Дукчи эшон раҳбарлигидаги қўзғолоннинг 120 йиллиги олдидан
1898 йилнинг 18 майида тарихда «Андижон қўзғолони» номи билан аталган Дукчи эшон раҳбарлигидаги халқ исёни бошланган эди. Мустақилликкача бу исён ва унинг раҳнамоси ҳақида бирон бир ҳақиқатга яқин маълумот олишнинг ўзи қийин эди. Мустақилликдан кейин Дукчи эшон ҳаёти ва фаолиятига оид юзлаб мақолалар,ўнлаб китоблар нашр этилди. Аммо,ҳанузгача Дукчи эшон шахсияти ва фаолияти қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бугун сизга мазкур халқ исёнига бағишланган ҳужжатли асарларни тақдим этар эканмиз, улардаги ҳар бир сўзини эътибор билан ўқишингизни сўраб қоламиз.
Хуршид ДАВРОН
ТУННИ ЁРИТГАН ЧАҚМОҚ
1898 йилнинг 18 майида тарихда «Андижон қўзғолони» номи билан аталган Дукчи эшон раҳбарлигидаги халқ исёни бошланган эди. Мустақилликкача бу исён ва унинг раҳнамоси ҳақида бирон бир ҳақиқатга яқин маълумот олишнинг ўзи қийин эди. Мустақилликдан кейин Дукчи эшон ҳаёти ва фаолиятига оид юзлаб мақолалар,ўнлаб китоблар нашр этилди. Аммо,ҳанузгача Дукчи эшон шахсияти ва фаолияти қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.Агар бир тараф уни она юрт истиқлоли учун муҳораба майдонига чиққан фидойи деб баҳоласа,иккинчи тараф уни ўйламай иш тутган,қанча бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлишига сабабчи бўлган, халифалик тузишни кўзлаган чаламулла сифатида қоралайди. Аммо,рад этиб бўлмас ҳақиқат шундаки, Дукчи эшон,энг аввало, мустабидликка қарши,миллатининг эрку озодлиги учун майдонга чиққан эди. Бу кундай равшан ҳақиқат. Унинг исёнчи сифатидаги дунёқарашида ноқисликлар мавжуд бўлгани ҳам шундай очиқ ҳақиқатдир. Айтиш лозимки, биз бугунги кундан туриб, юртимизнинг мустамлакага айланишидан анча аввал бошланган (буни англаш учун Ҳакимхон тўранинг «Мунтахаб ат-таворих» асарини ўқиш кифоя) , мустамлака даврида кучайган жаҳолат ва таназзул даврида яшаган шахсга баҳо бермоқчи бўламиз. Уни анча илғор халқлар тарихида рўй берган ҳурриятга интилиш ҳаракатлари раҳбарлари билан хаёлан солиштирамиз ва хато хулосалар чиқарамиз. Яна бир аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, Дукчи эшон хусусда бир қарорга келолмаслигимиз оқибатида (бунинг осон ва аниқ иложи борлигига ҳам унчалик ишончим йўқ), унинг эрк ва истиқлол ҳақида айтган гапларидан руҳланиб,майдонга чиққан инсонлар хотираси олдида уятдан бош эгиб туришдан бошқа ишга ярамаймиз. Тўғри, ҳар қандай инқилоб ва исён майдонга чинакам фидойи инсонлар қаторида кўр оломонни ҳам олиб чиқади. Аммо, кўр оломонни деб юрт учун бошини дорга тиккан фидойиларда нима айб?
Қўзғолон халқ томонидан қўллаб қувватланганини тергов ҳужжатлари ва ҳарбий суд қароридаги ушбу сўзлар исботлайди: «Прискорбные события в ту трагическую ночь,ясно показали, кто есть кто: из местного населения нашлось всего три человека, осознавших свой долг перед великой Россией» («Ўша фожиали кечада рўй берган ҳалокатли воқеалар кимнинг ким эканлигини ёрқин кўрсатди, маҳаллий халқ орасидан бор йўғи уч кишигина буюк Россия олдидаги бурчини англаган чиқди»).
Исён бостирилгач, Туркистон ўлкасининг ҳарбий губернатори Духовский Андижон майдонларидан бирида мажбуран олиб келинган халойиққа қарата шундай деган эди: «Ужели не понимали вы, что песчинке не пристало бороться с великой горою?» (Наҳотки,сиз қум зарраси қудратли тоғ билан курашиши мумкин эмаслигини тушунмадиларинг?»
Исёндан ларза тушган «қудратли тоғ» уятсизлик ва пасткаш эди. Ҳар қaдамда (то ҳозиргача) «Биз бу ўлкага цивилизация олиб келдик» деб кериладиган империя малайлари энг ёвуз кимсаларгина қилишга қодир ишлардан қайтмади: қўзғолон раҳбарларини қатл қилаётган майдонга ёш болаларни олиб келиб,олдинги сафларда тизиб қўйишдан орланмади,уялмади. 380 кишини ўлимга ҳукм этиш билан халқ юрагида қўрқув уйғотишга уринди. Аслида буларнинг барчаси «қудратли тоғ» вужудида қўрқув уйғонганидан далолат эди.
Бугун сизга мазкур халқ исёнига бағишланган ҳужжатли асарларни тақдим этар эканмиз, улардаги ҳар бир сўзини эътибор билан ўқишингизни сўраб қоламан.
2013
ЧОР ҲУКУМАТИНИНГ ТЕРГОВЧИЛАРИ
Б.С.
Эшоннинг ҳонақоҳида доимо мингдан ортиқ одам бўлар эди. ٍٍШунинг билан даромади ҳам катта эди. Мана бу ҳолларни ва бўлиб турган ишларни мустабид чор ҳукуматининг губернатори ва ҳокимлари юқорига ёзиб, “Рапорт” билан билдирганидан, Туркистон генерал губернатори ўз олдидаги хос терговчини ва уларнинг бошлиғини чақириб, Марғилон уезд ҳокими билан ҳақиқат қилмоққа ва бўлиб турган ишларни кўриб ақл юргизмоққа юборди. Булар келмасдан бир ой илгари хабари келиб, Йикчи эшон алоҳида ва махсус поёндозлар тайёрланиб қўйди. Ҳар хил гиламлар топдириб омода бўлиб турди. Чунки Марғилон ҳокими эшонга бу хусусида хабар берган эди.
Буларнинг келишидан бир ой аввал Асакада турган раён пристави Марғилон ҳокимига эшон тўғрисида қуйидаги маълумотни беради.
РАПОРТ
1897 йил 15 декабрда
Ул баланд даражалик Марғилон уезд ҳокимига
Асака атрофининг нойибидан рапорт…( )
Сиз баланд даражаликка шу тариқа маълум қиламанки, маним ихтиёримга топширилган Асакага қарашли Мингтепа қишлоғида бу тарихдан 25 йил аввал келиб ўрнашган, асли мингтепалик “Муҳаммадали эшон” деган бир киши эшонлик қилиб турган бўлса-да, бу кунларда ниҳоят кучайиб, бутун тоғлардаги қирғизларни ўзига тобе қилди: маним махфий олган ахборимга қараганда, муридлари ўн мингдан ошган бўлса керак, ҳаммалари эшонга шундай тобеъдирлаки, агар амир қилса, бир кунда жамъ бўладилар. Агар шундай бораберса эҳтимол Эрон эшонларидек Русия давлатига исён чиқарса, лоақал ҳукумат бошлиқлари амр фармонига инқиёд қилмаса. Чунки ҳонақаҳига бир катта мактаб қилиб, тахминан 250га яқин болаларни учта муаллим солиб доимо ўқитиб турадир. Булар оз кунда ўқиб чиқсалар, кўпларини “Истамбул”га юбориб ўқитмоқчи эмиш. Буларнинг ҳар нечик бўлса-да, манъ қилмоғи зарур эди. Бу кунларгача жанобингиздан бир амр фармойиши бўлмагани учун сустлик кўрсатиб келинди.
Эндиликда маним фикримга эҳтиёт бўлмоқ лозимдир. Бинобарин жанобингизга маълум қилдим.
Участковий пристав (ЧАНИШЕВ)
Мана бу ахбор Марғилон ҳокимига етиб тездан орқасига ушбу сўзни ёзиб қайтарган эди: “Участковой приставга маълум бўлғайки, тездан Йикчи эшон Муҳаммадали ҳалифанинг таржимайи ҳолига доир равшан ахборот ёзиб юборғайсиз” деб мана бу хабар келганидан сўнг Йикчи шон ахборотига доир муфассал ахборот ёзиб юборган эди. Бу ахборотни Марғилон ҳокими Тошкентга, губернатор воситаси билан юборганда, Генерал губернатор ўз тарафидан зикр қилинган алоҳида ишларга хос маъмур терговчиларни юборган эди.
Бу тўралар Марғилонга келиб, ундан езд ҳокимини бирга олиб 12 киши билан 1897 йил, 12 майда (жавзо) Мингтепага келган кунлари эшонни кўрмакка борган зиёратчиларидан Мулло Абдулқаҳҳор Орифҳожи ўғли ҳикоя қиладики: яқин келганда бир кишини олдини чоптирган эканлар, келиб хабар берди. Эшон дарҳол чиқиб кўчада, дарвозадан тортиб тахминан 500 қадамча жойга пояндоз солдириб, ичкарида махсус чодир тикдириб, дарвозадан бу чодиргача ҳам бархутдан пояндоз қилиб, байроқлар тикиб, ниҳоят зийнат бериб кутиб турди. Ҳамма хизматчилар ва меҳмон одамлар ҳамда қишлоқ амалдорлари кўп кишилар дарвозадан ташқари чиқиб, истиқбол қилиб туриб эдилар… Мингбошилар от чопиб: “келди-келди” деб хабар келтирдилар. Эшон дарҳол “Мулла Солиҳ” деган хазиначисини чақириб, бир тўп бўғча тўн олиб чиқиб турди.
Ярим соат ўтгач, тўрт извошда 12 киши, тўралар, ҳокилар ва приставлар келиб тушиб, эшон билан ҳаммаси бир-бир кўришиб,саломлашиб бўлгандан кейин эшон бўғчани очиб, ниҳоят қимматбаҳо бўлган тўнларлан олиб, ҳаммасига баробар “чанг тўни” деб кийдиришга бошлагон эди, бири манъ қилиб қабул кўрмагач, эшон қўл боғлаб: “бизнинг одатимиз шулдир, агар қабул кўрилмаса бизга ор бўладир” деб эди, ҳаммаси кийиб олди. Ушбу ҳолда сурат олдирғон руслар неча мартабадан сурат олдилар. Кейин эшонни таклиф қилдилар. Эшон олдин юрмай: “меҳмонлар юрсунлар” деб қўл боғлаб турганда, бир катта, йўғон тўра, тошкентлик меҳмонлардан бўлиб терговчилар бошлиғи эди. Ҳаммадан олдин “пояндоз”ни босиб ичкари қараб юрди. Орқасидан ҳамма руслар қатор-қатор бўлиб ўтирдилар. Ҳаммалари устларидаги янги тўнларни ечиб қўйдилар. Одам ниҳоятда кўп эди. Ҳамма атрофни қуршаб олдилар. Булар учун махсус таомлар тайёрланган экан, олиб келинди, таом еб сўзлашид ўтирдилар.
Мана тамом зиёфат ўтгандан сўнг, баъзилар ўринларидан туриб, эшоннинг ҳонақоҳи, дастгоҳи, меҳмонхона, нонвойхона, отхоналарни айланиб юриб, болохонадаги ошхонага чиқиб, ошпазга иш қилдириб кўрдилар. 5-6 минутда ош қилиб бериш амалдорларни ҳайратда қолдирди. Лекин шу вақтда каромат ёки фалон дегучи киши бўлмади. Тўралар “нима сабабдан бундай?”деб сўрамадиларми экан, ҳеч ким бу ошхоналар хусусида изоҳот бермади.
Икки соатга яқин фурсат ўтгандан сўнг ҳали йўғон терговчи қўлига қоғоз олиб эшонни чақириб қуйидаги саволларни берди:
Терговчи – Неча ёшга кирдингиз?
Эшон — 51 ёшга чиқдим.
Т. – Отингиз ва лақабингиз нима?
Э. – Отим Муҳаммадали, отамнинг номи Мулло Исмоил.
Т. – Қайси динда ва қайси мазҳабдасиз?
Э. – Мусулмон, “Ҳанафий” мазҳабман.
Т. – Қайда ўқигансиз ва қайси ерларни кўргансиз?
Э. – Кўпроқ Бухорода ва Каррухда, Шаҳрисабзда ўқиб, ундан кейин ҳажга бориб, Мадинада икки йил туриб, ундан Ҳиндистонга ўтиб кейин Кашмирга келиб, йил туриб пириустодлар хизматини қилиб, қайтиб келганман.
Т. – Неча йилдан буён эшонлик қиласиз?
Э. – Йигирма олти йилдан буён қиламиз.
Т. – Муридингиз неча киши, қаерда кўпроқ?
Э. – Муридларим кўп, қанча эканинини билмайман. Лекин кўпроқ биродарларимиз қирғизлар ичида, Кетмонтепа ва Кўгарт тарафларида.
Т. – Подшоҳ ва императур аъзамни қандай деб биласиз?
Э. – Подшоҳ аъзамни катта подшоҳ, улуғ ҳукмрон, одил подшоҳ, фуқаропарвар, жамиъ подшоҳлар қошида иззатлик деб биламан. Чунки ҳажга борганимда қайси мамлакатга борсам, ўша мамлакатда оқ подшоҳнинг пули ўтадиган кўрдим. Бошқа подшоҳларнинг пули оқ подшоҳ мулкида ўтмайдир, шунинг учун бу подшоҳни зўр подшоҳ деб биламан.
Т. — Подшоҳи аъзамга қарашли қайси мамлакатларни кўргансиз?
Э. — Ўз қишлоғимдан тортиб, то Севастополъ, Одес, Қирим Кафа, Ашхабод, Узунота, Тошкентларни кўрдим.
Т. — Петербург, Москва, Варшаваларни кўрмадингизми?
Э. – Йўқ, у тарафларга ўта олмадим.
Т. – Одес, Севастополларда подшоҳ аъзамнинг дабдабайи аскария ва шавкатларини нечук фаҳмладингиз?
Э. – Ниҳоят зўр, катта, аскарлари кўп, обод.
Т. – Бошқа подшоҳлар, масалан, инглиз, афғон, буларнинг шавкатлари ва аскарлари қалай? Турк давлати нечик?
Э. – Буларнинг шавкати ва аскарлри оқ подшоҳдек кўринмади. Турк ва афғон бўлса, ниҳоят нообод, мулклари ҳароб, аскарлари Руссиядек озода эмас экан.
Т. – Мунча давлат ва иморатлар отангиздан қолганми ёки ўзингиз топганмисиз? Эшон бўлмасдан аввал нечик эдингиз, ер-сувларингиз бор эдими?
Э. – Отамдан бир кичкина ҳовлича қолган эди. Бошқа давлат қолган эмас. Бу давлатни 26 йил ичида ҳаждан келганимдан сўнг аввали худойим этказди, иккинчидан, подшоҳ аъзамнинг сояси давлатларида эшон бўлганимдан кейин топдим. Ҳали ҳам чандон давлатлик эмасман, ҳамма нарсаларим худованди олам йўлида, бева-бечораларга ҳадя қилиб қўйганман. Нимаики худойим этказса бечора-камбағалларга пишириб, бериб турибман. Шундай қилиб камбағал-чанбағаллар йиғилиб қолганлар. Шулар билан нима топсак, еб ётамиз. Подшоҳ ҳазратини дуо қиламиз, бошқа ишимиз ёқ бизнинг. Ишимиз дуо қилмоқ ва топганимизни бева-бечорага пишириб бермакдир.
Т. – Муридларингизнинг ҳаммаси камбағал одамларми ёки бой ва давлатлик одамларми, қайсиси кўп?
Э. – Ҳар қайсиларидан ҳам бор. Бой ҳам бор, камбағал ҳам кўп: ҳаммалари бизга баробардирлар.
Т. — Муридингиздан ҳадяни ўзингиз айтиб, солиқ солиб оласизми? Ёки ўзларича ихтиёрлари билан олиб келадиларми? Бу юрган одамлар аввалида нима одамлар эди. Бой кишилармиди ёки камбағаллар эдими? Булардан сизга қандай фойда бор?
Э. — Биз ҳеч кимга “бир нарса олиб кел” деб айтмаймиз, ўзлари худойим кўнглига солиб, бир нарса “худойи” ҳадя қилса, олиб ҳаққига дуо қиламиз. Берилган нарсаларни бўлса, дарҳол ўша куни дошга солиб пишириб бечораларга таом қилиб берамиз. Бу ётган камбағаллар эса ҳар томондан йиғилғон ғариб бечоралардир, булар аввалдан камбағал келган кишилардир. Булардан бизга ҳеч наф ёқ: шу жойда “худо” деб, бўлса еб, бўлмаса қаноат қилиб ётадилар. Буларнинг хизматлари шу ҳонақоҳни супуриб тоза қилиб, келган- кетган меҳмонларнинг отларига қараб, таҳоратларига сув бериб туришдир.
Т. – Сизга қайсилар яқин, бойларми ёки камбнағалларми? Қайсисининг тарафдорисиз?
Э. – Албатта, манга шу олдимда хизмат қилиб турган камбағаллар яхшидир. Чунки доимо хизматда, келган- кетган кишилар аҳволидан хабардор бўлиб, манга ёрдамлари тегадир. Узоқлардаги бойлардан ҳеч умидимиз ҳам ёқ, уларнинг бизга фойдаси ҳам тегмайдир. Ўзимиз бир дуогўй бечоралардан бўлганимиздан кейин “Алжинс маалжинс” деганидек ҳар ким ўз жинсига дўст тутиб, бирга бўладир.
Т. – Подшоҳ аъзамнинг катталиги ва аскарининг кўплигини ўзингиз билганингиздек, буларга ҳам айтиб тушунтирасизми? Булар ҳам биладиларми?
Э. – Албатта айтамиз, ҳаммалари биладилар.
Т. – Императур аъзамнинг хонадонларини, номларини биласизми? Бу юрғонлар ҳам биладиларми?
Э. – Оқ подсоҳнинг исмларини одамлар, Николай, Николай подшоҳ деб юрадилар. Шуни эшитамиз, булар ҳам “оқ подшоҳ” деб биладилар. Бироқ, хонадонларининг номларини чандон билмаймиз.
Т. – Албатта подшоҳ аъзамнинг мулкида туриб шунча давлат топган бўлганингиздан кейин подшоҳнинг ва ҳодадон муаззамаларининг номини тмом ўзингиз ва муридларингиз билан билмакларингиз зарурдир. Ман приставга буюраман подшоҳ билан хонадонларининг номини тамом мусулмонча ёзиб беради. Ўзингиз ва муридларингиз ҳаммаларингиз билиб, ёд қилиб ҳар намозда дуо қилмоқларингиз керак. Бундан кейин шундай қилинглар! Ҳатто мактаб болаларигача билдиринг, ўқиб ёд қилсинлар! Ҳокимлардан бири сўраганда дарҳол айтиб берадиган бўлсинлар, — деганда, эшон ўрнидан туриб қуллиқ қилиб дуо қилди. Терговчи ўрнидан туриб дафтарини ёпиб: “Энди, кетамиз” деб жавоб сўраб эди, эшон ўрнидан туриб, яна катта бир бўғча тўн олиб чиқиб, ўртага қўйиб, “тортиқ” деб оғзини очиб қўйди.
Амалдорлар бу тўнларнинг ҳаммасини кўриб, “раҳмат-раҳмат” деб қабул қилмадилар. Орада уч хотин киши ҳам бор эди. Буларга катта қоғозга ўралган бир нарсани қўйди. Хотинлар олдилар-да, кетадиган бўлиб тараддуд қилдилар.
Шу маҳалда эшонни тергов қилган йўғон тўра айланиб ошхоналар тарафига бориб, ундан хожатхонага кириб турғонида Мулло Салоҳиддин (Эшоннинг хазиначиси) эшон билан махфий сўзлашгани сўнгида, “сийлов, сийлов тўрам” деб бир конивертни тўранинг чўнтагига солиб қўйди. Тўра у ёқ-бу ёқ қараб, “хорошо-хорошо” деб чўнтагига солиб қўйди ва рўмолини олиб, қўлини артиб бошқа руслар олдига чиқди. Кейин ҳаммалари туриб тўнларини кийиб, эшон билан хайрлашиб жўнаб кетдилар.
Бундан икки ой муқаддам минора йиқилиб 24 кишини босиб қолиши тўғрисида ҳеч нима гап бўлмади, лоақал сўралмади. Буларнинг келишлари, салтанатпарастлик, жаҳонгирлик намойишидан бошқа ҳеч бир натижа бермади. “Мустабид чор ҳукуматининг истиқлолият ва зулм қилишда пойдорлиғининг дуоси номуборак ном палидини ёд қилмоқдан ҳеч маслаҳат ёқ экан, халога кирганда қорни тўйиб қолди шекилли қайтиб чиқиб ошга ҳам турмай жўнадилар . Мана уларнинг тергови ва терговдан муддаолари!
ЧОР ҲУКУМАТИНИНГ ҚАРШИЛИК ҲАРАКАТИ
Тарих мелодийнинг 1895 йилларида чор ҳукуматининг золим генераллари Туркистон ўлкасига қўйилғон “миссионер”, яъни дин бузувчи Остроумовларнинг таклифлари бўйича, Туркистон ўлкасининг халқини кўр каби истебдод қоронғусида қолдирмоқнинг маслаҳатида “Русский-туземний мактаблар” очмоққа киришдилар.
Мадраса вақфларини бони, вақф қилғувчи вақфларнинг авлодларига буюриб бериб, сотиб емоқларига фармойиш қилиб ва мусулмонларнинг жума намозларида (хутбаларда) подшоҳнинг номини қўйиб ўқимоқ, Қуръоннинг “вал мушрикин” деган жойларидан “мушрикин” ибораларини чиқармоқ каби беҳуда ишларни амр қилдилар.
Шаҳар ҳокимлари, қози, амалдорлар ҳам мактабдорларни чоқириб оқ подшоҳнинг номини жамиъи одамларга билдириб, масжидларда, намозларда дуо қилдириш, ҳатто мактабларда ёш болалар ўқийдиган эшон Сўфи , “Чаҳор китоби” деган савоб китобларидаги “азоби қабр кофирларғадир, чин – кўрар гўрнинг азобин баъзи мўмин” дек бўлғон байтларини ва “кофир, мушрик” деган иборатларини йўқотиб, янги босиладирғон китоб ва Қуръонлардан юқорида айтилган калималарни чиқаришдек фармойишлар қилдилар.
Мусулмонларнинг ниҳоят эзиб, қисиб, ҳатто кўчадан ё пристуф ўтиб қолса, ё беихтиёр кўрмай қоилғон ва ўрнидан турмаган мусулмонлар бўлса, қайтиб келиб уриб, қамар эдилар.
Андижонда бир неча мўтабар одамларни кўчада, халқ қошида “манга салом қилмадинг” деб ҳақорат қилиб, қамаб қўядиган бўлди. Тоғ саҳроларда эса, камбағал қора-қирғизларнинг тоғлардоғи мулкларини тортиб олиб, ичкари Русиядан бир неча минг рус деҳқонларини кўчириб келиб, бўлиб бериб, охирда элатия, қирғизларни ўз мол-мулкларига ҳам эга қилмай, бечораларни Фарғонанинг кенг тоғларига тарқатди.
Шаҳар халқи золим ҳокимлар зулмидан безор бўлиб кўчага чиқолмай қолганларидек, шунча кенг тоғлардоғи қирғизлар ҳам ўзларининг ота-боболаридан буён ёқиб келган, қуриган ўтинларидан ёқолмай қолдилар, балки тикони ҳам қолмаги. От, мол, қўй, эчкиларни бемалол боқолмай, бир тарафдан: чўб, оғиз пули деб жарима солиб, пулларини олса, иккинчи тарафдан “туёғ пули” деб қўйларини ҳисоблаб олди. Учинчи тарафдан ўрис мужиклари “маним экинимга кирди” деб молларини “штраф” қилиб олиб қўяр эди.
Ариза берилса кимга берилар эди? Яна шу золимларга берулур эди. Булар бўлса, ҳеч вақт камбағалларнинг арз-додига қулоқ солмас эди. Мана шундай қаттиқлик кунларда қолгандан кейин халқ орасида бу зулмларга қарши қўзғолончилик руҳи пайдо бўлиб қолди.
Муаллимлар ва баъзи кўши очилган ёшлар бўлса, пристуф ва ҳокимларининг ёмон назаридан қўрқиб, жонларини қўймоққа жой топмас эдилар. Мана шундай қилиб ваҳшатлик кунларда, Мингтепадаги шуҳратлик эшонға тоғлардағи қирғизлар “миллай қўзғалиш” тўғрисида қатнашиб қолган эдилар.
ЭЛАТИЯ, ҚИРҒИЗЛАРНИНИГ ЙИКЧИ ЭШОНГА ШИКОЯТЛАРИ
Кетмонтепа, Кўгарт тарафларидаги қирғизия катталари, “манноф” ва “маннофзода”лари, устларига бориб, бозор қилган мужиклардан диққат бўлиб, уларнинг подшоҳининг орқа қилиб берган дашномлариға чидай олмай, 1896 йилда кўп одам жам бўлиб, Кўгартга тўпланиб, Йикчи эшон ҳузурига кетиб, қуйидаги ёзиладурғон маслаҳат ва аризаларини қилмоқчи бўлдилар.
Лекин қирғизларнинг бу йиғин ва жамиятлари фақатгина мужиклар зулмига қарши бўлиб, бунга машҳур Шодхон ботур деганнинг набираси бош эди.
Тахминан 25 киши Йикчи эшонни зиёрат қилиш муддаосида келиб, кейин мусоҳаба ўртасида мужиклардан шикоят этиб айтдиларки: агар бизга ижозат берсангиз ҳамма қирғизлар йиғилиб, мужиклар устига ҳужум қилиб, ҳаммаларини оёқ остида бостириб юборамиз. Шундай жонимиздан тўйдик. Биз қирғизларни ниҳоят бесаранжом қилдилар. Бу юрганимиздан ҳаммамизни ўлганимиз яҳшироқдир. Ғазотга ижозат беринг деганларида, эшон: “Биродарлар! Ҳали вақт эмас, андак фурсат бор, ҳамма бирдан ҳужум қиламиз, охири бу Николай зулми остида қолмаймиз, бир оз фурсат бор, таваққуф қилиб туринглар! Ман ўзим бош бўлиб ҳамма биродарларни, балки тамом шаҳар халқини ўзимизга ёр қилиб, кейин ишни бир йўла бошлаймиз”, деб буларга таскин берган эди. Бу сабабдан қирғизиялар андиша қилиб: “Эшонимизнинг ўзи бир нарса биладилар. То ишимиздан хабар бўлгунча таваққуф қилайлик”, деб қайтиб кетган эдилар.
Мана шу 1895 йилдан бошлаб мужиклар тепасига ҳужум қилиш ва миллий қўзғалиш ҳаракати кўринган эди.
Лекин Йикчи эшоннинг хуруж қилмоғига мунтазир қараб турар эдилар. Охири 1897 йилгача қирғизлар билан ичкари Русиядан келиб ўрнашган мужиклар ўртасида ҳар хил миллий қаршиликлар бўлиб туриб, Кетмонтепа ва Кўгарт ноҳияларида турган кўчманчи қирғизлардан тахминан 1000 киши жамъ бўлиб, Чибел бўлиси қозининг ноиби мулла Рахматилла деганларининг бошлиғи билн буларнинг тарғиби орасида қўзғолиб ўша кунларда ўлган бир қирғиз бойнинг доиси баҳонасида тўпланиб, шул йиғинда мужиклар тепасига ҳужум қилмоқчи бўлиб, Йикчи эшонга киши юбордилар. Йикчи эшон тезда шу жамиятнинг устига етиб келиб , кўп маслаҳатлардан кейин ушбу қарорга келиб, тарқалган эдилар.
Ғайридинлар билан муҳораба (ғазот) қилмоқ, бир кишини халифа (бошлиқ) тайин этилмаса ўлмоқ билан шаҳид ва ўлдирмоқ билан ғози бўлмаслигини назарда тутиб, ҳазрат эшон Муҳаммадали халифамизни ўзимизга катта (бошлиқ), балки ҳазрат Расулоллоҳ маснадларига халифа деб билмак ва кишига шаръи ишлар ниҳоятда кўпайгани сабабли ҳазрат эшонни шариатга мутасадди қиламиз. Тамомий амри маъруф ва наҳйи аънил мункарлар бу жанобнинг қўлларида бўлсун ва тарафга раис ва таҳиқчилар юборсинлар.
Шу кундан эътиборан бутун миллати исломиятга махфий равиш билан хабар қиламиз, то эшонимиз тарафларидан қайси кун руслар устига ҳужум қилмоқни муносиб кўриб, хабар қилсалар, ўша кун ният ғазот билан тайинланғоч, жойда ҳозир бўламиз.
Шу маслаҳатларни Дукчи эшонга маъқул қилганларида, Йикчи эшон шу маънида бир васиқа ва аҳднома ёзиб, “ҳаммалари муҳрларини босиб, қўлларини қўюб берсунлар”, деди. Шу он аҳднома ёзиб, ғазотнинг мусулмонларга фарз эканлиги хусусида бир қанча оят ва ҳадисларни ёзиб, ҳозир бўлганлардан элнинг катталари муҳрлартини босиб эшонга топширдилар. Иккинчи яна бир ҳужжат ёзиб, амри маъуф ва наҳйи мункар қилмоқ ва шариат ҳукмларини адолат билан жорий этмоқ учун умумий мусулмонлар қошига ҳазрат эшонни бош қилдиқ ва соҳиб ихтиёр қилдиқ, деб эшонга келтириб ўқиб берганда эшон: “Расулуллоҳ мақомига халифа бўлмоқ ниҳоятда мушкулдир. Адолатда ҳазрат Умар машҳур эдилар. Ҳазрат Умарга халифа қилдиқ. Бу зотнинг равишда адолат қилмоққа тайин қилдиқ деб ёзилсун”, деб буюрди. Унда мулло Рахматилло охунд деган киши шу иборатларни ҳам илова қилиб, кейин ҳаммалари тамом бўлис (волостъ) мингбошилари деса бўлурлар муҳрларини босиб, Йикчи эшонга бериб, муборакбод қилдилар ва миллий ғазот бошламоқ хусусида кун тайин қилмоқни ва ҳар тарафга хабар ва таклифномалар ёзмоқни ҳам эшонга топшириб, бу сирларни махфий тутмоқа ваъда қилишиб тарқалишдилар.
Бу кундан бошлаб эшон кўп жойга миллий қўзғалиш-ғазот хусусида хат қилиб, элнинг катталарини ўзига жалб қилар эди. Бу йиғинни ҳукумтнинг жосуслари сезиб қолиб, шу йиғин нима учун, нима маслаҳатлар бўлган ва кимлар бор экан, нима учун йиғилганлари тўғрисида ахбор олмоқ учун келиб, тергов қилдилар.
Булар бир катталари ўлган учун худойи деб жавоб бериб, эшонни Мингтепага узатиб қўйдилар.
ЭШОННИНГ ҲУЖУМГА ҲОЗИРЛИК КЎРИШИ
1897 йили Йикчи эшон мустабид чор ҳукуматига қарши уруш очмоқ учун махфий маслаҳат ва тайёргарлик кўрмоқ учун ҳаракат қилиб, Фарғона музофотидаги машҳур катта одамларни ўз фикрига ёр этмоқ учун ҳар шаҳарга махфий хат қила бошлади. Чунончи Андижон шаҳридаги мадрасаи жомеъни бино қилғучи Муҳаммадалибой Холмирзабой ўғлига ва мударрислар жумласидан домла Сомий охунд ва домла Холиқберди охунд, Ўш шаҳрида Қурбонжон додхоҳ ва Қамчинбек болаларига ва домла Яъқуб охунд аъламга, Марғилонда Муҳаммадюсуфжон эшон ва Сайид Аҳмадхўжаларга, Наманганда Яҳёхон тўра ва Қодирхўжа ҳожи ва бошқаларга.
Бу хатлар жумласидан андижонлик Маҳмудали бойвачага келғон хат орқасиға ёзилиб, эшонға қайтарилғон экан, кейин эшон қочиб ҳовлисга чор ҳукумати томонидан мусодара қилиниб, тамомий ажнослари Андижонға олиб келиниб, тафтиш қилинғонда эшоннинг ҳар тарафдан келган хатларни сақлайдирғон сандиғидан ўша Маҳмудали бойга ва орқасидағи жавоби чиқиб қолғон. Кўрган ва ўқиб берғонларнинг сўзларича, эшоннинг хати шу мазмунда экан:
“Аммо баъд аз ҳамд ва саловот жаноб ҳайрат соҳиби бўлган мулла Маҳмудали бойға етиб маъруз бўлғайким: бу замон китоблр ҳукми билан охир замон бўлгандир. Ҳар хил фитна ва фасод копайиб, оламни куфр зулмати босиб, аҳли ислом ниҳоят хор бўлғондир. Бу фасод вақтларини дафъ қилмоқ бизнинг зиммамизга фарз бўлғондир. Чунки фақирға бу хусусида ғайбдан ҳам ижозат бўлғон эди. Кўп замондан буён фурсат пойлаб шу вақтга етдик. Энди вақт яқин бўлиб, қараб турмоққа фурсат қолмади, ҳаммаси исломға жаҳд фарз бўлиб қолди, энди фурсат ғанимат, шу золим ҳукуматдан қутулишға сайъ қилмоғимиз ва ижод қилувчиларға ёрдам бермоғимиз зарур, балки фарз бўлди. Бинобарин марҳамат қилиб Мингтепага, бизнинг фақиронамизга шаввол ойининг ўн бешинҳисига ташриф қилсалар, шу хусусда маслаҳат қилсак, деб қадамларига мунтазирдирмиз.Вассалом аъло манттабъалхудо фақири ҳақир (муҳр)”.
Мана бу хатнинг орқасида марҳум Маҳмудали бой бу жавобни ёзади:
“Баъдаз адойи моважаба алайно манттаҳияти вассано машҳур хотирлари бўлгайким, юборгон хатлари келиб тегди. Мазмунидан воқиф бўлиб, шу хилда арз қиламизким, бу рус подшоҳи катта подшоҳдир, бунга муқобил бўлмоқ ниҳоят мушкул бир ишдир. Биздек фақирлар қўлидан келмай қолиб, охири кўп бесаранжомликларга боис бўлурмикин. Хусусан, бу кунларда ҳамма шаҳарларга поездлар келиб қолган, ёл яқин бўлган. Жанобингизни манъ қилмоққа бизда қудрат йўқ. Ўзлари соҳиб ихтиёрдирлар. Лекин ҳар ишда маслаҳат ва мушоварат лозимдир. Ниҳоят, ўйлаб иш қилинса, яхши бўладир. Ва олло, ҳеч мусулмон киши бу золимлар қўида қолмоққа розилиги йўқдир. Шаҳарлар ўзбекларга тор бўлғондек, тоғлар қирғиз, элатияларга тор бўлди, балки Туркистон мусулмонларга торлик қилди.
Нима қилайлик, ноиложмиз. Қўлимизда ҳеч нарса йўқ. Этарлик асбоб ва хазина йўқ. Ҳар нечик бўлса-да, ишнинг оқибатини ўйлаб, бева-бечораларнинг фикрини қилмоқларини илтижо қиламиз, деб ёзилғувчи мискин ва ғариб Маҳмудали”.
Мана бу хат мустабид чор ҳукумати қўлига тушган ҳамон Маҳмудали бойни олиб чиқиб қамаб қўйилди. Бугун осадир, эрта осадир билан терговланиб, охири қўшилмагани, балки манъ қилғони, Русия давлатини катта дегони ҳидоят қилиб, бу хабар тахминан 9 ой аввал кетган бўлса ҳам ҳокимларға хабар қилмағони учун ҳам айбдор қилиниб, 11 ой қамалиб, охири қарилиғи сабабли қутулиб чиққан эди…(Қолғони ўз мақомида ёзиладур).
Мана бу, Маҳмудали бойга қилган хатидан бошқа шаҳарларга қилган хатларини қиёсласа бўладир. Ҳаммаси шу мазмунда тарғиб қилинса керак. Бу хатлар ҳар шаҳарда, ҳар ким номига келган бўлса, “дарҳол жавоб беринг”, деса, орқасига жавоб ёзиб, манъ қилиб ёки қабул ва розилик кўрсатиб берилган.
Бу каби ҳар жойдан борган хатлар ва жавобларни у содда йўқотиб юбормай, ҳаммасини алоҳида сандуғда сақлаб юрган экан. Лоақал уруш қасдида чиқадиган вақтда бир жойга кўмиб кетмагани учун, урушган куннинг эртасига чор ҳукуматининг золим мутакаббир тўралари бориб эшоннинг ҳовлисини босиб, тамом нарсаларини қўймай шаҳарга олиб келғонда, бу хатлар туфайли холис дуойи салом ёзган бечоралардан неча юз киши тутилиб, қамалиб, осилиб, Сибирга сургун қилиниб, хонавайрон ва болаларининг етим қолмоқларига сабаб бўлди. Кўп бечораларни солдатлар калтаклаб, ҳайвондек уриб ўлдирдилар.
ҲУРУЖ ВАҚТИ БЕЛГИЛАНАДИР
1897 йил, 15 шавволда жамият қуриш учун Йикчи эшон ҳар шаҳардан катта-катта одамларни чақирғонидек элатия, қорақирғизларнинг катталарига ҳам хат қилғон экан. Ўшал въда куни Кетмонтепа, Кўгарт, Қошқар девони тагидан тортиб қирғизларнинг катталари ҳозир бўлдилар, чунончи, маълум-машҳурлари Чибел бўлис, Муҳаммадалибек ва эски додхоҳ ва бийларким (Йикчи эшон билан қўлга тушиб осилиб кетдилар), ҳаммалари ҳозир бўлғон эдилар.
Булар, яъни қирғиз катталари, аввал Кўгарт довонига жамъ бўлишиб маслаҳат қилиб, орқа-олдиларини йиғиб, кўп киши билан келғон эдилар. Мана булар 15 шаввол ойида Мингтепада, эшон ҳовлисига келганларидан кейин икки кун қараб ётдилар. Шаҳардан ва бошқа қишлоқлардан, ўзбек катталаридан ва номдор кишилардан келмади. Оз-моз ўзбеклар иштирок қилғон бўлсалар-да, машҳур одамлардан эмас эдилар.
Икки кун қараб турғонларидан кейин, эшон булардан умидини узиб: “Шаҳар халқи Чор ҳукумати зулмидан қўрққанлари учун чиқмайдилар”, деб ҳовлисига (хос жойга) кириб, бир тўп хат олиб чиқиб, ўртага ташлади. Бу хатларнинг ҳаммаси ҳар жойдан, ўзбек катталаридан келган эди. Очиб, бир бошдан кўриб, мутолаа қилдилар. Баъзилар ёр бўлиб ёрдам бермагани ва хабар берилганда отланиб чиқишни ваъда берган бўлсалар-да, баъзиларнинг манъ қилиб, маслаҳат кўрмаганлари маълум бўлди. Узундан-узоқ сўзлашганларидан кейин кўп кишилар ёрлиқ ва ҳамжиҳатлик (бирлик) қилмагани учун андиша қилиб, келаси йилгача таваққуф қилмоққа ва бу маслаҳатни ниҳоят махфий тутмоққа қарор бериб, аҳд қилиб тарқаладилар. Келаси йилгача ҳаракат бўлиб, одам тайёрламоқ билан машғул бўлишларига ваъдалар қилиб, ондлар ичдилар. Бу тўғрисида баъзи инқилобчиларнинг иштирок ва зимма раҳбарликлари ҳам бор бўлса керак, аммо, ниҳоят махфий бўлгани учун табиий номларини билиб бўлмади.
ХАЛҚНИ ҚЎЗҒОЛОНГА ЧАҚИРИШ
Юқорида айтилган маслаҳат тамом бўлиб, тарқалғонларидан кейин қирғизлар ўз жойлариғо қайтиб, атрофларида бўлган мужиклар билан тамом алоқаларини узиб, аввалларида қилиб турғон муаммоларининг тескарисини, уларнинг илофи(акси)ни қилар эдилар. Бунга мужиклар ҳайрон бўлибъ нима сабаб бўлгани тўғрисида ўзаро ҳар хил мутолалар қилар эдилар. Охири мужиклар билан тамом алоқа қилмаслик йўлида ҳар хил чорикорлик ва қўшчилик қиладиган қирғиз камбағалларини буюриб, мужикларга чорикор ва қўшчи тушмайдиган қилдилар: балки ўтганда, мужикларга қошҳи бўлиб ишлаган меҳнаткаш-деҳқонлар, мужиклар билан алоқа қилмасликлари учун қарздорларнинг қарзларини узиб қўйиб, асло мужиклар билан борди-келди қилдирмай қўйғон эдилар. Буни кўрган ва билган мужиклар умумий қирғизлар ичида инқилобий ҳаракатни сезиб, тегишли жойларга махфий хабарлар берган эдилар ва доимо ўрталарида бўлиб келғон муаммалотларни, алоқаларини камайтира бошлаганларини, балки билкул ўрталарининг бузилишини, яқин кунларда ҳукуматга қарши исён қилишларини юқориға ёзар эдилар. Улар қўрқишиб, ўз атрофларини маҳкамламоқ ва кечалари ўз қишлоқ посёлкаларини пойламоқ ҳаракатида бўлар эдилар.
Йикчи эшон бўлса ўша кундан бошлаб ўз яқин одамлари ва мурид-мухлисларига ўз муддаосини ёзиб ва ҳар ким берса, шу мужикларнинг қирғизларга зулми ва жаҳонгир Романов авлодининг умумий ерли халққа қарши қилғон итоб ва хитоблари, ҳоким, пристуфларнинг қилган таҳқирларини баён қилиб, ҳамон, умуман халқни Чор салтанатига қарши исён чиқариш ва умумий бир инқилоб туғдириш мақсадида жиҳодга тарғиб ва ташвиқ қилиб, бу тўғрисида оёт ва аҳодислар баён қилиб, халқни ўзига ёр қилмоқ фикри ва ҳавасига тушғон эди.
АНДИЖОН ЯНГИ ШАҲАРИДАГИ СОЛДАТЛАРГА ҲУЖУМ
1898 йил, 11 жавзода чоршанба куни бутун Кўгарт элатиялари жамъ бўлиб, катта бир йиғин қилдилар ва тахминан 200 кишини Мингтепа ва эшон ҳузурига юбориб, катталар орқасидан бормоққа ваъда бердилар. Булар Мингтепага келиб: “Қани, пирим, ижозат беринг, ваъдангиз вақти келда, чунки ваъдамиз ушбу ойнинг шу кунига эди. Катталаримиз ҳам эрта-индин биздан хабар бўлса, келадилар”, деб эшонни шоширдилар. Эшон шошиб қолиб, аввалларда хабар қилғон жамоат катталариға дарҳол, ҳар тарафга, “келаси чоршанбага тайёр бўлинглар”, деб хат юборди ва Андижон шаҳридағи баъзи эътимодлик ошноларига хат ёзғон экан, булар қўрқиб, хатни дарҳол куйдириб, ҳеч билмаган киши бўлиб юрганлар.
Эшоннинг Мингтепадаги ҳонақоҳи уч-тўрт кун ичида одам билан тўлиб қолди. Кетмонтепа ва Кўгарт тарафидан келадиган одамлар майдаларини юбориб, катталари одам тўплаб турғонлар ва чоршанба куни келишга тайёрланадилар.
Шу ўртада сешанба куни бўлиб, Эшон ниҳоят шоҳиб қолғон ҳолда ҳонақоҳида 500дан ошиқроқ ўзбек, қирғиз йиғилғон эди. Энди бу гап шойи бўлиб кетди. Ушбу кундан қолмай жўнасак бўлади. Андижонликлар ҳам тайёр, мунтазир. Агар ҳукуматлар хабардор бўлиб қолсалар, ишимиз йўқдир, деб Кўгарт довонига икки кишини чақиртириб, қирғиз катталарига “бизлар ушбу кун номозшомни ўқиб отланамиз, бизга қарашлилар тездан одамларни тўплаб, йўлга чиқсунлар! Асака ёнида топишармиз”, деб хат қилди.
Бу одамлар хатни олиб, Кўгартга чопиб кетдилар. Кечқурун етиб, хатни қирғизлар каттаси Чибел бўлисиға берғонда у киши: “Ҳазрат эшон бу тарафга қараб юрсунлар! Аввал бу тарафдаги мужикларни жой-жойида босиб олиб, тамом қилиб, кейин Андижон шаҳрига юрамиз”, деб одам чоптирди.
Буларнинг хабари келгунча эшоннинг хонақоҳида тўпланган беш юзга яқин одам тўпалон қилиб, эшонни олиб чиқиб, оқ кигизга солиб, кўтариб, такбир айтишиб, ғалва қилиб юбордилар.
Ниҳоят, тўпалон кучайиб кетди, асло таваққуфнинг иложи бўлмай қолди. Бирдан сўфилар эшонни ҳол-жонига қўймай, Дулдул номли бўз отига миндирдилар. Хонақоҳни айлантириб, зикри-камў қилиб юбордилар. Мингтепада қиёмат барпо бўлиб, ҳамма хотин-халаж, эркак кўчага чиқиб, “Эшон хон кўтарилди!” деб шойи қилдилар. Хуфтон вақти эди, бирдан ҳар ким қўлига тушган нарсани олиб, кимдир пичоқ, кимдир шоп, кимдит таппонча, қайсилари милтиқ, хулоса ҳар ким топган нарсасини олиб, тахминан олти юз чамаси бўлган киши шаҳарга қараб жўнаб қолдилар. Мингтепа аҳли ва хонақоҳдаги одамлар маст кишидек ҳайратда, очиқ-чочиқ қолавердилар. Булар кечаси билан юриб, эрта саҳар Андижонга, Чокандага келдилар. Чокандада бир оз тўхтаб, кейин янги шаҳарнинг шимол тарафи билан юриб, алҳол вайрона исми билан машҳур жойлар эди, аввал ҳаммаси иморатли маҳаллалар бўлиб, янги шаҳардаги солдатларнинг туирадиғон жойлариға бир чақирим ҳам келмас эди, шу ерга келиб, кўчада турғон бир қоровулни ушлаб олиб: “Бизни солдатлар ётадиғон жойга олиб борасан!” деб турган вақтда, орқаларида қолганлари “Афғонбоғ ” деган имтиҳон боғига кириб, ичидаги имтиҳончи тўрани ўлдириб, туғларини қонға бўяб этиб келдилар ва эшонға туғни қонлағонларии айтдилар. Унда, бечора қоравул қабул қилиб солдатларнинг ётадиган жойларига бошлаб кириб ўзи қочадир. Сўфилар бирдан отдан тушиб қатор-қатор ухлаб ётган солдатлар устига ўзларини ташлаб, қайсилари бўғиб, қайсилари пичоқлаб, қўлидаги шоп билан чопиб, баъзилари калтак билан уриб овора бўлиб турганда, иккинчи қаторда, ичкарида ётғонлар уйғониб қоладилар ва баъзилари милтиқларини олиб, бирдан ота бошлайдилар. Милтиқлар отила бошлагандан сўнг булар тоқат қила олмай, тўпалон қилиошиб орқаларига қайтадилар. Андижон эски шаҳарига тонг отган вақтда кириб, бозор ичида: шаҳарни олдик ҳозир карнайчи топиб, шаҳар Йикчи эшонники, деб жарчига эълон қилдирамиз деб туриб, яна тоқат ва бардош қила олмай, бирдан қочдилар ва эрта билан соат олти,намоз вақтида эски шаҳар, Қорабура тарафи билан чуволиб чиқиб кетдилар. Буни кўрган шаҳар халқи ҳайрон бўлиб, нима ҳодиса эканидан воқиф бўлмай қоладилар. Эшон янги шаҳардан қочганида ва Чокандга қараб келаётганда баъзи сўфилар отларини кўчага ташлаб, Чоканддаги боғларга кириб бекиниб қолдилар. Эрта билан Чоканд аҳли боғларда буларни кўриб, аҳволни билиб, қўрққанидан аскарларига эски тўнлар бериб, саллаларини куйдириб, мардикорларга ўхшатиб ишлатиб қоладилар. Эшон билан эски шаҳардан қочганлари Қора дарёдан кема билан ўтганча ҳар қайсилари ўз жонларини сақлаш фикрига тушуб, тўғри келган томонга қочадилар.
Эрта билан соат саккиз бўлганда, янги шаҳарда руслар (хоҳ амалдор, хоҳ фуқаро) тамом қўрқиб, ҳеч ким уйидан чиқмай, маҳкам қамалиб турдилар. Ҳаммалари гўёки тамом мусулмонлар муттаҳид бўлиб, “Миллий муҳораба” қилган эканлар, ҳали тўпланиб чиқиб, ҳаммамизни ўлдирсалар керак, деб ваҳм қилиб жой-жойида бекиниб қолдилар.
Агар эшон, эски шаҳада тўхтаб, соат саккиз-ўнларгача турса эди, авбош тўпалон бўлиб, эҳтимол, халқ тўпланиб кетиб, “Миллият нуҳорабаси” бошланса эди. Чунки у вақтларда умумий халқ Русия ҳукуматининг зулмидан ниҳоят безор бўлиб, қўзғолишга ҳеч фурсат тоиполмай юрар эди.
Фуқаро мундан бехабар, соат саккиз эди, бозорлар ҳар кунгидек очилиб, ҳамма ўз тирикчилигига машғул бўлди. Соат 9 ларда шуҳрат бўлдики, Йикчи эшон шаҳарга ҳужум қилиб, тамом солдатларни ўлдириб чиқиб кетибдир,деб, бу хабар тарқалғондан кейин эски шаҳарнинг катта оқсоқоли Холбаҳодир мингбоши Рўзадор (бий) ўғли эски шаҳар аҳволотини янги шаҳарга хабар бермоқ учун отланиб чиқиб кўрдики, янги шаҳарда ҳеч ким йъоқ: тўғри уезд маҳкамасига борса, уезд ҳокими полковник Кайшовский уйида кўчага қараб турибди: “Эй, старший оқсоқол! Шаҳарда нима гап, фуқаронинг феъли қандай? Нима бўладир?”деб савол қилди. Катта оқсоқол дарҳол “шаҳар тинчлик, ҳамма ўз иши билан машғул, тамом дўконлар очилган” деди. Ундан ҳийла кўнгли таскин топиб чиқиб, кўришиб, ҳаммага хабар қилиб тўпландилар-да, казармадан хабар олсалар, 23 солдат ниҳоят хунук ҳолда ўлиб ётибди. Тўрт киши, саллалик эшоннинг сўфиларига ҳам ўқ тегиб ўлиб қолибди. Муни кўриб истибдод золимларининг қаҳри ва ғазаби зиёда бўлиб, тамом шаҳар халқини қиличдан ўтказмоқҳи, Андижоннинг тупроғини осмонга совурмоқчи бўлиб, дарҳол “сим”га телеграм бериб, ҳодисани маълум қилди ва аскар чақирди. Уч соат ўртасида аскар этиб келди. Буни кўриб, катта оқсоқол шаҳарга тушиб, бир соатда ҳаммани тарқатиб, одамларни қочириб юборди. “Эски шаҳар отилиши эҳтимоли бор”деб хабар тарқатди. Ҳамма бир соатда дўконларини беркитиб, тарқалиб кетди. Мусулмонларга умумий бир даҳшат тушиб, истибдодчилар зулмининг ваҳми катта-кичикка баробар қаттиқ қора кун тиғилди, зўр паришонлик ва изтироб юз келтирди. Бу воқеа золимларнинг зулмига йўлни кенгайтирди.
ҚАТЛИ ОМ
Андижондан Марғилонга хабар борган он Фарғонанинг ҳарбий бошлиғи Чайковский 250 нафар аскар билан келиб янги шаҳардан бошлаб кўринган мусулмонларни отмоққа амр қилди. Ўшал кун неча минг мусулмонларни бегуноҳ отиб, қонини тўкди. Хусусан, беихтиёр ва бу воқеалардан бехабар ишламакка чиққан деҳқонларни ва меҳнаткаш камбағалларни беҳад-ҳисоб отиб юборди. Неча минг бола етим ва юзларча хотинлар бева қолди. Шундан кейин Андилон ичидаги мингбошиларни чақириб, тезлик билан эшонни қувиб чиқиб, тутиб келмоққа буюрди. Амалпараст мингбошилар ҳар қайсиси неча-неча минг кўппакларини ёнига олиб, ҳар тарафга эшонни излаб кетдилар.
Қайсилариға йўлда саллалик ва оқ тўппилик киши учраса, боғлаб шаҳарга юбордилар.
ОҚ ТЎППИ ИЛА САЛЛА ФАЛОКАТИ
Ўша вақтда кимлигидан қатъи назар, оқ тўппи кийган бўлса, истибдод солдатлари: “Сеники эшон”деб тутуб урар эди. Ёки салла қўйган киши учраса, уни албатта Йикчи Эшоннинг муриди гумон қилиб, тутиб сўроқсиз қамар эди. Шунинг учун шаҳар меҳнаткашларилари ва расмий фуқаролари ҳеч салласи билан бозорга чиқолмай қолди.Оқ дўппи деган нарсанинг уруғи қолмади. Кимда бўлса, куйдириб йўқотди. Мингбошиларнинг дунёпарастлиги қўзғалиб, шаҳарда кимнинг жойи бўлса, кечаси чақириб бориб: “Сени тутиб бераман, эшоннинг ҳовлисига борган эдинг”, деб сиёсат қилиб, бор-йўғини суғуриб олдилар. Порахўрлик амалдорлар ичида ниҳоят авж олди. Беҳоралар кимга арз қиладир? Бечораларнинг додини сўрайдиган ҳеч киши йўқ эди.
Мингбошиларни эшонни тутмоққа юбориб, ҳокимлар қанча аскарларни Мингтепага эшоннинг ҳовлисига жўнатдилар. Йўлда борғунча ким учраса отиб ўлдириб, эшоннинг ҳовлисига етиб, дафъатан атрофини ўраб, тинтув қила бошладилар. Эшоннинг қочган хабарини эшитиб, хонақоҳида жеч ким қолмади, ҳатто бола-чақалари ҳам бошқа жойга қочғон эканлар, ҳеч ким топилмади. Лекин хонақоҳида ҳеч нарса қўймай тамом олиб ва печатъ қилиб, жонар вақт — Мингтепада уч соат отиш қилдилар. Бу уч соат ичида солдатлат ҳовлидан-ҳовлига юриб, ким кўринса отиб ўлдирдилар. Муддат битганда, эшонга қарашли нимаики бўлса олиб, шаҳарга келдилар. Ашё жумлаидан бир хос сандуқда кўп хатлар бор экан, буни ҳам олиб келиб таржима қилиб кўрсалар, тамомиси ҳар кимдан борган дуойи саломлар экан. Бу дуоуи саломлар кимдан бўлса, дарҳол шу одамларни тутмоққа амр қилинди. Шунинг учун Андилон шаҳридан кўп фуқаролар қамалдилар. Тўрт-беш кун ичида атроф ва қамоқлардан ва орқа тоғлардан бениҳоят кишилрни тутиб келиб, қаматилди. Қамоқхона тўлиб, бошқа жойлрни ҳам янгидан хибсхоналар қилинди. Бунгача Туркистондаги бор солдатларни йиғиб келдилар. Ҳар кун эски шаҳар кўчаларида тўп-тўп аскарлар юрар эди ва кўрган кишини уриб чопиб кетар эдилар. Бозордаги дўконларнинг кўпини синдириб, талаб олар эдилар. Вақт жавзо (май) ойи бўлгани учун аваҳталардаги Элатия катталари йўғон ва семиз одамлар иссиғлаб, бўғилиб ва очликдан ҳар кун тўрт-беш одам ўлар эди. Бунинг устиға, Фарғона губернатори келиб: “Агар эшон тездан тутилмаса, Андижонни уезди билан тамом отиш (қатлиом) қиламан!” деб буйруқ чиқарди ва “Агар шаҳар ва қишлоқ отилмасин дейилсалар, эшоннинг сўфилари билан кўплашиб тутиб берилсун!” деган буйруғини шаҳар ва қишлоқ кўчаларининг деворларига ёпиштириб қўйилди. Бу ҳодисадан тўққиз кин ўтиб эди. “Эшон қўлга тушди”, деган хабар эшитилиб қолди.
ЭШОННИНГ ҚЎЛГА ТУШУВИ
Йикчи эшон қочгандан сўнг, Кетмонтепа Элатия ичига қараб қочиб, уч-тўрт кун тоғлар ичига йўл билмай айланиб юриб, оири ёнида уч кишидан бошқа одам қолмай, Арслонбоб атрофларида юрган экан, буни баъзи одамлар кўрғонлар. Сўроғлаб борғуҳи – Қўқон қишлоқ мингбошиси Қодирқул билан бозор саркори Яъқуб қўрбоши деганлар шу Арслонбоб тарафига излаб чиққан эдилар; бошқалар бўлса, боша тарафларга Қашқар довонигача тўсиб борғон эди.
Арслонбоб тарафига излаб юргувчи Яъқуб қъорбоши билан Қодирқул мингбошига одамлар эшонни шу тарафда кўрганларини айтганлари учун Арслонбобга яқин Тошкўприк деган тор ёлни тўсиб турганлрида, Эшон ўша ёлдан бориб Тошкўприк устида учраб қолғон. Дарҳол Яъқуб қўрбоши: “Эй, тақсир! Ман сизни кутиб турибман, ёрдам қилмоқ учун” деб отдан ўзини ташлаб кўриҳмоқчи бўлиб югурган, эшон ҳам отдан тушиб, йиғлаб қуҳоқлашиб кўришган вақтда, эшонни кўтариб тагига босиб олган ва одамларни чақириб, боғлаб олганлар. Орқасидаги уч одамни ҳам тутиб, тўртовларинби боғлаб қўйганлар. Қодирқул мингбоши дарҳол етиб келиб, эшонни кўриши билан: “Хотин-талоқ! Ҳаммани хонавайрон қилдинг-ку!” деган. Эшон буларга: “Икковинг ўлар вақтда жинни бўлиб ўлгин! Бизни русга тутиб берган қўлларинг билан ўзингни уриб, сўккан оғзинг билан ўзингни тишлаб ўлгин!” демакдан бошқа ҳеч гап айтмаган.
Қодирқул мингбоши, дарҳол Андижон ҳокимига “эшонни тутдим” деган хабарни юборган.
Мана бу, эшонни тутулган хабари Андижонга етгандн кейин, ҳоким бир тўп солдатларни юборди. Унгача булар эшонни аравага уч одами билан боғлаб олиб, шаҳарга жўнадилар. Йўлда дарёнинг ёнида солдатларга рўбарў келдилар, улар аравани ўртаға олиб: “Эшон. эшон” деб милтиқ текизса, Йикчи эшон бошини кўтариб: “Эшон деб чақирма! Муҳаммадали дегил!” деган. Бундан бошқа ҳеч нарса демаган.
Қора дарё кўпригига келиб тўхтаганларида, шаҳар ичига уезд ҳокими хабар қилдики, фуқаролар чиқиб эшонни томоша қилсунлар. Соат ўн ва эрта билан бўлса ҳам, қўрқиб, ҳеҳ ким чиқмаганда олиб ўтиб, янги шаҳарда хибс қилинди. Таажжуб шундаки, ҳокимлар ва тўралар бу эҳондан неча кун ҳаёт турган бўлса-да, бир оғиз ҳам маълумот ва жавоб ололмадилар. Ҳарчанд сиёсат қилдилар ва гап сўрадилар ва бу ҳужум исёнға далолат қилғувчиларни сўрадилар, ҳеч кимни кўрсатмади, мустабид терговчиларни доғи ҳасратда қўйди. Эшонни тутғувчи Қодирқулни эски шаҳар Андижонга оқсоқол қилишди ва ёрдам берган Яъқуб қўрбошини Қўқон қишлоққа мингбоши қилиб, неча йилдан буён халқ фойдасига хизмат қилиб келган Холбаҳодир мингбоши ўрнидан бекор қилинди. Қодирқул мингбоши шаҳарга катта оқсоқол бўлган ҳамон шаҳарда зўр иморат қилиб, бечора халқни ишлатиб бир ой ичида тамом битирди. Ҳар кун борган қўй ва тортиқ ва ёрдам пулларнинг ҳисоби йўқ эди. Эски шаҳарни тинч сақлаб туриш ихтиёприни тамом бу кишига топширгани учун бу фуқароларга зулмни беҳад жорий қилди. Биров энгашиб салом қилмаса, тутиб тўхтатмоқни бу киши чиқарди. Бундан ўрганиб рус амалдорлари ҳам халқни “рукуъ ” билан салом ва “сажда” қилдирадиган бўлдилар. Бечора халқ шапкалик кишининг соясини кўрса ҳам ўрнидан туриб сажда қилишга одатланиб қолди.
АСИР БЎЛҒОН ВА ҚАМАЛҒОН БЕЧОРАЛАР
“Эшонга қарашли” деб кимни тутиб борсалар, бесўроғ қаматилар эди. Хусусан, тоғлардан Элатия катталарини ушлаб келиб, ҳарбия бошлиғи ҳар кун беш-олтисини турмадан олиб чиқиб ўртага ётқазиб калтаклайдилар. Узун қамчи сопидай тут-айрағоч шоҳлари билан бандиларни олиб чиқиб, солдатлар ўртасида яланғоч қилиб, дўнг ётқизиб, тўрт солдат босиб турадилар. Тўрти ўшал калтаклар билан орқасига урадилар. Агар калтак синиб кетса, бошқасини олиб турадир. Қирқ-эллик марта урганҳа “дод” деб турадир, бундан сўнг овози чиқмай бехуд бўлғондан кейин иккинчисини ётқизадир, бошқалари қараб турадирлар. Шу хилда ҳаммасини уриб бўлуб, ўлгани бўлса, боҳқа қўюб, тирик бўлса, зўр билан юрғизиб турмага олиб кирадилар.
Бир куни сиёсат юзасидан ҳамма шаҳар халқини мингбошилар воситаси билан, асирларни клтаклаганини кўрсун деб, ҳайдаб чиқилди. Ман ҳам одамлар билан чиққан эдим. Тўғри турманинг олдига олиб бориб, халқни қатор қилди. Кейин турмадан беш кишини олиб чиқиб, уларнинг атрофига одамларни айлантириб қўйди. Бу бечора бандиларни ўртага олиб келиб, бир қанча дошном билан тўн-кўйнагини йиртиб, тортиб эчди. Иккитасини милтиқ қўндоғи билан уруб ётқизиб, қўл-оёғини солдатлар босиб туирди. Бунинг устига, мўйсафид хоин губернатор Чайковский келди. Бандиларга қараб: “Сизлар подшоҳ аъзамнинг катталигини билмас эдингизларми? Подшоҳнинг ўғли ҳукмида бўлғон аскарларига шундай муомала қилмоқни ким ўргатди?” деб сиёсат қилди ва солдатларга: “Ур!” деб буюрди.
Солдатлар тўплаб қўйғон узун калтаклардан олиб, бирдан савалаб ургали бошлағонда, бечоралар : “Дод!..” деб оламни буздилар. Бири: “Эшон билан бирга бўлмасамда, тавба қилдим!” деб қичқирди.
Урулганларнинг орқалари ёрилиб, гўштлари узулиб тушди. Ҳушидан кетган вақтда: “бас, турғаз!” деб эди, солдатлар “тур” деб бошига тепганда, бири турмоққа қодир бўлолмади. Иккинчиси “ё, пирим”, деб турмоққа ҳаракат қилиб эди, губернатор “нима дейди” деб, таржимондан сўради, таржимон: “Эшондан ёрдам тилайдир”, деганда, ғазаби келиб: “Ётқизиб яна ур” деб буюрди. Янадан урмоққа бошлади, орқасидан гўштлар узулуб тушди. Иккинчи турмоққа қудрати етмагач, солдатлар судраб чиқиб кетган ҳамон ўлди. Бу ҳолни кўрган бандилар: “Эй улуғ ҳокимимиз, арзим бор, эй губернатор тўра, икки оғиз арзим бор”, деса, ё бир товуш чиқарса, тўрт солдат бўйнига таққан довул ноғорасини чалиб юборадилар. Асло сўзни эшитдирмайдилар. Буни кўриб бечоралар бизга қараб йиғлаб турар эдилар, шу ҳолда эдики, иккисининг ҳушлари кетиб йиқилишди. Буларни солдатлат судраб кириб, ўрнига бошқа иккисини олиб чиқдилар. Ҳосили – халқ қошида олти кишини уруб, баъзисини ўлдириб, баъзисини бехуд қилибъ кейин халққа бирмунча сиёсат қилиб, “Подшо аъзамга осий бўлғанларнинг жазоси шу бўладир!” деб жавоб берди ва “12 киши осийлардан осиладир. Ҳамма халқ чиқиб томоша қилсун!” деди. Халқ бирдан туруб эски шаҳар томон жўнади. Йўлда, чиққанларига пушаймон бўлуб, ҳеч кимда сўзламоққа мажол йўқ эди.
ДОР ТАГИДА
1898инчи милодий, 15-инҳи жавзо эдики, эшон иғтишосини баҳона қилиб, шаҳар ва ез (шимолдан Еттисув, ғарбидан Ёзиёбон, жанубдан Водил, шарқдан Қашқар девони ўртаси)дан икки минг киши қаматилғон эди. Булар ичида аксарият қирғизлар бўлиб, ўзбек, қозоқ, қипчоқ, қорақалпоқ, тожик, уйғур ва бошқалардан ҳам “исёнчилар” деб ушлаганлар кўб эдилар. Булардан анчагинаси юқорида айтилганча калтакланиб, урулуб, ўлдирилдилар ва бир қанчасини осиб ўлдириҳ учун 8 та дор қурдилар. Бу дорлар 8-9 газ ердан баланд бўлиб, тепасига ғалтак ўрнаштирилғон ва ўшандан қора арғамчи ўтказилиб қўйилғон эди.
Бир кун эски шаҳардан “Тамом фуқаро янги шаҳарга чиқсун, эҳоннинг сўфиларидан 8 киши осиладир” деб, ҳаммани мажбурий ҳайдаб чиқдилар. Муддаолари фуқарога сиёсат кўрсатмак, уларнинг юракларида қўрқинч қолдирмоқ ва истибдод салтанати тахтида узун замонлар беташвиш барқарор қолмоқ эди. Бу сафар “томошо”га мажбурий чиққанлардан бири ҳикоя қиладирким: “Бизларни бозордан ва маҳаллалардан катта оқсоқол фармойиши билан миршаблар ҳайдаб, тахминан 500 кишини янга шаҳар крепости(қўрғон) тагига олиб бориб эди: қарасак, адир тарафига 8 та дор қилиб, арғамчиларни тортиб тайёр қилиб қўйғон экан. Бу ҳолда турмага 50 га яқин солдатлар ўлан айтиб кириб 5 та мусулмонни ҳайдаб чиқди. Бечораларнинг ранги-рўйига асло қараб бўлмайдир. Бирини таниб қолдим, янги шаҳарда солдатхона рўпарасида баққоллик қилиб ўтурғон Рустамбек деган киҳи эди. Биз фуқароларни тикилган дорлар атрофига айлантириб қоюб, аввал беш кишини ниҳоят ғазаб билан ўртага олиб чиқиб, дорнинг тагига олиб келдилар. Буларнинг ҳолини асло баён қилиб бўмайдир, бечораларнинг ихтиёри ўзида эмас, сўзламоққа мажоллари ҳам йўқ эди. Қамалғанлариға анча кун бўлғн бўлса, овқат эмаганлари ҳам маълум эди. Дарҳол бешта оқ сурупдан қилинғон халта олиб келдилар. Бир мутакаббир “тўра” қўлиға ярим тахта қоғозни олиб, ниҳоят қовоғини солиб ўқиди. Таржимон шу тариқа таржима қилдики: “Сизларнинг подшоҳи аъзам, импратур муаззам аскари борасида қилғон ҳамла, ҳужумларингиз ва бу исёнга сабаб бўлғон Муҳаммад Али Эшоннинг импратур аъзамнинг улуғ сиёсатидан қўрқмай қилғон феълига шерик бўлиб, ёрдамда бўлғонларингиз сабаб бўлди. Сизларнинг бешовларингизни ҳарбий суд осиб ўлдирмоққа ҳукм қилди. Алҳол, сизларга шу ҳукм жорий қилинадир”, деган ҳамон солдатлар бирдан қилиҳларини суғуриб, пешоналариға тутиб, ярим соатга яқин ноғораларини чалиб турдилар. Ҳалиги халталарни кийдириб, дорнинг тагига қўйилғон курси устига этаклаб келиб чиқардилар. Бўюнлариға дор арғамҳисини солиб, оёқ остидаги курсини тепиб юбордилар. Ҳар беши ҳам осилиб қолиб, тахминан икки минут айланиб ҳаракат қила туриб, кейин қимирламай қолишди. Андак турғондин кейин бир духтур келиб, осилиб турғон бечораларнинг қорнига қулоқ солиб, кейин бир нима деб қўйди. Солдатлар келиб, арғамчини бўшатиб, ўликларни дорнинг ёнига кавлаб қўйилган чуқурга тепиб тушуриб, устига курак билан тупроқ тортиб қўйди. Буларни кўмуб хотиржам бўлғондан кейин, губернатор фуқароларга қараб, оқ подшоҳни бир мунча мақтаб, “импратур аъзам казо ва казо!..”деб охири: “Бу кўрилган сиёсатни кўрмаганларга баён қилинглар, ҳар ким исён қилса, мундан баттар бўладилар!” деб халққа жавоб берди. Йўлда келатуриб, шулар қаторида осилғон Рустамбек магазинчи хусусида сўзлашиб, бу киши умуман эшонларға беихлос, эшонларни суймайдиргон киши эди. Нечун Йикчи эшонға қўшулғон экан, деб сўрагонимизда, бу ишнинг аслидан хабари бор бир киши Рустамбекнинг айби ва гуноҳи солдатларға насия қилиб, пулини қистағонидир, деб жавоб берди.
Бу ҳодиса шундай бўлғон: Рустамбек бир неча вақтдан бери янги шаҳарда дўкондорлик қиладир. Ҳукуматнинг тўра ва солдатлариға ойлиқларини олғанча насия мол, овқат бериб турадир. Улар ҳам қачон ойлик олсалар ва пул торсалар, бериб турадирлар. Солдатлардан насия мол олиб, пулини бермаганлар иккинчи насия сўрағонда, Рустамбек бермайдир. Шунга адоват қилиб юрғонлардан бир нечаси Рустамбекни тегирмон қилиб, турғон жойидан тутиб келиб қамаб, эртасиға дўконни очиб, талаб, ўзини “Кеча эшон билан бизларға ҳужум қилғонда таниб қолғонмиз” деб остириб юборадирлар. Бўлмаса эшон кирган кечаси тегирмонда анча киши кўрган ва ҳарчанд гувоҳлар кўрсатса ҳам қабул қилинмайдир…
ИСТАРШИЙ ОҚСОҚОЛ
Андижон эски шаҳари учун бирта мингбоши бўлур эди. Бу мингбошини чор ҳукумати ўз буйруғи билан яхши хизмат қиладирғон жобир ва золимлардан тайин қилар эди. Мана шуни “истарший оқсоқол” дейилар эди.
Йикчи эшон солдатларға ҳужум қилиб қочгандан кейин “қайси мингбоши хоҳ фуқаро бўлсун, хоҳ бошқа… тутуб келса, Андижон шаҳарига истарший оқсоқол қилинур” деб ваъда берилган эди. Бинобарин, ҳар ким амалпараст бўлса, эшоннинг орқасидан қувлаб кетган ва Қўқон қишлоққа мингбоши бўлуб турғон Қодирқул ушлаб келгани учун шаҳарга катта оқсоқол қилингон эди.
Эшонни тутиб келгандан кейин ҳукуматдорлар Андижон шаҳар ва уездининг фуқаросидан ниҳоят хавфланган эдилар ва “Эшон билан ҳамма фуқаронинг маслаҳати бир, албатта, булар бир кун эшоннинг орқасидан ҳужум қилсалар керак”, деб эшонни неча қабат занжирлар билан боғлағон эдилар. Шунинг учун эски шаҳарни муҳофазат қилиб туриш ихтиёрини катта оқсоқолга бериб, шундай таъкид қилдики: “Эски шаҳарни эхтиёт билан сақлаб турасан! Эшонға борди-келди қилғон одамлар бўлса, ҳаммасини суриштириб тутуб берасан! Умумий фуқароларни қайси хил сиёсат билан бўлса-бўлсун, Русия подшоҳига тобеъ ва мутеъ қиласан! Русия амалдорлари эски шаҳарга тушсалар, ҳамма фуқарони ўрнидан туруб, энгашиб салом қилмоққа ўргатасан! Дўкондор ва растадагилар бўлса, ҳаммаси бўлсун, ҳоким, пристав, ҳосили, қайси амалдор бўлса-бўлсун, эски шаҳарга тушса, ҳаммалари дўконларининг олдиға тушиб, қатор бўлуб, энгашиб, салом қилиб турсинлар! Муллалар ва мударрислар бўлса шогирдларига Йикчи эшондан шикоят қилиб,уни ёмонлаб турсунлар! Ва мактабдорлар бўлса, майда болаларга “эшон осий бўлди, боғий бўлди” деган гапларни ўргатсунлар! Аълам муфтилар бўлса, “Йикки эшоннинг осий, боғий бўлғони учун тездан ўлим жазосиға мустаҳиқ бўлмоғи шариатда ҳам дуруст” деб фатво берсунлар! Адиб ва шоирлар Йикчи эшоннинг тамом қилғон ёмонлиғи ва ҳийлаларини шеър (байт) қилиб газитга юборсунлар! Агар ҳар ким бу хусусда қилғон сиёсат жабриндан арз қилса, биз у аризачининг ўзига жазо берамиз!” деб. Қўлиға приказ ва мандат қилиб берилди ва ҳар кунги воқеаларни билдириб турасан, дейилди.
1898-нчи милодийда, ҳануз Йикчи эшон қамоқда турғонда “унга қарашли ёрдамчилар”, деб, ўзбек, қирғиз, қипчоқ, қорақалпоқ, қашқарлардан ҳар кун нечтасини тутиб келиб, осиб, қанчасини калтаклаб ўлдириб турадир. Ўлганлар ўрнига атрофдан одамларни тутуб келиб турадир. Шаҳар ниҳоят бесаранжом бўлуб, хавфда бўлғон вақтда янги тайин бўлғон катта оқсоқол Қодирқул (шаҳар мингбошиси) кўча-кўчага миршаблар қўюб, маҳаллаларга одамлар юбориб, ҳар масжидда, имом бошлиқ тамом қавм ва аҳли маҳаллаларни олдириб бориб, “беда бозори” деган яланг ва кенг жойға неча минг кишини саф-саф қилиб қўюб, ҳокимдан эшитган гапларини фуқароға айтиб, сўзининг охирида: “Агар кўчаъ-кўйда ҳоким, пристуф ва тўралар сизларга рўбаро келса, дарҳол рукуъ қилиб, салом қиласизлар! Ва расталардан ўтуб қолса, ҳаммаларингиз дўкондан баробар тушуб, мана шу турғонларингиздек қатор бўлуб, растадан ўтиб кетганча энгаҳиб, салом қилиб турасизлар! Чунончи, ман саломни сизларга ўргатмак учун чақирдим.
Мана, ман ҳозир “Ташла!”дейман, баробар намозда энгашгандек ташлайсиз”, деб, бир четга бориб “Ташла!” деб шовқун соладилар. Бечора халқ баробар ҳайит намозида ёки жумаъ намозида рукуъ қилғондек энгашадир. У четга бориб, “Тур!” деганда ҳамма баробар турадир. Яна “Ташла!” деган ҳамон баробар энгашадир. Агарда бирон киши баландроқ турса ёки паст бўлуб кетса, югуриб келиб бу одамни дўппослаб, уруб-тепиб, сўкиб, “баробар тургил” деб танбеҳ қиладилар. Яна “Ташла!”дейдир, халқ энгашадир.
Алҳосил, бечора фуқарони 20 мартаба “Ташла!” деб рукуъ қилдириб, кейин: “Ҳамма вақт шундай баробар энгашиб турасизлар! деб жавоб берадир. Эртаси яна бошқа маҳалла одамларини имомлари билан чақириб, шу таълимни қиладир. Ўртада неча мартаба халқни уруб, юзларига нопок оғзидан тупурар эди.
ЯРИМ ПОДШОҲ
Бу таълим ва саждага одат қилдирмоқдан муддао нима десалар, яқин кунларда бу ҳодисанинг устига Туркистон вилоятининг генерал-губернатори болғон нобакорким, умумий Туркистон фуқаролари ярим подшоҳ дер эдилар ва номи А.М.Духовский эди, ҳамма тараддуд шунинг учун экан.
Бир неча кун ўтгандан сўнг “ярим подшоҳ келадир”, деб, ҳамма кўчаларга байроқ тутуб, шаҳарни неча кунлар зийнат бериб, ҳамма мактаб болаларини вокзалга олиб чиқиб, қатор қилинди (у вақтда камина ҳам туземний ишколда ўқур эдим). Фуқаролар кумуш табоқда нон, туз, тутуб турғон эдилар. Уезд ҳокими умумий фуқароларға хитоб қилиб, “Ярим подшоҳ келиб, вагондан тушган ҳамон ҳаммаларингиз таълим олғонларингиздек баробар энгашиб ерга қараб турасизлар! Бошларингизни кўтаринглар десам ҳам кўтармай туринглар!” деб қўйди.
Истансага чиққан халқ 2 соат кўброқ интзорлик тортди. Шундан сўнг бирдан поез кўрунуб қолди ва вагонлари ниҳоят зийнатланган ҳолда келиб тўхтади ва солдатлар тушуб, қатор бўлгондан сўнг ярим подшоҳ турғон вагондан бир неча ясанғон тўралар тушдилар. Кейин ўша юқорида шакли номубораги баён қилинғон генерал ниҳоят қовоғини солиб, қаттиқ ғазаб билан вагондан чиқиб, пастга тушган замон бечора халқ ва мактаб болалари ҳаммаси энгашиб, рукуъ қилиб турди. Вагондан тушиб, тўғри уез ҳокими олдига келиб, шаҳардан аҳвол сўради. У “Ҳамма дуо қилмоқда ва тинчлик”, деди. Ярим подшоҳ ҳокимдан: “Нима учун халқ бундай энгашиб турадир”, деб сўради. Ҳоким: “Жаноб импратор аъзамга юртимиздан чиққан бир эшон жинни бўлиб, билмасдан осийлиқ қилгани учун бизлар ҳижолат бўлуб, улуғ ва баланд даражали бош ҳокимимизнинг юзларига қайси бетимиз билан қараймиз, бизларни марҳамат этиб, авф қилиб, подшоҳи аъзамдан гуноҳимизни сўраб олмасалар, муборак бетларига камоли ҳижолатдан қарай олмаймиз, дейдилар”, деб жавоб қайтарди. Ярим подшоҳ дедики: “гуноҳни қилиб қўюб, эмдиги ҳижолат нимадир? Фарғона музофатидан Андижондек бир шаҳарнинг тупроғини осмонға совуриб юбормоқ билан подшоҳи аъзам мамлакатларига ҳеч нуқус етмайдир!” деб ғазабланиб, ҳокимдан сўрадики: “Неча йилдан буён бу жойга ҳокимсиз?” Ҳоким шошиб қолиб: “Тўрт йилдан бери”, деганда: “Тўрт йилдан буён лоақал ҳар йилда биртадан бўлғонда ҳам тўртта яхши ошно қилмоғон экансиз-да шундай хабарни аввалдан берар эди, токи тадоруки қилиниб, импратор аъзамнинг 23 қаҳрамон ўғли ўлмас эди. Бунинг учун сени ўрнингдан бекор қилдим”, деди (бу ҳокимнинг номи Кайшовский эди). Кейин фуқарога қараб: “Сизлар ҳали осий ва гуноҳкорсизлар. Сизларнинг нон-тизингизни қабул қилиб бўлмайдир!” деди ва бир тўп ҳинд ва яҳудийлар ҳам нон-туз ушлаб турган эдилар, шуларнинг олдиға бориб, нон-тузларини қабул қилиб: “Сизлар ҳозирда манга сартладан кўра яҳшироқсизлар” деб, аскарлар томон юрди. Биз туземной ишкол талабалари, рус домла билан 150 га яқин болалар тургон эдик; бизларнинг ёнимизга тўхтаб, “Сизлар яхши ўқуб турунглар” деб чўнтагидан бир сўм пул олдиъда, домла қўлига бериб, ёнғоқ олиб бўлуб беринг, ўйнасунлар ва подҳоҳ ҳазратларини дуо қилсунлар”, деб аскарлар олдуға ўтуб кетди. Кейин халқ бечора маъюс бўлуб, қўрқуб, тарқалиб кетди.
Мана шунча кунги тайёрлиғ ва рукуъларга мукофот учун шунча сиёсатлар қилиб, Андижоннинг тупроғини осмонға совурмоқ билан халқни қўрқутуб, юракларини ёрди. Мунофиқлар саждасидек, мазлум халқ ва мактаб болаларининг саждалари “жаноб тўрага” қабул бўлмади.
БЕСАРАНЖОМЛИКЛАР
Вақтики, хоинлар бошлиғи Духовский келиб бечора мусулмонларни ўзига сажда қилдириб, кумуш тобоқларга солиб турғон нон-тузларига қарамай: “Андижоннинг тупроғини осмонга совураман, импратор аъзамга Андижондек бир шаҳарнинг тупроғини осмонга совуриб, йўқ қилиш билан ҳеч нуқус бўлмайдир, мамлакати камайиб қолмайдир!” деган сиёсатларни қилди, буни эшитган халқ қўрқиб, уй ичи рўзғорларини ва бола-чақаларини ҳар тараф қишлоқларга қочириб, бесаранжомликда қолди.
Истибдод амалдорлари (элликбошидан тортиб, мингбошигача мусулмон амалдорлари)га “худо бериб”, қиладирғон зулм ва таъаддилариға зўр баҳона топилиб, шундай жабр-зулм қилишга турдиларки, асло қалам билан таъбирга келтириб бўлмайди. Мингбошига дучор бўлмағон ҳеч бир фуқаро қолмади. Ҳаммани кечалари бир-бир чақириб, сиёсат қилиб бор-йўғини қоқиб олдилар. Чунки эшонға қарашли одамларни ҳам уруб, осиб, отиб турғон вақти эди. Ҳатто маҳалла элликбошилари ҳам мазлум фуқарони: “Мингбошига айтаман, ропурт қиламан!” де қўрқутуб, ўзларига яраша бир нарса олар эдилар.
Истибдод асосини маҳкам қилғунчи пристуфлар ва бошқа тўра, чиновниклар бўлса, ҳар кун эски шаҳар бозориға тушуб, савлат кўрсатиб айланиб юрар эдилар. Кўча ва расталардаги халқни ўзларига салом қилдирмоқ балосига мубтало эдилар. Ким салом қилмаса ёки дўкондан пастга тушуб қўл қовуштириб турмаса, дарҳол устига бориб: “…Эшон!”деб қўлидаги палка (таёқ) билан бошиға солар эди. Мазлум халқ бу хорлиқ ва разолатни кўриб: “Тавба қилдим, тўра, ман кўрмай қолибман” дер эди; кўпроқ тавба қилиб, илтижо қилғонида раҳм қилса, қўяр эди, бўлмаса, палиска чақириб, турмага – қамоққа юборур эдилар.
ҲУКМ КУНЛАРИ
Эшон ушланиб, ниҳоят ҳақорат ва таҳқир билан бир қора аравага боғланиб, эски шаҳардан ўтган вақтда ҳамма халқни мажбурий кўчага турғузиб қўйдилар. Солдат ва амалдорлар аравани ўртаға олиб секин-секин юргизиб, ҳар жойда 5-10 минут тўхтаб: “Йикчи эҳон шу одамми? Таниғон одамлар бўлсалар, айтсунлар!” деб фуқародан сўрар эди. Эшонни кўрган ҳар ким ерга қарайдир, эшонга қарамайдир. Чунки эшон таниб сўрашуб қолмасун деб қўрқадир. Ўша йилда эшонни бориб кўрмаган одам Андижонда кам қолғон эди. Балки ҳамма кўрган деса бўлур эди. Золим тўралардан қўрқуб, ҳеч ким эшонни танимайди. Кимни тутуб, эшон шуми, деса билмайман жавобини айтадур. Кўп киши танимаймиз жавобини бергандан кейин мустабид золимлар хавфга тушуб, бу киши эшон эмасмикин деб ташвиш қилар эдилар. Охири эски шаҳар истарший оқсоқолиға буйруқ қилдиларки, Йикчи эшонни танийдирғон одамлардан 4 кишини чақирсун, эшонни таниб, билиб берсун, деб. Шаҳар оқсоқоли бу буйруқни олғондан кейин, эшонни танийдирғон киши борми, деб шаҳардан киши ахтарди. Ҳеч ким қўрқуб “танийман”демади. Охири мажбуран тўрт кишини олиб, оқсоқолнинг ўзи чиқиб: “Сизларга ҳеч гап йўқ, ман сўраб оламан. Сизлар “эшон шу одам” деб қўярсизлар”, деди.
Улар янги шаҳарга чиқиб, ҳукуматдор ва амалдорларнинг мусулмонларға ёмон қарағанидан қўрқуб, ваҳм олиб, инкор қилиб, бизлар ҳеч вақт эшонни кўрмаган бўлсак нима деб биламиз, эшонни билган одам бўлса бўлур эди, деб арз қилдилар. Уез ҳокими: “Сизларга ҳеч гап йўқ, қўрқманглар, ҳарбий судларга “шу эшоннинг ўзи” деб қўйсангизлар бўладир. Башарти бу эшон бошқа одам бўлмаса, деб тўртовини турмада эшонға рўбарў қилғонда, тўртови ҳам равшан билиб “эшон шу киши эди” деб қўйдилар. Кейин буларга жавоб берилди.
Бу чиққан гувоҳлардан бири Мирза Масъуд деган киши эди. У шундай ҳикоят қиладирким: “Бизларни маҳкама олдиға олиб бориб қўйғонда, бир неча солдатлар олдимиздан ўтиб, “сеники эшон” деб тупуриб кетадир. Руслар олдимиздан ўтса, ит қараши қилиб, хўмрайиб, сўкиб ўтадир. Охир кўчада туролмай қўрқиб, маҳкаманинг ичига кириб ўлтирдик. Бир оз фурсат ўтганда уез ҳокими билан бир анча тўралар чиқиб, бизларга танбеҳ қилдиларки: “Сизлар рост айтасизлар. Агар ёлғондан эшон шу десангизлар, суд қошида гуноҳкор бўласизлар. Рост сўзламоғингиз уҳун аълам домла қасам берадир деб оқсоқолга, дарҳол битта катта аъламни олдириб чиқинг, деб буюрди. Оқсоқол дарров шаҳарга одам (миршаб) юбориб, Мулла Муҳаммад Мусо аъламни ҳайдаб чиқди. Кейин “аълам келди” деб ичкарига хабар бергани кириб кетди. Бечора аъламнинг ранги ўчиб, қалтираб, ниҳоят қўрқуб ўлтирар эди. Ман: “Қўрқманг, сизни бизларга қасам бергали чақирди”, деб таскин бердим. Бир вақт яна аввалги тўралар чиқиб, аъламни чақириб: “Мусулмон қоидасича буларга қаттиқ қасам берасиз, рост сўзларни айтмаклри учун”, деб қараб турди.
Аълам домла бизларга тамом қасам алфозлари билан боблаб қасам бердилар. Кейин аъламга жавоб берилди.
Бизларни 5 та тўралар бирга бошлаб турмага олиб бориб эди, қарасак, турмада қадам босарлиқ жой йўқ, ҳавонинг ниҳоят иссиқлиғидан турманинг ичи дўзах бўлуб кетибдур. Бош-оёқларида занжир бор. Қочмоқ у ёқда турсун, турарға мажоли йўқларнинг оёқлариға занжир солибдирлар, буларнинг ичидан оралаб ўтиб, бир хонага кириб эдик, Йикчи эшон билан уч киши ўлтирибдир. Ҳаммалари банд, занжир солинғон. Хусусан, эшонни ниҳоят маҳкам боғлабдирлар. Оёқ, бўйни, қўли боғлиқдир. Бошида салласи бор, устида малла эски тўни бор, ерга қараб ўлтирибдир. Салом қилиб кириб эдик, ёнимда турғон мингбоши, “салом қилма” дегандек ишорат қилиб, нуқуб қўйди. Кейин тўралар кириб: “Чўрт эшон!” деди. Бизларга қараб: “Эшон шуми?” деб савол қилиб эди, бизлар шу дедик. Яна тузук кўринглар, ғалат қилманглар, рост айтинглар!” деб, сиёсат қилиб эди, бизлар қўрқуб: “Эшон шу, бошқа эмас” деганимизда: “Қайси бири, қўлинг билан ушлаб кўрсат!”деди. Ҳаммамиз бир-бир ишорат билан кўрсатдик. Кейин “йахши” деб чиқдилар. Эшон асло бизга қарамади. Ёнидағи одамлар ким эканини билмадик. Ҳаммамиз чиқиб, йўлда келаётиб, кейин бирини таниб қолдик, олдидағиларнинг бири кўгартлик қирғизиялар мингбошиси “Чибил” бўлус деган одам экан. Лекин улардан ва эшондан бизларнинг олдимизда гап сўралмади”.
Музофот губернатори ҳарбий суд билан бирликда бечора эшонни оғир банд остида уез маҳкамасига олиб кириб, тергов қилғонида маҳкамада мирзобошилиқ қилгучи Мулла Исмоил қулоқ солиб ўлтурғон ва эшон осилғондан сўнг шундай ҳикоя қиладир: “Эшоннинг тутулғонидан тахминан 9 кун кейин, эшонға қарашли 15 кишини осиб ўлдиргандан сўнг, эшоннинг ўзини уез маҳкамасига бир тўп солдатлар ҳайдаб келди. Эшонда юрмоққа ҳам мажол қолмағон, оёғи ва қўлиға занжир, банд солинган эди. Фарғона губернатори Чайковский мундан бошқа ҳарбий суд аъзоларидан беш киши ва бир қанча аскария тўралари ҳозир эдилар. Эшонни ичкарига олиб кириб, ўртага ўлтирғиздилар.
Губернатор қуйидагича савол қилди:
— Сан эшон импратор аъзамнинг бутун жаҳонда энг катта ва қадрли ҳам душманларига зафарлик бир подшоҳ эканини билиб туриб, нима учун бундай ёмон қасдга киришдинг?!
— …
(Эшон индамай ерга қараб ўлтирадир).
Губернатор:
— Сўзла! Жавоб айт! Ўзунгча бу феълга киришдингми ёки сани одамлар зўрлаб исён қилдирдими?!
(Эшон сўзламайдир, ерга қараб жавоб бермай ўлтирадир).
Судлар таржимонға: “Сиз айтинг! Сўзласун, бўлмаса мажбурий сўзлатамиз”, деганда, таржимон таҳдид, сиёсат қилиб: “Гапга жавоб бергил” деб, бир қанча дашном қилди. Охирида: “Ман нима дедим? Фаҳмладингми?!” деганда, эшон йўқ деган жавобни сокингина айтди. Губернатор уез ҳокимига қараб: “Бошқа таржимон чақиринг!” деди. Чунки таржимон Қафқасия мусулмонларидан Оға Беков деган бўлиб, сўзи ўзбекчадан бошқачароқ бўлгани учун “эшон фаҳмламади” деб ўйлади. Унда уез маҳкамасининг адабий таржимони Эшмуҳаммад тўра Тошмуҳамадов деганни чақириб, ҳарбий суд раиси буюрдики: “Эшонға айтинг, бўлғон ҳодисани сўзлаб берсун, кимлар эшонни шу ёмон ҳаракатга далолат ва тарғиб қилди?”
Бу сўзларни эшонға қараб таржима қилди.
Эшон, ўзум қилдим, деб жавоб берди.
Раис: — Ўзинг бу хаёлни аввалдан ўйлар эдингми ёки яқинда кўнглингга тушдими?
Эшон: — Ўзим ҳар йили шу ойларда бир мартаба 5-10 кун ўзумни билмай қолар эдим. Бу йил ҳам қилғон ишимни билмайман.
Раис: — Сан билан кимлар бирга эди: амалдор, мингбоҳи ёки юртбоши катталаридан ҳам иштирок қилдиларми?
Э: — Йўқ.
Р: — Эски шаҳар фуқароларидан ҳеч ким бирга эдими?
Э: — (Жавоб бўлмади).
Р: — Жавоб бер!
Э: — (Жавоб йўқ, сукут қиладир).
Р: — Оқ подшоҳни ва унинг амалдор, ҳоким, пристуфларни дўст тутар эдингми ёки душман тутар эдингми?
Э: — Кўгарт тарафидаги мужиклар бечора фуқарони кўб хор қилиб, уруб, ер-сувларини тортиб олғонлари учун хафа бўлуб, душман тутар эдим.
Р: — Мужикларнин зулм қилғонини ўзинг кўрганмисан ёки одамлар келиб айтдими?
Эшон сукут қилиб жавоб бермади.
Раиснинг атрофида элликка яқин солдатлар турғон эди. Уларга қараб: “Ур!” деб буюрди. Тўрттаси югуриб келиб қўлидағи милтиқнинг қўндоғи билан 20-30 ни солдилар. Эшон ўлтирғон курсидан йиқилди. Яна турғизиб қўюб: “Сўзла, мужикларнинг зулмини санга ким хабар қилғон!”- деб, савол қилғонда, эшон:
-Алҳамдулилло, алҳамдулилло! – деб қўйди.
Суд: “Нима дейдир?” деб таржимондан савол қилғонида, Тошматўф, худоға шукр қиладир, деди. Суд раиси яна икки солдатға: “Калтаклардан олиб кел”, деб буюрди. Солдат югуриб чиқиб, бир қучоқ калтак олиб келди. Эшонни ётқизиб калтакладилар. Эшон ҳеч овоз чиқармай беҳуш бўлиб қолғондан кейин судраб, ташқари олиб, аравага кўтариб ташладилар. Аравага тўртта солдат чиқиб, эшоннинг устига ўлтириб, тўғри турмага олиб кетдилар ва турма началънигидан хат олиб келиб, суд аъзоларига топширдилар. Эшон билан бирга келтирилган Чибил бўлус билан яна икки киши эшонға бўлғон-ҳодисалардан қўрқуб ўлтирар эдилар. Локин Чибил бўлуснинг рангидан қўрқув асари билинмас эди. Навбат буларга келиб, биринчи навбатда Чибил бўлусдан савол қилинди:
Суд раиси:
— Санинг исминг нима, қайси жойдансан?
Ч: — Ман Кўгарт тобеъидан, номим Чибилдир.
Ра: — Неча ёшга кирдинг?
Ч: — Эллик ёшга кирдим.
Ра: — Неча таноб еринг бор?
Ч: — Биз қирғиларда ер бўлмайдир. Бизларда от, мол, қўй, эчки бўладир. Биз тирикчилигимизни молдан қиламиз.
Ра: — Қўй, мол ва отларинг қанча?
Ч: — Минг бес юзга яқин қўй, эчки билан икки юзга яқин от, мол бор.
Ра: — Бу моллар отангдан қолганми ёки ўзинг топганмисан?
Ч: — Бу молларнинг ҳаммасини ўзим топганман. Отамдан қолған нарсаларнинг ҳаммаси ёш вақтимда йўқ бўлуб кетган эди.
Ра: — Подшоҳи аъзамнинг улуғлигини ва аскарларининг кўблигини биларми эдинг?
Ч: — Билар эдим.
Ра: — Шундай бўлса, нимага Йикчи эшон билан қўшулуб мундай беадаблик ва подшоҳи аъзамга зўр хиёнат қилдинг?
Ч: — Ҳақиқат қилиб кўринг! Ман эшонга қўшулуб шаҳарга келган эмасман. Эшон шаҳарга кирган куни ман Кўгартда эдим. Кўгарт элларидан сўралсун.
Ра: — Эшоннинг сундай ҳаракат қилишидан хабаринг бор эдими?
Ч: — Озроқ хабарим бор эди. Лекин шаҳарга солдалар устига юришидан хабарим йўқ эди. Посолкалардаги мужиклар тоғкардағи қирғизларни кўб сиқиб, ерларини, от-молларини тортиб олғонидан эҳоннинг муридлари кўб жойға арз қилғонларида сўрамай овора қилғони уҳун аксар қирғизлар йиғилиб, посолкаларга ҳужум қилмоққа эҳондан ижозат олишға борғанларида, эшон уларни манъ қилиб: “Янаги йилгаҳа сабр қилинглар! Янаги йилгача кўпайиб, иншоллоҳ, мужиклар устига ғазот қиламиз”, деган, деб эшитиб эдим. Мундан бир ой ўтгандан сўнг эшоннинг чақириши билан Мингтепага бордим. Эшон билан кўрушуб, дастурхон ўтгандан сўнг, мани хос ҳужраига олиб кириб, ғазот қилиш маслаҳатини қилди. Ман қўлимдан келганҳа манъ қилдим. Охири эшон: “Янаги йилгача сабр қиламиз” деганда, ман бир йилгача ким бор – ким йўқ, албатта, бу хаёл эшоннинг дилидан чиқиб кетса ажаб эмас, деб ўйладим. Лекин шаҳарга киришни айтган эмас, “атрофдаги мужиклар устига юрамиз”, деган эди.
Ра: — Санга мунча маслаҳатни бир йил аввал айтган бўлса, сан нима учун келиб уез ҳокимига хабар қилмадинг?
Ч: -Кўгарт бозоридағи Николъский посолкаснинг истаршинаси Николай деган ўрусга: “Мужикларингни сал босиб қўйгил, қирғизларға кўб зулм қилғонидан улар тўйиб юрибдир. Йикчи эшонға хабар қилғон эканлар, у насиҳат қилиб, босиб қўйибдур. Бўлмаса, йиғилиб ҳаммалари ҳужум қилмоқчи ҳам бўлғон эканлар” деб айтиб эдим.
Ра: — Мужикларга айтгунча нима учун келиб шаҳар ҳокимига айтмадинг!
Ч: — Ман ўша Николай бориб айтган бўлса керак, деб гумон қилдим-да, айтмадим.
Ра: — Санга эшон бу кундан 15 кун аввал нима хат қилғон эди?
Ч: — “Бизга қарашли буродарларни чаҳоршанба куни хабар қилиб, Мингтепадаги ҳонақоҳга юборинг, корхайр ишимиз бор. Марҳамат қилиб ўзингиз ҳам бир келсангиз, зиёда хурсанд бўлур эдик”, деб хат қилғон эди, ман бу хатни эшоннинг Кўгартдаги Қосим деган халифасиға юборғон эдим. Ўзим боролғаним йўқ. Бирор ҳафтадан кейин шундай ҳодиса бўлуб қолди. Ҳаммамиз бехабар қолдик.
Ра: — Сан одамларни тўплаб юбориб, ўзинг “яна қолғон одамларни тўплаб турарман, эшон бу тарафга юрсунлар” деб хат қилган экансан. Бу хатда: “Аввал атрофдаги мужикларни босиб, кейин шаҳарга ҳужум қиламиз” деган экансан. Бу хатни ким ёзъон эди?
Ч: -Бундай хат қилғон эмасмн, ёлғон…
Раис саркотибга “ўша хатни ол” деб буюрганда, саркотиб иш ичидан олиб, раис қўлиға берди. Раис олиб Чибилга кўрсатиб, “шу хатни танийсанми” деганда, Чибил ҳеч нима деёлмади, ҳомуш бўлиб қолди.
Эшон “ҳуруж” қиладирғон куни Чибилға қилғон хатинин орқасиға Чибил суд раиси айтган гап мазмунини ёзиб, Йикчи эшонға шитоблик суръатда юборғон экан, эшон хатнинг жавоби келганча турмай, шошиб шаҳарга жўнаб кетгандан кейин бориб, ҳонақоҳда қолғон экан.
сўзидан адашиб суд раиси яна кўб гапларни сўрағонда ҳеч жавоб бера олмай, аввалги аҳволидан бошқа ва умиди узилганнамо бўлуб, ҳайратда қолди. Мундан эшон билан маслаҳатда бир экани маълум бўлуб, суд раиси шу мажлисда уни ётқизиб урмоққа буюрди. Олтита солдатлар бир кўтарим калтакни олиб келиб, Чибилни ётқизиб, чунон калтакладиларки, орқасининг тамом гўштлари деса бўлурлуқ узулиб кетди. Охири “дод” демакка мажоли қолмай, беҳуш бўлиб, ўлик суратида йиқилиб қолди.
Буни кўриб турғон шериклари ҳам камоли қўрқувдан ҳушларидан кетиб, ётиб қолдилар. Чибилни бир тарафга ташлаб қўюб, бу икки беҳоралардан сўз сўрамоқ уҳун ҳарчанд бедор қилсалар бўлмади.
Охири бошиға этикларининг пошнаси билан тепдилар, яна ҳеч имкони бўлмади ва шом вақти бўлуб, қоронғи тушуб қолғони учун буларннг учалаларини аравага судраб солиб, турмага юбордилар.
Буларни жўнатиб, “суд ёпилди” деб эълон қилғондан сўнг, бир-бирлариға ўз қилғон зулмлари борасида изҳори хурсандлик қилиб кулуб, ҳукмни кечаси соат ўнда қиламиз, деб тарқалдилар.
ЎЛУМ ЖАЗОСИ
1898 йил 13 жавзода ҳарбий суд, Фарғона губернатори бошлиқ, эрта билан соат саккиздан кеча соат саккигаҳа уч маъюбни калтаклаб, беҳуш қилиб жўнаб кетиб, кечаси соат ўнда яна уез маҳкамасига йиғилди. Ҳар қайси тўра бир-бирови билан кўришар-да “вой дод, вой дод“ деб калтак еган бечораларни масхара қилиб кулишар эди. Ўлтуруб, протоколларни ўқуб, дафъатан эшонға қўшиб Чибил бўлуснинг ва яна тўрт судда ҳақиқат қилмағон одамларнинг номини айтиб, олти кишини эрта соат ўн бирда осиб ўлдирмакка ҳукм қилдилар.
Ҳукмдан сўнг ҳаммалри ўрниларидан туриб “час” бериб, бирмунҳа гапларни айтиб ўлтирдилар.
Кейин мусулмон мирзони чақириб, таржимон воситаси билан “эрта билан соат саккизга умумий фуқаролар ҳозир бўлсунлар. Қўрғон тагида Йикчи эшон осиладир. Ибрат учун кўришлари мажбурий” деб,
Эски шаҳар оқсоқолиға зарур буйруқ ёзишға буюрди. Мирзо Исмоил буйруқни ёзиб турғон вақтда суд аъзоларидан бири югуриб чиқиб, тамом мактабдорлар ҳамма шогирд болалар билан чиқишлари “мажбурий” деб ёзинг, деб буюрди. Иккинчи чиқиб: “Нима керак, майда болаларнинг зарурлиги йўқ” деб, мунозара қилиб қолди. Жавобиға: “Ёш болалар катта одамлардан кейин қоладурғон одамлар бўладирғони учун, узун умр кўруб, кўб йиллар Русия подшоҳинин сиёсатини айтиб юрадирлар”, деганида ҳаммаларига маъқул тушуб: “Бундай бўлса, иккинчи яна алоҳида буйруқ қилинсун. Тамом мактаб болаларини ҳам домлалари олиб чиқсунлар! деганда мирзо иккинчи мартаба қаттиқ ва мажбурий буйруқ қилди, бу буйруқни миршаблардан оқсоқолга юборилди. Оқсоқол кечалаб мишабларни бутун шаҳар ичида чопдириб юриб, маҳалла элликбошиси воситаси билан ҳеч кимни ухлатмай, тонг отғанга тамом шаҳардаги муаллим, имомлардан тилхат қилдириб олди.
Шаҳарнинг катта оқсоқоли Қодирқул мингбошининг зарби ва сиёсати ниҳоят қаттиқ ва бераҳм бўғони шаҳар фуқаролариға маъруф ва машҳур эди. Имомлар саҳар соат беш-олтида туруб, маҳаллаларидаги қавумлариға хабар қилдилар. Мактабдорлар бўлса, тамом шогирдларига хабар бериб, эрта билан соат саккизда ҳамма фуқаролар ва шогирдлар катта оқоқол ҳовлисининг олдида ҳозир бўлдилар. Имом ва муаллимлар қўрқуб, титрар эдилар”. Оқсоқол бир имомнинг рўбарасиға келиб: “Неча қавмингиз билан келдингиз?” деб савол қилиб эди, “тахминан 35-40 тача киши билан келдик” деди. Бундан кейин: “Қавмингиз неча уйлик?” берилган саволига сукут қилди. Маҳалла бошлиғи : “Тақсир, қирқ уйликмиз”, деб жавоб бериб эди, оғзига келган ҳақорат билан дашном бериб: “Қирқ уйлик бўлсанг, 35 киши келадими? Нима учун ҳамма қавмни бошлаб келмадинг!” деб ёнида бўлғон митшабга: “Ур!” деб буюрди. Миршаб қамчи билан уруб турубдур, бечора маҳалла бошлиғи бошини енги билан тўсуб:
— Тақсир, тавба қилдим, бошқалари қишлоққа ва ҳар тарафга кетган эканлар, топмадиқ, — деб овоз қилди.
Оқсоқол юртга сиёсат ўтказиш учун “ур” дардига гирифтор бўлғон ва ким бўлса бўлсун, рўбара келса урдирмай қўймас эди. Охирида, бу “ур, ур” дардининг касофати билан бир дўкондор арманининг бойини урдириб қўйди. Бу армани бой нафсоният қилиб, сармоядорлар тарафдори бўлғон ҳоким губернаторларға арз қилиб, судга бериб, охири истибдод учун қилғон шунча хизмати мукофотига, ниҳоят хорлиқ билан ўрнидан бекор бўлди ва Қўқон қишлоққа бориб, амал ҳасратидан бетоб бўлуб, охири Мажнундек бўлуб, ўзиниъ-ўзи жароҳат қилиб ўлди. Мустабид ҳукумати бизга эшон ҳодисасида кўб хизмат қилғон эди, деб риоя қилмади. Сармоядор бой арманининг капитал қуввати уни йиқитиб қўйди.
Энди мақсадга келайлик: соат саккиз бўлғанда, ҳаммани қатор-қатор қилиб, мактаб болаларини олдиға солиб, янги шаҳарга тахминан 8000 киши бўлса, 2000 майда мактаб болаларинини олиб чиқиб, Тупроқ қўрғон олдида, адирнинг тагига қон иси келадирган ва тикиб, созлаб қўйилғон дорларнинг атрофига одамларни айлантириб қўйди. Ҳоким чиқиб, фуқаронинг кўблигини кўриб, катта оқсоқолга “раҳмат” деб, ёш болаларни ҳам дорнинг бир тарафига қатор қилиб қўймоққа буюрди. Бир тарафдан жой бўшатиб турған ҳолда бир киши: “Ёш болалар қўрқарми кан? Одамлар орқасиға қўйсақ, қалай бўлар экан?” деб мингбошига айтган эди. У бориб ҳокимга айтган экан, “Қўрққани яхшироқ. Эсидан чиқмайдир. Дорға яқин қўюлсун”, деб буюрубдур. Мингбоши келиб, дорнинг қибла тарафидан одамларни ҳайдаб юбориб, ҳамма мактаб болаларини қатор қилиб қўйди.
Бир вақт соат ўнга яқин эдики, бир тўп, занжир билан қўл-ойўғи боғланган олти кишини ўртага олиб, ўлан айтишиб келди ва дор тегига келтириб, қатор-қатор қилди. Буларнинг олдиға тўрт табл (ноғора) осган солдатларни қўйди.
Уларнинг ичида эшонни икки солдат этаклаб, йиғиннинг атрофини айлантириб, “Эшон шу одамми?” деб сўраб юрди. Ҳеч ким “шу киши эшон эмас, ёки эшон” деб айтмади. Айтса, “Сан ҳам борған экансан, ёки билар экансан”, деб мени ҳам ушлаб қоладилар”, деб ҳар ким ваҳимада эди. Аммо тўралар бўлса тўрт-беш кишини танитмоқ ҳаёлида эдилар. Халқдан овоз чиқмаганидан ғазабланиб, бир каттакони охири қаттиқ овоз билан; “Албатта ҳаммаларинг биласизлар, бовужуд айтмайсизлар, исён қилмоқда ҳам сизлар билгансизлар. Агарда ҳеч ким танимаса, шу йиғиндаги бутун халқни пулемётга тутамиз. Бирор жон қолмайдир”, -деб сиёсат қилиб эди, ҳар тарафдан одамлар ўзини кўрсатмай туриб “Шу киши эшон!” деб қичқиришдилар. Тўралар у ёқ-бу ёққа қараб, овоз қилғувчиларни тополмас эдилар. Шунинг учун яна: “Тўрт-беш киши йиғинда ажраб чиқиб, одамларга қараб “Эшон шу одам” деб кўрсатсун” ,- деганда ҳеч ким журъат қилиб чиқолмай, яна ҳар тарафдан, одамлар орқасидан бошини паст қилиб туриб “Эшон шу одам, эшон шу” деб овоз чиқаришдилар. Золим тўралар бундан ўз сиёсатлари ҳадду камолига етганини билиб, бир-бирларига қараб кулар эдилар. Халқ бўлса, дор тагида мунғайиб, бўйнини қисиб, йиғлаб турганларини кўриб, тоқат қилолмай, секин-секин йиғлар эди. Шу вақт эдики, йиғин ташқарисида вой-войлаб дод-фарёд бўлиб кетди. Қарасак, осиладирғон одамларнинг бола-чақалари, хотин-қиз, ушоқ болалари экан. Хотинлар “тул бўлдиқ!” деб, болалар бўлса, “етим бўлдиқ!” деб фарёд қилар эдилар. Бу ҳолни кўрган халқнинг кўнгли яна бузилиб, хоинлардан қўрқуб, ўзларини йиғидан тўхтатар эдилар.
Қаторда турғон бир кишининг юзини тўсуб йиғлаб турғонини губернатор кўриб қолди, қўлидан ушлаб ўртароққа тортиб: “Нима учун йиғлайсан, эшонга қариндошмисан?” деган саволни сўрағанда бечоранинг ранги ўчиб, бошиға ўлим ваҳми тушуб, камол қўрққанидан титраб-титраб туриб “Кошки подшоҳи аъзам импратур муаззамга осий бўлмасалар эди, тинч турсалар эди, подшоҳи аъзамнинг мундай қаттиқ азобига учрамас эдилар. Бола-чақалари етим бўлмай, подшоҳ ҳазратларининг давлатларида кун кўрар эдилар. подшоҳ аъзамнинг ўлган солдатларига йиғлайман!”-деди.
Бир қанча хотинлар ва болалар қақшаб, шовқун солиб йиғлаганларида, ноғоралари билан турган солдатлар бирдан ноғора чалиб юбордилар. Бу ҳолни кўрган мазлумлар дарду ҳузун билан йиғлай бошладилар. Ҳамманинг кўзи ёш билан тўлди. Ташқарида турған губернатор дод-фарёд қилғувчиларни қамаб қўймоққа буюрди. Дарҳол беш-ўн солдат чиқиб, буларни уриб туриб, турмага олиб кирдилар. Ва эшоннинг авлодига қўшиб қўйдилар (Эшоннинг авлоди тамом ушланиб, аср қилиниб қамалған эди). Буларнинг қамалғанини кўргандан кейин ҳеч ким йиғин чиқармай турди.
Бу ҳолда бир мутаккабир тўра дор тагига келиб, чўнтагидан бир тахта қоғоз олиб, баланд овоз билан ўқиди. Таржимон шундай таржима қилди.
ЎЛУМ ФАРМОНИ
“Улуғ адолатли ва қаттиқ қаҳрли подшоҳи аъзамнинг сояи давлатида туриб яшағувчи фуқаролар хиёнат қилиб, исён чиқаришда улуғ император аъзамнинг душманларига ғалаба қилишга қодир бўлмаслиғидан андиша қилмай, Мингтепа қишлоғида турғувчи Муҳаммад Али эшон ўзига қарашли бир қанча одам билан подшоҳ ҳазратларига осий бўлиб тиғ кўтариб, Андижон казармасига ҳужум қилиб, 23та қаҳрамон аскарни шаҳид қилди.
Бинобарин, бу исёнчи эшонни ўзига қарашли одамларива муридлари билан ҳукуматдорлар томонидан ушланиб, ҳарбий суд орқали ҳақиқат қилганида, айбларини иқрор қилиб, ўз бўйинлариға олдилар. Бинобарин, ҳарбий суд эшонни ва унинг муридлари бўлған ушбу беш кишини осиб ўлдирмакка ҳукм қилди. Ҳозирда бу ўлим жазоси бошқаларға ибрат бўлсун учун ижро қилинур”.
Муни эшитган қўл-оёғи занжир билан боғланган мазлумларнинг бошидан ҳуши учди, ҳеч қаюсида шуур ва ақл қолмаған эди. Бир қирғиз бечора атрофдағи одамларға айланиб шошилиш билан қарай берди. Бу кишининг кўб қарағанидан бир айтадурғон сўзи бўлса керак ёки авлодига этказадиган бир васияти бўлсамикан, деб гумон қилар эдиқ. Лекин бу бечора қайси тарафга қараса, ўша тарафдаги одамлар юзларини беркитар ва энгашиб ерга қараб турар эдилар. Бечора мазлум кўб жовдираб қаради. Ноилож мустабид хоинларга қараб бирдан: “Эй улуғлар!” деган эди, солдатлар бодратиб ноғора чалиб юборди. Бечора тўхтаб қолди. Ноғора тўхтаган ҳамон яна, “Эй халойиқ! Гувоҳ бўлинглар! Ман…” деган ҳамон яна ноғора уриб юборди.
Ноғора тўхтаган замон яна баланд овоз билан: “Ман ноҳақ осилиб кетаётибман, бу гаплардан ҳеч хабарим йўқ эди, сизлар гувоҳ бўлинглар!..” деб қичқирди. Яна ноғора чалиниб, гапи халқа эшиттирилмади. Ноғора чалинган вақтда оғзи кўп қимирлаб сўзлади. Локин эшитиб бўлмади. Бечора ноумид бўлуб, Саъдийнинг: “Ҳар қачон одам ноумид бўлса, яъни умиди узулса, тили узаядир, мағлуб бўлган мишикдек итга ҳамла қиладир”, деган сўзига мувофиқ ўзидан умидини узуб, ноғора чалиб турган солдатга қараб: “Эй бадбахт кофир! Тўхтат-э! Қилар ишингни қиласан. Ман сўзумни мусулмонларға айтиб қолай”, деб ниҳоят журъат билан ҳақорат қилди. Золимлар унга қулоқ солмай, яна ноғорасини чалиб юборди. Чибил бўлус ҳам: “Ҳой, губернатор, ҳой, ҳоким тўра, икки оғиз арзим бор!” деб эди, бунга ҳам ҳеч қулоқ солмади.
Шу ҳолда иккитаси йиқилиб, беҳуш бўлиб қолди. Ҳарчанд солдатлар келиб кўтариб тикка қилди, турмоққа қодир бўлолмадилар. Бу бечоралар ҳушларига келганча бир оз тўхтаб турдилар. Эшон бўлса ҳамма вақт ерга қараб турар эди. Бир оғиз сўз айтгани йўқ ва айтгани ҳам ҳаракат қилмади. Бу ўртада губернатор ҳокимни чақириб, бир сўз сўради. Ҳоким келиб, эски шаҳар катта оқсоқолини чақириб, бир нарса деб қўйди. Катта оқсоқол четга бориб, ўша ерда бўлган ўз мирзосидан “Ривоят нима бўлди?”- деб сўради. Мирзоси: “Битмаган экан, чала экан, бугун кечаси битар экан”,- деб жавоб берди. Мингбоши ҳокимга: “Ҳозир одам юборайми, олиб чиқсун?”- деб эди, губернатор “фурсат йўқ” деб қабул кўрмади. Бинобарин, ривоятга одам юборилмади.
КАФАН КИЙДИРИШ
Эшонни дорнинг тагига олиб келиб, оёғидаги темир кишанни очамиз деб уриндилар, илож бўлмади, шекилли, болға билан уруб синдирдилар ва бошқа рафиқларининг кишанларини ҳам уриб синдирилди. Кишанларни четга ташлаб, бир шакар қопчани очиб, ичидан хом сурпдан қилинган 6 та халтани олиб ташлади. Уез ҳокими шу ҳолда катта оқсоқолни чақириб: “Бир аълам топинг, буларга иймон ўқутсун!”- деганда, Фаҳриддин қозини чақириб, дор тегига олиб борди. Қози биринчи эшонга, иккинчи Чибил бўлукга ва бошқаларига бир-бир иймон ўқутди. Ҳушидан кетган иккитаси ҳам саҳал ҳушига келган эди, буларга ҳам иймон ўқутди. Булар ўқишга қодир бўлдиларми, йўқми, маълум бўлмади. Ҳосили, қози тез-тез бит нарсаларни айтиб, дор тегидан қочмоқ фикрида эди. Бу вақтда Чибил бўлус ўзини ростлаб, дадиллик ва баланд овоз билан: “Ў мусулмонлар! Гувоҳ бўлунглар, ман ноҳақ кетаётибман. Манга бу ҳокимлар зулм қилдилар…” деб сўзлаб туриб эди, ҳоким келиб: “Бас, бас!” деди. Унга қулоқ солмай яна сўзлаб туриб эди, икки солдат келиб милтиқнинг қўндоғи билан 4-5 урди, шундан кейин индамай қолди. Бу ҳолда бири келиб дорнинг арғамчиларини тушуриб, сиртмоқларини очиб, тузатиб қўйди. Кейин икки солдат ерда турган халталарни ердан баробар кўтариб, олиб келиб, қатор турган банди асирлар бўшиға кийим-бошлари устидан кийдириб қўйди. Бечораларнинг оқ халталар ичида нима ҳолга тушгани бизга маълум эмас, ёлғиз оёқларигина кўринар эди. Дафъатан икки солдат эшонни дор тегига олиб келган маҳал бошқа шерикларини ҳам этаклаб кетиб турган ҳолда иккиси яна беҳуш бўлиб йиқилди. Буларни судраб, дор тегига кетириб, унинг остиға қўйилъған икки поғоналик курсига “чиқ, чиқ” деб эшонни чиқарди. Шу ҳолда кафан ичида бир ўзи қадам қўйиб чиқди ва баланд овоз билан: “Эй мусулмон биродарлар, гувоҳ бўлинглар, ман ноҳақ туҳмат билан кетиб турубман. Бола-чақаларим, майда-чуйда, кўп эди. Бу ҳоким ва тўралар яхши адолат қилмади. Тўғри ҳақиқат қилмади. Дуо қилинглар, шу золимларни…” деган вақтда бир тўранинг ишорати билан бирдан сиртмоқларни солиб, курсиларни тепиб юбордилар.
Бу олти кишидан иккитаси бир-икки буралиб, оёғини уруб қимирламай қолди.Бошқалари фириллаб айланиб, буралиб, икки томон дорнинг ёғочига урилиб, ниҳоят қийналиб, кўб овора бўлдилар. Буни кўриб турған ёш болаларнинг кўблари қўрқиб: “дод, ота, она!” деб йиғлаб юбордилар. 4-5тасининг ҳуши кетиб қолди ва йиқилди. Болалар турған тараф тўполон бўлиб кетди. Аскар болалар қочиб чиқиб кетдилар. Одамлар бўлса: “Қўрқди, қўрқди! Болаларни орқага олинглар, юзига сув сепинглар!” деб тўпалон қилиб юбордилар. Ҳушидан кетгн болаларни дарҳол ташқарига чиқариб, одамлар бошларини уқалаб, машаққат билан ҳушига келтирдилар.
Шу тўпалон билан ёш болалар аҳволиға овора бўлуб туриб, осилған бечоралардан ғофил бўлимиз. Кейин қимирламай туриб қолибдилар.
Кейин дўхтур келиб, курсини қўюб, ҳамма осилиб турғанлар қорниға бир-бир қулоқ солиб имтиҳон қилиб, жон чиқан-чиқмағанидан хабардор бўлиб олтовини кўриб, ярим соатга яқин фурсатда хат ёзиб, губернаторга топширди.
Бу хатни губернатор ўқуб кўруб, дор атрофида турған халқни чақириб “яқин келинглар”, деб, ҳаммани яқин келтиргандан кейин, “Болалар қани, болаларни ҳам чақиринг”, деб буюри. Болалрдан бир қанча қўрқуб, беҳуш бўлуб, юраги чиққанларини уч аравага солиб, эски шаҳарға тушуруб юборған эдилар. Бошқалари ҳам пиёда шаҳарга тишиб кетган эдилар. Бу хабарни айтганда катта оқсоқол қанча ҳақорат қилиб, хафа қилди ва кимнинг ижозати билан жавоб бердинг, деб сиёсатлар қилди.
Адоватга мундан зўр ва равшан далил бўлармикан, ёш болаларнинг ўликдан қўрқиши маълум гап. Айниқса, бундай даҳшатли кунда ҳамманинг қўрқиб турғанлиғи бир тараф бўлса, онқадарким, болаларнинг қўрқиши яна кўбракдир. Бу аҳволни истибдодчилар билмади дейсими?
ТАҲДИД (ҚЎРҚИТИШ)
Фарғона музофотининг эски мустабид хоинларидан бўлған губернатори Чайковский ҳамма фуқароларни эшон осилиб турған дорнинг тегига тўплади ва такаббурлик билан туруб, бир тарафдаги тамом солдатларнинг милтиғини ўқталиб, мусулмонларга қарши тайёр қилиб қўйиб, шу таклифни қилди: “Мусулмонлар! Сизлар кўзларингизни очинглар! Сизларнинг подшоҳи аъзам қошида айб ва гуноҳларингиз кўбдир. Ичингиздаги эшонга қўшилиб исён қилғувчилар бўлса тамом тутиб кўрсатиб берасизлар. Уларни бола-чақалари билан Фарғонадан уруғларини қурутуб, хонумонлари мусодара қилиниб, иморатлари тўпга тутилиб, ер билан яксон қилинадир. Чокандаги авғон боғда зироатчи (ағроном) тўрани ўлдириб, туғларини қонлатиб кетганлари учун шу авғон боғ атрофида бўлган маҳаллалардаги катта-кичик мусулмонларнинг қонлари билан подшоҳи аъзам аскарлари милтиқларини қонламасалар, юраклари совумайди. Албатта, бу иш бўладитғон балки ҳукм қилинғон бит ишдир. Чокандликлар ўзларининг гуноҳларини бизлардан сўрамоқчи бўлсалар, эшонға борди-келди қилғонларни ўзаро кўрсатиб бериб, ўз ичларини эшончилардан тоза қилишлари керакдир. Шундагина гуноҳлари афу қилиниб, ўз жонларини саломат олиб қоладилар. Локин жойлари ва мулклари подшоҳ ҳазратларининг ўлган солдатларининг бола-чақалари фойдасиға олинадир. Сиз, мусулмонлар, бепарволик қилмай, ўзларингиз исёнчиларни бир ҳафта ичида топиб бериб, тамом қилиб, опъз эътиқод ва ихлосларингизни билдирасиз!
Мана, подшоҳи аъзамнинг сиёсатини кўриб турубсизлар. Қаҳрамон аскарларини ҳам кўз олдингизда кўрмакда ва қаҳрлик сиёсатини бир оз танимоқдасизлар. Бутун ер юзининг импратурларини ўз катталиги билан ларзага солған оқ подшоҳга биргин Фарғонадаги халқнинг иғтишоси ва исёни билан ҳеч футур келмайдир. Балки ўзларингизнинг ер юзидан йўқ бўлиб кетишлаингизга сабаб бўласизлар. Мана, исённинг натижасини кўриб турубсизлар, яна ҳам кўрасизлар. Подшоҳ ҳазратининг қаҳр ва ғазабига гирифтор бўлмоққа сабаб бўладирғон феъл ва ҳаракатдан минбаъд сақланишларингиз керак .
Шундан кейин “Сиз фуқароға жавоб”,- деб ижозат берди. Ҳамма безиллаб турған эди, бирдан чувиллаб жўнай бердилар.
Дорни тикар вақтида дорларнинг тегига одам бўйидан пастроқ чуқурлар қазилиб, устига бўйра ёпилиб қўйилған экан. Бир тўп солдатлар келиб, қўлларидаги шофлари билан арғамчиларни кесиб юбордилар. Ҳаммалари ерга чўзулуб тушдилар. Кейин бир арава оҳак келтириб, олти кишини икки чуқурга ташлаб, устидан оҳак ташладилар. Ҳар тарафдан тупроқларни тортиб, бирор газ тупроқ тушгандан яна оҳак солиб, ҳосили тупроқни оҳак билан аралаш қилиб, қаттиқ тепиб кўмдилар.
Жаноза каби расм ул тарафда турсун, кўмишда мусулмон киши ҳам иштирок қилгани йўқ; ёзиб бўлмайдиған хорлиқ ва мазлумият билан кўмилдилар. Кўмилгандан кейин тепасига ҳамма вақт навбатчи солдатлар қўюлиб, қараб турар эдилар ва эшоннинг ва бошқа рафиқларнинг авлодлари ва қавм-қариндошлари келиб, жасадларини олиб кетиш эҳтимолидан сақлар эдилар.
Осилганларни кўрган болалар уйларида неча кун бетоб бўлуб, кечалари чўчуб уйғониб, уйқуларида шовқун солуб, туруб кетиб, неча кунларгача ота-оналари ухламай, болаларидан қўрқуб, асраб чиқар эдилар. Бу қўрқув натижасида неча болалар ҳалок бўлдилар. Хусусан, каминанинг қўшним шаҳрихонлиқ бир косиб одам эди. Ўн бир яшар Абдуллатиф деган ўғлини мактабга бериб, ўқутиб юрған эди. Шу ҳодисада бу бола ҳам қўрққан экан. Уйига келиб, неча кунлар чўчиб ухлай олмай, озиб кетиб, ўлиб қолди.
Шаҳар ичида ёлғиз бу бечора бўлмай, балки ўқуб турған болалардан кўблари бу ҳодиса билан вафот топиб, ота-оналарни ҳасратда қолдирдилар.
У бечоралар истибдод жосусларидан қўрқуб, золимлар ўрниға эшонни қарғар эдилар.
ХАЛҚНИНГ ОВОРАЛИҒИ
Фаргона ҳарбий губернатори эшонни осиб, ҳануз мазлумлар жасади осилиб турған вақтда “ўлганнинг устига кўмган”, деганидек қилиб умумий мажбурий чиққан фуқароларни йиғиб, қаттиқ сиёсат билан қўрқутуб: “Ҳали Андижон халқининг гуноҳи кўб, бутун Андижон тупроғини осмонға совураман, халқини тамоман иҳрож қилиб, ўрниға ичкари Русиядаги беватан крестъянларни олиб келиб ўрнаштираман ва мол-мулкларини мусодара қилиш билан жазо бераман!” деган турли сиёсатлар қилиб, жавоб бергандан кейин, ҳаммага қаттиқ ваҳима тушди. Шаҳар халқи кўпинча ҳовлиларда чуқурлар ковлаб мол-амволлари ва яхши кўрган нарсаларни кўмиб, оғир асбобларини чуқур ҳовузларга ташлаб, қимматбаҳо гилам ва кигизлари бўлса, узоқ қишлоқларга юбориб, неча кунлар саргардон бўлуб, уйларида ётар учун кўрпа-кигиз қолдирмай, майда ва масъум болалари билан қоқ ерда ётиб, кўб оворалиқ тортдилар.
Неча кунларгача букун отадир, эрта отадир, деб хабар бўлуб, кундузи атрофларға тарқалиб қочиб кетиб, кечаси ҳовлиларидан умид узолмай келиб хабар олиб, яна саҳар туруб чиқиб кетар эдилар.
Бечора косиблар ва меҳнати устидан бола-чақа боқадирғонлар ўз тирикчиликларини қилолмай, неча кунлар хилват жойларда: “Қачон милтиқнинг овози чиқар экан” деб қулоқ солиб юрар эдилар. Шундай ваҳимали ва хавфли кунларда: Андижоннинг эски шаҳари отилишдан қолибдир, аммо эшоннинг юрти ва қишлоғи бўлған Мингтепани текис қилмоққа кўб солдатлар неча адад тўплар билан келган эмишлар, деган дув-дув гаплар чиқиб қолди.
МИНГТЕПАНИ ТЎПГА ТУТУШ
Дарҳақиқат, бу хабар саҳиҳ ва рост хабар экан, эртасига Мингтепа фуқароларидан баъзилари шаҳарга қочиб кетдилар. Булардан хабар сўралса, жавобиға айтадирларки: “Кеча саҳар вақти бор эди. Баъзилар энди турган эдилар, қишлоқнинг жануб тарафидан бирдан тўп (замбарак) ва милтиқ отилиб қолди, тўпалон бўлуб, уст-бош олғони олиб, баъзилар майда болаларини кўтариб, ҳар ким ҳар тарафга қараб туриб кетди” деб, “бизда нима айб, ахир, биздан келиб гап сўраса керак”, деб бепарво турған Мингтепа қишлоқ фуқаролари устига кечалаб бориб, жануб томондан саҳар вақтида тўпга тутуб қолибдиалр. Аксар хотинлар бешикдаги болаларни зўрға ешиб олиб қочибдилар. Баъзилари шунга ҳам қодир бўлолмай, жонларини олиб қочғанлар.
Шу паришонлиқ ҳолда баъзи тўдаси шимол тарафдан Наманган тарафига, баъзилари ғарб ёғидан Марғилонга ва бир оз қисми Андижонға қочиб кетишдилар. Кўблари Наманган билан Марғилон ва Ўш шаҳарлариға қочған эдилар. Зероки, ўша кунларда Фарғона музофотиға қарашли шаҳарлардан Андижонға қарағанда ўша шаҳарлар тинчроқ кўрилган эди.
Мингтепага борған солдатлар уч кун муттасил кўзларига кўринган халқни, ҳатто “машқ” деб товуқ ва итларгача отиб юборған эди. Уч кундан сўнг Мингтепа қишлоғининг ичида ҳеч ким қолмағондан кейин солдатлат кириб, талон-тарож қилиб, тамом кўрпа- тўшакларини олиб чиқиб, кигиз ва гиламларини Мингтепанинг катта “Ийдгоҳ” масжидига йиғиб, ҳатто коса ва табоқларини шу масжидга тўплади ва ким бўлса бўлсун, атрофдаги қишлоқлардан мингбошиларға қилғон буйруғи билан мардикор чақирди. Атроф қишлоқлардан ҳар қайси мингбоши қўл остидан 2000дан мардикор ёзиб олдириб келди.
Мингбошилар 2000дан мардикорларни ўзлари олиб бордилар. Мингтепа қишлоғининг тамом иморатларини очдирди. Иморатлар ўрнидан нима чиқса ва нима нарса топилса, топған мардикорнинг ўзига берди. Уй эгалари, мингтепаликлар қўрқуб, асло бормас эдилар. Борсалар ҳам мардикорлар қаторида ишлаб келар эдилар. Ҳосили 15 кун одамларни шу хилда мажбурий ишлатиб, тамом қишлоқнинг баландлигини пастга олиб, текис, баробар, мусаттаҳ қилиб қўйди. Эшон ҳовлисини бўлса 15-инчи кун Андижон ҳокими ва губернетур ва кўб тўралар бориб, бир қанча землямер(танобчи)лар ва муҳандилар воситаари билан тамом махфий ишарини ва гапларини очиб, план қилиб, суратларини олиб, камокан деворлар орасидан қўйилған қувур, трубаларнинг планини қилиб, фуқароларға кўрсатиш учун бостириб чиқариб соттирди.
Эшонни пул, давлат ва хазина кўб эди ва уйларидан бир ерга кўмгандир, деб гумон қилиб, мардикорларға неча кунларгача ковлатиб, ниҳоят овора бўлдилар.
МИНГТЕПАГА МУСТАМЛАКАЧИЛАР ЎРНАШДИРИШ
Мингтепа қишлоқ халқига текислатиб, тамом мусаттаҳ қилғандан кейин уезд ҳокими тўрт-беш ер ўлчайдирган тўралар билан чиқиб, 8 кунда тамом Мингтепани мужикларга чек қилиб ўлчади. Ўртасидан тўғри кўчалар чиқариб, кўчанинг икки томонидан хона-жойлик иморат тархини қилиб чизиб, тўрт юз эллик хоналик бир посёлка планини тайёрлаб қўйди.
Эшон ҳонақоҳининг ўрнини текислаб, черков қилишга қарор қилинди. Бу иш эса мусулмонларни хафа қилмоққа бўлган бир хусумат эди, бўлмаса, бутхона қиларлик баланд ва соз жойлар ҳам кўб эди. Кейин орадан бир ой ўтганда, ичкари Русиядан ниҳоят кўб мужиклар келиб қолди. Буларнинг ҳар қайсилариға қарз ва ёрдам пули топиб бериб, шу Мингтепада тайёр ва план қилиб қўйғон жойларга хона, жой бериб, ўрнаштирдилар. Лекин буларнинг тамом иморатлари битганча мусулмон деҳқонларини навбат билан мардикорликка олиб келиб ишлатиб турдилар. Ўша 1898 инчи мелодийда ҳар бир мужик мусулмонлар кўзига ниҳоят ваҳималик ва зўр қўрқинчлик катта одам бўлуб кўрунар эди ва мусулмонлар булардан кўб қўрқар эдилар. Ёлғиз қишлоқ фуқароси эмас, балки шаҳар халқи, ҳатто савдогарлари ҳам кўб қўрқар эдилар. Ҳар бири, хоҳ шаҳарда бўлсун, хоҳ қишлоқда мусулмонлар кўзига азроилдек кўрунар эди.
МИНГБОШИЛАР
Чор ҳукуматининг биринчи муддаоси ҳар амалга бўлсун бойларни қўйиш эди. Ҳатто унинг паст амал ва мансабдорларидан бўлған маҳалла бошлиқ (элликбоши)ларни маҳаллалар сайлаб берар бўлсалар, обрўлик ва ер-сувлик ва халқ ичида эътиборли одам бўлсун, деб буюрар эди. Ҳар амалда бойлар бўлғани учун сармоя тарафдорлари бўлған мустабид ҳукуматларға ҳар жиҳатдан яқин бўлмоқлари бадиҳийдир.
Пристуфлар ва ҳокимларнинг бутун деярли овқат ва таъминотлари мингбошиларнинг устига бўлуб, бир сўмлик нарса олиб берсалар, бечора фуқародан ўн сўм қилиб олиш йўлини ахтарар эдилар ва чорасини қилар эдилар.
Мазлум камбағал-косиб фуқародан улуғ тўраларга берган пораларини ўн баробар қилиб олмоққа икки жиҳатдан қодир эдилар. Биринчи, умумий халқдан кўра сармоя хусусидан кучлироқ бўлғанлари бўлса, иккинчи томондан, сармоя тарафдори бўлған эски тўраларнинг сармоядор амалдорлари тарафида турғанлиқлари эди. Бунинг учун умумхалқни эзишда ва зулм қилишда ҳеч кимдан жирканмас эди. Ҳар уч йилда бир мартаба сайловлари бўлар эди.
Яна шундан булар сайлов ўтганчагина бўйинларини қисиб, бир оз мулла мушук бўлар эдилар. Бой кишининг бечораларға кўрсатган озгина бўюн қисиши ҳам камбағаллар учун катта обрў бўлуб, уч йил ичида кўрган зулмлари ҳам эсларидан чиқар эди. Бор-йўқларини қоқиб олған тўралар сайлов устида: “Бу мингбоши оқ подшоҳга яхши хизмат қилди, бизлар розимиз”, десалар, ўзини қайтадан сайлаб қўяр эдилар.
Булар сайланиб, приказ(буйруқ)ни олгандан кейин, қўлиъға тупуриб, сайловда сарф қилған мол-пулларини топмоқ учун баҳона истар эдилар. Мана шу баҳона ва излашларга Йикчи эшон ҳодидаси зўр сабаб бўлуб, бечора фуқаро учун куллан зиён ва қўрқинчли бўлса, амалдорлар ва ҳоким (уез бошлиғи), пристуф ва мингбошилар учун топилмас шодлик бўлди.
Эшон ҳужум қилған куни эртасидан тортиб бир йилгача тамом буларнинг зулми тобора авж олиб, кўб кишиларни хонумонидан ажратдилар.
Бир кишини эшонга қарашли деб қамаб қўйсалар, юқориға ропурти чиққанда, эшон ҳодисаси зулмга катта баҳона бўлғани учун, терговчилар кўзига зўр иш ва катта жиноят эгаси бўлуб кўрунуб, кўб йиллар Сибирга ҳайдалар эди. Бечорани ажратиб олмоқ пайига тушган қавм-қариндошлари тамом бор-йўғини сарф қилиб, ҳатто ер ва мулкларини сотиб, терговҳиларга пора деб берсалар, натижада яна ўзларини осиш ёки Сибирга юборишга қарор бўлар эди. Бу ҳолда ҳам мол кетиб, орқасида қолған авлоди камбағаллик балосиға йўлуқиб, ҳар ерга борса, гапи ўтмай муттаҳам бўлуб, камдастлиқ ва бечоралиққа одат қилмағани учун чидай олмай, охири ўғрилиқ ва бошқа турли ишларга киришгани кўрилар эди.
ҲАКАНДНИНГ ВАЙРОН ҚИЛИНИШИ
Уез маҳкамасида хизмат қилувчи мирзо бир кун: “Ушбу кун Мингтепани хароб қилиб бўлған солдатлардан “Шаҳарга қайтишда Йикчи эшонинг юрадирғон йўлларини икки томондан 14 газдан бузиб борсақ ҳам кўчалар катта бўлиб қолар эди, ҳам ушбу кўча юрган одамладнинг хотиралариға подшоҳи аъзамнинг исёнчилар ҳақида қиладирған танбиҳи тушиб, сиёсатимиз янгиланиб турар эди.”, деб ижозат сўраған хат келди. Катталар унинг маслаҳатига киришдилар. “Агар эртагача шу гап маъқул бўлиб чиқса, шаҳар ичидан ҳам кўп ҳовли ва жойлар бузулуб кетадир”, деган хавфлиқк хабарни олиб келди.
Бу ёмон гап қулоқдан қулоққа эшитилиб, шаҳар ичида эшон юрган кўчалар четида бўлған одамларға маълум бўлуб, ниҳоят бесаранжомлиққа тушдилар.
Кечалари ухламай, бола-чақалари билан губернатор инсофини тилаб чиқдилар. Эртаси кун яна маълум бўлдики: “Бу гап манъ қилинибдир, лекин Ҳаканднинг янги шаҳар тарафидаги Авғон боғ деган машҳур зироат тажрибагоҳидағи агрономни ўлдириб кетганлари баҳонаси билан ва янги шаҳарни кенгайтиш учун Авғон боғатрофидан шаҳарга келганча тамом бузуб, ҳозирға янги шаҳарча жойини қўшар эмиш. Бу ҳисобға қарағонда Ҳаканд қишлоғининг ярми энг обод боғистон ва хуш иморат тарафи вайрон қилинар эмиш” деб.
1898нчи йили 25 саратонда бир тўп землемер(ер ўловчи)лар Ҳакандга чиқиб, янги шаҳарга зич (қўшилған) янги жойларни Авғон боғдан бошлаб ўлчаб, байроқ тутиб келдилар. Бу байроқлар Ҳаканд фуқароларининг энг обод иморат ва ҳовлилари ва боғлариға тўғри келган эди. Айланаси тахминан 5 чақирим жойғача вайрон қилиш аломати бўлған байроқ қурилған эди.
Вайрон қилишға маъмур бўлған тўралар тахминан 25 кун ўша Ҳаканд қишлоғида юриб, Йикчи эшоннинг юрган йўлини ўртаға олиб, янги шаҳарнинг кун кўруш тарафини тамоман бузиш учун ўлчаб, аломатлар қўйдилар.
Бу аломатлар қўюлуб, вайрон қилинмоғи собит бўлғандон кейин бечора ватан эгалариким, тахминан 500 уйлиқ хона ва боғлар эди, буларнинг ҳаммалари тўпланиб турли-туман аризалар билан Тошкентгача мурожаат қилиб, сиёсат эшитиш ва ғамгинликдан бошқа ҳеч нарса кўрмадилар.
Бир кун буларни губернатор чақириб: “Сизлар ҳеч жойга овора бўлиб арз қилманглар; аризаларингиз қабулға кирмайдир, худоға шукр қилингларким, подшоҳ император муаззам сизларнинг жойларингизни мусодара қилиш билангина қўйди. Ҳаммалрингизно қатлиом қилиб, бола-чақаларингиз билан ер юзидан қириб юбориш эҳтимоли бор эди. Аммо оқ подшоҳ сизларга иноят ва марҳамат қилди. Энди сизлар 15 кун муддат ичида байроқ тикилган жойларидаги иморат ва боғларингиз бўлса, очиб, бўшатиб қўйинглар! Бўлмаса,, 15 кундан сўнг солдатлар орқали тўпга тутиб текис қиламиз. У ҳолда иморат ва асбоб рўзғорларингиздан маҳрум қоларсизлар. Ҳам ўзларингизни подшоҳи аъзам фармониға қаршилик қилғанлар қаторида кўриб, жазоға мустаҳиқ қилинадир, чиқинглар!” деб ҳайдаб чиқарди.
Шундан кейин бир қанчалари пул тўплаб Тошкентга арз қилмоқ учун бир неча одамларни юборған эдилар. Лекин булар қайтиб келгунларича бу ердаги ҳокимлар қолғонларини чақириб: “Нима учун шу вақтгача очмайсизлар”, деб, неча хил дашномлар билан сиёсатлар қилиб турған эдилар. Қайтиб келиб, бош губернатордан қаттиқ сиёсатлар ва дашномлар эшитганликлари ва арзларининг тингланмаганини билдирдилар. Кейин Андижон уез ҳокими буларни чақириб, 15 кишини қамаб қўйди. Баҳонаси “Сизлар Тошкандга бориб арз қилибсизлар, гўёки бизларнинг ҳукмимизга норозилик изҳот қилибсизлар!” демак эди.
Кўпчилик бориб, буларни қамоқдан қутқармоқчи бўлғанда бир ҳафта ичида иш бошламоққа тилхат бериб, йиғлаб-йиғлаб қайтишдилар.
Бу кунларда ҳам атроф тоғлар ва қишлоқлардан баъзи мингбошиларға ёки аминларга бир замонда ёмон сўз айтилган бўлса, ёки адовати бўлса, у одамни олиб келиб, аввал бир нарса чиқса – хўб, чиқмаса дарҳол “эшоннинг муриди ёки мухлиси эди” деб ропурт бериб, фалокатга дучор қилар эдилар.
Маъмур бўлған тўралар ўз аскарлари биилан чодирларини тикиб, халқ кўзида ҳар кун машқ қилиб турдилар. Бир кун тамом фуқарони чақириб, губернатор томонидан берилган фармон қоғозини ушлаб туруб, халққа шундай амр ва фармойиш қилдики: “Агар сизлар ушбу кундан бошлаб байроқ тикилган жойлардағи иморат ва боғларингизни бузиб, бир ҳафта ичида саранжом қилиб, яланг қилмасангизлар, биз ўзимиз бузамиз. У вақтда сизлар ҳеч нарсангизга молик бўла олмайсизлар, ҳар нарсаки қўлимизга кирса, ўлган солдатларнинг фойдасиға олинадир. Эртадан иш бошласангизлар хўб, то сизлар тамом очиб олиб, яланг қилиб бизга топширғанларингизгача ўзимиз устида турамиз. Шунга кўнмасанглар, ўзларингизга ҳам Йикчи эшинға берилган жазодек жазо бериладир. Шунга нима дейсизлар?!” деганда халқ замоннинг қўрқинчили вақтидан хавфланиб: “Тақсир тўралар! Бизга бу йил фурсат берсангизлар, меваларимиз ва узумларимизни йиғиб, сотиб олсак қўлимизга пул тушиб, кейин бир жойга бориб ватан қилиб ўлтирсак, алҳол бузиб ол дейсиз, қандай қилиб шу мева қилиб турган дарахтларни кесамиз?”деб арз қилдилар.
Золимлар бераҳмликни интиҳосига этказиб: “Боғ, иморат оқ подшоҳнинг қўл остида йўқдир. Унинг ҳукмини бажо келтиришдан бошқа чора йўқ: эртага бузасизми ёки бузмайсизми? Шуни айтасиз, агар бузмас экансизлар, бу кун биз тўп қуввати ила вайрон қилиб ер билан баробар қиламиз. Ўзингиз импиратур аъзамға қарши бўлған ва ҳукуматға қаршилиқ қилғанлар қаторида ҳисоб қиламиз. Гап, шул, ҳайда,… жўна…!” деб қувиб юборди.
Мазлумлар йиғлаб-йиғлаб тарқалгандан кейин от-арава тараддуд қилиб, эртаси асбоб ва рўзғорларини бўшатдилар. Қишлоқнинг четидаги ҳовлиларга ташимоққа бошладилар. Ғоят шошилиш суръатда рўзғорларини ташиб кейин қон йиғлаб иморатларини очиб ташладилар, бу йиғлаб юрган мазлумлар устига тўралар ва солдатлар келиб: “Санми эшон!” деб масхара қилар эдилар. Бир деҳқоннинг кўп йиғлағанини бир солдат кўруб: “Нима учун йиғлайсан?”деб савол қиладилар.У жавобиға: “Ҳоким губернаторларнинг бераҳмлигига, биздек камбағал фуқароларни бехонумон қилғаниға ва бола-чақаларимиз билан кўчада қолғонимизға йиғлайман”, деганда: “Сан ҳоким губернаторни золим дединг”, деб гувоҳ бўлиб ўн йиллик Сибирга ҳукм қилиб, бола-чақалариға кўрсатмай жўнатиб юборилғондир.
Мана бу зулм хабарини бошқалар эшитиб, ҳар қанча йиғласалар ҳам бирорта солдат ё тўрани кўрсалар, дарҳол ўзларини тўхтатиб, йиғламас бўлар эдилар. Ҳатто хотин-қизлар ва бола-чақалар вақт танг, фурсат оз қолғони учун баробар кеча-кундуз ишлаб, қўллариға бир ҳафта ичида кирган нарсани ғанимат билиб қолди. Шу жойда бир чолнинг йиғлаб турганини хабар олиб турғон бир тўра кўриб қолиб: “Нима учун йиғлайсан?” деганида у: “Э болам, оқ подшоҳимизнинг ўлган аскарларининг бола-чақаларининг минбаъд кўрадирган кунларига раҳмим келиб йиғлайман”, деб жавоби мунофиқонани берганида, индамай кетгандир. Шу киши ҳозир ҳаёт. Ўз оғзидан ёзилди.
ЎЛИКФУРУШЛАР
Истибдод тарафдорлари бўлған оч бўрига ўхшаган тора ва чиновник-мансабдорларни биз, Туркистон элини зулмнинг қанча нави бўлса, ўшанча нави билан алоҳида-алоҳида азоб бериб, раҳмсизликлар билан ерли халқнинг анжомини ва айбларини зўр жиноят қилиб, қўлида бор мол-амлокларини тортиб олар эдилар. Жиноят қилмаған киши кичкина бир айб билан қамаб қўйилиб, дарҳол миёнчи ҳам асрорлари воситаси билан бирмунча пулга басеъ бўлар эди. Бу ҳол маъруф ва машҳур одатлар қаторига кириб қолди.
Шунинг учун биз Туркистон камбағалларини чор золимлари ҳамиша бир туҳмат билан гирифтор бўлуб турмоғимизға толиб бўлуб, доимо ўлимтик излаган чўжағатдек кўзларининг бизнинг устимизга тикиб ўлтирған эдилар. Йикчи эшоннинг тоғ ва тошдағи, шаҳар ва қишлоқларда ошкор зулм ва қаҳрлариға чидамай, жонидан тўйиб қилған ҳужуми зўр баҳона бўлуб, фуқарони икки тарафдан муддаларининг борича ва қўлларидан келганича эзиб ёмонлиқларини қилдилар. Солдатларини кўча ва саҳрода ётқизиб қўйиб, юқорида кўрсатилгандек 15 кунгача қимирлаған жонни қўймай отиб турди. Беихтиёр ишлашга ва мардикорчиликка, айниқса, қурт тутган ва вақти бўлгани учун барг кесишга борган меҳнатҳи бечораларни тутдек тўкиб, ўликларини ит, қуш еб кетди. Ҳатто қатиғ ва сут сотмоққа кетиб турган масъум болалар бераҳмлик билан отиб ўлдирилди.
Масъум болаларнинг ота-оналари ўзлари кўчага чиқа олмай ёки болаларининг устига боролмай, кечалари солдатларни оҳиста чақириб, болаларининг ўлигини топиб бериш учун басеъ қилиб, кўб миқдорда пул бериб, топиб олдирар эдилар. “Пора берилса, ўликларни солдатлар оҳиста топиб берар экан”, деб кўб кишилар бу йўл билан бориб солдатлардан ўликларини сотиб олар эдилар. Бора-бора бу иш тўраларга ҳам маълум бўлуб, булар ҳам мусулмонлар билан кечалари сўзлашиб, ўликфурушлик қилишга киришдилар.
Биз фуқаронинг бегуноҳ ўлганларимиз етмай, ўз ўлик жасадларимизни ўликларига ит, қуш тегиб, қайсиси қўлсиз, қайсиси оёқсиз ва қайси бирисининг юзъ-кўзи йиртиқ ҳолда сотиб олинган. Бундан бошқа қалам билан таҳрир қилиб бўлмаслик даражадаги ҳақоратлар тирикларимизгагина бўлмай, ўлган оға-иниларимизга ҳам теккан эди. Мана бу каби ҳақоратни моддий зиёнимиз ва чор ҳукуматининг Туркистон деҳқонлариға қилған моддий ва маънавий адовати ва золимлиғи деб ном берсак, ёлғон ёзмағон бўламиз.
Мана бу ҳол ҳамма қишлоқлардан кўра кўброқ Йикчи эшоннниг ватани бўлған Мингтепа билан янги шаҳарнинг жануб тарафидаги Ҳакандда бўлғандир. Хусусан вайрон қилиб, янги шаҳарга кўчканча 25 кунга яқин бу зулм ва сиёсат давом этиб турған эди.
ВАЙРОНА ВА “МАРҲАМАТ”
Шақоватпаноҳ тўралар, фалокатмаоб ҳокимлар Андижон шаҳрининг боғ ва бўстони бўлған Ҳаканд қишлоғини “Йикчи эшоннинг юрган йўли” деб баҳона қилиб, юқорида ёзилғондек ватан эгаларини милтиқлари билан отиб ўлдириб, қанча болаларни етим, қанча хотинларни тул қилиб, обод боғ ва бўстонлиқ навниҳол дарахтларни илдизи билан ўз эгаларига кестириб, ишком (валиш)ларни буздириб, ҳатто теп-текис қилдирдилар. Ҳаканднинг текисланган жойини бир қанча солдат ва тўралар чиқиб айланиб кўрдики, 25 кун илгариги боғ ва бўстонлардан асло нишона қолмаған. Ўша кун тездан миршаб ва мингбошиларни чоптириб, тамом шаҳар ва Ҳаканд фуқаросини тўплади ва ҳамма ҳозир бўлгандан кейин ушбу жойда иморат ва боғлари бўлған кишилар бир тарафга турсин, деб буюрди.
Бечора фуқаролар: “Биз иморати бузилганлар ҳамано гуноҳкорлармикан? Иморатларимиз вайрон қилинди. Энди ажраб, бошқа алоҳида турмоққа буюриши отиб юбориш учунмикун? Ёки қамаб қўярмикин?” дб халқ ичига уриб, юзларини пана қилар эдилар. Бечоралар нима қилсинлар? Маним иморатим бузилган эди, деб ҳеч ким кўпдан айрилиб чиқмади. Шунинг учун бу хил сўз бошлади:
— Эй мусулмонлар!
Сизларнинг устингизга ёмон қуш соя солғон эди. Император аъзамнинг қаттиқ ва қаҳрлиқ ғазабига тўғри келган эдингизлар. Лекин у баланд даражали Туркистон вилоятининг генерал-губернатори сизларни ояб, халқда гуноҳ йўқ, гуноҳ қилғувчиларни бегуноҳ халқ ўзи ушлаб кўрсатиб берди. Айбдорларнинг ҳаммаси жазо ва сазосиға еткурилди ҳам еткурилмакдадир, деб неча дафъа телегромлар бериб, шавқатли оқ-подшоҳ ҳазратларидан сўраб олдилар.
Бинобарин, сиз Ҳаканд фуқаролари соғ-саломат қолдингизлар. Энди сизларни кўп илтижо билан сўраб олган ҳокимни подшоҳи аъзамнинг қошида ёлғончи қилмай, ичингизда бўлған император аъзамға тиғ тортған гуноҳкорларни ўзларингиз кўрсатиб беришларингиз керак.
Агар кўрсатиб беришдан ибо қилсангизлар, махфий хат қилиб, тегишли амалдорларға берсангизлар, ўзлари топиб оладилар. Чунки ойинадан равшанроқ биламизки, сизнинг ичингизда хоҳ катталардан, хоҳ кичиклардан бўлсун ўша исёнға қўшилғанлари кўпдир. Лекин сизлар ҳали ҳам у олампаноҳнинг ғазабларидан қўрқмайсизлар. Қўрқмағанларингизга далил шуки, то ҳанузгача ўз қўлларингиз билан бир кишини ушлаб берганларингиз йўқ. Кимки тутилди подшоҳи аъзамнинг тузини риоятилған амалдорларнинг воситаси билан ушланди. Аммо сизлар ўйламангларки, айтмасак, махфий қоладир, деб. Бизлар Андижон шаҳари ва уездининг аҳолисини ғалбирдан ўтказгандек тафтиш қиламиз. Ул ҳолда исёнчиларнинг ўзи ажралиб қоладир. Бу йўл билан топилғонда сизлар ҳам ўша исёнчилар қаторидан бўлуб, балки исён қилғанларни сақлағанингиз учун гуноҳ қилувчидан ҳам қаттиғроқ ғазабга қолсангиз керак. Мана, энди бу вайрон қилинган жойлар хусусига келсак, аслида у олампаноҳ импратур аъзамға тиғ тортғувчиларнинг бир қитъа жойларини вайрон қилш билан эмас, балки ўша шаҳарнинг эли ва уези билан остини устига қилмақ ва ўша шаҳарда асло қимирлаған жонни қўймаслиқ билан бўлар эди. Андижон шаҳарининг жами уезлари билан Фарғона музофотининг обод ва манфаатлик шаҳарларидан бўлғани учунвҳам шаҳарнинг кўп фуқаролари бу воқеадан бехабар бўлғонлари бизнинг олдимизда собит бўлғани учун ман Фарғона губернатори, у баланд даражали ярим подшога кўп илтижо қилғаним ва сиз аксар халқнинг бу афсуслиқ воқеадан бехабарликларингиз ва гуноҳ қилмоқда Йикчи эшон билан шерик эмасликларингизни кўп ёзганим учун у баланд даражалик бош ҳоким маним хотирам учун подшоҳ аъзамга ёзиб, эшонни ватани Мингтепа билан Ҳаканднигина қатлиом ва текис қилишға у олампаноҳ оқ подшоҳ улиғ газабларини ҳаср қилинған эди.
Мингтепа бўлса тамом бўлуб, ёлғиз номиғина қолди. Ҳакандга келсак, Андижон шаҳаригагина эмас, бутун Руссияга мева этказиб турғон бир обод боғистон ер бўлуб, ҳосиллик жиё мулоҳазасида ҳам кўп майда мевали дарахтларнинг нобуд бўлуб кейишини назарда тутуб, яъни подшоҳи аъзамнинг улуғ меҳрибонлиғи ва шавқатига суяниб туруб Тошкандга – ярим подшоҳ ҳазратларига ёзиб эдим.
У баланд даражали ярим подшоҳ импратур аъзам боргоҳлариға илтижо қилиб, ҳарбий вазир муҳтарамларини иноятли маслаҳатлари билан исёнчилар узаётқан ва охири тўхтаган жойи Ҳакандни бузуб ва сурнугун қилиб, номими олам юзидан йўқотмоқ билан у олий ҳазрат импратур аъзам ғазабларининг шуъласини ўчуруш билан подшоҳ ҳазратларига манзур қилиб сиз Ҳаканд фуқароларининг ҳам алҳол бузилмайдирғон жойларингизни тилаб олдиқ. Ёлғиз исёнчиларнинг овози етган ва охири тўхтаған жойғача тахмин қилиб, шу ҳароб этилган жойдан ташқарисини эли билан соғ-саломат сақлаб қолдиқ.
Шунинг уҳун сизлар доимо у олампаноҳ оқ подшоҳнинг хонадони муаззамлари билан кўб йиллар салтанат тахтида иззат билан барқарор бўлмоқлариға ва ўртада восита бўлиб тилаб олған у баланд даражали ярим подҳоҳ ҳазратлари ва унга қарашли барча амалдорлар ва тўраларининг узун йиллар умр кўруб, йўл бошларингизға соябон бўлмоқлариға дуо қилинг!..
Аммо жойлари вайрон қилинғон ва иморат-боғларидан ажралғанлари жонларидан ва бола-чақаларидан ажралмағанлари учун доимо шукр қилсунлар. Шундай жойларидан ажрамоқлариға сабаб бўлғувчи исёнчиларни ҳар жойда ҳам бўлса, кўрсатуб берсунлар. Ўзларининг ва подшоҳ аъзам аскарларининг ўчини чиқарсунлар.
Шундан кейин у баланд даражали ярим подшоҳимизнинг Ҳаканд номини ер юзидан маҳв қилмоққа берган ваъдалари юзасидан бу янги майдоннинг номини нима қўйсак бўладир, деб мусулмонлардан ном сорайдир.
Амалдорларнинг ўзлари ҳам тўпланиб, маслаҳат қилиб, улар ўртасида икки ном талаш бўлди. Бир тараф бу майдонни кўчаларга тақсим қилиб, ўртасидан бир катта кўча олиниб, номини “Духовский кўча” қўямиз, чунки ярим подшоҳ бу жойни сақлаб, элини қатлиомдан олиб қолди, дедилар. Яна баъзилари, алҳол, янги шаҳарнинг ўзи катта, ҳар қанча одам бўлса, яна кифоя қиладир. Ҳануз бўлмаған кўчаларни бўлди қилиб, кетиндан кўча бўлмай экин экулуб кетса, ярим подшоҳнинг номи ўчуб кетадур. Бинобарин, катта экин жойларнинг номини қўйсак бўладир. “Духовский махраъ” бўсун дедилар. Мусулмонлар маслаҳатига қараса, булар ўртасида анча хил гап бўлуб, бир тараф “Ярим подшоҳ вайрон қилған (“Духовский вайрона”) бўлсун” дейдир. Иккинчи тараф “Ярим подшоҳ харобаси” бўлсун дейдир, учинчилари “Духовский майдон” ва тўртинчилари “Пошшолиқ” қўямиз дейдир… Баъзилари: яхшиси ва осонғинаси “Вайрона” дея қолайлиқ дейдилар. Буларнинг устига мустабидчилар келиб: зинҳор вайрона лафзини қўшманглар, ким “вайрона” деса, иштраф қиламиз деб манъ қилдилар. Охири “Духовский майдон”ға қарор бериб, жўнадилар. Ўзбеклар ўртасида “вайрона, вайрона” деб шуҳрат топди. Мунинг дафъи учун неча мартаба манъ қилиб, буйруқ қилсалар ҳам бўлмай, то бу кунларгача вайрона исми билан ёд қилинмоқда қолди. Ҳали ким бўлса бўлсун, вайрона деса, дафъатан билинадир. Истибдодчиларнинг бегуноҳ халқ устига қилған зулмини то бу кунгача равшан кўрсатиб турадур.
Аскарлар Мингтепани халқи билан тўпга тутиб, қари ва ожиз кишилари ва ёш болалари тўпнинг ўқи билан парчаланиб кетдилар. Тамом иморатларини вайрон қилиб ташлаб бўлғандан кейин, тўпга тутмоққа борған солдатларнинг бошлиғи 25 кундан сўнг Андижон шаҳрига келиб, губернаторнинг қилған зулми ва ситамининг отини “подшоҳ аъзамга тиғ кўтаргувчиларга танбиҳ” қўйиб, ропурт топширди. Бу топшурған ропурти эски дафтарлар сақланадирғон архивларда бўлса керак.
Йикчи эшон қишлоғи бўлған Мингтепани гўристонға айлантиргандан кейин “Ярим подшоҳ” ички Русияга бориб, тўрт юз уйлик мужик талаб қилди ва мужикларга Мингтепа қишлоғини марҳамат қилдиқ деб қишлоқ отини “Марҳамат” қўйди. Саратов ва Самара тарафлардағи ранг-рўйиға қараб бўлмайдурған ифлослардан Андижонға тўрт юз уйлик етиб келдилар. Буларнинг ҳаммасини хотин, бола-чақалари билан Мингтепага олиб бориб жойлаштирди.
Бу янги келган меҳмонларнинг атроф-қишлиқлардағи мусулмон деҳқонлариға қилған зулмлари асло айтилиб битирилмайдирган ва бепоёндир. Бу келганлар андак кунда бой бўлуб, қишлоқ фуқаросининг кўпини ўзларига хизматкор қилған эдилар ва Фарғона фуқаросини истисмор қилишда нар хардек шовқун солар эдилар.
ИСТИБДОДНИНГ ЎЛУМИ
Мустабид чор ҳукуматининг ҳарбий тўралари Йикчи эшоннинг ҳужум қилишидан бир йил кейин аскарларини келган жойлариға қайтардилар.
Бир йил ўтганча ҳадик қилиб, 2500та таловчи аскарлари ҳамиша эски шаҳар ва янги шаҳарни айланиб, бечора мусулмонларни ўзларига ёлбортириб, табиатлари хоҳлаған бузғунчиликларни қилиб юрдилар. У вақтда истибдоднинг ҳар бир солдати мусулмонларнинг кўзига “фил”дек қаҳрамон-қотил бўлуб кўринар эди.
Ҳеч кимда ҳад йўқ эдики, буларнинг райини қайтарса. Кўчада кўзларига нима кўринса, қўл солиб, олиб кетар эдилар.
Мулла Аҳмадали деган читфуруш бор эди. Бу кишидан бир солдат келиб, 8 газ чит олған ва пулини бермай кеиб турганда, читфуруш пулини талаб қилған экан, қўлидағи милтиқнинг қўндоғи билан бошини ёриб ва ўзини палитса орқали бадбахт тўраларға судраб бориб, “саккиз газ чит олиб, 5 сўм бериб эдим. Ошган пулини қайтиб бермай, муттаҳамчилиқ қиладир ҳам ўзининг бошини устунға уруб, қонатиб: “Сенинг ҳам ўлгинг келдими, ўлсанг сан билан 24 та бўладир. Сизлардан қутулар кун борми?” деди деб даъво қилғанда, у вақтлардағи сиёсатлардан юрак олдирған сабабли қўрқуб кетиб: “Эҳтимол беш сўм берган бўлса, ман саҳв қилиб хаёлимдан чиқарған бўлсам, бу ҳурматли солдат афанди ҳеч вақт ёлғон айтмасалар керак”, деди.
Унда пристуфнинг ғазаби келиб:
— Оқ подшоҳ ҳазратларининг солдатларини қандай ёлғончи қиласан! Ҳам унинг ҳақида туҳмат қилмоқчи бўлуб, бошингни ўзинг ёрасанму?- деганда, Мулла Аҳмад Али:
— Йўқ, тақсир тўра бошимни бу солдат оғамиз уруб ёрди, наинки киши ўз бошини ёрса, — деган вақтда, тутқан миршаби:
-Ёлғон айтма, ман ҳам кўрдим. Ўзинг устунга уриб ёрдинг, — деб ёлғон гувоҳлиқ берди.
Бунинг гувоҳлиги билан уни уч кун қамаб, читнинг гази йигирма тийиндан экан, 8 танга бўлади: 3 сўм 40 тийин ошиқ пулини ҳам бер, деб олиб бергандир Бекорга шунча калтак еб, саккиз газ чит билан 3 сўм 40 тийин ёнидан пул тўлаб, ҳам 3 кун қамалиб чиқди.
Мазлум халқ узун замонлар тортиб келган хорлиқ ва зорлиқ, зулмнинг натижа ва оқибатини кўруб турибдирмиз. Уларга мукофот бўлуб, тахт ва бахтидан ажраб, тамом дастгоҳи ўша асарда оёқларининг остида эзилиб юрган мазлумлар қўлиға ўтди, улар ўз кунларини ўтқариб, йўқсуллиқ ва мазлумлик қувватлари, улуғ доҳийлар ва ўткир фикрлик раҳбарлар йўлбошчилиғи ва ғайратлари орқасида бу Қизил Ўзбекистон озодлиқ давлатига мушарраф бўлди.
Бу китобимизни тамом қилиш олдида Шайх Саъдийнинг ҳикматли байтларидан икки жуфтини келтириб ўтамиз:
Агар бад куни чашм ники мадор.
Ке ҳаргиз наёрад к-аз ангур бор.
Яъни: Агар ёмонлиқ қилган бўлсанг, яхшилик умид қилма, ҳеч вақт аччиқ ғўрадан ширинлик чиқмайдир.
На пандора, эй, пар, хазон каште жав,
Ке гандўм итони бевақт дерав.
Яъни: Эй кузда арпа эккан деҳқон, мен ўйламайманким, сенинг ҳосилинг ўрар вақтда буғдой бўлиб қолса…
Манба: zerrspiegel.orientphil.uni-halle.de
Dukchi eshon rahbarligidagi qo‘zg‘olonning 120 yilligi oldidan
1898 yilning 18 mayida tarixda “Andijon qo‘zg‘oloni” nomi bilan atalgan Dukchi eshon rahbarligidagi xalq isyoni boshlangan edi. Mustaqillikkacha bu isyon va uning rahnamosi haqida biron bir haqiqatga yaqin ma’lumot olishning o‘zi qiyin edi. Mustaqillikdan keyin Dukchi eshon hayoti va faoliyatiga oid yuzlab maqolalar,o‘nlab kitoblar nashr etildi. Ammo,hanuzgacha Dukchi eshon shaxsiyati va faoliyati qizg‘in bahsu munozaralarga sabab bo‘lmoqda. Bugun sizga mazkur xalq isyoniga bag‘ishlangan hujjatli asarlarni taqdim etar ekanmiz, ulardagi har bir so‘zini e’tibor bilan o‘qishingizni so‘rab qolamiz.
Xurshid DAVRON
TUNNI YORITGAN CHAQMOQ
1898 yilning 18 mayida tarixda “Andijon qo‘zg‘oloni” nomi bilan atalgan Dukchi eshon rahbarligidagi xalq isyoni boshlangan edi. Mustaqillikkacha bu isyon va uning rahnamosi haqida biron bir haqiqatga yaqin ma’lumot olishning o‘zi qiyin edi. Mustaqillikdan keyin Dukchi eshon hayoti va faoliyatiga oid yuzlab maqolalar,o‘nlab kitoblar nashr etildi. Ammo,hanuzgacha Dukchi eshon shaxsiyati va faoliyati qizg‘in bahsu munozaralarga sabab bo‘lmoqda.Agar bir taraf uni ona yurt istiqloli uchun muhoraba maydoniga chiqqan fidoyi deb baholasa,ikkinchi taraf uni o‘ylamay ish tutgan,qancha begunoh odamlarning nobud bo‘lishiga sababchi bo‘lgan, xalifalik tuzishni ko‘zlagan chalamulla sifatida qoralaydi. Ammo,rad etib bo‘lmas haqiqat shundaki, Dukchi eshon,eng avvalo, mustabidlikka qarshi,millatining erku ozodligi uchun maydonga chiqqan edi. Bu kunday ravshan haqiqat. Uning isyonchi sifatidagi dunyoqarashida noqisliklar mavjud bo‘lgani ham shunday ochiq haqiqatdir. Aytish lozimki, biz bugungi kundan turib, yurtimizning mustamlakaga aylanishidan ancha avval boshlangan (buni anglash uchun Hakimxon to‘raning “Muntaxab at-tavorix” asarini o‘qish kifoya) , mustamlaka davrida kuchaygan jaholat va tanazzul davrida yashagan shaxsga baho bermoqchi bo‘lamiz. Uni ancha ilg‘or xalqlar tarixida ro‘y bergan hurriyatga intilish harakatlari rahbarlari bilan xayolan solishtiramiz va xato xulosalar chiqaramiz. Yana bir achchiq haqiqat shundan iboratki, Dukchi eshon xususda bir qarorga kelolmasligimiz oqibatida (buning oson va aniq iloji borligiga ham unchalik ishonchim yo‘q), uning erk va istiqlol haqida aytgan gaplaridan ruhlanib,maydonga chiqqan insonlar xotirasi oldida uyatdan bosh egib turishdan boshqa ishga yaramaymiz. To‘g‘ri, har qanday inqilob va isyon maydonga chinakam fidoyi insonlar qatorida ko‘r olomonni ham olib chiqadi. Ammo, ko‘r olomonni deb yurt uchun boshini dorga tikkan fidoyilarda nima ayb?
Qo‘zg‘olon xalq tomonidan qo‘llab quvvatlanganini tergov hujjatlari va harbiy sud qaroridagi ushbu so‘zlar isbotlaydi: «Priskorbnыye sobыtiya v tu tragicheskuyu noch,yasno pokazali, kto yest kto: iz mestnogo naseleniya nashlos vsego tri cheloveka, osoznavshix svoy dolg pered velikoy Rossiyey» (“O‘sha fojiali kechada ro‘y bergan halokatli voqealar kimning kim ekanligini yorqin ko‘rsatdi, mahalliy xalq orasidan bor yo‘g‘i uch kishigina buyuk Rossiya oldidagi burchini anglagan chiqdi”).
Isyon bostirilgach, Turkiston o‘lkasining harbiy gubernatori Duxovskiy Andijon maydonlaridan birida majburan olib kelingan xaloyiqqa qarata shunday degan edi: “Ujeli ne ponimali vы, chto peschinke ne pristalo borotsya s velikoy goroyu?» (Nahotki,siz qum zarrasi qudratli tog‘ bilan kurashishi mumkin emasligini tushunmadilaring?”
Isyondan larza tushgan “qudratli tog‘” uyatsizlik va pastkash edi. Har qadamda (to hozirgacha) “Biz bu o‘lkaga sivilizatsiya olib keldik” deb keriladigan imperiya malaylari eng yovuz kimsalargina qilishga qodir ishlardan qaytmadi: qo‘zg‘olon rahbarlarini qatl qilayotgan maydonga yosh bolalarni olib kelib,oldingi saflarda tizib qo‘yishdan orlanmadi,uyalmadi. 380 kishini o‘limga hukm etish bilan xalq yuragida qo‘rquv uyg‘otishga urindi. Aslida bularning barchasi “qudratli tog‘” vujudida qo‘rquv uyg‘onganidan dalolat edi.
Bugun sizga mazkur xalq isyoniga bag‘ishlangan hujjatli asarlarni taqdim etar ekanmiz, ulardagi har bir so‘zini e’tibor bilan o‘qishingizni so‘rab qolaman.
2013
CHOR HUKUMATINING TЕRGOVCHILARI
B.S.
Eshonning honaqohida doimo mingdan ortiq odam bo‘lar edi. ٍٍShuning bilan daromadi ham katta edi. Mana bu hollarni va bo‘lib turgan ishlarni mustabid chor hukumatining gubernatori va hokimlari yuqoriga yozib, “Raport” bilan bildirganidan, Turkiston general gubernatori o‘z oldidagi xos tergovchini va ularning boshlig‘ini chaqirib, Marg‘ilon uyezd hokimi bilan haqiqat qilmoqqa va bo‘lib turgan ishlarni ko‘rib aql yurgizmoqqa yubordi. Bular kelmasdan bir oy ilgari xabari kelib, Yikchi eshon alohida va maxsus poyondozlar tayyorlanib qo‘ydi. Har xil gilamlar topdirib omoda bo‘lib turdi. Chunki Marg‘ilon hokimi eshonga bu xususida xabar bergan edi.
Bularning kelishidan bir oy avval Asakada turgan rayon pristavi Marg‘ilon hokimiga eshon to‘g‘risida quyidagi ma’lumotni beradi.
RAPORT
1897 yil 15 dekabrda
Ul baland darajalik Marg‘ilon uyezd hokimiga
Asaka atrofining noyibidan raport…( )
Siz baland darajalikka shu tariqa ma’lum qilamanki, manim ixtiyorimga topshirilgan Asakaga qarashli Mingtepa qishlog‘ida bu tarixdan 25 yil avval kelib o‘rnashgan, asli mingtepalik “Muhammadali eshon” degan bir kishi eshonlik qilib turgan bo‘lsa-da, bu kunlarda nihoyat kuchayib, butun tog‘lardagi qirg‘izlarni o‘ziga tobe qildi: manim maxfiy olgan axborimga qaraganda, muridlari o‘n mingdan oshgan bo‘lsa kerak, hammalari eshonga shunday tobe’dirlaki, agar amir qilsa, bir kunda jam’ bo‘ladilar. Agar shunday borabersa ehtimol Eron eshonlaridek Rusiya davlatiga isyon chiqarsa, loaqal hukumat boshliqlari amr farmoniga inqiyod qilmasa. Chunki honaqahiga bir katta maktab qilib, taxminan 250ga yaqin bolalarni uchta muallim solib doimo o‘qitib turadir. Bular oz kunda o‘qib chiqsalar, ko‘plarini “Istambul”ga yuborib o‘qitmoqchi emish. Bularning har nechik bo‘lsa-da, man’ qilmog‘i zarur edi. Bu kunlargacha janobingizdan bir amr farmoyishi bo‘lmagani uchun sustlik ko‘rsatib kelindi.
Endilikda manim fikrimga ehtiyot bo‘lmoq lozimdir. Binobarin janobingizga ma’lum qildim.
Uchastkoviy pristav (CHANISHЕV)
Mana bu axbor Marg‘ilon hokimiga yetib tezdan orqasiga ushbu so‘zni yozib qaytargan edi: “Uchastkovoy pristavga ma’lum bo‘lg‘ayki, tezdan Yikchi eshon Muhammadali halifaning tarjimayi holiga doir ravshan axborot yozib yuborg‘aysiz” deb mana bu xabar kelganidan so‘ng Yikchi shon axborotiga doir mufassal axborot yozib yuborgan edi. Bu axborotni Marg‘ilon hokimi Toshkentga, gubernator vositasi bilan yuborganda, General gubernator o‘z tarafidan zikr qilingan alohida ishlarga xos ma’mur tergovchilarni yuborgan edi.
Bu to‘ralar Marg‘ilonga kelib, undan yezd hokimini birga olib 12 kishi bilan 1897 yil, 12 mayda (javzo) Mingtepaga kelgan kunlari eshonni ko‘rmakka borgan ziyoratchilaridan Mullo Abdulqahhor Orifhoji o‘g‘li hikoya qiladiki: yaqin kelganda bir kishini oldini choptirgan ekanlar, kelib xabar berdi. Eshon darhol chiqib ko‘chada, darvozadan tortib taxminan 500 qadamcha joyga poyandoz soldirib, ichkarida maxsus chodir tikdirib, darvozadan bu chodirgacha ham barxutdan poyandoz qilib, bayroqlar tikib, nihoyat ziynat berib kutib turdi. Hamma xizmatchilar va mehmon odamlar hamda qishloq amaldorlari ko‘p kishilar darvozadan tashqari chiqib, istiqbol qilib turib edilar… Mingboshilar ot chopib: “keldi-keldi” deb xabar keltirdilar. Eshon darhol “Mulla Solih” degan xazinachisini chaqirib, bir to‘p bo‘g‘cha to‘n olib chiqib turdi.
Yarim soat o‘tgach, to‘rt izvoshda 12 kishi, to‘ralar, hokilar va pristavlar kelib tushib, eshon bilan hammasi bir-bir ko‘rishib,salomlashib bo‘lgandan keyin eshon bo‘g‘chani ochib, nihoyat qimmatbaho bo‘lgan to‘nlarlan olib, hammasiga barobar “chang to‘ni” deb kiydirishga boshlagon edi, biri man’ qilib qabul ko‘rmagach, eshon qo‘l bog‘lab: “bizning odatimiz shuldir, agar qabul ko‘rilmasa bizga or bo‘ladir” deb edi, hammasi kiyib oldi. Ushbu holda surat oldirg‘on ruslar necha martabadan surat oldilar. Keyin eshonni taklif qildilar. Eshon oldin yurmay: “mehmonlar yursunlar” deb qo‘l bog‘lab turganda, bir katta, yo‘g‘on to‘ra, toshkentlik mehmonlardan bo‘lib tergovchilar boshlig‘i edi. Hammadan oldin “poyandoz”ni bosib ichkari qarab yurdi. Orqasidan hamma ruslar qator-qator bo‘lib o‘tirdilar. Hammalari ustlaridagi yangi to‘nlarni yechib qo‘ydilar. Odam nihoyatda ko‘p edi. Hamma atrofni qurshab oldilar. Bular uchun maxsus taomlar tayyorlangan ekan, olib kelindi, taom yeb so‘zlashid o‘tirdilar.
Mana tamom ziyofat o‘tgandan so‘ng, ba’zilar o‘rinlaridan turib, eshonning honaqohi, dastgohi, mehmonxona, nonvoyxona, otxonalarni aylanib yurib, boloxonadagi oshxonaga chiqib, oshpazga ish qildirib ko‘rdilar. 5-6 minutda osh qilib berish amaldorlarni hayratda qoldirdi. Lekin shu vaqtda karomat yoki falon deguchi kishi bo‘lmadi. To‘ralar “nima sababdan bunday?”deb so‘ramadilarmi ekan, hech kim bu oshxonalar xususida izohot bermadi.
Ikki soatga yaqin fursat o‘tgandan so‘ng hali yo‘g‘on tergovchi qo‘liga qog‘oz olib eshonni chaqirib quyidagi savollarni berdi:
Tergovchi – Necha yoshga kirdingiz?
Eshon — 51 yoshga chiqdim.
T. – Otingiz va laqabingiz nima?
E. – Otim Muhammadali, otamning nomi Mullo Ismoil.
T. – Qaysi dinda va qaysi mazhabdasiz?
E. – Musulmon, “Hanafiy” mazhabman.
T. – Qayda o‘qigansiz va qaysi yerlarni ko‘rgansiz?
E. – Ko‘proq Buxoroda va Karruxda, Shahrisabzda o‘qib, undan keyin hajga borib, Madinada ikki yil turib, undan Hindistonga o‘tib keyin Kashmirga kelib, yil turib piriustodlar xizmatini qilib, qaytib kelganman.
T. – Necha yildan buyon eshonlik qilasiz?
E. – Yigirma olti yildan buyon qilamiz.
T. – Muridingiz necha kishi, qayerda ko‘proq?
E. – Muridlarim ko‘p, qancha ekaninini bilmayman. Lekin ko‘proq birodarlarimiz qirg‘izlar ichida, Ketmontepa va Ko‘gart taraflarida.
T. – Podshoh va imperatur a’zamni qanday deb bilasiz?
E. – Podshoh a’zamni katta podshoh, ulug‘ hukmron, odil podshoh, fuqaroparvar, jami’ podshohlar qoshida izzatlik deb bilaman. Chunki hajga borganimda qaysi mamlakatga borsam, o‘sha mamlakatda oq podshohning puli o‘tadigan ko‘rdim. Boshqa podshohlarning puli oq podshoh mulkida o‘tmaydir, shuning uchun bu podshohni zo‘r podshoh deb bilaman.
T. — Podshohi a’zamga qarashli qaysi mamlakatlarni ko‘rgansiz?
E. — O‘z qishlog‘imdan tortib, to Sevastopol’, Odes, Qirim Kafa, Ashxabod, Uzunota, Toshkentlarni ko‘rdim.
T. — Peterburg, Moskva, Varshavalarni ko‘rmadingizmi?
E. – Yo‘q, u taraflarga o‘ta olmadim.
T. – Odes, Sevastopollarda podshoh a’zamning dabdabayi askariya va shavkatlarini nechuk fahmladingiz?
E. – Nihoyat zo‘r, katta, askarlari ko‘p, obod.
T. – Boshqa podshohlar, masalan, ingliz, afg‘on, bularning shavkatlari va askarlari qalay? Turk davlati nechik?
E. – Bularning shavkati va askarlri oq podshohdek ko‘rinmadi. Turk va afg‘on bo‘lsa, nihoyat noobod, mulklari harob, askarlari Russiyadek ozoda emas ekan.
T. – Muncha davlat va imoratlar otangizdan qolganmi yoki o‘zingiz topganmisiz? Eshon bo‘lmasdan avval nechik edingiz, yer-suvlaringiz bor edimi?
E. – Otamdan bir kichkina hovlicha qolgan edi. Boshqa davlat qolgan emas. Bu davlatni 26 yil ichida hajdan kelganimdan so‘ng avvali xudoyim etkazdi, ikkinchidan, podshoh a’zamning soyasi davlatlarida eshon bo‘lganimdan keyin topdim. Hali ham chandon davlatlik emasman, hamma narsalarim xudovandi olam yo‘lida, beva-bechoralarga hadya qilib qo‘yganman. Nimaiki xudoyim etkazsa bechora-kambag‘allarga pishirib, berib turibman. Shunday qilib kambag‘al-chanbag‘allar yig‘ilib qolganlar. Shular bilan nima topsak, yeb yotamiz. Podshoh hazratini duo qilamiz, boshqa ishimiz yoq bizning. Ishimiz duo qilmoq va topganimizni beva-bechoraga pishirib bermakdir.
T. – Muridlaringizning hammasi kambag‘al odamlarmi yoki boy va davlatlik odamlarmi, qaysisi ko‘p?
E. – Har qaysilaridan ham bor. Boy ham bor, kambag‘al ham ko‘p: hammalari bizga barobardirlar.
T. — Muridingizdan hadyani o‘zingiz aytib, soliq solib olasizmi? Yoki o‘zlaricha ixtiyorlari bilan olib keladilarmi? Bu yurgan odamlar avvalida nima odamlar edi. Boy kishilarmidi yoki kambag‘allar edimi? Bulardan sizga qanday foyda bor?
E. — Biz hech kimga “bir narsa olib kel” deb aytmaymiz, o‘zlari xudoyim ko‘ngliga solib, bir narsa “xudoyi” hadya qilsa, olib haqqiga duo qilamiz. Berilgan narsalarni bo‘lsa, darhol o‘sha kuni doshga solib pishirib bechoralarga taom qilib beramiz. Bu yotgan kambag‘allar esa har tomondan yig‘ilg‘on g‘arib bechoralardir, bular avvaldan kambag‘al kelgan kishilardir. Bulardan bizga hech naf yoq: shu joyda “xudo” deb, bo‘lsa yeb, bo‘lmasa qanoat qilib yotadilar. Bularning xizmatlari shu honaqohni supurib toza qilib, kelgan- ketgan mehmonlarning otlariga qarab, tahoratlariga suv berib turishdir.
T. – Sizga qaysilar yaqin, boylarmi yoki kambnag‘allarmi? Qaysisining tarafdorisiz?
E. – Albatta, manga shu oldimda xizmat qilib turgan kambag‘allar yaxshidir. Chunki doimo xizmatda, kelgan- ketgan kishilar ahvolidan xabardor bo‘lib, manga yordamlari tegadir. Uzoqlardagi boylardan hech umidimiz ham yoq, ularning bizga foydasi ham tegmaydir. O‘zimiz bir duogo‘y bechoralardan bo‘lganimizdan keyin “Aljins maaljins” deganidek har kim o‘z jinsiga do‘st tutib, birga bo‘ladir.
T. – Podshoh a’zamning kattaligi va askarining ko‘pligini o‘zingiz bilganingizdek, bularga ham aytib tushuntirasizmi? Bular ham biladilarmi?
E. – Albatta aytamiz, hammalari biladilar.
T. – Imperatur a’zamning xonadonlarini, nomlarini bilasizmi? Bu yurg‘onlar ham biladilarmi?
E. – Oq podsohning ismlarini odamlar, Nikolay, Nikolay podshoh deb yuradilar. Shuni eshitamiz, bular ham “oq podshoh” deb biladilar. Biroq, xonadonlarining nomlarini chandon bilmaymiz.
T. – Albatta podshoh a’zamning mulkida turib shuncha davlat topgan bo‘lganingizdan keyin podshohning va hodadon muazzamalarining nomini tmom o‘zingiz va muridlaringiz bilan bilmaklaringiz zarurdir. Man pristavga buyuraman podshoh bilan xonadonlarining nomini tamom musulmoncha yozib beradi. O‘zingiz va muridlaringiz hammalaringiz bilib, yod qilib har namozda duo qilmoqlaringiz kerak. Bundan keyin shunday qilinglar! Hatto maktab bolalarigacha bildiring, o‘qib yod qilsinlar! Hokimlardan biri so‘raganda darhol aytib beradigan bo‘lsinlar, — deganda, eshon o‘rnidan turib qulliq qilib duo qildi. Tergovchi o‘rnidan turib daftarini yopib: “Endi, ketamiz” deb javob so‘rab edi, eshon o‘rnidan turib, yana katta bir bo‘g‘cha to‘n olib chiqib, o‘rtaga qo‘yib, “tortiq” deb og‘zini ochib qo‘ydi.
Amaldorlar bu to‘nlarning hammasini ko‘rib, “rahmat-rahmat” deb qabul qilmadilar. Orada uch xotin kishi ham bor edi. Bularga katta qog‘ozga o‘ralgan bir narsani qo‘ydi. Xotinlar oldilar-da, ketadigan bo‘lib taraddud qildilar.
Shu mahalda eshonni tergov qilgan yo‘g‘on to‘ra aylanib oshxonalar tarafiga borib, undan xojatxonaga kirib turg‘onida Mullo Salohiddin (Eshonning xazinachisi) eshon bilan maxfiy so‘zlashgani so‘ngida, “siylov, siylov to‘ram” deb bir konivertni to‘raning cho‘ntagiga solib qo‘ydi. To‘ra u yoq-bu yoq qarab, “xorosho-xorosho” deb cho‘ntagiga solib qo‘ydi va ro‘molini olib, qo‘lini artib boshqa ruslar oldiga chiqdi. Keyin hammalari turib to‘nlarini kiyib, eshon bilan xayrlashib jo‘nab ketdilar.
Bundan ikki oy muqaddam minora yiqilib 24 kishini bosib qolishi to‘g‘risida hech nima gap bo‘lmadi, loaqal so‘ralmadi. Bularning kelishlari, saltanatparastlik, jahongirlik namoyishidan boshqa hech bir natija bermadi. “Mustabid chor hukumatining istiqloliyat va zulm qilishda poydorlig‘ining duosi nomuborak nom palidini yod qilmoqdan hech maslahat yoq ekan, xaloga kirganda qorni to‘yib qoldi shekilli qaytib chiqib oshga ham turmay jo‘nadilar . Mana ularning tergovi va tergovdan muddaolari!
CHOR HUKUMATINING QARSHILIK HARAKATI
Tarix melodiyning 1895 yillarida chor hukumatining zolim generallari Turkiston o‘lkasiga qo‘yilg‘on “missioner”, ya’ni din buzuvchi Ostroumovlarning takliflari bo‘yicha, Turkiston o‘lkasining xalqini ko‘r kabi istebdod qorong‘usida qoldirmoqning maslahatida “Russkiy-tuzemniy maktablar” ochmoqqa kirishdilar.
Madrasa vaqflarini boni, vaqf qilg‘uvchi vaqflarning avlodlariga buyurib berib, sotib yemoqlariga farmoyish qilib va musulmonlarning juma namozlarida (xutbalarda) podshohning nomini qo‘yib o‘qimoq, Qur’onning “val mushrikin” degan joylaridan “mushrikin” iboralarini chiqarmoq kabi behuda ishlarni amr qildilar.
Shahar hokimlari, qozi, amaldorlar ham maktabdorlarni choqirib oq podshohning nomini jami’i odamlarga bildirib, masjidlarda, namozlarda duo qildirish, hatto maktablarda yosh bolalar o‘qiydigan eshon So‘fi , “Chahor kitobi” degan savob kitoblaridagi “azobi qabr kofirlarg‘adir, chin – ko‘rar go‘rning azobin ba’zi mo‘min” dek bo‘lg‘on baytlarini va “kofir, mushrik” degan iboratlarini yo‘qotib, yangi bosiladirg‘on kitob va Qur’onlardan yuqorida aytilgan kalimalarni chiqarishdek farmoyishlar qildilar.
Musulmonlarning nihoyat ezib, qisib, hatto ko‘chadan yo pristuf o‘tib qolsa, yo beixtiyor ko‘rmay qoilg‘on va o‘rnidan turmagan musulmonlar bo‘lsa, qaytib kelib urib, qamar edilar.
Andijonda bir necha mo‘tabar odamlarni ko‘chada, xalq qoshida “manga salom qilmading” deb haqorat qilib, qamab qo‘yadigan bo‘ldi. Tog‘ sahrolarda esa, kambag‘al qora-qirg‘izlarning tog‘lardog‘i mulklarini tortib olib, ichkari Rusiyadan bir necha ming rus dehqonlarini ko‘chirib kelib, bo‘lib berib, oxirda elatiya, qirg‘izlarni o‘z mol-mulklariga ham ega qilmay, bechoralarni Farg‘onaning keng tog‘lariga tarqatdi.
Shahar xalqi zolim hokimlar zulmidan bezor bo‘lib ko‘chaga chiqolmay qolganlaridek, shuncha keng tog‘lardog‘i qirg‘izlar ham o‘zlarining ota-bobolaridan buyon yoqib kelgan, qurigan o‘tinlaridan yoqolmay qoldilar, balki tikoni ham qolmagi. Ot, mol, qo‘y, echkilarni bemalol boqolmay, bir tarafdan: cho‘b, og‘iz puli deb jarima solib, pullarini olsa, ikkinchi tarafdan “tuyog‘ puli” deb qo‘ylarini hisoblab oldi. Uchinchi tarafdan o‘ris mujiklari “manim ekinimga kirdi” deb mollarini “shtraf” qilib olib qo‘yar edi.
Ariza berilsa kimga berilar edi? Yana shu zolimlarga berulur edi. Bular bo‘lsa, hech vaqt kambag‘allarning arz-dodiga quloq solmas edi. Mana shunday qattiqlik kunlarda qolgandan keyin xalq orasida bu zulmlarga qarshi qo‘zg‘olonchilik ruhi paydo bo‘lib qoldi.
Muallimlar va ba’zi ko‘shi ochilgan yoshlar bo‘lsa, pristuf va hokimlarining yomon nazaridan qo‘rqib, jonlarini qo‘ymoqqa joy topmas edilar. Mana shunday qilib vahshatlik kunlarda, Mingtepadagi shuhratlik eshong‘a tog‘lardag‘i qirg‘izlar “millay qo‘zg‘alish” to‘g‘risida qatnashib qolgan edilar.
ELATIYA, QIRG‘IZLARNINIG YIKCHI ESHONGA SHIKOYATLARI
Ketmontepa, Ko‘gart taraflaridagi qirg‘iziya kattalari, “mannof” va “mannofzoda”lari, ustlariga borib, bozor qilgan mujiklardan diqqat bo‘lib, ularning podshohining orqa qilib bergan dashnomlarig‘a chiday olmay, 1896 yilda ko‘p odam jam bo‘lib, Ko‘gartga to‘planib, Yikchi eshon huzuriga ketib, quyidagi yoziladurg‘on maslahat va arizalarini qilmoqchi bo‘ldilar.
Lekin qirg‘izlarning bu yig‘in va jamiyatlari faqatgina mujiklar zulmiga qarshi bo‘lib, bunga mashhur Shodxon botur deganning nabirasi bosh edi.
Taxminan 25 kishi Yikchi eshonni ziyorat qilish muddaosida kelib, keyin musohaba o‘rtasida mujiklardan shikoyat etib aytdilarki: agar bizga ijozat bersangiz hamma qirg‘izlar yig‘ilib, mujiklar ustiga hujum qilib, hammalarini oyoq ostida bostirib yuboramiz. Shunday jonimizdan to‘ydik. Biz qirg‘izlarni nihoyat besaranjom qildilar. Bu yurganimizdan hammamizni o‘lganimiz yahshiroqdir. G‘azotga ijozat bering deganlarida, eshon: “Birodarlar! Hali vaqt emas, andak fursat bor, hamma birdan hujum qilamiz, oxiri bu Nikolay zulmi ostida qolmaymiz, bir oz fursat bor, tavaqquf qilib turinglar! Man o‘zim bosh bo‘lib hamma birodarlarni, balki tamom shahar xalqini o‘zimizga yor qilib, keyin ishni bir yo‘la boshlaymiz”, deb bularga taskin bergan edi. Bu sababdan qirg‘iziyalar andisha qilib: “Eshonimizning o‘zi bir narsa biladilar. To ishimizdan xabar bo‘lguncha tavaqquf qilaylik”, deb qaytib ketgan edilar.
Mana shu 1895 yildan boshlab mujiklar tepasiga hujum qilish va milliy qo‘zg‘alish harakati ko‘ringan edi.
Lekin Yikchi eshonning xuruj qilmog‘iga muntazir qarab turar edilar. Oxiri 1897 yilgacha qirg‘izlar bilan ichkari Rusiyadan kelib o‘rnashgan mujiklar o‘rtasida har xil milliy qarshiliklar bo‘lib turib, Ketmontepa va Ko‘gart nohiyalarida turgan ko‘chmanchi qirg‘izlardan taxminan 1000 kishi jam’ bo‘lib, Chibel bo‘lisi qozining noibi mulla Raxmatilla deganlarining boshlig‘i biln bularning targ‘ibi orasida qo‘zg‘olib o‘sha kunlarda o‘lgan bir qirg‘iz boyning doisi bahonasida to‘planib, shul yig‘inda mujiklar tepasiga hujum qilmoqchi bo‘lib, Yikchi eshonga kishi yubordilar. Yikchi eshon tezda shu jamiyatning ustiga yetib kelib , ko‘p maslahatlardan keyin ushbu qarorga kelib, tarqalgan edilar.
G‘ayridinlar bilan muhoraba (g‘azot) qilmoq, bir kishini xalifa (boshliq) tayin etilmasa o‘lmoq bilan shahid va o‘ldirmoq bilan g‘ozi bo‘lmasligini nazarda tutib, hazrat eshon Muhammadali xalifamizni o‘zimizga katta (boshliq), balki hazrat Rasulolloh masnadlariga xalifa deb bilmak va kishiga shar’i ishlar nihoyatda ko‘paygani sababli hazrat eshonni shariatga mutasaddi qilamiz. Tamomiy amri ma’ruf va nahyi a’nil munkarlar bu janobning qo‘llarida bo‘lsun va tarafga rais va tahiqchilar yuborsinlar.
Shu kundan e’tiboran butun millati islomiyatga maxfiy ravish bilan xabar qilamiz, to eshonimiz taraflaridan qaysi kun ruslar ustiga hujum qilmoqni munosib ko‘rib, xabar qilsalar, o‘sha kun niyat g‘azot bilan tayinlang‘och, joyda hozir bo‘lamiz.
Shu maslahatlarni Dukchi eshonga ma’qul qilganlarida, Yikchi eshon shu ma’nida bir vasiqa va ahdnoma yozib, “hammalari muhrlarini bosib, qo‘llarini qo‘yub bersunlar”, dedi. Shu on ahdnoma yozib, g‘azotning musulmonlarga farz ekanligi xususida bir qancha oyat va hadislarni yozib, hozir bo‘lganlardan elning kattalari muhrlartini bosib eshonga topshirdilar. Ikkinchi yana bir hujjat yozib, amri ma’uf va nahyi munkar qilmoq va shariat hukmlarini adolat bilan joriy etmoq uchun umumiy musulmonlar qoshiga hazrat eshonni bosh qildiq va sohib ixtiyor qildiq, deb eshonga keltirib o‘qib berganda eshon: “Rasululloh maqomiga xalifa bo‘lmoq nihoyatda mushkuldir. Adolatda hazrat Umar mashhur edilar. Hazrat Umarga xalifa qildiq. Bu zotning ravishda adolat qilmoqqa tayin qildiq deb yozilsun”, deb buyurdi. Unda mullo Raxmatillo oxund degan kishi shu iboratlarni ham ilova qilib, keyin hammalari tamom bo‘lis (volost’) mingboshilari desa bo‘lurlar muhrlarini bosib, Yikchi eshonga berib, muborakbod qildilar va milliy g‘azot boshlamoq xususida kun tayin qilmoqni va har tarafga xabar va taklifnomalar yozmoqni ham eshonga topshirib, bu sirlarni maxfiy tutmoqa va’da qilishib tarqalishdilar.
Bu kundan boshlab eshon ko‘p joyga milliy qo‘zg‘alish-g‘azot xususida xat qilib, elning kattalarini o‘ziga jalb qilar edi. Bu yig‘inni hukumtning josuslari sezib qolib, shu yig‘in nima uchun, nima maslahatlar bo‘lgan va kimlar bor ekan, nima uchun yig‘ilganlari to‘g‘risida axbor olmoq uchun kelib, tergov qildilar.
Bular bir kattalari o‘lgan uchun xudoyi deb javob berib, eshonni Mingtepaga uzatib qo‘ydilar.
ESHONNING HUJUMGA HOZIRLIK KO‘RISHI
1897 yili Yikchi eshon mustabid chor hukumatiga qarshi urush ochmoq uchun maxfiy maslahat va tayyorgarlik ko‘rmoq uchun harakat qilib, Farg‘ona muzofotidagi mashhur katta odamlarni o‘z fikriga yor etmoq uchun har shaharga maxfiy xat qila boshladi. Chunonchi Andijon shahridagi madrasai jome’ni bino qilg‘uchi Muhammadaliboy Xolmirzaboy o‘g‘liga va mudarrislar jumlasidan domla Somiy oxund va domla Xoliqberdi oxund, O‘sh shahrida Qurbonjon dodxoh va Qamchinbek bolalariga va domla Ya’qub oxund a’lamga, Marg‘ilonda Muhammadyusufjon eshon va Sayid Ahmadxo‘jalarga, Namanganda Yahyoxon to‘ra va Qodirxo‘ja hoji va boshqalarga.
Bu xatlar jumlasidan andijonlik Mahmudali boyvachaga kelg‘on xat orqasig‘a yozilib, eshong‘a qaytarilg‘on ekan, keyin eshon qochib hovlisga chor hukumati tomonidan musodara qilinib, tamomiy ajnoslari Andijong‘a olib kelinib, taftish qiling‘onda eshonning har tarafdan kelgan xatlarni saqlaydirg‘on sandig‘idan o‘sha Mahmudali boyga va orqasidag‘i javobi chiqib qolg‘on. Ko‘rgan va o‘qib berg‘onlarning so‘zlaricha, eshonning xati shu mazmunda ekan:
“Ammo ba’d az hamd va salovot janob hayrat sohibi bo‘lgan mulla Mahmudali boyg‘a yetib ma’ruz bo‘lg‘aykim: bu zamon kitoblr hukmi bilan oxir zamon bo‘lgandir. Har xil fitna va fasod kopayib, olamni kufr zulmati bosib, ahli islom nihoyat xor bo‘lg‘ondir. Bu fasod vaqtlarini daf’ qilmoq bizning zimmamizga farz bo‘lg‘ondir. Chunki faqirg‘a bu xususida g‘aybdan ham ijozat bo‘lg‘on edi. Ko‘p zamondan buyon fursat poylab shu vaqtga yetdik. Endi vaqt yaqin bo‘lib, qarab turmoqqa fursat qolmadi, hammasi islomg‘a jahd farz bo‘lib qoldi, endi fursat g‘animat, shu zolim hukumatdan qutulishg‘a say’ qilmog‘imiz va ijod qiluvchilarg‘a yordam bermog‘imiz zarur, balki farz bo‘ldi. Binobarin marhamat qilib Mingtepaga, bizning faqironamizga shavvol oyining o‘n beshinhisiga tashrif qilsalar, shu xususda maslahat qilsak, deb qadamlariga muntazirdirmiz.Vassalom a’lo manttab’alxudo faqiri haqir (muhr)”.
Mana bu xatning orqasida marhum Mahmudali boy bu javobni yozadi:
“Ba’daz adoyi movajaba alayno manttahiyati vassano mashhur xotirlari bo‘lgaykim, yuborgon xatlari kelib tegdi. Mazmunidan voqif bo‘lib, shu xilda arz qilamizkim, bu rus podshohi katta podshohdir, bunga muqobil bo‘lmoq nihoyat mushkul bir ishdir. Bizdek faqirlar qo‘lidan kelmay qolib, oxiri ko‘p besaranjomliklarga bois bo‘lurmikin. Xususan, bu kunlarda hamma shaharlarga poyezdlar kelib qolgan, yol yaqin bo‘lgan. Janobingizni man’ qilmoqqa bizda qudrat yo‘q. O‘zlari sohib ixtiyordirlar. Lekin har ishda maslahat va mushovarat lozimdir. Nihoyat, o‘ylab ish qilinsa, yaxshi bo‘ladir. Va ollo, hech musulmon kishi bu zolimlar qo‘ida qolmoqqa roziligi yo‘qdir. Shaharlar o‘zbeklarga tor bo‘lg‘ondek, tog‘lar qirg‘iz, elatiyalarga tor bo‘ldi, balki Turkiston musulmonlarga torlik qildi.
Nima qilaylik, noilojmiz. Qo‘limizda hech narsa yo‘q. Etarlik asbob va xazina yo‘q. Har nechik bo‘lsa-da, ishning oqibatini o‘ylab, beva-bechoralarning fikrini qilmoqlarini iltijo qilamiz, deb yozilg‘uvchi miskin va g‘arib Mahmudali”.
Mana bu xat mustabid chor hukumati qo‘liga tushgan hamon Mahmudali boyni olib chiqib qamab qo‘yildi. Bugun osadir, erta osadir bilan tergovlanib, oxiri qo‘shilmagani, balki man’ qilg‘oni, Rusiya davlatini katta degoni hidoyat qilib, bu xabar taxminan 9 oy avval ketgan bo‘lsa ham hokimlarg‘a xabar qilmag‘oni uchun ham aybdor qilinib, 11 oy qamalib, oxiri qarilig‘i sababli qutulib chiqqan edi…(Qolg‘oni o‘z maqomida yoziladur).
Mana bu, Mahmudali boyga qilgan xatidan boshqa shaharlarga qilgan xatlarini qiyoslasa bo‘ladir. Hammasi shu mazmunda targ‘ib qilinsa kerak. Bu xatlar har shaharda, har kim nomiga kelgan bo‘lsa, “darhol javob bering”, desa, orqasiga javob yozib, man’ qilib yoki qabul va rozilik ko‘rsatib berilgan.
Bu kabi har joydan borgan xatlar va javoblarni u sodda yo‘qotib yubormay, hammasini alohida sandug‘da saqlab yurgan ekan. Loaqal urush qasdida chiqadigan vaqtda bir joyga ko‘mib ketmagani uchun, urushgan kunning ertasiga chor hukumatining zolim mutakabbir to‘ralari borib eshonning hovlisini bosib, tamom narsalarini qo‘ymay shaharga olib kelg‘onda, bu xatlar tufayli xolis duoyi salom yozgan bechoralardan necha yuz kishi tutilib, qamalib, osilib, Sibirga surgun qilinib, xonavayron va bolalarining yetim qolmoqlariga sabab bo‘ldi. Ko‘p bechoralarni soldatlar kaltaklab, hayvondek urib o‘ldirdilar.
HURUJ VAQTI BЕLGILANADIR
1897 yil, 15 shavvolda jamiyat qurish uchun Yikchi eshon har shahardan katta-katta odamlarni chaqirg‘onidek elatiya, qoraqirg‘izlarning kattalariga ham xat qilg‘on ekan. O‘shal v’da kuni Ketmontepa, Ko‘gart, Qoshqar devoni tagidan tortib qirg‘izlarning kattalari hozir bo‘ldilar, chunonchi, ma’lum-mashhurlari Chibel bo‘lis, Muhammadalibek va eski dodxoh va biylarkim (Yikchi eshon bilan qo‘lga tushib osilib ketdilar), hammalari hozir bo‘lg‘on edilar.
Bular, ya’ni qirg‘iz kattalari, avval Ko‘gart dovoniga jam’ bo‘lishib maslahat qilib, orqa-oldilarini yig‘ib, ko‘p kishi bilan kelg‘on edilar. Mana bular 15 shavvol oyida Mingtepada, eshon hovlisiga kelganlaridan keyin ikki kun qarab yotdilar. Shahardan va boshqa qishloqlardan, o‘zbek kattalaridan va nomdor kishilardan kelmadi. Oz-moz o‘zbeklar ishtirok qilg‘on bo‘lsalar-da, mashhur odamlardan emas edilar.
Ikki kun qarab turg‘onlaridan keyin, eshon bulardan umidini uzib: “Shahar xalqi Chor hukumati zulmidan qo‘rqqanlari uchun chiqmaydilar”, deb hovlisiga (xos joyga) kirib, bir to‘p xat olib chiqib, o‘rtaga tashladi. Bu xatlarning hammasi har joydan, o‘zbek kattalaridan kelgan edi. Ochib, bir boshdan ko‘rib, mutolaa qildilar. Ba’zilar yor bo‘lib yordam bermagani va xabar berilganda otlanib chiqishni va’da bergan bo‘lsalar-da, ba’zilarning man’ qilib, maslahat ko‘rmaganlari ma’lum bo‘ldi. Uzundan-uzoq so‘zlashganlaridan keyin ko‘p kishilar yorliq va hamjihatlik (birlik) qilmagani uchun andisha qilib, kelasi yilgacha tavaqquf qilmoqqa va bu maslahatni nihoyat maxfiy tutmoqqa qaror berib, ahd qilib tarqaladilar. Kelasi yilgacha harakat bo‘lib, odam tayyorlamoq bilan mashg‘ul bo‘lishlariga va’dalar qilib, ondlar ichdilar. Bu to‘g‘risida ba’zi inqilobchilarning ishtirok va zimma rahbarliklari ham bor bo‘lsa kerak, ammo, nihoyat maxfiy bo‘lgani uchun tabiiy nomlarini bilib bo‘lmadi.
XALQNI QO‘ZG‘OLONGA CHAQIRISH
Yuqorida aytilgan maslahat tamom bo‘lib, tarqalg‘onlaridan keyin qirg‘izlar o‘z joylarig‘o qaytib, atroflarida bo‘lgan mujiklar bilan tamom aloqalarini uzib, avvallarida qilib turg‘on muammolarining teskarisini, ularning ilofi(aksi)ni qilar edilar. Bunga mujiklar hayron bo‘lib’ nima sabab bo‘lgani to‘g‘risida o‘zaro har xil mutolalar qilar edilar. Oxiri mujiklar bilan tamom aloqa qilmaslik yo‘lida har xil chorikorlik va qo‘shchilik qiladigan qirg‘iz kambag‘allarini buyurib, mujiklarga chorikor va qo‘shchi tushmaydigan qildilar: balki o‘tganda, mujiklarga qoshhi bo‘lib ishlagan mehnatkash-dehqonlar, mujiklar bilan aloqa qilmasliklari uchun qarzdorlarning qarzlarini uzib qo‘yib, aslo mujiklar bilan bordi-keldi qildirmay qo‘yg‘on edilar. Buni ko‘rgan va bilgan mujiklar umumiy qirg‘izlar ichida inqilobiy harakatni sezib, tegishli joylarga maxfiy xabarlar bergan edilar va doimo o‘rtalarida bo‘lib kelg‘on muammalotlarni, aloqalarini kamaytira boshlaganlarini, balki bilkul o‘rtalarining buzilishini, yaqin kunlarda hukumatga qarshi isyon qilishlarini yuqorig‘a yozar edilar. Ular qo‘rqishib, o‘z atroflarini mahkamlamoq va kechalari o‘z qishloq posyolkalarini poylamoq harakatida bo‘lar edilar.
Yikchi eshon bo‘lsa o‘sha kundan boshlab o‘z yaqin odamlari va murid-muxlislariga o‘z muddaosini yozib va har kim bersa, shu mujiklarning qirg‘izlarga zulmi va jahongir Romanov avlodining umumiy yerli xalqqa qarshi qilg‘on itob va xitoblari, hokim, pristuflarning qilgan tahqirlarini bayon qilib, hamon, umuman xalqni Chor saltanatiga qarshi isyon chiqarish va umumiy bir inqilob tug‘dirish maqsadida jihodga targ‘ib va tashviq qilib, bu to‘g‘risida oyot va ahodislar bayon qilib, xalqni o‘ziga yor qilmoq fikri va havasiga tushg‘on edi.
ANDIJON YANGI SHAHARIDAGI SOLDATLARGA HUJUM
1898 yil, 11 javzoda chorshanba kuni butun Ko‘gart elatiyalari jam’ bo‘lib, katta bir yig‘in qildilar va taxminan 200 kishini Mingtepa va eshon huzuriga yuborib, kattalar orqasidan bormoqqa va’da berdilar. Bular Mingtepaga kelib: “Qani, pirim, ijozat bering, va’dangiz vaqti kelda, chunki va’damiz ushbu oyning shu kuniga edi. Kattalarimiz ham erta-indin bizdan xabar bo‘lsa, keladilar”, deb eshonni shoshirdilar. Eshon shoshib qolib, avvallarda xabar qilg‘on jamoat kattalarig‘a darhol, har tarafga, “kelasi chorshanbaga tayyor bo‘linglar”, deb xat yubordi va Andijon shahridag‘i ba’zi e’timodlik oshnolariga xat yozg‘on ekan, bular qo‘rqib, xatni darhol kuydirib, hech bilmagan kishi bo‘lib yurganlar.
Eshonning Mingtepadagi honaqohi uch-to‘rt kun ichida odam bilan to‘lib qoldi. Ketmontepa va Ko‘gart tarafidan keladigan odamlar maydalarini yuborib, kattalari odam to‘plab turg‘onlar va chorshanba kuni kelishga tayyorlanadilar.
Shu o‘rtada seshanba kuni bo‘lib, Eshon nihoyat shohib qolg‘on holda honaqohida 500dan oshiqroq o‘zbek, qirg‘iz yig‘ilg‘on edi. Endi bu gap shoyi bo‘lib ketdi. Ushbu kundan qolmay jo‘nasak bo‘ladi. Andijonliklar ham tayyor, muntazir. Agar hukumatlar xabardor bo‘lib qolsalar, ishimiz yo‘qdir, deb Ko‘gart dovoniga ikki kishini chaqirtirib, qirg‘iz kattalariga “bizlar ushbu kun nomozshomni o‘qib otlanamiz, bizga qarashlilar tezdan odamlarni to‘plab, yo‘lga chiqsunlar! Asaka yonida topisharmiz”, deb xat qildi.
Bu odamlar xatni olib, Ko‘gartga chopib ketdilar. Kechqurun yetib, xatni qirg‘izlar kattasi Chibel bo‘lisig‘a berg‘onda u kishi: “Hazrat eshon bu tarafga qarab yursunlar! Avval bu tarafdagi mujiklarni joy-joyida bosib olib, tamom qilib, keyin Andijon shahriga yuramiz”, deb odam choptirdi.
Bularning xabari kelguncha eshonning xonaqohida to‘plangan besh yuzga yaqin odam to‘palon qilib, eshonni olib chiqib, oq kigizga solib, ko‘tarib, takbir aytishib, g‘alva qilib yubordilar.
Nihoyat, to‘palon kuchayib ketdi, aslo tavaqqufning iloji bo‘lmay qoldi. Birdan so‘filar eshonni hol-joniga qo‘ymay, Duldul nomli bo‘z otiga mindirdilar. Xonaqohni aylantirib, zikri-kamo‘ qilib yubordilar. Mingtepada qiyomat barpo bo‘lib, hamma xotin-xalaj, erkak ko‘chaga chiqib, “Eshon xon ko‘tarildi!” deb shoyi qildilar. Xufton vaqti edi, birdan har kim qo‘liga tushgan narsani olib, kimdir pichoq, kimdir shop, kimdit tapponcha, qaysilari miltiq, xulosa har kim topgan narsasini olib, taxminan olti yuz chamasi bo‘lgan kishi shaharga qarab jo‘nab qoldilar. Mingtepa ahli va xonaqohdagi odamlar mast kishidek hayratda, ochiq-chochiq qolaverdilar. Bular kechasi bilan yurib, erta sahar Andijonga, Chokandaga keldilar. Chokandada bir oz to‘xtab, keyin yangi shaharning shimol tarafi bilan yurib, alhol vayrona ismi bilan mashhur joylar edi, avval hammasi imoratli mahallalar bo‘lib, yangi shahardagi soldatlarning tuiradig‘on joylarig‘a bir chaqirim ham kelmas edi, shu yerga kelib, ko‘chada turg‘on bir qorovulni ushlab olib: “Bizni soldatlar yotadig‘on joyga olib borasan!” deb turgan vaqtda, orqalarida qolganlari “Afg‘onbog‘ ” degan imtihon bog‘iga kirib, ichidagi imtihonchi to‘rani o‘ldirib, tug‘larini qong‘a bo‘yab etib keldilar va eshong‘a tug‘ni qonlag‘onlarii aytdilar. Unda, bechora qoravul qabul qilib soldatlarning yotadigan joylariga boshlab kirib o‘zi qochadir. So‘filar birdan otdan tushib qator-qator uxlab yotgan soldatlar ustiga o‘zlarini tashlab, qaysilari bo‘g‘ib, qaysilari pichoqlab, qo‘lidagi shop bilan chopib, ba’zilari kaltak bilan urib ovora bo‘lib turganda, ikkinchi qatorda, ichkarida yotg‘onlar uyg‘onib qoladilar va ba’zilari miltiqlarini olib, birdan ota boshlaydilar. Miltiqlar otila boshlagandan so‘ng bular toqat qila olmay, to‘palon qilioshib orqalariga qaytadilar. Andijon eski shahariga tong otgan vaqtda kirib, bozor ichida: shaharni oldik hozir karnaychi topib, shahar Yikchi eshonniki, deb jarchiga e’lon qildiramiz deb turib, yana toqat va bardosh qila olmay, birdan qochdilar va erta bilan soat olti,namoz vaqtida eski shahar, Qorabura tarafi bilan chuvolib chiqib ketdilar. Buni ko‘rgan shahar xalqi hayron bo‘lib, nima hodisa ekanidan voqif bo‘lmay qoladilar. Eshon yangi shahardan qochganida va Chokandga qarab kelayotganda ba’zi so‘filar otlarini ko‘chaga tashlab, Chokanddagi bog‘larga kirib bekinib qoldilar. Erta bilan Chokand ahli bog‘larda bularni ko‘rib, ahvolni bilib, qo‘rqqanidan askarlariga eski to‘nlar berib, sallalarini kuydirib, mardikorlarga o‘xshatib ishlatib qoladilar. Eshon bilan eski shahardan qochganlari Qora daryodan kema bilan o‘tgancha har qaysilari o‘z jonlarini saqlash fikriga tushub, to‘g‘ri kelgan tomonga qochadilar.
Erta bilan soat sakkiz bo‘lganda, yangi shaharda ruslar (xoh amaldor, xoh fuqaro) tamom qo‘rqib, hech kim uyidan chiqmay, mahkam qamalib turdilar. Hammalari go‘yoki tamom musulmonlar muttahid bo‘lib, “Milliy muhoraba” qilgan ekanlar, hali to‘planib chiqib, hammamizni o‘ldirsalar kerak, deb vahm qilib joy-joyida bekinib qoldilar.
Agar eshon, eski shahada to‘xtab, soat sakkiz-o‘nlargacha tursa edi, avbosh to‘palon bo‘lib, ehtimol, xalq to‘planib ketib, “Milliyat nuhorabasi” boshlansa edi. Chunki u vaqtlarda umumiy xalq Rusiya hukumatining zulmidan nihoyat bezor bo‘lib, qo‘zg‘olishga hech fursat toipolmay yurar edi.
Fuqaro mundan bexabar, soat sakkiz edi, bozorlar har kungidek ochilib, hamma o‘z tirikchiligiga mashg‘ul bo‘ldi. Soat 9 larda shuhrat bo‘ldiki, Yikchi eshon shaharga hujum qilib, tamom soldatlarni o‘ldirib chiqib ketibdir,deb, bu xabar tarqalg‘ondan keyin eski shaharning katta oqsoqoli Xolbahodir mingboshi Ro‘zador (biy) o‘g‘li eski shahar ahvolotini yangi shaharga xabar bermoq uchun otlanib chiqib ko‘rdiki, yangi shaharda hech kim y’oq: to‘g‘ri uyezd mahkamasiga borsa, uyezd hokimi polkovnik Kayshovskiy uyida ko‘chaga qarab turibdi: “Ey, starshiy oqsoqol! Shaharda nima gap, fuqaroning fe’li qanday? Nima bo‘ladir?”deb savol qildi. Katta oqsoqol darhol “shahar tinchlik, hamma o‘z ishi bilan mashg‘ul, tamom do‘konlar ochilgan” dedi. Undan hiyla ko‘ngli taskin topib chiqib, ko‘rishib, hammaga xabar qilib to‘plandilar-da, kazarmadan xabar olsalar, 23 soldat nihoyat xunuk holda o‘lib yotibdi. To‘rt kishi, sallalik eshonning so‘filariga ham o‘q tegib o‘lib qolibdi. Muni ko‘rib istibdod zolimlarining qahri va g‘azabi ziyoda bo‘lib, tamom shahar xalqini qilichdan o‘tkazmoqhi, Andijonning tuprog‘ini osmonga sovurmoqchi bo‘lib, darhol “sim”ga telegram berib, hodisani ma’lum qildi va askar chaqirdi. Uch soat o‘rtasida askar etib keldi. Buni ko‘rib, katta oqsoqol shaharga tushib, bir soatda hammani tarqatib, odamlarni qochirib yubordi. “Eski shahar otilishi ehtimoli bor”deb xabar tarqatdi. Hamma bir soatda do‘konlarini berkitib, tarqalib ketdi. Musulmonlarga umumiy bir dahshat tushib, istibdodchilar zulmining vahmi katta-kichikka barobar qattiq qora kun tig‘ildi, zo‘r parishonlik va iztirob yuz keltirdi. Bu voqea zolimlarning zulmiga yo‘lni kengaytirdi.
QATLI OM
Andijondan Marg‘ilonga xabar borgan on Farg‘onaning harbiy boshlig‘i Chaykovskiy 250 nafar askar bilan kelib yangi shahardan boshlab ko‘ringan musulmonlarni otmoqqa amr qildi. O‘shal kun necha ming musulmonlarni begunoh otib, qonini to‘kdi. Xususan, beixtiyor va bu voqealardan bexabar ishlamakka chiqqan dehqonlarni va mehnatkash kambag‘allarni behad-hisob otib yubordi. Necha ming bola yetim va yuzlarcha xotinlar beva qoldi. Shundan keyin Andilon ichidagi mingboshilarni chaqirib, tezlik bilan eshonni quvib chiqib, tutib kelmoqqa buyurdi. Amalparast mingboshilar har qaysisi necha-necha ming ko‘ppaklarini yoniga olib, har tarafga eshonni izlab ketdilar.
Qaysilarig‘a yo‘lda sallalik va oq to‘ppilik kishi uchrasa, bog‘lab shaharga yubordilar.
OQ TO‘PPI ILA SALLA FALOKATI
O‘sha vaqtda kimligidan qat’i nazar, oq to‘ppi kiygan bo‘lsa, istibdod soldatlari: “Seniki eshon”deb tutub urar edi. Yoki salla qo‘ygan kishi uchrasa, uni albatta Yikchi Eshonning muridi gumon qilib, tutib so‘roqsiz qamar edi. Shuning uchun shahar mehnatkashlarilari va rasmiy fuqarolari hech sallasi bilan bozorga chiqolmay qoldi.Oq do‘ppi degan narsaning urug‘i qolmadi. Kimda bo‘lsa, kuydirib yo‘qotdi. Mingboshilarning dunyoparastligi qo‘zg‘alib, shaharda kimning joyi bo‘lsa, kechasi chaqirib borib: “Seni tutib beraman, eshonning hovlisiga borgan eding”, deb siyosat qilib, bor-yo‘g‘ini sug‘urib oldilar. Poraxo‘rlik amaldorlar ichida nihoyat avj oldi. Behoralar kimga arz qiladir? Bechoralarning dodini so‘raydigan hech kishi yo‘q edi.
Mingboshilarni eshonni tutmoqqa yuborib, hokimlar qancha askarlarni Mingtepaga eshonning hovlisiga jo‘natdilar. Yo‘lda borg‘uncha kim uchrasa otib o‘ldirib, eshonning hovlisiga yetib, daf’atan atrofini o‘rab, tintuv qila boshladilar. Eshonning qochgan xabarini eshitib, xonaqohida jech kim qolmadi, hatto bola-chaqalari ham boshqa joyga qochg‘on ekanlar, hech kim topilmadi. Lekin xonaqohida hech narsa qo‘ymay tamom olib va pechat’ qilib, jonar vaqt — Mingtepada uch soat otish qildilar. Bu uch soat ichida soldatlat hovlidan-hovliga yurib, kim ko‘rinsa otib o‘ldirdilar. Muddat bitganda, eshonga qarashli nimaiki bo‘lsa olib, shaharga keldilar. Ashyo jumlaidan bir xos sanduqda ko‘p xatlar bor ekan, buni ham olib kelib tarjima qilib ko‘rsalar, tamomisi har kimdan borgan duoyi salomlar ekan. Bu duoui salomlar kimdan bo‘lsa, darhol shu odamlarni tutmoqqa amr qilindi. Shuning uchun Andilon shahridan ko‘p fuqarolar qamaldilar. To‘rt-besh kun ichida atrof va qamoqlardan va orqa tog‘lardan benihoyat kishilrni tutib kelib, qamatildi. Qamoqxona to‘lib, boshqa joylrni ham yangidan xibsxonalar qilindi. Bungacha Turkistondagi bor soldatlarni yig‘ib keldilar. Har kun eski shahar ko‘chalarida to‘p-to‘p askarlar yurar edi va ko‘rgan kishini urib chopib ketar edilar. Bozordagi do‘konlarning ko‘pini sindirib, talab olar edilar. Vaqt javzo (may) oyi bo‘lgani uchun avahtalardagi Elatiya kattalari yo‘g‘on va semiz odamlar issig‘lab, bo‘g‘ilib va ochlikdan har kun to‘rt-besh odam o‘lar edi. Buning ustig‘a, Farg‘ona gubernatori kelib: “Agar eshon tezdan tutilmasa, Andijonni uyezdi bilan tamom otish (qatliom) qilaman!” deb buyruq chiqardi va “Agar shahar va qishloq otilmasin deyilsalar, eshonning so‘filari bilan ko‘plashib tutib berilsun!” degan buyrug‘ini shahar va qishloq ko‘chalarining devorlariga yopishtirib qo‘yildi. Bu hodisadan to‘qqiz kin o‘tib edi. “Eshon qo‘lga tushdi”, degan xabar eshitilib qoldi.
ESHONNING QO‘LGA TUSHUVI
Yikchi eshon qochgandan so‘ng, Ketmontepa Elatiya ichiga qarab qochib, uch-to‘rt kun tog‘lar ichiga yo‘l bilmay aylanib yurib, oiri yonida uch kishidan boshqa odam qolmay, Arslonbob atroflarida yurgan ekan, buni ba’zi odamlar ko‘rg‘onlar. So‘rog‘lab borg‘uhi – Qo‘qon qishloq mingboshisi Qodirqul bilan bozor sarkori Ya’qub qo‘rboshi deganlar shu Arslonbob tarafiga izlab chiqqan edilar; boshqalar bo‘lsa, bosha taraflarga Qashqar dovonigacha to‘sib borg‘on edi.
Arslonbob tarafiga izlab yurguvchi Ya’qub q’orboshi bilan Qodirqul mingboshiga odamlar eshonni shu tarafda ko‘rganlarini aytganlari uchun Arslonbobga yaqin Toshko‘prik degan tor yolni to‘sib turganlrida, Eshon o‘sha yoldan borib Toshko‘prik ustida uchrab qolg‘on. Darhol Ya’qub qo‘rboshi: “Ey, taqsir! Man sizni kutib turibman, yordam qilmoq uchun” deb otdan o‘zini tashlab ko‘rihmoqchi bo‘lib yugurgan, eshon ham otdan tushib, yig‘lab quhoqlashib ko‘rishgan vaqtda, eshonni ko‘tarib tagiga bosib olgan va odamlarni chaqirib, bog‘lab olganlar. Orqasidagi uch odamni ham tutib, to‘rtovlarinbi bog‘lab qo‘yganlar. Qodirqul mingboshi darhol yetib kelib, eshonni ko‘rishi bilan: “Xotin-taloq! Hammani xonavayron qilding-ku!” degan. Eshon bularga: “Ikkoving o‘lar vaqtda jinni bo‘lib o‘lgin! Bizni rusga tutib bergan qo‘llaring bilan o‘zingni urib, so‘kkan og‘zing bilan o‘zingni tishlab o‘lgin!” demakdan boshqa hech gap aytmagan.
Qodirqul mingboshi, darhol Andijon hokimiga “eshonni tutdim” degan xabarni yuborgan.
Mana bu, eshonni tutulgan xabari Andijonga yetgandn keyin, hokim bir to‘p soldatlarni yubordi. Ungacha bular eshonni aravaga uch odami bilan bog‘lab olib, shaharga jo‘nadilar. Yo‘lda daryoning yonida soldatlarga ro‘baro‘ keldilar, ular aravani o‘rtag‘a olib: “Eshon. eshon” deb miltiq tekizsa, Yikchi eshon boshini ko‘tarib: “Eshon deb chaqirma! Muhammadali degil!” degan. Bundan boshqa hech narsa demagan.
Qora daryo ko‘prigiga kelib to‘xtaganlarida, shahar ichiga uyezd hokimi xabar qildiki, fuqarolar chiqib eshonni tomosha qilsunlar. Soat o‘n va erta bilan bo‘lsa ham, qo‘rqib, heh kim chiqmaganda olib o‘tib, yangi shaharda xibs qilindi. Taajjub shundaki, hokimlar va to‘ralar bu ehondan necha kun hayot turgan bo‘lsa-da, bir og‘iz ham ma’lumot va javob ololmadilar. Harchand siyosat qildilar va gap so‘radilar va bu hujum isyong‘a dalolat qilg‘uvchilarni so‘radilar, hech kimni ko‘rsatmadi, mustabid tergovchilarni dog‘i hasratda qo‘ydi. Eshonni tutg‘uvchi Qodirqulni eski shahar Andijonga oqsoqol qilishdi va yordam bergan Ya’qub qo‘rboshini Qo‘qon qishloqqa mingboshi qilib, necha yildan buyon xalq foydasiga xizmat qilib kelgan Xolbahodir mingboshi o‘rnidan bekor qilindi. Qodirqul mingboshi shaharga katta oqsoqol bo‘lgan hamon shaharda zo‘r imorat qilib, bechora xalqni ishlatib bir oy ichida tamom bitirdi. Har kun borgan qo‘y va tortiq va yordam pullarning hisobi yo‘q edi. Eski shaharni tinch saqlab turish ixtiyoprini tamom bu kishiga topshirgani uchun bu fuqarolarga zulmni behad joriy qildi. Birov engashib salom qilmasa, tutib to‘xtatmoqni bu kishi chiqardi. Bundan o‘rganib rus amaldorlari ham xalqni “ruku’ ” bilan salom va “sajda” qildiradigan bo‘ldilar. Bechora xalq shapkalik kishining soyasini ko‘rsa ham o‘rnidan turib sajda qilishga odatlanib qoldi.
ASIR BO‘LG‘ON VA QAMALG‘ON BЕCHORALAR
“Eshonga qarashli” deb kimni tutib borsalar, beso‘rog‘ qamatilar edi. Xususan, tog‘lardan Elatiya kattalarini ushlab kelib, harbiya boshlig‘i har kun besh-oltisini turmadan olib chiqib o‘rtaga yotqazib kaltaklaydilar. Uzun qamchi sopiday tut-ayrag‘och shohlari bilan bandilarni olib chiqib, soldatlar o‘rtasida yalang‘och qilib, do‘ng yotqizib, to‘rt soldat bosib turadilar. To‘rti o‘shal kaltaklar bilan orqasiga uradilar. Agar kaltak sinib ketsa, boshqasini olib turadir. Qirq-ellik marta urganha “dod” deb turadir, bundan so‘ng ovozi chiqmay bexud bo‘lg‘ondan keyin ikkinchisini yotqizadir, boshqalari qarab turadirlar. Shu xilda hammasini urib bo‘lub, o‘lgani bo‘lsa, bohqa qo‘yub, tirik bo‘lsa, zo‘r bilan yurg‘izib turmaga olib kiradilar.
Bir kuni siyosat yuzasidan hamma shahar xalqini mingboshilar vositasi bilan, asirlarni kltaklaganini ko‘rsun deb, haydab chiqildi. Man ham odamlar bilan chiqqan edim. To‘g‘ri turmaning oldiga olib borib, xalqni qator qildi. Keyin turmadan besh kishini olib chiqib, ularning atrofiga odamlarni aylantirib qo‘ydi. Bu bechora bandilarni o‘rtaga olib kelib, bir qancha doshnom bilan to‘n-ko‘ynagini yirtib, tortib echdi. Ikkitasini miltiq qo‘ndog‘i bilan urub yotqizib, qo‘l-oyog‘ini soldatlar bosib tuirdi. Buning ustiga, mo‘ysafid xoin gubernator Chaykovskiy keldi. Bandilarga qarab: “Sizlar podshoh a’zamning kattaligini bilmas edingizlarmi? Podshohning o‘g‘li hukmida bo‘lg‘on askarlariga shunday muomala qilmoqni kim o‘rgatdi?” deb siyosat qildi va soldatlarga: “Ur!” deb buyurdi.
Soldatlar to‘plab qo‘yg‘on uzun kaltaklardan olib, birdan savalab urgali boshlag‘onda, bechoralar : “Dod!..” deb olamni buzdilar. Biri: “Eshon bilan birga bo‘lmasamda, tavba qildim!” deb qichqirdi.
Urulganlarning orqalari yorilib, go‘shtlari uzulib tushdi. Hushidan ketgan vaqtda: “bas, turg‘az!” deb edi, soldatlar “tur” deb boshiga tepganda, biri turmoqqa qodir bo‘lolmadi. Ikkinchisi “yo, pirim”, deb turmoqqa harakat qilib edi, gubernator “nima deydi” deb, tarjimondan so‘radi, tarjimon: “Eshondan yordam tilaydir”, deganda, g‘azabi kelib: “Yotqizib yana ur” deb buyurdi. Yanadan urmoqqa boshladi, orqasidan go‘shtlar uzulub tushdi. Ikkinchi turmoqqa qudrati yetmagach, soldatlar sudrab chiqib ketgan hamon o‘ldi. Bu holni ko‘rgan bandilar: “Ey ulug‘ hokimimiz, arzim bor, ey gubernator to‘ra, ikki og‘iz arzim bor”, desa, yo bir tovush chiqarsa, to‘rt soldat bo‘yniga taqqan dovul nog‘orasini chalib yuboradilar. Aslo so‘zni eshitdirmaydilar. Buni ko‘rib bechoralar bizga qarab yig‘lab turar edilar, shu holda ediki, ikkisining hushlari ketib yiqilishdi. Bularni soldatlat sudrab kirib, o‘rniga boshqa ikkisini olib chiqdilar. Hosili – xalq qoshida olti kishini urub, ba’zisini o‘ldirib, ba’zisini bexud qilib’ keyin xalqqa birmuncha siyosat qilib, “Podsho a’zamga osiy bo‘lg‘anlarning jazosi shu bo‘ladir!” deb javob berdi va “12 kishi osiylardan osiladir. Hamma xalq chiqib tomosha qilsun!” dedi. Xalq birdan turub eski shahar tomon jo‘nadi. Yo‘lda, chiqqanlariga pushaymon bo‘lub, hech kimda so‘zlamoqqa majol yo‘q edi.
DOR TAGIDA
1898inchi milodiy, 15-inhi javzo ediki, eshon ig‘tishosini bahona qilib, shahar va yez (shimoldan Yettisuv, g‘arbidan Yoziyobon, janubdan Vodil, sharqdan Qashqar devoni o‘rtasi)dan ikki ming kishi qamatilg‘on edi. Bular ichida aksariyat qirg‘izlar bo‘lib, o‘zbek, qozoq, qipchoq, qoraqalpoq, tojik, uyg‘ur va boshqalardan ham “isyonchilar” deb ushlaganlar ko‘b edilar. Bulardan anchaginasi yuqorida aytilgancha kaltaklanib, urulub, o‘ldirildilar va bir qanchasini osib o‘ldirih uchun 8 ta dor qurdilar. Bu dorlar 8-9 gaz yerdan baland bo‘lib, tepasiga g‘altak o‘rnashtirilg‘on va o‘shandan qora arg‘amchi o‘tkazilib qo‘yilg‘on edi.
Bir kun eski shahardan “Tamom fuqaro yangi shaharga chiqsun, ehonning so‘filaridan 8 kishi osiladir” deb, hammani majburiy haydab chiqdilar. Muddaolari fuqaroga siyosat ko‘rsatmak, ularning yuraklarida qo‘rqinch qoldirmoq va istibdod saltanati taxtida uzun zamonlar betashvish barqaror qolmoq edi. Bu safar “tomosho”ga majburiy chiqqanlardan biri hikoya qiladirkim: “Bizlarni bozordan va mahallalardan katta oqsoqol farmoyishi bilan mirshablar haydab, taxminan 500 kishini yanga shahar kreposti(qo‘rg‘on) tagiga olib borib edi: qarasak, adir tarafiga 8 ta dor qilib, arg‘amchilarni tortib tayyor qilib qo‘yg‘on ekan. Bu holda turmaga 50 ga yaqin soldatlar o‘lan aytib kirib 5 ta musulmonni haydab chiqdi. Bechoralarning rangi-ro‘yiga aslo qarab bo‘lmaydir. Birini tanib qoldim, yangi shaharda soldatxona ro‘parasida baqqollik qilib o‘turg‘on Rustambek degan kihi edi. Biz fuqarolarni tikilgan dorlar atrofiga aylantirib qoyub, avval besh kishini nihoyat g‘azab bilan o‘rtaga olib chiqib, dorning tagiga olib keldilar. Bularning holini aslo bayon qilib bo‘maydir, bechoralarning ixtiyori o‘zida emas, so‘zlamoqqa majollari ham yo‘q edi. Qamalg‘anlarig‘a ancha kun bo‘lg‘n bo‘lsa, ovqat emaganlari ham ma’lum edi. Darhol beshta oq surupdan qiling‘on xalta olib keldilar. Bir mutakabbir “to‘ra” qo‘lig‘a yarim taxta qog‘ozni olib, nihoyat qovog‘ini solib o‘qidi. Tarjimon shu tariqa tarjima qildiki: “Sizlarning podshohi a’zam, impratur muazzam askari borasida qilg‘on hamla, hujumlaringiz va bu isyonga sabab bo‘lg‘on Muhammad Ali Eshonning impratur a’zamning ulug‘ siyosatidan qo‘rqmay qilg‘on fe’liga sherik bo‘lib, yordamda bo‘lg‘onlaringiz sabab bo‘ldi. Sizlarning beshovlaringizni harbiy sud osib o‘ldirmoqqa hukm qildi. Alhol, sizlarga shu hukm joriy qilinadir”, degan hamon soldatlar birdan qilihlarini sug‘urib, peshonalarig‘a tutib, yarim soatga yaqin nog‘oralarini chalib turdilar. Haligi xaltalarni kiydirib, dorning tagiga qo‘yilg‘on kursi ustiga etaklab kelib chiqardilar. Bo‘yunlarig‘a dor arg‘amhisini solib, oyoq ostidagi kursini tepib yubordilar. Har beshi ham osilib qolib, taxminan ikki minut aylanib harakat qila turib, keyin qimirlamay qolishdi. Andak turg‘ondin keyin bir duxtur kelib, osilib turg‘on bechoralarning qorniga quloq solib, keyin bir nima deb qo‘ydi. Soldatlar kelib, arg‘amchini bo‘shatib, o‘liklarni dorning yoniga kavlab qo‘yilgan chuqurga tepib tushurib, ustiga kurak bilan tuproq tortib qo‘ydi. Bularni ko‘mub xotirjam bo‘lg‘ondan keyin, gubernator fuqarolarga qarab, oq podshohni bir muncha maqtab, “impratur a’zam kazo va kazo!..”deb oxiri: “Bu ko‘rilgan siyosatni ko‘rmaganlarga bayon qilinglar, har kim isyon qilsa, mundan battar bo‘ladilar!” deb xalqqa javob berdi. Yo‘lda kelaturib, shular qatorida osilg‘on Rustambek magazinchi xususida so‘zlashib, bu kishi umuman eshonlarg‘a beixlos, eshonlarni suymaydirgon kishi edi. Nechun Yikchi eshong‘a qo‘shulg‘on ekan, deb so‘ragonimizda, bu ishning aslidan xabari bor bir kishi Rustambekning aybi va gunohi soldatlarg‘a nasiya qilib, pulini qistag‘onidir, deb javob berdi.
Bu hodisa shunday bo‘lg‘on: Rustambek bir necha vaqtdan beri yangi shaharda do‘kondorlik qiladir. Hukumatning to‘ra va soldatlarig‘a oyliqlarini olg‘ancha nasiya mol, ovqat berib turadir. Ular ham qachon oylik olsalar va pul torsalar, berib turadirlar. Soldatlardan nasiya mol olib, pulini bermaganlar ikkinchi nasiya so‘rag‘onda, Rustambek bermaydir. Shunga adovat qilib yurg‘onlardan bir nechasi Rustambekni tegirmon qilib, turg‘on joyidan tutib kelib qamab, ertasig‘a do‘konni ochib, talab, o‘zini “Kecha eshon bilan bizlarg‘a hujum qilg‘onda tanib qolg‘onmiz” deb ostirib yuboradirlar. Bo‘lmasa eshon kirgan kechasi tegirmonda ancha kishi ko‘rgan va harchand guvohlar ko‘rsatsa ham qabul qilinmaydir…
ISTARSHIY OQSOQOL
Andijon eski shahari uchun birta mingboshi bo‘lur edi. Bu mingboshini chor hukumati o‘z buyrug‘i bilan yaxshi xizmat qiladirg‘on jobir va zolimlardan tayin qilar edi. Mana shuni “istarshiy oqsoqol” deyilar edi.
Yikchi eshon soldatlarg‘a hujum qilib qochgandan keyin “qaysi mingboshi xoh fuqaro bo‘lsun, xoh boshqa… tutub kelsa, Andijon shahariga istarshiy oqsoqol qilinur” deb va’da berilgan edi. Binobarin, har kim amalparast bo‘lsa, eshonning orqasidan quvlab ketgan va Qo‘qon qishloqqa mingboshi bo‘lub turg‘on Qodirqul ushlab kelgani uchun shaharga katta oqsoqol qilingon edi.
Eshonni tutib kelgandan keyin hukumatdorlar Andijon shahar va uyezdining fuqarosidan nihoyat xavflangan edilar va “Eshon bilan hamma fuqaroning maslahati bir, albatta, bular bir kun eshonning orqasidan hujum qilsalar kerak”, deb eshonni necha qabat zanjirlar bilan bog‘lag‘on edilar. Shuning uchun eski shaharni muhofazat qilib turish ixtiyorini katta oqsoqolga berib, shunday ta’kid qildiki: “Eski shaharni extiyot bilan saqlab turasan! Eshong‘a bordi-keldi qilg‘on odamlar bo‘lsa, hammasini surishtirib tutub berasan! Umumiy fuqarolarni qaysi xil siyosat bilan bo‘lsa-bo‘lsun, Rusiya podshohiga tobe’ va mute’ qilasan! Rusiya amaldorlari eski shaharga tushsalar, hamma fuqaroni o‘rnidan turub, engashib salom qilmoqqa o‘rgatasan! Do‘kondor va rastadagilar bo‘lsa, hammasi bo‘lsun, hokim, pristav, hosili, qaysi amaldor bo‘lsa-bo‘lsun, eski shaharga tushsa, hammalari do‘konlarining oldig‘a tushib, qator bo‘lub, engashib, salom qilib tursinlar! Mullalar va mudarrislar bo‘lsa shogirdlariga Yikchi eshondan shikoyat qilib,uni yomonlab tursunlar! Va maktabdorlar bo‘lsa, mayda bolalarga “eshon osiy bo‘ldi, bog‘iy bo‘ldi” degan gaplarni o‘rgatsunlar! A’lam muftilar bo‘lsa, “Yikki eshonning osiy, bog‘iy bo‘lg‘oni uchun tezdan o‘lim jazosig‘a mustahiq bo‘lmog‘i shariatda ham durust” deb fatvo bersunlar! Adib va shoirlar Yikchi eshonning tamom qilg‘on yomonlig‘i va hiylalarini she’r (bayt) qilib gazitga yuborsunlar! Agar har kim bu xususda qilg‘on siyosat jabrindan arz qilsa, biz u arizachining o‘ziga jazo beramiz!” deb. Qo‘lig‘a prikaz va mandat qilib berildi va har kungi voqealarni bildirib turasan, deyildi.
1898-nchi milodiyda, hanuz Yikchi eshon qamoqda turg‘onda “unga qarashli yordamchilar”, deb, o‘zbek, qirg‘iz, qipchoq, qoraqalpoq, qashqarlardan har kun nechtasini tutib kelib, osib, qanchasini kaltaklab o‘ldirib turadir. O‘lganlar o‘rniga atrofdan odamlarni tutub kelib turadir. Shahar nihoyat besaranjom bo‘lub, xavfda bo‘lg‘on vaqtda yangi tayin bo‘lg‘on katta oqsoqol Qodirqul (shahar mingboshisi) ko‘cha-ko‘chaga mirshablar qo‘yub, mahallalarga odamlar yuborib, har masjidda, imom boshliq tamom qavm va ahli mahallalarni oldirib borib, “beda bozori” degan yalang va keng joyg‘a necha ming kishini saf-saf qilib qo‘yub, hokimdan eshitgan gaplarini fuqarog‘a aytib, so‘zining oxirida: “Agar ko‘cha’-ko‘yda hokim, pristuf va to‘ralar sizlarga ro‘baro kelsa, darhol ruku’ qilib, salom qilasizlar! Va rastalardan o‘tub qolsa, hammalaringiz do‘kondan barobar tushub, mana shu turg‘onlaringizdek qator bo‘lub, rastadan o‘tib ketgancha engahib, salom qilib turasizlar! Chunonchi, man salomni sizlarga o‘rgatmak uchun chaqirdim.
Mana, man hozir “Tashla!”deyman, barobar namozda engashgandek tashlaysiz”, deb, bir chetga borib “Tashla!” deb shovqun soladilar. Bechora xalq barobar hayit namozida yoki juma’ namozida ruku’ qilg‘ondek engashadir. U chetga borib, “Tur!” deganda hamma barobar turadir. Yana “Tashla!” degan hamon barobar engashadir. Agarda biron kishi balandroq tursa yoki past bo‘lub ketsa, yugurib kelib bu odamni do‘pposlab, urub-tepib, so‘kib, “barobar turgil” deb tanbeh qiladilar. Yana “Tashla!”deydir, xalq engashadir.
Alhosil, bechora fuqaroni 20 martaba “Tashla!” deb ruku’ qildirib, keyin: “Hamma vaqt shunday barobar engashib turasizlar! deb javob beradir. Ertasi yana boshqa mahalla odamlarini imomlari bilan chaqirib, shu ta’limni qiladir. O‘rtada necha martaba xalqni urub, yuzlariga nopok og‘zidan tupurar edi.
YARIM PODSHOH
Bu ta’lim va sajdaga odat qildirmoqdan muddao nima desalar, yaqin kunlarda bu hodisaning ustiga Turkiston viloyatining general-gubernatori bolg‘on nobakorkim, umumiy Turkiston fuqarolari yarim podshoh der edilar va nomi A.M.Duxovskiy edi, hamma taraddud shuning uchun ekan.
Bir necha kun o‘tgandan so‘ng “yarim podshoh keladir”, deb, hamma ko‘chalarga bayroq tutub, shaharni necha kunlar ziynat berib, hamma maktab bolalarini vokzalga olib chiqib, qator qilindi (u vaqtda kamina ham tuzemniy ishkolda o‘qur edim). Fuqarolar kumush taboqda non, tuz, tutub turg‘on edilar. Uezd hokimi umumiy fuqarolarg‘a xitob qilib, “Yarim podshoh kelib, vagondan tushgan hamon hammalaringiz ta’lim olg‘onlaringizdek barobar engashib yerga qarab turasizlar! Boshlaringizni ko‘taringlar desam ham ko‘tarmay turinglar!” deb qo‘ydi.
Istansaga chiqqan xalq 2 soat ko‘broq intzorlik tortdi. Shundan so‘ng birdan poyez ko‘runub qoldi va vagonlari nihoyat ziynatlangan holda kelib to‘xtadi va soldatlar tushub, qator bo‘lgondan so‘ng yarim podshoh turg‘on vagondan bir necha yasang‘on to‘ralar tushdilar. Keyin o‘sha yuqorida shakli nomuboragi bayon qiling‘on general nihoyat qovog‘ini solib, qattiq g‘azab bilan vagondan chiqib, pastga tushgan zamon bechora xalq va maktab bolalari hammasi engashib, ruku’ qilib turdi. Vagondan tushib, to‘g‘ri uyez hokimi oldiga kelib, shahardan ahvol so‘radi. U “Hamma duo qilmoqda va tinchlik”, dedi. Yarim podshoh hokimdan: “Nima uchun xalq bunday engashib turadir”, deb so‘radi. Hokim: “Janob imprator a’zamga yurtimizdan chiqqan bir eshon jinni bo‘lib, bilmasdan osiyliq qilgani uchun bizlar hijolat bo‘lub, ulug‘ va baland darajali bosh hokimimizning yuzlariga qaysi betimiz bilan qaraymiz, bizlarni marhamat etib, avf qilib, podshohi a’zamdan gunohimizni so‘rab olmasalar, muborak betlariga kamoli hijolatdan qaray olmaymiz, deydilar”, deb javob qaytardi. Yarim podshoh dediki: “gunohni qilib qo‘yub, emdigi hijolat nimadir? Farg‘ona muzofatidan Andijondek bir shaharning tuprog‘ini osmong‘a sovurib yubormoq bilan podshohi a’zam mamlakatlariga hech nuqus yetmaydir!” deb g‘azablanib, hokimdan so‘radiki: “Necha yildan buyon bu joyga hokimsiz?” Hokim shoshib qolib: “To‘rt yildan beri”, deganda: “To‘rt yildan buyon loaqal har yilda birtadan bo‘lg‘onda ham to‘rtta yaxshi oshno qilmog‘on ekansiz-da shunday xabarni avvaldan berar edi, toki tadoruki qilinib, imprator a’zamning 23 qahramon o‘g‘li o‘lmas edi. Buning uchun seni o‘rningdan bekor qildim”, dedi (bu hokimning nomi Kayshovskiy edi). Keyin fuqaroga qarab: “Sizlar hali osiy va gunohkorsizlar. Sizlarning non-tizingizni qabul qilib bo‘lmaydir!” dedi va bir to‘p hind va yahudiylar ham non-tuz ushlab turgan edilar, shularning oldig‘a borib, non-tuzlarini qabul qilib: “Sizlar hozirda manga sartladan ko‘ra yahshiroqsizlar” deb, askarlar tomon yurdi. Biz tuzemnoy ishkol talabalari, rus domla bilan 150 ga yaqin bolalar turgon edik; bizlarning yonimizga to‘xtab, “Sizlar yaxshi o‘qub turunglar” deb cho‘ntagidan bir so‘m pul oldi’da, domla qo‘liga berib, yong‘oq olib bo‘lub bering, o‘ynasunlar va podhoh hazratlarini duo qilsunlar”, deb askarlar oldug‘a o‘tub ketdi. Keyin xalq bechora ma’yus bo‘lub, qo‘rqub, tarqalib ketdi.
Mana shuncha kungi tayyorlig‘ va ruku’larga mukofot uchun shuncha siyosatlar qilib, Andijonning tuprog‘ini osmong‘a sovurmoq bilan xalqni qo‘rqutub, yuraklarini yordi. Munofiqlar sajdasidek, mazlum xalq va maktab bolalarining sajdalari “janob to‘raga” qabul bo‘lmadi.
BЕSARANJOMLIKLAR
Vaqtiki, xoinlar boshlig‘i Duxovskiy kelib bechora musulmonlarni o‘ziga sajda qildirib, kumush toboqlarga solib turg‘on non-tuzlariga qaramay: “Andijonning tuprog‘ini osmonga sovuraman, imprator a’zamga Andijondek bir shaharning tuprog‘ini osmonga sovurib, yo‘q qilish bilan hech nuqus bo‘lmaydir, mamlakati kamayib qolmaydir!” degan siyosatlarni qildi, buni eshitgan xalq qo‘rqib, uy ichi ro‘zg‘orlarini va bola-chaqalarini har taraf qishloqlarga qochirib, besaranjomlikda qoldi.
Istibdod amaldorlari (ellikboshidan tortib, mingboshigacha musulmon amaldorlari)ga “xudo berib”, qiladirg‘on zulm va ta’addilarig‘a zo‘r bahona topilib, shunday jabr-zulm qilishga turdilarki, aslo qalam bilan ta’birga keltirib bo‘lmaydi. Mingboshiga duchor bo‘lmag‘on hech bir fuqaro qolmadi. Hammani kechalari bir-bir chaqirib, siyosat qilib bor-yo‘g‘ini qoqib oldilar. Chunki eshong‘a qarashli odamlarni ham urub, osib, otib turg‘on vaqti edi. Hatto mahalla ellikboshilari ham mazlum fuqaroni: “Mingboshiga aytaman, ropurt qilaman!” de qo‘rqutub, o‘zlariga yarasha bir narsa olar edilar.
Istibdod asosini mahkam qilg‘unchi pristuflar va boshqa to‘ra, chinovniklar bo‘lsa, har kun eski shahar bozorig‘a tushub, savlat ko‘rsatib aylanib yurar edilar. Ko‘cha va rastalardagi xalqni o‘zlariga salom qildirmoq balosiga mubtalo edilar. Kim salom qilmasa yoki do‘kondan pastga tushub qo‘l qovushtirib turmasa, darhol ustiga borib: “…Eshon!”deb qo‘lidagi palka (tayoq) bilan boshig‘a solar edi. Mazlum xalq bu xorliq va razolatni ko‘rib: “Tavba qildim, to‘ra, man ko‘rmay qolibman” der edi; ko‘proq tavba qilib, iltijo qilg‘onida rahm qilsa, qo‘yar edi, bo‘lmasa, paliska chaqirib, turmaga – qamoqqa yuborur edilar.
HUKM KUNLARI
Eshon ushlanib, nihoyat haqorat va tahqir bilan bir qora aravaga bog‘lanib, eski shahardan o‘tgan vaqtda hamma xalqni majburiy ko‘chaga turg‘uzib qo‘ydilar. Soldat va amaldorlar aravani o‘rtag‘a olib sekin-sekin yurgizib, har joyda 5-10 minut to‘xtab: “Yikchi ehon shu odammi? Tanig‘on odamlar bo‘lsalar, aytsunlar!” deb fuqarodan so‘rar edi. Eshonni ko‘rgan har kim yerga qaraydir, eshonga qaramaydir. Chunki eshon tanib so‘rashub qolmasun deb qo‘rqadir. O‘sha yilda eshonni borib ko‘rmagan odam Andijonda kam qolg‘on edi. Balki hamma ko‘rgan desa bo‘lur edi. Zolim to‘ralardan qo‘rqub, hech kim eshonni tanimaydi. Kimni tutub, eshon shumi, desa bilmayman javobini aytadur. Ko‘p kishi tanimaymiz javobini bergandan keyin mustabid zolimlar xavfga tushub, bu kishi eshon emasmikin deb tashvish qilar edilar. Oxiri eski shahar istarshiy oqsoqolig‘a buyruq qildilarki, Yikchi eshonni taniydirg‘on odamlardan 4 kishini chaqirsun, eshonni tanib, bilib bersun, deb. Shahar oqsoqoli bu buyruqni olg‘ondan keyin, eshonni taniydirg‘on kishi bormi, deb shahardan kishi axtardi. Hech kim qo‘rqub “taniyman”demadi. Oxiri majburan to‘rt kishini olib, oqsoqolning o‘zi chiqib: “Sizlarga hech gap yo‘q, man so‘rab olaman. Sizlar “eshon shu odam” deb qo‘yarsizlar”, dedi.
Ular yangi shaharga chiqib, hukumatdor va amaldorlarning musulmonlarg‘a yomon qarag‘anidan qo‘rqub, vahm olib, inkor qilib, bizlar hech vaqt eshonni ko‘rmagan bo‘lsak nima deb bilamiz, eshonni bilgan odam bo‘lsa bo‘lur edi, deb arz qildilar. Uez hokimi: “Sizlarga hech gap yo‘q, qo‘rqmanglar, harbiy sudlarga “shu eshonning o‘zi” deb qo‘ysangizlar bo‘ladir. Basharti bu eshon boshqa odam bo‘lmasa, deb to‘rtovini turmada eshong‘a ro‘baro‘ qilg‘onda, to‘rtovi ham ravshan bilib “eshon shu kishi edi” deb qo‘ydilar. Keyin bularga javob berildi.
Bu chiqqan guvohlardan biri Mirza Mas’ud degan kishi edi. U shunday hikoyat qiladirkim: “Bizlarni mahkama oldig‘a olib borib qo‘yg‘onda, bir necha soldatlar oldimizdan o‘tib, “seniki eshon” deb tupurib ketadir. Ruslar oldimizdan o‘tsa, it qarashi qilib, xo‘mrayib, so‘kib o‘tadir. Oxir ko‘chada turolmay qo‘rqib, mahkamaning ichiga kirib o‘ltirdik. Bir oz fursat o‘tganda uyez hokimi bilan bir ancha to‘ralar chiqib, bizlarga tanbeh qildilarki: “Sizlar rost aytasizlar. Agar yolg‘ondan eshon shu desangizlar, sud qoshida gunohkor bo‘lasizlar. Rost so‘zlamog‘ingiz uhun a’lam domla qasam beradir deb oqsoqolga, darhol bitta katta a’lamni oldirib chiqing, deb buyurdi. Oqsoqol darrov shaharga odam (mirshab) yuborib, Mulla Muhammad Muso a’lamni haydab chiqdi. Keyin “a’lam keldi” deb ichkariga xabar bergani kirib ketdi. Bechora a’lamning rangi o‘chib, qaltirab, nihoyat qo‘rqub o‘ltirar edi. Man: “Qo‘rqmang, sizni bizlarga qasam bergali chaqirdi”, deb taskin berdim. Bir vaqt yana avvalgi to‘ralar chiqib, a’lamni chaqirib: “Musulmon qoidasicha bularga qattiq qasam berasiz, rost so‘zlarni aytmaklri uchun”, deb qarab turdi.
A’lam domla bizlarga tamom qasam alfozlari bilan boblab qasam berdilar. Keyin a’lamga javob berildi.
Bizlarni 5 ta to‘ralar birga boshlab turmaga olib borib edi, qarasak, turmada qadam bosarliq joy yo‘q, havoning nihoyat issiqlig‘idan turmaning ichi do‘zax bo‘lub ketibdur. Bosh-oyoqlarida zanjir bor. Qochmoq u yoqda tursun, turarg‘a majoli yo‘qlarning oyoqlarig‘a zanjir solibdirlar, bularning ichidan oralab o‘tib, bir xonaga kirib edik, Yikchi eshon bilan uch kishi o‘ltiribdir. Hammalari band, zanjir soling‘on. Xususan, eshonni nihoyat mahkam bog‘labdirlar. Oyoq, bo‘yni, qo‘li bog‘liqdir. Boshida sallasi bor, ustida malla eski to‘ni bor, yerga qarab o‘ltiribdir. Salom qilib kirib edik, yonimda turg‘on mingboshi, “salom qilma” degandek ishorat qilib, nuqub qo‘ydi. Keyin to‘ralar kirib: “Cho‘rt eshon!” dedi. Bizlarga qarab: “Eshon shumi?” deb savol qilib edi, bizlar shu dedik. Yana tuzuk ko‘ringlar, g‘alat qilmanglar, rost aytinglar!” deb, siyosat qilib edi, bizlar qo‘rqub: “Eshon shu, boshqa emas” deganimizda: “Qaysi biri, qo‘ling bilan ushlab ko‘rsat!”dedi. Hammamiz bir-bir ishorat bilan ko‘rsatdik. Keyin “yaxshi” deb chiqdilar. Eshon aslo bizga qaramadi. Yonidag‘i odamlar kim ekanini bilmadik. Hammamiz chiqib, yo‘lda kelayotib, keyin birini tanib qoldik, oldidag‘ilarning biri ko‘gartlik qirg‘iziyalar mingboshisi “Chibil” bo‘lus degan odam ekan. Lekin ulardan va eshondan bizlarning oldimizda gap so‘ralmadi”.
Muzofot gubernatori harbiy sud bilan birlikda bechora eshonni og‘ir band ostida uyez mahkamasiga olib kirib, tergov qilg‘onida mahkamada mirzoboshiliq qilguchi Mulla Ismoil quloq solib o‘lturg‘on va eshon osilg‘ondan so‘ng shunday hikoya qiladir: “Eshonning tutulg‘onidan taxminan 9 kun keyin, eshong‘a qarashli 15 kishini osib o‘ldirgandan so‘ng, eshonning o‘zini uyez mahkamasiga bir to‘p soldatlar haydab keldi. Eshonda yurmoqqa ham majol qolmag‘on, oyog‘i va qo‘lig‘a zanjir, band solingan edi. Farg‘ona gubernatori Chaykovskiy mundan boshqa harbiy sud a’zolaridan besh kishi va bir qancha askariya to‘ralari hozir edilar. Eshonni ichkariga olib kirib, o‘rtaga o‘ltirg‘izdilar.
Gubernator quyidagicha savol qildi:
— San eshon imprator a’zamning butun jahonda eng katta va qadrli ham dushmanlariga zafarlik bir podshoh ekanini bilib turib, nima uchun bunday yomon qasdga kirishding?!
— …
(Eshon indamay yerga qarab o‘ltiradir).
Gubernator:
— So‘zla! Javob ayt! O‘zungcha bu fe’lga kirishdingmi yoki sani odamlar zo‘rlab isyon qildirdimi?!
(Eshon so‘zlamaydir, yerga qarab javob bermay o‘ltiradir).
Sudlar tarjimong‘a: “Siz ayting! So‘zlasun, bo‘lmasa majburiy so‘zlatamiz”, deganda, tarjimon tahdid, siyosat qilib: “Gapga javob bergil” deb, bir qancha dashnom qildi. Oxirida: “Man nima dedim? Fahmladingmi?!” deganda, eshon yo‘q degan javobni sokingina aytdi. Gubernator uyez hokimiga qarab: “Boshqa tarjimon chaqiring!” dedi. Chunki tarjimon Qafqasiya musulmonlaridan Og‘a Bekov degan bo‘lib, so‘zi o‘zbekchadan boshqacharoq bo‘lgani uchun “eshon fahmlamadi” deb o‘yladi. Unda uyez mahkamasining adabiy tarjimoni Eshmuhammad to‘ra Toshmuhamadov deganni chaqirib, harbiy sud raisi buyurdiki: “Eshong‘a ayting, bo‘lg‘on hodisani so‘zlab bersun, kimlar eshonni shu yomon harakatga dalolat va targ‘ib qildi?”
Bu so‘zlarni eshong‘a qarab tarjima qildi.
Eshon, o‘zum qildim, deb javob berdi.
Rais: — O‘zing bu xayolni avvaldan o‘ylar edingmi yoki yaqinda ko‘nglingga tushdimi?
Eshon: — O‘zim har yili shu oylarda bir martaba 5-10 kun o‘zumni bilmay qolar edim. Bu yil ham qilg‘on ishimni bilmayman.
Rais: — San bilan kimlar birga edi: amaldor, mingbohi yoki yurtboshi kattalaridan ham ishtirok qildilarmi?
E: — Yo‘q.
R: — Eski shahar fuqarolaridan hech kim birga edimi?
E: — (Javob bo‘lmadi).
R: — Javob ber!
E: — (Javob yo‘q, sukut qiladir).
R: — Oq podshohni va uning amaldor, hokim, pristuflarni do‘st tutar edingmi yoki dushman tutar edingmi?
E: — Ko‘gart tarafidagi mujiklar bechora fuqaroni ko‘b xor qilib, urub, yer-suvlarini tortib olg‘onlari uchun xafa bo‘lub, dushman tutar edim.
R: — Mujiklarnin zulm qilg‘onini o‘zing ko‘rganmisan yoki odamlar kelib aytdimi?
Eshon sukut qilib javob bermadi.
Raisning atrofida ellikka yaqin soldatlar turg‘on edi. Ularga qarab: “Ur!” deb buyurdi. To‘rttasi yugurib kelib qo‘lidag‘i miltiqning qo‘ndog‘i bilan 20-30 ni soldilar. Eshon o‘ltirg‘on kursidan yiqildi. Yana turg‘izib qo‘yub: “So‘zla, mujiklarning zulmini sanga kim xabar qilg‘on!”- deb, savol qilg‘onda, eshon:
-Alhamdulillo, alhamdulillo! – deb qo‘ydi.
Sud: “Nima deydir?” deb tarjimondan savol qilg‘onida, Toshmato‘f, xudog‘a shukr qiladir, dedi. Sud raisi yana ikki soldatg‘a: “Kaltaklardan olib kel”, deb buyurdi. Soldat yugurib chiqib, bir quchoq kaltak olib keldi. Eshonni yotqizib kaltakladilar. Eshon hech ovoz chiqarmay behush bo‘lib qolg‘ondan keyin sudrab, tashqari olib, aravaga ko‘tarib tashladilar. Aravaga to‘rtta soldat chiqib, eshonning ustiga o‘ltirib, to‘g‘ri turmaga olib ketdilar va turma nachal’nigidan xat olib kelib, sud a’zolariga topshirdilar. Eshon bilan birga keltirilgan Chibil bo‘lus bilan yana ikki kishi eshong‘a bo‘lg‘on-hodisalardan qo‘rqub o‘ltirar edilar. Lokin Chibil bo‘lusning rangidan qo‘rquv asari bilinmas edi. Navbat bularga kelib, birinchi navbatda Chibil bo‘lusdan savol qilindi:
Sud raisi:
— Saning isming nima, qaysi joydansan?
Ch: — Man Ko‘gart tobe’idan, nomim Chibildir.
Ra: — Necha yoshga kirding?
Ch: — Ellik yoshga kirdim.
Ra: — Necha tanob yering bor?
Ch: — Biz qirg‘ilarda yer bo‘lmaydir. Bizlarda ot, mol, qo‘y, echki bo‘ladir. Biz tirikchiligimizni moldan qilamiz.
Ra: — Qo‘y, mol va otlaring qancha?
Ch: — Ming bes yuzga yaqin qo‘y, echki bilan ikki yuzga yaqin ot, mol bor.
Ra: — Bu mollar otangdan qolganmi yoki o‘zing topganmisan?
Ch: — Bu mollarning hammasini o‘zim topganman. Otamdan qolg‘an narsalarning hammasi yosh vaqtimda yo‘q bo‘lub ketgan edi.
Ra: — Podshohi a’zamning ulug‘ligini va askarlarining ko‘bligini bilarmi eding?
Ch: — Bilar edim.
Ra: — Shunday bo‘lsa, nimaga Yikchi eshon bilan qo‘shulub munday beadablik va podshohi a’zamga zo‘r xiyonat qilding?
Ch: — Haqiqat qilib ko‘ring! Man eshonga qo‘shulub shaharga kelgan emasman. Eshon shaharga kirgan kuni man Ko‘gartda edim. Ko‘gart ellaridan so‘ralsun.
Ra: — Eshonning sunday harakat qilishidan xabaring bor edimi?
Ch: — Ozroq xabarim bor edi. Lekin shaharga soldalar ustiga yurishidan xabarim yo‘q edi. Posolkalardagi mujiklar tog‘kardag‘i qirg‘izlarni ko‘b siqib, yerlarini, ot-mollarini tortib olg‘onidan ehonning muridlari ko‘b joyg‘a arz qilg‘onlarida so‘ramay ovora qilg‘oni uhun aksar qirg‘izlar yig‘ilib, posolkalarga hujum qilmoqqa ehondan ijozat olishg‘a borg‘anlarida, eshon ularni man’ qilib: “Yanagi yilgaha sabr qilinglar! Yanagi yilgacha ko‘payib, insholloh, mujiklar ustiga g‘azot qilamiz”, degan, deb eshitib edim. Mundan bir oy o‘tgandan so‘ng eshonning chaqirishi bilan Mingtepaga bordim. Eshon bilan ko‘rushub, dasturxon o‘tgandan so‘ng, mani xos hujraiga olib kirib, g‘azot qilish maslahatini qildi. Man qo‘limdan kelganha man’ qildim. Oxiri eshon: “Yanagi yilgacha sabr qilamiz” deganda, man bir yilgacha kim bor – kim yo‘q, albatta, bu xayol eshonning dilidan chiqib ketsa ajab emas, deb o‘yladim. Lekin shaharga kirishni aytgan emas, “atrofdagi mujiklar ustiga yuramiz”, degan edi.
Ra: — Sanga muncha maslahatni bir yil avval aytgan bo‘lsa, san nima uchun kelib uyez hokimiga xabar qilmading?
Ch: -Ko‘gart bozoridag‘i Nikol’skiy posolkasning istarshinasi Nikolay degan o‘rusga: “Mujiklaringni sal bosib qo‘ygil, qirg‘izlarg‘a ko‘b zulm qilg‘onidan ular to‘yib yuribdir. Yikchi eshong‘a xabar qilg‘on ekanlar, u nasihat qilib, bosib qo‘yibdur. Bo‘lmasa, yig‘ilib hammalari hujum qilmoqchi ham bo‘lg‘on ekanlar” deb aytib edim.
Ra: — Mujiklarga aytguncha nima uchun kelib shahar hokimiga aytmading!
Ch: — Man o‘sha Nikolay borib aytgan bo‘lsa kerak, deb gumon qildim-da, aytmadim.
Ra: — Sanga eshon bu kundan 15 kun avval nima xat qilg‘on edi?
Ch: — “Bizga qarashli burodarlarni chahorshanba kuni xabar qilib, Mingtepadagi honaqohga yuboring, korxayr ishimiz bor. Marhamat qilib o‘zingiz ham bir kelsangiz, ziyoda xursand bo‘lur edik”, deb xat qilg‘on edi, man bu xatni eshonning Ko‘gartdagi Qosim degan xalifasig‘a yuborg‘on edim. O‘zim borolg‘anim yo‘q. Biror haftadan keyin shunday hodisa bo‘lub qoldi. Hammamiz bexabar qoldik.
Ra: — San odamlarni to‘plab yuborib, o‘zing “yana qolg‘on odamlarni to‘plab turarman, eshon bu tarafga yursunlar” deb xat qilgan ekansan. Bu xatda: “Avval atrofdagi mujiklarni bosib, keyin shaharga hujum qilamiz” degan ekansan. Bu xatni kim yoz’on edi?
Ch: -Bunday xat qilg‘on emasmn, yolg‘on…
Rais sarkotibga “o‘sha xatni ol” deb buyurganda, sarkotib ish ichidan olib, rais qo‘lig‘a berdi. Rais olib Chibilga ko‘rsatib, “shu xatni taniysanmi” deganda, Chibil hech nima deyolmadi, homush bo‘lib qoldi.
Eshon “huruj” qiladirg‘on kuni Chibilg‘a qilg‘on xatinin orqasig‘a Chibil sud raisi aytgan gap mazmunini yozib, Yikchi eshong‘a shitoblik sur’atda yuborg‘on ekan, eshon xatning javobi kelgancha turmay, shoshib shaharga jo‘nab ketgandan keyin borib, honaqohda qolg‘on ekan.
so‘zidan adashib sud raisi yana ko‘b gaplarni so‘rag‘onda hech javob bera olmay, avvalgi ahvolidan boshqa va umidi uzilgannamo bo‘lub, hayratda qoldi. Mundan eshon bilan maslahatda bir ekani ma’lum bo‘lub, sud raisi shu majlisda uni yotqizib urmoqqa buyurdi. Oltita soldatlar bir ko‘tarim kaltakni olib kelib, Chibilni yotqizib, chunon kaltakladilarki, orqasining tamom go‘shtlari desa bo‘lurluq uzulib ketdi. Oxiri “dod” demakka majoli qolmay, behush bo‘lib, o‘lik suratida yiqilib qoldi.
Buni ko‘rib turg‘on sheriklari ham kamoli qo‘rquvdan hushlaridan ketib, yotib qoldilar. Chibilni bir tarafga tashlab qo‘yub, bu ikki behoralardan so‘z so‘ramoq uhun harchand bedor qilsalar bo‘lmadi.
Oxiri boshig‘a etiklarining poshnasi bilan tepdilar, yana hech imkoni bo‘lmadi va shom vaqti bo‘lub, qorong‘i tushub qolg‘oni uchun bularnng uchalalarini aravaga sudrab solib, turmaga yubordilar.
Bularni jo‘natib, “sud yopildi” deb e’lon qilg‘ondan so‘ng, bir-birlarig‘a o‘z qilg‘on zulmlari borasida izhori xursandlik qilib kulub, hukmni kechasi soat o‘nda qilamiz, deb tarqaldilar.
O‘LUM JAZOSI
1898 yil 13 javzoda harbiy sud, Farg‘ona gubernatori boshliq, erta bilan soat sakkizdan kecha soat sakkigaha uch ma’yubni kaltaklab, behush qilib jo‘nab ketib, kechasi soat o‘nda yana uyez mahkamasiga yig‘ildi. Har qaysi to‘ra bir-birovi bilan ko‘rishar-da “voy dod, voy dod“ deb kaltak yegan bechoralarni masxara qilib kulishar edi. O‘lturub, protokollarni o‘qub, daf’atan eshong‘a qo‘shib Chibil bo‘lusning va yana to‘rt sudda haqiqat qilmag‘on odamlarning nomini aytib, olti kishini erta soat o‘n birda osib o‘ldirmakka hukm qildilar.
Hukmdan so‘ng hammalri o‘rnilaridan turib “chas” berib, birmunha gaplarni aytib o‘ltirdilar.
Keyin musulmon mirzoni chaqirib, tarjimon vositasi bilan “erta bilan soat sakkizga umumiy fuqarolar hozir bo‘lsunlar. Qo‘rg‘on tagida Yikchi eshon osiladir. Ibrat uchun ko‘rishlari majburiy” deb,
Eski shahar oqsoqolig‘a zarur buyruq yozishg‘a buyurdi. Mirzo Ismoil buyruqni yozib turg‘on vaqtda sud a’zolaridan biri yugurib chiqib, tamom maktabdorlar hamma shogird bolalar bilan chiqishlari “majburiy” deb yozing, deb buyurdi. Ikkinchi chiqib: “Nima kerak, mayda bolalarning zarurligi yo‘q” deb, munozara qilib qoldi. Javobig‘a: “Yosh bolalar katta odamlardan keyin qoladurg‘on odamlar bo‘ladirg‘oni uchun, uzun umr ko‘rub, ko‘b yillar Rusiya podshohinin siyosatini aytib yuradirlar”, deganida hammalariga ma’qul tushub: “Bunday bo‘lsa, ikkinchi yana alohida buyruq qilinsun. Tamom maktab bolalarini ham domlalari olib chiqsunlar! deganda mirzo ikkinchi martaba qattiq va majburiy buyruq qildi, bu buyruqni mirshablardan oqsoqolga yuborildi. Oqsoqol kechalab mishablarni butun shahar ichida chopdirib yurib, mahalla ellikboshisi vositasi bilan hech kimni uxlatmay, tong otg‘anga tamom shahardagi muallim, imomlardan tilxat qildirib oldi.
Shaharning katta oqsoqoli Qodirqul mingboshining zarbi va siyosati nihoyat qattiq va berahm bo‘g‘oni shahar fuqarolarig‘a ma’ruf va mashhur edi. Imomlar sahar soat besh-oltida turub, mahallalaridagi qavumlarig‘a xabar qildilar. Maktabdorlar bo‘lsa, tamom shogirdlariga xabar berib, erta bilan soat sakkizda hamma fuqarolar va shogirdlar katta oqoqol hovlisining oldida hozir bo‘ldilar. Imom va muallimlar qo‘rqub, titrar edilar”. Oqsoqol bir imomning ro‘barasig‘a kelib: “Necha qavmingiz bilan keldingiz?” deb savol qilib edi, “taxminan 35-40 tacha kishi bilan keldik” dedi. Bundan keyin: “Qavmingiz necha uylik?” berilgan savoliga sukut qildi. Mahalla boshlig‘i : “Taqsir, qirq uylikmiz”, deb javob berib edi, og‘ziga kelgan haqorat bilan dashnom berib: “Qirq uylik bo‘lsang, 35 kishi keladimi? Nima uchun hamma qavmni boshlab kelmading!” deb yonida bo‘lg‘on mitshabga: “Ur!” deb buyurdi. Mirshab qamchi bilan urub turubdur, bechora mahalla boshlig‘i boshini yengi bilan to‘sub:
— Taqsir, tavba qildim, boshqalari qishloqqa va har tarafga ketgan ekanlar, topmadiq, — deb ovoz qildi.
Oqsoqol yurtga siyosat o‘tkazish uchun “ur” dardiga giriftor bo‘lg‘on va kim bo‘lsa bo‘lsun, ro‘bara kelsa urdirmay qo‘ymas edi. Oxirida, bu “ur, ur” dardining kasofati bilan bir do‘kondor armanining boyini urdirib qo‘ydi. Bu armani boy nafsoniyat qilib, sarmoyadorlar tarafdori bo‘lg‘on hokim gubernatorlarg‘a arz qilib, sudga berib, oxiri istibdod uchun qilg‘on shuncha xizmati mukofotiga, nihoyat xorliq bilan o‘rnidan bekor bo‘ldi va Qo‘qon qishloqqa borib, amal hasratidan betob bo‘lub, oxiri Majnundek bo‘lub, o‘zini’-o‘zi jarohat qilib o‘ldi. Mustabid hukumati bizga eshon hodisasida ko‘b xizmat qilg‘on edi, deb rioya qilmadi. Sarmoyador boy armanining kapital quvvati uni yiqitib qo‘ydi.
Endi maqsadga kelaylik: soat sakkiz bo‘lg‘anda, hammani qator-qator qilib, maktab bolalarini oldig‘a solib, yangi shaharga taxminan 8000 kishi bo‘lsa, 2000 mayda maktab bolalarinini olib chiqib, Tuproq qo‘rg‘on oldida, adirning tagiga qon isi keladirgan va tikib, sozlab qo‘yilg‘on dorlarning atrofiga odamlarni aylantirib qo‘ydi. Hokim chiqib, fuqaroning ko‘bligini ko‘rib, katta oqsoqolga “rahmat” deb, yosh bolalarni ham dorning bir tarafiga qator qilib qo‘ymoqqa buyurdi. Bir tarafdan joy bo‘shatib turg‘an holda bir kishi: “Yosh bolalar qo‘rqarmi kan? Odamlar orqasig‘a qo‘ysaq, qalay bo‘lar ekan?” deb mingboshiga aytgan edi. U borib hokimga aytgan ekan, “Qo‘rqqani yaxshiroq. Esidan chiqmaydir. Dorg‘a yaqin qo‘yulsun”, deb buyurubdur. Mingboshi kelib, dorning qibla tarafidan odamlarni haydab yuborib, hamma maktab bolalarini qator qilib qo‘ydi.
Bir vaqt soat o‘nga yaqin ediki, bir to‘p, zanjir bilan qo‘l-oyo‘g‘i bog‘langan olti kishini o‘rtaga olib, o‘lan aytishib keldi va dor tegiga keltirib, qator-qator qildi. Bularning oldig‘a to‘rt tabl (nog‘ora) osgan soldatlarni qo‘ydi.
Ularning ichida eshonni ikki soldat etaklab, yig‘inning atrofini aylantirib, “Eshon shu odammi?” deb so‘rab yurdi. Hech kim “shu kishi eshon emas, yoki eshon” deb aytmadi. Aytsa, “San ham borg‘an ekansan, yoki bilar ekansan”, deb meni ham ushlab qoladilar”, deb har kim vahimada edi. Ammo to‘ralar bo‘lsa to‘rt-besh kishini tanitmoq hayolida edilar. Xalqdan ovoz chiqmaganidan g‘azablanib, bir kattakoni oxiri qattiq ovoz bilan; “Albatta hammalaring bilasizlar, bovujud aytmaysizlar, isyon qilmoqda ham sizlar bilgansizlar. Agarda hech kim tanimasa, shu yig‘indagi butun xalqni pulemyotga tutamiz. Biror jon qolmaydir”, -deb siyosat qilib edi, har tarafdan odamlar o‘zini ko‘rsatmay turib “Shu kishi eshon!” deb qichqirishdilar. To‘ralar u yoq-bu yoqqa qarab, ovoz qilg‘uvchilarni topolmas edilar. Shuning uchun yana: “To‘rt-besh kishi yig‘inda ajrab chiqib, odamlarga qarab “Eshon shu odam” deb ko‘rsatsun” ,- deganda hech kim jur’at qilib chiqolmay, yana har tarafdan, odamlar orqasidan boshini past qilib turib “Eshon shu odam, eshon shu” deb ovoz chiqarishdilar. Zolim to‘ralar bundan o‘z siyosatlari haddu kamoliga yetganini bilib, bir-birlariga qarab kular edilar. Xalq bo‘lsa, dor tagida mung‘ayib, bo‘ynini qisib, yig‘lab turganlarini ko‘rib, toqat qilolmay, sekin-sekin yig‘lar edi. Shu vaqt ediki, yig‘in tashqarisida voy-voylab dod-faryod bo‘lib ketdi. Qarasak, osiladirg‘on odamlarning bola-chaqalari, xotin-qiz, ushoq bolalari ekan. Xotinlar “tul bo‘ldiq!” deb, bolalar bo‘lsa, “yetim bo‘ldiq!” deb faryod qilar edilar. Bu holni ko‘rgan xalqning ko‘ngli yana buzilib, xoinlardan qo‘rqub, o‘zlarini yig‘idan to‘xtatar edilar.
Qatorda turg‘on bir kishining yuzini to‘sub yig‘lab turg‘onini gubernator ko‘rib qoldi, qo‘lidan ushlab o‘rtaroqqa tortib: “Nima uchun yig‘laysan, eshonga qarindoshmisan?” degan savolni so‘rag‘anda bechoraning rangi o‘chib, boshig‘a o‘lim vahmi tushub, kamol qo‘rqqanidan titrab-titrab turib “Koshki podshohi a’zam impratur muazzamga osiy bo‘lmasalar edi, tinch tursalar edi, podshohi a’zamning munday qattiq azobiga uchramas edilar. Bola-chaqalari yetim bo‘lmay, podshoh hazratlarining davlatlarida kun ko‘rar edilar. podshoh a’zamning o‘lgan soldatlariga yig‘layman!”-dedi.
Bir qancha xotinlar va bolalar qaqshab, shovqun solib yig‘laganlarida, nog‘oralari bilan turgan soldatlar birdan nog‘ora chalib yubordilar. Bu holni ko‘rgan mazlumlar dardu huzun bilan yig‘lay boshladilar. Hammaning ko‘zi yosh bilan to‘ldi. Tashqarida turg‘an gubernator dod-faryod qilg‘uvchilarni qamab qo‘ymoqqa buyurdi. Darhol besh-o‘n soldat chiqib, bularni urib turib, turmaga olib kirdilar. Va eshonning avlodiga qo‘shib qo‘ydilar (Eshonning avlodi tamom ushlanib, asr qilinib qamalg‘an edi). Bularning qamalg‘anini ko‘rgandan keyin hech kim yig‘in chiqarmay turdi.
Bu holda bir mutakkabir to‘ra dor tagiga kelib, cho‘ntagidan bir taxta qog‘oz olib, baland ovoz bilan o‘qidi. Tarjimon shunday tarjima qildi.
O‘LUM FARMONI
“Ulug‘ adolatli va qattiq qahrli podshohi a’zamning soyai davlatida turib yashag‘uvchi fuqarolar xiyonat qilib, isyon chiqarishda ulug‘ imperator a’zamning dushmanlariga g‘alaba qilishga qodir bo‘lmaslig‘idan andisha qilmay, Mingtepa qishlog‘ida turg‘uvchi Muhammad Ali eshon o‘ziga qarashli bir qancha odam bilan podshoh hazratlariga osiy bo‘lib tig‘ ko‘tarib, Andijon kazarmasiga hujum qilib, 23ta qahramon askarni shahid qildi.
Binobarin, bu isyonchi eshonni o‘ziga qarashli odamlariva muridlari bilan hukumatdorlar tomonidan ushlanib, harbiy sud orqali haqiqat qilganida, ayblarini iqror qilib, o‘z bo‘yinlarig‘a oldilar. Binobarin, harbiy sud eshonni va uning muridlari bo‘lg‘an ushbu besh kishini osib o‘ldirmakka hukm qildi. Hozirda bu o‘lim jazosi boshqalarg‘a ibrat bo‘lsun uchun ijro qilinur”.
Muni eshitgan qo‘l-oyog‘i zanjir bilan bog‘langan mazlumlarning boshidan hushi uchdi, hech qayusida shuur va aql qolmag‘an edi. Bir qirg‘iz bechora atrofdag‘i odamlarg‘a aylanib shoshilish bilan qaray berdi. Bu kishining ko‘b qarag‘anidan bir aytadurg‘on so‘zi bo‘lsa kerak yoki avlodiga etkazadigan bir vasiyati bo‘lsamikan, deb gumon qilar ediq. Lekin bu bechora qaysi tarafga qarasa, o‘sha tarafdagi odamlar yuzlarini berkitar va engashib yerga qarab turar edilar. Bechora mazlum ko‘b jovdirab qaradi. Noiloj mustabid xoinlarga qarab birdan: “Ey ulug‘lar!” degan edi, soldatlar bodratib nog‘ora chalib yubordi. Bechora to‘xtab qoldi. Nog‘ora to‘xtagan hamon yana, “Ey xaloyiq! Guvoh bo‘linglar! Man…” degan hamon yana nog‘ora urib yubordi.
Nog‘ora to‘xtagan zamon yana baland ovoz bilan: “Man nohaq osilib ketayotibman, bu gaplardan hech xabarim yo‘q edi, sizlar guvoh bo‘linglar!..” deb qichqirdi. Yana nog‘ora chalinib, gapi xalqa eshittirilmadi. Nog‘ora chalingan vaqtda og‘zi ko‘p qimirlab so‘zladi. Lokin eshitib bo‘lmadi. Bechora noumid bo‘lub, Sa’diyning: “Har qachon odam noumid bo‘lsa, ya’ni umidi uzulsa, tili uzayadir, mag‘lub bo‘lgan mishikdek itga hamla qiladir”, degan so‘ziga muvofiq o‘zidan umidini uzub, nog‘ora chalib turgan soldatga qarab: “Ey badbaxt kofir! To‘xtat-e! Qilar ishingni qilasan. Man so‘zumni musulmonlarg‘a aytib qolay”, deb nihoyat jur’at bilan haqorat qildi. Zolimlar unga quloq solmay, yana nog‘orasini chalib yubordi. Chibil bo‘lus ham: “Hoy, gubernator, hoy, hokim to‘ra, ikki og‘iz arzim bor!” deb edi, bunga ham hech quloq solmadi.
Shu holda ikkitasi yiqilib, behush bo‘lib qoldi. Harchand soldatlar kelib ko‘tarib tikka qildi, turmoqqa qodir bo‘lolmadilar. Bu bechoralar hushlariga kelgancha bir oz to‘xtab turdilar. Eshon bo‘lsa hamma vaqt yerga qarab turar edi. Bir og‘iz so‘z aytgani yo‘q va aytgani ham harakat qilmadi. Bu o‘rtada gubernator hokimni chaqirib, bir so‘z so‘radi. Hokim kelib, eski shahar katta oqsoqolini chaqirib, bir narsa deb qo‘ydi. Katta oqsoqol chetga borib, o‘sha yerda bo‘lgan o‘z mirzosidan “Rivoyat nima bo‘ldi?”- deb so‘radi. Mirzosi: “Bitmagan ekan, chala ekan, bugun kechasi bitar ekan”,- deb javob berdi. Mingboshi hokimga: “Hozir odam yuboraymi, olib chiqsun?”- deb edi, gubernator “fursat yo‘q” deb qabul ko‘rmadi. Binobarin, rivoyatga odam yuborilmadi.
KAFAN KIYDIRISH
Eshonni dorning tagiga olib kelib, oyog‘idagi temir kishanni ochamiz deb urindilar, iloj bo‘lmadi, shekilli, bolg‘a bilan urub sindirdilar va boshqa rafiqlarining kishanlarini ham urib sindirildi. Kishanlarni chetga tashlab, bir shakar qopchani ochib, ichidan xom surpdan qilingan 6 ta xaltani olib tashladi. Uez hokimi shu holda katta oqsoqolni chaqirib: “Bir a’lam toping, bularga iymon o‘qutsun!”- deganda, Fahriddin qozini chaqirib, dor tegiga olib bordi. Qozi birinchi eshonga, ikkinchi Chibil bo‘lukga va boshqalariga bir-bir iymon o‘qutdi. Hushidan ketgan ikkitasi ham sahal hushiga kelgan edi, bularga ham iymon o‘qutdi. Bular o‘qishga qodir bo‘ldilarmi, yo‘qmi, ma’lum bo‘lmadi. Hosili, qozi tez-tez bit narsalarni aytib, dor tegidan qochmoq fikrida edi. Bu vaqtda Chibil bo‘lus o‘zini rostlab, dadillik va baland ovoz bilan: “O‘ musulmonlar! Guvoh bo‘lunglar, man nohaq ketayotibman. Manga bu hokimlar zulm qildilar…” deb so‘zlab turib edi, hokim kelib: “Bas, bas!” dedi. Unga quloq solmay yana so‘zlab turib edi, ikki soldat kelib miltiqning qo‘ndog‘i bilan 4-5 urdi, shundan keyin indamay qoldi. Bu holda biri kelib dorning arg‘amchilarini tushurib, sirtmoqlarini ochib, tuzatib qo‘ydi. Keyin ikki soldat yerda turgan xaltalarni yerdan barobar ko‘tarib, olib kelib, qator turgan bandi asirlar bo‘shig‘a kiyim-boshlari ustidan kiydirib qo‘ydi. Bechoralarning oq xaltalar ichida nima holga tushgani bizga ma’lum emas, yolg‘iz oyoqlarigina ko‘rinar edi. Daf’atan ikki soldat eshonni dor tegiga olib kelgan mahal boshqa sheriklarini ham etaklab ketib turgan holda ikkisi yana behush bo‘lib yiqildi. Bularni sudrab, dor tegiga ketirib, uning ostig‘a qo‘yil’g‘an ikki pog‘onalik kursiga “chiq, chiq” deb eshonni chiqardi. Shu holda kafan ichida bir o‘zi qadam qo‘yib chiqdi va baland ovoz bilan: “Ey musulmon birodarlar, guvoh bo‘linglar, man nohaq tuhmat bilan ketib turubman. Bola-chaqalarim, mayda-chuyda, ko‘p edi. Bu hokim va to‘ralar yaxshi adolat qilmadi. To‘g‘ri haqiqat qilmadi. Duo qilinglar, shu zolimlarni…” degan vaqtda bir to‘raning ishorati bilan birdan sirtmoqlarni solib, kursilarni tepib yubordilar.
Bu olti kishidan ikkitasi bir-ikki buralib, oyog‘ini urub qimirlamay qoldi.Boshqalari firillab aylanib, buralib, ikki tomon dorning yog‘ochiga urilib, nihoyat qiynalib, ko‘b ovora bo‘ldilar. Buni ko‘rib turg‘an yosh bolalarning ko‘blari qo‘rqib: “dod, ota, ona!” deb yig‘lab yubordilar. 4-5tasining hushi ketib qoldi va yiqildi. Bolalar turg‘an taraf to‘polon bo‘lib ketdi. Askar bolalar qochib chiqib ketdilar. Odamlar bo‘lsa: “Qo‘rqdi, qo‘rqdi! Bolalarni orqaga olinglar, yuziga suv sepinglar!” deb to‘palon qilib yubordilar. Hushidan ketgn bolalarni darhol tashqariga chiqarib, odamlar boshlarini uqalab, mashaqqat bilan hushiga keltirdilar.
Shu to‘palon bilan yosh bolalar ahvolig‘a ovora bo‘lub turib, osilg‘an bechoralardan g‘ofil bo‘limiz. Keyin qimirlamay turib qolibdilar.
Keyin do‘xtur kelib, kursini qo‘yub, hamma osilib turg‘anlar qornig‘a bir-bir quloq solib imtihon qilib, jon chiqan-chiqmag‘anidan xabardor bo‘lib oltovini ko‘rib, yarim soatga yaqin fursatda xat yozib, gubernatorga topshirdi.
Bu xatni gubernator o‘qub ko‘rub, dor atrofida turg‘an xalqni chaqirib “yaqin kelinglar”, deb, hammani yaqin keltirgandan keyin, “Bolalar qani, bolalarni ham chaqiring”, deb buyuri. Bolalrdan bir qancha qo‘rqub, behush bo‘lub, yuragi chiqqanlarini uch aravaga solib, eski shaharg‘a tushurub yuborg‘an edilar. Boshqalari ham piyoda shaharga tishib ketgan edilar. Bu xabarni aytganda katta oqsoqol qancha haqorat qilib, xafa qildi va kimning ijozati bilan javob berding, deb siyosatlar qildi.
Adovatga mundan zo‘r va ravshan dalil bo‘larmikan, yosh bolalarning o‘likdan qo‘rqishi ma’lum gap. Ayniqsa, bunday dahshatli kunda hammaning qo‘rqib turg‘anlig‘i bir taraf bo‘lsa, onqadarkim, bolalarning qo‘rqishi yana ko‘brakdir. Bu ahvolni istibdodchilar bilmadi deysimi?
TAHDID (QO‘RQITISH)
Farg‘ona muzofotining eski mustabid xoinlaridan bo‘lg‘an gubernatori Chaykovskiy hamma fuqarolarni eshon osilib turg‘an dorning tegiga to‘pladi va takabburlik bilan turub, bir tarafdagi tamom soldatlarning miltig‘ini o‘qtalib, musulmonlarga qarshi tayyor qilib qo‘yib, shu taklifni qildi: “Musulmonlar! Sizlar ko‘zlaringizni ochinglar! Sizlarning podshohi a’zam qoshida ayb va gunohlaringiz ko‘bdir. Ichingizdagi eshonga qo‘shilib isyon qilg‘uvchilar bo‘lsa tamom tutib ko‘rsatib berasizlar. Ularni bola-chaqalari bilan Farg‘onadan urug‘larini qurutub, xonumonlari musodara qilinib, imoratlari to‘pga tutilib, yer bilan yakson qilinadir. Chokandagi avg‘on bog‘da ziroatchi (ag‘ronom) to‘rani o‘ldirib, tug‘larini qonlatib ketganlari uchun shu avg‘on bog‘ atrofida bo‘lgan mahallalardagi katta-kichik musulmonlarning qonlari bilan podshohi a’zam askarlari miltiqlarini qonlamasalar, yuraklari sovumaydi. Albatta, bu ish bo‘laditg‘on balki hukm qiling‘on bit ishdir. Chokandliklar o‘zlarining gunohlarini bizlardan so‘ramoqchi bo‘lsalar, eshong‘a bordi-keldi qilg‘onlarni o‘zaro ko‘rsatib berib, o‘z ichlarini eshonchilardan toza qilishlari kerakdir. Shundagina gunohlari afu qilinib, o‘z jonlarini salomat olib qoladilar. Lokin joylari va mulklari podshoh hazratlarining o‘lgan soldatlarining bola-chaqalari foydasig‘a olinadir. Siz, musulmonlar, beparvolik qilmay, o‘zlaringiz isyonchilarni bir hafta ichida topib berib, tamom qilib, op’z e’tiqod va ixloslaringizni bildirasiz!
Mana, podshohi a’zamning siyosatini ko‘rib turubsizlar. Qahramon askarlarini ham ko‘z oldingizda ko‘rmakda va qahrlik siyosatini bir oz tanimoqdasizlar. Butun yer yuzining impraturlarini o‘z kattaligi bilan larzaga solg‘an oq podshohga birgin Farg‘onadagi xalqning ig‘tishosi va isyoni bilan hech futur kelmaydir. Balki o‘zlaringizning yer yuzidan yo‘q bo‘lib ketishlaingizga sabab bo‘lasizlar. Mana, isyonning natijasini ko‘rib turubsizlar, yana ham ko‘rasizlar. Podshoh hazratining qahr va g‘azabiga giriftor bo‘lmoqqa sabab bo‘ladirg‘on fe’l va harakatdan minba’d saqlanishlaringiz kerak .
Shundan keyin “Siz fuqarog‘a javob”,- deb ijozat berdi. Hamma bezillab turg‘an edi, birdan chuvillab jo‘nay berdilar.
Dorni tikar vaqtida dorlarning tegiga odam bo‘yidan pastroq chuqurlar qazilib, ustiga bo‘yra yopilib qo‘yilg‘an ekan. Bir to‘p soldatlar kelib, qo‘llaridagi shoflari bilan arg‘amchilarni kesib yubordilar. Hammalari yerga cho‘zulub tushdilar. Keyin bir arava ohak keltirib, olti kishini ikki chuqurga tashlab, ustidan ohak tashladilar. Har tarafdan tuproqlarni tortib, biror gaz tuproq tushgandan yana ohak solib, hosili tuproqni ohak bilan aralash qilib, qattiq tepib ko‘mdilar.
Janoza kabi rasm ul tarafda tursun, ko‘mishda musulmon kishi ham ishtirok qilgani yo‘q; yozib bo‘lmaydig‘an xorliq va mazlumiyat bilan ko‘mildilar. Ko‘milgandan keyin tepasiga hamma vaqt navbatchi soldatlar qo‘yulib, qarab turar edilar va eshonning va boshqa rafiqlarning avlodlari va qavm-qarindoshlari kelib, jasadlarini olib ketish ehtimolidan saqlar edilar.
Osilganlarni ko‘rgan bolalar uylarida necha kun betob bo‘lub, kechalari cho‘chub uyg‘onib, uyqularida shovqun solub, turub ketib, necha kunlargacha ota-onalari uxlamay, bolalaridan qo‘rqub, asrab chiqar edilar. Bu qo‘rquv natijasida necha bolalar halok bo‘ldilar. Xususan, kaminaning qo‘shnim shahrixonliq bir kosib odam edi. O‘n bir yashar Abdullatif degan o‘g‘lini maktabga berib, o‘qutib yurg‘an edi. Shu hodisada bu bola ham qo‘rqqan ekan. Uyiga kelib, necha kunlar cho‘chib uxlay olmay, ozib ketib, o‘lib qoldi.
Shahar ichida yolg‘iz bu bechora bo‘lmay, balki o‘qub turg‘an bolalardan ko‘blari bu hodisa bilan vafot topib, ota-onalarni hasratda qoldirdilar.
U bechoralar istibdod josuslaridan qo‘rqub, zolimlar o‘rnig‘a eshonni qarg‘ar edilar.
XALQNING OVORALIG‘I
Fargona harbiy gubernatori eshonni osib, hanuz mazlumlar jasadi osilib turg‘an vaqtda “o‘lganning ustiga ko‘mgan”, deganidek qilib umumiy majburiy chiqqan fuqarolarni yig‘ib, qattiq siyosat bilan qo‘rqutub: “Hali Andijon xalqining gunohi ko‘b, butun Andijon tuprog‘ini osmong‘a sovuraman, xalqini tamoman ihroj qilib, o‘rnig‘a ichkari Rusiyadagi bevatan krest’yanlarni olib kelib o‘rnashtiraman va mol-mulklarini musodara qilish bilan jazo beraman!” degan turli siyosatlar qilib, javob bergandan keyin, hammaga qattiq vahima tushdi. Shahar xalqi ko‘pincha hovlilarda chuqurlar kovlab mol-amvollari va yaxshi ko‘rgan narsalarni ko‘mib, og‘ir asboblarini chuqur hovuzlarga tashlab, qimmatbaho gilam va kigizlari bo‘lsa, uzoq qishloqlarga yuborib, necha kunlar sargardon bo‘lub, uylarida yotar uchun ko‘rpa-kigiz qoldirmay, mayda va mas’um bolalari bilan qoq yerda yotib, ko‘b ovoraliq tortdilar.
Necha kunlargacha bukun otadir, erta otadir, deb xabar bo‘lub, kunduzi atroflarg‘a tarqalib qochib ketib, kechasi hovlilaridan umid uzolmay kelib xabar olib, yana sahar turub chiqib ketar edilar.
Bechora kosiblar va mehnati ustidan bola-chaqa boqadirg‘onlar o‘z tirikchiliklarini qilolmay, necha kunlar xilvat joylarda: “Qachon miltiqning ovozi chiqar ekan” deb quloq solib yurar edilar. Shunday vahimali va xavfli kunlarda: Andijonning eski shahari otilishdan qolibdir, ammo eshonning yurti va qishlog‘i bo‘lg‘an Mingtepani tekis qilmoqqa ko‘b soldatlar necha adad to‘plar bilan kelgan emishlar, degan duv-duv gaplar chiqib qoldi.
MINGTЕPANI TO‘PGA TUTUSH
Darhaqiqat, bu xabar sahih va rost xabar ekan, ertasiga Mingtepa fuqarolaridan ba’zilari shaharga qochib ketdilar. Bulardan xabar so‘ralsa, javobig‘a aytadirlarki: “Kecha sahar vaqti bor edi. Ba’zilar endi turgan edilar, qishloqning janub tarafidan birdan to‘p (zambarak) va miltiq otilib qoldi, to‘palon bo‘lub, ust-bosh olg‘oni olib, ba’zilar mayda bolalarini ko‘tarib, har kim har tarafga qarab turib ketdi” deb, “bizda nima ayb, axir, bizdan kelib gap so‘rasa kerak”, deb beparvo turg‘an Mingtepa qishloq fuqarolari ustiga kechalab borib, janub tomondan sahar vaqtida to‘pga tutub qolibdialr. Aksar xotinlar beshikdagi bolalarni zo‘rg‘a yeshib olib qochibdilar. Ba’zilari shunga ham qodir bo‘lolmay, jonlarini olib qochg‘anlar.
Shu parishonliq holda ba’zi to‘dasi shimol tarafdan Namangan tarafiga, ba’zilari g‘arb yog‘idan Marg‘ilonga va bir oz qismi Andijong‘a qochib ketishdilar. Ko‘blari Namangan bilan Marg‘ilon va O‘sh shaharlarig‘a qochg‘an edilar. Zeroki, o‘sha kunlarda Farg‘ona muzofotig‘a qarashli shaharlardan Andijong‘a qarag‘anda o‘sha shaharlar tinchroq ko‘rilgan edi.
Mingtepaga borg‘an soldatlar uch kun muttasil ko‘zlariga ko‘ringan xalqni, hatto “mashq” deb tovuq va itlargacha otib yuborg‘an edi. Uch kundan so‘ng Mingtepa qishlog‘ining ichida hech kim qolmag‘ondan keyin soldatlat kirib, talon-taroj qilib, tamom ko‘rpa- to‘shaklarini olib chiqib, kigiz va gilamlarini Mingtepaning katta “Iydgoh” masjidiga yig‘ib, hatto kosa va taboqlarini shu masjidga to‘pladi va kim bo‘lsa bo‘lsun, atrofdagi qishloqlardan mingboshilarg‘a qilg‘on buyrug‘i bilan mardikor chaqirdi. Atrof qishloqlardan har qaysi mingboshi qo‘l ostidan 2000dan mardikor yozib oldirib keldi.
Mingboshilar 2000dan mardikorlarni o‘zlari olib bordilar. Mingtepa qishlog‘ining tamom imoratlarini ochdirdi. Imoratlar o‘rnidan nima chiqsa va nima narsa topilsa, topg‘an mardikorning o‘ziga berdi. Uy egalari, mingtepaliklar qo‘rqub, aslo bormas edilar. Borsalar ham mardikorlar qatorida ishlab kelar edilar. Hosili 15 kun odamlarni shu xilda majburiy ishlatib, tamom qishloqning balandligini pastga olib, tekis, barobar, musattah qilib qo‘ydi. Eshon hovlisini bo‘lsa 15-inchi kun Andijon hokimi va gubernetur va ko‘b to‘ralar borib, bir qancha zemlyamer(tanobchi)lar va muhandilar vositaari bilan tamom maxfiy isharini va gaplarini ochib, plan qilib, suratlarini olib, kamokan devorlar orasidan qo‘yilg‘an quvur, trubalarning planini qilib, fuqarolarg‘a ko‘rsatish uchun bostirib chiqarib sottirdi.
Eshonni pul, davlat va xazina ko‘b edi va uylaridan bir yerga ko‘mgandir, deb gumon qilib, mardikorlarg‘a necha kunlargacha kovlatib, nihoyat ovora bo‘ldilar.
MINGTЕPAGA MUSTAMLAKACHILAR O‘RNASHDIRISH
Mingtepa qishloq xalqiga tekislatib, tamom musattah qilg‘andan keyin uyezd hokimi to‘rt-besh yer o‘lchaydirgan to‘ralar bilan chiqib, 8 kunda tamom Mingtepani mujiklarga chek qilib o‘lchadi. O‘rtasidan to‘g‘ri ko‘chalar chiqarib, ko‘chaning ikki tomonidan xona-joylik imorat tarxini qilib chizib, to‘rt yuz ellik xonalik bir posyolka planini tayyorlab qo‘ydi.
Eshon honaqohining o‘rnini tekislab, cherkov qilishga qaror qilindi. Bu ish esa musulmonlarni xafa qilmoqqa bo‘lgan bir xusumat edi, bo‘lmasa, butxona qilarlik baland va soz joylar ham ko‘b edi. Keyin oradan bir oy o‘tganda, ichkari Rusiyadan nihoyat ko‘b mujiklar kelib qoldi. Bularning har qaysilarig‘a qarz va yordam puli topib berib, shu Mingtepada tayyor va plan qilib qo‘yg‘on joylarga xona, joy berib, o‘rnashtirdilar. Lekin bularning tamom imoratlari bitgancha musulmon dehqonlarini navbat bilan mardikorlikka olib kelib ishlatib turdilar. O‘sha 1898 inchi melodiyda har bir mujik musulmonlar ko‘ziga nihoyat vahimalik va zo‘r qo‘rqinchlik katta odam bo‘lub ko‘runar edi va musulmonlar bulardan ko‘b qo‘rqar edilar. Yolg‘iz qishloq fuqarosi emas, balki shahar xalqi, hatto savdogarlari ham ko‘b qo‘rqar edilar. Har biri, xoh shaharda bo‘lsun, xoh qishloqda musulmonlar ko‘ziga azroildek ko‘runar edi.
MINGBOSHILAR
Chor hukumatining birinchi muddaosi har amalga bo‘lsun boylarni qo‘yish edi. Hatto uning past amal va mansabdorlaridan bo‘lg‘an mahalla boshliq (ellikboshi)larni mahallalar saylab berar bo‘lsalar, obro‘lik va yer-suvlik va xalq ichida e’tiborli odam bo‘lsun, deb buyurar edi. Har amalda boylar bo‘lg‘ani uchun sarmoya tarafdorlari bo‘lg‘an mustabid hukumatlarg‘a har jihatdan yaqin bo‘lmoqlari badihiydir.
Pristuflar va hokimlarning butun deyarli ovqat va ta’minotlari mingboshilarning ustiga bo‘lub, bir so‘mlik narsa olib bersalar, bechora fuqarodan o‘n so‘m qilib olish yo‘lini axtarar edilar va chorasini qilar edilar.
Mazlum kambag‘al-kosib fuqarodan ulug‘ to‘ralarga bergan poralarini o‘n barobar qilib olmoqqa ikki jihatdan qodir edilar. Birinchi, umumiy xalqdan ko‘ra sarmoya xususidan kuchliroq bo‘lg‘anlari bo‘lsa, ikkinchi tomondan, sarmoya tarafdori bo‘lg‘an eski to‘ralarning sarmoyador amaldorlari tarafida turg‘anliqlari edi. Buning uchun umumxalqni ezishda va zulm qilishda hech kimdan jirkanmas edi. Har uch yilda bir martaba saylovlari bo‘lar edi.
Yana shundan bular saylov o‘tganchagina bo‘yinlarini qisib, bir oz mulla mushuk bo‘lar edilar. Boy kishining bechoralarg‘a ko‘rsatgan ozgina bo‘yun qisishi ham kambag‘allar uchun katta obro‘ bo‘lub, uch yil ichida ko‘rgan zulmlari ham eslaridan chiqar edi. Bor-yo‘qlarini qoqib olg‘an to‘ralar saylov ustida: “Bu mingboshi oq podshohga yaxshi xizmat qildi, bizlar rozimiz”, desalar, o‘zini qaytadan saylab qo‘yar edilar.
Bular saylanib, prikaz(buyruq)ni olgandan keyin, qo‘li’g‘a tupurib, saylovda sarf qilg‘an mol-pullarini topmoq uchun bahona istar edilar. Mana shu bahona va izlashlarga Yikchi eshon hodidasi zo‘r sabab bo‘lub, bechora fuqaro uchun kullan ziyon va qo‘rqinchli bo‘lsa, amaldorlar va hokim (uyez boshlig‘i), pristuf va mingboshilar uchun topilmas shodlik bo‘ldi.
Eshon hujum qilg‘an kuni ertasidan tortib bir yilgacha tamom bularning zulmi tobora avj olib, ko‘b kishilarni xonumonidan ajratdilar.
Bir kishini eshonga qarashli deb qamab qo‘ysalar, yuqorig‘a ropurti chiqqanda, eshon hodisasi zulmga katta bahona bo‘lg‘ani uchun, tergovchilar ko‘ziga zo‘r ish va katta jinoyat egasi bo‘lub ko‘runub, ko‘b yillar Sibirga haydalar edi. Bechorani ajratib olmoq payiga tushgan qavm-qarindoshlari tamom bor-yo‘g‘ini sarf qilib, hatto yer va mulklarini sotib, tergovhilarga pora deb bersalar, natijada yana o‘zlarini osish yoki Sibirga yuborishga qaror bo‘lar edi. Bu holda ham mol ketib, orqasida qolg‘an avlodi kambag‘allik balosig‘a yo‘luqib, har yerga borsa, gapi o‘tmay muttaham bo‘lub, kamdastliq va bechoraliqqa odat qilmag‘ani uchun chiday olmay, oxiri o‘g‘riliq va boshqa turli ishlarga kirishgani ko‘rilar edi.
HAKANDNING VAYRON QILINISHI
Uez mahkamasida xizmat qiluvchi mirzo bir kun: “Ushbu kun Mingtepani xarob qilib bo‘lg‘an soldatlardan “Shaharga qaytishda Yikchi eshoning yuradirg‘on yo‘llarini ikki tomondan 14 gazdan buzib borsaq ham ko‘chalar katta bo‘lib qolar edi, ham ushbu ko‘cha yurgan odamladning xotiralarig‘a podshohi a’zamning isyonchilar haqida qiladirg‘an tanbihi tushib, siyosatimiz yangilanib turar edi.”, deb ijozat so‘rag‘an xat keldi. Kattalar uning maslahatiga kirishdilar. “Agar ertagacha shu gap ma’qul bo‘lib chiqsa, shahar ichidan ham ko‘p hovli va joylar buzulub ketadir”, degan xavfliqk xabarni olib keldi.
Bu yomon gap quloqdan quloqqa eshitilib, shahar ichida eshon yurgan ko‘chalar chetida bo‘lg‘an odamlarg‘a ma’lum bo‘lub, nihoyat besaranjomliqqa tushdilar.
Kechalari uxlamay, bola-chaqalari bilan gubernator insofini tilab chiqdilar. Ertasi kun yana ma’lum bo‘ldiki: “Bu gap man’ qilinibdir, lekin Hakandning yangi shahar tarafidagi Avg‘on bog‘ degan mashhur ziroat tajribagohidag‘i agronomni o‘ldirib ketganlari bahonasi bilan va yangi shaharni kengaytish uchun Avg‘on bog‘atrofidan shaharga kelgancha tamom buzub, hozirg‘a yangi shaharcha joyini qo‘shar emish. Bu hisobg‘a qarag‘onda Hakand qishlog‘ining yarmi eng obod bog‘iston va xush imorat tarafi vayron qilinar emish” deb.
1898nchi yili 25 saratonda bir to‘p zemlemer(yer o‘lovchi)lar Hakandga chiqib, yangi shaharga zich (qo‘shilg‘an) yangi joylarni Avg‘on bog‘dan boshlab o‘lchab, bayroq tutib keldilar. Bu bayroqlar Hakand fuqarolarining eng obod imorat va hovlilari va bog‘larig‘a to‘g‘ri kelgan edi. Aylanasi taxminan 5 chaqirim joyg‘acha vayron qilish alomati bo‘lg‘an bayroq qurilg‘an edi.
Vayron qilishg‘a ma’mur bo‘lg‘an to‘ralar taxminan 25 kun o‘sha Hakand qishlog‘ida yurib, Yikchi eshonning yurgan yo‘lini o‘rtag‘a olib, yangi shaharning kun ko‘rush tarafini tamoman buzish uchun o‘lchab, alomatlar qo‘ydilar.
Bu alomatlar qo‘yulub, vayron qilinmog‘i sobit bo‘lg‘andon keyin bechora vatan egalarikim, taxminan 500 uyliq xona va bog‘lar edi, bularning hammalari to‘planib turli-tuman arizalar bilan Toshkentgacha murojaat qilib, siyosat eshitish va g‘amginlikdan boshqa hech narsa ko‘rmadilar.
Bir kun bularni gubernator chaqirib: “Sizlar hech joyga ovora bo‘lib arz qilmanglar; arizalaringiz qabulg‘a kirmaydir, xudog‘a shukr qilinglarkim, podshoh imperator muazzam sizlarning joylaringizni musodara qilish bilangina qo‘ydi. Hammalringizno qatliom qilib, bola-chaqalaringiz bilan yer yuzidan qirib yuborish ehtimoli bor edi. Ammo oq podshoh sizlarga inoyat va marhamat qildi. Endi sizlar 15 kun muddat ichida bayroq tikilgan joylaridagi imorat va bog‘laringiz bo‘lsa, ochib, bo‘shatib qo‘yinglar! Bo‘lmasa,, 15 kundan so‘ng soldatlar orqali to‘pga tutib tekis qilamiz. U holda imorat va asbob ro‘zg‘orlaringizdan mahrum qolarsizlar. Ham o‘zlaringizni podshohi a’zam farmonig‘a qarshilik qilg‘anlar qatorida ko‘rib, jazog‘a mustahiq qilinadir, chiqinglar!” deb haydab chiqardi.
Shundan keyin bir qanchalari pul to‘plab Toshkentga arz qilmoq uchun bir necha odamlarni yuborg‘an edilar. Lekin bular qaytib kelgunlaricha bu yerdagi hokimlar qolg‘onlarini chaqirib: “Nima uchun shu vaqtgacha ochmaysizlar”, deb, necha xil dashnomlar bilan siyosatlar qilib turg‘an edilar. Qaytib kelib, bosh gubernatordan qattiq siyosatlar va dashnomlar eshitganliklari va arzlarining tinglanmaganini bildirdilar. Keyin Andijon uyez hokimi bularni chaqirib, 15 kishini qamab qo‘ydi. Bahonasi “Sizlar Toshkandga borib arz qilibsizlar, go‘yoki bizlarning hukmimizga norozilik izhot qilibsizlar!” demak edi.
Ko‘pchilik borib, bularni qamoqdan qutqarmoqchi bo‘lg‘anda bir hafta ichida ish boshlamoqqa tilxat berib, yig‘lab-yig‘lab qaytishdilar.
Bu kunlarda ham atrof tog‘lar va qishloqlardan ba’zi mingboshilarg‘a yoki aminlarga bir zamonda yomon so‘z aytilgan bo‘lsa, yoki adovati bo‘lsa, u odamni olib kelib, avval bir narsa chiqsa – xo‘b, chiqmasa darhol “eshonning muridi yoki muxlisi edi” deb ropurt berib, falokatga duchor qilar edilar.
Ma’mur bo‘lg‘an to‘ralar o‘z askarlari biilan chodirlarini tikib, xalq ko‘zida har kun mashq qilib turdilar. Bir kun tamom fuqaroni chaqirib, gubernator tomonidan berilgan farmon qog‘ozini ushlab turub, xalqqa shunday amr va farmoyish qildiki: “Agar sizlar ushbu kundan boshlab bayroq tikilgan joylardag‘i imorat va bog‘laringizni buzib, bir hafta ichida saranjom qilib, yalang qilmasangizlar, biz o‘zimiz buzamiz. U vaqtda sizlar hech narsangizga molik bo‘la olmaysizlar, har narsaki qo‘limizga kirsa, o‘lgan soldatlarning foydasig‘a olinadir. Ertadan ish boshlasangizlar xo‘b, to sizlar tamom ochib olib, yalang qilib bizga topshirg‘anlaringizgacha o‘zimiz ustida turamiz. Shunga ko‘nmasanglar, o‘zlaringizga ham Yikchi eshing‘a berilgan jazodek jazo beriladir. Shunga nima deysizlar?!” deganda xalq zamonning qo‘rqinchili vaqtidan xavflanib: “Taqsir to‘ralar! Bizga bu yil fursat bersangizlar, mevalarimiz va uzumlarimizni yig‘ib, sotib olsak qo‘limizga pul tushib, keyin bir joyga borib vatan qilib o‘ltirsak, alhol buzib ol deysiz, qanday qilib shu meva qilib turgan daraxtlarni kesamiz?”deb arz qildilar.
Zolimlar berahmlikni intihosiga etkazib: “Bog‘, imorat oq podshohning qo‘l ostida yo‘qdir. Uning hukmini bajo keltirishdan boshqa chora yo‘q: ertaga buzasizmi yoki buzmaysizmi? Shuni aytasiz, agar buzmas ekansizlar, bu kun biz to‘p quvvati ila vayron qilib yer bilan barobar qilamiz. O‘zingiz impiratur a’zamg‘a qarshi bo‘lg‘an va hukumatg‘a qarshiliq qilg‘anlar qatorida hisob qilamiz. Gap, shul, hayda,… jo‘na…!” deb quvib yubordi.
Mazlumlar yig‘lab-yig‘lab tarqalgandan keyin ot-arava taraddud qilib, ertasi asbob va ro‘zg‘orlarini bo‘shatdilar. Qishloqning chetidagi hovlilarga tashimoqqa boshladilar. G‘oyat shoshilish sur’atda ro‘zg‘orlarini tashib keyin qon yig‘lab imoratlarini ochib tashladilar, bu yig‘lab yurgan mazlumlar ustiga to‘ralar va soldatlar kelib: “Sanmi eshon!” deb masxara qilar edilar. Bir dehqonning ko‘p yig‘lag‘anini bir soldat ko‘rub: “Nima uchun yig‘laysan?”deb savol qiladilar.U javobig‘a: “Hokim gubernatorlarning berahmligiga, bizdek kambag‘al fuqarolarni bexonumon qilg‘anig‘a va bola-chaqalarimiz bilan ko‘chada qolg‘onimizg‘a yig‘layman”, deganda: “San hokim gubernatorni zolim deding”, deb guvoh bo‘lib o‘n yillik Sibirga hukm qilib, bola-chaqalarig‘a ko‘rsatmay jo‘natib yuborilg‘ondir.
Mana bu zulm xabarini boshqalar eshitib, har qancha yig‘lasalar ham birorta soldat yo to‘rani ko‘rsalar, darhol o‘zlarini to‘xtatib, yig‘lamas bo‘lar edilar. Hatto xotin-qizlar va bola-chaqalar vaqt tang, fursat oz qolg‘oni uchun barobar kecha-kunduz ishlab, qo‘llarig‘a bir hafta ichida kirgan narsani g‘animat bilib qoldi. Shu joyda bir cholning yig‘lab turganini xabar olib turg‘on bir to‘ra ko‘rib qolib: “Nima uchun yig‘laysan?” deganida u: “E bolam, oq podshohimizning o‘lgan askarlarining bola-chaqalarining minba’d ko‘radirgan kunlariga rahmim kelib yig‘layman”, deb javobi munofiqonani berganida, indamay ketgandir. Shu kishi hozir hayot. O‘z og‘zidan yozildi.
O‘LIKFURUSHLAR
Istibdod tarafdorlari bo‘lg‘an och bo‘riga o‘xshagan tora va chinovnik-mansabdorlarni biz, Turkiston elini zulmning qancha navi bo‘lsa, o‘shancha navi bilan alohida-alohida azob berib, rahmsizliklar bilan yerli xalqning anjomini va ayblarini zo‘r jinoyat qilib, qo‘lida bor mol-amloklarini tortib olar edilar. Jinoyat qilmag‘an kishi kichkina bir ayb bilan qamab qo‘yilib, darhol miyonchi ham asrorlari vositasi bilan birmuncha pulga base’ bo‘lar edi. Bu hol ma’ruf va mashhur odatlar qatoriga kirib qoldi.
Shuning uchun biz Turkiston kambag‘allarini chor zolimlari hamisha bir tuhmat bilan giriftor bo‘lub turmog‘imizg‘a tolib bo‘lub, doimo o‘limtik izlagan cho‘jag‘atdek ko‘zlarining bizning ustimizga tikib o‘ltirg‘an edilar. Yikchi eshonning tog‘ va toshdag‘i, shahar va qishloqlarda oshkor zulm va qahrlarig‘a chidamay, jonidan to‘yib qilg‘an hujumi zo‘r bahona bo‘lub, fuqaroni ikki tarafdan muddalarining boricha va qo‘llaridan kelganicha ezib yomonliqlarini qildilar. Soldatlarini ko‘cha va sahroda yotqizib qo‘yib, yuqorida ko‘rsatilgandek 15 kungacha qimirlag‘an jonni qo‘ymay otib turdi. Beixtiyor ishlashga va mardikorchilikka, ayniqsa, qurt tutgan va vaqti bo‘lgani uchun barg kesishga borgan mehnathi bechoralarni tutdek to‘kib, o‘liklarini it, qush yeb ketdi. Hatto qatig‘ va sut sotmoqqa ketib turgan mas’um bolalar berahmlik bilan otib o‘ldirildi.
Mas’um bolalarning ota-onalari o‘zlari ko‘chaga chiqa olmay yoki bolalarining ustiga borolmay, kechalari soldatlarni ohista chaqirib, bolalarining o‘ligini topib berish uchun base’ qilib, ko‘b miqdorda pul berib, topib oldirar edilar. “Pora berilsa, o‘liklarni soldatlar ohista topib berar ekan”, deb ko‘b kishilar bu yo‘l bilan borib soldatlardan o‘liklarini sotib olar edilar. Bora-bora bu ish to‘ralarga ham ma’lum bo‘lub, bular ham musulmonlar bilan kechalari so‘zlashib, o‘likfurushlik qilishga kirishdilar.
Biz fuqaroning begunoh o‘lganlarimiz yetmay, o‘z o‘lik jasadlarimizni o‘liklariga it, qush tegib, qaysisi qo‘lsiz, qaysisi oyoqsiz va qaysi birisining yuz’-ko‘zi yirtiq holda sotib olingan. Bundan boshqa qalam bilan tahrir qilib bo‘lmaslik darajadagi haqoratlar tiriklarimizgagina bo‘lmay, o‘lgan og‘a-inilarimizga ham tekkan edi. Mana bu kabi haqoratni moddiy ziyonimiz va chor hukumatining Turkiston dehqonlarig‘a qilg‘an moddiy va ma’naviy adovati va zolimlig‘i deb nom bersak, yolg‘on yozmag‘on bo‘lamiz.
Mana bu hol hamma qishloqlardan ko‘ra ko‘broq Yikchi eshonnnig vatani bo‘lg‘an Mingtepa bilan yangi shaharning janub tarafidagi Hakandda bo‘lg‘andir. Xususan vayron qilib, yangi shaharga ko‘chkancha 25 kunga yaqin bu zulm va siyosat davom etib turg‘an edi.
VAYRONA VA “MARHAMAT”
Shaqovatpanoh to‘ralar, falokatmaob hokimlar Andijon shahrining bog‘ va bo‘stoni bo‘lg‘an Hakand qishlog‘ini “Yikchi eshonning yurgan yo‘li” deb bahona qilib, yuqorida yozilg‘ondek vatan egalarini miltiqlari bilan otib o‘ldirib, qancha bolalarni yetim, qancha xotinlarni tul qilib, obod bog‘ va bo‘stonliq navnihol daraxtlarni ildizi bilan o‘z egalariga kestirib, ishkom (valish)larni buzdirib, hatto tep-tekis qildirdilar. Hakandning tekislangan joyini bir qancha soldat va to‘ralar chiqib aylanib ko‘rdiki, 25 kun ilgarigi bog‘ va bo‘stonlardan aslo nishona qolmag‘an. O‘sha kun tezdan mirshab va mingboshilarni choptirib, tamom shahar va Hakand fuqarosini to‘pladi va hamma hozir bo‘lgandan keyin ushbu joyda imorat va bog‘lari bo‘lg‘an kishilar bir tarafga tursin, deb buyurdi.
Bechora fuqarolar: “Biz imorati buzilganlar hamano gunohkorlarmikan? Imoratlarimiz vayron qilindi. Endi ajrab, boshqa alohida turmoqqa buyurishi otib yuborish uchunmikun? Yoki qamab qo‘yarmikin?” db xalq ichiga urib, yuzlarini pana qilar edilar. Bechoralar nima qilsinlar? Manim imoratim buzilgan edi, deb hech kim ko‘pdan ayrilib chiqmadi. Shuning uchun bu xil so‘z boshladi:
— Ey musulmonlar!
Sizlarning ustingizga yomon qush soya solg‘on edi. Imperator a’zamning qattiq va qahrliq g‘azabiga to‘g‘ri kelgan edingizlar. Lekin u baland darajali Turkiston viloyatining general-gubernatori sizlarni oyab, xalqda gunoh yo‘q, gunoh qilg‘uvchilarni begunoh xalq o‘zi ushlab ko‘rsatib berdi. Aybdorlarning hammasi jazo va sazosig‘a yetkurildi ham yetkurilmakdadir, deb necha daf’a telegromlar berib, shavqatli oq-podshoh hazratlaridan so‘rab oldilar.
Binobarin, siz Hakand fuqarolari sog‘-salomat qoldingizlar. Endi sizlarni ko‘p iltijo bilan so‘rab olgan hokimni podshohi a’zamning qoshida yolg‘onchi qilmay, ichingizda bo‘lg‘an imperator a’zamg‘a tig‘ tortg‘an gunohkorlarni o‘zlaringiz ko‘rsatib berishlaringiz kerak.
Agar ko‘rsatib berishdan ibo qilsangizlar, maxfiy xat qilib, tegishli amaldorlarg‘a bersangizlar, o‘zlari topib oladilar. Chunki oyinadan ravshanroq bilamizki, sizning ichingizda xoh kattalardan, xoh kichiklardan bo‘lsun o‘sha isyong‘a qo‘shilg‘anlari ko‘pdir. Lekin sizlar hali ham u olampanohning g‘azablaridan qo‘rqmaysizlar. Qo‘rqmag‘anlaringizga dalil shuki, to hanuzgacha o‘z qo‘llaringiz bilan bir kishini ushlab berganlaringiz yo‘q. Kimki tutildi podshohi a’zamning tuzini rioyatilg‘an amaldorlarning vositasi bilan ushlandi. Ammo sizlar o‘ylamanglarki, aytmasak, maxfiy qoladir, deb. Bizlar Andijon shahari va uyezdining aholisini g‘albirdan o‘tkazgandek taftish qilamiz. Ul holda isyonchilarning o‘zi ajralib qoladir. Bu yo‘l bilan topilg‘onda sizlar ham o‘sha isyonchilar qatoridan bo‘lub, balki isyon qilg‘anlarni saqlag‘aningiz uchun gunoh qiluvchidan ham qattig‘roq g‘azabga qolsangiz kerak. Mana, endi bu vayron qilingan joylar xususiga kelsak, aslida u olampanoh impratur a’zamg‘a tig‘ tortg‘uvchilarning bir qit’a joylarini vayron qilsh bilan emas, balki o‘sha shaharning eli va uyezi bilan ostini ustiga qilmaq va o‘sha shaharda aslo qimirlag‘an jonni qo‘ymasliq bilan bo‘lar edi. Andijon shaharining jami uyezlari bilan Farg‘ona muzofotining obod va manfaatlik shaharlaridan bo‘lg‘ani uchunvham shaharning ko‘p fuqarolari bu voqeadan bexabar bo‘lg‘onlari bizning oldimizda sobit bo‘lg‘ani uchun man Farg‘ona gubernatori, u baland darajali yarim podshoga ko‘p iltijo qilg‘anim va siz aksar xalqning bu afsusliq voqeadan bexabarliklaringiz va gunoh qilmoqda Yikchi eshon bilan sherik emasliklaringizni ko‘p yozganim uchun u baland darajalik bosh hokim manim xotiram uchun podshoh a’zamga yozib, eshonni vatani Mingtepa bilan Hakandnigina qatliom va tekis qilishg‘a u olampanoh oq podshoh ulig‘ gazablarini hasr qiling‘an edi.
Mingtepa bo‘lsa tamom bo‘lub, yolg‘iz nomig‘ina qoldi. Hakandga kelsak, Andijon shaharigagina emas, butun Russiyaga meva etkazib turg‘on bir obod bog‘iston yer bo‘lub, hosillik jiyo mulohazasida ham ko‘p mayda mevali daraxtlarning nobud bo‘lub keyishini nazarda tutub, ya’ni podshohi a’zamning ulug‘ mehribonlig‘i va shavqatiga suyanib turub Toshkandga – yarim podshoh hazratlariga yozib edim.
U baland darajali yarim podshoh impratur a’zam borgohlarig‘a iltijo qilib, harbiy vazir muhtaramlarini inoyatli maslahatlari bilan isyonchilar uzayotqan va oxiri to‘xtagan joyi Hakandni buzub va surnugun qilib, nomimi olam yuzidan yo‘qotmoq bilan u oliy hazrat impratur a’zam g‘azablarining shu’lasini o‘churush bilan podshoh hazratlariga manzur qilib siz Hakand fuqarolarining ham alhol buzilmaydirg‘on joylaringizni tilab oldiq. Yolg‘iz isyonchilarning ovozi yetgan va oxiri to‘xtag‘an joyg‘acha taxmin qilib, shu harob etilgan joydan tashqarisini eli bilan sog‘-salomat saqlab qoldiq.
Shuning uhun sizlar doimo u olampanoh oq podshohning xonadoni muazzamlari bilan ko‘b yillar saltanat taxtida izzat bilan barqaror bo‘lmoqlarig‘a va o‘rtada vosita bo‘lib tilab olg‘an u baland darajali yarim podhoh hazratlari va unga qarashli barcha amaldorlar va to‘ralarining uzun yillar umr ko‘rub, yo‘l boshlaringizg‘a soyabon bo‘lmoqlarig‘a duo qiling!..
Ammo joylari vayron qiling‘on va imorat-bog‘laridan ajralg‘anlari jonlaridan va bola-chaqalaridan ajralmag‘anlari uchun doimo shukr qilsunlar. Shunday joylaridan ajramoqlarig‘a sabab bo‘lg‘uvchi isyonchilarni har joyda ham bo‘lsa, ko‘rsatub bersunlar. O‘zlarining va podshoh a’zam askarlarining o‘chini chiqarsunlar.
Shundan keyin u baland darajali yarim podshohimizning Hakand nomini yer yuzidan mahv qilmoqqa bergan va’dalari yuzasidan bu yangi maydonning nomini nima qo‘ysak bo‘ladir, deb musulmonlardan nom soraydir.
Amaldorlarning o‘zlari ham to‘planib, maslahat qilib, ular o‘rtasida ikki nom talash bo‘ldi. Bir taraf bu maydonni ko‘chalarga taqsim qilib, o‘rtasidan bir katta ko‘cha olinib, nomini “Duxovskiy ko‘cha” qo‘yamiz, chunki yarim podshoh bu joyni saqlab, elini qatliomdan olib qoldi, dedilar. Yana ba’zilari, alhol, yangi shaharning o‘zi katta, har qancha odam bo‘lsa, yana kifoya qiladir. Hanuz bo‘lmag‘an ko‘chalarni bo‘ldi qilib, ketindan ko‘cha bo‘lmay ekin ekulub ketsa, yarim podshohning nomi o‘chub ketadur. Binobarin, katta ekin joylarning nomini qo‘ysak bo‘ladir. “Duxovskiy maxra’” bo‘sun dedilar. Musulmonlar maslahatiga qarasa, bular o‘rtasida ancha xil gap bo‘lub, bir taraf “Yarim podshoh vayron qilg‘an (“Duxovskiy vayrona”) bo‘lsun” deydir. Ikkinchi taraf “Yarim podshoh xarobasi” bo‘lsun deydir, uchinchilari “Duxovskiy maydon” va to‘rtinchilari “Poshsholiq” qo‘yamiz deydir… Ba’zilari: yaxshisi va osong‘inasi “Vayrona” deya qolayliq deydilar. Bularning ustiga mustabidchilar kelib: zinhor vayrona lafzini qo‘shmanglar, kim “vayrona” desa, ishtraf qilamiz deb man’ qildilar. Oxiri “Duxovskiy maydon”g‘a qaror berib, jo‘nadilar. O‘zbeklar o‘rtasida “vayrona, vayrona” deb shuhrat topdi. Muning daf’i uchun necha martaba man’ qilib, buyruq qilsalar ham bo‘lmay, to bu kunlargacha vayrona ismi bilan yod qilinmoqda qoldi. Hali kim bo‘lsa bo‘lsun, vayrona desa, daf’atan bilinadir. Istibdodchilarning begunoh xalq ustiga qilg‘an zulmini to bu kungacha ravshan ko‘rsatib turadur.
Askarlar Mingtepani xalqi bilan to‘pga tutib, qari va ojiz kishilari va yosh bolalari to‘pning o‘qi bilan parchalanib ketdilar. Tamom imoratlarini vayron qilib tashlab bo‘lg‘andan keyin, to‘pga tutmoqqa borg‘an soldatlarning boshlig‘i 25 kundan so‘ng Andijon shahriga kelib, gubernatorning qilg‘an zulmi va sitamining otini “podshoh a’zamga tig‘ ko‘targuvchilarga tanbih” qo‘yib, ropurt topshirdi. Bu topshurg‘an ropurti eski daftarlar saqlanadirg‘on arxivlarda bo‘lsa kerak.
Yikchi eshon qishlog‘i bo‘lg‘an Mingtepani go‘ristong‘a aylantirgandan keyin “Yarim podshoh” ichki Rusiyaga borib, to‘rt yuz uylik mujik talab qildi va mujiklarga Mingtepa qishlog‘ini marhamat qildiq deb qishloq otini “Marhamat” qo‘ydi. Saratov va Samara taraflardag‘i rang-ro‘yig‘a qarab bo‘lmaydurg‘an ifloslardan Andijong‘a to‘rt yuz uylik yetib keldilar. Bularning hammasini xotin, bola-chaqalari bilan Mingtepaga olib borib joylashtirdi.
Bu yangi kelgan mehmonlarning atrof-qishliqlardag‘i musulmon dehqonlarig‘a qilg‘an zulmlari aslo aytilib bitirilmaydirgan va bepoyondir. Bu kelganlar andak kunda boy bo‘lub, qishloq fuqarosining ko‘pini o‘zlariga xizmatkor qilg‘an edilar va Farg‘ona fuqarosini istismor qilishda nar xardek shovqun solar edilar.
ISTIBDODNING O‘LUMI
Mustabid chor hukumatining harbiy to‘ralari Yikchi eshonning hujum qilishidan bir yil keyin askarlarini kelgan joylarig‘a qaytardilar.
Bir yil o‘tgancha hadik qilib, 2500ta talovchi askarlari hamisha eski shahar va yangi shaharni aylanib, bechora musulmonlarni o‘zlariga yolbortirib, tabiatlari xohlag‘an buzg‘unchiliklarni qilib yurdilar. U vaqtda istibdodning har bir soldati musulmonlarning ko‘ziga “fil”dek qahramon-qotil bo‘lub ko‘rinar edi.
Hech kimda had yo‘q ediki, bularning rayini qaytarsa. Ko‘chada ko‘zlariga nima ko‘rinsa, qo‘l solib, olib ketar edilar.
Mulla Ahmadali degan chitfurush bor edi. Bu kishidan bir soldat kelib, 8 gaz chit olg‘an va pulini bermay keib turganda, chitfurush pulini talab qilg‘an ekan, qo‘lidag‘i miltiqning qo‘ndog‘i bilan boshini yorib va o‘zini palitsa orqali badbaxt to‘ralarg‘a sudrab borib, “sakkiz gaz chit olib, 5 so‘m berib edim. Oshgan pulini qaytib bermay, muttahamchiliq qiladir ham o‘zining boshini ustung‘a urub, qonatib: “Sening ham o‘lging keldimi, o‘lsang san bilan 24 ta bo‘ladir. Sizlardan qutular kun bormi?” dedi deb da’vo qilg‘anda, u vaqtlardag‘i siyosatlardan yurak oldirg‘an sababli qo‘rqub ketib: “Ehtimol besh so‘m bergan bo‘lsa, man sahv qilib xayolimdan chiqarg‘an bo‘lsam, bu hurmatli soldat afandi hech vaqt yolg‘on aytmasalar kerak”, dedi.
Unda pristufning g‘azabi kelib:
— Oq podshoh hazratlarining soldatlarini qanday yolg‘onchi qilasan! Ham uning haqida tuhmat qilmoqchi bo‘lub, boshingni o‘zing yorasanmu?- deganda, Mulla Ahmad Ali:
— Yo‘q, taqsir to‘ra boshimni bu soldat og‘amiz urub yordi, nainki kishi o‘z boshini yorsa, — degan vaqtda, tutqan mirshabi:
-Yolg‘on aytma, man ham ko‘rdim. O‘zing ustunga urib yording, — deb yolg‘on guvohliq berdi.
Buning guvohligi bilan uni uch kun qamab, chitning gazi yigirma tiyindan ekan, 8 tanga bo‘ladi: 3 so‘m 40 tiyin oshiq pulini ham ber, deb olib bergandir Bekorga shuncha kaltak yeb, sakkiz gaz chit bilan 3 so‘m 40 tiyin yonidan pul to‘lab, ham 3 kun qamalib chiqdi.
Mazlum xalq uzun zamonlar tortib kelgan xorliq va zorliq, zulmning natija va oqibatini ko‘rub turibdirmiz. Ularga mukofot bo‘lub, taxt va baxtidan ajrab, tamom dastgohi o‘sha asarda oyoqlarining ostida ezilib yurgan mazlumlar qo‘lig‘a o‘tdi, ular o‘z kunlarini o‘tqarib, yo‘qsulliq va mazlumlik quvvatlari, ulug‘ dohiylar va o‘tkir fikrlik rahbarlar yo‘lboshchilig‘i va g‘ayratlari orqasida bu Qizil O‘zbekiston ozodliq davlatiga musharraf bo‘ldi.
Bu kitobimizni tamom qilish oldida Shayx Sa’diyning hikmatli baytlaridan ikki juftini keltirib o‘tamiz:
Agar bad kuni chashm niki mador.
Ke hargiz nayorad k-az angur bor.
Ya’ni: Agar yomonliq qilgan bo‘lsang, yaxshilik umid qilma, hech vaqt achchiq g‘o‘radan shirinlik chiqmaydir.
Na pandora, ey, par, xazon kashte jav,
Ke gando‘m itoni bevaqt derav.
Ya’ni: Ey kuzda arpa ekkan dehqon, men o‘ylamaymankim, sening hosiling o‘rar vaqtda bug‘doy bo‘lib qolsa…
Manba: zerrspiegel.orientphil.uni-halle.de