Румийга кўра «Ҳикматлар — Аллоҳ лашкаридур, улар Ҳақ, ҳақиқат байроғини кўтариб, кўнгулларни забт қилур». Бу эътироф Мавлоно ҳикматларига ҳам тўла тегишли. Ўйлаймизки, ушбу ҳикматларни ўқиган ҳар бир китобхон Ҳақ майидан қултумлаб, қон ва жонида ўзгача сурур уйғонишини ҳис этаркан, бунга ўзи ишонч ҳосил қилади.
Мавлоно Жалолиддин Румий
ҲИКМАТЛАР
Форсийдан Жамол Камол таржимаси
Бошланғич қисмлари: 01 02 — Давоми
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ
* * *
Мен билармен кимлигимни, ул билур,
Айбларимни пардалаб ёпгувчи ул.
Бошда Иблис эрди устоз менга, бас,
Сўнгра ул бўлди қошимда хору хас.
Кўрди Ҳақ, кўрмасга олди, айтмади,
Этмади расво, юзим сарғайтмади.
Боз, раҳмат бирла тикди пўстиним?
Тавба берди, ўйлаким жондек ширин.
Ҳар не қилдим, қилмаган этди ҳисоб,
Этмаган тоатларим бўлди савоб.
Бўйла сарву савсаним озод этиб,
Бўйла бахту давлатим обод этиб,
Ёзди номимни асл деб, покравиш,
Дўзахий эрдим, насиб этди биҳишт.
Оҳ, дедим, ип бўлди ул оҳим менинг,
Қолди тубанларда ул чоҳим менинг.
Ипга чирмашдим, мана, эркин бўлиб,
Ўлтирибмен шод бўлиб, дуркун бўлиб.
Тийра чоҳ тубида эрдим мен забун,
Энди-чи, оламга сиғмасмен бугун.
Офаринлар сенга, эй қодир Худо,
Ногаҳон этдинг мени ғамдин жудо.
Бошда ҳар тола туким бўлса забон,
Етмагай шукрингни этмоққа баён…
* * *
Бир киши урди эшикка ўзини,
Заъфарон этмишди қўрқув юзини.
Сўрди уй соҳиби: не бўлди, бахайр,
Қалтирайдирсен теракшшг баргидай?
Ким сени қувди, магар кимдин қочиб,
Бизга кирдинг ранги рўйинг қум учиб?
Деди: шоҳнинг эрмаги деб бул замон,
Қайда этттптак эрса, тутгайлар ҳамон.
Кулди уй соҳиби, деди: муҳтарам,
Эшшак эрмассан-ку, сенга бу не ғам?
Деди: ҳеч гапмас улар айлаб жадал,
Эшшак ўрнида мени ҳам тутсалар.
Бўйла бу ишга киришганларки, бас,
Эшшагу инсон уларга айрумас…
Бетамизлар элга раҳбар бўлмасин,
Эшшак ўрнига тутарлар эгасин.
Ўзгадир лек шаҳримизда шоҳимиз,
Дардимиздан ҳар нафас огоҳимиз.
Одамо, эшшакқувардин қўрқмагил,
Эшшак эрмассен, алардин қўрқмагил.
Тўлди тўртинчи фалак нурингга, бас,
Ҳошакаллоҳ, масканинг охур эмас.
Аслида чарх узра, юлдуз узрасен,
Гарчи бир кенгаш или охурдасен.
Мири охур ўзга, эшшак ўзга, ҳай,
Барча охур аҳли эшшак бўлмагай.
Сўйладинг эшшакни шунча, шартмидир,
Энди сен гулдин, гулистондин гапир.
Ё анорлардин, турунжу олмадин,
Дилраболардин, шаробдин, ишвадин.
Мавжлари гавҳар ўшал денгизни айт,
Сўзга лаб очса магар, тенгсизни айт.
Ёки ул қушларни айт, гулчин эрур,
Тухми зарриндир ва ё сиймин эрур.
Сўйла лочинларни, какликлар билан,
Гоҳи паст парвоз этурлар, гоҳ баланд.
Неча нарвонлар жаҳон ичра ниҳон,
Поя-поя юксалур то — осмон.
Ҳар гуруҳнинг нарвони ўзгадир,
Ҳар равишнинг осмони ўзгадир…
* * *
Дедиким, кўнгил уйи хилват эрур,
Унда бир бегона йўқ, жаннат эрур.
Ишқи Ҳақдин ўзга дилда ёр йўқ.
Ёди Ҳақдин ўзга бир дилдор йўқ.
Мен супурдим ҳар не бордир неку бад 18,
Дил уйим тўлдирди ул ишқи Аҳад.
Ҳар не кўрсам унда гар ғайри Худо,
Мендин эрмас ул, магар акси гадо.
Гар кўрарсен сувда ҳурмо аксини,
Сувдамас, соҳилда кўргил аслини.
Суврати гарчи ариқда, сувдадир,
Соҳиби суврат вале соҳилдадир.
Истасанг оби зилолдин файзу қут,
Танда оққан ул ариқни тоза тут.
Гар ариқдин хору хасликлар кетар,
Сен амин бўлгилки, юзлар акс этар.
Сув ила лойдир танинг ул, не яна?
Лой била оби зилолинг булғама.
Сен емак-ичмак ва уйқу бирла банд,
Сув уза тупроқ сочарсен дамба-дам…
18 Неку бад — яхши, ёмон.
* * *
Дилмидир ул, бўлмаса нур дил аро,
Руҳдин айру танни тупроқ бил, қаро.
Нури жондин айру қандил не эмиш?
Қандил эрмас ул, қўлланса бир идиш.
Гар идишларда саноқ бор, эътидод,
Лек оловларда саноқ йўқ, иттиҳод.
Олти қандил нур сочарлар ярқираб,
Лек уларнинг нурини бўлмас санаб.
Ул жуҳуд, мушрик кўрар қандилни тек,
Аҳли мўмин бир кўрарлар нурни лек.
Нурдамас, қандилда кўрса руҳни,
Икки кўргай Шис бирлан Нуҳни.
Ул ариқ эрмишки, сув жавлони бор,
Одамий улдирки, танда жони бор.
Улки чин одам эмас, суврат эрур,
Гар жаҳонда нону шаҳват деб ўлур…
* * *
Ул бири бозор кезарди кундузи,
Қўлда шамди, кўнглида ишқи, сўзи.
Билфузул сўрди баногоҳ: эй фалон,
Не тиларсен ул дўкондин бул дўкон?
Нени изларсен дўконларга боқиб,
Куппа-кундузда бунингдек шам ёқиб?
Деди: излармен анингдек одамий,
Ки тирик бўлсин ҳаётда ҳар дами.
Бормикин ҳеч? Деди: эй донойи ҳур
Кам эмас, бозор тўла одам эрур.
Дедиким, мен икки йўллик жаддада
Бир сабрли мардни истармен жуда.
Қаҳру шаҳват чоғи то эр бўлсин ул,
Кўйма-кўй овора, излармен нуқул.
Бормикин дунё ичинда бўйласи,
Бўлса гар, жонимни айлай садқаси…
* * *
Ўғри миршабга деди: эй подшо,
Ҳар не қилдим, эрди ул ҳукми Худо.
Деди: миршаб: ҳар не айлармен, жигар,
Ул-да менга ҳукми Оллоҳдир магар.
Бир туруп олса дўкондин бир киши,’
Десаким гар, бу — Худонинг хоҳиши.
Мушт урарсен бошига, эй бесабақ, ,
Ўрнига қўйгилки, бул ҳам ҳукми Ҳақ.
* * *
Бир кўкат деб бўйла этсанг, эй фузул,
Бўйла узринг этмагай баққол қабул.
Бўйла узрим бор, дея ўиланма кўп,
Аждаҳонинг бошидин айланма кўп.
Бўйла узрим бор, десанг эй соддадил,
Молу жонинг барчаси қолгай сабил…
* * *
Бир киши эрди дарахтнинг устида,
Силкитиб, мева қоқарди пастига.
Келди боғбон, деди: эй бузғун амал,
Не қилурсен, ҳай? Худойимдин уял.
Дедиким: мен-банда, бул-боғи Худо,
Мевасин ерман, Худойимдин ато.
Кўр-кўрона сен маломат айлама,
Қўй бу очкўзликни, одат айлама.
Деди: ҳой, Айбак, кетур арқонни сен,
То бу дам олсин жавобин Бул-Ҳасан.
Ўғрини тутди, дарахтга боғлади,
Урди андоқким, туйиб, тўқмоқлади.
Ўғри ул қичқирди: инсофинг қани?
Бегуноҳдин ўлдирарсен бандани.
Деди боғбон: мен — Худонинг бандаси,
Ушбу калтаклар-Худонинг зарбаси…
Неча нодон дедилар Мажнунга, бас,
Лайли ҳусни ортиғу чандон эмас.
Шаҳримизда неча минглаб дилрабо,
Андин ортиқдир магарким ҳусн аро.
Деди: суврат-кўза, май эрмиш ҳусн,
Тангри менга май тутар ул кўзадин.
Сизга сирка, менга май сунгай басе,
Ул сабабдин сизга хушмас кўзаси.
Бир идишдин ул Худойи аззи жал,
Ҳам заҳар қуйгай-да, ҳам қуйгай асал.
Кўзани кўрдинг ва лекин ул шароб,
Сенга пинҳон эрди, тутмишди ҳижоб.
Чунки ҳар кимга кўринмас завқи жон,
Кўрсатур ёлғиз яқинларга нишон…
* * *
Бахтлидир ул кимса, эҳсон айламиш,
Борини бир дўстга қурбон айламиш.
Фанга чун ошуфта эрмиш ул мудом,
Умрини шу йўлда этмишдир тамом.
Мағрибу машриқда ҳам шундоқ бўлур,
Ошиқ ўлгай, балки маъшуқ ҳам ўлур.
Илму фан деб ўлса, муқбил оти бор,
Бу ўлимда юз тириклик тоти бор.
Ошиғу маъшуқлик этгайдир давом,
Икки оламда уларга яхши ном…
* * *
Мен мисоли ёсумандирмен ҳамон,
Бош эгармен ул томону бул томон.
Қолмамиш кўнглимда чун уммиду хавф,
Худди толдек солланурмен ҳар тараф.
Чайқалурмен, шохларим ларзон бўлиб,
Елда мажнунтол каби рақсон бўлиб.
Улки май бирлан топар хушлик, карам,
Бўйла бир хушликни билсин қайданам?
Анбиёга бўйла хушлик келди паст,
Жонлари Ҳак, шавқи бирлан эрди маст.
Ўйлаким хушликни кўргандин кейин
Бўйла хушликлар уларга бир ўйин.
Улки ул маҳбубга маҳрам эрта-кеч,
Мурдага эмди қучоқ очгайму ҳеч?
* * *
Ёрдин лутфу карамлар келса, хуш,
Лутфи олдида наботинг не эмиш?
Қатра лутфи томса денгизга магар,
Тонг эмас, денгиз суви ширин бўлар.
Неча минг ҳолатки келгайлар чунин,
Ғайб қароргоҳига кетгайлар кейин.
Бир кунинг аввалги кунга ўхшамас,
Бир ариқдирким оқаркан, тўхтамас.
Ҳар кунинг завқи, севинчи ўзгача,
Ҳар даминг дарди, овунчи ўзгача.
* * *
Ҳар нафасда бир азиз меҳмондайин
Бир фикр кўнглингга келгайдир тайин.
Сен фикрни шахс бил, эй жонажон,
Чунки шахс топгай фикрдин қадру жон.
Ғам агар шодлик йўлини тўсгуси,
Чекма ғам, янги севинчлар ўсгуси.
Дил ўйин ғамлар супурса, не ажаб,
Янги шодликлар келурлар ярқираб.
Дил бутоғи сап-сариқ япроқ тўкар,
Ям-яшил япроқ кўкарсин деб магар.
Эски илдизларни ковлар ғам ҳамон,
Янгининг завқини тотгаймен, дебон.
Эски илдизни қўпоргай, отгай ул,
Ёширин илдизга бир кун етгай ул.
Ҳар неким ғамни кўнгилдин сургуси,
Ўрнига аълосини келтиргуси.
Кўк булутдин тутмаса эрди ҳижоб,
Куйдирар эрди узумни офтоб…
* * *
Шоҳ ўзига келди, тавба айлади,
Айлаган айбу гуноҳин ўйлади.
Деди: этдим ўзгаларга не ёмон,
Ёпирилиб бошимга келди бу замон.
Ўзгаларнинг жуфтига тикдим кўзим,
Бу маломатга дучор бўлдим ўзим.
Ўзгаларнинг эшигин урдимки, ҳов,
Урдилар чун эшигимни беаёв.
Ким тилайдир ўзгаларнинг ёрини,
Ўзгаларга эш этар дилдорини.
Чунки қилмишга қидирмишдир сазо,
Ҳар гуноҳнинг жинсидин эрмиш жазо.
Ўзгаларнинг ёрига кўз солганинг
Сен даюсликни бўйинга олганинг.
Тортиб олмишдим канизни зўр билан,
Зўр билан тортиб олишди менданам.
Паҳлавон эрди вафо ойинлигим,
Хоин этди,боқ, уни хоинлигим.
Лозим эрмас эмди кийну интиқом,
Ҳар не ўтди, ўтди ул мендин тамом.
Қаҳру кийна айласамчи, этганим,
Ёприлиб, бошимга келгайдир маним.
Бир сафар билдим, синаб кўрдимку мен,
Кел, билай деб боз синаб кўргайму мен?
* * *
Айланур бошим хуморингдин, Худо,
Бул карамга мен тасаддуқ, мен адо.
Хоҳишингдир майлу рағбат барчаси,
Йўлчи йўлга тушса, ул Ҳақ жазбаси.
Чанг-ғубор учгайму еллар юрмаса,
Кема йўл босгайму елкан сурмаса.
Жон олур жонлар хаёлинг олдида,
Оби ҳайвон не зилолинг олдида?
Оби ҳайвон қиблайи жон, эй рафиқ,
Сув ила яшнайди бўстон, эй рафиқ.
Ишқ ила ўлмиш, тирилмишдир улар,
Дилни жондин, жон суйидин уздилар.
Ишқ суйинг кўнгилга бермишдир нажот,
Олдимизда оби ҳайвон ҳам касод.
Оби ҳайвон жон бағишлар, сувчи сен,
Чунки ул сувга ҳаёт бергувчи сен.
Ҳар нафас бердинг ўлимни, жонни ҳам,
Англадим, неларга қодир ул карам.
Бас, ўлим уйқу эмишдир менга то,
Эътимодим бор тирилмоққа, Худо.
Етти денгиз бўлса эрди гар шароб,
Сен уни борлиққа бергайдинг шу тоб…
* * *
Эй ҳаёти дил, Ҳусомиддин, йигит,
Жазб этар кўнглингни ул олтинчи жилд.
Жазб этаркан сен каби аллома ул,
Ер юзин кезгай «Ҳусомийнома» ул.
Сенга пешкаш булгуси, эй маънавий,
Бул китоб, яъни якуни маснавий.
Олти ёққа ул таратсин шуъла, нур,
Кай ятуфа ҳавлаҳу ман лат ятур 19.
Бешу олти бирла ишқнинг не иши?
Жазби ёрдин ўзга борму хоҳиши?
Балки бундан сўнгра бир дастур келур,
Сўйланувчи рози диллар сўйланур.
Ул баёнотлар бўлиб равшан, аниқ,
Ул киноятлар яна бўлгай дақиқ.
Сирга — сирдош, ўзгаси анбоз эмас,
Розким мункирга етгай, роз эмас.
Баски, даъват айла, дер Парвардигор,
Даъват айлар, ўзга не парвойи бор?
Кечди даъват бирла тўққиз юз йили,
Қолди ғафлат ичра лекин Нуҳ эли.
Нуҳ даъват этди, сўзни давом этмади,
Жим бўлиб, хилватга ўзни чекмади…
19 Дунёни сайр этиб кўрмаганлар, сайр этиб кўрсин.
* * *
Ул жаҳонга, бас, суянгай бул равоқ,
Васл ила топгай якун ҳажру фироқ.
Зиддиятлар ичра кўр ҳар зотни,
Не учун ваҳдат туғар эъдодни?
Биз — бўлакларимиз, у тўрт эъдод — асл,
Бизда феълин айлагай ижод асл.
Гавҳари жон ўртада тургай нуқул,
Феълу ҳўйи — феъли ҳўйи Ҳақдин ул.
Жанг олур сулҳу омонлиқдин кучин,
Чун Набий жанг қилди Тангри — Ҳақ учун.
Икки олам ичра ғолиб ул чунон,
Шарҳига етмас сира фикру баён.
Мавжи Жайҳунни симирмогинг маҳол,
Яхшимас юрмоқ вале лабташнаҳол.
Маънилар дарёси жизибдир сенга,
Маснавийдин бир ариқ очгил анга.
Бир ариқ оч Маснавийдин унга, бас,
Маънавият денгизин кўр ҳар нафас.
Елки елпиб ул ариқни чайқатар,
Сувда якрангликни ул пайдо этар.
Новдаларким силкинур, ларзонни кўр,
Меваларким товланур, маржонни кўр.
Ҳарфу савту дам-ла сўз пайдо бўлур,
Гар улардин кечса, ул дарё бўлур.
Сўйлагувчи, тинглагувчи, сўз фақат,
Шул учовдин жон яралгай оқибат.
Нон берувчи, нон олувчи, нони пок,
Тарк этиб суврат, бўлур охирда хок.
Лек йўқолмасдир сира маънолари,
Уч мақомда айрилиб тургай бари.
Суврати хок бўлди, маъни ўлмади,
Ким деса: бўлди, дегилким, бўлмади.
Олами руҳ ичра тургайлар басир,
Гоҳ шаклли, гоҳ шаклсиз, мунтазир.
Амр ила сувратга киргайлар яна,
Амр ила сувратни сургайлар яна…
* * *
Отда, отлиқда унинг фармонида,
Уйдадир жон, тан эса айвонида.
Хоҳиши гар эрса миндирмоқ анинг,
Амр этиб жонларга дерким ул: мининг.
Истаса жонларни юксалтмоқ нуқул,
Ҳой, тушинг, деб амру фармон айлар ул.
Сўзки нозик тортди, лозиммас қалов,
Бас, қалаштирма, пасайтиргил олов.
Қайнагай мўъжаз қозонлар ҳар нечук,
Юпқадир идрок, қозони ҳам кичик.
Поки субҳонийки, себистон20 қилур,
Олмаларни барг аро пинҳон қилур.
Барг деган аслида сўздир, гуфтугўй,
Остидин олма таратгай атру бўй.
Сен симиргил, ол думоғингга ани,
Атру бўйи олмага элтгай сени.
Атру бўй ол, эҳтиёт эт ўзни, бас,
То авомдин етмасин салқин нафас.
Етмасин жонингга дард, жисмингга суқ,
Бир нафасдирким, зимистондин совуқ.
* * *
Сўрди воиздин йиғинда бир киши,
Эйки сен, мажлису минбар дониши,
Бир саволим бор, сўрайдирмен шу тоб,
Мажлис ичра бер саволимга жавоб.
Ўлтирар бир қуш оғоч устида тоқ,
Боши авлому, думими яхшироқ?
Деди: юзланса шаҳарга ул агар,
Қуйруғидан боши афзалроқ бўлар.
Йўқ, агар бурса шаҳарга думни ул,
Боши эрмас, қуйруғи афзал бўлур.
Қуш учар эрса, учар то ошиён,
Болу пар инсонга ҳимматдир, инон.
Хайру шаррга ботса ошиқ ул магар,
Хайру шаррмас, ҳимматига сол назар.
Оқ қанотли қарчиғай гар беназир,
Сичқон овлар эрса, тубандир, разил.
Гар қаро қузғун севар подшони, бас,
Эмди ул лочин эрур, қузғин эмас.
Одамий бир тос хамирдек қад билан,
Кўкданам юксак, қуёшдан ҳам баланд..
20 Себистон — олмазор.
* * *
Ҳар ишоратким Муҳаммаддин келур,
Баски дил очмоғу гул очмоқ эрур.
Офаринлар ул муборак жонига,
Офарин фарзандлари давронига.
Ул халифазодаларким, ҳар бири,
Кам эмас, жону дилининг унсури.
Балки Бағдоду Ҳирот, Райдан улар,
Асли наслига вале пайванд улар.
Гул бутоғи қайда ўсса, гул эрур,
Май хуми ҳар қайда жўшса, май турур.
Гар қуёш мағриб тарафдин чиқса, бас,
Айни офтобдир, бўлак офтоб эмас.
Айбчиларким шу ёруғ оламда бор,
Барчасин кўр айла, эй Парвардигор.
Ҳақ демиш: хуффошни кўр этдим, сўқир,
Кўрмагай токи мунаввар кунни ул.
Бўйла ноқисликка солдим мен атай,
То қуёшнинг юлдузин ҳам кўрмагай…
* * *
Берма кўнгилни бу ишга, эй нигор,
Сўнг надоматлар чекурсан зор-зор.
Ул амирлик, ул вазирлик, шоҳлик ул,
Чун ўлимдир, балки жон бермоқ эрур.
Банда бўл, ҳур бўл шу дунё қўйнида,
Мурдадек кезма бировнинг бўйнида.
Куфр эмишдир, улки бундоқ истагай,
Ўзгалар устида юрмоқ истагай.
Тушда бир тобутда кўрсанг кимсани,
Ўнгда бир мансабда кўргайсен ани.
Юк эмишдир елкада тобутки бор,
Халққа юклар залворин аҳли кибор.
Ўзгага ортма юкингни, эш бўл,
Этма сарварлик ҳавас, дарвеш бўл.
Минма халқ бўйнига, оғир олмасин,
Хасталик икки оёқдин чалмасин.
Охири отдан тушиб, ҳайронасен,
Бир шаҳардирсен, вале вайронасен.
Кеч шаҳардин, турма ул кошонада,
Қолмагайсен сўнгра бир вайронада.
Юзта боғинг борида тарк айла, бас,
Бўлмагил то ожизу вайронпараст.
Деди: гар жаннатни этгайсен тамаъ,
Одамийдин бир вақое истама.
Мен кафилмен, сенга бўлгайдир ато,
Жаннатул маъвою дийдори Худо…
* * *
Бир киши тунда эшитди бир шитир,
Тош чақиб чун шамни ёқмоқ бўлди ул.
Келди ўғри, ёнига ўлтирди зуд,
Ўт илашса, қўл босиб, сўндирди зуд.
Ҳар сафар босгай эди бармоғини,
Истамасди чунки шам ёнмоғини.
Хўжа ўйлар эрди, ўчгай шам ўзи,
Ҳийлагар ўғрини кўрмасди кўзи.
Дерди: нам тортмиш, эмас ўнғай пилик,
Ул сабабдин ёнмагай, сўнгай пилик.
Баски зулмат эрди атроф, тимқаро,
Ўғрини кўрмасди хўжа тун аро.
Бўйлаким кофир кўнгилда, эй нигор,
Чун кўринмас, ўтни сўндиргувчи бор.
Йўқ эмас, ортида бордир бир кучи,
Ҳар не айланганни айлантиргучи.
Бас, нечук келгай-да, кетгай кун, кеча,
Бўлмаса ортида қодир бир хўжа?
Не саволлар ичра юргайсен малол,
Бул жиҳатни ҳам ўзингга бер савол.
Уйни тикловчи бинокордир, ўғил,
Ё бинокорсиз-да тиклангайму ул?
Хатни хат қилгувчи котибдир ўшал,
Ўз-ўзича хат ёзилгайму магар?
Жим-қулоғу айн-кўзу мим-оғиз,
Ёзмаса котиб, ёзилгайму нафис?
Шам ёнгайму билимдон ёқмаса,
Тун аро бир аҳли ирфон ёқмаса?
Қўли чўлтоқ, кўзи кўр бўлса, сўник,
Ул киши санъат яратгайдир нечук?
Баски билдинг, қаҳр этиб тургувчи ким?
Қаҳр этиб, бошингга чун ургувчи ким?
* * *
Бир киши қўчқор етаклаб, эрди банд,
Ипни кесди ўғри, чалди илкидан.
Шўрлик огоҳ бўлди, чопди ўнгу сўл,
Ахтариб қўчқорни топмоқ бўлди ул.
Кўрди бир кимса қудуқнинг бошида,
Қайғуси ошкор эди кўз ёшида.
Сўрди: не бўлди? Дедиким, вой иним,
Шу қудуққа тушди ҳамён олтиним.
Гар олиб чиқсанг, мадад берсанг менга,
Юз динорнинг ўттизин бергум сенга.
Ўйлади ул содда кўнгилнинг қули:
Кам эмас бу, ўнта қўчқорнинг пули.
Бир эшик ёпганда очди ўнтасин,
Олди бир қўчқорни, берди тевасин…
Тўн ечиб, тушди қудуққа даъфатан,
Илди-қочди ўғри жома-тўнни ҳам.
Чора топ, манзилга элтсин ул сени,
Элтса офатга, тамаҳ деб бил ани.
Ўгридир, бир фитна сийратдир тамаҳ,
Ҳар нафас бир ўзга сувратдир тамаҳ.
Банда билмас макрини, билгай Худо,
Ҳаққа бор, қолсин аламда ул дағо 21.
21 Дағо — фирибгар, маккор.
* * *
Жон басе чекдинг-ку, озод бўлмадинг,
Муддао ўлмокдик эрди, ўлмадинг.
Ўлмагунча меҳнатинг бўлмас тамом,
Нарвонсиз томга чиқмоғинг гумон.
Балки ул бир-икки поя кам бўлур,
Том сенга юксак ва номаҳрам бўлур.
Етмаса арқон қудуққа, бўлмагай,
Сен туширган кўза сувга тўлмагай.
Келмагунча сўнгги юк оғир, гарон,
Кема ғарқ бўлгайму сувга, эй фалон?
Не этар бўлса, ўшал юк этгуси,
Ваҳму васвос кемасин чўктиргуси.
Ақлу ҳуш ғарқ бўлса сувга мисли тош,
Ўзни кўргайсен фалак узра қуёш.
Ўлмадинг, чун бўлди жон чекмак дароз,
Ён, адо бўл тонгда, эй шамъи Тароз.
Бўлмагунча юлдузинг кўздин ниҳон,
Нур таратмас сенга хуршиди жаҳон…
* * *
Бир киши сўрди амирдан от-улов,
Ул деди: ол, сенга бўлсин шул бедов.
Мен бу отни истамасмен, деди ул,
Олға юрмас, ортга тислангай нуқул.
Шунда мир ўргатди ишнинг йўриғин,
Бошин эрмас, уйга бургул қуйруғин.
Нафсинг оти қуйруғи шаҳват магар,
Шул сабабдин ортга тислангай ўшал.
Кўкдин эрмиш, англа шу буйруқни сен,
Охиратга бур ўшал қуйруқни сен.
Бермасанг шаҳватга нону ошини,
Ул эгар ақли шарифга бошини…
* * *
Келди гийлонийга йўқсил бир гадо,
Қўл очиб, хайри дуо этди адо.
Чун дуое этди ул олганда нон:
Манзилингга Тангри етказсин омон.
Деди гийлоний: бу уй-манзил маним,
Манзилингга Тангри етказсин сени.
Аҳли ғофил бўйлаким кор айлагай,
Сўйлама, гавҳар сўзинг хор айлагай.
Ҳар киши ҳам сўзни уқмоғи қийин,
Қадди бастни кўр-да, тўн бичгил кейин…
* * *
Бир эшикка бир гадо келмиш эди,
Ёки қотган, ёки юмшоқ нон, деди.
Деди соҳибхона: бунда нон қани?
Нон дўконидин сўраб, ахтар ани.
Деди: жиндак ёғ хайр этсанг-да бас,
Деди: бу қассоб дўкони ҳам эмас.
Деди бир каф ун хайр этгил, жигар,
Деди: бу сенга тегирмонму магар?
Деди: бир жом сув узатгил бўлмасам,
Деди: бу анҳор эмасдир, чашма ҳам.
Хулласи ҳар не тиланди, сўрди ул,
Йўқ, дебон келди жавоби, йўқ нуқул.
Шунда уйга кирди, деди: қистади,
Чўнқайиб, ҳожат қилишни истади.
Деди: ҳай-ҳай, не этарсен хонада,
Бир ёзилгум, деди шул вайронада.
Бас, тирикликдин йироқ бир хона ул,
Уй эмас, аслида ҳожатхона ул…
* * *
Ким ёмон бир дўстгаким сабр айлагай,
Сабр ила кўнглин мунаввар айлагай.
Сабр этиб ой тунга, кўкда тўйи бор,
Гул тиканга сабр этиб, обрўйи бор.
Сабр этиб, шер йўлни пойлайдир неча,
Ўлжа бўлгай сўнгра унга тевача.
Сабр айлаб анбиё ҳам ҳар қачон,
Хоси Ҳақ бўлмиш улар, соҳибқирон.
Гар киши эгнида янги тўн эрур,
Сабру бардош бирла етмиш тўнга ул.
Гар киши эрса яланғоч, бенаво,
Бесабрдирким, эрур йўқсул, гадо.
Кимда эрса дарду оғриқ шиддати,
Балки, бир маккор ила бор улфати.
Сабр этиб, гар Ҳаққа этсайдинг вафо,
Сен тушиб ҳижронга, чекмасдинг жафо…
* * *
Кўз-булут, кўнгил — чамандир, жилвагар,
Гар булут кўзёши тўкса, боғ кулар.
Йил агар офатли келса, офтоб
Ўт сочиб, боғларни қилгайдир хароб.
Йиғламоқлик амрини Ҳақ берди, лек,
Тиржаярсен мунча куйган калладек.
Шам каби кўзёши тўккил, йиғлагил,
Шам каби ўини мунаввар айлагил.
Ота-она койиса, истар самар,
Етмасин дер сенга бир заҳму зарар.
Кулгулар завқини тотдинг бегумон,
Энди йиғлаш завқини тот, эй фалон.
Гар жаҳаннам ёди йиғлатса сени,
Жаннатул маъводин ортиқ бил ани.
Кулгулар изла чу кўз ёш ичраким,
Ганж ётур вайроналарда, эй салим.
Завқу шавқ ғамларда эрмишдир, аё,
Оби ҳайвон бўлди зулмат ичра жо…
* * *
Ёрга етгач, хомуш ўлтирмоқни бил,
Сен узукка ўзни гавҳар этмагил.
Боқ ўшал жумъа намозга, дамни ют,
Жумла жамдирлар ва этгайлар сукут.
Айла хомушликни ўзга чин макон,
Ўзгаларга айлама ўзни нишон.
Деди пайғамбар, шараф бўлсин анга,
Дўсту ёринг йўлчи юлдуздир сенга.
Кўзни юлдузларга тик, тарк айлама.
Сўз назарга раҳна солгай, сўйлама.
Икки — уч сўз тўғри сўйларсен, фалон,
Эгри сўзлар сўнгра келгай ногаҳон.
Маълум эрмасму магар ибрат сенга,
Сўзни сўз очгай, деган ҳикмат сенга?
Тўғри сўзни айтмоқ истарсен ёниб,
Эгри сўзга ёндашурсен тийғаниб.
Тоза сўз айтмоққа очгайсен даҳон,
Эргашиб, бир тийра сўз келгай ҳамон.
Кимгаким сўзни ваҳий этмиш Худо,
Сўзи софдир, Унга сўз айтмоқ раво…
* * *
Минг ўқи, гар етмаса Ҳақдин карам,
Хотирангда қолмагай бир нуқта ҳам.
Ҳаққа хизмат қил, китобсиз ҳам ажаб,
Енгларингдин сочилур илму адаб.
Қўйнига қўл солди Мусо, топди нур,
Кўкдаги ойдан-да порлоқ эрди ул.
Изламишдинг нурни осмондин магар,
Эй Мусо, қўйнингда эрмишдир ўшал.
Бошинг узра неча осмон баҳсидир,
Аслида ақли башаршшг аксидир…
* * *
Ақлу ҳуш юрмас умидсиз йўлга ҳеч,
Ишқ эса юргай у йўлдин эрта-кеч.
Лоуболи-ишқ эмишдирким, нақл,
Қайга борса, фойдасин излар ақл.
Лек балолар ичра ишқнинг бошидир,
Бошида доим тегирмон тошидир.
Ортга боқмас, олға босгайдир мудом,
Баҳражўйликдин йироқ эрмиш тамом.
Бору йўғин ўртага ташлар ўшал,
Неки олмиш, қайтариб бергай тугал.
Бу сифатни ишққа бермишдир улуғ,
Олганин ул Ҳаққа қайтаргай тўлиқ…
* * *
Бенавомен, давлатим бергил менга,
Ранж кўрдим, роҳатим бергил менга.
Бўйла кўз ёшларга ғарқ этдинг мени,
Эшигинг кўрмоққа энди кўз қани?
Бер бу сўзсиз бандага ёшдин улуш,
Сабзалар унсин ўшал яйловда хуш.
Кўзларимда битса ёш бардошидин,
Кўзларимга бер Набий кўз ёшидин.
Қанча иззатманди, беҳамто, суюк,
Тангридин кўз ёши сўрди ул буюк.
Йиғламасму бўйлаким келганда кез,
Мен каби бир бенавою косалес?
Улки кўз ёшларга чун мафтун эрур,
Не ажаб, ашким агар Жайҳун эрур.
Қатраси ул неча Жайҳундин зиёд,
Инсу жинслар топдилар андин нажот.
Ёмғир истар эрса жаннат гулшани,
Истамасму шўрлаган тупроқ ани?
Эй рафиқ, этгил дуойи нолишинг,
Ул қабул бўлгайму, бўлмас, не ишинг?
Нонни деб гар кўзларингда битса сув,
Сен ўшал нондин ҳамоно қўлни юв.
Ўзни мавзун айла, эпчил, нолакор,
Кўзларинг ёшига ул нонингни қор…
* * *
Шоҳ деди: лутфи азалдир яхшилик,
Ўрнида эрса, гўзалдир яхшилик.
Рухга гал келганда шоҳ сурмоқ — хато,
Шоҳга гал келганда от юрмоқ-бало.
Лутф бор жойда жазо ҳам бўлгуси,
Шоҳ саройга, от охурга боргуси.
Ҳар неким ўрнида эрса, адл эрур,
Зулм ўлур ўрнида эрмас эрса ул.
Ҳақ яратмиш, бежиз эрмас, эсда тут,
Қаҳру кин, раҳму аёв, макру ўгит.
Ҳеч бири дунёда мутлақ хайр эмас,
Ҳеч бири дунёда мутлақ шарр эмас.
Ҳар биридин наф келгайдир, зарар,
Лозим ўлгай илм олмоғинг магар.
Эй басо мискинга этмишлар итоб,
Нону ҳалводин-да ул хайру савоб.
Гоҳи калтак дору дармондир анга,
Гоҳи ҳалво офати жондир анга.
Лозим эрса, этма шафқат, шатта ур,
Урганинг юз бир балодин қутқарур.
Шатта қувгайдир киши найрангини,
Шатта тўккайдир наматнинг чангини.
Базму зиндон ёнма-ён, ҳамроҳ эмиш,
Яхшига базму ёмонга чоҳ эмиш.
Тибда ҳам аввал ёрилгайдир яро,
Сўнгра бир малҳам сурилгайдир анго.
Кун ўтаркан, фойдаси бўлгай аён,
Қўл тегизмоқлик анга этгай зиён…
* * *
Беш намоз бирлан таралмайдир хумор,
Ул таралмас, бўлса ҳамки юз ҳазор.
Кам зиёрат эт, дейилмиш, бошқадир,
Аҳли содиқ жони доим ташнадир.
Сувда юргайдир балиқлар ҳар қачон,
Сув агар йўқ эрса, қайда унси жон?
Қанчалар чексиз бу денгиз, ўйлаким,
Ташна кўнгилларга лекин — бир ютум.
Бир нафас ҳижрон анга — бир йилчадир,
Ёр ила бир йил кўришмоқ — қилчадир.
Ташнадир ошиқ, чу излар ташнани,
Кеча-кундуздек таъқиб айлар уни.
Кечани излайди кундуз, ошиқ ул,
Кеча-кундуздан-да ошиқроқ эрур.
Бир-бирин кўзлайди излаб ҳар нафас,
Бир-бирин излайди кўзлаб ҳар нафас.
Ул оёғига тушиб, беҳуш анга,
Бул қулоғидин тутиб, мадҳуш анга.
Не эмиш ошиқда ўй, маъшуқ фақат,
Не эмиш Узрода ўй, Вомиқ фақат.
Маъшуқа кўнглида ошиқдир нуқул,
Иккисин айро этувчи қайда ул?
* * *
Эйки сенга садқадир сарву суман,
Лутфу эҳсонингга жоним орзуманд.
Мен тилаб лутфинг, ўлармен, эй нигор,
Шунда ҳам лутфинг тилармен, эй нигор
Балки келгайсен мозорим бошига,
Кўз ёшинг томгай мозорим тошига.
Йиғлагайсен унда маҳрум деб мени,
Бенаво, бечора, мазлум деб мени.
Сен ўшал лутфингни кўрсат шул замон,
Сен ўшал сўзлардин айтгил бир нишон.
Сенки ул қабримга дерсан, севганим,
Шул замон айтгил қулоғимга маним…
* * *
Деди сўфийга чу давлатманд хўжа.
Мен сенинг пойингда қурбонмен неча.
Ё бугун бир танга ол ё эртага
Бир эмас, уч танга бергаймен сенга.
Ярмини гар кеча берсайдинг, деди,
Бир эмас, юз тингадин авло эди.
Нася нондин нақд муштум менга хуш,
Шайладим бошимни, ургил унга мушт.
Ҳар нафас бошимга тушсин зарбаси,
Ур менга муштингни, жоним садқаси.
Оч кўзинг, жону жаҳоним, турмагил,
Дам ғанимат, нақдни қўлдин бермагил…
* * *
Гар қуёш ул кўкда порлар бир ўзи,
Не эмиш олдида юзлаб юлдузи?
Мингта сичқон тўпланиб, ғавғо қилур,
Йўлини тўсгай мушук, қўрқмайди ул.
Бас, нечук сичқон мушук-ла жанг этар,
Жонида йўқса жамиятдин асар?
Суврат ичра йўқ жамиятда бақо,
Маъни ичра сўр уни, бергай Худо.
Ҳосил этгайму жамият кўп жисм,
Ҳар жисм ел узра тургай чун исм.
Бўлса сичқонларда бирлик туйғуси,
Тарқалиб турмас писиб, тўплангуси.
Бирлашиб тушсайди душман қасдига,
Ёприлиб ғаддор мушукнинг устига.
Тимдалаб кўзу қароғин қайбири,
Қиймалар эрди қулоғин қай бири.
Бошқаси кўксидин очгайди тенгак,
Ул жамиятдин қутилмасди мушук.
Не қилур бирлик у сичқон жонида,
Гар мушукдин титраса ҳар онида?
Биттамас, юз мингта сичқон бўлса ҳам,
Бир мушук олдида ожиздир, адам…
* * *
Кўчадин ўтганда Юсуф ҳар кези,
Дарчаларга шуъла солгайди юзи.
Уйларида ўлтириб мардум магар,
Бул тарафга ўтди Юсуф, дердилар.
Дарчаларга шуълалар тушгай эди,
Шуълалардин кўча ёришгай эди.
Дарчаси очилган эрса ул тараф,
Уйга тушгай эрди Юсуфдин шараф.
Дарча оч Юсуф томонга тинмайин,
Кўз солиб кўргил томошани кейин.
Ишқ деган ул дарча очмоқдир, ўғил,
Дўст жамоли урса, дил равшан бўлур.
Маъшуқа юзига ҳар дам сол назар,
Бул сенинг илкингда эрмиш, эй жигар.
Тут мудом кўнгилга кирмоқ пешасин,
Сур нари ўзга хаёл, андишасин.
Кимиёнг бордир, давойи пўст қил,
Йўл топиб, душманларингни дўст қил.
Чун насиб этгай ўшал зебойи хос,
Жонни бекасликдин ул айлар халос.
Бергуси жон гулшанига ул нажот,
Ғамдин ўлганларга дарёйи ҳаёт.
Дема, ёлғиз давлати дун бергуси,
Юз туман мулки гуногун бергуси.
Боқ, нечук мулки жамолин берди Ҳақ,
Тушни таъбирлашни бедарсу сабақ.
Мулки ҳусни солди зиндонга ани,
Мулки илми элтди Каъаомга ани.
Подшо қул бўлди унга, чўкди тиз,
Мулки илми мулки ҳуснидин азиз…
* * *
Эй симирдинг еру кўкдин айрича,
Шул йўсин жисмингни тўлдирдинг неча
Чун йиғиб дунёнинг узви-узвидан,
Парча-парча тўпладинг, этдинг бадан.
Тўпладинг жону танингга қанчалар,
Еру кўклардин, қуёшдин парчалар.
Уйла лекин, сенга бергайму текин,
Берганин ул қайтариб олмасмикин?
Ўғриким чалди, матоҳи бир куни
Дор оғочи остига элтар уни.
Не омонатдир, уни кўрмоқ керак,
Неки олдинг, қайтариб бермоқ керак.
Тандамас боқий тириклик руҳдадир,
Руҳни бергил, бошқаси беҳудадир.
Жонга нисбат сўйладим беҳудани,
Ҳаққа нисбат лекин айтмасмен ани…
* * *
Дедилар шаҳзодалар: хизматдамиз,
Амринг этгаймиз адо албатта биз.
Баски вожибдир ҳама фармонларинг,
Куфр бўлгай билмасак эҳсонларинг…
Лекин истиснову тасбиҳи Худо,
Сўйламай, чун этдилар кибру ҳаво.
Не карам бор иншооллоҳ тошида,
Сўйламишдик Маснавийнинг бошида.
Юз китобдин муддао бир боб эрур,
Юз жиҳатдин мақсад ул меҳроб эрур.
Неча йўллардин мурод бир хонадир,
Минг бошоқнинг илдизи бир донадир.
Турфа-турфа нозу неъматларки бор,
Аслида бир нарса, этсанг эътибор.
Биттаси бирлан магар тўйсанг тамом,
Тортмагай, бўлса яна эллик таом…
* * *
Ичма суврат жомини, ҳай, бўлма маст,
Бўлмагил то буттарошу бутпараст.
Кеч ўшал суврат қадаҳдин, эй ўғил,
Бода жомданмас, магар жом ичра ул.
Бодабахшга тут оғизни дамба-дам,
Бода бўлса, бас, топилгай жоми ҳам.
Одамо, маънийи дилбандимни сўр,
Қобиғу сувратни қўй, ул не эрур?
Баски қум бўлди Халилуллоҳга ун,
Эй азиз, буғдой не ҳожат сен учун?
Суврат ул олгай бесувратдин вужуд,
Мисли оташдин келур дунёга дуд…
* * *
Ул Зулайҳо дерди «Юсуф» дамба-дам,
Унга Юсуф эрди исроқдони ҳам.
Жойламишди барча номларга уни,
Сўйламишди жумла жонларга уни,
Десаким гар, мум оловдин юмшади,
Ёридин бул меҳр кўргони эди.
Деса гар, юз очди мовий кўкда ой,
Деса гар, дуркун теракларда чирой,
Деса, баргларнинг аломат рақси бор,
Деса, исриқдин таралгай хуш уфор,
Деса, булбул ўлтирур гулноз ила,
Десаким, шоҳ сирлашур шаҳноз ила,
Деса гар, бахтим баҳори лолагун,
Деса гар, силкинг гиламларни бугун,
Деса гар, келтирди машкоб оби ноб,
Деса гар, тонг отди, чиқди офтоб,
Десаким гар, кеча тортилган таом,
Тотли эрди, этди кўнгилларни ром.
Десаким, нонларда туз йўқ, бенамак,
Десаким, вой, чаппа айланди фалак.
Ё магар бошим тўла оғриқ, деса,
Ё магар бошимда оғриқ йўқ, деса,
Мақтаса бир ишни, боис ул эди,
Нолиса, боис-да ёлғиз ул эди.
Келтираркан тилга юзмингларча ном,
Мақсуди Юсуф эди, Юсуф тамом…
* * *
Тикка тургайдир илон ҳам мисли марг,
Оғзида ов овламоқ-чун сабза барг.
Ўтлар ичра ўтга ўхшар говдаси,
Қушга ул-дуркун ўсимлик новдаси.
Куш боқиб, тўймайди япроқ рақсига,
Талпиниб, тушгай илоннинг оғзига.
Боқ, ётур оғзин ичиб тимсоҳ атай,
Қуртлари тишлар аросинда талай.
Ҳар неким тутмиш, емиш, қолдиқлари
Қуртланиб, қолмиш кавакларда бари.
Қушчалар ғужғон у қуртларни кўриб,
Ризқ билурлар, бирма-бир ерлар териб.
Оғзи қушга тўлса, тимсоҳ ногаҳон,
Оғзини юмгай-да, юттайдир ҳамон.
Сен жаҳоннинг ҳолига солгин назар,
Оғзини очган буюк тимсоҳ магар.
Ризқу рўзинг ахтариб даргоҳидин,
Сен қутилмассен унинг тимсоҳидин…
* * *
Тил, дудоқ қишлоқиларга ўхшагай,
Ки шаҳар бозорига келмиш атай.
Ўтмасак, сарқит матоҳ ҳам шундадир,
Кўп асл, қимматбаҳо ҳам шундадир.
Суду савдо кимники, билганники,
Улки билгай не асл, не қалбаки.
Қай бирига фойда келгайдир, самар,
Қай бирига — кони ташвишу зарар.
Узви олам гўлу нодонга-тугун,
Кашфиётдир ул асл устод учун.
Ул бирига қанд, бирига оғудир,
Ул бирига лутф, бирига қайғудир.
Сўйласа тошлар, эшитгай анбиё,
Ҳожиларга Каъба эрмишдир гувоҳ.
Масжид ўлгайдир намозхон шоҳиди,
Дер: йироқ йўллар босиб келмиш эди
Гар Ҳалилуллоҳга оташ эрди гул,
Лек ҳалокат эрди намрудийга ул.
Неча бор айтдик буларни, эй Ҳасан22,
Не қилай айтмоқдин асло тўймасам?
22 Ҳасан — Ҳусомиддин Чалабий.
* * *
Ер қуши денгизга тушса, не бўлур,
Ул сузолмайди, муқаррарким ўлур.
Ғалласиз тушса тегирмонга киши,
Соч-соқолини оқартмоқдир иши.
Чарх тегирмонига донсиз тушма, ҳой
Соч-соқолинг оқ этар, қаддингни ёй.
Дони борларни тегирмон сийлагай,
Молу мулк бергай, мукаррам айлагай.
Аввал истеъдод керак жаннатга ул,
Сўнгра жаннат ичра давронингни сур.
Ёш гўдакка не шаробдир, не кабоб,
Сўйлама беҳудадир шарҳу хитоб.
Сўнгги йўқ сўздир бу, санжоб айлагил,
Касби истеъдод этишни ўйлагил.
* * *
Жумла Қуръон — шарҳи сирри нафс эрур,
Боқ ўзинг Мусҳафга, гар кўз бўлса ул.
Англатур Қуръон у кофирларни ҳам,
Қилни қирқ ёрган балохўрларни ҳам.
Ҳар замонда қўзғалиб ул аҳли дов,
Ногаҳон дунёга ургайлар олов…
* * *
Нарса йўқким, хорижи олам эрур,
Ҳар не истарсен, ўзингда жам эрур.
* * *
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил,
Кўз бўрму Ҳақни кўрмас бўлса ул?
* * *
Келмадик ҳажру фироқу фасл учун,
Васл учун келдик жаҳонга, васл учун.
* * *
Кимки бадбахтдир, куйикдир хирмани,
Ёнмасин дер ўзга инсонлар шами…
* * *
Эл учун адлу адолат бўлса, бас,
Андин ўзга посбонинг шарт эмас…
* * *
Воқифи Ҳақ улки, иймон ичрадир,
Ҳар нафас бир боғу бўстон ичрадир.
* * *
Хуш демиш андоқ Расули дилнавоз:
Зарра ақлинг садқаси савму намоз…
Дил ақлдин нурга тўлгай дамба-дам,
Ҳам етар нурдан насиба кўзга ҳам…
* * *
Мен нечук бир кимсаман Маҳшар куни,
Жумла олам илмига жон бил буни…
* * *
Гар усул билсанг — билимлар нақшидир,
Андин ўз аслингни билган яхшидир…
* * *
Ақл юз очса жаҳон кўзгусида,
Тийра бўлгай кун унинг ўтрусида…
* * *
Одамий олат ила эркак эмас,
Олим эрсанг, этма жоҳил бирла баҳс…
* * *
Тевага янтоқ, тиканлардир емиш,
Ул сабабдин кўзлари яшноқ эмиш
* * *
Бул қирилмиш деб садафга боқмв хор,
Бағрида балки мунаввар инжу бор.
* * *
Пуфлама шамъи Худони, эй фалон,
Сўнгра оташларда ёнгайсен ёмон…
* * *
Ложарам дунё муқаддам келди, бас,
Токи бил деб қадри иқлими Аласт…
* * *
Сенгамас, кўз ташлагум кўнглингга мен,
Туҳфа айлаб, келтир остонамга сен…
* * *
Партави Ҳақдир аёл, маъшуқ эмас,
Мисли Холиқдир аёл, махлуқ эмас.
* * *
Халқни ўйлаб, халққа бергум деб мадад,
Ёв билан майдонга тушгай шери мард.
* * *
Сирри жон улким, хабар имкони бор,
Ким хабардор эрса, кўпроқ жони бор.
* * *
Таъсири жон баски огоҳлик эрур,
Кимда ул кўп эрса, оллоҳлик эрур…
* * *
Тонг — кичик маҳшар эмишдир, иқтибос,
Сен буюк маҳшарни андин эт қиёс…
* * *
Гар асони аждаҳо этмас киши,
Аждаҳо бирлан нечук бўлгай иши?
* * *
Тушса сенга бир Худоёрнинг кўзи,
Ёр бўлур сенга Худойимнинг ўзи…
* * *
Бу жафоларким, этар аҳли жаҳон,
Ганжи бойликдир, сенга келмиш ниҳон
* * *
Гарчи танҳоликда тан ухлоқ эрур,
Дил аро саккиз биҳишт яшноқ эрур…
* * *
Ўзгадир маҳрам тили рўзи азал,
Ҳамкўнгиллик ҳамзабонликдин гўзал…
* * *
Ҳар кўнгил боғида бир хас кам бўлур,
Бир эмас, оқилда минг бир ғам бўлур…
* * *
Ноаҳилларга сабр зт, эй кўнгил,
Ҳар нечук кўнгилни поклайдир сабр…
* * *
Осмонким, гоҳ аламлар бергуси,
Мунтазир бўл, сенга тўн кийдиргуси…
* * *
Ҳақдин ўзга барчаси душман, У — дўст,
Дўстдин душманга дод айларму дўст?
* * *
Одамий — кўздир, кўриш ўлгунчадир,
Ҳар неча ул кўрса, қадри шунчадир…
* * *
Илму фан деб ўлса, муқбил оти бор,
Бу ўлимда юз тириклик тоти бор…
Иттифоқ эрмиш ўлим уммат аро,
Оби ҳайвондир ўшал зулмат аро…
* * *
Юз саноч олтинни тўксанг, эй ғани,
Ҳақ дегайким, топганинг кўнгил қани?
* * *
Хотами мулки Сулаймондир — илм,
Жумла олам суврату жондир — илм…
* * *
Сўз тиларсен, дилда турмоғин тила,
Жон топарсен баски хомушлик ила…
* * *
Тангрининг қаҳри бузиш эрмас, тузиш,
Тангридин жон сақламоғинг — жон узиш…
* * *
Сен шикаста дил била этгил дуо,
Ки синиқ кўнгилдадир фазли Худо…
* * *
Лавҳи маҳфуз дўстга — дўст пешонаси,
Икки олам сиррининг кошонаси…
* * *
Ишқ шивирлайдир қулоғимга нуқул:
Сайд бўлиш сайёд бўлишдин яхшидир…
* * *
Мўъжиза эрмас фалакда офтоб,
Мўъжиза оламда ул Уммул китоб…
* * *
Тангри Қуръонига бўлса рағбатинг,
Авлиёлар бирла бўлгай суҳбатинг…
* * *
Ҳурмат этган эр бўлур ҳурматли эр,
Кимки қанд бергай, ўшал лавзина23 ер…
* * *
Боқма кофирга баланддин бесабаб,
Бир куни бўлса мусулмон, не ажаб?
* * *
Зоҳиринг гарчи қоронғудир, башар,
Ботининг ичра гулистонинг яшар…
23 Лавзина — бодомли ҳолва.
* * *
Сен бориб, зулматни ёндир нур била,
Жон қуёшинг сўигра сўнмайдир сира…
* * *
Соя офтобга далил бўлгайму ҳеч?
Нур деган нурдир, залил бўлгайму ҳеч?
* * *
Зид билан зиддан туғилгайдир фано,
Зидки йўқ эрса, қарор топгай бақо…
* * *
Бахти кулган барча инсонлар билур,
Кибр — Иблис, ишқ — Одамдин келур…
* * *
Подшо руҳи эса наҳри зилол,
Бор ариқларнинг суви ҳам айни ҳол…
* * *
Ақл эрур Ҳақ сояси, Ҳақ — офтоб,
Офтобга соя ҳеч бергайму тоб?
* * *
Сен қаноат айла, бу ҳикмат сенга,
Зоти иймондир буюк неъмат сенга…
* * *
Ишқ магар аввал эмишдир, охир ул,
Битта кўргил ишқни, икки кўрмагил…
* * *
Ишқдин ўзга ҳусни жонон қайда бор?
Жондин ўзга танга дармон қайда бор?..
* * *
Ишқ шарҳин сўйласам, этсам давом,
Юз қиёмат ўтса ҳам бўлмас тамом…
* * *
Юз қиёмат ҳам ўтар, турмас абад,
Тангри васфига вале бўлгайму ҳад?
* * *
Ҳақ майидин кимки бир қултум ичар,
Бир эмас, ул икки оламдин кечар.
Ул мусаффо май сурури ўзгача,
Мастлиги элтар сени маҳшаргача…
* * *
Қўй бу доноликни, ҳайронлик гўзал,
Ул бири — шубҳа, гумондир, бул — назар…
* * *
Одамий — бир кемадир, бор елкани,
Ел суриб, манзилга ҳайдайдир ани…
* * *
Олами аввал — жаҳони имтиҳон,
Олами соний — жазодир беомон…
* * *
Сен ўзингдин-ку қочолмассен, аниқ,
Бас, нетиб Ҳақдин қочарсен, эй рафиқ?
* * *
Баски дор узра юролмассен дадил,
Ерда юрмоғингга сен шукр айлагил…
* * *
Гарчи суст юргувчи, гар чопгувчидир,
Излаган кимса магар тогхгувчидир…
* * *
Сен талабни устувор эт доимо,
Ки талабдир йўллагувчи раҳнамо…
* * *
Дардинг ортганда, Худо, деб бўзлагил,
Ҳар не истарсен, Худодин излагил…
* * *
Қайда бир кўздин йироқ вайрона бор,
Унда бир ганжи ниҳон, афсона бор…
* * *
Ҳақ яратди кимиёлар нақшини,
Кўрмади одам сабрдин яхшини…
* * *
Серсоқол гар уйда кўрмас нарсани,
Кўса кўргайдир йироқлардин ани…
* * *
Зоти инсон Аршданам юксак эрур,
Бўйла юксакдирки, сиғмас сўзга ул.
* * *
Қийматин гар сўйласам, этсам баён,
Мен куярмен, балки ёнгайдир жаҳон…
* * *
Ишқ тили рубоб тилидек сир эмиш,
Турку юнону арабга бир эмиш…
* * *
Мен жамод эрдим, кейин бўлдим набот24,
Сўнгра ҳайвон жисмида сурдим ҳаёт.
Ўлдиму қад ростладим одам бўлиб,
Мен қачон ўлганда қолдим кам бўлиб?
Бас, ўлай бир ҳамла бирлан мен, башар,
Сўнг малойиклар-ла ёзгум болу пар.
Мен малак эрсам, яна қурбон бўлай,
Дохили ул даргаҳи Раҳмон бўлай…
24 Жамод — жонсиз жисм. Набот — ўсимлик.
* * *
Ҳақ мадад айлаб, иноят этди чун,
Топди шу олтинчи дафтар ҳам якун.
Чўзма ортиқ, юзга мен чекдим ниқоб,
Гап тамом, валлоҳу аълам биссавоб…
Бу китоб поёнга етди оқибат,
Нақд бўлиб, унвонга етди оқибат.
Осмонга нардбондир бу калом,
Тирмашиб чиққан кўрар том узра том.
Ул оёқ қўймас фақат кўк жомига,
Ул чиқар ундан баландроқ томига.
Кўкка етгайдир ўшал ёқдин наво,
Чарх мудом айланса, боис ул ҳаво…
Mavlono Jaloliddin Rumiy
HIKMATLAR
Forsiydan Jamol Kamol tarjimasi
Boshlang’ich qismlari: 01 02 — Davomi
BISMILLOHIR RAHMONIR RAHIYM
* * *
Men bilarmen kimligimni, ul bilur,
Ayblarimni pardalab yopguvchi ul.
Boshda Iblis erdi ustoz menga, bas,
So’ngra ul bo’ldi qoshimda xoru xas.
Ko’rdi Haq, ko’rmasga oldi, aytmadi,
Etmadi rasvo, yuzim sarg’aytmadi.
Boz, rahmat birla tikdi po’stinim?
Tavba berdi, o’ylakim jondek shirin.
Har ne qildim, qilmagan etdi hisob,
Etmagan toatlarim bo’ldi savob.
Bo’yla sarvu savsanim ozod etib,
Bo’yla baxtu davlatim obod etib,
Yozdi nomimni asl deb, pokravish,
Do’zaxiy erdim, nasib etdi bihisht.
Oh, dedim, ip bo’ldi ul ohim mening,
Qoldi tubanlarda ul chohim mening.
Ipga chirmashdim, mana, erkin bo’lib,
O’ltiribmen shod bo’lib, durkun bo’lib.
Tiyra choh tubida erdim men zabun,
Endi-chi, olamga sig’masmen bugun.
Ofarinlar senga, ey qodir Xudo,
Nogahon etding meni g’amdin judo.
Boshda har tola tukim bo’lsa zabon,
Yetmagay shukringni etmoqqa bayon…
* * *
Bir kishi urdi eshikka o’zini,
Za’faron etmishdi qo’rquv yuzini.
So’rdi uy sohibi: ne bo’ldi, baxayr,
Qaltiraydirsen terakshshg bargiday?
Kim seni quvdi, magar kimdin qochib,
Bizga kirding rangi ro’ying qum uchib?
Dedi: shohning ermagi deb bul zamon,
Qayda etttptak ersa, tutgaylar hamon.
Kuldi uy sohibi, dedi: muhtaram,
Eshshak ermassan-ku, senga bu ne g’am?
Dedi: hech gapmas ular aylab jadal,
Eshshak o’rnida meni ham tutsalar.
Bo’yla bu ishga kirishganlarki, bas,
Eshshagu inson ularga ayrumas…
Betamizlar elga rahbar bo’lmasin,
Eshshak o’rniga tutarlar egasin.
O’zgadir lek shahrimizda shohimiz,
Dardimizdan har nafas ogohimiz.
Odamo, eshshakquvardin qo’rqmagil,
Eshshak ermassen, alardin qo’rqmagil.
To’ldi to’rtinchi falak nuringga, bas,
Hoshakalloh, maskaning oxur emas.
Aslida charx uzra, yulduz uzrasen,
Garchi bir kengash ili oxurdasen.
Miri oxur o’zga, eshshak o’zga, hay,
Barcha oxur ahli eshshak bo’lmagay.
So’ylading eshshakni shuncha, shartmidir,
Endi sen guldin, gulistondin gapir.
YO anorlardin, turunju olmadin,
Dilrabolardin, sharobdin, ishvadin.
Mavjlari gavhar o’shal dengizni ayt,
So’zga lab ochsa magar, tengsizni ayt.
Yoki ul qushlarni ayt, gulchin erur,
Tuxmi zarrindir va yo siymin erur.
So’yla lochinlarni, kakliklar bilan,
Gohi past parvoz eturlar, goh baland.
Necha narvonlar jahon ichra nihon,
Poya-poya yuksalur to — osmon.
Har guruhning narvoni o’zgadir,
Har ravishning osmoni o’zgadir…
* * *
Dedikim, ko’ngil uyi xilvat erur,
Unda bir begona yo’q, jannat erur.
Ishqi Haqdin o’zga dilda yor yo’q.
Yodi Haqdin o’zga bir dildor yo’q.
Men supurdim har ne bordir neku bad 18,
Dil uyim to’ldirdi ul ishqi Ahad.
Har ne ko’rsam unda gar g’ayri Xudo,
Mendin ermas ul, magar aksi gado.
Gar ko’rarsen suvda hurmo aksini,
Suvdamas, sohilda ko’rgil aslini.
Suvrati garchi ariqda, suvdadir,
Sohibi suvrat vale sohildadir.
Istasang obi ziloldin fayzu qut,
Tanda oqqan ul ariqni toza tut.
Gar ariqdin xoru xasliklar ketar,
Sen amin bo’lgilki, yuzlar aks etar.
Suv ila loydir taning ul, ne yana?
Loy bila obi ziloling bulg’ama.
Sen yemak-ichmak va uyqu birla band,
Suv uza tuproq socharsen damba-dam…
18 Neku bad — yaxshi, yomon.
* * *
Dilmidir ul, bo’lmasa nur dil aro,
Ruhdin ayru tanni tuproq bil, qaro.
Nuri jondin ayru qandil ne emish?
Qandil ermas ul, qo’llansa bir idish.
Gar idishlarda sanoq bor, e’tidod,
Lek olovlarda sanoq yo’q, ittihod.
Olti qandil nur socharlar yarqirab,
Lek ularning nurini bo’lmas sanab.
Ul juhud, mushrik ko’rar qandilni tek,
Ahli mo’min bir ko’rarlar nurni lek.
Nurdamas, qandilda ko’rsa ruhni,
Ikki ko’rgay Shis birlan Nuhni.
Ul ariq ermishki, suv javloni bor,
Odamiy uldirki, tanda joni bor.
Ulki chin odam emas, suvrat erur,
Gar jahonda nonu shahvat deb o’lur…
* * *
Ul biri bozor kezardi kunduzi,
Qo’lda shamdi, ko’nglida ishqi, so’zi.
Bilfuzul so’rdi banogoh: ey falon,
Ne tilarsen ul do’kondin bul do’kon?
Neni izlarsen do’konlarga boqib,
Kuppa-kunduzda buningdek sham yoqib?
Dedi: izlarmen aningdek odamiy,
Ki tirik bo’lsin hayotda har dami.
Bormikin hech? Dedi: ey donoyi hur
Kam emas, bozor to’la odam erur.
Dedikim, men ikki yo’llik jaddada
Bir sabrli mardni istarmen juda.
Qahru shahvat chog’i to er bo’lsin ul,
Ko’yma-ko’y ovora, izlarmen nuqul.
Bormikin dunyo ichinda bo’ylasi,
Bo’lsa gar, jonimni aylay sadqasi…
* * *
O’g’ri mirshabga dedi: ey podsho,
Har ne qildim, erdi ul hukmi Xudo.
Dedi: mirshab: har ne aylarmen, jigar,
Ul-da menga hukmi Ollohdir magar.
Bir turup olsa do’kondin bir kishi,’
Desakim gar, bu — Xudoning xohishi.
Musht urarsen boshiga, ey besabaq, ,
O’rniga qo’ygilki, bul ham hukmi Haq.
* * *
Bir ko’kat deb bo’yla etsang, ey fuzul,
Bo’yla uzring etmagay baqqol qabul.
Bo’yla uzrim bor, deya o’ilanma ko’p,
Ajdahoning boshidin aylanma ko’p.
Bo’yla uzrim bor, desang ey soddadil,
Molu joning barchasi qolgay sabil…
* * *
Bir kishi erdi daraxtning ustida,
Silkitib, meva qoqardi pastiga.
Keldi bog’bon, dedi: ey buzg’un amal,
Ne qilursen, hay? Xudoyimdin uyal.
Dedikim: men-banda, bul-bog’i Xudo,
Mevasin yerman, Xudoyimdin ato.
Ko’r-ko’rona sen malomat aylama,
Qo’y bu ochko’zlikni, odat aylama.
Dedi: hoy, Aybak, ketur arqonni sen,
To bu dam olsin javobin Bul-Hasan.
O’g’rini tutdi, daraxtga bog’ladi,
Urdi andoqkim, tuyib, to’qmoqladi.
O’g’ri ul qichqirdi: insofing qani?
Begunohdin o’ldirarsen bandani.
Dedi bog’bon: men — Xudoning bandasi,
Ushbu kaltaklar-Xudoning zarbasi…
Necha nodon dedilar Majnunga, bas,
Layli husni ortig’u chandon emas.
Shahrimizda necha minglab dilrabo,
Andin ortiqdir magarkim husn aro.
Dedi: suvrat-ko’za, may ermish husn,
Tangri menga may tutar ul ko’zadin.
Sizga sirka, menga may sungay base,
Ul sababdin sizga xushmas ko’zasi.
Bir idishdin ul Xudoyi azzi jal,
Ham zahar quygay-da, ham quygay asal.
Ko’zani ko’rding va lekin ul sharob,
Senga pinhon erdi, tutmishdi hijob.
Chunki har kimga ko’rinmas zavqi jon,
Ko’rsatur yolg’iz yaqinlarga nishon…
* * *
Baxtlidir ul kimsa, ehson aylamish,
Borini bir do’stga qurbon aylamish.
Fanga chun oshufta ermish ul mudom,
Umrini shu yo’lda etmishdir tamom.
Mag’ribu mashriqda ham shundoq bo’lur,
Oshiq o’lgay, balki ma’shuq ham o’lur.
Ilmu fan deb o’lsa, muqbil oti bor,
Bu o’limda yuz tiriklik toti bor.
Oshig’u ma’shuqlik etgaydir davom,
Ikki olamda ularga yaxshi nom…
* * *
Men misoli yosumandirmen hamon,
Bosh egarmen ul tomonu bul tomon.
Qolmamish ko’nglimda chun ummidu xavf,
Xuddi toldek sollanurmen har taraf.
Chayqalurmen, shoxlarim larzon bo’lib,
Yelda majnuntol kabi raqson bo’lib.
Ulki may birlan topar xushlik, karam,
Bo’yla bir xushlikni bilsin qaydanam?
Anbiyoga bo’yla xushlik keldi past,
Jonlari Hak, shavqi birlan erdi mast.
O’ylakim xushlikni ko’rgandin keyin
Bo’yla xushliklar ularga bir o’yin.
Ulki ul mahbubga mahram erta-kech,
Murdaga emdi quchoq ochgaymu hech?
* * *
Yordin lutfu karamlar kelsa, xush,
Lutfi oldida naboting ne emish?
Qatra lutfi tomsa dengizga magar,
Tong emas, dengiz suvi shirin bo’lar.
Necha ming holatki kelgaylar chunin,
G’ayb qarorgohiga ketgaylar keyin.
Bir kuning avvalgi kunga o’xshamas,
Bir ariqdirkim oqarkan, to’xtamas.
Har kuning zavqi, sevinchi o’zgacha,
Har daming dardi, ovunchi o’zgacha.
* * *
Har nafasda bir aziz mehmondayin
Bir fikr ko’nglingga kelgaydir tayin.
Sen fikrni shaxs bil, ey jonajon,
Chunki shaxs topgay fikrdin qadru jon.
G’am agar shodlik yo’lini to’sgusi,
Chekma g’am, yangi sevinchlar o’sgusi.
Dil o’yin g’amlar supursa, ne ajab,
Yangi shodliklar kelurlar yarqirab.
Dil butog’i sap-sariq yaproq to’kar,
Yam-yashil yaproq ko’karsin deb magar.
Eski ildizlarni kovlar g’am hamon,
Yangining zavqini totgaymen, debon.
Eski ildizni qo’porgay, otgay ul,
Yoshirin ildizga bir kun yetgay ul.
Har nekim g’amni ko’ngildin surgusi,
O’rniga a’losini keltirgusi.
Ko’k bulutdin tutmasa erdi hijob,
Kuydirar erdi uzumni oftob…
* * *
Shoh o’ziga keldi, tavba ayladi,
Aylagan aybu gunohin o’yladi.
Dedi: etdim o’zgalarga ne yomon,
Yopirilib boshimga keldi bu zamon.
O’zgalarning juftiga tikdim ko’zim,
Bu malomatga duchor bo’ldim o’zim.
O’zgalarning eshigin urdimki, hov,
Urdilar chun eshigimni beayov.
Kim tilaydir o’zgalarning yorini,
O’zgalarga esh etar dildorini.
Chunki qilmishga qidirmishdir sazo,
Har gunohning jinsidin ermish jazo.
O’zgalarning yoriga ko’z solganing
Sen dayuslikni bo’yinga olganing.
Tortib olmishdim kanizni zo’r bilan,
Zo’r bilan tortib olishdi mendanam.
Pahlavon erdi vafo oyinligim,
Xoin etdi,boq, uni xoinligim.
Lozim ermas emdi kiynu intiqom,
Har ne o’tdi, o’tdi ul mendin tamom.
Qahru kiyna aylasamchi, etganim,
Yoprilib, boshimga kelgaydir manim.
Bir safar bildim, sinab ko’rdimku men,
Kel, bilay deb boz sinab ko’rgaymu men?
* * *
Aylanur boshim xumoringdin, Xudo,
Bul karamga men tasadduq, men ado.
Xohishingdir maylu rag’bat barchasi,
Yo’lchi yo’lga tushsa, ul Haq jazbasi.
Chang-g’ubor uchgaymu yellar yurmasa,
Kema yo’l bosgaymu yelkan surmasa.
Jon olur jonlar xayoling oldida,
Obi hayvon ne ziloling oldida?
Obi hayvon qiblayi jon, ey rafiq,
Suv ila yashnaydi bo’ston, ey rafiq.
Ishq ila o’lmish, tirilmishdir ular,
Dilni jondin, jon suyidin uzdilar.
Ishq suying ko’ngilga bermishdir najot,
Oldimizda obi hayvon ham kasod.
Obi hayvon jon bag’ishlar, suvchi sen,
Chunki ul suvga hayot berguvchi sen.
Har nafas berding o’limni, jonni ham,
Angladim, nelarga qodir ul karam.
Bas, o’lim uyqu emishdir menga to,
E’timodim bor tirilmoqqa, Xudo.
Yetti dengiz bo’lsa erdi gar sharob,
Sen uni borliqqa bergayding shu tob…
* * *
Ey hayoti dil, Husomiddin, yigit,
Jazb etar ko’nglingni ul oltinchi jild.
Jazb etarkan sen kabi alloma ul,
Yer yuzin kezgay «Husomiynoma» ul.
Senga peshkash bulgusi, ey ma’naviy,
Bul kitob, ya’ni yakuni masnaviy.
Olti yoqqa ul taratsin shu’la, nur,
Kay yatufa havlahu man lat yatur 19.
Beshu olti birla ishqning ne ishi?
Jazbi yordin o’zga bormu xohishi?
Balki bundan so’ngra bir dastur kelur,
So’ylanuvchi rozi dillar so’ylanur.
Ul bayonotlar bo’lib ravshan, aniq,
Ul kinoyatlar yana bo’lgay daqiq.
Sirga — sirdosh, o’zgasi anboz emas,
Rozkim munkirga yetgay, roz emas.
Baski, da’vat ayla, der Parvardigor,
Da’vat aylar, o’zga ne parvoyi bor?
Kechdi da’vat birla to’qqiz yuz yili,
Qoldi g’aflat ichra lekin Nuh eli.
Nuh da’vat etdi, so’zni davom etmadi,
Jim bo’lib, xilvatga o’zni chekmadi…
19 Dunyoni sayr etib ko’rmaganlar, sayr etib ko’rsin.
* * *
Ul jahonga, bas, suyangay bul ravoq,
Vasl ila topgay yakun hajru firoq.
Ziddiyatlar ichra ko’r har zotni,
Ne uchun vahdat tug’ar e’dodni?
Biz — bo’laklarimiz, u to’rt e’dod — asl,
Bizda fe’lin aylagay ijod asl.
Gavhari jon o’rtada turgay nuqul,
Fe’lu ho’yi — fe’li ho’yi Haqdin ul.
Jang olur sulhu omonliqdin kuchin,
Chun Nabiy jang qildi Tangri — Haq uchun.
Ikki olam ichra g’olib ul chunon,
Sharhiga yetmas sira fikru bayon.
Mavji Jayhunni simirmoging mahol,
Yaxshimas yurmoq vale labtashnahol.
Ma’nilar daryosi jizibdir senga,
Masnaviydin bir ariq ochgil anga.
Bir ariq och Masnaviydin unga, bas,
Ma’naviyat dengizin ko’r har nafas.
Yelki yelpib ul ariqni chayqatar,
Suvda yakranglikni ul paydo etar.
Novdalarkim silkinur, larzonni ko’r,
Mevalarkim tovlanur, marjonni ko’r.
Harfu savtu dam-la so’z paydo bo’lur,
Gar ulardin kechsa, ul daryo bo’lur.
So’ylaguvchi, tinglaguvchi, so’z faqat,
Shul uchovdin jon yaralgay oqibat.
Non beruvchi, non oluvchi, noni pok,
Tark etib suvrat, bo’lur oxirda xok.
Lek yo’qolmasdir sira ma’nolari,
Uch maqomda ayrilib turgay bari.
Suvrati xok bo’ldi, ma’ni o’lmadi,
Kim desa: bo’ldi, degilkim, bo’lmadi.
Olami ruh ichra turgaylar basir,
Goh shaklli, goh shaklsiz, muntazir.
Amr ila suvratga kirgaylar yana,
Amr ila suvratni surgaylar yana…
* * *
Otda, otliqda uning farmonida,
Uydadir jon, tan esa ayvonida.
Xohishi gar ersa mindirmoq aning,
Amr etib jonlarga derkim ul: mining.
Istasa jonlarni yuksaltmoq nuqul,
Hoy, tushing, deb amru farmon aylar ul.
So’zki nozik tortdi, lozimmas qalov,
Bas, qalashtirma, pasaytirgil olov.
Qaynagay mo»jaz qozonlar har nechuk,
Yupqadir idrok, qozoni ham kichik.
Poki subhoniyki, sebiston20 qilur,
Olmalarni barg aro pinhon qilur.
Barg degan aslida so’zdir, guftugo’y,
Ostidin olma taratgay atru bo’y.
Sen simirgil, ol dumog’ingga ani,
Atru bo’yi olmaga eltgay seni.
Atru bo’y ol, ehtiyot et o’zni, bas,
To avomdin yetmasin salqin nafas.
Yetmasin joningga dard, jismingga suq,
Bir nafasdirkim, zimistondin sovuq.
* * *
So’rdi voizdin yig’inda bir kishi,
Eyki sen, majlisu minbar donishi,
Bir savolim bor, so’raydirmen shu tob,
Majlis ichra ber savolimga javob.
O’ltirar bir qush og’och ustida toq,
Boshi avlomu, dumimi yaxshiroq?
Dedi: yuzlansa shaharga ul agar,
Quyrug’idan boshi afzalroq bo’lar.
Yo’q, agar bursa shaharga dumni ul,
Boshi ermas, quyrug’i afzal bo’lur.
Qush uchar ersa, uchar to oshiyon,
Bolu par insonga himmatdir, inon.
Xayru sharrga botsa oshiq ul magar,
Xayru sharrmas, himmatiga sol nazar.
Oq qanotli qarchig’ay gar benazir,
Sichqon ovlar ersa, tubandir, razil.
Gar qaro quzg’un sevar podshoni, bas,
Emdi ul lochin erur, quzg’in emas.
Odamiy bir tos xamirdek qad bilan,
Ko’kdanam yuksak, quyoshdan ham baland..
20 Sebiston — olmazor.
* * *
Har ishoratkim Muhammaddin kelur,
Baski dil ochmog’u gul ochmoq erur.
Ofarinlar ul muborak joniga,
Ofarin farzandlari davroniga.
Ul xalifazodalarkim, har biri,
Kam emas, jonu dilining unsuri.
Balki Bag’dodu Hirot, Raydan ular,
Asli nasliga vale payvand ular.
Gul butog’i qayda o’ssa, gul erur,
May xumi har qayda jo’shsa, may turur.
Gar quyosh mag’rib tarafdin chiqsa, bas,
Ayni oftobdir, bo’lak oftob emas.
Aybchilarkim shu yorug’ olamda bor,
Barchasin ko’r ayla, ey Parvardigor.
Haq demish: xuffoshni ko’r etdim, so’qir,
Ko’rmagay toki munavvar kunni ul.
Bo’yla noqislikka soldim men atay,
To quyoshning yulduzin ham ko’rmagay…
* * *
Berma ko’ngilni bu ishga, ey nigor,
So’ng nadomatlar chekursan zor-zor.
Ul amirlik, ul vazirlik, shohlik ul,
Chun o’limdir, balki jon bermoq erur.
Banda bo’l, hur bo’l shu dunyo qo’ynida,
Murdadek kezma birovning bo’ynida.
Kufr emishdir, ulki bundoq istagay,
O’zgalar ustida yurmoq istagay.
Tushda bir tobutda ko’rsang kimsani,
O’ngda bir mansabda ko’rgaysen ani.
Yuk emishdir yelkada tobutki bor,
Xalqqa yuklar zalvorin ahli kibor.
O’zgaga ortma yukingni, esh bo’l,
Etma sarvarlik havas, darvesh bo’l.
Minma xalq bo’yniga, og’ir olmasin,
Xastalik ikki oyoqdin chalmasin.
Oxiri otdan tushib, hayronasen,
Bir shahardirsen, vale vayronasen.
Kech shahardin, turma ul koshonada,
Qolmagaysen so’ngra bir vayronada.
Yuzta bog’ing borida tark ayla, bas,
Bo’lmagil to ojizu vayronparast.
Dedi: gar jannatni etgaysen tama’,
Odamiydin bir vaqoe istama.
Men kafilmen, senga bo’lgaydir ato,
Jannatul ma’voyu diydori Xudo…
* * *
Bir kishi tunda eshitdi bir shitir,
Tosh chaqib chun shamni yoqmoq bo’ldi ul.
Keldi o’g’ri, yoniga o’ltirdi zud,
O’t ilashsa, qo’l bosib, so’ndirdi zud.
Har safar bosgay edi barmog’ini,
Istamasdi chunki sham yonmog’ini.
Xo’ja o’ylar erdi, o’chgay sham o’zi,
Hiylagar o’g’rini ko’rmasdi ko’zi.
Derdi: nam tortmish, emas o’ng’ay pilik,
Ul sababdin yonmagay, so’ngay pilik.
Baski zulmat erdi atrof, timqaro,
O’g’rini ko’rmasdi xo’ja tun aro.
Bo’ylakim kofir ko’ngilda, ey nigor,
Chun ko’rinmas, o’tni so’ndirguvchi bor.
Yo’q emas, ortida bordir bir kuchi,
Har ne aylanganni aylantirguchi.
Bas, nechuk kelgay-da, ketgay kun, kecha,
Bo’lmasa ortida qodir bir xo’ja?
Ne savollar ichra yurgaysen malol,
Bul jihatni ham o’zingga ber savol.
Uyni tiklovchi binokordir, o’g’il,
YO binokorsiz-da tiklangaymu ul?
Xatni xat qilguvchi kotibdir o’shal,
O’z-o’zicha xat yozilgaymu magar?
Jim-qulog’u ayn-ko’zu mim-og’iz,
Yozmasa kotib, yozilgaymu nafis?
Sham yongaymu bilimdon yoqmasa,
Tun aro bir ahli irfon yoqmasa?
Qo’li cho’ltoq, ko’zi ko’r bo’lsa, so’nik,
Ul kishi san’at yaratgaydir nechuk?
Baski bilding, qahr etib turguvchi kim?
Qahr etib, boshingga chun urguvchi kim?
* * *
Bir kishi qo’chqor yetaklab, erdi band,
Ipni kesdi o’g’ri, chaldi ilkidan.
Sho’rlik ogoh bo’ldi, chopdi o’ngu so’l,
Axtarib qo’chqorni topmoq bo’ldi ul.
Ko’rdi bir kimsa quduqning boshida,
Qayg’usi oshkor edi ko’z yoshida.
So’rdi: ne bo’ldi? Dedikim, voy inim,
Shu quduqqa tushdi hamyon oltinim.
Gar olib chiqsang, madad bersang menga,
Yuz dinorning o’ttizin bergum senga.
O’yladi ul sodda ko’ngilning quli:
Kam emas bu, o’nta qo’chqorning puli.
Bir eshik yopganda ochdi o’ntasin,
Oldi bir qo’chqorni, berdi tevasin…
To’n yechib, tushdi quduqqa da’fatan,
Ildi-qochdi o’g’ri joma-to’nni ham.
Chora top, manzilga eltsin ul seni,
Eltsa ofatga, tamah deb bil ani.
O’gridir, bir fitna siyratdir tamah,
Har nafas bir o’zga suvratdir tamah.
Banda bilmas makrini, bilgay Xudo,
Haqqa bor, qolsin alamda ul dag’o 21.
21 Dag’o — firibgar, makkor.
* * *
Jon base chekding-ku, ozod bo’lmading,
Muddao o’lmokdik erdi, o’lmading.
O’lmaguncha mehnating bo’lmas tamom,
Narvonsiz tomga chiqmog’ing gumon.
Balki ul bir-ikki poya kam bo’lur,
Tom senga yuksak va nomahram bo’lur.
Yetmasa arqon quduqqa, bo’lmagay,
Sen tushirgan ko’za suvga to’lmagay.
Kelmaguncha so’nggi yuk og’ir, garon,
Kema g’arq bo’lgaymu suvga, ey falon?
Ne etar bo’lsa, o’shal yuk etgusi,
Vahmu vasvos kemasin cho’ktirgusi.
Aqlu hush g’arq bo’lsa suvga misli tosh,
O’zni ko’rgaysen falak uzra quyosh.
O’lmading, chun bo’ldi jon chekmak daroz,
Yon, ado bo’l tongda, ey sham’i Taroz.
Bo’lmaguncha yulduzing ko’zdin nihon,
Nur taratmas senga xurshidi jahon…
* * *
Bir kishi so’rdi amirdan ot-ulov,
Ul dedi: ol, senga bo’lsin shul bedov.
Men bu otni istamasmen, dedi ul,
Olg’a yurmas, ortga tislangay nuqul.
Shunda mir o’rgatdi ishning yo’rig’in,
Boshin ermas, uyga burgul quyrug’in.
Nafsing oti quyrug’i shahvat magar,
Shul sababdin ortga tislangay o’shal.
Ko’kdin ermish, angla shu buyruqni sen,
Oxiratga bur o’shal quyruqni sen.
Bermasang shahvatga nonu oshini,
Ul egar aqli sharifga boshini…
* * *
Keldi giyloniyga yo’qsil bir gado,
Qo’l ochib, xayri duo etdi ado.
Chun duoe etdi ul olganda non:
Manzilingga Tangri yetkazsin omon.
Dedi giyloniy: bu uy-manzil manim,
Manzilingga Tangri yetkazsin seni.
Ahli g’ofil bo’ylakim kor aylagay,
So’ylama, gavhar so’zing xor aylagay.
Har kishi ham so’zni uqmog’i qiyin,
Qaddi bastni ko’r-da, to’n bichgil keyin…
* * *
Bir eshikka bir gado kelmish edi,
Yoki qotgan, yoki yumshoq non, dedi.
Dedi sohibxona: bunda non qani?
Non do’konidin so’rab, axtar ani.
Dedi: jindak yog’ xayr etsang-da bas,
Dedi: bu qassob do’koni ham emas.
Dedi bir kaf un xayr etgil, jigar,
Dedi: bu senga tegirmonmu magar?
Dedi: bir jom suv uzatgil bo’lmasam,
Dedi: bu anhor emasdir, chashma ham.
Xullasi har ne tilandi, so’rdi ul,
Yo’q, debon keldi javobi, yo’q nuqul.
Shunda uyga kirdi, dedi: qistadi,
Cho’nqayib, hojat qilishni istadi.
Dedi: hay-hay, ne etarsen xonada,
Bir yozilgum, dedi shul vayronada.
Bas, tiriklikdin yiroq bir xona ul,
Uy emas, aslida hojatxona ul…
* * *
Kim yomon bir do’stgakim sabr aylagay,
Sabr ila ko’nglin munavvar aylagay.
Sabr etib oy tunga, ko’kda to’yi bor,
Gul tikanga sabr etib, obro’yi bor.
Sabr etib, sher yo’lni poylaydir necha,
O’lja bo’lgay so’ngra unga tevacha.
Sabr aylab anbiyo ham har qachon,
Xosi Haq bo’lmish ular, sohibqiron.
Gar kishi egnida yangi to’n erur,
Sabru bardosh birla yetmish to’nga ul.
Gar kishi ersa yalang’och, benavo,
Besabrdirkim, erur yo’qsul, gado.
Kimda ersa dardu og’riq shiddati,
Balki, bir makkor ila bor ulfati.
Sabr etib, gar Haqqa etsayding vafo,
Sen tushib hijronga, chekmasding jafo…
* * *
Ko’z-bulut, ko’ngil — chamandir, jilvagar,
Gar bulut ko’zyoshi to’ksa, bog’ kular.
Yil agar ofatli kelsa, oftob
O’t sochib, bog’larni qilgaydir xarob.
Yig’lamoqlik amrini Haq berdi, lek,
Tirjayarsen muncha kuygan kalladek.
Sham kabi ko’zyoshi to’kkil, yig’lagil,
Sham kabi o’ini munavvar aylagil.
Ota-ona koyisa, istar samar,
Yetmasin der senga bir zahmu zarar.
Kulgular zavqini totding begumon,
Endi yig’lash zavqini tot, ey falon.
Gar jahannam yodi yig’latsa seni,
Jannatul ma’vodin ortiq bil ani.
Kulgular izla chu ko’z yosh ichrakim,
Ganj yotur vayronalarda, ey salim.
Zavqu shavq g’amlarda ermishdir, ayo,
Obi hayvon bo’ldi zulmat ichra jo…
* * *
Yorga yetgach, xomush o’ltirmoqni bil,
Sen uzukka o’zni gavhar etmagil.
Boq o’shal jum’a namozga, damni yut,
Jumla jamdirlar va etgaylar sukut.
Ayla xomushlikni o’zga chin makon,
O’zgalarga aylama o’zni nishon.
Dedi payg’ambar, sharaf bo’lsin anga,
Do’stu yoring yo’lchi yulduzdir senga.
Ko’zni yulduzlarga tik, tark aylama.
So’z nazarga rahna solgay, so’ylama.
Ikki — uch so’z to’g’ri so’ylarsen, falon,
Egri so’zlar so’ngra kelgay nogahon.
Ma’lum ermasmu magar ibrat senga,
So’zni so’z ochgay, degan hikmat senga?
To’g’ri so’zni aytmoq istarsen yonib,
Egri so’zga yondashursen tiyg’anib.
Toza so’z aytmoqqa ochgaysen dahon,
Ergashib, bir tiyra so’z kelgay hamon.
Kimgakim so’zni vahiy etmish Xudo,
So’zi sofdir, Unga so’z aytmoq ravo…
* * *
Ming o’qi, gar yetmasa Haqdin karam,
Xotirangda qolmagay bir nuqta ham.
Haqqa xizmat qil, kitobsiz ham ajab,
Yenglaringdin sochilur ilmu adab.
Qo’yniga qo’l soldi Muso, topdi nur,
Ko’kdagi oydan-da porloq erdi ul.
Izlamishding nurni osmondin magar,
Ey Muso, qo’yningda ermishdir o’shal.
Boshing uzra necha osmon bahsidir,
Aslida aqli basharshshg aksidir…
* * *
Aqlu hush yurmas umidsiz yo’lga hech,
Ishq esa yurgay u yo’ldin erta-kech.
Louboli-ishq emishdirkim, naql,
Qayga borsa, foydasin izlar aql.
Lek balolar ichra ishqning boshidir,
Boshida doim tegirmon toshidir.
Ortga boqmas, olg’a bosgaydir mudom,
Bahrajo’ylikdin yiroq ermish tamom.
Boru yo’g’in o’rtaga tashlar o’shal,
Neki olmish, qaytarib bergay tugal.
Bu sifatni ishqqa bermishdir ulug’,
Olganin ul Haqqa qaytargay to’liq…
* * *
Benavomen, davlatim bergil menga,
Ranj ko’rdim, rohatim bergil menga.
Bo’yla ko’z yoshlarga g’arq etding meni,
Eshiging ko’rmoqqa endi ko’z qani?
Ber bu so’zsiz bandaga yoshdin ulush,
Sabzalar unsin o’shal yaylovda xush.
Ko’zlarimda bitsa yosh bardoshidin,
Ko’zlarimga ber Nabiy ko’z yoshidin.
Qancha izzatmandi, behamto, suyuk,
Tangridin ko’z yoshi so’rdi ul buyuk.
Yig’lamasmu bo’ylakim kelganda kez,
Men kabi bir benavoyu kosales?
Ulki ko’z yoshlarga chun maftun erur,
Ne ajab, ashkim agar Jayhun erur.
Qatrasi ul necha Jayhundin ziyod,
Insu jinslar topdilar andin najot.
Yomg’ir istar ersa jannat gulshani,
Istamasmu sho’rlagan tuproq ani?
Ey rafiq, etgil duoyi nolishing,
Ul qabul bo’lgaymu, bo’lmas, ne ishing?
Nonni deb gar ko’zlaringda bitsa suv,
Sen o’shal nondin hamono qo’lni yuv.
O’zni mavzun ayla, epchil, nolakor,
Ko’zlaring yoshiga ul noningni qor…
* * *
Shoh dedi: lutfi azaldir yaxshilik,
O’rnida ersa, go’zaldir yaxshilik.
Ruxga gal kelganda shoh surmoq — xato,
Shohga gal kelganda ot yurmoq-balo.
Lutf bor joyda jazo ham bo’lgusi,
Shoh saroyga, ot oxurga borgusi.
Har nekim o’rnida ersa, adl erur,
Zulm o’lur o’rnida ermas ersa ul.
Haq yaratmish, bejiz ermas, esda tut,
Qahru kin, rahmu ayov, makru o’git.
Hech biri dunyoda mutlaq xayr emas,
Hech biri dunyoda mutlaq sharr emas.
Har biridin naf kelgaydir, zarar,
Lozim o’lgay ilm olmog’ing magar.
Ey baso miskinga etmishlar itob,
Nonu halvodin-da ul xayru savob.
Gohi kaltak doru darmondir anga,
Gohi halvo ofati jondir anga.
Lozim ersa, etma shafqat, shatta ur,
Urganing yuz bir balodin qutqarur.
Shatta quvgaydir kishi nayrangini,
Shatta to’kkaydir namatning changini.
Bazmu zindon yonma-yon, hamroh emish,
Yaxshiga bazmu yomonga choh emish.
Tibda ham avval yorilgaydir yaro,
So’ngra bir malham surilgaydir ango.
Kun o’tarkan, foydasi bo’lgay ayon,
Qo’l tegizmoqlik anga etgay ziyon…
* * *
Besh namoz birlan taralmaydir xumor,
Ul taralmas, bo’lsa hamki yuz hazor.
Kam ziyorat et, deyilmish, boshqadir,
Ahli sodiq joni doim tashnadir.
Suvda yurgaydir baliqlar har qachon,
Suv agar yo’q ersa, qayda unsi jon?
Qanchalar cheksiz bu dengiz, o’ylakim,
Tashna ko’ngillarga lekin — bir yutum.
Bir nafas hijron anga — bir yilchadir,
Yor ila bir yil ko’rishmoq — qilchadir.
Tashnadir oshiq, chu izlar tashnani,
Kecha-kunduzdek ta’qib aylar uni.
Kechani izlaydi kunduz, oshiq ul,
Kecha-kunduzdan-da oshiqroq erur.
Bir-birin ko’zlaydi izlab har nafas,
Bir-birin izlaydi ko’zlab har nafas.
Ul oyog’iga tushib, behush anga,
Bul qulog’idin tutib, madhush anga.
Ne emish oshiqda o’y, ma’shuq faqat,
Ne emish Uzroda o’y, Vomiq faqat.
Ma’shuqa ko’nglida oshiqdir nuqul,
Ikkisin ayro etuvchi qayda ul?
* * *
Eyki senga sadqadir sarvu suman,
Lutfu ehsoningga jonim orzumand.
Men tilab lutfing, o’larmen, ey nigor,
Shunda ham lutfing tilarmen, ey nigor
Balki kelgaysen mozorim boshiga,
Ko’z yoshing tomgay mozorim toshiga.
Yig’lagaysen unda mahrum deb meni,
Benavo, bechora, mazlum deb meni.
Sen o’shal lutfingni ko’rsat shul zamon,
Sen o’shal so’zlardin aytgil bir nishon.
Senki ul qabrimga dersan, sevganim,
Shul zamon aytgil qulog’imga manim…
* * *
Dedi so’fiyga chu davlatmand xo’ja.
Men sening poyingda qurbonmen necha.
YO bugun bir tanga ol yo ertaga
Bir emas, uch tanga bergaymen senga.
Yarmini gar kecha bersayding, dedi,
Bir emas, yuz tingadin avlo edi.
Nasya nondin naqd mushtum menga xush,
Shayladim boshimni, urgil unga musht.
Har nafas boshimga tushsin zarbasi,
Ur menga mushtingni, jonim sadqasi.
Och ko’zing, jonu jahonim, turmagil,
Dam g’animat, naqdni qo’ldin bermagil…
* * *
Gar quyosh ul ko’kda porlar bir o’zi,
Ne emish oldida yuzlab yulduzi?
Mingta sichqon to’planib, g’avg’o qilur,
Yo’lini to’sgay mushuk, qo’rqmaydi ul.
Bas, nechuk sichqon mushuk-la jang etar,
Jonida yo’qsa jamiyatdin asar?
Suvrat ichra yo’q jamiyatda baqo,
Ma’ni ichra so’r uni, bergay Xudo.
Hosil etgaymu jamiyat ko’p jism,
Har jism yel uzra turgay chun ism.
Bo’lsa sichqonlarda birlik tuyg’usi,
Tarqalib turmas pisib, to’plangusi.
Birlashib tushsaydi dushman qasdiga,
Yoprilib g’addor mushukning ustiga.
Timdalab ko’zu qarog’in qaybiri,
Qiymalar erdi qulog’in qay biri.
Boshqasi ko’ksidin ochgaydi tengak,
Ul jamiyatdin qutilmasdi mushuk.
Ne qilur birlik u sichqon jonida,
Gar mushukdin titrasa har onida?
Bittamas, yuz mingta sichqon bo’lsa ham,
Bir mushuk oldida ojizdir, adam…
* * *
Ko’chadin o’tganda Yusuf har kezi,
Darchalarga shu’la solgaydi yuzi.
Uylarida o’ltirib mardum magar,
Bul tarafga o’tdi Yusuf, derdilar.
Darchalarga shu’lalar tushgay edi,
Shu’lalardin ko’cha yorishgay edi.
Darchasi ochilgan ersa ul taraf,
Uyga tushgay erdi Yusufdin sharaf.
Darcha och Yusuf tomonga tinmayin,
Ko’z solib ko’rgil tomoshani keyin.
Ishq degan ul darcha ochmoqdir, o’g’il,
Do’st jamoli ursa, dil ravshan bo’lur.
Ma’shuqa yuziga har dam sol nazar,
Bul sening ilkingda ermish, ey jigar.
Tut mudom ko’ngilga kirmoq peshasin,
Sur nari o’zga xayol, andishasin.
Kimiyong bordir, davoyi po’st qil,
Yo’l topib, dushmanlaringni do’st qil.
Chun nasib etgay o’shal zeboyi xos,
Jonni bekaslikdin ul aylar xalos.
Bergusi jon gulshaniga ul najot,
G’amdin o’lganlarga daryoyi hayot.
Dema, yolg’iz davlati dun bergusi,
Yuz tuman mulki gunogun bergusi.
Boq, nechuk mulki jamolin berdi Haq,
Tushni ta’birlashni bedarsu sabaq.
Mulki husni soldi zindonga ani,
Mulki ilmi eltdi Ka’aomga ani.
Podsho qul bo’ldi unga, cho’kdi tiz,
Mulki ilmi mulki husnidin aziz…
* * *
Ey simirding yeru ko’kdin ayricha,
Shul yo’sin jismingni to’ldirding necha
Chun yig’ib dunyoning uzvi-uzvidan,
Parcha-parcha to’plading, etding badan.
To’plading jonu taningga qanchalar,
Yeru ko’klardin, quyoshdin parchalar.
Uyla lekin, senga bergaymu tekin,
Berganin ul qaytarib olmasmikin?
O’g’rikim chaldi, matohi bir kuni
Dor og’ochi ostiga eltar uni.
Ne omonatdir, uni ko’rmoq kerak,
Neki olding, qaytarib bermoq kerak.
Tandamas boqiy tiriklik ruhdadir,
Ruhni bergil, boshqasi behudadir.
Jonga nisbat so’yladim behudani,
Haqqa nisbat lekin aytmasmen ani…
* * *
Dedilar shahzodalar: xizmatdamiz,
Amring etgaymiz ado albatta biz.
Baski vojibdir hama farmonlaring,
Kufr bo’lgay bilmasak ehsonlaring…
Lekin istisnovu tasbihi Xudo,
So’ylamay, chun etdilar kibru havo.
Ne karam bor inshoolloh toshida,
So’ylamishdik Masnaviyning boshida.
Yuz kitobdin muddao bir bob erur,
Yuz jihatdin maqsad ul mehrob erur.
Necha yo’llardin murod bir xonadir,
Ming boshoqning ildizi bir donadir.
Turfa-turfa nozu ne’matlarki bor,
Aslida bir narsa, etsang e’tibor.
Bittasi birlan magar to’ysang tamom,
Tortmagay, bo’lsa yana ellik taom…
* * *
Ichma suvrat jomini, hay, bo’lma mast,
Bo’lmagil to buttaroshu butparast.
Kech o’shal suvrat qadahdin, ey o’g’il,
Boda jomdanmas, magar jom ichra ul.
Bodabaxshga tut og’izni damba-dam,
Boda bo’lsa, bas, topilgay jomi ham.
Odamo, ma’niyi dilbandimni so’r,
Qobig’u suvratni qo’y, ul ne erur?
Baski qum bo’ldi Xalilullohga un,
Ey aziz, bug’doy ne hojat sen uchun?
Suvrat ul olgay besuvratdin vujud,
Misli otashdin kelur dunyoga dud…
* * *
Ul Zulayho derdi «Yusuf» damba-dam,
Unga Yusuf erdi isroqdoni ham.
Joylamishdi barcha nomlarga uni,
So’ylamishdi jumla jonlarga uni,
Desakim gar, mum olovdin yumshadi,
Yoridin bul mehr ko’rgoni edi.
Desa gar, yuz ochdi moviy ko’kda oy,
Desa gar, durkun teraklarda chiroy,
Desa, barglarning alomat raqsi bor,
Desa, isriqdin taralgay xush ufor,
Desa, bulbul o’ltirur gulnoz ila,
Desakim, shoh sirlashur shahnoz ila,
Desa gar, baxtim bahori lolagun,
Desa gar, silking gilamlarni bugun,
Desa gar, keltirdi mashkob obi nob,
Desa gar, tong otdi, chiqdi oftob,
Desakim gar, kecha tortilgan taom,
Totli erdi, etdi ko’ngillarni rom.
Desakim, nonlarda tuz yo’q, benamak,
Desakim, voy, chappa aylandi falak.
YO magar boshim to’la og’riq, desa,
YO magar boshimda og’riq yo’q, desa,
Maqtasa bir ishni, bois ul edi,
Nolisa, bois-da yolg’iz ul edi.
Keltirarkan tilga yuzminglarcha nom,
Maqsudi Yusuf edi, Yusuf tamom…
* * *
Tikka turgaydir ilon ham misli marg,
Og’zida ov ovlamoq-chun sabza barg.
O’tlar ichra o’tga o’xshar govdasi,
Qushga ul-durkun o’simlik novdasi.
Kush boqib, to’ymaydi yaproq raqsiga,
Talpinib, tushgay ilonning og’ziga.
Boq, yotur og’zin ichib timsoh atay,
Qurtlari tishlar arosinda talay.
Har nekim tutmish, yemish, qoldiqlari
Qurtlanib, qolmish kavaklarda bari.
Qushchalar g’ujg’on u qurtlarni ko’rib,
Rizq bilurlar, birma-bir yerlar terib.
Og’zi qushga to’lsa, timsoh nogahon,
Og’zini yumgay-da, yuttaydir hamon.
Sen jahonning holiga solgin nazar,
Og’zini ochgan buyuk timsoh magar.
Rizqu ro’zing axtarib dargohidin,
Sen qutilmassen uning timsohidin…
* * *
Til, dudoq qishloqilarga o’xshagay,
Ki shahar bozoriga kelmish atay.
O’tmasak, sarqit matoh ham shundadir,
Ko’p asl, qimmatbaho ham shundadir.
Sudu savdo kimniki, bilganniki,
Ulki bilgay ne asl, ne qalbaki.
Qay biriga foyda kelgaydir, samar,
Qay biriga — koni tashvishu zarar.
Uzvi olam go’lu nodonga-tugun,
Kashfiyotdir ul asl ustod uchun.
Ul biriga qand, biriga og’udir,
Ul biriga lutf, biriga qayg’udir.
So’ylasa toshlar, eshitgay anbiyo,
Hojilarga Ka’ba ermishdir guvoh.
Masjid o’lgaydir namozxon shohidi,
Der: yiroq yo’llar bosib kelmish edi
Gar Halilullohga otash erdi gul,
Lek halokat erdi namrudiyga ul.
Necha bor aytdik bularni, ey Hasan22,
Ne qilay aytmoqdin aslo to’ymasam?
22 Hasan — Husomiddin Chalabiy.
* * *
Yer qushi dengizga tushsa, ne bo’lur,
Ul suzolmaydi, muqarrarkim o’lur.
G’allasiz tushsa tegirmonga kishi,
Soch-soqolini oqartmoqdir ishi.
Charx tegirmoniga donsiz tushma, hoy
Soch-soqoling oq etar, qaddingni yoy.
Doni borlarni tegirmon siylagay,
Molu mulk bergay, mukarram aylagay.
Avval iste’dod kerak jannatga ul,
So’ngra jannat ichra davroningni sur.
Yosh go’dakka ne sharobdir, ne kabob,
So’ylama behudadir sharhu xitob.
So’nggi yo’q so’zdir bu, sanjob aylagil,
Kasbi iste’dod etishni o’ylagil.
* * *
Jumla Qur’on — sharhi sirri nafs erur,
Boq o’zing Mus’hafga, gar ko’z bo’lsa ul.
Anglatur Qur’on u kofirlarni ham,
Qilni qirq yorgan baloxo’rlarni ham.
Har zamonda qo’zg’alib ul ahli dov,
Nogahon dunyoga urgaylar olov…
* * *
Narsa yo’qkim, xoriji olam erur,
Har ne istarsen, o’zingda jam erur.
* * *
Ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil,
Ko’z bo’rmu Haqni ko’rmas bo’lsa ul?
* * *
Kelmadik hajru firoqu fasl uchun,
Vasl uchun keldik jahonga, vasl uchun.
* * *
Kimki badbaxtdir, kuyikdir xirmani,
Yonmasin der o’zga insonlar shami…
* * *
El uchun adlu adolat bo’lsa, bas,
Andin o’zga posboning shart emas…
* * *
Voqifi Haq ulki, iymon ichradir,
Har nafas bir bog’u bo’ston ichradir.
* * *
Xush demish andoq Rasuli dilnavoz:
Zarra aqling sadqasi savmu namoz…
Dil aqldin nurga to’lgay damba-dam,
Ham yetar nurdan nasiba ko’zga ham…
* * *
Men nechuk bir kimsaman Mahshar kuni,
Jumla olam ilmiga jon bil buni…
* * *
Gar usul bilsang — bilimlar naqshidir,
Andin o’z aslingni bilgan yaxshidir…
* * *
Aql yuz ochsa jahon ko’zgusida,
Tiyra bo’lgay kun uning o’trusida…
* * *
Odamiy olat ila erkak emas,
Olim ersang, etma johil birla bahs…
* * *
Tevaga yantoq, tikanlardir yemish,
Ul sababdin ko’zlari yashnoq emish
* * *
Bul qirilmish deb sadafga boqmv xor,
Bag’rida balki munavvar inju bor.
* * *
Puflama sham’i Xudoni, ey falon,
So’ngra otashlarda yongaysen yomon…
* * *
Lojaram dunyo muqaddam keldi, bas,
Toki bil deb qadri iqlimi Alast…
* * *
Sengamas, ko’z tashlagum ko’nglingga men,
Tuhfa aylab, keltir ostonamga sen…
* * *
Partavi Haqdir ayol, ma’shuq emas,
Misli Xoliqdir ayol, maxluq emas.
* * *
Xalqni o’ylab, xalqqa bergum deb madad,
Yov bilan maydonga tushgay sheri mard.
* * *
Sirri jon ulkim, xabar imkoni bor,
Kim xabardor ersa, ko’proq joni bor.
* * *
Ta’siri jon baski ogohlik erur,
Kimda ul ko’p ersa, ollohlik erur…
* * *
Tong — kichik mahshar emishdir, iqtibos,
Sen buyuk mahsharni andin et qiyos…
* * *
Gar asoni ajdaho etmas kishi,
Ajdaho birlan nechuk bo’lgay ishi?
* * *
Tushsa senga bir Xudoyorning ko’zi,
Yor bo’lur senga Xudoyimning o’zi…
* * *
Bu jafolarkim, etar ahli jahon,
Ganji boylikdir, senga kelmish nihon
* * *
Garchi tanholikda tan uxloq erur,
Dil aro sakkiz bihisht yashnoq erur…
* * *
O’zgadir mahram tili ro’zi azal,
Hamko’ngillik hamzabonlikdin go’zal…
* * *
Har ko’ngil bog’ida bir xas kam bo’lur,
Bir emas, oqilda ming bir g’am bo’lur…
* * *
Noahillarga sabr zt, ey ko’ngil,
Har nechuk ko’ngilni poklaydir sabr…
* * *
Osmonkim, goh alamlar bergusi,
Muntazir bo’l, senga to’n kiydirgusi…
* * *
Haqdin o’zga barchasi dushman, U — do’st,
Do’stdin dushmanga dod aylarmu do’st?
* * *
Odamiy — ko’zdir, ko’rish o’lgunchadir,
Har necha ul ko’rsa, qadri shunchadir…
* * *
Ilmu fan deb o’lsa, muqbil oti bor,
Bu o’limda yuz tiriklik toti bor…
Ittifoq ermish o’lim ummat aro,
Obi hayvondir o’shal zulmat aro…
* * *
Yuz sanoch oltinni to’ksang, ey g’ani,
Haq degaykim, topganing ko’ngil qani?
* * *
Xotami mulki Sulaymondir — ilm,
Jumla olam suvratu jondir — ilm…
* * *
So’z tilarsen, dilda turmog’in tila,
Jon toparsen baski xomushlik ila…
* * *
Tangrining qahri buzish ermas, tuzish,
Tangridin jon saqlamog’ing — jon uzish…
* * *
Sen shikasta dil bila etgil duo,
Ki siniq ko’ngildadir fazli Xudo…
* * *
Lavhi mahfuz do’stga — do’st peshonasi,
Ikki olam sirrining koshonasi…
* * *
Ishq shivirlaydir qulog’imga nuqul:
Sayd bo’lish sayyod bo’lishdin yaxshidir…
* * *
Mo»jiza ermas falakda oftob,
Mo»jiza olamda ul Ummul kitob…
* * *
Tangri Qur’oniga bo’lsa rag’bating,
Avliyolar birla bo’lgay suhbating…
* * *
Hurmat etgan er bo’lur hurmatli er,
Kimki qand bergay, o’shal lavzina23 yer…
* * *
Boqma kofirga balanddin besabab,
Bir kuni bo’lsa musulmon, ne ajab?
* * *
Zohiring garchi qorong’udir, bashar,
Botining ichra gulistoning yashar…
23 Lavzina — bodomli holva.
* * *
Sen borib, zulmatni yondir nur bila,
Jon quyoshing so’igra so’nmaydir sira…
* * *
Soya oftobga dalil bo’lgaymu hech?
Nur degan nurdir, zalil bo’lgaymu hech?
* * *
Zid bilan ziddan tug’ilgaydir fano,
Zidki yo’q ersa, qaror topgay baqo…
* * *
Baxti kulgan barcha insonlar bilur,
Kibr — Iblis, ishq — Odamdin kelur…
* * *
Podsho ruhi esa nahri zilol,
Bor ariqlarning suvi ham ayni hol…
* * *
Aql erur Haq soyasi, Haq — oftob,
Oftobga soya hech bergaymu tob?
* * *
Sen qanoat ayla, bu hikmat senga,
Zoti iymondir buyuk ne’mat senga…
* * *
Ishq magar avval emishdir, oxir ul,
Bitta ko’rgil ishqni, ikki ko’rmagil…
* * *
Ishqdin o’zga husni jonon qayda bor?
Jondin o’zga tanga darmon qayda bor?..
* * *
Ishq sharhin so’ylasam, etsam davom,
Yuz qiyomat o’tsa ham bo’lmas tamom…
* * *
Yuz qiyomat ham o’tar, turmas abad,
Tangri vasfiga vale bo’lgaymu had?
* * *
Haq mayidin kimki bir qultum ichar,
Bir emas, ul ikki olamdin kechar.
Ul musaffo may sururi o’zgacha,
Mastligi eltar seni mahshargacha…
* * *
Qo’y bu donolikni, hayronlik go’zal,
Ul biri — shubha, gumondir, bul — nazar…
* * *
Odamiy — bir kemadir, bor yelkani,
Yel surib, manzilga haydaydir ani…
* * *
Olami avval — jahoni imtihon,
Olami soniy — jazodir beomon…
* * *
Sen o’zingdin-ku qocholmassen, aniq,
Bas, netib Haqdin qocharsen, ey rafiq?
* * *
Baski dor uzra yurolmassen dadil,
Yerda yurmog’ingga sen shukr aylagil…
* * *
Garchi sust yurguvchi, gar chopguvchidir,
Izlagan kimsa magar togxguvchidir…
* * *
Sen talabni ustuvor et doimo,
Ki talabdir yo’llaguvchi rahnamo…
* * *
Darding ortganda, Xudo, deb bo’zlagil,
Har ne istarsen, Xudodin izlagil…
* * *
Qayda bir ko’zdin yiroq vayrona bor,
Unda bir ganji nihon, afsona bor…
* * *
Haq yaratdi kimiyolar naqshini,
Ko’rmadi odam sabrdin yaxshini…
* * *
Sersoqol gar uyda ko’rmas narsani,
Ko’sa ko’rgaydir yiroqlardin ani…
* * *
Zoti inson Arshdanam yuksak erur,
Bo’yla yuksakdirki, sig’mas so’zga ul.
* * *
Qiymatin gar so’ylasam, etsam bayon,
Men kuyarmen, balki yongaydir jahon…
* * *
Ishq tili rubob tilidek sir emish,
Turku yunonu arabga bir emish…
* * *
Men jamod erdim, keyin bo’ldim nabot24,
So’ngra hayvon jismida surdim hayot.
O’ldimu qad rostladim odam bo’lib,
Men qachon o’lganda qoldim kam bo’lib?
Bas, o’lay bir hamla birlan men, bashar,
So’ng maloyiklar-la yozgum bolu par.
Men malak ersam, yana qurbon bo’lay,
Doxili ul dargahi Rahmon bo’lay…
24 Jamod — jonsiz jism. Nabot — o’simlik.
* * *
Haq madad aylab, inoyat etdi chun,
Topdi shu oltinchi daftar ham yakun.
Cho’zma ortiq, yuzga men chekdim niqob,
Gap tamom, vallohu a’lam bissavob…
Bu kitob poyonga yetdi oqibat,
Naqd bo’lib, unvonga yetdi oqibat.
Osmonga nardbondir bu kalom,
Tirmashib chiqqan ko’rar tom uzra tom.
Ul oyoq qo’ymas faqat ko’k jomiga,
Ul chiqar undan balandroq tomiga.
Ko’kka yetgaydir o’shal yoqdin navo,
Charx mudom aylansa, bois ul havo…