Rajab Turdi. She’rlar & O’rolboy Qobil. Shoirlikni da’vo qilmagan shoir

Ashampoo_Snap_2017.10.07_18h34m45s_001_a.png    Ражаб Турди ҳеч қачон шон-шуҳратни, шоирликни даъво қилмайди. Аммо, юрак амрига, кўнгилга буйсунмасликнинг иложини тополмади. Шу боисдан бўлса керак ёши олтмишни қоралаганда қўлига қалам олди.

Ўролбой ҚОБИЛ
ШОИРЛИКНИ ДАЪВО ҚИЛМАГАН ШОИР
01

769627.jpgШоир Ражаб Турди билан танишганимга анча йил бўлган бўлса-да, унинг ижоди билан таниш эмасдим. Кунларнинг бирида ҳажвчи адиб Турсунбой Боймиров дабдурустдан деди:

— Анови Ражаб Турди борку, ўша зўр шеърлар ёзаркан, мен ҳам яқинда пайқаб қолдим.

Асли касби қурувчи мухандис бўлган одамнинг бир юмалаб шоирга айланиши мени ажаблантирди.

— Қани бир бошидан айтинг-чи, — дедим Турсунбой акага.

-Кунларнинг бирида Ражаб ака бошқараётган идорага бир иш билан бориб, хонасига кирдим. Биласизми, бошлиқ дегани ҳаёлга чўмганча Абдулла Ориповнинг шеърий китобини ўқиб ўтирган экан, менинг кирганимни пайқамади ҳам. Секингина йўталиб қўйдим. Ражаб ака менга қараб аввалига ажабланди, сўнгра ўрнидан туриб кучоқлашиб кўришди. Ҳол-ахвол сурашдик. Кейин эса у менга Абдулла аканинг янги китобини узатди. Китобни очиб, “Дилкаш ва меҳрибон жияним Ражаббойга!” деган дастхатни ўқиб , тўлқинланиб кетдим ва Абдулла ака билан танишмисиз, -дея сўрадим.

— Ҳа, бунга анча йил бўлди. Яқинда Тошкентга борувдим, Абдулла аканикига кириб чиқдим, анчагина суҳбатлашдик, — дея менга бир нечта қоғозни ўзатиб, деди:
— Сиз эса дўстим мана бу машқларни бир ўқиб кўринг.

— Абдулла аканинг янги шеърларими?- сўрадим ундан.
— Йўқ, бир ҳаваскорнинг машқи.

Ражаб ака узатган қоғоздаги мисраларни ўқий бошладим.

Яхшилик бор жойда ёмонлик бир ён,
Эзгулик ёнида турар қабоҳат.
Қадрини излагай меҳрли ҳар он,
Чунки эгизакдир жоҳил-жаҳолат.

Адолат бир ёндир, ғирромлик бир ён.
Бир йўлбарс ҳуркитар оҳу подасин.
Зулматда сайрамас булбул ҳеч бир он,
Доимо ҳамроҳдир нурлар шодаси.

— Қойил!-булар ҳаваскорнинг ёзганига негадир ўхшамаяпти, ёки ўзингиз ёздингизми? – дея Ражаб Турдининг қўйнига қўл солдим.

У бирор айб иш қилиб қўйган одамдек қизариб бош қимирлатди.
– Анчадан буён ёзаман, лекин ҳеч кимга кўрсатган эмасдим, бугун сизга юрак ютиб…

Шу тариқа Ражаб Турдининг “сир”и ошкор бўлди. Кейин эса ёзганлари ҳайрихоҳ дўстларнинг қистови билан газета-журналларда эълон этилиб, бир нечта китоблари ҳам чоп қилинди.
***

Ражаб Турди ҳеч қачон шон-шуҳратни, шоирликни даъво қилмайди. Аммо, юрак амрига, кўнгилга буйсунмасликнинг иложини тополмади. Шу боисдан бўлса керак ёши олтмишни қоралаганда қўлига қалам олди. Бу ҳақда таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Поён Равшанов шоирнинг “Куй” деб номланган шеърий тўпламига ёзган сўзбошида шундай ёзади: “Мана, чорак асрдан ошдики, Ражаббой Турдиевни жуда яқиндан биламан, унинг қатъиятига, кўтаринки кайфиятига ҳавас қилса арзийди, деган фикрда муқим қоламан. У етук муҳандис сифатида Қашқа воҳасининг саноати, ишлаб чиқариши, қурилишининг қайноқ нуқталарида меҳнат қилди. Муваффақиятлар бўлгани сингари, омадсизликлар ҳам ортидан қолмади. Нима бўлганда ҳам, у ўзига, эътиқодига, билимига ишониб яшади, лоқайдликдан, юзакиликдан узоқда бўлди. Унинг ютуғи ҳам, ўзига хослиги ҳам шу фазилатларида бир қадар намоён эди, десам ўринли чиқар. Қурувчилик унинг касби бўлган бўлса, адабиётга ошуфталик, ижод қилиш, шеърлар битиш қалб амри, хоҳиши ўлароқ, иккинчи машғулотга айланган эди”.

Шоир “Қаламим” шеърида шундай ёзади:

Илдам, дадил қимирлагил, қаламим,
Оқ қоғозни тўлдиришга бўл дастёр.
Даф эт менинг аччиқ дарду аламим,
Битганларинг айлар қўшиқ ул-дутор.

Ҳадик олма, ўктам бўлгил, қаламим,
Сафо боғин этгил обод, сен хушёр
Қувиб ҳар дам дилдан дарду аламим,
Қувонч, шодлик улашиб юр, бўлма хор!

***

Шоир ҳақида кекса ижодкор Бердиқобил Худойқулов “Қалб жавоҳирлари” китобида шундай ёзади: «Тўғрисини айтсам, укам шоир Ражаб Турдини бир кун кўрмасам, соғиниб қоламан. “Нима, меҳригиёси борми, унинг”-дерсиз. Билмадим, аммо ҳаёлимга унинг сурати келаверади. Гўё менга: “Ҳа, раис бова, оқибат шу экан-да, ош менсиз қандай томоғингиздан ўтаяти”,- деяётгандек. Дарров телефон тугмасини тераман. Ражаб билан ёшимизда анчагина фарқ бўлса-да, дунёқарашларимиз, феъл-атворимиз ўхшаш. Бир-биримизни сўзсиз тушунамиз. Қолаверса, икковмиз ҳам собиқ қурувчи, раҳбар ҳам бўлганмиз.

Ражаб Турди билимнинг, китобнинг шайдоси. Уйида каттагина кутубхонаси бор. Аммо, бирорта китоб сўрасангиз бермайди. Бирозгина қизғанчиғлиги бор. “Пулингизга чипқон чиққанми, ана китоб дўкони, сотиб олинг”!- дейди.

У -ўзининг билими, эътиқодига ишониб яшайди. Ноҳақликни, лоқайдликни кўрса, жим туролмайди. Аламини ўзидан, қаламдан олади. Шу боисдан у ёзган мисраларда курашчанлик, муросасизлик мавжуд. Унинг шу кунгача тўрттата китоби нашрдан чиқди. “Умид боғи”, “Туғён”, “Журъат”, “Куй” .

Айниқса, “Куй”и зўр чиққан. Қаттиқ муқовада, бежирим, чўнтакка бемалол кетади, ўқиб юришга қўлай. Тўғриси, унинг шу китобига ишқим кетган. Қани эди, менинг ҳам шундай китобим бўлса, деб ҳавас қилиб юраман. Келинг, шоирнинг “Тириклик” шеъридан бир парча ўқиймиз”:

Узоқ-узоқларга учгим келади,
Олис юлдузларни қучгим келади.
Мусаффо осмону, салқин ҳавода,
Тириклик сувини ичгим келади.

Бу муҳаббат дегани кимларни куйдирмаган дейсиз. Ражаб Турди ҳам муҳаббат куйчиси.

Ихтиёрим қўлингда,
Сарсонман ишқ чўлида.
Пайдо бўлсам йўлингда,
Бўлма ҳайрон, нигорим.

Ражаб Турдининг қуйидаги сатрларини эса, ёлғиз қолганимда пичирлаб айтиб юраман:

Мангудирсан, ҳаёт дарахти,
Бир анвойи гулларга тўлгин.
Эзгуликдир одамзод бахти,
Яхшиларга ҳамқадам бўлгин.

***

Ражаб Турдининг шеърияти ҳақида шоир Сайфулла Ал-мурод “Қамаши” газетасида босилган “Дил сўзи” мақоласида шундай ёзади: Шоирнинг шеърларини ўқир эканман, ундаги ҳаётий муқоясалар, чиройли, ўринли ташбеҳлар ўз ўрнида ишлатилганининг гувоҳи бўлдим. Ҳаёт тўғрисида, унинг паст-баланд томонлари, тўғри-эгри йўллари, кундалик турмушимизда учрайдиган риёкорлик, манманлик, хушомадгўйлик, мансабпарастлик каби салбий иллатларнинг оз бўлса-да учраб туриши, уларга қарши аёвсиз ўт очиш ҳақидаги танқидий сатрлар кишини чуқурроқ ўйлашга мажбур этади. Унинг ҳар бир шеърини ўқиб ундан ўзингизга нимадир оласиз. Ўтаётган умримиз, дунё тўғрисидаги тасаввурингиз кенгаяди.

Ижодкорнинг тўртликларини ўқиб, яхшигина руҳий қониқиш ҳосил қилганимни айтмасам бўлмас. Чунки яхши тўртлик ёзишнинг ўзи қийин иш, айтмоқчи бўлган фикрингизни ўша тўрт мисра шеърда тўлиқ ифодалай олишингиз керак. Мана битта мисол.

Ҳеч кимга ҳеч қачон ялтоқланмадим,
Меҳр булоғидан кўпам қонмадим.
“Катта”лар ўтказса баъзан тазйиқлар,
Асл эътиқоддан асло тонмадим.

***

Яна бир гап: Шоир акамиз ортиқча мақтовни кўпам ёқтирмайди. Шу боисдан биз ҳам сўзимизни мухтасар қилиб, сизларни шоир шеърларини мутолаа қилишга таклиф этамиз.

Ражаб ТУРДИ
Ш Е Ъ Р Л А Р
01

Ражаб Турди 1946 йилда Қамаши тумани Кичик Куба қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент политехника олийгоҳи механика факультетида таҳсил олган. Воҳадаги турли ташкилот ва корхоналарда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритди. Шоирнинг илк шеърлари “Сўз ташрифи” ва “Қашқадарё баёзи” тўпламларида ва матбуот саҳифаларида эълон қилинган. Ражаб Турдининг “Умид боғи”,”Туғён”, “Журъат”, “Куй” каби шеърий китоблари чоп этилган.

01

ОНАМГА

Мунисгинам, азиз онажон,0-12.jpg
Сиз-ла ёруғ жумлаи жаҳон.
Дуогўйим – қиблагоҳим Сиз,
Энг мўътабар саждагоҳим Сиз.

Садоқатдан сўзлаб Сиз ҳар он,
Саодатдан терурсиз маржон.
Булбул сархуш, айтсангиз алла,
Тоғлар садо берар шу палла.

Кузатурсиз саҳарда ишга,
Қайноқ ёзда, қаҳратон қишда.
Баъзида мен парвойим палак,
Сиз-чи доим гирдикапалак.

Юришмаса гоҳо юмушим,
Ҳафа қилса энг яқин кишим.
Югураман дарҳол сиз томон,
Топган мисол хазина шу он.

Ўстирдингиз оқ ювиб-тараб,
Қобил фарзанд келтирур шараф.
Дуога қўл очган чоғингиз
Ечилади ҳар қандай жумбоқ.

Сиз эрурсиз ёлғиз жаннатим,
Қабул айланг арзимас байтим.
Меҳрингизга ҳамиша зорман,
Сиз борсизки, демак мен борман.

Мунисгинам, азиз онажон…

ҲАЁТ

Бешафқатсан баъзида, ҳаёт,
Гоҳо хушнуд, шодон қучасан.
Куйлагайлар шаънингга баёт,
Баъзан елдек мағрур учасан.

Гоҳо харир пахтадек момиқ,
Кўйинг узра силасам майин.
Сездирмасдан, эттирмасдан миқ,
Олиш кунинг этарсан тайин.

Тортиқ айлаб хуррам кунларни,
Тушурасан ўйинга мудом.
Пешкаш айлаб ғамгин тунларни,
Атамассан қасос – интиқом.

Гуллаб ётган бағрингда баҳор,
Очиладир турфа ранг чечак.
Хиёл ўтмай – сония беор,
Қора тунлар келадир, бешак.

Дема мени бунчалар маҳзун,
Олий зотлар сенгадир тобе.
Ўз-ўзича чиқармасдан ун,
Ҳижжаланар ҳаёт китоби.
Бешафқатсан баъзида, ҳаёт,
Боринг яхши, ўзинг-да яхши!

КИМГА

Мен ҳар дам билганман унинг кимлигин,
Мени ҳам биладир ҳар дам кимлигим.
Орада лек бордир олис масофа,
Сукунат – ҳукмрон. Ҳукмронлик жим.

Оҳ, унда мавжуддир юксак қутқулар,
Камина мосуво оддий илинждан.
Қутлайдир ҳар кимса – борлар, йўқсиллар,
Манзилим изларман самодан, пинждан.

Фикримда йўқ асло зарра ҳасад, кин,
Тиларман барчага мартаба, маслак.
Дарвешга лек, душман эрур ул худбин,
Мендан ўзгаларни этмасин халак!

***

Мен ўзлигим танисам, ўзга мени сизлагай,
Ўзгага кўрсат ҳурмат, ҳардам сени сийлагай.

Одам қадрин баланд тут, қадр афзал тиллодин,
Фарқламагин дебон хас, у ҳам бир кун ярагай.

Касб этмагил кибрлик, камтарин топмиш камол,
Ҳаракатинг ўзингга, ёрқин толе тарагай.

Ёмондин бўлгил йироқ, кам бўлмассан ҳеч бир вақт,
Бойлик, мансаб деб нокас, чирмовуқдек ўрагай.

Суғорсин илдизларинг илму урфон булоғи,
Йўқса, улус ҳолингга паст назар-ла қарагай.

Ўкинмагин, сен асло нодон, жоҳил бисёр деб,
Яшнаб турган боғ аро ўсар, ахир, қарағай.

Суйла, Ражаб, каломинг Ватанда топсин эъзоз,
Қўлласин пок руҳлари – бобонг амир Тарағай.

***

Мен қайдан келдим-у, қаён кетурман?
Неларга эришдим, нега толибман?
Кураш, фисқу фасод, ғовларни енгиб,
Умрим ўтганин-да билмай қолибман.

***

Тилагим, давлатинг бўлсин зиёда,
Дўстлар от бўлсин, ғаним – пиёда.
Кўрмагин мусибат, ризқ бўлсин форуғ,
Дўст-душман олдида юз бўлсин ёруғ.

***

Шеърим, о, сен маним қонимдадирсан,
Қон неки, бил, ҳатто жонимдадирсан.
Парвоз эт, юксалгил ҳамиша кўкка,
Ҳеч замон борингдан чиқмагил йўққа.

***

Йўлим бўлак менинг, йўриғим ўзга,
Сеники бошқадир – ишон бу сўзга.
Йўймагил чин сўзим аммо ҳазилга,
Йўллар элтажакдир битта манзилга..

***

Виждоннинг ҳеч маҳал сотмагил, дўстим,
Сўнгсиз гуноҳлага ботмагил, дўстим.
Ўткинчи дунёда мансаб, бойлик деб,
Ажал ботқоғида ётмагил, дўстим.

Манба: Ражаб Турдиев. “Куй”. Тошкент. “Тафаккур” нашриёти. 2012 йил.

02 Rajab Turdi hech qachon shon-shuhratni, shoirlikni da’vo qilmaydi. Ammo, yurak amriga, ko‘ngilga buysunmaslikning ilojini topolmadi. Shu boisdan bo‘lsa kerak yoshi oltmishni qoralaganda qo‘liga qalam oldi.

O‘rolboy QOBIL
SHOIRLIKNI DA’VO QILMAGAN SHOIR
01

769627.jpgShoir Rajab Turdi bilan tanishganimga ancha yil bo‘lgan bo‘lsa-da, uning ijodi bilan tanish emasdim. Kunlarning birida hajvchi adib Tursunboy Boymirov dabdurustdan dedi:

— Anovi Rajab Turdi borku, o‘sha zo‘r she’rlar yozarkan, men ham yaqinda payqab qoldim.

Asli kasbi quruvchi muxandis bo‘lgan odamning bir yumalab shoirga aylanishi meni ajablantirdi.

— Qani bir boshidan ayting-chi, — dedim Tursunboy akaga.

-Kunlarning birida Rajab aka boshqarayotgan idoraga bir ish bilan borib, xonasiga kirdim. Bilasizmi, boshliq degani hayolga cho‘mgancha Abdulla Oripovning she’riy kitobini o‘qib o‘tirgan ekan, mening kirganimni payqamadi ham. Sekingina yo‘talib qo‘ydim. Rajab aka menga qarab avvaliga ajablandi, so‘ngra o‘rnidan turib kuchoqlashib ko‘rishdi. Hol-axvol surashdik. Keyin esa u menga Abdulla akaning yangi kitobini uzatdi. Kitobni ochib, «Dilkash va mehribon jiyanim Rajabboyga!» degan dastxatni o‘qib , to‘lqinlanib ketdim va Abdulla aka bilan tanishmisiz, -deya so‘radim.

— Ha, bunga ancha yil bo‘ldi. Yaqinda Toshkentga boruvdim, Abdulla akanikiga kirib chiqdim, anchagina suhbatlashdik, — deya menga bir nechta qog‘ozni o‘zatib, dedi:
— Siz esa do‘stim mana bu mashqlarni bir o‘qib ko‘ring.

— Abdulla akaning yangi she’rlarimi?- so‘radim undan.
— Yo‘q, bir havaskorning mashqi.

Rajab aka uzatgan qog‘ozdagi misralarni o‘qiy boshladim.

Yaxshilik bor joyda yomonlik bir yon,
Ezgulik yonida turar qabohat.
Qadrini izlagay mehrli har on,
Chunki egizakdir johil-jaholat.

Adolat bir yondir, g‘irromlik bir yon.
Bir yo‘lbars hurkitar ohu podasin.
Zulmatda sayramas bulbul hech bir on,
Doimo hamrohdir nurlar shodasi.

— Qoyil!-bular havaskorning yozganiga negadir o‘xshamayapti, yoki o‘zingiz yozdingizmi? – deya Rajab Turdining qo‘yniga qo‘l soldim.

U biror ayb ish qilib qo‘ygan odamdek qizarib bosh qimirlatdi.
– Anchadan buyon yozaman, lekin hech kimga ko‘rsatgan emasdim, bugun sizga yurak yutib…

Shu tariqa Rajab Turdining «sir»i oshkor bo‘ldi. Keyin esa yozganlari hayrixoh do‘stlarning qistovi bilan gazeta-jurnallarda e’lon etilib, bir nechta kitoblari ham chop qilindi.
***

Rajab Turdi hech qachon shon-shuhratni, shoirlikni da’vo qilmaydi. Ammo, yurak amriga, ko‘ngilga buysunmaslikning ilojini topolmadi. Shu boisdan bo‘lsa kerak yoshi oltmishni qoralaganda qo‘liga qalam oldi. Bu haqda taniqli adabiyotshunos olim, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi Poyon Ravshanov shoirning «Kuy» deb nomlangan she’riy to‘plamiga yozgan so‘zboshida shunday yozadi: «Mana, chorak asrdan oshdiki, Rajabboy Turdiyevni juda yaqindan bilaman, uning qat’iyatiga, ko‘tarinki kayfiyatiga havas qilsa arziydi, degan fikrda muqim qolaman. U yetuk muhandis sifatida Qashqa vohasining sanoati, ishlab chiqarishi, qurilishining qaynoq nuqtalarida mehnat qildi. Muvaffaqiyatlar bo‘lgani singari, omadsizliklar ham ortidan qolmadi. Nima bo‘lganda ham, u o‘ziga, e’tiqodiga, bilimiga ishonib yashadi, loqaydlikdan, yuzakilikdan uzoqda bo‘ldi. Uning yutug‘i ham, o‘ziga xosligi ham shu fazilatlarida bir qadar namoyon edi, desam o‘rinli chiqar. Quruvchilik uning kasbi bo‘lgan bo‘lsa, adabiyotga oshuftalik, ijod qilish, she’rlar bitish qalb amri, xohishi o‘laroq, ikkinchi mashg‘ulotga aylangan edi».

Shoir «Qalamim» she’rida shunday yozadi:

Ildam, dadil qimirlagil, qalamim,
Oq qog‘ozni to‘ldirishga bo‘l dastyor.
Daf et mening achchiq dardu alamim,
Bitganlaring aylar qo‘shiq ul-dutor.

Hadik olma, o‘ktam bo‘lgil, qalamim,
Safo bog‘in etgil obod, sen xushyor
Quvib har dam dildan dardu alamim,
Quvonch, shodlik ulashib yur, bo‘lma xor!

***

Shoir haqida keksa ijodkor Berdiqobil Xudoyqulov «Qalb javohirlari» kitobida shunday yozadi: «To‘g‘risini aytsam, ukam shoir Rajab Turdini bir kun ko‘rmasam, sog‘inib qolaman. «Nima, mehrigiyosi bormi, uning»-dersiz. Bilmadim, ammo hayolimga uning surati kelaveradi. Go‘yo menga: «Ha, rais bova, oqibat shu ekan-da, osh mensiz qanday tomog‘ingizdan o‘tayati»,- deyayotgandek. Darrov telefon tugmasini teraman. Rajab bilan yoshimizda anchagina farq bo‘lsa-da, dunyoqarashlarimiz, fe’l-atvorimiz o‘xshash. Bir-birimizni so‘zsiz tushunamiz. Qolaversa, ikkovmiz ham sobiq quruvchi, rahbar ham bo‘lganmiz.

Rajab Turdi bilimning, kitobning shaydosi. Uyida kattagina kutubxonasi bor. Ammo, birorta kitob so‘rasangiz bermaydi. Birozgina qizg‘anchig‘ligi bor. «Pulingizga chipqon chiqqanmi, ana kitob do‘koni, sotib oling»!- deydi.

U -o‘zining bilimi, e’tiqodiga ishonib yashaydi. Nohaqlikni, loqaydlikni ko‘rsa, jim turolmaydi. Alamini o‘zidan, qalamdan oladi. Shu boisdan u yozgan misralarda kurashchanlik, murosasizlik mavjud. Uning shu kungacha to‘rttata kitobi nashrdan chiqdi. «Umid bog‘i», «Tug‘yon», «Jur’at», «Kuy» .

Ayniqsa, «Kuy»i zo‘r chiqqan. Qattiq muqovada, bejirim, cho‘ntakka bemalol ketadi, o‘qib yurishga qo‘lay. To‘g‘risi, uning shu kitobiga ishqim ketgan. Qani edi, mening ham shunday kitobim bo‘lsa, deb havas qilib yuraman. Keling, shoirning «Tiriklik» she’ridan bir parcha o‘qiymiz”:

Uzoq-uzoqlarga uchgim keladi,
Olis yulduzlarni quchgim keladi.
Musaffo osmonu, salqin havoda,
Tiriklik suvini ichgim keladi.

Bu muhabbat degani kimlarni kuydirmagan deysiz. Rajab Turdi ham muhabbat kuychisi.

Ixtiyorim qo‘lingda,
Sarsonman ishq cho‘lida.
Paydo bo‘lsam yo‘lingda,
Bo‘lma hayron, nigorim.

Rajab Turdining quyidagi satrlarini esa, yolg‘iz qolganimda pichirlab aytib yuraman:

Mangudirsan, hayot daraxti,
Bir anvoyi gullarga to‘lgin.
Ezgulikdir odamzod baxti,
Yaxshilarga hamqadam bo‘lgin.

***

Rajab Turdining she’riyati haqida shoir Sayfulla Al-murod «Qamashi» gazetasida bosilgan «Dil so‘zi» maqolasida shunday yozadi: Shoirning she’rlarini o‘qir ekanman, undagi hayotiy muqoyasalar, chiroyli, o‘rinli tashbehlar o‘z o‘rnida ishlatilganining guvohi bo‘ldim. Hayot to‘g‘risida, uning past-baland tomonlari, to‘g‘ri-egri yo‘llari, kundalik turmushimizda uchraydigan riyokorlik, manmanlik, xushomadgo‘ylik, mansabparastlik kabi salbiy illatlarning oz bo‘lsa-da uchrab turishi, ularga qarshi ayovsiz o‘t ochish haqidagi tanqidiy satrlar kishini chuqurroq o‘ylashga majbur etadi. Uning har bir she’rini o‘qib undan o‘zingizga nimadir olasiz. O‘tayotgan umrimiz, dunyo to‘g‘risidagi tasavvuringiz kengayadi.

Ijodkorning to‘rtliklarini o‘qib, yaxshigina ruhiy qoniqish hosil qilganimni aytmasam bo‘lmas. Chunki yaxshi to‘rtlik yozishning o‘zi qiyin ish, aytmoqchi bo‘lgan fikringizni o‘sha to‘rt misra she’rda to‘liq ifodalay olishingiz kerak. Mana bitta misol.

Hech kimga hech qachon yaltoqlanmadim,
Mehr bulog‘idan ko‘pam qonmadim.
«Katta»lar o‘tkazsa ba’zan tazyiqlar,
Asl e’tiqoddan aslo tonmadim.

***

Yana bir gap: Shoir akamiz ortiqcha maqtovni ko‘pam yoqtirmaydi. Shu boisdan biz ham so‘zimizni muxtasar qilib, sizlarni shoir she’rlarini mutolaa qilishga taklif etamiz.

Rajab TURDI
SHE ’ R L A R
01

Rajab Turdi 1946 yilda Qamashi tumani Kichik Kuba qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘rta maktabni tamomlab, Toshkent politexnika oliygohi mexanika fakultetida tahsil olgan. Vohadagi turli tashkilot va korxonalarda rahbarlik lavozimlarida faoliyat yuritdi. Shoirning ilk she’rlari «So‘z tashrifi» va «Qashqadaryo bayozi» to‘plamlarida va matbuot sahifalarida e’lon qilingan. Rajab Turdining «Umid bog‘i»,”Tug‘yon”, «Jur’at», «Kuy» kabi she’riy kitoblari chop etilgan.

01

ONAMGA

Munisginam, aziz onajon,11 Строки любви_(1).JPG
Siz-la yorug‘ jumlai jahon.
Duogo‘yim – qiblagohim Siz,
Eng mo‘’tabar sajdagohim Siz.

Sadoqatdan so‘zlab Siz har on,
Saodatdan terursiz marjon.
Bulbul sarxush, aytsangiz alla,
Tog‘lar sado berar shu palla.

Kuzatursiz saharda ishga,
Qaynoq yozda, qahraton qishda.
Ba’zida men parvoyim palak,
Siz-chi doim girdikapalak.

Yurishmasa goho yumushim,
Hafa qilsa eng yaqin kishim.
Yuguraman darhol siz tomon,
Topgan misol xazina shu on.

O‘stirdingiz oq yuvib-tarab,
Qobil farzand keltirur sharaf.
Duoga qo‘l ochgan chog‘ingiz
Yechiladi har qanday jumboq.

Siz erursiz yolg‘iz jannatim,
Qabul aylang arzimas baytim.
Mehringizga hamisha zorman,
Siz borsizki, demak men borman.

Munisginam, aziz onajon…

HAYOT

Beshafqatsan ba’zida, hayot,
Goho xushnud, shodon quchasan.
Kuylagaylar sha’ningga bayot,
Ba’zan yeldek mag‘rur uchasan.

Goho xarir paxtadek momiq,
Ko‘ying uzra silasam mayin.
Sezdirmasdan, ettirmasdan miq,
Olish kuning etarsan tayin.

Tortiq aylab xurram kunlarni,
Tushurasan o‘yinga mudom.
Peshkash aylab g‘amgin tunlarni,
Atamassan qasos – intiqom.

Gullab yotgan bag‘ringda bahor,
Ochiladir turfa rang chechak.
Xiyol o‘tmay – soniya beor,
Qora tunlar keladir, beshak.

Dema meni bunchalar mahzun,
Oliy zotlar sengadir tobe.
O‘z-o‘zicha chiqarmasdan un,
Hijjalanar hayot kitobi.
Beshafqatsan ba’zida, hayot,
Boring yaxshi, o‘zing-da yaxshi!

KIMGA

Men har dam bilganman uning kimligin,
Meni ham biladir har dam kimligim.
Orada lek bordir olis masofa,
Sukunat – hukmron. Hukmronlik jim.

Oh, unda mavjuddir yuksak qutqular,
Kamina mosuvo oddiy ilinjdan.
Qutlaydir har kimsa – borlar, yo‘qsillar,
Manzilim izlarman samodan, pinjdan.

Fikrimda yo‘q aslo zarra hasad, kin,
Tilarman barchaga martaba, maslak.
Darveshga lek, dushman erur ul xudbin,
Mendan o‘zgalarni etmasin xalak!

***

Men o‘zligim tanisam, o‘zga meni sizlagay,
O‘zgaga ko‘rsat hurmat, hardam seni siylagay.

Odam qadrin baland tut, qadr afzal tillodin,
Farqlamagin debon xas, u ham bir kun yaragay.

Kasb etmagil kibrlik, kamtarin topmish kamol,
Harakating o‘zingga, yorqin tole taragay.

Yomondin bo‘lgil yiroq, kam bo‘lmassan hech bir vaqt,
Boylik, mansab deb nokas, chirmovuqdek o‘ragay.

Sug‘orsin ildizlaring ilmu urfon bulog‘i,
Yo‘qsa, ulus holingga past nazar-la qaragay.

O‘kinmagin, sen aslo nodon, johil bisyor deb,
Yashnab turgan bog‘ aro o‘sar, axir, qarag‘ay.

Suyla, Rajab, kaloming Vatanda topsin e’zoz,
Qo‘llasin pok ruhlari – bobong amir Tarag‘ay.

***

Men qaydan keldim-u, qayon keturman?
Nelarga erishdim, nega tolibman?
Kurash, fisqu fasod, g‘ovlarni yengib,
Umrim o‘tganin-da bilmay qolibman.

***

Tilagim, davlating bo‘lsin ziyoda,
Do‘stlar ot bo‘lsin, g‘anim – piyoda.
Ko‘rmagin musibat, rizq bo‘lsin forug‘,
Do‘st-dushman oldida yuz bo‘lsin yorug‘.

***

She’rim, o, sen manim qonimdadirsan,
Qon neki, bil, hatto jonimdadirsan.
Parvoz et, yuksalgil hamisha ko‘kka,
Hech zamon boringdan chiqmagil yo‘qqa.

***

Yo‘lim bo‘lak mening, yo‘rig‘im o‘zga,
Seniki boshqadir – ishon bu so‘zga.
Yo‘ymagil chin so‘zim ammo hazilga,
Yo‘llar eltajakdir bitta manzilga..

***

Vijdonning hech mahal sotmagil, do‘stim,
So‘ngsiz gunohlaga botmagil, do‘stim.
O‘tkinchi dunyoda mansab, boylik deb,
Ajal botqog‘ida yotmagil, do‘stim.

Manba: Rajab Turdiyev. «Kuy». Toshkent. «Tafakkur» nashriyoti. 2012 yil.

02

(Tashriflar: umumiy 332, bugungi 1)

Izoh qoldiring