҒИЗЛИК

    Алоҳида талант эгалари алоҳида руҳият ва алоҳида тақдир эгалари ҳамдир. Уларнинг бошқа алоҳидаликлари табиатларидаги алоҳидаликдан келиб чиқади. Аксарият катта истеъдод эгалари табиатан ёлғиз, атрофидаги энг яқин кишиларга ҳам бегона бўлишади. Уларни юзлаб одамлар ўраб туриши, тинимсиз олқишлаши, қарсаклар чалиши, қойил қолганликларини билдириши мумкин, лекин бу нарсаларнинг бирортаси ҳам талант эгасини ёлғизликдан қутқара олмайди. Чунки улар ҳамма қатори одамлар эмас!

Ҳамма қатори ўйлай олмайди. Ҳамма қатори бўлмайди унинг туйғулари ҳам. Дунёни бошқача кўрадиган, атрофни одамлардан бошқачароқ сезадиган қилиб яратган уни қодир Эгам. Кўпроқ била бошлаганим сари менга Шукур ака бутунлай ёлғиз одам бўлиб туюлаверди. Бундай қараганда, унинг ўтбошиси бутун, шогирдлари кўп. Қўли очиқлиги, ичишни қотиргани, суҳбати ёқимли бўлгани учун улфатлардан ҳам худо қисмаган. Лекин у, барибир, ёлғиз. Даҳшатлиси шундаки, бу ёлғизликдан одамлар орасига кириб қутулиб бўлмайди. Эл қатори одамга одамларнинг ораси кифоя қилади. Талантли одам одамлар орасига эмас, одамнинг ичига кирмоқчи бўлади. Кўпчилик одамнинг ичи эса бўмбўш! Ҳар ҳолда меҳр йўқ! Шу боис баъзан Шукур акани ўраб турган одамлар унинг ёлғизлигини тоқат қилиб бўлмайдиган жисмоний оғриқ даражасига чиқариб юборишади. Ва бу оғриқни босиш учун унга банг ароқ керак бўлади.

Аслида у киши табиатан ёлғизликни севадиган, шунга интиладиган, одамлардан кўра ўтўлану паррандадаррандалар билан тузукроқ тиллаша оладиган одам. Чунки одамдан бошқа нарсаларда ғирромлик йўқ. Шукур ака узоқ вақт ёлғиз ишлайди. Ишлаётганда тўйтомоша, маишат, учрашув у ёқда турсин, одам билан кўришмасам дейди. Кўришмайди ҳам. Мабодо, кўришиб қолганда ҳам танимайди ёки ўзини танимаганга олади. Чунки шу пайтда у ўзи яратган оламда, ўзи яратиб тасвирлаётган одамлар даврасида бўлади. Адибнинг хаёлоти яратган олам тўкис, ундаги одамлар покиза. Чиннидай нафис, гулдай нозик бу оламни ер бандасининг бир оғиз ножоиз гапи чилпарчин қилиши мумкин. Эвоҳки, Аллоҳ яратган бандалар адиб яратган бандаларга қараганда не қадар ғариб, не қадар майда! Шукур аканинг қаҳрамонлари қанчалар юксак ўйлайдилар, мардона сўйлайдилар, улкан ишлар қиладилар! Шундай оламу одамни атрофидаги майда кимсаларга қараб яратиб бўладими?

 Ёлғиз ўзи узоқ вақт мобайнида мўлжалдаги бирор ишни битиргач, Шукур ака дам олади. У одамлар орасига кирмоқчи, улар қатори бўлмоқчи бўларди. Одамлар орасига кириб, одамлар қатори бўлиб дам олиш ёзувчига ҳам, унга рўпара келганларга ҳам қимматга тушади. У бир неча кун мобайнида тинимсиз ичади. Ичганда ҳам уйқудан, овқатдан кечиб астойдил ичади. Ўшандан кейин у «одамлар қатори«  бўла бошлайди: тўхтовсиз сўкинади, ҳаммага дағал ва кескин баҳо бера бошлайди. Кишининг кўнглини оғритгиси келади. Шу тариқа хаёлотнинг беғубор осмонидан реалликнинг чирк босган заминига туша бошлайди ва унга ўзича  «мослашади«.

Шукур ака ича бошлаган вақтда ёнида ҳамиша кимдир бўлишини истайди. Деярли ҳамиша ёнида биров бўлади. Ва ачинарлиси шундаки, адиб барибир ёлғизлигича қолаверади. Чунки ер юзидаги барча мастлар сингари у ҳам ким биландир дардлашмоқчи бўладию, лекин унинг дардини тушунишмайди. Чунки у қалбининг қататида қатланиб, етмиш икки томирида гупириб ётган дардларини айтиб беролмайди. Унинг дардлари бировга айтиб бўладиган анов-манов дардлар эмас! Бунинг устига у ўз дардини айтиб ўрганмаган. Ифодалаш бошқа масала! Хаёлидаги одамлар билан дардлашавериб ердаги одамлар билан гаплашишнида унутаёзган адибни соғлигида тушунмаган одамлар мастлигида ҳам тушунишмайди, албатта. Ёзувчи мастлигида ҳам жўн одамлардан узоқни кўради, унинг хаёли шу ҳолда ҳам юксакларга парвоз қила олади.

Мўлжалланган иш битган, яъни хаёлот олами тугаган. Бу олам ўзининг бутун нафосатию гўзаллиги, нозиклигию мусиқаси билан чилчил синган, вайрон этилган. Шу боис мастлик оғир кечади жуда. Ростликку ҳамиша ҳам оғир.

 Шукур ака дардлашмоқчи бўлади. Ким билан бўлсада, гаплашиш, юрагидаги туйғулар билан ўртоқлашиш енгиб бўлмас истакка айланадиайнаб ётган туйғуларни ичкиликдан карахт бўлган тил ифодалай олармиди-ю, тинимсиз сўкишлару адоқсиз чекишлар туфайли калласи ғовлаган  «суҳбатдош«  тушунармиди?! Суҳбатдош ерда юрган ҳамма қатори ҳашаки бир одам. Ёзувчига бошқача одам керак. Гапирмасаю, тушунаверса. Қарабгина қўйиш кифоя бўлса! Бундай одам йўқ! Шундан бўлса керак, маълум босқичга етгач, Шукур ака сўкинишга тушади. Кейин тўхтовсиз гапираверади. Кўзлар ғазабли чақчаяди, қошлар милтиқдан нишонга олаётганидай чимирилади, ҳатто қўли билан кимларнидир  «отади» ҳам. Гапининг кўп қисми тоғ, милтиқ, ов ҳақида, ўзининг зўр овчилиги хусусида бўлади. Лекин зўр ёзувчи экани билан ҳатто мастлигида ҳам мақтанмайди. Ичкилик жуда ҳам маромига етгач, қулоқларгача тўзғиб ётган узун сийрак сочлари устига похол шляпасини бостириб олиб ашуласини бошлайди.

Шукур аканинг ашуласи! У ҳақда гапириш бефойда. Фақат тинглаган тушунади. Йўқ! Тинглаган ҳам тушунмайди. Чунки тушунадиган нарсанинг ўзи йўқ. Қандайдир туйғу, эзгин, аммо бепоён ва мардонавор руҳгина бор. Уни ҳис этиш мумкин, холос!

 Унинг бир бошлангандан кейин сира тугамайдиган қўшиғида бир нечтагина сўз бўлади, холос. Ундаги асосий унсур томоқдан хирқираб чиқадиган, ширали, дардли ун. Шукур ака куйлай бошлайди: ―Не ээйй, нэ ээййй, нэ ээйййй. Зарур оҳанг тезгина топила қолмайди. Ҳар қандай овоз ҳам ижрочининг туйғуларини ифодалай олмайди шекилли, Шукур ака тинимсиз такрорлайверади. Зўриққанидан юзлари бўғриқиб кетади, қўллар ғалати тарзда олдинга чўзилиб, қандайдир мулойимкескин ҳаракатлар  қила бошлайди, кўзлар ғалати юмилади. Тўхтовсиз тутатилаётган сигаретдан хона тутунга, атрофдаги барча нарса кулу қолдиқларга тўлиб кетади. Хонадаги ҳамма нарса айқашуйқаш, овқат ва сигарет қолдиқлари, ювилмаган идишлар, қаймоқ боғлаган совуқ чой. Ҳамма жойда шиша: ётган, синган, тик турган, тўла, бўш. Стол усти тўла қоғоз, қоғоз, қоғоз.

Шукур ака ҳамон куйлайди. Ниҳоят, зарур оҳанг топилади! Шунда унинг уйқусизликдан қизарган кўзлари бир зум жонланиб, юзлари ёришиб кетади. Зўриқиб, оғзининг бир чети билан салгина жилмайгандай бўлади.

 Бечора суҳбатдошига хурсанд бўлиб қараб қўяди. Сўнг бирдан: ―Эҳ, барибир, ҳеч нарсани тушунмайсан. Чунки саводсизсан, дея иддао қиладида, куйлашда давом этаверади. Ўз овозига маҳлиё бўлаётгани шундоққина сезилиб туради. Сел бўлиб куйлайди. Сел бўлиб тинглайди. Куйлаб тинглайди, тинглаб куйлайди. Шу ҳолатга келганда қўшиққа бириккита сўз ҳам кириб кела бошлайди: «Келибб ҳолимни кўргинээййй«, «Келииибб  аҳволиммни  кўргиинээйййй…«

Унинг қўшиғи Сурхон бахшиларининг атайлаб бўғиздан оҳанг беришига ўхшамайди. Шукур аканинг қўшиғи оҳанглари бахшилар товушидан ҳам қадимийроқ ва салобатлироқдай туюлади. Унинг хиргойиси кўз ўнгимда, ҳеч қачон кўрмаганим Олтой тоғларини, Субйэр кенгликларини, поёнсиз Дашти Қипчоқни гавдалантиради. Яхши кўриб қоламан қўшиқчини. Меҳр билан юзига қарайман. Кўзлар юмуқ, ёқавайрон, сочлар паришон, юзига куллар суркалган, оёқ беўхшов чалиштирилган, ўзи бу дунёни унутган. Гўё у бу дунёда минг йиллар олдин ҳам яшаган. Абуттурк бўлиб! Олтойдан Ҳиндикушгача бўлган бепоён ҳудудда ёвларга даҳшат солиб жавлон урган, сара фарзандлар ўстирган, қудратли халқни бунёд этган. Қутлуғ умрини шону шавкатла яшаб ўтгач, минг йиллардан сўнг дунёга қайта келган. Кейинги келишида юртни хароб, одамларни пачақ ва майда кўриб ўтмишини, аввалги умрида қилган ишларини эсламоқчию хотира панд бераётир. Шундан у озурдажон.

 Унинг кўшиғи улуғ ёшли буюк мўйсафиднинг силқиб оқаётган қудратли армонлари! Бугунги кун омонат, ясама. Ҳақиқий ҳаёт бошқача!  Ҳақиқий одамлар бошқалар! Лекин қани улар? Қаердалигини биларди, лекин минг йиллаб яшаш осонми, қариликда унутиб қўйган! Эслаш оғир! Шу сабаб қўшиқ ҳам оғир. Чунки у тўхтовсиз оқиб, узоқлашиб бораётган хотира

1991 йил 25 ноябр.

* * *

Шукур ака ўзига, шахсиятига, истеъдодига хиёнат қилмай, ҳеч кимдан марҳамат кутмай, ўзи билганича ва ўзи истаганича яшади. Ёзувчининг ўзи эркин бўлгани учун унинг сўзи ҳам эркин эди. Эркин сўзнинг умри узоқ, парвози баланд бўлади. Негаки, эркин сўзнинг назари олисларга қаратилган, манфаат отлиқ чиркин юк пастга тортмайди. Ўйлайманки, улуғ ёзувчининг улуғ ва узун ҳаёт йўли энди бошланади.

2009 йил 3 январ-27 октябр

1 Сўз қудрати. «Моҳият‖ газетаси. 2002 йил 15 ноябр.

0-Shukur aka-Yo'ldosh Sulaymon.jpg 24 mart — O‘zbekiston xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzayev tavallud topgan kun

Aslida u kishi tabiatan yolg‘izlikni sevadigan, shunga intiladigan, odamlardan ko‘ra o‘t-o‘lanu parranda-darrandalar bilan tuzukroq tillasha oladigan odam. Chunki odamdan boshqa narsalarda g‘irromlik yo‘q. Shukur aka uzoq vaqt yolg‘iz ishlaydi. Ishlayotganda to‘y-tomosha, maishat, uchrashuv u ѐqda tursin, odam bilan ko‘rishmasam deydi. Ko‘rishmaydi ham.Mabodo, ko‘rishib qolganda ham tanimaydi yoki o‘zini tanimaganga oladi. Chunki shu paytda u o‘zi yaratgan olamda, o‘zi yaratib tasvirlaѐtgan odamlar davrasida bo‘ladi. Adibning xayoloti yaratgan olam to‘kis, undagi odamlar pokiza. Chinniday nafis, gulday nozik bu olamni yer bandasining bir og‘iz nojoiz gapi chilparchin qilishi mumkin. Evohki, Alloh yaratgan bandalar adib yaratgan bandalarga qaraganda ne qadar g‘arib, ne qadar mayda! Shukur akaning qahramonlari qanchalar yuksak o‘ylaydilar, mardona so‘ylaydilar, ulkan ishlar qiladilar! Shunday olamu odamni atrofidagi mayda kimsalarga qarab yaratib bo‘ladimi?

Qozoqboy Yo‘ldosh
UZUN YO‘L BOSHI
YOKI ERKIN SO‘Z UMRI

05

Badiiy kitobga qiziqib, mualliflarni bir-biridan farqlay boshlaganimdan buyon Shukur Xolmirzayev nomini eshitib, uning asarlarini o‘qib kelayotgan bo‘lsam ham, o‘zini ilk bor o‘tgan asrning 80-yillari oxirrog‘ida Yozuvchilar uyushmasidagi bir yig‘inda ko‘rdim.

Boshida qachon olingani noma’lum o‘sha mashhur poxol shlyapa, asli xayolchan qiyofasidagi parishonxotirlikni yanada kuchaytirgan Shukur aka yig‘inning oxirrog‘ida rayosatga qarata: «Men… Men ham bir og‘iz so‘z aytsam bo‘lama?» – dedi-da, so‘z berilishiga ishongan holda javobni ham kutib o‘tirmay, orqarokdagi joyidan yurib kelaverdi. O‘sha kuni nima degani hozir to‘la esimda bo‘lmasa-da, uning bilimdonligi, fikrlarining kutilmagan va o‘ziga xosligi meni qoyil qoldirgan edi. Yodimda: u yosh yozuvchilardan biri, menimcha, Shoyim Bo‘tayevga qarata: «Har bir odamning oti uning qaysi millatga mansubligini ham bildirib turadi. Masalan: «Xolmirza» bo‘lsa, o‘zbek; «Xolmirzo» bo‘lsa, tojik, «Xalmurza» bo‘lsa, o‘ris, «Qolmirza» bo‘lsa, qirg‘iz yo qozoq ekani bilinadi. Sizning qahramonlaringizning otlaridan kimligini bilib bo‘lmaydi. Bunga e’tibor qilish kerak», – degandi. U vaqtlarda men bu xil yig‘ilishlarga atay Gulistondan kelardim, hali ijodkorlarning birontasi bilan ham shaxsan tanish emasdim. Bu gap Shoyimga aytilgan bo‘lsa kerak deb chamalayotganimning sababi uning asarlaridagi qahramonlarning oti mening o‘zimda ham shunga o‘xshash fikr uyg‘otardi.

Shukur aka bulbuligo‘yo notiqlardan emasdi. Ammo u ko‘p narsa bilardi va aytish kerak deb hisoblagan gapini o‘ziga yoqadigan yo‘sinda unchalik qisinmay ayta oladigan erkin odam edi. Hali gapirmay turib, falonchi nima derkin deb xavotirlanib, qo‘lidan kelguncha o‘zini yashirib yashashga intiladigan odamlardan iborat muhitda bu sifat juda kamyob edi.

Xullas, Shukur aka gapini aytib bo‘ldi-da, sahnadayoq cho‘ntagidan arzon sigaretasini chiqarib, raislik qilayotgan kishiga: «Bitta chekib kelsam maylima?» – deya tashqariga yo‘naldi. Shu vaqtgacha u kishining gaplaridagi mantiq meni rom qilgan bo‘lsa, endi uning tutumlaridagi erkinlik (balki, o‘ziga yarashib turgan erkalikdir bu) lol qoldirdi! Bildimki, u o‘rnatilgan tartiblarga tushadigan qolipdagi odam emas. Buni o‘ziyam bilar va o‘rni kelib qolganda, atay namoyish etardi. Uning bu royishi fe’lidagi o‘ziga xoslikdan tashqari, qolipga sig‘maydigan odamning quyushqonni istovchilarga o‘ziga xos isyoni ham edi!

Elaro mashhur, o‘zining boshqalardan boshqacharoq ekanini bilgan har qanday odamning fe’li-xo‘yida bir qadar artistlik bo‘ladi. Chunki taniqlilik har qanday kishidan, hozirgi til bilan aytganda, «imij»ni taqozo etadi. Shukur Xolmirzayevda-ku artistlik jihati inchunun edi. Sababi u kishining tabiatida azaldan o‘zgaga ko‘cha bilish, birovning holatini uning o‘zidan-da teranroq tuyish qobiliyati bor edi. Undagi ayni shu jihatni buyuk otdoshi Shukur Burhon o‘z vaqtida payqab, unga Hamlet rolini bergandi.

Har qanday o‘quvchi sifatida men ham Shukur akaning shaxsiga qiziqib qoldim. Lekin u kishiga yaqinlashish, tanishish haqida o‘ylashga ham botinolmasdim. Ammo taqdir mehribonroq chikdi: vaqti kelib men bir muddat Shukur akaning Do‘rmondagi xonasiga deyarli qo‘shni bo‘lib qoldim va bir qadar yaqinlashib ketdim.

1991 yilning erta kuzagi edi. Ko‘pchilik mustaqillik epkinlaridan mast bo‘lib, so‘z hurligidan miriqib-miriqib foydalanib yurgan damlar… U vaqtlar Do‘rmonda xususiy chorbog‘lar qurilmagan, Shukur Xolmirzayev Yozuvchilar dam olish uyining uchinchi qavatida pillapoyaning to‘g‘risidagi o‘sha mashhur xonasida yashardi. Hukumatning topshirig‘i bilan bir guruh olimlar adabiyot bo‘yicha tuzilgan dasturni takomillashtirish va shu dastur bo‘yicha adabiyot darsliklarini yozish uchun Do‘rmonga taklif etilgandi. Mualliflarning ko‘pchiligi Toshkentdan bo‘lib, ular orasida marhum prof. Akram Kattabekov domla bilan men gulistonlik edik.

Ijodiy guruh a’zolarining ko‘pchiligi Do‘rmondagi vaziyatni yaxshi biladigan kishilar bo‘lganidan har kim o‘ziga ma’qul joyni tanlab oldi. Aytish kerakki, olimlarga juda yaxshi sharoit yaratib berilgandi. Hamma birinchi yoki ikkinchi qavatdan joy olishga oshiqardi. Do‘rmonni birinchi bor ko‘rib turgan, bu yerning pastu balandini bilmaydigan odam sifatida xonalar taqsimotining oxirigacha kutib turdim. Va… guruhdagilardan yolg‘iz menga uchinchi qavatdan joy tegdi.

Muhimi, men o‘zim bilmagan holda Shukur Xolmirzayev bilan deyarli qo‘shni bo‘lib qoldim. Har kuni ertalik, tushlik, kechlik mahali davrada Shukur aka kechirmish voqealar haqida gap bo‘lardi-yu, negadir, o‘zi ko‘rinmasdi. Bunga sari mening qiziqishim ortardi. Nihoyat, oradan biror haftadan mo‘lroq vaqt o‘tib, yozuvchiga yo‘likdim. Negadir doim kechlikdan so‘ng gurunglashib o‘tiradigan, ko‘pincha jamoa bo‘lib Do‘rmon bog‘larini birgalikda aylanadigan olimlar o‘sha kuni qandaydir xavfni sezgan polaponlarday joylariga tezgina tarqalishdi. Yolg‘iz o‘zim kechki salqinda birpas bog‘ aylandim-da, xonamga kirib ishlamoqchi bo‘ldim. Pillapoyalardan uchinchi qavatga chiqib, Shukur akaning xonasi yonidan endigina o‘tib ketayotgandim, yarim ochiq eshikdan sochlari to‘zg‘igan yozuvchi boshini chiqarib, yuzimga qaradi-da: «Salom! Qani bu yoqqa kiring», – dedi. Bu taklifdan ko‘ra, amrga yovuqroq eshitildi.

Bunday bo‘lishini kutmaganim uchun shoshib qoldim. Qaytadan salom berib, so‘rashdim. O‘zimni tanishtirdim. «Voy, aynonayin! Qozoqboy deganlari sizmisiz, Sizni bilaman», – dedi Shukur aka. Quvonib ketdim. Chakana gapmi, shunday odam meni bilsa?! O‘sha kungi kutilmagan tongotar suhbatimizdan menga ma’lum bo‘ldiki, ko‘pchilik ijodkorlardan farq qilaroq, Shukur aka o‘zbek adabiyotini ham, adabiyotshunosligini ham muntazam o‘qib borar ekan. Shu kuni yozuvchi mo‘ljaldagi ishini bitirib, dam olishga tushgan ekan.

Tonig‘ bo‘ldimki, Shukur aka qattiq ishlardi. Yozayotgan paytida to‘lig‘icha asariga ko‘chib o‘tar, qahramonlarining xayoli bilan yashar, ularning orasidan chiqib ketmaslik uchun hech kim bilan gaplashmas, mabodo yuzma-yuz kelib qolganda ham oldidagi odamni tanimas yoki o‘zini tanimaganga solib qo‘ya qolardi. Chamasi, adib ham vaqtini qizg‘anardi, ham holatdan chiqib ketishdan qo‘rqardi.

Ishlashiga yarasha u kishining dam olishi ham qattiq bo‘lardi. O‘ylaymanki, u kishining dam olishi ishidan-da og‘ir kechardi. Chamasi, yozuvchi asarlarida tasvirlangan sharoitga shunchalik ko‘chib o‘tardiki, asar bitgandan so‘ng ham u yerdan osonlik bilan chiqib ketolmasdi. Shu bois xotirasi va ruhiyatidagi eski «yozuvlar»ni o‘chirishi kerak bo‘lardi.

Salkam uch oy mobaynida men o‘nlarcha marta o‘shanday suhbatdosh bo‘ldim. Va bizning o‘ziga xos gurunglarimiz to adib umrining oxiriga qadar turli darajadagi muntazamlik bilan davom etdi. 1991 yil noyabrining oxirlarida ana shu gurunglarimiz natijasi o‘laroq bir narsa yozib, yozuvchi va olim Xurshid Do‘stmuhammadga ko‘rsatgandim. Bu bitikdan Shukur aka ham bexabar ketdi.

O‘shandagi suhbatlardan birida, nima bo‘ldi-yu, men 7-sinf dasturida M. Shayxzodaning «Toshkentnoma»sidan parcha berilgani, asar bu yoshdagi bolalarga unchalik mos emasligi to‘g‘risida gapirib qoldim. Shukur aka Shayxzodaning «Yillarning salomin yillarga eltib…» she’rini to‘la yoddan o‘qidi va o‘n to‘rt yashar o‘smirlarga ana shunga o‘xshash she’rlarni o‘rgatish foydaliroq bo‘lishini aytdi. Men adibning xotirasi va bilimdonligiga qoyil qoldim. Shukur akaning taklifini guruhdagilarga amallab o‘tkazdim. O‘sha asar kiritildi. Uzoq yillar mobaynida o‘rta maktabning 7-sinfi o‘quvchilari bu go‘zal falsafiy she’rdan bahramand bo‘lishdi.

Shukur akaning tabiatida mening e’tiborimni tortgan eng birlamchi sifat uning haddan tashqari tabiiyligidir. Hatto, uning sun’iyliklari ham tabiiy bo‘lardi. Shu bois unga bir marta aldanganlar ham yana qayta yozuvchining «tuzog‘i»ga ilinaverishardi.

Unchalik hozirjavob bo‘lmagan, hatto, eshitgan gapinida, birdaniga anglayolmayotganday elovsirab turadigan Shukur aka, o‘rni kelganda, turli shumliklar qilishni ham joyiga qo‘yardi. Chunonchi, kimnidir «tushirish» kerak bo‘lganda, adib o‘z qurboni bo‘lmish obyektni shu qadar bexato topar va unga shunchalar puxta ishlov berar ediki, «obyekt» Shukur akaning yoniga kirib, uning yo‘liga yurayotganini bilmay ham qolardi. Men buni Shukrullo, Isoq O‘ktam, Turg‘unboy G‘oyib va turli viloyatlardan kelib turadigan boshqa bir qator katta-kichik ijodkorlar misolida o‘z ko‘zim bilan ko‘rganman. O‘zim qatorilarni aytib ham o‘tirmayman. Bizlar uchun Shukur akaga «yem» bo‘lish juda yoqimli tuyulardi. Va bu hakda maqtanibroq gapirib yurardik.

Shukur akaning fe’lida, adabiyotimizning namoyandalariga munosabatda ham o‘sha tabiiylik ustuvor bo‘lardi. U yozganlarini tushunolmayotgan yoki qabul qilishga qiynalayotgan ijodkorlar haqida ochiqchasiga gapirardi. Deylik, u ancha vaqt talantli shoir Faxriyorning she’riyatini qabul qilolmay yurdi. «Bu bola nima demoqchi o‘zi, u nega muncha tilini burab so‘zlaydi?» – deb qolardi ba’zan. Men har safar Faxriyor she’riyatidagi diqqatga loyiq biror jihatni ko‘rsatishga intilardim. Dalillarim u kishini qoniqtirsa, iVo‘, ukkag‘ar-ye, juda aqlli-ku buningiz», – deb qo‘yardi. Nazar Eshonqulning yozganlariga ko‘nikishi ham og‘ir kechgandi. Yosh yozuvchilarda til qashshoqligi, ularning bitganlarida o‘zbek tilining tarovati, imkoniyati bor bo‘yicha ko‘rinmayotganidan norozi bo‘lardi.

Shukur akaning adabiyotdan ortiq narsasi yo‘q edi. U kishi adabiyot uchun va faqat adabiyotda mavjud edi. Lekin u adabiyotdan manfaat qidirmas, uni o‘ziga xizmat qildirish mumkinligini xayoliga ham keltirmasdi. Uning uchun adabiyot yashashning shakli edi. Holbuki, adabiyotni tirikchilikka vosita qiladigan kishilar qancha… Shoira va jurnalist Nilufar Safo bilan bo‘lgan bir suhbatda jurnalistning: «Har bir inson o‘z ishiga, o‘z sohasiga fidoyi bo‘lishi kerak. Siz adabiyotshunoslar orasida bu xislatni ko‘proq kimlarda ko‘rasiz?» – degan savoliga shunday javob bergan ekanman: «…So‘z odamlari orasida men faqat Shukur Xolmirzayevnigina adabiyot fidoyisi deb ayta olaman. Shukur aka o‘zidan ko‘ra adabiyotni ko‘proq sevmoqning uddasidan chiqdi. U qulayliklardan voz kechib, adabiyotga xizmat qilishga o‘zida kuch topa oldi. Yozuvchi adabiyotni o‘ziga xizmat qildirmadi, aksincha, bir umr unga xizmat qildi. Shu bois adabiyot ham Shukur Xolmirzayevni astoydil yorlaqadi. Aslida ham adabiyot ijodkorga hech narsa bermay turib, undan kurbonlik so‘raydigan hodisadir.

Adabiyotni o‘ziga xizmat qildirgan yozuvchilar esa juda ko‘p, lekin badiiy so‘z, vaqti kelib, ulardan o‘ch oladi. Tanqidchilar orasida afsuski, bunday shaxsni ko‘rsata olmayman. Chunki tanqidchilar – el qatori, risoladagi odamlar. Risoladagi odamlarning esa fidoyilikdan tashqari ham bir dunyo majburiyatlari bo‘ladiki, ular odamga o‘zini fido qilish imkonini ham bermaydi. Lekin adabiyotga ko‘lidan kelgancha halol xizmat qilgan adabiyottanuvchilar hamisha bo‘lgan va bor». Haliyam shu fikrdaman.

1999 yilning oxirlari edi, shekilli, xalq og‘zaki ijodini yaxshi bilgani, bilganidan ham ko‘ra, folklor asarlari va ularning qahramonlari ruhini tuygani bois Shukur akaning fikrini olish uchun endigina tugallagan «Alpomish» talqinlari» kitobim qo‘lyozmasini yozuvchiga berdim. Bir oylarga qolmay o‘qib chiqdi, qo‘lyozmaning har varag‘iga fikrlarini yozib qo‘yibdi. Muhimi, kitob u kishiga ma’qul kelibdi. Shundan so‘ng kitobni olimlarga ko‘rsatganman va «Ma’naviyat» nashriyotiga olib borganman.

Ko‘pchilik ijodkorlar singari Shukur aka ham kayfiyat odami edi. Ko‘pchilikdan farqli ravishda u o‘z kayfiyatini pardalashga urinib o‘tirmasdi. 2000 yilning ko‘klamida adibning Do‘rmondagi kulbasiga borib qoldim. Vaqt tushga yaqin edi, shekilli. Shukur aka juda tajang, o‘zicha kimnidir bo‘ralab so‘kayotibdi. Surishtirsam, so‘kishlar Azim Suyunga qaratilgan ekan. Azim aka qadrdon jo‘ram bo‘lgani uchun sababini bilgim keldi.

– E, bu noinsof nodonni qarang! Anov kuni menga bir yangi qozon bergan edi. Bugun ishlatay deb olsam, ablah, qopqog‘ini bermagan ekan! Endi nima qilaman buni!

– Ha, chindan ham noinsoflik qilgan ekan shoir. Keling, manavi fanerni qopqoq o‘rnida ishlatamiz, – dedim men o‘zimcha qochiriq qilib.

– Darvoqe, shunday qilsa bo‘larkan, esga kelmaganini qarang! – dedi Shukur aka samimiy jilmayib.

Shu kuni ikkimiz ham chap tomonimiz bilan turgan ekanmiz, shekilli. Uzoq o‘tirdik, miriqib suhbatlashdik. Anovi sabil ham keragidan mo‘lroq bo‘ldi. Shukur aka gurungning adog‘ida sha’nga tegadiganroq gap qildi. Men ham indamay qo‘ya qolmadim. Xullas, ikkalamiz arazlashib ajrashdik. Ancha vaqt u kishini ko‘rishga bormay yurdim. Qish kunlarining birida shoir Tursun Ali qo‘ng‘iroq qilib Shukur akaning Yunusoboddagi uyiga bormoqchiligini, agar xohlasam, meni ham olib o‘tishi mumkinligini aytib qoldi. Bu shunchaki tasodifmidi yoki tabiatan odamlarni bir-biriga yaqinlashtirib yuradigan Tursun Alining bilib qilgan ishimidi, haligacha tushunolmayman. O‘zimizga xos tayyorgarlik bilan ustozning bir xonali uyiga bordik. Anchadan beri ko‘rishmaganimiz uchun juda uzoq suhbatlashdik. Bugungi adabiyotning bu yog‘idan kirib, u yog‘idan chikdik. She’rlar ham o‘qildi.

Ketayotganimizda, adib meni to‘xtatdi. Xonasiga qaytib, nimanidir ancha qidirdi. Nihoyat, qidirganini topib chiqdi. Qo‘lida jigar rangli qorako‘l teri bor edi. Miyamdan: «Tiktirib berish kerak, shekilli», – degan o‘y kechdi.

– Bu sizga mendan esdalik bo‘lsin. Yodgorlik desa ham bo‘laveradi, – dedi Shukur aka.

Men buni kutmagandim. Shosha-pisha adibning qo‘lini qaytarishga urinib, qorako‘l terini boshqa narsalarga ishlatish ma’qulligini uqtirmoqchi bo‘ldim. Shukur aka fikrida qat’iy edi. Tursun Ali ham:

– Shukur akaning qo‘lini qaytarmang. U kishi hammaga ham sovg‘a beravermaydilar, – dedi.

O‘sha qorako‘l teri aziz bir esdalik sifatida haliyam turibdi.

Shukur akada mayda manfaatlar, o‘zini aslidagidan balandroq ko‘rsatishga chiranish bo‘lmagani uchun u kishini yomon ko‘rib bo‘lmasdi. U bilan kelishmaslik, fikriga qo‘shilmaslik mumkin edi. Lekin, o‘ylaymanki, yomon ko‘rib bo‘lmasdi.

«O‘zAS»ning 2008 yil 28 noyabrida Nizom Komilovning «Sen hayotni sevarding» maqolasini o‘qib qoldim. Unda Shukur Xolmirzayev haqida «Sen har qadamda o‘zingning «Yolg‘iz» kuyingni xirgoyi qilarding. Biz senga jo‘r bo‘lardik. Ammo o‘xshatolmasdik… keyin ham o‘xshatolmadik», – deb yozadi. Esimga lop etib, 1991 yilning kuzida yozib qo‘yib, X. Do‘stmuhammaddan boshqa hech kimga ko‘rsatmagan va og‘amizning holatidan kelib chiqib, «Yolg‘izlik» deb nomlagan qaydlarim tushdi. Ehtimol, Nizom akaning maqolasida Shukur aka «tobiga kelgan»da to‘xtovsiz aytadigan o‘sha so‘zi ham, so‘nggi ham yo‘q dahshatli kuy ko‘zda tutilgandir. Menimcha, o‘sha kuy ko‘zda tutilgan. Shukur akaning kuyini Siz ham bir tinglab ko‘ring:

YOLG‘IZLIK

Alohida talant egalari alohida ruhiyat va alohida taqdir egalari hamdir. Ularning boshqa alohidaliklari tabiatlaridagi alohidalikdan kelib chiqadi. Aksariyat katta iste’dod egalari tabiatan yolg‘iz, atrofidagi eng yaqin kishilarga ham begona bo‘lishadi. Ularni yuzlab odamlar o‘rab turishi, tinimsiz olqishlashi, qarsaklar chalishi, qoyil qolganliklarini bildirishi mumkin, lekin bu narsalarning birortasi ham talant egasini yolg‘izlikdan qutqara olmaydi. Chunki ular hamma qatori odamlar emas!

Hamma qatori o‘ylay olmaydi. Hamma qatori bo‘lmaydi uning tuyg‘ulari ham. Dunyoni boshqacha ko‘radigan, atrofni odamlardan boshqacharoq sezadigan qilib yaratgan uni qodir Egam. Ko‘proq bila boshlaganim sari menga Shukur aka butunlay yolg‘iz odam bo‘lib tuyulaverdi. Bunday qaraganda, uning o‘tboshisi butun, shogirdlari ko‘p. Qo‘li ochiqligi, ichishni qotirgani, suhbati yoqimli bo‘lgani uchun ulfatlardan ham xudo qismagan. Lekin u, baribir, yolg‘iz. Dahshatlisi shundaki, bu yolg‘izlikdan odamlar orasiga kirib qutulib bo‘lmaydi. El qatori odamga odamlarning orasi kifoya qiladi. Talantli odam odamlar orasiga emas, odamning ichiga kirmoqchi bo‘ladi. Ko‘pchilik odamning ichi esa bo‘m—bo‘sh! Har holda mehr yo‘q! Shu bois ba’zan Shukur akani o‘rab turgan odamlar uning yolg‘izligini toqat qilib bo‘lmaydigan jismoniy og‘riq darajasiga chiqarib yuborishadi. Va bu og‘riqni bosish uchun unga bang – aroq kerak bo‘ladi.

Aslida u kishi tabiatan yolg‘izlikni sevadigan, shunga intiladigan, odamlardan ko‘ra o‘t—o‘lanu parranda—darrandalar bilan tuzukroq tillasha oladigan odam. Chunki odamdan boshqa narsalarda g‘irromlik yo‘q. Shukur aka uzoq vaqt yolg‘iz ishlaydi. Ishlayotganda to‘y—tomosha, maishat, uchrashuv u yoqda tursin, odam bilan ko‘rishmasam deydi. Ko‘rishmaydi ham. Mabodo, ko‘rishib qolganda ham tanimaydi yoki o‘zini tanimaganga oladi. Chunki shu paytda u o‘zi yaratgan olamda, o‘zi yaratib tasvirlayotgan odamlar davrasida bo‘ladi. Adibning xayoloti yaratgan olam to‘kis, undagi odamlar pokiza. Chinniday nafis, gulday nozik bu olamni yer bandasining bir og‘iz nojoiz gapi chilparchin qilishi mumkin. Evohki, Alloh yaratgan bandalar adib yaratgan bandalarga qaraganda ne qadar g‘arib, ne qadar mayda! Shukur akaning qahramonlari qanchalar yuksak o‘ylaydilar, mardona so‘ylaydilar, ulkan ishlar qiladilar! Shunday olamu odamni atrofidagi mayda kimsalarga qarab yaratib bo‘ladimi?

Yolg‘iz o‘zi uzoq vaqt mobaynida mo‘ljaldagi biror ishni bitirgach, Shukur aka dam oladi. U odamlar orasiga kirmoqchi, ular qatori bo‘lmoqchi bo‘lardi. Odamlar orasiga kirib, odamlar qatori bo‘lib dam olish yozuvchiga ham, unga ro‘para kelganlarga ham qimmatga tushadi. U bir necha kun mobaynida tinimsiz ichadi. Ichganda ham uyqudan, ovqatdan kechib astoydil ichadi. O‘shandan keyin u «odamlar qatori« bo‘la boshlaydi: to‘xtovsiz so‘kinadi, hammaga dag‘al va keskin baho bera boshlaydi. Kishining ko‘nglini og‘ritgisi keladi. Shu tariqa xayolotning beg‘ubor osmonidan reallikning chirk bosgan zaminiga tusha boshlaydi va unga o‘zicha «moslashadi«.

Shukur aka icha boshlagan vaqtda yonida hamisha kimdir bo‘lishini istaydi. Deyarli hamisha yonida birov bo‘ladi. Va achinarlisi shundaki, adib baribir yolg‘izligicha qolaveradi. Chunki yer yuzidagi barcha mastlar singari u ham kim bilandir dardlashmoqchi bo‘ladiyu, lekin uning dardini tushunishmaydi. Chunki u qalbining qat-qatida qatlanib, yetmish ikki tomirida gupirib yotgan dardlarini aytib berolmaydi. Uning dardlari birovga aytib bo‘ladigan anov-manov dardlar emas! Buning ustiga u o‘z dardini aytib o‘rganmagan. Ifodalash boshqa masala! Xayolidagi odamlar bilan dardlashaverib yerdagi odamlar bilan gaplashishnida unutayozgan adibni sog‘ligida tushunmagan odamlar mastligida ham tushunishmaydi, albatta. Yozuvchi mastligida ham jo‘n odamlardan uzoqni ko‘radi, uning xayoli shu holda ham yuksaklarga parvoz qila oladi.

Mo‘ljallangan ish bitgan, ya’ni xayolot olami tugagan. Bu olam o‘zining butun nafosatiyu go‘zalligi, nozikligiyu musiqasi bilan chil—chil singan, vayron etilgan. Shu bois mastlik og‘ir kechadi juda. Rostlik—ku hamisha ham og‘ir.

Shukur aka dardlashmoqchi bo‘ladi. Kim bilan bo‘lsa—da, gaplashish, yuragidagi tuyg‘ular bilan o‘rtoqlashish yengib bo‘lmas istakka aylanadi.Qaynab yotgan tuyg‘ularni ichkilikdan karaxt bo‘lgan til ifodalay olarmidi-yu, tinimsiz so‘kishlaru adoqsiz chekishlar tufayli kallasi g‘ovlagan «suhbatdosh« tushunarmidi?! Suhbatdosh yerda yurgan hamma qatori hashaki bir odam. Yozuvchiga boshqacha odam kerak. Gapirmasa—yu, tushunaversa. Qarabgina qo‘yish kifoya bo‘lsa! Bunday odam yo‘q! Shundan bo‘lsa kerak, ma’lum bosqichga yetgach, Shukur aka so‘kinishga tushadi. Keyin to‘xtovsiz gapiraveradi. Ko‘zlar g‘azabli chaqchayadi, qoshlar miltiqdan nishonga olayotganiday chimiriladi, hatto qo‘li bilan kimlarnidir «otadi» ham. Gapining ko‘p qismi tog‘, miltiq, ov haqida, o‘zining zo‘r ovchiligi xususida bo‘ladi. Lekin zo‘r yozuvchi ekani bilan hatto mastligida ham maqtanmaydi. Ichkilik juda ham maromiga yetgach, quloqlargacha to‘zg‘ib yotgan uzun siyrak sochlari ustiga poxol shlyapasini bostirib olib ashulasini boshlaydi.

Shukur akaning ashulasi! U haqda gapirish befoyda. Faqat tinglagan tushunadi. Yo‘q! Tinglagan ham tushunmaydi. Chunki tushunadigan narsaning o‘zi yo‘q. Qandaydir tuyg‘u, ezgin, ammo bepoyon va mardonavor ruhgina bor. Uni his etish mumkin, xolos!

Uning bir boshlangandan keyin sira tugamaydigan qo‘shig‘ida bir nechtagina so‘z bo‘ladi, xolos. Undagi asosiy unsur tomoqdan xirqirab chiqadigan, shirali, dardli un. Shukur aka kuylay boshlaydi: ―Ne eeyy, ne eeyyy, ne eeyyyy. Zarur ohang tezgina topila qolmaydi. Har qanday ovoz ham ijrochining tuyg‘ularini ifodalay olmaydi shekilli, Shukur aka tinimsiz takrorlayveradi. Zo‘riqqanidan yuzlari bo‘g‘riqib ketadi, qo‘llar g‘alati tarzda oldinga cho‘zilib, qandaydir muloyim—keskin harakatlar qila boshlaydi, ko‘zlar g‘alati yumiladi. To‘xtovsiz tutatilayotgan sigaretdan xona tutunga, atrofdagi barcha narsa kulu qoldiqlarga to‘lib ketadi. Xonadagi hamma narsa ayqash—uyqash, ovqat va sigaret qoldiqlari, yuvilmagan idishlar, qaymoq bog‘lagan sovuq choy. Hamma joyda shisha: yotgan, singan, tik turgan, to‘la, bo‘sh. Stol usti to‘la qog‘oz, qog‘oz, qog‘oz.

Shukur aka hamon kuylaydi. Nihoyat, zarur ohang topiladi! Shunda uning uyqusizlikdan qizargan ko‘zlari bir zum jonlanib, yuzlari yorishib ketadi. Zo‘riqib, og‘zining bir cheti bilan salgina jilmayganday bo‘ladi.

Bechora suhbatdoshiga xursand bo‘lib qarab qo‘yadi. So‘ng birdan: ―Eh, baribir, hyech narsani tushunmaysan. Chunki savodsizsan,— deya iddao qiladida, kuylashda davom etaveradi. O‘z ovoziga mahliyo bo‘layotgani shundoqqina sezilib turadi. Sel bo‘lib kuylaydi. Sel bo‘lib tinglaydi. Kuylab tinglaydi, tinglab kuylaydi. Shu holatga kelganda qo‘shiqqa bir— ikkita so‘z ham kirib kela boshlaydi: «Kelibb holimni ko‘rgineeyyy«, «Keliiibb ahvolimmni ko‘rgiineeyyyy…«

Uning qo‘shig‘i Surxon baxshilarining ataylab bo‘g‘izdan ohang berishiga o‘xshamaydi. Shukur akaning qo‘shig‘i ohanglari baxshilar tovushidan ham qadimiyroq va salobatliroqday tuyuladi. Uning xirgoyisi ko‘z o‘ngimda, hyech qachon ko‘rmaganim Oltoy tog‘larini, Subyer kengliklarini, poyonsiz Dashti Qipchoqni gavdalantiradi. Yaxshi ko‘rib qolaman qo‘shiqchini. Mehr bilan yuziga qarayman. Ko‘zlar yumuq, yoqavayron, sochlar parishon, yuziga kullar surkalgan, oyoq beo‘xshov chalishtirilgan, o‘zi bu dunyoni unutgan. Go‘yo u bu dunyoda ming yillar oldin ham yashagan. Abut—turk bo‘lib! Oltoydan Hindikushgacha bo‘lgan bepoyon hududda yovlarga dahshat solib javlon urgan, sara farzandlar o‘stirgan, qudratli xalqni bunyod etgan. Qutlug‘ umrini shonu shavkatla yashab o‘tgach, ming yillardan so‘ng dunyoga qayta kelgan. Keyingi kelishida yurtni xarob, odamlarni pachaq va mayda ko‘rib o‘tmishini, avvalgi umrida qilgan ishlarini eslamoqchiyu xotira pand berayotir. Shundan u ozurdajon.

Uning ko‘shig‘i ulug‘ yoshli buyuk mo‘ysafidning silqib oqayotgan qudratli armonlari! Bugungi kun omonat, yasama. Haqiqiy hayot boshqacha! Haqiqiy odamlar — boshqalar! Lekin qani ular? Qayerdaligini bilardi, lekin ming yillab yashash osonmi, qarilikda unutib qo‘ygan! Eslash og‘ir! Shu sabab qo‘shiq ham og‘ir. Chunki u to‘xtovsiz oqib, uzoqlashib borayotgan xotira…

1991 yil 25 noyabr.

* * *

Shukur aka o‘ziga, shaxsiyatiga, iste’dodiga xiyonat qilmay, hech kimdan marhamat kutmay, o‘zi bilganicha va o‘zi istaganicha yashadi. Yozuvchining o‘zi erkin bo‘lgani uchun uning so‘zi ham erkin edi. Erkin so‘zning umri uzoq, parvozi baland bo‘ladi. Negaki, erkin so‘zning nazari olislarga qaratilgan, manfaat otliq chirkin yuk pastga tortmaydi. O‘ylaymanki, ulug‘ yozuvchining ulug‘ va uzun hayot yo‘li endi boshlanadi.

2009 yil 3 yanvar-27 oktyabr

1 So‘z qudrati. «Mohiyat‖ gazetasi. 2002 yil 15 noyabr.

09

(Tashriflar: umumiy 424, bugungi 1)

Izoh qoldiring