Инсониятнинг буюк кашфиётлардан бири бўлмиш китобнинг буюклиги шундаки, у кўп ўқиган, ўзини яратган инсонларнида буюклар қаторига қўшаолади. Фақат, бунинг биргина шарти бор. Улуғликка номзод инсон кўп ўқиб, унга амал қилибгина қолмай, ўзида иқтидор ҳам бўлиши керак.
Жўра ФОЗИЛ
ЭРКИН МАВЗУДАГИ ИНШО
ЁХУД ҲАЁТ ШОМИДАГИ ЎЙЛАР
Энг кичик ва кичик ҳикоялар, адабиёт ҳамда журналистика ҳақида қайдлардан иборат замонавий ўзбекона роман
ЕТТИНЧИ ПАРЧА
КАШФИЁТНИНГ БУЮКЛИГИ
Инсониятнинг буюк кашфиётлардан бири бўлмиш китобнинг буюклиги шундаки, у кўп ўқиган, ўзини яратган инсонларнида буюклар қаторига қўшаолади. Фақат, бунинг биргина шарти бор. Улуғликка номзод инсон кўп ўқиб, унга амал қилибгина қолмай, ўзида иқтидор ҳам бўлиши керак.
ҚОВУН… ҚОВОҚ ВА БОДРИНГ…
Яқинда бозордан ҳуснидан тўйса бўладиган, тўрлаб, етилиб-пишган катта қовун харид қилдим.
Аслида қовун эмас, хазина олганимни билмаган эканман.
Қовундан бир тишлам едим-у, бу неъматда ошқовоқ ва бодринг таъми жуда мўллиги маълум бўлди-қолди.
Қовун катта эмасми, уч кун оиламиз аъзолари биргалашиб қовун, ошқовоқ ва бодрингни бир вақтнинг ўзида мазза қилиб тановул этдик. Қувонарлиси шундаки, ҳар гал қовунҳўрликдан сўнг, оғизда пайдо бўладиган антиқа таъмни йўқотиш учун бир қошиқдан тоза асалдан истеъмол қилишга тўғри келди.
Қовун эмас, хазина топганимни шундан билса бўладики, биздан кўра боқаётган бузоғимиз роса яйради, жониворнинг охури қовун, ошқовоқ, бодринг пўчоғига тўлиб кетди. Ушбу “хазина” яратувчилари – бободеҳқонларга тасаннолар айтдик.
УЧ ВАФОДОР
Бўйнига рўзғорнинг қора қозони илинган дўстим!
Мабодо қассобдан бир кило эт харид қилган бўлсангиз, шунча миқдорда гўшт олдим дея ўйламанг, қаттиқ адашасиз.Сиз атиги бир киши, бир мартагина тановул қилишига етадиган озгина гўшт ва инсоннинг энг яқин дўсти хисобланмиш учта итга етадиган суяк, ҳамда ишкамба олдингиз, холос. Бунда тарозининг мутлақо айби йўқ. Бизнинг чапдаст қассобларга электрон тарози чикора? Қурмағурлар ҳали кўрасиз, сунъий онгни ҳам бир чўқишда қочиришади. Чунки уларнинг онгги сунъий эмас, ҳақиқий. Улар гўр куйса-да, қозон қайнашини ўйлашади. Фикр-xаёллари жарақ-жарақ пулда, мўмай фойдани ўйлашади. Сунъий онгли биороботларда бола-чақа, қорин ғами йўқ, тўғри фикрлашади.
Қиссадан ҳисса, қассоблар сохта, тижоратчи, тадбиркорлар сунъий онгли қурилмаларнинг энг ашаддий рақобатчилари бўлиши эҳтимоли бор.
Хозирча эса гўшт харид қилиш масаласида асосий фойдани инсоннинг энг содиқ дўстлари, вафодорлар кўришаяпти.
Қассоб ва харидорлар ўз йўлига.
АНҚОНИНГ УРУҒИ
Ҳақиқий бадиий адабиёт – анқонинг уруғи, худди жуда қиммат, тансиқ таом сингари кам истеъмол қилинади.
ТЕЗ ИҚТИСОДИЙ ЁРДАМ
Тез тиббий ёрдам соғлигида тўсатдан қандайдир муаммо пайдо бўлганларга шошилинч мадад беради.
Тўсатдан молиявий кўмакка муҳтож бўлиб қолганларга эса, уларнинг ота-оналари биринчи бўлиб ёрдамга шошиладилар.
БЕНАСИБ ҚОЛМАНГ
Мен ўзбек ва жаҳон мумтоз адабиёти дурдоналарини ўқиётганимда ота-онам, опа-укаларим, ёинки, энг яқин дўстларим билан чин дилдан, самимий сухбатлашаётгандай бўламан.
Оҳ, бундай суҳбатдошлар юракка қанчалар яқин.
Турмуш ташвишлари билан, ана шундай суҳбатдошга кам эътибор қилаётган, азиз дўстлар!
Кўзингизни очинг, ҳали вақт бор, бебаҳо дурдоналардан бенасиб қолманг!..
ЮЗИ ҚОРАЛАР
Дунёда жамиийки ота-оналар фарзандларини ўзлари учун энг яқин, энг азиз ва жуда меҳрибон кишилар деб ҳисоблашса керак.
Агар фарзандлар ҳам ўз ота-оналарини ўзлари учун энг бебаҳо одамлар деб ҳисоблашганида, бу бевафо дунёда шўр пешона волиду волидалар, юзи қаро, бахти қаро фарзандлар бўлмасмиди?..
ҚЎЛИНГГА СУВ ҚУЯЙ ДОИМ…
Биродари азиз, тўйингдан сўнг, ўн саккиздан ўн тўққизга қадам қўяйми, йўқми деб турган завжайи муҳтарамангиз ҳар тонг ним очилган ғунчадек табассум билан “Бўйингдан ўргилай ёрим, қўлингга сув қуяй доим”, деганида кўнглингиз тоғлар янглиғ кўтарилганини эсласангиз керак.
“Эслаганда қандоқ”, дейсизми? Ҳа, баракалла!
Ана шу ним табассумли ҳурлиқо нари борса эллик йилдан сўнг, барқ уруб очилиб, аммо қўлингизга сув қуя олмай турса, сира ҳафа бўлманг, ўксинманг. Энди дўстим ҳикояча бошидаги халқимиз ижодига мансуб мисраларининг давомини сиз айтишингизга тўғри келса, ажаб эмас. Яъни, масалан, “Қўлингга сув қуёлмасам, шаҳид ўлсин ширин жоним”…
ЎЗЛИК
Аксарият одамлар ўзининг кимлигини, ўзлигини идрок эта олмайди, билмайди. Шундай бўлгач, у бошқаларнинг кимлигини билиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Аслини олганда эса ҳар бир ўзини ҳурмат қиладиган инсон бошқаларнинг кимлигини яхши билиши, шунга қараб муносабат қилиши керак.
“МЕН ЯШАЯПМАН”
“Мен севаман – демак, яшаяпман!” – деган тушунча бор.
Мен эса уни андак ўзгача истифода этаман: “Мен ижод қиляпман, демак, яшаяпман!”
ИМКОНИЯТ
Бадиий ижодда, адабиётда ёрқин, нурли из қолдираман деган адиб бунинг учун мавжуд имкониятларнинг ҳаммасидан тўлиғинча фойдалана олиши керак. Ҳатто хасдек,заррача имконият ҳам бундан мустасно эмас!..
КИБЕР ЁЛҒИЗЛИК
Нега инсоният қўл телефонларига ёпишиб олди? Нега бу матоҳ уларнинг содиқ дўстига айланди,деган савол устида кўп бош қотирдим.
Бечора одам глобаллашув жараёнида оломон орасида ўзини жуда ёлғиз, ғариб хис этаётир, шу боисдан кибер-дўстлар,ёрдамчилар, кибер ғийбатчилар ваҳимачиларга кучли эҳтиёж туғилган.Ахборот алмашинувида интернетнинг беқиёслигини такидлаган ҳолда, айтмоқчиманки, кибер ёлғизлик жисмоний, ниҳоят, табиий ва руҳий ёлғизликдан юз чандон хавфли, зарарлироқдир.
КИБЕР ҒИЙБАТЛАР
Инсоният учун энг зарарли иллатлардан бири-ғийбатдир. Ислом таълимотида бу алоҳида таъкидланади.
Ғийбат ҳамма замонларда бўлган ва бундан кейин ҳам бўлса керак.
Бизнинг болалик йилларимизда ҳам ғийбат бор эди. Унинг айрим кўринишлари ҳатто, болалар боғчасида ҳам бўлган, фақат бу миллат кўламида ҳозиргидек кенг эмас эди, назаримда.
Янглишмасам, у бир ёки бир неча қишлоққа тарқалар, кўп ўтмай унутилиб кетарди. Ашаддий ғийбатчилар қишлоқ кампирлари, қари-қартанглар ҳар бир гапга унчалик осилиб олавермас эдилар, шекилли.
“Бутун дунё ўргимчак тўри” беқиёс ривожланиши оқибатида икир-чикир, майда-чуйда гаплар, ғийбатлар инсон ақлини шоширар даражада кўпайиб, болалаб кетди. Жаҳоний кўлам касб этди. Ғийбат, тухмат, бўхтонлар тизимли тус олиб, даҳшатли қирғин қуролига айланди, у сайёрамизни қоплаган ўрмон ёнғинларидан тезроқ тарқалаётир.
Дарвоқе, бизнинг шаҳарчамиздаги тинч ва сокин кўчамизда ҳам унинг эски, янги кўринишлари бор.
Чунончи кампирлар бир ерга йиғилиб ғийбатга тушиб кетса, бу “кўнгилхушлик”нинг ярми маҳаллий янгиликлар бўлса, тенг ярми кибер-ғийбатлардир. Мен неваралари ёрдамида дунёнинг ҳамма янгиликлари, баланд-пастидан хабардор бу кампирларни “кибер-интернетчи онахонлар”, дея ҳазиллашаман.
Замона зайли-да, бир вақтлар тўрт девордан бошқасини кўрмаган, билмаган аёлларимиз, дунё миқиёсида фикрласалар, бунинг нимаси ёмон?
БОЛАКАЙНИНГ БАХТИ
Қизимнинг невараси, менинг эварам Муҳаммадалига уч ёшга тўлиши муносабати билан “фалон минг сўм” тутқазган эдим, йигитча қатъий бош тортди, пулни олмади. Ноилож пулни невара келинимга беришга мажбур бўлдим. Ўғлига ўйинчоқми, ширинликми олиб беради деган умидда шундай қилдим.
Уйга қайтганимдан сўнг, миямга келган фикрдан кўнглим ёришиб кетди. Сезишимча, болакай пулнинг нима эканлигини билмагани учун, қўлимни қайтарган, билганида сира бундай қилмасди.
Эътибор қилинг, пулнинг куч-қудратини билмаган неварам нақадар бахтли!
Бевафо дунёдаги жамиикий инсон бахтига, ақли-ҳушига зомин бўладиган аксарият қабоҳатлар катта пул васвасасидир.
Қизиғи шундаки, ҳали пулга ружу қилмаган Муҳаммадали мен, бобоси, дадаси миниб юрадиган машиналар русумини яхши билади. “Ласетти”ни менга беринг, дея хархаша қилади. Кунларнинг бирида амакиси фойдаланадиган мотоцикль калитини бураб, авария содир этишига озгина қолди.
Нима бўлганда ҳам, пул таъсирига тушиб улгурмаган болажонларга жуда хавасим келади.
НУҚС
Юртдан чиққан яхши одамлар, уларнинг сифатларини санаб ўтирмаймиз, ўша диёр, унда истиқомат қилувчи кишилар обрў-эътиборига катта ижобий таъсир ўтказади.
Худди ўша диёрда туғилиб, ўсган ёмон кишилар, уларнингда сифатларини санаб ўтирмаймиз, ўз юртлари, унда яшовчи одамлар шу манзил-макон обрўсига катта путур етказадилар.
КОМИЛЛИК
Инсон умр-басар қилиши учун унга керак бўлган барча воситалар, айниқса техника кўп. Улар йил сайин мукаммаллашиб бораётир.
Бунга қарама-қарши ўлароқ, Ҳазрати инсон ҳам эзгулик бобида шу қадар тез мукаммаллашиб бораётирми?
Бу борада жиддий ўйлаб кўриш керак албатта.
Айтмоқчиманки, инсонга кўмак берувчи воситалар қанчалар тез такомиллашиб,ривожланаётган бўлса, уни маҳв этишга мўлжалланган оммавий қирғин воситалари ҳам унданда тезроқ ривож топаётир.
Бундан чиқди инсон камолоти ёвузликка хизмат қилиши мумкин эканда?..
ҲАДИК
Манфаатпарастлар, таъмагирлар, порахўрлар, борингки, эл олдида юзи қоралар бадиий асар, адабиётдан ҳадиксираб, қўрқиб турадилар.Бунинг сабаблари хусусида кўп бош қотирдим, шуни тушуниб етдимки, мен юқорида санаган кишилардан ташқари,жамиятнинг бошқа қаланғи-қасанғи одамлари ҳам сира мутолаа қилишмас, агар қўлларида бўлса, имкон топсалар адабиётга тиш-тирноқлари билан қаршилик қилар, унинг ойдин йўлини тўсар эканлар.
Қўрқувнинг асосий сабаби эса бу шўринг қурғурлар бадиий асар саҳифаларида ўзлари, ёхуд уларга ўхшаган чаласавод кишиларни кўриб қолишдан чўчишади.
БУЮКЛАР ЙЎЛИ
Буюк адиблар – дунёда жуда кўп оғир ва ҳалол меҳнат қилган одамлар сирасига киришади. Улар улуғ йўлдан бораётганларини билганларми йўқми, буниси менга қоронғу, фақат улуғлик ҳақида ўйламаганликларини тахмин қиламан. Катта пул, шон-шуҳрат ҳақида ҳам қайғуришмаган. Адабиёт буюклиги ҳақида ўйлаган бўлсалар керак.
Ана шу холисона, беғараз, жисму жонни ёндирувчи, ҳордиқ кунлари бўлмайдиган меҳнат шарофатими улар буюк адиблар – мумтоз адабиёт намояндаларига айланишган.
Дунёда иқтидорли одамлар жуда бисёр,жумладан,бадиий адабиёт соҳасида ҳам истеъдодлар талайгина. Фақат уларда улуғ адиблар йўлини босиб ўтиш учун куч, ирода ва жуда кўп бошқа нарсалар етишмайди, холос. Буюклар йўли – буюкдир.
МАНГУ СУРГУН
Француз адиби Луи Арагоннинг “Танқид – муддатсиз сургун” деган ҳикматли иборасини хийла кексайганимдан сўнг ўқидим. Ўқидим-у, қаттиқ ларзага тушдим.Улуғ адибнинг мўлжалга бехато урилган ўқдек сўзлари юрак-юрагимнинг тубигача бориб етди, суяк-суягимдан ўтиб кетди.
Мен, умримнинг қарийиб ярим асрдан кўпи газета иши билан ўтган киши, танқид – танқид қилувчи учун қанчалар қимматга тушиши унинг умрини қанчалар заҳарлай олишини жуда кеч, ҳаёт шомида англаб етган эдим.
Э воҳ, менинг танқид қилганим учун сургун этилишим ўн етти ёшимда бошланиб, ҳали-ҳануз давом этаётган экан. Уни “муддатсиз” эмас, “мангу сургун”, деса ҳам бўлаверади.
Ҳали ўқишга кирмаган, армияга бормагандим, туман газетасида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлардим. Ўн саккиз ёшга тўлмагандим.
Иш ўрганишим учун бўлса керак, менга таҳрир қилиш учун газетхонлардан келган мактублардан бериб туришарди.
Кунларнинг бирида “Москва” жамоа хўжалигидан келган мактуб қўлимга тушди. Хатда жамоа ҳўжалигида ҳаммом йўқлиги, одамлар овораю сарсон бўлаётганлари қаламга олинганди.
Дарҳол жамоа хўжалигига қўнғироқ қилиб, ҳақиқатан ҳам ҳаммом йўқлигини аниқладим. Хатни яхшилаб тахрир қилдим. Икки кундан сўнг у Ромитан туман газетасида “Раис ҳаммомга борармиш”, сарлавҳаси остида курсиф ҳарфларда энг кўринарли жойда чоп этилди. Ўшанда туман газеталари ҳафтада уч маротаба чиқар эди.
Мақола эълон қилинганидан сўнг, туманда катта шов-шувга сабаб бўлди. Уч кун ўтгач, “Москва” жамоа ҳўжалиги раиси ва партком котиби мен ишлаб ўтирган хизмат хонасига бостириб кириб тўполон кўтаришди. Капалагим учун кетди.
– Ҳой, тирранча, менинг ҳаммомга бормоқчи бўлганимни сен қаердан биласан?! Ғирт туҳмат-ку бу! – ўшқирди раис.
Бу орада андак ўзимга келиб улгурган эдим, раис қовун туширганини сезиб, савол бердим.
– Нега туҳмат бўлар экан? Нима ҳаммомга умуман бормайсизми?
Раис ҳам ўз хатосини тушунди-ю, талмовсираб ғўлдиради:
– Эй, йўқ, ҳаммомга бораман, албатта, ҳозир иш кўп, улгурмаяпман.
Шу аснода хонага муҳаррир Сайли ака кириб келди-ю, раис ховридан тушгандек бўлди. Бироқ мен билан тўполон қилганларнинг алами босилмаган экан, улар дархол туман раҳбари Яхши ака ҳузурига бориб, мени ёмонлашибди.
Туман раҳбари уларни бироз тинглаб тургач, столга бир мушт уриб шундай дебди.
– Суф, сенларга! Муштдек боланинг устидан шикоят қилишга уялмай сизларми?! Ундан кўра, ҳаммом қурилишини бошлаб юборсангиз бўлмайдими?
Ҳар икки раҳбар мулзам бўлиб,хонадан чиқиб кетишибди. Шу билан бу можарога чек қўйилди деб ўйлаб, қаттиқ янглишган эканман.
Ўша раҳбарлар аллақачон боқий дунёга рихлат қилган бўлсалар-да, хусумат уларнинг бола-чақалари, қариндош-уруғлари юрагида сақланиб қолган, буни мен баъзан сезган, баъзан сезмаган бўлсам-да, яхши эътибор қилмаган эканман.
Мана, ўша воқеалардан сўнг, эллик олти йил ўтибдики, каминангиз ҳамон сургундан қайтганим йўқ. Хусуматли, таҳқиромуз, истеҳзоли ёв қарашлар ҳали ҳамон учраб турибди.
Мангу сургун давом этаётир.
Мен тақдиримдан шикоят қилаётганим йўқ, фақат, улуғ адибнинг ҳикматли сўзлари қанчалар ҳаққоний, қанчалар ҳаётий эканига имон келтирдим, холос.
ТАҚДИР ЎЙИНЛАРИ
Инсон ўз тақдирининг бунёдкори бўлибгина қолмай, балки, кексайганда ўзи чекадиган азоб-уқубатлар ва кўрадиган роҳат-фароғат яратувчисидир.
ҚОЛМАГАН КЎНГИЛ
Адабиёт, санъат, гўзаллик ва она табиатдан бўлак кўп нарсалардан кўнглим қолди, баҳридан ўтдим.
Юқорида санаганларим эса ҳамон мени бу ўткинчи дунёга боғлаб, кўнглимни кўтариб турибди. Фақат она-табиатни яхши кўриш билан бирга, уни жуда аяйман, раҳмим келади. Чунки уни “она” деган сўзимизда иккиюзламачилик, мунофиқлик яшириниб турибди. Биз, бутун инсоният табиатни улуғ ёшдаги муштипар етимга айлантирдик ва бу қабиҳ ишимиз ҳаливери тугамайдиганга ўхшайди…
“КЕНГ ПРОФИЛЛИ ШОИР”
“Кенг профилли ошпаз” ва бошқа касб эгалари бўларди.
Замона зайли билан кенг профилли шоирлар ҳам пайдо бўлибди.Садағанг кетай, бу шоввозлар Аваз Охун айтганидай кадастр, бозордан олиб келинадиган махсулотлар рўйхатидан бинойидек шеър ёзишяпти, гўзаллар лаб-лунжини турли мева-чеваларга ўхшатиб, кишиларнинг сўлагини оқизиш авжига чиққан.
Офарин, қандингизни уринг! Кадастр рўйхати нима бўпти, энди қурилиш ашёларидан ашъор тўқинг, аёлларни илон, ёxуд, қўй-эчкига, тулкига ўхшатиш ёдингиздан кўтарилмасин. Ахир, дунёда жонзот камми? Ошиқни бабақхўрозга, маъшуқани товуққа, жўжага ўхшатсангиз, кам бўлмайсиз.
Айтгандай, ҳисоб-китобли дунё бу. “Кенг профилли” шоирлар шунчалар машҳур бўлиб кетаётганда, “Кенг профилли ёзувчилар” пайдо бўлмасин, дея ким тақиқлай олади?
Рухсатингиз ила “Кенг профилли ёзувчилар” номидан ўзим гапира қолай. Ахир, қаламкаш сифатида мен ҳам қарздор бўлиб қолишни истамайман.
“Кенг профилли шоирлар” миясини товуқникига ўхшатгим келади. Улар битган шеърлар ҳаммани карахт, маст қиладиган ашъор товуқ тухумидан-да, қўй-қумалоғидан-да кўпайиб кетди.
КАМТАРГА – КАМОЛ
Кекса отанинг қирқ ёшдан ўтган ўғли анча қунт қилиб, қандайдир юмушни дўндириб қўйди.
Хурсанд бўлган ота хитоб қилди:
– Отангга раҳмат-ей, ўғлим! Қойилман!
Чол ўзини жуда камтар киши хисобларди. Шу боисдан ўз сўзларидан уялиб кетди.
– Оббо, ўз-ўзимга раҳмат айтиб юборибман-ку! Буёғи қандоқ бўлди энди?
Ўғил ҳазил қилди:
– Зарари йўқ, ота, мен ҳам неварангизга шундай раҳмат айтаман, тамом-вассалом.
Ота бошини сарак-сарак қилди:
– Йўқ, йўқ, болам, ундай демагин нокамтар сўзим кўпайиб кетмасин-а…
Сўнгра ота-ўғил қаҳқаҳа отиб кулиб юборишди.
“ЎЗИНГГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛ”
Глобаллашув жараёни глобал ёлғизликни ҳам келтириб чиқарди.Бир вақтлар машҳур қизиқчининг ҳажвий қаҳрамони ўзини туғилган куни билан табриклаган бўлса, энди одамлар қўл телефонидан ўзларига қўнғироқ қиладиган бўлиб қолишлари ҳеч гап эмас.
Сирасини айтганда, бундай қўнғироқ шундоқ, ўз-ўзи билан гаплашгандан хийла яхшироқдир.
Чунки ўз-ўзи билан гаплашганни жиннига чиқаришлари мумкин. Телефон орқали бўлса, суҳбатдош нафаси сезилиб туради-да!
Хуллас, дўстим, ёлғизликдан зерикиб қолсангиз, ҳеч иккиланмай ўз-ўзингизга қўнғироқ қилаверинг! Ёлғизлик балосидан қутиласиз.
ЯҚИН ҚАРИНДОШЛИК ҚЎШИҚЛАРИ
Кейинги йилларда ота-она, опа-ука, опа-сингил, қуда-анда, ўғил-қиз ҳақидаги, шеър эмас оддий сўзлардан иборат маза-матрасиз қўшиқларнинг бемаза қовун уруғидай кўпайиб кетгани роса ғашимни келтиради.
Уларни танқид қилиш учун ҳатто сўз ҳам топа олмайман.Айрим чала мулла хонандалар ота-оналар ҳақида куйлаётиб, етим қўзи ёки бузоқдек маърашади, шўрликлар ўз яқинлари таъзия маросимида бўзлаётгандек бўлишади.
Аммо танқид қилиш осон, ақлни жойига қўйиб ўйласангиз, шу ночор-нотавон, қўшиқ дейишга тил бормайдиган айтимлардан ҳам нимадир олиш мумкин, шекилли. Нима олиш эса савиясига боғлиқ. “Шўрлик санъаткорлар” эса шу йўл билан бир-биридан тобора йироқлашиб бораётган қариндош- уруғларни бироз яқинлаштирмоқчи бўлишади шекилли.
Тўғри-да, ҳақиқий шеърни тушунмайдиганлар зўраки қўшиқчилар оддий сўзлар ёрдамида ўзларини кўтариб катта қилганлар, тепкилашиб бир хонадонда вояга етганлар борлигини эслаб қолишади.
Баҳонада эфирни бошларига кўтараётган, ота-онам деб бўзлаётганлар ҳам ўз яқинларидан хабар олгани боришса яхши бўларди.
Кўряпсизми, энг умидсиз ҳодисотдан умид учқунларини изласа бўлар экан-ку. Қиссадан ҳисса, яқин қариндошларингизни унутманг. Улардан қолманг! Дарвоқе, ушбу мавзудаги яхши қўшиқлар ижрочилардан узр сўрайман, улар талайгина.
ЁЛҒИЗНИНГ ЙЎЛИ
Бадиий ижод бесамар ёлғизликдан қутилишнинг якка тартибдаги энг самарали йўли бўлиб, охири бахайрдир. Фақат оғир меҳнатга чидай олиш керак, холос.
Йўлинггиз бехатар бўлсин!
МИЛЛАТ ҚАЙҒУСИ
Эй, сиз, “Миллатнинг илғор маънавият-маърифатли кишисиман” дея, нола қилаётган дўстларим! Шошилманг, тушкунликка тушманг, ҳамма замонларда аслида кимнинг кимлигини биладиган одамлар бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Сиз ўз бурчингизни охиригача, ҳалол бажарсангиз шунинг ўзи кифоя. Акс ҳолда, миллат тарихи, бугуни, келажаги унинг илғор намояндалари ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмасди. Жадидлар фаоляти шунга мисол эмасми?!
Беҳисоб шукур қилинг, ўзини “миллат фидойиси” ҳисоблаган биродарлар…
ИККИНЧИ УМР
“Иккинчи умр” деган тушунча бор. Аслида, бу менимча, барҳаётлик бўлса керак. Ҳозирги тинч, фаровон ҳаётимизга Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитратнинг қайтишини қанчалар исташимни билсангиз эди. “Учинчи ренессанс” шу бўлса, не ажаб?
ИЛЛАТ
Янги бойлар, ўзига тўқлар арзандалари устидан зар сочишни, моддий неъматларни исроф қилишни хуш кўрадилар.
Бу фазилат эмас, иллат саналади ва Аллоҳ, яхши инсонлар иродасига мутлақо зид.
НАСРИЙ АШЪОР
Янглишмасам, кичик ҳикоялар – насрий ашъордир.
Нокамтарликка асло йўя кўрманг, ўз ҳикояларим ҳақида фикр юритаётганим йўқ.
Сўз устаси Толстой Чеховни “Наср гулшанидаги Пушкин” дея улуғлайди.
Ўз навбатида, Пушкиннинг насрий асарлари ҳам назм ва насрнинг юксак намуналари дейиш мумкин.
СЎЗ ХОСИЯТИ
Сўз илми – инсониятга инъом этилган энг улуғ неъматлардан биридир. Фақат яхшилар ундан эзгу мақсадларда фойдалансалар, ёмонлар ундан қабих ниятда фойдаланишлари мумкин. Шуни унутмаслик керак, албатта.
ҲАЁТ МАЗМУНИ
Ҳаёт тинимсиз кураш, айниқса, замонавий кўп курашдан иборат десам, бу ҳечким учун янгилик эмас. Фақат, инсон умр бўйи курашишга тоб бера олармикан? Ахир, у меҳнат қилиши, билим олиши, рўзғор тебратиши, болаларини тарбиялаши ҳам керак-ку!
Ижод аҳлининг дарду ғами бунданда оғир. У кўз нури, юрак қони эвазига яратилган асарлари камситилмаслиги, хор-зор бўлмаслиги учун улардан текинхўр ва муттаҳамлар, шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмаслиги учун сўнгги нафасларигача курашиши керак.
Ҳамқалам дўстларимга бардош ва тўзим тилаган холда, айтмоқчиманки, бу кучлар нисбати тенг бўлмаган ҳаёт-мамот жангидир!
ДИД
У бориб турган текинтамоқ порахўр бўлсада, чаласаводлиги боис ўзини буюк режисёрликка давогар хисобларди. Аслида эса, қўлига тор ушлай олмайдиган, қўшиқ сўзлари оғзидан тушиб кетадиган, қаланғи-қасанғи отарчиларни эфирга чиқариб, ҳаром пул топарди. Бу ҳам етмаганидек, ўша отарчиларга пахта қўйиб “устоз, санъатда сизнинг ўз йўлингиз, мактабингиз бор, буюксиз!” дейишни сира унутмасди.
Алмойи-алжойи қўшиқларни бироз безаш учун булбул хониши, ёмғир шивири бир ёқда қолиб, нуқул қурбақа, курк бўлган товуқ овозларини танларди.
Бу ҳолат “Буюк режиссёр”нинг диди, фаҳм-фаросати қандайлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турар ва бунда қандайдир адолат бордек эди. Чунки отарчилар овози биз юқорида санаган товушлардан ўтса-ўтардики, асло қолишмасди.
Дид ва фаросат масаласи, энди бошқа мавзу.
“ТЕМИРНИ ҚИЗИҒИДА БОС”
Юқорида айтган сўзларимни исботлаш учун “темирни қизиғида бос!” мақолидан фойдаланмоқчиман.
Инсон диди, фахм-фаросати, қисқароқ айтганда, унинг маънавияти ва маданияти билан боғлик соҳаларда ишловчилар, биринчи навбатда, ўзлари нозик дидли, маданиятли кишилар бўлишлари керак. Акс ҳолда, улар отни эмас, жуда кичик, кўзга зўрға кўринадиган жонзодни тақаламоқчи бўлган темирчига ўхшаб қоладилар.
Ўхшатишим қўполроқ чиққани учун таъби нозик китобхонлардан узр сўрайман, фақат, ушбу ўхшатиш сарлавҳага андак мос бўлсин, дея шундай қилдим…
ТОҒЛАР, ДАРЁЛАР…
Инсон ҳаёти давомида бошдан кечирадиган воқеалар хилма-хил, ранг-баранг, у босиб ўтадиган йўллар паст-баланд, ўнқир-чўнқир… Текис йўллар учраб туради-ю, аммо жудаям кам. Бояқиш одам боласи қайсидир маррага етиш учун у баъзан осмон ўпар тоғлардан ўтгандай бўлади. Шу аснода, оёқ қўлини, бўйнини синдириши, хатто ўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
Бошқа бир илинч билан олис йўлда эса у бир неча серсув, чуқур дарёларни кечиб ўтишга мажбур бўлади. Ана шу кечувларда у чўкиб кетиш эхтимолидан холи эмас… Ҳеч бўлмаса, текис йўлдан юриш ҳавфсизроқдир дейсизми?
Йўқ, асло ундай эмас! Теп-текис йўлда “тап” этиб йиқилиб, жон берганлар сон мингта.
Хулосаи калом, ҳаётни тинч-омон яшаб ўтиб, ўз уйида, яқинлари ёнида вафот этганлар бахтли инсонлар саналадилар. Улар шукур қилиб, Аллоҳга хамду сано айтишлари керак.
РИЗҚСИЗЛИК… ТИШСИЗЛИК…
Қизартириб, яхшилаб қовурилган қўй гўштини чайнаёлмай қийналаётган саксон яшар қария ўз-ўзича ғудранди.
– Ё Худо, ризқсизлик – кўргилик дейишарди. О, бу, тишсизлик ундан баттар ҳаётни заҳарлайдиган бир бало экан-ку!..
ИБОДАТ
Илм ҳам ибодатдир, дейилади Ислом таълимотида.
Китоб жуда кам ўқилаётган, адабиёт илмини жиддий қабул қилишмаётган бир замонда машаққатли меҳнатлари “ибодат” дея эътироф этилганини ҳис этиш адиблар учун жуда ёқимли бўлса керак. Зеро, “адабиёт” сўзининг ўзаги “адаб” ёxуд “одоб” саналади.
Ислом эътирофи олдида бош эгмаслигимнинг сира иложи йўқ…
НООШНО – ОШНОЛАР
Мавлоно Муқимийда оҳу афғонли шундай мисралар бор: “Кимга дод айлай бу бедодингни мен, эй сангидил, ошно бўлдим десам, кўнглинг санинг бегонада…”
Воҳким, ўзи ошно бўлиб кўнгли бегона, ноошнолар ҳозир шунчалар кўпки, ҳассос шоир ҳаёт бўлганида бунданда ғамлироқ мисралар битган бўлармиди?..
“ПАХТА”
Каминангиз пахта экмадим, пахта тердим, пахта қўймадим.Фақат отилган, отилаётган, катта, кичик тошлар зарбини сезиб турибман.
ДОРИШУНОС
Мабодо доришунос ва дорифурушлар хасталаниб қолишса, ўзлари сотаётган шифо воситаларни асло харид қилмаган бўлишарди, эҳтимол.
Дори-дармонларнинг баланд, осмонўпар нархи ҳамда сифати уларни мутлақо қониқтирмаган бўларди.
Жони оғриган бемор ҳеч нарсадан қайтмаслиги мумкин.Жони оғриган, оғримаган дорифурушлар, сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим?..
ХИЁНАТКОРНИНГ ЖАЗОСИ
Итнинг садоқати, вафоси ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Ҳатто мутлоқ вафоси учун инсоннинг энг яқин дўстига қўйилган ҳайкаллар ҳам мавжуд. Бироқ, ит жафоси ҳақида жуда кам эшитганман.Аслида бу садоқатли жониворнинг жафоси ҳам бўлар экан.Айтмоқчи бўлганим,ит агар эгасидан жафо кўрса, унинг хиёнатини сезса, оқибати ёмон бўлар экан.Вафодорнинг эгасига вафосизлиги хиёнатга жавоби ҳалокатли бўлиши ҳам мумкин.Яқинда эшитганим бир ҳикоятда баён этилишича, эгасини қаттиқ ҳимоя қилган ит ўзини оч бўрилар галаси билан ёлғиз қолдириб,жонини сақлаш учун, от қўшилган чанасида қочиб қолган кишини кечирмаган.
Бу хиёнатдан ларзага тушган жонивор бўрилар галасини жонини жабборга бериб бўлса-да енгга олган.
Оппоқ қорда қонли из қолдириб, уйга аранг қайтган итни кўрган эгаси ҳайратдан донг қотган. У, ахир, ўз ҳимоячисини муқаррар ўлим чангалида қолдириб келганини яхши билган.
Вафо тимсоли ҳисобланмиш ит хиёнаткор хўжасини бурда-бурда қилиб ташлаган.
КАМОЛОТ
Инсон яшайвергани сайин ўзи, атрофдагилар ва бутун инсоният ҳамда дунёи дун номукаммаллигидан норозилиги мутассил ошиб бораверар экан.
Беҳисоб шукурлар бўлғайким, комил инсонлар комиллик кўплигидан нолиганларни ҳозирча учратганим йўқ.
САБАБ ВА ОҚИБАТ
Одамлар жуда кам ўқиши, яхши уқмаслиги, уққанида ҳам амал қилмаслигининг ижтимоий сабаблари бор, албатта. Ана шу сабабларнинг бири адабиётшунослик ва адабий танқиднинг нотўғри йўлдан бораётгани, аниқроғи, боши берк кўчага кириб қолганлигидадир. Ана шундай ёмон хулосага келганлигимнинг ҳам сабаби бор. Адабиётшунос ва танқидчи дўстларимиз бадиий асарни, унинг юксак ёхуд пастсавиясига қараб эмас, балки, муаллифнинг жамиятда тутган ўрни, бойлиги, ёхуд қашшоқлиги, амали, бадавлат қариндош уруғи,хомийлари ва шахсан ўзларига манфаати тегиши, тегмаслигига қараб баҳолашади.
Аксига олгандай, шўрлик муаллиф ҳали танилмаган, боз устига, камхарж ва қишлоқи бўлса, Худо урди, деяверинг. Бояқиш асар муаллифи ҳам ер билан яксон қилинади, ҳечким ўқигиси, тан олгиси келмайди. Кун келиб китобхонга қайси асар яхши, қай бири зарарли, ёмонлиги ҳеч бўлмаса йўл-йўлакай тушунтирилсагина, мутолаа қилувчилар албатта кўпаяди.
Р.С. Қишда ёзган янги ҳикоямни баҳорда адабиёт адабиётшуносликка мансуб дўстларимнинг бештасига бир вақтнинг ўзида жўнатдим. Ўқиб икки оғизгина яхши ёхуд ёмон фикрларини билдиришсин, деган ниятда шундай қилдим.
Ўйлаганингиздек, ўзим тахмин қилганимдек, ҳеч кимдан жавоб, нажот бўлмади. Ва бундан кейин ҳам ҳеч кимдан садо чиқмаслигини яхши биламан. Юқорида китоб ўқимасликнинг сабабларини келтирган эдим.
Хозир ўқимасликнинг оқибатлари эмас, эндигина гуллай бошлаган дебочаси кейинроқ, мева тугиши ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчиман. Туриш-турмуши, обрў-эътибори адабиёт билан тўғридан-тўғри боғлиқ, шунинг учун маош оладиганлар, китоб ўқимагач, ҳамқалам дўстларининг ҳикоясига ҳатто қиё ҳам боқмаганда, “одамлар китоб ўқимай қўйди!” дея бонг уришга ҳожат бормикан?
Албатта, бундай дийдиёлардан наф йўқ.
СЎНГГИ КУН
Тасаввур этинг, жуда бой-бадавлат одамсиз. Ўзингиз Шердек мағрур, кучли, сўзингиз қиличдай бурро, атрофингизда сизга ҳамду-сано айтгувчилар жуда кўп, ҳатто, таъзим бажо айлаб оёғингизга йиқиладиганлар топилади! Хуллас, жуда бахтиёрсиз. Агар шуларнинг ҳаммасига тинимсиз мехнатингиз, ақл-заковатингиз, ҳаракатингиз билан эришган бўлсангиз қадингизни уринг! Отангизга рахмат.
Фақат ўзингизни йўқотманг, тумшиғингиз хода етмас даражага кўтарилмасин.
Кибр-ҳавога берилманг. Шундай қилсангиз ўзингизни, ўзлигингизни бус-бутун сақлай олган бўласиз. Орқага қайтишингиз унча қийин бўлмайди. Зеро, машойихлар “бир куни орқага қайтасан…” дейишади. Чунки инсоннинг боз устига, баланд чўққиларга кўтарилган кишининг ортга қайтиши оғриқли, машаққатли бўлади. Ортга қайтиш асносида одам бирин-кетин бор будидан ажрала бошлайди. Ёнверида битта-иккита киши қолади ёки йўқ. Кимларнингдир эътибори ҳам йўққа чиқади. Обрў ҳам ҳаминқадар.
Бандаи ожиз ўзини шундай кунга тайёрлай олиши, унга чидаши мумкинми?
Мумкин, албатта! Инсон истаса, қўлидан келмайдиган иш йўқ, ана энди кўнглингизга олмасангиз, сўнгги, охирги кунингизни тасаввур этинг. Бу унчалик кўнгилли иш эмас. Начора, ўлим барча тирик жонзотлар бошида бор бўлган бахтсизликдир. Аммо уни бахт дея қабул қилгувчилар ҳам жуда кўп. Бас, шундай экан, сўнгги нафасларингизда ўз уйингиз, ўз ватанингизда бўлсангиз-у, эгнингизда кафанингиз, ёнингизда васиятингизни тинглайдиган биргина меҳрибонингиз мавжуд экан, сиздан бахтиёр одам йўқ, бу дунёда!
КЕЧИККАН ОШИҚ
Онахон ёши бир ерга бориб қолганда, эртами-кечми, соат сўрайдиган одат чиқарди. Бу ҳолат узоқ давом этди. Охир-оқибат эри кунларнинг бирида унга савол берди.
– Ҳой, онаси, сен бирор юмуш билан бандмисан, ухлаяпсанми ё энди фақат соат неча бўлганини сўраш учун яшаяпсанми? Ёв бўлмаса, учрашувга кечикиб келганларинг энди ёдингга тушдими?
Кампир мазза қилиб кулди, сўнгра чолига жавоб қилди.
– Учрашувга ҳеч қачон кечикмаганман. Ўзингизнинг соатингиз ҳеч тўғри ишламасди.
Энди эр-хотин бараварига кулиб юборишди. Чунки аёл эрини аяб гапирган, ўшанда йигит бўлган чолнинг соати ҳам тўғри ишламасди, учрашувга кечиккан ёки келмай қолган пайтлари ҳам бўлган. Кампирнинг тун ярмидан оққанда ҳам соат сўрашига келадиган бўлсак, у афтидан вақтнинг қадрига тўла ва узил кесил тушуниб етганди.
ОЙДИН ҒАМ
Адиб деганингиз анчайин инжиқ ва қайсар мавжудот, истаб турганида чор атрофидаги хоҳлаган воқеа-ҳодиса ё нарсалардан таъсирланиб яхши асар ёза олади. Хоҳиш-истак бўлмаганида эса у ойлаб, йиллаб қўлига қалам ушламаслиги мумкин. Ҳатто кимларнидир ларзага солган ҳаёт манзаралари ҳам таъсир эта олмаслиги эҳтимолдан ҳоли эмас.
Адибни дарҳол ёзишга ундайдиган кўринишилар–зулм, лоқайдлик, адолатсизлик ва бошқа кўплаб ҳаётий икир-чикирлар, кимларнингдир ғам андуҳи…
Адиблар табиатан ғам-андуҳ чекишга мойилроқ бўлишади. Бироқ бу ғам бошқаларникидан кескин фарқ қилади, ойдин жуда ёруғ бўлади. Бу андуҳлардан эзгулик, бадиий асар яралади.
Демак, ижодкор ғами– кўкракни нам ерга бериб нола қилиш эмас, балки, яратувчи, олға чорловчи, инсонни турмуш икир-чикирларидан юксакка кўтарувчи андуҳдир.
КЎНГИЛ МУВОЗАНАТИ
Русларда “Душевное равновесие” деган ибора бор. Уни ўзимча “Кўнгил мувозанати”, дея таржима қилган бўлдим. Адибнинг халққа манзур асар ёзиши учун, энг аввало, кўнгил, қалб мувозанати керак бўлади.
БИЛСА ҲАЗИЛ, БИЛМАСА ЧИН
Бир неча ойдан буён тўхтовсиз ёзаётган адибга энг яқин дўстлари шундай ҳазил қилишди: “Ўзингизни бир докторга кўрсатинг, тўхтовсиз ижод қилишингиз касаллик бўлиб чиқмасин, яна. Тинмай ёзиш руҳий хасталикка айланиб кетмасин. Ғофил бандалар фақат қорин, чўнтак, бола-чақа ғамида бўлишса-ю, сиз чойхона паловга ҳам вақт топа олмасангиз”.
ЭЗГУЛИК УРУҒЛАРИ
Адиб эккан эзгулик уруғларининг униб чиқиш- чиқмаслиги улар тушган кўнгилга боғлиқ.
СЎЗ ЎЙИНИ
Яқинда сурхондарёлик бир оғайним шундай эътироф этди:
– Қон босимим кўтарлиб кўзимга дунё қоронғу кўринганда, “Энам” хап дорисини ичган эдим, у худди энамдай муолажа қилиб дардимни аритди.
ДУРДОНА
Ижоднинг барча кўринишларида дурдона асарларнинг дурдоналиги шундаки, улар роҳат-фароғатда эмас, азоб-уқубатда яратилади.
ИСТАК
Мабодо кимдир ҳалокат ёқасида бўлсаю, унинг яшаб қолишини фақат биргина киши чин дилдан истаса, у ўлмайди.
МУМТОЗ АДАБИЁТ ЛОЛАСИ
Замонавий адабиёт – мумтоз адабиёт кўксида алвон лоладек очилса ажаб эмас. Унинг қип-қизил ранги адиблар юрагига ишорадир. Фақат замонавий сўз санъати усталари ўзларини мумтоз адабиёт вакилларига тенг тутишлари но камтарлик саналади.
Кун келиб ҳозирги замон адабиёти ўзидан кейин яралмиш янги адабиёт учун “мумтоз” санасагина, уни яратганлар фахр этиши мумкин. Ана ўшанда ҳақиқий маънодаги “Устоз-шогирд| ҳақида гапирса бўлади. Ҳозир эса замонавий лаҳжада юқоридаги сўзларнинг қиймати жуда пасайиб кетди. Ачинарлиси ўртада озгина манфаат бўлса ҳамма бир-бирини “Устоз-шогирд”, дея ялтоқланаверади. Ҳолбуки, бу сўзларни жуда авайлаб ўз ўрнида ишлатиш даркор.
МЕҲР ВА САМАРА
Ҳар қандай улуғ ва эзгу орзуга етишмоқчи бўлган ҳар бир ёшнинг оиласида унга ана шу йўлда кўмак, мадад берадиган ҳеч бўлмаса, биргина меҳрибони бўлиши керак.
ТАФОВУТ
Эллик йиллар муқаддам эндигина газетада ишлай бошлаганимда журналистлар, адиблар давраларида шундай бир гап-сўзларни эшитгандим. Бу тўғрироғи гап-сўз эмас, ижодкорларнинг орзу-истаги эди чамаси. Унинг мазмуни қуйидагича. “Шундай ишлаш, яшаш керакки, ҳар куни ҳеч бўлмаса бир неча сатр ёза олсанг…”
Ярим аср мобайнида мен ушбу сўзларни ҳеч унута олмадим. Улар қулоғим остида онг-шууримда доимо янграб турарди. Бундан наф кўрдимми, йўқми, ўзим бир нима дея олмайман. Фақат ойлаб, йиллаб қўлига қалам ушламаган, бирор сатр ёзмаган ва аксинча бирор дақиқа фикрлаш, ёзишдан тинмаган ижодкорлар ўртасида фарқ жуда катта эканини англаб етдим.
МАҲАЛЛИЙ АҲАМИЯТГА МОЛИК… ДАҲО
У шўрлик ўзини даҳо ҳисобларди. Фақат бу рутбаси маҳаллий аҳамиятга эга эканини билмасди, холос.
НАСИҲАТ
Қўшнимнинг невараси 25 ёшлардаги йигитнинг қизига насиҳат қилаётганини эшитиб шундай хаёлга бордим: “Демак, одам шу ёшда ҳам насиҳатгўй бўла олар экан-да?”
Фикримча, оталик масъулияти шунга ундаса керакда.
САВОДСИЗ ФАЙЛАСУФЛАР
Шундай тоифа одамларни кузатганман. Уларнинг саводхонлиги ўрта мактаб даражасида “3” баҳога зўрға арзийди. Аммо ўзларини тутишлари, димоқ фироқлари отни ҳуркитади. Уларнинг услублари жуда антиқа. Адабиёт, тарих, фалсафага оид қандайдир қизиқарли, ноёб фикрларни, гап-сўзларни амаллаб ўрганиб оладиларда, сўнгра дуч келган одамга айтиб, у шўрлик билмай қолса борми, кўпчилик ўртасида ерга уриб, изза қиладилар. Бундайлар айниқса машҳур, таниқли одамларни ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйишдан ҳузур қиладилар.
Имконингиз бўлса, ана шундай “файласуф”лардан етти тош нарида юринг!
ВАФОДОРЛАР
Инсоннинг энг яқин вафодор дўстлари от ва ит. Бу минг йиллар синовидан ўтган. Бироқ шу жониворлар ўзаро дўст бўла оладиларми? Шу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман.
“Отнинг ўлими – итнинг байрами”, деган мақолнинг мағзини чақадиган бўлсак, масала ҳийла ойдинлашади. Ит жониворнинг ўлими эса эгасининг қайғуси ҳисобланади.
НУРЛИ МАНЗИЛЛАР
Ҳар хил турли-туман орзу-истаклар, улуғ мақсадлар рўёбига олиб борувчи йўллар жуда кўп. Фақат уларнинг ҳеч бири текис, равон эмас, жуда оғир, машаққатлидир.
Улуғ мақсадга ета олиш ёки ета олмаслиги йўловчи хоҳиш-истаги, ҳаракати охир-оқибат, иродасига боғлиқ. Йўл оғирлиги ҳақидаги турли-туман баҳоналар мутлақо инобатга олинмайди.
ТАНЛОВДАГИ ЕНГИЛЛИК
Кийим-боши кўп бўлган одам бирор ерга борадиган бўлса, роса қийналиб, хуноби ошади. Чунки у қайси кийимини танлашни билмайди.
Сарполари кам киши эса бундай азоб чекмайди. Зеро, йигирмадан бирини танлашдан кўра, 3-4 тадан бирини танлаш осонроқ-да.
Пул масаласида эса бунинг тескариси бўлади. Айтмоқчиманки, пули кам одам уни тез-тез , қайта-қайта санайверади.
Пули кўп одам эса бундай азият чекмайди. Фақат керак бўлгандагина, уни санайди, холос…
АРОСАТ
Ҳозирги замонда биз яшаб турган маконда яхшининг – яхшилиги, ёмоннинг – ёмонлиги очиқ айтилмаяпти, тан олинмаяпти.
Тўғри сўз – Манфаат, икки юзламачилик қурбонига айланиб бораётир.
ЗАНГЛАГАН ҚИЛИЧ
Ёшлигида кескир шамширга ўхшаган эркак – қартайганда ўтмас қиличга айланиб қолса керак. Аммо уни эътибордан бутунлай соқит қилиш инсофдан эмас. Ҳассос шоир Жамол Камол ёзганидек, “Занглаган эгри қиличга сачраган қондир умид…”
Ҳа, қариянинг кучи, имкониятлари жуда кам бўлса-да, орзу-умидлари бисёр.
ҚИШ-У ЁЗ
Бизнинг болалигимизда ҳамма, айниқса, қари-қартанг қишдан тезроқ чиқиб олиш тўғрисида кўп гапиришарди.
Энди бўлса, ҳатто ёшлар ҳам, жазирама, чидаб бўлмайдиган ёздан қандай қилиб қутилиш ҳақида кўп гапирадилар.
“ЁМОН ГАП ШАРОФАТИ”
Онагинам “Ёмон гапни дарҳол эшитадиган кар” иборасини баъзи-баъзида ишлатиб турардилар.
Шу сифат айтилганидан сўнг, ўша бояқиш карнинг бошқа хусусиятларини айтиб ўтиришга ҳожат қолмасди.
БЕЗОВТАЛИК ИСТАГИ
Чол-кампир икковлон уйлик-жойлик бўлиб кетган фарзандлардан алоҳида яшашарди.
Фарзандлар ҳам кексаларни ташвишга қўймаслик учун уларни ҳуда- беҳудага безовта қилишмасди.
Аммо кўнгил экан-да, эр-хотин онда-сонда “жуда безовта” бўлгилари келиб қоларди.
Йўқ, барибир уларни ҳеч ким безовта қилмасди.
МЕРОС
Адиб ҳаёти шомида унинг ижодий фаолиятига баҳо берганда, қандай йўл тутишса, адолатли ёхуд адолатсиз бўлиши ҳақида кўп ўйлайман. Зеро, бу баҳо охир-оқибат, ҳаётбахш ёки аксинча ҳалокатли бўлиши мумкин. Кўнглимни ёритадиган элас-элас кўзга ташланадиган биргина нур бор, холос.
Агар бадиий асар ҳақиқий адабиётга тааллуқли бўлса, кун келиб адиб ҳаёт ёки ҳаёт эмаслигидан қатъий назар, ўзи арзийдиган асл баҳосини олади, албатта.
УЧ ЯШАР БОЛА… ИШЛАЙДИМИ?
Уч яшар эварам Муҳаммадали болалар боғчасига қатнайди. Унинг онаси шу боғчада ишлайди.
Ҳар тонг болакайдан “Қаёққа кетяпсан?” дея сўраганимизда, у “ишга боряпман, яхши бориб келаман”, дея бурро жавоб қайтаради.
Эркалигидан хурмача қилиқлари жуда кўп, аммо дарҳол кечиринг дея, узр сўрашни ҳам канда қилмайди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, ўша қилиғини такрорлайди. Танбеҳ эшитса, ҳайратда қолиб, қошларни чимиради, “Кечирим сўрадим-ку, яна нима истайсиз?” демоқчи бўлади.
БИР ХОНАДАГИ …РАҚОБАТЧИЛАР
Одам Ато ва Момо Ҳаво ворислари бўлмиш эр-хотинлар бир хонада истиқомат қилувчи энг катта рақобатчилар бўлсалар керак.
Бу рақобат умр бўйи давом этади ва уни ҳеч бир жуфтлик икки дунёда ҳам тан олмайди. Рухсатингиз ила бу ҳодисотни шарҳлаб ўтирмайман. Фақат ўт билан сув мутлақо чиқиша олмаслигини эсласангиз кифоя…
ХАЗОН БЎСАЛАР
У жуда гўзал, шоир айтганидек бир қултум сув билан ютгувлик қиз эди. Йиллар ўтиб “Қариқиз” мақомини олди. Охир-оқибат, дунёдан тоқ ўтди. Бир вақтлар ним очиқ ғунча янглиғ дудоқлари гул бўлиб очилди, кейинчалик сўлди, сарғайди.
Ўша ақиқ лаблардаги тотли бўсалар ошиқ лабларида эҳтиросли ўпичга айланмади. Гул очилмай хазон бўлди…
Начора, инсон ҳаётида ана шу бўлсаларга монанд орзулар ҳам бўлади.
ШЕЪРИЯТ ВА ҲАЁТ
Шеъру ғазалда қофиядош, бир-бирини тўлдирадиган сўзлар бисёр.
Ҳаётда ҳам ана шундай қофиялар бир-бирини тўлдирадиган гўзаллик ва эзгуликлар янада кўпайса қандай яхши!
ҲАЁТ ҚЎШИҒИ
Айрим замонавий айниқса детектив асарларни ўқиганимда, улардан жўшқин ҳаёт нафаси эмас, ўлимнинг машъум шарпаси сезилиб туради.
Фикримча, ҳақиқий бадиий асар ҳаёт қўшиғи янглиғ янграши даркор. Тўғри, ҳаёт фақатгина байрамлар, тантанавор қўшиқлардан иборат эмас, балки, машаққатли йўл, оғир меҳнат аслида. Адабиёт комил инсонни тарбиялаши, ўша оғир йўлдан нурли манзилларга етаклай олиши, ўргатиши керак.
ҚОПОҒОН ИТ
“Ит-итдан баттарроқ туриш-турмуши учун қопоғон бўлади”, деган гаплар юради.
Мабодо шу иборани айрим кишилар ҳаётига таққослайдиган бўлсак, жониворнинг аҳволи яхшироқ деган хулосага келган бўлармидик?
ЁМОНДАН… ЯХШИЛИК…
Инсон табиатининг содда-мураккаб мукаммаллиги шундаки, у агар истаса, ёмондан-яхшилик ўргана олади. Қабоҳатни эзгуликка айлантириши мумкин.
ФИКРНИ… ТИЗГИНЛАНГ!
Дунёдаги жамийки асов учқур бедовларни тизгинлаш мумкин. Фикрни эса, мутлақо тизгинлаб бўлмайди!
ЯГОНА ИМКОНИЯТ
Қизимнинг иккинчи ўғли Миршод билан жуда иноқмиз. Уни «Шод амир» дея атайман. Кино режиссёр бўлмоқчи, ҳаваскорлик кичик видео фильмлар роликларни тасвирга туширади. Ора-сира ёзганларимни оққа кўчиришга ёрдамлашади.
Кунларнинг бирида янги кичик ҳикоялар туркумини ёзиб тугаллаганимдан сўнг, неварамга ҳазил қилдим.
– Шод Амир ўғлим, ҳозир ўйлаб қарасам, сен даҳо бўлишнинг энг яқин ва осон йўли бошида турибсан.
Миршод ҳазилни тушундими-йўқми, билмайман, фақат азалий одатича сал жилмайиб сўради:
– Тушунтириб айтинг-чи, бу йўл қаерда экан?
Ҳазилни давом эттирдим.
– Болам, бу йўлни қидириб ўтиришингга сира ҳожат йўқ, у шундоқ сену менинг ўртамизда.
Энди Миршод кулиб юборди.
– Э-э, жуда зўр экан-ку!
– Агар сен ёзганларим, ёзаётган асарларимнинг барчасини тасвирга тушириб, уларни кинога айлантира олсанг, тамом-вассалом! Бундай режиссёр даҳо санъаткор бўлдим, деяверсин. Фақат уйқуни андак камайтириб, эринчоқлик қилмасанг бўлгани…
Неварам ўз навбатида ҳазил қилди:
– Илтифотингиз учун катта раҳмат, эринчоқликдан воз кечишга ваъда бераман. Фақат, уйқуни камайтиришим қийинроқ-да. Ҳа, майли, буниям ўйлаб кўрсам бўлади.
Бобо-невара бараварига кулиб юбордик.
САЛҚИН САҲАРЛАР
Агар мени насиҳатгўйликда айбламасангиз, сунбуланинг салқин саҳарида туғилган бир фикрни ўртага ташламоқчиман.
Сиз барча қадриятлар, эзгуликлар, манфаат, нафс қурбонига айланиб бораётганидан афсус чекаётган бўлсангиз, қуруқ сафсатабозликдан воз кечинг-у, ана шу ҳолатни тўхтатишга озгина ҳисса қўшинг. Нафсингизни тийинг, буюк Пирларимизга ўхшаб еб ичиш, туриш- турмушда ниҳоятда камтар бўлинг. Пора ва порахўрликнинг эртаси, келажаги йўқ, ҳалокатга учрайди.
Порахўр ҳарфҳўрдан кескин фарқ қилади.
Порахўрдан ҳеч нарса кутиб бўлмайди, у фақат олишни билади. Ҳарфхўр қонун-қоида бандасидан эса қандайдир ёруғлик чиқиши мумкин.
ЯПРОҚ ИБРАТИ
Япроқдан ибрат олсак қандай яхши!
Япроқларнинг биргинаси узилиб ерга тушади, сўнгра дарахтнинг қолган барглари ҳам бирин-кетин чирт-чирт узилиб тупроққа бош қўядилар.
Улар ерга тушаётиб “оҳ” урадилар-у, афсус чекмайдилар, бир-бирларини авайлай, бир-бирларига суяниш учун шундай қиладилар, елкама-елка туриб, хазон бўладилар…
Дунёдаги бирор бир мавжудот аҳилликда хазон япроқларига тенглаша олмаса керак.
ИЛМУ ФАН ҲУРМАТИ
Муборак Ҳадисларда сочи оқ, илмли инсонларни, адолатли раҳбарларни ҳурмат қилинг, дейилади.
Шу кеча-кундузда юқоридаги ўғитларга қандай амал қилинаётгани ҳақида ўйлаш, хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.
БЕДАВО ДАРДНИНГ ДАВОСИ
Сўз, бадиий ижод ишқи бедаво дарс ҳисобланади.
Боз устига, турмушнинг, инсонлар ҳамжамиятида яшашнинг турли-туман ташвишлари, қувонч, шодлик, қайғу-ғамлари мияни кемирадиган самарали-самарасиз қора кўланкадай ўй-хаёллар ўзликни, инсонийликни сақлаб қолиш илинжи бир-бирига боғланиб кетса борми, ижодкор тушкунликка тушиши, касалликка чалиниши “Худо кўрсатмасин” ҳалок бўлиши ҳеч гап эмас.
Ижод аҳли учун ана шу бедаво дарддан фориғ бўлишнинг яккаю ягона йўли бор, холос.
Бу ҳам бўлса тинмай, муттасил ижод қилиш, қоғоз-қаламдан узоқлашмаслик, ушбу машғулотлардан лаззатланиб, қониқиш ҳосил қилишдир.
Зеро, қалам аҳли муттасил ёзганда, кўнгилга маъқул асар яратганида у гўё еттинчи осмонда учиб юргандай бўлади. Асло ерга тушгиси келмайди, ерга тушмадими, демак, юқорида санаганларим дарду аламлар, тириклик–тирикчиликнинг жамийки ташвишларидан йироқ бўлади, боёқишни илҳом парисининг ўзи асрайди…
ШОИРНИНГ КЎЗИ ВА СЎЗИ
Дўрмон боғидаги тонгги сайрдан қайтиб иккинчи қаватга кўтарилдим. Қарасам, шоир дўстим Ҳайитбой Абдусодиқ ўз хонаси бир ёқда қолиб, бошқа хона эшиги қулфига калит солишга зўр бериб уриняпти. Ҳазиллашгим келиб, шундай дедим:
– Ҳа, бахайр, дўстим, кимнинг хонасига кирмоқчи бўляпсиз?
Ҳайитбой қув йигит эмасми, адашганини сезди-ю, аммо сир бой бермади.
– Адашганим йўқ, негадир шу хонага киргим келди-да… Узоқ йили шу ерда бир ой маза қилиб яшаб, талайгина шеър ёзгандим.
Ана шунақа-да, шоирнинг кўзи бошқа-ю, сўзи бошқа…
ТИЛ ВА АҚЛ
Инсон боласи тил чиқарганда, энг аввало, қайси сўзларни кўпроқ ишлатишни ҳамма яхши билса керак. Одамзот ақли кирганда дастлаб қайси сўзларга кўп эътибор қилишини ҳамма ҳам билавермайди. Кошки эди, одам эсини таниганда кўп айтадиган сўзлар бутун инсоният учун керакли “азиз” мақбул сўзлар бўла қолса…
ЭНГ ГЎЗАЛ ТАШРИФ
Инсон қалбига энг гўзал, азиз, ҳаётбахш ташриф–ким муҳаббат ташрифи бўлса, қанчалар яхши!
Ундан кейинги борди-келдилар унчалик аҳамиятли бўлмаса керак. Зеро, ҳеч бир туйғу одам қалбини чин севги сингари юксакларга кўтара олмайди.
Катта пул, ҳукмронлик ва бошқа куч билан боғлиқ туйғулар кишини эсанкиратиши, тубанлаштириши ва истило этиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Чин севги ҳокисор муҳаббатга нима етсин?..
ДЎСТЛИК ЭЛЧИЛАРИ
Фикримча, дўстликнинг энг моҳир элчилари жуда ёш болалар бўлишса керак.
Уч-тўрт яшар болакайлар ўзларининг нотаниш тенқурлари билан қандай дўстлашиб, тез орада суҳбатга кириша олишларини кўп кузатганман. Кичкинтойлар ширинликларни баҳам кўришади кейин ўйинчоқларни дўстларга совға қилишади, бир-бирлариникига меҳмонга боришади. Уларга қараб туриб ҳавасим келади, кўнгиллари қанчалик тозалигини сезиб, кўзларим намланади.
Эҳ, сиз катталар, биз катталар! Аслида дўстлик қоидаларини кичкинтойлардан ўрганиш керак эмасмикан?..
АТИРГУЛ ВА ШУМҒИЯ
Адабиёт гулшанида атиргул дек гул очиб, ифор таратганлар ҳам қалам дўстларига, ўзларидан кейинги авлод вакилларига ҳеч қачон хиёнат қилмайдилар. Ҳақсўзга беғараз хизмат қиладилар, бадиий сўз санъати гулзорларига суқилиб кирган бита-яримта шумғиялар чаппар уриб очилган. Атиргуллар насибасига шерик бўладилар. Уларнинг кунини, кўнглини қора қилиш учун ҳеч бир пасткашлик, кирдикордан қайтмайдилар. Лекин атиргул тикани бўлсада гулдир. Шумғия эса бор йўғи бегона ўт, сассиқ алаф, холос. Вақт соати келиб, ҳаёт аталмиш буюк ҳакам ҳаммасини жой-жойига қўяди.
КАТТАЛАР УЧУН ЭРТАКЛАР
Ҳаёт болалар ва катталар учун бирдай қизиқарли, сер ҳаяжон эртакка жуда-жуда ўхшаб кетади.
Мавжуд фарқ шундаки, катталар учун эртакларда ҳис-ҳаяжон, салбий қаҳрамонлар кўпроқ бўлиб, воқеалар хийла чўзилиб кетиши мумкин.
Қиссадан ҳисса, мабодо ҳаёт айтганимиздек эртакка ўхшаши рост бўлса, катта-ю кичик китобхонлар ҳаммаси мурод-мақсадларига етишади…
УМРУ ЖОН
Ортиқча еб-ичиш, маишатбозлик ва бошқа иллатлардан тийилиб “тежамкорлик” қилган киши шунинг шарофати ила ўз азиз умри-жонини тежашга эришиши мумкин.
ТУНД ЧЕҲРАЛАР
Айтайлик, оддий, хокисор одамсиз, қандайдир амалдорга ишингиз тушди.
Амалдорнинг катта-кичиклиги,қайси манзил-маконда эканлигининг мутлақо аҳамияти йўқ.
У сизни қошларини чимириб, норози қиёфада қабул қилди ва ишингиз битмаслигини рўй-рост айтди.
Хафа бўлиб уйингизга қайтдингиз. Аслида эса хафа бўлиш эмас, ҳаракат қилиш керак, ҳаракат!
Наҳотки шунча ёшга кириб ёпиқ эшиклар, тунд чеҳраларни очадиган яккаю ягона усул нима эканини билмасангиз?
Суф сизга-ей, ахир, буни бутун дунё билади-ку!
Чўнтакни ковланг, биродар! Мабодо, чўнтак қўрғур бўш бўлса, ҳеч кимга илтимос-илтижо қилиб юрманг, бефойда.
Чўнтак тўла бўлса, ундан пул аталмиш балонинг ёқимли саси келиб турса бўлгани.
Ҳамма муаммоларингиз ўз ўзидан ҳал бўлаверади. Ўзингиз эса хонадонингизда лўлаболишга ёнбошлаб, кўк чойни ичиб, ҳузур қилиб ўтираверасиз.
Бухоро томонларда, бир замонларда шундай гаплар қулоғимга чалиниб қоларди. “Пулингни жазирама офтобда қўйиб, ўзгинанг соя-салқинда ўтиравер”.
Аттанг, сарлавҳани “Жазирамадаги пул” деб қўйсам бўлар экан.
СИНГАПУР ТАЖРИБАСИ
Коррупцияга қарши курашда ўзимизга «Сингапур тажрибаси» қўл келиш-келмаслиги ҳақида кўп бош қотирдим, аммо бир қарорга келоламадим.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, ота- ўғил, она- бола, опа- ука, опа-сингил, борингки, барча жон-жигарлар ўртасида яқин қариндошлик ришталари, ошна-оғайнигарчилик коррупция занжирлари билан боғлаб ташлаган бўлса, нима қиласиз? Шаффофлик, очиқлик қонун бузилишлар ҳақида Аллоҳдан бўлак кимга дод дейсиз?
Ўз тажрибамиз авлороқ, шекилли.
УЗОҚ УМР КЎРИНГ
Замонавий адабий жараёнда бадиий асарлар савияси китобхонлар эътирофи ҳисобга олинмайди. Сўз санъатида эътирофга сазовор бўлиш учун адиб, шоир ҳеч бўлмаганда 85-90 йил умр кўриши шарт. Ана ўшандагина у қандайдир унвон-мартабаларга эга бўлишга умид қилиши мумкин… Йўқса асарлари яшаб қолса-да, ўзи беному бенишон кетади…
ЭЗГУЛИК НУРИ
Китоб – ҳақиқий мўъжиза. Инсон ёши 80 дан ошган бўлса-да, яхши китоб уни тарбиялай олади. Эзгулик сари етаклайди. Кўнглидаги умид чироғини янада ёрқинроқ нурлантиради.
ЖАРАЁН
Эзгуликдан эзгулик қидирилмайди. Аксинча, эзгуликнинг ўзи бошқа эзгуликларни қидириб топади. Бу жараён мангу давом этади.
ШАЖАРА
Катта бобо ва катта буви, ота-она, фарзандлар, невара, эвара, чевара, дувара ва ҳоказолар ҳаёт давомийлигининг мангу жараёни, ўқ томири, ўзгармас қонунидир.
ИҚТИДОР ВА АНИҚЛИК
Адиб истеъдоди қанча юксак бўлса, унинг тартибга риоя қилиши, аниқликка интилиши шунчалар кучли бўлар экан.
Рухсатингиз ила биргина мисол келтираман. Ўтган асрнинг 80-йилларида Бухоро фарзанди Тожикистон халқ ёзувчиси Жалол Икромий она шаҳрида бир муддат яшаб, ижод қилди.
Устоз адибдан интервью олиш учун олдиндан келишиб, айтилган вақтда шаҳар марказидаги хонадонларига бордим.
Эшикни устознинг турмуш ўртоқлари очиб, мени ичкарига таклиф этдилар. Салом-аликдан сўнг, улуғ адибнинг ижодхонасига бошладилар. Устоз мени, ўшанда ёш йигитни, жуда илиқ қарши олдилар, салом-алик қилиб бағирлашдик. Хонага дастлаб қадам қўйганимда, бир ҳолат диққатимни тортди. Жалол Икромий, Бухоро тарихидан бир неча романлар, ўлмас трилогия муаллифи иш столида худди мактаб ўқувчисидек ботартиб кутиб ўтирардилар. Қойил қолдим, адибга ҳурматим янада ошди.
Суҳбат давомида у кишининг ниҳоятда зукко, камтарин, суҳбатдошга эътиборли эканликлари маълум бўлди. Адибнинг юксак истеъдоди, тартиб интизоми, аниқликка интилиши ҳақида кўп гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Ушбу ибратли қиссадан андаккина афсусли ҳисса ҳам бор. Афсусланадиган жойи шундаки, ҳозир унвондор, номдор айрим адибларга ёш йигитчалар у ёқда турсин, ёши катта ижодкорлар ҳам яқинлаша олишмайди.
Ҳол-аҳвол сўраш йўқ, саломлашиш қўл учида, иддаоли.
Бунга юқорида айтганимдек биргина эмас, кўплаб мисоллар бор, бироқ, уларни келтириб ўтиришнинг фойдаси ҳам йўқ…
Ана шундай пайтларда устоз Жалол Икромийни эслайман-у, ғамгин тортаман. Улуғлар қанча камтар бўлса, обрў мартабаси шунча улуғ бўлиши ҳақида уйлаб кетаман.
ТЕНГЛИК БЎЛМАСА
Машойихлар ўзаро суҳбатда тенглик бўлмаса ундан фойда йўқ, дейишади. Масалан, кўп китоб ўқиган ва умуман китоб ўқимаган одам ўртасида рисоладагидек самимий суҳбат бўлиши асло мумкин эмас.
Ахир, бир-бирини тушунмаган одамлар суҳбати қандай қовушсин?
ЁРҚИН НАМОЯНДАЛАР
Болажонлар, ўғил-қизлар оила яхши ёки ёмон эканини яққол кўрсатиб турувчи намояндалардир.
ҚИРҚ БЕШ ЯШАР МЕВА
Ҳақиқий аёл 45 ёшида яна ширин мевага айланади деган ибора бор.
Бу ибора “30 ёшда ўтин бўлади” тушунчасининг тамомила тескарисидир. Маълумингизким, боғда ширин мевалар билан бирга ғўр, аччиқ мевалар ҳам бўлиши мумкин.
Худди шундай ўттизида ўтин бўлмайдиган аёллар жуда бисёр.
РУҲШУНОС ОНАЛАР
Китобнинг олдинги саҳифаларида энг зўр руҳшунос ҳақида фикр юритиб, у кимлигини айтган эдим.
Сунбуланинг саккизинчи кунида шундай фикрга келдим. Ахир энг зўр руҳшунос янги ҳаётни дунёга келтирадиган онаизорларнинг ўзлари экан-ку!
Муштипарлар, бир парча этни вояга етказгунча оз мунча юрак қони сарфлашадими?
Шундай экан, энг зўр руҳшунослар оналар бўлмай, бошқа ким бўларди?
ЁЗИЛМАГАН КИТОБЛАР
Муттасил ижод қиладиган адиб бир ҳафта ёзмай қўйса жуда безовта бўлади.
Шу давр мобайнида пайдо бўлиб, турли ташвишлар оқибатида қоғозга тушмай “қурбон” бўлган оҳорли фикрлар қадрини, уволини яхши билади, бу, ахир, ёзилмаган китоблар дегани-да.
АФЛОТУН КИМНИНГ ДЎСТИ
Агар хотирам панд бермаётган бўлса, даҳолардан бири шундай деган экан: “Афлотун – менинг дўстим, бироқ ҳақиқат авлороқдир”.
Мабодо мўъжиза рўй бериб, ўша даҳо ҳаётга қайтса-ю, ҳозирги фақат истеъмолни биладиган одамларнинг “Афлотун дўстим бўлса-да, манфаат, маишат, қорин тўқлиги авлороқдир…”, деган сўзларни эшитса, юраги ёрилиб кетган бўлармиди?.. Ҳаёт инсонни не кўйларга солмайди, дейсиз.
БАРДОШ
Сунбуланинг 9-саҳарида, тонгги соат тўртда уйғондим. Хаёл сура бошладим.
Турли-туман ширин хаёллар шиддат билан бостириб кела бошлади.
Ўй-хаёлларимнинг ҳар бири “Мени ёз”, дея илтижо қилар, айрим дадилроғи, ҳатто дағдаға этарди. Ё, Худо, бу не ширин кўргилик?
Шу тахлит соат олтиларгача “қаҳрамонларча” бардош бердим.
Охири, бўлмади, худди биров бўйнимга арқон солиб судрагандай бўлиб иш столига ўтирдим ва ёза бошладим.
О-о, бу қандайин лаззат, қандайин бахт…
Ҳаётимнинг ана шундай тонглари бардавом бўлишини қанчалар исташимни билсангиз эди.
… Яна қўлимга қалам олдим, қалам олдиму жумла-жаҳонни, борлиқни, энг аввало, ўз-ўзимни унутдим.
Ўзинг қўллагайсан қодир Аллоҳим! Ҳозир сунбуланинг нечанчи тонги экани хаёлимдан кўтарилибди…
ҲУКМ
Адиб ўзини аяши мумкин, агар шундай қилса, кун келиб сўз санъати шафқатсиз қонунияти, энг аввало, китобхон ва вақт уни аямайди.
ПАРИ ТАНЛАГАН ВАҚТ
Илҳом париси вақт танламайди, у ўз истаган вақти, истаган жойида пайдо бўлиб, инсон шуурини ларзага солади, яратишга ундайди.
Шоир унга бўйсунишга мажбур ва маҳкум.
Айтгандай, мабодо сўз санъаткори хоҳлаган пайтда, ўзи хоҳлагандай мазза қилиб ижод қилмоқчи бўлса, илҳом парисини ўзи чақириши, ҳатто илтижо қилиши ҳам мумкин.
СЎЗ ДАРГОҲИ
Сўз даргоҳи ниҳоятда кенг, чексиз,чегарасиз, шунчалар поёнсизки, кўз илғамайди, бош айланади, юрак жумбишга келади.
Ҳамма тақиқ, чегара ва адолатсизликлар шу сўзни айтгувчилар измидадир. Бу ноҳақликларнинг ҳам чегараси йўқ.
ҚАЗОЙИ МУАЛЛАҚ
Китобхонлар билан учрашувда таниқли ёзувчига мухлислар шундай савол беришди:
– Устоз, фалон асарингизда фалончи қаҳрамонингиз тўсатдан ўлиб қолади. Нега бундай қилдингиз у ҳали ёш эди-ку?
Ёзувчи бироз ўйланиб тургач жавоб қилди:
– Тўғри, у шўрлик қазойи муаллақдан вафот этди. Уни ҳалок қилмаслик учун қўлимдан ҳеч иш келмади. Ҳасадгўйлик, ичиқоралик бу кимсани мен ҳали романни ёзишни бошламасимданоқ маҳв этиб улгурган экан. Ёза бошлаганимда, у тирик мурда эди…
БЎМ-БЎШ ҚАДАҲ
У не кўз билан кўрсинки, қадаҳ ағдарилиб ётар, ичи бўм-бўш, ҳувиллаган эди.
Арақхўрнинг унга жуда раҳми келди. Фақат гап шундаки, унинг ўзига раҳми келдими, қадаҳгами, бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўришга тўғри келади…
“ДЕЯРЛИ ЖАНЖАЛ ҚИЛМАЙДИГАН ЭР”
Саксонга яқинлашган чол ва унинг 4 йил бурун уйланиб, биринчи фарзанди уч яшар бўлган невараси ўзаро чақчақлашиб ўтиришарди. Гап айланиб, эр-хотин муносабатларига тақалди. Чол шундай деди:
– Ўзинг биласан-ку ўғлим, мен бувингни деярли уришмайман.
Қув невара кулиб юборди, “Ҳамма гап ана шунда-да! Демак, барибир урушиб турасиз”.
Чол тан олишга мажбур бўлди.
– Ҳа, энди, болам, ўзинг уйлангансан, биласан-ку! Бу хотин зотини андак тергаб турмаса бўлмайди-да!
Невара яна кулди:
– Мен ҳам деярли уришмайман, фақат, айтганингиздай онда-сонда тергаб тураман, холос…
Энди бобо-невара бараварига хандон отиб кулиб юборишди.
“ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚЛАРИ”
Шу кеча-кундузда жамиятимизда истеъмолчи ҳуқуқлари устувор, аммо мен бошқа истеъмолчилар ҳақида фикр юритмоқчиман. Булар меҳр-муҳаббат, оқибат, яхшилик, пул-моддий неъматлар, истеъмолчилари бўлиб, уларга ҳақ-ҳуқуқларини тушунтиришнинг сира ҳожати йўқ. Чунки қурмағурлар, ҳуқуқларини жуда яхши билишади.
Ушбу ҳуқуқ “Истеъмолчи” эмас, балки “Истеъмолчилик” ҳуқуқи ҳисобланади. Бундай ҳуқуқ бутун жамиятни зар печакдек ўраб-чирмаб ташлаган.
“Истеъмолчилик” бандалари тинмай, бўкиб қолгунларича истеъмол қиладилар-у лекин ота-оналари, энг яқин кишилари, кекса устозларга, қолаверса, жамиятга яхшилик, эзгулик борасида нимадир қайтаришни асло уйламайдилар.
ҚАРҒИШДАГИ… МЕҲР
Оналарнинг ҳатто қарғишида ҳам илтижо – меҳр уфуриб туради.
ИЛҲОМНИНГ ОҲОРИ
Илҳом чақмоқдек “ялт” этганида, янгилигида жуда оҳорли бўлади. Кўп ёзилавериб, у эскирганида эса оҳори тўкилиши ҳам мумкин.
ТОШЛАР, ЎҚЛАР ВА КЎКРАК
Муқаддас китобларнинг бирида “Тошларни отиш ва йиғиб олиш вақти бор”, дейилади.
Ёмонлик, қабоҳат ўқлари ҳам худди шундай. Кун келиб улар отгувчи кўкси, жисму жонига қайтгусидир…
СУНЪИЙ ОНГ, БИОРОБОТ ВА ҚИЗИМ
Кейинги йилларда турмуш ўртоғим уй юмушларида қийналиб қолганди.
Яқин орада яшовчи қизим чидаб туролмай, ҳар тонг уйимизга келади. Буни кўриб биз эр-хотин қийналиб кетдик.
Бир куни нонушта тайёрлаётган қизимга ҳазил қилдим.
– Қизим, сен оввара бўлиб юрма, онангга сунъий онгли биоробот совға қиламан, уй ишларини бажараверади.
Ўша сўзларга қизим чиппа-чин ишонди.
– Қўйинг, ота, ўзим қилавераман.
– Об-бо, қизим-ей, у жуда содда-да.
ТИББИЁТ ВА ТИЖОРАТ
Ёзувчи бетоб эди. Унинг томирига жуда оғриқли дори юборган ҳамшира шундай савол берди:
– Домла, бедана тухуми сотиб олмайсизми?
Оғриқдан афти бужмайган адиб жавоб қилди:
– Йўқ, қизим, бедонанинг тухумини олмайман. Менга туяқуш тухуми керак.
– Афсус, туяқуш тухуми йўқда, майли, суриштириб кўраман…
ҚОН ТАРКИБИ
Саксон яшар чол қонини таҳлил этган ҳамшира қувлик қилиб ундан сўради:
– Бобожон, қонингиз жуда зўр-ку! Хотинингиз ёшми?
– Оббо, қизим-ей, бало экансан-ку, албатта, ёш-да. Олтмиш йил бурун сен тенги эди…
НЕВАРА
Ёзувчи кенжа неварасини турмушга узатди.
– Аттанг, энди қўлёзмаларимни ким оққа кўчиради?
Хотини унга далда берди:
– Ташвишланманг, эвараларингиз ёрдам беради.
ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ШОИР
Яқинда озиқ-овқат дўконида бир кекса харидор “сизни қаердадир кўрганман”, дея роса бошимни қотирди.
Сотувчи аёл гапга аралашди:
– Наҳотки, танимасангиз, бу киши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ шоири!
Қойил-е, умримда бир мисра шеър ёзмай “халқ шоири” бўлганимни билмаган эканман-а.
Шунисига ҳам шукр, “ёзувчи” деганида нима қилардим? Ўша мени танимаган одам “иғвогар экан” деган хаёлга борармиди.
“САДОҚАТ”
Мустамлака замонида сиёсат ҳаёт тарзига шу қадар чуқур сингиб кетган эдики, ҳатто итларимизни ҳам ажнабий тилда номлар эдик.
Афсуски, бу одат ҳанузгача сақланиб қолган.
“НОМЗОД”
Кекса адибнинг рафиқаси унинг машҳур романларидан бирини қайта ўқиб хархаша қилди:
– Бу лаънати Инна деган мегажин кимингиз бўлади?
Ёзувчи хонадонида ҳазил-мутойибага кенг ўрин берилар эди. Сўз санъаткори бамайлихотир жавоб қилди:
– Кундошингиз десам, ҳар иккингизнинг ҳаққингиз кетади. Шунинг учун, сизга кундош бўлишга номзодларнинг биргинаси, холос, хоним. Бошқа ҳеч гап йўқ.
Хоним ҳам ҳеч сўз демай, хонани тарк этди. Унинг ўзи ҳам, кўзи ҳам кулиб турарди.
БИР СОНИЯ
Бир сонияда инсон хаёлидан ўтадиган ўйлар ҳеч қандай мукаммал сунъий онг хаёлига келмайди.
ФИКРЛАР ЁМҒИРИ
Баъзан адиб хаёлига фикрлар тинмай ёғилиб келаверади. Шуларнинг эслаб қолингани адибники, қолганлари қаёққа кетганини ҳеч ким билмайди.
КИТОБ ҚИСМАТИ
Тасаввур этинг, бир хонадонга кимдир китоб олиб келди. Ана шу китоб қисмати ҳар хил бўлади.
Оила қандайлигига қараб ё уни ҳамма ўқийди, ёки ҳеч ким ўқимайди.
Бир асарни ўн киши ўқиса, ўн хил тушунади. Юз киши ўқиса ҳам худди шундай. Не бахтки, уни адиб даражасида тушунадиганлар ҳам бор…
ДАРОМАД – БУРОМАД – ХАРАЖАТ
Жуда кўп пул топишни астойдил истаган киши вақт-соати келганида бунга эриша олади.
Аммо ҳамма ҳам уни сарфлай, аниқроғи тўғри сарфлай олмаса керак?..
ЎҒРИ МУШУК – ТЎҒРИ МУШУК ЭМАСМИ?
Ўғри мушук назаримда, айрим ўғрилардан яхшироқ кўринади. Лекин уни ўғри деб бўлмайди. Тўғри мушук.
ҲАҚИНГИЗ КЕТАДИ
Шундай одамлар бор – бутун умрлари инсонларга яхшилик қилиш билан ўтади. Яна шундай кишилар бор – улар умр бўйи инсонлар яхшилигидан текин фойдаланадилар, миннат эшитмайдилар. Аммо бир оғиз “рахмат” дейишни билмайдилар, билгилари келмайди. Уларни “текинхўр” десангиз ҳақингиз кетади.
ЎХШАШЛИК
Адибнинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шундаки, у ўзидан бошқа ҳеч кимга ўхшамайди.
ТЎҒРИДАН… ТЎҒРИ…
Ота тўғри бўлса, бола ўғрилик қилмайди дейишади. Аммо бешафқат ҳаётда шундай мисоллар учраши мумкин. Тўғри отадан ўғри бола, ўғри отадан эса тўғри фарзанд бунёд бўлади.
БИР ХОНАДАГИ ЙИРОҚЛИК
Одамлар бир-бирларига эмас, пулга, манфаатга интиладилар. Улар бир-бирларига яқинлашганларида орадаги масофа шунчалар йироқлашмаган бўлур эди. Айниқса энг яқин кишиларнинг бир-биридан йироқлиги иллатдир. Бир хонадаги ёлғизлик қабоҳат.
ИНТЕРНЕТ
Интернет – ёлғизликка маҳкум этади ва ундан қутқазади…
ҚИШ
У қиш бағрига совуқ сувга шўнғигандек сингиб кетди.
НАШР СИФАТИ
Китобларнинг нашр сифати жуда яхшиланди.
Мазмуни ҳақида ўзингиз ўйлаб кўринг…
ТОНГ ХАЁЛЛАРИ
Тонгда туғилган фикрлар некбинлиги, уларда умид борлигига ишонаман.
“ЮЛДУЗ”
Неварам “Сизни интернет юлдузига айлантираман”, дейди. У, албатта, ҳазилашяпти.
Менга бўлса, кимдир қулоқ солганининг ўзи кифоя…
ШОҲ СУЛАЙМОН ЎГИТИ
Шоҳ Сулаймон шамолни ушлаб бўлмайди, дейди. Фикр ҳам худди шундай.
ҚУШ
У қушдай эди. Худди қушдек дуч келган жойдан дон-дун излар, қорни гоҳ тўқ, гоҳида оч эди.
ЗАХИРА
Ҳар гал “Дўрмон” ижод уйига жўнаш олдидан жомадонимга бир даста қоғоз ва бир нечта ручка солиб қўяман.
УВОЛ
Яхши, ёруғ фикр келганда ёзмаслик – уволдир.
БАРДОШ
Жуда чиройли аёл нигоҳига бардош бериб, унинг илтимосини рад эта оладиган эркаклар кам учрайди.
БИР КУН – БУТУН УМР
Инсон ёруғ дунёга йиғлаб келади.
Ҳаётдан тинч-хотиржам, йиғламай кетиши учун бутун умрини сарфлаши керак.
ОҚИБАТ
Дунёдан ўтган устозлар ҳақида яхши гапларни шунчалар кўп гапирамизки, марҳум ҳаётлигида уларни эшитганида ўлишни мутлақо истамаган бўлармиди?
ҲАРАКАТДА – БАРАКАТ
Айрим кишилар ўз манфаатлари учун шунчалар кўп ҳаракат қиладиларки, бошқа ишларга вақтлари қолмайди.
ЭЗГУЛИК ВАҚТ СОАТИ
Кимнингдир эзгу нияти, иши амалга ошиши учун вақт, ҳаракат ва яхши одамлар керак.
УШОҚЛАР
Ушбу тарқоқ фикрларимни энг кичик ва кичик ҳикоялар деб атаганман. Бу шартли равишда, албатта. Уларни ўзимча нон ушоқларига ҳам ўхшатаман. Агар нокамтарлик қилган бўлсам, узр сўрайман…
ВАЗН ТОИФАСИ
Спортчилар ўртасида, умуман, спортда “вазн тоифаси” деган тушунча бор. Бунга қатъий риоя қилинади.
Ҳаётда ҳам ниманидир даъво қилган кишилар шу ақидага риоя этсалар, ёмон бўлмасди.
ДЎППИ
Дўрмонда тонгги сайр чоғида бир ҳамқалам дўстимни учратдим. У яп-янги, ҳали оҳори тўкилмаган дўппи кийганди. Дўппи сизга жуда ярашибди, дегандим, у жуда хурсанд бўлди.
Адашмасам, дўппи ҳамма ўзбекларга ҳам ярашса керак.
ҚАДАМ
“Дўрмон” ижод уйига қадам қўйганим биланоқ, фикрлар ёмғири остида қолиб кетаман. Ёмғир баъзан жалага ҳам айланиб кетади.
Қани энди, ўша фикрларнинг ҳаммасини қоғозга тушириш имкони бўлса…
Айтгандай, “Дўрмон” фақат ижод уйи эмас, балки ижодий суҳбатлар уйи ҳамдир…
СЕМИЗ ВА ОРИҚ
Семиз ва ориқ одамлар бор. Лекин ҳамма семизлар кучли бўлмаганидек, ҳамма ориқлар кучсиз бўлавермайди.
Худди шундай китобларнинг ҳам “семиз” ва “ориқ”лари бор, албатта.
Бу – “семиз” китобда маъно-мазмун кўп, “ориғ”ида кам дегани эмас…
РУТБА МАСЪУЛИЯТИ
Буюклар жуда оддийликлари, буюклик даъво қилмаганликлари туфайли шундай улуғ рутбага эга бўлсалар керак.
БАХТ ТАШРИФИ
Бахт кутилганда эмас, кутилмаганда келиши билан қадрли бўлса, ажаб эмас.
КЕЧИКМАНГЛАР…
Инсонлар умр бўйи кимларнидир зор-интизор куттириб яшайдилар, буни ҳатто билмайдилар.
Билиб қолганларида эса кеч бўлиши мумкин.
ОНАНИНГ КЎНГЛИ
Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли… ўз боласида…
“…ҲАЗРАТИ ОЛИЙЛАРИ”
“Манфаат ҳазрати олийлари! Амри муборакингизга мунтазирдурмиз…”.
“ҚАҲРАМОН”
У шўрлик кўп, жуда кўп, ҳаддан ташқари кўп пул топиш йўлида “қаҳрамонларча ҳалок бўлди”.
ЭҲТИЁТ – ШАРТ…
Ўзингизни, сўзингизни, кўзингизни асранг.
ҒИЙБАТЛАР
Таниқли адиблар ҳақида ҳақ сўздан кўра, ғийбатлар кўпроқ бўлса керак.
КЕЧИККАН ХЎРОЗЛАР
Айрим хўрозлар тонг саҳарда эмас, эрталаб тўққизларда қичқиришади. Уларни ухлаб қолиб, ишга кечиккан одамларга ўхшатаман.
ШОИРИ ЗАМОН
Аллақайси хушомадгўй қайсидир чаламулла шоирга “Сизга ўхшаган ижодкор дунёга юз йилда бир маротаба келади”, деб ялтоқланибди. Шоир шўрлик таъсирланиб, кўзига ёш олибди.
Аслида, хушомадгўй онасининг қабр тошига текинга шеър ёздириб олмоқчи экан.
ПОЙГАЧИЛАР
Адабий жараёнда ҳозир шундай бир ёмон ҳолат ҳукм сураётир.
Мукофот, унвон, катта қалам ҳақи тўланадиган лойиҳаларда иштирок этиш, қулай, баҳаво мавзелардан уй-жой олиш учун пойга жуда авжига чиққан. Пойгачилар ва баковуллар “улуғ мақсад” йўлида ҳеч нимадан тойишмайди. Ғолиблар, совриндорлар талайгина. Аммо ҳақиқий адабиёт майдонида ҳеч ким от сурмайди. Ғолиблар йўқ ҳисоби…
ЁШУ ҚАРИ
Ёш, гўзал ва оқила аёл олдида кекса эркак ўзини жуда ноқулай ҳис этади.
Ахир, гул Баҳор ва қаҳратон қиш бир-бирига зид тушунчалар-да…
Бу гаплар кекса пулдорларга тааллуқли бўлмаса керак.
СЎҚИРЛАР
Ялтоқ, лаганбардор фақат хожасини мақтайди. Унинг сўқир кўзлари бошқа ҳеч нимани, ҳатто ўзини ҳам кўрмайди.
НОТЎҒРИ ҚАДАМ
Адабиёт гулшанига шуҳрат, пул, мансаб дея янглишиб қадам қўйганлар ҳалокатли хато қилганларини билсалар эди…
Бу гулшанда ўзини унутиб, қаттиқ меҳнат қилмай туриб, яхши ном қолдириб бўлмайди.
ШЕВА
Димоғдор одам ва димоғида гапирувчи киши ўртасида ўхшашлик бор-йўқлиги ҳақида Дўрмонда, салқин куз тонгларининг бирида кўп ўйладим. Бир тўхтамга кела олмадим.
Фақат, Бухоро шевасида димоғдор одамни “ҳиккабаланд” дейишларини эсладим, холос…
ИЛТИМОС… ИЛТИЖО
Улуғ шоиримизнинг “Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин”, деган ғамли мисраси ҳақиқий мазмунини илтимосга куни қолганлар ва юраги оғриганлар ҳаммадан яхшироқ, кўпроқ тушунсалар керак.
ИМКОНИЯТ
Имконияти чекланганлар ҳаммадан кўпроқ имконият топишлари, кўп нарсага эришишлари ҳам мумкин.
НУР ТОМЧИЛАРИ
Субҳи козибда унинг онг-шууридан оппоқ қоғозга етти томчи нур томчиси ёғилди…
Эзгулик томчилари!
Улардан яхшилик гуллари униб чиқса, не ажаб?..
Юракдан етти томчи қон камайгани адиб учун ҳеч гап эмас.
УЙҚУДАГИ ФИКРЛАР
Адиб кам ухласа, ёзишга арзийдиган фикрлар кўп “меҳмон” бўлади. Кўп ухлайдиган бўлса, яхши фикрлар ҳам “ухлаб” қолса керак…
ЁЗУВЧИ ВА ЧУМОЛИ
Чумоли уйига тинмай дон ташийди. Ёзувчи эса китобхонларга турли хил фикрлар ташийди.
ИЗОҲЛИ ЛУҒАТ
Олимларимиз айрим ёшлар ва катталар учун қисқача изоҳли луғат тузишлари керак, назаримда. Луғат нари борса 15-20 сўздан иборат бўлиши лозим. Булар “Ассалому алайкум”, “Раҳмат”, “Марҳамат”, “Хуш келибсиз”, “Хушвақт бўлинг” ва ҳоказо.
Луғат чўнтакда олиб юриш учун қулай бўлса, янада яхши.
МАШҚ
Адиблар ҳам спортчиларга ўхшаб мунтазам машқ қилиб туриши керак. Акс ҳолда, “қўли чиқиб қолиши” мумкин.
СЎЗАМОЛ
Бир сергап киши дўстига шундай деди:
– Узр, оғайни, мен ичганимда андак кўп гапираман-да.
– Ҳечқиси йўқ, сен ичмаганингда ҳам кўп гапираверасан, – деди дўсти.
ҚИЙИНЧИЛИКЛАР
Кексалар қандайдир яхши нимарса ва одатларга жуда тез ўрганиб қолишади.
Вақт-соати етиб, улардан воз кечиш кексалар учун хийла қийин бўлади.
МУМТОЗ САНЪАТ ТАРБИЯСИ
Мумтоз (классик) куй-қўшиқлар миллатимизнинг энг яхши тарбиячиси дегим келади. Бу муболаға эмас. Мумтоз наволар ўзбек санъати гултожидир. Ушбу санъат қўшиқчини, миллатни тарбиялайди, Ватанни севишга, инсонни улуғлашга ўргатади.
Мумтоз куй-қўшиқ ижро этаётган киши ортиқча сўз айтмайди. Аксинча, “замонавий” номини олган қўшиқлар ижрочилари тингловчи эътиборини қозониш учун ўзларини не кўйларга солишмайди дейсиз? Кошки эди, бу алмойи-алжойи сўзлар йиғиндисини қўшиқ деб бўлса.
Хулосаи калом, “замонавий ижрочилар”га, энг аввало ,тарбия керак. Яъни мумтоз санъат тарбияси…
“ИСТЕЪДОД”
Қариндош-уруғларим, дўстлар, айрим таниш-билишлар мендан менинг ўзимдан кўра кўпроқ ва самаралироқ фойдалана оладилар.
Уларнинг бу истеъдодига қойил қолмай иложим йўқ.
ЯНГИ ВА ЯНГИ, ХИЛМА-ХИЛ…
Инсон ҳаётида хилма-хиллик, янгиликлар катта аҳамиятга эга. Аксинча, бир хил, бир маромдаги турмуш тарзи, ўзгариш, хушхабарларнинг йўқлиги уни зериктиради, тушкунликка туширади.
УСТУН
У ўзини мамлакат миқёсида 1-ўриндаги шоир ҳисоблар, бундан шод-масрур эди. Ушбу “эътирофи” шеър ихлосмандларини қай аҳволга солишини сира ўйламасди.
“УСТОЗЛАР ВА ШОГИРДЛАР”
Ҳозир кўпчилик, айниқса, ёшлар ёши, мансаб-мартабаси улуғ киишларга нуқул “устоз” дея мурожаат қилаверадилар.
Кези келганда, андаккина манфаат илинжида шўрлик устознинг кўзларини ўйиб олишга тайёр турадилар.
НУРСИЗ “ЮЛДУЗ”ЧАЛАР
Санъат оламида дейишга тил бормайди, шоу-бизнесда сохта, зўраки “юлдузча”лар жуда кўпайиб қолди.
Улар шунчалар кўпки, санайман десангиз, бошингиз айланиб кетади. Ўғирланган куй, расво таржима ёхуд ўзбек тилига мутлақо дахли бўлмаган пойинтар-сойинтар сўзлардан иборат қўшиқ ижрочилари ўзларини шундай баланд тутишадики, бу нурсиз “юлдузча”лар қилиғидан тингловчилар, ҳақиқий санъаткорлар билан бирга мумтоз куй-қўшиқлар ҳам уялиб кетади.
ЎТАЁТГАН КУНЛАР
“Дўрмон”да ўтказган соатлар, кунлар,ойлар, уларнинг йиғиндиси ўлароқ йилларим ҳаётимнинг энг ёруғ, тинч, осуда, баракали дамларидир. Бу сўлим масканда жуда кўп дўстлар орттирдим, самарали ижод қилдим.
СЕВИМЛИ МАШҒУЛОТ
Адабиёт, сўз санъати – жон фидо қилишга арзигулик севимли машғулот ҳисобланади.
ЮКСАЛИШ ВА ТУБАНЛИК
Инсонни жуда юксакликка одам боласи кўтаради.
Уни тубанлик қаърига тушириб юборадиган мавжудод ҳам худди унинг ўзгинаси…
ИККИ ҚУЁН – БЕШ ҚУЁН
Икки қуён ортидан югурган биттасига ҳам етаолмайди, дейишарди.
Энди бўлса, бир йўла беш қуён ортидан қувиб, ҳаммасини тутиб олиб, мўмай пул топаётганлар жуда кўп.
НОЧОР ДАҲОЛАР
Катта ва баланд минбарлар, қабр боши ёки маъракаларда марҳумларни кўкка кўтариб мақтаб, “даҳо” дея нутқ ирод этаётганлар шўрлик, ночор даҳолар бир бурда нон, андак эътибор ва эътирофга қанчалар зор бўлишганини наҳот унутишган бўлишса? Улар марҳумлар руҳини безовта қилмай, ўзлари ёлғончилик, иккиюзламачи ва мунофиқлик даҳосига айланиб бораётганларини ҳис этсалар яхши бўларди.
МАШЪУМ ИЗЛАР
Мустамлака даври ўзбек адабиёти асарларини ўқиган зукко китобхон уларнинг бир жиҳатини сезмай қолмайди. Ҳар бир асарда истилочилар ғояларининг машъум излари яққол сезилиб туради. Бу ўринда, албатта, эркин, ҳур фикрли адибларимиз, жаҳон адабиёти асарлари истисно қилинади.
Шўро мафкураси исканжаси таъсирида ёзилган барча асарларда эркин инсон, шахс, шахсият камоли эмас, жамоа, жамоавийлик улуғланади. Муаллиф “мен”и ўрнига “биз” сўзи ишлатилади.
Бир қолипга солинган, қонун-қоидалар, чекловлар билан ўраб-чирмалган қарашлар муаллиф иродаси билан эмас, ҳукмрон мафкура талаблари асосида ҳаракат қиладилар, яшайдилар, кези келганда “қаҳрамонларча” умум иши учун қурбон бўладилар.
Бу қолипларга сиғмаган адиблар маҳв этилганлар.
Ҳукмрон Шўро мафкураси синалган схема-қолиплардан бири “Пришёл– увидел – победил” бўлиб, унга қаттиқ урғу бериларди. Яъни бош қарҳамон қаёққадир боради, муаммоларни кўради ва дарҳол ғалаба қилади. “Ура-ура” аслида туркий тилда “Урҳо-ур”.
Ҳаётда эса бундай бўлмайди. Мафкура раҳнамолари йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишга устаси фаранг эдилар.
Ҳақиқатда эса, ҳаётимизда, адабиётимизда юқоридаги иллатлар янги, замонавий талқинда учраб турибди. Большевизм қолипларидан ҳамон қутула олмаяпмиз.
Ачинарлиси, ақл ўргатувчи сўзбозлар, “даҳо” мақомидаги қаҳрамонлар кўпайиб кетди.
Ҳақиқий адиб эса, дийдиё, насиҳат қилмай, давр, макон ва замон руҳини бор бўй-басти билан акс эттириб, ҳаёт ҳикматлари ва иллатларини, қаҳрамонлар ички кечинмаларини аниқ кўрсата олиши керак.
Ўқиш, уқиш, хулоса чиқариш китобхонлар зиммасида.
КАТТА ПУЛ ВА АДОЛАТ
Катта пулда ҳеч қачон адолат бўлмаган, бўлмайди ҳам. Катта пул эгалари Дунёдаги жамиики эзгуликни сотиб олса бўлади, барча муаммоларни ақча ёрдамида ҳал этиш мумкин, деб ўйлашади. Қабоҳатларни зар кучи хаспўшлай олади, дея қаттиқ ишонишади.
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлгайким, аслида асло бундай эмас…
КАМЮ ХАВОТИРИ
Инсон секин-аста аблаҳлашиб бораверади, дея ёзғирган Альбер Камю. Адиб ҳаёт бўлганида бу жараён жуда тезлашиб кетганини эътироф этган бўлармиди?
КУНЛАР
Ёзмаган, ёзолмаган кунларим ҳаётимнинг оғир, бесамар даврларидир.
ЎЗИНИ ТАНИМАГАН ШОИР
Шоирнинг 80 йиллиги тантанали нишонланди. Тўрт томондан табрик, қутлов, унвону совғалар дўлдек ёғилди. Камида 30 йил кечиккан мақтовлар, дил сўзлари янгради. Бундан кекса шоирнинг боши гир-гир айланди. Орадан бир неча кун ўтгач, қариянинг синфдош дўсти қўнғироқ қилиб, гина қилди: “Елкангга тўн ёпгандим, қайрилиб қарамадинг, ҳатто мени танимадинг ҳам”.
Шоир ўзини шундай оқлади. “Қўйсанг-чи, биродар, мени шу қадар кўп мақташдики, сен тугул, ўзимни ҳам танимай қолдим-у…”.
ФАРЁД
Чўлпон “Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен…”, дея фарёд чекади. Ҳақиқий ижодкорларнинг деярли ҳаммаси шу аҳвога тушади. Бошини бериб қўйгани, жисму жони ёниб кетганини сезмай ҳам қолади.
Сўнгра азиз бошини тошга уради…
ШЎРПЕШОНА… ҲУСН
Баъзи қизлар, аёллар шунчалар кўп пардоз-андоз қилишадики, бўёқнинг соясида табиий, ҳақиқий ҳусн кўзга ташланмай қолади.
Ҳусн пешонасининг шўрлиги шунда бўлса керак…
ЭҲТИЁТ ЧОРАЛАРИ
Адибнинг ўзи ва сўзи бу алғов-далғов дунёда тамомила йўқолиб кетмаслиги учун у ҳаётлигида ҳамма эҳтиёт чораларини кўриб қўйиши керак.
ШОИР, ШЕЪР, ШИРИН СЎЗ…
Адиб етмиш беш ёши арафасида ҳамқалам биродарлари учун камтарингина дастурхон ёзиб, ўзи ош дамлади.
Ҳамма жамулжам бўлгач, машҳур шоир Шамсиддин Садоий давра бошланмасдан сал олдин ёзган шеърини қироат билан ўқиб, мезбонни бургутга қиёслади. Ҳамма бараварига қарсак чалди. Нисбатан ёшроқ шоир ва таржимон шундай деди: “Шу телба дунёда, замон ва маконда ўзингиз-да, сўзингиз-да қадр топишини жуда-жуда истайман…”
Адибнинг давра тўрида ўтирган эски дўсти таъсирланиб, хитоб қилди:
Қани энди шундай бўлса, кошки эди шундай бўла қолса… Ахир бу ширин сўзлар ҳаммамизга қанчалар керак, қанчалар ёқимли…
Инсон барибир ширин сўзнинг гадосида.
КИТОБСИЗЛАР, КИТОБСИЗЛИК
Қайсидир замонларда “Китобхон”, “Китобсеварлар” жамиятлари бўлар, улар қандайдир вазифаларни бажаришар, эл-юртга озми-кўпми зиё тарқатишарда, албатта.
Ҳозир ўйлаб қарасам “Китобсизлар”, “Китобсизлик” кўнгилли жамиятларини тузиш вақти келди, чамаси. Бу шўринг қурғурлар эл-юртга нима улашишлари менга қоронғу. Фақат улар вазифаларини яхши бажаришига ишонаман.
ТЕМИР ЙЎЛ
Темир йўл… Поездга чиқсангиз, у қай манзилга, қачон етиб бориши, куни, соату дақиқаларигача аниқ бўлади.
Аммо ҳаёт йўллари бундай эмас. У қачон, қай манзилга олиб боришини Аллоҳдан бўлак ҳеч ким билмайди.
Ҳа, Ҳаётнинг шафқатсиз, темир қонунлари бор-у, қай манзилга олиб бориши маълум бўлган темир йўллари йўқ…
ВАЙСАҚИЛАР
Кейинги йилларда ҳаётимизда вайсақилар, вайсақилик жуда кўпайиб кетиб, касаллик, эпидемия даражасига бориб етган бўлса, ажаб эмас. Қаерга борманг, ишхона, жамоат транспорти, йўл, оила, бозор, расталарда қуруқ гап, сафсата, ёлғон, бақир-чақирдан қулоғингиз қоматга келади, бошингиз айланади, кўнглингиз айнийди.
Ҳамма бирваракайига кар бўлиб қолгандай баланд овозда гапиради.
Аксига олгандай, тобора ривожланиб бораётган техника воситалари кўпроқ пул ишлаш илинжида вайсақиликка қулай шароит яратади. Қўл телефони орқали вайсақилик, интернет-вайсақилик… Ҳозир кўпчилик, айниқса, ўсмирлар, ёшлар уззу кун интернетдан чиқмайдилар, қўл тефонидан бўшамайдилар, тўхтовсиз, емай-ичмай гаплашадилар. Бу шўрликлар қачон ўқийдилар, яшайдилар, спорт билан шуғулланадилар, буни ҳеч ким билмайди.
Алоқа компаниялари бўлса, мижозларни кўпайтириш илинжида ойига 25 минг сўм эвазига “бор-йўғи” 45 минг дақиқалик сўзлашув таклиф этишяпти.
Ахир, шунча вақт тўхтамай гапирган одам эси оғиб, оғир хасталикларга чалиниб қолади-ку!
Фикримча, сафсатабозликни бас этиб, бир-биримизга кўпроқ эътибор қилсак, яхши бўларди.
ҒАЛАБА
Замонавий дунёда пул, мол-давлат, куч, очкўзлик, ҳирс-ҳавас ғалаба қилаётгандек кўринсада, кун келиб, Сўз, Ҳақ Сўз ғалаба қилишига, мутлақ ғолиб бўлишига қаттиқ ишонаман!.. Зеро, Инсон, Инсоният, Дунё Ҳақ сўздан яралган экан, шундай бўлиши табиий.
ТАҚИҚЛАР
Бу дунёдаги жамиики қонун-қоидалар, таъқиқлар, қамоқхоналар, ҳатто отиб ўлдириш ҳукми ҳам инсон аталмиш мавжудотни андак инсофга келтириш, кўр кўзларини очиб қўйиш учун ўйлаб чиқарилган, аслида.
ҲАЁТ ЎГИТЛАРИ
Ушбу асарнинг муаллифи аслида мен эмас, балки бирор сониясини олдиндан билиб, режалаштириб бўлмайдиган ҳаётнинг ўзидир. Қоғозга туширганларим – Ҳаётнинг, Тақдирнинг мен гумроҳ банда кўзларини каттароқ очиш учун берган сабоқлари, ўгитлари, тарбияси, холос…
ХОСИЯТ
У жаҳон адабиёти йирик намоёндалари ҳақида кўп ва хўб ёзди, тинимсиз ёзаверди. Ёши бир жойга борганида ўзи қай даражага етганини ҳам билмай вафот этди.
Ҳозир у жаҳон адабиёти буюк намоёндаларидан бири ҳисобланади.
Буюклар шарофати шу бўлса керак.
“ТИЛЛА БУВА”
Ёш боғбон йигит мени “Тилла бува” деб атайди.
Ҳар гал учрашиб қолганимизда “Тилла бува, қалайсиз?”, дея кўнгил сўрайди.
Мен “Қалай эмас, сен айтгандай тилла, олтин бўлишга ҳаракат қилаяпман”,дейман. Сўнгра ҳар иккимиз ўз йўлимизга кетамиз.
“ЎЗ-ЎЗИНГГА ҚУЛОҚ СОЛ!”
Ақлимни таниганимдан буён, бутун умрим давомида ўзимни-ўзим ва бошқа бировлар тўқиб чиқарган турли-туман қонунларга бўйсунишга мажбурлаб яшадим. Бундан ютдимми, ютқаздимми, бир нима дейишим қийин. Ҳарқалай, унчалик зарар кўрмадим, назаримда.
Бундай “услуб” ҳозир ҳар қадамда учраб турадиган муаммоларни хийла осон ечишга қўл келар экан.
Яқинда ҳамкасб аёллардан бири сўраб қолди:
– Муаммоларни ҳал этиш ва бадиий ижод билан шуғулланишга қандай қилиб вақт топасиз?
Аёлга жавобим шундай бўлди:
– Маълумингизким, пенсиядаги киши учун вақт камлиги катта муаммо эмас. Демоқчиманки, тонги соат тўртдан, тунги соат 12 гача ҳамма вақт ўз ихтиёримда. Боз устига, ички интизом, сабр-тоқат, тўзим, ирода ва андаккина ўз устингдан кула олиш қобилияти бўлса, кифоя. Ечилмаган муаммолар қолмайди, ижод ҳам баракали бўлади.
Ҳаммамизга тўзим берсин!..
“ТУШДИ КЎЗИМ, ЁНДИ ДИЛИМ…”
“Тушди кўзим, ёнди дилим…”, дея лутф этади, шоир Шамсиддин Садоий.
Жононага тушадиган кўзлар, ёнадиган диллар жуда бисёр, аммо кўзи тушса-да, дили ёнмайдиган, ҳиссиз совуқ юраклар ҳам бор, албатта.
БЕМАҲАЛДА ТАҚИЛЛАГАН ЭШИК
Эшигингиз бемаҳалда тақиллаб қолса, бундан сира оғринманг. Энг аввало, эшик ва кулбангиз борлигига шукур қилинг. Боз устига, у онда-сонда тақиллаб тургани яхши. Ахир, сизни ҳеч ким йўқламай қўйса нима қилар эдингиз?..
Ўзингиз ҳам баъзи-баъзида кимнингдир эшигидан кириб борганингиз яхши…
Дарвоқе, ибтидоий жамоаларда эшик, уни тақиллатиш одати бўлганми, йўқми, бунисини билмайман. Ҳар қалай, инсон одоби секин-аста шаклланган бўлиши керак.
ЯХШИЛАР, ЁМОНЛАР
Қайсидир кишининг вафотидан сўнг, кимлардир эслаши учун у бойликлар, унвон, мансаблар эгаси бўлиши шарт эмас, назаримда. Марҳум ҳаётлигида қилган яхши-ёмон амалларининг ўзи кифоя.
“ЭЛЕКТРОН КЎЗЛАР” САМАРАСИ
Ҳозир ҳамма жойда урф бўлган кузатув камералари бояқиш инсоннинг ҳар бир қадамини пойлайди, таъқиб қилади. Кези келганда, кимдир ҳақ, кимдир ноҳақлигини исботлаш учун далил бўла олади.
Аммо бу ихтиро инсон бир-бирини кузатганидек самарали бўлмаса керак. Шўрлик одамлар ёруғ дунёда кўз очишлари биланоқ, бир-бирларини кузата бошлайдилар. “Бу таъқиб” “электрон кўзлар” назоратидан ўн чандон, юз чандон хавфлироқдир. Чунки кузатув камералари борини тўғри, холис, ҳиссиётга берилмай, аниқ кўрсатади. Инсон нигоҳи эса у дўст-душманлигига қараб, холис-нохолис кўрсатади. Бу кўзларда ёлғон, таъма, ҳасад, қабоҳат, нохолислик бўлиши мумкин…
Аллоҳ азиз бошингизни шундай кўзлардан асрасин.
ПОЙИ-ПИЁДА ЁЗИЛГАН РОМАН
Ушбу битиклар бир неча йил пиёда юрилиб, даставвал адиб ўй-хаёлларига ёзилиб, сўнгра қоғозга тушди.
ЭЪТИБОРГА ТУШГАН КИШИ
Кимнингдир диққат-эътиборига тушган киши кейинчалик ноқулай аҳволда қолиши ҳеч гап эмас…
ҲУР-У, АСИР ОДАМЛАР
Шундай ҳазрати инсонлар бор… Улар ўз-ўзлари, виждонлари тутқунлари, асирларидирлар. Аслида, бундай кишилар дунёда энг озод, ҳур одамлар бўлсалар, ажаб эмас.
ВИЖДОННИНГ ҚАДРСИЗЛАНИШИ
Аксарият тижоратчи, тадбиркорлар нарх-навонинг тўхтовсиз ошиб боришини асосан пул қадрсизланиши билан изоҳлайдилар.
Аслида эса, бу ҳолат ўзаро муносабатлар, виждон, охир-оқибат, одамгарчилик, одамнинг беҳад қадрсизланиши бўлса керак…
СОХТА ДЎСТЛАР
Инсон душманларидан эмас, дўстлари, айниқса, сохта дўстларидан қўрқиши керак.
“ПАХТАЗОР”
“Пахтазор” сўзини ҳамма вақт ҳам ўз маъносида тушуниш шарт эмас. Ушбу калима “пахта қўювчилар маскани” дея тушунилиши ҳам мумкин.
ЎЗАРО МУНОСАБАТ
“Тўқлик” ва “тўқчилик”, “маънавий тўқлик” тушунчасига тўғри келмаганидек, “очлик” сўзининг “маънавий очлик” калимасига сира алоқаси йўқ.
ОЗОДЛИК
Инсон чин маънода озод саналиши учун бир неча шартлар бор. Энг аввало, онг, руҳ, қалб, кўнгил озод бўлиши даркор. Шундан кейин жисму жон озод бўлгусидир. “Озод инсон” – қанчалар мағрур, улуғвор сўзлар.
ТИЛАНЧИЛАР
Кимлардандир, айниқса, фарзандлардан меҳр-оқибат, эътибор ва марҳамат тиланиш инсон, энг аввало, ота-она шаънини ер билан яксон қилади.
ҲАҚОРАТЛИ МАРҲАМАТ
Кекса эркакка ёш аёлнинг раҳм-шафқат аралаш марҳамати энг ёмон ҳақоратдан таҳқирлироқдир.
МУҲАББАТ АРМОНЛАРИ
Йигит-қизлар илк муҳаббатлари бахтига эришаверганларида дунёи дунда Муҳаббат ёлғонлари, севги армонлари бўлмасмиди?..
“ХУРМАЧА ҚИЛИҚ”
Айрим ота-оналарнинг айрим хурмача қилиқлари айрим фарзандларнинг меҳр-оқибатсизлиги, лоқайдлиги, тошбағирлигига қарши исён бўлса керак.
УЯТ
Чол тартиб-интизомли, одобли, хийла кексалигига қарамай ўзини яхши тута оларди.
Унинг биргина айби бор, жамиятда тобора кучайиб бораётган одобсизлик ҳолларига бефарқ қараб турмасдан уятдан қизариб кетарди.
Ёшлар, айрим катталар ҳам саломлашишни унутиб қўяётганлари қарияни ташвишга соларди.
НОДЕМОКРАТИК ТАЪҚИҚЛАР
Кекса одамга ҳаёт раво кўрадиган тақиқларни дунёда энг нодемократик давлат ҳам ўз фуқароларига раво кўрмаса керак.
ХАВФСИЗЛИК ЧОРАСИ
Айрим содиқ дўстлар сидқу вафоси ит садоқатига ўхшаб кетади. Эҳтиёт бўлмасангиз қопиб олиши ҳея гап эмас.
ЭНГ ТЕЗКОР ИНТЕРНЕТ
Аёллар ўртасида тарқаладиган хабарлар, янгиликлар тезлигига бирор бир интернет тармоғи тенглаша олмайди.
ДАРАХТЛАР ТИТРАГАНДА
Кексалар қишки боғдаги бор-будидан мосуво, совуқда дағ-дағ титраётган дарахтларга ўхшаб кетишади.
ЁРУҒ ЮЗ
Айрим инсонлар вафот этганларидан сўнг, бироз вақт ўтгач, уларнинг юзлари нурланиб, жуда чиройли тус олади. Бу уларнинг Аллоҳ олдида юзлари ёруғлиги нишонаси бўлса, ажаб эмас.
ЭНГ ЁМОН ҲИСОБЧИЛАР
Мабодо, ота-оналарига ҳақлари кетиб қолгудек бўлса, ҳаммасини аниқ ҳисоб-китоб қиладиган фарзандлар – энг ёмон ҳисобчилар бўлишади…
ҒИРРОМ ЎЙИН
Ҳаёт – қоидасиз, ғирром ўйин бўлса керак.
ТУЯ ҚИЛИНГАН НОН
Адабиёт корчалонлари бадиий ижод йўлида жонини фидо қилган ва қилаётган ҳақиқий адибларни эътироф этмай, уларнинг ҳалол нонини туя қилиб, қаланғи-қасанғи “ижодкор”лар “асар”ларини кўтар-кўтар қилиб, оғир гуноҳга ботишаяпти. Улар Аллоҳ ғазабидан қўрқсалар бўларди…
ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ХУШОМАДГЎЙ…
Агар сиз ҳалол меҳнат билан “мураббий” даражасига кўтарилган бўлсангиз атрофингизда “устоз, устоз” дейдиган хушомадгўйлар жуда кўпайиб кетса, улардан узоқроқ қочинг. Бундай нусхалар шогирд эмас, товламачилардир… Улар муборак номингиздан мансаб, мартаба, пул топиш йўлида фойдаланиш учун тилёғламалик қиладилар.
ҚУЁШ
Қуёшдан ибрат олинг. У ҳали чиқиб улгурмай, тафти сезила бошлайди…
ҚЎРҚИНЧ
Аллоҳдан қўрқмайдиганлардан қўрқинглар!..
АЛЛОҲ ҚЎЛИ
Aллоҳ урса, қўлининг овози эшитилмайди. Аммо урганидан, сўнг давоси сира топилмайди.
Раҳматлик онам ушбу сўзларни кўп такрорлаб юрардилар.
БОЗОР АЙЛАНИНГ…
Бундан чамаси йигирма беш йиллар бурун акам бозордан қайтганларидан сўнг, нолиб колардилар:
– Қачон бозорга борсам, кайфиятим бузилади. Бирор сотувчи рост гапирмайди, алдайди.
Мен эсам устоз Ғафур Ғулом маслаҳатларига амал қилиб, бозор айлансам кўнглим очиларди.
Акамни хафа қилмаслик учун у кишига ҳеч нима демай қўяқолардим.
Мана энди бўлса, ўзим рахматли акамнинг аҳволларига тушиб ўтирибман.
P.S. яқинда бир кило сояки майизни етмиш минг сўмга харид қилгандим. Қарийб йигирма фоизи чиқитга чиқди.
ХУШ ҚАДАМ
Узоқ вақт ҳеч ким кирмаган хонага аёл қадам ташласа, қуёш чарақлаб чиққандек бўлади.
ВИЖДОННИНГ ҚАРОРГОХИ
Инсоф, диёнадли кишилар вужудида виждон қароргохи – юрак саналади.
ҚАЛБ КЎЗИ
Инсон кўзига тикилиш – унинг кўнгли, қалбига назар солиш билан баробар.
ОШГА СОЛИНГАН ЗАҲАР
Китоб ўқилмайдиган жамиятда адибга ҳасад қилувчилар, нохайрихохлар кўп бўлса керак. Улар сўз заҳматкашининг ҳалол ошига илондек оғу соладилар. Ўша нобакорлар сўз изловчиларнинг асар ёзиш учун чеккан азобларига ҳеч бўлмаса бир кунгина чидай олсалар, асло ҳасад қилмас эдилар.
“СУЯНЧ ТОҒЛАР”
Чол-кампир жуда қартайиб қолишгач, яқин кишиларига суянишдан безиб кетишди. Шунда бояқишлар энг сўнгги чора сифатида ўз-ўзларига, бир-бирларига суянадиган бўлишди.
“ЎЗ-ЎЗИГА ХИЗМАТ”
Китобхонлик ночор аҳволга тушиб қолганидан сўнг, айрим асаби сал бўшроқ адиблар ўз асарлари ҳақида ижобий тақризлар ёздириб, ижодлари ҳақидаги китобларни ўз ҳисобларидан чоп эттира бошладилар. Айниқса, турли юбилейлар арафасида бундай буюртма китоблар жуда кўпайиб кетади.
Шўрлик ҳамқалам дўстларимни айблашга сира тилим бормайди.
Адабиётшунослар, танқидчилар ўз ишларини бажаришмаса, ҳеч ким, ҳеч нима ўқимаса, улар нима қилишсин?
ИЛК МУҲАББАТ БАХТИ
Биринчи муҳаббатига эришганларни омадли инсонлар дейиш мумкиндир, эҳтимол.
Бироқ, уларнинг ҳаммасини ҳам бахтли инсонлар дейиш мумкинми, йўқми, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак.
ЮРАК БИЛАН ҲАМОҲАНГ
Адибнинг юраги уриб турар экан, унинг қалами ҳам худди шундай– бир маромда тебраниб, ишлаб туриши керак.
ЯРАЛАНГАН ЮРАК
Сўз санъаткори кўнглини ҳар кимга ҳам очавермаслиги керак. Акс ҳолда, адабиёт қадрини, ёзувчининг жамиятдаги ўрнини билмаган, билишни ҳам истамаган нодонлар унинг юрагини яралаб қўйишлари ҳеч гап эмас.
ОДДИЙ ВОҚЕА
Ёзадиганлар ва ёзмайдиган кишилар ўртасида катта фарқ бор. Бадиий ижод аҳли фожиа ҳисоблаган ҳодисаларни ижодкор бўлмаганлар оддий воқеа санашлари мумкин.
Худди шундай, ориятли ва ориятсиз, тўғри ҳамда ўғри одамлар ўртасида катта тафовутлар бор.
ҲИСОБОТ
Вақт қадрини биладиган зукко одамлар у қанчалар тез ўтиб кетишини яхши тушунишади. Ва бу хусусда ўзларига тез-тез ҳисобот бериб туришади…
ЎЗ-ЎЗИНИ ТАНҚИД
Камчиликларни кўра олиш ва танқид қилишда бирор бир киши ака-укалар, опа-сингиллар олдига туша олмаса керак.
ТАРБИЯЧИ
Бутун умр давомида Ҳаёт одам боласини шунчалар мукаммал тарбиялай оладики, бунинг учун махсус одамлар, машғулотларга ҳожат қолмаса керак.
ХИРМОНЛАР
Куз фаслида деҳқонлар меҳнатларига яраша хирмон кўратишади.
Умр кузида инсонлар қилган яхши-ёмон амаллари ҳосилига эга бўлишади.
“ИШОНЧ”
Ўз-ўзига ишонч масаласида ҳеч бир киши ахмоқларга тенглаша олмайди.
ЭРНИНГ ШЎРИ
Гўзал, ақлли ва бой хотин эрнинг шўридир… Ушбу ходисот зўр эркакларга тааллуқли эмас.
ҚОРОВУЛ
Катта миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштиргани, порахўрлиги учун қамалган ҳокимни ёшлигидан яхши билардим.
Қамоққа олинганини эшитганимдан сўнг, у ўз вазифасига лойиқ эдими дея кўп ўйладим. “Лойиқ эмас эди”, дея бир қарорга келганимдан сўнг, хаёлимдан шундай фикр кечди: “У олий маълумотли, чаласавод бўлсада, қоровулликка яраса керак”. Аммо тезда бу фикримдан қайтдим. У шўрлик қоровуллик қилганида ҳам барибир ўғри бўларди…
ҒОЛИБ-У, МАҒЛУБ…
Ўз-ўзини енга олиш – энг ширин мағлубият, энг масрур ғалабадир.
САНЪАТ ҚУРБОНЛАРИ
“Санъат қурбонлик, қурбонликлар талаб этади”, деган ибора бор.
Адабиёт – сўз санъати. Демак, у ҳам қурбонлар талаб қилиши табиий.
Хулосаи калом, адиблар сўз санъатига ширин жонларини қурбон этадилар.
ҚОР ЗАРРАЛАРИ
Энг кичик ҳикояларим бир-бирига эмас, ҳеч қачон бир-бирини такрорламайдиган, беғубор қор зарраларига ўхшашини жуда-жуда истар эдим.
ЎЗИГА МОС, ЎЗИГА ХОС…
У шўрликнинг табиати жуда ўзига хос эди.
Бояқиш баъзан ўзидан аччиқланиб, аразлаб, тумшайиб юрарди.
МУАЛЛИФНИ БОҚИШ КЕРАКМИ?..
Савол андак қўпол бўлса-да, шу кеча-кундуз учун жуда долзарб. Шу боисдан саволга жавоб бериб, сўнг мақсадга кўчмоқчиман.
Агар ношир, бош муҳаррир, муҳаррирлар муаллифларни, адибни одам ўрнида кўриб, ҳақ-ҳуқуқини тан олишса, меҳнатини ерга урмайдиган миқдорда қалам ҳақи тўлашса, ҳеч ким ҳеч кимни боқишга мажбур эмас.
Ориятли адиб бировдан асло садақа сўрамайди!
Энди юқоридаги савол қаердан пайдо бўлгани ҳақида гапираман.
Ушбу таҳқирли муаммо кейинги ўттиз йилда пайдо бўлди, жуда тез ривожланди, чуқурлашди. Адиблар учун ҳаёт-мамот масаласига айланди. Неча-неча иқтидорли адиблар ўн-ўн беш йиллик оғир меҳнатлари учун бир тийин ҳам қалам ҳақи олабилмай, муҳтожликда яшадилар, ўлиб кетдилар. Шахсан ўзим ҳам бу бедодликдан кўп азият чекдим. Эълон қилинган йигирмадан ортиқ китобларимдан фақат бештаси учун қалам ҳақи олдим. Бу пулларнинг миқдори шу қадар таҳқиромузки, ундан тиланчи ҳам қониқмаса керак.
Тўғри, кейинги йилларда қалам ҳақи масаласида андак ижобий силжишлар бўлгандай кўринади, аммо бу борада лоқайдликнинг муз тоғи ҳамон эригани йуқ. Ҳануз катта қалам ҳақи энди асосан, пойтахтда яшовчи мансабдор, унвондорлар учун. Вилоятда яшаётганларга ҳеч вақо йўқ. Ёки уларга бериладиган қалам ҳақи айтарли эмас.
Аслида эса мен “Муаллифни боқиш керакми?”, деган саволга эмас, “Муаллифни боқиш керак!”, деган ярим ҳазил, ярим чин тайёр жавобга дуч келгандим. Жавоб бизнинг ҳаётимиздан бўлмагани учун, кўнглим янада чўкканди.
ЁРИЛМАГАН БОШ
Инсонга отилган тошлар бошни ёрсада, аслида бечора юрак яраланади…
ҲАЁТ МАНТИҒИ
Ҳаётда зулм, адолатсизлик, мантиқсизлик жуда кўп. Кимлардир ана шу бедодликларга қарши тура олиш учун қўлларига қалам олишади. Кун келиб, улар ҳассос адиб бўлиб етишишлари мумкин.
ЯХШИ СИФАТЛАР
Ҳамма сифатли маҳсулот қолмади, дея дод-вой қилади. Ахир, одамларнинг ўзларида ҳам сифат, яхши сифатлар тобора камайиб боряпти-ку!
АРЗОНЧИЛИК
Одамдан бўлак барча моддий неъматлар жуда қимматлашиб кетди.
АСЛО ШОШИЛМАНГ!
Кимгадир аталган яхши сўзларингизни айтишга шошилинг.
Дилни оғритувчи ёмон сўзларни айтишга эса сира шошилманг.
Вақти-соати келиб улар яхши сўзларга айланишига умид бор…
ТАЙЁРГАРЛИК
Китоб ўқимасликнинг кўп сабаблари тилга олинаяпти. Унинг оқибатлари ҳақида лом-мим дейилмайди. Ҳолбуки, бу ҳақда кўпроқ гапириш, жиддий ўйлаш керак.
Ўзим эса китоб ўқимасликнинг яна бир сабаби ҳақида гапирмоқчиман.
Бу сабаб – газета-журналларнинг адади, сўзи ва ўзи кун сайин камайиб бораётганида бўлса керак.
Вақти-замонида инсониятнинг буюк кашфиёти бўлган босма нашрлар ҳозир қийин аҳволда.
Ҳолбуки, газета-журналлар оммани китобхонликка тайёрлашнинг энг қулай, кучли воситаси деб ўйлайман. Боз устига, истеъдодли ёшларнинг шоир, ёзувчилик, адабиётнинг сирли олами сари яқин йўли газета-журналларда ишлаш орқали ўтади.
МУҲАББАТ…СИЗЛИК
Одамлар орасида муҳаббатни сезмаслик касаллиги ҳам учраб турар экан. Буни соддагина қилиб, “муҳаббатсизлик” деса бўлади.
Уларни таъмасиз севги билан даволаса бўлар, эҳтимол.
Ана шундай севги бор бўлсин!
ГЎЗАЛЛИКДАН ЧЎЧИМАНГ!..
Нақадар буюк, қанчалик ожизсан, ҳазрати инсон!
Дунёи дунда гўзал аёллардан… қўрқиш хасталиги бор экан.
Фақат ушбу касаллик эркакларда учрайдими, ёки аёллар ўртасидами, аниқлик киритилмаган.
Мабодо, эркакларда бўлса, кексалар гўзал аёлдан кўпроқ қўрқсалар керак деб ўйлайман.
Аёллар эса рақобатчи сифатида гўзаллардан ҳайиқишади, дея тахмин қилган бўлардим.
БУЮК ХАЛОСКОР
Сўз санъати саналмиш Адабиёт буюк халоскор, Буюк ижодкор.
Аллоҳ, ўз яралмишларини Сўз айтиш ила бунёд этган.
Инсон ўз халоскори Мумтоз Адабиётни яратди.
Жаҳон мумтоз адабиётидан қониқарли даражада (“3” баҳога) хабардор бўлган одам ўзини ёлгиз сезмайди.
Улуғ ижодкорлар – Аллоҳ ва сўзга ҳамду санолар бўлгай!
СЎНГСЎЗ
Улуғ адиб. уч марта Пулитцер мукофоти лауреати Торнтон Уайлдер шундай дейди:
— Кўпчилик адабиётни услуб деб ўйлайди. Аслида у қалб калитидир.
2020 йил, савр ойи – 2023 йил
ақрабнинг еттинчи санаси.
Ромитан–Тошкент–Дўрмон.
Insoniyatning buyuk kashfiyotlardan biri bo‘lmish kitobning buyukligi shundaki, u ko‘p o‘qigan, o‘zini yaratgan insonlarnida buyuklar qatoriga qo‘shaoladi. Faqat, buning birgina sharti bor. Ulug‘likka nomzod inson ko‘p o‘qib, unga amal qilibgina qolmay, o‘zida iqtidor ham bo‘lishi kerak.
Jo‘ra FOZIL
ERKIN MAVZUDAGI INSHO
YOXUD HAYOT SHOMIDAGI O‘YLAR
Eng kichik va kichik hikoyalar, adabiyot hamda jurnalistika haqida qaydlardan iborat zamonaviy o‘zbekona roman
YETTINCHI PARCHA
KASHFIYOTNING BUYUKLIGI
Insoniyatning buyuk kashfiyotlardan biri bo‘lmish kitobning buyukligi shundaki, u ko‘p o‘qigan, o‘zini yaratgan insonlarnida buyuklar qatoriga qo‘shaoladi. Faqat, buning birgina sharti bor. Ulug‘likka nomzod inson ko‘p o‘qib, unga amal qilibgina qolmay, o‘zida iqtidor ham bo‘lishi kerak.
QOVUN… QOVOQ VA BODRING…
Yaqinda bozordan husnidan to‘ysa bo‘ladigan, to‘rlab, yetilib-pishgan katta qovun xarid qildim.
Aslida qovun emas, xazina olganimni bilmagan ekanman.
Qovundan bir tishlam yedim-u, bu ne’matda oshqovoq va bodring ta’mi juda mo‘lligi ma’lum bo‘ldi-qoldi.
Qovun katta emasmi, uch kun oilamiz a’zolari birgalashib qovun, oshqovoq va bodringni bir vaqtning o‘zida mazza qilib tanovul etdik. Quvonarlisi shundaki, har gal qovunho‘rlikdan so‘ng, og‘izda paydo bo‘ladigan antiqa ta’mni yo‘qotish uchun bir qoshiqdan toza asaldan iste’mol qilishga to‘g‘ri keldi.
Qovun emas, xazina topganimni shundan bilsa bo‘ladiki, bizdan ko‘ra boqayotgan buzog‘imiz rosa yayradi, jonivorning oxuri qovun, oshqovoq, bodring po‘chog‘iga to‘lib ketdi. Ushbu “xazina” yaratuvchilari – bobodehqonlarga tasannolar aytdik.
UCH VAFODOR
Bo‘yniga ro‘zg‘orning qora qozoni ilingan do‘stim!
Mabodo qassobdan bir kilo et xarid qilgan bo‘lsangiz, shuncha miqdorda go‘sht oldim deya o‘ylamang, qattiq adashasiz.Siz atigi bir kishi, bir martagina tanovul qilishiga yetadigan ozgina go‘sht va insonning eng yaqin do‘sti xisoblanmish uchta itga yetadigan suyak, hamda ishkamba oldingiz, xolos. Bunda tarozining mutlaqo aybi yo‘q. Bizning chapdast qassoblarga elektron tarozi chikora? Qurmag‘urlar hali ko‘rasiz, sun’iy ongni ham bir cho‘qishda qochirishadi. Chunki ularning onggi sun’iy emas, haqiqiy. Ular go‘r kuysa-da, qozon qaynashini o‘ylashadi. Fikr-xayollari jaraq-jaraq pulda, mo‘may foydani o‘ylashadi. Sun’iy ongli biorobotlarda bola-chaqa, qorin g‘ami yo‘q, to‘g‘ri fikrlashadi.
Qissadan hissa, qassoblar soxta, tijoratchi, tadbirkorlar sun’iy ongli qurilmalarning eng ashaddiy raqobatchilari bo‘lishi ehtimoli bor.
Xozircha esa go‘sht xarid qilish masalasida asosiy foydani insonning eng sodiq do‘stlari, vafodorlar ko‘rishayapti.
Qassob va xaridorlar o‘z yo‘liga.
ANQONING URUG‘I
Haqiqiy badiiy adabiyot – anqoning urug‘i, xuddi juda qimmat, tansiq taom singari kam iste’mol qilinadi.
TЕZ IQTISODIY YORDAM
Tez tibbiy yordam sog‘ligida to‘satdan qandaydir muammo paydo bo‘lganlarga shoshilinch madad beradi.
To‘satdan moliyaviy ko‘makka muhtoj bo‘lib qolganlarga esa, ularning ota-onalari birinchi bo‘lib yordamga shoshiladilar.
BЕNASIB QOLMANG
Men o‘zbek va jahon mumtoz adabiyoti durdonalarini o‘qiyotganimda ota-onam, opa-ukalarim, yoinki, eng yaqin do‘stlarim bilan chin dildan, samimiy suxbatlashayotganday bo‘laman.
Oh, bunday suhbatdoshlar yurakka qanchalar yaqin.
Turmush tashvishlari bilan, ana shunday suhbatdoshga kam e’tibor qilayotgan, aziz do‘stlar!
Ko‘zingizni oching, hali vaqt bor, bebaho durdonalardan benasib qolmang!..
YUZI QORALAR
Dunyoda jamiiyki ota-onalar farzandlarini o‘zlari uchun eng yaqin, eng aziz va juda mehribon kishilar deb hisoblashsa kerak.
Agar farzandlar ham o‘z ota-onalarini o‘zlari uchun eng bebaho odamlar deb hisoblashganida, bu bevafo dunyoda sho‘r peshona volidu volidalar, yuzi qaro, baxti qaro farzandlar bo‘lmasmidi?..
QO‘LINGGA SUV QUYAY DOIM…
Birodari aziz, to‘yingdan so‘ng, o‘n sakkizdan o‘n to‘qqizga qadam qo‘yaymi, yo‘qmi deb turgan zavjayi muhtaramangiz har tong nim ochilgan g‘unchadek tabassum bilan “Bo‘yingdan o‘rgilay yorim, qo‘lingga suv quyay doim”, deganida ko‘nglingiz tog‘lar yanglig‘ ko‘tarilganini eslasangiz kerak.
“Eslaganda qandoq”, deysizmi? Ha, barakalla!
Ana shu nim tabassumli hurliqo nari borsa ellik yildan so‘ng, barq urub ochilib, ammo qo‘lingizga suv quya olmay tursa, sira hafa bo‘lmang, o‘ksinmang. Endi do‘stim hikoyacha boshidagi xalqimiz ijodiga mansub misralarining davomini siz aytishingizga to‘g‘ri kelsa, ajab emas. Ya’ni, masalan, “Qo‘lingga suv quyolmasam, shahid o‘lsin shirin jonim”…
O‘ZLIK
Aksariyat odamlar o‘zining kimligini, o‘zligini idrok eta olmaydi, bilmaydi. Shunday bo‘lgach, u boshqalarning kimligini bilishi haqida gap-so‘z bo‘lishi mumkin emas.
Aslini olganda esa har bir o‘zini hurmat qiladigan inson boshqalarning kimligini yaxshi bilishi, shunga qarab munosabat qilishi kerak.
“MЕN YASHAYAPMAN”
“Men sevaman – demak, yashayapman!” – degan tushuncha bor.
Men esa uni andak o‘zgacha istifoda etaman: “Men ijod qilyapman, demak, yashayapman!”
IMKONIYAT
Badiiy ijodda, adabiyotda yorqin, nurli iz qoldiraman degan adib buning uchun mavjud imkoniyatlarning hammasidan to‘lig‘incha foydalana olishi kerak. Hatto xasdek,zarracha imkoniyat ham bundan mustasno emas!..
KIBЕR YOLG‘IZLIK
Nega insoniyat qo‘l telefonlariga yopishib oldi? Nega bu matoh ularning sodiq do‘stiga aylandi,degan savol ustida ko‘p bosh qotirdim.
Bechora odam globallashuv jarayonida olomon orasida o‘zini juda yolg‘iz, g‘arib xis etayotir, shu boisdan kiber-do‘stlar,yordamchilar, kiber g‘iybatchilar vahimachilarga kuchli ehtiyoj tug‘ilgan.Axborot almashinuvida internetning beqiyosligini takidlagan holda, aytmoqchimanki, kiber yolg‘izlik jismoniy, nihoyat, tabiiy va ruhiy yolg‘izlikdan yuz chandon xavfli, zararliroqdir.
KIBЕR G‘IYBATLAR
Insoniyat uchun eng zararli illatlardan biri-g‘iybatdir. Islom ta’limotida bu alohida ta’kidlanadi.
G‘iybat hamma zamonlarda bo‘lgan va bundan keyin ham bo‘lsa kerak.
Bizning bolalik yillarimizda ham g‘iybat bor edi. Uning ayrim ko‘rinishlari hatto, bolalar bog‘chasida ham bo‘lgan, faqat bu millat ko‘lamida hozirgidek keng emas edi, nazarimda.
Yanglishmasam, u bir yoki bir necha qishloqqa tarqalar, ko‘p o‘tmay unutilib ketardi. Ashaddiy g‘iybatchilar qishloq kampirlari, qari-qartanglar har bir gapga unchalik osilib olavermas edilar, shekilli.
“Butun dunyo o‘rgimchak to‘ri” beqiyos rivojlanishi oqibatida ikir-chikir, mayda-chuyda gaplar, g‘iybatlar inson aqlini shoshirar darajada ko‘payib, bolalab ketdi. Jahoniy ko‘lam kasb etdi. G‘iybat, tuxmat, bo‘xtonlar tizimli tus olib, dahshatli qirg‘in quroliga aylandi, u sayyoramizni qoplagan o‘rmon yong‘inlaridan tezroq tarqalayotir.
Darvoqe, bizning shaharchamizdagi tinch va sokin ko‘chamizda ham uning eski, yangi ko‘rinishlari bor.
Chunonchi kampirlar bir yerga yig‘ilib g‘iybatga tushib ketsa, bu “ko‘ngilxushlik”ning yarmi mahalliy yangiliklar bo‘lsa, teng yarmi kiber-g‘iybatlardir. Men nevaralari yordamida dunyoning hamma yangiliklari, baland-pastidan xabardor bu kampirlarni “kiber-internetchi onaxonlar”, deya hazillashaman.
Zamona zayli-da, bir vaqtlar to‘rt devordan boshqasini ko‘rmagan, bilmagan ayollarimiz, dunyo miqiyosida fikrlasalar, buning nimasi yomon?
BOLAKAYNING BAXTI
Qizimning nevarasi, mening evaram Muhammadaliga uch yoshga to‘lishi munosabati bilan “falon ming so‘m” tutqazgan edim, yigitcha qat’iy bosh tortdi, pulni olmadi. Noiloj pulni nevara kelinimga berishga majbur bo‘ldim. O‘g‘liga o‘yinchoqmi, shirinlikmi olib beradi degan umidda shunday qildim.
Uyga qaytganimdan so‘ng, miyamga kelgan fikrdan ko‘nglim yorishib ketdi. Sezishimcha, bolakay pulning nima ekanligini bilmagani uchun, qo‘limni qaytargan, bilganida sira bunday qilmasdi.
E’tibor qiling, pulning kuch-qudratini bilmagan nevaram naqadar baxtli!
Bevafo dunyodagi jamiikiy inson baxtiga, aqli-hushiga zomin bo‘ladigan aksariyat qabohatlar katta pul vasvasasidir.
Qizig‘i shundaki, hali pulga ruju qilmagan Muhammadali men, bobosi, dadasi minib yuradigan mashinalar rusumini yaxshi biladi. “Lasetti”ni menga bering, deya xarxasha qiladi. Kunlarning birida amakisi foydalanadigan mototsikl kalitini burab, avariya sodir etishiga ozgina qoldi.
Nima bo‘lganda ham, pul ta’siriga tushib ulgurmagan bolajonlarga juda xavasim keladi.
NUQS
Yurtdan chiqqan yaxshi odamlar, ularning sifatlarini sanab o‘tirmaymiz, o‘sha diyor, unda istiqomat qiluvchi kishilar obro‘-e’tiboriga katta ijobiy ta’sir o‘tkazadi.
Xuddi o‘sha diyorda tug‘ilib, o‘sgan yomon kishilar, ularningda sifatlarini sanab o‘tirmaymiz, o‘z yurtlari, unda yashovchi odamlar shu manzil-makon obro‘siga katta putur yetkazadilar.
KOMILLIK
Inson umr-basar qilishi uchun unga kerak bo‘lgan barcha vositalar, ayniqsa texnika ko‘p. Ular yil sayin mukammallashib borayotir.
Bunga qarama-qarshi o‘laroq, Hazrati inson ham ezgulik bobida shu qadar tez mukammallashib borayotirmi?
Bu borada jiddiy o‘ylab ko‘rish kerak albatta.
Aytmoqchimanki, insonga ko‘mak beruvchi vositalar qanchalar tez takomillashib,rivojlanayotgan bo‘lsa, uni mahv etishga mo‘ljallangan ommaviy qirg‘in vositalari ham undanda tezroq rivoj topayotir.
Bundan chiqdi inson kamoloti yovuzlikka xizmat qilishi mumkin ekanda?..
HADIK
Manfaatparastlar, ta’magirlar, poraxo‘rlar, boringki, el oldida yuzi qoralar badiiy asar, adabiyotdan hadiksirab, qo‘rqib turadilar.Buning sabablari xususida ko‘p bosh qotirdim, shuni tushunib yetdimki, men yuqorida sanagan kishilardan tashqari,jamiyatning boshqa qalang‘i-qasang‘i odamlari ham sira mutolaa qilishmas, agar qo‘llarida bo‘lsa, imkon topsalar adabiyotga tish-tirnoqlari bilan qarshilik qilar, uning oydin yo‘lini to‘sar ekanlar.
Qo‘rquvning asosiy sababi esa bu sho‘ring qurg‘urlar badiiy asar sahifalarida o‘zlari, yoxud ularga o‘xshagan chalasavod kishilarni ko‘rib qolishdan cho‘chishadi.
BUYUKLAR YO‘LI
Buyuk adiblar – dunyoda juda ko‘p og‘ir va halol mehnat qilgan odamlar sirasiga kirishadi. Ular ulug‘ yo‘ldan borayotganlarini bilganlarmi yo‘qmi, bunisi menga qorong‘u, faqat ulug‘lik haqida o‘ylamaganliklarini taxmin qilaman. Katta pul, shon-shuhrat haqida ham qayg‘urishmagan. Adabiyot buyukligi haqida o‘ylagan bo‘lsalar kerak.
Ana shu xolisona, beg‘araz, jismu jonni yondiruvchi, hordiq kunlari bo‘lmaydigan mehnat sharofatimi ular buyuk adiblar – mumtoz adabiyot namoyandalariga aylanishgan.
Dunyoda iqtidorli odamlar juda bisyor,jumladan,badiiy adabiyot sohasida ham iste’dodlar talaygina. Faqat ularda ulug‘ adiblar yo‘lini bosib o‘tish uchun kuch, iroda va juda ko‘p boshqa narsalar yetishmaydi, xolos. Buyuklar yo‘li – buyukdir.
MANGU SURGUN
Fransuz adibi Lui Aragonning “Tanqid – muddatsiz surgun” degan hikmatli iborasini xiyla keksayganimdan so‘ng o‘qidim. O‘qidim-u, qattiq larzaga tushdim.Ulug‘ adibning mo‘ljalga bexato urilgan o‘qdek so‘zlari yurak-yuragimning tubigacha borib yetdi, suyak-suyagimdan o‘tib ketdi.
Men, umrimning qariyib yarim asrdan ko‘pi gazeta ishi bilan o‘tgan kishi, tanqid – tanqid qiluvchi uchun qanchalar qimmatga tushishi uning umrini qanchalar zaharlay olishini juda kech, hayot shomida anglab yetgan edim.
E voh, mening tanqid qilganim uchun surgun etilishim o‘n yetti yoshimda boshlanib, hali-hanuz davom etayotgan ekan. Uni “muddatsiz” emas, “mangu surgun”, desa ham bo‘laveradi.
Hali o‘qishga kirmagan, armiyaga bormagandim, tuman gazetasida musahhih bo‘lib ishlardim. O‘n sakkiz yoshga to‘lmagandim.
Ish o‘rganishim uchun bo‘lsa kerak, menga tahrir qilish uchun gazetxonlardan kelgan maktublardan berib turishardi.
Kunlarning birida “Moskva” jamoa xo‘jaligidan kelgan maktub qo‘limga tushdi. Xatda jamoa ho‘jaligida hammom yo‘qligi, odamlar ovorayu sarson bo‘layotganlari qalamga olingandi.
Darhol jamoa xo‘jaligiga qo‘ng‘iroq qilib, haqiqatan ham hammom yo‘qligini aniqladim. Xatni yaxshilab taxrir qildim. Ikki kundan so‘ng u Romitan tuman gazetasida “Rais hammomga borarmish”, sarlavhasi ostida kursif harflarda eng ko‘rinarli joyda chop etildi. O‘shanda tuman gazetalari haftada uch marotaba chiqar edi.
Maqola e’lon qilinganidan so‘ng, tumanda katta shov-shuvga sabab bo‘ldi. Uch kun o‘tgach, “Moskva” jamoa ho‘jaligi raisi va partkom kotibi men ishlab o‘tirgan xizmat xonasiga bostirib kirib to‘polon ko‘tarishdi. Kapalagim uchun ketdi.
– Hoy, tirrancha, mening hammomga bormoqchi bo‘lganimni sen qayerdan bilasan?! G‘irt tuhmat-ku bu! – o‘shqirdi rais.
Bu orada andak o‘zimga kelib ulgurgan edim, rais qovun tushirganini sezib, savol berdim.
– Nega tuhmat bo‘lar ekan? Nima hammomga umuman bormaysizmi?
Rais ham o‘z xatosini tushundi-yu, talmovsirab g‘o‘ldiradi:
– Ey, yo‘q, hammomga boraman, albatta, hozir ish ko‘p, ulgurmayapman.
Shu asnoda xonaga muharrir Sayli aka kirib keldi-yu, rais xovridan tushgandek bo‘ldi. Biroq men bilan to‘polon qilganlarning alami bosilmagan ekan, ular darxol tuman rahbari Yaxshi aka huzuriga borib, meni yomonlashibdi.
Tuman rahbari ularni biroz tinglab turgach, stolga bir musht urib shunday debdi.
– Suf, senlarga! Mushtdek bolaning ustidan shikoyat qilishga uyalmay sizlarmi?! Undan ko‘ra, hammom qurilishini boshlab yuborsangiz bo‘lmaydimi?
Har ikki rahbar mulzam bo‘lib,xonadan chiqib ketishibdi. Shu bilan bu mojaroga chek qo‘yildi deb o‘ylab, qattiq yanglishgan ekanman.
O‘sha rahbarlar allaqachon boqiy dunyoga rixlat qilgan bo‘lsalar-da, xusumat ularning bola-chaqalari, qarindosh-urug‘lari yuragida saqlanib qolgan, buni men ba’zan sezgan, ba’zan sezmagan bo‘lsam-da, yaxshi e’tibor qilmagan ekanman.
Mana, o‘sha voqealardan so‘ng, ellik olti yil o‘tibdiki, kaminangiz hamon surgundan qaytganim yo‘q. Xusumatli, tahqiromuz, istehzoli yov qarashlar hali hamon uchrab turibdi.
Mangu surgun davom etayotir.
Men taqdirimdan shikoyat qilayotganim yo‘q, faqat, ulug‘ adibning hikmatli so‘zlari qanchalar haqqoniy, qanchalar hayotiy ekaniga imon keltirdim, xolos.
TAQDIR O‘YINLARI
Inson o‘z taqdirining bunyodkori bo‘libgina qolmay, balki, keksayganda o‘zi chekadigan azob-uqubatlar va ko‘radigan rohat-farog‘at yaratuvchisidir.
QOLMAGAN KO‘NGIL
Adabiyot, san’at, go‘zallik va ona tabiatdan bo‘lak ko‘p narsalardan ko‘nglim qoldi, bahridan o‘tdim.
Yuqorida sanaganlarim esa hamon meni bu o‘tkinchi dunyoga bog‘lab, ko‘nglimni ko‘tarib turibdi. Faqat ona-tabiatni yaxshi ko‘rish bilan birga, uni juda ayayman, rahmim keladi. Chunki uni “ona” degan so‘zimizda ikkiyuzlamachilik, munofiqlik yashirinib turibdi. Biz, butun insoniyat tabiatni ulug‘ yoshdagi mushtipar yetimga aylantirdik va bu qabih ishimiz haliveri tugamaydiganga o‘xshaydi…
“KЕNG PROFILLI SHOIR”
“Keng profilli oshpaz” va boshqa kasb egalari bo‘lardi.
Zamona zayli bilan keng profilli shoirlar ham paydo bo‘libdi.Sadag‘ang ketay, bu shovvozlar Avaz Oxun aytganiday kadastr, bozordan olib kelinadigan maxsulotlar ro‘yxatidan binoyidek she’r yozishyapti, go‘zallar lab-lunjini turli meva-chevalarga o‘xshatib, kishilarning so‘lagini oqizish avjiga chiqqan.
Ofarin, qandingizni uring! Kadastr ro‘yxati nima bo‘pti, endi qurilish ashyolaridan ash’or to‘qing, ayollarni ilon, yoxud, qo‘y-echkiga, tulkiga o‘xshatish yodingizdan ko‘tarilmasin. Axir, dunyoda jonzot kammi? Oshiqni babaqxo‘rozga, ma’shuqani tovuqqa, jo‘jaga o‘xshatsangiz, kam bo‘lmaysiz.
Aytganday, hisob-kitobli dunyo bu. “Keng profilli” shoirlar shunchalar mashhur bo‘lib ketayotganda, “Keng profilli yozuvchilar” paydo bo‘lmasin, deya kim taqiqlay oladi?
Ruxsatingiz ila “Keng profilli yozuvchilar” nomidan o‘zim gapira qolay. Axir, qalamkash sifatida men ham qarzdor bo‘lib qolishni istamayman.
“Keng profilli shoirlar” miyasini tovuqnikiga o‘xshatgim keladi. Ular bitgan she’rlar hammani karaxt, mast qiladigan ash’or tovuq tuxumidan-da, qo‘y-qumalog‘idan-da ko‘payib ketdi.
KAMTARGA – KAMOL
Keksa otaning qirq yoshdan o‘tgan o‘g‘li ancha qunt qilib, qandaydir yumushni do‘ndirib qo‘ydi.
Xursand bo‘lgan ota xitob qildi:
– Otangga rahmat-yey, o‘g‘lim! Qoyilman!
Chol o‘zini juda kamtar kishi xisoblardi. Shu boisdan o‘z so‘zlaridan uyalib ketdi.
– Obbo, o‘z-o‘zimga rahmat aytib yuboribman-ku! Buyog‘i qandoq bo‘ldi endi?
O‘g‘il hazil qildi:
– Zarari yo‘q, ota, men ham nevarangizga shunday rahmat aytaman, tamom-vassalom.
Ota boshini sarak-sarak qildi:
– Yo‘q, yo‘q, bolam, unday demagin nokamtar so‘zim ko‘payib ketmasin-a…
So‘ngra ota-o‘g‘il qahqaha otib kulib yuborishdi.
“O‘ZINGGA QO‘NG‘IROQ QIL”
Globallashuv jarayoni global yolg‘izlikni ham keltirib chiqardi.Bir vaqtlar mashhur qiziqchining hajviy qahramoni o‘zini tug‘ilgan kuni bilan tabriklagan bo‘lsa, endi odamlar qo‘l telefonidan o‘zlariga qo‘ng‘iroq qiladigan bo‘lib qolishlari hech gap emas.
Sirasini aytganda, bunday qo‘ng‘iroq shundoq, o‘z-o‘zi bilan gaplashgandan xiyla yaxshiroqdir.
Chunki o‘z-o‘zi bilan gaplashganni jinniga chiqarishlari mumkin. Telefon orqali bo‘lsa, suhbatdosh nafasi sezilib turadi-da!
Xullas, do‘stim, yolg‘izlikdan zerikib qolsangiz, hech ikkilanmay o‘z-o‘zingizga qo‘ng‘iroq qilavering! Yolg‘izlik balosidan qutilasiz.
YAQIN QARINDOSHLIK QO‘SHIQLARI
Keyingi yillarda ota-ona, opa-uka, opa-singil, quda-anda, o‘g‘il-qiz haqidagi, she’r emas oddiy so‘zlardan iborat maza-matrasiz qo‘shiqlarning bemaza qovun urug‘iday ko‘payib ketgani rosa g‘ashimni keltiradi.
Ularni tanqid qilish uchun hatto so‘z ham topa olmayman.Ayrim chala mulla xonandalar ota-onalar haqida kuylayotib, yetim qo‘zi yoki buzoqdek ma’rashadi, sho‘rliklar o‘z yaqinlari ta’ziya marosimida bo‘zlayotgandek bo‘lishadi.
Ammo tanqid qilish oson, aqlni joyiga qo‘yib o‘ylasangiz, shu nochor-notavon, qo‘shiq deyishga til bormaydigan aytimlardan ham nimadir olish mumkin, shekilli. Nima olish esa saviyasiga bog‘liq. “Sho‘rlik san’atkorlar” esa shu yo‘l bilan bir-biridan tobora yiroqlashib borayotgan qarindosh- urug‘larni biroz yaqinlashtirmoqchi bo‘lishadi shekilli.
To‘g‘ri-da, haqiqiy she’rni tushunmaydiganlar zo‘raki qo‘shiqchilar oddiy so‘zlar yordamida o‘zlarini ko‘tarib katta qilganlar, tepkilashib bir xonadonda voyaga yetganlar borligini eslab qolishadi.
Bahonada efirni boshlariga ko‘tarayotgan, ota-onam deb bo‘zlayotganlar ham o‘z yaqinlaridan xabar olgani borishsa yaxshi bo‘lardi.
Ko‘ryapsizmi, eng umidsiz hodisotdan umid uchqunlarini izlasa bo‘lar ekan-ku. Qissadan hissa, yaqin qarindoshlaringizni unutmang. Ulardan qolmang! Darvoqe, ushbu mavzudagi yaxshi qo‘shiqlar ijrochilardan uzr so‘rayman, ular talaygina.
YOLG‘IZNING YO‘LI
Badiiy ijod besamar yolg‘izlikdan qutilishning yakka tartibdagi eng samarali yo‘li bo‘lib, oxiri baxayrdir. Faqat og‘ir mehnatga chiday olish kerak, xolos.
Yo‘linggiz bexatar bo‘lsin!
MILLAT QAYG‘USI
Ey, siz, “Millatning ilg‘or ma’naviyat-ma’rifatli kishisiman” deya, nola qilayotgan do‘stlarim! Shoshilmang, tushkunlikka tushmang, hamma zamonlarda aslida kimning kimligini biladigan odamlar bo‘lgan, hozir ham bor, bundan keyin ham bo‘ladi. Siz o‘z burchingizni oxirigacha, halol bajarsangiz shuning o‘zi kifoya. Aks holda, millat tarixi, buguni, kelajagi uning ilg‘or namoyandalari haqida hech qanday ma’lumot bo‘lmasdi. Jadidlar faolyati shunga misol emasmi?!
Behisob shukur qiling, o‘zini “millat fidoyisi” hisoblagan birodarlar…
IKKINCHI UMR
“Ikkinchi umr” degan tushuncha bor. Aslida, bu menimcha, barhayotlik bo‘lsa kerak. Hozirgi tinch, farovon hayotimizga Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho‘lpon, Mahmudxo‘ja Behbudiy, Abdurauf Fitratning qaytishini qanchalar istashimni bilsangiz edi. “Uchinchi renessans” shu bo‘lsa, ne ajab?
ILLAT
Yangi boylar, o‘ziga to‘qlar arzandalari ustidan zar sochishni, moddiy ne’matlarni isrof qilishni xush ko‘radilar.
Bu fazilat emas, illat sanaladi va Alloh, yaxshi insonlar irodasiga mutlaqo zid.
NASRIY ASH’OR
Yanglishmasam, kichik hikoyalar – nasriy ash’ordir.
Nokamtarlikka aslo yo‘ya ko‘rmang, o‘z hikoyalarim haqida fikr yuritayotganim yo‘q.
So‘z ustasi Tolstoy Chexovni “Nasr gulshanidagi Pushkin” deya ulug‘laydi.
O‘z navbatida, Pushkinning nasriy asarlari ham nazm va nasrning yuksak namunalari deyish mumkin.
SO‘Z XOSIYATI
So‘z ilmi – insoniyatga in’om etilgan eng ulug‘ ne’matlardan biridir. Faqat yaxshilar undan ezgu maqsadlarda foydalansalar, yomonlar undan qabix niyatda foydalanishlari mumkin. Shuni unutmaslik kerak, albatta.
HAYOT MAZMUNI
Hayot tinimsiz kurash, ayniqsa, zamonaviy ko‘p kurashdan iborat desam, bu hechkim uchun yangilik emas. Faqat, inson umr bo‘yi kurashishga tob bera olarmikan? Axir, u mehnat qilishi, bilim olishi, ro‘zg‘or tebratishi, bolalarini tarbiyalashi ham kerak-ku!
Ijod ahlining dardu g‘ami bundanda og‘ir. U ko‘z nuri, yurak qoni evaziga yaratilgan asarlari kamsitilmasligi, xor-zor bo‘lmasligi uchun ulardan tekinxo‘r va muttahamlar, shaxsiy manfaatlari yo‘lida foydalanmasligi uchun so‘nggi nafaslarigacha kurashishi kerak.
Hamqalam do‘stlarimga bardosh va to‘zim tilagan xolda, aytmoqchimanki, bu kuchlar nisbati teng bo‘lmagan hayot-mamot jangidir!
DID
U borib turgan tekintamoq poraxo‘r bo‘lsada, chalasavodligi bois o‘zini buyuk rejisyorlikka davogar xisoblardi. Aslida esa, qo‘liga tor ushlay olmaydigan, qo‘shiq so‘zlari og‘zidan tushib ketadigan, qalang‘i-qasang‘i otarchilarni efirga chiqarib, harom pul topardi. Bu ham yetmaganidek, o‘sha otarchilarga paxta qo‘yib “ustoz, san’atda sizning o‘z yo‘lingiz, maktabingiz bor, buyuksiz!” deyishni sira unutmasdi.
Almoyi-aljoyi qo‘shiqlarni biroz bezash uchun bulbul xonishi, yomg‘ir shiviri bir yoqda qolib, nuqul qurbaqa, kurk bo‘lgan tovuq ovozlarini tanlardi.
Bu holat “Buyuk rejissyor”ning didi, fahm-farosati qandayligini ochiq-oydin ko‘rsatib turar va bunda qandaydir adolat bordek edi. Chunki otarchilar ovozi biz yuqorida sanagan tovushlardan o‘tsa-o‘tardiki, aslo qolishmasdi.
Did va farosat masalasi, endi boshqa mavzu.
“TЕMIRNI QIZIG‘IDA BOS”
Yuqorida aytgan so‘zlarimni isbotlash uchun “temirni qizig‘ida bos!” maqolidan foydalanmoqchiman.
Inson didi, faxm-farosati, qisqaroq aytganda, uning ma’naviyati va madaniyati bilan bog‘lik sohalarda ishlovchilar, birinchi navbatda, o‘zlari nozik didli, madaniyatli kishilar bo‘lishlari kerak. Aks holda, ular otni emas, juda kichik, ko‘zga zo‘rg‘a ko‘rinadigan jonzodni taqalamoqchi bo‘lgan temirchiga o‘xshab qoladilar.
O‘xshatishim qo‘polroq chiqqani uchun ta’bi nozik kitobxonlardan uzr so‘rayman, faqat, ushbu o‘xshatish sarlavhaga andak mos bo‘lsin, deya shunday qildim…
TOG‘LAR, DARYOLAR…
Inson hayoti davomida boshdan kechiradigan voqealar xilma-xil, rang-barang, u bosib o‘tadigan yo‘llar past-baland, o‘nqir-cho‘nqir… Tekis yo‘llar uchrab turadi-yu, ammo judayam kam. Boyaqish odam bolasi qaysidir marraga yetish uchun u ba’zan osmon o‘par tog‘lardan o‘tganday bo‘ladi. Shu asnoda, oyoq qo‘lini, bo‘ynini sindirishi, xatto o‘lib ketishi hech gap emas.
Boshqa bir ilinch bilan olis yo‘lda esa u bir necha sersuv, chuqur daryolarni kechib o‘tishga majbur bo‘ladi. Ana shu kechuvlarda u cho‘kib ketish extimolidan xoli emas… Hech bo‘lmasa, tekis yo‘ldan yurish havfsizroqdir deysizmi?
Yo‘q, aslo unday emas! Tep-tekis yo‘lda “tap” etib yiqilib, jon berganlar son mingta.
Xulosai kalom, hayotni tinch-omon yashab o‘tib, o‘z uyida, yaqinlari yonida vafot etganlar baxtli insonlar sanaladilar. Ular shukur qilib, Allohga xamdu sano aytishlari kerak.
RIZQSIZLIK… TISHSIZLIK…
Qizartirib, yaxshilab qovurilgan qo‘y go‘shtini chaynayolmay qiynalayotgan sakson yashar qariya o‘z-o‘zicha g‘udrandi.
– Yo Xudo, rizqsizlik – ko‘rgilik deyishardi. O, bu, tishsizlik undan battar hayotni zaharlaydigan bir balo ekan-ku!..
IBODAT
Ilm ham ibodatdir, deyiladi Islom ta’limotida.
Kitob juda kam o‘qilayotgan, adabiyot ilmini jiddiy qabul qilishmayotgan bir zamonda mashaqqatli mehnatlari “ibodat” deya e’tirof etilganini his etish adiblar uchun juda yoqimli bo‘lsa kerak. Zero, “adabiyot” so‘zining o‘zagi “adab” yoxud “odob” sanaladi.
Islom e’tirofi oldida bosh egmasligimning sira iloji yo‘q…
NOOSHNO – OSHNOLAR
Mavlono Muqimiyda ohu afg‘onli shunday misralar bor: “Kimga dod aylay bu bedodingni men, ey sangidil, oshno bo‘ldim desam, ko‘ngling saning begonada…”
Vohkim, o‘zi oshno bo‘lib ko‘ngli begona, nooshnolar hozir shunchalar ko‘pki, hassos shoir hayot bo‘lganida bundanda g‘amliroq misralar bitgan bo‘larmidi?..
“PAXTA”
Kaminangiz paxta ekmadim, paxta terdim, paxta qo‘ymadim.Faqat otilgan, otilayotgan, katta, kichik toshlar zarbini sezib turibman.
DORISHUNOS
Mabodo dorishunos va dorifurushlar xastalanib qolishsa, o‘zlari sotayotgan shifo vositalarni aslo xarid qilmagan bo‘lishardi, ehtimol.
Dori-darmonlarning baland, osmono‘par narxi hamda sifati ularni mutlaqo qoniqtirmagan bo‘lardi.
Joni og‘rigan bemor hech narsadan qaytmasligi mumkin.Joni og‘rigan, og‘rimagan dorifurushlar, sizning fikringizni bilmoqchi edim?..
XIYONATKORNING JAZOSI
Itning sadoqati, vafosi haqida juda ko‘p rivoyatlar bor. Hatto mutloq vafosi uchun insonning eng yaqin do‘stiga qo‘yilgan haykallar ham mavjud. Biroq, it jafosi haqida juda kam eshitganman.Aslida bu sadoqatli jonivorning jafosi ham bo‘lar ekan.Aytmoqchi bo‘lganim,it agar egasidan jafo ko‘rsa, uning xiyonatini sezsa, oqibati yomon bo‘lar ekan.Vafodorning egasiga vafosizligi xiyonatga javobi halokatli bo‘lishi ham mumkin.Yaqinda eshitganim bir hikoyatda bayon etilishicha, egasini qattiq himoya qilgan it o‘zini och bo‘rilar galasi bilan yolg‘iz qoldirib,jonini saqlash uchun, ot qo‘shilgan chanasida qochib qolgan kishini kechirmagan.
Bu xiyonatdan larzaga tushgan jonivor bo‘rilar galasini jonini jabborga berib bo‘lsa-da yengga olgan.
Oppoq qorda qonli iz qoldirib, uyga arang qaytgan itni ko‘rgan egasi hayratdan dong qotgan. U, axir, o‘z himoyachisini muqarrar o‘lim changalida qoldirib kelganini yaxshi bilgan.
Vafo timsoli hisoblanmish it xiyonatkor xo‘jasini burda-burda qilib tashlagan.
KAMOLOT
Inson yashayvergani sayin o‘zi, atrofdagilar va butun insoniyat hamda dunyoi dun nomukammalligidan noroziligi mutassil oshib boraverar ekan.
Behisob shukurlar bo‘lg‘aykim, komil insonlar komillik ko‘pligidan noliganlarni hozircha uchratganim yo‘q.
SABAB VA OQIBAT
Odamlar juda kam o‘qishi, yaxshi uqmasligi, uqqanida ham amal qilmasligining ijtimoiy sabablari bor, albatta. Ana shu sabablarning biri adabiyotshunoslik va adabiy tanqidning noto‘g‘ri yo‘ldan borayotgani, aniqrog‘i, boshi berk ko‘chaga kirib qolganligidadir. Ana shunday yomon xulosaga kelganligimning ham sababi bor. Adabiyotshunos va tanqidchi do‘stlarimiz badiiy asarni, uning yuksak yoxud pastsaviyasiga qarab emas, balki, muallifning jamiyatda tutgan o‘rni, boyligi, yoxud qashshoqligi, amali, badavlat qarindosh urug‘i,xomiylari va shaxsan o‘zlariga manfaati tegishi, tegmasligiga qarab baholashadi.
Aksiga olganday, sho‘rlik muallif hali tanilmagan, boz ustiga, kamxarj va qishloqi bo‘lsa, Xudo urdi, deyavering. Boyaqish asar muallifi ham yer bilan yakson qilinadi, hechkim o‘qigisi, tan olgisi kelmaydi. Kun kelib kitobxonga qaysi asar yaxshi, qay biri zararli, yomonligi hech bo‘lmasa yo‘l-yo‘lakay tushuntirilsagina, mutolaa qiluvchilar albatta ko‘payadi.
R.S. Qishda yozgan yangi hikoyamni bahorda adabiyot adabiyotshunoslikka mansub do‘stlarimning beshtasiga bir vaqtning o‘zida jo‘natdim. O‘qib ikki og‘izgina yaxshi yoxud yomon fikrlarini bildirishsin, degan niyatda shunday qildim.
O‘ylaganingizdek, o‘zim taxmin qilganimdek, hech kimdan javob, najot bo‘lmadi. Va bundan keyin ham hech kimdan sado chiqmasligini yaxshi bilaman. Yuqorida kitob o‘qimaslikning sabablarini keltirgan edim.
Xozir o‘qimaslikning oqibatlari emas, endigina gullay boshlagan debochasi keyinroq, meva tugishi haqida ikki og‘iz so‘z aytmoqchiman. Turish-turmushi, obro‘-e’tibori adabiyot bilan to‘g‘ridan to‘g‘ri bog‘liq, shuning uchun maosh oladiganlar, kitob o‘qimagach, hamqalam do‘stlarining hikoyasiga hatto qiyo ham boqmaganda, “odamlar kitob o‘qimay qo‘ydi!” deya bong urishga hojat bormikan?
Albatta, bunday diydiyolardan naf yo‘q.
SO‘NGGI KUN
Tasavvur eting, juda boy-badavlat odamsiz. O‘zingiz Sherdek mag‘rur, kuchli, so‘zingiz qilichday burro, atrofingizda sizga hamdu-sano aytguvchilar juda ko‘p, hatto, ta’zim bajo aylab oyog‘ingizga yiqiladiganlar topiladi! Xullas, juda baxtiyorsiz. Agar shularning hammasiga tinimsiz mexnatingiz, aql-zakovatingiz, harakatingiz bilan erishgan bo‘lsangiz qadingizni uring! Otangizga raxmat.
Faqat o‘zingizni yo‘qotmang, tumshig‘ingiz xoda yetmas darajaga ko‘tarilmasin.
Kibr-havoga berilmang. Shunday qilsangiz o‘zingizni, o‘zligingizni bus-butun saqlay olgan bo‘lasiz. Orqaga qaytishingiz uncha qiyin bo‘lmaydi. Zero, mashoyixlar “bir kuni orqaga qaytasan…” deyishadi. Chunki insonning boz ustiga, baland cho‘qqilarga ko‘tarilgan kishining ortga qaytishi og‘riqli, mashaqqatli bo‘ladi. Ortga qaytish asnosida odam birin-ketin bor budidan ajrala boshlaydi. Yonverida bitta-ikkita kishi qoladi yoki yo‘q. Kimlarningdir e’tibori ham yo‘qqa chiqadi. Obro‘ ham haminqadar.
Bandai ojiz o‘zini shunday kunga tayyorlay olishi, unga chidashi mumkinmi?
Mumkin, albatta! Inson istasa, qo‘lidan kelmaydigan ish yo‘q, ana endi ko‘nglingizga olmasangiz, so‘nggi, oxirgi kuningizni tasavvur eting. Bu unchalik ko‘ngilli ish emas. Nachora, o‘lim barcha tirik jonzotlar boshida bor bo‘lgan baxtsizlikdir. Ammo uni baxt deya qabul qilguvchilar ham juda ko‘p. Bas, shunday ekan, so‘nggi nafaslaringizda o‘z uyingiz, o‘z vataningizda bo‘lsangiz-u, egningizda kafaningiz, yoningizda vasiyatingizni tinglaydigan birgina mehriboningiz mavjud ekan, sizdan baxtiyor odam yo‘q, bu dunyoda!
KЕCHIKKAN OSHIQ
Onaxon yoshi bir yerga borib qolganda, ertami-kechmi, soat so‘raydigan odat chiqardi. Bu holat uzoq davom etdi. Oxir-oqibat eri kunlarning birida unga savol berdi.
– Hoy, onasi, sen biror yumush bilan bandmisan, uxlayapsanmi yo endi faqat soat necha bo‘lganini so‘rash uchun yashayapsanmi? Yov bo‘lmasa, uchrashuvga kechikib kelganlaring endi yodingga tushdimi?
Kampir mazza qilib kuldi, so‘ngra choliga javob qildi.
– Uchrashuvga hech qachon kechikmaganman. O‘zingizning soatingiz hech to‘g‘ri ishlamasdi.
Endi er-xotin baravariga kulib yuborishdi. Chunki ayol erini ayab gapirgan, o‘shanda yigit bo‘lgan cholning soati ham to‘g‘ri ishlamasdi, uchrashuvga kechikkan yoki kelmay qolgan paytlari ham bo‘lgan. Kampirning tun yarmidan oqqanda ham soat so‘rashiga keladigan bo‘lsak, u aftidan vaqtning qadriga to‘la va uzil kesil tushunib yetgandi.
OYDIN G‘AM
Adib deganingiz anchayin injiq va qaysar mavjudot, istab turganida chor atrofidagi xohlagan voqea-hodisa yo narsalardan ta’sirlanib yaxshi asar yoza oladi. Xohish-istak bo‘lmaganida esa u oylab, yillab qo‘liga qalam ushlamasligi mumkin. Hatto kimlarnidir larzaga solgan hayot manzaralari ham ta’sir eta olmasligi ehtimoldan holi emas.
Adibni darhol yozishga undaydigan ko‘rinishilar–zulm, loqaydlik, adolatsizlik va boshqa ko‘plab hayotiy ikir-chikirlar, kimlarningdir g‘am anduhi…
Adiblar tabiatan g‘am-anduh chekishga moyilroq bo‘lishadi. Biroq bu g‘am boshqalarnikidan keskin farq qiladi, oydin juda yorug‘ bo‘ladi. Bu anduhlardan ezgulik, badiiy asar yaraladi.
Demak, ijodkor g‘ami– ko‘krakni nam yerga berib nola qilish emas, balki, yaratuvchi, olg‘a chorlovchi, insonni turmush ikir-chikirlaridan yuksakka ko‘taruvchi anduhdir.
KO‘NGIL MUVOZANATI
Ruslarda “Dushevnoye ravnovesiye” degan ibora bor. Uni o‘zimcha “Ko‘ngil muvozanati”, deya tarjima qilgan bo‘ldim. Adibning xalqqa manzur asar yozishi uchun, eng avvalo, ko‘ngil, qalb muvozanati kerak bo‘ladi.
BILSA HAZIL, BILMASA CHIN
Bir necha oydan buyon to‘xtovsiz yozayotgan adibga eng yaqin do‘stlari shunday hazil qilishdi: “O‘zingizni bir doktorga ko‘rsating, to‘xtovsiz ijod qilishingiz kasallik bo‘lib chiqmasin, yana. Tinmay yozish ruhiy xastalikka aylanib ketmasin. G‘ofil bandalar faqat qorin, cho‘ntak, bola-chaqa g‘amida bo‘lishsa-yu, siz choyxona palovga ham vaqt topa olmasangiz”.
EZGULIK URUG‘LARI
Adib ekkan ezgulik urug‘larining unib chiqish- chiqmasligi ular tushgan ko‘ngilga bog‘liq.
SO‘Z O‘YINI
Yaqinda surxondaryolik bir og‘aynim shunday e’tirof etdi:
– Qon bosimim ko‘tarlib ko‘zimga dunyo qorong‘u ko‘ringanda, “Enam” xap dorisini ichgan edim, u xuddi enamday muolaja qilib dardimni aritdi.
DURDONA
Ijodning barcha ko‘rinishlarida durdona asarlarning durdonaligi shundaki, ular rohat-farog‘atda emas, azob-uqubatda yaratiladi.
ISTAK
Mabodo kimdir halokat yoqasida bo‘lsayu, uning yashab qolishini faqat birgina kishi chin dildan istasa, u o‘lmaydi.
MUMTOZ ADABIYOT LOLASI
Zamonaviy adabiyot – mumtoz adabiyot ko‘ksida alvon loladek ochilsa ajab emas. Uning qip-qizil rangi adiblar yuragiga ishoradir. Faqat zamonaviy so‘z san’ati ustalari o‘zlarini mumtoz adabiyot vakillariga teng tutishlari no kamtarlik sanaladi.
Kun kelib hozirgi zamon adabiyoti o‘zidan keyin yaralmish yangi adabiyot uchun “mumtoz” sanasagina, uni yaratganlar faxr etishi mumkin. Ana o‘shanda haqiqiy ma’nodagi “Ustoz-shogird| haqida gapirsa bo‘ladi. Hozir esa zamonaviy lahjada yuqoridagi so‘zlarning qiymati juda pasayib ketdi. Achinarlisi o‘rtada ozgina manfaat bo‘lsa hamma bir-birini “Ustoz-shogird”, deya yaltoqlanaveradi. Holbuki, bu so‘zlarni juda avaylab o‘z o‘rnida ishlatish darkor.
MЕHR VA SAMARA
Har qanday ulug‘ va ezgu orzuga yetishmoqchi bo‘lgan har bir yoshning oilasida unga ana shu yo‘lda ko‘mak, madad beradigan hech bo‘lmasa, birgina mehriboni bo‘lishi kerak.
TAFOVUT
Ellik yillar muqaddam endigina gazetada ishlay boshlaganimda jurnalistlar, adiblar davralarida shunday bir gap-so‘zlarni eshitgandim. Bu to‘g‘rirog‘i gap-so‘z emas, ijodkorlarning orzu-istagi edi chamasi. Uning mazmuni quyidagicha. “Shunday ishlash, yashash kerakki, har kuni hech bo‘lmasa bir necha satr yoza olsang…”
Yarim asr mobaynida men ushbu so‘zlarni hech unuta olmadim. Ular qulog‘im ostida ong-shuurimda doimo yangrab turardi. Bundan naf ko‘rdimmi, yo‘qmi, o‘zim bir nima deya olmayman. Faqat oylab, yillab qo‘liga qalam ushlamagan, biror satr yozmagan va aksincha biror daqiqa fikrlash, yozishdan tinmagan ijodkorlar o‘rtasida farq juda katta ekanini anglab yetdim.
MAHALLIY AHAMIYATGA MOLIK… DAHO
U sho‘rlik o‘zini daho hisoblardi. Faqat bu rutbasi mahalliy ahamiyatga ega ekanini bilmasdi, xolos.
NASIHAT
Qo‘shnimning nevarasi 25 yoshlardagi yigitning qiziga nasihat qilayotganini eshitib shunday xayolga bordim: “Demak, odam shu yoshda ham nasihatgo‘y bo‘la olar ekan-da?”
Fikrimcha, otalik mas’uliyati shunga undasa kerakda.
SAVODSIZ FAYLASUFLAR
Shunday toifa odamlarni kuzatganman. Ularning savodxonligi o‘rta maktab darajasida “3” bahoga zo‘rg‘a arziydi. Ammo o‘zlarini tutishlari, dimoq firoqlari otni hurkitadi. Ularning uslublari juda antiqa. Adabiyot, tarix, falsafaga oid qandaydir qiziqarli, noyob fikrlarni, gap-so‘zlarni amallab o‘rganib oladilarda, so‘ngra duch kelgan odamga aytib, u sho‘rlik bilmay qolsa bormi, ko‘pchilik o‘rtasida yerga urib, izza qiladilar. Bundaylar ayniqsa mashhur, taniqli odamlarni ham noqulay ahvolga solib qo‘yishdan huzur qiladilar.
Imkoningiz bo‘lsa, ana shunday “faylasuf”lardan yetti tosh narida yuring!
VAFODORLAR
Insonning eng yaqin vafodor do‘stlari ot va it. Bu ming yillar sinovidan o‘tgan. Biroq shu jonivorlar o‘zaro do‘st bo‘la oladilarmi? Shu haqda o‘ylab ko‘rmagan ekanman.
“Otning o‘limi – itning bayrami”, degan maqolning mag‘zini chaqadigan bo‘lsak, masala hiyla oydinlashadi. It jonivorning o‘limi esa egasining qayg‘usi hisoblanadi.
NURLI MANZILLAR
Har xil turli-tuman orzu-istaklar, ulug‘ maqsadlar ro‘yobiga olib boruvchi yo‘llar juda ko‘p. Faqat ularning hech biri tekis, ravon emas, juda og‘ir, mashaqqatlidir.
Ulug‘ maqsadga yeta olish yoki yeta olmasligi yo‘lovchi xohish-istagi, harakati oxir-oqibat, irodasiga bog‘liq. Yo‘l og‘irligi haqidagi turli-tuman bahonalar mutlaqo inobatga olinmaydi.
TANLOVDAGI YENGILLIK
Kiyim-boshi ko‘p bo‘lgan odam biror yerga boradigan bo‘lsa, rosa qiynalib, xunobi oshadi. Chunki u qaysi kiyimini tanlashni bilmaydi.
Sarpolari kam kishi esa bunday azob chekmaydi. Zero, yigirmadan birini tanlashdan ko‘ra, 3-4 tadan birini tanlash osonroq-da.
Pul masalasida esa buning teskarisi bo‘ladi. Aytmoqchimanki, puli kam odam uni tez-tez , qayta-qayta sanayveradi.
Puli ko‘p odam esa bunday aziyat chekmaydi. Faqat kerak bo‘lgandagina, uni sanaydi, xolos…
AROSAT
Hozirgi zamonda biz yashab turgan makonda yaxshining – yaxshiligi, yomonning – yomonligi ochiq aytilmayapti, tan olinmayapti.
To‘g‘ri so‘z – Manfaat, ikki yuzlamachilik qurboniga aylanib borayotir.
ZANGLAGAN QILICH
Yoshligida keskir shamshirga o‘xshagan erkak – qartayganda o‘tmas qilichga aylanib qolsa kerak. Ammo uni e’tibordan butunlay soqit qilish insofdan emas. Hassos shoir Jamol Kamol yozganidek, “Zanglagan egri qilichga sachragan qondir umid…”
Ha, qariyaning kuchi, imkoniyatlari juda kam bo‘lsa-da, orzu-umidlari bisyor.
QISH-U YOZ
Bizning bolaligimizda hamma, ayniqsa, qari-qartang qishdan tezroq chiqib olish to‘g‘risida ko‘p gapirishardi.
Endi bo‘lsa, hatto yoshlar ham, jazirama, chidab bo‘lmaydigan yozdan qanday qilib qutilish haqida ko‘p gapiradilar.
“YOMON GAP SHAROFATI”
Onaginam “Yomon gapni darhol eshitadigan kar” iborasini ba’zi-ba’zida ishlatib turardilar.
Shu sifat aytilganidan so‘ng, o‘sha boyaqish karning boshqa xususiyatlarini aytib o‘tirishga hojat qolmasdi.
BЕZOVTALIK ISTAGI
Chol-kampir ikkovlon uylik-joylik bo‘lib ketgan farzandlardan alohida yashashardi.
Farzandlar ham keksalarni tashvishga qo‘ymaslik uchun ularni huda- behudaga bezovta qilishmasdi.
Ammo ko‘ngil ekan-da, er-xotin onda-sonda “juda bezovta” bo‘lgilari kelib qolardi.
Yo‘q, baribir ularni hech kim bezovta qilmasdi.
MЕROS
Adib hayoti shomida uning ijodiy faoliyatiga baho berganda, qanday yo‘l tutishsa, adolatli yoxud adolatsiz bo‘lishi haqida ko‘p o‘ylayman. Zero, bu baho oxir-oqibat, hayotbaxsh yoki aksincha halokatli bo‘lishi mumkin. Ko‘nglimni yoritadigan elas-elas ko‘zga tashlanadigan birgina nur bor, xolos.
Agar badiiy asar haqiqiy adabiyotga taalluqli bo‘lsa, kun kelib adib hayot yoki hayot emasligidan qat’iy nazar, o‘zi arziydigan asl bahosini oladi, albatta.
UCH YASHAR BOLA… ISHLAYDIMI?
Uch yashar evaram Muhammadali bolalar bog‘chasiga qatnaydi. Uning onasi shu bog‘chada ishlaydi.
Har tong bolakaydan “Qayoqqa ketyapsan?” deya so‘raganimizda, u “ishga boryapman, yaxshi borib kelaman”, deya burro javob qaytaradi.
Erkaligidan xurmacha qiliqlari juda ko‘p, ammo darhol kechiring deya, uzr so‘rashni ham kanda qilmaydi. Oradan bir necha daqiqa o‘tgach, o‘sha qilig‘ini takrorlaydi. Tanbeh eshitsa, hayratda qolib, qoshlarni chimiradi, “Kechirim so‘radim-ku, yana nima istaysiz?” demoqchi bo‘ladi.
BIR XONADAGI …RAQOBATCHILAR
Odam Ato va Momo Havo vorislari bo‘lmish er-xotinlar bir xonada istiqomat qiluvchi eng katta raqobatchilar bo‘lsalar kerak.
Bu raqobat umr bo‘yi davom etadi va uni hech bir juftlik ikki dunyoda ham tan olmaydi. Ruxsatingiz ila bu hodisotni sharhlab o‘tirmayman. Faqat o‘t bilan suv mutlaqo chiqisha olmasligini eslasangiz kifoya…
XAZON BO‘SALAR
U juda go‘zal, shoir aytganidek bir qultum suv bilan yutguvlik qiz edi. Yillar o‘tib “Qariqiz” maqomini oldi. Oxir-oqibat, dunyodan toq o‘tdi. Bir vaqtlar nim ochiq g‘uncha yanglig‘ dudoqlari gul bo‘lib ochildi, keyinchalik so‘ldi, sarg‘aydi.
O‘sha aqiq lablardagi totli bo‘salar oshiq lablarida ehtirosli o‘pichga aylanmadi. Gul ochilmay xazon bo‘ldi…
Nachora, inson hayotida ana shu bo‘lsalarga monand orzular ham bo‘ladi.
ShЕ’RIYAT VA HAYOT
She’ru g‘azalda qofiyadosh, bir-birini to‘ldiradigan so‘zlar bisyor.
Hayotda ham ana shunday qofiyalar bir-birini to‘ldiradigan go‘zallik va ezguliklar yanada ko‘paysa qanday yaxshi!
HAYOT QO‘SHIG‘I
Ayrim zamonaviy ayniqsa detektiv asarlarni o‘qiganimda, ulardan jo‘shqin hayot nafasi emas, o‘limning mash’um sharpasi sezilib turadi.
Fikrimcha, haqiqiy badiiy asar hayot qo‘shig‘i yanglig‘ yangrashi darkor. To‘g‘ri, hayot faqatgina bayramlar, tantanavor qo‘shiqlardan iborat emas, balki, mashaqqatli yo‘l, og‘ir mehnat aslida. Adabiyot komil insonni tarbiyalashi, o‘sha og‘ir yo‘ldan nurli manzillarga yetaklay olishi, o‘rgatishi kerak.
QOPOG‘ON IT
“It-itdan battarroq turish-turmushi uchun qopog‘on bo‘ladi”, degan gaplar yuradi.
Mabodo shu iborani ayrim kishilar hayotiga taqqoslaydigan bo‘lsak, jonivorning ahvoli yaxshiroq degan xulosaga kelgan bo‘larmidik?
YOMONDAN… YAXSHILIK…
Inson tabiatining sodda-murakkab mukammalligi shundaki, u agar istasa, yomondan-yaxshilik o‘rgana oladi. Qabohatni ezgulikka aylantirishi mumkin.
FIKRNI… TIZGINLANG!
Dunyodagi jamiyki asov uchqur bedovlarni tizginlash mumkin. Fikrni esa, mutlaqo tizginlab bo‘lmaydi!
YAGONA IMKONIYAT
Qizimning ikkinchi o‘g‘li Mirshod bilan juda inoqmiz. Uni «Shod amir» deya atayman. Kino rejissyor bo‘lmoqchi, havaskorlik kichik video filmlar roliklarni tasvirga tushiradi. Ora-sira yozganlarimni oqqa ko‘chirishga yordamlashadi.
Kunlarning birida yangi kichik hikoyalar turkumini yozib tugallaganimdan so‘ng, nevaramga hazil qildim.
– Shod Amir o‘g‘lim, hozir o‘ylab qarasam, sen daho bo‘lishning eng yaqin va oson yo‘li boshida turibsan.
Mirshod hazilni tushundimi-yo‘qmi, bilmayman, faqat azaliy odaticha sal jilmayib so‘radi:
– Tushuntirib ayting-chi, bu yo‘l qayerda ekan?
Hazilni davom ettirdim.
– Bolam, bu yo‘lni qidirib o‘tirishingga sira hojat yo‘q, u shundoq senu mening o‘rtamizda.
Endi Mirshod kulib yubordi.
– E-e, juda zo‘r ekan-ku!
– Agar sen yozganlarim, yozayotgan asarlarimning barchasini tasvirga tushirib, ularni kinoga aylantira olsang, tamom-vassalom! Bunday rejissyor daho san’atkor bo‘ldim, deyaversin. Faqat uyquni andak kamaytirib, erinchoqlik qilmasang bo‘lgani…
Nevaram o‘z navbatida hazil qildi:
– Iltifotingiz uchun katta rahmat, erinchoqlikdan voz kechishga va’da beraman. Faqat, uyquni kamaytirishim qiyinroq-da. Ha, mayli, buniyam o‘ylab ko‘rsam bo‘ladi.
Bobo-nevara baravariga kulib yubordik.
SALQIN SAHARLAR
Agar meni nasihatgo‘ylikda ayblamasangiz, sunbulaning salqin saharida tug‘ilgan bir fikrni o‘rtaga tashlamoqchiman.
Siz barcha qadriyatlar, ezguliklar, manfaat, nafs qurboniga aylanib borayotganidan afsus chekayotgan bo‘lsangiz, quruq safsatabozlikdan voz keching-u, ana shu holatni to‘xtatishga ozgina hissa qo‘shing. Nafsingizni tiying, buyuk Pirlarimizga o‘xshab yeb ichish, turish- turmushda nihoyatda kamtar bo‘ling. Pora va poraxo‘rlikning ertasi, kelajagi yo‘q, halokatga uchraydi.
Poraxo‘r harfho‘rdan keskin farq qiladi.
Poraxo‘rdan hech narsa kutib bo‘lmaydi, u faqat olishni biladi. Harfxo‘r qonun-qoida bandasidan esa qandaydir yorug‘lik chiqishi mumkin.
YAPROQ IBRATI
Yaproqdan ibrat olsak qanday yaxshi!
Yaproqlarning birginasi uzilib yerga tushadi, so‘ngra daraxtning qolgan barglari ham birin-ketin chirt-chirt uzilib tuproqqa bosh qo‘yadilar.
Ular yerga tushayotib “oh” uradilar-u, afsus chekmaydilar, bir-birlarini avaylay, bir-birlariga suyanish uchun shunday qiladilar, yelkama-yelka turib, xazon bo‘ladilar…
Dunyodagi biror bir mavjudot ahillikda xazon yaproqlariga tenglasha olmasa kerak.
ILMU FAN HURMATI
Muborak Hadislarda sochi oq, ilmli insonlarni, adolatli rahbarlarni hurmat qiling, deyiladi.
Shu kecha-kunduzda yuqoridagi o‘g‘itlarga qanday amal qilinayotgani haqida o‘ylash, xulosa chiqarish o‘zingizga havola.
BЕDAVO DARDNING DAVOSI
So‘z, badiiy ijod ishqi bedavo dars hisoblanadi.
Boz ustiga, turmushning, insonlar hamjamiyatida yashashning turli-tuman tashvishlari, quvonch, shodlik, qayg‘u-g‘amlari miyani kemiradigan samarali-samarasiz qora ko‘lankaday o‘y-xayollar o‘zlikni, insoniylikni saqlab qolish ilinji bir-biriga bog‘lanib ketsa bormi, ijodkor tushkunlikka tushishi, kasallikka chalinishi “Xudo ko‘rsatmasin” halok bo‘lishi hech gap emas.
Ijod ahli uchun ana shu bedavo darddan forig‘ bo‘lishning yakkayu yagona yo‘li bor, xolos.
Bu ham bo‘lsa tinmay, muttasil ijod qilish, qog‘oz-qalamdan uzoqlashmaslik, ushbu mashg‘ulotlardan lazzatlanib, qoniqish hosil qilishdir.
Zero, qalam ahli muttasil yozganda, ko‘ngilga ma’qul asar yaratganida u go‘yo yettinchi osmonda uchib yurganday bo‘ladi. Aslo yerga tushgisi kelmaydi, yerga tushmadimi, demak, yuqorida sanaganlarim dardu alamlar, tiriklik–tirikchilikning jamiyki tashvishlaridan yiroq bo‘ladi, boyoqishni ilhom parisining o‘zi asraydi…
SHOIRNING KO‘ZI VA SO‘ZI
Do‘rmon bog‘idagi tonggi sayrdan qaytib ikkinchi qavatga ko‘tarildim. Qarasam, shoir do‘stim Hayitboy Abdusodiq o‘z xonasi bir yoqda qolib, boshqa xona eshigi qulfiga kalit solishga zo‘r berib urinyapti. Hazillashgim kelib, shunday dedim:
– Ha, baxayr, do‘stim, kimning xonasiga kirmoqchi bo‘lyapsiz?
Hayitboy quv yigit emasmi, adashganini sezdi-yu, ammo sir boy bermadi.
– Adashganim yo‘q, negadir shu xonaga kirgim keldi-da… Uzoq yili shu yerda bir oy maza qilib yashab, talaygina she’r yozgandim.
Ana shunaqa-da, shoirning ko‘zi boshqa-yu, so‘zi boshqa…
TIL VA AQL
Inson bolasi til chiqarganda, eng avvalo, qaysi so‘zlarni ko‘proq ishlatishni hamma yaxshi bilsa kerak. Odamzot aqli kirganda dastlab qaysi so‘zlarga ko‘p e’tibor qilishini hamma ham bilavermaydi. Koshki edi, odam esini taniganda ko‘p aytadigan so‘zlar butun insoniyat uchun kerakli “aziz” maqbul so‘zlar bo‘la qolsa…
ENG GO‘ZAL TASHRIF
Inson qalbiga eng go‘zal, aziz, hayotbaxsh tashrif–kim muhabbat tashrifi bo‘lsa, qanchalar yaxshi!
Undan keyingi bordi-keldilar unchalik ahamiyatli bo‘lmasa kerak. Zero, hech bir tuyg‘u odam qalbini chin sevgi singari yuksaklarga ko‘tara olmaydi.
Katta pul, hukmronlik va boshqa kuch bilan bog‘liq tuyg‘ular kishini esankiratishi, tubanlashtirishi va istilo etishi ham ehtimoldan xoli emas.
Chin sevgi hokisor muhabbatga nima yetsin?..
DO‘STLIK ELCHILARI
Fikrimcha, do‘stlikning eng mohir elchilari juda yosh bolalar bo‘lishsa kerak.
Uch-to‘rt yashar bolakaylar o‘zlarining notanish tenqurlari bilan qanday do‘stlashib, tez orada suhbatga kirisha olishlarini ko‘p kuzatganman. Kichkintoylar shirinliklarni baham ko‘rishadi keyin o‘yinchoqlarni do‘stlarga sovg‘a qilishadi, bir-birlarinikiga mehmonga borishadi. Ularga qarab turib havasim keladi, ko‘ngillari qanchalik tozaligini sezib, ko‘zlarim namlanadi.
Eh, siz kattalar, biz kattalar! Aslida do‘stlik qoidalarini kichkintoylardan o‘rganish kerak emasmikan?..
ATIRGUL VA SHUMG‘IYA
Adabiyot gulshanida atirgul dek gul ochib, ifor taratganlar ham qalam do‘stlariga, o‘zlaridan keyingi avlod vakillariga hech qachon xiyonat qilmaydilar. Haqso‘zga beg‘araz xizmat qiladilar, badiiy so‘z san’ati gulzorlariga suqilib kirgan bita-yarimta shumg‘iyalar chappar urib ochilgan. Atirgullar nasibasiga sherik bo‘ladilar. Ularning kunini, ko‘nglini qora qilish uchun hech bir pastkashlik, kirdikordan qaytmaydilar. Lekin atirgul tikani bo‘lsada guldir. Shumg‘iya esa bor yo‘g‘i begona o‘t, sassiq alaf, xolos. Vaqt soati kelib, hayot atalmish buyuk hakam hammasini joy-joyiga qo‘yadi.
KATTALAR UCHUN ERTAKLAR
Hayot bolalar va kattalar uchun birday qiziqarli, ser hayajon ertakka juda-juda o‘xshab ketadi.
Mavjud farq shundaki, kattalar uchun ertaklarda his-hayajon, salbiy qahramonlar ko‘proq bo‘lib, voqealar xiyla cho‘zilib ketishi mumkin.
Qissadan hissa, mabodo hayot aytganimizdek ertakka o‘xshashi rost bo‘lsa, katta-yu kichik kitobxonlar hammasi murod-maqsadlariga yetishadi…
UMRU JON
Ortiqcha yeb-ichish, maishatbozlik va boshqa illatlardan tiyilib “tejamkorlik” qilgan kishi shuning sharofati ila o‘z aziz umri-jonini tejashga erishishi mumkin.
TUND ChЕHRALAR
Aytaylik, oddiy, xokisor odamsiz, qandaydir amaldorga ishingiz tushdi.
Amaldorning katta-kichikligi,qaysi manzil-makonda ekanligining mutlaqo ahamiyati yo‘q.
U sizni qoshlarini chimirib, norozi qiyofada qabul qildi va ishingiz bitmasligini ro‘y-rost aytdi.
Xafa bo‘lib uyingizga qaytdingiz. Aslida esa xafa bo‘lish emas, harakat qilish kerak, harakat!
Nahotki shuncha yoshga kirib yopiq eshiklar, tund chehralarni ochadigan yakkayu yagona usul nima ekanini bilmasangiz?
Suf sizga-yey, axir, buni butun dunyo biladi-ku!
Cho‘ntakni kovlang, birodar! Mabodo, cho‘ntak qo‘rg‘ur bo‘sh bo‘lsa, hech kimga iltimos-iltijo qilib yurmang, befoyda.
Cho‘ntak to‘la bo‘lsa, undan pul atalmish baloning yoqimli sasi kelib tursa bo‘lgani.
Hamma muammolaringiz o‘z o‘zidan hal bo‘laveradi. O‘zingiz esa xonadoningizda lo‘labolishga yonboshlab, ko‘k choyni ichib, huzur qilib o‘tiraverasiz.
Buxoro tomonlarda, bir zamonlarda shunday gaplar qulog‘imga chalinib qolardi. “Pulingni jazirama oftobda qo‘yib, o‘zginang soya-salqinda o‘tiraver”.
Attang, sarlavhani “Jaziramadagi pul” deb qo‘ysam bo‘lar ekan.
SINGAPUR TAJRIBASI
Korrupsiyaga qarshi kurashda o‘zimizga «Singapur tajribasi» qo‘l kelish-kelmasligi haqida ko‘p bosh qotirdim, ammo bir qarorga kelolamadim.
O‘zingiz o‘ylab ko‘ring, ota- o‘g‘il, ona- bola, opa- uka, opa-singil, boringki, barcha jon-jigarlar o‘rtasida yaqin qarindoshlik rishtalari, oshna-og‘aynigarchilik korrupsiya zanjirlari bilan bog‘lab tashlagan bo‘lsa, nima qilasiz? Shaffoflik, ochiqlik qonun buzilishlar haqida Allohdan bo‘lak kimga dod deysiz?
O‘z tajribamiz avloroq, shekilli.
UZOQ UMR KO‘RING
Zamonaviy adabiy jarayonda badiiy asarlar saviyasi kitobxonlar e’tirofi hisobga olinmaydi. So‘z san’atida e’tirofga sazovor bo‘lish uchun adib, shoir hech bo‘lmaganda 85-90 yil umr ko‘rishi shart. Ana o‘shandagina u qandaydir unvon-martabalarga ega bo‘lishga umid qilishi mumkin… Yo‘qsa asarlari yashab qolsa-da, o‘zi benomu benishon ketadi…
EZGULIK NURI
Kitob – haqiqiy mo‘jiza. Inson yoshi 80 dan oshgan bo‘lsa-da, yaxshi kitob uni tarbiyalay oladi. Ezgulik sari yetaklaydi. Ko‘nglidagi umid chirog‘ini yanada yorqinroq nurlantiradi.
JARAYON
Ezgulikdan ezgulik qidirilmaydi. Aksincha, ezgulikning o‘zi boshqa ezguliklarni qidirib topadi. Bu jarayon mangu davom etadi.
SHAJARA
Katta bobo va katta buvi, ota-ona, farzandlar, nevara, evara, chevara, duvara va hokazolar hayot davomiyligining mangu jarayoni, o‘q tomiri, o‘zgarmas qonunidir.
IQTIDOR VA ANIQLIK
Adib iste’dodi qancha yuksak bo‘lsa, uning tartibga rioya qilishi, aniqlikka intilishi shunchalar kuchli bo‘lar ekan.
Ruxsatingiz ila birgina misol keltiraman. O‘tgan asrning 80-yillarida Buxoro farzandi Tojikiston xalq yozuvchisi Jalol Ikromiy ona shahrida bir muddat yashab, ijod qildi.
Ustoz adibdan intervyu olish uchun oldindan kelishib, aytilgan vaqtda shahar markazidagi xonadonlariga bordim.
Eshikni ustozning turmush o‘rtoqlari ochib, meni ichkariga taklif etdilar. Salom-alikdan so‘ng, ulug‘ adibning ijodxonasiga boshladilar. Ustoz meni, o‘shanda yosh yigitni, juda iliq qarshi oldilar, salom-alik qilib bag‘irlashdik. Xonaga dastlab qadam qo‘yganimda, bir holat diqqatimni tortdi. Jalol Ikromiy, Buxoro tarixidan bir necha romanlar, o‘lmas trilogiya muallifi ish stolida xuddi maktab o‘quvchisidek botartib kutib o‘tirardilar. Qoyil qoldim, adibga hurmatim yanada oshdi.
Suhbat davomida u kishining nihoyatda zukko, kamtarin, suhbatdoshga e’tiborli ekanliklari ma’lum bo‘ldi. Adibning yuksak iste’dodi, tartib intizomi, aniqlikka intilishi haqida ko‘p gapirib o‘tirishning hojati bo‘lmasa kerak. Ushbu ibratli qissadan andakkina afsusli hissa ham bor. Afsuslanadigan joyi shundaki, hozir unvondor, nomdor ayrim adiblarga yosh yigitchalar u yoqda tursin, yoshi katta ijodkorlar ham yaqinlasha olishmaydi.
Hol-ahvol so‘rash yo‘q, salomlashish qo‘l uchida, iddaoli.
Bunga yuqorida aytganimdek birgina emas, ko‘plab misollar bor, biroq, ularni keltirib o‘tirishning foydasi ham yo‘q…
Ana shunday paytlarda ustoz Jalol Ikromiyni eslayman-u, g‘amgin tortaman. Ulug‘lar qancha kamtar bo‘lsa, obro‘ martabasi shuncha ulug‘ bo‘lishi haqida uylab ketaman.
TЕNGLIK BO‘LMASA
Mashoyixlar o‘zaro suhbatda tenglik bo‘lmasa undan foyda yo‘q, deyishadi. Masalan, ko‘p kitob o‘qigan va umuman kitob o‘qimagan odam o‘rtasida risoladagidek samimiy suhbat bo‘lishi aslo mumkin emas.
Axir, bir-birini tushunmagan odamlar suhbati qanday qovushsin?
YORQIN NAMOYANDALAR
Bolajonlar, o‘g‘il-qizlar oila yaxshi yoki yomon ekanini yaqqol ko‘rsatib turuvchi namoyandalardir.
QIRQ BЕSh YASHAR MЕVA
Haqiqiy ayol 45 yoshida yana shirin mevaga aylanadi degan ibora bor.
Bu ibora “30 yoshda o‘tin bo‘ladi” tushunchasining tamomila teskarisidir. Ma’lumingizkim, bog‘da shirin mevalar bilan birga g‘o‘r, achchiq mevalar ham bo‘lishi mumkin.
Xuddi shunday o‘ttizida o‘tin bo‘lmaydigan ayollar juda bisyor.
RUHSHUNOS ONALAR
Kitobning oldingi sahifalarida eng zo‘r ruhshunos haqida fikr yuritib, u kimligini aytgan edim.
Sunbulaning sakkizinchi kunida shunday fikrga keldim. Axir eng zo‘r ruhshunos yangi hayotni dunyoga keltiradigan onaizorlarning o‘zlari ekan-ku!
Mushtiparlar, bir parcha etni voyaga yetkazguncha oz muncha yurak qoni sarflashadimi?
Shunday ekan, eng zo‘r ruhshunoslar onalar bo‘lmay, boshqa kim bo‘lardi?
YOZILMAGAN KITOBLAR
Muttasil ijod qiladigan adib bir hafta yozmay qo‘ysa juda bezovta bo‘ladi.
Shu davr mobaynida paydo bo‘lib, turli tashvishlar oqibatida qog‘ozga tushmay “qurbon” bo‘lgan ohorli fikrlar qadrini, uvolini yaxshi biladi, bu, axir, yozilmagan kitoblar degani-da.
AFLOTUN KIMNING DO‘STI
Agar xotiram pand bermayotgan bo‘lsa, daholardan biri shunday degan ekan: “Aflotun – mening do‘stim, biroq haqiqat avloroqdir”.
Mabodo mo‘jiza ro‘y berib, o‘sha daho hayotga qaytsa-yu, hozirgi faqat iste’molni biladigan odamlarning “Aflotun do‘stim bo‘lsa-da, manfaat, maishat, qorin to‘qligi avloroqdir…”, degan so‘zlarni eshitsa, yuragi yorilib ketgan bo‘larmidi?.. Hayot insonni ne ko‘ylarga solmaydi, deysiz.
BARDOSH
Sunbulaning 9-saharida, tonggi soat to‘rtda uyg‘ondim. Xayol sura boshladim.
Turli-tuman shirin xayollar shiddat bilan bostirib kela boshladi.
O‘y-xayollarimning har biri “Meni yoz”, deya iltijo qilar, ayrim dadilrog‘i, hatto dag‘dag‘a etardi. Yo, Xudo, bu ne shirin ko‘rgilik?
Shu taxlit soat oltilargacha “qahramonlarcha” bardosh berdim.
Oxiri, bo‘lmadi, xuddi birov bo‘ynimga arqon solib sudraganday bo‘lib ish stoliga o‘tirdim va yoza boshladim.
O-o, bu qandayin lazzat, qandayin baxt…
Hayotimning ana shunday tonglari bardavom bo‘lishini qanchalar istashimni bilsangiz edi.
… Yana qo‘limga qalam oldim, qalam oldimu jumla-jahonni, borliqni, eng avvalo, o‘z-o‘zimni unutdim.
O‘zing qo‘llagaysan qodir Allohim! Hozir sunbulaning nechanchi tongi ekani xayolimdan ko‘tarilibdi…
HUKM
Adib o‘zini ayashi mumkin, agar shunday qilsa, kun kelib so‘z san’ati shafqatsiz qonuniyati, eng avvalo, kitobxon va vaqt uni ayamaydi.
PARI TANLAGAN VAQT
Ilhom parisi vaqt tanlamaydi, u o‘z istagan vaqti, istagan joyida paydo bo‘lib, inson shuurini larzaga soladi, yaratishga undaydi.
Shoir unga bo‘ysunishga majbur va mahkum.
Aytganday, mabodo so‘z san’atkori xohlagan paytda, o‘zi xohlaganday mazza qilib ijod qilmoqchi bo‘lsa, ilhom parisini o‘zi chaqirishi, hatto iltijo qilishi ham mumkin.
SO‘Z DARGOHI
So‘z dargohi nihoyatda keng, cheksiz,chegarasiz, shunchalar poyonsizki, ko‘z ilg‘amaydi, bosh aylanadi, yurak jumbishga keladi.
Hamma taqiq, chegara va adolatsizliklar shu so‘zni aytguvchilar izmidadir. Bu nohaqliklarning ham chegarasi yo‘q.
QAZOYI MUALLAQ
Kitobxonlar bilan uchrashuvda taniqli yozuvchiga muxlislar shunday savol berishdi:
– Ustoz, falon asaringizda falonchi qahramoningiz to‘satdan o‘lib qoladi. Nega bunday qildingiz u hali yosh edi-ku?
Yozuvchi biroz o‘ylanib turgach javob qildi:
– To‘g‘ri, u sho‘rlik qazoyi muallaqdan vafot etdi. Uni halok qilmaslik uchun qo‘limdan hech ish kelmadi. Hasadgo‘ylik, ichiqoralik bu kimsani men hali romanni yozishni boshlamasimdanoq mahv etib ulgurgan ekan. Yoza boshlaganimda, u tirik murda edi…
BO‘M-BO‘Sh QADAH
U ne ko‘z bilan ko‘rsinki, qadah ag‘darilib yotar, ichi bo‘m-bo‘sh, huvillagan edi.
Araqxo‘rning unga juda rahmi keldi. Faqat gap shundaki, uning o‘ziga rahmi keldimi, qadahgami, bu haqda chuqurroq o‘ylab ko‘rishga to‘g‘ri keladi…
“DЕYARLI JANJAL QILMAYDIGAN ER”
Saksonga yaqinlashgan chol va uning 4 yil burun uylanib, birinchi farzandi uch yashar bo‘lgan nevarasi o‘zaro chaqchaqlashib o‘tirishardi. Gap aylanib, er-xotin munosabatlariga taqaldi. Chol shunday dedi:
– O‘zing bilasan-ku o‘g‘lim, men buvingni deyarli urishmayman.
Quv nevara kulib yubordi, “Hamma gap ana shunda-da! Demak, baribir urushib turasiz”.
Chol tan olishga majbur bo‘ldi.
– Ha, endi, bolam, o‘zing uylangansan, bilasan-ku! Bu xotin zotini andak tergab turmasa bo‘lmaydi-da!
Nevara yana kuldi:
– Men ham deyarli urishmayman, faqat, aytganingizday onda-sonda tergab turaman, xolos…
Endi bobo-nevara baravariga xandon otib kulib yuborishdi.
“ISTЕ’MOLCHI HUQUQLARI”
Shu kecha-kunduzda jamiyatimizda iste’molchi huquqlari ustuvor, ammo men boshqa iste’molchilar haqida fikr yuritmoqchiman. Bular mehr-muhabbat, oqibat, yaxshilik, pul-moddiy ne’matlar, iste’molchilari bo‘lib, ularga haq-huquqlarini tushuntirishning sira hojati yo‘q. Chunki qurmag‘urlar, huquqlarini juda yaxshi bilishadi.
Ushbu huquq “Iste’molchi” emas, balki “Iste’molchilik” huquqi hisoblanadi. Bunday huquq butun jamiyatni zar pechakdek o‘rab-chirmab tashlagan.
“Iste’molchilik” bandalari tinmay, bo‘kib qolgunlaricha iste’mol qiladilar-u lekin ota-onalari, eng yaqin kishilari, keksa ustozlarga, qolaversa, jamiyatga yaxshilik, ezgulik borasida nimadir qaytarishni aslo uylamaydilar.
QARG‘ISHDAGI… MЕHR
Onalarning hatto qarg‘ishida ham iltijo – mehr ufurib turadi.
ILHOMNING OHORI
Ilhom chaqmoqdek “yalt” etganida, yangiligida juda ohorli bo‘ladi. Ko‘p yozilaverib, u eskirganida esa ohori to‘kilishi ham mumkin.
TOSHLAR, O‘QLAR VA KO‘KRAK
Muqaddas kitoblarning birida “Toshlarni otish va yig‘ib olish vaqti bor”, deyiladi.
Yomonlik, qabohat o‘qlari ham xuddi shunday. Kun kelib ular otguvchi ko‘ksi, jismu joniga qaytgusidir…
SUN’IY ONG, BIOROBOT VA QIZIM
Keyingi yillarda turmush o‘rtog‘im uy yumushlarida qiynalib qolgandi.
Yaqin orada yashovchi qizim chidab turolmay, har tong uyimizga keladi. Buni ko‘rib biz er-xotin qiynalib ketdik.
Bir kuni nonushta tayyorlayotgan qizimga hazil qildim.
– Qizim, sen ovvara bo‘lib yurma, onangga sun’iy ongli biorobot sovg‘a qilaman, uy ishlarini bajaraveradi.
O‘sha so‘zlarga qizim chippa-chin ishondi.
– Qo‘ying, ota, o‘zim qilaveraman.
– Ob-bo, qizim-yey, u juda sodda-da.
TIBBIYOT VA TIJORAT
Yozuvchi betob edi. Uning tomiriga juda og‘riqli dori yuborgan hamshira shunday savol berdi:
– Domla, bedana tuxumi sotib olmaysizmi?
Og‘riqdan afti bujmaygan adib javob qildi:
– Yo‘q, qizim, bedonaning tuxumini olmayman. Menga tuyaqush tuxumi kerak.
– Afsus, tuyaqush tuxumi yo‘qda, mayli, surishtirib ko‘raman…
QON TARKIBI
Sakson yashar chol qonini tahlil etgan hamshira quvlik qilib undan so‘radi:
– Bobojon, qoningiz juda zo‘r-ku! Xotiningiz yoshmi?
– Obbo, qizim-yey, balo ekansan-ku, albatta, yosh-da. Oltmish yil burun sen tengi edi…
NЕVARA
Yozuvchi kenja nevarasini turmushga uzatdi.
– Attang, endi qo‘lyozmalarimni kim oqqa ko‘chiradi?
Xotini unga dalda berdi:
– Tashvishlanmang, evaralaringiz yordam beradi.
XIZMAT KO‘RSATGAN SHOIR
Yaqinda oziq-ovqat do‘konida bir keksa xaridor “sizni qayerdadir ko‘rganman”, deya rosa boshimni qotirdi.
Sotuvchi ayol gapga aralashdi:
– Nahotki, tanimasangiz, bu kishi O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan xalq shoiri!
Qoyil-ye, umrimda bir misra she’r yozmay “xalq shoiri” bo‘lganimni bilmagan ekanman-a.
Shunisiga ham shukr, “yozuvchi” deganida nima qilardim? O‘sha meni tanimagan odam “ig‘vogar ekan” degan xayolga borarmidi.
“SADOQAT”
Mustamlaka zamonida siyosat hayot tarziga shu qadar chuqur singib ketgan ediki, hatto itlarimizni ham ajnabiy tilda nomlar edik.
Afsuski, bu odat hanuzgacha saqlanib qolgan.
“NOMZOD”
Keksa adibning rafiqasi uning mashhur romanlaridan birini qayta o‘qib xarxasha qildi:
– Bu la’nati Inna degan megajin kimingiz bo‘ladi?
Yozuvchi xonadonida hazil-mutoyibaga keng o‘rin berilar edi. So‘z san’atkori bamaylixotir javob qildi:
– Kundoshingiz desam, har ikkingizning haqqingiz ketadi. Shuning uchun, sizga kundosh bo‘lishga nomzodlarning birginasi, xolos, xonim. Boshqa hech gap yo‘q.
Xonim ham hech so‘z demay, xonani tark etdi. Uning o‘zi ham, ko‘zi ham kulib turardi.
BIR SONIYA
Bir soniyada inson xayolidan o‘tadigan o‘ylar hech qanday mukammal sun’iy ong xayoliga kelmaydi.
FIKRLAR YOMG‘IRI
Ba’zan adib xayoliga fikrlar tinmay yog‘ilib kelaveradi. Shularning eslab qolingani adibniki, qolganlari qayoqqa ketganini hech kim bilmaydi.
KITOB QISMATI
Tasavvur eting, bir xonadonga kimdir kitob olib keldi. Ana shu kitob qismati har xil bo‘ladi.
Oila qandayligiga qarab yo uni hamma o‘qiydi, yoki hech kim o‘qimaydi.
Bir asarni o‘n kishi o‘qisa, o‘n xil tushunadi. Yuz kishi o‘qisa ham xuddi shunday. Ne baxtki, uni adib darajasida tushunadiganlar ham bor…
DAROMAD – BUROMAD – XARAJAT
Juda ko‘p pul topishni astoydil istagan kishi vaqt-soati kelganida bunga erisha oladi.
Ammo hamma ham uni sarflay, aniqrog‘i to‘g‘ri sarflay olmasa kerak?..
O‘G‘RI MUSHUK – TO‘G‘RI MUSHUK EMASMI?
O‘g‘ri mushuk nazarimda, ayrim o‘g‘rilardan yaxshiroq ko‘rinadi. Lekin uni o‘g‘ri deb bo‘lmaydi. To‘g‘ri mushuk.
HAQINGIZ KЕTADI
Shunday odamlar bor – butun umrlari insonlarga yaxshilik qilish bilan o‘tadi. Yana shunday kishilar bor – ular umr bo‘yi insonlar yaxshiligidan tekin foydalanadilar, minnat eshitmaydilar. Ammo bir og‘iz “raxmat” deyishni bilmaydilar, bilgilari kelmaydi. Ularni “tekinxo‘r” desangiz haqingiz ketadi.
O‘XSHASHLIK
Adibning baxti ham, baxtsizligi ham shundaki, u o‘zidan boshqa hech kimga o‘xshamaydi.
TO‘G‘RIDAN… TO‘G‘RI…
Ota to‘g‘ri bo‘lsa, bola o‘g‘rilik qilmaydi deyishadi. Ammo beshafqat hayotda shunday misollar uchrashi mumkin. To‘g‘ri otadan o‘g‘ri bola, o‘g‘ri otadan esa to‘g‘ri farzand bunyod bo‘ladi.
BIR XONADAGI YIROQLIK
Odamlar bir-birlariga emas, pulga, manfaatga intiladilar. Ular bir-birlariga yaqinlashganlarida oradagi masofa shunchalar yiroqlashmagan bo‘lur edi. Ayniqsa eng yaqin kishilarning bir-biridan yiroqligi illatdir. Bir xonadagi yolg‘izlik qabohat.
INTЕRNЕT
Internet – yolg‘izlikka mahkum etadi va undan qutqazadi…
QISH
U qish bag‘riga sovuq suvga sho‘ng‘igandek singib ketdi.
NASHR SIFATI
Kitoblarning nashr sifati juda yaxshilandi.
Mazmuni haqida o‘zingiz o‘ylab ko‘ring…
TONG XAYOLLARI
Tongda tug‘ilgan fikrlar nekbinligi, ularda umid borligiga ishonaman.
“YULDUZ”
Nevaram “Sizni internet yulduziga aylantiraman”, deydi. U, albatta, hazilashyapti.
Menga bo‘lsa, kimdir quloq solganining o‘zi kifoya…
SHOH SULAYMON O‘GITI
Shoh Sulaymon shamolni ushlab bo‘lmaydi, deydi. Fikr ham xuddi shunday.
QUSH
U qushday edi. Xuddi qushdek duch kelgan joydan don-dun izlar, qorni goh to‘q, gohida och edi.
ZAXIRA
Har gal “Do‘rmon” ijod uyiga jo‘nash oldidan jomadonimga bir dasta qog‘oz va bir nechta ruchka solib qo‘yaman.
UVOL
Yaxshi, yorug‘ fikr kelganda yozmaslik – uvoldir.
BARDOSH
Juda chiroyli ayol nigohiga bardosh berib, uning iltimosini rad eta oladigan erkaklar kam uchraydi.
BIR KUN – BUTUN UMR
Inson yorug‘ dunyoga yig‘lab keladi.
Hayotdan tinch-xotirjam, yig‘lamay ketishi uchun butun umrini sarflashi kerak.
OQIBAT
Dunyodan o‘tgan ustozlar haqida yaxshi gaplarni shunchalar ko‘p gapiramizki, marhum hayotligida ularni eshitganida o‘lishni mutlaqo istamagan bo‘larmidi?
HARAKATDA – BARAKAT
Ayrim kishilar o‘z manfaatlari uchun shunchalar ko‘p harakat qiladilarki, boshqa ishlarga vaqtlari qolmaydi.
EZGULIK VAQT SOATI
Kimningdir ezgu niyati, ishi amalga oshishi uchun vaqt, harakat va yaxshi odamlar kerak.
USHOQLAR
Ushbu tarqoq fikrlarimni eng kichik va kichik hikoyalar deb ataganman. Bu shartli ravishda, albatta. Ularni o‘zimcha non ushoqlariga ham o‘xshataman. Agar nokamtarlik qilgan bo‘lsam, uzr so‘rayman…
VAZN TOIFASI
Sportchilar o‘rtasida, umuman, sportda “vazn toifasi” degan tushuncha bor. Bunga qat’iy rioya qilinadi.
Hayotda ham nimanidir da’vo qilgan kishilar shu aqidaga rioya etsalar, yomon bo‘lmasdi.
DO‘PPI
Do‘rmonda tonggi sayr chog‘ida bir hamqalam do‘stimni uchratdim. U yap-yangi, hali ohori to‘kilmagan do‘ppi kiygandi. Do‘ppi sizga juda yarashibdi, degandim, u juda xursand bo‘ldi.
Adashmasam, do‘ppi hamma o‘zbeklarga ham yarashsa kerak.
QADAM
“Do‘rmon” ijod uyiga qadam qo‘yganim bilanoq, fikrlar yomg‘iri ostida qolib ketaman. Yomg‘ir ba’zan jalaga ham aylanib ketadi.
Qani endi, o‘sha fikrlarning hammasini qog‘ozga tushirish imkoni bo‘lsa…
Aytganday, “Do‘rmon” faqat ijod uyi emas, balki ijodiy suhbatlar uyi hamdir…
SЕMIZ VA ORIQ
Semiz va oriq odamlar bor. Lekin hamma semizlar kuchli bo‘lmaganidek, hamma oriqlar kuchsiz bo‘lavermaydi.
Xuddi shunday kitoblarning ham “semiz” va “oriq”lari bor, albatta.
Bu – “semiz” kitobda ma’no-mazmun ko‘p, “orig‘”ida kam degani emas…
RUTBA MAS’ULIYATI
Buyuklar juda oddiyliklari, buyuklik da’vo qilmaganliklari tufayli shunday ulug‘ rutbaga ega bo‘lsalar kerak.
BAXT TASHRIFI
Baxt kutilganda emas, kutilmaganda kelishi bilan qadrli bo‘lsa, ajab emas.
KЕCHIKMANGLAR…
Insonlar umr bo‘yi kimlarnidir zor-intizor kuttirib yashaydilar, buni hatto bilmaydilar.
Bilib qolganlarida esa kech bo‘lishi mumkin.
ONANING KO‘NGLI
Onaning ko‘ngli bolada, bolaning ko‘ngli… o‘z bolasida…
“…HAZRATI OLIYLARI”
“Manfaat hazrati oliylari! Amri muborakingizga muntazirdurmiz…”.
“QAHRAMON”
U sho‘rlik ko‘p, juda ko‘p, haddan tashqari ko‘p pul topish yo‘lida “qahramonlarcha halok bo‘ldi”.
EHTIYOT – SHART…
O‘zingizni, so‘zingizni, ko‘zingizni asrang.
G‘IYBATLAR
Taniqli adiblar haqida haq so‘zdan ko‘ra, g‘iybatlar ko‘proq bo‘lsa kerak.
KЕCHIKKAN XO‘ROZLAR
Ayrim xo‘rozlar tong saharda emas, ertalab to‘qqizlarda qichqirishadi. Ularni uxlab qolib, ishga kechikkan odamlarga o‘xshataman.
SHOIRI ZAMON
Allaqaysi xushomadgo‘y qaysidir chalamulla shoirga “Sizga o‘xshagan ijodkor dunyoga yuz yilda bir marotaba keladi”, deb yaltoqlanibdi. Shoir sho‘rlik ta’sirlanib, ko‘ziga yosh olibdi.
Aslida, xushomadgo‘y onasining qabr toshiga tekinga she’r yozdirib olmoqchi ekan.
POYGACHILAR
Adabiy jarayonda hozir shunday bir yomon holat hukm surayotir.
Mukofot, unvon, katta qalam haqi to‘lanadigan loyihalarda ishtirok etish, qulay, bahavo mavzelardan uy-joy olish uchun poyga juda avjiga chiqqan. Poygachilar va bakovullar “ulug‘ maqsad” yo‘lida hech nimadan toyishmaydi. G‘oliblar, sovrindorlar talaygina. Ammo haqiqiy adabiyot maydonida hech kim ot surmaydi. G‘oliblar yo‘q hisobi…
YOSHU QARI
Yosh, go‘zal va oqila ayol oldida keksa erkak o‘zini juda noqulay his etadi.
Axir, gul Bahor va qahraton qish bir-biriga zid tushunchalar-da…
Bu gaplar keksa puldorlarga taalluqli bo‘lmasa kerak.
SO‘QIRLAR
Yaltoq, laganbardor faqat xojasini maqtaydi. Uning so‘qir ko‘zlari boshqa hech nimani, hatto o‘zini ham ko‘rmaydi.
NOTO‘G‘RI QADAM
Adabiyot gulshaniga shuhrat, pul, mansab deya yanglishib qadam qo‘yganlar halokatli xato qilganlarini bilsalar edi…
Bu gulshanda o‘zini unutib, qattiq mehnat qilmay turib, yaxshi nom qoldirib bo‘lmaydi.
ShЕVA
Dimog‘dor odam va dimog‘ida gapiruvchi kishi o‘rtasida o‘xshashlik bor-yo‘qligi haqida Do‘rmonda, salqin kuz tonglarining birida ko‘p o‘yladim. Bir to‘xtamga kela olmadim.
Faqat, Buxoro shevasida dimog‘dor odamni “hikkabaland” deyishlarini esladim, xolos…
ILTIMOS… ILTIJO
Ulug‘ shoirimizning “Hargiz iltimosga kuning qolmasin”, degan g‘amli misrasi haqiqiy mazmunini iltimosga kuni qolganlar va yuragi og‘riganlar hammadan yaxshiroq, ko‘proq tushunsalar kerak.
IMKONIYAT
Imkoniyati cheklanganlar hammadan ko‘proq imkoniyat topishlari, ko‘p narsaga erishishlari ham mumkin.
NUR TOMCHILARI
Subhi kozibda uning ong-shuuridan oppoq qog‘ozga yetti tomchi nur tomchisi yog‘ildi…
Ezgulik tomchilari!
Ulardan yaxshilik gullari unib chiqsa, ne ajab?..
Yurakdan yetti tomchi qon kamaygani adib uchun hech gap emas.
UYQUDAGI FIKRLAR
Adib kam uxlasa, yozishga arziydigan fikrlar ko‘p “mehmon” bo‘ladi. Ko‘p uxlaydigan bo‘lsa, yaxshi fikrlar ham “uxlab” qolsa kerak…
YOZUVCHI VA CHUMOLI
Chumoli uyiga tinmay don tashiydi. Yozuvchi esa kitobxonlarga turli xil fikrlar tashiydi.
IZOHLI LUG‘AT
Olimlarimiz ayrim yoshlar va kattalar uchun qisqacha izohli lug‘at tuzishlari kerak, nazarimda. Lug‘at nari borsa 15-20 so‘zdan iborat bo‘lishi lozim. Bular “Assalomu alaykum”, “Rahmat”, “Marhamat”, “Xush kelibsiz”, “Xushvaqt bo‘ling” va hokazo.
Lug‘at cho‘ntakda olib yurish uchun qulay bo‘lsa, yanada yaxshi.
MASHQ
Adiblar ham sportchilarga o‘xshab muntazam mashq qilib turishi kerak. Aks holda, “qo‘li chiqib qolishi” mumkin.
SO‘ZAMOL
Bir sergap kishi do‘stiga shunday dedi:
– Uzr, og‘ayni, men ichganimda andak ko‘p gapiraman-da.
– Hechqisi yo‘q, sen ichmaganingda ham ko‘p gapiraverasan, – dedi do‘sti.
QIYINCHILIKLAR
Keksalar qandaydir yaxshi nimarsa va odatlarga juda tez o‘rganib qolishadi.
Vaqt-soati yetib, ulardan voz kechish keksalar uchun xiyla qiyin bo‘ladi.
MUMTOZ SAN’AT TARBIYASI
Mumtoz (klassik) kuy-qo‘shiqlar millatimizning eng yaxshi tarbiyachisi degim keladi. Bu mubolag‘a emas. Mumtoz navolar o‘zbek san’ati gultojidir. Ushbu san’at qo‘shiqchini, millatni tarbiyalaydi, Vatanni sevishga, insonni ulug‘lashga o‘rgatadi.
Mumtoz kuy-qo‘shiq ijro etayotgan kishi ortiqcha so‘z aytmaydi. Aksincha, “zamonaviy” nomini olgan qo‘shiqlar ijrochilari tinglovchi e’tiborini qozonish uchun o‘zlarini ne ko‘ylarga solishmaydi deysiz? Koshki edi, bu almoyi-aljoyi so‘zlar yig‘indisini qo‘shiq deb bo‘lsa.
Xulosai kalom, “zamonaviy ijrochilar”ga, eng avvalo ,tarbiya kerak. Ya’ni mumtoz san’at tarbiyasi…
“ISTЕ’DOD”
Qarindosh-urug‘larim, do‘stlar, ayrim tanish-bilishlar mendan mening o‘zimdan ko‘ra ko‘proq va samaraliroq foydalana oladilar.
Ularning bu iste’dodiga qoyil qolmay ilojim yo‘q.
YANGI VA YANGI, XILMA-XIL…
Inson hayotida xilma-xillik, yangiliklar katta ahamiyatga ega. Aksincha, bir xil, bir maromdagi turmush tarzi, o‘zgarish, xushxabarlarning yo‘qligi uni zeriktiradi, tushkunlikka tushiradi.
USTUN
U o‘zini mamlakat miqyosida 1-o‘rindagi shoir hisoblar, bundan shod-masrur edi. Ushbu “e’tirofi” she’r ixlosmandlarini qay ahvolga solishini sira o‘ylamasdi.
“USTOZLAR VA SHOGIRDLAR”
Hozir ko‘pchilik, ayniqsa, yoshlar yoshi, mansab-martabasi ulug‘ kiishlarga nuqul “ustoz” deya murojaat qilaveradilar.
Kezi kelganda, andakkina manfaat ilinjida sho‘rlik ustozning ko‘zlarini o‘yib olishga tayyor turadilar.
NURSIZ “YULDUZ”CHALAR
San’at olamida deyishga til bormaydi, shou-biznesda soxta, zo‘raki “yulduzcha”lar juda ko‘payib qoldi.
Ular shunchalar ko‘pki, sanayman desangiz, boshingiz aylanib ketadi. O‘g‘irlangan kuy, rasvo tarjima yoxud o‘zbek tiliga mutlaqo daxli bo‘lmagan poyintar-soyintar so‘zlardan iborat qo‘shiq ijrochilari o‘zlarini shunday baland tutishadiki, bu nursiz “yulduzcha”lar qilig‘idan tinglovchilar, haqiqiy san’atkorlar bilan birga mumtoz kuy-qo‘shiqlar ham uyalib ketadi.
O‘TAYOTGAN KUNLAR
“Do‘rmon”da o‘tkazgan soatlar, kunlar,oylar, ularning yig‘indisi o‘laroq yillarim hayotimning eng yorug‘, tinch, osuda, barakali damlaridir. Bu so‘lim maskanda juda ko‘p do‘stlar orttirdim, samarali ijod qildim.
SЕVIMLI MASHG‘ULOT
Adabiyot, so‘z san’ati – jon fido qilishga arzigulik sevimli mashg‘ulot hisoblanadi.
YUKSALISH VA TUBANLIK
Insonni juda yuksaklikka odam bolasi ko‘taradi.
Uni tubanlik qa’riga tushirib yuboradigan mavjudod ham xuddi uning o‘zginasi…
IKKI QUYON – BЕSh QUYON
Ikki quyon ortidan yugurgan bittasiga ham yetaolmaydi, deyishardi.
Endi bo‘lsa, bir yo‘la besh quyon ortidan quvib, hammasini tutib olib, mo‘may pul topayotganlar juda ko‘p.
NOCHOR DAHOLAR
Katta va baland minbarlar, qabr boshi yoki ma’rakalarda marhumlarni ko‘kka ko‘tarib maqtab, “daho” deya nutq irod etayotganlar sho‘rlik, nochor daholar bir burda non, andak e’tibor va e’tirofga qanchalar zor bo‘lishganini nahot unutishgan bo‘lishsa? Ular marhumlar ruhini bezovta qilmay, o‘zlari yolg‘onchilik, ikkiyuzlamachi va munofiqlik dahosiga aylanib borayotganlarini his etsalar yaxshi bo‘lardi.
MASH’UM IZLAR
Mustamlaka davri o‘zbek adabiyoti asarlarini o‘qigan zukko kitobxon ularning bir jihatini sezmay qolmaydi. Har bir asarda istilochilar g‘oyalarining mash’um izlari yaqqol sezilib turadi. Bu o‘rinda, albatta, erkin, hur fikrli adiblarimiz, jahon adabiyoti asarlari istisno qilinadi.
Sho‘ro mafkurasi iskanjasi ta’sirida yozilgan barcha asarlarda erkin inson, shaxs, shaxsiyat kamoli emas, jamoa, jamoaviylik ulug‘lanadi. Muallif “men”i o‘rniga “biz” so‘zi ishlatiladi.
Bir qolipga solingan, qonun-qoidalar, cheklovlar bilan o‘rab-chirmalgan qarashlar muallif irodasi bilan emas, hukmron mafkura talablari asosida harakat qiladilar, yashaydilar, kezi kelganda “qahramonlarcha” umum ishi uchun qurbon bo‘ladilar.
Bu qoliplarga sig‘magan adiblar mahv etilganlar.
Hukmron Sho‘ro mafkurasi sinalgan sxema-qoliplardan biri “Prishyol– uvidel – pobedil” bo‘lib, unga qattiq urg‘u berilardi. Ya’ni bosh qarhamon qayoqqadir boradi, muammolarni ko‘radi va darhol g‘alaba qiladi. “Ura-ura” aslida turkiy tilda “Urho-ur”.
Hayotda esa bunday bo‘lmaydi. Mafkura rahnamolari yo‘q narsani bor qilib ko‘rsatishga ustasi farang edilar.
Haqiqatda esa, hayotimizda, adabiyotimizda yuqoridagi illatlar yangi, zamonaviy talqinda uchrab turibdi. Bolshevizm qoliplaridan hamon qutula olmayapmiz.
Achinarlisi, aql o‘rgatuvchi so‘zbozlar, “daho” maqomidagi qahramonlar ko‘payib ketdi.
Haqiqiy adib esa, diydiyo, nasihat qilmay, davr, makon va zamon ruhini bor bo‘y-basti bilan aks ettirib, hayot hikmatlari va illatlarini, qahramonlar ichki kechinmalarini aniq ko‘rsata olishi kerak.
O‘qish, uqish, xulosa chiqarish kitobxonlar zimmasida.
KATTA PUL VA ADOLAT
Katta pulda hech qachon adolat bo‘lmagan, bo‘lmaydi ham. Katta pul egalari Dunyodagi jamiiki ezgulikni sotib olsa bo‘ladi, barcha muammolarni aqcha yordamida hal etish mumkin, deb o‘ylashadi. Qabohatlarni zar kuchi xaspo‘shlay oladi, deya qattiq ishonishadi.
Allohga behisob shukrlar bo‘lgaykim, aslida aslo bunday emas…
KAMYU XAVOTIRI
Inson sekin-asta ablahlashib boraveradi, deya yozg‘irgan Alber Kamyu. Adib hayot bo‘lganida bu jarayon juda tezlashib ketganini e’tirof etgan bo‘larmidi?
KUNLAR
Yozmagan, yozolmagan kunlarim hayotimning og‘ir, besamar davrlaridir.
O‘ZINI TANIMAGAN SHOIR
Shoirning 80 yilligi tantanali nishonlandi. To‘rt tomondan tabrik, qutlov, unvonu sovg‘alar do‘ldek yog‘ildi. Kamida 30 yil kechikkan maqtovlar, dil so‘zlari yangradi. Bundan keksa shoirning boshi gir-gir aylandi. Oradan bir necha kun o‘tgach, qariyaning sinfdosh do‘sti qo‘ng‘iroq qilib, gina qildi: “Yelkangga to‘n yopgandim, qayrilib qaramading, hatto meni tanimading ham”.
Shoir o‘zini shunday oqladi. “Qo‘ysang-chi, birodar, meni shu qadar ko‘p maqtashdiki, sen tugul, o‘zimni ham tanimay qoldim-u…”.
FARYOD
Cho‘lpon “Boshimni zo‘r ishga berib qo‘yibmen…”, deya faryod chekadi. Haqiqiy ijodkorlarning deyarli hammasi shu ahvoga tushadi. Boshini berib qo‘ygani, jismu joni yonib ketganini sezmay ham qoladi.
So‘ngra aziz boshini toshga uradi…
SHO‘RPЕSHONA… HUSN
Ba’zi qizlar, ayollar shunchalar ko‘p pardoz-andoz qilishadiki, bo‘yoqning soyasida tabiiy, haqiqiy husn ko‘zga tashlanmay qoladi.
Husn peshonasining sho‘rligi shunda bo‘lsa kerak…
EHTIYOT CHORALARI
Adibning o‘zi va so‘zi bu alg‘ov-dalg‘ov dunyoda tamomila yo‘qolib ketmasligi uchun u hayotligida hamma ehtiyot choralarini ko‘rib qo‘yishi kerak.
SHOIR, ShЕ’R, SHIRIN SO‘Z…
Adib yetmish besh yoshi arafasida hamqalam birodarlari uchun kamtaringina dasturxon yozib, o‘zi osh damladi.
Hamma jamuljam bo‘lgach, mashhur shoir Shamsiddin Sadoiy davra boshlanmasdan sal oldin yozgan she’rini qiroat bilan o‘qib, mezbonni burgutga qiyosladi. Hamma baravariga qarsak chaldi. Nisbatan yoshroq shoir va tarjimon shunday dedi: “Shu telba dunyoda, zamon va makonda o‘zingiz-da, so‘zingiz-da qadr topishini juda-juda istayman…”
Adibning davra to‘rida o‘tirgan eski do‘sti ta’sirlanib, xitob qildi:
Qani endi shunday bo‘lsa, koshki edi shunday bo‘la qolsa… Axir bu shirin so‘zlar hammamizga qanchalar kerak, qanchalar yoqimli…
Inson baribir shirin so‘zning gadosida.
KITOBSIZLAR, KITOBSIZLIK
Qaysidir zamonlarda “Kitobxon”, “Kitobsevarlar” jamiyatlari bo‘lar, ular qandaydir vazifalarni bajarishar, el-yurtga ozmi-ko‘pmi ziyo tarqatisharda, albatta.
Hozir o‘ylab qarasam “Kitobsizlar”, “Kitobsizlik” ko‘ngilli jamiyatlarini tuzish vaqti keldi, chamasi. Bu sho‘ring qurg‘urlar el-yurtga nima ulashishlari menga qorong‘u. Faqat ular vazifalarini yaxshi bajarishiga ishonaman.
TЕMIR YO‘L
Temir yo‘l… Poyezdga chiqsangiz, u qay manzilga, qachon yetib borishi, kuni, soatu daqiqalarigacha aniq bo‘ladi.
Ammo hayot yo‘llari bunday emas. U qachon, qay manzilga olib borishini Allohdan bo‘lak hech kim bilmaydi.
Ha, Hayotning shafqatsiz, temir qonunlari bor-u, qay manzilga olib borishi ma’lum bo‘lgan temir yo‘llari yo‘q…
VAYSAQILAR
Keyingi yillarda hayotimizda vaysaqilar, vaysaqilik juda ko‘payib ketib, kasallik, epidemiya darajasiga borib yetgan bo‘lsa, ajab emas. Qayerga bormang, ishxona, jamoat transporti, yo‘l, oila, bozor, rastalarda quruq gap, safsata, yolg‘on, baqir-chaqirdan qulog‘ingiz qomatga keladi, boshingiz aylanadi, ko‘nglingiz ayniydi.
Hamma birvarakayiga kar bo‘lib qolganday baland ovozda gapiradi.
Aksiga olganday, tobora rivojlanib borayotgan texnika vositalari ko‘proq pul ishlash ilinjida vaysaqilikka qulay sharoit yaratadi. Qo‘l telefoni orqali vaysaqilik, internet-vaysaqilik… Hozir ko‘pchilik, ayniqsa, o‘smirlar, yoshlar uzzu kun internetdan chiqmaydilar, qo‘l tefonidan bo‘shamaydilar, to‘xtovsiz, yemay-ichmay gaplashadilar. Bu sho‘rliklar qachon o‘qiydilar, yashaydilar, sport bilan shug‘ullanadilar, buni hech kim bilmaydi.
Aloqa kompaniyalari bo‘lsa, mijozlarni ko‘paytirish ilinjida oyiga 25 ming so‘m evaziga “bor-yo‘g‘i” 45 ming daqiqalik so‘zlashuv taklif etishyapti.
Axir, shuncha vaqt to‘xtamay gapirgan odam esi og‘ib, og‘ir xastaliklarga chalinib qoladi-ku!
Fikrimcha, safsatabozlikni bas etib, bir-birimizga ko‘proq e’tibor qilsak, yaxshi bo‘lardi.
G‘ALABA
Zamonaviy dunyoda pul, mol-davlat, kuch, ochko‘zlik, hirs-havas g‘alaba qilayotgandek ko‘rinsada, kun kelib, So‘z, Haq So‘z g‘alaba qilishiga, mutlaq g‘olib bo‘lishiga qattiq ishonaman!.. Zero, Inson, Insoniyat, Dunyo Haq so‘zdan yaralgan ekan, shunday bo‘lishi tabiiy.
TAQIQLAR
Bu dunyodagi jamiiki qonun-qoidalar, ta’qiqlar, qamoqxonalar, hatto otib o‘ldirish hukmi ham inson atalmish mavjudotni andak insofga keltirish, ko‘r ko‘zlarini ochib qo‘yish uchun o‘ylab chiqarilgan, aslida.
HAYOT O‘GITLARI
Ushbu asarning muallifi aslida men emas, balki biror soniyasini oldindan bilib, rejalashtirib bo‘lmaydigan hayotning o‘zidir. Qog‘ozga tushirganlarim – Hayotning, Taqdirning men gumroh banda ko‘zlarini kattaroq ochish uchun bergan saboqlari, o‘gitlari, tarbiyasi, xolos…
XOSIYAT
U jahon adabiyoti yirik namoyondalari haqida ko‘p va xo‘b yozdi, tinimsiz yozaverdi. Yoshi bir joyga borganida o‘zi qay darajaga yetganini ham bilmay vafot etdi.
Hozir u jahon adabiyoti buyuk namoyondalaridan biri hisoblanadi.
Buyuklar sharofati shu bo‘lsa kerak.
“TILLA BUVA”
Yosh bog‘bon yigit meni “Tilla buva” deb ataydi.
Har gal uchrashib qolganimizda “Tilla buva, qalaysiz?”, deya ko‘ngil so‘raydi.
Men “Qalay emas, sen aytganday tilla, oltin bo‘lishga harakat qilayapman”,deyman. So‘ngra har ikkimiz o‘z yo‘limizga ketamiz.
“O‘Z-O‘ZINGGA QULOQ SOL!”
Aqlimni taniganimdan buyon, butun umrim davomida o‘zimni-o‘zim va boshqa birovlar to‘qib chiqargan turli-tuman qonunlarga bo‘ysunishga majburlab yashadim. Bundan yutdimmi, yutqazdimmi, bir nima deyishim qiyin. Harqalay, unchalik zarar ko‘rmadim, nazarimda.
Bunday “uslub” hozir har qadamda uchrab turadigan muammolarni xiyla oson yechishga qo‘l kelar ekan.
Yaqinda hamkasb ayollardan biri so‘rab qoldi:
– Muammolarni hal etish va badiiy ijod bilan shug‘ullanishga qanday qilib vaqt topasiz?
Ayolga javobim shunday bo‘ldi:
– Ma’lumingizkim, pensiyadagi kishi uchun vaqt kamligi katta muammo emas. Demoqchimanki, tongi soat to‘rtdan, tungi soat 12 gacha hamma vaqt o‘z ixtiyorimda. Boz ustiga, ichki intizom, sabr-toqat, to‘zim, iroda va andakkina o‘z ustingdan kula olish qobiliyati bo‘lsa, kifoya. Yechilmagan muammolar qolmaydi, ijod ham barakali bo‘ladi.
Hammamizga to‘zim bersin!..
“TUSHDI KO‘ZIM, YONDI DILIM…”
“Tushdi ko‘zim, yondi dilim…”, deya lutf etadi, shoir Shamsiddin Sadoiy.
Jononaga tushadigan ko‘zlar, yonadigan dillar juda bisyor, ammo ko‘zi tushsa-da, dili yonmaydigan, hissiz sovuq yuraklar ham bor, albatta.
BЕMAHALDA TAQILLAGAN ESHIK
Eshigingiz bemahalda taqillab qolsa, bundan sira og‘rinmang. Eng avvalo, eshik va kulbangiz borligiga shukur qiling. Boz ustiga, u onda-sonda taqillab turgani yaxshi. Axir, sizni hech kim yo‘qlamay qo‘ysa nima qilar edingiz?..
O‘zingiz ham ba’zi-ba’zida kimningdir eshigidan kirib borganingiz yaxshi…
Darvoqe, ibtidoiy jamoalarda eshik, uni taqillatish odati bo‘lganmi, yo‘qmi, bunisini bilmayman. Har qalay, inson odobi sekin-asta shakllangan bo‘lishi kerak.
YAXSHILAR, YOMONLAR
Qaysidir kishining vafotidan so‘ng, kimlardir eslashi uchun u boyliklar, unvon, mansablar egasi bo‘lishi shart emas, nazarimda. Marhum hayotligida qilgan yaxshi-yomon amallarining o‘zi kifoya.
“ELЕKTRON KO‘ZLAR” SAMARASI
Hozir hamma joyda urf bo‘lgan kuzatuv kameralari boyaqish insonning har bir qadamini poylaydi, ta’qib qiladi. Kezi kelganda, kimdir haq, kimdir nohaqligini isbotlash uchun dalil bo‘la oladi.
Ammo bu ixtiro inson bir-birini kuzatganidek samarali bo‘lmasa kerak. Sho‘rlik odamlar yorug‘ dunyoda ko‘z ochishlari bilanoq, bir-birlarini kuzata boshlaydilar. “Bu ta’qib” “elektron ko‘zlar” nazoratidan o‘n chandon, yuz chandon xavfliroqdir. Chunki kuzatuv kameralari borini to‘g‘ri, xolis, hissiyotga berilmay, aniq ko‘rsatadi. Inson nigohi esa u do‘st-dushmanligiga qarab, xolis-noxolis ko‘rsatadi. Bu ko‘zlarda yolg‘on, ta’ma, hasad, qabohat, noxolislik bo‘lishi mumkin…
Alloh aziz boshingizni shunday ko‘zlardan asrasin.
POYI-PIYODA YOZILGAN ROMAN
Ushbu bitiklar bir necha yil piyoda yurilib, dastavval adib o‘y-xayollariga yozilib, so‘ngra qog‘ozga tushdi.
E’TIBORGA TUSHGAN KISHI
Kimningdir diqqat-e’tiboriga tushgan kishi keyinchalik noqulay ahvolda qolishi hech gap emas…
HUR-U, ASIR ODAMLAR
Shunday hazrati insonlar bor… Ular o‘z-o‘zlari, vijdonlari tutqunlari, asirlaridirlar. Aslida, bunday kishilar dunyoda eng ozod, hur odamlar bo‘lsalar, ajab emas.
VIJDONNING QADRSIZLANISHI
Aksariyat tijoratchi, tadbirkorlar narx-navoning to‘xtovsiz oshib borishini asosan pul qadrsizlanishi bilan izohlaydilar.
Aslida esa, bu holat o‘zaro munosabatlar, vijdon, oxir-oqibat, odamgarchilik, odamning behad qadrsizlanishi bo‘lsa kerak…
SOXTA DO‘STLAR
Inson dushmanlaridan emas, do‘stlari, ayniqsa, soxta do‘stlaridan qo‘rqishi kerak.
“PAXTAZOR”
“Paxtazor” so‘zini hamma vaqt ham o‘z ma’nosida tushunish shart emas. Ushbu kalima “paxta qo‘yuvchilar maskani” deya tushunilishi ham mumkin.
O‘ZARO MUNOSABAT
“To‘qlik” va “to‘qchilik”, “ma’naviy to‘qlik” tushunchasiga to‘g‘ri kelmaganidek, “ochlik” so‘zining “ma’naviy ochlik” kalimasiga sira aloqasi yo‘q.
OZODLIK
Inson chin ma’noda ozod sanalishi uchun bir necha shartlar bor. Eng avvalo, ong, ruh, qalb, ko‘ngil ozod bo‘lishi darkor. Shundan keyin jismu jon ozod bo‘lgusidir. “Ozod inson” – qanchalar mag‘rur, ulug‘vor so‘zlar.
TILANCHILAR
Kimlardandir, ayniqsa, farzandlardan mehr-oqibat, e’tibor va marhamat tilanish inson, eng avvalo, ota-ona sha’nini yer bilan yakson qiladi.
HAQORATLI MARHAMAT
Keksa erkakka yosh ayolning rahm-shafqat aralash marhamati eng yomon haqoratdan tahqirliroqdir.
MUHABBAT ARMONLARI
Yigit-qizlar ilk muhabbatlari baxtiga erishaverganlarida dunyoi dunda Muhabbat yolg‘onlari, sevgi armonlari bo‘lmasmidi?..
“XURMACHA QILIQ”
Ayrim ota-onalarning ayrim xurmacha qiliqlari ayrim farzandlarning mehr-oqibatsizligi, loqaydligi, toshbag‘irligiga qarshi isyon bo‘lsa kerak.
UYAT
Chol tartib-intizomli, odobli, xiyla keksaligiga qaramay o‘zini yaxshi tuta olardi.
Uning birgina aybi bor, jamiyatda tobora kuchayib borayotgan odobsizlik hollariga befarq qarab turmasdan uyatdan qizarib ketardi.
Yoshlar, ayrim kattalar ham salomlashishni unutib qo‘yayotganlari qariyani tashvishga solardi.
NODЕMOKRATIK TA’QIQLAR
Keksa odamga hayot ravo ko‘radigan taqiqlarni dunyoda eng nodemokratik davlat ham o‘z fuqarolariga ravo ko‘rmasa kerak.
XAVFSIZLIK CHORASI
Ayrim sodiq do‘stlar sidqu vafosi it sadoqatiga o‘xshab ketadi. Ehtiyot bo‘lmasangiz qopib olishi heya gap emas.
ENG TЕZKOR INTЕRNЕT
Ayollar o‘rtasida tarqaladigan xabarlar, yangiliklar tezligiga biror bir internet tarmog‘i tenglasha olmaydi.
DARAXTLAR TITRAGANDA
Keksalar qishki bog‘dagi bor-budidan mosuvo, sovuqda dag‘-dag‘ titrayotgan daraxtlarga o‘xshab ketishadi.
YORUG‘ YUZ
Ayrim insonlar vafot etganlaridan so‘ng, biroz vaqt o‘tgach, ularning yuzlari nurlanib, juda chiroyli tus oladi. Bu ularning Alloh oldida yuzlari yorug‘ligi nishonasi bo‘lsa, ajab emas.
ENG YOMON HISOBCHILAR
Mabodo, ota-onalariga haqlari ketib qolgudek bo‘lsa, hammasini aniq hisob-kitob qiladigan farzandlar – eng yomon hisobchilar bo‘lishadi…
G‘IRROM O‘YIN
Hayot – qoidasiz, g‘irrom o‘yin bo‘lsa kerak.
TUYA QILINGAN NON
Adabiyot korchalonlari badiiy ijod yo‘lida jonini fido qilgan va qilayotgan haqiqiy adiblarni e’tirof etmay, ularning halol nonini tuya qilib, qalang‘i-qasang‘i “ijodkor”lar “asar”larini ko‘tar-ko‘tar qilib, og‘ir gunohga botishayapti. Ular Alloh g‘azabidan qo‘rqsalar bo‘lardi…
EHTIYOT BO‘LING, XUSHOMADGO‘Y…
Agar siz halol mehnat bilan “murabbiy” darajasiga ko‘tarilgan bo‘lsangiz atrofingizda “ustoz, ustoz” deydigan xushomadgo‘ylar juda ko‘payib ketsa, ulardan uzoqroq qoching. Bunday nusxalar shogird emas, tovlamachilardir… Ular muborak nomingizdan mansab, martaba, pul topish yo‘lida foydalanish uchun tilyog‘lamalik qiladilar.
QUYOSH
Quyoshdan ibrat oling. U hali chiqib ulgurmay, tafti sezila boshlaydi…
QO‘RQINCH
Allohdan qo‘rqmaydiganlardan qo‘rqinglar!..
ALLOH QO‘LI
Alloh ursa, qo‘lining ovozi eshitilmaydi. Ammo urganidan, so‘ng davosi sira topilmaydi.
Rahmatlik onam ushbu so‘zlarni ko‘p takrorlab yurardilar.
BOZOR AYLANING…
Bundan chamasi yigirma besh yillar burun akam bozordan qaytganlaridan so‘ng, nolib kolardilar:
– Qachon bozorga borsam, kayfiyatim buziladi. Biror sotuvchi rost gapirmaydi, aldaydi.
Men esam ustoz G‘afur G‘ulom maslahatlariga amal qilib, bozor aylansam ko‘nglim ochilardi.
Akamni xafa qilmaslik uchun u kishiga hech nima demay qo‘yaqolardim.
Mana endi bo‘lsa, o‘zim raxmatli akamning ahvollariga tushib o‘tiribman.
P.S. yaqinda bir kilo soyaki mayizni yetmish ming so‘mga xarid qilgandim. Qariyb yigirma foizi chiqitga chiqdi.
XUSH QADAM
Uzoq vaqt hech kim kirmagan xonaga ayol qadam tashlasa, quyosh charaqlab chiqqandek bo‘ladi.
VIJDONNING QARORGOXI
Insof, diyonadli kishilar vujudida vijdon qarorgoxi – yurak sanaladi.
QALB KO‘ZI
Inson ko‘ziga tikilish – uning ko‘ngli, qalbiga nazar solish bilan barobar.
OSHGA SOLINGAN ZAHAR
Kitob o‘qilmaydigan jamiyatda adibga hasad qiluvchilar, noxayrixoxlar ko‘p bo‘lsa kerak. Ular so‘z zahmatkashining halol oshiga ilondek og‘u soladilar. O‘sha nobakorlar so‘z izlovchilarning asar yozish uchun chekkan azoblariga hech bo‘lmasa bir kungina chiday olsalar, aslo hasad qilmas edilar.
“SUYANCH TOG‘LAR”
Chol-kampir juda qartayib qolishgach, yaqin kishilariga suyanishdan bezib ketishdi. Shunda boyaqishlar eng so‘nggi chora sifatida o‘z-o‘zlariga, bir-birlariga suyanadigan bo‘lishdi.
“O‘Z-O‘ZIGA XIZMAT”
Kitobxonlik nochor ahvolga tushib qolganidan so‘ng, ayrim asabi sal bo‘shroq adiblar o‘z asarlari haqida ijobiy taqrizlar yozdirib, ijodlari haqidagi kitoblarni o‘z hisoblaridan chop ettira boshladilar. Ayniqsa, turli yubileylar arafasida bunday buyurtma kitoblar juda ko‘payib ketadi.
Sho‘rlik hamqalam do‘stlarimni ayblashga sira tilim bormaydi.
Adabiyotshunoslar, tanqidchilar o‘z ishlarini bajarishmasa, hech kim, hech nima o‘qimasa, ular nima qilishsin?
ILK MUHABBAT BAXTI
Birinchi muhabbatiga erishganlarni omadli insonlar deyish mumkindir, ehtimol.
Biroq, ularning hammasini ham baxtli insonlar deyish mumkinmi, yo‘qmi, bu haqda jiddiy o‘ylab ko‘rish kerak.
YURAK BILAN HAMOHANG
Adibning yuragi urib turar ekan, uning qalami ham xuddi shunday– bir maromda tebranib, ishlab turishi kerak.
YARALANGAN YURAK
So‘z san’atkori ko‘nglini har kimga ham ochavermasligi kerak. Aks holda, adabiyot qadrini, yozuvchining jamiyatdagi o‘rnini bilmagan, bilishni ham istamagan nodonlar uning yuragini yaralab qo‘yishlari hech gap emas.
ODDIY VOQЕA
Yozadiganlar va yozmaydigan kishilar o‘rtasida katta farq bor. Badiiy ijod ahli fojia hisoblagan hodisalarni ijodkor bo‘lmaganlar oddiy voqea sanashlari mumkin.
Xuddi shunday, oriyatli va oriyatsiz, to‘g‘ri hamda o‘g‘ri odamlar o‘rtasida katta tafovutlar bor.
HISOBOT
Vaqt qadrini biladigan zukko odamlar u qanchalar tez o‘tib ketishini yaxshi tushunishadi. Va bu xususda o‘zlariga tez-tez hisobot berib turishadi…
O‘Z-O‘ZINI TANQID
Kamchiliklarni ko‘ra olish va tanqid qilishda biror bir kishi aka-ukalar, opa-singillar oldiga tusha olmasa kerak.
TARBIYACHI
Butun umr davomida Hayot odam bolasini shunchalar mukammal tarbiyalay oladiki, buning uchun maxsus odamlar, mashg‘ulotlarga hojat qolmasa kerak.
XIRMONLAR
Kuz faslida dehqonlar mehnatlariga yarasha xirmon ko‘ratishadi.
Umr kuzida insonlar qilgan yaxshi-yomon amallari hosiliga ega bo‘lishadi.
“ISHONCH”
O‘z-o‘ziga ishonch masalasida hech bir kishi axmoqlarga tenglasha olmaydi.
ERNING SHO‘RI
Go‘zal, aqlli va boy xotin erning sho‘ridir… Ushbu xodisot zo‘r erkaklarga taalluqli emas.
QOROVUL
Katta miqdorda budjet mablag‘larini o‘zlashtirgani, poraxo‘rligi uchun qamalgan hokimni yoshligidan yaxshi bilardim.
Qamoqqa olinganini eshitganimdan so‘ng, u o‘z vazifasiga loyiq edimi deya ko‘p o‘yladim. “Loyiq emas edi”, deya bir qarorga kelganimdan so‘ng, xayolimdan shunday fikr kechdi: “U oliy ma’lumotli, chalasavod bo‘lsada, qorovullikka yarasa kerak”. Ammo tezda bu fikrimdan qaytdim. U sho‘rlik qorovullik qilganida ham baribir o‘g‘ri bo‘lardi…
G‘OLIB-U, MAG‘LUB…
O‘z-o‘zini yenga olish – eng shirin mag‘lubiyat, eng masrur g‘alabadir.
SAN’AT QURBONLARI
“San’at qurbonlik, qurbonliklar talab etadi”, degan ibora bor.
Adabiyot – so‘z san’ati. Demak, u ham qurbonlar talab qilishi tabiiy.
Xulosai kalom, adiblar so‘z san’atiga shirin jonlarini qurbon etadilar.
QOR ZARRALARI
Eng kichik hikoyalarim bir-biriga emas, hech qachon bir-birini takrorlamaydigan, beg‘ubor qor zarralariga o‘xshashini juda-juda istar edim.
O‘ZIGA MOS, O‘ZIGA XOS…
U sho‘rlikning tabiati juda o‘ziga xos edi.
Boyaqish ba’zan o‘zidan achchiqlanib, arazlab, tumshayib yurardi.
MUALLIFNI BOQISH KЕRAKMI?..
Savol andak qo‘pol bo‘lsa-da, shu kecha-kunduz uchun juda dolzarb. Shu boisdan savolga javob berib, so‘ng maqsadga ko‘chmoqchiman.
Agar noshir, bosh muharrir, muharrirlar mualliflarni, adibni odam o‘rnida ko‘rib, haq-huquqini tan olishsa, mehnatini yerga urmaydigan miqdorda qalam haqi to‘lashsa, hech kim hech kimni boqishga majbur emas.
Oriyatli adib birovdan aslo sadaqa so‘ramaydi!
Endi yuqoridagi savol qayerdan paydo bo‘lgani haqida gapiraman.
Ushbu tahqirli muammo keyingi o‘ttiz yilda paydo bo‘ldi, juda tez rivojlandi, chuqurlashdi. Adiblar uchun hayot-mamot masalasiga aylandi. Necha-necha iqtidorli adiblar o‘n-o‘n besh yillik og‘ir mehnatlari uchun bir tiyin ham qalam haqi olabilmay, muhtojlikda yashadilar, o‘lib ketdilar. Shaxsan o‘zim ham bu bedodlikdan ko‘p aziyat chekdim. E’lon qilingan yigirmadan ortiq kitoblarimdan faqat beshtasi uchun qalam haqi oldim. Bu pullarning miqdori shu qadar tahqiromuzki, undan tilanchi ham qoniqmasa kerak.
To‘g‘ri, keyingi yillarda qalam haqi masalasida andak ijobiy siljishlar bo‘lganday ko‘rinadi, ammo bu borada loqaydlikning muz tog‘i hamon erigani yuq. Hanuz katta qalam haqi endi asosan, poytaxtda yashovchi mansabdor, unvondorlar uchun. Viloyatda yashayotganlarga hech vaqo yo‘q. Yoki ularga beriladigan qalam haqi aytarli emas.
Aslida esa men “Muallifni boqish kerakmi?”, degan savolga emas, “Muallifni boqish kerak!”, degan yarim hazil, yarim chin tayyor javobga duch kelgandim. Javob bizning hayotimizdan bo‘lmagani uchun, ko‘nglim yanada cho‘kkandi.
YORILMAGAN BOSH
Insonga otilgan toshlar boshni yorsada, aslida bechora yurak yaralanadi…
HAYOT MANTIG‘I
Hayotda zulm, adolatsizlik, mantiqsizlik juda ko‘p. Kimlardir ana shu bedodliklarga qarshi tura olish uchun qo‘llariga qalam olishadi. Kun kelib, ular hassos adib bo‘lib yetishishlari mumkin.
YAXSHI SIFATLAR
Hamma sifatli mahsulot qolmadi, deya dod-voy qiladi. Axir, odamlarning o‘zlarida ham sifat, yaxshi sifatlar tobora kamayib boryapti-ku!
ARZONCHILIK
Odamdan bo‘lak barcha moddiy ne’matlar juda qimmatlashib ketdi.
ASLO SHOSHILMANG!
Kimgadir atalgan yaxshi so‘zlaringizni aytishga shoshiling.
Dilni og‘rituvchi yomon so‘zlarni aytishga esa sira shoshilmang.
Vaqti-soati kelib ular yaxshi so‘zlarga aylanishiga umid bor…
TAYYORGARLIK
Kitob o‘qimaslikning ko‘p sabablari tilga olinayapti. Uning oqibatlari haqida lom-mim deyilmaydi. Holbuki, bu haqda ko‘proq gapirish, jiddiy o‘ylash kerak.
O‘zim esa kitob o‘qimaslikning yana bir sababi haqida gapirmoqchiman.
Bu sabab – gazeta-jurnallarning adadi, so‘zi va o‘zi kun sayin kamayib borayotganida bo‘lsa kerak.
Vaqti-zamonida insoniyatning buyuk kashfiyoti bo‘lgan bosma nashrlar hozir qiyin ahvolda.
Holbuki, gazeta-jurnallar ommani kitobxonlikka tayyorlashning eng qulay, kuchli vositasi deb o‘ylayman. Boz ustiga, iste’dodli yoshlarning shoir, yozuvchilik, adabiyotning sirli olami sari yaqin yo‘li gazeta-jurnallarda ishlash orqali o‘tadi.
MUHABBAT…SIZLIK
Odamlar orasida muhabbatni sezmaslik kasalligi ham uchrab turar ekan. Buni soddagina qilib, “muhabbatsizlik” desa bo‘ladi.
Ularni ta’masiz sevgi bilan davolasa bo‘lar, ehtimol.
Ana shunday sevgi bor bo‘lsin!
GO‘ZALLIKDAN CHO‘CHIMANG!..
Naqadar buyuk, qanchalik ojizsan, hazrati inson!
Dunyoi dunda go‘zal ayollardan… qo‘rqish xastaligi bor ekan.
Faqat ushbu kasallik erkaklarda uchraydimi, yoki ayollar o‘rtasidami, aniqlik kiritilmagan.
Mabodo, erkaklarda bo‘lsa, keksalar go‘zal ayoldan ko‘proq qo‘rqsalar kerak deb o‘ylayman.
Ayollar esa raqobatchi sifatida go‘zallardan hayiqishadi, deya taxmin qilgan bo‘lardim.
BUYUK XALOSKOR
So‘z san’ati sanalmish Adabiyot buyuk xaloskor, Buyuk ijodkor.
Alloh, o‘z yaralmishlarini So‘z aytish ila bunyod etgan.
Inson o‘z xaloskori Mumtoz Adabiyotni yaratdi.
Jahon mumtoz adabiyotidan qoniqarli darajada (“3” bahoga) xabardor bo‘lgan odam o‘zini yolgiz sezmaydi.
Ulug‘ ijodkorlar – Alloh va so‘zga hamdu sanolar bo‘lgay!
SO‘NGSO‘Z
Ulug‘ adib, uch marta Pulitser mukofoti laureati Tornton Uaylder shunday deydi:
— Ko‘pchilik adabiyotni uslub deb o‘ylaydi. Aslida u qalb kalitidir.
2020 yil, savr oyi – 2023 yil
aqrabning yettinchi sanasi.
Romitan–Toshkent–Do‘rmon
