ОЙБЕК
ШЕЪРЛАР
НАЪМАТАК
Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида,
Нафис чайқалади бир туп наъматак…
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун.
Сўнмайди юзида ёрқин табассум,
Яноқларни тутиб олтин бўса-чун
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…
Шамол инжуларини сепар чашмадак,
Бошида бир сават оқ юлдуз-чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум.
Тоғлар ҳавосининг ферузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли,
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!
СОЗИМ
Уйғонгач умрнинг илк баҳори,
Соз бўлди кўнглим самимий ёри.
Ҳамшира каби яқин ва дилбар,
Тонг юлдузидек умидга ундар.
Соз билмади ҳеч маҳал аразни,
Нурлатди юракни жонли базми.
Ул қўрқмади дуч келса тиканзор,
Офатли бўрон, қутурса сел, қор…
Гар эгса қаддимни чўнг машаққат,
Бир онда учирди — мисли ул пат.
Қишларни баҳор айлаган ул,
Удир боғимда хилма-хил гул.
Гулларнинг туси бағир қонимдан,
Маст нози севгининг тонгидан.
Мен у билан айладим тараннум,
Ҳар сўзда қуёш қилур табассум.
Дилларда чаман очар бу сўзлар,
Соф ҳис билан яшнамасми кўзлар?
Нур, ҳаққа чақирди халқни созим,
Халқимникидир сўзим — овозим!
* * *
Ой нурининг мавжлари ёйилар майин,
Жимжитгина соялар қочар панага.
Кўқда юлдуз гуллари очилган қалин,
Ёзнинг елпуғичини тиндирмас кеча.
Уйқуси йўқ баргларнинг чучук ялласи
Қалбларимизга тегиб, ҳисларни ёқар.
Ёнар кўзларимизда ёшлик нашъаси,
Ялтирар бошимизда кумуш олмалар…
Атласдай товланади ранглар чаманда,
Олтин ёмғир ювади гуллар тожини.
Жаранглаб тин ҳавода нозли бир ханда,
Қалбга боғлайди туннинг ипак сочини.
* * *
Тун. Шамоллар кезар бетиним
Гоҳ ишкомда, гоҳ деразада.
Чўмилади бир тўп юлдуз жим
Жилдираган бир ариқчада…
Суқтой кучук изғийди танҳо —
Суяк тишлаб сакрар пахсадан.
Нурланади бир четда само:
Ой — ўртада синган зар лаган.
Ўтиради шоир айвонда,
Хаёллари тушларда сарсон.
Қайғуради ўтган ҳар онга,
Оқар дарё — оқади замон!..
ДЕНГИЗДА ОҚШОМ
Сувларда секин ўйнар,
Олтин қайиқчалардек,
Қуёш алангалари…
Ғуруб ёнғини қоплар,
Само юзи анордек,
Булутлар атлас каби…
Уфқлар қучоғига
Сиғмаган буюк денгиз
Чайқалар секингина.
Сувлар қуёш сочига
Ўралишиб тинимсиз,
Ўпар қирғоқни аста…
* * *
Шамол, бир эртак ўқи!
Ўзганда тоғ устидан.
Ичиб булоқ бошидан,
Шамол, бир эртак ўқи!
Арчалар шохидан туш!
Кўк ипакда қил жилва,
Сочларимда ғивилла,
Кел, қалбимга шивилла!
Тоғлар рўёсини айт,
Юлдуз саломини айт,
Шивилла ҳаёт куйин,
Севги мақомини айт!
* * *
Ёр кетди, кўзим булоғи қолди,
Сийнамда тирик фироқи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди…
Ҳар лаҳза дилу хаёл паришон,
Бир хўрсинишимда дардлар уммон.
Юлдуз каби тунда ярқирар жон.
Тундек сочи иштиёқи қолди…
ХАСТАМЕН
Хастамен… Фикрга,туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.
Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам…
ОЛТИН ҚУЁШ
Олтин қуёш нуридан,
Япроқлар суруридан
Тўқилган хотиралар
Кетмас мангу мен билан.
Ёшлигинг машъаллари
Кўзларингда ёнарди,
Баҳор гунафшалари
Ёш кўксингни ўпарди.
Мовий узоқлик билан
Ўпишган тўғри йўлда
Кезардик: капалакдан,
Гулдан ўйинчоқ қўлда.
Ипак қанотли баҳор
Сочларингни ёзарди,
Сийнага қўлин солар
Туйғунгни қўзғатарди.
Ҳар кўкламда мен сени
Сени йўқлайман фақат.
Ай, нозик ёр! Кўнглимга
Ҳижронинг солди ҳасрат.
Олтин қуёш нуридан,
Япроқлар суруридан
Тўқилган хотиралар
Кетмас мангу мен билан.
ЮРАМЕН
Юраман, тошади севинчим,
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим,
Юлдузлар чамани гуллаган.
Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди,
Шамоллар учганда эп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.
Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, хаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур…
ҚОРАХАТ
Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари…
ЙИҒИ КЕЛМАЙДИ СИРА
Йиғи келмайди сира,
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидан
Лабимда қотипти сўз.
Қошлар, киприклар қиров,
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон.
Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним.
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним.
ТОШ ЭКАН БОШИМ
Тош экан бошим,
Ҳеч ёрилмади —
Ёғилди минг тош.
Қалам ҳамдардим,
Бир сирқимади
Кўздан қатра ёш.
Гар қолдим нонсиз
Ва бош паноҳсиз —
Дарз кетмади қалб.
Кўнглимда ҳақиқат
Бир он сўнмади,
Гўё зўр қуёш!