Abdunabi Boyqo’ziyev. She’rlar

012     Кўнгилдан чиқиб, қоғозга тўкилган ҳайрат мевалари ўзга кўнгилларга ҳам ҳаяжон солади. Ёзганларидан кўнгил кишиси экани аён бўлиб турган Абдунаби Бойқўзининг шеърларидан самимият, ҳалоллик, жонфидолик “тўкилиб” туради (Қозоқбой Йўлдошнинг «Кўнгил суратлари» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
ШЕЪРЛАР
021

Абдунаби Бойқўзиев 1954 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетини тамомлаган. Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида, “Муштум” журналида, “Совет Ўзбекистони”, “Халқ сўзи” “Оила ва жамият” газеталарида фолият юргизган. “Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Кўзи дарёйим”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли китоблари чоп этилган.

021

КУЗ КУЗАГИ
09
Кўнгли тўлиб
Кузади, бу ёз,
Полизлари бирам ширинсўз,
Оқшом чоғлар жунжикар аёз,
Пайкалларда яйрар дуркун куз.

Кампирлари ўтган чоллардай
Маъюс тортиб қолди дарахтлар.
Тошлар аро аранг жилдирар,
Ёзни ташна қилган тентаксой.

Куз юзига томди илк ёмғир,
Дардчил ифор тутди осмонни.
Бир чумоли тортқилар оғир,
Нам тупроқда бўғриққан донни.

Тунлар ҳазин ўйлар тўқийди,
Хаёлларнинг умри узаяр.
Зоғ унидан сизар қор ҳиди:
Қорр! Қорр! Қор-р!

Булдуруққа бурканди олам,
Дарахт кумуш, майсалар кумуш.
Бутун борлиқ бепоён ором,
Қишлоқ… гўё қотиб қолган туш.

Тиниқ тинди
Чуқур сокинлик,
Тумансумал жимлик шовуллар.
Ялпайволиб ғамин бурқситар,
Тошкўмирга банги овуллар…

2012

ҚИШ КУНИ

(Манзара)

Оқ қайиннинг озғин шохига,
Ястаниб ётиб олди қор.
Гул ҳам тўйди булбул оҳига,
Ухлар, бошда оқ ангор рўмол.

Эҳтиросдан лоф урган қушлар,
Машқи тўнгган. Мудрар қайдадир.
Чойшабларда кўради тушлар,
Лолақизғалдоқларни адир.

Сувдан қолган қумариқ яна
Ётар ялпиз бўйларин қўмсаб.
Шамол томнинг манглайин силар,
Оққорсочин тўзғитар, тараб.

Мажнунтолнинг ҳилвир сочини,
Юлқилайди изғирин, ўйнар.
Мўрилардан пуркар оҳини,
Туйқус сочи оқарган уйлар…

2007

КЎКЛАМ НАФАСИ

Ай, сабожон!
Ай, ҳарир шамол!
Нафасларинг бунчалар нафис?
Яна бир бор яйраб елақол,
Энтиккандай, ўша… сулув қиз?

Бу меҳрибон,
Бу эрка нафас…
Билолмадим, келар қаёқдан!
Илк ҳамалдан бўйи сарафроз,
Ялпиз бўлиб унди қирғоқда.

Кеча,
Қулмон чолнинг… олмаси,
Тонгда туйқус гуллаб қолибди.
Иззатим ҳам битди, кузай, деб,
Тунда қиш ҳам йиғлаб олибди.

Эрка саслим,
Мушк нафаслим!..
Кутавериб кўзларим толди.
Қиқирлаши қизғалдоқ розлим,
Келаётир, “Наврўз”! Кепқолди!..

Ай, сабожон!
Ай, сарин саслим!
Эрка нозлим, насийм нафаслим!…

2012

ЎЗИМДА ЎЗИМ…

Сен – ўзингсан, ўзга ҳеч кимса…
Гёте

Мендан
Излайверманг… расо одамни,
Ўзимда ўзимдан ўзга кимса йўқ.
Изласангиз изланг киройи ғамни,
Дардларим ғамгузор, дардларим ёруғ…

Менда бани дардлар ҳур ва шодумон,
Ҳавасларим келар ҳатто ўзимнинг.
Дилимда ғам учун бор барча имкон,
Ғамларга бандаргоҳ қилдим ўзимни.

Ўзимда ўзимдан ўзга кимса йўқ!..

2012

ЮРАГИМ

Азоб бўлдим
Сенга, юрагим,
Дупранасан қисмат дўлида.
Менми? Тониб нима ҳам қилдим,
Ҳа, шоирман. Шуҳрат қули, ҳа!

Аямадим
Сени мўжазим,
Лахта-лахта қонлар ичирдим.
Сенга қафас – кўкрак қафасим.
Эрк изладинг зиндон–ичимдан.

Тузли-тузсиз сўзлардан хориб,
Донг қотаман, тонг саҳар. Турсам,
Шум ажалдан мени қутқариб,
Яна, беҳол уриб турасан.

Ўҳ,
Яна дард –
Илҳом сўроғи,
Сийлаяпмиз санчиқларни жим.
Мени ҳароб қилди… сўз доғи,
Сени эса… меҳрсизлигим!

Юрагим, ай, беҳол юрагим…

2012

ХАЙР – ХЎШ…

Бир бошлиққа

Биз
Ишдан бўшадик.
Энди… Хайр – хўш…
Бировлар кирмайди исмимни… айтиб.
Фисқу фасодлардан тугади, бардош,
Етди, барчасига қўл силтмоқ пайти..

Энди…
Кўзни опқочмайсиз, кўзим кирганда,
Юзни опқочмайсиз, юзим кирганда.
Ростингиз айтолмай, хаёл титкилаб,
Сўзни опқочмайсиз, сўзим кирганда.

Сизга эҳтиромим барибир баланд,
Неча бор синсада, синмаган раъйим.
Сўрашавералик, очиқ юз билан,
Беркитиб қўймасдан туриб… Худойим!

2012

ҚЎЛЛАР БЎСАСИ

Бир ҳавасим келди, сенга, олҳирот,
Ҳасадим ҳам десаммикин, тўғриси.
Пойингда икки дил, мисоли шамшод,
Кукулашди, икки… юрак ўғриси.

Икки дил оҳига паноҳ бўлдинг сен,
Икки дил аҳдига гувоҳ бўлдинг сен.
Бу сирни авайлаб, ошкор айламай,
Аҳийри баҳайр гуноҳ бўлдинг сен.

Баргларинг рақс этди, елкаси учиб,
Новдалар тебранди яйраб мучаси.
Вужудингда эса… титраниб, чўчиб,
Бармоқлар учрашди – қўллар бўсаси!..

Ай, олҳирот!..
Сенга ҳавасим келди,
Ҳасадим ҳам десаммикин, тўғриси!..

2015

БУ КЎЗЛАР…

Бир нигоҳда
Бир кўнгил йиғлар,
Ҳолин сўраб киприклар ҳалак.
Жовдирайди мунгҳазин унлар.
Тилга кирар хунолуд юрак:

Уни абгор қилди, шу–кўзи!..
Ачинмоқдан ўзга чора йўқ!
Балки шундан сориғдир юзи,
Гуноҳкордай, сазойи, синиқ!..

Йўқ-йўқ…
Уни ҳароб қилдик, биз,
Кўзларидан гина йўқ зинҳор.
Кўзда неки, юракдан хабор,
Кўзда неки, юракдан ғубор.

У кўзлардан узрларим бор,
У кўзларда, қародир юзим!

2015

ВАҚТ

Йиллар – қашқир…
Вужудимни нимталаб ерлар.
Ой бурдалар ойдинларда устихонимни.
Кунлар – қузғун… Галасига итқитиб дерлар:
«Оғритмасдан чўқиланглар, шўрлик жонини».

Соатлар…
О-о, соатлар…
Симиллата асабларимни
Емирадир ҳар дақиқа, ҳар лаҳза, ҳар он.
Мен… зинҳор камаймайман,
Тўлиб бораман,
Яшаб –яшаб
Бир кун охир… бўламан… Замон!

2008

БИРОВНИНГ ГУЛИ

Уйларимга бўйлар таратиб,
Ўзга уйда очилди бир гул.
Абду Наби

Оҳ, жон!..
Яна хаёлимдасан,
Кетолмадинг ёдимдан ўчиб.
Бот-бот тушларимга кирасан,
Ўша, бахтсиз бахтингни қучиб.

Мана, яна эслаяпман, ай-й!..
Сени қирмиз ғунча шаклида.
Кўнглинг бордай гулнинг кўнглидай,
Кўнглим бордай гулнинг кўнглида.

Кўнглим бор-да, гулнинг кўнглида,
Кўнглинг бор-да, гулнинг кўнглидай…

2010

СЕН БИЛАН

Нечун мен…
ёлғизман
сен билан?..
Келсам
қорачиғинг чарақлаб кетмас,
Кетсам,
жигар-бағринг
хун бўла,
Оҳу нолаларинг кўкларга етмас.

Саннаб бўзламайсан
ер тирнаб,
Кипригинг ғарк бўлмас жолангга.
Мен сени севардим
ўзимдан асраб,
Севардим,
Таҳаййур куйларида маст.

Қанийди,
дилингда меҳрлар унса
Юрак синиқларин битказолсайдим.
Мен келсам,
Мен келсам,
Қачон мен келсам,
Дил қушинг ҳаприқиб, питрай қолсайди.

Ёлғизим,
Ёлғизлик нечун биз билан?

2008

САРҒИМТИР ИЗТИРОБ

Ёз ҳам
Ўтди-кетди,
Новдалар ёвқур,
Сарғимтир изтироб кезар боғларда.
Бир япроқ тилида энг сўнгги такбир,
Алвидо айтади тотли чоғларга.

Ишқинг чаманида ўкинчга тўлиб,
Қалтираб турибман япроқдек бедор.
Сен — нурсиз офтоб, бепарво, кулиб,
Белгисиз ёқларга чопдинг неча бор.

Қуёшга бир япроқ умри не аза,
Кимга ҳам керакдир хазонлар дарди.
Кумуш новдалардан таралган муза
Қақшаган асабим изсиз сурати…

1977

ВОЯҲ

Кетдим-а,
Хайрият, айтмадим у сўзни…
Ҳалима Аҳмедова

Сен, охир шу сўзни айтдинга, вояҳ…
Ҳаётим, мамотим ўша бир сўзни.
У сенинг дилингда банди бир оят,
Камина умрининг эди мазмуни.

Билмадим, сен қандай яшайсан энди,
Қалбингни тўлдириб юрган у сўзсиз.
Билмадим, мен қандай яшайман энди,
Кибримни ўлдириб турган шу ҳиссиз.

Энди қийин бўлар иккимизга ҳам,
Билмадим биз кандай яшаймиз энди..

2000

БЕШНАВОЛАРДАН

1
Дум
Тушиб
Ётволиб,
Дунёни
Лойқалатади.

2
Тасодифлар
Қувиб
Юрар,
Қувлар
Изидан.

3
Дарёлар
Айқирмаса,
Денгиздан
Довлик
Кутма.

4
Беданалар
Сайраса
Тўр…
…қовоқлар
Навобахш.

5
Тонгманзил
Тиласанг,
Тунни
Маъзур
Тут.

6
Дастурхони
Ҳар
Доим
Оч…
Эди.

7
Тавбаси
Туяда-ю,
Куядай
Таваллоси
Йўқ.

8
Берсанг,
Шуҳратни
Ҳам
Ҳалолидан
Бер.

9
Ўқтин-
Ўқтин
Ўзидан
Кетиброқ
Қоларди.

10
Ип
Ўтказилса,
Жуволдиздан
Эзгулик
Бўртар.

11
Саҳнанинг
Ортида
Ҳам
Томошабин
Бор.

12
Артист-да,
Азадаям
Ария
Айтиб
Ағлайди.

13
Акобир
Айтган
Гапларни
Укобир
Эламади.

14
Асирингман,
Демасанг,
Қафаслари
Шай…
…дурур…

15
Шип-
Шийдам
Новда-ю,
Булбул
Соғинар.

16
Ғамлар
Чекди,
Сабрини
Сабрига
Улаб.

17
Омаднинг
Олди,
Шуҳратнинг
Кети
Азоб.

09

Abdunabi BOYQO’ZIEV
SHE’RLAR
021

Abdunabi Boyqo’ziev 1954 yilda tug’ilgan. Toshkent Davlat universitetini tamomlagan. G’afur G’ulom nomli Adabiyot va san’at nashriyotida, “Mushtum” jurnalida, “Sovet O’zbekistoni”, “Xalq so’zi” “Oila va jamiyat” gazetalarida foliyat yurgizgan. “G’uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “Ko’zi daryoyim”, “Besh navo”, “Besh so’mlik kekkayish”, “Cho’li irog’im” nomli kitoblari chop etilgan.

021

KUZ KUZAGI
05
Ko’ngli to’lib
Kuzadi, bu yoz,
Polizlari biram shirinso’z,
Oqshom chog’lar junjikar ayoz,
Paykallarda yayrar durkun kuz.

Kampirlari o’tgan chollarday
Ma’yus tortib qoldi daraxtlar.
Toshlar aro arang jildirar,
Yozni tashna qilgan tentaksoy.

Kuz yuziga tomdi ilk yomg’ir,
Dardchil ifor tutdi osmonni.
Bir chumoli tortqilar og’ir,
Nam tuproqda bo’g’riqqan donni.

Tunlar hazin o’ylar to’qiydi,
Xayollarning umri uzayar.
Zog’ unidan sizar qor hidi:
Qorr! Qorr! Qor-r!

Bulduruqqa burkandi olam,
Daraxt kumush, maysalar kumush.
Butun borliq bepoyon orom,
Qishloq… go’yo qotib qolgan tush.

Tiniq tindi
Chuqur sokinlik,
Tumansumal jimlik shovullar.
Yalpayvolib g’amin burqsitar,
Toshko’mirga bangi ovullar…

2012

QISH KUNI

(Manzara)

Oq qayinning ozg’in shoxiga,
Yastanib yotib oldi qor.
Gul ham to’ydi bulbul ohiga,
Uxlar, boshda oq angor ro’mol.

Ehtirosdan lof urgan qushlar,
Mashqi to’nggan. Mudrar qaydadir.
Choyshablarda ko’radi tushlar,
Lolaqizg’aldoqlarni adir.

Suvdan qolgan qumariq yana
Yotar yalpiz bo’ylarin qo’msab.
Shamol tomning manglayin silar,
Oqqorsochin to’zg’itar, tarab.

Majnuntolning hilvir sochini,
Yulqilaydi izg’irin, o’ynar.
Mo’rilardan purkar ohini,
Tuyqus sochi oqargan uylar…

2007

KO’KLAM NAFASI

Ay, sabojon!
Ay, harir shamol!
Nafaslaring bunchalar nafis?
Yana bir bor yayrab yelaqol,
Entikkanday, o’sha… suluv qiz?

Bu mehribon,
Bu erka nafas…
Bilolmadim, kelar qayoqdan!
Ilk hamaldan bo’yi sarafroz,
Yalpiz bo’lib undi qirg’oqda.

Kecha,
Qulmon cholning… olmasi,
Tongda tuyqus gullab qolibdi.
Izzatim ham bitdi, kuzay, deb,
Tunda qish ham yig’lab olibdi.

Erka saslim,
Mushk nafaslim!..
Kutaverib ko’zlarim toldi.
Qiqirlashi qizg’aldoq rozlim,
Kelayotir, “Navro’z”! Kepqoldi!..

Ay, sabojon!
Ay, sarin saslim!
Erka nozlim, nasiym nafaslim!…

2012

O’ZIMDA O’ZIM…

Sen – o’zingsan, o’zga hech kimsa…
Gyote

Mendan
Izlayvermang… raso odamni,
O’zimda o’zimdan o’zga kimsa yo’q.
Izlasangiz izlang kiroyi g’amni,
Dardlarim g’amguzor, dardlarim yorug’…

Menda bani dardlar hur va shodumon,
Havaslarim kelar hatto o’zimning.
Dilimda g’am uchun bor barcha imkon,
G’amlarga bandargoh qildim o’zimni.

O’zimda o’zimdan o’zga kimsa yo’q!..

2012

YURAGIM

Azob bo’ldim
Senga, yuragim,
Dupranasan qismat do’lida.
Menmi? Tonib nima ham qildim,
Ha, shoirman. Shuhrat quli, ha!

Ayamadim
Seni mo’jazim,
Laxta-laxta qonlar ichirdim.
Senga qafas – ko’krak qafasim.
Erk izlading zindon–ichimdan.

Tuzli-tuzsiz so’zlardan xorib,
Dong qotaman, tong sahar. Tursam,
Shum ajaldan meni qutqarib,
Yana, behol urib turasan.

O’h,
Yana dard –
Ilhom so’rog’i,
Siylayapmiz sanchiqlarni jim.
Meni harob qildi… so’z dog’i,
Seni esa… mehrsizligim!

Yuragim, ay, behol yuragim…

2012

XAYR – XO’SH…

Bir boshliqqa

Biz
Ishdan bo’shadik.
Endi… Xayr – xo’sh…
Birovlar kirmaydi ismimni… aytib.
Fisqu fasodlardan tugadi, bardosh,
Yetdi, barchasiga qo’l siltmoq payti..

Endi…
Ko’zni opqochmaysiz, ko’zim kirganda,
Yuzni opqochmaysiz, yuzim kirganda.
Rostingiz aytolmay, xayol titkilab,
So’zni opqochmaysiz, so’zim kirganda.

Sizga ehtiromim baribir baland,
Necha bor sinsada, sinmagan ra’yim.
So’rashaveralik, ochiq yuz bilan,
Berkitib qo’ymasdan turib… Xudoyim!

2012

QO’LLAR BO’SASI

Bir havasim keldi, senga, olhirot,
Hasadim ham desammikin, to’g’risi.
Poyingda ikki dil, misoli shamshod,
Kukulashdi, ikki… yurak o’g’risi.

Ikki dil ohiga panoh bo’lding sen,
Ikki dil ahdiga guvoh bo’lding sen.
Bu sirni avaylab, oshkor aylamay,
Ahiyri bahayr gunoh bo’lding sen.

Barglaring raqs etdi, yelkasi uchib,
Novdalar tebrandi yayrab muchasi.
Vujudingda esa… titranib, cho’chib,
Barmoqlar uchrashdi – qo’llar bo’sasi!..

Ay, olhirot!..
Senga havasim keldi,
Hasadim ham desammikin, to’g’risi!..

2015

BU KO’ZLAR…

Bir nigohda
Bir ko’ngil yig’lar,
Holin so’rab kipriklar halak.
Jovdiraydi munghazin unlar.
Tilga kirar xunolud yurak:

Uni abgor qildi, shu–ko’zi!..
Achinmoqdan o’zga chora yo’q!
Balki shundan sorig’dir yuzi,
Gunohkorday, sazoyi, siniq!..

Yo’q-yo’q…
Uni harob qildik, biz,
Ko’zlaridan gina yo’q zinhor.
Ko’zda neki, yurakdan xabor,
Ko’zda neki, yurakdan g’ubor.

U ko’zlardan uzrlarim bor,
U ko’zlarda, qarodir yuzim!

2015

VAQT

Yillar – qashqir…
Vujudimni nimtalab yerlar.
Oy burdalar oydinlarda ustixonimni.
Kunlar – quzg’un… Galasiga itqitib derlar:
«Og’ritmasdan cho’qilanglar, sho’rlik jonini».

Soatlar…
O-o, soatlar…
Simillata asablarimni
Yemiradir har daqiqa, har lahza, har on.
Men… zinhor kamaymayman,
To’lib boraman,
Yashab –yashab
Bir kun oxir… bo’laman… Zamon!

2008

BIROVNING GULI

Uylarimga bo’ylar taratib,
O’zga uyda ochildi bir gul.
Abdu Nabi

Oh, jon!..
Yana xayolimdasan,
Ketolmading yodimdan o’chib.
Bot-bot tushlarimga kirasan,
O’sha, baxtsiz baxtingni quchib.

Mana, yana eslayapman, ay-y!..
Seni qirmiz g’uncha shaklida.
Ko’ngling borday gulning ko’ngliday,
Ko’nglim borday gulning ko’nglida.

Ko’nglim bor-da, gulning ko’nglida,
Ko’ngling bor-da, gulning ko’ngliday…

2010

SEN BILAN

Nechun men…
yolg’izman
sen bilan?..
Kelsam
qorachig’ing charaqlab ketmas,
Ketsam,
jigar-bag’ring
xun bo’la,
Ohu nolalaring ko’klarga yetmas.

Sannab bo’zlamaysan
yer tirnab,
Kipriging g’ark bo’lmas jolangga.
Men seni sevardim
o’zimdan asrab,
Sevardim,
Tahayyur kuylarida mast.

Qaniydi,
dilingda mehrlar unsa
Yurak siniqlarin bitkazolsaydim.
Men kelsam,
Men kelsam,
Qachon men kelsam,
Dil qushing hapriqib, pitray qolsaydi.

Yolg’izim,
Yolg’izlik nechun biz bilan?

2008

SARG’IMTIR IZTIROB

Yoz ham
O’tdi-ketdi,
Novdalar yovqur,
Sarg’imtir iztirob kezar bog’larda.
Bir yaproq tilida eng so’nggi takbir,
Alvido aytadi totli chog’larga.

Ishqing chamanida o’kinchga to’lib,
Qaltirab turibman yaproqdek bedor.
Sen — nursiz oftob, beparvo, kulib,
Belgisiz yoqlarga chopding necha bor.

Quyoshga bir yaproq umri ne aza,
Kimga ham kerakdir xazonlar dardi.
Kumush novdalardan taralgan muza
Qaqshagan asabim izsiz surati…

1977

VOYAH

Ketdim-a,
Xayriyat, aytmadim u so’zni…
Halima Ahmedova

Sen, oxir shu so’zni aytdinga, voyah…
Hayotim, mamotim o’sha bir so’zni.
U sening dilingda bandi bir oyat,
Kamina umrining edi mazmuni.

Bilmadim, sen qanday yashaysan endi,
Qalbingni to’ldirib yurgan u so’zsiz.
Bilmadim, men qanday yashayman endi,
Kibrimni o’ldirib turgan shu hissiz.

Endi qiyin bo’lar ikkimizga ham,
Bilmadim biz kanday yashaymiz endi..

2000

BESHNAVOLARDAN

1
Dum
Tushib
Yotvolib,
Dunyoni
Loyqalatadi.

2
Tasodiflar
Quvib
Yurar,
Quvlar
Izidan.

3
Daryolar
Ayqirmasa,
Dengizdan
Dovlik
Kutma.

4
Bedanalar
Sayrasa
To’r…
…qovoqlar
Navobaxsh.

5
Tongmanzil
Tilasang,
Tunni
Ma’zur
Tut.

6
Dasturxoni
Har
Doim
Och…
Edi.

7
Tavbasi
Tuyada-yu,
Kuyaday
Tavallosi
Yo’q.

8
Bersang,
Shuhratni
Ham
Halolidan
Ber.

9
O’qtin-
O’qtin
O’zidan
Ketibroq
Qolardi.

10
Ip
O’tkazilsa,
Juvoldizdan
Ezgulik
Bo’rtar.

11
Sahnaning
Ortida
Ham
Tomoshabin
Bor.

12
Artist-da,
Azadayam
Ariya
Aytib
Ag’laydi.

13
Akobir
Aytgan
Gaplarni
Ukobir
Elamadi.

14
Asiringman,
Demasang,
Qafaslari
Shay…
…durur…

15
Ship-
Shiydam
Novda-yu,
Bulbul
Sog’inar.

16
G’amlar
Chekdi,
Sabrini
Sabriga
Ulab.

17
Omadning
Oldi,
Shuhratning
Keti
Azob.

09

(Tashriflar: umumiy 815, bugungi 1)

Izoh qoldiring