Ahmad A’zam. O’zim bilan o’zim

0728  июнь — Таниқли ёзувчи ва адабиётшунос олим Аҳмад Аъзам таваллуд топган кун

    Қаерда неки иш қилсам, яхшиси ҳам, ёмони ҳам исмимга ўтади: Аҳмад ундоқ қилибди, Аҳмад бундоқ қилибди. Баъзи пайтлари эса одамлар менинг кимлигимни эмас, фақат Аҳмад деган исмнигина биладигандек, уларга ўзим эмас, фақат исмим керакдек, исмим менга тегишли ҳамма яхшию ёмон томонларни эгаллаб, ўзимга ҳеч нарса қолмаётгандек туюлади…

Аҳмад АЪЗАМ
ЎЗИМ БИЛАН ЎЗИМ
Туркум
22

033    Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редаксияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
2014 йил 4 январида вафот этган

044

1. ОДАМНИНГ ИСМИ

Нега фақат битта исмга қарамман: Аҳмад, деб чақирсалар, лаббай, деб чопиб бораман.

Мен шу Аҳмад деган исмга боғлиқман, сен ўзи кимсан, деб сўрасалар, Аҳмадман, дейман.

Қаерда неки иш қилсам, яхшиси ҳам, ёмони ҳам исмимга ўтади: Аҳмад ундоқ қилибди, Аҳмад бундоқ қилибди. Баъзи пайтлари эса одамлар менинг кимлигимни эмас, фақат Аҳмад деган исмнигина биладигандек, уларга ўзим эмас, фақат исмим керакдек, исмим менга тегишли ҳамма яхшию ёмон томонларни эгаллаб, ўзимга ҳеч нарса қолмаётгандек туюлади. Менинг эса дўстларим каби Солиҳ, Олим, Хуршид, Мурод бўлгим келади, кимсан, деб сўрашса, Солиҳман, Олимман, Хуршидман, Муродман — Дўстман деб айтишни истайман.

Наҳотки, умрим битта исмга боғланиб ўтиб кетади, деб эзиламан. Доим мен исмимга қарамман, аммо исмим биргина менга нисба эмас, у мендан бошқа одамларни ҳам ўзига қаратган. Бу исм мендан олдин ҳам бор эди, мендан кейин ҳам бўлаверади, одамлар менинг бор-йўқлигимга қарамай, болаларига Аҳмад деб исм қўяверадилар .

Бир куни дўппимни мундоқ бошдан олиб қўйиб, ўйлай бошладим: волидаи муҳтарама заминда яна қанча Аҳмад бор? Ўзбеклар билан бирга тожик, қозоқ, туркман, озарбайжон, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур, татар, бошқирд, авар, дарғин, қалмиқ каби мамлакатимиздаги бошқа миллатларда ҳам Аҳмад деган қардошлар бисёр экан. Ахир, Ақмат, Ахмет, Амет, Амит, Амаджон деганларнинг бари битта — Аҳмад-да!

Хаёлан мамлакатлар сарҳадларидан ошиб, ўйлай бошласам, ер юзининг ҳамма мавзеларига Аҳмад деганлар сочилиб кетган экан.

Дунёда шунча кўп Аҳмад борлигидан кўнглим анча таскин топди.

Бирданига уларни кўргим келиб қолди. Йўқ, мамлакатма-мамлакат кезиб саёҳатга чиқмадим. Шу турган жойимдан Асқартоғнинг тепасига чиқиб, жумла-жаҳоннинг ҳамма мавзеларига товушимни етказиб: “Хрй Аҳмад!”— деб бир наъра қилган эдим, Аҳмад деганнинг бари, лаббай, деб чопиб келди.

Ўҳ-ҳў, шунча кўп аҳмадлар йиғилдики, Асқартоғнинг теграсига одам сиғмай кетди: қўлимни пешанамга қўйиб, ҳарчанд тикиламан, аҳмадларнинг адоғи кўринмайди! Оқ танли, сариқ танли, қора танли, қизил танли, бир хилларининг узоқ йўлда чопиб келганидан, афт-ангорини чанг босиб, қанақа танли эканини ҳам билиб бўлмайди.

Одам исмининг оҳанрабоси шунчалар зўр эканми, озодлик деб ҳибсга тушган нечов-нечов аҳмадлар чақириғимни эшитгач, кишанларни синдириб, турмаларни йиқиб, йўлдаги мамлакатларнинг чегараларини бузиб етиб келибдилар; ошини ошаб, ёшини яшаб, оёқдан мадори кетган кўп қарриқурри аҳмадлари узрларини етказишни навқирон аҳмадларга қайтақайта тайинлаб қолибдилар; мишиғини эплолмайдиган жужуқ, чурвақа аҳмадчалар ўз миллати тилида: “Манам бойаман” (масалан, форсчаси: “Манам ме-йавам”), деб йиғлаб эргашган экан, уларни катта аҳмадлар: “У ёқдан сенларга шунақа ҳуштак олиб келамизки, пуфласанглар, отларинг чалинади”, деб аврабдилар; Эрону Ироқда аҳмадлар бир-бири билан урушиб ётган экан, чақириғим етиб боргач, қуролларини ташлаб, бирга, униси йиқилса — буниси турғизиб, буниси йиқилса — униси турғизиб чопаверибдилар.

Мен Суринам деган мамлакатни Африкада деб юрсам, у Америкада бўлиб, ўша тупканинг тагида ҳам аҳмадлардан бор экан. Уругвай, Парагвай деган мамлакатлардан ҳам талай аҳмадлар келди. Аҳмадлар у ёқларда нима қилиб юрибди, деб ҳайрон бўлсам, уларнинг ота-боболари аввал Африкадан Андалузияга, у ердан Лотин Америкасига улоқиб бориб, ўша ерларда муқим туриб қолган экан. Кўп аҳмадлар тирикчилик ғамида Европада ҳам тентиб юрган эканлар, шулар ҳам сармоядорларнинг ишдан бўшатиб юборишларидан қўрқмай (у ёқларда мусофирларга бундан оғирроқ жазоларни ҳам тап тортмай қўллайверишади), ҳамма нарсани шу ҳолича ташлаб келаверибдилар.

Ҳа-я, Европа, Америка, Африкада Амадео, Амадей, Амаду деганлар ҳам йўлга отланишган экан, аҳмадлар фақат “Аҳмад” исмли одамларни чақирди, деб йўлдан қайтаришибди. “Бекор қилибсизлар, исми анча уйқаш экан, келишса бўларди”, деб афсусландим.

Лекин кунчиқар мамлакати — Япониядан бир Ямато деган одам, қулоғи сал чатоқроқ эшитар эканми, “Амат-о!”, деб чақиряпти” деб ўйлаб, келаверибди, бунга қувондим.

Бизнинг Ғазирада ҳам Аҳмад деган подачи бир қўшнимиз бор эди, қарасам, шу ҳам юрибди. “Ҳў, Аҳ-мад ака, қишлоқнинг подасини беэга қолдирдингизми?”, деб ташвишлансам, у: “Шу пайтда пода кўзга кўринадими!”— дейди…

Хуллас, жумла-жаҳоннинг минг туман, миллион-миллион аҳмадлари бир жойга жам бўлди.

Кел-э, бу дунёда мендан ҳам бир хайрли иш қолсин, деб ўйладим-да, адашларимга қараб: “Бир-бирларинг билан танишиб олинглар”, дедим. Бу гапимни ўзимизнинг мамлакат аҳмадлари ҳамма хорижий аҳмадларга таржима қилиб бердилар — ялпи таълимнинг кучи шунда билинди.

Танишиш маросими, яширмаслик керак, бир оз кулгига ҳам сабаб бўлди, чунки қайси адашим кимга: “Менинг исмим — Аҳмад”, деса униси: “Мен ҳам Аҳмадман”, дейди, сўраган Аҳмад: “Ҳазиллашманг”, деб кулиб юборади.

Турфа миллат, турфа тилли, турфа шамойилли аҳмадлар дунёда шунча кўп Аҳмад борлигини бунгача ўйлаб хам кўришмаган экан, аввалига ишонмадилар, кейин эса роса қувондилар. “Шунча вақтдан бери бир-биримиздан бехабар юраверган экаимиз-да”, деб ўкинганлари ҳам бўлди.

Кейин Аҳмадлар бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашга тушдилар; миллатинг нима, ҳукуматларинг қанака, маошинг қанча, қарамоғингда нечта жон бор, ишлаб топганинг рўзғорга етадими, етмаса — ёрдам берайлик, ахир бегона эмас, ўзимизнинг Аҳмадсан, топганингда қайтарарсан…

Бу ёғи энди ўз-ўзидан аён: душманинигдан бунақа ҳол-аҳвол сўрамайсан, ахир.

Ҳамма аҳмадлар дўстлашиб кетишди.

Шундоқ аҳил адашларимга қараб туриб, исмим Аҳмад эканидан, аҳмадларнинг кўплигидан, роса кўнглим кўтарилиб, бошим осмонга етди. Бундан буён Аҳмад исмимга минбаъд доғ туширмайман, ёмонотлига чиқсам, одамлар болаларига менинг исмимни қўйишни бас қилиб, тағин аҳмадлар камайиб кетмасин, деган ниятни ҳам кўнглимга маҳкам тугдим.

Кейин аҳмадлар ичида бўлай, дедим-да, Асқартоғдан тушиб, адашларимга аралашиб, ораларида адашиб кетдим.

Биз аҳмадлар бошқа-бошқа мамлакатларда яшасак ҳам, мақсадимиз — тинч, озод яшаш, шундан исмимиз битта, келинглар, бундан сўнг борди-келди қилайлик, оғир кунимизда бир-биримизга елкадош бўлайлик, яхши кунларда қувончимизни баҳам кўрайлик, деб гапни бир жойга қўйдик.

Ҳар бир Аҳмад ўзи яшаётган мамлакатда, агар у озод бўлса, озодлигини яна ҳам мустаҳкамлаш учун, озод бўлмаса, озодлик учун курашсин: замон нотинч, ҳар бир Аҳмад ўз элида тинчликни ўйласин, бошқа исмдаги одамларни ҳам аҳилликка ундасин, деб бир қарорга келднк.

Аҳмад деган-ном — дунёдаги жами аҳмадлар лашкарининг байроғи, бу байроқ ҳар қандай машаққатли дамларда ҳам баланд кўтарилиб турснн, деган таклиф бир овоздан қабул қилинди.

Ана шундай якдил, яктан руҳ билан хўшлашдик. Бир талай аҳмадлар, таъсирчанроқ эканми, хайрлашаётганда йиғлаб юбориб, бошқа аҳмадларнинг ҳам кўнглини бузди. Майли, нима бўпти, меҳр миллат, чегара билмас экан, шундай зўр йиғинда йиғламасак, қайсиқачон йиғлаб юрувдик, бунақа кўзёш яхшиликка, деб намли кўзларимизни ҳеч биримиз бекитмадик…

Мен энди Солиҳ, Олим, Хуршид, Муроднигина эмас, Шавкатни ҳам, Йўлдошни ҳам, Эркинни ҳам, Усмонни ҳам, Яшарни ҳам, Мирзони ҳам, Алишерни ҳам, хуллас, барча дўст таниш-билишларимни менга ўхшаб Асқартоғнинг тепасига чиқинглар-да, “Ҳой Солиҳ” ёки “Ҳой Олим!..” деб чақиришга ундамоқчиман.

Кимнингки исми Одам бўлса, шу ишга чорламоқчиман. Бу энди амалга ошмайдиган ҳавойи орзу эмас, ҳақиқат: агар Одам кўнглининг энг баланд чўққисидан туриб, кўкрагини улуғ ниятларга тў-ўлдириб: “ҲОЙ ОДАМ!”, деб жумла жаҳоннинг ҳамма овлоқ бурчакларигача товушини етказиб наъра қилса, минг-минг туман, миллион-миллион одам лаббай, деб чопиб келадилар.

Агар дунёдаги ҳамма одам ОДАМЛИК деган битта байроқ остида тўпланса, тасаввур қиласизми, ҲОЙ ОДАМ!..

2. ЖИМ ЎТИРГАН ОДАМ

Уйимдаги ҳамма нарса нимагадир қулоқ тутган: гўё ҳозир бирови туйқусдан тилга кирадию бошқалари уни тинглайдигандек. Балки, улар деразадан тушаётган ойнинг нурини кўпдан буён баҳамжиҳат тинглашаётгандир. Балки, шу жимликнинг ўзи уларнинг сўзлашув тилидир, бу тилни мен билмасман. Ҳар қалай, ойлаб, йиллаб кунбўйи бир уйда бақамти қоладиган нарсаларнинг бир-бири билан мулоқотга киришмаслиги мумкин эмас. Балки нарсалар ўз-ўзи-ча бизнинг етти ухлаб тушимизга кирмаган ўйларини турар…

Деразадан осмонга қарайман: юлдузлар чечак отган. Чечаклар бир-бирларига гул чангини узатиб яшайдилар — шундай тиллашадилар: юлдузлар ҳам бир-бирига нур йўллаб гурунглашмайдими? Йўқса, нега бунча жимиллайдилар? Уйга толаман. Мен ҳам гўё жим ўтирибман. Кўнглимдаги сўзлар осмондаги юлдузларча кўп. Улар бир жойда тек турмай, тўпланиб-тарқалиб юрибди. Тўпланганларида кўнглим ёришиб кетади, тарқалганда — хира тортади.

Сўзлар безовта тиллашаётир — мени тиллашаётир.

Нима деб ўйлайсиз, одамнинг кўнглидаги сўзлар луғат китобига тўплаб босилган ўлик ҳарфлар йиғиндисими? Иўқ, улар — тирик, тирик нарсалар жим туролмайди.

Мана, шу тирик сўзлар кўнглимда гангир-гунгур мулоқот қилаётир — кўнглим ёришиб-хира тортиб турибди.

— Эй, сен,— дейман ўзимга-ўзим.
— Ҳа, мен,— деб жавоб қиламан ўзим.

— Менинг ким?
— Мен-да. Исмимни биласан.

— Исмингни змас, кимлигингни сўраяпман,
— Ким бўлардим, одамман-да.
— Одамлигингни эмас, кимлигингни сўраяпман.

Одамликдан бошқа яна ким ҳам бўлардим, деб ўйлайман. Агар бу саволни ўзимдан-ўзим эмас, биров сўраганда, нима деб жавоб қилардим. Бу саволни биров берганда, жавобимни кутиб ўтирмай, йўқ, сен одам эмассан, дейиши ҳам мумкин. Ахир, одам бўлиш осонми!

— Кимлигингни билмай туриб қандай яшаяпсан?— дейман яна ўзимга-ўзим.

— Қандай яшаяпман?—деб яна ажабланаман ўзим.— Хўш, қандай яшаяпман? Ҳалол яшаяпман, ўзганинг ҳақини емайман, бировга ёмонлик қилмайман, сидқидилдан ишлайман, нонимни беминнат топаман. Бундан ортиқ яна қандай яшашим керак?

— Бу иш қумурсқанинг ҳам қўлидан келади,— дейман ўзимга-ўзим.— Одам яшаш учун ўзининг кимлигини билиши керак.

Яна ўзим ўйлайман, жуда кўп китоб ўқийсан-да, ошна, каллангга кимқайдаги китобий саволлар келади, дейман-у, лекин шу яшашимдан бошқа яна қандай яшашим керак экан, деб бошим қотади. Агар бундан ҳам ортиқроғи бўлса, шу кунгача яшаганимни нима қиламан, ахир, умримнинг шунча қисмини бекор ўтказган бўламан-ку! Э-э, биз яшаётган эканмиз, умрни фаромуш ўтказибмиз, деб ўчириб ташлаб, яшашни бошқаттан бошлай олмайман-ку. Отилган ўқ яна қайтиб милтиқдан чиқадими?

Яна ўзим ўйлайман: шундай яшайверганим яхши эмасми, кимдан камлигим бор?..

— Ҳа-а,—деб киноя қиламан ўзимга-ўзим,—кимлигингни билишдан қўрқяпсанми?
— Йўғ-э,— дейман ўзим ғашланиб.— Нега қўрқар эканман. Одам ўзининг кимлигини билишдан ҳам қўрқадими?

— Қўрқяпсан,— дейман ўзимга-ўзим, худди кимлигимни биламан-у, жўрттага айтмаётгандек.— Анча доносан, кимлигингни донолигинг билан яширасан.

Назаримда, кўнглимга бошқа бир одам кириб олиб, мени майна қилаётгандек, фаҳмим етмайдиган саволлар бериб, мени атай довдиратаётгандек.

Қизиқ, деб ўйлайман яна ўзим, исмим, тилим, миллатим, туғилган жойим, тотувгина оилам бўлса, қандай яшаётганим ўзимга беш қўлдек аён, бошқа биров, мени яхши билмайдиган киши шахсим ҳақида ҳар хил хаёлларга бориши мумкиндир, аммо ҳозир бегона билан эмас, ўзим билан ўзим гаплашаяпман-ку, нимани яширардиму нима манфаат топардим бундан?

— Хўп, ана, билар экансан, айт кимлигимни, — дейман зарда билан ўзим.
— Қани, айт-чи, Ватанингни севасанми?

— Албатта, севаман.
— Халқингни севасанми?
— Албатта, севаман.

Э-ҳа, гап бу ёқда экан-ку, деб енгил тин олиб, бурро-бурро жавоб қиламан.

— Хўш,— дейман яна ўзимга-ўзим. — Қани, энди бу саволимга ўйлаб жавоб бер: Ватанингни, халқингни қандай севасан?
— Ия, бу қанақаси бўлди? Севамаи, вассалом! Кўнглимда Ватанимга, халқимга бўлган улкан муҳаббатни авайлаб юрибман.

— Хўп, ана энди кимлигингга яқинлашяпмиз, — дейман ўзимга-ўзим.

Устимдан қанақадир бешафқат ҳукм бўлаётгандек юрагим орзиқиб кетади.

— Уйингни, оилангни яхши кўрасан-а?
— Ҳа.

— Шунинг учун тинмай елиб-югурасан. Ишқилиб, уйимда камчилик бўлмасин, болаларим бошқалардан кам бўлмасин, деб қўлингдан келганини қиласан. Хотинингга биров ола қараса, муштумингни тугасан, болангни қўшнининг боласи урса, отланиб чиқасан, Биронта безори уйингга тош отса, аламингни олмагунча тинчимайсан. Тўғрими?

— Тўғри.
— Нима учун Ватан, халқинг учун шундай елиб-югурмайсан.

— …
— Буларга бўлган муҳаббатни кўнглингда авайлаб юришингдан кимга наф? Ахир бунақа бефойда ётган муҳаббатнинг тириклиги қоладими? Муҳаббат меҳроб эмаски, унга сиғиниб, шу билан бурчингни ўтаб юраверсанг. Тирик туйғу курашиши керак. Курашмайдиган муҳаббат — ўлик муҳаббат.

— Ватан дегани ҳам аслида — курашаётган муҳаббат, ана шу муҳаббат бирлаштирган кишилар халқ бўлади. Сен, сен учун ҳам биров курашиши керакми?

Аслини олганда, ўзим билан ўзим бунақа гаплашмаслигим керак эди. Гаплашсам ҳам аввалданоқ бошқа, ўзимга тушунарлироқ мавзудан бошлашим лозим эди. Масалан, ўзимдан-ўзим, қани, ошна, шу вақтгача нималарга эришдинг, деб сўрасам, қўлга киритган нарсаларимни бир-бир санаб берар эдим.

— Хўп, хўп, энди гапни кўп чўзмай, кимлигимни айтиб қўя қол, — дедим зардам қайнаб ўзим.

Шунда фақат савол бераётган ўзимни эмас, саволга тутилаётган ўзимни ҳам кўрдим, иккови ҳам — битта ўзим, лекин…

— Сенми? — дедим ўзимга-ўзим. — Сен — кўнглига ганжинани кўмма қилиб, қаерга кўмгани эсидан чиқиб кетган қашшоқсан. Шу халқнинг бир бўлаги эмас, қаторнинг ичига кириб олиб, қатор қаёққа етакласа, шу ёққа оғадиган, ўзини қатор билан паналаб, тирикчнлик ташвишида ғимирсиб юрган жўн-гина бир… майли… одамсан…

Мулзам бўлиб қолдим: ўзимга ўзим шунақа айбларни қўяманми-а?!

— Ўйлаяпсанми? — деб сўрадим яна ўзимдан-ўзим.
— Ўйлаяпман, — деб жавоб бердим ўзим…

— Ўйла, ўйла, — дедим ўзимга-ўзим. — Лекин, муҳаббат қуруқ ўй ҳам эмас.
— Тушуняпман, — дедим ўзим.

— Тушунаётган бўлсанг, яшай бошлабсан, — дейман яна ўзимга-ўзим. -Майли, яхшилаб ўйлаб ол, фақат қолган умрингни ўй ўйлаш билан ўтказиб юборма. Амалсиз ўй ҳам — ўлик…

Ана шунақа, ўзим билан ўзим гаплашиб ўтирибман.

Уйимдаги ҳамма нарса бекордан-бекорга шундай турмагандир…

Деразадан ой нури уйимга бекорга тушмаётгандир…

Осмондаги юлдузлар бекорга жимилламаётгандир…

Кўнглимдаги сўзларнинг безовталиги бежиз эмасдир, ахир…

Четдан қараган одам менинг ҳозир ўзим билан ўзим гаплашиб, ўйларимнинг бешафқат товушини эшитиб ўтирганимни билмайди. Кўзини бир нуқтага тикиб жимгина ўтирган одамнинг кўнглидан нималар кечаётганини четдан қараган одам эшитмайди.

Лекин эшитиши керак. Жим турган одамнинг ҳаммаси ҳам жим турмаган бўлади. Одамнинг ўзи билан ўзи ёлғиз қолгандаги жимликда бошқалар ҳам эшитиши жуда зарур бўлган тирик сўзлар тилла-шади.

Кўнглим ёришиб — хира тортиб турибди: СИЗ КИМСИЗ?..

3. КЎЗГУДАН ҚАРАГАН ОДАМ

Одам ҳар куни неча марталаб кўзгуга қарайди: сочини тараш учун, кийимининг ярашган-ярашмаганини кўриш учун, кўпинча эса кўзгудаги аксига анчайин маънисиз кўз тикади. Кўзгуга нима учун тикилгани эсида йўқ, бошқа нарсаларни ўйлаб тураверади…

Эркаклар соқол олаётганларида ҳам албатта кўзгуга қарайдилар, ҳатто жаллод ҳам ўз юзига кўзгусиз тиғ текизолмайди.

Аёллар эса кўзгусиз ўзларига оро беролмайдилар — улар кўзгу ёнидагина ўзларининг ороланиб бораётганликларига ишонадилар. Албатта, улар эркакларнинг суқ билан термилишига ҳам ишонадилар, лекин эркакларнинг кўзида улар кўзгудагидек акс этмайдилар — кўзгу беҳаё эмас, гап ҳам отмайди.

Чиройли-чиройли қизлар чиройларидан ўзлари ҳам баҳра олиш учун кўзгуга қарайдилар.

Ёш-ёш йигитлар келишимли, хушбичим қоматларини кўзгуга солиб, ундан қизларнинг кўнглини қидирадилар.

Агар уйга кираверишда тошойна турган бўлса, одам ўтганида ҳам, қайтганида ҳам унга бир қур кўз югуртиради.

Кўчага чиқаётган одам кўчадагиларга қандай кўринишини олдиндан билиб, юзига шунга мос тус бериш учун кўзгуга қарайди. Тусини ўзгартирмаслик учун одам ҳатто кўчада кетаётганда ҳам дўконлар ойнасида лип этган аксини назардан қочирмайди.

Эркагу аёл — одам умри қандай ўтаётганини кўзгудан кузатиб яшайди. Агар ойна кашф этилмай, дунёдаги ҳамма сувлар лойқа бўлиб, одамнинг юзи ҳеч бир нарсада акс этмаса, одам ўзининг юзидаги ўзгаришларни кўрмас, илдиз отаётган ажинларини пайқамас, сочининг оқи кўпайиб бораётганини қаддининг эгилаётганини пайхас қилмас — ёши қайтаётганини билмас эди.

Одамнинг ёши қайтгани сайин кўзгуга эл бўлиши шундан.

Одам кўзгуда ўзининг ҳамма аъзосини: сочи, пе-шанаси, қошлари, бурни, лаблари, ёноқлари, ияги, бақбақаси, бўйни, кўкрагини, кийимларини; қадди-бастини, бошмоқларини ҳам кўради, у ёнбошини, бу ёнбошини ҳам кўзгуга солади.

Қорин қўя бошлаган одам ҳатто қорнини ҳам кўзгуга рўпара қилиб, э, падарига лаънат, ҳалитдан семириб кетяпман, дейди.

Лекин одам кўзгуда ўзини кўрмайди. Кўзгуга қараган одам ўзининг ҳамма жойини кўриб туради, лекин — ўзининг кўзларига тўғри боқолмайди. Борди-ю, кўзгудаги кўзларига тўқнаш келиб қолса, билдирмай, билмагандек, гўё бу тўқнашув тасодифдек, секин кўзларини олиб қочади.

Мен бир куни ўзимни кўришга аҳд қилиб, кўзгудаги кўзларимга тўғри тикилдим. Тикилдиму… шу онда сесканиб кетдим: кўзгудаги кўзлар меники эмас эди, уларнинг боқиши ўткир, шафқатсиз, сенга бир мартагина берилган ҳаётни бунча абгор қилдинг, деб қаттиқ қадалиб турар эди.

Кўзгудаги кўзлар менинг кўзларимга акс эди. Улар — мен йигит ёшига кираётганимда ҳали мана бундоқ яшаймиз, деб умидвор қилганимга ишонган, энди эса ҳаётим ҳеч қандоқ эмаслигини кўриб туриб, мени фош қилишга пайт пойлаб келаётган, ҳозир шундай пайтни қўлга киритган кўзлар эди.

Кўзгудаги кўзлардан кўзларимни олиб қочдим.

Кўзгудаги кўзлардан кўзларимни яширдим.

Фақат… ичимдаги бир истак уларга қара, қара уларга, деб турар эди.

… ва бу истак тобора кучайиб борар эди.

Чекинишга йўл йўққа ўхшайди. Нимадир қилиш керак!

4. ЎЗИГА ТЕРМИЛИБ ЎТИРГАН ОДАМ

Тепамда биров ўтирибди. Бошимда, юзини юзимга яқин тутиб, менга диққат билан тикилиб ўтирибди.

Кўзлари ҳамдард, хайрхоҳ— узоқ вақт мени соғинган, ниҳоят менга етишиб, лекин мени уйғотишдан аяб ўтирган қадрдонимнинг кўзлари.

Юзим — уйқу билан ёпилган китоб. Китобимни ўқимай турсин, деб ухлаб ётибман.

Ойнинг нури дераза пардаларидан сизиб ўтади, юзимга гардларини сепади, тепамда ўтирган бировнинг кўзларида титрайди.

Ойда ёришган юз доим шафқатталаб бўлишини, юмуқ кўзларга ҳеч ким озор беролмаслигини билиб, кўзларимни очмай ётибман.

Бировнинг шафқатини ҳимоя билиб ухлаб ётибман.

Мени қандайдир мулойим ваҳм босган, қандайдир шодланиб сесканаман.

Ваҳм кўнглимга ҳузур билан ястаниб, ой ёруғида хира товланаётгандек…

Ваҳмни бемалол силаса ҳам бўлар экан-ку, ваҳм билан бемалол тиллашса ҳам бўлар экан-ку, деган ўйларни ўйлайман.

Ваҳмнинг оғуши илиққа ўхшайди.

Нега шу пайтгача мени ваҳима босарди, деб ўйлайман яна.

Ваҳм менга яхшилик цилишга келгандек.

Ваҳмга нималардан қўрқишимни, нега юзимни очмаётганимни айтиб берсамми, дейман. Айтиб берсам, қўрқувларнинг энг каттасини ўзимга эл қилсам, бошқалари мени даф қилишга ботинолмас, деб ўйлайман яна.

Ухлаётган бўлсам ҳам бош учимда менинг юзимдан ўзини ўқимоқчи бўлган бировни кўриб ётибман, унинг ҳеч қанақа БИРОВ эмас, ЎЗИМ эканлигимни билиб ётибман.

Балки ухламаётгандирман?., Балки бу туш эмасдир?..

Бунча ўзимга термиламан, менга нима бўлди экан?..

5. ТАНАСИДАН КЎНГЛИ ҚОЛГАН ОДАМ

Унинг ҳамма хоҳиш-истакларини бажариш менга қонун эди.

Уни деб ўлиб-тирилардим.

Ҳар куни эрталабдан уни парваришлашга киришар эдим: соқолини олар, тишини тозалар, юзига хушбўй атирлар сепиб қўяр эдим: устаранинг тиғи теккан жойига зарарли нарсалар тошмасин, деб ҳам ўйлардим-да;

ҳар ҳафта ҳаммомга туширар, буғхонада обдан терлатиб, уқалаб қўяр эдим;

ҳар куни камида уч маҳал овқатлантирар, қурбим етганича унга ёқадиган таомлардан сайлар эдим; энди чамалаб кўрсам, шу вақтгача еган овқатлари кирқ туянинг белини синдириб, яна ортилмай ҳам қолар экан;

топганимча яхши-яхши либосларга ўрардим, совуқда қалин, иссиқда енгил кийинтирар, изғирин юзига тегмасин, деб қишда пўстинининг ёқасини кўтариб қўяр, бошини офтоб урмасин деб саратонларда соя-салқин йўлкалардан етаклар эдим; ўзини салгина ёмон ҳис қилса ташвишга тушар, инжиқланаверса, дўхтирларга қаратар, дардини аритадиган дорилардан топиб келардим; чарчаса, дам берардим, кунига камида етти соат ухлатардим, сайр қилдирардим, яна…

Энди мен майда гап одам эмасман, унинг айтса бўладиган хоҳишларидан ташқари, айтиш ноқулай талай-талай майлларини ҳам қондирардимки, ҳаммасини санайверсам миннат қиляпти, деб ўйлашингиз мумкин.

Гапнинг лўндаси, ўзимни унга бағишлаган эдим.

Бир куни доимгидек уни папалаб кетаётганимда, бирданига олдимдан тўсиқ чиқиб қолди.

— Қани, энди мен билан бир сакра, бу тўсиқдан ошиб ўтайлик,— дедим. У тўсиқни кўриб чекинди, аниқ — қўрқди!
— Сакра, ахир, сени келиб-келиб тўсиқдан чекинасан, деб шунча парвариш қилдимми,— дедим унга эзилиб.

У эса тўсиққа қараб шалвираб қолди.

Охири, бор-э, асли номард экансан, сенга умрини бағишлаган мен — аҳмоқ, дедим-да, бир сакраб тўсикдан ошиб ўтдим.

Танамнинг қуруқ ўзи қолаверди, йўлнинг нариги ёғига фақат ўзим кетавердим…

6. КЎНГЛИНИ КЎТАРГАН ОДАМ

Ивирсиқ уйимизга кирсак, бетартиб ётган нарсалар ўзимизга жой қолдирмагандек, тор туюлади. Шунинг учун вақт-вақти билан уй кўтарамиз. Уйдаги нарсаларни ташқарига олиб чиқиб, кўрпа-ёстиқларни офтобга ёямиз, уйни супуриб-сидириб, шамоллатиб тозалаймиз-да, нарсаларни жой-жойига тахлаймиз: ивирсиб ётган уй кенг, баҳаво, одам кирса, баҳридили очиладиган, энг муҳими — излаган нарсангиз топиладиган тартибли бир гўшага айланади. Тўғрими?

Мен бир куни шу тарзда кўнглимни кўтармоқчи бўлдим. Ивирсиб кетган экан, зарур пайти излаган туйғумни тополмайман; бу туйғу йўқлигидан эмас, кўнглимнинг тартибсизлигидан; унда ҳамма туйғуларим аралашқуралаш сочилиб-босилиб ётган экан.

Бир куни телевизорга қараб ўтирган ўғлим: “Дада, сиз ҳам отларни яхши кўрасизми?”, деб сўраб қолди. Ўйламасдан. “Ҳа, ўғлим”, деб юбордиму уялиб кетдим: кўнглимдан ҳарчанд изламайин, отларни яхши кўришимни тополмайман. Бу туйғу болалигимдан бери бор, кўнглимда эди, гўдаклигимда хивични от қилиб чопганман, сал каттарганимдан кейин кўпкари бўлган жойдан қолмаганман, ўн саккиз ёшларимда отчопардаги пойгадан завқланиб, кўнглим юмшаб кетган; отлар шу қадар чиройли чопган эди. Лекин, мана, бугунга келиб, бу туйғуни тополмаяпман…

Бир мактабда ёзувчилар билан учрашув бўлди, менга ҳам сўз беришди. Сўзни тарихни чуқур ўрганиш кераклигидан бошладим. “Тарих — тарихда қолиб кетган ўтмиш эмас, у бизнинг юрагимизда яшайди, бугун биз яшаётган кунлар ҳам авлодларимиз умрида давом этади, ота-боболаримиз ҳаётини унутиб қўйсак, келгусида бизни ҳам эсдан чиқаришади, изсиз ўчиб кетамиз”, дедим. Шундай дедиму юрагим шув-в этиб кетди: кўнглимга назар солсам, ўзимнинг тарихни яхши кўришим йўқ! Бир вақтлар тарихни шундай севардимки, ётиб олиб, қулоғимни ерга боссам, тарихдаги отларнинг дупурини эшитгандек бўлар эдим. Бу туйғу кўнглимнинг қай бир бурчагида, қанақадир лаш-луш кечинмалар тагида қолиб кетган шекилли, шундай зарур пайтда излаб тополмайман. Мулзам бўлиб минбардан тушдим…

Яна бир куни мени атай йўқлаб, тўлиб-тошиб синфдош дўстим уйга келди. Дарвозани очишим билан мени қучоқлаб олди. Мен ҳам уни қучоғимга олдиму эсанкираб туравердим: яна ўша аҳвол, синфдошимга бўлган дўстлигимни тополмайман. Дўстим, қўлида бир дунё бозорлик, кўнгли меҳрга лиммо-лим тўлиб, кўзи ёшланиб менга боқади; бечоранинг мени кўрмаганига ўн беш йил бўлибди, ахир! Мен эса нима қилишимни билмайман, нуқул: “Эй сени қараю… Жуда қувонтирдинг мени”, дейману кўнглимда қувонч йўқ. “Бекорга келмагандир, шаҳарга иши тушган, бирон илтимоси бор-ов?”, деган хаёлларга ҳам бораман. Лекин, йўқ, ҳеч қанақа илтимос-пилтимоси йўқ; ишидан икки кунга жавоб теккан экан, “Шу-у, жўражонимни бир кўрмасам, кўнглимнинг хусури босилмайдиганга ўхшайди”, деб келаверибди. Кечаси алла-паллагача гурунглашиб ётдик; унинг кўнглига ҳаяжон сиғмайди, мени уйқу босади, мен ҳам унга қўшилиб жўшай дейман, аммо ўша жўшқин дўстлигимизни қаерга қўйганимни тополмайман, билмайман.

Яна бир куни шу ерда — шаҳардаги дўстларим билан бўлган бир гурунгда гап биринчи муҳаббатга келиб тақалди. Дўстларимнинг мендан бошқа барида бу туйғу йўқолмаган экан, гурунг қизигандан қизиди, уларнинг бари ўша ўн олти, ўн етти, ўн саккиз ёшига бир-бир қайтиб чиқишди. Биринчи муҳаббат менинг ҳам эсимда экан-у, аммо туйғунинг ўзи йўқолиб қолибди. Бўлмаса, бир қизни иккинчи синфдалигимдан тортиб то мактабни битиргунча яхши кўрганман, ҳар куни, ишонасизми, ҳар куни унинг отини айтиб ухлаганман, уйғонганимдан кейин ҳам тилимга келган сўз — унинг оти бўлган. У қиз менга мойил бўлганми, йўқми, билмайман-у, лекин ўзим уни жуда қаттиқ яхши кўрганман. Ўша ширин азобларимнинг ҳаммасини эслайман, лекин кўнглимда қилт этган туйғу йўқ. Кейин эсласам, биринчи севгимдан совиб, энди нима кераги бор, деб кўнглимнинг бир гадойтопмас бурчагига тиқиб қўйган эканман, мана, тополмайман.

Бир куни эски ёзувимизга бўлган севгимни тополмай қолдим. Дўстимнинг ўғли мактабида арабча ҳам ўқир экан, ҳарфларни ажи-бужи ёзишини кўриб, ғайратим жўш уриб кетди, унга ҳуснихатнинг қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлдим. Аммо отимни ёзиш ҳам эсимдан чиқиб кетган экан. Йўқса, бир вақтлар қамишқаламни қия йўниб, Навоийнинг «Ашрақат мин акси шамсил…” деб бошланадиган ғазалларини қанчақанча кўчирганман, ҳуснихатим яхши чиққанидан қанчалар қувонганман. Энди эса кўнглимда эски ёзувга меҳр тугул, ўзи ҳам йўқолиб қолибди.

Эътибор бермасангиз, не-не туйғуларингиз йўқолиб кетаверар экан, эътибор берсангиз, нималарни йўқотганингиз келаверар экан: аввал ҳафта-ўн кунда, кейин кунда бирон бир туйғумни бефойда излайдиган бўлиб қолдим.

Ана шундан кейин кўнглимни, худди уй кўтаргандек, саранжом-саришта қилишга бел боғладим. Ўзи ҳам кўнглимда минг хил майда-чуйда туйғулар уюлиб кетган экан, уларнинг керагини керакка ажратгунча бўларим бўлди. Уларни шамоллатиш учун офтобга ёйганимда кўпи қуриб, уваланиб кетди.

Лекин уларнинг тагидан — кўнглимнинг тубидан шунака туйғуларим топилаётирки!.. Шунчалар бадавлат эканимни ўзим билмай, қашшоқ-бенаво юраверган эканман.

Кўнгил кўтаришим тўхтагани йўқ, ҳали иш кўп, лекин хозирданоқ кўнглимга кирсам, яйраб кетаман — шунақа саришта, шунақа баҳаво, шунака кенг…

7. ОҚИБ БОРАЁТГАН ОДАМ

Аллегро

Мен бир куйнинг тўлқинларида оқиб келяпман келяпман келяпман қалқиб қалқиб кетяпман кетяпман кетлпман бу куй мени қайси қайси қайси қирғоғига қачон қачон қачон ташлаб кетади билмайман билмайман билмайман фақат бу куйни ўзим чаляпман чаляпман чал…

0728 iyun — Taniqli yozuvchi va adabiyotshunos olim Ahmad A’zam tavallud topgan kun

Ahmad A’ZAM
O’ZIM BILAN O’ZIM
Turkum
22

033 Ahmad A’zam 1949 yili Samarqand viloyati Jomboy tumani G’azira qishlog’ida tug’ilgan. 1971 yili Samarqand davlat universitetining o’zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O’zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug’ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo’lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).
1995 yildan O’zbekiston televideniesida bosh muharrir, “O’zbekiston” telekanali bosh direktori, “O’zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O’zbekiston televideniesida yuzlab ko’rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O’zlik”, “Xalqning ko’ngli”, To’rtinchi hokimiyat” .
“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog’ tomonlarda”, “Soyasini yo’qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so’z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to’plamlari, “O’zi uylanmagan sovchi”, “Ro’yo yoxud G’ulistonga safar” romanlari chop etilgan.
2014 yil 4 yanvarida vafot etgan

044

1. ODAMNING ISMI

Nega faqat bitta ismga qaramman: Ahmad, deb chaqirsalar, labbay, deb chopib boraman.

Men shu Ahmad degan ismga bog’liqman, sen o’zi kimsan, deb so’rasalar, Ahmadman, deyman.

Qaerda neki ish qilsam, yaxshisi ham, yomoni ham ismimga o’tadi: Ahmad undoq qilibdi, Ahmad bundoq qilibdi. Ba’zi paytlari esa odamlar mening kimligimni emas, faqat Ahmad degan ismnigina biladigandek, ularga o’zim emas, faqat ismim kerakdek, ismim menga tegishli hamma yaxshiyu yomon tomonlarni egallab, o’zimga hech narsa qolmayotgandek tuyuladi. Mening esa do’stlarim kabi Solih, Olim, Xurshid, Murod bo’lgim keladi, kimsan, deb so’rashsa, Solihman, Olimman, Xurshidman, Murodman — Do’stman deb aytishni istayman.

Nahotki, umrim bitta ismga bog’lanib o’tib ketadi, deb ezilaman. Doim men ismimga qaramman, ammo ismim birgina menga nisba emas, u mendan boshqa odamlarni ham o’ziga qaratgan. Bu ism mendan oldin ham bor edi, mendan keyin ham bo’laveradi, odamlar mening bor-yo’qligimga qaramay, bolalariga Ahmad deb ism qo’yaveradilar .

Bir kuni do’ppimni mundoq boshdan olib qo’yib, o’ylay boshladim: volidai muhtarama zaminda yana qancha Ahmad bor? O’zbeklar bilan birga tojik, qozoq, turkman, ozarbayjon, qirg’iz, qoraqalpoq, uyg’ur, tatar, boshqird, avar, darg’in, qalmiq kabi mamlakatimizdagi boshqa millatlarda ham Ahmad degan qardoshlar bisyor ekan. Axir, Aqmat, Axmet, Amet, Amit, Amadjon deganlarning bari bitta — Ahmad-da!

Xayolan mamlakatlar sarhadlaridan oshib, o’ylay boshlasam, yer yuzining hamma mavzelariga Ahmad deganlar sochilib ketgan ekan.

Dunyoda shuncha ko’p Ahmad borligidan ko’nglim ancha taskin topdi.

Birdaniga ularni ko’rgim kelib qoldi. Yo’q, mamlakatma-mamlakat kezib sayohatga chiqmadim. Shu turgan joyimdan Asqartog’ning tepasiga chiqib, jumla-jahonning hamma mavzelariga tovushimni yetkazib: “Xry Ahmad!”— deb bir na’ra qilgan edim, Ahmad deganning bari, labbay, deb chopib keldi.

O’h-ho’, shuncha ko’p ahmadlar yig’ildiki, Asqartog’ning tegrasiga odam sig’may ketdi: qo’limni peshanamga qo’yib, harchand tikilaman, ahmadlarning adog’i ko’rinmaydi! Oq tanli, sariq tanli, qora tanli, qizil tanli, bir xillarining uzoq yo’lda chopib kelganidan, aft-angorini chang bosib, qanaqa tanli ekanini ham bilib bo’lmaydi.

Odam ismining ohanrabosi shunchalar zo’r ekanmi, ozodlik deb hibsga tushgan nechov-nechov ahmadlar chaqirig’imni eshitgach, kishanlarni sindirib, turmalarni yiqib, yo’ldagi mamlakatlarning chegaralarini buzib yetib kelibdilar; oshini oshab, yoshini yashab, oyoqdan madori ketgan ko’p qarriqurri ahmadlari uzrlarini yetkazishni navqiron ahmadlarga qaytaqayta tayinlab qolibdilar; mishig’ini eplolmaydigan jujuq, churvaqa ahmadchalar o’z millati tilida: “Manam boyaman” (masalan, forschasi: “Manam me-yavam”), deb yig’lab ergashgan ekan, ularni katta ahmadlar: “U yoqdan senlarga shunaqa hushtak olib kelamizki, puflasanglar, otlaring chalinadi”, deb avrabdilar; Eronu Iroqda ahmadlar bir-biri bilan urushib yotgan ekan, chaqirig’im yetib borgach, qurollarini tashlab, birga, unisi yiqilsa — bunisi turg’izib, bunisi yiqilsa — unisi turg’izib chopaveribdilar.

Men Surinam degan mamlakatni Afrikada deb yursam, u Amerikada bo’lib, o’sha tupkaning tagida ham ahmadlardan bor ekan. Urugvay, Paragvay degan mamlakatlardan ham talay ahmadlar keldi. Ahmadlar u yoqlarda nima qilib yuribdi, deb hayron bo’lsam, ularning ota-bobolari avval Afrikadan Andaluziyaga, u yerdan Lotin Amerikasiga uloqib borib, o’sha yerlarda muqim turib qolgan ekan. Ko’p ahmadlar tirikchilik g’amida Yevropada ham tentib yurgan ekanlar, shular ham sarmoyadorlarning ishdan bo’shatib yuborishlaridan qo’rqmay (u yoqlarda musofirlarga bundan og’irroq jazolarni ham tap tortmay qo’llayverishadi), hamma narsani shu holicha tashlab kelaveribdilar.

Ha-ya, Yevropa, Amerika, Afrikada Amadeo, Amadey, Amadu deganlar ham yo’lga otlanishgan ekan, ahmadlar faqat “Ahmad” ismli odamlarni chaqirdi, deb yo’ldan qaytarishibdi. “Bekor qilibsizlar, ismi ancha uyqash ekan, kelishsa bo’lardi”, deb afsuslandim.

Lekin kunchiqar mamlakati — Yaponiyadan bir Yamato degan odam, qulog’i sal chatoqroq eshitar ekanmi, “Amat-o!”, deb chaqiryapti” deb o’ylab, kelaveribdi, bunga quvondim.

Bizning G’azirada ham Ahmad degan podachi bir qo’shnimiz bor edi, qarasam, shu ham yuribdi. “Ho’, Ah-mad aka, qishloqning podasini beega qoldirdingizmi?”, deb tashvishlansam, u: “Shu paytda poda ko’zga ko’rinadimi!”— deydi…

Xullas, jumla-jahonning ming tuman, million-million ahmadlari bir joyga jam bo’ldi.

Kel-e, bu dunyoda mendan ham bir xayrli ish qolsin, deb o’yladim-da, adashlarimga qarab: “Bir-birlaring bilan tanishib olinglar”, dedim. Bu gapimni o’zimizning mamlakat ahmadlari hamma xorijiy ahmadlarga tarjima qilib berdilar — yalpi ta’limning kuchi shunda bilindi.

Tanishish marosimi, yashirmaslik kerak, bir oz kulgiga ham sabab bo’ldi, chunki qaysi adashim kimga: “Mening ismim — Ahmad”, desa unisi: “Men ham Ahmadman”, deydi, so’ragan Ahmad: “Hazillashmang”, deb kulib yuboradi.

Turfa millat, turfa tilli, turfa shamoyilli ahmadlar dunyoda shuncha ko’p Ahmad borligini bungacha o’ylab xam ko’rishmagan ekan, avvaliga ishonmadilar, keyin esa rosa quvondilar. “Shuncha vaqtdan beri bir-birimizdan bexabar yuravergan ekaimiz-da”, deb o’kinganlari ham bo’ldi.

Keyin Ahmadlar bir-birlaridan hol-ahvol so’rashga tushdilar; millating nima, hukumatlaring qanaka, maoshing qancha, qaramog’ingda nechta jon bor, ishlab topganing ro’zg’orga yetadimi, yetmasa — yordam beraylik, axir begona emas, o’zimizning Ahmadsan, topganingda qaytararsan…

Bu yog’i endi o’z-o’zidan ayon: dushmaninigdan bunaqa hol-ahvol so’ramaysan, axir.

Hamma ahmadlar do’stlashib ketishdi.

Shundoq ahil adashlarimga qarab turib, ismim Ahmad ekanidan, ahmadlarning ko’pligidan, rosa ko’nglim ko’tarilib, boshim osmonga yetdi. Bundan buyon Ahmad ismimga minba’d dog’ tushirmayman, yomonotliga chiqsam, odamlar bolalariga mening ismimni qo’yishni bas qilib, tag’in ahmadlar kamayib ketmasin, degan niyatni ham ko’nglimga mahkam tugdim.

Keyin ahmadlar ichida bo’lay, dedim-da, Asqartog’dan tushib, adashlarimga aralashib, oralarida adashib ketdim.

Biz ahmadlar boshqa-boshqa mamlakatlarda yashasak ham, maqsadimiz — tinch, ozod yashash, shundan ismimiz bitta, kelinglar, bundan so’ng bordi-keldi qilaylik, og’ir kunimizda bir-birimizga yelkadosh bo’laylik, yaxshi kunlarda quvonchimizni baham ko’raylik, deb gapni bir joyga qo’ydik.

Har bir Ahmad o’zi yashayotgan mamlakatda, agar u ozod bo’lsa, ozodligini yana ham mustahkamlash uchun, ozod bo’lmasa, ozodlik uchun kurashsin: zamon notinch, har bir Ahmad o’z elida tinchlikni o’ylasin, boshqa ismdagi odamlarni ham ahillikka undasin, deb bir qarorga keldnk.

Ahmad degan-nom — dunyodagi jami ahmadlar lashkarining bayrog’i, bu bayroq har qanday mashaqqatli damlarda ham baland ko’tarilib tursnn, degan taklif bir ovozdan qabul qilindi.

Ana shunday yakdil, yaktan ruh bilan xo’shlashdik. Bir talay ahmadlar, ta’sirchanroq ekanmi, xayrlashayotganda yig’lab yuborib, boshqa ahmadlarning ham ko’nglini buzdi. Mayli, nima bo’pti, mehr millat, chegara bilmas ekan, shunday zo’r yig’inda yig’lamasak, qaysiqachon yig’lab yuruvdik, bunaqa ko’zyosh yaxshilikka, deb namli ko’zlarimizni hech birimiz bekitmadik…

Men endi Solih, Olim, Xurshid, Murodnigina emas, Shavkatni ham, Yo’ldoshni ham, Erkinni ham, Usmonni ham, Yasharni ham, Mirzoni ham, Alisherni ham, xullas, barcha do’st tanish-bilishlarimni menga o’xshab Asqartog’ning tepasiga chiqinglar-da, “Hoy Solih” yoki “Hoy Olim!..” deb chaqirishga undamoqchiman.

Kimningki ismi Odam bo’lsa, shu ishga chorlamoqchiman. Bu endi amalga oshmaydigan havoyi orzu emas, haqiqat: agar Odam ko’nglining eng baland cho’qqisidan turib, ko’kragini ulug’ niyatlarga to’-o’ldirib: “HOY ODAM!”, deb jumla jahonning hamma ovloq burchaklarigacha tovushini yetkazib na’ra qilsa, ming-ming tuman, million-million odam labbay, deb chopib keladilar.

Agar dunyodagi hamma odam ODAMLIK degan bitta bayroq ostida to’plansa, tasavvur qilasizmi, HOY ODAM!..

2. JIM O’TIRGAN ODAM

Uyimdagi hamma narsa nimagadir quloq tutgan: go’yo hozir birovi tuyqusdan tilga kiradiyu boshqalari uni tinglaydigandek. Balki, ular derazadan tushayotgan oyning nurini ko’pdan buyon bahamjihat tinglashayotgandir. Balki, shu jimlikning o’zi ularning so’zlashuv tilidir, bu tilni men bilmasman. Har qalay, oylab, yillab kunbo’yi bir uyda baqamti qoladigan narsalarning bir-biri bilan muloqotga kirishmasligi mumkin emas. Balki narsalar o’z-o’zi-cha bizning yetti uxlab tushimizga kirmagan o’ylarini turar…

Derazadan osmonga qarayman: yulduzlar chechak otgan. Chechaklar bir-birlariga gul changini uzatib yashaydilar — shunday tillashadilar: yulduzlar ham bir-biriga nur yo’llab gurunglashmaydimi? Yo’qsa, nega buncha jimillaydilar? Uyga tolaman. Men ham go’yo jim o’tiribman. Ko’nglimdagi so’zlar osmondagi yulduzlarcha ko’p. Ular bir joyda tek turmay, to’planib-tarqalib yuribdi. To’planganlarida ko’nglim yorishib ketadi, tarqalganda — xira tortadi.

So’zlar bezovta tillashayotir — meni tillashayotir.

Nima deb o’ylaysiz, odamning ko’nglidagi so’zlar lug’at kitobiga to’plab bosilgan o’lik harflar yig’indisimi? Io’q, ular — tirik, tirik narsalar jim turolmaydi.

Mana, shu tirik so’zlar ko’nglimda gangir-gungur muloqot qilayotir — ko’nglim yorishib-xira tortib turibdi.

— Ey, sen,— deyman o’zimga-o’zim.
— Ha, men,— deb javob qilaman o’zim.

— Mening kim?
— Men-da. Ismimni bilasan.

— Ismingni zmas, kimligingni so’rayapman,
— Kim bo’lardim, odamman-da.
— Odamligingni emas, kimligingni so’rayapman.

Odamlikdan boshqa yana kim ham bo’lardim, deb o’ylayman. Agar bu savolni o’zimdan-o’zim emas, birov so’raganda, nima deb javob qilardim. Bu savolni birov berganda, javobimni kutib o’tirmay, yo’q, sen odam emassan, deyishi ham mumkin. Axir, odam bo’lish osonmi!

— Kimligingni bilmay turib qanday yashayapsan?— deyman yana o’zimga-o’zim.

— Qanday yashayapman?—deb yana ajablanaman o’zim.— Xo’sh, qanday yashayapman? Halol yashayapman, o’zganing haqini yemayman, birovga yomonlik qilmayman, sidqidildan ishlayman, nonimni beminnat topaman. Bundan ortiq yana qanday yashashim kerak?

— Bu ish qumursqaning ham qo’lidan keladi,— deyman o’zimga-o’zim.— Odam yashash uchun o’zining kimligini bilishi kerak.

Yana o’zim o’ylayman, juda ko’p kitob o’qiysan-da, oshna, kallangga kimqaydagi kitobiy savollar keladi, deyman-u, lekin shu yashashimdan boshqa yana qanday yashashim kerak ekan, deb boshim qotadi. Agar bundan ham ortiqrog’i
bo’lsa, shu kungacha yashaganimni nima qilaman, axir, umrimning shuncha qismini bekor o’tkazgan bo’laman-ku! E-e, biz yashayotgan ekanmiz, umrni faromush o’tkazibmiz, deb o’chirib tashlab, yashashni boshqattan boshlay olmayman-ku. Otilgan o’q yana qaytib
miltiqdan chiqadimi?

Yana o’zim o’ylayman: shunday yashayverganim yaxshi emasmi, kimdan kamligim bor?..

— Ha-a,—deb kinoya qilaman o’zimga-o’zim,—kimligingni bilishdan qo’rqyapsanmi?
— Yo’g’-e,— deyman o’zim g’ashlanib.— Nega qo’rqar ekanman. Odam o’zining kimligini bilishdan ham qo’rqadimi?

— Qo’rqyapsan,— deyman o’zimga-o’zim, xuddi kimligimni bilaman-u, jo’rttaga aytmayotgandek.— Ancha donosan, kimligingni donoliging bilan yashirasan.

Nazarimda, ko’nglimga boshqa bir odam kirib olib, meni mayna qilayotgandek, fahmim yetmaydigan savollar berib, meni atay dovdiratayotgandek.

Qiziq, deb o’ylayman yana o’zim, ismim, tilim, millatim, tug’ilgan joyim, totuvgina oilam bo’lsa, qanday yashayotganim o’zimga besh qo’ldek ayon, boshqa birov, meni yaxshi bilmaydigan kishi shaxsim haqida har xil xayollarga borishi mumkindir, ammo hozir begona bilan emas, o’zim bilan o’zim gaplashayapman-ku, nimani yashirardimu nima manfaat topardim bundan?

— Xo’p, ana, bilar ekansan, ayt kimligimni, — deyman zarda bilan o’zim.
— Qani, ayt-chi, Vataningni sevasanmi?

— Albatta, sevaman.
— Xalqingni sevasanmi?
— Albatta, sevaman.

E-ha, gap bu yoqda ekan-ku, deb yengil tin olib, burro-burro javob qilaman.

— Xo’sh,— deyman yana o’zimga-o’zim. — Qani, endi bu savolimga o’ylab javob ber: Vataningni, xalqingni qanday sevasan?
— Iya, bu qanaqasi bo’ldi? Sevamai, vassalom! Ko’nglimda Vatanimga, xalqimga bo’lgan ulkan muhabbatni avaylab yuribman.

— Xo’p, ana endi kimligingga yaqinlashyapmiz, — deyman o’zimga-o’zim.

Ustimdan qanaqadir beshafqat hukm bo’layotgandek yuragim orziqib ketadi.

— Uyingni, oilangni yaxshi ko’rasan-a?
— Ha.

— Shuning uchun tinmay yelib-yugurasan. Ishqilib, uyimda kamchilik bo’lmasin, bolalarim boshqalardan kam bo’lmasin, deb qo’lingdan kelganini qilasan. Xotiningga birov ola qarasa, mushtumingni tugasan, bolangni qo’shnining bolasi ursa, otlanib chiqasan, Bironta bezori uyingga tosh otsa, alamingni olmaguncha tinchimaysan. To’g’rimi?

— To’g’ri.
— Nima uchun Vatan, xalqing uchun shunday yelib-yugurmaysan.

— …
— Bularga bo’lgan muhabbatni ko’nglingda avaylab yurishingdan kimga naf? Axir bunaqa befoyda yotgan muhabbatning tirikligi qoladimi? Muhabbat mehrob emaski, unga sig’inib, shu bilan burchingni o’tab yuraversang. Tirik tuyg’u kurashishi kerak. Kurashmaydigan muhabbat — o’lik muhabbat.

— Vatan degani ham aslida — kurashayotgan muhabbat, ana shu muhabbat birlashtirgan kishilar xalq bo’ladi. Sen, sen uchun ham birov kurashishi kerakmi?

Aslini olganda, o’zim bilan o’zim bunaqa gaplashmasligim kerak edi. Gaplashsam ham avvaldanoq boshqa, o’zimga tushunarliroq mavzudan boshlashim lozim edi. Masalan, o’zimdan-o’zim, qani, oshna, shu vaqtgacha nimalarga erishding, deb so’rasam, qo’lga kiritgan narsalarimni bir-bir sanab berar edim.

— Xo’p, xo’p, endi gapni ko’p cho’zmay, kimligimni aytib qo’ya qol, — dedim zardam qaynab o’zim.

Shunda faqat savol berayotgan o’zimni emas, savolga tutilayotgan o’zimni ham ko’rdim, ikkovi ham — bitta o’zim, lekin…

— Senmi? — dedim o’zimga-o’zim. — Sen — ko’ngliga ganjinani ko’mma qilib, qaerga ko’mgani esidan chiqib ketgan qashshoqsan. Shu xalqning bir bo’lagi emas, qatorning ichiga kirib olib, qator qayoqqa yetaklasa, shu yoqqa og’adigan, o’zini qator bilan panalab, tirikchnlik tashvishida g’imirsib yurgan jo’n-gina bir… mayli… odamsan…

Mulzam bo’lib qoldim: o’zimga o’zim shunaqa ayblarni qo’yamanmi-a?!

— O’ylayapsanmi? — deb so’radim yana o’zimdan-o’zim.
— O’ylayapman, — deb javob berdim o’zim…

— O’yla, o’yla, — dedim o’zimga-o’zim. — Lekin, muhabbat quruq o’y ham emas.
— Tushunyapman, — dedim o’zim.

— Tushunayotgan bo’lsang, yashay boshlabsan, — deyman yana o’zimga-o’zim. -Mayli, yaxshilab o’ylab ol, faqat qolgan umringni o’y o’ylash bilan o’tkazib yuborma. Amalsiz o’y ham — o’lik…

Ana shunaqa, o’zim bilan o’zim gaplashib o’tiribman.

Uyimdagi hamma narsa bekordan-bekorga shunday turmagandir…

Derazadan oy nuri uyimga bekorga tushmayotgandir…

Osmondagi yulduzlar bekorga jimillamayotgandir…

Ko’nglimdagi so’zlarning bezovtaligi bejiz emasdir, axir…

Chetdan qaragan odam mening hozir o’zim bilan o’zim gaplashib, o’ylarimning beshafqat tovushini eshitib o’tirganimni bilmaydi. Ko’zini bir nuqtaga tikib jimgina o’tirgan odamning ko’nglidan nimalar kechayotganini chetdan qaragan odam eshitmaydi.

Lekin eshitishi kerak. Jim turgan odamning hammasi ham jim turmagan bo’ladi. Odamning o’zi bilan o’zi yolg’iz qolgandagi jimlikda boshqalar ham eshitishi juda zarur bo’lgan tirik so’zlar tilla-shadi.

Ko’nglim yorishib — xira tortib turibdi: SIZ KIMSIZ?..

3. KO’ZGUDAN QARAGAN ODAM

Odam har kuni necha martalab ko’zguga qaraydi: sochini tarash uchun, kiyimining yarashgan-yarashmaganini ko’rish uchun, ko’pincha esa ko’zgudagi aksiga anchayin ma’nisiz ko’z tikadi. Ko’zguga nima uchun tikilgani esida yo’q, boshqa narsalarni o’ylab turaveradi…

Erkaklar soqol olayotganlarida ham albatta ko’zguga qaraydilar, hatto jallod ham o’z yuziga ko’zgusiz tig’ tekizolmaydi.

Ayollar esa ko’zgusiz o’zlariga oro berolmaydilar — ular ko’zgu yonidagina o’zlarining orolanib borayotganliklariga ishonadilar. Albatta, ular erkaklarning suq bilan termilishiga ham ishonadilar, lekin erkaklarning ko’zida ular ko’zgudagidek aks etmaydilar — ko’zgu behayo emas, gap ham otmaydi.

Chiroyli-chiroyli qizlar chiroylaridan o’zlari ham bahra olish uchun ko’zguga qaraydilar.

Yosh-yosh yigitlar kelishimli, xushbichim qomatlarini ko’zguga solib, undan qizlarning ko’nglini qidiradilar.

Agar uyga kiraverishda toshoyna turgan bo’lsa, odam o’tganida ham, qaytganida ham unga bir qur ko’z yugurtiradi.

Ko’chaga chiqayotgan odam ko’chadagilarga qanday ko’rinishini oldindan bilib, yuziga shunga mos tus berish uchun ko’zguga qaraydi. Tusini o’zgartirmaslik uchun odam hatto ko’chada ketayotganda ham do’konlar oynasida lip etgan aksini nazardan qochirmaydi.

Erkagu ayol — odam umri qanday o’tayotganini ko’zgudan kuzatib yashaydi. Agar oyna kashf etilmay, dunyodagi hamma suvlar loyqa bo’lib, odamning yuzi hech bir narsada aks etmasa, odam o’zining yuzidagi o’zgarishlarni ko’rmas, ildiz otayotgan ajinlarini payqamas, sochining oqi ko’payib borayotganini qaddining egilayotganini payxas qilmas — yoshi qaytayotganini bilmas edi.

Odamning yoshi qaytgani sayin ko’zguga el bo’lishi shundan.

Odam ko’zguda o’zining hamma a’zosini: sochi, pe-shanasi, qoshlari, burni, lablari, yonoqlari, iyagi, baqbaqasi, bo’yni, ko’kragini, kiyimlarini; qaddi-bastini, boshmoqlarini ham ko’radi, u yonboshini, bu yonboshini ham ko’zguga soladi.

Qorin qo’ya boshlagan odam hatto qornini ham ko’zguga ro’para qilib, e, padariga la’nat, halitdan semirib ketyapman, deydi.

Lekin odam ko’zguda o’zini ko’rmaydi. Ko’zguga qaragan odam o’zining hamma joyini ko’rib turadi, lekin — o’zining ko’zlariga to’g’ri boqolmaydi. Bordi-yu, ko’zgudagi ko’zlariga to’qnash kelib qolsa, bildirmay, bilmagandek, go’yo bu to’qnashuv tasodifdek, sekin ko’zlarini olib qochadi.

Men bir kuni o’zimni ko’rishga ahd qilib, ko’zgudagi ko’zlarimga to’g’ri tikildim. Tikildimu… shu onda seskanib ketdim: ko’zgudagi ko’zlar meniki emas edi, ularning boqishi o’tkir, shafqatsiz, senga bir martagina berilgan hayotni buncha abgor qilding, deb qattiq qadalib turar edi.

Ko’zgudagi ko’zlar mening ko’zlarimga aks edi. Ular — men yigit yoshiga kirayotganimda hali mana bundoq yashaymiz, deb umidvor qilganimga ishongan, endi esa hayotim hech qandoq emasligini ko’rib turib, meni fosh qilishga payt poylab kelayotgan, hozir shunday paytni qo’lga kiritgan ko’zlar edi.

Ko’zgudagi ko’zlardan ko’zlarimni olib qochdim.

Ko’zgudagi ko’zlardan ko’zlarimni yashirdim.

Faqat… ichimdagi bir istak ularga qara, qara ularga, deb turar edi.

… va bu istak tobora kuchayib borar edi.

Chekinishga yo’l yo’qqa o’xshaydi. Nimadir qilish kerak!

4. O’ZIGA TERMILIB O’TIRGAN ODAM

Tepamda birov o’tiribdi. Boshimda, yuzini yuzimga yaqin tutib, menga diqqat bilan tikilib o’tiribdi.

Ko’zlari hamdard, xayrxoh— uzoq vaqt meni sog’ingan, nihoyat menga yetishib, lekin meni uyg’otishdan ayab o’tirgan qadrdonimning ko’zlari.

Yuzim — uyqu bilan yopilgan kitob. Kitobimni o’qimay tursin, deb uxlab yotibman.

Oyning nuri deraza pardalaridan sizib o’tadi, yuzimga gardlarini sepadi, tepamda o’tirgan birovning ko’zlarida titraydi.

Oyda yorishgan yuz doim shafqattalab bo’lishini, yumuq ko’zlarga hech kim ozor berolmasligini bilib, ko’zlarimni ochmay yotibman.

Birovning shafqatini himoya bilib uxlab yotibman.

Meni qandaydir muloyim vahm bosgan, qandaydir shodlanib seskanaman.

Vahm ko’nglimga huzur bilan yastanib, oy yorug’ida xira tovlanayotgandek…

Vahmni bemalol silasa ham bo’lar ekan-ku, vahm bilan bemalol tillashsa ham bo’lar ekan-ku, degan o’ylarni o’ylayman.

Vahmning og’ushi iliqqa o’xshaydi.

Nega shu paytgacha meni vahima bosardi, deb o’ylayman yana.

Vahm menga yaxshilik silishga kelgandek.

Vahmga nimalardan qo’rqishimni, nega yuzimni ochmayotganimni aytib bersammi, deyman. Aytib bersam, qo’rquvlarning eng kattasini o’zimga el qilsam, boshqalari meni daf qilishga botinolmas, deb o’ylayman yana.

Uxlayotgan bo’lsam ham bosh uchimda mening yuzimdan o’zini o’qimoqchi bo’lgan birovni ko’rib yotibman, uning hech qanaqa BIROV emas, O’ZIM ekanligimni bilib yotibman.

Balki uxlamayotgandirman?., Balki bu tush emasdir?..

Buncha o’zimga termilaman, menga nima bo’ldi ekan?..

5. TANASIDAN KO’NGLI QOLGAN ODAM

Uning hamma xohish-istaklarini bajarish menga qonun edi.

Uni deb o’lib-tirilardim.

Har kuni ertalabdan uni parvarishlashga kirishar edim: soqolini olar, tishini tozalar, yuziga xushbo’y atirlar sepib qo’yar edim: ustaraning tig’i tekkan joyiga zararli narsalar toshmasin, deb ham o’ylardim-da;

har hafta hammomga tushirar, bug’xonada obdan terlatib, uqalab qo’yar edim;

har kuni kamida uch mahal ovqatlantirar, qurbim yetganicha unga yoqadigan taomlardan saylar edim; endi chamalab ko’rsam, shu vaqtgacha yegan ovqatlari kirq tuyaning belini sindirib, yana ortilmay ham qolar ekan;

topganimcha yaxshi-yaxshi liboslarga o’rardim, sovuqda qalin, issiqda yengil kiyintirar, izg’irin yuziga tegmasin, deb qishda po’stinining yoqasini ko’tarib qo’yar, boshini oftob urmasin deb saratonlarda soya-salqin yo’lkalardan yetaklar edim; o’zini salgina yomon his qilsa tashvishga tushar, injiqlanaversa, do’xtirlarga qaratar, dardini aritadigan dorilardan topib kelardim; charchasa, dam berardim, kuniga kamida yetti soat uxlatardim, sayr qildirardim, yana…

Endi men mayda gap odam emasman, uning aytsa bo’ladigan xohishlaridan tashqari, aytish noqulay talay-talay mayllarini ham qondirardimki, hammasini sanayversam minnat qilyapti, deb o’ylashingiz mumkin.

Gapning lo’ndasi, o’zimni unga bag’ishlagan edim.

Bir kuni doimgidek uni papalab ketayotganimda, birdaniga oldimdan to’siq chiqib qoldi.

— Qani, endi men bilan bir sakra, bu to’siqdan oshib o’taylik,— dedim. U to’siqni ko’rib chekindi, aniq — qo’rqdi!
— Sakra, axir, seni kelib-kelib to’siqdan chekinasan, deb shuncha parvarish qildimmi,— dedim unga ezilib.

U esa to’siqqa qarab shalvirab qoldi.

Oxiri, bor-e, asli nomard ekansan, senga umrini bag’ishlagan men — ahmoq, dedim-da, bir sakrab to’sikdan oshib o’tdim.

Tanamning quruq o’zi qolaverdi, yo’lning narigi yog’iga faqat o’zim ketaverdim…

6. KO’NGLINI KO’TARGAN ODAM

Ivirsiq uyimizga kirsak, betartib yotgan narsalar o’zimizga joy qoldirmagandek, tor tuyuladi. Shuning uchun vaqt-vaqti bilan uy ko’taramiz. Uydagi narsalarni tashqariga olib chiqib, ko’rpa-yostiqlarni oftobga yoyamiz, uyni supurib-sidirib, shamollatib tozalaymiz-da, narsalarni joy-joyiga taxlaymiz: ivirsib yotgan uy keng, bahavo, odam kirsa, bahridili ochiladigan, eng muhimi — izlagan narsangiz topiladigan tartibli bir go’shaga aylanadi. To’g’rimi?

Men bir kuni shu tarzda ko’nglimni ko’tarmoqchi bo’ldim. Ivirsib ketgan ekan, zarur payti izlagan tuyg’umni topolmayman; bu tuyg’u yo’qligidan emas, ko’nglimning tartibsizligidan; unda hamma tuyg’ularim aralashquralash sochilib-bosilib yotgan ekan.

Bir kuni televizorga qarab o’tirgan o’g’lim: “Dada, siz ham otlarni yaxshi ko’rasizmi?”, deb so’rab qoldi. O’ylamasdan. “Ha, o’g’lim”, deb yubordimu uyalib ketdim: ko’nglimdan harchand izlamayin, otlarni yaxshi ko’rishimni topolmayman. Bu tuyg’u bolaligimdan beri bor, ko’nglimda edi, go’dakligimda xivichni ot qilib chopganman, sal kattarganimdan keyin ko’pkari bo’lgan joydan qolmaganman, o’n sakkiz yoshlarimda otchopardagi poygadan zavqlanib, ko’nglim yumshab ketgan; otlar shu qadar chiroyli chopgan edi. Lekin, mana, bugunga kelib, bu tuyg’uni topolmayapman…

Bir maktabda yozuvchilar bilan uchrashuv bo’ldi, menga ham so’z berishdi. So’zni tarixni chuqur o’rganish kerakligidan boshladim. “Tarix — tarixda qolib ketgan o’tmish emas, u bizning yuragimizda yashaydi, bugun biz yashayotgan kunlar ham avlodlarimiz umrida davom etadi, ota-bobolarimiz hayotini unutib qo’ysak, kelgusida bizni ham esdan chiqarishadi, izsiz o’chib ketamiz”, dedim. Shunday dedimu yuragim shuv-v etib ketdi: ko’nglimga nazar solsam, o’zimning tarixni yaxshi ko’rishim yo’q! Bir vaqtlar tarixni shunday sevardimki, yotib olib, qulog’imni yerga bossam, tarixdagi otlarning dupurini eshitgandek bo’lar edim. Bu tuyg’u ko’nglimning qay bir burchagida, qanaqadir lash-lush kechinmalar tagida qolib ketgan shekilli, shunday zarur paytda izlab topolmayman. Mulzam bo’lib minbardan tushdim…

Yana bir kuni meni atay yo’qlab, to’lib-toshib sinfdosh do’stim uyga keldi. Darvozani ochishim bilan meni quchoqlab oldi. Men ham uni quchog’imga oldimu esankirab turaverdim: yana o’sha ahvol, sinfdoshimga bo’lgan do’stligimni topolmayman. Do’stim, qo’lida bir dunyo bozorlik, ko’ngli mehrga limmo-lim to’lib, ko’zi yoshlanib menga boqadi; bechoraning meni ko’rmaganiga o’n besh yil bo’libdi, axir! Men esa nima qilishimni bilmayman, nuqul: “Ey seni qarayu… Juda quvontirding meni”, deymanu ko’nglimda quvonch yo’q. “Bekorga kelmagandir, shaharga ishi tushgan, biron iltimosi bor-ov?”, degan xayollarga ham boraman. Lekin, yo’q, hech qanaqa iltimos-piltimosi yo’q; ishidan ikki kunga javob tekkan ekan, “Shu-u, jo’rajonimni bir ko’rmasam, ko’nglimning xusuri bosilmaydiganga o’xshaydi”, deb kelaveribdi. Kechasi alla-pallagacha gurunglashib yotdik; uning ko’ngliga hayajon sig’maydi, meni uyqu bosadi, men ham unga qo’shilib jo’shay deyman, ammo o’sha jo’shqin do’stligimizni qaerga qo’yganimni topolmayman, bilmayman.

Yana bir kuni shu yerda — shahardagi do’stlarim bilan bo’lgan bir gurungda gap birinchi muhabbatga kelib taqaldi. Do’stlarimning mendan boshqa barida bu tuyg’u yo’qolmagan ekan, gurung qizigandan qizidi, ularning bari o’sha o’n olti, o’n yetti, o’n sakkiz yoshiga bir-bir qaytib chiqishdi. Birinchi muhabbat mening ham esimda ekan-u, ammo tuyg’uning o’zi yo’qolib qolibdi. Bo’lmasa, bir qizni ikkinchi sinfdaligimdan tortib to maktabni bitirguncha yaxshi ko’rganman, har kuni, ishonasizmi, har kuni uning otini aytib uxlaganman, uyg’onganimdan keyin ham tilimga kelgan so’z — uning oti bo’lgan. U qiz menga moyil bo’lganmi, yo’qmi, bilmayman-u, lekin o’zim uni juda qattiq yaxshi ko’rganman. O’sha shirin azoblarimning hammasini eslayman, lekin ko’nglimda qilt etgan tuyg’u yo’q. Keyin eslasam, birinchi sevgimdan sovib, endi nima keragi bor, deb ko’nglimning bir gadoytopmas burchagiga tiqib qo’ygan ekanman, mana, topolmayman.

Bir kuni eski yozuvimizga bo’lgan sevgimni topolmay qoldim. Do’stimning o’g’li maktabida arabcha ham o’qir ekan, harflarni aji-buji yozishini ko’rib, g’ayratim jo’sh urib ketdi, unga husnixatning qanaqa bo’lishini ko’rsatib qo’ymoqchi bo’ldim. Ammo otimni yozish ham esimdan chiqib ketgan ekan. Yo’qsa, bir vaqtlar qamishqalamni qiya yo’nib, Navoiyning «Ashraqat min aksi shamsil…” deb boshlanadigan g’azallarini qanchaqancha ko’chirganman, husnixatim yaxshi chiqqanidan qanchalar quvonganman. Endi esa ko’nglimda eski yozuvga mehr tugul, o’zi ham yo’qolib qolibdi.

E’tibor bermasangiz, ne-ne tuyg’ularingiz yo’qolib ketaverar ekan, e’tibor bersangiz, nimalarni yo’qotganingiz kelaverar ekan: avval hafta-o’n kunda, keyin kunda biron bir tuyg’umni befoyda izlaydigan bo’lib qoldim.

Ana shundan keyin ko’nglimni, xuddi uy ko’targandek, saranjom-sarishta qilishga bel bog’ladim. O’zi ham ko’nglimda ming xil mayda-chuyda tuyg’ular uyulib ketgan ekan, ularning keragini kerakka ajratguncha bo’larim bo’ldi. Ularni shamollatish uchun oftobga yoyganimda ko’pi qurib, uvalanib ketdi.

Lekin ularning tagidan — ko’nglimning tubidan shunaka tuyg’ularim topilayotirki!.. Shunchalar badavlat ekanimni o’zim bilmay, qashshoq-benavo yuravergan ekanman.

Ko’ngil ko’tarishim to’xtagani yo’q, hali ish ko’p, lekin xozirdanoq ko’nglimga kirsam, yayrab ketaman — shunaqa sarishta, shunaqa bahavo, shunaka keng…

7. OQIB BORAYOTGAN ODAM

Allegro

Men bir kuyning to’lqinlarida oqib kelyapman kelyapman kelyapman qalqib qalqib ketyapman ketyapman ketlpman bu kuy meni qaysi qaysi qaysi qirg’og’iga qachon qachon qachon tashlab ketadi bilmayman bilmayman bilmayman
faqat bu kuyni o’zim chalyapman chalyapman chal…

044

(Tashriflar: umumiy 290, bugungi 1)

Izoh qoldiring