Бир гал, тахминан ўн ёшларимда, ҳадеб ялинаверган бўлсам керак, онам бобомнинг шаҳар ҳовлисини кўрсатиш учун Самарқандга олиб борган эди. Шундоқ Садриддин Айний музейи ёнидан кириб, Ҳовузи сангин (Тошҳовуз) гузарига борганмиз. Гузардаги ягона пишиқ ғиштдан тикланган икки қаватли иморат кўриниши билан «Бобомнинг ҳовлиси шу бўлса керак» деб ўйлаганман.. Онам мени ичкарига олиб кирмаган. Ўзи бўлса бобомни, бийимни,урушда бедарак кетган акалари Нуриддин тоғамни, болаликнинг ширин дамларини эслаб, узоқ вақтгача сукут сақлаган, кўзларидан ёш оққан.
Хуршид Даврон
БОЛАЛИК, САМАРҚАНД ВА БОШҚА ХОТИРАЛАР
«Хотира парчалари» дафтаридан
* * *
Менинг назаримда, асл ижодкор ақл ҳассасига таянган, аммо болалиги қўлини қўйиб юбормаган инсондир.
Донишманд Чингиз Айтматов “Юрагида болалигини сақлай олган ижодкоргина истеъдодлидир” деган эди. Демак, катталардай яшаб, боладай ёзиш деган тушунчани , ижодкор умри давомида орттирган тажрибаси билан болаларга хос соддалик, беғуборлик ва меҳрни уйғун эта олиши деб тушуниш керак. Ақл — тажриба маҳсули. Фақат ақлга ишонган ижодкор барибир мағлуб бўлади. Меҳр –эса илоҳий туйғу. Меҳр аввалан муҳаббатнинг онаси, истеъдоднинг қуввати. Меҳрнинг илдизи эса болалигимизда, умримизнинг беғубор фаслида. Уни йўқотиб қўйишдан асрасин. Мабодо йўқотиб қўйилса, юзсизликка, хиёнатга, имонсизликка, ёлғонга ва сўзфурушликка йўл очилади.
Ҳатто, салоҳиятли бўлатуриб собитсизлик қилаётган, оқни қора дейишдан уялмаётган, бетайин иддаолар қилишдан тўхтамаётган, майда мақсаду манфаатлар йўлида дуч келган бутга сиғинаётган шоир ёки ёзувчини кўрдингизми, билингки, у юрагини болалиги тарк этган одамдир.
* * *
Мен Самарқанд яқинидаги қишлоқларнинг бири — Чордарада туғилганман. Мана шу қишлоқда она тарафдан бўлган бобомнинг қўрғони бўлган. Қўрғоннинг атрофини мевазору узумзорлар ўраб турган. Қўрғоннинг тўрт томонида дарвозалари бўлган, шу сабабдан бу жойни одамлар «Чордара» («Тўрт эшикли»,»Тўрт дарвозали» маъносида) деб атай бошлашган. Вақт ўтиб қўрғон атрофида шаклланган қишлоқ ҳам Чордара номини олган. Чордара атрофидаги қишлоқларнинг номини бирма-бир айтай: Бухороқишлоқ, Урганжиқишлоқ, Туркманқишлоқ, Арабхона, Ҳазора, Найман…
Ойимнинг оталари Вафохўжа махсум ўз даврининг ўқимишли одамларидан бўлган. Бобомнинг оталари Ҳикматуллоҳхўжа махдум, Ҳикматуллоҳхўжа махдумнинг оталари Жунайдуллоҳхўжа махдум чор Россияси замонида Самарқандда ва унинг атрофидаги туманларда муҳим вазифаларда ишлашган. Масалан, Ҳикматуллоҳхўжа махдум Жунайдуллоев Самарқанднинг Ангор тумани ҳокими (волостнойи) бўлган. Босқинчиларнинг хизматини қилган экан-да деб ўйлашингиз мумкин. Аслида, бугун мен бобом миллий озодлик ҳаракатининг ичида бўлганини билганим, бир қатор тарихий ҳужжатлар буни исботлаши мумкинлигини билганим учун бобом билан мақтаниб ўтирибман. Хусусан, мустақилликдан кейин нашр этилган уч жилдлик «Ўзбекистон тарихи» китобининг 1 жилдида келтириб ўтилган тарихий (полиция томонидан тайёрланган яширин маълумотларга асосланган) ҳужжатларда Ҳикматуллоҳхўжа Жунайдуллоев Русия ҳукмронлигига қарши бошланган Намоз Пиримқул бошчилигидаги халқ қўзғолонига моддий ва маънавий кўмак бергани қайд этилган (Онамнинг оталари Вафохўжа бобом эса Россиядаги инқилобдан кейин авж олган миллий озодлик ҳаракатининг ёрқин сиймоларидан бири, ота уруғим бўлмиш найман қавмидан чиққан Очилдов қўрбошига моддий ва маънавий ёрдам берган. «Очилдов» достони борлигини эшитган бўлсангиз керак?).
Она тарафим Туркистон — Мовароуннаҳрда шаклланган тасаввуф мактабларидан бўлган «Нақшбандиййа» тариқати муршидларидан бири — Махдуми Аъзам (Сайид Ахмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожагий Косоний Даҳбедий ) ҳазратларига, янада аниқроғи ул зотнинг тўнғич ўғилларига бориб уланади. Махдуми Аъзам хусусида унинг авлодларидан бўлмиш олим ва тадқиқотчи Комилхон Каттаев шундай ёзади: Ушбу муборак зотнинг асл исми Сайид Аҳмад ибн Жалолиддини Косоний, илмий-китобий номи Мавлоно Хожагий Косоний, халқ орасида машҳур бўлиб кетган тариқий-маърифий номи эса Махдуми Аъзами Даҳбедийдир; Нақшбандия тариқатининг машҳур муршиди бўлган бу зот ўз даврининг халқ ва ҳукмдорлари эргашувчи замон муқтадоси эди. қизиғи шундаким, ўша давр темурий мирзолар етакчиси Ҳиндистон подшоҳи Бобур мирзо ва шайбоний султонлари сардори Мовароуннаҳр хони Убайдуллохон каби икки машҳур сулола ҳукмдорлари бир-бирларига қондош душман бўлишларига қарамай, тариқий пирлари бир шахс – Махдуми Аъзам эди. шу билан бирга, Искандархон, Жонибек Султон каби бир қанча ҳукмдорлар ҳам ул зотга мурид бўлганлар.
Даҳбеддаги Махдуми Аъзам мажмуаси
Тариқат муршиди Махдуми Аъзам Даҳбедий (1461-1542) ва у зотнинг тариқий муриди, назмдаги шогирди, буюк маърифатпарвар шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзо (1483-1530) мукаммал тадқиқот талаб шахслар сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллаб келишмоқда.
Махдуми Аъзам ва Бобур мирзолар тўғрисида Хожа Абулбақонинг “Жомеъул-мақомот” ҳамда “Бобурнома” каби дунёга машҳур асарлардан ташқари, бевосита ҳамда у ёки бу тарзда мазкурлар зикр этилган бир қатор тарихий манбалар мавжуд; жумладан Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккирул-аҳбоб”, Ҳофизи Танишнинг “Шарафномаи шоҳи”, Шарафиддин Ҳусайннинг “Жодатул-ошиқин”, бобурийзода шаҳзода Доро Шукуҳнинг “Сафинатул-авлиё”, Олим Шайх Азизоннинг “Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс”, Муҳаммад Юсуфи Муншийнинг “Торихи Муқумхоний”, Шоҳ Маҳмуд Чароснинг “ат-Таърих”, Мақсуди Бухорийнинг “Равойиҳул-қудс”, Носириддин Бухорийнинг “Туҳфат уз-зоъирин”, Абу Тоҳирхожанинг “Самария”, Мўсонхожанинг туркум асарлари, Жумақули Ургутийнинг “Маноқиби Эшони Мўсонхожа”, Каттахонхожаи Даҳбедийнинг “Рисолаи торихи Даҳбедия”, Садриддин Айнийнинг “Намунаи адабиёти точик” асарлари ҳамда замондош устоз олимларимиздан Бўрибой Ахмедов, Ботурхон Валихўжаев, Расулхон Ҳодизода ва Олег Акимушкинларнинг бу борадаги бир қатор илмий мақолаларини мисол тариқасида келтириш мумкин.»
* * *
Бобом Вафохўжа Махдум Петербургда таълим олган, буюк маърифатчи Маҳмудхўжа Беҳбудий издошларидан бири бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин бобом ва оиласининг машаққатли ҳаёти бошланган. Советлар томонидан «босмачилик» деб аталган миллий озодлик ҳаракатлари пайтида бобом найман уруғидан бўлмиш Очилдов қўрбошига моддий ва маънавий ёрдам берган. Очилдов қўрида чордаралик йигитлар ҳам анчани ташкил этган. 60-йилларда уларнинг айримлари тирик эди. Эсимда: жўраларимдан бирови «босмачи» ўтган бобосининг бешотар милтиғини олиб чиққан эди. Милтиқнинг тепкисини икки-уч босгач,отилмагач,уни бир-биримизга ўқтаганимиз, милтиқ бирдан варанглаб отилгач, қурқувдан дағ-дағ титраганимиз ҳам ёдимда турибди.
Вафохўжа бобом Самарқандда 1926 йили ташкил этилган «Қизил қалам» жамияти фаолиятида иштирок этган. Шокир Сулаймон раҳбарлик қилган бу жамиятда Отажон Ҳошим, Боту, Зиё Саид, Сотти Ҳусайн, Анқабой, Олтой билан бирга янги етишиб келаётган Уйғун, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Ойдин сингари ёш қаламкашлар ҳам бор эди. Бобом ижодкор бўлмаган,аммо хат-саводли, ўқимишли одам сифатида «Қизил қалам» жамияти ишларига жалб этилган. Ўша пайтда Ўзбекистоннинг пойтахти Самарқанд бўлгани учун давлат ташкилотлари шу ерда фаолият юритарди. Жумладан, Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитаси ҳам. Бу қўмита ҳайъатининг биринчи раиси Йўлдош Охунбобоев бўлган. Оддий деҳқондан чиққан Охунбобоев эски мактабда ўқигани учун, урус алифбосидан бехабар киши эди. Шу сабабдан Охунбобоевга урус алифбосини ўргатишга бобом Вафохўжа Махсумни жалб этишади. Бунинг учун бобомни «Қўшчилар» иттифоқига котиб этиб тайинлашади ва унинг асосий иши Охунбобоевга дарс бериш эканлиги айтилади. Ўша пайтда университет талабаси, ёш шоир Миртемир ҳам Йўлдош Охунбобоевнинг котиби бўлиб ишларди. Бобом билан Миртемир эскича саводи бўлгану янги имлони тўлиқ эгалолмаган Охунбобоевни давлат арбобига зарур савод даражасига чиқариш учун анча тер тўкишади.
30-йилларда бошланган қама-қамадан бобом ҳам бениҳоя азият чеккан. «Дадам хизматида бўлган бир гуруҳ ятимлар (яъни хизматкорлар) бошида турган Умарча дегани ўтакетган муттаҳам одам эди», — деб эсларди онам.- У, айниқса, 1930-1932 йилларда қулоқлаштириш сиёсати билан рўйхатга олиш бошланганда роса қутуриб кетди. 10 ёшда бўлсам ҳам ҳаммаси эсимда. Дадам уйда ётмас, шип-шийдам этилган вайрона қўрғон атрофидаги узумзор (токзор)ларда яшириниб юрарди…»
«Бир куни шаҳардан келган одамлар уйимизни тинтув қилишди, — деб эсларди онам, — Улар жуда чиройли,нақшинкор сандиқчани топиб олишди. Шаҳарликлар олдида ўзининг бутун исковучлик ҳунарини кўрсатаётган Умарча икки қўллаб сандиқчани силкитганда, ичида нималардир бир-бирига урилиб,шарақлаган овоз чиқарарди. » Вафохўжанинг бойлиги шунда сақланса керак», — деб роса қувонишди. Сандиқча қулфини бузиб очишганда, ичида тилла тангалару олтину кумуш тақинчоқлар эмас, юздан ортиқ бир.-биридан чиройли,ҳаммаси нозик дид билан тарашланиб учи чиқарилган қаламлару сиёҳ билан ёзадиган ручкалар сақланаётгани маълум бўлди. Умарнинг юзи бўзариб, сандиқни ичидаги бор қаламу ручкани ерга тўкиб, оёғи билан уриб мажақлай бошлади…»
Мен ўша Умарчани, бизнинг болалигимиз кечган 60-йилларда Умар бобо бўлиб қолган кимсани кўрганман. Қишлоғимиз мозорининг қоровули эди. Биз — болаларни мозор теварагида ўсиб турган қадимий марвартак тутлардан ҳайдаб туширишдан роса маза қиларди. Яккамахов бу одамни бутун қишлоқ аҳли ёмон кўрар, теварак-атрофда у ҳақида бир-биридан уятли гаплар юрарди. Мен ҳозир уларни сизга айтишдан ҳам уяламан…
* * *
Вафохўжа Махсум дастаавал қулоқ сифатида, кейинчалик “Қизил қалам”га яқин бўлган шахс сифатида , миллатчиликда айбланиб турмага ташланган ва оғир хасталикка чалингач, озодликка чиқарилган. Аммо,бир неча ойдан кейин вафот этган.
«Қулоқнинг боласи» деб холам Субуҳабегим билан ойим Фузаллобегимни мактабга олишмайди. Ўшанда бийим Латофатбиби икки қизини етаклаб Охунбобоев ҳузурига боради. «Сизга хат-саводдан ёрдам берган одамнинг болалари хат-саводсиз қолиши керакми,нега уларни мактабга олишмаяпти?» — деб ундан кўмак сўрайди. Йўлдош Охунбобоев ёрдами туфайли холам ҳам онам ҳам қизлар билим юртида ўқий бошлашади.
Йўлдош Охунбобоев ҳамма қатағонлардан омон қолади. Файзулла Хўжаеву Акмал Икромовлар қамалганда ҳам ҳеч ким унга тегмайди. Чунки бу шахс советлар учун энг муҳим ҳисобланган «фазилат»га эга эди: у ғоясиз ва билимсиз киши эди. Демак,у қуролсиз эди.
Йўлдош Охунбобоевга тегишли бир гап унинг бутун моҳиятини очади. «Мен оддий лампочкаман, — деган эди у, — мени ўчириб-ёқадиган мурват Кремлда».
Отам Даврон Ҳасанов Найман уруғидан. Ота уруғим яшаган Найманқишлоқ бобом қўрғонининг этагида эди. Бугунги Найманқишлоқ Самарқанд шаҳри таркибидаги Кимёгарлар шаҳарчасига ёнма-ён жойлашган.
Ўз даврининг саводли кишиларидан бўлиб, 30-йилларда Самарқанд Педагогика академиясида (институтида) таҳсил олган. Чордара қишлоғидаги илк мактаб ҳам отамнинг ҳаракати билан қад кўтарган.
Ота ҳовлимизнинг дарвозахона тарафи мевазор, этаги қатор-қатор войиш қилинган узумзордан иборат эди. Ҳовли жуда катта эди. Кейинчалик отам қиш кечаси сандали (танча) исидан фожиали ҳалок бўлган жўрасининг болалари кўчада қолганда,уларни олиб келиб ҳовлимиз этагини ажратиб берган эди. Жўрасининг қизи турмушга узатилиб,ўғли Умар қишлоғимиз ёнида жойлашган ҳарбий қисмга полк ўғли бўлиб қабул қилингач, ҳар иккиси қишлоққа келмай кетди. Ҳозир ҳовлимизнинг ўша ажратиб берилган бўлагида бутунлай бошқа одамлар истиқомат қилишади.
Умарни кейинчалик Тошкентга келиб Университетда ўқий бошлаганимда кўрганман. Мен журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқисам-да, таниш болаларнинг ётоғида яшаб юрган пайтим эди. Умар мени қандай топганини ҳанузгача билмайман, лекин бир кун Талабалар шаҳарчасидаги ётоққа мени суриштириб келганида анграйиб қолганман.
Советлар ота-онасиз қолган болаларни ўз тарбиясига олиб,уларни махсус интернатларда жосуслик ишларига ўргатар экан. Умар ҳам ана шундай махсус интернатда ўқиганини айтиб берди, Гап орасида Хитой,Афғонистон,Эронга жосус сифатида тез-тез бориб туришини ҳам қистириб ўтди. Ўзи билан олиб келган икки шиша ароқни ичиб,маст бўлиб қолгач,қўлтиғидан пистолетини олиб кўрсатгани, кейин бирдан ҳўнг-ҳўнг йиғлагани эсимда қолган. Ҳозир унинг қаердалигини билмайман.
Тахминан 2 ёшимда: Шаҳодат аммам, Шуҳрат акам, қўшни қиз Машҳура.
Мен отамнинг эркаси бўлганман. Дастурхон атрофида ўтирганимизда нима сузилса,энг биринчи менга олиб келинарди. Шундай қилинмаса, косани ағдариб ташлардим.
Отамни қаттиқ яхши кўрардим. Тун ярмидан ошсаям,ухламасдан уйга қайтишларини пойлаб ўтираверардим.
Отам мени бирор мартаям чертмаган. Фақат бир марта дастурхон олдида навбатдаги «жанжалим»ни бошлаганимда, қўлларидаги қошиқ билан тиззамга секингина урганларини эслайман.
Онамдан кўп хивчин еганман. Иккитаси аниқ ёдимда қолган. Бир марта қариндошларнинг тўйига бораётган онамга, «уйда қол!» — деганларига қарамай, ярим йўлгача эргашиб борганим учун, иккинчи марта туман газетасига «ёлғон» хабар ёзганим учун хивчин еганман.
Бутун умр ибрат бўлган бу воқеани унутолмайман. 7-8 синфларда мен туманнинг «Шарқ тонги» газетасига хабар ёза бошлаганман. Бир куни онам хивчин билан дарсхонамга кириб келдилар. Бир сўз демасдан савалай бошладилар. Мен хонадан ҳовлига қочиб чиқдим. Узоқроқда туриб “Нега урасиз, нима қилдим?” дедим ҳиқиллаб йиғлаганча. Онам “Нега ёлғонни ёзасан?” дедилар жаҳлдан тушмай. “Фалончи (онам яқин дугонасининг исмини айтди) бир ойдан бери касалхонада ётган бўлса, сен уни пилла топшириш режасини икки баравар қилиб бажарди деб ёзибсан. Ҳозир у эмас, бошқа киши бригад бўлган. Нега мени шарманда қиласан, бориб сўрасанг, ўласанми?”
Хуллас, уятчанлигим туфайли пиллахона бормай, узоқдан сўраб-суриштириб ёзган кичкина хабарим эълон қилинган куннинг эртаси онам журналистиканинг, албатта, адабиётнинг ҳам асосий талаби — ёлғонни ёзмаслик ҳақида бир умрлик сабоқ берган эдилар.
* * *
Отам жўрабоз эди. Жўралари ичида лақаби «Қалампир» эди. Аччиқ сўзи учун эмас (отам умрида бировнинг кўнглини оғритмаган одам эди), ичганида юзи қалампирдай қип-қизариб кетиши сабабидан бу лақабни орттириб олган эди. Аммо, биз ҳам отам жўраларининг лақабларини билиб олган эдик. Бирортаси бизни «Ҳа,қалампирнинг боласи» деса,бас,ўша замон муносиб жавоб оларди.
Ўша пайтлардаги меҳру оқибатни кўринг: 6-7 чақиримда жойлашган Заҳлик қишлоғида (ота уруғимизнинг бир қисми ўша ерда яшашади) тўй бўлиб қолганда жўралари анчадан бери хасталаниб тўшакда ётган отамни каловати билан кўтариб олиб боришган.
Отам боғ билан узумга ишқибоз одам эди. Ҳовлимизда узумнинг қарайиб 40 дан ортиқ нави бор эди,десам, хато қилмайман. Махсус бир хонада қишда узум сақлардик. Биринчи эълон қилинган шеърим ҳам узум билан боғлиқ. Оиламизнинг тўнғич фарзанди — Ҳамза акам 3 йиллик ҳарбий хизматдан кузда қайтишини кутар эдик. Ўшанда отам ноябрнинг бошигача бирикки воишдаги узумни узмай,қоғоз билан ўраб сақлаган эди. Шу эсимда муҳрланган қолган экан, йиллар ўтиб, урушдан қайтмаган фарзандини кутган она ҳақида «Узилмасдан қолган узумлар» шеърини ёзганман. Республика матбуотида босилган илк шеърларимдан бири мана шу шеър эди:
УЗИЛМАСДАН ҚОЛГАН УЗУМЛАР
Туманлар қўнмоқда тоғлар бошига,
Энг сўнгги турналар учиб кетмоқда.
Ишкомдан жовдираб куз қуёшига,
Кимнидир мунғайиб, ёниб кутмоқда
Узилмасдан турган узумлар.
Шамоллар эсмоқда совуқ,бераҳм,
Япроқлар паришон кезар дарбадар.
Қани ким билади,қани айтар ким,
Кимнинг йўлларини мўлтираб кутар
Узилмасдан турган узумлар?
Узмоққа чўзаман аста қўлимни,
Ногоҳ тилга кирди инграб қалб саси:
“Бир она интизор кутар ўғлини,
Урушдан қайтмаган дил насибаси —
Узилмасдан қолган узумлар”.
Отам чумчуқу майна узумларни чўқиб кетмасин деб бургут сақларди. Ўша бургутнинг ўлими ҳам кўз ўнгимда бўлган: Самарқанднинг эртапешар саври гилоси қизарган баҳор кунлари эди. Бирдан қаттиқ дўл ёғди. Мен бола деразадан томоша қилиб ўтирардим. Бургут деразага яқин гилос дарахти шохида қўниб олганча, дўлдан қандай сақланишни билмай ҳурпайиб турарди. Бирдан у «гуп» этиб дарахтдан пастга қулади. Югуриб ташқарига отилдим, бургутни ичкарига олиб кирдим. Аммо,бургут ўлган эди…
Отамдан ўтганми, болаликдан дарахтга,боққа меҳрим баланд. Дарвозахонадан ҳовлига кираверишда отам менга атайлаб жой ажратиб берган эди. Тенгдош жўрам Исматилло билан (унинг ҳам боғчаси бор эди) эрта баҳор ёки кеч кузда саҳардан чиқиб, далама-дала юриб боғимизда йўқ ниҳолларни излардик. Баҳорда,ўзимизча “экспиримент” қилиб,тўғри келадими,йўқми,ниҳолларни бир-бирига пайванд қилиш билан машғул бўлардик.
Ҳовлимизнинг бир чеккасида биз томонда “урус дарахт” деб аталадиган новдалари сассиқ оғоч пала-партиш кўпайиб ўсиб ётарди.Неча марта уларни йўқ қилишга уриндик,фойдаси бўлмади. Баҳор келиши билан чуқур ер тагидаги илдизлардан,”лоп” этиб кўкармалар пайдо бўлар,ҳафта ўтмай бир қаричча бўй чўзарди.
Нима бўлди-ю, новдаси гилосникига сал-пал ўхшаб кетгани учунми,билмайман, мана шу сассиқ дарахтни гилос билан пайванд қилиш фикри туғилиб қолди. Буни қаранг-ки пайванд тутиб,бир йил ичида бўйи икки метрдан зиёд тарвақайлаган пайванди келаси баҳорда гуллаб,ҳосил қилди. Баҳор кетиб,ёз авжига кирган пайтда катта-катта меваси қизарди.Аммо,уни еб бўлмасди,жуда бемаза эди. Бу тажрибамни кузатиб юрган камгап отам, бошини чайқаб “ Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан” деб айтганларини ҳали ҳануз эслаб юраман.
Болалигимни эсласам, отамнинг тундай қоп-қора оти, «Орлёнок» велосипедим,»Олапар» деган итимни, бобом қўрғонининг қолдиқлари сақланиб қолган далада мол боқиб юрганимда чолларнинг бобом Вафохўжа Махсум ҳақида сўзлаган хотиралари ёдимга тушади.
* * *
Синфдошларим. 1961 йил бўлса керак. Сўнгги қаторда, чап тарафдаги биринчи болакай менман.
Мактаб ҳовлимиздан узоқ эмас, бор-йўғи 200 қадамча масофада эди. Лекин ўша куни дадам мени тундай қоп-қора отига миндириб олиб борган эдилар. Буни кўрган бир неча тенгдошим уйларига қайтиб бориб, “мениям отда олиб борасиз” деб хархаша қилганларини кейин ҳам бир неча кун гапириб юришган . Отамнинг обрўйи қишлоқда жуда баланд эди. Мактаб биносиям 30-йилларда отамнинг ташаббуси билан тикланган. Ўша куни жуда кўп оталар ноилож болаларини отга миндириб олиб келишган эди.
* * *
Болаликда энг севган китобим Миркарим Осимнинг «Ўтрор» қиссаси бўлган. Қайта-қайта ўқирдиму сира тўймасдим. Кейинчалик адибнинг бошқа асарларини мароқ билан ўқидим, аммо «Ўтрор» севимли бўлиб қолаверди. Тарихга бўлган муҳаббатим, шеърларимдаги мозий нафаси, бир неча тарихий ҳикоялару қиссаларим Самарқандд ва «Ўтрор» боис рўёбга чиққан, деб ўйлайман.
* * *
Бугун ўзларича «модерн шеърият» яратмоқчи бўлаётган ёш жўраларимнинг баъзи тажрибаларини болалигимдаги сассиқ дарахт билан гилосни пайванд қилиш билан боғлиқ уринишларимга ўхшатгим келади.
Мен адабиётимизда унинг асрий илдизларига болта урадиган,унинг мезонларини тан олмайдиган, Ғарбнинг ғарибона маданиятига тиз букадиган ёзувчиларнинг пайдо бўлишини истамайман. Истагимга зид тарзда шундай одамларнинг пайдо бўлаётганидан ташвишга тушаман. Бу, биринчи навбатда,мамлакатимизда адабиёт соҳасида олиб борилаётган маданий сиёсатнинг кўр-кўроналиги, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани туфайли юз бермоқда,деб ўйлайман.
Шифокорлар баъзан бирон бир ҳалокатга учраган инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун унга янги қон қуядилар.Аммо,тўғри келган қонни эмас,ўша инсон қонига тўғри келадиган қонни қуядилар.Аксинча бўлса,инсон ҳалок бўлади. Адабиётда ҳам шундай: у фақат руҳан яқин бўлган адабиёт (маданият,санъат) таъсиридагина янгиланиши мумкин. Мен бу ўринда на ирқий,на тил,на миллий яқинликни назарда тутмаяпман. Мен бу ўринда, биринчи навбатда миллий менталитетимиз,маънавий-ахлоқий қадриятларимизга мос келадиган таъсирларни назарда тутяпман.Бу таъсир ҳар хил “изм лар билан аталаверсин,аммо бизни ўзбек қилиб турган мезонларга мос келсин.Бу янги қон бизнинг қон гуруҳимизга тўғри келсин.
Пайванд ишини,боғ ишини дурустгина билганим учун яна бир ҳақиқатга ишонаман. Тажрибалардан маълумки, пайванд йўли билан гилосга айланган олча (аслида олболу) охир-оқибат йиллар ўтиб асл наслига қайтади,яна олболуга айланади. Бугунги адабий таъсирлардан нималарнидир олиб,нималарнидир ўзлаштириб, янгиланаётган адабиётимиз яна ўзининг миллий заминига қайтади. Шу сабабдан ҳам мени жаҳон адабиётида пайдо бўлаётган турли «изм»ларни кўр-кўрона рад этадиган одам деб билманг. Биз — ўзбекнинг боласи бўлмиш ижодкорлар дунёни онамизнинг бағрида, отамизнинг елкасида туриб ўрганишимиз керак.
* * *
Ҳар гал Тошкентдан қишлоққа борганимда онамни бобом ҳақида гапиртириб қўйиб эшитиб ўтирардим. Бийим (бувим) Латофатбиби ҳам хат-саводли бўлган. Онам хотираларини сўзлаб берар экан ҳар сафар бийим айтиб юрадиган бирон бир шеърни эслаб қоларди. Бир сафар «Бобосин тахтини сотган амир Музаффарга минг лаънат…» — деб бошланган шеърни эсласа,бошқа сафар «Сариқ ҳўкиз,сариқ ҳўкиз,урусни (бизга) подшоҳ қилмағил» деб бошланган шеърни айтиб берарди. Шу сабабдан қишлоққа ҳар борганимда «Бу гал бошқа бир шеърни эслаб қолсалар ажабмас» деган ўй билан онамни гапиртириб эшитиб ўтирардим. Эшитганимни ёзиб қўярдим. Минг афсуски, ижарама-ижара кўчишлар пайтида ўша дафтаримни йўқотиб қўйганман…
* * *
Бир пайтлари қишлоғимиз мозори ёнидаги ариқдан ҳатлаб ўтсангиз , улкан тепаликка дуч келардингиз. Болаликда ҳамма нарса катта туюларкан. Мен ҳозир ҳатлаб ўтсангиз дедиму аслида бу ариқ болалик пайтида каттакон сойдай, тепалик эса тоғдай бўлиб туюлгани ёдимда. Мана шу тоғдай тепаликка чиқиб варрак учирардик. Ҳар сафар бу тепалик устига чиққанимда олисдаги тоғларга тикилиб хаёл сургим келар, хаёл сурганим сайин йироқдаги тоғлар бутун ҳайбати ва залвори билан яқинлашар, охири уларнинг мовий қучоғига сингиб кетганимни билмай қолардим. Хуллас,ўша тепалигу олисдаги мовий тоғлар мени шоирга айлантирган бўлса ажабмас.
Мана шу тепаликдан туриб Самарқандни — Регистон минораларини, Гўри Мир гумбазини кўриш мумкин эди. У пайтлар Самарқанддаги энг баланд бино тўрт қаватли бўларди. Шунинг учун ҳам болалик тоғининг чўққисига чиқиб тикилган болакайнинг нигоҳини тўсадиган тўсиқ йўқ эди.
Самарқанд томонга тикилар эканман, онамнинг: «Биз олдин шаҳарда яшаганмиз, бу ерда эса бобонгнинг қўрғони — дала ҳовлиси бўлган», деган сўзлари ёдимга тушарди.
— Бобонгнинг шаҳардаги ҳовлиси ҳалиям бор, — деб ҳикоя қиларди онам. — Шундоқ Регистон майдони қаршисидаги кинохонанинг орқасига ўтиб, тўғри юраверсанг, икки қаватли ғиштли бинога кўзинг тушади. Ўша бобонгнинг ҳовлиси бўлади…
Мен бобомнинг икки қаватли уйини кўраман, деб тикилардим-у дам ўтмай бу ўй унутилиб, бутун хаёлимни олисларда юксалиб турган миноралар, гумбазлар мафтун қилиб оларди. Тепалик устида ўтириб олганча, онам сўзлаб берган афсоналарни ўйлардим. Уларни ўйлаб, йироқдаги сеҳрли шаҳар кўчалари-ю майдонларига бориб қолганимни сезмай қолардим. Атрофимдан автолар эмас, совут кўтарган, эгнидаги жавшанлари ялтираб турган алпкелбатли суворийлар, мадрасадан сабоқ олиб қайтаётган, бошларига оппоқ салла ўраган, мовий либослар кийган талабалар ўтар, бозордан қайтаётган қарияларнинг юки енгиллашган эшаклари ҳорғин йўртарди…
Бир гал, тахминан 10 ёшларимда, ҳадеб ялинаверган бўлсам керак,онам бобомнинг ҳовлисини кўрсатиш учун Самарқандга олиб борган эди. Шундоқ Садриддин Айний музейи ёнидан кириб Ҳовузи сангин (Тошҳовуз) маҳалласига борганмиз. Маҳалладаги ягона пишиқ ғиштдан тикланган икки қаватли иморат кўриниши билан «Бобомнинг ҳовлиси шу бўлсак» деб ўйлаганман.. Онам мени ичкарига олиб кирмаган. Ўзи бўлса бобомни,бийимни,урушда бедарак кетган акалари Нуриддин тоғамни,болаликнинг ширин дамларини эслаб, узоқ вақтгача сукут сақлаган,кўзларидан ёш оққан.
Орадан 15 йиллар ўтиб мен Нуриддин тоғам хотирасига бағишлаб мана бу сатрларни ёзганман:
…Совуқ шамол мени қувади,
Сокин шаҳар кўчаларида.
Қизлар эса мени севади
Олис баҳор кечаларида.
Сизни севган у қиз тирикми?
Қийнайдими хотира расми?
Тунлар унинг боши эгикми,
Нуриддинми ўғлининг исми?
* * *
Еттинчи синфда ўқиётган пайтларим шеър ёза бошладим.Аммо шеър ёзишимни ҳаммадан яширардим,нима учундир,билмайман,уялардим.Аммо,кунлардан бир кун бу сир ошкор бўлди.Ўша пайтлар оқшом тушиши билан ўсмир юрагимда китобга,адабиётга меҳр уйғотган, она тили ва адабиёт муаллимаси бўлмиш Субуҳа холам (Оллоҳ раҳматига олсин) хонадонига йўл олардим.Эрта бева қолган холамнинг эндигина ўқишни тугатган,яқиндагина уйланган ёлғиз ўғли Далер тоғам янгапошшам билан Сурхондарёнинг Ангор туманига йўлланма асосида ишга жўнатилган эди. Ёлғиз қолган холам онамга айттириб,мени дадамдан “қоровулчилик”ка сўраган эди. Гарчи мен кўп вақтимни шусиз ҳам холамникида ўтказашимдан яхши хабардор дадам “Фақат сигирларни ўтлатиб келишини унутмасин” — дея рози бўлган эди.Мени холамнинг хонадонига оҳанрабодек тортадиган нарса — китоблар эди. Холамнинг,бугун аниқ биламан,қишлоқда бошқа ҳеч кимникида бўлмаган бойлиги — кутубхонаси бор эди.
Ўша сир очилган куни одатдагидек холамнинг уйига борасолиб китоблар тахланган токчаси бор хонага кириб, ҳозир эсимда йўқ, ё армани,ё гуржи ёзувчисининг тоғда адашиб қолган болалар саргузашти ҳақида ҳикоя қилувчи китобни олдиму холам ёнига чиқдим.Чиқдиму холамнинг қишлик ботинкам қўнжида яшириб юрганим — икки-уч қават букланган қоғозларни топиб олиб,”Бу нима экан?” – дегандай кўздан кечириб турганини кўриб,турган жойимда қотиб қолдим.Ниҳоят, “ Буларни ўзинг ёздингми?” – деб сўради холам.Мен индамагач,саволини яна такрорлади.Мен эса миқ этмасдим.Холам аҳволимни тушунди,шекилли,жилмайди. Сўнг,нима учундир “Шоир Олтой!” – дея елкамни силади.
Мен ҳамон нима қилишимни билмасдан серрайиб турардим. Холам қўлидаги қоғозларнинг бирини кўрсатиб: “Лекин, мана бунақа шеърлар ёзма” – деди жиддий.Мен қайси шеър экан,деганча қоғозга тикилдим.Гўри Мирга бағишланган шеър экан.Эсимда қолган сатрлари:
Гўри Мир гумбази бор
Самарқанд ўртасида
Унда Амир Темур ётар
Болалари ўртасида.
Бугун ўша пайтдаги шеърларимни нақадар жўн,ибтидоий бўлганини биламан.Аммо ўша пайтларда…Ўша пайтларда мен ҳали Амир Темур ҳақида ёзиш мумкин эмаслигини билмасдим.Илк шеърларим Самарқанд,Регистон,Шоҳизинда ҳақида эди.Мен Субуҳа холамдан “Нега бундай шеърлар ёзиш мумкин эмас?” – деб ҳам сўрамадим.Холам ҳам “Бунақа шеърлар ёзма” – дейишдан ортиқ бир сўз айтмади…
Адабиёт муаллимаси Субуҳа холам билан. 1970 йил.
Мана энди биламан.Холам ва онамнинг оталари – ўз даврининг маърифатли кишиларидан бири,чор империяси пойтахти Петербургда таҳсил олган бобом Вафохўжа Махсум 30–йилларда қирғинбарот этилгани туфайли бувим – Латофат биби,холаларим ва тоғаларим қандай даҳшатли кунларни бошларидан кечирганларини мана энди биламан.Шаҳардаги ва қишлоқдаги ҳовлилари мусодара этилган,бошпанасиз,ёш фарзандлари билан кўчада қолган бувим Латофат бибининг қатъияти,онажоним Фузаллонинг жуда эрта отамга узатилгани сабаб бу хонадон давр даҳшатларидан омон қолган эди.
Ўрни келгани учун қизиқ бир гапни айтиб ўтмасам бўлмайди. Вафохўжа Махсум зурриёдларининг бир қисмининг фамилияси Вафохўжаев,қолган қисмининг фамилияси Вафоев тарзида ёзилади. Мана энди биламан,бирор бир совет ташкилотида ишлаганлар ўзларини ишга олишлари учун тўсиқ бўлган “хўжа”ни фамилияларидан олиб ташлашга мажбур этилган,оддий бир ишларда ишлаб,кун кечирганлар Вафохўжаев бўлиб қолаверган…
Хуллас,ўша куни Субуҳа холам қўлимга қайтариб берган шеърларимни яна аввалги жойи – қишлик ботинкам қўнжига яширдим. Шу–шу холам ҳар замон–ҳар замон “Ҳа,шоир Олтой!” – дея эркалайдиган бўлди. Йиллар ўтиб,шеърий китобларим чиқиб, номим элу юртга танилган кунларда ҳам “Ҳа,шоир Олтой!” – деб эркалашини канда қилмади холам.
Ўша куни ва кейин ҳам мен холамдан «Нега мени шоир Олтой» дейсиз деб сўрамаган эканман. Мана энди биламан: 30-йилларда шоир Олтой (Боис Қориев,) ҳам бошқа шоирлар каби Самарқандда яшаган ва унинг номи холамга ўша давр матбуотидан таниш бўлган. Тошкентлик таниқли уламо Абдувоҳид қори Абдурауф қори ўғлининг фарзанди — шоир Олтой 30-йилларда қамалиб, қарийб йигирма беш йилдан сўнг оғир хасталик билан Тошкентга қайтган ҳамда бир неча йил тил ва адабиёт институтида ишлаб, вафот этганини мана энди биламан.
Сирим фош бўлган ўша куни холам Гўри Мирга бағишланган “шеър”имнинг нега ёзганимни сўраб қолганида тушунтириб бера олармидимми,йўқми,билмайман. Аниғи,тушунтириб беролмаган бўлардим. Мана энди биламан: Соҳибқирон бобомизнинг номи тилга олинмаган ўша пайтлардаям халқ юраги,хотираси уни унутмагани учун ёзган эканман бу шеърни. Самарқанд ҳавоси бу шавкатли инсонга бўлган меҳр–муҳаббат билан тўйингани учун ёзган эканман болаларча хом бу сатрларни. Чунки мен ҳам ўша ҳаводан нафас олардим.
Ҳамон шу ҳаводан нафас оламан…
Bir gal, taxminan 10 yoshlarimda, hadeb yalinavergan bo’lsam kerak, onam bobomning hovlisini ko’rsatish uchun Samarqandga olib borgan edi. Shundoq Sadriddin Ayniy muzeyi yonidan kirib Hovuzi sangin (Toshhovuz) mahallasiga borganmiz. Mahalladagi yagona pishiq g’ishtdan tiklagan ikki qavatli imorat ko’rinishi bilan «Bobomning hovlisi shu bo’lsa kerak» deb o’ylaganman.. Onam meni ichkariga olib kirmagan. O’zi bo’lsa bobomni,biyimni,urushda bedarak ketgan akalari Nuriddin tog’amni,bolalikning shirin damlarini eslab, uzoq vaqtgacha sukut saqlagan,ko’zlaridan yosh oqqan.
Xurshid Davron
BOLALIK, SAMARQAND VA BOSHQA XOTIRALAR
«Xotira parchalari» daftaridan
* * *
Mening nazarimda, asl ijodkor aql hassasiga tayangan, ammo bolaligi qo’lini qo’yib yubormagan insondir.
Donishmand Chingiz Aytmatov “Yuragida bolaligini saqlay olgan ijodkorgina iste’dodlidir” degan edi. Demak, kattalarday yashab, boladay yozish degan tushunchani , ijodkor umri davomida orttirgan tajribasi bilan bolalarga xos soddalik, beg’uborlik va mehrni uyg’un eta olishi deb tushunish kerak. Aql — tajriba mahsuli. Faqat aqlga ishongan ijodkor baribir mag’lub bo’ladi. Mehr –esa ilohiy tuyg’u. Mehr avvalan muhabbatning onasi, iste’dodning quvvati. Mehrning ildizi esa bolaligimizda, umrimizning beg’ubor faslida. Uni yo’qotib qo’yishdan asrasin. Mabodo yo’qotib qo’yilsa, yuzsizlikka, xiyonatga, imonsizlikka, yolg’onga va so’zfurushlikka yo’l ochiladi.
Hatto, salohiyatli bo’laturib sobitsizlik qilayotgan, oqni qora deyishdan uyalmayotgan, betayin iddaolar qilishdan to’xtamayotgan, mayda maqsadu manfaatlar yo’lida duch kelgan butga sig’inayotgan shoir yoki yozuvchini ko’rdingizmi, bilingki, u yuragini bolaligi tark etgan odamdir.
* * *
Men Samarqand yaqinidagi qishloqlarning biri — Chordarada tug’ilganman. Mana shu qishloqda ona tarafdan bo’lgan bobomning qo’rg’oni bo’lgan. Qo’rg’onning atrofini mevazoru uzumzorlar o’rab turgan. Qo’rg’onning to’rt tomonida darvozalari bo’lgan, shu sababdan bu joyni odamlar «Chordara» («To’rt eshikli»,»To’rt darvozali» ma’nosida) deb atay boshlashgan. Vaqt o’tib qo’rg’on atrofida shakllangan qishloq ham Chordara nomini olgan. Chordara atrofidagi qishloqlarning nomini birma-bir aytay: Buxoroqishloq, Urganjiqishloq, Turkmanqishloq, Arabxona, Hazora, Nayman…
Oyimning otalari Vafoxo‘ja maxdum o‘z davrining o‘qimishli odamlaridan bo‘lgan. Bobomning otalari Hikmatullohxo‘ja maxdum, Hikmatullohxo‘ja maxdumning otalari Junaydullohxo‘ja maxsum chor Rossiyasi zamonida Samarqandda va uning atrofidagi tumanlarda muhim vazifalarda ishlashgan. Masalan, Hikmatullohxo‘ja maxdum Junaydulloyev Samarqandning Angor tumani hokimi (volostnoyi) bo‘lgan. Bosqinchilarning xizmatini qilgan ekan-da deb o‘ylashingiz mumkin. Aslida, bugun men bobom milliy ozodlik harakatining ichida bo‘lganini bilganim, bir qator tarixiy hujjatlar buni isbotlashi mumkinligini bilganim uchun bobom bilan maqtanib o‘tiribman. Xususan, mustaqillikdan keyin nashr etilgan uch jildlik “O‘zbekiston tarixi” kitobining 1 jildida keltirib o‘tilgan tarixiy (politsiya tomonidan tayyorlangan yashirin ma’lumotlarga asoslangan) hujjatlarda Hikmatullohxo‘ja Junaydulloyev Rusiya hukmronligiga qarshi boshlangan Namoz Pirimqul boshchiligidagi xalq qo‘zg‘oloniga moddiy va ma’naviy ko‘mak bergani qayd etilgan (Onamning otalari Vafoxo’ja bobom esa Rossiyadagi inqilobdan keyin avj olgan milliy ozodlik harakatining yorqin siymolaridan biri, ota urug’im bo’lmish nayman qavmidan chiqqan Ochildov qo’rboshiga moddiy va ma’naviy yordam bergan. «Ochildov» dostoni borligini eshitgan bo’lsangiz kerak?)..
Ona tarafim Turkiston — Movarounnahrda shakllangan tasavvuf maktablaridan bo’lgan «Naqshbandiyya» tariqati murshidlaridan biri — Maxdumi A’zam (Sayid Axmad ibn Mavlono Jaloliddin Xojagiy Kosoniy Dahbediy ) hazratlariga, yanada aniqrog’i ul zotning to’ng’ich o’g’illariga borib ulanadi. Maxdumi A’zam xususida uning avlodlaridan bo’lmish olim va tadqiqotchi Komilxon Kattaev shunday yozadi: Ushbu muborak zotning asl ismi Sayid Ahmad ibn Jaloliddini Kosoniy, ilmiy-kitobiy nomi Mavlono Xojagiy Kosoniy, xalq orasida mashhur bo’lib ketgan tariqiy-ma’rifiy laqab-nomi esa Maxudmi A’zami Dahbediydir; Naqshbandiya tariqatining mashhur murshidi bo’lgan bu zot o’z davrining xalq va hukmdorlari ergashuvchi zamon muqtadosi edi. qizig’i shundakim, o’sha davr temuriy mirzolar yetakchisi Hindiston podshohi Bobur mirzo va shayboniy sultonlari sardori Movarounnahr xoni Ubaydulloxon kabi ikki mashhur sulola hukmdorlari bir-birlariga qondosh dushman bo’lishlariga qaramay, tariqiy pirlari bir shaxs – Maxdumi A’zam edi. shu bilan birga, Iskandarxon, Jonibek Sulton kabi bir qancha hukmdorlar ham ul zotga murid bo’lganlar.
Maxdumi A’zam memorial kompleksi
Tariqat murshidi Maxdumi A’zam Dahbediy (1461-1542) va u zotning tariqiy muridi, nazmdagi shogirdi, buyuk ma’rifatparvar shoir, olim va davlat arbobi Zahiriddin Muhammad Bobur mirzo (1483-1530) mukammal tadqiqot talab shaxslar sifatida yurtimiz tarixida alohida o’rin egallab kelishmoqda.
Maxdumi A’zam va Bobur mirzolar to’g’risida Xoja Abulbaqoning “Jome’ul-maqomot” hamda “Boburnoma” kabi dunyoga mashhur asarlardan tashqari, bevosita hamda u yoki bu tarzda mazkurlar zikr etilgan bir qator tarixiy manbalar mavjud; jumladan Hasanxoja Nisoriyning “Muzakkirul-ahbob”, Hofizi Tanishning “Sharafnomai shohi”, Sharafiddin Husaynning “Jodatul-oshiqin”, boburiyzoda shahzoda Doro Shukuhning “Safinatul-avliyo”, Olim Shayx Azizonning “Lamahot min nafahotul-quds”, Muhammad Yusufi Munshiyning “Torixi Muqumxoniy”, Shoh Mahmud Charosning “at-Ta’rix”, Maqsudi Buxoriyning “Ravoyihul-quds”, Nosiriddin Buxoriyning “Tuhfat uz-zo’irin”, Abu Tohirxojaning “Samariya”, Mo’sonxojaning turkum asarlari, Jumaquli Urgutiyning “Manoqibi Eshoni Mo’sonxoja”, Kattaxonxojai Dahbediyning “Risolai torixi Dahbediya”, Sadriddin Ayniyning “Namunai adabiyoti tochik” asarlari hamda zamondosh ustoz olimlarimizdan Bo’riboy Axmedov, Boturxon Valixo’jaev, Rasulxon Hodizoda va Oleg Akimushkinlarning bu boradagi bir qator ilmiy maqolalarini misol tariqasida keltirish mumkin.»
* * *
Bobom Vafoxo’ja Maxsum Peterburgda ta’lim olgan, buyuk ma’rifatchi Mahmudxo’ja Behbudiy izdoshlaridan biri bo’lgan. Oktyabr` to’ntarishidan keyin bobom va oilasining mashaqqatli hayoti boshlangan. Sovetlar tomonidan «bosmachilik» deb atalgan milliy ozodlik harakatlari paytida bobom nayman urug’idan bo’lmish Ochildov qo’rboshiga moddiy va ma’naviy yordam bergan. Ochildov qo’rida chordaralik yigitlar ham anchani tashkil etgan. 60 — yillarda ularning ayrimlari tirik edi. Esimda: jo’ralarimdan birovi «bosmachi» o’tgan bobosining beshotar miltig’ini olib chiqqan edi. Miltiqning tepkisini ikki-uch bosgach,otilmagach,uni bir-birimizga o’qtaganimiz, miltiq birdan varanglab otilgach, qurquvdan dag’-dag’ titraganimiz ham yodimda turibdi.
Vafoxo’ja bobom Samarqandda 1926 yili tashkil etilgan «Qizil qalam» jamiyati faoliyatida ishtirok etgan. Shokir Sulaymon rahbarlik qilgan bu jamiyatda Otajon Hoshim, Botu, Ziyo Said, Sotti Husayn, Anqaboy, Oltoy bilan birga yangi yetishib kelayotgan Uyg’un, Hamid Olimjon, Mirtemir, Oydin singari yosh qalamkashlar ham bor edi. Bobom ijodkor bo’lmagan,ammo xat-savodli, o’qimishli odam sifatida «Qizil qalam» jamiyati ishlariga jalb etilgan. O’sha paytda O’zbekistonning poytaxti Samarqand bo’lgani uchun davlat tashkilotlari shu yerda faoliyat yuritardi. Jumladan, O’zbekiston Markaziy Ijroiya qo’mitasi ham. Bu qo’mita hay’atining birinchi raisi Yo’ldosh Oxunboboev bo’lgan. Oddiy dehqondan chiqqan Oxunboboyev eski maktabda o’qigani uchun, urus alifbosidan bexabar kishi edi. Shu sababdan Oxunboboyevga urus alifbosini o’rgatishga bobom Vafoxo’ja Maxsumni jalb etishadi. Buning uchun bobomni «Qo’shchilar» ittifoqiga kotib etib tayinlashadi va uning asosiy ishi Oxunboboevga dars berish ekanligi aytiladi. O’sha paytda universitet talabasi, yosh shoir Mirtemir ham Yo’ldosh Oxunboboevning kotibi bo’lib ishlardi. Bobom bilan Mirtemir eskicha savodi bo’lganu yangi imloni to’liq egalolmagan Oxunboboevni davlat arbobiga zarur savod darajasiga chiqarish uchun ancha ter to’kishadi.
30 — yillarda boshlangan qama-qamadan bobom ham benihoya aziyat chekkan. «Dadam xizmatida bo’lgan bir guruh yatimlar (ya’ni xizmatkorlar) boshida turgan Umarcha degani o’taketgan muttaham odam edi», — deb eslardi onam.- U, ayniqsa, 1930-1932 yillarda quloqlashtirish siyosati bilan ro’yxatga olish boshlanganda rosa quturib ketdi. 10 yoshda bo’lsam ham hammasi esimda. Dadam uyda yotmas, ship-shiydam etilgan vayrona qo’rg’on atrofidagi uzumzorlarda yashirinib yurardi…»
«Bir kuni shahardan kelgan odamlar uyimizni tintuv qilishdi, — deb eslardi onam, — Ular juda chiroyli,naqshinkor sandiqchani topib olishdi. Shaharliklar oldida o’zining butun iskovuchlik hunarini ko’rsatayotgan Umarcha ikki qo’llab sandiqchani silkitganda, ichida nimalardir bir-biriga urilib,sharaqlagan ovoz chiqarardi. » Vafoxo’janing boyligi shunda saqlansa kerak», — deb rosa quvonishdi. Sandiqcha qulfini buzib ochishganda, ichida tilla tangalaru oltinu kumush taqinchoqlar emas, yuzdan ortiq bir.-biridan chiroyli,hammasi nozik did bilan tarashlanib uchi chiqarilgan qalamlaru siyoh bilan yozadigan ruchkalar saqlanayotgani ma’lum bo’ldi. Umarning yuzi bo’zarib, sandiqni ichidagi bor qalamu ruchkani yerga to’kib, oyog’i bilan urib majaqlay boshladi…»
Men o’sha Umarchani, bizning bolaligimiz kechgan 60-yillarda Umar bobo bo’lib qolgan kimsani ko’rganman. Qishlog’imiz mozorining qorovuli edi. Biz — bolalarni mozor tevaragida o’sib turgan qadimiy marvartak tutlardan haydab tushirishdan rosa maza qilardi. Yakkamaxov bu odamni butun qishloq ahli yomon ko’rar, tevarak-atrofda u haqida bir-biridan uyatli gaplar yurardi. Men hozir ularni sizga aytishdan ham uyalaman…
* * *
Vafoxo’ja Maxsum dastaaval quloq sifatida,keyinchalik “Qizil qalam”ga yaqin bo’lgan shaxs sifatida , millatchilikda ayblanib turmaga tashlangan va og’ir xastalikka chalingach, ozodlikka chiqarilgan. Ammo,bir necha oydan keyin vafot etgan.
«Quloqning bolasi» deb xolam Subuhabegim bilan oyim Fuzallobegimni maktabga olishmaydi. O’shanda biyim Latofatbibi ikki qizini yetaklab Oxunboboev huzuriga boradi. «Sizga xat-savoddan yordam bergan odamning bolalari xat-savodsiz qolishi kerakmi,nega ularni maktabga olishmayapti?» — deb undan ko’mak so’raydi. Yo’ldosh Oxunboboev yordami tufayli xolam ham onam ham qizlar bilim yurtida o’qiy boshlashadi.
Yo’ldosh Oxunboboev hamma qatag’onlardan omon qoladi. Fayzulla Xo’jaevu Akmal Ikromovlar qamalganda ham hech kim unga tegmaydi. Chunki bu shaxs sovetlar uchun eng muhim hisoblangan «fazilat»ga ega edi: u g’oyasiz va bilimsiz kishi edi. Demak,u qurolsiz edi.
Yo’ldosh Oxunboboevga tegishli bir gap uning butun mohiyatini ochadi. «Men oddiy lampochkaman, — degan edi u, — meni o’chirib-yoqadigan murvat Kremlda».
Жамшид укам, раҳматли Мавжуда янгам, Ҳамза акам, раҳматли ойим,Гулбаҳор синглим, раҳматли дадам.
Otam Davron Hasanov Nayman urug’idan. Ota urug’im yashagan Naymanqishloq bobom qo’rg’onining etagida edi. Bugungi Naymanqishloq Samarqand shahri tarkibidagi Kimyogarlar shaharchasiga yonma-yon joylashgan.
O’z davrining savodli kishilaridan bo’lib, 30-yillarda Samarqand Pedagogika akademiyasida (institutida) tahsil olgan. Chordara qishlog’idagi ilk maktab ham otamning harakati bilan qad ko’targan.
Ota hovlimizning darvozaxona tarafi mevazor, etagi qator-qator voyish qilingan uzumzordan iborat edi. Hovli juda katta edi. Keyinchalik otam qish kechasi sandali (tancha) isidan fojiali halok bo’lgan jo’rasining bolalari ko’chada qolganda,ularni olib kelib hovlimiz etagini ajratib bergan edi. Jo’rasining qizi turmushga uzatilib,o’g’li Umar qishlog’imiz yonida joylashgan harbiy qismga polk o’g’li bo’lib qabul qilingach, har ikkisi qishloqqa kelmay ketdi. Hozir hovlimizning o’sha ajratib berilgan bo’lagida butunlay boshqa odamlar istiqomat qilishadi.
Umarni keyinchalik Toshkentga kelib Universitetda o’qiy boshlaganimda ko’rganman. Men jurnalistika fakul`tetining kechki bo’limida o’qisam-da, tanish bolalarning yotog’ida yashab yurgan paytim edi. Umar meni qanday topganini hanuzgacha bilmayman, lekin bir kun Talabalar shaharchasidagi yotoqqa meni surishtirib kelganida angrayib qolganman.
Sovetlar ota-onasiz qolgan bolalarni o’z tarbiyasiga olib,ularni maxsus internatlarda josuslik ishlariga o’rgatar ekan. Umar ham ana shunday maxsus internatda o’qiganini aytib berdi, Gap orasida Xitoy,Afg’oniston,Eronga josus sifatida tez-tez borib turishini ham qistirib o’tdi. O’zi bilan olib kelgan ikki shisha aroqni ichib,mast bo’lib qolgach,qo’ltig’idan pistoletini olib ko’rsatgani, keyin birdan ho’ng-ho’ng yig’lagani esimda qolgan. Hozir uning qaerdaligini bilmayman.
Men otamning erkasi bo’lganman.Dasturxon atrofida o’tirganimizda nima suzilsa,eng birinchi menga olib kelinardi. Shunday qilinmasa, kosani ag’darib tashlardim.
Otamni qattiq yaxshi ko’rardim. Tun yarmidan oshsayam,uxlamasdan uyga qaytishlarini poylab o’tiraverardim.
Otam meni biror martayam chertmagan. Faqat bir marta dasturxon oldida navbatdagi «janjalim»ni boshlaganimda, qo’llaridagi qoshiq bilan tizzamga sekingina urganlarini eslayman.
Onamdan ko’p xivchin yeganman. Ikkitasi aniq yodimda qolgan. Bir marta qarindoshlarning to’yiga borayotgan onamga, «uyda qol!» — deganlariga qaramay, yarim yo’lgacha ergashib borganim uchun, ikkinchi marta tuman gazetasiga «yolg’on» xabar yozganim uchun xivchin yeganman.
Butun umr ibrat bo’lgan bu voqeani unutolmayman. 7-8 sinflarda men tumanning «Sharq tongi» gazetasiga xabar yoza boshlaganman. Bir kuni onam xivchin bilan darsxonamga kirib keldilar. Bir so’z demasdan savalay boshladilar. Men xonadan hovliga qochib chiqdim. Uzoqroqda turib “Nega urasiz, nima qildim?” dedim hiqillab yig’lagancha. Onam “Nega yolg’onni yozasan?” dedilar jahldan tushmay. “Falonchi (onam yaqin dugonasining ismini aytdi) bir oydan beri kasalxonada yotgan bo’lsa, sen uni pilla topshirish rejasini ikki baravar qilib bajardi deb yozibsan. Hozir u emas, boshqa kishi brigad bo’lgan. Nega meni sharmanda qilasan, borib so’rasang, o’lasanmi?”
Xullas, uyatchanligim tufayli pillaxona bormay, uzoqdan so’rab-surishtirib yozgan kichkina xabarim e’lon qilingan kunning ertasi onam jurnalistikaning, albatta, adabiyotning ham asosiy talabi — yolg’onni yozmaslik haqida bir umrlik saboq bergan edilar.
* * *
Otam jo’raboz edi. Jo’ralari ichida laqabi «Qalampir» edi. Achchiq so’zi uchun emas (otam umrida birovning ko’nglini og’ritmagan odam edi), ichganida yuzi qalampirday qip-qizarib ketishi sababidan bu laqabni orttirib olgan edi. Ammo, biz ham otam jo’ralarining laqablarini bilib olgan edik. Birortasi bizni «Ha,qalampirning bolasi» desa,bas,o’sha zamon munosib javob olardi.
O’sha paytlardagi mehru oqibatni ko’ring: 6-7 chaqirimda joylashgan Zahlik qishlog’ida (ota urug’imizning bir qismi o’sha yerda yashashadi) to’y bo’lib qolganda jo’ralari anchadan beri xastalanib to’shakda yotgan otamni kalovati bilan ko’tarib olib borishgan.
Otam bog’ bilan uzumga ishqiboz odam edi. Hovlimizda uzumning qarayib 40 dan ortiq navi bor edi,desam, xato qilmayman. Maxsus bir xonada qishda uzum saqlardik. Birinchi e’lon qilingan she’rim ham uzum bilan bog’liq. Oilamizning to’ng’ich farzandi — Hamza akam 3 yillik harbiy xizmatdan kuzda qaytishini kutar edik. O’shanda otam noyabrning boshigacha birikki voishdagi uzumni uzmay,qog’oz bilan o’rab saqlagan edi. Shu esimda muhrlangan qolgan ekan, yillar o’tib, urushdan qaytmagan farzandini kutgan ona haqida «Uzilmasdan qolgan uzumlar» she’rini yozganman. Respublika matbuotida bosilgan ilk she’rlarimdan biri mana shu she’r edi:
UZILMASDAN QOLGAN UZUMLAR
Tumanlar qo’nmoqda tog’lar boshiga,
Eng so’nggi turnalar uchib ketmoqda.
Ishkomdan jovdirab kuz quyoshiga,
Kimnidir mung’ayib, yonib kutmoqda
Uzilmasdan turgan uzumlar.
Shamollar esmoqda sovuq,berahm,
Yaproqlar parishon kezar darbadar.
Qani kim biladi,qani aytar kim,
Kimning yo’llarini mo’ltirab kutar
Uzilmasdan turgan uzumlar?
Uzmoqqa cho’zaman asta qo’limni,
Nogoh tilga kirdi ingrab qalb sasi:
“Bir ona intizor kutar o’g’lini,
Urushdan qaytmagan dil nasibasi —
Uzilmasdan qolgan uzumlar”.
Otam chumchuqu mayna uzumlarni cho’qib ketmasin deb burgut saqlardi. O’sha burgutning o’limi ham ko’z o’ngimda bo’lgan: Samarqandning ertapeshar savri gilosi qizargan bahor kunlari edi. Birdan qattiq do’l yog’di. Men bola derazadan tomosha qilib o’tirardim. Burgut derazaga yaqin gilos daraxti shoxida qo’nib olgancha, do’ldan qanday saqlanishni bilmay hurpayib turardi. Birdan u «gup» etib daraxtdan pastga quladi. Yugurib tashqariga otildim, burgutni ichkariga olib kirdim. Ammo,burgut o’lgan edi…
Otamdan o’tganmi, bolalikdan daraxtga,boqqa mehrim baland. Darvozaxonadan hovliga kiraverishda otam menga ataylab joy ajratib bergan edi. Tengdosh jo’ram Ismatillo bilan (uning ham bog’chasi bor edi) erta bahor yoki kech kuzda sahardan chiqib, dalama-dala yurib bog’imizda yo’q nihollarni izlardik. Bahorda,o’zimizcha “ekspiriment” qilib,to’g’ri keladimi,yo’qmi,nihollarni bir-biriga payvand qilish bilan mashg’ul bo’lardik.
Hovlimizning bir chekkasida biz tomonda “urus daraxt” deb ataladigan novdalari sassiq og’och pala-partish ko’payib o’sib yotardi.Necha marta ularni yo’q qilishga urindik,foydasi bo’lmadi. Bahor kelishi bilan chuqur yer tagidagi ildizlardan,”lop” etib ko’karmalar paydo bo’lar,hafta o’tmay bir qarichcha bo’y cho’zardi.
Nima bo’ldi-yu, novdasi gilosnikiga sal-pal o’xshab ketgani uchunmi,bilmayman, mana shu sassiq daraxtni gilos bilan payvand qilish fikri tug’ilib qoldi. Buni qarang-ki payvand tutib,bir yil ichida bo’yi ikki metrdan ziyod tarvaqaylagan payvandi kelasi bahorda gullab,hosil qildi. Bahor ketib,yoz avjiga kirgan paytda katta-katta mevasi qizardi.Ammo,uni yeb bo’lmasdi,juda bemaza edi. Bu tajribamni kuzatib yurgan kamgap otam, boshini chayqab “ Qazisan, qartasan, asli naslingga tortasan” deb aytganlarini hali hanuz eslab yuraman.
Bolaligimni eslasam, otamning tunday qop-qora oti, «Orlyonok» velosipedim,»Olapar» degan itimni, bobom qo’rg’onining qoldiqlari saqlanib qolgan dalada mol boqib yurganimda chollarning bobom Vafoxo’ja Maxsum haqida so’zlagan xotiralari yodimga tushadi.
* * *
Maktab hovlimizdan uzoq emas, bor-yo’g’i 200 qadamcha masofada edi. Lekin o’sha kuni dadam meni tunday qop-qora otiga mindirib olib borgan edilar. Buni ko’rgan bir necha tengdoshim uylariga qaytib borib, “meniyam otda olib borasiz” deb xarxasha qilganlarini keyin ham bir necha kun gapirib yurishgan . Otamning obro’yi qishloqda juda baland edi. Maktab binosiyam 30-yillarda otamning tashabbusi bilan tiklangan. O’sha kuni juda ko’p otalar noiloj bolalarini otga mindirib olib kelishgan edi.
* * *
Bolalikda eng sevgan kitobim Mirkarim Osimning «O’tror» qissasi bo’lgan. Qayta-qayta o’qirdimu sira to’ymasdim. Keyinchalik adibning boshqa asarlarini maroq bilan o’qidim, ammo «O’tror» sevimli bo’lib qolaverdi. Tarixga bo’lgan muhabbatim, she’rlarimdagi moziy nafasi, bir necha tarixiy hikoyalaru qissalarim Samarqandd va «O’tror» bois ro’yobga chiqqan, deb o’ylayman.
Maktabni tugatgan yili maktabdoshlarim bilan
* * *
Bugun o’zlaricha «modern she’riyat» yaratmoqchi bo’layotgan yosh jo’ralarimning ba’zi tajribalarini bolaligimdagi sassiq daraxt bilan gilosni payvand qilish bilan bog’liq urinishlarimga o’xshatgim keladi.
Men adabiyotimizda uning asriy ildizlariga bolta uradigan,uning mezonlarini tan olmaydigan, G’arbning g’aribona madaniyatiga tiz bukadigan yozuvchilarning paydo bo’lishini istamayman.
Istagimga zid tarzda shunday odamlarning paydo bo’layotganidan tashvishga tushaman. Bu, birinchi navbatda,mamlakatimizda adabiyot sohasida olib borilayotgan madaniy siyosatning ko’r-ko’ronaligi, o’z holiga tashlab qo’yilgani tufayli yuz bermoqda,deb o’ylayman.
Shifokorlar ba’zan biron bir halokatga uchragan inson hayotini saqlab qolish uchun unga yangi qon quyadilar.Ammo,to’g’ri kelgan qonni emas,o’sha inson qoniga to’g’ri keladigan qonni quyadilar.Aksincha bo’lsa,inson halok bo’ladi. Adabiyotda ham shunday: u faqat ruhan yaqin bo’lgan adabiyot (madaniyat,san’at) ta’siridagina yangilanishi mumkin. Men bu o’rinda na irqiy,na til,na milliy yaqinlikni nazarda tutmayapman. Men bu o’rinda, birinchi navbatda milliy mentalitetimiz,ma’naviy-axloqiy qadriyatlarimizga mos keladigan ta’sirlarni nazarda tutyapman.Bu ta’sir har xil “izm lar bilan atalaversin,ammo bizni o’zbek qilib turgan mezonlarga mos kelsin.Bu yangi qon bizning qon guruhimizga to’g’ri kelsin.
Payvand ishini,bog’ ishini durustgina bilganim uchun yana bir haqiqatga ishonaman. Tajribalardan ma’lumki, payvand yo’li bilan gilosga aylangan olcha (aslida olbolu) oxir-oqibat yillar o’tib asl nasliga qaytadi,yana olboluga aylanadi. Bugungi adabiy ta’sirlardan nimalarnidir olib,nimalarnidir o’zlashtirib, yangilanayotgan adabiyotimiz yana o’zining milliy zaminiga qaytadi. Shu sababdan ham meni jahon adabiyotida paydo bo’layotgan turli «izm»larni ko’r-ko’rona rad etadigan odam deb bilmang. Biz — o’zbekning bolasi bo’lmish ijodkorlar dunyoni onamizning bag’rida, otamizning yelkasida turib o’rganishimiz kerak.
* * *
Har gal Toshkentdan qishloqqa borganimda onamni bobom haqida gapirtirib qo’yib eshitib o’tirardim. Biyim (buvim) Latofatbibi ham xat-savodli bo’lgan. Onam xotiralarini so’zlab berar ekan har safar biyim aytib yuradigan biron bir she’rni eslab qolardi. Bir safar «Bobosin taxtini sotgan amir Muzaffarga ming la’nat…» — deb boshlangan she’rni eslasa,boshqa safar «Sariq ho’kiz,sariq ho’kiz,urusni (bizga) podshoh qilmag’il» deb boshlangan she’rni aytib berardi. Shu sababdan qishloqqa har borganimda «Bu gal boshqa bir she’rni eslab qolsalar ajabmas» degan o’y bilan onamni gapirtirib eshitib o’tirardim. Eshitganimni yozib qo’yardim. Ming afsuski, ijarama-ijara ko’chishlar paytida o’sha daftarimni yo’qotib qo’yganman…
* * *
Bir paytlari qishlog’imiz mozori yonidagi ariqdan hatlab o’tsangiz , ulkan tepalikka duch kelardingiz. Bolalikda hamma narsa katta tuyularkan. Men hozir hatlab o’tsangiz dedimu aslida bu ariq bolalik paytida kattakon soyday, tepalik esa tog’day bo’lib tuyulgani yodimda. Mana shu tog’day tepalikka chiqib varrak uchirardik. Har safar bu tepalik ustiga chiqqanimda olisdagi tog’larga tikilib xayol surgim kelar, xayol surganim sayin yiroqdagi tog’lar butun haybati va zalvori bilan yaqinlashar, oxiri ularning moviy quchog’iga singib ketganimni bilmay qolardim. Xullas,o’sha tepaligu olisdagi moviy tog’lar meni shoirga aylantirgan bo’lsa ajabmas.
Mana shu tepalikdan turib Samarqandni — Registon minoralarini, Go’ri Mir gumbazini ko’rish mumkin edi. U paytlar Samarqanddagi eng baland bino to’rt qavatli bo’lardi. Shuning uchun ham bolalik tog’ining cho’qqisiga chiqib tikilgan bolakayning nigohini to’sadigan to’siq yo’q edi. Samarqand tomonga tikilar ekanman, onamning: «Biz oldin shaharda yashaganmiz, bu yerda esa bobongning qo’rg’oni — dala hovlisi bo’lgan», degan so’zlari yodimga tushardi.
— Bobongning shahardagi hovlisi haliyam bor, — deb hikoya qilardi onam. — Shundoq Registon maydoni qarshisidagi kinoxonaning orqasiga o’tib, to’g’ri yuraversang, ikki qavatli g’ishtli binoga ko’zing tushadi. O’sha bobongning hovlisi bo’ladi…
Men bobomning ikki qavatli uyini ko’raman, deb tikilardim-u dam o’tmay bu o’y unutilib, butun xayolimni olislarda yuksalib turgan minoralar, gumbazlar maftun qilib olardi. Tepalik ustida o’tirib olgancha, onam so’zlab bergan afsonalarni o’ylardim. Ularni o’ylab, yiroqdagi sehrli shahar ko’chalari-yu maydonlariga borib qolganimni sezmay qolardim. Atrofimdan avtolar emas, sovut ko’targan, egnidagi javshanlari yaltirab turgan alpkelbatli suvoriylar, madrasadan saboq olib qaytayotgan, boshlariga oppoq salla o’ragan, moviy liboslar kiygan talabalar o’tar, bozordan qaytayotgan qariyalarning yuki yengillashgan eshaklari horg’in yo’rtardi…
Bir gal,taxminan 10 yoshlarimda, hadeb yalinavergan bo’lsam kerak,onam bobomning hovlisini ko’rsatish uchun Samarqandga olib borgan edi. Shundoq Sadriddin Ayniy muzeyi yonidan kirib Hovuzi sangin (Toshhovuz) mahallasiga borganmiz. Mahalladagi yagona pishiq g’ishtdan tiklagan ikki qavatli imorat ko’rinishi bilan «Bobomning hovlisi shu bo’lsa kerak» deb o’ylaganman.. Onam meni ichkariga olib kirmagan. O’zi bo’lsa bobomni,biyimni,urushda bedarak ketgan akalari Nuriddin tog’amni,bolalikning shirin damlarini eslab, uzoq vaqtgacha sukut saqlagan,ko’zlaridan yosh oqqan.
Oradan 15 yillar o’tib men Nuriddin tog’am xotirasiga bag’ishlab mana bu satrlarni yozganman:
…Sovuq shamol meni quvadi,
Sokin shahar ko’chalarida.
Qizlar esa meni sevadi
Olis bahor kechalarida.
Sizni sevgan u qiz tirikmi?
Qiynaydimi xotira rasmi?
Tunlar uning boshi egikmi,
Nuriddinmi o’g’lining ismi?
* * *
Yettinchi sinfda o’qiyotgan paytlarim she’r yoza boshladim.Ammo she’r yozishimni hammadan yashirardim,nima uchundir,bilmayman,uyalardim.Ammo,kunlardan bir kun bu sir oshkor bo’ldi.O’sha paytlar oqshom tushishi bilan o’smir yuragimda kitobga,adabiyotga mehr uyg’otgan, ona tili va adabiyot muallimasi bo’lmish Subuha xolam (Olloh rahmatiga olsin) xonadoniga yo’l olardim.Erta beva qolgan xolamning endigina o’qishni tugatgan,yaqindagina uylangan yolg’iz o’g’li Daler tog’am yangaposhsham bilan Surxondaryoning Angor tumaniga yo’llanma asosida ishga jo’natilgan edi. Yolg’iz qolgan xolam onamga ayttirib,meni dadamdan “qorovulchilik”ka so’ragan edi. Garchi men ko’p vaqtimni shusiz ham xolamnikida o’tkazashimdan yaxshi xabardor dadam “Faqat sigirlarni o’tlatib kelishini unutmasin” — deya rozi bo’lgan edi.Meni xolamning xonadoniga ohanrabodek tortadigan narsa — kitoblar edi. Xolamning,bugun aniq bilaman,qishloqda boshqa hech kimnikida bo’lmagan boyligi — kutubxonasi bor edi.
O’sha sir ochilgan kuni odatdagidek xolamning uyiga borasolib kitoblar taxlangan tokchasi bor xonaga kirib, hozir esimda yo’q, yo armani,yo gurji yozuvchisining tog’da adashib qolgan bolalar sarguzashti haqida hikoya qiluvchi kitobni oldimu xolam yoniga chiqdim.Chiqdimu xolamning qishlik botinkam qo’njida yashirib yurganim — ikki-uch qavat buklangan qog’ozlarni topib olib,”Bu nima ekan?” – deganday ko’zdan kechirib turganini ko’rib,turgan joyimda qotib qoldim.Nihoyat, “ Bularni o’zing yozdingmi?” – deb so’radi xolam.Men indamagach,savolini yana takrorladi.Men esa miq etmasdim.Xolam ahvolimni tushundi,shekilli,jilmaydi. So’ng,nima uchundir “Shoir Oltoy!” – deya yelkamni siladi.
Men hamon nima qilishimni bilmasdan serrayib turardim. Xolam qo’lidagi qog’ozlarning birini ko’rsatib: “Lekin, mana bunaqa she’rlar yozma” – dedi jiddiy.Men qaysi she’r ekan,degancha qog’ozga tikildim.Go’ri Mirga bag’ishlangan she’r ekan.Esimda qolgan satrlari:
Go’ri Mir gumbazi bor
Samarqand o’rtasida
Unda Amir Temur yotar
Bolalari o’rtasida.
Bugun o’sha paytdagi she’rlarimni naqadar jo’n,ibtidoiy bo’lganini bilaman.Ammo o’sha paytlarda…O’sha paytlarda men hali Amir Temur haqida yozish mumkin emasligini bilmasdim.Ilk she’rlarim Samarqand,Registon,Shohizinda haqida edi.Men Subuha xolamdan “Nega bunday she’rlar yozish mumkin emas?” – deb ham so’ramadim.Xolam ham “Bunaqa she’rlar yozma” – deyishdan ortiq bir so’z aytmadi…
Mana endi bilaman. Xolam va onamning otalari – o’z davrining ma’rifatli kishilaridan biri, chor imperiyasi poytaxti Peterburgda tahsil olgan bobom Vafoxo’ja Maxsum 30–yillarda qirg’inbarot etilgani tufayli buvim – Latofat bibi,xolalarim va tog’alarim qanday dahshatli kunlarni boshlaridan kechirganlarini mana endi bilaman. Shahardagi va qishloqdagi hovlilari musodara etilgan,boshpanasiz,yosh farzandlari bilan ko’chada qolgan buvim Latofat bibining qat’iyati,onajonim Fuzalloning juda erta otamga uzatilgani sabab bu xonadon davr dahshatlaridan omon qolgan edi.
O’rni kelgani uchun qiziq bir gapni aytib o’tmasam bo’lmaydi. Vafoxo’ja Maxsum zurriyodlarining bir qismining familiyasi Vafoxo’jaev,qolgan qismining familiyasi Vafoev tarzida yoziladi. Mana endi bilaman,biror bir sovet tashkilotida ishlaganlar o’zlarini ishga olishlari uchun to’siq bo’lgan “xo’ja”ni familiyalaridan olib tashlashga majbur etilgan,oddiy bir ishlarda ishlab,kun kechirganlar Vafoxo’jaev bo’lib qolavergan…
Xullas,o’sha kuni Subuha xolam qo’limga qaytarib bergan she’rlarimni yana avvalgi joyi – qishlik botinkam qo’njiga yashirdim. Shu–shu xolam har zamon–har zamon “Ha,shoir Oltoy!” – deya erkalaydigan bo’ldi. Yillar o’tib,she’riy kitoblarim chiqib, nomim elu yurtga tanilgan kunlarda ham “Ha,shoir Oltoy!” – deb erkalashini kanda qilmadi xolam.
O’sha kuni va keyin ham men xolamdan «Nega meni shoir Oltoy» deysiz deb so’ramagan ekanman. Mana endi bilaman: 30-yillarda shoir Oltoy (Bois Qoriev,) ham boshqa shoirlar kabi Samarqandda yashagan va uning nomi xolamga o’sha davr matbuotidan tanish bo’lgan. Toshkentlik taniqli ulamo Abduvohid qori Abdurauf qori o’g’lining farzandi — shoir Oltoy 30-yillarda qamalib, qariyb yigirma besh yildan so’ng og’ir xastalik bilan Toshkentga qaytgan hamda bir necha yil til va adabiyot institutida ishlab, vafot etganini mana endi bilaman.
O’shan sirim fosh bo’lgan kuni xolam Go’ri Mirga bag’ishlangan “she’r”imning nega yozganimni so’rab qolganida tushuntirib bera olarmidimmi,yo’qmi, bilmayman. Anig’i,tushuntirib berolmagan bo’lardim. Mana endi bilaman: Sohibqiron bobomizning nomi tilga olinmagan o’sha paytlardayam xalq yuragi,xotirasi uni unutmagani uchun yozgan ekanman bu she’rni. Samarqand havosi bu shavkatli insonga bo’lgan mehr–muhabbat bilan to’yingani uchun yozgan ekanman bolalarcha xom bu satrlarni. Chunki men ham o’sha havodan nafas olardim.
Hamon shu havodan nafas olaman…
Xotiralaringiz juda samimiy yozilgan, Xurshid aka!
Uni o’qiganda negadir marhum Chingiz Aytmatov va Mustay Karimning
bolalik xotiralarini esladim… Teran tafakkurli va dunyonig sir-asrorlarini tanigan shaxslarning o’z hayot yo’lini tahlil qilish tarzi bir-biriga juda o’xshaydi, demak…
Muborak bo’lsin, xotiralaringizning davomini kutib qolamiz!!
Tug‘ilgan kuningiz bilan Xurshid aka! Sizga baxt-saodat, sog‘lik-salomatlik va ijodingizga baraka tilab qolaman. Millatimiz ravnaqi yo‘lida bundan ham buyuk ishlar qilish nasib etsin!
Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, азиз устоз! Қалбингиздаги покиза булоқлардан бошланган адабий жилгалар уммон қадар кенгайиб, сира тиним билмасин. Умрингизни узоқ қилиб, ижодингизга ривож бераверсин. Хамиша сог-омон бўлинг!