Адабиёт қизиқ нарса-да! Яхши ёзувчи ёки яхши бир асар, орадан қанча йил ўтмасин, оҳанрабодай ўзига чорлаб тураверади. Мен учун ана шундай адиблардан бири – машҳур грузин адиби Нодар Думбадзе. Эҳтимол, унинг бир неча асарини (“Абадият қонуни”, “Оқ байроқлар”, “Кукарача”, “Ҳелладос”) ўзбек тилига ўгирганим туфайли бу ёзувчига асир бўлиб қолгандирман. Думбадзе дунёдан ўтганига қарийб чорак аср бўляпти, лекин у менга ҳамон ғойибона ҳамроҳ, суҳбатдош.
1995 йили адибнинг “Ҳелладос” ҳикоясини таржима қилганимдан сўнг (“Тафаккур”, 1995, 3/4) “Бўлди энди, Думбадзени тинч қўяман, ортиқ безовта қилмайман”, деб ўзимга сўз берган эдим. Бўлмади. Орадан ўн икки йил ўтиб, яна унинг “эшиги”га бош уриб бордим…
Журналхонларга ҳавола этилаётган ушбу ҳикояда умумбашарий мавзу – инсонлараро меҳр-оқибат мавзуи қаламга олинган. Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳикоя¬да тасвирланган воқеалар баъзан ўзимизда ҳам учраб туради. Зора, айрим шаҳарпараст биродарларимиз асардан андак сабоқ олса…
Таржимон
НОДАР ДУМБАДЗЕ
КЎРНАМАК
Низом Комил таржимаси
Нодар Владимирович Думбадзе (1928.14.7 — Тбилиси — 1984.5.3) — атоқли грузин ёзувчиси. Илк ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ болалари» (1958). Дастлабки йирик асарлари — «Мен, бувим, Илико ва Илларион» (1960) қиссаси ва «Қуёшни кўряпман» (1962) романида 2-жаҳон уруши йилларидаги грузин қишлоқларининг оғир ҳаёти акс этган. «Қуёш кечаси» (1967), «Оқ байроқлар» (1972) романларида замонавий муҳим ижтимоий- ахлоқий масалалар кўтарилган. «Абадият қонуни» (1978)да инсоннинг жамиятдаги ўрни, яшашнинг маъноси мавжуд ҳаётий лавҳалар, шахслар орқали акс эттирилган. Нодар Думбадзе асарлари чуқур лиризм б-н суғорилган, уларда драматизм юмор б-н уйғунлашиб кетган. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Қуёшни кўряпман», 1969; «Қўрқманг онагинам», 1982; «Абадият қонуни», 1983 ва б.). «Абадият қонуни» асари асосида ўзбек тилида телеспектакль яратилган (1985). Бир неча ҳикоялари таниқли таржимон Низом Комил томонидан моҳирона ўзбекчалаштирилган.
Гудули Бережиани юз ёшга тўлганда унинг шаънига биров икки оғиз илиқ сўз айтмади. Шунга ҳам ота гўри қозихонами – ана, қишлоқ қабристонида салкам юз эллик йил яшаб ўтганлардан қанчаси ётибди! Шундоқ бўлгандан кейин қўни-қўшнилар Гудулини табриклашни унутган бўлса унутгандир-да. У ёғини сўрасангиз, туғилган куни ўзининг ҳам эсига келгани йўқ.
…Ўша куни Гудулини саҳари мардонда “Лонгиноз” лақабли хўрози уйғотди. Қариянинг кўзи энг аввал қўшнининг итига тушди:
– Ҳа-а, падари қусур, яна тухум ўғирлагани келдингми? Йўқол, ўралашма бу ерда, очофат!
Кейин қўноқдан тушган хўрозига ўдағайлади:
– Каллаи саҳарлаб мени уйғотгунча анови ҳарамингга қарасанг бўлмайдими, латтамахсум! Сенинг додингни Ардалион Брокишвилининг хўрози берсин-да!
Гудули хўрозга танбеҳ бериб бўлгач, айвондан тушиб, ошхонага кирди. Ўчоқ олдида чўккалаб, кул босган кўмирни бери тортди-да, устига шох-шабба ташлаб пуфлай бошлади. Қуруқ шохчаларга ўт илашганидан кейин қумғон қўйди. Сув илигач, сут соғиладиган хурмачага қуйиб, молхона томон юрди. Охур ёнида ётган сигир эгасини кўриб бир “мў”лаб қўйди.
– Ҳозир, ҳозир! – деди Гудули сигирнинг сағрисини силаб. Сигир кавшдан тўхтаб, ўрнидан турди. Гудули ўнг қўлини билагигача шимариб, уч оёқли пастак курсичани сигирнинг ёнбошига яқин сурди-да, ўтириб, қуруқшаб қолган елинга қўл чўзди. Хурмачага ипдай нозик сут толаси тизиллаб туша бошлади. Сут кўп чиқмади.
– Тамом бўпсан, шўрлик жонивор! – деди Гудули.
– Нима қилай, отахон, мен ҳам қаридим-да, – дея ўзини оқлаган бўлди сигир.
Гудули молхона эшигини ланг очиб, сигирни жўхориси ўриб олинган далага ҳайдади.
– Бор, қорнингни тўйғиз! Сен сигир эмас, тўқол эчкидан баттар махлуқ экансан. Илоё, бўриларга ем бўлгин… Бор, борақол!
Сигир судралганча чиқиб кетди…
– Салом, Гудули!
Гудули сут соғилган хурмачани тиззасига қўйганча ёғоч кулбасининг пиллапоясида ўтирар, икки тоғ орасидан кўкка талпинаётган қуёш гардишига нигоҳини қадаган, ҳеч нарса ҳақида ўйламас эди.
– Салом, Гудули!
Гудули овоздан чўчиб кетди. Нок дарахти тагида бошини қашлаб Уча Мелимонадзе турарди.
– Гудули эмас, Гудули бобо! Неччи марта айтишим керак, мишиқи!
– Салом, Гудули бобо!
– Ҳа, баракалла.
– Ойим айтдилар, менга мураббо бераркансиз.
Гудули жилмайди:
– Балки сут ичарсан?
– Йўқ, мураббо ейман.
– Бўпти, олдин сут ичасан, кейин мураббо бераман.
– Қани, кўрсатинг-чи…
Гудули хурмачани узатди.
– Ойим, хом сут ичма, деганлар. Касал бўпқолармишман. Ичмайман.
– Э-э, ойинг нимани биларди! Хотинларнинг ақли тўғрисидаги мақолни эшитмаганмисан? Майли, эшитмай қўяқол. Иҳм, хом сут эмиш! Мана, мен туғилганимдан бери хом сут ичаман, тирик юрибман-ку?! Касал бўпқолармиш!
– Бўпти, ичсам ичақолай…
Уча нафасини ичига тортди, шу заҳоти…
Сут боланинг қорнини қулт-қултлаб тўлдира бошлади.
Гудули кулгидан ўзини аранг тийиб турарди. Ниҳоят, Уча хумчани оғзидан олди, лабларини енгига артиб, уни Гудулига узатаркан, аста минғирлади:
– Озгина ёрдамлашворинг…
Гудули индамай хумчани боланинг қўлидан олди.
– Менга қара, Уча, бугун мактабга бормайсанми?
– Бугун якшанба-ку!
– Шанба бугун! – деди Гудули бамайлихотир.
– Нега шанба бўларкан? Якшанба! – деб такрорлади бола.
– Наҳотки… Ё алҳазар! Қариб, миям ҳам суюлиб қопти шекилли… – дея Гудули тиззасига шапати урди.
– Сизга нима фарқи бор, Гудули бобо? Мактабга бормасангиз, ишга бормасангиз…
– Шошма! Число неччи?
– Число – 28, кун – якшанба, ой – ноябрь, йил – 1970! – деди Уча сўзларни чертиб-чертиб.
– Ё тавбангдан кетай! – дея сапчиб ўрнидан турди Гудули.
Анграйиб қолган болага эътибор ҳам бермай хонага кирди, каравоти тепасига илиб қўйилган йиртма тақвимга кўзини қадаганча узоқ туриб қолди, кейин устки варағини шартта узиб олиб, ҳалиги жойига қайтди.
– Нима бўлди сизга, Гудули бобо? – Уча қариянинг ёнига чўкиб, бошдан-оёқ унга ҳайратомуз нигоҳ ташлаб чиқди. Гудули боланинг саволига парво қилмай чўнтагидан кўзойнагини олди-да, тақвимдаги ёзувни ҳижжалаб ўқий бошлади:
28 ноябрь
Якшанба
Қуёш чиқиши – 8.06
Қуёш ботиши – 17.32
Куннинг узунлиги – 9.26
Янги ой чиқадиган кун – 24 ноябрь
Ой чиқиши – 10.55
Ой ботиши – 20.31
Кейин варақ орқасидаги матнни ҳам синчиклаб ўқиб чиқди:
Биласизми? Бир кунда одам қарийб 20 минг марта қадам босади, бир йилда – қарийб 7 миллион, 70 йилда – қарийб 500 миллион, бу – тахминан Ердан Ойгача бўлган масофани ташкил этади.
Гудули осмонга қараб, қуёшни кўрди, кейин нигоҳи ғарб томон силжиб сўнаётган ойга қадалди. Қизиқ, бир вақтнинг ўзида кўкда ҳам ой, ҳам қуёш бор эди. Гудулига ўша лаҳзада негадир ой жуда ҳам олисда тургандай туюлди.
Яна ўқишда давом этди:
Ер билан Ой орасидаги масофа 384 минг километр – экватор узунлигидан 9 марта ортиқ. Демак, инсон 70 йил мобайнида ер куррасини экватор бўйлаб 9 марта айланиб чиқиши мумкин экан.
Гудулининг боши айланиб кетди…
– 70 йилда – 9 марта… Юз йилда-чи? Ўн, ўн бир, ўн икки марта…
У хиёл титраб турган қоқсуяк тиззаларига назар ташлади. Ва бирдан, худди экваторни ҳозиргина ўн икки марта айланиб чиққан одамдай, вужудида қонни аёвсиз симираётган даҳшатли бир ҳорғинлик сезди.
Кейин оёқларига қараб сўзини давом эттирди:
– Эшитяпсизларми? Агар биз шу юз йил мобайнида қишлоғимиздан чиқиб, Озургети орқали Батумига, Москвага, кейин Германияга, у ёқдан Америкага, сўнг Япония орқали яна Озургети ва уйимизга қайтиб келсак, она сайёрамизни ўн икки марта айланиб чиққан бўларканмиз… А? Зўр-а?
Гудули тиззаларини бир сийпалаб қўйди.
– Лекин бундай бўлмади… Ер шарини айланиб чиқолмадик… Аммо, Худо шоҳид, бирор дақиқа тиним билганимиз йўқ… – Қария синиқ жилмайди. – Буни қандоқ тушуниш керак? Бир жойда депсинаверган эканмиз-да? Йўқ, унақа эмас. Биз кўп йўл босдик! Нолимайман! Юз йил давомида мени ҳормай-толмай қишлоқ оралаб, уйма-уй, ҳовлима-ҳовли кўтариб юрганингиз учун сиздан мингдан-минг розиман! Раҳмат, кўпдан-кўп раҳмат! – Гудули яна тиззаларини силади.
1970 йил 28 ноябрь куни эрталабки соат саккизда Гудули Бережианининг туғилганига юз йил тўлди. Қария шуни эслаши билан юраги тузоққа илинган беданадай типирчилашга тушди. Гудули қўрқиб кетди. Илгари, ёшлигида – отиш ёки пойга мусобақалари бошланадиган пайтда шунақа бўларди. Тағин, кураш бўйича мусобақа олдидан ҳам юраги дукурлагани рост. Унинг доимий рақиблари Керкадзе деган ака-ука эгизаклар эди, доимий томошабин эса уларнинг синглиси – Талико. Ўшанда бақувват юраги қинидан чиқиб кетаёзган. Лекин қўрқмаган. Энди бўлса… Гудули юрагини чангаллаганча тош қотди. Бир лаҳзада бутун ёшлиги кино тасмасидай шиғиллаб кўз ўнгидан ўтди. Салдан сўнг ҳаммаси жойига тушди. Юрак тинчиб, бир маромдаги одатий ва беминнат вазифасини бажаришга киришди. Гудули чуқур нафас олди, шунда ўпкаси мусаффо ҳавога лиммо-лим тўлганини ҳис этди. Енги билан пешонасига тизилган терни артиб, хушнуд жилмайди:
– Қуллуқ, юрагим, миннатдорман! – деди у ва чап кўксини беозор сийпалаб қўйди.
Гудули ҳовлига тушди, ёлғизоёқ йўлдан азамат нокнинг соясига бориб ўтирди. Уча ҳам унинг изидан қолмасди.
– Жони оғримайдими? –деб сўради бола дарахтга санчиб қўйилган болтани силтаб тортаркан.
“Бошланди, – деди ичида Гудули, – энди саволи урчийверади!..”
– Қизиқсан-а. Дарахтлар ҳам оғриқни сезадиган бўлса, одамзот у дунё-бу дунё гуноҳдан фориғ бўлолмайди-ку!
Гудули навбатдаги саволни кутди, аммо Учадан садо чиқмасди. У болтанинг дамига аста бармоғини тегизиб, тўнғиллаб қўйди:
– Оғрийди, қаттиқ оғрийди!
Гудули болани чақириб ёнига ўтқазди, унинг малларанг-қизғиш бошига кафтини қўйиб, секин гап қотди:
– Уча, бугун Гудули бобонг юз ёшга тўлди…
Уча қарияга ишонқирамай бир назар ташладию хаҳолаб кулиб юборди.
– Нега куласан, тентак?
– Ўтган йили, ундан олдинги йили ҳам юзга кирмаганмидингиз?
– Вой ғалча-ей! Қанаққиб ўтган йили юзга киришим мумкин?
– Неччига киргансиз?
– Тавба! Ўтган йили тўқсон тўққиз, ундан олдинги йил – тўқсон саккиз! Мана, бу йил – юз ёш-да!
– Йўғ-э! Доим бир хилсиз.
– Ғирт чулчут экансан!
– Ойим айтадиларки, сизнинг ёшингизга ёш ҳам қўшилмасмиш, камаймасмиш ҳам… Бу чоли тушмагур вақтни тўхтатиб қўйган, дейдилар.
Гудули жилмайиб турган Учанинг кўзига қараб, бу нигоҳда ўзининг “борса келмас”га кетган болалигини кўргандай бўлди. Юзини четга буриб, секин сўради:
– Азроил бундан қочиб юради, демадими ойинг?
– Айтдилар.
– Вақтни тўхтатиб қўйибманми? Шундоқ дедими?
– Ҳа.
– Эҳ, бўталоғим, вақтни тўхтатишга мингта ҳўкизнинг ҳам кучи етмайди.
– Кимнинг кучи етади?
– Ҳеч кимнинг. Фурсати келганда вақтнинг ўзи тўхтайди.
Уча чалқанча тушиб ётиб олди.
– Қаранг, осмонда ҳам қуёш, ҳам ой бор-а! – дея хитоб қилди у бир маҳал.
– Кўрдим, ўғлим, кўрдим.
– Қизиқ, қуёш билан ой бир вақтда чиқадими?
“Тинкамни қуритади бу такасалтанг!” дея кўнглидан кечирди Гудули.
– Нега индамайсиз? Шунақаси ҳам бўладими?
– Бўлади. Осмон – Худонинг кўзи. Унга кун ҳам, тун ҳам сиғаверади! – деб тушунтирди қария.
– Худонинг кўзи борми?
– Оббо! Мунча эзмаланасан! – Гудулининг жаҳли чиқиб кетди.
– Айтинг-да!
– Мана, сенинг кўзинг борми?
– Албатта.
– Қани, юм-чи! Бўлақол. Нимани кўряпсан?
– Ҳеч нарсани. Қоп-қоронғи.
– Энди оч! Нимани кўряпсан?
– Ҳаммаёқ ёп-ёруғ.
– Ҳа, баракалла. Худонинг кўзи ҳам шунақа. Бир вақтнинг ўзида бараварига кунни ҳам, тунни ҳам кўраверади.
– Худо Худо-да! – Уча туриб ўтирди. – Худо билан мен бараварми?
– Албатта, ўғлим, бараварсан-да! Бутун олам сеники! – дея Гудули болани бағрига маҳкам босди. Уча яна бир нимани сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, уни гапиртирмади: – Бўлди, бас қил! Бошим оғриб кетди.
Уча чолнинг бағридан чиқди.
– Яна битта савол! Охиргиси!
– Қани, айт-чи!
– Эрталаб ойим, даданг аблаҳ, разил одам, сенлар учун у ўлган ҳисоби, дедилар… Шу ростми?
Гудули гарангсиб қолди.
– Рост, ўғлим… – деди ўйчанлик билан. Кейин хато қилганини пайқади. – Лекин сен унақа дейишинг тўғри эмас! Нима бўлганда ҳам – отанг!
– Нега бўлмаса рост дедингиз?
– Ахир, шундай ўғилдан юз ўгирган одамни яна нима дейиш мумкин?!
Уча индамай ўрнидан туриб, дарвоза томон юра бошлади.
“Чакки қилдим шу гапларни гапириб! – дея ўкинди ичида қария. – Фарзандга ота фариштадай кўринади… Унинг разиллигини бу норасида қаёқдан билсин?!”
– Уча! – деб қичқирди Гудули.
Бола орқасига қарамай кетаверди.
– Уча, қайт, ўғлим!
Уча тўхтади.
– Менга қара, чироғим. Отанг ёмон одам эмас. Мана биз аблаҳмиз, бошқалар аблаҳ! Нима, ҳазилни ҳам тушунмайсанми?
Уча унга ишонқирамай ер остидан қараб қўйди.
– Бу ёққа кел, ўғлим! – дея қўл силкиб, болани ёнига чорлади Гудули.
Ва бирдан серрайганча қотиб қолди… Аввалига, менга шундай туюляпти, деб ўйлади. Аммо… икки сони орасида маккор, шармсиз бир ҳарорат пайдо бўлганини аниқ-равшан ҳис этганидан сўнг… интиҳонинг ибтидоси бошланганига ақли етди.
– Ё Тангрим, шарманда қилма! – дея ингради қария. Аммо Тангрининг қулоғи том битган эди. Олдини шилта қилиб бўлган қайноқ пешоби энди тиззаларидан пастга қараб ўрмалаётган эди.
– Уча, ёрдамлаш! – деди Гудули иҳраб. Бола у томон чопди-ю, етиб келолмади. Қария тиз чўкиб, ҳўнграб юборди.
Орадан бир соатча ўтгач, Гудули сал ўзига келди.
– Энди уйингга бор, ўғлим.
– Ойимни чақираман!
– Йўқ, кераги йўқ. Боравер.
– Ойимга айтаман!
– Йўқ, дедим-ку!
– Нега йиғладингиз бўлмаса?
– Шунчаки ҳазиллашдим, алдадим сени. Қани, бир синаб кўрай-чи, Уча Гудули бобосини яхши кўрармикин-йўқми, дедим-да.
– Бугун кун бўйи мени алдамоқчимисиз?
– Йў-ўқ. Эсим кирди-чиқди бўпқолган-да, қаричилик… Бор, ўғлим, энди мени холи қўй… Бир оз дам олай…
Уча кета бошлади. Дарвозага етганда орқасига ўгирилди.
– Бораверсанг-чи, қайсар!
Уча чиқиб кетди.
Гудули дарахтга суянганча бўшлиққа лоқайд назар соларди. Миясида ҳеч қандай ўй йўқ – фақат ҳадсиз-ҳудудсиз бўшлиқ… Бутун борлиқ сукутда. Қишлоқ ҳам, ер ҳам, осмон ҳам сукунат уммонига ғарқ бўлган. У шундоққина оёқлари остига пишиб ўтиб кетган ноклар тўкилиб, ёрилаётганини кўриб турарди-ю, лекин пақиллаган товушларни эшитмасди. Узун тарновда чопқиллаётган булоқ суви нақд рўпарасида, аммо унинг жилдираши қулоғига кирмасди. Ана, шабада жўхорининг қовжираган баргларини олдига солиб қувиб юрибди, лекин уларнинг шитир-шитирларини қани эшитса! Кўриб турибди: даладан тўйиб қайтган сигири дарвоза олдида “мў”лаяпти, хўрози Лонгиноз четан деворга чиқволиб қанот қоқяпти, “қу-қу”лаяпти, аммо Гудули сигирнинг “мў”лашини ҳам, хўрознинг қичқириғини ҳам эшитмас эди. Ҳаммаёқ жимжит. Тиқ этган садо йўқ. Фақат интиқлик, сўнгсиз, юракни эзадиган мубҳам бир интиқлик. Нокка суяниб тошқотган Гудулининг ўзи ҳам шу тобда болта кўтарган одамни интизорлик билан кутаётган ва қурт-қумурсқалар дастидан танаси илма-тешик бўлиб кетган кўҳна дарахтга ўхшарди. Ҳолингга вой, Гудули Бережиани, шўринг қурсин!
…Тушкунлик исканжасида қолган Гудули шу алфозда яна анча вақт ўтирди. Кейин аста-секин ўзига кела бошлади. Қалбида умид учқунлари йилтиллади. Юраги яна ишга тушиб, томирларида қон югурди. Гудули олдин юрак уришини, кейин сигирнинг “мў”лаши, сувнинг жилдирашини, сўнг эса хўрози Лонгинознинг қа-қағлаганини эшитди. Гудули ҳаётга қайтди.
– Худога шукр!.. – деб пичирлади у ва битта-битта босиб уйига қараб юрди. – Ўзингни тут, Гудули! Ҳеч нарса бўлгани йўқ… Ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ… Тасодиф бу… Ростдан ҳам ҳеч нарса бўлмагандир? Менга шундай туюлгандир, холос?..
Гудули қуёшга қаради – офтоб хийла ғарбга силжиган эди. Ке¬йин аста зинапояга оёқ қўйди. Биринчи зина… Иккинчи… Учинчи… Бешинчи… Шунда бирдан дунё яна ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Яна оламни сукунат босди. Гудули яна боягидай маккор ва шармсиз ҳароратни туйди. “Чоли тушмагур вақтни тўхтатиб қўйган…” Бу гапни ким айт¬ганини эслашга улгуролмади – гуппа зинапояга ағдарилди.
– Салом, муҳтарам Гудули!
Гудули кўзларини очди.
– А? Нима дейсан, Ксения? – деб сўради чол афтини буриштириб. Шу тобда бировга кўринишни сира ҳам хоҳламасди.
– Уча ҳовлиқиб келиб, Гудули бобомнинг мазаси қочиб қолди, деди. Шунга…
– Ҳечқиси йўқ, азизим! Юрак эркалик қилиб туради-да… Мана, ўтиб кетди…
– Балки бирор ёрдам керакдир, муҳтарам Гудули? Ё дўхтир чақирайми?
– Йўқ, йўқ, Ксения! Шарт эмас!
“Бошланади энди – дўхтир, касалхона, минг хил порошогу таблетка, жиққа-жиққа укол… Э, Парвардигор!..”
– Валерьянка берайми?
– Йўқ, йўқ.
“Кимга кераги бор бунақа ҳаётнинг? Валерьянка эмиш!”
– Валидол-чи?
– Керак эмас валидол!
– Нима қилай бўлмаса, муҳтарам Гудули? – деди аёл тоқатсизланиб.
– Ҳеч нарса керак эмас менга, азизим! Бор, уйингга бор.
“Бу ҳали ҳолва… Ҳадемай узун-қисқа бўлиб бошқа қўшнилар кириб келади… Яна шу савол-жавоб… югур-югур… Э, Худо!”
– Ярамас Уча ўлим тўғрисида бир нималар деб валақлагандир-да… Ҳойнаҳой, ойим айтди, деган… Шошмай турсин, кўради кўрадиганини!
– Қўйсанг-чи, Ксения, қўйсанг-чи!
“Намунча чакаги очилди… Илгари оғзига талқон солиб юрар эди шекилли…”
– Кимдан чиқди ўзи бунақа гап? Илойим чипқон чиқсин унақа тилга!
“Нега ўзини қарғаяпти? Уча ёлғон гапирмайди-ку!”
– Э, бўлди-да энди! Уйингга борсанг-чи!
– Бугун туғилган кунингиз экан, муҳтарам Гудули! Яна юзга киринг!
– Раҳмат, раҳмат, Ксения!
– Наҳотки, шаҳардаги жигарларингиз келмаса? Юз ёш-а! Ҳазил гапми?!
– Келишади, албатта келишади!
“Бир ой ўтар, икки, уч ой ўтар… Кейин ҳамманинг жонига тегаман… Касал боқиш кимга ёқади…”
– Бу дунёда фарзандлари билан мақтанишга ҳадди сиғадиган одам бор бўлса, ўша – сизсиз, муҳтарам Гудули! Бири Ботумида, бири Потида, яна бирови Кутаисида, тўнғичингиз
Тбилисида. Тўртови ҳам олим, обрў-эътиборли… Дарвоқе, неваралар нечта, муҳтарам Гудули?
– Авлодимиз ҳаммаси бўлиб йигирма уч киши, лекин бундан нима наф? Ёнимда ҳеч ким йўқ.
– Унақа деманг, муҳтарам Гудули! Бахтли одамсиз.
– Ҳа, албатта…
“Қачон гапи тугайди бу вайсақининг?”
– Ҳозир бориб болани олдингизга чиқарвораман.
– Ташвишланма, Ксения. Бир оз чўзилсам, ўзимга кепқоламан.
– Зарур бўлиб қолсам – тортинманг, ўз қизингиздай чақираверинг.
– Раҳмат, азизим!
– Тузалиб кетинг, муҳтарам Гудули!
– Омон бўл, Ксения!
Аёл кетди. Гудули уни маъюс нигоҳ билан кузатиб қолди. Ана, кетяпти – ёш, дуркун… Гудули бўлса зинапояда ялпайиб, куз офтобининг заиф тафтида иштонини қуритиб ўтирибди. Э, Худо! Қодир Эгам! Нега мени бунчалик шарманда қилдинг?!
…Инсоннинг табиати ғалати! Ёш ва соғлом одамни кўрганида ўзининг қари ва хасталигидан ўкинади. Лекин бошқа биров ундан ҳам қарироқ ва дардмандроқ эканини ўйлаб, хотиржам бўлади, кўнглида умид ёлқинланади. Мана, бугун ҳам Учани бағрига босиб турганида “Э, Парвардигор, шу боланинг ёшлигини менга бергину эвазига хоҳлаган нарсангни олавер!” деган ўй Гудулининг кўнглидан неча бор ўтди экан? Ҳозир эса, узоқлашиб бораётган Ксенияга қараб туриб “Ё Раббим, менга шу аёлнинг ёшини бергину ўрнига нимани истасанг олавер!” деган гап ўтди кўнглидан.
Ва шу заҳоти ўзидан жирканиб кетди. Худо унга юз йил умр ато этганига шукр қилмаганидан қаттиқ хижолат бўлди.
Қуёш ботгунга қадар эрталабки уятли ҳолат яна уч марта такрорланди… Шундан кейин Гудули Бережиани, ер кўксини юз йил тепкилаган мўйсафид ғарб томонга қараб чўккалади ва бошини эгиб, офтобга таъзим қилди:
– Алвидо, қуёш, беадад миннатдорлигимни қабул эт!
– Эй инсон, не сабабдан менга миннатдорлик изҳор қиляпсан? – дея ажабланди офтоб.
– Меҳрибонлигинг учун, мана юз йилки, ҳар тун адоғида мени тонг қувончидан баҳраманд этганинг учун!
– Арзимайди, табаррук инсон! – деди қуёш ва кўздан ғойиб бўлди.
– Раҳмат сенга, олам чароғи!
Гудули дарвоза олдида “мў”лаб турган сигирни ҳовлига киритди. Сигир одатдагидай тўппа-тўғри молхонага бориб, соғилишини кутди. Гудули унинг сағрисини узоқ силади-ю, лекин соғмади…
– Бугун дамингни ол, жонвор, бемалол кавш қайтариб ётавер. Иккиламчи, ташаккуримни ҳам қабул эт!
– Нима учун ташаккур айтяпсиз? – дея ҳайрон бўлди сигир.
– Лоақал ҳар куни эрталаб оғзим сутга тегиб тургани учун!
– Ош бўлсин! – деди сигир ва охур ёнига чўкди.
– Раҳмат сенга, говмишим!
Гудули орқа ҳовлига ўтди, ухлаш учун қўноққа тизилган товуқларига назар солди, товуқхона эшигини ёпиб чиқиб кетишдан олдин Лонгинознинг қип-қизил тожини меҳр билан сийпалади.
– Эртага мени хоҳлаган пайтингда уйғотавер. Энди хайрлашамиз, мингдан-минг раҳмат сенга!
– Ие, нега раҳмат дейсиз? – дея таажжубланди хўроз.
– Ҳар куни эрталаб, канда қилмай мени уйғотиб турганинг учун!
– Арзимайди! – деди хўроз ва уйқуга кетди.
– Ташаккур, Лонгиноз!..
Гудули исчироқни хум ёнига қўйди, кейин хум оғзига босилган лойни авайлаб кўчирди-да, чўккалаб қопқоқни очди. Ўттиз пудли хумда узоқ вақт димиқиб ётган тоза мусаллас вишиллаб атрофга ўткир ҳид таратди. Гудули одамни элитувчи мана шу ҳид омухта бўлган ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Сўнг шошмасдан қовоқ чўмични ёнбошлатиб хумга ботирди. Қулқ, қулқ, қулқ – чўмич шаробга тўлиб бораркан, қария таниш ва қадрдон бу товушга энтикканча қулоқ солиб турди. Кейин чўмични олиб, унга аста лабини теккизди:
– Офарин сенга, эй бодаи ноб! Офарин сенга, бебаҳо токнинг сеҳр¬ли шарбати! Миннатдорлигимни қабул эт!
– Нега унақа деяпсиз? – Хумдан чиққан овоз акс садодай эшитилди.
– Шунинг учунки, сен юз йил мобайнида яхши кунларимда ҳам, ёмон кунларимда ҳам менга содиқ ҳабибу ҳамнафас бўлдинг!
– Кайфингиз тарқамасин! – деди хум уҳ тортиб.
– Ташаккур сенга!..
Гудули пастаккина стол ёнида ўтирибди. Қўлида мусаллас тўла пиёла. Айвон устунига илиб қўйилган исчироқнинг хира шуъласи қария¬нинг бошига тушиб турибди. Икки юзидан оқаётган кўзёшлари соқолини ювиб, столдаги зоғора нон билан пишлоқ устига томчилаяпти – Гудули Бережиани йиғларди…
Бир соат бурун Гудули ҳовлини айланиб чиқди. Омочни ушлаб кўрди – ейилиб кетибди. Болтани қўлига олди – ўтмаслашган. Ўроққа кўзи тушди – ўришга ярамайди. Белкуракка қаради – чириб, учи қайрилиб ётибди. Ҳатто олдида, столда турган пичоқ ҳам пиёзнинг пўстидай бўпқопти… Темирки вақт зуғумига чидамабди, инсон қанча чидаши мумкин?!
Мана шу илоҳий шаробни ўртага қўйиб қасам ичишга ҳам тайёр – Гудули умрига ачинмайди. Гудули билади – у касал эмас. Шунчаки чарчаган, ейилиб тамом бўлган – вассалом! Анови омоч, болта, белкурак ва пичоқ каби яроқсиз ҳолга келган.
Ҳамма нарса – ер ва осмон, уй ва ҳовли, сигиру товуқлар билан хайрлашиб бўлди. Аммо тенгдоши нок дарахти билан узоқ, жуда узоқ видолашди.
– Алвидо! – деди у нок танасини қучоқлаб. – Орамизда энг бардошли мавжудот сен экансан! Илдизларинг бақувват, елкаларинг осмонни тутиб турибди… Сулоламнинг уч авлодини соянгдан баҳраманд этдинг, яна қанчасига хизмат қилишингни Худонинг ўзи билади! Мана, салкам бир асрдирки, ҳар йили бехато ҳосил берасан, ҳамон дуркун, тетик ва бардамсан. Сен ҳовлимнинг юпанчи ва кўркисан, қишлоғимнинг жамики қушларига бағри кенг ошёнсан. Раҳмат сенга, қадрдоним!
– Қуллуқ! – деб қўяқолди дарахт. У ўзининг иззатини биларди.
“Шон-шараф сенга, табиат, – дея кўнглидан кечирди Гудули, – донолигингга балли! Сендан кейин мана шу дарахт, ер, осмон ва қуёш барқарор бўлишини ҳис этиш – қандай бахт!..”
Сўнгги миннатдорлигини Гудули ўз юрагига, кўзи, қулоқлари ва ақл-идрокига изҳор этди.
– Нима учун? – деб сўради юрак таажжубланиб.
– Нима учун бўларди? – деди Гудули. – Юз йил давомида менга бирор марта ҳам хиёнат қилмадинг. Кўзим, қулоқларим, қўл ва ақл-идроким ҳам шунча йил беминнат хизмат қилди.
Бу камми?
– Арзимайди, Гудули, арзимайди! Энди дам олай… Жуда толиққанман, Гудули!
– Раҳмат сенга, юрагим!..
“Хў-ўш, энди она-бола билан хайрлашиш қолди. Ҳа-а қургур-эй, исмлари нима эди-я?.. Бу ёғи яқин қолганда хотирамдан жудо қилма, Парвардигор! Онаси-ку майли, боланинг исми нима эди? Қодир Эгам, хижолатга қўйма, боланинг исмини эслат!”
Аммо Худодан садо чиқмади. Гудули на онанинг, на боланинг исмини хотирлай олди.
Шундан кейин айвон панжараси ёнига бориб, қичқирди:
– Ҳо-ой, қўшни!
– Қулоғим сизда, муҳтарам Гудули!
– Кимсан?
– Ксенияман, ким бўларди! Танимадингизми?
“Ксения… Ксения… Хайрият-э… Ксения…”
– Бола уйдами?
– Учами?
“Уча! Ҳа, ҳа, Уча эди исми…”
– Ксения, ҳозир уйимда бир воқеа бўлади… Қисқаси, шундоқ қилгинки, бола ўксиб қолмасин…
– Нималар деяпсиз, муҳтарам Гудули?
– Илтимос, қўшнилар йиғилмагунча болани олдимга қўйма…
– У нима деганингиз, муҳтарам Гудули? Ҳазиллашяпсизми?
– Хайр энди, Ксения! Худо шоҳид, ҳаммангизни яхши кўрардим, миннатдорман сизлардан! Раҳмат!
– Гудули, отахон, нима бўлди сизга?!
Гудули хонага кириб, эшикни беркитди.
– Гудули!!!
Бирдан қарсиллаб ўқ узилди. Шунақа қаттиқ пақилладики, атрофдаги уйларнинг деразалари зириллаб кетди…
Гудули Бережианини дафн этишга бутун қишлоқ аҳли келди. Издиҳом орасида қариндош-уруғлар ҳам анча-мунча эди-ю, аммо уларнинг қайғураётгани кўпам сезилмасди. Бунинг устига, тўнғич ўғил Димитрий тобут тепасида эмас, ҳовлидаги нок тагида хўмрайиб турар, шу ерда қаққайиб, келганларнинг таъзиясини қабул қиларди.
Димитрийнинг ёнига мен ҳам бордим.
– Бандалик. Худо сабр берсин.
– Э, қўйинг-э, Нодар Владимирович! – деди у зарда билан. – Бандалик, дейсиз-а! Чоли тушмагур юзимизни ерга қаратди! Одамларнинг кўзига қандай қараймиз энди?!
– Начора, кўргилик. Кутилмаган иш бўлди-да…
– Секин айтасизми! Қип-қизил шармандалик! Ўртоқларимга нима дейман? Нима деб тушунтираман? Тбилисида биз билан бирга туринг, десам, кўнмади. Ойингнинг қабрини ташлаб кетмайман, деди. Қаёқдаги сигир, товуқларни рўкач қиладими-ей! Худо сақласин! Тиррақи бир сигир билан ола-пес хўрозни деб умрини ўтказди-да шу ерда! Уй ҳам тўкилай деб турибди қаранг. Учасиз яшаёлмас эмишлар! Тавба! Ўз отанг шунақа деб турса-я!..
– Уча? Ким у?
– Қаёқдан биламан. Қўшнининг боласи эмиш. Отаси ташлаб кетган. Бу ёқда тайёр ҳомий бор-да! Ўша мишиқига ота ўрнида эканлар. Э, бунақа тирик етимлар Грузияда сон мингта!
Нима дейишга ҳам ҳайрон бўпқолдим. Кетмоқчи эдим-у, Димитрий ҳали гапини тугатмаган эди:
– Ҳеч нарсадан зориққани йўқ. Хотиним Париждан иссиқ кўйлак-иштон келтириб берди. Э, қай бирини гапирай! Дафн маросимини кўрдингизми? Қишлоқ қишлоқ бўлиб бунақа маросимни кўрганмикан? Кўрмайди икки дунёда ҳам! Отам қайсар эди, қайсарлигича кетди!..
– Сизга нима деб тасалли беришни ҳам билмайман…
– Тасаллининг кераги йўқ. Миннатдорман сиздан!
– Омон бўлинг…
– Қаёққа? Хафа бўламан-а. Илтимос, анови столга, соябон тагида ўтирганларнинг ёнига ўтинг. Ҳў Митуша, меҳмонга қара!
Таъзияхонага радиокарнайлар ўрнатилган, уларнинг товуши Моцартнинг мотам куйидан ҳам баландроқ янграётгани сабабли Димитрий овозини кўтариб гапираётган эди.
Кайфи ошиб қолган Митушага бир амаллаб чап бердиму ҳовлини тарк этдим. Дарвозага етганимда ерда ўтирган етти ёшлар чамасидаги малласоч болага кўзим тушди. У тиззасига бош қўйганча юм-юм йиғларди.
– Исминг нима, болакай? – деб сўрадим энгашиб.
– Уча Мелимонадзе! – деди у менга ер остидан қараб, кейин бирдан ҳўнграб юборди.
– Бошинг тошдан бўлсин, ўғлим! – дедиму томоғимга бир нарса қадалиб, ҳовлидан тез чиқиб кетдим.
Кейин беихтиёр орқага бир ўгирилдим. Бу пайтда кўрнамак ўғил иккала қўлини силкитиб нутқ сўзламоқда эди. Таъзияхонага ўрнатилган радиокарнайлар ғовури Моцартнинг мотам куйидан ҳам баландроқ бўлгани боис унинг сўзларини эшитмадим.
Adabiyot qiziq narsa-da! Yaxshi yozuvchi yoki yaxshi bir asar, oradan qancha yil o’tmasin, ohanraboday o’ziga chorlab turaveradi. Men uchun ana shunday adiblardan biri – mashhur gruzin adibi Nodar Dumbadze. Ehtimol, uning bir necha asarini (“Abadiyat qonuni”, “Oq bayroqlar”, “Kukaracha”, “Hellados”) o’zbek tiliga o’girganim tufayli bu yozuvchiga asir bo’lib qolgandirman. Dumbadze dunyodan o’tganiga qariyb chorak asr bo’lyapti, lekin u menga hamon g’oyibona hamroh, suhbatdosh.
1995 yili adibning “Hellados” hikoyasini tarjima qilganimdan so’ng (“Tafakkur”, 1995, 3/4) “Bo’ldi endi, Dumbadzeni tinch qo’yaman, ortiq bezovta qilmayman”, deb o’zimga so’z bergan edim. Bo’lmadi. Oradan o’n ikki yil o’tib, yana uning “eshigi”ga bosh urib bordim…
Jurnalxonlarga havola etilayotgan ushbu hikoyada umumbashariy mavzu – insonlararo mehr-oqibat mavzui qalamga olingan. Yashirishning hojati yo’q, hikoya¬da tasvirlangan voqealar ba’zan o’zimizda ham uchrab turadi. Zora, ayrim shaharparast birodarlarimiz asardan andak saboq olsa…
Tarjimon
NODAR DUMBADZE
KO’RNAMAK
Nizom Komil tarjimasi
Nodar Vladimirovich Dumbadze (ნოდარ დუმბაძე; 1928.14.7 — Tbilisi — 1984.5.3) — atoqli gruzin yozuvchisi. Ilk hikoyalar to’plami — «Qishloq bolalari» (1958). Dastlabki yirik asarlari — «Men, buvim, Iliko va Illarion» (1960) qissasi va «Quyoshni ko’ryapman» (1962) romanida 2-jahon urushi yillaridagi gruzin qishloqlarining og’ir hayoti aks etgan. «Quyosh kechasi» (1967), «Oq bayroqlar» (1972) romanlarida zamonaviy muhim ijtimoiy- axloqiy masalalar ko’tarilgan. «Abadiyat qonuni» (1978)da insonning jamiyatdagi o’rni, yashashning ma’nosi mavjud hayotiy lavhalar, shaxslar orqali aks ettirilgan. Nodar Dumbadze asarlari chuqur lirizm b-n sug’orilgan, ularda dramatizm yumor b-n uyg’unlashib ketgan. Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan («Quyoshni ko’ryapman», 1969; «Qo’rqmang onaginam», 1982; «Abadiyat qonuni», 1983 va b.). «Abadiyat qonuni» asari asosida o’zbek tilida telespektakl` yaratilgan (1985). Bir necha hikoyalari taniqli tarjimon Nizom Komil tomonidan mohirona o’zbekchalashtirilgan.
Guduli Berejiani yuz yoshga to‘lganda uning sha’niga birov ikki og‘iz iliq so‘z aytmadi. Shunga ham ota go‘ri qozixonami – ana, qishloq qabristonida salkam yuz ellik yil yashab o‘tganlardan qanchasi yotibdi! Shundoq bo‘lgandan keyin qo‘ni-qo‘shnilar Gudulini tabriklashni unutgan bo‘lsa unutgandir-da. U yog‘ini so‘rasangiz, tug‘ilgan kuni o‘zining ham esiga kelgani yo‘q.
…O‘sha kuni Gudulini sahari mardonda “Longinoz” laqabli xo‘rozi uyg‘otdi. Qariyaning ko‘zi eng avval qo‘shnining itiga tushdi:
– Ha-a, padari qusur, yana tuxum o‘g‘irlagani keldingmi? Yo‘qol, o‘ralashma bu yerda, ochofat!
Keyin qo‘noqdan tushgan xo‘roziga o‘dag‘ayladi:
– Kallai saharlab meni uyg‘otguncha anovi haramingga qarasang bo‘lmaydimi, lattamaxsum! Sening dodingni Ardalion Brokishvilining xo‘rozi bersin-da!
Guduli xo‘rozga tanbeh berib bo‘lgach, ayvondan tushib, oshxonaga kirdi. O‘choq oldida cho‘kkalab, kul bosgan ko‘mirni beri tortdi-da, ustiga shox-shabba tashlab puflay boshladi. Quruq shoxchalarga o‘t ilashganidan keyin qumg‘on qo‘ydi. Suv iligach, sut sog‘iladigan xurmachaga quyib, molxona tomon yurdi. Oxur yonida yotgan sigir egasini ko‘rib bir “mo‘”lab qo‘ydi.
– Hozir, hozir! – dedi Guduli sigirning sag‘risini silab. Sigir kavshdan to‘xtab, o‘rnidan turdi. Guduli o‘ng qo‘lini bilagigacha shimarib, uch oyoqli pastak kursichani sigirning yonboshiga yaqin surdi-da, o‘tirib, quruqshab qolgan yelinga qo‘l cho‘zdi. Xurmachaga ipday nozik sut tolasi tizillab tusha boshladi. Sut ko‘p chiqmadi.
– Tamom bo‘psan, sho‘rlik jonivor! – dedi Guduli.
– Nima qilay, otaxon, men ham qaridim-da, – deya o‘zini oqlagan bo‘ldi sigir.
Guduli molxona eshigini lang ochib, sigirni jo‘xorisi o‘rib olingan dalaga haydadi.
– Bor, qorningni to‘yg‘iz! Sen sigir emas, to‘qol echkidan battar maxluq ekansan. Iloyo, bo‘rilarga yem bo‘lgin… Bor, boraqol!
Sigir sudralgancha chiqib ketdi…
– Salom, Guduli!
Guduli sut sog‘ilgan xurmachani tizzasiga qo‘ygancha yog‘och kulbasining pillapoyasida o‘tirar, ikki tog‘ orasidan ko‘kka talpinayotgan quyosh gardishiga nigohini qadagan, hech narsa haqida o‘ylamas edi.
– Salom, Guduli!
Guduli ovozdan cho‘chib ketdi. Nok daraxti tagida boshini qashlab Ucha Melimonadze turardi.
– Guduli emas, Guduli bobo! Nechchi marta aytishim kerak, mishiqi!
– Salom, Guduli bobo!
– Ha, barakalla.
– Oyim aytdilar, menga murabbo berarkansiz.
Guduli jilmaydi:
– Balki sut icharsan?
– Yo‘q, murabbo yeyman.
– Bo‘pti, oldin sut ichasan, keyin murabbo beraman.
– Qani, ko‘rsating-chi…
Guduli xurmachani uzatdi.
– Oyim, xom sut ichma, deganlar. Kasal bo‘pqolarmishman. Ichmayman.
– E-e, oying nimani bilardi! Xotinlarning aqli to‘g‘risidagi maqolni eshitmaganmisan? Mayli, eshitmay qo‘yaqol. Ihm, xom sut emish! Mana, men tug‘ilganimdan beri xom sut ichaman, tirik yuribman-ku?! Kasal bo‘pqolarmish!
– Bo‘pti, ichsam ichaqolay…
Ucha nafasini ichiga tortdi, shu zahoti…
Sut bolaning qornini qult-qultlab to‘ldira boshladi.
Guduli kulgidan o‘zini arang tiyib turardi. Nihoyat, Ucha xumchani og‘zidan oldi, lablarini yengiga artib, uni Guduliga uzatarkan, asta ming‘irladi:
– Ozgina yordamlashvoring…
Guduli indamay xumchani bolaning qo‘lidan oldi.
– Menga qara, Ucha, bugun maktabga bormaysanmi?
– Bugun yakshanba-ku!
– Shanba bugun! – dedi Guduli bamaylixotir.
– Nega shanba bo‘larkan? Yakshanba! – deb takrorladi bola.
– Nahotki… Yo alhazar! Qarib, miyam ham suyulib qopti shekilli… – deya Guduli tizzasiga shapati urdi.
– Sizga nima farqi bor, Guduli bobo? Maktabga bormasangiz, ishga bormasangiz…
– Shoshma! Chislo nechchi?
– Chislo – 28, kun – yakshanba, oy – noyabr, yil – 1970! – dedi Ucha so‘zlarni chertib-chertib.
– Yo tavbangdan ketay! – deya sapchib o‘rnidan turdi Guduli.
Angrayib qolgan bolaga e’tibor ham bermay xonaga kirdi, karavoti tepasiga ilib qo‘yilgan yirtma taqvimga ko‘zini qadagancha uzoq turib qoldi, keyin ustki varag‘ini shartta uzib olib, haligi joyiga qaytdi.
– Nima bo‘ldi sizga, Guduli bobo? – Ucha qariyaning yoniga cho‘kib, boshdan-oyoq unga hayratomuz nigoh tashlab chiqdi. Guduli bolaning savoliga parvo qilmay cho‘ntagidan ko‘zoynagini oldi-da, taqvimdagi yozuvni hijjalab o‘qiy boshladi:
28 noyabr
Yakshanba
Quyosh chiqishi – 8.06
Quyosh botishi – 17.32
Kunning uzunligi – 9.26
Yangi oy chiqadigan kun – 24 noyabr
Oy chiqishi – 10.55
Oy botishi – 20.31
Keyin varaq orqasidagi matnni ham sinchiklab o‘qib chiqdi:
Bilasizmi? Bir kunda odam qariyb 20 ming marta qadam bosadi, bir yilda – qariyb 7 million, 70 yilda – qariyb 500 million, bu – taxminan Yerdan Oygacha bo‘lgan masofani tashkil etadi.
Guduli osmonga qarab, quyoshni ko‘rdi, keyin nigohi g‘arb tomon siljib so‘nayotgan oyga qadaldi. Qiziq, bir vaqtning o‘zida ko‘kda ham oy, ham quyosh bor edi. Guduliga o‘sha lahzada negadir oy juda ham olisda turganday tuyuldi.
Yana o‘qishda davom etdi:
Yer bilan Oy orasidagi masofa 384 ming kilometr – ekvator uzunligidan 9 marta ortiq. Demak, inson 70 yil mobaynida yer kurrasini ekvator bo‘ylab 9 marta aylanib chiqishi mumkin ekan.
Gudulining boshi aylanib ketdi…
– 70 yilda – 9 marta… Yuz yilda-chi? O‘n, o‘n bir, o‘n ikki marta…
U xiyol titrab turgan qoqsuyak tizzalariga nazar tashladi. Va birdan, xuddi ekvatorni hozirgina o‘n ikki marta aylanib chiqqan odamday, vujudida qonni ayovsiz simirayotgan dahshatli bir horg‘inlik sezdi.
Keyin oyoqlariga qarab so‘zini davom ettirdi:
– Eshityapsizlarmi? Agar biz shu yuz yil mobaynida qishlog‘imizdan chiqib, Ozurgeti orqali Batumiga, Moskvaga, keyin Germaniyaga, u yoqdan Amerikaga, so‘ng Yaponiya orqali yana Ozurgeti va uyimizga qaytib kelsak, ona sayyoramizni o‘n ikki marta aylanib chiqqan bo‘larkanmiz… A? Zo‘r-a?
Guduli tizzalarini bir siypalab qo‘ydi.
– Lekin bunday bo‘lmadi… Yer sharini aylanib chiqolmadik… Ammo, Xudo shohid, biror daqiqa tinim bilganimiz yo‘q… – Qariya siniq jilmaydi. – Buni qandoq tushunish kerak? Bir joyda depsinavergan ekanmiz-da? Yo‘q, unaqa emas. Biz ko‘p yo‘l bosdik! Nolimayman! Yuz yil davomida meni hormay-tolmay qishloq oralab, uyma-uy, hovlima-hovli ko‘tarib yurganingiz uchun sizdan mingdan-ming roziman! Rahmat, ko‘pdan-ko‘p rahmat! – Guduli yana tizzalarini siladi.
1970 yil 28 noyabr kuni ertalabki soat sakkizda Guduli Berejianining tug‘ilganiga yuz yil to‘ldi. Qariya shuni eslashi bilan yuragi tuzoqqa ilingan bedanaday tipirchilashga tushdi. Guduli qo‘rqib ketdi. Ilgari, yoshligida – otish yoki poyga musobaqalari boshlanadigan paytda shunaqa bo‘lardi. Tag‘in, kurash bo‘yicha musobaqa oldidan ham yuragi dukurlagani rost. Uning doimiy raqiblari Kerkadze degan aka-uka egizaklar edi, doimiy tomoshabin esa ularning singlisi – Taliko. O‘shanda baquvvat yuragi qinidan chiqib ketayozgan. Lekin qo‘rqmagan. Endi bo‘lsa… Guduli yuragini changallagancha tosh qotdi. Bir lahzada butun yoshligi kino tasmasiday shig‘illab ko‘z o‘ngidan o‘tdi. Saldan so‘ng hammasi joyiga tushdi. Yurak tinchib, bir maromdagi odatiy va beminnat vazifasini bajarishga kirishdi. Guduli chuqur nafas oldi, shunda o‘pkasi musaffo havoga limmo-lim to‘lganini his etdi. Yengi bilan peshonasiga tizilgan terni artib, xushnud jilmaydi:
– Qulluq, yuragim, minnatdorman! – dedi u va chap ko‘ksini beozor siypalab qo‘ydi.
Guduli hovliga tushdi, yolg‘izoyoq yo‘ldan azamat nokning soyasiga borib o‘tirdi. Ucha ham uning izidan qolmasdi.
– Joni og‘rimaydimi? –deb so‘radi bola daraxtga sanchib qo‘yilgan boltani siltab tortarkan.
“Boshlandi, – dedi ichida Guduli, – endi savoli urchiyveradi!..”
– Qiziqsan-a. Daraxtlar ham og‘riqni sezadigan bo‘lsa, odamzot u dunyo-bu dunyo gunohdan forig‘ bo‘lolmaydi-ku!
Guduli navbatdagi savolni kutdi, ammo Uchadan sado chiqmasdi. U boltaning damiga asta barmog‘ini tegizib, to‘ng‘illab qo‘ydi:
– Og‘riydi, qattiq og‘riydi!
Guduli bolani chaqirib yoniga o‘tqazdi, uning mallarang-qizg‘ish boshiga kaftini qo‘yib, sekin gap qotdi:
– Ucha, bugun Guduli bobong yuz yoshga to‘ldi…
Ucha qariyaga ishonqiramay bir nazar tashladiyu xaholab kulib yubordi.
– Nega kulasan, tentak?
– O‘tgan yili, undan oldingi yili ham yuzga kirmaganmidingiz?
– Voy g‘alcha-yey! Qanaqqib o‘tgan yili yuzga kirishim mumkin?
– Nechchiga kirgansiz?
– Tavba! O‘tgan yili to‘qson to‘qqiz, undan oldingi yil – to‘qson sakkiz! Mana, bu yil – yuz yosh-da!
– Yo‘g‘-e! Doim bir xilsiz.
– G‘irt chulchut ekansan!
– Oyim aytadilarki, sizning yoshingizga yosh ham qo‘shilmasmish, kamaymasmish ham… Bu choli tushmagur vaqtni to‘xtatib qo‘ygan, deydilar.
Guduli jilmayib turgan Uchaning ko‘ziga qarab, bu nigohda o‘zining “borsa kelmas”ga ketgan bolaligini ko‘rganday bo‘ldi. Yuzini chetga burib, sekin so‘radi:
– Azroil bundan qochib yuradi, demadimi oying?
– Aytdilar.
– Vaqtni to‘xtatib qo‘yibmanmi? Shundoq dedimi?
– Ha.
– Eh, bo‘talog‘im, vaqtni to‘xtatishga mingta ho‘kizning ham kuchi yetmaydi.
– Kimning kuchi yetadi?
– Hech kimning. Fursati kelganda vaqtning o‘zi to‘xtaydi.
Ucha chalqancha tushib yotib oldi.
– Qarang, osmonda ham quyosh, ham oy bor-a! – deya xitob qildi u bir mahal.
– Ko‘rdim, o‘g‘lim, ko‘rdim.
– Qiziq, quyosh bilan oy bir vaqtda chiqadimi?
“Tinkamni quritadi bu takasaltang!” deya ko‘nglidan kechirdi Guduli.
– Nega indamaysiz? Shunaqasi ham bo‘ladimi?
– Bo‘ladi. Osmon – Xudoning ko‘zi. Unga kun ham, tun ham sig‘averadi! – deb tushuntirdi qariya.
– Xudoning ko‘zi bormi?
– Obbo! Muncha ezmalanasan! – Gudulining jahli chiqib ketdi.
– Ayting-da!
– Mana, sening ko‘zing bormi?
– Albatta.
– Qani, yum-chi! Bo‘laqol. Nimani ko‘ryapsan?
– Hech narsani. Qop-qorong‘i.
– Endi och! Nimani ko‘ryapsan?
– Hammayoq yop-yorug‘.
– Ha, barakalla. Xudoning ko‘zi ham shunaqa. Bir vaqtning o‘zida baravariga kunni ham, tunni ham ko‘raveradi.
– Xudo Xudo-da! – Ucha turib o‘tirdi. – Xudo bilan men baravarmi?
– Albatta, o‘g‘lim, baravarsan-da! Butun olam seniki! – deya Guduli bolani bag‘riga mahkam bosdi. Ucha yana bir nimani so‘ramoqchi bo‘lib og‘iz juftlagan edi, uni gapirtirmadi: – Bo‘ldi, bas qil! Boshim og‘rib ketdi.
Ucha cholning bag‘ridan chiqdi.
– Yana bitta savol! Oxirgisi!
– Qani, ayt-chi!
– Ertalab oyim, dadang ablah, razil odam, senlar uchun u o‘lgan hisobi, dedilar… Shu rostmi?
Guduli garangsib qoldi.
– Rost, o‘g‘lim… – dedi o‘ychanlik bilan. Keyin xato qilganini payqadi. – Lekin sen unaqa deyishing to‘g‘ri emas! Nima bo‘lganda ham – otang!
– Nega bo‘lmasa rost dedingiz?
– Axir, shunday o‘g‘ildan yuz o‘girgan odamni yana nima deyish mumkin?!
Ucha indamay o‘rnidan turib, darvoza tomon yura boshladi.
“Chakki qildim shu gaplarni gapirib! – deya o‘kindi ichida qariya. – Farzandga ota farishtaday ko‘rinadi… Uning razilligini bu norasida qayoqdan bilsin?!”
– Ucha! – deb qichqirdi Guduli.
Bola orqasiga qaramay ketaverdi.
– Ucha, qayt, o‘g‘lim!
Ucha to‘xtadi.
– Menga qara, chirog‘im. Otang yomon odam emas. Mana biz ablahmiz, boshqalar ablah! Nima, hazilni ham tushunmaysanmi?
Ucha unga ishonqiramay yer ostidan qarab qo‘ydi.
– Bu yoqqa kel, o‘g‘lim! – deya qo‘l silkib, bolani yoniga chorladi Guduli.
Va birdan serraygancha qotib qoldi… Avvaliga, menga shunday tuyulyapti, deb o‘yladi. Ammo… ikki soni orasida makkor, sharmsiz bir harorat paydo bo‘lganini aniq-ravshan his etganidan so‘ng… intihoning ibtidosi boshlanganiga aqli yetdi.
– Yo Tangrim, sharmanda qilma! – deya ingradi qariya. Ammo Tangrining qulog‘i tom bitgan edi. Oldini shilta qilib bo‘lgan qaynoq peshobi endi tizzalaridan pastga qarab o‘rmalayotgan edi.
– Ucha, yordamlash! – dedi Guduli ihrab. Bola u tomon chopdi-yu, yetib kelolmadi. Qariya tiz cho‘kib, ho‘ngrab yubordi.
Oradan bir soatcha o‘tgach, Guduli sal o‘ziga keldi.
– Endi uyingga bor, o‘g‘lim.
– Oyimni chaqiraman!
– Yo‘q, keragi yo‘q. Boraver.
– Oyimga aytaman!
– Yo‘q, dedim-ku!
– Nega yig‘ladingiz bo‘lmasa?
– Shunchaki hazillashdim, aldadim seni. Qani, bir sinab ko‘ray-chi, Ucha Guduli bobosini yaxshi ko‘rarmikin-yo‘qmi, dedim-da.
– Bugun kun bo‘yi meni aldamoqchimisiz?
– Yo‘-o‘q. Esim kirdi-chiqdi bo‘pqolgan-da, qarichilik… Bor, o‘g‘lim, endi meni xoli qo‘y… Bir oz dam olay…
Ucha keta boshladi. Darvozaga yetganda orqasiga o‘girildi.
– Boraversang-chi, qaysar!
Ucha chiqib ketdi.
Guduli daraxtga suyangancha bo‘shliqqa loqayd nazar solardi. Miyasida hech qanday o‘y yo‘q – faqat hadsiz-hududsiz bo‘shliq… Butun borliq sukutda. Qishloq ham, yer ham, osmon ham sukunat ummoniga g‘arq bo‘lgan. U shundoqqina oyoqlari ostiga pishib o‘tib ketgan noklar to‘kilib, yorilayotganini ko‘rib turardi-yu, lekin paqillagan tovushlarni eshitmasdi. Uzun tarnovda chopqillayotgan buloq suvi naqd ro‘parasida, ammo uning jildirashi qulog‘iga kirmasdi. Ana, shabada jo‘xorining qovjiragan barglarini oldiga solib quvib yuribdi, lekin ularning shitir-shitirlarini qani eshitsa! Ko‘rib turibdi: daladan to‘yib qaytgan sigiri darvoza oldida “mo‘”layapti, xo‘rozi Longinoz chetan devorga chiqvolib qanot qoqyapti, “qu-qu”layapti, ammo Guduli sigirning “mo‘”lashini ham, xo‘rozning qichqirig‘ini ham eshitmas edi. Hammayoq jimjit. Tiq etgan sado yo‘q. Faqat intiqlik, so‘ngsiz, yurakni ezadigan mubham bir intiqlik. Nokka suyanib toshqotgan Gudulining o‘zi ham shu tobda bolta ko‘targan odamni intizorlik bilan kutayotgan va qurt-qumursqalar dastidan tanasi ilma-teshik bo‘lib ketgan ko‘hna daraxtga o‘xshardi. Holingga voy, Guduli Berejiani, sho‘ring qursin!
…Tushkunlik iskanjasida qolgan Guduli shu alfozda yana ancha vaqt o‘tirdi. Keyin asta-sekin o‘ziga kela boshladi. Qalbida umid uchqunlari yiltilladi. Yuragi yana ishga tushib, tomirlarida qon yugurdi. Guduli oldin yurak urishini, keyin sigirning “mo‘”lashi, suvning jildirashini, so‘ng esa xo‘rozi Longinozning qa-qag‘laganini eshitdi. Guduli hayotga qaytdi.
– Xudoga shukr!.. – deb pichirladi u va bitta-bitta bosib uyiga qarab yurdi. – O‘zingni tut, Guduli! Hech narsa bo‘lgani yo‘q… Hali hech narsa bo‘lgani yo‘q… Tasodif bu… Rostdan ham hech narsa bo‘lmagandir? Menga shunday tuyulgandir, xolos?..
Guduli quyoshga qaradi – oftob xiyla g‘arbga siljigan edi. Ke¬yin asta zinapoyaga oyoq qo‘ydi. Birinchi zina… Ikkinchi… Uchinchi… Beshinchi… Shunda birdan dunyo yana ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ketdi. Yana olamni sukunat bosdi. Guduli yana boyagiday makkor va sharmsiz haroratni tuydi. “Choli tushmagur vaqtni to‘xtatib qo‘ygan…” Bu gapni kim ayt¬ganini eslashga ulgurolmadi – guppa zinapoyaga ag‘darildi.
– Salom, muhtaram Guduli!
Guduli ko‘zlarini ochdi.
– A? Nima deysan, Kseniya? – deb so‘radi chol aftini burishtirib. Shu tobda birovga ko‘rinishni sira ham xohlamasdi.
– Ucha hovliqib kelib, Guduli bobomning mazasi qochib qoldi, dedi. Shunga…
– Hechqisi yo‘q, azizim! Yurak erkalik qilib turadi-da… Mana, o‘tib ketdi…
– Balki biror yordam kerakdir, muhtaram Guduli? Yo do‘xtir chaqiraymi?
– Yo‘q, yo‘q, Kseniya! Shart emas!
“Boshlanadi endi – do‘xtir, kasalxona, ming xil poroshogu tabletka, jiqqa-jiqqa ukol… E, Parvardigor!..”
– Valeryanka beraymi?
– Yo‘q, yo‘q.
“Kimga keragi bor bunaqa hayotning? Valeryanka emish!”
– Validol-chi?
– Kerak emas validol!
– Nima qilay bo‘lmasa, muhtaram Guduli? – dedi ayol toqatsizlanib.
– Hech narsa kerak emas menga, azizim! Bor, uyingga bor.
“Bu hali holva… Hademay uzun-qisqa bo‘lib boshqa qo‘shnilar kirib keladi… Yana shu savol-javob… yugur-yugur… E, Xudo!”
– Yaramas Ucha o‘lim to‘g‘risida bir nimalar deb valaqlagandir-da… Hoynahoy, oyim aytdi, degan… Shoshmay tursin, ko‘radi ko‘radiganini!
– Qo‘ysang-chi, Kseniya, qo‘ysang-chi!
“Namuncha chakagi ochildi… Ilgari og‘ziga talqon solib yurar edi shekilli…”
– Kimdan chiqdi o‘zi bunaqa gap? Iloyim chipqon chiqsin unaqa tilga!
“Nega o‘zini qarg‘ayapti? Ucha yolg‘on gapirmaydi-ku!”
– E, bo‘ldi-da endi! Uyingga borsang-chi!
– Bugun tug‘ilgan kuningiz ekan, muhtaram Guduli! Yana yuzga kiring!
– Rahmat, rahmat, Kseniya!
– Nahotki, shahardagi jigarlaringiz kelmasa? Yuz yosh-a! Hazil gapmi?!
– Kelishadi, albatta kelishadi!
“Bir oy o‘tar, ikki, uch oy o‘tar… Keyin hammaning joniga tegaman… Kasal boqish kimga yoqadi…”
– Bu dunyoda farzandlari bilan maqtanishga haddi sig‘adigan odam bor bo‘lsa, o‘sha – sizsiz, muhtaram Guduli! Biri Botumida, biri Potida, yana birovi Kutaisida, to‘ng‘ichingiz
Tbilisida. To‘rtovi ham olim, obro‘-e’tiborli… Darvoqe, nevaralar nechta, muhtaram Guduli?
– Avlodimiz hammasi bo‘lib yigirma uch kishi, lekin bundan nima naf? Yonimda hech kim yo‘q.
– Unaqa demang, muhtaram Guduli! Baxtli odamsiz.
– Ha, albatta…
“Qachon gapi tugaydi bu vaysaqining?”
– Hozir borib bolani oldingizga chiqarvoraman.
– Tashvishlanma, Kseniya. Bir oz cho‘zilsam, o‘zimga kepqolaman.
– Zarur bo‘lib qolsam – tortinmang, o‘z qizingizday chaqiravering.
– Rahmat, azizim!
– Tuzalib keting, muhtaram Guduli!
– Omon bo‘l, Kseniya!
Ayol ketdi. Guduli uni ma’yus nigoh bilan kuzatib qoldi. Ana, ketyapti – yosh, durkun… Guduli bo‘lsa zinapoyada yalpayib, kuz oftobining zaif taftida ishtonini quritib o‘tiribdi. E, Xudo! Qodir Egam! Nega meni bunchalik sharmanda qilding?!
…Insonning tabiati g‘alati! Yosh va sog‘lom odamni ko‘rganida o‘zining qari va xastaligidan o‘kinadi. Lekin boshqa birov undan ham qariroq va dardmandroq ekanini o‘ylab, xotirjam bo‘ladi, ko‘nglida umid yolqinlanadi. Mana, bugun ham Uchani bag‘riga bosib turganida “E, Parvardigor, shu bolaning yoshligini menga berginu evaziga xohlagan narsangni olaver!” degan o‘y Gudulining ko‘nglidan necha bor o‘tdi ekan? Hozir esa, uzoqlashib borayotgan Kseniyaga qarab turib “Yo Rabbim, menga shu ayolning yoshini berginu o‘rniga nimani istasang olaver!” degan gap o‘tdi ko‘nglidan.
Va shu zahoti o‘zidan jirkanib ketdi. Xudo unga yuz yil umr ato etganiga shukr qilmaganidan qattiq xijolat bo‘ldi.
Quyosh botgunga qadar ertalabki uyatli holat yana uch marta takrorlandi… Shundan keyin Guduli Berejiani, yer ko‘ksini yuz yil tepkilagan mo‘ysafid g‘arb tomonga qarab cho‘kkaladi va boshini egib, oftobga ta’zim qildi:
– Alvido, quyosh, beadad minnatdorligimni qabul et!
– Ey inson, ne sababdan menga minnatdorlik izhor qilyapsan? – deya ajablandi oftob.
– Mehribonliging uchun, mana yuz yilki, har tun adog‘ida meni tong quvonchidan bahramand etganing uchun!
– Arzimaydi, tabarruk inson! – dedi quyosh va ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi.
– Rahmat senga, olam charog‘i!
Guduli darvoza oldida “mo‘”lab turgan sigirni hovliga kiritdi. Sigir odatdagiday to‘ppa-to‘g‘ri molxonaga borib, sog‘ilishini kutdi. Guduli uning sag‘risini uzoq siladi-yu, lekin sog‘madi…
– Bugun damingni ol, jonvor, bemalol kavsh qaytarib yotaver. Ikkilamchi, tashakkurimni ham qabul et!
– Nima uchun tashakkur aytyapsiz? – deya hayron bo‘ldi sigir.
– Loaqal har kuni ertalab og‘zim sutga tegib turgani uchun!
– Osh bo‘lsin! – dedi sigir va oxur yoniga cho‘kdi.
– Rahmat senga, govmishim!
Guduli orqa hovliga o‘tdi, uxlash uchun qo‘noqqa tizilgan tovuqlariga nazar soldi, tovuqxona eshigini yopib chiqib ketishdan oldin Longinozning qip-qizil tojini mehr bilan siypaladi.
– Ertaga meni xohlagan paytingda uyg‘otaver. Endi xayrlashamiz, mingdan-ming rahmat senga!
– Ie, nega rahmat deysiz? – deya taajjublandi xo‘roz.
– Har kuni ertalab, kanda qilmay meni uyg‘otib turganing uchun!
– Arzimaydi! – dedi xo‘roz va uyquga ketdi.
– Tashakkur, Longinoz!..
Guduli ischiroqni xum yoniga qo‘ydi, keyin xum og‘ziga bosilgan loyni avaylab ko‘chirdi-da, cho‘kkalab qopqoqni ochdi. O‘ttiz pudli xumda uzoq vaqt dimiqib yotgan toza musallas vishillab atrofga o‘tkir hid taratdi. Guduli odamni elituvchi mana shu hid omuxta bo‘lgan havodan to‘yib-to‘yib nafas oldi. So‘ng shoshmasdan qovoq cho‘michni yonboshlatib xumga botirdi. Qulq, qulq, qulq – cho‘mich sharobga to‘lib borarkan, qariya tanish va qadrdon bu tovushga entikkancha quloq solib turdi. Keyin cho‘michni olib, unga asta labini tekkizdi:
– Ofarin senga, ey bodai nob! Ofarin senga, bebaho tokning sehr¬li sharbati! Minnatdorligimni qabul et!
– Nega unaqa deyapsiz? – Xumdan chiqqan ovoz aks sadoday eshitildi.
– Shuning uchunki, sen yuz yil mobaynida yaxshi kunlarimda ham, yomon kunlarimda ham menga sodiq habibu hamnafas bo‘lding!
– Kayfingiz tarqamasin! – dedi xum uh tortib.
– Tashakkur senga!..
Guduli pastakkina stol yonida o‘tiribdi. Qo‘lida musallas to‘la piyola. Ayvon ustuniga ilib qo‘yilgan ischiroqning xira shu’lasi qariya¬ning boshiga tushib turibdi. Ikki yuzidan oqayotgan ko‘zyoshlari soqolini yuvib, stoldagi zog‘ora non bilan pishloq ustiga tomchilayapti – Guduli Berejiani yig‘lardi…
Bir soat burun Guduli hovlini aylanib chiqdi. Omochni ushlab ko‘rdi – yeyilib ketibdi. Boltani qo‘liga oldi – o‘tmaslashgan. O‘roqqa ko‘zi tushdi – o‘rishga yaramaydi. Belkurakka qaradi – chirib, uchi qayrilib yotibdi. Hatto oldida, stolda turgan pichoq ham piyozning po‘stiday bo‘pqopti… Temirki vaqt zug‘umiga chidamabdi, inson qancha chidashi mumkin?!
Mana shu ilohiy sharobni o‘rtaga qo‘yib qasam ichishga ham tayyor – Guduli umriga achinmaydi. Guduli biladi – u kasal emas. Shunchaki charchagan, yeyilib tamom bo‘lgan – vassalom! Anovi omoch, bolta, belkurak va pichoq kabi yaroqsiz holga kelgan.
Hamma narsa – yer va osmon, uy va hovli, sigiru tovuqlar bilan xayrlashib bo‘ldi. Ammo tengdoshi nok daraxti bilan uzoq, juda uzoq vidolashdi.
– Alvido! – dedi u nok tanasini quchoqlab. – Oramizda eng bardoshli mavjudot sen ekansan! Ildizlaring baquvvat, yelkalaring osmonni tutib turibdi… Sulolamning uch avlodini soyangdan bahramand etding, yana qanchasiga xizmat qilishingni Xudoning o‘zi biladi! Mana, salkam bir asrdirki, har yili bexato hosil berasan, hamon durkun, tetik va bardamsan. Sen hovlimning yupanchi va ko‘rkisan, qishlog‘imning jamiki qushlariga bag‘ri keng oshyonsan. Rahmat senga, qadrdonim!
– Qulluq! – deb qo‘yaqoldi daraxt. U o‘zining izzatini bilardi.
“Shon-sharaf senga, tabiat, – deya ko‘nglidan kechirdi Guduli, – donoligingga balli! Sendan keyin mana shu daraxt, yer, osmon va quyosh barqaror bo‘lishini his etish – qanday baxt!..”
So‘nggi minnatdorligini Guduli o‘z yuragiga, ko‘zi, quloqlari va aql-idrokiga izhor etdi.
– Nima uchun? – deb so‘radi yurak taajjublanib.
– Nima uchun bo‘lardi? – dedi Guduli. – Yuz yil davomida menga biror marta ham xiyonat qilmading. Ko‘zim, quloqlarim, qo‘l va aql-idrokim ham shuncha yil beminnat xizmat qildi.
Bu kammi?
– Arzimaydi, Guduli, arzimaydi! Endi dam olay… Juda toliqqanman, Guduli!
– Rahmat senga, yuragim!..
“Xo‘-o‘sh, endi ona-bola bilan xayrlashish qoldi. Ha-a qurgur-ey, ismlari nima edi-ya?.. Bu yog‘i yaqin qolganda xotiramdan judo qilma, Parvardigor! Onasi-ku mayli, bolaning ismi nima edi? Qodir Egam, xijolatga qo‘yma, bolaning ismini eslat!”
Ammo Xudodan sado chiqmadi. Guduli na onaning, na bolaning ismini xotirlay oldi.
Shundan keyin ayvon panjarasi yoniga borib, qichqirdi:
– Ho-oy, qo‘shni!
– Qulog‘im sizda, muhtaram Guduli!
– Kimsan?
– Kseniyaman, kim bo‘lardi! Tanimadingizmi?
“Kseniya… Kseniya… Xayriyat-e… Kseniya…”
– Bola uydami?
– Uchami?
“Ucha! Ha, ha, Ucha edi ismi…”
– Kseniya, hozir uyimda bir voqea bo‘ladi… Qisqasi, shundoq qilginki, bola o‘ksib qolmasin…
– Nimalar deyapsiz, muhtaram Guduli?
– Iltimos, qo‘shnilar yig‘ilmaguncha bolani oldimga qo‘yma…
– U nima deganingiz, muhtaram Guduli? Hazillashyapsizmi?
– Xayr endi, Kseniya! Xudo shohid, hammangizni yaxshi ko‘rardim, minnatdorman sizlardan! Rahmat!
– Guduli, otaxon, nima bo‘ldi sizga?!
Guduli xonaga kirib, eshikni berkitdi.
– Guduli!!!
Birdan qarsillab o‘q uzildi. Shunaqa qattiq paqilladiki, atrofdagi uylarning derazalari zirillab ketdi…
Guduli Berejianini dafn etishga butun qishloq ahli keldi. Izdihom orasida qarindosh-urug‘lar ham ancha-muncha edi-yu, ammo ularning qayg‘urayotgani ko‘pam sezilmasdi. Buning ustiga, to‘ng‘ich o‘g‘il Dimitriy tobut tepasida emas, hovlidagi nok tagida xo‘mrayib turar, shu yerda qaqqayib, kelganlarning ta’ziyasini qabul qilardi.
Dimitriyning yoniga men ham bordim.
– Bandalik. Xudo sabr bersin.
– E, qo‘ying-e, Nodar Vladimirovich! – dedi u zarda bilan. – Bandalik, deysiz-a! Choli tushmagur yuzimizni yerga qaratdi! Odamlarning ko‘ziga qanday qaraymiz endi?!
– Nachora, ko‘rgilik. Kutilmagan ish bo‘ldi-da…
– Sekin aytasizmi! Qip-qizil sharmandalik! O‘rtoqlarimga nima deyman? Nima deb tushuntiraman? Tbilisida biz bilan birga turing, desam, ko‘nmadi. Oyingning qabrini tashlab ketmayman, dedi. Qayoqdagi sigir, tovuqlarni ro‘kach qiladimi-yey! Xudo saqlasin! Tirraqi bir sigir bilan ola-pes xo‘rozni deb umrini o‘tkazdi-da shu yerda! Uy ham to‘kilay deb turibdi qarang. Uchasiz yashayolmas emishlar! Tavba! O‘z otang shunaqa deb tursa-ya!..
– Ucha? Kim u?
– Qayoqdan bilaman. Qo‘shnining bolasi emish. Otasi tashlab ketgan. Bu yoqda tayyor homiy bor-da! O‘sha mishiqiga ota o‘rnida ekanlar. E, bunaqa tirik yetimlar Gruziyada son mingta!
Nima deyishga ham hayron bo‘pqoldim. Ketmoqchi edim-u, Dimitriy hali gapini tugatmagan edi:
– Hech narsadan zoriqqani yo‘q. Xotinim Parijdan issiq ko‘ylak-ishton keltirib berdi. E, qay birini gapiray! Dafn marosimini ko‘rdingizmi? Qishloq qishloq bo‘lib bunaqa marosimni ko‘rganmikan? Ko‘rmaydi ikki dunyoda ham! Otam qaysar edi, qaysarligicha ketdi!..
– Sizga nima deb tasalli berishni ham bilmayman…
– Tasallining keragi yo‘q. Minnatdorman sizdan!
– Omon bo‘ling…
– Qayoqqa? Xafa bo‘laman-a. Iltimos, anovi stolga, soyabon tagida o‘tirganlarning yoniga o‘ting. Ho‘ Mitusha, mehmonga qara!
Ta’ziyaxonaga radiokarnaylar o‘rnatilgan, ularning tovushi Motsartning motam kuyidan ham balandroq yangrayotgani sababli Dimitriy ovozini ko‘tarib gapirayotgan edi.
Kayfi oshib qolgan Mitushaga bir amallab chap berdimu hovlini tark etdim. Darvozaga yetganimda yerda o‘tirgan yetti yoshlar chamasidagi mallasoch bolaga ko‘zim tushdi. U tizzasiga bosh qo‘ygancha yum-yum yig‘lardi.
– Isming nima, bolakay? – deb so‘radim engashib.
– Ucha Melimonadze! – dedi u menga yer ostidan qarab, keyin birdan ho‘ngrab yubordi.
– Boshing toshdan bo‘lsin, o‘g‘lim! – dedimu tomog‘imga bir narsa qadalib, hovlidan tez chiqib ketdim.
Keyin beixtiyor orqaga bir o‘girildim. Bu paytda ko‘rnamak o‘g‘il ikkala qo‘lini silkitib nutq so‘zlamoqda edi. Ta’ziyaxonaga o‘rnatilgan radiokarnaylar g‘ovuri Motsartning motam kuyidan ham balandroq bo‘lgani bois uning so‘zlarini eshitmadim.
Ҳақиқатдан таъсирли ёзилган, ҳам кулдим, ҳам йиғладим. Уйимни, қишлоғимни эсладим!!!!