Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида ёзилишича, ўрта асрларда Бухорода бу байрам «Наврўзи кишаворзон» — деҳқонлар байрами дейилган. Заҳматкаш деҳқонлар айнан ушбу кун далага қўш чиқариб, дастлабки уруғни ерга қадаганлар. Ерни ҳайдашдан олдин ҳўкизларнинг шохлари ва бўйинтуруғини ёғ билан мойлаганлар. Кекса отахонларнинг таъкидлашларича, мазкур одат замирида ҳўкиз йил бўйи ҳормай-толмай ишласин, деган ният мужассамлашган экан.
Наврўз ўзининг қарийб 3000 йилдан зиёд тарихи мобайнида барча ижтимоий табақаларга тааллуқли байрам сифатида нишонланган. Наврўз бутун халқ, ҳукмдорлардан тортиб оддий одамларнинг тасаввур ва эътиқодида муқаддас бир тушунчадек шаклланган қутлуғ байрамдир.
Тўра СУЛАЙМОН
ИЛТИЖО
Баҳор келса, бошланур боғда булбул хониши,
Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши.
Қирларда лола сайли, қишлоқларда йилбоши:
Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши
Баҳор, кетма менинг боғимдан.
Қилмиши қинғир зотга давр қайда, даврон қайда?
Ватангадо кимсага беминнат макон қайда?
Ёлғиз отга оламда ном қайда, нишон қайда?
Баҳор, сенсиз саҳрою тоғу тошга жон қайда?
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.
Ўлмасликка ишора – ўланга ошиқлигим.
Саодатга ишора – замонга ошиқлигим.
Теранликка ишора – уммонга ошиқлигим,
Гўзалликка ишора – бўстонга ошиқлигим.
Баҳор, кетма менинг боғимдан.
Бу кун қай бир ерда қиш, қайда хазон резгилик,
Қайларда ёз, қайда куз, қайда жондан безгилик.
Кўкламнинг ҳар нафаси умрга арзигулик
Боғсиз, боғбонсиз ерда не ҳам қилсин эзгулик…
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.
Гиёҳ билан қопланмиш кўҳна қабр бошлари,
Майсадаги шудринглар – кимларнинг кўзёшлари?
Бу ерда ётар отам ҳам узангидошлари
Ҳар баҳор эслар уни қавми-қариндошлари,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.
Ёз бўйи қорга зорман, қишда баҳорга зорман,
Чаманда гул бўйига интиқман, интизорман,
Куз келмай хазон бўлган севги, гулдан безорман,
Баҳорсиз ҳам диёрсиз эл ичра беназарман.
Баҳор, кетма, менинг боғимдан.
ТЕБРАТАР
Қадимги қимизчи чоллар қўшиғи
Шамол шамолни тебратар.
Шамол булутни тебратар.
Булут ёмғирни тебратар.
Ёмғир тупроқни тебратар.
Тупроқ майсани тебратар.
Майса бияни тебратар.
Бия қимизни тебратар.
Қимиз йигитни тебратар
Йигит сулувни тебратар.
Сулув бешикни тебратар.
Бешик болани тебратар.
Бола дунёни тебратар.
ҚАЙТА КЕТМАС БЎЛИБ КЕЛДИНГМИ, БАҲОР
Еру самовотда Наврўз нафаси,
Боғу бўстонларда андалиб саси,
Бу нафас, бу саснинг йўқ муқояси.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Дастлаб тонг чоғинда кўргандим сени,
Сўнг Тангри тоғинда кўргандим сени,
Қизлар ёноғинда кўргандим сени.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Малак ҳолатинда кўргандим сени,
Қушлар қанотинда кўргандим сени,
Куйчи баётинда кўргандим сени.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Ҳали айтилмаган таърифинг қанча,
Сен то ўру қирни айланмагунча
Боғлар гулга кирмас, очилмас ғунча.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Қошлари ўсмалим, кўзи сурмалим,
Этак-этак гулли, бари бурмалим,
Сени дунёда ҳеч кима бермалим!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Сен қайта яралиш, ёшлик тимсоли,
Ҳаёт бахш этгувчи Масиҳ мисоли.
Сенсиз одамзоднинг не кечар ҳоли?
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Тўрт фаслнинг танҳо маликаси сен,
Тугал гўзалликнинг ниҳояси сен,
Ошиқ-маъшуқларнинг таманноси сен!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Ер бирла осмоннинг тиллақоши сен,
Айтар қўшиғимнинг аввал-боши сен,
Олтин бешигимнинг сафардоши сен!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Жуманиёз ЖАББОРОВ
НАВРЎЗ КЕЛИБОН…
Наврўз келибон, жумла жаҳон нозланажакдир,
Офтоб қизитиб, аста-секин ёзланажакдир.
Яшнар табиат, дашту адир лола ичинда,
Юртим — чаманим ўзгача пардозланажакдир.
Ирмоқ куладир, елга ўпич берса бинафша,
Майса қуёш тафтида таннозланажакдир.
Бир лаҳза эшит қумрию булбулни навосин,
Шўх-шўх таралиб, яллаю шаҳнозланажакдир.
Қайнар сумалак, варрак учар, тўю томоша,
Диллар қувониб, соз ила парвозланажакдир.
Жавлон уришар давра тузиб неча йигитлар,
Қизлар безаниб, ҳусн ила мумтозланажакдир.
Дунёда одам қадри баланд, севса Ватанни,
Юрт ичра яна ҳурмату эъзозланажакдир.
Эркин ВОҲИДОВ
НАВРЎЗ НАШИДАСИ
Юртим!
Илҳомимга сарчашма ўзинг,
Бирдек азиз менга ёзинг ҳам кузинг.
Букун баҳорингга шеър айтмоқчиман,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
Яна олам бўлди яшил, серфусун,
Яна қизғалдоқлар очилди гулгун.
Бу йилги кўкламинг ўзгача бутун,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
Қаттиқ қишдан чиқдинг зах тортиб, хориб,
Ердан чиққан каби бойчечак ёриб.
Бағрингдан муз кетди хамалга бориб,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
Қир яшил, боғ яшил, бўстондир яшил,
Баҳорий либосда жаҳондир яшил,
Эрк яшил, истиқлол, имондир яшил,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
Бошингда ҳуррият қуёшинг бордир,
Ўз Туғро, Байроғинг, Юртбошинг бордир.
Мақсадинг. ғайратинг, бардошинг бордир,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
Ёш чинорсан, ўзни тутиб оларсан,
«Илик узилди»дан ўтиб оларсан.
Юзлаб баҳорларни кутиб оларсан,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
Бугун далаларга қадалган уруғ
Иншооллоҳ, ризқу баракот тўлуғ,
Эй, умид ўлкаси, эртаси улуғ —
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
* * *
Баҳор.
Барқут кийиб безанди боғлар,
Саҳролар кўксига такди қизғалдоқ.
Қуёш этагига оқ булут борлаб,
Ўрик шохларида қовурди бодроқ.
Еллар олиб қочди қишнинг хобини,
Барглар чапак чалиб уйғонди шодон.
Бутоқларга қўниб, гул китобини
Варақлашга тушди булбул — ғазалхон….
Бугун коинотда эзгу бир ташвиш,
Ғунча гул бўлай деб кўзин очади.
Мусича олдидан бир дона чўпни
Чумчуқ уясига олиб қочади.
Ҳайдалган даладан бир хас ортмоқлаб —
Чумоли югурар — у ҳам тирик жон.
Шошилиб чопади табиб ирмоқлар
Ернинг томирига қуймоқ учун қон…
Она тупроқ эса куз ташвишида,
Юксак хирмонларга сийнаси юклик.
Унинг сокингина тин олишида
Бордир оналарга хос бир буюклик.
Абдулла ОРИПОВ
НАВРЎЗ
Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Она бағри каби илиқдир олам,
Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.
Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Яна кўнгиллардан рутубат кетди,
Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.
Яна дилдорликнинг фурсати етди,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Омон МАТЖОН
«СЕНИ ЯХШИ КЎРАМАН» ТУРКУМИДАН
Миллион жажжи фонус ёқди дарахтлар.
Камалак. Яшиллик. Ёмғир юз фоиз…
Имон келтиргайман аммо —
бу боғлар
ёруғдир бизнинг-да севгимиз боис.
Ҳар оғоч, ҳар шохни уйғотди Наврўз,
гул билан қитиқлаб карахт танини.
У сени кўрсатди менга.
Ва билдим
юрагим қаерда жойлашганини!
Оҳ, баҳор! Заминнинг сўз эркинлиги!
Майсалар куйлашар кўкка ўрлашиб.
Шу буюк қувончга жўр бўлдик биз ҳам
лабларим лабларинг билан бирлашиб.
Умр нима ўзи!
Имон келтирай,
ҳикмат бу, баҳордек қисқа ва аён:
Севги ила маъсуд онларни ўйла,
асил умр шулдир. Қолгани — ёлғон…
Ойдин ҲОЖИЕВА
НАВРЎЗ
Ўриклар шохида ёнди минг чироқ,
Пушти капалаклар қўнди бодомга.
Офтоб бир қиздирса, кўзлари қора
Лолақизғалдоққиз чиқволар томга.
Жиловсиз тойчокдай югурар кишнаб,
Қиш бўйи эснаган эринчоқ сойлар.
Баҳор бисотидан кетади яшнаб,
Келинчак уйидай кўҳна саройлар.
Сумалак бошида келинлар чечан
Лутфида дунё ишқ, сирга айланар.
Ёмғир қўбизини чалади шўхчан,
Сомонлар тиллога, дурга айланар.
Тарновда пат тараб ошиқ мусича
Шўх-шўх муччилашиб бахши бўлодир.
Каврак илдизию чўл андизича
Бол кириб чечақдан яхши бўлодир.
Хазин мозористон дарахтлари-да
Армон гулларини тўзғитиб порлар.
Қабртошнинг видо дастхатларида
Хотира шуъласин ўқир баҳорлар.
Ҳаёт абадийдир. Ҳаёт — ғанимат.
Довул қоқар жарчи, бонг урар Наврўз.
Не чоғ сеҳргарсан, она табиат,
Ҳар бир ҳужайрада ёқасан юлдуз.
Минг торли соз каби сасланар Инсон
Наврўзий саболар оҳангида маст.
Тонгтача баҳорий завқ ичра жаҳон
Бир қучоқ гулдаста бўлса ажабмас.
Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА
НАВРЎЗ ХАЁЛЛАРИ
(туркум)
1
Гоҳ ўрмаласа ҳам олдинга тикка
Туташиб кетганча қоронғиликка,
Гоҳ қопқонлик қилди ҳуркак кийикка
Ўзинг ёриштир бу йўлларни, Наврўз.
Булбул ўлди. Гул-чи ёнди, очилди,
Елларнинг бўйнидан қучди, осилди,
Бугун у ненидир сезди, босилди,
Гуноҳидан ўт, бу гулларни, Наврўз.
Бу қўлга қон теккан. Бу қўлни асти
Чопиб ташласак ҳам ҳаққи кетмасди.
Аммо… Балки зарур бировга дасти…
Ўзинг юв бу қонли қўлларни, Наврўз!
Кўклам гуллаб кетса тошу харсанг ҳам,
Кўклам гуллаб кетса қари-қартанг ҳам,
Бало-қазолардан энг хатарли дам
Ўзинг асра қизу-улларни, Наврўз!
Бу беморлар тонгни кутар мунғайиб,
Улар ҳам бой, кетган дард билан бойиб.
Суя, суя! Улар кетмасин тойиб,
Узма, узма жони қилларни, Наврўз!
2
Наврўз, бағри тилинган гул,
Оёқ ости қилинган гул,
Япроқлари шилинган гул,
Бугун «омон» айта келдинг.
Синган бир сенмас, гул юзим,
Менам синдим. Синди сўзим,
Бугун ердан узиб ўзим
«Алёр, замон» айта келдим.
Наинки инсон қатағон,
Чордарвеш, девон қатағон,
Ақл қатағон, онг қатағон,
Сен ҳам кетиб, қайта келдинг.
Сумалакли қозонларинг
Ағдарилди азонлари,
Чиқиб чангинг, тўзонларинг
Фикримни улғайта келдинг.
Тўзиб, қайғу чеккан бир жон,
Ғурбатларга чўккан бир жон,
Бошини кўп эгган бир жон,
Бош кўтарган пайтда келдинг.
Кўкармоқда ҳар тўрт тараф,
Унмоқ шараф, ўсмоқ шараф!
Тош кўнгйлга эл тик қараб
Тош кўтарган пайтда келдинг.
Энди шундай қасос-ун-нард
Энди тинган, синган номард,
Элдан кетиб, фасоду, дард,
Ош кўтарган пайтда келдинг.
3
Бу нураш, 6у чўкиш фаслидир,
Изтироб, ғам чекиш фаслидир,
Бор дардингни тўкиш фаслидир,
Ўсиш фасли қачон келади?
Тил узайган. Гапирмоқ фасли,
Қулоғингга гап кирмоқ фасли,
Рўзғорингга наф кирмоқ фасли —
Ўсиш фасли қачон келади?
Кўзларимга ёш келди тез-тез,
Кўзим кўзлаб тош келди тез-тез,
Руҳим — эгик бош келди тез-тез,
Ўсиш фасли қачон келади?
Ноҳақ келиб ҳақларни қувди,
Қувлашиб пок сувлар келувди.
Нопок кириб оёғин ювди,
Ўсиш фасли қачон келади?
Бугуннинг бу ёзуғини буз,
Сен келдинг-у, ўсди дала-туз,
Одамларга ўзинг айт, Наврўз,
Ўсиш фасли қачон келади?
Cулаймон РАҲМОН
НАВРЎЗ
Эй улуғ боболар дастхати ила
улуғ китобларга битилган Наврўз,
мажусий заковат неъмати бўлиб,
зардушт оловида етилган Наврўз,
милён йил муқаддам Шарқ тупроғида
янги йил байрами этилган Наврўз,
расули акрамга кумуш жом тўла
сумалак рамзида тутилган Наврўз,
Искандар найзасин тийғидан зада,
Қутайба тўпидан отилган Наврўз,
Чингиз отларининг туёқларида
гоҳ сайҳон, гоҳ пайҳон этилган Наврўз,
Беруний, Фирдавсий, Хайём сўзига,
Навоий назмига қотилган Наврўз,
муртадлар халқидан юз бурган кезлар,
юз буриб, баҳридан ўтилган Наврўз,
мустабид тузумнинг аждаҳо мисол
тубсиз ҳалқумига ютилган Наврўз,
жоҳиллар тошидан бағри минг пора,
жисми минг бўлакка титилган Наврўз,
раънолар* зуғмидан ранг-рўйи раъно,
таъқиқ зиндонида тутилган Наврўз,
бир ялтоқ шоирнинг таклифи билан
«Навбаҳор байрами» аталган Наврўз,
келдингми, бошингдан балолар ариб,
эй эрк насимидай кутилган Наврўз,
муборак бўлсин бу озод кунларинг,
қалблар қафасида тутилган Наврўз,
рақиблар дастидан бизни қутқазгил,
таъқиблар дастидан қутулган Наврўз!
ҲАМАЛ
Наҳотки, о, наҳот узилиб кетди
осмоннинг саноқсиз марваридлари?
Қуёш рухсорини гуллар унутди,
ерни тутиб кетди ёмғир ҳидлари!
Шафтоли шохлари нафис энтикди,
зардоли оқ ювди ўз ғунчаларин;
қизлар ўсмасини ҳимоя этди
бошига кўтариб «осмонча»ларин.
Бўғиқ куй бошлади тунука томлар,
ким улар нағмасин тушунади, ким?
Қизғалдоқлар – қирлар кўтарган жомлар,
бир-бирига тегиб жиринглайди жим.
Пилдирар шаҳарнинг йўлкаларида
булут тўкаётган мунчоқлар хушҳол.
«Болалар дунёси» ойналаридан
ёприлиб қарайди қўғирчоқлар лол.
Қўнғизлар ўрмалар паноҳ ахтариб,
дилдираб учади чипор хонқизлар;
ариқлар лабини бодроқдай ёриб,
дув-дув томошага чиқар ялпизлар.
Шамоллар айтади шўх-шўх латифа,
чайқалиб, ағанаб кулади гуллар.
Ажиб қофиялар қилади туҳфа
шоирлар шеърига шоир булбуллар.
Анқир кўкчучвара, кўксомсалардан
ялпизлар, жағжағлар, қоқи, қиччилар…
Иккита чумоли тўқнаш келаркан,
қучиб бир-бирини, қутлаб муччилар.
Қирларга қизлардай ёйилиб кетар
ял-ял қизғалдоқлар, ял-ял лолалар.
Нотаниш бир ҳисдан ногоҳ энтикар
ўн учдан ўн тўртга ўтган болалар…
* * *
Шафтолининг гулларидай ҳарир, нимпушти
умидларим бу кун маним кўнглимга тушди.
Учиб кирди димоғимга ранго-ранг ҳидлар,
олиб кетди мени ердан олий умидлар…
Кўрдим, худди боларидай ғужғон учдилар,
гулламаган шафтолининг гулларин ҳидлаб,
иситмаган қуёшларнинг нурин қучдилар,
ёруғ кунлар ёғдусига муштоқ умидлар…
Кўрдим, улар ёш бургутдай қоқиб қанотин
кенгликларда, юксакларда қилдилар парвоз.
Умидларим эъзозлади боболар ёдин,
умидларим тинчлик учун бердилар овоз!
Умидларим узра чақин чақма, гулдурак,
улар – гулдир, гулга ҳаво, офтоб, нур керак,
Осмон керак, юлдуз керак, она ер керак!
Еру элга меҳр керак, ёниқ дил керак!
Умидларим – ҳали уфққа чиқмаган офтоб,
умидларим – ҳали мени севмаган моҳтоб.
Умидларим – ҳали отиб улгурмаган тонг,
умидларим – ҳали мени тан олмаган шон…
Шафтолининг гулларидай ҳарир, нимпушти
умидларим бу кун яна кўнглимга тушди,
бу дунёда яшаш учун умидлар керак,
йўллар аро йўлингни топ сен ҳам, эй юрак!..
Азим СУЮН
ЙИЛБОШИ
Бугун баробардир Кеча ва Кундуз –
ОЛам меҳварида қуёш барқарор.
Жанубий ярим шар қучоғида Куз,
Шимолий ярим шар бағрида Баҳор.
Хуш келдинг, Наврўзим, Ўзбекистонга,
Хуш кўрдик, мойчечак, бодом гуллари.
Истиқлол юз очган ота маконга
Анбарлар ташийди тоза еллари.
Гарчи кечаларнинг ҳарорати паст,
Этни жунжуктирар бу тунлар гарчи.
Офтобли тунларга ихлосу ҳавас
Олиб учиб келди наврўзак* – элчи.
Йил – Йилбошисидан… мана, нафаси
Тумандай тарқатди Қиш жафоларин.
Жарлар, дарахтларда қушлар уяси
Тағин кутиб олди “бевафо”ларин.
Мен бир ошиқ шоир, кўкда камалак,
Қалдирғочнинг қийиб учишин кутдим.
Дошқозонлар тўла ҳалим, сумалак,
Қозонинг тўлгани рост бўлсин, ЮРТИМ!
Наврўзак – қуш номи
Муҳаммад РАҲМОН
БИНАФША
Ҳаволарга сочилмоқда
Оромижон бир атр.
Бинафшалар очилмоқда
Тупроқ ёриб қайдадир.
Очилмоқда титраб-титраб,
Рангпаргина, нафармон.
Биз болалар уни излаб
Боғ кезамиз андармон.
— Бинафшажон, қайдасан, айт,
Кўрсатақол юзингни.
Кўмгандирсан балки бу пайт
Хору хасга ўзингни.
Ҳатлаб-ҳатлаб юргандирсан
Ариқларни ёқалаб.
Хилватларда тургандирсан
Кўзгинангни уқалаб.
Киргандирсан балки секин,
Халал бермай тинчгина,
Баҳоргача ерга кўксин
Босган токлар пинжига.
Ё биз билан бекинмачоқ
Ўйнаяпсан тутдирмай.
Жўнар кимдир тоқати тоқ,
Сени кутиб ўтирмай.
— Қиш заҳри бор ҳали ерда,
Ерда, — дер у хўрсиниб,
— Алданибмиз, ҳали эрта,
Эрта, — дер у хўрсиниб.
Дўстим, сўниб ҳавасларинг
Чалинибсан тумовга.
Бинафшанинг нафаслари
Урилмоқда димоққа.
Жонсаракдир қалбда ҳислар,
Яна олға чопамиз.
Кетаверсин умидсизлар,
Биз, барибир, топамиз,
Бинафшажон, ўтди баҳор,
Ўтди ёзлар, ўтди куз.
Келдим бир кун дунё билан
Шундай яқин, юзма-юз.
Ишонч менга сабот берди,
Сабоқ берди тўзимдан.
Юрагимга кураш кирди,
Қочди уйқу кўзимдан.
Бинафшажон, бугун яна,
Туйғулар тирик, зийрак.
Чорлаяпсан бизни, ана,
Бўлиб ёруғ келажак.
Этигимда лойи қат-қат
Қишнинг шалтоқ йўлларин,
Кетмоқдаман сенга фақат
Узатганча қўлларим.
Кундан-кунга яқинроқсан,
Нафасларинг жонимда —
«Ҳали эрта…» — Кимдир баъзан
Минғирлайди ёнимда.
Тўхтамаймиз аммо бизлар,
Яна олға чопамиз.
Кетаверсин умидсизлар,
Биз, барибир, топамиз!
БОЙЧЕЧАК
Бойчечак қор босиб келар бековуш,
Ғофил соҳилларни уйғотар шовуш.
Дўниб илиқликка рутубат, совуш,
Кўклам булутларни соққан куни бор.
Бу тоғлар тоғ эмас, салтанат бори,
Девлар хобгоҳидир қоронғи ғори.
Тошларга урилиб, тинмайди зори,
Жилғанинг денгизга оққан куни бор.
Минг бир қабоҳатга, макрга қодир,
Зулмат гумаштаси шум Қора ботир,
Юз йил оқса ҳамки дарёда Тоҳир,
Сандиқдан соғ-омон чиққан куни бор.
Дейсан: «Соясинда сарғайди юзим,
Ўзимдан ўтганин биламан ўзим».
Майса, илдизингга тилайман тўзим,
Довул чинорларни қиққан куни бор.
Яшамоқ, яшнамоқ сўлмаганники,
Эртадан ноумид бўлмаганники,
Бу дунё кимники, ўлмаганники,
Худонинг бизга ҳам боққан куни бор.
* * *
Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Қўл-оёқсиз, ўжар чўққигир —
Чирмовуқгулларнинг тунлар арқондан
Юқорига ўрмалагани.
Забт этиб уйларни қаватма-қават
Балконлардан ичкарига мўралагани…
Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Муздек бетон деворлар аро
Қафасларда саъваларнинг,
Тўтиларнинг, беданаларнинг
Пайдо бўлгани.
Тасодифмас уларнинг субҳи содиқда
Ҳаволарга рақиялардай
Гоҳ узуқ, гоҳ чўзиқ товушлар отгани…
Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Идорада гулибеорнинг
Девордаги тувакдан ўзини ташлаб
Елкам узра боққани қоғозларимга…
Мен энди сезяпман,
Йўҳ, улар шунчаки гул эмас.
Қуш эмас,
Уйимизга, ўйларимизга
Билдирмай, сездирмай суқилиб кирган
Табиатнинг уста «айғоқчилари».
Интиқом яқин!
Қайлардадир тоғлар ортида
Асабий чайқалмоқда адл-адл дарахтлар,
Зангори қўшин.
Улар фармон кутмоқда!
Бошла!
Бошла юришингни ТАБИАТ!
Шавкат РАҲМОН
МАНЗАРА
Оқ сукунат портлар саҳарда,
кун нурида ёниб, ярақлаб,
чопиб кирар совуқ шаҳарга
ялангоёқ яшил дарахтлар.
Бир зумдаёқ девор.тар ошиб,
Кўчаларга тарқаб кетдилар.
Дарчаларга юзларин босиб,
болалардай қарар катталар.
ҲАМАЛ
Эриб битди поёнсиз қорлар,
яна кўҳна замин туллади.
Водийдаги улкан ўриклар
бир кечада оппоқ гуллади.
Оқ булутлар ерга қўндими,
мўъжизалар бўлдими содир?
Оҳ, нақадар ажойиб тунда
оқ машъала экилган водий.
Энди сафсар кечаларда оқ
машъалалар тутиб, улуғвор
кенгликларда кезар чиройли
кундузларни ахтариб баҳор.
* * *
Кунлар пиша бошлайди яна,
рангларини бошингда элар,
Хаёлингни чақмоқлар каби
ёритгувчи лаҳзалар келар.
Яна япроқ ёзган дарахтга,
атиргулга дўнарсан нуқул.
Кечалари чап кўкрагингда
қафасини синдирар булбул.
Бор кадарни енгмоққа яна
етиб ортиб қолар бардошинг.
Энди ўзинг истамасанг ҳам
юлдузларга тегади бошинг.
* * *
Ечиб оппоқ кўйлагани вақт,
кийди яшил гулли кўйлагин.
Юрак, уйғон, капалак каби
чечакларга қўниб ўйнагин.
Майсаларин тараб, парвозга
шайланади чексиз далалар.
Ўспиринлар қучоғида маст
Қирда асир тушган лолалар.
Боғларда оқ аланга гурлар,
телба қилар шамоллар иси,
гилос гулин кийган кўчада
оқиб борар қизлар кулгиси.
Гуркираган бу рангин олам
туйғуларни ўйнатиб ташлар
ва ажойиб кунлар умримда
атиргулдай очила бошлар.
* * *
Субҳидамда ям-яшил дарахт
деразамга юзини босди,
керишгандай ойнак сатҳига —
гулларини оҳиста ёзди.
Қирчиллаган шабада келди,
кўпирганча шошиб, қувониб,
Баҳор, жисми очилиб, яшнаб,
босиб кетди атир тумани.
Кўтарилар заминдан қудрат
шаббаларнинг учига қадар,
бирдан яшил шохларда тилло
ғўралар ҳам товланиб кетар.
Гўё қуёш парчалангандай…
Гарқ қилади оламни фараҳ.
Ҳар баҳорда менга эринмай
яшамоқни ўргатар дарахт.
* * *
Ишон, одам, баҳорга ишон,
қара, гўдак каби беғубор —
мингинчи бор оловдай порлоқ
гулларини кўрсатар баҳор.
Баҳор сенга ишонар, қара,
сузиб чиқди кўзига юрак —
қараб турар сенга интизор,
сен баҳорни севишинг керак.
Кўзига боқ, ҳайдама уни —
мингинчи бор қилмагин хато.
Остонангдан кетмайди баҳор,
сен аслингга қайтмагунча то.
Шарқиратар асов сойларин,
нафасидан ранглар уфурар,
ўйнайверар яшил қушларин,
гулларини ёндираверар…
БАҲОРНИНГ ИЛК КУНИДА АЁЛИНИ КЎРГАН ШОИР КEЧИНМАСИ
Бу аёл…
Кўзимга қушдай кўринди,
мусича, каптардай — сурганда хаёл.
Қайданам созладим тасаввуримни,
қушга ўхшайверар ҳадеб бу аёл!
Гўё хоб элитган…
Суврати сўлғин,
сездирмай жилмаяр гўё ҳумойлик.
Сўлиш ё гирями — ғалати тўлқин,
кўзлари ҳазинлик ёхуд хуморлик.
Баҳорга ўхшатсам…
баҳор ярашмас —
бу аёл баҳордан минг бора гўзал.
Пойига ташлашга — қалбни тарашлаб,
ёниқ сўзлар керак,
самимий сўзлар.
Баҳорнинг бир зумрад бўсағасида
кафтлари қушлардай…
Овозсиз сўйлар.
Дунё, бу аёлга ўхшатадиган
борми бирор тимсол қушингдан бўлак.
Ҳадикли нигоҳни сирли қирида
осмонни чоғларкан қушдай беғубор,
сезаман,
аёлнинг нозик кифтида
қандай оғир сўзлар,
ғамгин сўзлар бор.
Кўринмас сўзларни аёл кифтидан
бирма-бир оламан сеҳргар каби.
Қўллари титрайди аёлнинг бирдан,
кўзлари титрайди,
титрайди лаби…
Гўёки парвоздан олдинги ҳолат;
нозик кафтларида энг сўнгги малол —
гўёки сўнгги сўз,
оғир сўз қолган,
сўнгги сўзни олсанг,
учгудай аёл…
Усмон АЗИМ
БАҲОРГИ БОҒ
1
О!.. Оламдан тўкилди гуноҳ!
Оралаган боғларга санми —
Гуллайсанми шунақа, Оллоҳ,
Оллоҳ, шундай кўкарасанми?!
Ёмғирларинг бир дунё хитоб!
Олам қайта яралди — янги!
Менинг қайси «оҳ»имга жавоб —
Йиғлайсанми шунақа, Тангрим?
Сен — сахийсан, меҳрдир боринг…
Гуллашингу йиғлашинг — ошкор…
Мен — бир тўзғин майсангман, Тангрим,
Мен — бир қатра ёшингман, Жаббор.
2
Зирқиради илдизим — тупроқ
Заррасини аранг кўтардим.
Ҳали қорлар бўлмасдан адоқ,
Сабрим етмай, Тангрим, кўкардим.
Турфа кўкат ердан қалқиди,
Теварагим тўлди зиёга.
Мен ҳам битта гиёҳ талқини —
Қариндошман ҳамма гиёҳга.
Бепарводир баҳор гуллари:
Хуш лаҳзага ташлаб ихтиёр,
Ёмғирларга тутиб қўлларин —
Очилишди мендай бахтиёр.
Бахтли бўлдим меҳрингдан мен ҳам,
Чақмоқларда ёришди юзим —
Теракларда эрксевар кўклам
Ўрмаларкан кўкларга узун.
Боғларингда тураркан тўлиб,
Бошларимга урилди туман.
Англадим, бу — туманмас, булут,
Англадимки мен ҳам, тоғлардан.
Эриб битди қишнинг мунглари —
Маҳв бўлдингми сен ҳам охир, марг?
Навдаларнинг сўлу ўнглари —
Куртаклари сачраб очди барг.
Ер юмшади она бағридай,
Сочил, Ҳаёт!— давронинг келди.
О, баҳор ҳам олқиш — тангридан —
Кўкаргувчи замонинг келди.
Телбалик қил, барқ ур, яшиллан,
Гулла!— нуру бўйга қоришиб.
Асабларим, қара, яшиндан —
Жисму жоним борар ёришиб.
Кўкка боқдим — кўзим йўлиқди —
Ўтмоқдадир турна галаси.
3
Еру кўкни кўмдинг зиёга —
Меҳру шафқат кўргаздинг, Жаббор.
Ўсаётган ҳар бир гаёҳда
Бандаларга талпинишинг бор.
Мана, менинг чарчоқ бошимга
Телба-телба ёмғиринг қуйди.
Бир уйғониш туйдим лошимда —
Меҳри қаттиқ кўк мени суйди.
Олов отиб кетди кўзимга
Умри қисқа, жунунвор яшин —
Мен кўнглимни кўрдим ўзимда —
Руҳим тортди ногоҳ ям-яшил.
Хаёлимнинг адирларида
Бағрини қон этди қизғалдоқ.
Менинг ғамгин сатрларимда
Қанот қоқди бир қушча сайроқ.
Йўқ, ачинмай қўйдим қадримга —
Мен йўқдирман! Мен — сенинг ноланг!
Жаббор! Бир қуш йиғлар сатримда —
У менингми, ё сенинг ноланг?..
Тизилишди — ўпкам тўлиқди,
«Қур-ей»…— оқди кўзим жоласи.
Келин тонглар салқинларида,
Шабнамларда почаларим ҳўл,
Кезарканман чорбоғларингда —
Тангрим, сездим, ҳали қалбим мўл…
Зирқиради илдизим — тупроқ
Заррасини озод кўтардим.
Бир кўргани рўйингни бу чоқ
Мен кўкардим, Тангрим, кўкардим…
4
Энди менга эмас муносиб
Юрагимни ошкора ёқмоқ.
Ярашади — ақлдан озиб
Кўкрагимга бекинган чақмоқ;
Ё томоша этмоқ — қувониб —
Дилда учган капалакларни;
Ҳам изламоқ ногоҳ уйғониб —
Тушимдаги камалакларни;
Ёки бизни нурга ундаган
Ҳақ айтган чоғ ҳақиқат сўзин —
Бошни шартта қўймоқ кундага
Биродарлар учун ҳам ўзим;
Нафрат отин йўлда қантармоқ —
Адашганга меҳр нурин сочиб
Ва юракни танга қайтармоқ
Ҳужайралар зеҳрини очиб…
Эй, ўзини менга бахш этган
Умр! Тавба кўксимда урён.
Шамолимда соврилиб кетган
Кунларингни қайтарай қачон?
Юлдузларни борар оқизиб,
Бошим узра йўловчи дунё…
Ўтмоқ нега, ахир, гард бўлиб,
Мен, ахир, дард бўлмоқчиман, о!
Хабар бергин, кўнглим, фалакка —
Мен янгича яшай бошладим:
Ёқамгамас, қара, юракка
Сизиб тушар аччиқ ёшларим.
5
Майли, осмон бошимда хира,
Баҳоримда чилланинг қиши —
Менга муҳим чалкашлик ичра
Ўз-ўзимни англамоқ иши.
Шафқатнинг кенг чорбоғларида
Бар дарахтдай гуллади меҳрим.
Нафратнинг чарс қийноқларидан
Қутилмоқда юракнинг сеҳри.
Руҳнинг сокин гирдибодида
Учар экан таннинг куллари,
Истайманки, дилнинг додига
Садо берсин ҳаёт гуллари.
Мен кўнглимни гул каби уздим!
Тангрим, юбор гулга зор касни…
Тангрим, қандай ўйинни буздим —
Ҳеч кимга гул керак эмасми?
6
Товушини йўқотган эмас,
Юрак ҳамон девона ҳофиз.
Фақат унинг ёнида бссас
Пайдо бўлди доно Кайковус.
Ҳамон тунлар тўлғайди наво,
Қовурғалар — чанқовуз — танда.
Фақат ошиқ дилда уйғонди
Тазарруга бош эккан банда.
Шафқат танни забт этди-олди,
Чоҳдан чиқди ҳамма сўзларим.
Менинг жисмим тамом йўқолди —
Ўткирлашди фақат кўзларим.
Юрак энди авжларни қўйиб,
Паст пардада куйлар шикаста —
Жону жисмим кетару куйиб,
Ёшларимни артаман аста.
Қалбдан тошдай оғир кўчган шеър
Ҳаётдами, ўлимда кўпроқ?
Англамайман, залворлими Ер,
Ё кафтдаги бир ҳовуч тупроқ?
Ушбу шеърни битаркан, армон
Юрагимга такрор буюрди:
— Бемалол уч — узоқдир осмон,
Ер қаттиқдир — бемалол юргин.
Хуршид ДАВРОН
БАҲОР ШЕЪРЛАРИ
* * *
Мен эртага жуда эрта
Тинч уйқумни бузаман.
Оқ кўйлагим кияман-да,
Далаларни кезаман.
Яшилгина майсаларнинг
Бандларига босиб лаб,
Эркалайман қизалоқдай,
Қулоғига шивирлаб.
Кейин ойнинг елкасига
Қўлимни қўйиб беун,
Юрагимни очаман,
Ойдин бўлар ўша тун…
* * *
Ҳали осмон дилимдай хира,
Ҳали қуёш ҳам ғира-шира.
Кўзларини уқалар толзор,
Ҳали қуёш ўзи тафтга зор.
Қиш ва баҳор ўртаси бир кун.
Кутгил, юрак, эрта тонг пайти
Куртакларни ташлаб кетар тун
Ва осмонда қуёш гуллайди.
* * *
Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун, букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл,
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.
У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа, гулларни тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.
МЕН ДАРАХТГА АЙЛАНДИМ ТУНДА…
Мен дарахтга айландим тунда
ва аксимни кўрдим осмонда.
Юлдузларни шохимга ўраб
боқдим: наво оқди ялтираб.
Капалакдай ухлади дунё,
ухламади мен каби дарё.
Мен дарахтга айландим тунда –
тонгга қараб ўсди шохларим.
* * *
Ҳали куртак бўртгани йўқ,
Ҳали узоқдир баҳор,
Эпкинлар елмайди шўх,
Пастқамларда ётар қор.
Ҳали юксак тоғларнинг
Оппоқ қордан салласи.
Уйғотмаган боғларни
Ҳали қуёш ялласи.
Қорлар эрир барибир,
Тарқалади туманлар,
Очилади мисли сир
Гулга тўла чаманлар.
Шарқдан келган шабода
Баҳорни олиб келар,
Юракларни ўша он
Қувнатади шўх еллар.
Жамолини кўрсатар
Тиниқлашиб ҳур осмон,
Ғунча ёзиб чечаклар
Яшнайди алвон-алвон.
Ўсиб чиққан майсалар
Чўзар ердан тилини,
Толларни япроқ босиб
Букар адил белини.
Аммо ҳеч ким буларни
Сезмагайдир ҳеч қачон,
Агар дилда севгининг
Очилмаса гуллари.
БАҲОР КАПАЛАКЛАРИ
1
Ол чечаклар уйғонган чоқда
Капалакка айланган қалбим,
Учиб юрар яшил ўтлоқда
Болаларнинг қўшиғи каби.
2
Эрта тонгда бизларни қуёш
Чорлар баҳор қучоғи томон.
Унут бўлар алам ва кўзёш,
Жо бўлади дилимга осмон.
3
Гуллар чала бошлар қўнғироқ,
Бу сас дилни қитиқлаб учар.
Олисларда қуш сайраган боғ –
Болалигим ёдимга тушар.
4
Юлдузларни оралаб учар
Капалагим – порлоқ тўлин ой.
Уйқусираб қичқирар қушлар,
Фақат бедор шарқирайди сой.
* * *
Олтин ёмғир ёғиб
Ўтди. Баҳор-да!
Бўтана шиддатлар
Оқди анҳорда.
Шафтоли гулларин
Искадим боғда –
Сесканди юрагим,
Қолди титроқда.
Сиғмадим. Далага
Чиқиб кетдим мен.
Олис адирларга
Шошиб етдим мен.
Ўтлоқда ястаниб
Узоқ ўй сурдим –
Мангу бир қўшиқдай
Туюлди умрим.
* * *
Туни билан девор ёқалаб
Юриб чиқди шашқалоқ баҳор –
Туни билан эриб, юпқалаб
Тарновлардан ерга томди қор.
Туни билан боғдаги толнинг
Восил бўлди қишки тушлари.
Кўкрагини тилиб шамолнинг
Новдаларнинг чиқди тишлари.
Туни билан дарадаги қор
Кўчди қора жарликлар томон –
Туни билан юлдузлар чангин
Қорлар узра сепди ёш осмон.
Туни билан боқиб интизор
Кутиб олдим баҳор офтобин.
Аммо олиб келмади баҳор
Мен унутган сўзлар китобин.
Муҳаммад ЮСУФ
КЎКЛАМОЙИМ
Озод Шарафуддиновга
Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим:
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Қор қўйнида сени қўмсаб ўкиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Кўнглимга кўк бинафшалар сочилсин,
Кокилига толпопукдан соч илсин,
Бойчечакка борар йўллар очилсин –
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Фасл боши, ҳам охири ўзингсан,
Мажнунларнинг йўлдоши ҳам ўзингсан.
Лайлиларнинг сирдоши ҳам ўзингсан,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Кел-да энди соғинтирмай одамни,
Сен йўғингда бир ғам босди елкамни,
Қорлар кураб кўмиб келдим отамни…
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Кўкинг билан кийинтирай даламни,
Оёқяланг суюнтирай боламни,
Ўзинг олгин кўксимдаги аламни,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Гинам йўқдир кузда кетган оққушдан,
Ийманмасин қайта эшик қоқишдан.
Қумри билан бирга чиқдик биз қишдан,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Жон устида асраб юрай кўкни мен,
Тўйиб-тўйиб кўзга сурай кўкни мен.
Яна сенга етаманми-йўқми мен,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Дил яйрасин дала-даштинг ясаниб,
Ялпизларинг сув бўйига ястаниб.
Икки мисра байт битай бир мақтаниб,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим!..
Иқбол МИРЗО
НАВРЎЗ ҚЎШИҒИ
Баҳорни билмаган элларни кўрдим,
Бир чечак кулмаган ерларни кўрдим.
Ўзингни соғиниб келади наврўз,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.
Чучмома чайқалиб, чалар қўнғироқ,
Ҳаёт ҳидин сочар уйғонган тупроқ,
Илдиз сувратини чизади чақмоқ,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.
Меҳмонни чорлайди сумалакларинг,
Қизларинг боғлайди жамалакларин.
Саодатга кўприк камалакларинг,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.
Эй, кафти қадоғу кўнгли юмшоқ эл,
Қуёшда қорайган, юраги оқ эл,
Дуога қўл очган, тилаги оқ эл,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.
Муқаддас еринг бор, қутлуғ осмон бор,
Суянган тоғинг бор, дилда иймон бор.
Улуғ боғистонга буюк боғбон бор,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.
Нуруллоҳ ОСТОН
НАВРЎЗ
Ариқларни ялпиз атри қилди ишғол,
Аллақайдан қарлуғочлар келди хушҳол,
Ечиб қишни эгнимиздан дедик, хуш қол,
Кел-эй Наврўз, ташрифинг хуш, сафо бўлсин.
Уриб найсон, тирқирар гул оғочларда,
Бўса таъмин туяр қизлар равочларда,
Не хушнудлик эрур бу сандувочларда
Ки кўнгил ришта пайванди вафо бўлсин.
Тоғу туғён, дашт-у дала қўзғалипти,
Эл лабида қўшиқ-ялла қўзғалипти,
Келинчакли уйда алла қўзғалипти
Кўнгилга ишқ гулобидин наво бўлсин.
Дўстми-ёғий, сийлайверар меҳмонини,
Бошга болиш қилиб ухлар кетмонини,
Бир умрга ямаб ўтар чакмонини
Шу эл мардумиға ҳамду-сано бўлсин.
Чучмомалар чайқалади безак янглиғ,
Аҳён ўтгай изғиринлар кузак янглиғ,
Аллакимлар турар калтакесак янглиғ,
Бу касларга чаён фасли раво бўлсин.
Ёш вужудлар нени қўмсар, туғёндадир,
Тун ярмида болиш қучиб уйғонадир,
Бу кўнгилда азалий бир чўғ ёнадир,
Кел-эй Наврўз, келганинг хуш, сафо бўлсин.
NAVRO‘Z MUSHOIRASI
To‘ra SULAYMON
ILTIJO
Bahor kelsa, boshlanur bog‘da bulbul xonishi,
Sa’va, qumri nag‘masi, suralay tovlanishi.
Qirlarda lola sayli, qishloqlarda yilboshi:
To‘xtagay tabiatdan haqqushlar zorlanishi
Bahor, ketma mening bog‘imdan.
Qilmishi qing‘ir zotga davr qayda, davron qayda?
Vatangado kimsaga beminnat makon qayda?
Yolg‘iz otga olamda nom qayda, nishon qayda?
Bahor, sensiz sahroyu tog‘u toshga jon qayda?
Ketma, Bahor, mening bog‘imdan.
O‘lmaslikka ishora – o‘langa oshiqligim.
Saodatga ishora – zamonga oshiqligim.
Teranlikka ishora – ummonga oshiqligim,
Go‘zallikka ishora – bo‘stonga oshiqligim.
Bahor, ketma mening bog‘imdan.
Bu kun qay bir yerda qish, qayda xazon rezgilik,
Qaylarda yoz, qayda kuz, qayda jondan bezgilik.
Ko‘klamning har nafasi umrga arzigulik
Bog‘siz, bog‘bonsiz yerda ne ham qilsin ezgulik…
Ketma, Bahor, mening bog‘imdan.
Giyoh bilan qoplanmish ko‘hna qabr boshlari,
Maysadagi shudringlar – kimlarning ko‘zyoshlari?
Bu yerda yotar otam ham uzangidoshlari
Har bahor eslar uni qavmi-qarindoshlari,
Bahor, ketma mening bog‘imdan.
Yoz bo‘yi qorga zorman, qishda bahorga zorman,
Chamanda gul bo‘yiga intiqman, intizorman,
Kuz kelmay xazon bo‘lgan sevgi, guldan bezorman,
Bahorsiz ham diyorsiz el ichra benazarman.
Bahor, ketma, mening bog‘imdan.
TЕBRATAR
Qadimgi qimizchi chollar qo‘shig‘i
Shamol shamolni tebratar.
Shamol bulutni tebratar.
Bulut yomg‘irni tebratar.
Yomg‘ir tuproqni tebratar.
Tuproq maysani tebratar.
Maysa biyani tebratar.
Biya qimizni tebratar.
Qimiz yigitni tebratar
Yigit suluvni tebratar.
Suluv beshikni tebratar.
Beshik bolani tebratar.
Bola dunyoni tebratar.
QAYTA KЕTMAS BO‘LIB KЕLDINGMI, BAHOR
Yeru samovotda Navro‘z nafasi,
Bog‘u bo‘stonlarda andalib sasi,
Bu nafas, bu sasning yo‘q muqoyasi.
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
Dastlab tong chog‘inda ko‘rgandim seni,
So‘ng Tangri tog‘inda ko‘rgandim seni,
Qizlar yonog‘inda ko‘rgandim seni.
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
Malak holatinda ko‘rgandim seni,
Qushlar qanotinda ko‘rgandim seni,
Kuychi bayotinda ko‘rgandim seni.
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
Hali aytilmagan ta’rifing qancha,
Sen to o‘ru qirni aylanmaguncha
Bog‘lar gulga kirmas, ochilmas g‘uncha.
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
Qoshlari o‘smalim, ko‘zi surmalim,
Etak-etak gulli, bari burmalim,
Seni dunyoda hech kima bermalim!
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
Sen qayta yaralish, yoshlik timsoli,
Hayot baxsh etguvchi Masih misoli.
Sensiz odamzodning ne kechar holi?
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
To‘rt faslning tanho malikasi sen,
Tugal go‘zallikning nihoyasi sen,
Oshiq-ma’shuqlarning tamannosi sen!
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
Yer birla osmonning tillaqoshi sen,
Aytar qo‘shig‘imning avval-boshi sen,
Oltin beshigimning safardoshi sen!
Qayta ketmas bo‘lib keldingmi, bahor?
Jumaniyoz JABBOROV
NAVRO‘Z KЕLIBON…
Navro‘z kelibon, jumla jahon nozlanajakdir,
Oftob qizitib, asta-sekin yozlanajakdir.
Yashnar tabiat, dashtu adir lola ichinda,
Yurtim — chamanim o‘zgacha pardozlanajakdir.
Irmoq kuladir, yelga o‘pich bersa binafsha,
Maysa quyosh taftida tannozlanajakdir.
Bir lahza eshit qumriyu bulbulni navosin,
Sho‘x-sho‘x taralib, yallayu shahnozlanajakdir.
Qaynar sumalak, varrak uchar, to‘yu tomosha,
Dillar quvonib, soz ila parvozlanajakdir.
Javlon urishar davra tuzib necha yigitlar,
Qizlar bezanib, husn ila mumtozlanajakdir.
Dunyoda odam qadri baland, sevsa Vatanni,
Yurt ichra yana hurmatu e’zozlanajakdir.
Erkin VOHIDOV
NAVRO‘Z NASHIDASI
Yurtim!
Ilhomimga sarchashma o‘zing,
Birdek aziz menga yozing ham kuzing.
Bukun bahoringga she’r aytmoqchiman,
Vatanim, muborak bo‘lsin navro‘zing.
Yana olam bo‘ldi yashil, serfusun,
Yana qizg‘aldoqlar ochildi gulgun.
Bu yilgi ko‘klaming o‘zgacha butun,
Vatanim, muborak bo‘lsin navro‘zing.
Qattiq qishdan chiqding zax tortib, xorib,
Yerdan chiqqan kabi boychechak yorib.
Bag‘ringdan muz ketdi xamalga borib,
Vatanim, muborak bo‘lsin navro‘zing.
Qir yashil, bog‘ yashil, bo‘stondir yashil,
Bahoriy libosda jahondir yashil,
Erk yashil, istiqlol, imondir yashil,
Vatanim, muborak bo‘lsin navro‘zing.
Boshingda hurriyat quyoshing bordir,
O‘z Tug‘ro, Bayrog‘ing, Yurtboshing bordir.
Maqsading. g‘ayrating, bardoshing bordir,
Vatanim, muborak bo‘lsin navro‘zing.
Yosh chinorsan, o‘zni tutib olarsan,
«Ilik uzildi»dan o‘tib olarsan.
Yuzlab bahorlarni kutib olarsan,
Vatanim, muborak bo‘lsin navro‘zing.
Bugun dalalarga qadalgan urug‘
Inshoolloh, rizqu barakot to‘lug‘,
Ey, umid o‘lkasi, ertasi ulug‘ —
Vatanim, muborak bo‘lsin navro‘zing.
* * *
Bahor.
Barqut kiyib bezandi bog‘lar,
Sahrolar ko‘ksiga takdi qizg‘aldoq.
Quyosh etagiga oq bulut borlab,
O‘rik shoxlarida qovurdi bodroq.
Yellar olib qochdi qishning xobini,
Barglar chapak chalib uyg‘ondi shodon.
Butoqlarga qo‘nib, gul kitobini
Varaqlashga tushdi bulbul — g‘azalxon….
Bugun koinotda ezgu bir tashvish,
G‘uncha gul bo‘lay deb ko‘zin ochadi.
Musicha oldidan bir dona cho‘pni
Chumchuq uyasiga olib qochadi.
Haydalgan daladan bir xas ortmoqlab —
Chumoli yugurar — u ham tirik jon.
Shoshilib chopadi tabib irmoqlar
Yerning tomiriga quymoq uchun qon…
Ona tuproq esa kuz tashvishida,
Yuksak xirmonlarga siynasi yuklik.
Uning sokingina tin olishida
Bordir onalarga xos bir buyuklik.
Abdulla ORIPOV
NAVRO‘Z
Avval yuragingga mo‘ralaydi u,
So‘ngra kurtaklarga o‘rgatadi so‘z.
Zaminning ko‘zidan qochadi uyqu,
Demak, Bahor keldi,
Kelmoqda Navro‘z.
Qishning ahvoliga boqib hoynahoy,
Yum-yum yosh to‘kmoqda eriyotgan muz.
Jilva qilayotir tengsiz bir chiroy,
Demak, Bahor keldi,
Kelmoqda Navro‘z.
Ona bag‘ri kabi iliqdir olam,
Harir hovur ichra yayrar dala-tuz.
Qoldi puchmoqlarda xazon yanglig‘ g‘am,
Demak, Bahor keldi,
Kelmoqda Navro‘z.
Yana ko‘ngillardan rutubat ketdi,
Yana shu’lalardan qamashmoqda ko‘z.
Yana dildorlikning fursati yetdi,
Demak, Bahor keldi,
Kelmoqda Navro‘z.
Omon MATJON
“SЕNI YAXSHI KO‘RAMAN” TURKUMIDAN
Million jajji fonus yoqdi daraxtlar.
Kamalak. Yashillik. Yomg‘ir yuz foiz…
Imon keltirgayman ammo —
bu bog‘lar
yorug‘dir bizning-da sevgimiz bois.
Har og‘och, har shoxni uyg‘otdi Navro‘z,
gul bilan qitiqlab karaxt tanini.
U seni ko‘rsatdi menga.
Va bildim
yuragim qayerda joylashganini!
Oh, bahor! Zaminning so‘z erkinligi!
Maysalar kuylashar ko‘kka o‘rlashib.
Shu buyuk quvonchga jo‘r bo‘ldik biz ham
lablarim lablaring bilan birlashib.
Umr nima o‘zi!
Imon keltiray,
hikmat bu, bahordek qisqa va ayon:
Sevgi ila ma’sud onlarni o‘yla,
asil umr shuldir. Qolgani — yolg‘on…
Oydin HOJIYEVA
NAVRO‘Z
O‘riklar shoxida yondi ming chiroq,
Pushti kapalaklar qo‘ndi bodomga.
Oftob bir qizdirsa, ko‘zlari qora
Lolaqizg‘aldoqqiz chiqvolar tomga.
Jilovsiz toychokday yugurar kishnab,
Qish bo‘yi esnagan erinchoq soylar.
Bahor bisotidan ketadi yashnab,
Kelinchak uyiday ko‘hna saroylar.
Sumalak boshida kelinlar chechan
Lutfida dunyo ishq, sirga aylanar.
Yomg‘ir qo‘bizini chaladi sho‘xchan,
Somonlar tilloga, durga aylanar.
Tarnovda pat tarab oshiq musicha
Sho‘x-sho‘x muchchilashib baxshi bo‘lodir.
Kavrak ildiziyu cho‘l andizicha
Bol kirib chechaqdan yaxshi bo‘lodir.
Xazin mozoriston daraxtlari-da
Armon gullarini to‘zg‘itib porlar.
Qabrtoshning vido dastxatlarida
Xotira shu’lasin o‘qir bahorlar.
Hayot abadiydir. Hayot — g‘animat.
Dovul qoqar jarchi, bong urar Navro‘z.
Ne chog‘ sehrgarsan, ona tabiat,
Har bir hujayrada yoqasan yulduz.
Ming torli soz kabi saslanar Inson
Navro‘ziy sabolar ohangida mast.
Tongtacha bahoriy zavq ichra jahon
Bir quchoq guldasta bo‘lsa ajabmas.
Halima XUDOYBЕRDIYEVA
NAVRO‘Z XAYOLLARI
(turkum)
1
Goh o‘rmalasa ham oldinga tikka
Tutashib ketgancha qorong‘ilikka,
Goh qopqonlik qildi hurkak kiyikka
O‘zing yorishtir bu yo‘llarni, Navro‘z.
Bulbul o‘ldi. Gul-chi yondi, ochildi,
Yellarning bo‘ynidan quchdi, osildi,
Bugun u nenidir sezdi, bosildi,
Gunohidan o‘t, bu gullarni, Navro‘z.
Bu qo‘lga qon tekkan. Bu qo‘lni asti
Chopib tashlasak ham haqqi ketmasdi.
Ammo… Balki zarur birovga dasti…
O‘zing yuv bu qonli qo‘llarni, Navro‘z!
Ko‘klam gullab ketsa toshu xarsang ham,
Ko‘klam gullab ketsa qari-qartang ham,
Balo-qazolardan eng xatarli dam
O‘zing asra qizu-ullarni, Navro‘z!
Bu bemorlar tongni kutar mung‘ayib,
Ular ham boy, ketgan dard bilan boyib.
Suya, suya! Ular ketmasin toyib,
Uzma, uzma joni qillarni, Navro‘z!
2
Navro‘z, bag‘ri tilingan gul,
Oyoq osti qilingan gul,
Yaproqlari shilingan gul,
Bugun «omon» ayta kelding.
Singan bir senmas, gul yuzim,
Menam sindim. Sindi so‘zim,
Bugun yerdan uzib o‘zim
«Alyor, zamon» ayta keldim.
Nainki inson qatag‘on,
Chordarvesh, devon qatag‘on,
Aql qatag‘on, ong qatag‘on,
Sen ham ketib, qayta kelding.
Sumalakli qozonlaring
Ag‘darildi azonlari,
Chiqib changing, to‘zonlaring
Fikrimni ulg‘ayta kelding.
To‘zib, qayg‘u chekkan bir jon,
G‘urbatlarga cho‘kkan bir jon,
Boshini ko‘p eggan bir jon,
Bosh ko‘targan paytda kelding.
Ko‘karmoqda har to‘rt taraf,
Unmoq sharaf, o‘smoq sharaf!
Tosh ko‘ngylga el tik qarab
Tosh ko‘targan paytda kelding.
Endi shunday qasos-un-nard
Endi tingan, singan nomard,
Eldan ketib, fasodu, dard,
Osh ko‘targan paytda kelding.
3
Bu nurash, 6u cho‘kish faslidir,
Iztirob, g‘am chekish faslidir,
Bor dardingni to‘kish faslidir,
O‘sish fasli qachon keladi?
Til uzaygan. Gapirmoq fasli,
Qulog‘ingga gap kirmoq fasli,
Ro‘zg‘oringga naf kirmoq fasli —
O‘sish fasli qachon keladi?
Ko‘zlarimga yosh keldi tez-tez,
Ko‘zim ko‘zlab tosh keldi tez-tez,
Ruhim — egik bosh keldi tez-tez,
O‘sish fasli qachon keladi?
Nohaq kelib haqlarni quvdi,
Quvlashib pok suvlar keluvdi.
Nopok kirib oyog‘in yuvdi,
O‘sish fasli qachon keladi?
Bugunning bu yozug‘ini buz,
Sen kelding-u, o‘sdi dala-tuz,
Odamlarga o‘zing ayt, Navro‘z,
O‘sish fasli qachon keladi?
Culaymon RAHMON
NAVRO‘Z
Ey ulug‘ bobolar dastxati ila
ulug‘ kitoblarga bitilgan Navro‘z,
majusiy zakovat ne’mati bo‘lib,
zardusht olovida yetilgan Navro‘z,
milyon yil muqaddam Sharq tuprog‘ida
yangi yil bayrami etilgan Navro‘z,
rasuli akramga kumush jom to‘la
sumalak ramzida tutilgan Navro‘z,
Iskandar nayzasin tiyg‘idan zada,
Qutayba to‘pidan otilgan Navro‘z,
Chingiz otlarining tuyoqlarida
goh sayhon, goh payhon etilgan Navro‘z,
Beruniy, Firdavsiy, Xayyom so‘ziga,
Navoiy nazmiga qotilgan Navro‘z,
murtadlar xalqidan yuz burgan kezlar,
yuz burib, bahridan o‘tilgan Navro‘z,
mustabid tuzumning ajdaho misol
tubsiz halqumiga yutilgan Navro‘z,
johillar toshidan bag‘ri ming pora,
jismi ming bo‘lakka titilgan Navro‘z,
ra’nolar* zug‘midan rang-ro‘yi ra’no,
ta’qiq zindonida tutilgan Navro‘z,
bir yaltoq shoirning taklifi bilan
«Navbahor bayrami» atalgan Navro‘z,
keldingmi, boshingdan balolar arib,
ey erk nasimiday kutilgan Navro‘z,
muborak bo‘lsin bu ozod kunlaring,
qalblar qafasida tutilgan Navro‘z,
raqiblar dastidan bizni qutqazgil,
ta’qiblar dastidan qutulgan Navro‘z!
HAMAL
Nahotki, o, nahot uzilib ketdi
osmonning sanoqsiz marvaridlari?
Quyosh ruxsorini gullar unutdi,
yerni tutib ketdi yomg‘ir hidlari!
Shaftoli shoxlari nafis entikdi,
zardoli oq yuvdi o‘z g‘unchalarin;
qizlar o‘smasini himoya etdi
boshiga ko‘tarib «osmoncha»larin.
Bo‘g‘iq kuy boshladi tunuka tomlar,
kim ular nag‘masin tushunadi, kim?
Qizg‘aldoqlar – qirlar ko‘targan jomlar,
bir-biriga tegib jiringlaydi jim.
Pildirar shaharning yo‘lkalarida
bulut to‘kayotgan munchoqlar xushhol.
«Bolalar dunyosi» oynalaridan
yoprilib qaraydi qo‘g‘irchoqlar lol.
Qo‘ng‘izlar o‘rmalar panoh axtarib,
dildirab uchadi chipor xonqizlar;
ariqlar labini bodroqday yorib,
duv-duv tomoshaga chiqar yalpizlar.
Shamollar aytadi sho‘x-sho‘x latifa,
chayqalib, ag‘anab kuladi gullar.
Ajib qofiyalar qiladi tuhfa
shoirlar she’riga shoir bulbullar.
Anqir ko‘kchuchvara, ko‘ksomsalardan
yalpizlar, jag‘jag‘lar, qoqi, qichchilar…
Ikkita chumoli to‘qnash kelarkan,
quchib bir-birini, qutlab muchchilar.
Qirlarga qizlarday yoyilib ketar
yal-yal qizg‘aldoqlar, yal-yal lolalar.
Notanish bir hisdan nogoh entikar
o‘n uchdan o‘n to‘rtga o‘tgan bolalar…
* * *
Shaftolining gullariday harir, nimpushti
umidlarim bu kun manim ko‘nglimga tushdi.
Uchib kirdi dimog‘imga rango-rang hidlar,
olib ketdi meni yerdan oliy umidlar…
Ko‘rdim, xuddi bolariday g‘ujg‘on uchdilar,
gullamagan shaftolining gullarin hidlab,
isitmagan quyoshlarning nurin quchdilar,
yorug‘ kunlar yog‘dusiga mushtoq umidlar…
Ko‘rdim, ular yosh burgutday qoqib qanotin
kengliklarda, yuksaklarda qildilar parvoz.
Umidlarim e’zozladi bobolar yodin,
umidlarim tinchlik uchun berdilar ovoz!
Umidlarim uzra chaqin chaqma, guldurak,
ular – guldir, gulga havo, oftob, nur kerak,
Osmon kerak, yulduz kerak, ona yer kerak!
Yeru elga mehr kerak, yoniq dil kerak!
Umidlarim – hali ufqqa chiqmagan oftob,
umidlarim – hali meni sevmagan mohtob.
Umidlarim – hali otib ulgurmagan tong,
umidlarim – hali meni tan olmagan shon…
Shaftolining gullariday harir, nimpushti
umidlarim bu kun yana ko‘nglimga tushdi,
bu dunyoda yashash uchun umidlar kerak,
yo‘llar aro yo‘lingni top sen ham, ey yurak!..
Azim SUYUN
YILBOSHI
Bugun barobardir Kecha va Kunduz –
OLam mehvarida quyosh barqaror.
Janubiy yarim shar quchog‘ida Kuz,
Shimoliy yarim shar bag‘rida Bahor.
Xush kelding, Navro‘zim, O‘zbekistonga,
Xush ko‘rdik, moychechak, bodom gullari.
Istiqlol yuz ochgan ota makonga
Anbarlar tashiydi toza yellari.
Garchi kechalarning harorati past,
Etni junjuktirar bu tunlar garchi.
Oftobli tunlarga ixlosu havas
Olib uchib keldi navro‘zak* – elchi.
Yil – Yilboshisidan… mana, nafasi
Tumanday tarqatdi Qish jafolarin.
Jarlar, daraxtlarda qushlar uyasi
Tag‘in kutib oldi “bevafo”larin.
Men bir oshiq shoir, ko‘kda kamalak,
Qaldirg‘ochning qiyib uchishin kutdim.
Doshqozonlar to‘la halim, sumalak,
Qozoning to‘lgani rost bo‘lsin, YURTIM!
Navro‘zak – qush nomi
Muhammad RAHMON
BINAFSHA
Havolarga sochilmoqda
Oromijon bir atr.
Binafshalar ochilmoqda
Tuproq yorib qaydadir.
Ochilmoqda titrab-titrab,
Rangpargina, nafarmon.
Biz bolalar uni izlab
Bog‘ kezamiz andarmon.
— Binafshajon, qaydasan, ayt,
Ko‘rsataqol yuzingni.
Ko‘mgandirsan balki bu payt
Xoru xasga o‘zingni.
Hatlab-hatlab yurgandirsan
Ariqlarni yoqalab.
Xilvatlarda turgandirsan
Ko‘zginangni uqalab.
Kirgandirsan balki sekin,
Xalal bermay tinchgina,
Bahorgacha yerga ko‘ksin
Bosgan toklar pinjiga.
Yo biz bilan bekinmachoq
O‘ynayapsan tutdirmay.
Jo‘nar kimdir toqati toq,
Seni kutib o‘tirmay.
— Qish zahri bor hali yerda,
Yerda, — der u xo‘rsinib,
— Aldanibmiz, hali erta,
Erta, — der u xo‘rsinib.
Do‘stim, so‘nib havaslaring
Chalinibsan tumovga.
Binafshaning nafaslari
Urilmoqda dimoqqa.
Jonsarakdir qalbda hislar,
Yana olg‘a chopamiz.
Ketaversin umidsizlar,
Biz, baribir, topamiz,
Binafshajon, o‘tdi bahor,
O‘tdi yozlar, o‘tdi kuz.
Keldim bir kun dunyo bilan
Shunday yaqin, yuzma-yuz.
Ishonch menga sabot berdi,
Saboq berdi to‘zimdan.
Yuragimga kurash kirdi,
Qochdi uyqu ko‘zimdan.
Binafshajon, bugun yana,
Tuyg‘ular tirik, ziyrak.
Chorlayapsan bizni, ana,
Bo‘lib yorug‘ kelajak.
Etigimda loyi qat-qat
Qishning shaltoq yo‘llarin,
Ketmoqdaman senga faqat
Uzatgancha qo‘llarim.
Kundan-kunga yaqinroqsan,
Nafaslaring jonimda —
«Hali erta…» — Kimdir ba’zan
Ming‘irlaydi yonimda.
To‘xtamaymiz ammo bizlar,
Yana olg‘a chopamiz.
Ketaversin umidsizlar,
Biz, baribir, topamiz!
BOYCHЕCHAK
Boychechak qor bosib kelar bekovush,
G‘ofil sohillarni uyg‘otar shovush.
Do‘nib iliqlikka rutubat, sovush,
Ko‘klam bulutlarni soqqan kuni bor.
Bu tog‘lar tog‘ emas, saltanat bori,
Devlar xobgohidir qorong‘i g‘ori.
Toshlarga urilib, tinmaydi zori,
Jilg‘aning dengizga oqqan kuni bor.
Ming bir qabohatga, makrga qodir,
Zulmat gumashtasi shum Qora botir,
Yuz yil oqsa hamki daryoda Tohir,
Sandiqdan sog‘-omon chiqqan kuni bor.
Deysan: «Soyasinda sarg‘aydi yuzim,
O‘zimdan o‘tganin bilaman o‘zim».
Maysa, ildizingga tilayman to‘zim,
Dovul chinorlarni qiqqan kuni bor.
Yashamoq, yashnamoq so‘lmaganniki,
Ertadan noumid bo‘lmaganniki,
Bu dunyo kimniki, o‘lmaganniki,
Xudoning bizga ham boqqan kuni bor.
* * *
Men endi sezyapman,
Tasodif emas
Qo‘l-oyoqsiz, o‘jar cho‘qqigir —
Chirmovuqgullarning tunlar arqondan
Yuqoriga o‘rmalagani.
Zabt etib uylarni qavatma-qavat
Balkonlardan ichkariga mo‘ralagani…
Men endi sezyapman,
Tasodif emas
Muzdek beton devorlar aro
Qafaslarda sa’valarning,
To‘tilarning, bedanalarning
Paydo bo‘lgani.
Tasodifmas ularning subhi sodiqda
Havolarga raqiyalarday
Goh uzuq, goh cho‘ziq tovushlar otgani…
Men endi sezyapman,
Tasodif emas
Idorada gulibeorning
Devordagi tuvakdan o‘zini tashlab
Yelkam uzra boqqani qog‘ozlarimga…
Men endi sezyapman,
Yo‘h, ular shunchaki gul emas.
Qush emas,
Uyimizga, o‘ylarimizga
Bildirmay, sezdirmay suqilib kirgan
Tabiatning usta «ayg‘oqchilari».
Intiqom yaqin!
Qaylardadir tog‘lar ortida
Asabiy chayqalmoqda adl-adl daraxtlar,
Zangori qo‘shin.
Ular farmon kutmoqda!
Boshla!
Boshla yurishingni TABIAT!
Shavkat RAHMON
MANZARA
Oq sukunat portlar saharda,
kun nurida yonib, yaraqlab,
chopib kirar sovuq shaharga
yalangoyoq yashil daraxtlar.
Bir zumdayoq devor.tar oshib,
Ko‘chalarga tarqab ketdilar.
Darchalarga yuzlarin bosib,
bolalarday qarar kattalar.
HAMAL
Erib bitdi poyonsiz qorlar,
yana ko‘hna zamin tulladi.
Vodiydagi ulkan o‘riklar
bir kechada oppoq gulladi.
Oq bulutlar yerga qo‘ndimi,
mo‘’jizalar bo‘ldimi sodir?
Oh, naqadar ajoyib tunda
oq mash’ala ekilgan vodiy.
Endi safsar kechalarda oq
mash’alalar tutib, ulug‘vor
kengliklarda kezar chiroyli
kunduzlarni axtarib bahor.
* * *
Kunlar pisha boshlaydi yana,
ranglarini boshingda elar,
Xayolingni chaqmoqlar kabi
yoritguvchi lahzalar kelar.
Yana yaproq yozgan daraxtga,
atirgulga do‘narsan nuqul.
Kechalari chap ko‘kragingda
qafasini sindirar bulbul.
Bor kadarni yengmoqqa yana
yetib ortib qolar bardoshing.
Endi o‘zing istamasang ham
yulduzlarga tegadi boshing.
* * *
Yechib oppoq ko‘ylagani vaqt,
kiydi yashil gulli ko‘ylagin.
Yurak, uyg‘on, kapalak kabi
chechaklarga qo‘nib o‘ynagin.
Maysalarin tarab, parvozga
shaylanadi cheksiz dalalar.
O‘spirinlar quchog‘ida mast
Qirda asir tushgan lolalar.
Bog‘larda oq alanga gurlar,
telba qilar shamollar isi,
gilos gulin kiygan ko‘chada
oqib borar qizlar kulgisi.
Gurkiragan bu rangin olam
tuyg‘ularni o‘ynatib tashlar
va ajoyib kunlar umrimda
atirgulday ochila boshlar.
* * *
Subhidamda yam-yashil daraxt
derazamga yuzini bosdi,
kerishganday oynak sathiga —
gullarini ohista yozdi.
Qirchillagan shabada keldi,
ko‘pirgancha shoshib, quvonib,
Bahor, jismi ochilib, yashnab,
bosib ketdi atir tumani.
Ko‘tarilar zamindan qudrat
shabbalarning uchiga qadar,
birdan yashil shoxlarda tillo
g‘o‘ralar ham tovlanib ketar.
Go‘yo quyosh parchalanganday…
Garq qiladi olamni farah.
Har bahorda menga erinmay
yashamoqni o‘rgatar daraxt.
* * *
Ishon, odam, bahorga ishon,
qara, go‘dak kabi beg‘ubor —
minginchi bor olovday porloq
gullarini ko‘rsatar bahor.
Bahor senga ishonar, qara,
suzib chiqdi ko‘ziga yurak —
qarab turar senga intizor,
sen bahorni sevishing kerak.
Ko‘ziga boq, haydama uni —
minginchi bor qilmagin xato.
Ostonangdan ketmaydi bahor,
sen aslingga qaytmaguncha to.
Sharqiratar asov soylarin,
nafasidan ranglar ufurar,
o‘ynayverar yashil qushlarin,
gullarini yondiraverar…
BAHORNING ILK KUNIDA AYOLINI KO‘RGAN SHOIR KECHINMASI
Bu ayol…
Ko‘zimga qushday ko‘rindi,
musicha, kaptarday — surganda xayol.
Qaydanam sozladim tasavvurimni,
qushga o‘xshayverar hadeb bu ayol!
Go‘yo xob elitgan…
Suvrati so‘lg‘in,
sezdirmay jilmayar go‘yo humoylik.
So‘lish yo giryami — g‘alati to‘lqin,
ko‘zlari hazinlik yoxud xumorlik.
Bahorga o‘xshatsam…
bahor yarashmas —
bu ayol bahordan ming bora go‘zal.
Poyiga tashlashga — qalbni tarashlab,
yoniq so‘zlar kerak,
samimiy so‘zlar.
Bahorning bir zumrad bo‘sag‘asida
kaftlari qushlarday…
Ovozsiz so‘ylar.
Dunyo, bu ayolga o‘xshatadigan
bormi biror timsol qushingdan bo‘lak.
Hadikli nigohni sirli qirida
osmonni chog‘larkan qushday beg‘ubor,
sezaman,
ayolning nozik kiftida
qanday og‘ir so‘zlar,
g‘amgin so‘zlar bor.
Ko‘rinmas so‘zlarni ayol kiftidan
birma-bir olaman sehrgar kabi.
Qo‘llari titraydi ayolning birdan,
ko‘zlari titraydi,
titraydi labi…
Go‘yoki parvozdan oldingi holat;
nozik kaftlarida eng so‘nggi malol —
go‘yoki so‘nggi so‘z,
og‘ir so‘z qolgan,
so‘nggi so‘zni olsang,
uchguday ayol…
Usmon AZIM
BAHORGI BOG‘
1
O!.. Olamdan to‘kildi gunoh!
Oralagan bog‘larga sanmi —
Gullaysanmi shunaqa, Olloh,
Olloh, shunday ko‘karasanmi?!
Yomg‘irlaring bir dunyo xitob!
Olam qayta yaraldi — yangi!
Mening qaysi «oh»imga javob —
Yig‘laysanmi shunaqa, Tangrim?
Sen — saxiysan, mehrdir boring…
Gullashingu yig‘lashing — oshkor…
Men — bir to‘zg‘in maysangman, Tangrim,
Men — bir qatra yoshingman, Jabbor.
2
Zirqiradi ildizim — tuproq
Zarrasini arang ko‘tardim.
Hali qorlar bo‘lmasdan adoq,
Sabrim yetmay, Tangrim, ko‘kardim.
Turfa ko‘kat yerdan qalqidi,
Tevaragim to‘ldi ziyoga.
Men ham bitta giyoh talqini —
Qarindoshman hamma giyohga.
Beparvodir bahor gullari:
Xush lahzaga tashlab ixtiyor,
Yomg‘irlarga tutib qo‘llarin —
Ochilishdi menday baxtiyor.
Baxtli bo‘ldim mehringdan men ham,
Chaqmoqlarda yorishdi yuzim —
Teraklarda erksevar ko‘klam
O‘rmalarkan ko‘klarga uzun.
Bog‘laringda turarkan to‘lib,
Boshlarimga urildi tuman.
Angladim, bu — tumanmas, bulut,
Angladimki men ham, tog‘lardan.
Erib bitdi qishning munglari —
Mahv bo‘ldingmi sen ham oxir, marg?
Navdalarning so‘lu o‘nglari —
Kurtaklari sachrab ochdi barg.
Yer yumshadi ona bag‘riday,
Sochil, Hayot!— davroning keldi.
O, bahor ham olqish — tangridan —
Ko‘karguvchi zamoning keldi.
Telbalik qil, barq ur, yashillan,
Gulla!— nuru bo‘yga qorishib.
Asablarim, qara, yashindan —
Jismu jonim borar yorishib.
Ko‘kka boqdim — ko‘zim yo‘liqdi —
O‘tmoqdadir turna galasi.
3
Yeru ko‘kni ko‘mding ziyoga —
Mehru shafqat ko‘rgazding, Jabbor.
O‘sayotgan har bir gayohda
Bandalarga talpinishing bor.
Mana, mening charchoq boshimga
Telba-telba yomg‘iring quydi.
Bir uyg‘onish tuydim loshimda —
Mehri qattiq ko‘k meni suydi.
Olov otib ketdi ko‘zimga
Umri qisqa, jununvor yashin —
Men ko‘nglimni ko‘rdim o‘zimda —
Ruhim tortdi nogoh yam-yashil.
Xayolimning adirlarida
Bag‘rini qon etdi qizg‘aldoq.
Mening g‘amgin satrlarimda
Qanot qoqdi bir qushcha sayroq.
Yo‘q, achinmay qo‘ydim qadrimga —
Men yo‘qdirman! Men — sening nolang!
Jabbor! Bir qush yig‘lar satrimda —
U meningmi, yo sening nolang?..
Tizilishdi — o‘pkam to‘liqdi,
“Qur-yey”…— oqdi ko‘zim jolasi.
Kelin tonglar salqinlarida,
Shabnamlarda pochalarim ho‘l,
Kezarkanman chorbog‘laringda —
Tangrim, sezdim, hali qalbim mo‘l…
Zirqiradi ildizim — tuproq
Zarrasini ozod ko‘tardim.
Bir ko‘rgani ro‘yingni bu choq
Men ko‘kardim, Tangrim, ko‘kardim…
4
Endi menga emas munosib
Yuragimni oshkora yoqmoq.
Yarashadi — aqldan ozib
Ko‘kragimga bekingan chaqmoq;
Yo tomosha etmoq — quvonib —
Dilda uchgan kapalaklarni;
Ham izlamoq nogoh uyg‘onib —
Tushimdagi kamalaklarni;
Yoki bizni nurga undagan
Haq aytgan chog‘ haqiqat so‘zin —
Boshni shartta qo‘ymoq kundaga
Birodarlar uchun ham o‘zim;
Nafrat otin yo‘lda qantarmoq —
Adashganga mehr nurin sochib
Va yurakni tanga qaytarmoq
Hujayralar zehrini ochib…
Ey, o‘zini menga baxsh etgan
Umr! Tavba ko‘ksimda uryon.
Shamolimda sovrilib ketgan
Kunlaringni qaytaray qachon?
Yulduzlarni borar oqizib,
Boshim uzra yo‘lovchi dunyo…
O‘tmoq nega, axir, gard bo‘lib,
Men, axir, dard bo‘lmoqchiman, o!
Xabar bergin, ko‘nglim, falakka —
Men yangicha yashay boshladim:
Yoqamgamas, qara, yurakka
Sizib tushar achchiq yoshlarim.
5
Mayli, osmon boshimda xira,
Bahorimda chillaning qishi —
Menga muhim chalkashlik ichra
O‘z-o‘zimni anglamoq ishi.
Shafqatning keng chorbog‘larida
Bar daraxtday gulladi mehrim.
Nafratning chars qiynoqlaridan
Qutilmoqda yurakning sehri.
Ruhning sokin girdibodida
Uchar ekan tanning kullari,
Istaymanki, dilning dodiga
Sado bersin hayot gullari.
Men ko‘nglimni gul kabi uzdim!
Tangrim, yubor gulga zor kasni…
Tangrim, qanday o‘yinni buzdim —
Hech kimga gul kerak emasmi?
6
Tovushini yo‘qotgan emas,
Yurak hamon devona hofiz.
Faqat uning yonida bssas
Paydo bo‘ldi dono Kaykovus.
Hamon tunlar to‘lg‘aydi navo,
Qovurg‘alar — chanqovuz — tanda.
Faqat oshiq dilda uyg‘ondi
Tazarruga bosh ekkan banda.
Shafqat tanni zabt etdi-oldi,
Chohdan chiqdi hamma so‘zlarim.
Mening jismim tamom yo‘qoldi —
O‘tkirlashdi faqat ko‘zlarim.
Yurak endi avjlarni qo‘yib,
Past pardada kuylar shikasta —
Jonu jismim ketaru kuyib,
Yoshlarimni artaman asta.
Qalbdan toshday og‘ir ko‘chgan she’r
Hayotdami, o‘limda ko‘proq?
Anglamayman, zalvorlimi Yer,
Yo kaftdagi bir hovuch tuproq?
Ushbu she’rni bitarkan, armon
Yuragimga takror buyurdi:
— Bemalol uch — uzoqdir osmon,
Yer qattiqdir — bemalol yurgin.
Xurshid DAVRON
BAHOR SHE’RLARI
* * *
Men ertaga juda erta
Tinch uyqumni buzaman.
Oq ko‘ylagim kiyaman-da,
Dalalarni kezaman.
Yashilgina maysalarning
Bandlariga bosib lab,
Erkalayman qizaloqday,
Qulog‘iga shivirlab.
Keyin oyning yelkasiga
Qo‘limni qo‘yib beun,
Yuragimni ochaman,
Oydin bo‘lar o‘sha tun…
* * *
Hali osmon dilimday xira,
Hali quyosh ham g‘ira-shira.
Ko‘zlarini uqalar tolzor,
Hali quyosh o‘zi taftga zor.
Qish va bahor o‘rtasi bir kun.
Kutgil, yurak, erta tong payti
Kurtaklarni tashlab ketar tun
Va osmonda quyosh gullaydi.
* * *
Tunda silkitarkan daraxtni shamol,
Daraxtlar titrarkan mahzun, bukchayib,
Daraxtzor qoshiga kelar bir ayol,
Nozik oyoqlarin shabnamga chayib.
U gullar sochadi hovuch-hovuchlab,
Hayratga to‘ladi armonli bog‘lar.
U kuylay boshlasa, gullarni tishlab
Uyg‘ona boshlaydi qurigan shoxlar.
MЕN DARAXTGA AYLANDIM TUNDA…
Men daraxtga aylandim tunda
va aksimni ko‘rdim osmonda.
Yulduzlarni shoximga o‘rab
boqdim: navo oqdi yaltirab.
Kapalakday uxladi dunyo,
uxlamadi men kabi daryo.
Men daraxtga aylandim tunda –
tongga qarab o‘sdi shoxlarim.
* * *
Hali kurtak bo‘rtgani yo‘q,
Hali uzoqdir bahor,
Epkinlar yelmaydi sho‘x,
Pastqamlarda yotar qor.
Hali yuksak tog‘larning
Oppoq qordan sallasi.
Uyg‘otmagan bog‘larni
Hali quyosh yallasi.
Qorlar erir baribir,
Tarqaladi tumanlar,
Ochiladi misli sir
Gulga to‘la chamanlar.
Sharqdan kelgan shaboda
Bahorni olib kelar,
Yuraklarni o‘sha on
Quvnatadi sho‘x yellar.
Jamolini ko‘rsatar
Tiniqlashib hur osmon,
G‘uncha yozib chechaklar
Yashnaydi alvon-alvon.
O‘sib chiqqan maysalar
Cho‘zar yerdan tilini,
Tollarni yaproq bosib
Bukar adil belini.
Ammo hech kim bularni
Sezmagaydir hech qachon,
Agar dilda sevgining
Ochilmasa gullari.
BAHOR KAPALAKLARI
1
Ol chechaklar uyg‘ongan choqda
Kapalakka aylangan qalbim,
Uchib yurar yashil o‘tloqda
Bolalarning qo‘shig‘i kabi.
2
Erta tongda bizlarni quyosh
Chorlar bahor quchog‘i tomon.
Unut bo‘lar alam va ko‘zyosh,
Jo bo‘ladi dilimga osmon.
3
Gullar chala boshlar qo‘ng‘iroq,
Bu sas dilni qitiqlab uchar.
Olislarda qush sayragan bog‘ –
Bolaligim yodimga tushar.
4
Yulduzlarni oralab uchar
Kapalagim – porloq to‘lin oy.
Uyqusirab qichqirar qushlar,
Faqat bedor sharqiraydi soy.
* * *
Oltin yomg‘ir yog‘ib
O‘tdi. Bahor-da!
Bo‘tana shiddatlar
Oqdi anhorda.
Shaftoli gullarin
Iskadim bog‘da –
Seskandi yuragim,
Qoldi titroqda.
Sig‘madim. Dalaga
Chiqib ketdim men.
Olis adirlarga
Shoshib yetdim men.
O‘tloqda yastanib
Uzoq o‘y surdim –
Mangu bir qo‘shiqday
Tuyuldi umrim.
* * *
Tuni bilan devor yoqalab
Yurib chiqdi shashqaloq bahor –
Tuni bilan erib, yupqalab
Tarnovlardan yerga tomdi qor.
Tuni bilan bog‘dagi tolning
Vosil bo‘ldi qishki tushlari.
Ko‘kragini tilib shamolning
Novdalarning chiqdi tishlari.
Tuni bilan daradagi qor
Ko‘chdi qora jarliklar tomon –
Tuni bilan yulduzlar changin
Qorlar uzra sepdi yosh osmon.
Tuni bilan boqib intizor
Kutib oldim bahor oftobin.
Ammo olib kelmadi bahor
Men unutgan so‘zlar kitobin.
Muhammad YUSUF
KO‘KLAMOYIM
Ozod Sharafuddinovga
Sochimda oq, men bahordan o‘tindim:
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Qor qo‘ynida seni qo‘msab o‘kindim,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Ko‘nglimga ko‘k binafshalar sochilsin,
Kokiliga tolpopukdan soch ilsin,
Boychechakka borar yo‘llar ochilsin –
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Fasl boshi, ham oxiri o‘zingsan,
Majnunlarning yo‘ldoshi ham o‘zingsan.
Laylilarning sirdoshi ham o‘zingsan,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Kel-da endi sog‘intirmay odamni,
Sen yo‘g‘ingda bir g‘am bosdi yelkamni,
Qorlar kurab ko‘mib keldim otamni…
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Ko‘king bilan kiyintiray dalamni,
Oyoqyalang suyuntiray bolamni,
O‘zing olgin ko‘ksimdagi alamni,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Ginam yo‘qdir kuzda ketgan oqqushdan,
Iymanmasin qayta eshik qoqishdan.
Qumri bilan birga chiqdik biz qishdan,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Jon ustida asrab yuray ko‘kni men,
To‘yib-to‘yib ko‘zga suray ko‘kni men.
Yana senga yetamanmi-yo‘qmi men,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Dil yayrasin dala-dashting yasanib,
Yalpizlaring suv bo‘yiga yastanib.
Ikki misra bayt bitay bir maqtanib,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim!..
Iqbol MIRZO
NAVRO‘Z QO‘SHIG‘I
Bahorni bilmagan ellarni ko‘rdim,
Bir chechak kulmagan yerlarni ko‘rdim.
O‘zingni sog‘inib keladi navro‘z,
Kaftingga ko‘z suray, dehqonim, yurtim,
O‘zingdan o‘rgulay, bog‘bonim, yurtim.
Chuchmoma chayqalib, chalar qo‘ng‘iroq,
Hayot hidin sochar uyg‘ongan tuproq,
Ildiz suvratini chizadi chaqmoq,
Kaftingga ko‘z suray, dehqonim, yurtim,
O‘zingdan o‘rgulay, bog‘bonim, yurtim.
Mehmonni chorlaydi sumalaklaring,
Qizlaring bog‘laydi jamalaklarin.
Saodatga ko‘prik kamalaklaring,
Kaftingga ko‘z suray, dehqonim, yurtim,
O‘zingdan o‘rgulay, bog‘bonim, yurtim.
Ey, kafti qadog‘u ko‘ngli yumshoq el,
Quyoshda qoraygan, yuragi oq el,
Duoga qo‘l ochgan, tilagi oq el,
Kaftingga ko‘z suray, dehqonim, yurtim,
O‘zingdan o‘rgulay, bog‘bonim, yurtim.
Muqaddas yering bor, qutlug‘ osmon bor,
Suyangan tog‘ing bor, dilda iymon bor.
Ulug‘ bog‘istonga buyuk bog‘bon bor,
Kaftingga ko‘z suray, dehqonim, yurtim,
O‘zingdan o‘rgulay, bog‘bonim, yurtim.
Nurulloh OSTON
NAVRO‘Z
Ariqlarni yalpiz atri qildi ishg‘ol,
Allaqaydan qarlug‘ochlar keldi xushhol,
Yechib qishni egnimizdan dedik, xush qol,
Kel-ey Navro‘z, tashrifing xush, safo bo‘lsin.
Urib nayson, tirqirar gul og‘ochlarda,
Bo‘sa ta’min tuyar qizlar ravochlarda,
Ne xushnudlik erur bu sanduvochlarda
Ki ko‘ngil rishta payvandi vafo bo‘lsin.
Tog‘u tug‘yon, dasht-u dala qo‘zg‘alipti,
El labida qo‘shiq-yalla qo‘zg‘alipti,
Kelinchakli uyda alla qo‘zg‘alipti
Ko‘ngilga ishq gulobidin navo bo‘lsin.
Do‘stmi-yog‘iy, siylayverar mehmonini,
Boshga bolish qilib uxlar ketmonini,
Bir umrga yamab o‘tar chakmonini
Shu el mardumig‘a hamdu-sano bo‘lsin.
Chuchmomalar chayqaladi bezak yanglig‘,
Ahyon o‘tgay izg‘irinlar kuzak yanglig‘,
Allakimlar turar kaltakesak yanglig‘,
Bu kaslarga chayon fasli ravo bo‘lsin.
Yosh vujudlar neni qo‘msar, tug‘yondadir,
Tun yarmida bolish quchib uyg‘onadir,
Bu ko‘ngilda azaliy bir cho‘g‘ yonadir,
Kel-ey Navro‘z, kelganing xush, safo bo‘lsin.
Türk Dünyası Nevruz Şiirleri antolojisi by Khurshid Davron on Scribd