Атоқли шоирнинг сизга тақдим этилаётган шеърларининг олдинги дафтарлардаги шеърларидан фарқи шундаки, улар она юртдан олисда, Атлантика уммони соҳилида ёзилган. Асл шоир қаерда яшамасин, қаерда ёзмасин, шеърлари Ватан билан боғланган бўлади. Абдулла аканинг август дафтаридаги шеърлари бунинг ёрқин исботидир.
Абдулла ОРИПОВ
АВГУСТ ШЕЪРЛАРИ
ҲАЁТ АЖОЙИБОТЛАРИ
Бир умр яшадинг кўзингни ёшлаб,
Ўзи йўқ омаддан нолидинг секин.
Атай келтирдилар дарёни бошлаб,
Сув сенинг ҳовлингга чиқмасди лекин.
Ахир пўлат эмас бу жону бу тан,
Аёз ва изғирин ялайверади.
Ҳимоя қилишар нуқул бомбадан,
Қумурсқалар эса талайверади.
АҚШ. Хьюстон. 2.08.2015
ЎЗБЕК БЎЛИБ КЎРИНАВЕРАР
Бу жойда ҳам турфа миллат бор,
Меҳнат қилар, уринаверар.
Қай бирига қилсам эътибор,
Ўзбек бўлиб кўринаверар.
Бировининг кулиши ўхшар,
Бировининг туриши ўхшар,
Бировининг юриши ўхшар,
Ўзбек бўлиб кўринаверар.
Йўл бўйида икки қизалоқ,
Бири қора, бирови-чи, оқ.
Ўйнашарди аҳил ва иноқ,
Ўзбек бўлиб кўринаверар.
Чол аланглар излаб салқин жой,
Исиб кетган шўрлик, ҳойнаҳой.
Кимдир унга тутди сувми, чой,
Ўзбек бўлиб кўринаверар.
Қарамасдан ирқи-қонига,
Миллатига ё унвонига,
Ким чорласа дастурхонига,
Ўзбек бўлиб кўринаверар.
Эргаштириб бола-бақрасин,
Сарф айласа сўнгги чақасин,
Сўнг “уф” дея очса ёқасин,
Ўзбек бўлиб кўринаверар.
Ҳануз феълинг билишмас балким,
Фазилатинг кўп эрур, халқим.
Меҳр билан қараса ҳар ким,
Ўзбек бўлиб кўринаверар.
АҚШ. Хьюстон. 3.08.2015
МУЛОҲАЗА
Китобхонлар ичра кўпдир билимдон,
Хат ёзар, ижодинг текшириб обдон.
Дейди: – Менга ёқди манов шеърингиз,
Бироқ маълум эмас нима дерингиз.
Кимга атагансиз анови шеърни,
Юртдош деганингиз хотинми, эрми?
Мана бу байтингиз кимга бахшида,
Бизлар тафсилотин билсак, яхши-да.
Эски ков-ковлардан қотгандир бошим,
Майли яна бир бор тингла, қондошим:
– Барча бағишловлар катта бобонгга,
Марсиялар эса ўлган момонгга.
Мақтовлар онангга туҳфа, албатта,
Чунки волиданинг хизмати катта.
Мисралар амма-ю холангга ҳам бор,
Шахсий тарихчингман, амрингга тайёр.
Қийиқ ахтарасан ҳар гапдан доим,
Гўёки бўлгандек қиёмат қойим.
Хоҳлайсан, ёзсаму бирор раҳбарни,
Ўқиб маза қилсанг тагдор гапларни.
Янгилик эмасдир бу ҳолат асло,
Қолган шўролардан энг мудҳиш бало.
Шеър айтдим мен одам болаларига,
Уларнинг қувонч-у нолаларига.
Фаҳминг етмаса гар, энди нетайин,
Ўпка-гина қилиб, қайга кетайин.
Агар тушунмасанг қалбни, юракни,
Уни ёриб кўриш шартми, керакми?
Оддий, тўғри сўзни англайсан қачон?
Сендан бошқа дардим йўқми, эй, нодон.
АҚШ. Хьюстон 6.08.15
ДАХЛСИЗЛИК
Термулиб қарасанг, Осмон дахлсиз,
Ерда унинг акси – Уммон дахлсиз.
Мурувват айламиш бандасига Рабб,
Яралмишлар ичра Инсон дахлсиз.
АҚШ. Хьюстон. 06.08.2015
НАСА
Мен ҳайрон қоламан,
Одамзод гоҳо
Кўрган мўъжизасин бирдан унутгай.
Искандар, Магеллан довруғи ҳатто,
НАСА игнасининг кўзидан ўтгай.
Қандоқ бунёд бўлган ҳазрати Одам,
Ҳеч кимса кўрмаган илоҳий дамни.
Лекин машқ қилганлар минг йил муқаддам,
Ойда Армстронг қўйган қадамни.
Конрад коржомаси осиғлик турар,
Марҳум фазогирлар кўргазмасида.
Шоҳларнинг либоси яхлит сийму зар,
Барибир, илингай унинг пастида.
Тоғнинг этагида ўтирган сайёҳ,
Унинг маҳобатин кўрмас ҳеч қачон.
Асрлар қаъридан ташласанг нигоҳ,
Инсон қyриб олмиш янги бир жаҳон.
Низолар йўқолур бир кун, албатта,
Одамзод ўзлигин топар қайтадан.
Шонли ўтмишини эслаб у пайтда,
Келгай маъракага ҳар битта Ватан.
Башар болалари фахрга тўлиб,
Тафаккур тўйида кўтаргайлар жом.
Ишонгум, ўша кун биринчи бўлиб,
Ёдга олинажак Улуғбек бобом.
АҚШ. НАСА. 07.08.2015
Изоҳ:
1. НАСА – Хьюстонда жойлашган АҚШ фазогирлар таёрлаш ва назорат қилиш маркази.
2. Конрад Армстронг – Ойга қадам қўйган дастлабки фазогирлар.
ПОЛИЗ ҚЎРИҚЧИСИ
Чайламиз бор эди,
Далада эдик,
Жайралар ўч бўлар қовун-тарвузга.
Ҳарҳолда, чўчитиб туради дедик,
Қўриқчи ўрнатдик бир кун полизга.
Ўриснинг хочидек бутани чопдик,
Ерга қадаб қўйдик оёқ-дастакни.
Қайдандир эски бир шляпа топдик,
Эгнига кийгиздик яғир пўстакни.
Ғаройиб қўриқчи бўлганди пайдо,
Довдирар, тушса гар шайтоннинг кўзи.
Узоқдан қорасин кўрганда гоҳо,
Жуфтакни ростларди болалар ўзи.
Энди у жойларда қовун полиз йўқ,
Жайра ҳам, тарвуз ҳам йўқдир, албатта.
Баланд иморатлар кўкка урар дўқ,
Фақат сақлангандир чинорлар, катта.
Биз ҳам улғайганмиз, улғайди дунё,
Қолди хотиралар мисоли етим.
Ўша гузарлардан ўтганда аммо,
Қўриқчини эслаб, жунжикар этим.
АҚШ. Хьюстон 7.08.2015
ТАРҚОҚ ҚАВМ
Бир қавм бор эди, ғоятда тарқоқ,
Ҳар қайси ўзича кўтарган байроқ.
Қўшни қўшни билан сирлашмасдилар,
Тўю азада ҳам бирлашмасдилар.
Бир куни ёғилди кўкдан фалокат,
Қилиб бўлмас эди офатга тоқат.
Қавм-чи, дод солди, тинчидан жудо,
Аллоҳ, Аллоҳ, дея қиларди нидо.
Бало тушмоқдайди ҳануз ҳаводан,
Шундоқ садо келди бирдан самодан:
– Тегманг, тўрт тарафга майли чопишсин,
Ҳар ким ўзи учун Аллоҳ топишсин.
АҚШ. Хьюстон 8.08.2015
ЭРКИН ВА ТЎЛҚИН
(Ҳазил)
Уммон осойишта, эркин ҳамда жим,
Сайёҳ манзарани алқарди фақат:
– Эркин қўйган бўлса ўғлин отин ким,
Ўшанга тасанно, унга минг раҳмат.
Бирдан тўфон турди, ёзиб қанотин,
Сайёҳ дер: – Бу ёвни чиқарган ўлсин.
Тўлқин қўйган бўлса ким ўғлин отин,
Унинг падарига минг лаънат бўлсин!
АҚШ. Атлантика уммони. 08.08.2015
TЕХАС ПАХТАЗОРИДА
Ўтган бобосини кўргандек ўзбек,
Югурди Техаснинг пахтазорига.
Аввал атрофига разм солди тек,
Хаёли кетганди бадбўй дорига.
Ҳорғин кипригига чарчоқ ҳам инмай,
Ҳатто мусофирнинг ўзгарди туси.
Чаноқни олиб у ҳидларди тинмай,
Ҳолбуки, пахтанинг йўқ эрур иси.
АҚШ. Техас. 09.08.2015
ТЕЛЕФОН СУҲБАТЛАРИ
Ҳар замоннинг ташвиқоти бор,
Ҳар давроннинг тарғиботи бор.
Ер юзида турли қитъалар,
Тўрт тарафга муштин ўқталар.
Кўришмасдан бир-бири билан,
Яшайдилар ўз сири билан.
Сиёсат ҳам телефон аммо,
Важоҳат ҳам телефон аммо.
Буни қаранг, ўтиб замонлар,
Ерга тушди кўкдан давронлар.
Қолишмасдан президентлардан,
Ошиб уммон, ошиб кентлардан.
Гаплашади оддий одамлар,
Отамлашар хоҳлаган дамлар.
Нью-Йоркка учганди куёв,
Келин пошшо сим қоқди дарров:
– Бордингизми? Нечук ҳолингиз?
Буюмларга қараб олингиз.
Нарсаларнинг бари етибди,
Кўк галстук қолиб кетибди.
Куёв дейди: – Келдим, жуда соз,
Уммон узра айладик парвоз.
Мени ўйлаб, бўлмангиз диққат,
Етишмайсиз ўзингиз фақат.
Давом этар суҳбатлар шундоқ,
Шамол тинар, у тинмас бироқ.
Дипломатлар, бир гапни туйинг,
Одамларни ҳолига қўйинг.
Бўлсин майли турфа фуқаро,
Тил топишар улар ўзаро.
АҚШ, Хьюстон. 10.08.15
ОРЗУ
Набираларимга
Илм олаётган қоракўз ўғлон,
Ҳали сен бўлгайсан минг қўшчига бош.
Эртанги кунингни ўйлаган замон,
Қувончдан келади кўзларимга ёш.
Ҳали сен элингнинг корига яраб,
Тарихда энг тоза сўзлар айтурсан.
Эҳтимол, замоннинг зайлига қараб,
Юртингга Беруний бўлиб қайтурсан.
Балки Сино каби ҳар қайда суюк,
Аллома бўлгайсан, ҳалол ҳамда пок.
Гарчи дунёмизда зотлар кўп буюк,
Лекин доим ноёб илоҳий идрок.
Мунис ота-онанг қилгудек фахр,
Кўзингда даҳолик уриб турсин барқ.
Боболар машъали ўчмаган ахир,
Сизга интизордир десам бўлгай Шарқ.
Мозий саҳросида кезди аждодлар,
Гоҳида ғолибу гоҳи саргардон.
Орзу қилар эдик, зора авлодлар,
Яна бизлар учун келтирсалар шон.
Мудом инсонийлик энг улуғ хислат,
Узукка қўйилган ёқут бир кўздек.
Десинлар, ўстирган халқингга раҳмат,
Десинлар, шу йигит ҳақиқий ўзбек.
АҚШ, Хьюстон. 10.08.2015.
ИНСОН ҲИМОЯСИ
Техасда бор экан ажиб бир орол,
Одамлар яшаркан бериб қўлга қўл.
Лекин ким камситса уларни, дарҳол
Жарима тўларкан, анчагина мўл.
Мен бундоқ қонунни эшитдим илк бор,
Унга бўйсунаркан шоҳ ҳам, гадо ҳам.
Айбдорнинг қутулиб кетмоғи душвор,
Нарёғи, жиноят томон бир қадам.
Гоҳ эллар кечмишин оламан ёдга,
Нақадар аянчли, машъум нақадар.
Қайдадир бандалар келиб ҳаётга,
Бир умр камситиш домида яшар.
Кўчанинг боласи, тирранча, саёқ,
Ўзини тутади киборларга хос.
Мўйсафид деҳқонни кўрган ондаёқ,
Қишлоқи чол, дея таҳқирлаши рост.
Бу иллат ер юзин қопламиш ёмон,
Ҳеч ким парво қилмас бундайин ҳолга.
Улар йўли тушиб Техасга томон,
Келиб кетсайдилар ўша оролга.
АҚШ. Техас штати. 11.08.2015
Изоҳ: Техас штатининг бир оролида, маҳаллий аҳолини ҳақорат қилган кимса қонун бўйича жуда катта жарима тўлар экан.
БЕГОНА ОДАМ
(Эсдаликлардан)
Саҳро қўйнидаги тап-тақир қирлар,
Сокин, осойишта, мўъжаз бир қишлоқ.
Тарқалиб қоларди шивир-шивирлар,
Мусофир йўловчи келганда бироқ.
Дерди, бир-бирига одамлар мубҳам:
– Қишлоқда юрибди бегона одам.
У қайдан келмишдир? Балки, эҳтимол
Уйидан бош олиб кетган қаландар.
Ўғридир, каззобдир, молингга завол,
Ё жонни олгувчи ажалдан баттар.
Ишқилиб, бўлмасин ёвуз, шум қадам:
– Қишлоқда юрибди бегона одам.
Бир вақтлар келарди айғоқчи меҳмон,
Ҳамманинг бисотин рўйхат қиларди.
Қанчалаб шўрликни айлаб қатағон,
Қайга жўнатишни ўзи биларди.
Ёш-қари боқарди атрофга пурғам:
– Қишлокда юрибди бегона одам.
Элу юрт қолганди қўрқиб, безиллаб,
Йўлда кўтарилган чангдан ҳадик бор.
Яшарди юраги мудом сизиллаб,
Ўлиб ўлмаганди, тириклайин хор.
Очма эшигингни, Хизр келса ҳам:
– Қишлоқда юрибди бегона одам.
Сен мендан хавотир олма, қишлоғим,
Мен ҳам ўзинг каби озурда жонман.
Тикандан тилиниб кетган ҳар ёғим,
Туғилган гўшамсан, сенга меҳмонман.
Демагин шу лаҳза, демагин шу дам:
– Қишлоқда юрибди бегона одам.
АҚШ. Техас. 12.08.2015
ҲАЁТ КЕЧИНМАЛАРИ
Умрим қиёмига етган чоғида,
Қўғирчоқ ўйинин кўрсатма менга.
Шуҳратинг балқса ҳам Олимп тоғида,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
Турфа вазиятда яшайди инсон,
Кимдир ватанда ҳам юргайдир сарсон.
Ниятинг соф бўлса, пок бўлса виждон,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
Неча савдоларни кўрди бу бошим,
Гоҳо заҳарларга қотилди ошим.
Оқди халқим десам кўзимдан ёшим,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
Замин бир ва лекин одамлар ҳар хил,
Мен озор беришни истамайман, бил.
Шундоқ шиква билан яралмиш кўнгил,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
Бир сабаб бўлдию дилимни очдим,
Дунёга ўзимча меҳрлар сочдим.
Талотўп жойлардан минг фарсаҳ қочдим,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
Қалбимни юпатар азиз бир туйғу,
Шошилма, олдинда уйқу бор мангу.
Ҳаётнинг мардона кечинмаси бу,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
Юзларга киргайман мен ҳали, валлоҳ,
Ундан нарёғин ҳам билгайдир Аллоҳ.
Эсласа эслайди халқим, иншоллоҳ,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
АҚШ, Техас. 12.08.2015
ОШ
Каттакон қозонда пиширдик палов,
Тун бўйи тинмади ўчоқда олов.
Тонг отай деганда дамланди-ку ош,
Қозонни қуршаб биз бўлдик кўзу қош.
Ва лекин бир кимса, дилимиз ғашлаб,
Қочди қурбақани қозонга ташлаб.
Нима бўлса бўлди кўрдик биз баҳам,
Кетмасди хаёлдан лекин бақа ҳам.
АҚШ. Хьюстон. 12.08.2015
МУЛК
Олинг, ҳамма нарса Cизники бўлсин,
Суви қочиб кетган қудуқ ҳам ҳатто.
Сизнинг мулкингиз бу, кўнглингиз тўлсин,
Қишлоқнинг қирчанғи отигача то.
Ҳаддимиз сиғарми сиздаги зарга,
Жарангги олдида ўчгай унимиз.
Лекин парво қилманг, набираларга
Қоровуллик қилиб ўтгай кунимиз.
АҚШ, Техас. 13.08.2015
РУҲЛАР
(Ҳазил)
Руҳлар ҳамма жойда ҳозир бўлганлар,
Бу ҳолни тириклар яхши билганлар.
Муттасил тушимга киришар, ажаб,
Улар қайси рейсда учиб келганлар.
АҚШ, Техас. 14.08. 2015
СЕҲРЛИ ДИЁР
Осмондан қарама,
Ердан қарама,
Одамдек назар сол сен бу диёрга.
Унинг корларига майли ярама,
Тош ҳам отиб юрма лекин бекорга.
Уни ким кашф этган? Тортишмасдан тур,
Ҳарҳолда, падари Ҳазрати Одам.
Арши аълодаги ялт этган бир нур
Етиб ортмасмикан барчамизга ҳам.
Одамзод шундоқдир: шовқиндан қўрқса,
Илондан сўраркан: – Нега сен жимсан?
Нега филсан, деркан гар филни кўрса,
Чумолига қараб айтаркан: – Кимсан?
Бир-бирин етаклаб келгай карвонлар,
Сафари тинч ўтса, шунинг ўзи бас.
Комил бўла олса агар инсонлар,
Низолар бартараф, иғволар абас.
Асло ўргатмасман бировга ақл,
Мутлоқ меникидир қўлдаги созим.
Ҳозир Сизга атаб айтилган нақл,
Менинг залдан туриб берган овозим.
АҚШ. Хьюстон. 14.08.2015
ЯНГИ АСР МЎЖИЗАЛАРИ
Қизим Мавлудага
Фалак гардишдирми, гардиш эмасми,
Мени бу савдолар қизиқтирмас кўп.
Инсоний саодат етарми, басми,
Демакким, толенинг этагидан ўп.
Бу шундоқ асрдир, қоққунча киприк
Овозинг янграгай сайёраларда.
Юз йил режа тузиб, солгунча кўприк,
Юлдузга етгайсан тайёраларда.
Бир қултум сувингни ютиб, ютмасдан,
Нафасинг боргайдир Тошкентга қадар.
Самолёт қўнишин кутиб, кутмасдан,
Ошни сузгаймиз, деб бергайлар хабар.
Хотиринг жам бўлсин, энди одамзод
Қайта кириб олмас эски ғорига.
Агарда Аллоҳим айласа имдод,
Бергай осмонларни ихтиёрига.
Башарнинг мулкидир замин, ҳойнаҳой,
Кимгадир аталган томорқа эмас.
Хонангга сиғмайди қуёш билан ой,
Харобот узра ҳам порлайверар, бас.
Ўтган даврларнинг асоратлари
Кўзиккан ярадай битиб кетгайдир.
Иншоллоҳ, энг олий муродлар сари
Ўзбек аёли ҳам бориб етгайдир.
Мен фахр қилурман, ҳақ айлаб назар,
Сенга ҳам юз буриб турибди олам.
Улуғ аждодларни эсласанг ҳам гар,
Бахтлиман, дейишга ҳаққинг бор, болам.
Жажжи фарзандларинг ўзи бир давлат,
Ҳалол жуфтинг билан давронингни сур.
Дейман, она қизим, қалбингда фақат
Ҳеч қачон сўнмасин Ватан деган нур.
АҚШ,Хьюстон. 15.08. 2015
ОҚ КИШМИШ
Дўконда сўрайман: – Борми оқ кишмиш?
Дунёда мен севган энг ширин неъмат.
Ўзбеклар юртида ҳозир ғарқ пишмиш,
Самарқанд ёқларда учрайди фақат.
Олис Амриқонинг Хьюстонида
Мен уни кўрдиму лол қотдим ҳатто.
Асли файз шу элнинг дастурхонида,
Бизлар ўйлагандек тор эмас дунё.
Бежиз фазогирлар тановул қилмас,
Тип-тиниқ қаҳрабо, офтоб қатраси.
Ўзбек палови ҳам кишмишсиз бўлмас,
Ошга кўрк бергайдир майиз сараси.
Ўйламанг, кишмишдан шунчами ҳайрат,
Қайсидир юртларда балки у хордир.
Мен эса завқланиб кетаман ҳар вақт,
Аллоҳнинг неъмати ҳар қайда бордир.
Гўё анор каби думалоқ олам,
Унутинг торликни, кибрни, ранжни.
Ахир қувонмасми амриқолик ҳам,
Олой бозорида кўрса оранжни.
АҚШ. Хьюстон. 15.08.2015.
БЕОЗОР КИБР
Кибру ҳақоратнинг хиллари бисёр,
Ҳатто кўринишдан жим ва беозор.
Кўнсангиз шудир, деб юз қадам йўлни
Уч кунда босувчи кимсалар ҳам бор.
АҚШ. Хьюстон. 15.08. 2015
БАҲО
Адашармиз майли гоҳо биз,
Беражакмиз холис баҳо, биз.
Ярим дунё қичқирар лекин:
– Асл даҳо, асл даҳо – биз!
АҚШ.Хьюстон. 16.08. 2015
ҲАЁТ ДАРСЛАРИДАН
Одамзот қавмига кирмас ётларни
Тағин таклиф этиб, даврангга қўшма.
Бу икки оёқли манфур зотларни
Кўп ҳам эркалатма, олдига тушма.
Кўзида маъно йўқ, маймунга ўхшаш
Кас улар, ўтказма уйинг тўрига.
Магар манфаати келмаса тўқнаш,
Ғишт қалаб кетади отанг гўрига.
АҚШ. Хьюстон. 16.08. 2015
ИНСОН УЧУН ЖАНГ
Тулпор эдинг, ҳаммадан ўзган,
Таладилар қашқирлар ёмон.
Наҳанг эдинг, уммонда сузган,
Найза санчди ёвлар беомон.
Ботир эдинг, шонларга тўлиқ,
Чоҳ қаздилар оёқ остингда.
Сен донишманд зот эдинг, улуғ,
Нодон юрди мудом қасдингда.
Бўлиб ўтди Инсон учун жанг,
Асоратин билолмассизлар.
Ҳали йиллар ўтади, аттанг,
Ўзингизга келолмассизлар.
АҚШ. Хьюстон. 16.08. 2015
ЁШЛИК
Йўл четида,
Дарё бўйида,
Турар эдим асо таяниб.
Ҳаёт исин туймоқ ўйида,
Дунёларга боқсам, деб қониб.
Ўша маҳал узоқ-узоқдан
Кўринди-ку бир гуруҳ шодмон.
Келмоқдайди ёшлар у ёқдан,
Ўйин-кулги авжида чунон.
Ўтишдилар, гувоҳдир кўзим,
Мени соғинч туйғуси енгди.
Қолдиммикан туманда ўзим,
Ёки улар туманга сингди.
АҚШ.Хьюстон. 16. 08. 2015
ҒАШЛИК
Ҳаётимда нимадир қилсам,
Хонадоним бўлса ё обод.
Сен билмаган неники билсам,
Ғашинг келди менга умрбод.
Тонгда туриб уйқусиз, нолон,
Дарвозамга боқурсан гирён.
Бугун йўқлар қанақа меҳмон,
Ғашинг келди менга умрбод.
Ҳайитларни нишонлай қолсам,
Болаларга ҳадялар олсам.
Чалпак ҳидин сезсанг ҳам шу дам,
Ғашинг келди менга умрбод.
Дўстларим бор дунёлар қадар,
Чўктирмаслар кўнглимга кадар.
Саломлашса улар ҳам магар,
Ғашинг келди менга умрбод.
Юрагимни дард қилса пора,
Роса кутдинг кетгай, деб зора.
Бошқа ишинг йўқми, бечора,
Ғашинг келди менга умрбод.
Узоқ умр кўрсам ҳам ҳатто,
Сўнг этсалар ҳурматим бажо.
Куйсанг керак Маҳшаргача то,
Ғашинг келди менга умрбод.
АҚШ.Хьюстон. 16.08. 2015
МУЛЛА ВА БЕМОР
Чилёсин ўқирди беморга мулла,
Бемор иссиғидан ёниб, жўшарди.
Суф, деса танига кириб ғулғула,
Безгак тутган каби, сапчиб тушарди.
Мулла чарчамади тонгга қадар то,
Ҳа, қадим дунёнинг синоати кўп.
Қултум сув гоҳида бўларкан шифо,
Нишолда ковлар-ку оддийгина чўп.
Нима десангиз ҳам, кушойиш аён,
Бемор юзин бурди берига қараб.
Майда-чуйда гаплар кетмас бундай он,
Муллага шарафдир, беморга шараф!
Қурбонлик қилдилар қора қўчқорни,
Кириб чикиб юрди амма — холалар.
Мулла қўлдан бермай турар виқорни,
Мўъжиза кўргандек хурсанд болалар.
Бу гаплар бировга келмайди малол,
Ширин ҳам эмасдир, эмасдир тахир.
Бир гўдак юз марта йиқилиб, алҳол,
Ўрнидан юз карра тургайдир, ахир.
Асли сир қаёқда? Билмасди ҳечким,
Ёғли шўрвада ҳам балки ҳикмат бор.
Бемор бирдан деди: – Маъради эчким,
Ўшани тушовлаб келмоғим даркор.
АҚШ.Хьюстон. 17.О8. 2О15
ОТА-ЎҒИЛ ТОРТИШУВИ
Ота-ўғил тортишарди Маҳшар куни,
Қоғозга ҳам ёзиб бўлмас ҳатто буни.
Ота дерди: – Гўдакликдан сени боқдим,
Байрамларда ўйинчоқлар этдим тақдим.
Еган барча овқатларинг ҳисоби бор,
Рўйхат қилиб қўйганман мен, сен – қарздор!
Ўғил дерди: – Мен уларни узгум албат,
Маҳшар куни берса бўлди имконият.
Бироқ, Сизнинг гуноҳингиз ғоят катта,
Каллангизни узишса ҳам оз, албатта.
Қилмишингиз кўриб, билиб ўлтиргансиз,
Мени ёлғон шу дунёга келтиргансиз.
АҚШ.Хьюстон. 17.О8. 2О15
САФАРДОШ
Сен билан заминни кезардим албат,
Баҳам кўрар эдим мушкул чоғларни.
Фақат чиқиб қолар ғалати ҳолат,
– Бу нима? – дер эдинг, юксак тоғларни.
Сен билан баҳрга бурар эдим юз,
Денгизлар қўйнида урардим жавлон.
Фақат қўрқаманки, бошлар эдинг сўз:
– Нима дегани у, денгиз ва уммон?
Сен билан ўтардим саҳролар оша,
Офтобда қорайиб, қизартириб тан.
Фақат барчасини қилгач томоша,
– Бу қандай кўргулик, – дердинг дафъатан.
Бахт деган туйғу бор оламда тансиқ,
Балки излар эдик биз уни узоқ.
Бахтни мен ўзим ҳам билмайман аниқ,
– У қандай емишдир, – дердинг сен, бироқ.
Охири қайтардик, йўл босиб тинмай,
Кимсасиз, бенаво, ғариб ўлкангга.
Ҳафсаланг пир бўлиб, энди бутунлай
Кириб кетар эдинг мўъжаз кулбангга.
АҚШ.Хьюстон. 17.08.2015.
РУҲ
Менинг ишим йўқдир бу дунё билан,
Менинг ишим йўқдир у дунё билан.
Яхши-ёмон нима? Дардим йўқ асло,
Улар бир пўчоққа бўлғувсидир жо.
Мен на тирик тараф, на ўлик тараф,
Улардан руҳимга борми бирор наф?
Майли, мен ҳақимда эртаклар тўқи,
Фақат, вақтинг бўлса, шеъримни ўқи.
АҚШ.Хьюстон. 17.08. 2015
ЁЛҒОНЧИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Балки кўрдим мен узоқ умр,
Кўп нарсадан чарчадим, нетай.
Бошим эгиб, сўрайман узр,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Яширайин кемтикларингни,
Артиб қўяй этикларингни.
Йўқот ўша ўтрикларингни,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Шу чиқдими камтарин жондан,
Шайтонликда ўтдинг шайтондан.
Худодан қўрқ, қўрққин иймондан,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Дейсан, ўйнаб, кулган мен – ўзим,
Роса кучга тўлган мен – ўзим.
Ким бўлсам ҳам бўлган мен – ўзим,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Эслайсанми, ёшлик паллангни,
Айтолмасдинг ҳатто яллангни.
Ишлатдилар қовоқ каллангни,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Одамзодга лойиқ ишни қил,
Бордир сендан бошқалар ҳам, бил.
Нелар демас суяксиз бу тил,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Икки дунё бўлмассан обод,
Сен соғларнинг белидаги бод.
Келтиргайсан ҳар жойда иснод,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
АҚШ. Хьюстон. 18.08.2015
ҚАЛҚОН
Ҳаётда беморнинг ўзидан кўра,
Унинг боқувчиси тортгай кўп азоб.
Буни рафиқамдан яхшиси сўра,
Бунга ҳамшира қиз бергайдир жавоб.
Дўсту ёронлар-ку тинмай эрта кеч,
Сенга ҳаёт тилаб қилурлар дуо.
Уни такрор этиб, чарчамаслар ҳеч,
Миллиард мартабали муслим ҳам ҳатто.
Мен ҳайрон қоламан, ҳар бало келса
Доимо дуони қилганлар қалқон.
Наҳот, зулм охир тантана қилса,
Наҳот, қарғиш унга ўтмас ҳеч қачон.
Оламда кўрмадим жумбоқ бу қадар,
Оддий ҳол ва лекин теран шунчалик:
Дунё табибларин йиғсанг ҳам агар,
Бўлгайми ўша бир ҳамширачалик.
Кулфатнинг эшиги ёпилмас нечун,
Чалкашиб кетгандир турфа муддао.
Қўйинг яхшиларни, ёмонлар учун
Инсоф берсин, дея қилингиз дуо.
Гардун айланади Инсон бошида,
Лекин, мартабаси ҳамиша кушод.
Ёвузлик олдида, Иблис қошида
Тор-мор бўлмаслиги шартдир, одамзод.
АҚШ.Хьюстон. 18.08.2015
АБАДИЙ ЖАРАЁН
Ажабо, уммоннинг бағридан кетиб,
Уммонга қайтадан ёғади ёмғир.
Гўё ҳисларим ҳам мени тарк этиб,
Бошқатдан қуйилар қоғозга охир.
Борлиқ аввал бошдан яралмиш шундоқ,
Мисоли шамол ва сукут аралаш.
Ойнинг ёғдусида бир юзи оппоқ,
Бир юзи қорайган девларга ўхшаш.
Бахтни ваъда қилди тақдир бир замон,
Кулфатни юборди ўрнига аммо.
Баҳорда насимни кутгандим шодон,
Афсус, изғиринни кўрдилар раво.
Дўстларинг кўп бўлар, дея мулойим,
Башорат қилганди лўли қиз бир вақт.
Аттанг, кечикдилар дўстлар ҳам доим,
Садоқат эшигин қоқди хиёнат.
Улуғ ҳодисотлар юз бергай бари
Ёлғиз Худойимнинг ҳукмига кўра.
Хаёлим кетади асрлар сари,
Орзу қилмоқликдан толмасман сира.
Ҳозир-чи, тентирар саргардон бу руҳ,
Ҳозир-чи, оламда шунақа ишлар.
Фақат режасини бузмагай андуҳ,
Фақат, ўз вақтида келгай ташвишлар.
АҚШ.Хьюстон. 19.08.2015
МУВОФИҚЛИК
Ғоят ранг-барангдир иши оламнинг,
Мувофиқ келмагай йўқ билан бори.
Жуда оғир гапдир, икки одамнинг
Гар тўғри келмаса феълу атвори.
Бирови иссиққа ўзини урар,
Лекин шеригига ёқар қаҳратон.
Виждони қошида улар тенг турар,
Санар иккиси ҳам ўзин қаҳрамон.
Турфа эл босгандир чексиз дунёни,
Унда ёлғиз бир кас юрмаслиги рост.
Бириси танганинг олдги томони,
Бошқаси ўшанинг орқаси, холос.
Илтижо айладим дунёга келиб,
Илоё, бергин сен лойиқ суҳбатдош.
Яшайин ҳар қайда ўзимни билиб,
Топилсин мени ҳам англовчи йўлдош.
Тўрт қавм туну кун тортишар, ажаб,
Аслида йиғилган узум егани.
Палахмон отишар йўқликка қараб,
Азиз-ку энг аввал Инсон дегани.
Тафаккур чиқажак охири ғолиб,
Ўрин қолмагайдир нозга, фироққа.
Фақат, тушунганлар йўргаклаб олиб,
Фақат, тушунганлар қўйсин тупроққа.
АҚШ.Хьюстон. 19.08.2015
КЎЗЛАР
Дунёда энг ноёб, энг тансиқ сўздек
Битта каломимни айтаман сенга.
Ўзбекистон десам, десам гар ўзбек,
Иккита қоракўз кўринар менга.
Мисоли оловдек ўтли бир нигоҳ,
Асрлар қаъридан боқар жовдираб.
Кўрса, беҳуш бўлиб Лайли ҳам ногоҳ,
Мажнун ҳам кетарди даштга довдираб.
Бу кўзлар шодликдан, ғамдан зиёда,
Унда пок юраклар ўқурлар ваҳий.
Маъносиз назарлар тўлиқ дунёда,
Бу кўзлар илоҳий, чиндан илоҳий.
АҚШ.Хьюстон. 20.08.2015
ТАФАККУР МАДҲИ
Беруний шаънига йўқ асло таъриф,
Колумб ҳам даврига ярашган кўздек.
Бироқ ҳанузгача қалам кўтариб,
Ўзича келмаган бу жойга ўзбек.
Сирли юрт санчиқдай берганди азоб,
Шўронинг кибрли салтанатига.
Дердилар, бормангиз, бўлгайсиз хароб,
Буржуйнинг чириган мамлакатига.
Магар келса ҳамки бирорта сайёҳ,
Ёзғириб ёзарди етганча кучи.
Эмишки, кўчалар тўла оҳу воҳ,
Машаққат карвонин кўринмас учи.
Гўё пайқашмади ғалабани соф,
Армстронг ой узра қўйганда қадам.
Ё, фалак, бандангда борми ҳеч инсоф,
Шунчалар ҳасадгўй бўларми одам.
Эплай олмаган у ўзини асло,
Бутлаб ҳам бермаган бировнинг камин.
Шу боис, дунёда тўхтамас ғавғо,
Шу боис, ўнгланмас шўрлик бу замин.
Ва лекин ўзбекка тафаккурдир зеб,
Маърифат меросдир чунки қонида.
Агар керак бўлса, илму фанни деб
Тўй бергай Самарқанд Регистонида.
АҚШ. Хьюстон. 20.08.2015
ОҚЛОВЧИ
Оқловчилик қилади котиб,
Кўпчиликдан қилманг, дер гина.
Ёмонларни бўлдик йўқотиб,
Қолганлари уч-тўрттагина.
Учраб турар балки бюрократ,
У ҳам юрар ўртадагина.
Порахўр-ку арзимас иллат,
Борлари ҳам уч-тўрттагина.
Сиз ваҳима қилманг, эй шоир,
Йўлингизда йўқолса зина.
Гап чиқарманг уларга доир,
Безори ҳам уч-тўрттагина.
АҚШ.Хьюстон. 21. 08. 2015
ТАВСИЯ
Менга турли юмуш ёқавермас, бас,
Майли айтиб қўяй дилда ниятни:
Сенга салом бериш вазифам эмас,
Олмаганман бундоқ мажбуриятни.
Майлига, аҳволим бўлса ҳамки танг,
Майли, ҳайъатингга қўймагин сайлаб.
Умримнинг қоқ ярмин ўтказдим, аттанг,
Ҳар хил кимсаларга такаллуф айлаб.
Сохталик жонимга теккан шу қадар,
Менга тинчлигим бер, оромимни бер.
Кўчада нима кўп – тош кўп, биродар,
Яхшиси, боргину ўшаларни тер.
АҚШ.Хьюстон. 21.08. 2015
ҚАДР
Ҳаётда одамдай
Кўрмаганман кун,
На тирик юрганман,
На ўлмаганман.
Бировлар измида
Яшадим бутун,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Севдим мен ўзимча
Халқим, элимни,
Эъзозлаб, топталган
Она тилимни.
Бўйнимга қўйдилар
Лекин ўлимни,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Мени четлаб ўтди
Мудом адолат,
Кўзим очирмади
Зулму залолат.
Чунки зўрликдадир
Жами кафолат,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Эзгулик йўлида
Қўлимни бойлаб,
Шеърдан айирдилар
Йиллаб ва ойлаб.
Бир кимса чиқмади
Ҳимоят айлаб,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Доим бирга юрди
Мен билан нодон,
Ҳасадгўйлар бўлди
Соҳиби майдон.
Улар орасида
Ўтдим саргардон,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Ўзимдек ночорлар
Учради ҳар вақт,
Ногоҳ гурзи еган
Жонзотдек карахт.
Қайрилиб боқмади
Омад билан бахт,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Минг йиллар наридан
Келар бир оқим,
У марддир, бировга
Эмасдир боқим.
Агар қўлламаса
Шу танти ҳалқим,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Кексайган чоғимда
Нолимоқ нечун,
Мутлақ бегонаман
Ахир сиз учун.
Менга кўрсатгандир
Ёвузлик кучин,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Қачон қадр топмиш
Шоирнинг сўзи,
Қадр топганда ҳам
Беқадр ўзи.
Зора, қиёматда
Оқ бўлса юзи,
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
Сафарда битилган
Манзумам басдир,
Улуғ дўстларимдан
Гина эмасдир.
Асрлар қаъридан
Келган бу сасдир:
Умримда ҳеч қачон
Ҳақ бўлмаганман.
АҚШ. Техас. 22.08.2015
ҒУРУР
Ғорнинг ичида ё қудуқ тубида,
Айтма ашулангни, қилмагин пастлик.
Ақчанг мўллигида, пулинг кўпида,
Сенга тўғри келмас латтапарастлик.
Бозорга кирдингми, жоноқи қолиб,
Харидор бўлмагин эшак олмага.
Назаринг баланд қил, ҳимматинг ғолиб,
Бўз кўйлак ярашмас сочи толмага.
Қул сўзи ортиқдир ўзбекка энди,
Исмингдан бу тубан қўшимчани от.
Қай бир дам камолот отига минди-
Ҳатто чумоли ҳам чиқазди қанот.
Олам вакиллари жам бўлган фурсат,
Гуноҳ иш қилгандек, юрма қисиниб.
Кимлардир сендан ҳам олсинлар ибрат,
Оловинг тафтида турсин исиниб.
Ахир бир замонлар Соҳибқироннинг
Теграсин ўраган эллар, бўлиб ёй.
Удуми яшайди ҳар бир давроннинг,
Мисоли, сойларга оққан каби сой.
Мен-ку умр кўрдим, айтмасдан бир сўз,
Дуч келган кимсани сизлаб ўтганман.
Олис шуҳратимдан узолмасдан кўз,
Кетган ғуруримни излаб ўтганман.
АҚШ.Хьюстон. 22. 08.2015
ЭВЕРЕСТ ВА УММОН
Эверест тоғида яшар бир одам
Ва Баҳри Муҳитнинг энг тубида ҳам.
Чўққида турган у, албатта, сенсан,
Уммон остидаги, шубҳасиз, менман.
Асло қўлим етмас юксак поянгга,
Эверест аталмиш баланд қоянгга.
Лекин сен тўхтовсиз тошлар отгайсан,
Мудом камситувчи сўзлар қотгайсан.
Бир вақтлар дердилар: – Инсоф, Виждон бор,
Минг афсус, бори ҳам ғариб ва ночор.
АҚШ.Хьюстон. 25. 08. 2015
ОЛИС ҚИРЛАР СОҒИНЧИ
Сен жимгина ўтиргин, Ҳасан,
Ҳусан, сен ҳам сўз дема зинҳор.
Бетакаллуф бўлсанг бўларсан,
Илтифотга эмас булар зор.
Исмига ҳам …вичларни қўшиб,
Айтишларинг жуда ғалати.
Булар ҳали осмондан тушиб,
Беланмаган лойларга пати.
Худо ҳақи, олифта бир сўз
Барчасига масхарадай гап.
Қуёш чиқса очадилар кўз,
Ой ботганда қолурлар ухлаб.
Мол-дунёси кўпайган дамлар
Тўй қилади, берар кўпкари.
Тўйиб еса бўлди одамлар,
Мардлик эрур топган пирлари.
Ўзи эга бепоён қирга,
Ҳавас билан боқурман такрор.
Кўз қисарлар бахши шоирга:
– Айтчи, жўра, қанча қўйинг бор?
АҚШ. Хьюстон 25.08.15
ВАТАНПАРВАР
Мен илғор лекторман ҳозир ғоятда,
Мени келажакка ғайратим бошлар.
Ватанпарвар бўлгай ярим соатда,
Менинг маърузамни тинглаган ёшлар.
Тонгдан савол қўяр катта набирам,
Формага ўраган миқти савлатни.
Дейди, чиқишим бор, долзарб жуда ҳам,
Бобо, сўкиб беринг бирор давлатни.
Сал ўтмай киради набира қизим,
Лицейнинг олдидир, қувноқ, сухандон.
Дейди, семинарда бор муҳим сўзим,
Душман топиб беринг менга, бобожон.
Қўймас ҳеч мен каби бир кўнгли бўшни,
Ҳамсоям доим маст, юради аранг.
Дейди, ювмаймизми ўрисни, қўшни,
Ракетаси қулаб тушибди, қаранг.
Хабарлар тарқайди йилдиримсимон,
Ўсал ётган эмиш араб подшоси.
Қандайдир мўғулни чақибди илон,
Элга уйқу бермас шулар ғавғоси.
О, сен – майдакашлик, о, эски ҳамдам,
Мени қора замин қаърига отгин.
Сенга бўлгунимча бир зум ҳамқадам,
Мени бу дунёдан майли йўқотгин.
Айтгин, ниманг қолди ўзи мукаррам,
Туну кун очгайсан ёлғон фолингни.
Ҳануз хаёлпараст, ҳануз биринг кам,
Билмайсан, ўзингнинг ҳасби ҳолингни.
Буюклик камарин белингга илиб,
Назар сол, тарихнинг ўнг-сўлларига.
Бир нўён Темурбек қошига келиб,
Қирқ йил киролмабди қабулларига.
Сен ҳам қалам тортиб, керак бўлса гар,
Иншо қилиб юбор Ғарбни ва Шарқни.
Ҳамонки, улуғлик бўлмиш муяссар,
Раво кўраверма ҳар кимга шарҳни.
Битта чўғни топиб, машъала дея
Айҳаннос кўтармоқ бизга хос эмас.
Кимки Афлотундан олмиш тарбия,
Алдар Кўсани у устозим демас.
Лекин мен ушбу кун лекторман, тайин,
Эсга солманг ўтган салтанатларни.
Яхшиси, мен сизга топиб берайин,
Майда-чуйда, ҳар хил мамлакатларни.
АҚШ. Хьюстон 25.08.15
«ОЗОДЛИК»
Озодлик дегани – эгрилик эмас,
Қилган қилмишларинг тўғрилик эмас.
Ошинг ҳалол бўлса кўчада ичгин,
Мусулмоннинг иши ўғрилик эмас.
АҚШ. Хьюстон 26.08.15
ЎТГАН ТАРИХЛАР
Сўйлайин ажойиб воқеотлардан,
Азиз авлиёлар, ўтган зотлардан.
Яхлит бўшлиқ экан олам бир замон,
Яъниким, аралаш замин ва осмон.
Бўлган на тартибот, на ўй, на ният,
Таги билан йўқдир ўзи жамият.
Тўрт-бешта қароқчи юрган қўрқитиб,
Ўтган, кетганларни талаб, ҳуркитиб.
Арз қилай десалар подшолари йўқ,
Ҳатто арзигулик гадолари йўқ.
Сайраб юрар экан бир қушча хушҳол,
Сўйиб ейишганлар уни ҳам дарҳол.
Охир ёлвордилар йиғлаб Худога,
Қулоқ солгин, дея бизнинг нидога.
Яратган яратди сўнгра бир давлат,
Риоя қилинг деб қонунга фақат.
Мудом эзгуликка айлангиз амал,
Балки бўлажаксиз етук, мукаммал.
Оҳ, нечоғ гўзалдир орзу ва армон,
Комил бўлолмади ва лекин Инсон.
Асло аримади ғам, ташвишлари,
Энди рухсат билан битгай ишлари.
АҚШ. Хьюстон 26.08.15
ҲАЁТ ЙЎЛЛАРИДА
Икки гуруҳ бордир асли дунёда,
Бировининг оти Яловчилардир.
Лекин фаолликда ундан зиёда,
Иккинчисин оти Таловчилардир.
Биринчиси бўлса, туну кун ётиб,
Хожасин оёғу кетин ялайди.
Иккинчиси эса, ҳужжат кўрсатиб,
Куппа-кундуз куни сени талайди.
Қанча фиръавнлар келиб кетмаган,
Ер юзин қақшатган қанчалар хоқон.
Ва лекин уларга кучи етмаган,
Балки киши билмас, қўллаган пинҳон.
Мен-ку ёқтирмасман ғалвани асло,
Эҳтимол, ҳаётда йўқ каму кўстим.
Хақсизлик балосин кўрганда, аммо
Юрагим эзилиб кетади, дўстим.
Бир умр соғиниб ўтдим зиёни,
Бандидек мен унга талпиндим, бўзлаб.
Ёруғ кўрай, дедим шу тунд дунёни,
Мудҳиш совуқларда қолсам ҳам музлаб.
АҚШ. Техас. 27.08.2015
БУЮК САБР
Балки инсондирсан оддий ва камтар,
Балки саркардасан — жангларда ҳодий.
Бировни яккалаб, камситсанг агар,
Лаънатлар айтурман сенга абадий.
Билиб қўй, Аллоҳнинг кенг даргоҳида
Шафқат бўлмагайдир кибрга асло.
Жойинг жаҳаннамнинг туби -чоҳида,
Ҳатто, Иблисга у кўрилмас раво.
Гоҳ ҳайрон қоламан дунёга қараб,
Тавба, деб ёқамни ушлайман бот-бот.
Бир умр маломат комида яшаб,
Ўзгариб қолмаган нечук одамзод?
Бу ҳолга чидамиш ботирлар нега,
Нега даф қилмаган ноҳақни ахир?
Наҳотки, эзгулик қолган беэга,
Наҳот, тирикликнинг ҳамроҳи таҳқир?
Англадик, раҳм этиб ўзи Худойим,
Аршларга кўтарди олий қадрни.
Қўллаб турсин дея ишончин доим,
Бизларга ўргатди буюк сабрни.
АҚШ. Техас. 29.08.2015
БАХШИЁНА
Шоир Усмон Азимга
Усмон шоир, ёш бўлсанг ҳам
Қўллаб юбор,
Бахшиёна шеърга мени
Йўллаб юбор.
Бу дунёда нима кўпдир –
Ташбеҳ кўпдир,
Ажабтовур образларни
Мўллаб юбор.
Баъзи биров, сену менга
Қумсан дейди,
Мен гапирай, ўтирабер,
Жимсан дейди.
Устозни-ку назар-писанд
Қилмас улар,
Ўрни келса, отасига
Кимсан, дейди.
Йўлда ногоҳ учраб қолса
Бирор раҳбар,
Содиқ итдай эргашади
Балхга қадар.
Керак бўлса, кузатади
Ҳаммомгача,
Тиз чўкади, буйруғини
Берса агар.
Бой зотини кўрганда–ку
Учар ҳуши,
Қолиб кетар қариндошу
Тенгу тўши.
Дунё топган тентак каби
Қувонади,
Сарқитидан кўз узолмас
Кўнгил қуши.
Шоирман, деб чиққанларнинг
Ярми пўкдир,
Хўрозчадай қичқиради,
Қорни тўқдир.
Рамазонда равган айтган
Болалардан,
Ўлай агар, тирноқча ҳам
Фарқи йўқдир.
Бир мактабда ҳаммамиз ҳам
Сабоқ олдик,
Ёлғон-яшиқ мақтовларни
Ишга солдик.
Во ажабо, илжайишиб,
Тиржайишиб,
Ўзимиз ҳам ўшаларга
Ўхшаб қолдик.
Усмон шоир, умрим ўтди,
Энди нетай,
Пайти келди, пушаймоним
Баён этай.
Энг яхшиси, Бойсун тоғдан
Бирор ғор топ,
Чориғимни судраб унга
Кириб кетай.
А.Қ.Ш. Техас. 30.08.2015
АВГУСТ
Беармон суздим мен уммон бағрида,
Зериккан чоғимда набиралар дўст.
Олис Амриқонинг чет бир шаҳрида,
Хайр–хўш қиламан сен билан, Август.
Мевалар ғарқ пишган юртимда ҳозир,
Кундуз жазирама, салқиндир тунлар.
Ишкомлар ҳосилин кўтаргай базўр,
Тугаб кетгандир ҳам гурвак қовунлар.
Мен бугун мусофир, саргашта сайёҳ,
Балки қумлоқларга сингмиш сўзларим.
Сен ҳам соғиндингми, эй она даргоҳ,
Мени кутгайсизми, хумор кўзларим.
Ватандан йироқда кечди кўп дамлар,
Байтларим ўхшади кўприкларимга.
Дўрмон боғларида тоза шабнамлар,
Қўниб турган каби киприкларимга.
Мана, оқшом тушди уммонга аста,
Олис самоларда юлдузлар бодроқ.
Шундоқ жўш уради Жайхун ҳам пастда,
Саҳро қўйнига ҳам тун чўкар шундоқ.
Раҳмат, қўймадинг сен мени толдириб,
Август, ҳали сенга шеърлар битурман.
Қалбимнинг бир қисмин бунда қолдириб,
Юртга сиҳатимни олиб кетурман.
АҚШ, Техас, Август 2015
Шоир Абдулла Орипов ва рассом Бахтиёр Бобоев портрети. Шуҳрат Абдурашидов асаридан лавҳа.
Abdulla ORIPOV
AVGUST SHE’RLARI
HAYOT AJOYIBOTLARI
Bir umr yashading ko’zingni yoshlab,
O’zi yo’q omaddan noliding sekin.
Atay keltirdilar daryoni boshlab,
Suv sening hovlingga chiqmasdi lekin.
Axir po’lat emas bu jonu bu tan,
Ayoz va izg’irin yalayveradi.
Himoya qilishar nuqul bombadan,
Qumursqalar esa talayveradi.
AQSH. X`yuston. 2.08.2015
O’ZBEK BO’LIB KO’RINAVERAR
Bu joyda ham turfa millat bor,
Mehnat qilar, urinaverar.
Qay biriga qilsam e’tibor,
O’zbek bo’lib ko’rinaverar.
Birovining kulishi o’xshar,
Birovining turishi o’xshar,
Birovining yurishi o’xshar,
O’zbek bo’lib ko’rinaverar.
Yo’l bo’yida ikki qizaloq,
Biri qora, birovi-chi, oq.
O’ynashardi ahil va inoq,
O’zbek bo’lib ko’rinaverar.
Chol alanglar izlab salqin joy,
Isib ketgan sho’rlik, hoynahoy.
Kimdir unga tutdi suvmi, choy,
O’zbek bo’lib ko’rinaverar.
Qaramasdan irqi-qoniga,
Millatiga yo unvoniga,
Kim chorlasa dasturxoniga,
O’zbek bo’lib ko’rinaverar.
Ergashtirib bola-baqrasin,
Sarf aylasa so’nggi chaqasin,
So’ng “uf” deya ochsa yoqasin,
O’zbek bo’lib ko’rinaverar.
Hanuz fe’ling bilishmas balkim,
Fazilating ko’p erur, xalqim.
Mehr bilan qarasa har kim,
O’zbek bo’lib ko’rinaverar.
AQSH. X`yuston. 3.08.2015
MULOHAZA
Kitobxonlar ichra ko’pdir bilimdon,
Xat yozar, ijoding tekshirib obdon.
Deydi: – Menga yoqdi manov she’ringiz,
Biroq ma’lum emas nima deringiz.
Kimga atagansiz anovi she’rni,
Yurtdosh deganingiz xotinmi, ermi?
Mana bu baytingiz kimga baxshida,
Bizlar tafsilotin bilsak, yaxshi-da.
Eski kov-kovlardan qotgandir boshim,
Mayli yana bir bor tingla, qondoshim:
– Barcha bag’ishlovlar katta bobongga,
Marsiyalar esa o’lgan momongga.
Maqtovlar onangga tuhfa, albatta,
Chunki volidaning xizmati katta.
Misralar amma-yu xolangga ham bor,
Shaxsiy tarixchingman, amringga tayyor.
Qiyiq axtarasan har gapdan doim,
Go’yoki bo’lgandek qiyomat qoyim.
Xohlaysan, yozsamu biror rahbarni,
O’qib maza qilsang tagdor gaplarni.
Yangilik emasdir bu holat aslo,
Qolgan sho’rolardan eng mudhish balo.
She’r aytdim men odam bolalariga,
Ularning quvonch-u nolalariga.
Fahming yetmasa gar, endi netayin,
O’pka-gina qilib, qayga ketayin.
Agar tushunmasang qalbni, yurakni,
Uni yorib ko’rish shartmi, kerakmi?
Oddiy, to’g’ri so’zni anglaysan qachon?
Sendan boshqa dardim yo’qmi, ey, nodon.
AQSH. X`yuston 6.08.15
DAXLSIZLIK
Termulib qarasang, Osmon daxlsiz,
Yerda uning aksi – Ummon daxlsiz.
Muruvvat aylamish bandasiga Rabb,
Yaralmishlar ichra Inson daxlsiz.
AQSH. Xyuston. 06.08.2015
NASA
Men hayron qolaman,
Odamzod goho
Ko’rgan mo»jizasin birdan unutgay.
Iskandar, Magellan dovrug’i hatto,
NASA ignasining ko’zidan o’tgay.
Qandoq bunyod bo’lgan hazrati Odam,
Hech kimsa ko’rmagan ilohiy damni.
Lekin mashq qilganlar ming yil muqaddam,
Oyda Armstrong qo’ygan qadamni.
Konrad korjomasi osig’lik turar,
Marhum fazogirlar ko’rgazmasida.
Shohlarning libosi yaxlit siymu zar,
Baribir, ilingay uning pastida.
Tog’ning etagida o’tirgan sayyoh,
Uning mahobatin ko’rmas hech qachon.
Asrlar qa’ridan tashlasang nigoh,
Inson qyrib olmish yangi bir jahon.
Nizolar yo’qolur bir kun, albatta,
Odamzod o’zligin topar qaytadan.
Shonli o’tmishini eslab u paytda,
Kelgay ma’rakaga har bitta Vatan.
Bashar bolalari faxrga to’lib,
Tafakkur to’yida ko’targaylar jom.
Ishongum, o’sha kun birinchi bo’lib,
Yodga olinajak Ulug’bek bobom.
AQSH. NASA. 07.08.2015
Izoh:
1. NASA – Xyustonda joylashgan AQSH fazogirlar tayorlash va nazorat qilish markazi.
2. Konrad Armstrong – Oyga qadam qo’ygan dastlabki fazogirlar.
POLIZ QO’RIQCHISI
Chaylamiz bor edi,
Dalada edik,
Jayralar o’ch bo’lar qovun-tarvuzga.
Harholda, cho’chitib turadi dedik,
Qo’riqchi o’rnatdik bir kun polizga.
O’risning xochidek butani chopdik,
Yerga qadab qo’ydik oyoq-dastakni.
Qaydandir eski bir shlyapa topdik,
Egniga kiygizdik yag’ir po’stakni.
G’aroyib qo’riqchi bo’lgandi paydo,
Dovdirar, tushsa gar shaytonning ko’zi.
Uzoqdan qorasin ko’rganda goho,
Juftakni rostlardi bolalar o’zi.
Endi u joylarda qovun poliz yo’q,
Jayra ham, tarvuz ham yo’qdir, albatta.
Baland imoratlar ko’kka urar do’q,
Faqat saqlangandir chinorlar, katta.
Biz ham ulg’ayganmiz, ulg’aydi dunyo,
Qoldi xotiralar misoli yetim.
O’sha guzarlardan o’tganda ammo,
Qo’riqchini eslab, junjikar etim.
AQSH. Xyuston. 7.08.2015
TARQOQ QAVM
Bir qavm bor edi, g’oyatda tarqoq,
Har qaysi o’zicha ko’targan bayroq.
Qo’shni qo’shni bilan sirlashmasdilar,
To’yu azada ham birlashmasdilar.
Bir kuni yog’ildi ko’kdan falokat,
Qilib bo’lmas edi ofatga toqat.
Qavm-chi, dod soldi, tinchidan judo,
Alloh, Alloh, deya qilardi nido.
Balo tushmoqdaydi hanuz havodan,
Shundoq sado keldi birdan samodan:
– Tegmang, to’rt tarafga mayli chopishsin,
Har kim o’zi uchun Alloh topishsin.
AQSH. Xyuston 8.08.2015
ERKIN VA TO’LQIN
(Hazil)
Ummon osoyishta, erkin hamda jim,
Sayyoh manzarani alqardi faqat:
– Erkin qo’ygan bo’lsa o’g’lin otin kim,
O’shanga tasanno, unga ming rahmat.
Birdan to’fon turdi, yozib qanotin,
Sayyoh der: – Bu yovni chiqargan o’lsin.
To’lqin qo’ygan bo’lsa kim o’g’lin otin,
Uning padariga ming la’nat bo’lsin!
AQSH. Atlantika ummoni. 08.08.2015
TEXAS PAXTAZORIDA
O’tgan bobosini ko’rgandek o’zbek,
Yugurdi Texasning paxtazoriga.
Avval atrofiga razm soldi tek,
Xayoli ketgandi badbo’y doriga.
Horg’in kiprigiga charchoq ham inmay,
Hatto musofirning o’zgardi tusi.
Chanoqni olib u hidlardi tinmay,
Holbuki, paxtaning yo’q erur isi.
AQSH. Texas. 09.08.2015
TELEFON SUHBATLARI
Har zamonning tashviqoti bor,
Har davronning targ’iboti bor.
Yer yuzida turli qit’alar,
To’rt tarafga mushtin o’qtalar.
Ko’rishmasdan bir-biri bilan,
Yashaydilar o’z siri bilan.
Siyosat ham telefon ammo,
Vajohat ham telefon ammo.
Buni qarang, o’tib zamonlar,
Yerga tushdi ko’kdan davronlar.
Qolishmasdan prezidentlardan,
Oshib ummon, oshib kentlardan.
Gaplashadi oddiy odamlar,
Otamlashar xohlagan damlar.
N`yu-Yorkka uchgandi kuyov,
Kelin poshsho sim qoqdi darrov:
– Bordingizmi? Nechuk holingiz?
Buyumlarga qarab olingiz.
Narsalarning bari yetibdi,
Ko’k galstuk qolib ketibdi.
Kuyov deydi: – Keldim, juda soz,
Ummon uzra ayladik parvoz.
Meni o’ylab, bo’lmangiz diqqat,
Yetishmaysiz o’zingiz faqat.
Davom etar suhbatlar shundoq,
Shamol tinar, u tinmas biroq.
Diplomatlar, bir gapni tuying,
Odamlarni holiga qo’ying.
Bo’lsin mayli turfa fuqaro,
Til topishar ular o’zaro.
AQSH. Xyuston. 10.08.15
ORZU
Nabiralarimga
Ilm olayotgan qorako’z o’g’lon,
Hali sen bo’lgaysan ming qo’shchiga bosh.
Ertangi kuningni o’ylagan zamon,
Quvonchdan keladi ko’zlarimga yosh.
Hali sen elingning koriga yarab,
Tarixda eng toza so’zlar aytursan.
Ehtimol, zamonning zayliga qarab,
Yurtingga Beruniy bo’lib qaytursan.
Balki Sino kabi har qayda suyuk,
Alloma bo’lgaysan, halol hamda pok.
Garchi dunyomizda zotlar ko’p buyuk,
Lekin doim noyob ilohiy idrok.
Munis ota-onang qilgudek faxr,
Ko’zingda daholik urib tursin barq.
Bobolar mash’ali o’chmagan axir,
Sizga intizordir desam bo’lgay Sharq.
Moziy sahrosida kezdi ajdodlar,
Gohida g’olibu gohi sargardon.
Orzu qilar edik, zora avlodlar,
Yana bizlar uchun keltirsalar shon.
Mudom insoniylik eng ulug’ xislat,
Uzukka qo’yilgan yoqut bir ko’zdek.
Desinlar, o’stirgan xalqingga rahmat,
Desinlar, shu yigit haqiqiy o’zbek.
AQSH. Xyuston. 10.08.2015.
INSON HIMOYASI
Texasda bor ekan ajib bir orol,
Odamlar yasharkan berib qo’lga qo’l.
Lekin kim kamsitsa ularni, darhol
Jarima to’larkan, anchagina mo’l.
Men bundoq qonunni eshitdim ilk bor,
Unga bo’ysunarkan shoh ham, gado ham.
Aybdorning qutulib ketmog’i dushvor,
Naryog’i, jinoyat tomon bir qadam.
Goh ellar kechmishin olaman yodga,
Naqadar ayanchli, mash’um naqadar.
Qaydadir bandalar kelib hayotga,
Bir umr kamsitish domida yashar.
Ko’chaning bolasi, tirrancha, sayoq,
O’zini tutadi kiborlarga xos.
Mo’ysafid dehqonni ko’rgan ondayoq,
Qishloqi chol, deya tahqirlashi rost.
Bu illat yer yuzin qoplamish yomon,
Hech kim parvo qilmas bundayin holga.
Ular yo’li tushib Texasga tomon,
Kelib ketsaydilar o’sha orolga.
AQSH. Texas shtati. 11.08.2015
Izoh: Texas shtatining bir orolida, mahalliy aholini haqorat qilgan kimsa qonun bo’yicha juda katta jarima to’lar ekan. Muallif.
BEGONA ODAM
(Esdaliklardan)
Sahro qo’ynidagi tap-taqir qirlar,
Sokin, osoyishta, mo»jaz bir qishloq.
Tarqalib qolardi shivir-shivirlar,
Musofir yo’lovchi kelganda biroq.
Derdi, bir-biriga odamlar mubham:
– Qishloqda yuribdi begona odam.
U qaydan kelmishdir? Balki, ehtimol
Uyidan bosh olib ketgan qalandar.
O’g’ridir, kazzobdir, molingga zavol,
YO jonni olguvchi ajaldan battar.
Ishqilib, bo’lmasin yovuz, shum qadam:
– Qishloqda yuribdi begona odam.
Bir vaqtlar kelardi ayg’oqchi mehmon,
Hammaning bisotin ro’yxat qilardi.
Qanchalab sho’rlikni aylab qatag’on,
Qayga jo’natishni o’zi bilardi.
Yosh-qari boqardi atrofga purg’am:
– Qishlokda yuribdi begona odam.
Elu yurt qolgandi qo’rqib, bezillab,
Yo’lda ko’tarilgan changdan hadik bor.
Yashardi yuragi mudom sizillab,
O’lib o’lmagandi, tiriklayin xor.
Ochma eshigingni, Xizr kelsa ham:
– Qishloqda yuribdi begona odam.
Sen mendan xavotir olma, qishlog’im,
Men ham o’zing kabi ozurda jonman.
Tikandan tilinib ketgan har yog’im,
Tug’ilgan go’shamsan, senga mehmonman.
Demagin shu lahza, demagin shu dam:
– Qishloqda yuribdi begona odam.
AQSH. Texas. 12.08.2015
HAYOT KECHINMALARI
Umrim qiyomiga yetgan chog’ida,
Qo’g’irchoq o’yinin ko’rsatma menga.
Shuhrating balqsa ham Olimp tog’ida,
O’zingni hurmat qil, o’rgatma menga.
Turfa vaziyatda yashaydi inson,
Kimdir vatanda ham yurgaydir sarson.
Niyating sof bo’lsa, pok bo’lsa vijdon,
O’zingni hurmat qil, o’rgatma menga.
Necha savdolarni ko’rdi bu boshim,
Goho zaharlarga qotildi oshim.
Oqdi xalqim desam ko’zimdan yoshim,
O’zingni hurmat qil, o’rgatma menga.
Zamin bir va lekin odamlar har xil,
Men ozor berishni istamayman, bil.
Shundoq shikva bilan yaralmish ko’ngil,
O’zingni hurmat qil, o’rgatma menga.
Bir sabab bo’ldiyu dilimni ochdim,
Dunyoga o’zimcha mehrlar sochdim.
Taloto’p joylardan ming farsah qochdim,
O’zingni hurmat qil, o’rgatma menga.
Qalbimni yupatar aziz bir tuyg’u,
Shoshilma, oldinda uyqu bor mangu.
Hayotning mardona kechinmasi bu,
O’zingni hurmat qil, o’rgatma menga.
Yuzlarga kirgayman men hali, valloh,
Undan naryog’in ham bilgaydir Alloh.
Eslasa eslaydi xalqim, insholloh,
O’zingni hurmat qil, o’rgatma menga.
AQSH, Texas. 12.08.2015
OSH
Kattakon qozonda pishirdik palov,
Tun bo’yi tinmadi o’choqda olov.
Tong otay deganda damlandi-ku osh,
Qozonni qurshab biz bo’ldik ko’zu qosh.
Va lekin bir kimsa, dilimiz g’ashlab,
Qochdi qurbaqani qozonga tashlab.
Nima bo’lsa bo’ldi ko’rdik biz baham,
Ketmasdi xayoldan lekin baqa ham.
AQSH. Xyuston. 12.08.2015
MULK
Oling, hamma narsa Cizniki bo’lsin,
Suvi qochib ketgan quduq ham hatto.
Sizning mulkingiz bu, ko’nglingiz to’lsin,
Qishloqning qirchang’i otigacha to.
Haddimiz sig’armi sizdagi zarga,
Jaranggi oldida o’chgay unimiz.
Lekin parvo qilmang, nabiralarga
Qorovullik qilib o’tgay kunimiz.
AQSH, Texas. 13.08.2015
RUHLAR
(Hazil)
Ruhlar hamma joyda hozir bo’lganlar,
Bu holni tiriklar yaxshi bilganlar.
Muttasil tushimga kirishar, ajab,
Ular qaysi reysda uchib kelganlar.
AQSH, Texas. 14.08. 2015
SEHRLI DIYOR
Osmondan qarama,
Yerdan qarama,
Odamdek nazar sol sen bu diyorga.
Uning korlariga mayli yarama,
Tosh ham otib yurma lekin bekorga.
Uni kim kashf etgan? Tortishmasdan tur,
Harholda, padari Hazrati Odam.
Arshi a’lodagi yalt etgan bir nur
Yetib ortmasmikan barchamizga ham.
Odamzod shundoqdir: shovqindan qo’rqsa,
Ilondan so’rarkan: – Nega sen jimsan?
Nega filsan, derkan gar filni ko’rsa,
Chumoliga qarab aytarkan: – Kimsan?
Bir-birin yetaklab kelgay karvonlar,
Safari tinch o’tsa, shuning o’zi bas.
Komil bo’la olsa agar insonlar,
Nizolar bartaraf, ig’volar abas.
Aslo o’rgatmasman birovga aql,
Mutloq menikidir qo’ldagi sozim.
Hozir Sizga atab aytilgan naql,
Mening zaldan turib bergan ovozim.
AQSH. Xyuston. 14.08.2015
YANGI ASR MO’JIZALARI
Qizim Mavludaga
Falak gardishdirmi, gardish emasmi,
Meni bu savdolar qiziqtirmas ko’p.
Insoniy saodat yetarmi, basmi,
Demakkim, tolening etagidan o’p.
Bu shundoq asrdir, qoqquncha kiprik
Ovozing yangragay sayyoralarda.
Yuz yil reja tuzib, solguncha ko’prik,
Yulduzga yetgaysan tayyoralarda.
Bir qultum suvingni yutib, yutmasdan,
Nafasing borgaydir Toshkentga qadar.
Samolyot qo’nishin kutib, kutmasdan,
Oshni suzgaymiz, deb bergaylar xabar.
Xotiring jam bo’lsin, endi odamzod
Qayta kirib olmas eski g’origa.
Agarda Allohim aylasa imdod,
Bergay osmonlarni ixtiyoriga.
Basharning mulkidir zamin, hoynahoy,
Kimgadir atalgan tomorqa emas.
Xonangga sig’maydi quyosh bilan oy,
Xarobot uzra ham porlayverar, bas.
O’tgan davrlarning asoratlari
Ko’zikkan yaraday bitib ketgaydir.
Insholloh, eng oliy murodlar sari
O’zbek ayoli ham borib yetgaydir.
Men faxr qilurman, haq aylab nazar,
Senga ham yuz burib turibdi olam.
Ulug’ ajdodlarni eslasang ham gar,
Baxtliman, deyishga haqqing bor, bolam.
Jajji farzandlaring o’zi bir davlat,
Halol jufting bilan davroningni sur.
Deyman, ona qizim, qalbingda faqat
Hech qachon so’nmasin Vatan degan nur.
AQSH,Xyuston. 15.08. 2015
OQ KISHMISH
Do’konda so’rayman: – Bormi oq kishmish?
Dunyoda men sevgan eng shirin ne’mat.
O’zbeklar yurtida hozir g’arq pishmish,
Samarqand yoqlarda uchraydi faqat.
Olis Amriqoning X`yustonida
Men uni ko’rdimu lol qotdim hatto.
Asli fayz shu elning dasturxonida,
Bizlar o’ylagandek tor emas dunyo.
Bejiz fazogirlar tanovul qilmas,
Tip-tiniq qahrabo, oftob qatrasi.
O’zbek palovi ham kishmishsiz bo’lmas,
Oshga ko’rk bergaydir mayiz sarasi.
O’ylamang, kishmishdan shunchami hayrat,
Qaysidir yurtlarda balki u xordir.
Men esa zavqlanib ketaman har vaqt,
Allohning ne’mati har qayda bordir.
Go’yo anor kabi dumaloq olam,
Unuting torlikni, kibrni, ranjni.
Axir quvonmasmi amriqolik ham,
Oloy bozorida ko’rsa oranjni.
AQSH. Xyuston. 15.08.2015.
BEOZOR KIBR
Kibru haqoratning xillari bisyor,
Hatto ko’rinishdan jim va beozor.
Ko’nsangiz shudir, deb yuz qadam yo’lni
Uch kunda bosuvchi kimsalar ham bor.
AQSH. Xyuston. 15.08. 2015
BAHO
Adasharmiz mayli goho biz,
Berajakmiz xolis baho, biz.
Yarim dunyo qichqirar lekin:
– Asl daho, asl daho – biz!
AQSH.Xyuston. 16.08. 2015
HAYOT DARSLARIDAN
Odamzot qavmiga kirmas yotlarni
Tag’in taklif etib, davrangga qo’shma.
Bu ikki oyoqli manfur zotlarni
Ko’p ham erkalatma, oldiga tushma.
Ko’zida ma’no yo’q, maymunga o’xshash
Kas ular, o’tkazma uying to’riga.
Magar manfaati kelmasa to’qnash,
G’isht qalab ketadi otang go’riga.
AQSH. Xyuston. 16.08. 2015
INSON UCHUN JANG
Tulpor eding, hammadan o’zgan,
Taladilar qashqirlar yomon.
Nahang eding, ummonda suzgan,
Nayza sanchdi yovlar beomon.
Botir eding, shonlarga to’liq,
Choh qazdilar oyoq ostingda.
Sen donishmand zot eding, ulug’,
Nodon yurdi mudom qasdingda.
Bo’lib o’tdi Inson uchun jang,
Asoratin bilolmassizlar.
Hali yillar o’tadi, attang,
O’zingizga kelolmassizlar.
AQSH. Xyuston. 16.08. 2015
YOSHLIK
Yo’l chetida,
Daryo bo’yida,
Turar edim aso tayanib.
Hayot isin tuymoq o’yida,
Dunyolarga boqsam, deb qonib.
O’sha mahal uzoq-uzoqdan
Ko’rindi-ku bir guruh shodmon.
Kelmoqdaydi yoshlar u yoqdan,
O’yin-kulgi avjida chunon.
O’tishdilar, guvohdir ko’zim,
Meni sog’inch tuyg’usi yengdi.
Qoldimmikan tumanda o’zim,
Yoki ular tumanga singdi.
AQSH.Xyuston. 16. 08. 2015
G’ASHLIK
Hayotimda nimadir qilsam,
Xonadonim bo’lsa yo obod.
Sen bilmagan neniki bilsam,
G’ashing keldi menga umrbod.
Tongda turib uyqusiz, nolon,
Darvozamga boqursan giryon.
Bugun yo’qlar qanaqa mehmon,
G’ashing keldi menga umrbod.
Hayitlarni nishonlay qolsam,
Bolalarga hadyalar olsam.
Chalpak hidin sezsang ham shu dam,
G’ashing keldi menga umrbod.
Do’stlarim bor dunyolar qadar,
Cho’ktirmaslar ko’nglimga kadar.
Salomlashsa ular ham magar,
G’ashing keldi menga umrbod.
Yuragimni dard qilsa pora,
Rosa kutding ketgay, deb zora.
Boshqa ishing yo’qmi, bechora,
G’ashing keldi menga umrbod.
Uzoq umr ko’rsam ham hatto,
So’ng etsalar hurmatim bajo.
Kuysang kerak Mahshargacha to,
G’ashing keldi menga umrbod.
AQSH.Xyuston. 16.08. 2015
MULLA VA BEMOR
Chilyosin o’qirdi bemorga mulla,
Bemor issig’idan yonib, jo’shardi.
Suf, desa taniga kirib g’ulg’ula,
Bezgak tutgan kabi, sapchib tushardi.
Mulla charchamadi tongga qadar to,
Ha, qadim dunyoning sinoati ko’p.
Qultum suv gohida bo’larkan shifo,
Nisholda kovlar-ku oddiygina cho’p.
Nima desangiz ham, kushoyish ayon,
Bemor yuzin burdi beriga qarab.
Mayda-chuyda gaplar ketmas bunday on,
Mullaga sharafdir, bemorga sharaf!
Qurbonlik qildilar qora qo’chqorni,
Kirib chikib yurdi amma — xolalar.
Mulla qo’ldan bermay turar viqorni,
Mo»jiza ko’rgandek xursand bolalar.
Bu gaplar birovga kelmaydi malol,
Shirin ham emasdir, emasdir taxir.
Bir go’dak yuz marta yiqilib, alhol,
O’rnidan yuz karra turgaydir, axir.
Asli sir qayoqda? Bilmasdi hechkim,
Yog’li sho’rvada ham balki hikmat bor.
Bemor birdan dedi: – Ma’radi echkim,
O’shani tushovlab kelmog’im darkor.
AQSH.Xyuston. 17.O8. 2O15
OTA-O’G’IL TORTISHUVI
Ota-o’g’il tortishardi Mahshar kuni,
Qog’ozga ham yozib bo’lmas hatto buni.
Ota derdi: – Go’daklikdan seni boqdim,
Bayramlarda o’yinchoqlar etdim taqdim.
Yegan barcha ovqatlaring hisobi bor,
Ro’yxat qilib qo’yganman men, sen – qarzdor!
O’g’il derdi: – Men ularni uzgum albat,
Mahshar kuni bersa bo’ldi imkoniyat.
Biroq, Sizning gunohingiz g’oyat katta,
Kallangizni uzishsa ham oz, albatta.
Qilmishingiz ko’rib, bilib o’ltirgansiz,
Meni yolg’on shu dunyoga keltirgansiz.
AQSH.Xyuston. 17.O8. 2O15
SAFARDOSH
Sen bilan zaminni kezardim albat,
Baham ko’rar edim mushkul chog’larni.
Faqat chiqib qolar g’alati holat,
– Bu nima? – der eding, yuksak tog’larni.
Sen bilan bahrga burar edim yuz,
Dengizlar qo’ynida urardim javlon.
Faqat qo’rqamanki, boshlar eding so’z:
– Nima degani u, dengiz va ummon?
Sen bilan o’tardim sahrolar osha,
Oftobda qorayib, qizartirib tan.
Faqat barchasini qilgach tomosha,
– Bu qanday ko’rgulik, – derding daf’atan.
Baxt degan tuyg’u bor olamda tansiq,
Balki izlar edik biz uni uzoq.
Baxtni men o’zim ham bilmayman aniq,
– U qanday yemishdir, – derding sen, biroq.
Oxiri qaytardik, yo’l bosib tinmay,
Kimsasiz, benavo, g’arib o’lkangga.
Hafsalang pir bo’lib, endi butunlay
Kirib ketar eding mo»jaz kulbangga.
AQSH.Xyuston. 17.08.2015.
RUH
Mening ishim yo’qdir bu dunyo bilan,
Mening ishim yo’qdir u dunyo bilan.
Yaxshi-yomon nima? Dardim yo’q aslo,
Ular bir po’choqqa bo’lg’uvsidir jo.
Men na tirik taraf, na o’lik taraf,
Ulardan ruhimga bormi biror naf?
Mayli, men haqimda ertaklar to’qi,
Faqat, vaqting bo’lsa, she’rimni o’qi.
AQSH.Xyuston. 17.08. 2015
YOLG’ONCHI HAQIDA BALLADA
Balki ko’rdim men uzoq umr,
Ko’p narsadan charchadim, netay.
Boshim egib, so’rayman uzr,
Yolg’on aytma, sadag’ang ketay.
Yashirayin kemtiklaringni,
Artib qo’yay etiklaringni.
Yo’qot o’sha o’triklaringni,
Yolg’on aytma, sadag’ang ketay.
Shu chiqdimi kamtarin jondan,
Shaytonlikda o’tding shaytondan.
Xudodan qo’rq, qo’rqqin iymondan,
Yolg’on aytma, sadag’ang ketay.
Deysan, o’ynab, kulgan men – o’zim,
Rosa kuchga to’lgan men – o’zim.
Kim bo’lsam ham bo’lgan men – o’zim,
Yolg’on aytma, sadag’ang ketay.
Eslaysanmi, yoshlik pallangni,
Aytolmasding hatto yallangni.
Ishlatdilar qovoq kallangni,
Yolg’on aytma, sadag’ang ketay.
Odamzodga loyiq ishni qil,
Bordir sendan boshqalar ham, bil.
Nelar demas suyaksiz bu til,
Yolg’on aytma, sadag’ang ketay.
Ikki dunyo bo’lmassan obod,
Sen sog’larning belidagi bod.
Keltirgaysan har joyda isnod,
Yolg’on aytma, sadag’ang ketay.
AQSH. Xyuston. 18.08.2015
QALQON
Hayotda bemorning o’zidan ko’ra,
Uning boquvchisi tortgay ko’p azob.
Buni rafiqamdan yaxshisi so’ra,
Bunga hamshira qiz bergaydir javob.
Do’stu yoronlar-ku tinmay erta kech,
Senga hayot tilab qilurlar duo.
Uni takror etib, charchamaslar hech,
Milliard martabali muslim ham hatto.
Men hayron qolaman, har balo kelsa
Doimo duoni qilganlar qalqon.
Nahot, zulm oxir tantana qilsa,
Nahot, qarg’ish unga o’tmas hech qachon.
Olamda ko’rmadim jumboq bu qadar,
Oddiy hol va lekin teran shunchalik:
Dunyo tabiblarin yig’sang ham agar,
Bo’lgaymi o’sha bir hamshirachalik.
Kulfatning eshigi yopilmas nechun,
Chalkashib ketgandir turfa muddao.
Qo’ying yaxshilarni, yomonlar uchun
Insof bersin, deya qilingiz duo.
Gardun aylanadi Inson boshida,
Lekin, martabasi hamisha kushod.
Yovuzlik oldida, Iblis qoshida
Tor-mor bo’lmasligi shartdir, odamzod.
AQSH.Xyuston. 18.08.2015
ABADIY JARAYON
Ajabo, ummonning bag’ridan ketib,
Ummonga qaytadan yog’adi yomg’ir.
Go’yo hislarim ham meni tark etib,
Boshqatdan quyilar qog’ozga oxir.
Borliq avval boshdan yaralmish shundoq,
Misoli shamol va sukut aralash.
Oyning yog’dusida bir yuzi oppoq,
Bir yuzi qoraygan devlarga o’xshash.
Baxtni va’da qildi taqdir bir zamon,
Kulfatni yubordi o’rniga ammo.
Bahorda nasimni kutgandim shodon,
Afsus, izg’irinni ko’rdilar ravo.
Do’stlaring ko’p bo’lar, deya muloyim,
Bashorat qilgandi lo’li qiz bir vaqt.
Attang, kechikdilar do’stlar ham doim,
Sadoqat eshigin qoqdi xiyonat.
Ulug’ hodisotlar yuz bergay bari
Yolg’iz Xudoyimning hukmiga ko’ra.
Xayolim ketadi asrlar sari,
Orzu qilmoqlikdan tolmasman sira.
Hozir-chi, tentirar sargardon bu ruh,
Hozir-chi, olamda shunaqa ishlar.
Faqat rejasini buzmagay anduh,
Faqat, o’z vaqtida kelgay tashvishlar.
AQSH.Xyuston. 19.08.2015
MUVOFIQLIK
G’oyat rang-barangdir ishi olamning,
Muvofiq kelmagay yo’q bilan bori.
Juda og’ir gapdir, ikki odamning
Gar to’g’ri kelmasa fe’lu atvori.
Birovi issiqqa o’zini urar,
Lekin sherigiga yoqar qahraton.
Vijdoni qoshida ular teng turar,
Sanar ikkisi ham o’zin qahramon.
Turfa el bosgandir cheksiz dunyoni,
Unda yolg’iz bir kas yurmasligi rost.
Birisi tanganing oldgi tomoni,
Boshqasi o’shaning orqasi, xolos.
Iltijo ayladim dunyoga kelib,
Iloyo, bergin sen loyiq suhbatdosh.
Yashayin har qayda o’zimni bilib,
Topilsin meni ham anglovchi yo’ldosh.
To’rt qavm tunu kun tortishar, ajab,
Aslida yig’ilgan uzum yegani.
Palaxmon otishar yo’qlikka qarab,
Aziz-ku eng avval Inson degani.
Tafakkur chiqajak oxiri g’olib,
O’rin qolmagaydir nozga, firoqqa.
Faqat, tushunganlar yo’rgaklab olib,
Faqat, tushunganlar qo’ysin tuproqqa.
AQSH.Xyuston. 19.08.2015
KO’ZLAR
Dunyoda eng noyob, eng tansiq so’zdek
Bitta kalomimni aytaman senga.
O’zbekiston desam, desam gar o’zbek,
Ikkita qorako’z ko’rinar menga.
Misoli olovdek o’tli bir nigoh,
Asrlar qa’ridan boqar jovdirab.
Ko’rsa, behush bo’lib Layli ham nogoh,
Majnun ham ketardi dashtga dovdirab.
Bu ko’zlar shodlikdan, g’amdan ziyoda,
Unda pok yuraklar o’qurlar vahiy.
Ma’nosiz nazarlar to’liq dunyoda,
Bu ko’zlar ilohiy, chindan ilohiy.
AQSH.Xyuston. 20.08.2015
TAFAKKUR MADHI
Beruniy sha’niga yo’q aslo ta’rif,
Kolumb ham davriga yarashgan ko’zdek.
Biroq hanuzgacha qalam ko’tarib,
O’zicha kelmagan bu joyga o’zbek.
Sirli yurt sanchiqday bergandi azob,
Sho’roning kibrli saltanatiga.
Derdilar, bormangiz, bo’lgaysiz xarob,
Burjuyning chirigan mamlakatiga.
Magar kelsa hamki birorta sayyoh,
Yozg’irib yozardi yetgancha kuchi.
Emishki, ko’chalar to’la ohu voh,
Mashaqqat karvonin ko’rinmas uchi.
Go’yo payqashmadi g’alabani sof,
Armstrong oy uzra qo’yganda qadam.
YO, falak, bandangda bormi hech insof,
Shunchalar hasadgo’y bo’larmi odam.
Eplay olmagan u o’zini aslo,
Butlab ham bermagan birovning kamin.
Shu bois, dunyoda to’xtamas g’avg’o,
Shu bois, o’nglanmas sho’rlik bu zamin.
Va lekin o’zbekka tafakkurdir zeb,
Ma’rifat merosdir chunki qonida.
Agar kerak bo’lsa, ilmu fanni deb
To’y bergay Samarqand Registonida.
AQSH. Xyuston. 20.08.2015
OQLOVCHI
Oqlovchilik qiladi kotib,
Ko’pchilikdan qilmang, der gina.
Yomonlarni bo’ldik yo’qotib,
Qolganlari uch-to’rttagina.
Uchrab turar balki byurokrat,
U ham yurar o’rtadagina.
Poraxo’r-ku arzimas illat,
Borlari ham uch-to’rttagina.
Siz vahima qilmang, ey shoir,
Yo’lingizda yo’qolsa zina.
Gap chiqarmang ularga doir,
Bezori ham uch-to’rttagina.
AQSH.Xyuston. 21. 08. 2015
TAVSIYA
Menga turli yumush yoqavermas, bas,
Mayli aytib qo’yay dilda niyatni:
Senga salom berish vazifam emas,
Olmaganman bundoq majburiyatni.
Mayliga, ahvolim bo’lsa hamki tang,
Mayli, hay’atingga qo’ymagin saylab.
Umrimning qoq yarmin o’tkazdim, attang,
Har xil kimsalarga takalluf aylab.
Soxtalik jonimga tekkan shu qadar,
Menga tinchligim ber, oromimni ber.
Ko’chada nima ko’p – tosh ko’p, birodar,
Yaxshisi, borginu o’shalarni ter.
AQSH.Xyuston. 21.08. 2015
QADR
Hayotda odamday
Ko’rmaganman kun,
Na tirik yurganman,
Na o’lmaganman.
Birovlar izmida
Yashadim butun,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Sevdim men o’zimcha
Xalqim, elimni,
E’zozlab, toptalgan
Ona tilimni.
Bo’ynimga qo’ydilar
Lekin o’limni,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Meni chetlab o’tdi
Mudom adolat,
Ko’zim ochirmadi
Zulmu zalolat.
Chunki zo’rlikdadir
Jami kafolat,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Ezgulik yo’lida
Qo’limni boylab,
She’rdan ayirdilar
Yillab va oylab.
Bir kimsa chiqmadi
Himoyat aylab,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Doim birga yurdi
Men bilan nodon,
Hasadgo’ylar bo’ldi
Sohibi maydon.
Ular orasida
O’tdim sargardon,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
O’zimdek nochorlar
Uchradi har vaqt,
Nogoh gurzi yegan
Jonzotdek karaxt.
Qayrilib boqmadi
Omad bilan baxt,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Ming yillar naridan
Kelar bir oqim,
U marddir, birovga
Emasdir boqim.
Agar qo’llamasa
Shu tanti halqim,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Keksaygan chog’imda
Nolimoq nechun,
Mutlaq begonaman
Axir siz uchun.
Menga ko’rsatgandir
Yovuzlik kuchin,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Qachon qadr topmish
Shoirning so’zi,
Qadr topganda ham
Beqadr o’zi.
Zora, qiyomatda
Oq bo’lsa yuzi,
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
Safarda bitilgan
Manzumam basdir,
Ulug’ do’stlarimdan
Gina emasdir.
Asrlar qa’ridan
Kelgan bu sasdir:
Umrimda hech qachon
Haq bo’lmaganman.
AQSH. Texas. 22.08.2015
G’URUR
G’orning ichida yo quduq tubida,
Aytma ashulangni, qilmagin pastlik.
Aqchang mo’lligida, puling ko’pida,
Senga to’g’ri kelmas lattaparastlik.
Bozorga kirdingmi, jonoqi qolib,
Xaridor bo’lmagin eshak olmaga.
Nazaring baland qil, himmating g’olib,
Bo’z ko’ylak yarashmas sochi tolmaga.
Qul so’zi ortiqdir o’zbekka endi,
Ismingdan bu tuban qo’shimchani ot.
Qay bir dam kamolot otiga mindi-
Hatto chumoli ham chiqazdi qanot.
Olam vakillari jam bo’lgan fursat,
Gunoh ish qilgandek, yurma qisinib.
Kimlardir sendan ham olsinlar ibrat,
Oloving taftida tursin isinib.
Axir bir zamonlar Sohibqironning
Tegrasin o’ragan ellar, bo’lib yoy.
Udumi yashaydi har bir davronning,
Misoli, soylarga oqqan kabi soy.
Men-ku umr ko’rdim, aytmasdan bir so’z,
Duch kelgan kimsani sizlab o’tganman.
Olis shuhratimdan uzolmasdan ko’z,
Ketgan g’ururimni izlab o’tganman.
AQSH.Xyuston. 22. 08.2015
EVEREST VA UMMON
Everest tog’ida yashar bir odam
Va Bahri Muhitning eng tubida ham.
Cho’qqida turgan u, albatta, sensan,
Ummon ostidagi, shubhasiz, menman.
Aslo qo’lim yetmas yuksak poyangga,
Everest atalmish baland qoyangga.
Lekin sen to’xtovsiz toshlar otgaysan,
Mudom kamsituvchi so’zlar qotgaysan.
Bir vaqtlar derdilar: – Insof, Vijdon bor,
Ming afsus, bori ham g’arib va nochor.
AQSH.Xyuston. 25. 08. 2015
OLIS QIRLAR SOG’INCHI
Sen jimgina o’tirgin, Hasan,
Husan, sen ham so’z dema zinhor.
Betakalluf bo’lsang bo’larsan,
Iltifotga emas bular zor.
Ismiga ham …vichlarni qo’shib,
Aytishlaring juda g’alati.
Bular hali osmondan tushib,
Belanmagan loylarga pati.
Xudo haqi, olifta bir so’z
Barchasiga masxaraday gap.
Quyosh chiqsa ochadilar ko’z,
Oy botganda qolurlar uxlab.
Mol-dunyosi ko’paygan damlar
To’y qiladi, berar ko’pkari.
To’yib yesa bo’ldi odamlar,
Mardlik erur topgan pirlari.
O’zi ega bepoyon qirga,
Havas bilan boqurman takror.
Ko’z qisarlar baxshi shoirga:
– Aytchi, jo’ra, qancha qo’ying bor?
AQSH. Xyuston 25.08.15
VATANPARVAR
Men ilg’or lektorman hozir g’oyatda,
Meni kelajakka g’ayratim boshlar.
Vatanparvar bo’lgay yarim soatda,
Mening ma’ruzamni tinglagan yoshlar.
Tongdan savol qo’yar katta nabiram,
Formaga o’ragan miqti savlatni.
Deydi, chiqishim bor, dolzarb juda ham,
Bobo, so’kib bering biror davlatni.
Sal o’tmay kiradi nabira qizim,
Litseyning oldidir, quvnoq, suxandon.
Deydi, seminarda bor muhim so’zim,
Dushman topib bering menga, bobojon.
Qo’ymas hech men kabi bir ko’ngli bo’shni,
Hamsoyam doim mast, yuradi arang.
Deydi, yuvmaymizmi o’risni, qo’shni,
Raketasi qulab tushibdi, qarang.
Xabarlar tarqaydi yildirimsimon,
O’sal yotgan emish arab podshosi.
Qandaydir mo’g’ulni chaqibdi ilon,
Elga uyqu bermas shular g’avg’osi.
O, sen – maydakashlik, o, eski hamdam,
Meni qora zamin qa’riga otgin.
Senga bo’lgunimcha bir zum hamqadam,
Meni bu dunyodan mayli yo’qotgin.
Aytgin, nimang qoldi o’zi mukarram,
Tunu kun ochgaysan yolg’on folingni.
Hanuz xayolparast, hanuz biring kam,
Bilmaysan, o’zingning hasbi holingni.
Buyuklik kamarin belingga ilib,
Nazar sol, tarixning o’ng-so’llariga.
Bir no’yon Temurbek qoshiga kelib,
Qirq yil kirolmabdi qabullariga.
Sen ham qalam tortib, kerak bo’lsa gar,
Insho qilib yubor G’arbni va Sharqni.
Hamonki, ulug’lik bo’lmish muyassar,
Ravo ko’raverma har kimga sharhni.
Bitta cho’g’ni topib, mash’ala deya
Ayhannos ko’tarmoq bizga xos emas.
Kimki Aflotundan olmish tarbiya,
Aldar Ko’sani u ustozim demas.
Lekin men ushbu kun lektorman, tayin,
Esga solmang o’tgan saltanatlarni.
Yaxshisi, men sizga topib berayin,
Mayda-chuyda, har xil mamlakatlarni.
AQSH. Xyuston 25.08.15
«OZODLIK»
Ozodlik degani – egrilik emas,
Qilgan qilmishlaring to’g’rilik emas.
Oshing halol bo’lsa ko’chada ichgin,
Musulmonning ishi o’g’rilik emas.
AQSH. Xyuston 26.08.15
O’TGAN TARIXLAR
So’ylayin ajoyib voqeotlardan,
Aziz avliyolar, o’tgan zotlardan.
Yaxlit bo’shliq ekan olam bir zamon,
Ya’nikim, aralash zamin va osmon.
Bo’lgan na tartibot, na o’y, na niyat,
Tagi bilan yo’qdir o’zi jamiyat.
To’rt-beshta qaroqchi yurgan qo’rqitib,
O’tgan, ketganlarni talab, hurkitib.
Arz qilay desalar podsholari yo’q,
Hatto arzigulik gadolari yo’q.
Sayrab yurar ekan bir qushcha xushhol,
So’yib yeyishganlar uni ham darhol.
Oxir yolvordilar yig’lab Xudoga,
Quloq solgin, deya bizning nidoga.
Yaratgan yaratdi so’ngra bir davlat,
Rioya qiling deb qonunga faqat.
Mudom ezgulikka aylangiz amal,
Balki bo’lajaksiz yetuk, mukammal.
Oh, nechog’ go’zaldir orzu va armon,
Komil bo’lolmadi va lekin Inson.
Aslo arimadi g’am, tashvishlari,
Endi ruxsat bilan bitgay ishlari.
AQSH. Xyuston 26.08.15
HAYOT YO’LLARIDA
Ikki guruh bordir asli dunyoda,
Birovining oti Yalovchilardir.
Lekin faollikda undan ziyoda,
Ikkinchisin oti Talovchilardir.
Birinchisi bo’lsa, tunu kun yotib,
Xojasin oyog’u ketin yalaydi.
Ikkinchisi esa, hujjat ko’rsatib,
Kuppa-kunduz kuni seni talaydi.
Qancha fir’avnlar kelib ketmagan,
Yer yuzin qaqshatgan qanchalar xoqon.
Va lekin ularga kuchi yetmagan,
Balki kishi bilmas, qo’llagan pinhon.
Men-ku yoqtirmasman g’alvani aslo,
Ehtimol, hayotda yo’q kamu ko’stim.
Xaqsizlik balosin ko’rganda, ammo
Yuragim ezilib ketadi, do’stim.
Bir umr sog’inib o’tdim ziyoni,
Bandidek men unga talpindim, bo’zlab.
Yorug’ ko’ray, dedim shu tund dunyoni,
Mudhish sovuqlarda qolsam ham muzlab.
AQSH. Texas. 27.08.2015
BUYUK SABR
Balki insondirsan oddiy va kamtar,
Balki sarkardasan — janglarda hodiy.
Birovni yakkalab, kamsitsang agar,
La’natlar ayturman senga abadiy.
Bilib qo’y, Allohning keng dargohida
Shafqat bo’lmagaydir kibrga aslo.
Joying jahannamning tubi -chohida,
Hatto, Iblisga u ko’rilmas ravo.
Goh hayron qolaman dunyoga qarab,
Tavba, deb yoqamni ushlayman bot-bot.
Bir umr malomat komida yashab,
O’zgarib qolmagan nechuk odamzod?
Bu holga chidamish botirlar nega,
Nega daf qilmagan nohaqni axir?
Nahotki, ezgulik qolgan beega,
Nahot, tiriklikning hamrohi tahqir?
Angladik, rahm etib o’zi Xudoyim,
Arshlarga ko’tardi oliy qadrni.
Qo’llab tursin deya ishonchin doim,
Bizlarga o’rgatdi buyuk sabrni.
AQSH. Texas. 29.08.2015
BAXSHIYONA
Shoir Usmon Azimga
Usmon shoir, yosh bo’lsang ham
Qo’llab yubor,
Baxshiyona she’rga meni
Yo’llab yubor.
Bu dunyoda nima ko’pdir –
Tashbeh ko’pdir,
Ajabtovur obrazlarni
Mo’llab yubor.
Ba’zi birov, senu menga
Qumsan deydi,
Men gapiray, o’tiraber,
Jimsan deydi.
Ustozni-ku nazar-pisand
Qilmas ular,
O’rni kelsa, otasiga
Kimsan, deydi.
Yo’lda nogoh uchrab qolsa
Biror rahbar,
Sodiq itday ergashadi
Balxga qadar.
Kerak bo’lsa, kuzatadi
Hammomgacha,
Tiz cho’kadi, buyrug’ini
Bersa agar.
Boy zotini ko’rganda – ku
Uchar hushi,
Qolib ketar qarindoshu
Tengu to’shi.
Dunyo topgan tentak kabi
Quvonadi,
Sarqitidan ko’z uzolmas
Ko’ngil qushi.
Shoirman, deb chiqqanlarning
Yarmi po’kdir,
Xo’rozchaday qichqiradi,
Qorni to’qdir.
Ramazonda ravgan aytgan
Bolalardan,
O’lay agar, tirnoqcha ham
Farqi yo’qdir.
Bir maktabda hammamiz ham
Saboq oldik,
Yolg’on-yashiq maqtovlarni
Ishga soldik.
Vo ajabo, iljayishib,
Tirjayishib,
O’zimiz ham o’shalarga
O’xshab qoldik.
Usmon shoir, umrim o’tdi,
Endi netay,
Payti keldi, pushaymonim
Bayon etay.
Eng yaxshisi, Boysun tog’dan
Biror g’or top,
Chorig’imni sudrab unga
Kirib ketay.
A.Q.SH. Texas. 30.08.2015
AVGUST
Bearmon suzdim men ummon bag’rida,
Zerikkan chog’imda nabiralar do’st.
Olis Amriqoning chet bir shahrida,
Xayr – xo’sh qilaman sen bilan, Avgust.
Mevalar g’arq pishgan yurtimda hozir,
Kunduz jazirama, salqindir tunlar.
Ishkomlar hosilin ko’targay bazo’r,
Tugab ketgandir ham gurvak qovunlar.
Men bugun musofir, sargashta sayyoh,
Balki qumloqlarga singmish so’zlarim.
Sen ham sog’indingmi, ey ona dargoh,
Meni kutgaysizmi, xumor ko’zlarim.
Vatandan yiroqda kechdi ko’p damlar,
Baytlarim o’xshadi ko’priklarimga.
Do’rmon bog’larida toza shabnamlar,
Qo’nib turgan kabi kipriklarimga.
Mana, oqshom tushdi ummonga asta,
Olis samolarda yulduzlar bodroq.
Shundoq jo’sh uradi Jayxun ham pastda,
Sahro qo’yniga ham tun cho’kar shundoq.
Rahmat, qo’ymading sen meni toldirib,
Avgust, hali senga she’rlar biturman.
Qalbimning bir qismin bunda qoldirib,
Yurtga sihatimni olib keturman.
AQSH, Texas, Avgust 2015
Шоир шеърларидан бирини «Эверест ва уммон» деб атабди. Абдулла Орипов ўзбек шеъриятининг энг юксак чўққисидир.Шоир шеърлари тенгсиз зарофати, шарқона ҳикматларга бойлиги( бу ҳикматлар мағзи гоҳ ширин, гоҳ аччиқ бўлади) билан ажралиб туради. Менга айниқса қизи Мавлудага бағишланган шеър жуда ёқди. Оталар фарзандларига шундай насиҳатларни ҳам айтиб туриши керак… (Саида)
…ta’rifga til ojiz… boshqa gap noo’rin…