Imom Termiziy. Sunani Termiziy. 1-jild & Jamila Ergasheva. Ma’rifat yo’lchisi

Ashampoo_Snap_2017.06.05_18h03m52s_002_a.png     Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизийдан: Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур…

Жамила ЭРГАШЕВА
МАЪРИФАТ ЙЎЛЧИСИ
007

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

i_018.jpgЎшанда биз учун Мирзо амал-тақал қилиб пойтахтда қолган шоир курсдош йигитлардан бири эди, холос. Қандайдир юмуш билан Тошкентга бориб, метро бекатларининг бирида Мирзо билан учрашиб қолдик. Бекатдаги ўриндиқлардан бирига ўтириб, ҳол-аҳвол сўрашдик, янгиликлар алмашдик, менинг назаримда эркак ва аёл, қолаверса, олис бир вилоятдан келган курсдош билан шон-шавкат шоҳсупаси томон илгарилаб бораётган пойтахтда яшовчи, Эркин Воҳидовдек улуғ инсонлар назарига тушган курсдош тасоддифан учрашиб қолганда бўладиган муносабат кўлами ниҳоясига етган эди. Мен қимтинибгина ўрнимдан турдим: “Майли, Мирзо, дўстим, омон бўлинг. Омадингизни берсин”. Мирзо хайрон бўлди: “Ия, бу нима деганингиз? Ҳозир уйга борамиз. Бизнинг болалар билан танишасиз. Бу оқшом меҳмон бўласиз. Эртанги кунни яна бамаслаҳат режалаштирамиз. Қани, кетдик. Оббо, сиз-ей!..”

Серташвиш пойтахт ҳаёти, унинг вақти ҳам, пули ҳам ҳисобли одамлари меҳмоннавозликни унча хуш кўрмаслигини яхши биламан. Қолаверса, Мирзонинг аёлини танимасам… У ерда нима қиламан, нимани гаплашаман… Аммо ҳеч қандай баҳонам ўтмади, Мирзо қўярда қўймай уйига олиб кетди.

Шоир курсдош мен ўйлагандан кўра анча илгарилаб кетган экан. Пойтахтнинг энг сўлим гўшаларидан бири – Пушкин майдонида қурилган ижодкорлар уйидан унинг оиласига ҳам уй ажратишибди. Эшикни катта-катта кўзлари кулиб турган бир хушрўй жувон очиб, салом берди. Мирзо остонада турган ҳолда уни саволга тутди: “Қани, меҳмонни танидингми?”. Жувон ўша табассум билан ҳеч иккиланмай жавоб қайтарди: “Албатта. Бу киши Жамила опа”. Ўша дамда қанча суюниб кетганимни тасаввур қилиш қийин эмас.

Қўшни йўлакда Аминахон Қодирова деган яна бир курсдошимиз яшар экан. Мирзо ошга Аминани ҳам чақиртирди. Ҳаммаси – таомлар ҳам, муносабатлар ҳам, суҳбат ҳам ниҳоятда табиий, самимий, дилкаш эди. Ошдан сўнг Амина Мирзодан мени уйига олиб кетиш учун изн сўради: “Ражаббой акам ҳам Бухорога кетган эдилар. Меҳмонингизни уйимга олиб кетай”. Ўзим ҳам жон деб турган эдим. Амина билан бир-биримизга айтадиган гапимиз тонг отгунча ҳам тугамаслиги аниқ. Мезбонлар зўрға рози бўлишди.

22d5f78d-4e50-4fd5-a8b8-f6c63de7eac7.jpeg…Орадан йиллар ўтиб бир оқшом Мирзо уйимга қўнғироқ қилиб қолди: “Жамилахон, мен Термизга келган эдим, устоз Хуррам Мақсадқулнинг уйларидаман. Ўғлингизни олиб, бир келинг. Суҳбатлашамиз”. Уйимда меҳмон бор эди: Асқар Маҳкам аёли Маҳмулахон ва ўғиллари билан келганди. Узримни айтиб, ўзларини уйга таклиф қилдим. Улар бир пасда етиб келишди.

Меҳмонларни бўлишга тўғри келди: эркаклар алоҳида хонада, Маҳмулахон билан мен болаларни олиб алоҳида хонада ўтирдик. Эртаси куни эрталаб Асқаралиларни кузатганимиздан сўнг Хуррам ака билан Мирзо келиб қолди. Ўғлим оқшомги суҳбат чоғида уларни Ал Ҳаким ат Термизий, Абу Исо Термизий зиёратига олиб боришга ваъда берган экан. Мирзо уйга кираётиб, менга “Раҳмат, Жамилахон! Шундай ориф инсонлар билан дўст эканлигингизни кўриб жуда хурсанд бўлдим”, деди. Меҳмонхонага ичкарилаб, кеча Асқарали ўтирган жойга ўтди: “Яхши ният билан Асқар Маҳкам ўтирган жойга ўтирайин, бизга ҳам у кишидан яхши сифатлар юқиб қолсин”, деди.

Ўша пайтда Мирзо маълум муддат Президент Девонида ишлаган, Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ул авлиё”сини, Имом Бухорийнинг тўрт томлик ҳадисларини, “Сунани Термизий”ни таржима қилган арбоб, аллома, ҳам олим одам эди. Кўп ҳолларда Аллоҳ берган мартаба бандасининг кўзларини кибр пардаси билан тўсиб қўяди ва улар ўзларидан ўзгаларни тан олмай қўйишади. Асқар Маҳкам хассос қалб ва беназир қалам соҳиби эди. Мирзо гўзал ва беғараз бир самимият билан Асқаралини ўзидан кўп юксакларга чиқариб қўйди.

Мирзо қайтгунича менга бир дунё китоб совға қилиб кетди: Имом Бухорийнинг ҳадислари, “Тазкират ул авлиё”, яна бир қанча асарлар. Ҳар биридан беш-ўн нусхадан. “Китобга шинаванда дўстларингизга, шогирдларингизга берарсиз ошиқчаларини”, деди. Бу китобларни ўқиб, курсдошимни қайтадан кашф этдим. “Борурсан, келурсан” каби ошиқча жим жималарсиз, ниҳоятда кўнгилга яқин содда, ширали тил билан таржима қилинган эди.

c86467b6-6c4d-49c4-94b7-a29c7d9df831.jpegЭнди Мирзо бир замонлар шоирликни ҳавас қилиб пойтахтда қолган бир курсдош йигит эмаслигини англадим. Жуда кўп улуғ истеъдод эгаларининг, олим-у уломаларнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган, ижодий бисотини не бир жавоҳир асарлар билан безаган, Аллоҳнинг улуғ китоби Қуръони каримни ёд олган қори, аввал ўзи, кейин ота-онасини муборак ҳаж зиёратига олиб бориб қайтган ҳожи эди. Бир ҳожиона сафар чоғида Мирзо ҳожининг оналари билан бир хонада турган экан. “Бир кунда неча бор эшикнинг ортидан келиб, онасидан аҳвол сўраб кетардилар. Ҳамма нарса етарли бўлса ҳам ҳали ундай, ҳали бундай тансиқ таом олиб келиб, ташлаб кетардилар”, бу ўша ҳожионанинг гурунгларидан. Ўша сафарги муборак зиёратни Мирзо ҳожининг ўзи ҳам мамнуният билан эслайди: “Каъба атрофида бир қўлим билан отамни, иккинчи қўлим билан онамни ушлаб олганча айланар эканман, беихтиёр болалик чоғларим ёдимга тушди. Бир замонлар отам билан онам бирон жойга чиқсак, икки томонимда икки қўлимдан ушлаб олган ҳолда мени олиб юришар эди. Тақдирнинг ҳукмини қарангки, энди мен уларни Аллоҳнинг уйида ўша ҳолатда олиб юрардим. Жуда маъқул иш қилган эканмиз. Ўша муборак сафардан сўнг аввал отамиз, сўнг онамиз бизни ташлаб кетдилар…”.

Оналари вафот этганда Тошкентда эдим, акам билан таъзияга ўтдик. У киши жуда ҳорғин ва фаромуш бир ҳолатда эди. “Мен онамни жуда яхши кўрардим. У киши жуда меҳнаткаш, тақводор, қаноатли аёл эдилар. Тақдирнинг ишини қарангки, мен Тошкентда, у киши Сурхондарёда яшадилар. Эртаю кеч хизматларида сомъе туролмадим, дийдорларига тўя олмай қолдим”, ҳожи қароқларини артди. Ҳаммамизнинг кўнглимиз бўшади. Акам тасалли берган бўлди: “Аллоҳ сабр берсин. Сиз қилган ишлар қиёматда онангизнинг бошларига олтин тож қилиб кийгизилади. Бундай юмушни ҳар қандай фарзанд ҳам уддалай олмайди”.

Қайтаётганимизда Мирзо ҳожи акам иккимизга Муфтий Усмонхон Алимовнинг “Тафсири ирфон”, Абу Ийсо Муҳаммад ат- Термизийнинг қайта нашрдан чиққан “Сунани Термизий” китобларини совға қилдилар. Бу китобларнинг маърифий қимматини баҳолашнинг имкони йўқ, аммо “Шарқ” матбаа компанияси меҳнати уларнинг баҳосини янада оширган эди. Бир сўз билан айтганда, бу китоблар ўқисангиз, маънавиятингизни, турса, жавонингизни яшнатиб юборадиган бебаҳо жавоҳирлар эди. Роса хурсанд бўлдик.

Мирзо Кенжабек Аллоҳ берган салоҳияти ва меҳнати билан жамиятимизда, илми урфон орасида катта мавқега эга, ниҳоятда банд инсон. Лекин қалбидаги маърифати, ҳокисорлиги ва самимияти билан биз курсдошлар учун, ҳатто фарзандларимиз учун ҳам на вақтини, на кўмагини аямайдиган дўст. Бир курсдош дугонамнинг ўғли онасига “Ҳожи акам нимагадир шошиб, жуда қаттиқ ишлаяптилар. Ҳаракатларида “улгуриб қолай” деган бир ошиғич хавотир бордек. Бир неча катта ишларни бошлаб қўйганлар. Бироз тоблари ҳам йўқ”, дебди. Хавотирга тушдик. Аммо хавотирга тушганимиз билан қўлимиздан нима ҳам келарди. Тошкентга бориб, у кишига насиҳат бера олармидик. Яна ўзимизни тинчитган бўлдик: “Одам олтмишдан ўтгач, умрнинг, вақтнинг қадрини чуқурроқ англайди. Шу учун шошаётган бўлса керак-да”.

Нима бўлганда ҳам биз бироз хижолат тортсак-да, курсдошимизни безовта қилаверамиз, қимматли вақтини ўзимиз учун сарфлатаверамиз. Ахир у киши Тошкентдалар, бизнинг оёғимиз етмаган жойга оёқлари етади, катта одам, сўзимиз ўтмаган жойларга сўзлари ўтади. Ўзлариям ҳеч оғринмасдан нима илтимосимиз бўлса, бажараверади. Вилоятда яшайдиган курсдош йигитлар-ку, Тошкентга борса, меҳмонхона ахтариб юришмайди, тўғри, Мирзо Кенжабекникига боришади. Кейин ўтириб, бизларни эслашади-да, қўнғироқ қилишади: “Жамила, мен Мирзоникидаман. Кечга яна курсдошлар келишади. Баҳонада бир суҳбатларини олайлик, дедим”.

a093a3b5-258b-428c-8c10-fc223302c99b.jpegЎтган йили дорилфунунни битирганимизнинг 37 йиллиги муносабати билан бутун гуруҳ йиғиладиган бўлдик. Тошкентлик йигитлар бир чиройли ресторанга жой ва чой буюришган экан. Мирзо Кенжабек кечикиброқ келди. Кечикканлигининг жаримаси учун уйига таклиф қилишини айтди. “Йўқ”, дейишимизга қарамай, “Сизлар учун тараддуд қилиб ўтирибмиз. Бир пиёла чой ичиб кетмасанглар бўлмайди”, деб ҳаммамизни уйига олиб кетди. Кўп қаватли йирик паннелли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган эгаларидек камтарингина хонадонни тўлдириб юбордик. Яхшигина тараддуд кўрилган экан. Мириқиб ўтирдик. Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, мезбон бизга дастхат билан Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” ва Заҳриддин Муҳаммад Бобур хазиналаридан ўзбекчага ўгирилган “Мубайян” номли китобларини совға қилди. Баъзи курсдошлар “хизмат қиласан”, деб фарзандларини олиб боришган. Уларга ҳам дастхат билан ана шу қимматбаҳо китоблар тақдим қилинди. Кимлардир уйда қолган фарзандларига илинди: “Менинг ўғлимга ҳам биттагина китоб беринг. Дастхатингиз билан”, “Менинг қизим сизнинг китобларингизни жуда яхши кўради. Унгаям бир нусхадан…”. Хуллас, ҳар қанча хижолат бўлмайлик, дўстимизни яхшигина “туширдик”.

Ўша йиғинда мен ҳам янги чиққан китобимдан бир нусха қолдирган эдим. Уч-тўрт кун ўтиб, Мирзо Кенжабек қўнғироқ қилиб қолдилар. Китоб ҳақида фикрларини айтдилар. Мен “Сизни роса харажатга қўйдик-да. Шунча кишига ҳам дастурхон ёздингиз, ҳам шундай қимматбаҳо китоблар совға қилдингиз”, дедим. У киши кулдилар: “Оббо-о, сиз-ей, ҳали шунга ғам чекиб ётибсизми? Ҳеч хижолат бўлманг, бу китоблар учун мен катта-катта қалам ҳаққи оламан”. “Энди… Қори ака, биз ҳам китоб-у қалам ҳақларига аралашиб юрган одаммиз. Тарқатганингиз миқдорича қалам ҳақи олмаслигингизни биламиз”, десам, “Маърифати-чи?”, дедилар.

Албатта, Мирзо Кенжабек ўша куни биз курсдошларга улашган, асарлари билан халқимизга қалбига армуғон этаётган маърифатни пул билан ўлчаб бўлмайди. Унинг ҳисоб-китобини фақат Қодир Эгамнинг ўзигина билгувчи, холос.

Мен Мирзо Кенжабекни юртдош, дўст, курсдош, олийжаноб инсон сифатида биламан. Таржималарини ҳақларига дуолар қилиб ўқийман. У кишига Аллоҳ шундай иқтидор, илм, кучли ирода ва самимий, беғубор қалб берганлиги учун ҳавас қиламан. Аллоҳ зиёда қилсин.

4_1.jpg    Abu Iso Muhammad At-Termiziy:  Ushbu kitobni tasnif qilganimdan keyin, uni Hijoz, Iroq va Xuroson ulamolariga taqdim etdim. Ular rozilik bildirib, qabul qildilar. Kimning uyida bu kitobdan bo‘lsa, o‘sha xonadonda Payg‘ambar (sallallohu alayhi va sallam) gapirayotgandek bo‘lur…

Jamila ERGASHЕVA
MA’RIFAT YO‘LCHISI
007

Bismillohir Rahmonir Rahim

i_018.jpgO‘shanda biz uchun Mirzo amal-taqal qilib poytaxtda qolgan shoir kursdosh yigitlardan biri edi, xolos. Qandaydir yumush bilan Toshkentga borib, metro bekatlarining birida Mirzo bilan uchrashib qoldik. Bekatdagi o‘rindiqlardan biriga o‘tirib, hol-ahvol so‘rashdik, yangiliklar almashdik, mening nazarimda erkak va ayol, qolaversa, olis bir viloyatdan kelgan kursdosh bilan shon-shavkat shohsupasi tomon ilgarilab borayotgan poytaxtda yashovchi, Erkin Vohidovdek ulug‘ insonlar nazariga tushgan kursdosh tasoddifan uchrashib qolganda bo‘ladigan munosabat ko‘lami nihoyasiga yetgan edi. Men qimtinibgina o‘rnimdan turdim: “Mayli, Mirzo, do‘stim, omon bo‘ling. Omadingizni bersin”. Mirzo xayron bo‘ldi: “Iya, bu nima deganingiz? Hozir uyga boramiz. Bizning bolalar bilan tanishasiz. Bu oqshom mehmon bo‘lasiz. Ertangi kunni yana bamaslahat rejalashtiramiz. Qani, ketdik. Obbo, siz-yey!..”

Sertashvish poytaxt hayoti, uning vaqti ham, puli ham hisobli odamlari mehmonnavozlikni uncha xush ko‘rmasligini yaxshi bilaman. Qolaversa, Mirzoning ayolini tanimasam… U yerda nima qilaman, nimani gaplashaman… Ammo hech qanday bahonam o‘tmadi, Mirzo qo‘yarda qo‘ymay uyiga olib ketdi.

Shoir kursdosh men o‘ylagandan ko‘ra ancha ilgarilab ketgan ekan. Poytaxtning eng so‘lim go‘shalaridan biri – Pushkin maydonida qurilgan ijodkorlar uyidan uning oilasiga ham uy ajratishibdi. Eshikni katta-katta ko‘zlari kulib turgan bir xushro‘y juvon ochib, salom berdi. Mirzo ostonada turgan holda uni savolga tutdi: “Qani, mehmonni tanidingmi?”. Juvon o‘sha tabassum bilan hech ikkilanmay javob qaytardi: “Albatta. Bu kishi Jamila opa”. O‘sha damda qancha suyunib ketganimni tasavvur qilish qiyin emas.

Qo‘shni yo‘lakda Aminaxon Qodirova degan yana bir kursdoshimiz yashar ekan. Mirzo oshga Aminani ham chaqirtirdi. Hammasi – taomlar ham, munosabatlar ham, suhbat ham nihoyatda tabiiy, samimiy, dilkash edi. Oshdan so‘ng Amina Mirzodan meni uyiga olib ketish uchun izn so‘radi: “Rajabboy akam ham Buxoroga ketgan edilar. Mehmoningizni uyimga olib ketay”. O‘zim ham jon deb turgan edim. Amina bilan bir-birimizga aytadigan gapimiz tong otguncha ham tugamasligi aniq. Mezbonlar zo‘rg‘a rozi bo‘lishdi.

…Oradan yillar o‘tib bir oqshom Mirzo uyimga qo‘ng‘iroq qilib qoldi: “Jamilaxon, men Termizga kelgan edim, ustoz Xurram Maqsadqulning uylaridaman. O‘g‘lingizni olib, bir keling. Suhbatlashamiz”. Uyimda mehmon bor edi: Asqar Mahkam ayoli Mahmulaxon va o‘g‘illari bilan kelgandi. Uzrimni aytib, o‘zlarini uyga taklif qildim. Ular bir pasda yetib kelishdi.

026d4395-4f4c-42e0-8e4b-67325e515f49.jpegMehmonlarni bo‘lishga to‘g‘ri keldi: erkaklar alohida xonada, Mahmulaxon bilan men bolalarni olib alohida xonada o‘tirdik. Ertasi kuni ertalab Asqaralilarni kuzatganimizdan so‘ng Xurram aka bilan Mirzo kelib qoldi. O‘g‘lim oqshomgi suhbat chog‘ida ularni Al Hakim at Termiziy, Abu Iso Termiziy ziyoratiga olib borishga va’da bergan ekan. Mirzo uyga kirayotib, menga “Rahmat, Jamilaxon! Shunday orif insonlar bilan do‘st ekanligingizni ko‘rib juda xursand bo‘ldim”, dedi. Mehmonxonaga ichkarilab, kecha Asqarali o‘tirgan joyga o‘tdi: “Yaxshi niyat bilan Asqar Mahkam o‘tirgan joyga o‘tirayin, bizga ham u kishidan yaxshi sifatlar yuqib qolsin”, dedi.

O‘sha paytda Mirzo ma’lum muddat Prezident Devonida ishlagan, Farididdin Attorning “Tazkirat ul avliyo”sini, Imom Buxoriyning to‘rt tomlik hadislarini, “Sunani Termiziy”ni tarjima qilgan arbob, alloma, ham olim odam edi. Ko‘p hollarda Alloh bergan martaba bandasining ko‘zlarini kibr pardasi bilan to‘sib qo‘yadi va ular o‘zlaridan o‘zgalarni tan olmay qo‘yishadi. Asqar Mahkam xassos qalb va benazir qalam sohibi edi. Mirzo go‘zal va beg‘araz bir samimiyat bilan Asqaralini o‘zidan ko‘p yuksaklarga chiqarib qo‘ydi.

Mirzo qaytgunicha menga bir dunyo kitob sovg‘a qilib ketdi: Imom Buxoriyning hadislari, “Tazkirat ul avliyo”, yana bir qancha asarlar. Har biridan besh-o‘n nusxadan. “Kitobga shinavanda do‘stlaringizga, shogirdlaringizga berarsiz oshiqchalarini”, dedi. Bu kitoblarni o‘qib, kursdoshimni qaytadan kashf etdim. “Borursan, kelursan” kabi oshiqcha jim jimalarsiz, nihoyatda ko‘ngilga yaqin sodda, shirali til bilan tarjima qilingan edi.

Endi Mirzo bir zamonlar shoirlikni havas qilib poytaxtda qolgan bir kursdosh yigit emasligini angladim. Juda ko‘p ulug‘ iste’dod egalarining, olim-u ulomalarning hurmat-e’tiboriga sazovor bo‘lgan, ijodiy bisotini ne bir javohir asarlar bilan bezagan, Allohning ulug‘ kitobi Qur’oni karimni yod olgan qori, avval o‘zi, keyin ota-onasini muborak haj ziyoratiga olib borib qaytgan hoji edi. Bir hojiona safar chog‘ida Mirzo hojining onalari bilan bir xonada turgan ekan. “Bir kunda necha bor eshikning ortidan kelib, onasidan ahvol so‘rab ketardilar. Hamma narsa yetarli bo‘lsa ham hali unday, hali bunday tansiq taom olib kelib, tashlab ketardilar”, bu o‘sha hojionaning gurunglaridan. O‘sha safargi muborak ziyoratni Mirzo hojining o‘zi ham mamnuniyat bilan eslaydi: “Ka’ba atrofida bir qo‘lim bilan otamni, ikkinchi qo‘lim bilan onamni ushlab olgancha aylanar ekanman, beixtiyor bolalik chog‘larim yodimga tushdi. Bir zamonlar otam bilan onam biron joyga chiqsak, ikki tomonimda ikki qo‘limdan ushlab olgan holda meni olib yurishar edi. Taqdirning hukmini qarangki, endi men ularni Allohning uyida o‘sha holatda olib yurardim. Juda ma’qul ish qilgan ekanmiz. O‘sha muborak safardan so‘ng avval otamiz, so‘ng onamiz bizni tashlab ketdilar…”.

Onalari vafot etganda Toshkentda edim, akam bilan ta’ziyaga o‘tdik. U kishi juda horg‘in va faromush bir holatda edi. “Men onamni juda yaxshi ko‘rardim. U kishi juda mehnatkash, taqvodor, qanoatli ayol edilar. Taqdirning ishini qarangki, men Toshkentda, u kishi Surxondaryoda yashadilar. Ertayu kech xizmatlarida somye turolmadim, diydorlariga to‘ya olmay qoldim”, hoji qaroqlarini artdi. Hammamizning ko‘nglimiz bo‘shadi. Akam tasalli bergan bo‘ldi: “Alloh sabr bersin. Siz qilgan ishlar qiyomatda onangizning boshlariga oltin toj qilib kiygiziladi. Bunday yumushni har qanday farzand ham uddalay olmaydi”.

Qaytayotganimizda Mirzo hoji akam ikkimizga Muftiy Usmonxon Alimovning “Tafsiri irfon”, Abu Iyso Muhammad at- Termiziyning qayta nashrdan chiqqan “Sunani Termiziy” kitoblarini sovg‘a qildilar. Bu kitoblarning ma’rifiy qimmatini baholashning imkoni yo‘q, ammo “Sharq” matbaa kompaniyasi mehnati ularning bahosini yanada oshirgan edi. Bir so‘z bilan aytganda, bu kitoblar o‘qisangiz, ma’naviyatingizni, tursa, javoningizni yashnatib yuboradigan bebaho javohirlar edi. Rosa xursand bo‘ldik.

bf26e950-da3a-42b8-87e5-f5afcc2667e8.jpegMirzo Kenjabek Alloh bergan salohiyati va mehnati bilan jamiyatimizda, ilmi urfon orasida katta mavqega ega, nihoyatda band inson. Lekin qalbidagi ma’rifati, hokisorligi va samimiyati bilan biz kursdoshlar uchun, hatto farzandlarimiz uchun ham na vaqtini, na ko‘magini ayamaydigan do‘st. Bir kursdosh dugonamning o‘g‘li onasiga “Hoji akam nimagadir shoshib, juda qattiq ishlayaptilar. Harakatlarida “ulgurib qolay” degan bir oshig‘ich xavotir bordek. Bir necha katta ishlarni boshlab qo‘yganlar. Biroz toblari ham yo‘q”, debdi. Xavotirga tushdik. Ammo xavotirga tushganimiz bilan qo‘limizdan nima ham kelardi. Toshkentga borib, u kishiga nasihat bera olarmidik. Yana o‘zimizni tinchitgan bo‘ldik: “Odam oltmishdan o‘tgach, umrning, vaqtning qadrini chuqurroq anglaydi. Shu uchun shoshayotgan bo‘lsa kerak-da”.

Nima bo‘lganda ham biz biroz xijolat tortsak-da, kursdoshimizni bezovta qilaveramiz, qimmatli vaqtini o‘zimiz uchun sarflataveramiz. Axir u kishi Toshkentdalar, bizning oyog‘imiz yetmagan joyga oyoqlari yetadi, katta odam, so‘zimiz o‘tmagan joylarga so‘zlari o‘tadi. O‘zlariyam hech og‘rinmasdan nima iltimosimiz bo‘lsa, bajaraveradi. Viloyatda yashaydigan kursdosh yigitlar-ku, Toshkentga borsa, mehmonxona axtarib yurishmaydi, to‘g‘ri, Mirzo Kenjabeknikiga borishadi. Keyin o‘tirib, bizlarni eslashadi-da, qo‘ng‘iroq qilishadi: “Jamila, men Mirzonikidaman. Kechga yana kursdoshlar kelishadi. Bahonada bir suhbatlarini olaylik, dedim”.

O‘tgan yili dorilfununni bitirganimizning 37 yilligi munosabati bilan butun guruh yig‘iladigan bo‘ldik. Toshkentlik yigitlar bir chiroyli restoranga joy va choy buyurishgan ekan. Mirzo Kenjabek kechikibroq keldi. Kechikkanligining jarimasi uchun uyiga taklif qilishini aytdi. “Yo‘q”, deyishimizga qaramay, “Sizlar uchun taraddud qilib o‘tiribmiz. Bir piyola choy ichib ketmasanglar bo‘lmaydi”, deb hammamizni uyiga olib ketdi. Ko‘p qavatli yirik pannelli uyning to‘rtinchi qavatida joylashgan egalaridek kamtaringina xonadonni to‘ldirib yubordik. Yaxshigina taraddud ko‘rilgan ekan. Miriqib o‘tirdik. Dasturxonga fotiha o‘qilgach, mezbon bizga dastxat bilan Abu Iyso Muhammad at-Termiziyning “Shamoili Muhammadiyya” va Zahriddin Muhammad Bobur xazinalaridan o‘zbekchaga o‘girilgan “Mubayyan” nomli kitoblarini sovg‘a qildi. Ba’zi kursdoshlar “xizmat qilasan”, deb farzandlarini olib borishgan. Ularga ham dastxat bilan ana shu qimmatbaho kitoblar taqdim qilindi. Kimlardir uyda qolgan farzandlariga ilindi: “Mening o‘g‘limga ham bittagina kitob bering. Dastxatingiz bilan”, “Mening qizim sizning kitoblaringizni juda yaxshi ko‘radi. Ungayam bir nusxadan…”. Xullas, har qancha xijolat bo‘lmaylik, do‘stimizni yaxshigina “tushirdik”.

O‘sha yig‘inda men ham yangi chiqqan kitobimdan bir nusxa qoldirgan edim. Uch-to‘rt kun o‘tib, Mirzo Kenjabek qo‘ng‘iroq qilib qoldilar. Kitob haqida fikrlarini aytdilar. Men “Sizni rosa xarajatga qo‘ydik-da. Shuncha kishiga ham dasturxon yozdingiz, ham shunday qimmatbaho kitoblar sovg‘a qildingiz”, dedim. U kishi kuldilar: “Obbo-o, siz-yey, hali shunga g‘am chekib yotibsizmi? Hech xijolat bo‘lmang, bu kitoblar uchun men katta-katta qalam haqqi olaman”. “Endi… Qori aka, biz ham kitob-u qalam haqlariga aralashib yurgan odammiz. Tarqatganingiz miqdoricha qalam haqi olmasligingizni bilamiz”, desam, “Ma’rifati-chi?”, dedilar.

Albatta, Mirzo Kenjabek o‘sha kuni biz kursdoshlarga ulashgan, asarlari bilan xalqimizga qalbiga armug‘on etayotgan ma’rifatni pul bilan o‘lchab bo‘lmaydi. Uning hisob-kitobini faqat Qodir Egamning o‘zigina bilguvchi, xolos.

Men Mirzo Kenjabekni yurtdosh, do‘st, kursdosh, oliyjanob inson sifatida bilaman. Tarjimalarini haqlariga duolar qilib o‘qiyman. U kishiga Alloh shunday iqtidor, ilm, kuchli iroda va samimiy, beg‘ubor qalb berganligi uchun havas qilaman. Alloh ziyoda qilsin.

Imom Termiziy. Sunani Termiziy. 1-Jild by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 1 526, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алайкум,гоҳида хаёлан тонгда минглаб раҳматлару шукрларни сочиб юбораман ва аввали ҳазрати онамга,яқинларимга,устозларимга,дўстларимга ҳамда китобини мутолаа қилган муаллифу таржимонларга,яхшиларга етказишини сабодан сўраб қоламан.Устоз Мирзо Кенжабек таржимасида 1999 йил «Адолат» нашриётидан чиққан (вақтида сотиб олганимга шукурлар айтаман) буюк муҳаддис Имом Термизийнинг «Сунани Термизий»нинг биринчи жилдини мутолаа қилдим, ҳурматли таржимонимизга ўша дамда сабодан салом, раҳмат йўллаганман, мана, энди қадрдон сайтимиз орқали яна бир бора кўп саломатлик, кўп фойда ва раҳматлар айтаман. Омон бўлинг!»Имом Бухорий ва Навоий» номли тадқиқотимда фойдаландим.Мақоламнинг мазмуни ва илмий аппаратини бойитди.Турк тилида Туркиянинг Ниғда университетида нашр бўлган илмий тўпламда (2017 йил, апрель) нашр ҳам бўлди.Анча олимлар қизиқиш билдиришди. Дўстлар,бундай китобларни бизнинг улуғ алломаларимиз ёзишган,бу китобларни Мирзо Кенжабек каби устозларимз сабот билан таржима қилишган,ўқиб,ўрганайлик.

  2. Mirzo Kenjabek ,ijodiga juda xavas qilaman .Bugun bu maqola bu insonni yanayan yaqinroq tanishimga ko’mak berdi.O’zbek ko’p yer yuzida ammo ,Dunyoda boshqa hech O’zbekiston yo’.degan she’rlarini doim shivirlab yuraman .Ustoz ,80 yillar she’riyatidagi xar bir ijodkor ijodini berib borsangiz bu ulug’ kunlarda hayirli bo’lar edi.

Izoh qoldiring