Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини дунё олимлари якдиллик билан қомусий асар сифатида баҳолашган ва шу билан бирга темурийлар Уйғониш даври ва Бобур мавзуини ёритиш бўйича мукаммал манба деб билишган.
Буробия Ражабова
АМИР ТЕМУРНИНГ ИЛК ТАДҚИҚОТЧИСИ
(“Бобурнома” мисолида)
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини дунё олимлари якдиллик билан қомусий асар сифатида баҳолашган ва шу билан бирга темурийлар Уйғониш даври ва Бобур мавзуини ёритиш бўйича мукаммал манба деб билишган. Асарнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири унда тарихий шахслар, буюк сиймолар, ҳукмдорлар, муҳаддислар, олимлар, ижодкорлар, тарихчилар, санъаткорлар ва оддий инсонлар ҳақида аниқ маълумотлар, изоҳлар, тасвирлар, шарҳлар, умуман, турли даражадаги таништирув характеридаги далилларнинг маҳорат билан келтирилганлигидир. Масалан, биргина Самарқанд тасвирида шаҳар тарихида из қолдирган ўн нафардан зиёд буюк шахслар тилга олинган ва уларнинг фаолиятига доир ишоралар қилинган.
Марказлашган давлат асосчиси, буюк саркарда ва илм-фан, адабиёт, санъат, маданият ҳомийси, темурийлар Уйғониш даври асосчиси Соҳибқирон Амир Темур (1336, Кеш шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи – 1405, Ўтрор шаҳри; Самарқанд шаҳрида дафн этилган) номи, ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ ўттиздан ортиқ тасвир, лавҳа, изоҳларнинг берилиши ҳам ниҳоятда муҳим. Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, Бобур ўз асарида Амир Темур номини отаси Умаршайх Мирзо билан боғлиқ баёнлар муносабати билан тилга олиб, то Деҳли ва Агра шаҳарларида кечган воқеалар тасвиригача у билан бирма-бир таништириб борган. Шунга кўра, Бобурни улуғ бобокалони Амур Темурнинг илк тадқиқотчи ва тарғиботчиларидан бири деб баҳолаш мумкин. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, биз тадқиқ ва талқин қилаётган ўттиздан ортиқ тарихий маълумотлар, лавҳаю тасвирлар асосида Амир Темур ва Бобурнинг ўзаро муштарак томонларининг айрим жиҳатларини адиб Х.Султонов “Бобур”[1] номли бадиасида маҳорат билан ёритиб берган бўлса, “Бобур энциклопедия”сида берилган “Амир Темур”[2] мақолада ҳам “Бобурнома”нинг 37а, 162б, 163а, 224б, 291б, 226б саҳифаларидаги маълумотлар қисман акс этган. Бобуршунос олим Саидбек Ҳасанов томонидан Порсо Шамсиев, Содиқ Мирзаев ва Эйже Мано нашрлари асосида қайта нашрга тайёрланган “Бобурнома”нинг 2002 йилги нашрида илмий-танқидий матн асосида тузилган “Кишилар номлари”[3] кўрсаткичида Бобур ўз асарда Темурбек деб ёзганидек, Темурбек номи билан ўндан ортиқ маълумот санаб кўрсатилган. Айни пайтда, атоқли олимларимиз Н.М.Маллаев ва Б.Валихўжаевлар “Бобурнома”даги тарихий шахслар таърифи ва тасвирига бағишланган тадқиқотларида мустабид давр тақозосига кўра Амир Темурни тилга олмаганларини ҳам қайд этиб ўтиш лозим[4].
Бобурнинг “Бобурнома”да келтирган Соҳибқирон Амир Темурга оид барча маълумоту таништирувларини моҳият эътибори билан бир мақола доирасида қуйидагича тасниф ва талқин қилиш мумкин:
Умаршайх Мирзо, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа темурийларнинг валодат ва насаби билан боғлиқ лавҳаларда сулола ва давлат асосчиси сифатида Амир Темур номи юксак ҳурмат билан тилга олинган тасвирлар. Бобур асар аввалида отасининг валодат ва насабига тўхталар экан, бу фиқрани у ўзгача руҳ, алоҳида меҳр ва соғинчу қўмсаш билан батафсил ёзган, ҳатто, нечанчи ўғил, кимдан катта, кимдан кичиклиги ҳақида ҳам изоҳ ва тушунтириш берган. Умуман, “Бобурнома”нинг Амир Темур ёдга олинган барча ўринларида у анъанавий равишда соҳибқиронни Темурбек номи билан зикр қилган. Аммо темурийлар хонадонига мансуб бўлган ўзининг ва ўзи каби бошқа шаҳзодаларнинг темурийзодалар эканлигини эса тарихий фонда ёрқин ва таъсирли ифодалаш мақсадида баъзи лавҳаларда Бобур “наслидин”, “авлодидин”, “зоду буди”, “хонаводамиз” сўзларини маҳорат билан қўллаб, “Темурбек наслидин”, “Темурбек авлодидин” “Темурбекнинг зоду буди” ёки “Темурбекдек улуғ подшоҳ”, “Темурбекнинг юрти”, “Темурбек авлоди илгида”, “бизнинг хонаводамиз” тарзида ҳам зикр этган. Маълумки, ўз асарида Соҳибқирон Амир Темурни юракка яқин олиб Темурбек номи билан тилга олиниши Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”[5]сида, малик ул-калом Лутфийнинг Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзога атаб ўзбек тилида ёзган мадҳ қасидасида[6], Алишер Навоийнинг “Муншаот”и[7], XVI асрда туркий тилда яратилган Ўтамиш Ҳожи ибн Муҳаммад Дўстийнинг “Ўтамиш Хожи тарихи” асаридаги “Достони Ўғузхон зикрида” ҳам учрайди[8].
Маълум бир бек, умаро тилга олинган ўринларда. “Бобурнома”да Амир Темурдан тарбия, мурувват, ёруғлик кўрган бек, умаро, амалдорлар тўғрисида талайгина қимматли фикрлар мавжуд. Бобур бу каби фикрларини ишонарли қилиб “Темурбек риоят қилғон” деган гап шаклида таъкид оҳангида ишонарли баён қилган. Масалан, отаси Умаршайх Мирзонинг “хавотун ва сарори” ҳақидаги маълумотда онаси Қутлуқ Нигорхонимга алоҳида тўхталар экан, бобоси Юнусхоннинг она томонидан қариндошлиги Шайх Нуриддинбекка бориб боғланиши ҳақида “Юнусхоннинг онаси туркистонлиқ қипчоқ бекларидин Темурбек риоят қилғон Шайх Нуриддинбекнинг қизи ё набираси бўлур”[9], деб ёзади. Султон Аҳмад Мирзонинг олтинчи умароси сифатида кўрсатилган Дарвешбек ҳақида ҳам худди шундай дейди: “Яна бир Дарвешбек эди, Темурбек риоят қилғон Эгу Темурбекнинг наслидин эди. Ҳазрати Хожаға иродати бор эди” (46). Қизиғи шундаки, Бобурнинг Дарвешбек тўғрисидаги мазкур таъкидлари Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг иккинчи мажлисида берилган Дарвешбек ҳақидаги фиқрада “Насаби худ олам аҳлиға зоҳирдур”[10] деб ёзган эътирофли маълумотига мос келади.
Давлат, тахту тож бошқаруви баён қилинган тарихий воқеаларда. “Бобурнома”нинг 1495–1496 йил тафсилотлари баёнида Бобур ўзининг давлат бошқаруви тизими тўғрисида ёзар экан, “Темурия салотини дастури” номли тартиб-қоида ҳақида маълумот беради. У орқали у Амир Темур ва темурийларнинг тахтда, гоҳ шоҳона тўшак (кўрпача) устида ўтириб давлат бошқаргани, кенгаш чақиргани ва элчиларни қабул қилгани каби бошқарув ҳамда маросим усулларидан воқиф бўламиз. Чунончи: “Ул фурсатлар Темурия салотини дастури била тўшак устида ўлтурур эрдим. Ҳамза Султон била Маҳдий Султон ва Мамоқ Султонким келдилар, бу салотиннинг таъзимиға қўпуб тўшакдин тушуб, бу султонлар била кўруштум. Султонларни ўнг қўлда боғишда ўлтурғуздум. Муҳаммад Ҳисорий бошлиқ борча мўғуллар келдилар. Борча мулозаматни ихтиёр қилдилар” (53). Ёки етакчи сифатида тарих майдонига чиққан Бобур “Бобурнома”нинг 1507-1508 йил воқеалари баёнида, яъни Ҳиндистон азимати олдидан ўзи жорий қилган бир сиёсий ислоҳоти, яъни ўзини подшоҳ деб эълон қилиш буйруғи, санаси ҳақида илҳом билан тўхталар экан, шу ўринда Амир Темурни эслайди: “Ушбу тарихқача (913 йил) Темурбекнинг авлодини бовужуди салтанат мирзо дерлар эди, ушбу навбат буюрдумким, мени подшоҳ дегайлар” (160).
Кеш, Самарқанд, Қоракўл (вилоят), Деҳкат (кент), Хуросон (вилоят), Мўлтон (навоҳи), Ҳирот, Қандаҳор, Биҳира (вилоят), Деҳли, Агра каби шаҳар, кенту вилоятлар билан боғлиқ тасвирлар. Табиийки, бу ҳолат тарихан Амир Темур ихтиёрида бўлиб, кейинчалик подшоҳ Бобур тасарруфига ўтган вилоят, юрт, ўлка, шаҳар тасвирларида кўп учрайди. Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, Бобурнинг “Бобурнома”да келтирган шаҳар, вилоятлар тасвирида ва ободлик, фаровонлик йўлида амалга оширган кенг қамровли фаолиятлари, етакчилик салоҳиятлари баёнида Амир Темур, темурийлар ва ўзининг Шарқ Уйғониш даври маданиятининг ажралмас қисми бўлган шаҳарсозлик маданиятига кўрсатган таъсиридан ва улар ҳукмронлиги даврида шаҳарларнинг тараққий топганидан етарлича хабардор бўламиз. Тарихий манбаларда Дилкаш шаҳар деб ном олган Кеш тасвирига диққат қилсак, тасвир орқали Кеш қадимдан Амир Темурнинг аждодлари билан боғлиқ шаҳар эканлиги ва унинг ўзи тузишга бел боғлаган йирик марказлашган давлат учун пойтахт шаҳар танлашдаги билими, маҳорати, тўхтами, қароридан ҳам воқиф бўламиз: “Яна Кеш вилоятидур… Баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва боми ва томи хўб сабз бўлур учун Шаҳрисабз ҳам дерлар. Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун шаҳр ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди. … Чун Кешнинг қобилияти шаҳр (пойтахт шаҳар демоқчи – Б.Р.) бўлмоққа Самарқандча эмас эди. Охир пойтахт учун Темурбек Самарқандни-ўқ ихтиёр қилди” (61). Бобур ушбу маълумотини асарда “Самарқандни Искандар бино қилғондур. Мўғул ва турк улуси Самарқанд дерлар. Темурбек пойтахт қилиб эрди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмас” (59), деб ёзган қимматли маълумоти билан тўлдирган. Бобур ушбу қисқа тасвирида маҳорат билан пойтахт Самарқандни ер юзининг маданий ва маърифий марказларидан бирига айлантирган улуғ бобокалонининг табаррук номини қайта-қайта ёдга олиб, гўё ботини ва зоҳиридаги ғуборлардан халос бўлиб, у улуғ зотга кўрсатган лутфи, чексиз ҳурматига гувоҳ бўламиз. Мазкур ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таниқли матншунос олим В. Раҳмонов Бобур “Бобурнома”да бир неча марта мароқ билан қўллаган “зоду буди” иборасини Кеш ва Андижон тасвири мисолида шарҳлар экан, олим “… Бобур ўзининг туғилиб ўсган шаҳри Андижон эканлигини ҳам шу тарзда ифодалаган”[11], деб алоҳида қайд қилган. Ёки муаллиф Қоракўл шаҳри баёнида Амир Темур барпо қилдирган машҳур боғларидан бири билан “Темурбек дегандурким” дея мамнунияту эътирофини яққол сездириб, Соҳибқиронни шундай таништиради: “Яна Қоракул вилоятидур… Андоқ машҳурдурким, Темурбек дегандурким: менинг бир боғим борким, тули ўттуз йиғачтур” (61).
Бобур “Бобурнома”да Деҳли шаҳрини ўз тасарруфига олиш, эгалик қилиш ва бошқариш тарихини битар экан гапни мозийдан, яъни Деҳли шаҳрининг Амир Темур бошқарувига ўтишидан бошлайди ҳамда лавҳани аниқ қилиб “Деҳли Султон Аловуддиннинг илигида эди. Бу табақа саййидтур. Темурбек Деҳлини олғонда Деҳли ҳукуматини буларнинг оталариға бериб, бориб эди” (196) деб хулосалайди.
Ҳарбий тактика ва бунёдкорлик ишларида ўзининг фаолияти билан боғлиқ қиёсий тасвирларда. Бобур ўзини Ҳусайн Бойқаро ёки бошқа темурий шаҳзодалар билан қиёслаган тарихий тасвирлардан бирига мурожаат қилсак. “Бобурнома”нинг 1503–1504 йил воқеалар баёнида, яъни Кобулда мустақил ҳукумат тузган Бобур Мирзога Султон Ҳусайн Мирзодан Шайбонийхонга қарши туришга ундовчи хабарлар келади. Мактублардан бирида Ҳусайн Бойқаро Бобур Мирзога Коҳмард ва Ажарда ҳарбий истеҳком билан мустаҳкам туриши ҳақида ёзиб юборади. Аммо Ҳусайн Бойқаронинг оқибатини ўйламай тутган ҳарбий тактикаси ва режалари Бобур Мирзога маъқул келмайди ва бу ўринда у огоҳлик билан темурийлар давлати асосчиси бўлган мулкгир Амир Темурни ёдга олади. Яъни “Султон Ҳусайн Мирзонинг бу хатлари мужиби ноумидлик бўлди. Не учунким, Темурбекнинг юртида бу тарихда андин улуғроқ подшоҳ ҳам ёш ва ҳам вилоят ва ҳам черик била йўқ эди”. Яна у “Темурбек ўрниға ўлтурғон” дея фикрларини давом эттириб, ғалабаси, оқибати таъминланмаган ҳарбий юришдан қаттиқ норози бўлганлигини яққол сездириб, шундай тушунтиради: “Султон Ҳусайн Мирзодек Темурбек ўрниға ўлтурғон улуғ подшоҳ ғанимининг устиға юрумакни демай, ер беркитмакни деса, эл ва улусқа, не умидворлиқ қолғай?” (103).
“Бобурнома”да келтирилган бунёдкорлик ишлари билан боғлиқ бир қиёсий тасвирга кўра, Бобур Аграда амалга оширган бир иморатни бино қилишга жалб қилинган тош йўнувчи уста, ҳунармандлар билан улуғ бобокалони бунёд қилган масжид қурилишида қатнашган сангтарошларнинг сони ва иш унумини қиёслар экан, ўзининг бу борада устун жиҳатларини ҳеч иккиланмай “Ҳар иш ва ҳар нима учун жамиъ муқаррар ва муайиндурким, ота-оналаридин бери ул иш ва ул нимани қила келгандурлар. Нечукким, “Зафарнома”да Темурбекнинг “Масжиди сангин” иморатини қилурда мулла Шариф (Али Яздий – Б.Р.) мундоқ муболаға била битибдурким, Озарбайжон ва Форс ва Ҳиндистон ва яна ўзга мамолик сангтарошларидин ҳар кунда икки юз киши масжидда иш қилурлар эди. Бир Аграда ушбу Агранинг сангтарошларидин менинг иморатларимда ҳар кунда олти юз саксон киши иш қилурлар эди” (209), деб дадиллик билан ёзади ва ўз фарзандларини ҳам бу каби хайрли қурилиш ишларига чорлагандек бўлади. Бу қиёсий тасвирнинг биз учун яна бир муҳим жиҳати бор, яъни, биринчидан, Бобур кекса муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг улуғ бобокалони Амир Темур ҳақида 1424-1425 йилларида ёзиб тамомлаган машҳур “Зафарнома” номли мукаммал тарихий асарининг билимдони эканлигига тан берсак, иккинчидан эса Алишер Навоий катта умидлар боғлаган валиаҳд Бадиуззамон Мирзони ҳам улуғ бобокалони Амир Темур тарихидан сабоқ, ибрат олиш мақсадида ва сиёсий ҳушёрлик учун “Зафарнома”ни тез-тез мутолаа қилиб туришга ундаб битган дидактик мактуби[12] ёдимизга тушади.
Самарқанд тахтида алоҳида ҳукумат сурган ва давлат бошқарган темурийлар бирма-бир санаб, изоҳлаб кўрсатилган тарихий ва қизғин жараёнлар тасвирида. Самарқанд тахти ва мамлакат бошқарув тизими билан боғлиқ аниқ воқеалар баёнида Бобур Мирзо Амир Темурнинг Самарқанд тахтига ўтиргандан бошлаб, то ўзигача Самарқанд тахтига ўтирган ва ҳукумат сурган Темурбек, Жаҳонгир Мирзо, Муҳаммад Султон, Улуғбек Мирзо, Абдулатиф Мирзо, Абдулла Мирзо , Абусаид Мирзо, Султон Аҳмад Мирзо, Султон Маҳмуд Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Али Мирзо каби ўн икки нафар темурий ҳукмдорларни номма-ном, тартиб билан санаб кўрсатган, фақат ўзинигина кишилик олмоши “мен” билан “Бойсунқур Мирзодин мен олдим” деб ёзган. Нимагадир Бобур сулоланинг бу каби тарихий маълумотида Самарқанд тахтида беш йил ҳукмронлик қилган ва қайсидир маънода кўнгил ишини мулк ишидан устун қўйган Халил Султонни бу силсилада тилга олмаган, кўрсатмаган. Бундай тартиб билан кўрсатиш, биринчидан, Бобур услубига хос бўлиб, иккинчидан эса у китобхонни 140 йиллик Самарқанд тахти, бошқарув тарихи билан, яъни ўзи “… юз қирқ йилға ёвуқ Самарқанд пойтахти бизнинг хонаводада эди…” (80-бет), деб ёзган эътирофи, изоҳи билан қисқа, аниқ тарзда таништиради.
Амир Темур ва ўзи билан боғлиқ Ҳиндистон тасвирларида. Асарнинг Самарқанд тасвирида Бобур Ҳиндистондан келтирилган сангтарошлар ва номаълум рассом томонидан Дилкушо боғида қурилган кўшк деворларига санъаткорона чизилган сурат ҳақидаги кузатишлари асосида ёзган қизиқарли маълумотга эга бўламиз: “Темурбекнинг ва Улуғбек Мирзонинг иморати ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур… Яна Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир масжиди жумъа солибтур, сангин, аксар Ҳиндистондин элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар… Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдурубтур, ул кўшкта Темурбекнинг Ҳиндистон урушини тасвир қилибтурлар…” (59).
Ёки асарда берилган “Деҳкат Ўратепанинг кўҳпоя кентларидиндур, улуғ тоғнинг тубида тушубтур, бу тоғдин ўтгач, Масчо бўлур… Мен бир калонтарининг уйига туштим, қари киши эди, олтмиш-етмишда бор эди, вале онаси ҳануз бор эди. Хейли умр топқан хотун эди, юз ўн бир ёшта эди. Темурбек Ҳиндустонға кирганда бу хотуннинг уруқ-қаёшидин бири ул черикка бориб экандур. Ул хотирида бор эди, ҳикоят қилур эди” (87), деган. Бобур маълумотида ўзининг Деҳкатда кечган сарсону саргардон кунлари ҳақида ёзар экан, Амир Темур ҳақидаги изоҳни воқеа ичида воқеа шаклида тилга олган. Яъники, 111 ёшга кирган онахон ҳақидаги ҳайратомуз фикрларини битар экан, унинг хотиралари асосида Амир Темурнинг Шимолий Ҳиндистонга қилган ҳарбий юриши ва бу юришда 111 ёшни қаршилаган онахоннинг қариндошларидан бири аскар сифатида қатнашганини алоҳида мароқ ва кўнглидан кечган Ҳиндистон салтанати орзуси билан ёзганлигини сезиш мумкин. Демак, онахон Амир Темурнинг Шимолий Ҳиндистонга уюштирган ҳарбий юриши ҳақида айтган ҳаётий ҳикояси билан олдинни кўзловчи Бобур диққатини ўзига жалб қилган.
“Бобурнома”да берилган Ҳиндистон тасвирларида Шимолий Ҳиндистонни ўз ихтиёрига олиб, янги ҳаёт бахш этган ҳукмдор сифатида Амир Темурни тилга олади: “Темурбек Ҳиндистонга кириб чиққани(дин) бери бу неча вилоятким, Бҳира ва Ҳушоб ва Чаноб ва Чиниват бўлғай, Темурбекнинг авлодининг тавобиъ ва лавоҳиқи тасарруфида эди” (166). Бобур мазкур маълумотида сабабсиз “Темурбек авлодининг тавобиъ ва лавоҳиқи тасарруфида эди”, деб ёзмаган. Чунки бу маълумоти билан у Ҳиндистон салтанатига нисбатан ўзининг ворисийлик ҳуқуқи борлигига дадил ишора қилган ва меросхўр темурий ҳукмдор сифатида “элчиликка таъйин қилиб бир қарчиғай йибориб, қадимий туркка тааллуқ вилоятларни тиладук”, деб талабларини ёзиб жўнатган расмий элчилари ҳақида ҳам хабарлар битиб қолдирган. Аммо ушбу тасвирда Бобур Амир Темурнинг Ҳиндистон салтанатида ўзи каби муқим қолмаганига ҳам диққат қилган ва ўзининг муддаосини матнда усталик билан қўллаган “кириб чиққан” (кирди-чиқди) жуфт сўзлари воситасида ифодалаб берган. П.Қаюмов ҳам ўзининг “Хўқанд тарихи ва адабиёти” китобида “Шоир ва адиб Бобур” фиқрасида уни “Ҳиндистонда темурийлар давлатини таъсис этди”[13] деб таъкидлайди.
Умуман, Бобур “Бобурнома”да келтирган Соҳибқирон Амир Темурга оид тарихий маълумотлар, тасвиру лавҳалардан шундай хулоса қилиш мумкинки, биринчидан, Бобур Амир Темур билан фахрланган ва темурийларнинг тарихини яхши ўрганган, билган ҳамда ана шу билганларини ёрқин ва таъсирли тарзда ифодалаган, иккинчидан эса даврдаги яқинлик сабаб буюк шахслар бир-бирларини руҳан, қалбан яхши ҳис қилгани каби шоҳ ва шоир Бобур ҳамда улуғ бобокалони Амир Темур ўртасида юз йилга яқин тарихий масофа бўлса-да, у Амир Темурни ҳар томонлама тўла ҳис қилган ҳамда у каби сиёсий ҳушёр ҳукмдор бўлишга интилган. Бобурнинг илмий аҳамиятга молик бўлган ўттиздан ортиқ ушбу тарихий маълумоту лавҳалари келажакда Амир Темур ҳамда ўзи тўғрисида кўплаб илмий тадқиқотлар ва ижодий асарларнинг яратилишига туртки ва замин бўлиши шубҳасиз.
____________________________
[1] Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси. Тошкент: Шарқ, 2014. 118–133-бетлар.
[2] Ўша энциклопедия. 36–40-бетлар.
[3] Ўша энциклопедия. 289-бет.
[4] М а л л а е в Н. Бобурнома // Ўзбек адабиёти тарихи. Тошкент: Ўқитувчи, 1976. 593-609-бетлар; В а л и х ў ж а е в Б. Бобурнинг прозаик асарлари // Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 3-жилд. Тошкент: Фан, 1978. 64-67-бетлар.
[5] Ш а р а ф и д д и н А л и Я з д и й. Зафарнома. Тошкент: Шарқ, 1997. 171-бет.
[6] Л у т ф и й. Девон. Нашрга тайёрловчи С.Эркинов. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2012. 18–19-бетлар.
[7] Р а ж а б о в а Б. Алишер Навоий ижодида Амир Темурга оид маълумотлар // Ўзбек тили ва адабиёти, 2016, 1-сон. 42–48–бетлар.
[8] Ў т а м и ш Ҳ о ж и и б н М у ҳ а м м а д Д ў с т и й. Ўтамиш Ҳожи тарихи (нашрга тайёрловчи ва изоҳларни тузувчи Ғулом Карим). Тошкент: Ўзбекистон, 2009. 40-41-бетлар.
[9] З а ҳ и р и д д и н М у ҳ а м м а д Б о б у р. Тошкент: Шарқ, 2002. 39-бет. Бундан кейин мазкур асарга мурожаат қилинганда саҳифаси қавс ичида кўрсатилади.
[10] А л и ш е р Н а в о и й. Мажолис ун-нафоис // Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 13-жилд. Тошкент: Фан, 1997. 67-бет.
[11] Ўша энциклопедия. 258-259-бетлар.
[12] А л и ш е р Н а в о и й. Муншаот // Мукаммал асарлар тўплами. 14-жилд. Тошкент: Фан, 1998. 187-бет.
[13] Қ а ю м о в П. Қўқон тарихи ва адабиёти.Тошкент: Тамаддун, 2011. 44-бет.
Zahiriddin Muhammad Boburning “Boburnoma” asarini dunyo olimlari yakdillik bilan qomusiy asar sifatida baholashgan va shu bilan birga temuriylar Uyg‘onish davri va Bobur mavzuini yoritish bo‘yicha mukammal manba deb bilishgan.
Burobiya Rajabova
AMIR TЕMURNING ILK TADQIQOTCHISI
(«Boburnoma» misolida)
Zahiriddin Muhammad Boburning “Boburnoma” asarini dunyo olimlari yakdillik bilan qomusiy asar sifatida baholashgan va shu bilan birga temuriylar Uyg‘onish davri va Bobur mavzuini yoritish bo‘yicha mukammal manba deb bilishgan. Asarning o‘ziga xos muhim jihatlaridan biri unda tarixiy shaxslar, buyuk siymolar, hukmdorlar, muhaddislar, olimlar, ijodkorlar, tarixchilar, san’atkorlar va oddiy insonlar haqida aniq ma’lumotlar, izohlar, tasvirlar, sharhlar, umuman, turli darajadagi tanishtiruv xarakteridagi dalillarning mahorat bilan keltirilganligidir. Masalan, birgina Samarqand tasvirida shahar tarixida iz qoldirgan o‘n nafardan ziyod buyuk shaxslar tilga olingan va ularning faoliyatiga doir ishoralar qilingan.
Markazlashgan davlat asoschisi, buyuk sarkarda va ilm-fan, adabiyot, san’at, madaniyat homiysi, temuriylar Uyg‘onish davri asoschisi Sohibqiron Amir Temur (1336, Kesh shahri yaqinidagi Xoja Ilg‘or qishlog‘i – 1405, O‘tror shahri; Samarqand shahrida dafn etilgan) nomi, hayoti, faoliyati bilan bog‘liq o‘ttizdan ortiq tasvir, lavha, izohlarning berilishi ham nihoyatda muhim. Kuzatishlarimiz shuni ko‘rsatadiki, Bobur o‘z asarida Amir Temur nomini otasi Umarshayx Mirzo bilan bog‘liq bayonlar munosabati bilan tilga olib, to Dehli va Agra shaharlarida kechgan voqealar tasvirigacha u bilan birma-bir tanishtirib borgan. Shunga ko‘ra, Boburni ulug‘ bobokaloni Amur Temurning ilk tadqiqotchi va targ‘ibotchilaridan biri deb baholash mumkin. Shu o‘rinda ta’kidlash joizki, biz tadqiq va talqin qilayotgan o‘ttizdan ortiq tarixiy ma’lumotlar, lavhayu tasvirlar asosida Amir Temur va Boburning o‘zaro mushtarak tomonlarining ayrim jihatlarini adib X.Sultonov “Bobur”[1] nomli badiasida mahorat bilan yoritib bergan bo‘lsa, “Bobur entsiklopediya”sida berilgan “Amir Temur”[2] maqolada ham “Boburnoma”ning 37a, 162b, 163a, 224b, 291b, 226b sahifalaridagi ma’lumotlar qisman aks etgan. Boburshunos olim Saidbek Hasanov tomonidan Porso Shamsiyev, Sodiq Mirzayev va Eyje Mano nashrlari asosida qayta nashrga tayyorlangan “Boburnoma”ning 2002 yilgi nashrida ilmiy-tanqidiy matn asosida tuzilgan “Kishilar nomlari”[3] ko‘rsatkichida Bobur o‘z asarda Temurbek deb yozganidek, Temurbek nomi bilan o‘ndan ortiq ma’lumot sanab ko‘rsatilgan. Ayni paytda, atoqli olimlarimiz N.M.Mallayev va B.Valixo‘jayevlar “Boburnoma”dagi tarixiy shaxslar ta’rifi va tasviriga bag‘ishlangan tadqiqotlarida mustabid davr taqozosiga ko‘ra Amir Temurni tilga olmaganlarini ham qayd etib o‘tish lozim[4].
Boburning “Boburnoma”da keltirgan Sohibqiron Amir Temurga oid barcha ma’lumotu tanishtiruvlarini mohiyat e’tibori bilan bir maqola doirasida quyidagicha tasnif va talqin qilish mumkin:
Umarshayx Mirzo, Husayn Boyqaro va boshqa temuriylarning valodat va nasabi bilan bog‘liq lavhalarda sulola va davlat asoschisi sifatida Amir Temur nomi yuksak hurmat bilan tilga olingan tasvirlar. Bobur asar avvalida otasining valodat va nasabiga to‘xtalar ekan, bu fiqrani u o‘zgacha ruh, alohida mehr va sog‘inchu qo‘msash bilan batafsil yozgan, hatto, nechanchi o‘g‘il, kimdan katta, kimdan kichikligi haqida ham izoh va tushuntirish bergan. Umuman, “Boburnoma”ning Amir Temur yodga olingan barcha o‘rinlarida u an’anaviy ravishda sohibqironni Temurbek nomi bilan zikr qilgan. Ammo temuriylar xonadoniga mansub bo‘lgan o‘zining va o‘zi kabi boshqa shahzodalarning temuriyzodalar ekanligini esa tarixiy fonda yorqin va ta’sirli ifodalash maqsadida ba’zi lavhalarda Bobur “naslidin”, “avlodidin”, “zodu budi”, “xonavodamiz” so‘zlarini mahorat bilan qo‘llab, “Temurbek naslidin”, “Temurbek avlodidin” “Temurbekning zodu budi” yoki “Temurbekdek ulug‘ podshoh”, “Temurbekning yurti”, “Temurbek avlodi ilgida”, “bizning xonavodamiz” tarzida ham zikr etgan. Ma’lumki, o‘z asarida Sohibqiron Amir Temurni yurakka yaqin olib Temurbek nomi bilan tilga olinishi Sharafiddin Ali Yazdiy “Zafarnoma”[5]sida, malik ul-kalom Lutfiyning Amir Temurning to‘rtinchi o‘g‘li Shohrux Mirzoga atab o‘zbek tilida yozgan madh qasidasida[6], Alisher Navoiyning “Munshaot”i[7], XVI asrda turkiy tilda yaratilgan O‘tamish Hoji ibn Muhammad Do‘stiyning “O‘tamish Xoji tarixi” asaridagi “Dostoni O‘g‘uzxon zikrida” ham uchraydi[8].
Ma’lum bir bek, umaro tilga olingan o‘rinlarda. “Boburnoma”da Amir Temurdan tarbiya, muruvvat, yorug‘lik ko‘rgan bek, umaro, amaldorlar to‘g‘risida talaygina qimmatli fikrlar mavjud. Bobur bu kabi fikrlarini ishonarli qilib “Temurbek rioyat qilg‘on” degan gap shaklida ta’kid ohangida ishonarli bayon qilgan. Masalan, otasi Umarshayx Mirzoning “xavotun va sarori” haqidagi ma’lumotda onasi Qutluq Nigorxonimga alohida to‘xtalar ekan, bobosi Yunusxonning ona tomonidan qarindoshligi Shayx Nuriddinbekka borib bog‘lanishi haqida “Yunusxonning onasi turkistonliq qipchoq beklaridin Temurbek rioyat qilg‘on Shayx Nuriddinbekning qizi yo nabirasi bo‘lur”[9], deb yozadi. Sulton Ahmad Mirzoning oltinchi umarosi sifatida ko‘rsatilgan Darveshbek haqida ham xuddi shunday deydi: “Yana bir Darveshbek edi, Temurbek rioyat qilg‘on Egu Temurbekning naslidin edi. Hazrati Xojag‘a irodati bor edi” (46). Qizig‘i shundaki, Boburning Darveshbek to‘g‘risidagi mazkur ta’kidlari Alisher Navoiyning “Majolis un-nafois” tazkirasining ikkinchi majlisida berilgan Darveshbek haqidagi fiqrada “Nasabi xud olam ahlig‘a zohirdur”[10] deb yozgan e’tirofli ma’lumotiga mos keladi.
Davlat, taxtu toj boshqaruvi bayon qilingan tarixiy voqealarda. “Boburnoma”ning 1495–1496 yil tafsilotlari bayonida Bobur o‘zining davlat boshqaruvi tizimi to‘g‘risida yozar ekan, “Temuriya salotini dasturi” nomli tartib-qoida haqida ma’lumot beradi. U orqali u Amir Temur va temuriylarning taxtda, goh shohona to‘shak (ko‘rpacha) ustida o‘tirib davlat boshqargani, kengash chaqirgani va elchilarni qabul qilgani kabi boshqaruv hamda marosim usullaridan voqif bo‘lamiz. Chunonchi: “Ul fursatlar Temuriya salotini dasturi bila to‘shak ustida o‘lturur erdim. Hamza Sulton bila Mahdiy Sulton va Mamoq Sultonkim keldilar, bu salotinning ta’zimig‘a qo‘pub to‘shakdin tushub, bu sultonlar bila ko‘rushtum. Sultonlarni o‘ng qo‘lda bog‘ishda o‘lturg‘uzdum. Muhammad Hisoriy boshliq borcha mo‘g‘ullar keldilar. Borcha mulozamatni ixtiyor qildilar” (53). Yoki yetakchi sifatida tarix maydoniga chiqqan Bobur “Boburnoma”ning 1507-1508 yil voqealari bayonida, ya’ni Hindiston azimati oldidan o‘zi joriy qilgan bir siyosiy islohoti, ya’ni o‘zini podshoh deb e’lon qilish buyrug‘i, sanasi haqida ilhom bilan to‘xtalar ekan, shu o‘rinda Amir Temurni eslaydi: “Ushbu tarixqacha (913 yil) Temurbekning avlodini bovujudi saltanat mirzo derlar edi, ushbu navbat buyurdumkim, meni podshoh degaylar” (160).
Kesh, Samarqand, Qorako‘l (viloyat), Dehkat (kent), Xuroson (viloyat), Mo‘lton (navohi), Hirot, Qandahor, Bihira (viloyat), Dehli, Agra kabi shahar, kentu viloyatlar bilan bog‘liq tasvirlar. Tabiiyki, bu holat tarixan Amir Temur ixtiyorida bo‘lib, keyinchalik podshoh Bobur tasarrufiga o‘tgan viloyat, yurt, o‘lka, shahar tasvirlarida ko‘p uchraydi. Shuni mamnuniyat bilan ta’kidlash lozimki, Boburning “Boburnoma”da keltirgan shahar, viloyatlar tasvirida va obodlik, farovonlik yo‘lida amalga oshirgan keng qamrovli faoliyatlari, yetakchilik salohiyatlari bayonida Amir Temur, temuriylar va o‘zining Sharq Uyg‘onish davri madaniyatining ajralmas qismi bo‘lgan shaharsozlik madaniyatiga ko‘rsatgan ta’siridan va ular hukmronligi davrida shaharlarning taraqqiy topganidan yetarlicha xabardor bo‘lamiz. Tarixiy manbalarda Dilkash shahar deb nom olgan Kesh tasviriga diqqat qilsak, tasvir orqali Kesh qadimdan Amir Temurning ajdodlari bilan bog‘liq shahar ekanligi va uning o‘zi tuzishga bel bog‘lagan yirik markazlashgan davlat uchun poytaxt shahar tanlashdagi bilimi, mahorati, to‘xtami, qaroridan ham voqif bo‘lamiz: “Yana Kesh viloyatidur… Bahorlar sahrosi va shahri va bomi va tomi xo‘b sabz bo‘lur uchun Shahrisabz ham derlar. Temurbekning zodu budi Keshdin uchun shahr va poytaxt qilurig‘a ko‘p sa’y va ehtimomlar qildi. … Chun Keshning qobiliyati shahr (poytaxt shahar demoqchi – B.R.) bo‘lmoqqa Samarqandcha emas edi. Oxir poytaxt uchun Temurbek Samarqandni-o‘q ixtiyor qildi” (61). Bobur ushbu ma’lumotini asarda “Samarqandni Iskandar bino qilg‘ondur. Mo‘g‘ul va turk ulusi Samarqand derlar. Temurbek poytaxt qilib erdi. Temurbekdin burun Temurbekdek ulug‘ podshoh Samarqandni poytaxt qilg‘on emas” (59), deb yozgan qimmatli ma’lumoti bilan to‘ldirgan. Bobur ushbu qisqa tasvirida mahorat bilan poytaxt Samarqandni yer yuzining madaniy va ma’rifiy markazlaridan biriga aylantirgan ulug‘ bobokalonining tabarruk nomini qayta-qayta yodga olib, go‘yo botini va zohiridagi g‘uborlardan xalos bo‘lib, u ulug‘ zotga ko‘rsatgan lutfi, cheksiz hurmatiga guvoh bo‘lamiz. Mazkur o‘rinda shuni alohida ta’kidlash kerakki, taniqli matnshunos olim V. Rahmonov Bobur “Boburnoma”da bir necha marta maroq bilan qo‘llagan “zodu budi” iborasini Kesh va Andijon tasviri misolida sharhlar ekan, olim “… Bobur o‘zining tug‘ilib o‘sgan shahri Andijon ekanligini ham shu tarzda ifodalagan”[11], deb alohida qayd qilgan. Yoki muallif Qorako‘l shahri bayonida Amir Temur barpo qildirgan mashhur bog‘laridan biri bilan “Temurbek degandurkim” deya mamnuniyatu e’tirofini yaqqol sezdirib, Sohibqironni shunday tanishtiradi: “Yana Qorakul viloyatidur… Andoq mashhurdurkim, Temurbek degandurkim: mening bir bog‘im borkim, tuli o‘ttuz yig‘achtur” (61).
Bobur “Boburnoma”da Dehli shahrini o‘z tasarrufiga olish, egalik qilish va boshqarish tarixini bitar ekan gapni moziydan, ya’ni Dehli shahrining Amir Temur boshqaruviga o‘tishidan boshlaydi hamda lavhani aniq qilib “Dehli Sulton Alovuddinning iligida edi. Bu tabaqa sayyidtur. Temurbek Dehlini olg‘onda Dehli hukumatini bularning otalarig‘a berib, borib edi” (196) deb xulosalaydi.
Harbiy taktika va bunyodkorlik ishlarida o‘zining faoliyati bilan bog‘liq qiyosiy tasvirlarda. Bobur o‘zini Husayn Boyqaro yoki boshqa temuriy shahzodalar bilan qiyoslagan tarixiy tasvirlardan biriga murojaat qilsak. “Boburnoma”ning 1503–1504 yil voqealar bayonida, ya’ni Kobulda mustaqil hukumat tuzgan Bobur Mirzoga Sulton Husayn Mirzodan Shayboniyxonga qarshi turishga undovchi xabarlar keladi. Maktublardan birida Husayn Boyqaro Bobur Mirzoga Kohmard va Ajarda harbiy istehkom bilan mustahkam turishi haqida yozib yuboradi. Ammo Husayn Boyqaroning oqibatini o‘ylamay tutgan harbiy taktikasi va rejalari Bobur Mirzoga ma’qul kelmaydi va bu o‘rinda u ogohlik bilan temuriylar davlati asoschisi bo‘lgan mulkgir Amir Temurni yodga oladi. Ya’ni “Sulton Husayn Mirzoning bu xatlari mujibi noumidlik bo‘ldi. Ne uchunkim, Temurbekning yurtida bu tarixda andin ulug‘roq podshoh ham yosh va ham viloyat va ham cherik bila yo‘q edi”. Yana u “Temurbek o‘rnig‘a o‘lturg‘on” deya fikrlarini davom ettirib, g‘alabasi, oqibati ta’minlanmagan harbiy yurishdan qattiq norozi bo‘lganligini yaqqol sezdirib, shunday tushuntiradi: “Sulton Husayn Mirzodek Temurbek o‘rnig‘a o‘lturg‘on ulug‘ podshoh g‘animining ustig‘a yurumakni demay, yer berkitmakni desa, el va ulusqa, ne umidvorliq qolg‘ay?” (103).
“Boburnoma”da keltirilgan bunyodkorlik ishlari bilan bog‘liq bir qiyosiy tasvirga ko‘ra, Bobur Agrada amalga oshirgan bir imoratni bino qilishga jalb qilingan tosh yo‘nuvchi usta, hunarmandlar bilan ulug‘ bobokaloni bunyod qilgan masjid qurilishida qatnashgan sangtaroshlarning soni va ish unumini qiyoslar ekan, o‘zining bu borada ustun jihatlarini hech ikkilanmay “Har ish va har nima uchun jami’ muqarrar va muayindurkim, ota-onalaridin beri ul ish va ul nimani qila kelgandurlar. Nechukkim, “Zafarnoma”da Temurbekning “Masjidi sangin” imoratini qilurda mulla Sharif (Ali Yazdiy – B.R.) mundoq mubolag‘a bila bitibdurkim, Ozarbayjon va Fors va Hindiston va yana o‘zga mamolik sangtaroshlaridin har kunda ikki yuz kishi masjidda ish qilurlar edi. Bir Agrada ushbu Agraning sangtaroshlaridin mening imoratlarimda har kunda olti yuz sakson kishi ish qilurlar edi” (209), deb dadillik bilan yozadi va o‘z farzandlarini ham bu kabi xayrli qurilish ishlariga chorlagandek bo‘ladi. Bu qiyosiy tasvirning biz uchun yana bir muhim jihati bor, ya’ni, birinchidan, Bobur keksa muarrix Sharafiddin Ali Yazdiyning ulug‘ bobokaloni Amir Temur haqida 1424-1425 yillarida yozib tamomlagan mashhur “Zafarnoma” nomli mukammal tarixiy asarining bilimdoni ekanligiga tan bersak, ikkinchidan esa Alisher Navoiy katta umidlar bog‘lagan valiahd Badiuzzamon Mirzoni ham ulug‘ bobokaloni Amir Temur tarixidan saboq, ibrat olish maqsadida va siyosiy hushyorlik uchun “Zafarnoma”ni tez-tez mutolaa qilib turishga undab bitgan didaktik maktubi[12] yodimizga tushadi.
Samarqand taxtida alohida hukumat surgan va davlat boshqargan temuriylar birma-bir sanab, izohlab ko‘rsatilgan tarixiy va qizg‘in jarayonlar tasvirida. Samarqand taxti va mamlakat boshqaruv tizimi bilan bog‘liq aniq voqealar bayonida Bobur Mirzo Amir Temurning Samarqand taxtiga o‘tirgandan boshlab, to o‘zigacha Samarqand taxtiga o‘tirgan va hukumat surgan Temurbek, Jahongir Mirzo, Muhammad Sulton, Ulug‘bek Mirzo, Abdulatif Mirzo, Abdulla Mirzo , Abusaid Mirzo, Sulton Ahmad Mirzo, Sulton Mahmud Mirzo, Boysunqur Mirzo, Ali Mirzo kabi o‘n ikki nafar temuriy hukmdorlarni nomma-nom, tartib bilan sanab ko‘rsatgan, faqat o‘zinigina kishilik olmoshi “men” bilan “Boysunqur Mirzodin men oldim” deb yozgan. Nimagadir Bobur sulolaning bu kabi tarixiy ma’lumotida Samarqand taxtida besh yil hukmronlik qilgan va qaysidir ma’noda ko‘ngil ishini mulk ishidan ustun qo‘ygan Xalil Sultonni bu silsilada tilga olmagan, ko‘rsatmagan. Bunday tartib bilan ko‘rsatish, birinchidan, Bobur uslubiga xos bo‘lib, ikkinchidan esa u kitobxonni 140 yillik Samarqand taxti, boshqaruv tarixi bilan, ya’ni o‘zi “… yuz qirq yilg‘a yovuq Samarqand poytaxti bizning xonavodada edi…” (80-bet), deb yozgan e’tirofi, izohi bilan qisqa, aniq tarzda tanishtiradi.
Amir Temur va o‘zi bilan bog‘liq Hindiston tasvirlarida. Asarning Samarqand tasvirida Bobur Hindistondan keltirilgan sangtaroshlar va noma’lum rassom tomonidan Dilkusho bog‘ida qurilgan ko‘shk devorlariga san’atkorona chizilgan surat haqidagi kuzatishlari asosida yozgan qiziqarli ma’lumotga ega bo‘lamiz: “Temurbekning va Ulug‘bek Mirzoning imorati va bog‘oti Samarqand mahallotida ko‘ptur… Yana Ohanin darvozasig‘a yovuq qal’aning ichida bir masjidi jum’a solibtur, sangin, aksar Hindistondin eltgan sangtaroshlar anda ish qilibturlar… Dilkushoda ham ulug‘ ko‘shk soldurubtur, ul ko‘shkta Temurbekning Hindiston urushini tasvir qilibturlar…” (59). Yoki asarda berilgan “Dehkat O‘ratepaning ko‘hpoya kentlaridindur, ulug‘ tog‘ning tubida tushubtur, bu tog‘din o‘tgach, Mascho bo‘lur… Men bir kalontarining uyiga tushtim, qari kishi edi, oltmish-etmishda bor edi, vale onasi hanuz bor edi. Xeyli umr topqan xotun edi, yuz o‘n bir yoshta edi. Temurbek Hindustong‘a kirganda bu xotunning uruq-qayoshidin biri ul cherikka borib ekandur. Ul xotirida bor edi, hikoyat qilur edi” (87), degan. Bobur ma’lumotida o‘zining Dehkatda kechgan sarsonu sargardon kunlari haqida yozar ekan, Amir Temur haqidagi izohni voqea ichida voqea shaklida tilga olgan. Ya’niki, 111 yoshga kirgan onaxon haqidagi hayratomuz fikrlarini bitar ekan, uning xotiralari asosida Amir Temurning Shimoliy Hindistonga qilgan harbiy yurishi va bu yurishda 111 yoshni qarshilagan onaxonning qarindoshlaridan biri askar sifatida qatnashganini alohida maroq va ko‘nglidan kechgan Hindiston saltanati orzusi bilan yozganligini sezish mumkin. Demak, onaxon Amir Temurning Shimoliy Hindistonga uyushtirgan harbiy yurishi haqida aytgan hayotiy hikoyasi bilan oldinni ko‘zlovchi Bobur diqqatini o‘ziga jalb qilgan. “Boburnoma”da berilgan Hindiston tasvirlarida Shimoliy Hindistonni o‘z ixtiyoriga olib, yangi hayot baxsh etgan hukmdor sifatida Amir Temurni tilga oladi: “Temurbek Hindistonga kirib chiqqani(din) beri bu necha viloyatkim, Bhira va Hushob va Chanob va Chinivat bo‘lg‘ay, Temurbekning avlodining tavobi’ va lavohiqi tasarrufida edi” (166). Bobur mazkur ma’lumotida sababsiz “Temurbek avlodining tavobi’ va lavohiqi tasarrufida edi”, deb yozmagan. Chunki bu ma’lumoti bilan u Hindiston saltanatiga nisbatan o‘zining vorisiylik huquqi borligiga dadil ishora qilgan va merosxo‘r temuriy hukmdor sifatida “elchilikka ta’yin qilib bir qarchig‘ay yiborib, qadimiy turkka taalluq viloyatlarni tiladuk”, deb talablarini yozib jo‘natgan rasmiy elchilari haqida ham xabarlar bitib qoldirgan. Ammo ushbu tasvirda Bobur Amir Temurning Hindiston saltanatida o‘zi kabi muqim qolmaganiga ham diqqat qilgan va o‘zining muddaosini matnda ustalik bilan qo‘llagan “kirib chiqqan” (kirdi-chiqdi) juft so‘zlari vositasida ifodalab bergan. P.Qayumov ham o‘zining “Xo‘qand tarixi va adabiyoti” kitobida “Shoir va adib Bobur” fiqrasida uni “Hindistonda temuriylar davlatini ta’sis etdi”[13] deb ta’kidlaydi.
Umuman, Bobur “Boburnoma”da keltirgan Sohibqiron Amir Temurga oid tarixiy ma’lumotlar, tasviru lavhalardan shunday xulosa qilish mumkinki, birinchidan, Bobur Amir Temur bilan faxrlangan va temuriylarning tarixini yaxshi o‘rgangan, bilgan hamda ana shu bilganlarini yorqin va ta’sirli tarzda ifodalagan, ikkinchidan esa davrdagi yaqinlik sabab buyuk shaxslar bir-birlarini ruhan, qalban yaxshi his qilgani kabi shoh va shoir Bobur hamda ulug‘ bobokaloni Amir Temur o‘rtasida yuz yilga yaqin tarixiy masofa bo‘lsa-da, u Amir Temurni har tomonlama to‘la his qilgan hamda u kabi siyosiy hushyor hukmdor bo‘lishga intilgan. Boburning ilmiy ahamiyatga molik bo‘lgan o‘ttizdan ortiq ushbu tarixiy ma’lumotu lavhalari kelajakda Amir Temur hamda o‘zi to‘g‘risida ko‘plab ilmiy tadqiqotlar va ijodiy asarlarning yaratilishiga turtki va zamin bo‘lishi shubhasiz.
____________________________
[1] Zahiriddin Muhammad Bobur entsiklopediyasi. Toshkent: Sharq, 2014. 118–133-betlar.
[2] O‘sha entsiklopediya. 36–40-betlar.
[3] O‘sha entsiklopediya. 289-bet.
[4] M a l l a ye v N. Boburnoma // O‘zbek adabiyoti tarixi. Toshkent: O‘qituvchi, 1976. 593-609-betlar; V a l i x o‘ j a ye v B. Boburning prozaik asarlari // O‘zbek adabiyoti tarixi. Besh jildlik. 3-jild. Toshkent: Fan, 1978. 64-67-betlar.
[5] Sh a r a f i d d i n A l i Ya z d i y. Zafarnoma. Toshkent: Sharq, 1997. 171-bet.
[6] L u t f i y. Devon. Nashrga tayyorlovchi S.Erkinov. Toshkent: G‘afur G‘ulom nomidagi nashriyot-matbaa ijodiy uyi, 2012. 18–19-betlar.
[7] R a j a b o v a B. Alisher Navoiy ijodida Amir Temurga oid ma’lumotlar // O‘zbek tili va adabiyoti, 2016, 1-son. 42–48–betlar.
[8] O‘ t a m i sh H o j i i b n M u h a m m a d D o‘ s t i y. O‘tamish Hoji tarixi (nashrga tayyorlovchi va izohlarni tuzuvchi G‘ulom Karim). Toshkent: O‘zbekiston, 2009. 40-41-betlar.
[9] Z a h i r i d d i n M u h a m m a d B o b u r. Toshkent: Sharq, 2002. 39-bet. Bundan keyin mazkur asarga murojaat qilinganda sahifasi qavs ichida ko‘rsatiladi.
[10] A l i sh ye r N a v o i y. Majolis un-nafois // Mukammal asarlar to‘plami. Yigirma jildlik. 13-jild. Toshkent: Fan, 1997. 67-bet.
[11] O‘sha entsiklopediya. 258-259-betlar.
[12] A l i sh ye r N a v o i y. Munshaot // Mukammal asarlar to‘plami. 14-jild. Toshkent: Fan, 1998. 187-bet.
[13] Q a yu m o v P. Qo‘qon tarixi va adabiyoti.Toshkent: Tamaddun, 2011. 44-bet.
Zahiriddin Muhammad Bobur. Boburnoma (1960 — Akademik nashr) by Khurshid Davron on Scribd