Shafoat Rahmatullo Termiziy. To’rtliklar & Axtamquli. Ko’rinmay gullagan shoir

Ashampoo_Snap_2017.04.22_22h36m38s_003_.pngШоир Шафоат Раҳматулло Термизий таваллудининг 75 йиллиги олдидан

   Дунёда шоир ҳам, шеър ҳам кўп экан…Ҳали қоғозининг сиёҳи қуримай, боши бирикмаган тўрт сатрни шеър деб юрганлар қанча… Сурхон воҳасининг дашту далаларида униб ўсган, сатрлари Боботоғнинг ҳуркак оҳулари янглиғ беғубор, ҳар бир қадамини ийманибгина қўядиган шоир Шафоат Раҳматулло Термизийдан бу борада сабоқ олсак арзийди.

Сирожиддин Иброҳим
БАҒИШЛОВ
001

Шафоат Раҳматулло Термизийга

Соҳир қалб соҳиби,Термизий изи,
Эзгулик нурлари ёғар юзидан.
Сурхонда шеърият сарбони ўзи,
Кўп ўгит уқасиз айтган сўзидан.
Оддийлик хислатин этгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.

Шеърият дардида тунлари бедор,
Илҳом парилари олади ўраб.
Бу кун бошларига ёғди кумуш қор,
Ҳамон бораяпти ширин дард сўраб.
Дардга қўшилмоқни қилгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.

Сўзларни дардига этадир малҳам,
Яна шу сўз билан орттиради ғам.
Дилларга ўт солар шеърлари билан,
Қўлида Ҳайёмдан мерос бир қалам.
Ёниб яшамоқни қилгандир одат,
“Кўринмай гуллаган” шоир Шафоат.

Шеърият боғининг алп чинорига,
Азизлар дилимда эҳтиром бисёр.
Шеър битсин ҳамиша ўзбек шаънига,
Яратганнинг ўзи доим бўлсин ёр.
Дунёдан топгани бўлсин саодат,
“Кўринмай гуллади” шоир Шафоат.

2010

КЎРИНМАЙ ГУЛЛАГАН ШОИР
Ахтамқули
001

DSCN0963.jpgДунёда шоир ҳам, шеър ҳам кўп экан…
Ҳали қоғозининг сиёҳи қуримай, боши бирикмаган тўрт сатрни шеър деб юрганлар қанча…

Сурхон воҳасининг дашту далаларида униб ўсган, сатрлари Боботоғнинг ҳуркак оҳулари янглиғ беғубор, ҳар бир қадамини ийманибгина қўядиган шоир Шафоат Раҳматулло Термизийдан бу борада сабоқ олсак арзийди.

Шеъриятдан сўз очсангиз, ёш болалар каби завқланиб кетадиган шоирнинг теран сатрлари ҳисобсиз қалбларни унсизгина забт этгани бизга сир эмас. У ҳар бир сўзни етти ўлчаб бир кесади:

Шоир ўтди. Ҳа, ўтди-я, шоир ўтди…

Мана шу биргина сатрда баданимизни жимирлатадиган мунгли оҳанг ўтган кунларимизни кўз ўнгимизда чархдек ўгиради.

Даҳшатли товуш-ла гулдур чалди занг,
Камалак ёй тортди бош узра таранг!
Кимга шу дам ажал ўқи ёпишди,
Бизлар ҳам нишонда турибмиз, қаранг…

Мисралар ўзининг залвори, таровати билан кишини маҳлиё этади. Шеър ёзилмайди, балки мусаввирона чизилади. Шунинг учун бўлса керак, шеърни ўқиганимизда гўзал манзаралар бизни ўз оғушига чорлайверади.

Кўринмай гулладим тутнинг гулидай,
Тутдай пишарим ҳам келар-келмас май…

Биламизки, саноқли дарахтларгина кўринмай гуллайди. Уларнинг меваси бошқа дарахт меваларидан тотлилиги билан фарқ қилади. Шоир сатрларининг залвори ҳам ана шунда бўлса керак. Тутнинг май ойида пишиб, болалар ва қушларнинг овунчоғига айланишини билган шоир Май келишига ҳали вақт борлигини таъкидлаётгандек.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг Шафоат Раҳматулло Термизийга атаб ёзган шеърида шундай сатрлар бор:

Гарчи хасдан баланд, касдан камдирман,
Дўстим, сенга ёндош қувонч, ғамдирман,
Термизий бободан қолган шамдирман,
Минг йил пуфласанг ҳам, асло ўчмайман…

Биз у шамнинг милтирабгина дилларни ёритишига тилакдошмиз.

Шафоат Раҳматулло Термизий
«КЎРИНМАЙ ГУЛЛАДИМ» КИТОБИДАН
ТЎРТЛИКЛАР
001

Шафоат Раҳматулло Термизий (Шафоат Раҳматуллаев) 1942 йил 10 майда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Оккўрғон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган (1965). «Жануб шамоли» (1981), «Умид остонаси» (1988), «Гулоб» (1992), «Озод сўз» (2003, Сайланма), “Кўринмай гулладим”, “Умид остонаси», “Шоҳ ва шоир” китоблари нашр этилган. «Мусиқа услубиёти», «Мусиқа алифбоси» (1991—92), «Бошланғич мусиқа таълими» (2003) каби рисолалар ҳам ёзган. «Шуҳрат» медали (1998) ҳамда «Эл-юрт ҳурмати» (2003) ордени билан тақдирланган.
Шафоат Раҳматулло Термизий 2016 йил 27 март куни вафот этди.

03

ДАЪВО

Лолалар Лайли- ю Шириннинг лаби,
Елларнинг шивири Хайёмнинг гапи.
Бир сиқим тупроққа даъво қилади,
«Бу менинг хоким» деб минг шоҳ, минг наби.

БИЛМАЙДИ

Ғам-андуҳ даштини бола билмайди,
Эҳтирос шаштини бола билмайди.
Катгалар қўмсайди болалигини,
Болалик гаштини бола билмайди.

БИЛАМАН

Шодон онларимда биламан мудом,
Кимлардир қайларда чекишини ғам.
Биламан ғам юки қалбим эзган дам,
Шодмондир қайларда қанчалар одам.

ҲУКМ

Сиртимга қараб сиз чиқарманг ҳукм,
Билмасдан дилимда нималар ҳоким.
Даврада вақт деган бир донишманд бор,
У ҳали айтади сиз киму мен ким.

ПИЁЛА

Чой ичиб ўтирсам келди бир нола,
«Ол, мени шаробга тўлдир, эй бола»
Чою мой бирмасми десам ул деди:
«Мен Хайём хокидан бўлган пиёла”

БЕДОРЛИК

Тун  қўйнида ўлкам қишлоқ, шаҳари,
Ойна- кўзлар порлар, уйғоқ уй бари.
Шу чоқ юлдузларга боқсам кўнглим дер:
«Улар олам уйин деразалари».

СИР
Данакнинг мағизи аччиқми, ширин,
Чақмасанг қаёқдан биласан сирин.
Пинҳон жумбоқлар-ку ҳадсиз оламда,
Ҳар ошкор ичида бир сир яширин.

БУ ЁШЛИК ДУНЁСИН

Қалб кўзгум ёр аксин этмишди пайдо,
Мен шайдо бўлсам у ўзгага шайдо.
Бу ёшлик дунёсин Колумби мен ҳам,
Менинг ул муҳаббат қитъайим қайда?

ШИША

Майи тугагунча эъзозли шиша,
Бўшагач беқадр шиша ҳамиша.
Мен-ку ачинмайман май заволига,
Ичгувчи тушмасин шиша ҳолига.

ЮК

Нодонлар гердаяр хода ютгандек,
Донолар юришар доим бош эгик.
Кифтига бир хил юк қўйса-ку даврон
Нодон синиб кетар, доно қолар тик.

ПАЛАХМОН

Бир палахмон экан бу олам ипсиз,
Унинг тоши экан ер-у  осмон, биз.
Ҳаёт омонатдир тошнинг устида,
Биз яна минг қалтис ўйин қиламиз.

ИЧАМИЗ

Ғамдан ё ёр бўлса зафар ичамиз,
«Соғлиққа» деб доим заҳар ичамиз.
Хушёрлик мақсадга яқин қилади,
Мастлик унинг акси, зарар ичамиз.

МУҚАДДАС

Ўтаётган кунлар, ойлар муқаддас,
Одамлар, кулгу, чиройлар муқаддас.
Олис сафарларга талпинмас кўнглим,
Болалигим ўтган жойлар муқаддас.

МАҚТОВ

Мансабга минганни мақгов оздирар,
Сўнг у ўз шаънига мақтов ёздирар.
Мақтов қули билмас у учун бир кун,
Мақтов мақтовчига қабр қаздирар.

ОЛАМ ҲАМ

Қай кунки яратган одамни олам,
Олам деб ном қўйган сўнг унга одам.
Одамнику одам қилган онани
Арзийди деса гар олам ҳам онам.

МАЙСА

Биров тиклаб тетапоя этади,
Биров оёғингдан чалиб кетади.
Босилган майса ё қаддин тиклайди,
Ёки тупроқда хор қолиб кетади.

АФАНДИ ВА ПОДШО

Афандига бир кун мақганди подшо:
«Ҳеч қандай камим йўқ, ҳамма нарсам бут».
У деди: «Тақсирим сўзлари хато  —
Йўқ-ку ўзларига аталган тобут.»

МАКР

Ўтинчим кетмади бугун зоега,
Бир бўса берди ёр мен фидойига.
Сўнг у бу ишидан пушаймон бўлгач,
Дедим «қўяйинми қайтиб жойига?»

ОНА

Қўлингда оқ йўргак шод кўтарибсан,
Шу йўргак ичра ҳаёт кўтарибсан.
Тунов кун ўзинг ҳам йўргакда эдинг,
Бугун она деган от кўтарибсан.

КЕКСАЛИК

Сочим занжирида, ажабо, оқ занг,
Кўз демиш кўзгумда артилмас чанг.
Вақт деган эговдан тирналган юзим,
Чархланган ақлимнинг тиғига қаранг.

НОКАС

Ҳар ахлоқ маддоҳи ахлоқли эмас,
Одам бор сўзидан иши юз бор паст.
Иффат даргоҳини булғатиб кетар,
Сўз ниқобин кийиб юрган бир нокас.

МУВАЗАНАТ

Оқимда шиддату қирғоқда бардош,
Оҳуси ҳуркагу тоғ ўзи ювош.
Туганмас қўшиғин тўхтатмас ҳеч сув,
Бузмайди абадий сукутини тош.

ШЕЪР

Гоҳ шеърлар ўқиймиз ўнлаб, юзталаб,
Сўзларнинг қумтоши қўйилган қалаб.
Ақл тешаси-ла титкилаб барин,
Ичидан топмаймиз бирорта садаф.

КИМ САХИЙ

Шаҳримнинг гўзали келса ёнимга,
Ҳофиздек васлига муштоқ онимда.
Шаҳар бермам-ку лек Ой ва Кун демиш,
Жуфт сариқ чақам бор бу ҳамёнимда.

НЕДИР КАМ

Ер менинг тўшагим, шу олам кулбам,
Кулбамга шам эрур Ой ҳам, Қуёш ҳам.
Шу улкан даргоҳнинг эгасиману
Ҳаётимда ҳар кун яна недир кам.

СУИҚАСД

Шодлик мансабидан тушмам сира паст,
Қувноқлик унвонин йўқотмам бир пас.
Шу мавқсиз мавқем ҳам кўролмай нечов
Кўнгил султонимга қилар суиқасд.

АДАШДИМ

Умр шошар поён сарига,
Бултургидан бу йил паст шаштим.
Лекин ҳаёт сўқмоқларида
Бултургидан камроқ адашдим.

БЕКАТДА

Бекатда турарди бир мункайган чол,
Забун аҳволига боқар бир қиз лол.
Чол ўктам ёшлигин ўйларди шу дам,
Қиз кампир бўлишин қиларди хаёл.

ТЎЛҒОҚ

Сукутинг тавсифин айт, Помир тоғи,
Сен ҳам нотинчлигинг Сурхон ирмоғи.
Тоғ айтур: «Сукутим шоир ўйидай»,
Дарё дер: «Ташвишим — ижод тўлғоғи.»

КЎПРИК

Ўтмишга саёҳат қилайин десам,
Асрлар йўлимда бир дарё йирик.
Олис қирғоқдан дер ўтган боболар,
«Шоҳизиндаларни қилиб ўт кўприк.»

УЧҚУН

Назм осмонида ким юлдуз, ким кун,
Дилимга улардан тушган бир учқун.
Уриниб ётаман шу учқун билан
Мен ўзга дилларга ўт бермоқ учун.

КУЙ

Ҳаёт рубоб, ҳамма чолғучи,
Ҳар ким ўз куйини чалади.
Кимнинг куйи бир лаҳзаликдир,
Кимнинг куйи мангу қолади.

СУД

Бир ёнда гоҳ узоқ айласа сукут,
Қоғоз, қалам беру жим ҳукмини кут.
Шоирнинг сукутин ғам деб ўйлама,
Гуноҳкор ҳисларин қилмоқда у суд.

ТУҒИЛИШ

Парда орқасида кутар тонг — ўғлон.
Осмоной тўлғоқда, этаклари қон.
Бўлғуси гўдакни кундуз деб номлаб,
Замин йўргагида эъзозлар инсон.

СЎНГСИЗЛИК

Қуёш сўнгсиз ёниб очилувчи гул,
Юрак бир маромда куйловчи булбул.
Хаёт эса сўнгсиз мусиқа эрур,
Фалак чархи эса сўнгсиз бир усул.

ВАСИЯТ

Мени бор, йўқ этар, эй арзи- само,
Ўлсам бир истагим эт менинг бажо.
Турналар ўтар пайт қабрим қопқасин
Очиб, бир зум тинглат илоҳий садо.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Безовта бир руҳман, на бир қўним бор,
На эшикли ҳовли, на зар тўним бор.
Бошимда ғамгузор шеъри муштипар,
Тўрт нораста илинж-ҳумоюним бор.

АБУ ИСО ТЕРМИЗИЙДАН ПАЙҒОМ

Эй ҳақир, ҳақиқат отанг бўлажак,
Эй муслим, зуриёдинг Хотам бўлажак.
Эй мўмин, сен ҳамон ман-манга муҳтож.
Эй золим, шавкатинг мотам бўлажак.

АҲМАД ЯССАВИЙДАН ПАЙҒОМ

Тоатдан воз кечиб, банги бўлдинг сен,
Ҳаёдан воз кечиб, ҳанги бўлдинг сен.
Ўтмишдан воз кечиб, янги бўлдинг сен,
Ва бори улуснинг чанги бўлдинг сен.

НАВОИЙДАН ПАЙҒОМ

Энди яхшиларни отиб тугатма,
Мулку меросингни сотиб тугатма.
Аждодлар пок тутган шон, ғурурингни
Ёлғонлар остида ётиб тугатма.

АФАНДИДАН ПАЙҒОМ

Мафия онаси — ёлғон мафкура,
Отаси — давомли қарсак ва ура.
Унинг ўзи мансаб чорбозорчиси —
Жаноб ўлмас шайтон — номенклатура.

КЎРСАТДИНГ

Олтин бешик десам, тобут кўрсатдинг.
Хотирам, орзумни нобут кўрсатдинг.
”Изм-изм»лар-ла иймонимни еб,
На ислом кўрсатдинг, на бут кўрсатдинг.

ЎТДИМ

Навомни йўқотиб нон сўраб ўтдим,
Давримни йўқотиб он сўраб ўтдим.
Иймоним бўғзида қатл пичоғи,
Ўзлигим йўқотиб жон сўраб ўтдим.

ИТ

Бу ит вужудида уйқу қишлайди,
Ташландиқ суяк-чун умри ишлайди.
Қачонки уйғонса ёт «ол, киш»лайди,
Нечунким, бу ит ўз думин тишлайди.

.
ҚАБР ТОШГА БИТИК

Она ер бағримда, онам шу ерда,
Оламда ёлғиз бир донам шу ерда.
Менга ҳаёт берган аввал-охирим,
Бош уриб келар бош панам шу ерда.

ШАЙТОН

Сенинг кирдикоринг биламиз, шайтон,
Шайтон деб биз бирга куламиз, шайтон.
Гоҳ-гоҳ сенга мурид нотавон бўлиб,
Айтган амалингни қиламиз, шайтон.

СЕНСИЗ

Сенсиз кўп умримни яшаб қўйдим мен,
Сенсиз томир отдим, насаб қўйдим мен.
Сенсиз тобутларга қанча тол кесдим,
Сенсиз кўп бешиклар ясаб қўйдим мен.

ТУЗАТАДИ…

Руҳимиз чолғую шеър тузатади,
Жисмимиз Луқмону зўр тузатади.
Нафс деган дардимиз кўп оғир, уни,
Худо бандам деса, гўр тузатади.

СИЗ

Ҳусн мезонида сон — сиз, сифат- сиз,
Ҳурлар орасида як кас- офатсиз.
Сиз кирган кеча ва кўча бағридан
Бир шивир келади: «танҳо иффат — сиз.»

ШУ ҚИЗНИНГ

Шу қизнинг лабидай чечак истайман,
Шу қиз сийнасидай печак истайман.
Ой юзли шу дилбар ёнимда бўлса,
Сочларидай узун кеча истайман.

АЛЬБОМИНГГА

Қолсин альбомингнинг варақдарида
Ёшлик баҳорининг чиройи, иси.
Қариган чоғида ойнадан кўра,
Альбомга кўпроқ боқармиш киши.

ДЕЙДИ

Тур, ишла, дейди тонг, дам ол дейди шом,
Кечалар дейди биз — висол ва ором.
Қўлга олсам майнинг мавж тили билан,
Ғафлатнинг қизи-ла ўйна, дейди жом.

ҚАЛБИМДЕК ХУДДИ

Дил — ҳавом бузмаса баднафслар дуди,
Бўлмасди ҳар куним завқин ҳудуди.
Фарёдким, чексиздек Ер иқлими ҳам,
Шу нафс чиқитидан қалбимдек худди.

ҚИЗ

Камолатин ибо барги тўса берар,
Тўсса яна кўзга яқин ўса берар.
Борлиғин бахш этиб суюк бир боғбонга,
Охир ҳосилучим деб бол бўса берар.

Яна шу мавзуда ўқишингиз мумкин:
Шафоат Раҳматуллоҳ Термизийга бағишлов.

Лойиқ Шерали. Рубоийлар. Шафоат Раҳматулло Термизий таржимаси
Шафоат Раҳматулло Термизий ҳақида уч мақола.
Шафоат Раҳматулло Термизий. Ватан ҳақида монолог & Эшқобил Шукур. Ўз юртига ўхшаган шоир
Шафоат Раҳматулло Термизий. Дўмбира менинг илк устозим & Шеърлар.
Леонардо да Винчи. Ҳикоятлар. Шафоат Раҳматулло Термизий таржимаси

03KO’RINMAY GULLAGAN SHOIR
Axtamquli
001

b2c04704c74b0668b33873ec283a7bb8.jpgDunyoda shoir ham, she’r ham ko’p ekan…
Hali qog’ozining siyohi qurimay, boshi birikmagan to’rt satrni she’r deb yurganlar qancha…

Surxon vohasining dashtu dalalarida unib o’sgan, satrlari Bobotog’ning hurkak ohulari yanglig’ beg’ubor, har bir qadamini iymanibgina qo’yadigan shoir Shafoat Rahmatullo Termiziydan bu borada saboq olsak arziydi.

She’riyatdan so’z ochsangiz, yosh bolalar kabi zavqlanib ketadigan shoirning teran satrlari hisobsiz qalblarni unsizgina zabt etgani bizga sir emas. U har bir so’zni yetti o’lchab bir kesadi:

Shoir o’tdi. Ha, o’tdi-ya, shoir o’tdi…

Mana shu birgina satrda badanimizni jimirlatadigan mungli ohang o’tgan kunlarimizni ko’z o’ngimizda charxdek o’giradi.

Dahshatli tovush-la guldur chaldi zang,
Kamalak yoy tortdi bosh uzra tarang!
Kimga shu dam ajal o’qi yopishdi,
Bizlar ham nishonda turibmiz, qarang…

Misralar o’zining zalvori, tarovati bilan kishini mahliyo etadi. She’r yozilmaydi, balki musavvirona chiziladi. Shuning uchun bo’lsa kerak, she’rni o’qiganimizda go’zal manzaralar bizni o’z og’ushiga chorlayveradi.

Ko’rinmay gulladim tutning guliday,
Tutday pisharim ham kelar-kelmas may…

Bilamizki, sanoqli daraxtlargina ko’rinmay gullaydi. Ularning mevasi boshqa daraxt mevalaridan totliligi bilan farq qiladi. Shoir satrlarining zalvori ham ana shunda bo’lsa kerak. Tutning may oyida pishib, bolalar va qushlarning ovunchog’iga aylanishini bilgan shoir May kelishiga hali vaqt borligini ta’kidlayotgandek.

O’zbekiston xalq shoiri Sirojiddin Sayyidning Shafoat Rahmatullo Termiziyga atab yozgan she’rida shunday satrlar bor:

Garchi xasdan baland, kasdan kamdirman,
Do’stim, senga yondosh quvonch, g’amdirman,
Termiziy bobodan qolgan shamdirman,
Ming yil puflasang ham, aslo o’chmayman…

Biz u shamning miltirabgina dillarni yoritishiga tilakdoshmiz.

Sirojiddin Ibrohim
BAG‘ISHLOV

Shafoat Rahmatullo Termiziyga

Sohir qalb sohibi,Termiziy izi,
Ezgulik nurlari yog‘ar yuzidan.
Surxonda she’riyat sarboni o‘zi,
Ko‘p o‘git uqasiz aytgan so‘zidan.
Oddiylik xislatin etgandir odat,
“Ko‘rinmay gullagan” shoir Shafoat.

She’riyat dardida tunlari bedor,
Ilhom parilari oladi o‘rab.
Bu kun boshlariga yog‘di kumush qor,
Hamon borayapti shirin dard so‘rab.
Dardga qo‘shilmoqni qilgandir odat,
“Ko‘rinmay gullagan” shoir Shafoat.

So‘zlarni dardiga etadir malham,
Yana shu so‘z bilan orttiradi g‘am.
Dillarga o‘t solar she’rlari bilan,
Qo‘lida Hayyomdan meros bir qalam.
Yonib yashamoqni qilgandir odat,
“Ko‘rinmay gullagan” shoir Shafoat.

She’riyat bog‘ining alp chinoriga,
Azizlar dilimda ehtirom bisyor.
She’r bitsin hamisha o‘zbek sha’niga,
Yaratganning o‘zi doim bo‘lsin yor.
Dunyodan topgani bo‘lsin saodat,
“Ko‘rinmay gulladi” shoir Shafoat.

2010

Shafoat Rahmatullo Termiziy
«KO’RINMAY GULLADIM» KITOBIDAN
To’rtliklar
001

Shafoat Rahmatullo Termiziy (Shafoat Rahmatullaev) 1942 yil 10 mayda Surxondaryo viloyatining Sherobod tumanidagi Okko’rg’on qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat konservatoriyasini tamomlagan (1965). «Janub shamoli» (1981), «Umid ostonasi» (1988), «Gulob» (1992), «Ozod so’z» (2003, Saylanma), “Ko’rinmay gulladim”, “Umid ostonasi», “Shoh va shoir” kitoblari nashr etilgan. «Musiqa uslubiyoti», «Musiqa alifbosi» (1991—92), «Boshlang’ich musiqa ta’limi» (2003) kabi risolalar ham yozgan. «Shuhrat» medali (1998) hamda «El-yurt hurmati» (2003) ordeni bilan taqdirlangan.
Shafoat Rahmatullo Termiziy 2016 yil 27 mart kuni vafot etdi.

03

DA’VO

Lolalar Layli- yu Shirinning labi,
Yellarning shiviri Xayyomning gapi.
Bir siqim tuproqqa da’vo qiladi,
«Bu mening xokim» deb ming shoh, ming nabi.

BILMAYDI

G’am-anduh dashtini bola bilmaydi,
Ehtiros shashtini bola bilmaydi.
Katgalar qo’msaydi bolaligini,
Bolalik gashtini bola bilmaydi.

BILAMAN

Shodon onlarimda bilaman mudom,
Kimlardir qaylarda chekishini g’am.
Bilaman g’am yuki qalbim ezgan dam,
Shodmondir qaylarda qanchalar odam.

HUKM

Sirtimga qarab siz chiqarmang hukm,
Bilmasdan dilimda nimalar hokim.
Davrada vaqt degan bir donishmand bor,
U hali aytadi siz kimu men kim.

PIYOLA

Choy ichib o’tirsam keldi bir nola,
«Ol, meni sharobga to’ldir, ey bola»
Choyu moy birmasmi desam ul dedi:
«Men Xayyom xokidan bo’lgan piyola”

BEDORLIK

Tun qo’ynida o’lkam qishloq, shahari,
Oyna- ko’zlar porlar, uyg’oq uy bari.
Shu choq yulduzlarga boqsam ko’nglim der:
«Ular olam uyin derazalari».

SIR
Danakning mag’izi achchiqmi, shirin,
Chaqmasang qayoqdan bilasan sirin.
Pinhon jumboqlar-ku hadsiz olamda,
Har oshkor ichida bir sir yashirin.

BU YOSHLIK DUNYOSIN

Qalb ko’zgum yor aksin etmishdi paydo,
Men shaydo bo’lsam u o’zgaga shaydo.
Bu yoshlik dunyosin Kolumbi men ham,
Mening ul muhabbat qit’ayim qayda?

SHISHA

Mayi tugaguncha e’zozli shisha,
Bo’shagach beqadr shisha hamisha.
Men-ku achinmayman may zavoliga,
Ichguvchi tushmasin shisha holiga.

YUK

Nodonlar gerdayar xoda yutgandek,
Donolar yurishar doim bosh egik.
Kiftiga bir xil yuk qo’ysa-ku davron
Nodon sinib ketar, dono qolar tik.

PALAXMON

Bir palaxmon ekan bu olam ipsiz,
Uning toshi ekan yer-u osmon, biz.
Hayot omonatdir toshning ustida,
Biz yana ming qaltis o’yin qilamiz.

ICHAMIZ

G’amdan yo yor bo’lsa zafar ichamiz,
«Sog’liqqa» deb doim zahar ichamiz.
Xushyorlik maqsadga yaqin qiladi,
Mastlik uning aksi, zarar ichamiz.

MUQADDAS

O’tayotgan kunlar, oylar muqaddas,
Odamlar, kulgu, chiroylar muqaddas.
Olis safarlarga talpinmas ko’nglim,
Bolaligim o’tgan joylar muqaddas.

MAQTOV

Mansabga minganni maqgov ozdirar,
So’ng u o’z sha’niga maqtov yozdirar.
Maqtov quli bilmas u uchun bir kun,
Maqtov maqtovchiga qabr qazdirar.

OLAM HAM

Qay kunki yaratgan odamni olam,
Olam deb nom qo’ygan so’ng unga odam.
Odamniku odam qilgan onani
Arziydi desa gar olam ham onam.

MAYSA

Birov tiklab tetapoya etadi,
Birov oyog’ingdan chalib ketadi.
Bosilgan maysa yo qaddin tiklaydi,
Yoki tuproqda xor qolib ketadi.

AFANDI VA PODSHO

Afandiga bir kun maqgandi podsho:
«Hech qanday kamim yo’q, hamma narsam but».
U dedi: «Taqsirim so’zlari xato —
Yo’q-ku o’zlariga atalgan tobut.»

MAKR

O’tinchim ketmadi bugun zoega,
Bir bo’sa berdi yor men fidoyiga.
So’ng u bu ishidan pushaymon bo’lgach,
Dedim «qo’yayinmi qaytib joyiga?»

ONA

Qo’lingda oq yo’rgak shod ko’taribsan,
Shu yo’rgak ichra hayot ko’taribsan.
Tunov kun o’zing ham yo’rgakda eding,
Bugun ona degan ot ko’taribsan.

KEKSALIK

Sochim zanjirida, ajabo, oq zang,
Ko’z demish ko’zgumda artilmas chang.
Vaqt degan egovdan tirnalgan yuzim,
Charxlangan aqlimning tig’iga qarang.

NOKAS

Har axloq maddohi axloqli emas,
Odam bor so’zidan ishi yuz bor past.
Iffat dargohini bulg’atib ketar,
So’z niqobin kiyib yurgan bir nokas.

MUVAZANAT

Oqimda shiddatu qirg’oqda bardosh,
Ohusi hurkagu tog’ o’zi yuvosh.
Tuganmas qo’shig’in to’xtatmas hech suv,
Buzmaydi abadiy sukutini tosh.

SHE’R

Goh she’rlar o’qiymiz o’nlab, yuztalab,
So’zlarning qumtoshi qo’yilgan qalab.
Aql teshasi-la titkilab barin,
Ichidan topmaymiz birorta sadaf.

KIM SAXIY

Shahrimning go’zali kelsa yonimga,
Hofizdek vasliga mushtoq onimda.
Shahar bermam-ku lek Oy va Kun demish,
Juft sariq chaqam bor bu hamyonimda.

NEDIR KAM

Yer mening to’shagim, shu olam kulbam,
Kulbamga sham erur Oy ham, Quyosh ham.
Shu ulkan dargohning egasimanu
Hayotimda har kun yana nedir kam.

SUIQASD

Shodlik mansabidan tushmam sira past,
Quvnoqlik unvonin yo’qotmam bir pas.
Shu mavqsiz mavqem ham ko’rolmay nechov
Ko’ngil sultonimga qilar suiqasd.

ADASHDIM

Umr shoshar poyon sariga,
Bulturgidan bu yil past shashtim.
Lekin hayot so’qmoqlarida
Bulturgidan kamroq adashdim.

BEKATDA

Bekatda turardi bir munkaygan chol,
Zabun ahvoliga boqar bir qiz lol.
Chol o’ktam yoshligin o’ylardi shu dam,
Qiz kampir bo’lishin qilardi xayol.

TO’LG’OQ

Sukuting tavsifin ayt, Pomir tog’i,
Sen ham notinchliging Surxon irmog’i.
Tog’ aytur: «Sukutim shoir o’yiday»,
Daryo der: «Tashvishim — ijod to’lg’og’i.»

KO’PRIK

O’tmishga sayohat qilayin desam,
Asrlar yo’limda bir daryo yirik.
Olis qirg’oqdan der o’tgan bobolar,
«Shohizindalarni qilib o’t ko’prik.»

UCHQUN

Nazm osmonida kim yulduz, kim kun,
Dilimga ulardan tushgan bir uchqun.
Urinib yotaman shu uchqun bilan
Men o’zga dillarga o’t bermoq uchun.

KUY

Hayot rubob, hamma cholg’uchi,
Har kim o’z kuyini chaladi.
Kimning kuyi bir lahzalikdir,
Kimning kuyi mangu qoladi.

SUD

Bir yonda goh uzoq aylasa sukut,
Qog’oz, qalam beru jim hukmini kut.
Shoirning sukutin g’am deb o’ylama,
Gunohkor hislarin qilmoqda u sud.

TUG’ILISH

Parda orqasida kutar tong — o’g’lon.
Osmonoy to’lg’oqda, etaklari qon.
Bo’lg’usi go’dakni kunduz deb nomlab,
Zamin yo’rgagida e’zozlar inson.

SO’NGSIZLIK

Quyosh so’ngsiz yonib ochiluvchi gul,
Yurak bir maromda kuylovchi bulbul.
Xayot esa so’ngsiz musiqa erur,
Falak charxi esa so’ngsiz bir usul.

VASIYAT

Meni bor, yo’q etar, ey arzi- samo,
O’lsam bir istagim et mening bajo.
Turnalar o’tar payt qabrim qopqasin
Ochib, bir zum tinglat ilohiy sado.

TARJIMAI HOL

Bezovta bir ruhman, na bir qo’nim bor,
Na eshikli hovli, na zar to’nim bor.
Boshimda g’amguzor she’ri mushtipar,
To’rt norasta ilinj-humoyunim bor.

ABU ISO TERMIZIYDAN PAYG’OM

Ey haqir, haqiqat otang bo’lajak,
Ey muslim, zuriyoding Xotam bo’lajak.
Ey mo’min, sen hamon man-manga muhtoj.
Ey zolim, shavkating motam bo’lajak.

AHMAD YASSAVIYDAN PAYG’OM

Toatdan voz kechib, bangi bo’lding sen,
Hayodan voz kechib, hangi bo’lding sen.
O’tmishdan voz kechib, yangi bo’lding sen,
Va bori ulusning changi bo’lding sen.

NAVOIYDAN PAYG’OM

Endi yaxshilarni otib tugatma,
Mulku merosingni sotib tugatma.
Ajdodlar pok tutgan shon, g’ururingni
Yolg’onlar ostida yotib tugatma.

AFANDIDAN PAYG’OM

Mafiya onasi — yolg’on mafkura,
Otasi — davomli qarsak va ura.
Uning o’zi mansab chorbozorchisi —
Janob o’lmas shayton — nomenklatura.

KO’RSATDING

Oltin beshik desam, tobut ko’rsatding.
Xotiram, orzumni nobut ko’rsatding.
”Izm-izm»lar-la iymonimni yeb,
Na islom ko’rsatding, na but ko’rsatding.

O’TDIM

Navomni yo’qotib non so’rab o’tdim,
Davrimni yo’qotib on so’rab o’tdim.
Iymonim bo’g’zida qatl pichog’i,
O’zligim yo’qotib jon so’rab o’tdim.

IT

Bu it vujudida uyqu qishlaydi,
Tashlandiq suyak-chun umri ishlaydi.
Qachonki uyg’onsa yot «ol, kish»laydi,
Nechunkim, bu it o’z dumin tishlaydi.

.
QABR TOSHGA BITIK

Ona yer bag’rimda, onam shu yerda,
Olamda yolg’iz bir donam shu yerda.
Menga hayot bergan avval-oxirim,
Bosh urib kelar bosh panam shu yerda.

SHAYTON

Sening kirdikoring bilamiz, shayton,
Shayton deb biz birga kulamiz, shayton.
Goh-goh senga murid notavon bo’lib,
Aytgan amalingni qilamiz, shayton.

SENSIZ

Sensiz ko’p umrimni yashab qo’ydim men,
Sensiz tomir otdim, nasab qo’ydim men.
Sensiz tobutlarga qancha tol kesdim,
Sensiz ko’p beshiklar yasab qo’ydim men.

TUZATADI…

Ruhimiz cholg’uyu she’r tuzatadi,
Jismimiz Luqmonu zo’r tuzatadi.
Nafs degan dardimiz ko’p og’ir, uni,
Xudo bandam desa, go’r tuzatadi.

SIZ

Husn mezonida son — siz, sifat- siz,
Hurlar orasida yak kas- ofatsiz.
Siz kirgan kecha va ko’cha bag’ridan
Bir shivir keladi: «tanho iffat — siz.»

SHU QIZNING

Shu qizning labiday chechak istayman,
Shu qiz siynasiday pechak istayman.
Oy yuzli shu dilbar yonimda bo’lsa,
Sochlariday uzun kecha istayman.

AL`BOMINGGA

Qolsin al`bomingning varaqdarida
Yoshlik bahorining chiroyi, isi.
Qarigan chog’ida oynadan ko’ra,
Al`bomga ko’proq boqarmish kishi.

DEYDI

Tur, ishla, deydi tong, dam ol deydi shom,
Kechalar deydi biz — visol va orom.
Qo’lga olsam mayning mavj tili bilan,
G’aflatning qizi-la o’yna, deydi jom.

QALBIMDEK XUDDI

Dil — havom buzmasa badnafslar dudi,
Bo’lmasdi har kunim zavqin hududi.
Faryodkim, cheksizdek Yer iqlimi ham,
Shu nafs chiqitidan qalbimdek xuddi.

QIZ

Kamolatin ibo bargi to’sa berar,
To’ssa yana ko’zga yaqin o’sa berar.
Borlig’in baxsh etib suyuk bir bog’bonga,
Oxir hosiluchim deb bol bo’sa berar.

Yana shu mavzuda o‘qishingiz mumkin:
Shafoat Rahmatulloh Termiziyga bag‘ishlov.
Loyiq Sherali. Ruboiylar. Shafoat Rahmatullo Termiziy tarjimasi
Shafoat Rahmatullo Termiziy haqida uch maqola.
Shafoat Rahmatullo Termiziy. Vatan haqida monolog & Eshqobil Shukur. O‘z yurtiga o‘xshagan shoir

Shafoat Rahmatullo Termiziy. Do‘mbira mening ilk ustozim & She’rlar.
Leonardo da Vinchi. Hikoyatlar. Shafoat Rahmatullo Termiziy tarjimasi

Shafoat Rahmatullayev. Umid ostonasi

03

(Tashriflar: umumiy 1 461, bugungi 1)

Izoh qoldiring