Naim Karimov. Saodatning kamalak ranglari

09

    Ўтган асрнинг 20-30-йилларида юртимизда янги зиёлилар авлоди етишиб чиқди. Уларнинг аксарияти навқирон йигитлар эди. Маърифат, ижод ва хизмат пиллапояларидан илдам кўтарилиб бораётган бу йигитлар ўзбек қизлари орасидан ўзларига муносиб жуфти ҳалол топишга қийналишарди. Чунки у даврларда қизларни ўқитиш катта муаммо эди. Шундай бўлса-да, ўша йилларда «тўрт девор» орасидан шу қадар гўзал ва маърифатли ўзбек қизлари ҳам кўклам чечаклари янглиғ ўсиб чиқа бошладики, улар бўлажак турмуш ўртоқлари билан бирга ўзбек зиёлиларининг том маънодаги янги авлодини ташкил зтди.

САОДАТНИНГ КАМАЛАК РАНГЛАРИ
Наим КАРИМОВ
Филология фанлари доктори
07

Ўтган асрнинг 20-30-йилларида юртимизда янги зиёлилар авлоди етишиб чиқди. Уларнинг аксарияти навқирон йигитлар эди. Маърифат, ижод ва хизмат пиллапояларидан илдам кўтарилиб бораётган бу йигитлар ўзбек қизлари орасидан ўзларига муносиб жуфти ҳалол топишга қийналишарди. Чунки у даврларда қизларни ўқитиш катта муаммо эди. Шундай бўлса-да, ўша йилларда «тўрт девор» орасидан шу қадар гўзал ва маърифатли ўзбек қизлари ҳам кўклам чечаклари янглиғ ўсиб чиқа бошладики, улар бўлажак турмуш ўртоқлари билан бирга ўзбек зиёлиларининг том маънодаги янги авлодини ташкил зтди. Ана шундай чечаклар орасида Ҳабибахон Юсупова, Сожида Носирова, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Шоҳида Маъзумова, Зулфия, Муборак Шермуҳаммедова, Раҳбар Шермуҳаммедова сингари ажойиб ўзбек аёллари ҳам бўлишган. Улар янги ўзбек зиёли аёллари бўлиш билан бирга янги тарихий даврнинг Тоҳирлари учун Зуҳралар эди. Улар ўзбек халқи ўртасида янгича муҳаббатни, янгича оилавий муносабатларни бошлаб берди. Гўзал ўзбек аёллари шодасидаги яна бир гавҳар эса Зарифа Саидносирова эди.

Фарзандлик саодати

Зарифахоним 1908 йил Туркистон шаҳрида туғилган. Бобоси, отаси ва амакилари асли деҳқонлар бўлиб, замона зайли билан савдо соҳасига ўтиб кетишган. Тўққиз ёшида етим қолган отаси амакиларидан тери ёйиш, ивитиш, йиғиш ишларини ўрганиб, машаққатли меҳнат остида улғайган. «Дадам Саидносир Абдулҳай ўғли Миржалилов, — деб эслаган эди Зарифахоним, — ўрта бўйли, қоранадан келган, кўзлари йирик киши эди. У1884 йилда туғилган. Мен уни тахминан 1913-14 йиллардан эсласам керак. Шунда мен тўрт ёшларда эдим.  Дадам ақлли, ниҳоятда қалби тоза, одамларга меҳрибон одам бўлган. У эски мактабда пухта маълумот олган, ниҳоятда зеҳни ўткир, жуда саводли бўлган. Унинг гап-гаштак, мусаллас, бўза, чоғир ичиш, қарта ё қимор ўйнашга ўхшаш хунук одатларга майли бўлмаган».

021Саидносир Миржалиловнинг саъй-ҳаракати билан 1914 йили Туркистонда пахта заводи қурилади. Ҳали нафақат электр нури, балки у ҳақдаги овоза ҳам кириб бормаган жойда завод қуришдан олдин масаланинг бу тарафини ўйлаш керак эди. Ҳар бир ишни пухта тайёргарлик билан бошлашга одатланган Саидносир ота бу муаммони ҳам оқилона ҳал қилиб, қаердандир динамо келтиради, электр «тил»ини биладиган уста топади. Унинг хонадони ва заводида «шайтон чироқ» ёниб,  тунда ҳамммаёқни чароғон қилиб юборгани содда Туркистон аҳлини ҳайратга солади.

Тадбиркорлик фаолияти авж олган Саидносирбой Тошкентга кўчиб бориб, савдо ишларини гуркиратиб юборади. У шу ерда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев сингари тараққийпарварлар, Чўлпон сингари шоирлар билан танишади, улар билан дўстлашиб, Тошкентдаги маърифатпарварлик ҳаракатида ҳомий сифатида фаол иштирок этади.

05  (Ўнгдаги фотосуратда:дан чапдан ўнгга: Зарифа опалари Ҳанифа ва Зулфия билан) Зарифахонимнинг бувиси ва онаси ҳам «Ўтган кунлар»даги Ўзбекойим ва Офтобойимлардек ўта меҳнаткаш, тадбиркор, саришта, қўли гул ва доно аёллар  бўлган. «Бувим ҳар куни саҳарлаб хамир ачитади. Сигирларни соғиб, подага чиқариб юборади. Чамбараклардаги қаймоқларни сузиб, айвон четидаги шоҳкосаларга териб қўяди. Очилган атиргуллардан узиб, ҳаммамизнинг ёстиғимига биттадан териб чиқади,сут пишириб, қатиқ ивитади. Шундай қилиб, бувим эрталабки ишларни саранжом қилиб бўлгач,  қудуқдан сув торта бошлайди…». Зарифахоним бувисини шундай дил сўзлари билан эслаган эди.
Мақоламиз қаҳрамони — биринчи ўзбек рассоми ва биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ана шу ажойиб оилада туғилиш саодатига муяссар  бўлган.

Интилиш ва билим олиш саодати

Саидносирбой савдо ишлари билан Қўқон, Москва, Нижний Новгород, Оренбург сингари  узоқ-яқин  шаҳарларга тез-тез қатнарди. !917 йил февраль инқилоби рўй бериб, ғала-ғовур, тўс-тўполон бошланган давр эди. Кутилмаганда Туркистонга совуқ хабар етиб келади. Зарифанинг отаси Саидносирбой ном-нишонсиз йўқолган эди. Саидносир Миржалилов Туркистон мухториятининг хазиначиси бўлган. Маълум бўлишича, Саидносир ота Туркистон мухторияти тугатилиб, Қўқон қонга ботирилгач, большевиклар зулмидан қочиб, Кавказга борган ва у ерда Беҳбудий билан учрашиб, Европага бирга бориш ниятида бўлган экан. Лекин Беҳбудийни Қаршида амир айғоқчилари қўлга олиб, қатл этганини эшитгач, Грузияда бир неча ой яшаб, она юртига қайтишга мажбур бўлади ва тадбиркорлик ишларини давом эттиради.

Қизлар 12-13 ёшидан бошлаб паранжига ўраладиган давр. Марайим тоға кунларнинг бирида Зарифанинг очилиб-сочилиб юрганини кўриб, даҳшатга тушади. «Агар паранжи ёпинмасанг, ўз қўлим билан ўлдираман сени!» деб дағдаға қилади. Бундан ранжиган қиз отасига узундан-узун хат ёзиб, зудлик билан Тошкентга олиб кетишини ва ўша ерда ўқитишини илтимос қилади. Саидносирбой 1924 йили севикли қизини Тошкентга келтириб, Янги шаҳардаги Пестолоцци номли рус мактабига ўқишга беради. Сўнг оиласини ҳам кўчириб  келиб, қизлари Зарифа билан Шарифани шоиртабиат дўсти Эсон Мусаев раҳбарлик қилаётган Навоий номидаги таълим ва тарбия техникумига элтади.

«Ҳар куни эрталаб, — эслайди Зарифахоним, — техникумга борамиз. Ўқишдан кейин Баландмачитдаги мусиқа техникумида мен танбур ва пианинодан, Шарифа эса дутор ва пианинодан дарс оламиз. Мен ҳафтада икки-уч марта расм студиясида ҳам сабоқ оламан. Кечқурун соат тўртдан эса Пестолоцци мактабига бораман. Булар ҳаммаси фақат ўзимнинг эмас, дадамнинг истаги билан ҳам рўй бермоқда эди».

Ўша йилларда замона зайли билан Тошкентга келиб қолган фан ва маданият аҳли орасида машҳур рус рассоми И.Репиннинг шогирди Н.Розанов ҳам бўлган. У шаҳарда очилган тасвирий санъат студиясининг раҳбари эди. Маърифатпарвар ота қизининг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб улғайиши учун уни шу студияга ҳам етаклаб борган.

Шу тарзда Зарифа кун бўйи мактабма-мактаб елиб-югуриб, билим олиш, санъат сирларини эгаллаш сурури билан яшай бошлайди.

Севиш ва севилиш саодати

1924 йилнинг кузи. Талабалар байрам муносабати билан техникумнинг кичик залини безатмоқда. Зарифа уйида ишлаб келган Навоий билан Фузулийнинг каттагина расмини деворга осиб, саҳна пардасига ниманидир тикмоқда. Шу пайт ёнида «қивроқ сочлари дўпписидан тошиб турган» ориқ ва новча йигит дафъатан пайдо бўлиб: «Тугмам узилиб кетипти, қадаб берсангиз», — деб илтимос қилади.

Зарифа тик турган ҳолда энгашиб, ёқа тугмасини қадай бошлайди. Иккови ҳам уялган шекилли, бир-бирининг юзига қарай олмай, фақат нафас олишинигина сезиб туришарди…

Бу Зарифа билан Ойбекнинг илк учрашуви эди. Шундан сўнг Ойбек «Тонг юлдузи» деворий газетасининг муҳаррири бўлгани учун гоҳ ундан газетага бирор нарса ёзиб беришни сўрайди, гоҳ ўзининг шеърлар дафтарига расм чизиб беришни. Шу тарзда бошланган яқинлашув кўп ўтмай Ойбек қалбига муҳаббат оловини пуркаб, гуркиратиб юборади. Тортинчоқ йигитнинг Зарифага бағишланган шеърларини «почтальон» дўстлари эгасига беришдан аввал ёдлаб, бир-бирларига, ўзларининг севган қизларига ўқиб юрадилар.

Ойбекнинг севги дардига мубтало бўлиб қолгани, бир томондан, Зарифада ўз-ўзини англаш ва қадрлаш туйғусини уйғотган бўлса, иккинчи томондан, ўша йиллардаги қизларга хос уятчанлик уни ошуфта шоирдан четроқ юришга мажбур этади. Аммо Ойбек техникумни тугатиб, дорилфунунда ўқиётган бўлса ҳам ўз аҳдида қатъий туриб, Зарифани ўзи яшаётган севги соҳили сари чорлашда давом этади.

«У шу даврда, — деб ёзади Зарифахоним, — бизнинг синфга, аниқроғи, менинг олдимга кўп кириб турар эди. Синфдошларим Ойбекнинг менга бўлган муносабатидан хабардор эканлар. Шунинг учун ҳам у танаффус чоғида синфга кириб қолгудек бўлса, улар дарҳол чиқиб кетар, сўнг эшик тирқишидан, қулф тешигидан мўралар эканлар.

Ойбек партамга ўтириб олиб, менга тикилганича сўзлар, менинг на чиқиб, на қочиб кетишимга имкон бермас, қўлларимни маҳкам ушлаб ўтирар эди. Мен жуда уялар, «Студияга кечикяпман», деб базўр қутулар эдим.

Бир кирганида синфда йўқ эканман, партамнинг тахтасини кўтариб, тагига: «Чиндан севаман, юракдан севаман», деб йирик ҳарфлар билан ёзиб кетибди».

Ижоднинг саодатли онлари

Саидносир Миржалиловнинг ғаройиб бир одати бўлган. У ҳар бир фарзанди дунёга келганида, дафтар тутиб, шу дафтарнинг илк саҳифасига нуридийдасининг ҳижрий ва мелодий йилнома бўйича қайси йил, ой ва кунда дунё юзини кўрганини, ота ва онасининг, олти авлод бува ва бувиларининг номларини ёзиб қўйган. Фарзандларим ўз илдизларини, авлод-аждодини унутмасинлар, деб.

Зарифа ёзги таътилга чиққанида эса уни ҳар йили Туркистонга, қариндош- уруғлари бағрига юборган; улар ҳаётини, яшаш тарзини, расм-русмларини ёддан чиқармасин, деб.

Отанинг ана шу одатидан хабар топган студия домлалари Зарифа таътилга кетаётганда, Туркистондаги меъморий обидалар тасвирини матога мойбўёқда тушириб келиш ҳақида «уй вазифаси» беришади. Тасвирий санъатга майл-муҳаббати кундан-кун гуриллаб бораётган Зарифа Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбарасидан жилмай, бир неча кун мобайнида унинг тўрт тарафдан кўринишини тасвирга туширган. Бундан ташқари, ўша ердаги қабристонга бориб, тарихдан ўчиб кетиш арафасида турган ёдгорликларнинг расмларини ишлаган. У ижодий жараёнда обидалар тагида ётган аждодларнинг овозларини эшитгандек бўлиб, бу обидалар ўзбек халқи тарихининг визуал китоблари эканини теран ҳис этиб, шуури, ақл-идроки ўсиб-ўзгариб борган.

034

Таътил кунлари тугаб, Тошкентга қайтганида, унинг «ижодий ҳисобот»ини кўрган домлалар донг қотиб қолади. Аён бўлишича, рассом зоти бу расмлардан биттасини яратиши учун камида бир-икки ой вақт сарфлаши керак экан. Зарифа эса икки ойда ўзига хос шиддат ва ғайрат билан беш-олтита картина ва бир қанча этюдларни ишлаб келган эди.

Зарифа тасвирий санъатга ошиқу беқарор бўлиб қолган кунларнинг бирида Тошкентда тасвирий санъат кўргазмаси ташкил этилади ва шу кўргазмада унинг «Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси» картинаси намойиш этилади. Иттифоқо, Тошкентга келиб қолган немис сайёҳи шу картинани кўриб, унинг биринчи ўзбек рассом қизи мўйқаламига мансуб эканлигини эшитиб, сотиб олмоқчи бўлади. Домлаларнинг ҳам, Зарифанинг ҳам хурсандчилигининг чек-чегараси йўқ. Аммо бу «хушхабар»ни эшитган Саидносирбой расмнинг сотилишига рухсат бермайди: «Мен сени расмларинг хорижга сотилиб кетиши учун эмас, балки ўзбек халқига  рассом бўлиб хизмат қилишинг учун ўқитяпман, ширин қизим», — дейди у Зарифага.

Бу отанинг нафақат ўз қизига, балки барча ёш ўзбек ижодкорларига берган сабоғи ва уларга қолдирган васияти эди.

Матонатли бўлиш саодати

1926 йили оила бошига капа кулфат тушди. Яна маърифатпарварлар қамоққа олина бошланди. Саидносир Миржалилов Туркистонга қочиб кетаётганда орқасидан тушган чекистлар уни поездда ушлаб, Тошкентга олиб келишади. Бир маромда кечаётган оила ҳаёти издан чиқади. Фарзандлар сешанба ва жума кунлари овқат, газета ва журналларни кўтариб, ГПУ биноси олдига отани кўриш ёки ундан бир энлик хат олиш орзуси билан боришади. Терговчи дамбадам Зарифани чақириб, «Мана бу расмдаги ким?», «Мана бу хатдаги ёзувлар нимани англатади?» деб сўрагани-сўраган.

Зарифа кунларнинг бирида мудҳиш бино олдида турганида, бирдан орқа тарафдан дадасини олиб тушишади. Орқасида бир солдат. Дадаси озган, ранги бўздай оқариб кетган. Ниҳоятда хафа ва маъюс. Қизининг ёнидан ўтар экан: «Уч йил, Сибирь», — дейди эшитилар-эшитилмас. Зарифанинг юрагига чақмоқ келиб урилгандек бўлади.

Саидносир шу тарзда бир неча марта қамоққа олиниб, олис жойларга юборилади.

Зарифа энди техникумни тугатиб, олий ўқув юртида ўқийди.

«Орадан бир йил ўтди, — деб ёзади у. — Мен 3-курсда таҳсил кўраман. Айни пайтда Зулфия икковимиз «Зебуннисо» мактабида ўқитувчилик қиламиз. Менинг маошим 35 сўм; 3 сўми ёнимда қолади; 30 сўмни ҳар ой дадамга, Соловкига юборамиз. Тез-тез бўғирсоқ, патир, ёғли ва шакарли сўк, талқон юбориб турамиз».

Зарифа ўқиш, ишлаш ва отасига бот-бот совға-саломлар юбориш билангина кифояланиб қолмади. У атоқли адвокат Убайдулла Хўжаев билан учрашиб, ундан отасини озод қилиш масаласида М.Калинин номига ариза ёздириб олади. Шу ариза билан Москвага бориб, СССР Олий Совети Президиуми раиси Калининнинг муовини Гулбешеровнинг қабулига киради; СССР халқлари Марказий нашриёти мудири Абдулла Раҳимбоев ва бошқалар билан учрашиб, отасини озод қилиш йўлларини ахтаради. Аммо… Аммо кўп ўтмай у нажот излаб борган кишиларнинг ўзлари ҳам қатағон қилинади.

Зарифанинг бу саъй-ҳаракатлари зое кетди. деб бўлмайди. Отаси 1937 йил арафасида сўнгги сургунгоҳи — Бийск шаҳридан омон-эсон қайтиб келади. Лекин орадан кўп ўтмай, 1937 йилнинг қонли тўлқини уни яна ўз гирдобига тортади. У севиб турмуш қурган Ойбек ҳам сургундан қайтган, «халқ душмани» бўлган қайнотасини уйига киргизганликда ва Чўлпоннинг «думи» бўлганликда айбланиб, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалади. Зарифа хизмат қилаётган ТошМИ маъмурияти ёш оила яшаб турган хонани улардан тортиб олади.

Зарифа ҳаётининг шундай мураккаб ва машаққатли палласида тушкунликка тушмай, қора тақдир олдида таслим бўлмай, яшаш ва ишлашда давом этди. Бу ундаги матонатнинг ғалабаси, матонатли бўлишнинг том маънодаги саодати эди.

Ёшларга илм бериш саодати

07Айтиб ўтилганидек, ҳали дорилфунуннинг кимё факультетини тугатиб улгурмай, Зарифа турмуш тақозоси билан «Зебуннисо» мактаби, хотин-қизлар педагогика техникуми ва кечки ишчилар факультетида дарс берди. «Менинг педагогик фаолиятим, — деб ёзган эди у таржимаи ҳолида, — 1926 йилда, кимё факультети талабаси эканлигим пайтидаёқ бошланган. Тўртинчи курсда ўқиб юрган чоғимда янги ташкил этилган Ўрта Осиё пахтачилик институтига ассистент лавозимига таклиф этилдим. Бу институт кейинчалик Тошкент қишлоқ хўжалиги институтига айлантирилди. 1930 йилдан бошлаб шу институтда узлуксиз хизмат қилиб келмоқдаман. 1930 йилдан бошлаб ўзбек ва рус тилларида аналитик ва ноорганик кимё бўйича маърузалар ўқиб келаман».

Зарифахоним узоқ давом этган педагогик фаолияти мобайнида минглаб малакали қишлоқ хўжалиги ходимлари, жумладан, кимёгарларнинг етишиб чиқишига катта ҳисса қўшди. Ўтган асрнинг 30-йилларида кимё фани бўйича нафақат олий ўқув юртлари, балки умумтаълим мактаблари учун ҳам ўзбек тилида дарслик ва ўқув қўлланмалари бўлмагани боис 1933 йилда ишчилар факультетлари ва техникумлар учун «Ноорганик кимё» дарслигини, 1935 йилда «Кимё бўйича изоқли луғат»ни чоп этиб, Верховскийнинг «Ноорганик кимё», «Органик кимё», Лебедевнинг «Коллоидлар кимёси» дарсликларини ўзбек тилига таржима қилган. «Ўзбекча-интернационалча кимё атамалари луғати»нинг майдонга келишида фаол қатнашган. Кройтнинг «Коллоидлар кимёси», Павлова-Семенченконинг «Кимё» дарсликлари таржимасига эса муқаррирлик қилган.

Зарифахоним урушдан кейинги йилларда педагогик фаолият билан кифояланиб қолмай, ўша даврда капа стратегик аҳамиятга молик бўлган вольфрам устида махфий тадқиқот ишларини олиб борди. Афсуски, турмуш ўртоғи Ойбекнинг 1951 йили оғир хасталикка чалиниб, тўшакбанд бўлиб қолиши шу мавзуга бағишланган докторлик диссертациясининг якунланишига имкон бермади. Лекин олима баракали педагогик ҳаёти давомида шу қадар кўп шогирдларни етиштирдики, улар Зарифахонимдан аналитик ва ноорганик кимё фанларидан билим олибгина қолмай, халққа, танланган соҳага, оилага муҳаббат ва фидойилик билан хизмат қилиш илмини ҳам ўргандилар. Уларнинг айримлари тасодифан камина билан учрашиб қолганларида, ўзларини ғурур билан: «Мен Зарифа Саидносирова қўлида ўқиганман» ёки «Мен Зарифа Саидносированинг шогирдиман», деган сўзлар билан таништирардиларки, назаримда, устоз учун бундан ортиқ ҳурматнинг, саодатнинг бўлиши даргумон.

Суянч тоғ ва вафодор бўлиш саодати

09Ойбек ва Зарифа ҳаёти, камина назарида, ҳозирнинг ўзидаёқ «Фарқод ва Ширин», «Ромео ва Жульетта»дек буюк муҳаббат қиссаларидан бирига айланиб бормоқда. Балки келажакда бу икки буюк инсон ҳақида адабиёт ва санъат асарлари яратилиб, улар афсонавор сиймоларга, афсонавор муҳаббат соҳибларига айланиб борарлар.

Зарифахоним Ойбек билан турмуш қурганидан сўнг тўрт фарзанд кўрди: тарихчи Омон Тошмуҳамедов билан кимёгар Суюн Тошмуҳамедов ҳозирги Ўзбекистон миллий университетида, арабшунос Гулранг Тошмуҳамедова Шарқшунослик институтида минглаб талабаларга дарс беришган. Академик Бекжон Тошмуҳамедовнинг илмий фаолияти эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биология бўлими ва Зоология институти билан боғлиқ. Бу фарзандларнинг иккитаси фан номзоди, иккитаси доктор, докторлардан бири эса академик ҳам. Зарифахоним бу фарзандларнинг улғайишига қанчалик кўп хизмат қилган бўлса, турмуш ўртоғига уларга нисбатан ўн чандон кўпроқ меҳнат сарфлади.

У бутун ҳаёти давомида Ойбекнинг илҳом париси бўлди. Буюк адибнинг севимли рафиқаси бўлган кундан бошлаб унинг биринчи китобхони, танқидчиси ва ношири Зарифахоним эди. Ойбек 50-йиллардаги қатағон даҳшатлари туфайли тилдан қолганидан кейин эса адибнинг тили ва котибаси бўлиш заҳмати ҳам унинг зиммасига тушди. Ким билади,  агар Зарифахоним бўлмаганида, улуғ Ойбекнинг ҳаёт ришталари, балки, 1951 йил баҳорида узилган бўлармиди…

Биз 1975 йилдан 1985 йилга қадар Зарифахоним билан Ойбекнинг 20 жилдлик Мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлаш устида бирга ишладик. Зарифахоним кафедра мудири бўлгани туфайли, дарси бўлса-бўлмаса, ҳар куни эрта билан барвақт институтга кетиб, кечқурун соат беш-олтиларда уйига қайтар, орадан бирор соат ўтмай, биз етиб бориб, кеч соат ўн икки-бирга қадар адиб қўлёзмаларини ўқиб, нашрга тайёрлаш билан машғул бўлардик. Кўп ўтмай Зарифахоним оғир хасталикка дучор бўлиб, дастлаб икки-уч ойда, кейин ҳар ойда, сўнгра ойда икки марта дўхтирхонага борадиган бўлди. У ҳар сафар дўхтирхонадан чиқиши билан ўша соатда институтга етиб борар ва қайтиши биланоқ биз билан ярим тунга қадар ишларди. Камина умрим бино бўлиб бундай матонатли, оғир хасталикни ҳам писанд қилмайдиган, илмий ва ижодий меҳнатни ҳар қандай ором ва фароғатдан аъло биладиган кишини кўрмаганман. У шундай фидойи меҳнати билан Ойбек ижодий фаолияти меваларининг халққа тўла етиб боришига улкан ҳисса қўшди. Ва шу ижодий меҳнати учун Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти билан тақдирланди.

Зарифахоним биздан бўш вақтида яна тасвирий санъатга қайтиб, мойбўёқ билан турли манзарали расмлар ишларди. Кейин маълум бўлишича, у шу йилларда биздан яшириб, Ойбек соғинчи билан тўла шеърлар ҳам ёзган экан. Улар яқинда «Гул барги» номи билан китоб бўлиб чиқди (Бу китобдан олинган шеърлар билан мана бу саҳифада танишинг). Зарифахонимнинг бундан аввал нашр қилинган «Ойбегим менинг» ёдномаси эса китобхонларнинг энг севимли асарларидан бири бўлиб қолган (Бу китоб билан мана бу саҳифада танишинг).

079Рафиқасининг буюк ўзбек аёлларидан бири эканини сезган Ойбек бир шеърида бундай гўзал сатрларни ёзган эди:

Ёр кўзларининг ишқини, хуморини ёд эт!
Кўк гулшани дурлар каби порлайди бу оқшом,
Ҳар тоғдаю қирда ётади нозли хуш ором,
Дунёдаги кўзлар аро шаҳлосини ёд эт!..

Кўксимни эзар ҳажрида қалбимдаги туйғу,
Тепамда қуяр куйини булбул яна шўх, шан;
Гуллар қадаҳин кечки шамол аста тўкаркан,
Ёдимга тушар сен каби дилбар, гўзал орзу.

Ёлғиз кезамен шарқираган сув яқосинда,
Ёдингни қучиб ўлтирамен тош каби сокин.
Олам қочади, сен кирасен қалбга шу чоғ тин,
Ширингина рўё каби оқшом қаросинда…

Ёр кўзларининг ишқини, хуморини ёд эт!
Овозини, шўх созини ҳам нозини ёд эт!

Ойбек мазкур шеъри билан нафақат ўзига — ушбу сатрларнинг лирик қаҳрамонига, балки, биз, авлодларга ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Зарифахонимни ва унга ўхшаш муҳтарама аёлларимизни ёд этиб туришни васият қилгандек туюлади.

056

SAODATNING KAMALAK RANGLARI
Naim KARIMOV
Filologiya fanlari doktori
07

055O’tgan asrning 20 — 30-yillarida yurtimizda yangi ziyolilar avlodi yetishib chiqdi. Ularning aksariyati navqiron yigitlar edi. Ma’rifat, ijod va xizmat pillapoyalaridan ildam ko’tarilib borayotgan bu yigitlar o’zbek qizlari orasidan o’zlariga munosib jufti halol topishga qiynalishardi. Chunki u davrlarda qizlarni o’qitish katta muammo edi. Shunday bo’lsa-da, o’sha yillarda «to’rt devor» orasidan shu qadar go’zal va ma’rifatli o’zbek qizlari ham ko’klam chechaklari yanglig’ o’sib chiqa boshladiki, ular bo’lajak turmush o’rtoqlari bilan birga o’zbek ziyolilarining tom ma’nodagi yangi avlodini tashkil ztdi. Ana shunday chechaklar orasida Habibaxon Yusupova, Sojida Nosirova, Halima Nosirova, Mukarrama Turg’unboeva, Shohida Ma’zumova, Zulfiya, Muborak Shermuhammedova, Rahbar Shermuhammedova singari ajoyib o’zbek ayollari ham bo’lishgan. Ular yangi o’zbek ziyoli ayollari bo’lish bilan birga yangi tarixiy davrning Tohirlari uchun Zuhralar edi. Ular o’zbek xalqi o’rtasida yangicha muhabbatni, yangicha oilaviy munosabatlarni boshlab berdi. Go’zal o’zbek ayollari shodasidagi yana bir gavhar esa Zarifa Saidnosirova edi.

Farzandlik saodati

Zarifaxonim 1908 yil Turkiston shahrida tug’ilgan. Bobosi, otasi va amakilari asli dehqonlar bo’lib, zamona zayli bilan savdo sohasiga o’tib ketishgan. To’qqiz yoshida yetim qolgan otasi amakilaridan teri yoyish, ivitish, yig’ish ishlarini o’rganib, mashaqqatli mehnat ostida ulg’aygan. «Dadam Saidnosir Abdulhay o’g’li Mirjalilov, — deb eslagan edi Zarifaxonim, — o’rta bo’yli, qoranadan kelgan, ko’zlari yirik kishi edi. U1884 yilda tug’ilgan. Men uni taxminan 1913-14 yillardan eslasam kerak. Shunda men to’rt yoshlarda edim. Dadam aqlli, nihoyatda qalbi toza, odamlarga mehribon odam bo’lgan. U eski maktabda puxta ma’lumot olgan, nihoyatda zehni o’tkir, juda savodli bo’lgan. Uning gap-gashtak, musallas, bo’za, chog’ir ichish, qarta yo qimor o’ynashga o’xshash xunuk odatlarga mayli bo’lmagan».

Saidnosir Mirjalilovning sa’y-harakati bilan 1914 yili Turkistonda paxta zavodi quriladi. Hali nafaqat elektr nuri, balki u haqdagi ovoza ham kirib bormagan joyda zavod qurishdan oldin masalaning bu tarafini o’ylash kerak edi. Har bir ishni puxta tayyorgarlik bilan boshlashga odatlangan Saidnosir ota bu muammoni ham oqilona hal qilib, qaerdandir dinamo keltiradi, elektr «til»ini biladigan usta topadi. Uning xonadoni va zavodida «shayton chiroq» yonib, tunda hammmayoqni charog’on qilib yuborgani sodda Turkiston ahlini hayratga soladi.

Tadbirkorlik faoliyati avj olgan Saidnosirboy Toshkentga ko’chib borib, savdo ishlarini gurkiratib yuboradi. U shu yerda Munavvar qori Abdurashidxonov, Ubaydulla Xo’jaev singari taraqqiyparvarlar, Cho’lpon singari shoirlar bilan tanishadi, ular bilan do’stlashib, Toshkentdagi ma’rifatparvarlik harakatida homiy sifatida faol ishtirok etadi.

Zarifaxonimning buvisi va onasi ham «O’tgan kunlar»dagi O’zbekoyim va Oftoboyimlardek o’ta mehnatkash, tadbirkor, sarishta, qo’li gul va dono ayollar bo’lgan. «Buvim har kuni saharlab xamir achitadi. Sigirlarni sog’ib, podaga chiqarib yuboradi. Chambaraklardagi qaymoqlarni suzib, ayvon chetidagi shohkosalarga terib qo’yadi. Ochilgan atirgullardan uzib, hammamizning yostig’imiga bittadan terib chiqadi,sut pishirib, qatiq ivitadi. Shunday qilib, buvim ertalabki ishlarni saranjom qilib bo’lgach, quduqdan suv torta boshlaydi…». Zarifaxonim buvisini shunday dil so’zlari bilan eslagan edi.
Maqolamiz qahramoni — birinchi o’zbek rassomi va birinchi o’zbek kimyogar olimasi Zarifa Saidnosirova ana shu ajoyib oilada tug’ilish saodatiga muyassar bo’lgan.

Intilish va bilim olish saodati

Saidnosirboy savdo ishlari bilan Qo’qon, Moskva, Nijniy Novgorod, Orenburg singari uzoq-yaqin shaharlarga tez-tez qatnardi. !917 yil fevral` inqilobi ro’y berib, g’ala-g’ovur, to’s-to’polon boshlangan davr edi. Kutilmaganda Turkistonga sovuq xabar yetib keladi. Zarifaning otasi Saidnosirboy nom-nishonsiz yo’qolgan edi. Saidnosir Mirjalilov Turkiston muxtoriyatining xazinachisi bo’lgan. Ma’lum bo’lishicha, Saidnosir ota Turkiston muxtoriyati tugatilib, Qo’qon qonga botirilgach, bol`sheviklar zulmidan qochib, Kavkazga borgan va u yerda Behbudiy bilan uchrashib, Yevropaga birga borish niyatida bo’lgan ekan. Lekin Behbudiyni Qarshida amir ayg’oqchilari qo’lga olib, qatl etganini eshitgach, Gruziyada bir necha oy yashab, ona yurtiga qaytishga majbur bo’ladi va tadbirkorlik ishlarini davom ettiradi.

Qizlar 12-13 yoshidan boshlab paranjiga o’raladigan davr. Marayim tog’a kunlarning birida Zarifaning ochilib-sochilib yurganini ko’rib, dahshatga tushadi. «Agar paranji yopinmasang, o’z qo’lim bilan o’ldiraman seni!» deb dag’dag’a qiladi. Bundan ranjigan qiz otasiga uzundan-uzun xat yozib, zudlik bilan Toshkentga olib ketishini va o’sha yerda o’qitishini iltimos qiladi. Saidnosirboy 1924 yili sevikli qizini Toshkentga keltirib, Yangi shahardagi Pestolotstsi nomli rus maktabiga o’qishga beradi. So’ng oilasini ham ko’chirib kelib, qizlari Zarifa bilan Sharifani shoirtabiat do’sti Eson Musaev rahbarlik qilayotgan Navoiy nomidagi ta’lim va tarbiya texnikumiga eltadi.

«Har kuni ertalab, — eslaydi Zarifaxonim, — texnikumga boramiz. O’qishdan keyin Balandmachitdagi musiqa texnikumida men tanbur va pianinodan, Sharifa esa dutor va pianinodan dars olamiz. Men haftada ikki-uch marta rasm studiyasida ham saboq olaman. Kechqurun soat to’rtdan esa Pestolotstsi maktabiga boraman. Bular hammasi faqat o’zimning emas, dadamning istagi bilan ham ro’y bermoqda edi».

O’sha yillarda zamona zayli bilan Toshkentga kelib qolgan fan va madaniyat ahli orasida mashhur rus rassomi I.Repinning shogirdi N.Rozanov ham bo’lgan. U shaharda ochilgan tasviriy san’at studiyasining rahbari edi. Ma’rifatparvar ota qizining har tomonlama barkamol inson bo’lib ulg’ayishi uchun uni shu studiyaga ham yetaklab borgan.

Shu tarzda Zarifa kun bo’yi maktabma-maktab yelib-yugurib, bilim olish, san’at sirlarini egallash sururi bilan yashay boshlaydi.

Sevish va sevilish saodati

1924 yilning kuzi. Talabalar bayram munosabati bilan texnikumning kichik zalini bezatmoqda. Zarifa uyida ishlab kelgan Navoiy bilan Fuzuliyning kattagina rasmini devorga osib, sahna pardasiga nimanidir tikmoqda. Shu payt yonida «qivroq sochlari do’ppisidan toshib turgan» oriq va novcha yigit daf’atan paydo bo’lib: «Tugmam uzilib ketipti, qadab bersangiz», — deb iltimos qiladi.

Zarifa tik turgan holda engashib, yoqa tugmasini qaday boshlaydi. Ikkovi ham uyalgan shekilli, bir-birining yuziga qaray olmay, faqat nafas olishinigina sezib turishardi…

Bu Zarifa bilan Oybekning ilk uchrashuvi edi. Shundan so’ng Oybek «Tong yulduzi» devoriy gazetasining muharriri bo’lgani uchun goh undan gazetaga biror narsa yozib berishni so’raydi, goh o’zining she’rlar daftariga rasm chizib berishni. Shu tarzda boshlangan yaqinlashuv ko’p o’tmay Oybek qalbiga muhabbat olovini purkab, gurkiratib yuboradi. Tortinchoq yigitning Zarifaga bag’ishlangan she’rlarini «pochtal`on» do’stlari egasiga berishdan avval yodlab, bir-birlariga, o’zlarining sevgan qizlariga o’qib yuradilar.

Oybekning sevgi dardiga mubtalo bo’lib qolgani, bir tomondan, Zarifada o’z-o’zini anglash va qadrlash tuyg’usini uyg’otgan bo’lsa, ikkinchi tomondan, o’sha yillardagi qizlarga xos uyatchanlik uni oshufta shoirdan chetroq yurishga majbur etadi. Ammo Oybek texnikumni tugatib, dorilfununda o’qiyotgan bo’lsa ham o’z ahdida qat’iy turib, Zarifani o’zi yashayotgan sevgi sohili sari chorlashda davom etadi.

«U shu davrda, — deb yozadi Zarifaxonim, — bizning sinfga, aniqrog’i, mening oldimga ko’p kirib turar edi. Sinfdoshlarim Oybekning menga bo’lgan munosabatidan xabardor ekanlar. Shuning uchun ham u tanaffus chog’ida sinfga kirib qolgudek bo’lsa, ular darhol chiqib ketar, so’ng eshik tirqishidan, qulf teshigidan mo’ralar ekanlar.

Oybek partamga o’tirib olib, menga tikilganicha so’zlar, mening na chiqib, na qochib ketishimga imkon bermas, qo’llarimni mahkam ushlab o’tirar edi. Men juda uyalar, «Studiyaga kechikyapman», deb bazo’r qutular edim.

Bir kirganida sinfda yo’q ekanman, partamning taxtasini ko’tarib, tagiga: «Chindan sevaman, yurakdan sevaman», deb yirik harflar bilan yozib ketibdi».

Ijodning saodatli onlari

Saidnosir Mirjalilovning g’aroyib bir odati bo’lgan. U har bir farzandi dunyoga kelganida, daftar tutib, shu daftarning ilk sahifasiga nuridiydasining hijriy va melodiy yilnoma bo’yicha qaysi yil, oy va kunda dunyo yuzini ko’rganini, ota va onasining, olti avlod buva va buvilarining nomlarini yozib qo’ygan. Farzandlarim o’z ildizlarini, avlod-ajdodini unutmasinlar, deb.

Zarifa yozgi ta’tilga chiqqanida esa uni har yili Turkistonga, qarindosh- urug’lari bag’riga yuborgan; ular hayotini, yashash tarzini, rasm-rusmlarini yoddan chiqarmasin, deb.

Otaning ana shu odatidan xabar topgan studiya domlalari Zarifa ta’tilga ketayotganda, Turkistondagi me’moriy obidalar tasvirini matoga moybo’yoqda tushirib kelish haqida «uy vazifasi» berishadi. Tasviriy san’atga mayl-muhabbati kundan-kun gurillab borayotgan Zarifa Turkistondagi Ahmad Yassaviy maqbarasidan jilmay, bir necha kun mobaynida uning to’rt tarafdan ko’rinishini tasvirga tushirgan. Bundan tashqari, o’sha yerdagi qabristonga borib, tarixdan o’chib ketish arafasida turgan yodgorliklarning rasmlarini ishlagan. U ijodiy jarayonda obidalar tagida yotgan ajdodlarning ovozlarini eshitgandek bo’lib, bu obidalar o’zbek xalqi tarixining vizual kitoblari ekanini teran his etib, shuuri, aql-idroki o’sib-o’zgarib borgan.

034

Ta’til kunlari tugab, Toshkentga qaytganida, uning «ijodiy hisobot»ini ko’rgan domlalar dong qotib qoladi. Ayon bo’lishicha, rassom zoti bu rasmlardan bittasini yaratishi uchun kamida bir-ikki oy vaqt sarflashi kerak ekan. Zarifa esa ikki oyda o’ziga xos shiddat va g’ayrat bilan besh-oltita kartina va bir qancha etyudlarni ishlab kelgan edi.

Zarifa tasviriy san’atga oshiqu beqaror bo’lib qolgan kunlarning birida Toshkentda tasviriy san’at ko’rgazmasi tashkil etiladi va shu ko’rgazmada uning «Turkistondagi Ahmad Yassaviy maqbarasi»kartinasi namoyish etiladi. Ittifoqo, Toshkentga kelib qolgan nemis sayyohi shu kartinani ko’rib, uning birinchi o’zbek rassom qizi mo’yqalamiga mansub ekanligini eshitib, sotib olmoqchi bo’ladi. Domlalarning ham, Zarifaning ham xursandchiligining chek-chegarasi yo’q. Ammo bu «xushxabar»ni eshitgan Saidnosirboy rasmning sotilishiga ruxsat bermaydi: «Men seni rasmlaring xorijga sotilib ketishi uchun emas, balki o’zbek xalqiga rassom bo’lib xizmat qilishing uchun o’qityapman, shirin qizim», — deydi u Zarifaga.

Bu otaning nafaqat o’z qiziga, balki barcha yosh o’zbek ijodkorlariga bergan sabog’i va ularga qoldirgan vasiyati edi.

Matonatli bo’lish saodati

1926 yili oila boshiga kapa kulfat tushdi. Yana ma’rifatparvarlar qamoqqa olina boshlandi. Saidnosir Mirjalilov Turkistonga qochib ketayotganda orqasidan tushgan chekistlar uni poezdda ushlab, Toshkentga olib kelishadi. Bir maromda kechayotgan oila hayoti izdan chiqadi. Farzandlar seshanba va juma kunlari ovqat, gazeta va jurnallarni ko’tarib, GPU binosi oldiga otani ko’rish yoki undan bir enlik xat olish orzusi bilan borishadi. Tergovchi dambadam Zarifani chaqirib, «Mana bu rasmdagi kim?», «Mana bu xatdagi yozuvlar nimani anglatadi?» deb so’ragani-so’ragan.

Zarifa kunlarning birida mudhish bino oldida turganida, birdan orqa tarafdan dadasini olib tushishadi. Orqasida bir soldat. Dadasi ozgan, rangi bo’zday oqarib ketgan. Nihoyatda xafa va ma’yus. Qizining yonidan o’tar ekan: «Uch yil, Sibir`», — deydi eshitilar-eshitilmas. Zarifaning yuragiga chaqmoq kelib urilgandek bo’ladi.

Saidnosir shu tarzda bir necha marta qamoqqa olinib, olis joylarga yuboriladi.

Zarifa endi texnikumni tugatib, oliy o’quv yurtida o’qiydi.

«Oradan bir yil o’tdi, — deb yozadi u. — Men 3-kursda tahsil ko’raman. Ayni paytda Zulfiya ikkovimiz «Zebunniso» maktabida o’qituvchilik qilamiz. Mening maoshim 35 so’m; 3 so’mi yonimda qoladi; 30 so’mni har oy dadamga, Solovkiga yuboramiz. Tez-tez bo’g’irsoq, patir, yog’li va shakarli so’k, talqon yuborib turamiz».

Zarifa o’qish, ishlash va otasiga bot-bot sovg’a-salomlar yuborish bilangina kifoyalanib qolmadi. U atoqli advokat Ubaydulla Xo’jaev bilan uchrashib, undan otasini ozod qilish masalasida M.Kalinin nomiga ariza yozdirib oladi. Shu ariza bilan Moskvaga borib, SSSR Oliy Soveti Prezidiumi raisi Kalininning muovini Gulbesherovning qabuliga kiradi; SSSR xalqlari Markaziy nashriyoti mudiri Abdulla Rahimboev va boshqalar bilan uchrashib, otasini ozod qilish yo’llarini axtaradi. Ammo… Ammo ko’p o’tmay u najot izlab borgan kishilarning o’zlari ham qatag’on qilinadi.

Zarifaning bu sa’y-harakatlari zoe ketdi. deb bo’lmaydi. Otasi 1937 yil arafasida so’nggi surgungohi — Biysk shahridan omon-eson qaytib keladi. Lekin oradan ko’p o’tmay, 1937 yilning qonli to’lqini uni yana o’z girdobiga tortadi. U sevib turmush qurgan Oybek ham surgundan qaytgan, «xalq dushmani» bo’lgan qaynotasini uyiga kirgizganlikda va Cho’lponning «dumi» bo’lganlikda ayblanib, Til va adabiyot institutidan haydaladi. Zarifa xizmat qilayotgan ToshMI ma’muriyati yosh oila yashab turgan xonani ulardan tortib oladi.

Zarifa hayotining shunday murakkab va mashaqqatli pallasida tushkunlikka tushmay, qora taqdir oldida taslim bo’lmay, yashash va ishlashda davom etdi. Bu undagi matonatning g’alabasi, matonatli bo’lishning tom ma’nodagi saodati edi.

Yoshlarga ilm berish saodati

Aytib o’tilganidek, hali dorilfununning kimyo fakul`tetini tugatib ulgurmay, Zarifa turmush taqozosi bilan «Zebunniso» maktabi, xotin-qizlar pedagogika texnikumi va kechki ishchilar fakul`tetida dars berdi. «Mening pedagogik faoliyatim, — deb yozgan edi u tarjimai holida, — 1926 yilda, kimyo fakul`teti talabasi ekanligim paytidayoq boshlangan. To’rtinchi kursda o’qib yurgan chog’imda yangi tashkil etilgan O’rta Osiyo paxtachilik institutiga assistent lavozimiga taklif etildim. Bu institut keyinchalik Toshkent qishloq xo’jaligi institutiga aylantirildi. 1930 yildan boshlab shu institutda uzluksiz xizmat qilib kelmoqdaman. 1930 yildan boshlab o’zbek va rus tillarida analitik va noorganik kimyo bo’yicha ma’ruzalar o’qib kelaman».

Zarifaxonim uzoq davom etgan pedagogik faoliyati mobaynida minglab malakali qishloq xo’jaligi xodimlari, jumladan, kimyogarlarning yetishib chiqishiga katta hissa qo’shdi. O’tgan asrning 30-yillarida kimyo fani bo’yicha nafaqat oliy o’quv yurtlari, balki umumta’lim maktablari uchun ham o’zbek tilida darslik va o’quv qo’llanmalari bo’lmagani bois 1933 yilda ishchilar fakul`tetlari va texnikumlar uchun «Noorganik kimyo» darsligini, 1935 yilda «Kimyo bo’yicha izoqli lug’at»ni chop etib, Verxovskiyning «Noorganik kimyo», «Organik kimyo», Lebedevning «Kolloidlar kimyosi» darsliklarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. «O’zbekcha-internatsionalcha kimyo atamalari lug’ati»ning maydonga kelishida faol qatnashgan. Kroytning «Kolloidlar kimyosi», Pavlova-Semenchenkoning «Kimyo» darsliklari tarjimasiga esa muqarrirlik qilgan.

Zarifaxonim urushdan keyingi yillarda pedagogik faoliyat bilan kifoyalanib qolmay, o’sha davrda kapa strategik ahamiyatga molik bo’lgan vol`fram ustida maxfiy tadqiqot ishlarini olib bordi. Afsuski, turmush o’rtog’i Oybekning 1951 yili og’ir xastalikka chalinib, to’shakband bo’lib qolishi shu mavzuga bag’ishlangan doktorlik dissertatsiyasining yakunlanishiga imkon bermadi. Lekin olima barakali pedagogik hayoti davomida shu qadar ko’p shogirdlarni yetishtirdiki, ular Zarifaxonimdan analitik va noorganik kimyo fanlaridan bilim olibgina qolmay, xalqqa, tanlangan sohaga, oilaga muhabbat va fidoyilik bilan xizmat qilish ilmini ham o’rgandilar. Ularning ayrimlari tasodifan kamina bilan uchrashib qolganlarida, o’zlarini g’urur bilan: «Men Zarifa Saidnosirova qo’lida o’qiganman» yoki «Men Zarifa Saidnosirovaning shogirdiman», degan so’zlar bilan tanishtirardilarki, nazarimda, ustoz uchun bundan ortiq hurmatning, saodatning bo’lishi dargumon.

Suyanch tog’ va vafodor bo’lish saodati

09Oybek va Zarifa hayoti, kamina nazarida, hozirning o’zidayoq «Farqod va Shirin», «Romeo va Jul`etta»dek buyuk muhabbat qissalaridan biriga aylanib bormoqda. Balki kelajakda bu ikki buyuk inson haqida adabiyot va san’at asarlari yaratilib, ular afsonavor siymolarga, afsonavor muhabbat sohiblariga aylanib borarlar.

Zarifaxonim Oybek bilan turmush qurganidan so’ng to’rt farzand ko’rdi: tarixchi Omon Toshmuhamedov bilan kimyogar Suyun Toshmuhamedov hozirgi O’zbekiston milliy universitetida, arabshunos Gulrang Toshmuhamedova Sharqshunoslik institutida minglab talabalarga dars berishgan. Akademik Bekjon Toshmuhamedovning ilmiy faoliyati esa O’zbekiston Fanlar akademiyasining Biologiya bo’limi va Zoologiya instituti bilan bog’liq. Bu farzandlarning ikkitasi fan nomzodi, ikkitasi doktor, doktorlardan biri esa akademik ham. Zarifaxonim bu farzandlarning ulg’ayishiga qanchalik ko’p xizmat qilgan bo’lsa, turmush o’rtog’iga ularga nisbatan o’n chandon ko’proq mehnat sarfladi.

U butun hayoti davomida Oybekning ilhom parisi bo’ldi. Buyuk adibning sevimli rafiqasi bo’lgan kundan boshlab uning birinchi kitobxoni, tanqidchisi va noshiri Zarifaxonim edi. Oybek 50-yillardagi qatag’on dahshatlari tufayli tildan qolganidan keyin esa adibning tili va kotibasi bo’lish zahmati ham uning zimmasiga tushdi. Kim biladi, agar Zarifaxonim bo’lmaganida, ulug’ Oybekning hayot rishtalari, balki, 1951 yil bahorida uzilgan bo’larmidi…

Biz 1975 yildan 1985 yilga qadar Zarifaxonim bilan Oybekning 20 jildlik Mukammal asarlar to’plamini nashrga tayyorlash ustida birga ishladik. Zarifaxonim kafedra mudiri bo’lgani tufayli, darsi bo’lsa-bo’lmasa, har kuni erta bilan barvaqt institutga ketib, kechqurun soat besh-oltilarda uyiga qaytar, oradan biror soat o’tmay, biz yetib borib, kech soat o’n ikki-birga qadar adib qo’lyozmalarini o’qib, nashrga tayyorlash bilan mashg’ul bo’lardik. Ko’p o’tmay Zarifaxonim og’ir xastalikka duchor bo’lib, dastlab ikki-uch oyda, keyin har oyda, so’ngra oyda ikki marta do’xtirxonaga boradigan bo’ldi. U har safar do’xtirxonadan chiqishi bilan o’sha soatda institutga yetib borar va qaytishi bilanoq biz bilan yarim tunga qadar ishlardi. Kamina umrim bino bo’lib bunday matonatli, og’ir xastalikni ham pisand qilmaydigan, ilmiy va ijodiy mehnatni har qanday orom va farog’atdan a’lo biladigan kishini ko’rmaganman. U shunday fidoyi mehnati bilan Oybek ijodiy faoliyati mevalarining xalqqa to’la yetib borishiga ulkan hissa qo’shdi. Va shu ijodiy mehnati uchun Beruniy nomidagi O’zbekiston davlat mukofoti bilan taqdirlandi.

Zarifaxonim bizdan bo’sh vaqtida yana tasviriy san’atga qaytib, moybo’yoq bilan turli manzarali rasmlar ishlardi. Keyin ma’lum bo’lishicha, u shu yillarda bizdan yashirib, Oybek sog’inchi bilan to’la she’rlar ham yozgan ekan. Ular yaqinda «Gul bargi» nomi bilan kitob bo’lib chiqdi (Bu kitobdan olingan she’rlar bilan mana bu sahifada tanishing). Zarifaxonimning bundan avval nashr qilingan «Oybegim mening» yodnomasi esa kitobxonlarning eng sevimli asarlaridan biri bo’lib qolgan (Bu kitob bilan mana bu sahifada tanishing).

Rafiqasining buyuk o’zbek ayollaridan biri ekanini sezgan Oybek bir she’rida bunday go’zal satrlarni yozgan edi:

Yor ko’zlarining ishqini, xumorini yod et!
Ko’k gulshani durlar kabi porlaydi bu oqshom,
Har tog’dayu qirda yotadi nozli xush orom,
Dunyodagi ko’zlar aro shahlosini yod et!..

Ko’ksimni ezar hajrida qalbimdagi tuyg’u,
Tepamda quyar kuyini bulbul yana sho’x, shan;
Gullar qadahin kechki shamol asta to’karkan,
Yodimga tushar sen kabi dilbar, go’zal orzu.

Yolg’iz kezamen sharqiragan suv yaqosinda,
Yodingni quchib o’ltiramen tosh kabi sokin.
Olam qochadi, sen kirasen qalbga shu chog’ tin,
Shiringina ro’yo kabi oqshom qarosinda…

Yor ko’zlarining ishqini, xumorini yod et!
Ovozini, sho’x sozini ham nozini yod et!

Oybek mazkur she’ri bilan nafaqat o’ziga — ushbu satrlarning lirik qahramoniga, balki, biz, avlodlarga ham O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi Zarifaxonimni va unga o’xshash muhtarama ayollarimizni yod etib turishni vasiyat qilgandek tuyuladi.

056

(Tashriflar: umumiy 211, bugungi 1)

Izoh qoldiring