Mirzo Bedil. G’azallar & Matnazar Abdulhakim. Osmon yanglig’, daryo kabi she’riyat

Ashampoo_Snap_2016.12.05_14h19m23s_002_.png    Мирзо Абдулқодир Бедил шахсияти туркий, форсий ҳамда Ҳиндистон халқларини бирлаштириб турадиган силсиланинг узилмас халқасидир. Манбаларда маълумот берилишича, Бедил ҳазратлари 130 минг мисрадан ортиқ шеърий, эллик босма табоқ ҳажмида насрий мерос қолдирган. Шоирнинг асосий шеърий асарлари жамланган “Куллиёт”и, шунингдек “ Тилсими ҳайрат”, “Таркибот ва таржеъот”, “Муҳити аъзам”, “Тури маърифат”, “Ишорат ва ҳикоёт”, “ Риқаъот”, “Чаҳор унсур”, “Ирфон”, Нукот” сингари бир қатор назмий ва насрий асарлари борлиқ ва йўқликнинг, олам ва одамнинг бетимсол ижодий меҳнатнинг жавоҳир меваларидир.

МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ОСМОН ЯНГЛИҒ, ДАРЁ КАБИ ШЕЪРИЯТ
05

04   Мирзо Абдулқодир Бедил ҳазратлари яшаб ўтган даврда форс адабиёти мухлисларини янги асарлар билан ҳайратлантириш ниҳоятда душвор эди. Мазкур адабиётда бу пайтгача қудратли шоирлар, турфа услубдаги ижодий мактаблар яшаб ўтган бўлиб, форс шеърияти жаҳон адабиётига залворли ҳисса қўшиб улгурган, ўзининг авж пардаларида гўё куйлаб бўлгандек эди.  Мирзо Бедил ўз ижоди билан Аллоҳ мўъжизаси нақадар чексиз эканлигини исботлади, ундан қолган мерос тараққиёт нақадар бемиқёс бир синоат эканлигига далил бўлди.

Мирзо Абдулқодир Бедил Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳрида таваллуд топди. Унинг отаси Шаҳрисабз ўзбекларидан бўлиб, ҳаж сафаридан кейин Ҳиндистонда муқим бўлиб қолган эди.  Ёш Абдулқодир бошланғич маълумотни онасидан олди. Унинг мутаффакир сифатида камол топишида, шоир бўлиб шаклланишида мадраса таҳсили, шунингдек амакиси Мирзо Қаландар, тоғаси Мирзо Зарифлар берган тарбия муҳим аҳамият касб этди.

Ҳаёти ва ижоди Шоҳ Жаҳон , Аврангзеб сингари бобоурийлар даврига тўғри келган шоир ўз фаолиятининг дастлабки даврларида аждодлари удумига кўра сипоҳийлик қилди, ҳарбий хизматга кўнгли бўлмаганидан, кейинчалик истеъфо бериб, умрини буткул бадиий ижодга бағишлади, кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирди. Мирзо Абдулқодир Бедил ва у яратган мактаб ижодкорлари форс шеъриятини яна ҳам юксалтирдилар, шарқ маънавиятида янги давр очдилар.

Мирзо Абдулқодир Бедил шахсияти туркий, форсий ҳамда Ҳиндистон халқларини бирлаштириб турадиган силсиланинг узилмас халқасидир.

Манбаларда маълумот берилишича, Бедил ҳазратлари 130 минг мисрадан ортиқ шеърий, эллик босма табоқ ҳажмида насрий мерос қолдирган. Шоирнинг асосий шеърий асарлари жамланган “Куллиёт”и, шунингдек “ Тилсими ҳайрат”, “Таркибот ва таржеъот”, “Муҳити аъзам”, “Тури маърифат”, “Ишорат ва ҳикоёт”, “ Риқаъот”, “Чаҳор унсур”, “Ирфон”, Нукот” сингари бир қатор назмий ва насрий асарлари борлиқ ва йўқликнинг, олам ва одамнинг бетимсол ижодий меҳнатнинг жавоҳир меваларидир.

Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ғазалларида мангу мавзулар ҳайратланарли бир бетакрорлик билан жунбушга келиб туради. Ҳаққа ва халққа муҳаббат, туғилиш ҳамда ўлим каби азалий ва абадий кечинмаларимиз фавқулодда бир мўъжизавийлик билан ўқувчи руҳига сингдирилади.

Хурдадонлар Бедил ҳазратларини “Шоирларнинг шоири”, “Маънолар отаси” деб атаганлар. Дарҳақиқат, шоирнинг қалами энг кичик зарра коинот чексизлигигача бўлган поёнсиз оралиқда бир қарашда барча мураккабликларини, қочиримларини илғаб олиш мушкул бўлган нафис шиддат билан чайқалиб туради. Бу сернуқта битиклар замин ва замон, илоҳ ва инсонга мансуб бўлган муштарак бир юракнинг тебраниш чизиқларидир.

Шоир қалами мисрама-мисра маънавият ва Руҳ уммонининг қаър-қаърларига кириб боради, инсоннинг юрагига аёвсиз бир журъат билан шўнғийди ва у ердан бебаҳо дурдоналар олиб чиқади.

Ики кўз гавҳарингдан ком олурман,
Ики дунёга жуфт бодом олурман.

Хўш, бир жуфт кўзи икки дунёга арзийдиган Бедил талқинидаги инсон қандай фазилатлар эгаси? Бу инсон хушрафтор, борган ерига оёқ юзи ярашадигандир.

Агар сен бўлмасанг дилга нетиб бахт, гулъузор, келгай,
Агар келсанг, сурур келгай, беҳишт келгай, баҳор келгай.

Бедил ҳазратлари ўз китобхонларига ана шундай Беҳишт, ана шундай Баҳорни туҳфа этиб яшади. Айни пайтда бу туҳфа биз учун ўзига хос синов ҳамдр. Айни пайтда бу туҳфа биз учун ўзига хос имтиҳон ҳамдир. Нега-ки, бу Беҳишт, бу Баҳор салтанатига мисраларда тилсимланган чигал йўллар орқалигина кириб бориш мумкин.

Муаззам дил сира шонсиз бўлурми,
Биёбон ҳам биёбонсиз бўлурми.

Шоирнинг руҳий оламига, ана шу биёбонга қадам қўя борар экансиз, бу салтанат қаршингизда тобора шукуҳлироқ, тобора поёнсизроқ бир тарзда намоён бўла боради.

Менинг кўнглим учун, бил, ғам яралган,
Ики кўзим туфайли нам яралган.
Қанот қоққан эдим бир субҳидамда.
Кечикмасдан қафас шул дам яралган.

Бироқ бу ожизлик Бедил ҳазратларининг лирик қаҳрамони, “мен” и учун мутлақо ўткинчидир. Бу “ғам” ва “нам”ларда қолган инсон дастлабки қулай лаҳзалардаёқ ожизлик тузоғини узиб, қафасни синдириб, фалак билан баҳс эта бошлайди.

Яралган, минг шукур, олам деб олам,
Менинг-чун, хайрият, мен ҳам яралган.

Мирзо Бедил лирикасида бир жойга келиши маҳол бўлган зиддиятлар омухта бўлиб кетади. У, худди сеҳргар морбоздек, ақл бовар қилмайдиган мантиқсизликлардан нур таратади, қарама-қарши қутбларни бир нуқтада туташтириб, чақинлар чақнатади.

Энди менинг куйди парим, синди қанотим,
Кенгликка само зор, фурсатга-замонлар.

Бу муборак шеъриятда туркона ёввойи навқиронлик, форсиёна нуроний заковат, ҳашам, ҳиндуона афсун-сеҳр чамбарчас яшайди.
Мирзо Абдулқодир Бедил бир ғазалида:

Садоқат ва меҳр майдони ичра
Шаҳид бўлдим, абад ором олурман,

деб таскин топса, бошқа бир байтида

Мурда ҳам маҳшар учун оввора,
Ором олмоқ не қадар душвордир! —

деб ҳасрат чекади.

Мирзо Абдулқодир Бедил ғазалиётида айрилиқ тўғрисида, олис сафарга кетаётган карвон ҳақида талай ёниқ мисралар мавжуд. Бу шеъриятда соғинч оҳанглари, айтиш мумкинки, етакчи оҳанглардан биридир. Қолаверса, шоирнинг насрий асарларида ( “Чаҳор унсур”) ота ватанидан уни қавму қариндошлари йўқлаб келганлиги ҳақида хотиралар бор-ки, бу ҳол шоирнинг ёд-хаёли туркистондан бир лаҳза бўлсин узилмаганлигини кўрсатади. Ота ватани ҳам, ўз навбатида, буюк фарзанди ижодини эътиборсиз қолдирмади. Буюк туркий диёр ўзининг форсийзабон ўғлига теран қунт, оташин меҳр билан муносабатда бўлди. Бу қунт, бу меҳр муттасиллик касб этди.

Таржима жараёнида Хоразм шаҳру қишлоқларига сафарлар қилганимизда ҳам бу Эътиборнинг шоҳиди бўлдик. Деярли ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда шоир девонларини кўз қорачиғидек асраб келаётган китобсеварлар борлиги, бу эса бир вақтлари воҳамизда қизғин бедилхонликлар бўлганлигидан далолат эканлигини қайд этиб ўтмакни истаймиз.
Дарёдан ҳар ким ўз ташналигига яраша сув ичади, парвоздаги қуш ҳам ўз осмонининг бор баландлигини забт эта олмайди. Бедил ҳазратлари шеърияти дарё кабидир, осмон янглиғдир. Не фазилати бўлса, Мирзо Абдулқодир Бедилга, не нуқсони бўлса-таржимонга тегишли ушбу ғазалларни эътиборингизга ҳавола қилаётиб, мени ташна бир қуш ўрнида кўришингизни ўтинаман.

МИРЗО АБДУЛҚОДИР БЕДИЛ
ТИРИКЛИК ДАРД, ШИФО АХТАРМА…
Матназар Абдулҳаким таржималари
Нашрга тайёрловчи: Умид Бекмуҳаммад
05

***

Бу шодликлар бари ғамдан яралган,
Заҳар бирла асал ҳамдам яралган.

38703623_sito.jpg

Асрлар ўтмаги бу-бир ўйиндир,
Икки олам ки бир дамдан яралган.

Вужудга келдию бахт, топди ишкал,
Даво бу дардга одамдан яралган.

Топилмас гул каби гул, бу уқубат,
Баҳор номлиғ шу байрамдан яралган.

Қилар арз қалдироқлар ваҳшатимни,
Чақимчилар-да кўкламдан яралган.

Бу гуллар, оҳ, баҳорнинг офатидир,
Буюк бу дард кам-камдан яралган.

Яро дилга берар таскин хазонлар,
Ки ҳар япроғ марҳамдан яралган.

Янги ойдек ибодатга эгилдим,
Ки рост дил – қомати хамдан яралган.

Хижолатдан, сахийлар, қон бўлинглар,
Саховат донғи Ҳотамдан яралган.

На хумморсан, на маст, Бедил, бу не ҳол,
Димоғинг қайси оламдан яралган.

***

Кетар борлиқ ки бўғзингда нафас йўқ,
Узилган қўнғироқ, карвонда сас йўқ.

Кўнгил мойилми йўқ таҳқиққа, не фарқ,
Ки кетсин унда ишқ, ҳатто ҳавас йўқ.

Тириклик шавқи дилдан бартарафдир,
Қабарган дилда ҳеч ўзга мараз йўқ.

Қаро бир сир аро дил у қуёшдек,
Қафас асрорини фош айламас, йўқ.

Муҳаббатдан кўринмас бир аланга,
Ёнолмас унда, билсанг, ҳамма кас, йўқ.

Чибин анқодан ортиқ энди, Бедил,
Ки ишқ хор бўлса, ҳеч кимдан араз йўқ.

****

Ки ажздан кибриё авжига юксал, борки роҳ анда,
Ҳам эт бошингни бунда, айла дол сўнгра кулоҳ анда.

Муҳаббатинг адабгоҳи кўтармас қувнамоқликни,
Ки шабнамдан очилгай гул ва кўз ёшдан нигоҳ анда.

Хаёлим кўшкида қад ростладинг тонг пайти, ғам чекдим,
Табассумга ўрин борму, агар бўлса илоҳ анда.

Бўлиб дашт аҳлига улфат, осойиш торту, ухлаб ол,
Ўсар мижжангда киприк ўрнига жонбахш гиёҳ анда.

Ўзимни мен халос айлай уқубат, можаролардан,
Ёқамга ёшурай бошимни, чун бордир паноҳ анда.

Ки ишқ машраблари тарзин насиб эт сувсаганларга,
Топарлар ташналаблар жон, ки йўқдир иштибоҳ анда.

Эрурман дилсиёҳ деб, бўлма лоқайд тонг жамолига,
Тун-оқшом ёш тўкиб ювсанг, қолурми ҳеч сиёҳ анда.

Юсуфинг матлаби Канъон орзуси эмас, балки
Ўзига маҳлиё бўлгач, қилиш ижоди жоҳ анда.

Ки йўқликнинг хаёли ҳам ўзинча бир ажиб олам,
Бизим руҳ авжидан бир нақш чекилсин гоҳ-гоҳ анда.

Менинг танг бу дилим шиша, уриб тошга этай чил-чил,
Қилай эҳромидин озод, бўлиб бир узриҳоҳ анда.

Дилим водийсида ёлғон сўз айтиб, ланг бўлибдурман,
Нетай, Бедил , қўнимгоҳим анингдек бир гуноҳ анда.

****

Кетаман..сўнг на ғазал, ё нада достон қолади,
Қатра-қатра қаламимдан томибон, кон қолади.

Бахтимиздур бу чаман, оҳ, бу чаман бахти недур,
Етмайин йил сўнгига, сарғайиб нолон, қолади.

Тинч суролмай сира ҳам айшини, товус думидек,
Жилвада жумла жаҳон қилгали жавлон қолади.

Боши чиқмас бу қадаҳинг, ё худо, базмингдан,
Шиша ҳам бўғзи очиқ, йўлинга қурбон қолади.

Сачрабон чўғ, чу, қоғоз куйганидек куйди само,
Ой ва юлдуз ҳунарига юрак ҳайрон қолади.

Ғунчадек, ўқ учига менгзади булбул юраги,
Ёй бўлиб тортилажак гул шохи хандон қолади.

Кетаман боғ ила бўстон бу жаҳондан серайб,
Ёд этиб барчасини, боғ ила бўстон қолади.

Шуълалар сочганига қолганидек боқий тонг,
Бир ғариб нур таратиб кўнглима, иймон қолади.

Ёй, бебошлигидин, вой, кўринг, қадди эгик,
Кексалар қомати ҳам дол, кўзи гирён қолади.

Минг бало енг шимарибдур бу чаман ичра, дариғ,
Сен кетиб, ёдинг ила дилда минг армон қолади.

Сен умид айла гуҳар йўқлик адам охиридан,
Ёрнинг йўқ оғзида сўз, дилдан олиб жон, қолади.

Сенсизин олса нафас Бедилинг ёнғин дилидан,
Пуркалиб лов-лов олов, ер юзи вайрон қолади.

***

Чекиб мен дард, биров ором аро сақлайди жон бунда,
Ики олам-ку бир тилсим, калити бегумон бунда.

Хуноб бўлма сўраб мақсад йўлин биздек майиблардан,
Оёқлардан бирон-бир из қолурми ҳеч қачон бунда.

Таним қон-ёшга ғарқ деб мулки ҳайратга қадам қўйдим,
Кўзингдан томмоғи таъқиқдир ҳатто қатра қон бунда.

Кўзимдан гар умид учқунлари сўнган, ажаб эрмас,
Мурод-мақсадга етмакка илинж йўқ бир замон бунда.

Нақш банд айласанг дилга, бўлур таҳликадан мажруҳ,
Жароҳатми нақш содиқ, очиб кўр фол, гумон бунда.

Егай роҳатларимни ғам-алам, айтинг, нечун йўқса,
Баҳорим гулларин қуртлар қилибдурлар хазон бунда.

Билинг, бизнинг кафан машҳадда тенгдир жон баҳосига,
Шаҳидлардир яланғоч шул сабаб тўкканча қон бунда.

Ки дардлар ҳамласи тўлғантирар борлиқ ва йўқликни,
Сен ҳам, Бедил, эшитгайсан қулоқ тутсанг, фиғон бунда.

****

Кўзим ёши менинг девоналарча,
Жигар ўтим эса сўзоналарча.

Сўз айтсам гар батар жўшгай вужудим,
Тилимдир телбавор –мастоналарча.

Дилинг ишқ оташи эрмас дедингиз,
Қанотим куйди-ку парвоналарча.

Кетиб қолгаймидим ташлаб ўзимни,
Вужудим тўлмаса паймоналарча.

Фиғоним боисин сўрмоқ на даркор,
Азизлар бўлдилар бегоналарча,

Кўзимдан туз сепай, санч кипригингни,
Жигар бўлсин кабоб афсоналарча.

Дилим синди тегиб харсанг азобинг,
Бироқ сабр айладим мардоналарча.

Оқармай соч қаёқдан фаҳм этарман,
Бу дунё бир ўйин-тифлоналарча.

Нетай, Бедил, бориб-обод Каъба,
У бўлмас дилдаги вайроналарча.

****

Дарёни умид этдиму нам йўқ бу маконда,
Йўқлик ғамидан ўзга алам йўқ бу маконда.

Икки жаҳон-сир, кўринур ойна-варақда,
Гардиши дард, ўзга рақам йўқ бу маконда.

Кўза каби мўрт бу жаҳон, бахтимиз ушбу-
Кулфат қўлида санги ситам йўқ бу маконда.

Ҳил-ҳил бу замон-мева, емак-чун мен ўзим хом,
Бир лаҳза йўқ ичмакка қасам йўқ бу маконда.

Фақр аҳли эрур ўзгача зор, бошқа гадолар,
Қашшоқ санагай ўзни дирам йўқ бу маконда.

Аксинг тушиб ҳайратда дил, очдимки ниқобинг,
Чун ойинасоз ишида кам йўқ бу маконда.

Ғафлатда хаёл даштида карзон кабидурман,
Манзил сари ташлашга қадам йўқ бу маконда.

Бекорсан, э, Бедил, қани ишқдан бўлак ишинг,
Чун бору бараҳман, ки санам йўқ бу маконда.

****

Давлат эшиги ҳасга очиқ то бўлғай,
Чун, пар чиқариб чумоли анқо бўлғай.

Сен кибру ҳаво лаззатидин тий ўзни,
Бок, ердаги тош бир куни мийно бўлғай.

Лойиқми енгилтак сира сирдошликка,
Дур нурига тушса чўп, у расво бўлғай.

Бил, илму амал қисмати гар терс дўнса,
Бир қоғоз эмас, хат ҳам чалипо бўлғай.

Оҳ, яхши-ёмон тенг эса, ердир осмон,
Ҳам бошда оёқ, оёқда бош жо бўлғай.

Дунё сири не, қилай десанг фош, э воҳ,
Анқо каби миш-мишу муаммо бўлғай.

Дилларни чигал ўртамасин, юр, кетдик,
То ҳужра биза дашт ила саҳро бўлғай.

Бир ном ахийр аён бўлиб чиқмасму,
Деб тошлар узук йўнар, илоҳо, бўлғай.

Ёд этди санам қулоқларин гул англаб,
То тонггача дил булбулигўё бўлғай.

Ёр оғзини йўқ десам, бўлур бор кибрим,
Ишқ бирла ғурур дилимда пайдо бўлғай.

Бу дашт ила саҳрода бўлак ҳеч ким йўқ,
Бор деб сени топмасам не ҳол, о, бўлғай.

Сен бор ҳама жойда, йўқса, айт, не айлаб
Айтғилки, бугундан эрта пайдо бўлғай.

Ғафлатда жаҳон қиё боқарми, Бедил,
Афсонанг агарчи неча иншо бўлғай.

****

Сенсиз ташланса боғга, кўз ёшли нигоҳ сувда,
Мен бир ойина янглиғ, қолган каби боғ сувда.

Ҳуснингдан ҳижоб айлаб, кўзгу бўлмасам бўлмас,
Қуёшга боқиб бўлмас ул бўлмаса, оҳ, сувда.

Инжу-инжу тер терлар баҳор тонги чаманда,
Ютиб барин бош эгган гуллар бегуноҳ сувда.

Табассум қилганингда ўғрилар кўрди лаълинг,
Лаълинг Зуҳра-қўлетмас, шундан жигар доғ, сувда.

Эй омонлик истаган, олдингдадир минг офат,
Соҳилда ўт ловуллар, кеманг-чи қироғ-сувда.

Оламнинг ҳар ашёси бир дилга дўнсам дейди,
Ҳар қатра орзу айлар бир кун дур бўлмоғ сувда.

Дунёдир чексиз уммон, дуррин жунбушда излар,
Билмаски дур ўзинда, билмаски дур, оҳ, сувда.

Истарсан даҳр ичинда лочин мисоли парвоз,
Кеч бу ҳавасдан, ғофил, сен бўккан бир зоғ сувда.

Шарм аҳлининг фарёди келмакда қулоғингга,
Ниқоблари йиртилган пуфакдир, андоғ, сувда.

Руҳни ўлимдан ўзга поклантиргувчи йўқдир,
Шундан юлдузлар милт-милт, шундандир сабоҳ сувда.

Надомат бирла терлаб бормоқдадирмиз олдга,
Мисли сувдек гоҳ ерда, мисли тўлқин гоҳ сувда.

Ғафлат аҳли беқарор, феълингда ҳеч сабот йўқ,
Мисли шаъм толасидек алангада, ёғ, сувда.

Бедил, сени ўйламай ишққа ғарқ икки дунё,
Ким ҳам қайғурар тузин чўкиб борар чоғ сувда.

****

Онанг борлиқ деб дард чек, умид эт, торт фиғон бунда,
Сутин оқ айламак-чун ул ютар ҳар лаҳза қон бунда.

Вужудинг бўлмайин тупроқ, яша ростлиқ билан, йўқса,
Ики дунёнг иши қирқмоқ пайингни, бегумон, бунда.

Муҳит ҳар қатрасида телбаликдан мингта тошқин бор,
Ураркан бир юрак то, мумкин, ўзгарай жаҳон бунда.

Қилолмас оғиримни ҳеч енгил ҳижрон аро ёнсам,
Қўлимдан тош ясар аксинча қисмат шодумон бунда.

Эшитдим мен завол оҳангини шўх-шаън наволардан,
Бу куй дўст давралар ичра жаранглайди ҳамон бунда.

Дўниб бир қатра ёш-дурга бу ваҳшатгоҳдан энди,
Кетай бир милт этиб қолмай ҳаяллаб бир замон бунда.

Дилим ҳасратлар ичра ўртаниб хомсўз кабоб бўлди,
Урарман ўзни ҳарён, ҳеч тополмасман омон бунда.

Ки ошиқ зорию маъшуқа озори ажиб дийдор,
Нишон унда, уни мўлжаллаган қоши камон бунда.

Ҳақиқат пардаси ичра юрак-руҳинг уриб тургай,
Агар бир лаҳза тўхтаб қолса борми, сен тамом бунда.

Мен ожиз, ошёним шу қадар юксакдадир, Бедил,
Тўкилди пар, қанот синди етолмай ул томон бунда.

****

Оҳ ,жилвасин анинг ниқоб сотар,
Бир роҳатга ўхшаган минг азоб сотар.

Кўз-кўзлама кўлмак узра пуфагингни,
Киссамда денгиз бор менинг, ҳубобсотар.

Ҳадиксираб титрар шабнамлар милт-милт,
Боғ уларни қилиб гулоб, сотар.

Кўзларим гоҳ ғафлат, гоҳ ҳайратдан юмуқ,
Бахт тўласанг, жаҳон изтироб сотар.

Минг ҳунар бирла тўқиган ипакларимни
Олиб у, бир қатра шароб сотар.

Ёниб-ёниб турар ғамсевар бу юрак,
Кўп ташна бўлди харидоринг, обсотар.

Жигарлар доғи қадрин не ердан билурсан,
Бор, дўконингдан қолма, эй кабобсотар.

Мафтун бўлиб эрдим бир қуёшчеҳрага,
Мени ер қилиб ул, офтоб сотар.

Бахтига қаро ранг синггиди Бедилнинг,
Бўёқфуруш унга сароб сотар.

****

Тонг паридек йўқ бўлғай.Орзуга таҳдид-бунда,
Кафанларга ип лозим.Бўлғил мўйсафид бунда.

Агарчи гул очилди, дил ҳеч очилмаётир,
Не бало бўлди, ахир, қулф бунда, калид –бунда.

Рўйингдан англатгайдир ойина иқболингни,
Ловуллади юзинг пок, тун чоғида ийд-бунда.

Йўлингдан кўзларимни узолмагай ўлим ҳам,
Икки дунёга қилдим ҳижронни харид бунда.

Нуқсон ҳам, етуклик ҳам қаътиятдан сўнг маълум,
Ё сўз айт, ё қулоқ тут, шул сендан умид бунда.

Мажнунтол соясинда соч тўлғатиб ишрат қил,
Ғофил билмас, баргларда муаттар бир ҳид бунда.

Бу чаманда ҳар бир гул беланмиш қизил қонга,
Ҳайрону дилвайронман, намунча шаҳид бунда.

Надомат гулларидан таралди имкон бўйи,
Ҳидбилмасдир ўзгалар, Бедил, не умид бунда.

***

Қанотин руҳ кезиб ёзсин жаҳона,
Қурибдур нафс дилимда ошиёна.

Ки борлиқ оҳ-надоматга тўлиқдир,
Бўлурми ноласиз фарёдхона.

Кезиш боғларни, саҳрони қилиш сайр,
Ўзимдан кетгали жўн бир баҳона.

Кўзимдан ёш бўлиб чиқдим ўзимдан,
Қошингга бўлғали хокдан равона.

Бу борлиқ бир кибр, умри дақиқа,
Адам уйқуси мангу…чал тарона.

Кесиб чиқмоқ қийиндир нафс тузоғин,
Қанотинг бўлса ҳар гар ханжарона.

Ғубор боғлабди Бедил кўзларини,
Кўйингдек кўринур саҳро у хона.

****

Жунун, айт, қайдасан, вайрона қайда,
Қуруқ чўпман, бир оташхона қайда.

Чарақлатдинг, ки, зорларнинг чароғин,
Қани, кул бўлгучи парвона қайда.

Уялдинг ўзгадан, қўрқдинг ўзингдан,
Ўзингдан кеч…кейин бегона қайда.

Қуруқ довруқ таратмиш ваҳм-чўпчак,
Ўзинг афсонасан, афсона қайда.

Жаҳондир бир юмуртқа, мағз-ўзинда,
Ани излашга ўзга хона қайда.

Қафас кўксимда бир қуш бор, илож не,
Юракдан сув тутарман, дона қайда.

Ўйингда манзилу, Бедил, йўлинг йўқ,
Хаёл қил, Каъбаю бутхона қайда.

****

Балоларга бўлиш, эй ёр, гирифтор шунчалар бўлғай,
Хаёлингдан йўқолмоқ аста, гулнор, шунчалар бўлғай.

Турибман ҳайрат ичра, зарранинг бир бурж-паноҳинда,
Таажжуб, тикламак осмонга девор шунчалар бўлғай.

Йўлингда ер бўлибдурман, юриб ҳолимни сўрмассан,
Жабр маъшуқадан ошиққа, дилдор, шунчалар бўлғай.

Сўзингдан тош, кўзимдан ёш ёғар тинмай, танаффус йўқ,
Муҳаббат мактабинда дарсу такрор шунчалар бўлғай.

Аланга пастга тушмайди кул этмай ямлаган зотин,
Бўлиб йўқ, йўқ қила олмоқ неки бор, шунчалар бўлғай.

Бил, арзон нағмалар ғунча жамолини очилтирмас,
Шараф булбулга, чаҳ-чаҳ, дурри шаҳвор шунчалар бўлғай.

Муҳаббат чеҳра очмайди, чу кўпдир аҳли номаҳрам,
Дегайлар аҳли ишқ оз бунда, бисёр шунчалар бўлғай.

Фироқ аҳлин ғубори тўзғагай осмонга ҳар лаҳза,
Келар бир гулдирак овоз “ночор шунчалар бўлғай”.

Қўяр Бедил ҳаёт эҳромига ғишт ҳар нафас бирлан,
Забун вайронани тиклашда меъмор шунчалар бўлғай.

****

Васлинг атри чун насиб бўлганда мен нокомға,
Ул ниқоб бўлғувси дил-ҳам ошиён , ҳам домға.

Оҳ, менинг озод қушим учса, қанотин елига,
Соврилар минглаб қафас, барҳам бериб оромға.

Йўқ замонни тингламак, кўрмак бу борлиқни сира,
Дилда улкандир гумон васл ҳақдаги пайғомға.

Айтмайин сўз, аҳли сидқ ўз кибрини вайрон қилур,
Дабдаба аҳли бино қўйган маҳаллар номға.

Мавж уриб турган шаробдек биз паришон бир китоб,
Боиси-шерозамиз хат бўлди бул кун жомға.

Отса бахтинг тонги, ёр, сўнмакка мен тайёрман,
Шаъм учун тонг ёғдуси, билгил, баробар шомға.

Бенаволар ёраси пишсин десанг сабр айлагил,
Вақтни кўп чўзди фалак хандон бўлиблар хомға.

Бўлма ҳеч соҳилда тўлқин улфати, бул беқарор
Қилгувси оромни қурбон ҳар дам, ҳар айёмға.

Мен аланга олдиму, кул бўлмадим, оҳ найлайин,
Қадди лойиқ келмагай ваҳшатнинг ҳеч эҳромға.

Булбулим тутқун менинг парвоз этиб руҳинг сари,
Ким яқин борсин деди тентакни гуландомға.

Бўл хабардор сен ёмон кўздан бу боғ ичра, гулим,
Минг-минг игна бирла ўхшар ҳар қопоқ бодомға.

Манзили йўл, йўли манзил Бедилинг паргордек,
Нафс қилибдир бошин охир, қолдириб дашномға.

****

Кўзларинг ёдида айларман гаҳи мен ижтиноб,
Кипригингнинг соясинда то қиёмат кўзда хоб.

Борлиғим сочдим қилиб оташ ғубор дарё сари,
Чун балиқлар тангаси, тиллога дўнди ҳар хубоб.

Лаъл лабингнинг ҳасрати пинҳон эзилган дил аро,
Гавҳар ҳам, фарёдким, бўлмайди ҳаргиз бениқоб.

Бор умид олмоқда ором, қўзғатиб бўлмайди ҳеч,
Бизни эзмоқда, мана, ҳайбатли харсанг мисли хоб.

Изламақда ҳақ йўлин йўқ фарқи кўп ё ознинг,
Ҳеч маҳал яхлит бўлакларга бўлинмас офтоб.

Юксалибмиз биз қуюн ичра, не ҳол деб сўрмағил,
Соврилибмиз елга биз, чун чашмадан тору таноб.

Бу вужуд чангдир, довуллардан бугун ваҳм айладик,
Чашмалар қўрқувдадир, османда бўлмай деб сароб.

Чўкмайин турмайди харсанг, ташласанг сув сатҳида,
Терга ғарқ айлар сени, бил, ору номус, изтироб.

Руҳ тилсим қилса, беваҳшат бўлолмайсан ҳалос,
Кўзларинг ҳам туйнук, ҳам тулпор бўлиб, қилгай шитоб.

Бемисол бул жилвани маҳрам қилиб бўлмайди ҳеч,
Аксин бермаслик учун ойина истайди ниқоб.

Дилқоронғу қилди ишқ бизларни, Бедил, минг ажаб,
Мамлакат бошига солган мисли соя офтоб.

****

Сидқу ор бирла топибдур сайқал оҳ, ҳолим менинг,
Қуш сўйилгач, чун қанот қоққандек аҳволим менинг.

Ойинамга боқсангиз ҳайратнинг акси бор фақат,
Ранги ўчгандир кўринмас унда иқболим менинг.

Дилда ҳар бир зарра ваҳшатдан қанот боғлаб учар,
Бу жаҳон ойинасинда шулдир афъолим менинг.

Бил, фанодан ўзга йўқдир ором олмоқ орзуси,
Лов ёниб кетдим, кулим бўлганча поймолим менинг.

Ҳусн учун қўнган нуқат деб ўйлама фаҳм этмасанг,
Дилда минг доғдан даракдир юзда бир ҳолим менинг.

Маънилар уммонидан мен жавҳарам бошдан оёқ,
Дема денгиз, иситмасидан танда табҳолим менинг.

Бошини эгди ҳаё ё илдизин соғинди гул,
Айласам андиша, Бедил ушбу тимсолим менинг.

****

Агар сен бўлмасанг дилга нетиб бахт, гулъузор келгай,
Агар келсанг сурур келгай, беҳишт келгай, баҳор келгай.

Қадам ранжида қил, чиққай чаманлар қошинга пешвоз,
Олиб ибрат бу ташрифдан товуслар пурвиқор келгай.

Ки йўқлик тупроғин ҳар қанча уйса чарҳ ғуборимдан,
Бу тупроқдан униб гулдек юзинг,эй , шаҳсувор, келгай.

Бу дашт сероб эрур ҳар хил ғараз махлуқлари бирлан,
Жунун тозиси ночор, гарчи қилмоққа шикор келгай.

Бўлурми дарё ҳеч дарё ки жуфт қирғоқи йўқ эрса,
Иков бир бўлмасак, бахтим нетиб, сарви нигор, келгай.

Қаро бўлди фироқ аҳлин куни, парвардигорим, айт,
Қуёшим кўнглига невчун бунингдек ихтиёр келгай.

Боқиб муштоқ кўзларга чаман тушгай таажжубга,
Ки наргислар бу кўзларни кўрай деб интизор келгай.

Қўлинда Бедилинг минглаб ойина топар сайқал,
Қачон унга, худоё, ул паричеҳранг дучор келгай.

****

Бошлатар ҳайрат навосин сарви мавзунинг сенинг.
Мен қаро бахтли, иложсиз, зор маҳзунинг сенинг.

Бошга сочгум бу чамандан мен оёқ тупроқларин,
Дилга-чи бўлгай либос ул пойи гулгунинг сенинг.

Нозу истиғноларинг фарёдларимни янгратар,
Тор этиб тортиб таранг томирни қонуннинг сенинг.

Ўзни мен фаҳму фаросатда санарман сарбаланд,
Давраларда ўқигач тенгсиз бу афсунинг сенинг.

Тинмайин қилдим сўроғ, сўнг шундайин топдим жавоб,
Икки олам тиз чўкиб, қошингда Мажнунинг сенинг.

Сабр этарман, телба дил, оҳ, кўзларим оҳусини,
Айламиш тутқун поёнсиз дашти ҳомунинг сенинг.

Бедил, орзу айладинг пешвоз чиқиб дийдорини,
Шунчалик бегонами мантиққа мазмунинг сенинг.

****

Тўкмагил матлаб учун обрўсин орзу-комнинг,
Дарсин ол, шогирди бўл бир лаҳза бул ибромнинг.

Қанча матлабнинг хумори бирла минг доғ бўлса ҳам,
Оташин орзу билан ҳеч оши пишмас хомнинг.

Эътиқод қўймоқ учун шошгил, қулай пайт пойлама,
Тутма тенг оҳин кекрамоқ бирла сен исломнинг.

Ҳар нафас ўтган сайин бормоқда дил манзил сари,
Ҳансираб олдига борган мисли ўлжа домнинг.

Бир ва борнинг ҳукми бирла чарх урар даври висол,
Ваҳмини англа хабарчи ҳам хабар-пайғомнинг.

Ҳусни мутлақман дедим, ойина қилди маҳлиё,
Хом хаёл, макрига учдум чув тушиб авҳомнинг.

Мисли соат шишасинда чанг, тасалло душманим,
Бўлди даф ҳар зарраси хокимдаги оромнинг.

Каъбау бутхона вайрон бўлди умрим дастидан,
Энди хуш сидрилгани кифтимда бу эҳромнинг.

Хўбларинг кўз олиб қочмоғию боқмоғи тенг,
Ҳам тиниқ, ҳам қуйқаси бирдек азиздир жомнинг.

Не қилиб бад феълини тарк айласин аҳли нифоқ,
Заҳридан кечгайми воз ҳаргиз илонлар комнинг.

Арзи матлаб ўзгадир, изҳори санъат ўзгадир,
Бедил, ҳеч акси топилмас кўзгу ичра жомнинг

****

Бул жунун гарди билан маҳв ўлса гар дармонимиз,
Йўқ яқони йиртмоқ истайди яланғоч жонимиз.

Телбалик тупроғининг наврўзидан файз барқ урар,
Тонг қуёшин гулларидек тўлдириб домонимиз.

Шаъм мисоли ҳар томонга ҳовлиқармиз кўргали,
Кўзимиздан ортда қолмиш мижжалар, ҳайронимиз.

Изтиробни йўқ қилиш имконини бой берди дил,
Қалқди бир ушбу уқубатдан улуғ уммонимиз.

Минг таажжуб , барҳаётдирлар шаҳидлар дардлари,
Кўз очиб қолган яроларга тўлиқ майдонимиз.

Бенасибмиз бу чаманда лолаларнинг жомидан,
Бул яроқсиз ҳолга солди бизни, оҳ давронимиз.

Биздан ҳам аввал куюбдур зор чироқлар даврада,
Бўлди-ку маҳрум Яъқуб кўзидан Канъонимиз.

Чалғучи, дардли навони оҳимизга қил ниқоб,
Шуъла кийгизди жаҳонга белибос афғонимиз.

Ушбу борлиқ гарчи мавҳум, ҳар қадамда минг далил,
Гардимиз тўзғотди дард, бу дашт аро сарсонимиз.

Хуни гирён кўзларимиз дўндилар ёқутлара,
Қон тўкишни қилди касб, Бедил, қатор мужгонимиз.

****

Икки кўз гавҳарингдан ком олурман,
Икки дунёга жуфт бодом олурман.

Гадодирман ғаразсиз-шафқатингдан,
Ялинмасдан тилаб инъом олурман.

Сенинг базмингда ухлабман, бу ҳам-бахт,
Оёқ қўй бошима, илҳом олурман.

Бўлиб мажнун машрабларга улфат,
Урарман тошга шиша,жом олурман.

Мусаффоликда ҳар қатра терингдан,
Саҳар шабнам каби андом олурман.

Айиқ нафсимни боғлаб, овлаб анқо,
Охир мен хомхаёл деб ном олурман.

Садоқат ва меҳр майдони ичра,
Шаҳид бўлдим, абад ором олурман.

Аёнсан, лек қиё боқмайди олам,
Хавотир бундан ҳар айём олурман.

Солиб,Бедил ,ўзимни билмаганга,
Ҳама васл истаса, пайғом олурман.

****

Кўп узун занжир тузди оҳимиз,
Сочлари орзусининг ҳамроҳимиз.

Дарду кулфат бахт-саодат биз учун,
Ойна янглиғ жилвагардир доғимиз.

Дилни қўлдан бой бериб ҳижрон аро,
Ахтариб кўзгуда, ишқ гумроҳимиз.

Қилсак ҳам шабнам тўкиб дарддан халос,
Бошпаноҳ бўлмас сира бул боғимиз.

Бошдаги тожлар оёқ остинда хор,
Бахт эрур чин қўл қабартмоқ чоғимиз.

Бормиз ҳар жойда мудом қоққач қанот,
Ечди дунё тилсимин учмоғимиз.

Олам ичра кийн-ҳасад йўлбошчидир,
Қилма ғафлатдан халос, оллоҳимиз.

Қалбимизга гарчи ҳеч қилмас асар,
Қоплади борлиқни, Бедил, оҳимиз.

****

Айтки, ваҳдатдан бўлак не орттирар урфонимиз,
Биз ўзи саҳромизу ҳам биз-анинг бўстонимиз.

Шолу ланглик бирла қолмас шавқимиз маъюс бўлиб,
Иштиёқ боғи бўлиб унгувси ҳар мужгонимиз.

Субҳ маънисини бир қўрқув деб иншо айладик,
Энди ҳеч журъат топилмас битгали унвонимиз.

Энди чиққанда савод шўх ўқидик зулф мисрасин,
Ўзни босдик сўнг чигалмазмун бўлиб девонимиз.

Ёр қучоқда бўлса ҳамки, кимдир у, билмаймиз ҳеч,
Ойнадек ойдин агарчи бағримиз-бўстонимиз.

Депсиниб минг от-улов, кўзлаб эдик биз маррани,
Чанг тутиб йўлни адашди, водариғ, карвонимиз.

Пойламанглар тошюраклар ичра ёнмоқ пайтини,
Эйки учқунлар, қучоқ очгай сиза майдонимиз.

Кўз юмуб бўлгайми ҳеч дийдор умидиндан, гулим,
Сен учун чақнаб чарақлар чашмимиз-ҳайронимиз.

Дилдаги гар тилга кўчса жизғанак бўлгай забон,
Шул сабаб сир мулкининг ошкор эмас, пинҳонимиз.

Руҳимиз қолди яланғоч, тил топишмай дард билан,
Гарчи дилдан шиша кийди, Бедил оҳ-афғонимиз.

****

Тупроғим кўкка ўзин то тортади,
Кўзига сурма Сурайё тортади.

Иштиёқим ваҳшати туғён қилур,
Дилни, кун-кундан бўлиб жо, тортади.

Телбалик –тоғ, ақлимиз водийсидан,
Пок этакни тинмай асло тортади.

Қочгуси уйқучи уйғоқдан мудом,
Соя нурдан ўзни ҳар жо тортади.

Бағри қонлар дард аро андишасиз,
Ерга бошин,эсла, мийно тортади.

Бўлгувси бийрон енгилтаклар, бу-рост,
Ўзга тус мавжланса дарё тортади.

Қилгувси толедан очкўзлик жудо,
Бу наҳанг кўп ташна –дарё тортади.

Зарпарастлар дилни қилгайлар сиёҳ,
Ушбу сафро, асли, савдо тортади.

На илож, Бедил, мажолсиз елкамиз,
Соя тушса, юкни гўё тортади.

****

Менинг кўнглим учун, бил, ғам яралган,
Ики кўзим туфайли нам яралган.

Қанот қоққан эдим бир субҳидамда,
Кечикмасдан қафас шул дам яралган.

Ҳаёда терладим-шудринг ва гулман,
Пешонамдан тиниқ шабнам яралган.

Жило истайди дур, ойина-сайқал,
Умидсиз дил жаҳонда кам яралган.

Саноқсиз доғ бағри лолаларнинг,
Баробар тўй билан мотам яралган.

Тополмас мушкилига банда чора,
Яралган гоҳ зиёда, гоҳ кам яралган.

Яралган, минг шукур, дўстлар деб олам,
Менинг-чун, хайрият, мен ҳам яралган.

Жаҳон хунрез, ўзингни эҳтиёт қил,
Тўкилса қон, бўлур хуррам яралган.

Ечиб бўлмас тириклик тилсимини,
Қилингач бир нафас, мубҳам яралган.

Илож топмас юрак дардига Бедил,
Илож топмоқ учун Ҳотам яралган.

****

Нафисбел ёр қўюбдур кўнглима машҳур доғларни,
Читилгандек қоши, сакта ўқир байти илоҳларни.

Ўзидан кетдию дил, тўхтади фарёдлари аста,
Эшитмассан узоқлашганда карвон қўнғироқларни.

Ақл бу-қорбўрон..изғиш надур гулхан аро, билгай,
Қанот куйса, кули англар самолардан фироқларни.

Қаноат бир ақл-ҳушдир, ки очкўзлик-айиқ мисли,
Сабр олдинда нафс отса, кўриб қўй ўмбалоқларни.

Фақирлик бахтига мулкдор сазовор бўлмоғи мушкул,
Ки чинни косага тенг кўрмагил сен тоштовоқларни.

Ақл бирла жаҳл қадри қоратупроқ бу водийда,
Совур елга шуларнинг ўртасинда бор сабоқларни.

Қуёндек ухлади бахтлар, узатсак қўл агар, Бедил,
Қочарлар динг қилиб бир лаҳзада шалпанг қулоқларни.

****

Тор-тордирман, то ёр сочи тор-тор тўлғанур,
Фарёдбитикдурман чирмалган, ёзганида дилдор тўлғонур.

Бу чарх золи минг макр ила чархлар уриб чунон,
Афсунгар бошида кулоҳ янглиғ минг бор тўлғанур.

Ғофил ўргимчак янглиғ бу борлиқ ўйларки ов овларман,
Асли ўз нафсиға ўзи боғлиқ, такрор-такрор тўлғанур.

Мен бир тоғдирман, ўз фарёдларимдан ўзим ларзада,
Сенинг-да ноланг акс-садоси бу тоғ аро зор тўлғанур.

Ҳосил бермаса ҳам заминимга умид уруғларин экдим,
Нима тупроқ аро мавжуд бўлса, ул интизор тўлғанур.

Жаҳон азобин юки, мурувватли бўлсанг, бир роҳатдир,
Тортган камаринг сенинг, чун, устивор тўлғанур.

Сўнди мавҳум нафаслар ёғдуси чунон шул сабаб,
Хотирлаб оҳим шуъласини, шаъми мозор тўлғанур.

Бошдан оёқ жилваланиб ,ўз бошларига ўзлари етар,
Жавоҳирлар бошдан оёғингда сенинг то, ёр, тўлғанур.

Юзлаб майин либос ичра ноз уйқуда ҳисларинг , тийилмишсан.
Ғунчани кўриб қат-қат либос ичра , ахир, баҳор тўлғанур.

Бир нафаслик жаҳолатингдан хижолат чекма сира , Бедил,
Бор-йўғи бир нафас қўлингдан кетиб ихтиёр, тўлғанур.

****

Қабарибдур жигарим, дарду ситам пайдодир,
Қоврилибдур юрагим, ранжу алам пайдодир.

Бу ҳаёт саҳфаси жўн-ҳар битиги найрангдир,
Шунга ҳам ўтмади кўз, онту қасам пайдодир.

Юрагим пардаси тузмиш ярадор, жим оҳанг,
Нафс ўғирлабдур уни, зер ила бам пайдодир.

Оҳ чекиб, оҳима эргашдиму, таскин топдим,
Дилда ғам лашкари олдинда алам пайдодир.

Тер тўкиб мисли булут, қилдим ҳаё парвоздан,
Оҳ чекиб кўкка тағин учдиму нам пайдодир.

Парилар қомати-ўйим, негаким, инсонлар,
Топтагач, дилда ҳаёт қаддида ҳам пайдодир.

Ёндию ёқди висол кўйлаги , кетди ўздин,
То яқосинда унинг бизнинг санам пайдодир.

Бу жаҳон айши кийик кўзларига менгзайдир,
Гаҳи ҳуркиб, гаҳи шод, гоҳида ғам пайдодир.

Гулистонимда ҳаво, оҳки, қуюкранг бўлди,
Бергали унгаки нур субҳи карам пайдодир.

Қилди сарф ғофилу огоҳларини бу борлиқ,
Хабар олсам гар ўзимдан ки адам пайдодир.

Тинди Бедил югуриб, ғафлат оёғин кесди,
Беҳуда чопмоқ учун энди қалам пайдодир.

****

Бўлиб ғофил ўзимни кўпки ғоратлар қилурман мен,
Кўзим очиб, тағин дилни иморатлар қилурман мен.

Қарога мойилу рангим, дилим ойдин, ғуборим йўқ,
Сиёҳ ҳарфларни ёғдудан иборатлар қилурман мен.

Ғариблар кулбасидин бошлагум Каъба тавофини,
Ва ўз мажнун дилимни ҳам зиёратлар қилурман мен.

Фироғинг ўтига ҳамла қилур кўзлардаги ёшим,
Дил ишқдан жизғанак бўлсин, ҳароратлар қилурман мен.

Синиб қолганда ҳам гулбарг, бутун олам билан тенгдир,
Чимиртирмоқ учун қошинг ишоратлар қилурман мен.

Таяммум айлагум ўз хокима, истаб омонликлар,
Демам, зоҳид каби тошқин таҳоратлар қилурман мен.

Бу хулқ бирлан дилимга солмаса дўзах агар таҳдид,
Нечун, Бедил тилаб беҳишт, ибодатлар қилурман мен.

****

Шўхлар бари жон олғич, мардона юраклардир,
Лек елкалари тўлқин ҳам боши пуфаклардир.

Лафзинда сабот йўқдир, ўткинчи эрур аҳди,
Кўзёш каби кўзларни, оҳ, қилгучи тарклардир.

Ҳам гоҳида тошдирлар, учқунлик этиб даъво,
Ҳам гоҳ саналиб айёр, аслинда, малаклардир.

Кафтинг ўзи бир тупроқ, фол очма саодат деб,
Баргларки, хазонлардан ҳар лаҳза дараклардир.

Дод мағзини тортганда ақлинг гуҳари-тошдир,
Минг ўйда торозулар, кўп боши сараклардир.

Кўзим қораси, оқи тўкканда сенингсиз ёш,
Ўхшаб манго оқшомлар шаъмлар кўп ҳалаклардир.

Дур шодасида ипдек йўқ бўлди йўлим руҳда,
Келганда баҳор танни қопловчи чечаклардир.

Чун синди қанот, бундан кўнглимда ғурурим кўп,
Сизларга керакмаслар бизларга кераклардир.

Кўп мавжу ҳубоб бордир доим бу талабгоҳда,
Бош равза хаёлинда, дўзахда юраклардир.

Хўб бездигу ғавғодан, оромни паноҳ этдик,
Бош остида қўл-ёстиқ, роҳатда пинаклардир.

Шон қушлари парвозда, чун гиря қилиб, Бедил,
Кўз ёш тўла жуфт кўзи осмону фалаклардир.

****

Мени тоқат гаҳи ғамгин ва гаҳи шод айлар,
Ҳам қафасдан қанотим қирқару озод айлар.

Бор тааллуқ , чу тузоқ, барча сабаб-сиртмоқдир,
Шу қадар дилни булар сайд ила сайёд айлар.

Мен омон бўлмоқ учун ишқда унутдим ўзни,
Қани, ким ҳоли забунимни менинг ёд айлар.

Қоматим букчайибон ҳажрида қон йиғларман,
Мени ғам тоғию ишқ тешаси Фарҳод айлар.

Ишқ аро феъли бадимдан чекадирман оҳлар,
Боқиб ҳолимга муҳаббат ҳаё ижод айлар.

Олмагум ишқсиз-оловсиз, беҳуда бир дам ҳам,
Ҳар нафас ёнди ловуллаб, мана, фарёд айлар.

Бу жаҳон мағзини иншо этибон айтмоқни,
Шарми изҳор била манглай терим иршод айлар.

Йўл юриб пойқадамим ёзди китоби таслим,
Не хаёл бошима келса оёғим сод айлар.

Юлуқ олган нафасим ҳар бири бир гавҳардир,
Сукутим ўзни адаб илмига устод айлар.

Борлиқ ҳар лаҳзасига пок менинг ҳар исёним,
Тошга шиша ураман, рашкда малак дод айлар.

Қусур ҳам бесамар эрмас бу камолот йўлида,
Бизни фақр этмас илоҳ, лек одамизод айлар.

Ёр вафо найрангининг кайфиятига учдим,
Унутар Бедилини, Бедил уни ёд айлар.

****

Ёниқ дил гавҳари ё қатр-қатра ноб шабнамлар,
Ё кўз ёшдек жаҳон сирри ниҳон, ноёб шабнамлар.

Ки ғафлат зулматин огоҳлик нурига жам қилмас,
Саҳар бедор ёнар милт-милт, ютиб зардоб шабнамлар.

Қаерга бормайин, кўзёшларим менга ватан бўлди,
Жаҳонни қатралардан айлади селоб шабнамлар.

Ўзингдан кетма дардингга бўлиб мағрур кўзим ёши,
Ки сутидек нурларин қилди бу тун моҳтоб шабнамлар.

Ажабмас кўз ёшим бўлса агар жононима манзур,
Не янглиғ, оҳ чарақлар, кўрса гар офтоб, шабнамлар.

Тизилди минглаган кўз гавҳари рухсори ойимга,
Қаторлашган каби гулбарг уза шаффоф шабнамлар.

Зулумот пардасин олгай, сиғиб ҳадди, улардан тонг,
Мени дилхастани қилгай батар бетоб шабнамлар.

Юзи гуллар висолида кўринмас бахт нишони ҳеч,
Шу боис лолалар бағридадир хуноб шабнамлар…

Заифлик тавқи бўйнимда, ки юксакликка дахлим йўқ,
Оёқ остинда минг юлдуз каби сероб шабнамлар.

****

Эй фазлу камолоти аёнлар ва ниҳонлар,
Маънини нафас маҳв этади, сўзни забонлар.

Тузмакчи эди шода қилиб гавҳари васлинг,
Шарт узди нафас торини ёнган у фиғонлар.

Хок бўлди, бироқ бўлмади ҳеч маҳрами дийдор,
Кўз кўзгусига тўлди шу боиски тўзонлар.

Ёҳу дея тўкмакчи эдим ўзни қадаҳга,
Лов ёнди нафас, қайнадилар қалбдаги қонлар.

Саждангни кўриб шиддат ила тўхтаган ўқман,
Отган эдилар ҳолбуки қудратли камонлар.

Ҳар мўй бўлибон тил сенинг васфингни ўқир шод,
Ҳар ҳарфинг ила хатту савод чиққан ҳамонлар.

Йўқлик чангининг тошқинимиз, оби бақомас,
Сув лойқасимиз бизни дегиш олгани онлар.

Майдон уза не тилни тилиб елди қалам, айт,
Минг йўртса-да, у ноқис эрур барча баёнлар.

Учқун каби осмонга учиб сўндиму ,билдим,
Кенгликка само зор, фурсатга-замонлар.

Ёнғин нафасинг. Бедил, уни сотса бўлурми,
Ҳайратда қотиб, тахта бўлиб қолди дўконлар.

****

Парпираб дилларни зир титратгучи мужгони бор,
Тим қаро зар толалардан кўзда ғуж-ғуж кони бор.

Чекмангиз ғам, чин саодат-ёр учун бўлдим ҳалок,
Шул сабабдан тупроғим ҳар заррасининг жони бор.

Ожизу парвозталабман, монеъ йўқ учмоғима,
Гар қанотим куйса, майли, ишқининг осмони бор.

Навбаҳор завқ-шавқларин йўқ тоти кўп вақтдан бери,
Диляроман , кулса туз сепгучи лаъл туздони бор.

Чархфалак шифти бало ёғдиргуси қай вақтгача,
Кўп ёвуз мезбон бу уй, ҳар лаҳза минг меҳмони бор.

Икки дунё аҳли ҳайрон қилса ноз, кўзгу олиб,
Авжланур ҳолбуки нози, токи бир ҳайрони бор.

Эй чаман, даҳшатлисан, ҳар ғунча бир қонлиғ юрак,
Гулларингнинг шул сабаб гулбарг тўкиб гирёни бор.

Кўп қийин киприк кўтармак кўргали рухсорини,
Кўз деган зимдан ҳалок қилгувчи жуфт посбони бор.

Гарчи Бедил ҳар юракдан ҳайдалиб мискин, гадо,
Муҳташамдир руҳи, чунки дил деган вайрони бор.

****

Кипригим дом сиз учун, ёш-дона, ваҳшатпешалар,
Мақсадим дилдошлар англар, қилсалар андишалар.

Чўпдек ожиз ҳар ғарибнинг кўксида оташ қафас,
Чекса бир оҳ, ул қолур ёнғинда минглаб бешалар.

Туҳфа этгай хонумон таркини ишқ озодлара,
Бир жаранг мерос қолур, гар бўлса чил-чил шишалар.

Бетамизларнинг мурод-мақсадлари бўлгайму ишқ,
Кўҳикан ургайму Ширин сувратига тешалар.

Қул бўлиб, Бедил, сукунатга , бугун ночормиз,
Шояд озод этсалар қилганда қул-қул шишалар.

****

Зор қанот қоқсамки, беҳудудлик аён бўлғусидир,
Бу билан исён эмас, ҳолим баён бўлғусидир.

Бир қадам ҳам беҳуда кетмас агар ҳуш изласак,
Йўқса тош, ғафлат босиб, биздан нишон бўлғусидир.

Бўл фақир сен хокисорлик бирла, охир бир куни,
Бир ҳовуч хокингга ел тахтиравон бўлғусидир.

Гар худосизларга қолса ушбу уммонлар куни,
Парчалангай барча елкан, кема қон бўлғусидир.

Ваҳму туҳмат, ғам балоси бирла ҳар кўк барҳаёт,
Болу парнинг кўлкаси тоғ деб гумон бўлғусидир.

Қанчалик ҳуркитмангиз, бахт қушлари мижжамдадир,
Минг қанот бир кипригим ичра ниҳон бўлгусидир.

Гар баён айлай десам ожизлигим, ожиз тилим,
Кўзларим фарёд чекар, бу не фиғон бўлғусидир.

Авжланиб ваҳшатли суҳбат, бўлди ҳар бир тил олов,
Аҳли карвон ёққан ўт ҳам карвон бўлғусидир.

Мангу бир роҳат шудир жаъм бўлса уммид-ихтиёр,
Тўпласа қуш парларин гар ошён бўлғусидир.

Ҳар недан кечмака, Бедил , арзигайдир ҳақ йўли,
Бир юкинг бўлса бу йўлда минг довон бўлғусидир.

****

Бу йўқликнинг сабаб-бурҳони йўқдир,
Замирин топмоқ ҳеч имкони йўқдир.

Очиқ ҳам берк-ажиб жумбоқ бу олам,
Сира ошкори йўқ, пинҳони йўқдир.

Харидор излама манманлигингга,
Касод бу мол, анинг дўкони йўқдир.

Яланғочсан, ўзингдан ханда от, тонг,
Либосингнинг этак-домони йўқдир.

Гумондан ўзга мактуб ўқимайсиз,
Ваҳоланки, анинг унвони йўқдир.

Ҳовуч тупроқ сочилгач бўлди бир чанг,
Ўзин жам қилмаганнинг шони йўқдир.

Нечун елга совурмай ақлу ҳушим,
Жунун дафъин бўлак осони йўқдир.

Гўзаллар кўнглида шафқат топилмас,
Фарангистон элин иймони йўқдир.

Бу дунё дўзаху жаннатга боис,
Йўқ одам ҳеч-сира эҳсони йўқдир.

Ҳама Хизр эрса ҳам алдоқчи дунё,
Бўлурми ҳеч киши –ёлғони йўқдир.

Тириклик-дард, шифо ахтарма, Бедил,
Ўлимдан бошқа ҳеч дармони йўқдир.

****

Ҳар тун оқшом ишқ лафзин дил чекиб озор тўкар,
Лол шам ҳайратда ҳар сўзни ёниб бедор тўкар.

Дил ваҳм ойинаси, гар қўлга олсанг, шул заҳот,
Борлиқ ҳақда лофу қоф тимсолни бемеъёр тўкар.

Нотавонман, қисматимни нақш этар қутлуғ қалам,
Нолалар тортиб муборак патларини зор тўкар.

Соя мисли айланурман ишқ қуёшидин жудо,
Бош-оёғимга қаролик нуқсини беор тўкар.

Сув каби ғойиб бўлурман миннат этмай хизматим,
Ҳуснини мақтаб чаман гул юзларин минг бор тўкар.

Чўғда ўчган доғман, шавқинг ҳароратлар берур,
Сачратиб шундан учуқлар юзга бу озор тўкар.

Умрим ўтдию бироқ ундан сира из қолмади,
Ойинам ҳам йўқлик аксин кунда кўп миқдор тўкар.

Бу саҳар вайронаман, кулфат ё шодлик не дема,
Соврилиб хоким шамолга, ерга бахт такрор тўкар.

Биз қанот қоққан билан тобора юксалган сайин,
Ерга осмон қонимизни тинмайин бисёр тўкар.

Бедил, ошиқмиз, агарчи тилларидан қонини,
Туҳмат айтиб гап сотиб, минг-минглаган маккор тўкар.

****

Мисоли ғунча, ғамгинман, ки менда тор ватан бордир,
Очилсам дашту саҳро қон бўлиб кетгай, чаман бордир.

Бу масканда тутаб исфанд каби ёндим сен ичгач май,
Сенинг ҳуснингни асраш бахтидан мангуга шаън бордир.

Ёниб дудга дўнарман, чок кўксимдан юракни кўр,
Булутлар тирқишидан офтобдек бир ҳашам бордир.

Сени ёнимда деб суҳбат қурарман ўз ўзим бирлан,
Муҳаббатда мени мажнун қилишдек илму фан бордир.

Нақш банд айладим, ишим топар барҳам қиёматда,
Бу кулгуларда баҳс шаксиз ики олам билан бордир.

Шаҳид бўлдим жасадга бас бу саҳро бир тўшак бўлса,
Не ғам, кўзда ғуборимдан вужудимга кафан бордир.

Дилим кўзгу, уни оғритма тийра айлаб, эй ғофил,
Ахир унда ўзи аввалдан ҳам доғ, ҳам тикан бордир.

Гар огоҳман ва гар ғофил, бўлурми ҳасратим зое,
Ғубор из солмағай, сийнамда минг доғи кўҳан бордир.

Ҳамиша оҳу ноламдан ки, Бедил, эҳтиёт бўлғил,
Олов пурковчи мендек дод солиб дунёда кам бордир.

***

Нигоҳлар жилваи ҳуснингга тушгач мисли зевардир,
Юзинг гулбарги тардир ёки шиша ичра жавҳардир.

Аламлар салласин мажнун бошингга кий деманг зинҳор,
Бўронлар ғунчани елга совурмоғи муқаррардир.

Қалам янглиғ қилиб нола, бўлибман нағмасоз , ё раб,
Хатим тордан садо янглиғ гўзалпарвоз ва мустардир.

Ғалаёнлар осойиш манбаидир аҳли машрабга,
Довулдан денгиза моҳият изҳори муяссардир.

Агар балқса сенинг бахтинг, макрлардан омондирсан,
Нечунки, чақнаса Зуҳро, тубанда барча ахтардир.

Чигал бўлса дилинг чекмай азоб ечмак ани мушкул,
Чувалган ипни ёзмоқ игнасиз кўп бир қийин дарддир.

Кўзинг ёши билан қисматни ўзгартмоқ, аё Бедил,
Қадаҳдан хатни май мавжи билан ювмоқ баробардир.

****

Бу гулзор ,бу чаман дилдор учундир,
Ҳар илдиз шамъига, бил, тор учундир.

Бу боғ ҳар барги бир пар, дилга боқсам,
Ки жонда руҳ деган шунқор учундир.

Суюнчидир юрак, сўнгги нафас ҳам,
Вафони айламак изҳор учундир.

Дилим ёқмоққа чақмоқ кўз қароси,
Тили гарчи асал, инкор учундир.

Юрак рашк оташига бир сипанддир,
Юзи тун бўлмоғим бедор учундир.

Чу янграр панжасиндан дод, билиб қўй,
Ғариб ҳар бир юрак хунхор учундир.

Хавотир бирла пойлаб йўлларингни,
Бўлибдир ғунчалар қон, ор учундир.

Сени келмай қолар, деб тебраниб гул,
Солар йўлингга дам…дийдор учундир.

Фалак шамшир янглиғ қайрилибдир,
Менинг қатлимга бир иқрор учундир.

Жаранглар қўнғироқ, Бедил, бу карвон,
Жудолик бўлмоғи такрор учундир.

****

Сенинг савдои шавқингдан эрур мазҳаб ва машраблар,
Тутар кўкни сени ёд айласак “Ё раб ва ё раб”лар.

Енгилюк карвон юргач, жиринглаб қўнғироқ аста,
Чекилгач наъра бир бор қалқди жунбушга келиб сафлар.

Ғубор ичра қолар киприклару кўзлар фидо бўлмас,
Қалам маҳв айлагай, бўлса сафоли қанча матлаблар.

Ки ваҳшат теграсида очилур бахтлар, бўлиб серфайз,
Ки тонг отгач қилур фош оқ табассумни қаро шаблар.

Ки зулф янглиғ гажак бахтдан омон бўлғил, агар йўқса,
Муқаррар ул заҳар санчгай чаён нешига ўхшаблар.

Тилим айтилмаган сўздан куюб қолмишдир оғзимда,
Нечунким, тингламоқ бирлан битиб қолган эди лаблар.

Бу олам бенишон, Бедил, умид боғлаб бўлурми ҳеч,
Сўраб кўргил, жавоб бергай не деб ночор матлаблар.

****

Фоний бўлсам-да бақо шул ердадир,
Бахту кулфат мутлақо шул ердадир.

Ўз дилимни тарк этиб кетгум қаён,
Бор умид, бор мудаао шул ердадир.

Ғам матоимдир, дўконим саждагоҳ,
Кетма саргардон, зиё шул ердадир.

Бўлма ғофил йўлларингнинг чангидан,
Кўзларимга тўтиё шул ердадир.

Ғунча дилни этма тарк, энг хушчирой,
Энг муаттар ошно шул ердадир.

Покдил, хуррам яша борлиқ аро,
Гарчи ҳусни бевафо шул ердадир.

Йўқ бунингдек фазлу нуқсон изла минг,
Минг саодат, минг бало шул ердадир.

Тонг ели тўзғитди хок…сен беҳуда,
Бўлмағил мағрур.Ҳаво шул ердадир.

Зорман, дийдорга элтар карвон,
Қўнғироғидан садо шул ердадир.

Кетди дўстлар, ўп оёғи изларин,
Асссалому алвидо шул ердадир.

Етгали васлингга Бедил дод этар,
Додига етгил нидо шул ердадир.

****

Жаҳон доғ..унда доғдан не хабардир,
Мисоли лола-доғдан бехабардир.

Чаманзорга мушаррафман-ёруғ дил,
Зулумот остида ёғду-саҳардир.

Қуёш кетса келар зулмат изидан,
Чироқдир бир аланга, дуд-асардир.

Куйиб бўлдим, кигиз куйдирма энди,
Азиз кафтларда кул-бизнинг жигардир.

Қоронғуда кўрингай доғдек анжир,
Фироқ аҳлига бол дунё-заҳардир.

Ки ўз доғи биландир лола лола,
Ки ҳақ тақлид қилинмас бир гуҳардир.

Умр ҳайрат ибодатгоҳи эрди,
Келиб нафс ёқди-кўп мудҳиш сафардир.

Яроға малҳам эрмас, чўғ босарман,
Жудодирман умиддан, не зарардир.

Бирор гулда вафонинг ҳиди йўқ деб,
Юракда доғ кун-кундан батардир.

Ечиб ол доғдан мотам либосин,
Қарар ёр, Бедил, ойна жилвагардир.

****

Бу ҳаёт нақди туман озордир,
Қанча кам қилсанг ҳисоб, бисёрдир.

Қайдан ҳам бўлгусиман хотиржам,
Ғунчанинг бошида юз дастордир.

Ҳар нафас туғса-да гар манманлик,
Бир нафас бирла бари бекордир.

Қабаролмас оёғинг бу йўлда,
Қонли киприк тикани тайёрдир.

Буюрибдур хокисорлар ташриф,
Шу сабабдин бу замин гулзордир.

Кўз очинг кўргали тансиқ дийдор,
Кўзни гар юмсангиз, оҳ , девордир.

Мангу бир ойнаи жавҳар хоким,
Тупроғим йўқлик аро ҳам бордир.

Норасо, дум-думалоқ дард дунё,
Бошда жим айланиб ўй, туммордир.

Ғунчанинг хандаси парвоз айлар,
То қаноат жундикима дастёрдир.

Қўнғироқ мисли етай манзилга,
Нолалар тортилибон, безордир.

Мурда ҳам маҳшарини қайғургай,
Ором олмоқ не қадар душвордир.

Зулф ила тун не қоронғу, Бедил,
Сўра-тақдирдан, у санъаткордир.

****

Гар хасиснинг хонасинда кимки бир нон синдирар,
Токи маҳшар миннати ҳар тишни чандон синдирар.

Синдирар ҳар машъуқа ошиқ дилин ўйнаб-кулиб,
Шишаларни майпарастлар мисли хандон синдирар.

Юргали йўқдир оёқ манзилга, судралмакка қўл,
Барча бу мушкулларим рангимни осон синдирар.

Кўзни ёшга изтироб сероб этибдур, найлайин,
Кўзларим тошқин босиб, ҳар дамда мижгон синдирар.

Бир ковакдир бу фалак, чун, ваҳмадан гизлангали,
Сиртда ундан этгали хок, танни, оҳ, жон синдирар.

Севганимга талпинар бўлсам агар сингай оёқ,
Гар очилмас ғунчани шарм айлабон қон, синдирар.

Қондирар кўз милтираб, киприкларимнинг даврасин,
Соғарин айлантириб не аҳли қурбон синдирар.

Дабдаба беҳудаларча қилмасин деб тантана,
Хокисорлик ўз кулоҳин зору гирён синдирар.

Гул юзинг шавқида Бедил оҳ чекиб булбул каби,
Минг тиканни чаҳ-чаҳи ҳар дамда нолон синдирар.

****

Замин дардини олган ҳув самоларда Сурайёдир,
Сенинг пойингда шавқимдан фиғон ҳар дам муҳайёдир.

Қатор киприкларим кўзим ёшин йўлин тўсолмайди,
Балиқларнинг қаноти беркитолмас катта дарёдир.

Мисоли шишадек қул-қул қилибдурман, бу айшданмас,
Дилимдан қон тўкилгандан бу ҳам, оҳ, бир томошадир.

Дилимда доғлар дард карвонининг оёқ ўрни,
Шу боисдан бу доғлар бир-биридан, балки аълодир.

Дилим ишқ ҳайратидан жўшди деб фатҳ этма, бу ёлғон,
Бунга боис ўзим ҳозир бўшатган катта мийнодир.

Унинг юксаклигин сўрма дилим ичра тубанликдан,
Уятдан ерга кирмишман, уқубат кўнглима жодир.

Юсуфга ким харидор бўлса, йўқдир ҳуш матоси ҳеч,
Қаро кўзлар арога тушганидан телба савдодир.

Ки золимлар мақоми оқибат бир кун заифликдир,
Бамисли қайда гулхан ёнса, кул сўнгида барподир.

Сен ўтмиш бағридан ёғду каби келдинг чарақлаблар,
Бу кун дарз кетса, эрта-индининг тирқишда пайдодир.

Бу андуҳлар билан Бедил хабарсиз қолди ваҳдатдан,
Ўзи бирлан ўзи оввора бўлғай, кимки танҳодир.

****

Дилдаги ғофил нафаслар анча ғавғо қилдилар,
Ойина қошига йўл очмоқни ижро қилдилар.

Меҳру ишқ арзонлигин билгач бари огоҳлар,
Бу жаҳон бозоридан бир четда савдо қилдилар.

Бу жаҳондан қўл ювиш, аслида юксак мартаба,
Шу сабаб ўз хонасин ақл аҳли саҳро қилдилар.

Ишқ-омонлик истаганлар мисли сув тошқин маҳал,
Эшкаки йўқ бир қайиқда сайри дарё қилдилар.

Бениёздир коргоҳ, ул бўлмағай асбобга зор,
Шишасозлар чун нафас бирланки мийно қилдилар.

Бу маконда кўрдилар ҳеч кимни ҳеч ким истамас,
Бир қуёшни бир қуёш мулкида пайдо қилдилар.

Қилмади ғолиб умидни изтироб-дард лашкари,
Бор аламлар эгди бош, то нола барпо қилдилар.

Сен китоби эҳтиёжни ўқи кўп ўйлаб теран,
Матлабингнинг мевасин кўп сакта иншо қилдилар.

Кечаю эртанг, бугун ҳам олам аҳли бир-бирин,
Айласинлар деб адо, валлоҳ, муҳайё қилдилар.

Зарнигор бу кўшкка тўлди бетамизлар миннати,
Ўйламишлар ҳақни гўё кўнглига жо қилдилар.

Ақлу ҳис туғёни бирла ҳеч киши билмас буни,
Ёр, сени кўксига доғ қўймоқда якто қилдилар,

Сен либосингдан халос бўлгач ки, ўз аҳволига,
Тонг яқо, осмон этак йиртиб, вовайло қилдилар.

Бедил, о, ақлингни йиғ, ортиқчадир ваҳму гумон,
Ҳар не кўрдинг, зор мендек тилни бурро қилдилар.

****

Қай дил сени деб зору паришон бўлажакдир,
Обод эса ҳам, охири вайрон бўлажакдир.

Гар қайси юрак ишқинг аро тушди оловга,
Ойина каби чеҳрангга ҳайрон бўлажакдир.

Хокимни сочиб тўккали бахт бу фалак энди,
Соянгда сенинг мангуга сарсон бўлажакдир.

Сен кетдингу найлаб тўкадир соя бу қомат,
Ўгрилгувчи то хуршиди тобон бўлажакдир.

Икки жаҳон бир-бирига қолмади ҳайрон,
Икки кўзинг ўзинга ҳайрон бўлажакдир.

Туғёнда юрак таслим этар жон, не ажаб бу,
Қурбон бўлажакдир санго, қурбон бўлажакдир.

Тўлаб юрагим титрагану парпираганда,
Ларза солур руҳима мужгон бўлажакдур.

Ишқ ҳақда ки тебрат қаламинг, Бедил, ҳамиша,
Ўзга не хат ойнаи девон бўлажакдир.

****

Шарҳ этиб мавж борлиғин дарёда туғён ҳар нафас,
Жам руҳим фош, гўиё қўйнимда райҳон ҳар нафас.

Чиқса ҳар қандай довон йўлингда шарт ўтмак ошиб,
Айласин эртангни бу кун, майли, пайхон ҳар нафас.

Матлабингга етмаганлик дардидан сен тўкма ёш,
Тўксанг ҳам ҳаттоки тер, хижлатда, у қон ҳар нафас.

Ушбу борлиқ бир китоб, сен айла банд шерозасин,
Тонгга боқ, йўқликни жам айлайди ҳар он, ҳар нафас.

Дард эрур ишқ, оташинда бир бўлак иксир бор,
Сен бу ўтда, борлиғим, бошдан оёқ ён ҳар нафас.

Сенга қурбон хоклар гар чексам оҳ, тўзғиб кетар,
Бир оёқ боссам фиғон тортгувси минг жон ҳар нафас.

Ўз-ўзингдан қилмайин ваҳм, журъат эт, ўтгил кечиб,
Сен ўзингга сен ўзингсан мисли уммон ҳар нафас.

Гулларидан парларимга нусха гар олмас эсам,
Устидан учмоққа қўймас ушбу бўстон ҳар нафас.

Беватан мажнун эрурман, бўлмишам саҳро аро,
Оҳуларнинг кўзи ичра зору сарсон ҳар нафас.

Бор назокат, бор сеҳр биллур қадаҳ ичра ниҳон,
Қўй халал берма томошаларга, мужгон, ҳар нафас.

Дўндирар ўз кулфатин толега, Бедил, аҳли дард,
Сурма қилгум сенга дил доғимни, жонон, ҳар нафас.

****

Чекиб хат, ҳужжатингга қилмадинг сен матлабим жо ҳеч,
Ўзинг чекмасмусен бундан азоб, эй кўзи шаҳло, ҳеч?

Сени деб хўрсиниқлардан дили доғ бўлди гулшанинг,
Кўзим қондир йўлингда, айт, қилурмисан томоша ҳеч.

Оқарса ҳам суяк, дилдор, ҳамон қалбимдаги йўлда,
Тикандир кипригинг, жой йўқ оёқ қўймоққа асло, ҳеч.

Ки ҳолим чанг каби парвоздан ожиз, чўкмишам аста,
Агар йўқса бўлурми бахт менинг умримда пайдо ҳеч.

Дилим ваҳшат ҳарфидир, кўзимни айламас гирён,
Осонлик бирла гавҳарларни жамғаргайму дарё ҳеч.

Баландлик ёки пастлик ,айт, йўлин тўсгайму ожизнинг,
Мададкор бўлса қоптолинда гар тоғ бирла саҳро ҳеч.

Илоҳим, бахт эрур мастлик, бошимга қил паноҳ ундан,
Шаробсиз саждага зинҳор бошин этгайми мийно ҳеч.

Хуруж этганда шавқ, Бедил, одоб-икром унут бўлди,
Тағофил макридин маст дилни қутқаргайму иймо ҳеч.

****

Топар фақр ила иззу эътибор киши,
Қаро бахт бир маҳакдир, маъданвор киши.

Лаҳза виқор Искандар девори билан тенг,
Ўзи тоғу ўзи чўққи, гар бўлса ор, киши.

Дунё мардга мафтун бўлиб қарашмалар қилар,
Аёл бева қолмас, гар топса ғамгузор киши.

Ҳиммат била юксал борлиқ арши тараф,
Ишга беғайрат қўл урса, бўлур албатта хор киши.

Чақин чақнатмагил қадамингдан бу жаҳон ичра,
Чаманзордан оҳиста ўтар, қўлида чўғи бор киши.

Шохларин ўқталса ҳўкиз, шернинг ғазаби ортар,
Андишасиз ёв қошида бўлур яна ҳам қаҳҳор киши.

Кўксинг ойинадек соф бўлса, муддао рўёб бўлғай,
Дил гавҳарни кўрсатолмас кўксида ғубор киши.

Сувдек тиниқ бунда тиғлар қонга шўнғиган маҳал,
Ойинасин ювгайми ҳеч ойинаси беғубор киши.

Ихтиёрсизларга ,Бедил, замона душмандир,
Бериб қўймаса деб қўрқаман қўлидан ихтиёр киши.

****

Улуғвор дил сира шонсиз бўлурми,
Биёбон ҳам биёбонсиз бўлурми.

Кўзимга қатра ёш қалқди, гуҳардир,
Бу дарё дурри ғалтонсиз бўлурми.

Фақирлар фахр этар қашшоқлигидан,
Отар тонг нурли осмонсиз бўлурми.

Қани, ҳоҳи қадаҳ, ҳоҳ кўза синдир,
Бу мастлик ҳеч пушаймонсиз бўлурми.

Юракка нур сочар эрк моҳитоби,
Зулумот моҳитобонсиз бўлурми.

Шифо уммиди йўқ ишқ дардидан ҳеч,
Агарчи дард дармонсиз бўлурми.

Фироқ ичра ишим оҳ бирла фарёд,
Ки қиш фасли зимистонсиз бўлурми.

Юракдан хун тўкар Бедил қилиб ёш,
Бу — қурбон байрами, қонсиз бўлурми.

****

Ҳар кун оқшом оҳ чекарсан, хушчирой булбулгинам,
Маст қилур шабнамми гул ё кўкда ой, булбулгинам.

Аҳли маъшуқ аҳли муштоқни, бас-э, қилгай асир,
Гул ҳидидан ўзга занжиринг йўқ, ҳой булбулгинам.

Ёр оёғин нақшидан бошим бўлибдур баҳраманд,
Сенга соя солса гул мисли ҳумой, булбулгинам.

Қўнғироқ ҳолига қўймас, лаҳза тинмай янграгай,
Ҳусн карвонини тиндирмас худой, булбулгинам.

Бахту кулфат шундаки, гулшандамиз, лекин қанот,
Синганидан дилда нола, дардга бой булбулгинам.

Мавжланиб ранглар жило бермиш саҳар гул баргига,
Бу дуоинг давлатидан, ҳойнаҳой, булбулгинам.

Ишқда ор бўлсин, қара, дийдор ризосин олмагач,
Гул қошида машғулотинг вой-вой, булбулгинам.

Донг таратган меҳрга муҳтож эмаслик бирла кўрк,
Ким сени кўргай раво гулга, гадой булбулгинам.

Бедилинг гул ўртигин ғафлатда кўп қилди талош,
Унга бер иссиқ қанот остинда жой, булбулгинам.

****

Дилини тил била ёнганча баён қилди бу шаъм,
Ўт эмас, сирли хаёлларни аён қилди бу шаъм.

Тил тиғин ўтмас этар охири бир кун қалқон,
Қуршаса зулмат, ўзин хатти омон қилди бу шаъм.

Ёритар ушбу дўконни қилибон парвоз ул,
Минг мато жилвасидан дилники қон қилди бу шаъм.

Толе мулкига йўл олмоқчи эди жим турибон,
Тил тикан санчди оёғига, фиғон қилди бу шаъм.
Изтироб, талвасада жизғанагу доғдир ул,
Ўзи парвона бўлиб, ўзни қирон қилди бу шаъм.

Марварид фахр этади кўксини ип ўтса тешиб,
Не ажаб, бағрида ёнғинни ниҳон қилди бу шаъм.

Бу базм қизмоғига ёндию дил бўлди кафил,
Гулласин ўзга дебон ўзни хазон қилди бу шаъм.

Не тиниқ тортмади бу базм аро ойина деманг,
Ёнган элдек дудига они нишон қилди бу шаъм.

Уйғотиб уйқучиларни у куйиб кўрсатди,
Ашкимизни кўзимиздан ки равон қилди бу шаъм.

Ювмагай уйқу ҳавас гардини ошиқ кўзидин,
Куйиб ўзни шу сабаб сурмасимон қилди бу шаъм.

Кетса ким ўз-ўзидан ўзгача бир ташлар одим,
Қара, Бедил ўзими сарви равон қилди равон бу шаъм.

****

Тонг маст тунни уйғотди, очилди ниқоб кам-кам,
Фитна қўлига тегди, оҳ энди шароб кам-кам.

Оққан бу ариқ эрмас, ёр қоматини кўргач,
Сарв тор тўкиб турибди қилганча ҳижоб кам-кам.

Очилгайму ғунча лаб сўз айтгали ниқобдан,
Оч парда. Бир кулиб қўй, қўй, қилма итоб кам-кам.

Қора бўёқ устига қуёш нозпанжа урмиш,
Холу хатту қошлари бўлмишлар камёб кам-кам.

Сочин тўшаб ёр ухлар, бечора бу кўнгилни,
Сояда ётган қуёш қилмоқда хароб кам-кам.

Учи жилмаймоқ истар сочинг ҳар толасининг,
Оғзингнинг нуқтасига бўлмиш бу жавоб кам-кам.

Нокаслар гугурт чаққач пок бўлди бизнинг дафтар,
Сероб бўлурми асло, минг қилсанг ҳисоб кам-кам.

Умр бир уҳ чекишдур, ул ҳам учди шамолга,
Емак-ичмак, нафс ишин қилгач ки пуроб кам-кам.

Ваҳм номиндан қувондик йўқлик зиёфатинда,
Бизларга насиб бўлди бир қанча ҳубоб кам-кам.

Ўтди умр чекиб оҳ, гоҳи ёниб куюб гоҳ,
Гоҳ дудда, гоҳ оловда тортганча азоб кам-кам.

Бир лоламан бу боғда, ҳидбилмаслар қошидан,
Оҳ, бир қадам қочолмай, бўлдим ки кабоб кам-кам.

Файз лофини урармиз даъво этиб камолот,
Лекин очилмайдир ул пурмаъни китоб кам-кам.

Соч-соқолинг оқартди минг дард, шайлан фанога,
Юзингдаги қарони ювмоқда азоб кам-кам.

Бу базм аро яримдир кўнглинг ,начора, Бедил,
Ярим ой қадаҳиндан чарх ичмиш шароб кам-кам.

****

Шошмангиз кўз ёшларим, киприклар пайхон бўлмасин,
Ул яланғочлар қолиб сел остида, қон бўлмасин.

Ўз баҳоринг жилваси топгай таажжубдан завол,
Эй гулим, кўзгуда ҳеч нақшинг намоён бўлмасин.

Бу жаҳондир минг тугун, ечгай барин тоқат қўли,
Тортма тишлаб , милкларинг беҳуда вайрон бўлмасин.

Бегуноҳ ишқ аҳли қони лахтасиндан бу хино,
Икки қўллаб эт кукун, кўнглинг пушаймон бўлмасин.

Эй фалак, кемангни торт сен бу жаҳон саҳросидан,
То етимлар кўз ёши бирла у тўфон бўлмасин.

Даҳр бир ғамгин қафас, ваҳшатни қўлдан бермангиз,
Кўзларим, бир киприк ҳам дунёга қурбон бўлмасин.

Ақлу андишанг сенинг йўқликни айлайдир мурод,
Токи бош елкангдадир, ўйингда армон бўлмасин.

Ўз жамолингдан оқар сув мисли қоч, Бедил, мудом,
Кетмас эл ойинадан, қўй , ақлинг ҳайрон бўлмасин.

****

Аҳли ишқ талвасада айтишадир роз нечун,
Қўнғироқ обиладир, бермиш ул овоз нечун.

Тош пўчоғин уни деб терс ёрадир гарчи мағиз,
Очмади икки кўзимни унга ихлос нечун.

Қўлида ойина қалбим синатурган бўлса,
Ноз илан унга боқиб айлади пардоз нечун.

Сел келиб, ҳайрат ила сув уза бақрайди пуфак,
Ақлидан озмади деб бизни у бехос нечун.

Бу юрак эзғиланиб, чиқмаса дард авжига,
Ҳар нафасни оламиз, хавф била, ҳаллос нечун.

Ки икав бўлмаса жўр-ҳайқириғу хиргойи,
Толе бир ўртача айлайди наво соз учун.

Ҳусну нуқсонга қиё боқдими ё ишқсизлар,
Ойина ғамза билан очди оғиз, рост, нечун.

Қуламоқ қўрқуви бор бахтинг агар бўлса баланд,
Бир ҳовуч хоксан, ахир, кўк сари парвоз нечун.

Бедил, ишқ ойинаси бормиди ҳеч кўксингда,
Бу ниёз бўлса агар, қилмадинг, айт, ноз нечун.

****

То туғилдим, ҳар қулоғимга мудом афсун керак,
Дил тин олганча чўкиб ётмоқни истар, хун керак.

Ишқ балоси ҳусн бахтига ҳамиша зордир,
Лайлининг ноз базмига албатта бир Мажнун керак.

Эҳтиёж бор этди йўқликдан жаҳонни, дўстлар,
Қилгали жо дилга ҳиммат, янграган қонун керак.

Кетмагай дуд ҳеч ёлингдан, кулга гулхан дўнмайин,
Гўё ювмоққа уст-бошим кирин собун керак.

Ваҳмга таслим ақл бор-йўқни фарқлаб билмагай,
Нокераклар кеча ўртаб, бўлдилар бул кун керак.

Тўкмасинларми юлиб маржонларин киприкларим,
Оҳ, ёшурмоққа наҳот шундай гўзал мазмун керак.

Тонг бу-борлиқнинг жаҳонда бир дамидир бедахл,
Бир нафас дийдор учун борлиққа бул гардун керак.

Эҳтиёж иншо этиб жаъм қилди тарқоқ сўзимиз,
Ҳарфи номавзунимиз, чун, бўлмоғи мавзуи керак.

Бенафаслик бирла Бедил боғланур қабр аҳлидек,
Чун, ўлим занжирдур, занжир учун мажнун керак.

****

Қайда бўлсин, ойинам бўлғай менинг зинҳор яшил,
Бўлса жам гар барча тўти, бўлмас ул миқдор яшил.

Ям-яшил тол соясинда маст бўлиб, ишрат қилиб,
Бу чаман бўйнига солмиш риштаи зуннор яшил.

Бил, қаноат барглари бир сўз демай бийрон эрур,
Писта мағзи жим қилур маъноларин изҳор яшил.

Не бало бу зулму золимлик, не дард-борган сайин,
Гоҳ тикан, гоҳ гул-чечак бергай, кулиб озор яшил.

Бор либосим қон бўлибдур нолалар тортган маҳал,
Тўтиларда нега билмам бору пар, минқор яшил.

Чашманинг бўйинда сумбул бўлганидек маст-аласт,
Теккизиб лаб жомга, кайф қилмоқ тилар хуммор яшил.

Қоматининг соясиндан хушхабар берса булут,
Сарву булбул ҳолимиздан айлади ахбор яшил.

Ишқ даштин равшан этди ногаҳон чақнаб чақин,
Ялт этиб акс этди бир поёни йўқ рухсор яшил.

Навбаҳор ёмғирлари гул новдасин куйлатди шўх,
Бўлди моҳир чалғучининг қўлларинда тор яшил.

Ўз-ўзингдан не бало кўрсанг, кўникмай чора йўқ,
Ҳам тикан, ҳам барг билан бўлмиш чаман, гулзор яшил.

Лабни қимтиб, тилни тий, сўнгра чекил узлат сари,
Сингигач тупроққа сув, боғни қилур бисёр яшил.

Юксалур, Бедил, ҳунар бирлан киши обрўси, бил,
Кўкка бўй чўзган минордек дам-бадам зангор , яшил.

****

Табассум бирла ҳар сўзни у гулюз жилвагар тўккай,
Ки, гул барги учидин дурни тим-тим ул магар тўккай.

Қадам ранжида қилсанг гулшан ичра, ой, пойингда
Чаман ҳар гул ва наргис бирла минг-минг сийму зар тўккай.

Яқосин чок этиб зорлар тўкиб бир қатра кўз ёшин,
Агар ҳолини арз этса, ки минг тўфон саҳар тўккай.

Чу остонинда тупроқман, чекарман дод хасислардан,
Қилиб устимда дод, кўзёш бўлак ерда,, магар, тўккай.

Юракни парда ичра ҳасратинг бирла эритгайман,
Сени излаб, ўзин кўз ёш қилиб ул дарбадар тўккай.

Агар қашшоқ менинг сиртим, дилим ганжлар билан тўлган,
Кўзимни бир очиб юмсам, у минг-минглаб гуҳар тўккай.

Сенинг ҳимматларингдан ғофилу бебаҳра қолмишман-
Ки, анқо юксак ин қурган билан, ноёб пар тўккай.

Жаҳон бир телба мезбондир, қадам ранжида қилсанг гар,
Гаҳи куйгай қора шом устинга, гоҳи саҳар тўккай.

Кулоҳ айлаб кийиб олган фалакнинг чанглари бўлғай,
Агар Бедил бошига ердан олиб чангу гард тўккай.

****

Кўнгилларга сенинг ғунча лабинг бир тўлғаниш солғай,
Қилиб мунчоқ кўнгилларни, сочинг бир-бир тизиб олғай.

Умид этгай хиромингдан менинг шавқ қушларим парвоз,
Ки сарв шакл кўзага қумри қадаҳ зор кўз тикиб қолғай.

Хаёл! Фонусдаги шамдек нигоҳ сол илтифот бирлан,
Ёнаркан, аҳли ишқдан теграсига ёғду тарқалгай.

Бирон жойга макон излабки сарсон бўлмагайман ҳеч,
Ахийр шамдек товоним бир куни бошимга чирмолғай.

Ки саҳро четида вайрона ичра мен-ҳовуч тупроқ,
Ўзинг гар этмасанг обод, вужуд бир дамда тўзғолгай.

Агар кўрмак эсанг жилва, мана кўзгу –ўзим, кўргил,
Қиёфам бирла ўтмиш, келгувси тасвири қўзғолғай.

Чекиб бўлмас адам лавҳига йўқликдан бўлак суврат,
Ки ўтган кун бугун эрта оёқ остинда топтолғай.

Хазон бўлмай туриб гуллар тўкилмаслар оёғингга,
Келиб жунбушга дарёдек, қилиб рақс, балки чайқалғай.

Ҳаёт бир лаҳзалик кўзгу, яшаб турган-сенинг аксинг,
Ўзингни четга ол ундан, ҳаёт шул дамда пайқалғай.

Ки юз хум бўйнига сот саждада тўзган пешонангни,
Нечунким, ҳар нечук нур манбаи чақнаб ахийр толғай.

Нишоннинг йўқ сенинг номдан бўлак, ёдингда тут, Бедил,
Жаҳон анқо дегай, асли недур ул, айт, ким айтолғай.

****

Торттию ранг, айлади рангларни гулрухсор қизил,
Гўё кўрсатди ғунча пардаи зангор, қизил.

Сен сира алданмагил наргис кўзин хумморидан,
Бир бало топгусидир бўлса кўзи хуммор қизил.

Бу баҳор кўп нозли келди, менчи, ҳасратхонада,
Гулларин расми тушиб, бўлсин эшик, девор қизил.

Аҳли дил қотиллик арбобига ҳеч қилмас ҳавас,
Барҳаман гар қилсада қонга бўяб зуннор қизил.

Қатнасанг золимга арз айтиб, иши рад айламак,
Ўчмагунча то гиламдан топталиб бисёр қизил.

Шавқ ўтидан мен жигар қонимни тўкмак истадим,
Топмадим лекин сира кўзимда ёш зинҳор қизил.

Заъфарондир бу вужудим хасталикдан қон кечиб,
Қилмасанг бўлмас уриб тийғингни бир миқдор қизил.

Гар қалам зар нақш ила сатримни иншо айласа,
Шуъларанг руҳим кўчиргач, бўлгуси туммор қизил.

Ошиқ аҳлин дард, азоби , қисмати қондир мудом,
Гул эса киймиш бошига шунчаки дастор қизил.

Қонли фарёд тингламас истар чаманда лолалар,
Чундигин тўти ва булбул айламиш тайёр қизил.

Навбаҳор, Бедил, унутма, бахт сира ранг танламас,
Бўлди кулфат аҳлининг кўз ёшидан гулзор қизил.

****

Сувга ғарқ ёқут каби кўксимда дил қон бўлди кўп,
Нам бу фонус ичра шамдек танда пинҳон бўлди кўп.

Бахт юрак ичра, юрак кўксимдаги зиндон аро,
Ёшурун дурга бориб етмак не имкон бўлди кўп.

Йўлга бошлаб эҳтиёж, ишқим либосин босди чанг,
Тер бўлиб обрў тўкилди, ишим афғон бўлди кўп.

Ўтдиму ўздан, қизитдим аҳли машраб даврасин,
Мисли бўм-бўш бир қадаҳга май тўлиб , қон бўлди кўп.

Ҳусну файзи қочганидан бехабар бу гўшани,
Ойинамга солдиму дардига дармон бўлди кўп.

Тош таним, пардек руҳимдан ногаҳон чақнаб чақин,
Тортти енгил ўзгалар, мушкуллар осон бўлди кўп.

Ойинам тортти хира, дуд ичра йўқ бўлди чироқ,
Оҳ, ўзимга ўзни кўрмак бахти армон бўлди кўп.

Нозик ипдандир умид, чирт узди бу ёлғон дунё уни,
Нақд бу ҳолим қилди нася, рости ёлғон бўлди кўп.

Бенишонликдан нишон излаб нишоним қолмади,
Йўқ бир анқо йўқ бўлиб, Бедил пушаймон бўлди кўп.

****

Айладим додлар, бу додлардан сира огоҳ йўқ,
Қайси неъмат дилга мақсуд бўлди, ул ҳам, оҳ , йўқ.

Имтиҳондан ўтди юз қатла замину осмон,
Матлаби йўқ ердек ҳеч ер дилни қилмас чоғ, йўқ.

Ғилдирар ноз бирла гавҳар донаси янглиғ жаҳон,
Олмаса остонамизда тин, бўлак бир чоҳ йўқ.

Ҳар нега боқсанг йироқдан, ул қаролиғ касб этар,
Ой юзига меҳр ила термул яқиндан, доғ йўқ.

Ҳар бир ишда хосият йўқ изза бўлмоқдан бўлак,
Кам бўл огоҳликдан огоҳ, бўлма ё огоҳ, йўқ.

Ҳар амалда айла мустаҳкам ўзинг-чун ҳақ ишин,
Қайда бўлма, бил ўзингдан ўзга ҳеч ҳамроҳ йўқ.

Босди йўқлик ғафлати, тўсди бақомизни фано,
Ойина соф бўлса, қисматда қусур, валлоҳ йўқ.

Бир ажаб кўз боғланишдан телбамен майдон аро,
Бурқситар чанг юз туман лашкар, боқурман, шоҳ йўқ.

Дилдаги ҳасратларим йўқликда ҳам қоққай қанот,
Йўлларим шундайки, минг юрсам-да манзилгоҳ йўқ.

Чун, қиёматга умиддан йўл олиш манзилдурур,
Икки йўлдан бир йўла юрмак, нечунким, оҳ, йўқ.

Бил, фақирликка меҳр шуҳратга нафратдан унар,
Хор учун хор қилгучи янглиғ ёвуз, суллоҳ йўқ.

Дилга нур иста, ғубор севгучилардан бўлмағил,
Ойина бор жойда бўлса яхшидир гар оҳ йўқ.

Ҳар бўлакда ул бўлакнинг яхлитиндан руҳ бор,
Кимки ёв мийнога, тошдан бўлгиси огоҳ йўқ.

Бўлгунгиз ваҳдат сари ғайратни карвонига дўст,
Биз билан ким кетса, унга ўзга бир ҳамроҳ йўқ.

Айтгали афсона, Бедил, шаъм каби тил ёғлама,
Етгали ўз бошинга бундан бўлак бир ёғ йўқ.

***

Тингламас додим бу дам ушбу дўкони дастигоҳ,
Дол бўлурман тонг ўзим , чун, сўнгра ҳам бўлғай кулоҳ.

Бу макон кўп довдираб ҳайратда кўз тилсим билан,
Мижжалар бу саҳфани хатлар битиб, қилмиш сиёҳ.

Ўзгаларнинг сийнасин соф этгай олган дамлари,
Бу юракдир бир пуфак, кўксимда ҳар дам эсгай оҳ.

Бетамошо бўлмагайдир но-ниёзнинг хонаси,
Ишқ бунда оҳ-оҳ айлайдир, унда воҳ-воҳ.

Кўксимиз-ғафлат уйи, ёритгучи дил қайдадир,
Ойна-ку лойдан. Жаҳонни айлагайдир хона гоҳ.

Зоримиз тингларга ёр йўқ, биз ғариб, дийдорталаб,
Ҳасрат этмай аввало, кўзёш тўкиб бўлгайми, оҳ.

Бор-йўғинг куйдирмайин огоҳлик топмайсан ҳеч,
Куйдириб шаъм сурма қилгай ўзни, мақсад-бир нигоҳ.

Бесамар ишдир фалак остинда, Бедил, ҳув чекиш,
Ёш бола муршид бўлмоққа қулай бу хонақоҳ.

***

Парвоз ғурури-ла баланд эди бош,
Қон бўлдим, кўраркан шаъм тўкканин ёш.

Ҳикматлар соҳиби ваҳший билан тенг,
Оҳу кўзи йўлбарс доғига рангдош.

Кўздан кўнглигга ғарқ бўлди ғамларинг,
Сув сатҳида чўкмай туролмайди тош.

Ўйга чўмдим, наҳанг оғзига кирдим,
Ғурур денгизида дарға бўл, бўл бош.

Сал кўз қисиб, етдим мурод-мақсадга,
Бу йўлда мен ҳатто қоққаним йўқ қош.

Бало ёғдиргали чарх урар олам,
Сопқон айлангандек отмоқ учун тош.

Тузоқ бу дунёдан фақат руҳ озод,
Кўксим ичра дилдан туйғулар ҳам фош.

Шояд ғам чекишни тарк қилса инсон,
Ғамхона жаҳонда иқбол кулса,кош.

Мазмункуш сувратдан озод бўлмаса,
Фаранг тузоғига тиққай жаҳон лош.

Хаёлда ҳаё йўқ, бизда милтиқдек
Бир жойдан чиқмаган оёқ билан бош.

Қабариқ бу фалак маънисини сўрма,
Пуфак пақ ёрилар сал тегсанг сирдош.

Азиз номни битма узук қошига,
Бедил , тошга тегса ёрилгайдир бош.

***

Ишқ аҳли агар тасбиҳу зуннор ёзурлар,
Ҳар дилни дебон дона, гирифтор ёзурлар.

Ҳақ фаҳмини такрор қилиш шарт эмас асло,
Пуркаб-ки олов саҳфага, якбор ёзурлар.

Киприклар ила таҳрир этиб, бизга пинакда,
Мактубларини оҳ, неча дилдор ёзурлар.

Чок-чок бу юрак шарҳини кескир у қаламлар,
Бил, зор ёзурлар, ки, не миқдор ёзурлар.

Билмам шошилиб дўстга не элтгуси чопарлар,
Кўзгумиди мактуб, нега дийдор ёзурлар.

Минг мўъжизадан дафтар очар умри абадлар,
Ёр, сарви қадингдан ки рафтор ёзурлар.

Зулфингдан умид мактубидир қон бу юракка,
Хатларни тугун бирлаки, гулнор ёзурлар.

Чун, ажзга паноҳ қанча заиф қомати бирла,
Хок узра неча ҳарфни алифвор ёзурлар.

Пештоқи парихонага манглайбитигимни,
Сир деб кўчириб, бунча улуғвор ёзурлар.

Фарёди тиниб аҳли қафас учса фалакка,
Минкорлар ила шарҳи дилин зор ёзурлар.

Авф этгучи покиза қаламлар қилибон шарм,
Не қилсам агар, они нигунсор ёзурлар.

Дардимни баён айлагучи, айт, бу не ҳужжат,
Қабримга менинг, дили бемор , ёзурлар.

Тош остида миннат чека ётгум то қиёмат,
Устимга агар сояи девор ёзурлар.

Тун мисли пешонанг қаро, Бедил, ки бу сирни,
Бил, кун каби равшан дея, ошкор ёзурлар.

****

Чин камолот ихтиёр қилмоқчиман,
Яъни йўқлик ошкор қилмоқчиман.

Кўп чигал борлиқ ўриш-арқоқлари,
Мен нафас-ла тор-тор қилмоқчиман.

Ҳам олиб қанча сифр йўқликдан, оҳ,
Бир ўзимни минг-хазор қилмоқчиман.

Ҳеч киши бермас жавоб, сўрсам савол,
Тоғ аро фарёди зор қилмоқчиман.

Дард доғидан баҳор бўлғайму деб,
Лолазорга эътибор қилмоқчиман.

Ўтса ўтсин, майлига, гул фасли , ёр,
Бир қадаҳдан минг баҳор қилмоқчиман.

Топмагунча дилда муштоқлик камол,
Мен висолни интизор қилмоқчиман.

Фарқи йўқ, дўзахми-жаннат манзилим,
Ёд Сизни , гулъузор, қилмоқчиман.

Бир гуноҳим авф этишга арзимас,
Арзитай деб, қайта бор қилмоқчиман.

Ўтди юз қат осмондан орзу,
Унга ўзин мен дучор қилмоқчиман.

Бўлмаса ибрат далили даврамиз,
Шаъм ёқиб, сайри мозор қилмоқчиман.

Ўз таним тупроғини йўқликка хат,
Битгали мен бир ғубор қилмоқчиман.

Васл йўқ, чун, икки оламдан кечиб,
Энди узлатни қарор қилмоқчиман.

Осмон бир юзтуман бечорадир,
Мен не чора, мен не кор қилмоқчиман.

Етди вақт, Бедил, ўзимдан мен қочиб,
Суҳбатимдан энди ор қилмоқчиман.

****

Демам, юксак бино бунёд қилурман,
Дилим ибратнома бунёд қилурман.

Бўлиб бир лаҳза ишқ макрига дучор,
Ўзим-чун минг бало бунёд қилурман.

Кўриб кўзлар бошимга тушганини,
Ўзимни худнамо бунёд қилурман.

Чекиб шаклин ҳадик бирла ҳаёнинг,
“Бироқ”, “ёхуд”, “ва”, “ ё” бунёд қилурман.

Қўл очсам, беркилар кулфат қопуси,
Улуғвор бир дуо бунёд қилурман.

Поён билмас поён, чек билмагай чек,
Ки таърифинг, фано , бунёд қилурман.

Фалак тоқин чарақлатдим саҳар, боқ,
Мунаввар бир ҳаво бунёд қилурман.

Хаёлим бошдан охир тоза гулзор,
Хиёбоним расо бунёд қилурман.

Фироқ-оташ, халос айлай дилим деб,
Қиёмат муддао бунёд қилурман.

Фидо бўлганлигимга шодлигимдан,
Сеҳрли бир наво бунёд қилурман.

Йиқилдим ўз оёғимга яралгач,
Пуфакдек ўзни, о, бунёд қилурман.

Ўзимни бўстон, фирдавсгамас, йўқ,
Мен ишққа мубтало бунёд қилурман.

Тепиб устунларинг йиқдим, қуларсан,
Сени ерда, само, бунёд қилурман.

Кел, эй Бедил, бу маъни гулшанида,
Дилинг ғамдан жудо бунёд қилурман.

****

Ғамларимни оҳ, қилиб таъсир, равшан айлагай,
Шаъм торин тунлари тақдир равшан айлагай.

Тонг шамолидан ёнибдур боғ аро юз минг чароғ,
Ҳар ярони шундайин шамшир равшан айлагай.

Бу жаҳоннинг назму насрин ёритар тонг шуъласи,
Соч қаросини оқартириб пийр, равшан айлагай.

Мотам аҳлин давраси жим қаддин эгган халқадек,
Шаъм чекиб дод, кўрсатиб занжир, равшан айлагай.

Аҳли ишқ ғавғо солиб ёққан баланд гулхан билан,
Кўзларин ўрмон ичинда шер равшан айлагай.

Мисли тўлқин йўқлиғимдан борлиғим бунёддир,
Маънилар вайрониман, таъмир равшан айлагай.

Кечгил овнинг матлабиндан, чун умид саҳросини,
Бил, чақин, кезсин дебон нахжир, равшан айлагай.

Чақнашинг, эй учқуним, соғлик-омонлик жилваси,
Борлиғим, борлиқ топиб тадбир, равшан айлагай.

Бул яро-фонусда йўқ, Бедил, омонлиқ нури ҳеч,
Шаъм-бошоқ ўқин этиб такрор, равшан айлагай.

****

Сукунат ишида бийрон гул бўлур,
Ғунча лабин шогирди булбул бўлур.

Ором олиш жойимидир бу жаҳон,
Ватанликка кўприкми маъқул бўлур.

Муфлислар бу анжуманда жимдирлар,
Май тўла кўза иши кул-кул бўлур.

Бул боғда сен либос айла шодликни,
Лахта қон дил ғунчаси ҳам гул бўлур.

Не селдир бу ёр тиғи, ё раб, охир,
Бошим анинг ўтмагига йўл бўлур.

Қия оқса қанча, шунча шовуллар,
Сувдек бошинг паст эг, шу мақбул бўлур.

Ҳуснига зор бўлдим, жигар қонимдан,
Фарёдларимнинг борлиғи гул бўлур.

Нишон топмас оғзидан йўқлик гарчи,
Иши қанча сабру тааммул бўлур.

У кўзларнинг зулмидан дод, бу юрак,
Хум бўлурми, қон шаробга мўл бўлур.

Дили қондир Бедил, э воҳ, ҳойнаҳой,
Бу замон у тарки таваккул бўлур.

****

Кўз ёшларимни мижжаларим шитоб тўкар,
Ҳаё дарди юзимга менинг гулоб тўкар.

Умр ўткинчидир, қолма бу сабоқдан бехбар,
Ҳар лаҳзада бир варағини бу китоб тўкар.

Доғ бўлган дилнинг зорларидан ғам ема,
Сувларин нафасинг бу ойинага беҳисоб тўкар.

Жаҳон жилваларин ғубор билган бир гул,
Қонимни ғунча каби, кийиб ниқоб, тўкар.

Чаман гулбунлари уйқу аралаш боқиб гўё,
Хаёлимга нигоҳ-гулларини, бериб азоб, тўкар.

Чақноқ нигоҳу кўзёш ила баён бўлди ёнган дил,
Уммон яшин ҳамда ёмғирлари билан изтироб тўкар.

Ўздан кетмак ила навбаҳор бўлур ошиқ дили,
Кўринмай, тонг нурларини офтоб тўкар,

Омонлиқ майини таъма қилма фалак шишасидан,
Фитна тошларини ёғдирар, десанг шероб тўкар.

Беқарорлиғимдан ўз борлиғим селиман ўзим,
Кўз ёш ҳам ўзини ўзи равону пуроб тўкар.

Пуфакдек ёриларсан ўз нафасингдан ўзинг, Бедил,
Сўз айтмаслик гуноҳингни сенинг, бериб азоб тўкар.

****

Кибр ила мардлик ғурурини бори барҳам бўлғуси,
Токи манманлик зиёд, шарму ҳаё кам бўлғуси.

Хом сут эмган, на илож, эл оғзига тутманг элак,
Мулзам этмак истаганлар элни, мулзам бўлғуси.

Ўтди айём,этмагай ор энди халқ тақлидан ,
Сал қўйиб берсанг-ки ҳар тош Исо, Марям бўлғуси.

Ниш урар мажнун хаёл, илдиз ёйиб найранг қилар,
Тортса бош буғдой агар жаннатдан, одам бўлғуси.

Шаъм ёниб куймак билан ҳам равшану ҳам доғдир,
Дилда ҳам шодлик ва ғам, тўй ҳамда мотам бўлғуси.

Изламанг ишқни қуруқ гап-сўздан, ҳеч, огоҳ бўлинг,
Бирга туғён қилса жуфт дил, икки олам бўлғуси.

Тенг тарозудир адолат, эй фақир, қўл урмағил,
Ҳурматингга оғса бир ён, неъмати кам бўлғуси.

Мисли тасбиҳ шодасиман, кечса бир донам агар,
Бошқа донам ўтмагининг навбати ҳам бўлғуси.

Феъли поклар хислатин ўзгартар айнитмас фано,
Пахта ҳам куйгач, жароҳатларга малҳам бўлғуси.

Ишқ аро дийдор ҳаёси бунчалар залворлидир,
Кўзлар очилган заҳоти, мижжалар ҳам бўлғуси.

Кўп ғанимат англабон гул васлини тонг дастидан,
Барча шабнам дод чекиб, кўз ёш каби нам бўлғуси.

Ҳақ-адолатдан кечиб, нафс йўлига кирган киши,
Беҳуда ичган қасам бир кун келиб сам бўлғуси.

Тиймасанг тилни, замон маддоҳларининг мадҳидек,
Бир совуқ ел тарзида. Бедил, сўзинг жам бўлғуси.

****

Қайда бўлса, белига боғлар ўшал жонон қилич,
Гунгу лол, ял-ял ёниб айлайди шўх туғён қилич.

Хўб керишди майга хуммор, бир қадаҳдир ҳар яро,
Ялт этиб келсин қадаҳга, бўлсин, оҳ, меҳмон қилич.

Беқарор бўлма бунингдек, маҳвашим, осмонда ой,
Гоҳ ўзин айлар камон, айлайди гоҳ қалқон, қилич.

Кўп хиёнат кўрдими, кечмиш у дўсту ёрдин,
Гизланиб кийн ичра, оҳ, узлатдадир бул он қилич.

Зебу зийнат бирла ғойиб бўлмағай мардоналик,
Дастаси олтин агарчи, дамда минг қурбон қилич.

Ору номус, шаҳд-шижоат бирла гарчи лоф урар,
Дурри маъни ҳақда гап очмайдир ҳеч бийрон қилич.

Дастамас, ҳайратда тикмиш оғзига бармоғини,
Ишқ эли қатлига бергач ҳусн эли фармон, қилич.

Уйқуга ўткирладингму кўзларингни тонг билан,
Бир қиё боқдинг, тилинди кўксим, эй жонон қилич.

Аҳли ишқ дийдор иложиндан жудо бўлгач бари,
Киргали ишқ мулкига, бўлмиш улуғ остон қилич.

Илгари май мавжлари олганди жонимни чала,
Қил қадаҳ оғзида, эй қотил, бугун пинҳон қилич.

Қийпаниб қочма қиличдан, не қилурсан охири,
Тортса бошингга ажални бир куни осмон-қилич.

Навбаҳор ишрат тиғидан бўлди тан алвонранг,
Арғувонҳол айламишдир Бедилин паррон қилич.

***

Ишқ доғи каби нурга ниқобдир юрагим,
Ойина мисол дард ила софдир юрагим.

Ҳар лаҳза бир ухлаб яна тез уйғонадир,
Ҳар дам иши роҳат ва азобдир юрагим.

Мавжланганидан ким ани сарчашма демиш,
Сарчашма эмас, асли саробдир юрагим.

Паймонаси лим тўлди, бўлиб пайдо, шахд,
Мулкингда умрдоши ҳубобдир юрагим.

Кел, ўт бер, алангамни тамошо айла,
Лов ёнмаса, умри не ҳисобдир юрагим.

Бир сўз дедингу олдинг уни кўксимдан,
Лаълинг бу савол, унга жавобдир юрагим.

Оллоҳ ўзи бир билгучи, мен билмасман,
Оҳ, қанча гуноҳ, қанча савобдир юрагим.

Шабнам каби сув оламидандир гоҳи,
Гоҳ мисли қадаҳ ичра шаробдир юрагим.

Умрим неча дам? Тинмай урар билмакка,
Чун, касби саноқ, кори ҳисобдир юрагим.

Умримни хаёл этсам, ҳеч йўқдир самари,
Ёнғин нафасим, шунга кабобдир юрагим.

Кўз-кўз қиладир дарё пуфакларни неча,
Васл кўзгусиман, аммо ҳижобдир юрагим.

Тош ойинаву, томчи гуҳар бўлди, бироқ,
Афсус, ҳамон хонахаробдир юрагим.

Минг томир ила чирмади ғафлат, гарчи,
Бедил, неча ҳикматга китобдир юрагим.

****

Оҳ, қиёмат тонгидир, дилдор, лаби хандонингиз,
Шўрланур минг дашт, учирса гард агар туздонингиз.

Ҳайрат уммониндаги игрим бўлур оҳу кўзи,
Сизнинг ул ваҳший ғизолларга дучи этган онингиз.

Бўш қадаҳ бизнинг тўлиб, дунёга оро бергувси,
Бир сафар қўлга олиб қўйса уни давронингиз.

Пистадан мағзи чиқиб, гавҳарларин тўккай садаф,
Бир чарақлаб ёнса лаълдек ул лаби хандонингиз.

Токингиз мангулиги хок этди кўнглим шишасин,
Қайрилинг ҳолимга бир, қилманг мени ҳайронингиз.

Биз қаробахтлар, мана, сизнинг сиёҳ тундан йироқ,
Дилда бир доғ айладик бунёд, бўлиб бийронингиз.

Кўрпа-ёстиқлар фароҳат не эрур, қилди унут,
Тўлдириб ташлаб тиканларга барин мужгонингиз.

Эй чақинфеълим, ахир, биз бир ғубордирмиз тубан,
Не бўлур юксаламиз тутгач этак-домонингиз.

Сўзингиз турганда йўл бўсин биз айтган маънига,
Жон берибдур барча олам тинглабон девонингиз.

Икки оламдан, қоқиб чангин, чиқиб бормоқда пок,
Бедили аввора, яъни хонаси вайронингиз.

Умид БЕКМУҲАММАД
БЕДИЛ ВА УНИНГ ШЕЪРЛАРИ
ТАРЖИМАСИ ҲАҚИДА

05

055   Азимобод, Удеса, Деҳли, Акбаробод, Панжоб, Лоҳур, Мўлтон, Кашмир, Сарҳинд. Қадим Ҳинд диёридаги ушбу шаҳарлар Мирзо Абдулқодир Бедилнинг 77 йиллик ҳаёт йўлида босиб ўтган, турфа хил хил воқеа-ҳодисаларга, инсонлар тақдирига гувоҳ бўлган, умр йўллари кечган ўлкалардир.

Тадқиқотчилар Мирзо Абдулқодирнинг боболарини асли Шаҳрисабздан, Мовароуннаҳрдан бўлишган дея таъкидлаб ўтишади.Бедил 1644 йили Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳрида туғилган бўлиб, афсуски отасидан жуда эрта ажралади.Отаси вафот этгач унинг тарбияси билан онаси, ва амакиси Мирзо Қаландар, тоғаси Мирзо Зарифлар шуғулланади. Маърифатли қариндошлар таъсирида Мирзо Абдулқодир беш ярим ёшлигида мактабга боради ва 7 яшарлигида яхшигина саводхон бўлади.17 ёшга етгач эса тоғаси Мирзо Зариф билан Удеса шаҳрига бориб машҳур аллома Шоқосим Ҳувалло ихтиёрида таълим олади.Бу пайтга келиб у ҳинд, араб ва форсий тилларни ҳамда шу халқлар тилларида яратилган бадиий, илмий, диний адабиётлар билан танишиб чиқади.

Вақт ўтиб амакиси ва тоғасидек маърифатли суянчларидан ҳам ажралгач, Бедил мустақил ҳаёт бағрига қадам қўяди ва 21 ёшида Деҳлига ташриф буюради. Бу пайтда Шоҳқобулий исмли алломанинг довруқ таратган даври бўлиб, Бедил унга шогирд тушади. 25 яшарлигида эса Мирзо Абдулқодир оила қуради. Айни пайтда Бобоурийлардан Аврангзеб ўғли Аъзамшоҳ саройида навкарлик қила бошлайди.Бироқ навкарликдек фақат итоат ва буйруққа бўйсунувчи ҳаёт Бедилдек ҳур фикрли шоир ва шахс қисматига тўғри келмасди.Шу боисдан у навкарлик ва Аъзамшоҳга қасида ёзишдан , Деҳлида яшаб ишлашдан бош тортиб, Акбарободга кетади.

Ушбу шаҳарда Зуҳурий, Иззат , Мирзо Комгор исмли шоирлар билан танишиб, улар даврасида бўлади.Бироқ бу шаҳарда ҳам кўп турмай олдинига Деҳлига, сўнгра Панжоб, Кашмир,Лоҳур, Мўлтон, Сарҳинд шаҳарларига бориб яшашга мажбур бўлади. Ушбу шаҳарларни кезаркан, Бедил ўз даврининг ғоятда зиддиятли воқеаларига, турли фожиаларга, инсонлар тақдирига гувоҳ бўлди, шулар таъсирида кўплаб фалсафий асарлар яратди.Бедил дунёқарашига, унинг асарларига таъсир кўрсатган воқеалар табиийки, ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти эди.

Ана шу тарзда шаклланган дунёқараш асосида эса то вафоти-1721 йилгача 130 минг байтдан иборат назмий асарлар, бир неча жилдлик насрий обидаларни авлодларга мерос қилиб қолдирди. “ Тилсимий ҳайрат” , “Таркиббот ва таржеъот”, “Тури маърифат”, “Муҳити аъзам”,” Ишорат ва ҳикоят”, “Чор унсур”, “Руқаъот”, “Ирфон”, “Рубоиёт”, “Ғазалиёт”, “Комде ва Мудан” каби наср ва назмда яратилган асарлар, маснавийлар шулар жумласидандир.
Вақт ўтиб асли Мовароуннаҳрлик бўлган шоирнинг асарлари Ҳиндистондан ватанига қайтиб келди. Хива, Бухоро, Қўқон хонликларидаги маърифатли давраларда Бедил асарларига ихлосмандар кўпайиб, Бедилхонлик авж олди.Нафақат ушбу ва бошқа шаҳарлар мадрасаларида, ҳатто олис қишлоқлардаги маърифатли инсонлар ҳам Бедил шеъриятига ошуфта бўлиб, ўз давраларида унга мурожаат қиладиган бўлишди.

Шу тариқа адабий муҳитда Бедил асарлари энг таъсирчан ижод намуналарига айланди.Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, кейинчалик Иброҳим Мўминов, Шавкат Шукуров, Ҳамиджон Ҳамидий каби олимлар Бедил ҳаёти ва унинг ижоди тўғрисида тадқиқотлар олиб боришди.Шоислом Шомуҳаммедов, Назармат, Жамол Камол ва Матназар Абдулҳаким томонидан эса Бедил яратган назмий асарлар ўзбекчага таржима қилинди.

Эътиборингизга ҳавола этилаётган Бедилнинг назмий асарлари таржимаси Матназар Абдулҳаким қаламига мансуб. Марҳум шоир ва таржимон Матназар ака, Бедил асарларини Тожикистонда нашр этилган Бедилнинг кўпжилдлиги асосида таржима этганди.

Тожикистонда нашр этилган куллиётни Матназар акага журналист Рўзимбой Ҳасан туҳфа қилганди.Ушбу туҳфанинг ўзи ҳам бир кичик тарих.Маълумки таниқли адиб Набижон Боқий 1992 йил баҳорида Душанбега бориб Иброҳимбек ва Анвар пошшолар тўғрисида бўлғуси китобларига маълумотлар тўплаб юрганди.Набижон ака Душанбе шаҳрига ёндош яшайдиган лақайлар орасида яшаркан, унинг ҳолидан хабар олгани дўсти Рўзимбой акаям Тожикистонга боради.Кетиш арафасида ҳамюртига Матназар ака Бедилнинг куллиётини топиб беришни илтимос қилади.Шу тариқа Душанбедаги китоб дўконларидан иккала дўст излай-излай Бедил асарларини топишади ва Матназар акага туҳфа қилишади.

Матназар ака ушбу нашрни Хивада сақланаётган 1910 йилдаги литография нашрига таққослаб чиқади.Комилжон Худойберганов каби тарихчи , Абдулла Аҳмедов сингари шарқшунос дўстлари билан маслаҳатлашади, мулоқотда бўлади ва Бедилнинг ўзига хос ўзбекча таржимаси юзага келади.

-Матназар таржимага қўл ураркан ва иш жараёнида айрим тушунмовчилик туғдирган форсий сўзларга дуч келаркан, мен билан маслаҳатлашар ва биргаликдаги қайта-қайта мутоалалардан сўнг, таржимани якунига етказди,-дея хотирлайди Абдулла Аҳмедов.

Ҳа, Матназар аканинг машаққатли меҳнати, сабри, қунт ва тажрибаси эвазига ўзбек адабиёти учун ўзига хос туҳфа-Бедил ғазаллари таржимаси юзага келди.Бедил шарқ шеъриятининг буюк мутафаккирларидан бири, форс шеъриятида янги давр очган сиймоларидан бўлган.

077 MATNAZAR ABDULHAKIM
OSMON YANGLIG’, DARYO KABI SHE’RIYAT
05

бедиль.jpg Mirzo Abdulqodir Bedil hazratlari yashab o’tgan davrda fors adabiyoti muxlislarini yangi asarlar bilan hayratlantirish nihoyatda dushvor edi. Mazkur adabiyotda bu paytgacha qudratli shoirlar, turfa uslubdagi ijodiy maktablar yashab o’tgan bo’lib, fors she’riyati jahon adabiyotiga zalvorli hissa qo’shib ulgurgan, o’zining avj pardalarida go’yo kuylab bo’lgandek edi. Mirzo Bedil o’z ijodi bilan Alloh mo»jizasi naqadar cheksiz ekanligini isbotladi, undan qolgan meros taraqqiyot naqadar bemiqyos bir sinoat ekanligiga dalil bo’ldi.

Mirzo Abdulqodir Bedil Hindistonning Azimobod shahrida tavallud topdi. Uning otasi Shahrisabz o’zbeklaridan bo’lib, haj safaridan keyin Hindistonda muqim bo’lib qolgan edi.
Yosh Abdulqodir boshlang’ich ma’lumotni onasidan oldi. Uning mutaffakir sifatida kamol topishida, shoir bo’lib shakllanishida madrasa tahsili, shuningdek amakisi Mirzo Qalandar, tog’asi Mirzo Zariflar bergan tarbiya muhim ahamiyat kasb etdi.

Hayoti va ijodi Shoh Jahon , Avrangzeb singari bobouriylar davriga to’g’ri kelgan shoir o’z faoliyatining dastlabki davrlarida ajdodlari udumiga ko’ra sipohiylik qildi, harbiy xizmatga ko’ngli bo’lmaganidan, keyinchalik iste’fo berib, umrini butkul badiiy ijodga bag’ishladi, ko’plab shogirdlar tarbiyalab yetishtirdi. Mirzo Abdulqodir Bedil va u yaratgan maktab ijodkorlari fors she’riyatini yana ham yuksaltirdilar, sharq ma’naviyatida yangi davr ochdilar.

Mirzo Abdulqodir Bedil shaxsiyati turkiy, forsiy hamda Hindiston xalqlarini birlashtirib turadigan silsilaning uzilmas xalqasidir.

Manbalarda ma’lumot berilishicha, Bedil hazratlari 130 ming misradan ortiq she’riy, ellik bosma taboq hajmida nasriy meros qoldirgan. Shoirning asosiy she’riy asarlari jamlangan “Kulliyot”i, shuningdek “ Tilsimi hayrat”, “Tarkibot va tarje’ot”, “Muhiti a’zam”, “Turi ma’rifat”, “Ishorat va hikoyot”, “ Riqa’ot”, “Chahor unsur”, “Irfon”, Nukot” singari bir qator nazmiy va nasriy asarlari borliq va yo’qlikning, olam va odamning betimsol ijodiy mehnatning javohir mevalaridir.

Mirzo Abdulqodir Bedilning g’azallarida mangu mavzular hayratlanarli bir betakrorlik bilan junbushga kelib turadi. Haqqa va xalqqa muhabbat, tug’ilish hamda o’lim kabi azaliy va abadiy kechinmalarimiz favqulodda bir mo»jizaviylik bilan o’quvchi ruhiga singdiriladi.

Xurdadonlar Bedil hazratlarini “Shoirlarning shoiri”, “Ma’nolar otasi” deb ataganlar. Darhaqiqat, shoirning qalami eng kichik zarra koinot cheksizligigacha bo’lgan poyonsiz oraliqda bir qarashda barcha murakkabliklarini, qochirimlarini ilg’ab olish mushkul bo’lgan nafis shiddat bilan chayqalib turadi. Bu sernuqta bitiklar zamin va zamon, iloh va insonga mansub bo’lgan mushtarak bir yurakning tebranish chiziqlaridir.

Shoir qalami misrama-misra ma’naviyat va Ruh ummonining qa’r-qa’rlariga kirib boradi, insonning yuragiga ayovsiz bir jur’at bilan sho’ng’iydi va u yerdan bebaho durdonalar olib chiqadi.

Iki ko’z gavharingdan kom olurman,
Iki dunyoga juft bodom olurman.

Xo’sh, bir juft ko’zi ikki dunyoga arziydigan Bedil talqinidagi inson qanday fazilatlar egasi? Bu inson xushraftor, borgan yeriga oyoq yuzi yarashadigandir.

Agar sen bo’lmasang dilga netib baxt, gul’uzor, kelgay,
Agar kelsang, surur kelgay, behisht kelgay, bahor kelgay.

Bedil hazratlari o’z kitobxonlariga ana shunday Behisht, ana shunday Bahorni tuhfa etib yashadi. Ayni paytda bu tuhfa biz uchun o’ziga xos sinov hamdr. Ayni paytda bu tuhfa biz uchun o’ziga xos imtihon hamdir. Nega-ki, bu Behisht, bu Bahor saltanatiga misralarda tilsimlangan chigal yo’llar orqaligina kirib borish mumkin.

Muazzam dil sira shonsiz bo’lurmi,
Biyobon ham biyobonsiz bo’lurmi.

Shoirning ruhiy olamiga, ana shu biyobonga qadam qo’ya borar ekansiz, bu saltanat qarshingizda tobora shukuhliroq, tobora poyonsizroq bir tarzda namoyon bo’la boradi.

Mening ko’nglim uchun, bil, g’am yaralgan,
Iki ko’zim tufayli nam yaralgan.
Qanot qoqqan edim bir subhidamda.
Kechikmasdan qafas shul dam yaralgan.

Biroq bu ojizlik Bedil hazratlarining lirik qahramoni, “men” i uchun mutlaqo o’tkinchidir. Bu “g’am” va “nam”larda qolgan inson dastlabki qulay lahzalardayoq ojizlik tuzog’ini uzib, qafasni sindirib, falak bilan bahs eta boshlaydi.

Yaralgan, ming shukur, olam deb olam,
Mening-chun, xayriyat, men ham yaralgan.

Mirzo Bedil lirikasida bir joyga kelishi mahol bo’lgan ziddiyatlar omuxta bo’lib ketadi. U, xuddi sehrgar morbozdek, aql bovar qilmaydigan mantiqsizliklardan nur taratadi, qarama-qarshi qutblarni bir nuqtada tutashtirib, chaqinlar chaqnatadi.

Endi mening kuydi parim, sindi qanotim,
Kenglikka samo zor, fursatga-zamonlar.

Bu muborak she’riyatda turkona yovvoyi navqironlik, forsiyona nuroniy zakovat, hasham, hinduona afsun-sehr chambarchas yashaydi.
Mirzo Abdulqodir Bedil bir g’azalida:

Sadoqat va mehr maydoni ichra
Shahid bo’ldim, abad orom olurman,

deb taskin topsa, boshqa bir baytida

Murda ham mahshar uchun ovvora,
Orom olmoq ne qadar dushvordir! —

deb hasrat chekadi.

Mirzo Abdulqodir Bedil g’azaliyotida ayriliq to’g’risida, olis safarga ketayotgan karvon haqida talay yoniq misralar mavjud. Bu she’riyatda sog’inch ohanglari, aytish mumkinki, yetakchi ohanglardan biridir. Qolaversa, shoirning nasriy asarlarida ( “Chahor unsur”) ota vatanidan uni qavmu qarindoshlari yo’qlab kelganligi haqida xotiralar bor-ki, bu hol shoirning yod-xayoli turkistondan bir lahza bo’lsin uzilmaganligini ko’rsatadi. Ota vatani ham, o’z navbatida, buyuk farzandi ijodini e’tiborsiz qoldirmadi. Buyuk turkiy diyor o’zining forsiyzabon o’g’liga teran qunt, otashin mehr bilan munosabatda bo’ldi. Bu qunt, bu mehr muttasillik kasb etdi.

Tarjima jarayonida Xorazm shahru qishloqlariga safarlar qilganimizda ham bu E’tiborning shohidi bo’ldik. Deyarli har bir shahar, har bir qishloqda shoir devonlarini ko’z qorachig’idek asrab kelayotgan kitobsevarlar borligi, bu esa bir vaqtlari vohamizda qizg’in bedilxonliklar bo’lganligidan dalolat ekanligini qayd etib o’tmakni istaymiz.
Daryodan har kim o’z tashnaligiga yarasha suv ichadi, parvozdagi qush ham o’z osmonining bor balandligini zabt eta olmaydi. Bedil hazratlari she’riyati daryo kabidir, osmon yanglig’dir. Ne fazilati bo’lsa, Mirzo Abdulqodir Bedilga, ne nuqsoni bo’lsa-tarjimonga tegishli ushbu g’azallarni e’tiboringizga havola qilayotib, meni tashna bir qush o’rnida ko’rishingizni o’tinaman.

MIRZO ABDULQODIR BEDIL
TIRIKLIK DARD, SHIFO AXTARMA…
Matnazar Abdulhakim tarjimalari
Nashrga tayyorlovchi: Umid Bekmuhammad
05

****

Bu shodliklar bari g’amdan yaralgan,
Zahar birla asal hamdam yaralgan.

090

Asrlar o’tmagi bu-bir o’yindir,
Ikki olam ki bir damdan yaralgan.

Vujudga keldiyu baxt, topdi ishkal,
Davo bu dardga odamdan yaralgan.

Topilmas gul kabi gul, bu uqubat,
Bahor nomlig’ shu bayramdan yaralgan.

Qilar arz qaldiroqlar vahshatimni,
Chaqimchilar-da ko’klamdan yaralgan.

Bu gullar, oh, bahorning ofatidir,
Buyuk bu dard kam-kamdan yaralgan.

Yaro dilga berar taskin xazonlar,
Ki har yaprog’ marhamdan yaralgan.

Yangi oydek ibodatga egildim,
Ki rost dil – qomati xamdan yaralgan.

Xijolatdan, saxiylar, qon bo’linglar,
Saxovat dong’i Hotamdan yaralgan.

Na xummorsan, na mast, Bedil, bu ne hol,
Dimog’ing qaysi olamdan yaralgan.

***

Ketar borliq ki bo’g’zingda nafas yo’q,
Uzilgan qo’ng’iroq, karvonda sas yo’q.

Ko’ngil moyilmi yo’q tahqiqqa, ne farq,
Ki ketsin unda ishq, hatto havas yo’q.

Tiriklik shavqi dildan bartarafdir,
Qabargan dilda hech o’zga maraz yo’q.

Qaro bir sir aro dil u quyoshdek,
Qafas asrorini fosh aylamas, yo’q.

Muhabbatdan ko’rinmas bir alanga,
Yonolmas unda, bilsang, hamma kas, yo’q.

Chibin anqodan ortiq endi, Bedil,
Ki ishq xor bo’lsa, hech kimdan araz yo’q.

****

Ki ajzdan kibriyo avjiga yuksal, borki roh anda,
Ham et boshingni bunda, ayla dol so’ngra kuloh anda.

Muhabbating adabgohi ko’tarmas quvnamoqlikni,
Ki shabnamdan ochilgay gul va ko’z yoshdan nigoh anda.

Xayolim ko’shkida qad rostlading tong payti, g’am chekdim,
Tabassumga o’rin bormu, agar bo’lsa iloh anda.

Bo’lib dasht ahliga ulfat, osoyish tortu, uxlab ol,
O’sar mijjangda kiprik o’rniga jonbaxsh giyoh anda.

O’zimni men xalos aylay uqubat, mojarolardan,
Yoqamga yoshuray boshimni, chun bordir panoh anda.

Ki ishq mashrablari tarzin nasib et suvsaganlarga,
Toparlar tashnalablar jon, ki yo’qdir ishtiboh anda.

Erurman dilsiyoh deb, bo’lma loqayd tong jamoliga,
Tun-oqshom yosh to’kib yuvsang, qolurmi hech siyoh anda.

Yusufing matlabi Kan’on orzusi emas, balki
O’ziga mahliyo bo’lgach, qilish ijodi joh anda.

Ki yo’qlikning xayoli ham o’zincha bir ajib olam,
Bizim ruh avjidan bir naqsh chekilsin goh-goh anda.

Mening tang bu dilim shisha, urib toshga etay chil-chil,
Qilay ehromidin ozod, bo’lib bir uzrihoh anda.

Dilim vodiysida yolg’on so’z aytib, lang bo’libdurman,
Netay, Bedil , qo’nimgohim aningdek bir gunoh anda.

****

Ketaman..so’ng na g’azal, yo nada doston qoladi,
Qatra-qatra qalamimdan tomibon, kon qoladi.

Baxtimizdur bu chaman, oh, bu chaman baxti nedur,
Yetmayin yil so’ngiga, sarg’ayib nolon, qoladi.

Tinch surolmay sira ham ayshini, tovus dumidek,
Jilvada jumla jahon qilgali javlon qoladi.

Boshi chiqmas bu qadahing, yo xudo, bazmingdan,
Shisha ham bo’g’zi ochiq, yo’linga qurbon qoladi.

Sachrabon cho’g’, chu, qog’oz kuyganidek kuydi samo,
Oy va yulduz hunariga yurak hayron qoladi.

G’unchadek, o’q uchiga mengzadi bulbul yuragi,
Yoy bo’lib tortilajak gul shoxi xandon qoladi.

Ketaman bog’ ila bo’ston bu jahondan serayb,
Yod etib barchasini, bog’ ila bo’ston qoladi.

Shu’lalar sochganiga qolganidek boqiy tong,
Bir g’arib nur taratib ko’nglima, iymon qoladi.

Yoy, beboshligidin, voy, ko’ring, qaddi egik,
Keksalar qomati ham dol, ko’zi giryon qoladi.

Ming balo yeng shimaribdur bu chaman ichra, darig’,
Sen ketib, yoding ila dilda ming armon qoladi.

Sen umid ayla guhar yo’qlik adam oxiridan,
Yorning yo’q og’zida so’z, dildan olib jon, qoladi.

Sensizin olsa nafas Bediling yong’in dilidan,
Purkalib lov-lov olov, yer yuzi vayron qoladi.

***

Chekib men dard, birov orom aro saqlaydi jon bunda,
Iki olam-ku bir tilsim, kaliti begumon bunda.

Xunob bo’lma so’rab maqsad yo’lin bizdek mayiblardan,
Oyoqlardan biron-bir iz qolurmi hech qachon bunda.

Tanim qon-yoshga g’arq deb mulki hayratga qadam qo’ydim,
Ko’zingdan tommog’i ta’qiqdir hatto qatra qon bunda.

Ko’zimdan gar umid uchqunlari so’ngan, ajab ermas,
Murod-maqsadga yetmakka ilinj yo’q bir zamon bunda.

Naqsh band aylasang dilga, bo’lur tahlikadan majruh,
Jarohatmi naqsh sodiq, ochib ko’r fol, gumon bunda.

Yegay rohatlarimni g’am-alam, ayting, nechun yo’qsa,
Bahorim gullarin qurtlar qilibdurlar xazon bunda.

Biling, bizning kafan mashhadda tengdir jon bahosiga,
Shahidlardir yalang’och shul sabab to’kkancha qon bunda.

Ki dardlar hamlasi to’lg’antirar borliq va yo’qlikni,
Sen ham, Bedil, eshitgaysan quloq tutsang, fig’on bunda.

****

Ko’zim yoshi mening devonalarcha,
Jigar o’tim esa so’zonalarcha.

So’z aytsam gar batar jo’shgay vujudim,
Tilimdir telbavor –mastonalarcha.

Diling ishq otashi ermas dedingiz,
Qanotim kuydi-ku parvonalarcha.

Ketib qolgaymidim tashlab o’zimni,
Vujudim to’lmasa paymonalarcha.

Fig’onim boisin so’rmoq na darkor,
Azizlar bo’ldilar begonalarcha,

Ko’zimdan tuz sepay, sanch kiprigingni,
Jigar bo’lsin kabob afsonalarcha.

Dilim sindi tegib xarsang azobing,
Biroq sabr ayladim mardonalarcha.

Oqarmay soch qayoqdan fahm etarman,
Bu dunyo bir o’yin-tiflonalarcha.

Netay, Bedil, borib-obod Ka’ba,
U bo’lmas dildagi vayronalarcha.

****

Daryoni umid etdimu nam yo’q bu makonda,
Yo’qlik g’amidan o’zga alam yo’q bu makonda.

Ikki jahon-sir, ko’rinur oyna-varaqda,
Gardishi dard, o’zga raqam yo’q bu makonda.

Ko’za kabi mo’rt bu jahon, baxtimiz ushbu-
Kulfat qo’lida sangi sitam yo’q bu makonda.

Hil-hil bu zamon-meva, yemak-chun men o’zim xom,
Bir lahza yo’q ichmakka qasam yo’q bu makonda.

Faqr ahli erur o’zgacha zor, boshqa gadolar,
Qashshoq sanagay o’zni diram yo’q bu makonda.

Aksing tushib hayratda dil, ochdimki niqobing,
Chun oyinasoz ishida kam yo’q bu makonda.

G’aflatda xayol dashtida karzon kabidurman,
Manzil sari tashlashga qadam yo’q bu makonda.

Bekorsan, e, Bedil, qani ishqdan bo’lak ishing,
Chun boru barahman, ki sanam yo’q bu makonda.

****

Davlat eshigi hasga ochiq to bo’lg’ay,
Chun, par chiqarib chumoli anqo bo’lg’ay.

Sen kibru havo lazzatidin tiy o’zni,
Bok, yerdagi tosh bir kuni miyno bo’lg’ay.

Loyiqmi yengiltak sira sirdoshlikka,
Dur nuriga tushsa cho’p, u rasvo bo’lg’ay.

Bil, ilmu amal qismati gar ters do’nsa,
Bir qog’oz emas, xat ham chalipo bo’lg’ay.

Oh, yaxshi-yomon teng esa, yerdir osmon,
Ham boshda oyoq, oyoqda bosh jo bo’lg’ay.

Dunyo siri ne, qilay desang fosh, e voh,
Anqo kabi mish-mishu muammo bo’lg’ay.

Dillarni chigal o’rtamasin, yur, ketdik,
To hujra biza dasht ila sahro bo’lg’ay.

Bir nom axiyr ayon bo’lib chiqmasmu,
Deb toshlar uzuk yo’nar, iloho, bo’lg’ay.

Yod etdi sanam quloqlarin gul anglab,
To tonggacha dil bulbuligo’yo bo’lg’ay.

Yor og’zini yo’q desam, bo’lur bor kibrim,
Ishq birla g’urur dilimda paydo bo’lg’ay.

Bu dasht ila sahroda bo’lak hech kim yo’q,
Bor deb seni topmasam ne hol, o, bo’lg’ay.

Sen bor hama joyda, yo’qsa, ayt, ne aylab
Aytg’ilki, bugundan erta paydo bo’lg’ay.

G’aflatda jahon qiyo boqarmi, Bedil,
Afsonang agarchi necha insho bo’lg’ay.

****

Sensiz tashlansa bog’ga, ko’z yoshli nigoh suvda,
Men bir oyina yanglig’, qolgan kabi bog’ suvda.

Husningdan hijob aylab, ko’zgu bo’lmasam bo’lmas,
Quyoshga boqib bo’lmas ul bo’lmasa, oh, suvda.

Inju-inju ter terlar bahor tongi chamanda,
Yutib barin bosh eggan gullar begunoh suvda.

Tabassum qilganingda o’g’rilar ko’rdi la’ling,
La’ling Zuhra-qo’letmas, shundan jigar dog’, suvda.

Ey omonlik istagan, oldingdadir ming ofat,
Sohilda o’t lovullar, kemang-chi qirog’-suvda.

Olamning har ashyosi bir dilga do’nsam deydi,
Har qatra orzu aylar bir kun dur bo’lmog’ suvda.

Dunyodir cheksiz ummon, durrin junbushda izlar,
Bilmaski dur o’zinda, bilmaski dur, oh, suvda.

Istarsan dahr ichinda lochin misoli parvoz,
Kech bu havasdan, g’ofil, sen bo’kkan bir zog’ suvda.

Sharm ahlining faryodi kelmakda qulog’ingga,
Niqoblari yirtilgan pufakdir, andog’, suvda.

Ruhni o’limdan o’zga poklantirguvchi yo’qdir,
Shundan yulduzlar milt-milt, shundandir saboh suvda.

Nadomat birla terlab bormoqdadirmiz oldga,
Misli suvdek goh yerda, misli to’lqin goh suvda.

G’aflat ahli beqaror, fe’lingda hech sabot yo’q,
Misli sha’m tolasidek alangada, yog’, suvda.

Bedil, seni o’ylamay ishqqa g’arq ikki dunyo,
Kim ham qayg’urar tuzin cho’kib borar chog’ suvda.

****

Onang borliq deb dard chek, umid et, tort fig’on bunda,
Sutin oq aylamak-chun ul yutar har lahza qon bunda.

Vujuding bo’lmayin tuproq, yasha rostliq bilan, yo’qsa,
Iki dunyong ishi qirqmoq payingni, begumon, bunda.

Muhit har qatrasida telbalikdan mingta toshqin bor,
Urarkan bir yurak to, mumkin, o’zgaray jahon bunda.

Qilolmas og’irimni hech yengil hijron aro yonsam,
Qo’limdan tosh yasar aksincha qismat shodumon bunda.

Eshitdim men zavol ohangini sho’x-sha’n navolardan,
Bu kuy do’st davralar ichra jaranglaydi hamon bunda.

Do’nib bir qatra yosh-durga bu vahshatgohdan endi,
Ketay bir milt etib qolmay hayallab bir zamon bunda.

Dilim hasratlar ichra o’rtanib xomso’z kabob bo’ldi,
Urarman o’zni haryon, hech topolmasman omon bunda.

Ki oshiq zoriyu ma’shuqa ozori ajib diydor,
Nishon unda, uni mo’ljallagan qoshi kamon bunda.

Haqiqat pardasi ichra yurak-ruhing urib turgay,
Agar bir lahza to’xtab qolsa bormi, sen tamom bunda.

Men ojiz, oshyonim shu qadar yuksakdadir, Bedil,
To’kildi par, qanot sindi yetolmay ul tomon bunda.

****

Oh ,jilvasin aning niqob sotar,
Bir rohatga o’xshagan ming azob sotar.

Ko’z-ko’zlama ko’lmak uzra pufagingni,
Kissamda dengiz bor mening, hubobsotar.

Hadiksirab titrar shabnamlar milt-milt,
Bog’ ularni qilib gulob, sotar.

Ko’zlarim goh g’aflat, goh hayratdan yumuq,
Baxt to’lasang, jahon iztirob sotar.

Ming hunar birla to’qigan ipaklarimni
Olib u, bir qatra sharob sotar.

Yonib-yonib turar g’amsevar bu yurak,
Ko’p tashna bo’ldi xaridoring, obsotar.

Jigarlar dog’i qadrin ne yerdan bilursan,
Bor, do’koningdan qolma, ey kabobsotar.

Maftun bo’lib erdim bir quyoshchehraga,
Meni yer qilib ul, oftob sotar.

Baxtiga qaro rang singgidi Bedilning,
Bo’yoqfurush unga sarob sotar.

****

Tong paridek yo’q bo’lg’ay.Orzuga tahdid-bunda,
Kafanlarga ip lozim.Bo’lg’il mo’ysafid bunda.

Agarchi gul ochildi, dil hech ochilmayotir,
Ne balo bo’ldi, axir, qulf bunda, kalid –bunda.

Ro’yingdan anglatgaydir oyina iqbolingni,
Lovulladi yuzing pok, tun chog’ida iyd-bunda.

Yo’lingdan ko’zlarimni uzolmagay o’lim ham,
Ikki dunyoga qildim hijronni xarid bunda.

Nuqson ham, yetuklik ham qa’tiyatdan so’ng ma’lum,
YO so’z ayt, yo quloq tut, shul sendan umid bunda.

Majnuntol soyasinda soch to’lg’atib ishrat qil,
G’ofil bilmas, barglarda muattar bir hid bunda.

Bu chamanda har bir gul belanmish qizil qonga,
Hayronu dilvayronman, namuncha shahid bunda.

Nadomat gullaridan taraldi imkon bo’yi,
Hidbilmasdir o’zgalar, Bedil, ne umid bunda.

***

Qanotin ruh kezib yozsin jahona,
Quribdur nafs dilimda oshiyona.

Ki borliq oh-nadomatga to’liqdir,
Bo’lurmi nolasiz faryodxona.

Kezish bog’larni, sahroni qilish sayr,
O’zimdan ketgali jo’n bir bahona.

Ko’zimdan yosh bo’lib chiqdim o’zimdan,
Qoshingga bo’lg’ali xokdan ravona.

Bu borliq bir kibr, umri daqiqa,
Adam uyqusi mangu…chal tarona.

Kesib chiqmoq qiyindir nafs tuzog’in,
Qanoting bo’lsa har gar xanjarona.

G’ubor bog’labdi Bedil ko’zlarini,
Ko’yingdek ko’rinur sahro u xona.

****

Junun, ayt, qaydasan, vayrona qayda,
Quruq cho’pman, bir otashxona qayda.

Charaqlatding, ki, zorlarning charog’in,
Qani, kul bo’lguchi parvona qayda.

Uyalding o’zgadan, qo’rqding o’zingdan,
O’zingdan kech…keyin begona qayda.

Quruq dovruq taratmish vahm-cho’pchak,
O’zing afsonasan, afsona qayda.

Jahondir bir yumurtqa, mag’z-o’zinda,
Ani izlashga o’zga xona qayda.

Qafas ko’ksimda bir qush bor, iloj ne,
Yurakdan suv tutarman, dona qayda.

O’yingda manzilu, Bedil, yo’ling yo’q,
Xayol qil, Ka’bayu butxona qayda.

****

Balolarga bo’lish, ey yor, giriftor shunchalar bo’lg’ay,
Xayolingdan yo’qolmoq asta, gulnor, shunchalar bo’lg’ay.

Turibman hayrat ichra, zarraning bir burj-panohinda,
Taajjub, tiklamak osmonga devor shunchalar bo’lg’ay.

Yo’lingda yer bo’libdurman, yurib holimni so’rmassan,
Jabr ma’shuqadan oshiqqa, dildor, shunchalar bo’lg’ay.

So’zingdan tosh, ko’zimdan yosh yog’ar tinmay, tanaffus yo’q,
Muhabbat maktabinda darsu takror shunchalar bo’lg’ay.

Alanga pastga tushmaydi kul etmay yamlagan zotin,
Bo’lib yo’q, yo’q qila olmoq neki bor, shunchalar bo’lg’ay.

Bil, arzon nag’malar g’uncha jamolini ochiltirmas,
Sharaf bulbulga, chah-chah, durri shahvor shunchalar bo’lg’ay.

Muhabbat chehra ochmaydi, chu ko’pdir ahli nomahram,
Degaylar ahli ishq oz bunda, bisyor shunchalar bo’lg’ay.

Firoq ahlin g’ubori to’zg’agay osmonga har lahza,
Kelar bir guldirak ovoz “nochor shunchalar bo’lg’ay”.

Qo’yar Bedil hayot ehromiga g’isht har nafas birlan,
Zabun vayronani tiklashda me’mor shunchalar bo’lg’ay.

****

Vasling atri chun nasib bo’lganda men nokomg’a,
Ul niqob bo’lg’uvsi dil-ham oshiyon , ham domg’a.

Oh, mening ozod qushim uchsa, qanotin yeliga,
Sovrilar minglab qafas, barham berib oromg’a.

Yo’q zamonni tinglamak, ko’rmak bu borliqni sira,
Dilda ulkandir gumon vasl haqdagi payg’omg’a.

Aytmayin so’z, ahli sidq o’z kibrini vayron qilur,
Dabdaba ahli bino qo’ygan mahallar nomg’a.

Mavj urib turgan sharobdek biz parishon bir kitob,
Boisi-sherozamiz xat bo’ldi bul kun jomg’a.

Otsa baxting tongi, yor, so’nmakka men tayyorman,
Sha’m uchun tong yog’dusi, bilgil, barobar shomg’a.

Benavolar yorasi pishsin desang sabr aylagil,
Vaqtni ko’p cho’zdi falak xandon bo’liblar xomg’a.

Bo’lma hech sohilda to’lqin ulfati, bul beqaror
Qilguvsi oromni qurbon har dam, har ayyomg’a.

Men alanga oldimu, kul bo’lmadim, oh naylayin,
Qaddi loyiq kelmagay vahshatning hech ehromg’a.

Bulbulim tutqun mening parvoz etib ruhing sari,
Kim yaqin borsin dedi tentakni gulandomg’a.

Bo’l xabardor sen yomon ko’zdan bu bog’ ichra, gulim,
Ming-ming igna birla o’xshar har qopoq bodomg’a.

Manzili yo’l, yo’li manzil Bediling pargordek,
Nafs qilibdir boshin oxir, qoldirib dashnomg’a.

****

Ko’zlaring yodida aylarman gahi men ijtinob,
Kiprigingning soyasinda to qiyomat ko’zda xob.

Borlig’im sochdim qilib otash g’ubor daryo sari,
Chun baliqlar tangasi, tilloga do’ndi har xubob.

La’l labingning hasrati pinhon ezilgan dil aro,
Gavhar ham, faryodkim, bo’lmaydi hargiz beniqob.

Bor umid olmoqda orom, qo’zg’atib bo’lmaydi hech,
Bizni ezmoqda, mana, haybatli xarsang misli xob.

Izlamaqda haq yo’lin yo’q farqi ko’p yo ozning,
Hech mahal yaxlit bo’laklarga bo’linmas oftob.

Yuksalibmiz biz quyun ichra, ne hol deb so’rmag’il,
Sovrilibmiz yelga biz, chun chashmadan toru tanob.

Bu vujud changdir, dovullardan bugun vahm ayladik,
Chashmalar qo’rquvdadir, osmanda bo’lmay deb sarob.

Cho’kmayin turmaydi xarsang, tashlasang suv sathida,
Terga g’arq aylar seni, bil, oru nomus, iztirob.

Ruh tilsim qilsa, bevahshat bo’lolmaysan halos,
Ko’zlaring ham tuynuk, ham tulpor bo’lib, qilgay shitob.

Bemisol bul jilvani mahram qilib bo’lmaydi hech,
Aksin bermaslik uchun oyina istaydi niqob.

Dilqorong’u qildi ishq bizlarni, Bedil, ming ajab,
Mamlakat boshiga solgan misli soya oftob.

****

Sidqu or birla topibdur sayqal oh, holim mening,
Qush so’yilgach, chun qanot qoqqandek ahvolim mening.

Oyinamga boqsangiz hayratning aksi bor faqat,
Rangi o’chgandir ko’rinmas unda iqbolim mening.

Dilda har bir zarra vahshatdan qanot bog’lab uchar,
Bu jahon oyinasinda shuldir af’olim mening.

Bil, fanodan o’zga yo’qdir orom olmoq orzusi,
Lov yonib ketdim, kulim bo’lgancha poymolim mening.

Husn uchun qo’ngan nuqat deb o’ylama fahm etmasang,
Dilda ming dog’dan darakdir yuzda bir holim mening.

Ma’nilar ummonidan men javharam boshdan oyoq,
Dema dengiz, isitmasidan tanda tabholim mening.

Boshini egdi hayo yo ildizin sog’indi gul,
Aylasam andisha, Bedil ushbu timsolim mening.

****

Agar sen bo’lmasang dilga netib baxt, gul’uzor kelgay,
Agar kelsang surur kelgay, behisht kelgay, bahor kelgay.

Qadam ranjida qil, chiqqay chamanlar qoshinga peshvoz,
Olib ibrat bu tashrifdan tovuslar purviqor kelgay.

Ki yo’qlik tuprog’in har qancha uysa charh g’uborimdan,
Bu tuproqdan unib guldek yuzing,ey , shahsuvor, kelgay.

Bu dasht serob erur har xil g’araz maxluqlari birlan,
Junun tozisi nochor, garchi qilmoqqa shikor kelgay.

Bo’lurmi daryo hech daryo ki juft qirg’oqi yo’q ersa,
Ikov bir bo’lmasak, baxtim netib, sarvi nigor, kelgay.

Qaro bo’ldi firoq ahlin kuni, parvardigorim, ayt,
Quyoshim ko’ngliga nevchun buningdek ixtiyor kelgay.

Boqib mushtoq ko’zlarga chaman tushgay taajjubga,
Ki nargislar bu ko’zlarni ko’ray deb intizor kelgay.

Qo’linda Bediling minglab oyina topar sayqal,
Qachon unga, xudoyo, ul parichehrang duchor kelgay.

****

Boshlatar hayrat navosin sarvi mavzuning sening.
Men qaro baxtli, ilojsiz, zor mahzuning sening.

Boshga sochgum bu chamandan men oyoq tuproqlarin,
Dilga-chi bo’lgay libos ul poyi gulguning sening.

Nozu istig’nolaring faryodlarimni yangratar,
Tor etib tortib tarang tomirni qonunning sening.

O’zni men fahmu farosatda sanarman sarbaland,
Davralarda o’qigach tengsiz bu afsuning sening.

Tinmayin qildim so’rog’, so’ng shundayin topdim javob,
Ikki olam tiz cho’kib, qoshingda Majnuning sening.

Sabr etarman, telba dil, oh, ko’zlarim ohusini,
Aylamish tutqun poyonsiz dashti homuning sening.

Bedil, orzu aylading peshvoz chiqib diydorini,
Shunchalik begonami mantiqqa mazmuning sening.

****

To’kmagil matlab uchun obro’sin orzu-komning,
Darsin ol, shogirdi bo’l bir lahza bul ibromning.

Qancha matlabning xumori birla ming dog’ bo’lsa ham,
Otashin orzu bilan hech oshi pishmas xomning.

E’tiqod qo’ymoq uchun shoshgil, qulay payt poylama,
Tutma teng ohin kekramoq birla sen islomning.

Har nafas o’tgan sayin bormoqda dil manzil sari,
Hansirab oldiga borgan misli o’lja domning.

Bir va borning hukmi birla charx urar davri visol,
Vahmini angla xabarchi ham xabar-payg’omning.

Husni mutlaqman dedim, oyina qildi mahliyo,
Xom xayol, makriga uchdum chuv tushib avhomning.

Misli soat shishasinda chang, tasallo dushmanim,
Bo’ldi daf har zarrasi xokimdagi oromning.

Ka’bau butxona vayron bo’ldi umrim dastidan,
Endi xush sidrilgani kiftimda bu ehromning.

Xo’blaring ko’z olib qochmog’iyu boqmog’i teng,
Ham tiniq, ham quyqasi birdek azizdir jomning.

Ne qilib bad fe’lini tark aylasin ahli nifoq,
Zahridan kechgaymi voz hargiz ilonlar komning.

Arzi matlab o’zgadir, izhori san’at o’zgadir,
Bedil, hech aksi topilmas ko’zgu ichra jomning

****

Bul junun gardi bilan mahv o’lsa gar darmonimiz,
Yo’q yaqoni yirtmoq istaydi yalang’och jonimiz.

Telbalik tuprog’ining navro’zidan fayz barq urar,
Tong quyoshin gullaridek to’ldirib domonimiz.

Sha’m misoli har tomonga hovliqarmiz ko’rgali,
Ko’zimizdan ortda qolmish mijjalar, hayronimiz.

Iztirobni yo’q qilish imkonini boy berdi dil,
Qalqdi bir ushbu uqubatdan ulug’ ummonimiz.

Ming taajjub , barhayotdirlar shahidlar dardlari,
Ko’z ochib qolgan yarolarga to’liq maydonimiz.

Benasibmiz bu chamanda lolalarning jomidan,
Bul yaroqsiz holga soldi bizni, oh davronimiz.

Bizdan ham avval kuyubdur zor chiroqlar davrada,
Bo’ldi-ku mahrum Ya’qub ko’zidan Kan’onimiz.

Chalg’uchi, dardli navoni ohimizga qil niqob,
Shu’la kiygizdi jahonga belibos afg’onimiz.

Ushbu borliq garchi mavhum, har qadamda ming dalil,
Gardimiz to’zg’otdi dard, bu dasht aro sarsonimiz.

Xuni giryon ko’zlarimiz do’ndilar yoqutlara,
Qon to’kishni qildi kasb, Bedil, qator mujgonimiz.

****

Ikki ko’z gavharingdan kom olurman,
Ikki dunyoga juft bodom olurman.

Gadodirman g’arazsiz-shafqatingdan,
Yalinmasdan tilab in’om olurman.

Sening bazmingda uxlabman, bu ham-baxt,
Oyoq qo’y boshima, ilhom olurman.

Bo’lib majnun mashrablarga ulfat,
Urarman toshga shisha,jom olurman.

Musaffolikda har qatra teringdan,
Sahar shabnam kabi andom olurman.

Ayiq nafsimni bog’lab, ovlab anqo,
Oxir men xomxayol deb nom olurman.

Sadoqat va mehr maydoni ichra,
Shahid bo’ldim, abad orom olurman.

Ayonsan, lek qiyo boqmaydi olam,
Xavotir bundan har ayyom olurman.

Solib,Bedil ,o’zimni bilmaganga,
Hama vasl istasa, payg’om olurman.

****

Ko’p uzun zanjir tuzdi ohimiz,
Sochlari orzusining hamrohimiz.

Dardu kulfat baxt-saodat biz uchun,
Oyna yanglig’ jilvagardir dog’imiz.

Dilni qo’ldan boy berib hijron aro,
Axtarib ko’zguda, ishq gumrohimiz.

Qilsak ham shabnam to’kib darddan xalos,
Boshpanoh bo’lmas sira bul bog’imiz.

Boshdagi tojlar oyoq ostinda xor,
Baxt erur chin qo’l qabartmoq chog’imiz.

Bormiz har joyda mudom qoqqach qanot,
Yechdi dunyo tilsimin uchmog’imiz.

Olam ichra kiyn-hasad yo’lboshchidir,
Qilma g’aflatdan xalos, ollohimiz.

Qalbimizga garchi hech qilmas asar,
Qopladi borliqni, Bedil, ohimiz.

****

Aytki, vahdatdan bo’lak ne orttirar urfonimiz,
Biz o’zi sahromizu ham biz-aning bo’stonimiz.

Sholu langlik birla qolmas shavqimiz ma’yus bo’lib,
Ishtiyoq bog’i bo’lib unguvsi har mujgonimiz.

Subh ma’nisini bir qo’rquv deb insho ayladik,
Endi hech jur’at topilmas bitgali unvonimiz.

Endi chiqqanda savod sho’x o’qidik zulf misrasin,
O’zni bosdik so’ng chigalmazmun bo’lib devonimiz.

Yor quchoqda bo’lsa hamki, kimdir u, bilmaymiz hech,
Oynadek oydin agarchi bag’rimiz-bo’stonimiz.

Depsinib ming ot-ulov, ko’zlab edik biz marrani,
Chang tutib yo’lni adashdi, vodarig’, karvonimiz.

Poylamanglar toshyuraklar ichra yonmoq paytini,
Eyki uchqunlar, quchoq ochgay siza maydonimiz.

Ko’z yumub bo’lgaymi hech diydor umidindan, gulim,
Sen uchun chaqnab charaqlar chashmimiz-hayronimiz.

Dildagi gar tilga ko’chsa jizg’anak bo’lgay zabon,
Shul sabab sir mulkining oshkor emas, pinhonimiz.

Ruhimiz qoldi yalang’och, til topishmay dard bilan,
Garchi dildan shisha kiydi, Bedil oh-afg’onimiz.

****

Tuprog’im ko’kka o’zin to tortadi,
Ko’ziga surma Surayyo tortadi.

Ishtiyoqim vahshati tug’yon qilur,
Dilni, kun-kundan bo’lib jo, tortadi.

Telbalik –tog’, aqlimiz vodiysidan,
Pok etakni tinmay aslo tortadi.

Qochgusi uyquchi uyg’oqdan mudom,
Soya nurdan o’zni har jo tortadi.

Bag’ri qonlar dard aro andishasiz,
Yerga boshin,esla, miyno tortadi.

Bo’lguvsi biyron yengiltaklar, bu-rost,
O’zga tus mavjlansa daryo tortadi.

Qilguvsi toledan ochko’zlik judo,
Bu nahang ko’p tashna –daryo tortadi.

Zarparastlar dilni qilgaylar siyoh,
Ushbu safro, asli, savdo tortadi.

Na iloj, Bedil, majolsiz yelkamiz,
Soya tushsa, yukni go’yo tortadi.

****

Mening ko’nglim uchun, bil, g’am yaralgan,
Iki ko’zim tufayli nam yaralgan.

Qanot qoqqan edim bir subhidamda,
Kechikmasdan qafas shul dam yaralgan.

Hayoda terladim-shudring va gulman,
Peshonamdan tiniq shabnam yaralgan.

Jilo istaydi dur, oyina-sayqal,
Umidsiz dil jahonda kam yaralgan.

Sanoqsiz dog’ bag’ri lolalarning,
Barobar to’y bilan motam yaralgan.

Topolmas mushkiliga banda chora,
Yaralgan goh ziyoda, goh kam yaralgan.

Yaralgan, ming shukur, do’stlar deb olam,
Mening-chun, xayriyat, men ham yaralgan.

Jahon xunrez, o’zingni ehtiyot qil,
To’kilsa qon, bo’lur xurram yaralgan.

Yechib bo’lmas tiriklik tilsimini,
Qilingach bir nafas, mubham yaralgan.

Iloj topmas yurak dardiga Bedil,
Iloj topmoq uchun Hotam yaralgan.

****

Nafisbel yor qo’yubdur ko’nglima mashhur dog’larni,
Chitilgandek qoshi, sakta o’qir bayti ilohlarni.

O’zidan ketdiyu dil, to’xtadi faryodlari asta,
Eshitmassan uzoqlashganda karvon qo’ng’iroqlarni.

Aql bu-qorbo’ron..izg’ish nadur gulxan aro, bilgay,
Qanot kuysa, kuli anglar samolardan firoqlarni.

Qanoat bir aql-hushdir, ki ochko’zlik-ayiq misli,
Sabr oldinda nafs otsa, ko’rib qo’y o’mbaloqlarni.

Faqirlik baxtiga mulkdor sazovor bo’lmog’i mushkul,
Ki chinni kosaga teng ko’rmagil sen toshtovoqlarni.

Aql birla jahl qadri qoratuproq bu vodiyda,
Sovur yelga shularning o’rtasinda bor saboqlarni.

Quyondek uxladi baxtlar, uzatsak qo’l agar, Bedil,
Qocharlar ding qilib bir lahzada shalpang quloqlarni.

****

Tor-tordirman, to yor sochi tor-tor to’lg’anur,
Faryodbitikdurman chirmalgan, yozganida dildor to’lg’onur.

Bu charx zoli ming makr ila charxlar urib chunon,
Afsungar boshida kuloh yanglig’ ming bor to’lg’anur.

G’ofil o’rgimchak yanglig’ bu borliq o’ylarki ov ovlarman,
Asli o’z nafsig’a o’zi bog’liq, takror-takror to’lg’anur.

Men bir tog’dirman, o’z faryodlarimdan o’zim larzada,
Sening-da nolang aks-sadosi bu tog’ aro zor to’lg’anur.

Hosil bermasa ham zaminimga umid urug’larin ekdim,
Nima tuproq aro mavjud bo’lsa, ul intizor to’lg’anur.

Jahon azobin yuki, muruvvatli bo’lsang, bir rohatdir,
Tortgan kamaring sening, chun, ustivor to’lg’anur.

So’ndi mavhum nafaslar yog’dusi chunon shul sabab,
Xotirlab ohim shu’lasini, sha’mi mozor to’lg’anur.

Boshdan oyoq jilvalanib ,o’z boshlariga o’zlari yetar,
Javohirlar boshdan oyog’ingda sening to, yor, to’lg’anur.

Yuzlab mayin libos ichra noz uyquda hislaring , tiyilmishsan.
G’unchani ko’rib qat-qat libos ichra , axir, bahor to’lg’anur.

Bir nafaslik jaholatingdan xijolat chekma sira , Bedil,
Bor-yo’g’i bir nafas qo’lingdan ketib ixtiyor, to’lg’anur.

****

Qabaribdur jigarim, dardu sitam paydodir,
Qovrilibdur yuragim, ranju alam paydodir.

Bu hayot sahfasi jo’n-har bitigi nayrangdir,
Shunga ham o’tmadi ko’z, ontu qasam paydodir.

Yuragim pardasi tuzmish yarador, jim ohang,
Nafs o’g’irlabdur uni, zer ila bam paydodir.

Oh chekib, ohima ergashdimu, taskin topdim,
Dilda g’am lashkari oldinda alam paydodir.

Ter to’kib misli bulut, qildim hayo parvozdan,
Oh chekib ko’kka tag’in uchdimu nam paydodir.

Parilar qomati-o’yim, negakim, insonlar,
Toptagach, dilda hayot qaddida ham paydodir.

Yondiyu yoqdi visol ko’ylagi , ketdi o’zdin,
To yaqosinda uning bizning sanam paydodir.

Bu jahon ayshi kiyik ko’zlariga mengzaydir,
Gahi hurkib, gahi shod, gohida g’am paydodir.

Gulistonimda havo, ohki, quyukrang bo’ldi,
Bergali ungaki nur subhi karam paydodir.

Qildi sarf g’ofilu ogohlarini bu borliq,
Xabar olsam gar o’zimdan ki adam paydodir.

Tindi Bedil yugurib, g’aflat oyog’in kesdi,
Behuda chopmoq uchun endi qalam paydodir.

****

Bo’lib g’ofil o’zimni ko’pki g’oratlar qilurman men,
Ko’zim ochib, tag’in dilni imoratlar qilurman men.

Qaroga moyilu rangim, dilim oydin, g’uborim yo’q,
Siyoh harflarni yog’dudan iboratlar qilurman men.

G’ariblar kulbasidin boshlagum Ka’ba tavofini,
Va o’z majnun dilimni ham ziyoratlar qilurman men.

Firog’ing o’tiga hamla qilur ko’zlardagi yoshim,
Dil ishqdan jizg’anak bo’lsin, haroratlar qilurman men.

Sinib qolganda ham gulbarg, butun olam bilan tengdir,
Chimirtirmoq uchun qoshing ishoratlar qilurman men.

Tayammum aylagum o’z xokima, istab omonliklar,
Demam, zohid kabi toshqin tahoratlar qilurman men.

Bu xulq birlan dilimga solmasa do’zax agar tahdid,
Nechun, Bedil tilab behisht, ibodatlar qilurman men.

****

Sho’xlar bari jon olg’ich, mardona yuraklardir,
Lek yelkalari to’lqin ham boshi pufaklardir.

Lafzinda sabot yo’qdir, o’tkinchi erur ahdi,
Ko’zyosh kabi ko’zlarni, oh, qilguchi tarklardir.

Ham gohida toshdirlar, uchqunlik etib da’vo,
Ham goh sanalib ayyor, aslinda, malaklardir.

Kafting o’zi bir tuproq, fol ochma saodat deb,
Barglarki, xazonlardan har lahza daraklardir.

Dod mag’zini tortganda aqling guhari-toshdir,
Ming o’yda torozular, ko’p boshi saraklardir.

Ko’zim qorasi, oqi to’kkanda seningsiz yosh,
O’xshab mango oqshomlar sha’mlar ko’p halaklardir.

Dur shodasida ipdek yo’q bo’ldi yo’lim ruhda,
Kelganda bahor tanni qoplovchi chechaklardir.

Chun sindi qanot, bundan ko’nglimda g’ururim ko’p,
Sizlarga kerakmaslar bizlarga keraklardir.

Ko’p mavju hubob bordir doim bu talabgohda,
Bosh ravza xayolinda, do’zaxda yuraklardir.

Xo’b bezdigu g’avg’odan, oromni panoh etdik,
Bosh ostida qo’l-yostiq, rohatda pinaklardir.

Shon qushlari parvozda, chun girya qilib, Bedil,
Ko’z yosh to’la juft ko’zi osmonu falaklardir.

****

Meni toqat gahi g’amgin va gahi shod aylar,
Ham qafasdan qanotim qirqaru ozod aylar.

Bor taalluq , chu tuzoq, barcha sabab-sirtmoqdir,
Shu qadar dilni bular sayd ila sayyod aylar.

Men omon bo’lmoq uchun ishqda unutdim o’zni,
Qani, kim holi zabunimni mening yod aylar.

Qomatim bukchayibon hajrida qon yig’larman,
Meni g’am tog’iyu ishq teshasi Farhod aylar.

Ishq aro fe’li badimdan chekadirman ohlar,
Boqib holimga muhabbat hayo ijod aylar.

Olmagum ishqsiz-olovsiz, behuda bir dam ham,
Har nafas yondi lovullab, mana, faryod aylar.

Bu jahon mag’zini insho etibon aytmoqni,
Sharmi izhor bila manglay terim irshod aylar.

Yo’l yurib poyqadamim yozdi kitobi taslim,
Ne xayol boshima kelsa oyog’im sod aylar.

Yuluq olgan nafasim har biri bir gavhardir,
Sukutim o’zni adab ilmiga ustod aylar.

Borliq har lahzasiga pok mening har isyonim,
Toshga shisha uraman, rashkda malak dod aylar.

Qusur ham besamar ermas bu kamolot yo’lida,
Bizni faqr etmas iloh, lek odamizod aylar.

Yor vafo nayrangining kayfiyatiga uchdim,
Unutar Bedilini, Bedil uni yod aylar.

****

Yoniq dil gavhari yo qatr-qatra nob shabnamlar,
YO ko’z yoshdek jahon sirri nihon, noyob shabnamlar.

Ki g’aflat zulmatin ogohlik nuriga jam qilmas,
Sahar bedor yonar milt-milt, yutib zardob shabnamlar.

Qaerga bormayin, ko’zyoshlarim menga vatan bo’ldi,
Jahonni qatralardan ayladi selob shabnamlar.

O’zingdan ketma dardingga bo’lib mag’rur ko’zim yoshi,
Ki sutidek nurlarin qildi bu tun mohtob shabnamlar.

Ajabmas ko’z yoshim bo’lsa agar jononima manzur,
Ne yanglig’, oh charaqlar, ko’rsa gar oftob, shabnamlar.

Tizildi minglagan ko’z gavhari ruxsori oyimga,
Qatorlashgan kabi gulbarg uza shaffof shabnamlar.

Zulumot pardasin olgay, sig’ib haddi, ulardan tong,
Meni dilxastani qilgay batar betob shabnamlar.

Yuzi gullar visolida ko’rinmas baxt nishoni hech,
Shu bois lolalar bag’ridadir xunob shabnamlar…

Zaiflik tavqi bo’ynimda, ki yuksaklikka daxlim yo’q,
Oyoq ostinda ming yulduz kabi serob shabnamlar.

****

Ey fazlu kamoloti ayonlar va nihonlar,
Ma’nini nafas mahv etadi, so’zni zabonlar.

Tuzmakchi edi shoda qilib gavhari vasling,
Shart uzdi nafas torini yongan u fig’onlar.

Xok bo’ldi, biroq bo’lmadi hech mahrami diydor,
Ko’z ko’zgusiga to’ldi shu boiski to’zonlar.

Yohu deya to’kmakchi edim o’zni qadahga,
Lov yondi nafas, qaynadilar qalbdagi qonlar.

Sajdangni ko’rib shiddat ila to’xtagan o’qman,
Otgan edilar holbuki qudratli kamonlar.

Har mo’y bo’libon til sening vasfingni o’qir shod,
Har harfing ila xattu savod chiqqan hamonlar.

Yo’qlik changining toshqinimiz, obi baqomas,
Suv loyqasimiz bizni degish olgani onlar.

Maydon uza ne tilni tilib yeldi qalam, ayt,
Ming yo’rtsa-da, u noqis erur barcha bayonlar.

Uchqun kabi osmonga uchib so’ndimu ,bildim,
Kenglikka samo zor, fursatga-zamonlar.

Yong’in nafasing. Bedil, uni sotsa bo’lurmi,
Hayratda qotib, taxta bo’lib qoldi do’konlar.

****

Parpirab dillarni zir titratguchi mujgoni bor,
Tim qaro zar tolalardan ko’zda g’uj-g’uj koni bor.

Chekmangiz g’am, chin saodat-yor uchun bo’ldim halok,
Shul sababdan tuprog’im har zarrasining joni bor.

Ojizu parvoztalabman, mone’ yo’q uchmog’ima,
Gar qanotim kuysa, mayli, ishqining osmoni bor.

Navbahor zavq-shavqlarin yo’q toti ko’p vaqtdan beri,
Dilyaroman , kulsa tuz sepguchi la’l tuzdoni bor.

Charxfalak shifti balo yog’dirgusi qay vaqtgacha,
Ko’p yovuz mezbon bu uy, har lahza ming mehmoni bor.

Ikki dunyo ahli hayron qilsa noz, ko’zgu olib,
Avjlanur holbuki nozi, toki bir hayroni bor.

Ey chaman, dahshatlisan, har g’uncha bir qonlig’ yurak,
Gullaringning shul sabab gulbarg to’kib giryoni bor.

Ko’p qiyin kiprik ko’tarmak ko’rgali ruxsorini,
Ko’z degan zimdan halok qilguvchi juft posboni bor.

Garchi Bedil har yurakdan haydalib miskin, gado,
Muhtashamdir ruhi, chunki dil degan vayroni bor.

****

Kiprigim dom siz uchun, yosh-dona, vahshatpeshalar,
Maqsadim dildoshlar anglar, qilsalar andishalar.

Cho’pdek ojiz har g’aribning ko’ksida otash qafas,
Cheksa bir oh, ul qolur yong’inda minglab beshalar.

Tuhfa etgay xonumon tarkini ishq ozodlara,
Bir jarang meros qolur, gar bo’lsa chil-chil shishalar.

Betamizlarning murod-maqsadlari bo’lgaymu ishq,
Ko’hikan urgaymu Shirin suvratiga teshalar.

Qul bo’lib, Bedil, sukunatga , bugun nochormiz,
Shoyad ozod etsalar qilganda qul-qul shishalar.

****

Zor qanot qoqsamki, behududlik ayon bo’lg’usidir,
Bu bilan isyon emas, holim bayon bo’lg’usidir.

Bir qadam ham behuda ketmas agar hush izlasak,
Yo’qsa tosh, g’aflat bosib, bizdan nishon bo’lg’usidir.

Bo’l faqir sen xokisorlik birla, oxir bir kuni,
Bir hovuch xokingga yel taxtiravon bo’lg’usidir.

Gar xudosizlarga qolsa ushbu ummonlar kuni,
Parchalangay barcha yelkan, kema qon bo’lg’usidir.

Vahmu tuhmat, g’am balosi birla har ko’k barhayot,
Bolu parning ko’lkasi tog’ deb gumon bo’lg’usidir.

Qanchalik hurkitmangiz, baxt qushlari mijjamdadir,
Ming qanot bir kiprigim ichra nihon bo’lgusidir.

Gar bayon aylay desam ojizligim, ojiz tilim,
Ko’zlarim faryod chekar, bu ne fig’on bo’lg’usidir.

Avjlanib vahshatli suhbat, bo’ldi har bir til olov,
Ahli karvon yoqqan o’t ham karvon bo’lg’usidir.

Mangu bir rohat shudir ja’m bo’lsa ummid-ixtiyor,
To’plasa qush parlarin gar oshyon bo’lg’usidir.

Har nedan kechmaka, Bedil , arzigaydir haq yo’li,
Bir yuking bo’lsa bu yo’lda ming dovon bo’lg’usidir.

****

Bu yo’qlikning sabab-burhoni yo’qdir,
Zamirin topmoq hech imkoni yo’qdir.

Ochiq ham berk-ajib jumboq bu olam,
Sira oshkori yo’q, pinhoni yo’qdir.

Xaridor izlama manmanligingga,
Kasod bu mol, aning do’koni yo’qdir.

Yalang’ochsan, o’zingdan xanda ot, tong,
Libosingning etak-domoni yo’qdir.

Gumondan o’zga maktub o’qimaysiz,
Vaholanki, aning unvoni yo’qdir.

Hovuch tuproq sochilgach bo’ldi bir chang,
O’zin jam qilmaganning shoni yo’qdir.

Nechun yelga sovurmay aqlu hushim,
Junun daf’in bo’lak osoni yo’qdir.

Go’zallar ko’nglida shafqat topilmas,
Farangiston elin iymoni yo’qdir.

Bu dunyo do’zaxu jannatga bois,
Yo’q odam hech-sira ehsoni yo’qdir.

Hama Xizr ersa ham aldoqchi dunyo,
Bo’lurmi hech kishi –yolg’oni yo’qdir.

Tiriklik-dard, shifo axtarma, Bedil,
O’limdan boshqa hech darmoni yo’qdir.

****

Har tun oqshom ishq lafzin dil chekib ozor to’kar,
Lol sham hayratda har so’zni yonib bedor to’kar.

Dil vahm oyinasi, gar qo’lga olsang, shul zahot,
Borliq haqda lofu qof timsolni beme’yor to’kar.

Notavonman, qismatimni naqsh etar qutlug’ qalam,
Nolalar tortib muborak patlarini zor to’kar.

Soya misli aylanurman ishq quyoshidin judo,
Bosh-oyog’imga qarolik nuqsini beor to’kar.

Suv kabi g’oyib bo’lurman minnat etmay xizmatim,
Husnini maqtab chaman gul yuzlarin ming bor to’kar.

Cho’g’da o’chgan dog’man, shavqing haroratlar berur,
Sachratib shundan uchuqlar yuzga bu ozor to’kar.

Umrim o’tdiyu biroq undan sira iz qolmadi,
Oyinam ham yo’qlik aksin kunda ko’p miqdor to’kar.

Bu sahar vayronaman, kulfat yo shodlik ne dema,
Sovrilib xokim shamolga, yerga baxt takror to’kar.

Biz qanot qoqqan bilan tobora yuksalgan sayin,
Yerga osmon qonimizni tinmayin bisyor to’kar.

Bedil, oshiqmiz, agarchi tillaridan qonini,
Tuhmat aytib gap sotib, ming-minglagan makkor to’kar.

****

Misoli g’uncha, g’amginman, ki menda tor vatan bordir,
Ochilsam dashtu sahro qon bo’lib ketgay, chaman bordir.

Bu maskanda tutab isfand kabi yondim sen ichgach may,
Sening husningni asrash baxtidan manguga sha’n bordir.

Yonib dudga do’narman, chok ko’ksimdan yurakni ko’r,
Bulutlar tirqishidan oftobdek bir hasham bordir.

Seni yonimda deb suhbat qurarman o’z o’zim birlan,
Muhabbatda meni majnun qilishdek ilmu fan bordir.

Naqsh band ayladim, ishim topar barham qiyomatda,
Bu kulgularda bahs shaksiz iki olam bilan bordir.

Shahid bo’ldim jasadga bas bu sahro bir to’shak bo’lsa,
Ne g’am, ko’zda g’uborimdan vujudimga kafan bordir.

Dilim ko’zgu, uni og’ritma tiyra aylab, ey g’ofil,
Axir unda o’zi avvaldan ham dog’, ham tikan bordir.

Gar ogohman va gar g’ofil, bo’lurmi hasratim zoe,
G’ubor iz solmag’ay, siynamda ming dog’i ko’han bordir.

Hamisha ohu nolamdan ki, Bedil, ehtiyot bo’lg’il,
Olov purkovchi mendek dod solib dunyoda kam bordir.

***

Nigohlar jilvai husningga tushgach misli zevardir,
Yuzing gulbargi tardir yoki shisha ichra javhardir.

Alamlar sallasin majnun boshingga kiy demang zinhor,
Bo’ronlar g’unchani yelga sovurmog’i muqarrardir.

Qalam yanglig’ qilib nola, bo’libman nag’masoz , yo rab,
Xatim tordan sado yanglig’ go’zalparvoz va mustardir.

G’alayonlar osoyish manbaidir ahli mashrabga,
Dovuldan dengiza mohiyat izhori muyassardir.

Agar balqsa sening baxting, makrlardan omondirsan,
Nechunki, chaqnasa Zuhro, tubanda barcha axtardir.

Chigal bo’lsa diling chekmay azob yechmak ani mushkul,
Chuvalgan ipni yozmoq ignasiz ko’p bir qiyin darddir.

Ko’zing yoshi bilan qismatni o’zgartmoq, ayo Bedil,
Qadahdan xatni may mavji bilan yuvmoq barobardir.

****

Bu gulzor ,bu chaman dildor uchundir,
Har ildiz sham’iga, bil, tor uchundir.

Bu bog’ har bargi bir par, dilga boqsam,
Ki jonda ruh degan shunqor uchundir.

Suyunchidir yurak, so’nggi nafas ham,
Vafoni aylamak izhor uchundir.

Dilim yoqmoqqa chaqmoq ko’z qarosi,
Tili garchi asal, inkor uchundir.

Yurak rashk otashiga bir sipanddir,
Yuzi tun bo’lmog’im bedor uchundir.

Chu yangrar panjasindan dod, bilib qo’y,
G’arib har bir yurak xunxor uchundir.

Xavotir birla poylab yo’llaringni,
Bo’libdir g’unchalar qon, or uchundir.

Seni kelmay qolar, deb tebranib gul,
Solar yo’lingga dam…diydor uchundir.

Falak shamshir yanglig’ qayrilibdir,
Mening qatlimga bir iqror uchundir.

Jaranglar qo’ng’iroq, Bedil, bu karvon,
Judolik bo’lmog’i takror uchundir.

****

Sening savdoi shavqingdan erur mazhab va mashrablar,
Tutar ko’kni seni yod aylasak “YO rab va yo rab”lar.

Yengilyuk karvon yurgach, jiringlab qo’ng’iroq asta,
Chekilgach na’ra bir bor qalqdi junbushga kelib saflar.

G’ubor ichra qolar kipriklaru ko’zlar fido bo’lmas,
Qalam mahv aylagay, bo’lsa safoli qancha matlablar.

Ki vahshat tegrasida ochilur baxtlar, bo’lib serfayz,
Ki tong otgach qilur fosh oq tabassumni qaro shablar.

Ki zulf yanglig’ gajak baxtdan omon bo’lg’il, agar yo’qsa,
Muqarrar ul zahar sanchgay chayon neshiga o’xshablar.

Tilim aytilmagan so’zdan kuyub qolmishdir og’zimda,
Nechunkim, tinglamoq birlan bitib qolgan edi lablar.

Bu olam benishon, Bedil, umid bog’lab bo’lurmi hech,
So’rab ko’rgil, javob bergay ne deb nochor matlablar.

****

Foniy bo’lsam-da baqo shul yerdadir,
Baxtu kulfat mutlaqo shul yerdadir.

O’z dilimni tark etib ketgum qayon,
Bor umid, bor mudaao shul yerdadir.

G’am matoimdir, do’konim sajdagoh,
Ketma sargardon, ziyo shul yerdadir.

Bo’lma g’ofil yo’llaringning changidan,
Ko’zlarimga to’tiyo shul yerdadir.

G’uncha dilni etma tark, eng xushchiroy,
Eng muattar oshno shul yerdadir.

Pokdil, xurram yasha borliq aro,
Garchi husni bevafo shul yerdadir.

Yo’q buningdek fazlu nuqson izla ming,
Ming saodat, ming balo shul yerdadir.

Tong yeli to’zg’itdi xok…sen behuda,
Bo’lmag’il mag’rur.Havo shul yerdadir.

Zorman, diydorga eltar karvon,
Qo’ng’irog’idan sado shul yerdadir.

Ketdi do’stlar, o’p oyog’i izlarin,
Asssalomu alvido shul yerdadir.

Yetgali vaslingga Bedil dod etar,
Dodiga yetgil nido shul yerdadir.

****

Jahon dog’..unda dog’dan ne xabardir,
Misoli lola-dog’dan bexabardir.

Chamanzorga musharrafman-yorug’ dil,
Zulumot ostida yog’du-sahardir.

Quyosh ketsa kelar zulmat izidan,
Chiroqdir bir alanga, dud-asardir.

Kuyib bo’ldim, kigiz kuydirma endi,
Aziz kaftlarda kul-bizning jigardir.

Qorong’uda ko’ringay dog’dek anjir,
Firoq ahliga bol dunyo-zahardir.

Ki o’z dog’i bilandir lola lola,
Ki haq taqlid qilinmas bir guhardir.

Umr hayrat ibodatgohi erdi,
Kelib nafs yoqdi-ko’p mudhish safardir.

Yarog’a malham ermas, cho’g’ bosarman,
Judodirman umiddan, ne zarardir.

Biror gulda vafoning hidi yo’q deb,
Yurakda dog’ kun-kundan batardir.

Yechib ol dog’dan motam libosin,
Qarar yor, Bedil, oyna jilvagardir.

****

Bu hayot naqdi tuman ozordir,
Qancha kam qilsang hisob, bisyordir.

Qaydan ham bo’lgusiman xotirjam,
G’unchaning boshida yuz dastordir.

Har nafas tug’sa-da gar manmanlik,
Bir nafas birla bari bekordir.

Qabarolmas oyog’ing bu yo’lda,
Qonli kiprik tikani tayyordir.

Buyuribdur xokisorlar tashrif,
Shu sababdin bu zamin gulzordir.

Ko’z oching ko’rgali tansiq diydor,
Ko’zni gar yumsangiz, oh , devordir.

Mangu bir oynai javhar xokim,
Tuprog’im yo’qlik aro ham bordir.

Noraso, dum-dumaloq dard dunyo,
Boshda jim aylanib o’y, tummordir.

G’unchaning xandasi parvoz aylar,
To qanoat jundikima dastyordir.

Qo’ng’iroq misli yetay manzilga,
Nolalar tortilibon, bezordir.

Murda ham mahsharini qayg’urgay,
Orom olmoq ne qadar dushvordir.

Zulf ila tun ne qorong’u, Bedil,
So’ra-taqdirdan, u san’atkordir.

****

Gar xasisning xonasinda kimki bir non sindirar,
Toki mahshar minnati har tishni chandon sindirar.

Sindirar har mash’uqa oshiq dilin o’ynab-kulib,
Shishalarni mayparastlar misli xandon sindirar.

Yurgali yo’qdir oyoq manzilga, sudralmakka qo’l,
Barcha bu mushkullarim rangimni oson sindirar.

Ko’zni yoshga iztirob serob etibdur, naylayin,
Ko’zlarim toshqin bosib, har damda mijgon sindirar.

Bir kovakdir bu falak, chun, vahmadan gizlangali,
Sirtda undan etgali xok, tanni, oh, jon sindirar.

Sevganimga talpinar bo’lsam agar singay oyoq,
Gar ochilmas g’unchani sharm aylabon qon, sindirar.

Qondirar ko’z miltirab, kipriklarimning davrasin,
Sog’arin aylantirib ne ahli qurbon sindirar.

Dabdaba behudalarcha qilmasin deb tantana,
Xokisorlik o’z kulohin zoru giryon sindirar.

Gul yuzing shavqida Bedil oh chekib bulbul kabi,
Ming tikanni chah-chahi har damda nolon sindirar.

****

Zamin dardini olgan huv samolarda Surayyodir,
Sening poyingda shavqimdan fig’on har dam muhayyodir.

Qator kipriklarim ko’zim yoshin yo’lin to’solmaydi,
Baliqlarning qanoti berkitolmas katta daryodir.

Misoli shishadek qul-qul qilibdurman, bu ayshdanmas,
Dilimdan qon to’kilgandan bu ham, oh, bir tomoshadir.

Dilimda dog’lar dard karvonining oyoq o’rni,
Shu boisdan bu dog’lar bir-biridan, balki a’lodir.

Dilim ishq hayratidan jo’shdi deb fath etma, bu yolg’on,
Bunga bois o’zim hozir bo’shatgan katta miynodir.

Uning yuksakligin so’rma dilim ichra tubanlikdan,
Uyatdan yerga kirmishman, uqubat ko’nglima jodir.

Yusufga kim xaridor bo’lsa, yo’qdir hush matosi hech,
Qaro ko’zlar aroga tushganidan telba savdodir.

Ki zolimlar maqomi oqibat bir kun zaiflikdir,
Bamisli qayda gulxan yonsa, kul so’ngida barpodir.

Sen o’tmish bag’ridan yog’du kabi kelding charaqlablar,
Bu kun darz ketsa, erta-indining tirqishda paydodir.

Bu anduhlar bilan Bedil xabarsiz qoldi vahdatdan,
O’zi birlan o’zi ovvora bo’lg’ay, kimki tanhodir.

****

Dildagi g’ofil nafaslar ancha g’avg’o qildilar,
Oyina qoshiga yo’l ochmoqni ijro qildilar.

Mehru ishq arzonligin bilgach bari ogohlar,
Bu jahon bozoridan bir chetda savdo qildilar.

Bu jahondan qo’l yuvish, aslida yuksak martaba,
Shu sabab o’z xonasin aql ahli sahro qildilar.

Ishq-omonlik istaganlar misli suv toshqin mahal,
Eshkaki yo’q bir qayiqda sayri daryo qildilar.

Beniyozdir korgoh, ul bo’lmag’ay asbobga zor,
Shishasozlar chun nafas birlanki miyno qildilar.

Bu makonda ko’rdilar hech kimni hech kim istamas,
Bir quyoshni bir quyosh mulkida paydo qildilar.

Qilmadi g’olib umidni iztirob-dard lashkari,
Bor alamlar egdi bosh, to nola barpo qildilar.

Sen kitobi ehtiyojni o’qi ko’p o’ylab teran,
Matlabingning mevasin ko’p sakta insho qildilar.

Kechayu ertang, bugun ham olam ahli bir-birin,
Aylasinlar deb ado, valloh, muhayyo qildilar.

Zarnigor bu ko’shkka to’ldi betamizlar minnati,
O’ylamishlar haqni go’yo ko’ngliga jo qildilar.

Aqlu his tug’yoni birla hech kishi bilmas buni,
Yor, seni ko’ksiga dog’ qo’ymoqda yakto qildilar,

Sen libosingdan xalos bo’lgach ki, o’z ahvoliga,
Tong yaqo, osmon etak yirtib, vovaylo qildilar.

Bedil, o, aqlingni yig’, ortiqchadir vahmu gumon,
Har ne ko’rding, zor mendek tilni burro qildilar.

****

Qay dil seni deb zoru parishon bo’lajakdir,
Obod esa ham, oxiri vayron bo’lajakdir.

Gar qaysi yurak ishqing aro tushdi olovga,
Oyina kabi chehrangga hayron bo’lajakdir.

Xokimni sochib to’kkali baxt bu falak endi,
Soyangda sening manguga sarson bo’lajakdir.

Sen ketdingu naylab to’kadir soya bu qomat,
O’grilguvchi to xurshidi tobon bo’lajakdir.

Ikki jahon bir-biriga qolmadi hayron,
Ikki ko’zing o’zinga hayron bo’lajakdir.

Tug’yonda yurak taslim etar jon, ne ajab bu,
Qurbon bo’lajakdir sango, qurbon bo’lajakdir.

To’lab yuragim titraganu parpiraganda,
Larza solur ruhima mujgon bo’lajakdur.

Ishq haqda ki tebrat qalaming, Bedil, hamisha,
O’zga ne xat oynai devon bo’lajakdir.

****

Sharh etib mavj borlig’in daryoda tug’yon har nafas,
Jam ruhim fosh, go’iyo qo’ynimda rayhon har nafas.

Chiqsa har qanday dovon yo’lingda shart o’tmak oshib,
Aylasin ertangni bu kun, mayli, payxon har nafas.

Matlabingga yetmaganlik dardidan sen to’kma yosh,
To’ksang ham hattoki ter, xijlatda, u qon har nafas.

Ushbu borliq bir kitob, sen ayla band sherozasin,
Tongga boq, yo’qlikni jam aylaydi har on, har nafas.

Dard erur ishq, otashinda bir bo’lak iksir bor,
Sen bu o’tda, borlig’im, boshdan oyoq yon har nafas.

Senga qurbon xoklar gar cheksam oh, to’zg’ib ketar,
Bir oyoq bossam fig’on tortguvsi ming jon har nafas.

O’z-o’zingdan qilmayin vahm, jur’at et, o’tgil kechib,
Sen o’zingga sen o’zingsan misli ummon har nafas.

Gullaridan parlarimga nusxa gar olmas esam,
Ustidan uchmoqqa qo’ymas ushbu bo’ston har nafas.

Bevatan majnun erurman, bo’lmisham sahro aro,
Ohularning ko’zi ichra zoru sarson har nafas.

Bor nazokat, bor sehr billur qadah ichra nihon,
Qo’y xalal berma tomoshalarga, mujgon, har nafas.

Do’ndirar o’z kulfatin tolega, Bedil, ahli dard,
Surma qilgum senga dil dog’imni, jonon, har nafas.

****

Chekib xat, hujjatingga qilmading sen matlabim jo hech,
O’zing chekmasmusen bundan azob, ey ko’zi shahlo, hech?

Seni deb xo’rsiniqlardan dili dog’ bo’ldi gulshaning,
Ko’zim qondir yo’lingda, ayt, qilurmisan tomosha hech.

Oqarsa ham suyak, dildor, hamon qalbimdagi yo’lda,
Tikandir kipriging, joy yo’q oyoq qo’ymoqqa aslo, hech.

Ki holim chang kabi parvozdan ojiz, cho’kmisham asta,
Agar yo’qsa bo’lurmi baxt mening umrimda paydo hech.

Dilim vahshat harfidir, ko’zimni aylamas giryon,
Osonlik birla gavharlarni jamg’argaymu daryo hech.

Balandlik yoki pastlik ,ayt, yo’lin to’sgaymu ojizning,
Madadkor bo’lsa qoptolinda gar tog’ birla sahro hech.

Ilohim, baxt erur mastlik, boshimga qil panoh undan,
Sharobsiz sajdaga zinhor boshin etgaymi miyno hech.

Xuruj etganda shavq, Bedil, odob-ikrom unut bo’ldi,
Tag’ofil makridin mast dilni qutqargaymu iymo hech.

****

Topar faqr ila izzu e’tibor kishi,
Qaro baxt bir mahakdir, ma’danvor kishi.

Lahza viqor Iskandar devori bilan teng,
O’zi tog’u o’zi cho’qqi, gar bo’lsa or, kishi.

Dunyo mardga maftun bo’lib qarashmalar qilar,
Ayol beva qolmas, gar topsa g’amguzor kishi.

Himmat bila yuksal borliq arshi taraf,
Ishga beg’ayrat qo’l ursa, bo’lur albatta xor kishi.

Chaqin chaqnatmagil qadamingdan bu jahon ichra,
Chamanzordan ohista o’tar, qo’lida cho’g’i bor kishi.

Shoxlarin o’qtalsa ho’kiz, sherning g’azabi ortar,
Andishasiz yov qoshida bo’lur yana ham qahhor kishi.

Ko’ksing oyinadek sof bo’lsa, muddao ro’yob bo’lg’ay,
Dil gavharni ko’rsatolmas ko’ksida g’ubor kishi.

Suvdek tiniq bunda tig’lar qonga sho’ng’igan mahal,
Oyinasin yuvgaymi hech oyinasi beg’ubor kishi.

Ixtiyorsizlarga ,Bedil, zamona dushmandir,
Berib qo’ymasa deb qo’rqaman qo’lidan ixtiyor kishi.

****

Ulug’vor dil sira shonsiz bo’lurmi,
Biyobon ham biyobonsiz bo’lurmi.

Ko’zimga qatra yosh qalqdi, guhardir,
Bu daryo durri g’altonsiz bo’lurmi.

Faqirlar faxr etar qashshoqligidan,
Otar tong nurli osmonsiz bo’lurmi.

Qani, hohi qadah, hoh ko’za sindir,
Bu mastlik hech pushaymonsiz bo’lurmi.

Yurakka nur sochar erk mohitobi,
Zulumot mohitobonsiz bo’lurmi.

Shifo ummidi yo’q ishq dardidan hech,
Agarchi dard darmonsiz bo’lurmi.

Firoq ichra ishim oh birla faryod,
Ki qish fasli zimistonsiz bo’lurmi.

Yurakdan xun to’kar Bedil qilib yosh,
Bu — qurbon bayrami, qonsiz bo’lurmi.

****

Har kun oqshom oh chekarsan, xushchiroy bulbulginam,
Mast qilur shabnammi gul yo ko’kda oy, bulbulginam.

Ahli ma’shuq ahli mushtoqni, bas-e, qilgay asir,
Gul hididan o’zga zanjiring yo’q, hoy bulbulginam.

Yor oyog’in naqshidan boshim bo’libdur bahramand,
Senga soya solsa gul misli humoy, bulbulginam.

Qo’ng’iroq holiga qo’ymas, lahza tinmay yangragay,
Husn karvonini tindirmas xudoy, bulbulginam.

Baxtu kulfat shundaki, gulshandamiz, lekin qanot,
Singanidan dilda nola, dardga boy bulbulginam.

Mavjlanib ranglar jilo bermish sahar gul bargiga,
Bu duoing davlatidan, hoynahoy, bulbulginam.

Ishqda or bo’lsin, qara, diydor rizosin olmagach,
Gul qoshida mashg’uloting voy-voy, bulbulginam.

Dong taratgan mehrga muhtoj emaslik birla ko’rk,
Kim seni ko’rgay ravo gulga, gadoy bulbulginam.

Bediling gul o’rtigin g’aflatda ko’p qildi talosh,
Unga ber issiq qanot ostinda joy, bulbulginam.

****

Dilini til bila yongancha bayon qildi bu sha’m,
O’t emas, sirli xayollarni ayon qildi bu sha’m.

Til tig’in o’tmas etar oxiri bir kun qalqon,
Qurshasa zulmat, o’zin xatti omon qildi bu sha’m.

Yoritar ushbu do’konni qilibon parvoz ul,
Ming mato jilvasidan dilniki qon qildi bu sha’m.

Tole mulkiga yo’l olmoqchi edi jim turibon,
Til tikan sanchdi oyog’iga, fig’on qildi bu sha’m.
Iztirob, talvasada jizg’anagu dog’dir ul,
O’zi parvona bo’lib, o’zni qiron qildi bu sha’m.

Marvarid faxr etadi ko’ksini ip o’tsa teshib,
Ne ajab, bag’rida yong’inni nihon qildi bu sha’m.

Bu bazm qizmog’iga yondiyu dil bo’ldi kafil,
Gullasin o’zga debon o’zni xazon qildi bu sha’m.

Ne tiniq tortmadi bu bazm aro oyina demang,
Yongan eldek dudiga oni nishon qildi bu sha’m.

Uyg’otib uyquchilarni u kuyib ko’rsatdi,
Ashkimizni ko’zimizdan ki ravon qildi bu sha’m.

Yuvmagay uyqu havas gardini oshiq ko’zidin,
Kuyib o’zni shu sabab surmasimon qildi bu sha’m.

Ketsa kim o’z-o’zidan o’zgacha bir tashlar odim,
Qara, Bedil o’zimi sarvi ravon qildi ravon bu sha’m.

****

Tong mast tunni uyg’otdi, ochildi niqob kam-kam,
Fitna qo’liga tegdi, oh endi sharob kam-kam.

Oqqan bu ariq ermas, yor qomatini ko’rgach,
Sarv tor to’kib turibdi qilgancha hijob kam-kam.

Ochilgaymu g’uncha lab so’z aytgali niqobdan,
Och parda. Bir kulib qo’y, qo’y, qilma itob kam-kam.

Qora bo’yoq ustiga quyosh nozpanja urmish,
Xolu xattu qoshlari bo’lmishlar kamyob kam-kam.

Sochin to’shab yor uxlar, bechora bu ko’ngilni,
Soyada yotgan quyosh qilmoqda xarob kam-kam.

Uchi jilmaymoq istar soching har tolasining,
Og’zingning nuqtasiga bo’lmish bu javob kam-kam.

Nokaslar gugurt chaqqach pok bo’ldi bizning daftar,
Serob bo’lurmi aslo, ming qilsang hisob kam-kam.

Umr bir uh chekishdur, ul ham uchdi shamolga,
Yemak-ichmak, nafs ishin qilgach ki purob kam-kam.

Vahm nomindan quvondik yo’qlik ziyofatinda,
Bizlarga nasib bo’ldi bir qancha hubob kam-kam.

O’tdi umr chekib oh, gohi yonib kuyub goh,
Goh dudda, goh olovda tortgancha azob kam-kam.

Bir lolaman bu bog’da, hidbilmaslar qoshidan,
Oh, bir qadam qocholmay, bo’ldim ki kabob kam-kam.

Fayz lofini urarmiz da’vo etib kamolot,
Lekin ochilmaydir ul purma’ni kitob kam-kam.

Soch-soqoling oqartdi ming dard, shaylan fanoga,
Yuzingdagi qaroni yuvmoqda azob kam-kam.

Bu bazm aro yarimdir ko’ngling ,nachora, Bedil,
Yarim oy qadahindan charx ichmish sharob kam-kam.

****

Shoshmangiz ko’z yoshlarim, kipriklar payxon bo’lmasin,
Ul yalang’ochlar qolib sel ostida, qon bo’lmasin.

O’z bahoring jilvasi topgay taajjubdan zavol,
Ey gulim, ko’zguda hech naqshing namoyon bo’lmasin.

Bu jahondir ming tugun, yechgay barin toqat qo’li,
Tortma tishlab , milklaring behuda vayron bo’lmasin.

Begunoh ishq ahli qoni laxtasindan bu xino,
Ikki qo’llab et kukun, ko’ngling pushaymon bo’lmasin.

Ey falak, kemangni tort sen bu jahon sahrosidan,
To yetimlar ko’z yoshi birla u to’fon bo’lmasin.

Dahr bir g’amgin qafas, vahshatni qo’ldan bermangiz,
Ko’zlarim, bir kiprik ham dunyoga qurbon bo’lmasin.

Aqlu andishang sening yo’qlikni aylaydir murod,
Toki bosh yelkangdadir, o’yingda armon bo’lmasin.

O’z jamolingdan oqar suv misli qoch, Bedil, mudom,
Ketmas el oyinadan, qo’y , aqling hayron bo’lmasin.

****

Ahli ishq talvasada aytishadir roz nechun,
Qo’ng’iroq obiladir, bermish ul ovoz nechun.

Tosh po’chog’in uni deb ters yoradir garchi mag’iz,
Ochmadi ikki ko’zimni unga ixlos nechun.

Qo’lida oyina qalbim sinaturgan bo’lsa,
Noz ilan unga boqib ayladi pardoz nechun.

Sel kelib, hayrat ila suv uza baqraydi pufak,
Aqlidan ozmadi deb bizni u bexos nechun.

Bu yurak ezg’ilanib, chiqmasa dard avjiga,
Har nafasni olamiz, xavf bila, hallos nechun.

Ki ikav bo’lmasa jo’r-hayqirig’u xirgoyi,
Tole bir o’rtacha aylaydi navo soz uchun.

Husnu nuqsonga qiyo boqdimi yo ishqsizlar,
Oyina g’amza bilan ochdi og’iz, rost, nechun.

Qulamoq qo’rquvi bor baxting agar bo’lsa baland,
Bir hovuch xoksan, axir, ko’k sari parvoz nechun.

Bedil, ishq oyinasi bormidi hech ko’ksingda,
Bu niyoz bo’lsa agar, qilmading, ayt, noz nechun.

****

To tug’ildim, har qulog’imga mudom afsun kerak,
Dil tin olgancha cho’kib yotmoqni istar, xun kerak.

Ishq balosi husn baxtiga hamisha zordir,
Laylining noz bazmiga albatta bir Majnun kerak.

Ehtiyoj bor etdi yo’qlikdan jahonni, do’stlar,
Qilgali jo dilga himmat, yangragan qonun kerak.

Ketmagay dud hech yolingdan, kulga gulxan do’nmayin,
Go’yo yuvmoqqa ust-boshim kirin sobun kerak.

Vahmga taslim aql bor-yo’qni farqlab bilmagay,
Nokeraklar kecha o’rtab, bo’ldilar bul kun kerak.

To’kmasinlarmi yulib marjonlarin kipriklarim,
Oh, yoshurmoqqa nahot shunday go’zal mazmun kerak.

Tong bu-borliqning jahonda bir damidir bedaxl,
Bir nafas diydor uchun borliqqa bul gardun kerak.

Ehtiyoj insho etib ja’m qildi tarqoq so’zimiz,
Harfi nomavzunimiz, chun, bo’lmog’i mavzui kerak.

Benafaslik birla Bedil bog’lanur qabr ahlidek,
Chun, o’lim zanjirdur, zanjir uchun majnun kerak.

****

Qayda bo’lsin, oyinam bo’lg’ay mening zinhor yashil,
Bo’lsa jam gar barcha to’ti, bo’lmas ul miqdor yashil.

Yam-yashil tol soyasinda mast bo’lib, ishrat qilib,
Bu chaman bo’yniga solmish rishtai zunnor yashil.

Bil, qanoat barglari bir so’z demay biyron erur,
Pista mag’zi jim qilur ma’nolarin izhor yashil.

Ne balo bu zulmu zolimlik, ne dard-borgan sayin,
Goh tikan, goh gul-chechak bergay, kulib ozor yashil.

Bor libosim qon bo’libdur nolalar tortgan mahal,
To’tilarda nega bilmam boru par, minqor yashil.

Chashmaning bo’yinda sumbul bo’lganidek mast-alast,
Tekkizib lab jomga, kayf qilmoq tilar xummor yashil.

Qomatining soyasindan xushxabar bersa bulut,
Sarvu bulbul holimizdan ayladi axbor yashil.

Ishq dashtin ravshan etdi nogahon chaqnab chaqin,
Yalt etib aks etdi bir poyoni yo’q ruxsor yashil.

Navbahor yomg’irlari gul novdasin kuylatdi sho’x,
Bo’ldi mohir chalg’uchining qo’llarinda tor yashil.

O’z-o’zingdan ne balo ko’rsang, ko’nikmay chora yo’q,
Ham tikan, ham barg bilan bo’lmish chaman, gulzor yashil.

Labni qimtib, tilni tiy, so’ngra chekil uzlat sari,
Singigach tuproqqa suv, bog’ni qilur bisyor yashil.

Yuksalur, Bedil, hunar birlan kishi obro’si, bil,
Ko’kka bo’y cho’zgan minordek dam-badam zangor , yashil.

****

Tabassum birla har so’zni u gulyuz jilvagar to’kkay,
Ki, gul bargi uchidin durni tim-tim ul magar to’kkay.

Qadam ranjida qilsang gulshan ichra, oy, poyingda
Chaman har gul va nargis birla ming-ming siymu zar to’kkay.

Yaqosin chok etib zorlar to’kib bir qatra ko’z yoshin,
Agar holini arz etsa, ki ming to’fon sahar to’kkay.

Chu ostoninda tuproqman, chekarman dod xasislardan,
Qilib ustimda dod, ko’zyosh bo’lak yerda,, magar, to’kkay.

Yurakni parda ichra hasrating birla eritgayman,
Seni izlab, o’zin ko’z yosh qilib ul darbadar to’kkay.

Agar qashshoq mening sirtim, dilim ganjlar bilan to’lgan,
Ko’zimni bir ochib yumsam, u ming-minglab guhar to’kkay.

Sening himmatlaringdan g’ofilu bebahra qolmishman-
Ki, anqo yuksak in qurgan bilan, noyob par to’kkay.

Jahon bir telba mezbondir, qadam ranjida qilsang gar,
Gahi kuygay qora shom ustinga, gohi sahar to’kkay.

Kuloh aylab kiyib olgan falakning changlari bo’lg’ay,
Agar Bedil boshiga yerdan olib changu gard to’kkay.

****

Ko’ngillarga sening g’uncha labing bir to’lg’anish solg’ay,
Qilib munchoq ko’ngillarni, soching bir-bir tizib olg’ay.

Umid etgay xiromingdan mening shavq qushlarim parvoz,
Ki sarv shakl ko’zaga qumri qadah zor ko’z tikib qolg’ay.

Xayol! Fonusdagi shamdek nigoh sol iltifot birlan,
Yonarkan, ahli ishqdan tegrasiga yog’du tarqalgay.

Biron joyga makon izlabki sarson bo’lmagayman hech,
Axiyr shamdek tovonim bir kuni boshimga chirmolg’ay.

Ki sahro chetida vayrona ichra men-hovuch tuproq,
O’zing gar etmasang obod, vujud bir damda to’zg’olgay.

Agar ko’rmak esang jilva, mana ko’zgu –o’zim, ko’rgil,
Qiyofam birla o’tmish, kelguvsi tasviri qo’zg’olg’ay.

Chekib bo’lmas adam lavhiga yo’qlikdan bo’lak suvrat,
Ki o’tgan kun bugun erta oyoq ostinda toptolg’ay.

Xazon bo’lmay turib gullar to’kilmaslar oyog’ingga,
Kelib junbushga daryodek, qilib raqs, balki chayqalg’ay.

Hayot bir lahzalik ko’zgu, yashab turgan-sening aksing,
O’zingni chetga ol undan, hayot shul damda payqalg’ay.

Ki yuz xum bo’yniga sot sajdada to’zgan peshonangni,
Nechunkim, har nechuk nur manbai chaqnab axiyr tolg’ay.

Nishonning yo’q sening nomdan bo’lak, yodingda tut, Bedil,
Jahon anqo degay, asli nedur ul, ayt, kim aytolg’ay.

****

Torttiyu rang, ayladi ranglarni gulruxsor qizil,
Go’yo ko’rsatdi g’uncha pardai zangor, qizil.

Sen sira aldanmagil nargis ko’zin xummoridan,
Bir balo topgusidir bo’lsa ko’zi xummor qizil.

Bu bahor ko’p nozli keldi, menchi, hasratxonada,
Gullarin rasmi tushib, bo’lsin eshik, devor qizil.

Ahli dil qotillik arbobiga hech qilmas havas,
Barhaman gar qilsada qonga bo’yab zunnor qizil.

Qatnasang zolimga arz aytib, ishi rad aylamak,
O’chmaguncha to gilamdan toptalib bisyor qizil.

Shavq o’tidan men jigar qonimni to’kmak istadim,
Topmadim lekin sira ko’zimda yosh zinhor qizil.

Za’farondir bu vujudim xastalikdan qon kechib,
Qilmasang bo’lmas urib tiyg’ingni bir miqdor qizil.

Gar qalam zar naqsh ila satrimni insho aylasa,
Shu’larang ruhim ko’chirgach, bo’lgusi tummor qizil.

Oshiq ahlin dard, azobi , qismati qondir mudom,
Gul esa kiymish boshiga shunchaki dastor qizil.

Qonli faryod tinglamas istar chamanda lolalar,
Chundigin to’ti va bulbul aylamish tayyor qizil.

Navbahor, Bedil, unutma, baxt sira rang tanlamas,
Bo’ldi kulfat ahlining ko’z yoshidan gulzor qizil.

****

Suvga g’arq yoqut kabi ko’ksimda dil qon bo’ldi ko’p,
Nam bu fonus ichra shamdek tanda pinhon bo’ldi ko’p.

Baxt yurak ichra, yurak ko’ksimdagi zindon aro,
Yoshurun durga borib yetmak ne imkon bo’ldi ko’p.

Yo’lga boshlab ehtiyoj, ishqim libosin bosdi chang,
Ter bo’lib obro’ to’kildi, ishim afg’on bo’ldi ko’p.

O’tdimu o’zdan, qizitdim ahli mashrab davrasin,
Misli bo’m-bo’sh bir qadahga may to’lib , qon bo’ldi ko’p.

Husnu fayzi qochganidan bexabar bu go’shani,
Oyinamga soldimu dardiga darmon bo’ldi ko’p.

Tosh tanim, pardek ruhimdan nogahon chaqnab chaqin,
Tortti yengil o’zgalar, mushkullar oson bo’ldi ko’p.

Oyinam tortti xira, dud ichra yo’q bo’ldi chiroq,
Oh, o’zimga o’zni ko’rmak baxti armon bo’ldi ko’p.

Nozik ipdandir umid, chirt uzdi bu yolg’on dunyo uni,
Naqd bu holim qildi nasya, rosti yolg’on bo’ldi ko’p.

Benishonlikdan nishon izlab nishonim qolmadi,
Yo’q bir anqo yo’q bo’lib, Bedil pushaymon bo’ldi ko’p.

****

Ayladim dodlar, bu dodlardan sira ogoh yo’q,
Qaysi ne’mat dilga maqsud bo’ldi, ul ham, oh , yo’q.

Imtihondan o’tdi yuz qatla zaminu osmon,
Matlabi yo’q yerdek hech yer dilni qilmas chog’, yo’q.

G’ildirar noz birla gavhar donasi yanglig’ jahon,
Olmasa ostonamizda tin, bo’lak bir choh yo’q.

Har nega boqsang yiroqdan, ul qarolig’ kasb etar,
Oy yuziga mehr ila termul yaqindan, dog’ yo’q.

Har bir ishda xosiyat yo’q izza bo’lmoqdan bo’lak,
Kam bo’l ogohlikdan ogoh, bo’lma yo ogoh, yo’q.

Har amalda ayla mustahkam o’zing-chun haq ishin,
Qayda bo’lma, bil o’zingdan o’zga hech hamroh yo’q.

Bosdi yo’qlik g’aflati, to’sdi baqomizni fano,
Oyina sof bo’lsa, qismatda qusur, valloh yo’q.

Bir ajab ko’z bog’lanishdan telbamen maydon aro,
Burqsitar chang yuz tuman lashkar, boqurman, shoh yo’q.

Dildagi hasratlarim yo’qlikda ham qoqqay qanot,
Yo’llarim shundayki, ming yursam-da manzilgoh yo’q.

Chun, qiyomatga umiddan yo’l olish manzildurur,
Ikki yo’ldan bir yo’la yurmak, nechunkim, oh, yo’q.

Bil, faqirlikka mehr shuhratga nafratdan unar,
Xor uchun xor qilguchi yanglig’ yovuz, sulloh yo’q.

Dilga nur ista, g’ubor sevguchilardan bo’lmag’il,
Oyina bor joyda bo’lsa yaxshidir gar oh yo’q.

Har bo’lakda ul bo’lakning yaxlitindan ruh bor,
Kimki yov miynoga, toshdan bo’lgisi ogoh yo’q.

Bo’lgungiz vahdat sari g’ayratni karvoniga do’st,
Biz bilan kim ketsa, unga o’zga bir hamroh yo’q.

Aytgali afsona, Bedil, sha’m kabi til yog’lama,
Yetgali o’z boshinga bundan bo’lak bir yog’ yo’q.

***

Tinglamas dodim bu dam ushbu do’koni dastigoh,
Dol bo’lurman tong o’zim , chun, so’ngra ham bo’lg’ay kuloh.

Bu makon ko’p dovdirab hayratda ko’z tilsim bilan,
Mijjalar bu sahfani xatlar bitib, qilmish siyoh.

O’zgalarning siynasin sof etgay olgan damlari,
Bu yurakdir bir pufak, ko’ksimda har dam esgay oh.

Betamosho bo’lmagaydir no-niyozning xonasi,
Ishq bunda oh-oh aylaydir, unda voh-voh.

Ko’ksimiz-g’aflat uyi, yoritguchi dil qaydadir,
Oyna-ku loydan. Jahonni aylagaydir xona goh.

Zorimiz tinglarga yor yo’q, biz g’arib, diydortalab,
Hasrat etmay avvalo, ko’zyosh to’kib bo’lgaymi, oh.

Bor-yo’g’ing kuydirmayin ogohlik topmaysan hech,
Kuydirib sha’m surma qilgay o’zni, maqsad-bir nigoh.

Besamar ishdir falak ostinda, Bedil, huv chekish,
Yosh bola murshid bo’lmoqqa qulay bu xonaqoh.

***

Parvoz g’ururi-la baland edi bosh,
Qon bo’ldim, ko’rarkan sha’m to’kkanin yosh.

Hikmatlar sohibi vahshiy bilan teng,
Ohu ko’zi yo’lbars dog’iga rangdosh.

Ko’zdan ko’ngligga g’arq bo’ldi g’amlaring,
Suv sathida cho’kmay turolmaydi tosh.

O’yga cho’mdim, nahang og’ziga kirdim,
G’urur dengizida darg’a bo’l, bo’l bosh.

Sal ko’z qisib, yetdim murod-maqsadga,
Bu yo’lda men hatto qoqqanim yo’q qosh.

Balo yog’dirgali charx urar olam,
Sopqon aylangandek otmoq uchun tosh.

Tuzoq bu dunyodan faqat ruh ozod,
Ko’ksim ichra dildan tuyg’ular ham fosh.

Shoyad g’am chekishni tark qilsa inson,
G’amxona jahonda iqbol kulsa,kosh.

Mazmunkush suvratdan ozod bo’lmasa,
Farang tuzog’iga tiqqay jahon losh.

Xayolda hayo yo’q, bizda miltiqdek
Bir joydan chiqmagan oyoq bilan bosh.

Qabariq bu falak ma’nisini so’rma,
Pufak paq yorilar sal tegsang sirdosh.

Aziz nomni bitma uzuk qoshiga,
Bedil , toshga tegsa yorilgaydir bosh.

***

Ishq ahli agar tasbihu zunnor yozurlar,
Har dilni debon dona, giriftor yozurlar.

Haq fahmini takror qilish shart emas aslo,
Purkab-ki olov sahfaga, yakbor yozurlar.

Kipriklar ila tahrir etib, bizga pinakda,
Maktublarini oh, necha dildor yozurlar.

Chok-chok bu yurak sharhini keskir u qalamlar,
Bil, zor yozurlar, ki, ne miqdor yozurlar.

Bilmam shoshilib do’stga ne eltgusi choparlar,
Ko’zgumidi maktub, nega diydor yozurlar.

Ming mo»jizadan daftar ochar umri abadlar,
Yor, sarvi qadingdan ki raftor yozurlar.

Zulfingdan umid maktubidir qon bu yurakka,
Xatlarni tugun birlaki, gulnor yozurlar.

Chun, ajzga panoh qancha zaif qomati birla,
Xok uzra necha harfni alifvor yozurlar.

Peshtoqi parixonaga manglaybitigimni,
Sir deb ko’chirib, buncha ulug’vor yozurlar.

Faryodi tinib ahli qafas uchsa falakka,
Minkorlar ila sharhi dilin zor yozurlar.

Avf etguchi pokiza qalamlar qilibon sharm,
Ne qilsam agar, oni nigunsor yozurlar.

Dardimni bayon aylaguchi, ayt, bu ne hujjat,
Qabrimga mening, dili bemor , yozurlar.

Tosh ostida minnat cheka yotgum to qiyomat,
Ustimga agar soyai devor yozurlar.

Tun misli peshonang qaro, Bedil, ki bu sirni,
Bil, kun kabi ravshan deya, oshkor yozurlar.

****

Chin kamolot ixtiyor qilmoqchiman,
Ya’ni yo’qlik oshkor qilmoqchiman.

Ko’p chigal borliq o’rish-arqoqlari,
Men nafas-la tor-tor qilmoqchiman.

Ham olib qancha sifr yo’qlikdan, oh,
Bir o’zimni ming-xazor qilmoqchiman.

Hech kishi bermas javob, so’rsam savol,
Tog’ aro faryodi zor qilmoqchiman.

Dard dog’idan bahor bo’lg’aymu deb,
Lolazorga e’tibor qilmoqchiman.

O’tsa o’tsin, mayliga, gul fasli , yor,
Bir qadahdan ming bahor qilmoqchiman.

Topmaguncha dilda mushtoqlik kamol,
Men visolni intizor qilmoqchiman.

Farqi yo’q, do’zaxmi-jannat manzilim,
Yod Sizni , gul’uzor, qilmoqchiman.

Bir gunohim avf etishga arzimas,
Arzitay deb, qayta bor qilmoqchiman.

O’tdi yuz qat osmondan orzu,
Unga o’zin men duchor qilmoqchiman.

Bo’lmasa ibrat dalili davramiz,
Sha’m yoqib, sayri mozor qilmoqchiman.

O’z tanim tuprog’ini yo’qlikka xat,
Bitgali men bir g’ubor qilmoqchiman.

Vasl yo’q, chun, ikki olamdan kechib,
Endi uzlatni qaror qilmoqchiman.

Osmon bir yuztuman bechoradir,
Men ne chora, men ne kor qilmoqchiman.

Yetdi vaqt, Bedil, o’zimdan men qochib,
Suhbatimdan endi or qilmoqchiman.

****

Demam, yuksak bino bunyod qilurman,
Dilim ibratnoma bunyod qilurman.

Bo’lib bir lahza ishq makriga duchor,
O’zim-chun ming balo bunyod qilurman.

Ko’rib ko’zlar boshimga tushganini,
O’zimni xudnamo bunyod qilurman.

Chekib shaklin hadik birla hayoning,
“Biroq”, “yoxud”, “va”, “ yo” bunyod qilurman.

Qo’l ochsam, berkilar kulfat qopusi,
Ulug’vor bir duo bunyod qilurman.

Poyon bilmas poyon, chek bilmagay chek,
Ki ta’rifing, fano , bunyod qilurman.

Falak toqin charaqlatdim sahar, boq,
Munavvar bir havo bunyod qilurman.

Xayolim boshdan oxir toza gulzor,
Xiyobonim raso bunyod qilurman.

Firoq-otash, xalos aylay dilim deb,
Qiyomat muddao bunyod qilurman.

Fido bo’lganligimga shodligimdan,
Sehrli bir navo bunyod qilurman.

Yiqildim o’z oyog’imga yaralgach,
Pufakdek o’zni, o, bunyod qilurman.

O’zimni bo’ston, firdavsgamas, yo’q,
Men ishqqa mubtalo bunyod qilurman.

Tepib ustunlaring yiqdim, qularsan,
Seni yerda, samo, bunyod qilurman.

Kel, ey Bedil, bu ma’ni gulshanida,
Diling g’amdan judo bunyod qilurman.

****

G’amlarimni oh, qilib ta’sir, ravshan aylagay,
Sha’m torin tunlari taqdir ravshan aylagay.

Tong shamolidan yonibdur bog’ aro yuz ming charog’,
Har yaroni shundayin shamshir ravshan aylagay.

Bu jahonning nazmu nasrin yoritar tong shu’lasi,
Soch qarosini oqartirib piyr, ravshan aylagay.

Motam ahlin davrasi jim qaddin eggan xalqadek,
Sha’m chekib dod, ko’rsatib zanjir, ravshan aylagay.

Ahli ishq g’avg’o solib yoqqan baland gulxan bilan,
Ko’zlarin o’rmon ichinda sher ravshan aylagay.

Misli to’lqin yo’qlig’imdan borlig’im bunyoddir,
Ma’nilar vayroniman, ta’mir ravshan aylagay.

Kechgil ovning matlabindan, chun umid sahrosini,
Bil, chaqin, kezsin debon naxjir, ravshan aylagay.

Chaqnashing, ey uchqunim, sog’lik-omonlik jilvasi,
Borlig’im, borliq topib tadbir, ravshan aylagay.

Bul yaro-fonusda yo’q, Bedil, omonliq nuri hech,
Sha’m-boshoq o’qin etib takror, ravshan aylagay.

****

Sukunat ishida biyron gul bo’lur,
G’uncha labin shogirdi bulbul bo’lur.

Orom olish joyimidir bu jahon,
Vatanlikka ko’prikmi ma’qul bo’lur.

Muflislar bu anjumanda jimdirlar,
May to’la ko’za ishi kul-kul bo’lur.

Bul bog’da sen libos ayla shodlikni,
Laxta qon dil g’unchasi ham gul bo’lur.

Ne seldir bu yor tig’i, yo rab, oxir,
Boshim aning o’tmagiga yo’l bo’lur.

Qiya oqsa qancha, shuncha shovullar,
Suvdek boshing past eg, shu maqbul bo’lur.

Husniga zor bo’ldim, jigar qonimdan,
Faryodlarimning borlig’i gul bo’lur.

Nishon topmas og’zidan yo’qlik garchi,
Ishi qancha sabru taammul bo’lur.

U ko’zlarning zulmidan dod, bu yurak,
Xum bo’lurmi, qon sharobga mo’l bo’lur.

Dili qondir Bedil, e voh, hoynahoy,
Bu zamon u tarki tavakkul bo’lur.

****

Ko’z yoshlarimni mijjalarim shitob to’kar,
Hayo dardi yuzimga mening gulob to’kar.

Umr o’tkinchidir, qolma bu saboqdan bexbar,
Har lahzada bir varag’ini bu kitob to’kar.

Dog’ bo’lgan dilning zorlaridan g’am yema,
Suvlarin nafasing bu oyinaga behisob to’kar.

Jahon jilvalarin g’ubor bilgan bir gul,
Qonimni g’uncha kabi, kiyib niqob, to’kar.

Chaman gulbunlari uyqu aralash boqib go’yo,
Xayolimga nigoh-gullarini, berib azob, to’kar.

Chaqnoq nigohu ko’zyosh ila bayon bo’ldi yongan dil,
Ummon yashin hamda yomg’irlari bilan iztirob to’kar.

O’zdan ketmak ila navbahor bo’lur oshiq dili,
Ko’rinmay, tong nurlarini oftob to’kar,

Omonliq mayini ta’ma qilma falak shishasidan,
Fitna toshlarini yog’dirar, desang sherob to’kar.

Beqarorlig’imdan o’z borlig’im seliman o’zim,
Ko’z yosh ham o’zini o’zi ravonu purob to’kar.

Pufakdek yorilarsan o’z nafasingdan o’zing, Bedil,
So’z aytmaslik gunohingni sening, berib azob to’kar.

****

Kibr ila mardlik g’ururini bori barham bo’lg’usi,
Toki manmanlik ziyod, sharmu hayo kam bo’lg’usi.

Xom sut emgan, na iloj, el og’ziga tutmang elak,
Mulzam etmak istaganlar elni, mulzam bo’lg’usi.

O’tdi ayyom,etmagay or endi xalq taqlidan ,
Sal qo’yib bersang-ki har tosh Iso, Maryam bo’lg’usi.

Nish urar majnun xayol, ildiz yoyib nayrang qilar,
Tortsa bosh bug’doy agar jannatdan, odam bo’lg’usi.

Sha’m yonib kuymak bilan ham ravshanu ham dog’dir,
Dilda ham shodlik va g’am, to’y hamda motam bo’lg’usi.

Izlamang ishqni quruq gap-so’zdan, hech, ogoh bo’ling,
Birga tug’yon qilsa juft dil, ikki olam bo’lg’usi.

Teng tarozudir adolat, ey faqir, qo’l urmag’il,
Hurmatingga og’sa bir yon, ne’mati kam bo’lg’usi.

Misli tasbih shodasiman, kechsa bir donam agar,
Boshqa donam o’tmagining navbati ham bo’lg’usi.

Fe’li poklar xislatin o’zgartar aynitmas fano,
Paxta ham kuygach, jarohatlarga malham bo’lg’usi.

Ishq aro diydor hayosi bunchalar zalvorlidir,
Ko’zlar ochilgan zahoti, mijjalar ham bo’lg’usi.

Ko’p g’animat anglabon gul vaslini tong dastidan,
Barcha shabnam dod chekib, ko’z yosh kabi nam bo’lg’usi.

Haq-adolatdan kechib, nafs yo’liga kirgan kishi,
Behuda ichgan qasam bir kun kelib sam bo’lg’usi.

Tiymasang tilni, zamon maddohlarining madhidek,
Bir sovuq yel tarzida. Bedil, so’zing jam bo’lg’usi.

****

Qayda bo’lsa, beliga bog’lar o’shal jonon qilich,
Gungu lol, yal-yal yonib aylaydi sho’x tug’yon qilich.

Xo’b kerishdi mayga xummor, bir qadahdir har yaro,
Yalt etib kelsin qadahga, bo’lsin, oh, mehmon qilich.

Beqaror bo’lma buningdek, mahvashim, osmonda oy,
Goh o’zin aylar kamon, aylaydi goh qalqon, qilich.

Ko’p xiyonat ko’rdimi, kechmish u do’stu yordin,
Gizlanib kiyn ichra, oh, uzlatdadir bul on qilich.

Zebu ziynat birla g’oyib bo’lmag’ay mardonalik,
Dastasi oltin agarchi, damda ming qurbon qilich.

Oru nomus, shahd-shijoat birla garchi lof urar,
Durri ma’ni haqda gap ochmaydir hech biyron qilich.

Dastamas, hayratda tikmish og’ziga barmog’ini,
Ishq eli qatliga bergach husn eli farmon, qilich.

Uyquga o’tkirladingmu ko’zlaringni tong bilan,
Bir qiyo boqding, tilindi ko’ksim, ey jonon qilich.

Ahli ishq diydor ilojindan judo bo’lgach bari,
Kirgali ishq mulkiga, bo’lmish ulug’ oston qilich.

Ilgari may mavjlari olgandi jonimni chala,
Qil qadah og’zida, ey qotil, bugun pinhon qilich.

Qiypanib qochma qilichdan, ne qilursan oxiri,
Tortsa boshingga ajalni bir kuni osmon-qilich.

Navbahor ishrat tig’idan bo’ldi tan alvonrang,
Arg’uvonhol aylamishdir Bedilin parron qilich.

***

Ishq dog’i kabi nurga niqobdir yuragim,
Oyina misol dard ila sofdir yuragim.

Har lahza bir uxlab yana tez uyg’onadir,
Har dam ishi rohat va azobdir yuragim.

Mavjlanganidan kim ani sarchashma demish,
Sarchashma emas, asli sarobdir yuragim.

Paymonasi lim to’ldi, bo’lib paydo, shaxd,
Mulkingda umrdoshi hubobdir yuragim.

Kel, o’t ber, alangamni tamosho ayla,
Lov yonmasa, umri ne hisobdir yuragim.

Bir so’z dedingu olding uni ko’ksimdan,
La’ling bu savol, unga javobdir yuragim.

Olloh o’zi bir bilguchi, men bilmasman,
Oh, qancha gunoh, qancha savobdir yuragim.

Shabnam kabi suv olamidandir gohi,
Goh misli qadah ichra sharobdir yuragim.

Umrim necha dam? Tinmay urar bilmakka,
Chun, kasbi sanoq, kori hisobdir yuragim.

Umrimni xayol etsam, hech yo’qdir samari,
Yong’in nafasim, shunga kabobdir yuragim.

Ko’z-ko’z qiladir daryo pufaklarni necha,
Vasl ko’zgusiman, ammo hijobdir yuragim.

Tosh oyinavu, tomchi guhar bo’ldi, biroq,
Afsus, hamon xonaxarobdir yuragim.

Ming tomir ila chirmadi g’aflat, garchi,
Bedil, necha hikmatga kitobdir yuragim.

****

Oh, qiyomat tongidir, dildor, labi xandoningiz,
Sho’rlanur ming dasht, uchirsa gard agar tuzdoningiz.

Hayrat ummonindagi igrim bo’lur ohu ko’zi,
Sizning ul vahshiy g’izollarga duchi etgan oningiz.

Bo’sh qadah bizning to’lib, dunyoga oro berguvsi,
Bir safar qo’lga olib qo’ysa uni davroningiz.

Pistadan mag’zi chiqib, gavharlarin to’kkay sadaf,
Bir charaqlab yonsa la’ldek ul labi xandoningiz.

Tokingiz manguligi xok etdi ko’nglim shishasin,
Qayriling holimga bir, qilmang meni hayroningiz.

Biz qarobaxtlar, mana, sizning siyoh tundan yiroq,
Dilda bir dog’ ayladik bunyod, bo’lib biyroningiz.

Ko’rpa-yostiqlar farohat ne erur, qildi unut,
To’ldirib tashlab tikanlarga barin mujgoningiz.

Ey chaqinfe’lim, axir, biz bir g’ubordirmiz tuban,
Ne bo’lur yuksalamiz tutgach etak-domoningiz.

So’zingiz turganda yo’l bo’sin biz aytgan ma’niga,
Jon beribdur barcha olam tinglabon devoningiz.

Ikki olamdan, qoqib changin, chiqib bormoqda pok,
Bedili avvora, ya’ni xonasi vayroningiz.

Umid BEKMUHAMMAD
BEDIL VA UNING SHE’RLARI
TARJIMASI HAQIDA

05

088 Azimobod, Udesa, Dehli, Akbarobod, Panjob, Lohur, Mo’lton, Kashmir, Sarhind. Qadim Hind diyoridagi ushbu shaharlar Mirzo Abdulqodir Bedilning 77 yillik hayot yo’lida bosib o’tgan, turfa xil xil voqea-hodisalarga, insonlar taqdiriga guvoh bo’lgan, umr yo’llari kechgan o’lkalardir.

Tadqiqotchilar Mirzo Abdulqodirning bobolarini asli Shahrisabzdan, Movarounnahrdan bo’lishgan deya ta’kidlab o’tishadi.Bedil 1644 yili Hindistonning Azimobod shahrida tug’ilgan bo’lib, afsuski otasidan juda erta ajraladi.Otasi vafot etgach uning tarbiyasi bilan onasi, va amakisi Mirzo Qalandar, tog’asi Mirzo Zariflar shug’ullanadi. Ma’rifatli qarindoshlar ta’sirida Mirzo Abdulqodir besh yarim yoshligida maktabga boradi va 7 yasharligida yaxshigina savodxon bo’ladi.17 yoshga yetgach esa tog’asi Mirzo Zarif bilan Udesa shahriga borib mashhur alloma Shoqosim Huvallo ixtiyorida ta’lim oladi.Bu paytga kelib u hind, arab va forsiy tillarni hamda shu xalqlar tillarida yaratilgan badiiy, ilmiy, diniy adabiyotlar bilan tanishib chiqadi.

Vaqt o’tib amakisi va tog’asidek ma’rifatli suyanchlaridan ham ajralgach, Bedil mustaqil hayot bag’riga qadam qo’yadi va 21 yoshida Dehliga tashrif buyuradi. Bu paytda Shohqobuliy ismli allomaning dovruq taratgan davri bo’lib, Bedil unga shogird tushadi. 25 yasharligida esa Mirzo Abdulqodir oila quradi. Ayni paytda Bobouriylardan Avrangzeb o’g’li A’zamshoh saroyida navkarlik qila boshlaydi.Biroq navkarlikdek faqat itoat va buyruqqa bo’ysunuvchi hayot Bedildek hur fikrli shoir va shaxs qismatiga to’g’ri kelmasdi.Shu boisdan u navkarlik va A’zamshohga qasida yozishdan , Dehlida yashab ishlashdan bosh tortib, Akbarobodga ketadi.

Ushbu shaharda Zuhuriy, Izzat , Mirzo Komgor ismli shoirlar bilan tanishib, ular davrasida bo’ladi.Biroq bu shaharda ham ko’p turmay oldiniga Dehliga, so’ngra Panjob, Kashmir,Lohur, Mo’lton, Sarhind shaharlariga borib yashashga majbur bo’ladi. Ushbu shaharlarni kezarkan, Bedil o’z davrining g’oyatda ziddiyatli voqealariga, turli fojialarga, insonlar taqdiriga guvoh bo’ldi, shular ta’sirida ko’plab falsafiy asarlar yaratdi.Bedil dunyoqarashiga, uning asarlariga ta’sir ko’rsatgan voqealar tabiiyki, o’z davrining ijtimoiy-siyosiy hayoti edi.

Ana shu tarzda shakllangan dunyoqarash asosida esa to vafoti-1721 yilgacha 130 ming baytdan iborat nazmiy asarlar, bir necha jildlik nasriy obidalarni avlodlarga meros qilib qoldirdi. “ Tilsimiy hayrat” , “Tarkibbot va tarje’ot”, “Turi ma’rifat”, “Muhiti a’zam”,” Ishorat va hikoyat”, “Chor unsur”, “Ruqa’ot”, “Irfon”, “Ruboiyot”, “G’azaliyot”, “Komde va Mudan” kabi nasr va nazmda yaratilgan asarlar, masnaviylar shular jumlasidandir.
Vaqt o’tib asli Movarounnahrlik bo’lgan shoirning asarlari Hindistondan vataniga qaytib keldi. Xiva, Buxoro, Qo’qon xonliklaridagi ma’rifatli davralarda Bedil asarlariga ixlosmandar ko’payib, Bedilxonlik avj oldi.Nafaqat ushbu va boshqa shaharlar madrasalarida, hatto olis qishloqlardagi ma’rifatli insonlar ham Bedil she’riyatiga oshufta bo’lib, o’z davralarida unga murojaat qiladigan bo’lishdi.

Shu tariqa adabiy muhitda Bedil asarlari eng ta’sirchan ijod namunalariga aylandi.Abdurauf Fitrat, Sadriddin Ayniy, keyinchalik Ibrohim Mo’minov, Shavkat Shukurov, Hamidjon Hamidiy kabi olimlar Bedil hayoti va uning ijodi to’g’risida tadqiqotlar olib borishdi.Shoislom Shomuhammedov, Nazarmat, Jamol Kamol va Matnazar Abdulhakim tomonidan esa Bedil yaratgan nazmiy asarlar o’zbekchaga tarjima qilindi.

E’tiboringizga havola etilayotgan Bedilning nazmiy asarlari tarjimasi Matnazar Abdulhakim qalamiga mansub. Marhum shoir va tarjimon Matnazar aka, Bedil asarlarini Tojikistonda nashr etilgan Bedilning ko’pjildligi asosida tarjima etgandi.

Tojikistonda nashr etilgan kulliyotni Matnazar akaga jurnalist Ro’zimboy Hasan tuhfa qilgandi.Ushbu tuhfaning o’zi ham bir kichik tarix.Ma’lumki taniqli adib Nabijon Boqiy 1992 yil bahorida Dushanbega borib Ibrohimbek va Anvar poshsholar to’g’risida bo’lg’usi kitoblariga ma’lumotlar to’plab yurgandi.Nabijon aka Dushanbe shahriga yondosh yashaydigan laqaylar orasida yasharkan, uning holidan xabar olgani do’sti Ro’zimboy akayam Tojikistonga boradi.Ketish arafasida hamyurtiga Matnazar aka Bedilning kulliyotini topib berishni iltimos qiladi.Shu tariqa Dushanbedagi kitob do’konlaridan ikkala do’st izlay-izlay Bedil asarlarini topishadi va Matnazar akaga tuhfa qilishadi.

Matnazar aka ushbu nashrni Xivada saqlanayotgan 1910 yildagi litografiya nashriga taqqoslab chiqadi.Komiljon Xudoyberganov kabi tarixchi , Abdulla Ahmedov singari sharqshunos do’stlari bilan maslahatlashadi, muloqotda bo’ladi va Bedilning o’ziga xos o’zbekcha tarjimasi yuzaga keladi.

-Matnazar tarjimaga qo’l urarkan va ish jarayonida ayrim tushunmovchilik tug’dirgan forsiy so’zlarga duch kelarkan, men bilan maslahatlashar va birgalikdagi qayta-qayta mutoalalardan so’ng, tarjimani yakuniga yetkazdi,-deya xotirlaydi Abdulla Ahmedov.

Ha, Matnazar akaning mashaqqatli mehnati, sabri, qunt va tajribasi evaziga o’zbek adabiyoti uchun o’ziga xos tuhfa-Bedil g’azallari tarjimasi yuzaga keldi.Bedil sharq she’riyatining buyuk mutafakkirlaridan biri, fors she’riyatida yangi davr ochgan siymolaridan bo’lgan.

077

(Tashriflar: umumiy 4 082, bugungi 1)

Izoh qoldiring