Abdulla Oripov. Sentyabr she’rlari

095Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида…

Бу бетакрор мисралар илк бор қулоғимга чалинганига қирқ йилдан ошди. Ҳануз хотирамдан ўчмайди. Дам бадам қўмсаб, ўқиб, такрорлаб тураман. Ва ҳар гал улар билан боғлиқ ўй-хаёлларим, армонларим ёдга тушади (Орзиқул Эргашнинг «Бир пари фасл» эссесидан)…

Абдулла ОРИПОВ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
СЕНТЯБРЬ ШЕЪРЛАРИ
034

УММОН БЎЙИДАГИ ЎЙЛАР

Уммон соҳилида кезаман бедор,
Тонг қолиб Тангрининг мўъжизасига.
Қулоғим тутаман такрор ва такрор,
Ҳаётнинг абадий, ўлмас сасига.

0445

Эзгу дийдор учун айтаман рахмат,
Мавжларга қўшилиб кетади сўзим.
Тутган бир қўлимдан куёвим Аҳмад,
Бир қўлимдан эса Мавлуда қизим.

Шукурлар дейману кўзим ёшлайман,
Жажжи набиралар меҳрига қона.
Ирим, деб уммонга танга ташлайман,
Зора, қайтиб келсам сен томон яна.

Менинг кўз ўнгимдан ҳар лаҳза, ҳар дам
Асло кетган эмас юртим жамоли.
Узоқ бу уммонда сузиб юрсам ҳам,
Юзимга урилди гўё шамоли.

Ҳамиша ўзингдан олдда бўл, Инсон,
Бу дунё барчага баробар, билгил.
Тепангда турган шу думалоқ осмон,
Шарқда ҳам мавжуддир, тасаввур қилгил.

Аллоҳ даргоҳига рухсатин бериб,
Таклиф этилсайди жами одамзод.
Бошқалар қатори кўксини кериб,
Ўзбек ҳам юрарди мамнун ҳамда шод.

Худо яратмаган сарҳадлар ясаб,
Бандаси орттиргай ўзига малол.
У юксак бўлмади тоғларга ўхшаб,
Кенг ҳам бўлолмади уммонлар мисол.

Ўзга маъволарга келдим мен нечун,
Бегона жойларга меҳримни сочиб.
Олис йўллар босдим сиҳатим учун,
Балки ғавғолардан нарига қочиб.

Бир мантиқ ҳаётда учрайди бироқ,
Қошида милёнлар ўйга толгайдир.
Ёмонлик тилаган яшайди узоқ,
Яхшилик қилганлар ночор қолгайдир.

Қўшнининг мушуги эринмай асло,
Бизнинг ертўлада овлайди сичқон.
Ҳозирча туш менга мансубдир, аммо,
У ҳам қўлга тушгай, топсалар имкон.

Афсуслар чекаман Маҳшаргача то,
Унутдим ўз арким кўнгурасини.
Нима деяримни билмасдан ҳатто
Чалдим бировларнинг дўмбирасини.

Бугун ҳеч кимсага келтирмас шараф
Ясама шуҳрату сохта савлатлар.
Лекин иймон келтир тегрангга қараб,
Бордир буюк зотлар, улуғ давлатлар.

Жаноб Расулуллоҳ айлаб марҳамат,
Чақирмиш умматин бардош, сабрга.
Дедилар, ўтганни қарғаманг минбаъд,
Тегманг улар ётган гўрга — қабрга.

Мени — ку тириклай маҳв этди булар,
Ҳатто бездирдилар буткул оламдан.
Бундай қабоҳатдан тоғлар ҳам қулар,
Денгизлар шўр тортар бундай аламдан.

Қирғий учиб юрса ҳовлинг узра гар,
Товуқда қоларми бирорта жўжа.
Юртни таладилар неча- неча ғар,
Неча қорача- ю, неча бир хўжа.

Менга ажабланиб қарама, болам,
Ҳамроҳинг бўлолсин бардош ва тоқат.
Мен балки кексайиб, чарчаган одам,
Холислик излаган куйчиман фақат.

Топсам эзгуликни чулғади сурур,
Баробар туюлди ёзим ва қишим.
Адолат қалбимга бахш этди ҳузур,
Бошқа юмуш билан йўқ зарра ишим.

Мудом ҳаёлимда у қутлуғ аждод,
Муборак тафтлари қуёшлар қадар.
Магарким, уларга эканман авлод,
Нега йўқолайин номсиз ва бадар?

Зурёдим эрурсан ўзинг, набирам,
Олгин юлдузларни қўлингни чўзиб.
Ахир қоним жўшар танингда шу дам,
Нега сен кетмассан мендан ҳам ўзиб.

Бир умр курашдик орзулар учун,
Ҳавойи сўз айтиб, ўртама жонни.
Дунё карвонининг бошида бир кун
Кўрсам етарлидир, Ўзбекистонни.

АҚШ. Атлантика. 01. 09. 2015

ТОР ЭТИК

Ҳатто майда-чуйдага
Қилолсин ақлинг бовар,
Ҳаётда яхши- ёмон
Юрмас асло баробар.

Гар этигинг тор бўлиб,
Оёғингни қисганда,
Дунёнинг кенглигидан
Нима фойда, биродар.

АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015

САЙЁҲЛАР

Кеча хитой эдинг,
Бугун-чи япон,
Эртага ҳиндусан
Ва ёки цейлон.
Кафтгирни қўлга ол,
Қани, ош пишир,
Бир кун ўзбек бўлиб
Тургайсан, ўғлон.

АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015

ҚАЙМОҚ

Техасдек иқлими
Қайноқ йўқ экан,
Шунданми, айиқ йўқ —
Маймоқ йўқ экан.
Жаннатга ўхшайди
Манзилим, лекин
Сигир кўп экану
Қаймоқ йўқ экан.

АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015

ЁЛҒИЗЛИК

Афсус, ўтиб кетди
Умр муваққат,
Дунёда бир ўзинг
Қолдинг сен фақат.

Демишлар, ёлғизнинг
Ёри Худодир,
Дўстдан муҳаббат кут,
Душмандан шафқат.

АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015

КУЗ ТАШРИФИ

Қайдадир самода ўқилар баёт,
Қулоғим тутаман сирли овозга.
Кўрдим, ўн йил олдин ўтиб кетган зот
Келди Тиллашайхга — жума намозга.

Айни куз, боғларнинг пишган меваси,
Чумоли сафига ташлайман разм.
Олма туршагининг бордир эгаси,
Қарри ажиналар қилурлар базм.

Порлаб кўринади Қутбда юлдуз,
Осмон ҳам қорамтир — ранги аслидир.
Сариқ чакмон қийган Хизр каби куз,
Чиндан у донишманд руҳлар фаслидир.

Афсус, баҳорларим ўтдилар кетиб,
Терга ботганича қолди саратон.
Буюк томошанинг сўнггини кутиб,
Фасллар оралаб кездим саргардон.

Нимани изладим кундуздир, тундир,
Барча кўрганларим наҳотки абас.
Шамолни ғорларга қамаш мумкиндир,
Қайта олинмагай “пуф” деган нафас.

Ибтидо бор экан бордир интиҳо,
Чигал ҳисларингга куз бергай барҳам.
Балки ўн йил ўтар, юз йилдир, аммо
Жума намозига келурман мен ҳам.

АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015

ҲАЁТ СИНОВЛАРИ

Менга кибр билан ташлайсан назар,
Сенинг кўнглинг бутун, меники ярим.
Розийдим, дардимни сўрасанг агар,
Сени қандоқ севай, айтгин, жигарим.

Мен ҳам азиз эдим, инсон фарзанди,
Бир вақтлар ҳалқимнинг эрка дилбанди.
Лекин қисқа бўлди тақдир писанди,
Сени қандоқ севай, айтгин, жигарим.

Билурман, этмассан номим ҳимоя,
Чунки ўзга эрур қалбингда ғоя.
Тулпоринг солмасин устимга соя,
Сени қандоқ севай, айтгин, жигарим.

Афсус, ер юзида оз эмас бизлар,
Маҳкум бечоралар, сўлиган юзлар.
Эшиги тиқ этса қарар бу кўзлар,
Сени қандоқ севай, айтгин, жигарим.

Хасталик енгмоқда пинҳону ошкор,
Шукурким, қайдадир ҳалоскорлар бор.
Уятдир, қолмаса номус билан ор,
Сени қандоқ севай, айтгин, жигарим.

Ишонгум, бизларга раҳм этур Аллоҳ,
Ҳаётнинг бағрига қайтурмиз, валлоҳ.
Бегона бўлсайдинг чекмас эдим оҳ,
Сени қандоқ севай, айтгин, жигарим.

АҚШ. Хьюстон. 03.09.2015

МАСЪУЛЛАР

Ерда тараққиёт авжига минди,
Эга топилгайдир ҳар қандай корга.
Аввал битта қассоб етарди, энди
Ўнта қассоб бордир битта қўчқорга.

Илгари замонлар довруғи баланд,
Бир бахши яшарди овулда ғолиб.
Бугун катта-кичик ижод билан банд,
Куйлар, халачўпни қўлига олиб.

Қачондир каттакон маҳалла-кўйни,
Уддалаб келарди ёлғиз оқсоқол.
Ҳозир рота бўлиб бошқарар тўйни,
Басдир, ёдда қолган уч-тўртта мақол.

Гапларим киноя, пичингдан йироқ,
Бу — янги асрнинг мутоибаси.
Масъуллар янада бўлсалар кўпроқ,
Шаклланиб борар ҳалқ тоифаси.

Гўдаклар ўзини посбон дейди чўнг,
Ўйинчоқ милтиғин отиб толмайди.
Ҳамма қўриқчига айлангандан сўнг,
Қўриқланадиган нарса қолмайди.

Хўш, ундан кейин-чи? Юз берар не ҳол?
Яна мажлис қилиб, йўриқлашади.
Вазифа кўриниб турибди яққол:
Энди бир-бирларин қўриқлашади.

АҚШ. Хьюстон. 03.09.2015

УЧИНЧИ ЙЎЛ

— Қаёққа йўл олдинг?
— Борса келарга.
— Қаёққа йўл олдинг?
— Борса келмасга.

Учинчи йўл элтар лекин қайларга?
Ўзимни оламан билмасга.

Заҳирага ўхшар учинчи бу йўл,
Ҳар кимса юролмас, берилмас ҳуқуқ.
Бу йўлдан ботирлар қатнайди нуқул,
Хоҳласа қайтади, хоҳламаса йўқ.

АҚШ. Хьюстон. 4.09.2015

ИЖОД САБОҚЛАРИ

Ҳаётни тизгинда бўлмайди ушлаб,
Зилзила, ёнғинлар учрайди бари.
Мушук боласини бўйнидан тишлаб,
Ҳар хил кулфатлардан қочади нари.

Ярим аср бўлмиш бу гапга мана,
Билмайман, бировга нима деримни.
Лекин мушук каби излаб бошпана,
Кўтариб чопаман мен ҳам шеъримни.

Нафақага чиққан эринмас мухбир
Ва ёки ҳаваскор синчи — талаба.
Жами бисотингни текширар бир-бир,
Қусур топа олса — катта ғалаба.

Ҳеч кимса ўйламас, сатрлар аро
Кўз ёшлар, аламлар оқиб ётганин.
Биров хаёлига келтирмас асло,
Армонлар қаърига шоир ботганин.

Асли жаҳолатдир бу ҳолнинг сири,
Ўзини ҳакам деб санайди ҳар ким.
Ойболта кўтарган Луқмондир бири,
Бири найза тутган Суқротдир, балким.

Улар осмон қадар олис ҳаётдан,
Маъно тополмайсан кўзига қараб.
Дейдилар, ҳаммасин биламиз ёддан,
Сочини ўстириб юргандир Машраб.

Бу ғамсиз касларга ҳурмат нораво,
Лўттибоз мисоли сургайлар даврон.
Соқовин атарлар булбулигўё,
Салла патак бўлса — қолма ҳеч ҳайрон.

Ҳар банда ўзини ахтаргай ҳар чоқ,
Чўқинар — омадин кутиб, ҳойнаҳой.
Қудуқ қазганида шўр чиқар бироқ,
Ювиб кетаверар кулбасини сой.

Эзгу ният билан бошласа бир иш,
Афсуски, ғовларга дуч келар доим.
Наҳот, унга мудом ҳамроҳдир ташвиш,
Наҳот, қадамида қиёмат қоим.

Шоир, мақтанасан ўзингча нега,
Нодонлар ичида қилиб ифтихор.
Шеърингга мушукдай бўлолгин эга,
Машрабнинг, яхшиям, кучукчаси бор.

АҚШ. Хьюстон. 5.09.2015

КУНДАЛИК ҲАНГОМАЛАР

Бу не кундир, атрофингга боқсанг секин,
У хам керак, сен хам керак, мен хам керак.
Барчамизни даврасига тўплаб, лекин
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, бир-бирига керак ҳамма,
Бировимиз тоға бўлсак, биров амма.
Бир чойнакдан чой ичамиз, чайнаб шамма,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, ўз айбини очар биров,
Қўринганга ғазабини сочар биров.
Ит қувлаган соқов каби қочар биров,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, қарз олганлар қайтармайди,
Судхўрга ҳам бирорта важ айтолмайди.
Чўнтагини уриб кетар ҳар хил дайди,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, таьмагирлар келса ғолиб,
Теварагинг ўраб олар, дўстлар қолиб.
Ҳайдаб юрар сўнг олдига молдай солиб,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, мезбон қочса меҳмонидан,
Нима қилсин? Тўймаган-ку ўз жонидан.
Пора деган гап чиқади ош-нонидан,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, қоринни ҳам тўқлаб олдинг,
Ҳатто, қўни-қўшниларни йўқлаб олдинг.
Ухламасдинг, роса тўйиб ухлаб олдинг,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, ғам-ташвишлар ортда қолди,
Юрагингга умидларинг қувонч солди.
Раҳбар уканг саломингга алик олди,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, осмонларинг бўлдилар соф,
Кўксинг гўё Помир тоғи ё Кўҳи Қоф.
Худойимдан тушган эмиш ерга инсоф,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

Бу не кундир, хурсандчилик қилгин, шоир,
Бамисоли Зуҳросини топган Тоҳир.
Яхши гап хам тарқалибди сенга доир,
Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

АҚШ. Техас. 6.09. 2015

ХОНАКИ ФИЛ

Йилларим ўтдилар,
Ўргандим қўлга,
Айландим сиз кўрган
Хонаки филга.

Гарчи хўжайиним
Қилтириқ, ориқ,
Жонимни суғуриб
Олмоғи аниқ.

Фириб тушмасайди
Агар ёнига,
Улоқтирар эдим
Ҳинд уммонига.

Қамчин ва таёқнинг
Заҳрин билмабсиз,
Дунёга келмабсиз,
Ҳали келмабсиз.

АҚШ. Хьюстон. 4.09.2015

КОИНОТ

Кўм-кўк яйлов, кўринмайди
Бошқа ҳеч бир зот,
Ёлларини силкитганча
Ўтлайди бўз от.

Ялтир-юлтир учиб ўтар
Капалак баъзан,
Сирли олам мана шулдир,
Шулдир коинот.

АҚШ. Хьюстон. 9.09.2015

РОСТГЎЙЛИК

Мени лақиллатиб,
Айтаверма сўз,
Мана бу оташдир,
Мана бу-чи, муз.
Қурбақа эмасдир
Малика асло,
Яхшини яхши де,
Ёвузни ёвуз.

АҚШ. Хьюстон. 9.09.2015

ТЕХАС ҲАНГОМАЛАРИДАН

Техасга борганда икки ҳамроҳим,
Мени куни бўйи қилдилар сарсон.
Дейишар, бу жойни кўрингиз токим,
Мана бу заминдир, мана бу осмон.

Ажабо, кимнингдир шляпаси бор,
Кимлардир иштонлик, тўнлик экан-да.
Рост гап, соддаликдан қутулмоқ душвор,
Жўнлик ҳамма жойда жўнлик экан — да.

АҚШ. Хьюстон. 9.09.2015

ОРОЛ

Бир қуруқлик пайдо бўлди,
Денгизда, не ҳол?
Меники деб эълон қилди
Кимлардир дарҳол.

Охир келиб қарашсалар,
Ҳеч вақо йўқдир,
Шунчаки у сузиб юрган
Кит экан, «орол».

АҚШ. Хьюстон. 9.09.2015

АГАР СЕНСИЗ…

Қуёш чиқиб чарақлайди тенгсиз бу олам,
Қушлар сайрар, эсар тонгнинг шамоллари ҳам.
Бамисоли қайта бошдан туғилгай одам,
Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор,
Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор.

Ой балқади, биллур кўкни шуълага чайқаб,
Ол шафақни симиради булутлар чанқаб.
Юлдузлар ҳам рақсга тушар, ненидир пайқаб,
Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор,
Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор.

Битта сен, деб бу дунёда юрган мен ўзим,
Гардларингни тўтиёлар айлагай кўзим.
Исминг айтсам, садоларга тўлади сўзим,
Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор,
Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор.

Мен ошиқман, меҳр кўргаз, назарга илгил,
Сендан ўзга қиблам йўқдир оламда, билгил.
Азал касбинг раҳмдилсан, раҳмлар қилгил,
Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор,
Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор.

Умид ёрким, фақат сенсан ой ва қуёшим,
Маҳшаргача тик боқолмас, эгилган бошим.
Сақлан, жоним, то тутмасин кўздаги ёшим,
Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор,
Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор.

Фалакларнинг саломига чиққин сен кулиб,
Баҳра олсин замин, осмон шавқларга тўлиб.
Остонангда турибман мен, Абдулло бўлиб,
Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор,
Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор.

АҚШ. Хьюстон. 8.09.2015

ЎТАР ДУНЁ

Ўзингни ҳар лаҳза азобга шайла,
Шунчаки пўписа эмас машаққат.
Зулмнинг борлигин эътироф айла,
Ғоят кулгилидир гина, кудурат.

Арслон панжасини уриб турган дам,
Ахлоқдан дарс бериб, қилаберма дўқ.
Демакки, савиянг шулдир, эй одам,
Сенга бошқа таъриф топиб бўлмас, йўқ.

Мен ҳам куйлагандим замонни тўлиб,
— Ассалом! — деб турдим, отмасидан тонг.
Босқинчи ҳаққимни олса ҳам юлиб,
Таъзим бажо айлаб, чалавердим бонг.

Дунёда энг баланд, йиқилмас дорни,
Аввал алданганга қурмоқ керак, рост.
Бўйнига олдими магар иқрорни —
Мардона иш тутсин, ботирларга хос.

Кўрдим, йўл четида турарди бир чол,
Ёшу тажрибаси етган анчага.
Бажарар ишин у англатди дарҳол,
Топшириқ бераман, дейди, барчага.

Ўтмишин ўзига ростлайди Инсон,
Чингизнинг зулмидан зарра қилмас ор.
Кўзига кўринмас дарё-дарё қон,
Энди унга фақат шон-шуҳрат даркор.

Ўтиб кетар экан барибир дунё,
Ёмоннинг умри ҳам ўчган нафасдир.
Мен унинг исмини билмайман, аммо
Яхши одам бўлган, десалар басдир.

АҚШ. Хьюстон. 8.09.2015

АСР ФОЖЕАСИ
(Ўтмиш эсдаликларидан)

Етмиш тўрт йил умр кўрди мудҳиш бир тузум,
Бунақаси тарихларда учрамаган ҳеч.
Гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай эслайман ўзим,
Гап пойларди фуқароси эртадан то кеч.

Павлик деган бола буни берганди бошлаб,
Унга бутун мамлакатда қўйганлар ҳайкал.
Ўз отасин қулоқ, дея сотган у боплаб,
Шу тариқа, авжга минган қатағон жадал.

Шоҳлар ўтган, Ироддан то Неронга қадар,
Тулпорини сенатига сайлаган бири.
Павликчилар ҳаммасидан бўлдилар баттар,
Милён-милён бегуноҳнинг йўқ ҳатто гўри.

Боғчадаги болага ҳам, керак бўлса гар,
Гап ташишни ўргатарди ҳушёр энага.
Дер эдилар, бундан чиқар зўр ватанпарвар,
Инсоф сўзин, шарт бўлмаса, қўлламоқ нега?

Ишга солмиш чердакдаги каптарларни ҳам,
Миш-мишларни тарқатарди, боғлаб патига.
Динлар абас, эътиқодлар топганди барҳам,
Дарз кетганди улуғ халқнинг садоқатига.

Арслон деган сўз аслида турар ҳуркитиб,
Ёвузликнинг асорати ўзидан ёмон.
Сўнгсиз таъқиб шўрликларни қўймиш қўрқитиб,
Бахтлимиз! — деб, қийқирарди тун-кун оломон.

Йиллар ўтди, бугун чиндан ўзгардинг, юртим,
Замин узра фарзандларинг фикри бор, пойдор.
Байроғингни кўзга суртиб, бош эгиб турдим,
Жаҳон тузган машваратда сенинг ўрнинг бор.

Кўрганларинг кечмиш бўлсин, энди, илоё,
Йўлларингни ёруғ қилсин ўзи, каҳкашон.
Қўлин очиб, пирлар сени айлагай дуо:
Топталмасин элнинг қадри асло, ҳеч қачон.

АҚШ. Хьюстон. 11.09.2015

БАШОРАТ

Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Дорилфунундаги билим таянчи.
Қабрингиз қошида дейман чўкиб тиз:
Умрингиз якуни ғоят аянчли.

Башорат қилдингиз нималарнидир,
Уларнинг ҳеч бири топмади исбот.
Бошга кўтарардик Сизни барибир,
Чунки билмас эдик, қанақа ҳаёт.

Бизга уқдирдингиз, буткул ер юзи
Кетиб бораётир нотўғри йўлдан.
Тарихни ёритар Маркснинг сўзи,
Бошқалар бахтини бой берган қўлдан.

Бизга уқдирдингиз, эътиқод, имон,
Кўп борса, чилимнинг тутуни, холос.
Сира дўст бўлмайди қорни тўқ инсон,
Дунёни янгилаш бизларгадир хос.

Бизга уқдирдингиз, уммон ортида,
Бир тузум ётибди, тагидан чириб.
Охир тонг қолдингиз тарих олдида,
Айтган гапларингиз аксини кўриб.

Наҳот, ўйин эди инсон тақдири,
Наҳот, ўтган умр таваккал яккаш.
Наҳот, жаҳолатдир бу ҳолнинг сири,
Қолди бўйнингизда башарни алдаш.

Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Аччиқ қисматингиз ибратдир бироқ.
Узр сўрамоқлик шарт экан сўзсиз,
Башоратдан аввал, фолдан олдинроқ.

АҚШ. Хьюстон. 12.09.2015

МАСЛАҲАТ
Шоир укам Алишерга

Ишинг сира юришмайди, Алишер Назар,
Ҳолбуки, сен яхши шоир, тўғри сўз инсон.
Ташхисингни қўйиб берай, хоҳласанг агар,
Хушомадни билмагайсан, бу — катта нуқсон.

Лекин уни ўргатувчи йўқ бирор мактаб,
Бехабарсан оддийгина ишлардан, аттанг.
Биринчидан, рухсат олмай айта кўрма гап,
Иккинчидан, хўжайининг маънавий отанг.

Тонгда бориб идорага, йўлини пойла,
Чунки ўзинг очмоғинг шарт эшикни ахир.
Ёрдамчисин алдаб-сулдаб, бартараф айла,
Таъзим қилиб туравер сўнг, мисоли фақир.

Эртаси кун етказ унга кўрган тушингни:
Қуёш билан чиққанмишсиз кўкка баробар.
Аста-секин тутиб олгин, укам, ўзингни,
Энди содиқ хизматчисан, ҳатто биродар.

Ходимларни текширишар баъзан атайин,
Сен ҳақингда гап бошласа хўжайин ногоҳ.
Сира- сира паст тушмагин, дегил, нетайин
Сизга хизмат қилиш учун жўнатган Аллоҳ.

Қарабсан-ки, обрў энди бормоқда ошиб,
Номинг атроф теваракка танилди анча.
Котиба ҳам кўрганида қолади шошиб,
Хўжайиннинг одами, деб ҳайиқар барча.

Уйингизга бозор қилиб бордим, деб айтма,
Уйимизга ўтдим, дегил, бозорча қилиб.
Камтарлик ҳам иш беради энг нозик пайтда,
Шукур, деб қўй, шляпасин илгакга илиб.

Ҳаёт жуда катта уммон, билмайди сарҳад,
Шу жумладан, хушомаднинг йўқ учи-кети.
Ушбу гапдан хўжайининг қувонар беҳад:
Сизникидек ҳуролмайди қўшнининг ити!

Мана, охир етиб келдинг улуғ маррага,
Босиб ўтган шонли йўлинг зафарга далил.
Мақтовларни оширгину милён каррага,
Бошқаларни ёмонлашни бошлайвер дадил.

Маслаҳатим кимларгадир ёқмас муқаррар,
Лекин ёз, деб қистайверар тажриба мени.
Хўжайининг нафақага кетса ҳам агар,
Ҳеч шубҳасиз, қолдиради ўрнига сени.

АҚШ.Хьюстон.15.09.2015

ВАТАН

Ватан қадрин белгиламас олтин ё олмос,
Уни биров сотолмас ё сотиб ололмас.
Кунчиқарда Худойимнинг олий мақоми
Кунботарга борганингда пасайиб қолмас.

АҚШ. Хьюстон. 16.09.2015

ХАЛҚ

Халқ гоҳида толиб эрур, гоҳ устоз даҳо,
Бир қарасанг, бешикдаги гўдакдир ҳатто.
Боболаринг бобоси ҳам унга авлоддир,
Ибтидони билмайди у, билмас интиҳо.

АҚШ. Хьюстон. 16.09.2015

ҲАЁТ

Неча ойлар ортда қолди, йўқ кўзда хобим,
Яратганнинг ўзи билар чеккан азобим.
Тунлар шундай ўтиб борар, кундузи эса,
Маломатлар келтиради ёзган китобим.

АҚШ. Хьюстон. 16.09.2015

ШАЙТОН

Сен дарёга чўмилгани боргандинг, Инсон,
Сувдан чиқсанг, йўқолибди кўйлак ва иштон.
Либосингни излаб тағин овора бўлма,
Аллақачон олиб кетди уларни Шайтон.

АҚШ.Хьюстон. 16.09.2015

МАНГУ ПАНОҲ

Озроққина меҳр бергил,
Бизларга, Аллоҳ,
Озроққина шафқат ҳам бер,
Қодир Худойим.
Ер юзини қоплаб борар
Фақат оҳу воҳ,
Ҳамма жойда бамисоли
Қиёмат қойим.

Ошёнига яқин келмас
Қушлар ҳам асло,
Дарахтини чирмаб олса
Агарда илон.
Уясига қадам босмас
Бўрилар ҳатто,
Агар сезса шу атрофда
Борлигин қопқон.

Инсон ахир Инсон эрур,
Яширмоқ нега,
Кун кўрар у хонадонин
Ҳолига қараб.
Агар бир кун мушук каби
Қолса беэга,
Юрмас ахир нола чекиб,
Эшикни тирнаб.

Фарзандлардан буюрмаса
Фожеадир бу,
Ота энди ўз-ўзига
Қилгай маломат.
Бир замонлар қартайганда
Падарин, ёҳу,
Ғорга элтиб ташлаганлар,
Қандоқ жаҳолат!

Қадрдонлар ажраб кетар,
Бирдан, ногаҳон.
Айри тушар балки машъум
Манфаат сабаб.
Бундай чоғда одам кимга
Суянсин нолон,
Наҳот, дўстлик рўё эрур,
Кечиргин, ё Раб.

Қашқирларнинг тўдасида
Қолса биров гар,
Ким ҳимоя қилар эди
Уни шу фурсат.
Бир ожизга беришмаса
Мадад муқаррар,
Ғолибман деб бонг ургайдир
Ёвузлик албат.

Кўз ташлайман олис ўтмиш
Қаърига гоҳо,
Тарих мудом ботирларнинг
Ёнини олган.
Енгиб чиққан курашларда
Алпомиш борҳо,
Прометей ўт-оловни
Сақлаб қололган.

Парвардигор, сен бандангни
Қилдинг ҳимоят,
Яна ўзинг мурувватлар
Айлагил эҳсон.
Одамзодга эзгуликни
Қайтиб бер фақат,
Ёлғиз сенинг паноҳингда
Бахт топгай Инсон.

АҚШ. Техас. 18.09.2015

КИЙИК ОВИ

Тонгда овчи сайдга чиқди,
Деганча, “Ё, Ҳақ!”
Бир кийикни таъқиб этди
Қисганча тоққа.
Ўқи тегди ўлжасининг
Қулоғига нақ,
Иккинчиси теккан эди
Айнан туёққа.

Овчи ростдан тушган эди
Ўлжа кетига,
Эринмасдан қараб чиқди
Яқин-йироқни.
Кийик эса, ола қол, деб
Йўлнинг четига,
Ташлаб кетмиш бир қулоғу
Битта туёқни.

АҚШ. Техас.18.09.2015

БАЛИҚЧИЛАР

Балиқ овлайдиган
Улкан кема-ю,
Ҳаваскор балиқчи
Турарди қатор.
Бундай пайт ҳаммада
Ягона орзу,
Ишлари юришиб
Омад бўлса ёр.

Вақт ўтди, назар сол
Яна бу ёққа,
Томоша айлагил,
Бўлиб ҳангу манг.
Кеманинг тўрлари
Тўлмиш чаноққа,
Ва лекин ҳаваскор
Тутганди наҳанг.

АҚШ. Техас.18.09.2015

НОДОНЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Қайдадир юз берса бирор фалокат,
Тушар таҳликага жамики ҳайвон.
Мухбир енгамиз, деб жар солар албат,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Амир қушбегининг кетига тепди,
Шу зум Петербургни оламан, дебди.
Шаксиз у —  бекорнинг бештасин ебди,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Зилзила Тошкентнинг ярмини бузса,
Кимдир ўша куни ёзганмиш қисса.
Ҳис эт, фожеадан чиқаргин ҳисса,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Ер юзин забт этган улар чинакам,
Ё довдир, ё лофчи ёки муттаҳам,
Чопиб чиқаман дер Эверестга ҳам,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Пайт келиб, қасамлар ичади ҳатто,
Ўзининг фойдасин унутмас аммо.
Тинмайди, дўзахга тушкунича то,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Турфа форумларда қатнашар баъзан,
Уни юборганмиш гўёки Ватан.
Тугатар, қўлига тушса илму фан,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Худойим, ҳамиша ҳолимизга боқ,
Сенинг паноҳингда яшайлик узоқ.
Таъмагир ҳукмига топширма бироқ,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Тарихда ўтгандир ботирлар бисёр,
Неча саркарда-ю шоҳлар пурвиқор.
Авлиё зотларнинг назари ҳам бор,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Инсон боласига ҳушёрлик одат,
Юртига киритмас ёвларни минбаъд.
Токи, бошланмасин қирғин ва офат,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

Балки унинг даври эмасдир мангу,
Лекин яшаб келар тинч ва беқайғу.
Бир кун тупугига тойиб ўлар у,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.

АҚШ. Хьюстон. 20.09.2015

МУАЗЗАМЛИК

Улуғ дарё билан қўйсанг баробар,
Айтилмас, мана бу муаззам ариқ.
Баҳайбат фил турса ёнида агар,
Муаззам чумоли дейилмас, аниқ.

Муаззам шоирдир Фирдавсий ҳамон,
“Шоҳнома” оламда тенги йўқдир, бас.
Қанчалик чиройли бўлмасин дўкон,
Колизей сингари муаззам эмас.

Магар чиқиб қолса бирор ҳаваскор,
Муаззам даҳо, деб ёзар хабарчи.
Ёлғоннинг наҳотки жозибаси бор,
Чойхона паловга қўйилмас жарчи.

Ўзбек муҳтож эмас ўтрикка, аммо
Жаҳон минбарида ўқий олур дарс.
Киминг бор, деганда бировдан асло
Буюк инсонларни олмагаймиз қарз.

Хаёл суриш яхши болага ўхшаб,
Орзу ярашади кекса-ю ёшга.
Ўзини муаззам дейиш бошқа гап,
Муаззам бўлмоққа интилиш бошқа.

АҚШ. Хьюстон. 21.09.2015

КОШКИ
Ёшларга

Сен ёшсан, эртанги кунингга боқай,
Дарё кеч, саҳро кез, довонлар ошки.
Қараб юрар эдим ортимга токай,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Афсус, равон эмас бу мубҳам йўллар,
Ҳар бир қадамингда шунчалар тошки.
Топтаб ташлангандир ўнг билан сўллар,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Истеъдод олдида паст тушар осмон,
Коинот ўз сирин айлагай фошки.
Юксак парвозингга келтиргум имон,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Олдда кутиб турар давраи сарвар,
Тафаккур то абад кўз билан қошки.
Зора шонинг чиқса боболар қадар,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

Инсон дастидадир ғов ҳам,сийлов ҳам,
Аҳли диёнатга ул ўзи бошки.
Яратган қўлласин ҳар нафас, ҳар дам,
Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки.

АҚШ. Хьюстон. 21.09.2015

ТОЙЧОҚ ВА ЎҒЛОН

Тойчоғингни авайлагин,
Азиз йилқибон,
У тулпорга айланади,
Вақт ўтиб ҳали.
Минглаб одам оёғига
Қалқар бегумон,
Майдонларда келбатини
Кўрган маҳали.

Ота, сен ҳам дуолар қил
Ўғлонинг учун,
Боланг балки ўспириндир,
Балки жуда ёш.
Эҳтимол, у юрт сўрайди,
Улғайиб бир кун,
Валлоҳ, сенинг ўзингга ҳам
Бўлғусидир бош.

АҚШ. Хьюстон. 23.09.2015

КИЙИК ВА ТОШБАҚА

Тирикликнинг сирлари кўп,
Кузатсанг агар,
Тоқат билмас, бу дунёга
Келганда инсон.
Бешикда ҳам тинч ётмайди,
Ғоятда ўжар,
Кийик каби сакрайди сўнг,
Толмас, чопағон.

Йиллар ўтиб, охирлайди
Фоний бу дунё,
Инсон учун жаннатлардан
Асло кам эмас.
У дунё гар чорлаб қолса,
Эшитмас гўё,
Тошбақадек имиллайди,
Боргиси келмас.

АҚШ. Хьюстон. 23.09.2015

ИНСОН ШАРАФИ

Эскирган ковушни ёки жандани
Қайга ташласанг ҳам, нима фарқи бор.
Тупроққа жо бўлган марҳум бандани
Мармартош маҳлиё этмоғи душвор.

Юксак сағана-ю безаклар бари
Азадор бир зотнинг ҳиммати холос.
Балхда қаровсиздир Беруний қабри,
Бу айни нодонлик жаҳолотга хос.

Замин фарзандидир, шубҳасиз, Инсон,
Ғоялар меваси эмасдир асло.
Ғаними чоҳ қазса унга ҳар бир он,
Дўстлари бошига кўтаргай аммо.

Ва лекин холислик мудом омонат,
Ўзини ҳакам дер салла, бесалла.
Бандаси Аллоҳга ёлворар фақат,
Худога солдим, деб айтар баралла.

Нозим Рус ерида жой топди мангу,
Аммо сатрлари ҳад билмай яшар.
Энг аввал, дунёнинг шоиридир у,
Сўнгра коммунистдир, билиб қўй, башар.

Оламда дахлсиз бир мантиқ мавжуд,
Унга даф қилолмас вақту замона.
Бировнинг хочи бор, бировда-чи бут,
Лекин Яратганга бари парвона.

Миллат деганлари бир дарахтсимон,
Илдизи заминнинг қаърига етган.
Кишилик бошига тушган ҳар туфон,
Унинг ҳам бутоғин синдириб кетган.

Инсонга икки ҳис доимо ҳамдам,
Бири — Отамакон, бириси — Дунё.
Баъзан ўзи чиққан тепани одам
Ҳисоблаб юради олам, деб гўё.

Гарчи ер юзида кўп эрур жонзод,
Турларин санаб ҳам бўлмас, эҳтимол.
Тарихни яратар фақат Одамзод,
Тафаккур уйининг меъмори мисол.

Бу туйғу менинг ҳам умримда ғолиб,
Йўқолмас, сувга от, ташла ўтларга.
Ватан тупроғидан бир сиқим олиб,
Кейин боражакман ўзга юртларга.

АҚШ. Хьюстон. 24.09.2015

МЎМИЁ

Ажиб ҳол юз бергай,
Тириклай туриб,
Мўмиё нусхамни яратдирсам гар.
Амал кресломда ўша ўтириб,
Бир кун иш юритса, оқшомга қадар.

Арзагўй дод солиб келса, барибир,
Мендан садо чиқмас, сўзлайди ўзи.
Ёрдамчим тушунмас, англамас, не сир,
Чунки тик боқмаган ҳеч қачон кўзи.

Эҳтимол, бекорчи қулоқни излаб,
Олдингга бир олим киргай шу куни.
Узун маърузасин ўқийди бўзлаб,
Жимгина тинглайди мўмиё уни.

Кассир қиз кутишдан чарчади охир,
Тирқишдан мўралар сенга атайин.
Сўнгра бош чайқайди: – Иши кўп оғир,
Қорайиб кетибди шўрлик хўжайин.

– Тепадан сўрашди! – дейди ногаҳон
Котиба эшикдан боққанча қиё.
Мўъжиза юз берар хонада шу он:
Жонланиб кетади бирдан мўмиё.

АҚШ. Хьюстон. 27.09.2015

ШИКОЯТЧИ ҲАНГОМАСИ

У миршабхонага қилар қўнғироқ:
– Жиноят юз берди, чорасин кўринг.
Ўзим санаб чиқдим эрта тонгданоқ,
Битта товуғим йўқ, топтириб беринг.

Ишлаган одамнинг иши кўп, мана
Товуқ масаласи очиқдир ҳамон.
Ҳафта ҳам ўтмасдан, сим қоқар яна:
– Итим ғойиб бўлди, нетай, миршабжон.

У шеърлар тўқирди отарчи учун,
– Талантинг йўқ, – дебди юзига биров.
– Оҳ, менинг талантим йўқолди бугун!
Ўша идорага сим қоқар дарров.

Кимлардир уни деб доим овора,
У ҳам чарчамасди, билмасди тиним.
Бир кун ўзи келди: – Тез кўринг чора,
“Сенинг ақлинг йўқ”, деб айтди хотиним.

Кўринмай кетди у, нечук аҳволи?
Миршаблар йўқлашди, ўйларга толиб.
– Дунёдан ўтдилар, – деди аёли,
Қаранг, энди ўзи қолмиш йўқолиб.

АҚШ. Хьюстон. 27.09.2015

РАНГ-БАРАНГЛИК

Заминга баробар кулфати, бахти,
Мажнунтол ёнида заққум дарахти.

Caҳролар белибос, ўрмонлар башанг,
Делфиннинг ҳамроҳи одамхўр наҳанг.

Шодлик бир томонда, бир томонда ғам,
Икки хил балодир сув билан ўт ҳам.

Лекин қозонда сув, тагида чўғдир,
Бирови бўлмаса таом ҳам йўқдир.

Яхшилар бор жойда ёмон ҳам мавжуд,
Бу – қадим боболар қолдирган ўгит.

Мен ҳам ўз фикримни айтай якунда:
Қайсига мансубсан – ҳамма гап шунда!

АҚШ.Хьюстон. 27.09.2015

ТЕНГЛИК

Қачон бойваччалар бу ҳолни англар:
Рақиби бўлолмас аҳволи танглар.
Арслон чиқмас сира сичқон овига,
Унга ярашади фил билан жанглар.

АҚШ. Хьюстон. 27.09.2015

ЁР ВА АҒЁР

– Шеър кимга аталган? – сўрайсан такрор,
Жавобим мана бу, унутма зинҳор:
– Қара, рўпарангда турибди борлиқ,
У сенга ёр эрур ва ёки ағёр.

АҚШ. Хьюстон. 27.09.2015

045

Abdulla ORIPOV
O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri
SENTYABR` SHE’RLARI
034

UMMON BO’YIDAGI O’YLAR

Ummon sohilida kezaman bedor,
Tong qolib Tangrining mo»jizasiga.
Qulog’im tutaman takror va takror,
Hayotning abadiy, o’lmas sasiga.

044

Ezgu diydor uchun aytaman raxmat,
Mavjlarga qo’shilib ketadi so’zim.
Tutgan bir qo’limdan kuyovim Ahmad,
Bir qo’limdan esa Mavluda qizim.

Shukurlar deymanu ko’zim yoshlayman,
Jajji nabiralar mehriga qona.
Irim, deb ummonga tanga tashlayman,
Zora, qaytib kelsam sen tomon yana.

Mening ko’z o’ngimdan har lahza, har dam
Aslo ketgan emas yurtim jamoli.
Uzoq bu ummonda suzib yursam ham,
Yuzimga urildi go’yo shamoli.

Hamisha o’zingdan oldda bo’l, Inson,
Bu dunyo barchaga barobar, bilgil.
Tepangda turgan shu dumaloq osmon,
Sharqda ham mavjuddir, tasavvur qilgil.

Alloh dargohiga ruxsatin berib,
Taklif etilsaydi jami odamzod.
Boshqalar qatori ko’ksini kerib,
O’zbek ham yurardi mamnun hamda shod.

Xudo yaratmagan sarhadlar yasab,
Bandasi orttirgay o’ziga malol.
U yuksak bo’lmadi tog’larga o’xshab,
Keng ham bo’lolmadi ummonlar misol.

O’zga ma’volarga keldim men nechun,
Begona joylarga mehrimni sochib.
Olis yo’llar bosdim sihatim uchun,
Balki g’avg’olardan nariga qochib.

Bir mantiq hayotda uchraydi biroq,
Qoshida milyonlar o’yga tolgaydir.
Yomonlik tilagan yashaydi uzoq,
Yaxshilik qilganlar nochor qolgaydir.

Qo’shnining mushugi erinmay aslo,
Bizning yerto’lada ovlaydi sichqon.
Hozircha tush menga mansubdir, ammo,
U ham qo’lga tushgay, topsalar imkon.

Afsuslar chekaman Mahshargacha to,
Unutdim o’z arkim ko’ngurasini.
Nima deyarimni bilmasdan hatto
Chaldim birovlarning do’mbirasini.

Bugun hech kimsaga keltirmas sharaf
Yasama shuhratu soxta savlatlar.
Lekin iymon keltir tegrangga qarab,
Bordir buyuk zotlar, ulug’ davlatlar.

Janob Rasululloh aylab marhamat,
Chaqirmish ummatin bardosh, sabrga.
Dedilar, o’tganni qarg’amang minba’d,
Tegmang ular yotgan go’rga — qabrga.

Meni — ku tiriklay mahv etdi bular,
Hatto bezdirdilar butkul olamdan.
Bunday qabohatdan tog’lar ham qular,
Dengizlar sho’r tortar bunday alamdan.

Qirg’iy uchib yursa hovling uzra gar,
Tovuqda qolarmi birorta jo’ja.
Yurtni taladilar necha- necha g’ar,
Necha qoracha- yu, necha bir xo’ja.

Menga ajablanib qarama, bolam,
Hamrohing bo’lolsin bardosh va toqat.
Men balki keksayib, charchagan odam,
Xolislik izlagan kuychiman faqat.

Topsam ezgulikni chulg’adi surur,
Barobar tuyuldi yozim va qishim.
Adolat qalbimga baxsh etdi huzur,
Boshqa yumush bilan yo’q zarra ishim.

Mudom hayolimda u qutlug’ ajdod,
Muborak taftlari quyoshlar qadar.
Magarkim, ularga ekanman avlod,
Nega yo’qolayin nomsiz va badar?

Zuryodim erursan o’zing, nabiram,
Olgin yulduzlarni qo’lingni cho’zib.
Axir qonim jo’shar taningda shu dam,
Nega sen ketmassan mendan ham o’zib.

Bir umr kurashdik orzular uchun,
Havoyi so’z aytib, o’rtama jonni.
Dunyo karvonining boshida bir kun
Ko’rsam yetarlidir, O’zbekistonni.

AQSH. Atlantika. 01. 09. 2015

TOR ETIK

Hatto mayda-chuydaga
Qilolsin aqling bovar,
Hayotda yaxshi- yomon
Yurmas aslo barobar.

Gar etiging tor bo’lib,
Oyog’ingni qisganda,
Dunyoning kengligidan
Nima foyda, birodar.

AQSH. X`yuston. 02.09.2015

SAYYOHLAR

Kecha xitoy eding,
Bugun-chi yapon,
Ertaga hindusan
Va yoki seylon.
Kaftgirni qo’lga ol,
Qani, osh pishir,
Bir kun o’zbek bo’lib
Turgaysan, o’g’lon.

AQSH. X`yuston. 02.09.2015

QAYMOQ

Texasdek iqlimi
Qaynoq yo’q ekan,
Shundanmi, ayiq yo’q —
Maymoq yo’q ekan.
Jannatga o’xshaydi
Manzilim, lekin
Sigir ko’p ekanu
Qaymoq yo’q ekan.

AQSH. X`yuston. 02.09.2015

YOLG’IZLIK

Afsus, o’tib ketdi
Umr muvaqqat,
Dunyoda bir o’zing
Qolding sen faqat.

Demishlar, yolg’izning
Yori Xudodir,
Do’stdan muhabbat kut,
Dushmandan shafqat.

AQSH. X`yuston. 02.09.2015

KUZ TASHRIFI

Qaydadir samoda o’qilar bayot,
Qulog’im tutaman sirli ovozga.
Ko’rdim, o’n yil oldin o’tib ketgan zot
Keldi Tillashayxga — juma namozga.

Ayni kuz, bog’larning pishgan mevasi,
Chumoli safiga tashlayman razm.
Olma turshagining bordir egasi,
Qarri ajinalar qilurlar bazm.

Porlab ko’rinadi Qutbda yulduz,
Osmon ham qoramtir — rangi aslidir.
Sariq chakmon qiygan Xizr kabi kuz,
Chindan u donishmand ruhlar faslidir.

Afsus, bahorlarim o’tdilar ketib,
Terga botganicha qoldi saraton.
Buyuk tomoshaning so’nggini kutib,
Fasllar oralab kezdim sargardon.

Nimani izladim kunduzdir, tundir,
Barcha ko’rganlarim nahotki abas.
Shamolni g’orlarga qamash mumkindir,
Qayta olinmagay “puf” degan nafas.

Ibtido bor ekan bordir intiho,
Chigal hislaringga kuz bergay barham.
Balki o’n yil o’tar, yuz yildir, ammo
Juma namoziga kelurman men ham.

AQSH. X`yuston. 02.09.2015

HAYOT SINOVLARI

Menga kibr bilan tashlaysan nazar,
Sening ko’ngling butun, meniki yarim.
Roziydim, dardimni so’rasang agar,
Seni qandoq sevay, aytgin, jigarim.

Men ham aziz edim, inson farzandi,
Bir vaqtlar halqimning erka dilbandi.
Lekin qisqa bo’ldi taqdir pisandi,
Seni qandoq sevay, aytgin, jigarim.

Bilurman, etmassan nomim himoya,
Chunki o’zga erur qalbingda g’oya.
Tulporing solmasin ustimga soya,
Seni qandoq sevay, aytgin, jigarim.

Afsus, yer yuzida oz emas bizlar,
Mahkum bechoralar, so’ligan yuzlar.
Eshigi tiq etsa qarar bu ko’zlar,
Seni qandoq sevay, aytgin, jigarim.

Xastalik yengmoqda pinhonu oshkor,
Shukurkim, qaydadir haloskorlar bor.
Uyatdir, qolmasa nomus bilan or,
Seni qandoq sevay, aytgin, jigarim.

Ishongum, bizlarga rahm etur Alloh,
Hayotning bag’riga qayturmiz, valloh.
Begona bo’lsayding chekmas edim oh,
Seni qandoq sevay, aytgin, jigarim.

AQSH. X`yuston. 03.09.2015

MAS’ULLAR

Yerda taraqqiyot avjiga mindi,
Ega topilgaydir har qanday korga.
Avval bitta qassob yetardi, endi
O’nta qassob bordir bitta qo’chqorga.

Ilgari zamonlar dovrug’i baland,
Bir baxshi yashardi ovulda g’olib.
Bugun katta-kichik ijod bilan band,
Kuylar, xalacho’pni qo’liga olib.

Qachondir kattakon mahalla-ko’yni,
Uddalab kelardi yolg’iz oqsoqol.
Hozir rota bo’lib boshqarar to’yni,
Basdir, yodda qolgan uch-to’rtta maqol.

Gaplarim kinoya, pichingdan yiroq,
Bu — yangi asrning mutoibasi.
Mas’ullar yanada bo’lsalar ko’proq,
Shakllanib borar halq toifasi.

Go’daklar o’zini posbon deydi cho’ng,
O’yinchoq miltig’in otib tolmaydi.
Hamma qo’riqchiga aylangandan so’ng,
Qo’riqlanadigan narsa qolmaydi.

Xo’sh, undan keyin-chi? Yuz berar ne hol?
Yana majlis qilib, yo’riqlashadi.
Vazifa ko’rinib turibdi yaqqol:
Endi bir-birlarin qo’riqlashadi.

AQSH. X`yuston. 03.09.2015

UCHINCHI YO’L

— Qayoqqa yo’l olding?
— Borsa kelarga.
— Qayoqqa yo’l olding?
— Borsa kelmasga.

Uchinchi yo’l eltar lekin qaylarga?
O’zimni olaman bilmasga.

Zahiraga o’xshar uchinchi bu yo’l,
Har kimsa yurolmas, berilmas huquq.
Bu yo’ldan botirlar qatnaydi nuqul,
Xohlasa qaytadi, xohlamasa yo’q.

AQSH. X`yuston. 4.09.2015

IJOD SABOQLARI

Hayotni tizginda bo’lmaydi ushlab,
Zilzila, yong’inlar uchraydi bari.
Mushuk bolasini bo’ynidan tishlab,
Har xil kulfatlardan qochadi nari.

Yarim asr bo’lmish bu gapga mana,
Bilmayman, birovga nima derimni.
Lekin mushuk kabi izlab boshpana,
Ko’tarib chopaman men ham she’rimni.

Nafaqaga chiqqan erinmas muxbir
Va yoki havaskor sinchi — talaba.
Jami bisotingni tekshirar bir-bir,
Qusur topa olsa — katta g’alaba.

Hech kimsa o’ylamas, satrlar aro
Ko’z yoshlar, alamlar oqib yotganin.
Birov xayoliga keltirmas aslo,
Armonlar qa’riga shoir botganin.

Asli jaholatdir bu holning siri,
O’zini hakam deb sanaydi har kim.
Oybolta ko’targan Luqmondir biri,
Biri nayza tutgan Suqrotdir, balkim.

Ular osmon qadar olis hayotdan,
Ma’no topolmaysan ko’ziga qarab.
Deydilar, hammasin bilamiz yoddan,
Sochini o’stirib yurgandir Mashrab.

Bu g’amsiz kaslarga hurmat noravo,
Lo’ttiboz misoli surgaylar davron.
Soqovin atarlar bulbuligo’yo,
Salla patak bo’lsa — qolma hech hayron.

Har banda o’zini axtargay har choq,
Cho’qinar — omadin kutib, hoynahoy.
Quduq qazganida sho’r chiqar biroq,
Yuvib ketaverar kulbasini soy.

Ezgu niyat bilan boshlasa bir ish,
Afsuski, g’ovlarga duch kelar doim.
Nahot, unga mudom hamrohdir tashvish,
Nahot, qadamida qiyomat qoim.

Shoir, maqtanasan o’zingcha nega,
Nodonlar ichida qilib iftixor.
She’ringga mushukday bo’lolgin ega,
Mashrabning, yaxshiyam, kuchukchasi bor.

AQSH. X`yuston. 5.09.2015

KUNDALIK HANGOMALAR

Bu ne kundir, atrofingga boqsang sekin,
U xam kerak, sen xam kerak, men xam kerak.
Barchamizni davrasiga to’plab, lekin
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, bir-biriga kerak hamma,
Birovimiz tog’a bo’lsak, birov amma.
Bir choynakdan choy ichamiz, chaynab shamma,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, o’z aybini ochar birov,
Qo’ringanga g’azabini sochar birov.
It quvlagan soqov kabi qochar birov,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, qarz olganlar qaytarmaydi,
Sudxo’rga ham birorta vaj aytolmaydi.
Cho’ntagini urib ketar har xil daydi,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, ta`magirlar kelsa g’olib,
Tevaraging o’rab olar, do’stlar qolib.
Haydab yurar so’ng oldiga molday solib,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, mezbon qochsa mehmonidan,
Nima qilsin? To’ymagan-ku o’z jonidan.
Pora degan gap chiqadi osh-nonidan,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, qorinni ham to’qlab olding,
Hatto, qo’ni-qo’shnilarni yo’qlab olding.
Uxlamasding, rosa to’yib uxlab olding,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, g’am-tashvishlar ortda qoldi,
Yuragingga umidlaring quvonch soldi.
Rahbar ukang salomingga alik oldi,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, osmonlaring bo’ldilar sof,
Ko’ksing go’yo Pomir tog’i yo Ko’hi Qof.
Xudoyimdan tushgan emish yerga insof,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

Bu ne kundir, xursandchilik qilgin, shoir,
Bamisoli Zuhrosini topgan Tohir.
Yaxshi gap xam tarqalibdi senga doir,
Bir o’tirib o’ylaydigan odam kerak.

AQSH. Texas. 6.09. 2015

XONAKI FIL

Yillarim o’tdilar,
O’rgandim qo’lga,
Aylandim siz ko’rgan
Xonaki filga.

Garchi xo’jayinim
Qiltiriq, oriq,
Jonimni sug’urib
Olmog’i aniq.

Firib tushmasaydi
Agar yoniga,
Uloqtirar edim
Hind ummoniga.

Qamchin va tayoqning
Zahrin bilmabsiz,
Dunyoga kelmabsiz,
Hali kelmabsiz.

AQSH. X`yuston. 4.09.2015

KOINOT

Ko’m-ko’k yaylov, ko’rinmaydi
Boshqa hech bir zot,
Yollarini silkitgancha
O’tlaydi bo’z ot.

Yaltir-yultir uchib o’tar
Kapalak ba’zan,
Sirli olam mana shuldir,
Shuldir koinot.

AQSH. X`yuston. 9.09.2015

ROSTGO’YLIK

Meni laqillatib,
Aytaverma so’z,
Mana bu otashdir,
Mana bu-chi, muz.
Qurbaqa emasdir
Malika aslo,
Yaxshini yaxshi de,
Yovuzni yovuz.

AQSH. X`yuston. 9.09.2015

TEXAS HANGOMALARIDAN

Texasga borganda ikki hamrohim,
Meni kuni bo’yi qildilar sarson.
Deyishar, bu joyni ko’ringiz tokim,
Mana bu zamindir, mana bu osmon.

Ajabo, kimningdir shlyapasi bor,
Kimlardir ishtonlik, to’nlik ekan-da.
Rost gap, soddalikdan qutulmoq dushvor,
Jo’nlik hamma joyda jo’nlik ekan — da.

AQSH. X`yuston. 9.09.2015

OROL

Bir quruqlik paydo bo’ldi,
Dengizda, ne hol?
Meniki deb e’lon qildi
Kimlardir darhol.

Oxir kelib qarashsalar,
Hech vaqo yo’qdir,
Shunchaki u suzib yurgan
Kit ekan, «orol».

AQSH. X`yuston. 9.09.2015

AGAR SENSIZ…

Quyosh chiqib charaqlaydi tengsiz bu olam,
Qushlar sayrar, esar tongning shamollari ham.
Bamisoli qayta boshdan tug’ilgay odam,
Agar sensiz o’tar bo’lsa, onlarim bekor,
Tandagi bu jonim bekor, shonlarim bekor.

Oy balqadi, billur ko’kni shu’laga chayqab,
Ol shafaqni simiradi bulutlar chanqab.
Yulduzlar ham raqsga tushar, nenidir payqab,
Agar sensiz o’tar bo’lsa, onlarim bekor,
Tandagi bu jonim bekor, shonlarim bekor.

Bitta sen, deb bu dunyoda yurgan men o’zim,
Gardlaringni to’tiyolar aylagay ko’zim.
Isming aytsam, sadolarga to’ladi so’zim,
Agar sensiz o’tar bo’lsa, onlarim bekor,
Tandagi bu jonim bekor, shonlarim bekor.

Men oshiqman, mehr ko’rgaz, nazarga ilgil,
Sendan o’zga qiblam yo’qdir olamda, bilgil.
Azal kasbing rahmdilsan, rahmlar qilgil,
Agar sensiz o’tar bo’lsa, onlarim bekor,
Tandagi bu jonim bekor, shonlarim bekor.

Umid yorkim, faqat sensan oy va quyoshim,
Mahshargacha tik boqolmas, egilgan boshim.
Saqlan, jonim, to tutmasin ko’zdagi yoshim,
Agar sensiz o’tar bo’lsa, onlarim bekor,
Tandagi bu jonim bekor, shonlarim bekor.

Falaklarning salomiga chiqqin sen kulib,
Bahra olsin zamin, osmon shavqlarga to’lib.
Ostonangda turibman men, Abdullo bo’lib,
Agar sensiz o’tar bo’lsa, onlarim bekor,
Tandagi bu jonim bekor, shonlarim bekor.

AQSH. X`yuston. 8.09.2015

O’TAR DUNYO

O’zingni har lahza azobga shayla,
Shunchaki po’pisa emas mashaqqat.
Zulmning borligin e’tirof ayla,
G’oyat kulgilidir gina, kudurat.

Arslon panjasini urib turgan dam,
Axloqdan dars berib, qilaberma do’q.
Demakki, saviyang shuldir, ey odam,
Senga boshqa ta’rif topib bo’lmas, yo’q.

Men ham kuylagandim zamonni to’lib,
— Assalom! — deb turdim, otmasidan tong.
Bosqinchi haqqimni olsa ham yulib,
Ta’zim bajo aylab, chalaverdim bong.

Dunyoda eng baland, yiqilmas dorni,
Avval aldanganga qurmoq kerak, rost.
Bo’yniga oldimi magar iqrorni —
Mardona ish tutsin, botirlarga xos.

Ko’rdim, yo’l chetida turardi bir chol,
Yoshu tajribasi yetgan anchaga.
Bajarar ishin u anglatdi darhol,
Topshiriq beraman, deydi, barchaga.

O’tmishin o’ziga rostlaydi Inson,
Chingizning zulmidan zarra qilmas or.
Ko’ziga ko’rinmas daryo-daryo qon,
Endi unga faqat shon-shuhrat darkor.

O’tib ketar ekan baribir dunyo,
Yomonning umri ham o’chgan nafasdir.
Men uning ismini bilmayman, ammo
Yaxshi odam bo’lgan, desalar basdir.

AQSH. X`yuston. 8.09.2015

ASR FOJEASI
(O’tmish esdaliklaridan)

Yetmish to’rt yil umr ko’rdi mudhish bir tuzum,
Bunaqasi tarixlarda uchramagan hech.
Goh ishonib, goh ishonmay eslayman o’zim,
Gap poylardi fuqarosi ertadan to kech.

Pavlik degan bola buni bergandi boshlab,
Unga butun mamlakatda qo’yganlar haykal.
O’z otasin quloq, deya sotgan u boplab,
Shu tariqa, avjga mingan qatag’on jadal.

Shohlar o’tgan, Iroddan to Neronga qadar,
Tulporini senatiga saylagan biri.
Pavlikchilar hammasidan bo’ldilar battar,
Milyon-milyon begunohning yo’q hatto go’ri.

Bog’chadagi bolaga ham, kerak bo’lsa gar,
Gap tashishni o’rgatardi hushyor enaga.
Der edilar, bundan chiqar zo’r vatanparvar,
Insof so’zin, shart bo’lmasa, qo’llamoq nega?

Ishga solmish cherdakdagi kaptarlarni ham,
Mish-mishlarni tarqatardi, bog’lab patiga.
Dinlar abas, e’tiqodlar topgandi barham,
Darz ketgandi ulug’ xalqning sadoqatiga.

Arslon degan so’z aslida turar hurkitib,
Yovuzlikning asorati o’zidan yomon.
So’ngsiz ta’qib sho’rliklarni qo’ymish qo’rqitib,
Baxtlimiz! — deb, qiyqirardi tun-kun olomon.

Yillar o’tdi, bugun chindan o’zgarding, yurtim,
Zamin uzra farzandlaring fikri bor, poydor.
Bayrog’ingni ko’zga surtib, bosh egib turdim,
Jahon tuzgan mashvaratda sening o’rning bor.

Ko’rganlaring kechmish bo’lsin, endi, iloyo,
Yo’llaringni yorug’ qilsin o’zi, kahkashon.
Qo’lin ochib, pirlar seni aylagay duo:
Toptalmasin elning qadri aslo, hech qachon.

AQSH. X`yuston. 11.09.2015

BASHORAT

Rahmatli ustozlar,
Domlalarim, Siz,
Dorilfunundagi bilim tayanchi.
Qabringiz qoshida deyman cho’kib tiz:
Umringiz yakuni g’oyat ayanchli.

Bashorat qildingiz nimalarnidir,
Ularning hech biri topmadi isbot.
Boshga ko’tarardik Sizni baribir,
Chunki bilmas edik, qanaqa hayot.

Bizga uqdirdingiz, butkul yer yuzi
Ketib borayotir noto’g’ri yo’ldan.
Tarixni yoritar Marksning so’zi,
Boshqalar baxtini boy bergan qo’ldan.

Bizga uqdirdingiz, e’tiqod, imon,
Ko’p borsa, chilimning tutuni, xolos.
Sira do’st bo’lmaydi qorni to’q inson,
Dunyoni yangilash bizlargadir xos.

Bizga uqdirdingiz, ummon ortida,
Bir tuzum yotibdi, tagidan chirib.
Oxir tong qoldingiz tarix oldida,
Aytgan gaplaringiz aksini ko’rib.

Nahot, o’yin edi inson taqdiri,
Nahot, o’tgan umr tavakkal yakkash.
Nahot, jaholatdir bu holning siri,
Qoldi bo’yningizda basharni aldash.

Rahmatli ustozlar,
Domlalarim, Siz,
Achchiq qismatingiz ibratdir biroq.
Uzr so’ramoqlik shart ekan so’zsiz,
Bashoratdan avval, foldan oldinroq.

AQSH. X`yuston. 12.09.2015

MASLAHAT
Shoir ukam Alisherga

Ishing sira yurishmaydi, Alisher Nazar,
Holbuki, sen yaxshi shoir, to’g’ri so’z inson.
Tashxisingni qo’yib beray, xohlasang agar,
Xushomadni bilmagaysan, bu — katta nuqson.

Lekin uni o’rgatuvchi yo’q biror maktab,
Bexabarsan oddiygina ishlardan, attang.
Birinchidan, ruxsat olmay ayta ko’rma gap,
Ikkinchidan, xo’jayining ma’naviy otang.

Tongda borib idoraga, yo’lini poyla,
Chunki o’zing ochmog’ing shart eshikni axir.
Yordamchisin aldab-suldab, bartaraf ayla,
Ta’zim qilib turaver so’ng, misoli faqir.

Ertasi kun yetkaz unga ko’rgan tushingni:
Quyosh bilan chiqqanmishsiz ko’kka barobar.
Asta-sekin tutib olgin, ukam, o’zingni,
Endi sodiq xizmatchisan, hatto birodar.

Xodimlarni tekshirishar ba’zan atayin,
Sen haqingda gap boshlasa xo’jayin nogoh.
Sira- sira past tushmagin, degil, netayin
Sizga xizmat qilish uchun jo’natgan Alloh.

Qarabsan-ki, obro’ endi bormoqda oshib,
Noming atrof tevarakka tanildi ancha.
Kotiba ham ko’rganida qoladi shoshib,
Xo’jayinning odami, deb hayiqar barcha.

Uyingizga bozor qilib bordim, deb aytma,
Uyimizga o’tdim, degil, bozorcha qilib.
Kamtarlik ham ish beradi eng nozik paytda,
Shukur, deb qo’y, shlyapasin ilgakga ilib.

Hayot juda katta ummon, bilmaydi sarhad,
Shu jumladan, xushomadning yo’q uchi-keti.
Ushbu gapdan xo’jayining quvonar behad:
Siznikidek hurolmaydi qo’shnining iti!

Mana, oxir yetib kelding ulug’ marraga,
Bosib o’tgan shonli yo’ling zafarga dalil.
Maqtovlarni oshirginu milyon karraga,
Boshqalarni yomonlashni boshlayver dadil.

Maslahatim kimlargadir yoqmas muqarrar,
Lekin yoz, deb qistayverar tajriba meni.
Xo’jayining nafaqaga ketsa ham agar,
Hech shubhasiz, qoldiradi o’rniga seni.

AQSH.X`yuston.15.09.2015

VATAN

Vatan qadrin belgilamas oltin yo olmos,
Uni birov sotolmas yo sotib ololmas.
Kunchiqarda Xudoyimning oliy maqomi
Kunbotarga borganingda pasayib qolmas.

AQSH. X`yuston. 16.09.2015

XALQ

Xalq gohida tolib erur, goh ustoz daho,
Bir qarasang, beshikdagi go’dakdir hatto.
Bobolaring bobosi ham unga avloddir,
Ibtidoni bilmaydi u, bilmas intiho.

AQSH. X`yuston. 16.09.2015

HAYOT

Necha oylar ortda qoldi, yo’q ko’zda xobim,
Yaratganning o’zi bilar chekkan azobim.
Tunlar shunday o’tib borar, kunduzi esa,
Malomatlar keltiradi yozgan kitobim.

AQSH. X`yuston. 16.09.2015

SHAYTON

Sen daryoga cho’milgani borganding, Inson,
Suvdan chiqsang, yo’qolibdi ko’ylak va ishton.
Libosingni izlab tag’in ovora bo’lma,
Allaqachon olib ketdi ularni Shayton.

AQSH.X`yuston. 16.09.2015

MANGU PANOH

Ozroqqina mehr bergil,
Bizlarga, Alloh,
Ozroqqina shafqat ham ber,
Qodir Xudoyim.
Yer yuzini qoplab borar
Faqat ohu voh,
Hamma joyda bamisoli
Qiyomat qoyim.

Oshyoniga yaqin kelmas
Qushlar ham aslo,
Daraxtini chirmab olsa
Agarda ilon.
Uyasiga qadam bosmas
Bo’rilar hatto,
Agar sezsa shu atrofda
Borligin qopqon.

Inson axir Inson erur,
Yashirmoq nega,
Kun ko’rar u xonadonin
Holiga qarab.
Agar bir kun mushuk kabi
Qolsa beega,
Yurmas axir nola chekib,
Eshikni tirnab.

Farzandlardan buyurmasa
Fojeadir bu,
Ota endi o’z-o’ziga
Qilgay malomat.
Bir zamonlar qartayganda
Padarin, yohu,
G’orga eltib tashlaganlar,
Qandoq jaholat!

Qadrdonlar ajrab ketar,
Birdan, nogahon.
Ayri tushar balki mash’um
Manfaat sabab.
Bunday chog’da odam kimga
Suyansin nolon,
Nahot, do’stlik ro’yo erur,
Kechirgin, yo Rab.

Qashqirlarning to’dasida
Qolsa birov gar,
Kim himoya qilar edi
Uni shu fursat.
Bir ojizga berishmasa
Madad muqarrar,
G’olibman deb bong urgaydir
Yovuzlik albat.

Ko’z tashlayman olis o’tmish
Qa’riga goho,
Tarix mudom botirlarning
Yonini olgan.
Yengib chiqqan kurashlarda
Alpomish borho,
Prometey o’t-olovni
Saqlab qololgan.

Parvardigor, sen bandangni
Qilding himoyat,
Yana o’zing muruvvatlar
Aylagil ehson.
Odamzodga ezgulikni
Qaytib ber faqat,
Yolg’iz sening panohingda
Baxt topgay Inson.

AQSH. Texas. 18.09.2015

KIYIK OVI

Tongda ovchi saydga chiqdi,
Degancha, “YO, Haq!”
Bir kiyikni ta’qib etdi
Qisgancha toqqa.
O’qi tegdi o’ljasining
Qulog’iga naq,
Ikkinchisi tekkan edi
Aynan tuyoqqa.

Ovchi rostdan tushgan edi
O’lja ketiga,
Erinmasdan qarab chiqdi
Yaqin-yiroqni.
Kiyik esa, ola qol, deb
Yo’lning chetiga,
Tashlab ketmish bir qulog’u
Bitta tuyoqni.

AQSH. Texas.18.09.2015

BALIQCHILAR

Baliq ovlaydigan
Ulkan kema-yu,
Havaskor baliqchi
Turardi qator.
Bunday payt hammada
Yagona orzu,
Ishlari yurishib
Omad bo’lsa yor.

Vaqt o’tdi, nazar sol
Yana bu yoqqa,
Tomosha aylagil,
Bo’lib hangu mang.
Kemaning to’rlari
To’lmish chanoqqa,
Va lekin havaskor
Tutgandi nahang.

AQSH. Texas.18.09.2015

NODONLAR HAQIDA BALLADA

Qaydadir yuz bersa biror falokat,
Tushar tahlikaga jamiki hayvon.
Muxbir yengamiz, deb jar solar albat,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Amir qushbegining ketiga tepdi,
Shu zum Peterburgni olaman, debdi.
Shaksiz u — bekorning beshtasin yebdi,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Zilzila Toshkentning yarmini buzsa,
Kimdir o’sha kuni yozganmish qissa.
His et, fojeadan chiqargin hissa,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Yer yuzin zabt etgan ular chinakam,
YO dovdir, yo lofchi yoki muttaham,
Chopib chiqaman der Everestga ham,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Payt kelib, qasamlar ichadi hatto,
O’zining foydasin unutmas ammo.
Tinmaydi, do’zaxga tushkunicha to,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Turfa forumlarda qatnashar ba’zan,
Uni yuborganmish go’yoki Vatan.
Tugatar, qo’liga tushsa ilmu fan,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Xudoyim, hamisha holimizga boq,
Sening panohingda yashaylik uzoq.
Ta’magir hukmiga topshirma biroq,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Tarixda o’tgandir botirlar bisyor,
Necha sarkarda-yu shohlar purviqor.
Avliyo zotlarning nazari ham bor,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Inson bolasiga hushyorlik odat,
Yurtiga kiritmas yovlarni minba’d.
Toki, boshlanmasin qirg’in va ofat,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

Balki uning davri emasdir mangu,
Lekin yashab kelar tinch va beqayg’u.
Bir kun tupugiga toyib o’lar u,
Bundan faqatgina qo’rqmaydi nodon.

AQSH. X`yuston. 20.09.2015

MUAZZAMLIK

Ulug’ daryo bilan qo’ysang barobar,
Aytilmas, mana bu muazzam ariq.
Bahaybat fil tursa yonida agar,
Muazzam chumoli deyilmas, aniq.

Muazzam shoirdir Firdavsiy hamon,
“Shohnoma” olamda tengi yo’qdir, bas.
Qanchalik chiroyli bo’lmasin do’kon,
Kolizey singari muazzam emas.

Magar chiqib qolsa biror havaskor,
Muazzam daho, deb yozar xabarchi.
Yolg’onning nahotki jozibasi bor,
Choyxona palovga qo’yilmas jarchi.

O’zbek muhtoj emas o’trikka, ammo
Jahon minbarida o’qiy olur dars.
Kiming bor, deganda birovdan aslo
Buyuk insonlarni olmagaymiz qarz.

Xayol surish yaxshi bolaga o’xshab,
Orzu yarashadi keksa-yu yoshga.
O’zini muazzam deyish boshqa gap,
Muazzam bo’lmoqqa intilish boshqa.

AQSH. X`yuston. 21.09.2015

KOSHKI
Yoshlarga

Sen yoshsan, ertangi kuningga boqay,
Daryo kech, sahro kez, dovonlar oshki.
Qarab yurar edim ortimga tokay,
Sening kamolingni ko’rsaydim, koshki.

Afsus, ravon emas bu mubham yo’llar,
Har bir qadamingda shunchalar toshki.
Toptab tashlangandir o’ng bilan so’llar,
Sening kamolingni ko’rsaydim, koshki.

Iste’dod oldida past tushar osmon,
Koinot o’z sirin aylagay foshki.
Yuksak parvozingga keltirgum imon,
Sening kamolingni ko’rsaydim, koshki.

Oldda kutib turar davrai sarvar,
Tafakkur to abad ko’z bilan qoshki.
Zora shoning chiqsa bobolar qadar,
Sening kamolingni ko’rsaydim, koshki.

Inson dastidadir g’ov ham,siylov ham,
Ahli diyonatga ul o’zi boshki.
Yaratgan qo’llasin har nafas, har dam,
Sening kamolingni ko’rsaydim, koshki.

AQSH. X`yuston. 21.09.2015

TOYCHOQ VA O’G’LON

Toychog’ingni avaylagin,
Aziz yilqibon,
U tulporga aylanadi,
Vaqt o’tib hali.
Minglab odam oyog’iga
Qalqar begumon,
Maydonlarda kelbatini
Ko’rgan mahali.

Ota, sen ham duolar qil
O’g’loning uchun,
Bolang balki o’spirindir,
Balki juda yosh.
Ehtimol, u yurt so’raydi,
Ulg’ayib bir kun,
Valloh, sening o’zingga ham
Bo’lg’usidir bosh.

AQSH. X`yuston. 23.09.2015

KIYIK VA TOSHBAQA

Tiriklikning sirlari ko’p,
Kuzatsang agar,
Toqat bilmas, bu dunyoga
Kelganda inson.
Beshikda ham tinch yotmaydi,
G’oyatda o’jar,
Kiyik kabi sakraydi so’ng,
Tolmas, chopag’on.

Yillar o’tib, oxirlaydi
Foniy bu dunyo,
Inson uchun jannatlardan
Aslo kam emas.
U dunyo gar chorlab qolsa,
Eshitmas go’yo,
Toshbaqadek imillaydi,
Borgisi kelmas.

AQSH. X`yuston. 23.09.2015

INSON SHARAFI

Eskirgan kovushni yoki jandani
Qayga tashlasang ham, nima farqi bor.
Tuproqqa jo bo’lgan marhum bandani
Marmartosh mahliyo etmog’i dushvor.

Yuksak sag’ana-yu bezaklar bari
Azador bir zotning himmati xolos.
Balxda qarovsizdir Beruniy qabri,
Bu ayni nodonlik jaholotga xos.

Zamin farzandidir, shubhasiz, Inson,
G’oyalar mevasi emasdir aslo.
G’animi choh qazsa unga har bir on,
Do’stlari boshiga ko’targay ammo.

Va lekin xolislik mudom omonat,
O’zini hakam der salla, besalla.
Bandasi Allohga yolvorar faqat,
Xudoga soldim, deb aytar baralla.

Nozim Rus yerida joy topdi mangu,
Ammo satrlari had bilmay yashar.
Eng avval, dunyoning shoiridir u,
So’ngra kommunistdir, bilib qo’y, bashar.

Olamda daxlsiz bir mantiq mavjud,
Unga daf qilolmas vaqtu zamona.
Birovning xochi bor, birovda-chi but,
Lekin Yaratganga bari parvona.

Millat deganlari bir daraxtsimon,
Ildizi zaminning qa’riga yetgan.
Kishilik boshiga tushgan har tufon,
Uning ham butog’in sindirib ketgan.

Insonga ikki his doimo hamdam,
Biri — Otamakon, birisi — Dunyo.
Ba’zan o’zi chiqqan tepani odam
Hisoblab yuradi olam, deb go’yo.

Garchi yer yuzida ko’p erur jonzod,
Turlarin sanab ham bo’lmas, ehtimol.
Tarixni yaratar faqat Odamzod,
Tafakkur uyining me’mori misol.

Bu tuyg’u mening ham umrimda g’olib,
Yo’qolmas, suvga ot, tashla o’tlarga.
Vatan tuprog’idan bir siqim olib,
Keyin borajakman o’zga yurtlarga.

AQSH. X`yuston. 24.09.2015

MO’MIYO

Ajib hol yuz bergay,
Tiriklay turib,
Mo’miyo nusxamni yaratdirsam gar.
Amal kreslomda o’sha o’tirib,
Bir kun ish yuritsa, oqshomga qadar.

Arzago’y dod solib kelsa, baribir,
Mendan sado chiqmas, so’zlaydi o’zi.
Yordamchim tushunmas, anglamas, ne sir,
Chunki tik boqmagan hech qachon ko’zi.

Ehtimol, bekorchi quloqni izlab,
Oldingga bir olim kirgay shu kuni.
Uzun ma’ruzasin o’qiydi bo’zlab,
Jimgina tinglaydi mo’miyo uni.

Kassir qiz kutishdan charchadi oxir,
Tirqishdan mo’ralar senga atayin.
So’ngra bosh chayqaydi: – Ishi ko’p og’ir,
Qorayib ketibdi sho’rlik xo’jayin.

– Tepadan so’rashdi! – deydi nogahon
Kotiba eshikdan boqqancha qiyo.
Mo»jiza yuz berar xonada shu on:
Jonlanib ketadi birdan mo’miyo.

AQSH. X`yuston. 27.09.2015

SHIKOYATCHI HANGOMASI

U mirshabxonaga qilar qo’ng’iroq:
– Jinoyat yuz berdi, chorasin ko’ring.
O’zim sanab chiqdim erta tongdanoq,
Bitta tovug’im yo’q, toptirib bering.

Ishlagan odamning ishi ko’p, mana
Tovuq masalasi ochiqdir hamon.
Hafta ham o’tmasdan, sim qoqar yana:
– Itim g’oyib bo’ldi, netay, mirshabjon.

U she’rlar to’qirdi otarchi uchun,
– Talanting yo’q, – debdi yuziga birov.
– Oh, mening talantim yo’qoldi bugun!
O’sha idoraga sim qoqar darrov.

Kimlardir uni deb doim ovora,
U ham charchamasdi, bilmasdi tinim.
Bir kun o’zi keldi: – Tez ko’ring chora,
“Sening aqling yo’q”, deb aytdi xotinim.

Ko’rinmay ketdi u, nechuk ahvoli?
Mirshablar yo’qlashdi, o’ylarga tolib.
– Dunyodan o’tdilar, – dedi ayoli,
Qarang, endi o’zi qolmish yo’qolib.

AQSH. X`yuston. 27.09.2015

RANG-BARANGLIK

Zaminga barobar kulfati, baxti,
Majnuntol yonida zaqqum daraxti.

Cahrolar belibos, o’rmonlar bashang,
Delfinning hamrohi odamxo’r nahang.

Shodlik bir tomonda, bir tomonda g’am,
Ikki xil balodir suv bilan o’t ham.

Lekin qozonda suv, tagida cho’g’dir,
Birovi bo’lmasa taom ham yo’qdir.

Yaxshilar bor joyda yomon ham mavjud,
Bu – qadim bobolar qoldirgan o’git.

Men ham o’z fikrimni aytay yakunda:
Qaysiga mansubsan – hamma gap shunda!

AQSH.X`yuston. 27.09.2015

TENGLIK

Qachon boyvachchalar bu holni anglar:
Raqibi bo’lolmas ahvoli tanglar.
Arslon chiqmas sira sichqon oviga,
Unga yarashadi fil bilan janglar.

AQSH. X`yuston. 27.09.2015

YOR VA AG’YOR

– She’r kimga atalgan? – so’raysan takror,
Javobim mana bu, unutma zinhor:
– Qara, ro’parangda turibdi borliq,
U senga yor erur va yoki ag’yor.

AQSH. X`yuston. 27.09.2015

045

(Tashriflar: umumiy 9 712, bugungi 2)

2 izoh

  1. Ассалому алейкум! Устозимиз, сентябрь ойини АҚШ да ўтказган кўринадилар!? Аммо бу ҳам ижод учун айни муддао бўлган чоғи, ажойиб мавзулар танлабдилар. Раҳмат. Умрингиз узоқ бўлсин илоҳим!!!

  2. Абдулла Орипов 20 аср ўзбек шеъриятининг энг ёруғ юлдузларидан биридир. Шоир ижоди сўнгги йилларда мавзу кўлами, мисраларининг рангинлиги билан асл шеър ихлосмандларига манзур бўлмоқда. Абдулла ака шеър ва ҳикматни, қалб ва ақлни бирлаштира олган шоирки, бу даража жуда озчиликка насиб этган. Қаламлари ёзишдан тўхтамасин…

Izoh qoldiring