Munavvar Qori. Ikki maqola va she’rlar.

Ashampoo_Snap_2017.07.02_15h57m43s_001_.png   Эй қардошлар, вой миллатдошлар!!! Кўзимиз ғафлат уйқусидин очиб, атрофимизға назар солмакимиз лозимдир. Ҳар миллат ўз саодат ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмакиға қаноат ҳосил қилиб илм ва маорифға ортиқ даражада кўшиш қилган бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда ҳеч шубҳа йўкдир.

Мунавварқори Абдурашидхонов
УЧ МАҚОЛА
033

-6S4l0kuGUEnWn-eRNZBjRlXcEHDANso.jpg Мунавварқори Абдурашидхонов 1878 йилда Тошкентнинг Шайҳонтоҳур даҳасидаги Дархон маҳалласида диндор зиёли оиласида таваллуд топган. Отаси Абдурашидхон мадрасада мударрис, онаси Хосиятхон маҳалланинг отин ойиси бўлган. Мунаварқори илк сабоқни ота-онасидан, маҳалла мактабидан олиб саводини чиқарди. Сўнгра Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ва Бухоро мадрасасида таълим олди. 1904 йилдан бошлаб фаол ижтимоий ҳаётга кириб борди.
«Шўрои Ислом» ташкилотининг (1917 — 18) идеологи ва раҳбари сифатида фаолият кўрсатди. 1929 йилда ноҳақ миллатчилиқда айбланиб қамоққа олинди ва 1931 йилда отиб ташланди. Унинг ҳоки Москвадаги Ваганково қабристонидадир. Мунавварқори 1903 йилдан жадид мактаблари очиб, дарс берган. Шундай мактаблар учун товуш усулида ёзган «Адиби аввал» («Биринчи адиб», 1907) алифбе китоби, «Адиби соний» («Иккинчи адиб», 1907. Унда «Ҳимматли фақир» шеъри келтирилган) ўқиш китоблари бир неча бор нашр қилинган1908 йил унинг «Сабзазор» (тўплам), «Ер юзи» (географиядан), «Тажвидал Қуръон» (Қуронни ўқиш усулини ўргатган) китоблари ҳам босилиб, янги усулдаги мактабларда дарслик сифатида қўлланган. 1906-1917 йилларда жадид газеталарида муҳаррирлик қилган, «Хуршид», «Нажот», «Кенгаш» каби газета ва бир қанча журналларга асос солган, жадидлар театри тарғиботчиси бўлган.
Мунавварқори миллатимизнинг маърифий келгуси ва мустақиллик йўлини мунаввар қилиб кетган зотдир. «Чор ҳукуматини йўқотиш жадидларнинг тилагида бор эди» деб ёзган эди 20-йилдаги мақолаларидан бирида у. 20-йилларнинг ўрталарида миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайиши натижасида Мунаввар қори ҳамма лавозимлардан четлаштирилади. Бироқ ҳатто қатағон ҳам Мунаввар қори Абдурашидхон ўғлини истиқлол ғояларидан қайтара олмади.
У 1929 йилда қамоққа олинади ва 1931 йилда отиб ўлдирилади. Унинг хоки Москвадаги Ваганково қабристонидадир.

033

БИЗНИ(НГ)  ЖАҲОЛАТ – ЖАҲЛИ МУРАККАБ

021 Ҳар миллатнинг мактаб ва мадрасаси ўлдиғи каби, бизни ҳам мактаб-мадрасаларимиз гарчи бенизом ва беусул ўлса ҳам, йўқ демак даражада оз эмас. Ҳар миллат авлодини тарбиялаш ва таълими улумда кўрсатган ҳиммат ва ғайрати каби бизларда ҳам ўз маъсум авлодларини жаҳолат ва ғафлат зулматида қолмоқиға ҳеч бир ризолари ўлмай, қўлларидан келганча таълим ва тарбияти авлодда қусурлик кўрсатмакчи зотлар мавжуддирлар.

Ва лекин дунёға нима учун келгонини билмай, илм ва маорифға асло рағбат қилмай, жонидин ширин болаларини кўча-бакўча кездириб, бечора маъсумнинг азиз умрини жаҳолат оташина ёндирғувчи беҳамият ва бедиёнат оталар ҳам орамизда оз эмасдур. Кўп диндошларимизни кўрармизки, ўз фарзандларини асло мактабға бермай орқаларидин эргаштириб, руслар эшигида ўзлари каби хизматчиликка ўргатиб, дунё ва охиратнинг саодати ўлғон илм ва маорифдин маҳрум қўймокдин ҳеч бир ибо қилмаслар. Баъзи азизларимиз бордурки, ўғлини қўлидин тутиб мактабга олиб борур. Муаллимдан толиб қилурға: «Тақсир, шу ўғлимни гўшти сизники устихони бизники, бир илож қилиб, тезлик ила нақд ва насия ёзмоқни ўргатиб берурсиз», дер. «Эшагига яраша тушови» деган ўзбек мақолича, муаллимлар ҳам аксарлари қонуни таълим-тарбиядин бутун-бутун бехабар кишилар ўлуб, балки ўқув ва ёзувни ҳам лозиминча билмасликлари важҳидан бечора маъсумаларни истеъдоди зотиясиға наззора икки йил зарифида жамиъ лавозумоти динияни билдирмоқ мумкин ўлғон ҳолда, тўрт-беш йилғача ҳижжа усули бирла дунё ва охиратга фойдаси бўлмағон Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз ва Бедил каби мушкул манзума китобларға умри азизини барбод этарлар.

Эй ватандошлар! Диққат назари ила боқинг! Бир болани мактабға бермакдан мақсуди вожибот диниямиз ўлғон илми қироат, масоили эътиқодия, фарз, вожиб, суннат мустаҳаб, ҳаром, макруҳ, намоз ва рўза, ҳаж ва закотларни ҳам заруроти дунявиямиз ўлғон илми ҳисоб, жуғрофия, таворих, хусусан, «Тарихи Ислом» каби фойдалик илмларни билдурмоқ ўлғон ҳолда жоҳил домлаларнинг  «таълими фалоний, қоши қаро, қаро кўзи, қаро юзи, оҳ, сўзи ширин», деб болаларни фасод ахлоқиға биринчи сабаб ўладурғон манзума китоблар ўлмиш.

Бу хусусда отада айб йўқ, чунки бу бечорани эътиқодида болани ўқутмоқ ёлғиз нақд ва насия ёздурмоқдин иборатдур. Муаллимда ҳам айб йўқ, чунки бу зикр қилинғон улуми зарурияларни бечора муаллимнинг ўзи билмас, балки баъзиларини исмини ҳам эшитган эмас. Бечора на қилсун? Ночор, бефойда бўлса ҳам мактабларда болаларга ўқитгудек булардан бошқа бир китоб топилмағон замонларда ўзи ўқиб, билган китоблари шу китоблар ўлдиғи чун эски ўрунларда эски тушларин кўрмакдадурлар. Мани сўзимдан Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз, Бедиллар каби улуғ зотларни таҳқир қилди, деб гумон қилинмасун. Чунки мани ғаразим бу китобларни зотан бефойда демак эмас, балки ёш болаларға бу китобларнинг таълими бефойда, демакдир. Мисола бир болага Фузулий ўрнига илми қироат, Навоий ўрнига масоили эътиқодия, Хўжа Ҳофиз жойига масоили амалиёт, Бедил бадалиға илми ҳисоб ўқитилса, дин ва дунёси учун қанча фойдалар хосил қилиб, мусулмон ўлур. Билъакс, бу китобларнинг ўзи ўқитулғон ҳолда бу фойдалардин маҳрум қолиб, балки фасод ахлоққа мубтало ўлмоғи ҳам эҳтимолдир. Чунки бу китобларни тасниф қилғон зотлар Оллоҳ таолийға қурбат пайдо қилғон кишилар ўлғонлари учун айтган сўзларининг зоҳири шариатга мухолиф ўлса ҳам, ҳақиқати мувофиқдир. Чунончи мавлоно Фузулий дерки, фард:

Санамлар саждасидур бизда тоат тангри-чун, зоҳид,
Киши кўрсанг сен, ўз динингда таклифи намоз айла.

Ёки

Хўблар мехроби абрўсина майл этмаз фақиҳ,
Ўлса кофирдур, мусулмонлар, анго қилманг намоз.

Мавлоно Ҳофиз дерки:

Май нўшки, умри жовидоний ин аст,
Кайфияти рўзгори фоний ин аст.
Ҳангоми гулу, лолау ёрон сармаст,
Хушбош, дамеки, зиндагоний ин аст.

Бу каби сўзларнинг зоҳирий мухолифи китоб, суннат бўлса ҳам, ҳақиқати бир бошқадир. Аммо ёш болалар, шубҳа йўқдурки, буни ҳақиқатда билмаслар. Балки ўқитган муаллимлари ҳам билмаслар. Ночор зоҳири ила амал қилиб, фасод ахлоқға мубтало бўлмоқ хавфи бордур. Баъзи жуҳало дермишки, бу тартиб ҳазрат Имоми Аъзамнинг тартиблари, буни бузаман деган кишининг ўзи бузулур. Ажабо, бу каби жаҳолат ҳам бўлурми? Бу жаҳли мураккаб эмасму? Чунки бу жоҳиллар ҳазрат Имоми Аъзамнинг умрларида бу китоблардин ҳеч бир асар ўлмағонини билмаслар. Билмаганларини ҳам билмаслар. Қачон ул жанобнинг замонларида Фузулий ё Бедил, ё Хўжа Ҳофиз, ё Навоий бор эди? Қачон ул жаноб бу китоблардин болаларга таълим бердилар. Ул жаноб каби зотнинг ҳақлариға бу каби бўлғон ифтиро, туҳмат қилғон жоҳилни иншооллоҳ ўзи билур.

Баъзи нодонлар дермишки, шу китобларни ўқимагунча болаларнинг саводи чиқмас. Бу ҳам эътиқоди фосид ва даъвойи бедалилдур. Чунки бу эътиқод дуруст бўлса эди, Туркистон вилоятидин бошқа вилоятларда ҳеч кимнинг саводи ўлмас эди. Ваҳолонки, бошқа вилоятларда хат билмайдурғон киши юздан ўн бўлса, Туркистон вилоятида юздан тўқсондир. Мундин ҳам маълум ўлурки, савод чиқмақ бу китобларни ўқумоққа муваққуф эмас, балки бу китоблар ғоят қийинликидин болаларни бесавод қолмоғиға ҳам сабаб ўлур. Чунки бу китоблар ўқилодурғон мактабларда эллик боладин ўн бола тўрт-беш йилда базўр ушбу китобларнинг ўзинигина хатини тануб чиқур. Бошқа китобларни яна дуруст билмас.

Аммо бу китоблар ўқилмайдурғон жадид мактабларида икки йил ичида эллик болани қирқ тўққизи балки ҳаммаси алассавия неча хил илмлардан имтиҳон бериб чиқар. Боз бу китобларни ҳам билур. Хайр, дурустроқ ҳам билмасун? Лекин, билмағони бирла бу боланинг на дунёсиға ва на охиратиға ҳеч бир зарари йўқ. Чунки бу китобларнинг ўзини дунё ва охиратға хеч бир фойдаси йўқ. Балки зарарининг эҳтимоли болада зикр қилинди. Хайр, келайлик садади каломғаки, ўғлини мактабга бермакдин мақсади нақд ва насия ёздурмоқ ўлғон жоҳил отанинг ўғлиға қилғон муаллим бечоранинг тарбияти, чеккан машаққатини ва маъсум бечораға мактабда берган кулфатини ёзиб битирмак мумкин эмасдир. Кўргуси ва билгуси келган киши бизнинг Тошканд мактабларининг бирига кириб, икки соат истиқомат қилсун. Шунча демак мумкиндирки, муаллим афанди қўлида зўр бир таёқ, қайси боланинг боши ҳаракатдин қолса, ушбу таёқ шу боланинг бошида ўлур. Аммо ўқуғон-ўқумағони ила ҳеч кимнинг иши йўқ. Бошини қимирлатиб ўлтирса кифоя қилур. Ҳаттоки, ўтган йилларда бу тариқа золим муаллимларнинг таёқи остида вафот қилмоқ ҳам воқеъ ўлди.

Бу тариқа золим ва бадхулқ, жоҳил муаллимларнинг тарбиясида ўсган болалардин нима умид қилмоқ керак? Фасоди ахлоқдин бошқа бир иш ўрганмас. Жоҳил оталарни умид этдуклари нақд ва насия ёзмоқ ҳам танҳо ўндан бир, йигирмадан бир болага ҳосил ўлуб, бошқалари эса «мактабда ўқумоқ, игна ила чоҳ қазимокдан ҳам қийин (мушкул) экан», дея-дея қочар-кетар. Бунга сабаб муаллимнинг бадхулқлиги, мактабнинг бенизомлиги ўлур. Агар бизларнинг мактабларимиз бошқа миллатлар мактаблари каби бир низомға қўйилиб, яхши муаллимлик вазифасини лозиминча адо қилурлик кишилардин муаллимлар тайин қилинса эди, маъсум авлодларимизнинг руҳини ҳаётиға, дунё ва охиратининг саодатиға биринчи сабаб ўладурғон илм ва маорифдин бу даражада маҳрум ўлмакиға сабаб бўлмас эдук.

Эй қардошлар, вой миллатдошлар!!! Кўзимиз ғафлат уйқусидин очиб, атрофимизға назар солмакимиз лозимдир. Ҳар миллат ўз саодат ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмакиға қаноат ҳосил қилиб илм ва маорифға ортиқ даражада кўшиш қилган бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда ҳеч шубҳа йўкдир. Балки, бу жаҳолат зулматида саодати ухравиядин ҳам маҳрум қолмоқ хавфлидир. Бу жаҳолат натижасидурки, ўзимиз ерлик мусулмонлардан ўлдиғимиз ҳолда мусофир рус ва яҳудийлар эшигида мардикор ва хизматчи ўлдук. Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадурлар.

«Тараққий» газетаси, 1906 йил, 14 июн

ЭЙ, ҚАРИНДОШЛАР!

021   Эй қариндошлар… Аллоҳ таоло биз, мусулмонларни шарифи ислом ила бошқа миллатлардан мукаррам ва мушарраф қилди. Жумла китобларни афзали Куръони каримни бизга йиборди, ҳамма анбиёи сарвари пайғамбаримиз афанди ҳазратларина бизни уммат қилди. Бас, биз на учун Аллоҳ амрини лозиминча тутмасмиз.

Пайғамбаримиз ва ул жанобни халифалари ва асҳоблари ва итбоълари кўрсаткан ва туткан йўлларида биз на учун собитқадам ўлмасмиз? Шариат ава амрига қаршулик қилиб, бошқа миллатлар назарига ўз дину шарифимизни хор ва залил суратда кўргузирмиз. Буни сабаби ила оламни қайси тарафига назар солсак, ўз диндош ва миллатдошларимизни хор ва бошқа мутамаррин ва мутараққий миллатлар қошида шармисор кўрурмиз.
Буни сабаби эса бошқа миллатларни илм ва маърифати, биз мусулмонларни ғафлат ва жаҳолатимиз эмасму? Агар бу эса, биз ҳам ўзимизни бу сафолат ва разолатдан кутқармак, учун ғафлат ва жаҳолатимизни ташлаб илм ва маорифга на учун кўшиш ва ҳаракат қилмасмиз? Ёки бошқа миллатларда бор истеъдод ва қобилият биз мусулмонларда йўқму? Ёки биз мусулмонлар ўз дин ва шариатимизча илм ва маориф таҳсилига ва талабига маъмур эмасмизму?

«Билғонлар ила билмағонлар баробар бўлмаслар», деган ояти карима мазмунини назари мулоҳазага олиб туриб ўз ҳолимиз ила кўз олдимизда турғон рус, ҳамсояларимизни ҳолини муқобила қилсак, ҳар бобда булардан камлигимиз ва булар бизларга хўжа, бизлар буларга қул суратда яшагонимизни сабаби замонага мувофиқ илм ва маорифдан маҳрумлигимиз эдугини ҳар биримиз иқрор ва эътироф қилурмиз. Модомики, ҳол бу ила экан, на учун «Бизга ул керакмас, бул керакмас» калималарини истеъмолдан ташлаб «керак, керак» лафзларини вирди забон этмасмиз.

Руссия давлатини жумла фуқароси балки курраи арзда инсонни ҳаммаси бу дунёда роҳат ва саодатда яшамак учун энг биринчи восита хукумати мустабиддани низом ва қоидаларини фосиҳий, ҳуррият ва озодият қонунларини ижросини ўлдиғини жону дилдан қабул этуб хукумат ҳам бунга лозим ҳаракатларда бўлундиғи бир замонда биз ҳамон истибдоддан ўзимизга еткан меҳнату машаққатларни роҳат ва саодат гумон қилуб ҳуррият душмани ўлғон чиновникларга ихлос ва эътиқодимизни кундан-кунга зиёда ошурмакда давом этмагимиз ғафлат ва жаҳолатимизнинг натижаси ўлмаса на дур? Бу истибдод бизни бошимизга на қаро кунларни солди.

Низоми олам ҳар миллатни ўзидан ва шариъати иқтизосинча ҳаракат қилмоғига мусоида вермиш экан, на учун биз мусулмонларни шариатимизга чанг урилуб қозийи исломларимиз хукмларни «фоложина» (положение) дастурилъамалга мувофиқ қилмакға мажбур ўлдилар. Мусулмон қозилари мартабада рус судьялари ила баробар эканлар, на учун кўча қаровули ҳукмида ўлғон фолитсаларни ( полицияни) таъзим қилмак ва алардин ҳақоратлар эшитмак ва ҳам уч юз сўмдан зиёдаға ҳукм қилолмаслик ва шулар каби мухолифи адолат ўлғон низомлар жорий ўлди. Масжид ва мадрасаларимизни вақфлари хазинага олинди. Думахона оқчасидин руслар учун зўр-зўр диний мактаб ва мадрасалар очилди. Аммо мусулмонлар учун ҳеч бир диний мактаб ва мадрасалар очилмас, очилғонлари эса ёлғуз русча ўқитмак учун очилди.

Мусулмончадан ҳам бир оз таълим берилмоғи фақат мусулмонлар хавф этмасун деб қурулғон тадбир эканлиғига мазкур мактабларни идора ва назорати руслар қўлида ўлуб, имтиҳон вақтларида ҳам ёлғуз русчадан имтиҳон олинмоғи зўр бир далил ўлса керак. Чунки мусулмончани ўзига махсус мусулмондан бир нозир таъмин қилинмағони учун мусулмончадан олинган имтиҳон имтиҳон қаторида саналмас. Рус нозирлари эса, мусулмончани лозиминча билмаслар. Ваҳоланки, думахонаға мусулмонлар русларға икки баробар ақча тўламаклари ҳар кимни маълумидур. Бас, на учун мусулмонлар ҳам ўзларига махсус бир мактаб ё мадраса очуб бошқа мамлакатлардан таълим ва тадрис ишларига лозиминча муқтадир муаллимлар келтуруб аларни вазифаларини думахона ақчасидин беролмаслар. Ёки мусулмонларни ақча тўламакда хақлари ўлуб, у қоидаи диниййа ва дунёвийяларига сарф этмакда ҳақлари йўқму?

Хайр, афандиларим… Бу хусусда мусулмонларни ҳаклари руслар ила баробардур… Лекин бу ҳақларини талаб қилмоқға мусулмонларнинг тиллари йўқдур. Чунки бир сўзни тилға олмоқға аввалан дилға келтурмак керак. Дилға келтурмак эса ул ишни фойда ва зарарини фарқ қилмоқға мавқуфдур. Фоида ва зарарни фарқ қилмоқ, эса замонаға мувофик, илм ва қонундан хабардор ўлмағунча ҳосил бўлмаслиги табиийдур.

Гарчи ота-бобомизни одатларига хилоф ўлса ҳам, замона иқтизоси ўлдиғи-чун телегром, темир йўл, ламфа, пучта ва босма китоблар каби янги асбобларни қабул этдук. Хаммадан зарур ва фойдабахш ўлғон замона илм ва қонунларини қабул этмай, ҳамон алкалиматани алиф ломи ила шамсияни салошо валийси ила салаш сонийсини қайси бирин зиёдалигини билмакға умр ўткармоғимиз темир йўл ила ҳажга бормакдин парҳез қилуб эшак миниб бориб, йўлда қанча меҳнат ва машақатларни тортиб охири чўлдами, дарёдами, ўлуб кетмак каби ўз жонимизга мухолифатчилик ўлмасун деб, ламфани кўюб қаро чироғ ёкмоғ дурустми?

(«Хуршид» газетаси, 1906 йил, 21 сентябр)

ЖАМИЯТЛАР  ҚАНДАЙ  ОЧИЛУР?

021 Маориф ва маданият боғчасининг биринчи дарвозаси мактабдир. Ер юзиндаги маорифли миллатларнинг ҳар бирлари маданият боғчасина шул дарвозадангина кирмишлар, яъни маориф ва маданият йўлина сафар проғроми ясалганда, биринчи моддасини шул «Мактаб очмак» масаласини қўймишлар. Ишларини шул «мактаб»дангина бошлайлар. Мактаб очуб, билфеъл иш бошлагонларидин сўнгра ҳар тарафдин турли-турли нуқсонлар ва эҳтиёжлар кўрила бошламишдир. Мактабни очуб қўя қолғон ила иш битмаслиги, балки анинг фарқи ва давоми учун моддий ва маънавий ёрдам ва маъованатлар, ғайрат ва ҳимматлар лозим эконлиги онглашилмишдир. Бунинг учун энг яхши чора ўлароқ «Жамият»ни тузмишлар. Яъни расмий бир қонун доирасинда халқцан иона йиғиб, очилмиш ва очиладурғон мактаб ва дорулулумларнинг нуқсон ва эҳтиёжларин енгиллик ила ислоҳ қилмоқ ва адо қилмоқ усулини ижод этмишлар. Бора-бора бу «Жамият» шул қадар тараққий қилмиш ва раҳмат касб этмишки, маданий миллатларнинг бутун тараққиёти диния ва эҳтиёжиёти миллиялари учун энг ишончли суянчиқ ва муттакои эттеҳоз ўлинмиш ва уларда маданият нарвонининг биринчи босқичи мактаб, иккинчиси жамият экон, ҳозир кўп ерларда мактабни иккинчиликка қолдируб, биринчи босқичлик номи муқаддасасини жамият ўзина олмишдир.

Маориф ва маданият йўлина янги қадам қўя бошлағон Туркистон мусулмонлари ҳам, табиий, шул босқичларни босмакка ва шул дарвозалардан кирмакка мажбурдурлар. Биноаналайҳ ҳозирда бизим Туркистон тараққийпарварони кўброқ шул мактаб ва жамият атрофида айланмакдалар. Лекин бу мактаб жамиятларни очмак учун қандай тадбирлар лозим? Ҳукуматдан қайси йўл ила ижозат олинур? Қандай устав ва проғрамлар ила очмак фойдали бўлур? Мана бу хусусларда идорадан йўл ва машваратлар сўраб мактуб ёзурлар. Бундай мактаблар ниҳоятда кўб бўлғонлиғи учун ҳар бирина айрим-айрим жавоб ёзуб ўлтирмак идора учун ҳийли мушкуллик бўладур. Тараққийи миллат ва маориф учун бундан фойдали ишларға ташаббус қила бошлағон зотларга ташаккур этмак ила баробар сўраган саволларининг жавобини хусусий мактуб ила бераолмағонимиз учун афуларини рижо қилурмиз. Ва жамият очмак хусусидаги саволларина жавобан ушбу мақолани такдим қиламиз: ҳозирда Тошканд, Ўренбурғ, Қозон, Боку, Боғчасарой каби мусулмони кўб бўлғон шаҳарларнинг ҳар бирида мусулмон жамиятлари бор. Бир ерда жамият очмоқчи бўлғон кишиларға аввало шул шаҳарлардағи жарида идораларина ёхуд машҳурроқ кишиларға мактуб ёзуб, жамият қонунномасини, яъни уставини сўрамак лозим. Мактуб олғон зотлар ҳам бундай фойдали илтимосни аҳамиятсиз қолдурмасдан, уставни топуб юборадурлар. Мана бу уставлардан бир нечасини қўлға киритгандан сўнгра беш-олти киши бир ерда ўтуруб, шул уставларни ўқуб чиқурлар. Машварат қилишуб, шунлардан бирини айнан ёхуд бир оз ислоҳ ила қабул қилурлар. Ёхуд бунлардан интиҳоб қилуб, янги бир устав ясарлар. Жамиятға муносиб бир исм топуб қўюрлар.

Устав сайламоқ ёхуд интиҳоб қилмак қайси моддаларини нима учун киритилганлигини аҳли мажлисға яхшилаб тушундирмак учун мажлисда замондан ва илми ҳуқуқдан, ҳеч бўлмағонда, жамият ишларидан хабардорроқбир кишининг вужуди (иштироки) лозимдир. Устав ясолуб, тамом бўлғондан сўнгра: «Ушбу аризамиз баробаринда топширилмиш қонун доирасинда бир жамият очмакка рухсат берсонгиз экон», мазмунида бир ариза ёздируб, лоақал беш кишидан устав ҳам аризани имзолатиб, военний губернатўрға топширилур. Ушбу ариза ва уставға қўл қўйған кишилар жамиятнинг муассислари деб аталурлар. Ҳукуматнинг рухсат бермоғи осонроқ бўлсун учун уставнинг кўб кенгайиб кетмаслиги ҳамда муассисларнинг ҳукумат қошида эътиборлироқ кишилардан бўлмоқлари яхшироқдур. Бундай кишилар топилмоғон такдирда, суд ҳукми ила айбланмоғон ва ҳукумат қошида сиёсий жиҳатдан шубҳали саналмағон ҳар бир кишининг муассисликка киришмоғи мумкиндир. Ариза берилғондан сўнгра муассисларни тафтиш ва исправка қилуб кўрмак учун аризалари палиса идорасина топширилур. Бу вақтда, эҳтимолки, баъзи билмағон кишилар тарафидан қўрқитувлар ҳам воқеъ ўлур. Жамиятга ижозат сўрамак мухолифи низом бир иш ўлмай, халқ учун ҳам, ҳукумат учун ҳам фойдали бир иш бўлғонлиғи учун бунда қўрқиш ва қўрқутишларға сабаб бўладурғон ҳеч бир нарса йўқдур. Биноаналайҳ ҳеч бир қўрқмасдан, чарчамасдан, бу ишнинг орқасидан юрмак лозим.

Агарда бирор сабаб ила биринчи мартабада тасдиқ қилмасдан рад қилинса, они тузотиб, иккинчи мартаба, иккинчи мартаба рад қилинса, учинчи мартаба мурожаат қилмакка аввалдан жазм ва қарор беруб қўймак керак. Агарда масъул муассислар орасинда бу ишнинг орқасиндан юрурға лойиқ кишилар бўлмаса, ёнларина бир адвокат ёллаб, шунинг воситаси ила юрутулса, яна енгилроқ бўлур. Жамиятға рухсат берилғондан сўнгра, аввало, масъуллар йиғилишиб, ўз оралариндан бир садрнишин, бир саркотиб ва бир хазиначи сайларлар. Қолғонлари идора аъзоси ҳисоб ўлинурлар. Бу кундан эътиборан жамиятнинг ҳақиқий хизмати бошланур. Пул топмак, аъзо кўпайтирмак ва қонун доирасида жамият воситасила манфаати умумияға хизмат қилмак каби улуғ ҳиммат, ғайрат ва фидокорликларға навбат келур. Фақат иш бу даражаға етганда, муассис ёнина бир неча ўзлари каби фидокор миллат ходимлари тўпланғон бўлиб, мақсудларина оҳиста-оҳиста етуша бошлайлар. Ишда миллий бир жамиятни вужудға чиқармак учун керак ўлан йўл, тартиб ва тадбирлар шундан иборатдур.

Кўшеш бадасту по ё ин аз асар навмид нест,
Ин зори дом охир мекашад нахйирро.

«Садойи Туркистон» 1914 йил, 14 июн

И з о ҳ л а р:

асҳоб — суҳбатдош, ҳамфикр; атбоъ — тобеъ; залил — хор,тубан; улум — илмлар; муқобала — қаршисида турмоқ,, бу ерда кўз олдига келтирмоқ; вирд — доимо бажариб туриладиган иш, вазифа; забои — тил; курраи арз — ер, замин; фасх — бузиш, бекор қилиш; низоми олам — дунё қоидаси, тартиби; иқтизосинча — талаб қилганича; мусоида — ёрдам қилувчи, кулай; «фоложина» — бу ерда чор хукуматининг Туркистонни бошкариш юзасидан чиқфрган «положение»си, низоми назарда тутилмокда; муқтадир ~ қодир, кучли; мавқуф — тухтатилган, тухталган; нахйи — манъ этмоқ .

Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Бойбута Дўстқораев.

ШЕЪРЛАР
033

ОРЗУ

Кўкламнинг искаб сунбулин,
Узгим келар нозик гулин,
Товши ёқимли булбулин
Бир лаҳза сайратгим келар.

Кўргим келар гулбоғини,
Ёзгим келар дил доғини,
Васлинг-ла кўклам чоғини
Бир-бирга ўхшатгим келар.

КУЗ

Кузнинг совуқ ели эсиб,
Сарғайтирди ёз юзини.
Ўсимликлар титраб, қақшаб,
Тутолмай қолди ўзини.

Кўк юзин булут қоплаб,
Қишлоқ элин сиқиштирди.
Экинчилар шошиб-пишиб,
Экинларин йиғиштирди.

Куз аскари келди босиб,
Қирилди япроғлар, ўтлар.
Гўё бунинг мотамида
Кўз ёшин тўкди булутлар.

Гулларнинг ранги сарғайди,
Тўкилди ерга япроғлар.
Қарғаларга макон бўлди
Булбулдан айрилиб боғлар.

Эрталаб кўрсанг, қировлар.
Оқартирган ер юзини.
Кечқурун булут қоплаган
Кўкнинг ой ҳам юлдузини.

Севингандан олақарға
Қағиллайди бўйнин чўзиб.
Қўрққанидан боғчачилар,
Узумларин олди узиб.

Эй куз! Сенинг ишларингдан
Бир яхшиси эсга келди:
Ёз бўйича ёпиқ турган
Мактаблар сенда очилди.

ҚИШ

Қиш қиличин олиб келиб,
Чопди чаманнинг гулларин.
Ғунчаларин хазон этиб,
Кўкка совурди кулларин.

Битди тириклик олами,
Қотди ҳама ўлик каби.
Қор кафанига чулғади
Боғ билан тоғу чўлларин.

Қишнинг ўзи каби совуқ
Қарғалар қағиллашар.
Ёмғир ва қор аралашиб,
Лойга тўлатди йўлларин.

Уйида йўқ ўтин, кўмир
Қиш куни камбағалларнинг,
Титрашади дириллашиб,
Ишқалаб оёқ, қўлларин.

Ишлаётибдир ишчилар
Қишнинг совуқ шамолида,
Қор билан муз орасида
Ўйламай ўнг ва сўлларин.

Чилла туни, совуқ ҳаво,
Масжид ичида бир гадо
Кийгали тўн тополмади,
Устига ёпди жулларин.

Бор кишилар равомидир
Кийса ўзи қават-қават!
Ҳолига шафқат этмаса
Юртнинг бева ва тулларин!

ЎЗИ ҲАМ ТОР ЭДИ

Бир кун бир кишининг тўпписи сувга
Тушиб оқиб кетди, бошяланг қолди.
Тутмоққа сув бўйлаб югурди, елди,
Охирда чарчади, оёғи толди.

Ётиб қўл узатган эди, тирғониб
Йиқилди, ҳўл бўлди бошдан-оёғи.
Ариқ бўйидаги тол тўнкасига
Тегиб кетди, бир оз қирилди чоғи.

Ололмай дўппидан умидин узди,
Қайтиб келди дўстларининг қошига,
Ўртоқлари сўзлашдилар ўзаро,
Кулишдилар қараб оёғ-бошига.

Бири сўрди: «Ҳорманг, ўртоқ, ов қалай?
Катта-катта балиқ сувда бормиди?»
Уялгандан деди: «Кетса майлига,
Бошимга ўзи ҳам бир оз тор эди».

ЯЛҚОВЛИК ЁВИМИЗДИР

Қўзғолингиз, эй ўртоқлар! Келди бизга ишлаш чоғи,
Биз барчамиз ёш ишчимиз, ишхонамиз —мактаб боғи.
Туринг, тезроқ иш бошлайлик,
Ялқовликни биз ташлайлик!

Кўкдан булут ёмғир сочар, сувлар оқар, ўтлар ўсар,
Қушлар учар, озиқ излар, бутун дунё тинмай ишлар.
Сиз ҳам туринг, эй ўртоқлар,
Юрт обрўсин ёшлар сақлар.

Танбалликдир бизга душман, ишламоқнинг замонидир,
Тиниб турмас «ёшман» деган, иш инсоннинг бир жонидир.
Тирик бўлсанг, қўзғол, ўртоқ!
Қўлга ишни тез ол, ўртоқ!

Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб, сендан иш кутадир,
Сенда кўргач ишсизликни, ҳасрат чекиб, қон ютадир.
Тур ўрнингдан, оч кўзингни,
Айт ёвингга сўнг сўзингни.

Ёвинг кимдир, биласанми? Нодонликдир, ялқовликдир,
Ёвга қарши курашмаслик — қўрқоқликдир, анқовликдир.
Иш қиличин, тур, қўлга ол!
Ёвга қарши чиндан қўзғол!

ҲАР КИМ ЭККАНИН ЎРАР

Бир кишининг отаси
Кўп яшамиш, қартаймиш.
Соч-соқоли оқармиш,
Беллари кучдан қолмиш.

Нон еганда лаблари
Бурни билан сўзлашур.
Чой ичганда қўллари
Қалтирашиб, титрашур.

Бели икки букилган,
Юрай деса, юролмас.
Бир ўтирса, ўрнидан
Кўтармасанг, туролмас.

Ўғил, келин, невара
Зериқдилар бу ҳолдан.
Қутулмоқчи бўлдилар
Бир иш қилиб у чолдан.

Кириб бир хилват уйга,
Сўзлашдилар учовлон;
Ўғил билан невара
Қилди ўз фикрин баён.

Сўзлар бир оз чўзилди,
Мажлис узоққа кетди.
Навбат келди келинга,
У ҳам ўз фикрин айтди.

Келин деди: «Сизларнинг
Тўғри эмас ўйингиз,
Энг яхшиси, саҳрога
Олиб чиқиб қўйингиз!

Биров кўмар ўлигин,
Кўрмас бизнинг кўзимиз.
Машаққатсиз бу ғамдан
Қутулгаймиз ўзимиз».

Ўз фикрини сўзлашда
Келин уста йўл тутди.
Бир оғиздан мажлисда
Келиннинг фикри ўтди.

Ўғил билан невара
Кун кеч бўлгач, турдилар;
Кўтардилар у чолни,
Саҳро сари юрдилар.

Бир ўринга етганда,
Сўзга кирди ўша чол.
Деди: «Ўғлим! Сўзимга
Бир оз энди қулоқ сол:

Ман отамни бир замон
Бу ўринга келтириб,
Ташлаб кетган чоғимда
Қолган эди телмуриб.

Навбат келди ўзимга,
Сен ҳам мени келтирдинг,
Мен отамга на қилсам,
Эмди менга сен қилдинг.

Менга ярар шул ўрин
Бир кун сенга ҳам ярар.
Эл аро бор бир матал:
«Ҳар ким экканин ўрар!»

Бу сўзларни эшитгач,
Ўғил ҳўнграб йиғлади.
Отасига узр айтиб,
Хизматга бел боғлади.

ҲИММАТЛИ ФАҚИР

Бир замонда чиқмиш экан саховатли бир киши,
Фақирларга шафқат экан кеча-кундуз қилмиши.

Ҳар кун қилиб бир қозон ош, муҳтожларга берарди,
Сийлар эди мискинларни, очларни тўйдирарди.

Қайда кўрса камбағални, етимларни, тулларни,
Пул берарди, қутқазарди асирларни, қулларни

Ўз кўнглида ўйлар эди: кўб яхшидир бу иши,
Топилмайди ҳеч ўринда бундай ҳимматли киши.

Муҳтожларни излаб бир кун кезди кўча-кўйларда,
Масжидларда, мозорларда, эски-туски уйларда.

Бир бузуқ уй: девор, томи ҳар томонга йиқилган,
Бурчагида бир камбағал ўлтирибдир сиқилган.

Қўлга олган тол новдани, тинмай сават тўқийдур,
Лабларини пичирлатиб бир нарсани ўқийдур.

Ҳеч томонга қарамайдир, пешонаси терлаган,
Кийимлари йиртиқ-йиртиқ, юз-қўллари кирлаган.

Олтмиш-этмиш ёшга етган, яхшигина қартайган,
Камбағаллик, иш меҳнатда ранги-рўйи сарғайган.

Буни кўргач, ул сахийнинг юраклари эзилди,
Кўзларидан чиққан ёшлар юзларига тизилди.

Бориб айтди: «Эй отажон, бу ўринни қўйингиз!
Тайин қилай бир яхши жой, ул ер бўлсин уйингиз.

Роҳат қилинг, қартайибсиз, кийим, таом берайин,
Қандай нарса истасангиз, уни тамом берайин!»

Бу сўзларга қулоқ солди у камбағал ишчи чол,
Кулиб деди: «Раҳмат, аммо менда бордир бир хаёл:

Ўзгаларнинг текин нонин оч қолсам ҳам олмасман,
Ўз кучим-ла бир парча нон топиб, уни тишларман,

То танимда жоним бордир, ўз касбимдан қолмасман,
Ҳозир менинг кўзим кўрар, қўлим тутар, ишларман,

Шул сабабли таклифингиз манга тўғри келмайдир,
Текин нонга ким ўрганса, ҳиммат надир билмайдир».

Энг ҳимматли манман деган сахий буни тинглади,
Камбағал чол ҳимматининг ортиғлиғин англади.

ТЎҒРИ ЖАВОБ

Отаси ўлуб, бир ўғил бўлди бой,
Ки қолди анга молу мулку сарой.

Анинг олдига бир фақир келиб,
Салом айлади, тавозеъ қилиб.

Деди: Мен сенга туғма қардошман,
Бу молу манолингга йўлдошман.

Отангдин қолди сенга бу неча мол,
Бўлуб бер менга ярмини ушбу ҳол.

Ул одам деди ҳайрат ила анго:
«Нечук сен қариндош ўлурсан манго?»

Фақир айди: «Эй меҳрибоним, эшит,
Қулоқ солиб, бу арз ниҳоним эшит.

Сану ман ҳама олам инсонлари
Эмасмизми, бир одам ўғлонлари?»

Бу сўзни эшитгач, табассум қилиб,
Бир олтун чиқарди, деди: «Ол келиб».

Ул айди: «Биродар, бу қандай сухан?
Манго шулмидур ҳисса меросдан?»

Жавобида ул марди ширин калом
Деди: «Сокит ўл, билмасун хосу ом.

Эшитсалар гар ўзга қариндошлар,
Узоғу яқиндан, ёру йўлдошлар

Бўлуб олсалар молу мулкни тамом,
Санга тегмагай бир тийин, вассалом!»

Ey qardoshlar, voy millatdoshlar!!! Ko‘zimiz g‘aflat uyqusidin ochib, atrofimizg‘a nazar solmakimiz lozimdir. Har millat o‘z saodat hol va istiqbolini muhofazatig‘a birinchi vosita ilm o‘lmakig‘a qanoat hosil qilib ilm va maorifg‘a ortiq darajada ko‘shish qilgan bu zamonda bizlar bu g‘aflat va jaholatimizda davom etsak, istiqbolimiz nihoyatda xavflik o‘lub hamma  olamga masxara va kulgu o‘lmog‘imizda hech shubha yo‘kdir.

Munavvarqori Abdurashidxonov
UCH MAQOLA
033

Munavvarqori_2_.jpg Munavvarqori Abdurashidxonov 1878 yilda Toshkentning Shayhontohur dahasidagi Darxon mahallasida dindor ziyoli oilasida tavallud topgan. Otasi Abdurashidxon madrasada mudarris, onasi Xosiyatxon mahallaning otin oyisi bo‘lgan. Munavarqori ilk saboqni ota-onasidan, mahalla maktabidan olib savodini chiqardi. So‘ngra Toshkentdagi Yunusxon madrasasida va Buxoro madrasasida ta’lim oldi. 1904 yildan boshlab faol ijtimoiy hayotga kirib bordi.
«Sho‘roi Islom» tashkilotining (1917 — 18) ideologi va rahbari sifatida faoliyat ko‘rsatdi. 1929 yilda nohaq millatchiliqda ayblanib qamoqqa olindi va 1931 yilda otib tashlandi. Uning hoki Moskvadagi Vagankovo qabristonidadir. Munavvarqori 1903 yildan jadid maktablari ochib, dars bergan. Shunday maktablar uchun tovush usulida yozgan «Adibi avval» («Birinchi adib», 1907) alifbe kitobi, «Adibi soniy» («Ikkinchi adib», 1907. Unda «Himmatli faqir» she’ri keltirilgan) o‘qish kitoblari bir necha bor nashr qilingan1908 yil uning «Sabzazor» (to‘plam), «Yer yuzi» (geografiyadan), «Tajvidal Qur’on» (Quronni o‘qish usulini o‘rgatgan) kitoblari ham bosilib, yangi usuldagi maktablarda darslik sifatida qo‘llangan. 1906-1917 yillarda jadid gazetalarida muharrirlik qilgan, «Xurshid», «Najot», «Kengash» kabi gazeta va bir qancha jurnallarga asos solgan, jadidlar teatri targ‘ibotchisi bo‘lgan.
Munavvarqori millatimizning ma’rifiy kelgusi va mustaqillik yo‘lini munavvar qilib ketgan zotdir. «Chor hukumatini yo‘qotish jadidlarning tilagida bor edi» deb yozgan edi 20-yildagi maqolalaridan birida u. 20-yillarning o‘rtalarida milliy ziyolilarni ta’qib qilish kuchayishi natijasida Munavvar qori hamma lavozimlardan chetlashtiriladi. Biroq hatto qatag‘on ham Munavvar qori Abdurashidxon o‘g‘lini istiqlol g‘oyalaridan qaytara olmadi.
U 1929 yilda qamoqqa olinadi va 1931 yilda otib o‘ldiriladi. Uning xoki Moskvadagi Vagankovo qabristonidadir.

033

BIZNI(NG) JAHOLAT – JAHLI MURAKKAB

021 Har millatning maktab va madrasasi o‘ldig‘i kabi, bizni ham maktab-madrasalarimiz garchi benizom va beusul o‘lsa ham, yo‘q demak darajada oz emas. Har millat avlodini tarbiyalash va ta’limi ulumda ko‘rsatgan himmat va g‘ayrati kabi bizlarda ham o‘z ma’sum avlodlarini jaholat va g‘aflat zulmatida qolmoqig‘a hech bir rizolari o‘lmay, qo‘llaridan kelgancha ta’lim va tarbiyati avlodda qusurlik ko‘rsatmakchi zotlar mavjuddirlar.

Va lekin dunyog‘a nima uchun kelgonini bilmay, ilm va maorifg‘a aslo rag‘bat qilmay, jonidin shirin bolalarini ko‘cha-bako‘cha kezdirib, bechora ma’sumning aziz umrini jaholat otashina yondirg‘uvchi behamiyat va bediyonat otalar ham oramizda oz emasdur. Ko‘p dindoshlarimizni ko‘rarmizki, o‘z farzandlarini aslo maktabg‘a bermay orqalaridin ergashtirib, ruslar eshigida o‘zlari kabi xizmatchilikka o‘rgatib, dunyo va oxiratning saodati o‘lg‘on ilm va maorifdin mahrum qo‘ymokdin hech bir ibo qilmaslar. Ba’zi azizlarimiz bordurki, o‘g‘lini qo‘lidin tutib maktabga olib borur. Muallimdan tolib qilurg‘a: «Taqsir, shu o‘g‘limni go‘shti sizniki ustixoni bizniki, bir iloj qilib, tezlik ila naqd va nasiya yozmoqni o‘rgatib berursiz», der. «Eshagiga yarasha tushovi» degan o‘zbek maqolicha, muallimlar ham aksarlari qonuni ta’lim-tarbiyadin butun-butun bexabar kishilar o‘lub, balki o‘quv va yozuvni ham lozimincha bilmasliklari vajhidan bechora ma’sumalarni iste’dodi zotiyasig‘a nazzora ikki yil zarifida jami’ lavozumoti diniyani bildirmoq mumkin o‘lg‘on holda, to‘rt-besh yilg‘acha hijja usuli birla dunyo va oxiratga foydasi bo‘lmag‘on Fuzuliy, Navoiy, Xo‘ja Hofiz va Bedil kabi mushkul manzuma kitoblarg‘a umri azizini barbod etarlar.

Ey vatandoshlar! Diqqat nazari ila boqing! Bir bolani maktabg‘a bermakdan maqsudi vojibot diniyamiz o‘lg‘on ilmi qiroat, masoili e’tiqodiya, farz, vojib, sunnat mustahab, harom, makruh, namoz va ro‘za, haj va zakotlarni ham zaruroti dunyaviyamiz o‘lg‘on ilmi hisob, jug‘rofiya, tavorix, xususan, «Tarixi Islom» kabi foydalik ilmlarni bildurmoq o‘lg‘on holda johil domlalarning «ta’limi faloniy, qoshi qaro, qaro ko‘zi, qaro yuzi, oh, so‘zi shirin», deb bolalarni fasod axloqig‘a birinchi sabab o‘ladurg‘on manzuma kitoblar o‘lmish.

Bu xususda otada ayb yo‘q, chunki bu bechorani e’tiqodida bolani o‘qutmoq yolg‘iz naqd va nasiya yozdurmoqdin iboratdur. Muallimda ham ayb yo‘q, chunki bu zikr qiling‘on ulumi zaruriyalarni bechora muallimning o‘zi bilmas, balki ba’zilarini ismini ham eshitgan emas. Bechora na qilsun? Nochor, befoyda bo‘lsa ham maktablarda bolalarga o‘qitgudek bulardan boshqa bir kitob topilmag‘on zamonlarda o‘zi o‘qib, bilgan kitoblari shu kitoblar o‘ldig‘i chun eski o‘runlarda eski tushlarin ko‘rmakdadurlar. Mani so‘zimdan Fuzuliy, Navoiy, Xo‘ja Hofiz, Bedillar kabi ulug‘ zotlarni tahqir qildi, deb gumon qilinmasun. Chunki mani g‘arazim bu kitoblarni zotan befoyda demak emas, balki yosh bolalarg‘a bu kitoblarning ta’limi befoyda, demakdir. Misola bir bolaga Fuzuliy o‘rniga ilmi qiroat, Navoiy o‘rniga masoili e’tiqodiya, Xo‘ja Hofiz joyiga masoili amaliyot, Bedil badalig‘a ilmi hisob o‘qitilsa, din va dunyosi uchun qancha foydalar xosil qilib, musulmon o‘lur. Bil’aks, bu kitoblarning o‘zi o‘qitulg‘on holda bu foydalardin mahrum qolib, balki fasod axloqqa mubtalo o‘lmog‘i ham ehtimoldir. Chunki bu kitoblarni tasnif qilg‘on zotlar Olloh taoliyg‘a qurbat paydo qilg‘on kishilar o‘lg‘onlari uchun aytgan so‘zlarining zohiri shariatga muxolif o‘lsa ham, haqiqati muvofiqdir. Chunonchi mavlono Fuzuliy derki, fard:

Sanamlar sajdasidur bizda toat tangri-chun, zohid,
Kishi ko‘rsang sen, o‘z diningda taklifi namoz ayla.

Yoki

Xo‘blar mexrobi abro‘sina mayl etmaz faqih,
O‘lsa kofirdur, musulmonlar, ango qilmang namoz.

Mavlono Hofiz derki:

May no‘shki, umri jovidoniy in ast,
Kayfiyati ro‘zgori foniy in ast.
Hangomi gulu, lolau yoron sarmast,
Xushbosh, dameki, zindagoniy in ast.

Bu kabi so‘zlarning zohiriy muxolifi kitob, sunnat bo‘lsa ham, haqiqati bir boshqadir. Ammo yosh bolalar, shubha yo‘qdurki, buni haqiqatda bilmaslar. Balki o‘qitgan muallimlari ham bilmaslar. Nochor zohiri ila amal qilib, fasod axloqg‘a mubtalo bo‘lmoq xavfi bordur. Ba’zi juhalo dermishki, bu tartib hazrat Imomi A’zamning tartiblari, buni buzaman degan kishining o‘zi buzulur. Ajabo, bu kabi jaholat ham bo‘lurmi? Bu jahli murakkab emasmu? Chunki bu johillar hazrat Imomi A’zamning umrlarida bu kitoblardin hech bir asar o‘lmag‘onini bilmaslar. Bilmaganlarini ham bilmaslar. Qachon ul janobning zamonlarida Fuzuliy yo Bedil, yo Xo‘ja Hofiz, yo Navoiy bor edi? Qachon ul janob bu kitoblardin bolalarga ta’lim berdilar. Ul janob kabi zotning haqlarig‘a bu kabi bo‘lg‘on iftiro, tuhmat qilg‘on johilni inshoolloh o‘zi bilur.

Ba’zi nodonlar dermishki, shu kitoblarni o‘qimaguncha bolalarning savodi chiqmas. Bu ham e’tiqodi fosid va da’voyi bedalildur. Chunki bu e’tiqod durust bo‘lsa edi, Turkiston viloyatidin boshqa viloyatlarda hech kimning savodi o‘lmas edi. Vaholonki, boshqa viloyatlarda xat bilmaydurg‘on kishi yuzdan o‘n bo‘lsa, Turkiston viloyatida yuzdan to‘qsondir. Mundin ham ma’lum o‘lurki, savod chiqmaq bu kitoblarni o‘qumoqqa muvaqquf emas, balki bu kitoblar g‘oyat qiyinlikidin bolalarni besavod qolmog‘ig‘a ham sabab o‘lur. Chunki bu kitoblar o‘qilodurg‘on maktablarda ellik boladin o‘n bola to‘rt-besh yilda bazo‘r ushbu kitoblarning o‘zinigina xatini tanub chiqur. Boshqa kitoblarni yana durust bilmas.

Ammo bu kitoblar o‘qilmaydurg‘on jadid maktablarida ikki yil ichida ellik bolani qirq to‘qqizi balki hammasi alassaviya necha xil ilmlardan imtihon berib chiqar. Boz bu kitoblarni ham bilur. Xayr, durustroq ham bilmasun? Lekin, bilmag‘oni birla bu bolaning na dunyosig‘a va na oxiratig‘a hech bir zarari yo‘q. Chunki bu kitoblarning o‘zini dunyo va oxiratg‘a xech bir foydasi yo‘q. Balki zararining ehtimoli bolada zikr qilindi. Xayr, kelaylik sadadi kalomg‘aki, o‘g‘lini maktabga bermakdin maqsadi naqd va nasiya yozdurmoq o‘lg‘on johil otaning o‘g‘lig‘a qilg‘on muallim bechoraning tarbiyati, chekkan mashaqqatini va ma’sum bechorag‘a maktabda bergan kulfatini yozib bitirmak mumkin emasdir. Ko‘rgusi va bilgusi kelgan kishi bizning Toshkand maktablarining biriga kirib, ikki soat istiqomat qilsun. Shuncha demak mumkindirki, muallim afandi qo‘lida zo‘r bir tayoq, qaysi bolaning boshi harakatdin qolsa, ushbu tayoq shu bolaning boshida o‘lur. Ammo o‘qug‘on-o‘qumag‘oni ila hech kimning ishi yo‘q. Boshini qimirlatib o‘ltirsa kifoya qilur. Hattoki, o‘tgan yillarda bu tariqa zolim muallimlarning tayoqi ostida vafot qilmoq ham voqe’ o‘ldi.

Bu tariqa zolim va badxulq, johil muallimlarning tarbiyasida o‘sgan bolalardin nima umid qilmoq kerak? Fasodi axloqdin boshqa bir ish o‘rganmas. Johil otalarni umid etduklari naqd va nasiya yozmoq ham tanho o‘ndan bir, yigirmadan bir bolaga hosil o‘lub, boshqalari esa «maktabda o‘qumoq, igna ila choh qazimokdan ham qiyin (mushkul) ekan», deya-deya qochar-ketar. Bunga sabab muallimning badxulqligi, maktabning benizomligi o‘lur. Agar bizlarning maktablarimiz boshqa millatlar maktablari kabi bir nizomg‘a qo‘yilib, yaxshi muallimlik vazifasini lozimincha ado qilurlik kishilardin muallimlar tayin qilinsa edi, ma’sum avlodlarimizning ruhini hayotig‘a, dunyo va oxiratining saodatig‘a birinchi sabab o‘ladurg‘on ilm va maorifdin bu darajada mahrum o‘lmakig‘a sabab bo‘lmas eduk.

Ey qardoshlar, voy millatdoshlar!!! Ko‘zimiz g‘aflat uyqusidin ochib, atrofimizg‘a nazar solmakimiz lozimdir. Har millat o‘z saodat hol va istiqbolini muhofazatig‘a birinchi vosita ilm o‘lmakig‘a qanoat hosil qilib ilm va maorifg‘a ortiq darajada ko‘shish qilgan bu zamonda bizlar bu g‘aflat va jaholatimizda davom etsak, istiqbolimiz nihoyatda xavflik o‘lub hamma olamga masxara va kulgu o‘lmog‘imizda hech shubha yo‘kdir. Balki, bu jaholat zulmatida saodati uxraviyadin ham mahrum qolmoq xavflidir. Bu jaholat natijasidurki, o‘zimiz yerlik musulmonlardan o‘ldig‘imiz holda musofir rus va yahudiylar eshigida mardikor va xizmatchi o‘lduk. Bu jaholat xohishidurki, millat foydasi uchun jonin qurbon qilmoqqa loyiq arslon kabi yigitlarimiz butun millatni yodlaridin chiqorib, iste’dod va g‘ayratlarini choyxona va pivaxonalarg‘a sarf etmakdadurlar.

«Taraqqiy» gazetasi, 1906 yil, 14 iyun

EY, QARINDOSHLAR!

021 Ey qarindoshlar… Alloh taolo biz, musulmonlarni sharifi islom ila boshqa millatlardan mukarram va musharraf qildi. Jumla kitoblarni afzali Kur’oni karimni bizga yibordi, hamma anbiyoi sarvari payg‘ambarimiz afandi hazratlarina bizni ummat qildi. Bas, biz na uchun Alloh amrini lozimincha tutmasmiz.

Payg‘ambarimiz va ul janobni xalifalari va as’hoblari va itbo’lari ko‘rsatkan va tutkan yo‘llarida biz na uchun sobitqadam o‘lmasmiz? Shariat ava amriga qarshulik qilib, boshqa millatlar nazariga o‘z dinu sharifimizni xor va zalil suratda ko‘rguzirmiz. Buni sababi ila olamni qaysi tarafiga nazar solsak, o‘z dindosh va millatdoshlarimizni xor va boshqa mutamarrin va mutaraqqiy millatlar qoshida sharmisor ko‘rurmiz.
Buni sababi esa boshqa millatlarni ilm va ma’rifati, biz musulmonlarni g‘aflat va jaholatimiz emasmu? Agar bu esa, biz ham o‘zimizni bu safolat va razolatdan kutqarmak, uchun g‘aflat va jaholatimizni tashlab ilm va maorifga na uchun ko‘shish va harakat qilmasmiz? Yoki boshqa millatlarda bor iste’dod va qobiliyat biz musulmonlarda yo‘qmu? Yoki biz musulmonlar o‘z din va shariatimizcha ilm va maorif tahsiliga va talabiga ma’mur emasmizmu?

«Bilg‘onlar ila bilmag‘onlar barobar bo‘lmaslar», degan oyati karima mazmunini nazari mulohazaga olib turib o‘z holimiz ila ko‘z oldimizda turg‘on rus, hamsoyalarimizni holini muqobila qilsak, har bobda bulardan kamligimiz va bular bizlarga xo‘ja, bizlar bularga qul suratda yashagonimizni sababi zamonaga muvofiq ilm va maorifdan mahrumligimiz edugini har birimiz iqror va e’tirof qilurmiz. Modomiki, hol bu ila ekan, na uchun «Bizga ul kerakmas, bul kerakmas» kalimalarini iste’moldan tashlab «kerak, kerak» lafzlarini virdi zabon etmasmiz.

Russiya davlatini jumla fuqarosi balki kurrai arzda insonni hammasi bu dunyoda rohat va saodatda yashamak uchun eng birinchi vosita xukumati mustabiddani nizom va qoidalarini fosihiy, hurriyat va ozodiyat qonunlarini ijrosini o‘ldig‘ini jonu dildan qabul etub xukumat ham bunga lozim harakatlarda bo‘lundig‘i bir zamonda biz hamon istibdoddan o‘zimizga yetkan mehnatu mashaqqatlarni rohat va saodat gumon qilub hurriyat dushmani o‘lg‘on chinovniklarga ixlos va e’tiqodimizni kundan-kunga ziyoda oshurmakda davom etmagimiz g‘aflat va jaholatimizning natijasi o‘lmasa na dur? Bu istibdod bizni boshimizga na qaro kunlarni soldi.

Nizomi olam har millatni o‘zidan va shari’ati iqtizosincha harakat qilmog‘iga musoida vermish ekan, na uchun biz musulmonlarni shariatimizga chang urilub qoziyi islomlarimiz xukmlarni «folojina» (polojeniye) dasturil’amalga muvofiq qilmakg‘a majbur o‘ldilar. Musulmon qozilari martabada rus sudyalari ila barobar ekanlar, na uchun ko‘cha qarovuli hukmida o‘lg‘on folitsalarni ( politsiyani) ta’zim qilmak va alardin haqoratlar eshitmak va ham uch yuz so‘mdan ziyodag‘a hukm qilolmaslik va shular kabi muxolifi adolat o‘lg‘on nizomlar joriy o‘ldi. Masjid va madrasalarimizni vaqflari xazinaga olindi. Dumaxona oqchasidin ruslar uchun zo‘r-zo‘r diniy maktab va madrasalar ochildi. Ammo musulmonlar uchun hech bir diniy maktab va madrasalar ochilmas, ochilg‘onlari esa yolg‘uz ruscha o‘qitmak uchun ochildi.

Musulmonchadan ham bir oz ta’lim berilmog‘i faqat musulmonlar xavf etmasun deb qurulg‘on tadbir ekanlig‘iga mazkur maktablarni idora va nazorati ruslar qo‘lida o‘lub, imtihon vaqtlarida ham yolg‘uz ruschadan imtihon olinmog‘i zo‘r bir dalil o‘lsa kerak. Chunki musulmonchani o‘ziga maxsus musulmondan bir nozir ta’min qilinmag‘oni uchun musulmonchadan olingan imtihon imtihon qatorida sanalmas. Rus nozirlari esa, musulmonchani lozimincha bilmaslar. Vaholanki, dumaxonag‘a musulmonlar ruslarg‘a ikki barobar aqcha to‘lamaklari har kimni ma’lumidur. Bas, na uchun musulmonlar ham o‘zlariga maxsus bir maktab yo madrasa ochub boshqa mamlakatlardan ta’lim va tadris ishlariga lozimincha muqtadir muallimlar kelturub alarni vazifalarini dumaxona aqchasidin berolmaslar. Yoki musulmonlarni aqcha to‘lamakda xaqlari o‘lub, u qoidai diniyya va dunyoviyyalariga sarf etmakda haqlari yo‘qmu?

Xayr, afandilarim… Bu xususda musulmonlarni haklari ruslar ila barobardur… Lekin bu haqlarini talab qilmoqg‘a musulmonlarning tillari yo‘qdur. Chunki bir so‘zni tilg‘a olmoqg‘a avvalan dilg‘a kelturmak kerak. Dilg‘a kelturmak esa ul ishni foyda va zararini farq qilmoqg‘a mavqufdur. Foida va zararni farq qilmoq, esa zamonag‘a muvofik, ilm va qonundan xabardor o‘lmag‘uncha hosil bo‘lmasligi tabiiydur.

Garchi ota-bobomizni odatlariga xilof o‘lsa ham, zamona iqtizosi o‘ldig‘i-chun telegrom, temir yo‘l, lamfa, puchta va bosma kitoblar kabi yangi asboblarni qabul etduk. Xammadan zarur va foydabaxsh o‘lg‘on zamona ilm va qonunlarini qabul etmay, hamon alkalimatani alif lomi ila shamsiyani salosho valiysi ila salash soniysini qaysi birin ziyodaligini bilmakg‘a umr o‘tkarmog‘imiz temir yo‘l ila hajga bormakdin parhez qilub eshak minib borib, yo‘lda qancha mehnat va mashaqatlarni tortib oxiri cho‘ldami, daryodami, o‘lub ketmak kabi o‘z jonimizga muxolifatchilik o‘lmasun deb, lamfani ko‘yub qaro chirog‘ yokmog‘ durustmi?

(«Xurshid» gazetasi, 1906 yil, 21 sentyabr)

JAMIYATLAR QANDAY OCHILUR?

021 Maorif va madaniyat bog‘chasining birinchi darvozasi maktabdir. Yer yuzindagi maorifli millatlarning har birlari madaniyat bog‘chasina shul darvozadangina kirmishlar, ya’ni maorif va madaniyat yo‘lina safar prog‘romi yasalganda, birinchi moddasini shul «Maktab ochmak» masalasini qo‘ymishlar. Ishlarini shul «maktab»dangina boshlaylar. Maktab ochub, bilfe’l ish boshlagonlaridin so‘ngra har tarafdin turli-turli nuqsonlar va ehtiyojlar ko‘rila boshlamishdir. Maktabni ochub qo‘ya qolg‘on ila ish bitmasligi, balki aning farqi va davomi uchun moddiy va ma’naviy yordam va ma’ovanatlar, g‘ayrat va himmatlar lozim ekonligi onglashilmishdir. Buning uchun eng yaxshi chora o‘laroq «Jamiyat»ni tuzmishlar. Ya’ni rasmiy bir qonun doirasinda xalqsan iona yig‘ib, ochilmish va ochiladurg‘on maktab va dorululumlarning nuqson va ehtiyojlarin yengillik ila isloh qilmoq va ado qilmoq usulini ijod etmishlar. Bora-bora bu «Jamiyat» shul qadar taraqqiy qilmish va rahmat kasb etmishki, madaniy millatlarning butun taraqqiyoti diniya va ehtiyojiyoti milliyalari uchun eng ishonchli suyanchiq va muttakoi ettehoz o‘linmish va ularda madaniyat narvonining birinchi bosqichi maktab, ikkinchisi jamiyat ekon, hozir ko‘p yerlarda maktabni ikkinchilikka qoldirub, birinchi bosqichlik nomi muqaddasasini jamiyat o‘zina olmishdir.

Maorif va madaniyat yo‘lina yangi qadam qo‘ya boshlag‘on Turkiston musulmonlari ham, tabiiy, shul bosqichlarni bosmakka va shul darvozalardan kirmakka majburdurlar. Binoanalayh hozirda bizim Turkiston taraqqiyparvaroni ko‘broq shul maktab va jamiyat atrofida aylanmakdalar. Lekin bu maktab jamiyatlarni ochmak uchun qanday tadbirlar lozim? Hukumatdan qaysi yo‘l ila ijozat olinur? Qanday ustav va prog‘ramlar ila ochmak foydali bo‘lur? Mana bu xususlarda idoradan yo‘l va mashvaratlar so‘rab maktub yozurlar. Bunday maktablar nihoyatda ko‘b bo‘lg‘onlig‘i uchun har birina ayrim-ayrim javob yozub o‘ltirmak idora uchun hiyli mushkullik bo‘ladur. Taraqqiyi millat va maorif uchun bundan foydali ishlarg‘a tashabbus qila boshlag‘on zotlarga tashakkur etmak ila barobar so‘ragan savollarining javobini xususiy maktub ila beraolmag‘onimiz uchun afularini rijo qilurmiz. Va jamiyat ochmak xususidagi savollarina javoban ushbu maqolani takdim qilamiz: hozirda Toshkand, O‘renburg‘, Qozon, Boku, Bog‘chasaroy kabi musulmoni ko‘b bo‘lg‘on shaharlarning har birida musulmon jamiyatlari bor. Bir yerda jamiyat ochmoqchi bo‘lg‘on kishilarg‘a avvalo shul shaharlardag‘i jarida idoralarina yoxud mashhurroq kishilarg‘a maktub yozub, jamiyat qonunnomasini, ya’ni ustavini so‘ramak lozim. Maktub olg‘on zotlar ham bunday foydali iltimosni ahamiyatsiz qoldurmasdan, ustavni topub yuboradurlar. Mana bu ustavlardan bir nechasini qo‘lg‘a kiritgandan so‘ngra besh-olti kishi bir yerda o‘turub, shul ustavlarni o‘qub chiqurlar. Mashvarat qilishub, shunlardan birini aynan yoxud bir oz isloh ila qabul qilurlar. Yoxud bunlardan intihob qilub, yangi bir ustav yasarlar. Jamiyatg‘a munosib bir ism topub qo‘yurlar.

Ustav saylamoq yoxud intihob qilmak qaysi moddalarini nima uchun kiritilganligini ahli majlisg‘a yaxshilab tushundirmak uchun majlisda zamondan va ilmi huquqdan, hech bo‘lmag‘onda, jamiyat ishlaridan xabardorroqbir kishining vujudi (ishtiroki) lozimdir. Ustav yasolub, tamom bo‘lg‘ondan so‘ngra: «Ushbu arizamiz barobarinda topshirilmish qonun doirasinda bir jamiyat ochmakka ruxsat bersongiz ekon», mazmunida bir ariza yozdirub, loaqal besh kishidan ustav ham arizani imzolatib, voyenniy gubernato‘rg‘a topshirilur. Ushbu ariza va ustavg‘a qo‘l qo‘yg‘an kishilar jamiyatning muassislari deb atalurlar. Hukumatning ruxsat bermog‘i osonroq bo‘lsun uchun ustavning ko‘b kengayib ketmasligi hamda muassislarning hukumat qoshida e’tiborliroq kishilardan bo‘lmoqlari yaxshiroqdur. Bunday kishilar topilmog‘on takdirda, sud hukmi ila ayblanmog‘on va hukumat qoshida siyosiy jihatdan shubhali sanalmag‘on har bir kishining muassislikka kirishmog‘i mumkindir. Ariza berilg‘ondan so‘ngra muassislarni taftish va ispravka qilub ko‘rmak uchun arizalari palisa idorasina topshirilur. Bu vaqtda, ehtimolki, ba’zi bilmag‘on kishilar tarafidan qo‘rqituvlar ham voqe’ o‘lur. Jamiyatga ijozat so‘ramak muxolifi nizom bir ish o‘lmay, xalq uchun ham, hukumat uchun ham foydali bir ish bo‘lg‘onlig‘i uchun bunda qo‘rqish va qo‘rqutishlarg‘a sabab bo‘ladurg‘on hech bir narsa yo‘qdur. Binoanalayh hech bir qo‘rqmasdan, charchamasdan, bu ishning orqasidan yurmak lozim.

Agarda biror sabab ila birinchi martabada tasdiq qilmasdan rad qilinsa, oni tuzotib, ikkinchi martaba, ikkinchi martaba rad qilinsa, uchinchi martaba murojaat qilmakka avvaldan jazm va qaror berub qo‘ymak kerak. Agarda mas’ul muassislar orasinda bu ishning orqasindan yururg‘a loyiq kishilar bo‘lmasa, yonlarina bir advokat yollab, shuning vositasi ila yurutulsa, yana yengilroq bo‘lur. Jamiyatg‘a ruxsat berilg‘ondan so‘ngra, avvalo, mas’ullar yig‘ilishib, o‘z oralarindan bir sadrnishin, bir sarkotib va bir xazinachi saylarlar. Qolg‘onlari idora a’zosi hisob o‘linurlar. Bu kundan e’tiboran jamiyatning haqiqiy xizmati boshlanur. Pul topmak, a’zo ko‘paytirmak va qonun doirasida jamiyat vositasila manfaati umumiyag‘a xizmat qilmak kabi ulug‘ himmat, g‘ayrat va fidokorliklarg‘a navbat kelur. Faqat ish bu darajag‘a yetganda, muassis yonina bir necha o‘zlari kabi fidokor millat xodimlari to‘plang‘on bo‘lib, maqsudlarina ohista-ohista yetusha boshlaylar. Ishda milliy bir jamiyatni vujudg‘a chiqarmak uchun kerak o‘lan yo‘l, tartib va tadbirlar shundan iboratdur.

Ko‘shesh badastu po yo in az asar navmid nest,
In zori dom oxir mekashad naxyirro.

«Sadoyi Turkiston» 1914 yil, 14 iyun

I z o h l a r:

as’hob — suhbatdosh, hamfikr; atbo’ — tobe’; zalil — xor,tuban; ulum — ilmlar; muqobala — qarshisida turmoq,, bu yerda ko‘z oldiga keltirmoq; vird — doimo bajarib turiladigan ish, vazifa; zaboi — til; kurrai arz — yer, zamin; fasx — buzish, bekor qilish; nizomi olam — dunyo qoidasi, tartibi; iqtizosincha — talab qilganicha; musoida — yordam qiluvchi, kulay; «folojina» — bu yerda chor xukumatining Turkistonni boshkarish yuzasidan chiqfrgan «polojeniye»si, nizomi nazarda tutilmokda; muqtadir ~ qodir, kuchli; mavquf — tuxtatilgan, tuxtalgan; naxyi — man’ etmoq .

Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Boybuta Do‘stqorayev.

SHE’RLAR
033

ORZU

Ko‘klamning iskab sunbulin,
Uzgim kelar nozik gulin,
Tovshi yoqimli bulbulin
Bir lahza sayratgim kelar.

Ko‘rgim kelar gulbog‘ini,
Yozgim kelar dil dog‘ini,
Vasling-la ko‘klam chog‘ini
Bir-birga o‘xshatgim kelar.

KUZ

Kuzning sovuq yeli esib,
Sarg‘aytirdi yoz yuzini.
O‘simliklar titrab, qaqshab,
Tutolmay qoldi o‘zini.

Ko‘k yuzin bulut qoplab,
Qishloq elin siqishtirdi.
Ekinchilar shoshib-pishib,
Ekinlarin yig‘ishtirdi.

Kuz askari keldi bosib,
Qirildi yaprog‘lar, o‘tlar.
Go‘yo buning motamida
Ko‘z yoshin to‘kdi bulutlar.

Gullarning rangi sarg‘aydi,
To‘kildi yerga yaprog‘lar.
Qarg‘alarga makon bo‘ldi
Bulbuldan ayrilib bog‘lar.

Ertalab ko‘rsang, qirovlar.
Oqartirgan yer yuzini.
Kechqurun bulut qoplagan
Ko‘kning oy ham yulduzini.

Sevingandan olaqarg‘a
Qag‘illaydi bo‘ynin cho‘zib.
Qo‘rqqanidan bog‘chachilar,
Uzumlarin oldi uzib.

Ey kuz! Sening ishlaringdan
Bir yaxshisi esga keldi:
Yoz bo‘yicha yopiq turgan
Maktablar senda ochildi.

QISH

Qish qilichin olib kelib,
Chopdi chamanning gullarin.
G‘unchalarin xazon etib,
Ko‘kka sovurdi kullarin.

Bitdi tiriklik olami,
Qotdi hama o‘lik kabi.
Qor kafaniga chulg‘adi
Bog‘ bilan tog‘u cho‘llarin.

Qishning o‘zi kabi sovuq
Qarg‘alar qag‘illashar.
Yomg‘ir va qor aralashib,
Loyga to‘latdi yo‘llarin.

Uyida yo‘q o‘tin, ko‘mir
Qish kuni kambag‘allarning,
Titrashadi dirillashib,
Ishqalab oyoq, qo‘llarin.

Ishlayotibdir ishchilar
Qishning sovuq shamolida,
Qor bilan muz orasida
O‘ylamay o‘ng va so‘llarin.

Chilla tuni, sovuq havo,
Masjid ichida bir gado
Kiygali to‘n topolmadi,
Ustiga yopdi jullarin.

Bor kishilar ravomidir
Kiysa o‘zi qavat-qavat!
Holiga shafqat etmasa
Yurtning beva va tullarin!

O‘ZI HAM TOR EDI

Bir kun bir kishining to‘ppisi suvga
Tushib oqib ketdi, boshyalang qoldi.
Tutmoqqa suv bo‘ylab yugurdi, yeldi,
Oxirda charchadi, oyog‘i toldi.

Yotib qo‘l uzatgan edi, tirg‘onib
Yiqildi, ho‘l bo‘ldi boshdan-oyog‘i.
Ariq bo‘yidagi tol to‘nkasiga
Tegib ketdi, bir oz qirildi chog‘i.

Ololmay do‘ppidan umidin uzdi,
Qaytib keldi do‘stlarining qoshiga,
O‘rtoqlari so‘zlashdilar o‘zaro,
Kulishdilar qarab oyog‘-boshiga.

Biri so‘rdi: «Hormang, o‘rtoq, ov qalay?
Katta-katta baliq suvda bormidi?»
Uyalgandan dedi: «Ketsa mayliga,
Boshimga o‘zi ham bir oz tor edi».

YALQOVLIK YOVIMIZDIR

Qo‘zg‘olingiz, ey o‘rtoqlar! Keldi bizga ishlash chog‘i,
Biz barchamiz yosh ishchimiz, ishxonamiz —maktab bog‘i.
Turing, tezroq ish boshlaylik,
Yalqovlikni biz tashlaylik!

Ko‘kdan bulut yomg‘ir sochar, suvlar oqar, o‘tlar o‘sar,
Qushlar uchar, oziq izlar, butun dunyo tinmay ishlar.
Siz ham turing, ey o‘rtoqlar,
Yurt obro‘sin yoshlar saqlar.

Tanballikdir bizga dushman, ishlamoqning zamonidir,
Tinib turmas «yoshman» degan, ish insonning bir jonidir.
Tirik bo‘lsang, qo‘zg‘ol, o‘rtoq!
Qo‘lga ishni tez ol, o‘rtoq!

Jannat kabi go‘zal yurting yig‘lab, sendan ish kutadir,
Senda ko‘rgach ishsizlikni, hasrat chekib, qon yutadir.
Tur o‘rningdan, och ko‘zingni,
Ayt yovingga so‘ng so‘zingni.

Yoving kimdir, bilasanmi? Nodonlikdir, yalqovlikdir,
Yovga qarshi kurashmaslik — qo‘rqoqlikdir, anqovlikdir.
Ish qilichin, tur, qo‘lga ol!
Yovga qarshi chindan qo‘zg‘ol!

HAR KIM EKKANIN O‘RAR

Bir kishining otasi
Ko‘p yashamish, qartaymish.
Soch-soqoli oqarmish,
Bellari kuchdan qolmish.

Non yeganda lablari
Burni bilan so‘zlashur.
Choy ichganda qo‘llari
Qaltirashib, titrashur.

Beli ikki bukilgan,
Yuray desa, yurolmas.
Bir o‘tirsa, o‘rnidan
Ko‘tarmasang, turolmas.

O‘g‘il, kelin, nevara
Zeriqdilar bu holdan.
Qutulmoqchi bo‘ldilar
Bir ish qilib u choldan.

Kirib bir xilvat uyga,
So‘zlashdilar uchovlon;
O‘g‘il bilan nevara
Qildi o‘z fikrin bayon.

So‘zlar bir oz cho‘zildi,
Majlis uzoqqa ketdi.
Navbat keldi kelinga,
U ham o‘z fikrin aytdi.

Kelin dedi: «Sizlarning
To‘g‘ri emas o‘yingiz,
Eng yaxshisi, sahroga
Olib chiqib qo‘yingiz!

Birov ko‘mar o‘ligin,
Ko‘rmas bizning ko‘zimiz.
Mashaqqatsiz bu g‘amdan
Qutulgaymiz o‘zimiz».

O‘z fikrini so‘zlashda
Kelin usta yo‘l tutdi.
Bir og‘izdan majlisda
Kelinning fikri o‘tdi.

O‘g‘il bilan nevara
Kun kech bo‘lgach, turdilar;
Ko‘tardilar u cholni,
Sahro sari yurdilar.

Bir o‘ringa yetganda,
So‘zga kirdi o‘sha chol.
Dedi: «O‘g‘lim! So‘zimga
Bir oz endi quloq sol:

Man otamni bir zamon
Bu o‘ringa keltirib,
Tashlab ketgan chog‘imda
Qolgan edi telmurib.

Navbat keldi o‘zimga,
Sen ham meni keltirding,
Men otamga na qilsam,
Emdi menga sen qilding.

Menga yarar shul o‘rin
Bir kun senga ham yarar.
El aro bor bir matal:
«Har kim ekkanin o‘rar!»

Bu so‘zlarni eshitgach,
O‘g‘il ho‘ngrab yig‘ladi.
Otasiga uzr aytib,
Xizmatga bel bog‘ladi.

HIMMATLI FAQIR

Bir zamonda chiqmish ekan saxovatli bir kishi,
Faqirlarga shafqat ekan kecha-kunduz qilmishi.

Har kun qilib bir qozon osh, muhtojlarga berardi,
Siylar edi miskinlarni, ochlarni to‘ydirardi.

Qayda ko‘rsa kambag‘alni, yetimlarni, tullarni,
Pul berardi, qutqazardi asirlarni, qullarni

O‘z ko‘nglida o‘ylar edi: ko‘b yaxshidir bu ishi,
Topilmaydi hech o‘rinda bunday himmatli kishi.

Muhtojlarni izlab bir kun kezdi ko‘cha-ko‘ylarda,
Masjidlarda, mozorlarda, eski-tuski uylarda.

Bir buzuq uy: devor, tomi har tomonga yiqilgan,
Burchagida bir kambag‘al o‘ltiribdir siqilgan.

Qo‘lga olgan tol novdani, tinmay savat to‘qiydur,
Lablarini pichirlatib bir narsani o‘qiydur.

Hech tomonga qaramaydir, peshonasi terlagan,
Kiyimlari yirtiq-yirtiq, yuz-qo‘llari kirlagan.

Oltmish-etmish yoshga yetgan, yaxshigina qartaygan,
Kambag‘allik, ish mehnatda rangi-ro‘yi sarg‘aygan.

Buni ko‘rgach, ul saxiyning yuraklari ezildi,
Ko‘zlaridan chiqqan yoshlar yuzlariga tizildi.

Borib aytdi: «Ey otajon, bu o‘rinni qo‘yingiz!
Tayin qilay bir yaxshi joy, ul yer bo‘lsin uyingiz.

Rohat qiling, qartayibsiz, kiyim, taom berayin,
Qanday narsa istasangiz, uni tamom berayin!»

Bu so‘zlarga quloq soldi u kambag‘al ishchi chol,
Kulib dedi: «Rahmat, ammo menda bordir bir xayol:

O‘zgalarning tekin nonin och qolsam ham olmasman,
O‘z kuchim-la bir parcha non topib, uni tishlarman,

To tanimda jonim bordir, o‘z kasbimdan qolmasman,
Hozir mening ko‘zim ko‘rar, qo‘lim tutar, ishlarman,

Shul sababli taklifingiz manga to‘g‘ri kelmaydir,
Tekin nonga kim o‘rgansa, himmat nadir bilmaydir».

Eng himmatli manman degan saxiy buni tingladi,
Kambag‘al chol himmatining ortig‘lig‘in angladi.

TO‘G‘RI JAVOB

Otasi o‘lub, bir o‘g‘il bo‘ldi boy,
Ki qoldi anga molu mulku saroy.

Aning oldiga bir faqir kelib,
Salom ayladi, tavoze’ qilib.

Dedi: Men senga tug‘ma qardoshman,
Bu molu manolingga yo‘ldoshman.

Otangdin qoldi senga bu necha mol,
Bo‘lub ber menga yarmini ushbu hol.

Ul odam dedi hayrat ila ango:
«Nechuk sen qarindosh o‘lursan mango?»

Faqir aydi: «Ey mehribonim, eshit,
Quloq solib, bu arz nihonim eshit.

Sanu man hama olam insonlari
Emasmizmi, bir odam o‘g‘lonlari?»

Bu so‘zni eshitgach, tabassum qilib,
Bir oltun chiqardi, dedi: «Ol kelib».

Ul aydi: «Birodar, bu qanday suxan?
Mango shulmidur hissa merosdan?»

Javobida ul mardi shirin kalom
Dedi: «Sokit o‘l, bilmasun xosu om.

Eshitsalar gar o‘zga qarindoshlar,
Uzog‘u yaqindan, yoru yo‘ldoshlar

Bo‘lub olsalar molu mulkni tamom,
Sanga tegmagay bir tiyin, vassalom!»

Munavvar Qori Abdurashidxonov. Tanlangan asarlar by Khurshid Davron on Scribd

011

(Tashriflar: umumiy 10 012, bugungi 1)

Izoh qoldiring