Matnazar Abdulhakim. Chavandoz ruh

08

  Инсон ҳаёти, аслида, бир-бировнинг ёдида қоладиган ишларни амалга ошириш учун тинимсиз кўрсатиладиган фаолиятлар силсиласидан иборат.Биз кечираётган ҳар бир лаҳзамиз билан бир-биримизнинг хотирамизда яшаймиз.Ҳаётнинг моҳияти, аслида, ана шу.

09
Умид Бекмуҳаммад
МАТНАЗАР АКАНИ ХОТИРЛАБ
02

1993 йил 30 апрел. Урганч Давлат Университетининг биринчи босқич талабаси эдим.Одатий анъанага кўра баҳорги ҳашар-гуруҳимиз учун ажратилган пайкал ерини ағдариб бўлгандик.Пешиндан кейин ишни бўлиб энди кимдир уйига, кимдир ижарасига, мен эса шундоққина университетнинг санатория-профиликториясига бораётгандим, Гурланлик шоир Маҳмуд акани учратиб қолдим.Маҳмуд Ражаб Гурландаги мактаблардан бирида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлар, уч кунлик ўқиш учун вилоят малака ошириш институтига келган экан.Ўша вақтда малака оширишга келган ўқитувчиларгаям УРДУ санаториясидан йўлланмага кўра ўрин ажратиларди.

Шу тариқа бирга санаторияга борганимизда Маҳмуд ака менга кечқурун Матназар Абдулҳакимникига боришни таклиф қилди.Чўнтагимда матбуот дўкончасидан сотиб олганим вилоят газетаси ҳам бор эди.Газетани кечқурун келиб ўқийман дея санаториядаги хонамга ташлаб ташқарига чиқдим. Келишилганидек ўша куни қуёш ботмасидан олдин университет олдидаги пахта отиз четидан юриб Қоровул қишлоғидаги Матназар аканинг хонадонига бордик.

Мен шу кунгача фақат Матназар аканинг шеърларини газета-журналларда ўқиган, Хоразм ТВда суҳбатларини эшитган, аммо ўзи билан учрашмагандим.Матназар ака Маҳмуд ака иккаламизни яхши кутиб олиб меҳмонхонасига бошлади.Хонада эътиборимни тортгани Паҳлавон Маҳмуднинг гиламга ишланган сурати осиғлик турарди.Маҳмуд ака меним талабалигим, бўлғуси тарихчилигимни таништирди.Кейин шоир хонадонига Шуҳрат Маткаримов, Ғанижон Дўстжоновлар кириб келишди.Ўша куни уятчанлик, тортинчоқлик , қолаверса ёшлик ҳаваси билан жимгина ўтириб, ижодкорларнинг суҳбатини эшитдим.Бедил ғазаллари, унинг таржимаси, Навоий шеърияти, Хоразм адабий муҳитидаги ижодкорлар, Жуманазар Юсупов шеърлари, қолаверса Шуҳрат ака, Ғанижон аканинг ТВ бўйича тайёрлаётган кўрсатувлари хусусидаям фикр алмашилди.

Табиийки, 18 ёшга кириб ижодкорлар гурунгида биринчи бўлишим эди.Шу боис ўша кунги суҳбатлар ғоят мароқли бўлиб туюлди. Соат 23 ларда Шуҳрат ака, Ғанижон акалар уйига кетишгач, биз Матназар аканикида тунаб қолдик.Ижодкор эмасми, учаламиз ётган хонада алламаҳалгача устоз-шогирд иккаласи адабиёт хусусида гурунглашиб ётишди.Мен улар суҳбатини тинглаб ухлаб қолганимни билмабман.

Эртасига туриб ҳам нонушта пайтида яна адабиёт хусусидаги устоз-шогирд гурунглари.Мен эса жимгина тинглайман…

Эрталаб дарсга киришдан олдин санаторияга бориб дафтарларимни оларканман, ўқий олмай кетган газетани қўлга олдим.Қарасам, 30 апрел сонида меним матбуотдаги биринчи мақолам-“Байрамларимиз хусусида” чоп этилган экан.Газетага мақолани илгарироқ юборгандим.Шундан кейин газетада биринчи мақолам чоп этилган кунни эсласам, Матназар аканикида бўлганим , ўша кунги гурунглар ёдимга тушади.

Кейинчалик то 1997 йилда университетни битиргунча Матназар ака билан гоҳ Даврон Ражаб, гоҳ Маҳмуд Ражаблар ҳамроҳлигида учрашиб суҳбатини олардик.

Ёшлик шижоатими , ёхуд журналистикага ихлосми , билмадим 1998-2000 йилларда кўплаб ижодкорларга матбуот орқали очиқ хат ва эътирозлар чоп этдирдим.Рўзимбой Ҳасан, Ошиқ Эркин, Сайёра Самандарова, Шуҳрат Маткаримов, Салим Гареев,Олмахон Ҳайитова,Абдулкарим Баҳриддин, Гавҳар Матёқубовалар қатори “Адабиёт адабиётни бездирмоқда” сарлавҳали Матназар акага йўлланган очиқ хатим ( 1999 йил май ойида) кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Матназар ака билан бир гал учрашганда уларнинг айримларини ўқиганини айтди.Бироқ бошқа ҳеч нарса демади.Ўзи ҳақидаги очиқ хат бўйичаям умуман индамади.

2000-2002 йилларда Гурлан тумани маънавият ва маърифат марказида ишлардим.Туманда ўтказадиган турли тадбирларимизга Гавҳар Ибодуллаева, Йўлдош Эшмурод,Абдрим Отамуродов ва табиийки Матназар ака доимий равишда ташриф буюришарди.Ўшандай сафарларда Матназар ака билан Таганрогда бирга ўқиган, мактаб директори бўлиб ишлаётган Тожимурод, Азамат акаларни суриштирар, баъзида курсдошлари Матназар аканинг келганини эшитишса тадбир бўладиган жойга етиб келишарди.Суҳбат мавзуси бирга ўқиган дўстлари, Таганрог хотиралари,Матназар аканинг полвонлиги, ва албатта адабиёт хусусида бўларди.

2003-2004 йилларда “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Хоразм вилоят бўйича мухбири бўлиб ишладим.Бош муҳарриримиз Ўткир Раҳмат Тошкентга борганда, ёки телефонда гаплашганимизда доимо Матназар акани суриштирар, у кишидан мақола ёздириб олиш, бунинг учун мавзуларни таклиф қиларди.Шу тарзда Матназар аканинг кўплаб мақолалари “Қишлоқ ҳаёти”да, кейинчалик “Ҳаёт”, “Халқ сўзи” газеталарида айнан Ўткир Раҳматнинг таклиф, мулоҳазалари бўйича ёзилди, чоп этиб борилди.

Меним ҳам Матназар ака билан полвонлар тўғрисидаги суҳбатим “Қишлоқ ҳаёти”да чоп этилганди.

2004-2005 йилларда Қозоғистондаги “Камалак”, “Бойчечак” журналлари ва “Адабиёт ва санъат” газетасида бўлим мудири сифатида ишладим.Ушбу нашрлардаям Матназар аканинг бир нечта ўғиз лаҳжасида яратган шеърларини берган, бу ижод намуналари Қозоғистонлик олим, ижодкорларда , Сайрам туманидаги ўғиз лаҳжасида гаплашувчи қишлоқ аҳли, мактаб ўқитувчилари орасида катта қизиқиш уйғотганди.

2005 йил декабрида андижонлик тарихчи олим, профессор, ”Мерос” халқаро илмий амалий экспедиция жамғармасининг раиси Рустамбек Шамсутдинов таклифига кўра водийга бордим. Рустамбек ака 2003 йил Хоразмга экспедиция уюштирган, мавзу қулоқлаштириш ва қатағон даврига оид маълумотлар тўплаш бўлганди.Ўша сафар давомида Рустамбек ака Матназар Абдулҳаким билан учрашган, мароқли суҳбатлар қурган экан.

Рустамбек аканинг  илк сўраб суриштирган инсони Матназар ака эди.
— Мен дунёнинг тўрт қитъасидаги 40дан зиёд давлатда турли олиму арбоблар, ижодкорлар билан суҳбатлашиб, Матназар акадек ҳар бир сўзида маъно, салоҳият бор инсонни кам  учратдим. Матназар акада ўтмишдаги илмли аждодларимизнинг заковати жамланган. Шоирни ҳақиқий маънодаги зиёли деб атамоқ лозим — деганди.

Шундан кейин то 2009 йилгача илмий иш, китоб ёзиш боис Андижонга кўп бора бордим. Ҳар гал борганимда, ёки телефонда гаплашганда Рустамбек ака биринчи бўлиб Матназар акани суриштирар, унга салом айтишни топширарди. Мен эса Матназар аканикига баъзида бориб, гоҳида қайсидир тадбирда кўриб домланинг саломини етказар, ўшанда Матназар акаям Рустамбек аканинг илмий ишлари, китобларини суриштирарди.

2006-2007 йилларда Гурлан туман ҳокими ёрдамчиси бўлиб ишладим. Бу даврда иш кўплигидан тумандан ташқарига умуман чиқолмаган пайтларим бўларди.Шундай пайтлари телефонда Матназар ака билан “Ҳаёт”, “Халқ сўзи” газетасида чоп қилинган мақолалари, баъзида меним “Ҳаёт”даги мақолаларим хусусида гурунглашардик.Бу пайтда шоир хасталик сабаб шифохонада ётиб чиққан, аммо ҳар гал телефон қилганимда телефонда эринмай суҳбатлашар, баъзи сўзларнинг форсий маъноларини айтиб берарди.Сахтиён, эшон, махсум, махдум сўзларининг маъноларини айнан телефон орқали ёзиб олганларим эсимда.

-“Ҳаёт”даги “Хоразмга талпинган Пушкин” мақоланг мавзуси яхши экан.Аммо қайси манбалардан фойдаланганинг берилмабди.Умуман шарқ мавзуси нафақат Пушкинда, балки бошқа рус, ғарб шоирлари ижодидаям бор.Мавзу устида чуқур илмий ёндошиш керак.-деди бир гал телефон орқали суҳбатимизда Матназар ака.

-Мақолани газета йўналишига мослаб ёздим.Айтганингиздек мавзуни чуқур ўрганиб “Хоразмга талпинган Пушкин” деган роман-эссе ёзмоқчиман,-дедим.

2007 йилда Урганч Давлат Университетига ишга ўтдим.Шундан кейин университетда ўтказиладиган тадбирларда, баъзида уйига бориб Матназар ака билан учрашадиган бўлдим.Бир гал Навоий ҳақидаги мақолаларимни бериб уни ўқиб маслаҳат беришни, бошқа сафар Хоразмлик бир шоир ижоди бўйича ҳаммуаллифликда китоб ёзишни, бошқа бирида эса Манғитлик шоир Баҳодир Худойберганнинг шеърий китобини берганим ёдимда.

…2010 йилнинг сентябр ойи.Гурландаги мол бозори. Қўл телефонимга журналист Рўзимбой Ҳасан бир неча бор телефон қилибди. Вақт топиб қайта телефон қилсам Рўзимбой ака “ Матназар акадан айрилиб қолдик…”деганини эшитдим ва “бандалик….” дея олдим холос.

…Орадан вақт ўтаяпди.Матназар акадан катта ва бой мерос қолди.Бугунги замонавий ва ахборот коммуникация ривожи, адабиёт ихлосмандлари зарурати, эҳтиёжидан келиб чиқиб, Матназар Абдулҳакимнинг то 1960 йиллардан бошлаб Урганч тумани, вилоят ва республика матбуотида ёритилган ижод намуналарининг электрон вариантини тайёрламоқ лозим.Шу билан бирга, Хоразм Маъмун Академияси, ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, маънавият ва маърифат маркази томонидан “Матназар Абдулҳаким” номидаги ижодкорлар ва таржимонлар, илм аҳли учун мукофот таъсис этиш лозим менимча.

04
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ЧАВАНДОЗ РУҲ
(Умид Бекмуҳаммад нашрга тайёрлаган)
02

Баҳор чоғи мени ёд эт…
Миртемир

Бир қарашда мавҳумга ўхшаб туюлгани билан инсон хотираси ниҳоятда муайяндир.Марҳумларни биз уйимизда ўтириб ёд этсак ҳам бўладигандек.Бироқ уларнинг руҳлари уларнинг хокларида барҳаёт эканликларига шу қадар ишонамизки, уларнинг ҳақига дуои фотиҳалар қилиш учун бутун ер шарини айланиб бўлса ҳам, мақбараларини зиёрат қиламиз.

Улар бизларни тинглаб турганларига ишончимиз мустаҳкам бўлганлигидан, уларнинг сўнгги масканларида ниҳоятда одоб билан, ҳар бир сўзимизни минг ўлчаб гаплашамиз. Овозимизни баланд кўтармаймиз.Энг илиқ сўзларимизни шаънига айтгимиз, энг самимий мисраларимизни уларнинг шарафига бағишлагимиз келади.Паҳлавон Маҳмуд ёзган эдилар:

Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай,
Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилғай.
Қайдайи хоки пок, тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай.

Шоирлар таъкидлаганидек, ер шарининг ўзи улкан мақбара.Бироқ, барибир, ўтганларни қандайдир бир мавҳум тарзда эмас, номларини тутиб хотирласак, улар оғрингандек.

Номаълум солдат қабри, албатта, азиз. Бироқ шоирнинг даъвати, яъни “Ҳеч ким унут бўлмагандир, ҳеч нарса унут бўлмаган!” деган шиор яна ҳам азизроқдир.Чунки у шиорнинг замирида урушнинг миллион-миллион қурбонлари ҳар биттасининг аниқ сиймоси ҳам пинҳон, ҳам аён. Улуғ ғоялар учун, Ватан учун жонини фидо этган одам, ҳеч бўлмаганда, ана шу жонни ифода этадиган сўзнинг, яъни номнинг унут бўлишини истамайди.

Ривоят қилишларича, Чингизхон ўзи минган отдан ташқари ёнида чавандозсиз бир от олиб юрар экан.У ана шу отни аждодлар руҳи миниб юради, деб эътиқод қилар экан. Қозонилган ғалабаларда ана шу Чавандоз Руҳнинг ҳиссаси бор, деб қаттиқ ишонар ва ана шу ишонч янги ғалабаларга руҳлантирар экан.

Бу ривоятда теран ҳикмат бор.Чиндан ҳам, мана шундай Чавандоз Руҳи бўлмаган авлод инқирозга маҳкум. Бундай авлоднинг истиқболи бўлмайди. “Тотор” деган сўз қадим луғатларда “ғолиб” деган маънони берар экан. Чингизни қиличи ғолиб қилган бўлса, ким билади, чингизийларни бобокалонлари эришолмаган руҳий зафарларга уларнинг ўзлари забт этган ерлардаги халқлар маданияти ворисларига айланиб яратган маънавий бойликлари сазовор қилгандир. Чавандоз Руҳнинг, аниқроғи, ана шу руҳ қиёфасида ўз тажассумини топган барча қутлуғ Руҳларнинг ҳикмати ана шундайдир. Ана энди сиз барча лашкарлари Чавандоз Руҳлардан иборат қўшинни тасаввур қилинг.

“Ўлимни орзу қилманглар”, деб васият этган эканлар пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.). Ўлимни шу қадар истамаймизки, ҳатто вафот қилганимиздан ёхуд ҳалок бўлганимиздан кейин ҳам яшагимиз келади.

Оврупо маданиятида “Лета” деган сўз бор.Бу унутишнинг, унутилишнинг рамзий дарёсидир.Эслашга арзимайдиган, унутишга маҳкум қилинган нарсаларни ё одамларни “Лета”га ғарқ бўлиб кетди, деган ибора билан ифода этганлар. Яъни, ундай одамларни ёки ундай нарсаларни дарёга улоқтирилган кесакдек йўқ бўлиб кетади, деб ишонганлар.Ва чиндан ҳам…унутганлар.

Инсоният неча миллион йиллардан буён ҳаёт кечиради.Агар ҳар бир ҳаётнинг ҳамма дақиқаларини қандайдир бир тарзда хотирамизга нақш қилиб қўйишнинг иложи бўлганидами эди, бу юк ўзининг тоғлардан-да залворлироқ салмоғи билан бутун рўйи заминни эзғилаб ташлаган бўлур эди. Шунинг учун ҳам инсон тарих элагида қолган энг муҳим шахсларни, воқеа-ҳодисаларни моддий ва маънавий бойликларни хотирасига дарж қилиб қолдиради.Инсон ҳаёти, аслида, бир-бировнинг ёдида қоладиган ишларни амалга ошириш учун тинимсиз кўрсатиладиган фаолиятлар силсиласидан иборат.Биз кечираётган ҳар бир лаҳзамиз билан бир-биримизнинг хотирамизда яшаймиз.Ҳаётнинг моҳияти, аслида, ана шу. Дейлик, бир танишингиз сизга салом бериб, ўтиб кетди.Бу саломнинг умри сиз ана шу саломни эслаб юрадиган вақтингизга тенгдир.Бироқ бу салом сиз унутишингиз билан ўтиб кетмайди.Чунки сизнинг кўнглингизга ўзининг туширган нақшлари билан сизнинг-да бошқаларга кўрсатган илтифотингиз тарзида эзгу ҳаётини давом қилдиради.Яъни, энди у бошқа саломлар қиёфасида умр кўра бошлайди.эзгулик ана шу жиҳатдан безаволдир.

Ҳар бир одам ҳам ана шундай.Унинг умри ўлим билан поёнига етмайди.Инсон умрининг поёни у қилган ишларнинг бошқалар хотирасидаги ҳаёти билан ўлчанади. Чунки унутилишнинг нақадар даҳшатли эканлигини барча жонзотлар ичида фақат инсонгина англайди.Шунинг учун ҳам у унитилмаслик учун ақл бовар қилмас даражада муҳташам мўъжизаларни яратади.”Хамса” ва “Чор девон”лар яратади. Дарёларнинг йўлини буриб юборади.Тоғларни улоқтириб ташлайди.Эзгулик қўлидан келмаса, ёдда қолиш учун ёвуз ишларни қилади.Геростратга ўхшаб мўътабар ибодатхонага ўт қўяди.Она чақалоғини шунчаки тириклик инстинкти туфайли эмизаётгани йўқ.У ўз фарзанди қиёфасида ўзига ва умр йўлдошига ҳайкал қўймоқда.Тирик ҳайкал.Бу ўлимдан қасос олишнинг энг илоҳий имконидир.

Ҳаммамиз ҳам кимларнингдир тирик ҳайкалларимиз. Барҳаёт хотиралармиз. Ҳаммамизнинг ҳам бурчимиз қиёфамизда ўз тажассумини топган ана шу хотираларни авлодлардан-авлодларга етказмоқдир.Яна ҳам умрбоқийроқ , яна ҳам муҳташамроқ қилиб.Шунинг учун ҳам туғилиш муборак бир мўъжизадир.Чунки у ана шу авлодлар силсиласини давом қилдиради.Шунинг учун ҳам ўз жонига қасд қилаётган одам мудҳишдир.Чунки у ана шу силсиланинг бир ҳалқасини ғайритабиий тарзда узаётган бўлади.Шунинг учун ҳам қотил манфурдир.Чунки у, ўз навбатида, ана шу ҳалқани зўравонлик билан узаётган махлуқдир.Шунинг учун ҳам одамни таҳқирлаётган одам жирканчдир.Чунки у фақатгина ана шу бир одамни эмас, балки ана шу одам тимсолидаги бутун бир инсониятнинг ана шу одамгача ва одамдан кейинги барча хотираларини ҳақорат қилаётган бўлади.Ислом дини тарихида “Ҳуруфийлар” деб аталган тариқат бўлган.Бу тариқат кишилари одамзотнинг юзидан барча араб ҳарфларини топиб, шарҳлашган.Яъни, мижжани “сод”га, зулфни “лом”га, қош ва кўз гавҳарини “нун”га ўхшатганлар ва ҳоказо.Улар бунинг билан ҳар бир инсоннинг илоҳий эканини, ҳар бир одамни унутилмасликка муносиб, юзига Қуръони карим дарж этилган бир мўъжиза сифатида ардоқлаш лозим, деган ғояни илгари сурган.Бундай юзга шапалоқ тортаётган одам ким бўлади? Бундай одамнинг баҳосини ана энди ўзингиз бераверинг.

Одамлар борки, нафақат одамнинг юзига, балки бутун бир халқнинг юзига…йўқ, яна йўқ, юзига шапалоқ тортиш учун эмас, халқларни қириб ташлаш учун бир-бирларининг устига отлантирадилар.Ана шундай қабиҳ ниятли кишилар ҳам ўз амалларини чиройли ғоялар билан ниқоблаб иш кўрадилар.Инсоният хотирасида яхши бир одам сифатида ном қолдириш учун унитилмасликни истайдилар.Бундай мустабидларни, маълумингизким, ҳеч қандай Руҳ қутқара олмайди.Уларнинг ёнида бораётган от чавандоз эмас, шунчаки бир яйдоқ қирчанғидир.

Гитлер ана шундай маълун эди.

Бироқ инсоният лақма эмас.Инсоният ким “Чор Девон” ижод қилаяптию ким ибодатхонани ўтга бераяпти, буни яхши, жуда яхши, ҳатто аъло даражада тафовут қилади.Боши бор чавандоз билан бошсиз чавандознинг фарқига боради. Шунинг учун ҳам бундай “даҳолар” фақат ўзларини лақиллатадилар.Лаққилатиб қўйишсаку, гўрга эди.Қанчадан-қанча пок ниятли, софдил одамларнинг ёстиқларини қуритадилар.Бироқ ёстиқлар ҳам анойи эмас.Улар шунчаки қуриб кетмайди, улар ўзларига ҳаётлигида қўйилган бошларни яна ҳам барҳаётроқ қиладилар.Улар ана шу одамларга қўйиладиган ҳайкалларга асос бўлиш учун тамал тошларига айланадилар.

Менинг қўшним бор. Солиҳ ака Оллаберганов.У урушнинг энг кенжа иштирокчиларидан.Сўнгги жановар чақириқдан ўзининг ўн олти ёши билан зўрға “илашиб” фронтга кетган одам.Минг-минглаган дайдию нодайди ўқлар Аллоҳнинг қудрати билан “аяб” ўтиб кетган одам ҳозир кекса. Жуда кекса. У ҳозир ҳам фронтчасига чекади тамакини. Мохоркани газета қоғозига маҳорат ҳамда ҳафсала билан эринмасдан, худди минг йил умри мобайнида чекмоқчидек пухта қилиб, жуда маҳкам ўрайди. Кейин узоқ чекади. Сўз ўйини учун афу этингу, бироқ у тамаки эмас, форнтда ҳалок бўлган қуролдошларини хотирлаб, ғам чекади гўё.Чунки у тобора ёлғизланиб қолаётир.Чунки уруш қатнашчиларининг, дунёдаги энг адолатли урушлардан бирининг қатнашчиларининг сафи тобора сийраклашиб бормоқда.

Демак, фақат унутилиш дарёси эмас, хотира дарёси ҳам бор. Ва бу дарёнинг ҳар бир қатрасидан минг-минглаб одамнинг ёди шовуллаб оқади. Умри беҳуда нобуд қилинган нафақат ҳар бр одам учун, балки ҳар бир чумоли учун табиат қотилдан қасос олади. Қани эди, фақат қотилдан қасос олса, баъзан унинг атрофидаги қанчадан қанча бегуноҳ одамлар, баъзан бутун бир инсоният ана шу қасос ўтига гирифтор бўлади.Ким билади…балки бунда ҳам илоҳий бир адолат бордир. Эҳтимол, ҳаммамизнинг бепароволигимиз ана шу қотилнинг жирканч қиёфасида ўзининг манфур қўлларини қонга ботирган бўлгандир балки…

Урушларда отилган ва отилаётган ўқлар, аслида. Бизнинг хотирамизни ҳалок қилиш учун узилаётир. Бизнинг жони қаттиқдир. Бизнинг хотираларимиз нокаслар отаётган ўқлардан ўлмайдигина эмас, балки бизнинг хотираларимизнинг ҳар қатра қонидан бир туп азим хотира дарахти униб чиқади.Ва бу дарахтлардан иборат ўрмонларнинг шовуллаши бутун оламга ҳаёт бахш этиб туради. Чунки бизлар фақат унутилмасликдан эмас, унутмоқдан ҳам қўрқамиз.Ана шу қўрқув бизларга жасорат бахш этади.унутилганлар руҳи бизнинг эзгулик манзиллари сари олаётган йўлимизни ошиб ўтилиши ниҳятда қийин бўлган довон бўлиб тўсиб туради.Енгилмас ғов тарзида олдимиздан кўндаланг бўлиб чиқаверади.

Хотирага қараб узилган ўқлар жуда олис йўл босадилар.Вақт жиҳатдан ҳам, масофа жиҳатдан ҳам.Умуман, бу ўқларнинг мудҳиш парвозлари жараёнида нимага айланиб ва кимга бориб тегишини бир худо билади.Бу ўқдан сақланадиган битта мустаҳкам ҳимоя бор.Бу ҳам бўлса унутмаслик қалқонидир, хотира совутидир.

Бундан анча йиллар муқаддам таҳририят топшириғига кўра Шовотга бордик.Вазифа уруш қатнашчиларининг бугунги ҳаёти тўғрисида очерк ҳамда ўша йиллари фронт орқасида меҳнат қилган азизлар фаолиятидан лавҳалар ёзиш эди.Топшириқнинг биринчи қисмини-ку, аъло даражада бажардик.Собиқ жангчилардан энг илғорлари ҳамда урушда кўпроқ жасорат кўрсатганларини танлаб, бир-биридан мароқли очерклар учун материаллар тўпладик.Бироқ фронт ортида меҳнат қилган фидокорлар тўғрисида ёзишга келганда….чекимизга тушган хўжалик ҳудудида улардан бирортаси ҳам тирик қолмаган экан. Тўғри, улар сон жиҳатидан жангда иштирок этганлардан кам бўлмаган, бироқ худди тил бириктиргандек, бундан бир қанча йиллар аввал турли касалликларга чалиниб, қисқа муддат ичида вафот этиб кетишган. Гарчи улар урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлишмаган бўлса ҳам, ўйлайманки, уларни уруш қурбонлари, шаҳид кетганлар сафига дадил қўшавериш мумкин.Чунки урушнинг ўқлари барибир уларни излаб, топиб теккан, барибир уларни ҳалок қилган.
Борингки, эринибми ёки бошқа бирон-бир важ биланми, шовотликлар бизга аниқ маълумот беришмади, дейлик.у ҳолда нари-бериси 100 қулоч келмайдиган маҳалламиз-чи?

Мен уруш йиллари фронт ортида кечган, ўн-ўн беш яшарлик пайтлари ана шу машъум даврларга тўғри келган ва аёвсиз ҳарбий йилларда колхозларда ишлаган маҳалладошларим Ҳожибой ака, Исмоил ака, Обиджон ака, Олим ака,Ваисжон ака, Расул ака, Бозорбой ака, Дурди ака, Бобожон акаларни хотирлайман.Улар, худди автомат ўқларидан ҳалок бўлгани каби, деярли қисқа бир вақтнинг ичида вафот этдилар.Кўчамиздаги уруш қатнашчилари эса, алҳамдулиллоҳ, ҳалигача барҳаётлар ва илоҳо умрлари яна ҳам узоқ бўлсин.

Мен бу гапларни айтганим билан, ўзингиздан қолар гап ўқ, жанг қаҳрамонлари кўрсатган жасоратларнинг аҳамияти пасайиб қолмайди. Менинг бу фикрни таъкидлашдан мақсадим, 9 майнинг, умуман “Хотира ва қадрлаш куни” қилиб белгиланганлигида чуқур адолат мавжуд эканлигини эътироф этишдир.

Бир файласуф айтган экан: “ Бир ҳафта турмуш ташвишларига бардош бериб яшамоқ ўн беш дақиқа мобайнида жасорат кўрсатишдан қийинроқдир”. Уруш қаҳрамонлари жасоратларининг моҳияти шундан иборатки, улар ўзларининг беш йил мобайнида кўрсатган жасоратлари эвазига бутун инсониятга, мана, неча йилларгача “турмуш ташвишларига бардош бериб” яшаш имконини бердилар. Инсоният эса, мана неча йилдирки. Ана шу ташвишларга бардош бериб, нисбатан тинч яратувчанлик меҳнати эвазига, мўъжизалар устига мўъжизалар яратиб келаяпти.Ва…ана шу меҳнат жараёнида инсониятнинг, энг аввало, сара фарзандлари вафот этмоқда.

Бошни ёстиққа қўйиб ҳам қаҳрамонларча ҳалок бўлиш мумкин.Қўққисдан тўхтаб қолаётган қанчадан-қанча жасоратли, адолатпарвар юракларни минг-минглаб ҳақсизлик, жаҳолат, разолату қабоҳат, хиёнат, зулму истибдод, ҳасад, фисқу фасод, ғийбат, бўҳтон, фитна, хусумат, адоват ва бошқа –бошқа палидлик ўқлари кўзга кўринмасдан тегиб, ҳалок қилмоқда.Пинҳона ҳалок бўлаётган бундай мусаффо юраклар шаръан шаҳид бўлмасалар ҳам, мантиқан эзгулик учун кўз ўнгимизда бораётган жангларда ҳалок бўлаётган қаҳрамонлардир.

“Муҳаббат достони ичра тенгсиз қаҳрамондирман”, деб ёзган эди Хиванинг қўрмас фарзанди Ота махсим Партав.У жасур инсон эди, уруш йилларида “Бер ярағин, оч йўлин, Партов ғазодан қолмасин”, деб алангали шеърлар ёзган эди.Бироқ унга жанггоҳларда шаҳид бўлиш эмас, балки лаганбардорларнинг зулмидан, “эътиборсизлигидан” ҳалок бўлиш “насиб этди”.

Гап шундаки, ихлоси туфайли ўз эътиборига олган салоҳиятли раҳбар Усмон Юсупов мартабасидан мосуво қилиниб “урилиб” кетгач, унинг ўрнига келган мухолиф каттаконларнинг малайлари турли фитналар, эътиборсизликлар, муваффақиятларини кўриб кўрмасликка , билиб билмасликка олишлар “усули” билан шоир кунини битказдилар. Бу муттаҳамларнинг отини ҳозир ҳеч ким билмайди. Чунки, муттаҳамларнинг фитнаси фош қилиб бўлмайдиган жиноятдир. Бироқ, Партавнинг номи ҳозир ҳам унинг ҳар бир мисрасида қуёшдек чарақлаб турибди.

Агар мен ҳозир Партав ёки мазкур руҳи пок инсонга монанд, бироқ, эҳтимол, кўзга унча ташланарлик бўлмаса-да, ҳалол меҳнат қилиб, ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг хотираларига бағишлаб муносиб сўз айта олмасам, худо мени кечирсин.Аллоҳ таоло томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони каримгина бу илоҳий вазифани мукаммал адо этади. Бироқ, ноумид-шайтон.Бизлар, тилзабон ато этилган одамлар ҳам, бир-бирларимизга ҳоҳ тирик, ҳоҳ марҳумлар шаънига бўлсин, муносиб сўзлар айтиш пайида бўлайлик. Чунки, меҳрларимизни изҳор қилишиб турмоқ ҳам илоҳий бурчимиздир.Ва мазкур бурчнинг суръатлироқ адо этилмоғи, зарурати муҳим бир жиҳат билан изоҳланади.

Мени ёд айламакни, чун, унуттинг
Унутиб, нетти, гоҳи айласанг ёд,

деб ёзган эди Алишер Навоий.

Ўлим муқаррар.Одамзод ана шу муқаррарликни енгмоқ учун ҳаёт кечиради. Ана шу ҳаётидан умри узоқроқ эзгуликлар содир қилиш пайида бўлади: қўшиқлар тўқийди, бинолар қуради, кўприклар бунёд этади, қудуқлар қазади…Бироқ унутмаслик, яъни ўзи эришмоқчи бўлган ана шу ғалабага мушарраф бўлиш учун ҳам бир-биримиздан умидвор, бир-биримизнинг олдимизда бурчлимиз. Шунинг учун ҳам бизнинг бу дунёдаги жаннат ва дўзахимиз замондошларимизнинг бизлар тўғримиздаги фикримиздир.

Шунинг учун ҳам биз жасадимиз қабрга қўйилиб, “марҳум қандай одам эди?” ,деган савол ўртага ташланаётганда, аҳли замоннинг “яхши одам эди!2, деб бериладиган жавобларидан умидвормиз. Шунинг учун ҳам биз ўлимдан ҳам кўра кўпроқ унутилишдан қўрқамиз…Халқимиз бекорга “умринг узоқ бўлсин”, деб алқамайди, беҳудага “отинг ўчгур”, деб қарғамайди…

Шунинг учун ҳам душманларимиз хотирамиздан маҳрум қилмоқчи бўладилар6 қабрларимизни топтайдилар, китобларимизни ёқадилар, олимларимизни, шоирларимизни ўлдирадилар, тилимизни, дилимизни қатағонларга гирифтор қиладилар.

Ёмон тинч-тотувлик яхши жанжалдан афзалдир, деган нақл бор. Биз ўтган асрнинг иккинчи ярмидан кейин, майли, бирмунча ёмон бўлса ҳам, бир тотувликни ўргандик.Бу тотувлик инсониятнинг коинотга қўйилган қадамлари, умумжаҳон алоқа воситаларининг ақл бовар қилмайдиган даражада такомиллашуви, жаҳон илм-фанининг девқадам тезликларда илгарилаб кетишлари ҳамда…экологик фалокатлар, денгизлардан жудолик, терроризм. Турли хил чиқиндиларнинг касофатидан атмосфера озон қобиғининг шикастлануви, атом портлашлариб, атом энергиясининг тинчлик мақсадларига хизмат қилдирилиши ва бунинг оқибатида келиб чиққан Чернобил фожиаси ҳамда шу сингари аҳли башарнинг бахтдан фахрлангудек, ор-номусдан ўлдиргудек муваффақият ҳамда инқирозлари билан якун топади. Одамлар, юқорида эслатганимиз, ўз оналари бўлмиш Тинчликка хиёнат қилиб, замин шарини порох бочкасига айлантириш учун қўлидан келадигану келмайдиган ҳамма қилғиликларни амалга ошириб бўлдилар.

Назаримда , одамзот ўзига ҳаёт ато қилингани учун барча эзгуликларни кашф этган. Мана шу эзгуликларни амалга ошириб, Аллоҳга шукроналар айтишгача келиб етган.Бироқ ана шу умрнинг, ана шу муборак ҳаётнинг ўзига мангуга армуғон қилинмагани учун аламидан шайтони лаин раҳнамолигида ёвузликларни ўйлаб топган, иблис билан иттифоқ тузиб, ана шу ёвузликларни амалга ошириш даражасидаги тубанлашувга бориб етган. “Анча бўлди, биринчи муҳаббатимни эсламабман, ташвишу ғавғолар миямни шу қадар чирмаб олибдики, тирикчилик “шумғия”лари борлиғимни чирмаб олибди,-деди яқинда бир дўстим,-ҳолбуки мен илк дафъа кўнгил қўйган қизим шу даражада мусаффо эдики, унинг бошига ўраган рўмолини жойнамоз қилиш мумкин эди”. Мен атайлаб дўстимдан бу муҳаббатнинг тарихини сўрамадим. Чунки, аксар, биринчи муҳаббатлар эзгуликка ғаним бўлган иллатларга қарши курашларда ҳалок бўладилар. Улар аксар, уруш қурбонларига ўхшайдилар.Демак, бизлар тўққизинчи майни шаҳид кетган илк севгиларимизни хотирлаш байрами сифатида нишонласак ҳам арзийди. Чунки, одамзод севаётиб ҳам мангуликка интилади.Ўз вужуди билан бўлмаса-да, ўз наслининг вужуди билан ҳаёт учун жангни давом қилдиради. Рашкнинг аёвсиз бўлиши ҳам, аслида, шундан. Икки юракнинг ҳамнафас ҳаётига раҳна солмоқчи бўлаётган учинчи куч ана шу жуфт-юракнинг мангу ҳаёт умиди ҳаётини хавф остида қолдираётган бўлади. Мана шу жиҳатни бемиқёс улканлаштирсангиз, бир халқнинг иккинчи халққа ҳаётни раво кўрмаётганлигидан келиб чиқаётган урушларнинг моҳияти ўзининг жирканч башараси билан намоён бўлади. Ваҳоланки, Холиқи Аллоҳ наинки бир одамни, бир халқни, балки оддий бир кўкатни ҳам не бир ниятлар билан бунёд этган. Бу оддий кўкат, бу хашаки гиёҳ бизнинг назаримиздагина оддийдир. Аслида бу мўъжиза.ва уни одамларга англатиш учун “ҳар бир япроқ Аллоҳ маърифати битилган китобнинг бир варағидир”, деб хаитоб қилган Шайхи Саъдийдек донишманд бир зот бўлиши керак.Бир япроқки, шундай экан, ана энди сиз ёд қилиниши керак бўлган ҳар бир инсоннинг нақадар ҳайбатли мўъжиза эканлигини кўз олдингизга келтираверинг.

Тинчликни инсониятнинг онаси деган эдик.Шунда урушни қандай таърифлашимиз керак? Қаранг, бу вазифани немис файласуфи август Эйнзидел қандай қойилмақом қилиб адо этибди. Ўқинг, у нима деб ёзади: “Одамзодни еб қўйиш учун ўлдириш ҳам уни урушда ўлдиришга қараганда табиийроқ ва оқилонароқдир”.

“Ғалабалар қозониш энг аҳмоқона машғулотдир, енгиш эмас. Ишонтириш шон-шарафга муносиб ишдир”.

Ўз мақоламизни иқтибослар мажмуасига айлантириш ниятимиз йўқ. Бироқ Виктор Гюгонинг юқоридаги фикрини келтираётганимизнинг қўрқинчли бир сабаби бор.Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган неча ўн миллионлаб шаҳидлар одамхўрликдан ҳам жирканчроқ бир иш эканлигига ишонтириш учун берилган қурбонлардир. Чунки шайтон васвасаси домига тушган аҳли башарни қуруқ гаплар билан ишонтириб бўлмайди.

Уруш -дард.
Тинчлик даводир.
Инсон заковати бўлса ана шу муолажани амалга оширадиган ҳакимдир.

Дадил айтиш мумкин: жанглар жанг эмас, яхшиларни ёд этиш жангдир. Жаҳон халқларининг яхшилик ва яхшилар тўғрисидаги фикрлари шу қадар хилма-хил ва қарама-қаршики, шунинг учун ҳам бу жанг-душманга қарши жанг эмас, бир фикрга келиб олиш учун шайтон васвасасига қарши эълон қилиниши керак бўлган жангдир. Бу жангда, иншолллоҳ, мағлублар бўлмайди, фақат ғолиблар бўлади. Чунки, эзгулик салтанати шундай бир салтанатки, унда фуқаролар йўқ, фақат шоҳлар бордир.Бу жангда ўқлар отилмайди, яхшилар ёд этилади. Ва ҳар бир муносиб хотирлаш одамларнинг бир-бирларига армуғон этаётган тожу тахтларидир.

Динлар ва ғоялар, миллатлар, дунёқарашлар кўп. Майли ҳар бир миллат, ҳар бир дин аҳли ўз ҳаёти, ўз байрамини ўтказсин ва бу байрамлар ёвузлик билан суғорилмаган, инсон ҳаётига, шахсга қарши қаратилмаган бўлса мубораклар бўлсин…

Бу эзгуликни ардоқлаш учун ёвузликни эслашга ҳам маҳкуммиз. Ҳар бир одам, агар у жанг пайтида, жанг майдонида туғилса ҳам, тинчлик фарзандидир.Чунки ҳар бир одам жанг майтида жанг майдонида онасининг бўйида бўлиб қолмайди. Шунинг учун ҳаммамиз ҳам биродарлармиз.Ҳаммамизнинг онамиз Тинчликдир. Шунинг учун ҳам урушларни келтириб чиқараётганлар ўз онасининг қотилидир. Шунинг учун ҳам 9 май нафақат жангда ёки фронт ортида ва меҳнат майдонларида ҳалок бўлганларнинг хотира куни, айни пайтда Ҳаёт байрамидир. Ҳеч қачон енгилмайдиган, ҳар бир шаҳид билан ҳалок бўлиб, ҳар бир фарзанд билан туғилиб турадиган Тинчликни ёд этиш байрамидир.

…Туш кўраман. Отингизни етаклаб чиқасиз.Эгар-жабдуқларни созлаб, айилни тортасиз.Уйга, уйдагиларга яна бир қур иссиқ кўз ташлаб оласиз-да, оёқни узангига қўясиз…

Тўхтанг.
Иккинчи от қани?

Чавандоз Руҳ қаерда?
Шошманг.
Сабр қилинг…

Олис авлодларни мангулик жанггоҳларида, абадиятнинг учқири йўқ саҳроларида пойи-пиёда қолдириб кетмоқчимисиз?
Терга ботиб уйғонаман.
Сиз бу — мен эмасмидим?

2006, май.

03

09
Umid Bekmuhammad
MATNAZAR AKANI XOTIRLAB
02

1993 yil 30 aprel. Urganch Davlat Universitetining birinchi bosqich talabasi edim.Odatiy an’anaga ko’ra bahorgi hashar-guruhimiz uchun ajratilgan paykal yerini ag’darib bo’lgandik.Peshindan keyin ishni bo’lib endi kimdir uyiga, kimdir ijarasiga, men esa shundoqqina universitetning sanatoriya-profiliktoriyasiga borayotgandim, Gurlanlik shoir Mahmud akani uchratib qoldim.Mahmud Rajab Gurlandagi maktablardan birida musiqa o’qituvchisi bo’lib ishlar, uch kunlik o’qish uchun viloyat malaka oshirish institutiga kelgan ekan.O’sha vaqtda malaka oshirishga kelgan o’qituvchilargayam URDU sanatoriyasidan yo’llanmaga ko’ra o’rin ajratilardi.

Shu tariqa birga sanatoriyaga borganimizda Mahmud aka menga kechqurun Matnazar Abdulhakimnikiga borishni taklif qildi.Cho’ntagimda matbuot do’konchasidan sotib olganim viloyat gazetasi ham bor edi.Gazetani kechqurun kelib o’qiyman deya sanatoriyadagi xonamga tashlab tashqariga chiqdim. Kelishilganidek o’sha kuni quyosh botmasidan oldin universitet oldidagi paxta otiz chetidan yurib Qorovul qishlog’idagi Matnazar akaning xonadoniga bordik.

Men shu kungacha faqat Matnazar akaning she’rlarini gazeta-jurnallarda o’qigan, Xorazm TVda suhbatlarini eshitgan, ammo o’zi bilan uchrashmagandim.Matnazar aka Mahmud aka ikkalamizni yaxshi kutib olib mehmonxonasiga boshladi.Xonada e’tiborimni tortgani Pahlavon Mahmudning gilamga ishlangan surati osig’lik turardi.Mahmud aka menim talabaligim, bo’lg’usi tarixchiligimni tanishtirdi.Keyin shoir xonadoniga Shuhrat Matkarimov, G’anijon Do’stjonovlar kirib kelishdi.O’sha kuni uyatchanlik, tortinchoqlik , qolaversa yoshlik havasi bilan jimgina o’tirib, ijodkorlarning suhbatini eshitdim.Bedil g’azallari, uning tarjimasi, Navoiy she’riyati, Xorazm adabiy muhitidagi ijodkorlar, Jumanazar Yusupov she’rlari, qolaversa Shuhrat aka, G’anijon akaning TV bo’yicha tayyorlayotgan ko’rsatuvlari xususidayam fikr almashildi.

Tabiiyki, 18 yoshga kirib ijodkorlar gurungida birinchi bo’lishim edi.Shu bois o’sha kungi suhbatlar g’oyat maroqli bo’lib tuyuldi. Soat 23 larda Shuhrat aka, G’anijon akalar uyiga ketishgach, biz Matnazar akanikida tunab qoldik.Ijodkor emasmi, uchalamiz yotgan xonada allamahalgacha ustoz-shogird ikkalasi adabiyot xususida gurunglashib yotishdi.Men ular suhbatini tinglab uxlab qolganimni bilmabman.

Ertasiga turib ham nonushta paytida yana adabiyot xususidagi ustoz-shogird gurunglari.Men esa jimgina tinglayman…

Ertalab darsga kirishdan oldin sanatoriyaga borib daftarlarimni olarkanman, o’qiy olmay ketgan gazetani qo’lga oldim.Qarasam, 30 aprel sonida menim matbuotdagi birinchi maqolam-“Bayramlarimiz xususida” chop etilgan ekan.Gazetaga maqolani ilgariroq yuborgandim.Shundan keyin gazetada birinchi maqolam chop etilgan kunni eslasam, Matnazar akanikida bo’lganim , o’sha kungi gurunglar yodimga tushadi.

Keyinchalik to 1997 yilda universitetni bitirguncha Matnazar aka bilan goh Davron Rajab, goh Mahmud Rajablar hamrohligida uchrashib suhbatini olardik.

Yoshlik shijoatimi , yoxud jurnalistikaga ixlosmi , bilmadim 1998-2000 yillarda ko’plab ijodkorlarga matbuot orqali ochiq xat va e’tirozlar chop etdirdim.Ro’zimboy Hasan, Oshiq Erkin, Sayyora Samandarova, Shuhrat Matkarimov, Salim Gareev,Olmaxon Hayitova,Abdulkarim Bahriddin, Gavhar Matyoqubovalar qatori “Adabiyot adabiyotni bezdirmoqda” sarlavhali Matnazar akaga yo’llangan ochiq xatim ( 1999 yil may oyida) ko’pchilikda qiziqish uyg’otdi. Matnazar aka bilan bir gal uchrashganda ularning ayrimlarini o’qiganini aytdi.Biroq boshqa hech narsa demadi.O’zi haqidagi ochiq xat bo’yichayam umuman indamadi.

2000-2002 yillarda Gurlan tumani ma’naviyat va ma’rifat markazida ishlardim.Tumanda o’tkazadigan turli tadbirlarimizga Gavhar Ibodullaeva, Yo’ldosh Eshmurod,Abdrim Otamurodov va tabiiyki Matnazar aka doimiy ravishda tashrif buyurishardi.O’shanday safarlarda Matnazar aka bilan Taganrogda birga o’qigan, maktab direktori bo’lib ishlayotgan Tojimurod, Azamat akalarni surishtirar, ba’zida kursdoshlari Matnazar akaning kelganini eshitishsa tadbir bo’ladigan joyga yetib kelishardi.Suhbat mavzusi birga o’qigan do’stlari, Taganrog xotiralari,Matnazar akaning polvonligi, va albatta adabiyot xususida bo’lardi.

2003-2004 yillarda “Qishloq hayoti” gazetasining Xorazm viloyat bo’yicha muxbiri bo’lib ishladim.Bosh
muharririmiz O’tkir Rahmat Toshkentga borganda, yoki telefonda gaplashganimizda doimo Matnazar akani surishtirar, u kishidan maqola yozdirib olish, buning uchun  mavzularni taklif qilardi.Shu tarzda Matnazar akaning ko’plab maqolalari “Qishloq hayoti”da, keyinchalik “Hayot”, “Xalq so’zi” gazetalarida aynan O’tkir Rahmatning taklif, mulohazalari bo’yicha yozildi, chop etib borildi.

Menim ham Matnazar aka bilan polvonlar to’g’risidagi suhbatim “Qishloq hayoti”da chop etilgandi.

2004-2005 yillarda Qozog’istondagi “Kamalak”, “Boychechak” jurnallari va “Adabiyot va san’at” gazetasida bo’lim mudiri sifatida ishladim.Ushbu nashrlardayam Matnazar akaning bir nechta o’g’iz lahjasida yaratgan she’rlarini bergan, bu ijod namunalari Qozog’istonlik olim, ijodkorlarda , Sayram tumanidagi o’g’iz lahjasida gaplashuvchi qishloq ahli, maktab o’qituvchilari orasida katta qiziqish uyg’otgandi.

2005 yil dekabrida andijonlik tarixchi olim, professor, ”Meros” xalqaro ilmiy amaliy ekspeditsiya jamg’armasining raisi Rustambek Shamsutdinov taklifiga ko’ra vodiyga bordim. Rustambek aka 2003 yil Xorazmga ekspeditsiya uyushtirgan, mavzu quloqlashtirish va qatag’on davriga oid ma’lumotlar to’plash bo’lgandi.O’sha safar davomida Rustambek aka Matnazar Abdulhakim bilan uchrashgan, maroqli suhbatlar qurgan ekan.

Rustambek akaning ilk so’rab surishtirgan insoni Matnazar aka edi.
— Men dunyoning to’rt qit’asidagi 40dan ziyod davlatda turli olimu arboblar, ijodkorlar bilan suhbatlashib, Matnazar akadek har bir so’zida ma’no, salohiyat bor insonni kam uchratdim. Matnazar akada o’tmishdagi ilmli ajdodlarimizning zakovati jamlangan. Shoirni haqiqiy ma’nodagi ziyoli deb atamoq lozim — degandi.

Shundan keyin to 2009 yilgacha ilmiy ish, kitob yozish bois Andijonga ko’p bora bordim. Har gal borganimda, yoki telefonda gaplashganda Rustambek aka birinchi bo’lib Matnazar akani surishtirar, unga salom aytishni topshirardi. Men esa Matnazar akanikiga ba’zida borib, gohida qaysidir tadbirda ko’rib domlaning salomini yetkazar, o’shanda Matnazar akayam Rustambek akaning ilmiy ishlari, kitoblarini surishtirardi.

2006-2007 yillarda Gurlan tuman hokimi yordamchisi bo’lib ishladim. Bu davrda ish ko’pligidan tumandan tashqariga umuman chiqolmagan paytlarim bo’lardi.Shunday paytlari telefonda Matnazar aka bilan “Hayot”, “Xalq so’zi” gazetasida chop qilingan maqolalari, ba’zida menim “Hayot”dagi maqolalarim xususida gurunglashardik.Bu paytda shoir xastalik sabab shifoxonada yotib chiqqan, ammo har gal telefon qilganimda telefonda erinmay suhbatlashar, ba’zi so’zlarning forsiy ma’nolarini aytib berardi.Saxtiyon, eshon, maxsum, maxdum so’zlarining ma’nolarini aynan telefon orqali yozib olganlarim esimda.

-“Hayot”dagi “Xorazmga talpingan Pushkin” maqolang mavzusi yaxshi ekan.Ammo qaysi manbalardan foydalanganing berilmabdi.Umuman sharq mavzusi nafaqat Pushkinda, balki boshqa rus, g’arb shoirlari ijodidayam bor.Mavzu ustida chuqur ilmiy yondoshish kerak.-dedi bir gal telefon orqali suhbatimizda Matnazar aka.

-Maqolani gazeta yo’nalishiga moslab yozdim.Aytganingizdek mavzuni chuqur o’rganib “Xorazmga talpingan Pushkin” degan roman-esse yozmoqchiman,-dedim.

2007 yilda Urganch Davlat Universitetiga ishga o’tdim.Shundan keyin universitetda o’tkaziladigan tadbirlarda, ba’zida uyiga borib Matnazar aka bilan uchrashadigan bo’ldim.Bir gal Navoiy haqidagi maqolalarimni berib uni o’qib maslahat berishni, boshqa safar Xorazmlik bir shoir ijodi bo’yicha hammualliflikda kitob yozishni, boshqa birida esa Mang’itlik shoir Bahodir Xudoyberganning she’riy kitobini berganim yodimda.

…2010 yilning sentyabr oyi.Gurlandagi mol bozori. Qo’l telefonimga jurnalist Ro’zimboy Hasan bir necha bor telefon qilibdi. Vaqt topib qayta telefon qilsam Ro’zimboy aka “ Matnazar akadan ayrilib qoldik…”deganini eshitdim va “bandalik….” deya oldim xolos.

…Oradan vaqt o’tayapdi.Matnazar akadan katta va boy meros qoldi.Bugungi zamonaviy va axborot kommunikatsiya rivoji, adabiyot ixlosmandlari zarurati, ehtiyojidan kelib chiqib, Matnazar Abdulhakimning to 1960 yillardan boshlab Urganch tumani, viloyat va respublika matbuotida yoritilgan ijod namunalarining elektron variantini tayyorlamoq lozim.Shu bilan birga, Xorazm Ma’mun Akademiyasi, yozuvchilar uyushmasi viloyat bo’limi, ma’naviyat va ma’rifat markazi tomonidan “Matnazar Abdulhakim” nomidagi ijodkorlar va tarjimonlar, ilm ahli uchun mukofot ta’sis etish lozim menimcha.

04
MATNAZAR ABDULHAKIM
CHAVANDOZ RUH
(Umid Bekmuhammad nashrga tayyorlagan)
02

Bahor chog’i meni yod et…
Mirtemir

Bir qarashda mavhumga o’xshab tuyulgani bilan inson xotirasi nihoyatda muayyandir.Marhumlarni biz uyimizda o’tirib yod etsak ham bo’ladigandek.Biroq ularning ruhlari ularning xoklarida barhayot ekanliklariga shu qadar ishonamizki, ularning haqiga duoi fotihalar qilish uchun butun yer sharini aylanib bo’lsa ham, maqbaralarini ziyorat qilamiz.

Ular bizlarni tinglab turganlariga ishonchimiz mustahkam bo’lganligidan, ularning so’nggi maskanlarida nihoyatda odob bilan, har bir so’zimizni ming o’lchab gaplashamiz. Ovozimizni baland ko’tarmaymiz.Eng iliq so’zlarimizni sha’niga aytgimiz, eng samimiy misralarimizni ularning sharafiga bag’ishlagimiz keladi.Pahlavon Mahmud yozgan edilar:

Ko’p menda savol, endi javob kim qilg’ay,
Ko’p menda gunoh, endi savob kim qilg’ay.
Qaydayi xoki pok, tavof qildim men,
Xokimni mening endi tavof kim qilg’ay.

Shoirlar ta’kidlaganidek, yer sharining o’zi ulkan maqbara.Biroq, baribir, o’tganlarni qandaydir bir mavhum tarzda emas, nomlarini tutib xotirlasak, ular og’ringandek.

Noma’lum soldat qabri, albatta, aziz. Biroq shoirning da’vati, ya’ni “Hech kim unut bo’lmagandir, hech narsa unut bo’lmagan!” degan shior yana ham azizroqdir.Chunki u shiorning zamirida urushning million-million qurbonlari har bittasining aniq siymosi ham pinhon, ham ayon. Ulug’ g’oyalar uchun, Vatan uchun jonini fido etgan odam, hech bo’lmaganda, ana shu jonni ifoda etadigan so’zning, ya’ni nomning unut bo’lishini istamaydi.

Rivoyat qilishlaricha, Chingizxon o’zi mingan otdan tashqari yonida chavandozsiz bir ot olib yurar ekan.U ana shu otni ajdodlar ruhi minib yuradi, deb e’tiqod qilar ekan. Qozonilgan g’alabalarda ana shu Chavandoz Ruhning hissasi bor, deb qattiq ishonar va ana shu ishonch yangi g’alabalarga ruhlantirar ekan.

Bu rivoyatda teran hikmat bor.Chindan ham, mana shunday Chavandoz Ruhi bo’lmagan avlod inqirozga mahkum. Bunday avlodning istiqboli bo’lmaydi. “Totor” degan so’z qadim lug’atlarda “g’olib” degan ma’noni berar ekan. Chingizni qilichi g’olib qilgan bo’lsa, kim biladi, chingiziylarni bobokalonlari erisholmagan ruhiy zafarlarga ularning o’zlari zabt etgan yerlardagi xalqlar madaniyati vorislariga aylanib yaratgan ma’naviy boyliklari sazovor qilgandir. Chavandoz Ruhning, aniqrog’i, ana shu ruh qiyofasida o’z tajassumini topgan barcha qutlug’ Ruhlarning hikmati ana shundaydir. Ana endi siz barcha lashkarlari Chavandoz Ruhlardan iborat qo’shinni tasavvur qiling.

“O’limni orzu qilmanglar”, deb vasiyat etgan ekanlar payg’ambarimiz Muhammad (S.A.V.). O’limni shu qadar istamaymizki, hatto vafot qilganimizdan yoxud halok bo’lganimizdan keyin ham yashagimiz keladi.

Ovrupo madaniyatida “Leta” degan so’z bor.Bu unutishning, unutilishning ramziy daryosidir.Eslashga arzimaydigan, unutishga mahkum qilingan narsalarni yo odamlarni “Leta”ga g’arq bo’lib ketdi, degan ibora bilan ifoda etganlar. Ya’ni, unday odamlarni yoki unday narsalarni daryoga uloqtirilgan kesakdek yo’q bo’lib ketadi, deb ishonganlar.Va chindan ham…unutganlar.

Insoniyat necha million yillardan buyon hayot kechiradi.Agar har bir hayotning hamma daqiqalarini qandaydir bir tarzda xotiramizga naqsh qilib qo’yishning iloji bo’lganidami edi, bu yuk o’zining tog’lardan-da zalvorliroq salmog’i bilan butun ro’yi zaminni ezg’ilab tashlagan bo’lur edi. Shuning uchun ham inson tarix elagida qolgan eng muhim shaxslarni, voqea-hodisalarni moddiy va ma’naviy boyliklarni xotirasiga darj qilib qoldiradi.Inson hayoti, aslida, bir-birovning yodida qoladigan ishlarni amalga oshirish uchun tinimsiz ko’rsatiladigan faoliyatlar silsilasidan iborat.Biz kechirayotgan har bir lahzamiz bilan bir-birimizning xotiramizda yashaymiz.Hayotning mohiyati, aslida, ana shu. Deylik, bir tanishingiz sizga salom berib, o’tib ketdi.Bu salomning umri siz ana shu salomni eslab yuradigan vaqtingizga tengdir.Biroq bu salom siz unutishingiz bilan o’tib ketmaydi.Chunki sizning ko’nglingizga o’zining tushirgan naqshlari bilan sizning-da boshqalarga ko’rsatgan iltifotingiz tarzida ezgu hayotini davom qildiradi.Ya’ni, endi u boshqa salomlar qiyofasida umr ko’ra boshlaydi.ezgulik ana shu jihatdan bezavoldir.

Har bir odam ham ana shunday.Uning umri o’lim bilan poyoniga yetmaydi.Inson umrining poyoni u qilgan ishlarning boshqalar xotirasidagi hayoti bilan o’lchanadi. Chunki unutilishning naqadar dahshatli ekanligini barcha jonzotlar ichida faqat insongina anglaydi.Shuning uchun ham u unitilmaslik uchun aql bovar qilmas darajada muhtasham mo»jizalarni yaratadi.”Xamsa” va “Chor devon”lar yaratadi. Daryolarning yo’lini burib yuboradi.Tog’larni uloqtirib tashlaydi.Ezgulik qo’lidan kelmasa, yodda qolish uchun yovuz ishlarni qiladi.Gerostratga o’xshab mo»tabar ibodatxonaga o’t qo’yadi.Ona chaqalog’ini shunchaki tiriklik instinkti tufayli emizayotgani yo’q.U o’z farzandi qiyofasida o’ziga va umr yo’ldoshiga haykal qo’ymoqda.Tirik haykal.Bu o’limdan qasos olishning eng ilohiy imkonidir.

Hammamiz ham kimlarningdir tirik haykallarimiz. Barhayot xotiralarmiz. Hammamizning ham burchimiz qiyofamizda o’z tajassumini topgan ana shu xotiralarni avlodlardan-avlodlarga yetkazmoqdir.Yana ham umrboqiyroq , yana ham muhtashamroq qilib.Shuning uchun ham tug’ilish muborak bir mo»jizadir.Chunki u ana shu avlodlar silsilasini davom qildiradi.Shuning uchun ham o’z joniga qasd qilayotgan odam mudhishdir.Chunki u ana shu silsilaning bir halqasini g’ayritabiiy tarzda uzayotgan bo’ladi.Shuning uchun ham qotil manfurdir.Chunki u, o’z navbatida, ana shu halqani zo’ravonlik bilan uzayotgan maxluqdir.Shuning uchun ham odamni tahqirlayotgan odam jirkanchdir.Chunki u faqatgina ana shu bir odamni emas, balki ana shu odam timsolidagi butun bir insoniyatning ana shu odamgacha va odamdan keyingi barcha xotiralarini haqorat qilayotgan bo’ladi.Islom dini tarixida “Hurufiylar” deb atalgan tariqat bo’lgan.Bu tariqat kishilari odamzotning yuzidan barcha arab harflarini topib, sharhlashgan.Ya’ni, mijjani “sod”ga, zulfni “lom”ga, qosh va ko’z gavharini “nun”ga o’xshatganlar va hokazo.Ular buning bilan har bir insonning ilohiy ekanini, har bir odamni unutilmaslikka munosib, yuziga Qur’oni karim darj etilgan bir mo»jiza sifatida ardoqlash lozim, degan g’oyani ilgari surgan.Bunday yuzga shapaloq tortayotgan odam kim bo’ladi? Bunday odamning bahosini ana endi o’zingiz beravering.

Odamlar borki, nafaqat odamning yuziga, balki butun bir xalqning yuziga…yo’q, yana yo’q, yuziga shapaloq tortish uchun emas, xalqlarni qirib tashlash uchun bir-birlarining ustiga otlantiradilar.Ana shunday qabih niyatli kishilar ham o’z amallarini chiroyli g’oyalar bilan niqoblab ish ko’radilar.Insoniyat xotirasida yaxshi bir odam sifatida nom qoldirish uchun unitilmaslikni istaydilar.Bunday mustabidlarni, ma’lumingizkim, hech qanday Ruh qutqara olmaydi.Ularning yonida borayotgan ot chavandoz emas, shunchaki bir yaydoq qirchang’idir.

Gitler ana shunday ma’lun edi.

Biroq insoniyat laqma emas.Insoniyat kim “Chor Devon” ijod qilayaptiyu kim ibodatxonani o’tga berayapti, buni yaxshi, juda yaxshi, hatto a’lo darajada tafovut qiladi.Boshi bor chavandoz bilan boshsiz chavandozning farqiga boradi. Shuning uchun ham bunday “daholar” faqat o’zlarini laqillatadilar.Laqqilatib qo’yishsaku, go’rga edi.Qanchadan-qancha pok niyatli, sofdil odamlarning yostiqlarini quritadilar.Biroq yostiqlar ham anoyi emas.Ular shunchaki qurib ketmaydi, ular o’zlariga hayotligida qo’yilgan boshlarni yana ham barhayotroq qiladilar.Ular ana shu odamlarga qo’yiladigan haykallarga asos bo’lish uchun tamal toshlariga aylanadilar.

Mening qo’shnim bor. Solih aka Ollaberganov.U urushning eng kenja ishtirokchilaridan.So’nggi janovar chaqiriqdan o’zining o’n olti yoshi bilan zo’rg’a “ilashib” frontga ketgan odam.Ming-minglagan daydiyu nodaydi o’qlar Allohning qudrati bilan “ayab” o’tib ketgan odam hozir keksa. Juda keksa. U hozir ham frontchasiga chekadi tamakini. Moxorkani gazeta qog’oziga mahorat hamda hafsala bilan erinmasdan, xuddi ming yil umri mobaynida chekmoqchidek puxta qilib, juda mahkam o’raydi. Keyin uzoq chekadi. So’z o’yini uchun afu etingu, biroq u tamaki emas, forntda halok bo’lgan quroldoshlarini xotirlab, g’am chekadi go’yo.Chunki u tobora yolg’izlanib qolayotir.Chunki urush qatnashchilarining, dunyodagi eng adolatli urushlardan birining qatnashchilarining safi tobora siyraklashib bormoqda.

Demak, faqat unutilish daryosi emas, xotira daryosi ham bor. Va bu daryoning har bir qatrasidan ming-minglab odamning yodi shovullab oqadi. Umri behuda nobud qilingan nafaqat har br odam uchun, balki har bir chumoli uchun tabiat qotildan qasos oladi. Qani edi, faqat qotildan qasos olsa, ba’zan uning atrofidagi qanchadan qancha begunoh odamlar, ba’zan butun bir insoniyat ana shu qasos o’tiga giriftor bo’ladi.Kim biladi…balki bunda ham ilohiy bir adolat bordir. Ehtimol, hammamizning beparovoligimiz ana shu qotilning jirkanch qiyofasida o’zining manfur qo’llarini qonga botirgan bo’lgandir balki…

Urushlarda otilgan va otilayotgan o’qlar, aslida. Bizning xotiramizni halok qilish uchun uzilayotir. Bizning joni qattiqdir. Bizning xotiralarimiz nokaslar otayotgan o’qlardan o’lmaydigina emas, balki bizning xotiralarimizning har qatra qonidan bir tup azim xotira daraxti unib chiqadi.Va bu daraxtlardan iborat o’rmonlarning shovullashi butun olamga hayot baxsh etib turadi. Chunki bizlar faqat unutilmaslikdan emas, unutmoqdan ham qo’rqamiz.Ana shu qo’rquv bizlarga jasorat baxsh etadi.unutilganlar ruhi bizning ezgulik manzillari sari olayotgan yo’limizni oshib o’tilishi nihyatda qiyin bo’lgan dovon bo’lib to’sib turadi.Yengilmas g’ov tarzida oldimizdan ko’ndalang bo’lib chiqaveradi.

Xotiraga qarab uzilgan o’qlar juda olis yo’l bosadilar.Vaqt jihatdan ham, masofa jihatdan ham.Umuman, bu o’qlarning mudhish parvozlari jarayonida nimaga aylanib va kimga borib tegishini bir xudo biladi.Bu o’qdan saqlanadigan bitta mustahkam himoya bor.Bu ham bo’lsa unutmaslik qalqonidir, xotira sovutidir.

Bundan ancha yillar muqaddam tahririyat topshirig’iga ko’ra Shovotga bordik.Vazifa urush qatnashchilarining bugungi hayoti to’g’risida ocherk hamda o’sha yillari front orqasida mehnat qilgan azizlar faoliyatidan lavhalar yozish edi.Topshiriqning birinchi qismini-ku, a’lo darajada bajardik.Sobiq jangchilardan eng ilg’orlari hamda urushda ko’proq jasorat ko’rsatganlarini tanlab, bir-biridan maroqli ocherklar uchun materiallar to’pladik.Biroq front ortida mehnat qilgan fidokorlar to’g’risida yozishga kelganda….chekimizga tushgan xo’jalik hududida ulardan birortasi ham tirik qolmagan ekan. To’g’ri, ular son jihatidan jangda ishtirok etganlardan kam bo’lmagan, biroq xuddi til biriktirgandek, bundan bir qancha yillar avval turli kasalliklarga chalinib, qisqa muddat ichida vafot etib ketishgan. Garchi ular urushda qahramonlarcha halok bo’lishmagan bo’lsa ham, o’ylaymanki, ularni urush qurbonlari, shahid ketganlar safiga dadil qo’shaverish mumkin.Chunki urushning o’qlari baribir ularni izlab, topib tekkan, baribir ularni halok qilgan. Boringki, erinibmi yoki boshqa biron-bir vaj bilanmi, shovotliklar bizga aniq ma’lumot berishmadi, deylik.u holda nari-berisi 100 quloch kelmaydigan mahallamiz-chi?

Men urush yillari front ortida kechgan, o’n-o’n besh yasharlik paytlari ana shu mash’um davrlarga to’g’ri kelgan va ayovsiz harbiy yillarda kolxozlarda ishlagan mahalladoshlarim Hojiboy aka, Ismoil aka, Obidjon aka, Olim aka,Vaisjon aka, Rasul aka, Bozorboy aka, Durdi aka, Bobojon akalarni xotirlayman.Ular, xuddi avtomat o’qlaridan halok bo’lgani kabi, deyarli qisqa bir vaqtning ichida vafot etdilar.Ko’chamizdagi urush qatnashchilari esa, alhamdulilloh, haligacha barhayotlar va iloho umrlari yana ham uzoq bo’lsin.

Men bu gaplarni aytganim bilan, o’zingizdan qolar gap o’q, jang qahramonlari ko’rsatgan jasoratlarning ahamiyati pasayib qolmaydi. Mening bu fikrni ta’kidlashdan maqsadim, 9 mayning, umuman “Xotira va qadrlash kuni” qilib belgilanganligida chuqur adolat mavjud ekanligini e’tirof etishdir.

Bir faylasuf aytgan ekan: “ Bir hafta turmush tashvishlariga bardosh berib yashamoq o’n besh daqiqa mobaynida jasorat ko’rsatishdan qiyinroqdir”. Urush qahramonlari jasoratlarining mohiyati shundan iboratki, ular o’zlarining besh yil mobaynida ko’rsatgan jasoratlari evaziga butun insoniyatga, mana, necha yillargacha “turmush tashvishlariga bardosh berib” yashash imkonini berdilar. Insoniyat esa, mana necha yildirki. Ana shu tashvishlarga bardosh berib, nisbatan tinch yaratuvchanlik mehnati evaziga, mo»jizalar ustiga mo»jizalar yaratib kelayapti.Va…ana shu mehnat jarayonida insoniyatning, eng avvalo, sara farzandlari vafot etmoqda.

Boshni yostiqqa qo’yib ham qahramonlarcha halok bo’lish mumkin.Qo’qqisdan to’xtab qolayotgan qanchadan-qancha jasoratli, adolatparvar yuraklarni ming-minglab haqsizlik, jaholat, razolatu qabohat, xiyonat, zulmu istibdod, hasad, fisqu fasod, g’iybat, bo’hton, fitna, xusumat, adovat va boshqa –boshqa palidlik o’qlari ko’zga ko’rinmasdan tegib, halok qilmoqda.Pinhona halok bo’layotgan bunday musaffo yuraklar shar’an shahid bo’lmasalar ham, mantiqan ezgulik uchun ko’z o’ngimizda borayotgan janglarda halok bo’layotgan qahramonlardir.

“Muhabbat dostoni ichra tengsiz qahramondirman”, deb yozgan edi Xivaning qo’rmas farzandi Ota maxsim Partav.U jasur inson edi, urush yillarida “Ber yarag’in, och yo’lin, Partov g’azodan qolmasin”, deb alangali she’rlar yozgan edi.Biroq unga janggohlarda shahid bo’lish emas, balki laganbardorlarning zulmidan, “e’tiborsizligidan” halok bo’lish “nasib etdi”.

Gap shundaki, ixlosi tufayli o’z e’tiboriga olgan salohiyatli rahbar Usmon Yusupov martabasidan mosuvo qilinib “urilib” ketgach, uning o’rniga kelgan muxolif kattakonlarning malaylari turli fitnalar, e’tiborsizliklar, muvaffaqiyatlarini ko’rib ko’rmaslikka , bilib bilmaslikka olishlar “usuli” bilan shoir kunini bitkazdilar. Bu muttahamlarning otini hozir hech kim bilmaydi. Chunki, muttahamlarning fitnasi fosh qilib bo’lmaydigan jinoyatdir. Biroq, Partavning nomi hozir ham uning har bir misrasida quyoshdek charaqlab turibdi.

Agar men hozir Partav yoki mazkur ruhi pok insonga monand, biroq, ehtimol, ko’zga uncha tashlanarlik bo’lmasa-da, halol mehnat qilib, hayotdan ko’z yumgan insonlarning xotiralariga bag’ishlab munosib so’z ayta olmasam, xudo meni kechirsin.Alloh taolo tomonidan payg’ambarimiz Muhammad alayhissalomga nozil qilingan Qur’oni karimgina bu ilohiy vazifani mukammal ado etadi. Biroq, noumid-shayton.Bizlar, tilzabon ato etilgan odamlar ham, bir-birlarimizga hoh tirik, hoh marhumlar sha’niga bo’lsin, munosib so’zlar aytish payida bo’laylik. Chunki, mehrlarimizni izhor qilishib turmoq ham ilohiy burchimizdir.Va mazkur burchning sur’atliroq ado etilmog’i, zarurati muhim bir jihat bilan izohlanadi.

Meni yod aylamakni, chun, unutting
Unutib, netti, gohi aylasang yod,

deb yozgan edi Alisher Navoiy.

O’lim muqarrar.Odamzod ana shu muqarrarlikni yengmoq uchun hayot kechiradi. Ana shu hayotidan umri uzoqroq ezguliklar sodir qilish payida bo’ladi: qo’shiqlar to’qiydi, binolar quradi, ko’priklar bunyod etadi, quduqlar qazadi…Biroq unutmaslik, ya’ni o’zi erishmoqchi bo’lgan ana shu g’alabaga musharraf bo’lish uchun ham bir-birimizdan umidvor, bir-birimizning oldimizda burchlimiz. Shuning uchun ham bizning bu dunyodagi jannat va do’zaximiz zamondoshlarimizning bizlar to’g’rimizdagi fikrimizdir.

Shuning uchun ham biz jasadimiz qabrga qo’yilib, “marhum qanday odam edi?” ,degan savol o’rtaga tashlanayotganda, ahli zamonning “yaxshi odam edi!2, deb beriladigan javoblaridan umidvormiz. Shuning uchun ham biz o’limdan ham ko’ra ko’proq unutilishdan qo’rqamiz…Xalqimiz bekorga “umring uzoq bo’lsin”, deb alqamaydi, behudaga “oting o’chgur”, deb qarg’amaydi…

Shuning uchun ham dushmanlarimiz xotiramizdan mahrum qilmoqchi bo’ladilar6 qabrlarimizni toptaydilar, kitoblarimizni yoqadilar, olimlarimizni, shoirlarimizni o’ldiradilar, tilimizni, dilimizni qatag’onlarga giriftor qiladilar.

Yomon tinch-totuvlik yaxshi janjaldan afzaldir, degan naql bor. Biz o’tgan asrning ikkinchi yarmidan keyin, mayli, birmuncha yomon bo’lsa ham, bir totuvlikni o’rgandik.Bu totuvlik insoniyatning koinotga qo’yilgan qadamlari, umumjahon aloqa vositalarining aql bovar qilmaydigan darajada takomillashuvi, jahon ilm-fanining devqadam tezliklarda ilgarilab ketishlari hamda…ekologik falokatlar, dengizlardan judolik, terrorizm. Turli xil chiqindilarning kasofatidan atmosfera ozon qobig’ining shikastlanuvi, atom portlashlarib, atom energiyasining tinchlik maqsadlariga xizmat qildirilishi va buning oqibatida kelib chiqqan Chernobil fojiasi hamda shu singari ahli basharning baxtdan faxrlangudek, or-nomusdan o’ldirgudek muvaffaqiyat hamda inqirozlari bilan yakun topadi. Odamlar, yuqorida eslatganimiz, o’z onalari bo’lmish Tinchlikka xiyonat qilib, zamin sharini porox bochkasiga aylantirish uchun qo’lidan keladiganu kelmaydigan hamma qilg’iliklarni amalga oshirib bo’ldilar.

Nazarimda , odamzot o’ziga hayot ato qilingani uchun barcha ezguliklarni kashf etgan. Mana shu ezguliklarni amalga oshirib, Allohga shukronalar aytishgacha kelib yetgan.Biroq ana shu umrning, ana shu muborak hayotning o’ziga manguga armug’on qilinmagani uchun alamidan shaytoni lain rahnamoligida yovuzliklarni o’ylab topgan, iblis bilan ittifoq tuzib, ana shu yovuzliklarni amalga oshirish darajasidagi tubanlashuvga borib yetgan. “Ancha bo’ldi, birinchi muhabbatimni eslamabman, tashvishu g’avg’olar miyamni shu qadar chirmab olibdiki, tirikchilik “shumg’iya”lari borlig’imni chirmab olibdi,-dedi yaqinda bir do’stim, — holbuki men ilk daf’a ko’ngil qo’ygan qizim shu darajada musaffo ediki, uning boshiga o’ragan ro’molini joynamoz qilish mumkin edi”. Men ataylab do’stimdan bu muhabbatning tarixini so’ramadim. Chunki, aksar, birinchi muhabbatlar ezgulikka g’anim bo’lgan illatlarga qarshi kurashlarda halok bo’ladilar. Ular aksar, urush qurbonlariga o’xshaydilar.Demak, bizlar to’qqizinchi mayni shahid ketgan ilk sevgilarimizni xotirlash bayrami sifatida nishonlasak ham arziydi. Chunki, odamzod sevayotib ham mangulikka intiladi.O’z vujudi bilan bo’lmasa-da, o’z naslining vujudi bilan hayot uchun jangni davom qildiradi. Rashkning ayovsiz bo’lishi ham, aslida, shundan. Ikki yurakning hamnafas hayotiga rahna solmoqchi bo’layotgan uchinchi kuch ana shu juft-yurakning mangu hayot umidi hayotini xavf ostida qoldirayotgan bo’ladi. Mana shu jihatni bemiqyos ulkanlashtirsangiz, bir xalqning ikkinchi xalqqa hayotni ravo ko’rmayotganligidan kelib chiqayotgan urushlarning mohiyati o’zining jirkanch basharasi bilan namoyon bo’ladi. Vaholanki, Xoliqi Alloh nainki bir odamni, bir xalqni, balki oddiy bir ko’katni ham ne bir niyatlar bilan bunyod etgan. Bu oddiy ko’kat, bu xashaki giyoh bizning nazarimizdagina oddiydir. Aslida bu mo»jiza.va uni odamlarga anglatish uchun “har bir yaproq Alloh ma’rifati bitilgan kitobning bir varag’idir”, deb xaitob qilgan Shayxi Sa’diydek donishmand bir zot bo’lishi kerak.Bir yaproqki, shunday ekan, ana endi siz yod qilinishi kerak bo’lgan har bir insonning naqadar haybatli mo»jiza ekanligini ko’z oldingizga keltiravering.

Tinchlikni insoniyatning onasi degan edik.Shunda urushni qanday ta’riflashimiz kerak? Qarang, bu vazifani nemis faylasufi avgust Eynzidel qanday qoyilmaqom qilib ado etibdi. O’qing, u nima deb yozadi: “Odamzodni yeb qo’yish uchun o’ldirish ham uni urushda o’ldirishga qaraganda tabiiyroq va oqilonaroqdir”.

“G’alabalar qozonish eng ahmoqona mashg’ulotdir, yengish emas. Ishontirish shon-sharafga munosib ishdir”.

O’z maqolamizni iqtiboslar majmuasiga aylantirish niyatimiz yo’q. Biroq Viktor Gyugoning yuqoridagi fikrini keltirayotganimizning qo’rqinchli bir sababi bor.Ikkinchi jahon urushida halok bo’lgan necha o’n millionlab shahidlar odamxo’rlikdan ham jirkanchroq bir ish ekanligiga ishontirish uchun berilgan qurbonlardir. Chunki shayton vasvasasi domiga tushgan ahli basharni quruq gaplar bilan ishontirib bo’lmaydi.

Urush -dard.
Tinchlik davodir.
Inson zakovati bo’lsa ana shu muolajani amalga oshiradigan hakimdir.

Dadil aytish mumkin: janglar jang emas, yaxshilarni yod etish jangdir. Jahon xalqlarining yaxshilik va yaxshilar to’g’risidagi fikrlari shu qadar xilma-xil va qarama-qarshiki, shuning uchun ham bu jang-dushmanga qarshi jang emas, bir fikrga kelib olish uchun shayton vasvasasiga qarshi e’lon qilinishi kerak bo’lgan jangdir. Bu jangda, inshollloh, mag’lublar bo’lmaydi, faqat g’oliblar bo’ladi. Chunki, ezgulik saltanati shunday bir saltanatki, unda fuqarolar yo’q, faqat shohlar bordir.Bu jangda o’qlar otilmaydi, yaxshilar yod etiladi. Va har bir munosib xotirlash odamlarning bir-birlariga armug’on etayotgan toju taxtlaridir.

Dinlar va g’oyalar, millatlar, dunyoqarashlar ko’p. Mayli har bir millat, har bir din ahli o’z hayoti, o’z bayramini o’tkazsin va bu bayramlar yovuzlik bilan sug’orilmagan, inson hayotiga, shaxsga qarshi qaratilmagan bo’lsa muboraklar bo’lsin…

Bu ezgulikni ardoqlash uchun yovuzlikni eslashga ham mahkummiz. Har bir odam, agar u jang paytida, jang maydonida tug’ilsa ham, tinchlik farzandidir.Chunki har bir odam jang maytida jang maydonida onasining bo’yida bo’lib qolmaydi. Shuning uchun hammamiz ham birodarlarmiz.Hammamizning onamiz Tinchlikdir. Shuning uchun ham urushlarni keltirib chiqarayotganlar o’z onasining qotilidir. Shuning uchun ham 9 may nafaqat jangda yoki front ortida va mehnat maydonlarida halok bo’lganlarning xotira kuni, ayni paytda Hayot bayramidir. Hech qachon yengilmaydigan, har bir shahid bilan halok bo’lib, har bir farzand bilan tug’ilib turadigan Tinchlikni yod etish bayramidir.

…Tush ko’raman. Otingizni yetaklab chiqasiz.Egar-jabduqlarni sozlab, ayilni tortasiz.Uyga, uydagilarga yana bir qur issiq ko’z tashlab olasiz-da, oyoqni uzangiga qo’yasiz…

To’xtang.
Ikkinchi ot qani?

Chavandoz Ruh qaerda?
Shoshmang.
Sabr qiling…

Olis avlodlarni mangulik janggohlarida, abadiyatning uchqiri yo’q sahrolarida poyi-piyoda qoldirib ketmoqchimisiz?
Terga botib uyg’onaman.
Siz bu — men emasmidim?

2006, may.

03

(Tashriflar: umumiy 797, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring