2 май — Истеъдодли адиб Наби Жалолиддин таваллуд топган кун.
Назму насрни мен қуйидагича таърифлайман: назм – бу биринчи муҳаббатга ўхшайди. Қалбингни туйқус ишғол этадию ларзага солади, бетакрор туйғуларга, эҳтиросларга ошно этади. Кейин эса бир умр ҳар эслаганингда бағринг ҳаприқиб, хўрсиниб-хўрсиниб, энтикиб-энтикиб юраверасан…
ОДАМЛАР БИР-БИРЛАРИНИ АЯСАЛАРГИНА,
ДУНЁ ОМОН ҚОЛАДИ…
Ёзувчи Наби Жалолиддин билан суҳбат
Наби Жалолиддин 1962 йил 2 майда Андижон вилояти Избоскан туманининг Жонобод кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1993). «Ялпизли кеча» (1993), «Ҳур нидо» (1996), «Ўлимнинг ранги» (1998), «Сен билан қолмайман» (2002), «Эркаги бор уй» (2005) каби шеърий ва насрий асарлари, «Хайём» тарихий романи нашр этилган.
А. Камюнинг «Калигула» асарини ўзбек тилига таржима қилган.
Адабиёт – муқобил дунё.
Адиб ўша сирли хилқат мусаввири. Бу оламда қаламкашликдан-да кўра ҳузурбахш касб йўқ. Не тонгки, унинг ҳузури баайни ижод заҳматига сингиб кетган.
Таниқли ёзувчи, хассос шоир, жўшқин публицист Наби Жалолиддин нафосату назокат ила ана шу мўъжизакор олам сувратини чизаётган истеъдод соҳибидир. Унинг лирикасида икки ғоя бир-бири билан уйғунлашиб, ягона мақсадга хизмат қилади. Яъни бетакрор қишлоқ ҳаёти, соддадил, донишманд халқ ва инсонга хос бўлган тиниқ туйғулар ифодаланади. Бу шунчаки ҳиссиёт маҳсули эмас, бу оҳанглар замирида оддий кишининг Ватанга нисбатан тийиқсиз муҳаббати зуҳурланади.
Ёзувчининг қиссаларида анъанавий услуб – воқеа фикрни эмас, балки фикр, дард, кечинмалар воқеани ўзига бўйсундириши билан ўзига хослик, ажиб уйғоқлик, мафтункорлик кашф этади.
Унинг “Ўлимнинг ранги”, “Ковак”, “Йиғи”, “Болалар” каби қиссаларида ҳаётий икир-чикирлардан катта фалсафий мантиқ чиқарилади, ўқувчини тафаккур сарҳадларига етаклайди, мушоҳадага чорлайди.
Бизнингча, “Хайём” романи нафақат адибнинг, айни чоқда ўзбек миллий адабиётининг ҳам мустақиллик йилларидаги жиддий муваффақиятидир, десак, янглишмаймиз. “Шарқ юлдузи” журналининг кейинги сонида чоп этилаётган “Қурб” романи эса адабий жамоатчиликда катта ҳаяжон уйғотса, ажаб эмас.
Бугун Наби Жалолиддин авжи камолот даврида. Биз адибдан истиқлол фарзандларининг эзгу ниятлари, изланишлари, аждодлар анъаналарига содиқлиги тараннум этилган ажойиб асарлар кутишга ҳақлимиз.
— Набижон, келинг, суҳбатимизни шундай бошлайлик: мана, сиз назму насрда баб-баравар ижод қиласиз, таъбир жоиз бўлса, ҳар икки жараённинг ҳам ҳадисини олгансиз. Бу сизда қандай кечади ва у сизга қандай “имтиёзлар” беради?
— Назму насрни мен қуйидагича таърифлайман: назм – бу биринчи муҳаббатга ўхшайди. Қалбингни туйқус ишғол этадию ларзага солади, бетакрор туйғуларга, эҳтиросларга ошно этади. Кейин эса бир умр ҳар эслаганингда бағринг ҳаприқиб, хўрсиниб-хўрсиниб, энтикиб-энтикиб юраверасан.
Наср эса гўёки турмуш ўртоғингдек. Унга алоҳида эътибор, узоқ йиллик сабр, садоқат лозим. Акс ҳолда оила барбод бўлиши мумкин. Ахир насрда ойлаб, йиллаб чидам билан тер тўкишга тўғри келади-да.
Шеърсиз яшолмайман. Роман ёки қиссаларимни ёзиш жараёнида ҳам бирдан шеър “тўлғоғи” тутиб қолади. Шунда агар қоғозга тўкилмасам, бағримга “жабр” бўлади. Берадиган “имтиёзи” эса, улуғ устозим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров эътироф этганидек, “оз сўзда кўп маъноларни англата олишда” қўл келади. Мен насрнинг сиқиқ сўзлагувчи шоири, назмда эса оз сўзи улкан маъноларни ортқилаган файласуф бўлсам дейман.
— Сизга қайси бири яқинроқ?
— Ҳар иккиси ҳам. Наср “оғир карвон”, у ёзувчини сабр-бардошга, узлуксиз оғир меҳнатга ўргатади (шу ерда бир гап: бизнинг феълимизда тезлик бор дегувчилар битта роман, ҳеч йўқ, битта ҳикоя ёзиб кўрсинлар. Ана шунда бардошимиз чегарасини англасалар, ажаб эмас). Шеър эса ҳар куни зарур бўлган нафас машқи, сўз гулзоридаги тонгги сайрдек. Шеърни нафасдек, нафас олаётгандек ёзишни орзулайман.
— Шарқнинг буюк файласуфи, шоири Умар Хайём ҳақидаги романингиз босилиб чиқди. У ҳақда пойтахтда ҳам, ўзимизда ҳам илиқ гаплар айтиляпти. Бу осон иш эмас, албатта. Айтинг-чи, бутун дунё тан олган шундай аллома ҳақида асар ёзишга қандай журъат этдингиз?
— Хайём ҳазратлари ҳақида ёзишга узоқ тайёргарлик кўрдим, узоқ вақт материал йиғдим. Ҳал қилувчи фурсат келишини кутдим. Романда айтилганидек, инсон умрида шундай бир лаҳза бўладики, уни пайқай олган киши мангуликни ҳис этади. Ана ўша ҳал қилувчи он инсон умрининг моҳиятини ташкил қилади. Бу машқ-романимни “Катта шеър” деб атагим келади. Уни шу қадар эҳтирос, илғом ва завқ билан ёзганман. Журъатга келсак, билмадим, Аллоҳдан бўлса керак-да. Ҳар ҳолда феълимдаги дангаллик асқотди шекилли. Ёзиб бўлиб, матбуотда эълон қилингандан кейинги “ваҳима”ни эса ўзим биламан.
— Асарларингизда, айниқса, ҳикояларингизда ватанпарварлик туйғуси устун, балқиб туради. Бунга қандай эришасиз ва сиз учун Ватан ўзи нима?
— Аввало, шуни айтмоқчиманки, биз кейинги пайтда Ватан ҳақида кўп гапириб, уни сийқалаштириб юборгандекмиз. Энди Ватан ҳақида озу соз гапиришни ўрганишимиз керак. “Байроқ”, “Ватан”, “Тупроқ”, “Мустақиллик”, “Дўппи” каби ҳикояларим ана шу истак йўлидаги уринишларим маҳсулидир.
Мен ҳамон ўзимнинг Жонобод аталмиш қишлоғимда яшайман. Уйимнинг чор-атрофи сув-анҳор, дарахтлар. Мана шу сувлардан ича-ича, дарахтларнинг тотли ифори уфурган ҳаволардан симира-симира, бироз шоир, бироз ёзувчи бўлдим. Уларда ота-онамнинг тафти, излари бор. Бироз содда, бироз муғомбир, қишлоқигина ҳамқишлоқларимда раҳматли ота-онамнинг истараси, меҳри мужассам. Шу менинг Ватаним! Мен Ўзбекистондан ва ҳатто қишлоғимдан ташқарида яшолмаслигимни аниқ биламан. Ишонасизми-йўқми, бир нарсани ёзмоқчи бўлсам, узоқ ўйлаб юраман ва у маромига етиб, бўғзимга йиғи тиқилгандагина ёзишга ўтираман.
— Фарзандларингизга қандай тарбия берасиз?
— Алоҳида усулим йўқ. Умуман тарбия бериш деган тушунчанинг ўзи, назаримда, мавҳумроқ, юзакироқдек туюлади. Мени қаттиққўл ота, дейишади. Бўлса бордир. Аммо ичимда ҳамиша эриб-эриб тураман. Уч ўғлимга доимо, энг аввало, ҳақиқий эркак бўлинглар, дейман. Эркаклик, оталик – бу олий унвон. Уни оқлаш ва у билан фахрланиш керак. Иймонни асраш, Ватанни севиш ҳақида ҳам кўп гапираман.
Биласизми, бих тарихий бурилишлар, шаклланишлар даврида яшадик, яшамоқдамиз. Бундай даврларда буюк шахсларнинг дунёга келиши тарихдан аён. Бу кейинроқ ойдинлашади. Келинг, гапим баландпарвозлашиб кетмасин. Лекин биз барибир бахтли одамлармиз. Чунки Ватанимиз мустақиллигини кўрдик, унинг мустаҳкамланишида иштирок этмоқдамиз. Фарзадларим ҳам шуни англаса, дейман.
— Журналистика ҳаётингизда қандай ўрин тутади?
— Журналистлик менинг касбим, тирикчилигим манбаи – бу биринчидан. Асосийси эса ҳозиргидек буюк ўзгаришлар, бунёдкорликлар даврида у жуда асқотади. Публицистика сўзни ўз вақтида айтишнинг тезкор воситаси, таъбир жоиз бўлса, замон билан ҳамнафас яшашдир. Журналистик фаолиятим бугунги улуғ ишларга қўшаётган камтарона улушим бўлса, ажабмас.
— Набижон, мана 50 ёш остонасида турибсиз. Хаёлингиздан нималар кечмоқда?
— Умр бир нафаслик эканини англаб бормоқдаман. Умр бўйи нималарнидир ёзиб-чиздим, аммо ҳозир ҳеч нарса қилолмагандекман. Бу дунёга келишу кетишдан маъни не?
Биз бир-биримизни аямайдиган бўлиб кетяпмиз? Одамлар бир-бирларини аясаларгина, дунё омон қолади – бу аниқ!
Яна ҳозир онажонимни жуда-жуда кўргим келяпти. Ўтиб кетган азиз устозларни соғиняпман…
Суҳбатдош: Абдумутал Абдуллаев
Манба: “Андижоннома” газетаси, 2012 йил 2 май сони.
Наби Жалолиддин
ВАТАН
«Эй-й!..» деди-да, кичкинагина хитойи телевизорининг симини электрдан узиб, беозор зарда билан ташқарига йўналди: «Ватанди куни сенларга қомай ўлсин, дардингга урайлар!..» Остонадан ҳатлаб, мева-чеваю экинларга тўла ҳовлисига беихтиёр тикилиб, туриб қолди. Сербарг мевали дарахтлар жимирлаб, ялтирайди – бу офтобнинг тафти баландлигидан далолат. Саратон авжида-да. Иссиқнинг ҳаттоки кўзга кўринаётганидан, сояда турганига қарамай, гўё кимдир юзига қайноқ сув сочиб юборгандай энтикиб кетди.
Хотинининг овқат қиламан, дейишига ҳам кўнмай, ҳали тушликда бир коса шакаробни нон билан паққос туширди-ю, устидан терлаб-терлаб қайноқ чой ичди. Сўнг кўнглининг кўчасига қайрилди – одатдагидек уйга кириб, телевизорни қўйди-да, тўшакка ёнбошлади. Шундай иссиқда эси бор одам кундузи бир мизғиб олади-да. Аслида-ку, жазираманинг дастидан эси кирмаган одамнинг ўзи қолмаган чиқар. Шу тариқа эси йўқ беор телевизор нималарнидир «сайрайверди», у эса аста-секин пинакка кетиб, охири тиррак қотди. Чамаси, икки соатча ухлади, яна ўша телевизорнинг овозидан уйғонди. Уйғонди-ю, мижжаларига ёпишган уйқуси ҳарсиллаган дунёнинг аллақаерига ўзини ургунча ярим очиқ кўзларини оқ-қора тасвирга тикиб ётди. Шуури тиниқлашиб, тасвирдаги маъноларни англай бошлагач, ҳалиги гап -ғаши келиб, ўрнидан туриб кетди.
Хотиниям иссиқдан қочиб доимгидек рўпарадаги уйнинг айвонида ётгандир. Катта ўғли ўқишга кириш билан овора. Кичиги ҳойнаҳой чўмилгани жўнаворган. Ёлғизгина қизи эса, бировнинг хасми эмасми, эгасини топиб кетган. Қаранг-а, ҳайҳотдек ҳовлида хотини иккови қолибди-я. Ўшан-чун ўзбек дегани ўнталаб туғаверган-да. Чунки битта-иккита бола билан бағри тезда ҳувиллаб қолаверган. Каттаси бу йил ўқишга кирса кирди, бўлмаса, баҳорда уйлаворади. Худо берса, бир-икки йилда неваралар кўриб, уйи яна тўполонга тўлади-да. Қизнинг боласи барибир бировники экан, келсаям бир-икки кунга келади. У мудом остонада тураркан, бағри ҳувиллаганиданми, беихтиёр хотинини ич-ичидан соғинаётганлигини пайқади ва айвон томон юрди. Ўртадаги уч-тўрт қадамлик офтобрўядан кўзларини юмиб ўтди -куйдирвораман дейди-я, жонивор.
Иссиқдан нафас ростлаш ниятида чалқанчасига ястаниб ётган хотини уйғоқмиди ёки унинг шарпасидан уйғониб кетдими, эрининг ҳурматидан, дарров оёқларини йиғиштириб, ёнбошлаб олди. У эса сўрининг четига ўтириб, олдидаги чойнакдан пиёлага совуқ чой қуйди ва бирваракай сипқорди: яхна чой ҳам, наздида, илиқдай туюлиб, чанқоғи босилмаганиданми, норози қиёфада тамшанди. Шу ҳолига,
-Ҳа бекорчи парий, ётибсими иш йўғлигидан маза қиле-эб? -дея хотинига тегишди.
-Ҳмм, шу иссиғдаям иш қилиб ўлиб қолайми энди? -деб қўйди хотини секингина ва уйқули кўзларини очиб-юмаркан, уйқусираётгандай сўради. -Нима деб ғудранаётувдийз уйда?
-Ҳозиргиндами?.. -Эр бир қимирлаб олди, билинар-билинмас жилмайди. – Биласану, ўзимизи каналларди кўрсам жиним қуришиб кетади.
-Унақа бўса, кўрмай қўёвринг, дейману. Нима қилас асабийзи бузиб.
-Бошқа кўрадиган нарса бўмаганидан кейин кўрасан-да. Ҳозир ҳам бир қиз Ватан ҳақида ашула айтяпти-ю, ўзи ярим-яланғоч. Орқасини тўлдириб байрақ хилпираб турибди, дегин. Худди аши ўзи куйлаётган Ватан уялганидан байроқминан юз-кўзини тўсиб, «авратийни бекит, қизим», деётгандай. -Нима бўлсаям ёшлигида китобни кўп ўқиган-да, анча-мунча чиройли гапни келиштиради. -Яхшиям телевизоримиз оқ-қора, рангли бўса, унақа ашулачиларди кепатаси вобше даҳшат кўринса керак.
-Ҳа, бияғи мустақиллик байрами яқинлашяпти. Унвонми, мукофотми олса керай-да. Ашинчун Ватан ҳақида айтатта, хўжайин, – деди хотини энди бошини ўнг қўлининг кафтига тираб.
-Унвон олса олиб ўлсин, оммале Ватан ҳақидаги ашула бунақа айтилметта, хотин. Нима, ҳозирги яшлар ашилардан ўрнак оладими? «Сен учун жонимни берай»миш. Сен жонийнимас… Ҳе, дардингга урай!..
-Оббо-оо!.. -Хотин ўрнидан туриб ўтираркан, тушиб кетган рўмолини бошига илди. -Ватанпарварлигийзи биламану, омма шопур одамга ким қўйибдийкин-а бунақа гапларди, тавба. Нима бало, бугун сиёсатдан обқолдийз-а?..
Хотинининг ҳазил аралаш кесатиғи унинг ҳам «илҳомини» қўзғади.
-Ҳа, энди сиз културний одамсиз-да, боллар боғчасини ошпази бўсайиз. -Кейин зўраки қўл силтади. -Эй-й, сен қорин бандаси Ватанди билармидинг, дардингга урай!
-Шунақами?.. Мана, мени Ватаним, билдийзми! -Хотини қулочини кериб, аввал уйларига, сўнгра ҳовлисига ишора қилди ва эрини кўрсатиб, деди: -Мана, мени Ватаним, болларим мени Ватаним!.. Кенг (келинг), қўйинг, чой-пой дамлаб берайми?
Унинг меҳри товланиб, кулди:
-Барибир ўзинг зўрсан-да, хотин. Пақат шу ҳозирги яшларга ичим ачиганидан… Улар эргашадиган одамлар йўғ-да. Ҳалиги, ошнам Марип бору… Биласан, тарихни яхши билади. Аши тарихда қанча қаҳрамонларимиз бор, дерди. Ашиларни кино-пино қилиш керайми?.. Ашулачиларимизи аҳволи ҳалиги бўлса. Бунақада… – У жим қолди-да, хаёллари аллақаёққа учди.
-Чой ичассими-йўғми? -деди яна хотини таъкидлаб, мийиғида жилмайганча.
-Ичмийман. Чекка (янги берилган томорқа) ўтиб келаман. -дея ўрнидан турди.
-Шу иссиғда-я, дадаси?
-Зериктим, бир айланиб келай. Сен бугун ош қиларсан?
-Хўп. -Хотини чойнакдаги яхнани охирги томчисигача қуйиб, ичди. -Майли, айланиб келинг, бўлмаса.
У айвондан тушиб, саҳн четида оқаётган ариқчада юз-қўлини ювди, ҳўл қўлларини бошию кўкракларигача ишқаб, ўзича салқинлади.
Шу пайт катакдаги товуқларнинг қақағлагани қулоғига урилди.
-Ўртоғларингга дон-пон бердингми? -деди ўтирган кўйи овозини баландлатиб.
Айвондан хотинининг овози эшитилди:
-Қорни тўқ, туққани учун бақиряпти.
У бошини силкитиб, кулди, сўнг уй ичида қолган дуррасини олиб, елкасига ташлади-да, кўча томон юрди.
Уларнинг кўчасида дов-дарахт мўл бўлиб, ёнидан анҳор ўтганлигидан, ҳийла салқин туюларди. Бироқ саратон жазирамаси бу ерда ҳам ўз ҳукмини ўтказарди. Чекигача анча юриши керак, шунинг учун тездагина терга ботмаслик ўйида қадамини оҳиста олди. Бораркан, хотинининг гапини эслади: ростданам ўзбек учун бола-чақаси-ю, уй-жойи Ватан-да. Хотини бало… Аммо бу бир жиҳати, агар кенгроқ ўйланса… Ватаннинг нима эканлигини тўла англамоқ учун уйдан чиқиш керакмикин? Нима бўлгандаям бояги ярим-яланғоч ашулачи айтаётган қўшиқ ёки ҳозирги аксарият кинолардаги оврўпачасига кийиниб, чала-чулпа ўзбекча сўзлаб, бемалол ўпишиб, қучоқлашаётган бизга ўхшамаган одамлар Ватан дегани эмас-да. Ватан балки яна нимадир, нималардир… У ошкора кулди: ростданам шопир одамга ким қўйибди бунақа гапларни. Ҳарбийда ҳайдовчилик ҳунарини ўрганди-ю, шу-шу юк машиналарига боғланиб қолди. Умрининг асосий қисмини колхоз машинасини миниб ўтказди. Ниҳоят колхозлар барҳам топди,
буёқда ўзининг ҳам қон босими ошадиган бўлиб, ногиронлик нафақасига чиқди. Мана, эндигина элликка кириб, пенсионерга айланди-қолди. Номи ғирт бекорчи-ю эшик-элига, мол-холига қарайди, олти сотихли чекига ул-бул нарса экади, ҳар ҳолда қора қозонини қайнатиб, рўзғорини эплаб тебратади. Уёғини сўрасангиз, ёшлигида бадиий китобни кўп ўқигани билан аслида ҳалигидай чиройли гапларни ҳадеб гапиравермайди ва ҳатто бугунгидек ўй-хаёлларидан ўзи ҳам ҳайратда. Лекин эсини танибдики, эл-юрт, Ватан дейиладими, халқми, ишқилиб, мана шунақа юклироқ нарсалар хусусида айтилган енгил-элпи гап-сўзларни ёқтирмайди. Хотини айтмоқчи, ватанпарварлиги ҳам рост, яъни, ҳалол-да. Мустақилликнинг ун ва нон танқис бўлган аввалги йилларида, болалар боғчасида ошпаз эмасми, хотини гоҳо уйга бир-иккита булка нон олиб келиб қоларди. У эса бир индамади, икки индамади, учинчисида тузуккина сўкиб берди: «болларни ҳақини еб, қандай сингдирасан», деди. Кейинроқ хотини энди мол-қўйи учун ортган овқатларни т
ашиб юрди. У бунга ҳам кўнмади, «сут-қатиғини ичадиган ҳайвонингга ҳар хил шубҳали нарсаларни берма», дея ўдағайлади. Ана ўшанда хотини «жа ватанпарварсиз-да, кошки буни биров билиб қўйсайкан», деганди. Шу-шу гоҳо эсига тушса, ватанпарварлигини писанда қилиб қўяди. Унинг эса билган фалсафаси шу: кимнингдир бунақа гапларга хуши йўқми, майли, асло бу борада гапирмасин, яъни ҳазил-мазахга айлантириб юбормасин. Ҳозирги кўйига бўлса кутилмаганда тушиб турибди-ю ё ҳалиги ярим-яланғоч ашулачининг турқи-таровати шунчалар таъсир қилдими?..
Бундан уч-тўрт йил муқаддам қишлоқда бир одам пайдо бўлиб қолди. Жиккаккина бу одам афт-ангоридан на ўзбекка ва на ўрисга ўхшамасди, ёши, чамаси, олтмиш билан етмишнинг ўртасида эди. Айтишларича, у асли шу ерлик бўлиб, ҳарбийлигида бир ўрис қизни яхши кўриб, Русиянинг аллақайси шаҳрида қолиб кетганмиш. Ҳозир уёқда бинойидек уй-жойи, бола-чақалари бормиш. Аммо ёши бир жойга етгач, бирдан бу томонларни ихтиёр этибди. Оиласи кўнмабди, лекин у ҳайё-ҳуйт, дебди-ю, жўнаворибди. Энди бу бор-йўғи бир гап-да, уёғини тағин Худо билади. Буёққа келса, уруғларининг катталари ўлиб кетишган, эмишки, ёшлари ғалати қариндошини қабул қилишмабди. Шундан кейин у қишлоқ ҳаммомининг қўлбола меҳмонхонасида ётиб юрди. Кимдир унга эскироқ чопон, дўппи кийдириб қўйди. Унинг оҳорсиз кийимларни кийиши ва ёки увада кўрпа-тўшакда ётиб юриши ночорлигидан эмас, эҳтимол соддаликдан эдики, шу билан ўзбек бўлишга уринарди. Балки аллақачонлар бой берган қандайдир азиз нарсасини қайтадан топишни истармиди. Ҳаммомнинг биқинида ўчоқ, қозонлари ҳам бўлиб, қўлбола меҳмонхона ҳар куни улфатлар билан гавжум эди. Оллоҳнинг эски чопону дўппини кийиб, «шудгор қўриқчисига» ўхшаб қолган бу соддадил қули эса (аслида гўё энди унга тўн билан дўппи ҳам бегонадек эди) гоҳ чойнак, гоҳ товоқ кўтариб, хизматга киришиб кетарди. Буни кўриб, оғзининг боғичи йўқлардан бирови, кайфчиликдами нима бало, унга «Милтиқли киши» деб лақаб қўйибди. (Шўро замонида шу номдаги машҳур, аммо жуда зерикарли филм бўларди ва унинг қаҳрамони кинонинг бошидан охиригача елкасига узун милтиқни осволиб, чойнак кўтарганча у ёқдан-бу ёққа бориб-келаверарди).
Бир куни у ҳам «Милтиқли киши» билан гаплашиб қолди: икки пиёла «ҳасрат-дори»дан «уришгач», эҳтирослар кўнгиллардан тилларга кўча бошлади.
-Мени ҳечам уёққа кетгим йўқ, -деди болаларникидек беғубору беозор кўзларида ёш айланиб «Милтиқли киши», ўзбекчада дудуқлангандай сўзларкан. -Тўғри, болларимни, хотинимни соғинаман. Но-о, шу ерда ўлишни, шу турпоққа кўмилишни истайман.
Тавба, негадир ўшанда бу ҳам йиғлаб юборганди.
Орадан беш-олти ой ўтиб, «Милтиқли киши» бирдан ғойиб бўлиб қолди. Айтишларича, болалари олиб кетишибди…
Эҳтимол бояги «яна нимадир» деганимиз унинг ҳеч йўқ ўлмоқ учун кераклигини англашимиздир? Буни англаш учун наҳотки тарки Ватан этиш зарур бўлса?.. Худо асрасин!..
У катта кўчага чиқиши билан юзига асфалтнинг тафти урилиб, жазираманинг қуввати икки ҳисса ортгандай туюлди. Бу қиздирилган тандирмонанд жойда бирозгина юришини ўйлаб, ичида ўзини овутган бўлди. Шу пайт рўпарасида келаётган Солига кўзи тушди. Кар ва соқов, гоҳо-гоҳо қўлларини силтаб, нималаргадир ишора қилиб юрадиган бу одам, кўча-кўйдаги гапларга қараганда, ундан уч-тўрт ёш катта эди. Эҳтимол у ўз исмини бирон марта эшитмагандир ва балки исми Соли эканлигини мутлақо билмас, лекин одамлар уни Соли деб аташаверади. Тўғри, қайсидир тили қичиганларнинг шундай чиройли исмнинг ёнига гоҳо «жинни», «довдир» сўзларини қўшиб қўйишлари ҳам рост. Аммо Соли жинни эмасди, тўй-тўркинларда ўзича хизмат қилиб, идиш-аёқларни йиғиштириб, у ер-бу ерларда қолиб кетган нон бўлаклари ва бошқа егуликларни, кўпинча эса йўллар четидаги тамаки қолдиқлари-ю қутиларини, хас-хашак, қўйингки, ахлат ёки чиқинди дегулик неки бўлса, барини териб юрарди. Тера-тера бир четга олиб бориб ташларди. Бу юмушини ҳар куни бажарарди. Ҳозир ҳам бошига ўнгиб кетган эски дўппи, эгнига кир-чир кўйлак ва шим кийган Соли унга яқинлашаркан, йўл четида ётган тамаки қутисини олиш учун энгашди. У эса Солига тикилиб бораркан, беихтиёр кўнгли хил-хил эриди, Оллоҳнинг мана шу девона қули билан жуда-жуда сўрашгиси келиб кетди. Бироқ нега бундай бўлаётганлигини тушунмади.
-Ассаломалейким, Соли ака, -деди у сўрашиш учун икки қўлини узатиб.
Соли нимадир ямларди, юзида кинояли ним табассум зоҳир. Салом берувчининг овозини эшитмаган бўлса-да, узатилган қўлини кўриб, сўрашмоқчи эканлигини пайқади ва шошиб қўл чўзаркан, «қалайсан» дегандай бошини болаларча силкиб қўйди. Солининг рангпар юзи ниҳоятда серажин эди, бу ажинлар бағридаги қисиқ кўзлари эса… Улар бағоят маъноли боқарди ва соҳибининг буюк ақлу қалбини намойиш этаётгандек чақнаб, ёнарди. У бу нигоҳдан қаттиқ мутаассир бўлиб, бутун вужуди жимирлаб кетди. Соли эса юзини тиришга кўмиб, тиржайди-да, гўё нимадир деди-ю, йўлига кетаверди. У бир лаҳза тўхтади ва шу туришида жудаям муҳим бўлган ненидир ҳис қилди, лекин шуури унинг не эканлигини англамади…
Мана, ниҳоят дала йўлига элтувчи тошлоқ кўчага бурилди. Бир томонида чуқур зовур, бир томонида эса паст-баланд қишлоқча уйлари бор бу кўчада боягидек куйдирувчи тафт сезилмасди. Болаликда кўпроқ шу кўчада ўйнашарди ва тарафма-тараф муштлашувлар ҳам асосан шу ерда бўлиб ўтарди. Энди қадрдонга айланиб, гавжумлашган бу кўча ўшанда хилватроқмиди. Айниқса, синфдоши Маъруф жуда уришқоқ эди, анча-мунча зўрнинг ҳам ичини тўкиб қўярди. Аммо ўзи ҳам чакки эмасди, паканароқ бўлгани билан ундаям битта ўғил боланинг шашти-ю қуввати бор эди. Бундайларни юраги дов дейишади. Ҳар ҳолда пакана ёки новчами, эр киши довюрак бўлгани маъқул-да. Асқотади. Эсида, ҳарбий хизматни тугатгач, ҳам яхши ҳаётга ва ҳам ўрис қизларга ишқибоз бўлиб, ҳайдовчилик баҳона Русияда икки йилча қолиб кетди. Ишчилар ётоқхонасида уч киши ётишар, уларнинг бири армани эди. Бир куни бекорчиликда «Алибобо ва қирқ қароқчи» деган ўша машҳур филм ҳақида гап чиқиб қолди. (Ўшанда бу филм роса оғизга тушган пайтлар эди, кинотеатрларда тинимсиз қўйиларди). «Уни Ўзбекистон Ҳиндистон билан ҳамкорликда ишлаган», деди у оғзи қулоғида мақтаниб. Буни эшитган армани шу қадар масхараомуз тиржайдики, унинг вужуд-вужудидан ўтиб кетди. Устига-устак «эсинг жойидами, что за тупост», деб ҳам юборди. У ана шунисига чидолмади, армани бутун халқини ошкора ҳақоратлаётганлигини юракдан ҳис қилди. Шаҳд ўрнидан туриб, ўртадаги столни арманининг устига улоқтирди, нималардир дея сўкинди, ғазаб ва нафрати куч бериб, уни босиб олди. Учинчи ҳамроҳлари ажратишга тушди. Армани кечқурун ўз қавмдошларини бошлаб келди ва уч кишилашиб бечора миллатпарастни роса дўппослашди. Аммо кейинроқ арманилар уни роса ҳурмат қиладиган, давраларига чорлайдиган бўлиб қолишди. Улар ё кино чиндан ҳам ўзбекларники эканлигини аниқлашган ва қилмишларидан уялишган, ёки унинг ўз миллати учун мардона турганидан таъсирланишганди. Демак, эр киши ҳурмат топмоғи учун нималарнидир деб уришиб ҳам туриши керак шекилли-да.
Маъруф остонаси тагидан оқиб ўтган ариқча ёқасидаги ажриқда ёлғиз салқинлаб ўтирарди. У ошнасининг кўчада майкачан ўтирганини кўриб, буни уят санаганидан (ҳаё фақат аёллар учун эмас-да) бироз ғашланса-да, уни ҳалитдан бери бир неча бор эслагани учун кўнгли эридими, жилмайиб, салом берди. Маъруф сал қўзғолиб, қўл узатди.
-Тўшак обчиқайми, ошна? -деб қўйди унинг ажриққа ўтираётганини кўриб, шунчаки мулозамат оҳангида.
-Раҳмат, тўшакда ўтирсангам қизиб кетасан ҳозир, -деркан, юзига фотиҳа тортди у. -Қалай, отпискага чиқволиб, маза қиб дам оляпсанми?
Маъруф ўқитувчи эди, тарихдан дарс берарди.
-Ҳа, энди… -деди у пешонаси тиришиб. -Дам қайда-я, ошна, ўзбейди дами нималигини биласану.
Шу пайтгача эътибор бермаган эканми, ҳозир тузукроқ сарасоф солгач, пайқадики, дўсти анча қарибди. Майкачан ўтиргани учун шимининг устида беўхшов осилган қорни сабаб жуссаси катта кўрингани билан тузуккина чўкибди ҳам. Сочлари оппоқ, пешонаси-ю кўзининг атрофини тириш босган, юзи салқиган, нигоҳи эса аввалгидек ўтли эмас, лоқайд боқади. Болалигида товонидан ўт чақнарди, ҳамма нарсада биринчи эди. «Атаман-атаман» ўйинини ўйнашганида нуқул Маъруф атаман бўларди. Болалар уни кўпчиликлашиб «қўлга туширишарди»-да, дарахт ёки симёғочга ростакамига чирмаб боғлашарди. Энди ўйласа, у атайлаб қўлга тушиб берармиди, чунки, асир олинган атаманни қийнаш ва унинг қийноққа чидаши жуда завқли эди, ҳар тугул одам ўз мардлигини намойиш қилиши учун бу росаям қўл келарди. Чамаси, ўшанда Маъруф қийноқларга чидаб, паролни айтмай туришдан ҳузурланарди шекилли. Аммо қийноқлар қарийб чинакамига бўларди -асирга сув сочиларди, лой отиларди, юмшоқ жойлари чимчиланарди.
-Ёғоч от минволиб, «Атаман-атаман» ўйнаганларимиз эсингдами, Марип? -деди у хотирага бериларкан, завқланиб.
-Эсимда, -деб қўйди Маъруф бошқа гапинг йўқмиди, дегандай писандсизларча.
-Унда биз ўхшагимиз келган одамлар кўпийдида-а? Ҳозиргиларни куни нуқул ғарнусха, баччанусха ашулачиларга қолди.
Маъруф бир кафт нос отиб, индамай ўтираверди.
-Менга қара, бир пайтлар қадимдаги зўр одамларимиз ҳақида жа кўп ривоятлар айтиб берардинг-а? -У дўстининг феълини яхши билгани учун гапига жавоб кутмасдан бидиллай бошлаганди, Маъруф кутилмаганда оғзида носи билан «си-си»лаб қолди:
-Су дейман биз пақат улуғ поссоларимиз ҳақида гапириб, уларни мақтаб, осирворяппиз секилли-да. Простой одамлардан чиққан зўрларимиз ҳақида гапирсак яхси бўлармиди? Чунки ёслар асиларга эргасатта. Масалан, ҳалиги Сироққа (Широққа) ўхсаган…
-Ўзимизи Дукчи Эшонга ўхшаган, дегин, -гапни илиб кетди у. -Нимага Дукчи Эшонни кўпам гипиришоврмайди, а, Марип? Агар уни кино қилишсами… Зўр чиқарди-да. -У саволлари кўпайиб кетганлигига ҳам парво қилмасди. -Ҳалиги Широқ ўзи бўган одамми, Марип?
-Бир ривоятта энди, -деди Маъруф ҳамон лабларини қимтиб. -Ияғини яна тағин Худо билади.
-Халқини деб қулоғи минан бурнини кесишсаям чидайди-я. -У худди ўзининг бурин-қулоғини кесишаётгандай ғалати бўлиб кетди. -Бизиям шунақа қилишса чидармикинмиз-а, Марип? -деб юборди болаларча соддалик билан. -Худо сақласину, мабодо уруш-пуруш бўлса, бизи халқам эплаб уришармикин?
Маъруф унга савдойига боққандай бир қараш қилди-да, носини туфлаб ташлагач, деди:
-Жа серсавол бўп қобсан, тинчлийми? Гапларинг ғалати-ғалати. -Кейин худди ўйларини ирғитмоқчидай бошини кескин силтади. -Бийил (бу йил) иккинчи ўғлими уйлашим керак. Уйдаги мол-қўйларимди, теракларимди сотсам етармикин, деб турибпан. Бияқда катта ўғлимга битта ватан қиб беришим керак.
У эса дўстининг гапини гўё эшитмагандай ғўлдиради:
-Шу бизи ашулачилар… Унақа десанг, ҳаммамизам Ватанимиз ҳалиям бировни қўлидадек мақтаймиз, куйлаймиз-да. «Сени бировга бермиймиз», «Сени жонимдан севаман», яна «Сендай Ватан қайда бор?» дейишадимией. Ҳаммаси армон. Ватан бунақа куйланмайди-да, а?
-Об-боо, роса бошти оғриттингу, бор, ишийни қил! -дея дўқ урди Маъруф. -Бор-бор!..
-Одам қуриб кетгандай сенга гапирдимми-я, -деди у ҳам дўстининг зўраки дўқига жавобан. -Борей, дардингга урай сени! Мен бир чекдан хабар об ўтай.
Пича нарига етганда Маъруфнинг овози эшитилди:
-Ҳўй, ватанчи, қайтишда киргин, биттани ариқчага ташаб қўйганман.
У «хўп» дегандай қўл силтаб, жилмайди. Юриб бораркан, яна хаёлга берилди: тавба, буларни тушуниш, ҳис қилиш ёки ҳалигиндақа қийноқларга чидаш учун наҳотки бола бўлмоқ лозим? Ёки чинакамига севмоқ ва мард турмоққа болалардек соддалик, беғуборлик керакмикин?..
Томорқасига баҳорда сабзи сепишганди, роса бўлди жонивор. Яқинда йиғиштириб, бозорга «уришди-ю», ўрнига маккажўхори экишди. Ана, маккажўхорилар ҳам тил кўрсатиб қолибди. Ҳадемай, бу ерга уй қуради ва катта ўғлини уйлаб, олиб чиқиб қўяди. Томорқа олишга олгану, лекин ҳали уй қуролмаганлар кўпчилик, атрофда яккам-дуккам кичкина-кичкина уйлар кўринади холос. Чор тарафга асосан терак экилган. Терак деганлари яхши нарса экан, ош-нон сўрамайди-ю, уч-тўрт йилда қўлга илингулик даромад келтиради… «Ие, маккажўхори экилган уяларни товуқ титибдими?» Ҳа, битта эгатдаги уялар қаторасига титкилаб ташланибди. Илдизидаги дони чўқилгану, янги унган ва энди илдизсиз қолган ниҳоллар сўлий бошлабди. Ҳойна-ҳой бу ҳамиша бировларнинг девор-тўсиқсиз томорқаларини овлаб юрадиган қўшни жувоннинг товуқлари бўлса керак. «Мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади», дегани шу-да. Бир кўнгли бўралатиб сўккиси келди, лекин шайтонга ҳайр берди. Ҳозир чақирса, барибир эри уйда йўқ, ўша товуқмижоз жувонга рўпара бўлади. Хотин киши билан пачакилашиб ўтирмагани маъқул, сири кетади. Яхшиси, уйга боргач, хотинига айтади. Товуқларига қўшиб бир адабини берсин…
Чекини астойдил кўздан кечиргач, ўт-ўлан босган ўйдим-чуқур йўлга ўтди ва ундан катта анҳор ёқасидаги дўнгликка кўтарилди. Бу ердан теварак-атроф яққол кўзга ташланарди. Шу туришида, наздида, дунё жуда кенг туюлиб кетди. Суви тип-тиниқ анҳор эса лим-лим оқади. У қирғоққа ўтириб, дурраси билан юзу-бўйнидаги терни артди. Сўнг тағин Широқ ва болаликдаги «Атаман-атаман» ўйини ёдига тушди. Унинг кетидан ўрислару амриқоликлар ишлаган қадимги жангу жадаллар ҳақидаги киноларни эслади. Улар бунақа киноларни қотиришади, лак-лак лашкарлар қатнашган муҳорабаларни ҳам жуда ўхшатишадики, беихтиёр ишониб кетасан, киши. Ўзингни гўё ўша жангларда иштирок этаётгандек ҳис қиласан ва кўнглингда шиддат ёки мардликни соғинишга ўхшаган туйғуми пайдо бўлади. Эҳтирослироқ одам уларни кўрганида ўзини жуда-жуда мард фаҳмлаб, вужудида мислсиз қувват жунбушга келаётганлигини сеза бошлайди. У ёшлигидан шунақа киноларни яхши кўради. Айниқса, бош қаҳрамонларнинг асир туш ишлари ва уларнинг беаёв қийноқларга чидашларидан ниҳоятда таъсирланади, мардлигидан ҳузурланади. Шундай пайтларда гоҳо ўзини ўша қаҳрамонларнинг ўрнига қўйиб кўради ва қийноқларга чидай олиш ёки олмаслигини хаёлан чамалайди. Айтса, биров ишониши қийин-ку, кўпинча бу чамалаши ўз фойдасига ҳал бўлади. Ҳозир ҳам Широқни эсларкан, хаёлан унинг ўрнига ўзини қўйиб кўрди. Широқ улуғ бир подшоҳни лашкарига қўшиб алдаган. Энг қийини ҳам шу -у бировни алдолмайди, ёлғон гапиролмайди. Тағин ким билади, мабодо эл-юрти учун бўлса, балки… Бироқ қийноқларга чидайди. Мана, қулоқларини ҳам кесишди. Аввалига ҳатто сезмади. Кейинроқ сал-пал оғриди -бунга чидаш мумкин. Фақат бўйнидан кўкрагига оқиб тушаётган қонни кўрганда сесканиб кетди, озгина ваҳимага тушди. Кейин эса бурнини кесишди. Чидайди… «Чидайман!..» -деб юборди у овоз чиқариб. Ўз овозидан хаёли бўлингач, ён-верига бирров қараб қўяркан, жилмайди.
Анҳорнинг муздек сувида аввал қўлларини чиғаноғигача, сўнгра юзу бўйнини, кўкрагини ювди. Ҳозир у гўё танасидаги қонни юваётгандек эди…
Сал салқинлади, лекин анҳор бўйи офтобли бўлганидан нариги қирғоқдаги тутқатор остида бирпас ўтиргиси келди. Ўрнидан туриб, ўнгдаги кўприк сари юрди. Рўпарасида яна Соли кўринди: у ниманидир излаётгандек тимирскиланиб, атрофга тез-тез назар ташлаб келарди. «Ҳаммаёқни кезиб юраркан-да бу девона», деган гап ўтди хаёлидан. «Балки Соли биз билмаган ниманидир билар? Бу дардингга урай бало!..» У ихтиёрсиз тарзда Солига тикилди. Соли ҳам унга туйқус назар ташлади. Ана шунда ўртадаги анчагина масофага қарамай, яна унинг нигоҳини аниқ-тиниқ кўрди. Бу нигоҳ бағоят чуқур эди. Шу қадар чуқурки, унга кириш ва эҳтимол чўкиш мумкиндай туюларди… Улар кўприк олдида тўқнашдилар. Соли тағин «Қалайсан?» дегандай бош силкиб, ўтиб кетди.
Тутқаторнинг нарёғидаги этаги анча узоқларга чўзилган картага пахта экилганди. Дуркун ғўзалар тизза бўйи бўлиб қолган. У тут остига ўтириб, юз ва бўйнидаги намни артди. Энди офтобнинг тафти хийла қайтган, лекин ҳаво нони узиб олинган ва чўғи хиёл сўнган тандир каби дим эди. Унинг бағрида ажиб бир соғинч пайдо бўлди. Юрагининг ости сим-сим оқаётгандай, кўзларининг четига биров игна санчаётгандай эди. Эҳтимол хотинини соғиндими? Қизиқ-а? Тавба! У кафти билан намчил бағрини сийпалади. Гўё йиғлагиси келарди-ю, аммо бу ҳолати ўзига жудаям хуш ёқарди. «Дардингга урай бунча ширин-а?..» Ё ошнаси Маъруфни соғиндими? Балки Солининг нигоҳи таъсир қилгандир? Йўқ, бағридаги нарсанинг омонлиги учун булар озлик қиларди… Яна хаёллари чувалашди: қайтишда Маъруф ариқчага солиб қўйган «ҳалигиндан» икки пиёла «уради». Ҳаво дим бўлса нима қипти? Кейин уйига бориб, хотинжони пиширган паловни «туширади». Таскин илинжидаги бу орзу-ўйлари ҳам камлик қилди… Ҳаловатсиз жовдираган кўзлари ғужғон ғўзаларга тикилди. Шу пайт тизза бўйи бўлган ғўзалар ўса бошладилар, ўса-ўса худди қадимги жанглар акс этган кинолардаги сонсиз суворийларга айланардилар ва ўтиргани боис тобора ундан баландлаб борардилар. Бостириб келаётган тиш-тирноғигача қуролланган лашкар ҳисобсиз эди. Унинг бағри ҳаприқди, кўксини эзғилаётган нарса шиддат билан бўғзига урилди. Бўғзи куйди-да, унда мислсиз бир наъра пайдо бўлди. Ҳайқираркан, чап қўли ёнбошини безовта пайпаслади ва кафти нимагадир урилди-да, уни маҳкам чангаллади. Сўнг бироз хотиржам тортди, кўксига ҳаво тўлиб, кўтарилди ва белида тутгани улкан қилични қиндан суғира ўрнидан туриб кетди. Шу он ўнг ёнидаги сербутоқ, эгри-бугри тут «Милтиқли киши»га айланди. Унинг қўлида чиндан ҳам каттакон милтиғи бор эди. Чап томонидаги тутлар ўрнида хотини ва Соли пайдо бўлди, орқароқда эса қорнини қаппайтириб Маъруф кўринди. Бошқа тутлар ҳам таниш-нотаниш одамларга айланарди. Ҳозир улар ҳамлага шайланган шерянглиғ рўпарадаги сон-саноқсиз лашкарга бас келмоққа қодирдай туришарди.
НАБИ ЖАЛОЛИДДИН ШЕЪРЛАРИДАН
ВАТАННИ АНГЛАШ
Бир оз тўхтанг!
Самога боқинг!
Чеккасини кўролдингизми?
Ахир осмон шунчалар яқин –
Айтгунча бор фақат бир сўзни.
Энди эса кўзингиз юминг!
Қаттиқроқ,
Оғриб кетсин киприклар жони.
Оғридими?..
Айландими бошгинангиз минг?!..
Асранг ўшал ачишган жойни.
Асранг минг-минг айланган жойни.
1988
ЯШИЛ ЖОЙНАМОЗ
Мағрур ўсаётган улкан оғочнинг
бошида силкинган япроқ –
Яшил жойнамоз.
Оппоқ булутларни елпир тинмайин,
булутлар кўтарган байроқ –
Яшил жойнамоз.
Шамоллар ҳайдайди уйқуларини
мудом қойим турган қароғ –
Яшил жойнамоз.
Лаблари титрайди. Овози –
Ла илаҳа илаллоҳ –
Яшил жойнамоз.
Хазон фасли Арш сори учар,
бўлар васли Ҳаллоқ –
Яшил жойнамоз.
1999