Shafoat Rahmatulloh Termiziyga bag’ishlov.

0_1669b4_1afea09a_orig.png   Шафоат Раҳматуллоҳ Термизийнинг шеърларини ўқиганда унинг ижоди илдизини ҳам яққол ҳис қилиб туриш мумкин: унда Сурхон воҳасининг дала-қирлари, такрорланмас табиатга эга бўлган шаҳар ва қишлоқлари, тоғлари, сойлари ва энг муҳими ҳаётсевар кайфиятли шўх-хушчақчақ йигит-қизлари манаман деб ўзини кўз-кўз қилиб туради.Қадимий ўзбек халқ оҳанглари унинг шеърларида янги тароват билан янграйди…

ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛО ТЕРМИЗИЙГА
БАҒИШЛОВ
045

Саида Зуннунова
МЕН ШАФОАТНИ ТАНИДИМ
( Оқ йўл )

saida_Zunnunova.jpgБир суҳбатда шеър ва шоирлар ҳақида гап кетди. Ўтирган меҳмонлардан бири ёшроқ йигитдан шеър ўқиб беришни сўраб қолди. Шундай қилиб мен Шафоатни шунда биринчи марта танидим. Унинг ҳеч кимга ўхшамаган ўз кузатишлари, сезгирлиги ўзига хос услуб изланишлари сезилиб турарди.

Шафоат Сурхондарёлик йигит. Ўша ёқда мусиқадан дарс беради. Мусиқани билиши ҳам шубҳасиз, шеърининг майин бўлишига хизмат қилган, бу шеърлар Сурхон тоғларидан эсган шабададек соф, фикрлар оригинал, кузатишлар янги .

1975 йил 16 майда ”Ўзбекистон маданияти” газетасида босилган

Иброҳим Ғафуров
БУ —  ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛАЕВ

02_i.gafurov.jpgБир ёш шоир чиройли рубоий ёзиб,унда шундай дейди:

Ҳаёт рубоб,ҳамма чолғучи,
Ҳар ким ўз куйини чалади.
Кимнинг куйи бир лаҳзаликдир,
Кимнинг куйи мангу қолади…

Бу шеъриятимизнинг узоқ Сурхондан эшитилаётган янгроқ саси, Бу — Шафоат Раҳматуллаев. Бугунги лирикада бораётган ҳаракатни жуда лўнда ифодалайди бу шеър. Ростдан ҳам бугунги шеъриятимиз зўр оркестр, Унда ҳар кимнинг ўз куйи жарангламоқда. Кимнинг куйи ёрқин бир лаҳзада давом этади, Кимнинг куйи абадиян қудратли овоз касб этиб келажакка ўтиб боради. Лекин ҳаётнинг рубоб эканлиги аниқ. Лирика шу рубобнинг энг нозик, энг нафис, энг тиниқ оҳанги. Лирика одам қалбининг рози.

1980 йил № 10. “ Гулистон”

Гулчеҳра Нуруллаева
ШАФОАТ САНЪАТ СОҲИБИ

Без названия.jpgШеър сатрдан сатрга тўлқин билан ўтиб борар, обидаларнинг ёди ЮНЕСКО тўйхатида бўлган, Абросиёб ва Холчаёнлари жаҳоннинг ҳайрати бўлган Ўзбекистоннинг гўзал суратини чизарди у:

Ғўзангнинг ҳар чаноғи тилло узатган бир жом,
Кўнглингдай опппоқ пахтанг “оқ олтин” деб олмиш ном,
Ҳар хирмонинг билганга бир буюк олтин эҳром,
Шундан жаҳон кўзлари хамиша ҳуснингга ром,
Эй,сен қадри осмоним-ўзбегим, онажоним,
Қадрингга тортиқ десанг, бераман, мана жоним!

Қулоғим шеърда-ю, кўзим боғни тўлдириб ўтирган одамларда. Мингга яқин кўзлар шоирига тикилган, вужудлар қулоққа айланган. Шаҳар боғига ўрнатилган радио карнайлар шоир овозини боғ ичидан олиб чиқиб, атроф-атрофларга таратади. Ўлтирганлар ёнига яна одамлар келиб қўшила боради. Шеър эса ўз тингловчилари қалбини энтиктиришда давом этади:

Оқ ўтовдан отилиб, сўлқиллаб чиқсанг, сен қиз,
От бошини бурганман, баҳона- ичмоқ қимиз.
Ибо билан ўтовга бошладинг, юзи қирмиз,
То қимиз симиргунча қозонда қилдинг “жиз-биз”.
Кетай десам, қўймадинг янгам бўлиб ўпкалаб,
Кайвони момом бўлиб, улайвердинг гапга гап,
Оқсоқол бобом бўлиб дединг: “Болам кепсан зап”.
Сулув қиз кўзларинг-ла қўйдинг ҳар дам эркалаб.
Эй менинг меҳрибоним-ўзбегим онажоним,
Меҳрингга тортиқ десанг,бераман,мана жоним.

Минбарда янграётган бу жўшқин сатрларнинг муаллифи Шафоат Раҳматуллаев эди. Мен Шафоатнинг айрим шеърларини вақтли матбуот саҳифаларида, альманахларда ўқигандим. Энди эса унинг янги шеърларини ўз оғзидан эшитардим.

Биз шоирларнинг кўпчилигига хос бир “касаллик” бор: ёзишга ёзамизу, лекин уни тингловчиларга етказиб ўқишга қолганда нўноқлик қиламиз. Шафоат эса ҳам чиройли ёзаркан, ҳам чиройли ўқиркан. Эҳтимол, бунга унинг Тошкент Консерваториясида беш йил таҳсил кўргани ҳам ёрдам бергандир, эҳтимол, шеър ўқий билиш ҳам туғма талантдир. Майли, нима бўлмасин, Шафоат шу санъат соҳиби эди. У яна ўзи ёзган шеърга куй басталаб, яна ўзи ижро этаркан. Мен унинг катта-кичик турли давраларда шеър ўқиганини кўрдим. Тўғрироғи, шеърлар ўқиганини…Негаки,тингловчилар битта шеър билан уни қўйиб юборишмас, қизғин чапаклар билан ”жуфт бўлсин”,” тағин бирини ўқинг” деган илтимослар билан шоирни ўқишга чорлашар эди. Хатто кимлардир, нимани ўқисамикин? –дея бир неча сония тараддудланиб турган шоирга кўмакка ҳам келишарди:

— Бўса ҳақидаги ҳазилингизни эшитсак…

— Тунда адашганингизни ўқисангиз…

Мен Шафоатда кўпчилик шоирлар орзу қиладиган фазилат-ўз шеърларини ёд ўқиш фазилатини ҳам кўрдим.

— Тўпламингиз чиққанми? –сўрадим ундан.
— Энди чиқиб қолса керак. Топширганимга анча бўлганди.

Шафоатнинг сўзларини тингларканман , ўйлардим: пойтахтда яшаб, нашриётма-нашриёт югириб, ўз сўзи ўтмаса, қайси бир таниш-билишларини ишга солиб китоб чиқарувчилар ҳам бор. Областлардаги Шафоатга ўхшаш бир ҳафсала қилиб, шеърларини нашриётга юбориб, 3-4 йил индамай жавоб кутиб юрувчи истеъдодли қалам соҳиблари ҳам бор. Твардовский айтгандай, талантсизлар ҳар тешикка суқилиб бўлса-да, ўз йўлини топиб кетишаверади. Талантлиларга ёрдам бериш керак.

Мен Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё область ходими ,ёзувчи Менгзиё Сафаровга Шафоатнинг шеърларидан ҳузур қилганимни айтаман.
-Унинг ютуғи – халқчиллигида — дейди Менгзиё ака — Шафоат халқ дилидагини топиб айта билади.

1980 йил 14 октябрь “Ўзбекистон маданияти”

Миразиз Аъзам
ШАФОАТНИ ЎҚИГАНДА

2c32f4c10e66ab2183e972ca45906476.jpgМен Шафоат Раҳматуллаев ижодини ўн йилдан бери кузатиб келаман.Унинг шеърлари ўзиининг самимияти, халқчиллиги, мусиқийлиги билан, ҳазил-мутоибалари билан киши диққатини жалб қилади.

Яна Шафоатни ўқиганда унинг ижоди илдизини ҳам яққол ҳис қилиб туриш мумкин: унда Сурхон воҳасининг дала-қирлари, такрорланмас табиатга эга бўлган шаҳар ва қишлоқлари, тоғлари, сойлари ва энг муҳими ҳаётсевар кайфиятли шўх-хушчақчақ йигит-қизлари манаман деб ўзини кўз-кўз қилиб туради.

Қадимий ўзбек халқ оҳанглари унинг шеърларида янги тароват билан янграйди. Унинг мавзу уфқи ҳам тор эмас: Ватан, ҳаёт, табиат, меҳнат, кеча, бугун, келажак-буларнинг биронтасига Шафоат муҳаббатсиз, завқсиз қарай олмайди.

1981 йил 17 апрель.

Маҳкам Маҳмудов
ШАФОАТ — ГЎЗАЛ ДИЁР ФАРЗАНДИ.

024Шафоат — тулпорлари чопганда “туёғидан учқун сачрайдиган, дупурлари тоғ хаёлии қочирадиган, кишнашлари эшикларни очирадиган”, ”тош деворлар, панжарали дарвозалар” меҳмонга қучоқ очадиган, ”нилуфар гумбазлари осмон ичра бир осмон, булоқ сувлари қизларга кузгу” бўлган гўзал диёр фарзанди. Шунинг учун ҳам Шафоатнинг илҳомланиши, сержило ва сероҳанг шеърлар, қўшиқлар тўқиши табиий. Унинг шеърларида “дунё зангор куйга шайланиб, ғунча рубобланиб, майса найланиб, жала қуйиб, сокин сойлар жўш олиб, овлоқларда алвон гуллар тўшалиб, ёмғирнинг кокилдай эшилишига турналар овози қўшилиб, хумор гуллар бода нўш қилиб” туради.

Шоир ҳаётнинг чексиз рангларнини ва оҳангларини нозик ҳис қилади, кўзлар ”ҳар кун,ҳар соат минг турли товланган ранглар оҳангини, миллиард йиллар куйлаётган хилол қўшиғини” тинглайди. У “қирмиз, яшил, зангори осмон шифтли замин” ни ўз уйим деб, шу еру кўк оғушидаги ҳамма рангларни ўз куйим деб билади. Шафоатнинг “Жануб шамоли” деб аталган илк тўплами бизни ана шундай сеҳрли табиат ва оҳанглар оламига олиб киради. Тўпламни ўқишимиз билан дарров шоирнинг софдиллигини, камолотлилик оламини, табиатга, бутун борлиққа меҳр-шафқат, муҳаббат билан қарашини, одамларнинг маънавий оламидаги зарра-зарра дуру гавҳарларнинг қадрига етишини, ўзи ҳам латиф ва зариф, хушчақчақ ва хушаҳлоқ, руҳан бой инсон эканлигини сезамиз.

Шафоат она диёрининг гўзалликларини мафтунлик билан, ифтихор билан куйлайди. Унинг рангин ташбеҳларга, нозик ҳазил-мутоибага, лиризмга бой шеърларида йигитларнинг тантилиги, шўхлигию, қизларнинг нозли ва майин, оловли нигоҳлари, ёш қалбларнинг оташин, эҳтирослари, ҳаяжон, энтикишлари, мусаффо орзу, хаёллари равшан манзараларда чизилади.

Алпомиш, Барчин, Гўрўғлидай шон-шавкатли қаҳрамонларни етиштирган диёрнинг фарзанди бўлгани учун ҳам Шафоат халқ оғзаки ижоди дарёларидан тўйиб-тўйиб симирган, унинг шеърларида оҳангдорлик, ўйноқилик, жозиба, халқ қўшиқларига хос теранлик равшан кўринади. Шунинг учун ҳам шоир мухлисларининг қалбига жиз этиб тегадиган, халқчил, пурмаъно сўзларни эркин ишлатади.

Шафоатнинг газета, журналларда,”Ёшлик” ва “Ёшлик баёзи” тўпламларида босилган шеърларини адабий танқидчилик қизғин кутиб олган эди. “ Жаниб шамоли” тўплами эса шоирнинг етуклик палласига кираётганини кўрсатиб турибди. Поэзиямизнинг келгусидаги камолотига бошқа истеъдодлар қаторида Шафоат ҳам катта ҳисса қўшади.

1981 йил 18 апрель.

Сирожиддин Саййид
Ш А М

DSCN0952.jpg

Шафоат Раҳматулло Термизийга

Менинг муҳабббатим- тупроғимдадир,
Тупроқ кўчмас бўлур, мен ҳам кўчмайман.
Бир жуфт қалдирғочим қароғимдадир,
Улар учиб юрар, мен-чи учмайман.

Асли мушкил ишга мен кўнгил қўйдим,
Умримни гоҳ хаёл, гоҳ тушга йўйдим.
Сўз ичра кўкариб, сўз ичра куйдим,
Ўздан кечдим, лекин сўздан кечмайман.

Ёшлик ўтди кетди ул оппоқ тулпор,
Ундан қирлараро қолмиш оқ ғубор.
Юзларинг лолага ўхшарди, эй ёр,
Гулгун шаробингдан энди ичмайман.

Гарчи хасдан баланд, касдан камдирман,
Дўстим сенга ёндош қувонч, ғамдирман.
Термизий бободан қолган шамдирман,
Минг йил пуфласанг ҳам асло ўчмайман.

2003

Абдул Аҳад
ШАФОАТ РАҲМАТУЛЛО

— Нечун сиз яшайсиз пойтахтдан йироқ,
Наҳот, истамайсиз шуҳрату шонни?!
— Дилимга шу ерда тушган илк титроқ,
Қандай ташлаб кетай, иним, Сурхонни.

— Пойтахтда Сизни давралар кутар,
Юксак мартабалар — берманг имконни,
— Мени эл шоир деб тан олса етар,
Қандай ташлаб кетай, иним. Сурхонни.

Шоирнинг қисмати қийналмоқ, ёнмоқ,
Шоир покламоқчи бўлар дунёни.
У қайда бўлмасин виждони уйғоқ,
Қандай ташлаб кетай, иним, Сурхонни.

2007

Шайх Абдол Мўмин
ҚАЛАНДАР

У тақволардан тақвороқ… Устоз Шафоат Раҳматулло Термизий ҳақида ўйлаганимда, нуқул шундай фикр хаёлимга келаверади. 25-30 йиллик таниш-билишлигимиз давомида ҳеч кимдан у ҳақда салбий фикр эшитмадим. Азиз оғам, меҳрибон устозим билан фахрланаман. Шу сатрларни унга чексиз эҳтиром билан бағишлайман.

Эй, дарвеш дўст, девона дўст — камина,
Сен бу дунё қимматисан, қаландар!
Олам ичра одам гултож заминга,
Ҳақ тажалли, ҳимматисан , қаландар.

Нафсинг тортмас дунёлиғ — мол қайғуси,
Ишинг хайр, савоб-аъмол қайғуси,
Комилга йўқ аммо завол қайғуси,
Фоний дунё ҳикматисан қаландар.

Тавҳид билан ҳолда”анал-ҳақ” дединг,
Ўлмас ўди ея, ҳирқа — шол кийдинг.
Одат сенга кўнгил ови, қалб-сайдинг,
Хўп ингратиб бор бадни сен, қаландар.

Хуморисан, савму салот кайф сенга,
Ҳам хайрда сустлик гўё айб — сенга.
Таълим берган устод хотиб — Ғайб сенга,
Дўсти азиз – Аҳмадисан, қаландар.

Ҳамдардлигинг чексиз, мушфиқ, мухлисга,
Боринг армон ул ҳасадгўй, муфлисга.
Ёмонликка тимсол бўлган иблисга
Яхшиликнинг ҳайбатисан, қаландар.

Чаман ичра — гулсан, булбул — боғларда,
Уммонда дур десам, ганжсан тоғларда.
Оғир ҳангом, тугал ажиб чоғларда
Ҳақнинг бизга раҳматисан, қаландар.

Кўнгил истар ҳузурингни давомми,
Умринг шарҳлар одам ҳақда саволни,
Дунё — фоний, айла мажлис давомли,
Кел, қурна, мўл суҳбатни сен, қаландар.

Садо бир-ла сол чашмимни уйғоға,
Зикр тушгил, дўниб шамга — зиёга.
Қора куннинг ранги дўнсин риёга,
Кел, кўнгиллар хушвақтисан, қаландар.

Икки дунё даражага лойиқсан,
Ваҳдад майи маст айлаган ойиқсан,
Кел, бошимга тож айласам лойиқсан,
Инснинг улё-рифъатисан, қаландар

Бу бири кам дунё мудом кам била,
Сен руҳларнинг табиби -дард эм била.
Ёвмил-ҳашр жумла бўлса жам- била,
Саккиз беҳишт ҳурматисан, қаландар.

Қисмат деган гўзал фалак беқарор,
Кўз — гузаллик истар, кўнгил чўҳ қарор.
Шайх, бу дунё тинчимайин — барқарор,
Айт, сен ненинг туҳматисан, қаландар?!!

2003

Шодмонқул Салом
ШОИР БИСОТИДА ЯШАЙДИ ХАЛҚИ…

( Шогирд эҳтироми )

Кўрсат бисотингда яна нима бор,
Тунлар мени шундай қилади сўроқ.
Бу қандай роҳатдир, айт парвардигор,
Қачон поёнига етар бу қийноқ.

Олтмиш йилча бўлди мана шу аҳвол,
Саволлар шамширдек тилар бағримни.
Йиллар бўронига қилмасдан увол.
Авайлаб юрибман шундай дардимни.

Ўртаниб юрибман шундай бир ғамда,
Шеър ҳаққи, шу ғамга килгум ибодат.
Олтмиш йилдан бери ёқилган шамда,
Тунлар Навоийни қилдим тиловат.

Сўнг хаёл хуружи…хаёллар бебош,
Тортқилар хотира водийларига.
Қайтганда кўзлари бўлар жиққа ёш,
У мағлуб ҳақиқат ғозийларига.

Кўрсат бисотингда яна нима бор,
Яна савол тиғи оёққа қалқар.
Шоирлар — дунёда энг муқим тождор,
Шоир бисотида яшайди халқи.

Қалбимни ёритар олтмиш йиллик шам,
Унга парвонадек туйғулар дилгир.
Халқнинг бисотига айланмасам ҳам,
Менинг бисотимда яшайди халқим.

Билдим бисотимда энди нима бор,
Охир адоғига етар бу сўроқ.
Бошимда бўлади Ҳайрат-ул аброр,
Пойимда Термизий туғилган тупроқ.

2003

Б О Р

Устоз Шафоат Раҳматулло Термизийга

Қаранг шоир, кўкда қанча юлдузлар бор,
Ёниқлари, ёриқлари, ёлғизлар бор
Юрагимда тиғдай занглаб борар бир сўз,
Мабодалар,эҳтимоллар, ҳанузлар бор.

Кечмиш надир? Баҳор кузнинг уволими,
Шоир дилин оғриқлари саволими.
Ё ҳар юрак бир Пайғамбар оролими,
Хонгуллар бор, йўлбарслар бор, андизлар бор.

Кимдир айтар, бир сайёҳни кўрган экан,
Ўттиз йилки, сайёҳ йўлда юрган экан,
Тўқсон тўққиз мамлакатни кўрган экан,
Ким сайёҳ дер, ким саёқ дер, кўп сўзлар бор.

Кечмиш надир?..  Баҳору куз талашими,
Эски қўрга янги олов қалашими,
Шоир сўзи изтиробнинг адашими,
Мен билмайман нозимлар бор, воизлар бор.

Ровий демиш: Дарёни дард ювар эмиш,
Дардни эса дарё диллар қувар эмиш.
Бўлгани шу.Бариси жо — олам кенгиш,
Қаранг унда кечалар бор,кундузлар бор.

Бу бир хаёл. Хаёлимда хаёл сурсам.
Боботоғдан Бойсун тоққа кўприк қурсам.
Шул кўприкда шоирлардай эркин юрсам,
Ва кўрсамки, Термизлар бор, Термизлар бор.

2006

Сирожиддин Иброҳим
БАҒИШЛОВ

Шафоат Раҳматулло Термизийга

Соҳир қалб соҳиби,Термизий изи,
Эзгулик нурлари ёғар юзидан.
Сурхонда шеърият сарбони ўзи,
Кўп ўгит уқасиз айтган сўзидан.
Оддийлик хислатин этгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.

Шеърият дардида тунлари бедор,
Илҳом парилари олади ўраб.
Бу кун бошларига ёғди кумуш қор,
Ҳамон бораяпти ширин дард сўраб.
Дардга қўшилмоқни қилгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.

Сўзларни дардига этадир малҳам,
Яна шу сўз билан орттиради ғам.
Дилларга ўт солар шеърлари билан,
Қўлида Ҳайёмдан мерос бир қалам.
Ёниб яшамоқни қилгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.

Шеърият боғининг алп чинорига,
Азизлар дилимда эҳтиром бисёр.
Шеър битсин ҳамиша ўзбек шаънига,
Яратганнинг ўзи доим бўлсин ёр.
Дунёдан топгани бўлсин саодат,
“Кўринмай гуллади” шоир Шафоат.

2010

SHAFOAT RAHMATULLO TЕRMIZIYGA
BAG‘ISHLOV
045

Saida Zunnunova
MЕN SHAFOATNI TANIDIM
( Oq yo‘l )

b2c04704c74b0668b33873ec283a7bb8.jpgBir suhbatda she’r va shoirlar haqida gap ketdi. O‘tirgan mehmonlardan biri yoshroq yigitdan she’r o‘qib berishni so‘rab qoldi. Shunday qilib men Shafoatni shunda birinchi marta tanidim. Uning hech kimga o‘xshamagan o‘z kuzatishlari, sezgirligi o‘ziga xos uslub izlanishlari sezilib turardi.

Shafoat Surxondaryolik yigit. O‘sha yoqda musiqadan dars beradi. Musiqani bilishi ham shubhasiz, she’rining mayin bo‘lishiga xizmat qilgan, bu she’rlar Surxon tog‘laridan esgan shabadadek sof, fikrlar original, kuzatishlar yangi .

1975 yil 16 mayda ”O‘zbekiston madaniyati” gazetasida bosilgan

Ibrohim G‘afurov
BU — SHAFOAT RAHMATULLAYEV

Ashampoo_Snap_2016.04.02_13h58m32s_001_.pngBir yosh shoir chiroyli ruboiy yozib,unda shunday deydi:

Hayot rubob,hamma cholg‘uchi,
Har kim o‘z kuyini chaladi.
Kimning kuyi bir lahzalikdir,
Kimning kuyi mangu qoladi…

Bu she’riyatimizning uzoq Surxondan eshitilayotgan yangroq sasi, Bu — Shafoat Rahmatullayev. Bugungi lirikada borayotgan harakatni juda lo‘nda ifodalaydi bu she’r. Rostdan ham bugungi she’riyatimiz zo‘r orkestr, Unda har kimning o‘z kuyi jaranglamoqda. Kimning kuyi yorqin bir lahzada davom etadi, Kimning kuyi abadiyan qudratli ovoz kasb etib kelajakka o‘tib boradi. Lekin hayotning rubob ekanligi aniq. Lirika shu rubobning eng nozik, eng nafis, eng tiniq ohangi. Lirika odam qalbining rozi.

1980 yil № 10. “ Guliston”

Gulchehra Nurullayeva
SHAFOAT SAN’AT SOHIBI

7506ff832c07ce5b52db4b38f5cf8ca6.jpgShe’r satrdan satrga to‘lqin bilan o‘tib borar, obidalarning yodi YUNЕSKO to‘yxatida bo‘lgan, Abrosiyob va Xolchayonlari jahonning hayrati bo‘lgan O‘zbekistonning go‘zal suratini chizardi u:

G‘o‘zangning har chanog‘i tillo uzatgan bir jom,
Ko‘nglingday opppoq paxtang “oq oltin” deb olmish nom,
Har xirmoning bilganga bir buyuk oltin ehrom,
Shundan jahon ko‘zlari xamisha husningga rom,
Ey,sen qadri osmonim-o‘zbegim, onajonim,
Qadringga tortiq desang, beraman, mana jonim!

Qulog‘im she’rda-yu, ko‘zim bog‘ni to‘ldirib o‘tirgan odamlarda. Mingga yaqin ko‘zlar shoiriga tikilgan, vujudlar quloqqa aylangan. Shahar bog‘iga o‘rnatilgan radio karnaylar shoir ovozini bog‘ ichidan olib chiqib, atrof-atroflarga taratadi. O‘ltirganlar yoniga yana odamlar kelib qo‘shila boradi. She’r esa o‘z tinglovchilari qalbini entiktirishda davom etadi:

Oq o‘tovdan otilib, so‘lqillab chiqsang, sen qiz,
Ot boshini burganman, bahona- ichmoq qimiz.
Ibo bilan o‘tovga boshlading, yuzi qirmiz,
To qimiz simirguncha qozonda qilding “jiz-biz”.
Ketay desam, qo‘ymading yangam bo‘lib o‘pkalab,
Kayvoni momom bo‘lib, ulayverding gapga gap,
Oqsoqol bobom bo‘lib deding: “Bolam kepsan zap”.
Suluv qiz ko‘zlaring-la qo‘yding har dam erkalab.
Ey mening mehribonim-o‘zbegim onajonim,
Mehringga tortiq desang,beraman,mana jonim.

Minbarda yangrayotgan bu jo‘shqin satrlarning muallifi Shafoat Rahmatullayev edi. Men Shafoatning ayrim she’rlarini vaqtli matbuot sahifalarida, almanaxlarda o‘qigandim. Endi esa uning yangi she’rlarini o‘z og‘zidan eshitardim.

Biz shoirlarning ko‘pchiligiga xos bir “kasallik” bor: yozishga yozamizu, lekin uni tinglovchilarga yetkazib o‘qishga qolganda no‘noqlik qilamiz. Shafoat esa ham chiroyli yozarkan, ham chiroyli o‘qirkan. Ehtimol, bunga uning Toshkent Konservatoriyasida besh yil tahsil ko‘rgani ham yordam bergandir, ehtimol, she’r o‘qiy bilish ham tug‘ma talantdir. Mayli, nima bo‘lmasin, Shafoat shu san’at sohibi edi. U yana o‘zi yozgan she’rga kuy bastalab, yana o‘zi ijro etarkan. Men uning katta-kichik turli davralarda she’r o‘qiganini ko‘rdim. To‘g‘rirog‘i, she’rlar o‘qiganini…Negaki,tinglovchilar bitta she’r bilan uni qo‘yib yuborishmas, qizg‘in chapaklar bilan ”juft bo‘lsin”,” tag‘in birini o‘qing” degan iltimoslar bilan shoirni o‘qishga chorlashar edi. Xatto kimlardir, nimani o‘qisamikin? –deya bir necha soniya taraddudlanib turgan shoirga ko‘makka ham kelishardi:

-Bo‘sa haqidagi hazilingizni eshitsak…
-Tunda adashganingizni o‘qisangiz…

Men Shafoatda ko‘pchilik shoirlar orzu qiladigan fazilat-o‘z she’rlarini yod o‘qish fazilatini ham ko‘rdim.
-To‘plamingiz chiqqanmi? –so‘radim undan.
— Endi chiqib qolsa kerak. Topshirganimga ancha bo‘lgandi.

Shafoatning so‘zlarini tinglarkanman , o‘ylardim: poytaxtda yashab, nashriyotma-nashriyot yugirib, o‘z so‘zi o‘tmasa, qaysi bir tanish-bilishlarini ishga solib kitob chiqaruvchilar ham bor. Oblastlardagi Shafoatga o‘xshash bir hafsala qilib, she’rlarini nashriyotga yuborib, 3-4 yil indamay javob kutib yuruvchi iste’dodli qalam sohiblari ham bor. Tvardovskiy aytganday, talantsizlar har teshikka suqilib bo‘lsa-da, o‘z yo‘lini topib ketishaveradi. Talantlilarga yordam berish kerak.

Men Yozuvchilar uyushmasining Surxondaryo oblast xodimi ,yozuvchi Mengziyo Safarovga Shafoatning she’rlaridan huzur qilganimni aytaman.
-Uning yutug‘i – xalqchilligida — deydi Mengziyo aka — Shafoat xalq dilidagini topib ayta biladi.

1980 yil 14 oktyabr “O‘zbekiston madaniyati”

Miraziz A’zam
SHAFOATNI O‘QIGANDA

c8497c4bf754101077ad4834134ced92.jpgMen Shafoat Rahmatullayev ijodini o‘n yidldan beri kuzatib kelaman.Uning she’rlari o‘ziining samimiyati, xalqchilligi, musiqiyligi bilan, hazil-mutoibalari bilan kishi diqqatini jalb qiladi.

Yana Shafoatni o‘qiganda uning ijodi ildizini ham yaqqol his qilib turish mumkin: unda Surxon vohasining dala-qirlari, takrorlanmas tabiatga ega bo‘lgan shahar va qishloqlari, tog‘lari, soylari va eng muhimi hayotsevar kayfiyatli sho‘x-xushchaqchaq yigit-qizlari manaman deb o‘zini ko‘z-ko‘z qilib turadi.

Qadimiy o‘zbek xalq ohanglari uning she’rlarida yangi tarovat bilan yangraydi. Uning mavzu ufqi ham tor emas: Vatan, hayot, tabiat, mehnat, kecha, bugun, kelajak-bularning birontasiga Shafoat muhabbatsiz, zavqsiz qaray olmaydi.

1981 yil 17 aprel.

Mahkam Mahmudov
SHAFOAT — GO‘ZAL DIYOR FARZANDI

DSCN0952.jpgShafoat — tulporlari chopganda “tuyog‘idan uchqun sachraydigan, dupurlari tog‘ xayolii qochiradigan, kishnashlari eshiklarni ochiradigan”, ”tosh devorlar, panjarali darvozalar” mehmonga quchoq ochadigan, ”nilufar gumbazlari osmon ichra bir osmon, buloq suvlari qizlarga kuzgu” bo‘lgan go‘zal diyor farzandi. Shuning uchun ham Shafoatning ilhomlanishi, serjilo va serohang she’rlar, qo‘shiqlar to‘qishi tabiiy. Uning she’rlarida “dunyo zangor kuyga shaylanib, g‘uncha ruboblanib, maysa naylanib, jala quyib, sokin soylar jo‘sh olib, ovloqlarda alvon gullar to‘shalib, yomg‘irning kokilday eshilishiga turnalar ovozi qo‘shilib, xumor gullar boda no‘sh qilib” turadi.

Shoir hayotning cheksiz ranglarnini va ohanglarini nozik his qiladi, ko‘zlar ”har kun,har soat ming turli tovlangan ranglar ohangini, milliard yillar kuylayotgan xilol qo‘shig‘ini” tinglaydi. U “qirmiz, yashil, zangori osmon shiftli zamin” ni o‘z uyim deb, shu yeru ko‘k og‘ushidagi hamma ranglarni o‘z kuyim deb biladi. Shafoatning “Janub shamoli” deb atalgan ilk to‘plami bizni ana shunday sehrli tabiat va ohanglar olamiga olib kiradi. To‘plamni o‘qishimiz bilan darrov shoirning sofdilligini, kamolotlilik olamini, tabiatga, butun borliqqa mehr-shafqat, muhabbat bilan qarashini, odamlarning ma’naviy olamidagi zarra-zarra duru gavharlarning qadriga yetishini, o‘zi ham latif va zarif, xushchaqchaq va xushahloq, ruhan boy inson ekanligini sezamiz.

Shafoat ona diyorining go‘zalliklarini maftunlik bilan, iftixor bilan kuylaydi. Uning rangin tashbehlarga, nozik hazil-mutoibaga, lirizmga boy she’rlarida yigitlarning tantiligi, sho‘xligiyu, qizlarning nozli va mayin, olovli nigohlari, yosh qalblarning otashin, ehtiroslari, hayajon, entikishlari, musaffo orzu, xayollari ravshan manzaralarda chiziladi.

Alpomish, Barchin, Go‘ro‘g‘liday shon-shavkatli qahramonlarni yetishtirgan diyorning farzandi bo‘lgani uchun ham Shafoat xalq og‘zaki ijodi daryolaridan to‘yib-to‘yib simirgan, uning she’rlarida ohangdorlik, o‘ynoqilik, joziba, xalq qo‘shiqlariga xos teranlik ravshan ko‘rinadi. Shuning uchun ham shoir muxlislarining qalbiga jiz etib tegadigan, xalqchil, purma’no so‘zlarni erkin ishlatadi.

Shafoatning gazeta, jurnallarda,”Yoshlik” va “Yoshlik bayozi” to‘plamlarida bosilgan she’rlarini adabiy tanqidchilik qizg‘in kutib olgan edi. “ Janib shamoli” to‘plami esa shoirning yetuklik pallasiga kirayotganini ko‘rsatib turibdi. Poeziyamizning kelgusidagi kamolotiga boshqa iste’dodlar qatorida Shafoat ham katta hissa qo‘shadi.

1981 yil 18 aprel.

Sirojiddin Sayyid
SHAM

Shafoat Rahmatullo Termiziyga

Mening muhabbbatim- tuprog‘imdadir,
Tuproq ko‘chmas bo‘lur, men ham ko‘chmayman.
Bir juft qaldirg‘ochim qarog‘imdadir,
Ular uchib yurar men-chi uchmayman.

Asli mushkil ishga men ko‘ngil qo‘ydim,
Umrimni goh xayol, goh tushga yo‘ydim.
So‘z ichra ko‘karib, so‘z ichra kuydim,
O‘zdan kechdim, lekin so‘zdan kechmayman.

Yoshlik o‘tdi ketdi — ul oppoq tulpor,
Undan qirlararo qolmish oq g‘ubor.
Yuzlaring lolaga o‘xshardi, ey yor,
Gulgun sharobingdan endi ichmayman.

Garchi xasdan baland, kasdan kamdirman,
Do‘stim senga yondosh quvonch, g‘amdirman.
Termiziy bobodan qolgan shamdirman,
Ming yil puflasang ham aslo o‘chmayman.

2003

Abdul Ahad
SHAFOAT RAHMATULLO

-Nechun siz yashaysiz poytaxtdan yiroq,
Nahot, istamaysiz shuhratu shonni?!
-Dilimga shu yerda tushgan ilk titroq,
Qanday tashlab ketay, inim, Surxonni.

-Poytaxtda Sizni davralar kutar,
Yuksak martabalar — bermang imkonni,
-Meni el shoir deb tan olsa yetar,
Qanday tashlab ketay, inim. Surxonni.

Shoirning qismati qiynalmoq, yonmoq,
Shoir poklamoqchi bo‘lar dunyoni.
U qayda bo‘lmasin vijdoni uyg‘oq,
Qanday tashlab ketay, inim, Surxonni.

2007

Shayx Abdol Mo‘min
QALANDAR

(U taqvolardan taqvoroq… Ustoz Shafoat Rahmatullo Termiziy haqida o‘ylaganimda, nuqul shunday fikr xayolimga kelaveradi. 25-30 yillik tanish-bilishligimiz davomida hech kimdan u haqda salbiy fikr eshitmadim. Aziz og‘am, mehribon ustozim bilan faxrlanaman. Shu satrlarni unga cheksiz ehtirom bilan bag‘ishlayman.)

Ey, darvesh do‘st, devona do‘st — kamina,
Sen bu dunyo qimmatisan, qalandar!
Olam ichra odam gultoj zaminga,
Haq tajalli, himmatisan , qalandar.

Nafsing tortmas dunyolig‘ — mol qayg‘usi,
Ishing xayr, savob-a’mol qayg‘usi,
Komilga yo‘q ammo zavol qayg‘usi,
Foniy dunyo hikmatisan qalandar.

Tavhid bilan holda”anal-haq” deding,
O‘lmas o‘di yeya, hirqa — shol kiyding.
Odat senga ko‘ngil ovi, qalb-sayding,
Xo‘p ingratib bor badni sen, qalandar.

Xumorisan, savmu salot kayf senga,
Ham xayrda sustlik go‘yo ayb — senga.
Ta’lim bergan ustod xotib — G‘ayb senga,
Do‘sti aziz – Ahmadisan, qalandar.

Hamdardliging cheksiz, mushfiq, muxlisga,
Boring armon ul hasadgo‘y, muflisga.
Yomonlikka timsol bo‘lgan iblisga
Yaxshilikning haybatisan, qalandar.

Chaman ichra — gulsan, bulbul — bog‘larda,
Ummonda dur desam, ganjsan tog‘larda.
Og‘ir hangom, tugal ajib chog‘larda
Haqning bizga rahmatisan, qalandar.

Ko‘ngil istar huzuringni davommi,
Umring sharhlar odam haqda savolni,
Dunyo — foniy, ayla majlis davomli,
Kel, qurna, mo‘l suhbatni sen, qalandar.

Sado bir-la sol chashmimni uyg‘og‘a,
Zikr tushgil, do‘nib shamga — ziyoga.
Qora kunning rangi do‘nsin riyoga,
Kel, ko‘ngillar xushvaqtisan, qalandar.

Ikki dunyo darajaga loyiqsan,
Vahdad mayi mast aylagan oyiqsan,
Kel, boshimga toj aylasam loyiqsan,
Insning ulyo-rif’atisan, qalandar

Bu biri kam dunyo mudom kam bila,
Sen ruhlarning tabibi -dard em bila.
Yovmil-hashr jumla bo‘lsa jam- bila,
Sakkiz behisht hurmatisan, qalandar.

Qismat degan go‘zal falak beqaror,
Ko‘z — guzallik istar, ko‘ngil cho‘h qaror.
Shayx, bu dunyo tinchimayin — barqaror,
Ayt, sen nening tuhmatisan, qalandar?!!

2003

Shodmonqul Salom
SHOIR BISOTIDA YASHAYDI XALQI…
( Shogird ehtiromi )

DSCN0963.jpg

Ko‘rsat bisotingda yana nima bor,
Tunlar meni shunday qiladi so‘roq.
Bu qanday rohatdir, ayt parvardigor,
Qachon poyoniga yetar bu qiynoq.

Oltmish yilcha bo‘ldi mana shu ahvol,
Savollar shamshirdek tilar bag‘rimni.
Yillar bo‘roniga qilmasdan uvol.
Avaylab yuribman shunday dardimni.

O‘rtanib yuribman shunday bir g‘amda,
She’r haqqi, shu g‘amga kilgum ibodat.
Oltmish yildan beri yoqilgan shamda,
Tunlar Navoiyni qildim tilovat.

So‘ng xayol xuruji…xayollar bebosh,
Tortqilar xotira vodiylariga.
Qaytganda ko‘zlari bo‘lar jiqqa yosh,
U mag‘lub haqiqat g‘oziylariga.

Ko‘rsat bisotingda yana nima bor,
Yana savol tig‘i oyoqqa qalqar.
Shoirlar- dunyoda eng muqim tojdor,
Shoir bisotida yashaydi xalqi.

Qalbimni yoritar oltmish yillik sham,
Unga parvonadek tuyg‘ular dilgir.
Xalqning bisotiga aylanmasam ham,
Mening bisotimda yashaydi xalqim.

Bildim bisotimda endi nima bor,
Oxir adog‘iga yetar bu so‘roq.
Boshimda bo‘ladi Hayrat-ul abror,
Poyimda Termiziy tug‘ilgan tuproq.

2003

B O R

Ustoz Shafoat Rahmatullo Termiziyga

Qarang shoir,ko‘kda qancha yulduzlar bor,
Yoniqlari, yoriqlari, yolg‘izlar bor
Yuragimda tig‘day zanglab borar bir so‘z,
Mabodalar,ehtimollar hanuzlar bor.

Kechmish nadir? Bahor kuzning uvolimi,
Shoir dilin og‘riqlari savolimi.
Yo har yurak bir Payg‘ambar orolimi,
Xongullar bor, yo‘lbarslar bor, andizlar bor.

Kimdir aytar, bir sayyohni ko‘rgan ekan,
O‘ttiz yilki, sayyoh yo‘lda yurgan ekan,
To‘qson to‘qqiz mamlakatni ko‘rgan ekan,
Kim sayyoh der, kim sayoq der, ko‘p so‘zlar bor.

Kechmish nadir bahoru kuz taloshimi,
Eski qo‘rga yangi olov qalashimi,
Shoir so‘zi iztirobning adashimi,
Men bilmayman nozimlar bor, voizlar bor.

Roviy demish: Daryoni dard yuvar emish,
Dardni esa daryo dillar quvar emish.
Bo‘lgani shu.Barisi jo — olam kengish,
Qarang unda kechalar bor,kunduzlar bor.

Bu bir xayol. Xayolimda xayol sursam.
Bobotog‘dan Boysun toqqa ko‘prik qursam.
Shul ko‘prikda shoirlarday erkin yursam,
Va ko‘rsamki, Termizlar bor, Termizlar bor.

2006

Sirojiddin Ibrohim
BAG‘ISHLOV

Shafoat Rahmatullo Termiziyga

Sohir qalb sohibi,Termiziy izi,
Ezgulik nurlari yog‘ar yuzidan.
Surxonda she’riyat sarboni o‘zi,
Ko‘p o‘git uqasiz aytgan so‘zidan.
Oddiylik xislatin etgandir odat,
“Ko‘rinmay gullagan” shoir Shafoat.

She’riyat dardida tunlari bedor,
Ilhom parilari oladi o‘rab.
Bu kun boshlariga yog‘di kumush qor,
Hamon borayapti shirin dard so‘rab.
Dardga qo‘shilmoqni qilgandir odat,
“Ko‘rinmay gullagan” shoir Shafoat.

So‘zlarni dardiga etadir malham,
Yana shu so‘z bilan orttiradi g‘am.
Dillarga o‘t solar she’rlari bilan,
Qo‘lida Hayyomdan meros bir qalam.
Yonib yashamoqni qilgandir odat,
“Ko‘rinmay gullagan” shoir Shafoat.

She’riyat bog‘ining alp chinoriga,
Azizlar dilimda ehtirom bisyor.
She’r bitsin hamisha o‘zbek sha’niga,
Yaratganning o‘zi doim bo‘lsin yor.
Dunyodan topgani bo‘lsin saodat,
“Ko‘rinmay gulladi” shoir Shafoat.

2010

Shafoat Rahmatullayev. Umid ostonasi

034

(Tashriflar: umumiy 768, bugungi 1)

Izoh qoldiring