25 январ — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбеков таваллуд топган кун
Хатларимнинг сўнгида устоз Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб, сенга, қизим, берадиган иккита маслаҳатим бор. Биринчиси: — Бу дунёда опангчалик сенга меҳрибон, яқин, азиз, сендан жонини ҳам аямайдиган одам йўқ. Бирга бўл. Ёлғизлатиб қўйма. Асра. Иккинчи маслаҳатим: — Давр ўзгариб кетди, қадриятлар ўзгарди. Лекин ҳамма даврда ҳалол меҳнат, поклик, одамийлик қадрланган. Шу ёдингда бўлсин. Ёлғизим, суюклигим, хайр, омон бўл, бахтли бўл.
Шундай истеъдод эгалари борки, тенгдошлари ва замондошларининг ҳурмат-еътиборини қозониш бахтига муяссар бўладилар. Бунинг устига ўз замондош устозлари эъзозидан , баҳра топадилар. Ижоддаги бундай ҳолат фақат ўша истеъдоднинг бахтигина бўлиб қолмай, балки у мансуб бўлган адабиётнинг ҳам омади, равнақидан бир далолатдир. Бизнинг адабиётимиз бахтига бундай чинакам истеъдод соҳиблари анчагина.
Ўлмас Умарбеков ҳам ана шундай истеъдодлар орасидан ўзига муносиб ўрин эгаллаб келаётган сермаҳсул, ҳозиржавоб адиблар сирасига киради. Унинг таржимаи ҳоли ҳам ўз тенгдошлариники каби оддий. У 1934 йили Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни муваффақиятли тугатгач, Тошкент Давлат дорилфунунининг филология факултетига кириб, 1956 йилда уни аъло баҳоларга битирди. «Мен ҳам ёшлигимда кўп нарсага қизиққанман, — деб ҳикоя қилади ёзувчи.—Кейинчалик, учувчиликни орзу қилган эдим, боғбон ҳам бўлмоқчи бўлганман. Аммо адабиёт ҳамма орзуларимдан кучлилик қилди. Шунинг учун бўлса керак, ўрта мактабни тугатганимда ҳеч иккиланмасдан Тошкент дорилфунунининг филология факултетига кирдим. Назаримда, адашмаган эканман. Энди бўлса, адабиётсиз, бадиий ижодсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман».
Мана, шунга ҳам қарийб ўттиз беш йил бўлдики, у тинимсиз изланиш, ижод билан банд. Шу кунгача унинг ўнлаб ҳикоялари, қиссалари, «Одам бўлиш қиийин» романи, «Қиёмат қарз», «Шошма қуёш», «Оқар сув», «Суд», «Комиссия», «Кузнинг биринчи куни», «Аризасига кўра», «Курорт», «Ер ёнганда» каби ўнлаб драматик асарлари яратилди. Шунингдек, «Икки солдат ҳақида қисса», «Ради других», «Встреча у високих снегов» каби кинофилмлар учун ссенарийлар ёзди. «Одам бўлиш қийин» романи (1971) республика комсомол мукофотига, «Икки солдат ҳақида қисса» (1977) Ҳамза номидаги Республика Давлат совринига, «Дамир Усмоновнинг икки баҳори» қиссаси эса (1984) Н. Островский номидаги Бутуниттифоқ адабий мукофотига сазовор бўлди. Унинг туғилганига 50 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони берилди. Ва ниҳоят, 1992 йилда «Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган юксак шарафга эга бўлди.
Оддий журиалистликдан иш бошлаган Ўлмас Умарбеков бу йиллар давомида республика радиосида муҳаррир, бош муҳаррир бўлиб ишлади. 1971-1974 йилларда эса Узкомпартия Марказқўмида аввал маданият бўлимида инструктор, сўнг радио, телевидение секторининг мудири бўлиб хизмат қилди. Қарийб ўн йилга яқин «Ўзбекфилм»га бошчилик қилди. 1982 йилга келиб, Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари, кейинроқ вазир бўлиб фаолият кўрсатди. Кўп ўтмай у Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига раис (1985) этиб сайланди. Айни чоғда Осиё ва Африка ёзувчиларининг бирдамлик қўмитасининг раиси, Ўзбекистон республикаси Олий Кенгаши ноиби этиб сайланди. Ниҳоят, 1989—1991 йилларда у Республика Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлади.
У қайси жабҳада, нима ишда ишламасин, ижоднинг қайси турида, қайси мавзуида асар яратмасин, ҳамиша ўз эли, юрти ғами билан яшади. Улар елкасидаги турмуш юкини енгиллаштиришга интилди. Айниқса, бадиий асарларида хоҳ у ҳикоя, хоҳ қисса ёки роман бўладими, хоҳ саҳна асари бўладими, ҳамма-ҳаммасида инсонлардаги маънавий-ахлоқий фазилатларни ардоқлашга, улуғлашга интилиб келди, халқ ёзувчиси даражасига кўтарилди. Бу ҳар бир ижодкор учун катта бахт, ҳаёт ва ижод олдидаги мақсада ҳамдир. Ўлмас Умарбеков ҳам шундай бахт қуши қўнганлардан биридир.
Ўлмас УМАРБЕКОВ
«ҚИЗИМГА МАКТУБЛАР» КИТОБИДАН
Бу дунёга келганларнинг, албатта, кетмоғи бор. Кимдир бир кун олдин, кимдир бир кун кейин… Кетади-ю, қайтмайди. Мангу дунё абадий уни ўз қучоғига олади.
Кетмоғи яқин қолганини киши сезганда чўчимайди, аммо турли ўйлар қуршовига тушади, кечган, кечирганларини эслайди, олис, яқин одамлар кўз олдидан ўтади.
Мен билан ҳам шундай бўлди. Касалхонада ётарканман, вақтим, иродам етганича, кўнглим кўтарганича ўйларга, хотираларга берилиб кетиб, шуларни ёздим.
***
Умида! Қизим…
28-октабр, 1993-йил. Ўн кун давом этган текшириш, ўрганишлардан сўнг қандайдир аниқлик пайдо бўлди. Даволовчи врач Татяна Дмитриевна келиб, қўлимни сиқди.
— Касалингиз биз хавотир олганчалик илдиз отмаган экан. Нафас атрофидан бошқа ҳамма аъзоларингиз соғ. Касал нафас йўлларига ўтмаган. Бир-икки кун ичида консилиум қиламиз. Радиологлар, бош хирург, директор билан маслаҳатлашамиз. Менимча, сизни аввал даволашимиз, кейин операция қилиб, касалликни олиб ташлашимиз керак.
Истараси иссиқ, нигоҳи самимий шифокорнинг бу сўзларидан қувониб кетдим. Вужудим илиб, кайфиятим кўтарилди. Миннатдорчилик билдириб, телефонга югурдим. Текшириш натижаларидан Зуҳра қисман хабардор бўлса ҳам ўзимнинг оғзимдан хушхабарни эшитгани маъқул эди.
Қийналиб гапирсам ҳам Зуҳра мени англади, шу заҳоти, худди мен каби у ҳам ўзгариб кетди. Ёзнинг бошларидан бери биринчи марта унинг овозида севинч оҳанглари пайдо бўлганини сездим. Телефонни ёриб юборгудай бўлиб, ҳозир етиб бораман, деди. Бошим осмонда эди. Худога шукур. Демак, бир қанча вақт томоғимни радиация нурлари билан даволашади. Тошкентда ўн марта нурланганимда шу ишлар бирмунча камайган эди. Касалим тарихида ёзилган. Ким билади, балки бу ерда шуни эътиборга олишдимикан? Консилиумда ҳам шундай қарорга келишса, ўзимни бахтли ҳисоблардим. Тахминан бир ой, бир ярим ойдан сўнг уйга қайтишим мумкин. Қизим, сени кўраман, укаларим, дўст-биродарларимни кўраман. Умида, сени жуда соғиндим. Деярли ҳар кеча қўнғироқдек овозингни эшитгандек бўламан. Кўз олдимда ўзинг пайдо бўлиб, кўзларинг ёниб: «Ада! Келдим!» — дейсан-да, ёнимга келиб, юзимдан ўпгандек бўласан. Кўп эмас, атиги икки ҳафтадан бери Москвада бўлсам ҳам, ҳар куни сенинг ўқишдан қайтаётган пайтин
г, ўз калитинг билан дарвоза-эшикни шарақлатиб очишинг, шахдам қадамлар билан тақ-туқ, тақ-туқ қилиб айвонга кўтарилишинг кўз олдимдан ўтади. «Ада! Мен келдим!..» Қизим, жоним, сени яна кўрадиган бўлдим. Орзум эсон-омон уйга қайтмоқ эди, ниятимга етадиганга ўхшайман. Худо хоҳласа, марҳамат қилса, бир ой, бир ярим ойлардан сўнг тузалиб қайтаман…
***
Менинг бир ҳикоялар ва қиссалар китобим бор. Унга «Оқ қалдирғоч» деб ном қўйганман. Олтмишинчи йилларнинг охирларида Булғорияда бўлганимда булғор адабиётининг машҳур, эл орасида катта обрўга эга классик ёзувчиси Эмин Пеликнинг шу номдаги ҳикоясини ўқиган эдим. Ҳикоя катта эмас. Мазмуни шундай. Бир деҳқон буғдой пишиғи маҳали далага, ўримга кетаётганида бўйига етган қизи ҳам унга эргашади. Ҳамма ўртоқларим кетишяпти, мени ҳам олиб боринг, деб отасидан илтимос қилади. Ота рози бўлади. Ёз. Кун иссиқ. Қиз далада бир дарахтнинг остида ўримдан чарчаб дам олгани ётади ва ухлаб қолади. Уйқусида кўкраги муз бўлиб кетаётганини сезади. Чўчиб уйғониб қараса, кўкрак устида кулча бўлиб, илон ётган эмиш. Дод солиб, қиз уни улоқтиради. Ҳамма унинг овозини эшитиб, югуриб келади. Қиз бўлган воқеани айтиб беради. Шу кундан бошлаб у касалга чалиниб қолади: овқатланмайди, ухламайди, кўнгли ағдариладиган бўлиб қолади.
Ота-она уни ҳамма яқин орадаги шифокорларга, табибларга кўрсатишади. Аммо қиз тузалмайди. Кимдир уларга қизингиз оқ қалдирғочни кўриши керак, шунда тузалади, деб маслаҳат беради. Эр-хотин аравага қизларини ётқизиб, оқ қалдирғоч қидириб кетишади. Улар телеграф устунларига тортилган симёғочлар остида қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар узоқ кезишади, оқ қалдирғочни топишга қизларини ишонтиришади. Қиз шу ишонч билан яшайди. Умид билан симёғочларга, осмонга тикилади.
Татяна Дмитриевна ўз ҳамкасблари билан менга шундай ишонч беришди. Нурланиш, кимёвий терапия бундан бу ёғига менинг оқ қалдирғочим. Мен уни топаман, уни кўраман. Зора бу гўзал, беозор қуш менга ҳам Худонинг шифосини олиб келса?!
Иккинчи қалдирғочим — жонимдан ҳам азиз қизим Умида. Унинг учун яшашга интилдим, ҳамма хаёлим, қувватимни жамлаб, сиҳатимни яхшилашда шифокорларга ёрдам беришим керак.
Москвага жўнаётган кунимиз Умида билан хайрлашувим кўз олдим¬дан кетмайди. Эрта туриб кийинаётганимда у олдимга келди. Бўйнимдан қучоқлаб юзини юзимга қўйди. Сезиб турибман, мактабга боргиси йўқ. Икки-уч кундан бери у лицейга ўтган эди, ўқишдан қолиши керак эмас. Шунинг учун қаттиқ бағримга босдим, ўқишдан қолишига, самолётгача мени укам, синглим билан бирга кузатиб қўйишига зарурат йўқ. Кейин у ҳам эзилади, мен ҳам. Оддийгина хайрлашган маъқул.
— Нима олиб келай Москвадан? — сўрадим уни қўйиб юбориб. Шу билан шундай хайрлашганим кифоя, дегандек бўлдим. У ақлли қиз — тушунди. Жилмайиб:
— Ҳеч нарса. Тузалиб қайтсангиз бўлди, ада, — деди.
— Албатта қайтаман.
Шундай деб елкасига бир-икки қоқиб қўйдим. У оҳиста юриб, ўз хонасига ўтди. Портфелини олиб, айвондан тушаётганда, орқасига қайтди:
— Хайр, ада! Мендан хавотир олманг! Соғайиб келинг! Мен қўлимни силкитдим.
Охирги кўришганимиз шу. Охирги деяпман-у, уни яна кўришимга, ҳали кўп у билан бирга бўлишимга ишонаман. Ўз оёғим билан уйга кириб бораман, бағримга босиб, иссиқ пешанасидан ўпаман. Зуҳра телефонда у билан гаплашиб турибди. Ҳар гал гаплашиб келганида ундан салом айтади. Ўқишлари яхши эмиш. Инглиз тилидан, математика, физикадан беш баҳо олаётган эмиш.
***
Умида, жоним қизим! Яхшиям Худо бизга сени берди.
Опанг каби мен учун ҳам энг азиз, энг қимматли, энг ширин ва шакар одамсан. Сенинг бахтли бўлишингни қанчалик исташимни билсанг эди! Омон бўл, қизим. Барча орзуларингга ет. Мен ҳар куни Худодан опанг билан сенинг бахтингни сўрайман. Узоқ умр кўришингни, ниятларингга етишингни сўрайман. Ҳар қандай бало-қазолардан сени асрашини, сендан, опанг, аммаларинг, Акмал акангдан марҳаматини аямаслигини сўрайман. Арзандам, ёлғизим, агар баъзида сени уришган бўлсам, кечир. Фақат яхши ниятда шундай қилганман. Сени яхши кўришимни, ҳеч кимга ишонмаслигимни яхши биласан. Қизим, агар тақдир тақозоси билан энди кўришмай қолсак, опангни эҳтиёт қил. Бечора опанг мен билан кўп азоб чекди. Сен уни ҳурмат қил. Ёлғизлатиб қўйма. Қаттиқ гапирма, яхши гапингни аяма. Иложи бўлса доим бирга тур. Қизим, ҳаётингга гард юқмасин, бахтли бўл. Омон бўл, фариштам, арзандам!..
***
Ўзбекистоним, севикли юртим! Не-не жафолар сенинг бошингга, фарзандларинг бошига тушмади?! Шаҳарларинг, қишлоқларинг душманлар оёғи остида неча бор топталди, ёнди, фарзандларинг қирилди, қул қилиб сотилди. Сен барибир қад кўтардинг, кул бўлган шаҳар, қишлоқларинг қайтадан бунёд бўлди, ҳуснига ҳусн қўшилди. Элимиз, еримиз донғини жаҳонга таратган йигит-қизларинг сени кафтларига кўтардилар. Кимни айтай? Боболаримиз Темур, Улуғбек, Бобур Мирзоларними? Момоларимиз Зебуннисо, Нодира, Увайсийларними? Аҳмад Яссавий, Беруний, Хоразмийларними? Чўлпон, Боту, Авлоний, Қодирийларними? Усмон Носир, Ойбек, Ғафур Ғуломларними? Сен яна яшнаб кетасан, сени бўстонга айлантираётган халқинг ҳеч кам бўлмайди. Сен давр сурадиган замон келди. Шу замонни, мустақил ҳаёт заминини кўраётганларга мен чин юракдан зафар, омад тилайман. Насиб этса оз бўлса ҳам уларга қўлимдан келганича ёрдам бераман.
Юртим, Ўзбекистоним, қадрдон, туғишган элим! Чўчима! Сен тарих кўргансан, баъзилар чипта ковуш кийиб юрганларида, сен чарм этик, зар тўнда юргансан, шаҳарлар кўргансан. Муҳими, йўқ бўлиб кетганинг йўқ — борсан, ҳаётсан! Давлат кўрган халқ хор бўлмайди. Ўз йўлини топади. Авлод-авлод болаларинг роҳатини кўрасан. Йиллар келади, ҳозир сенга шарт қўяётганлар ўз шартларидан қайтиб, сенга дўстлик таклиф қиладилар, ҳеч қандай шартсиз, ғурур ва киборсиз. Худо ўзи ёр бўлсин сенга!
***
Қоғозларни олдимга қўйиб, қўлимга қалам олдим. Фикрларим равшан, кўнглим тинч. Шундан бўлса керак, энг аввало қизимни ўйлаб кетдим. Кеча туғилган кунига биринчи марта ҳеч нарса совға қилмадим. Опаси Москвадан жўнатган нарсалар ўз йўлига. Мен ўз қўлим билан унга бирон нарса олиб беришим керак эди. Дарвоқе, эсимга тушди. Москвага жўнаётганимда унга янги автомат ручка ва шундай автомат қалам бердим. Мабодо туғилган кунинггача қайтмасам, дедим. Оғзи қулоғига етиб жилмайди. Ўзингиз ишлатинг, деди. Мен жавоб бермай, бошидан ўпдим.
Шуларни ўйлаб кетиб, унинг болалигида берган бир саволи эсимга тушди. Ада, бувам, бувимлар ҳақида, ўзингизнинг болалигингиз, опамлар ҳақида гапириб беринг, ҳеч нарса билмайман, деб сўраган эди у. Ўшанда хўп, деб кулиб қўя қолган эдим. Шунчалик уйда кам бўлардим, ўтмишни эслашга вақт бормиди у пайтлари? Мана энди назаримда шундай вақт келди. Албатта, қизимни ёнимга ўтқазиб, гапириб бериш имкониятидан ҳеч хаёлга келмаган касаллик оқибатида маҳрумман — овозим йўқ. Даволанишдан бўш вақтларим фақат ёзишим мумкин. Аммо кимёвий дори, нурланиш бошни айлантириб, кўнгилни ағдарар экан, лоҳас қилиб, анчагина бўшаштириб қўяр экан. Ўзимга келган дақиқаларда, даволаниш бўлмаган кунлари ўтмишдан эсимга тушганларни, майли, ёзай. Шу мендан қизимга эсдалик бўлсин. Бобоси, бувисининг ҳаётлари билан, опаси ва менинг ёшлигим билан оз бўлса ҳам танишсин. Бафуржа ёзишга кўзим етмаяпти. Сезишимча, вақтим кам, кейин узоқ йилларни қайта эслашга шароит йўқ. Аммо қўлимдан келганича уриниб кўраман. Аммо ёзганларимни ҳозир жўнатаман. Тузалиб кетсам, ўзим олиб бориб қўлига бераман. Тузалмасам… опаси — Зуҳра олиб кетади…
Умида, қизим, Сени ўйлаб ёзаяпман. Ўқи, ота-боболаринг кимлиги билан таниш.
Мен асли тошкентликман. Ҳовлимиз Тошкентнинг ҳозирги «Россия» меҳмонхонаси билан вокзалга борадиган трамвай йўли ўртасида бўлган. Мен шу ерда туғилганман. Ҳовлимиз катта, йигирма сотихча келарди, бундан ташқари олти сотих атрофида болохонали молхонамиз ҳам бор эди. Молхонага алоҳида эшикдан кириларди, кўзга унча ташланмасди.
Ўша пайтлари бизнинг ҳовлимиздан Миробод маҳалласининг шимол томони бошланган.
***
Шимолдан пастга қараб кетган, кетма-кет тушган уйларда асосан қариндошларимиз яшашарди. Улардан кейин рус қўралари бошланарди.
Бобонг — менинг отам Раҳимбек аканинг уч акаси ва бир опаси борлигини биламан. Дадамнинг энг катта акалари Каримбек полвонни кўрмаганман. Айтишларига қараганда баланд бўйли, елкадор, жуда келишмаган одам бўлган. У кишининг ўғли Турғунбек акани кўп кўрганман, кўп у билан бирга бўлганман. Баланд бўйли, мўйловдор, овози уйни титратадиган одам эди. Унга қиёс қилса, албатта отаси, Каримбек полвон ҳам шундай одам бўлган.
Дадамнинг ундан кейинги акаси Бобобек полвон эди. Эсингдами, опанг жуда кўп марта Чилонзорда яшайдиган Раҳима аммангга телефон қиларди, унга зарур дорилар топиб бериб турарди. Бобобек полвон ана шу Раҳима аммангнинг адаси, мен уни эс-эс биламан. Урушдан олдин қазо қилиб кетган. Уни кўмиш маросими ҳам эсимда. Одам жуда кўп бўлган, Тошкентдаги полвонлар, айтишларича, Фарғона водийсидаги полвонлар ҳам у билан видолашгани келишган.
Ҳаким полвон дадамнинг энг кичик акаси эди. Дадам, Бобобек амакимдан у кескин фарқ қиларди. Кўккўз эди. Бундан ташқари дадам катта амакимлардек тўла эмас, баланд бўйли, қотма эди. Лекин ундан ҳам тошкентлик кўп полвонлар йиқилишган, деб айтишарди. Амакиларим, дадамнинг бирон марта ҳам кураш тушганини кўрмаганман. Лекин айтишларича, Паркент, Пискент, Бўка, Тошкентнинг ўзида анчагина обрўга эга бўлган полвонлардан эканликларини кўп эшитганман. Уйда моддий тақчиллик юз бериб қолса, улар жума кунлари курашга бориб, этак-этак пул ишлаб келишар экан.
Зулфия аммам Бобобек амакимдан кичик. Ҳаким амаким ва дадамлардан катта эди. У киши ҳам худди ака-укалари цингари баланд бўйли, қирра бурун, бақувват, полвонсифат аёл эди. Кўзлари ҳам бўй-бастига яраша йирик эди. Биз болалар ножўя иш қилиб қўйсак, у бир олайиб қараса, тирақайлаб ҳар чеккага қочиб кетардик. Аммам бир қарашда дағал, қўпол кўринсалар ҳам, диллари бўш, салга кўзлари намланадиган, аммо тез ўзларини тутиб оладиган аёл эдилар. Катта ва кенжа ўғиллари билан қўш ҳовлили уч ҳовли уйда турардилар. Ўртанча ўғиллари Миробид ака ўқитувчи, ҳозирги «Пахтакор» стадиони тушган Эгарчи маҳаллада яшарди. Миробод бозорда қаричилик сабабли сабзавот сотиб кун ўтказадиган Яккасарой маҳалласининг обрўли кексаларидан, қариндошимиз Тўлаганбек амакимнинг қизларига уйланган эди. Дадам қариндошлари Эгарчи, Ўқчи ва Миробод маҳаллаларида, ойимнинг авлодлари эса Тезиков бозорининг орқаси Яккасаройга туташ Дамариқ, Қушбеги, Қумариқ маҳаллаларида узоқ-узоқ даврлардан бери ҳовли-жой қилиб келишарди.
***
Катта амаким билан аммамнинг нима иш билан шуғулланишгани, тирикчиликлари қандай ўтганини яхши билмайман. Аммо Ҳакимбек амаким мол-мулки ажратиб олиниб, қулоқ қилингани, Украинанинг Николаев шаҳрида ўн йилча бўлганини биламан. Амакимнинг ўзлари айтиб берардилар. Битта кўрпа, иккита ёстиқ, тунука чойнак билан тўртта пиёлани қўлларига тутқазиб, вокзалга ҳайдашган. Хотинлари, катта ўғиллари Юсуфбек, иккита қизлари билан қизил юк вагонда Украинага жўнаб кетганлар.
Амаким русча, украинча яхши гапирарди. Сургунда албатта анча қийналган. Лекин унинг бахтига Николаев шаҳрининг об-ҳавоси Тошкентникига ўхшар экан. Тезда кўникиб, аввал битта чайла, кейин бир хонали лўмбоз уй қуриб олган. У украинларни жуда ҳурмат қиларди. Уни ёлғизлатиб қўйишмаганини, кечалари сут, ёғ, нон олиб келиб, ундан хабар олиб туришганини кўп гапирарди.
Амаким ўзи яхшигина деҳқон эди. У ерда ерёнғоқ, қовун, тарвуз, жўхори экиб, икки-уч йил ичида анча ўзини эплаб олибди. Ўттиз тўққизинчи йили уни юртига қайтишига рухсат беришибди. Қизим, Музроб аканг шу Ҳакимбек амакимнинг ўғли. Биз у билан тенгдошмиз. Икки ёшгина мендан катта бўлса керак.
Она юртларига қайтиб келиб, амаким турли жойларда энг оддий ишларда ишлаганлар, аравакашлик, қоровуллик қилганлар. У киши дунёдаги сиёсий аҳвол, давлат арбобларининг қилаётган ишлари ҳақида гапиришни яхши кўрардилар. Аммо фақат дадам, ойимгилар билан гаплашардилар. Бошқалар билан гаплашиш кутилмаганда яна қандай фожиалар олиб келишини билардилар.
Дадамни ҳам қулоқ қилиб юборишларига оз қолган экан. Амакиларимни, шу жумладан, дадамнинг ҳам Новқатда ерлари бўлган. Дадам ўз ерларида иморат қурмоқчи бўлибдилар. Томини ёпишаётганда кимдир ҳукумат қарори чиққан газетани кўтариб келиб қолибди. Дадам ўқиб қарасалар, қарор ошиқча ер, ошиқча иморатларни тортиб олиш ҳақида экан. Шундай томдан тушибдилар-у, усталарга жавоб бериб юборибдилар. Қоронғи тушганда аравани қўшиб, бор юкни ортиб, устига бизни ўтқазибдилар-да, Тошкентга йўл олибдилар. Эртасига ёлғиз ўзлари қишлоқ советига бориб, иморатни ҳам, ерни ҳам ҳукуматга топшириш ҳақида ариза бериб келибдилар.
Шундай қилиб қулоқ бўлиш хавфидан қутулиб қолган эканлар.
***
Умида, қизим, сенинг буванг, менинг дадам Раҳимбек Умарбеков 1956-йили 22-декабрда, пайшанба куни кечқурун оламдан ўтди.
Ойим, сингилларим, амакиваччам Музроб айвонимиздаги танча атрофида ўтирардик. Кетма-кет катта хонага кириб, бетоб дадамлардан хабар олардик. Мен кирганимда дадам кўзлари очиқ, анчагина енгил нафас олиб, шифтга қараб ётардилар. Мени кўрдилар, назаримда кўзлари билан жилмайган бўлдилар. Икки кунча бурун худди шу жойда, шу қора темир каравот ёнига мени чақириб, васият қилган эдилар. Йўқ, видолашмадилар, ўлаяпман, сен энди оиланинг каттасисан, демадилар. Хотиржамлик билан ёнларига ўтказиб, қўлимни қўлларига олдилар:
— Ўғлим, бир-иккита одамга берадиганим бор. Имкониятингиз пайдо бўлганда бериб қўйсангиз. Хўпми?
— Албатта, дада, — дедим мен юрагим орқамга тортиб. Гаплари васият эканини, ўлимга тайёргарлик кўраётганларини дарҳол фаҳмлаган эдим.
— Дада! Ўзингиз ҳали ўша одамлами кўрасиз. Туриб кетасиз яқинда! — дедим юпатишга интилиб. Ўшанда уларнинг қазо қилишларини тасаввур ҳам қилолмаган, шундай кун яқинлигига ишонмаган, ишонгим келмаган эди.
Дадам гапимни эшитиб, оҳиста қўлимни қисиб қўйдилар, қўллари ҳар доимгидек юмшоқ, иссиқ эди.
— Биттаси Юнусбек тунукачи. Ойинг уйини билади. Ракатда. Иккинчиси Тўлаганбек оппоқдаданг. Бу одамга берадиганимиз кўп эмас. Лекин барибир қарз бўйнимда кетмасин.
— Хўп бўлади, дада. Хавотир олманг. Ҳамма қарзларингизни узаман.
— Раҳмат, ўғлим. Боринг энди. Ўз ишларингизни қилинг. Мен бирпас ухлайман.
Дадамларнинг шу гаплари, овозлари ҳозир ҳам қулоғим остида, дилимда. Ўша куни хотиржам ётганларини кўриб, оёқ учида секин чиқдим. Ҳамма менга қаради.
— Ухлаяптиларми? — сўрадилар ойим.
— Уйғоқлар. Лекин тинч ётибдилар, — дедим мен. Ярим соатлардан сўнг Музроб хабар олгани кирди ва бирдан кўзлари олайиб қўрқиб чиқди:
— Муздайлар! Жавоб бермаяптилар!
Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, катта хонага отилиб кирдик.
Дадам ухламоқчи бўлиб ётганларича оламдан ўтган эдилар… Эртасига жума куни Минорга, ўзимизнинг хилхонага қўйиб келдик.
***
Опанг иккаламиз дадамнинг вафотларидан кейин кўп вақт ўтмай қарзларини топширдик. Тўлаганбек амаким олмадилар. Аммо бизни фарзандлик бурчимизни адо этаётганимиздан хурсанд бўлиб дуо қилдилар, омад, бахт тиладилар.
Дадамларни кўпчилик «Мулла Раҳимбек», «Раҳимбек оқсоқол», «Раҳимбек полвон», деб атарди. Шу мурожаатларнинг ҳаммасида у кишига нисбатан чуқур ҳурмат, эътибор борлиги кўриниб турибди.
Кўча-кўйда кетаётганимизда ҳамма, катта-кичик у киши билан сўрашарди, биринчи бўлиб салом берарди. Бунинг албатта сабаблари кўп. Дадам очиқ кўнгил, бағрикенг, сахий, халқимиз урф-одатларининг ҳаммасини чуқур ҳурмат қиладиган одам эди.
Уруш йиллари, айниқса, дадамнинг қандай одам эканликларини мен — анчагина эси кириб қолган бола, тушундим. Ҳозир ҳам у кишининг ўша пайтлари қилган ишларига, одамларга кўрсатган яхшиликларига қойил қоламан, таҳсин ўқийман. Мени у кишининг ўғли эканимни билиб қолган кексалар дарҳол қўлларини фотиҳага ёзадилар, у кишини мақтайдилар. Худодан жойлари жаннатда бўлишини тилайдилар.
Холамга, ойимнинг опасига қийналиб қолишганини кўриб, сигирларимизнинг биттасини бериб юборганлари эсимда қолган. Ўзим ҳайдаб олиб бориб берганман.
***
Қариндош-уруғ, маҳалладаги биронта маърака дадамнинг иштирокисиз, ёрдамларисиз ўтмасди. Шунинг учун уйимиз ҳар куни кечқурун гавжум бўларди. Кимгадир улар пул берардилар, кимгадир бир қоп-ярим қоп гуруч, ё сабзавот олиб бориб беришни ваъда қилардилар. У кишининг икки ғилдиракли «дувуколка» дейиладиган икки кишилик извошлари бор эди. Ишга ҳар куни шу извошда бориб келардилар. Кўпинча отни извошга мен қўшардим. Дадам текшириб, у ёқ-бу ёғини қаттиқроқ тортиб қўярдилар. Отлар ичида эсимда қолгани тўқ қизил рангдаги тўриқ от. У жуда чопқир ва йўрға эди. Менга ҳам яхши қулоқ соларди. Унинг эсимда қолгани шуки, бир йили Қўйлиқда бўлган улоқда дадамнинг ўртоқларидан бири шу отни сўраб келгани бўлди. Улоқни олди. Аммо ташлаётганда от нимадандир ҳуркиб, уни йиқитиб қочди. Бир ҳафтадан сўнг Самарқанд дарвоза томондаги экинзор ичидан топиб келдик.
Шунинг учун дадам фарзандлари урушга кетган кексаларга бозордан у-бу олиб бериб турардилар. Мен ёнларида ёрдамлашардим.
Биз уруш бошланганини ўша таррхий 1941-йилнинг 22-июни, якшанба куни кундузи эшитиб қолдик.
***
Немислар босиб олган шаҳарлардан қочиб келганлар Тошкентда асосан шу томонларда жойлаша бошлагандилар. Бунинг учта сабаби бор эди. Биринчидан, темирйўл вокзали шу томонда эди, икки чақиримча ундан берида христиан черкови қад кўтарган, рўпарасида Ўрта Осиёдаги энг катта ҳарбий госпитал жойлашган эди. Яна бир чақиримча берида, мактабимизнинг яқинида Миробод бозори, Тезиков бозори ҳам унча узоқ эмасди.
Менимча, турли шаҳарлардан ҳар куни эшелон-эшелон келаётганларнинг кўпроқ шу томонлардан турар жой сўроқлашларига сабаб шулар эди. Кўча-кўйда, бозорда тиланчилар, чўнтаккесарлар, оч-гадолар кўпайиб кетди. Ҳокимият текин ошхоналар очиб қўйган бўлса ҳам, кўчиб келаётганларнинг ҳаммасини турар жой билан таъминласа ҳам бозор ичи тўполон, тинч ўтиш қийин бўлиб қолди. Лекин бу биз болаларни ташвишга солгани йўқ. Тўполон, уруш-жанжал, қий-чувни қайси бола четлаб ўтгиси келади?
Иккита катта ҳовли атрофи иморатлар — синфлардан иборат мактабимизнинг ярмини Украина, Белоруссиядан кўчиб келганлар эгаллашди. Ўқиш икки сменада ўтадиган бўлди. Пастки синфларни аввал биринчи сменада қолдиришди. Аммо бир соат олдинга кўчиришди. Биринчи, иккинчи синф болаларининг кўпи ўқишга кечикадиган бўлиб қолди. Шундан кейин юқори синфларни биринчи сменага кўчиришди. Биз ўшанда роса қувондик. Эрта туришимиз зарурлигини, бозор-ўчарга қатнашимиз, жуда бўлмаганда нон, пахта ёғига навбат олиб қўйишимизни эсимиздан чиқарган эдик.
Мен опам билан нон, ёғга навбат олиш учун чиқардим. Кейинги ишим уйда молга қараш, тонгги соғилган сутни мижозларимизга тарқатиш, ортиб қолганини баланд овоз билан қичқириб кўча-кўйда сотиб келиш эди. Бу ишни мен бир ўзим эмас, ойимлар билан бирга қилардим. Эрталабки сут ўн литрли бидонларда уч бидон чиқарди. Икки бидон билан ойим кетардилар. Бир бидон билан ярим литрли шиша банкани кўтариб, уйқу босган кўзларимни ишқалаб-ишқалаб мен кетардим.
***
Қиш кунларининг бирида дадам уйга рус чол-кампир билан ўрта ёшли бир аёлни бошлаб келдилар.
— Бугун вокзалда эдим, келганларнинг ҳаммаси ҳар қаёққа кетишяпти. Булар туришибди. Қаёққа боришларини билишмайди. Юклари йўқ. Ленинграддан келишибди. Бошлаб келавердим. Битта хонани берамиз. Битта оила экан.
Дадам шундай деб, бизни уларга таништирдилар.
Катта хонамизни, икки эшикли, ойнавонли айвонимизнинг бир эшиги ёнидан фанер билан тўстириб, уларга ажратиб бердик. Уйда учта тўр симли темир каравот бор эди. Шуларни ҳам уларга бериб, ўзимиз ерда ётадиган болдик.
— Булар ерда ётишга ўрганмаган. Кейин учалови ҳам зиёли одамлар экан. Хотини ўқитувчи, ўзи, қизи доктор экан, — дедилар бизни ўзларича овутган бўлиб дадам.
Ленинградлик меҳмонлар тўрт йилдан зиёд, 1946-йилнинг ёзигача бизникида туришди. Бағрикенглик қилинса, кичкинажойга ҳам сиғиб кетаверилар экан. Улар уч киши бир уй, айвоннинг чорагида; ойим, опам, дадам, яна тўртта бола бир уй, айвоннинг қолган қисмида ҳеч қандай хуноб-гарчиликсиз шунча йилни ўтказдик. Улар билан бир оиладек бўлиб кетдик.
Сталинграддаги жангдан кейин ўзбек хонадонларида йиғи-сиғи кўпайиб кетди. Почталён ҳар куни қорахат кўтариб келадиган, хонадонларда кетма-кет жаноза ўқиладиган бўлиб қолди.
***
«Қорахат» деган бало бизнинг қариндошларимизникига ҳам келадиган бўлиб қолди. Биринчи бўлиб бу кулфатни аммам эшитдилар. Катта ўғиллари Аҳмад акадан қорахат келди. Сталинград остонасида бўлган жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлганларини урушдан кейин билдик. Уларни деярли тайёргарчиликсиз, жуда оз ўқитиб, урушга солишган. Баъзилар милтиқни қандай ўқлашни билмай ўлиб кетишган.
Ўша куни аммамнинг уйлари бирпасда одамга тўлди. Ҳамма қариндошлар йиғилишди. Аммо аммам, Назира келинойим жаноза очирмадилар. Қорахат келиб, орқасидан ўзи кириб келган одамлар йўқ эмасди.
— Кутаман, — деди Назира келинойим. — Балки омондирлар?
Ҳеч ким эътироз билдирмади.
Назира келинойим уч боласи билан Аҳмад акани оламдан ўтгунига қадар кутди. Адашмасам 1988—1989-йилларда у қазо қилди. Мен у хотиннинг эрига бўлган садоқати, болаларига меҳри ва матонатига таҳсин ўқийман. Аҳмаджон акадан қорахат келган кундан кейин кўп ўтмай, катта қизлари Ҳакима тутқаноқ касалига чалиниб қолди. Синглиси Шарифа билан мен биринчи синфга борганимизда у учинчи синфни битирган эди. Ўз ёшига нисбатан гавдаси катта, тўладан келган, қувноқ, шўх қиз эди у. Ўқиши ҳам яхши, ҳамма фанлардан аълога ўқирди. Касали зўрайиб, у эсини ҳам йўқотди. Дадам, ойиси, бошқа қариндошларимизнинг уни кўрсатмаган шифокорлари қолмади. Аммо Ҳакима тузалмади. Анча йиллар ўтиб, қазо қилиб кетди.
***
Иккинчи жаҳон уруши тугаганига яқинда ярим аср бўлади. Бу уруш ер юзидаги деярли барча халқлар тарихида мудҳиш, фожиали ҳодиса бўлди.
Уйимиз рўпарасидаги ҳарбий казармани мен ана шу урушнинг тугашига муносиб ҳисса қўшган катта бир карвонсаройга ўхшатаман. Шу ердан халқ белини тугиб, душман қаршисига отланди, ўлим билан юзма-юз кклди. Ватан, дўсллик, биродарлик қасамига ўзини сафарбар қилди. Даҳшатли уруш ўзбек халқининг бир сўзли халқ эканини, мард, дўстларига содиқ эканини, сабр-тоқатли, заҳматкаш халқ эканини кўрсатди. Шу билан бирга бу уруш қанча одамларнинг ёстиғини қуритди.
Қизим, Умида, мен сенга атаб, мураккаб, катта урушнинг бир кичкина бўлагини қисқача қоғозга туширдим. Лекин шу қисқача ҳикоядан ҳам ўз халқингнинг қандай эканини кўриб турибсан. У билан фахрлан. Мен — даданг каби шу халқни сев, унга содиқ бўл, унинг хизматини қил. Биламан, ишонаман, сен ўз халқингнинг обрўсига обрў қўшадиган, унинг дуосини оладиган ишлар қиласан. Қодирсан шунга, ниятингга ет, омад, бахт ҳамиша сенга ёр бўлсин!
***
Ойимлар ҳам асли тошкентликлар. Туғилган жойлари маълум — Яккасарой, Губрбоғ маҳаллаларининг пастида, Дамариқ маҳалласи бўлган. Маҳалланинг чор атрофи колхоз ерларига туташганлиги ҳали-ҳали эсимда. Дамариқнинг бошида узун болохонали қўрғон бўларди. Тўртала томони болохона, пасти турар жой, ошхона, молхона, ҳисобсиз ҳужралар. Шу қўрғонни Дўсимбой деган одам қурган. Айтишларича, у катта йилқичи савдогарлардан экан. Қўрғонга яқин жойда пахта заводи ҳам бўлган экан. Ойим, яъни бувинг шу одамнинг невараси. Сен ойимларнинг ойиларини, менинг бувимни ўқишга бўлган ҳавасинг билан эслатасан. Кўпчилик орасида Ҳожар отин деб ном олган ойимларнинг ойилари ўз даврининг анча ўқимишли аёлларидан эди. Кўп марта мен бунинг гувоҳи бўлганман. Жуда яхши Қуръон ўқирдилар, унинг сураларини содда қилиб тушунтириб берардилар. Бундан ташқари жуда кўп тарихий, бадиий китобларни ўқиб туширганларини гап орасида англаб олиш қийин эмас эди. Аммо ўзларича ҳеч маҳал ўқимишли эканликларини кўз-кўз қилишга, бошқалардан ўзларини баланд тутишга интилмасдилар. Машҳур Ҳотамтой, Хорун ар-Рашид, Лайли ва Мажнун ҳақидаги араб афсоналарини ва яна аллақанча «Минг бир кеча»дек давом этадиган эртакларни мен у кишидан эшитганман. Ким билади, балки бадиий адабиётга қизиқишни менга у киши ўргатгандир!
***
Мен бувимларни тез-тез кўришни, бизникига келишларини, ё уларникига боришни яхши кўрардим. Кўпроқ бизникига келишлари маъқул эди. Бизникига келсалар, беш-олти кун турардилар. Ҳар кеча тўйиб-тўйиб чўпчак эшитардик.
Бувимнинг ёшликларини эслатувчи бирорта расм, сурат бўлмаса ҳам уларнинг чиройли, келишган аёл бўлганлари шундай билиниб турарди. Ўрта бўйли, қирра бурун, қизил мағиз, қоматлари тик, қўллари текис, панжалари узун, юмшоқ. Мен учун бувим мақтаса, ғурурланса арзийдиган ўзбек аёлларининг ёрқин тимсоли эдилар.
Энди-энди тушуняпман, у киши оталари Дўсимбой бувамизни жуда яхши кўрганлар. Чунки атрофларида қачон болалар тўпланмасин, биз, болалар эса, кўпчилик эдик, улар кўпинча оталари ҳақида, у кишининг от миниши, улоқ тушиши, болаларни яхши кўргани ҳақида гапирардилар.
— У кишидан пўлат сандиқ қолган, — дердилар. — Қулфи, зулфи пўлатдан. Ўзи тутдан. Бу сандиқни ҳеч қурт емайди. Доим ичи тоза туради. Қулфига шундай калит солиниши билан жаранг-журунг қилиб очилади. Отам раҳматли шу сандиқда пул, ширинлик, қуруқ мева сақлардилар. Сандиқ уч бўлимдан иборат. Биттасида танга пул турарди, биттасида қуруқ мева, биттасида чақмоқ қанд. Ҳар куни отам шу сандиқни очиб, ҳамма болаларни чақирардилар. Аввал уларга пул ташлардилар. Муҳтожлик бошларингга тушмасин, деб дуо қилардилар. Кейин қуруқ мева ташлардилар. Кўряпсизларми, туршак, жийда, майиз, ёнғоқ — ҳаммаси бирга турибди. Сизлар ҳам шундай бирга, аҳил бўлиб, бир-бирларингга ҳурмат билан қараб яшанглар, дердилар. Охири чақмоқ қандни болалар устига таш¬лардилар. «Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз шу қанддек ширин бўлсин», деб яна дуо қилардилар. Ўша сандиқ ана, тахмонда турибди. Битталарингга уни, албатта, қолдириб кетаман. Яхши кунларга хизмат қилсин.
Умида, бувим оламдан ўтганларидан кейин ўша сандиқни бизникига олиб келишди. Бувим менга қолдириб кетдилар. Ошхонамизнинг олдида турган қизил тахта сандиқ Дўсимбой бувамиз болаларга атаб битта бўлагида чақ¬моқ қанд, битта бўлагида танга пул, битта бўлагида қуруқ мева сақлаган ўша сандиқ бўлади. Тураверсин, у бувнаримиз, боболаримизнинг ўз даврида анча тўқ, аҳил, тотув, бир-бирларини ҳурмат қилиб яшаганларидан нишона.
Бувимнинг катта қизлари Саври холам ҳам худди бувимлардек чиройли, келишган аёл эдилар. Мен у кишининг бирон жойда ишлаганларини билмайман.
Лекин ишлари кўп эди. Бувимдан чеварлик, мошиначилик, хуллас, турли тикув ҳунарлари у кишига ҳам ўтган эди. Хоҳ ўз уйларида бўлсин, хоҳ бизники ёки бувимларникида бўлсин, бирон нарса тикиб, қавиб ўтирардилар. Эски уйимиздаги кўпгина кўрпа, кўрпачаларни холам қавиганлар. Қўли гул аёл, дейишарди у кишини қариндош-уруғлар, таниш-билишлар.
***
Уйда бир кичкина сурат бор. Ойим билан менинг суратим. Куз бўлса керак, мен палтодаман. Ойим макентошдалар. Бошларига рўмол ўраб олганлар. Бир сиқим қора сочлари рўмол тагидан пешаналари устида чиқиб турибди. Сураткаш иккаламизни фотоаппаратга қараб туришимизни талаб қилган бўлса керак, мен кўзларимни катта очиб, тикилиб турибман. Ойимларнинг ҳам нигоҳлари шу томонда. Лекин менга қарамаётган бўлсалар ҳам меҳр тўла кўзлари, бутун вужудлари, диллари менда экани сезилиб турибди.
Одам қариганида, болали, неварали бўлганида ҳам ота-она меҳрига зор бўлар экан. Қани энди ҳозир ойим тирик бўлсалар, юртимдан олис бир жойда Худодан шифо тилаб шифтга қараб ётган пайтимда ёнимга келсалар, ғадир-будур, аммо иссиқ қўлларини пешанамга қўйиб, мени юпатсалар. Қани энди уларнинг тиниқ, ширали овозларини эшитсам? Албатта, улар мени юпатадиган, кўнглимни кўтарадиган гаплар топардилар. Йўқ, менга ҳозир уларнинг гаплари ҳам керак эмас, ўзларини кўрсам кифоя эди. Ким билади, балки мен ҳозир уларни эслаб, ўзимнинг манфаатимни ўйлаб шундай деяётгандирман? Балки, менинг ҳозирги аҳволимни кўрмаганлари маъқулдир. Кўрсалар эзилиб кетармидилар? Аммо биламан, оғиримни енгил қилиш учун ўзларини ўтга, сувга уриб, Худодан менга шифо тилардилар.
Дадамлар-чи? У киши ҳам шундай. Сира эсимдан чиқмайди. Учинчими, тўртинчи синфда ўқийман. Қишда бирдан жағ тишим оғриб қолди. Кечаси билан ухламай, думалаб чиқдим. Аҳволимни кўриб, ойим ҳам, дадам ҳам ухлашгани йўқ. Намакоб қилиб, ғарғара қилдириб кўришди. Маргансовка билан ҳам чайдиришди. Иссиқ гувалага юзимни қўйиб ётқизишди. Қани энди оғриқ босилса?! Эрталабга бориб, яна зўрайиб кетди. Дод, деб йиғлаб юбордим. Дадамнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Извош қўшишни кутмай, тезда мени кийинтириб трамвайда Эски Жўвага олиб бордилар. Шу ерда бир таниш тиш дўхтири бор экан. Доктор кўриб, бирпасда оғриқ тишни суғуриб олди. Ҳатто сезмай ҳам қолдим. Анча йиринг чиқди. Кейин бирдан оғриқ қолди. Дадам мени қучоқлаб, бағриларига босдилар.
У киши ҳозир менинг аҳволимни кўрсалар, эс-ҳушларини йўқотиб қўйишларига аминман. Йўқ, яхшиси улар ҳозирги ҳолатимни кўрмаганлари маъқул. Балки, кўриб туришгандир? Балки, Яратганнинг ўзидан менга шифо тилашаётгандир? Уларнинг илтижолари билан, қизим, сенинг, опангнинг илтижолари билан Худо менга шифо бераётгандир? Ажаб эмас шундай бўлса!
Дада, ойи! Жойларингиз жаннатда бўлсин. Ҳар куни Худодан мен шуни сўрайман. Қандай фарзанд эдим сизларга, фарзандлик бурчимни қандай адо этдим? Буни сизлар, ўзингиз биласизлар. Худо билади. Аммо мен сизлардек отам, онам бўлганидан фахрланаман.
Умида, қизим, сен бувангни билмайсан. Лекин оз бўлса ҳам бувингни кўргансан. Унутма уларни. Улар яхши одамлар эди. Ҳалол меҳнат билан яшашди, бировнинг ҳақига хиёнат қилишгани йўқ, қўлларидан келганича одамларга яхшилик қилишди. Бизни, яъни мен — дадангни, амакинг, аммаларингни ўқитишди, покиза, ҳалол яшашга ўргатишди.
***
Мен ойимни саводсизликни тугатиш курсига қатнай бошлаган пайтларидан бошлаб эслайман. Ўшанда демак, уч-тўрт ёшли бола эдим. Курс кўчамизнинг охиридаги клубда жойлашган эди. Ойим мени ҳам олиб борардилар. У ерда беш-ўнта қизга эски ўзбек тилидан ўргатардилар, ўзлари эса бошқа курсга кириб, лотин алиибосини ўрганардилар. Шу клубдан бир муюлиш нарида Миробод бозорининг дарвозасидан берироқда Абдулла Авлонийлар уйи жойлашган эди. Мен кўп вақт ойим билан, баъзан дадам билан шу уйга келиб турардик. Ойимларнинг айтишларича, Абдулла Авлоний уларга шахматни ўргатган, ёзув-ўқувларидан ҳам хабардор бўлиб турган. Аммо мен Абдулла Авлонийни кўрмаганман. Дадам томонидан бу буюк маърифатчи олим, шоирнинг қандайдир қариндошлиги бор, дейишади. Лекин гап бунда эмас. Абдулла Авлоний бутун ўзбек халқининг қариндоши, фахри ва унутилмас фарзандидир.
***
Абдулла Авлонийникида улуғ одамларнинг йиғилиб туришлари қариндош-уруғ, таниш-билишларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Масалан, дадам адабиётдан четда бўлишларига қарамай, адабиёт, санъатга меҳр қўйганлар, санъаткорлар, ёзувчилар билан яқин муносабатда бўлганлар. Йимус Ражабий, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Ғафур Ғулом, Карим Мўминов ва бошқа бир қанча адиб, санъаткорлар бизникида тез-тез бўлиб туришарди.
***
Бир куни мактабдан келсам, ойим китоб ўқиб ўтириб, йиғлаяптилар. Дадамлардан хавотир олиб, чўчидим, олдиларига югуриб бордим.
— Ойи! Тинчликми?
— Э, болам, тинчлик қаёқда? — дедилар ойим китобдан бошларини кўтармай. — Ер юткур Зайнаб Кумушни заҳарлаб қўйди!..
Анча енгил тортдим. Гап шундаки, А. Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини мен ўқимаган бўлсам ҳам мазмунлари билан таниш эдим. Дадам, ойим биз болаларга айтиб беришган эди.
Араб алифбосида чоп этилган эски китоб яна ойимларнинг қўлларига тушиб қолибди. Ошхонани супураётиб, кўмир яшиклар орқасидан топиб олибдилар. Қизиқиб кетиб, яна ўқишга тушибдилар. Китобнинг ярми йўқ эди. Ёшларини артар эканлар, мени огоҳлантирдилар.
— Мактабда тағин шу китобни ўқиётганимни айтиб ўтирма. Қодирийни халқ душмани қилиб юборишган.
Ваъда бердим. Аммо овоз чиқариб ўқишларини илтимос қилдим. Тўрт кечами, беш кечами оз-озгинадан ўқидилар. Бутун оила бўлиб эшитдик. Давоми йўқ эди.
Шунда дадам кимларда борлигини айтдилар. Бир танишимизникига опам, иккинчисиникига мен бордим. Исми шарифини айтмайман, мен борган одам, дадамнинг яқин ўртоқларидан бири, мактабимиз ўқитувчиси эди.
Илтимосимни эшитиб, у киши узоқ бошини эгиб ўтирди.
— Вақти келиб бу китобни ўқийсан, — деди ахийри. — Лекин ҳозир ҳеч кимдан суриштирма, Менда ҳам йўқ.
Унда борлигини фаҳмладим, лекин жавоби менга кифоя эди. Опам ҳам китобни тополмадилар.
Орадан икки-уч ой ўтгач, ойимнинг ўзлари қаердандир шу китобни топиб келдилар. Бошидан охиригача ўқиб бердилар. Китобни ўқиётгандаги ҳаяжондан дам титраган, дам йиғи аралашган овозлари ҳамон қулоғим остида.
«Ўткан кунлар» — улуғ китоб. Фақат ўзбек адабиётининг эмас, бутун мусулмон халқлари маданиятининг фахри.
Абдулла Авлонийнинг: «Миллат бари арбокаш-у ҳаммолдир, афти-ангори қаро, кийгани жулдур-жулдур» сатрларини ўша йиллари дадамдан эшитганман.
***
Ойим шовқин-суронсиз, шикоятсиз, сокин, тинч умр кечирдилар. Шундай сокин, тинч, шикоятсиз оламдан ўтдилар.
Шифокорлар имконлари борича, у кишининг оғриқсиз, узоқ умр кўришларига ҳаракат қилишди. Аммо ҳамманинг пешанасига ёзилгани бўлади. Саксон икки йил яшаб, ойинининг бировга оғирликлари тушганини, бировдан ўпкаланганларини билмайман. Ойим чинакам ўзбек аёли эдилар.
***
Назаримда Москвада мени даволай бошлаганларидан бери, анчагина дилим тинчиб, қўлимга қалам оладиган ҳолатга келганимдан бери сенга атаб ёзмоқчи бўлганларим ниҳоясига етиб қолди. Ҳозирча кифоя. Худо хоҳласа, уйга қайтсам, эсимга тушган воқеаларни ёзиб берарман. Хатларимнинг сўнгида устоз Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб, сенга, қизим, берадиган иккита маслаҳатим бор.
Биринчиси:
— Бу дунёда опангчалик сенга меҳрибон, яқин, азиз, сендан жонини ҳам аямайдиган одам йўқ. Бирга бўл. Ёлғизлатиб қўйма. Асра.
Иккинчи маслаҳатим:
— Давр ўзгариб кетди, қадриятлар ўзгарди. Лекин ҳамма даврда ҳалол меҳнат, поклик, одамийлик қадрланган. Шу ёдингда бўлсин.
Ёлғизим, суюклигим, хайр, омон бўл, бахтли бўл.
25 yanvar — O’zbekiston xalq yozuvchisi O’lmas Umarbekov tavallud topgan kun
Shunday iste’dod egalari borki, tengdoshlari va zamondoshlarining hurmat-ye’tiborini qozonish baxtiga muyassar bo’ladilar. Buning ustiga o’z zamondosh ustozlari e’zozidan , bahra topadilar. Ijoddagi bunday holat faqat o’sha iste’dodning baxtigina bo’lib qolmay, balki u mansub bo’lgan adabiyotning ham omadi, ravnaqidan bir dalolatdir. Bizning adabiyotimiz baxtiga bunday chinakam iste’dod sohiblari anchagina.
O’lmas Umarbekov ham ana shunday iste’dodlar orasidan o’ziga munosib o’rin egallab kelayotgan sermahsul, hozirjavob adiblar sirasiga kiradi. Uning tarjimai holi ham o’z tengdoshlariniki kabi oddiy. U 1934 yili Toshkentda tug’ilgan. O’rta maktabni muvaffaqiyatli tugatgach, Toshkent Davlat dorilfununining filologiya
fakultetiga kirib, 1956 yilda uni a’lo baholarga bitirdi. «Men ham yoshligimda ko’p narsaga qiziqqanman, — deb hikoya qiladi yozuvchi.—Keyinchalik, uchuvchilikni orzu qilgan edim, bog’bon ham bo’lmoqchi bo’lganman. Ammo adabiyot hamma orzularimdan kuchlilik qildi. Shuning uchun bo’lsa kerak, o’rta maktabni tugatganimda hech ikkilanmasdan Toshkent dorilfununining filologiya fakultetiga kirdim. Nazarimda, adashmagan ekanman. Endi bo’lsa, adabiyotsiz, badiiy ijodsiz hayotimni tasavvur qilolmayman».
Mana, shunga ham qariyb o’ttiz besh yil bo’ldiki, u tinimsiz izlanish, ijod bilan band. Shu kungacha uning o’nlab hikoyalari, qissalari, «Odam bo’lish qiiyin» romani, «Qiyomat qarz», «Shoshma quyosh», «Oqar suv», «Sud», «Komissiya», «Kuzning birinchi kuni», «Arizasiga ko’ra», «Kurort», «Yer yonganda» kabi o’nlab dramatik asarlari yaratildi. Shuningdek, «Ikki soldat haqida qissa», «Radi drugix», «Vstrecha u visokix snegov» kabi kinofilmlar uchun ssenariylar yozdi. «Odam bo’lish qiyin» romani (1971) respublika komsomol mukofotiga, «Ikki soldat haqida qissa» (1977) Hamza nomidagi Respublika Davlat sovriniga, «Damir Usmonovning ikki bahori» qissasi esa (1984) N. Ostrovskiy nomidagi Butunittifoq adabiy mukofotiga sazovor bo’ldi. Uning tug’ilganiga 50 yil to’lishi munosabati bilan O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi faxriy unvoni berildi. Va nihoyat,1992 yilda «O’zbekiston xalq yozuvchisi” degan yuksak sharafga ega bo’ldi.
Oddiy jurialistlikdan ish boshlagan O’lmas Umarbekov bu yillar davomida respublika radiosida muharrir, bosh muharrir bo’lib ishladi. 1971-1974 yillarda esa Uzkompartiya Markazqo’mida avval madaniyat bo’limida instruktor, so’ng radio, televidenie sektorining mudiri bo’lib xizmat qildi. Qariyb o’n yilga yaqin «O’zbekfilm»ga boshchilik qildi. 1982 yilga kelib, O’zbekiston madaniyat vazirining o’rinbosari, keyinroq vazir bo’lib faoliyat ko’rsatdi. Ko’p o’tmay u O’zbekiston Yozuvchilari uyushmasiga rais (1985) etib saylandi. Ayni chog’da Osiyo va Afrika yozuvchilarining birdamlik qo’mitasining raisi, O’zbekiston respublikasi Oliy Kengashi noibi etib saylandi. Nihoyat, 1989—1991 yillarda u Respublika Vazirlar mahkamasi raisining o’rinbosari bo’lib ishladi.
U qaysi jabhada, nima ishda ishlamasin, ijodning qaysi turida, qaysi mavzuida asar yaratmasin, hamisha o’z eli, yurti g’ami bilan yashadi. Ular yelkasidagi turmush yukini yengillashtirishga intildi. Ayniqsa, badiiy asarlarida xoh u hikoya, xoh qissa yoki roman bo’ladimi, xoh sahna asari bo’ladimi, hamma-hammasida insonlardagi ma’naviy-axloqiy fazilatlarni ardoqlashga, ulug’lashga intilib keldi, xalq yozuvchisi darajasiga ko’tarildi. Bu har bir ijodkor uchun katta baxt, hayot va ijod oldidagi maqsada hamdir. O’lmas Umarbekov ham shunday baxt qushi qo’nganlardan biridir.
O’lmas UMARBEKOV
«QIZIMGA MAKTUBLAR» KITOBIDAN
Bu dunyoga kelganlarning, albatta, ketmog’i bor. Kimdir bir kun oldin, kimdir bir kun keyin… Ketadi-yu, qaytmaydi. Mangu dunyo abadiy uni o’z quchog’iga oladi.
Ketmog’i yaqin qolganini kishi sezganda cho’chimaydi, ammo turli o’ylar qurshoviga tushadi, kechgan, kechirganlarini eslaydi, olis, yaqin odamlar ko’z oldidan o’tadi.
Men bilan ham shunday bo’ldi. Kasalxonada yotarkanman, vaqtim, irodam yetganicha, ko’nglim ko’targanicha o’ylarga, xotiralarga berilib ketib, shularni yozdim.
Umida! Qizim…
28-oktabr, 1993-yil. O’n kun davom etgan tekshirish, o’rganishlardan so’ng qandaydir aniqlik paydo bo’ldi. Davolovchi vrach Tatyana Dmitrievna kelib, qo’limni siqdi.
— Kasalingiz biz xavotir olganchalik ildiz otmagan ekan. Nafas atrofidan boshqa hamma a’zolaringiz sog’. Kasal nafas yo’llariga o’tmagan. Bir-ikki kun ichida konsilium qilamiz. Radiologlar, bosh xirurg, direktor bilan maslahatlashamiz. Menimcha, sizni avval davolashimiz, keyin operatsiya qilib, kasallikni olib tashlashimiz kerak.
Istarasi issiq, nigohi samimiy shifokorning bu so’zlaridan quvonib ketdim. Vujudim ilib, kayfiyatim ko’tarildi. Minnatdorchilik bildirib, telefonga yugurdim. Tekshirish natijalaridan Zuhra qisman xabardor bo’lsa ham o’zimning og’zimdan xushxabarni eshitgani ma’qul edi.
Qiynalib gapirsam ham Zuhra meni angladi, shu zahoti, xuddi men kabi u ham o’zgarib ketdi. Yozning boshlaridan beri birinchi marta uning ovozida sevinch ohanglari paydo bo’lganini sezdim. Telefonni yorib yuborguday bo’lib, hozir yetib boraman, dedi. Boshim osmonda edi. Xudoga shukur. Demak, bir qancha vaqt
tomog’imni radiatsiya nurlari bilan davolashadi. Toshkentda o’n marta nurlanganimda shu ishlar birmuncha kamaygan edi. Kasalim tarixida yozilgan. Kim biladi, balki bu yerda shuni e’tiborga olishdimikan? Konsiliumda ham shunday qarorga kelishsa, o’zimni baxtli hisoblardim. Taxminan bir oy, bir yarim oydan so’ng uyga qaytishim mumkin. Qizim, seni ko’raman, ukalarim, do’st-birodarlarimni ko’raman. Umida, seni juda sog’indim. Deyarli har kecha qo’ng’iroqdek ovozingni eshitgandek bo’laman. Ko’z oldimda o’zing paydo bo’lib, ko’zlaring yonib: «Ada! Keldim!» — deysan-da, yonimga kelib, yuzimdan o’pgandek bo’lasan. Ko’p emas, atigi ikki haftadan beri Moskvada bo’lsam ham, har kuni sening o’qishdan qaytayotgan payting, o’z kaliting bilan darvoza-eshikni sharaqlatib ochishing, shaxdam qadamlar bilan taq-tuq, taq-tuq qilib ayvonga ko’tarilishing ko’z oldimdan o’tadi. «Ada! Men keldim!..» Qizim, jonim, seni yana ko’radigan bo’ldim. Orzum eson-omon uyga qaytmoq edi, niyatimga yetadiganga o’xshayman. Xudo xohlasa, marhamat qilsa, bir oy, bir yarim oylardan so’ng tuzalib qaytaman…
Mening bir hikoyalar va qissalar kitobim bor. Unga «Oq qaldirg’och» deb nom qo’yganman. Oltmishinchi yillarning oxirlarida Bulg’oriyada bo’lganimda bulg’or adabiyotining mashhur, el orasida katta obro’ga ega klassik yozuvchisi Emin Pelikning shu nomdagi hikoyasini o’qigan edim. Hikoya katta emas. Mazmuni shunday. Bir dehqon bug’doy pishig’i mahali dalaga, o’rimga ketayotganida bo’yiga yetgan qizi ham unga ergashadi. Hamma o’rtoqlarim ketishyapti, meni ham olib boring, deb otasidan iltimos qiladi. Ota rozi bo’ladi. Yoz. Kun issiq. Qiz dalada bir daraxtning ostida o’rimdan charchab dam olgani yotadi va uxlab qoladi. Uyqusida ko’kragi muz bo’lib ketayotganini sezadi. Cho’chib uyg’onib qarasa, ko’krak ustida kulcha bo’lib, ilon yotgan emish. Dod solib, qiz uni uloqtiradi. Hamma uning ovozini eshitib, yugurib keladi. Qiz bo’lgan voqeani aytib beradi. Shu kundan boshlab u kasalga chalinib qoladi: ovqatlanmaydi, uxlamaydi, ko’ngli ag’dariladigan bo’lib qoladi.Ota-ona uni hamma yaqin oradagi shifokorlarga, tabiblarga ko’rsatishadi. Ammo qiz tuzalmaydi. Kimdir ularga qizingiz oq qaldirg’ochni ko’rishi kerak, shunda tuzaladi, deb maslahat beradi. Er-xotin aravaga qizlarini yotqizib, oq qaldirg’och qidirib ketishadi. Ular telegraf ustunlariga tortilgan simyog’ochlar ostida qishloqma-qishloq, shaharma-shahar uzoq kezishadi, oq qaldirg’ochni topishga qizlarini ishontirishadi. Qiz shu ishonch bilan yashaydi. Umid bilan simyog’ochlarga, osmonga tikiladi.
Tatyana Dmitrievna o’z hamkasblari bilan menga shunday ishonch berishdi. Nurlanish, kimyoviy terapiya bundan bu yog’iga mening oq qaldirg’ochim. Men uni topaman, uni ko’raman. Zora bu go’zal, beozor qush menga ham Xudoning shifosini olib kelsa?!
Ikkinchi qaldirg’ochim — jonimdan ham aziz qizim Umida. Uning uchun yashashga intildim, hamma xayolim, quvvatimni jamlab, sihatimni yaxshilashda shifokorlarga yordam berishim kerak.
Moskvaga jo’nayotgan kunimiz Umida bilan xayrlashuvim ko’z oldim¬dan ketmaydi. Erta turib kiyinayotganimda u oldimga keldi. Bo’ynimdan quchoqlab yuzini yuzimga qo’ydi. Sezib turibman, maktabga borgisi yo’q. Ikki-uch kundan beri u litseyga o’tgan edi, o’qishdan qolishi kerak emas. Shuning uchun qattiq bag’rimga bosdim, o’qishdan qolishiga, samolyotgacha meni ukam, singlim bilan birga kuzatib qo’yishiga zarurat yo’q. Keyin u ham eziladi, men ham. Oddiygina xayrlashgan ma’qul.
— Nima olib kelay Moskvadan? — so’radim uni qo’yib yuborib. Shu bilan shunday xayrlashganim kifoya, degandek bo’ldim. U aqlli qiz — tushundi. Jilmayib:
— Hech narsa. Tuzalib qaytsangiz bo’ldi, ada, — dedi.
— Albatta qaytaman.
Shunday deb yelkasiga bir-ikki qoqib qo’ydim. U ohista yurib, o’z xonasiga o’tdi. Portfelini olib, ayvondan tushayotganda, orqasiga qaytdi:
— Xayr, ada! Mendan xavotir olmang! Sog’ayib keling! Men qo’limni silkitdim.
Oxirgi ko’rishganimiz shu. Oxirgi deyapman-u, uni yana ko’rishimga, hali ko’p u bilan birga bo’lishimga ishonaman. O’z oyog’im bilan uyga kirib boraman, bag’rimga bosib, issiq peshanasidan o’paman. Zuhra telefonda u bilan gaplashib turibdi. Har gal gaplashib kelganida undan salom aytadi. O’qishlari yaxshi emish. Ingliz tilidan, matematika, fizikadan besh baho olayotgan emish.
***
Umida, jonim qizim! Yaxshiyam Xudo bizga seni berdi.
Opang kabi men uchun ham eng aziz, eng qimmatli, eng shirin va shakar odamsan. Sening baxtli bo’lishingni qanchalik istashimni bilsang edi! Omon bo’l, qizim. Barcha orzularingga yet. Men har kuni Xudodan opang bilan sening baxtingni so’rayman. Uzoq umr ko’rishingni, niyatlaringga yetishingni so’rayman. Har qanday balo-qazolardan seni asrashini, sendan, opang, ammalaring, Akmal akangdan marhamatini ayamasligini so’rayman. Arzandam, yolg’izim, agar ba’zida seni urishgan bo’lsam, kechir. Faqat yaxshi niyatda shunday qilganman. Seni yaxshi ko’rishimni, hech kimga ishonmasligimni yaxshi bilasan. Qizim, agar taqdir taqozosi bilan endi ko’rishmay qolsak, opangni ehtiyot qil. Bechora opang men bilan ko’p azob chekdi. Sen uni hurmat qil. Yolg’izlatib qo’yma. Qattiq gapirma, yaxshi gapingni ayama. Iloji bo’lsa doim birga tur. Qizim, hayotingga gard yuqmasin, baxtli bo’l. Omon bo’l, farishtam, arzandam!..
O’zbekistonim, sevikli yurtim! Ne-ne jafolar sening boshingga, farzandlaring boshiga tushmadi?! Shaharlaring, qishloqlaring dushmanlar oyog’i ostida necha bor toptaldi, yondi, farzandlaring qirildi, qul qilib sotildi. Sen baribir qad ko’tarding, kul bo’lgan shahar, qishloqlaring qaytadan bunyod bo’ldi, husniga husn qo’shildi. Elimiz, yerimiz dong’ini jahonga taratgan yigit-qizlaring seni kaftlariga ko’tardilar. Kimni aytay? Bobolarimiz Temur, Ulug’bek, Bobur Mirzolarnimi? Momolarimiz Zebunniso, Nodira, Uvaysiylarnimi? Ahmad Yassaviy, Beruniy, Xorazmiylarnimi? Cho’lpon, Botu, Avloniy, Qodiriylarnimi? Usmon Nosir, Oybek, G’afur G’ulomlarnimi? Sen yana yashnab ketasan, seni bo’stonga aylantirayotgan xalqing hech kam bo’lmaydi. Sen davr suradigan zamon keldi. Shu zamonni, mustaqil hayot zaminini ko’rayotganlarga men chin yurakdan zafar, omad tilayman. Nasib etsa oz bo’lsa ham ularga qo’limdan kelganicha yordam beraman.
Yurtim, O’zbekistonim, qadrdon, tug’ishgan elim! Cho’chima! Sen tarix ko’rgansan, ba’zilar chipta kovush kiyib yurganlarida, sen charm etik, zar to’nda yurgansan, shaharlar ko’rgansan. Muhimi, yo’q bo’lib ketganing yo’q — borsan, hayotsan! Davlat ko’rgan xalq xor bo’lmaydi. O’z yo’lini topadi. Avlod-avlod bolalaring rohatini ko’rasan. Yillar keladi, hozir senga shart qo’yayotganlar o’z shartlaridan qaytib, senga do’stlik taklif qiladilar, hech qanday shartsiz, g’urur va kiborsiz. Xudo o’zi yor bo’lsin senga!
***
Qog’ozlarni oldimga qo’yib, qo’limga qalam oldim. Fikrlarim ravshan, ko’nglim tinch. Shundan bo’lsa kerak, eng avvalo qizimni o’ylab ketdim. Kecha tug’ilgan kuniga birinchi marta hech narsa sovg’a qilmadim. Opasi Moskvadan jo’natgan narsalar o’z yo’liga. Men o’z qo’lim bilan unga biron narsa olib berishim kerak edi. Darvoqe, esimga tushdi. Moskvaga jo’nayotganimda unga yangi avtomat ruchka va shunday avtomat qalam berdim. Mabodo tug’ilgan kuninggacha qaytmasam, dedim. Og’zi qulog’iga yetib jilmaydi. O’zingiz ishlating, dedi. Men javob bermay, boshidan o’pdim.
Shularni o’ylab ketib, uning bolaligida bergan bir savoli esimga tushdi. Ada, buvam, buvimlar haqida, o’zingizning bolaligingiz, opamlar haqida gapirib bering, hech narsa bilmayman, deb so’ragan edi u. O’shanda xo’p, deb kulib qo’ya qolgan edim. Shunchalik uyda kam bo’lardim, o’tmishni eslashga vaqt bormidi u paytlari? Mana endi nazarimda shunday vaqt keldi. Albatta, qizimni yonimga o’tqazib, gapirib berish imkoniyatidan hech xayolga kelmagan kasallik oqibatida mahrumman — ovozim yo’q. Davolanishdan bo’sh vaqtlarim faqat yozishim mumkin. Ammo kimyoviy dori, nurlanish boshni aylantirib, ko’ngilni ag’darar ekan, lohas qilib, anchagina bo’shashtirib qo’yar ekan. O’zimga kelgan daqiqalarda, davolanish bo’lmagan kunlari o’tmishdan esimga tushganlarni, mayli, yozay. Shu mendan qizimga esdalik bo’lsin.
Bobosi, buvisining hayotlari bilan, opasi va mening yoshligim bilan oz bo’lsa ham tanishsin. Bafurja yozishga ko’zim yetmayapti. Sezishimcha, vaqtim kam, keyin uzoq yillarni qayta eslashga sharoit yo’q. Ammo qo’limdan kelganicha urinib ko’raman. Ammo yozganlarimni hozir jo’nataman. Tuzalib ketsam, o’zim olib borib qo’liga beraman. Tuzalmasam… opasi — Zuhra olib ketadi…
Umida, qizim, Seni o’ylab yozayapman. O’qi, ota-bobolaring kimligi bilan tanish.
Men asli toshkentlikman. Hovlimiz Toshkentning hozirgi «Rossiya» mehmonxonasi bilan vokzalga boradigan tramvay yo’li o’rtasida bo’lgan. Men shu yerda tug’ilganman. Hovlimiz katta, yigirma sotixcha kelardi, bundan tashqari olti sotix atrofida boloxonali molxonamiz ham bor edi. Molxonaga alohida eshikdan kirilardi, ko’zga uncha tashlanmasdi.O’sha paytlari bizning hovlimizdan Mirobod mahallasining shimol tomoni boshlangan.
***
Shimoldan pastga qarab ketgan, ketma-ket tushgan uylarda asosan qarindoshlarimiz yashashardi. Ulardan keyin rus qo’ralari boshlanardi. Bobong — mening otam Rahimbek akaning uch akasi va bir opasi borligini bilaman. Dadamning eng katta akalari Karimbek polvonni ko’rmaganman. Aytishlariga qaraganda baland bo’yli, yelkador, juda kelishmagan odam bo’lgan. U kishining o’g’li Turg’unbek akani ko’p ko’rganman, ko’p u bilan birga bo’lganman. Baland bo’yli, mo’ylovdor, ovozi uyni titratadigan odam edi. Unga qiyos qilsa, albatta otasi, Karimbek polvon ham shunday odam bo’lgan.
Dadamning undan keyingi akasi Bobobek polvon edi. Esingdami, opang juda ko’p marta Chilonzorda yashaydigan Rahima ammangga telefon qilardi, unga zarur dorilar topib berib turardi. Bobobek polvon ana shu Rahima ammangning adasi, men uni es-es bilaman. Urushdan oldin qazo qilib ketgan. Uni ko’mish marosimi ham esimda. Odam juda ko’p bo’lgan, Toshkentdagi polvonlar, aytishlaricha, Farg’ona vodiysidagi polvonlar ham u bilan vidolashgani kelishgan.
Hakim polvon dadamning eng kichik akasi edi. Dadam, Bobobek amakimdan u keskin farq qilardi. Ko’kko’z edi. Bundan tashqari dadam katta amakimlardek to’la emas, baland bo’yli, qotma edi. Lekin undan ham toshkentlik ko’p polvonlar yiqilishgan, deb aytishardi. Amakilarim, dadamning biron marta ham kurash tushganini ko’rmaganman. Lekin aytishlaricha, Parkent, Piskent, Bo’ka, Toshkentning o’zida anchagina obro’ga ega bo’lgan polvonlardan ekanliklarini ko’p eshitganman. Uyda moddiy taqchillik yuz berib qolsa, ular juma kunlari kurashga borib, etak-etak pul ishlab kelishar ekan.
Zulfiya ammam Bobobek amakimdan kichik. Hakim amakim va dadamlardan katta edi. U kishi ham xuddi aka-ukalari singari baland bo’yli, qirra burun, baquvvat, polvonsifat ayol edi. Ko’zlari ham bo’y-bastiga yarasha yirik edi. Biz bolalar nojo’ya ish qilib qo’ysak, u bir olayib qarasa, tiraqaylab har chekkaga qochib ketardik.
Ammam bir qarashda dag’al, qo’pol ko’rinsalar ham, dillari bo’sh, salga ko’zlari namlanadigan, ammo tez o’zlarini tutib oladigan ayol edilar. Katta va kenja o’g’illari bilan qo’sh hovlili uch hovli uyda turardilar. O’rtancha o’g’illari Mirobid aka o’qituvchi, hozirgi «Paxtakor» stadioni tushgan Egarchi mahallada yashardi.
Mirobod bozorda qarichilik sababli sabzavot sotib kun o’tkazadigan Yakkasaroy mahallasining obro’li keksalaridan, qarindoshimiz To’laganbek amakimning qizlariga uylangan edi. Dadam qarindoshlari Egarchi, O’qchi va Mirobod mahallalarida, oyimning avlodlari esa Tezikov bozorining orqasi Yakkasaroyga tutash Damariq, Qushbegi, Qumariq mahallalarida uzoq-uzoq davrlardan beri hovli-joy qilib kelishardi.
***
Katta amakim bilan ammamning nima ish bilan shug’ullanishgani, tirikchiliklari qanday o’tganini yaxshi bilmayman. Ammo Hakimbek amakim mol-mulki ajratib olinib, quloq qilingani, Ukrainaning Nikolaev shahrida o’n yilcha bo’lganini bilaman. Amakimning o’zlari aytib berardilar. Bitta ko’rpa, ikkita yostiq, tunuka choynak bilan to’rtta piyolani qo’llariga tutqazib, vokzalga haydashgan. Xotinlari, katta o’g’illari Yusufbek, ikkita qizlari bilan qizil yuk vagonda Ukrainaga jo’nab ketganlar.
Amakim ruscha, ukraincha yaxshi gapirardi. Surgunda albatta ancha qiynalgan. Lekin uning baxtiga Nikolaev shahrining ob-havosi Toshkentnikiga o’xshar ekan. Tezda ko’nikib, avval bitta chayla, keyin bir xonali lo’mboz uy qurib olgan. U ukrainlarni juda hurmat qilardi. Uni yolg’izlatib qo’yishmaganini, kechalari sut, yog’, non olib kelib, undan xabar olib turishganini ko’p gapirardi.
Amakim o’zi yaxshigina dehqon edi. U yerda yeryong’oq, qovun, tarvuz, jo’xori ekib, ikki-uch yil ichida ancha o’zini eplab olibdi. O’ttiz to’qqizinchi yili uni yurtiga qaytishiga ruxsat berishibdi. Qizim, Muzrob akang shu Hakimbek amakimning o’g’li. Biz u bilan tengdoshmiz. Ikki yoshgina mendan katta bo’lsa kerak.
Ona yurtlariga qaytib kelib, amakim turli joylarda eng oddiy ishlarda ishlaganlar, aravakashlik, qorovullik qilganlar. U kishi dunyodagi siyosiy ahvol, davlat arboblarining qilayotgan ishlari haqida gapirishni yaxshi ko’rardilar. Ammo faqat dadam, oyimgilar bilan gaplashardilar. Boshqalar bilan gaplashish kutilmaganda yana qanday fojialar olib kelishini bilardilar.
Dadamni ham quloq qilib yuborishlariga oz qolgan ekan. Amakilarimni, shu jumladan, dadamning ham Novkatda yerlari bo’lgan. Dadam o’z yerlarida imorat qurmoqchi bo’libdilar. Tomini yopishayotganda kimdir hukumat qarori chiqqan gazetani ko’tarib kelib qolibdi. Dadam o’qib qarasalar, qaror oshiqcha yer, oshiqcha imoratlarni tortib olish haqida ekan. Shunday tomdan tushibdilar-u, ustalarga javob berib yuboribdilar. Qorong’i tushganda aravani qo’shib, bor yukni ortib, ustiga bizni o’tqazibdilar-da, Toshkentga yo’l olibdilar. Ertasiga yolg’iz o’zlari qishloq sovetiga borib, imoratni ham, yerni ham hukumatga topshirish haqida ariza berib kelibdilar.
Shunday qilib quloq bo’lish xavfidan qutulib qolgan ekanlar.
***
Umida, qizim, sening buvang, mening dadam Rahimbek Umarbekov 1956-yili 22-dekabrda, payshanba kuni kechqurun olamdan o’tdi.
Oyim, singillarim, amakivachcham Muzrob ayvonimizdagi tancha atrofida o’tirardik. Ketma-ket katta xonaga kirib, betob dadamlardan xabar olardik. Men kirganimda dadam ko’zlari ochiq, anchagina yengil nafas olib, shiftga qarab yotardilar. Meni ko’rdilar, nazarimda ko’zlari bilan jilmaygan bo’ldilar. Ikki kuncha burun xuddi shu joyda, shu qora temir karavot yoniga meni chaqirib, vasiyat qilgan edilar. Yo’q, vidolashmadilar, o’layapman, sen endi oilaning kattasisan, demadilar. Xotirjamlik bilan yonlariga o’tkazib, qo’limni qo’llariga oldilar:
— O’g’lim, bir-ikkita odamga beradiganim bor. Imkoniyatingiz paydo bo’lganda berib qo’ysangiz. Xo’pmi?
— Albatta, dada, — dedim men yuragim orqamga tortib. Gaplari vasiyat ekanini, o’limga tayyorgarlik ko’rayotganlarini darhol fahmlagan edim.
— Dada! O’zingiz hali o’sha odamlami ko’rasiz. Turib ketasiz yaqinda! — dedim yupatishga intilib. O’shanda ularning qazo qilishlarini tasavvur ham qilolmagan, shunday kun yaqinligiga ishonmagan, ishongim kelmagan edi.
Dadam gapimni eshitib, ohista qo’limni qisib qo’ydilar, qo’llari har doimgidek yumshoq, issiq edi.
— Bittasi Yunusbek tunukachi. Oying uyini biladi. Rakatda. Ikkinchisi To’laganbek oppoqdadang. Bu odamga beradiganimiz ko’p emas. Lekin baribir qarz bo’ynimda ketmasin.
— Xo’p bo’ladi, dada. Xavotir olmang. Hamma qarzlaringizni uzaman.
— Rahmat, o’g’lim. Boring endi. O’z ishlaringizni qiling. Men birpas uxlayman.
Dadamlarning shu gaplari, ovozlari hozir ham qulog’im ostida, dilimda. O’sha kuni xotirjam yotganlarini ko’rib, oyoq uchida sekin chiqdim. Hamma menga qaradi.
— Uxlayaptilarmi? — so’radilar oyim.
— Uyg’oqlar. Lekin tinch yotibdilar, — dedim men. Yarim soatlardan so’ng Muzrob xabar olgani kirdi va birdan ko’zlari olayib qo’rqib chiqdi:
— Muzdaylar! Javob bermayaptilar!
Hammamiz o’rnimizdan turib, katta xonaga otilib kirdik.
Dadam uxlamoqchi bo’lib yotganlaricha olamdan o’tgan edilar… Ertasiga juma kuni Minorga, o’zimizning xilxonaga qo’yib keldik.
***
Opang ikkalamiz dadamning vafotlaridan keyin ko’p vaqt o’tmay qarzlarini topshirdik. To’laganbek amakim olmadilar. Ammo bizni farzandlik burchimizni ado etayotganimizdan xursand bo’lib duo qildilar, omad, baxt tiladilar.
Dadamlarni ko’pchilik «Mulla Rahimbek», «Rahimbek oqsoqol», «Rahimbek polvon», deb atardi. Shu murojaatlarning hammasida u kishiga nisbatan chuqur hurmat, e’tibor borligi ko’rinib turibdi.
Ko’cha-ko’yda ketayotganimizda hamma, katta-kichik u kishi bilan so’rashardi, birinchi bo’lib salom berardi. Buning albatta sabablari ko’p. Dadam ochiq ko’ngil, bag’rikeng, saxiy, xalqimiz urf-odatlarining hammasini chuqur hurmat qiladigan odam edi.
Urush yillari, ayniqsa, dadamning qanday odam ekanliklarini men — anchagina esi kirib qolgan bola, tushundim. Hozir ham u kishining o’sha paytlari qilgan ishlariga, odamlarga ko’rsatgan yaxshiliklariga qoyil qolaman, tahsin o’qiyman. Meni u kishining o’g’li ekanimni bilib qolgan keksalar darhol qo’llarini fotihaga yozadilar, u kishini maqtaydilar. Xudodan joylari jannatda bo’lishini tilaydilar.
Xolamga, oyimning opasiga qiynalib qolishganini ko’rib, sigirlarimizning bittasini berib yuborganlari esimda qolgan. O’zim haydab olib borib berganman.
***
Qarindosh-urug’, mahalladagi bironta ma’raka dadamning ishtirokisiz, yordamlarisiz o’tmasdi. Shuning uchun uyimiz har kuni kechqurun gavjum bo’lardi. Kimgadir ular pul berardilar, kimgadir bir qop-yarim qop guruch, yo sabzavot olib borib berishni va’da qilardilar. U kishining ikki g’ildirakli «duvukolka» deyiladigan ikki kishilik izvoshlari bor edi. Ishga har kuni shu izvoshda borib kelardilar. Ko’pincha otni izvoshga men qo’shardim. Dadam tekshirib, u yoq-bu yog’ini qattiqroq tortib qo’yardilar. Otlar ichida esimda qolgani to’q qizil rangdagi to’riq ot. U juda chopqir va yo’rg’a edi. Menga ham yaxshi quloq solardi. Uning esimda qolgani shuki, bir yili Qo’yliqda bo’lgan uloqda dadamning o’rtoqlaridan biri shu otni so’rab kelgani bo’ldi. Uloqni oldi. Ammo tashlayotganda ot nimadandir hurkib, uni yiqitib qochdi. Bir haftadan so’ng Samarqand darvoza tomondagi ekinzor ichidan topib keldik.
Shuning uchun dadam farzandlari urushga ketgan keksalarga bozordan u-bu olib berib turardilar. Men yonlarida yordamlashardim.
Biz urush boshlanganini o’sha tarrxiy 1941-yilning 22-iyuni, yakshanba kuni kunduzi eshitib qoldik.
***
Nemislar bosib olgan shaharlardan qochib kelganlar Toshkentda asosan shu tomonlarda joylasha boshlagandilar. Buning uchta sababi bor edi. Birinchidan, temiryo’l vokzali shu tomonda edi, ikki chaqirimcha undan berida xristian cherkovi qad ko’targan, ro’parasida O’rta Osiyodagi eng katta harbiy gospital joylashgan edi. Yana bir chaqirimcha berida, maktabimizning yaqinida Mirobod bozori, Tezikov bozori ham uncha uzoq emasdi.
Menimcha, turli shaharlardan har kuni eshelon-eshelon kelayotganlarning ko’proq shu tomonlardan turar joy so’roqlashlariga sabab shular edi. Ko’cha-ko’yda, bozorda tilanchilar, cho’ntakkesarlar, och-gadolar ko’payib ketdi. Hokimiyat tekin oshxonalar ochib qo’ygan bo’lsa ham, ko’chib kelayotganlarning hammasini turar joy bilan ta’minlasa ham bozor ichi to’polon, tinch o’tish qiyin bo’lib qoldi. Lekin bu biz bolalarni tashvishga solgani yo’q. To’polon, urush-janjal, qiy-chuvni qaysi bola chetlab o’tgisi keladi?
Ikkita katta hovli atrofi imoratlar — sinflardan iborat maktabimizning yarmini Ukraina, Belorussiyadan ko’chib kelganlar egallashdi. O’qish ikki smenada o’tadigan bo’ldi. Pastki sinflarni avval birinchi smenada qoldirishdi. Ammo bir soat oldinga ko’chirishdi. Birinchi, ikkinchi sinf bolalarining ko’pi o’qishga kechikadigan bo’lib qoldi. Shundan keyin yuqori sinflarni birinchi smenaga ko’chirishdi. Biz o’shanda rosa quvondik. Erta turishimiz zarurligini, bozor-o’charga qatnasimiz, juda bo’lmaganda non, paxta yog’iga navbat olib qo’yishimizni esimizdan chiqargan edik.
Men opam bilan non, yog’ga navbat olish uchun chiqardim. Keyingi ishim uyda molga qarash, tonggi sog’ilgan sutni mijozlarimizga tarqatish, ortib qolganini baland ovoz bilan qichqirib ko’cha-ko’yda sotib kelish edi. Bu ishni men bir o’zim emas, oyimlar bilan birga qilardim. Ertalabki sut o’n litrli bidonlarda uch bidon chiqardi. Ikki bidon bilan oyim ketardilar. Bir bidon bilan yarim litrli shisha bankani ko’tarib, uyqu bosgan ko’zlarimni ishqalab-ishqalab men ketardim.
***
Qish kunlarining birida dadam uyga rus chol-kampir bilan o’rta yoshli bir ayolni boshlab keldilar.
— Bugun vokzalda edim, kelganlarning hammasi har qayoqqa ketishyapti. Bular turishibdi. Qayoqqa borishlarini bilishmaydi. Yuklari yo’q. Leningraddan kelishibdi.
Boshlab kelaverdim. Bitta xonani beramiz. Bitta oila ekan.
Dadam shunday deb, bizni ularga tanishtirdilar.
Katta xonamizni, ikki eshikli, oynavonli ayvonimizning bir eshigi yonidan faner bilan to’stirib, ularga ajratib berdik. Uyda uchta to’r simli temir karavot bor edi. Shularni ham ularga berib, o’zimiz yerda yotadigan boldik.
— Bular yerda yotishga o’rganmagan. Keyin uchalovi ham ziyoli odamlar ekan. Xotini o’qituvchi, o’zi, qizi doktor ekan, — dedilar bizni o’zlaricha ovutgan bo’lib dadam.
Leningradlik mehmonlar to’rt yildan ziyod, 1946-yilning yozigacha biznikida turishdi. Bag’rikenglik qilinsa, kichkinajoyga ham sig’ib ketaverilar ekan. Ular uch kishi bir uy, ayvonning choragida; oyim, opam, dadam, yana to’rtta bola bir uy, ayvonning qolgan qismida hech qanday xunob-garchiliksiz shuncha yilni o’tkazdik. Ular bilan bir oiladek bo’lib ketdik.
Stalingraddagi jangdan keyin o’zbek xonadonlarida yig’i-sig’i ko’payib ketdi. Pochtalyon har kuni qoraxat ko’tarib keladigan, xonadonlarda ketma-ket janoza o’qiladigan bo’lib qoldi.
***
«Qoraxat» degan balo bizning qarindoshlarimiznikiga ham keladigan bo’lib qoldi. Birinchi bo’lib bu kulfatni ammam eshitdilar. Katta o’g’illari Ahmad akadan qoraxat keldi. Stalingrad ostonasida bo’lgan jangda qahramonlarcha halok bo’lganlarini urushdan keyin bildik. Ularni deyarli tayyorgarchiliksiz, juda oz o’qitib, urushga solishgan. Ba’zilar miltiqni qanday o’qlashni bilmay o’lib ketishgan.
O’sha kuni ammamning uylari birpasda odamga to’ldi. Hamma qarindoshlar yig’ilishdi. Ammo ammam, Nazira kelinoyim janoza ochirmadilar. Qoraxat kelib, orqasidan o’zi kirib kelgan odamlar yo’q emasdi.
— Kutaman, — dedi Nazira kelinoyim. — Balki omondirlar?
Hech kim e’tiroz bildirmadi.
Nazira kelinoyim uch bolasi bilan Ahmad akani olamdan o’tguniga qadar kutdi. Adashmasam 1988—1989-yillarda u qazo qildi. Men u xotinning eriga bo’lgan sadoqati, bolalariga mehri va matonatiga tahsin o’qiyman. Ahmadjon akadan qoraxat kelgan kundan keyin ko’p o’tmay, katta qizlari Hakima tutqanoq kasaliga chalinib qoldi. Singlisi Sharifa bilan men birinchi sinfga borganimizda u uchinchi sinfni bitirgan edi. O’z yoshiga nisbatan gavdasi katta, to’ladan kelgan, quvnoq, sho’x qiz edi u. O’qishi ham yaxshi, hamma fanlardan a’loga o’qirdi. Kasali zo’rayib, u esini ham yo’qotdi. Dadam, oyisi, boshqa qarindoshlarimizning uni ko’rsatmagan shifokorlari qolmadi. Ammo Hakima tuzalmadi. Ancha yillar o’tib, qazo qilib ketdi.
***
Ikkinchi jahon urushi tugaganiga yaqinda yarim asr bo’ladi. Bu urush yer yuzidagi deyarli barcha xalqlar tarixida mudhish, fojiali hodisa bo’ldi.
Uyimiz ro’parasidagi harbiy kazarmani men ana shu urushning tugashiga munosib hissa qo’shgan katta bir karvonsaroyga o’xshataman. Shu yerdan xalq belini tugib, dushman qarshisiga otlandi, o’lim bilan yuzma-yuz kkldi. Vatan, do’sllik, birodarlik qasamiga o’zini safarbar qildi. Dahshatli urush o’zbek xalqining bir so’zli xalq ekanini, mard, do’stlariga sodiq ekanini, sabr-toqatli, zahmatkash xalq ekanini ko’rsatdi. Shu bilan birga bu urush qancha odamlarning yostig’ini quritdi.
Qizim, Umida, men senga atab, murakkab, katta urushning bir kichkina bo’lagini qisqacha qog’ozga tushirdim. Lekin shu qisqacha hikoyadan ham o’z xalqingning qanday ekanini ko’rib turibsan. U bilan faxrlan. Men — dadang kabi shu xalqni sev, unga sodiq bo’l, uning xizmatini qil. Bilaman, ishonaman, sen o’z xalqingning obro’siga obro’ qo’shadigan, uning duosini oladigan ishlar qilasan. Qodirsan shunga, niyatingga yet, omad, baxt hamisha senga yor bo’lsin!
***
Oyimlar ham asli toshkentliklar. Tug’ilgan joylari ma’lum — Yakkasaroy, Gubrbog’ mahallalarining pastida, Damariq mahallasi bo’lgan. Mahallaning chor atrofi kolxoz yerlariga tutashganligi hali-hali esimda. Damariqning boshida uzun boloxonali qo’rg’on bo’lardi. To’rtala tomoni boloxona, pasti turar joy, oshxona, molxona, hisobsiz hujralar. Shu qo’rg’onni Do’simboy degan odam qurgan. Aytishlaricha, u katta yilqichi savdogarlardan ekan. Qo’rg’onga yaqin joyda paxta zavodi ham bo’lgan ekan. Oyim, ya’ni buving shu odamning nevarasi. Sen oyimlarning oyilarini, mening buvimni o’qishga bo’lgan havasing bilan eslatasan. Ko’pchilik orasida Hojar otin deb nom olgan oyimlarning oyilari o’z davrining ancha o’qimishli ayollaridan edi. Ko’p marta men buning guvohi bo’lganman. Juda yaxshi Qur’on o’qirdilar, uning suralarini sodda qilib tushuntirib berardilar. Bundan tashqari juda ko’p tarixiy, badiiy kitoblarni o’qib tushirganlarini gap orasida anglab olish qiyin emas edi. Ammo o’zlaricha hech mahal o’qimishli ekanliklarini ko’z-ko’z qilishga, boshqalardan o’zlarini baland tutishga intilmasdilar. Mashhur Hotamtoy, Xorun ar-Rashid, Layli va Majnun haqidagi arab afsonalarini va yana allaqancha «Ming bir kecha»dek davom etadigan ertaklarni men u kishidan eshitganman. Kim biladi, balki badiiy adabiyotga qiziqishni menga u kishi o’rgatgandir!
***
Men buvimlarni tez-tez ko’rishni, biznikiga kelishlarini, yo ularnikiga borishni yaxshi ko’rardim. Ko’proq biznikiga kelishlari ma’qul edi. Biznikiga kelsalar, besh-olti kun turardilar. Har kecha to’yib-to’yib cho’pchak eshitardik.
Buvimning yoshliklarini eslatuvchi birorta rasm, surat bo’lmasa ham ularning chiroyli, kelishgan ayol bo’lganlari shunday bilinib turardi. O’rta bo’yli, qirra burun, qizil mag’iz, qomatlari tik, qo’llari tekis, panjalari uzun, yumshoq. Men uchun buvim maqtasa, g’ururlansa arziydigan o’zbek ayollarining yorqin timsoli edilar.
Endi-endi tushunyapman, u kishi otalari Do’simboy buvamizni juda yaxshi ko’rganlar. Chunki atroflarida qachon bolalar to’planmasin, biz, bolalar esa, ko’pchilik edik, ular ko’pincha otalari haqida, u kishining ot minishi, uloq tushishi, bolalarni yaxshi ko’rgani haqida gapirardilar.
— U kishidan po’lat sandiq qolgan, — derdilar. — Qulfi, zulfi po’latdan. O’zi tutdan. Bu sandiqni hech qurt yemaydi. Doim ichi toza turadi. Qulfiga shunday kalit solinishi bilan jarang-jurung qilib ochiladi. Otam rahmatli shu sandiqda pul, shirinlik, quruq meva saqlardilar. Sandiq uch bo’limdan iborat. Bittasida tanga pul turardi, bittasida quruq meva, bittasida chaqmoq qand. Har kuni otam shu sandiqni ochib, hamma bolalarni chaqirardilar. Avval ularga pul tashlardilar.
Muhtojlik boshlaringga tushmasin, deb duo qilardilar. Keyin quruq meva tashlardilar. Ko’ryapsizlarmi, turshak, jiyda, mayiz, yong’oq — hammasi birga turibdi.
Sizlar ham shunday birga, ahil bo’lib, bir-birlaringga hurmat bilan qarab yashanglar, derdilar. Oxiri chaqmoq qandni bolalar ustiga tash¬lardilar. «Har biringizning hayotingiz shu qanddek shirin bo’lsin», deb yana duo qilardilar. O’sha sandiq ana, taxmonda turibdi. Bittalaringga uni, albatta, qoldirib ketaman. Yaxshi kunlarga xizmat qilsin.
Umida, buvim olamdan o’tganlaridan keyin o’sha sandiqni biznikiga olib kelishdi. Buvim menga qoldirib ketdilar. Oshxonamizning oldida turgan qizil taxta sandiq Do’simboy buvamiz bolalarga atab bitta bo’lagida chaq¬moq qand, bitta bo’lagida tanga pul, bitta bo’lagida quruq meva saqlagan o’sha sandiq bo’ladi.
Turaversin, u buvnarimiz, bobolarimizning o’z davrida ancha to’q, ahil, totuv, bir-birlarini hurmat qilib yashaganlaridan nishona.
Buvimning katta qizlari Savri xolam ham xuddi buvimlardek chiroyli, kelishgan ayol edilar. Men u kishining biron joyda ishlaganlarini bilmayman.
Lekin ishlari ko’p edi. Buvimdan chevarlik, moshinachilik, xullas, turli tikuv hunarlari u kishiga ham o’tgan edi. Xoh o’z uylarida bo’lsin, xoh bizniki yoki buvimlarnikida bo’lsin, biron narsa tikib, qavib o’tirardilar. Eski uyimizdagi ko’pgina ko’rpa, ko’rpachalarni xolam qaviganlar. Qo’li gul ayol, deyishardi u kishini qarindosh-urug’lar, tanish-bilishlar.
***
Uyda bir kichkina surat bor. Oyim bilan mening suratim. Kuz bo’lsa kerak, men paltodaman. Oyim makentoshdalar. Boshlariga ro’mol o’rab olganlar. Bir siqim qora sochlari ro’mol tagidan peshanalari ustida chiqib turibdi. Suratkash ikkalamizni fotoapparatga qarab turishimizni talab qilgan bo’lsa kerak, men ko’zlarimni katta ochib, tikilib turibman. Oyimlarning ham nigohlari shu tomonda. Lekin menga qaramayotgan bo’lsalar ham mehr to’la ko’zlari, butun vujudlari, dillari menda ekani sezilib turibdi.
Odam qariganida, bolali, nevarali bo’lganida ham ota-ona mehriga zor bo’lar ekan. Qani endi hozir oyim tirik bo’lsalar, yurtimdan olis bir joyda Xudodan shifo tilab shiftga qarab yotgan paytimda yonimga kelsalar, g’adir-budur, ammo issiq qo’llarini peshanamga qo’yib, meni yupatsalar. Qani endi ularning tiniq, shirali ovozlarini eshitsam? Albatta, ular meni yupatadigan, ko’nglimni ko’taradigan gaplar topardilar. Yo’q, menga hozir ularning gaplari ham kerak emas, o’zlarini ko’rsam kifoya edi. Kim biladi, balki men hozir ularni eslab, o’zimning manfaatimni o’ylab shunday deyayotgandirman? Balki, mening hozirgi ahvolimni ko’rmaganlari ma’quldir. Ko’rsalar ezilib ketarmidilar? Ammo bilaman, og’irimni yengil qilish uchun o’zlarini o’tga, suvga urib, Xudodan menga shifo tilardilar.
Dadamlar-chi? U kishi ham shunday. Sira esimdan chiqmaydi. Uchinchimi, to’rtinchi sinfda o’qiyman. Qishda birdan jag’ tishim og’rib qoldi. Kechasi bilan uxlamay, dumalab chiqdim. Ahvolimni ko’rib, oyim ham, dadam ham uxlashgani yo’q. Namakob qilib, g’arg’ara qildirib ko’rishdi. Margansovka bilan ham chaydirishdi. Issiq guvalaga yuzimni qo’yib yotqizishdi. Qani endi og’riq bosilsa?! Ertalabga borib, yana zo’rayib ketdi. Dod, deb yig’lab yubordim. Dadamning ko’zlaridan yosh chiqib ketdi. Izvosh qo’shishni kutmay, tezda meni kiyintirib tramvayda Eski Jo’vaga olib bordilar. Shu yerda bir tanish tish do’xtiri bor ekan. Doktor ko’rib, birpasda og’riq tishni sug’urib oldi. Hatto sezmay ham qoldim. Ancha yiring chiqdi. Keyin birdan og’riq qoldi. Dadam meni quchoqlab, bag’rilariga bosdilar.
U kishi hozir mening ahvolimni ko’rsalar, es-hushlarini yo’qotib qo’yishlariga aminman. Yo’q, yaxshisi ular hozirgi holatimni ko’rmaganlari ma’qul. Balki, ko’rib turishgandir? Balki, Yaratganning o’zidan menga shifo tilashayotgandir? Ularning iltijolari bilan, qizim, sening, opangning iltijolari bilan Xudo menga shifo berayotgandir? Ajab emas shunday bo’lsa!
Dada, oyi! Joylaringiz jannatda bo’lsin. Har kuni Xudodan men shuni so’rayman. Qanday farzand edim sizlarga, farzandlik burchimni qanday ado etdim? Buni sizlar, o’zingiz bilasizlar. Xudo biladi. Ammo men sizlardek otam, onam bo’lganidan faxrlanaman.
Umida, qizim, sen buvangni bilmaysan. Lekin oz bo’lsa ham buvingni ko’rgansan. Unutma ularni. Ular yaxshi odamlar edi. Halol mehnat bilan yashashdi, birovning haqiga xiyonat qilishgani yo’q, qo’llaridan kelganicha odamlarga yaxshilik qilishdi. Bizni, ya’ni men — dadangni, amaking, ammalaringni o’qitishdi, pokiza, halol yashashga o’rgatishdi.
***
Men oyimni savodsizlikni tugatish kursiga qatnay boshlagan paytlaridan boshlab eslayman. O’shanda demak, uch-to’rt yoshli bola edim. Kurs ko’chamizning oxiridagi klubda joylashgan edi. Oyim meni ham olib borardilar. U yerda besh-o’nta qizga eski o’zbek tilidan o’rgatardilar, o’zlari esa boshqa kursga kirib, lotin aliibosini o’rganardilar. Shu klubdan bir muyulish narida Mirobod bozorining darvozasidan beriroqda Abdulla Avloniylar uyi joylashgan edi. Men ko’p vaqt oyim bilan, ba’zan dadam bilan shu uyga kelib turardik. Oyimlarning aytishlaricha,Abdulla Avloniy ularga shaxmatni o’rgatgan, yozuv-o’quvlaridan ham xabardor bo’lib turgan. Ammo men Abdulla Avloniyni ko’rmaganman. Dadam tomonidan bu buyuk ma’rifatchi olim, shoirning qandaydir qarindoshligi bor, deyishadi. Lekin gap bunda emas. Abdulla Avloniy butun o’zbek xalqining qarindoshi, faxri va unutilmas farzandidir.
***
Abdulla Avloniynikida ulug’ odamlarning yig’ilib turishlari qarindosh-urug’, tanish-bilishlarga ham o’z ta’sirini o’tkazmay qolmagan. Masalan, dadam adabiyotdan chetda bo’lishlariga qaramay, adabiyot, san’atga mehr qo’yganlar, san’atkorlar, yozuvchilar bilan yaqin munosabatda bo’lganlar. Yimus Rajabiy, Ortiqxo’ja Imomxo’jaev, G’afur G’ulom, Karim Mo’minov va boshqa bir qancha adib, san’atkorlar biznikida tez-tez bo’lib turishardi.
***
Bir kuni maktabdan kelsam, oyim kitob o’qib o’tirib, yig’layaptilar. Dadamlardan xavotir olib, cho’chidim, oldilariga yugurib bordim.
— Oyi! Tinchlikmi?
— E, bolam, tinchlik qayoqda? — dedilar oyim kitobdan boshlarini ko’tarmay. — Yer yutkur Zaynab Kumushni zaharlab qo’ydi!..
Ancha yengil tortdim. Gap shundaki, A. Qodiriyning «O’tkan kunlar», «Mehrobdan chayon» romanlarini men o’qimagan bo’lsam ham mazmunlari bilan tanish edim.
Dadam, oyim biz bolalarga aytib berishgan edi.
Arab alifbosida chop etilgan eski kitob yana oyimlarning qo’llariga tushib qolibdi. Oshxonani supurayotib, ko’mir yashiklar orqasidan topib olibdilar. Qiziqib ketib, yana o’qishga tushibdilar. Kitobning yarmi yo’q edi. Yoshlarini artar ekanlar, meni ogohlantirdilar.
— Maktabda tag’in shu kitobni o’qiyotganimni aytib o’tirma. Qodiriyni xalq dushmani qilib yuborishgan.
Va’da berdim. Ammo ovoz chiqarib o’qishlarini iltimos qildim. To’rt kechami, besh kechami oz-ozginadan o’qidilar. Butun oila bo’lib eshitdik. Davomi yo’q edi.
Shunda dadam kimlarda borligini aytdilar. Bir tanishimiznikiga opam, ikkinchisinikiga men bordim. Ismi sharifini aytmayman, men borgan odam, dadamning yaqin o’rtoqlaridan biri, maktabimiz o’qituvchisi edi.
Iltimosimni eshitib, u kishi uzoq boshini egib o’tirdi.
— Vaqti kelib bu kitobni o’qiysan, — dedi axiyri. — Lekin hozir hech kimdan surishtirma, Menda ham yo’q.
Unda borligini fahmladim, lekin javobi menga kifoya edi. Opam ham kitobni topolmadilar.
Oradan ikki-uch oy o’tgach, oyimning o’zlari qaerdandir shu kitobni topib keldilar. Boshidan oxirigacha o’qib berdilar. Kitobni o’qiyotgandagi hayajondan dam titragan, dam yig’i aralashgan ovozlari hamon qulog’im ostida.
«O’tkan kunlar» — ulug’ kitob. Faqat o’zbek adabiyotining emas, butun musulmon xalqlari madaniyatining faxri.
Abdulla Avloniyning: «Millat bari arbokash-u hammoldir, afti-angori qaro, kiygani juldur-juldur» satrlarini o’sha yillari dadamdan eshitganman.
***
Oyim shovqin-suronsiz, shikoyatsiz, sokin, tinch umr kechirdilar. Shunday sokin, tinch, shikoyatsiz olamdan o’tdilar.
Shifokorlar imkonlari boricha, u kishining og’riqsiz, uzoq umr ko’rishlariga harakat qilishdi. Ammo hammaning peshanasiga yozilgani bo’ladi. Sakson ikki yil yashab, oyinining birovga og’irliklari tushganini, birovdan o’pkalanganlarini bilmayman. Oyim chinakam o’zbek ayoli edilar.
***
Nazarimda Moskvada meni davolay boshlaganlaridan beri, anchagina dilim tinchib, qo’limga qalam oladigan holatga kelganimdan beri senga atab yozmoqchi bo’lganlarim nihoyasiga yetib qoldi. Hozircha kifoya. Xudo xohlasa, uyga qaytsam, esimga tushgan voqealarni yozib berarman. Xatlarimning so’ngida ustoz Abdulla
Qahhorga o’xshab, senga, qizim, beradigan ikkita maslahatim bor.
Birinchisi:
— Bu dunyoda opangchalik senga mehribon, yaqin, aziz, sendan jonini ham ayamaydigan odam yo’q. Birga bo’l. Yolg’izlatib qo’yma. Asra.
Ikkinchi maslahatim:
— Davr o’zgarib ketdi, qadriyatlar o’zgardi. Lekin hamma davrda halol mehnat, poklik, odamiylik qadrlangan. Shu yodingda bo’lsin.
Yolg’izim, suyukligim, xayr, omon bo’l, baxtli bo’l.
manga bu asar judayam yoqadi wunaqa asarlar kopayiwini tilab qoqolardim
Asalomu aleykum menga xam asar yoqti men asarni 103’1fm da eshitim va hargal eshitganimda kozimga yosh keladi radio ijodkorlariga xam raxmat bir gap blan etganda zor rahmat