Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 39-43 boblar. Emin Usmon tarjimasi

kitob   «Қутадғу билиг»  бизгача уч нусхада етиб келган бўлиб, биринчиси сақланиш ўрнига кўра «Вена нусхаси» деган ном билан юритилса ҳам, аслида Ҳиротда 1439 йилнинг 17 июнида котиб Ҳасан Қора Сойил Шамс томонидан уйғур ёзувида кўчирилиб тугатилган. Иккинчи нусха кўчирилиш ўрни, топилиши ва сақланишига кўра «Қоҳира нусхаси» (Қоҳирадаги Ҳидув кутубхонасида сақланаётгани 1896 йилда маълум бўлган) деб номланади. Учинчи нусха «Наманган нусхаси» номи билан илмга кирган бўлиб, 1923 йили Фитрат томонидан қўлга киритилиб, Тошкентга келтирилган. А.Кононовнинг аниқлашича, ушбу қўлёзма мавжуд нусхалар ичида энг мукаммалидир.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин УСМОН таржимаси
09

ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШ БИЛАН043
МУНОЗАРА ҚИЛГАНИ БАЁНИ

3321. Жавоб бериб Ўдғурмиш айтди: Сўзинг,
Эшитдим, энди тингла менинг сўзим.
3322. Меҳр ипин улаганинг учун Худо,
Туман минг ажру савоб этсин ато.
3323. Нелигин билмадим бошқа сўзингни,
Ортга сурма, майли айтгин сен уни.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3324. Ўгдулмиш айтдики, шу эрур сўзим,
Васлинг кўриб чароғон бўлди кўзим.
3325. Киши юрса ўз тилагин йўлида,
Эй доно, у жафо чекмас умрида.
3326. Кўпни кўрган киши не дейди, тингла,
Эй бағри кенг, унинг маъносин англа:
3327. Қай ишни орзу қилса киши агар,
Интилса орзуси доим ёр бўлар.
3328. Йироқлар яқиндир орзумандга, бил,
Висолга етганда жонни фидо қил.
3329. Яна айтди Ўгдулмиш шудир сўзим,
Изҳори дил этиб тил тинмас бир зум.
3330. Шаҳар, кент, уруғ-аймоқни тарк этиб,
Юрибсан элдан безиб, дўстдан кечиб.
3331. Оғир юк олиб бошга, заҳмат чекиб,
Оч, юпун юрибсан, дармондан кетиб.
3332. Жигарлар сен учун беҳад қайғурар,
Кўрмоқ имкони йўқ, кўнгил ўксинар.
3333. Ёлғиз яшаёлмас инсон мутлақо,
Иссиқ жон не булмас, соғлик бебақо.

3334. Бу ташвиш мени бир зум тиндирмади,
Ҳасратинг кўзга уйқу индирмади.
3335. Дўзохни сен учун яратмаган Ҳақ,
Азобни бир сенга бермагандир Ҳақ.
3336. Не учун бунчалар қийнайсан ўзинг?
Менга ошкор этгин, тинглайин сўзинг.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3337. Жавоб берди Ўдғурмиш: Уқдим хитобинг,
Айтай, тингла энди менинг жавобим.
3338. Не дединг бариси меҳрибонликдан,
Яқинлик нишони қариндошликдан.
3339. Қариндош ғамини қардош емаса,
Ётларга не парво, қондош бўлмаса.
3340. Қариндош-уруғдан тирик айрилиб,
Нечун ёлғиз яшарман ғорга келиб.
3341. Ўзим ноқислигим билинди бунда,
Иймон заифлиги билинди шунда.
3342. Шу боис буткул тарки дунё этдим,
Ўзим ибодатга буткул бахш этдим.
3343. Бу дунё ишига қотилган киши,
Қилолмас ҳеч қачон-охират ишин,
3344. Эшик ёпмагунча халққа бутунлай,
Оллоҳга ибодат қилиб бўлмагай.
3345. Бўғзин сиқиб, енгмагунча ҳавойи нафс,
Тоат-ибодатдан завқ олиб бўлмас.
3346. Нима дер эшитгин тақврдор киши,
Даво бирла комил бўлмас дин иши.
3347. Ҳаво бирла, нафс улуғ ёв эрур,
Бу иккиси инсонни йўлдан урур.
3348. Ҳавога берилса, эр тутқун бўлар,
Орзуга етса тан, инсон қул бўлар.

3349. Хавога берилма, ақлинг билан бос,
Вужуд бош кўтарса, билим билан бос.
3350. Шу боис мен шаҳар, кентни тарк этиб,
Хилватдан жой олдим машаққат чекиб.
3351. Одамлардан четга олдим, рост, ўзим,
Ғийбатдан холиман, йўқ бекор сўзим.
3352. Ёлғиз дебон куйма асло қариндош,
Худо ёди менга туну кун йўлдош.
3353. Қариндош-уруғдан бўлганим йироқ,
Билдирмадим уларга оч-тўқим бироқ.
3354. Эл кўнгли нозик, олмоқ мушкул эрур,
Гар қолса олмоқ-чун Ҳақ адли зарур.
3355. Гарчи эл-юрт мендан бирон наф кўрмас,
Улар мендан асло зиён ҳам кўрмас.
3356. Фойда, зарар, яхши, ёмоннинг бари,
Ҳақдан бўлар, бу Оллоҳнинг тақдири.
3357. Аршдан заҳкаш ернинг остигача то,
Худога муҳтождир бари мутлақо.
3358. Инсон аро неки фойда ё зарар,
Бари сенга маълум эрур муқаррар.
3359. Сўрадинг тоатдан не фойда, эшит,
Тоат қуллик, қулга очар у эшик.
3360. Қуллик сифат бўлди қулга шунинг-чун,
Тоғу тошда сажда қилсин туну кун.
3361. Қабул этгай ёки этмагай Эгам,
Унинг зикрин тилдан қўймагин бир дам.
3362. Ёлғизликдан зарар йўқдир менга ҳеч,
Ҳаловат истасанг ҳаваслардан кеч.
3363. Бу байтни айтувчи нима дер тингла,
Сиртига боқма ҳеч, маъносин англа:

3364. Эй доно, яша доим танҳо бўлиб,
Тўти сўз ўрганмидир танҳо юриб.
3365. Зоҳид ибодат қилса, ёлғиз агар,
Тоатдан, айт, кимларга зиён етар.
3366. Яқинликни таъриф этдинг, қариндош,
Яқинлик-чун топмоқ керак дўст — одош.
3367. Келгунингдан буён кун бўйи аттанг,
Тоатдан бенасиб юрибман дилтанг.
3368. Сенга қўшилдиму кўп зарар кўрдим,
Тоатсиз умр не бўлгай, ўйлаб кўргин.
3369. Агар кирсам яна кишилар аро,
Ибодатга қўл теккайми бир бора.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3370. Ўгдулмиш айтдики: Эшитдим сўзинг,
Гапимга қулоқ сол, ўгирмай юзинг.
3371. Сен айтган бу гаплар кўп оқилона,
Лек ўйлаб кўрилса, қуруқ баҳона.
3372. Номим тирик бўлсин деса оламда,
Инсон наф келтирсин бирон одамга.
3373. Тириклик не ўзи, нима белгиси,
Унинг яхшилигин қайдан билгувси.
3374. Хотин ол, туғилсин кўплаб ўғил-қиз,
Хақорат келади бўлсанг фарзандсиз.
3375. Нима дер эшитган одам асили:
Оила насилни узмаслик йўли.
3376. Бефарзанд сўнгги дам қаттиқ ўкинар,
Орқамдан қолувчи бер деб ўтинар.
3377. Ким авлод қолдирса ўзидан кейин,
Ўлган ҳисоблама, барҳаёт дегин.
3378. Насилсиз ўлса эр, тугайди уруғ,
Номи ўчиб, ўрни қолар қуп-қуруғ.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3379. Жавоб берди Ўдғурмиш: Гапинг ростдир,
Лек бунда бошқача ҳолат ҳам бордир.
3380. Агар бўлса ўғил-қиз яхши, зийрак.
Сен таъриф этгандек бўлар у бешак.
3381. Ёмон бўлса бироқ йиғлатгай сени,
Вафот этсанг дарров унутгай сени.
3382. Номинг ёмон бўлар келмайди олқиш,
Юрт боши-ю, ётлар ёғдирар қарғиш.
3383. Ўғил-қиз ёғидир, ғаним не керак,
Ёвсиз яшамоқлик ахир эзгурак.
3384. Ёғидан қандайин ёруғлик келар,
Ёв оти зарарга гувоҳлик берар.
3385. Илми кўп теран яхши таълим берар,
Фарзанд тадбири ўчмас ном келтирар.
3386. Бунга мос келади билимдон сўзи,
Кўнгли тўғри, ғоят ростгўйдир ўзи:
3387. Ўғил-қиз деб жонинг қийнайсан тинмай,
Чеккан заҳматингни қай фарзанд билгай.
3388. Йиғарсан ҳаромни, кетарсан, қолар,
Сен алам чекарсан, у баҳра олар.
3389. Хотин олган бил кемага тушгувчи,
Денгиз ичра киргай унга тушгувчи.
3390. Ўғил-қиз туғилса, кемаси синар,
Кемасиз сув ичра ким тирик қолар?
3391. Фарзандли отани ёрлақаш керак,
Заҳар-заққум эрур у еган хўрак.
3392. Ўғил-қиз ёмони отадан кейин,
Атамас отаю-онасин номин.
3393. Бундай ўғил-қиздан келарми вафо,
Феъл-атвори ёвуз, қилмиши жафо.

3394. Ота заҳмат чекар, на ҳузур кўрар,
Бало, машаққатни филдек кўтарар.
3395. Дейсан, дўсту ёр топмоқ керак ахир,
Яхши гап, бу гапни кўтармоқ оғир.
3396. Мумтозу билимдон, доно не демиш,
Кўнгил нозик, уни олмоқ мушкул иш.
3397. Шишага ўхшайди бу нозик кўнгил,
Синдириб қўймагин, авайла, ўғил.
3398. Тажриба шу, кўнгил кўп нозик эрур,
Совуқда қотару иссикда эрир.
3399. Дўст кўнгли оғриса махфий ёв бўлар,
Ёғи қайда бўлса, адоват қилар.
3400. Ёв бўлса, ҳаётдан кетар ҳаловат,
Ёв бўлса, ёғади тинмай адоват.
3401. Душман қанча кичик бўлса ҳам, ботир,
Катта бил ва ҳамма нарсага қодир.
3402. Чивин бўлди филнинг катта душмани,
Чақаверса, охир сакратар уни.
3403. Не дер тингла ёвла ёвлашган киши,
Урушиб тинмаган кўзида ёши:
3404. Ғофил бўлма, ёвни кичик кўзлама,
Нечук қўрқай дея катта сўзлама.
3405. Ғаним бўлса, ғофил бўлма, хушёр юр,
Ёвга ёв бўл, дўстга қучоқ очиб тур.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3406. Жавоб берди Ўгдулмиш бурро тил билан,
Деди: Тингла сўзим чин кўнгил билан.
3407. Оллоҳ бу дунёни билиб яратди,
Ноз-неъматни ҳалол қилиб яратди.
3408. Кишиким қўшилса, топиб яхши эш,
Дўсти яхши бўлса, қилар яхши иш.
3409. Бировга наф етса, кишига қўшил,
Бировга наф бермоқ ўз нафим деб бил
3410. Ёлғиз яшагувчи ёввойи эрур,
Ундан одамларга қандай наф келур.
3411. Бировга нафи йўқ кишидир ўлик,
Ўлик бўлма, бировга наф етказгулик.
3412. Кўп бўлса, гар эрнинг дўсту қулдоши,
Шуҳрат топиб, юришгай доим иши.
3413. Бу дунёда ушалар орзу-тилак,
Охиратда яхшилик бўлгай тирак.
3414. Оғир кунда дўст фидо айлар ўзин,
Шодликда ҳамдаминг, кувнатар кўзинг.
3415. Элга ёйиб фазлинг овоза килар,
Нуқсон кўрса, мум тишлаб, тилин тияр.
3416. Душман эрни ғафлатдан уйғотгувчи,
Нуқсон, фазлин эл-юртга тарқатгувчи.
3417. Ёв-ла олишмагунча эр мардлиги –
Билинмас насаби, зоти, кимлиги.
3418. Кимда фазилату хислат кўп бўлар,
Унинг душмани ҳам беҳисоб бўлар.
3419. Кимки насл-насабда асл бўлса агар,
Эл-юртнинг бариси унга ёв бўлар.
3420. Яхшининг ёви кўп, тайин, белгилик,
Ёмоннинг ёви йўқ, чунки у ўлик.
3421. Кимга қарши душман йиғилса лак-лак,
Унинг фазли барчадан ортиқ бешак.
3422. Ёв билан олишиб, эр шуҳрат топар,
Ёвсиз кишининг оти турмай ётар.

3423. Эшит, фазилатли одам нима дер,
Тилагига етар фазилат-ла эр.
3424. Бир мард нечук бўлар минг эр душмани,
Ғийбат қилишади уни ҳар куни.
3425. Бўри бир қайрилиб боқарми, кўргин,
Ортидан эшитса минг ит ҳуришин.
3426. Ҳеч кимга аралашмай ўтсам агар,
Тилимдан беҳуда сўз қандай чиқар.
3427. Қошингда кимса йўқ, ким тинглар сўзинг,
Бировга қўшилмай танҳосан ўзинг.
3428. Киши улки, тилига эҳтиёт бўлгай,
Эл аро қадр топиб, тўрдан жой олгай.
3429. Дағал сўзга юмшоқ жавоб бергай у,
Аччиқ сўз айтганга ширин сўзлар у.
3430. Эл юкин ўзи олар, бировга бермас,
Жафога вафо қилар, лек чурқ этмас.
3431. Дилдан чиқариб ташлар ўч, кекларин,
Тилда баён айлар кўнгилда борин.
3432. Одамлар яхшиси эшит нима дер,
Яхшиликлар қилиб, шуҳрат топган эр:
3433. Бировларга дағал сўз айтмасин тил,
Дағал сўздан узоқ йиллар оғрир дил.
3434. Сени биров сўкса, мақтагин уни,
Уни нодон, яхши дейишар сени.
3435. Жафо қилувчига қилавер вафо,
Вафо қилади мард, емонлар жафо.
3436. Узоқлашса сендан кавму қариндош,
Биродар, уларга ўзинг яқинлаш.
3437. Зулм қилса агар сенга бар золим,
Шариат ҳукми шу — кечиргин доим.

3438. Чўри, қул айб қилса, лозим кечириш,
Ўзингга одат қил гуноҳ кечириш.
3439. Мардлик шу эрурки, чекиб машаққат,
Сабр бирла ўлимни кутиш ҳамма вақт.
3440. Бир уйга қамалиб сен бунда танҳо,
Эй хуснихулқ, топарсан қандай маъно?
3441. Роҳат, орзу неъматини кўрмадинг,
Олтин, кумуш, гавҳар, мис не билмадинг.
3442. Сарой, қаср, ер-сув мулки сенда йўқ,
Оту зийнат, ўғил-қизнинг ғами йўқ.
3443. Одамларга ўтказгудек ҳукминг йўқ,
Яхши ном олгудек ўзда эркинг йўқ.
3444. Воз кечгудек не топдинг, кўрсат қани,
Қайси тентак зоҳид деб атар сени?
3445. Ким кўп топиб, озни ихтиёр этса,
Бўлар бундай кишини зоҳид деса.
3446. Орзу йўлида фидо — зоҳид бўлар,
Тақдирга изламас тадбир, сабр қилар.
3447. Йигит улдир, минг орзуси ушалиб,
Ундан воз кечолса, мардона бўлиб.
3448. Фақирларга едирса-ю, ичирса,
Ҳаққа қалбин боғлаб ибодат қилса.
3449. Келар бўлса дунё, меҳр қўймаса,
Кетар бўлса куйиб, қовок уймаса.
3450. Етиб орзуга қўли баланд бўлса,
Ўзин босиб, тил, дилини туз қилса.
3451. Бу сўзга мос келар унинг маъноси,
Эшитиб амал қил, инсон аълоси.
3452. Мард улдирки, қудратли бўла туриб,
Ишин адо этса, ўзини тутиб.
3453. Ундан-да мардроғи шул йигит эрур,
Минг орзуга етса-да, нафсин тиюр.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3454. Жавобан Ўдғурмиш деди: Айт чинин,
Ой юзлигим, недир тилагинг сенинг?
3455. Не демайин дарров гапимни бўлиб,
Жавобга шошасан, оғзимга уриб.
3456. Очиғин айтавер, нима тилагинг,
Ҳеч тортинма келса нима сўрагинг.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3457. Жавоб берди Ўгдулмиш: Айтайин шуни,
Бир тилагим бордир, билдирай уни.
3458. Кунтуғди элиг билди таърифингни,
Ҳузурига чорлаб юборди мени.
3459. Сени кўрмоқ орзусига тушди у,
Даъватингга мени вакил этди у.
3460. Малол келса ҳамки, бир бормоқ лозим,
Элигга албатта кўринмоқ лозим.
3461. Элиг беҳад яхши бир султон эрур,
Халқпарвар, жуда ҳам жонкуяр эрур.
3462. Ким элиг юзин кўрса, қут топгувси,
Ҳар икки жаҳонда у бахт топгувси.
3463. Не дер эшит, юрт, кент сўраган киши,
Юрт бошқариб, элга танилган киши:
3464. Ҳақгўй, одил бег элнинг бахти эрур,
Бу бахтдан барчага насиба бўлур.
3465. Қайда машҳур бўлса, одил бег оти,
Бормоқ керак, ундан топар эл қутин.
3466. Ҳақ, адолат кўкка бир устун эрур,
Адолат бузилса, устун йиқилур.
3467. Адолатли бег бўлмаса мабодо,
Етти қат заминни бузарди Худо.
3468. Одил бег юзин кўрса қутлуғ бўлар,
Савобга эришгай гуноҳ йўқолар.
3469. Одам бўлишимга билсанг бу замон,
Сабабчи, қўлловчи бўлди ғамхўр хон.
3470. Худо ато этгач, ақл-хуш, билим,
Яхшилик қилишга етди бу қўлим.
3471. Оллоҳ тавфиқ бериб эзгулик учун,
Эл фойдасин кўзлаб кўтардим юкин.
3472. Сени ҳам тилар энди элиг бу кун,
Қўлни-қўлга бериб, ечмоқ-чун тугун.
3473. Унинг амри-ла бунда бўлдим ҳозир,
Мени ёлғиз жўнатма, эй мард ботор.
3474. Нома йўллади ўз қўли-ла битиб,
Не айтган бўлса, билгин ўқиб.
3475. Мактубни узатди тавозе била,
Ўдғурмиш олди уни эҳтиром ила,

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

3476. Хатни шошмай ўқиб, ўйга чўмди у,
Яхши таълим бермиш деб шод бўлди у.
3477. Кел дея ҳузурига чорлабди хон,
Барча яхшиликларни айлаб баён.
3478. Бу мен учун катта илтифот эрур,
Не қилмок керак, маслаҳатинг зарур.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3479. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Ҳоқон.
Сенинг номинг ёд этмай турмас бир он.
3480. Тилини тебратса, номинг зикр этар,
Интизор кўзларин йўлингга тикар.
3481. Кўнгил кимни суйса, орзулаб агар,
Номини тилдан қўймас шому саҳар.
3482. Ошиқ бўлган не дер бу байтни ўқи:
Севиклининг юзидир кўнгил тўқи.
3483. Кўнгил кимни севса, меҳри кўздадир,
Кўзлар қайга боқса, нигоҳ ундадир.
3484. Кўнгилда бор бўлса, не орзу тилак,
Оғиз очса, тилга кўчади бешак.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3485. Жавобан Ўдғурмиш айтди: Эй ботир,
Кенгаш бер, бу ишнинг тадбири недир?
3486. Меҳрибон қариндош ўзингсан яқин,
Кенгаш бер, адо эт жигарлик ҳақин.
3487. Бу ишда қиларман кенгашни сен-ла,
Энг маъқул тадбирни ўргатгин менга.
3488. Сен мени дўст билгин ёки қариндош,
Дўсту қариндошлик иккови ўхшаш.
3489. Менга чин маҳрибон эрурсан ўзинг,
Не қилмоқ лозимдир, йўл кўрсат ўзинг.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3490. Ўгдулмиш жавоб берди унга шу янглиғ,
Қутли зот, мендан гап сўрма бу янглиғ.
3491. Мени хон даъватга юборди бунга,
Не сабабдан кенгаш соларсан менга.
3492. Бор демоқдан бўлак сўзим йўқдир ҳеч,
Борма демоқликуа ҳаддим сиғмас ҳеч.
3493. Сен-ла бирга бўлсам фойда кўпдир, бил,
Ўз нафин кўзлашни ўргатмас ақл,
3494. Нелар дер эшитгин билимли чигил,
Билимсиз қулок сол, бўй бериб, эгил.

3495. Сен наф кўзловчига солма маслаҳат,
Эй қутли, ундан тегмас ҳеч манфаат.
3496. Шундай кишидан сен маслаҳат сўра,
Токи кўзламасин ўз нафин сира.
3497. Манфаат кўзловчи фойдаси учун,
Нафин кўзлаб ишлатар зўрлик, кучин.
3498. Ҳар қандайин ишни кенгашиш керак,
Лекин кўнгил чопганин қилиш керак.
3499. Ўзингга меҳрибон фақат сен ўзинг,
Бировга ишонма, бас айла сўзинг.
3500. Не қилмоқ лозимдир ўзинг-ла кенгаш,
Бу ишга сўрама сен мендан кенгаш.
3501. Сени олиб кетгани келдим атай,
Кенгаш шу, бирга борсанг яхши бўлгай.
3502. Юрт ичра топарсан савоб, эзгулик,
Бунда у топилмас аниқ, белгилик.
3503. Шаҳар, кентда қандай эзгуликлар бор,
Барин баён айладим такрор-такрор.
3504. Яхши ниятда сўзим этдим баён,
Ниятим яхшилик, Худога аён.
3505. Кишидан қочарсан, не қилди киши,
Элга қўшил, қилгин одамлар ишин.
3506. Мусулмон ишин қил, чиқар ҳожатин,
Оллоҳ жой беражак албат жаннатдин.
3507. Кўнгил, тилни туз тут, Ҳаққа қил тоат,
Қайда бўлса яша, қучиб саодат.
3508. Ёлғиз юрма, яша одамлар аро,
Биров айбин топма, ўзингга қара.
3509. Эй доно, бу битик мос келар бунга,
Мағзин чақиб ўқи, амал қил унга.
3510. Қайда истасанг юр, лекин яхши бўл,
Зоти аслни кўй, ўзинг яхши бўл.

3511. Эс-ҳушин йўқотмас киши эзгуси,
Қайда бўлсин тўғри йўлдан юргувси.
3512. Инсон ўзи хуснихулқ, яхши бўлгай,
Ҳамма жойда бирдек севинчга тўлгай.
3513. Яхшилик ҳамма ерда яхши бўлар,
Эзгуликнинг ажри эзгулик бўлар.
3514. Феълингни яхши қил, ёмон бўлмагин,
Ҳамма жойда бемалол юр, қўрқмагин.

ҚИРҚИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ДУНЁ
ҚУСУРЛАРИНИ АЙТГАНИ БАЁНИ

3515. Ўдғурмиш айтди: Сўзларинг тингладим,
Энди сен ҳам менинг гапим тинглагин.
3516. Бу дунё ўзин кўп севдирмиш сенга,
Барча айбларин фазл кўрсатмиш сенга.
3517. Бунинг айби йўқдир, масалда келар,
Неки суюмлидир, айбсиз кўринар,
3518. Севдириб қўйгач дунё, номи улуғ,
Бор айби кўринар фазилат тўлуғ.
3519. Эшитгин нима дер бу ошиқ одам,
Ошиқ учун маъшуқ айби зўр ардам.
3520. Ишқ нишони шу, эй соҳиби шавкат,
Маъшуқ айби кўринади фазилат.
3521. Дунёни севганинг нишонаси шул,
Бор айбин фазилат деб билар кўнгил.
3522. Сен нечук дунёни мақтарсан менга,
Унинг қусурларин айтайин сенга.
3523. Гуноҳ қилгач Одам Ҳақ берди жазо,
Қўналға бўлди дунё — эрки адо.
3524. Қўналғада бўлар не орзу, тилак,
Орзу, нажот қайда жаннатдан бўлак.
3525. Сийласа Ҳақ ёрлакасин қулини,
Дунё бермас унга, поклар йўлини.
3526. Яхши нарса эмас дунё, бахт — қути,
Ҳақдан узоқ қилар, у дин офати.
3527. Халқ бойиса агар кибр-ҳаво қилар,
Фақирлик туфайли мулойим бўлар.
3528. Худоман дегувчи телба бўлади,
Дунё талаб қилган итдек ўлади.

3529. Ялонғоч туғилган, ялонғоч кетар,
Ҳамон қолса, мол-дунё йиғиб кетар.
3530. Эй ўлгувчи, нечун ғурур қиларсан,
Бир кунлик меҳмонсан, эртан кетарсан.
3531. Биласан, тириклик ўлимга элтар,
Шай турган шум ажал фурсатин кутар.
3532. Дунё эшик очар, бор яна бири,
Ўлим эшик очгач, кирар эл бари.
3533. Икки кунлик меҳмонсан дунё учун,
Ўзинг ўтга уриб, куйдирмоқ нечун.
3534. Дунё ўткинчидир, бахт ҳам беқарор,
Неки берган бўлса, қайтариб олар.
3535. Ҳаёт бахш этади ва айлар хароб,
Барчани жалб этар бамисли сароб.
3536. Фарқ этмас одамни, хон ёки гадо,
Яхшию-ёмонни айлайди адо.
3537. Кўланка кабидир дунё қарасанг,
Қочсанг қувлайди у, қочар қувласанг.
3538. Унга мос келади ўйлаб кўр бу сўз,
Унинг маъносин уқ, аё кўнгли туз:
3539. Бу дунё қочади, ким қувса уни,
Агар қочсанг ундан қувлайди сени.
3540. Дунё моли динга ўчдир, хушёр бўл,
Дунё динни ейди, доим огоҳ бўл.
3541. Бу дунё безаниб, ўзин кўрсатар,
Ясанган келиндек дилни ўйнатар.
3542. Кўнгил берсанг майлингга қўймас сира,
Гапи адо бўлмас қаридир хира.
3543. Жафо феъл-атвори, вафоси йўқдир,
Сабр-қаноатдан йироқ, ҳаёси йўқдир.
3544. Кимда ким унга агар кўнгил қўяр,
Қисмати надомат, умр зое — куяр.
3545. Ажаб саодатдир тириклик они,
Беҳуда ўтказса бўлмайди уни.
3546. Хаёт яхшиликлар учун дастмоя,
Эй ботир, сен уни қилмагин зое.
3547. Уч нарсадан иборат дунё моли,
Ҳалолу ҳаромдир ва ё шубҳали.
3548. Ҳалолга бор ҳисоб, ҳаромга азоб,
Шубҳадан парҳез қил, этмасин хароб.
3549. Дунё эркалатса, ҳайдар охири,
Ҳаловат бахш этса, озор охири.
3550. Семиртирар севинчларга кўмиб у,
Сўнг оздирар, дард-аламга кўмиб у.
3551. Севинчга назар сол — охири алам,
Қанча шод яшама — якуни ситам.
3552. Боши неъмат бўлса, охири меҳнат,
Боши меҳнат бўлса, охири немат.
3553. Нималар дер эшит, тақводор, хушёр,
Йироқ тур, дунёнинг кулфатлари бор.
3554. Сенинг бойлигинг, кўр, фақирлик эрур,
Ким фақир бўлса, сенга шу бой эрур.
3555. Ким ҳақорат қилса, кенг қил феълингни,
Қора ер қаърида олгин ўчингни.
3556. Тузган низомларинг бузилиб кетар,
Йиғиб, терганларинг сочилиб кетар.
3557. Бу даврон тез кунда ўтиб, кетгувчи,
У дунё лаҳзада етиб келгувчи.
3558. Кетувчи дам сайин йироқлаб борар,
Келувчи сенга тез ўзини урар.

3559. Доно кетувчига кўнгил бермагай,
Оқил келувчини писанд этмагай.
3560. Ўлимни билувчи овутмас ўзин,
Ўлимни кўрувчи юпатмас ўзин.
3561. Юрувчи киши йўлга уй қурмагай,
Кўчувчи киши уйда мол қўймагай.
3562. Бу дунё бир робот, сен унда меҳмон,
Роботга кўнгил қўйиб, бўлма шодон.
3563. Асло яхши эмас бу дунё моли,
Кимда бўлса ўзгарар феъл-атвори.
3564. Авлиёлар бадал қилди мол-мулкин,
Зоҳид бу дунёга силкиди илкин.
3565. Дунё сенга тузоқлиги аёндир,
Бойлик эса кўзга кўринмас дондир.
3566. Ғофил эрур инсон, тўймагай кўзи,
Бу домга илинса, унутгай ўзин.
3567. Нима дер эшитгин шоирлар боши,
Дунё ишидан ўзин тийган киши:
3568. Сайёд пинҳон турар, донин кўрсатар,
Дунё хушрўй келин, дилни ўйнатар.
3569. Бесабр ва ғофил, очкўз эрурсан,
Донни чўқисанг, бас, домга тушурсан.
3570. Дунёнинг мол-мулки йиғилса бутун,
Роҳатда минг йил яшаб, қучса қутин,
3571. Не фойда борар жой ер ковагидир,
Қўналғаси қора ернинг қаьридир.
3572. Кечирган тириклик тушдек ўтажак,
Қилмишга яраша жавоб бўлажак.
3573. У кун ўтинганинг наф бермас, эвоҳ,
Қилмишингга йил, ой, кун бўлади гувоҳ.

3574. Дунёнинг лаззати уч нарсадир, бил,
Бу лаззат юз нарсадан ортиқдир, бил.
3575. Бу дунё неъматлари шу учнинг бири,
Яна бири хотин — шод бўлса эри.
3576. Учинчиси соғлик, тириклик эрур,
Учи ичра буниси жуда зарур.
3577. Бу учда жам бўлмиш жамъики лаззат,
Уларга ҳеч нарса тенг келмас, ҳазрат.
3578. Еб-ичиш роҳатдир, ҳаммага аён,
Ва лекин унинг ҳам ҳисоби ёмон.
3579. Уч бармоқ топгани нафс қондирмоқ-чун,
Ундан ортиғи қорин туйдирмоқ-чун.
3580. Ош сингмаса, бузилади мижоз ҳам,
Дард ёпишар мижоз бузилгани дам.
3581. Ўлимдан бир дарак касал келиши,
Ўлим карохатдир, эй хушёр киши.
3582. Ундан кейин эса ўғил-қиз турар,
Уларнинг ташвиши машаққат бўлар.
3583. Нима дер эшитгин ҳикмат айтувчи,
Ўғил-қиз, хотин қирқар эрнинг кучин.
3584. Хотин билан суҳбат жуда шириндир,
Лекин совуқ сувга тушмоқ қийиндир.
3585. Ширин қайда бўлса, бемаза шунда,
Чучук қайда бўлса, аччиқ ҳам шунда.
3586. Тириклик лаззати шу бўлса, оқил,
Дунё беҳаловат жафо йўли, бил.
3587. Ширин ҳаётни бузар аччик ўлим,
Тунагандек қора қилади куним.
3588. Дунёнинг лаззати шу уч нарсадир,
Эй оқ кўнгил, эшит, жавоби надир.
3589. Тўйса қимирламас, ялқов, ланж бўлар,
Истагини бажо этсанг дард бўлар.
3590. Тириклик тугали фақат уч кундир,
Ундан қолгани-чи, туш каби тундир.
3591. Бири эртанги кун, бири ўтган тун,
Етарли эртага бу тириклик кун.
3592. Ундан бошқасини тириклик дема,
Ҳаёт деб ишонма, ортиқ сўз дема.
3593. Хотиннинг суҳбати эркакнинг ўтин,
Бирон бир соатда ўчирмак учун.
3594. Бу ўтни қай тарзда ўчирса, ўчар –
Хоҳ хунук, хоҳ гўзал бир бора қучар.
3595. Нафснинг ҳаловати қорин тўйдирмоқ,
Қорин тўйса, албат, ўзини тиймоқ.
3596. Қорин тўйгач, арпа, холва фарқи йўқ,
Ортиб қолар, кўп емоқ имкони йўқ.
3597. Ким шакар, ҳолва, арпа нон еб ётар,
Саҳар турса, барибир, қорни очар.
3598. Пулдор бўлмаса-да кўзи, кўнгли тўқ,
Тақводор камбағал не дер, сўзин уқ:
3599. Сен беҳад кўп единг шакарли неъмат,
Мен кепак, тариққа қилдим қаноат.
3600. Иккимиз тўйиб, тенг оромга ётдик,
Умримиз онларин бир-бир йўқотдик.
3601. Қанча авайлама жон кетажакдир,
Оқибат икки газ бўз тегажакдир.
3602. Ўлгандан сўнг фарқи йўқ, бойми, фақир,
Қора ер қаърида тенг қилар тақдир.
3603. Икки кунлик омонат дунёни топиб,
Нечук кеккаясан ҳовлиқиб, шошиб.

3604. Дунё ҳаловати ҳамда нафс — ёғи,
Доим ёйиқ бу икки ёв тузоғи.
3605. Учинчиси — шайтон, ўғирлайди дин,
Булар зараридан ўзинг асрагин.
3606. Булардан ҳам ашаддийроқ ёвуз ёв,
Ўз нафсинг, чиқарар фитна беаёв.
3607. Худо номин айтсанг бало даф бўлар,
Дунёни писанд қилма, сендан қолар.
3608. Бу нафсни қай тарзда жиловлаб бўлар,
Магарким, қазо етса, бари қолар.
3609. Яхши фикр айтмиш билимли олим,
Донолар сўзини тингламоқ лозим:
3610. Балойи нафс қайғуга дучор этар,
Гоҳ кулдириб, гоҳида хўп йиғлатар.
3611. Орзу илинжида дунё кезаман,
Гоҳо оч, гоҳида тўйиб кетаман.
3612. Бир орзумга етсам, бошқаси қолар,
Унга етсам, бариси тугал бўлар.
3613. Жиловлай олмасман нафсим сира ҳам,
Уни босиб бергин, меҳрибон Эгам.
3614. Балойи нафс бўлар бадхулқ, пасткаш,
Семирган сари ҳаддан ошар яккаш.
3615. Осов от семирса, қилмиши озор,
Эгасин отиб ерга, бош олиб қочар.
3616. Балойи нафсни овчи ит деб боққин,
Семирса унутар эгасин ҳақин.
3617. Қорни тўйса ётар, овга ярамас,
Эгасининг райига ҳам қарамас.
3618. Ёш бола мисол нафсдаги феъл-атвор,
Тўйса югуртириб қилади абгор.
3620 Сен интиласан мол-дунё йиққани,
Ўлим интилади сени тутгани.
3621. Бу тириклик кун сайин сендан қочар,
Ёвуз ўлим эса кафанинг бичар.
3622. Шубҳасиз ўлажак тирик юргувчи,
Қайси кун ўлишин йўқдир билгувчи.
3623. Ёшлигида соқол ўсишин кутар,
Соқол чиққач, оқ тушишин кутар.
3624. Ўлим келди, демак, оқарса соқол,
Ўлимга наф бермас тадбиру қурол.
3625. Ўзинг ўтга урма бу дунё учун,
Қийналиб, беҳуда сарф этма кучинг.
3626. Шўр сувга ўхшар, боқ, бу дунё моли,
Қанча ичса қонмас, ҳўл бўлмас тили.
3627. Қуруқ қумга ўхшар инсоннинг ўзи,
Дарё оқса тўлмагай ҳеч суқ кўзи.
3628. Бамисли саробдир, кўр, дунё иши,
Тутай деб қўл чўзса, йўқотар киши.
3629. Бу дунё бир сароб кўзингдан учар,
Сен қанча қувласанг у шунча қочар.
3630. Ким кечиб нафсидан қилса ибодат,
Кўринмас ёвга у қилмас иноят.
3631. Нафсингга эрк бермагин, эгма бўйин,
Овунчи ғам-алам, истаги ўйин.
3632. Қайтиб келмас энди кечган тириклик,
Сенга номаълумдир қолган тириклик.
3633. Кўрган кунинг қадрла, зое этмагин,
Қазога ҳозир бўл, тоат айлагин.
3634. Нима дер эшит, хушёр тортган киши,
Барча иллатлардан пок бўлган киши:
3635. Ўтди-кетди кечаги ўтмиш тунинг,
Агар етсанг ўтар эртаги кунинг.

3636. Ўтмиш билан келажак фарқи лаҳзалик,
Овозинг кўтарма, умр бир лаҳзалик.
3637. Бу оламда ҳаёт беҳуда кечди,
Тийра бўлди рўзгор, надомат чекдим,
3638. Кўпдан танҳоликда ўтади куним,
Ҳою-ҳавас, нафснинг ўчирдим унин.
3639. Бугун шаҳар, кентга ундайсан мени,
Нафсим асир этса, нажоткор қани?
3640. Балойи нафс офат, қудратли ёғи,
Барча ерга қўймиш тўймас тузоғин.
3641. Орзуга эрк берма, қаттиқ бўл, жўмард,
Нафсингни жиловла, ўзинг тий, эй мард.
3642. Ўзин босган киши эшит, нима дер,
Ҳавас бўйнин узиб, ўзин тутган эр:
3643. Эй билимдон, нафсга асир бўлмагин,
Нафсинг асир этса, қурбон бўлар дин.
3644. Ким ҳою-ҳавас-ла қилса ишини,
Билимли деб бўлмас бундай кишини.
3645. Ким балойи нафсга гар бўлса асир,
У оқил дейилмас, эй хушёр тақсир.
3646. Ким нафсига эрк берса, бахтсиз эрур,
Билимсиз нодонлиги аён эрур.
3647. Ақл-заковатсиз — ўлик, эй қариндош,
Ким ҳою-ҳавасга ўзин қилса бош.
3648. Дунёни борича баён этдим мен,
Нуқсону фазлини уқиб олгин сен.

ҚИРҚ БИРИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ДУНЁ
БИЛАН ОХИРАТНИ ТОПИШ МУМКИНЛИГИНИ
АЙТГАНИ БАЁНИ

3649. Жавобан Ўгдулмиш айтди бу сўзни,
Эй қутлуғ зот, уқдим айтган сўзингни.
3650. Энди сен ҳам гапларимга қулоқ сол,
Ақл-заковат бирла мағзин чақиб ол.
3651. Гарчи шундай экан бу дунё ҳоли,
Аччиқ қилма, шу тириклик аҳволи.
3652. Кенг дунёни ўзинг учун қилма тор,
Гуноҳкор қулларга Ҳақнинг фазли бор.
3653. Азоби бисёрдир, раҳмати ҳам кўп,
Гуноҳкор қулига раҳмат азиз, хўп.
3654. Қаттиқ қўрқ азобдан, тила раҳматин,
Тоат-ла бажо келтир қуллик отин.
3655. Олам аҳли ташлаб шаҳар, кентини,
Ғорга кирса, олиб тақво юкини.
3656. Олам бузилгай, замин қолгай қуриб,
Одам насли бутунлай битгай қуриб.
3657. Икки уй яратди одамга атаб,
Бири беҳишт, дўзох тургай ланғиллаб.
3658. Олам аҳли дунё неъматин тилаб,
Тинмай чопса, кунни тунларга улаб.
3659. Тоат қолиб, мол тиласа — дўзахи,
Шунда ҳам бўш қолмас Тангри учмоғи.
3660. Худо берди бандага икки кўз, қулоқ,
Дунё-ю, охиратга баробар боқ.
3661. Икки қўл бермиш, бири-ла охират,
Бири-ла тутмоққа дунё, оқибат.
3662. Икки оёқ берди, юринглар дебон,
Бирин бунга, бирин қўйиб у томон.
3663. Яхши айтмиш билим, заковати кенг,
Дунёга танилган сахий — илки кенг:
3664. Аё қул, эсинг йиғ, сергак бўл доим,
Гуноҳдан нари қоч, хушёр бўл доим.
3665. Икки уй яратган халқка беминнат,
Бирин номи дўзох, биридир жаннат.
3666. Икки жаҳон яратди қодир Эгам,
Бирин топсанг изла унисини ҳам.
3667. Оллоҳнинг қудрати инсон аталмиш,
Очин-тўқин юрадиган яралмиш.
3668. Энгилга кийим-бош, томоққа емак,
Қариндош, бу тириклик учун керак.
3669. Бадан ёпгани тўн, қорин учун ош,
Тирикка булардан кечиш йўқ, қардош.
3670. Ҳалолдан мол топиб емоқлик керак,
Йўқсилга бир қисмин бермоқлик керак.
3671. Бўлмасайди кошки қорин ташвиши,
Инсонни ўнгдирмас нафснинг ташвиши.
3672. Қўрқиб тур ҳамиша Худо адлидан,
Доимо умид қил унинг фазлидан.
3673. Иккисила топасан тўғри йўлинг,
Шукр қил, йўқотма ҳаётда йўлинг.
3674. Кўп яхши айтибди таълим бергувчи,
Нодонга насиҳат — ўгит бергувчи.
3675. Умид, хавфни ўзингга қанот айла,
Икков ўртасида йўлингни танла.
3676. Бурчинг ўтаб, бажар Оллоҳ буйруғин,
Саройга учиб кир, кўргин ҳузурин.

3677. Умид ва хавф — инсонга қанотдир ул,
У билан учса ким кўкка топар йўл.
3678. Гуноҳим кўп дея умид узмагин,
Тоатга ишониб, ғофил бўлмагин.
3679. Тоат қил, ибодат бандалик учун,
Тоат қилсин инсон бўлгани учун.
3680. Ҳақ амрин азиз бил, ўзингни ҳақир,
Хорлик келар уни этсанг беқадр.
3681. Тоатга ўзингни фидо айлагин,
Гуноҳдан ўзингни фориғ айлагин.
3682. Ионсонлар ёмони деб билгин ўзинг,
Яхши бўлса ҳамки ўзинг ва сўзинг.
3683. Билганим сўзладим, билмам нетарсан,
Қабул этсанг эртан ажрин кўрарсан.
3684. Қабул этмасанг ростин айт, эй мардон,
Зорим бор, зўрим йўқ, қайтарман шу он.
3685. Сўзни кўпайтганнинг асло нафи йўқ,
Яна чуватмоқдан ҳеч манфаат йўқ.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3686. Ўдғурмиш манглайига қўлин қўйди,
Сукут сақлади у, узоқ ўй сурди.
3687. Қариндош, мен учун кўп ташвиш чекдинг,
Яхши ниятда дилда борин тўкдинг.
3688. Яхшилик тилаб айтдинг ўз фикрингни,
Ғамим единг, Оллоҳ берсин ажрини.
3689. Бу иш оқибатин ўйладам обдон,
Яхшилик нишонин кўрмадим, мардон.
3690. Кўнгил хоҳламади, бу ишдан қочар,
Кўнгил чопмаган ишни қилмоқ хатар.
3691. Севган, севилганга очиқ дил ила,
Доно билим берар яхши сўз ила.
3692. Қай бир ишни қилмоқ истасанг агар,
Кўнгил балан кенгаш ниятинг ҳар гал.
3693. Одамлар-ла кенгаш гапларинг, бироқ,
Кўнгил чопмаса ҳеч, ўзинг тут йироқ.
3694. Ҳаммадан меҳрибон ўзингга ўзинг,
Кўнгил чопмас ишни қўй, бас қил сўзинг.
3695. Не иш бўлсин кўнгил рағбати йўқдир,
Эй зоти пок, ундан манфаат йўқдир.
3696. Кўнгил хоҳламади бу ишни суюб,
Гапимдан қайтдим мен бу ишдан совуб.
3697. Инсонлар сарвари, тилагим шудир,
Ўз ҳолимга қўйгин, узурим шудир.
3698. Элигга наф берар фазилатим йўқ,
Феъл-атвор, яхши хулқ ҳам шуҳратим йўқ.
3699. Кечибон дунёдан мен келдим бу ён,
Яна нечук қайтиб борайин у ён.
3700. Худо тоатига бағишлаб ўзим,
Инсонга юкунмасман, тамом сўзим.
3701. Холи қўй, Худога ибодат қилай,
Яхшиликлар тилаб, дуочинг бўлай.
3702. Кўришмоқ истасанг агар соғиниб,
Мен борай, сен келма бунга зориқиб.
3703. Заҳмат менга бўлсин, сенга фароғат,
Хизматинг-ла элга етказ манфаат.
3704. Эшитгин нима дер меҳрибон киши,
Яқинлик боғлаган тиришқоқ киши:
3705. Кўнгил чопиб агар интилса киши,
Яқин бўлди демак тилаган иши.
3706. Умид билан ким мақсад сари кетар,
Ҳориб қолмас асло, талакка етар.
3707. Мақсадга интилган эр бўлса дадил,
Чарчоқ билмай орзуга бўлгай дохил.
3708. Жуда яхши айтмиш севимли киши,
Вафоси-ла машҳур маҳбублар боши:
3709. Яқин бўлса кўнгил, узоқ ер яқин,
Дилдан иста яқинликнинг вафосин.
3710. Шарқдан Ғарбгача бир довон йўл — яқин,
Вафо-ла ўталса, яқинлик ҳақин.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3711. Ўгдулмиш дедиким, хўп тингладим мен,
Энди ганларимга қулоқ солгин сен.
3712. Мақсадинг шу бўлса, ўзинг қийнама,
Мажбур этмам, юрак-бағринг тиғлама.
3713. Гапим тамом, бунда эсон — яхши қол,
Элигга битик ёз, юзим қилма ол.
3714. Хат йўллади элиг қўли-ла битиб,
Ўзинг бормасанг-да бергайсан битик.
3715. Сўзларинг чамалаб жавоб бер менга,
Ишим адо этай мен мослаб унга.
3716. Тилинг билан сўзла ҳам ёзгин нома,
Элиг ҳузурига қайтай, эй доно.

ҚИРҚ ИККИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА МАКТУБ
ЁЗГАНИ БАЁНИ

3717. Ўдғурмиш айтдики: Эй доно, сабр қил,
Нома битай, элигга бўлсин мақбул.
3718. Довот, қоғоз олиб, қалам чекди у,
Элигга номаси ажиб чиқди-ку,
3719. Худо номи бирла бошлади сўзин,
Яратган, улғайтган, авф этган ўзи.
3720. Тилимдан ёғилар ҳадсиз ҳамд-сано,
Дилимда шукрона ою, кун, мана.
3721. Яратди қўнғир ер, яшил кўк, кун, ой,
Зулумот, ёруғлик, фақир ҳамда бой,
3722. Яратди кенг олам, сонсиз тирик жон,
Бирини ҳам оч қўймас, ризқ берибон.
3723. У танҳо яратди иккита олам,
Унинг бирлиги кирмас ҳисобга ҳам,
3724. У сифат, саноқдан холи, ягона,
Қиёсин изламоқ бўлар куфрона.
3725. Улуғлик унга хос ҳамда буюклик,
У танҳо, у қодир, ҳоким, эркли.
3726. Сон-саноқсиз қулни яратди ўзи,
Истаганга иноят қилар ўзи.
3727. Бу гумбазли лой уй, қоронғи ичи,
Қуёш бирла ёритди қудрат кучи.
3728. Яшил кўк яратди баланд кўтариб,
Ою кун, юлдузлар-ла зийнат бериб.
3729. Пасти қўнғир еру ҳамда яшил сув,
Устида олову ел эсар ғув-ғув.

3730. Қуруқ билан ҳўлни, иссиқ совуқни,
Эш айлади, эл-юртга берди ризқни.
3731. Не истади яратди бекаму кўст,
Зарур бўлмади унга қўлловчи, дўст.
3732. Истаса тоатсиз қулин қадр этар,
Истаса тоатли қулни хор этар.
3733. Бўл деса, истаган тилаги бўлар,
Не эрса қарори жо-бажо бўлар.
3734. Беадад саломлар улуғ элчига,
Раҳнамо, тўғри йўл кўрсатгувчига.
3735. Дуо бирла элигга нома битдим,
Эсонлик тилаб доим салом айтдим.
3736. Ҳиммат қилди элиг йўллаб нома — сўз,
Ўқиб мактубини равшан тортди кўз.
3737. Кўп эзгу ёрлиқлар, панду насиҳат,
Илтифот қилинмиш лутфу фазилат.
3738. Яна ваъда қилинмиш ҳадсиз эзгулик,
Иззат-икром, егулигу кийгулик.
3739. Шундай орзу билан яшайди инсон,
Шу орзу йўлида кезади сарсон.
3740. Хизматсиз эришсам бу марҳаматга,
Нечук рози бўлмай бу саодатга.
3741. Лекин бордир талай айбим, қусурим,
Борсам касри ургай — айтай узурим.
3742. Бири, хизматим йўқ, чекмасман жафо,
Яна бири элга йўқ менда вафо.
3743. Билмасман расм-русум, яхши хулқ-атвор,
Бадхулқни хизматга чорламоқ бекор.
3744. Иккинчи, бу дунё жафокор билдим,
Шу боис ўзимга жафолар қилдим.
3745. Худога сиғиндим, ўзим бахш этдим,
Эгам имонимни саломат этсин.
3746. Егулигим бордир, устга кийгулик,
Ризқни фақат Яратгандан сўргулик,
3747. Яратди, яшнатди токи ушбу дам,
Эй ҳукмдор, асрар бундан буён ҳам.
3748. Сенга дунё берди у дариғ тутмай,
Наҳот менга бермас, не учун кутмай.
3749. Бор яхши-ёмонлик — тақдири азал,
Гадолик, бойлик ҳам Ҳақ ҳукми азал.
3750. Ҳақ эшигин тутдим, қилиб ибодат,
Барча халқ йиғилар эшик шу албат.
3751. Хузурингга бориб, эшигинг тутиб,
Не тиларман, умримни зое этиб.
3752. Оллоҳнинг қулимиз ҳар иккаламиз,
Қулликда тенг эрур бор мартабамиз.
3753. Қул топинса қулга яроқсиз бўлар,
Ўзин обид билса, тубанлик бўлар.
3754. Ким ҳимматли шундай бўлмоғи керак,
Оллоҳ тоати-ла банд бўлсин юрак.
3755. Бу сўзни хўп айтмиш бир доно, омил,
Сен унга қулоқ сол, покиза кўнгил.
3756. Оч-тўқ юрувчига қилма ибодат,
Инсонга не учун қилмоқ ибодат.
3757. Тинмай ибодат қил ёлғиз Худога,
Эшигинг очик тут, бўл илтижода.
3758. Элиг, тўрт ҳожатим раво айлагин,
Қўлим юзга тортиб, хизмат айлайин.
3759. Менга тириклик бер, нуқсонсиз бўлсин,
Йигитлик эса қариликсиз бўлсин.

3760. Дарддан фориғ айла, доим соғ юрай,
Камбағал этма ҳэч, доим бой бўлай.
3761. Шу тўрт нарсани бер, сенга топинай,
Фидо этиб жоним, ўзим қул қилай.
3762. Буларни беролсанг агар, эй элиг,
Қулинг бўлай доим, тутайин илик.
3763. Буларни беришга гар кучинг етмас,
Не ортиқлигинг бордир, айтгин, эй кас.
3764. Емак-ичмагим бор, энгил-бошим ҳам,
Лозим бўлса, яна беради Эгам.
3765. Тириклигу ўлимни Худо берар,
Азизлик ва хорлик ҳам ундан келар.
3766. Буни яхши билган ақлли киши,
Бошқача бўларми, аё юрт боши.
3767. Мени ёлғиз Оллоҳ асраганидек,
Сен асрай олмассан, аё асил бег.
3768. Тунлар қўриқлашим керакдир сени,
Ростин айтсам, Эгам асрагай мени.
3769. Ўзинг тўймагунча менга тегмас ош,
Эгам-чи, тўйдирар, ўзи емас ош.
3770. Кўмакчи керакмас айтмоққа арзим,
Тилим тебратмасдан у англар дардим.
3771. Даф этолмас балони ходим ё қул,
Манман зўрнинг қўлин теккиздирмас ул.
3772. Кечирмассан сенга бир гуноҳ қилсам,
Эгам афу айлар минг гуноҳ, қилсам.
3773. Эшитгин нима дер гуноҳкор қули,
Кўнгил сирин очди, кўр, бурро тили.
3774. Аё чин вафоли, меҳрибон Эгам,
Топмадим сенингдан меҳрибон, ҳамдам.

3775. Тушкунликка тушсам умид берурсан,
Нажотсизга таянч, ҳамкор эрурсан.
3776. Дардимга шифосан, ғамимга севинч,
Қайғумга таянчу зериксам овунч.
3777. Ҳақ Эгам, қувончу овунчларим ҳам,
Севинчинг ичида эрур мужассам.
3778. Гуноҳни кўп қилдим, ҳидоят айла,
Раҳматинг чексиздир, мурувват айла.
3779. Гуноҳим кечиргин, сенга зиён йўқ,
Азоб берма, сенга ҳеч манфаат йўқ.
3780. Гуноҳим бисёрдир, лек раҳматинг кўп,
Гуноҳни ёрлақаш ярашади хўп.
3781. Азоб берсанг агар унга лойиқ сен,
Афу этсанг, мурувватга лойиқ сен.
3782. Биларсан, биларман сени бир билдим,
Биларман, биларсан сени бир дедим.
3783. Густоҳман, густоҳлик азобга солар,
Халимсан, ҳалимлик ўзингдан келар.
3784. Кетувчи, суюмли бу жон омонат,
Ўзгага берилмас бу жон омонат.
3785. Эй элиг, бу дунё ўткинчи эрур,
Кун сайин тугаб ҳаёт емирилур.
3786. Нега ишонарсан, ўйланмоқ нечун,
Дунёга маҳлиё бўлмоқлик нечун.
3787. Отанг кетди, тенгу туш, оға-ини,
Онанг кетди, ўғил-қизларинг қани?
3788. Ўлганларни кўрдинг, сен ҳам ўларсан,
Ҳамма кирган гўрга сен ҳам кирарсан.
3789. Ғофил бўлма, хушёр бўл, эй хон,
Ўзингдан яхши ном қолдир ҳар қачон.

3790. Зое этган бўлса кечирган кунинг,
Зое этма энди келгувси тунинг.
3791. Ўтувчи кунингдан керагин олгин,
Кўчирувчи келгунча ҳозир бўлгин.
3792. Бу аҳволни кўриб турган-чун кўзим,
Нечук маъқул келгай элигга сўзим.
3793. Жафокор жаҳондан узиб кўнгилни,
Бахш этдим вафоли Эгамга дилни.
3794. Ўз ҳолимга қўйса элиг агарда,
Дуочи бўлайин шому саҳарда.
3795. Нечук наф берарман сенга, эй ҳоқон,
Сен ўзингга ўзинг наф етказ ҳар он.
3796. Барчадан чекиндим, сен ҳам чекингин,
Сену менга бирон наф йўқ кишидин.
3797. Мен энди бу қолган умрим сарф қилиб
Ҳақ севинчин тиларман тоат қилиб.
3798. Бор-йўғим бадастир, ортиқ керакмас,
Бу дунё бир ўпқон сира ҳам тўймас.
3799. Умр ўтди-кетди ел каби учиб,
Надомат чекарман, эвоҳ, кўз очиб.
3800. Бутун бўлди эгним, қорним бўлди тўқ,
Йўқ бўлсин бу дунё, ортиқ нафи йўқ.
3801. Қорни тўқ, эгни бут эр не дер, тингла,
Ким бас етар деса, бахтлидир англа.
3802. Яхши айтмиш тақдирдан рози киши,
Қаноат туфайли бахт қучган киши:
3803. Қоринга егулик ризқ кўп жаҳонда,
Энгилга кийгулик либос жаҳонда.
3804. То тирик эканман ризқ-рўз топилгай,
Керак бўлса Эгам мўл-кўл бергай.
3805. Фойда кўзлаб мени чорласа элиг,
Менда йўқ фойдали заковат, билиг.
3806. Эл корига ярасин деса гар келиб,
Яроқли жойим йўқ, суз айтай кесиб.
3807. Гар ишда бир кўмакчи зарур дегай,
Қардошим минг киши ишин бажаргай.
3808. Агар мени эъзоз этсанг, эй элиг,
Сен аввал ўзингни эъзозла, элиг.
3809. Минг эзгулик этагини тутгунча,
Сен бўл аввал ўз ёқангни тутгувчи.
3810. Не зотлар жаҳонга машҳур минг туман,
Элиг атрофида қурмиш анжуман.
3811. Мендан элигга қандай фойда тегар,
Завқ бермас бефойда иш қилса агар.
3812. Ўтиниб узримни сўрайман сендан,
Ўз майлимга қўю ранжима мендан.
3813. Бундан бўлак барча тадбир-чорани,
Қариндош эшитди, айтгай барини.
3814. Деди: Битдим дилдаги тилагим — сўзим,
Уқиб билдинг, доно, айтилган сўзим.
3815. Элигдан ўтингин, етказгин буни,
Қўл узиб, ўз ҳолимга қўйсин мени.
3816. Элчи сўз элтади, келтирар жавоб,
Фикримни етказгин, бердим мен жавоб.
3817. Нима дер эшитгин Уч ўрду хони,
Унинг ҳақ сўзлари эл-юртнинг жони:
3818. Айб йўқдир элчига сўздан қайтмаса,
Омонат гапдан ўзга гап айтмаса.
3819. Элиг бундан ҳам дурустроқ сўз айтмиш,
Рост айтган элчини қийнама демиш.
3820. Ўлим бўлмас бундай элчига асти,
Не эшитса, сўзласа доим ростин.
3821. Элчи деганим воситачи бўлар,
Рост гапирса ялавоч ўлмай қолар.
3822. Омонат гапларни айнан айтса у,
Эҳсон бериб, мақта, фикрим шу.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3823. Ўгдулмиш айтди: Сўзларинг тингладим,
Нима деган бўлсанг барин англадим.
3824. Жавоб ёздинг элигнинг номасига,
Менга бер элтайин юрт доносига.
3825. Эй қариндош, гумоним бордир бироқ,
Элиг қўймас сени ўзидан йироқ.
3826. Эй хуснихулк, ўз ҳолингга қўймас хон
Даъватга юборгай яна бегумон.
3827. Бормасанг интиқ бўлиб кутар сени,
Яна ҳузурингга жўнатар мени.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3828. Ўдғурмиш айтди: қариндош бир бора,
Бу сўзни айтмагин, дил бўлар яра.
3829. Бу ердан сира ҳам бормасман у ён,
Ўзинг қийнаб сен ҳам келмагин бу ён.
3830. Тилаб бўлмас нарсани тилаган ёмон,
Ноўрин сўз сўрамоқ ундан ёмон.
3831. Яхши-ю, ёмонни синаб билган эр,
Эшит, илми беадад зот нима дер:
3832. Сўраб бўлмасни сен зўрлаб истама,
Топиб бўлмасни ҳеч зўрлаб қистама.
3833. Ҳамма жойга борма пою-пиёда,
Машаққат чекасан ҳаддан зиёда.
3834. У яна айтдики: Йўлингдан қолма,
Эй марду майдон, энди қайтиб келма.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3835. Ўрнидан қўзғалди Ўгдулмиш дарҳол,
Гап томом, кетмоғим зарурдир алҳол.
3836. Ўгдулмиш жигарига яна бир бор,
Билган гапларини айлади такрор.
3837. Ўгдулмиш отга миниб, ортга қайтди,
Уйга келгач, Яратганга шукр айтди.
3838. Қуёш пастга оғди, яширди ўзин,
Осмон сувсар рангга бўяди юзин.
3839. Жаҳон сурди юзига қора бўёқ,
Кўрар кўз юмилди, ухлади уйғоқ.
3840. Ўгдулмиш ўрнини солдириб ётди,
Тиниқиб ухлади, зумда тонг отди.
3841. Шарқда ёнди тандир ўтидек ёлин,
Ёришди олам юз очгандек келин.
3842. Ўрлади нур қалқон — олам нурафшон,
Ва жаҳон безанди тақиб оқ маржон.
3843. Уйдан чиқиб саройга шошилди у,
Рухсат олиб элигга кўринди у.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

3844. Ўдғурмишни сўради элиг аввал,
Гапни мухтасар қил, нечукдир аҳвол,
3845. Қандай гаплар бўлди, не бўлди ишинг?
Мақсадга етдингми, келарми эшинг?
3846. Ўгдулмиш номани узатди аста,
Элиг кўз югуртди унга бир пасда.
3847. Қизарди, бўзарди, жилмайди секин,
Чуқур тин олиб, ўйга чўмди кейин.
3848. Айтди: Қариндошинг дағал сўз айтмиш,
Гаплари бенуқсон, тўғри сўз айтмиш.
3849. Тўғри сўз дағалдир, майли ким айтмиш,
Мен ипак бердим, ундан тикон қайтмиш.
3850. Не эди тилида баён айлаган,
Эшитганинг бир-бир баён айлагин.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3851. Баён этди элигга эшитган сўзин,
Қай тарзда яширмай тўппа-тўғрисин.
3852. Айтди: Турли соҳаларда баҳс этдик,
Ақл-заковат етганча биз сўз айтдик.
3853. Барча саволимга топди жавоб — сўз,
Гар қаттиқ қистасам юмиб олди кўз.
3854. Ҳарчанд зўрламайин бу ён келмади,
Қаттиқ гапирсам-да кўнгил бермади.
3855. Унинг ҳар бир сўзин эшитди элиг,
Барча сўзи эди ақл ва билиг.
3856. Тағин орзу қилди, қўмсади кўнгил,
Кўнгил қўмсаса у инсонга дард бил.
3857. Кўр, беҳад яхши айтмиш эрлар боши,
Истагин топмаса, эрксиздир киши.
3858. Кўнгил бегдир, барча унинг қулидир,
Қайга борса бег, бу қулнинг йўлидир.
3859. Кўнгил орзуга мойил — жиловлаб ол,
Тилагин топмагунча тинмас алҳол.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3860. Яна аятди элиг: Аё Ўгдулмиш,
Сенинг қариндошинг чин инсон эрмиш.
3861. Эшитмаган бўлсам эди сўзларин,
Феъл-атвори, хулқи, билими — барин.
3862. Эшитгач, кўнгилга жо этдим уни,
Тиришгин, орзумга етказгин мени.
3863. Ўз элимда ушалмаса тилагим,
Муносибми, мушкул унга етмагим.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3864. Ўгдулмиш айтдики: Тоза насилдир,
Хулқи гўзал унинг, элда асилдир.
3865. Мен унга бу сўзни қайтадан айтдим,
Элиг яна бунга йўллагай дедим.
3866. Ўзингча бор дедим, ҳурматлаб уни,
Ўз ҳолингга қўймас, чорлагай сени.
3867. Умидимни узди, қайтиб келма деб,
Бормасман, ўзингни қийнаб юрма деб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3868. Элиг айтди: Нечук изоҳ, берарсан,
Гар келмаса, яна ўзинг борарсан.
3869. Бу не ҳолки, неки истаса элиг,
Орзу ушалмоққа етмаса илик.
3870. Бу нечук адолат, юрт чўнги, хонин,
Эл аро ўтмаса, буйруқ, фармони.
3871. Чин улуғлик нишонаси шу эрур,
Истаган мақсадга у албат етур.
3872. Гар кўнгил истаса ҳар бир нарсани,
Давоси — мақсадга еткурмак уни.
3873. Оғир бир дард бўлди бу орзу менга,
Орзуга етмоқлик эм бўлар унга.
3874. Нима дер англагин, бу байтни ўқиб,
Маъносин уқиб ол, эй кўнглим тўқи:
3875. Барча дардга дори-дармони тайин,
Дардни даволовчи табиб ҳам тайин.
3876. Кўнгилнинг дарди агар орзу эрур,
Унга етмоқ дарднинг давоси эрур.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3877. Ўгдулмиш айтдики: Элиг бахтиёр,
Жаҳонда давоси топилмас не бор?
3878. Элиг кўп йил тинч, омои, эсон бўлсин,
Бу қулнинг жони унга фидо бўлсин.
3879. Нетай, бу сўзни сенга ўзим дедим,
Ўкиндим, ўксиндим, пушаймон едим.
3880. Эшитгин, ақлли, доно нима дер,
Сўзга эҳтиёт бўл, аё ботир эр.
3881. Фойдаси кўпдир, бил, сўзламаса тил,
Ўкинтирди сўзлаб, во дариғ, бу тил.
3882. Сўзламасанг сўзинг сенга қул бўлар,
Гар сўзласанг сўзинг сени қул қилар.
3883. Гапингни пухта ўйлаб, шошилмай қил,
Шошган сўз охири пушамондир, бил.
3884. Ўдғурмиш ҳар жиҳат етук бир одам,
Борсам келишига йўқ эди шубҳам.
3885. Элиг бир истаса, мен эса минг бор,
У дононинг менга фойдаси бисёр.
3886. Ниятим у билан бир бўлмоқ эди,
Қўлни қўлга бериб ишламои эди.
3887. Мен уни нечоғли қаттик қистамай,
У оёқ тиради шунча истамай.
3888. Бориш лозим бўлса, борайин яна,
Неки айтиш лозим, айтайин яна.
3889. Элиг яна ёзиб берсин бир нома,
У ўқиб ишонсин, бу – гувоҳнома.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3890. Элиг айтди: Мактуб юбориб кўрдим,
Қандай жавоб берганин ўзинг кўрдинг.
3891. Яна қандай битик битайин бу гал,
Хат ўрнига ўзинг мактубсан тугал.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3892. Ўгдулмиш айтди: Эй қутли ҳукмдор,
Не бўлса-да, нома битмоғинг даркор.
3893. Элчи сўзу ишга бўлса-да омил,
Битиксиз сўзга ҳеч ишонмас кўнгил,
3894. Ишонмас кишига хужжатдир мактуб,
Ҳужжат бўлса, ҳийла эрур номатлуб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3895. Элиг айтди: Орзуйинг шу бўлса, нетай,
Сўз маъносин очиб мен нома битай.
3896. Мактуб изҳори дил, унга таянма,
Тиришиб тадбир топ, кучинг аяма.
3897. Не сўзлаш лозим булса, унга сўзла,
Тадбир топиб, олиб келишни кўзла.

ҚИРҚ УЧИНЧИ БОБ
ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШГА ИККИНЧИ МАРТА
МАКТУБ ЁЗГАНИ БАЁНИ

3898. Яна довот, қоғоз сўради элиг,
Қалам олиб қўлига битди битик.
3899. Худо номи билан бошладим сўзим,
Яратган, улғайтган, кечирган ўзи.
3900. Деди: Минг-минг сано қодир Тангрига,
У ҳукмин юритгай тўғри, эгрига.
3901. У танҳо, покиза, беғубор эрур,
Йўқни бор қилади, борни йўқ қилур.
3902. Уни воҳид билиб тани, дилда тут,
Ибодат қил, тилу дилни тўғри тут.
3903. Нимани истаса, истаги бўлар,
Нимани бўл деса, айтгани бўлар.
3904. Жамъи тирик жонга ризқ-рўз берар,
Жон бергани каби ўлим юборар.
3905. Ҳукмида азизлик, хорлик — огоҳ бўл,
Улуғлигу кичикликка очмоқ йўл.
3906. Унинг хоҳиш, истагин билгувчи йўқ,
Юритар қазосин тўсгувчи йўқ.
3907. Туман минг саломим расул — элчига,
Етказсин Хақ ул раҳнамо — йўлчига.
3908. Бор чоҳарёрларга саною салом,
Етказсин Худойим узлуксиз мудом.
3909. Юбордим, эй заковатда баркамол,
Сенга мадҳу салом ҳамда сўраб ҳол.
3910. Аҳвол сўраб сенга йўлладим битик,
Нечук яшаяпсан, эй доно, тетик?
3911. Юбордим ҳузурингга қариндошинг,
Тилагим, бўлсайдинг ҳамдам, йўлдошим.
3912. Сен маъқул кўрмабсан бунга келмоқни,
Ҳузуримда турмоқ, юзим кўрмоқни.
3913. Мактубимга жавоб ёзибсан ўзинг,
Қариндошинг етказди айтган сўзинг.
3914. Мактубинг ўқидим, англадим сўзинг,
Мақсадим эшитгин, қочирмай ўзинг.
3915. Шакардан ширинроқ сўз айтдим сенга,
Жавоб келди оғудан аччиқ менга.
3916. Менинг сўзларимни сен яна эшит,
Эй меҳрибон, уни дилингга жо эт.
3917. Зоҳидлик мақомин ихтиёр этдинг,
Тоғ бағрини ўзингга макон этдинг.
3918. Тақво бирла шуҳрат қозондинг, қара,
Улуғлик тимсоли булдинг эл аро.
3919. Ибодат қиларсан тақвони кўзлаб,
Насибангни қийма ўзингни зўрлаб.
3920. Элнинг назарига тушса ибодат,
Бузилгай тақводан бўлган иморат.
3921. Оллоҳнинг ибодати пинҳон бўлсин,
Элга, очилмасин, доим сир бўлсин.
3922. Суюкли қулини яширгай Эгам,
Эл-юртга танилмас бу қуллар ҳеч ҳам.
3923. У қул ҳам билмагай кимлигин, аслин,
Худога ёғиму ва ёки яқин.
3924. Бу ён келиб шаҳар, кент аро тургин,
Тоатинг пинҳон тут, эл аро юргин.
3925. Ҳалол дунё топиб еб-ич хамма вақт,
Очни тўйдир, юпунга кийдир ҳар вақт.
3926. Ҳалол дунё топса киши эзгуси,
Икки дунё неъматларин егувси.
3927. Бу ҳикматни эшит, бу ён келмаган,
Покдомон, билимли зот нима деган:
3928. Дунё моли яхшига насиб бўлар,
Ҳар икки жаҳонда у ҳузур кўрар.
3929. Дунё топиб ея билмаса, эвоҳ,
Эрур юк ортмоқлаб юрган бир гумроҳ.
3930. Эй доно, инсонга сен фойда келтир,
Бировга наф берган ҳақиқий эрдир.
3931. Сени мусулмонлар фойдасин кўзлаб,
Бу ён даъват этдим, эй зоҳид, зўрлаб.
3932. Бу ён кел, одамлар кунига яра,
Нафсиз инсон ўлик тириклар аро.
3933. Одам саналарми ўз нафин деган,
Ҳақиқий инсондир эл ғамин еган.
3934. Молини улашган эмасдир сахий,
Жон-танин фидо қилган эрур сахий.
3935. Ўзин панага олган ғамхўр эмас,
Бировни йўқловчи меҳрибондир, бас.
3936. Киши яхшиси дер, яхши асли ким?
Унга таъриф бергин, эй доно ҳаким.
3937. Одам яхшиси дерлар, яхши кимдир?
Ким кулфатда биров дардига эмдир.
3938. Эй кўнгли покиза, илми беадад,
Бу сўзга қулоқ сол, ақлингни ишлат.
3939. Бу сўзларим чинми, ёлғон, ўйлаб кўр,
Гар чин бўлса, ҳавасни қўй, бунда тур.
3940. Кўп сўз албат зерикарли бўлади,
Ақлли киши гапни камроқ қилади.
3941. Қолган гапларимни қардошинг сенга,
Етказгай, барини уқдирдим унга.
3942. Мактубни тугатиб, ўрнидан турди,
Маҳкам боғлаб, унга муҳрини урди.
3943. Муддатин қайд этиб, битди ой, кунин,
Сўнгра Ўгдулмишга тутқазди уни.

3944. Ўгдулмишга такрор тайинлади хон,
Бор гапни батафсил айлагин баён.
3945. Неки лозим бўлса, тириш, қил шуни,
Амаллаб шаҳарга келтиргин уни.
3946. Тилаги не бўлса, бу ерга келиб,
Муҳайё этайин мен тугал қилиб.

3947. Уйига йўл олди туриб Ўгдулмиш,
Ғайрат бахш айлади унга эзгу иш.
3948. Отдан тушди аста уйига келиб,
Еди, ичди, ётди бир оз дам олиб.
3949. Юзин яширди қуёш — румий қизи,
Зангги тусин олди фалакнинг юзи.
3950. Қора қушнинг тусини олди осмон,
Тун қоплади қора қуш патисимон.
3951. Ўринга кирди-ю, ўйлади узоқ,
Не десин қариндошга кўришган чоқ.
3952. Озроқ мизғиб, уйғониб кетди яна,
Ёнмаган кўмирдек эди тун, ана.
3953. Уйқи ўчиб, аста ўрнидан турди,
Қора тун этагин липпага урди.
3954. Кун ўрнидан турди, кўтариб бошин,
Кулиб кўрсатгандек бамисли тишин.
3955. Ғусил қилиб, ўқиди бомдод номоз,
Илтижо-ла дуо қилди у бир оз.
3956. Отин тутиб, эгар-жамбуғин урди,
Умидвор бўлиб тоғ йўлига юрди.
3957. Қариндош манзилига боргач яқин,
Отдан тушди, сақлаб ҳурматин — ҳақин.

3958. Тақиллатди эшикни бориб илдам,
Тоатни қўйиб очди қариндош ҳам.
3959. Олиб кирди Ўдғурмиш қўлидан тутиб,
Жой кўрсатди тўрдан эъзозлаб, ўпиб.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

3960. Айтди: Нечун яна машаққат чекдинг?
Остонамга бош уриб, эшик чертдинг.
3961. Гапни кесиб айтдим, эшитдинг уни,
Не сабаб сен зўрлаб, қийнайсан мени?
3962. Нима дер эшитгин билим бергувчи,
Яхшию-ёмонни синаб билгувчи:
3963. Инсонни синаш-чун бир бор кўрса, бас,
Қалбини билмоққа бир сўз сўрса, бас.
3964. Мис ё олтинни фарқлолмаса агар,
Сир тошига ишқаласа бас етар.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3965. Ўгдулмиш айтди: Жигар, менга қара,
Аччиғланиб, кўнглим этма яра.
3966. Хизматчи эрта-кеч бегини кўрар,
Нени буюрса беглар бажо бўлар.
3967. Хатингни етказдим ҳам айтган сўзинг,
Неларни тайинлаб топширдинг ўзинг.
3968. Сўзингга жавобан нома битди хон,
Дея элиг хатин топширди шу он.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3969. Ўдғурмиш туриб ундан мактубни олди,
Ўқиб чиққач, узоқ ўйланиб қолди.
3970. Деди: Қардош, барига ўзинг гувоҳ,
Нега ўз ҳолимга қўймаяпти шоҳ?

045

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin USMON tarjimasi
09

O’TTIZ TO’QQIZINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISH BILAN043
MUNOZARA QILGANI BAYONI

3321. Javob berib O’dg’urmish aytdi: So’zing,
Eshitdim, endi tingla mening so’zim.
3322. Mehr ipin ulaganing uchun Xudo,
Tuman ming ajru savob etsin ato.
3323. Neligin bilmadim boshqa so’zingni,
Ortga surma, mayli aytgin sen uni.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3324. O’gdulmish aytdiki, shu erur so’zim,
Vasling ko’rib charog’on bo’ldi ko’zim.
3325. Kishi yursa o’z tilagin yo’lida,
Ey dono, u jafo chekmas umrida.
3326. Ko’pni ko’rgan kishi ne deydi, tingla,
Ey bag’ri keng, uning ma’nosin angla:
3327. Qay ishni orzu qilsa kishi agar,
Intilsa orzusi doim yor bo’lar.
3328. Yiroqlar yaqindir orzumandga, bil,
Visolga yetganda jonni fido qil.
3329. Yana aytdi O’gdulmish shudir so’zim,
Izhori dil etib til tinmas bir zum.
3330. Shahar, kent, urug’-aymoqni tark etib,
Yuribsan eldan bezib, do’stdan kechib.
3331. Og’ir yuk olib boshga, zahmat chekib,
Och, yupun yuribsan, darmondan ketib.
3332. Jigarlar sen uchun behad qayg’urar,
Ko’rmoq imkoni yo’q, ko’ngil o’ksinar.
3333. Yolg’iz yashayolmas inson mutlaqo,
Issiq jon ne bulmas, sog’lik bebaqo.

3334. Bu tashvish meni bir zum tindirmadi,
Hasrating ko’zga uyqu indirmadi.
3335. Do’zoxni sen uchun yaratmagan Haq,
Azobni bir senga bermagandir Haq.
3336. Ne uchun bunchalar qiynaysan o’zing?
Menga oshkor etgin, tinglayin so’zing.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3337. Javob berdi O’dg’urmish: Uqdim xitobing,
Aytay, tingla endi mening javobim.
3338. Ne deding barisi mehribonlikdan,
Yaqinlik nishoni qarindoshlikdan.
3339. Qarindosh g’amini qardosh yemasa,
Yotlarga ne parvo, qondosh bo’lmasa.
3340. Qarindosh-urug’dan tirik ayrilib,
Nechun yolg’iz yasharman g’orga kelib.
3341. O’zim noqisligim bilindi bunda,
Iymon zaifligi bilindi shunda.
3342. Shu bois butkul tarki dunyo etdim,
O’zim ibodatga butkul baxsh etdim.
3343. Bu dunyo ishiga qotilgan kishi,
Qilolmas hech qachon-oxirat ishin,
3344. Eshik yopmaguncha xalqqa butunlay,
Ollohga ibodat qilib bo’lmagay.
3345. Bo’g’zin siqib, yengmaguncha havoyi nafs,
Toat-ibodatdan zavq olib bo’lmas.
3346. Nima der eshitgin taqvrdor kishi,
Davo birla komil bo’lmas din ishi.
3347. Havo birla, nafs ulug’ yov erur,
Bu ikkisi insonni yo’ldan urur.
3348. Havoga berilsa, er tutqun bo’lar,
Orzuga yetsa tan, inson qul bo’lar.

3349. Xavoga berilma, aqling bilan bos,
Vujud bosh ko’tarsa, bilim bilan bos.
3350. Shu bois men shahar, kentni tark etib,
Xilvatdan joy oldim mashaqqat chekib.
3351. Odamlardan chetga oldim, rost, o’zim,
G’iybatdan xoliman, yo’q bekor so’zim.
3352. Yolg’iz debon kuyma aslo qarindosh,
Xudo yodi menga tunu kun yo’ldosh.
3353. Qarindosh-urug’dan bo’lganim yiroq,
Bildirmadim ularga och-to’qim biroq.
3354. El ko’ngli nozik, olmoq mushkul erur,
Gar qolsa olmoq-chun Haq adli zarur.
3355. Garchi el-yurt mendan biron naf ko’rmas,
Ular mendan aslo ziyon ham ko’rmas.
3356. Foyda, zarar, yaxshi, yomonning bari,
Haqdan bo’lar, bu Ollohning taqdiri.
3357. Arshdan zahkash yerning ostigacha to,
Xudoga muhtojdir bari mutlaqo.
3358. Inson aro neki foyda yo zarar,
Bari senga ma’lum erur muqarrar.
3359. So’rading toatdan ne foyda, eshit,
Toat qullik, qulga ochar u eshik.
3360. Qullik sifat bo’ldi qulga shuning-chun,
Tog’u toshda sajda qilsin tunu kun.
3361. Qabul etgay yoki etmagay Egam,
Uning zikrin tildan qo’ymagin bir dam.
3362. Yolg’izlikdan zarar yo’qdir menga hech,
Halovat istasang havaslardan kech.
3363. Bu baytni aytuvchi nima der tingla,
Sirtiga boqma hech, ma’nosin angla:

3364. Ey dono, yasha doim tanho bo’lib,
To’ti so’z o’rganmidir tanho yurib.
3365. Zohid ibodat qilsa, yolg’iz agar,
Toatdan, ayt, kimlarga ziyon yetar.
3366. Yaqinlikni ta’rif etding, qarindosh,
Yaqinlik-chun topmoq kerak do’st — odosh.
3367. Kelguningdan buyon kun bo’yi attang,
Toatdan benasib yuribman diltang.
3368. Senga qo’shildimu ko’p zarar ko’rdim,
Toatsiz umr ne bo’lgay, o’ylab ko’rgin.
3369. Agar kirsam yana kishilar aro,
Ibodatga qo’l tekkaymi bir bora.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3370. O’gdulmish aytdiki: Eshitdim so’zing,
Gapimga quloq sol, o’girmay yuzing.
3371. Sen aytgan bu gaplar ko’p oqilona,
Lek o’ylab ko’rilsa, quruq bahona.
3372. Nomim tirik bo’lsin desa olamda,
Inson naf keltirsin biron odamga.
3373. Tiriklik ne o’zi, nima belgisi,
Uning yaxshiligin qaydan bilguvsi.
3374. Xotin ol, tug’ilsin ko’plab o’g’il-qiz,
Xaqorat keladi bo’lsang farzandsiz.
3375. Nima der eshitgan odam asili:
Oila nasilni uzmaslik yo’li.
3376. Befarzand so’nggi dam qattiq o’kinar,
Orqamdan qoluvchi ber deb o’tinar.
3377. Kim avlod qoldirsa o’zidan keyin,
O’lgan hisoblama, barhayot degin.
3378. Nasilsiz o’lsa er, tugaydi urug’,
Nomi o’chib, o’rni qolar qup-qurug’.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3379. Javob berdi O’dg’urmish: Gaping rostdir,
Lek bunda boshqacha holat ham bordir.
3380. Agar bo’lsa o’g’il-qiz yaxshi, ziyrak.
Sen ta’rif etgandek bo’lar u beshak.
3381. Yomon bo’lsa biroq yig’latgay seni,
Vafot etsang darrov unutgay seni.
3382. Noming yomon bo’lar kelmaydi olqish,
Yurt boshi-yu, yotlar yog’dirar qarg’ish.
3383. O’g’il-qiz yog’idir, g’anim ne kerak,
Yovsiz yashamoqlik axir ezgurak.
3384. Yog’idan qandayin yorug’lik kelar,
Yov oti zararga guvohlik berar.
3385. Ilmi ko’p teran yaxshi ta’lim berar,
Farzand tadbiri o’chmas nom keltirar.
3386. Bunga mos keladi bilimdon so’zi,
Ko’ngli to’g’ri, g’oyat rostgo’ydir o’zi:
3387. O’g’il-qiz deb joning qiynaysan tinmay,
Chekkan zahmatingni qay farzand bilgay.
3388. Yig’arsan haromni, ketarsan, qolar,
Sen alam chekarsan, u bahra olar.
3389. Xotin olgan bil kemaga tushguvchi,
Dengiz ichra kirgay unga tushguvchi.
3390. O’g’il-qiz tug’ilsa, kemasi sinar,
Kemasiz suv ichra kim tirik qolar?
3391. Farzandli otani yorlaqash kerak,
Zahar-zaqqum erur u yegan xo’rak.
3392. O’g’il-qiz yomoni otadan keyin,
Atamas otayu-onasin nomin.
3393. Bunday o’g’il-qizdan kelarmi vafo,
Fe’l-atvori yovuz, qilmishi jafo.

3394. Ota zahmat chekar, na huzur ko’rar,
Balo, mashaqqatni fildek ko’tarar.
3395. Deysan, do’stu yor topmoq kerak axir,
Yaxshi gap, bu gapni ko’tarmoq og’ir.
3396. Mumtozu bilimdon, dono ne demish,
Ko’ngil nozik, uni olmoq mushkul ish.
3397. Shishaga o’xshaydi bu nozik ko’ngil,
Sindirib qo’ymagin, avayla, o’g’il.
3398. Tajriba shu, ko’ngil ko’p nozik erur,
Sovuqda qotaru issikda erir.
3399. Do’st ko’ngli og’risa maxfiy yov bo’lar,
Yog’i qayda bo’lsa, adovat qilar.
3400. Yov bo’lsa, hayotdan ketar halovat,
Yov bo’lsa, yog’adi tinmay adovat.
3401. Dushman qancha kichik bo’lsa ham, botir,
Katta bil va hamma narsaga qodir.
3402. Chivin bo’ldi filning katta dushmani,
Chaqaversa, oxir sakratar uni.
3403. Ne der tingla yovla yovlashgan kishi,
Urushib tinmagan ko’zida yoshi:
3404. G’ofil bo’lma, yovni kichik ko’zlama,
Nechuk qo’rqay deya katta so’zlama.
3405. G’anim bo’lsa, g’ofil bo’lma, xushyor yur,
Yovga yov bo’l, do’stga quchoq ochib tur.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3406. Javob berdi O’gdulmish burro til bilan,
Dedi: Tingla so’zim chin ko’ngil bilan.
3407. Olloh bu dunyoni bilib yaratdi,
Noz-ne’matni halol qilib yaratdi.
3408. Kishikim qo’shilsa, topib yaxshi esh,
Do’sti yaxshi bo’lsa, qilar yaxshi ish.
3409. Birovga naf yetsa, kishiga qo’shil,
Birovga naf bermoq o’z nafim deb bil
3410. Yolg’iz yashaguvchi yovvoyi erur,
Undan odamlarga qanday naf kelur.
3411. Birovga nafi yo’q kishidir o’lik,
O’lik bo’lma, birovga naf yetkazgulik.
3412. Ko’p bo’lsa, gar erning do’stu quldoshi,
Shuhrat topib, yurishgay doim ishi.
3413. Bu dunyoda ushalar orzu-tilak,
Oxiratda yaxshilik bo’lgay tirak.
3414. Og’ir kunda do’st fido aylar o’zin,
Shodlikda hamdaming, kuvnatar ko’zing.
3415. Elga yoyib fazling ovoza kilar,
Nuqson ko’rsa, mum tishlab, tilin tiyar.
3416. Dushman erni g’aflatdan uyg’otguvchi,
Nuqson, fazlin el-yurtga tarqatguvchi.
3417. Yov-la olishmaguncha er mardligi –
Bilinmas nasabi, zoti, kimligi.
3418. Kimda fazilatu xislat ko’p bo’lar,
Uning dushmani ham behisob bo’lar.
3419. Kimki nasl-nasabda asl bo’lsa agar,
El-yurtning barisi unga yov bo’lar.
3420. Yaxshining yovi ko’p, tayin, belgilik,
Yomonning yovi yo’q, chunki u o’lik.
3421. Kimga qarshi dushman yig’ilsa lak-lak,
Uning fazli barchadan ortiq beshak.
3422. Yov bilan olishib, er shuhrat topar,
Yovsiz kishining oti turmay yotar.

3423. Eshit, fazilatli odam nima der,
Tilagiga yetar fazilat-la er.
3424. Bir mard nechuk bo’lar ming er dushmani,
G’iybat qilishadi uni har kuni.
3425. Bo’ri bir qayrilib boqarmi, ko’rgin,
Ortidan eshitsa ming it hurishin.
3426. Hech kimga aralashmay o’tsam agar,
Tilimdan behuda so’z qanday chiqar.
3427. Qoshingda kimsa yo’q, kim tinglar so’zing,
Birovga qo’shilmay tanhosan o’zing.
3428. Kishi ulki, tiliga ehtiyot bo’lgay,
El aro qadr topib, to’rdan joy olgay.
3429. Dag’al so’zga yumshoq javob bergay u,
Achchiq so’z aytganga shirin so’zlar u.
3430. El yukin o’zi olar, birovga bermas,
Jafoga vafo qilar, lek churq etmas.
3431. Dildan chiqarib tashlar o’ch, keklarin,
Tilda bayon aylar ko’ngilda borin.
3432. Odamlar yaxshisi eshit nima der,
Yaxshiliklar qilib, shuhrat topgan er:
3433. Birovlarga dag’al so’z aytmasin til,
Dag’al so’zdan uzoq yillar og’rir dil.
3434. Seni birov so’ksa, maqtagin uni,
Uni nodon, yaxshi deyishar seni.
3435. Jafo qiluvchiga qilaver vafo,
Vafo qiladi mard, yemonlar jafo.
3436. Uzoqlashsa sendan kavmu qarindosh,
Birodar, ularga o’zing yaqinlash.
3437. Zulm qilsa agar senga bar zolim,
Shariat hukmi shu — kechirgin doim.

3438. Cho’ri, qul ayb qilsa, lozim kechirish,
O’zingga odat qil gunoh kechirish.
3439. Mardlik shu erurki, chekib mashaqqat,
Sabr birla o’limni kutish hamma vaqt.
3440. Bir uyga qamalib sen bunda tanho,
Ey xusnixulq, toparsan qanday ma’no?
3441. Rohat, orzu ne’matini ko’rmading,
Oltin, kumush, gavhar, mis ne bilmading.
3442. Saroy, qasr, yer-suv mulki senda yo’q,
Otu ziynat, o’g’il-qizning g’ami yo’q.
3443. Odamlarga o’tkazgudek hukming yo’q,
Yaxshi nom olgudek o’zda erking yo’q.
3444. Voz kechgudek ne topding, ko’rsat qani,
Qaysi tentak zohid deb atar seni?
3445. Kim ko’p topib, ozni ixtiyor etsa,
Bo’lar bunday kishini zohid desa.
3446. Orzu yo’lida fido — zohid bo’lar,
Taqdirga izlamas tadbir, sabr qilar.
3447. Yigit uldir, ming orzusi ushalib,
Undan voz kecholsa, mardona bo’lib.
3448. Faqirlarga yedirsa-yu, ichirsa,
Haqqa qalbin bog’lab ibodat qilsa.
3449. Kelar bo’lsa dunyo, mehr qo’ymasa,
Ketar bo’lsa kuyib, qovok uymasa.
3450. Yetib orzuga qo’li baland bo’lsa,
O’zin bosib, til, dilini tuz qilsa.
3451. Bu so’zga mos kelar uning ma’nosi,
Eshitib amal qil, inson a’losi.
3452. Mard uldirki, qudratli bo’la turib,
Ishin ado etsa, o’zini tutib.
3453. Undan-da mardrog’i shul yigit erur,
Ming orzuga yetsa-da, nafsin tiyur.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3454. Javoban O’dg’urmish dedi: Ayt chinin,
Oy yuzligim, nedir tilaging sening?
3455. Ne demayin darrov gapimni bo’lib,
Javobga shoshasan, og’zimga urib.
3456. Ochig’in aytaver, nima tilaging,
Hech tortinma kelsa nima so’raging.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3457. Javob berdi O’gdulmish: Aytayin shuni,
Bir tilagim bordir, bildiray uni.
3458. Kuntug’di elig bildi ta’rifingni,
Huzuriga chorlab yubordi meni.
3459. Seni ko’rmoq orzusiga tushdi u,
Da’vatingga meni vakil etdi u.
3460. Malol kelsa hamki, bir bormoq lozim,
Eligga albatta ko’rinmoq lozim.
3461. Elig behad yaxshi bir sulton erur,
Xalqparvar, juda ham jonkuyar erur.
3462. Kim elig yuzin ko’rsa, qut topguvsi,
Har ikki jahonda u baxt topguvsi.
3463. Ne der eshit, yurt, kent so’ragan kishi,
Yurt boshqarib, elga tanilgan kishi:
3464. Haqgo’y, odil beg elning baxti erur,
Bu baxtdan barchaga nasiba bo’lur.
3465. Qayda mashhur bo’lsa, odil beg oti,
Bormoq kerak, undan topar el qutin.
3466. Haq, adolat ko’kka bir ustun erur,
Adolat buzilsa, ustun yiqilur.
3467. Adolatli beg bo’lmasa mabodo,
Yetti qat zaminni buzardi Xudo.
3468. Odil beg yuzin ko’rsa qutlug’ bo’lar,
Savobga erishgay gunoh yo’qolar.
3469. Odam bo’lishimga bilsang bu zamon,
Sababchi, qo’llovchi bo’ldi g’amxo’r xon.
3470. Xudo ato etgach, aql-xush, bilim,
Yaxshilik qilishga yetdi bu qo’lim.
3471. Olloh tavfiq berib ezgulik uchun,
El foydasin ko’zlab ko’tardim yukin.
3472. Seni ham tilar endi elig bu kun,
Qo’lni-qo’lga berib, yechmoq-chun tugun.
3473. Uning amri-la bunda bo’ldim hozir,
Meni yolg’iz jo’natma, ey mard botor.
3474. Noma yo’lladi o’z qo’li-la bitib,
Ne aytgan bo’lsa, bilgin o’qib.
3475. Maktubni uzatdi tavoze bila,
O’dg’urmish oldi uni ehtirom ila,

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI

3476. Xatni shoshmay o’qib, o’yga cho’mdi u,
Yaxshi ta’lim bermish deb shod bo’ldi u.
3477. Kel deya huzuriga chorlabdi xon,
Barcha yaxshiliklarni aylab bayon.
3478. Bu men uchun katta iltifot erur,
Ne qilmok kerak, maslahating zarur.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3479. Javob berib O’gdulmish aytdi: Hoqon.
Sening noming yod etmay turmas bir on.
3480. Tilini tebratsa, noming zikr etar,
Intizor ko’zlarin yo’lingga tikar.
3481. Ko’ngil kimni suysa, orzulab agar,
Nomini tildan qo’ymas shomu sahar.
3482. Oshiq bo’lgan ne der bu baytni o’qi:
Seviklining yuzidir ko’ngil to’qi.
3483. Ko’ngil kimni sevsa, mehri ko’zdadir,
Ko’zlar qayga boqsa, nigoh undadir.
3484. Ko’ngilda bor bo’lsa, ne orzu tilak,
Og’iz ochsa, tilga ko’chadi beshak.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3485. Javoban O’dg’urmish aytdi: Ey botir,
Kengash ber, bu ishning tadbiri nedir?
3486. Mehribon qarindosh o’zingsan yaqin,
Kengash ber, ado et jigarlik haqin.
3487. Bu ishda qilarman kengashni sen-la,
Eng ma’qul tadbirni o’rgatgin menga.
3488. Sen meni do’st bilgin yoki qarindosh,
Do’stu qarindoshlik ikkovi o’xshash.
3489. Menga chin mahribon erursan o’zing,
Ne qilmoq lozimdir, yo’l ko’rsat o’zing.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3490. O’gdulmish javob berdi unga shu yanglig’,
Qutli zot, mendan gap so’rma bu yanglig’.
3491. Meni xon da’vatga yubordi bunga,
Ne sababdan kengash solarsan menga.
3492. Bor demoqdan bo’lak so’zim yo’qdir hech,
Borma demoqlikua haddim sig’mas hech.
3493. Sen-la birga bo’lsam foyda ko’pdir, bil,
O’z nafin ko’zlashni o’rgatmas aql,
3494. Nelar der eshitgin bilimli chigil,
Bilimsiz qulok sol, bo’y berib, egil.

3495. Sen naf ko’zlovchiga solma maslahat,
Ey qutli, undan tegmas hech manfaat.
3496. Shunday kishidan sen maslahat so’ra,
Toki ko’zlamasin o’z nafin sira.
3497. Manfaat ko’zlovchi foydasi uchun,
Nafin ko’zlab ishlatar zo’rlik, kuchin.
3498. Har qandayin ishni kengashish kerak,
Lekin ko’ngil chopganin qilish kerak.
3499. O’zingga mehribon faqat sen o’zing,
Birovga ishonma, bas ayla so’zing.
3500. Ne qilmoq lozimdir o’zing-la kengash,
Bu ishga so’rama sen mendan kengash.
3501. Seni olib ketgani keldim atay,
Kengash shu, birga borsang yaxshi bo’lgay.
3502. Yurt ichra toparsan savob, ezgulik,
Bunda u topilmas aniq, belgilik.
3503. Shahar, kentda qanday ezguliklar bor,
Barin bayon ayladim takror-takror.
3504. Yaxshi niyatda so’zim etdim bayon,
Niyatim yaxshilik, Xudoga ayon.
3505. Kishidan qocharsan, ne qildi kishi,
Elga qo’shil, qilgin odamlar ishin.
3506. Musulmon ishin qil, chiqar hojatin,
Olloh joy berajak albat jannatdin.
3507. Ko’ngil, tilni tuz tut, Haqqa qil toat,
Qayda bo’lsa yasha, quchib saodat.
3508. Yolg’iz yurma, yasha odamlar aro,
Birov aybin topma, o’zingga qara.
3509. Ey dono, bu bitik mos kelar bunga,
Mag’zin chaqib o’qi, amal qil unga.
3510. Qayda istasang yur, lekin yaxshi bo’l,
Zoti aslni ko’y, o’zing yaxshi bo’l.

3511. Es-hushin yo’qotmas kishi ezgusi,
Qayda bo’lsin to’g’ri yo’ldan yurguvsi.
3512. Inson o’zi xusnixulq, yaxshi bo’lgay,
Hamma joyda birdek sevinchga to’lgay.
3513. Yaxshilik hamma yerda yaxshi bo’lar,
Ezgulikning ajri ezgulik bo’lar.
3514. Fe’lingni yaxshi qil, yomon bo’lmagin,
Hamma joyda bemalol yur, qo’rqmagin.

QIRQINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA DUNYO
QUSURLARINI AYTGANI BAYONI

3515. O’dg’urmish aytdi: So’zlaring tingladim,
Endi sen ham mening gapim tinglagin.
3516. Bu dunyo o’zin ko’p sevdirmish senga,
Barcha ayblarin fazl ko’rsatmish senga.
3517. Buning aybi yo’qdir, masalda kelar,
Neki suyumlidir, aybsiz ko’rinar,
3518. Sevdirib qo’ygach dunyo, nomi ulug’,
Bor aybi ko’rinar fazilat to’lug’.
3519. Eshitgin nima der bu oshiq odam,
Oshiq uchun ma’shuq aybi zo’r ardam.
3520. Ishq nishoni shu, ey sohibi shavkat,
Ma’shuq aybi ko’rinadi fazilat.
3521. Dunyoni sevganing nishonasi shul,
Bor aybin fazilat deb bilar ko’ngil.
3522. Sen nechuk dunyoni maqtarsan menga,
Uning qusurlarin aytayin senga.
3523. Gunoh qilgach Odam Haq berdi jazo,
Qo’nalg’a bo’ldi dunyo — erki ado.
3524. Qo’nalg’ada bo’lar ne orzu, tilak,
Orzu, najot qayda jannatdan bo’lak.
3525. Siylasa Haq yorlakasin qulini,
Dunyo bermas unga, poklar yo’lini.
3526. Yaxshi narsa emas dunyo, baxt — quti,
Haqdan uzoq qilar, u din ofati.
3527. Xalq boyisa agar kibr-havo qilar,
Faqirlik tufayli muloyim bo’lar.
3528. Xudoman deguvchi telba bo’ladi,
Dunyo talab qilgan itdek o’ladi.

3529. Yalong’och tug’ilgan, yalong’och ketar,
Hamon qolsa, mol-dunyo yig’ib ketar.
3530. Ey o’lguvchi, nechun g’urur qilarsan,
Bir kunlik mehmonsan, ertan ketarsan.
3531. Bilasan, tiriklik o’limga eltar,
Shay turgan shum ajal fursatin kutar.
3532. Dunyo eshik ochar, bor yana biri,
O’lim eshik ochgach, kirar el bari.
3533. Ikki kunlik mehmonsan dunyo uchun,
O’zing o’tga urib, kuydirmoq nechun.
3534. Dunyo o’tkinchidir, baxt ham beqaror,
Neki bergan bo’lsa, qaytarib olar.
3535. Hayot baxsh etadi va aylar xarob,
Barchani jalb etar bamisli sarob.
3536. Farq etmas odamni, xon yoki gado,
Yaxshiyu-yomonni aylaydi ado.
3537. Ko’lanka kabidir dunyo qarasang,
Qochsang quvlaydi u, qochar quvlasang.
3538. Unga mos keladi o’ylab ko’r bu so’z,
Uning ma’nosin uq, ayo ko’ngli tuz:
3539. Bu dunyo qochadi, kim quvsa uni,
Agar qochsang undan quvlaydi seni.
3540. Dunyo moli dinga o’chdir, xushyor bo’l,
Dunyo dinni yeydi, doim ogoh bo’l.
3541. Bu dunyo bezanib, o’zin ko’rsatar,
Yasangan kelindek dilni o’ynatar.
3542. Ko’ngil bersang maylingga qo’ymas sira,
Gapi ado bo’lmas qaridir xira.
3543. Jafo fe’l-atvori, vafosi yo’qdir,
Sabr-qanoatdan yiroq, hayosi yo’qdir.
3544. Kimda kim unga agar ko’ngil qo’yar,
Qismati nadomat, umr zoe — kuyar.
3545. Ajab saodatdir tiriklik oni,
Behuda o’tkazsa bo’lmaydi uni.
3546. Xayot yaxshiliklar uchun dastmoya,
Ey botir, sen uni qilmagin zoe.
3547. Uch narsadan iborat dunyo moli,
Halolu haromdir va yo shubhali.
3548. Halolga bor hisob, haromga azob,
Shubhadan parhez qil, etmasin xarob.
3549. Dunyo erkalatsa, haydar oxiri,
Halovat baxsh etsa, ozor oxiri.
3550. Semirtirar sevinchlarga ko’mib u,
So’ng ozdirar, dard-alamga ko’mib u.
3551. Sevinchga nazar sol — oxiri alam,
Qancha shod yashama — yakuni sitam.
3552. Boshi ne’mat bo’lsa, oxiri mehnat,
Boshi mehnat bo’lsa, oxiri nemat.
3553. Nimalar der eshit, taqvodor, xushyor,
Yiroq tur, dunyoning kulfatlari bor.
3554. Sening boyliging, ko’r, faqirlik erur,
Kim faqir bo’lsa, senga shu boy erur.
3555. Kim haqorat qilsa, keng qil fe’lingni,
Qora yer qa’rida olgin o’chingni.
3556. Tuzgan nizomlaring buzilib ketar,
Yig’ib, terganlaring sochilib ketar.
3557. Bu davron tez kunda o’tib, ketguvchi,
U dunyo lahzada yetib kelguvchi.
3558. Ketuvchi dam sayin yiroqlab borar,
Keluvchi senga tez o’zini urar.

3559. Dono ketuvchiga ko’ngil bermagay,
Oqil keluvchini pisand etmagay.
3560. O’limni biluvchi ovutmas o’zin,
O’limni ko’ruvchi yupatmas o’zin.
3561. Yuruvchi kishi yo’lga uy qurmagay,
Ko’chuvchi kishi uyda mol qo’ymagay.
3562. Bu dunyo bir robot, sen unda mehmon,
Robotga ko’ngil qo’yib, bo’lma shodon.
3563. Aslo yaxshi emas bu dunyo moli,
Kimda bo’lsa o’zgarar fe’l-atvori.
3564. Avliyolar badal qildi mol-mulkin,
Zohid bu dunyoga silkidi ilkin.
3565. Dunyo senga tuzoqligi ayondir,
Boylik esa ko’zga ko’rinmas dondir.
3566. G’ofil erur inson, to’ymagay ko’zi,
Bu domga ilinsa, unutgay o’zin.
3567. Nima der eshitgin shoirlar boshi,
Dunyo ishidan o’zin tiygan kishi:
3568. Sayyod pinhon turar, donin ko’rsatar,
Dunyo xushro’y kelin, dilni o’ynatar.
3569. Besabr va g’ofil, ochko’z erursan,
Donni cho’qisang, bas, domga tushursan.
3570. Dunyoning mol-mulki yig’ilsa butun,
Rohatda ming yil yashab, quchsa qutin,
3571. Ne foyda borar joy yer kovagidir,
Qo’nalg’asi qora yerning qa`ridir.
3572. Kechirgan tiriklik tushdek o’tajak,
Qilmishga yarasha javob bo’lajak.
3573. U kun o’tinganing naf bermas, evoh,
Qilmishingga yil, oy, kun bo’ladi guvoh.

3574. Dunyoning lazzati uch narsadir, bil,
Bu lazzat yuz narsadan ortiqdir, bil.
3575. Bu dunyo ne’matlari shu uchning biri,
Yana biri xotin — shod bo’lsa eri.
3576. Uchinchisi sog’lik, tiriklik erur,
Uchi ichra bunisi juda zarur.
3577. Bu uchda jam bo’lmish jam’iki lazzat,
Ularga hech narsa teng kelmas, hazrat.
3578. Yeb-ichish rohatdir, hammaga ayon,
Va lekin uning ham hisobi yomon.
3579. Uch barmoq topgani nafs qondirmoq-chun,
Undan ortig’i qorin tuydirmoq-chun.
3580. Osh singmasa, buziladi mijoz ham,
Dard yopishar mijoz buzilgani dam.
3581. O’limdan bir darak kasal kelishi,
O’lim karoxatdir, ey xushyor kishi.
3582. Undan keyin esa o’g’il-qiz turar,
Ularning tashvishi mashaqqat bo’lar.
3583. Nima der eshitgin hikmat aytuvchi,
O’g’il-qiz, xotin qirqar erning kuchin.
3584. Xotin bilan suhbat juda shirindir,
Lekin sovuq suvga tushmoq qiyindir.
3585. Shirin qayda bo’lsa, bemaza shunda,
Chuchuk qayda bo’lsa, achchiq ham shunda.
3586. Tiriklik lazzati shu bo’lsa, oqil,
Dunyo behalovat jafo yo’li, bil.
3587. Shirin hayotni buzar achchik o’lim,
Tunagandek qora qiladi kunim.
3588. Dunyoning lazzati shu uch narsadir,
Ey oq ko’ngil, eshit, javobi nadir.
3589. To’ysa qimirlamas, yalqov, lanj bo’lar,
Istagini bajo etsang dard bo’lar.
3590. Tiriklik tugali faqat uch kundir,
Undan qolgani-chi, tush kabi tundir.
3591. Biri ertangi kun, biri o’tgan tun,
Yetarli ertaga bu tiriklik kun.
3592. Undan boshqasini tiriklik dema,
Hayot deb ishonma, ortiq so’z dema.
3593. Xotinning suhbati erkakning o’tin,
Biron bir soatda o’chirmak uchun.
3594. Bu o’tni qay tarzda o’chirsa, o’char –
Xoh xunuk, xoh go’zal bir bora quchar.
3595. Nafsning halovati qorin to’ydirmoq,
Qorin to’ysa, albat, o’zini tiymoq.
3596. Qorin to’ygach, arpa, xolva farqi yo’q,
Ortib qolar, ko’p yemoq imkoni yo’q.
3597. Kim shakar, holva, arpa non yeb yotar,
Sahar tursa, baribir, qorni ochar.
3598. Puldor bo’lmasa-da ko’zi, ko’ngli to’q,
Taqvodor kambag’al ne der, so’zin uq:
3599. Sen behad ko’p yeding shakarli ne’mat,
Men kepak, tariqqa qildim qanoat.
3600. Ikkimiz to’yib, teng oromga yotdik,
Umrimiz onlarin bir-bir yo’qotdik.
3601. Qancha avaylama jon ketajakdir,
Oqibat ikki gaz bo’z tegajakdir.
3602. O’lgandan so’ng farqi yo’q, boymi, faqir,
Qora yer qa’rida teng qilar taqdir.
3603. Ikki kunlik omonat dunyoni topib,
Nechuk kekkayasan hovliqib, shoshib.

3604. Dunyo halovati hamda nafs — yog’i,
Doim yoyiq bu ikki yov tuzog’i.
3605. Uchinchisi — shayton, o’g’irlaydi din,
Bular zararidan o’zing asragin.
3606. Bulardan ham ashaddiyroq yovuz yov,
O’z nafsing, chiqarar fitna beayov.
3607. Xudo nomin aytsang balo daf bo’lar,
Dunyoni pisand qilma, sendan qolar.
3608. Bu nafsni qay tarzda jilovlab bo’lar,
Magarkim, qazo yetsa, bari qolar.
3609. Yaxshi fikr aytmish bilimli olim,
Donolar so’zini tinglamoq lozim:
3610. Baloyi nafs qayg’uga duchor etar,
Goh kuldirib, gohida xo’p yig’latar.
3611. Orzu ilinjida dunyo kezaman,
Goho och, gohida to’yib ketaman.
3612. Bir orzumga yetsam, boshqasi qolar,
Unga yetsam, barisi tugal bo’lar.
3613. Jilovlay olmasman nafsim sira ham,
Uni bosib bergin, mehribon Egam.
3614. Baloyi nafs bo’lar badxulq, pastkash,
Semirgan sari haddan oshar yakkash.
3615. Osov ot semirsa, qilmishi ozor,
Egasin otib yerga, bosh olib qochar.
3616. Baloyi nafsni ovchi it deb boqqin,
Semirsa unutar egasin haqin.
3617. Qorni to’ysa yotar, ovga yaramas,
Egasining rayiga ham qaramas.
3618. Yosh bola misol nafsdagi fe’l-atvor,
To’ysa yugurtirib qiladi abgor.
3620 Sen intilasan mol-dunyo yiqqani,
O’lim intiladi seni tutgani.
3621. Bu tiriklik kun sayin sendan qochar,
Yovuz o’lim esa kafaning bichar.
3622. Shubhasiz o’lajak tirik yurguvchi,
Qaysi kun o’lishin yo’qdir bilguvchi.
3623. Yoshligida soqol o’sishin kutar,
Soqol chiqqach, oq tushishin kutar.
3624. O’lim keldi, demak, oqarsa soqol,
O’limga naf bermas tadbiru qurol.
3625. O’zing o’tga urma bu dunyo uchun,
Qiynalib, behuda sarf etma kuching.
3626. Sho’r suvga o’xshar, boq, bu dunyo moli,
Qancha ichsa qonmas, ho’l bo’lmas tili.
3627. Quruq qumga o’xshar insonning o’zi,
Daryo oqsa to’lmagay hech suq ko’zi.
3628. Bamisli sarobdir, ko’r, dunyo ishi,
Tutay deb qo’l cho’zsa, yo’qotar kishi.
3629. Bu dunyo bir sarob ko’zingdan uchar,
Sen qancha quvlasang u shuncha qochar.
3630. Kim kechib nafsidan qilsa ibodat,
Ko’rinmas yovga u qilmas inoyat.
3631. Nafsingga erk bermagin, egma bo’yin,
Ovunchi g’am-alam, istagi o’yin.
3632. Qaytib kelmas endi kechgan tiriklik,
Senga noma’lumdir qolgan tiriklik.
3633. Ko’rgan kuning qadrla, zoe etmagin,
Qazoga hozir bo’l, toat aylagin.
3634. Nima der eshit, xushyor tortgan kishi,
Barcha illatlardan pok bo’lgan kishi:
3635. O’tdi-ketdi kechagi o’tmish tuning,
Agar yetsang o’tar ertagi kuning.

3636. O’tmish bilan kelajak farqi lahzalik,
Ovozing ko’tarma, umr bir lahzalik.
3637. Bu olamda hayot behuda kechdi,
Tiyra bo’ldi ro’zgor, nadomat chekdim,
3638. Ko’pdan tanholikda o’tadi kunim,
Hoyu-havas, nafsning o’chirdim unin.
3639. Bugun shahar, kentga undaysan meni,
Nafsim asir etsa, najotkor qani?
3640. Baloyi nafs ofat, qudratli yog’i,
Barcha yerga qo’ymish to’ymas tuzog’in.
3641. Orzuga erk berma, qattiq bo’l, jo’mard,
Nafsingni jilovla, o’zing tiy, ey mard.
3642. O’zin bosgan kishi eshit, nima der,
Havas bo’ynin uzib, o’zin tutgan er:
3643. Ey bilimdon, nafsga asir bo’lmagin,
Nafsing asir etsa, qurbon bo’lar din.
3644. Kim hoyu-havas-la qilsa ishini,
Bilimli deb bo’lmas bunday kishini.
3645. Kim baloyi nafsga gar bo’lsa asir,
U oqil deyilmas, ey xushyor taqsir.
3646. Kim nafsiga erk bersa, baxtsiz erur,
Bilimsiz nodonligi ayon erur.
3647. Aql-zakovatsiz — o’lik, ey qarindosh,
Kim hoyu-havasga o’zin qilsa bosh.
3648. Dunyoni boricha bayon etdim men,
Nuqsonu fazlini uqib olgin sen.

QIRQ BIRINCHI BOB
O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA DUNYO
BILAN OXIRATNI TOPISH MUMKINLIGINI
AYTGANI BAYONI

3649. Javoban O’gdulmish aytdi bu so’zni,
Ey qutlug’ zot, uqdim aytgan so’zingni.
3650. Endi sen ham gaplarimga quloq sol,
Aql-zakovat birla mag’zin chaqib ol.
3651. Garchi shunday ekan bu dunyo holi,
Achchiq qilma, shu tiriklik ahvoli.
3652. Keng dunyoni o’zing uchun qilma tor,
Gunohkor qullarga Haqning fazli bor.
3653. Azobi bisyordir, rahmati ham ko’p,
Gunohkor quliga rahmat aziz, xo’p.
3654. Qattiq qo’rq azobdan, tila rahmatin,
Toat-la bajo keltir qullik otin.
3655. Olam ahli tashlab shahar, kentini,
G’orga kirsa, olib taqvo yukini.
3656. Olam buzilgay, zamin qolgay qurib,
Odam nasli butunlay bitgay qurib.
3657. Ikki uy yaratdi odamga atab,
Biri behisht, do’zox turgay lang’illab.
3658. Olam ahli dunyo ne’matin tilab,
Tinmay chopsa, kunni tunlarga ulab.
3659. Toat qolib, mol tilasa — do’zaxi,
Shunda ham bo’sh qolmas Tangri uchmog’i.
3660. Xudo berdi bandaga ikki ko’z, quloq,
Dunyo-yu, oxiratga barobar boq.
3661. Ikki qo’l bermish, biri-la oxirat,
Biri-la tutmoqqa dunyo, oqibat.
3662. Ikki oyoq berdi, yuringlar debon,
Birin bunga, birin qo’yib u tomon.
3663. Yaxshi aytmish bilim, zakovati keng,
Dunyoga tanilgan saxiy — ilki keng:
3664. Ayo qul, esing yig’, sergak bo’l doim,
Gunohdan nari qoch, xushyor bo’l doim.
3665. Ikki uy yaratgan xalqka beminnat,
Birin nomi do’zox, biridir jannat.
3666. Ikki jahon yaratdi qodir Egam,
Birin topsang izla unisini ham.
3667. Ollohning qudrati inson atalmish,
Ochin-to’qin yuradigan yaralmish.
3668. Engilga kiyim-bosh, tomoqqa yemak,
Qarindosh, bu tiriklik uchun kerak.
3669. Badan yopgani to’n, qorin uchun osh,
Tirikka bulardan kechish yo’q, qardosh.
3670. Haloldan mol topib yemoqlik kerak,
Yo’qsilga bir qismin bermoqlik kerak.
3671. Bo’lmasaydi koshki qorin tashvishi,
Insonni o’ngdirmas nafsning tashvishi.
3672. Qo’rqib tur hamisha Xudo adlidan,
Doimo umid qil uning fazlidan.
3673. Ikkisila topasan to’g’ri yo’ling,
Shukr qil, yo’qotma hayotda yo’ling.
3674. Ko’p yaxshi aytibdi ta’lim berguvchi,
Nodonga nasihat — o’git berguvchi.
3675. Umid, xavfni o’zingga qanot ayla,
Ikkov o’rtasida yo’lingni tanla.
3676. Burching o’tab, bajar Olloh buyrug’in,
Saroyga uchib kir, ko’rgin huzurin.

3677. Umid va xavf — insonga qanotdir ul,
U bilan uchsa kim ko’kka topar yo’l.
3678. Gunohim ko’p deya umid uzmagin,
Toatga ishonib, g’ofil bo’lmagin.
3679. Toat qil, ibodat bandalik uchun,
Toat qilsin inson bo’lgani uchun.
3680. Haq amrin aziz bil, o’zingni haqir,
Xorlik kelar uni etsang beqadr.
3681. Toatga o’zingni fido aylagin,
Gunohdan o’zingni forig’ aylagin.
3682. Ionsonlar yomoni deb bilgin o’zing,
Yaxshi bo’lsa hamki o’zing va so’zing.
3683. Bilganim so’zladim, bilmam netarsan,
Qabul etsang ertan ajrin ko’rarsan.
3684. Qabul etmasang rostin ayt, ey mardon,
Zorim bor, zo’rim yo’q, qaytarman shu on.
3685. So’zni ko’paytganning aslo nafi yo’q,
Yana chuvatmoqdan hech manfaat yo’q.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3686. O’dg’urmish manglayiga qo’lin qo’ydi,
Sukut saqladi u, uzoq o’y surdi.
3687. Qarindosh, men uchun ko’p tashvish chekding,
Yaxshi niyatda dilda borin to’kding.
3688. Yaxshilik tilab aytding o’z fikringni,
G’amim yeding, Olloh bersin ajrini.
3689. Bu ish oqibatin o’yladam obdon,
Yaxshilik nishonin ko’rmadim, mardon.
3690. Ko’ngil xohlamadi, bu ishdan qochar,
Ko’ngil chopmagan ishni qilmoq xatar.
3691. Sevgan, sevilganga ochiq dil ila,
Dono bilim berar yaxshi so’z ila.
3692. Qay bir ishni qilmoq istasang agar,
Ko’ngil balan kengash niyating har gal.
3693. Odamlar-la kengash gaplaring, biroq,
Ko’ngil chopmasa hech, o’zing tut yiroq.
3694. Hammadan mehribon o’zingga o’zing,
Ko’ngil chopmas ishni qo’y, bas qil so’zing.
3695. Ne ish bo’lsin ko’ngil rag’bati yo’qdir,
Ey zoti pok, undan manfaat yo’qdir.
3696. Ko’ngil xohlamadi bu ishni suyub,
Gapimdan qaytdim men bu ishdan sovub.
3697. Insonlar sarvari, tilagim shudir,
O’z holimga qo’ygin, uzurim shudir.
3698. Eligga naf berar fazilatim yo’q,
Fe’l-atvor, yaxshi xulq ham shuhratim yo’q.
3699. Kechibon dunyodan men keldim bu yon,
Yana nechuk qaytib borayin u yon.
3700. Xudo toatiga bag’ishlab o’zim,
Insonga yukunmasman, tamom so’zim.
3701. Xoli qo’y, Xudoga ibodat qilay,
Yaxshiliklar tilab, duoching bo’lay.
3702. Ko’rishmoq istasang agar sog’inib,
Men boray, sen kelma bunga zoriqib.
3703. Zahmat menga bo’lsin, senga farog’at,
Xizmating-la elga yetkaz manfaat.
3704. Eshitgin nima der mehribon kishi,
Yaqinlik bog’lagan tirishqoq kishi:
3705. Ko’ngil chopib agar intilsa kishi,
Yaqin bo’ldi demak tilagan ishi.
3706. Umid bilan kim maqsad sari ketar,
Horib qolmas aslo, talakka yetar.
3707. Maqsadga intilgan er bo’lsa dadil,
Charchoq bilmay orzuga bo’lgay doxil.
3708. Juda yaxshi aytmish sevimli kishi,
Vafosi-la mashhur mahbublar boshi:
3709. Yaqin bo’lsa ko’ngil, uzoq yer yaqin,
Dildan ista yaqinlikning vafosin.
3710. Sharqdan G’arbgacha bir dovon yo’l — yaqin,
Vafo-la o’talsa, yaqinlik haqin.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3711. O’gdulmish dedikim, xo’p tingladim men,
Endi ganlarimga quloq solgin sen.
3712. Maqsading shu bo’lsa, o’zing qiynama,
Majbur etmam, yurak-bag’ring tig’lama.
3713. Gapim tamom, bunda eson — yaxshi qol,
Eligga bitik yoz, yuzim qilma ol.
3714. Xat yo’lladi elig qo’li-la bitib,
O’zing bormasang-da bergaysan bitik.
3715. So’zlaring chamalab javob ber menga,
Ishim ado etay men moslab unga.
3716. Tiling bilan so’zla ham yozgin noma,
Elig huzuriga qaytay, ey dono.

QIRQ IKKINCHI BOB
O’DG’URMISHNING ELIGGA MAKTUB
YOZGANI BAYONI

3717. O’dg’urmish aytdiki: Ey dono, sabr qil,
Noma bitay, eligga bo’lsin maqbul.
3718. Dovot, qog’oz olib, qalam chekdi u,
Eligga nomasi ajib chiqdi-ku,
3719. Xudo nomi birla boshladi so’zin,
Yaratgan, ulg’aytgan, avf etgan o’zi.
3720. Tilimdan yog’ilar hadsiz hamd-sano,
Dilimda shukrona oyu, kun, mana.
3721. Yaratdi qo’ng’ir yer, yashil ko’k, kun, oy,
Zulumot, yorug’lik, faqir hamda boy,
3722. Yaratdi keng olam, sonsiz tirik jon,
Birini ham och qo’ymas, rizq beribon.
3723. U tanho yaratdi ikkita olam,
Uning birligi kirmas hisobga ham,
3724. U sifat, sanoqdan xoli, yagona,
Qiyosin izlamoq bo’lar kufrona.
3725. Ulug’lik unga xos hamda buyuklik,
U tanho, u qodir, hokim, erkli.
3726. Son-sanoqsiz qulni yaratdi o’zi,
Istaganga inoyat qilar o’zi.
3727. Bu gumbazli loy uy, qorong’i ichi,
Quyosh birla yoritdi qudrat kuchi.
3728. Yashil ko’k yaratdi baland ko’tarib,
Oyu kun, yulduzlar-la ziynat berib.
3729. Pasti qo’ng’ir yeru hamda yashil suv,
Ustida olovu yel esar g’uv-g’uv.

3730. Quruq bilan ho’lni, issiq sovuqni,
Esh ayladi, el-yurtga berdi rizqni.
3731. Ne istadi yaratdi bekamu ko’st,
Zarur bo’lmadi unga qo’llovchi, do’st.
3732. Istasa toatsiz qulin qadr etar,
Istasa toatli qulni xor etar.
3733. Bo’l desa, istagan tilagi bo’lar,
Ne ersa qarori jo-bajo bo’lar.
3734. Beadad salomlar ulug’ elchiga,
Rahnamo, to’g’ri yo’l ko’rsatguvchiga.
3735. Duo birla eligga noma bitdim,
Esonlik tilab doim salom aytdim.
3736. Himmat qildi elig yo’llab noma — so’z,
O’qib maktubini ravshan tortdi ko’z.
3737. Ko’p ezgu yorliqlar, pandu nasihat,
Iltifot qilinmish lutfu fazilat.
3738. Yana va’da qilinmish hadsiz ezgulik,
Izzat-ikrom, yeguligu kiygulik.
3739. Shunday orzu bilan yashaydi inson,
Shu orzu yo’lida kezadi sarson.
3740. Xizmatsiz erishsam bu marhamatga,
Nechuk rozi bo’lmay bu saodatga.
3741. Lekin bordir talay aybim, qusurim,
Borsam kasri urgay — aytay uzurim.
3742. Biri, xizmatim yo’q, chekmasman jafo,
Yana biri elga yo’q menda vafo.
3743. Bilmasman rasm-rusum, yaxshi xulq-atvor,
Badxulqni xizmatga chorlamoq bekor.
3744. Ikkinchi, bu dunyo jafokor bildim,
Shu bois o’zimga jafolar qildim.
3745. Xudoga sig’indim, o’zim baxsh etdim,
Egam imonimni salomat etsin.
3746. Yeguligim bordir, ustga kiygulik,
Rizqni faqat Yaratgandan so’rgulik,
3747. Yaratdi, yashnatdi toki ushbu dam,
Ey hukmdor, asrar bundan buyon ham.
3748. Senga dunyo berdi u darig’ tutmay,
Nahot menga bermas, ne uchun kutmay.
3749. Bor yaxshi-yomonlik — taqdiri azal,
Gadolik, boylik ham Haq hukmi azal.
3750. Haq eshigin tutdim, qilib ibodat,
Barcha xalq yig’ilar eshik shu albat.
3751. Xuzuringga borib, eshiging tutib,
Ne tilarman, umrimni zoe etib.
3752. Ollohning qulimiz har ikkalamiz,
Qullikda teng erur bor martabamiz.
3753. Qul topinsa qulga yaroqsiz bo’lar,
O’zin obid bilsa, tubanlik bo’lar.
3754. Kim himmatli shunday bo’lmog’i kerak,
Olloh toati-la band bo’lsin yurak.
3755. Bu so’zni xo’p aytmish bir dono, omil,
Sen unga quloq sol, pokiza ko’ngil.
3756. Och-to’q yuruvchiga qilma ibodat,
Insonga ne uchun qilmoq ibodat.
3757. Tinmay ibodat qil yolg’iz Xudoga,
Eshiging ochik tut, bo’l iltijoda.
3758. Elig, to’rt hojatim ravo aylagin,
Qo’lim yuzga tortib, xizmat aylayin.
3759. Menga tiriklik ber, nuqsonsiz bo’lsin,
Yigitlik esa qariliksiz bo’lsin.

3760. Darddan forig’ ayla, doim sog’ yuray,
Kambag’al etma hech, doim boy bo’lay.
3761. Shu to’rt narsani ber, senga topinay,
Fido etib jonim, o’zim qul qilay.
3762. Bularni berolsang agar, ey elig,
Quling bo’lay doim, tutayin ilik.
3763. Bularni berishga gar kuching yetmas,
Ne ortiqliging bordir, aytgin, ey kas.
3764. Yemak-ichmagim bor, engil-boshim ham,
Lozim bo’lsa, yana beradi Egam.
3765. Tirikligu o’limni Xudo berar,
Azizlik va xorlik ham undan kelar.
3766. Buni yaxshi bilgan aqlli kishi,
Boshqacha bo’larmi, ayo yurt boshi.
3767. Meni yolg’iz Olloh asraganidek,
Sen asray olmassan, ayo asil beg.
3768. Tunlar qo’riqlashim kerakdir seni,
Rostin aytsam, Egam asragay meni.
3769. O’zing to’ymaguncha menga tegmas osh,
Egam-chi, to’ydirar, o’zi yemas osh.
3770. Ko’makchi kerakmas aytmoqqa arzim,
Tilim tebratmasdan u anglar dardim.
3771. Daf etolmas baloni xodim yo qul,
Manman zo’rning qo’lin tekkizdirmas ul.
3772. Kechirmassan senga bir gunoh qilsam,
Egam afu aylar ming gunoh, qilsam.
3773. Eshitgin nima der gunohkor quli,
Ko’ngil sirin ochdi, ko’r, burro tili.
3774. Ayo chin vafoli, mehribon Egam,
Topmadim seningdan mehribon, hamdam.

3775. Tushkunlikka tushsam umid berursan,
Najotsizga tayanch, hamkor erursan.
3776. Dardimga shifosan, g’amimga sevinch,
Qayg’umga tayanchu zeriksam ovunch.
3777. Haq Egam, quvonchu ovunchlarim ham,
Sevinching ichida erur mujassam.
3778. Gunohni ko’p qildim, hidoyat ayla,
Rahmating cheksizdir, muruvvat ayla.
3779. Gunohim kechirgin, senga ziyon yo’q,
Azob berma, senga hech manfaat yo’q.
3780. Gunohim bisyordir, lek rahmating ko’p,
Gunohni yorlaqash yarashadi xo’p.
3781. Azob bersang agar unga loyiq sen,
Afu etsang, muruvvatga loyiq sen.
3782. Bilarsan, bilarman seni bir bildim,
Bilarman, bilarsan seni bir dedim.
3783. Gustohman, gustohlik azobga solar,
Xalimsan, halimlik o’zingdan kelar.
3784. Ketuvchi, suyumli bu jon omonat,
O’zgaga berilmas bu jon omonat.
3785. Ey elig, bu dunyo o’tkinchi erur,
Kun sayin tugab hayot yemirilur.
3786. Nega ishonarsan, o’ylanmoq nechun,
Dunyoga mahliyo bo’lmoqlik nechun.
3787. Otang ketdi, tengu tush, og’a-ini,
Onang ketdi, o’g’il-qizlaring qani?
3788. O’lganlarni ko’rding, sen ham o’larsan,
Hamma kirgan go’rga sen ham kirarsan.
3789. G’ofil bo’lma, xushyor bo’l, ey xon,
O’zingdan yaxshi nom qoldir har qachon.

3790. Zoe etgan bo’lsa kechirgan kuning,
Zoe etma endi kelguvsi tuning.
3791. O’tuvchi kuningdan keragin olgin,
Ko’chiruvchi kelguncha hozir bo’lgin.
3792. Bu ahvolni ko’rib turgan-chun ko’zim,
Nechuk ma’qul kelgay eligga so’zim.
3793. Jafokor jahondan uzib ko’ngilni,
Baxsh etdim vafoli Egamga dilni.
3794. O’z holimga qo’ysa elig agarda,
Duochi bo’layin shomu saharda.
3795. Nechuk naf berarman senga, ey hoqon,
Sen o’zingga o’zing naf yetkaz har on.
3796. Barchadan chekindim, sen ham chekingin,
Senu menga biron naf yo’q kishidin.
3797. Men endi bu qolgan umrim sarf qilib
Haq sevinchin tilarman toat qilib.
3798. Bor-yo’g’im badastir, ortiq kerakmas,
Bu dunyo bir o’pqon sira ham to’ymas.
3799. Umr o’tdi-ketdi yel kabi uchib,
Nadomat chekarman, evoh, ko’z ochib.
3800. Butun bo’ldi egnim, qornim bo’ldi to’q,
Yo’q bo’lsin bu dunyo, ortiq nafi yo’q.
3801. Qorni to’q, egni but er ne der, tingla,
Kim bas yetar desa, baxtlidir angla.
3802. Yaxshi aytmish taqdirdan rozi kishi,
Qanoat tufayli baxt quchgan kishi:
3803. Qoringa yegulik rizq ko’p jahonda,
Engilga kiygulik libos jahonda.
3804. To tirik ekanman rizq-ro’z topilgay,
Kerak bo’lsa Egam mo’l-ko’l bergay.
3805. Foyda ko’zlab meni chorlasa elig,
Menda yo’q foydali zakovat, bilig.
3806. El koriga yarasin desa gar kelib,
Yaroqli joyim yo’q, suz aytay kesib.
3807. Gar ishda bir ko’makchi zarur degay,
Qardoshim ming kishi ishin bajargay.
3808. Agar meni e’zoz etsang, ey elig,
Sen avval o’zingni e’zozla, elig.
3809. Ming ezgulik etagini tutguncha,
Sen bo’l avval o’z yoqangni tutguvchi.
3810. Ne zotlar jahonga mashhur ming tuman,
Elig atrofida qurmish anjuman.
3811. Mendan eligga qanday foyda tegar,
Zavq bermas befoyda ish qilsa agar.
3812. O’tinib uzrimni so’rayman sendan,
O’z maylimga qo’yu ranjima mendan.
3813. Bundan bo’lak barcha tadbir-chorani,
Qarindosh eshitdi, aytgay barini.
3814. Dedi: Bitdim dildagi tilagim — so’zim,
Uqib bilding, dono, aytilgan so’zim.
3815. Eligdan o’tingin, yetkazgin buni,
Qo’l uzib, o’z holimga qo’ysin meni.
3816. Elchi so’z eltadi, keltirar javob,
Fikrimni yetkazgin, berdim men javob.
3817. Nima der eshitgin Uch o’rdu xoni,
Uning haq so’zlari el-yurtning joni:
3818. Ayb yo’qdir elchiga so’zdan qaytmasa,
Omonat gapdan o’zga gap aytmasa.
3819. Elig bundan ham durustroq so’z aytmish,
Rost aytgan elchini qiynama demish.
3820. O’lim bo’lmas bunday elchiga asti,
Ne eshitsa, so’zlasa doim rostin.
3821. Elchi deganim vositachi bo’lar,
Rost gapirsa yalavoch o’lmay qolar.
3822. Omonat gaplarni aynan aytsa u,
Ehson berib, maqta, fikrim shu.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3823. O’gdulmish aytdi: So’zlaring tingladim,
Nima degan bo’lsang barin angladim.
3824. Javob yozding eligning nomasiga,
Menga ber eltayin yurt donosiga.
3825. Ey qarindosh, gumonim bordir biroq,
Elig qo’ymas seni o’zidan yiroq.
3826. Ey xusnixulk, o’z holingga qo’ymas xon
Da’vatga yuborgay yana begumon.
3827. Bormasang intiq bo’lib kutar seni,
Yana huzuringga jo’natar meni.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3828. O’dg’urmish aytdi: qarindosh bir bora,
Bu so’zni aytmagin, dil bo’lar yara.
3829. Bu yerdan sira ham bormasman u yon,
O’zing qiynab sen ham kelmagin bu yon.
3830. Tilab bo’lmas narsani tilagan yomon,
Noo’rin so’z so’ramoq undan yomon.
3831. Yaxshi-yu, yomonni sinab bilgan er,
Eshit, ilmi beadad zot nima der:
3832. So’rab bo’lmasni sen zo’rlab istama,
Topib bo’lmasni hech zo’rlab qistama.
3833. Hamma joyga borma poyu-piyoda,
Mashaqqat chekasan haddan ziyoda.
3834. U yana aytdiki: Yo’lingdan qolma,
Ey mardu maydon, endi qaytib kelma.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3835. O’rnidan qo’zg’aldi O’gdulmish darhol,
Gap tomom, ketmog’im zarurdir alhol.
3836. O’gdulmish jigariga yana bir bor,
Bilgan gaplarini ayladi takror.
3837. O’gdulmish otga minib, ortga qaytdi,
Uyga kelgach, Yaratganga shukr aytdi.
3838. Quyosh pastga og’di, yashirdi o’zin,
Osmon suvsar rangga bo’yadi yuzin.
3839. Jahon surdi yuziga qora bo’yoq,
Ko’rar ko’z yumildi, uxladi uyg’oq.
3840. O’gdulmish o’rnini soldirib yotdi,
Tiniqib uxladi, zumda tong otdi.
3841. Sharqda yondi tandir o’tidek yolin,
Yorishdi olam yuz ochgandek kelin.
3842. O’rladi nur qalqon — olam nurafshon,
Va jahon bezandi taqib oq marjon.
3843. Uydan chiqib saroyga shoshildi u,
Ruxsat olib eligga ko’rindi u.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

3844. O’dg’urmishni so’radi elig avval,
Gapni muxtasar qil, nechukdir ahvol,
3845. Qanday gaplar bo’ldi, ne bo’ldi ishing?
Maqsadga yetdingmi, kelarmi eshing?
3846. O’gdulmish nomani uzatdi asta,
Elig ko’z yugurtdi unga bir pasda.
3847. Qizardi, bo’zardi, jilmaydi sekin,
Chuqur tin olib, o’yga cho’mdi keyin.
3848. Aytdi: Qarindoshing dag’al so’z aytmish,
Gaplari benuqson, to’g’ri so’z aytmish.
3849. To’g’ri so’z dag’aldir, mayli kim aytmish,
Men ipak berdim, undan tikon qaytmish.
3850. Ne edi tilida bayon aylagan,
Eshitganing bir-bir bayon aylagin.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3851. Bayon etdi eligga eshitgan so’zin,
Qay tarzda yashirmay to’ppa-to’g’risin.
3852. Aytdi: Turli sohalarda bahs etdik,
Aql-zakovat yetgancha biz so’z aytdik.
3853. Barcha savolimga topdi javob — so’z,
Gar qattiq qistasam yumib oldi ko’z.
3854. Harchand zo’rlamayin bu yon kelmadi,
Qattiq gapirsam-da ko’ngil bermadi.
3855. Uning har bir so’zin eshitdi elig,
Barcha so’zi edi aql va bilig.
3856. Tag’in orzu qildi, qo’msadi ko’ngil,
Ko’ngil qo’msasa u insonga dard bil.
3857. Ko’r, behad yaxshi aytmish erlar boshi,
Istagin topmasa, erksizdir kishi.
3858. Ko’ngil begdir, barcha uning qulidir,
Qayga borsa beg, bu qulning yo’lidir.
3859. Ko’ngil orzuga moyil — jilovlab ol,
Tilagin topmaguncha tinmas alhol.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3860. Yana ayatdi elig: Ayo O’gdulmish,
Sening qarindoshing chin inson ermish.
3861. Eshitmagan bo’lsam edi so’zlarin,
Fe’l-atvori, xulqi, bilimi — barin.
3862. Eshitgach, ko’ngilga jo etdim uni,
Tirishgin, orzumga yetkazgin meni.
3863. O’z elimda ushalmasa tilagim,
Munosibmi, mushkul unga yetmagim.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3864. O’gdulmish aytdiki: Toza nasildir,
Xulqi go’zal uning, elda asildir.
3865. Men unga bu so’zni qaytadan aytdim,
Elig yana bunga yo’llagay dedim.
3866. O’zingcha bor dedim, hurmatlab uni,
O’z holingga qo’ymas, chorlagay seni.
3867. Umidimni uzdi, qaytib kelma deb,
Bormasman, o’zingni qiynab yurma deb.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3868. Elig aytdi: Nechuk izoh, berarsan,
Gar kelmasa, yana o’zing borarsan.
3869. Bu ne holki, neki istasa elig,
Orzu ushalmoqqa yetmasa ilik.
3870. Bu nechuk adolat, yurt cho’ngi, xonin,
El aro o’tmasa, buyruq, farmoni.
3871. Chin ulug’lik nishonasi shu erur,
Istagan maqsadga u albat yetur.
3872. Gar ko’ngil istasa har bir narsani,
Davosi — maqsadga yetkurmak uni.
3873. Og’ir bir dard bo’ldi bu orzu menga,
Orzuga yetmoqlik em bo’lar unga.
3874. Nima der anglagin, bu baytni o’qib,
Ma’nosin uqib ol, ey ko’nglim to’qi:
3875. Barcha dardga dori-darmoni tayin,
Dardni davolovchi tabib ham tayin.
3876. Ko’ngilning dardi agar orzu erur,
Unga yetmoq dardning davosi erur.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3877. O’gdulmish aytdiki: Elig baxtiyor,
Jahonda davosi topilmas ne bor?
3878. Elig ko’p yil tinch, omoi, eson bo’lsin,
Bu qulning joni unga fido bo’lsin.
3879. Netay, bu so’zni senga o’zim dedim,
O’kindim, o’ksindim, pushaymon yedim.
3880. Eshitgin, aqlli, dono nima der,
So’zga ehtiyot bo’l, ayo botir er.
3881. Foydasi ko’pdir, bil, so’zlamasa til,
O’kintirdi so’zlab, vo darig’, bu til.
3882. So’zlamasang so’zing senga qul bo’lar,
Gar so’zlasang so’zing seni qul qilar.
3883. Gapingni puxta o’ylab, shoshilmay qil,
Shoshgan so’z oxiri pushamondir, bil.
3884. O’dg’urmish har jihat yetuk bir odam,
Borsam kelishiga yo’q edi shubham.
3885. Elig bir istasa, men esa ming bor,
U dononing menga foydasi bisyor.
3886. Niyatim u bilan bir bo’lmoq edi,
Qo’lni qo’lga berib ishlamoi edi.
3887. Men uni nechog’li qattik qistamay,
U oyoq tiradi shuncha istamay.
3888. Borish lozim bo’lsa, borayin yana,
Neki aytish lozim, aytayin yana.
3889. Elig yana yozib bersin bir noma,
U o’qib ishonsin, bu – guvohnoma.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3890. Elig aytdi: Maktub yuborib ko’rdim,
Qanday javob berganin o’zing ko’rding.
3891. Yana qanday bitik bitayin bu gal,
Xat o’rniga o’zing maktubsan tugal.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3892. O’gdulmish aytdi: Ey qutli hukmdor,
Ne bo’lsa-da, noma bitmog’ing darkor.
3893. Elchi so’zu ishga bo’lsa-da omil,
Bitiksiz so’zga hech ishonmas ko’ngil,
3894. Ishonmas kishiga xujjatdir maktub,
Hujjat bo’lsa, hiyla erur nomatlub.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3895. Elig aytdi: Orzuying shu bo’lsa, netay,
So’z ma’nosin ochib men noma bitay.
3896. Maktub izhori dil, unga tayanma,
Tirishib tadbir top, kuching ayama.
3897. Ne so’zlash lozim bulsa, unga so’zla,
Tadbir topib, olib kelishni ko’zla.

QIRQ UCHINCHI BOB
ELIGNING O’DG’URMISHGA IKKINCHI MARTA
MAKTUB YOZGANI BAYONI

3898. Yana dovot, qog’oz so’radi elig,
Qalam olib qo’liga bitdi bitik.
3899. Xudo nomi bilan boshladim so’zim,
Yaratgan, ulg’aytgan, kechirgan o’zi.
3900. Dedi: Ming-ming sano qodir Tangriga,
U hukmin yuritgay to’g’ri, egriga.
3901. U tanho, pokiza, beg’ubor erur,
Yo’qni bor qiladi, borni yo’q qilur.
3902. Uni vohid bilib tani, dilda tut,
Ibodat qil, tilu dilni to’g’ri tut.
3903. Nimani istasa, istagi bo’lar,
Nimani bo’l desa, aytgani bo’lar.
3904. Jam’i tirik jonga rizq-ro’z berar,
Jon bergani kabi o’lim yuborar.
3905. Hukmida azizlik, xorlik — ogoh bo’l,
Ulug’ligu kichiklikka ochmoq yo’l.
3906. Uning xohish, istagin bilguvchi yo’q,
Yuritar qazosin to’sguvchi yo’q.
3907. Tuman ming salomim rasul — elchiga,
Yetkazsin Xaq ul rahnamo — yo’lchiga.
3908. Bor choharyorlarga sanoyu salom,
Yetkazsin Xudoyim uzluksiz mudom.
3909. Yubordim, ey zakovatda barkamol,
Senga madhu salom hamda so’rab hol.
3910. Ahvol so’rab senga yo’lladim bitik,
Nechuk yashayapsan, ey dono, tetik?
3911. Yubordim huzuringga qarindoshing,
Tilagim, bo’lsayding hamdam, yo’ldoshim.
3912. Sen ma’qul ko’rmabsan bunga kelmoqni,
Huzurimda turmoq, yuzim ko’rmoqni.
3913. Maktubimga javob yozibsan o’zing,
Qarindoshing yetkazdi aytgan so’zing.
3914. Maktubing o’qidim, angladim so’zing,
Maqsadim eshitgin, qochirmay o’zing.
3915. Shakardan shirinroq so’z aytdim senga,
Javob keldi og’udan achchiq menga.
3916. Mening so’zlarimni sen yana eshit,
Ey mehribon, uni dilingga jo et.
3917. Zohidlik maqomin ixtiyor etding,
Tog’ bag’rini o’zingga makon etding.
3918. Taqvo birla shuhrat qozonding, qara,
Ulug’lik timsoli bulding el aro.
3919. Ibodat qilarsan taqvoni ko’zlab,
Nasibangni qiyma o’zingni zo’rlab.
3920. Elning nazariga tushsa ibodat,
Buzilgay taqvodan bo’lgan imorat.
3921. Ollohning ibodati pinhon bo’lsin,
Elga, ochilmasin, doim sir bo’lsin.
3922. Suyukli qulini yashirgay Egam,
El-yurtga tanilmas bu qullar hech ham.
3923. U qul ham bilmagay kimligin, aslin,
Xudoga yog’imu va yoki yaqin.
3924. Bu yon kelib shahar, kent aro turgin,
Toating pinhon tut, el aro yurgin.
3925. Halol dunyo topib yeb-ich xamma vaqt,
Ochni to’ydir, yupunga kiydir har vaqt.
3926. Halol dunyo topsa kishi ezgusi,
Ikki dunyo ne’matlarin yeguvsi.
3927. Bu hikmatni eshit, bu yon kelmagan,
Pokdomon, bilimli zot nima degan:
3928. Dunyo moli yaxshiga nasib bo’lar,
Har ikki jahonda u huzur ko’rar.
3929. Dunyo topib yeya bilmasa, evoh,
Erur yuk ortmoqlab yurgan bir gumroh.
3930. Ey dono, insonga sen foyda keltir,
Birovga naf bergan haqiqiy erdir.
3931. Seni musulmonlar foydasin ko’zlab,
Bu yon da’vat etdim, ey zohid, zo’rlab.
3932. Bu yon kel, odamlar kuniga yara,
Nafsiz inson o’lik tiriklar aro.
3933. Odam sanalarmi o’z nafin degan,
Haqiqiy insondir el g’amin yegan.
3934. Molini ulashgan emasdir saxiy,
Jon-tanin fido qilgan erur saxiy.
3935. O’zin panaga olgan g’amxo’r emas,
Birovni yo’qlovchi mehribondir, bas.
3936. Kishi yaxshisi der, yaxshi asli kim?
Unga ta’rif bergin, ey dono hakim.
3937. Odam yaxshisi derlar, yaxshi kimdir?
Kim kulfatda birov dardiga emdir.
3938. Ey ko’ngli pokiza, ilmi beadad,
Bu so’zga quloq sol, aqlingni ishlat.
3939. Bu so’zlarim chinmi, yolg’on, o’ylab ko’r,
Gar chin bo’lsa, havasni qo’y, bunda tur.
3940. Ko’p so’z albat zerikarli bo’ladi,
Aqlli kishi gapni kamroq qiladi.
3941. Qolgan gaplarimni qardoshing senga,
Yetkazgay, barini uqdirdim unga.
3942. Maktubni tugatib, o’rnidan turdi,
Mahkam bog’lab, unga muhrini urdi.
3943. Muddatin qayd etib, bitdi oy, kunin,
So’ngra O’gdulmishga tutqazdi uni.

3944. O’gdulmishga takror tayinladi xon,
Bor gapni batafsil aylagin bayon.
3945. Neki lozim bo’lsa, tirish, qil shuni,
Amallab shaharga keltirgin uni.
3946. Tilagi ne bo’lsa, bu yerga kelib,
Muhayyo etayin men tugal qilib.

3947. Uyiga yo’l oldi turib O’gdulmish,
G’ayrat baxsh ayladi unga ezgu ish.
3948. Otdan tushdi asta uyiga kelib,
Yedi, ichdi, yotdi bir oz dam olib.
3949. Yuzin yashirdi quyosh — rumiy qizi,
Zanggi tusin oldi falakning yuzi.
3950. Qora qushning tusini oldi osmon,
Tun qopladi qora qush patisimon.
3951. O’ringa kirdi-yu, o’yladi uzoq,
Ne desin qarindoshga ko’rishgan choq.
3952. Ozroq mizg’ib, uyg’onib ketdi yana,
Yonmagan ko’mirdek edi tun, ana.
3953. Uyqi o’chib, asta o’rnidan turdi,
Qora tun etagin lippaga urdi.
3954. Kun o’rnidan turdi, ko’tarib boshin,
Kulib ko’rsatgandek bamisli tishin.
3955. G’usil qilib, o’qidi bomdod nomoz,
Iltijo-la duo qildi u bir oz.
3956. Otin tutib, egar-jambug’in urdi,
Umidvor bo’lib tog’ yo’liga yurdi.
3957. Qarindosh manziliga borgach yaqin,
Otdan tushdi, saqlab hurmatin — haqin.

3958. Taqillatdi eshikni borib ildam,
Toatni qo’yib ochdi qarindosh ham.
3959. Olib kirdi O’dg’urmish qo’lidan tutib,
Joy ko’rsatdi to’rdan e’zozlab, o’pib.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI

3960. Aytdi: Nechun yana mashaqqat chekding?
Ostonamga bosh urib, eshik chertding.
3961. Gapni kesib aytdim, eshitding uni,
Ne sabab sen zo’rlab, qiynaysan meni?
3962. Nima der eshitgin bilim berguvchi,
Yaxshiyu-yomonni sinab bilguvchi:
3963. Insonni sinash-chun bir bor ko’rsa, bas,
Qalbini bilmoqqa bir so’z so’rsa, bas.
3964. Mis yo oltinni farqlolmasa agar,
Sir toshiga ishqalasa bas yetar.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3965. O’gdulmish aytdi: Jigar, menga qara,
Achchig’lanib, ko’nglim etma yara.
3966. Xizmatchi erta-kech begini ko’rar,
Neni buyursa beglar bajo bo’lar.
3967. Xatingni yetkazdim ham aytgan so’zing,
Nelarni tayinlab topshirding o’zing.
3968. So’zingga javoban noma bitdi xon,
Deya elig xatin topshirdi shu on.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3969. O’dg’urmish turib undan maktubni oldi,
O’qib chiqqach, uzoq o’ylanib qoldi.
3970. Dedi: Qardosh, bariga o’zing guvoh,
Nega o’z holimga qo’ymayapti shoh?

045

(Tashriflar: umumiy 630, bugungi 1)

Izoh qoldiring