Orziqul Ergash. Olis yulduzlar & Sa’dulla Quronov. Yillarni yutgan adib.

Ashampoo_Snap_2017.11.30_16h21m59s_010_.png   Ёзувчи Орзиқул Эргаш таваллудининг 65 йиллиги олдидан

   Юлдузлар ҳам менга қараб шитоб билан кела бошлашди. Тағин бирортасига урилиб кетмасайдим, деб хавотирга ҳам тушиб қўйдим. Қаёқда! Ҳеч уларга етолмасдим. Тавба! Кейин эслаб қолдим: эшитгандимки, юлдузларга етиш учун ойлаб, йиллаб, ҳатто асрлаб учиш керак, деб…

Саъдулло Қуронов
ЙИЛЛАРНИ ЮТГАН АДИБ
07

Адабий жараённинг ўз кайфияти бор. Бирда унинг тўлқинлари осмон қадар ниш уради, бирда у сокин, жило бериб мавжланади. Албатта, унинг кайфияти давр, ижтимоий ҳаёт тутумлари билан боғлиқ ҳолда кечади. 80 йилларга келиб адабиёт майдонида бир гуруҳ итеъдодли носирлар кўрина бошладилар. Бу адибларнинг ижодий салоҳияти ўзидан катта авлод вакиллари имкониятидан, асло, қолишмасди. Олдинига кичик ҳажмли асарлари билан адабиёт ихлосмандлари кўнглини забт эта бошлаган Олим Отахон, Алишер Ибодинов, Орзиқул Эргаш, Хайриддин Султонов, Баҳодир Мурод Али, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон каби ёш ижодкорларнинг адабий фаолияти кейинчалик ижтимоийликнинг қайноқ оқимларида сўниб қолди. Ҳозирда уларнинг аксарияти, умуман ёзмай қўйган, ёзаётганларининг ижоди эса, хийла суст.

Ashampoo_Snap_2017.11.30_15h41m52s_008_.pngЁзувчи Орзиқул Эргашни ҳам юқоридаги адиблар қаторида санаб ўтганимиз бежизга эмас. Адиб 80-йиллар аввалида “Шоҳсанам”, “Дунёнинг бир чеккаси” номли қиссалари билан кўзга кўрина бошлади. Сўнг унинг “Тўй”, “Болалигим кўчаларида”, “Дархон қиссалари” каби китоблари бирин-кетин нашр этила бошланди. Қисқа давр оралиғида ёзувчининг беш китоби дунё юзини кўриб, кенг жамоатчининг эътирофига сазовор бўлади. Аммо 90 — йилларга келиб ижтимоий ҳаётдаги кескин ўзгаришларданми, янги дунёнинг янгича тамойилларига кўникишнинг қийин кечганиданми?.. Хуллас, Орзиқул Эргаш ҳам сафдош дўстлари қаторидан қолмади. Сувга тушган тошдек жимиб кетди.

Бугун “Саодат соҳили” (Х. Султон), “Қуёш ҳам олов”(А. Ибодинов), “Кўк тўнлилар”(Б. Муродали) каби дурдона асарларни кўлига олган ўқувчи кўнглининг бир четида ачиниш ҳислари уйғонишига шубҳа қилмаймиз. Зеро, бу истеъдодлар янги даврнинг янгича кайфияти, истиқлолнинг ёниқ орзуси билан қалам тебратаётган эдилар. Уларнинг ҳар бир асарида ўзлигини излаётган қаҳрамон, ўз давридан норози кайфият ҳукмрон эди. Ҳатто, Орзиқул Эргашнинг лирик-романтик туйғуларга бой, самимий ифода билан битилган асарлари ортида ҳам шу каби кайфиятни пайқаш қийин эмас.

Орзиқул Эргаш ўз асарларида, асосан, қишлоқ ҳаётини ёритади. Қишлоқ кишиларининг турмуши, уларнинг ўй-хаёллари, пахта мавсуми “ҳангома”лари ёзувчи асарларида ойнадек акс этади. Жумладан, адибнинг “Шоҳсанам” номли қиссаси бу борада алоҳида аҳамиятга моликдир. Чунки қисса Орзиқул Эргашнинг услубини, бутун ижодий пафосини белгилаб беради. 1984 йил “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган “Шоҳсанам” қиссаси бир қарашда ишқий мавзудаги, романтик туйғуларга бой асардай таассурот беради. Аммо асар ташиётган маъно юки икки ёшнинг севги қиссасидангина иборат эмасди. Асарда қишлоқ кишиларининг “кичик” фожеалари, дарди, аччиқ қисмати қаламга олинади. Қисса қаҳрамони Барот – юртнинг истеъдодли, ақлли ва умидли ёшларидан. Унинг бу қобилиятлари раис бобо эътиборини тортса-да, Баротга шаҳарга бориб ўқишни тавсия қилмайди, балки, ақлли, фаросатли кадрлар ўзларига кераклигини рўкач қилади: “Ўқишни бўлса кейин гаплашамиз. Боя айтганинг бўлмайди. Сельхозда ўқийсан. Деҳқон боласисан, қўлингдан келар ишга урингин”. Болалигидан ёзувчи бўлиш орзусида юрган Баротнинг келажак ҳаёти шу куни ҳал қилинганди, гўё. Энди у “бригадир бобо”, қишлоқнинг ҳурматли, эътиборли кишиларидан бирига айланади… Аммо Барот ўзининг покиза қалби, ҳалол меҳнати билан колхоз турмушини яхшилолмайди, одамлар ўртасида тенглик ўрнатолмайди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай тер тўкаётган меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқини поймол этаётганларга қарши қўлидан ҳеч нарса келмаслигини тушуниб қаттиқ эзилади.

Қиссада дала тасвирларига, унда ҳазил-ҳузил қилиб, чақчақлашиб ишлаётган мактаб ўқувчиларининг беғубор ҳангомаларига кенг ўрин ажратилади. Ўқиб завқланасиз. Лекин раис бобонинг Баротга “Ўқувчилар сенинг ихтиёрингда, мактабга боришмайди ҳали…”, деб уқтиришларини, мактаб битирувчиларининг умри, фақат далада ўтиб кетишини кузата туриб, муаллиф изтиробларини англаш мушкул эмас. Асарнинг бир ўрнида биринчи май байрамидаги воқеалар қаламга олинади. Жийда гулларидан кўтариб олган Амиржон қизларга қарата баралла: “Ҳаммаларингни йигитлар номидан, Барот ака ва ўз номимдан Биринчи май байрами билан табриклайман!.. Айтиб қўяй бизни табриклаш шарт эмас. Бугун байрам вахтасида туриб икки норма бажарсаларинг, шунинг ўзи катта байрам совғаси (таъкид бизники – С.Қ)”, –дейди. Шу маҳал дала ёқалаб “мопед” минган шаҳарлик балиқчи йигитлар ўтиб борадилар. Шаҳарлик йигитлар кун бўйи балиқ овлар, кабоб пишириб, базм қилишарди. Далада эса, “қувноқ” битирувчилар қош қорайгунга қадар чопиқ қилардилар… Адиб қишлоқ кишиларининг самимий, беғубор турмуши ортида уларнинг чинакам фожеасини ҳам кўра олади. У асар давомида қишлоқ ёшлари билан катталарни параллел тарзда таққослаб боради. Аҳамиятли жиҳати, унинг қаҳрамонлари шунча меҳнат, ҳалол турмушнинг ортидан на тўкин-сочинликка ва на бахтга эришадилар. Оғир касал ҳолида раис бобо Барот билан хотираларини ўртоқлашаркан, ёшлигида бир раҳбарнинг “Урушда бўлдик ҳаммамиз, қийинчилик кўрдик, энди қадримизга етайлик бир-биримизни…” деган сўзларини эсга олади. Ёзувчи айни шу қадрсизликни қоралайди. Аслида, “Шоҳсанам” фақатгина муҳаббат қиссаси эмасди. Унда ўтган давр кишиларининг ана шундай дардлари зуҳир бўлган. Асарнинг бир ўрнида Амиржон исмли қаҳрамон Баротга шундай мурожаат қилади: “…Лекин қанақа ёзувчи бўлардингиз? Анави Хўжақулга ўхшаганлар бир ёқда қолиб, одамларни дарди бир ёқда қолиб нуқул ошиқ-мошиқлигу, ўлдим-куйдимларди ёзиб ётармидингиз”… Шу мурожаатнинг ўзиданоқ Орзиқул Эргашнинг асардан кўзлаган мақсади англаш мумкин.

Адибнинг “Дунёнинг бир чеккаси” номли қиссасида хотин-қизларнинг аччиқ қисмати қаламга олинади. Асар учун танланган номнинг ўзиёқ ўқувчини мулоҳазага чорлайди: Демак, дунёнинг бир чеккасида кичик орзулари, дардлари ва қувончлари билан яшаётган қишлоқ қизлари бор… Орзиқул Эргаш ана шундай “кичик” қисматларни қаламга оларкан, ортига катта ижтимоий муаммоларни яширади. Умри фақат меҳнат билан, болам-чақам деб ўтаётган қишлоқ аёлларининг тақдиридан қайғуради. Аммо адиб ифодада самимийликни, соддаликни сақлаб қолиш мақсадида воқеликни Самижон исмли ёш бола воситасида тасвирлайди. Лекин шу соддаликнинг замирида шу қадар ўткир киноялар борки, биз юқорида таъкидлаб ўтганимиз даврдан, қадрсизликдан норози кайфият ўзини ошкор этади. Асардаги биргина диалог, раиснинг шаҳарда ўқиб келган жияни Самаднинг Раъно исмли қишлоқ қизи билан бўлган суҳбатидаги кичик қисмга эътибор қаратинг: Қалай? Ишлаб ётибсиз. Кўрмаяпсизми? Офтобда, чангу тупроққа қоришиб-а? Ҳа, ҳамма қатори. Ишлайверинг. Кетмондан бошқасига ярамагач, ишлайсиз-да. Хўш, бу гаплар фақат Раънога қаратилганмиди? “Офтобда, чангу тупроққа қоришиб” ишлаётган фақат Раъно эмас-ку? У ҳамма қатори… кетмондан бошқасига ярамайдими? Ёзувчи шу тарзда ўз мақсадини ошкор қилади. Унинг бошқа қисса ва ҳикояларида ҳам шу каби киноя яққол сезилиб туради.

***

Умуман, 80-йилларнинг ўрталарида адабий жараёнга кириб келган ёш ижодкорларда ҳам 70-йилларда бўй кўрсатган адибларда кузатилгани каби шахс мавқеи, унинг қадри, индивид руҳий оламидаги мураккаб кечинмаларни тасвирлашга жиддий аҳамият қаратилади. Бугун адабиётшунослигимизда “70 йиллар авлоди” деган истеълоҳ кенг қўлланилади. Баъзан, аслида, 80 йилларда шаклланган ижодкорларни ҳам 70-йиллар авлоди қаторида ўрганамиз. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: 70-80 йилларда ижод саҳнасига кўтарилган адибларни умумий ғоя, бадиий тамойиллар бирлаштириб туради. Шундай экан, дейлик, Эркин Аъзам билан Хайриддин Султоновни бошқа-бошқа авлод вакиллари дейиш шартми? Тўғри, реалистик ифодадаги ўзига хос ўзгаришлар, аслида, 70 йиллардаёқ бошланган эди. Яъни ўқувчи ўзи ўрганган реалликдан бирмунча фарқли, оламни бор мураккабликлари билан тасвирлашга уринувчи ифода тарзига Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам каби ижодкорларнинг асарларида дуч келиб улгирган эди. Аммо, 70 йиллардаги шарт-шароит билан 80 — йиллардагисининг жиддий фарқ қилганини ҳам инкор этиб болмайди. Ўз-ўзидан икки даврда шаклланган адибларнинг ижодида муайян ўзига хосликлар бўлиши табиий. Бизнингча, 80 йилларда шакллана бошлаган ижодкорлар гуруҳи ўзларидан олдинги авлод бошлаб берган реалликдан қочиш, инсон руҳий оламига шўнғиш “анъанасини” жиддий давом эттиришга киришган эдилар. Шу боис ҳам “Жажман” (Хуршид Дўстмуҳаммад), “Кўнгил озодадур” (Хайриддин Султонов), “Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза” (Олим Отахон) каби асарларни бирмунча ёшроқ авлод вакилларигина ёзадилар. Айни шу каби фарқланиш шеъриятда ҳам кузатилади.

Хўш, 80 — йилларда етишган ижодкорларнинг ўзига хос жиҳатлари бор экан, нега “80 йиллар авлоди” деган истеълоҳ мавжуд эмас? Кўпчилик мутахассис ва ижодкорлар ўтган асрнинг 70 йиллари шакллантирган авлод адабиётимиз тарихида катта из қолдирганини эътироф этганлари ҳолда, уларга адабий жараёндаги охирги авлод сифатида ҳам қарашларига сабаб нимада? Албатта, бу тахлит қарашларнинг жиддий асослари мавжуд. Адабий авлод муайян давр колоритида ягона мақсади, умумий бадиий тамойиллари, ижтимоий кайфияти ва дунёқараши билан бирлашган ижодкорлар гуруҳидир. 70 — йиллар авлодининг ютуғи шундаки, уларнинг ижодий мақсадлари амалга оширилиши узоқроқ вақт билан таъминланди. Яъни, 70 — йиллардан то 90 — йилларга қадар, йигирма йиллик вақт оралиғида ижодкорлар гуруҳи санъатнинг барча жабҳаларида нафақат янгилик яратдилар, балки оммани шу бадиийлик билан қаноатлантиришга-да муваффақ бўлдилар. Шу маънода 80 — йиллар авлоди ўзининг бадиий-ғоявий концепциясини тўла шакллантира олмади, тўғрироғи, ижодкор бунга улгурмади. Уларнинг ижоди 70 — йиллар авлоди асарлари балан қоришиқ ҳолда ўрганилишига сабаб ҳам шунда. Айтмоқчимизки, биз юқорида санаб ўтганимиз ёш ижодкорлар ўзларидан бироз катта авлод вакиллари бошлаб берган адабий анъаналарни улар билан биргаликда давом этказгани, сайқал бергани ва эндигина, жиддий эксприментлар қилиб, ўзига хос жиҳатларини намоён қила бошлаганларида, ҳаммаси тақа-тақ тўхтаб қолади. 90 — йиллар аввалида ижтимоий ҳаётда содир бўлган кескин ўзгаришларни, давр ва янгича кайфиятни бадиий идрок қилиш эса, албатта, мушкул эди.

Худди шундай вазият 90 — йиллар бошида “ўтиш даври” кайфияти асносида бирлашган ижодкорлар груҳида ҳам такрорланади. Аввало, қисқа давр оралиғида ўзгариб кетган эътиқодларни бадиий мушоҳада қилиш, янгича ифода шаклларида (модернизм) изланиш ва ўқувчи оммага буни сингдириш бироз суст кечди. Орадан кўп ўтмай модерн кайфият ҳам, унинг ижодкорлари ҳам адабиётимиз тарихидан жой олди. Умуман, модерн ижодкорлар гуруҳини бир хил ижтимоий кайфият бирлаштирган эса-да, улар ягона ғоя, бадиий принципларда якдил бўла олмадилар.

Ҳозирги адабий жараённинг фаол шоиру ёзувчилари шаклланиб келаётган янгича бадиий-ғоявий йўналиш теграсида бирлаша оладиларми йўқми, буни вақт кўрсатади…
Хуллас, Орзиқул Эргаш баҳонасида авлодлар масаласини кўтарганимизни тўғри тушунгайсиз. Зеро, мақоладан мурод ҳам ёзмай қўйган адиб воситасида бой берилган авлодлар ҳақида тўхталиб ўтиш эди. Сиёсий, иқтисодий ва маданий жабҳаларда ягона мақсадлари билан бирлашмаган кишилик жамияти тараққий этмайди. Шу маънода адабий авлодларнинг шаклланиши ижтимоий-маданий ҳаётда жиддий аҳамиятга молик.

***

Биз биргина Орзиқул Эргаш сиймоси асосида бутун бир адабий жараённи баҳолай ололмаймиз, албатта. Билакс, унинг воситасида яқин ўтмишда қайноқ ижодий фаолиятда бўлган, аммо кейинчалик ёзишдан тўхтаган адиблар тақдирини кўришимиз мумкин. Албатта, шу билан Орзиқул аканинг ижоди батамом тугади дейишга журъат қилмайман. Адибнинг тарихий роман ёзиш орзусида юрганидан хабарим бор. Фаолияти давомида юзлаб китобларга муҳаррирлик қилиб келаётган меҳнаткаш ёзувчининг ўзи учун ҳам вақт топиши мумкинлигига ишонгинг келади, гоҳида. Жилла қурса, “Китоб чиқаришга эҳтиёжим йўқ, менинг”, дея такрорловчи адибнинг бир неча йиллардан буён “Шарқ” нашриётида ётган тўпламини тез-тез эслаб туриши ҳам биз каби ўқувчилар кўнглида умид уйғотади.

Мақолам сўнгида Орзиқул Эргаш ва санаб ўтганим истеъдодларга тилагим шуки, бир пайтлар кўнглига тугиб юрган, лекин ёзишга улгиролмай қолган романларини энди ёзишсин. Бир пайтлар ўқувчилар кўнглини забт этган қалам бугун янги куч билан қайтиб келсин. Бир пайтлардаги ёшлик ғайрати бугунги катта тафаккур билан омухталашсин.

Орзиқул Эргаш
  ОЛИС ЮЛДУЗЛАР
07

Уйқуни бунча яхши кўришмаса булар. Бошлари болишга тегдими, қотишади-қолишади. Муннай гап-гап қилиб ётишмайдиям. Майли гаплашишмасин, лекин осмонга термулиб, маза қилиб хаёл суришса бўлади-ку!.. Ҳа, бир ҳисобда шунисиям маъқул, халал беришмайди. Бир ўзгинам жимгина тикилиб — гаплашиб ётаман юлдузчалар билан…

Шу, анчадан бери битта нарса миямдан кетмайди. Буларга айтай дейман-у, кулишадими, деб ўзимни тияман. Рост-да, ўзи кулгулироқ бир оз… Ўзимча дейман: юлдузлар баландда, жудаям баландда, ҳамма ердан кўриниб туришади. Шунақа бўлгач, ҳозир анови уруш бўлаётган жойлардагилар ҳам кўриб тургандир. Уларгаям бизга ўхшаб кечалари дам беришар. Шунда улар ҳам окопдами, чайладами, ёки шундай кенг дала ўртасидами (ишқилиб-да), чалқанча тушиб олиб, юлдузларга тикилиб ётишар… Ажойиб-да! У ёқда улар, бу ёқда бизлар — бир пайтнинг ўзида битта нарсани кўриб туришимиз мумкин…

Миямга ўрнашиб қолган нарса шуки, битта юлдузни, масалан, Маъмура опам танласалар, кейин Маҳмуд акага хат ёзсалар: фалончи юлдуз бизнинг бахт юлдузимиз, фалон пайтда унга тикилиб гапингизни айтинг. Мен бу ёқда туриб қулоқ соламан, десалар… Агар чинакамига ихлос билан қулоқ солса, эшитса бўлади. Мана мен эшитаман ҳам, гаплашаман ҳам. Лекин, опаларимга айтай дейман-у кулишадими, деб қўрқаман. Қўрқишимнинг бошқа бир сабабиям бор-да…

Айтмоқчи, танлаган юлдузим ҳақида ҳали Жўра акага ёзиб юборолганим йўқ. Чунки, хат узилиб қолган. Мана ўн бир ойни юз кўряпти. Ўн бир ой-а!.. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да. Хат келди дегунча, албатта ёзиб юбораман. Жўра акамга маъқул бўлади. Чунки, жудаям ёруғ, чиройли юлдуз. Ҳозирча у ос-монда йўқ. Ҳали тонгга яқин кўринади. Ҳув, тоғнинг тепасида чарақлаб туради…

Уни танлашим қизиқ бўлган. Тунов куни бригад бобомиз, «азаматлар, полвонлар», деб бизни уйғотиб, далага бошлаб кетди. Бориб буғдой ўроққа тушдик. Ҳеч уйқум очилмайди, мункиб-мункиб кетаман. Қоронғуда туртиниб-суртиниб, чалғи ураман. Яхшиям буғдойга қўшиб, қўл-пўлимни кесиб олмаганим.

Биздан олдинроқда, буғдой оралаб Жаббор амаки овоз бериб турибди. Қўрқишмасин, дейди-да.
— Ҳа, азаматларим, келаверинглар. Мана мен бу ёқдаман. Биринчи марра мана шу ер. Кейин дам оламиз. Ҳа, гаплашиб, гангир-гунгир қилиб ўринглар, уйқу қочади. Балли, балли азаматларим. Мен аскарларим, яшанглар!..

Ҳарчанд уринмайин, уйқунинг карахтлиги кетмасди. Қўлим ишдаю, миямда алланарсалар айланишади, тик оёқда турганча туш кўриб кетаётгандайман. Бир маҳал орқамдан биров чақирди:
— Моҳира!

Аланглаб орқа-олдимга қараб олдим. Ҳеч ким йўқ. Биргад бобо олдинлаб кетган қизлар билан гаплашиб турибди. Тавба!.. Уйқум ўчиб, сергак тортдим. Қўрқа-писа қад ростлаб, яна орқамга қарадим. Кўзим ҳеч бир қорани илғамади. Менга шундай туюлдиёв, деб кўксимга «туф-туф»лаб қўйдим. Ва шу пайт олисда, тоғнинг тепасида чарақлаб турган ёп-ёруғ юлдузга кўзим тушди. Осмонда бошқа унақа юлдуз йўқ эди. Бунча чиройли бўлмаса! Чақнайди-я!.. Йўқ, у жовдираб турарди. Менинг аҳволимга ачиниб, эзилиб, лекин иложсиз-ликдан не қиларини билмай, жовдираб-мўлтираб турарди. Секин тиззамга чўкдим, қўл-оёғимдан мажол кетганди. Чунки, мен Жўра акамни кўриб турардим…

— Моҳира, озгина чида, ҳаммаси ўтиб кетади. Ҳали борсам, қўлингни совуқ сувга урдирмайман. Кўрасан, шундай кунларга етамиз ҳали! — дерди у шивирлаган овозда.

— Моҳира қизим, санмисан, — шундоқ тепамда Жаббор амаки турарди. — Нима қилди? Қўлингни кесиб олмадингми ишқилиб?..

— Йўқ, биргад бобо, кесганим йўқ, яхшиман…
— Ҳа, барака топ, қизим, ғайрат қил. Опаларингга етиб ол…

— Хўп, амаки, ҳозир етиб оламан!
— Балли, балли, қизим…

Ғайрат билан, завқ-шавқ билан ўримга тушиб кетдим. Уйқум буткул ўчган, танам қушдай енгил, дилим шунчалик равшан тортиб борардики…

Мана ўша кундан бери қанча кеч ётсам ҳамки, биргад бобо овоз бериши билан сапчиб тураман. Туришим билан кўзим даставвал ўша чақноқ юлдузга тушади. Салом бераман.
— Ассалом, Жўра ака, — дейман.

Сўнгра шапир-шупур юзимни чайиб оламан-да, уйқу ширинлик қилиб ғингшиб ётганларни чимчилаб, қитиқлаб уйғотишга киришиб кетаман. Ортимда эса Жўра акам завқланиб, кулимсираб тураверади.
Бориб ўроққа тушамиз. Қоронғуликка кўз кўниккунча тимирскиланиб, ишимиз юришмайроқ туради. Бу пайтда Жўра ака хомушланиб, жовдираб, мени юпатишга уринади.
— Моҳигинам, сени қандай кунларга қолдириб келдим. Мени кечир. Ҳали кўрмагандай бўлиб кетасан. Озгина сабр қилсанг, бўлди…

— Жўра ака, сиз ҳечам парво қилманг, — дейман ич-ичимдан хитоб қилиб, — мен қийналганим йўқ. Қайтага бу ер менга ёқяпти. Далада, шийпонда ётиш маза экан. Энг яхши томони — қулоғим ойбийимнинг ғиш-ғишаларидан анча тинчиб қолди. Сиз доим хафа бўлиб, куйиниб юрардингиз-ку, сени ўгай онангнинг қўлидан қутқаришим керак, деб… Бу ерда ҳаммадан кичиги менман, эркатойман…

Қўлим ишдаю, хаёлимда Жўра акам билан мазза қилиб гаплашиб кетавераман.

… Хуллас, гапларим кўп-ку, лекин ҳаммаси ичимда қоп кетяпти-да. Опаларимга айтай десам, айтиб бўлмайдиган гаплар бари. Нотўғри тушунишлари мумкин… Эҳ, яна бир пас гаплашиб ётишса бўларди, ҳали вақт эрта эди.

— Ҳанифа опа. Ҳанифа опа!..
— Ҳм…

— Ухлаяпсизми?
— Ҳа, ухлаяпман, ухлаб қолганман.

— Э, ўлинг-е, — деб кулиб юбордим. — Дишакчага ўхшаб пиш-пиш ухлайсиз.
— Нима қилай?..

— Билмасам. Мени уйқум келмаяпти. Тўғрисини айтсам, қўрқаяпман. Бир ўзим қоп кетгандан кейин одам қўрқади-да. Ҳаммаларинг тош қотиб қопсизлар…
— Кўзингди чиппа юмиб ётаверсанг, сенам ухлайсан.

— Бўлмаяпти, уйқум қочиб кетди.
— Хўп, мен нима қилай, — деди Ҳанифа опа кўзини уқалаб, ўрнига туриб ўтираркан.

— Мен ҳаммаларингдан кичкинаман, шундайми? — дедим эркаланиб. — Шунинг учун, мени аллалаб, э, йўқ, алдаб, у ёқ бу ёқдан гапириб ухлатишларингиз керак. Кейин ўзингиз ухлайсиз…

— Ёқмай қолсин. Хай майли, нимани гапирай?..

— Ўзингиз биласиз… Ҳа, менга қаранг, — дедим бирдан жонланиб. — Маъмура опанинг яхши кўрганлари, биласизми, ким экан?

— Нима? — опамнинг кўзлари ярқ этиб очилиб кетди.
— Ҳалиги бор-у, Мақсад момо, ўша кишининг ўғиллари Маҳмуд ака экан.

— Вой, секин, секин, — деди Ҳанифа опа ҳовлиқиб.
— Э, аллақачон ҳаммаси ухлаб қолди, — дедим бепарво.

— Айтиб бўладими, — дуррачасини тўғирлаган бўлиб, қатор тизилиб ётган қизларга кўз ташлаб олди-да, секин шипшиди:
— Хўп, айт-чи, қаёқдан билақолдинг?

— Биламан-да. Мен сизникини ҳам биламан.
— Вой, ўлақолгин, бийронча, меникиям бор эканми?

Ҳанифа опам энди биров эшитиб қолишини ҳам ўйламай, бемалол жойлашиб ўтириб олди.

— Биламан эмиш. Хўп, билсанг бир бошидан айт-чи.
— Ҳо, урасиз-да…

— Тентак қиз, сени урарканманми!..
— Ҳанифа опа, ўша Маҳмуд акани мен яхши эслолмайман, жуда чиройли эди, дейишади-я? Урушга кетаётганида ўн етти ёшда экан-а бор-йўғи.
— Ҳа, ниҳолдеккина эди, — деди Ҳанифа опа ўйчан тортиб. — Эндигина мўйлови сабза уриб келаётганди.

Ўрнимдан чаққон турдим-да, опамнинг қаршисига келиб, жимитдайгина бўлиб ўтириб олдим.
— Ҳозир энди басавлат йигит бўп кетгандир-а?

— Вой, қиз қозией, — деди опам завқланиб кетиб, — ҳа-да, кап-катта йигит бўп қолгандир. Неча йил ўтиб кетди. Ишқилиб эсон-омон қайтиб келсин-да. Бир гап бўлса, Маъмура адо бўлади-я…

Худди совқотгандай этим бир жунжикиб олди.

— Э, қўйсангиз-чи, яхши ният қилинг, опа.
— Ҳа, ҳа, тўғри айтасан…

— Ҳанифа опа, — дедим гапимиз қовушаётганидан тетикланиб, — ўша Маҳмуд аканинг ёлғиз онасидан бошқа ҳеч кими йўқ экан-а, ростми шу гап?

— Ҳа, рост… Шўрлик момога ёлғиз тирноқ. Момонинг эри қулоқ қилинган. Момо ўғли билан ҳов анови тоғнинг этагидан келиб қолишган. Айтмоқчи, битта қизи ҳам бўлган.

Кейин безгакдан ўлган. Бир куни, қиш пайти бўлган. Даладан, қор тагидан ғўзапоя юлиб келган бир боғ. Келгану, безгак тутиб, сандалда иситмалаб ётиб ўлиб қолган. Мақсад момо қизи олиб келган ўша бир боғ ғўзапояни ҳалигача айвони шифтида асрар эмиш. Ўша ғўзапояга қараб-чи, хумор бости бўлармиш.

— Вой, шўрликкина момоей!.. — бу гапни биринчи эшитишим эди, Мақсад момога ичим ачигандан ачиб кетди. — Биласизми, Ҳанифа опа, мен нимани ўйлайман. Мақсад момо ҳовлисида ёлғиз ўзи-я, Маъмура опа бориб айтса, мана шунақа, шунақа, мен сиз билан бирга яшайман, деса…

— Э, қизалоқ, — деди Ҳанифа опа хўрсиниб, — сенга қолса, ҳаммаси осон. Маъмуранинг ақли етмайдими шунга! Раҳми келмайди, дейсанми! Шўр-лик момони кўрганда учиб-қўнишларини кўрсанг эди. Хаёл қилсаки, югуриб бориб қучиб, ўпиб олса. югуриб-елиб хизматини қилса!.. Лекин бу мардум қўярмиди! Достон қилиб юборади-ку!..

— Э, мен бўлганимда сира ўйлаб ўтирмасдим. Гапиришса гапираверишсин. Момони ёлғиз қолдирмасдим… Ҳанифа опа, Мақсад момонинг ўзлари биладиларми?..

— Билмаса керак, — деди Ҳанифа опа иккиланиброқ, — билганида…

— Ҳа, билганида ҳар тугул кўча-кўйда кўзи тушиб турса ўғлини кўргандай бўларди-да, — дедим донолик қилиб.

— Ўзинг муштдаккина бўлсангам кўп балоларга ақлинг етади-я, — деди опам меҳр билан тикилиб.

— Ҳанифа опа…
— Ҳм…

Сўрашнинг фурсати етгандию, журъатим етмайроқ турарди. Шунинг учун сирлигина қилиб, жим туравердим.

— Ҳа, бийронча, яна бир нарса сўрамоқчимисан?..
— Ўзингиз айтасизми, ё ўзим айтайинми деб турибман-да.

— Нимани айтишим керак, қизгина?

— Ўзингизни гўлликка солманг, — дедим салмоқлаб, — яхши билиб турибсиз. Мен ўзим ҳаммасини биламану, шу, ўзингизди оғзингиздан эшитгим келяпти-да.
— Сен жинни бўп қопсан…

— Айтмайсиз-а, Ҳанифа опа, — деб атай овозимни баландлатдим.
— Вой, секин, секин… Уйғотиб юборасан-ку ҳаммани!

— Айтасиз-а?
— Қизиқсан-а, Моҳи, бу ҳар кимга айтадиган гапми!
— Вой, опа-а, мен ҳар ким бўпманми?

Аразлаган бўлиб, тўп этиб ўзимни тўшакка отдим-да, бошимни буркаб олдим. Опам аразимга ишонди, секин ёнимга ёнбошлаб, бир пас жим ётди-да, кейин юпатган бўлиб аста гап бошлади.

— Моҳира, мен унақа демоқчи эмасдиму, тушунгин-да. Бунақа гапни кўнгилда асраган яхши-да… Айтиб бўладими, қизлардан бирортаси уйғоқ бўлса ёки Сафар эшитиб қолса, эртага укамнинг юзига қандай қарайман. Отамга айтиб берса-чи…

— Э, ваҳима қилманг-е, опа, — деб юбордим аразимни бир пасда унутиб, бошимни кўрпадан чиқариб оларканман. — Буни ҳеч ёмон ери йўқ-ку. Бари-бир эрта-индин, Худо хоҳласа, уруш тугайди. Йигитлар қайтиб келади. Кейин тўй қиламиз. Ҳамма билиб олади-ку барибир.

— Унда бошқа гап, сингилчам, — деди Ҳанифа опам шийпонча шифтига кўз тикканча.

Иккимиз ҳам хаёлга берилиб, бир пас жим ётдик. Енгил шабада юзларимизни сийпаб ўтди. Чангалзор ортидан дарёнинг шовуллагани элас-элас эшитила бошлади. Қишлоқ тарафдан итларнинг яккам-дуккам акиллагани келарди.

Ҳанифа опам оҳиста хиргойи бошлади:

Бошимдаги рўмолим, чаман ичра,
Гул шохига илинди, чаман ичра.
Кимда экан хаёлинг, чаман ичра, боғ ичра,
Ёлғизлигим билинди, чаман ичра…

Опам бир пас жим қолди-да, хўрсинди. Менинг томоғимга алланима қадалиб димоғим куюшгандай бўлди. Кўзларимга дув ёш қуюлиб келди. Дарҳол тескари ўгрилиб олиб, кўзёшларимни артдим. Қулт этиб ютиндим.

— Моҳи, сенга нима бўлди, йиғлаяпсанми?.. — деди опам кифтимдан секин тутиб ўзига қаратаркан.

— Йў-ўқ, — дедиму, тўлиқсиниб турганимни сездириб қўйдим. Кейин очиғига кўчдим. — Опа, сиз ашула айтсангиз, мана шу еримга бир нарса қадалиб, нафасим қайтиб кетаверади. Йиғлагим келади.

Опам бирдан тетикланди.
— Вой, йиғлагинг келса, айтмайман.

— Йўқ, айтаверинг, яхши кўрганимдан шундай бўлади-да, опа, — дедим тиззалаб ўтириб олиб. — Кейин нимагадир раҳматли аям эсимга тушиб кета-веради. Ҳанифа опа, қаранг, худди кечагина бўлиб ўтгандай ҳаммаси. Лекин, сал кам етти йил ўтиб кетибди орадан.

— Ўлдинг — ўчдинг дегани шу-да, Моҳи, — деди у секин уф тортиб. Кейин оҳиста ўрнига туриб ўтирди.

— Ўша куни аям раҳматли икки тандир нон ёпдилар. Тўртовимизни ҳам чўмилтирдилар. Мени сочимни ўриб, жийда пўпагимни тақиб қўйдилар. Сочимни ўраётиб, ўзларидан ўзлари, қизим, бу сафар бошингни ювсанг, сочингни ким ўриб қўяркин-а, дедилар. Нимага унақа деяпсиз, ая, дедим ҳайрон бўлиб, ўзим айтаяпман-да, дедилар. Кейин насиҳат қилдилар. Қизим, энди катта бўп қолдинг. Ўнга кирдинг, сонга кирдинг, дейишади. Укаларингга бош бўл. Урма, уришма. Меҳрибон бўлгин, дедилар. Эртаси кун эрталаб уйғонсам, чақалоқ қилибдилар. Кейин гаплашиб ўтириб… Ҳеч ўладиганга ўхшамасдилар. Чақалоқни эмиздилар. Кейин ҳаммамизни чақириб, кўрсатдилар. Мана Башоратой, кенжатойларингиз, уни хафа қилмасдан, катта қиласизлар, дедилар. Кейин, майли энди бориб ўйнанглар дедилар. Укаларим ўйнагани чиқиб ке-тишди. Мени сира чиққим келмасди. Холам ёнларида бош солиб ўтирардилар. У кишига айтдиларки, Муяссархон, бориб, Эшон акангизни чақириб қўясизми, дедилар. Дадам ёнларига келиб ўтиришлари билан, аям менга қарадилар-да, Моҳира қизим, ҳовлини супурдингми, дедилар. Супурдим, дедим. Ўчоқнинг кулини олдингми, дедилар. Ҳозир оламан, дедим. Борақол бўлмаса, қизим, шу ишларингни қил, ҳозир меҳмонлар келади, кўп меҳмон, айб қилиб ўтиришмасин тағин, дедилар. Хўп, дедиму барибир ўтиравердим. Худди ташқарига чиқишим билан бир нарса бўладигандай туюларди. Охири дадам бошлари билан ишора қилганларидан кейин, ўрнимдан турдим. Ташқарига чиқдиму, ба-рибир эшик олдидан нари кетолмадим. Аямнинг гаплари аниқ-тиниқ эшитилиб турарди.

— Болаларни сизга, сизни Худога топширдим, дадаси, рози бўлинг, — дедилар аям.

Дод деб бақиргим келадию, овозим чиқмайди. Ҳаял ўтмай дадам бечора бақириб юбордилар.
— Кўзингни оч, Мушарраф!..
Бир пасда қий-чув бўлиб кетди.
Ичкарига отилиб кирдим. Қарасам, ҳамма ўзини йўқотган, довдираган. Фақат дадам бошларини эгиб, жимгина ўтирибдилар. Аям бўлса, у кишининг қўлларини ушлаганча, ухлаб ётибдилар.
… Ҳикоямни давом эттиролмай, ўрнимдан туриб кетдим. Милтираб турган фонус тагидаги челакдан бир пиёла сув ичиб, нафасимни ростлаб олдим-да, ўрнимга келиб ўтирдим. Бу орада Ҳанифа опам ҳам кўзёшларини артиб, ўзига келиб олди. Ҳа, шўрликкина-я, деб қўйди астагина.

— Биласизми, мен барибир ношуд эканман-да, — дедим алам билан. — Аямнинг васиятларини бажара олмадим. Кўрдингиз-ку, олдинма-кетин учта укамни топширдик.

— Унақа дема, сингилчам, — деди Ҳанифа опа синиқ овозда. — Бу сенинг қўлингдаги нарса эмас, тақдир. Умрлари қисқа экан. Энди Умаржон катта бўлсин, ишқилиб.

— Айтганингиз келсин, кеча-кундуз Худойимга ёлвораман, мен ўлиб кетсам ўлиб кетай, Умаржонга умр бергин, дейман.

— Вой, Моҳи, ниятни бутун тиласанг-чи. У нима деганинг, санам омон бўл, уканг ҳам катта бўлсин. Ўлиб кетганинг билан ер тўярмиди?!

— Тўғри айтасиз, опа, қўрққанимдан шунақа дейман-да. Бир куни шу Умаржонингиз юрагимни ёрди-да. Икковимиз ишком тагидаги чорпояда ётиб-миз. Ўшанда қишлоққа бўри оралаб, қўйларни ёриб кетганди. Эсингиздами, ўтган йили шу пайтлар эди-да. Ваҳимада ётиб-турардик. Шу десангиз, ярим кечада турибману, уйқусираб, билмайман нима хаёлда, Умаржонни яхшилаб тўшакка ўрабман. Кейин ўрнимдан туриб, уни роса қидирибман. Молхонаю қўйхона, бостирмалар тагини титкилаб чиқибман. Охири йиғлаб, дадамлар ётган уйга кирибман. Туринглар, Умаржонни бўри обкетибди, ҳеч ерда йўқ, дебман. Дадам бечора милтиқ кўтариб, ойбийим фонус кўтариб, қидиришга тушишди. Бута борми, чангалми, тагларини қараб, ариқ-зовурларгача тушиб, роса излашди. Мен изиллаб йиғлаганча орқаларидан юравердим. Охири чарчаб, энди эртага ёруғда қидирамиз, бўлганча бўлди, деб орқага қайтишди. Мен бўлсам, яна излайлик, деб йиғлайман.

Ойбийим келиб, ҳалиги биз ётадиган чорпояга ўтирди-да, бирдан бақириб юборди. Мана-ку, деб. Келиб қарасам, Умаржон маза қилиб, ҳеч нарсадан бехабар ухлаб ётибди. Ойбийим боплаб шапалоқ туширдики, кўзларимнинг олови чиқиб кетди.

— Вой, бераҳм-ей, — деди Ҳанифа опа бошини сараклатиб.

Мен кулдим.
— Биласизми, ойбийимни жуда қаттол деб ўйлашади. Лекин унақа эмаслар. Кўп уришади, қарғайди, тўғри, лекин ҳечам урмайди. Ургани фақат ўша бўлган. Унгаям ўзим айбдор эдим-да… Биласизми, нимага урмайдилар, қўрқадилар. Сизларни уриб бўлмайди, оқсуяксизлар, дейдилар. Ўша бир шапалоқ урганидаям, қўллари бир неча кун елкаси аралаш қақшаб, юрган экан… Кўп гапириб юбордим-а?.. Ҳанифа опа уйқунгиз кеп кетгандир-а?..

— Йўғ-е, қайтага уйқум қочиб кетди.

— Биласизми, аям раҳматли ҳалиги қўшиқни яхши кўрардилар. Ҳеч ким йўқлигида, бичиш-тикиш қилиб ўтириб, хиргойи қилардилар доим…

Ҳанифа опа иккимиз тўшакка узала тушиб, хаёл суриб ётибмиз. Лекин, менинг сираям уйқум келмасди.

— Битта нарса айтсам, кулмайсизми, Ҳанифа опа, — дея гап қотдим ўзимни тиёлмай.

— Кулмайман, айтавер, — деди опам бечора раъйимни қайтармай.

— Ҳар битта одамнинг ўз юлдузи бўлади, дейишади-я?

— Шунақа дейишади. Одам ўлса юлдузи ҳам сўнармиш ёки тескарисими, юлдузи сўнса одам ўлармишми, ишқилиб…

— Э, ўлимни гапирманг-е, опа, ҳа, эшитинг-да, мен айтаманки, ҳар битта одамда биттадан эмас, ҳар иккита одамда битта юлдуз бўлади.
— У нима деганинг?..
— Икки киши, масалан, Маъмура опам билан Маҳмуд аканинг битта юлдузи бор. Бахт юлдузи.

— Вой зумраша-е, — Ҳанифа опа тирсагига таяниб менга қаради. — Гапларинг одамнинг бошини айлантириб қўяди-я! Хўш, менинг тушунишимча ҳар битта жуфтнинг битта бахт юлдузи бўлади. Шундайми?

— Ҳа-да.
— Ўзи айтишади-ку, ҳар бир киши жуфти билан яратилади, деб. Бундан чиқади, уларнинг юлдузи ҳам азалдан белгиланган бўлади, шундайми?..

— Худди шундай, — дедим Ҳанифа опамни қизиқтириб қўйганимдан завқланиб кетиб.
— Унда қандай аниқлаш мумкин, масалан, мени, йўғ-е, Маъмура опангди юлдузини?..

— Бунинг йўли битта, — дедим-да, ўрнимдан туриб, шийпон устуни ёнига бориб ўтириб, юлдуззор осмонга тикилдим. — Улар икковлашиб излашлари керак. Икковининг кўзига баравар иссиқ кўринган юлдуз ўшаларники бўлади.

— Биз биргалашиб топиб берсак бўлмайдими?
— Бўлмайди. Биз аралашолмаймиз. Опам хат ёзсинлар. Маслаҳат сўрасинлар Маҳмуд акадан.

— Айланай сенгинадан, — деди Ҳанифа опамнинг қулфи диллари очилгандан очилиб. — Миянгда гап қайнаб ётади-я!.. Айтмоқчи, сен ўзинг танлаганмисан юлдузингни?
— Аллақачон.

— Ростданми, қани қайси юлдузни танлагансан, кўрсат-чи!..
— Э, ҳозир иложи йўқ. Ҳов тонгга яқин чиқади у.

— Зуҳро юлдузими?
— Худди ўша! — дедим мақтаниб.

— Ўша Зуҳро юлдузи илгари сену менга ўхшаган қиз бола бўлган экан-а.
— Йўғе, ростданми?!

— Ҳа-да, билмасмидинг?
— Йў-ўқ…

— Ана, сен билмайдиган нарсалар ҳам бор… Бўлмаса эшитгин. У камбағал бир деҳқоннинг қизи бўлган. Зуҳронинг гўзаллигини эшитган подшо ғойибона ошиқ бўп қопти-да, унга совчи қўйдирибди. Ота-онаси ноилождан рози бўлишибдию, қиз рози бўлмабди. Севган йигитим бор, ўшангга тегаман, дебди. Подшо ғазабланиб, унинг севган йигитини топдирибди-да, дорга осибди. Дорнинг оғочи узун, жуда-жуда баланд экан. Зуҳро кечаси келибди-да, йигити осилган дор оғочига тирмашиб чиқаверибди, чиқаверибди, дорнинг бошига етибди. Ундан у ёғи осмонга бир қадам йўл экан. Тонгда подшонинг одамлари келиб, унга бақириб-чақиришибди, пастга туш, дейишибди. Қиз кўнмабди. Барибир у ёқда ўтириб жон сақлолмайсан, тушасан бир кун, дейишибди.

— Тўғри, тушаман, қачонки ерда зўравон подшолар йўқолиб кетса, кейин тушаман, — дебди-да, кўкка чиқиб кетибди. Ана ўшандан бери ҳар кун тонг отарда чиқиб, ерга мўралаб қараб қўярмиш…

— Вой бечорагина…

— Моҳи, менам гапга унча нўноқ эмасману, лекин қоғоз-қалам олишим билан миямда ҳеч нарса қолмайди. Бир энлик хат ёзишим кун бўйи пахта чопиқ қилишданам қийин бўп кетади. Бўлди, менга гап топиб бердинг. Ана шуларни ёзиб юбораман.

— Росттанам ёзмоқчимисиз шу гапларни? Айтмоқчи, кимга эди?..
— Ҳа, Самар акангга-да!.. Вой, нималар деяпман, билиб қўйдинг-ку!..

Кулиб юбордим.

— Ўзимам билардиму, фақат ўз оғзингиздан эшитмоқчи эдим-да!..

— Сен тушмагурдан бир нарсани яшириб бўларканми, — деди бечора Ҳанифа опам енгилганини тан олиб. — Одамни гангитиб қўйиб, ичидаги гапларни аста-аста чиқариб оласан.

Ўзларини аниқ кўрмаётган бўлсам-да, сулувгина Ҳанифа опамнинг қип-қизариб, янаям очилиб кетганларини пайқаб турардим.

— Хўп, менга айтинг, опа, — дея бидирлаб яна давом этдим, — эрта бир кун уруш тугаб, акаларимиз қайтди дейлик. Улар тўғри бу ёққа келишса, бизлар буғдой ўриб ёки бўлмаса, пахта чопиқ қилиб ётган бўлсак. Тўғрисини айтинг, нима қилардингиз? Чидай олмасдингиз-а, тўғри бориб Самар аканинг бўйинларидан ачомлаб олардингиз-а?..

— Вой-вой, худо асрасин-а, — деди Ҳанифа опа юзларини қўллари билан бекитиб. — Шарманда қизнинг гапларини қаранглар!..

— Мен бўлсам шундай қилардим, — деб ўрнимдан турдим, — тўғри борардим-да, мана бундай қилиб, — дея устунни қучдим, — Жўрахўжа акамни қучиб олардим.
— Ким, Жўрахўжа?! — деб бақириб юборди у.

Мен вой дея бўшашиб ўтириб қолдим.
— Тентак қиз, ахир унинг оиласи бор-ку!..

Бир пас карахтланиб ўтирдим-да, кейин индамай ўрнимдан туриб, тўшагим устига бориб чўкдим.

— Унинг оиласи бор-ку, жиннивой, — деди опам койиган, шу билан бирга ҳамдардлик билдиргандай бўлиб.

— Биламан, бор, — дедим ўкинч билан, — лекин унга кўнгли йўқ.
— Қаёқдан биласан кўнгли йўқлигини?

— Ўзи айтганди. Барибир урушдан омон қайтсам, бирга бўламиз. Сени ўгай онангди қўлидан опкетаман, деганди.
— Бечора хотини умид билан йўл қараб юрибди-ку.

— Биламан, — дедим қуруққина қилиб, — лекин менам кутяпман. Ўн бир ойдан бери хат-хабар йўқ. Хотини нуқул йиғлайди. Барибир ўлган, бўлмаса хат келарди, дейди. Қайтангга чол-кампирни эзиб юборди. Мен бўлсам, умуман йиғламайман. Бориб бобом билан энамни юпатиб келаман. Чунки, биламанки, Жўра акам келади, соғ-омон келади. Менга айтиб кетган. Сизлар билмайсизлар, у ўша охирги куни оқ отига миндириб, ўзи жиловидан тутиб, шу ергача пиёда опкелиб қўйиб кетганди. Мени шу ерда кут. Албатта келаман. Мана шу тулпо-римда келиб, сени қишлоққа опкетаман, деганди. Шунинг учун мен ҳеч қачон ёмон хаёлга бормайман. Фақат яхши ният қиламан. Худо айтган эканки, ниятингга яраша бераман, деб. Майли, у йиғлайверсин. Лекин, мен йиғламайман…

Ҳанифа опа менга унсиз тикилиб қолди-да, бошини сараклатди.

— Дардинг қаттиқ экан сен бечораниям!..
— Э, опа, сиз билмайсиз-да, аввал у менга совчи қўйганди. Дадам бермагандилар.
— Тўғри-да, ёш бўлгансан. Ўн бешдамидинг?..

— Йўқ, унинг учунмас, ойбийимдан қўрқиб йўқ деган. Уларга дастёр керак бўлган-да. Кейин Жўра акамнинг отаси биз чол-кампирлар ёлғиз қолмайлик деб бошқа келин қилишган. Жўра акам урушга кетаётгани учун йўқ деёлмаган. Мен хафа эмасман у кишидан.

— Вой қизалоқ, қизалоқ, биласанми, одамнинг ҳаваси келади сенга, — дея Ҳанифа опа мени бағрига босди.

— Қўйсангиз-чи, мен сизларга ҳавас қиламан. Бунча чиройли бўлмасангизлар… Биласизми, Ҳанифа опа, — дея унинг бағридан чиқиб рўпарасига ўтириб олдим, — мен мудом тушимда тўй кўраман. Ҳаммаларинг бараварига келин бўлган бўласизлар.

— Ўзинг-чи, — деди Ҳанифа опам сочларини силаб.

— Э, мен ёшман-ку, — дедим уялиб, — меники кейинроқ-да. — Ҳа, эшитинг-да, шундай қилиб тушимда тўй кўраман-да, тўйхона мана шу шийпонимиз бўлади. Куёвлар оппоқ отларга миниб, чанг-тўзон кўтариб келиб қолишади. Ҳаммаси бир хилда аскарча кийинишган бўлади. Кейин қишлоқдан одамлар келишади. Ҳов анови ерда дошқозонлар ўрнатишади. Гулхан ёқишади. Атрофида ўйин-кулгу бошланади. Лекин-чи, алам қиладиган жойи — тушимни ҳеч охиригача етолмайман. Милтиқлар гумбурлаб қоладими-ей ёки манови тўқайга ўт кетадими-ей, ишқилиб…

Шу пайт қатор тизилишиб ётган қизлардан бири бошини кўтарди.

— Ҳей, менга қаранглар, ухлагани қўясизларми, йўқми?!

— Вой, Маъмура, уйғоқмидинг, — деди Ҳанифа опам уялганидан ўзини йўқотиб қўйиб.

— Ростини айтсам, мен опамнинг уйғоқ ётганларини билардим, — дедим очиғига кўчиб.

— Сен бийрончанинг билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, — деди Маъмура опам ёлғондақа пўписа қилиб. — Уйғоқ эдилар эмиш. Ғўнғир-ғўнғир қилиб уйғотиб юбордиларинг-ку!.. Эссиз-а!..

— Ҳа, нимага эссиз деяпсан, — Ҳанифа опам қизиқсиниб.

— Яхшигина туш кўраётгандим.
— Қанақа туш экан, Маъмур?
— Туш-да.

— Айта қолинг, жон опа, — дедим эркаланиб.

— Ҳа, майли… Оқ отларни туш кўрибман, — деди Маъмура опам ўзига ярашган сиполик билан.

— Ана, Маъмура опам ҳам оқ отларни кўрарканлар, — дедим чапак чалиб.

— Тўй бўлаётган эканми? — деди Ҳанифа опам жилмайиб.

— Ҳа, манови жинқарчани эрга бераётган эканмиз.
— Ҳо, бекор айтибсиз, алдаманг!..

Маъмура опа бир пас жим қолди-да, кейин жиддийлашиб давом этди?

— Ростини айтсам, бийрончам, сени шийпонда қолишингга аввал рози бўлмагандим. Кейин ўша ойбийингни турткилашидан нарироқ бўласан-ку, деб кўнгандим. Ҳозир ўйлаб қарасам, тўғри қилган эканман, — деди опам овозида меҳр товланиб. — Сен бизга жудаям керак экансан.

Бу гаплардан мойдай эриб, кўнглим аллатовур юмшаб кетди.

— Энди биласанми, нима, озроқ мизғиб олгин. Уйқунг келмаётган бўлса, алла айтиб ухлатамиз, хўпми эркатойим. Ҳадемай биргад бобонг чақириб кеп қолади. Тағин уйқуни карахтлиги билан буғдой ўраман деб, қўл-пўлингни кесиб қўймагин.

— Ҳа, майли-майли, ухлайману, лекин алла айтсаларинг, уяламан-да, — дедим тантиқлигим тутиб. — Кап-катта қиз бўлсам…

— Ҳеч уялма, кап-катта қиз эмиш, — деди Ҳанифа опам эркалаб. — Маза қилиб ётавермайсанми. Қанийди менгаям биров шундай деса.

— Бўпти, бўпти, — дедим муросага келиб. — Фақат битта шарти бор. Алла айтинглару, лекин аввал шундай ният қилинглар: уруш тугаган, эрларингиз…

— Нима?! — деб юборишди икки опам ҳам бараварига.

— Э, кечирасизлар, — дея дарҳол хатомни тузатдим, — йигитларингиз эсон-омон келишган. Гумбур тўйлар ўтган. Орадаги тўққиз ой ҳам ўтган…

— Ҳа, тушмагур, тўққиз ойниям билади, — деди Ҳанифа опам завқланиб.

Мен давом этдим:
— Ўғилми, қизми — дўмбоқчаларингиз қўлларингизда. Сизлар алла айтаяпсизлар, бўптими?!

Таклифим ёқиб кетдими, бўпти, бўпти, деди опаларим кулишиб. Кейин галма-галига алла айтишиб, мени ухлатишга киришишди…

Лекин, мен учун алла айтишиб, ўзлари ухлаб қолишди. Бечора опажонларим роса чарчашган-да. Ҳа, майли, энди менам ухлайман. Бўлди, роса саннадим. Лекин, яхши бўлди-да, анча кўнглимни бўшатиб олдим. Эмасам ичим ёрилиб кетарди-да!.. Ҳанифа опам койимади, демак тушунди. Маъмура опамнинг пишиқлигини-чи. Ухлаган киши бўлиб ҳаммасини эшитиб олди-я. Билади-да, ўзига икки дунёдаям айтмайман бу гапларни… Шу ишим тўғри бўлдимикан, ишқилиб? Маъмура опам тилига маҳкамку-я, Ҳанифа опам соддалик қилиб оғзидан гуллаб қўйса, кейин қулоқма қулоқ ўтиб, вуй… бутун қишлоққа ёйилса-я!.. Жўра акамнинг уйидагилар эшитса, янгам аразлаб кетиб қолса! Шар-мандалик! Ҳаммадан бурун бечора чолу кампирнинг ҳоли не кечади!..

Қўрқувга тушиб, этим бир увишдию, ўзимни қўлга олдим. Э, худо асрасине, унчаликка бормас… Ҳар ҳолда Ҳанифа опамга тайинлаб қўйсам тузук. Бировга айтиб қўймасинлар…

— Ҳанифа опа… Опа, — дедим секингина.

Лекин, энди чинданам ухлаб қопти шекилли, опам қимир этмади. Ҳа, майли, эртага айтарман. Энди ўзимам ётсам бўлар. Хиёл чарчагандай бўляпман…

Бир чимдим ухладимми, йўқми, худди биров туртгандай уйғониб кетдим-да, шу заҳоти шийпоннинг кун чиқар тарафида чарақлаб турган юлдузга кўзим тушди. Қувониб кетдим. Жўра акам!

— Ассалом, Жўра ака!
— Салом, Моҳи! Озроқ дам ололдингми?

— Ҳа, роса. Биргад бобо ҳалигача келмабдими?
— Бир оз кечиккан кўринади. Шунисиям маъқул, бафуржа гаплашиб оламиз.

— Э, нимасини айтасиз, шунчалик орзу қиламанки, бирор кунгина саҳарда ўроққа тушмасак, деб. Йўқ, саҳар мардондан чақириб келади, азаматларим, полвонларим, деб. Лекин, ўзи жуда яхши одам, ҳеч кимнинг дилини оғритмайди. Э, нариги қишлоқда Фармон биргад дегани бор экан, от миниб юраркан. Қамчисидан қон томади, дейишади. Жаббор амакимиз беозор одам. Ҳеч кимни тиндирмайдиям, хафаям қилмайди. Бир қўлини бўйнига боғлаб олган, урушдан ногирон бўлиб келган. Кечаси ё азонда буғдой ўриб кетаверамиз, у киши йигирма-ўттиз қадам олдинда овоз бериб туради. Ўзини кўрмаймизу, овозидан мўлжал олиб, ўриб бораверамиз. Айтадики, мана шу мен турган ер марра, шу ерда мириқиб бир дам олиб оламиз, дейди. Қанча ғайрат қилсак ҳам ҳалиги маррага етишимиз қийин бўп кетади. Нега десангиз, бизларга сездирмай, секин-секин орқасига тисарилиб боравераркан-да. Буни опаларим сезишса ҳам хафа бўлишмас экан. Хафа бўлиш ҳам ўринсиз-да, барибир эртами, кечми, ўзимиз қиладиган иш. Тезроқ тугатсак яхши-да! Негадир бугун кеч қоляптилар, тинчликмикан ишқилиб?..

— Келади, хавотир олма.

— Буларга қўшилганимга йигирма кунча бўп қолди. Ўтган йили, аввалги йиллар ёшсан деб, мени ўзларига қўшишмас эди. Э, бирам яхши-ку улар. Айниқса, Маъмура опам билан Ҳанифа опам икковлари. Қаранг, ўрталарига олиб ётишибди мени. Далада ҳам шундай. Эҳе, иш шунақа кўпки, ҳали биргад бобо келса, бориб чошгоҳгача буғдой ўрамиз. Тўғри, қишлоқданам аёллар, кексалар, болалар келади. Лекин, улар тонг ёришгач келиб, қуёш ботар-ботмас қайтиб кетишади. Асосий юк бизларнинг бўйнимизда, ана шу ўн икки қизнинг бўйнида. Айтмоқчи, Ҳанифа опамнинг укаси Сафаржонни бизга кўз қилиб қўшиб қўйишган. Ҳар тугул ўғил бола-да, қизлар ёлғиз қўрқиб юришмасин, дейишган-да. Шундай қилиб чошгоҳгача буғдой ўрамиз-да, кейин пахта чопиққа тушамиз. Кечқурунги салқинда яна ўримни бошлаймиз. Кун қизиғида бўлмайди, бошоқлар қуруқшаб, дон тўкилади. Бир ҳафтача бурун арпа ўримини тугатгандик. Ҳали буғдойни йиғиштирсак, шоли ўрим бошланади. Ундан ташқариям бир-икки кун дарё тўсишга опкетишди. Бу йил дарё дамба-дам то-шиб турибди, юқоридаги қишлоқлардан бир-иккита уйларни олиб кетди… Ҳа, яна гўнг ташитишди, дори майдаладик. Ҳали ёз охирида ҳар хил ҳашарлар чиқади, томсувоқ дейишади, хирмонжой ҳозирлаш дейишади. Кейин у ёғига пахта терими бошланади. Ҳаммасига биз кўндаланг бўламиз. Биргад бобо шу-нинг учунам мудом алқаб юради-да, полвонларим, деб… Нега индамай қолдингиз?.. Йўқ, ҳечам қийналмайман, кўникканман. Ундан ташқари ҳозир кимгаям осон. Ўзингиз кўриб юргандирсиз, у ёқларда ёш қизларгача милтиқ кўтариб, урушиб юрганмиш-ку! Кейин яна бир гап: авваллари манови тўқайзорга қараб юрагим ҳарос олиб юрди. Кечаси ҳаммадан бурун ётиб олмоқчи бўлардим, аксига олиб уйқум қочиб кетарди. Ўзи қизиқ-да, нега энди манови шийпонни овлоқдан овлоққа олиб келиб қуришди экан. Шийпон дегани далаларнинг ўрта бир ерида бўлгувчи эди. Бу эса далалар тугаган жойда, тўқайзорга тақаб қурилган. Тўқайнинг бош-адоғи йўқ. Унга оралаш тугул, бир чеккасидан қараб турсангизам сесканасиз. Худди алламбалолар чиқиб келаётгандай бўлаверади. Лекин, бекорга чўчиб юрган эканман. Қўрқмаслик керак экан. Ҳанифа опам айтдики, у ёққа қарамагин ҳам, ўйламагин ҳам, деди. Сабил қолгур, қарамайман деб қанча тиришсам ҳам кўзим ўз-ўзидан тушавера-ди. Охири йўлини топдим. Юрагимни ботир қилдим-да, тўшакка ўраниб олиб, тўқайга тикилиб ётавердим, ётавердим. Қизиқ, аста-секин тўқайнинг ваҳимаси йўқолиб, ювош тортиб қолди. Ҳатто баъзида, бу ёққа кел, қизалоғим, деб чақираётгандай ҳам бўлади. Шу, бир айланиб чарх уриб чиқсамми, деб қўяман ҳам ўзимча… Ҳа, сизга айтмоқчи бўлиб юрган яна бир нарсам, ўтган йили мана шунақа пайтлар битта воқеа бўлган экан. Лекин қизлар келишиб олиб, ҳеч кимга ҳеч нарса дейишмабди. Менга Ҳанифа опам айтиб берди… Бир куни ярим кечаси қизлар уйғониб кетиб қарашса, бошлари томонда бир милтиқли киши ўтирганмиш. Қий-чув қилиб, бурчакка тиқилиб олишибди. Ҳалиги одамнинг соч-соқоллари ўсиб кетган, эгни-боши аллатовур. Лекин кўзлари жиққа ёш эмиш. Аввал роса қўрқишган бўлса, кейин ҳайрон бўлишибди. Мендан қўрқманглар, дебди ҳалиги одам, тўғри, урушдан қочиб юрибман, лекин номардликдан, қўрқоқликдан бундай қилмадим, дебди. Мен гулдай қизларини бундай ваҳший тўқайзорга ҳайдаб қўйган ҳукумат учун қон тўкишдан ор қиламан, холос, дебди. Ҳалиги одамни танишибди-ю, лекин қишлоқдагиларга айтишмабди. У бошқа кўринмабди. Урушга қайтиб кетган бўлса керак, дейди Ҳанифа опам. Чунки, ўша куни қизлардан бири унинг орқасидан бориб, бир нарсалар деб йиғлаб-ёлворганмиш. Қизнинг кимлигини айтмади опам. Ҳечқиси йўқ, ҳали билиб оламан…

Хуллас, ана шунақа гаплар, Жўра ака… Сиз нима деб ўйлайсиз, ҳалиги одамнинг гапи тўғрига ўхшайдию, лекин урушдан қочиб юриши барибир нотўғри-да, шундай эмасми?..

— Шундай. Умуман, мен ҳам бу ерларда кўп нарсаларни кўрдим, кўзим очилди. Насиб қилса, ҳали айтиб бераман. Менимча ҳам аёл зотини бунақа ҳимоясиз ташлаб қўйиш яхши эмас, гуноҳи азим!

— Ҳимоясиз эмасмиз-ку. Масалан, мен учун мана сиз борсиз. Қўрқмайман.

— Моҳигинам, сен ҳалиям гўдаксан. Ахир мен сендан қанчалар олисда эканимни биласанми?! Мен бор-йўғи юлдузман, олис бир юлдуз! Худо кўрсат-масин, сенга бир нарса бўлса, қўлимдан нима келади? Жовдираб, мўлтираб тураверишдан бошқасига ярамайман-ку!

— Унақа деманг. Қанча олисда бўлсангизам, майли. Фақат омон бўлинг. Сизнинг бу дунёда борлигингизнинг ўзи менга етади. Эҳ, билмайсиз-да, айниқса шу кеча-кундузлар мен чарчаш нима¬лигини, ғам-ташвиш нималигини билмайман. Ҳамма ҳайрон бўлиб қарайди, ҳавас билан қарайди. Сабабини тушунишмайди. Мен бўлсам, сабабини айтиб, бутун дунёга жар солгим келади, бахтимни кўз-кўзлагим келади… Ҳалигина сиз ҳақингизда опаларимга айтиб бердим. Мени тўғри тушунишди, ҳатто ҳаваслари келди… Жўра ака, негадир безовтасиз?..

— Бригадиринг ҳаяллади. Тезроқ келса бўлармиди…

— Кеп қолар… Вой, Жўра ака, нима у? Бир нарса ириллагандай бўлдими?.. — Атрофга алангладим, кўзим ҳеч нарса илғамади. — Э, ўлсин, дайди итлар бўлса керак…

— Қўрқма, Моҳи, — деди Жўра ака, овозида қўрқув туйдим. — Ўзингни бардам тут.

Нимадир яна ириллади, кетидан увлаб юборди. Қалин тўқайзор чеккасидаги қамишзор безовта чайқалиб, уларнинг остидан икки кўланка сирғалиб чиқди. Этим музлаб, титраб кетдим.

— Вой, бўри-ку, Жўра ака, иккита бўри!..
— Ҳа, бўри. Лекин сен қўрқма, айтганимни қил!

Бўрилар тўқай чеккасида диккайиб ўтиришди, шийпон тарафга қараб ириллаб қўйишди. Тишлари ярқираб кетди.

— Вуй, Жўра ака, улар мени кўрди. Нима қилай?..
— У ёққа қарама. Маъмурани уйғот, Ҳанифаниям!..
— Хўп. Маъмура опа, опа, туринг. Тез туринг!..

Маъмура опам кўзини очдию, нима бўлди ҳам демай, ўрнидан сапчиб турди. Чунки, худди шу маҳал бўрилар яна увлаб юборишган, опам дарҳол аҳволни тушунганди. Унинг биринчи қилган иши, дарҳол шийпон чеккасига борди-да, у ерда қалашиб ётган кетмонлардан бирини қўлига олди. Кейин бўрилар тарафга синчиклаб тикилди. Мен анча юрагимни босиб олиб, Ҳанифа опамни уйғота бошладим.

— Ҳанифа опа, туринг, тез бўлинг…
— Ҳа, ҳа, нима гап, биргадми? — деди у уйқусираб.
— Йўқ, биргадмас, туринг, кўрасиз.

— А, нимани кўраман, Маъмур, нима у, бўрими?! Вой, ўлай, бўри, энди нима қиламиз!..
— Ҳанифа, секин. Қўрқмагин, Сафарни уйғот, — деди Маъмура опам босиқлик билан.

Лекин бўрилардан кўзини узмади. Бўрилар безовталаниб, тўқай чеккасида изғишар, нимагадир бир-бирига қараб ириллаб қўйишарди. Ҳанифа опам бошигача бурканиб олган укасини турткилай бошлади.

— Сафар, Сафаржон, тур, укажон, тургин…

Сафар қимир этмасдан ётарди. Охири Ҳанифа опам бақириб юборди.

— Турсанг-чи, Сафар ўлгир!..
— Секин, бошқаларни қўрқитиб юборасиз, опа, — дедим дағ-дағ титраб.

— Тўғри, ҳеч ким ваҳимага тушмасин, Моҳи, — деди Жўра акам қувватлаб. — Энди бошқаларни ҳам уйғотинглар. Маъмурани тўхтат, у ёққа бормасин.

Қарасам, Маъмура опам қўлида кетмонни маҳкам тутганча, шийпондан тушяпти.
— Маъмура опа, тўхтанг, ундай қилманг.

Моҳи, гулхан ёқинглар, ғўзапояни ёқинглар, — деди Жўра акам йўл-йўриқ кўрсатишда давом этиб.
— Маъмура опа, гулхан ёқамиз, бўрилар оловдан қўрқишади.

Маъмура опам ортига қайтди. Устунга осиғлик фонусни қўлига олиб, пилигини кўтарди. Кейин бўриларга пўписа қилгандай, фонусни серпай бошлади. Бўрилар унга қараб тек қотишди. Кўзлари ёниб, бир-икки ириллаб қўйишди. Мен шийпон биқинидаги ғўзапоялардан икки боғини судраб келиб, опамнинг оёғи тагига ташладим.

— Опа, гугурт беринг.

Опам нимчаси киссасидан гугурт олиб узатди-да, яна фонусини силкита бошлади. Ҳанифа опам ўзини йўқотиб қўйганча, йиғламсираб, Сафарни турткиларди.
— Моҳи, Сафарни тинч қўйинглар, у турмайди.

— Хўп, Жўра ака. Ҳанифа опа, Сафарни қўйинг, бошқаларни уйғотинг, — дедим гугурт чақиб, гулхан ёқишга тутинарканман. — Ҳей туринглар, келинглар бу ёққа!.

Маъмура опам ҳам менга ёрдамлаша бошлади. Ҳайронман, кап-катта опаларим мен нима десам бажаришяпти. Ўз-ўзидан уларнинг каттасига айланиб қолгандим. Ғўзапоя буруқсаб бир тутун чиқарди-да, кейин чарсиллаб ёна кетди. Мен ботирланиб, яна икки боғ ғўзапояни судраб келдим.

— Баракалла, Моҳи. Ана шундай, қизларга айт, ҳеч ким шийпондан узоқлашмасин.

Аввалига қий-чув қилиб, шийпонни бошларига кўтарган қизлар, ўзларини босиб олишиб, гулхан ёнига келиб, бўридан ҳурккан қўйлардек ғум-ғуж бўлиб олишди. Ўттиз қадамча нарида эса икки бўри диккайиб ўтирибди. Кўзлари олов ёлқинида ёниб-ёниб кетади.

— Вуй, Маъмура, уларди кўзига қара, ёниб боряпти, — деди Ҳанифа опам дағ-дағ титраб.

Шу пайт бўрилар ўрнидан қўзғалиб, у ёқ-бу ёққа юра бошлади. Қизлар қий-чув кўтариб юбориши билан, яна тек қотишди.

— Уларга қараманглар, Моҳи, Қаршибой деб бақиринглар!..

Осмонга қарамасам-да, бечора Жўра акамнинг жовдираб, титраб-қақшаб бораётганини ҳис этиб турардим.
— Маъмура опа, Қаршибой деб бақирайлик, — дедим Жўра акамнинг фикрини дарҳол илғаб олиб. — Бўриларди жағи қаришиб, оғизларини очолмай қолишади.

Тавба, опаларим яна сўзсиз бўйсунишди. “Қаршибой”, “Қаршибой” деб бараварига бақира бошлашди. Қарасам, бечора Сафар ҳам ёнимизга кеволиб, “Қаршибой”, “Қаршибой” деб турибди. Ўзим не аҳволдаману, унинг қилиғидан кулгим қистайди.

— Моҳи, дадил бўл, гулханни баландроқ гурлатинглар. Янаям!..
— Хўп бўлади, Жўра ака!..

Чопқиллаб бориб, яна ғўзапоя келтирдим. Дарҳол боғини узиб, олов устига ёйиб ташладим. Узун таёқ билан олов бағрини очиб, қўзғатдим. Гулхан шийпон баравар бўлиб, ҳар ёққа учқун сачратиб, ловуллай кетди. Бундан руҳланган опаларим янада авжланиб, бақира бошлашди. Баъзилари кетмону ўроқларни олиб, бир-бирига уриб, даранглатишга тушишди. Шовқин-сурондан ҳуркиш-дими, оловдан қўрқишдими, ҳайтовур бўрилар бирин-кетин чангалзорга кириб ғойиб бўлишди…

Атроф тинчиб қолди. Гулхан ҳам вазифасини бажариб бўлиб, пасая бошлади.

— Моҳи, энди бир коса муздай сувдан симиргин-да, ётиб ухла. Хатар ўтди, — деди Жўра акам енгил тин олиб.
— Хўп бўлади!..

Жўра акамнинг айтганини қилдим-да, секин бориб тўшакка узандим. Опаларим келиб, атрофимга давра олиб ўтиришди. Улар аллатўсин маъюсланиб, менга кўз тикиб ўтиришар, бир оғиз ҳам сўз қотишмасди. Қайси бири бир чеккада пиқ-пиқ этиб йиғларди. Шийпоннинг кун чиқар тарафида, осмон этагида, бир ўзгинаси ҳорғин милтираб турган юлдузимга кўз тикканча, ухлаб қолдим…

Ўнгимдами, тушимдами Жаббор аканинг куйиб-пишиб гапираётгани қулоғимга кира бошлади.

— Ҳа, Худо бир асрабди. Кечаси билан кўнглим алағда бўлиб чиқди-я. Бесабаб эмас экан-да. Бўлди, ҳозироқ раисга чиқиб айтаман. Қишлоқдаги ҳамма ишимни йиғиштираман-да, шийпонга бориб ётаман, дейман. Инвалид ҳолимда менам қишлоқ билан шийпон ўртасида улоқ бўлдим. Боз устига кечаси билан хаёлим сизларда. Бўлди-е, менга деса!.. Ўзи шу кунлар қонимга ташна бўлиб юрибман. Ҳар куни нохуш бир хабар!..

— Яна қанақа хабар?..

Бу Ҳанифа опамнинг овози эди.

— Саҳар пайти бу ёққа отланиб турсам, ҳамсоямиздикида қий-чув бўлиб қолди.

— Нимага?..
— Нимага бўларди, Жўрахўжадан қора хат келибди.

— Амаки, жим бўлинг, гапирманг!..
— Хўп, қизим, хўп…

Энди тушундим, эшитаётганларим ўнгимда экан. Ўрнимдан сапчиб турдим.

— Нима дедингиз? Кимдан дедингиз? Жўра акам?.. Ёлғон, ёлғон денг!
— Ёлғон болам, мен шунчаки… — деди Жаббор амаки довдираб.
— Жўра акам тирик. У ўлмайди. Ўлмаслиги керак!..

Шундай дедиму, яна узала тушдим…

Бирдан енгил тортдим. Танам бир ҳовуч парга айланди. Уча бошладим. Учаяпман, учаяпман, шийпонимиз пастда қолиб кетди. Опаларим пастда қолиб кетди. Бундай қарасам, шийпонимиз гугурт қутичадайгина бўлиб кўринди. Тўқайзор эса, бош-адоғи йўқдай, ваҳимали бўлиб ётарди. Бир парчагина жой экан-ку. Нарёғида анови илонизи бўлиб кўрингани дарёдир-да. Кичкина ариқча экан бор-йўғи… Шунчалик баландга чиқиб кетибманми?.. Вуй, бирдан тушиб кетсам-а!.. Йўқ, тинмасдан учиб, баландлаб кетяпман. Охири ер кўринмай қолди. Ҳамма ёқ осмонга, ўзим яхши кўрадиган юлдуззор осмонга айланди. Бирдан қувониб кетдим, завқ-шавқ билан қанот қоқдим. Учишим тезлашди.

Юлдузлар ҳам менга қараб шитоб билан кела бошлашди. Тағин бирортасига урилиб кетмасайдим, деб хавотирга ҳам тушиб қўйдим. Қаёқда! Ҳеч уларга етолмасдим. Тавба! Кейин эслаб қолдим: эшитгандимки, юлдузларга етиш учун ойлаб, йиллаб, ҳатто асрлаб учиш керак, деб… Менам роса учдим. Эҳ-ҳе, неча замонлар ўтиб кетди орадан… ва ниҳоят юлдузлар маконига етдим. Етдиму, лекин ўзимизнинг, Жўра акам иккимизнинг юлдузимизни тополмадим. Излайвериб, ҳар бир милтираган чўққа қарайвериб, кўзларим толиб кетди. Кейин мен беҳудага бунча баландлаб кетганим, у осмон этагида экани ёдимга тушди. Мўлжал олиб, пастга эндим. Яна неча бир замонлар орадан ўтиб кичик бир тепалик кўзимга чалинди. Дастлаб борганим сари тепалик деганим улкан тоққа айланди. У ана шу тоғдан бир найза бўйигина юқорида бўлиши керак… Йўқ, хира, нурсиз юлдузчалар беҳисобу, аммо у йўқ. Ҳа, демак уни пастдагилар уриб қулатишган. Тоққа қулаб тушган. Тоғ бағирлаб учиб қидирдим. Қидира-қидира этакка етдим. Бемажол ерга қўндим. Қарасам, бир булоқ бўйида ўн битта опам қатор тизилиб ўтиришибди. Ёнларига бориб қўшилдим. Ўн икки қиз бўлдик. Ҳаммамиз оппоқ ҳарир кўйлакда.

— Нима қилиб ўтирибсизлар. Ёки сизлар ҳам…
— Ҳа, биз ҳам ўз юлдузимизни изладик, — деди Маъмура опам.
— Топдингизми?..

— Йўқ, ҳеч қаерда йўқ, — деди Маъмура опам уф тортиб, — ерда ҳам, у ёқда ҳам…

— Сиз-чи, Ҳанифа опа, сиз топдингизми?

— Топмадим, бийрончам, ҳаммаси беҳуда экан, — деди Ҳанифа опам кўзида ёши билан илжайиб.

— Ҳа, ҳаммаси!.. — деди Маъмура опам қўл силтаб. — Шунча елиб-югуриб, учиб-қўниб етиб келган манзилимиз шу ер бўлди. Эга бўлганимиз мана шу тахир сувли булоқ бўлди!..

— Тахир эканми суви? — дедим ташналикдан тамшаниб.

— Ҳа, тахир. Ишонмасанг ичиб кўр, мана, — деди Ҳанифа опам илжайиб.

Ичдим.
— Вой, бунча аччиқ!..

Ҳанифа опам хандон отиб кулди.

— Қисматинг бу, қисматинг! Ичавер!..

— Ич, яна бир қултум ич, — деди Маъмура опам ҳам бир пиёла сув тутиб.

— Ич, кўникиб қоласан, — деди Ҳанифа опам қистаб.
— Йўқ, ичолмайман, — дея ўрнимдан турдим.
— Ичасан, ичасан, — деди Ҳанифа опам зуғум билан.

Кейин мажбурлаб оғзимга қултиллатиб қуйди. Аъзои танамда оғриқ ва титроқ қўзғалди. Тошдай оғирлашиб, булоқ бўйига йиқилдим…

— Кўзингни оч, Моҳи, — деган овоз қулоғимга чалинди.
— Манови сувдан ич, — деди бошқа бир меҳрибон овоз.

— Йўқ, ичолмайман, аччиқ, — дедим пиёла тутган қўлни нари итариб.
— Нега аччиқ бўларкан, жиннивой, ичиб кўр-чи, мана бир қултумгина ич.

Лабимга муздай бир нарса тегди, ширингина… Қулт этиб ютиндим. Ва шунда зилдай қовоқларим ўз-ўзидан очилиб кетди.

Даставвал бошимда тизилиб, йиғламсираб турган опаларимга, кейин… ранги бўздай оқариб бораётган юлдузсиз осмонга кўзим тушди…

555304.jpg Yozuvchi Orziqul Ergash tavalludining 65 yilligi oldidan

Yulduzlar ham menga qarab shitob bilan kela boshlashdi. Tag‘in birortasiga urilib ketmasaydim, deb xavotirga ham tushib qo‘ydim. Qayoqda! Hech ularga yetolmasdim. Tavba! Keyin eslab qoldim: eshitgandimki, yulduzlarga yetish uchun oylab, yillab, hatto asrlab uchish kerak, deb…

Sa’dullo Quronov
YILLARNI YUTGAN ADIB
07

Adabiy jarayonning o‘z kayfiyati bor. Birda uning to‘lqinlari osmon qadar nish uradi, birda u sokin, jilo berib mavjlanadi. Albatta, uning kayfiyati davr, ijtimoiy hayot tutumlari bilan bog‘liq holda kechadi. 80 yillarga kelib adabiyot maydonida bir guruh ite’dodli nosirlar ko‘rina boshladilar. Bu adiblarning ijodiy salohiyati o‘zidan katta avlod vakillari imkoniyatidan, aslo, qolishmasdi. Oldiniga kichik hajmli asarlari bilan adabiyot ixlosmandlari ko‘nglini zabt eta boshlagan Olim Otaxon, Alisher Ibodinov, Orziqul Ergash, Xayriddin Sultonov, Bahodir Murod Ali, Nurulloh Muhammad Raufxon kabi yosh ijodkorlarning adabiy faoliyati keyinchalik ijtimoiylikning qaynoq oqimlarida so‘nib qoldi. Hozirda ularning aksariyati, umuman yozmay qo‘ygan, yozayotganlarining ijodi esa, xiyla sust.

Ashampoo_Snap_2017.11.30_15h39m09s_007_.pngYozuvchi Orziqul Ergashni ham yuqoridagi adiblar qatorida sanab o‘tganimiz bejizga emas. Adib 80-yillar avvalida “Shohsanam”, “Dunyoning bir chekkasi” nomli qissalari bilan ko‘zga ko‘rina boshladi. So‘ng uning “To‘y”, “Bolaligim ko‘chalarida”, “Darxon qissalari” kabi kitoblari birin-ketin nashr etila boshlandi. Qisqa davr oralig‘ida yozuvchining besh kitobi dunyo yuzini ko‘rib, keng jamoatchining e’tirofiga sazovor bo‘ladi. Ammo 90 — yillarga kelib ijtimoiy hayotdagi keskin o‘zgarishlardanmi, yangi dunyoning yangicha tamoyillariga ko‘nikishning qiyin kechganidanmi?.. Xullas, Orziqul Ergash ham safdosh do‘stlari qatoridan qolmadi. Suvga tushgan toshdek jimib ketdi.

Bugun “Saodat sohili” (X. Sulton), “Quyosh ham olov”(A. Ibodinov), “Ko‘k to‘nlilar”(B. Murodali) kabi durdona asarlarni ko‘liga olgan o‘quvchi ko‘nglining bir chetida achinish hislari uyg‘onishiga shubha qilmaymiz. Zero, bu iste’dodlar yangi davrning yangicha kayfiyati, istiqlolning yoniq orzusi bilan qalam tebratayotgan edilar. Ularning har bir asarida o‘zligini izlayotgan qahramon, o‘z davridan norozi kayfiyat hukmron edi. Hatto, Orziqul Ergashning lirik-romantik tuyg‘ularga boy, samimiy ifoda bilan bitilgan asarlari ortida ham shu kabi kayfiyatni payqash qiyin emas.

Orziqul Ergash o‘z asarlarida, asosan, qishloq hayotini yoritadi. Qishloq kishilarining turmushi, ularning o‘y-xayollari, paxta mavsumi “hangoma”lari yozuvchi asarlarida oynadek aks etadi. Jumladan, adibning “Shohsanam” nomli qissasi bu borada alohida ahamiyatga molikdir. Chunki qissa Orziqul Ergashning uslubini, butun ijodiy pafosini belgilab beradi. 1984 yil “Sharq yulduzi” jurnalida e’lon qilingan “Shohsanam” qissasi bir qarashda ishqiy mavzudagi, romantik tuyg‘ularga boy asarday taassurot beradi. Ammo asar tashiyotgan ma’no yuki ikki yoshning sevgi qissasidangina iborat emasdi. Asarda qishloq kishilarining “kichik” fojealari, dardi, achchiq qismati qalamga olinadi. Qissa qahramoni Barot – yurtning iste’dodli, aqlli va umidli yoshlaridan. Uning bu qobiliyatlari rais bobo e’tiborini tortsa-da, Barotga shaharga borib o‘qishni tavsiya qilmaydi, balki, aqlli, farosatli kadrlar o‘zlariga kerakligini ro‘kach qiladi: “O‘qishni bo‘lsa keyin gaplashamiz. Boya aytganing bo‘lmaydi. Selxozda o‘qiysan. Dehqon bolasisan, qo‘lingdan kelar ishga uringin”. Bolaligidan yozuvchi bo‘lish orzusida yurgan Barotning kelajak hayoti shu kuni hal qilingandi, go‘yo. Endi u “brigadir bobo”, qishloqning hurmatli, e’tiborli kishilaridan biriga aylanadi… Ammo Barot o‘zining pokiza qalbi, halol mehnati bilan kolxoz turmushini yaxshilolmaydi, odamlar o‘rtasida tenglik o‘rnatolmaydi. Kechani kecha, kunduzni kunduz demay ter to‘kayotgan mehnatkashlar haq-huquqini poymol etayotganlarga qarshi qo‘lidan hech narsa kelmasligini tushunib qattiq eziladi.

Qissada dala tasvirlariga, unda hazil-huzil qilib, chaqchaqlashib ishlayotgan maktab o‘quvchilarining beg‘ubor hangomalariga keng o‘rin ajratiladi. O‘qib zavqlanasiz. Lekin rais boboning Barotga “O‘quvchilar sening ixtiyoringda, maktabga borishmaydi hali…”, deb uqtirishlarini, maktab bitiruvchilarining umri, faqat dalada o‘tib ketishini kuzata turib, muallif iztiroblarini anglash mushkul emas. Asarning bir o‘rnida birinchi may bayramidagi voqealar qalamga olinadi. Jiyda gullaridan ko‘tarib olgan Amirjon qizlarga qarata baralla: “Hammalaringni yigitlar nomidan, Barot aka va o‘z nomimdan Birinchi may bayrami bilan tabriklayman!.. Aytib qo‘yay bizni tabriklash shart emas. Bugun bayram vaxtasida turib ikki norma bajarsalaring, shuning o‘zi katta bayram sovg‘asi (ta’kid bizniki – S.Q)”, –deydi. Shu mahal dala yoqalab “moped” mingan shaharlik baliqchi yigitlar o‘tib boradilar. Shaharlik yigitlar kun bo‘yi baliq ovlar, kabob pishirib, bazm qilishardi. Dalada esa, “quvnoq” bitiruvchilar qosh qoraygunga qadar chopiq qilardilar… Adib qishloq kishilarining samimiy, beg‘ubor turmushi ortida ularning chinakam fojeasini ham ko‘ra oladi. U asar davomida qishloq yoshlari bilan kattalarni parallel tarzda taqqoslab boradi. Ahamiyatli jihati, uning qahramonlari shuncha mehnat, halol turmushning ortidan na to‘kin-sochinlikka va na baxtga erishadilar. Og‘ir kasal holida rais bobo Barot bilan xotiralarini o‘rtoqlasharkan, yoshligida bir rahbarning “Urushda bo‘ldik hammamiz, qiyinchilik ko‘rdik, endi qadrimizga yetaylik bir-birimizni…” degan so‘zlarini esga oladi. Yozuvchi ayni shu qadrsizlikni qoralaydi. Aslida, “Shohsanam” faqatgina muhabbat qissasi emasdi. Unda o‘tgan davr kishilarining ana shunday dardlari zuhir bo‘lgan. Asarning bir o‘rnida Amirjon ismli qahramon Barotga shunday murojaat qiladi: “…Lekin qanaqa yozuvchi bo‘lardingiz? Anavi Xo‘jaqulga o‘xshaganlar bir yoqda qolib, odamlarni dardi bir yoqda qolib nuqul oshiq-moshiqligu, o‘ldim-kuydimlardi yozib yotarmidingiz”… Shu murojaatning o‘zidanoq Orziqul Ergashning asardan ko‘zlagan maqsadi anglash mumkin.

Adibning “Dunyoning bir chekkasi” nomli qissasida xotin-qizlarning achchiq qismati qalamga olinadi. Asar uchun tanlangan nomning o‘ziyoq o‘quvchini mulohazaga chorlaydi: Demak, dunyoning bir chekkasida kichik orzulari, dardlari va quvonchlari bilan yashayotgan qishloq qizlari bor… Orziqul Ergash ana shunday “kichik” qismatlarni qalamga olarkan, ortiga katta ijtimoiy muammolarni yashiradi. Umri faqat mehnat bilan, bolam-chaqam deb o‘tayotgan qishloq ayollarining taqdiridan qayg‘uradi. Ammo adib ifodada samimiylikni, soddalikni saqlab qolish maqsadida voqelikni Samijon ismli yosh bola vositasida tasvirlaydi. Lekin shu soddalikning zamirida shu qadar o‘tkir kinoyalar borki, biz yuqorida ta’kidlab o‘tganimiz davrdan, qadrsizlikdan norozi kayfiyat o‘zini oshkor etadi. Asardagi birgina dialog, raisning shaharda o‘qib kelgan jiyani Samadning Ra’no ismli qishloq qizi bilan bo‘lgan suhbatidagi kichik qismga e’tibor qarating: Qalay? Ishlab yotibsiz. Ko‘rmayapsizmi? Oftobda, changu tuproqqa qorishib-a? Ha, hamma qatori. Ishlayvering. Ketmondan boshqasiga yaramagach, ishlaysiz-da. Xo‘sh, bu gaplar faqat Ra’noga qaratilganmidi? “Oftobda, changu tuproqqa qorishib” ishlayotgan faqat Ra’no emas-ku? U hamma qatori… ketmondan boshqasiga yaramaydimi? Yozuvchi shu tarzda o‘z maqsadini oshkor qiladi. Uning boshqa qissa va hikoyalarida ham shu kabi kinoya yaqqol sezilib turadi.

***

Umuman, 80-yillarning o‘rtalarida adabiy jarayonga kirib kelgan yosh ijodkorlarda ham 70-yillarda bo‘y ko‘rsatgan adiblarda kuzatilgani kabi shaxs mavqei, uning qadri, individ ruhiy olamidagi murakkab kechinmalarni tasvirlashga jiddiy ahamiyat qaratiladi. Bugun adabiyotshunosligimizda “70 yillar avlodi” degan iste’loh keng qo‘llaniladi. Ba’zan, aslida, 80 yillarda shakllangan ijodkorlarni ham 70-yillar avlodi qatorida o‘rganamiz. Shu o‘rinda savol tug‘ilishi mumkin: 70-80 yillarda ijod sahnasiga ko‘tarilgan adiblarni umumiy g‘oya, badiiy tamoyillar birlashtirib turadi. Shunday ekan, deylik, Erkin A’zam bilan Xayriddin Sultonovni boshqa-boshqa avlod vakillari deyish shartmi? To‘g‘ri, realistik ifodadagi o‘ziga xos o‘zgarishlar, aslida, 70 yillardayoq boshlangan edi. Ya’ni o‘quvchi o‘zi o‘rgangan reallikdan birmuncha farqli, olamni bor murakkabliklari bilan tasvirlashga urinuvchi ifoda tarziga Murod Muhammad Do‘st, Erkin A’zam, Ahmad A’zam kabi ijodkorlarning asarlarida duch kelib ulgirgan edi. Ammo, 70 yillardagi shart-sharoit bilan 80 — yillardagisining jiddiy farq qilganini ham inkor etib bolmaydi. O‘z-o‘zidan ikki davrda shakllangan adiblarning ijodida muayyan o‘ziga xosliklar bo‘lishi tabiiy. Bizningcha, 80 yillarda shakllana boshlagan ijodkorlar guruhi o‘zlaridan oldingi avlod boshlab bergan reallikdan qochish, inson ruhiy olamiga sho‘ng‘ish “an’anasini” jiddiy davom ettirishga kirishgan edilar. Shu bois ham “Jajman” (Xurshid Do‘stmuhammad), “Ko‘ngil ozodadur” (Xayriddin Sultonov), “To‘rtinchi qavatdagi sarg‘ish deraza” (Olim Otaxon) kabi asarlarni birmuncha yoshroq avlod vakillarigina yozadilar. Ayni shu kabi farqlanish she’riyatda ham kuzatiladi.

Xo‘sh, 80 — yillarda yetishgan ijodkorlarning o‘ziga xos jihatlari bor ekan, nega “80 yillar avlodi” degan iste’loh mavjud emas? Ko‘pchilik mutaxassis va ijodkorlar o‘tgan asrning 70 yillari shakllantirgan avlod adabiyotimiz tarixida katta iz qoldirganini e’tirof etganlari holda, ularga adabiy jarayondagi oxirgi avlod sifatida ham qarashlariga sabab nimada? Albatta, bu taxlit qarashlarning jiddiy asoslari mavjud. Adabiy avlod muayyan davr koloritida yagona maqsadi, umumiy badiiy tamoyillari, ijtimoiy kayfiyati va dunyoqarashi bilan birlashgan ijodkorlar guruhidir. 70 — yillar avlodining yutug‘i shundaki, ularning ijodiy maqsadlari amalga oshirilishi uzoqroq vaqt bilan ta’minlandi. Ya’ni, 70 — yillardan to 90 — yillarga qadar, yigirma yillik vaqt oralig‘ida ijodkorlar guruhi san’atning barcha jabhalarida nafaqat yangilik yaratdilar, balki ommani shu badiiylik bilan qanoatlantirishga-da muvaffaq bo‘ldilar. Shu ma’noda 80 — yillar avlodi o‘zining badiiy-g‘oyaviy konsepsiyasini to‘la shakllantira olmadi, to‘g‘rirog‘i, ijodkor bunga ulgurmadi. Ularning ijodi 70 — yillar avlodi asarlari balan qorishiq holda o‘rganilishiga sabab ham shunda. Aytmoqchimizki, biz yuqorida sanab o‘tganimiz yosh ijodkorlar o‘zlaridan biroz katta avlod vakillari boshlab bergan adabiy an’analarni ular bilan birgalikda davom etkazgani, sayqal bergani va endigina, jiddiy eksprimentlar qilib, o‘ziga xos jihatlarini namoyon qila boshlaganlarida, hammasi taqa-taq to‘xtab qoladi. 90 — yillar avvalida ijtimoiy hayotda sodir bo‘lgan keskin o‘zgarishlarni, davr va yangicha kayfiyatni badiiy idrok qilish esa, albatta, mushkul edi.

Xuddi shunday vaziyat 90 — yillar boshida “o‘tish davri” kayfiyati asnosida birlashgan ijodkorlar gruhida ham takrorlanadi. Avvalo, qisqa davr oralig‘ida o‘zgarib ketgan e’tiqodlarni badiiy mushohada qilish, yangicha ifoda shakllarida (modernizm) izlanish va o‘quvchi ommaga buni singdirish biroz sust kechdi. Oradan ko‘p o‘tmay modern kayfiyat ham, uning ijodkorlari ham adabiyotimiz tarixidan joy oldi. Umuman, modern ijodkorlar guruhini bir xil ijtimoiy kayfiyat birlashtirgan esa-da, ular yagona g‘oya, badiiy prinsiplarda yakdil bo‘la olmadilar.

Hozirgi adabiy jarayonning faol shoiru yozuvchilari shakllanib kelayotgan yangicha badiiy-g‘oyaviy yo‘nalish tegrasida birlasha oladilarmi yo‘qmi, buni vaqt ko‘rsatadi…
Xullas, Orziqul Ergash bahonasida avlodlar masalasini ko‘targanimizni to‘g‘ri tushungaysiz. Zero, maqoladan murod ham yozmay qo‘ygan adib vositasida boy berilgan avlodlar haqida to‘xtalib o‘tish edi. Siyosiy, iqtisodiy va madaniy jabhalarda yagona maqsadlari bilan birlashmagan kishilik jamiyati taraqqiy etmaydi. Shu ma’noda adabiy avlodlarning shakllanishi ijtimoiy-madaniy hayotda jiddiy ahamiyatga molik.

***

Biz birgina Orziqul Ergash siymosi asosida butun bir adabiy jarayonni baholay ololmaymiz, albatta. Bilaks, uning vositasida yaqin o‘tmishda qaynoq ijodiy faoliyatda bo‘lgan, ammo keyinchalik yozishdan to‘xtagan adiblar taqdirini ko‘rishimiz mumkin. Albatta, shu bilan Orziqul akaning ijodi batamom tugadi deyishga jur’at qilmayman. Adibning tarixiy roman yozish orzusida yurganidan xabarim bor. Faoliyati davomida yuzlab kitoblarga muharrirlik qilib kelayotgan mehnatkash yozuvchining o‘zi uchun ham vaqt topishi mumkinligiga ishonging keladi, gohida. Jilla qursa, “Kitob chiqarishga ehtiyojim yo‘q, mening”, deya takrorlovchi adibning bir necha yillardan buyon “Sharq” nashriyotida yotgan to‘plamini tez-tez eslab turishi ham biz kabi o‘quvchilar ko‘nglida umid uyg‘otadi.

Maqolam so‘ngida Orziqul Ergash va sanab o‘tganim iste’dodlarga tilagim shuki, bir paytlar ko‘ngliga tugib yurgan, lekin yozishga ulgirolmay qolgan romanlarini endi yozishsin. Bir paytlar o‘quvchilar ko‘nglini zabt etgan qalam bugun yangi kuch bilan qaytib kelsin. Bir paytlardagi yoshlik g‘ayrati bugungi katta tafakkur bilan omuxtalashsin.

Orziqul Ergash
OLIS YULDUZLAR
07

Uyquni buncha yaxshi ko‘rishmasa bular. Boshlari bolishga tegdimi, qotishadi-qolishadi. Munnay gap-gap qilib yotishmaydiyam. Mayli gaplashishmasin, lekin osmonga termulib, maza qilib xayol surishsa bo‘ladi-ku!.. Ha, bir hisobda shunisiyam ma’qul, xalal berishmaydi. Bir o‘zginam jimgina tikilib — gaplashib yotaman yulduzchalar bilan…

Shu, anchadan beri bitta narsa miyamdan ketmaydi. Bularga aytay deyman-u, kulishadimi, deb o‘zimni tiyaman. Rost-da, o‘zi kulguliroq bir oz… O‘zimcha deyman: yulduzlar balandda, judayam balandda, hamma yerdan ko‘rinib turishadi. Shunaqa bo‘lgach, hozir anovi urush bo‘layotgan joylardagilar ham ko‘rib turgandir. Ulargayam bizga o‘xshab kechalari dam berishar. Shunda ular ham okopdami, chayladami, yoki shunday keng dala o‘rtasidami (ishqilib-da), chalqancha tushib olib, yulduzlarga tikilib yotishar… Ajoyib-da! U yoqda ular, bu yoqda bizlar — bir paytning o‘zida bitta narsani ko‘rib turishimiz mumkin…

Miyamga o‘rnashib qolgan narsa shuki, bitta yulduzni, masalan, Ma’mura opam tanlasalar, keyin Mahmud akaga xat yozsalar: falonchi yulduz bizning baxt yulduzimiz, falon paytda unga tikilib gapingizni ayting. Men bu yoqda turib quloq solaman, desalar… Agar chinakamiga ixlos bilan quloq solsa, eshitsa bo‘ladi. Mana men eshitaman ham, gaplashaman ham. Lekin, opalarimga aytay deyman-u kulishadimi, deb qo‘rqaman. Qo‘rqishimning boshqa bir sababiyam bor-da…

Aytmoqchi, tanlagan yulduzim haqida hali Jo‘ra akaga yozib yuborolganim yo‘q. Chunki, xat uzilib qolgan. Mana o‘n bir oyni yuz ko‘ryapti. O‘n bir oy-a!.. Ishqilib, tinchlik bo‘lsin-da. Xat keldi deguncha, albatta yozib yuboraman. Jo‘ra akamga ma’qul bo‘ladi. Chunki, judayam yorug‘, chiroyli yulduz. Hozircha u os-monda yo‘q. Hali tongga yaqin ko‘rinadi. Huv, tog‘ning tepasida charaqlab turadi…

Uni tanlashim qiziq bo‘lgan. Tunov kuni brigad bobomiz, “azamatlar, polvonlar”, deb bizni uyg‘otib, dalaga boshlab ketdi. Borib bug‘doy o‘roqqa tushdik. Hech uyqum ochilmaydi, munkib-munkib ketaman. Qorong‘uda turtinib-surtinib, chalg‘i uraman. Yaxshiyam bug‘doyga qo‘shib, qo‘l-po‘limni kesib olmaganim.

Bizdan oldinroqda, bug‘doy oralab Jabbor amaki ovoz berib turibdi. Qo‘rqishmasin, deydi-da.
— Ha, azamatlarim, kelaveringlar. Mana men bu yoqdaman. Birinchi marra mana shu yer. Keyin dam olamiz. Ha, gaplashib, gangir-gungir qilib o‘ringlar, uyqu qochadi. Balli, balli azamatlarim. Men askarlarim, yashanglar!..

Harchand urinmayin, uyquning karaxtligi ketmasdi. Qo‘lim ishdayu, miyamda allanarsalar aylanishadi, tik oyoqda turgancha tush ko‘rib ketayotgandayman. Bir mahal orqamdan birov chaqirdi:
— Mohira!

Alanglab orqa-oldimga qarab oldim. Hech kim yo‘q. Birgad bobo oldinlab ketgan qizlar bilan gaplashib turibdi. Tavba!.. Uyqum o‘chib, sergak tortdim. Qo‘rqa-pisa qad rostlab, yana orqamga qaradim. Ko‘zim hech bir qorani ilg‘amadi. Menga shunday tuyuldiyov, deb ko‘ksimga “tuf-tuf”lab qo‘ydim. Va shu payt olisda, tog‘ning tepasida charaqlab turgan yop-yorug‘ yulduzga ko‘zim tushdi. Osmonda boshqa unaqa yulduz yo‘q edi. Buncha chiroyli bo‘lmasa! Chaqnaydi-ya!.. Yo‘q, u jovdirab turardi. Mening ahvolimga achinib, ezilib, lekin ilojsiz-likdan ne qilarini bilmay, jovdirab-mo‘ltirab turardi. Sekin tizzamga cho‘kdim, qo‘l-oyog‘imdan majol ketgandi. Chunki, men Jo‘ra akamni ko‘rib turardim…

— Mohira, ozgina chida, hammasi o‘tib ketadi. Hali borsam, qo‘lingni sovuq suvga urdirmayman. Ko‘rasan, shunday kunlarga yetamiz hali! — derdi u shivirlagan ovozda.

— Mohira qizim, sanmisan, — shundoq tepamda Jabbor amaki turardi. — Nima qildi? Qo‘lingni kesib olmadingmi ishqilib?..

— Yo‘q, birgad bobo, kesganim yo‘q, yaxshiman…
— Ha, baraka top, qizim, g‘ayrat qil. Opalaringga yetib ol…

— Xo‘p, amaki, hozir yetib olaman!
— Balli, balli, qizim…

G‘ayrat bilan, zavq-shavq bilan o‘rimga tushib ketdim. Uyqum butkul o‘chgan, tanam qushday yengil, dilim shunchalik ravshan tortib borardiki…

Mana o‘sha kundan beri qancha kech yotsam hamki, birgad bobo ovoz berishi bilan sapchib turaman. Turishim bilan ko‘zim dastavval o‘sha chaqnoq yulduzga tushadi. Salom beraman.
— Assalom, Jo‘ra aka, — deyman.

So‘ngra shapir-shupur yuzimni chayib olaman-da, uyqu shirinlik qilib g‘ingshib yotganlarni chimchilab, qitiqlab uyg‘otishga kirishib ketaman. Ortimda esa Jo‘ra akam zavqlanib, kulimsirab turaveradi.
Borib o‘roqqa tushamiz. Qorong‘ulikka ko‘z ko‘nikkuncha timirskilanib, ishimiz yurishmayroq turadi. Bu paytda Jo‘ra aka xomushlanib, jovdirab, meni yupatishga urinadi.
— Mohiginam, seni qanday kunlarga qoldirib keldim. Meni kechir. Hali ko‘rmaganday bo‘lib ketasan. Ozgina sabr qilsang, bo‘ldi…

— Jo‘ra aka, siz hecham parvo qilmang, — deyman ich-ichimdan xitob qilib, — men qiynalganim yo‘q. Qaytaga bu yer menga yoqyapti. Dalada, shiyponda yotish maza ekan. Eng yaxshi tomoni — qulog‘im oybiyimning g‘ish-g‘ishalaridan ancha tinchib qoldi. Siz doim xafa bo‘lib, kuyinib yurardingiz-ku, seni o‘gay onangning qo‘lidan qutqarishim kerak, deb… Bu yerda hammadan kichigi menman, erkatoyman…

Qo‘lim ishdayu, xayolimda Jo‘ra akam bilan mazza qilib gaplashib ketaveraman.

… Xullas, gaplarim ko‘p-ku, lekin hammasi ichimda qop ketyapti-da. Opalarimga aytay desam, aytib bo‘lmaydigan gaplar bari. Noto‘g‘ri tushunishlari mumkin… Eh, yana bir pas gaplashib yotishsa bo‘lardi, hali vaqt erta edi.

— Hanifa opa. Hanifa opa!..
— Hm…

— Uxlayapsizmi?
— Ha, uxlayapman, uxlab qolganman.

— E, o‘ling-ye, — deb kulib yubordim. — Dishakchaga o‘xshab pish-pish uxlaysiz.
— Nima qilay?..

— Bilmasam. Meni uyqum kelmayapti. To‘g‘risini aytsam, qo‘rqayapman. Bir o‘zim qop ketgandan keyin odam qo‘rqadi-da. Hammalaring tosh qotib qopsizlar…
— Ko‘zingdi chippa yumib yotaversang, senam uxlaysan.

— Bo‘lmayapti, uyqum qochib ketdi.
— Xo‘p, men nima qilay, — dedi Hanifa opa ko‘zini uqalab, o‘rniga turib o‘tirarkan.

— Men hammalaringdan kichkinaman, shundaymi? — dedim erkalanib. — Shuning uchun, meni allalab, e, yo‘q, aldab, u yoq bu yoqdan gapirib uxlatishlaringiz kerak. Keyin o‘zingiz uxlaysiz…

— Yoqmay qolsin. Xay mayli, nimani gapiray?..

— O‘zingiz bilasiz… Ha, menga qarang, — dedim birdan jonlanib. — Ma’mura opaning yaxshi ko‘rganlari, bilasizmi, kim ekan?

— Nima? — opamning ko‘zlari yarq etib ochilib ketdi.
— Haligi bor-u, Maqsad momo, o‘sha kishining o‘g‘illari Mahmud aka ekan.

— Voy, sekin, sekin, — dedi Hanifa opa hovliqib.
— E, allaqachon hammasi uxlab qoldi, — dedim beparvo.

— Aytib bo‘ladimi, — durrachasini to‘g‘irlagan bo‘lib, qator tizilib yotgan qizlarga ko‘z tashlab oldi-da, sekin shipshidi:
— Xo‘p, ayt-chi, qayoqdan bilaqolding?

— Bilaman-da. Men siznikini ham bilaman.
— Voy, o‘laqolgin, biyroncha, menikiyam bor ekanmi?

Hanifa opam endi birov eshitib qolishini ham o‘ylamay, bemalol joylashib o‘tirib oldi.

— Bilaman emish. Xo‘p, bilsang bir boshidan ayt-chi.
— Ho, urasiz-da…

— Tentak qiz, seni urarkanmanmi!..
— Hanifa opa, o‘sha Mahmud akani men yaxshi eslolmayman, juda chiroyli edi, deyishadi-ya? Urushga ketayotganida o‘n yetti yoshda ekan-a bor-yo‘g‘i.
— Ha, niholdekkina edi, — dedi Hanifa opa o‘ychan tortib. — Endigina mo‘ylovi sabza urib kelayotgandi.

O‘rnimdan chaqqon turdim-da, opamning qarshisiga kelib, jimitdaygina bo‘lib o‘tirib oldim.
— Hozir endi basavlat yigit bo‘p ketgandir-a?

— Voy, qiz qoziyey, — dedi opam zavqlanib ketib, — ha-da, kap-katta yigit bo‘p qolgandir. Necha yil o‘tib ketdi. Ishqilib eson-omon qaytib kelsin-da. Bir gap bo‘lsa, Ma’mura ado bo‘ladi-ya…

Xuddi sovqotganday etim bir junjikib oldi.

— E, qo‘ysangiz-chi, yaxshi niyat qiling, opa.
— Ha, ha, to‘g‘ri aytasan…

— Hanifa opa, — dedim gapimiz qovushayotganidan tetiklanib, — o‘sha Mahmud akaning yolg‘iz onasidan boshqa hech kimi yo‘q ekan-a, rostmi shu gap?

— Ha, rost… Sho‘rlik momoga yolg‘iz tirnoq. Momoning eri quloq qilingan. Momo o‘g‘li bilan hov anovi tog‘ning etagidan kelib qolishgan. Aytmoqchi, bitta qizi ham bo‘lgan.

Keyin bezgakdan o‘lgan. Bir kuni, qish payti bo‘lgan. Daladan, qor tagidan g‘o‘zapoya yulib kelgan bir bog‘. Kelganu, bezgak tutib, sandalda isitmalab yotib o‘lib qolgan. Maqsad momo qizi olib kelgan o‘sha bir bog‘ g‘o‘zapoyani haligacha ayvoni shiftida asrar emish. O‘sha g‘o‘zapoyaga qarab-chi, xumor bosti bo‘larmish.

— Voy, sho‘rlikkina momoyey!.. — bu gapni birinchi eshitishim edi, Maqsad momoga ichim achigandan achib ketdi. — Bilasizmi, Hanifa opa, men nimani o‘ylayman. Maqsad momo hovlisida yolg‘iz o‘zi-ya, Ma’mura opa borib aytsa, mana shunaqa, shunaqa, men siz bilan birga yashayman, desa…

— E, qizaloq, — dedi Hanifa opa xo‘rsinib, — senga qolsa, hammasi oson. Ma’muraning aqli yetmaydimi shunga! Rahmi kelmaydi, deysanmi! Sho‘r-lik momoni ko‘rganda uchib-qo‘nishlarini ko‘rsang edi. Xayol qilsaki, yugurib borib quchib, o‘pib olsa. yugurib-yelib xizmatini qilsa!.. Lekin bu mardum qo‘yarmidi! Doston qilib yuboradi-ku!..

— E, men bo‘lganimda sira o‘ylab o‘tirmasdim. Gapirishsa gapiraverishsin. Momoni yolg‘iz qoldirmasdim… Hanifa opa, Maqsad momoning o‘zlari biladilarmi?..

— Bilmasa kerak, — dedi Hanifa opa ikkilanibroq, — bilganida…

— Ha, bilganida har tugul ko‘cha-ko‘yda ko‘zi tushib tursa o‘g‘lini ko‘rganday bo‘lardi-da, — dedim donolik qilib.

— O‘zing mushtdakkina bo‘lsangam ko‘p balolarga aqling yetadi-ya, — dedi opam mehr bilan tikilib.

— Hanifa opa…
— Hm…

So‘rashning fursati yetgandiyu, jur’atim yetmayroq turardi. Shuning uchun sirligina qilib, jim turaverdim.

— Ha, biyroncha, yana bir narsa so‘ramoqchimisan?..
— O‘zingiz aytasizmi, yo o‘zim aytayinmi deb turibman-da.

— Nimani aytishim kerak, qizgina?

— O‘zingizni go‘llikka solmang, — dedim salmoqlab, — yaxshi bilib turibsiz. Men o‘zim hammasini bilamanu, shu, o‘zingizdi og‘zingizdan eshitgim kelyapti-da.
— Sen jinni bo‘p qopsan…

— Aytmaysiz-a, Hanifa opa, — deb atay ovozimni balandlatdim.
— Voy, sekin, sekin… Uyg‘otib yuborasan-ku hammani!

— Aytasiz-a?
— Qiziqsan-a, Mohi, bu har kimga aytadigan gapmi!
— Voy, opa-a, men har kim bo‘pmanmi?

Arazlagan bo‘lib, to‘p etib o‘zimni to‘shakka otdim-da, boshimni burkab oldim. Opam arazimga ishondi, sekin yonimga yonboshlab, bir pas jim yotdi-da, keyin yupatgan bo‘lib asta gap boshladi.

— Mohira, men unaqa demoqchi emasdimu, tushungin-da. Bunaqa gapni ko‘ngilda asragan yaxshi-da… Aytib bo‘ladimi, qizlardan birortasi uyg‘oq bo‘lsa yoki Safar eshitib qolsa, ertaga ukamning yuziga qanday qarayman. Otamga aytib bersa-chi…

— E, vahima qilmang-ye, opa, — deb yubordim arazimni bir pasda unutib, boshimni ko‘rpadan chiqarib olarkanman. — Buni hech yomon yeri yo‘q-ku. Bari-bir erta-indin, Xudo xohlasa, urush tugaydi. Yigitlar qaytib keladi. Keyin to‘y qilamiz. Hamma bilib oladi-ku baribir.

— Unda boshqa gap, singilcham, — dedi Hanifa opam shiyponcha shiftiga ko‘z tikkancha.

Ikkimiz ham xayolga berilib, bir pas jim yotdik. Yengil shabada yuzlarimizni siypab o‘tdi. Changalzor ortidan daryoning shovullagani elas-elas eshitila boshladi. Qishloq tarafdan itlarning yakkam-dukkam akillagani kelardi.

Hanifa opam ohista xirgoyi boshladi:

Boshimdagi ro‘molim, chaman ichra,
Gul shoxiga ilindi, chaman ichra.
Kimda ekan xayoling, chaman ichra, bog‘ ichra,
Yolg‘izligim bilindi, chaman ichra…

Opam bir pas jim qoldi-da, xo‘rsindi. Mening tomog‘imga allanima qadalib dimog‘im kuyushganday bo‘ldi. Ko‘zlarimga duv yosh quyulib keldi. Darhol teskari o‘grilib olib, ko‘zyoshlarimni artdim. Qult etib yutindim.

— Mohi, senga nima bo‘ldi, yig‘layapsanmi?.. — dedi opam kiftimdan sekin tutib o‘ziga qaratarkan.

— Yo‘-o‘q, — dedimu, to‘liqsinib turganimni sezdirib qo‘ydim. Keyin ochig‘iga ko‘chdim. — Opa, siz ashula aytsangiz, mana shu yerimga bir narsa qadalib, nafasim qaytib ketaveradi. Yig‘lagim keladi.

Opam birdan tetiklandi.
— Voy, yig‘laging kelsa, aytmayman.

— Yo‘q, aytavering, yaxshi ko‘rganimdan shunday bo‘ladi-da, opa, — dedim tizzalab o‘tirib olib. — Keyin nimagadir rahmatli ayam esimga tushib keta-veradi. Hanifa opa, qarang, xuddi kechagina bo‘lib o‘tganday hammasi. Lekin, sal kam yetti yil o‘tib ketibdi oradan.

— O‘lding — o‘chding degani shu-da, Mohi, — dedi u sekin uf tortib. Keyin ohista o‘rniga turib o‘tirdi.

— O‘sha kuni ayam rahmatli ikki tandir non yopdilar. To‘rtovimizni ham cho‘miltirdilar. Meni sochimni o‘rib, jiyda po‘pagimni taqib qo‘ydilar. Sochimni o‘rayotib, o‘zlaridan o‘zlari, qizim, bu safar boshingni yuvsang, sochingni kim o‘rib qo‘yarkin-a, dedilar. Nimaga unaqa deyapsiz, aya, dedim hayron bo‘lib, o‘zim aytayapman-da, dedilar. Keyin nasihat qildilar. Qizim, endi katta bo‘p qolding. O‘nga kirding, songa kirding, deyishadi. Ukalaringga bosh bo‘l. Urma, urishma. Mehribon bo‘lgin, dedilar. Ertasi kun ertalab uyg‘onsam, chaqaloq qilibdilar. Keyin gaplashib o‘tirib… Hech o‘ladiganga o‘xshamasdilar. Chaqaloqni emizdilar. Keyin hammamizni chaqirib, ko‘rsatdilar. Mana Bashoratoy, kenjatoylaringiz, uni xafa qilmasdan, katta qilasizlar, dedilar. Keyin, mayli endi borib o‘ynanglar dedilar. Ukalarim o‘ynagani chiqib ke-tishdi. Meni sira chiqqim kelmasdi. Xolam yonlarida bosh solib o‘tirardilar. U kishiga aytdilarki, Muyassarxon, borib, Eshon akangizni chaqirib qo‘yasizmi, dedilar. Dadam yonlariga kelib o‘tirishlari bilan, ayam menga qaradilar-da, Mohira qizim, hovlini supurdingmi, dedilar. Supurdim, dedim. O‘choqning kulini oldingmi, dedilar. Hozir olaman, dedim. Boraqol bo‘lmasa, qizim, shu ishlaringni qil, hozir mehmonlar keladi, ko‘p mehmon, ayb qilib o‘tirishmasin tag‘in, dedilar. Xo‘p, dedimu baribir o‘tiraverdim. Xuddi tashqariga chiqishim bilan bir narsa bo‘ladiganday tuyulardi. Oxiri dadam boshlari bilan ishora qilganlaridan keyin, o‘rnimdan turdim. Tashqariga chiqdimu, ba-ribir eshik oldidan nari ketolmadim. Ayamning gaplari aniq-tiniq eshitilib turardi.

— Bolalarni sizga, sizni Xudoga topshirdim, dadasi, rozi bo‘ling, — dedilar ayam.

Dod deb baqirgim keladiyu, ovozim chiqmaydi. Hayal o‘tmay dadam bechora baqirib yubordilar.
— Ko‘zingni och, Musharraf!..
Bir pasda qiy-chuv bo‘lib ketdi.
Ichkariga otilib kirdim. Qarasam, hamma o‘zini yo‘qotgan, dovdiragan. Faqat dadam boshlarini egib, jimgina o‘tiribdilar. Ayam bo‘lsa, u kishining qo‘llarini ushlagancha, uxlab yotibdilar.
… Hikoyamni davom ettirolmay, o‘rnimdan turib ketdim. Miltirab turgan fonus tagidagi chelakdan bir piyola suv ichib, nafasimni rostlab oldim-da, o‘rnimga kelib o‘tirdim. Bu orada Hanifa opam ham ko‘zyoshlarini artib, o‘ziga kelib oldi. Ha, sho‘rlikkina-ya, deb qo‘ydi astagina.

— Bilasizmi, men baribir noshud ekanman-da, — dedim alam bilan. — Ayamning vasiyatlarini bajara olmadim. Ko‘rdingiz-ku, oldinma-ketin uchta ukamni topshirdik.

— Unaqa dema, singilcham, — dedi Hanifa opa siniq ovozda. — Bu sening qo‘lingdagi narsa emas, taqdir. Umrlari qisqa ekan. Endi Umarjon katta bo‘lsin, ishqilib.

— Aytganingiz kelsin, kecha-kunduz Xudoyimga yolvoraman, men o‘lib ketsam o‘lib ketay, Umarjonga umr bergin, deyman.

— Voy, Mohi, niyatni butun tilasang-chi. U nima deganing, sanam omon bo‘l, ukang ham katta bo‘lsin. O‘lib ketganing bilan yer to‘yarmidi?!

— To‘g‘ri aytasiz, opa, qo‘rqqanimdan shunaqa deyman-da. Bir kuni shu Umarjoningiz yuragimni yordi-da. Ikkovimiz ishkom tagidagi chorpoyada yotib-miz. O‘shanda qishloqqa bo‘ri oralab, qo‘ylarni yorib ketgandi. Esingizdami, o‘tgan yili shu paytlar edi-da. Vahimada yotib-turardik. Shu desangiz, yarim kechada turibmanu, uyqusirab, bilmayman nima xayolda, Umarjonni yaxshilab to‘shakka o‘rabman. Keyin o‘rnimdan turib, uni rosa qidiribman. Molxonayu qo‘yxona, bostirmalar tagini titkilab chiqibman. Oxiri yig‘lab, dadamlar yotgan uyga kiribman. Turinglar, Umarjonni bo‘ri obketibdi, hech yerda yo‘q, debman. Dadam bechora miltiq ko‘tarib, oybiyim fonus ko‘tarib, qidirishga tushishdi. Buta bormi, changalmi, taglarini qarab, ariq-zovurlargacha tushib, rosa izlashdi. Men izillab yig‘lagancha orqalaridan yuraverdim. Oxiri charchab, endi ertaga yorug‘da qidiramiz, bo‘lgancha bo‘ldi, deb orqaga qaytishdi. Men bo‘lsam, yana izlaylik, deb yig‘layman.

Oybiyim kelib, haligi biz yotadigan chorpoyaga o‘tirdi-da, birdan baqirib yubordi. Mana-ku, deb. Kelib qarasam, Umarjon maza qilib, hech narsadan bexabar uxlab yotibdi. Oybiyim boplab shapaloq tushirdiki, ko‘zlarimning olovi chiqib ketdi.

— Voy, berahm-yey, — dedi Hanifa opa boshini saraklatib.

Men kuldim.
— Bilasizmi, oybiyimni juda qattol deb o‘ylashadi. Lekin unaqa emaslar. Ko‘p urishadi, qarg‘aydi, to‘g‘ri, lekin hecham urmaydi. Urgani faqat o‘sha bo‘lgan. Ungayam o‘zim aybdor edim-da… Bilasizmi, nimaga urmaydilar, qo‘rqadilar. Sizlarni urib bo‘lmaydi, oqsuyaksizlar, deydilar. O‘sha bir shapaloq urganidayam, qo‘llari bir necha kun yelkasi aralash qaqshab, yurgan ekan… Ko‘p gapirib yubordim-a?.. Hanifa opa uyqungiz kep ketgandir-a?..

— Yo‘g‘-ye, qaytaga uyqum qochib ketdi.

— Bilasizmi, ayam rahmatli haligi qo‘shiqni yaxshi ko‘rardilar. Hech kim yo‘qligida, bichish-tikish qilib o‘tirib, xirgoyi qilardilar doim…

Hanifa opa ikkimiz to‘shakka uzala tushib, xayol surib yotibmiz. Lekin, mening sirayam uyqum kelmasdi.

— Bitta narsa aytsam, kulmaysizmi, Hanifa opa, — deya gap qotdim o‘zimni tiyolmay.

— Kulmayman, aytaver, — dedi opam bechora ra’yimni qaytarmay.

— Har bitta odamning o‘z yulduzi bo‘ladi, deyishadi-ya?

— Shunaqa deyishadi. Odam o‘lsa yulduzi ham so‘narmish yoki teskarisimi, yulduzi so‘nsa odam o‘larmishmi, ishqilib…

— E, o‘limni gapirmang-ye, opa, ha, eshiting-da, men aytamanki, har bitta odamda bittadan emas, har ikkita odamda bitta yulduz bo‘ladi.
— U nima deganing?..
— Ikki kishi, masalan, Ma’mura opam bilan Mahmud akaning bitta yulduzi bor. Baxt yulduzi.

— Voy zumrasha-ye, — Hanifa opa tirsagiga tayanib menga qaradi. — Gaplaring odamning boshini aylantirib qo‘yadi-ya! Xo‘sh, mening tushunishimcha har bitta juftning bitta baxt yulduzi bo‘ladi. Shundaymi?

— Ha-da.
— O‘zi aytishadi-ku, har bir kishi jufti bilan yaratiladi, deb. Bundan chiqadi, ularning yulduzi ham azaldan belgilangan bo‘ladi, shundaymi?..

— Xuddi shunday, — dedim Hanifa opamni qiziqtirib qo‘yganimdan zavqlanib ketib.
— Unda qanday aniqlash mumkin, masalan, meni, yo‘g‘-ye, Ma’mura opangdi yulduzini?..

— Buning yo‘li bitta, — dedim-da, o‘rnimdan turib, shiypon ustuni yoniga borib o‘tirib, yulduzzor osmonga tikildim. — Ular ikkovlashib izlashlari kerak. Ikkovining ko‘ziga baravar issiq ko‘ringan yulduz o‘shalarniki bo‘ladi.

— Biz birgalashib topib bersak bo‘lmaydimi?
— Bo‘lmaydi. Biz aralasholmaymiz. Opam xat yozsinlar. Maslahat so‘rasinlar Mahmud akadan.

— Aylanay senginadan, — dedi Hanifa opamning qulfi dillari ochilgandan ochilib. — Miyangda gap qaynab yotadi-ya!.. Aytmoqchi, sen o‘zing tanlaganmisan yulduzingni?
— Allaqachon.

— Rostdanmi, qani qaysi yulduzni tanlagansan, ko‘rsat-chi!..
— E, hozir iloji yo‘q. Hov tongga yaqin chiqadi u.

— Zuhro yulduzimi?
— Xuddi o‘sha! — dedim maqtanib.

— O‘sha Zuhro yulduzi ilgari senu menga o‘xshagan qiz bola bo‘lgan ekan-a.
— Yo‘g‘ye, rostdanmi?!

— Ha-da, bilmasmiding?
— Yo‘-o‘q…

— Ana, sen bilmaydigan narsalar ham bor… Bo‘lmasa eshitgin. U kambag‘al bir dehqonning qizi bo‘lgan. Zuhroning go‘zalligini eshitgan podsho g‘oyibona oshiq bo‘p qopti-da, unga sovchi qo‘ydiribdi. Ota-onasi noilojdan rozi bo‘lishibdiyu, qiz rozi bo‘lmabdi. Sevgan yigitim bor, o‘shangga tegaman, debdi. Podsho g‘azablanib, uning sevgan yigitini topdiribdi-da, dorga osibdi. Dorning og‘ochi uzun, juda-juda baland ekan. Zuhro kechasi kelibdi-da, yigiti osilgan dor og‘ochiga tirmashib chiqaveribdi, chiqaveribdi, dorning boshiga yetibdi. Undan u yog‘i osmonga bir qadam yo‘l ekan. Tongda podshoning odamlari kelib, unga baqirib-chaqirishibdi, pastga tush, deyishibdi. Qiz ko‘nmabdi. Baribir u yoqda o‘tirib jon saqlolmaysan, tushasan bir kun, deyishibdi.

— To‘g‘ri, tushaman, qachonki yerda zo‘ravon podsholar yo‘qolib ketsa, keyin tushaman, — debdi-da, ko‘kka chiqib ketibdi. Ana o‘shandan beri har kun tong otarda chiqib, yerga mo‘ralab qarab qo‘yarmish…

— Voy bechoragina…

— Mohi, menam gapga uncha no‘noq emasmanu, lekin qog‘oz-qalam olishim bilan miyamda hech narsa qolmaydi. Bir enlik xat yozishim kun bo‘yi paxta chopiq qilishdanam qiyin bo‘p ketadi. Bo‘ldi, menga gap topib berding. Ana shularni yozib yuboraman.

— Rosttanam yozmoqchimisiz shu gaplarni? Aytmoqchi, kimga edi?..
— Ha, Samar akangga-da!.. Voy, nimalar deyapman, bilib qo‘yding-ku!..

Kulib yubordim.

— O‘zimam bilardimu, faqat o‘z og‘zingizdan eshitmoqchi edim-da!..

— Sen tushmagurdan bir narsani yashirib bo‘larkanmi, — dedi bechora Hanifa opam yengilganini tan olib. — Odamni gangitib qo‘yib, ichidagi gaplarni asta-asta chiqarib olasan.

O‘zlarini aniq ko‘rmayotgan bo‘lsam-da, suluvgina Hanifa opamning qip-qizarib, yanayam ochilib ketganlarini payqab turardim.

— Xo‘p, menga ayting, opa, — deya bidirlab yana davom etdim, — erta bir kun urush tugab, akalarimiz qaytdi deylik. Ular to‘g‘ri bu yoqqa kelishsa, bizlar bug‘doy o‘rib yoki bo‘lmasa, paxta chopiq qilib yotgan bo‘lsak. To‘g‘risini ayting, nima qilardingiz? Chiday olmasdingiz-a, to‘g‘ri borib Samar akaning bo‘yinlaridan achomlab olardingiz-a?..

— Voy-voy, xudo asrasin-a, — dedi Hanifa opa yuzlarini qo‘llari bilan bekitib. — Sharmanda qizning gaplarini qaranglar!..

— Men bo‘lsam shunday qilardim, — deb o‘rnimdan turdim, — to‘g‘ri borardim-da, mana bunday qilib, — deya ustunni quchdim, — Jo‘raxo‘ja akamni quchib olardim.
— Kim, Jo‘raxo‘ja?! — deb baqirib yubordi u.

Men voy deya bo‘shashib o‘tirib qoldim.
— Tentak qiz, axir uning oilasi bor-ku!..

Bir pas karaxtlanib o‘tirdim-da, keyin indamay o‘rnimdan turib, to‘shagim ustiga borib cho‘kdim.

— Uning oilasi bor-ku, jinnivoy, — dedi opam koyigan, shu bilan birga hamdardlik bildirganday bo‘lib.

— Bilaman, bor, — dedim o‘kinch bilan, — lekin unga ko‘ngli yo‘q.
— Qayoqdan bilasan ko‘ngli yo‘qligini?

— O‘zi aytgandi. Baribir urushdan omon qaytsam, birga bo‘lamiz. Seni o‘gay onangdi qo‘lidan opketaman, degandi.
— Bechora xotini umid bilan yo‘l qarab yuribdi-ku.

— Bilaman, — dedim quruqqina qilib, — lekin menam kutyapman. O‘n bir oydan beri xat-xabar yo‘q. Xotini nuqul yig‘laydi. Baribir o‘lgan, bo‘lmasa xat kelardi, deydi. Qaytangga chol-kampirni ezib yubordi. Men bo‘lsam, umuman yig‘lamayman. Borib bobom bilan enamni yupatib kelaman. Chunki, bilamanki, Jo‘ra akam keladi, sog‘-omon keladi. Menga aytib ketgan. Sizlar bilmaysizlar, u o‘sha oxirgi kuni oq otiga mindirib, o‘zi jilovidan tutib, shu yergacha piyoda opkelib qo‘yib ketgandi. Meni shu yerda kut. Albatta kelaman. Mana shu tulpo-rimda kelib, seni qishloqqa opketaman, degandi. Shuning uchun men hech qachon yomon xayolga bormayman. Faqat yaxshi niyat qilaman. Xudo aytgan ekanki, niyatingga yarasha beraman, deb. Mayli, u yig‘layversin. Lekin, men yig‘lamayman…

Hanifa opa menga unsiz tikilib qoldi-da, boshini saraklatdi.

— Darding qattiq ekan sen bechoraniyam!..
— E, opa, siz bilmaysiz-da, avval u menga sovchi qo‘ygandi. Dadam bermagandilar.
— To‘g‘ri-da, yosh bo‘lgansan. O‘n beshdamiding?..

— Yo‘q, uning uchunmas, oybiyimdan qo‘rqib yo‘q degan. Ularga dastyor kerak bo‘lgan-da. Keyin Jo‘ra akamning otasi biz chol-kampirlar yolg‘iz qolmaylik deb boshqa kelin qilishgan. Jo‘ra akam urushga ketayotgani uchun yo‘q deyolmagan. Men xafa emasman u kishidan.

— Voy qizaloq, qizaloq, bilasanmi, odamning havasi keladi senga, — deya Hanifa opa meni bag‘riga bosdi.

— Qo‘ysangiz-chi, men sizlarga havas qilaman. Buncha chiroyli bo‘lmasangizlar… Bilasizmi, Hanifa opa, — deya uning bag‘ridan chiqib ro‘parasiga o‘tirib oldim, — men mudom tushimda to‘y ko‘raman. Hammalaring baravariga kelin bo‘lgan bo‘lasizlar.

— O‘zing-chi, — dedi Hanifa opam sochlarini silab.

— E, men yoshman-ku, — dedim uyalib, — meniki keyinroq-da. — Ha, eshiting-da, shunday qilib tushimda to‘y ko‘raman-da, to‘yxona mana shu shiyponimiz bo‘ladi. Kuyovlar oppoq otlarga minib, chang-to‘zon ko‘tarib kelib qolishadi. Hammasi bir xilda askarcha kiyinishgan bo‘ladi. Keyin qishloqdan odamlar kelishadi. Hov anovi yerda doshqozonlar o‘rnatishadi. Gulxan yoqishadi. Atrofida o‘yin-kulgu boshlanadi. Lekin-chi, alam qiladigan joyi — tushimni hech oxirigacha yetolmayman. Miltiqlar gumburlab qoladimi-yey yoki manovi to‘qayga o‘t ketadimi-yey, ishqilib…

Shu payt qator tizilishib yotgan qizlardan biri boshini ko‘tardi.

— Hey, menga qaranglar, uxlagani qo‘yasizlarmi, yo‘qmi?!

— Voy, Ma’mura, uyg‘oqmiding, — dedi Hanifa opam uyalganidan o‘zini yo‘qotib qo‘yib.

— Rostini aytsam, men opamning uyg‘oq yotganlarini bilardim, — dedim ochig‘iga ko‘chib.

— Sen biyronchaning bilmaydigan narsaning o‘zi yo‘q, — dedi Ma’mura opam yolg‘ondaqa po‘pisa qilib. — Uyg‘oq edilar emish. G‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir qilib uyg‘otib yubordilaring-ku!.. Essiz-a!..

— Ha, nimaga essiz deyapsan, — Hanifa opam qiziqsinib.

— Yaxshigina tush ko‘rayotgandim.
— Qanaqa tush ekan, Ma’mur?
— Tush-da.

— Ayta qoling, jon opa, — dedim erkalanib.

— Ha, mayli… Oq otlarni tush ko‘ribman, — dedi Ma’mura opam o‘ziga yarashgan sipolik bilan.

— Ana, Ma’mura opam ham oq otlarni ko‘rarkanlar, — dedim chapak chalib.

— To‘y bo‘layotgan ekanmi? — dedi Hanifa opam jilmayib.

— Ha, manovi jinqarchani erga berayotgan ekanmiz.
— Ho, bekor aytibsiz, aldamang!..

Ma’mura opa bir pas jim qoldi-da, keyin jiddiylashib davom etdi?

— Rostini aytsam, biyroncham, seni shiyponda qolishingga avval rozi bo‘lmagandim. Keyin o‘sha oybiyingni turtkilashidan nariroq bo‘lasan-ku, deb ko‘ngandim. Hozir o‘ylab qarasam, to‘g‘ri qilgan ekanman, — dedi opam ovozida mehr tovlanib. — Sen bizga judayam kerak ekansan.

Bu gaplardan moyday erib, ko‘nglim allatovur yumshab ketdi.

— Endi bilasanmi, nima, ozroq mizg‘ib olgin. Uyqung kelmayotgan bo‘lsa, alla aytib uxlatamiz, xo‘pmi erkatoyim. Hademay birgad bobong chaqirib kep qoladi. Tag‘in uyquni karaxtligi bilan bug‘doy o‘raman deb, qo‘l-po‘lingni kesib qo‘ymagin.

— Ha, mayli-mayli, uxlaymanu, lekin alla aytsalaring, uyalaman-da, — dedim tantiqligim tutib. — Kap-katta qiz bo‘lsam…

— Hech uyalma, kap-katta qiz emish, — dedi Hanifa opam erkalab. — Maza qilib yotavermaysanmi. Qaniydi mengayam birov shunday desa.

— Bo‘pti, bo‘pti, — dedim murosaga kelib. — Faqat bitta sharti bor. Alla aytinglaru, lekin avval shunday niyat qilinglar: urush tugagan, erlaringiz…

— Nima?! — deb yuborishdi ikki opam ham baravariga.

— E, kechirasizlar, — deya darhol xatomni tuzatdim, — yigitlaringiz eson-omon kelishgan. Gumbur to‘ylar o‘tgan. Oradagi to‘qqiz oy ham o‘tgan…

— Ha, tushmagur, to‘qqiz oyniyam biladi, — dedi Hanifa opam zavqlanib.

Men davom etdim:
— O‘g‘ilmi, qizmi — do‘mboqchalaringiz qo‘llaringizda. Sizlar alla aytayapsizlar, bo‘ptimi?!

Taklifim yoqib ketdimi, bo‘pti, bo‘pti, dedi opalarim kulishib. Keyin galma-galiga alla aytishib, meni uxlatishga kirishishdi…

Lekin, men uchun alla aytishib, o‘zlari uxlab qolishdi. Bechora opajonlarim rosa charchashgan-da. Ha, mayli, endi menam uxlayman. Bo‘ldi, rosa sannadim. Lekin, yaxshi bo‘ldi-da, ancha ko‘nglimni bo‘shatib oldim. Emasam ichim yorilib ketardi-da!.. Hanifa opam koyimadi, demak tushundi. Ma’mura opamning pishiqligini-chi. Uxlagan kishi bo‘lib hammasini eshitib oldi-ya. Biladi-da, o‘ziga ikki dunyodayam aytmayman bu gaplarni… Shu ishim to‘g‘ri bo‘ldimikan, ishqilib? Ma’mura opam tiliga mahkamku-ya, Hanifa opam soddalik qilib og‘zidan gullab qo‘ysa, keyin quloqma quloq o‘tib, vuy… butun qishloqqa yoyilsa-ya!.. Jo‘ra akamning uyidagilar eshitsa, yangam arazlab ketib qolsa! Shar-mandalik! Hammadan burun bechora cholu kampirning holi ne kechadi!..

Qo‘rquvga tushib, etim bir uvishdiyu, o‘zimni qo‘lga oldim. E, xudo asrasine, unchalikka bormas… Har holda Hanifa opamga tayinlab qo‘ysam tuzuk. Birovga aytib qo‘ymasinlar…

— Hanifa opa… Opa, — dedim sekingina.

Lekin, endi chindanam uxlab qopti shekilli, opam qimir etmadi. Ha, mayli, ertaga aytarman. Endi o‘zimam yotsam bo‘lar. Xiyol charchaganday bo‘lyapman…

Bir chimdim uxladimmi, yo‘qmi, xuddi birov turtganday uyg‘onib ketdim-da, shu zahoti shiyponning kun chiqar tarafida charaqlab turgan yulduzga ko‘zim tushdi. Quvonib ketdim. Jo‘ra akam!

— Assalom, Jo‘ra aka!
— Salom, Mohi! Ozroq dam ololdingmi?

— Ha, rosa. Birgad bobo haligacha kelmabdimi?
— Bir oz kechikkan ko‘rinadi. Shunisiyam ma’qul, bafurja gaplashib olamiz.

— E, nimasini aytasiz, shunchalik orzu qilamanki, biror kungina saharda o‘roqqa tushmasak, deb. Yo‘q, sahar mardondan chaqirib keladi, azamatlarim, polvonlarim, deb. Lekin, o‘zi juda yaxshi odam, hech kimning dilini og‘ritmaydi. E, narigi qishloqda Farmon birgad degani bor ekan, ot minib yurarkan. Qamchisidan qon tomadi, deyishadi. Jabbor amakimiz beozor odam. Hech kimni tindirmaydiyam, xafayam qilmaydi. Bir qo‘lini bo‘yniga bog‘lab olgan, urushdan nogiron bo‘lib kelgan. Kechasi yo azonda bug‘doy o‘rib ketaveramiz, u kishi yigirma-o‘ttiz qadam oldinda ovoz berib turadi. O‘zini ko‘rmaymizu, ovozidan mo‘ljal olib, o‘rib boraveramiz. Aytadiki, mana shu men turgan yer marra, shu yerda miriqib bir dam olib olamiz, deydi. Qancha g‘ayrat qilsak ham haligi marraga yetishimiz qiyin bo‘p ketadi. Nega desangiz, bizlarga sezdirmay, sekin-sekin orqasiga tisarilib boraverarkan-da. Buni opalarim sezishsa ham xafa bo‘lishmas ekan. Xafa bo‘lish ham o‘rinsiz-da, baribir ertami, kechmi, o‘zimiz qiladigan ish. Tezroq tugatsak yaxshi-da! Negadir bugun kech qolyaptilar, tinchlikmikan ishqilib?..

— Keladi, xavotir olma.

— Bularga qo‘shilganimga yigirma kuncha bo‘p qoldi. O‘tgan yili, avvalgi yillar yoshsan deb, meni o‘zlariga qo‘shishmas edi. E, biram yaxshi-ku ular. Ayniqsa, Ma’mura opam bilan Hanifa opam ikkovlari. Qarang, o‘rtalariga olib yotishibdi meni. Dalada ham shunday. Ehe, ish shunaqa ko‘pki, hali birgad bobo kelsa, borib choshgohgacha bug‘doy o‘ramiz. To‘g‘ri, qishloqdanam ayollar, keksalar, bolalar keladi. Lekin, ular tong yorishgach kelib, quyosh botar-botmas qaytib ketishadi. Asosiy yuk bizlarning bo‘ynimizda, ana shu o‘n ikki qizning bo‘ynida. Aytmoqchi, Hanifa opamning ukasi Safarjonni bizga ko‘z qilib qo‘shib qo‘yishgan. Har tugul o‘g‘il bola-da, qizlar yolg‘iz qo‘rqib yurishmasin, deyishgan-da. Shunday qilib choshgohgacha bug‘doy o‘ramiz-da, keyin paxta chopiqqa tushamiz. Kechqurungi salqinda yana o‘rimni boshlaymiz. Kun qizig‘ida bo‘lmaydi, boshoqlar quruqshab, don to‘kiladi. Bir haftacha burun arpa o‘rimini tugatgandik. Hali bug‘doyni yig‘ishtirsak, sholi o‘rim boshlanadi. Undan tashqariyam bir-ikki kun daryo to‘sishga opketishdi. Bu yil daryo damba-dam to-shib turibdi, yuqoridagi qishloqlardan bir-ikkita uylarni olib ketdi… Ha, yana go‘ng tashitishdi, dori maydaladik. Hali yoz oxirida har xil hasharlar chiqadi, tomsuvoq deyishadi, xirmonjoy hozirlash deyishadi. Keyin u yog‘iga paxta terimi boshlanadi. Hammasiga biz ko‘ndalang bo‘lamiz. Birgad bobo shu-ning uchunam mudom alqab yuradi-da, polvonlarim, deb… Nega indamay qoldingiz?.. Yo‘q, hecham qiynalmayman, ko‘nikkanman. Undan tashqari hozir kimgayam oson. O‘zingiz ko‘rib yurgandirsiz, u yoqlarda yosh qizlargacha miltiq ko‘tarib, urushib yurganmish-ku! Keyin yana bir gap: avvallari manovi to‘qayzorga qarab yuragim haros olib yurdi. Kechasi hammadan burun yotib olmoqchi bo‘lardim, aksiga olib uyqum qochib ketardi. O‘zi qiziq-da, nega endi manovi shiyponni ovloqdan ovloqqa olib kelib qurishdi ekan. Shiypon degani dalalarning o‘rta bir yerida bo‘lguvchi edi. Bu esa dalalar tugagan joyda, to‘qayzorga taqab qurilgan. To‘qayning bosh-adog‘i yo‘q. Unga oralash tugul, bir chekkasidan qarab tursangizam seskanasiz. Xuddi allambalolar chiqib kelayotganday bo‘laveradi. Lekin, bekorga cho‘chib yurgan ekanman. Qo‘rqmaslik kerak ekan. Hanifa opam aytdiki, u yoqqa qaramagin ham, o‘ylamagin ham, dedi. Sabil qolgur, qaramayman deb qancha tirishsam ham ko‘zim o‘z-o‘zidan tushavera-di. Oxiri yo‘lini topdim. Yuragimni botir qildim-da, to‘shakka o‘ranib olib, to‘qayga tikilib yotaverdim, yotaverdim. Qiziq, asta-sekin to‘qayning vahimasi yo‘qolib, yuvosh tortib qoldi. Hatto ba’zida, bu yoqqa kel, qizalog‘im, deb chaqirayotganday ham bo‘ladi. Shu, bir aylanib charx urib chiqsammi, deb qo‘yaman ham o‘zimcha… Ha, sizga aytmoqchi bo‘lib yurgan yana bir narsam, o‘tgan yili mana shunaqa paytlar bitta voqea bo‘lgan ekan. Lekin qizlar kelishib olib, hech kimga hech narsa deyishmabdi. Menga Hanifa opam aytib berdi… Bir kuni yarim kechasi qizlar uyg‘onib ketib qarashsa, boshlari tomonda bir miltiqli kishi o‘tirganmish. Qiy-chuv qilib, burchakka tiqilib olishibdi. Haligi odamning soch-soqollari o‘sib ketgan, egni-boshi allatovur. Lekin ko‘zlari jiqqa yosh emish. Avval rosa qo‘rqishgan bo‘lsa, keyin hayron bo‘lishibdi. Mendan qo‘rqmanglar, debdi haligi odam, to‘g‘ri, urushdan qochib yuribman, lekin nomardlikdan, qo‘rqoqlikdan bunday qilmadim, debdi. Men gulday qizlarini bunday vahshiy to‘qayzorga haydab qo‘ygan hukumat uchun qon to‘kishdan or qilaman, xolos, debdi. Haligi odamni tanishibdi-yu, lekin qishloqdagilarga aytishmabdi. U boshqa ko‘rinmabdi. Urushga qaytib ketgan bo‘lsa kerak, deydi Hanifa opam. Chunki, o‘sha kuni qizlardan biri uning orqasidan borib, bir narsalar deb yig‘lab-yolvorganmish. Qizning kimligini aytmadi opam. Hechqisi yo‘q, hali bilib olaman…

Xullas, ana shunaqa gaplar, Jo‘ra aka… Siz nima deb o‘ylaysiz, haligi odamning gapi to‘g‘riga o‘xshaydiyu, lekin urushdan qochib yurishi baribir noto‘g‘ri-da, shunday emasmi?..

— Shunday. Umuman, men ham bu yerlarda ko‘p narsalarni ko‘rdim, ko‘zim ochildi. Nasib qilsa, hali aytib beraman. Menimcha ham ayol zotini bunaqa himoyasiz tashlab qo‘yish yaxshi emas, gunohi azim!

— Himoyasiz emasmiz-ku. Masalan, men uchun mana siz borsiz. Qo‘rqmayman.

— Mohiginam, sen haliyam go‘daksan. Axir men sendan qanchalar olisda ekanimni bilasanmi?! Men bor-yo‘g‘i yulduzman, olis bir yulduz! Xudo ko‘rsat-masin, senga bir narsa bo‘lsa, qo‘limdan nima keladi? Jovdirab, mo‘ltirab turaverishdan boshqasiga yaramayman-ku!

— Unaqa demang. Qancha olisda bo‘lsangizam, mayli. Faqat omon bo‘ling. Sizning bu dunyoda borligingizning o‘zi menga yetadi. Eh, bilmaysiz-da, ayniqsa shu kecha-kunduzlar men charchash nima¬ligini, g‘am-tashvish nimaligini bilmayman. Hamma hayron bo‘lib qaraydi, havas bilan qaraydi. Sababini tushunishmaydi. Men bo‘lsam, sababini aytib, butun dunyoga jar solgim keladi, baxtimni ko‘z-ko‘zlagim keladi… Haligina siz haqingizda opalarimga aytib berdim. Meni to‘g‘ri tushunishdi, hatto havaslari keldi… Jo‘ra aka, negadir bezovtasiz?..

— Brigadiring hayalladi. Tezroq kelsa bo‘larmidi…

— Kep qolar… Voy, Jo‘ra aka, nima u? Bir narsa irillaganday bo‘ldimi?.. — Atrofga alangladim, ko‘zim hech narsa ilg‘amadi. — E, o‘lsin, daydi itlar bo‘lsa kerak…

— Qo‘rqma, Mohi, — dedi Jo‘ra aka, ovozida qo‘rquv tuydim. — O‘zingni bardam tut.

Nimadir yana irilladi, ketidan uvlab yubordi. Qalin to‘qayzor chekkasidagi qamishzor bezovta chayqalib, ularning ostidan ikki ko‘lanka sirg‘alib chiqdi. Etim muzlab, titrab ketdim.

— Voy, bo‘ri-ku, Jo‘ra aka, ikkita bo‘ri!..
— Ha, bo‘ri. Lekin sen qo‘rqma, aytganimni qil!

Bo‘rilar to‘qay chekkasida dikkayib o‘tirishdi, shiypon tarafga qarab irillab qo‘yishdi. Tishlari yarqirab ketdi.

— Vuy, Jo‘ra aka, ular meni ko‘rdi. Nima qilay?..
— U yoqqa qarama. Ma’murani uyg‘ot, Hanifaniyam!..
— Xo‘p. Ma’mura opa, opa, turing. Tez turing!..

Ma’mura opam ko‘zini ochdiyu, nima bo‘ldi ham demay, o‘rnidan sapchib turdi. Chunki, xuddi shu mahal bo‘rilar yana uvlab yuborishgan, opam darhol ahvolni tushungandi. Uning birinchi qilgan ishi, darhol shiypon chekkasiga bordi-da, u yerda qalashib yotgan ketmonlardan birini qo‘liga oldi. Keyin bo‘rilar tarafga sinchiklab tikildi. Men ancha yuragimni bosib olib, Hanifa opamni uyg‘ota boshladim.

— Hanifa opa, turing, tez bo‘ling…
— Ha, ha, nima gap, birgadmi? — dedi u uyqusirab.
— Yo‘q, birgadmas, turing, ko‘rasiz.

— A, nimani ko‘raman, Ma’mur, nima u, bo‘rimi?! Voy, o‘lay, bo‘ri, endi nima qilamiz!..
— Hanifa, sekin. Qo‘rqmagin, Safarni uyg‘ot, — dedi Ma’mura opam bosiqlik bilan.

Lekin bo‘rilardan ko‘zini uzmadi. Bo‘rilar bezovtalanib, to‘qay chekkasida izg‘ishar, nimagadir bir-biriga qarab irillab qo‘yishardi. Hanifa opam boshigacha burkanib olgan ukasini turtkilay boshladi.

— Safar, Safarjon, tur, ukajon, turgin…

Safar qimir etmasdan yotardi. Oxiri Hanifa opam baqirib yubordi.

— Tursang-chi, Safar o‘lgir!..
— Sekin, boshqalarni qo‘rqitib yuborasiz, opa, — dedim dag‘-dag‘ titrab.

— To‘g‘ri, hech kim vahimaga tushmasin, Mohi, — dedi Jo‘ra akam quvvatlab. — Endi boshqalarni ham uyg‘otinglar. Ma’murani to‘xtat, u yoqqa bormasin.

Qarasam, Ma’mura opam qo‘lida ketmonni mahkam tutgancha, shiypondan tushyapti.
— Ma’mura opa, to‘xtang, unday qilmang.

Mohi, gulxan yoqinglar, g‘o‘zapoyani yoqinglar, — dedi Jo‘ra akam yo‘l-yo‘riq ko‘rsatishda davom etib.
— Ma’mura opa, gulxan yoqamiz, bo‘rilar olovdan qo‘rqishadi.

Ma’mura opam ortiga qaytdi. Ustunga osig‘lik fonusni qo‘liga olib, piligini ko‘tardi. Keyin bo‘rilarga po‘pisa qilganday, fonusni serpay boshladi. Bo‘rilar unga qarab tek qotishdi. Ko‘zlari yonib, bir-ikki irillab qo‘yishdi. Men shiypon biqinidagi g‘o‘zapoyalardan ikki bog‘ini sudrab kelib, opamning oyog‘i tagiga tashladim.

— Opa, gugurt bering.

Opam nimchasi kissasidan gugurt olib uzatdi-da, yana fonusini silkita boshladi. Hanifa opam o‘zini yo‘qotib qo‘ygancha, yig‘lamsirab, Safarni turtkilardi.
— Mohi, Safarni tinch qo‘yinglar, u turmaydi.

— Xo‘p, Jo‘ra aka. Hanifa opa, Safarni qo‘ying, boshqalarni uyg‘oting, — dedim gugurt chaqib, gulxan yoqishga tutinarkanman. — Hey turinglar, kelinglar bu yoqqa!.

Ma’mura opam ham menga yordamlasha boshladi. Hayronman, kap-katta opalarim men nima desam bajarishyapti. O‘z-o‘zidan ularning kattasiga aylanib qolgandim. G‘o‘zapoya buruqsab bir tutun chiqardi-da, keyin charsillab yona ketdi. Men botirlanib, yana ikki bog‘ g‘o‘zapoyani sudrab keldim.

— Barakalla, Mohi. Ana shunday, qizlarga ayt, hech kim shiypondan uzoqlashmasin.

Avvaliga qiy-chuv qilib, shiyponni boshlariga ko‘targan qizlar, o‘zlarini bosib olishib, gulxan yoniga kelib, bo‘ridan hurkkan qo‘ylardek g‘um-g‘uj bo‘lib olishdi. O‘ttiz qadamcha narida esa ikki bo‘ri dikkayib o‘tiribdi. Ko‘zlari olov yolqinida yonib-yonib ketadi.

— Vuy, Ma’mura, ulardi ko‘ziga qara, yonib boryapti, — dedi Hanifa opam dag‘-dag‘ titrab.

Shu payt bo‘rilar o‘rnidan qo‘zg‘alib, u yoq-bu yoqqa yura boshladi. Qizlar qiy-chuv ko‘tarib yuborishi bilan, yana tek qotishdi.

— Ularga qaramanglar, Mohi, Qarshiboy deb baqiringlar!..

Osmonga qaramasam-da, bechora Jo‘ra akamning jovdirab, titrab-qaqshab borayotganini his etib turardim.
— Ma’mura opa, Qarshiboy deb baqiraylik, — dedim Jo‘ra akamning fikrini darhol ilg‘ab olib. — Bo‘rilardi jag‘i qarishib, og‘izlarini ocholmay qolishadi.

Tavba, opalarim yana so‘zsiz bo‘ysunishdi. “Qarshiboy”, “Qarshiboy” deb baravariga baqira boshlashdi. Qarasam, bechora Safar ham yonimizga kevolib, “Qarshiboy”, “Qarshiboy” deb turibdi. O‘zim ne ahvoldamanu, uning qilig‘idan kulgim qistaydi.

— Mohi, dadil bo‘l, gulxanni balandroq gurlatinglar. Yanayam!..
— Xo‘p bo‘ladi, Jo‘ra aka!..

Chopqillab borib, yana g‘o‘zapoya keltirdim. Darhol bog‘ini uzib, olov ustiga yoyib tashladim. Uzun tayoq bilan olov bag‘rini ochib, qo‘zg‘atdim. Gulxan shiypon baravar bo‘lib, har yoqqa uchqun sachratib, lovullay ketdi. Bundan ruhlangan opalarim yanada avjlanib, baqira boshlashdi. Ba’zilari ketmonu o‘roqlarni olib, bir-biriga urib, daranglatishga tushishdi. Shovqin-surondan hurkish-dimi, olovdan qo‘rqishdimi, haytovur bo‘rilar birin-ketin changalzorga kirib g‘oyib bo‘lishdi…

Atrof tinchib qoldi. Gulxan ham vazifasini bajarib bo‘lib, pasaya boshladi.

— Mohi, endi bir kosa muzday suvdan simirgin-da, yotib uxla. Xatar o‘tdi, — dedi Jo‘ra akam yengil tin olib.
— Xo‘p bo‘ladi!..

Jo‘ra akamning aytganini qildim-da, sekin borib to‘shakka uzandim. Opalarim kelib, atrofimga davra olib o‘tirishdi. Ular allato‘sin ma’yuslanib, menga ko‘z tikib o‘tirishar, bir og‘iz ham so‘z qotishmasdi. Qaysi biri bir chekkada piq-piq etib yig‘lardi. Shiyponning kun chiqar tarafida, osmon etagida, bir o‘zginasi horg‘in miltirab turgan yulduzimga ko‘z tikkancha, uxlab qoldim…

O‘ngimdami, tushimdami Jabbor akaning kuyib-pishib gapirayotgani qulog‘imga kira boshladi.

— Ha, Xudo bir asrabdi. Kechasi bilan ko‘nglim alag‘da bo‘lib chiqdi-ya. Besabab emas ekan-da. Bo‘ldi, hoziroq raisga chiqib aytaman. Qishloqdagi hamma ishimni yig‘ishtiraman-da, shiyponga borib yotaman, deyman. Invalid holimda menam qishloq bilan shiypon o‘rtasida uloq bo‘ldim. Boz ustiga kechasi bilan xayolim sizlarda. Bo‘ldi-ye, menga desa!.. O‘zi shu kunlar qonimga tashna bo‘lib yuribman. Har kuni noxush bir xabar!..

— Yana qanaqa xabar?..

Bu Hanifa opamning ovozi edi.

— Sahar payti bu yoqqa otlanib tursam, hamsoyamizdikida qiy-chuv bo‘lib qoldi.

— Nimaga?..
— Nimaga bo‘lardi, Jo‘raxo‘jadan qora xat kelibdi.

— Amaki, jim bo‘ling, gapirmang!..
— Xo‘p, qizim, xo‘p…

Endi tushundim, eshitayotganlarim o‘ngimda ekan. O‘rnimdan sapchib turdim.

— Nima dedingiz? Kimdan dedingiz? Jo‘ra akam?.. Yolg‘on, yolg‘on deng!
— Yolg‘on bolam, men shunchaki… — dedi Jabbor amaki dovdirab.
— Jo‘ra akam tirik. U o‘lmaydi. O‘lmasligi kerak!..

Shunday dedimu, yana uzala tushdim…

Birdan yengil tortdim. Tanam bir hovuch parga aylandi. Ucha boshladim. Uchayapman, uchayapman, shiyponimiz pastda qolib ketdi. Opalarim pastda qolib ketdi. Bunday qarasam, shiyponimiz gugurt qutichadaygina bo‘lib ko‘rindi. To‘qayzor esa, bosh-adog‘i yo‘qday, vahimali bo‘lib yotardi. Bir parchagina joy ekan-ku. Naryog‘ida anovi ilonizi bo‘lib ko‘ringani daryodir-da. Kichkina ariqcha ekan bor-yo‘g‘i… Shunchalik balandga chiqib ketibmanmi?.. Vuy, birdan tushib ketsam-a!.. Yo‘q, tinmasdan uchib, balandlab ketyapman. Oxiri yer ko‘rinmay qoldi. Hamma yoq osmonga, o‘zim yaxshi ko‘radigan yulduzzor osmonga aylandi. Birdan quvonib ketdim, zavq-shavq bilan qanot qoqdim. Uchishim tezlashdi.

Yulduzlar ham menga qarab shitob bilan kela boshlashdi. Tag‘in birortasiga urilib ketmasaydim, deb xavotirga ham tushib qo‘ydim. Qayoqda! Hech ularga yetolmasdim. Tavba! Keyin eslab qoldim: eshitgandimki, yulduzlarga yetish uchun oylab, yillab, hatto asrlab uchish kerak, deb… Menam rosa uchdim. Eh-he, necha zamonlar o‘tib ketdi oradan… va nihoyat yulduzlar makoniga yetdim. Yetdimu, lekin o‘zimizning, Jo‘ra akam ikkimizning yulduzimizni topolmadim. Izlayverib, har bir miltiragan cho‘qqa qarayverib, ko‘zlarim tolib ketdi. Keyin men behudaga buncha balandlab ketganim, u osmon etagida ekani yodimga tushdi. Mo‘ljal olib, pastga endim. Yana necha bir zamonlar oradan o‘tib kichik bir tepalik ko‘zimga chalindi. Dastlab borganim sari tepalik deganim ulkan toqqa aylandi. U ana shu tog‘dan bir nayza bo‘yigina yuqorida bo‘lishi kerak… Yo‘q, xira, nursiz yulduzchalar behisobu, ammo u yo‘q. Ha, demak uni pastdagilar urib qulatishgan. Toqqa qulab tushgan. Tog‘ bag‘irlab uchib qidirdim. Qidira-qidira etakka yetdim. Bemajol yerga qo‘ndim. Qarasam, bir buloq bo‘yida o‘n bitta opam qator tizilib o‘tirishibdi. Yonlariga borib qo‘shildim. O‘n ikki qiz bo‘ldik. Hammamiz oppoq harir ko‘ylakda.

— Nima qilib o‘tiribsizlar. Yoki sizlar ham…
— Ha, biz ham o‘z yulduzimizni izladik, — dedi Ma’mura opam.
— Topdingizmi?..

— Yo‘q, hech qayerda yo‘q, — dedi Ma’mura opam uf tortib, — yerda ham, u yoqda ham…

— Siz-chi, Hanifa opa, siz topdingizmi?

— Topmadim, biyroncham, hammasi behuda ekan, — dedi Hanifa opam ko‘zida yoshi bilan iljayib.

— Ha, hammasi!.. — dedi Ma’mura opam qo‘l siltab. — Shuncha yelib-yugurib, uchib-qo‘nib yetib kelgan manzilimiz shu yer bo‘ldi. Ega bo‘lganimiz mana shu taxir suvli buloq bo‘ldi!..

— Taxir ekanmi suvi? — dedim tashnalikdan tamshanib.

— Ha, taxir. Ishonmasang ichib ko‘r, mana, — dedi Hanifa opam iljayib.

Ichdim.
— Voy, buncha achchiq!..

Hanifa opam xandon otib kuldi.

— Qismating bu, qismating! Ichaver!..

— Ich, yana bir qultum ich, — dedi Ma’mura opam ham bir piyola suv tutib.

— Ich, ko‘nikib qolasan, — dedi Hanifa opam qistab.
— Yo‘q, icholmayman, — deya o‘rnimdan turdim.
— Ichasan, ichasan, — dedi Hanifa opam zug‘um bilan.

Keyin majburlab og‘zimga qultillatib quydi. A’zoi tanamda og‘riq va titroq qo‘zg‘aldi. Toshday og‘irlashib, buloq bo‘yiga yiqildim…

— Ko‘zingni och, Mohi, — degan ovoz qulog‘imga chalindi.
— Manovi suvdan ich, — dedi boshqa bir mehribon ovoz.

— Yo‘q, icholmayman, achchiq, — dedim piyola tutgan qo‘lni nari itarib.
— Nega achchiq bo‘larkan, jinnivoy, ichib ko‘r-chi, mana bir qultumgina ich.

Labimga muzday bir narsa tegdi, shiringina… Qult etib yutindim. Va shunda zilday qovoqlarim o‘z-o‘zidan ochilib ketdi.

Dastavval boshimda tizilib, yig‘lamsirab turgan opalarimga, keyin… rangi bo‘zday oqarib borayotgan yulduzsiz osmonga ko‘zim tushdi…

045

(Tashriflar: umumiy 391, bugungi 1)

Izoh qoldiring