Buyuklardan buyuk Muhammad alayhissalom

Ashampoo_Snap_2017.10.04_23h18m57s_004_.png  Мазкур «Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом» рисоласи (Тошкент: Тошкент ислом университети, 2017. – 108 б.) Ўзбекистон халқ шоири, устоз Жамол Камол таржимасида рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларда мавжуд турли мўътабар тарихий ва адабий манбалардан, жумладан, Абдурраҳмон аш-Шиҳа тузган Муҳаммад (с.а.в.) ҳақидаги эътирофлар тўпламидан олинган иқтибослар ва бадиий адабиёт асарларидан намуналар асосида, амалга оширилди.

СЎЗБОШИ
07

330px-Bismillah.svg.pngАзиз китобхон!

Ушбу китобда азиз ва суюкли Пайғамбаримиз, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак шахсиятлари, илҳомбахш ибратли ҳаётлари ва улуғвор фаолиятлари хусусида диндошларимиз ва бошқа диндаги жаҳонга машҳур олимлар, шоирлар, адиблар ва давлат арбобларининг холис фикру мулоҳазалари, эътирофлари жамланиб, эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Улар − турли минтақа, мамлакат, дину миллат вакиллари ҳар сафар Пайғамбаримиз ҳақида фикрларини: «Буюклардан буюк Муҳаммад!» – деб якунлар эканлар, беихтиёр уларга жўровоз бўлиб: «Муҳаммадур Расулуллоҳ!» − дейсиз ва У муборак зотнинг умматига мансуб бўлганингиздан юракда чексиз севинчу ифтихор туясиз …

Мен ушбу китобни чексиз қувонч ва иштиёқ билан ўқиб, ҳам севиндим ва ўкиндим. Севинчим боиси – бу китобни халқимиз, айниқса, ёш авлод ўқиб баҳраманд бўлади, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг буюкликларига билдирилган эътирофлардан қалби фахр-ифтихорга тўлади. Севимли Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳақида дунё улуғлари айтган ҳаққоний, нодир ва теран фикру мушоҳадалардан маънавий дунёси бойийди.

Ўкинчим боиси, шўролар (худосизлар) даврида яшаб ўтган аждодларимиз (шу жумладан, менинг бобом, тоғам, акам – муфтий Бобохоновлар) шундай азиз китобни орзу қилиб дунёдан ўтишди, уни қўлда тутиш, ўқиш бахти уларга ва ўтмиш авлодларга муяссар бўлмади.

Маълумки, муқаддас динимиз исломга тош отиб, дунёда исломофобияни кучайтиришга интилаётганлар оз эмас. Ғарбда Пайғамбаримизни карикатура – ҳажвия қилиб, обрўсизлантиришга уринганларнинг қилмишлари ҳаммага аён. Ана шундай ғаламисларнинг хуружларига бу китоб муносиб далил ва ҳужжатлар билан жавоб беради.

Шарқу Ғарбнинг энг машҳур сиймолари: Маҳатма Ганди, Ламартин, Лев Толстой, Наполеон Бонапарт, Отто Бисмарк, Карл Маркс, Бернард Шоу, Шайх Фаридуддин Аттор, Мавлоно Жалолиддин Румий, Мир Алишер Навоий, Абдурауф Фитрат каби юзлаб давлат ва маданият арбобларининг Пайғамбаримиз шаънига айтган самимий мақтов сўзлари китобхонни тўлқинлантиради, фикр доирасини кенгайтириб, руҳан юксалтиради.

Мазкур қимматбаҳо, дурдона фикр-мулоҳазаларни кўп йиллар давомида битталаб йиғиб, китобхонларга тақдим этган жаҳонгашта тадбиркор ва маърифий лойиҳалар ҳомийси Анвармирзо Хусаиновга ҳамда ушбу китобни меҳру ихлос билан таржима қилган Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолга чин юракдан ташаккурлар айтаман.

Ушбу китоб жуда катта ададларда нашр этилиб, юртимизнинг ҳар бир хонадонига, билим юртлари, масжиду мадрасаларга кириб борса, бағоят хайрли, савоб иш бўлур эди.

Амирсаидхон Усмонхўжаев,
Халқаро инсон ва табиат экологияси хавфсизлиги фанлар  академияси мухбир аъзоси, Муфтий Бобохоновлар музейи асосчиси

БУЮКЛАРДАН БУЮК МУҲАММАД
АЛАЙҲИССАЛОМ
07

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим

МУҚАДДИМА

Ҳар гал ҳазрати Муҳаммад, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўз кетганда тарихда мисли кўрилмаган, на ўтмиш, на ҳозирда тенги, назири йўқ, энг буюк шахс, энг мўътабар сиймо хусусида фикр, мулоҳаза юритамиз. Бу шунчаки маҳобат эмас, айни ҳақиқат. Диний фанатизм ва шахсий манфаатларни бир четга суриб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг таржимаи ҳоллари, хислат ва фазилатлари ила астойдил танишган инсон бунга ўзи қатъий ишонч ҳосил қилади. Мусулмон бўлмаган хорижий арбоблар, олиму алломаларнинг холис мушоҳадаю мулоҳазалари, эътирофлари фикримизга далилдир.

Чунончи, ҳиндистонлик профессор Ҳасан Али, Аллоҳ уни раҳмат айласин, «Нури Ислом» журналида босилган мақоласида браҳманлик динига мансуб бир дўстининг айтганларини мисол қилиб келтиради:«Мен ислом пайғамбарини энг буюк, энг комил инсон деб биламан»,− дейди ҳинд алломаси.

Ҳасан Али бунинг сабабини сўрайди.

«Ислом пайғамбарида шундай хислат ва фазилатлар мавжудки, – дейди у, – тарихда бирор шахсда улар шу қадар жамулжам, шу қадар мукаммал ҳолатда учрамайди. У мамлакат ҳукмдори эди. Ҳукмдор бўлиб, камтар ва фақирона ҳаёт кечирар: «Менинг ҳеч нарсам йўқ, ҳамма нарса Аллоҳнинг измида», – дерди У. Пайғамбар саройига карвонлар воситасида бойликлар оқиб келар, лекин давлат раҳбари ва унинг аҳли оиласи аввалгидек моддий жиҳатдан чор-ночор яшар, давлат хазинасига қўл чўзмас эди.

Подшоҳнинг хонадонида баъзан кунлар, ҳафталар бўйи ўчоқда ўт ёқилмас, таом пиширилмас, кўпинча оч-наҳор ўтиришарди.

У буюк саркарда эди. Яхши қуролланмаган, оз сонли лашкар билан тиш-тирноғигача қуролланган кўп минг сонли қўшинларни тор-мор этгани тарихий ҳақиқатдир. У сулҳпарвар, тинчликсевар инсон эди. Минглаб саҳобалари ғайрат-шижоатга тўлиб, жанг майдонига тушишга шай дақиқаларда ҳам сулҳу-салоҳ йўлини танлагани, душманлар билан яраш битимига имзо  чеккани тарихдан маълум.

У чинакам қаҳрамон эди. Кўп минг сонли душман қўшинлари қаршисида ўзининг оз сонли жангчилари билан неча бор қилт этмай мардонавор тургани буни тасдиқлаб турибди.

У юмшоқ кўнгилли, бир томчи ҳам қон тўкилишини истамайдиган, ғоят меҳру шафқатли шахс эди.

У бутун бошлиқ Арабистон ярим ороли аҳолисининг аҳволини ўйлаб ташвиш чекар, лекин шунинг баробарида оиласидан ҳамиша бохабар, огоҳ ва атрофидаги бева- бечора мусулмонлар ва ғайридинларга ёрдам қўлини чўзишни асло унутмасди.

У Тангрини унутганларни, Аллоҳдан юз ўгирганларни тўғри йўлга солишга интилар, бу йўлда куч-ғайратини ҳеч аямасди.

Бир сўз билан айтганда, у дунё аҳлининг ғамини ер, лекин шунинг баробарида, моддий дунёдан кўнгил узиб,ўзини батамом Аллоҳга бахшида этган эди.

У бу дунёда яшар, лекин шунинг баробарида, дунёдан хорижда эди, сабабки, унинг қалби Аллоҳга ва Унинг хоҳишига боғланган эди.

У ҳеч қачон ўзининг шахсий алами учун бировдан қасос олмас, душманларига ҳамиша яхшилик тилар, аммо Аллоҳ душманларини асло кечирмас, уларни албатта жазога тортар эди. У тўғри йўлдан озганларни Аллоҳ йўлига ундар, уларни жаҳаннам азоби ила қўрқитарди (азобидан огоҳлантирарди). Уни гоҳ тунлари ухламай ибодат қилгучи тақводор зоҳид, гоҳ жасур жангчи қиёфасида кўриш мумкин эди.

У ҳам юксак ақлу тадбир соҳиби бўлмиш элчи, ҳам илоҳий нур ила йўғрилган пайғамбар эди. Халқлар сарвари, мамлакатлар ҳукмдори бўлса ҳамки, хурмо япроқларидан тўқилган дағал бўйрада ётиб, хурмо толалари билан тўлдирилган ёстиққа бош қўяр эди. Масжид ҳовлисида Арабистоннинг турли гўшаларидан келтирилган моддий бойликлар қалашиб ётар, аммо У уларга қайрилиб боқмас, оиласи ночорликда кун кечирар эди.

Бир гал қизи Фотима келиб, мешда сув ташиш, қўл тегирмон − ёвурчоқда ун тортиш унга оғирлик қилаётганини айтиб, бир дастёр, хизматкор беришни сўрайди. Шунда ҳам Пайғамбар (с.а.в.) хизматкор қулларни бошқа мусулмонларга тарқатиб, қизига қийинчиликларни енгиш учун Худодан мадад сўрайдиган дуо ўқишни ўргатиш билан чекланади, холос.

Бир гал саҳобалардан ҳазрати Умар (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) хоналарига кириб, ерда хурмо япроғидан тўқилган бўйра, сопол идишда бир ҳовуч арпа, деворда михга осиғлиқ мешдан бўлак ҳеч нарса кўрмайди. Шунда саҳобанинг кўзларидан ёш тирқирайди. Пайғамбар (с.а.в.) сабабини сўраганда, у дейдики:

«Мен нечун йиғламай? У ёқда Рум қайсари, бу ёқда Форс шаҳаншоҳи Кайхусрав айшу ишратда яшаб, дунё  роҳатидан ҳар лаҳза баҳраманддирлар. Аллоҳнинг Расули эса ҳамма нарсадан мосуво!»

Пайғамбар алайҳиссалом саволга савол билан жавоб бериб, дейдилар: «Ё Умар, магар рози эмасмисан, уларга теккани ҳаёти фано – ўткинчи дунё, бизга насиб этажаги ҳаёти бақо – мангу жаннатдир?»

Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз саҳобалари билан Маккани фатҳ қилганларида Абу Суфён Пайғамбарнинг амакиси Аббос билан ёнма-ён туриб, вазиятни кўздан кечирар эди. У ҳамон мушриклардан бири эди. Арабларнинг турли қавмларидан исломни қабул қилиб, ҳар тарафдан селдай оқиб келаётган мусулмонларни кўриб, у дейди:

«Ё Аббос! Жиянинг чинданам буюк подшоҳ бўлмиш!» Аббос унга эътироз этади: «Йўқ, бу подшоҳлик эмас, пайғамбарлик, Аллоҳга элчилик қудрати!»

Адий ат-Тоий, саховати ила донг таратган Ҳотами Тоийнинг ўғли, Той қабиласининг бошлиғи бир гал Пайғамбар (с.а.в.) даврасида ҳозир эди. Қуролланган саҳобалари Пайғамбар (с.а.в.)га айрича иззат-эҳтиром кўрсатишаётганини кўриб: «бу зот чинданам Аллоҳнинг Расулими ёхуд шунчаки ҳукмдормикин», деган хаёлга боради. Шу пайт афтода кийинган аёл пайдо бўлиб, Пайғамбар (с.а.в.)га юзланиб: «Ё Расулуллоҳ! Сизга айтадиган арзим бор …» − дейди.

«Ўзингга қулай жойда кутиб тур, чиқиб, арзингни эшитаман», − дейдилар Пайғамбар (с.а.в.). Кейин чўрининг олдига чиқиб, унинг арзини эшитиб, мушкулини осон этганига ўзгалар қатори Адий ат-Тоий ҳам шахсан гувоҳ бўлади.

Пайғамбардаги буюк камтарлик, хокисорликни кўриб, – У ҳақиқатга тан беради, шубҳадан фориғ бўлиб, насронийликдан кечиб, калимайи шаҳодат келтиради ва мусулмон бўлиб, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари қаторига қўшилади …

Биз шу йўсинда айрим шарқшунос олимларнинг пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини  эътиборингизга ҳавола этишда давом этамиз. Гарчи бусиз ҳам биз мусулмонлар учун – У зоти шариф Аллоҳнинг Расули эканлиги кундай равшан. Аммо икки сабабга кўра, биз шундай йўл тутишни лозим кўрдик.

Биринчи сабаб. Гарчи ўзларини мусулмон деб атасалар-да, аммо амалда мусулмончиликдан йироқ баъзи кимсалар шояд бу фикр-мулоҳазаларни ўқиб, ҳақиқатга юз бурсалар, Пайғамбарлари ҳақида ўзга дин вакилларининг фикридан огоҳ бўлгач, ҳақиқий дину диёнат йўлига кирсалар …

Иккинчи сабаб. Мусулмон бўлмаганлар ўз тилларида сўзлагувчи олиму алломаларнинг фикру мулоҳазаларини ўқиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шахсиятини бор бўй-басти, бор ҳақиқати ила таниб олсалар, не ажаб … Шубҳасиз, бу дини исломга томон таважжуҳнинг – ҳурмат ва ишончнинг ортишига боис бўлгай. Токи улар шу йўсинда мустақил фикр юритиб, оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратиш имконига эга бўлгайлар. Бунинг учун фанатизм ва мутаассибликдан воз кечиш зарур. Аллоҳ таоло уларнинг кўнгилларига ҳақиқат нурини сочиб, ҳаққу рост йўлга бошласин, деб дуо қиламиз.

Рисоланинг тўлиқ матнини саҳифа якунида юклаб олиб (юклаш учун китоб устига босинг), мутолаа қилишингиз мумкин.

salawat-nabi.jpgЖамол Камол
ДИЛ ИЗҲОРИ
Жаноби Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам васфида мухаммас
07

Аллоҳу Карим ошиғи шайдоси Муҳаммад,
Раҳмону Раҳим маҳбуби аълоси Муҳаммад,
Ҳар насли башар орзу, таманноси Муҳаммад,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Ҳақ ҳазратимиз токи Муҳаммадни яратди,
Эъзозу муҳаббат кўзини унга қаратди,
Ваҳдат нури, шафқат нурини унга таратди,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Пайғамбаримиз нур ила, пайғом ила келди,
Қуръони мажид бағрида аҳком ила келди,
Имони илоҳий ила, ислом ила келди,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Қуръону Ҳадис бандасига лутфу карамдир,
Инсофу адолат сўзи ҳар сатрида жамдир,
Ҳар лаҳзада юз мартаба такрорласа, камдир,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Ҳақташна юрибмиз, лабимиз ҳўлла, Худоё,
Бандангни ҳидоят йўлига йўлла, Худоё,
Маҳшарда Муҳаммадни Ўзинг қўлла, Худоё,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад …

БУЮКЛАРДАН БУЮК МУҲАММАД
АЛАЙҲИССАЛОМ ҲИКОЯТИ
Жамол Камолнинг «Анвармирзо ҳикоятлари» китобидан
07

Америка юлдузлари орасида Майкл Харт*,
Тадқиқотчи олим эди, адиб эди аломат.

Китоб қилиш орзусига тушди у бир замони,
Танлов қилиб буюклардан юзта буюк сиймони …

Ўша буюк юзталикка кимлар эди муносиб?
Олим буни тайин этди уч мезонга мувофиқ.

Аввал шуки, ўша сиймо етмиш қайдан – қайгача?
Овозаси етганмидир осмондаги ойгача?

Кейин эса, инсонларга етказди не манфаат?
Етказган у манфаати йирикмидир, не адад?

Ва ниҳоят, не даража эҳтиромга у лойиқ?
Исмин айтиб, ҳалигача ёд этарми халойиқ?

Шу йўсинда сиймоларнинг мингтасини сайлади,
Ва уларни бирин-бирин компьютерга жойлади.

Буйруқ бериб, тугмачани босган эди бадастур,
Мингтасидан беш юзтани танлаб берди компьютер.

Беш юзтани жойлаб тағин, берган эди команда,
Юзта буюк алломанинг номи чиқди экранда.

Юзта буюк – жаҳон аҳли фахри эди, суюги,
Ўйлаб қолди, ким экан деб буюкларнинг буюги?

Аниқла, деб компьютерга яна фармон берди Харт,
Экран аро қалқиб чиқди,«Расулуллоҳ Муҳаммад».

Ишонмади, тўққиз карра синов қилди у яна,
«Расулуллоҳ Муҳаммад деб» ёза берди машина.

Адиб шунда мажбур қолиб, қатъий қадам ташлади.
Китобини Расулуллоҳ Муҳаммаддан бошлади.

Ўша эди буюклиги қиёмига етишган,
Етимликдан Пайғамбарлик мақомига етишган.

Ўша эди ҳар каломи инсонларга маърифат,
Ислом ила етказолган миллионларга манфаат.

Ўша эди илми яшаб башарият дилида,
Такрор эрур исми милярд мусулмоннинг тилида.

Подшоҳ бўлиб берди фақат адолатга амрини
Бой – бадавлат миллат қилди қашшоқ араб қавмини.

Йигирма йил давомида не нуфузга етишди,
Салтанати Чин – Мочиндан Андалусга етишди.

У туфайли юракларда ғурур эди, ифтихор,
Шунинг учун бўлди ўзи буюкларга байроқдор!

Ушбу холис хулосани ёзиб эълон этди Харт,
Бор дунёга аён бўлди қуёш каби ҳақиқат.

Дунё билди сарваримиз Яратганнинг суюги –
Расулуллоҳ Муҳаммаддир буюкларнинг буюги …

23.02.2017

* Майкл Харт тузган, инсоният тарихида ўчмас из қолдирган юз буюк сиймо рўйхатининг бошида Муҳаммад алайҳиссалом тургани Ғарбдаги кўплаб ўқувчилар томонидан норозилик ва танқидлар билан кутиб олинди. Шу муносабат билан Майкл Харт китобга сўзбоши ёзиб, унда Муҳаммаднинг буюклардан буюклигини аниқлашда ҳис-туйғулар эмас, математик ҳисоб- китоблар асос бўлганини тушунтиради. Албатта, Майкл Харт Муҳаммад Пайғамбар ҳақида Ғарбу Шарқнинг улуғ инсонлари – Гёте, Ламартин, Бернард Шоу, Лев Толстой, Олмония канцлери Бисмарк, Ҳиндистон лидерлари Ганди ва Неруларнинг энг юксак эътирофларини яхши билган ва бу нарса унга қўл келган.

Мazkur “Buyuklardan buyuk Muhammad alayhissalom” risolasi (Toshkent: Toshkent islom universiteti, 2017. – 108 b.) O‘zbekiston xalq shoiri, ustoz Jamol Kamol tarjimasida rus, ingliz va boshqa xorijiy tillarda mavjud turli mo‘’tabar tarixiy va adabiy manbalardan, jumladan, Abdurrahmon ash-Shiha tuzgan Muhammad (s.a.v.) haqidagi e’tiroflar to‘plamidan olingan iqtiboslar va badiiy adabiyot asarlaridan namunalar asosida, amalga oshirildi.

SO‘ZBOSHI
07

330px-Basmalah-1wm.svg.pngAziz kitobxon!

Ushbu kitobda aziz va suyukli Payg‘ambarimiz, Rasuli akram sallallohu alayhi va sallamning muborak shaxsiyatlari, ilhombaxsh ibratli hayotlari va ulug‘vor faoliyatlari xususida dindoshlarimiz va boshqa dindagi jahonga mashhur olimlar, shoirlar, adiblar va davlat arboblarining xolis fikru mulohazalari, e’tiroflari jamlanib, e’tiboringizga havola etilmoqda.

Ular − turli mintaqa, mamlakat, dinu millat vakillari har safar Payg‘ambarimiz haqida fikrlarini: «Buyuklardan buyuk Muhammad!» – deb yakunlar ekanlar, beixtiyor ularga jo‘rovoz bo‘lib: «Muhammadur Rasululloh!» − deysiz va U muborak zotning ummatiga mansub bo‘lganingizdan yurakda cheksiz sevinchu iftixor tuyasiz …

Men ushbu kitobni cheksiz quvonch va ishtiyoq bilan o‘qib, ham sevindim va o‘kindim. Sevinchim boisi – bu kitobni xalqimiz, ayniqsa, yosh avlod o‘qib bahramand bo‘ladi, Payg‘ambarimiz (s.a.v.)ning buyukliklariga bildirilgan e’tiroflardan qalbi faxr-iftixorga to‘ladi. Sevimli Payg‘ambarimiz (s.a.v.) haqida dunyo ulug‘lari aytgan haqqoniy, nodir va teran fikru mushohadalardan ma’naviy dunyosi boyiydi.

O‘kinchim boisi, sho‘rolar (xudosizlar) davrida yashab o‘tgan ajdodlarimiz (shu jumladan, mening bobom, tog‘am, akam – muftiy Boboxonovlar) shunday aziz kitobni orzu qilib dunyodan o‘tishdi, uni qo‘lda tutish, o‘qish baxti ularga va o‘tmish avlodlarga muyassar bo‘lmadi.

Ma’lumki, muqaddas dinimiz islomga tosh otib, dunyoda islomofobiyani kuchaytirishga intilayotganlar oz emas. G‘arbda Payg‘ambarimizni karikatura – hajviya qilib, obro‘sizlantirishga uringanlarning qilmishlari hammaga ayon. Ana shunday g‘alamislarning xurujlariga bu kitob munosib dalil va hujjatlar bilan javob beradi.

Sharqu G‘arbning eng mashhur siymolari: Mahatma Gandi, Lamartin, Lev Tolstoy, Napoleon Bonapart, Otto Bismark, Karl Marks, Bernard Shou, Shayx Fariduddin Attor, Mavlono Jaloliddin Rumiy, Mir Alisher Navoiy, Abdurauf Fitrat kabi yuzlab davlat va madaniyat arboblarining Payg‘ambarimiz sha’niga aytgan samimiy maqtov so‘zlari kitobxonni to‘lqinlantiradi, fikr doirasini kengaytirib, ruhan yuksaltiradi.

Mazkur qimmatbaho, durdona fikr-mulohazalarni ko‘p yillar davomida bittalab yig‘ib, kitobxonlarga taqdim etgan jahongashta tadbirkor va ma’rifiy loyihalar homiysi Anvarmirzo Xusainovga hamda ushbu kitobni mehru ixlos bilan tarjima qilgan O‘zbekiston xalq shoiri Jamol Kamolga chin yurakdan tashakkurlar aytaman.

Ushbu kitob juda katta adadlarda nashr etilib, yurtimizning har bir xonadoniga, bilim yurtlari, masjidu madrasalarga kirib borsa, bag‘oyat xayrli, savob ish bo‘lur edi.

Amirsaidxon Usmonxo‘jayev,
Xalqaro inson va tabiat ekologiyasi xavfsizligi fanlar akademiyasi muxbir a’zosi, Muftiy Boboxonovlar muzeyi asoschisi

BUYUKLARDAN BUYUK MUHAMMAD
ALAYHISSALOM
07

Bismillohir rahmonir rahim

MUQADDIMA

Har gal hazrati Muhammad, Rasuli akram sallallohu alayhi va sallam haqida so‘z ketganda tarixda misli ko‘rilmagan, na o‘tmish, na hozirda tengi, naziri yo‘q, eng buyuk shaxs, eng mo‘’tabar siymo xususida fikr, mulohaza yuritamiz. Bu shunchaki mahobat emas, ayni haqiqat. Diniy fanatizm va shaxsiy manfaatlarni bir chetga surib, Payg‘ambarimiz (s.a.v.)ning tarjimai hollari, xislat va fazilatlari ila astoydil tanishgan inson bunga o‘zi qat’iy ishonch hosil qiladi. Musulmon bo‘lmagan xorijiy arboblar, olimu allomalarning xolis mushohadayu mulohazalari, e’tiroflari fikrimizga dalildir.

Chunonchi, hindistonlik professor Hasan Ali, Alloh uni rahmat aylasin, «Nuri Islom» jurnalida bosilgan maqolasida brahmanlik diniga mansub bir do‘stining aytganlarini misol qilib keltiradi:«Men islom payg‘ambarini eng buyuk, eng komil inson deb bilaman»,− deydi hind allomasi.

Hasan Ali buning sababini so‘raydi.

«Islom payg‘ambarida shunday xislat va fazilatlar mavjudki, – deydi u, – tarixda biror shaxsda ular shu qadar jamuljam, shu qadar mukammal holatda uchramaydi. U mamlakat hukmdori edi. Hukmdor bo‘lib, kamtar va faqirona hayot kechirar: «Mening hech narsam yo‘q, hamma narsa Allohning izmida», – derdi U. Payg‘ambar saroyiga karvonlar vositasida boyliklar oqib kelar, lekin davlat rahbari va uning ahli oilasi avvalgidek moddiy jihatdan chor-nochor yashar, davlat xazinasiga qo‘l cho‘zmas edi.

Podshohning xonadonida ba’zan kunlar, haftalar bo‘yi o‘choqda o‘t yoqilmas, taom pishirilmas, ko‘pincha och-nahor o‘tirishardi.

U buyuk sarkarda edi. Yaxshi qurollanmagan, oz sonli lashkar bilan tish-tirnog‘igacha qurollangan ko‘p ming sonli qo‘shinlarni tor-mor etgani tarixiy haqiqatdir. U sulhparvar, tinchliksevar inson edi. Minglab sahobalari g‘ayrat-shijoatga to‘lib, jang maydoniga tushishga shay daqiqalarda ham sulhu-saloh yo‘lini tanlagani, dushmanlar bilan yarash bitimiga imzo chekkani tarixdan ma’lum.

U chinakam qahramon edi. Ko‘p ming sonli dushman qo‘shinlari qarshisida o‘zining oz sonli jangchilari bilan necha bor qilt etmay mardonavor turgani buni tasdiqlab turibdi.

U yumshoq ko‘ngilli, bir tomchi ham qon to‘kilishini istamaydigan, g‘oyat mehru shafqatli shaxs edi.

U butun boshliq Arabiston yarim oroli aholisining ahvolini o‘ylab tashvish chekar, lekin shuning barobarida oilasidan hamisha boxabar, ogoh va atrofidagi beva- bechora musulmonlar va g‘ayridinlarga yordam qo‘lini cho‘zishni aslo unutmasdi.

U Tangrini unutganlarni, Allohdan yuz o‘girganlarni to‘g‘ri yo‘lga solishga intilar, bu yo‘lda kuch-g‘ayratini hech ayamasdi.

Bir so‘z bilan aytganda, u dunyo ahlining g‘amini yer, lekin shuning barobarida, moddiy dunyodan ko‘ngil uzib,o‘zini batamom Allohga baxshida etgan edi.

U bu dunyoda yashar, lekin shuning barobarida, dunyodan xorijda edi, sababki, uning qalbi Allohga va Uning xohishiga bog‘langan edi.

U hech qachon o‘zining shaxsiy alami uchun birovdan qasos olmas, dushmanlariga hamisha yaxshilik tilar, ammo Alloh dushmanlarini aslo kechirmas, ularni albatta jazoga tortar edi. U to‘g‘ri yo‘ldan ozganlarni Alloh yo‘liga undar, ularni jahannam azobi ila qo‘rqitardi (azobidan ogohlantirardi). Uni goh tunlari uxlamay ibodat qilguchi taqvodor zohid, goh jasur jangchi qiyofasida ko‘rish mumkin edi.

U ham yuksak aqlu tadbir sohibi bo‘lmish elchi, ham ilohiy nur ila yo‘g‘rilgan payg‘ambar edi. Xalqlar sarvari, mamlakatlar hukmdori bo‘lsa hamki, xurmo yaproqlaridan to‘qilgan dag‘al bo‘yrada yotib, xurmo tolalari bilan to‘ldirilgan yostiqqa bosh qo‘yar edi. Masjid hovlisida Arabistonning turli go‘shalaridan keltirilgan moddiy boyliklar qalashib yotar, ammo U ularga qayrilib boqmas, oilasi nochorlikda kun kechirar edi.

Bir gal qizi Fotima kelib, meshda suv tashish, qo‘l tegirmon − yovurchoqda un tortish unga og‘irlik qilayotganini aytib, bir dastyor, xizmatkor berishni so‘raydi. Shunda ham Payg‘ambar (s.a.v.) xizmatkor qullarni boshqa musulmonlarga tarqatib, qiziga qiyinchiliklarni yengish uchun Xudodan madad so‘raydigan duo o‘qishni o‘rgatish bilan cheklanadi, xolos.

Bir gal sahobalardan hazrati Umar (r.a.) Rasululloh (s.a.v.) xonalariga kirib, yerda xurmo yaprog‘idan to‘qilgan bo‘yra, sopol idishda bir hovuch arpa, devorda mixga osig‘liq meshdan bo‘lak hech narsa ko‘rmaydi. Shunda sahobaning ko‘zlaridan yosh tirqiraydi. Payg‘ambar (s.a.v.) sababini so‘raganda, u deydiki:

«Men nechun yig‘lamay? U yoqda Rum qaysari, bu yoqda Fors shahanshohi Kayxusrav ayshu ishratda yashab, dunyo rohatidan har lahza bahramanddirlar. Allohning Rasuli esa hamma narsadan mosuvo!»

Payg‘ambar alayhissalom savolga savol bilan javob berib, deydilar: «Yo Umar, magar rozi emasmisan, ularga tekkani hayoti fano – o‘tkinchi dunyo, bizga nasib etajagi hayoti baqo – mangu jannatdir?»

Rasululloh (s.a.v.) o‘z sahobalari bilan Makkani fath qilganlarida Abu Sufyon Payg‘ambarning amakisi Abbos bilan yonma-yon turib, vaziyatni ko‘zdan kechirar edi. U hamon mushriklardan biri edi. Arablarning turli qavmlaridan islomni qabul qilib, har tarafdan selday oqib kelayotgan musulmonlarni ko‘rib, u deydi:

«Yo Abbos! Jiyaning chindanam buyuk podshoh bo‘lmish!» Abbos unga e’tiroz etadi: «Yo‘q, bu podshohlik emas, payg‘ambarlik, Allohga elchilik qudrati!»

Adiy at-Toiy, saxovati ila dong taratgan Hotami Toiyning o‘g‘li, Toy qabilasining boshlig‘i bir gal Payg‘ambar (s.a.v.) davrasida hozir edi. Qurollangan sahobalari Payg‘ambar (s.a.v.)ga ayricha izzat-ehtirom ko‘rsatishayotganini ko‘rib: «bu zot chindanam Allohning Rasulimi yoxud shunchaki hukmdormikin», degan xayolga boradi. Shu payt aftoda kiyingan ayol paydo bo‘lib, Payg‘ambar (s.a.v.)ga yuzlanib: «Yo Rasululloh! Sizga aytadigan arzim bor …» − deydi.

«O‘zingga qulay joyda kutib tur, chiqib, arzingni eshitaman», − deydilar Payg‘ambar (s.a.v.). Keyin cho‘rining oldiga chiqib, uning arzini eshitib, mushkulini oson etganiga o‘zgalar qatori Adiy at-Toiy ham shaxsan guvoh bo‘ladi.

Payg‘ambardagi buyuk kamtarlik, xokisorlikni ko‘rib, – U haqiqatga tan beradi, shubhadan forig‘ bo‘lib, nasroniylikdan kechib, kalimayi shahodat keltiradi va musulmon bo‘lib, Rasuli akram sallallohu alayhi va sallam sahobalari qatoriga qo‘shiladi …

Biz shu yo‘sinda ayrim sharqshunos olimlarning payg‘ambarimiz (s.a.v.) haqidagi fikr-mulohazalarini e’tiboringizga havola etishda davom etamiz. Garchi busiz ham biz musulmonlar uchun – U zoti sharif Allohning Rasuli ekanligi kunday ravshan. Ammo ikki sababga ko‘ra, biz shunday yo‘l tutishni lozim ko‘rdik.

Birinchi sabab. Garchi o‘zlarini musulmon deb atasalar-da, ammo amalda musulmonchilikdan yiroq ba’zi kimsalar shoyad bu fikr-mulohazalarni o‘qib, haqiqatga yuz bursalar, Payg‘ambarlari haqida o‘zga din vakillarining fikridan ogoh bo‘lgach, haqiqiy dinu diyonat yo‘liga kirsalar …

Ikkinchi sabab. Musulmon bo‘lmaganlar o‘z tillarida so‘zlaguvchi olimu allomalarning fikru mulohazalarini o‘qib, Payg‘ambarimiz (s.a.v.) shaxsiyatini bor bo‘y-basti, bor haqiqati ila tanib olsalar, ne ajab … Shubhasiz, bu dini islomga tomon tavajjuhning – hurmat va ishonchning ortishiga bois bo‘lgay. Toki ular shu yo‘sinda mustaqil fikr yuritib, oqni qoradan, rostni yolg‘ondan ajratish imkoniga ega bo‘lgaylar. Buning uchun fanatizm va mutaassiblikdan voz kechish zarur. Alloh taolo ularning ko‘ngillariga haqiqat nurini sochib, haqqu rost yo‘lga boshlasin, deb duo qilamiz.

Risolaning to‘liq matnini sahifa yakunida yuklab olib (yuklash uchun kitob ustiga bosing), mutolaa qilishingiz mumkin.

salawat-nabi.jpgJamol Kamol
DIL IZHORI
Janobi Rasuli akram sallallohu alayhi va sallam vasfida muxammas
07

Allohu Karim oshig‘i shaydosi Muhammad,
Rahmonu Rahim mahbubi a’losi Muhammad,
Har nasli bashar orzu, tamannosi Muhammad,
Islom elining mash’ali dunyosi Muhammad,
Rahmat selining dildagi daryosi Muhammad.

Haq hazratimiz toki Muhammadni yaratdi,
E’zozu muhabbat ko‘zini unga qaratdi,
Vahdat nuri, shafqat nurini unga taratdi,
Islom elining mash’ali dunyosi Muhammad,
Rahmat selining dildagi daryosi Muhammad.

Payg‘ambarimiz nur ila, payg‘om ila keldi,
Qur’oni majid bag‘rida ahkom ila keldi,
Imoni ilohiy ila, islom ila keldi,
Islom elining mash’ali dunyosi Muhammad,
Rahmat selining dildagi daryosi Muhammad.

Qur’onu Hadis bandasiga lutfu karamdir,
Insofu adolat so‘zi har satrida jamdir,
Har lahzada yuz martaba takrorlasa, kamdir,
Islom elining mash’ali dunyosi Muhammad,
Rahmat selining dildagi daryosi Muhammad.

Haqtashna yuribmiz, labimiz ho‘lla, Xudoyo,
Bandangni hidoyat yo‘liga yo‘lla, Xudoyo,
Mahsharda Muhammadni O‘zing qo‘lla, Xudoyo,
Islom elining mash’ali dunyosi Muhammad,
Rahmat selining dildagi daryosi Muhammad …

BUYUKLARDAN BUYUK MUHAMMAD
ALAYHISSALOM HIKOYATI
Jamol Kamolning «Anvarmirzo hikoyatlari» kitobidan
07

Amerika yulduzlari orasida Maykl Xart*,
Tadqiqotchi olim edi, adib edi alomat.

Kitob qilish orzusiga tushdi u bir zamoni,
Tanlov qilib buyuklardan yuzta buyuk siymoni …

O‘sha buyuk yuztalikka kimlar edi munosib?
Olim buni tayin etdi uch mezonga muvofiq.

Avval shuki, o‘sha siymo yetmish qaydan – qaygacha?
Ovozasi yetganmidir osmondagi oygacha?

Keyin esa, insonlarga yetkazdi ne manfaat?
Yetkazgan u manfaati yirikmidir, ne adad?

Va nihoyat, ne daraja ehtiromga u loyiq?
Ismin aytib, haligacha yod etarmi xaloyiq?

Shu yo‘sinda siymolarning mingtasini sayladi,
Va ularni birin-birin kompyuterga joyladi.

Buyruq berib, tugmachani bosgan edi badastur,
Mingtasidan besh yuztani tanlab berdi kompyuter.

Besh yuztani joylab tag‘in, bergan edi komanda,
Yuzta buyuk allomaning nomi chiqdi ekranda.

Yuzta buyuk – jahon ahli faxri edi, suyugi,
O‘ylab qoldi, kim ekan deb buyuklarning buyugi?

Aniqla, deb kompyuterga yana farmon berdi Xart,
Ekran aro qalqib chiqdi,«Rasululloh Muhammad».

Ishonmadi, to‘qqiz karra sinov qildi u yana,
«Rasululloh Muhammad deb» yoza berdi mashina.

Adib shunda majbur qolib, qat’iy qadam tashladi.
Kitobini Rasululloh Muhammaddan boshladi.

O‘sha edi buyukligi qiyomiga yetishgan,
Yetimlikdan Payg‘ambarlik maqomiga yetishgan.

O‘sha edi har kalomi insonlarga ma’rifat,
Islom ila yetkazolgan millionlarga manfaat.

O‘sha edi ilmi yashab bashariyat dilida,
Takror erur ismi milyard musulmonning tilida.

Podshoh bo‘lib berdi faqat adolatga amrini
Boy – badavlat millat qildi qashshoq arab qavmini.

Yigirma yil davomida ne nufuzga yetishdi,
Saltanati Chin – Mochindan Andalusga yetishdi.

U tufayli yuraklarda g‘urur edi, iftixor,
Shuning uchun bo‘ldi o‘zi buyuklarga bayroqdor!

Ushbu xolis xulosani yozib e’lon etdi Xart,
Bor dunyoga ayon bo‘ldi quyosh kabi haqiqat.

Dunyo bildi sarvarimiz Yaratganning suyugi –
Rasululloh Muhammaddir buyuklarning buyugi …

23.02.2017

* Maykl Xart tuzgan, insoniyat tarixida o‘chmas iz qoldirgan yuz buyuk siymo ro‘yxatining boshida Muhammad alayhissalom turgani G‘arbdagi ko‘plab o‘quvchilar tomonidan norozilik va tanqidlar bilan kutib olindi. Shu munosabat bilan Maykl Xart kitobga so‘zboshi yozib, unda Muhammadning buyuklardan buyukligini aniqlashda his-tuyg‘ular emas, matematik hisob- kitoblar asos bo‘lganini tushuntiradi. Albatta, Maykl Xart Muhammad Payg‘ambar haqida G‘arbu Sharqning ulug‘ insonlari – Gyote, Lamartin, Bernard Shou, Lev Tolstoy, Olmoniya kansleri Bismark, Hindiston liderlari Gandi va Nerularning eng yuksak e’tiroflarini yaxshi bilgan va bu narsa unga qo‘l kelgan.

Risolaning to‘liq matnini  yuklab olib (yuklash uchun kitob ustiga bosing), mutolaa qilishingiz mumkin.

Buyuklardan buyuk Muhammad alayhissalom

07

(Tashriflar: umumiy 4 510, bugungi 1)

Izoh qoldiring