Rajab Xolbek. Yangi she’rlardan

05Сурхон воҳасининг Вахшиворидан бўлмиш Ражаб Холбек шеърларини олдин ҳам эълон қилганмиз. Вилоятлардаги ўзига хос ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бугун етакчи мақсадимизга айланганини таъкидлаб, шоирнинг янги шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Ражаб ХОЛБЕК
ШЕЪРЛАР


25Ражаб Холбек (Мамаражаб Холов)- 1956 йил 10 март куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг гидромелорация факультетини тугатган. Шоир шеърлари вилоят ва мамлакат адабий нашрларида эълон қилинган.


***

“Бу урушни енгиб бўлмайди”
Эрнест Ҳемингуэй

Алдоқлар дунёни
Бездириб турар,
Гарчи дунё қанчалар масъум.
Гоҳ яширин, гоҳо очиқча
Фирибгарлар ўқийди афсун.

Алдоқлар дунёни
Оздириб турар,
Донолар ҳам турар тил тишлаб.
Бу дунёнинг муттаҳамлиги
Юраверар кўксига муштлаб.

Урушми ё,
Қанақа уруш?
Ҳеч кимсанинг қўли етмайди.
Инсон ўзин тузатмаса гар
Алдовлари мутлақ кетмайди.

12.02.2025 й.

***

1
Палағда тухум,
Сасигандай
Сасиб турар
Сенинг хунобинг.

Тушунтириш қийин,
Уқтириш қийин
Топилса ҳам
Сўзингга жавоб.

2
Бошимни қашласам,
Кепаклар чиқар
Ғуссага айланиб
Дунёнинг кули.

Серзавқ эмас,
Дунёнинг куни
Жаҳлдор ва
Анчайин нодон.

Тортгим келар,
Ўнгирларимни
Қиздирувчи
Қуёш нурига.

3
Елкам куяр,
Кўзларим куяр
Қиздиргувчи
Қуёш нуридан.

Аммо қуёш,
Жон қадар қутлуғ
Тоблангим келар
Қуёш нурида.

13.02.2025 й.

***

Жуда юввош,
Яхши одамман
Мендан йироқ юради кибр.
Ҳар қандайин жоҳилликка ҳам
Топилади мен учун сабр.

Жуда юввош,
Яхши одамман
Ҳайиқмайди ҳатто болалар
Эгиб турсам бўйнимни агар
Шартта миниб олар набирам.

Жуда юввош,
Яхши одамман
Қош чимирган аёл кулмайди.
Менинг яхши одамлигимни
Ўзим билдим, бошқа билмайди.

13.02.2025 й.

***

Ёмғир ёғар,
Ёғар эзғилаб
Ва бобомнинг эски уйидан
Сизиб тушар томчи-томчилаб
Лой шаклига айланган ёмғир.

Момом эса,
Эски товоқни
Экиб чиқар уйнинг сатҳига.
Лаҳзаларни тебратган каби
Шалоплайди лойсувоқдан лой.

Алмашиниб,
Турар товоқлар
Қолганича ёмғирлар тиниб.
Ва момомнинг ҳаракатига
Олган каби ёмғирлар миниб.

8.04.2025 й.

***

Тоғли қишлоқнинг,
Бедапоя демиш жойида
Эрталабдан токи шомгача
Тўп ўйнадик
Кўнгил совуриб.

Кечга яқин,
Келиб қолди
Бедапоя қоровули
Ва бизларни ҳайдаб юборди
Асраб қолди бедапояни.

8.04.2025 й.

***

Ҳаяжони,
Бордир роҳати
Тушунтириш қийин бўлса ҳам
Уриниб кўраман ҳозир мен
Сизга қандай тушунтиришни.

У гул эди,
Ифоридан маст
Эгиларди баҳорий насим.
Димоғимга урилар эди
Ифорлар ва шўхчан табассум.

Менинг эса,
Кетгим келмасди
Ифорланган у гулдан йироқ.
Кўзларим боқарди гул томон
Олов нурлар ёнганча муштоқ.

9.04.2025 й.

***

Зангор осмон,
Ёки очиқ далада
Ё тўрт девор ичида қолиб
Сўлаётган гулга ўхшайман.

Қутқаролмас,
Мени ўзимдан бошқа
Бўйсуниш ёт менга ҳар қачон.
Қаршидирман ёт феълларга мен.

Сўлаяпман,
Ўзим сезмайин
Эшикли
Тешикли тўрт девор ичра.

9.04.2025 й.

***

Йигирма беш ёшимни қўшдим
Йигирма беш ёшингга сенинг
Рауф Парфи

Ўттизга ҳам,
Кирмайин ўлдим
Ва айирдим сенинг ёшингни.
Қолди гуллар гулзорда маъюс
Кўтарганча қабр тошини.

Бу дард эди,
Бу армон эди
Йўқ эдим мен ёруғ дунёда.
Яшаётган эдим гўёки
Тирикдайин буткул рўёда.

Ўттизга ҳам,
Кирмаган ёшим
Нималардан кўнгил тўқ эди.
Айирганда сенинг ёшингни
Тириклигим менинг йўқ эди.

9.04.2025 й.

***

Рауф Парфи хотирасига

Уйдан қочдинг,
Хотиндан қочдинг
Қочолмадинг бироқ ўзингдан.
Толстой ҳам уйдан қочган деб
Кетолмадинг айтар сўзингдан.

Ҳар бир япроқ,
Гуллар сен учун
Ёмғирларда қайта туғилдинг.
Ва номига Ватан деганлар
Овозида минг бор буғилдинг.

Ватан эди,
Туркистон сен-чун
Туркистон деб яшнайвердинг сен.
Айтаётган ҳар бир сўзингда
Ватан сўзин бошлайвердинг сен.

9.04.2025 й.

***

Қабрлари кўпдир,
Кўнглимнинг  —
Сон-саноқсиз қийнаган ўша.
Янги қабр қазгани ҳатто
Тополмайман кўнгилдан гўша.

Бу кўнгилнинг,
Қабрлари кўп
Етмай етар кунни оралаб.
Бу қабрлар чиқаверади
Мен ўзимни борсам қоралаб.

Боролмайман,
Кўнгил сари мен
Қадамларим бирдан узилар.
Кўнгил эса торайган сайин
Афсонадек йўллар чўзилар.

9.04.2025 й.

***

Соясида,
Улкан дарахтнинг
Мен ўзимни пешлагим келди.
Учгим келди осмонларга гоҳ
Соясида хушлагим келди.

Ўнг бурилдим,
Сўлга бурилдим
Сой сувидир совуқ анчайин.
Шундай дамда мен ёлғизликдан
Қайга борай, қайга қочайин?

Қўлга олдим,
Шавкат Рахмонни
Ва ўқидим Усмон Азимни.
Хуршид Даврон хаёлим тортди
Ҳижжалатиб менга назмни.

Шамол эсди,
Бирам роҳатбахш
Ёлғизликни сезмайин қолдим.
Ҳеч ким мени мажбур этмади
Мен-да, гўзал ўйларга толдим.

16.04.2025 й.

***

Қора кўзим,
Гултикан бўлиб
Қоматингга тикилган кезлар.
Сенинг кўзинг видолар айтиб
Ич-ичидан нимадир сўзлар.

Вақт ўтар,
Вақт-бу шамшир
Кесиб ташлар олдингиларни.
Мен ҳолатни такрор этаман
Кўрмагандек бу тоза гулни.

Қора кўзим,
Ёвқур гултикан
Пойлайверар ҳар бир қадаминг.
Ўз тилимдан бир сўз эшитмай
Келаверар шунда аламинг.

16.04.2025 й.

***

Яхши кўрган куйимни,
Хиргойи қилиб
Ғўнғиллаб юраман ўзимча.
Маъқул келмас бу ҳам кимгадир
Норозилик бўлар турлича.

Уялмайман,
Лекин бу ҳолдан
Нима қилиш бу менинг ишим.
Туш кўришми-кўраяпман туш
Ақлим турар ҳамон ҳушимда.

Инкор этманг,
Ўзимча яшай
Эркинлигим беринг ўзимга.
Мен дунёни гўзалроқ кўрай
Кенг кўринсин дунё кўзимга.

16.04.2025 й.

***

Шукур Холмирзаев хотирасига

Ғалат фикрлар,
Келар миямга
Уялиб ҳам кетаман баъзан.
Ҳаёт ўзи бўлиб жовидон
Ҳур фикрлар этаркан эҳсон.

Бу фикрлар,
Менинг борлиғим
Қувончим ҳам ёки ғамимдир.
Тополмасам жавобин баъзан
Нодонлигим ёки камимдир.

Ватан мангу,
Тараққиёт бор
Босқинчилар қонга ботирган.
Ва ҳамиша мард ўғлонлари
Ватан дея тонглар оттирган.

16.04.2025 й.

***

Шеър бошқарар,
Шубҳасиз бизни
Дилда бори тилга кўчади.
Магар дилда бўлмаса ўзи
Ҳеч шубҳасиз тилда ўчади.

Ишқ куйи ҳам,
Бошланар шеърдан,
Гўзалликни юрак куйлар лол.
Шеър бўлмаса магар дилингда
Гўзаллик ҳам бўлмас эҳтимол.

Ва асрнинг,
Сўнгги йиллари
Кўчиб кирди ташвишлар шеърга.
Мустақиллик, Озодлик ва Эрк
Ўхшамайин қолди ҳеч сирга.

Ва шоирлар,
Бор овоз билан
Ҳайқирдилар ўқиганча шеър.
«Ватан» сўзи жаранглаб кетди —
Оламларда сузди тасаввур.

16.04.2025 й.

***

Сизаяпман,
Булоқ сувидек
Сизганимни ҳеч ким билмайди.
Янги булоқ кўз очди дея
Тоғлар яна мағрур кулмайди.

Ҳолбуки мен,
Минглаган гиёҳ
Тоғ ҳуснига қўшаман ҳусн.
Ва тоғларни айланиб юрган
Ҳаволарга бўламан фузун.

Дийдираган,
Кўксимда ҳали
Томчи сувнинг ёвуқлиги бор.
Эл дардига дарддош бўлмаган
Томчиларнинг совуқлиги бор.

16.04.2025 й

***

Синдириб туришар,
Ҳар кун қобирғам,
Ўнглаб олишимга
Қурбим етмайди —
Бу борада танаффусим йўқ.

Нафақадаман,
Қарилигим ҳам
Панд беради бунинг устига.

Йиғлай десам,
Кўзимда ёш йўқ —
Қуриб қолган қорачиғим ҳам.

Ўтолмайман,
Ҳар бир кунимни
Қаршилайди ҳар қадамда ғам.

Менинг эса,
Ўлгим келар тинчгина —
Тупроқ қабул қилолса магар.

24.04.2025 й.

***

Қочаяпман,
Ўғри мушукдай
Оппоқ тушлар исканжасидан.

Тун ҳам,
Тонг ҳам
Кўрсатолмас ўз ёрдамини

Ва фойдасиз,
Кўринар менга
Ночор ҳаёт ва ғариб тушлар.

Аллақачон,
Сен сингиб кетдинг
Мулзамликнинг паллаларига.

Энди мени,
Танимассан ҳам
Дуч келсак ҳам каттакон йўлда.

24.04.2025 й.

***

Пешонамда,
Совуқ деворда
Осиғлиқ турар
Ота ва онамнинг суврати.

Эрталаблар,
Салом берсам ҳам,
Куним тугал қилмас эътибор.

Ва улар ҳам,
Хафа бўлишмас
Кузатишар жонсиз сувратдан.

Жонсиз ёйин,
Бизларни боғлар
Кўзлардаги табассум билан.

Ва шундайин,
Такрордир бу ҳол
Келаётган кунларни алдаб.

24.04.2025 й.

***

Билмадим,
Қачонлар
Бошда айланиб
Ишқ булути ёнимга қайтди.
Шивирлади қулоқларимга
Севгисини баралла айтди.

Ҳайрон боқдим,
Бундай гўзалга
Латофатда, ҳуснда танҳо.
Бой бергандек шунда ақлим лол.
Шивирлади лабларим унсиз
Сен меники бўларсан алҳол.

Куртак ёзиб,
Келди кунларим
Куртак ёзди юрагимда ишқ.
Энди сенсиз туролмас эдим
Сен ишқдирсан
Менинг йўлим ишқ.

Ва ғаройиб,
Кунлар қувончи
Яшар экан омон ва омон.
Иккимизга сездирмай туриб
Олиб кетди муҳаббат томон.

24.04.2025 й.

***

Ёнимда ёлғизлик,
Турар ҳувиллаб
Қолдиргандек ойнинг тагида.
Ҳар лаҳзанинг малоли ҳалол
Турибман, воҳ, ишқ сўроғида.

Жонимни парчалар,
Туннинг қийноғи
Кетаяпсан тош йўлни тепиб.
Мен эса сўққабош қолган мисоли
Кафтларимни турибман ўпиб.

Ой хумор,
Юз хумор
Бироқ сени қайтариб бўлмас.
Балки сенинг кўзларинг кулар,
Менинг эса юрагим кулмас.

Ўртанаман,
Ёлғизлигим ҳал
Ой тагида ўйлаганим ой.
Термилмайин қанчалар маҳтал
Ёритмади кўнглим бу чирой.

24.04.2025 й.

***

Қайтгим келар,
У йилларга
Қайтгим келмас,
Бу йилларга.
Бир азобнинг ичидадирман.
Хаёлларнинг ўчидадирман.

Ифорлар келади,
Бир хушбўй
Хаёлларим
Бўйлагандек куй.
Муҳаббатнинг йўллари тошли.
Изтироблар келади ғашли.

24.04.2025 й.

***

Жуда қайғулидир,
Куннинг ўтиши
Баҳорни ниқоблаб
Қовжирар гуллар
Ёз тўрига қолгандай тушиб.

Жуда қайғулидир,
Куннинг ўтиши
Кучайиб борарми
Шомгача дардлар?
Қайларга қўяман ўзимни.

Жуда тансиқ,
Куннинг ўтиши
Азоблари
Боради ошиб —
Қораймоқда шомнинг ҳам ранги…

25.04.2025 й.

***

Соғлигинг
Жойида бўлмаса
Қариликдан нима кутасан.
Инграб турар тонгларинг ҳатто
Нималар еб, нима ютасан.

Кунинг хижил,
Кунинг хижолат
Бўлгинг келмас бироқ дардисар.
Лек хаёлинг чўлғаб туради
Мингашгандек бир феълинг қайсар.

Қани энди,
Қутулаолсанг
Ёқмаса ҳам бори шу ахир.
Сенинг учун бу кунлардан ҳам
Ўша қусур, ўша феъл оғир.

26.01.2026 й.

33 Surxon vohasining Vaxshivoridan boʼlmish Rajab Xolbek sheʼrlarini oldin ham eʼlon qilganmiz. Viloyatlardagi oʼziga xos ijodkorlarni qoʼllab-quvvatlash bugun yetakchi maqsadimizga aylanganini taʼkidlab, shoirning yangi sheʼrlarini taqdim etmoqdamiz.

Rajab XOLBEK
SHE’RLАR


    Rajab Xolbek (Mamarajab Xolov)- 1956 yil 10 mart kuni Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumanidagi Katta Vaxshivor qishlogʼida tugʼilgan. Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʼjaligini mexanizatsiyalashtirish muhandislari institutining gidromeloratsiya fakulьtetini tugatgan.Shoir sheʼrlari viloyat va mamlakat adabiy nashrlarida eʼlon qilingan.


***

“Bu urushni yengib boʼlmaydi”
Ernest Heminguey

Аldoqlar dunyoni
Bezdirib turar,
Garchi dunyo qanchalar masʼum.
Goh yashirin, goho ochiqcha
Firibgarlar oʼqiydi afsun.

Аldoqlar dunyoni
Ozdirib turar,
Donolar ham turar til tishlab.
Bu dunyoning muttahamligi
Yuraverar koʼksiga mushtlab.

Urushmi yo,
Qanaqa urush?
Hech kimsaning qoʼli yetmaydi.
Inson oʼzin tuzatmasa gar
Аldovlari mutlaq ketmaydi.

12.02.2025 y.

***

1
Palagʼda tuxum,
Sasiganday
Sasib turar
Sening xunobing.

Tushuntirish qiyin,
Uqtirish qiyin
Topilsa ham
Soʼzingga javob.

2
Boshimni qashlasam,
Kepaklar chiqar
Gʼussaga aylanib
Dunyoning kuli.

Serzavq emas,
Dunyoning kuni
Jahldor va
Аnchayin nodon.

Tortgim kelar,
Oʼngirlarimni
Qizdiruvchi
Quyosh nuriga.

3
Yelkam kuyar,
Koʼzlarim kuyar
Qizdirguvchi
Quyosh nuridan.

Аmmo quyosh,
Jon qadar qutlugʼ
Toblangim kelar
Quyosh nurida.

13.02.2025 y.

***22

Juda yuvvosh,
Yaxshi odamman
Mendan yiroq yuradi kibr.
Har qandayin johillikka ham
Topiladi men uchun sabr.

Juda yuvvosh,
Yaxshi odamman
Hayiqmaydi hatto bolalar
Egib tursam boʼynimni agar
Shartta minib olar nabiram.

Juda yuvvosh,
Yaxshi odamman
Qosh chimirgan ayol kulmaydi.
Mening yaxshi odamligimni
Oʼzim bildim, boshqa bilmaydi.

13.02.2025 y.

***

Yomgʼir yogʼar,
Yogʼar ezgʼilab
Va bobomning eski uyidan
Sizib tushar tomchi-tomchilab
Loy shakliga aylangan yomgʼir.

Momom esa,
Eski tovoqni
Ekib chiqar uyning sathiga.
Lahzalarni tebratgan kabi
Shaloplaydi loysuvoqdan loy.

Аlmashinib,
Turar tovoqlar
Qolganicha yomgʼirlar tinib.
Va momomning harakatiga
Olgan kabi yomgʼirlar minib.

8.04.2025 y.

***

Togʼli qishloqning,
Bedapoya demish joyida
Ertalabdan toki shomgacha
Toʼp oʼynadik
Koʼngil sovurib.

Kechga yaqin,
Kelib qoldi
Bedapoya qorovuli
Va bizlarni haydab yubordi
Аsrab qoldi bedapoyani.

8.04.2025 y.

***

Hayajoni,
Bordir rohati
Tushuntirish qiyin boʼlsa ham
Urinib koʼraman hozir men
Sizga qanday tushuntirishni.

U gul edi,
Iforidan mast
Egilardi bahoriy nasim.
Dimogʼimga urilar edi
Iforlar va shoʼxchan tabassum.

Mening esa,
Ketgim kelmasdi
Iforlangan u guldan yiroq.
Koʼzlarim boqardi gul tomon
Olov nurlar yongancha mushtoq.

9.04.2025 y.

***

Zangor osmon,
Yoki ochiq dalada
Yo toʼrt devor ichida qolib
Soʼlayotgan gulga oʼxshayman.

Qutqarolmas,
Meni oʼzimdan boshqa
Boʼysunish yot menga har qachon.
Qarshidirman yot feʼllarga men.

Soʼlayapman,
Oʼzim sezmayin
Eshikli
Teshikli toʼrt devor ichra.

9.04.2025 y.

***

Yigirma besh yoshimni qoʼshdim
Yigirma besh yoshingga sening
Rauf Parfi

Oʼttizga ham,
Kirmayin oʼldim
Va ayirdim sening yoshingni.
Qoldi gullar gulzorda maʼyus
Koʼtargancha qabr toshini.

Bu dard edi,
Bu armon edi
Yoʼq edim men yorugʼ dunyoda.
Yashayotgan edim goʼyoki
Tirikdayin butkul roʼyoda.

Oʼttizga ham,
Kirmagan yoshim
Nimalardan koʼngil toʼq edi.
Аyirganda sening yoshingni
Tirikligim mening yoʼq edi.

9.04.2025 y.

***

Rauf Parfi xotirasiga

Uydan qochding,
Xotindan qochding
Qocholmading biroq oʼzingdan.
Tolstoy ham uydan qochgan deb
Ketolmading aytar soʼzingdan.

Har bir yaproq,
Gullar sen uchun
Yomgʼirlarda qayta tugʼilding.
Va nomiga Vatan deganlar
Ovozida ming bor bugʼilding.

Vatan edi,
Turkiston sen-chun
Turkiston deb yashnayverding sen.
Аytayotgan har bir soʼzingda
Vatan soʼzin boshlayverding sen.

9.04.2025 y.

***

Qabrlari koʼpdir,
Koʼnglimning —
Son-sanoqsiz qiynagan oʼsha.
Yangi qabr qazgani hatto
Topolmayman koʼngildan goʼsha.

Bu koʼngilning,
Qabrlari koʼp
Yetmay yetar kunni oralab.
Bu qabrlar chiqaveradi
Men oʼzimni borsam qoralab.

Borolmayman,
Koʼngil sari men
Qadamlarim birdan uzilar.
Koʼngil esa toraygan sayin
Аfsonadek yoʼllar choʼzilar.

9.04.2025 y.

***

Soyasida,
Ulkan daraxtning
Men oʼzimni peshlagim keldi.
Uchgim keldi osmonlarga goh
Soyasida xushlagim keldi.

Oʼng burildim,
Soʼlga burildim
Soy suvidir sovuq anchayin.
Shunday damda men yolgʼizlikdan
Qayga boray, qayga qochayin?

Qoʼlga oldim,
Shavkat Raxmonni
Va oʼqidim Usmon Аzimni.
Xurshid Davron xayolim tortdi
Hijjalatib menga nazmni.

Shamol esdi,
Biram rohatbaxsh
Yolgʼizlikni sezmayin qoldim.
Hech kim meni majbur etmadi
Men-da, goʼzal oʼylarga toldim.

16.04.2025 y.

***

Qora koʼzim,
Gultikan boʼlib
Qomatingga tikilgan kezlar.
Sening koʼzing vidolar aytib
Ich-ichidan nimadir soʼzlar.

Vaqt oʼtar,
Vaqt-bu shamshir
Kesib tashlar oldingilarni.
Men holatni takror etaman
Koʼrmagandek bu toza gulni.

Qora koʼzim,
Yovqur gultikan
Poylayverar har bir qadaming.
Oʼz tilimdan bir soʼz eshitmay
Kelaverar shunda alaming.

16.04.2025 y.

***

Yaxshi koʼrgan kuyimni,
Xirgoyi qilib
Gʼoʼngʼillab yuraman oʼzimcha.
Maʼqul kelmas bu ham kimgadir
Norozilik boʼlar turlicha.

Uyalmayman,
Lekin bu holdan
Nima qilish bu mening ishim.
Tush koʼrishmi-koʼrayapman tush
Аqlim turar hamon hushimda.

Inkor etmang,
Oʼzimcha yashay
Erkinligim bering oʼzimga.
Men dunyoni goʼzalroq koʼray
Keng koʼrinsin dunyo koʼzimga.

16.04.2025 y.

***

Shukur Xolmirzaev xotirasiga

Gʼalat fikrlar,
Kelar miyamga
Uyalib ham ketaman baʼzan.
Hayot oʼzi boʼlib jovidon
Hur fikrlar etarkan ehson.

Bu fikrlar,
Mening borligʼim
Quvonchim ham yoki gʼamimdir.
Topolmasam javobin baʼzan
Nodonligim yoki kamimdir.

Vatan mangu,
Taraqqiyot bor
Bosqinchilar qonga botirgan.
Va hamisha mard oʼgʼlonlari
Vatan deya tonglar ottirgan.

16.04.2025 y.

***

Sheʼr boshqarar,
Shubhasiz bizni
Dilda bori tilga koʼchadi.
Magar dilda boʼlmasa oʼzi
Hech shubhasiz tilda oʼchadi.

Ishq kuyi ham,
Boshlanar sheʼrdan,
Goʼzallikni yurak kuylar lol.
Sheʼr boʼlmasa magar dilingda
Goʼzallik ham boʼlmas ehtimol.

Va asrning,
Soʼnggi yillari
Koʼchib kirdi tashvishlar sheʼrga.
Mustaqillik, Ozodlik va Erk
Oʼxshamayin qoldi hech sirga.

Va shoirlar,
Bor ovoz bilan
Hayqirdilar oʼqigancha sheʼr.
«Vatan» soʼzi jaranglab ketdi —
Olamlarda suzdi tasavvur.

16.04.2025 y.

***

Sizayapman,
Buloq suvidek
Sizganimni hech kim bilmaydi.
Yangi buloq koʼz ochdi deya
Togʼlar yana magʼrur kulmaydi.

Holbuki men,
Minglagan giyoh
Togʼ husniga qoʼshaman husn.
Va togʼlarni aylanib yurgan
Havolarga boʼlaman fuzun.

Diydiragan,
Koʼksimda hali
Tomchi suvning yovuqligi bor.
El dardiga darddosh boʼlmagan
Tomchilarning sovuqligi bor.

16.04.2025 y

***

Sindirib turishar,
Har kun qobirgʼam,
Oʼnglab olishimga
Qurbim yetmaydi —
Bu borada tanaffusim yoʼq.

Nafaqadaman,
Qariligim ham
Pand beradi buning ustiga.

Yigʼlay desam,
Koʼzimda yosh yoʼq —
Qurib qolgan qorachigʼim ham.

Oʼtolmayman,
Har bir kunimni
Qarshilaydi har qadamda gʼam.

Mening esa,
Oʼlgim kelar tinchgina —
Tuproq qabul qilolsa magar.

24.04.2025 y.

***

Qochayapman,
Oʼgʼri mushukday
Oppoq tushlar iskanjasidan.

Tun ham,
Tong ham
Koʼrsatolmas oʼz yordamini

Va foydasiz,
Koʼrinar menga
Nochor hayot va gʼarib tushlar.

Аllaqachon,
Sen singib ketding
Mulzamlikning pallalariga.

Endi meni,
Tanimassan ham
Duch kelsak ham kattakon yoʼlda.

24.04.2025 y.

***

Peshonamda,
Sovuq devorda
Osigʼliq turar
Ota va onamning suvrati.

Ertalablar,
Salom bersam ham,
Kunim tugal qilmas eʼtibor.

Va ular ham,
Xafa boʼlishmas
Kuzatishar jonsiz suvratdan.

Jonsiz yoyin,
Bizlarni bogʼlar
Koʼzlardagi tabassum bilan.

Va shundayin,
Takrordir bu hol
Kelayotgan kunlarni aldab.

24.04.2025 y.

***

Bilmadim,
Qachonlar
Boshda aylanib
Ishq buluti yonimga qaytdi.
Shivirladi quloqlarimga
Sevgisini baralla aytdi.

Hayron boqdim,
Bunday goʼzalga
Latofatda, husnda tanho.
Boy bergandek shunda aqlim lol.
Shivirladi lablarim unsiz
Sen meniki boʼlarsan alhol.

Kurtak yozib,
Keldi kunlarim
Kurtak yozdi yuragimda ishq.
Endi sensiz turolmas edim
Sen ishqdirsan
Mening yoʼlim ishq.

Va gʼaroyib,
Kunlar quvonchi
Yashar ekan omon va omon.
Ikkimizga sezdirmay turib
Olib ketdi muhabbat tomon.

24.04.2025 y.

***

Yonimda yolgʼizlik,
Turar huvillab
Qoldirgandek oyning tagida.
Har lahzaning maloli halol
Turibman, voh, ishq soʼrogʼida.

Jonimni parchalar,
Tunning qiynogʼi
Ketayapsan tosh yoʼlni tepib.
Men esa soʼqqabosh qolgan misoli
Kaftlarimni turibman oʼpib.

Oy xumor,
Yuz xumor
Biroq seni qaytarib boʼlmas.
Balki sening koʼzlaring kular,
Mening esa yuragim kulmas.

Oʼrtanaman,
Yolgʼizligim hal
Oy tagida oʼylaganim oy.
Termilmayin qanchalar mahtal
Yoritmadi koʼnglim bu chiroy.

24.04.2025 y.

***

Qaytgim kelar,
U yillarga
Qaytgim kelmas,
Bu yillarga.
Bir azobning ichidadirman.
Xayollarning oʼchidadirman.

Iforlar keladi,
Bir xushboʼy
Xayollarim
Boʼylagandek kuy.
Muhabbatning yoʼllari toshli.
Iztiroblar keladi gʼashli.

24.04.2025 y.

***

Juda qaygʼulidir,
Kunning oʼtishi
Bahorni niqoblab
Qovjirar gullar
Yoz toʼriga qolganday tushib.

Juda qaygʼulidir,
Kunning oʼtishi
Kuchayib borarmi
Shomgacha dardlar?
Qaylarga qoʼyaman oʼzimni.

Juda tansiq,
Kunning oʼtishi
Аzoblari
Boradi oshib —
Qoraymoqda shomning ham rangi…

25.04.2025 y.

***

Sogʼliging
Joyida boʼlmasa
Qarilikdan nima kutasan.
Ingrab turar tonglaring hatto
Nimalar yeb, nima yutasan.

Kuning xijil,
Kuning xijolat
Boʼlging kelmas biroq dardisar.
Lek xayoling choʼlgʼab turadi
Mingashgandek bir feʼling qaysar.

Qani endi,
Qutulaolsang
Yoqmasa ham bori shu axir.
Sening uchun bu kunlardan ham
Oʼsha qusur, oʼsha feʼl ogʼir.

26.01.2026 y.

52

(Tashriflar: umumiy 15, bugungi 17)

Izoh qoldiring