Хабарингиз бор, ҳар ойнинг якунида устоз Абдулла Ориповнинг янги ёзилган шеърларини эълон қилиб бормоқдамиз. Афсуски, бу гал интернет алоқаси билан боғлиқ муаммо туфайли уларни бироз кечикиб тақдим этмоқдамиз. Узр сўраб, атоқли шоирнинг октябрь ойида ёзган шеърлари мутолаасига даъват этамиз.
АБДУЛЛА ОРИПОВ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ОКТЯБРЬ ШЕЪРЛАРИ
МАРДИКОР
Бажаргин ўзингга мансуб юмушни,
Овчи ҳам ўлжасин бир ўзи овлар.
Агар ёқтирмаса қандайдир ишни,
Мардикор ёллайди баъзи бировлар.
Эҳтимол, ҳашардир, шанбаликдир ё,
Маҳалланг чорлайди — ёрдаминг даркор.
Бундай муаммодан қўрқмагин асло,
Ҳамёнинг бор экан- мардикор тайёр.
Ўқишга кирмоқчи фарзанд бесавод,
Унга сувдек зарур баҳолар- баллар.
Ота чорасини топар шу заҳот,
Билағон болани мардикор ёллар.
Пайдо бўлган эмас бу одат дарров,
Шоҳлар ҳам ишлатган қиёфадошин.
Келинга топилар мардикор куёв,
Тўйида ўтирар эгганча бошин.
Мададсиз қолганда инсон боласи,
Қўллаган зотларга минг бора раҳмат.
Савобни маҳв этар таъма балоси,
Беҳуда кетмагай чекилган заҳмат.
Ҳеч кимнинг қўрғонин босмасин хатар,
Ҳатто зор қолмасин ҳамсоясига.
Ватаннинг бошига иш тушса агар,
Мардикор боргайми ҳимоясига.
АҚШ. Хьюстон. 2.10.2015
ТАҚДИР ТУҲФАЛАРИ
Сендан ризқ сўрадим ҳамиша, тақдир,
Бойлик ўтинмадим лекин муҳташам.
Ол, дея бутун нон юбординг, шукур,
Балки бошқалардан айламадинг кам.
Сендан дўст сўрадим, ёлвориб яна,
Тўғригўй ҳамроҳлар дуч келди, қуллуқ.
Улар ҳам мен каби юрибди, ана,
Чайқов бозорингга киргулари йўқ.
Сендан саломатлик сўрадим, тақдир,
Ахир ҳар кимсага мукофотдир бу.
Тўрт мучанг соғ бўлса, шу ўзи бахтдир,
Қариган чоғингда етар қуш уйқу.
Ғаним юборгин, деб ким айтар сенга,
Эси бор ҳар банда бу гапдан кулар.
Негадир, бир тўпин жўнатдинг менга,
Сиғмай қолганмиди ҳовлингга улар.
Барибир, лутфингдан розиман мен ҳам,
Қайларга борардим тақдирсиз-сенсиз.
Энг аввал, онадан туғилганим дам,
Ватан ато этдинг, қадим ва тенгсиз.
Сенинг битта номинг, эҳтимол, қисмат,
Хато қилган бўлсак, бизлардан кўрма.
Тепангда Эгам бор, шошилма фақат,
Умрни ўзингча қисқартиб юрма.
АҚШ. Хьюстон. 4.10.2015
ҲАЁТ
Рафиқамга
Кимдир деди оҳ чекиб:
— Зулматга ботди зиё,
Тулпорлар кетиб бўлди,
Қирчанғига зот қолди.
Тирикликни ўлимлар
Енга билмади, аммо,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Афсус, не-не инсонлар
Тарк этдилар оламни,
Қайтмадилар, тўксам ҳам
Кўзимдаги жоламни.
Бу не сирким, кулфатлар
Буколмади одамни,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Онам кетса, ўйловдим,
Йиқилиб тушгай осмон,
Отам кетди, мен учун
Зимистон бўлди жаҳон.
Лекин мен ёдгор эдим,
Ўлмай қолган тирик жон,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Юрагим сиқилганда
Мозор оралаб юрдим,
Кекса бир донишманднинг
Қабри ёнида турдим.
Во ажабо, тошида
Ушбу ёзувни кўрдим:
-Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Саноғига етмайди
Ҳанузгача одамзод-
Заминда қурбон кўпми,
Кўпмикан ва ё жаллод.
Яхшилардан от қолур,
Ёмонлардан қолур дод,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
Ўкинмагин, азизам,
Орқада энди ғовлар,
Ажалдан ҳам аслида
Баттарроқ экан ёвлар.
Дегаймиз,ўша куни —
Ўтгач барча синовлар:
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.
АҚШ. Хьюстон. 6.10.2015
ЮПАНЧ
Паймона жом эрур,
Бир кун тўлғувси,
Кимки туғилибди-
Охир ўлғувси.
Ҳозирча тирикман,
Йиғлама, болам,
Ҳали кўз ёшларинг
Керак бўлғувси.
АҚШ. Хьюстон. 10.10.2015
АРМОН
Хайр, Атлантика,
Хайр, эй уммон,
Сендан айро тушмоқ
Гумондир, гумон.
Менинг ҳам қалбимда
Бир уммоним бор,
Фақат, унинг номи
Армондир, армон.
АҚШ. Хьюстон. 10.10.2015
ЗИНАЛАР
Дедилар: – Кўкларга қилурсан парвоз,
Биринчи зина бу, чиққин, сеники.
Шу заҳот атрофдан таралди овоз:
– Бу зина меники, зина меники.
Ўрлаб боравердинг тепага ўктам,
Бундайин маррага етишгай озлар.
Лекин эшитилиб турди дамбадам,
Бу зина меники, деган овозлар.
Энг юксак пояга чиқолдинг у кун,
Уҳ тортдинг, сочингга қировлар инган.
Во ажаб, ўчганди энди турфа ун,
Меникидир, деган овозлар тинган.
Бироқ кимларнингдир имкони бисёр,
Ҳаттоки, омадни айлаб олгай қул.
Умрида машаққат чекмаган бир бор,
Чунки зиналари бошқадир буткул.
Сени ҳам қайдадир англашар, балким,
Орттирган тажрибанг беҳуда кетмас.
Пастда бўлсанг агар, топтайди ҳар ким,
Баландликда турсанг – қўллари етмас.
АҚШ. Хьюстон. 11.10.2015
ЙЎҚОЛГАН БЎРИ
Ҳайвонот боғидан
Йўқолди бўри,
Шу заҳот эфирда
Берилди эълон:
– Бўри қочиб кетган,
Жайдари тури,
Тутиб келтирганга
Мукофот фалон.
Бўри-ку топилди
Ва лекин бу иш,
Ташаббус сингари
Кўрсатди кучин.
Ҳануз давом этар
Бўри топшириш,
Албатта, айтилган
Мукофот учун.
АҚШ.Техас. 11.10.2015
“ИККИЧИ” БОЛА
Физикадан “икки” олиб,
Бола қайтди мактабдан,
Остонада туриб деди
Отасига дафъатан:
-Отажоним, хафа бўлманг,
Ахир бизга омад ёр,
“Икки” олсам олибман-да,
Беруний бобомиз бор.
Энди тилдан “икки” олиб
Қайтди бола мактабдан,
Отасига яна деди
Остонадан ўтмасдан:
-Отажоним, хафа бўлманг,
Ахир бизга омад ёр,
“Икки” олсам олибман-да,
Навоий бобомиз бор.
Бу гапларни тинглайвериб
Отанинг боши қотди,
Ҳар кун шу ҳол такрор бўлар,
Бор тинчини йўқотди.
Охир деди: Бас қил, бола,
Ҳаммамизга омад ёр,
Боболарни пеш қилма кўп,
Ҳамёнимда ақчам бор.
АҚШ. Хьюстон. 13.10.2015
ДОН КИХОТ
Мудом бошқаларнинг ғамини ейсан,
Сендек ғамгусорни биров кўрганмас.
Нечун ҳайдовчига тезроқ юр, дейсан,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Ҳар ким саёҳатга чиққай, албатта,
Дунё кенг, манзил кўп, сарҳадлар катта.
Тез юрар поездга олгайсан патта,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Минбарга чиқасан, ўхшаб оловга,
Зарбалар берасан қандайдир ёвга.
Ёқдинг ё ёқмадинг ҳозир бировга,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Текшириб ўтирмай туғилган ерин,
Ўзингча мақтадинг шоирнинг шеърин.
Ўйлаб ҳам кўрмадинг, у нима дерин,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Гоҳо адолат деб куйдирасан жон,
Тилингдан тушмайди Ҳазрати Инсон.
Нимага эришдинг шу билан, нодон,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Китобий қаҳрамон- номи Дон Кихот,
Шамол тегирмонга қарши сурган от.
Дегайлар, биздан ҳам чиқмиш шундай зот,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Эшитдинг, қайдадир тошибди дарё,
Тун бўйи оҳ чекдинг, миробдай гўё.
Эл-юртни асра, деб қилдинг илтижо,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Соғломсан, тер тўкиб, шавққа тўлгайсан,
Лекин қариб-чуриб, бир кун ўлгайсан,
Билиб қўй, шу заҳот унут бўлгайсан,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Дунёдан безмагин, сўниб ҳафсаланг,
Кимлардир от минган, ким оёқ яланг.
Мадад сўраб додлар, ҳоли бўлса танг,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
Магар шундоқ экан, не қилмоқ даркор?
Болам, ушбу гапни унутма зинҳор:
Фақат, таъмаси йўқ савоб устивор,
Ахир, сени ҳеч ким кутиб турганмас.
АҚШ. Хьюстон. 14.10.2015
КОТИБА ХОНИМ
Бирор савол чиқса – майдами ё чўнг,
Раҳбарга айтгин, деб қўймас имоним.
Тўрт ёки бешинчи уринишдан сўнг,
Гўшакни кўтарар Котиба Хоним.
Ҳали салом-алик қилмасдан аввал,
Сўроқни бошлайди, терговчи гўё.
Қанча тиришмагин, бермайди ҳеч гал,
Дейсан, автоматдан фарқи йўқ асло.
– Отангиз тирикми? Онангиз борми?
Бобонгиз қанақа касалдан ўлган?
Жуфтингиз ишларми ёки бекорми?
Қайси ресторанда тўйингиз бўлган?
Қандай ўтказасиз бўш қолган дамни?
Қачондир СПИДга чалинганмисиз?
Ўлдирганмисиз ҳеч бирор одамни?
Боғчада ҳибсга олинганмисиз?
Сизга тегмаганми лўлининг кўзи?
Маошингиз қанча? – буни ҳам айтинг.
Қаёққа қўнғироқ қилдингиз, ўзи,
Шикоят бўлса гар, бу йўлдан қайтинг.
Энди чиқай, девди танимдан жоним,
Тилига бол бўлсин, оғзига қандлар.
Гапни қисқа қилди Котиба Хоним:
-Хўжайин бандлар.
АҚШ. Хьюстон. 14.10.2015
ТАЪЗИЯ
Сен кетдинг, қолганлар
Ўйнасин, кулсин,
Маконинг, илоё,
Нурларга тўлсин.
Аслида, бу дунё
Ташвишларидан
Қутулиб кетганинг
Муборак бўлсин.
АҚШ. Хьюстон. 14.10.2015
УМР ДАФТАРЛАРИ
Кўргингиз келса гар бахтли одамни,
Қайга борардингиз, ахир нетгайсиз?
Келинг ҳузуримга, унутинг ғамни,
Яйраб ўтиргайсиз, мамнун кетгайсиз.
Кўрмоқчи бўлсангиз бахтсизни агар,
Юрманг йироқларда, келинг мен томон.
Ҳасратли умримнинг ўзи бир дафтар,
Ўқиб, йиғлай-йиғлай, қайтгайсиз нолон.
АҚШ. Хьюстон. 15.10.2015
ҲАСБИ ҲОЛ
Йўқотаман, дейди ҳасадгўй номард,
Таслим бўлмас лекин ақлу тафаккур.
Эзгу умидингга қўндирмайди гард,
Хайрихоҳ дўстларга минг бор ташаккур.
Мен-ку, юргандирман ўз ғамимни еб,
Чидаб ҳижронларга, соғинч, фироққа.
Кимнинг ҳисобидан сафар қилдинг, деб,
Ҳатто аллакимлар тутар сўроққа.
Қўлинг ишга бормас улар дастидан,
Во дариғ, тинчгина юриб ҳам бўлмас.
Билдирмай чоҳ қазар оёқ остингдан,
Косанг оқармайди, толеинг кулмас.
Ҳайронлар қоламан бир ҳолга доим,
Зарра улғаймаган гўёки Инсон.
Уни бандам деган бир вақт Худойим,
Афсус, тарк айламиш бандасин иймон.
Шеъримни дафъатан арз-додга йўйма,
Пойингда ётибди пажмурда таним.
Мени ўшаларга талатиб қўйма,
Ўзинг қўлла яна, халқим, Ватаним.
АҚШ. Хьюстон. 16.10.2015
ЗАМОНЛАР
Ўзимизнинг гап, деб бошлайди сўзин,
Кўрсатгич бармоғи лабида турар.
Эшикдан бир лаҳза узмайди кўзин,
Кимдир кириб қолса, мавзуни бурар.
Одамлар тўп жойдан қочар минг қадам,
Ҳатто, радиони тинглайди пинҳон.
Магар, об-ҳаводан гап кетса, шу дам
Дейди: – Газетани ўқинг, ўртоқжон.
Бирор таъзияга бориб қолса гоҳ,
Тиловат қилмайди, мўлтирар гирён.
Ҳеч кимса кўрмаган чекканини оҳ,
Собиқлар тўйига бормас ҳеч қачон.
Кундузи Қомусни қўйнига солиб,
Чорлар огоҳликка яхши-ёмонни.
Тунлари кўрпага бурканиб олиб,
Қироат қилади йиғлаб, Қуръонни.
Шу қадар шафқатсиз эдингми, ҳаёт,
Қўлим ёқангдадир, Маҳшаргача то.
Қуёндек беюрак, қушдек бесабот,
Соқов қилганмидинг халқимни, Шўро.
Болажон, сен бундай кунларни кўрма,
Шукур, сеникидир замона бу пайт.
Мағлублар сингари бош эгиб юрма,
Сен энди ғолиблар қўшиғини айт.
АҚШ. Хьюстон. 17.10.2015
ҲАНГОМА
Бир кун шогирдига деди устози:
-Майли, шеъриятда қаср қурмагин.
Ҳатто, ёзмасанг ҳам, майли мен рози,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Қодирий, Чўлпонга мухлис бўлганлар,
Гуллаб турган чоғи бевақт сўлганлар.
Ёхуд Магаданда музлаб ўлганлар,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Шеърини ўқигинг келса агарда,
Ўқи-ю, нуқсон кўр ўша асарда.
Турсин оралиқда темирдан парда,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Керакли одамнинг изидан қолма,
Унга хизмат қилиб, ҳеч қачон толма.
Фойдасиз кимсага қулоқ ҳам солма,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Мени огоҳ қилди эски бир ошнам,
Боқсанг посангига ҳеч бўлмайсан кам.
Виждоннинг ўзи йўқ, чекма сира ғам,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Дунё ўткинчидир, яъни муваққат,
Ҳамиша мавжуддир ўша ҳақиқат.
Олдингда ғов бўлса, йўқот шу фурсат,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Шунда танбеҳлардан бўлгайсан озод,
Ўт босган пайкалинг аталгай обод.
Сулаймон ўлди-ю, девлар демак шод,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Мудом иш беради бизларга ёлғон,
Билиб турибдими содда оломон.
Сени Фирдавсий, деб қилгаймиз эълон,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Бошлиқлар келганда, чиққин югуриб,
Тинмай, пояндозни тургин супуриб.
Талантли дейдилар ишингни кўриб,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Давра қур, ҳеч кимдан ҳайиқма аммо,
Рўйхатлар тузгаймиз, янги мутлақо.
Унга бегоналар кирмайди асло,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Ҳеч кимса ўйламас, — сен қайси тараф,
Тарихнинг корига қолдик-ку яраб.
Бўйларин ўлчайди бизларга қараб,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Ҳатто нуқсонимиз бўлгай фазилат,
Саводсизлик эса олий маърифат.
Манманлик айб эмас, балки жасорат,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Содиқ итларинг кўп — сени қўллайди,
Гарчи, ҳар замонда бир бор туллайди.
Хурсанд бўл, ижодий боғинг гуллайди,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Эҳтимол, китобинг ўқимас биров,
Бозорчи пистасин ўрайди дарров.
Лекин нописандлик бизнинг қудрат, дов,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Эгалари кетса — тул адабиёт,
Ҳаёсиз жойларда пул адабиёт.
Қолди ўтмишларда ул адабиёт,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Бизнинг ҳам шубҳасиз ўз режамиз бор,
Исковуч, чақимчи кадрлар бисёр.
Закот бериб турсанг ҳамма сенга ёр,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Альбомлар ясаймиз кўркам, улуғвор,
Ойбекнинг ўрнига мана, биз тайёр.
Фақат Қаҳҳор домла тўғри сўз, айёр,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Ва лекин чўчитар ўзга бир даҳо,
Ўрнидан қўзғалмас Навоий бобо.
Туҳфа қилсакмикан бошқаларга ё,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Бульдозер қўйса ҳам ўрнингдан жилма,
Унча-мунча гапга парво ҳам қилма.
Сендайлар кўп ҳозир, даврон сур, ўлма,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
Рўпара келса ким, суришажакмиз,
Шубҳа йўқ, орзуга эришажакмиз.
Кўп борса, Дўзахда кўришажакмиз,
Абдулла Орифга яқин юрмагин.
АҚШ. Хьюстон. 19.10.2015
ОНА ТУПРОҚ
Бир вақт ватанимдан кетдим кўп узоқ,
Келдиму заминга эгилдим шу чоқ.
Орада қандайин мулоқот бўлди,
Битта мен биламан ва билгай тупроқ.
24.10.2015
ИЖОД
Зулмат бўлса ернинг ҳар ёғи,
Тош бодомдай сиқилса юрак.
Шундай пайтда, булбул сайроғи
Кимга керак, нимага керак?
Қоп-қорайиб оқади дарё,
Гувиллайди тубанда бенур.
Унинг ваҳший садоси аммо
Кимга керак, нимага зарур?
Юмилгандир гулларнинг лаби,
Чирмовуқлар деворлар оша.
Боғни аёз ургани каби,
Бутун борлиқ сўқир томоша.
Булар бари табиатга хос,
Ҳозир тундир, эртачи нурлик.
Яна гуллар очилар қийғос,
Яна қушлар сайрайди турлик.
Сен-чи, шоир, ўзингга қара,
Сен омадсиз ва ўжар жонзот.
Керагинг йўқ ҳеч кимга зарра,
Шу ҳолда ҳам қилурсан ижод.
27.10.2015 й.
ҲАЁТ ИБРАТИ
Ўтган йўлларимга кўз ташлаб гирён,
Гоҳида ўзимга қоламан ҳайрон.
Руҳим замин узра учса ҳам баланд,
Таним бир умрга бўлди занжирбанд.
Элу юрт номини қўйиб ўртага,
Алдаб юришдилар мени жўрттага.
Баъзан дуч келганга айтдим ширин сўз,
Лекин сийратини билмадим, афсус.
Ёш дўстим, волиданг қадрига етгин,
Майли, ўзгаларни фаромуш этгин.
Она-ю Ватандир асли беминнат,
Бошқалар шерикдир, ҳамроҳдир фақат.
28.10.2015
ДЎСТЛАР
Ерга тўкилади шафтоли ларзон,
Кимдир босиб ўтар, тасаввур этгин.
Дўст сўзин нархини мен қилдим арзон,
Укажон, сен унинг қадрига етгин.
Ўйлардим, ҳамроҳим дўст, деб албатта,
Мени кутгувчи ҳам содиқдир, ёрдир.
Бирида бор экан лекин ойболта,
Унисининг эса қургани дордир.
Оқшом дўстлашади ғаним давлатлар,
Низо бошлайдилар тонг отмай бироқ.
Дунёни забт этган сохта даъватлар,
Гоҳо севгининг ҳам лофлари кўпроқ.
Кимнингдир таянчи, шубҳасиз, мансаб,
Ишонган тоғидир бойлик – сийму зар.
Балки дўстим, дейди юзингга қараб,
Аммо ичи тўла заққум ва заҳар.
Дер эдим, дўст топиб, кирдим шу ёшга,
Афсус, улар бугун кетдилар бадар.
Нон дўсти бошқадир, жон дўсти бошқа,
Одам болалари турфа нақадар.
Илоё, ўчмасин дилдан илтифот,
Басдир, қўшилмаса ўртага ёлғон.
Ҳатто хайрихоҳни сиғдирмас ҳаёт,
Дўст эса, то абад энг ноёб инсон.
28.10.2015
ABDULLA ORIPOV
O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri
OKTYABR` SHE’RLARI
MARDIKOR
Bajargin o’zingga mansub yumushni,
Ovchi ham o’ljasin bir o’zi ovlar.
Agar yoqtirmasa qandaydir ishni,
Mardikor yollaydi ba’zi birovlar.
Ehtimol, hashardir, shanbalikdir yo,
Mahallang chorlaydi — yordaming darkor.
Bunday muammodan qo’rqmagin aslo,
Hamyoning bor ekan- mardikor tayyor.
O’qishga kirmoqchi farzand besavod,
Unga suvdek zarur baholar- ballar.
Ota chorasini topar shu zahot,
Bilag’on bolani mardikor yollar.
Paydo bo’lgan emas bu odat darrov,
Shohlar ham ishlatgan qiyofadoshin.
Kelinga topilar mardikor kuyov,
To’yida o’tirar eggancha boshin.
Madadsiz qolganda inson bolasi,
Qo’llagan zotlarga ming bora rahmat.
Savobni mahv etar ta’ma balosi,
Behuda ketmagay chekilgan zahmat.
Hech kimning qo’rg’onin bosmasin xatar,
Hatto zor qolmasin hamsoyasiga.
Vatanning boshiga ish tushsa agar,
Mardikor borgaymi himoyasiga.
AQSH. X`yuston. 2.10.2015
TAQDIR TUHFALARI
Sendan rizq so’radim hamisha, taqdir,
Boylik o’tinmadim lekin muhtasham.
Ol, deya butun non yubording, shukur,
Balki boshqalardan aylamading kam.
Sendan do’st so’radim, yolvorib yana,
To’g’rigo’y hamrohlar duch keldi, qulluq.
Ular ham men kabi yuribdi, ana,
Chayqov bozoringga kirgulari yo’q.
Sendan salomatlik so’radim, taqdir,
Axir har kimsaga mukofotdir bu.
To’rt muchang sog’ bo’lsa, shu o’zi baxtdir,
Qarigan chog’ingda yetar qush uyqu.
G’anim yuborgin, deb kim aytar senga,
Esi bor har banda bu gapdan kular.
Negadir, bir to’pin jo’natding menga,
Sig’may qolganmidi hovlingga ular.
Baribir, lutfingdan roziman men ham,
Qaylarga borardim taqdirsiz-sensiz.
Eng avval, onadan tug’ilganim dam,
Vatan ato etding, qadim va tengsiz.
Sening bitta noming, ehtimol, qismat,
Xato qilgan bo’lsak, bizlardan ko’rma.
Tepangda Egam bor, shoshilma faqat,
Umrni o’zingcha qisqartib yurma.
AQSH. X`yuston. 4.10.2015
HAYOT
Rafiqamga
Kimdir dedi oh chekib:
— Zulmatga botdi ziyo,
Tulporlar ketib bo’ldi,
Qirchang’iga zot qoldi.
Tiriklikni o’limlar
Yenga bilmadi, ammo,
Zavol topmay dunyoda,
Baribir, hayot qoldi.
Afsus, ne-ne insonlar
Tark etdilar olamni,
Qaytmadilar, to’ksam ham
Ko’zimdagi jolamni.
Bu ne sirkim, kulfatlar
Bukolmadi odamni,
Zavol topmay dunyoda,
Baribir, hayot qoldi.
Onam ketsa, o’ylovdim,
Yiqilib tushgay osmon,
Otam ketdi, men uchun
Zimiston bo’ldi jahon.
Lekin men yodgor edim,
O’lmay qolgan tirik jon,
Zavol topmay dunyoda,
Baribir, hayot qoldi.
Yuragim siqilganda
Mozor oralab yurdim,
Keksa bir donishmandning
Qabri yonida turdim.
Vo ajabo, toshida
Ushbu yozuvni ko’rdim:
-Zavol topmay dunyoda,
Baribir, hayot qoldi.
Sanog’iga yetmaydi
Hanuzgacha odamzod-
Zaminda qurbon ko’pmi,
Ko’pmikan va yo jallod.
Yaxshilardan ot qolur,
Yomonlardan qolur dod,
Zavol topmay dunyoda,
Baribir, hayot qoldi.
O’kinmagin, azizam,
Orqada endi g’ovlar,
Ajaldan ham aslida
Battarroq ekan yovlar.
Degaymiz,o’sha kuni —
O’tgach barcha sinovlar:
Zavol topmay dunyoda,
Baribir, hayot qoldi.
AQSH. X`yuston. 6.10.2015
YUPANCH
Paymona jom erur,
Bir kun to’lg’uvsi,
Kimki tug’ilibdi-
Oxir o’lg’uvsi.
Hozircha tirikman,
Yig’lama, bolam,
Hali ko’z yoshlaring
Kerak bo’lg’uvsi.
AQSH. X`yuston. 10.10.2015
ARMON
Xayr, Atlantika,
Xayr, ey ummon,
Sendan ayro tushmoq
Gumondir, gumon.
Mening ham qalbimda
Bir ummonim bor,
Faqat, uning nomi
Armondir, armon.
AQSH. X`yuston. 10.10.2015
ZINALAR
Dedilar: – Ko’klarga qilursan parvoz,
Birinchi zina bu, chiqqin, seniki.
Shu zahot atrofdan taraldi ovoz:
– Bu zina meniki, zina meniki.
O’rlab boraverding tepaga o’ktam,
Bundayin marraga yetishgay ozlar.
Lekin eshitilib turdi dambadam,
Bu zina meniki, degan ovozlar.
Eng yuksak poyaga chiqolding u kun,
Uh tortding, sochingga qirovlar ingan.
Vo ajab, o’chgandi endi turfa un,
Menikidir, degan ovozlar tingan.
Biroq kimlarningdir imkoni bisyor,
Hattoki, omadni aylab olgay qul.
Umrida mashaqqat chekmagan bir bor,
Chunki zinalari boshqadir butkul.
Seni ham qaydadir anglashar, balkim,
Orttirgan tajribang behuda ketmas.
Pastda bo’lsang agar, toptaydi har kim,
Balandlikda tursang – qo’llari yetmas.
AQSH. X`yuston. 11.10.2015
YO’QOLGAN BO’RI
Hayvonot bog’idan
Yo’qoldi bo’ri,
Shu zahot efirda
Berildi e’lon:
– Bo’ri qochib ketgan,
Jaydari turi,
Tutib keltirganga
Mukofot falon.
Bo’ri-ku topildi
Va lekin bu ish,
Tashabbus singari
Ko’rsatdi kuchin.
Hanuz davom etar
Bo’ri topshirish,
Albatta, aytilgan
Mukofot uchun.
AQSH.Texas. 11.10.2015
“IKKICHI” BOLA
Fizikadan “ikki” olib,
Bola qaytdi maktabdan,
Ostonada turib dedi
Otasiga daf’atan:
-Otajonim, xafa bo’lmang,
Axir bizga omad yor,
“Ikki” olsam olibman-da,
Beruniy bobomiz bor.
Endi tildan “ikki” olib
Qaytdi bola maktabdan,
Otasiga yana dedi
Ostonadan o’tmasdan:
-Otajonim, xafa bo’lmang,
Axir bizga omad yor,
“Ikki” olsam olibman-da,
Navoiy bobomiz bor.
Bu gaplarni tinglayverib
Otaning boshi qotdi,
Har kun shu hol takror bo’lar,
Bor tinchini yo’qotdi.
Oxir dedi: Bas qil, bola,
Hammamizga omad yor,
Bobolarni pesh qilma ko’p,
Hamyonimda aqcham bor.
AQSH. X`yuston. 13.10.2015
DON KIXOT
Mudom boshqalarning g’amini yeysan,
Sendek g’amgusorni birov ko’rganmas.
Nechun haydovchiga tezroq yur, deysan,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Har kim sayohatga chiqqay, albatta,
Dunyo keng, manzil ko’p, sarhadlar katta.
Tez yurar poezdga olgaysan patta,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Minbarga chiqasan, o’xshab olovga,
Zarbalar berasan qandaydir yovga.
Yoqding yo yoqmading hozir birovga,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Tekshirib o’tirmay tug’ilgan yerin,
O’zingcha maqtading shoirning she’rin.
O’ylab ham ko’rmading, u nima derin,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Goho adolat deb kuydirasan jon,
Tilingdan tushmaydi Hazrati Inson.
Nimaga erishding shu bilan, nodon,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Kitobiy qahramon- nomi Don Kixot,
Shamol tegirmonga qarshi surgan ot.
Degaylar, bizdan ham chiqmish shunday zot,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Eshitding, qaydadir toshibdi daryo,
Tun bo’yi oh chekding, mirobday go’yo.
El-yurtni asra, deb qilding iltijo,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Sog’lomsan, ter to’kib, shavqqa to’lgaysan,
Lekin qarib-churib, bir kun o’lgaysan,
Bilib qo’y, shu zahot unut bo’lgaysan,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Dunyodan bezmagin, so’nib hafsalang,
Kimlardir ot mingan, kim oyoq yalang.
Madad so’rab dodlar, holi bo’lsa tang,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
Magar shundoq ekan, ne qilmoq darkor?
Bolam, ushbu gapni unutma zinhor:
Faqat, ta’masi yo’q savob ustivor,
Axir, seni hech kim kutib turganmas.
AQSH. X`yuston. 14.10.2015
KOTIBA XONIM
Biror savol chiqsa – maydami yo cho’ng,
Rahbarga aytgin, deb qo’ymas imonim.
To’rt yoki beshinchi urinishdan so’ng,
Go’shakni ko’tarar Kotiba Xonim.
Hali salom-alik qilmasdan avval,
So’roqni boshlaydi, tergovchi go’yo.
Qancha tirishmagin, bermaydi hech gal,
Deysan, avtomatdan farqi yo’q aslo.
– Otangiz tirikmi? Onangiz bormi?
Bobongiz qanaqa kasaldan o’lgan?
Juftingiz ishlarmi yoki bekormi?
Qaysi restoranda to’yingiz bo’lgan?
Qanday o’tkazasiz bo’sh qolgan damni?
Qachondir SPIDga chalinganmisiz?
O’ldirganmisiz hech biror odamni?
Bog’chada hibsga olinganmisiz?
Sizga tegmaganmi lo’lining ko’zi?
Maoshingiz qancha? – buni ham ayting.
Qayoqqa qo’ng’iroq qildingiz, o’zi,
Shikoyat bo’lsa gar, bu yo’ldan qayting.
Endi chiqay, devdi tanimdan jonim,
Tiliga bol bo’lsin, og’ziga qandlar.
Gapni qisqa qildi Kotiba Xonim:
-Xo’jayin bandlar.
AQSH. X`yuston. 14.10.2015
TA’ZIYA
Sen ketding, qolganlar
O’ynasin, kulsin,
Makoning, iloyo,
Nurlarga to’lsin.
Aslida, bu dunyo
Tashvishlaridan
Qutulib ketganing
Muborak bo’lsin.
AQSH. X`yuston. 14.10.2015
UMR DAFTARLARI
Ko’rgingiz kelsa gar baxtli odamni,
Qayga borardingiz, axir netgaysiz?
Keling huzurimga, unuting g’amni,
Yayrab o’tirgaysiz, mamnun ketgaysiz.
Ko’rmoqchi bo’lsangiz baxtsizni agar,
Yurmang yiroqlarda, keling men tomon.
Hasratli umrimning o’zi bir daftar,
O’qib, yig’lay-yig’lay, qaytgaysiz nolon.
AQSH. X`yuston. 15.10.2015
HASBI HOL
Yo’qotaman, deydi hasadgo’y nomard,
Taslim bo’lmas lekin aqlu tafakkur.
Ezgu umidingga qo’ndirmaydi gard,
Xayrixoh do’stlarga ming bor tashakkur.
Men-ku, yurgandirman o’z g’amimni yeb,
Chidab hijronlarga, sog’inch, firoqqa.
Kimning hisobidan safar qilding, deb,
Hatto allakimlar tutar so’roqqa.
Qo’ling ishga bormas ular dastidan,
Vo darig’, tinchgina yurib ham bo’lmas.
Bildirmay choh qazar oyoq ostingdan,
Kosang oqarmaydi, toleing kulmas.
Hayronlar qolaman bir holga doim,
Zarra ulg’aymagan go’yoki Inson.
Uni bandam degan bir vaqt Xudoyim,
Afsus, tark aylamish bandasin iymon.
She’rimni daf’atan arz-dodga yo’yma,
Poyingda yotibdi pajmurda tanim.
Meni o’shalarga talatib qo’yma,
O’zing qo’lla yana, xalqim, Vatanim.
AQSH. X`yuston. 16.10.2015
ZAMONLAR
O’zimizning gap, deb boshlaydi so’zin,
Ko’rsatgich barmog’i labida turar.
Eshikdan bir lahza uzmaydi ko’zin,
Kimdir kirib qolsa, mavzuni burar.
Odamlar to’p joydan qochar ming qadam,
Hatto, radioni tinglaydi pinhon.
Magar, ob-havodan gap ketsa, shu dam
Deydi: – Gazetani o’qing, o’rtoqjon.
Biror ta’ziyaga borib qolsa goh,
Tilovat qilmaydi, mo’ltirar giryon.
Hech kimsa ko’rmagan chekkanini oh,
Sobiqlar to’yiga bormas hech qachon.
Kunduzi Qomusni qo’yniga solib,
Chorlar ogohlikka yaxshi-yomonni.
Tunlari ko’rpaga burkanib olib,
Qiroat qiladi yig’lab, Qur’onni.
Shu qadar shafqatsiz edingmi, hayot,
Qo’lim yoqangdadir, Mahshargacha to.
Quyondek beyurak, qushdek besabot,
Soqov qilganmiding xalqimni, Sho’ro.
Bolajon, sen bunday kunlarni ko’rma,
Shukur, senikidir zamona bu payt.
Mag’lublar singari bosh egib yurma,
Sen endi g’oliblar qo’shig’ini ayt.
AQSH. X`yuston. 17.10.2015
HANGOMA
Bir kun shogirdiga dedi ustozi:
-Mayli, she’riyatda qasr qurmagin.
Hatto, yozmasang ham, mayli men rozi,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Qodiriy, Cho’lponga muxlis bo’lganlar,
Gullab turgan chog’i bevaqt so’lganlar.
Yoxud Magadanda muzlab o’lganlar,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
She’rini o’qiging kelsa agarda,
O’qi-yu, nuqson ko’r o’sha asarda.
Tursin oraliqda temirdan parda,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Kerakli odamning izidan qolma,
Unga xizmat qilib, hech qachon tolma.
Foydasiz kimsaga quloq ham solma,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Meni ogoh qildi eski bir oshnam,
Boqsang posangiga hech bo’lmaysan kam.
Vijdonning o’zi yo’q, chekma sira g’am,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Dunyo o’tkinchidir, ya’ni muvaqqat,
Hamisha mavjuddir o’sha haqiqat.
Oldingda g’ov bo’lsa, yo’qot shu fursat,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Shunda tanbehlardan bo’lgaysan ozod,
O’t bosgan paykaling atalgay obod.
Sulaymon o’ldi-yu, devlar demak shod,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Mudom ish beradi bizlarga yolg’on,
Bilib turibdimi sodda olomon.
Seni Firdavsiy, deb qilgaymiz e’lon,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Boshliqlar kelganda, chiqqin yugurib,
Tinmay, poyandozni turgin supurib.
Talantli deydilar ishingni ko’rib,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Davra qur, hech kimdan hayiqma ammo,
Ro’yxatlar tuzgaymiz, yangi mutlaqo.
Unga begonalar kirmaydi aslo,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Hech kimsa o’ylamas, — sen qaysi taraf,
Tarixning koriga qoldik-ku yarab.
Bo’ylarin o’lchaydi bizlarga qarab,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Hatto nuqsonimiz bo’lgay fazilat,
Savodsizlik esa oliy ma’rifat.
Manmanlik ayb emas, balki jasorat,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Sodiq itlaring ko’p — seni qo’llaydi,
Garchi, har zamonda bir bor tullaydi.
Xursand bo’l, ijodiy bog’ing gullaydi,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Ehtimol, kitobing o’qimas birov,
Bozorchi pistasin o’raydi darrov.
Lekin nopisandlik bizning qudrat, dov,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Egalari ketsa — tul adabiyot,
Hayosiz joylarda pul adabiyot.
Qoldi o’tmishlarda ul adabiyot,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Bizning ham shubhasiz o’z rejamiz bor,
Iskovuch, chaqimchi kadrlar bisyor.
Zakot berib tursang hamma senga yor,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Al`bomlar yasaymiz ko’rkam, ulug’vor,
Oybekning o’rniga mana, biz tayyor.
Faqat Qahhor domla to’g’ri so’z, ayyor,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Va lekin cho’chitar o’zga bir daho,
O’rnidan qo’zg’almas Navoiy bobo.
Tuhfa qilsakmikan boshqalarga yo,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Bul`dozer qo’ysa ham o’rningdan jilma,
Uncha-muncha gapga parvo ham qilma.
Sendaylar ko’p hozir, davron sur, o’lma,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
Ro’para kelsa kim, surishajakmiz,
Shubha yo’q, orzuga erishajakmiz.
Ko’p borsa, Do’zaxda ko’rishajakmiz,
Abdulla Orifga yaqin yurmagin.
AQSH. X`yuston. 19.10.2015
ONA TUPROQ
Bir vaqt vatanimdan ketdim ko’p uzoq,
Keldimu zaminga egildim shu choq.
Orada qandayin muloqot bo’ldi,
Bitta men bilaman va bilgay tuproq.
24.10.2015
IJOD
Zulmat bo’lsa yerning har yog’i,
Tosh bodomday siqilsa yurak.
Shunday paytda, bulbul sayrog’i
Kimga kerak, nimaga kerak?
Qop-qorayib oqadi daryo,
Guvillaydi tubanda benur.
Uning vahshiy sadosi ammo
Kimga kerak, nimaga zarur?
Yumilgandir gullarning labi,
Chirmovuqlar devorlar osha.
Bog’ni ayoz urgani kabi,
Butun borliq so’qir tomosha.
Bular bari tabiatga xos,
Hozir tundir, ertachi nurlik.
Yana gullar ochilar qiyg’os,
Yana qushlar sayraydi turlik.
Sen-chi, shoir, o’zingga qara,
Sen omadsiz va o’jar jonzot.
Keraging yo’q hech kimga zarra,
Shu holda ham qilursan ijod.
27.10.2015 y.
HAYOT IBRATI
O’tgan yo’llarimga ko’z tashlab giryon,
Gohida o’zimga qolaman hayron.
Ruhim zamin uzra uchsa ham baland,
Tanim bir umrga bo’ldi zanjirband.
Elu yurt nomini qo’yib o’rtaga,
Aldab yurishdilar meni jo’rttaga.
Ba’zan duch kelganga aytdim shirin so’z,
Lekin siyratini bilmadim, afsus.
Yosh do’stim, volidang qadriga yetgin,
Mayli, o’zgalarni faromush etgin.
Ona-yu Vatandir asli beminnat,
Boshqalar sherikdir, hamrohdir faqat.
28.10.2015
DO’STLAR
Yerga to’kiladi shaftoli larzon,
Kimdir bosib o’tar, tasavvur etgin.
Do’st so’zin narxini men qildim arzon,
Ukajon, sen uning qadriga yetgin.
O’ylardim, hamrohim do’st, deb albatta,
Meni kutguvchi ham sodiqdir, yordir.
Birida bor ekan lekin oybolta,
Unisining esa qurgani dordir.
Oqshom do’stlashadi g’anim davlatlar,
Nizo boshlaydilar tong otmay biroq.
Dunyoni zabt etgan soxta da’vatlar,
Goho sevgining ham loflari ko’proq.
Kimningdir tayanchi, shubhasiz, mansab,
Ishongan tog’idir boylik – siymu zar.
Balki do’stim, deydi yuzingga qarab,
Ammo ichi to’la zaqqum va zahar.
Der edim, do’st topib, kirdim shu yoshga,
Afsus, ular bugun ketdilar badar.
Non do’sti boshqadir, jon do’sti boshqa,
Odam bolalari turfa naqadar.
Iloyo, o’chmasin dildan iltifot,
Basdir, qo’shilmasa o’rtaga yolg’on.
Hatto xayrixohni sig’dirmas hayot,
Do’st esa, to abad eng noyob inson.
28.10.2015